Jamol Kamol. She’rlar & Xurshid Davron. Ko’ksi kuyuk shoir

Ashampoo_Snap_2018.01.15_14h43m47s_001_.png

  26  апрел — Ўзбекистон халқ шоири, устоз Жамол Камол таваллуд тпган кун

   Шоир шеърияти, энг аввало, руҳий қашшоқликка қарши бўлган шеъриятдир. Узоқ йиллар адабиётда ҳукмрон бўлган руҳониятсизликка ғайри, бир неча ўн йилликлар давом этган шеъру насрнинг инсонийликдан йироқ ва ҳиссиз шиорбозликка маҳкум этилганини рад этган, ҳавосиз муҳитда ҳавони соғинган, юракларни ҳаво билан тўйинтирмоқ истаган шеъриятдир.

Хуршид Даврон
КЎКСИ КУЙИК ШОИР
07

 Қаттол шўро тузумининг  жазо болтаси Абдурауф Фитрат, Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон, Усмон Носир каби буюк боболаримиз жонига қасд қилган мудҳиш йиллар ҳақида ўйлаганимда бир синоатдан ҳайратга тушаман. Бу сиру синоат айнан ўша қатағон палласида шаҳид боболаримиз қўлидан тушган машъалани замонлар ўтиб кўтаришга чоғланган шоирларнинг дунёга келиши билан боғлиқ:  Эркин Воҳидов, Жамол Камол, Маъруф Жалил, Чўлпон Эргаш…

Яратган Эгамиз қатл этилган шавкатли инсонлар сафини тўлдирганими бу?!

* * *

Жамол-Камол.jpgЖамол Камол мансуб авлоднинг адабиётимиздаги ўрнини англаш учун 40-50 йиллар китобларини варақлаб кўриш лозим. Ярим асрча аввал бу китоблар, хусусан, 50-йиллардан бошлаб “ўзбек шеърияти сиймолари”га айланган шоирларнинг сайланмалари билан танишганимда юзага келган адабий аҳволнинг нечоғли аянчли ва ночор бўлганини кўриб ларзага тушганман. “Сиёсий лирика” ақидасига тўлиқ бош эгган ўша давр шеъриятининг ёлғону сохта ғоялар ботқоқига ғарқ бўлганидан ачинганман. Ўша йилларда фақат сиёсат тарозисига мос келган колхоз, трактор, завод, фабрика, қурилиш, пахта сўзлари тўлиб-тошган шеъру достонлар олқишланар, кўкларга кўтариб мақталар, юксак мукофотлар билан тақдирланар эди. 20-30 йилларда адабиётга кириб келган, аммо устозлари қатл этилганига гувоҳ авлоднинг энг умидли вакиллари руҳиятини мавжуд сиёсат кўлкаси тўла чулғаб олган эди. Фақат иккинчи жаҳон уруши йилларида қисман жонланган шеъриятимиздаги мажҳуллик, умумий руҳ:

Пахта деса, кўз олдига келади ўзбек,
Ўзбек деса, кенг пахтазор бўлар намоён

тарзида 60-йилларгача давом этди. Айни ўша йиллари адабиётга кириб келган тенгдошлари қаторида Жамол Камол ҳам ўзбек шеъриятининг янги уйғониш мавсумига асос солди. Тоза нафас авлод ҳатто Ойбек, Миртемир каби устозлар ижодида янги бир палланинг бошланишига сабабчи бўлди.

Бу ҳақда айтишимдан мақсад Жамол Камол авлоди қандай шароитда адабиётга кириб келганини эслатишдан иборат.

* * *

Мен устоз шоир шеърлари билан ҳали ўрта мактабда ўқиб юрганимдан танишман. Уларни таништирган Шуҳрат акамнинг шоир синфдоши Аҳмаджон ака эди. Кейинчалик Аҳмаджон Жума Хишравий тахаллуси билан ижод қилган бу инсон ўша пайтдаёқ ўзини Жамол ака  шеъриятининг ашаддий мухлиси эканини намоён этган, бизнинг уйимизда тўпланадиган жўралари даврасида ўзига хос қироату ихлос  билан Жамол Камол  саккизликлари ва ғазалларини ўқиб берарди. Даврадан ташқарида, деразадан ичкарига мўралаган ўн икки яшар болакай —  мен ҳам бундай мушоиралардан завқланардим.

Жамол Камол бир мақоласида “Болаликдан Бобур рубоийларини ёд олганман, кейин Навоий ғазалларини…” деб ёзади. Айни шу сабабдан бўлса керак,шоир ўзининг илк шеърларидаёқ “сиёсий лирика”дан йироқлигини, азалий, бобомерос  туркча ва ўзбек шеърий ақидаларни эътироф этган, фақат ўзига хос оҳангу ранг топа олган миллий шуурли ижодкор эканини намойиш эта билди.

Шоир шеърияти, энг аввало, руҳий қашшоқликка қарши бўлган шеъриятдир. Узоқ йиллар адабиётда ҳукмрон бўлган руҳониятсизликка ғайри, бир неча ўн йилликлар давом этган шеъру насрнинг инсонийликдан йироқ ва ҳиссиз шиорбозликка маҳкум этилганини рад этган, ҳавосиз муҳитда ҳавони соғинган, юракларни ҳаво билан тўйинтирмоқ истаган шеъриятдир. Шоирнинг ҳар бир шеъри ҳаракатсиз жамиятга руҳ бермоқни истаган тафаккурдан, юксак мақомли илҳомдан  туғилган.

* * *

Табиий, ҳар бир китобхону ижодкор қаторида менинг ҳам қайта- қайта ўқийдиган шеърлариму китобларим бор. Уларнинг ичида Жамол аканинг “Қадаҳ” номли китоби, “Сувайдо” шеъри бор. Биринчи ўқиганимдан кўнглимнинг тўридан жой олган бу шеърни ХХ аср ўзбек шеъриятининг энг сара асарларидан бири сифатида баҳолайман. Бу шеър  кўкси куйик шоирнинг  ўзига хос ҳаётий ва ижодий чақириғи эди:

Буюк Навоийнинг бош луғатида
Не-не тушунчалар пинҳону пайдо,
Ўша олам-жаҳон сўзлар қатида
Аломат бир сўз ҳам келур – “сувайдо”

Юрак ўртасида нуқта эмиш у,
Қора нуқта эмиш, куйик бир нуқта.
Хаттотлар хатидек пухта эмиш у,
Кимларда жизғанак, кимларда сўхта.

Мараздан туғилса — хунук эмиш у,
Ғараздан туғилса— умрнинг шўри.
Ҳавасдан туғилса — туйнук эмиш у,
Ҳасаддан туғилса — қора бир мўри…

Ҳижрондан туғилса — қонли бўлармиш,
Армондан туғилса — дардли қорачиқ.
Ҳамиша кўз каби жонли бўлармиш,
Ҳамиша кўз каби оламга очиқ…

Ҳақиқат ўшандан мўралар эмиш,
Имон ҳам ўшанга боғли эмиш бот.
Диёнат ўшандан яралар эмиш,
Ўшандан ёғармиш элга эътиқод…

Одамлар бировни буюк деганда,
Балки шу жиҳатни назарга илган.
«Хусрав кўксидаги куйик» деганда —
Саъдий сувайдони шараф деб билган*.

Ҳой, инсон, йўлингда ёр бўлсин омад,
Ёр бўлсин азалдан адамгача то.
Эндиги ҳамма гап шундадир фақат:
Қалбингдан жой олмиш қайси сувайдо?

Куйгансан шам каби ё машъалмисол,
Куйикдир кўксингга «дард» деб уйганинг.
Лекин сен ўртаниб-куйганда алҳол,
Юртим, ватаним, деб борми куйганинг?

Ёнгансан, ёндирган қанча муаммо,
Муаммо ечгансан ёниб эрта-кеч.
Яшамоқ азмида ёнаркан аммо,
Элим деб, тилим деб, ёнганмисан ҳеч?

Ёнингдан бепарво ўто билмадим.
Бенасиб эмасман дардингдан, башар.
Менинг ҳам юрагим жазиллар, балким
Менинг ҳам қалбимда сувайдо яшар…

Бағримга доғ қўймиш қайси бир алам?
Бу қайси аламнинг муҳри, касрати?
Ўғлини тупроққа қўйганди оғам,
Балки бу ўшанинг доғи-ҳасрати.

Дўст ҳам йиғлар эмиш ҳабиб олдида,
Юзимда кўз ёшим изи шашқатор.
Юртидан айрилган ғариб олдида
Менинг ҳам бош эгиб йиғлаганим бор…

Сувайдо жонларда яшайди мутлақ,
Биз билан келгандир, биз билан кетар.
Сувайдода мардлик акс этади — ҳақ,
Лекин номардлик ҳам унда акс этар.

Оқшомлар юраман хаёлга тўлиб,
Бошимда юлдузим бўлур ҳувайдо.
Мен унга ҳар сафар боқсам термилиб,
Шаффоф сийнасида — қора сувайдо…

* * *

Жамол Камол бизни Машриқу Мағрибнинг икки юксак устуни: Мавлоно Жалолиддин Румий ва Вильям Шекспир дунёси билан таништирди. Устознинг бошқа таржималарини санаб ўтирмайман. Аммо, ишончим комилки, биргина Мавлоно ва Шекспир асарларининг таржимасига сингган беназир меҳнатининг ўзи Жамол Камол таржима мактаби ҳақида сўз юритишга асос бўлади.

Жамол аканинг сўнгги йиллардаги жамиятимизда кечган ва кечаётган жараёнларга бағишланган публицистикаси ҳақида гапирмасликнинг иложи йўқ. Ҳушёр кузатув, теран таҳлил, мамлакат ҳаётига фаол дохиллик бор бу асарларда. Яна энг муҳими, бу асарларда адабиётнинг жамият ва инсон ҳаётидаги ўрни ҳақида айтилган рост ва аччиқ ҳикмат бор: “Дунёдаги барча фанлар бир тараф, адабиёт бир тараф. Барча фанлар танингга хизмат қилади, адабиёт жонингга, руҳингга. Хўш, руҳ нима? Руҳ – сенинг инсонлигинг…”

* * *

Жамол Камол устоз Эркин Воҳидовга бағишланган мақоласида ёзади: “Ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида адабиётга кириб келган, бугун ёши етмишдан ошиб, саксонга яқинлашаётган ижодкорларни Эркин Воҳидов авлоди дейиш мумкин. Бу авлод адабиётимизни бир неча масофа олға сурди, шеъриятимиз байроғини янада баланд кўтарди. Мен ана шу авлодга мансублигим билан фахрланаман”.

Мен ҳам ўша шонли  авлодга шогирд эканимдан фахрланаман, уларга изма-из, ўзбек шеъриятининг юксак довонида дадил бораётган устоз Жамол Камол қорасини, кўксида ловуллаб турган ўтни назардан қочирмай, йўли узоқ бўлишини Яратгандан сўраб, йўл босаман.

2018

Жамол КАМОЛ
ШЕЪРЛАР
07

  09 Жамол Қамол 1938 йили Бухоро вилоятининг Шофиркон туманидаги Читкарон қишлоғида туғилган. Ота-онадан эрта айрилгач тоғаси қўлида тарбия кўрди. Бухоро педагогика институтининг  тарих-филология факультетида таҳсил олди. Ўқишни тугаллаб, шу ерда ўқитувчилик қилди. “Бухоро ҳақиқати” вилоят газетасида (1965-1969) ишлади. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тил ва адабиёт институтида аспирант бўлиб, “Лирик шеъриятда композиция” деган мавзуда номзодлик диссертациясини ёқлади (1969-1972). Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Бухоро вилояти бўлими масъул котиби (1970-1972), кейинчалик Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси лавозимларида фаолият олиб борди.

Унинг “Олам кирар юрагимга” номли биринчи шеърий тўплами 1968 йилда чоп этилди. Шундан сўнг  “Чўққиларга ёғилди ёғду” (1971), “Тош туғён” (1973), “Ҳасан ва ой” (1974), “Қуёш чашмаси” (1975),  “Достонлар” (1978),  “Тафаккур” (1979), “Сувайдо” (1983), “Умидли дунё” (1988) тўпламлари, “Армон”, “Варахша”,  “Эшикдаги ой тўлқини”, “Тош туғён”, “Шаҳрибону” каби достонлари нашр  этилди.

Вильям Шекспирнинг “Ҳамлет”, “Отелло”, “Антоний ва Клеопатра”, “Қиш эртаги”, “Венеция савдогари”, “Қирол Генрих IV”, “Макбет” каби ўндан ортиқ драмаларини бевосита инглиз тилидан ўзбек тилига таржима қилди.

Сўнгги йилларда  унинг  “Аср билан видолашув” (Сайланма, 2007), “Яна кўнглимда уч ой” (2010), “Сафар дафтари” (2012), «Бош устина, бош устина» (2016)  сингари бир қатор асарлари чоп этилди. Жалолиддин Румийнинг “Маснавий маънавий” (2002-2004), Ҳазрати Алининг “Девон”и (2006), Фаридиддин Атторнинг ‘Мантиқ ут тайр” (2006) ҳамда “Илоҳийнома”, “Асрорнома”, “Панднома ва булбулнома”, “Ҳикматлар” (2007-7012), Абдураҳмон Жомийнинг “Гулшанингда сўлмасин Гул” (2008),  Вильям Шекспирнинг “Сонетлар” (2009),  Алишер Навоийнинг “Фоний гулшани” (2011) каби  жами йигирма еттита асарни она тилимизга ўгирди. Шунингдек, Радий Фишнинг “Жалолиддин Румий”, Сотим Улуғзоданинг “Фирдавсий” каби романлари таржимаси ҳам Жамол Камол қаламига мансубдир.

У публицист сифатида “Маккайи Мукаррама, Мадинайи Мунаввара” (1992), «Буюклардан буюк Муҳаммад алайҳиссалом» ( 2017) асарини яратиб, исломий маърифат ва маънавиятнинг ривожига ҳисса қўшди.

Жамол Камол адабиётимиздаги муносиб хизматлари учун 1992 йилда “Ўзбекистон халқ шоири” унвонига сазовор бўлди.

07

ШЕЪРИЯТ

Кўл ётарди тоғларга туташ,
Мавжларига шамоллар шайдо.
Бир болакай, нигоҳи оташ,
Бўлди бир кун соҳилда пайдо.

Уфқларга талпинган зилол
Кўзларига бўларкан пайваст,
Бир зум қолди ҳайрат ичра лол,
Ҳаяжонда лол қолди бирпас.

Дам бир ҳадик, дам ҳавас билан
Мовий кўлга боқди болажон.
Бир хўрсиниш учди лабидан,
Юрагига тушди бир армон.

Эгилди-ю, садаф қайроқни
Мовий кўлга ташлади аста.
Сув бетида яшнаб бир оний,
Пайдо бўлди зилол гулдаста.

Яна отди, яна… пайдар-пай,
Юлдуз бўлиб сочилди тўзон.
Кўл чайқалди, тошди болакай,
Унут бўлди жумлаи жаҳон.

Шовуллаган тўлқинли дунё
Хаёлини қамради қучиб.
Бир пайт боқса, турар шалаббо,
Кўл ичида белдан сув кечиб.

Энтикди-ю, ўзни серғулув
Тўлқинларга отди болажон.
Сузар бўлса, иқболга ёр у,
Чўкар бўлса, фидойи бир жон…

1964

ТУН ЧОРЛАЙДИ

Тун — қора қош, барно келинчак,
Кўзим тўймас боқишларига.
Тун тўлдириб қўйнига чечак,
Мени чорлар оғушларига.

Нур хандаси маст айлаб мени,
Гул нафаси бўлиб муродим,
Меҳри дилим аён этгали
Аста-аста ташлайман одим.

Ой балқитиб, чақнатиб юлдуз,
Тун қаршимда кулар жилвагар.
Роз этарми, сўйларми бир сўз,
Жамолига сиғинсам агар?..

Мен юраман, қочар зебо тун,
Лекин имлар қучоғи сари.
Шуълалардан — чиройи гулгун,
Уфқлардан — олтин камари…

Мен юраман, қочар зебо тун,
Лекин очар сирли бир оғуш.
Мени чорлаб йўлларга бутун
Соялардан пойандоз солмиш…

Ҳар қадамда янгича фусун,
Янги жило, янги ифода.
Тун сингари соҳиби ҳусн,
Гулшани дил борми дунёда?

Ой сочаркан кўзимга ёғду,
Маст айламай кечган туним йўқ.
Йироқларга бошлаб кетар у,
Саҳаргача менда тиним йўқ.

Тонг нурига тун бўлур таслим,
Мен гўёки сирли соҳилда —
Ёр изидан боққан каби жим,
Термуламан, соғинчи дилда.

Эгнида гул, бошида само,
Бир гўзалки, зебо, сурмакаш,
Кўзларида ишваю имо,
Мени чорлар бағрига яккаш…

1964

ЎЗБЕКИСТОН ТУНИ

Агар ўйларимни қопласа булут,
Агар умидларим қолса беқанот,
Агарда қалбимни қуршаса сукут,
Агар адо бўлса руҳимда сабот;
Борлиғим банд этиб яшаш озори,
Совуқ туманига мени ўраса,
Қизиса афсуснинг аччиқ бозори,
Хаёл ўкинчларга мени судраса,
Шу замон шафқат-ла бошимга келиб,
Қаддимни суямоқ асло шарт эмас,
Ўзбекистон туни бошинг узра, деб —
Менинг қулоғимга шивирлангиз, бас…

Қоматим чинордек ростланар шу он,
Кўнглим типирчилар кўкка умтилиб.
Болаликдан ошно, фируза осмон
Чарх урар бошимда шафқатга тўлиб.
Ажиб сурур бўлар жонимга ҳамроҳ,
Менга паноҳ бўлар мўъжиза бир тун.
Мен унга маҳлиё, мафтунман, аммо,
У кимга маҳлиё? У кимга мафтун?
Бу юртда шукуҳи, кўркини бир-бир
Тунларга бағишлар қайноқ кундузлар.
Элимнинг беҳисоб армонларидир
Самога сочилган миллион юлдузлар.

Хаёлдай чеки йўқ, ойдин уфқлар
Халқимнинг уфқдай хаёлин айтур.
Тўлин ой таратиб уфқларга зар,
Ўзбек туйғусининг тимсолин айтур.
Доҳий табиатдан элимга эҳсон
Сеҳру синоатни бўлурму ўлчаб?
Бу тунлар жамолин бир кўрган инсон
Юртига кетолмай қолса, не ажаб.
Муҳаббат соларкан бошига савдо,
Ҳаёт солар экан руҳига жунун,
Дардини тунларга сўйламиш Лайло,
Бахтини тунлардан изламиш Мажнун…

Роҳатда мудрайди хазина тупроқ,
Ҳар лаҳза депсиниб мўътабар жони.
Боғ аро эпкиннинг мавжида шу чоғ
Алишер қалбининг ширин жавлони…
Бу қадам шарпаси… азиз онага
Умрбод толенинг юлдузидай нек.
Юлдузларга ёндош расадхонага
Мағрур чиқиб борар султон Улуғбек…
Уфқдан уфққа ёйилган фалак,
Дарёларни қучиб, мудраган воҳа…
Ўзбекистон туни, ўзингсан бешак
Беруний топинган буюк илоҳа!

Улуғ боболарнинг руҳига хитоб
Тоғларнинг тун аро ярқироқ боши.
Ҳув, танҳо булоқда тошади шу тоб
Бечора Фурқатнинг ҳақир кўз ёши…
Ширин бир хўрсиниш кезар ҳавода,
Баъзан қанот ёзар аламли бир оҳ.
Ўтмиш ва истиқбол мисли шаббода
Нозли тун сочини силайди, аммо —
Сокин бир дарчада титрайди чироқ,
Онажон бағрида дўмбоқ кенжаси.
Ширин тушлар кўриб тамшанар шу чоқ
Ўзбек тупроғининг гўдак хўжаси…

Она каби олиб боши узра тин,
Ҳаттоки тун қилар унга табассум.
Менинг ҳам хаёлим ёзиб қанотин,
Шу гўдак бошидан айланар ҳар зум.
Ярқираб кўринар қадим Бухоро,
Ярқираб кўринар гўзал Фарғона.
Эҳ, шу ширин фурсат, шу гўзал асно
Маъсум юлдузингни уйғотгил, она!
Уйғот, барқут тунга термилсин тўйиб,
Сўнгсиз сурур билан симирсин нафас.
Ўзбекистон туни бошинг узра, деб
Унинг қулоғига шивирласанг, бас…

1965

СУВАЙДО

Буюк Навоийнинг бош луғатида
Не-не тушунчалар пинҳону пайдо.
Ўша олам-жаҳон сўзлар қатида
Аломат бир сўз ҳам келур — сувайдо…

Юрак ўртасида нуқта эмиш у,
Қора нуқта эмиш, куйик бир нуқта.
Хаттотлар хатидек пухта эмиш у,
Кимларда жизғанак, кимларда сўхта.

Мараздан туғилса — хунук эмиш у,
Ғараздан туғилса— умрнинг шўри.
Ҳавасдан туғилса — туйнук эмиш у,
Ҳасаддан туғилса — қора бир мўри…

Ҳижрондан туғилса — қонли бўлармиш,
Армондан туғилса — дардли қорачиқ.
Ҳамиша кўз каби жонли бўлармиш,
Ҳамиша кўз каби оламга очиқ…

Ҳақиқат ўшандан мўралар эмиш,
Имон ҳам ўшанга боғли эмиш бот.
Диёнат ўшандан яралар эмиш,
Ўшандан ёғармиш элга эътиқод…

Одамлар бировни буюк деганда,
Балки шу жиҳатни назарга илган.
«Хусрав кўксидаги куйик» деганда —
Саъдий сувайдони шараф деб билган*.

Ҳой, инсон, йўлингда ёр бўлсин омад,
Ёр бўлсин азалдан адамгача то.
Эндиги ҳамма гап шундадир фақат:
Қалбингдан жой олмиш қайси сувайдо?

Куйгансан шам каби ё машъалмисол,
Куйикдир кўксингга «дард» деб уйганинг.
Лекин сен ўртаниб-куйганда алҳол,
Юртим, ватаним, деб борми куйганинг?

Ёнгансан, ёндирган қанча муаммо,
Муаммо ечгансан ёниб эрта-кеч.
Яшамоқ азмида ёнаркан аммо,
Элим деб, тилим деб, ёнганмисан ҳеч?

Ёнингдан бепарво ўто билмадим.
Бенасиб эмасман дардингдан, башар.
Менинг ҳам юрагим жазиллар, балким
Менинг ҳам қалбимда сувайдо яшар…

Бағримга доғ қўймиш қайси бир алам?
Бу қайси аламнинг муҳри, касрати?
Ўғлини тупроққа қўйганди оғам,
Балки бу ўшанинг доғи-ҳасрати.

Дўст ҳам йиғлар эмиш ҳабиб олдида,
Юзимда кўз ёшим изи шашқатор.
Юртидан айрилган ғариб олдида
Менинг ҳам бош эгиб йиғлаганим бор…

Сувайдо жонларда яшайди мутлақ,
Биз билан келгандир, биз билан кетар.
Сувайдода мардлик акс этади — ҳақ,
Лекин номардлик ҳам унда акс этар.

Оқшомлар юраман хаёлга тўлиб,
Бошимда юлдузим бўлур ҳувайдо.
Мен унга ҳар сафар боқсам термилиб,
Шаффоф сийнасида — қора сувайдо…

1979

* Шайх Саъдий: «Ҳар ким у дунёда бир нарса билан фахрланиши керак. Мен мана шу турк (шоир Хусрав Деҳлавий)нинг кўксидаги куйик билан фахрланаман»,— деган.

МЕНИНГ УВОҚ ШЕЪРИМ — МЕНИНГ ДИЛПОРАМ
Туркумдан

* * *

Қаршимда турибди умрим бир куни,
Менинг увоқ шеърим — менинг дилпорам
Тонг сийлаган, оқшом опичган уни,
Бир сатрида севинч, бир сатрида ғам.

Агар ғамгин бўлсанг, севинчим — нажот,
Шод бўлсанг, ол мана, ғамимни бердим.
Қанотинг бўлайин, сен ҳам бўл қанот,
Ҳамдардинг бўлайин, бўлган ҳамдардим.

* * *

Кўкка боқиб сукут сақлайди замин,
Ерга боқиб осмон сақлайди сукут.
Кўкнинг сукутида қанчалар мазмун,
Ернинг сукутида қанчалар ўгит…

Кўкдай бўлса ҳамки юксак, баркамол,
Ердай сукут сақлаб туради оқил.
Бирпас сукут саклаб, ҳолингга кўз сол,
Бирпас сукут сақлаб, оламга боқгил…

* * *

Кўзда ёши билан кулади бола,
Илҳом асир этган шоирга монанд.
Шоир ҳам боқармиш ёруғ оламга
Боланинг мусаффо кўзлари билан.

Ажаб сеҳрлидир бу икки дунё:
Бирпасда севинчу бирпасда қайғу.
Бири эрмак излаб, топади маъно,
Бири эртак сўйлаб, айтади орзу…

* * *

— Тақдир, мени нега инсон яратдинг,
Кўксимда шодлигу ғамдан юз нишон.
— Мен сенга қалб ила шуур бахш этдим,
Билгин деб ҳирс нима, нимадир ҳайвон.

— Тақдир, нега мени меҳмон яратдинг,
Ярқ этган чақиндек кетгум бегумон.
— Мен сенга ўлчовли умр бахш этдим,
Билгин деб ишқ нима, нимадир инсон…

* * *

Сени ёндирдилар, сени сотдилар,
Неча бор қатлингга ичдилар қасам.
Ва лекин ўзлари қонга ботдилар,
Ва лекин ўзлари топдилар барҳам.

Сен эса жаҳонда собитсан ҳамон,
Собитсан, ватанлик шарафинг оқлаб.
Келганлар ҳолига боқарсан ҳайрон,
Кетганлар ёдини ёдингда сақлаб…

* * *

Бир боққа ўт кетди қўрқинч, беаёв,
Чинорлар гурсиллаб йиқилди беҳол.
Шамол изғиб, ёнғин соларкан талов,
Оловга бурканди ёшгина ниҳол…

Ёнаркан, жонланди ширин тушлари…
Етук дарахт эмиш… о гўзал рўё!
Бошида чарх уриб жаннат қушлари
Олтин меваларин чўқирмиш гўё…

* * *

Оламнинг ҳусни, деб аталган инсон
Оламга келармиш фақат фард бўлиб.
Лекин сочилармиш бир кун гард бўлиб,
Юракни ёқармиш кейин дард бўлиб…

Оламнинг ҳусни, деб аталган инсон,
Мард бўлиб яшагин, фақат мард бўлиб.
Кейин сочилсанг ҳам майли гард бўлиб,
Кейин ёндирсанг ҳам майли дард бўлиб…

* * *

Кўҳна уй бузилди… тўкилди жарга,
Тош поралар худди яраланган қуш.
Қуюқ тўзон аро янгради шунда
«Ҳой, бепарво инсон!»— деган бир товуш.

Қечмишинг, ҳасратинг ҳар тошимга жо,
Кимлигинг сўйлайди мендаги кукун.
Бугун-ку, беписанд кўмасан, аммо,
Аммо яна қазиб оласаи бир кун…

* * *

Бир қушча йиғлайди бўғот тагида,
Увоққина қалби қайғуга тўлиб.
Не ажаб, бир қатра ёш пардасидан
Олам кўринади ёшга ғарқ бўлиб…

Бир қушча қувнайди бўғот тагида,
Увоққина қалби қувончга тўлиб.
Не ажаб, бир қатра нур пардасидан
Олам кўрииади нурга ғарқ бўлиб…

* * *

Сенинг ишқинг менга бир коса сувдир,
Лабларим қовжираб, боқаман ташна.
Ичмасам — шарбатдир, ичсам — оғудир,
Ўзинг нажот кўрсат, ўзинг йўл бошла.

Ишқинг — тоғлар аро гўзал оҳудир,
Отсам — дилпораман, отмасам — дилхун.
Жоним, ишқинг менга ажаб қайғудир.
Тортсам — савдойиман, тортмасам — мажнун…

БИР КЕЧА

Бир кеча кўнглим уйи шодон эди,
Булбул ўқиб, қумри ғазалхон эди,
Шул кеча маҳваш менга меҳмон эди,
Вой, уни маҳваш демаким, жон эди.
Вой, уни маҳваш демаким, жон эди…

Тоғ эди, тоғ бошида орзу каби
Нашъали бўстон эди, бўстон эди,
Сўйлар эдим, сўйлар эдим мен тўлиб,
Ул эса хандон эди, хандон эди.
Бир кеча маҳваш менга меҳмон эди.
Вой, уни маҳваш демаким, жон эди.

Бошида юлдузли, мусаффо фалак,
Пойида тўлқинли Зарафшон эди.
Ой бўлиб оламга боқаркан малак,
Кўзлари чўлпон эди, чўлпон эди.
Бир кеча маҳваш менга меҳмон эди,
Вой, уни маҳваш демаким, жон эди.

Маскан эди бизга само, беҳазил,
Ўйларимиз — орзую армон эди,
Нур ила оташда ёниб икки дил,
Нур тўла, оташ тўла даврон эди.
Бир кеча маҳваш менга меҳмон эди,
Вой, уни маҳваш демаким, жон эди…

ҚОЛДИ УМРИМ КЎКЛАМИ…

Қолди умрим кўклами кечмиш йўлим сўқмоғида,
Қатра нуру катра кўз ёшим ёнар япроғида…

Қатра-қатра шабнамида шодлигимдир ёширин,
Ёшириндир ҳасратим ҳам қатра-қатра доғида.

Қатра-қатра нур тўкиб, бошимда ёнди юлдузи,
Ўпдим илҳом қатрасини ғунчайи титроғида.

Маст этиб кўнглимни бир дам, яшнади армонларим,
Акс этиб жонон фаслнинг чақнаган чақмоғида.

Ҳисларим селларга қўшдим,  оқди анҳори азим,
О, ўзим саргашта қолдим термулиб қирғоғида.

Эй Жамол, ёзинг етишди, битди умринг кўклами,
Бир парининг бир нафаслик бўсайи қайноғида…

Қ А Д А Ҳ

Қатра-қатра ёш тўкарда мисли бир лайло қадаҳ,
Ҳам чекар меҳри—вафодин оҳи вовайло қадаҳ…

Бас, ҳаёт базмидадирсан, майпарастсан, ўйлаким,
Умри инсон ҳам мисоли — нур тўла паймо кадаҳ.

Тонг — лабо-лаб жом эса, оқшом — тўла паймонадир.
Кун — яна танҳо қадаҳдир, тун яна танҳо қадаҳ.

Лаҳза-лаҳза ҳар нафас ҳам бир қадаҳдир, эй рафиқ,
Сипқорурмиз гоҳи шодон, гоҳи ғамосо қадаҳ…

Кимга шавкат — бир қадаҳдир, шон—қадаҳдир ким учун.
Манга дилбар шеъру илҳом, Савти Насрулло — қадаҳ!

Бас, ҳаёт базмида маст — эрсам-да, аммо, йўқ, демам,
Ногаҳон яшнаб узатса  ул кўзи шаҳло қадаҳ.

Нози дилдор — бир қадаҳдир, бир қадаҳдир — рози дил,
Лекин устозлар каломи — чин  қадаҳ, аъло қадаҳ.

Ул қадаҳким, кимки ҳушёр — эрди, ҳушёр айлади,
Худнисанд мастларни аммо айлади расво қадаҳ.

Дўст кадаҳ сунди Жамолга, тарки истиғно керак,
Тенг бўлурму бунга, ё раб,  тутса гар дунё қадаҳ!..

НАВОИЙ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

Йўқ, чақиндин эрмас ул, осмон қизил, сориғ, яшил,
Ё шафақдин ҳар тараф рахшон қизил, сориғ, яшил,
Ё чаманда лолаю райҳон қизил, сориғ, яшил,
Хилъатин то айламиш жонон қизил, сориғ, яшил,
Шуълайи оҳим чиқар ҳар ён қизил, сориғ, яшил.

Зарра шафқат деб ўтиндим мен мунаввар моҳдин,
Бир ишорат деб кутиндим боз ўшал даргоҳдин,
Воҳким, додимга имдод етмади дилхоҳдин,
Гулшан эттим ишқ саҳросин самуми оҳдин,
Ким эсар ул дашт аро ҳар ён қизил, сориғ, яшил.

Нолишим тонгларда, дардимнинг қамолидин эрур,
Кипригим чанги ҳужумларнинг шамолидин эрур,
Барчаси савдойи ишқимнинг камолидин эрур,
Орази, холинг била хаттинг хаёлидин эрур,
Кўзларимнинг олдида даврон қизил, сориғ, яшил.

Топмадим ҳаргиз омонлик лабларинг бедодидин,
Ёш тўкарман кеча-кундузлар кўзинг жаллодидин,
Вой, ишондим, сенча золим йўқ башар авлодидин,
Шишадек кўнглимдадир гулзори ҳуснинг ёдидин,
Тобадонинг аксидек алвон қизил, сориғ, яшил.

Лаҳзада оташмену, сувмен ҳамоно лаҳзада,
Лаҳза-лаҳза жисму жоним, боқки, бундоқ ларзада,
Соқиё, қаршингда турган бир ғарибу ғамзада
Лолагун май тутқил олтин жом бирлан сабзада,
Ким булардан яхши йўқ имкон қизил, сориғ, яшил,

Гарчи чин сабру қаноат ёр эрур беҳад, валек,
Ҳам неча дўсту анис ғамхор эрур беҳад, валек,
Чораи карвонда гарчи нор эрур беҳад, валек,
Фақраро беранглик душвор эрур беҳад, валек,
Ҳирқада тикмак эрур осон қизил, сориғ, яшил.

Эй қалам, сургин рақам, роҳатни зинҳор истама,
Эй кўнгил, илҳоминг иста, ўзга дилдор истама,
Эй Жамол, шеър зийнатига шамси анвор истама,
Эй Навоий олтину, шингарфу, зангор истама,
Бўлди назминг рангидин девон қизил, сориғ, яшил.

ФУЗУЛИЙ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

Сеҳр айламиш то бир ажаб нозик-адо мани,
Солмиш, кўрингким, не ажаб ўтларга, оҳ, мани,
Ё бахт, кўйида оқибат айла фидо мани,
Ё раб, балойи ишқ ила қил ошно мани,
Бир дам балойи ишқдин этма жудо мани.

Ё ишқ, ҳифзу ҳимоятингни аҳли дарддин,
Андоқ меҳри бағоятингни аҳли дарддин,
Ҳам ул тариқи оятингни аҳли дарддин,
Оз айлама иноятингни аҳли дарддин,
Яъники, чўх балоларга эт мубтало мани.

Отқил мани оташлара, бер бўйла роҳатим,
Самандардек ўтлар кечиб, ёнмоқ — саодатим,
Шу кўнгил — шоҳидимдир, шу олам — шаҳодатим,
Улгунча кўтарма асло балодан иродатим,
Мен истарам балони, чун истар бало мани.

Тилагимни васлу ҳажраро ғурбатда қилма суст.
Талабимни қалбу қон аро қудратда қилма суст,
Туғёнимни тошир-тошир, шиддатда қилма суст,
Тамкинимни балойи муҳаббатда қилма суст,
То дўст таън этиб, демая бевафо мани.

Ошир юракда шавқини шавқи баҳориминг,
Ёйгил овозасин япа оламда бориминг,
Олиб раҳматин бу кўнгил, ошифта — зориминг,
Гетдикча ҳуснин айла зиёда нигориминг,
Галдикча дардига батар эт мубтало мани.

Айла кўнгилни шуъламакон фикратиндаким,
Оқсин кўзимдин шуъла тамом ҳасратиндаким,
Жонимни тобла андоқ ҳижратиндаким,
Ўйла, заиф қил таними фурҳатиндаким,
Васлина мумкин ўла етурмак сабо мани.

Ё ишқ, бир дам санамимга ёвуш, додим санго,
Шафқат сол кўнглига, яна етказ кўнглим анго,
Жамолни ёр васлига муяссар этсанго,
Наҳват қилиб насиб Фузулий каби манго,
Ёраб, муҳайяд айлама мутлақ манго мани…

МАШРАБ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

Менга моҳи талъатинг кўрмоққа энди ҳад эмас,
Лаб очиб, дардим баён этмоққа ҳам рағбат эмас,
Ўлтирибман зору гирён, юргали ҳолат эмас,
Чун қўлим бирла оёғим боғламоқ ҳожат эмас,
Мен ўлимга розиман, чун тургали тоқат эмас.

Манглайим шўрдир азалдин, сен яна шўр айлама,
Кўзларим ҳам тийракомдир, энди сен кўр айлама,
Жавру бедодинг-ку бундоқ, шиддатинг жўр айлама.
Мунча шиддат бирла бошим кесгали зўр айлама,
Баски, одам қони тўкмак сенга ҳам тоат эмас.

Ёнди жоним ҳажр аро, сўнмоқни бир дам билмади,
Кулфату, ранжу аламни ўзгадин кам билмади,
Ўтди шу ҳасратда ёзим, ўтди кўклам билмади,
Умр чун барқи ҳаводис, ғофил одам билмади,
Ою кун оромига бир лаҳзаи фурсат эмас.

Ёрини йиғлатмаган ёри гуландом қайда бор?
Ишқ аро айёми ғамдир, ўзга айём қайда бор?
Мен каби ошиққа маъшуқдин тўла жом қайда бор?
Лашкари хунрез бўлса, сабру ором қайда бор?
Мажнуни девоналарнинг шоҳига роҳат эмас.

Тўхта, ошиқ, оқибат кор қилди афғонинг сени —
Ким, қилич сермаб,бошингга етди жононинг сени,
Баракалло, тиғ аро қолди, Жамол, жонинг сени,
Чун муборак бўлсин, эй Машраб, қизил қонинг сени,
Хўп иш бўлди сенга, жон берганинг офат эмас.

26  aprel  O‘zbekiston xalq shoiri, ustoz Jamol Kamol tavallud topgan kun

Tabiiy, har bir kitobxonu ijodkor qatorida mening ham qayta- qayta o‘qiydigan she’rlarimu kitoblarim bor. Ularning ichida Jamol Kamolning “Qadah” nomli kitobi, “Suvaydo” she’ri bor. Birinchi o‘qiganimdan ko‘nglimning to‘ridan joy olgan bu she’rni XX asr o‘zbek she’riyatining eng sara asarlaridan biri sifatida baholayman.

Xurshid Davron
KO‘KSI KUYIK SHOIR
07

Qattol sho‘ro tuzumining jazo boltasi Abdurauf Fitrat, Abdulla Qodiriy, Abdulhamid Cho‘lpon, Usmon Nosir kabi buyuk bobolarimiz joniga qasd qilgan mudhish yillar haqida o‘ylaganimda bir sinoatdan hayratga tushaman. Bu siru sinoat aynan o‘sha qatag‘on pallasida shahid bobolarimiz qo‘lidan tushgan mash’alani zamonlar o‘tib ko‘tarishga chog‘langan shoirlarning dunyoga kelishi bilan bog‘liq: Erkin Vohidov, Jamol Kamol, Ma’ruf Jalil, Cho‘lpon Ergash…

Yaratgan Egamiz qatl etilgan shavkatli insonlar safini to‘ldirganimi bu?!

* * *

02Jamol Kamol mansub avlodning adabiyotimizdagi o‘rnini anglash uchun 40-50 yillar kitoblarini varaqlab ko‘rish lozim. Yarim asrcha avval bu kitoblar, xususan, 50-yillardan boshlab “o‘zbek she’riyati siymolari”ga aylangan shoirlarning saylanmalari bilan tanishganimda yuzaga kelgan adabiy ahvolning nechog‘li ayanchli va nochor bo‘lganini ko‘rib larzaga tushganman. “Siyosiy lirika” aqidasiga to‘liq bosh eggan o‘sha davr she’riyatining yolg‘onu soxta g‘oyalar botqoqiga g‘arq bo‘lganidan achinganman. O‘sha yillarda faqat siyosat tarozisiga mos kelgan kolxoz, traktor, zavod, fabrika, qurilish, paxta so‘zlari to‘lib-toshgan she’ru dostonlar olqishlanar, ko‘klarga ko‘tarib maqtalar, yuksak mukofotlar bilan taqdirlanar edi. 20-30 yillarda adabiyotga kirib kelgan, ammo ustozlari qatl etilganiga guvoh avlodning eng umidli vakillari ruhiyatini mavjud siyosat ko‘lkasi to‘la chulg‘ab olgan edi. Faqat ikkinchi jahon urushi yillarida qisman jonlangan she’riyatimizdagi majhullik, umumiy ruh:

Paxta desa, ko‘z oldiga keladi o‘zbek,
O‘zbek desa, keng paxtazor bo‘lar namoyon

tarzida 60-yillargacha davom etdi. Ayni o‘sha yillari adabiyotga kirib kelgan tengdoshlari qatorida Jamol Kamol ham o‘zbek she’riyatining yangi uyg‘onish mavsumiga asos soldi. Toza nafas avlod hatto Oybek, Mirtemir kabi ustozlar ijodida yangi bir pallaning boshlanishiga sababchi bo‘ldi.

Bu haqda aytishimdan maqsad Jamol Kamol avlodi qanday sharoitda adabiyotga kirib kelganini eslatishdan iborat.

* * *

Men ustoz shoir she’rlari bilan hali o‘rta maktabda o‘qib yurganimdan tanishman. Ularni tanishtirgan Shuhrat akamning shoir sinfdoshi Ahmadjon aka edi. Keyinchalik Ahmadjon Juma Xishraviy taxallusi bilan ijod qilgan bu inson o‘sha paytdayoq o‘zini Jamol aka she’riyatining ashaddiy muxlisi ekanini namoyon etgan, bizning uyimizda to‘planadigan jo‘ralari davrasida o‘ziga xos qiroatu ixlos bilan Jamol Kamol sakkizliklari va g‘azallarini o‘qib berardi. Davradan tashqarida, derazadan ichkariga mo‘ralagan o‘n ikki yashar bolakay — men ham bunday mushoiralardan zavqlanardim.

Jamol Kamol bir maqolasida “Bolalikdan Bobur ruboiylarini yod olganman, keyin Navoiy g‘azallarini…” deb yozadi. Ayni shu sababdan bo‘lsa kerak,shoir o‘zining ilk she’rlaridayoq “siyosiy lirika”dan yiroqligini, azaliy, bobomeros turkcha va o‘zbek she’riy aqidalarni e’tirof etgan, faqat o‘ziga xos ohangu rang topa olgan milliy shuurli ijodkor ekanini namoyish eta bildi.

Shoir she’riyati, eng avvalo, ruhiy qashshoqlikka qarshi bo‘lgan she’riyatdir. Uzoq yillar adabiyotda hukmron bo‘lgan ruhoniyatsizlikka g‘ayri, bir necha o‘n yilliklar davom etgan she’ru nasrning insoniylikdan yiroq va hissiz shiorbozlikka mahkum etilganini rad etgan, havosiz muhitda havoni sog‘ingan, yuraklarni havo bilan to‘yintirmoq istagan she’riyatdir. Shoirning har bir she’ri harakatsiz jamiyatga ruh bermoqni istagan tafakkurdan, yuksak maqomli ilhomdan tug‘ilgan.

* * *

Tabiiy, har bir kitobxonu ijodkor qatorida mening ham qayta- qayta o‘qiydigan she’rlarimu kitoblarim bor. Ularning ichida Jamol akaning “Qadah” nomli kitobi, “Suvaydo” she’ri bor. Birinchi o‘qiganimdan ko‘nglimning to‘ridan joy olgan bu she’rni XX asr o‘zbek she’riyatining eng sara asarlaridan biri sifatida baholayman. Bu she’r ko‘ksi kuyik shoirning o‘ziga xos hayotiy va ijodiy chaqirig‘i edi:

Buyuk Navoiyning bosh lug‘atida
Ne-ne tushunchalar pinhonu paydo,
O‘sha olam-jahon so‘zlar qatida
Alomat bir so‘z ham kelur – “suvaydo”

Yurak o‘rtasida nuqta emish u,
Qora nuqta emish, kuyik bir nuqta.
Xattotlar xatidek puxta emish u,
Kimlarda jizg‘anak, kimlarda so‘xta.

Marazdan tug‘ilsa — xunuk emish u,
G‘arazdan tug‘ilsa— umrning sho‘ri.
Havasdan tug‘ilsa — tuynuk emish u,
Hasaddan tug‘ilsa — qora bir mo‘ri…

Hijrondan tug‘ilsa — qonli bo‘larmish,
Armondan tug‘ilsa — dardli qorachiq.
Hamisha ko‘z kabi jonli bo‘larmish,
Hamisha ko‘z kabi olamga ochiq…

Haqiqat o‘shandan mo‘ralar emish,
Imon ham o‘shanga bog‘li emish bot.
Diyonat o‘shandan yaralar emish,
O‘shandan yog‘armish elga e’tiqod…

Odamlar birovni buyuk deganda,
Balki shu jihatni nazarga ilgan.
«Xusrav ko‘ksidagi kuyik» deganda —
Sa’diy suvaydoni sharaf deb bilgan*.

Hoy, inson, yo‘lingda yor bo‘lsin omad,
Yor bo‘lsin azaldan adamgacha to.
Endigi hamma gap shundadir faqat:
Qalbingdan joy olmish qaysi suvaydo?

Kuygansan sham kabi yo mash’almisol,
Kuyikdir ko‘ksingga «dard» deb uyganing.
Lekin sen o‘rtanib-kuyganda alhol,
Yurtim, vatanim, deb bormi kuyganing?

Yongansan, yondirgan qancha muammo,
Muammo yechgansan yonib erta-kech.
Yashamoq azmida yonarkan ammo,
Elim deb, tilim deb, yonganmisan hech?

Yoningdan beparvo o‘to bilmadim.
Benasib emasman dardingdan, bashar.
Mening ham yuragim jazillar, balkim
Mening ham qalbimda suvaydo yashar…

Bag‘rimga dog‘ qo‘ymish qaysi bir alam?
Bu qaysi alamning muhri, kasrati?
O‘g‘lini tuproqqa qo‘ygandi og‘am,
Balki bu o‘shaning dog‘i-hasrati.

Do‘st ham yig‘lar emish habib oldida,
Yuzimda ko‘z yoshim izi shashqator.
Yurtidan ayrilgan g‘arib oldida
Mening ham bosh egib yig‘laganim bor…

Suvaydo jonlarda yashaydi mutlaq,
Biz bilan kelgandir, biz bilan ketar.
Suvaydoda mardlik aks etadi — haq,
Lekin nomardlik ham unda aks etar.

Oqshomlar yuraman xayolga to‘lib,
Boshimda yulduzim bo‘lur huvaydo.
Men unga har safar boqsam termilib,
Shaffof siynasida — qora suvaydo…

* * *

Jamol Kamol bizni Mashriqu Mag‘ribning ikki yuksak ustuni: Mavlono Jaloliddin Rumiy va Vilyam Shekspir dunyosi bilan tanishtirdi. Ustozning boshqa tarjimalarini sanab o‘tirmayman. Ammo, ishonchim komilki, birgina Mavlono va Shekspir asarlarining tarjimasiga singgan benazir mehnatining o‘zi Jamol Kamol tarjima maktabi haqida so‘z yuritishga asos bo‘ladi.

Jamol akaning so‘nggi yillardagi jamiyatimizda kechgan va kechayotgan jarayonlarga bag‘ishlangan publitsistikasi haqida gapirmaslikning iloji yo‘q. Hushyor kuzatuv, teran tahlil, mamlakat hayotiga faol doxillik bor bu asarlarda. Yana eng muhimi, bu asarlarda adabiyotning jamiyat va inson hayotidagi o‘rni haqida aytilgan rost va achchiq hikmat bor: “Dunyodagi barcha fanlar bir taraf, adabiyot bir taraf. Barcha fanlar taningga xizmat qiladi, adabiyot joningga, ruhingga. Xo‘sh, ruh nima? Ruh – sening insonliging…”

* * *

Jamol Kamol ustoz Erkin Vohidovga bag‘ishlangan maqolasida yozadi: “O‘tgan asrning oltmishinchi yillarida adabiyotga kirib kelgan, bugun yoshi yetmishdan oshib, saksonga yaqinlashayotgan ijodkorlarni Erkin Vohidov avlodi deyish mumkin. Bu avlod adabiyotimizni bir necha masofa olg‘a surdi, she’riyatimiz bayrog‘ini yanada baland ko‘tardi. Men ana shu avlodga mansubligim bilan faxrlanaman”.

Men ham o‘sha shonli avlodga shogird ekanimdan faxrlanaman, ularga izma-iz, o‘zbek she’riyatining yuksak dovonida dadil borayotgan ustoz Jamol Kamol qorasini, ko‘ksida lovullab turgan o‘tni nazardan qochirmay, yo‘li uzoq bo‘lishini Yaratgandan so‘rab, yo‘l bosaman.

2018

10286762_1112764108773901_2852235245861702854_o.jpgJamol KAMOL
SHE’RLAR
07

Jamol Qamol 1938 yili Buxoro viloyatining Shofirkon tumanidagi Chitkaron qishlog‘ida tug‘ilgan. Ota-onadan erta ayrilgach tog‘asi qo‘lida tarbiya ko‘rdi. Buxoro pedagogika institutining tarix-filologiya fakultetida tahsil oldi. O‘qishni tugallab, shu yerda o‘qituvchilik qildi. “Buxoro haqiqati” viloyat gazetasida (1965-1969) ishladi. O‘zbekiston Respublikasi Fanlar akademiyasi Til va adabiyot institutida aspirant bo‘lib, “Lirik she’riyatda kompozitsiya” degan mavzuda nomzodlik dissertatsiyasini yoqladi (1969-1972). O‘zbekiston Yozuvchilar uyushmasining Buxoro viloyati bo‘limi mas’ul kotibi (1970-1972), keyinchalik O‘zbekiston Yozuvchilar uyushmasi raisi lavozimlarida faoliyat olib bordi.

Uning “Olam kirar yuragimga” nomli birinchi she’riy to‘plami 1968 yilda chop etildi. Shundan so‘ng “Cho‘qqilarga yog‘ildi yog‘du” (1971), “Tosh tug‘yon” (1973), “Hasan va oy” (1974), “Quyosh chashmasi” (1975), “Dostonlar” (1978), “Tafakkur” (1979), “Suvaydo” (1983), “Umidli dunyo” (1988) to‘plamlari, “Armon”, “Varaxsha”, “Eshikdagi oy to‘lqini”, “Tosh tug‘yon”, “Shahribonu” kabi dostonlari nashr etildi.

Vilyam Shekspirning “Hamlet”, “Otello”, “Antoniy va Kleopatra”, “Qish ertagi”, “Venetsiya savdogari”, “Qirol Genrix IV”, “Makbet” kabi o‘ndan ortiq dramalarini bevosita ingliz tilidan o‘zbek tiliga tarjima qildi.

Ashampoo_Snap_2018.01.15_15h00m09s_008_.pngSo‘nggi yillarda uning “Asr bilan vidolashuv” (Saylanma, 2007), “Yana ko‘nglimda uch oy” (2010), “Safar daftari” (2012), “Bosh ustina, bosh ustina” (2016) singari bir qator asarlari chop etildi. Jaloliddin Rumiyning “Masnaviy ma’naviy” (2002-2004), Hazrati Alining “Devon”i (2006), Farididdin Attorning ‘Mantiq ut tayr” (2006) hamda “Ilohiynoma”, “Asrornoma”, “Pandnoma va bulbulnoma”, “Hikmatlar” (2007-7012), Abdurahmon Jomiyning “Gulshaningda so‘lmasin Gul” (2008), Vilyam Shekspirning “Sonetlar” (2009), Alisher Navoiyning “Foniy gulshani” (2011) kabi jami yigirma yettita asarni ona tilimizga o‘girdi. Shuningdek, Radiy Fishning “Jaloliddin Rumiy”, Sotim Ulug‘zodaning “Firdavsiy” kabi romanlari tarjimasi ham Jamol Kamol qalamiga mansubdir.

U publitsist sifatida “Makkayi Mukarrama, Madinayi Munavvara” (1992), «Buyuklardan buyuk Muhammad alayhissalom» ( 2017) asarini yaratib, islomiy ma’rifat va ma’naviyatning rivojiga hissa qo‘shdi.

Jamol Kamol adabiyotimizdagi munosib xizmatlari uchun 1992 yilda “O‘zbekiston xalq shoiri” unvoniga sazovor bo‘ldi.

07

SHE’RIYAT

Ko‘l yotardi tog‘larga tutash,
Mavjlariga shamollar shaydo.
Bir bolakay, nigohi otash,
Bo‘ldi bir kun sohilda paydo.

Ufqlarga talpingan zilol
Ko‘zlariga bo‘larkan payvast,
Bir zum qoldi hayrat ichra lol,
Hayajonda lol qoldi birpas.

Dam bir hadik, dam havas bilan
Moviy ko‘lga boqdi bolajon.
Bir xo‘rsinish uchdi labidan,
Yuragiga tushdi bir armon.

Egildi-yu, sadaf qayroqni
Moviy ko‘lga tashladi asta.
Suv betida yashnab bir oniy,
Paydo bo‘ldi zilol guldasta.

Yana otdi, yana… paydar-pay,
Yulduz bo‘lib sochildi to‘zon.
Ko‘l chayqaldi, toshdi bolakay,
Unut bo‘ldi jumlai jahon.

Shovullagan to‘lqinli dunyo
Xayolini qamradi quchib.
Bir payt boqsa, turar shalabbo,
Ko‘l ichida beldan suv kechib.

Entikdi-yu, o‘zni serg‘uluv
To‘lqinlarga otdi bolajon.
Suzar bo‘lsa, iqbolga yor u,
Cho‘kar bo‘lsa, fidoyi bir jon…

1964

TUN CHORLAYDI

Tun — qora qosh, barno kelinchak,
Ko‘zim to‘ymas boqishlariga.
Tun to‘ldirib qo‘yniga chechak,
Meni chorlar og‘ushlariga.

Nur xandasi mast aylab meni,
Gul nafasi bo‘lib murodim,
Mehri dilim ayon etgali
Asta-asta tashlayman odim.

Oy balqitib, chaqnatib yulduz,
Tun qarshimda kular jilvagar.
Roz etarmi, so‘ylarmi bir so‘z,
Jamoliga sig‘insam agar?..

Men yuraman, qochar zebo tun,
Lekin imlar quchog‘i sari.
Shu’lalardan — chiroyi gulgun,
Ufqlardan — oltin kamari…

Men yuraman, qochar zebo tun,
Lekin ochar sirli bir og‘ush.
Meni chorlab yo‘llarga butun
Soyalardan poyandoz solmish…

Har qadamda yangicha fusun,
Yangi jilo, yangi ifoda.
Tun singari sohibi husn,
Gulshani dil bormi dunyoda?

Oy socharkan ko‘zimga yog‘du,
Mast aylamay kechgan tunim yo‘q.
Yiroqlarga boshlab ketar u,
Sahargacha menda tinim yo‘q.

Tong nuriga tun bo‘lur taslim,
Men go‘yoki sirli sohilda —
Yor izidan boqqan kabi jim,
Termulaman, sog‘inchi dilda.

Egnida gul, boshida samo,
Bir go‘zalki, zebo, surmakash,
Ko‘zlarida ishvayu imo,
Meni chorlar bag‘riga yakkash…

1964

O‘ZBЕKISTON TUNI

Agar o‘ylarimni qoplasa bulut,
Agar umidlarim qolsa beqanot,
Agarda qalbimni qurshasa sukut,
Agar ado bo‘lsa ruhimda sabot;
Borlig‘im band etib yashash ozori,
Sovuq tumaniga meni o‘rasa,
Qizisa afsusning achchiq bozori,
Xayol o‘kinchlarga meni sudrasa,
Shu zamon shafqat-la boshimga kelib,
Qaddimni suyamoq aslo shart emas,
O‘zbekiston tuni boshing uzra, deb —
Mening qulog‘imga shivirlangiz, bas…

Qomatim chinordek rostlanar shu on,
Ko‘nglim tipirchilar ko‘kka umtilib.
Bolalikdan oshno, firuza osmon
Charx urar boshimda shafqatga to‘lib.
Ajib surur bo‘lar jonimga hamroh,
Menga panoh bo‘lar mo‘jiza bir tun.
Men unga mahliyo, maftunman, ammo,
U kimga mahliyo? U kimga maftun?
Bu yurtda shukuhi, ko‘rkini bir-bir
Tunlarga bag‘ishlar qaynoq kunduzlar.
Elimning behisob armonlaridir
Samoga sochilgan million yulduzlar.

Xayolday cheki yo‘q, oydin ufqlar
Xalqimning ufqday xayolin aytur.
To‘lin oy taratib ufqlarga zar,
O‘zbek tuyg‘usining timsolin aytur.
Dohiy tabiatdan elimga ehson
Sehru sinoatni bo‘lurmu o‘lchab?
Bu tunlar jamolin bir ko‘rgan inson
Yurtiga ketolmay qolsa, ne ajab.
Muhabbat solarkan boshiga savdo,
Hayot solar ekan ruhiga junun,
Dardini tunlarga so‘ylamish Laylo,
Baxtini tunlardan izlamish Majnun…

Rohatda mudraydi xazina tuproq,
Har lahza depsinib mo‘tabar joni.
Bog‘ aro epkinning mavjida shu chog‘
Alisher qalbining shirin javloni…
Bu qadam sharpasi… aziz onaga
Umrbod tolening yulduziday nek.
Yulduzlarga yondosh rasadxonaga
Mag‘rur chiqib borar sulton Ulug‘bek…
Ufqdan ufqqa yoyilgan falak,
Daryolarni quchib, mudragan voha…
O‘zbekiston tuni, o‘zingsan beshak
Beruniy topingan buyuk iloha!

Ulug‘ bobolarning ruhiga xitob
Tog‘larning tun aro yarqiroq boshi.
Huv, tanho buloqda toshadi shu tob
Bechora Furqatning haqir ko‘z yoshi…
Shirin bir xo‘rsinish kezar havoda,
Ba’zan qanot yozar alamli bir oh.
O‘tmish va istiqbol misli shabboda
Nozli tun sochini silaydi, ammo —
Sokin bir darchada titraydi chiroq,
Onajon bag‘rida do‘mboq kenjasi.
Shirin tushlar ko‘rib tamshanar shu choq
O‘zbek tuprog‘ining go‘dak xo‘jasi…

Ona kabi olib boshi uzra tin,
Hattoki tun qilar unga tabassum.
Mening ham xayolim yozib qanotin,
Shu go‘dak boshidan aylanar har zum.
Yarqirab ko‘rinar qadim Buxoro,
Yarqirab ko‘rinar go‘zal Farg‘ona.
Eh, shu shirin fursat, shu go‘zal asno
Ma’sum yulduzingni uyg‘otgil, ona!
Uyg‘ot, barqut tunga termilsin to‘yib,
So‘ngsiz surur bilan simirsin nafas.
O‘zbekiston tuni boshing uzra, deb
Uning qulog‘iga shivirlasang, bas…

1965

SUVAYDO

Buyuk Navoiyning bosh lug‘atida
Ne-ne tushunchalar pinhonu paydo.
O‘sha olam-jahon so‘zlar qatida
Alomat bir so‘z ham kelur — suvaydo…

Yurak o‘rtasida nuqta emish u,
Qora nuqta emish, kuyik bir nuqta.
Xattotlar xatidek puxta emish u,
Kimlarda jizg‘anak, kimlarda so‘xta.

Marazdan tug‘ilsa — xunuk emish u,
G‘arazdan tug‘ilsa— umrning sho‘ri.
Havasdan tug‘ilsa — tuynuk emish u,
Hasaddan tug‘ilsa — qora bir mo‘ri…

Hijrondan tug‘ilsa — qonli bo‘larmish,
Armondan tug‘ilsa — dardli qorachiq.
Hamisha ko‘z kabi jonli bo‘larmish,
Hamisha ko‘z kabi olamga ochiq…

Haqiqat o‘shandan mo‘ralar emish,
Imon ham o‘shanga bog‘li emish bot.
Diyonat o‘shandan yaralar emish,
O‘shandan yog‘armish elga e’tiqod…

Odamlar birovni buyuk deganda,
Balki shu jihatni nazarga ilgan.
«Xusrav ko‘ksidagi kuyik» deganda —
Sa’diy suvaydoni sharaf deb bilgan*.

Hoy, inson, yo‘lingda yor bo‘lsin omad,
Yor bo‘lsin azaldan adamgacha to.
Endigi hamma gap shundadir faqat:
Qalbingdan joy olmish qaysi suvaydo?

Kuygansan sham kabi yo mash’almisol,
Kuyikdir ko‘ksingga «dard» deb uyganing.
Lekin sen o‘rtanib-kuyganda alhol,
Yurtim, vatanim, deb bormi kuyganing?

Yongansan, yondirgan qancha muammo,
Muammo yechgansan yonib erta-kech.
Yashamoq azmida yonarkan ammo,
Elim deb, tilim deb, yonganmisan hech?

Yoningdan beparvo o‘to bilmadim.
Benasib emasman dardingdan, bashar.
Mening ham yuragim jazillar, balkim
Mening ham qalbimda suvaydo yashar…

Bag‘rimga dog‘ qo‘ymish qaysi bir alam?
Bu qaysi alamning muhri, kasrati?
O‘g‘lini tuproqqa qo‘ygandi og‘am,
Balki bu o‘shaning dog‘i-hasrati.

Do‘st ham yig‘lar emish habib oldida,
Yuzimda ko‘z yoshim izi shashqator.
Yurtidan ayrilgan g‘arib oldida
Mening ham bosh egib yig‘laganim bor…

Suvaydo jonlarda yashaydi mutlaq,
Biz bilan kelgandir, biz bilan ketar.
Suvaydoda mardlik aks etadi — haq,
Lekin nomardlik ham unda aks etar.

Oqshomlar yuraman xayolga to‘lib,
Boshimda yulduzim bo‘lur huvaydo.
Men unga har safar boqsam termilib,
Shaffof siynasida — qora suvaydo…

1979

* Shayx Sa’diy: «Har kim u dunyoda bir narsa bilan faxrlanishi kerak. Men mana shu turk (shoir Xusrav Dehlaviy)ning ko‘ksidagi kuyik bilan faxrlanaman»,— degan.

MЕNING UVOQ SHE’RIM — MЕNING DILPORAM
Turkumdan

* * *

Qarshimda turibdi umrim bir kuni,
Mening uvoq she’rim — mening dilporam
Tong siylagan, oqshom opichgan uni,
Bir satrida sevinch, bir satrida g‘am.

Agar g‘amgin bo‘lsang, sevinchim — najot,
Shod bo‘lsang, ol mana, g‘amimni berdim.
Qanoting bo‘layin, sen ham bo‘l qanot,
Hamdarding bo‘layin, bo‘lgan hamdardim.

* * *

Ko‘kka boqib sukut saqlaydi zamin,
Yerga boqib osmon saqlaydi sukut.
Ko‘kning sukutida qanchalar mazmun,
Yerning sukutida qanchalar o‘git…

Ko‘kday bo‘lsa hamki yuksak, barkamol,
Yerday sukut saqlab turadi oqil.
Birpas sukut saqlab, holingga ko‘z sol,
Birpas sukut saqlab, olamga boqgil…

* * *

Ko‘zda yoshi bilan kuladi bola,
Ilhom asir etgan shoirga monand.
Shoir ham boqarmish yorug‘ olamga
Bolaning musaffo ko‘zlari bilan.

Ajab sehrlidir bu ikki dunyo:
Birpasda sevinchu birpasda qayg‘u
Biri ermak izlab, topadi ma’no,
Biri ertak so‘ylab, aytadi orzu…

* * *

— Taqdir, meni nega inson yaratding,
Ko‘ksimda shodligu g‘amdan yuz nishon.
— Men senga qalb ila shuur baxsh etdim,
Bilgin deb hirs nima, nimadir hayvon.

— Taqdir, nega meni mehmon yaratding,
Yarq etgan chaqindek ketgum begumon.
— Men senga o‘lchovli umr baxsh etdim,
Bilgin deb ishq nima, nimadir inson…

* * *

Seni yondirdilar, seni sotdilar,
Necha bor qatlingga ichdilar qasam.
Va lekin o‘zlari qonga botdilar,
Va lekin o‘zlari topdilar barham.

Sen esa jahonda sobitsan hamon,
Sobitsan, vatanlik sharafing oqlab.
Kelganlar holiga boqarsan hayron,
Ketganlar yodini yodingda saqlab…

* * *

Bir boqqa o‘t ketdi qo‘rqinch, beayov,
Chinorlar gursillab yiqildi behol.
Shamol izg‘ib, yong‘in solarkan talov,
Olovga burkandi yoshgina nihol…

Yonarkan, jonlandi shirin tushlari…
Yetuk daraxt emish… o go‘zal ro‘yo!
Boshida charx urib jannat qushlari
Oltin mevalarin cho‘qirmish go‘yo…

* * *

Olamning husni, deb atalgan inson
Olamga kelarmish faqat fard bo‘lib.
Lekin sochilarmish bir kun gard bo‘lib,
Yurakni yoqarmish keyin dard bo‘lib…

Olamning husni, deb atalgan inson,
Mard bo‘lib yashagin, faqat mard bo‘lib.
Keyin sochilsang ham mayli gard bo‘lib,
Keyin yondirsang ham mayli dard bo‘lib…

* * *

Ko‘hna uy buzildi… to‘kildi jarga,
Tosh poralar xuddi yaralangan qush.
Quyuq to‘zon aro yangradi shunda
«Hoy, beparvo inson!»— degan bir tovush.

Qechmishing, hasrating har toshimga jo,
Kimliging so‘ylaydi mendagi kukun.
Bugun-ku, bepisand ko‘masan, ammo,
Ammo yana qazib olasai bir kun…

* * *

Bir qushcha yig‘laydi bo‘g‘ot tagida,
Uvoqqina qalbi qayg‘uga to‘lib.
Ne ajab, bir qatra yosh pardasidan
Olam ko‘rinadi yoshga g‘arq bo‘lib…

Bir qushcha quvnaydi bo‘g‘ot tagida,
Uvoqqina qalbi quvonchga to‘lib.
Ne ajab, bir qatra nur pardasidan
Olam ko‘riiadi nurga g‘arq bo‘lib…

* * *

Sening ishqing menga bir kosa suvdir,
Lablarim qovjirab, boqaman tashna.
Ichmasam — sharbatdir, ichsam — og‘udir,
O‘zing najot ko‘rsat, o‘zing yo‘l boshla.

Ishqing — tog‘lar aro go‘zal ohudir,
Otsam — dilporaman, otmasam — dilxun.
Jonim, ishqing menga ajab qayg‘udir.
Tortsam — savdoyiman, tortmasam — majnun…

BIR KЕCHA

Bir kecha ko‘nglim uyi shodon edi,
Bulbul o‘qib, qumri g‘azalxon edi,
Shul kecha mahvash menga mehmon edi,
Voy, uni mahvash demakim, jon edi.
Voy, uni mahvash demakim, jon edi…

Tog‘ edi, tog‘ boshida orzu kabi
Nash’ali bo‘ston edi, bo‘ston edi,
So‘ylar edim, so‘ylar edim men to‘lib,
Ul esa xandon edi, xandon edi.
Bir kecha mahvash menga mehmon edi.
Voy, uni mahvash demakim, jon edi.

Boshida yulduzli, musaffo falak,
Poyida to‘lqinli Zarafshon edi.
Oy bo‘lib olamga boqarkan malak,
Ko‘zlari cho‘lpon edi, cho‘lpon edi.
Bir kecha mahvash menga mehmon edi,
Voy, uni mahvash demakim, jon edi.

Maskan edi bizga samo, behazil,
O‘ylarimiz — orzuyu armon edi,
Nur ila otashda yonib ikki dil,
Nur to‘la, otash to‘la davron edi.
Bir kecha mahvash menga mehmon edi,
Voy, uni mahvash demakim, jon edi…

QOLDI UMRIM KO‘KLAMI…

Qoldi umrim ko‘klami kechmish yo‘lim so‘qmog‘ida,
Qatra nuru katra ko‘z yoshim yonar yaprog‘ida…

Qatra-qatra shabnamida shodligimdir yoshirin,
Yoshirindir hasratim ham qatra-qatra dog‘ida.

Qatra-qatra nur to‘kib, boshimda yondi yulduzi,
O‘pdim ilhom qatrasini g‘unchayi titrog‘ida.

Mast etib ko‘nglimni bir dam, yashnadi armonlarim,
Aks etib jonon faslning chaqnagan chaqmog‘ida.

Hislarim sellarga qo‘shdim, oqdi anhori azim,
O, o‘zim sargashta qoldim termulib qirg‘og‘ida.

Ey Jamol, yozing yetishdi, bitdi umring ko‘klami,
Bir parining bir nafaslik bo‘sayi qaynog‘ida…

Q A D A H

Qatra-qatra yosh to‘karda misli bir laylo qadah,
Ham chekar mehri—vafodin ohi vovaylo qadah…

Bas, hayot bazmidadirsan, mayparastsan, o‘ylakim,
Umri inson ham misoli — nur to‘la paymo kadah.

Tong — labo-lab jom esa, oqshom — to‘la paymonadir.
Kun — yana tanho qadahdir, tun yana tanho qadah.

Lahza-lahza har nafas ham bir qadahdir, ey rafiq,
Sipqorurmiz gohi shodon, gohi g‘amoso qadah…

Kimga shavkat — bir qadahdir, shon—qadahdir kim uchun.
Manga dilbar she’ru ilhom, Savti Nasrullo — qadah!

Bas, hayot bazmida mast — ersam-da, ammo, yo‘q, demam,
Nogahon yashnab uzatsa ul ko‘zi shahlo qadah.

Nozi dildor — bir qadahdir, bir qadahdir — rozi dil,
Lekin ustozlar kalomi — chin qadah, a’lo qadah.

Ul qadahkim, kimki hushyor — erdi, hushyor ayladi,
Xudnisand mastlarni ammo ayladi rasvo qadah.

Do‘st kadah sundi Jamolga, tarki istig‘no kerak,
Teng bo‘lurmu bunga, yo rab, tutsa gar dunyo qadah!..

NAVOIY G‘AZALIGA MUXAMMAS

Yo‘q, chaqindin ermas ul, osmon qizil, sorig‘, yashil,
Yo shafaqdin har taraf raxshon qizil, sorig‘, yashil,
Yo chamanda lolayu rayhon qizil, sorig‘, yashil,
Xil’atin to aylamish jonon qizil, sorig‘, yashil,
Shu’layi ohim chiqar har yon qizil, sorig‘, yashil.

Zarra shafqat deb o‘tindim men munavvar mohdin,
Bir ishorat deb kutindim boz o‘shal dargohdin,
Vohkim, dodimga imdod yetmadi dilxohdin,
Gulshan ettim ishq sahrosin samumi ohdin,
Kim esar ul dasht aro har yon qizil, sorig‘, yashil.

Nolishim tonglarda, dardimning qamolidin erur,
Kiprigim changi hujumlarning shamolidin erur,
Barchasi savdoyi ishqimning kamolidin erur,
Orazi, xoling bila xatting xayolidin erur,
Ko‘zlarimning oldida davron qizil, sorig‘, yashil.

Topmadim hargiz omonlik lablaring bedodidin,
Yosh to‘karman kecha-kunduzlar ko‘zing jallodidin,
Voy, ishondim, sencha zolim yo‘q bashar avlodidin,
Shishadek ko‘nglimdadir gulzori husning yodidin,
Tobadoning aksidek alvon qizil, sorig‘, yashil.

Lahzada otashmenu, suvmen hamono lahzada,
Lahza-lahza jismu jonim, boqki, bundoq larzada,
Soqiyo, qarshingda turgan bir g‘aribu g‘amzada
Lolagun may tutqil oltin jom birlan sabzada,
Kim bulardan yaxshi yo‘q imkon qizil, sorig‘, yashil,

Garchi chin sabru qanoat yor erur behad, valek,
Ham necha do‘stu anis g‘amxor erur behad, valek,
Chorai karvonda garchi nor erur behad, valek,
Faqraro beranglik dushvor erur behad, valek,
Hirqada tikmak erur oson qizil, sorig‘, yashil.

Ey qalam, surgin raqam, rohatni zinhor istama,
Ey ko‘ngil, ilhoming ista, o‘zga dildor istama,
Ey Jamol, she’r ziynatiga shamsi anvor istama,
Ey Navoiy oltinu, shingarfu, zangor istama,
Bo‘ldi nazming rangidin devon qizil, sorig‘, yashil.

FUZULIY G‘AZALIGA MUXAMMAS

Sehr aylamish to bir ajab nozik-ado mani,
Solmish, ko‘ringkim, ne ajab o‘tlarga, oh, mani,
Yo baxt, ko‘yida oqibat ayla fido mani,
Yo rab, baloyi ishq ila qil oshno mani,
Bir dam baloyi ishqdin etma judo mani.

Yo ishq, hifzu himoyatingni ahli darddin,
Andoq mehri bag‘oyatingni ahli darddin,
Ham ul tariqi oyatingni ahli darddin,
Oz aylama inoyatingni ahli darddin,
Ya’niki, cho‘x balolarga et mubtalo mani.

Otqil mani otashlara, ber bo‘yla rohatim,
Samandardek o‘tlar kechib, yonmoq — saodatim,
Shu ko‘ngil — shohidimdir, shu olam — shahodatim,
Ulguncha ko‘tarma aslo balodan irodatim,
Men istaram baloni, chun istar balo mani.

Tilagimni vaslu hajraro g‘urbatda qilma sust.
Talabimni qalbu qon aro qudratda qilma sust,
Tug‘yonimni toshir-toshir, shiddatda qilma sust,
Tamkinimni baloyi muhabbatda qilma sust,
To do‘st ta’n etib, demaya bevafo mani.

Oshir yurakda shavqini shavqi bahoriming,
Yoygil ovozasin yapa olamda boriming,
Olib rahmatin bu ko‘ngil, oshifta — zoriming,
Getdikcha husnin ayla ziyoda nigoriming,
Galdikcha dardiga batar et mubtalo mani.

Ayla ko‘ngilni shu’lamakon fikratindakim,
Oqsin ko‘zimdin shu’la tamom hasratindakim,
Jonimni tobla andoq hijratindakim,
O‘yla, zaif qil tanimi furhatindakim,
Vaslina mumkin o‘la yeturmak sabo mani.

Yo ishq, bir dam sanamimga yovush, dodim sango,
Shafqat sol ko‘ngliga, yana yetkaz ko‘nglim ango,
Jamolni yor vasliga muyassar etsango,
Nahvat qilib nasib Fuzuliy kabi mango,
Yorab, muhayyad aylama mutlaq mango mani…

MASHRAB G‘AZALIGA MUXAMMAS

Menga mohi tal’ating ko‘rmoqqa endi had emas,
Lab ochib, dardim bayon etmoqqa ham rag‘bat emas,
O‘ltiribman zoru giryon, yurgali holat emas,
Chun qo‘lim birla oyog‘im bog‘lamoq hojat emas,
Men o‘limga roziman, chun turgali toqat emas.

Manglayim sho‘rdir azaldin, sen yana sho‘r aylama,
Ko‘zlarim ham tiyrakomdir, endi sen ko‘r aylama,
Javru bedoding-ku bundoq, shiddating jo‘r aylama.
Muncha shiddat birla boshim kesgali zo‘r aylama,
Baski, odam qoni to‘kmak senga ham toat emas.

Yondi jonim hajr aro, so‘nmoqni bir dam bilmadi,
Kulfatu, ranju alamni o‘zgadin kam bilmadi,
O‘tdi shu hasratda yozim, o‘tdi ko‘klam bilmadi,
Umr chun barqi havodis, g‘ofil odam bilmadi,
Oyu kun oromiga bir lahzai fursat emas.

Yorini yig‘latmagan yori gulandom qayda bor?
Ishq aro ayyomi g‘amdir, o‘zga ayyom qayda bor?
Men kabi oshiqqa ma’shuqdin to‘la jom qayda bor?
Lashkari xunrez bo‘lsa, sabru orom qayda bor?
Majnuni devonalarning shohiga rohat emas.

To‘xta, oshiq, oqibat kor qildi afg‘oning seni —
Kim, qilich sermab,boshingga yetdi jononing seni,
Barakallo, tig‘ aro qoldi, Jamol, joning seni,
Chun muborak bo‘lsin, ey Mashrab, qizil qoning seni,
Xo‘p ish bo‘ldi senga, jon berganing ofat emas.

03

(Tashriflar: umumiy 8 421, bugungi 2)

1 izoh

  1. Жамол,дўстим, бормисиз, омонмисиз? Мен Усмонман,Ўшдан. Эски қадрдонингиз.Кейинги ўн беш йилда кўришмадик.Бир ифлос туфайли. Неварам компютерда Хуршиднинг Сизга атаган мақоласини топиб берди.Ўқидим.Йиғлаб ҳам олдим.Бор бўлинг, дўстим.Мен ҳам ёзиб ётибман.11 рўмон (иккиси шеърий),92 қисса ёздим.Бари 25 жилд.7 китоби чикди.Сизга илҳом,узоқ умр тилайман!!! Усмон Темурингиз

Izoh qoldiring