Ulug‘bek Hamdam. Adabiyot jarchisi va jangchisi edi (Ibrohim Haqqul ijodiga bir nazar) & Ibrohim Haqqul ‘Men bilgan haqiqatlar’ teleloyihasida [09.02.2021]

431 Адабиётшунос олим Иброҳим Ҳаққул 75 ёшда

Иброҳим Ҳаққул тилидан тўкилган “Ҳақиқатни айтиш учун кафан елкада бўлиш керак” деган гап бугун айримлар дилига кўчди, десак янглишмаймиз. Чунки айнан Ҳаққулнинг оғзидан эшитгандагина одамлар у гапга ишонди.

АДАБИЁТ ЖАРЧИСИ ВА ЖАНГЧИСИ ЭДИ
(Иброҳим Ҳаққул ижодига бир назар)
Улуғбек ҲАМДАМ


09 Камина Иброҳим Ҳаққул билан устозу шогирд эмасдик. Ҳар биримизнинг ўзимизга хос феъли хўйимиз сабабидан бўлса керак, бир даргоҳда ишлаганимизга қарамай, асосан салом-аликдан нарига ўтмаганмиз. Лекин у кишининг ўз вақтида мен ва мен сингари китоб варақлашга ишқибоз кўплаб тенгдошларимга маънавий устозлардан бири бўлгани – ҳақ гап. “Китоб варақлашга ишқибоз” деганим мумтоз ва замонавий адабиёт масалаларига азборойи қизиққан ўқувчики бор, Иброҳим Ҳаққул ва у каби ўзидан битта катта авлод вакилларидан таъсирлангани, таъсирланганда ҳам китобларини излаб топиб, мук тушиб ўқигани, улардаги ҳақиқат излаган қалбнинг чирпинишларию изтиробларига эш бўлганини унутиб бўлмайди. Шу ерда бизнинг тақдиримиз кесишган. Шунинг учун ҳам, ана, каминанинг кутубхонасидан жой олган, у кишининг қаламига мансуб талай китоблар роса ёзиб-чизиб ўқилган. 1997 йилда ёқлаганим, “соф лирика” муаммосига бағишланган номзодлик диссертациям ҳам Иброҳим Ҳаққул китобларидан олинган узинтиларга тўла.

Йилар ўтиб эса, камина мансуб авлоднинг дунёқараши, ижтимоий ҳаёт ва бадиий адабиёт масалаларига муносабати бирмунча шаклланди. Натижада мустақил қарашга, у ёки бу асар тўғрисида ўз сўзимизни билдиришга мойил ва қодир бўла бошладик. Бу эса, ўз навбатида, баҳсу мунозараларни келтириб чиқарди. Шу маънода, катта адабиётнинг чинакам фидойиси бўлган профессор И.Ҳаққул билан ҳам турли масалаларда баҳслашганмиз. Чунончи, мен ёзувчи Назар Эшонқулнинг “Гўрўғли” романида жаҳон адабиётининг излари кўпроқ десам, у киши фольклорнинг таъсири мўл-кўл дея тортишган жойларимиз бўлди. Аслида, ҳар икки таъсир ҳам бор. Зеро, бадиий асар ўзигача бўлган жиддий матнлар билан диалогик алоқада вужудга келади. Айниқса, унинг ўзи ҳам жиддий матн бўлса. Из, таъсир деганимиз шу янглиғ ҳам туғилади. Яна Иброҳим Ҳаққул бир суҳбатда “мустақиллик даври адабиёти ҳақиқатни айта олмади” деган қарашни илгари сурди, камина: “агар адабиётнинг вазифаси фақат ҳақиқатни айтиш бўлганда ҳам (вазифа фақат бундан иборат эмас!), у бу ишни уддалади”, дея биргина Аҳмад Аъзамнинг “Рўё” романини мисол тариқасида келтирдим (қаранг: “Жаҳон адабиёти” журнали, 2019). Албатта, фикрлардаги турфалик, кўпинча, бир масалага қандай нуқтаи назар билан ёндашишга ҳам боғлиқ бўлади. Чунончи, Ф.Достоевский бир асарида “киши сахардан кечгача бир арслоннинг ҳаёт мужодаласини кузатса, кечга бориб йиртқичнинг жайронни тутиб ейишига қувонади, лекин аксинча бўлиб, эртадан шомгача ўша жайрон ҳаётини кузатса-чи – унинг арслон панжасидан омон қолганига севинади”, деган фикр кечади. Кўряпсизми, бир масалага қайси томондан, кимнинг томонидан туриб қарашнинг ўзида ракурслар 180 градусгача ўзгариб кетмоқда. Яна вақтни кимга, нимага сарф қилганимизга ҳам кўп нарса боғлиқ. Масаланинг бу жиҳатларини билган олим герменевтиканинг – талқинлар назариясидаги турфалик сир-асрорларини яхши тушунади ва қаршисидаги кишининг бошқача фикрлагани учунгина ёмон кўриб қолиш бахтсизлигидан юқори тура олади. Шунингдек, Иброҳим ака билан айрим жабҳаларда ҳамфикр эдик: масалан, истеъдодли ва фидойи ёшларгагина илм эшикларини очиш, қўллаб-қувватлаш, раҳбарлик қилиш керак деганга ўхшаш масалаларда, кузатишимча, ҳамиша якдил бўлганмиз.

Демоқчиманки, ҳаёт йўлларимизда Иброҳим Ҳаққул билан ҳамфикр бўламизми, йўқми, бундан қатъий назар, у кишининг илмнинг ҳақиқий фидойиси, жарчиси ва жангчиси бўлганини ҳамиша билган ва шу учун олимни ҳурмат қилганман.

Эргаштирувчи олим

4980-йиллар охири ва 90-йиллар давомида Иброҳим Ҳаққулнинг ҳар бир китоби, мақоласи биз – ёшлар учун катта маънавий озуқа, намуна бўлган, ортидан эргаштирган, десам муболаға бўлмайди. Ўша пайтда ҳам дипломли олим кўп бўлган, лекин намуна бўлиб, ўз ортидан эргаштирувчилари бугунгидек камчил эди. Иброҳим Ҳаққул ана шулардан – эргаштирувчилардан бири эди. Олимнинг ёшларга таъсир қилувчи ва уларни эргаштирувчи хусусияти умрининг сўнггига қадар давом этди: бу ҳол олим ўлимидан кейин ортида қолган шогирдларининг бир ёқадан бош чиқариб, устозлари ишини давом эттиришлари, ҳар йили ёд этиб тадбир уюштиришлари ва китобларини чоп қилишларида кўринади.

Иброҳим Ҳаққулнинг илмдаги йўли қандай эди?

У тадқиқотчи олим сифатида асосий эътиборни у ёки бу адабий сиймо биографиясини, шунингдек, асарларининг мазмун-моҳиятини, муҳим ғояларини очиб беришга қаратади. Яъни Иброҳим Ҳаққул кўпроқ мумтоз адабиёт масалалари билан шуғулланди ва тадқиқотчилигида, асосан, ишнинг маъно сатҳига урғу берди. Натижада ўқувчида асарнинг маърифий қатлами тўғрисида тушунча пайдо бўлади. Бироқ И.Ҳаққулнинг ёзганларига “асар ҳақидаги таассуротлардир” деб қарайдиган айрим олимлар ҳам борлигини афсус билан қайд этмоқ керакки, терминни терминга уриштириб, чиққан садосини илм дейдиган шаклбозларнинг қараши бу. Ҳамда соғлом қараш эмас. Чиндан ҳам кейинги ватқларда илмий матнда қанча кўп термин (атама) ишлатилса – илмий, йўқса – ғайриилмий деб биладиганлар сони кўпайиб бораётганини афсус билан қайд этмоқ керак. Тўғри, илмий термин олим ишлатадиган кучли қурол – воситалардан бири. Унинг остида жуда катта маъно – мазмун ётади. Бироқ унутмаслигимиз лозимки, термин деганимиз, асли, у ёки бу ғоянинг шартли ифодачисидир. Олимнинг қарашлари муайян термин-атамага айлангунича ғоялар тарзида яшайди. Одатда, адабиёт тарихи, адабий танқид билан шуғулланувчи олимлар бадиий матннинг мазмун-моҳиятию бош ғояларини топиб, очиқлашга ҳаракат қилади. Назариётчи олимлар эса улардан умумлашма назарий хулосалар чиқаради. Кўринадики, терминлаштириш жараёни кейин – адабиёт тарихчилари ва мунаққидлар ўз ишини якунлагандан сўнг бошланади. Бас, шундай экан, бадиий матннинг маъно-мазмунини таҳлил қилиб олмасдан туриб назарий хулосалар чиқариш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. “Пилапоя бўлдим сенга, азизим, Сен ҳам гал келганда пиллапоя бўл” дермиди шоир Эркин Воҳидов? Адабиётшунослик илмининг турли тармоқлари ҳам, таъбир жоз бўлса, бир-бири учун ана шундай ўзига хос “зина”нинг биттадан “поя”ларидир. Ҳар олим ўзи етиб борган “поя”га тааллуқли ишни пухта бажарса, шунинг ўзи катта гап.

Аслини суриштирсангиз, олимлар икки гуруҳга бўлинишини кўрасиз – ижодкор олимлар ва назариётчи олимлар. Ҳар ҳолда, менинг кузатишларим шундай дейишимга асос беради. Ижодкор олим кўпроқ асарнинг мазмун-моҳияти билан шуғулланса, назариётчи олим шу мазмунни вужудга келтирган шаклга мўлроқ эътибор қаратади. Иброҳим Ҳаққул табиатан биринчи гуруҳга мансуб олимлардан эди. Унинг йўлини танқид қилувчилар эса, кўпроқ кейинги гуруҳ мансублари. Кўринадики, шу икки гуруҳга тегишли олимлар гоҳида бир-бирининг йўлидан кўнгиллари тўлмай туради. Ҳолбуки, улар бир фронтнинг икки жабҳасида меҳнат қилаётган заҳматкашлардир. Ахир, адабиётшуносликнинг учта асосий ва бир неча ёндош йўналишлари бор: адабиёт тарихи, адабий танқид, адабиёт назарияси, шунингдек, матншунослик, манбашунослик ва ҳ.к. Иброҳим Ҳаққул фаолияти давомида асосан адабиёт тарихи, қисман адабий танқид билан шуғулланди. Бу соҳалар билан шуғулланган олимлар, одатда, бадиий таҳлилнинг контекстуал йўналишидан истифода этишади. Адабиёт назарияси билан машғул бўлганлар эса, кўпинча, имманент бадиий таҳлил методларига мурожаат қилишади.

Назарий адабиётларда бадиий таҳлилнинг икки йўли тўғрисида ёзишади: 1. Контекстуал. 2. Имманент.

Контекстуал таҳлил биографик, ижодий-генетик, социалогик, тарихий-маданий, қиёсий каби қатор тарихийлик тамойилига суянган методлар ёрдамида амалга оширилади. Бунда асарни вужудга келтирган ташқи алоқалар ўрганилиб, унга муаллиф томонидан юклатилган мазмун очиб берилади. Имманент таҳлилда эса асарни тутиб турган ички алоқалар ўрганилади ва стилистик, структруал, семиотик каби методларга таяниб иш юритилади. Кўриниб турганидек, биринчи таҳлилда асосий эътибор асарнинг мазмун-моҳиятида қаратилса, иккинчисида шу мазмунни юзага чиқарган матн шакли тадқиқ этилади. Албатта, сўнгги чорак асрдан мўлроқ вақт ичида жаҳон адабиётшунослигида комплекс таҳлил, систем таҳлил деган нисбатан янги методлар тўғрисида баҳс-мунозаралар анча фаоллашгани ҳам бор гап. Бироқ, нима бўлганда ҳам, юқорида номлари зикр этилган таҳлил методларининг ўзиёқ бадиий матннинг маъно ва шакл қатламларини очиш ташқаридан кўринганидек осон юмуш эмаслигидан далолат беради. Айтиш жоизки, профессор Иброҳим Ҳаққул масаланинг моҳиятидан келиб чиқиб, ўз фаолиятини асосан контекстуал таҳлил йўналишида амалга оширган. Бас, шундай экан, унга қараб: “нега сен имманент таҳлил методига етарлича эътибор қаратмадинг?” дейишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Олим собиқ совет мамлакатида ҳукм сурган атеизм иқлимидан энди-энди чиқиб, илдизларга интилинаётган, уларни топиб отини тўғри қўйишга ҳаракат қилинаётган бир шароитда ўз чекига тушган вазифани сидқи дилдан, шунингдек, кучи, билими, тафаккури етган қадар адо этди. Бинобарин, бир олим меросини текширар эканмиз, унинг қандай давр ва шароитда фаолият юритганини ҳамиша ёдда тутмоғимиз лозим бўлади. Шундай кейин унинг рўёбга чиқарганларини эътироф этган ҳолда, қолгани тадқиқига киришмоқлик олимга ярашгулик ишдир.

Тасаввур бутунлиги

Яссавий, Навоий, Бобур, Фузулий, Бедил, Огаҳий, Нодира, Увайсий, Ҳамза, Қодирий, Чўлпон, Абдулла Қаҳҳор, Абдулла Орипов, Рауф Парфи, Жамол Камол, Шавкат Раҳмон каби мумтоз ва замонавий адабиёт вакиллари Иброҳим Ҳаққулнинг доимий қизиқиш ва тадқиқ марказида турган. Шунингдек, у Шекспир, Тагор каби жаҳон адабиёти гигантларини ҳам баҳоли қудрат ўрганган. Талаба эканман, университетга учрашувга келган Иброҳим Ҳаққул: “менинг илм даргоҳида ўқиб юриб орттирган энг катта бойлигим – Тагорни тўлиқ ўқиганимдир” дегани ёдимга муҳрланган. Тўғри-да, олим дегани ўзи мансуб соҳани бир бутун тарзда тасаввур қила олиши керак. Йўқса, танлаб олгани тор йўналишдаги тадқиқот натижаларида катта-катта нуқсонлар юза келиши муқаррар. Майли, у мумтоз адабиёт тадқиқотчиси бўлсин, лекин Иброҳим Ҳаққулдек жаҳон ва миллий адабиётнинг бўй-бастидан умуман хабардор бўлсин! Майли, у замонавий адабиёт мутахассиси бўлсин, лекин адабиётнинг кечаги кунини лоақал умумий манзараларда бўлса-да билсин!

Иброҳим Ҳаққул – янги адабиёт тадқиқотчиси

Иброҳим Ҳаққул замонавий ўзбек адабиётига бағишланган қатор мақолалар, китоблар чоп этган. Масалан “Абдулла Қаҳҳор жасорати” номли китобни ёки Абдулла Қодирий ижодига бағишланган қатор мақолаларни эслаш кифоя. “Мактаби бетакрор” Маънавий мағлубият забунлик эрур”, “Илоҳий ишқ: танлов ва тақдир”, “Нега ерга қарайсан, Раъно?” (“Ишонч”, газетаси, 8 апрель) мақолалари янги ўзбек адабиётининг илк романларидан бирининг тадқиқига бағишланганни билан аҳамият касб этади.

“Мактаби бетакрор” Иброҳим Ҳаққулнинг “Абдулла Қодирийнинг 110 йиллигига” бағишлаб ёзилган мақоласи бўлиб, унда “Меҳробдан чаён” романининг бир нечта қирраси таҳлил қилинади. Бу қирралар бирлашиб эса битта чизиққа келиб туташади. Олим Солиҳ Маҳдум феълидаги нафсга бандилик ва хонлар ўртасида талош бўлган канизак қисмати каби масалаларнинг ҳар бирига етарлича тўхталади, пировардида нафс ва таъмага қуллик риштасига олиб келиб боғлайди. Шуниси билан мақола алоҳида эътиборга молик. Яъни асарнинг мазмун-моҳияти Солиҳ Махдум фитрати билан, бу фитратда ин қурган нафс билан чамбарчас боғлиқ. Таъбир жоиз бўлса, асар сюжети ана шу деталдан ўсиб чиқиб ривожланади. Асар аввалида Анвар ва Раъно ўртасида бир мулоқот бўлиб ўтади. Унда Раънонинг “Мени кимга берар эмишлар?” деган ҳазил саволига Анвар “Сени хондан бошқа ким олсин?” дея ҳазил жавоб беради. Аммо бу ҳазил секин-аста чинга айланиб боради. Чунки Солиҳ Маҳдум ва унинг шажаравий тарихи шу кўнгилсиз воқеаларни келтириб чиқаради. Мақоладан парча: “Маҳдумнинг отаси канизак можаросига аралашади. Мадалихонни қўллаб фатво берувчилар томонида туради. Шунинг учун Бухоро амири золим Насрулло қаҳрига йўлиқиб, ғам-ғусса ва мардудликка дош беролмай ўлиб кетади. Унинг ўғли эса Худоёрхонга қизимни бераман, деб мусибат жарига қулайди. Ота гўзал канизак воситасида бир ҳукмдорга ёқиш ва мавқеини мустаҳкамлашни кўзлаган бўлса, ўғил иккинчи бир хон билан наслан яқинлашиш умидида ўз қизининг бахтига чанг солиб, шарманда-ю шармисор бўлади. Натижа эса битта: нафс ва таъмага қурбонлик”. Олим роман мазмун-моҳиятига ана шундай ўзига хос тарзда ёндашар экан, А.Қодирий ижодининг улкан ва бетакрор мактаб эканлигига урғу беради.

Кўринадики, профессор Иброҳим Ҳаққул нафақат мумтоз адабиётнинг толмас ва фидойи олими, айни дамда, янги ўзбек адабиётининг ҳам ўткир фикрли тадқиқотчисидир.

Интерьвюда акс этган олим сийрати

Ўтюрак журналист Гулмира Мусажонованинг “Мен билган ҳақиқатлар” кўрсатувида Иброҳим Ҳаққул шахсияти анча тўкис очиб берилган, дейиш мумкин.

“Навоий ҳақида гапириш учун мана шундай баланд жойга, тоққа чиқиб, тоза ҳавода гапириш керак, токи, нобакор олам пастда қолиб кетсин”, дейди олим Тошкент вилояти тоғларидан бирида журналист саволларига жавоб бераркан. “Нобакор олам” ибораси ва, умуман, унинг пастга қолиб кетишини исташ билан боғлиқ фикр менга жуда таниш туюлади. Хотирамни титкиладим ва топдим – у замонавий шоир А.Орипов қаламига мансуб шеърда бор экан:

Ортда қолсин нобакор хилқат,
Ортда қолсин танбал булутлар.
Юрагингда чақнасин фақат
Ёруғ хаёл, самовий ўтлар.

Қаранг, Иброҳим Ҳаққулнинг Навоий ҳақидаги ўгитларидан ҳам замонавий адабиётнинг иси келиб турибди. Адабиётни бир бутун деб билиш, ҳис қилиш шу бўлса, ажаб эмас.

“Навоий одамларни иккига бўлади: аҳли маъни ва аҳли сурат”, дейди олим. Бадиий адабиётни таҳлил қилаётганда ҳам олимлар кўпинча иккига бўлинади: маънога ошиқлар, шаклга ошиқлар. Буни юқорида бошқача ифодалар билан айтиб ўтдик. Аслида, иккисини қўшиш керак. Бироқ биринчиси бўлмагунча иккинчиси мумкин эмаслигини ҳам ёдда тутмоқ керак.

Навоийдек адабий ҳодисалар ижоди негизида ижодкор шахси туришини Иброҳим Ҳаққул таъкидлаб айтади. Чиндан, шахслик – юксак мақом. Фақат шахс ижодкоргина моҳиятга интилади. Бас, катта ижод катта шахс билангина бунёд бўлади. Шахс бўлиш учун эса, олимнинг назарича, қуйидагилар талаб этилади:

1. Истеъдод
2. Жасорат
3. Эркинлик
4. Бутунлик
5. Фидойилик

“Шахслар етарли даражада етишиб чиқса, улар яшаётган миллатнинг муаммолари ҳал бўларди”, деб ишонади олим.
“Шахслик мақомидан йироқ олимлар ҳатто навоийшунос бўлса-да, дунё талашади, обрў-мартаба талашади”, дея ўкинади у.
Яна айтадики, “оломонни халққа айлантириш билан адабиётга муносабатни ҳам яхши томонга ўзгартириш мумкин”.
“Адабиёт учун хизмат қилиш керак. Майли, хизмат қилгични эътироф этишмасин, мукофотлар билан сийлашмасин, шунда ҳам у хизматдан воз кечмаслиги керак.

“Ҳақиқатни айтиш учун кафан елкада бўлиш керак”.

Бу фикр мумтоз адабиёт саҳифаларида, жумладан, Низомий Ганжавий асарларида учрайди, дейишади билгичлар. Бу гапни мен ҳаётда ҳам кўп эшитганман. Бироқ у ёки бу фикр қачон дилларгаю тилларга кўчади? Қачонки, уни айтган одамнинг ўзи ҳам, сўзи ҳам шунга монанд бўлса. Иброҳим Ҳаққул тилидан тўкилган “Ҳақиқатни айтиш учун кафан елкада бўлиш керак” деган гап бугун айримлар дилига кўчди, десак янглишмаймиз. Чунки айнан Ҳаққулнинг оғзидан эшитгандагина одамлар у гапга ишонди.

Назаримда, филология фанлари доктори, профессор Иброҳим Ҳаққул ўзи ишонган юқоридаги ҳақиқатларга содиқ қолиб яшади. Тақдир олимни шундай йўлдан олиб ўтдики, натижада унинг одамлик ва олимлик қисмати ўзи айтганларга, эътиқодига мос тушди. Бу – жуда катта гап.

2020-2024 йиллар

Adabiyotshunos olim Ibrohim Haqqul 75 yoshda

Ibrohim Haqqul tilidan to‘kilgan “Haqiqatni aytish uchun kafan yelkada bo‘lish kerak” degan gap bugun ayrimlar diliga ko‘chdi, desak yanglishmaymiz. Chunki aynan Haqqulning og‘zidan eshitgandagina odamlar u gapga ishondi.

ADABIYOT JARCHISI VA JANGCHISI EDI
(Ibrohim Haqqul ijodiga bir nazar)
Ulug‘bek HAMDAM
filologiya fanlari doktori, professor


Kamina Ibrohim Haqqul bilan ustozu shogird emasdik. Har birimizning o‘zimizga xos fe’li xo‘yimiz sababidan bo‘lsa kerak, bir dargohda ishlaganimizga qaramay, asosan salom-alikdan nariga o‘tmaganmiz. Lekin u kishining o‘z vaqtida men va men singari kitob varaqlashga ishqiboz ko‘plab tengdoshlarimga ma’naviy ustozlardan biri bo‘lgani – haq gap. “Kitob varaqlashga ishqiboz” deganim mumtoz va zamonaviy adabiyot masalalariga azboroyi qiziqqan o‘quvchiki bor, Ibrohim Haqqul va u kabi o‘zidan bitta katta avlod vakillaridan ta’sirlangani, ta’sirlanganda ham kitoblarini izlab topib, muk tushib o‘qigani, ulardagi haqiqat izlagan qalbning chirpinishlariyu iztiroblariga esh bo‘lganini unutib bo‘lmaydi. Shu yerda bizning taqdirimiz kesishgan. Shuning uchun ham, ana, kaminaning kutubxonasidan joy olgan, u kishining qalamiga mansub talay kitoblar rosa yozib-chizib o‘qilgan. 1997 yilda yoqlaganim, “sof lirika” muammosiga bag‘ishlangan nomzodlik dissertatsiyam ham Ibrohim Haqqul kitoblaridan olingan uzintilarga to‘la.

Yilar o‘tib esa, kamina mansub avlodning dunyoqarashi, ijtimoiy hayot va badiiy adabiyot masalalariga munosabati birmuncha shakllandi. Natijada mustaqil qarashga, u yoki bu asar to‘g‘risida o‘z so‘zimizni bildirishga moyil va qodir bo‘la boshladik. Bu esa, o‘z navbatida, bahsu munozaralarni keltirib chiqardi. Shu ma’noda, katta adabiyotning chinakam fidoyisi bo‘lgan professor I.Haqqul bilan ham turli masalalarda bahslashganmiz. Chunonchi, men yozuvchi Nazar Eshonqulning “Go‘ro‘g‘li” romanida jahon adabiyotining izlari ko‘proq desam, u kishi folklorning ta’siri mo‘l-ko‘l deya tortishgan joylarimiz bo‘ldi. Aslida, har ikki ta’sir ham bor. Zero, badiiy asar o‘zigacha bo‘lgan jiddiy matnlar bilan dialogik aloqada vujudga keladi. Ayniqsa, uning o‘zi ham jiddiy matn bo‘lsa. Iz, ta’sir deganimiz shu yanglig‘ ham tug‘iladi. Yana Ibrohim Haqqul bir suhbatda “mustaqillik davri adabiyoti haqiqatni ayta olmadi” degan qarashni ilgari surdi, kamina: “agar adabiyotning vazifasi faqat haqiqatni aytish bo‘lganda ham (vazifa faqat bundan iborat emas!), u bu ishni uddaladi”, deya birgina Ahmad A’zamning “Ro‘yo” romanini misol tariqasida keltirdim (qarang: “Jahon adabiyoti” jurnali, 2019). Albatta, fikrlardagi turfalik, ko‘pincha, bir masalaga qanday nuqtayi nazar bilan yondashishga ham bog‘liq bo‘ladi. Chunonchi, F.Dostoyevskiy bir asarida “kishi saxardan kechgacha bir arslonning hayot mujodalasini kuzatsa, kechga borib yirtqichning jayronni tutib yeyishiga quvonadi, lekin aksincha bo‘lib, ertadan shomgacha o‘sha jayron hayotini kuzatsa-chi – uning arslon panjasidan omon qolganiga sevinadi”, degan fikr kechadi. Ko‘ryapsizmi, bir masalaga qaysi tomondan, kimning tomonidan turib qarashning o‘zida rakurslar 180 gradusgacha o‘zgarib ketmoqda. Yana vaqtni kimga, nimaga sarf qilganimizga ham ko‘p narsa bog‘liq. Masalaning bu jihatlarini bilgan olim germenevtikaning – talqinlar nazariyasidagi turfalik sir-asrorlarini yaxshi tushunadi va qarshisidagi kishining boshqacha fikrlagani uchungina yomon ko‘rib qolish baxtsizligidan yuqori tura oladi. Shuningdek, Ibrohim aka bilan ayrim jabhalarda hamfikr edik: masalan, iste’dodli va fidoyi yoshlargagina ilm eshiklarini ochish, qo‘llab-quvvatlash, rahbarlik qilish kerak deganga o‘xshash masalalarda, kuzatishimcha, hamisha yakdil bo‘lganmiz.

Demoqchimanki, hayot yo‘llarimizda Ibrohim Haqqul bilan hamfikr bo‘lamizmi, yo‘qmi, bundan qat’iy nazar, u kishining ilmning haqiqiy fidoyisi, jarchisi va jangchisi bo‘lganini hamisha bilgan va shu uchun olimni hurmat qilganman.

Ergashtiruvchi olim

80-yillar oxiri va 90-yillar davomida Ibrohim Haqqulning har bir kitobi, maqolasi biz – yoshlar uchun katta ma’naviy ozuqa, namuna bo‘lgan, ortidan ergashtirgan, desam mubolag‘a bo‘lmaydi. O‘sha paytda ham diplomli olim ko‘p bo‘lgan, lekin namuna bo‘lib, o‘z ortidan ergashtiruvchilari bugungidek kamchil edi. Ibrohim Haqqul ana shulardan – ergashtiruvchilardan biri edi. Olimning yoshlarga ta’sir qiluvchi va ularni ergashtiruvchi xususiyati umrining so‘nggiga qadar davom etdi: bu hol olim o‘limidan keyin ortida qolgan shogirdlarining bir yoqadan bosh chiqarib, ustozlari ishini davom ettirishlari, har yili yod etib tadbir uyushtirishlari va kitoblarini chop qilishlarida ko‘rinadi.

Ibrohim Haqqulning ilmdagi yo‘li qanday edi?

U tadqiqotchi olim sifatida asosiy e’tiborni u yoki bu adabiy siymo biografiyasini, shuningdek, asarlarining mazmun-mohiyatini, muhim g‘oyalarini ochib berishga qaratadi. Ya’ni Ibrohim Haqqul ko‘proq mumtoz adabiyot masalalari bilan shug‘ullandi va tadqiqotchiligida, asosan, ishning ma’no sathiga urg‘u berdi. Natijada o‘quvchida asarning ma’rifiy qatlami to‘g‘risida tushuncha paydo bo‘ladi. Biroq I.Haqqulning yozganlariga “asar haqidagi taassurotlardir” deb qaraydigan ayrim olimlar ham borligini afsus bilan qayd etmoq kerakki, terminni terminga urishtirib, chiqqan sadosini ilm deydigan shaklbozlarning qarashi bu. Hamda sog‘lom qarash emas. Chindan ham keyingi vatqlarda ilmiy matnda qancha ko‘p termin (atama) ishlatilsa – ilmiy, yo‘qsa – g‘ayriilmiy deb biladiganlar soni ko‘payib borayotganini afsus bilan qayd etmoq kerak. To‘g‘ri, ilmiy termin olim ishlatadigan kuchli qurol – vositalardan biri. Uning ostida juda katta ma’no – mazmun yotadi. Biroq unutmasligimiz lozimki, termin deganimiz, asli, u yoki bu g‘oyaning shartli ifodachisidir. Olimning qarashlari muayyan termin-atamaga aylangunicha g‘oyalar tarzida yashaydi. Odatda, adabiyot tarixi, adabiy tanqid bilan shug‘ullanuvchi olimlar badiiy matnning mazmun-mohiyatiyu bosh g‘oyalarini topib, ochiqlashga harakat qiladi. Nazariyotchi olimlar esa ulardan umumlashma nazariy xulosalar chiqaradi. Ko‘rinadiki, terminlashtirish jarayoni keyin – adabiyot tarixchilari va munaqqidlar o‘z ishini yakunlagandan so‘ng boshlanadi. Bas, shunday ekan, badiiy matnning ma’no-mazmunini tahlil qilib olmasdan turib nazariy xulosalar chiqarish haqida gap ham bo‘lishi mumkin emas. “Pilapoya bo‘ldim senga, azizim, Sen ham gal kelganda pillapoya bo‘l” dermidi shoir Erkin Vohidov? Adabiyotshunoslik ilmining turli tarmoqlari ham, ta’bir joz bo‘lsa, bir-biri uchun ana shunday o‘ziga xos “zina”ning bittadan “poya”laridir. Har olim o‘zi yetib borgan “poya”ga taalluqli ishni puxta bajarsa, shuning o‘zi katta gap.

Aslini surishtirsangiz, olimlar ikki guruhga bo‘linishini ko‘rasiz – ijodkor olimlar va nazariyotchi olimlar. Har holda, mening kuzatishlarim shunday deyishimga asos beradi. Ijodkor olim ko‘proq asarning mazmun-mohiyati bilan shug‘ullansa, nazariyotchi olim shu mazmunni vujudga keltirgan shaklga mo‘lroq e’tibor qaratadi. Ibrohim Haqqul tabiatan birinchi guruhga mansub olimlardan edi. Uning yo‘lini tanqid qiluvchilar esa, ko‘proq keyingi guruh mansublari. Ko‘rinadiki, shu ikki guruhga tegishli olimlar gohida bir-birining yo‘lidan ko‘ngillari to‘lmay turadi. Holbuki, ular bir frontning ikki jabhasida mehnat qilayotgan zahmatkashlardir. Axir, adabiyotshunoslikning uchta asosiy va bir necha yondosh yo‘nalishlari bor: adabiyot tarixi, adabiy tanqid, adabiyot nazariyasi, shuningdek, matnshunoslik, manbashunoslik va h.k. Ibrohim Haqqul faoliyati davomida asosan adabiyot tarixi, qisman adabiy tanqid bilan shug‘ullandi. Bu sohalar bilan shug‘ullangan olimlar, odatda, badiiy tahlilning kontekstual yo‘nalishidan istifoda etishadi. Adabiyot nazariyasi bilan mashg‘ul bo‘lganlar esa, ko‘pincha, immanent badiiy tahlil metodlariga murojaat qilishadi.

Nazariy adabiyotlarda badiiy tahlilning ikki yo‘li to‘g‘risida yozishadi: 1. Kontekstual. 2. Immanent.

Kontekstual tahlil biografik, ijodiy-genetik, sotsialogik, tarixiy-madaniy, qiyosiy kabi qator tarixiylik tamoyiliga suyangan metodlar yordamida amalga oshiriladi. Bunda asarni vujudga keltirgan tashqi aloqalar o‘rganilib, unga muallif tomonidan yuklatilgan mazmun ochib beriladi. Immanent tahlilda esa asarni tutib turgan ichki aloqalar o‘rganiladi va stilistik, struktrual, semiotik kabi metodlarga tayanib ish yuritiladi. Ko‘rinib turganidek, birinchi tahlilda asosiy e’tibor asarning mazmun-mohiyatida qaratilsa, ikkinchisida shu mazmunni yuzaga chiqargan matn shakli tadqiq etiladi. Albatta, so‘nggi chorak asrdan mo‘lroq vaqt ichida jahon adabiyotshunosligida kompleks tahlil, sistem tahlil degan nisbatan yangi metodlar to‘g‘risida bahs-munozaralar ancha faollashgani ham bor gap. Biroq, nima bo‘lganda ham, yuqorida nomlari zikr etilgan tahlil metodlarining o‘ziyoq badiiy matnning ma’no va shakl qatlamlarini ochish tashqaridan ko‘ringanidek oson yumush emasligidan dalolat beradi. Aytish joizki, professor Ibrohim Haqqul masalaning mohiyatidan kelib chiqib, o‘z faoliyatini asosan kontekstual tahlil yo‘nalishida amalga oshirgan. Bas, shunday ekan, unga qarab: “nega sen immanent tahlil metodiga yetarlicha e’tibor qaratmading?” deyishga hech kimning haqqi yo‘q. Olim sobiq sovet mamlakatida hukm surgan ateizm iqlimidan endi-endi chiqib, ildizlarga intilinayotgan, ularni topib otini to‘g‘ri qo‘yishga harakat qilinayotgan bir sharoitda o‘z chekiga tushgan vazifani sidqi dildan, shuningdek, kuchi, bilimi, tafakkuri yetgan qadar ado etdi. Binobarin, bir olim merosini tekshirar ekanmiz, uning qanday davr va sharoitda faoliyat yuritganini hamisha yodda tutmog‘imiz lozim bo‘ladi. Shunday keyin uning ro‘yobga chiqarganlarini e’tirof etgan holda, qolgani tadqiqiga kirishmoqlik olimga yarashgulik ishdir.

Tasavvur butunligi

Yassaviy, Navoiy, Bobur, Fuzuliy, Bedil, Ogahiy, Nodira, Uvaysiy, Hamza, Qodiriy, Cho‘lpon, Abdulla Qahhor, Abdulla Oripov, Rauf Parfi, Jamol Kamol, Shavkat Rahmon kabi mumtoz va zamonaviy adabiyot vakillari Ibrohim Haqqulning doimiy qiziqish va tadqiq markazida turgan. Shuningdek, u Shekspir, Tagor kabi jahon adabiyoti gigantlarini ham baholi qudrat o‘rgangan. Talaba ekanman, universitetga uchrashuvga kelgan Ibrohim Haqqul: “mening ilm dargohida o‘qib yurib orttirgan eng katta boyligim – Tagorni to‘liq o‘qiganimdir” degani yodimga muhrlangan. To‘g‘ri-da, olim degani o‘zi mansub sohani bir butun tarzda tasavvur qila olishi kerak. Yo‘qsa, tanlab olgani tor yo‘nalishdagi tadqiqot natijalarida katta-katta nuqsonlar yuza kelishi muqarrar. Mayli, u mumtoz adabiyot tadqiqotchisi bo‘lsin, lekin Ibrohim Haqquldek jahon va milliy adabiyotning bo‘y-bastidan umuman xabardor bo‘lsin! Mayli, u zamonaviy adabiyot mutaxassisi bo‘lsin, lekin adabiyotning kechagi kunini loaqal umumiy manzaralarda bo‘lsa-da bilsin!

Ibrohim Haqqul – yangi adabiyot tadqiqotchisi

Ibrohim Haqqul zamonaviy o‘zbek adabiyotiga bag‘ishlangan qator maqolalar, kitoblar chop etgan. Masalan “Abdulla Qahhor jasorati” nomli kitobni yoki Abdulla Qodiriy ijodiga bag‘ishlangan qator maqolalarni eslash kifoya. “Maktabi betakror” Ma’naviy mag‘lubiyat zabunlik erur”, “Ilohiy ishq: tanlov va taqdir”, “Nega yerga qaraysan, Ra’no?” (“Ishonch”, gazetasi, 8 aprel) maqolalari yangi o‘zbek adabiyotining ilk romanlaridan birining tadqiqiga bag‘ishlanganni bilan ahamiyat kasb etadi.

“Maktabi betakror” Ibrohim Haqqulning “Abdulla Qodiriyning 110 yilligiga” bag‘ishlab yozilgan maqolasi bo‘lib, unda “Mehrobdan chayon” romanining bir nechta qirrasi tahlil qilinadi. Bu qirralar birlashib esa bitta chiziqqa kelib tutashadi. Olim Solih Mahdum fe’lidagi nafsga bandilik va xonlar o‘rtasida talosh bo‘lgan kanizak qismati kabi masalalarning har biriga yetarlicha to‘xtaladi, pirovardida nafs va ta’maga qullik rishtasiga olib kelib bog‘laydi. Shunisi bilan maqola alohida e’tiborga molik. Ya’ni asarning mazmun-mohiyati Solih Maxdum fitrati bilan, bu fitratda in qurgan nafs bilan chambarchas bog‘liq. Ta’bir joiz bo‘lsa, asar syujeti ana shu detaldan o‘sib chiqib rivojlanadi. Asar avvalida Anvar va Ra’no o‘rtasida bir muloqot bo‘lib o‘tadi. Unda Ra’noning “Meni kimga berar emishlar?” degan hazil savoliga Anvar “Seni xondan boshqa kim olsin?” deya hazil javob beradi. Ammo bu hazil sekin-asta chinga aylanib boradi. Chunki Solih Mahdum va uning shajaraviy tarixi shu ko‘ngilsiz voqealarni keltirib chiqaradi. Maqoladan parcha: “Mahdumning otasi kanizak mojarosiga aralashadi. Madalixonni qo‘llab fatvo beruvchilar tomonida turadi. Shuning uchun Buxoro amiri zolim Nasrullo qahriga yo‘liqib, g‘am-g‘ussa va mardudlikka dosh berolmay o‘lib ketadi. Uning o‘g‘li esa Xudoyorxonga qizimni beraman, deb musibat jariga qulaydi. Ota go‘zal kanizak vositasida bir hukmdorga yoqish va mavqeini mustahkamlashni ko‘zlagan bo‘lsa, o‘g‘il ikkinchi bir xon bilan naslan yaqinlashish umidida o‘z qizining baxtiga chang solib, sharmanda-yu sharmisor bo‘ladi. Natija esa bitta: nafs va ta’maga qurbonlik”. Olim roman mazmun-mohiyatiga ana shunday o‘ziga xos tarzda yondashar ekan, A.Qodiriy ijodining ulkan va betakror maktab ekanligiga urg‘u beradi.

Ko‘rinadiki, professor Ibrohim Haqqul nafaqat mumtoz adabiyotning tolmas va fidoyi olimi, ayni damda, yangi o‘zbek adabiyotining ham o‘tkir fikrli tadqiqotchisidir.

Intervyuda aks etgan olim siyrati

O‘tyurak jurnalist Gulmira Musajonovaning “Men bilgan haqiqatlar” ko‘rsatuvida Ibrohim Haqqul shaxsiyati ancha to‘kis ochib berilgan, deyish mumkin.

“Navoiy haqida gapirish uchun mana shunday baland joyga, toqqa chiqib, toza havoda gapirish kerak, toki, nobakor olam pastda qolib ketsin”, deydi olim Toshkent viloyati tog‘laridan birida jurnalist savollariga javob berarkan. “Nobakor olam” iborasi va, umuman, uning pastga qolib ketishini istash bilan bog‘liq fikr menga juda tanish tuyuladi. Xotiramni titkiladim va topdim – u zamonaviy shoir A.Oripov qalamiga mansub she’rda bor ekan:

Ortda qolsin nobakor xilqat,
Ortda qolsin tanbal bulutlar.
Yuragingda chaqnasin faqat
Yorug‘ xayol, samoviy o‘tlar.

Qarang, Ibrohim Haqqulning Navoiy haqidagi o‘gitlaridan ham zamonaviy adabiyotning isi kelib turibdi. Adabiyotni bir butun deb bilish, his qilish shu bo‘lsa, ajab emas.

“Navoiy odamlarni ikkiga bo‘ladi: ahli ma’ni va ahli surat”, deydi olim. Badiiy adabiyotni tahlil qilayotganda ham olimlar ko‘pincha ikkiga bo‘linadi: ma’noga oshiqlar, shaklga oshiqlar. Buni yuqorida boshqacha ifodalar bilan aytib o‘tdik. Aslida, ikkisini qo‘shish kerak. Biroq birinchisi bo‘lmaguncha ikkinchisi mumkin emasligini ham yodda tutmoq kerak.

Navoiydek adabiy hodisalar ijodi negizida ijodkor shaxsi turishini Ibrohim Haqqul ta’kidlab aytadi. Chindan, shaxslik – yuksak maqom. Faqat shaxs ijodkorgina mohiyatga intiladi. Bas, katta ijod katta shaxs bilangina bunyod bo‘ladi. Shaxs bo‘lish uchun esa, olimning nazaricha, quyidagilar talab etiladi:

1. Iste’dod
2. Jasorat
3. Erkinlik
4. Butunlik
5. Fidoyilik

“Shaxslar yetarli darajada yetishib chiqsa, ular yashayotgan millatning muammolari hal bo‘lardi”, deb ishonadi olim.
“Shaxslik maqomidan yiroq olimlar hatto navoiyshunos bo‘lsa-da, dunyo talashadi, obro‘-martaba talashadi”, deya o‘kinadi u.
Yana aytadiki, “olomonni xalqqa aylantirish bilan adabiyotga munosabatni ham yaxshi tomonga o‘zgartirish mumkin”.
“Adabiyot uchun xizmat qilish kerak. Mayli, xizmat qilgichni e’tirof etishmasin, mukofotlar bilan siylashmasin, shunda ham u xizmatdan voz kechmasligi kerak.

“Haqiqatni aytish uchun kafan yelkada bo‘lish kerak”.

Bu fikr mumtoz adabiyot sahifalarida, jumladan, Nizomiy Ganjaviy asarlarida uchraydi, deyishadi bilgichlar. Bu gapni men hayotda ham ko‘p eshitganman. Biroq u yoki bu fikr qachon dillargayu tillarga ko‘chadi? Qachonki, uni aytgan odamning o‘zi ham, so‘zi ham shunga monand bo‘lsa. Ibrohim Haqqul tilidan to‘kilgan “Haqiqatni aytish uchun kafan yelkada bo‘lish kerak” degan gap bugun ayrimlar diliga ko‘chdi, desak yanglishmaymiz. Chunki aynan Haqqulning og‘zidan eshitgandagina odamlar u gapga ishondi.

Nazarimda, filologiya fanlari doktori, professor Ibrohim Haqqul o‘zi ishongan yuqoridagi haqiqatlarga sodiq qolib yashadi. Taqdir olimni shunday yo‘ldan olib o‘tdiki, natijada uning odamlik va olimlik qismati o‘zi aytganlarga, e’tiqodiga mos tushdi. Bu – juda katta gap.

2020-2024 yillar

05

(Tashriflar: umumiy 88, bugungi 1)

Izoh qoldiring