Mirzo Tursunzoda. She’rlar & Shukur Jabbor. O’limni yenggan qo’shiq

Ashampoo_Snap_2017.04.29_01h45m55s_001_.png 2 май – Атоқли шоир Мирзо Турсунзода таваллуд топган кун

– Жон укажон, яна “Дили модар”ни айт? – деб йиғларди у Фазлийга ялиниб. Фазлий ҳам ҳозиргина Мирзо Турсунзода шеъри билан Жўрабек Муродов айтган «Она дили» қўшиғини яна такрорлаш малолли бўлса-да, қайтадан бошларди

ЎЛИМНИ ЕНГГАН ҚЎШИҚ
ёхуд санъатнинг ҳаётбахш кучи

Шукур Жаббор
03

Муаллифдан: Самарқандлик журналист дўстим Бахтиёр Шарипов менга бир ибратли воқеани айтиб берган эди. Эшитиб, жуда таъсирланган эдим. Ҳикоя қилиб газетада ҳам чиқардим. Шуни Сизларга илиняпман…

03

Биродарлар, Мухтор Комил йиғлаганини ким кўрган?..
Мен кўрганман. Ўша дийдаси қаттиқ, кўп балоларни кўрган Мухтор Комил йиғлаганини мен кўрганман-да!..

Бахшитепалик раҳматли Муродқул аканинг ғижжакчи ўғли Фазлийга ёлбориб:

–Жон укажон, яна “Дили модар”ни айт? – деб йиғларди у Фазлийга ялиниб. Фазлий ҳам ҳозиргина Мирзо Турсунзода шеъри билан Жўрабек Муродов айтган «Она дили» қўшиғини яна такрорлаш малолли бўлса-да, қайтадан бошларди:

Агар аз гиря кардан об мешуд дил, дили ман буд,
Ба сели ашк мешуд ғарқ манзил, манзили ман буд.
Агар осон намегардид мушкил, мушкили ман буд,
Ба зери мавжи дарё монда соҳил, соҳили ман буд.

Ҳар гал авжбайт айтилаётганда Мухтор томоғи йиртилгудек жўр бўлар, кўз ёшлари юзини ювар эди:

Агарчи мурдани фарзандро дар жанг дидам ман,
Агарчи борҳо бегонаи дилсанг дидам ман,
Ба уммеде, ки бинам чоҳканҳоро ба зери чоҳ,
Намурдам, гарчи бо чашмам ажал ҳар ранг дидам ман.

Даврадаги улфатлардан фарқли, уни Искандарийнинг мусалласи эмас, қўшиқ йиғлаётганини ҳис қилардим.

Айниқса, қўшиқдаги мана бу байтлар айтилаётганда Мухтор ўрнидан туриб олар, уст-бошини, гарчи меҳмонхонада, гилам ва кўрпачалар устида ўтирган бўлсак-да, қоқар ва хонандага жўр бўлар эди:

Намурдам, зистам, фарзанди хурдамро калон кардам,
Шаби тўи арўси ашки шодиро равон кардам.
Гумон кардам, ки оби дида маржон гашт, маржонро
Ба келин пешкаш кардам,
Дуо чун модарон кардам…

Чекиш баҳонасида ҳовлига чиққанимизда, Мухтор:

–Ака, шу қўшиқ мени ва 27 кишини ўлимдан асраган. Бухоролик бир ҳаваскор аскар бола бутун бошли взводдан 27 кишини асраб ҳола олган, — деди. сўнг сигаретни икки-уч бор чуқур тортгач, ҳикоясини бошлади:

–Афғонистоннинг Панжшеридан калонна бўлиб бораётган эдик.. Олдинда танк ва БТР, ўнтача юк машиналарида биз десантчилар…

Тўрт томони тоғлар билан ўралган сайҳонликдан ўтиб борар эдик. Аввал олдиндаги танк ва БТР, сўнг орқадаги юк машинаси ракета билан уриб портлатилди. Энди на олдинга ва на орқага ҳаракатланиб бўлади.

 “Все на укритие!” деб ҳайқирди взвод командири. Тапир-тупур машиналардан сакраб, тошлар панасига бекиниш учун югурдик. Тўрт томондан пулемётлар тариллаб, тутдай тўкилардик. Ана, бирин-кетин юк машиналаримиз портлатилиб, ўқ ва аланга сели орасида тавваккалига тоғларга қарата ўқ уза бошладик. Мужоҳидлар снайпери  бизни битта-битта теришга тушди. Улар, тоғлар устида, биз эса сайҳонликда тошлар тагига кириб кетгудай, беҳад ноҳулай аҳволда қолгандик. Снайпер ўрнидан салгина қўзғалмоқчи бўлган оддий аскар Тўлаганни ерга қулатди. Эмаклаб тошни айланиб орқасига ўтгандик, нариги томондан отилган ўқ сержант бола Эдикни қимирлатмай қўйди. Баайни, биз сайғоқ ё оҳулар галасимиз-у, бизни битта-битта овлашмоқда эди, мужоҳидлар. Ҳаммамиз бу номуттаносиб жангда ўлишимизни англаб ётган эдик. Айрим жангчилар беихтиёр калимаи шаҳодатни тез-тез, йиғламсираб қайтарар эдилар.

Тўсатдан бухоролик  аскар бола, исми  Абдунаби эди, Жўрабек Муродовнинг шу қўшиғини баланд овозда айта бошлади. Ўлимни бўйинга олиб охирги бор айтиладиган қўшиқ бошқача бўлади-да, ака. Ҳар икки томон ҳам жим бўлиб, бу гўзал, соҳир овозга маҳлиё қулоқ тутишди. Аввал бошида куй-қўшиқ билан кирган жон, қўшиқ билан чиқишга чоғланган эди, гўё. Икки томон ҳам жимиди. Бир оздан сўнг пайқабмиз: Абдунабининг қўшиғига тоғу тошлар акс-садо берарди. Ака, бу қўшиқ шунчалар жозибали, шунчалар зўр эканлигини ўшанда билганман. Ўлим ва ўлдириш тазод туйғулари унут бўлди. Сержант Эдикнинг ёнига ағнаб, атрофни кузатдим: тоғу тошлар Абдунабига қўшилиб куйларди гўё:

Намурдам, гарчи бо чашмам ажал ҳар ранг дидам ман.

Ўзимни билмай, ўрнимдан турдим. Уст-бошимни қоқиб, Абдунабига жўр бўла бошладим:

Намуурдам, зистаам. Фарзанди худамро калоон кардаам!..

Нариги тош остидан взвод командири ҳайқирди: “Ложись! Убьют!!.”
Мен қўрқувни унутган эдим, аксинча қаддимни янаям ғоз тутиб:
–Э-э, теперь не умру. Не убьют.Это песня защитит меня! – деб бақирдим ва давом этдим:

Гумон кардам ки оби дида маржон гашт, маржонро
Ба келин пешкаш кардам, дуо чун моодарон кардаам…

Қўшиқ тугади-ю, югуриб бориб Абдунабини турғазиб, бағримга босрканман, тоғ устидаги мужоҳидларнинг бошлари эгик ҳолда келаётганларини кўрдим.

— Ака, бу қўшиқ ўлиши аниқ бўлган 27 кишини асраган. Шу қўшиқ туфайли ҳозиргача яшаб юрибман, ака!…

Ана, санъатнинг қудрати…

Қайта Искандарийнинг меҳмонхоналарига киргач, Фазлийдан илтимос қилдим:
–Жон ука, “Дили модар”ни яна бир марта айтинг?..

Манба: Шукур Жабборнинг фейсбукдаги саҳифаси

 

МИРЗО ТУРСУНЗОДА
ШЕЪРЛАР

Одил  Икром таржималари
03

2_Mirzo_s_zhenoy_1.jpgМирзо Турсунзода 1911 йил 2 майда Ҳисор туманидаги Қоратоғ қишлоғида туғилган.
«Шеърлар»(1939), «Ёшлик совғаси»(1947), «Менинг асрим»(1973), «Танланган асарлар»(1961-1962, икки томлик), «Олов посбони»(1977), «Куллиёт»(1971-1985, тўрт томлик), «Қалблар ошёнида»(1981), «Танланган асарлар»(1981, икки томлик), «Боқий нур»(1981), «Одамийлик сайёраси»(1981), «Танланган асарлар»(1985) каби шеърий тўпламлари (тожик ва рус тилларида), шунингдек, «Юрт қуёши»(1936), «Хазон ва баҳор»(1937), «Ҳасан аравакаш»(1954), «Осиё овози»(1957), «Гангдан Кремлгача»(1970), «Жонгинам»(1960) достонлари, «Ҳукм»(1934), «Роҳатхон»(1935)пьесалари, «Хисрав ва Ширин(1936, А.Деҳотий билан биргаликда) шеърий драмаси, «Восе қўзғолони»(1939, А.Деҳотий билан биргаликда) мусиқали драмаси, «Тоҳир ва Зуҳра»(1944), «Келин»(1945) опералар либреттоси муаллифи. Тожикистон халқ шоири(1961).
А.С.Пушкин, Т.Шевченко, Некрасов, Жамбул, Ш.Руставели, Зулфия каби қардош халқ шоирларининг шеърларини тожик тилига таржима қилган. 1934 йилдан буён СССР ёзувчилари Иттифоқининг аъзоси. Халқаро Неру мукофоти совриндори.(1967) 2001 йил 7 майда Мирзо Турсунзодага «Тожикистон қаҳрамони» унвони берилган.
1977 йил, 24 сентябрда Душанбе шаҳрида вафот этган.

03

ОНА ҚАЛБИ

Йиғламоқдан сув бўлса дил, у дил менинг жон, дилимдир,
Кўз ёшига ғарқ бўлса гар манзил, менинг манзилимдир,
Агар осон бўлмаса ҳар мушкил, менинг мушкилимдир,
Дарё мавжи ўпирган ул соҳил, менинг соҳилимдир.

Гарчи шаҳид бўлган фарзанд доғин ёвуз жангда кўрдим,
Гарчи не-не ёт, бағритош савдосин ҳар дамда кўрдим,
Чоҳ қазганни чоҳ остида кўрайин деб, умид билан
Ўлмай, кўзим бирла ажал рангин минг хил рангда кўрдим.

Ўлмай, яшаб, мурғагимни асраб, умр ато қилдим,
Тўй кечаси кўзларимдан қувонч ёшин раво қилдим,
Кўз ёшларим маржон каби тизилганда, маржонларни
Келинларга ҳадя айлаб, оналардай дуо қилдим.

Тоқатим йўқ ғамга, фарзанд доғин бошқа кўрмай сира,
Куйдириб кул айлагувчи ёнғин бошқа кўрмай сира,
Етим қолган гўдакларнинг оҳин бошқа кўрмай сира,
Одам умрига етган хавф чоғин бошқа кўрмай сира!

ВАТАН

Баҳор келди, яна бир йили ўтган
Умрим кўз ўнгимда жонланди тағин.
Сафарда ўтса-да умримнинг ярми,
Эт-тирноқдай эдим Ватанга яқин.

Ватан, тоза ҳаво, ҳур нафасингни
Уммонлар ортида сездим ҳар қадам.
Дарёларинг бериб турарди садо,
Денгизлар, тўфонлар тўсиб турса ҳам.

Ҳар лаҳза бағрингга қайтган чоғимда,
Бутунлай меҳримни сочардим дилдан.
Осмонингда учдим, тупроғинг қучдим,
Дуоларинг, қўшиқ, куйларинг билан.

Гарчанд, сайёҳ бўлиб, ёр-диёримни,
Гоҳ олисда туриб айлаганман ёд.
Ҳар ер, дунёнинг ҳар бурчида эдим
Ватан билан бирга, Ватан билан шод!

ОНАГИНАМ

Она, сендан айрилганда чақалоқ эдим,
Эслолмайман юз, қоматинг, қошу кўзингни.
Йўлларингни, изларингни тополмай букун,
Ҳар кўчаю ҳар эшикка урдим ўзимни.

Қишлоқдаги кампирлардан сўрадим сени,
Суҳбат қурдим қабрингдаги тош билан маъюс.
Қулоқ солдим дарахт шохин ҳар садосига
Ва саҳройи чечакларга келдим юзма-юз.

Дарё дердим, сувим ичиб қуритганларни,
Тоғ деганим оғушимдан кўчди қоядек.
Fўза дердим, оқ бўзимни кийиб олганни,
Бирга сигир соққанларни билдим доя(1) деб.

Булоқ дердим, келганларни кўза кўтариб,
Нишим яра қилганларни атардим тикон.
Чақмоқ дердим, нигоҳини олиб қочганни,
Булут дердим, ким йиғласа мендай бефиғон.

«Шариатдан, тариқатдан хабардор эди,
Заҳардан ҳам аччиқ эди томоғида бол.
Бу дунёда шўрлик онанг, бечора онанг
Бир муштипар эди, тинчин йўқотган аёл…»

Дерди ёши юздан ошган бошқа бир кампир:
«Онанг лабин чеккасида бор эди бир хол.
Кулчаюзли, сочи чилвир, қадди ниҳолдай,
Жим турарди билағонлар берганда савол…»

Онагинам, меҳрингни мен қалбимга кўмиб,
Уйғоқ ёдинг ичра кун-тун кезарман бедор.
Бир муносиб хизмат қилиб ёр-диёримга,
Қилгим келар қабринг узра шеъримни шиор.

Ёдинг боис – қишлоқ менинг кўнглимга яқин,
Мовий осмон, кумуш дарё бағрига чорлар.
Суюклидир ҳамқишлоқлар – муҳаббатда тоқ,
Мактаб томи узра ҳануз ол байроқ порлар.

Шеърларимдан онагинам садоси келар,
Қишлоқ десам, онам ёди ўртар пинҳона.
Дегим келар, кекса кампир дуч келса ҳар гоҳ:
Токи борман, бўлгин онам ўрнига она!..

ҲАР ДОИМ БЎЛСИН АЁЛ

Денгизда турса тўфон, дерлар:
— Қуёшнинг иши!
Шамол кўтарса исён, дерлар:
— Қуёшнинг иши!

Булут келтирса қору ёмғир – қуёш гуноҳкор,
Жола бўлиб, тош ёғса бир-бир – қуёш гуноҳкор.

Тўрт фасл пайдо қилар ёғду таратган қуёш,
Гоҳ ушалмас армон, гоҳ орзу таратган қуёш.

Гуллаб-яшнар ер-осмон қуёшнинг навосидан,
Гулшанлар бўлгай хазон қуёшнинг хатосидан.

Қиш совуғи, баҳорий илиқлик – қуёш боис,
Тун зулмати, кундузги тиниқлиқ – қуёш боис.

Шимол томон ёришган чоғлар – қуёш туфайли,
Боши узра заррин туғ тоғлар – қуёш туфайли.

Бундан кейин ҳамма дер: Ҳар доим бўлсин қуёш,
Ерга ёр бўлсин доим, осмонга тўлсин қуёш!

… Аёл қуёш наслидан экан, гоҳ олийжаноб,
Гоҳ дилбарлик қилгайдир, гоҳ дилни айлар хароб.

Гоҳида тонг файзидай сокингина, ғаройиб,
Хазар денгизи янглиғ гоҳида кетгай тошиб.

Гоҳ асалдай ёқимли, ширин, хуш бўй уфургай,
Гоҳ денгиз юзидаги тўлқин каби қутургай.

Гоҳ тириклик айшига бағишлайди ҳаловат,
Гоҳ тилин найзасидан дилда қолар жароҳат.

Гоҳ иффатли, ҳаёли, гоҳ шаккокдир бу золим,
Гоҳ шод-хуррам, гоҳ ғамгин, гоҳ қаттиқ, гоҳ мулойим.

Аёл қуёш наслидан экан, гоҳ олийжаноб,
Гоҳ дилбарлик қилгайдир, гоҳ дилни айлар хароб.

Бундан буён ҳамма дер: Ҳар доим бўлсин Аёл,
Аёл бор – ҳаёт гўзал, умримиз топмас завол!

ГАР АЁЛ ОТАШ БЎЛМАСА

Гар аёл оташ бўлмаса, хом бўлардик барчамиз,
Етилмаган май тўла бир жом бўлардик барчамиз.

Гар аёл бахш этмаганда биз учун боқий умр,
Бетахаллус, бехабар, беном бўлардик барчамиз.

Гўдакликдан туймасак иссиқ бағирнинг тафтини,
Муҳаббатдан бехабар ноком бўлардик барчамиз.

Соғмаса кўкрак сутин гар кўзимиз ичра она,
Туғма кўру бенаво айём бўлардик барчамиз.

Гар аёл кўрсаимаса бизга одобдан йўл-йўриқ,
Зотимиз айниб бутун, бадном бўлардик барчамиз.

Гар аёл оташ бўлмаса, кулбамиз кетгай совиб,
Зулмат ичра қоп-қоронғи шом бўлардик барчамиз.

Гар аёл бизни суйиб, ўргатмаганда илк калом,
Бир сўз демай, сақлаб сукут, лом бўлардик барчамиз.

Қурмасак олам гар аёл оташи ичра ёниб,
Қабр тошидай совуқ пайғом бўлардик барчамиз.

НОН УШОҒИ

Нон ушоғин ердан бир-бир олиб, кўзимга суртарман,
Иссиқ, меҳнат нонига разм солиб, кўзимга суртарман.

Мен қачондир ўроқчилик қилганман, ёнимда ўроқ,
Ўрганимни гоҳи боғлаб, гоҳида терганман бошоқ.

Тинглаб хирмон янчган деҳқон хиргойисин ва нағмасин,
Эшитардим гаврончўпнинг тушганда оғир зарбасин.

Тентирардим тоғ-адирда оёқяланг, очу наҳор,
Кифтга ола хуржун илиб кезганман ночор, бемадор.

Саҳрода қолган сомондай кун-тун тўзғиб кезар эдим,
Бебош, дайди шамол янглиғ тиним билмай эсар эдим.

Ушбу кунда маҳалламиз новвойи ҳар тонг отган чоғ,
Эшигимга келтиради ўзи ёпган нонин қайноқ.

Келинчаклар хонасини қоплагай ҳар висол тўйи,
Кўчаларни тўлдирганда ширмой ноннинг тотли бўйи.

Эгат узра бошоқчалар бошин эгиб турган пайтлар,
Ёшу қари шодлигини бир-бирига пайванд айлар.

Нон ушоғин териб ердан, букун кўзимга суртарман,
Кўриб, ифтихор қилганим учун, кўзимга суртарман.

ЮЛДУЗИМ

Кўрмадим сени тун аро, Юлдузим,
Шуъла сочсанг порлар само, Юлдузим!
Осмон юлдузларин санаб бирма-бир,
Бироқ, сенсиз қилдим хато, Юлдузим.

Порла, тонг отмоқда илиқ, Юлдузим,
Тонг каби мусаффо, тиниқ, Юлдузим!

Тонглар – умид бўлиб милтиллаган чўғ,
Мен келар йўлингдан кўз узганим йўқ,
Кўзимдан уйқуни ҳайдадим буткул,
Сенга вафодорман, бундан кўнглим тўқ.

Порла, тонг отмоқда илик, Юлдузим,
Тонг каби мусаффо, тиниқ, Юлдузим!

Нозик бармоғингни қўмсар пахтазор,
Сен-ла гаров ўйнаб, ютиш завқи бор,
Мен сенга ҳамиша хайрихоҳдирман,
Умидворман, сира қолмассан ночор.

Порла, тонг отмоқда тиниқ, Юлдузим,
Тонг каби мусаффо, тиниқ, Юлдузим!

Гарчи исминг Юлдуз, Юлдузсан ўзинг,
Юлдуз каби ёруғ порлайди кўзинг.
Юрт сенга тағин бир юлдуз бахш этди,
Жуфт бўлди, жуфт бўлди сенинг юлдузинг!

Порла, тонг отмоқда илиқ, Юлдузим,
Тонг каби мусаффо, тиниқ, Юлдузим!

НАИЛОЖ

Сени соғиндим тоғ-тошим, наилож,
Сендан олисман, диёрим, наилож.

Атрофимда кўрдим биёбрнларни кўп,
Гулим, бўстоним, баҳорим, наилож.

Ўтиб кетар ёнимдан ёт, бегоналар,
Қайда ул хешу таборим, наилож.

Юртга қайтиш ёлғиз иложим бўлса гар,
Бу мақсад кун-тун шиорим, наилож.

Ватан – содиқ ҳамроҳ менга сафарларда,
У ғурур ва ифтихорим, наилож.

Мен Ватанни соғиндим, ҳар даҳза кўздан
Томди кўз ёш, интизорим, наилож.

Шеърлар Одил Икром томонидан тайёрланган «Замонавий тожик шеърияти» тўпламидан олинди.

tursunzade_0.jpg2 may – Atoqli shoir Mirzo Tursunzoda tavallud topgan kun

– Jon ukajon, yana “Dili modar”ni ayt? – deb yig‘lardi u Fazliyga yalinib. Fazliy ham hozirgina Mirzo Tursunzoda she’ri bilan Jo‘rabek Murodov aytgan “Ona dili” qo‘shig‘ini yana takrorlash malolli bo‘lsa-da, qaytadan boshlardi

O‘LIMNI YENGGAN QO‘SHIQ
yoxud san’atning hayotbaxsh kuchi
Shukur Jabbor
03

Muallifdan: Samarqandlik jurnalist do‘stim Baxtiyor Sharipov menga bir ibratli voqeani aytib bergan edi. Eshitib, juda ta’sirlangan edim. Hikoya qilib gazetada ham chiqardim. Shuni Sizlarga ilinyapman…

03

Birodarlar, Muxtor Komil yig‘laganini kim ko‘rgan?..
Men ko‘rganman. O‘sha diydasi qattiq, ko‘p balolarni ko‘rgan Muxtor Komil yig‘laganini men ko‘rganman-da!..

Baxshitepalik rahmatli Murodqul akaning g‘ijjakchi o‘g‘li Fazliyga yolborib:

–Jon ukajon, yana “Dili modar”ni ayt? – deb yig‘lardi u Fazliyga yalinib. Fazliy ham hozirgina Mirzo Tursunzoda she’ri bilan Jo‘rabek Murodov aytgan “Ona dili” qo‘shig‘ini yana takrorlash malolli bo‘lsa-da, qaytadan boshlardi:

Agar az girya kardan ob meshud dil, dili man bud,
Ba seli ashk meshud g‘arq manzil, manzili man bud.
Agar oson namegardid mushkil, mushkili man bud,
Ba zeri mavji daryo monda sohil, sohili man bud.

Har gal avjbayt aytilayotganda Muxtor tomog‘i yirtilgudek jo‘r bo‘lar, ko‘z yoshlari yuzini yuvar edi:

Agarchi murdani farzandro dar jang didam man,
Agarchi borho begonai dilsang didam man,
Ba ummede, ki binam chohkanhoro ba zeri choh,
Namurdam, garchi bo chashmam ajal har rang didam man.

Davradagi ulfatlardan farqli, uni Iskandariyning musallasi emas, qo‘shiq yig‘layotganini his qilardim.

Ayniqsa, qo‘shiqdagi mana bu baytlar aytilayotganda Muxtor o‘rnidan turib olar, ust-boshini, garchi mehmonxonada, gilam va ko‘rpachalar ustida o‘tirgan bo‘lsak-da, qoqar va xonandaga jo‘r bo‘lar edi:

Namurdam, zistam, farzandi xurdamro kalon kardam,
Shabi to‘i aro‘si ashki shodiro ravon kardam.
Gumon kardam, ki obi dida marjon gasht, marjonro
Ba kelin peshkash kardam,
Duo chun modaron kardam…

Chekish bahonasida hovliga chiqqanimizda, Muxtor:

–Aka, shu qo‘shiq meni va 27 kishini o‘limdan asragan. Buxorolik bir havaskor askar bola butun boshli vzvoddan 27 kishini asrab hola olgan, — dedi. so‘ng sigaretni ikki-uch bor chuqur tortgach, hikoyasini boshladi:

–Afg‘onistonning Panjsheridan kalonna bo‘lib borayotgan edik.. Oldinda tank va BTR, o‘ntacha yuk mashinalarida biz desantchilar…

To‘rt tomoni tog‘lar bilan o‘ralgan sayhonlikdan o‘tib borar edik. Avval oldindagi tank va BTR, so‘ng orqadagi yuk mashinasi raketa bilan urib portlatildi. Endi na oldinga va na orqaga harakatlanib bo‘ladi.

“Vse na ukritiye!” deb hayqirdi vzvod komandiri. Tapir-tupur mashinalardan sakrab, toshlar panasiga bekinish uchun yugurdik. To‘rt tomondan pulemyotlar tarillab, tutday to‘kilardik. Ana, birin-ketin yuk mashinalarimiz portlatilib, o‘q va alanga seli orasida tavvakkaliga tog‘larga qarata o‘q uza boshladik. Mujohidlar snayperi bizni bitta-bitta terishga tushdi. Ular, tog‘lar ustida, biz esa sayhonlikda toshlar tagiga kirib ketguday, behad nohulay ahvolda qolgandik. Snayper o‘rnidan salgina qo‘zg‘almoqchi bo‘lgan oddiy askar To‘laganni yerga qulatdi. Emaklab toshni aylanib orqasiga o‘tgandik, narigi tomondan otilgan o‘q serjant bola Edikni qimirlatmay qo‘ydi. Baayni, biz sayg‘oq yo ohular galasimiz-u, bizni bitta-bitta ovlashmoqda edi, mujohidlar. Hammamiz bu nomuttanosib jangda o‘lishimizni anglab yotgan edik. Ayrim jangchilar beixtiyor kalimai shahodatni tez-tez, yig‘lamsirab qaytarar edilar.

To‘satdan buxorolik askar bola, ismi Abdunabi edi, Jo‘rabek Murodovning shu qo‘shig‘ini baland ovozda ayta boshladi. O‘limni bo‘yinga olib oxirgi bor aytiladigan qo‘shiq boshqacha bo‘ladi-da, aka. Har ikki tomon ham jim bo‘lib, bu go‘zal, sohir ovozga mahliyo quloq tutishdi. Avval boshida kuy-qo‘shiq bilan kirgan jon, qo‘shiq bilan chiqishga chog‘langan edi, go‘yo. Ikki tomon ham jimidi. Bir ozdan so‘ng payqabmiz: Abdunabining qo‘shig‘iga tog‘u toshlar aks-sado berardi. Aka, bu qo‘shiq shunchalar jozibali, shunchalar zo‘r ekanligini o‘shanda bilganman. O‘lim va o‘ldirish tazod tuyg‘ulari unut bo‘ldi. Serjant Edikning yoniga ag‘nab, atrofni kuzatdim: tog‘u toshlar Abdunabiga qo‘shilib kuylardi go‘yo:

Namurdam, garchi bo chashmam ajal har rang didam man.

O‘zimni bilmay, o‘rnimdan turdim. Ust-boshimni qoqib, Abdunabiga jo‘r bo‘la boshladim:

Namuurdam, zistaam. Farzandi xudamro kaloon kardaam!..

Narigi tosh ostidan vzvod komandiri hayqirdi: “Lojis! Ubyut!!.”
Men qo‘rquvni unutgan edim, aksincha qaddimni yanayam g‘oz tutib:
–E-e, teper ne umru. Ne ubyut.Eto pesnya zaщitit menya! – deb baqirdim va davom etdim:

Gumon kardam ki obi dida marjon gasht, marjonro
Ba kelin peshkash kardam, duo chun moodaron kardaam…

Qo‘shiq tugadi-yu, yugurib borib Abdunabini turg‘azib, bag‘rimga bosrkanman, tog‘ ustidagi mujohidlarning boshlari egik holda kelayotganlarini ko‘rdim.

— Aka, bu qo‘shiq o‘lishi aniq bo‘lgan 27 kishini asragan. Shu qo‘shiq tufayli hozirgacha yashab yuribman, aka!…

Ana, san’atning qudrati…

Qayta Iskandariyning mehmonxonalariga kirgach, Fazliydan iltimos qildim:
–Jon uka, “Dili modar”ni yana bir marta ayting?..

Manba: Shukur Jabborning feysbukdagi sahifasi

MIRZO TURSUNZODA
SHE’RLAR

Odil Ikrom tarjimalari
03

191.jpgMirzo Tursunzoda 1911 yil 2 mayda Hisor tumanidagi Qoratog‘ qishlog‘ida tug‘ilgan.
«She’rlar»(1939), «Yoshlik sovg‘asi»(1947), «Mening asrim»(1973), «Tanlangan asarlar»(1961-1962, ikki tomlik), «Olov posboni»(1977), «Kulliyot»(1971-1985, to‘rt tomlik), «Qalblar oshyonida»(1981), «Tanlangan asarlar»(1981, ikki tomlik), «Boqiy nur»(1981), «Odamiylik sayyorasi»(1981), «Tanlangan asarlar»(1985) kabi she’riy to‘plamlari (tojik va rus tillarida), shuningdek, «Yurt quyoshi»(1936), «Xazon va bahor»(1937), «Hasan aravakash»(1954), «Osiyo ovozi»(1957), «Gangdan Kremlgacha»(1970), «Jonginam»(1960) dostonlari, «Hukm»(1934), «Rohatxon»(1935)pyesalari, «Xisrav va Shirin(1936, A.Dehotiy bilan birgalikda) she’riy dramasi, «Vose qo‘zg‘oloni»(1939, A.Dehotiy bilan birgalikda) musiqali dramasi, «Tohir va Zuhra»(1944), «Kelin»(1945) operalar librettosi muallifi. Tojikiston xalq shoiri(1961).
A.S.Pushkin, T.Shevchenko, Nekrasov, Jambul, Sh.Rustaveli, Zulfiya kabi qardosh xalq shoirlarining she’rlarini tojik tiliga tarjima qilgan. 1934 yildan buyon SSSR yozuvchilari Ittifoqining a’zosi. Xalqaro Neru mukofoti sovrindori.(1967) 2001 yil 7 mayda Mirzo Tursunzodaga «Tojikiston qahramoni» unvoni berilgan.
1977 yil, 24 sentyabrda Dushanbe shahrida vafot etgan.

03

ONA QALBI

Yig‘lamoqdan suv bo‘lsa dil, u dil mening jon, dilimdir,
Ko‘z yoshiga g‘arq bo‘lsa gar manzil, mening manzilimdir,
Agar oson bo‘lmasa har mushkil, mening mushkilimdir,
Daryo mavji o‘pirgan ul sohil, mening sohilimdir.

Garchi shahid bo‘lgan farzand dog‘in yovuz jangda ko‘rdim,
Garchi ne-ne yot, bag‘ritosh savdosin har damda ko‘rdim,
choh qazganni choh ostida ko‘rayin deb, umid bilan
O‘lmay, ko‘zim birla ajal rangin ming xil rangda ko‘rdim.

O‘lmay, yashab, murg‘agimni asrab, umr ato qildim,
To‘y kechasi ko‘zlarimdan quvonch yoshin ravo qildim,
Ko‘z yoshlarim marjon kabi tizilganda, marjonlarni
Kelinlarga hadya aylab, onalarday duo qildim.

Toqatim yo‘q g‘amga, farzand dog‘in boshqa ko‘rmay sira,
Kuydirib kul aylaguvchi yong‘in boshqa ko‘rmay sira,
Yetim qolgan go‘daklarning ohin boshqa ko‘rmay sira,
Odam umriga yetgan xavf chog‘in boshqa ko‘rmay sira!

VATAN

Bahor keldi, yana bir yili o‘tgan
Umrim ko‘z o‘ngimda jonlandi tag‘in.
Safarda o‘tsa-da umrimning yarmi,
Et-tirnoqday edim Vatanga yaqin.

Vatan, toza havo, hur nafasingni
Ummonlar ortida sezdim har qadam.
Daryolaring berib turardi sado,
Dengizlar, to‘fonlar to‘sib tursa ham.

Har lahza bag‘ringga qaytgan chog‘imda,
Butunlay mehrimni sochardim dildan.
Osmoningda uchdim, tuprog‘ing quchdim,
Duolaring, qo‘shiq, kuylaring bilan.

Garchand, sayyoh bo‘lib, yor-diyorimni,
Goh olisda turib aylaganman yod.
Har yer, dunyoning har burchida edim
Vatan bilan birga, Vatan bilan shod!

ONAGINAM

Ona, sendan ayrilganda chaqaloq edim,
Eslolmayman yuz, qomating, qoshu ko‘zingni.
Yo‘llaringni, izlaringni topolmay bukun,
Har ko‘chayu har eshikka urdim o‘zimni.

Qishloqdagi kampirlardan so‘radim seni,
Suhbat qurdim qabringdagi tosh bilan ma’yus.
Quloq soldim daraxt shoxin har sadosiga
Va sahroyi chechaklarga keldim yuzma-yuz.

Daryo derdim, suvim ichib quritganlarni,
Tog‘ deganim og‘ushimdan ko‘chdi qoyadek.
Fo‘za derdim, oq bo‘zimni kiyib olganni,
Birga sigir soqqanlarni bildim doya(1) deb.

Buloq derdim, kelganlarni ko‘za ko‘tarib,
Nishim yara qilganlarni atardim tikon.
Chaqmoq derdim, nigohini olib qochganni,
Bulut derdim, kim yig‘lasa menday befig‘on.

«Shariatdan, tariqatdan xabardor edi,
Zahardan ham achchiq edi tomog‘ida bol.
Bu dunyoda sho‘rlik onang, bechora onang
Bir mushtipar edi, tinchin yo‘qotgan ayol…»

Derdi yoshi yuzdan oshgan boshqa bir kampir:
«Onang labin chekkasida bor edi bir xol.
Kulchayuzli, sochi chilvir, qaddi niholday,
Jim turardi bilag‘onlar berganda savol…»

Onaginam, mehringni men qalbimga ko‘mib,
Uyg‘oq yoding ichra kun-tun kezarman bedor.
Bir munosib xizmat qilib yor-diyorimga,
Qilgim kelar qabring uzra she’rimni shior.

Yoding bois – qishloq mening ko‘nglimga yaqin,
Moviy osmon, kumush daryo bag‘riga chorlar.
Suyuklidir hamqishloqlar – muhabbatda toq,
Maktab tomi uzra hanuz ol bayroq porlar.

She’rlarimdan onaginam sadosi kelar,
Qishloq desam, onam yodi o‘rtar pinhona.
Degim kelar, keksa kampir duch kelsa har goh:
Toki borman, bo‘lgin onam o‘rniga ona!..

HAR DOIM BO‘LSIN AYOL

Dengizda tursa to‘fon, derlar:
— Quyoshning ishi!
Shamol ko‘tarsa isyon, derlar:
— Quyoshning ishi!

Bulut keltirsa qoru yomg‘ir – quyosh gunohkor,
Jola bo‘lib, tosh yog‘sa bir-bir – quyosh gunohkor.

To‘rt fasl paydo qilar yog‘du taratgan quyosh,
Goh ushalmas armon, goh orzu taratgan quyosh.

Gullab-yashnar yer-osmon quyoshning navosidan,
Gulshanlar bo‘lgay xazon quyoshning xatosidan.

Qish sovug‘i, bahoriy iliqlik – quyosh bois,
Tun zulmati, kunduzgi tiniqliq – quyosh bois.

Shimol tomon yorishgan chog‘lar – quyosh tufayli,
Boshi uzra zarrin tug‘ tog‘lar – quyosh tufayli.

Bundan keyin hamma der: Har doim bo‘lsin quyosh,
Yerga yor bo‘lsin doim, osmonga to‘lsin quyosh!

… Ayol quyosh naslidan ekan, goh oliyjanob,
Goh dilbarlik qilgaydir, goh dilni aylar xarob.

Gohida tong fayziday sokingina, g‘aroyib,
Xazar dengizi yanglig‘ gohida ketgay toshib.

Goh asalday yoqimli, shirin, xush bo‘y ufurgay,
Goh dengiz yuzidagi to‘lqin kabi quturgay.

Goh tiriklik ayshiga bag‘ishlaydi halovat,
Goh tilin nayzasidan dilda qolar jarohat.

Goh iffatli, hayoli, goh shakkokdir bu zolim,
Goh shod-xurram, goh g‘amgin, goh qattiq, goh muloyim.

Ayol quyosh naslidan ekan, goh oliyjanob,
Goh dilbarlik qilgaydir, goh dilni aylar xarob.

Bundan buyon hamma der: Har doim bo‘lsin Ayol,
Ayol bor – hayot go‘zal, umrimiz topmas zavol!

GAR AYOL OTASH BO‘LMASA

Gar ayol otash bo‘lmasa, xom bo‘lardik barchamiz,
Yetilmagan may to‘la bir jom bo‘lardik barchamiz.

Gar ayol baxsh etmaganda biz uchun boqiy umr,
Betaxallus, bexabar, benom bo‘lardik barchamiz.

Go‘daklikdan tuymasak issiq bag‘irning taftini,
Muhabbatdan bexabar nokom bo‘lardik barchamiz.

Sog‘masa ko‘krak sutin gar ko‘zimiz ichra ona,
Tug‘ma ko‘ru benavo ayyom bo‘lardik barchamiz.

Gar ayol ko‘rsaimasa bizga odobdan yo‘l-yo‘riq,
Zotimiz aynib butun, badnom bo‘lardik barchamiz.

Gar ayol otash bo‘lmasa, kulbamiz ketgay sovib,
Zulmat ichra qop-qorong‘i shom bo‘lardik barchamiz.

Gar ayol bizni suyib, o‘rgatmaganda ilk kalom,
Bir so‘z demay, saqlab sukut, lom bo‘lardik barchamiz.

Qurmasak olam gar ayol otashi ichra yonib,
Qabr toshiday sovuq payg‘om bo‘lardik barchamiz.

NON USHOG‘I

Non ushog‘in yerdan bir-bir olib, ko‘zimga surtarman,
Issiq, mehnat noniga razm solib, ko‘zimga surtarman.

Men qachondir o‘roqchilik qilganman, yonimda o‘roq,
O‘rganimni gohi bog‘lab, gohida terganman boshoq.

Tinglab xirmon yanchgan dehqon xirgoyisin va nag‘masin,
Eshitardim gavroncho‘pning tushganda og‘ir zarbasin.

Tentirardim tog‘-adirda oyoqyalang, ochu nahor,
Kiftga ola xurjun ilib kezganman nochor, bemador.

Sahroda qolgan somonday kun-tun to‘zg‘ib kezar edim,
Bebosh, daydi shamol yanglig‘ tinim bilmay esar edim.

Ushbu kunda mahallamiz novvoyi har tong otgan chog‘,
Eshigimga keltiradi o‘zi yopgan nonin qaynoq.

Kelinchaklar xonasini qoplagay har visol to‘yi,
Ko‘chalarni to‘ldirganda shirmoy nonning totli bo‘yi.

Egat uzra boshoqchalar boshin egib turgan paytlar,
Yoshu qari shodligini bir-biriga payvand aylar.

Non ushog‘in terib yerdan, bukun ko‘zimga surtarman,
Ko‘rib, iftixor qilganim uchun, ko‘zimga surtarman.

YULDUZIM

Ko‘rmadim seni tun aro, Yulduzim,
Shu’la sochsang porlar samo, Yulduzim!
Osmon yulduzlarin sanab birma-bir,
Biroq, sensiz qildim xato, Yulduzim.

Porla, tong otmoqda iliq, Yulduzim,
Tong kabi musaffo, tiniq, Yulduzim!

Tonglar – umid bo‘lib miltillagan cho‘g‘,
Men kelar yo‘lingdan ko‘z uzganim yo‘q,
Ko‘zimdan uyquni haydadim butkul,
Senga vafodorman, bundan ko‘nglim to‘q.

Porla, tong otmoqda ilik, Yulduzim,
Tong kabi musaffo, tiniq, Yulduzim!

Nozik barmog‘ingni qo‘msar paxtazor,
Sen-la garov o‘ynab, yutish zavqi bor,
Men senga hamisha xayrixohdirman,
Umidvorman, sira qolmassan nochor.

Porla, tong otmoqda tiniq, Yulduzim,
Tong kabi musaffo, tiniq, Yulduzim!

Garchi isming Yulduz, Yulduzsan o‘zing,
Yulduz kabi yorug‘ porlaydi ko‘zing.
Yurt senga tag‘in bir yulduz baxsh etdi,
Juft bo‘ldi, juft bo‘ldi sening yulduzing!

Porla, tong otmoqda iliq, Yulduzim,
Tong kabi musaffo, tiniq, Yulduzim!

NAILOJ

Seni sog‘indim tog‘-toshim, nailoj,
Sendan olisman, diyorim, nailoj.

Atrofimda ko‘rdim biyobrnlarni ko‘p,
Gulim, bo‘stonim, bahorim, nailoj.

O‘tib ketar yonimdan yot, begonalar,
Qayda ul xeshu taborim, nailoj.

Yurtga qaytish yolg‘iz ilojim bo‘lsa gar,
Bu maqsad kun-tun shiorim, nailoj.

Vatan – sodiq hamroh menga safarlarda,
U g‘urur va iftixorim, nailoj.

Men Vatanni sog‘indim, har dahza ko‘zdan
Tomdi ko‘z yosh, intizorim, nailoj.

She’rlar Odil Ikrom tomonidan tayyorlangan “Zamonaviy tojik she’riyati” to‘plamidan olindi.

006

(Tashriflar: umumiy 2 741, bugungi 1)

Izoh qoldiring