Ibrohim Haqqul. Ruhoniyat va nafsoniyat tazodi & Zulayho Rahmonova. Ibrohim Haqqulning “Talant – jasorat javhari” kitobi haqida

003    Ўзининг бетакрор талқин ва таҳлил услубига эга, ўзига хос илмий-ирфоний бир тил яратган устоз адабиётшунос Иброҳим Ҳаққулнинг “Муҳаррир” нашриётида “Талант – жасорат жавҳари” (Тошкент, 2018, 284-бет) номли навбатдаги китоби чоп этилди.

Зулайҳо Раҳмонова
“ТАЛАНТ — ЖАСОРАТ ЖАВҲАРИ”
КИТОБИ ҲАҚИДА
021

Ўзининг бетакрор талқин ва таҳлил услубига эга, ўзига хос илмий-ирфоний бир тил яратган устоз адабиётшунос Иброҳим Ҳаққулнинг “Муҳаррир” нашриётида “Талант – жасорат жавҳари” (Тошкент, 2018, 284-бет) номли навбатдаги китоби чоп этилди.

Унинг илк саҳифаси шундай сўзлар билан бошланади: “Аллоҳ насиб айласа, келаси йил баҳорда етмиш ёшни қаршилайман. Бу умрнинг қарийб эллик йили адабиётни ўқиб-ўрганиш, айниқса, мумтоз адабий меросимиз намуналарини тадқиқу талқин қилиш билан ўтди”. Дарҳақиқат, беш фаслдан иборат бу китоб умр бўйи адабиёт билан дилдан суҳбатлашиш ва унга хиёнат қилмасликнинг ибратли натижасидир. Унда ўзбек адабиётшунослигининг қатор долзарб муаммолари, жумладан: мумтоз адабиёт, тасаввуф, сўфийлик адабиёти ва унинг бир неча йирик вакиллари ижодиёти тадқиқ этилган мақолалар, шунингдек, адабий матннинг ўзига хос жиҳат ва хусусиятларига эътибор қаратилган тадқиқотлар жамланган. Тўпламнинг бир фасли эса муаллифнинг устозлари ҳақида бўлиб, “Устозлар ва устозлик мақоми” дея аталади.

Мумтоз адабиётимизни тасаввуфий ғоя, истилоҳ, образ ва рамзларсиз англаб бўлмайди. Шу маънода Иброҳим Ҳаққул қатор тадқиқотлари билан ўқувчини ҳақиқий адабиёт билан юзлаштирган ўзбек мумтоз сўз санъатидаги тасаввуфий-ирфоний қарашларнинг илк тадқиқотчиларидандир. Ушбу китобнинг биринчи, иккинчи, учинчи фаслларида ҳам тасаввуфшуноснинг тариқат ҳамда сўфий шоирлар ижоди, асарлари таҳлилига оид қимматли қарашлари ўз аксини топган. Жумладан, “Тасаввуф: тарих, моҳият ва тадқиқ талаблари” мақоласида шундай дейилади: “Инсон тақдири ва тарбияси дунёдаги ҳамма диний, ахлоқий, фалсафий таълимотларнинг марказида турган. Бу табиий, албатта. Чунки одам қисмати ва тарбияси билан чуқур қизиқиб, фаоллик кўрсатмаган таълимотнинг нуфузи ўзига яраша бўлганидек, умри ҳам узоққа чўзилмайди. Тарихий мавқе эътибори билан тасаввуфга тенг келадиган таълимот эса камдир”. Олимнинг ҳар бир таҳлилида бу фоний дунёни, инсон ва убудият мақомини англаш асосий мақсаддир. Адабиёт, аввало – одоб-ахлоқ демак. Мазкур китобда бу ҳақиқат янада теран, янада таъсирлироқ тарзда ўз аксини топганки, у ўзликни англаш ва моҳиятбинликка кучли иштиёқ уйғотади. Айниқса, Жомий, Бедил, Навоий, Машраб, Амирий, Огаҳий, Махтумқули каби буюк сиймоларнинг шахсияти ва ижоди муштаракликда тадқиқ этилиб, айни масалаларнинг адабиётшунослигимизда ҳали эътибор қаратилмаган жиҳатларига урғу берилган. Заҳириддин Бобур ва Шайбонийхоннинг мағлубияту музаффариятида Гулбаданбегимнинг фожиаси тарихий далиллар асосида шарҳланадики, ўқувчи қалбида тарихий бир дардкашлик уйғотади.

Китобдан мумтоз асарларимизга оид тадқиқотлар билан бир қаторда замонавий адабиёт намуналари ва чет эл адабиётининг даҳо ижодкорлари шахсияти ва ижоди ҳақидаги талқинлар ҳам ўрин олган. Барча давр Шарқ ва Ғарб адабиётини бирдай теран англаш ва чуқур таҳлил қилиниши китобхонни кўнгилнинг сирли ва рангин оламига чорлайди. Фанимиздаги юзаки, ноўрин, нотўғри таҳлилу талқинларга муносабат пайдо этади. “Талант – ижод ва шижоат жавҳари” мақоласидаги мана бу хулосалар фикримизнинг исботидир: “Инсон ҳуррияти дардида ёнган ижодий шахсгина шеъриятни ҳис ва фикр ночорликларидан қутқазади… Буюк талант дунёга тез-тез келавермаслигини билиш, уни қандай кутиб олиб, қандоқ эҳтиром ила кузатишни уддалаш – оддий ишмас, халқнинг тафаккур даражаси, маданий ва миллий савиясини намоён этадиган ҳодисалардан саналади”. Ижодкорларнинг миллати, эътиқоди ва асарларнинг ёзилган даври ҳар хил бўлишига қарамай, “Адабиёт – инсоншунослик” нуқтаи назари ила таҳлилга тортилган ўлмас, дурдона асарларнинг бугунги кун овози янграётган мазкур талқинлари ҳам аслида вақт занжиридан тамоман озоддир. Муаллифнинг ҳар бир мулоҳазаси ҳақиқий ижод ҳамда ҳақиқий ижодкор хусусида: “Ҳақиқий санъаткор на омма диди ва савиясига мослаб асар ёзишни, на оломон дилини овлаб шуҳрат қозонишни хаёлга келтиради – бошқаларга мақбулми, номақбулми, у кўнглида илдиз отган, руҳини мунаввар қилган маъно ва ҳақиқатларни ёзади… Ҳақиқий шоирни маънан ҳам, руҳан ҳам аслида ҳеч ким енголмайди. Аммо нафсу ҳаво “аскар”лари унинг шахсиятини осон парчалайди. Шеър ёзиш шунда кўникма ва эрмакдан нари ўтмайди”.

Иброҳим Ҳаққулда ўрта йўл, ўртамиёналик йўқ. Аммо унинг ижодкор ва ижод ҳақидаги ҳар қандай кескин хулосаси, кутилмаган қарорларида аниқ асос ҳамда тушунарли изоҳлар борки, бундан ҳам кўз юмолмайсиз. Шу билан бирга унинг китобхон, ижодкор, мунаққидларга нисбатан билвосита суҳбатдошлик самимияти ибратлидир. Тўпламдаги мақолаларнинг яна бир ўзига хослиги, ўқувчида маърифий завқ уйғотишидир. Хуллас, китобнинг ўқувчи савияси, ҳоли, одам ва оламга қарашини юксалтирадиган асарлар сирасига кириши, албатта, эътиборга молик.

Олимнинг Ҳамза Ҳакимзода, Абдулҳамид Чўлпон, Тилак Жўра каби ижодкорлар ҳаёти ва асарларига янгича муносабати ҳам ўқувчида чуқур таассурот қолдиради. Зеро, муаллиф яқин тарихга айланган, айланаётган бир қатор чинакам ижодкорлар билан замондошгина эмас, балки руҳан жуда яқин. Шу боис миллатимиз маънавиятига жиддий таъсир этувчи бугунги ва эртанги адабиётимизни ҳақиқий баҳолайди, унинг таназзулидан огоҳликка чақиради: “Бугун Рауф Парфи, Тилак Жўра, Шавкат Раҳмон эришган ижодий ютуқларни мақтаб, издошлик даъвосини билдираётган навқирон қаламкашларнинг бирортасида ҳам улардаги самимият, шеъриятга чин содиқлик ва садоқат йўқ. Уларнинг энг пешқадами ҳам бир ёндан ҳақгўй, миллатпарвар ролини бажариш, иккинчи томондан, хушомад, маддоҳлик, қитмирликни қойиллатиш, “иккиўйинчилик” имтиёзларидан фойдаланишда анча илгарилаб кетган”.

Муаллифнинг бошқаларидан фарқли ўлароқ бу китоби сўнгги фасли ўзбек адабиётшунослигининг халқимиз ардоғидаги ўн бир дарғаси ҳақидаги самимий хотиралар ва уларнинг фанимиз ютуғидаги муносиб ҳиссаларига доир фикр-мулоҳазаларидир. Талабалик давридаги марҳум устозлари М.Мирзаев, Т.Қораев, М.Қосимова, О.Сафаров, Р.Воҳидов, академиклар Т. Мирзаев, Б.Назаров, Н.Каримов, ҳамда ЎзРФА Тил ва адабиёт институтида неча йиллар ҳамкорликда ишлаган Ўзбекистон Қаҳрамони Суйима Ғаниева ва А.Ҳайитметовларнинг олим ва инсон сифатидаги қиёфасига чизгилардан иборат бўлган адабиётшунос шогирднинг дил изҳорлари, албатта, кўпчиликка бирдай қизиқарли.

Китоб ўрта ва олий ўқув юртларининг филология факультети талабаларига, ўзбек адабиёти бўйича илмий изланишлар олиб бораётган тадқиқотчиларга ҳамда кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган илмий-адабий асар. Айни пайтда руҳшунослик ва маънишунослик нуқтаи назаридан қаралганда у бир бадиий асардай ўқилади. Унда Ҳақиқат ва Самимият, Ватанга, Миллатга, Эркка бўлган ички муҳаббат ўзаро уйғунлик касб этган. Хуллас, “Талант – жасорат жавҳари” Сиз кўп сирлашадиган, қайта-қайта ўқиб уқишга ҳаракат қиладиган дилга яқин китоблар қаторидан ўрин олишига ишонч билдирамиз.

Иброҳим ҲАҚҚУЛ
РУҲОНИЯТ ВА НАФСОНИЯТ
ТАЗОДИ
021

Шарқ тасаввуф адабиёти, энг аввало, руҳ ва руҳоният адабиёти. Чунки руҳ яратиқларнинг энг софи ва энг порлоғи. У фақат хайр, фақат гўзаллик учун ҳаракат қилади. Англаниши қийин, ҳатто имконсиз кўринган нарсаларни ҳам руҳ англашга қодир. Ғайб дунёсига руҳ йўл очади, ҳақиқат аҳлининг кашфи руҳ биландир. Мутасаввифлардан бири: “Руҳ, Жаноби Ҳақнинг “Кун!” (“Бўл!”) амри жалили билан пайдо бўлгани йўқ. Агар шундай бўлганда эди, унда зиллат (пастлик, тубанлик) аломатлари бўларди”, – дебди. Шунда унга: “Бундай бўлса, руҳ қаердан ва қандай яралган”, – дея савол берилганда у: “Жаноби Ҳақнинг жалоли ва жамоли орасидан зуҳур этмишдир. Шу учун ҳам руҳ “Кун!” амри ила майдонга келган ашёдаги зиллат ва ноқисликлардан фориғдир”, – деган экан.

Баъзи калом олимлари бир турли модда – нозик ва шаффоф жисм (жисми латиф) деб қарашган. Имом Ғаззолийга кўра, руҳ маънавий бир жавҳар бўлиб, Қуръони каримда ҳаёт бергувчи қувват, ваҳий, амр, Оллоҳнинг каломи, раҳмат ва Жаброил каби маъноларда қўлланилган. Мумтоз шеъриятда руҳ ҳақида, руҳнинг хусусият ёки фазилатлари борасида ёзмаган шоирни топиш қийин. Чунки руҳни билиш, руҳоний ҳаёт учун ғамхўрлик қила олишга қадим-қадимдан инсон ўзлигини англаш ва танишнинг туб асоси деб қаралган. Улуғ мутасаввиф Юсуф Ҳамадоний таъкидлаганидек, “Руҳ аслларнинг аслидир. Одам вужуди ва аъзолари руҳ билан тирик. Руҳ борлиғи паноҳида бадан кўради, билади, эшитади, ушлайди, юради. Руҳнинг хусусият – фазилатлари туфайли доноликда қатъият, назарда фаросат ва ибрат, эшитишда ҳикматни англаш, эргашишда итоат, юришда хизмат юзага келади”.

Руҳ моҳиятини англаш ва чуқур идрок қилиш кишини охир-оқибатда само одами ҳолатига етказади. Буни Машраб биргина байтда акс эттирган:

Руҳи жоним аршга етти мен ўзум осмониман,
Тутти оламни шарорим, мен ўзим осмониман…

Дарвоқе, руҳ толиби бора-бора ўзини руҳоний гўзаллик посбони қиёфасида ҳис қиладиган бўлади. Заҳириддин Муҳаммад Бобур рубоийларидан бирида шу ҳақда ёзган:

Руҳим яратиб эдинг латофат бирла,
Қилдинг анга танни ҳамроҳ офат бирла.
Руҳимни чу тан эвига келтурдунг пок,
Мундин бори элитма касофат бирла.

Руҳнинг бош сифатларидан бири латофат, яъни латифлик. Латифнинг офат ила йўлдошлиги – руҳга нафснинг яқин келтирилиши. Вужуд уйига жойлашган руҳ покизалигини бузувчи касофат эса яна нафсдир.

Бизнинг назаримизда, Шарқ тасаввуф адабиёти ва мумтоз фалсафани билиш, уларда ёритилган энг мураккаб ва жумбоқли мавзуларни ҳам тўғри талқин қилиш учун тазодий иккита тушунча маъно-моҳиятини чуқур тушунмоқ зарур. Улардан бири – руҳ ва нафс, иккинчиси – фано ва бақо. Қадим даврларда айрим тариқатларда булар нафс илми, руҳ илми, фано ва бақо илми тарзида ўргатилган.

Адабиётни ўқиб-ўзлаштириш бош мақсад эмас, балки ҳамиша восита деб англанган. Чунки адабиётнинг дунёга келиши инсонни билиш, унинг ташқи ва ички ҳаёти тўғрисидаги фикр-қарашларни жозибали шаклларда акс эттириш эҳтиёжини ифодалаган. Бу йўлда эришилган натижаларнинг баъзилари саёз, ниҳоятда тахминий тасаввурларга асосланган бўлса, айримлари инсонни таниш, инсонни инсон “ойна”сида кўришга рағбатлантирган. Буюк Насимий бир ғазалида:

Нафсини ҳар кимса ким таниди, ул Ҳақни билур,
Орифи Раб ўлди ул ким, таниди топди сабот, –

дейди. Ушбу байт “Нафсини билган, Раббини билур” ҳадиси шариф асосида яратилган. Чиндан ҳам нафсни таниш ва билиш, Ҳаққа етгунга қадар нимани англаш зарур бўлса, комиллик йўлидаги шахс шуларнинг ҳаммасини имкон даражасида мушоҳададан ўтказа олади. Бу ҳадис икки шаклда шарҳланган. Биринчиси, маърифатуллоҳ орқали нафснинг моҳиятидаги зиддиятларни билиш. Зеро, нафснинг муҳтожлигини анг¬лаган Оллоҳнинг ғанимлигини тушунади. Нафсини залил, ҳақир кўрган Оллоҳнинг улуғ ва азизлигига асло шак келтирмайди. Хуллас, нафсида убудият (қуллик)нинг маънисини мушоҳада этган Оллоҳда рубибият (раблик, яратувчанлик)ни идрок қилади.

Ҳадиснинг иккинчи шарҳи эса мана бундай: Оллоҳ инсонни ўз сувратида яратиб, уни ер юзида халифа қилган. Суратни таниган сурат соҳибини ҳам танийди. Инсондаги барча ёмонликларнинг икки манбаи бор: бири – шаҳват, иккинчиси – ҳою ҳавас. Шаҳват вужуднинг барча аъзоларида ҳаракатланадиган ва тўхтовсиз равишда мақсадга етишни истайдиган бир завқ қуввати. Шу йўлда туйғулар унга ёрдам беради. Меъданинг шаҳвати – еб-ичиш, кўз шаҳвати – кўриш, қулоқники эшитиш, бурунники ҳидлаш, тил шаҳвати – сўзлаш, ақлники эса росту ёлғон фикрлашдир. Мана шуларнинг барини билиш ва ҳақиқатига етиш, наинки нафс, балки охир-оқибатда Раббини танишга хизмат қилади.

Тасаввуфий мушоҳада эса, аввало, нафсийдир. У олдин нафсни, кейин вужудни тозалашни ўргатади. Агар инсон тўла маънода нафсини танимаса, унинг ҳийла ва тузоқларидан воқиф бўлмаса, руҳ ҳамда руҳоний ҳаёт ҳақида ҳам тўғри тасаввурга соҳиб бўлолмайди.

Тасаввуфга доир айрим асарларда қайд қилинишича, руҳ вужуддан, яъни ҳазрати Одам а.с.дан 4000 йил муқаддам яратилган экан. Бу сананинг тахминлиги ўз-ўзидан кўриниб турибди. Сўфий ва мутасаввифлар руҳнинг ҳақиқати ҳамда хусусияти тўғрисида ҳам ҳар турли фикр-мулоҳазаларни илгари суришган. Абу Наср Саррожи Тусийнинг маълумоти бўйича улардан бир гуруҳ “Руҳ Оллоҳнинг нуридан бир нурдир”, – дея руҳни зоти илоҳиянинг нури ҳисоблаб адашишган, бошқа бировлар эса “Руҳ ҳаёти илоҳиядан бир ҳаёт эрур”, – деб хато қилишган. Шунингдек, авомнинг руҳи махлуқ (яратилиш), хавосники махлуқ эмас”, “Руҳлар қадимдир: ўлмас, азоб чекмас ва қаримас”, “Руҳ руҳонийдир, малакутдан яратилмиш, софликка эришгач, яна такрор малакутга қайтади”, – дегувчилар ҳам бўлганки, буларнинг ҳар бири адашиб, хатога йўл қўйишган. Лекин кимки Қуръони каримдаги мана бу сўзларга таянган бўлса, ўзини ғалат фикр ва нотўғри тасаввурдан муҳофаза этган: “Эй Муҳаммад, сендан руҳнинг ҳақиқати ва кайфияти ҳақида сўрайдилар. Сен уларга жавоб бергилки, “Руҳ Парвардигорнинг махлуқлари (яратиқлари)дан бир махлуқ (яратиқ)дир. Унинг ҳақиқатини Худодан бошқа зот билмайди”. (Исро: 85-оят). Ана шу илоҳий ҳукмга кўра бу мавзудаги тўғри тушунча шундай: Руҳларнинг ҳаммаси ҳам махлуқ (яратилиш)дир. Амри илоҳийдан бир амр эрур. Оллоҳ билан руҳ орасида, руҳнинг Унинг мулкидан, Унинг амри ва қаровида бўлишдан бошқа сабаб ила ёки нисбатда алоқаси йўқдир. Руҳ таносих этмайди, бир жасаддан чиқиб бошқасига кирмайди, вужуд ўлим азобини тортгани каби руҳ ҳам азоб чекади. Хуллас, Одам а.с.нинг аносири арбаъ – тўрт унсурдан бино этилган жасадига Оллоҳ малакутдан яралган руҳни киритган: “Эй Муҳаммад (с.а.в), Парвардигорнинг малакларига: “Мен Одамни қора балчиқдан халқ қилгувчиман. Вақтики, мен Одамни халқ қилсам, унинг жасадига руҳни дохил этсам, ҳаммаларингиз унга сажда қилиш учун йиқилинглар”, – деган вақтни фикр қил” (Ҳижр: 29-оят).

Нафсни сўфийлар вужуддаги латиф бир мавжудлик тарзида қабул қилганда, тасаввурларида нафснинг моддий томони устунлик қилган. Буни очиқ-ойдин эътироф этишмаган бўлишса ҳам, нафс деганда жисмоний бир нарсани хаёлга келтиришганини сезиш қийин эмас. Лекин руҳнинг ғайримоддий, вужуддан мустақил ва айри, вужуд йўқолса ҳамки, латиф бир борлиқ ўлароқ унинг йўқолмаслиги хусусида аҳли тасаввуф ўртасида ихтилоф бўлмаган. Бу эса тасаввуфда руҳ мавзуида жуда кенг ва изчил баҳс юритишга яқиндан ёрдам берган.
Тасаввуф таълимотининг ибтидоси руҳ ва нафс хусусиятларини аниқлаш, ўртадаги алоқа, зиддият, ихтилофларни ойдинлаштириб, уларни кўпроқ рамзий-мажозий тарзда шарҳлашдан бошланган. Ахлоқий-маъруфий бу ҳаракат эса одам ўзлигини англаш нуқтаи назаридан ҳам, унинг фикрий ва ҳиссий оламининг адабиётдаги тасвирларини қалб нигоҳидан ўтказиш учун ҳам алоҳида аҳамият касб этган. Ўзбек мумтоз адабиётида биринчилардан бўлиб руҳ ва нафс мунозарасини ёритган Сулаймон Боқирғоний бундай дейди:

Нафсим айтур, садр ёнида ўлтурибон,
Турлук-турлук неъматларни келтурубон,
Ейиб-ичиб, туну кун қорин тўлдурубон,
Ёстуқ узра такя қилиб ётойин дер.

Руҳим айтур, туни куни қатланубон,
Ҳақ мавлом ризосини тилаюбон.
Қул Сулаймон ишқ отиға отланубон,
Узоқ-кечмиш эранларга етойин дер.

Бундоқ қаралганда, ҳаяжон ва ҳиссиёт, туйғу ва эҳтирос Шарқ шеъриятида азим дарёдай мавжланиб оқади. Бироқ бу шеърият деярли барча давр ва замонларда юксак маданият, теран илм ва маърифат заминида илгарилаб борган. Чунки илм нури, маърифат завқи сингмаган шеър – авом ўқийдиган, энг ёмони омийликни муҳофаза қиладиган шеър. Бунақа шеър¬ларда ҳам жанр, вазн, қофия ва радиф – бадиий унсурлар бўлади. Бироқ уларнинг муаллифида мустақил маънавий-руҳий қиёфа бўлмаганидек, сўзларида бир ҳарорат таъсири сезилмайди. Авомлик, жўнлик туғёни ўқувчилар манфаатига зарарлигини ҳисобга олиб, Абдураҳмон Жомий мана нима деган:

Шеър к-афтод қабули хотири ом,
Хос донад ки суст бошад хом.

Мазмуни: авом бандаларга мақбул тушадиган шеърнинг бўш ва хом бўлишини баланд, табиати хассос, яъни хос кишилар, албатта, билмоғи жоиз.

Байтда таъкидланган гап айни пайтда икки тоифа – онг ва идроки паст, завқ ва мушоҳадаси юксак ўқувчи тўғрисида ўйлашга ҳам даъват этади. Зеро, адабиёт тараққиётини талантли, талабчан ўқувчисиз хаёлга келтириш ҳавоийликдан ўзга ҳеч нима эмас. Тўғри, оқилми ё жоҳил, дономи ёки нодон, бундан қатъий назар, ҳар бир кимсанинг шеър ўқиш, шеърни ўзича англаш ва баҳолашга ҳаққи бор. Бироқ ўз аҳволи, фикр йўлини фаҳмлашдан йироқ зотлар шеърга қўл чўзиб, шеърдан баҳс юритишганда, ҳаттоки, улкан ижодкор ҳам оломон даражасига тортилади. Ўртамиёначилик, эстетик дид ва мезонларнинг бузилиши ана шу зайлда бадиий ижодда ғовлаб кетади. Гўё тасаввуфий ранг ва бўёқлар билан зийнатланган, аслида мутасаввифлик ишқи ва руҳ изтиробларидан маҳрум шеърлар шу фикрнинг иштибоҳсиз далилларидандир. Тасаввуфий шеър матнлари тадқиқи мавзуи бизда махсус ўрганилмаганлигидан шарҳ ва талқинчиликда йўл қўйилган хатою чалғишлар ҳам назардан четда қолиб кетмоқда.

Шайх Суҳравардийга кўра, “Тасаввуфнинг бошланғичи илм, ўртаси амал, охири мавҳиба. Мавҳиба Ҳақ ҳадяси бўлиб, Оллоҳ суюкли қулига бахшида қиладиган қалб очиқлиги ва бойлигидир”.

Алишер Навоийнинг “Фавойид ул-кибар” девонидаги ғазаллардан бири:

Гар фано расмин қилмоқ тилар эрсанг мазбут,
Нафс ила руҳни зинҳорки қилма махлут, –

матласи билан бошланади. Байтнинг асосий мазмуни бундай: фано расм-равишини агар эгаллайман десанг, нафс билан руҳни ҳеч қачон бир-бирига қўшма, яъни аралаштирма.

Нафс, руҳ, фано, бақо калималарининг маъно-мазмуни бизга гўё ёд бўлиб кетгандай. Уларнинг луғавий маъноси шундай дейишга асос ҳам бериши мумкин. Аммо истилоҳий, ирфоний мазмун ушбу калималарнинг ҳар бири устида алоҳида тўхталиш, муаллиф мақсадига яқинлаштирувчи тушунча, маълумот ва шарҳлардан хабардорликни талаб қилади.

Руҳ ҳақиқий гўзаллик, нафислик, самовий завқ ва эркинлик тимсоли. “Руҳнинг моҳиятини изоҳлаш, – дейди Имом Ғаззолий, унинг ўзига хос хусусиятларини англаш ғоят ҳайратланарли ва кўп ғаройиб ишлардан баҳс юритиш демак. Руҳнинг асосий сифатлари завқ, софлик, басират, ғафлатда қолмаслик, сироят қуввати, ашёдан туғиладиган ғам-аламни қабул қилмаслик”.

Маълумки, инсон ҳам илоҳий, ҳам башарий, ҳам мутлақ, ҳам муваққат бир мавжудлик. Унинг тўрт унсур – тупроқ, сув, ҳаво ва оловдан яратилганлиги ҳисобга олинмаганда ҳам у ўзаро қарама-қарши икки кучдан таркиб топгандир. Шунинг учун башарий ҳис, майл, эҳтиёжлар гирдобига тушиб, руҳ ва руҳий ҳаёт билан чуқур қизиқилмаса, нафс ғалаёни ва исёнидан вужуддаги мусаффо фазилатлар ё мажруҳланади ёки бутунлай барҳам топади. Сувратдан сийратга бориш, сийратга суяниб сувратни тасвирлаш бу – маърифат белгиси, яъни басират очиқлиги. Мана шундагина қуйидаги сингари “маълумот”лар кўнгилга акс-садо уйғотади:

Руҳ ул нурдурки, Ҳақ анга бермиш авж,
Нафс зулматга қолиб, қилмиш анга поя ҳубут.

Бундан олдинги байтда Навоий нафсни – нафс, руҳни эса руҳ деб билгил, деган бир кўрсатма берганди. Ўша кўрсатмага қайтиб, нафс ила руҳни ажратувчи хусусиятлар яна ҳам аниқлаштирилмаса, ўқиган байтимиз калитсиз қулфга ўхшаб тураверади.
Нафс турли луғатларда руҳ, жон, жасад, қон; бирор бир нарсанинг асли, жавҳари, ўзлиги каби маъноларда шарҳланган. Бу сўз ёлғиз Шарқдамас, Ғарбда ҳам алоҳида қизиқиш пайдо этган. Тасаввуф психологиясини тадқиқ қилган профессор Роберт Фрагер ёзади: “Тасаввуф психологиясидаги энг фаол қўлланилган терминлардан бири нафс, яъни менликдир. Бу термин баъзан “эго” ёки “руҳ” деб ҳам таржима қилинган. Нафснинг бошқа маънолари орасида “ўз” ва “нафас” ҳам ўрин олган. Сўфий ижодкорларнинг кўпчилик қисми нафс сўзидан ёмон хулқлар ва тубанликларни ифодалашда фойдаланишган…”.

Назаримизда, ғарблик тадқиқотчининг қуйидаги мулоҳазаси янада қизиқарли: “Нафснинг илдизи ҳам баданда, ҳам руҳда ўрнашганлиги туфайли у моддий ва маънавий хусусиятларга соҳибдир. Бошланғичда унда моддиёт ҳокимлик қилса… Оллоҳга яқинлашиб, табиат ўзгаргач, унинг дунёга боғланиши бутунлай сусайиб кетади”. Бу янги гап эмас, балки эски сўфий ва мутасаввиф алломалар айтган ҳақиқатнинг бир ифодаси. Ғарб олимлари аллақачон анча теран ўзлаштирган ишқ ва ирфон сирларидан бехабарликка кўникишимиз афсусланарли, албатта.

Нафснинг зулматга чулғаниши нимани билдиради? Буни фақат наф¬сини таниган, нафсга қарши курашиш “тажриба”сидан хабардор, маломат ҳолига соҳиб кишиларгина билади. Лекин тилда нафсни айблаш ва таҳқирлаш билан ҳеч қандай ёмонлик ёки нуқсон барҳам топмайди.

“Нафсни севиш энг муҳташам бутдир. Ўзга бутлар унинг воситасида пайдо бўлади ва қолган барчасини угина яксон айлай олади”, – дейди Азизиддин Насафий. Демак, донишманд шоир Муҳаммад Ризо Огаҳий:

Руҳимни ҳамиша нафсга ғолиб эт,
Нафсимни ҳамиша айла мағлуб менга,

деганида маънавий бутунликнинг ўзак нуқтасига диққатни қаратган. Навоийнинг “Руҳ ул нурдурки, Ҳақ анга бермиш авж”, дейиши руҳнинг нурдан яралганига ишорадир. Бандаси шу нурга ошуфталик ва ғамхўрликни қанча оширса, Ҳақ унга ўшанча куч ва илҳом беради. Нафсда эса ҳаммаси нисбатан бошқача: у буқаламунлик сифатига эга. Ҳар он, ҳар лаҳзада ўзга тусга кириши, исталган бир пайтда ишни бузиб, соҳибини хаёлга келмас шумликларга йўллаши ҳеч гапмас. Чунки тасаввуфшуносликда таъкидланганидек, “Нафснинг барча хулқ ва сифатлари икки нарсадан туғилади: биринчиси, ҳафифлик, яъни енгиллик, иккинчиси, очкўзлик ва эҳтирос. Енгиллик унинг жаҳолатидан, очкўзлик ҳирсидан юзага чиқади”. Хуллас, нафснинг зулматпарастлиги, беқўним ва қаноатсизлиги уни шайтонга айлантирган:

Руҳ раҳмони эрур, нафс эрур шайтони,
Иккисин бир-бирига қўшмоқ эмастур машрут.

Шайтонийлик тарихи ҳам жуда узоқ бир тарих. Навоий шу тарихни эслатиб ёзади: “Одам билан шайтон мухолифотин унутма. Отангни биҳиштдек маъманидан (тинч, хотиржам жойидан) жало қилди (ажратди). Ва отанг авлодидин баъзи анга интиқом туздилар ва хору забун қилиб жафолар кўргуздилар. Нафсни чун тақво риёзати била зеридаст қилдилар – Шайтонни залиллиқ (хорлаш) била ерга паст қилдилар”.

Модомики, нафсни зеридаст қилиш шайтонни енгиш экан, инсонга унинг таъсир ўтказиши қандай аниқланади? Бир неча олимларнинг фикри бўйича, ўша таъсир нафс ва руҳнинг ҳаракатидан ҳосил бўлади. Чунончи: нафс ҳаракат бошлаши ҳамон, унинг жавҳаридан бир қоронғилик қалқиб чиқади ва қалбдан ёмонликка бошловчи бир йўл ахтаради. Худди ана шу пайтда шайтон қалбни мўлжалга олиб фаолиятга киришади. Руҳ ҳаракатидан эса унинг сифатига мувофиқ бир нур таралиб, ундан олий маъно, ноёб хислатлар туғилар экан. Руҳнинг раҳмонийлигига сабаб шу.

Ростини айтганда, инсондаги барча адашиш, катта-кичик фожеаларнинг тамали руҳ билан нафсни бир-биридан ажратишни билмасликда. Акс ҳолда, Бобур Мирзо нафсни ич-ичдан танишга ташвиқ айловчи мана бу сўзларни битиб қолдирмасди:

Нафснинг касбидур ҳавоу ҳавас,
Руҳ олидадур булар ярамас.

Нафс душман дурур яқин билгил,
Дўстум, бу сўзумни чин билгил.

Душманедур агарчи ўтру эмас,
Лек бир лаҳза сендин айру эмас.

Гарчи зоҳирда тўғридиндур нафс,
Жамъинг ўйида ўғридиндур нафс…

Бадан ҳисни, нафс ҳавову ҳавасни нечоғлик севса, руҳ ақл ва ирфонни улардан ҳам ортиқроқ яхши кўради. Руҳдаги тўғрилик нафсда йўқ. У ваҳдат – бирликка эмас, касрат – кўпликка толиб. Унинг ўғрига ўхшаши, зоҳирда тўғриликни ёқлаб, амалда эгрилик ва нифоққа куч сарфлаши мана шундан. Бобур нафснинг душманлигига ҳеч шубҳаланма, “Дўстум, бу сўзумни чин билгил”, – дейди. Ҳақиқатда шундайми? Нафсни ҳамиша ғаним деб билиш, уни тўхтовсиз маломат қилиш керакми?

“Нафс ва руҳ орасида, – деб ёзади Шайх Суҳравардий, – азалдан бир севги бўлган. Бунинг сабаби нафснинг аёллиги (унусат), руҳнинг эркаклиги (зукурат)дир. Модда оламида Момо Ҳаво Одам Атодан яратилганидек, қудрат оламида нафс ҳам руҳдан яралган эди. Нафс ва руҳ ўртасидаги унсият ва улфатлашувнинг асоси мана шудир. Чунончи: нафс ҳайвоний бир руҳдирки, руҳоний руҳга яқинлашув шарофати туфайли унинг жинсиятини эгаллаган”. Бундай унсият ва эврилиш камдан-кам одамга насиб айлаган. Навоий айтган мана бу фикр ҳам буни тасдиқлайди:

Руҳга шева Калимулло ишин қилмоқ фош,
Нафс фиръавнлик асбобини айлаб марбут.

Бу мулоҳазалар нафсни янада чуқурроқ билиш, нафсга тегишли маълумот ва ҳукмларни яна ҳам теран ўзлаштириш истагини кучайтиради. Тасаввуф руҳшунослигида белгиланишича, инсонда етти турли руҳ (нафс мартабалари ҳам еттита) мавжуд. Булар: 1. Маданий руҳ. 2. Наботий руҳ. 3. Ҳайвоний руҳ. 4. Нафсоний руҳ. 5. Инсоний руҳ. 6. Сирли руҳ. 7. Энг сирли руҳ.

Ушбу руҳларнинг бош хусусияти, сифати, вужудга таъсири, асосий фаолияти кабилар борасида маълум бир тасаввур ҳосил қилмай одамнинг илоҳий ишқ мақомига қандай ноил бўлишидан сўзлаб бўлмайди. Ўзича руҳ илми билан қизиққан киши эса онг, ақл, кўнгул ва руҳни пайғамбар севгиси қандай мунаввар айлашини осон тушунади:

Руҳга дааъб Ҳабибулло иши ойини,
Нафс Бужаҳиллик асбобин айлаб мабсуд.

Маҳобатли, кўркам бино қуриш учун, албатта, кенг ва катта майдон керак. Ўзини англаган бутун шахсни камол топтириш учун ҳам кенглик зарур. Бу кенглик, энг аввало, руҳ ва руҳдадир. Шунинг учун мумтоз шоирлар комиллик тушунчасини ёритишда руҳга, руҳнинг нафс билан муносабати ва зиддиятларига кенг ўрин ажратишган. Ўтмишда яшаб, ижод этган улкан санъаткорларнинг шеърияти, таъбир жоиз бўлса, руҳ ва руҳоният заминидан ўсиб чиққан шеърият. Очиғи, бундай шеъриятнинг гўзаллик сир-асрори ва туб моҳиятини биз кам биламиз. Чунки руҳ нафасини ҳис қилиш, руҳ оҳанги, ранги, шавқи ва мусаффолиги билан яшашдан анча йироқлашганмиз. Навоий “Лисон ут-тайр” достонида Ҳудҳуд тилидан кимки эр, яъни мард ва матонатли бўлса, нафсониятни енгиб ўз зоти – моҳиятида руҳониятни ғолиб айлайдики, шунда у чинакам поклик шарафига етишади дейди:

Улдур эрким салб этиб нафсоният,
Ғолиб этгай зотиға руҳоният.
Ҳар кишида бу шараф биззот эрур,
Ул киши поку шариф авқот эрур.

Руҳониятнинг нафсоният устидан ғалаба қилиши комиллик йўлининг ниҳоясидир. Бунга эришмоқ учун икки куч – руҳ ва нафс орасидаги муросасиз курашнинг сабаб ва эҳтиёжларини мушоҳада қилиш зарур. Руҳнинг камоли ва шахсиятнинг бутунлашувига шундан сўнг бир умид билан қараш мумкин бўлади. Мумтоз шеъриятимиз меҳваридаги масала ҳам мана шу эди.

Манба: “Жаҳон адабиёти” журнали, 2015 йил, 10-сон

033   Oʻzining betakror talqin va tahlil uslubiga ega, oʻziga xos ilmiy-irfoniy bir til yaratgan ustoz adabiyotshunos Ibrohim Haqqulning “Muharrir” nashriyotida “Talant – jasorat javhari” (Toshkent, 2018, 284-bet) nomli navbatdagi kitobi chop etildi.

Zulayho Rahmonova
“TALANT — JASORAT JAVHARI”
KITOBI HAQIDA
021

Oʻzining betakror talqin va tahlil uslubiga ega, oʻziga xos ilmiy-irfoniy bir til yaratgan ustoz adabiyotshunos Ibrohim Haqqulning “Muharrir” nashriyotida “Talant – jasorat javhari” (Toshkent, 2018, 284-bet) nomli navbatdagi kitobi chop etildi.

Uning ilk sahifasi shunday soʻzlar bilan boshlanadi: “Alloh nasib aylasa, kelasi yil bahorda yetmish yoshni qarshilayman. Bu umrning qariyb ellik yili adabiyotni oʻqib-oʻrganish, ayniqsa, mumtoz adabiy merosimiz namunalarini tadqiqu talqin qilish bilan oʻtdi”. Darhaqiqat, besh fasldan iborat bu kitob umr boʻyi adabiyot bilan dildan suhbatlashish va unga xiyonat qilmaslikning ibratli natijasidir. Unda oʻzbek adabiyotshunosligining qator dolzarb muammolari, jumladan: mumtoz adabiyot, tasavvuf, soʻfiylik adabiyoti va uning bir necha yirik vakillari ijodiyoti tadqiq etilgan maqolalar, shuningdek, adabiy matnning oʻziga xos jihat va xususiyatlariga eʼtibor qaratilgan tadqiqotlar jamlangan. Toʻplamning bir fasli esa muallifning ustozlari haqida boʻlib, “Ustozlar va ustozlik maqomi” deya ataladi.

Mumtoz adabiyotimizni tasavvufiy gʻoya, istiloh, obraz va ramzlarsiz anglab boʻlmaydi. Shu maʼnoda I.Haqqul qator tadqiqotlari bilan oʻquvchini haqiqiy adabiyot bilan yuzlashtirgan oʻzbek mumtoz soʻz sanʼatidagi tasavvufiy-irfoniy qarashlarning ilk tadqiqotchilaridandir. Ushbu kitobning birinchi, ikkinchi, uchinchi fasllarida ham tasavvufshunosning tariqat hamda soʻfiy shoirlar ijodi, asarlari tahliliga oid qimmatli qarashlari oʻz aksini topgan. Jumladan, “Tasavvuf: tarix, mohiyat va tadqiq talablari” maqolasida shunday deyiladi: “Inson taqdiri va tarbiyasi dunyodagi hamma diniy, axloqiy, falsafiy taʼlimotlarning markazida turgan. Bu tabiiy, albatta. Chunki odam qismati va tarbiyasi bilan chuqur qiziqib, faollik koʻrsatmagan taʼlimotning nufuzi oʻziga yarasha boʻlganidek, umri ham uzoqqa choʻzilmaydi. Tarixiy mavqe eʼtibori bilan tasavvufga teng keladigan taʼlimot esa kamdir”. Olimning har bir tahlilida bu foniy dunyoni, inson va ubudiyat maqomini anglash asosiy maqsaddir. Adabiyot, avvalo – odob-axloq demak. Mazkur kitobda bu haqiqat yanada teran, yanada taʼsirliroq tarzda oʻz aksini topganki, u oʻzlikni anglash va mohiyatbinlikka kuchli ishtiyoq uygʻotadi. Ayniqsa, Jomiy, Bedil, Navoiy, Mashrab, Amiriy, Ogahiy, Maxtumquli kabi buyuk siymolarning shaxsiyati va ijodi mushtaraklikda tadqiq etilib, ayni masalalarning adabiyotshunosligimizda hali eʼtibor qaratilmagan jihatlariga urgʻu berilgan. Zahiriddin Bobur va Shayboniyxonning magʻlubiyatu muzaffariyatida Gulbadanbegimning fojiasi tarixiy dalillar asosida sharhlanadiki, oʻquvchi qalbida tarixiy bir dardkashlik uygʻotadi.

Kitobdan mumtoz asarlarimizga oid tadqiqotlar bilan bir qatorda zamonaviy adabiyot namunalari va chet el adabiyotining daho ijodkorlari shaxsiyati va ijodi haqidagi talqinlar ham oʻrin olgan. Barcha davr Sharq va Gʻarb adabiyotini birday teran anglash va chuqur tahlil qilinishi kitobxonni koʻngilning sirli va rangin olamiga chorlaydi. Fanimizdagi yuzaki, nooʻrin, notoʻgʻri tahlilu talqinlarga munosabat paydo etadi. “Talant – ijod va shijoat javhari” maqolasidagi mana bu xulosalar fikrimizning isbotidir: “Inson hurriyati dardida yongan ijodiy shaxsgina sheʼriyatni his va fikr nochorliklaridan qutqazadi… Buyuk talant dunyoga tez-tez kelavermasligini bilish, uni qanday kutib olib, qandoq ehtirom ila kuzatishni uddalash – oddiy ishmas, xalqning tafakkur darajasi, madaniy va milliy saviyasini namoyon etadigan hodisalardan sanaladi”. Ijodkorlarning millati, eʼtiqodi va asarlarning yozilgan davri har xil boʻlishiga qaramay, “Adabiyot – insonshunoslik” nuqtai nazari ila tahlilga tortilgan oʻlmas, durdona asarlarning bugungi kun ovozi yangrayotgan mazkur talqinlari ham aslida vaqt zanjiridan tamoman ozoddir. Muallifning har bir mulohazasi haqiqiy ijod hamda haqiqiy ijodkor xususida: “Haqiqiy sanʼatkor na omma didi va saviyasiga moslab asar yozishni, na olomon dilini ovlab shuhrat qozonishni xayolga keltiradi – boshqalarga maqbulmi, nomaqbulmi, u koʻnglida ildiz otgan, ruhini munavvar qilgan maʼno va haqiqatlarni yozadi… Haqiqiy shoirni maʼnan ham, ruhan ham aslida hech kim yengolmaydi. Ammo nafsu havo “askar”lari uning shaxsiyatini oson parchalaydi. Sheʼr yozish shunda koʻnikma va ermakdan nari oʻtmaydi”.

I.Haqqulda oʻrta yoʻl, oʻrtamiyonalik yoʻq. Ammo uning ijodkor va ijod haqidagi har qanday keskin xulosasi, kutilmagan qarorlarida aniq asos hamda tushunarli izohlar borki, bundan ham koʻz yumolmaysiz. Shu bilan birga uning kitobxon, ijodkor, munaqqidlarga nisbatan bilvosita suhbatdoshlik samimiyati ibratlidir. Toʻplamdagi maqolalarning yana bir oʻziga xosligi, oʻquvchida maʼrifiy zavq uygʻotishidir. Xullas, kitobning oʻquvchi saviyasi, holi, odam va olamga qarashini yuksaltiradigan asarlar sirasiga kirishi, albatta, eʼtiborga molik.

Olimning Hamza Hakimzoda, Abdulhamid Choʻlpon, Tilak Joʻra kabi ijodkorlar hayoti va asarlariga yangicha munosabati ham oʻquvchida chuqur taassurot qoldiradi. Zero, muallif yaqin tarixga aylangan, aylanayotgan bir qator chinakam ijodkorlar bilan zamondoshgina emas, balki ruhan juda yaqin. Shu bois millatimiz maʼnaviyatiga jiddiy taʼsir etuvchi bugungi va ertangi adabiyotimizni haqiqiy baholaydi, uning tanazzulidan ogohlikka chaqiradi: “Bugun Rauf Parfi, Tilak Joʻra, Shavkat Rahmon erishgan ijodiy yutuqlarni maqtab, izdoshlik daʼvosini bildirayotgan navqiron qalamkashlarning birortasida ham ulardagi samimiyat, sheʼriyatga chin sodiqlik va sadoqat yoʻq. Ularning eng peshqadami ham bir yondan haqgoʻy, millatparvar rolini bajarish, ikkinchi tomondan, xushomad, maddohlik, qitmirlikni qoyillatish, “ikkioʻyinchilik” imtiyozlaridan foydalanishda ancha ilgarilab ketgan”.

Muallifning boshqalaridan farqli oʻlaroq bu kitobi soʻnggi fasli oʻzbek adabiyotshunosligining xalqimiz ardogʻidagi oʻn bir dargʻasi haqidagi samimiy xotiralar va ularning fanimiz yutugʻidagi munosib hissalariga doir fikr-mulohazalaridir. Talabalik davridagi marhum ustozlari M.Mirzayev, T.Qorayev, M.Qosimova, O.Safarov, R.Vohidov, akademiklar T. Mirzayev, B.Nazarov, N.Karimov, hamda OʻzRFA Til va adabiyot institutida necha yillar hamkorlikda ishlagan Oʻzbekiston Qahramoni Suyima Gʻaniyeva va A.Hayitmetovlarning olim va inson sifatidagi qiyofasiga chizgilardan iborat boʻlgan adabiyotshunos shogirdning dil izhorlari, albatta, koʻpchilikka birday qiziqarli.

Kitob oʻrta va oliy oʻquv yurtlarining filologiya fakulteti talabalariga, oʻzbek adabiyoti boʻyicha ilmiy izlanishlar olib borayotgan tadqiqotchilarga hamda keng kitobxonlar ommasiga moʻljallangan ilmiy-adabiy asar. Ayni paytda ruhshunoslik va maʼnishunoslik nuqtai nazaridan qaralganda u bir badiiy asarday oʻqiladi. Unda Haqiqat va Samimiyat, Vatanga, Millatga, Erkka boʻlgan ichki muhabbat oʻzaro uygʻunlik kasb etgan. Xullas, “Talant – jasorat javhari” Siz koʻp sirlashadigan, qayta-qayta oʻqib uqishga harakat qiladigan dilga yaqin kitoblar qatoridan oʻrin olishiga ishonch bildiramiz.

Ibrohim HAQQUL
RUHONIYAT VA NAFSONIYAT
TAZODI
021

Sharq tasavvuf adabiyoti, eng avvalo, ruh va ruhoniyat adabiyoti. Chunki ruh yaratiqlarning eng sofi va eng porlogʻi. U faqat xayr, faqat goʻzallik uchun harakat qiladi. Anglanishi qiyin, hatto imkonsiz koʻringan narsalarni ham ruh anglashga qodir. Gʻayb dunyosiga ruh yoʻl ochadi, haqiqat ahlining kashfi ruh bilandir. Mutasavviflardan biri: “Ruh, Janobi Haqning “Kun!” (“Boʻl!”) amri jalili bilan paydo boʻlgani yoʻq. Agar shunday boʻlganda edi, unda zillat (pastlik, tubanlik) alomatlari boʻlardi”, – debdi. Shunda unga: “Bunday boʻlsa, ruh qayerdan va qanday yaralgan”, – deya savol berilganda u: “Janobi Haqning jaloli va jamoli orasidan zuhur etmishdir. Shu uchun ham ruh “Kun!” amri ila maydonga kelgan ashyodagi zillat va noqisliklardan forigʻdir”, – degan ekan.

Baʼzi kalom olimlari bir turli modda – nozik va shaffof jism (jismi latif) deb qarashgan. Imom Gʻazzoliyga koʻra, ruh maʼnaviy bir javhar boʻlib, Qurʼoni karimda hayot berguvchi quvvat, vahiy, amr, Ollohning kalomi, rahmat va Jabroil kabi maʼnolarda qoʻllanilgan. Mumtoz sheʼriyatda ruh haqida, ruhning xususiyat yoki fazilatlari borasida yozmagan shoirni topish qiyin. Chunki ruhni bilish, ruhoniy hayot uchun gʻamxoʻrlik qila olishga qadim-qadimdan inson oʻzligini anglash va tanishning tub asosi deb qaralgan. Ulugʻ mutasavvif Yusuf Hamadoniy taʼkidlaganidek, “Ruh asllarning aslidir. Odam vujudi va aʼzolari ruh bilan tirik. Ruh borligʻi panohida badan koʻradi, biladi, eshitadi, ushlaydi, yuradi. Ruhning xususiyat – fazilatlari tufayli donolikda qatʼiyat, nazarda farosat va ibrat, eshitishda hikmatni anglash, ergashishda itoat, yurishda xizmat yuzaga keladi”.

Ruh mohiyatini anglash va chuqur idrok qilish kishini oxir-oqibatda samo odami holatiga yetkazadi. Buni Mashrab birgina baytda aks ettirgan:

Ruhi jonim arshga yetti men oʻzum osmoniman,
Tutti olamni sharorim, men oʻzim osmoniman…

Darvoqe, ruh tolibi bora-bora oʻzini ruhoniy goʻzallik posboni qiyofasida his qiladigan boʻladi. Zahiriddin Muhammad Bobur ruboiylaridan birida shu haqda yozgan:

Ruhim yaratib eding latofat birla,
Qilding anga tanni hamroh ofat birla.
Ruhimni chu tan eviga kelturdung pok,
Mundin bori elitma kasofat birla.

Ruhning bosh sifatlaridan biri latofat, yaʼni latiflik. Latifning ofat ila yoʻldoshligi – ruhga nafsning yaqin keltirilishi. Vujud uyiga joylashgan ruh pokizaligini buzuvchi kasofat esa yana nafsdir.

Bizning nazarimizda, Sharq tasavvuf adabiyoti va mumtoz falsafani bilish, ularda yoritilgan eng murakkab va jumboqli mavzularni ham toʻgʻri talqin qilish uchun tazodiy ikkita tushuncha maʼno-mohiyatini chuqur tushunmoq zarur. Ulardan biri – ruh va nafs, ikkinchisi – fano va baqo. Qadim davrlarda ayrim tariqatlarda bular nafs ilmi, ruh ilmi, fano va baqo ilmi tarzida oʻrgatilgan.

Adabiyotni oʻqib-oʻzlashtirish bosh maqsad emas, balki hamisha vosita deb anglangan. Chunki adabiyotning dunyoga kelishi insonni bilish, uning tashqi va ichki hayoti toʻgʻrisidagi fikr-qarashlarni jozibali shakllarda aks ettirish ehtiyojini ifodalagan. Bu yoʻlda erishilgan natijalarning baʼzilari sayoz, nihoyatda taxminiy tasavvurlarga asoslangan boʻlsa, ayrimlari insonni tanish, insonni inson “oyna”sida koʻrishga ragʻbatlantirgan. Buyuk Nasimiy bir gʻazalida:

Nafsini har kimsa kim tanidi, ul Haqni bilur,
Orifi Rab oʻldi ul kim, tanidi topdi sabot, –

deydi. Ushbu bayt “Nafsini bilgan, Rabbini bilur” hadisi sharif asosida yaratilgan. Chindan ham nafsni tanish va bilish, Haqqa yetgunga qadar nimani anglash zarur boʻlsa, komillik yoʻlidagi shaxs shularning hammasini imkon darajasida mushohadadan oʻtkaza oladi. Bu hadis ikki shaklda sharhlangan. Birinchisi, maʼrifatulloh orqali nafsning mohiyatidagi ziddiyatlarni bilish. Zero, nafsning muhtojligini ang¬lagan Ollohning gʻanimligini tushunadi. Nafsini zalil, haqir koʻrgan Ollohning ulugʻ va azizligiga aslo shak keltirmaydi. Xullas, nafsida ubudiyat (qullik)ning maʼnisini mushohada etgan Ollohda rubibiyat (rablik, yaratuvchanlik)ni idrok qiladi.

Hadisning ikkinchi sharhi esa mana bunday: Olloh insonni oʻz suvratida yaratib, uni yer yuzida xalifa qilgan. Suratni tanigan surat sohibini ham taniydi. Insondagi barcha yomonliklarning ikki manbai bor: biri – shahvat, ikkinchisi – hoyu havas. Shahvat vujudning barcha aʼzolarida harakatlanadigan va toʻxtovsiz ravishda maqsadga yetishni istaydigan bir zavq quvvati. Shu yoʻlda tuygʻular unga yordam beradi. Meʼdaning shahvati – yeb-ichish, koʻz shahvati – koʻrish, quloqniki eshitish, burunniki hidlash, til shahvati – soʻzlash, aqlniki esa rostu yolgʻon fikrlashdir. Mana shularning barini bilish va haqiqatiga yetish, nainki nafs, balki oxir-oqibatda Rabbini tanishga xizmat qiladi.

Tasavvufiy mushohada esa, avvalo, nafsiydir. U oldin nafsni, keyin vujudni tozalashni oʻrgatadi. Agar inson toʻla maʼnoda nafsini tanimasa, uning hiyla va tuzoqlaridan voqif boʻlmasa, ruh hamda ruhoniy hayot haqida ham toʻgʻri tasavvurga sohib boʻlolmaydi.

Tasavvufga doir ayrim asarlarda qayd qilinishicha, ruh vujuddan, yaʼni hazrati Odam a.s.dan 4000 yil muqaddam yaratilgan ekan. Bu sananing taxminligi oʻz-oʻzidan koʻrinib turibdi. Soʻfiy va mutasavviflar ruhning haqiqati hamda xususiyati toʻgʻrisida ham har turli fikr-mulohazalarni ilgari surishgan. Abu Nasr Sarroji Tusiyning maʼlumoti boʻyicha ulardan bir guruh “Ruh Ollohning nuridan bir nurdir”, – deya ruhni zoti ilohiyaning nuri hisoblab adashishgan, boshqa birovlar esa “Ruh hayoti ilohiyadan bir hayot erur”, – deb xato qilishgan. Shuningdek, avomning ruhi maxluq (yaratilish), xavosniki maxluq emas”, “Ruhlar qadimdir: oʻlmas, azob chekmas va qarimas”, “Ruh ruhoniydir, malakutdan yaratilmish, soflikka erishgach, yana takror malakutga qaytadi”, – deguvchilar ham boʻlganki, bularning har biri adashib, xatoga yoʻl qoʻyishgan. Lekin kimki Qurʼoni karimdagi mana bu soʻzlarga tayangan boʻlsa, oʻzini gʻalat fikr va notoʻgʻri tasavvurdan muhofaza etgan: “Ey Muhammad, sendan ruhning haqiqati va kayfiyati haqida soʻraydilar. Sen ularga javob bergilki, “Ruh Parvardigorning maxluqlari (yaratiqlari)dan bir maxluq (yaratiq)dir. Uning haqiqatini Xudodan boshqa zot bilmaydi”. (Isro: 85-oyat). Ana shu ilohiy hukmga koʻra bu mavzudagi toʻgʻri tushuncha shunday: Ruhlarning hammasi ham maxluq (yaratilish)dir. Amri ilohiydan bir amr erur. Olloh bilan ruh orasida, ruhning Uning mulkidan, Uning amri va qarovida boʻlishdan boshqa sabab ila yoki nisbatda aloqasi yoʻqdir. Ruh tanosix etmaydi, bir jasaddan chiqib boshqasiga kirmaydi, vujud oʻlim azobini tortgani kabi ruh ham azob chekadi. Xullas, Odam a.s.ning anosiri arbaʼ – toʻrt unsurdan bino etilgan jasadiga Olloh malakutdan yaralgan ruhni kiritgan: “Ey Muhammad (s.a.v), Parvardigorning malaklariga: “Men Odamni qora balchiqdan xalq qilguvchiman. Vaqtiki, men Odamni xalq qilsam, uning jasadiga ruhni doxil etsam, hammalaringiz unga sajda qilish uchun yiqilinglar”, – degan vaqtni fikr qil” (Hijr: 29-oyat).

Nafsni soʻfiylar vujuddagi latif bir mavjudlik tarzida qabul qilganda, tasavvurlarida nafsning moddiy tomoni ustunlik qilgan. Buni ochiq-oydin eʼtirof etishmagan boʻlishsa ham, nafs deganda jismoniy bir narsani xayolga keltirishganini sezish qiyin emas. Lekin ruhning gʻayrimoddiy, vujuddan mustaqil va ayri, vujud yoʻqolsa hamki, latif bir borliq oʻlaroq uning yoʻqolmasligi xususida ahli tasavvuf oʻrtasida ixtilof boʻlmagan. Bu esa tasavvufda ruh mavzuida juda keng va izchil bahs yuritishga yaqindan yordam bergan.
Tasavvuf taʼlimotining ibtidosi ruh va nafs xususiyatlarini aniqlash, oʻrtadagi aloqa, ziddiyat, ixtiloflarni oydinlashtirib, ularni koʻproq ramziy-majoziy tarzda sharhlashdan boshlangan. Axloqiy-maʼrufiy bu harakat esa odam oʻzligini anglash nuqtai nazaridan ham, uning fikriy va hissiy olamining adabiyotdagi tasvirlarini qalb nigohidan oʻtkazish uchun ham alohida ahamiyat kasb etgan. Oʻzbek mumtoz adabiyotida birinchilardan boʻlib ruh va nafs munozarasini yoritgan Sulaymon Boqirgʻoniy bunday deydi:

Nafsim aytur, sadr yonida oʻlturibon,
Turluk-turluk neʼmatlarni kelturubon,
Yeyib-ichib, tunu kun qorin toʻldurubon,
Yostuq uzra takya qilib yotoyin der.

Ruhim aytur, tuni kuni qatlanubon,
Haq mavlom rizosini tilayubon.
Qul Sulaymon ishq otigʻa otlanubon,
Uzoq-kechmish eranlarga yetoyin der.

Bundoq qaralganda, hayajon va hissiyot, tuygʻu va ehtiros Sharq sheʼriyatida azim daryoday mavjlanib oqadi. Biroq bu sheʼriyat deyarli barcha davr va zamonlarda yuksak madaniyat, teran ilm va maʼrifat zaminida ilgarilab borgan. Chunki ilm nuri, maʼrifat zavqi singmagan sheʼr – avom oʻqiydigan, eng yomoni omiylikni muhofaza qiladigan sheʼr. Bunaqa sheʼr¬larda ham janr, vazn, qofiya va radif – badiiy unsurlar boʻladi. Biroq ularning muallifida mustaqil maʼnaviy-ruhiy qiyofa boʻlmaganidek, soʻzlarida bir harorat taʼsiri sezilmaydi. Avomlik, joʻnlik tugʻyoni oʻquvchilar manfaatiga zararligini hisobga olib, Abdurahmon Jomiy mana nima degan:

Sheʼr k-aftod qabuli xotiri om,
Xos donad ki sust boshad xom.

Mazmuni: avom bandalarga maqbul tushadigan sheʼrning boʻsh va xom boʻlishini baland, tabiati xassos, yaʼni xos kishilar, albatta, bilmogʻi joiz.

Baytda taʼkidlangan gap ayni paytda ikki toifa – ong va idroki past, zavq va mushohadasi yuksak oʻquvchi toʻgʻrisida oʻylashga ham daʼvat etadi. Zero, adabiyot taraqqiyotini talantli, talabchan oʻquvchisiz xayolga keltirish havoiylikdan oʻzga hech nima emas. Toʻgʻri, oqilmi yo johil, donomi yoki nodon, bundan qatʼiy nazar, har bir kimsaning sheʼr oʻqish, sheʼrni oʻzicha anglash va baholashga haqqi bor. Biroq oʻz ahvoli, fikr yoʻlini fahmlashdan yiroq zotlar sheʼrga qoʻl choʻzib, sheʼrdan bahs yuritishganda, hattoki, ulkan ijodkor ham olomon darajasiga tortiladi. Oʻrtamiyonachilik, estetik did va mezonlarning buzilishi ana shu zaylda badiiy ijodda gʻovlab ketadi. Goʻyo tasavvufiy rang va boʻyoqlar bilan ziynatlangan, aslida mutasavviflik ishqi va ruh iztiroblaridan mahrum sheʼrlar shu fikrning ishtibohsiz dalillaridandir. Tasavvufiy sheʼr matnlari tadqiqi mavzui bizda maxsus oʻrganilmaganligidan sharh va talqinchilikda yoʻl qoʻyilgan xatoyu chalgʻishlar ham nazardan chetda qolib ketmoqda.

Shayx Suhravardiyga koʻra, “Tasavvufning boshlangʻichi ilm, oʻrtasi amal, oxiri mavhiba. Mavhiba Haq hadyasi boʻlib, Olloh suyukli quliga baxshida qiladigan qalb ochiqligi va boyligidir”.

Alisher Navoiyning “Favoyid ul-kibar” devonidagi gʻazallardan biri:

Gar fano rasmin qilmoq tilar ersang mazbut,
Nafs ila ruhni zinhorki qilma maxlut, –

matlasi bilan boshlanadi. Baytning asosiy mazmuni bunday: fano rasm-ravishini agar egallayman desang, nafs bilan ruhni hech qachon bir-biriga qoʻshma, yaʼni aralashtirma.

Nafs, ruh, fano, baqo kalimalarining maʼno-mazmuni bizga goʻyo yod boʻlib ketganday. Ularning lugʻaviy maʼnosi shunday deyishga asos ham berishi mumkin. Ammo istilohiy, irfoniy mazmun ushbu kalimalarning har biri ustida alohida toʻxtalish, muallif maqsadiga yaqinlashtiruvchi tushuncha, maʼlumot va sharhlardan xabardorlikni talab qiladi.

Ruh haqiqiy goʻzallik, nafislik, samoviy zavq va erkinlik timsoli. “Ruhning mohiyatini izohlash, – deydi Imom Gʻazzoliy, uning oʻziga xos xususiyatlarini anglash gʻoyat hayratlanarli va koʻp gʻaroyib ishlardan bahs yuritish demak. Ruhning asosiy sifatlari zavq, soflik, basirat, gʻaflatda qolmaslik, siroyat quvvati, ashyodan tugʻiladigan gʻam-alamni qabul qilmaslik”.

Maʼlumki, inson ham ilohiy, ham bashariy, ham mutlaq, ham muvaqqat bir mavjudlik. Uning toʻrt unsur – tuproq, suv, havo va olovdan yaratilganligi hisobga olinmaganda ham u oʻzaro qarama-qarshi ikki kuchdan tarkib topgandir. Shuning uchun bashariy his, mayl, ehtiyojlar girdobiga tushib, ruh va ruhiy hayot bilan chuqur qiziqilmasa, nafs gʻalayoni va isyonidan vujuddagi musaffo fazilatlar yo majruhlanadi yoki butunlay barham topadi. Suvratdan siyratga borish, siyratga suyanib suvratni tasvirlash bu – maʼrifat belgisi, yaʼni basirat ochiqligi. Mana shundagina quyidagi singari “maʼlumot”lar koʻngilga aks-sado uygʻotadi:

Ruh ul nurdurki, Haq anga bermish avj,
Nafs zulmatga qolib, qilmish anga poya hubut.

Bundan oldingi baytda Navoiy nafsni – nafs, ruhni esa ruh deb bilgil, degan bir koʻrsatma bergandi. Oʻsha koʻrsatmaga qaytib, nafs ila ruhni ajratuvchi xususiyatlar yana ham aniqlashtirilmasa, oʻqigan baytimiz kalitsiz qulfga oʻxshab turaveradi.
Nafs turli lugʻatlarda ruh, jon, jasad, qon; biror bir narsaning asli, javhari, oʻzligi kabi maʼnolarda sharhlangan. Bu soʻz yolgʻiz Sharqdamas, Gʻarbda ham alohida qiziqish paydo etgan. Tasavvuf psixologiyasini tadqiq qilgan professor Robert Frager yozadi: “Tasavvuf psixologiyasidagi eng faol qoʻllanilgan terminlardan biri nafs, yaʼni menlikdir. Bu termin baʼzan “ego” yoki “ruh” deb ham tarjima qilingan. Nafsning boshqa maʼnolari orasida “oʻz” va “nafas” ham oʻrin olgan. Soʻfiy ijodkorlarning koʻpchilik qismi nafs soʻzidan yomon xulqlar va tubanliklarni ifodalashda foydalanishgan…”.

Nazarimizda, gʻarblik tadqiqotchining quyidagi mulohazasi yanada qiziqarli: “Nafsning ildizi ham badanda, ham ruhda oʻrnashganligi tufayli u moddiy va maʼnaviy xususiyatlarga sohibdir. Boshlangʻichda unda moddiyot hokimlik qilsa… Ollohga yaqinlashib, tabiat oʻzgargach, uning dunyoga bogʻlanishi butunlay susayib ketadi”. Bu yangi gap emas, balki eski soʻfiy va mutasavvif allomalar aytgan haqiqatning bir ifodasi. Gʻarb olimlari allaqachon ancha teran oʻzlashtirgan ishq va irfon sirlaridan bexabarlikka koʻnikishimiz afsuslanarli, albatta.

Nafsning zulmatga chulgʻanishi nimani bildiradi? Buni faqat naf¬sini tanigan, nafsga qarshi kurashish “tajriba”sidan xabardor, malomat holiga sohib kishilargina biladi. Lekin tilda nafsni ayblash va tahqirlash bilan hech qanday yomonlik yoki nuqson barham topmaydi.

“Nafsni sevish eng muhtasham butdir. Oʻzga butlar uning vositasida paydo boʻladi va qolgan barchasini ugina yakson aylay oladi”, – deydi Aziziddin Nasafiy. Demak, donishmand shoir Muhammad Rizo Ogahiy:

Ruhimni hamisha nafsga gʻolib et,
Nafsimni hamisha ayla magʻlub menga,

deganida maʼnaviy butunlikning oʻzak nuqtasiga diqqatni qaratgan. Navoiyning “Ruh ul nurdurki, Haq anga bermish avj”, deyishi ruhning nurdan yaralganiga ishoradir. Bandasi shu nurga oshuftalik va gʻamxoʻrlikni qancha oshirsa, Haq unga oʻshancha kuch va ilhom beradi. Nafsda esa hammasi nisbatan boshqacha: u buqalamunlik sifatiga ega. Har on, har lahzada oʻzga tusga kirishi, istalgan bir paytda ishni buzib, sohibini xayolga kelmas shumliklarga yoʻllashi hech gapmas. Chunki tasavvufshunoslikda taʼkidlanganidek, “Nafsning barcha xulq va sifatlari ikki narsadan tugʻiladi: birinchisi, hafiflik, yaʼni yengillik, ikkinchisi, ochkoʻzlik va ehtiros. Yengillik uning jaholatidan, ochkoʻzlik hirsidan yuzaga chiqadi”. Xullas, nafsning zulmatparastligi, beqoʻnim va qanoatsizligi uni shaytonga aylantirgan:

Ruh rahmoni erur, nafs erur shaytoni,
Ikkisin bir-biriga qoʻshmoq emastur mashrut.

Shaytoniylik tarixi ham juda uzoq bir tarix. Navoiy shu tarixni eslatib yozadi: “Odam bilan shayton muxolifotin unutma. Otangni bihishtdek maʼmanidan (tinch, xotirjam joyidan) jalo qildi (ajratdi). Va otang avlodidin baʼzi anga intiqom tuzdilar va xoru zabun qilib jafolar koʻrguzdilar. Nafsni chun taqvo riyozati bila zeridast qildilar – Shaytonni zalilliq (xorlash) bila yerga past qildilar”.

Modomiki, nafsni zeridast qilish shaytonni yengish ekan, insonga uning taʼsir oʻtkazishi qanday aniqlanadi? Bir necha olimlarning fikri boʻyicha, oʻsha taʼsir nafs va ruhning harakatidan hosil boʻladi. Chunonchi: nafs harakat boshlashi hamon, uning javharidan bir qorongʻilik qalqib chiqadi va qalbdan yomonlikka boshlovchi bir yoʻl axtaradi. Xuddi ana shu paytda shayton qalbni moʻljalga olib faoliyatga kirishadi. Ruh harakatidan esa uning sifatiga muvofiq bir nur taralib, undan oliy maʼno, noyob xislatlar tugʻilar ekan. Ruhning rahmoniyligiga sabab shu.

Rostini aytganda, insondagi barcha adashish, katta-kichik fojealarning tamali ruh bilan nafsni bir-biridan ajratishni bilmaslikda. Aks holda, Bobur Mirzo nafsni ich-ichdan tanishga tashviq aylovchi mana bu soʻzlarni bitib qoldirmasdi:

Nafsning kasbidur havou havas,
Ruh olidadur bular yaramas.

Nafs dushman durur yaqin bilgil,
Doʻstum, bu soʻzumni chin bilgil.

Dushmanedur agarchi oʻtru emas,
Lek bir lahza sendin ayru emas.

Garchi zohirda toʻgʻridindur nafs,
Jamʼing oʻyida oʻgʻridindur nafs…

Badan hisni, nafs havovu havasni nechogʻlik sevsa, ruh aql va irfonni ulardan ham ortiqroq yaxshi koʻradi. Ruhdagi toʻgʻrilik nafsda yoʻq. U vahdat – birlikka emas, kasrat – koʻplikka tolib. Uning oʻgʻriga oʻxshashi, zohirda toʻgʻrilikni yoqlab, amalda egrilik va nifoqqa kuch sarflashi mana shundan. Bobur nafsning dushmanligiga hech shubhalanma, “Doʻstum, bu soʻzumni chin bilgil”, – deydi. Haqiqatda shundaymi? Nafsni hamisha gʻanim deb bilish, uni toʻxtovsiz malomat qilish kerakmi?

“Nafs va ruh orasida, – deb yozadi Shayx Suhravardiy, – azaldan bir sevgi boʻlgan. Buning sababi nafsning ayolligi (unusat), ruhning erkakligi (zukurat)dir. Modda olamida Momo Havo Odam Atodan yaratilganidek, qudrat olamida nafs ham ruhdan yaralgan edi. Nafs va ruh oʻrtasidagi unsiyat va ulfatlashuvning asosi mana shudir. Chunonchi: nafs hayvoniy bir ruhdirki, ruhoniy ruhga yaqinlashuv sharofati tufayli uning jinsiyatini egallagan”. Bunday unsiyat va evrilish kamdan-kam odamga nasib aylagan. Navoiy aytgan mana bu fikr ham buni tasdiqlaydi:

Ruhga sheva Kalimullo ishin qilmoq fosh,
Nafs firʼavnlik asbobini aylab marbut.

Bu mulohazalar nafsni yanada chuqurroq bilish, nafsga tegishli maʼlumot va hukmlarni yana ham teran oʻzlashtirish istagini kuchaytiradi. Tasavvuf ruhshunosligida belgilanishicha, insonda yetti turli ruh (nafs martabalari ham yettita) mavjud. Bular: 1. Madaniy ruh. 2. Nabotiy ruh. 3. Hayvoniy ruh. 4. Nafsoniy ruh. 5. Insoniy ruh. 6. Sirli ruh. 7. Eng sirli ruh.

Ushbu ruhlarning bosh xususiyati, sifati, vujudga taʼsiri, asosiy faoliyati kabilar borasida maʼlum bir tasavvur hosil qilmay odamning ilohiy ishq maqomiga qanday noil boʻlishidan soʻzlab boʻlmaydi. Oʻzicha ruh ilmi bilan qiziqqan kishi esa ong, aql, koʻngul va ruhni paygʻambar sevgisi qanday munavvar aylashini oson tushunadi:

Ruhga daaʼb Habibullo ishi oyini,
Nafs Bujahillik asbobin aylab mabsud.

Mahobatli, koʻrkam bino qurish uchun, albatta, keng va katta maydon kerak. Oʻzini anglagan butun shaxsni kamol toptirish uchun ham kenglik zarur. Bu kenglik, eng avvalo, ruh va ruhdadir. Shuning uchun mumtoz shoirlar komillik tushunchasini yoritishda ruhga, ruhning nafs bilan munosabati va ziddiyatlariga keng oʻrin ajratishgan. Oʻtmishda yashab, ijod etgan ulkan sanʼatkorlarning sheʼriyati, taʼbir joiz boʻlsa, ruh va ruhoniyat zaminidan oʻsib chiqqan sheʼriyat. Ochigʻi, bunday sheʼriyatning goʻzallik sir-asrori va tub mohiyatini biz kam bilamiz. Chunki ruh nafasini his qilish, ruh ohangi, rangi, shavqi va musaffoligi bilan yashashdan ancha yiroqlashganmiz. Navoiy “Lison ut-tayr” dostonida Hudhud tilidan kimki er, yaʼni mard va matonatli boʻlsa, nafsoniyatni yengib oʻz zoti – mohiyatida ruhoniyatni gʻolib aylaydiki, shunda u chinakam poklik sharafiga yetishadi deydi:

Uldur erkim salb etib nafsoniyat,
Gʻolib etgay zotigʻa ruhoniyat.
Har kishida bu sharaf bizzot erur,
Ul kishi poku sharif avqot erur.

Ruhoniyatning nafsoniyat ustidan gʻalaba qilishi komillik yoʻlining nihoyasidir. Bunga erishmoq uchun ikki kuch – ruh va nafs orasidagi murosasiz kurashning sabab va ehtiyojlarini mushohada qilish zarur. Ruhning kamoli va shaxsiyatning butunlashuviga shundan soʻng bir umid bilan qarash mumkin boʻladi. Mumtoz sheʼriyatimiz mehvaridagi masala ham mana shu edi.

Manba: “Jahon adabiyoti” jurnali, 2015 yil, 10-son

077

(Tashriflar: umumiy 611, bugungi 1)

Izoh qoldiring