Ulug’bek Hamdam. Jaholatga qarshi isyon.

Ashampoo_Snap_2016.12.11_18h22m39s_007_.png  25  май —  Атоқли ҳинд шоири Назрул Ислом туғилган кун 

Ҳар бир санъаткор, – хоҳ у қўшиқчи, рассом бўлсин, хоҳ шоиру ёзувчи, – ижодининг энг баланд чўққилари бўлади. Бу чўққилар ё ўз вақтида (муаллифнинг тириклигида) ёҳуд маълум замонлар ўтгач (муаллифдан кейин) кўзга ташланади. Ўзбекнинг улкан шоирларидан бири Эркин Воҳидовнинг “Руҳлар исёни” достони шоир ижодидаги ана шундай чўққилардан бири. Достон ХХ асрнинг биринчи ярмида яшаб ўтган оташқалб ҳинд шоири Назрул Исломнинг ҳаётига бағишланади (Достон билан мана бу саҳифада танишинг).

Улуғбек Ҳамдам
ЖАҲОЛАТГА ҚАРШИ ИСЁН
087

1

  025  Ҳар бир санъаткор, – хоҳ у қўшиқчи, рассом бўлсин, хоҳ шоиру ёзувчи, – ижодининг энг баланд чўққилари бўлади. Бу чўққилар ё ўз вақтида (муаллифнинг тириклигида) ёҳуд маълум замонлар ўтгач (муаллифдан кейин) кўзга ташланади. Ўзбекнинг улкан шоирларидан бири Эркин Воҳидовнинг “Руҳлар исёни” достони шоир ижодидаги ана шундай чўққилардан бири. Не бахтким, шоиримиз ҳам, достон ҳам (ёзилганига 28 йил бўлди!) тирик! Назаримда у нафақат Эркин Воҳидов шеъриятининг гултожи, балки ХХ аср ўзбек достончилигининг энг вазмин тоши, энг чиройли порлаган юлдузи, фахри ва шарафидир!..

Келинг, қуйида ана шу даъвомизни илмий жиҳатдан текшириб чиқамиз…

Сўзимизнинг индаллосида замона кайфияти, одамларнинг руҳияти ва уларнинг тинимсиз ўзгариб-турланиб бориши масаласига тўхталсак. Яшириб нима қилдим, саккизинчи ва ўнинчи синф орасида ўқиб юрган чоғларим Абдулла Орипов ва Эркин Воҳидов шеъриятининг чинакам шайдоси эдим. (Очиғи, бундай ашаддийлик ҳозир Оврупа футбол мухлислари орасида бор, деб ўйлайман). Матбуотнинг қай бир нуқтасида шеърият тўғрисида суҳбат кетса, мақола чоп этилса, кўзларим, аввало, шу икки номни излаб қоларди. Бор бўлса, кўнглим жойига тушиб, мақолани қониқиш билан ўқиб чиқардим, йўқ бўлса-чи?.. Биласизми, қанақа ҳиссиёт юрагимни қамраб оларди? Гўё мавжуд ҳақиқатга хиёнат қилингандек, гўё ўша мақола ёки нутқ муаллифи атайлаб бу икки шоирни четлаб ўтиб кетгандек сезардим ўзимни. Ҳолбуки, дердим ўзимча, энг катта ҳақиқатни шулар ёзяпти, энг дилбар, оҳанрабо шеърлар шуларники, демак, уларга албатта тўхталиш шарт эди. Лекин нега тахталишмайди? Нега адабиётдаги асосий гап қолиб, бошқа майда-чуйдалар тўғрисида соатлаб гап сотиб, километрлаб мақола ёзишади?.. Бу хил изтиробли эътирозлар мурғак онгимни, қалбимни захалаган, озорлаган эди – эсимда. Яна шу нарсалар эсимдаки, ўша кезлар улғайсам, албатта, бир хил ёлғонларга чек қўяман, ўзим улар ҳақида, уларнинг оловли ва ростгўй, дилбар ва донишманд шеърлари тўғрисида тинимсиз-тинмсиз ёзаман, ўз дардимга қўшиб уларникини ҳам тарғибу ташвиқ қиламан, деб кўнглимга тугардим. Аммо ўқитувчим, эътибор беринг, фалакнинг гардишини қарангки, ўша чоғлар 15 ёшда бўлсам, бугун 38 даман, тахминан, Пушкин ва Чўлпонлар кетган ёшдаман, бироқ мен ҳам Эркин Воҳидов билан Абдулла Орипов шеъриятига бағишланган битта ҳам алоҳида мақола ёзмабман! 1997 йилда “30 йиллар ўзбек шеъриятида “соф лирика муаммоси” мавзуида номзодлик диссертациясини ёқламаганимда ўрта мактабда адабиётдан дарс берган Ёқубжон Исмоилов деган муаллимимиз ҳайрон бўлиб сўраганди: “илмий ишни нега Воҳидов ва Орипов шеърларидан ёзмадингиз? Ахир, мактаб программасига киритилмаган эса-да “Воҳидов” ва “Орипов”ни сиз ва сизга ўхшаган яна бир-икки ўқувчи учун ўтар эдим, эсингиздами? Сизни диссертация ёқлаяпти, деб эшитганимдаёқ “шу икки шоир ижодидан!” дея ўйлагандим…” Шунда мен айни саволни икки забардаст шоирларимизнинг ўзларига бергим, эҳтимол, сизлар ёрдам берарсизлар, дегим келганди… Ахир, мен юрагимда неча ўн йиллар мобайнида “Сен баҳорни соғинмадингми?”, “Қани, най бер менга, дўстгинам…”, “Биринчи муҳаббатим”, “Баҳор кунларида кузнинг ҳавоси”, “Жаннатга йўл” каби Ориповнинг, “Инсон қасидаси”, “Ишқ истилоси”, “Дебоча”, “Мажнунтол”, “Руҳлар исёни” каби Воҳидовнинг шеър, ғазал ва достонларини олиб юрганим ҳолда тадқиқот фурсати етганда нега бутунлай ўзга табиатли шеър устида илмий изланиш олиб бормадим? Ёхуд мен-да кўнглимдаги ва ҳаётдаги ҳақиқатга хиёнат қилдимми?.. Бу хил саволларга бугун менинг жавобим бор, (лекин кеча улар мени қийнаганди). Жавоб шундан иборатки, ижодда замон билан ҳамнафаслик деган тушунча бор экан ва у фақат баландпарвозлик билан, ясамалик билан алоқадор бўлмай, айни чоғда реал, самимий мазмунга ҳам эга: шоир ўз даврининг тепиб турган юраги бўлиши шарт экан. Олтмишинчи ва етмишинчи йилларда юқоридаги икки шоир чиндан ҳам “юрак” эдилар. Улар ўша узоқ ўн йилликлар кайфиятини энг ёрқин ва энг тўла ифода қила олган ижодкор эди. Энди иккинчи томон – ўқувчи айнан шундай кучга эҳтиёжманд эди. Етмишинчи йиллар охири ва саксонинчи йилларнинг аввалида мен ҳам бир ўқувчи сифатида давримизнинг уриб турган “қайноқ юрак”ларига қулоқ беришим ва улар орқали ўзимни, муҳитни тушунишга уринишим табиий эди… Кейин эса (саксонинчи йилларда) мамлакат ҳаётида мисли кўрилмаган ўзгаришлар юз берди ва жамият, унинг бир бўлаги инсон жуда кескин эврилишларга мубтало бўлди. Социализм парчаланиб, капитализм элементлари кириб кела бошлади. Натижада инсон ва у яшаётган муҳитнинг кайфияти тубдан ўзгарди. Демак, у кечаги китобни ёпиб, бугунги кайфиятни ифода қилган санъат ва адабиётга эҳтиёж сезди. Айни чоғда ўзига бир ҳақиқатни ҳам тушуниб етдим: маълум бир тузум ва унинг устивор йўналишини куйлаган адабиёт вақти келиб шу тузум даврадан кетгандан сўнг ўз ҳукмрон қийматини йўқотар экан. Шунинг учун ҳам 90-йилларда ўқувчи-тадқиқотчи адабиётимизнинг мангу ҳақиқатлар тараннум этилган саҳифаларига эътибор қилишга уринди. Назаримда “соф лирика” муаммоси” деган мавзуда тадқиқот олиб борганлигимизнинг сабаби – ана шу! Кўнгил шеърияти ижтимоий буюртмалар билан “дунёга келган” ғояпараст поэзиядан бир қадар чарчаган менинг авлодимнинг ўша кезлардаги кайфиятига бир қадар мос тушганди 90-йиллар ўрталарида. Лекин Эркин Воҳид ва Абдулла Орифнинг менга ёд бўлиб кетган шеърлари ва достонлари ҳам кўнгилдан чиққан, кўнгилнинг маҳсули эди, лекин негадир уларни танламадим… Эҳтимол, маълум муддат вақтнинг, замонларнинг ҳукмига ҳавола этиб синагандирман: қани-чи, бир оз фурсат ўтгандан кейин ҳам тушларимга кириб чиқадиган бу шеърлар, бу достонлар яна тўлқинлантирармикан, онгим ва қалбимни ларзага солармикан, дегандирман. Мадомики, шундай бўлган экан, қачонки бу икки забардаст шоир ашъоридан сўзламоқчи бўсам, негадир ҳамиша ўттиз-қирқ йил орқага кетаман ва у ердаги мавжуд шеърлар ҳалигача юрагимни куйдиради, ҳисларимни жунбишга келтиради. Эркин Воҳидовнинг “Руҳлар исёни” достони шулар қаторида ва унинг жовидонлигига илк гаров шудир, достоннинг ҳар икки замон синовларига бардош бера билганидир.

2

Достон ХХ асрнинг биринчи ярмида яшаб ўтган оташқалб ҳинд шоири Назрул Исломнинг ҳаётига бағишланади. Унда Ҳиндистонни инглиз мустамлакаларидан озод кўришни истаган ва шу муқаддас курашга нафақат ижодини, балки ўз эрки ва ҳаётини ҳам бахшида этган оташқалб шоирнинг тутқунликдаги аччиқ қисмати, қисматидан-да аччиқроқ ўй-хаёллари бирин-сирин ҳикоя қилинар экан, Эркин Воҳидов вақти-вақти билан ўқувчи нигоҳини инсоният тарихида юлдуздек порлаган турли-туман ажойиб ривоятларга қаратади. Хўш, нега? Нега шоир ўз бадиий мудаосини Назрул Исломнинг ҳаёти ва ижоди орқалигина баён этиб қўя қолмади? Нега у ўқувчини ўзи янглиғ қийнагиси, уни ўтдан олиб ўтга солгиси, зулм, истибдод, жаҳолат каби сиртмоқларда осгиси келди?.. Чунки муддао Назрул Ислом эмас, бу – бир баҳона. Асл муддао – башарият табиатининг икки тоифага эътиборни қаратиш: оқ ва қора, ёруғлик ва зулмат, маърифат ва жаҳолат, истибдод ва озодлик…
Назрул Ислом ва унинг аламли қисмати бир дурбинким, шоир мазкур устурлобнинг бир учини ўқувчи кўзига тутиб, иккинчи оғзини инсониятнинг хатоларга лиқ тўла кечмиши ва бугунига қаратади. Натижада ўқувчи Назрул Ислом кечмиши орқали ўзи одамзотнинг ботинига назар ташлаш имкониятига эга бўлади, инсон табиатидаги ўзак масалаларга бир нуқтадан қараш ва уни кузатиш майдонини қўлга киритади. Бу майдоннинг исми Назрул Ислом ҳаёти акс эттирилган “Руҳлар исёни” достонидир! Ёши ва давридан қатъий назар, ўқувчики бор, энди шу майдонга тушса, албатта истибдод ва озодликдан, жаҳолат ва маърифатдан, оломон ва халқдан… дарс олади. “Руҳлар исёни”нинг даврлар чиғириғига дош бериб келаётганининг сабаби – шу. Бу эса достонни шарафлаган унсурлардан тағин биридир.

3

Бутун ер куррасини улкан зулмат қоплаб келаётгани ҳақида бутун оммавий ахборот воситалари дунё бўйлаб тинмай жар солаяпти. Замондошимизнинг – она сайёрамизнинг қайси нуқтасида истиқомат қилишидан қатъий назар, – бундан хабари бор. Нимасини айтай, бу ҳақда жаҳоннинг энг қудратли мамлакатларининг давлат раҳбарларидан тортиб, энг пулдор бойларию энг таъсирли корчалонларигача беш қўлдек билади… Бироқ ачинарлиси ва ажабланарлиси шундаки, неча замонлардир одамзод ўзи билиб, ўзи кўриб, шундоқ бурнининг остида нафасини туйиб келган ёв – зулматга қарши ўзаро бирлаша олмай келаётир. Гўё ҳамма бир-бирига олдиндан тубсиз бир чоҳ борлигини гапира-гапира, лекин ўз йўлини ўзгартирмай, ҳатто шу йўлни ўзлаштириш тўғрисида ҳам лақиллай-лақиллай, айни чоғда тўппа-тўғри ўша қаърга томон одимлаётгандек. Во ажаб!.. Ўйлаганинг сари инсоннинг ақлли мавжудот эканлигига шубҳалана бошлайсан. Алам қилади, ахир ўзинг, авлодларини, одамзодни, жамики тирикликни ҳалокатдан қутқара олмаган ақл ақлми? Биз сизларга ақл бердик, фикр қилмайсизларми? дея амр этилмайдими муқаддас битикларда. Гарчи Фолкнер каби дунёнинг энг жиддий ёзувчиларидан бири алал оқибатда инсонга, унинг ҳар қандай ёвузликлар, ёвуз кучлар устидан ғалабасига ишониб ўтган бўлса-да ҳали инсон ўз қалбидан мустаҳкам ўрин олган, унинг томирларидаги қонида шовуллаб оқаётган жаҳолату нафс балосидан кўп-да узоқ кетолгани йўқ-да!.. Дарвоқе, шундай ишончнинг ўзи учун улуғ ёзувчига олтиндан ҳайкал қўйса арзийди. Чунки инсоннинг ер шарини коптокдек думалатиб жар ёқасига тепиб келаётганини кўра-била туриб яна шу одамга, унинг эзгу ниятига ишонч билдириш ҳазил гап эмас!..

Ҳар гал “Руҳлар исёни” достонини мутолаа қилар эканман, юқоридаги каби мулоҳазалар фикру ёдимни чулғаб олади. Чунки ундаги ғоя, пафос айни масалаларнинг бағридан сизиб чиқади. Шу билан бирга фикрловчи инсоннинг юқоридаги мавзу бўйича асосий саволларига ўзига хос жавоб бўлиб янграйди ҳам!

Албатта, достон жуда кўп масалалар бор. Эркин Воҳидов абадият, шоир қалби, исён, фидойилик, тутқинлик, истибдод, озодлик, шоҳ ота ва шоҳ ўғил, зоҳидлик ва орифлик, олий руҳлар ва ҳоказо мавзуларни алоҳида фаслларда текшириб чиқади, уларнинг фалсафий, инсоний моҳиятини тушунишга интилади. Гарчи ҳар-хил тарихий замонлар, турли-хил ижтимоий сиёсий даврлар, бир-биридан узоқ воқеалар, одамлар қисмати достон саҳнасида қоришиб кетган эса-да, буларнинг барчаси шоир мушоҳада призмаси остида бир нуқтада бирлашадилар. Бирлашиб, истибдодга кўнмаган, озодликдан тонмаган, исёнкор қалб ҳаёт йўли кўз ўнгимизда намоён бўлади. Натижада бу исёнкор қалб абадий ҳаёт сувини тупроққа тўкади, эвазига ўз даврида ўз замондошининг қон сирқиб турган дардлари билан яшаш йўлини танлайди. Йўл табиий равишда уни мамлакатни, одамларни ўз қаърига тортган истибдодга қарши курашга чорлайди. У курашади. Чунки туғилгандаёқ фидойилик ҳақидаги ривоят унинг томирларида қон ўрнида оқарди. Озодлик учун кураш эса ҳамиша тутқинликни бошлаб келади. Лекин чинакам исёнкор қалб ўз тавридан воз кечмайди, хаёлини ҳар-хил ўйлар илма тешик қилиб юборса-да, “Шоҳи жаҳон ва Аврангзеб”, “Олий руҳлар” каби ривоятлардан мадад олиб, жисмининг нолаларига қулоқ бермай, руҳни зиён-заҳматсиз равишда кўкларга олиб кетади…

Лекин достон ҳақидаги шунча гапдан кейин ҳам масала моҳияти очилмай қолаётгандек. Чунки биз ундаги битта фаслга тегинмадик ҳали. Бир мушоҳада қилиб кўрайликчи, инсонни мана шундай яшаб ўтишига, достонда айтилганидек, гўзаллар ҳақида эмас, тинимсиз-тинимсиз озодлик тўғрисида шеър ёзишга, озодлик учун жонини жабборга беришга ва натижада қамоқларга тушиб, аёвсиз зулм, шафқатсиз қийноқлар исканжасида жон таслим қилишга мажбур қилаётган ким ёки нима ўзи?!. Одамлар нега бу бебақо дунёга уруш-жанжаллар даъвосисиз жимгина келиб, бир-бирларини жимгина севиб, ардоқлаб кетавермайдилар? Ахир, инсон қўлига нимаики олмасин, паймонаси тўлгач, ҳаммасини қайтиб биришга маҳкум-ку ва буни ҳар ким биладику!.. Яна нега?!. Бу мазмундаги юзлаб, минглаб сўроқларимизнинг битта жавоби бор: ЖАҲОЛАТ!!! Шоир Эркин Воҳидов ижод асосида асарга яна бошқа бадиий мақсадлар юкламоқчи бўлган эса бордир, лекин “Руҳлар исёни” достонини тутиб турган ўқ, унинг марказий нуқтаси менимча битта – “Жаҳолат тўғрисидаги ривоят”. Чунки қайси замондаки одамзоднинг келажаги, ер юзидаги тирикликнинг эртанги тақдири ҳақидаги муаммолар кўтарилар экан, ҳамма йўллар инсонни тўппа-тўғри жаҳолатнинг бўсағасига элтаверган… Ҳа, одамийзод ирқию динидан, мавқеию касб-коридан қатъий назар, бир-бирини худди туғишган ака-сингилдек севмоқчи бўлса, аввало, жаҳолатни ўлдирсин, эртага, индинга, ундан кейин… минг йилдан кейин ҳам авлодим қуёшни кўрсин деса, аввало, жаҳолатни ўлдирсин!.. Ҳа, ақлингизга нимаики келмасин, ҳаммасининг шарти – шу! “Жаҳолат тўғрисидаги ривоят” достонда бошқа ривоятлар қаторидагина келадиган навбатдаги бекат эмас, асло! Бу ривоят ўша Назрул Ислом ва унинг каби дунё бўйлаб минглаб, миллионлаб истибдодга қарши чиққан, чиқаётган ўлмас ва ўчмас исёнкор қалбларни тириклайин қамоқда чиришига, оловда ёнишига, виждон азобида қовурилишига сабаб бўладиган нодон ва жоҳил оломонга, жаҳолатга отилган ўзига хос лаънатловдир! Ахир, иссиқ танангизга бир ўйлаб кўринг, хастани турли хил дарддан ҳатто кўрликдан даволаб, соғлар қаторига қўшган донишманд ҳакимни ўтда тириклайин куйдиришларига яна шу беморнинг овоз бериши, оловга сомон элтиши бу – жаҳолат эмасми!? Шундай қилаётган ёки шундай қилаётганларга жим қараб турганлар, булар – оломон эмасми? Бас шундай экан жоҳиллик ва оломон қайсидир маънода бир-бирига синоним, маънодошдир ҳамда инсон қандай ривожланган мамлакатда ва қайси халқнинг ичида яшамасин, магар у жоҳил эса, баланд савияли халқнинг орасида туриб ҳам оломонга тааллуқлидир. Ёки аксинча, оломоннинг ичида туриб ҳам киши маънавий даражасининг юксаклигига, жасоратига ва ҳоказо кўплаб фазилатларию амалларининг сажиясига қараб туриб халққа тегишли бўлиши мумкин. Ҳа, жаҳолат ва маърифат одамларни икки қутбга айириб ташлайди, натижада бир ёнда тўда, оломон, иккинчи томонда эса халқ, миллат пайдо бўлади. Достондаги “Жаҳолат тўғрисидаги ривоят”да ҳар иккиси ҳам бор. Бир тарафда жоҳил, нодон оломон, иккинчи ёқда эса донишманд ҳаким ва оловда ёқиб бўлгандан кейин ақл ва маърифат кўзлари очилган одамлар!

Ўт қўйдилар.
Ёнди гулхан.
Қаро бўлди самовот.
Жаҳолатнинг ҳукми билан
Қурбон бўлди буюк зот.
Гулхан ёнди кўкка ўрлаб,
Чўғи ҳар ён сочилди.
Шу оловдан элнинг, ажаб,
Ақл кўзи очилди.
Ўкиндилар,
Аза тутиб
Йиғладилар, куйдилар.
Донишмандга йиллар ўтиб
Олтин ҳайкал қўйдилар…

Қани эди достонда айтилганидек, ўзининг битта хатосидан таъсирланиб ёппасига бутун элнинг кўзи очилиб кетса! Унда ер юзида умуман оломон қолмаган, ҳамма миллат деган шарафли денгиз бағрида ўз елканларини ҳилпиратиб мағрур сузиб юрган бўларди. Йўқ-да, ҳеч қачон бундай бўлмаган ва дунёда фуқароси миллат бўлиб шаклланмаган биронта мамлакат қолар экан, бўлмайди ҳам! Одатда, бармоқ билан санарли одамларниггина ақл кўзлари очилади ва баъзан ўзлари қилмаган гуноҳлар учун жавоб беришга интиладилар. Оловда тириклайин ёқиб юборилган донишманд ҳакимга олтин ҳайкал қўйганлар ҳам аслида оломон эмас, балки халққа айланган, ёки айланаётган озчиликдир! (Аслида, миллат, халқ ана шуларнинг маърифатидан ўсиб чиқиб, шаклланади). Бу озчилик, кўпинча, ўзи мансуб бўлган халқнинг ўтмишда ё бугун қилган, қилаётган жоҳилликлари учун изтиробга тушади, инсоният виждони қаршисида изза бўлади ва хатоларни тузатишга киришади. Ҳамиша шундай бўлган ва жаҳолат бор экан, оломон мавжуд экан, шундай бўлиб қолади…

4

“Руҳлар исёни” достонининг бадиий ҳақиқати ана шундай аччиқ ҳаёт ҳақиқатини инкор этмайди. Аксинча, шоир унда борини борича акс эттиришга, тўғрима-тўғри бўлмаса, айланма йўллар билан дардини айтишга уринади ҳамда бунга, асосан, эришади ҳам.

Достонда “Исён қўшиғи” бор. Унда шоир Эркин Воҳидов Назрул Ислом тилидан зулм ва истибдодга қарши оташин қўшиқ битади:

“Сўйла, инсон,
Сўйла, қаддинг кўтариб баланд
Юксакликда сенинг қадринг
Ҳимолай монанд…
Уйғонмоқнинг вақти келди,
Бош кўтар, уйғон!
Бош кўтаргил,
Минг йил тўккан
Кўз нуринг ҳаққи.
Қўзғал,
Асрий қуллик буккан
Ғуруринг ҳаққи.
Қўзғал,
Буюк Тожмаҳалнинг
Шукуҳи учун.
Қўзғал,
Улуғ боболарнинг
Пок руҳи учун.
Эрк бонгин ур,
Сен интиқом –
Таблин баланд чол.
Туғулгансан озод,
мудом
Озод бўлиб қол”.

Асрлар мобайнида бундай ижтимоий-сиёсий мазмундаги шеърга дуч келмаган шарқ инсони ҳайратланиб ёқа ушлайди. Кими “бу шеър эмас, агар шеър бўлса, қани унда гуллар рақсию булбуллар навоси?” деса, бошқаси “Бу шеър Шарққа хосдир, наҳот! На ишқий, на риндона. Бундай ашъор Саъдийга ёд, Ҳофиз учун бегона” дея ёзғиради. Ниҳоят, улардан ҳиндулари Назрул Исломни “жобон”, мусулмонлари эса “кофир” деб эълон қилишади. Қаранг, оломон ҳам Назрул Исломнинг тўғри гапни айтаётганини билишади, лекин… “Ул кун Будда: Мард агар сен Дардни ичга ют, деган. Ул юзингга сен, Бул юзинингни тут, деган”, “У дунёда бахтинг таъмин, Бу дунёда чексанг ғам”, Шундай дея берган таълим Ул… Устоди мукаррам” дейишади ва шоирнинг исён қилгани учун, зулм ва истибдодга, ҳақсизликка қарши чиққани учун, қадим Шарқ анъаналарига риоя этмагани учун маломат қилишади. Эътибор беринг, азиз ўқувчим, айнан шу фаслда оломонга хос бўлган бир қирра очилиб қолмоқда, у ҳам бўлса, ҳақиқатни кўриб туриб ундан кўз юмиш, билиб туриб ўзни билмасдек тутиш:

“Ҳа, зулм бор, ҳақсизлик бор,
Барчага бу аёндир.
Аммо буни зинҳор-зинҳор
Айтиб бўлмас замондир”, –

дейди оломоннинг бир томони. Бошқа томони унга жўр бўлади:

Ҳамма билар,
Инсон эркин – яшаши шар пойидор,
Биз ҳам айтсак бўлар,
лекин
Уйда бола-чақа бор”.

Мана, кўринг, томоша қилинг энди. Назрул Ислом кўриб, тушуниб етган ҳақиқатни қолганлар ҳам билар экан… Улар ҳам мамлакат ёвнинг мустамлакаси остида эзилиб ётганини кўриб туришар экан. Фақат… фақат тиллари соқов қулоқлари кар экан уларнинг. Чунки шундай қилинганда ҳеч ким уларни бошқалардан айириб олиб туртмас, урмас, қийнамас, чопмас ва оловда ёқмасди. Оломон зўр келганда, аслида, бола-чақасини ҳам ўйламайди, бола- чақа бу – бир ниқоб, улар шу ниқоб остига одатда, ўз ширин жонларини яширмоқчи бўлади. Қолаверса, бу ўринда ишлатилган “бола-чақа” сўзи фарзандлар сўзининг синонимигина эмас, балки ундан каттароқ, кўпроқ маъноларга эгадир. “Уйда бола-чақа бор” дегани бир томонда ҳақиқатни айтиш ва балоларга гирифтор бўлиш бўлса, бошқа томонда тинчгина умргузаронлик қилиш бор ва бунинг ичига уйдаги бола-чақаю хотин-халаждан тортиб қозон-товоғу ширин таомгача киради, деганидир.

Юқорида шоир Эркин Воҳидов достон майдонида айтмоқчи бўлган дард даражасига етган айрим оғриқларини айланма йўллар билан бўлса-да, барибир, ўқувчига етказади, дедик. Бу адабиётнинг, санъатнинг буюк имкониятидир, аслида. Эндигина ўқиганимиз парчалар бир томондан оломон психологиясини очиб беришга хизмат қилса, иккинчи томондан оломон тилидан айтилаётган аччиқ ва алмли иқрорлар достон ёзилган етмишинчи йиллар адоғида ҳукмрон советлар давлатига нисбатан ўзига хос айбловдек жаранглайди. Ахир ўзингиз ўйлаб кўринг, воқеалари ўзга мамлакатда кечаётган достонда бировнинг номидан бошқа бировга қарата айтилаётган бўса ҳам шоир: “Ҳа, зулм бор, ҳақсизлик бор, Барчага бу аёндир. Аммо буни зинҳор-зинҳор Айтиб бўлмас замондир” деб турса, бу мисралардаги ҳақ гап қўштирноғу ўтмишлар занжирини, чет мамлакатлар чегараларидаги симтиконлар тўрини парчалаб шоир яшаётган улкан мустамлакачи мамлакат сарҳадларига, у орқали бутун ўқувчилар армиясининг ақл ва юрак майдонларига вулқондек отилиб кириб келмаслиги мумкинми? Йўқ, албатта. Чунки менинг ўзим ўн тўрт ёшимда тузукроқ англаб-англамай айнан юқоридаги мисраларни достондан узиб олиб мактабда, пахта далаларида баралла айтиб юрганимни аниқ-тиниқ хотирлайман. Худо раҳмат қилгур акам Ойбек бўлса, тўйларда сўзга чиқиб келин-куёвга бағишлаб бутун бир достонни ёддан айтиб берарди. Албатта, базмдагиларнинг кўпчилиги тушунмас ва бу қадар узун “шеър” ўқиган ҳамқишлоқларидан норози бўлишарди. Лекин алпқомат ва қайтмас акам билан юзма-юз бўлишдан қўрқиб, уларниг биронталари юрак ютиб ошкора қаршилик кўрсатишмасди. Гўринг нурга тўлгур акам бўлса, кўзларини чирт юмганча худди ёрига ўзи ёзган ишқий шеърини ўқиб бераётгандек ҳаяжон, ҳарорат ва баландлик билан достонни айтиб тебранар, тебраниб айтарди. Энди ўйлаб қарасам, акам мендан каттароқ бўлгани учун “Руҳлар исёни” достонининг асл моҳиятини кенгроқ ва чуқурроқ тушунган. Инчунин, ҳар сафар уни ёддан ўқиганда достондаги Назрул Ислом ҳақиқатига ўз ҳақиқатини, Назрул Ислом дардига ўз дардини қўшиб ўқигандек яйраган экан. Йўқ эса, йигит ёши яшнаб турган акам нега ёр васфи куйланган шеърларни эмас, тутқунлик ва озодлик, жаҳолат ва маърифат дарж этилган достонни худди ўз дардидек кўча-кўйда, тўй-ҳашамда, ҳамма-ҳамма ерда куйлаб юрарди… Энди ўзингиз ўйлаб кўринг, ёддан ўқилганда шеърнинг нуқта-вергули, қўштирноғи айтиладими? Мисол учун, “қўштирноқ, Ҳа зулм бор, ҳақсизлик бор, Барчага бу аёндир…” дейиладими? Йўқ, албатта! Достон парчаси “енгилмас ва парчаланмас, абадул-абад туради” дейилган Советлар давлатининг фуқаро-тингловчиси қулоғига айнан “Ҳа зулм бор, ҳақсизлик бор…” шаклида етиб боради ва у мушоҳада қила бошлайди: ноҳотки, буни ёзишяпти экан? Чоп этишибди-ку. Нима бўлганда ҳам барака топишсин. Ўзи бор гапда!.. Эртасига қарабсизки, ўқувчи ҳам тахминан ўша мисралар маъносига яқин гапларни айтиб юрган бўлади. Ахир, достон 1978 ва 1979 йилларда ёзилган. Улкан мамлакатдаги қайта қуришга, демократияга ва ниҳоят, мустақил давлатлар ҳамдўстлигига бор йўғи беш-ўн йил қолганди ўшанда. Демак, – дея хулоса қилсак ярашади, – қайта қуришлар, демократиялар ва мустақил давлатлар ўз-ўзидан бино бўлгани йўқ, балки одамларнинг ҳаққа ва ҳақиқатга бўлган ана шундай интилишидан, кайфиятидан дунёга келган “Руҳлар исёни” достони эса ўзбек зиёлиларининг ҳақиқат ва озодлик томон энг катта парвозларидан бирида ёзилгандир!

5

Достон фақат айтилганлардан иборат эмас. Унинг деярли ҳар бир боби тўғрисида бутун бошли китоб ёзса бўлади. Чунки унда ёлғон йўқ, шеърий романтика кўзингизга рангин тўр солмайди, сизни ҳаёт ва унинг муаммоларидан хаёлнинг камалакдек товланган ўзга оламига юлиб олиб, фикрингизни ипакдек мулойим тўрлар билан занжирбанд этмайди, асло! “Руҳлар исёни” достони Эркин Воҳидовнинг йигит ва зиёли бўлиб ғарқ пишган 42-43 ёшларида ёзилган ва ўзида шоирнинг бутун Жасорати, Истеъдоди, Донишмандлигини… бир нуқтага жамлаган энг умрзоқ, энг жозибали ва энг ҳақиқатпараст асаридир! Агар шоир бошқа ҳеч нима ёзмаган бўлган тақдирда ҳам биргина “Руҳлар исёни” достони уни миллат ва адабиёт кўксида ўчмас юлдуздек порлаб туришига кифоя қиларди. Чунки у одам ва одамзоднинг энг тансиқ, энг азиз… орзу армонлари ҳақида гўзал, ҳазин, айни чоғда, мағрур қўшиқдек юракларимизда, онг ва руҳларимизда акс садо беради. Чунки у қуллик ва зулмга рози бўлмаган, унга кўнмаган, унга қарши курашган ва озодлик учун ширин орзулари не, азиз жонларидан воз кеча олган инсониятнинг чинакам қаҳрамонларини мадҳ этади!.. Ахир, достонда ҳиндистонлик шоир Назрул Ислом тилидан “Туғилгансан озод, мудом Озод бўлиб қол” дея айтилган оловли мисралар бундан олтмиш-етмиш йил бурун халқни жонидан севган, унинг учун ҳар нега тайёру оқибатда бўйнига “халқ душмани” тавқи лаънати осилиб ваҳшийларча отиб ташланган улуғ Чўлпоннинг “Кишан кийма, бўйин эгма, Ки сен ҳам ҳур туғулғонсен!” деган оташин чақириқларини ёдга солмаяптими!? Лекин оёқларида ҳали мустаҳкам ва бутун дунёга ўз зўравонлигини ўтказиб турган Империя ҳудудида ўша етмишинчи йилларда миллат учун ҳаёт ва жонларини фидо қилган буюк жадидлар тўғрисида ёзиш мумкинмиди? Шу билан бирга, агар Эркин Воҳидов ботинида гўрлари нурга тўлгур маърифатпарвар боболаримизнинг озодлик, истиқлол, маърифатпарварлик каби умуммиллат ғояларига жиндеккина ҳурмат бўлмаса, чет эллик, деярли бизнинг чўлпонлар йўлини босиб ўтган шоир Назрул Ислом ҳақида бундайин кўнгилга яқин достонни битиши мумкинмиди!? Кўринадики, “Руҳлар исёни”да дарж этилган ва достоннинг пафоси даражасида куйланган дард айни чоғда бизники ҳамдир! У ўз тупроғимизда, ўз назрул исломларимиз қисматларида мисқол-мисқол йиғилган ва қалб тўримизда ардоқланган, бироқ тақдир тақозоси билан ҳиндистонлик шоир ҳаёт йўли мисолида акс эттирилган умуминсоний дарддир!

6

Назаримда “Руҳлар исёни”ни ёзар экан, шоир Ҳақиқатнинг кўзларига тик қарай олган. Ёки буни бошқача айтамиз: Ҳақиқатнинг кўзларига тик қарай олган муддати давомида шоир кўнглидан кечганлари бу – “Руҳлар исёни” достони!

7

Аммо “Руҳлар исёни” достонининг Ҳақиқат кўзларига дош бериш муддати инсоният умрига тенг!

8

Достонда кўпгина фасллар сўнгида шоир беихтиёр ўз кўнглига мурожаат қилади. Ажаб мурожаатларнинг асллари муножаатга айланиб, ўқувчи кўнглига дуодек ёғилади:

Ҳақ учун
Бош тутган тикка
Мардлар руҳи ёр бўлсин.
Бу дунёда
ноҳақликка
Кўнмаганлар бор бўлсин!

Бу дунёда ҳамма нарсанинг ўз ўлчови бор. Жумладан, инсонликнинг, маданиятлиликнинг, жўмардликнинг… Одамнинг ҳайвондан фарқи, унинг кишилик ғурури, мардлиги… боринки, одамнинг инсонлиги энг аввал, унинг ҳақиқатга, ҳаққа қай даражада яқинлашиб келгани билан ҳам ўлчанса, ажаб эмас! Чунки инсон қўй ёки эшак эмаски қайси томонга ҳайдаса, шу томонга кетаверса!.. “Инсон – бу мағрур жарнглайди!” дейди улуғлардан бири. Бас шундай экан, Инсонлик бу – юксак мартабаким, унга тинимсиз интилмоқ, интилмоқ ва интилмоқ зарур. Шуларни ўйлаганда инсон номига муносиб бўлишдан ортиқ шараф йўқ дунёда деб ҳайқиргинг келади! “Руҳлар исёни” достонидаги руҳлар исёни ҳам аслида, инсоннинг қулликка, жаҳолатга, зулм ва истибдодга кўнишига қарши кўтарилган муқаддас ҳаракатдир: “Туғилгансан озод, мудом Озод бўлиб қол!” дейди Эркин Воҳидов бенгал шоири Назрул Ислом ва ўзбек шоири Чўлпонларга жўр бўлиб. Достонга кўнгил қўйган ўқувчики бор, руҳан беихтиёр бу шоирлар сафига келиб қўшилади.

2006

25 may — Atoqli hind shoiri Nazrul Islom tug‘ilgan kun

   Har bir san’atkor, – xoh u qo‘shiqchi, rassom bo‘lsin, xoh shoiru yozuvchi, – ijodining eng baland cho‘qqilari bo‘ladi. Bu cho‘qqilar yo o‘z vaqtida (muallifning tirikligida) yohud ma’lum zamonlar o‘tgach (muallifdan keyin) ko‘zga tashlanadi. O‘zbekning ulkan shoirlaridan biri Erkin Vohidovning “Ruhlar isyoni” dostoni shoir ijodidagi ana shunday cho‘qqilardan biri. Doston XX asrning birinchi yarmida yashab o‘tgan otashqalb hind shoiri Nazrul Islomning hayotiga bag‘ishlanadi (Doston bilan mana bu sahifada tanishing).

Ulug‘bek Hamdam
JAHOLATGA QARSHI ISYON
087

1

088 Har bir san’atkor, – xoh u qo‘shiqchi, rassom bo‘lsin, xoh shoiru yozuvchi, – ijodining eng baland cho‘qqilari bo‘ladi. Bu cho‘qqilar yo o‘z vaqtida (muallifning tirikligida) yohud ma’lum zamonlar o‘tgach (muallifdan keyin) ko‘zga tashlanadi. O‘zbekning ulkan shoirlaridan biri Erkin Vohidovning “Ruhlar isyoni” dostoni shoir ijodidagi ana shunday cho‘qqilardan biri. Ne baxtkim, shoirimiz ham, doston ham (yozilganiga 28 yil bo‘ldi!) tirik! Nazarimda u nafaqat Erkin Vohidov she’riyatining gultoji, balki XX asr o‘zbek dostonchiligining eng vazmin toshi, eng chiroyli porlagan yulduzi, faxri va sharafidir!..

Keling, quyida ana shu da’vomizni ilmiy jihatdan tekshirib chiqamiz…

So‘zimizning indallosida zamona kayfiyati, odamlarning ruhiyati va ularning tinimsiz o‘zgarib-turlanib borishi masalasiga to‘xtalsak. Yashirib nima qildim, sakkizinchi va o‘ninchi sinf orasida o‘qib yurgan chog‘larim Abdulla Oripov va Erkin Vohidov she’riyatining chinakam shaydosi edim. (Ochig‘i, bunday ashaddiylik hozir Ovrupa futbol muxlislari orasida bor, deb o‘ylayman). Matbuotning qay bir nuqtasida she’riyat to‘g‘risida suhbat ketsa, maqola chop etilsa, ko‘zlarim, avvalo, shu ikki nomni izlab qolardi. Bor bo‘lsa, ko‘nglim joyiga tushib, maqolani qoniqish bilan o‘qib chiqardim, yo‘q bo‘lsa-chi?.. Bilasizmi, qanaqa hissiyot yuragimni qamrab olardi? Go‘yo mavjud haqiqatga xiyonat qilingandek, go‘yo o‘sha maqola yoki nutq muallifi ataylab bu ikki shoirni chetlab o‘tib ketgandek sezardim o‘zimni. Holbuki, derdim o‘zimcha, eng katta haqiqatni shular yozyapti, eng dilbar, ohanrabo she’rlar shularniki, demak, ularga albatta to‘xtalish shart edi. Lekin nega taxtalishmaydi? Nega adabiyotdagi asosiy gap qolib, boshqa mayda-chuydalar to‘g‘risida soatlab gap sotib, kilometrlab maqola yozishadi?.. Bu xil iztirobli e’tirozlar murg‘ak ongimni, qalbimni zaxalagan, ozorlagan edi – esimda. Yana shu narsalar esimdaki, o‘sha kezlar ulg‘aysam, albatta, bir xil yolg‘onlarga chek qo‘yaman, o‘zim ular haqida, ularning olovli va rostgo‘y, dilbar va donishmand she’rlari to‘g‘risida tinimsiz-tinmsiz yozaman, o‘z dardimga qo‘shib ularnikini ham targ‘ibu tashviq qilaman, deb ko‘nglimga tugardim. Ammo o‘qituvchim, e’tibor bering, falakning gardishini qarangki, o‘sha chog‘lar 15 yoshda bo‘lsam, bugun 38 daman, taxminan, Pushkin va Cho‘lponlar ketgan yoshdaman, biroq men ham Erkin Vohidov bilan Abdulla Oripov she’riyatiga bag‘ishlangan bitta ham alohida maqola yozmabman! 1997 yilda “30 yillar o‘zbek she’riyatida “sof lirika muammosi” mavzuida nomzodlik dissertatsiyasini yoqlamaganimda o‘rta maktabda adabiyotdan dars bergan Yoqubjon Ismoilov degan muallimimiz hayron bo‘lib so‘ragandi: “ilmiy ishni nega Vohidov va Oripov she’rlaridan yozmadingiz? Axir, maktab programmasiga kiritilmagan esa-da “Vohidov” va “Oripov”ni siz va sizga o‘xshagan yana bir-ikki o‘quvchi uchun o‘tar edim, esingizdami? Sizni dissertatsiya yoqlayapti, deb eshitganimdayoq “shu ikki shoir ijodidan!” deya o‘ylagandim…” Shunda men ayni savolni ikki zabardast shoirlarimizning o‘zlariga bergim, ehtimol, sizlar yordam berarsizlar, degim kelgandi… Axir, men yuragimda necha o‘n yillar mobaynida “Sen bahorni sog‘inmadingmi?”, “Qani, nay ber menga, do‘stginam…”, “Birinchi muhabbatim”, “Bahor kunlarida kuzning havosi”, “Jannatga yo‘l” kabi Oripovning, “Inson qasidasi”, “Ishq istilosi”, “Debocha”, “Majnuntol”, “Ruhlar isyoni” kabi Vohidovning she’r, g‘azal va dostonlarini olib yurganim holda tadqiqot fursati yetganda nega butunlay o‘zga tabiatli she’r ustida ilmiy izlanish olib bormadim? Yoxud men-da ko‘nglimdagi va hayotdagi haqiqatga xiyonat qildimmi?.. Bu xil savollarga bugun mening javobim bor, (lekin kecha ular meni qiynagandi). Javob shundan iboratki, ijodda zamon bilan hamnafaslik degan tushuncha bor ekan va u faqat balandparvozlik bilan, yasamalik bilan aloqador bo‘lmay, ayni chog‘da real, samimiy mazmunga ham ega: shoir o‘z davrining tepib turgan yuragi bo‘lishi shart ekan. Oltmishinchi va yetmishinchi yillarda yuqoridagi ikki shoir chindan ham “yurak” edilar. Ular o‘sha uzoq o‘n yilliklar kayfiyatini eng yorqin va eng to‘la ifoda qila olgan ijodkor edi. Endi ikkinchi tomon – o‘quvchi aynan shunday kuchga ehtiyojmand edi. Yetmishinchi yillar oxiri va saksoninchi yillarning avvalida men ham bir o‘quvchi sifatida davrimizning urib turgan “qaynoq yurak”lariga quloq berishim va ular orqali o‘zimni, muhitni tushunishga urinishim tabiiy edi… Keyin esa (saksoninchi yillarda) mamlakat hayotida misli ko‘rilmagan o‘zgarishlar yuz berdi va jamiyat, uning bir bo‘lagi inson juda keskin evrilishlarga mubtalo bo‘ldi. Sotsializm parchalanib, kapitalizm elementlari kirib kela boshladi. Natijada inson va u yashayotgan muhitning kayfiyati tubdan o‘zgardi. Demak, u kechagi kitobni yopib, bugungi kayfiyatni ifoda qilgan san’at va adabiyotga ehtiyoj sezdi. Ayni chog‘da o‘ziga bir haqiqatni ham tushunib yetdim: ma’lum bir tuzum va uning ustivor yo‘nalishini kuylagan adabiyot vaqti kelib shu tuzum davradan ketgandan so‘ng o‘z hukmron qiymatini yo‘qotar ekan. Shuning uchun ham 90-yillarda o‘quvchi-tadqiqotchi adabiyotimizning mangu haqiqatlar tarannum etilgan sahifalariga e’tibor qilishga urindi. Nazarimda “sof lirika” muammosi” degan mavzuda tadqiqot olib borganligimizning sababi – ana shu! Ko‘ngil she’riyati ijtimoiy buyurtmalar bilan “dunyoga kelgan” g‘oyaparast poeziyadan bir qadar charchagan mening avlodimning o‘sha kezlardagi kayfiyatiga bir qadar mos tushgandi 90-yillar o‘rtalarida. Lekin Erkin Vohid va Abdulla Orifning menga yod bo‘lib ketgan she’rlari va dostonlari ham ko‘ngildan chiqqan, ko‘ngilning mahsuli edi, lekin negadir ularni tanlamadim… Ehtimol, ma’lum muddat vaqtning, zamonlarning hukmiga havola etib sinagandirman: qani-chi, bir oz fursat o‘tgandan keyin ham tushlarimga kirib chiqadigan bu she’rlar, bu dostonlar yana to‘lqinlantirarmikan, ongim va qalbimni larzaga solarmikan, degandirman. Madomiki, shunday bo‘lgan ekan, qachonki bu ikki zabardast shoir ash’oridan so‘zlamoqchi bo‘sam, negadir hamisha o‘ttiz-qirq yil orqaga ketaman va u yerdagi mavjud she’rlar haligacha yuragimni kuydiradi, hislarimni junbishga keltiradi. Erkin Vohidovning “Ruhlar isyoni” dostoni shular qatorida va uning jovidonligiga ilk garov shudir, dostonning har ikki zamon sinovlariga bardosh bera bilganidir.

2

Doston XX asrning birinchi yarmida yashab o‘tgan otashqalb hind shoiri Nazrul Islomning hayotiga bag‘ishlanadi. Unda Hindistonni ingliz mustamlakalaridan ozod ko‘rishni istagan va shu muqaddas kurashga nafaqat ijodini, balki o‘z erki va hayotini ham baxshida etgan otashqalb shoirning tutqunlikdagi achchiq qismati, qismatidan-da achchiqroq o‘y-xayollari birin-sirin hikoya qilinar ekan, Erkin Vohidov vaqti-vaqti bilan o‘quvchi nigohini insoniyat tarixida yulduzdek porlagan turli-tuman ajoyib rivoyatlarga qaratadi. Xo‘sh, nega? Nega shoir o‘z badiiy mudaosini Nazrul Islomning hayoti va ijodi orqaligina bayon etib qo‘ya qolmadi? Nega u o‘quvchini o‘zi yanglig‘ qiynagisi, uni o‘tdan olib o‘tga solgisi, zulm, istibdod, jaholat kabi sirtmoqlarda osgisi keldi?.. Chunki muddao Nazrul Islom emas, bu – bir bahona. Asl muddao – bashariyat tabiatining ikki toifaga e’tiborni qaratish: oq va qora, yorug‘lik va zulmat, ma’rifat va jaholat, istibdod va ozodlik…

Nazrul Islom va uning alamli qismati bir durbinkim, shoir mazkur usturlobning bir uchini o‘quvchi ko‘ziga tutib, ikkinchi og‘zini insoniyatning xatolarga liq to‘la kechmishi va buguniga qaratadi. Natijada o‘quvchi Nazrul Islom kechmishi orqali o‘zi odamzotning botiniga nazar tashlash imkoniyatiga ega bo‘ladi, inson tabiatidagi o‘zak masalalarga bir nuqtadan qarash va uni kuzatish maydonini qo‘lga kiritadi. Bu maydonning ismi Nazrul Islom hayoti aks ettirilgan “Ruhlar isyoni” dostonidir! Yoshi va davridan qat’iy nazar, o‘quvchiki bor, endi shu maydonga tushsa, albatta istibdod va ozodlikdan, jaholat va ma’rifatdan, olomon va xalqdan… dars oladi. “Ruhlar isyoni”ning davrlar chig‘irig‘iga dosh berib kelayotganining sababi – shu. Bu esa dostonni sharaflagan unsurlardan tag‘in biridir.

3

Butun yer kurrasini ulkan zulmat qoplab kelayotgani haqida butun ommaviy axborot vositalari dunyo bo‘ylab tinmay jar solayapti. Zamondoshimizning – ona sayyoramizning qaysi nuqtasida istiqomat qilishidan qat’iy nazar, – bundan xabari bor. Nimasini aytay, bu haqda jahonning eng qudratli mamlakatlarining davlat rahbarlaridan tortib, eng puldor boylariyu eng ta’sirli korchalonlarigacha besh qo‘ldek biladi… Biroq achinarlisi va ajablanarlisi shundaki, necha zamonlardir odamzod o‘zi bilib, o‘zi ko‘rib, shundoq burnining ostida nafasini tuyib kelgan yov – zulmatga qarshi o‘zaro birlasha olmay kelayotir. Go‘yo hamma bir-biriga oldindan tubsiz bir choh borligini gapira-gapira, lekin o‘z yo‘lini o‘zgartirmay, hatto shu yo‘lni o‘zlashtirish to‘g‘risida ham laqillay-laqillay, ayni chog‘da to‘ppa-to‘g‘ri o‘sha qa’rga tomon odimlayotgandek. Vo ajab!.. O‘ylaganing sari insonning aqlli mavjudot ekanligiga shubhalana boshlaysan. Alam qiladi, axir o‘zing, avlodlarini, odamzodni, jamiki tiriklikni halokatdan qutqara olmagan aql aqlmi? Biz sizlarga aql berdik, fikr qilmaysizlarmi? deya amr etilmaydimi muqaddas bitiklarda. Garchi Folkner kabi dunyoning eng jiddiy yozuvchilaridan biri alal oqibatda insonga, uning har qanday yovuzliklar, yovuz kuchlar ustidan g‘alabasiga ishonib o‘tgan bo‘lsa-da hali inson o‘z qalbidan mustahkam o‘rin olgan, uning tomirlaridagi qonida shovullab oqayotgan jaholatu nafs balosidan ko‘p-da uzoq ketolgani yo‘q-da!.. Darvoqe, shunday ishonchning o‘zi uchun ulug‘ yozuvchiga oltindan haykal qo‘ysa arziydi. Chunki insonning yer sharini koptokdek dumalatib jar yoqasiga tepib kelayotganini ko‘ra-bila turib yana shu odamga, uning ezgu niyatiga ishonch bildirish hazil gap emas!..

Har gal “Ruhlar isyoni” dostonini mutolaa qilar ekanman, yuqoridagi kabi mulohazalar fikru yodimni chulg‘ab oladi. Chunki undagi g‘oya, pafos ayni masalalarning bag‘ridan sizib chiqadi. Shu bilan birga fikrlovchi insonning yuqoridagi mavzu bo‘yicha asosiy savollariga o‘ziga xos javob bo‘lib yangraydi ham!

Albatta, doston juda ko‘p masalalar bor. Erkin Vohidov abadiyat, shoir qalbi, isyon, fidoyilik, tutqinlik, istibdod, ozodlik, shoh ota va shoh o‘g‘il, zohidlik va oriflik, oliy ruhlar va hokazo mavzularni alohida fasllarda tekshirib chiqadi, ularning falsafiy, insoniy mohiyatini tushunishga intiladi. Garchi har-xil tarixiy zamonlar, turli-xil ijtimoiy siyosiy davrlar, bir-biridan uzoq voqealar, odamlar qismati doston sahnasida qorishib ketgan esa-da, bularning barchasi shoir mushohada prizmasi ostida bir nuqtada birlashadilar. Birlashib, istibdodga ko‘nmagan, ozodlikdan tonmagan, isyonkor qalb hayot yo‘li ko‘z o‘ngimizda namoyon bo‘ladi. Natijada bu isyonkor qalb abadiy hayot suvini tuproqqa to‘kadi, evaziga o‘z davrida o‘z zamondoshining qon sirqib turgan dardlari bilan yashash yo‘lini tanlaydi. Yo‘l tabiiy ravishda uni mamlakatni, odamlarni o‘z qa’riga tortgan istibdodga qarshi kurashga chorlaydi. U kurashadi. Chunki tug‘ilgandayoq fidoyilik haqidagi rivoyat uning tomirlarida qon o‘rnida oqardi. Ozodlik uchun kurash esa hamisha tutqinlikni boshlab keladi. Lekin chinakam isyonkor qalb o‘z tavridan voz kechmaydi, xayolini har-xil o‘ylar ilma teshik qilib yuborsa-da, “Shohi jahon va Avrangzeb”, “Oliy ruhlar” kabi rivoyatlardan madad olib, jismining nolalariga quloq bermay, ruhni ziyon-zahmatsiz ravishda ko‘klarga olib ketadi…

Lekin doston haqidagi shuncha gapdan keyin ham masala mohiyati ochilmay qolayotgandek. Chunki biz undagi bitta faslga teginmadik hali. Bir mushohada qilib ko‘raylikchi, insonni mana shunday yashab o‘tishiga, dostonda aytilganidek, go‘zallar haqida emas, tinimsiz-tinimsiz ozodlik to‘g‘risida she’r yozishga, ozodlik uchun jonini jabborga berishga va natijada qamoqlarga tushib, ayovsiz zulm, shafqatsiz qiynoqlar iskanjasida jon taslim qilishga majbur qilayotgan kim yoki nima o‘zi?!. Odamlar nega bu bebaqo dunyoga urush-janjallar da’vosisiz jimgina kelib, bir-birlarini jimgina sevib, ardoqlab ketavermaydilar? Axir, inson qo‘liga nimaiki olmasin, paymonasi to‘lgach, hammasini qaytib birishga mahkum-ku va buni har kim biladiku!.. Yana nega?!. Bu mazmundagi yuzlab, minglab so‘roqlarimizning bitta javobi bor: JAHOLAT!!! Shoir Erkin Vohidov ijod asosida asarga yana boshqa badiiy maqsadlar yuklamoqchi bo‘lgan esa bordir, lekin “Ruhlar isyoni” dostonini tutib turgan o‘q, uning markaziy nuqtasi menimcha bitta – “Jaholat to‘g‘risidagi rivoyat”. Chunki qaysi zamondaki odamzodning kelajagi, yer yuzidagi tiriklikning ertangi taqdiri haqidagi muammolar ko‘tarilar ekan, hamma yo‘llar insonni to‘ppa-to‘g‘ri jaholatning bo‘sag‘asiga eltavergan… Ha, odamiyzod irqiyu dinidan, mavqeiyu kasb-koridan qat’iy nazar, bir-birini xuddi tug‘ishgan aka-singildek sevmoqchi bo‘lsa, avvalo, jaholatni o‘ldirsin, ertaga, indinga, undan keyin… ming yildan keyin ham avlodim quyoshni ko‘rsin desa, avvalo, jaholatni o‘ldirsin!.. Ha, aqlingizga nimaiki kelmasin, hammasining sharti – shu! “Jaholat to‘g‘risidagi rivoyat” dostonda boshqa rivoyatlar qatoridagina keladigan navbatdagi bekat emas, aslo! Bu rivoyat o‘sha Nazrul Islom va uning kabi dunyo bo‘ylab minglab, millionlab istibdodga qarshi chiqqan, chiqayotgan o‘lmas va o‘chmas isyonkor qalblarni tiriklayin qamoqda chirishiga, olovda yonishiga, vijdon azobida qovurilishiga sabab bo‘ladigan nodon va johil olomonga, jaholatga otilgan o‘ziga xos la’natlovdir! Axir, issiq tanangizga bir o‘ylab ko‘ring, xastani turli xil darddan hatto ko‘rlikdan davolab, sog‘lar qatoriga qo‘shgan donishmand hakimni o‘tda tiriklayin kuydirishlariga yana shu bemorning ovoz berishi, olovga somon eltishi bu – jaholat emasmi!? Shunday qilayotgan yoki shunday qilayotganlarga jim qarab turganlar, bular – olomon emasmi? Bas shunday ekan johillik va olomon qaysidir ma’noda bir-biriga sinonim, ma’nodoshdir hamda inson qanday rivojlangan mamlakatda va qaysi xalqning ichida yashamasin, magar u johil esa, baland saviyali xalqning orasida turib ham olomonga taalluqlidir. Yoki aksincha, olomonning ichida turib ham kishi ma’naviy darajasining yuksakligiga, jasoratiga va hokazo ko‘plab fazilatlariyu amallarining sajiyasiga qarab turib xalqqa tegishli bo‘lishi mumkin. Ha, jaholat va ma’rifat odamlarni ikki qutbga ayirib tashlaydi, natijada bir yonda to‘da, olomon, ikkinchi tomonda esa xalq, millat paydo bo‘ladi. Dostondagi “Jaholat to‘g‘risidagi rivoyat”da har ikkisi ham bor. Bir tarafda johil, nodon olomon, ikkinchi yoqda esa donishmand hakim va olovda yoqib bo‘lgandan keyin aql va ma’rifat ko‘zlari ochilgan odamlar!

O‘t qo‘ydilar.
Yondi gulxan.
Qaro bo‘ldi samovot.
Jaholatning hukmi bilan
Qurbon bo‘ldi buyuk zot.
Gulxan yondi ko‘kka o‘rlab,
Cho‘g‘i har yon sochildi.
Shu olovdan elning, ajab,
Aql ko‘zi ochildi.
O‘kindilar,
Aza tutib
Yig‘ladilar, kuydilar.
Donishmandga yillar o‘tib
Oltin haykal qo‘ydilar…

Qani edi dostonda aytilganidek, o‘zining bitta xatosidan ta’sirlanib yoppasiga butun elning ko‘zi ochilib ketsa! Unda yer yuzida umuman olomon qolmagan, hamma millat degan sharafli dengiz bag‘rida o‘z yelkanlarini hilpiratib mag‘rur suzib yurgan bo‘lardi. Yo‘q-da, hech qachon bunday bo‘lmagan va dunyoda fuqarosi millat bo‘lib shakllanmagan bironta mamlakat qolar ekan, bo‘lmaydi ham! Odatda, barmoq bilan sanarli odamlarniggina aql ko‘zlari ochiladi va ba’zan o‘zlari qilmagan gunohlar uchun javob berishga intiladilar. Olovda tiriklayin yoqib yuborilgan donishmand hakimga oltin haykal qo‘yganlar ham aslida olomon emas, balki xalqqa aylangan, yoki aylanayotgan ozchilikdir! (Aslida, millat, xalq ana shularning ma’rifatidan o‘sib chiqib, shakllanadi). Bu ozchilik, ko‘pincha, o‘zi mansub bo‘lgan xalqning o‘tmishda yo bugun qilgan, qilayotgan johilliklari uchun iztirobga tushadi, insoniyat vijdoni qarshisida izza bo‘ladi va xatolarni tuzatishga kirishadi. Hamisha shunday bo‘lgan va jaholat bor ekan, olomon mavjud ekan, shunday bo‘lib qoladi…

4

“Ruhlar isyoni” dostonining badiiy haqiqati ana shunday achchiq hayot haqiqatini inkor etmaydi. Aksincha, shoir unda borini boricha aks ettirishga, to‘g‘rima-to‘g‘ri bo‘lmasa, aylanma yo‘llar bilan dardini aytishga urinadi hamda bunga, asosan, erishadi ham.

Dostonda “Isyon qo‘shig‘i” bor. Unda shoir Erkin Vohidov Nazrul Islom tilidan zulm va istibdodga qarshi otashin qo‘shiq bitadi:

“So‘yla, inson,
So‘yla, qadding ko‘tarib baland
Yuksaklikda sening qadring
Himolay monand…
Uyg‘onmoqning vaqti keldi,
Bosh ko‘tar, uyg‘on!
Bosh ko‘targil,
Ming yil to‘kkan
Ko‘z nuring haqqi.
Qo‘zg‘al,
Asriy qullik bukkan
G‘ururing haqqi.
Qo‘zg‘al,
Buyuk Tojmahalning
Shukuhi uchun.
Qo‘zg‘al,
Ulug‘ bobolarning
Pok ruhi uchun.
Erk bongin ur,
Sen intiqom –
Tablin baland chol.
Tug‘ulgansan ozod,
mudom
Ozod bo‘lib qol”.

Asrlar mobaynida bunday ijtimoiy-siyosiy mazmundagi she’rga duch kelmagan sharq insoni hayratlanib yoqa ushlaydi. Kimi “bu she’r emas, agar she’r bo‘lsa, qani unda gullar raqsiyu bulbullar navosi?” desa, boshqasi “Bu she’r Sharqqa xosdir, nahot! Na ishqiy, na rindona. Bunday ash’or Sa’diyga yod, Hofiz uchun begona” deya yozg‘iradi. Nihoyat, ulardan hindulari Nazrul Islomni “jobon”, musulmonlari esa “kofir” deb e’lon qilishadi. Qarang, olomon ham Nazrul Islomning to‘g‘ri gapni aytayotganini bilishadi, lekin… “Ul kun Budda: Mard agar sen Dardni ichga yut, degan. Ul yuzingga sen, Bul yuziningni tut, degan”, “U dunyoda baxting ta’min, Bu dunyoda cheksang g‘am”, Shunday deya bergan ta’lim Ul… Ustodi mukarram” deyishadi va shoirning isyon qilgani uchun, zulm va istibdodga, haqsizlikka qarshi chiqqani uchun, qadim Sharq an’analariga rioya etmagani uchun malomat qilishadi. E’tibor bering, aziz o‘quvchim, aynan shu faslda olomonga xos bo‘lgan bir qirra ochilib qolmoqda, u ham bo‘lsa, haqiqatni ko‘rib turib undan ko‘z yumish, bilib turib o‘zni bilmasdek tutish:

“Ha, zulm bor, haqsizlik bor,
Barchaga bu ayondir.
Ammo buni zinhor-zinhor
Aytib bo‘lmas zamondir”, –

deydi olomonning bir tomoni. Boshqa tomoni unga jo‘r bo‘ladi:

Hamma bilar,
Inson erkin – yashashi shar poyidor,
Biz ham aytsak bo‘lar,
lekin
Uyda bola-chaqa bor”.

Mana, ko‘ring, tomosha qiling endi. Nazrul Islom ko‘rib, tushunib yetgan haqiqatni qolganlar ham bilar ekan… Ular ham mamlakat yovning mustamlakasi ostida ezilib yotganini ko‘rib turishar ekan. Faqat… faqat tillari soqov quloqlari kar ekan ularning. Chunki shunday qilinganda hech kim ularni boshqalardan ayirib olib turtmas, urmas, qiynamas, chopmas va olovda yoqmasdi. Olomon zo‘r kelganda, aslida, bola-chaqasini ham o‘ylamaydi, bola- chaqa bu – bir niqob, ular shu niqob ostiga odatda, o‘z shirin jonlarini yashirmoqchi bo‘ladi. Qolaversa, bu o‘rinda ishlatilgan “bola-chaqa” so‘zi farzandlar so‘zining sinonimigina emas, balki undan kattaroq, ko‘proq ma’nolarga egadir. “Uyda bola-chaqa bor” degani bir tomonda haqiqatni aytish va balolarga giriftor bo‘lish bo‘lsa, boshqa tomonda tinchgina umrguzaronlik qilish bor va buning ichiga uydagi bola-chaqayu xotin-xalajdan tortib qozon-tovog‘u shirin taomgacha kiradi, deganidir.

Yuqorida shoir Erkin Vohidov doston maydonida aytmoqchi bo‘lgan dard darajasiga yetgan ayrim og‘riqlarini aylanma yo‘llar bilan bo‘lsa-da, baribir, o‘quvchiga yetkazadi, dedik. Bu adabiyotning, san’atning buyuk imkoniyatidir, aslida. Endigina o‘qiganimiz parchalar bir tomondan olomon psixologiyasini ochib berishga xizmat qilsa, ikkinchi tomondan olomon tilidan aytilayotgan achchiq va almli iqrorlar doston yozilgan yetmishinchi yillar adog‘ida hukmron sovetlar davlatiga nisbatan o‘ziga xos ayblovdek jaranglaydi. Axir o‘zingiz o‘ylab ko‘ring, voqealari o‘zga mamlakatda kechayotgan dostonda birovning nomidan boshqa birovga qarata aytilayotgan bo‘sa ham shoir: “Ha, zulm bor, haqsizlik bor, Barchaga bu ayondir. Ammo buni zinhor-zinhor Aytib bo‘lmas zamondir” deb tursa, bu misralardagi haq gap qo‘shtirnog‘u o‘tmishlar zanjirini, chet mamlakatlar chegaralaridagi simtikonlar to‘rini parchalab shoir yashayotgan ulkan mustamlakachi mamlakat sarhadlariga, u orqali butun o‘quvchilar armiyasining aql va yurak maydonlariga vulqondek otilib kirib kelmasligi mumkinmi? Yo‘q, albatta. Chunki mening o‘zim o‘n to‘rt yoshimda tuzukroq anglab-anglamay aynan yuqoridagi misralarni dostondan uzib olib maktabda, paxta dalalarida baralla aytib yurganimni aniq-tiniq xotirlayman. Xudo rahmat qilgur akam Oybek bo‘lsa, to‘ylarda so‘zga chiqib kelin-kuyovga bag‘ishlab butun bir dostonni yoddan aytib berardi. Albatta, bazmdagilarning ko‘pchiligi tushunmas va bu qadar uzun “she’r” o‘qigan hamqishloqlaridan norozi bo‘lishardi. Lekin alpqomat va qaytmas akam bilan yuzma-yuz bo‘lishdan qo‘rqib, ularnig birontalari yurak yutib oshkora qarshilik ko‘rsatishmasdi. Go‘ring nurga to‘lgur akam bo‘lsa, ko‘zlarini chirt yumgancha xuddi yoriga o‘zi yozgan ishqiy she’rini o‘qib berayotgandek hayajon, harorat va balandlik bilan dostonni aytib tebranar, tebranib aytardi. Endi o‘ylab qarasam, akam mendan kattaroq bo‘lgani uchun “Ruhlar isyoni” dostonining asl mohiyatini kengroq va chuqurroq tushungan. Inchunin, har safar uni yoddan o‘qiganda dostondagi Nazrul Islom haqiqatiga o‘z haqiqatini, Nazrul Islom dardiga o‘z dardini qo‘shib o‘qigandek yayragan ekan. Yo‘q esa, yigit yoshi yashnab turgan akam nega yor vasfi kuylangan she’rlarni emas, tutqunlik va ozodlik, jaholat va ma’rifat darj etilgan dostonni xuddi o‘z dardidek ko‘cha-ko‘yda, to‘y-hashamda, hamma-hamma yerda kuylab yurardi… Endi o‘zingiz o‘ylab ko‘ring, yoddan o‘qilganda she’rning nuqta-verguli, qo‘shtirnog‘i aytiladimi? Misol uchun, “qo‘shtirnoq, Ha zulm bor, haqsizlik bor, Barchaga bu ayondir…” deyiladimi? Yo‘q, albatta! Doston parchasi “yengilmas va parchalanmas, abadul-abad turadi” deyilgan Sovetlar davlatining fuqaro-tinglovchisi qulog‘iga aynan “Ha zulm bor, haqsizlik bor…” shaklida yetib boradi va u mushohada qila boshlaydi: nohotki, buni yozishyapti ekan? Chop etishibdi-ku. Nima bo‘lganda ham baraka topishsin. O‘zi bor gapda!.. Ertasiga qarabsizki, o‘quvchi ham taxminan o‘sha misralar ma’nosiga yaqin gaplarni aytib yurgan bo‘ladi. Axir, doston 1978 va 1979 yillarda yozilgan. Ulkan mamlakatdagi qayta qurishga, demokratiyaga va nihoyat, mustaqil davlatlar hamdo‘stligiga bor yo‘g‘i besh-o‘n yil qolgandi o‘shanda. Demak, – deya xulosa qilsak yarashadi, – qayta qurishlar, demokratiyalar va mustaqil davlatlar o‘z-o‘zidan bino bo‘lgani yo‘q, balki odamlarning haqqa va haqiqatga bo‘lgan ana shunday intilishidan, kayfiyatidan dunyoga kelgan “Ruhlar isyoni” dostoni esa o‘zbek ziyolilarining haqiqat va ozodlik tomon eng katta parvozlaridan birida yozilgandir!

5

Doston faqat aytilganlardan iborat emas. Uning deyarli har bir bobi to‘g‘risida butun boshli kitob yozsa bo‘ladi. Chunki unda yolg‘on yo‘q, she’riy romantika ko‘zingizga rangin to‘r solmaydi, sizni hayot va uning muammolaridan xayolning kamalakdek tovlangan o‘zga olamiga yulib olib, fikringizni ipakdek muloyim to‘rlar bilan zanjirband etmaydi, aslo! “Ruhlar isyoni” dostoni Erkin Vohidovning yigit va ziyoli bo‘lib g‘arq pishgan 42-43 yoshlarida yozilgan va o‘zida shoirning butun Jasorati, Iste’dodi, Donishmandligini… bir nuqtaga jamlagan eng umrzoq, eng jozibali va eng haqiqatparast asaridir! Agar shoir boshqa hech nima yozmagan bo‘lgan taqdirda ham birgina “Ruhlar isyoni” dostoni uni millat va adabiyot ko‘ksida o‘chmas yulduzdek porlab turishiga kifoya qilardi. Chunki u odam va odamzodning eng tansiq, eng aziz… orzu armonlari haqida go‘zal, hazin, ayni chog‘da, mag‘rur qo‘shiqdek yuraklarimizda, ong va ruhlarimizda aks sado beradi. Chunki u qullik va zulmga rozi bo‘lmagan, unga ko‘nmagan, unga qarshi kurashgan va ozodlik uchun shirin orzulari ne, aziz jonlaridan voz kecha olgan insoniyatning chinakam qahramonlarini madh etadi!.. Axir, dostonda hindistonlik shoir Nazrul Islom tilidan “Tug‘ilgansan ozod, mudom Ozod bo‘lib qol” deya aytilgan olovli misralar bundan oltmish-yetmish yil burun xalqni jonidan sevgan, uning uchun har nega tayyoru oqibatda bo‘yniga “xalq dushmani” tavqi la’nati osilib vahshiylarcha otib tashlangan ulug‘ Cho‘lponning “Kishan kiyma, bo‘yin egma, Ki sen ham hur tug‘ulg‘onsen!” degan otashin chaqiriqlarini yodga solmayaptimi!? Lekin oyoqlarida hali mustahkam va butun dunyoga o‘z zo‘ravonligini o‘tkazib turgan Imperiya hududida o‘sha yetmishinchi yillarda millat uchun hayot va jonlarini fido qilgan buyuk jadidlar to‘g‘risida yozish mumkinmidi? Shu bilan birga, agar Erkin Vohidov botinida go‘rlari nurga to‘lgur ma’rifatparvar bobolarimizning ozodlik, istiqlol, ma’rifatparvarlik kabi umummillat g‘oyalariga jindekkina hurmat bo‘lmasa, chet ellik, deyarli bizning cho‘lponlar yo‘lini bosib o‘tgan shoir Nazrul Islom haqida bundayin ko‘ngilga yaqin dostonni bitishi mumkinmidi!? Ko‘rinadiki, “Ruhlar isyoni”da darj etilgan va dostonning pafosi darajasida kuylangan dard ayni chog‘da bizniki hamdir! U o‘z tuprog‘imizda, o‘z nazrul islomlarimiz qismatlarida misqol-misqol yig‘ilgan va qalb to‘rimizda ardoqlangan, biroq taqdir taqozosi bilan hindistonlik shoir hayot yo‘li misolida aks ettirilgan umuminsoniy darddir!

6

Nazarimda “Ruhlar isyoni”ni yozar ekan, shoir Haqiqatning ko‘zlariga tik qaray olgan. Yoki buni boshqacha aytamiz: Haqiqatning ko‘zlariga tik qaray olgan muddati davomida shoir ko‘nglidan kechganlari bu – “Ruhlar isyoni” dostoni!

7

Ammo “Ruhlar isyoni” dostonining Haqiqat ko‘zlariga dosh berish muddati insoniyat umriga teng!

8

Dostonda ko‘pgina fasllar so‘ngida shoir beixtiyor o‘z ko‘ngliga murojaat qiladi. Ajab murojaatlarning asllari munojaatga aylanib, o‘quvchi ko‘ngliga duodek yog‘iladi:

Haq uchun
Bosh tutgan tikka
Mardlar ruhi yor bo‘lsin.
Bu dunyoda
nohaqlikka
Ko‘nmaganlar bor bo‘lsin!

Bu dunyoda hamma narsaning o‘z o‘lchovi bor. Jumladan, insonlikning, madaniyatlilikning, jo‘mardlikning… Odamning hayvondan farqi, uning kishilik g‘ururi, mardligi… borinki, odamning insonligi eng avval, uning haqiqatga, haqqa qay darajada yaqinlashib kelgani bilan ham o‘lchansa, ajab emas! Chunki inson qo‘y yoki eshak emaski qaysi tomonga haydasa, shu tomonga ketaversa!.. “Inson – bu mag‘rur jarnglaydi!” deydi ulug‘lardan biri. Bas shunday ekan, Insonlik bu – yuksak martabakim, unga tinimsiz intilmoq, intilmoq va intilmoq zarur. Shularni o‘ylaganda inson nomiga munosib bo‘lishdan ortiq sharaf yo‘q dunyoda deb hayqirging keladi! “Ruhlar isyoni” dostonidagi ruhlar isyoni ham aslida, insonning qullikka, jaholatga, zulm va istibdodga ko‘nishiga qarshi ko‘tarilgan muqaddas harakatdir: “Tug‘ilgansan ozod, mudom Ozod bo‘lib qol!” deydi Erkin Vohidov bengal shoiri Nazrul Islom va o‘zbek shoiri Cho‘lponlarga jo‘r bo‘lib. Dostonga ko‘ngil qo‘ygan o‘quvchiki bor, ruhan beixtiyor bu shoirlar safiga kelib qo‘shiladi.

2006

09

(Tashriflar: umumiy 9 433, bugungi 1)

Izoh qoldiring