Baxtiniso Mahmudova. She’rlar

033   Бахтинисо Чироқчида туғилган. Бугун Тошкентдаги шифохоналардан бирида даволанмоқда. Дўстим Шуҳрат Дарё ўша шифохонага бориб концерт берганида бу шоира синглим билан танишган экан. Мана шу воқеа сабаб бўлиб, Бахтинисонинг фейсбукдаги саҳифасида қўйилган шеърларини ўқиб чиқдиму  улардаги маҳзун туйғулардан осонликча қутулолмай турсам-да, юрагим шодланди.  Ёшликда бўладиган ҳали нотамом сатрларига қарамай   ҳаётга бўлмиш буюк муҳаббат  туйғулари  бор эди бу шеърларда. Яна бу шеърларда  мен соғинган  гўзал, шоирона ҳикматлар бор эди. Ҳали ёш  қалбнинг Буюк тажрибаси  бор эди.  Раҳматли дадамнинг «Дард одамни улғайтиради» деган гапини эсладим.   Бахтинисо шеърларини қайта-қайта ўқидиму уларни тезроқ  сиз билан баҳам кўргим келди. Меҳрибон Оллоҳдан Бахтинисо дардига даво беришини сўрайман. Омин,Оллоҳу Акбар.

Хуршид ДАВРОН
Ўзбекистон халқ шоири

09
Бахтинисо Маҳмудова
ШЕЪРЛАР
065

МАКТУБ

Меҳр тўла кўзингизга боқиб шундоқ
Бардошлари ҳориб кетди опангизнинг.
«Опа бўлиб нима бердим?» деган сўроқ
Ҳаловатин олиб кетди опангизнинг.

Мафтун этди осмоннинг нур расталари,
Бекитди кўз гулнинг бахт йўқ дасталари.
Сизга атаб ёзиб қўйган мисралари
Тушларида қолиб кетди опангизнинг.

Ёнда туриб етолмади отасига,
Бир ширин сўз айтолмади онасига.
Деворида шеър гуллаган хонасидан
Дунёлари нолиб кетди опангизнинг.

Инсон тақдир назарида ўйин экан,
Ютар экан бу ўйинда бўйин эгган.
Сиртда кулиб, ичда йиғлаш қийин экан,
Ҳоли ёмон бўлиб кетди опангизнинг.

Ичган ҳаво юрагига ботиб-ботмай,
Гоҳи омад орқасидан чопиб-чопмай.
Уни мендек тушунувчи дарддош топмай,
Дард қадаҳи тўлиб кетди опангизнинг.

Куюк кўксин бекитмади барг хазонлар,
Музларини эритмади саратонлар.
Аламларин кўриб, билиб қаҳратонлар,
Аҳволига кулиб кетди опангизнинг.

Айб санаманг, боролмаса ёнингизга,
Лек шерикдир чеккан ҳар бир ғамингизга.
Укаларим!
Гина қилманг, арзи сизга —
Қанотлари куюб кетган опангизнинг!

ИЖОД

Бу йиллар шунчаки меники эмас,
Кимнингдир кўнгли бор баҳорларида.
Битта ишқ тафтида куйиб гул бўлган —
Кимнинг кузи уйғоқ изҳорларида.

Сочимни тортқилар бесар шамоллар,
Шом ботган нигоҳда мен ҳам бордайман.
Азизим, дунёнинг бунёсини кўр,
Кўнглин олмоқликдан умидвордайман.

Йўлларда дарахтдай тизилар армон,
Қушдай учиб ўтар гуноҳ сояси.
Эй дил! Кўкармакни қайдан ўргандинг,
Булут бўлиб турса орзу дояси.

Мен ҳам юракликлар қўйган элчиман,
(Гарчи, япроқлигим тан олгим келмас)
Кимнингдир кўнгли бор баҳорларимда,
Бу йиллар шунчаки меники эмас…

***

Мен Хизрга садо берсам,
Тушларимга кирди пирлар.
Қуёшга-да ён босмади
Бармоқларим кесган нурлар.

Осмоннинг ҳам бор эканми,
Зоҳирлари, ботинлари.
Кўзларимдан оқиб тушди
Оқ кўнглининг ёмғирлари.

Хазонрездан ўтлар кетди
Юрагимнинг дарёсига.
Борлиқ берган номдай тўғри,
Ишонмайман хатосига:

Менда хаққинг бордай, Дунё!
Менда хаққинг бордай, Дунё!

ЮРАК

Нега довдирайсан кўксимдаги гул?
Нега чалкашасан туйғуларимдан?
Ҳар бир савобимни тўғноғич қилиб,
Маржон тизмайсанми орзуларимдан?!

Келар кўкламларга дил очдим қанча,
Шудрингни кўзимдан тўкиб юбордим.
«Сенга тўзим берсин, матонат берсин…»-
Сукут забонида Ҳаққа ёлвордим.

Баргрезон… Мезонлар менга-да эмас,
Бу хазон кўнглингга яқин, биламан.
Сен тушун, ҳар тўртта фаслда ҳам мен
Фақат… фақат шамол бўлиб еламан.

Ва яна ёнаман самандар янглиғ,
Ҳуваqдо қисматим ўтида ранждай.
Жунун даштларида дайдиган руҳим
Менга соғинчлардан тутқазади май.

Шаббода ёдимни қўлига олиб,
Мовий уфқ томонга бошлаганда йўл.
Нега чалкашасан туйғуларимдан?
Нега довдирайсан кўксимдаги гул?

* * *

Кузги боғлар каби юрибман беҳол,
Кўркин кўз-кўз қилиб солланар замин.
Художон, тилимга ўчмас чўғлар сол,
Халқим қалбидаги олов бўлайин.

Менам бир кўнгилман, дарди давосиз,
Менам бир юраги яримталардан.
Кўксим узра кўкка чопар садосиз,
Шеърдан гуллаётган бир парча ватан.

Худойим, шу элнинг назари бахтдир,
Меҳрга ўраб бер, айтмишларимни.
Энди бугунимга қайтмоғим шартдир,
Эртакка айлантир ўтмишларимни.

 

* * *

Осмонингда юлдуз бор, юрагимда оқшоми,
Қирғоғини топмаган кўзим — дарёнг хироми.
Шеърим бўлиб гуллаган ҳаётнинг намозшоми,
Ўзимга ўзим ғаним, мендан ранжима, дунё!

Кечикмаса кузаклар ҳар гал япроқ тўкилгай,
Офтоб отса, гулдаги шабнам — титроқ тўкилгай.
Менинг эса кўксимга дарддан мудроқ тўкилгай,
Не қилай, мингдир камим, мендан ранжима, дунё!

Фазосин топмай туриб, ой ҳам ҳилол бўларму?
Ўзанга тушмагунча сой ҳам зилол бўларму?
Тупроқни англамасдан кулол кулол бўларму?
Керак аламим, ғамим, мендан ранжима, дунё?

Қисмати ёзилармиш, инсон туғилмай туриб,
Менинг туғилгим келмас, шафақли уфқни кўриб.
Қисматим ҳар саҳфидан соғинч ўтар югуриб,
Сен эмас соғинганим, мендан ранжима, дунё!

Дардлар куйлаб юрибман, умрнинг баётидан,
Бахтли Бахтинисолар лайлакнинг қанотида.
Туғилмоққа, тушмоққа кимнингдир ҳаётидан
Ҳали келмади галим, мендан ранжима, дунё!

* * *

Дардлар келди булут бўлиб,
Даво мени тушунгайму?
Кетолмадим сукут бўлиб,
Наво мени тушунгайму?

Дилни дўстга бориб айтдим,
Аламимни ёриб айтдим.
Юзин бурди. Ҳориб қайтдим,
Хато мени тушунгайму?

Кетсанг, тўрт ён — йўл, дедилар,
Сендан безган мўл дедилар.
Гиналарни қўй, дедилар,
Вафо мени тушунгайму?

Кўзларимга тугди тугун,
Эрталарим келди бугун.
Руҳим боғин кузлатган ул
Садо мени тушунгайму?

Ё раб, дейман, кўкка боқиб,
Мени чақир, борай оқиб.
Юрагини ойда ёқиб,
Само мени тушунгайму?

* * *

Отамнинг
Кўзидан кўнглига тўкилган ёшман,
Онамнинг
Қувончига ботган бир харсангтошман.
Нега
Юрагимга етмайди қўлим,
Нега
Ўлим билан биттадир йўлим.

* * *

Қуёш чўкиб кетар, кўнглим безовта…
Ҳалима Аҳмедова

«Қуёш чўка бошлар, кўнглим безовта»,
Шафақ сари учар бир гала қушлар.
Нотинч умидларга бошқоронғудек,
Мени имлайверар сўнгсиз ташвишлар.

Кўзларимга оққан туннинг руҳига
Бой бериб юрибман ўзимни наҳот.
Бир кунлик умримни тобутга солиб,
Елкасига ортиб, судралар ҳаёт.

Тўрт ёним кенгайиб борар тобора,
Мен эса торайиб, сарғайиб, куйиб.
Негадир кўнглимни юпатгим келар,
Қорайган уфқларга бошимни қўйиб.

Гоҳ уни ўйлайман, гоҳида буни,
Чалкаш хаёллардан бордайин фойда.
Қачон англатасан ўзлигимни сен,
Эй, қишлоқи онам, қайдасан, қайда.

Бўғзимни қуюндек босар йиғилар,
Балки дард мен учун энг тўғри хато.
Чорасизлик ичра бир нажот истаб,
Ойларга қўлимни узатдим, аммо…

«Қуёш чўкиб кетган, кўнглим безовта»,
Бир Дил берк қалбимга урилди, қайтди.
Шаффоф саҳарларни бағримга босиб,
Қанийди туғилсам намозшом пайти.

Адашгандек бўлдим мағриб машриқда,
Сочимдек тўзғиди тунги ўйларим.
Не учун ойданмас, мендан нолиди,
Ҳавода муаллақ қолган қўлларим…

* * *

Сиз ким, деманг,
Мен — армонниг ўгай қизи,
Изтиробнинг кулгусидан кўзи ёшман.
Юзларига тамға бўлиб алам изи,
Бир бир нураб бораётган сабру дошман.

Сиз ким, деманг,
Дудуқлансам, кулар гардун,
Қайғуларнинг кулин титар куюк гардим.
Дардлардан ҳам оғир ахир менинг дардим,
Ғам кулбасин сассиз кезган ғариб бошман.

Сиз ким, деманг,
Берманг менга бу саволни,
Жавоб бермоқ чиқар жонга кўп малолдир.
Изларига муштоқ этиб бир аёлни,
Ўзи хандон отиб юрган бағритошман.

Сиз ким, деманг,
Чертманг, руҳим созларини,
Музлатманг-эй, юрагимнинг ёзларини.
Баҳорлардан бекитганча розларини,
Кузакларга очиб қўйган сири фошман.

Сиз ким, деманг,
Ростин айтсам ҳеч киммасман,
Ҳеч ким мендан яхшироғу, паст келмасман.
Қулаб тушган йиқилмасман, йиқилмасман…
Кимлигимни англолмайман, ҳали ёшман…

Сиз ким, деманг,
Сиз ким, деманг,
Сиз ким, деманг…

ВАЪДА

Энди йиғламайман, она,
Юрагимни ғамга бериб.
Шундоғам пок орзуларим
Кўз ёшимда кетди эриб.

Энди йиғламайман, она,
Қайғу юртдан қайтиб келгум.
Мен ўзимни телбаларча,
Қандоқ бўлсам шундоқ севгум.

Энди йиғламайман, она,
Изтиробнинг банди синсин.
Бир кунда бир йиғлатолмай
Аламларга алам қилсин.

Энди йиғламайман, она…

ТАСАЛЛИ

Бир кунлар келади, сен учун пайдо,
Ғамига ҳам жонинг тўшайсан, кўнглим.
Озорларига ҳеч қилмайин парво,
Сен ҳали бахтиёр яшайсан, кўнглим.

Орзуинг қошингда айланиб юрар,
Бўғзингдан отилиб чиқар хасратлар.
Шунда ишончингни қайтариб берар,
Бағринг ҳувиллатиб кетган фурсатлар.

Армонинг рўёга ғарқ бўлар гўё,
Жон таслим қилади аламинг, дардинг.
Пушаймондан ранги заъфарон, сиёҳ,
Сендан йироқлашган умидларингнинг.

Бахт омадлар келар чеҳраси кулган,
Ҳаётинг эгаллай бошлайди баҳор.
Ҳали жамолини кўрсатмай юрган,
Ойнинг ёришажак қанча туни бор.

Бир кунлар келади. Танҳо сен учун,
Ҳатто хаёл боғинг бўлади сўлим.
Фақат сен ҳозирча чўкиб кетмагин,
Фақат сен ҳозирча йиғлама, кўнглим.

* * *

Фасллар алмашинур, кимларга қалам йўниб,
Сўз айтган ҳар кишининг бегонаси бўлмагай.
Юрак «деразасининг олдида оппоқ бўлиб,
Гуллаб»  Ҳамид Олимжон, кузлар ўтиб сўлмагай.

Дунё — юкли карвондир, кўзи ёшли, бир камли,
Бағрдаги кемтиклар зари билан тўлмагай.
Ҳаёт! Сени куйлади, йиғлаб-йиғлаб, аламли,
Айтган сўзи — чин кўнглинг, Зулфия ҳеч ўлмагай.

* * *

Жияним Вазирага

Сайр қилгинг келади мен билан узоқ,
Айланиб Олмазор кўчаларини.
Тушунгин, баъзида бўлмайди ҳолим,
Артолмай қоламан дил чангларини.

Нетай, кенг қишлоққа сиғмас бир жоним,
Гарчи, изларим бор тупроқларида.
Беғам қизалоқни кўраман бугун,
Сувга эгилган тол япроқларида.

«Чарчамадингизми?» дейсан, гоҳ-гоҳи,
Исён бошланади ҳорган танимда.
Қўйгин, йўл чарчоғи нима бўлибди,
Ҳаёт дардларидан чарчаганимда?

Кимдир аравасин ўтади судраб,
Яна ким елкага юлғунни ортиб.
Менинг эса руҳим чўкиб боради,
Мени эслолмаган дилларга боқиб.

Аллақандай ғашлик ва илинж ичра,
Дайровот томонга қадайман кўзни.
Нигоҳим-ла минг бор кезаман, аммо,
Барибир топмайман, ҳув ўша қизни.

Тўзғиган хаёлим ногоҳ банд этар,
Мактаб йўлидаги қатор севинчлар.
Ариқ бўйидаги тутга осилиб,
Ҳалинчак учади кўм кўк соғинчлар.

Жилмайиб қўяман. Юрак безовта,
Бир нураб олади армоннинг уйи.
Бу чексиз йўлларда, тенгсиз йўлларда,
Мени еб битирар эртанинг ўйи.

Сайр қилгинг келади…

*   *  *

Заминнинг кўзига жойлашганимда,
Юрагимни туса, қушлар кўз ёши,
Менинг бенаф, бедод оғриқларимдан
Айланиб кетганда дунёнинг боши,
Мезонлари менга — сафарга чиқса,
Ёдимнинг кўнглида чалкашаверса,
Дарахт одам бўлиб сабо тилида
Нафасларим билан гаплашаверса,
Дард ёмғирдай юзга тўкилганида,
Бошимни силаса Айюб бардоши,
Мажнуна ҳислардан илтифот кутиб,
Ғашланиб ботганда руҳим қуёши,
Сиз етиб келасиз орзулар билан!

ВАТАН

Мен шеърдай ўқидим дарахтларини,
Ёдладим баргининг холларигача.
Заминин баҳор деб, дунёни куз деб,
Қучдим ёзлари-ю, қорларигача.

Кўзимни нимадир авайлаб ўпди —
Шамол бўсасида ёнди киприклар.
Икки жаҳонларни туташтиргудай,
Юрагимга ундан бунёд кўприклар.

Бобомни кўраман тоғига қараб,
Момомнинг кафтига ўхшар ҳаёти.
Уйқумга кўчгани сира тушлармас, —
Даладан дил терган қушлари ёди.

Бошоққа бойланиб ўсар умрлар,
Юлғундай шохланиб, ростланар деҳқон.
Хоҳласа, тандирдай гуллайди тупроқ,
Хоҳласа, ёмғирдай тўкилар осмон.

Бу афсунни кимдан ўрганди экан?
Нурлар тўшаб борар қуёш изига.
Қанийди, кўнглимдан ўтган ватаннинг
Ватан бўла олсам, битта ҳисига.

Қанийди!

МАСАЛА

Бир кўнглимда мингдан ортиқ туйғу бор.
Бириси туғилса, бири ўлади.
Шу туришда осмон келиб қўшилса,
Неча бўлади?

Барчаси бир тараф, соғинч бир тараф.
Лим-лим тўлиб қолса соғинчнинг жоми.
Туйғуларни ғиж-ғиж ғунчалаб қўйса,
Карра бўладими соғинчнинг номи?

Айрилиб-айрилиб кетса кулгулар,
Қўшилиб-қўшилиб келса қайғулар.
Армонлар айирса орзуларимдан
Айирма нечага тенг бўлар?

Мен сизга жавобни айтаман аниқ:
Ҳеч битти қарз олмай олам-борлиқдан,
Кўнглим бўлинувчи, дунё бўлувчи,
Соғинч бўлинмадир, ўзим қолдиқман.

033

Baxtiniso Chiroqchida tug’ilgan. Bugun Toshkentdagi shifoxonalardan birida davolanmoqda. Do’stim Shuhrat Daryo o’sha shifoxonaga borib kontsert berganida bu shoira singlim bilan tanishgan ekan. Mana shu voqea sabab bo’lib, Baxtinisoning feysbukdagi sahifasida qo’yilgan she’rlarini o’qib chiqdimu ulardagi mahzun tuyg’ulardan qutulolmay o’yga cho’mib tursam-da, yuragim shodlandi. Yoshlikda bo’ladigan hali notamom satrlariga qaramay hayotga bo’lmish buyuk muhabbat tuyg’ulari bor edi bu she’rlarda. Yana bu she’rlarda men sog’ingan go’zal, shoirona hikmatlar bor edi. Hali yosh qalbning Buyuk tajribasi bor edi. Rahmatli dadamning «Dard odamni ulg’aytiradi» degan gapini esladim. Baxtiniso she’rlarini qayta-qayta o’qidimu ularni tezroq siz bilan baham ko’rgim keldi. Mehribon Ollohdan Baxtiniso dardiga davo berishini so’rayman. Omin,Ollohu Akbar.

Xurshid DAVRON
O’zbekiston xalq shoiri

09
Baxtiniso Mahmudova
SHE’RLAR
065

MAKTUB

Mehr to’la ko’zingizga boqib shundoq
Bardoshlari horib ketdi opangizning.
«Opa bo’lib nima berdim?» degan so’roq
Halovatin olib ketdi opangizning.

Maftun etdi osmonning nur rastalari,
Bekitdi ko’z gulning baxt yo’q dastalari.
Sizga atab yozib qo’ygan misralari
Tushlarida qolib ketdi opangizning.

Yonda turib yetolmadi otasiga,
Bir shirin so’z aytolmadi onasiga.
Devorida she’r gullagan xonasidan
Dunyolari nolib ketdi opangizning.

Inson taqdir nazarida o’yin ekan,
Yutar ekan bu o’yinda bo’yin eggan.
Sirtda kulib, ichda yig’lash qiyin ekan,
Holi yomon bo’lib ketdi opangizning.

Ichgan havo yuragiga botib-botmay,
Gohi omad orqasidan chopib-chopmay.
Uni mendek tushunuvchi darddosh topmay,
Dard qadahi to’lib ketdi opangizning.

Kuyuk ko’ksin bekitmadi barg xazonlar,
Muzlarini eritmadi saratonlar.
Alamlarin ko’rib, bilib qahratonlar,
Ahvoliga kulib ketdi opangizning.

Ayb sanamang, borolmasa yoningizga,
Lek sherikdir chekkan har bir g’amingizga.
Ukalarim!
Gina qilmang, arzi sizga —
Qanotlari kuyub ketgan opangizning!

IJOD

Bu yillar shunchaki meniki emas,
Kimningdir ko’ngli bor bahorlarida.
Bitta ishq taftida kuyib gul bo’lgan —
Kimning kuzi uyg’oq izhorlarida.

Sochimni tortqilar besar shamollar,
Shom botgan nigohda men ham bordayman.
Azizim, dunyoning bunyosini ko’r,
Ko’nglin olmoqlikdan umidvordayman.

Yo’llarda daraxtday tizilar armon,
Qushday uchib o’tar gunoh soyasi.
Ey dil! Ko’karmakni qaydan o’rganding,
Bulut bo’lib tursa orzu doyasi.

Men ham yurakliklar qo’ygan elchiman,
(Garchi, yaproqligim tan olgim kelmas)
Kimningdir ko’ngli bor bahorlarimda,
Bu yillar shunchaki meniki emas…

***

Men Xizrga sado bersam,
Tushlarimga kirdi pirlar.
Quyoshga-da yon bosmadi
Barmoqlarim kesgan nurlar.

Osmonning ham bor ekanmi,
Zohirlari, botinlari.
Ko’zlarimdan oqib tushdi
Oq ko’nglining yomg’irlari.

Xazonrezdan o’tlar ketdi
Yuragimning daryosiga.
Borliq bergan nomday to’g’ri,
Ishonmayman xatosiga:

Menda xaqqing borday, Dunyo!
Menda xaqqing borday, Dunyo!

YURAK

Nega dovdiraysan ko’ksimdagi gul?
Nega chalkashasan tuyg’ularimdan?
Har bir savobimni to’g’nog’ich qilib,
Marjon tizmaysanmi orzularimdan?!

Kelar ko’klamlarga dil ochdim qancha,
Shudringni ko’zimdan to’kib yubordim.
«Senga to’zim bersin, matonat bersin…»-
Sukut zabonida Haqqa yolvordim.

Bargrezon… Mezonlar menga-da emas,
Bu xazon ko’nglingga yaqin, bilaman.
Sen tushun, har to’rtta faslda ham men
Faqat… faqat shamol bo’lib yelaman.

Va yana yonaman samandar yanglig’,
Huvaqdo qismatim o’tida ranjday.
Junun dashtlarida daydigan ruhim
Menga sog’inchlardan tutqazadi may.

Shabboda yodimni qo’liga olib,
Moviy ufq tomonga boshlaganda yo’l.
Nega chalkashasan tuyg’ularimdan?
Nega dovdiraysan ko’ksimdagi gul?

* * *

Kuzgi bog’lar kabi yuribman behol,
Ko’rkin ko’z-ko’z qilib sollanar zamin.
Xudojon, tilimga o’chmas cho’g’lar sol,
Xalqim qalbidagi olov bo’layin.

Menam bir ko’ngilman, dardi davosiz,
Menam bir yuragi yarimtalardan.
Ko’ksim uzra ko’kka chopar sadosiz,
She’rdan gullayotgan bir parcha vatan.

Xudoyim, shu elning nazari baxtdir,
Mehrga o’rab ber, aytmishlarimni.
Endi bugunimga qaytmog’im shartdir,
Ertakka aylantir o’tmishlarimni.

 

* * *

Osmoningda yulduz bor, yuragimda oqshomi,
Qirg’og’ini topmagan ko’zim — daryong xiromi.
She’rim bo’lib gullagan hayotning namozshomi,
O’zimga o’zim g’anim, mendan ranjima, dunyo!

Kechikmasa kuzaklar har gal yaproq to’kilgay,
Oftob otsa, guldagi shabnam — titroq to’kilgay.
Mening esa ko’ksimga darddan mudroq to’kilgay,
Ne qilay, mingdir kamim, mendan ranjima, dunyo!

Fazosin topmay turib, oy ham hilol bo’larmu?
O’zanga tushmaguncha soy ham zilol bo’larmu?
Tuproqni anglamasdan kulol kulol bo’larmu?
Kerak alamim, g’amim, mendan ranjima, dunyo?

Qismati yozilarmish, inson tug’ilmay turib,
Mening tug’ilgim kelmas, shafaqli ufqni ko’rib.
Qismatim har sahfidan sog’inch o’tar yugurib,
Sen emas sog’inganim, mendan ranjima, dunyo!

Dardlar kuylab yuribman, umrning bayotidan,
Baxtli Baxtinisolar laylakning qanotida.
Tug’ilmoqqa, tushmoqqa kimningdir hayotidan
Hali kelmadi galim, mendan ranjima, dunyo!

* * *

Dardlar keldi bulut bo’lib,
Davo meni tushungaymu?
Ketolmadim sukut bo’lib,
Navo meni tushungaymu?

Dilni do’stga borib aytdim,
Alamimni yorib aytdim.
Yuzin burdi. Horib qaytdim,
Xato meni tushungaymu?

Ketsang, to’rt yon — yo’l, dedilar,
Sendan bezgan mo’l dedilar.
Ginalarni qo’y, dedilar,
Vafo meni tushungaymu?

Ko’zlarimga tugdi tugun,
Ertalarim keldi bugun.
Ruhim bog’in kuzlatgan ul
Sado meni tushungaymu?

YO rab, deyman, ko’kka boqib,
Meni chaqir, boray oqib.
Yuragini oyda yoqib,
Samo meni tushungaymu?

* * *

Otamning
Ko’zidan ko’ngliga to’kilgan yoshman,
Onamning
Quvonchiga botgan bir xarsangtoshman.
Nega
Yuragimga yetmaydi qo’lim,
Nega
O’lim bilan bittadir yo’lim.

* * *

Quyosh cho’kib ketar, ko’nglim bezovta…
Halima Ahmedova

«Quyosh cho’ka boshlar, ko’nglim bezovta»,
Shafaq sari uchar bir gala qushlar.
Notinch umidlarga boshqorong’udek,
Meni imlayverar so’ngsiz tashvishlar.

Ko’zlarimga oqqan tunning ruhiga
Boy berib yuribman o’zimni nahot.
Bir kunlik umrimni tobutga solib,
Yelkasiga ortib, sudralar hayot.

To’rt yonim kengayib borar tobora,
Men esa torayib, sarg’ayib, kuyib.
Negadir ko’nglimni yupatgim kelar,
Qoraygan ufqlarga boshimni qo’yib.

Goh uni o’ylayman, gohida buni,
Chalkash xayollardan bordayin foyda.
Qachon anglatasan o’zligimni sen,
Ey, qishloqi onam, qaydasan, qayda.

Bo’g’zimni quyundek bosar yig’ilar,
Balki dard men uchun eng to’g’ri xato.
Chorasizlik ichra bir najot istab,
Oylarga qo’limni uzatdim, ammo…

«Quyosh cho’kib ketgan, ko’nglim bezovta»,
Bir Dil berk qalbimga urildi, qaytdi.
Shaffof saharlarni bag’rimga bosib,
Qaniydi tug’ilsam namozshom payti.

Adashgandek bo’ldim mag’rib mashriqda,
Sochimdek to’zg’idi tungi o’ylarim.
Ne uchun oydanmas, mendan nolidi,
Havoda muallaq qolgan qo’llarim…

* * *

Siz kim, demang,
Men — armonnig o’gay qizi,
Iztirobning kulgusidan ko’zi yoshman.
Yuzlariga tamg’a bo’lib alam izi,
Bir bir nurab borayotgan sabru doshman.

Siz kim, demang,
Duduqlansam, kular gardun,
Qayg’ularning kulin titar kuyuk gardim.
Dardlardan ham og’ir axir mening dardim,
G’am kulbasin sassiz kezgan g’arib boshman.

Siz kim, demang,
Bermang menga bu savolni,
Javob bermoq chiqar jonga ko’p maloldir.
Izlariga mushtoq etib bir ayolni,
O’zi xandon otib yurgan bag’ritoshman.

Siz kim, demang,
Chertmang, ruhim sozlarini,
Muzlatmang-ey, yuragimning yozlarini.
Bahorlardan bekitgancha rozlarini,
Kuzaklarga ochib qo’ygan siri foshman.

Siz kim, demang,
Rostin aytsam hech kimmasman,
Hech kim mendan yaxshirog’u, past kelmasman.
Qulab tushgan yiqilmasman, yiqilmasman…
Kimligimni anglolmayman, hali yoshman…

Siz kim, demang,
Siz kim, demang,
Siz kim, demang…

VA’DA

Endi yig’lamayman, ona,
Yuragimni g’amga berib.
Shundog’am pok orzularim
Ko’z yoshimda ketdi erib.

Endi yig’lamayman, ona,
Qayg’u yurtdan qaytib kelgum.
Men o’zimni telbalarcha,
Qandoq bo’lsam shundoq sevgum.

Endi yig’lamayman, ona,
Iztirobning bandi sinsin.
Bir kunda bir yig’latolmay
Alamlarga alam qilsin.

Endi yig’lamayman, ona…

TASALLI

Bir kunlar keladi, sen uchun paydo,
G’amiga ham joning to’shaysan, ko’nglim.
Ozorlariga hech qilmayin parvo,
Sen hali baxtiyor yashaysan, ko’nglim.

Orzuing qoshingda aylanib yurar,
Bo’g’zingdan otilib chiqar xasratlar.
Shunda ishonchingni qaytarib berar,
Bag’ring huvillatib ketgan fursatlar.

Armoning ro’yoga g’arq bo’lar go’yo,
Jon taslim qiladi alaming, darding.
Pushaymondan rangi za’faron, siyoh,
Sendan yiroqlashgan umidlaringning.

Baxt omadlar kelar chehrasi kulgan,
Hayoting egallay boshlaydi bahor.
Hali jamolini ko’rsatmay yurgan,
Oyning yorishajak qancha tuni bor.

Bir kunlar keladi. Tanho sen uchun,
Hatto xayol bog’ing bo’ladi so’lim.
Faqat sen hozircha cho’kib ketmagin,
Faqat sen hozircha yig’lama, ko’nglim.

* * *

Fasllar almashinur, kimlarga qalam yo’nib,
So’z aytgan har kishining begonasi bo’lmagay.
Yurak «derazasining oldida oppoq bo’lib,
Gullab» Hamid Olimjon, kuzlar o’tib so’lmagay.

Dunyo — yukli karvondir, ko’zi yoshli, bir kamli,
Bag’rdagi kemtiklar zari bilan to’lmagay.
Hayot! Seni kuyladi, yig’lab-yig’lab, alamli,
Aytgan so’zi — chin ko’ngling, Zulfiya hech o’lmagay.

* * *

Jiyanim Vaziraga

Sayr qilging keladi men bilan uzoq,
Aylanib Olmazor ko’chalarini.
Tushungin, ba’zida bo’lmaydi holim,
Artolmay qolaman dil changlarini.

Netay, keng qishloqqa sig’mas bir jonim,
Garchi, izlarim bor tuproqlarida.
Beg’am qizaloqni ko’raman bugun,
Suvga egilgan tol yaproqlarida.

«Charchamadingizmi?» deysan, goh-gohi,
Isyon boshlanadi horgan tanimda.
Qo’ygin, yo’l charchog’i nima bo’libdi,
Hayot dardlaridan charchaganimda?

Kimdir aravasin o’tadi sudrab,
Yana kim yelkaga yulg’unni ortib.
Mening esa ruhim cho’kib boradi,
Meni eslolmagan dillarga boqib.

Allaqanday g’ashlik va ilinj ichra,
Dayrovot tomonga qadayman ko’zni.
Nigohim-la ming bor kezaman, ammo,
Baribir topmayman, huv o’sha qizni.

To’zg’igan xayolim nogoh band etar,
Maktab yo’lidagi qator sevinchlar.
Ariq bo’yidagi tutga osilib,
Halinchak uchadi ko’m ko’k sog’inchlar.

Jilmayib qo’yaman. Yurak bezovta,
Bir nurab oladi armonning uyi.
Bu cheksiz yo’llarda, tengsiz yo’llarda,
Meni yeb bitirar ertaning o’yi.

Sayr qilging keladi…

 

* * *

Zaminning ko’ziga joylashganimda,
Yuragimni tusa, qushlar ko’z yoshi,
Mening benaf, bedod og’riqlarimdan
Aylanib ketganda dunyoning boshi,
Mezonlari menga — safarga chiqsa,
Yodimning ko’nglida chalkashaversa,
Daraxt odam bo’lib sabo tilida
Nafaslarim bilan gaplashaversa,
Dard yomg’irday yuzga to’kilganida,
Boshimni silasa Ayyub bardoshi,
Majnuna hislardan iltifot kutib,
G’ashlanib botganda ruhim quyoshi,
Siz yetib kelasiz orzular bilan!

VATAN

Men she’rday o’qidim daraxtlarini,
Yodladim bargining xollarigacha.
Zaminin bahor deb, dunyoni kuz deb,
Quchdim yozlari-yu, qorlarigacha.

Ko’zimni nimadir avaylab o’pdi —
Shamol bo’sasida yondi kipriklar.
Ikki jahonlarni tutashtirguday,
Yuragimga undan bunyod ko’priklar.

Bobomni ko’raman tog’iga qarab,
Momomning kaftiga o’xshar hayoti.
Uyqumga ko’chgani sira tushlarmas, —
Daladan dil tergan qushlari yodi.

Boshoqqa boylanib o’sar umrlar,
Yulg’unday shoxlanib, rostlanar dehqon.
Xohlasa, tandirday gullaydi tuproq,
Xohlasa, yomg’irday to’kilar osmon.

Bu afsunni kimdan o’rgandi ekan?
Nurlar to’shab borar quyosh iziga.
Qaniydi, ko’nglimdan o’tgan vatanning
Vatan bo’la olsam, bitta hisiga.

Qaniydi!

MASALA

Bir ko’nglimda mingdan ortiq tuyg’u bor.
Birisi tug’ilsa, biri o’ladi.
Shu turishda osmon kelib qo’shilsa,
Necha bo’ladi?

Barchasi bir taraf, sog’inch bir taraf.
Lim-lim to’lib qolsa sog’inchning jomi.
Tuyg’ularni g’ij-g’ij g’unchalab qo’ysa,
Karra bo’ladimi sog’inchning nomi?

Ayrilib-ayrilib ketsa kulgular,
Qo’shilib-qo’shilib kelsa qayg’ular.
Armonlar ayirsa orzularimdan
Ayirma nechaga teng bo’lar?

Men sizga javobni aytaman aniq:
Hech bitti qarz olmay olam-borliqdan,
Ko’nglim bo’linuvchi, dunyo bo’luvchi,
Sog’inch bo’linmadir, o’zim qoldiqman.

033

(Tashriflar: umumiy 1 404, bugungi 1)

6 izoh

  1. Do’stim Baxtiniso chiroqchilik yoshlardan. Yaxshi shoira. Doim fikr almashib turamiz. She’rlarini ustozning saytlarida o’qib xursand bo’ldim.

  2. Yaxshi she’rlar uchun rahmat. Ustoz Xurshid Davron, Zulfiya onamiz aytganlariday yaratgan nasib etsa, » Bu bog’lar bir bog’lar bo’ladi hali»… …

  3. Baxtiniso opamda o’zgacha qalb bor! U kishi boshqalarga o’xshamaydi-judayam samimiy qalb sohibi. Yuragimga qandaydir tushkunlik o’rnashsa opam bilan xabarlashgim keladi Telegram orqali,telefon orqali. Men xursandman hayot menga shunday dilkash insonlarni uchratayotganidan!

  4. Осмоннинг ҳам бор эканми,
    Зоҳирлари, ботинлари.
    Кўзларимдан оқиб тушди
    Оқ кўнглининг ёмғирлари.
    Бахтинисо, Дард қошида юксалган, изтироблардан Бахт таъмини туйган, сингилгинам, сизни АЛЛОҲ ярлақасин!
    Мухтасар Тожимаматова.

  5. Бахти, бугун шеърларингни шогирдларимга ўқиб бердим, Ҳалиям тириесан…

Izoh qoldiring