Xurshid Davron. She’rlar

077     Хуршид Давроннинг бошқа ҳеч кимга ўхшамаган ўз мавзуси,  ўзига хос фалсафий оҳанги, фақат у айтиши мумкин сўзи бор. Биргина «Бошим узра учиб ўтар қуш, хаёлимнинг давоми каби» сатри ёш шоирнинг келажакда  етук  ишлар қилишига ишонтиради. Унинг айни шундай сатрлари ХХ аср ўзбек шеъриятининг  саҳифаларига муҳрланиб  қолишига ишонаман (Озод Шарафиддиновнинг Хуршид Давронни Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилиш учун ёзган тавсияномасидан (1979)).

Хуршид ДАВРОН
ШЕЪРЛАР
09

* * *

Сен келасан…
Сел келганда
Тошган дарё бўламан.
Беда ортган аравадай
Хушбўйдирман сен билан.

Сен кетасан…
Мен ортингдан
Боқарман чўл йўлида
Аравадан тушиб қолган
Хушбўй беда гулидай…

* * *

Туш кўраман олис қишлоқни,
Тепасида ҳилол сузади.
Йўл четида мудраган боғни –
Соғинчларим титраб кезади.

Ҳали жуда олисда Зуҳра,
Аммо бу дам титрар мисли қуш
Супадаги беланчак узра
Кўкдан ёғган олтин ва кумуш.

Тушларимда эмасман ёлғиз,
Юрагимга сиғмас шодон бахт –
Тушларимда анқийди  ялпиз,
Қўриқлайди тушимни дарахт.

* * *

07

Табиатдир менинг давомим,
Туташ эрур бағрим бағрига.
Умрим боғлиқ ою офтоби
Дарё, дала, дарахтларига.

Ялпизларни қучоқлаб сархуш,
Муҳаббатга чулғанар қалбим.
Бошим узра учиб ўтар қуш,
Хаёлимнинг давоми каби.

Тунлар нафас олмай ётаман,
Мени қучар қувончу алам…
Дарахт кулгусини кўрганман,
Кўрганман кўз ёшларини ҳам.

САМАРҚАНД ДАРВИШИ

Йўл узунми, дард узун?
Дарвиш ашуласи узун.
Тун қорами, дард қора?
Дарвиш пешонаси қора.

Мағрибдан шамол эсса,
Боғнинг олучаси синар.
Мағрибдан шамол эсса,
Дарвишнинг ҳассаси синар.

…Жўнаб кетар қари дарвиш,
Видога тўлиб кўзи.
Халтасида нон ушоғу
Уч-тўрт Самарқанд юлдузи.

* * *

Осмон мен билмаган сўзга ўхшайди –
дилни ўртайди.
Сокин титроқ қўзғар кўксимда
бу бепоёнлик.

Оёқлари боғлиқ қушга
ўхшаб қоламан –
майсага чўзилиб
чеки йўқ самога
қўлимни чўзсам…

* * *

Димоғимда шодмон гулларнинг атри,
Тилимда Ойбекнинг мукаррам сатри.

Кўзимда товланар қуёш шуъласи,
Қулоғимда сармаст қуш ашуласи.

Бунчалар бахтлиман, бунчалар шодман!
Куч йўқ айирмоққа мени ҳаётдан!

Бир садо янгради олисда шу дам:
— Воҳ-воҳ, қувонмасдинг мен ғам чекмасам!

* * *

“Ия-ия, қачон келдинг?
Бормисан бу дунёда ўзи?”

дея мени кутиб олар қишлоққа қайтсам
йўл четида ўсган гиёҳлар…
Ортга қайтсам:
“Сен кимсан?” деб танимас шаҳар.

 

* * *

Ўтган баҳорлар
Қайтмайди сира,
Дилда қолади
Фақат хотира.

Сен эса кетдинг,
Мен кетолмадим.
Ҳамон ёдингни
Унутолмадим.

Қорлар бўралар,
Кўкарар гуллар.
Хазон тўкилар,
Ўтади кунлар.

Олис-олисдан
Келгандайин ел,
Сен тушларимга
Кирмоқ учун кел.

* * *

Мен сени ҳеч қачон кўрмайман энди…
Андрей Вознесенский

Мен сени ҳеч қачон кўрмайман энди,
энди кўзларимда акс этмас юзинг.
Юрагим томирин титратмас сўзинг,
мен сени ҳеч қачон кўрмайман энди.

Энди баҳор – баҳор,
куз ҳам энди куз,
сокин гўшаларда тўкилар хазон.
Тўкилган хазонлар ёшламайди кўз,
мен сени ҳеч қачон кўрмайман энди.

Ёмғир томчилари товланган, хушбўй
сочларинг кўксимга сочилар эди.
Энди бу – хотира,
энди булар – ўй,
мен сени ҳеч қачон кўрмайман энди.

Қоғозга қарайман,
тунга қарайман,
юлдузга қарайман, ойга қарайман,
энди юпатолмас улар ҳам мени,
мен энди ҳеч қачон кўрмайман сени.

ШАШМАҚОМ

Тилла узук кўзида ётган
Заҳарсан сен –
Тотдим, биламан.
Сен ханжарсан, кўксимга ботган –
Суғуриб олсалар,
ўламан.

* * *

Ўз-ўзидан кўзимга
Югуриб келмоқда ёш –
Қир-дала ўртасида
Қадим номсиз қабртош…

Унинг қуёш қаритган,
Йиллар гардин рўмоли
Босиб ётган тошида
Ўрмалайди чумоли.

Кимнинг қабри?
Билмайман.
Чекурман лекин фироқ –
Олисларда, оҳ тортсам,
Янграр момақалдироқ.

Ўтлар яшил, беғубор,
Чучмомалар сап-сариқ.
Қорлар эриб тўлгандир
Жарликлар мисли ариқ.

Қир-дала ўртасида
Қадим номсиз қабртош,
Ўз-ўзидан кўзимга
Югуриб келмоқда ёш.

САРАТОН

Бир дарахт бор ҳовлида,
Ёлғиз.
Мен ҳам унинг олдида
Ёлғиз.
Булут сузар фалакда
Ёлғиз.
Қуёш порлайди кўкда.
Ёлғиз.
Бир қуш қўнар дарахтга.
Ёлғиз.
Ўтиради шоҳ мисол тахтга
Ёлғиз.
Қушнинг куйи янграйди.
Ёлғиз.
Дарахтга, мен, кўк, қуёш ва қуш
Ёлғиз.

* * *

Ғурубнинг гулдастаси
Ўйноқлайди денгизда
бамисли атласдайин.

Қоратоғ томонидан
етиб келган гул исли
шамоллар бирам майин.

Чўмилгоҳ тошларида
қолган қуёш нафаси
товонимни илитар.

Мен осмонга боқаман –
қуёш ёққан гулхандан
қолган чўғлар пирпирар.

БИТИК

Қўлларимга қарайсан – нимжон.
Нимжон дейсан худди қуш каби.

Ишон, юлдуз сўнса тўсатдан,
Бу қўлларим юлдуз ёндирар.

Агар тошга айланса шамол,
Бу қўлларим уни уйғотар.

БАХТСИЗЛИК

Уйга қайтди ярим кечада,
Ёнар эди даҳлизда чироқ.
Ухлар эди хотини… Бироқ,
Эркак алам туйди ичида.

Кейин бориб қозонга боқди,
Бўм-бўш эди совуқ қозон ҳам.
Катта уйда чироқни ёқди,
Аммо туйди ичида алам.

Сўнг эшикни секин очди-ю,
Малҳам излаб нолаларига,
Узоқ боқиб турди хотиржам
Ухлаб ётган болаларига.

Уйга қайтди ярим кечада,
Ухлар эди хотини бироқ,
У тонггача ухлолмай ётди,
Тонгга қадар ўчмади чироқ.

ҚАЙҒУ

Қўшнимнинг боласи ариқда чўкди.
Энди у мозорда кичкина қабр.
Қанча ёши бўлса, барини тўкди
Отасин кўксида қолмади сабр.

Мен уни овутдим, овутолмадим,
Қўшилиб йиғладим… Мана, тонг отиб,
Атроф ёруғ тортар, иккиламиз жим,
Бесўз ўтирибмиз тош каби қотиб.

У менга қарамай тўсатдан деди:
“Айт, қачон мизғувдим бугун кечаси,
Туш кўрдим… Ҳаммаёқ фақат сув эмиш,
Сувдан чиқиб турар эмиш қўлчаси…”

* * *

Ярим тунда хонамга кирар:
— Ухла, ўғлим, — шивирлар онам.
Сўнг чироқни пастлаб ўчирар
Ва зулматга чўкади хонам.

Аммо олис-олисда танҳо
Ёнган юлдуз ухлатмас мени.
У чорлайди бесўз, бесадо
Зулмат аро ётган қалбимни.

— Она, — дейман, — она, қарагин, —
Гарчи онам ёнимда эмас, —
Ўша юлдуз чарақлаб турсин,
У бор экан, ўғлингиз ўлмас.

Юлдуз порлар тонггача танҳо,
Ўтар баҳор, ўтар ёзу-куз.
Дилни чорлар бесўз, бесадо
Осмон аро ёнган ул юлдуз.

* * *

Туни билан девор ёқалаб
Юриб чиқди шошқалоқ баҳор –
Туни билан эриб, юпқалаб
Тарновлардан ерга томди қор.

Туни билан боғдаги толнинг
Восил бўлди қишги тушлари,
Кўкрагини тилиб шамолнинг,
Новдаларнинг чиқди тишлари.

Туни билан даладаги қор
Кўчди қора жарликлар томон –
Туни билан юлдузлар чангин
Қорлар узра сепди ёш осмон.

Туни билан боқиб интизор
Кутиб олдим баҳор офтобин.
Аммо олиб келмади баҳор
Мен унутган сўзлар китобин.

* * *

Кириб келди хонамга тунда
Қанотидан айрилган одам.
Юлдузлар ғуж эди осмонда,
Шундай ғужғон эди дилда ғам.

У ўтирди эгиб бошини –
Дарчадан ой кўринар эди.
Баъзан артиб у кўзёшини,
Жилмаймоққа уринар эди.

Овутмадим…
Овутолмадим  –
Қул соҳибин ҳузурида хам
Қилганидек бошини, мен ҳам
Чора топмай ўтирар эдим.

«Нега келдинг?
Нима истайсан?” –
Деб сўрардим чиқармай сасим,
Кўзларига қараёлмасдан
Ўтирардим тиниб нафасим.

Тонг олдидан қалқиди бирдан,
Сўнг ҳайқирди: “-Қўрқдингми?.. Наҳот?!
Демак, энди учаман… Менга
Олиб келар қўрқувинг қанот!”

* * *

Тўсатдан уйғонар ярим тунда у…
Уйғонар кўзда ёш, болишлари нам.
Жимирлаб туради кўксида қайғу,
Бу қайғу кимгадир тутади мотам.

Йиғи тиқилади бўғзига тошдек,
Сокин хоналарни кезар бирма-бир
Титраган қўлида  бир томчи ёшдек
Милтираган  шамни ушлаган кампир.

Йиғи ташлаб кетмас унинг бўғзини,
У йиғлар, титрайди озғин қўллари.
Шивирлар, аччиқ ёш босиб кўзини:
“Наҳотки, наҳотки туш бўлса бари…”

ШОИР УЧУН ЭРТАК

Ҳар бир шоир ортидан илон
Судралганча борар изма-из,
Қотилларнинг қўлларисимон,
Совуқ, ғаддор мисли ёлмоғиз.

Шоир СЎЗдан қўрқса мабодо,
Ё ортига чекинса ногоҳ,
Ё ортига боқса, ўша он
Уни ямлаб ютади илон.

Чекинмаса, қўрқмаса шоир,
Дадил боқса ёғийга – инон,
Умидини узмай бари бир
Бораверар ортидан илон.

* * *

Девор орқасида,
Тор бир ҳовлида
Боланинг қўлида қушча йиғлар зор –
Занг босган пичоқ бор бола қўлида,
Оппоқ кўйлагида қоннинг юқи бор.

Қушча чирқиллайди…
Қон томчилайди,
Бутун ер бўялар қип-қизил қонга.
Қанотини судраб қушча интилар
Булутсиз, бепоён, тиниқ осмонга.

Эвоҳ, учолмайди…
Учолмас мангу…
Қушни улоқтирар осмонга бола.
Аммо қулаб тушар қайтиб ерга у,
Заминни титратар ожиз бир нола.

Девор орқасида
Тиниб нафаси,
Қора завқ ўйнайди бола юзида,
Қўллари боғланган Улуғбек акси
Товлана бошлайди унинг кўзида…

* * *

Сен бу шеърга кирма ҳеч қачон –
Унда ёнар ловиллаб ўрмон.

Сен бу шеърга кирма ҳеч қачон –
Унда юрар ўрмалаб илон.

Сен бу шеърга кирма ҳеч қачон –
Унда йўлбарс ов қилар пинҳон.

Сен бу шеърга кирма ҳеч қачон –
Унда дўстинг бераётир жон.

Шу дўстингни сен ёвга сотдинг –
Сен бу шеърга кирма ҳеч қачон.

* * *

Қуёш қайтди.
Ғуруб палласи
Эриётир қоронғиликда.
Қиров тушган кузак даласи
Ухлаб ётар қора уйқуда.

Сиёҳ кўкни қамраб олганча
Юлдузларни тўсар булутлар.
Алп чинорлар ўйга толганча
Бир-бирини сўроққа тутар.

Энди кўнгил узаман куздан –
Унинг изин қор кўмган пайти,
Оппоқ тоғлар тараф – анғиздан
Ёлғизлигим ёнимга қайтди…

 

ЁВВОЙИ ЎТЛАР АРО

Ёввойи ўтлар аро
Кезар бошяланг одам.
Дилида мунгли наво,
Кўзида бир дарё ғам.

Ёввойи ўтлар аро
Овунч излаб юрар у,
Ҳар чечакнинг бошида
Ўйга ботиб турар у.

Ёввойи ўтлар аро
Дилига қайтар қувонч.
Зулқарнайндек боқади
— Бу дунёга кўзи оч.

Чалқанча ётиб узоқ
Нилий кўкка тикилар,
Кўзларига дунёнинг
Бор нурлари тўкилар.

Қайтаркан,
Дилин чорлаб
Ёнгач кўк чироқлари,
Кўйлагида қон каби
Порлар лола доғлари…

 

* * *

Роса уч кун тинмай гувлаган ёмғир,
Мана бугун тонгда, ниҳоят, тинди.
Қуёш чиқаётган лаҳзада адир
Пойида қилтириқ бир чечак унди.

Гўё уч кун ёққан ёмғир фақат шу
Чечак туғилиши учун ёққандек,
Гўё қуёш кўкдан фақат шу чечак
Ҳуснини кўрай деб кулиб боққандек.

Гўёки мен ҳам нақ ўттиз олти йил
Чопиб келгандайман шу он томон тик,
Шу чечак олдида очмоқ учун дил,
Ўзимга тилай деб ундан омонлик…

* * *

Сизга ишонардим,
Сизни севардим,
Севардим севгандек бутун оламни.
Сизчи, алдадингиз…
Тошдек совидим –
Бугун эса урдим мен ўз боламни.

Қуралай кўзларни жовдиратганча,
Боламов, йиғладинг,
Гуноҳинг билмай.
Мен ҳушсиз ётардим –
Теграмда кеча…
Дунёдан кетганча ётардим, ўлмай…

Юрагим ўрнида музлаб ётган тош,
Йиғладим, кўзларим оқиб кетмади.
Мажолим йўқ эди,
Йўқ эди бардош…
Кучим унга етди – сизга етмади…

* * *

Бу чечакни қаердан уздинг?
Нега дунё тошини буздинг?
Энди сени ким қутқарар, айт,
Хатар сенга қўлин чўзган пайт?!

 

ШЕЪР ЁЗГАНДА…

Қоғознинг қорларини
Эритаман нафасим билан,
Униб кўзга кўрина бошлар
Қора рангли чечаклар бирдан.

КАПАЛАК

Гул баргини шабада узди…

 

* * *

Ер эмас бирлаштирган,
Юракдаги қайғудир.
Ўлим эмас ўлдирган,
Ўлдиргувчи уйқудир!

КАМПИР ҲАҚИДА ШЕЪР

Тонгда жўнар бозорга
Дили тўла аламга,
Дили тўла озорга
Ҳеч кими йўқ бу кампир.

Уч-тўрт ҳовуч қурт еган
Олмасини уяди
Ва кечгача саратон
Офтобида куяди.

Ҳеч ким унга қарамас,
Қарамас олмасига,
Одамларга боқар у
Боққандек боласига.

Баъзилар тўқнашаркан
Ногоҳ кампир кўзига,
Чидолмасдан, қайрилиб
Кета бошлар изига.

Ҳеч кимни яқинлатмас
Кўзидаги дард-алам,
Мўлтираб айтса ҳам-ки:
“Олмамдан олинг, болам…”

Шомда уйига қайтар
Кўтариб олмасини,
Кўзидаги аламни,
Дилдаги ноласини.

Аммо субҳи азонда
Дили тўла озорга,
Ҳеч кими йўқ бу кампир
Яна жўнар бозорга…

 

БАСЁ КИТОБИНИНГ ВАРАҚЛАРИДА

Басё китобининг варақларида
Сарғайган япроқлар, алвон япроқлар,
Қадим ибодатгоҳ… Ундан нарида
Тоққа ўрмалаган дайди сўқмоқлар.

Улардан тепада,
Тоғлар бошида
Қор босган қоялар оқариб турар.
Ҳассага суянган сочи оқ дарвиш
Излаб тополмаган олхўри гуллар.

Ва совуқ гулларнинг дури осилган
Новдада ёлғиз бир қарға ўлтирар.
У чечаклари қор остида сўлган
Водийлар томонга лоқайд мўлтирар…

ШОМИЛ

Мадинада ётибди Шомил,
Мадинада ётибди бедор.
Қабр ичидан бақирар: “Ким бор,
Узатсанг-чи, қўлингни, ғофил!”

Араб қуми қабртошдаги
Ёзувни гоҳ кўмар, гоҳ очар.
Қабр узра доира ясаб
Эрк қушлари – бургутлар учар.

Қилич ушлаб ўрганган қўллар
Тимирскилар қабр ичини.
Тушга кирар тоғдаги йўллар,
Кўрар қорли тоғлар учини.

Шамол Хунзах боғчаларидан
Олиб келар олулар исин
Ва Доғистон тоғларидаги
Қорлар билан совутар кўксин.

Ўн саккизта яраси эмас,
Дили оғрир,
Зирқираб оғрир.
Кўксин эзган қабр тошимас,
Армон тоши…
У тоғдан оғир.

Юз бир забон,
Юз бир лаҳжада
Сўзлашади Доғистон, бироқ
Шомил тилин унутган эрлар
Бу ўлкада ҳаммадан кўпроқ.

Ўз юртида номи хор бўлиб,
Ўз юртига бўлганича зор,
Мадинада ётибди Шомил,
Мадинада ётибди бедор.

Араб қуми қабртошдаги
Ёзувни гоҳ очар, гоҳ кўмар.
Гоҳо ойнинг учига келиб
Ором учун бургутлар қўнар…

 

БОТИР ҚОНИ ВА ДАҲО СЎЗИ

Бобур қаламининг учида турган,
Қайғуга ном топган бир томчи сиёҳ,
Эрк учун жанггоҳда Таробий тўккан
Қоннинг томчисидек эрур бебаҳо.

 

ШОИР

Саҳро ўртасида кема ясаган
Нуҳ пайғамбар каби яшайман.

 

ОЛИС-ОЛИС ТОҒЛАР ТОМОНДА

Олис-олис тоғлар томонда
Қўзғалмоқда кузак бўрони
Ва ҳадемай чексиз осмонда
Пайдо бўлар унинг сурони.

Печакгулнинг новдаларидан
Япроқлари тўкилиб бўлди.
Чечак боғлар,
Заъфарон боғлар
Хазонларнинг оҳига тўлди.

Қировларга айланар шабнам,
Ой гардишсиз чиқмас фалакка.
Ўз-ўзимни тайёрлаб мен ҳам
Сиғинаман ёлғиз юракка.

Уни-да мен очдим дардларга,
Қутқаради дилни фақат ғам.
Ғам ёр бўлар фақат мардларга,
Улар ғамни кўрмаслар баҳам.

“БОБУРНОМА”ГА БИР НИГОҲ

Шер оҳуни қувиб етар,
“Қарс” синади оҳу бўйни,
Оҳунинг қонин ичиб,
Оҳунинг гўштини еб
Шер оҳуга айланар,
Чангалзор томон қочар…
Овчи ўқ узади:
“У-у-у-у-у-у!”

 

* * *

Зўр шоир дилида зўр умид яшар,
Кўр шоир дилида кўр умид яшар.
Ҳар умид тупроққа ташланган дондек
Бутун коинотдан нур кутиб яшар.

 

* * *

Самарқанд – заъфарон тирамоҳ,
Бухоро – қирмизи саратон.
Тош шаҳри – совиган қаҳрабо,
Туркистон… Туркистон… Туркистон…

Хива “Хайр” каломи. Сукунат,
Саҳрода янграган қўнғироқ.
Қўқон – боғ.  Ватан деб жон берган
Йигитлар қонини ичган боғ.

Шаҳрисабз кабутар патидир,
Зангори рангларга бўялган.
Термиз – кўр хаттотнинг хатидир,
Замонлар зарбидан туйилган.

Бобурнинг кўзёши – Андижон,
Марғилон – минг ёшли қизалоқ.
Туркистон… Туркистон… Туркистон…
Даштдаги қон рангли қизғалдоқ…

БИЙ МУҲИБ ЖАНГИЙ

Қора тунда
Уйғонаман,
Узилган
калланинг
ерга
тушган
зарбидан –
Қора тунда
Сапчиб тураман,
Болишим ёнида
Ётган
қонли
каллани
кўриб…

У менга жилмаяр,
У менга шивирлар:
— Ўлганим йўқ ҳали, Бий Жангий!
Қора тунда
Одамлардан бекиниб
Мозорга бораман,
Сўнг унинг қабрини
қучиб
йиғлайман –
Қабрини
қучоқлаб
ухлаб
қоламан…

Уйғониб кетаман
Даҳшатдан бирдан –
Бир чечак
қиличи
бўйнимга
тегиб…

 

УХЛАНГЛАР, УЙҒОНИНГ!

“Ухланглар, уйғонинг…” –
Шивирлар тун аро шам.
Даст уйғониб қарасам
Оқиб ётибди қоним…

Уйғониб қарасанг-чи,
Уйғотиб қарасанг-чи…
Аччиқ кўзёш. Қора қон.
Қонга бўялган қамчи.

Бетон зиндон. Кўр қўрқув.
Оқ туз сепилган кунда…
Уйқудан уйғонинг, ҳув,
Қолиб кетмангиз тунда…

КУЗ СУРАТИ

Яна сокин чорбоғлар аро
Ёмғир ёғар шитир-шитирлаб,
Яна менинг қулоғимга ғам
Ниманидир айтар шивирлаб.

Яна тиниқ тортар ўйларим,
Худди қамиш шовиллашидек,
Яна дилда жўшдар куйларим,
Хазонларнинг ловиллашидек.

Қора тортган дала сўнгида
Зўрға босиб бужур титроғин,
Қари чинор дуолар ўқиб
Кўмаётир сўнгги япроғин…

 

Т. ҚОСИМБЕКОВНИНГ
“СИНГАН ҚИЛИЧ” КИТОБИГА БИТИК

Тундан қўрқма!
Тунни ич!
Ва мағрур боқ саҳарга.
Синган бўлса гар қилич,
Айланур у ханжарга.

ЮЛДУЗ

Дўстимни чақирсам,
Қарамай кетди –
Бир дарахт ёнимда чайқалди нотинч.
Товушим кўкдаги юлдузга етди,
Қонимда уйғонди энг сўнгги илинж.

Дардимни айтсайдим, дегандим, бироқ
Дўстимни чақирсам, қарамай кетди.
Мен уйга қайтдиму, ёндирдим чироқ,
Дунё сокин эди,
Дунё тинч эди.

Чироққа термилиб ўйларга ботсам,
Қошимга ғамларнинг барчаси қайтди.
Чироқни ўчирмай ухламай ётсам,
Чироғим юлдузнинг сўзини айтди…

ЯПРОҚ УЧИБ ТУШДИ

Япроқ учиб тушди дарахтдан,
Аммо ерга тушмасдан учди.
Айрилгандек муқаддас тахтдан
Наҳот уни аламлар қучди?

Ҳой, сен япроқ,
Қайга учарсан
Қарамасдан бўрону-қорга?
Товуш чиқди бўрон ичидан,
Шивирлади япроқ: “Баҳорга…”

* * *

Сенинг ишинг умр кечирмоқ,
Менинг ишим сени кечирмоқ.

Сенинг ишинг қафас ясамоқ,
Менинг ишим эрк деб яшамоқ.

Сенинг ишинг қонунлар тузмоқ,
Менинг ишим уларни бузмоқ.

Сен қафасга қушни соларсан,
Соларсан-да, лаззат оларсан.

Мен қушларни озод қиларман
Ва ўзим ҳам озод бўларман…

 

* * *

Дардларимни айтсам тунлари,
— Жим ўтиринг,- дейди хотиним.
Қўшиқ айтсам,хиргойи қилсам,
— Жим бўлинг! – деб бақирар қўшним.

Жаранглаб кетса кишаним,
— Жим бўл, — дейди қари душманим.
Гулзор аро сайраса булбул,
— Жим бўл! – дейди сўлган атргул.

Рақс тушса,хандонлар отса,
— Жим ўтиргин, — дейман боламга.
— Жим бўлгин, бас, — деб бақираман
Дилимда бўзлаган ноламга.

Жимлик – менинг умрим, ҳаётим,
Жимлик – менинг оҳу фарёдим.
Жимлик аро ақлга басма-бас
Фақат юрак…
Қайғу жим эмас…

КУЗ

Яна тинмай шитирлар ёмғир,
Яна дилда бир мунг титрайди.
Яна қора тортди дала-қир,
Яна олам бирдан кичрайди.

Юрак шароб ичгиси келар —
Сармаст бўлиб дилдаги армон
Қувонч истаб учгиси келар
Қуёши йўқ осмонлар томон…

 

* * *

Эшик очилади,
Дайди ит каби
Орқага чекинар ним қоронғулик…
Бир эркак чиқади кўчага эснаб,
Гўдак йиғисини яширар эшик.

Эркак қора рангли ёмғирпўшининг
Эзилган ёқасин кўтариб олар,
Эриниб излайди папиросини,
Шошмасдан тутатар, ўйланиб қолар.

Кейин деразага қарайди маҳзун,
Оҳиста, бош силкиб қўяди унсиз.
Бир аёл ойнадан силкитади қўл
Ва эркакни олиб кетади кундуз.

* * *

Биласанми, туш кўрдим сени,
Эсда қолди кўзларинг фақат.
Кўрсатмоқчи бўлиб кўзингни
Олиб кетди йўллар бешафқат.

Сени топдим. Лабингда титроқ,
Шивирладинг: “Тинчимни буздинг…”
Ўртамизда қийналди чироқ,
Уйқусираб йиғлади қизинг.

Сен бўшлиққа тикиб кўзингни
Шивирладинг оҳиста, карахт:
“Биласанми, туш кўрдим сени,
Эсда қолди кўзларинг фақат”

* * *

Бизлар жуда ақллимиз,
Минг ўлчаб, бир кесамиз,
Яшасин, деб халқимиз,
Мансабларда ўсамиз.

Бизлар жуда ақллимиз,
Қийналмаймиз дил титиб,
Чўмилмаймиз дарёларда
Чўкиб кетиш мумкин деб.

“Узилганда яшил япроқ,
Титрама, эвини қил.
Ҳаяжондан бўл, — дер, — йироқ” –
Оқ халат кийган ақл.

Бизлар жуда ақллимиз,
Баъзан кун-тун ўйлаймиз,
“Бу буюмни қайга қўйсак
Гўзал бўлар уйимиз”.

Бироқ кутар, қалбда ўкинч
Олисларда онамиз.
Қўмсамаймиз. Чунки соғинч
Дилга кирса, синамиз.

“Соғинибди?!.. Ўтар-кетар,
Бир кун бориб келамиз”.
Бошқа ишга урамиз қўл,
Чунки жуда ақллимиз.

Ойдек тоза қизни севиб,
Термилиб гул юзига.
Кейин эса, уйланамиз
Ақлдорнинг қизига.

Рақибга тиғ билан чиқмоқ –
Даҳшат!
Нима қиламиз?!
Ахир бизлар ақллимиз,
Макр билан янчамиз.

…Бир кун ўлсак, устимизга
Улкан тошни қўйишар
Ва албатта ўша тошга
Ақлли сўз ўйишар.

* * *

Мен кетарман…
Кетарман… Осмон
Тиниқ бўлар, беғубор бўлар.
Осмонмас, у берган ҳаяжон
Ва ҳайратлар мен билан ўлар.

Ҳа, бир тонгда қуёш чиқару
Бу дунёда мени кўрмайди.
Мен ўламан, аммо кўксимдан
Униб чиққан гиёҳ ўлмайди.

     Xurshid Davronning boshqa hech kimga o’xshamagan o’z mavzusi,  o’ziga xos falsafiy ohangi, faqat u aytishi mumkin so’zi bor. Birgina «Boshim uzra uchib o’tar qush, xayolimning davomi kabi» satri yosh shoirning kelajakda  yetuk  ishlar qilishiga ishontiradi. Uning ayni shunday satrlari XX asr o’zbek she’riyatining  sahifalariga muhrlanib  qolishiga ishonaman (Ozod Sharafiddinovning Xurshid Davronni Yozuvchilar uyushmasi a’zoligiga qabul qilish uchun yozgan tavsiyanomasidan (1979)).

Xurshid DAVRON
SHE’RLAR
09

* * *

067

Tabiatdir mening davomim,
Tutash erur bag’rim bag’riga.
Umrim bog’liq oyu oftobi
Daryo, dala, daraxtlariga.

Yalpizlarni quchoqlab sarxush,
Muhabbatga chulg’anar qalbim.
Boshim uzra uchib o’tar qush,
Xayolimning davomi kabi.

Tunlar nafas olmay yotaman,
Meni quchar quvonchu alam…
Daraxt kulgusini ko’rganman,
Ko’rganman ko’z yoshlarini ham.

* * *

Sen kelasan…
Sel kelganda
Toshgan daryo bo’laman.
Beda ortgan aravaday
Xushbo’ydirman sen bilan.

Sen ketasan…
Men ortingdan
Boqarman cho’l yo’lida
Aravadan tushib qolgan
Xushbo’y beda guliday…

* * *

Tush ko’raman olis qishloqni,
Tepasida hilol suzadi.
Yo’l chetida mudragan bog’ni –
Sog’inchlarim titrab kezadi.

Hali juda olisda Zuhra,
Ammo bu dam titrar misli qush
Supadagi belanchak uzra
Ko’kdan yog’gan oltin va kumush.

Tushlarimda emasman yolg’iz,
Yuragimga sig’mas shodon baxt –
Tushlarimda anqiydi  yalpiz,
Qo’riqlaydi tushimni daraxt.

SAMARQAND DARVISHI

Yo’l uzunmi, dard uzun?
Darvish ashulasi uzun.
Tun qorami, dard qora?
Darvish peshonasi qora.

Mag’ribdan shamol essa,
Bog’ning oluchasi sinar.
Mag’ribdan shamol essa,
Darvishning hassasi sinar.

…Jo’nab ketar qari darvish,
Vidoga to’lib ko’zi.
Xaltasida non ushog’u
Uch-to’rt Samarqand yulduzi.

* * *

Osmon men bilmagan so’zga o’xshaydi –
dilni o’rtaydi.
Sokin titroq qo’zg’ar ko’ksimda
bu bepoyonlik.

Oyoqlari bog’liq qushga
o’xshab qolaman –
maysaga cho’zilib
cheki yo’q samoga
qo’limni cho’zsam…

* * *

Dimog’imda shodmon gullarning atri,
Tilimda Oybekning mukarram satri.

Ko’zimda tovlanar quyosh shu’lasi,
Qulog’imda sarmast qush ashulasi.

Bunchalar baxtliman, bunchalar shodman!
Kuch yo’q ayirmoqqa meni hayotdan!

Bir sado yangradi olisda shu dam:
— Voh-voh, quvonmasding men g’am chekmasam!

* * *

“Iya-iya, qachon kelding?
Bormisan bu dunyoda o’zi?”

deya meni kutib olar qishloqqa qaytsam
yo’l chetida o’sgan giyohlar…
Ortga qaytsam:
“Sen kimsan?” deb tanimas shahar.

* * *

O’tgan bahorlar
Qaytmaydi sira,
Dilda qoladi
Faqat xotira.

Sen esa ketding,
Men ketolmadim.
Hamon yodingni
Unutolmadim.

Qorlar bo’ralar,
Ko’karar gullar.
Xazon to’kilar,
O’tadi kunlar.

Olis-olisdan
Kelgandayin yel,
Sen tushlarimga
Kirmoq uchun kel.

* * *

Men seni hech qachon ko’rmayman endi…
Andrey Voznesenskiy

Men seni hech qachon ko’rmayman endi,
endi ko’zlarimda aks etmas yuzing.
Yuragim tomirin titratmas so’zing,
men seni hech qachon ko’rmayman endi.

Endi bahor – bahor,
kuz ham endi kuz,
sokin go’shalarda to’kilar xazon.
To’kilgan xazonlar yoshlamaydi ko’z,
men seni hech qachon ko’rmayman endi.

Yomg’ir tomchilari tovlangan, xushbo’y
sochlaring ko’ksimga sochilar edi.
Endi bu – xotira,
endi bular – o’y,
men seni hech qachon ko’rmayman endi.

Qog’ozga qarayman,
tunga qarayman,
yulduzga qarayman, oyga qarayman,
endi yupatolmas ular ham meni,
men endi hech qachon ko’rmayman seni.

SHASHMAQOM

Tilla uzuk ko’zida yotgan
Zaharsan sen –
Totdim, bilaman.
Sen xanjarsan, ko’ksimga botgan –
Sug’urib olsalar,
o’laman.

* * *

O’z-o’zidan ko’zimga
Yugurib kelmoqda yosh –
Qir-dala o’rtasida
Qadim nomsiz qabrtosh…

Uning quyosh qaritgan,
Yillar gardin ro’moli
Bosib yotgan toshida
O’rmalaydi chumoli.

Kimning qabri?
Bilmayman.
Chekurman lekin firoq –
Olislarda, oh tortsam,
Yangrar momaqaldiroq.

O’tlar yashil, beg’ubor,
Chuchmomalar sap-sariq.
Qorlar erib to’lgandir
Jarliklar misli ariq.

Qir-dala o’rtasida
Qadim nomsiz qabrtosh,
O’z-o’zidan ko’zimga
Yugurib kelmoqda yosh.

SARATON

Bir daraxt bor hovlida,
Yolg’iz.
Men ham uning oldida
Yolg’iz.
Bulut suzar falakda
Yolg’iz.
Quyosh porlaydi ko’kda.
Yolg’iz.
Bir qush qo’nar daraxtga.
Yolg’iz.
O’tiradi shoh misol taxtga
Yolg’iz.
Qushning kuyi yangraydi.
Yolg’iz.
Daraxtga, men, ko’k, quyosh va qush
Yolg’iz.

* * *

G’urubning guldastasi
O’ynoqlaydi dengizda
bamisli atlasdayin.

Qoratog’ tomonidan
yetib kelgan gul isli
shamollar biram mayin.

Cho’milgoh toshlarida
qolgan quyosh nafasi
tovonimni ilitar.

Men osmonga boqaman –
quyosh yoqqan gulxandan
qolgan cho’g’lar pirpirar.

BITIK

Qo’llarimga qaraysan – nimjon.
Nimjon deysan xuddi qush kabi.

Ishon, yulduz so’nsa to’satdan,
Bu qo’llarim yulduz yondirar.

Agar toshga aylansa shamol,
Bu qo’llarim uni uyg’otar.

BAXTSIZLIK

Uyga qaytdi yarim kechada,
Yonar edi dahlizda chiroq.
Uxlar edi xotini… Biroq,
Erkak alam tuydi ichida.

Keyin borib qozonga boqdi,
Bo’m-bo’sh edi sovuq qozon ham.
Katta uyda chiroqni yoqdi,
Ammo tuydi ichida alam.

So’ng eshikni sekin ochdi-yu,
Malham izlab nolalariga,
Uzoq boqib turdi xotirjam
Uxlab yotgan bolalariga.

Uyga qaytdi yarim kechada,
Uxlar edi xotini biroq,
U tonggacha uxlolmay yotdi,
Tongga qadar o’chmadi chiroq.

QAYG’U

Qo’shnimning bolasi ariqda cho’kdi.
Endi u mozorda kichkina qabr.
Qancha yoshi bo’lsa, barini to’kdi
Otasin ko’ksida qolmadi sabr.

Men uni ovutdim, ovutolmadim,
Qo’shilib yig’ladim… Mana, tong otib,
Atrof yorug’ tortar, ikkilamiz jim,
Beso’z o’tiribmiz tosh kabi qotib.

U menga qaramay to’satdan dedi:
“Ayt, qachon mizg’uvdim bugun kechasi,
Tush ko’rdim… Hammayoq faqat suv emish,
Suvdan chiqib turar emish qo’lchasi…”

* * *

Yarim tunda xonamga kirar:
— Uxla, o’g’lim, — shivirlar onam.
So’ng chiroqni pastlab o’chirar
Va zulmatga cho’kadi xonam.

Ammo olis-olisda tanho
Yongan yulduz uxlatmas meni.
U chorlaydi beso’z, besado
Zulmat aro yotgan qalbimni.

— Ona, — deyman, — ona, qaragin, —
Garchi onam yonimda emas, —
O’sha yulduz charaqlab tursin,
U bor ekan, o’g’lingiz o’lmas.

Yulduz porlar tonggacha tanho,
O’tar bahor, o’tar yozu-kuz.
Dilni chorlar beso’z, besado
Osmon aro yongan ul yulduz.

* * *

Tuni bilan devor yoqalab
Yurib chiqdi shoshqaloq bahor –
Tuni bilan erib, yupqalab
Tarnovlardan yerga tomdi qor.

Tuni bilan bog’dagi tolning
Vosil bo’ldi qishgi tushlari,
Ko’kragini tilib shamolning,
Novdalarning chiqdi tishlari.

Tuni bilan daladagi qor
Ko’chdi qora jarliklar tomon –
Tuni bilan yulduzlar changin
Qorlar uzra sepdi yosh osmon.

Tuni bilan boqib intizor
Kutib oldim bahor oftobin.
Ammo olib kelmadi bahor
Men unutgan so’zlar kitobin.

* * *

Kirib keldi xonamga tunda
Qanotidan ayrilgan odam.
Yulduzlar g’uj edi osmonda,
Shunday g’ujg’on edi dilda g’am.

U o’tirdi egib boshini –
Darchadan oy ko’rinar edi.
Ba’zan artib u ko’zyoshini,
Jilmaymoqqa urinar edi.

Ovutmadim…
Ovutolmadim –
Qul sohibin huzurida xam
Qilganidek boshini, men ham
Chora topmay o’tirar edim.

«Nega kelding?
Nima istaysan?” –
Deb so’rardim chiqarmay sasim,
Ko’zlariga qarayolmasdan
O’tirardim tinib nafasim.

Tong oldidan qalqidi birdan,
So’ng hayqirdi: “-Qo’rqdingmi?.. Nahot?!
Demak, endi uchaman… Menga
Olib kelar qo’rquving qanot!”

* * *

To’satdan uyg’onar yarim tunda u…
Uyg’onar ko’zda yosh, bolishlari nam.
Jimirlab turadi ko’ksida qayg’u,
Bu qayg’u kimgadir tutadi motam.

Yig’i tiqiladi bo’g’ziga toshdek,
Sokin xonalarni kezar birma-bir
Titragan qo’lida bir tomchi yoshdek
Miltiragan shamni ushlagan kampir.

Yig’i tashlab ketmas uning bo’g’zini,
U yig’lar, titraydi ozg’in qo’llari.
Shivirlar, achchiq yosh bosib ko’zini:
“Nahotki, nahotki tush bo’lsa bari…”

SHOIR UCHUN ERTAK

Har bir shoir ortidan ilon
Sudralgancha borar izma-iz,
Qotillarning qo’llarisimon,
Sovuq, g’addor misli yolmog’iz.

Shoir SO’Zdan qo’rqsa mabodo,
YO ortiga chekinsa nogoh,
YO ortiga boqsa, o’sha on
Uni yamlab yutadi ilon.

Chekinmasa, qo’rqmasa shoir,
Dadil boqsa yog’iyga – inon,
Umidini uzmay bari bir
Boraverar ortidan ilon.

* * *

Devor orqasida,
Tor bir hovlida
Bolaning qo’lida qushcha yig’lar zor –
Zang bosgan pichoq bor bola qo’lida,
Oppoq ko’ylagida qonning yuqi bor.

Qushcha chirqillaydi…
Qon tomchilaydi,
Butun yer bo’yalar qip-qizil qonga.
Qanotini sudrab qushcha intilar
Bulutsiz, bepoyon, tiniq osmonga.

Evoh, ucholmaydi…
Ucholmas mangu…
Qushni uloqtirar osmonga bola.
Ammo qulab tushar qaytib yerga u,
Zaminni titratar ojiz bir nola.

Devor orqasida
Tinib nafasi,
Qora zavq o’ynaydi bola yuzida,
Qo’llari bog’langan Ulug’bek aksi
Tovlana boshlaydi uning ko’zida…

* * *

Sen bu she’rga kirma hech qachon –
Unda yonar lovillab o’rmon.

Sen bu she’rga kirma hech qachon –
Unda yurar o’rmalab ilon.

Sen bu she’rga kirma hech qachon –
Unda yo’lbars ov qilar pinhon.

Sen bu she’rga kirma hech qachon –
Unda do’sting berayotir jon.

Shu do’stingni sen yovga sotding –
Sen bu she’rga kirma hech qachon.

* * *

Quyosh qaytdi.
G’urub pallasi
Eriyotir qorong’ilikda.
Qirov tushgan kuzak dalasi
Uxlab yotar qora uyquda.

Siyoh ko’kni qamrab olgancha
Yulduzlarni to’sar bulutlar.
Alp chinorlar o’yga tolgancha
Bir-birini so’roqqa tutar.

Endi ko’ngil uzaman kuzdan –
Uning izin qor ko’mgan payti,
Oppoq tog’lar taraf – ang’izdan
Yolg’izligim yonimga qaytdi…

YOVVOYI O’TLAR ARO

Yovvoyi o’tlar aro
Kezar boshyalang odam.
Dilida mungli navo,
Ko’zida bir daryo g’am.

Yovvoyi o’tlar aro
Ovunch izlab yurar u,
Har chechakning boshida
O’yga botib turar u.

Yovvoyi o’tlar aro
Diliga qaytar quvonch.
Zulqarnayndek boqadi
— Bu dunyoga ko’zi och.

Chalqancha yotib uzoq
Niliy ko’kka tikilar,
Ko’zlariga dunyoning
Bor nurlari to’kilar.

Qaytarkan,
Dilin chorlab
Yongach ko’k chiroqlari,
Ko’ylagida qon kabi
Porlar lola dog’lari…

* * *

Rosa uch kun tinmay guvlagan yomg’ir,
Mana bugun tongda, nihoyat, tindi.
Quyosh chiqayotgan lahzada adir
Poyida qiltiriq bir chechak undi.

Go’yo uch kun yoqqan yomg’ir faqat shu
Chechak tug’ilishi uchun yoqqandek,
Go’yo quyosh ko’kdan faqat shu chechak
Husnini ko’ray deb kulib boqqandek.

Go’yoki men ham naq o’ttiz olti yil
Chopib kelgandayman shu on tomon tik,
Shu chechak oldida ochmoq uchun dil,
O’zimga tilay deb undan omonlik…

* * *

Sizga ishonardim,
Sizni sevardim,
Sevardim sevgandek butun olamni.
Sizchi, aldadingiz…
Toshdek sovidim –
Bugun esa urdim men o’z bolamni.

Quralay ko’zlarni jovdiratgancha,
Bolamov, yig’lading,
Gunohing bilmay.
Men hushsiz yotardim –
Tegramda kecha…
Dunyodan ketgancha yotardim, o’lmay…

Yuragim o’rnida muzlab yotgan tosh,
Yig’ladim, ko’zlarim oqib ketmadi.
Majolim yo’q edi,
Yo’q edi bardosh…
Kuchim unga yetdi – sizga yetmadi…

* * *

Bu chechakni qaerdan uzding?
Nega dunyo toshini buzding?
Endi seni kim qutqarar, ayt,
Xatar senga qo’lin cho’zgan payt?!

SHE’R YOZGANDA…

Qog’ozning qorlarini
Eritaman nafasim bilan,
Unib ko’zga ko’rina boshlar
Qora rangli chechaklar birdan.

KAPALAK

Gul bargini shabada uzdi…

 

* * *

Yer emas birlashtirgan,
Yurakdagi qayg’udir.
O’lim emas o’ldirgan,
O’ldirguvchi uyqudir!

KAMPIR HAQIDA SHE’R

Tongda jo’nar bozorga
Dili to’la alamga,
Dili to’la ozorga
Hech kimi yo’q bu kampir.

Uch-to’rt hovuch qurt yegan
Olmasini uyadi
Va kechgacha saraton
Oftobida kuyadi.

Hech kim unga qaramas,
Qaramas olmasiga,
Odamlarga boqar u
Boqqandek bolasiga.

Ba’zilar to’qnasharkan
Nogoh kampir ko’ziga,
Chidolmasdan, qayrilib
Keta boshlar iziga.

Hech kimni yaqinlatmas
Ko’zidagi dard-alam,
Mo’ltirab aytsa ham-ki:
“Olmamdan oling, bolam…”

Shomda uyiga qaytar
Ko’tarib olmasini,
Ko’zidagi alamni,
Dildagi nolasini.

Ammo subhi azonda
Dili to’la ozorga,
Hech kimi yo’q bu kampir
Yana jo’nar bozorga…

BASYO KITOBINING VARAQLARIDA

Basyo kitobining varaqlarida
Sarg’aygan yaproqlar, alvon yaproqlar,
Qadim ibodatgoh… Undan narida
Toqqa o’rmalagan daydi so’qmoqlar.

Ulardan tepada,
Tog’lar boshida
Qor bosgan qoyalar oqarib turar.
Hassaga suyangan sochi oq darvish
Izlab topolmagan olxo’ri gullar.

Va sovuq gullarning duri osilgan
Novdada yolg’iz bir qarg’a o’ltirar.
U chechaklari qor ostida so’lgan
Vodiylar tomonga loqayd mo’ltirar…

SHOMIL

Madinada yotibdi Shomil,
Madinada yotibdi bedor.
Qabr ichidan baqirar: “Kim bor,
Uzatsang-chi, qo’lingni, g’ofil!”

Arab qumi qabrtoshdagi
Yozuvni goh ko’mar, goh ochar.
Qabr uzra doira yasab
Erk qushlari – burgutlar uchar.

Qilich ushlab o’rgangan qo’llar
Timirskilar qabr ichini.
Tushga kirar tog’dagi yo’llar,
Ko’rar qorli tog’lar uchini.

Shamol Xunzax bog’chalaridan
Olib kelar olular isin
Va Dog’iston tog’laridagi
Qorlar bilan sovutar ko’ksin.

O’n sakkizta yarasi emas,
Dili og’rir,
Zirqirab og’rir.
Ko’ksin ezgan qabr toshimas,
Armon toshi…
U tog’dan og’ir.

Yuz bir zabon,
Yuz bir lahjada
So’zlashadi Dog’iston, biroq
Shomil tilin unutgan erlar
Bu o’lkada hammadan ko’proq.

O’z yurtida nomi xor bo’lib,
O’z yurtiga bo’lganicha zor,
Madinada yotibdi Shomil,
Madinada yotibdi bedor.

Arab qumi qabrtoshdagi
Yozuvni goh ochar, goh ko’mar.
Goho oyning uchiga kelib
Orom uchun burgutlar qo’nar…

BOTIR QONI VA DAHO SO’ZI

Bobur qalamining uchida turgan,
Qayg’uga nom topgan bir tomchi siyoh,
Erk uchun janggohda Tarobiy to’kkan
Qonning tomchisidek erur bebaho.

SHOIR

Sahro o’rtasida kema yasagan
Nuh payg’ambar kabi yashayman.

OLIS-OLIS TOG’LAR TOMONDA

Olis-olis tog’lar tomonda
Qo’zg’almoqda kuzak bo’roni
Va hademay cheksiz osmonda
Paydo bo’lar uning suroni.

Pechakgulning novdalaridan
Yaproqlari to’kilib bo’ldi.
Chechak bog’lar,
Za’faron bog’lar
Xazonlarning ohiga to’ldi.

Qirovlarga aylanar shabnam,
Oy gardishsiz chiqmas falakka.
O’z-o’zimni tayyorlab men ham
Sig’inaman yolg’iz yurakka.

Uni-da men ochdim dardlarga,
Qutqaradi dilni faqat g’am.
G’am yor bo’lar faqat mardlarga,
Ular g’amni ko’rmaslar baham.

“BOBURNOMA”GA BIR NIGOH

Sher ohuni quvib yetar,
“Qars” sinadi ohu bo’yni,
Ohuning qonin ichib,
Ohuning go’shtini yeb
Sher ohuga aylanar,
Changalzor tomon qochar…
Ovchi o’q uzadi:
“U-u-u-u-u-u!”

* * *

Zo’r shoir dilida zo’r umid yashar,
Ko’r shoir dilida ko’r umid yashar.
Har umid tuproqqa tashlangan dondek
Butun koinotdan nur kutib yashar.

* * *

Samarqand – za’faron tiramoh,
Buxoro – qirmizi saraton.
Tosh shahri – sovigan qahrabo,
Turkiston… Turkiston… Turkiston…

Xiva “Xayr” kalomi. Sukunat,
Sahroda yangragan qo’ng’iroq.
Qo’qon – bog’. Vatan deb jon bergan
Yigitlar qonini ichgan bog’.

Shahrisabz kabutar patidir,
Zangori ranglarga bo’yalgan.
Termiz – ko’r xattotning xatidir,
Zamonlar zarbidan tuyilgan.

Boburning ko’zyoshi – Andijon,
Marg’ilon – ming yoshli qizaloq.
Turkiston… Turkiston… Turkiston…
Dashtdagi qon rangli qizg’aldoq…

BIY MUHIB JANGIY

Qora tunda
Uyg’onaman,
Uzilgan
kallaning
yerga
tushgan
zarbidan –
Qora tunda
Sapchib turaman,
Bolishim yonida
Yotgan
qonli
kallani
ko’rib…

U menga jilmayar,
U menga shivirlar:
— O’lganim yo’q hali, Biy Jangiy!
Qora tunda
Odamlardan bekinib
Mozorga boraman,
So’ng uning qabrini
quchib
yig’layman –
Qabrini
quchoqlab
uxlab
qolaman…

Uyg’onib ketaman
Dahshatdan birdan –
Bir chechak
qilichi
bo’ynimga
tegib…

UXLANGLAR, UYG’ONING!

“Uxlanglar, uyg’oning…” –
Shivirlar tun aro sham.
Dast uyg’onib qarasam
Oqib yotibdi qonim…

Uyg’onib qarasang-chi,
Uyg’otib qarasang-chi…
Achchiq ko’zyosh. Qora qon.
Qonga bo’yalgan qamchi.

Beton zindon. Ko’r qo’rquv.
Oq tuz sepilgan kunda…
Uyqudan uyg’oning, huv,
Qolib ketmangiz tunda…

KUZ SURATI

Yana sokin chorbog’lar aro
Yomg’ir yog’ar shitir-shitirlab,
Yana mening qulog’imga g’am
Nimanidir aytar shivirlab.

Yana tiniq tortar o’ylarim,
Xuddi qamish shovillashidek,
Yana dilda jo’shdar kuylarim,
Xazonlarning lovillashidek.

Qora tortgan dala so’ngida
Zo’rg’a bosib bujur titrog’in,
Qari chinor duolar o’qib
Ko’mayotir so’nggi yaprog’in…

T. QOSIMBEKOVNING
“SINGAN QILICH” KITOBIGA BITIK

Tundan qo’rqma!
Tunni ich!
Va mag’rur boq saharga.
Singan bo’lsa gar qilich,
Aylanur u xanjarga.

YULDUZ

Do’stimni chaqirsam,
Qaramay ketdi –
Bir daraxt yonimda chayqaldi notinch.
Tovushim ko’kdagi yulduzga yetdi,
Qonimda uyg’ondi eng so’nggi ilinj.

Dardimni aytsaydim, degandim, biroq
Do’stimni chaqirsam, qaramay ketdi.
Men uyga qaytdimu, yondirdim chiroq,
Dunyo sokin edi,
Dunyo tinch edi.

Chiroqqa termilib o’ylarga botsam,
Qoshimga g’amlarning barchasi qaytdi.
Chiroqni o’chirmay uxlamay yotsam,
Chirog’im yulduzning so’zini aytdi…

YAPROQ UCHIB TUSHDI

Yaproq uchib tushdi daraxtdan,
Ammo yerga tushmasdan uchdi.
Ayrilgandek muqaddas taxtdan
Nahot uni alamlar quchdi?

Hoy, sen yaproq,
Qayga ucharsan
Qaramasdan bo’ronu-qorga?
Tovush chiqdi bo’ron ichidan,
Shivirladi yaproq: “Bahorga…”

* * *

Sening ishing umr kechirmoq,
Mening ishim seni kechirmoq.

Sening ishing qafas yasamoq,
Mening ishim erk deb yashamoq.

Sening ishing qonunlar tuzmoq,
Mening ishim ularni buzmoq.

Sen qafasga qushni solarsan,
Solarsan-da, lazzat olarsan.

Men qushlarni ozod qilarman
Va o’zim ham ozod bo’larman…

* * *

Dardlarimni aytsam tunlari,
— Jim o’tiring,- deydi xotinim.
Qo’shiq aytsam,xirgoyi qilsam,
— Jim bo’ling! – deb baqirar qo’shnim.

Jaranglab ketsa kishanim,
— Jim bo’l, — deydi qari dushmanim.
Gulzor aro sayrasa bulbul,
— Jim bo’l! – deydi so’lgan atrgul.

Raqs tushsa,xandonlar otsa,
— Jim o’tirgin, — deyman bolamga.
— Jim bo’lgin, bas, — deb baqiraman
Dilimda bo’zlagan nolamga.

Jimlik – mening umrim, hayotim,
Jimlik – mening ohu faryodim.
Jimlik aro aqlga basma-bas
Faqat yurak…
Qayg’u jim emas…

KUZ

Yana tinmay shitirlar yomg’ir,
Yana dilda bir mung titraydi.
Yana qora tortdi dala-qir,
Yana olam birdan kichraydi.

Yurak sharob ichgisi kelar —
Sarmast bo’lib dildagi armon
Quvonch istab uchgisi kelar
Quyoshi yo’q osmonlar tomon…

* * *

Eshik ochiladi,
Daydi it kabi
Orqaga chekinar nim qorong’ulik…
Bir erkak chiqadi ko’chaga esnab,
Go’dak yig’isini yashirar eshik.

Erkak qora rangli yomg’irpo’shining
Ezilgan yoqasin ko’tarib olar,
Erinib izlaydi papirosini,
Shoshmasdan tutatar, o’ylanib qolar.

Keyin derazaga qaraydi mahzun,
Ohista, bosh silkib qo’yadi unsiz.
Bir ayol oynadan silkitadi qo’l
Va erkakni olib ketadi kunduz.

* * *

Bilasanmi, tush ko’rdim seni,
Esda qoldi ko’zlaring faqat.
Ko’rsatmoqchi bo’lib ko’zingni
Olib ketdi yo’llar beshafqat.

Seni topdim. Labingda titroq,
Shivirlading: “Tinchimni buzding…”
O’rtamizda qiynaldi chiroq,
Uyqusirab yig’ladi qizing.

Sen bo’shliqqa tikib ko’zingni
Shivirlading ohista, karaxt:
“Bilasanmi, tush ko’rdim seni,
Esda qoldi ko’zlaring faqat”

* * *

Bizlar juda aqllimiz,
Ming o’lchab, bir kesamiz,
Yashasin, deb xalqimiz,
Mansablarda o’samiz.

Bizlar juda aqllimiz,
Qiynalmaymiz dil titib,
Cho’milmaymiz daryolarda
Cho’kib ketish mumkin deb.

“Uzilganda yashil yaproq,
Titrama, evini qil.
Hayajondan bo’l, — der, — yiroq” –
Oq xalat kiygan aql.

Bizlar juda aqllimiz,
Ba’zan kun-tun o’ylaymiz,
“Bu buyumni qayga qo’ysak
Go’zal bo’lar uyimiz”.

Biroq kutar, qalbda o’kinch
Olislarda onamiz.
Qo’msamaymiz. Chunki sog’inch
Dilga kirsa, sinamiz.

“Sog’inibdi?!.. O’tar-ketar,
Bir kun borib kelamiz”.
Boshqa ishga uramiz qo’l,
Chunki juda aqllimiz.

Oydek toza qizni sevib,
Termilib gul yuziga.
Keyin esa, uylanamiz
Aqldorning qiziga.

Raqibga tig’ bilan chiqmoq –
Dahshat!
Nima qilamiz?!
Axir bizlar aqllimiz,
Makr bilan yanchamiz.

…Bir kun o’lsak, ustimizga
Ulkan toshni qo’yishar
Va albatta o’sha toshga
Aqlli so’z o’yishar.

* * *

Men ketarman…
Ketarman… Osmon
Tiniq bo’lar, beg’ubor bo’lar.
Osmonmas, u bergan hayajon
Va hayratlar men bilan o’lar.

Ha, bir tongda quyosh chiqaru
Bu dunyoda meni ko’rmaydi.
Men o’laman, ammo ko’ksimdan
Unib chiqqan giyoh o’lmaydi.

08

(Tashriflar: umumiy 36 051, bugungi 2)

3 izoh

  1. Assalomu alaykum yaxshimisiz Xurshid Davronning «Shoir, qush va qish» sheʼrini topib bera olasizmi❔❓⁉️
    ILTIMOS

  2. Хуршид Даврон
    ШОИР, ҚУШ ВА ҚИШ

    Кимсасиз боғ,
    Қорга чўмган боғ,
    Деразадан қарасам – оппоқ…
    “Чирқ-чирқ” этар
    Қайдадир бир қуш –
    Дилим бежо қилар бу товуш.

    Ташқарига
    Чиқиб боқаман –
    Боғим бўм-бўш, бўм-бўшдир само.
    “Чирқ-чирқ” этар
    Қайдадир бир қуш –
    Кўзларимга кўринмас, аммо.

    Қайта-қайта
    Чиқаман яна,
    “Чирқ-чирқ” этар қайдадир бир қуш.
    Чорбоғ совуқ,
    Совуқдир хона,
    Бу йил жуда совуқ келди қиш.

    “Чирқ-чирқ” этиб
    Янграр маъюс сас
    Ва кўксимда уйғонар титроқ.
    Мен совуқдан
    “Қалт-қалт” титрайман,
    Ёполмайман эшикни бироқ…

    1987

  3. Assallomu allaykum ustoz tavalut ayomingiz muorak bolsin murmat bila
    Zarif kitobxon

Izoh qoldiring