Loyiq. Ey, mening telba dilim, devona bo’l!.. & Шералӣ Лоиқ. Куллиёт

00420 май — Атоқли тожик шоири Лойиқ Шерали таваллуд топган кун

    Лойиқ (Шерали Лоиқ) 20 асрда тожик халқининг энг улкан шоири эди десам, асло хато қилмайман. Бир пайтлар Хайём, Рўдакий, Ҳофизнинг саноқсиз сатрларини ёд билган шеърият мухлислари сўнгги қирқ йил давомида Лойиқ шеърларини оғиздан қўймай,ҳайрату ҳаяжон билан такрорлаб юришади. Тожик адабиёти сўнгги асрларда узоқ кутилган илоҳий туҳфага Лойиқ исмли шоир сиймосида мушарраф бўлди… Лойиқ ҳақида узоқ йиллар аввал шундай сўзлар айилтган эди: «Менинг назаримда,Тангри ер юзида биргина шоирни яратди, бироқ унга турлича ном ва тақдирни насиб айлади. Русияда уни Александр Пушкин, Англияда — Жорж  Байрон, Италияда — Данте Алигьери, Тожикистонда — Лойиқ Шерали деб атадилар».

Лойиқ шеър ўқиганда Зарафшон ҳайқириб  оқарди, Панжруд осмонида юлдузлар чароғонлашиб дилларга нур улашарди, қари Помир ўша чароғон юлдузлар қадар юксаларди.

Шоир Асқар Маҳкам оташнафас шоир хотирасига бағишлаган ғамгин мақоласида ўртаниб ёзади: «Шеър Лойиқ билан келди, Лойиқ билан кетди… У — тирик кетди ва бу -ўликлар қолди… Лойиқ ҳаёт мазмунини ҳақиқат инкишофи ва бунёдида деб билди. Умр бўйи миллатни Рўдакий қадар, Фирдавсий ва Ҳофиз қадар кўтармоққа, юксак тоғлар бошидан заминга олиб тушмоққа интилди».

Лойиқ Тожикистонда рўй берган фожиалару  хунрезликлар оқибатида оғир хасталикка учраб, ҳаётдан эрта кетди. Унинг  юраги эл ҳасратида куйиб адо бўлди. Аммо,унинг ҳаётбахш шеърлари асрлар оша авлодлардан авлодларга етиб бориши шак-шубҳасиздир.

Хуршид Даврон
Ўзбекистон халқ шоири

ЛОЙИҚ
ШЕЪРЛАРИДАН НАМУНАЛАР

Одил Икром таржимаси

09

* * *

Ишқ аввали – баланд, бепоён осмон,
Ишқ охири – ботқоқ, дунё – қоронғу.
Ишқ аввали – ёш ва қайноқ орзулар,
Ишқ охири – қариб, кексайган орзу.

Ишқ аввали – қўллар ёрнинг бўйнида,
Ишқ охири – қўллар қўлтиқда бари.
Ишқ аввали – нигоҳ ёрга юзма-юз,
Ишқ охири – боқар юзсизлик сари.

Ишқ аввали – кокил узра гул-чечак,
Ишқ охири – бир боғ хору хас, сўник.
Ишқ аввали – тенгсиз дунё эгаси,
Ишқ охири – эссиз, эгасиз ўлик.

Ишқ аввали – мардлар тўнин кийган лоф,
Ишқ охири – номард тўқиган туҳмат.
Ишқ аввали – дилда лаззатли азоб,
Ишқ охири – дилда ўртанган ғурбат.

Ишқ аввали – лабда эриган бўса,
Ишқ охири – аччиқ, шўр босган кадар.
Ишқ аввали – дийдор нашъу намоси,
Ишқ охири – ҳижрон тутқазган заҳар.

Ишқ аввали – гулга бурканган баҳор,
Ишқ охири – хазон фасли, хиёнат.
Ишқ аввали – илк бор яралган дунё,
Ишқ охири – қойим бўлган қиёмат.

* * *

Илк муҳаббат – совуқ урган ғўрадай
Етилмай тўкилар шохдан ғамбода.
Умр новдасининг илдизи агар
Сувда бўлса, гуллар қайтган баҳорда,
Эй, менинг телба дилим, девона бўл!

Шоирлик юртига сафар айладим,
Тўрвамга мен сени жойладим, фақат.
Тўрвамда йўқ эди тоғлар ганжидай
Шуъла сочган тошдан ўзга бир давлат,
Эй, менинг телба дилим, девона бўл!

Баъзан, кўксим ичра нолийсан узоқ,
Баъзан, ўт ёқасан бағримга маним.
Берилиб кетганда ишқ ўйинига,
Баъзан, бошим билан ўйнашасан жим,
Эй, менинг телба дилим, девона бўл!

Баъзан, пушаймонлик биёбонида
Кетган ёр изини ахтардинг роса.
Баъзан, неки насиб этса умрдан,
Унга шукур айлаб, қилдинг муроса,
Эй, менинг телба дилим, девона бўл!

Ҳаёт кўпу камнинг йиғиндисидир,
Ҳар тун осмон узра ой бўлмас сирдош.
Чиройга ошиқдир баъзилар, аммо,
Дўппи топилади, омон бўлса бош,
Эй, менинг телба дилим, девона бўл!

Мудрама шошқалоқ оламда, зеро,
Шоирлик, ошиқлик телбаликдир, рост.
Очилган эшикни очганлар касби –
Хонаки товуқнинг парвози, холос,
Эй, менинг телба дилим, девона бўл!

Яна сипқорамиз жомларни бир-бир,
Бошга кўтарамиз яна шомларни.
Туғилган минг-минглаб чақалоқларга
Биз инъом этамиз янги номларни,
Эй, менинг телба дилим, девона бўл!
Девона бўл!..

* * *

Хатодан, ғафлатдан ва ғурурлардан,
Жафодан, ғирромлик ва қусурлардан,
Ёлғондан, алдоқдан ва ур-сурлардан,
Ишқ ҳам қартаяди, ҳеч бўлар, афсус,
Ишқу ошиқликка кеч бўлар, афсус.

Гумону маломат ва бўҳтонлардан,
Дилни эговлаган ўлик жонлардан,
Қалби кўр қўрслардан, қўли қонлардан,
Ишқ ҳам қартаяди, ҳеч бўлар, афсус,
Ишқу ошиқликка кеч бўлар, афсус.

Камолот фаслида камол ўтгайдир,
Бамисоли тушдай хаёл ўтгайдир,
Қадр топган ҳусну жамол ўтгайдир,
Ишқ ҳам қартаяди, ҳеч бўлар, афсус,
Ишқу ошиқликка кеч бўлар, афсус.

Гул-япроқ кузакда бўлгандай хазон,
Йўлларда қуриган дарёдай ҳайрон,
Азобдан қийналган жондай беомон,
Ишқ ҳам қартаяди, ҳеч бўлар, афсус,
Ишқу ошиқликка кеч бўлар, афсус.

Эскирган матоҳдай йўқотиб рангин,
Ўлик ердай ютиб зардобу зангин,
Йўлларда туртинган асодай ғамгин,
Ишқ ҳам қартаяди, ҳеч бўлар, афсус,
Ишқу ошиқликка кеч бўлар, афсус.

Ирода сўнгайдир, ғам келса ғолиб,
Ҳалок айлагувчи азобдан нолиб,
Биздай тўполонлар ичида қолиб,
Ишқ ҳам қартаяди, ҳеч бўлар, афсус,
Ишқу ошиқликка кеч бўлар, афсус.

Гарчанд, у – юракда мунглиғ ҳикоят,
Гарчанд, у – дунёдан айлар шикоят,
Гарчанд, у – ёшликдан гўзал ривоят,
Безамон қартайиб кетади, афсус,
Ноаён қартайиб кетади, афсус…

* * *

Оҳ, сени учратиб қолсайдим тағин,
Бошимни пойингга айлардим инъом.
Умр йўлларида чарчаб, эгилган
Сочинг соясида олардим ором.

Ҳайдардим юракдан армонларимни,
Сочингдай титилиб кетарди буткул.
Қовжираган сўлғин бахтим ҳам масрур,
Боғингда очилиб, гулларди нуқул.

Ҳаммадан қўл ювиб, чиқариб қанот,
Юракни парвозга чақирар эдим.
Мен бахтлиман, дея етти иқлимга
Бор овозим билан бақирар эдим.

Турардим кўзингга тикиб кўзимни,
Ёнингдан кетмасдим, қолсам-да қариб.
Эшигингдан то гўр оғзига қадар
Ёнингдан бир қадам жилмасдим нари.

Бир нафас бағрингда ором олсам бас,
Бошқа ҳеч нарсани қилмасдим орзу.
Ахтариб юрмасдим бахт юлдузимни,
Кўзларинг юлдузи сочганда ёғду.

Балки, фироқдан сўз очмасдим, ғамлар
Ўтиб кетмас эди суяк-суякдан.
Балки, бир сўзингдан яратар эдим
Энг гўзал шеъримни юрак-юракдан.

Юрагим ҳасратга тўлгандир ҳамон,
Қолиб кетди ишқу ошиқлик бари,
Умид хирмонида, шамолдан кейин
Қолиб кетган бир кафт кепак сингари…

Оҳ сени учратиб қолсайдим тағин,
Ишқ доғини олиб кетмасдим йироқ.
Ўлар эдим сенинг ғамларингни еб,
Афсус еб мен ўлиб кетмасдим, бироқ…

* * *

Бу кеча хаёлим кўчаларидан
Қоматинг сояси ўтар тентираб.
Ишқимиздан нишон қолмаган, бироқ,
Соя кўз олдимга сени келтирар.

Ногоҳ қўзғаб кетар эски дардларим,
Туз сепди юрагим ярасига ул.
Ўт қўйиб ашқолу дашқолларимга,
Остин-устин қилди уйимни буткул.

Ногоҳ ўчиб қолган юлдуз нуридай
Кўксимга санчилди ишқингнинг нури.
Хаёлимнинг тийра пучмоқларини
Ёритди чақнаган кўзларинг дури.

Ўша чилбир, ўша жамалак кокил,
Ўша турмакланган ширин азоблар.
Ўша ўхшаши йўқ маъсума вужуд,
Ўтиб кетган ўша савол-жавоблар…

Мактублар, сўроқлар…
Ишқ манглайида
Нечун айрилиқдан қолмиш ёзиқлар?
Нима учун, боқий бўлса муҳаббат,
Хато қилиб ўлар барча ошиқлар?!

Нечун бевафодир эркаклар зоти,
Билмас аёл тўккан кўз ёш қадрини?
Наҳот, улар билмас ишқ достонининг
Бўсаю бағирдан ўзга сатрини?

Оҳ, бу достонларнинг йўқдир адоғи,
Улар «Минг бир кеча» қиссаси эмас.
Уни ўқиб, ўксиб йиғламас ҳеч ким,
Ё «Қайдан?», «Қаердан?», «Не учун?» демас…

Одамий ишқ тугал достондир азал,
Гоҳо нур таратган гоҳо нурпараст.
Одаммас – севгидан фойда излаган,
Одамдир – бир умр ишқдан бўлган маст.

Навбатбоз дунёда навбатимизни
Бетоқат кутамиз, айлаймиз талош.
Қўлда навбат жомин синдириб кетдик,
Лабимиз қуп-қуруқ, кўзимизда ёш.

Ким бўлмайлик, энди барчаси ўтди,
Оққан сув қайтмайди ортига боқиб.
Оқиб кетган обрў қайтиб келмайди,
Ариқнинг сувидай кетганда оқиб.

Қаерда бўлмагин, ошиқдай яша,
Фақат, шеър айтишга букун қодирман.
Баҳорда йўқотган ўша гулимни
Афсуски, кузакда излаётирман…

* * *

Ошиқлар – девони чиқмаган шоир,
Ошиқлар – унвондан мосуво олим.
Ошиқлар – овози олинган ҳофиз,
Ошиқлар – гул терган боладир доим.

Шаҳар кўчасидан ўтсангиз агар,
Ёрнинг бўйи қадар қўллар бўйинда.
Ишқ ёғар осмондан, кўча ва куйдан,
Шаҳар муҳаббатга тўлган, тўйинган.

Жуфт-жуфт бўлиб, туртиб йўловчиларни
Улар ўтиб кетар шод, ғурур билан.
Дийдордан порлаган нигоҳ ва юрак,
Гўё нур йўлидан ўтар нур билан.

Бутун шаҳар – ваъда, висолга ошён,
Бирорта жой қолмас тегмаган қадам.
Бутун шаҳар дўнган ҳур бўсагоҳга,
Дарёнинг лаби ҳам, ёрнинг лаби ҳам…

Юрагим ҳаприқар сизларга боқиб,
Ҳаёт ҳамроҳликка бўлганда маъво.
Қариб қолган осмон, худди, сиз каби
Боқий гўзалликдан ахтарар маъно.

Сизга ҳозир ишқу ошиқлик басдир,
Бир юракка бўлиб сирдош, ҳамнафас,
Ошиқ нигоҳ билан ҳаёт ҳуснига
Сиз боқа олсангиз, шунинг ўзи бас.

Ёр қадрига етиш осон иш эмас,
Йиғиштириб дунё ғалваларини.
Топа олсангиз бас учқур замондан
Ишқу интизорлик лаҳзаларини.

Бошқа нима дердим, сиз мендан кўра
Ишқ йўлининг бир жон, бир танидасиз.
Бошқа нима дердим, сиз мендан кўра
Оқил, доно – қадим ишқ фанида сиз.

Ошиқлар – уяси бузилган қушлар,
Ошиқлар – ўт тегиб ёнган нолалар.
Ошиқлар – соҳилда ташна қолган лаб,
Ошиқлар – эртакда қолган болалар…

* * *

Шаҳарга сиғмасанг, уйга сиғмасанг,
Қўшиққа сиғмасанг, куйга сиғмасанг,
Билгил, бу ишқдир!

Қуёш бош устингда, фақат, сен учун,
Отанг қўллагандай порласа беун,
Билгил, бу ишқдир!

Дунёнинг бағрида яйрасанг тўлиб,
Битта барг кўринса юз садбарг бўлиб,
Билгил, бу ишқдир!

Кўзгуга юзма-юз ўтирсанг мағрур,
Кўзингда порласа илоҳий бир нур,
Билгил, бу ишқдир!

Яралсанг ўзингдан ўзгага қадар,
Ўзингдан ўзингни тополсанг агар,
Билгил, бу ишқдир!

Бир куни англасанг ному нангингни,
Онадан не учун яралганингни,
Билгил, бу ишқдир!..

* * *

Айтинг, ўн саккизга кирган чоғида
Ким тунлар тўлғанмай ором олар жим?
Айтинг, ўн саккиз ёш остонасида
Битта қиз номига шеър битмаган ким?

Дарсда устоз кўзин шамғалат қилиб,
Бир қизнинг номига хат ёздим пинҳон.
Юракда ёришган туйғуларимни
Бахтга ёр ул ёрга айладим баён.

Мактубни берардим, гулнинг баргига
Ўралган ишқимни айлаб ифода:
«Мен сени Мажнундай севаман, ишон,
Ишқим – ҳуснинг каби ҳаддан зиёда…»

Партанинг ортида устоздан пинҳон
Санардим кокиллар қаторин ҳар кун.
Ва узун сочининг занжири билан
Юрагимни боғлаб берардим бутун.

Дарс пайти энг сўнгги партада туриб,
Хаёлим сочини тараб сумансой,
Унинг меҳри, худди, каптар мисоли
Юрагим тубидан олган эди жой.

Кўнглим оқ қоғоздай топ-тоза эди,
Фақат, унинг исмин дилга йўндим мен.
Балоғат ёшида ғўр эдим ҳали,
Унга берган эдим содда кўнглимни.

Лекин, афсус, сўнгги қўнғироқ саси
Ишқимиз адосин садоси эди.
Ўтаётган ёшлик айёми, олис
Даштдан келган карвон нидоси эди.

Сўнг… Ҳаёт йўлида кездик саргардон,
Ҳар ким ўз бахтини ахтарди ёниб.
Кетдик, бошимизда – эртанинг ўйи,
Юракка ғам, ташвиш юкини солиб.

Ҳавас унутилди сабоқдай, ёшлик
Кетди, хато кетган ўқдай йўл босиб.
Рози эдик ўшал орзулардан биз,
Бироқ, ёшлик кетди биздан норози…

Унинг узугидан сачраган учқун
Пинҳона ёндирди дилда борини.
Қатор сочларидан олган эдим илк
Шеъримнинг ҳар сатрин, ҳар қаторини…

* * *

Қалбингда азоб кўрдим, тунларда бехоб кўрдим,
Ҳар лаҳзаю ҳар соат ҳолингни хароб кўрдим,
Доро бўлибсан, эй, дил, ғавғолигинг муборак!

Тошдан шарар ахтариб, ёрдан назар ахтариб,
Синиқ кўнгилдан нажот, ишқдан самар ахтариб,
Пайдо бўлибсан, эй, дил, пайдолигинг муборак!

Орзу-ҳавасга лим-лим тўлгайсан, тинмагайсан,
Ёр майлидан маст бўлиб, кўксимга сиғмагайсан,
Эҳё бўлибсан, эй, дил, эҳёлигинг муборак!

Бепоён жаҳондирсан, ошкору ниҳондирсан,
Гоҳ майса янглиғ шодмон, гоҳ сўлғин хазондирсан,
«Шайдо бўлибсан, эй, дил, савдолигинг муборак!»(1)

Туғёнинг ўзгачадир, жавлонинг ўзгачадир,
Кўксимда бош кўтарган тўфонинг ўзгачадир,
Дарё бўлибсан, эй, дил, дарёлигинг муборак!

Ҳолимни сўрайсан гоҳ, ғамингда куярсан гоҳ,
Бош устимда ярақлаб, нур сочиб турарсан гоҳ,
Зебо бўлибсан, эй, дил, зеболигинг муборак!

___________
1- Шамс Табризий сатри.

* * *

Менинг хаёлимда бўлмасанг агар,
Ёниб куйламасди дарё ҳам, ишон.
Ҳаётнинг нафаси қайтиб кетарди,
Ва мендек шоирдан қолмасди нишон.

Менинг хаёлимда бўлмасанг агар,
Бир пулга арзимас ишқнинг зийнати.
Кўзларинг ғурури бўлмаса баланд,
Жуда паст бўларди ишқнинг ҳиммати.

Менинг хаёлимда бўлмасанг агар,
Шеъру шоирлигим бўларди касод.
Ҳаётим, дунёда нимаики бор,
Барчасин дастидан дод этарди, дод…

ЭСКИ ЎГИТ

Дўстлар! Қўлда қадаҳ, дилда гард надир?
Бу кун ўтди, эрта келган дард надир?
Ахир, кимга керак панду насиҳат?
Бул дам ғаниматдир,
Одам ғанимат!

Дўстлар! Ишқ баҳори гул сочиб ўтди,
Дил дарёси бекор, тез оқиб ўтди,
Қачонгача дилни ўртар азият?
Бул дам ғаниматдир,
Одам ғанимат!

Дўстлар! Дил додига етайлик бир дам,
Ёр нозин кўтариб кетайлик илдам,
Ноз айлаган ёрдан кутмайлик ҳиммат,
Бул дам ғаниматдир,
Одам ғанимат!

Дўстлар! Бошни бошга айлайлик фидо,
Юракда тинмасин қадим куй, нидо,
Шеър, қўшиқ нурига қонсин муҳаббат,
Бул дам ғаниматдир,
Одам ғанимат!..

ФАРЗАНДЛИК ҚАРЗИ

Мард эмас ул эркак, ҳаёт жангига
Кирмаса совутин ечиб, беханжар.
Бесовут, беханжар кирсаю бироқ,
Қўлида қирқ ҳунар бўлмаса агар.

Ўз халқининг дарди, каму кўсти деб,
Ўзи билан ўзи олишганда мард:
Киндигининг қони тўкилган ерга,
Юрагининг қони тўкилмоғи шарт.

ШОИР ҚАДРИ

Ошиқлар оҳ тортса хаёлга ботиб,
Зўрлар ҳам йиғласа ҳайрон, лол қотиб,
Дўстлар бир-бирини кетганда сотиб,
Ўшанда билинар шоирнинг қадри.

Осмонда бир юлдуз ёнса дамодам,
Ерда бир ёш юрак тутганда мотам,
Ўзидан ўзини ахтарса одам,
Ўшанда билинар шоирнинг қадри.

Овчиларнинг ови юришмаган он,
Бошин эгиб қайтса, елкада камон,
Харсанг тош устида ўтирса ҳайрон,
Ўшанда билинар шоирнинг қадри.

Йўловчи қумлоқдан ўтиб кетганда,
Оҳанги қумларга чўкиб кетганда,
Бир парча шеър ўқиб жўшиб кетганда,
Ўшанда билинар шоирнинг қадри.

Юрак осмонини қопласа булут,
Сохта гўзалликнинг юзи ҳам шувут,
Эзгулик дунёси бўлганда унут,
Ўшанда билинар шоирнинг қадри.

Дунё тор келганда зўрлар лошига,
Ҳангомаю ғурур етиб бошига,
Ёзув ахтарганда қабр тошига,
Ўшанда билинар шоирнинг қадри.

Одамзод қайтадан топса қадрини,
Куйга солиб айтса алам, дардини,
Бир сўздан ахтарса ул дард шарҳини,
Ўшанда билинар шоирнинг қадри.

* * *

Ибн Сино икки тилда сўйларди,
Кўнгил асрорини, юрак арзини.
Нишопурлик Хайём икки забонда
Чақар эди битта маъно мағзини.

Икки тиллик эди шоирлар бурун,
Ўзининг тилию халқ тили билан.
Мумтоз шеъру достон битди халқ учун,
Ҳақиқат тилию қалб тили билан.

Бу – бизнинг замонга хос бўлган ғамдир,
Гарчи, ҳамма зукко, ҳушёрдир ҳамма.
Икки тиллик шоир нақадар камдир,
Шоирларнинг кўпи – иккиюзлама…

ОРИФ ЗОТЛАРГА

Ноаҳил ва кўрдир ёритгувчимиз,
Яқинлар ўзидан олислардадир.
Тоғларимиз каби сақлаймиз сукут,
Токи, тоғлар тоши қиларкан сабр,
Ҳолимга вой менинг, ҳолимизга вой!

Жилоси қолмаган тоғларимизнинг,
Торож бўлса тоғлар тоши, турбати.
Балки, тош арзимас кўз ёшимизга,
Аммо, ғорат бўлса тоғлар қудрати,
Ҳолимга вой менинг, ҳолимизга вой!

Булоғимиз кўпдир, томоғимиз қоқ,
Гўё озод, аммо, қулмиз беқадр.
На майдон мардимиз, на осмон марди,
Аслимиз қанақа, номимиз надир?!..
Ҳолимга вой менинг, ҳолимизга вой!

Номимиз баланду оҳангимиз паст,
Руҳ баланд, юзларда ажинлар қат-қат.
Дарё тўла суву ташнадир соҳил,
Тоғлар баланд, аммо, пастдир фаросат…
Ҳолимга вой менинг, ҳолимизга вой!

Пахтамиздан битта кўйлак тикилмас,
Юзи ёруғ бўлган бир ҳамватан йўқ.
Пахта фахримиздир ўла-ўлгунча,
Ўлсак, ўрагани, ҳатто, кафан йўқ…
Ҳолимга вой менинг, ҳолимизга вой!

Озодалик йўқдир, оворалик бор,
Чоракорлик йўқдир, бечоралар бор.
Она юртимизда, зоҳиримизда
Эгасиз, худбинга не чоралар бор?!..
Ҳолимга вой менинг, ҳолимизга вой!

Бошимиз омондир, қалбимиз ўлик,
Қисмат қийиғидан белбоғимиз йўқ.
Бир сафда кетамиз итоат қилиб,
Бир сафда Ўзликка келмоғимиз йўқ,
Ҳолимга вой менинг, ҳолимизга вой!..

* * *

Кўрдим, юраклари қонга тўлса ҳам,
Юракка бегона етти ётларни.
Не-не унвонларга эга бўлса ҳам,
Фозил бўлолмаган айрим зотларни.
Эй, ҳаёт! Гар бизга устоз бўлсанг, айт,
Айтгил, ёлғонларнинг йиртиб пардасин,
Нечун бир мактабдан чиққан шогирдлар,
Оқил бўлолмайди бари, барчаси?

Ҳаттоки, дунёдан ўтар чоғида
Бузилмас ошиқнинг аҳду паймони.
Шоирнинг юраги уйғоқ бўлса гар,
Шайдо бўлиб ўтар дунёга жони.
Эй, ҳаёт! Гар бизга раҳбар бўлсанг, айт,
Сувдан қуруқ чиқар фосиқлар ҳар дам.
Дунё гирдобидан ўтса ҳам улар,
Нечун оёғига юқтирмайди нам?!

Номуси қолмаган хушомадгўйлар
Ичган қасамини синдирар бир-бир.
Топталган ғурурлар синмайди, аммо,
Дунё чил-чил синиб кетмоқда, ахир!
Эй, ҳаёт! Агар сен одил бўлсанг, айт,
Қачон мунофиқлар овози тинар?
Томдан битта аблаҳ йиқилса агар,
Қачонгача бизнинг бўйнимиз синар?!..

* * *

Бу дунёнинг барча ғавғоси ичра,
Орзуларнинг турфа хунёси аро,
Ақл ва туйғунинг жангу жадали,
Чувалган изланиш дунёси аро,
Етмаган қутбимиз бор ҳаммамизда,
Отмаган субҳимиз бор ҳаммамизда.

Ҳамма гул теради орзу боғидан,
Ўзи, ўзга билан кўргали баҳам.
Тиним билмай гуллар терамиз, гарчанд,
Баҳор чоғи ёхуд баҳор ўтса ҳам.
Бироқ, очилмаган гулларимиз бор,
Ушалмаган орзу ҳавасида зор.

Жаҳон – фидо уйи жону жигарга,
Боши баландлиги ботил эмасдир.
Бироқ, барча шону шавкати билан
Ўзидан қониққан комил эмасдир.
Босилмаган йўл, ер ҳаммамизда бор,
Ёзилмаган зўр шеър ҳаммамизда бор.

Юракда – биз ҳали айтмаган қўшиқ,
Кўксимиз ичида пинҳон бир хабар.
Бир оҳанг қайнайди юракда ҳамон,
Номини билмаймиз шу кунга қадар.
Кулмаган бахтимиз бор ҳаммамизда,
Унмаган нақдимиз бор ҳаммамизда.

Очилмаган маҳзан бор ҳаммамизда,
Топилмаган бир ишқ ҳаммамизда бор.
Овора бир орзу бор ҳаммамизда,
Ҳаммамизда бордир ўпилмаган ёр.
Биз тортмаган кадар бор ҳаммамизда,
Биз ютмаган заҳар бор ҳаммамизда…

ЁЛFИЗЛИК

Ёлғизлик эмас бу – ёлғиз қолсанг гар,
Ёр-дўст сени ташлаб кетса ҳам бир-бир.
Ёлғизлик, бу – халқнинг ичида бўлиб,
Ўша халқ дардини англамасликдир.

Ёлғизлик эмас бу – дўсту душманлар
Бир бор йўқламаса, бўлмаса надим.
Ёлғизлик, бу – ўлик-тиригингда ҳам,
Дардингга, қадрингга етмаса ҳеч ким.

ЭРТАНИ ЎЙЛАБ

То ҳаёт булоғин ёпилмай кўзи,
Авлодлар қалбига тўлсин деб лим-лим,
Оналар мозорнинг бошига борди,
Оталар йўл олди дор остига жим.

То ўлмасин дея кейинги авлод,
Асраб қолсин дея юртнинг шонини,
Душманнинг ўқини еди оталар,
Волидалар ичди жигар қонини.

Ор-номус қолдириб кетди оталар,
Орият йўлида таслим этиб жон.
Ота руҳи рози бўлсин деб фарзанд,
Ўлса ҳам, номусин этмади пайҳон.

То ҳаёт, то абад туртинмасин деб,
Ўтганлар тоқати тўлган, тоқ эди.
Оналарнинг кўрган кунлари қаро,
Гўдакларнинг ичган сути оқ эди.

* * *

Эй, дарёнинг майин эсган шамоли,
Келгил, юрагимда бир лаҳза қувон.
Ёки сен ҳам мендай шошқалоқ каби
Ҳаётни шитоб деб қилдингми гумон?

Тошлар ўйга ботган соҳил бўйида
Дарё суви мендай шошади ҳар ён.
Неки ўтди, қайтиб келмайди бошқа,
Бу ҳақиқат, фақат, айтишга осон…

Нима топсанг – қўлдан кетар бир зумда,
Ҳаёт ортга қайтмас қадимдан-қадим.
Қўлингда неки бор – ўша нақд бугун
Ва унинг қадрига етолмас ҳеч ким.

Ҳаммамиз дунёдан ўтамиз, дарё
Қуримай, узоқ йил тўлишни истар.
Беқарорлик – ушбу дунёга одат,
Бундан-да беқарор бўлишни истар.

Сув лабида сўзга очолмасман лаб,
Ўзимча минғирлаб, тўзим билмасман.
Эй, дарё шамоли, нима йўқотдим,
Нима ахтараман???
Ўзим билмасман.

ҚАРFИШ

Ёғилсин ўшанга халқнинг лаънати,
Беор, ҳиммати паст бўлса, илойим,
Ким гар, онасининг оқ сутин ичиб,
Қора ният билан яшаса доим.

Ҳар икки дунёнинг лаънати бўлсин,
Ким умр кечирса йиғиб бойлик, зар.
Онадан панд тинглаб гўдаклигида,
Одам боласига панд берса агар.

Осмон тушиб кетсин унинг бошига,
Осмонда неки бор, тушсин бетиним,
Обрўйини тўкиб ариқ сувидай,
Онанинг юзидан юз ўгирса ким.

Бутун ер юзининг нафрати бўлсин,
Ўз жонини ўйлаб юрган зотларга.
Онасининг чўккан қабрин унутиб,
Ҳашаматли қаср қурган зотларга!

Лаънат бўлсин, тағин минг лаънат бўлсин,
Номидан одамлар ҳазар этганга.
Лаънат бўлсин, халқнинг ҳалол нонин еб,
Бир кун итдай ҳаром ўлиб кетганга!..

FОЙИБ САФАРЗОД ХОТИРАСИГА

Сенга айтар эдим, бунча шошма деб,
Шошдинг, қара, шошиб қайга ҳам етдинг?..
Қайғурдинг, одамдан ўтса хатолик,
Нечун хато қилдинг, оламдан кетдинг?..

Тоғ йўлидан келдинг сўз билан, сўздан
Тоғ йўлига сафар айладинг мангу.
Ваъда қилган эдинг бир олам қувонч,
Кетдинг… Сендан қолди бир дунё қайғу.

Бу дунё асрори, юк босган дўстим,
Қолди юрагингнинг бир чеккасида.
Сен тоғлар юкини тортмоқчи эдинг,
Умринг юки қолди тоғ елкасида…

ТАСАЛЛИ ЎРНИДА

Бедил бўлолмасанг,
Ҳамдил не керак?

Йўловчи бўлмасанг,
Манзил не керак?

Дарё бўлолмасанг,
Соҳил не керак?

Қонинг ўлган бўлса,
Қотил не керак?!..

ТАШЛАНДИҚ ҚИШЛОҚ

Емирилиб кетган деворлар боши,
Томлар ҳам тўкилиб чўккандир бадар.
Қишлоқнинг жасади жойида, аммо,
Унда тирик жондан қолмаган асар.

Бошқа бир водийга йўл олди ҳаёт,
Дарё тўлиб оқар, фаровон, сулув.
Энди одамлар ҳам сувнинг бошида
Тўполон кўтариб талашмайди сув.

Қишлоқ кўчган манзил – озодлик шаҳри,
Озодлар шаҳридир оламдан огоҳ.
Аммо, вайронага айланган бу жой
Аждодлар қисматин эслатар ногоҳ…

Сандалнинг ичида, ўчоқ олдида
Яшнаб, қолиб кетган чўғнинг жилваси.
Қачондир тоғликлар бағрин ёритиб
Сўнг ўчган оловнинг сўнгги шуъласи.

Кўрмайди кимсасиз кўчалар кўзи,
Жовдираб боқмайди ёр йўлига зор.
Одамсиз, ҳасратга ётар кўмилиб,
Ҳувиллаган ҳовли, мунғайган девор.

Оҳ-нола тентирар теварагида,
Атрофига боқар тош девор маъюс.
Титилган қишлоқдан қолган парча ер
Атрофини ўраб тургандай ҳануз.

Тупроқ билан тўлган ёғнинг хурмаси,
Осилган ошқовоқ шох сиртмоғида
Тор оғзини очиб айтар: — Қандай бахт,
Одамзод ризқи кенг бўлган чоғида…

Кимсасиз қишлоқда қўрқиб, қалтираб
Чинорнинг шохига чирмашган узум.
Ёлғизлик эзганда, туну кун йиғлаб,
Қуриб, қақшаб кетган булоқнинг кўзи…

СИНИҚЧИ

Менинг отам битта синиқчи эди,
Дипломи йўқ эди,
Гар ҳузурига
Бемор келса,
Дардни аниқлаш учун,
Кўзларини юмиб,
Жароҳат жойин,
Бармоқ учи билан
Пайпасларди жим.
Отам
Пайпаслаган чоғда беморни,
Юмилганда ҳорғин кўз-қароғлари,
Ўхшаб кетар эди рентгенга,
Унинг
Юмилган кўзлари
Ва бармоқлари.

Менинг отам битта синиқчи эди,
Оёғи синганлар,
Қўли синганлар,
Бўйни қайрилганлар
Келарди бир-бир.
Шифо топгандан сўнг
Отамдан,
Улар
Тағин йўл юрарди,
Ишга борарди,
Еб-ичарди,
Ухлаб, ҳатто, эснарди,
Аммо,
На Худога қиларди шукур,
На менинг отамни эсларди.

Менинг отам битта синиқчи эди,
Қовурғаси синган,
Бели қайрилган,
Тирсаги,
Кураги
Чиққан, қапишган,
Бўғинлари шишган,
Оёқ-қўллари
Ё жойидан чиққан
Ёки лат еган
Одамлар келарди
Унинг олдига.
Шифо топгандан сўнг отамдан,
Улар
Тағин йўл юрарди,
Ишга борарди,
Еб-ичарди,
Ухлаб, ҳатто, эснарди,
Аммо,
На Худога қиларди шукур
На менинг отамни эсларди.

Менинг отам битта синиқчи эди.
Сигирлар,
Отлару
(Узр!)
Эшаклар,
Қутурган итлару
Қобил мушуклар
Отамнинг олдига келарди,
Оғриқ
Азоб берганида инқиллаб аранг.
Отам даволаган сигирлар дарҳол
Подага қўшилиб кетарди тағин.
Отлар киракашлик қиларди яна.
Улар еб-ичарди,
Тўйиб ухларди,
Чопқилаб юрарди
Унутиб ғамни,
Аммо,
На Худога қиларди шукур
Ва на эслар эди отагинамни.

Менинг отам битта синиқчи эди.
Тоғлар гиёҳидан
Ҳамда шифобахш
Ўтлардан доривор тайёрлар эди.
Бор эди
Дунёнинг бир чеккасида
Шифохона янглиғ
Битта кулбаси.
Кўзлари ёрилган,
Пўсти йиртилган,
Томирлари шишган,
Боши ёрилган,
Пайлари кесилган,
Қони ивиган,
Ичи маддалаган
Яраси ёпиқ,
Яраси бедаво,
Яраси очиқ
Одамлар келарди,
Отам
Уларнинг
Дардига бир зумда топарди даво.
Шифо топгандан сўнг отамдан,
Улар
Тағин йўл юрарди,
Ишга борарди,
Еб-ичиб,
Ухларди,
Унутиб буткул
Оғриқни, азобни, алам, дардини,
Аммо,
На Худога қиларди шукур
Ва на билар эди отам қадрини.

Менинг отам битта синиқчи эди.
Бир водийнинг халқи
Бошдан то оёқ
Отамга
Бир ота,
Битта волида,
Бир ука,
Бир сингил қатори эди.
Аммо, бир кун…
Аммо, бир қаро кунда
Ўз-ўзидан қолди
Отамнинг кўнгли
Бутун дунёдану
Барча одамдан.
Одамларнинг
Синган қўл-оёғини
Отам тузатарди
Ва лекин ўзи
Синиқ кўнгил билан
Ўтди оламдан…

Менинг отам битта синиқчи эди…

* * *

Лойиқ ҳазратлари, сиз огоҳмисиз,
Гуллаб турган ёшлик айёмингизнинг
Ярми ғафлат босиб, алданганидан?
Ўткинчи умрингиз хазинасининг
Ярми ғорат бўлиб, таланганидан?
Ишқу Шеър ва Шуҳрат орзуси дея
Ном олган ўғрилар қолдирмай бир из,
Кўзингиз олдида, хазинангизни
Ташиб кетганидан хабардормисиз?

Сиз эса мамнунсиз,
Ишхонангизда
Тамаки дудида йитганингиздан.
Китоблар терилган жавон олдида
Номига чучмал шеър битганингиздан.
Мамнунсиз, бир ҳовуч тўпориларнинг
Юзаки битилган хатидан, ахир,
Гўё шеърингизни ўқигач улар
Шодликдан қийқириб, айламиш фахр.
Гўё шеърингизни ўқиб ўшалар
Юраги титрагай, йиғлагай унсиз.
Ўздан фахрланиб кетасиз ногоҳ,
Ва гулдай яшнайсиз,
Зеро, мамнунсиз.

Ахир, Сиз…
(Уйингиз буғдойга тўлсин!)
Алданиб дунёнинг алдовларига,
Нечун ишонасиз бунчалар осон,
Одамларнинг сохта мақтовларига?

Ахир, Сиз…
Бўрилар билан қўйни еб,
Чўпон билан бирга йиғламайсиз, бас.
Ахир, Сиз…
Ариқдан қочиб, қутулиб,
Дарёга тутилган қавмидан эмас.

Биласиз-ку Сиз Шеър саргузаштидан,
Сара шеър бир марта яралар, тайин.
Сиз биласиз, шоир ул шеъри билан,
Мўъжиза бобида Худога яқин.

Шоирнинг илк, сўнгги, якка-ягона
Ўшал шеъри билан ёришар қалби.
Ўшал ёлғиз шеъри билан қолар у,
Ёлғиз фарзанди бор оналар каби.

Биласиз-ку Сиз Шеър саргузаштидан,
Бу дунёнинг не-не алп шуароси,
Ўлимидан олдин оҳ-фиғон чекиб
Ўтади ўзидан бўлмасдан рози.
Зеро, яратмаган мумтоз шеърини
Ўзи билан олиб кетгайдир бадар.
Гўрга олиб кетар ўшал шеърини
Ёки ўша шеърни гўрида айтар.

Бир бор ўзингизга келинг, юракни
Очиб, ундан сўранг, борми хабари:
Сўзмикан, яратган барча шеърингиз
Ёки майда-чуйда сўз парчалари?

Агар Шеър мезони ўлчанса шундай,
Сизнинг юзингизга айтгум рўйи рост,
Ҳозиргача (мени маъзур тутгайсиз!)
Бекор сув янчдингиз ўғурда, холос!..

Лойиқ ҳазратлари, Сиз огоҳмисиз?..
Ўғурда сув янчгансиз, холос!
Ўғурда сув янчгансиз, холос!..

* * *

Замондош бўлганда бизларга Хайём,
Етарди етмаган орзуларига.
Қўли етар эди ўзга осмонлар,
Ўзга сайёранинг ёғдуларига.

Циолковский ё Эйнштейн-ла
Дўстлашиб, қўлларди бири-бирини.
Ернинг сир-асрорин осмондан излаб,
Ердан излар эди осмон сирини.

Марду номард уйқаш ушбу дунёда
Шубҳасиз, биздан кўп чекар эди ғам.
Биздан кўра кўпроқ ахтарар эди
Беозорлик йўлин, йўриқларин ҳам.

Исёнкор руҳ билан, дов юрак билан
Бекор ўтказмай ҳар дақиқасини,
Тинмай ахтаради ушбу кунда ҳам
Ўшанда ахтарган ҳақиқатини.

ТОШ САҲИФА

Бир ёлғиз қабрнинг тошига бир-бир,
Шундай ҳикмат ёзиб қолдирмиш кимдир:
«Ўз хоҳишим билан яралганим йўқ,
Ихтиёрим билан ўлмасман, тайин.
Неки олган бўлсам дунё қўлидан,
Қўлига қарз янглиғ қайтардим тағин».

Сув ювган харсангни ўйиб зору зор,
Шундай лавҳа битмиш бир вафодор ёр:
«Чўққилар бошида кўтардим фарёд,
Сенинг ёшлигингни қўмсайман бот-бот.
На сен ва на ёшлик келгайдир қайтиб,
Бир байт билан тошни айладим обод».

Бир уйнинг тўрида топибди қадр,
Уста ёзиб кетган ушбу тўрт сатр:
«Кел, азиз меҳмоним бўлгин, биродар,
Остонамни гулга буркагин бир бор.
Уйимга кириб кел қуруқ қўл билан,
Қуруқ юрак билан келмагин зинҳор».

Битта хонақоҳнинг бир шоҳстуни
Узра қай бир оқил қолдирмиш буни:
«Арзимаган молу мансаб туфайли,
Ака-ука талашмайди, биродар.
Баланд тоғлар зурёдимиз, билиб қўй,
Пастлик бизга ярашмайди, биродар!»

* * *

Уфқ зарҳалида қуёш бўлди ғарқ,
Бир нур тоғ тиғидан сўрайди мадад.
Бир зум кунботарга шошма, офтобим,
Сенинг ошиғингман, ошиқ – ғанимат!

Fуруб соясига ботди соялар,
Бир зум тоқат айла, эй, жиззаки кун.
Тоғ ортида қуёш киприги эгик,
Бир зум қуёш умрин айлагин узун.

Қора этак ёйди мотамсаро шом,
Қуёш тоғ ортида йўқолди, йитди.
Алвидо, тонггача омон бўл, Қуёш,
Сенинг ошиғингман, дунё – умидли…

Ҳис этаман ҳар кун ёлғизлигимни,
Дилимда муҳаббат дарди бор қат-қат.
Меҳрибоним, бир зум мен билан ўтир,
Сенинг ошиғингман, дунё – ғанимат!..

* * *

Сочларинг ёйилган… Қўрғонланган ой…
Fуборга бурканган сутдай ойдин тун…
Ойнинг этагига узун қўл каби
Чанг солар тоғ тиғи – узундан-узун.

Дарёга ёйилар ойнинг кулгуси,
Мавжлар ҳам қиқирлаб ўтаётир шод.
Кулгин, фақат, дарё қирғоғи узра
Дунёнинг баҳридан ўтар одамзод.

Ерда эса… Буткул ўзга бир ҳолат,
Қирғоқда майсалар сўлган, таланган.
Ёндир, то нигоҳинг чўғидан ёниб
Дарёнинг юраги олсин аланга.

Ўтли нигоҳимдан қочар кўзларинг,
Виқорли талъатинг – порлаган қамар.
Биз кўнгли дарёлар бормиз, дарё бор,
Ранги ўчган бу бахт – ёруғ нақадар.

Ҳаммаси ўтади… Бахт ҳам, иқбол ҳам!
Ҳатто, ёруғ ойнинг юзида бор доғ.
Қара, ой бўйнидан, худи мен каби,
Қўлини ўтказиб турар баланд тоғ…

ЭЙ, ТИЛСИЗ ДАРАХТ

Ўзингдан чиқариб болта сопини,
Илдизинг кесишар,
Дунё ўзи – шу.
Танангни нимталаб,
Ташиб кетарлар,
Нечук савдо?
Нечук кемтик дунё бу?

Сендан дор ёғочи тикланар баланд,
Тобутга айланар тананг, дардларинг.

Тилинг бўлса сўйла, эй, тилсиз дарахт,
Айт, тилинг эмасми, ахир, баргларинг?..

* * *

Не замонлар ўтди, жуда ҳам оздир
Сўздан сабоқ берган устозлар ҳануз.
Туҳмату иғводан, ҳатто, шайтонга
Дарс берувчи зотлар кўпайган, афсус!

Кетдик кўз кулбасин тиниқлигига,
Қийшиқ нигоҳларда бизларга не бор?
Сен билан юракдан сўйлашгим келар,
Сўзбозлар дастидан бўлдим-ку безор.

Қочай десам жой йўқ, гарчанд сен билан
Равондир дунёнинг барча йўллари.
Нетай, шеърларимни қўлимга олиб,
Сен билан қочаман мангулик сари…

ХАЙРЛИ ТУН

Шодлигу ғам бир куни ўтди яна,
Қисмату номусу ном айлаб талош,
Бўлди пайдо янги ой шом буржида,
Бизни тарк этди тағин битта Қуёш,
Хайрли тун, эй, дўст-ёрлар, хайрли тун!

Бир китобдир бул тириклик, ўтди кун
Бул китобдан бир вароқ йиртиб тағин.
Шод бўлар, баҳсу жадаллар ичра ким
Ахтариб топса тириклик чорасин,
Хайрли тун, чораси борлар, хайрли тун!

Тийра тун ёдимга келтирди яна,
Сал хира тортган онамнинг кўзларин.
Мен букун олисдаман, сўнгги нафас,
Сўнгги дам ёнида бўлсайдим яқин,
Хайрли тун, онаизорлар, хайрли тун!

Учмайин бир лаҳза, шохлар узра жам
Қушчалар тергай заминдан ризқ-рўзин.
Қонида ўт кезган ул парвоналар
Порлаган шам ўтига ургай ўзин,
Хайрли, тун, эй, куйган жонлар, хайрли тун!

Ул тикон симлар аро сарҳадбон
Ҳушёрдир ҳар кечаю ҳар кундузи.
Токи, олам бағри бўлсин беғубор,
Токи, озор топмасин деб ер юзи,
Хайрли тун, эй, ҳамдиёрлар, хайрли тун!

Аччиқ, ширинлик тўла тун жомидан
Ким ичар май, ким юрак қонин ичар.
То шивирлаб айтган ул тонг орзуси
Соғ-омон бўлсин кейинги тонггача,
Хайрли тун, эй, интизорлар, хайрли тун!

Бир замон фарзандидирмиз барчамиз,
Биз унинг бағрида топдик эҳтиром.
Ёдимизга қўнмасин токи ғубор,
Токи, қолсин барчамиздан яхши ном,
Хайрли тун, эй, дўст-ёрлар, хайрли тун!

«Хуршид Даврон кутубхонаси»да Лойиқ саҳифалари:
Лойиқ. Эй, дарё дилим…
Лойиқ. Онагинам. Шеърлар.
Лойиқ. Қатралар
Лойиқ Шерали. Рубоийлар & Шералӣ Лоиқ. Куллиёт
Лойиқ Шерали. Шеърлар & Хайём пиёласи
Лойиқ. Эй, менинг телба дилим…

20 may — Atoqli tojik shoiri Loyiq Sherali tavallud topgan kun

    Loyiq (Sherali Loiq) 20 asrda tojik xalqining eng ulkan shoiri edi desam, aslo xato qilmayman. Bir paytlar Xayyom, Ro’dakiy, Hofizning sanoqsiz satrlarini yod bilgan she’riyat muxlislari so’nggi qirq yil davomida Loyiq she’rlarini og’izdan qo’ymay,hayratu hayajon bilan takrorlab yurishadi. Tojik adabiyoti so’nggi asrlarda uzoq kutilgan ilohiy tuhfaga Loyiq ismli shoir siymosida musharraf bo’ldi… Loyiq haqida uzoq yillar avval shunday so’zlar ayiltgan edi: «Mening nazarimda,Tangri yer yuzida birgina shoirni yaratdi, biroq unga turlicha nom va taqdirni nasib ayladi. Rusiyada uni Aleksandr Pushkin, Angliyada — Jorj  Bayron, Italiyada — Dante Alig`eri, Tojikistonda — Loyiq Sherali deb atadilar».

Loyiq she’r o’qiganda Zarafshon hayqirib  oqardi, Panjrud osmonida yulduzlar charog’onlashib dillarga nur ulashardi, qari Pomir o’sha charog’on yulduzlar qadar yuksalardi.

Shoir Asqar Mahkam otashnafas shoir xotirasiga bag’ishlagan g’amgin maqolasida o’rtanib yozadi: «She’r Loyiq bilan keldi, Loyiq bilan ketdi… U — tirik ketdi va bu -o’liklar qoldi… Loyiq hayot mazmunini haqiqat inkishofi va bunyodida deb bildi. Umr bo’yi millatni Ro’dakiy qadar, Firdavsiy va Hofiz qadar ko’tarmoqqa, yuksak tog’lar boshidan zaminga olib tushmoqqa intildi».

Loyiq Tojikistonda ro’y bergan fojialaru  xunrezliklar oqibatida og’ir xastalikka uchrab, hayotdan erta ketdi. Uning  yuragi el hasratida kuyib ado bo’ldi. Ammo,uning hayotbaxsh she’rlari asrlar osha avlodlardan avlodlarga yetib borishi shak-shubhasizdir.

Xurshid Davron
O’zbekiston xalq shoiri

LOYIQ
SHE’RLARIDAN NAMUNALAR

Odil Ikrom tarjimasi

09

* * *

Ishq avvali – baland, bepoyon osmon,
Ishq oxiri – botqoq, dunyo – qorong’u.
Ishq avvali – yosh va qaynoq orzular,
Ishq oxiri – qarib, keksaygan orzu.

Ishq avvali – qo’llar yorning bo’ynida,
Ishq oxiri – qo’llar qo’ltiqda bari.
Ishq avvali – nigoh yorga yuzma-yuz,
Ishq oxiri – boqar yuzsizlik sari.

Ishq avvali – kokil uzra gul-chechak,
Ishq oxiri – bir bog’ xoru xas, so’nik.
Ishq avvali – tengsiz dunyo egasi,
Ishq oxiri – essiz, egasiz o’lik.

Ishq avvali – mardlar to’nin kiygan lof,
Ishq oxiri – nomard to’qigan tuhmat.
Ishq avvali – dilda lazzatli azob,
Ishq oxiri – dilda o’rtangan g’urbat.

Ishq avvali – labda erigan bo’sa,
Ishq oxiri – achchiq, sho’r bosgan kadar.
Ishq avvali – diydor nash’u namosi,
Ishq oxiri – hijron tutqazgan zahar.

Ishq avvali – gulga burkangan bahor,
Ishq oxiri – xazon fasli, xiyonat.
Ishq avvali – ilk bor yaralgan dunyo,
Ishq oxiri – qoyim bo’lgan qiyomat.

* * *

Ilk muhabbat – sovuq urgan g’o’raday
Yetilmay to’kilar shoxdan g’amboda.
Umr novdasining ildizi agar
Suvda bo’lsa, gullar qaytgan bahorda,
Ey, mening telba dilim, devona bo’l!

Shoirlik yurtiga safar ayladim,
To’rvamga men seni joyladim, faqat.
To’rvamda yo’q edi tog’lar ganjiday
Shu’la sochgan toshdan o’zga bir davlat,
Ey, mening telba dilim, devona bo’l!

Ba’zan, ko’ksim ichra noliysan uzoq,
Ba’zan, o’t yoqasan bag’rimga manim.
Berilib ketganda ishq o’yiniga,
Ba’zan, boshim bilan o’ynashasan jim,
Ey, mening telba dilim, devona bo’l!

Ba’zan, pushaymonlik biyobonida
Ketgan yor izini axtarding rosa.
Ba’zan, neki nasib etsa umrdan,
Unga shukur aylab, qilding murosa,
Ey, mening telba dilim, devona bo’l!

Hayot ko’pu kamning yig’indisidir,
Har tun osmon uzra oy bo’lmas sirdosh.
Chiroyga oshiqdir ba’zilar, ammo,
Do’ppi topiladi, omon bo’lsa bosh,
Ey, mening telba dilim, devona bo’l!

Mudrama shoshqaloq olamda, zero,
Shoirlik, oshiqlik telbalikdir, rost.
Ochilgan eshikni ochganlar kasbi –
Xonaki tovuqning parvozi, xolos,
Ey, mening telba dilim, devona bo’l!

Yana sipqoramiz jomlarni bir-bir,
Boshga ko’taramiz yana shomlarni.
Tug’ilgan ming-minglab chaqaloqlarga
Biz in’om etamiz yangi nomlarni,
Ey, mening telba dilim, devona bo’l!
Devona bo’l!..

* * *

Xatodan, g’aflatdan va g’ururlardan,
Jafodan, g’irromlik va qusurlardan,
Yolg’ondan, aldoqdan va ur-surlardan,
Ishq ham qartayadi, hech bo’lar, afsus,
Ishqu oshiqlikka kech bo’lar, afsus.

Gumonu malomat va bo’htonlardan,
Dilni egovlagan o’lik jonlardan,
Qalbi ko’r qo’rslardan, qo’li qonlardan,
Ishq ham qartayadi, hech bo’lar, afsus,
Ishqu oshiqlikka kech bo’lar, afsus.

Kamolot faslida kamol o’tgaydir,
Bamisoli tushday xayol o’tgaydir,
Qadr topgan husnu jamol o’tgaydir,
Ishq ham qartayadi, hech bo’lar, afsus,
Ishqu oshiqlikka kech bo’lar, afsus.

Gul-yaproq kuzakda bo’lganday xazon,
Yo’llarda qurigan daryoday hayron,
Azobdan qiynalgan jonday beomon,
Ishq ham qartayadi, hech bo’lar, afsus,
Ishqu oshiqlikka kech bo’lar, afsus.

Eskirgan matohday yo’qotib rangin,
O’lik yerday yutib zardobu zangin,
Yo’llarda turtingan asoday g’amgin,
Ishq ham qartayadi, hech bo’lar, afsus,
Ishqu oshiqlikka kech bo’lar, afsus.

Iroda so’ngaydir, g’am kelsa g’olib,
Halok aylaguvchi azobdan nolib,
Bizday to’polonlar ichida qolib,
Ishq ham qartayadi, hech bo’lar, afsus,
Ishqu oshiqlikka kech bo’lar, afsus.

Garchand, u – yurakda munglig’ hikoyat,
Garchand, u – dunyodan aylar shikoyat,
Garchand, u – yoshlikdan go’zal rivoyat,
Bezamon qartayib ketadi, afsus,
Noayon qartayib ketadi, afsus…

* * *

Oh, seni uchratib qolsaydim tag’in,
Boshimni poyingga aylardim in’om.
Umr yo’llarida charchab, egilgan
Soching soyasida olardim orom.

Haydardim yurakdan armonlarimni,
Sochingday titilib ketardi butkul.
Qovjiragan so’lg’in baxtim ham masrur,
Bog’ingda ochilib, gullardi nuqul.

Hammadan qo’l yuvib, chiqarib qanot,
Yurakni parvozga chaqirar edim.
Men baxtliman, deya yetti iqlimga
Bor ovozim bilan baqirar edim.

Turardim ko’zingga tikib ko’zimni,
Yoningdan ketmasdim, qolsam-da qarib.
Eshigingdan to go’r og’ziga qadar
Yoningdan bir qadam jilmasdim nari.

Bir nafas bag’ringda orom olsam bas,
Boshqa hech narsani qilmasdim orzu.
Axtarib yurmasdim baxt yulduzimni,
Ko’zlaring yulduzi sochganda yog’du.

Balki, firoqdan so’z ochmasdim, g’amlar
O’tib ketmas edi suyak-suyakdan.
Balki, bir so’zingdan yaratar edim
Eng go’zal she’rimni yurak-yurakdan.

Yuragim hasratga to’lgandir hamon,
Qolib ketdi ishqu oshiqlik bari,
Umid xirmonida, shamoldan keyin
Qolib ketgan bir kaft kepak singari…

Oh seni uchratib qolsaydim tag’in,
Ishq dog’ini olib ketmasdim yiroq.
O’lar edim sening g’amlaringni yeb,
Afsus yeb men o’lib ketmasdim, biroq…

* * *

Bu kecha xayolim ko’chalaridan
Qomating soyasi o’tar tentirab.
Ishqimizdan nishon qolmagan, biroq,
Soya ko’z oldimga seni keltirar.

Nogoh qo’zg’ab ketar eski dardlarim,
Tuz sepdi yuragim yarasiga ul.
O’t qo’yib ashqolu dashqollarimga,
Ostin-ustin qildi uyimni butkul.

Nogoh o’chib qolgan yulduz nuriday
Ko’ksimga sanchildi ishqingning nuri.
Xayolimning tiyra puchmoqlarini
Yoritdi chaqnagan ko’zlaring duri.

O’sha chilbir, o’sha jamalak kokil,
O’sha turmaklangan shirin azoblar.
O’sha o’xshashi yo’q ma’suma vujud,
O’tib ketgan o’sha savol-javoblar…

Maktublar, so’roqlar…
Ishq manglayida
Nechun ayriliqdan qolmish yoziqlar?
Nima uchun, boqiy bo’lsa muhabbat,
Xato qilib o’lar barcha oshiqlar?!

Nechun bevafodir erkaklar zoti,
Bilmas ayol to’kkan ko’z yosh qadrini?
Nahot, ular bilmas ishq dostonining
Bo’sayu bag’irdan o’zga satrini?

Oh, bu dostonlarning yo’qdir adog’i,
Ular «Ming bir kecha» qissasi emas.
Uni o’qib, o’ksib yig’lamas hech kim,
YO «Qaydan?», «Qaerdan?», «Ne uchun?» demas…

Odamiy ishq tugal dostondir azal,
Goho nur taratgan goho nurparast.
Odammas – sevgidan foyda izlagan,
Odamdir – bir umr ishqdan bo’lgan mast.

Navbatboz dunyoda navbatimizni
Betoqat kutamiz, aylaymiz talosh.
Qo’lda navbat jomin sindirib ketdik,
Labimiz qup-quruq, ko’zimizda yosh.

Kim bo’lmaylik, endi barchasi o’tdi,
Oqqan suv qaytmaydi ortiga boqib.
Oqib ketgan obro’ qaytib kelmaydi,
Ariqning suviday ketganda oqib.

Qaerda bo’lmagin, oshiqday yasha,
Faqat, she’r aytishga bukun qodirman.
Bahorda yo’qotgan o’sha gulimni
Afsuski, kuzakda izlayotirman…

* * *

Oshiqlar – devoni chiqmagan shoir,
Oshiqlar – unvondan mosuvo olim.
Oshiqlar – ovozi olingan hofiz,
Oshiqlar – gul tergan boladir doim.

Shahar ko’chasidan o’tsangiz agar,
Yorning bo’yi qadar qo’llar bo’yinda.
Ishq yog’ar osmondan, ko’cha va kuydan,
Shahar muhabbatga to’lgan, to’yingan.

Juft-juft bo’lib, turtib yo’lovchilarni
Ular o’tib ketar shod, g’urur bilan.
Diydordan porlagan nigoh va yurak,
Go’yo nur yo’lidan o’tar nur bilan.

Butun shahar – va’da, visolga oshyon,
Birorta joy qolmas tegmagan qadam.
Butun shahar do’ngan hur bo’sagohga,
Daryoning labi ham, yorning labi ham…

Yuragim hapriqar sizlarga boqib,
Hayot hamrohlikka bo’lganda ma’vo.
Qarib qolgan osmon, xuddi, siz kabi
Boqiy go’zallikdan axtarar ma’no.

Sizga hozir ishqu oshiqlik basdir,
Bir yurakka bo’lib sirdosh, hamnafas,
Oshiq nigoh bilan hayot husniga
Siz boqa olsangiz, shuning o’zi bas.

Yor qadriga yetish oson ish emas,
Yig’ishtirib dunyo g’alvalarini.
Topa olsangiz bas uchqur zamondan
Ishqu intizorlik lahzalarini.

Boshqa nima derdim, siz mendan ko’ra
Ishq yo’lining bir jon, bir tanidasiz.
Boshqa nima derdim, siz mendan ko’ra
Oqil, dono – qadim ishq fanida siz.

Oshiqlar – uyasi buzilgan qushlar,
Oshiqlar – o’t tegib yongan nolalar.
Oshiqlar – sohilda tashna qolgan lab,
Oshiqlar – ertakda qolgan bolalar…

* * *

Shaharga sig’masang, uyga sig’masang,
Qo’shiqqa sig’masang, kuyga sig’masang,
Bilgil, bu ishqdir!

Quyosh bosh ustingda, faqat, sen uchun,
Otang qo’llaganday porlasa beun,
Bilgil, bu ishqdir!

Dunyoning bag’rida yayrasang to’lib,
Bitta barg ko’rinsa yuz sadbarg bo’lib,
Bilgil, bu ishqdir!

Ko’zguga yuzma-yuz o’tirsang mag’rur,
Ko’zingda porlasa ilohiy bir nur,
Bilgil, bu ishqdir!

Yaralsang o’zingdan o’zgaga qadar,
O’zingdan o’zingni topolsang agar,
Bilgil, bu ishqdir!

Bir kuni anglasang nomu nangingni,
Onadan ne uchun yaralganingni,
Bilgil, bu ishqdir!..

* * *

Ayting, o’n sakkizga kirgan chog’ida
Kim tunlar to’lg’anmay orom olar jim?
Ayting, o’n sakkiz yosh ostonasida
Bitta qiz nomiga she’r bitmagan kim?

Darsda ustoz ko’zin shamg’alat qilib,
Bir qizning nomiga xat yozdim pinhon.
Yurakda yorishgan tuyg’ularimni
Baxtga yor ul yorga ayladim bayon.

Maktubni berardim, gulning bargiga
O’ralgan ishqimni aylab ifoda:
«Men seni Majnunday sevaman, ishon,
Ishqim – husning kabi haddan ziyoda…»

Partaning ortida ustozdan pinhon
Sanardim kokillar qatorin har kun.
Va uzun sochining zanjiri bilan
Yuragimni bog’lab berardim butun.

Dars payti eng so’nggi partada turib,
Xayolim sochini tarab sumansoy,
Uning mehri, xuddi, kaptar misoli
Yuragim tubidan olgan edi joy.

Ko’nglim oq qog’ozday top-toza edi,
Faqat, uning ismin dilga yo’ndim men.
Balog’at yoshida g’o’r edim hali,
Unga bergan edim sodda ko’nglimni.

Lekin, afsus, so’nggi qo’ng’iroq sasi
Ishqimiz adosin sadosi edi.
O’tayotgan yoshlik ayyomi, olis
Dashtdan kelgan karvon nidosi edi.

So’ng… Hayot yo’lida kezdik sargardon,
Har kim o’z baxtini axtardi yonib.
Ketdik, boshimizda – ertaning o’yi,
Yurakka g’am, tashvish yukini solib.

Havas unutildi saboqday, yoshlik
Ketdi, xato ketgan o’qday yo’l bosib.
Rozi edik o’shal orzulardan biz,
Biroq, yoshlik ketdi bizdan norozi…

Uning uzugidan sachragan uchqun
Pinhona yondirdi dilda borini.
Qator sochlaridan olgan edim ilk
She’rimning har satrin, har qatorini…

* * *

Qalbingda azob ko’rdim, tunlarda bexob ko’rdim,
Har lahzayu har soat holingni xarob ko’rdim,
Doro bo’libsan, ey, dil, g’avg’oliging muborak!

Toshdan sharar axtarib, yordan nazar axtarib,
Siniq ko’ngildan najot, ishqdan samar axtarib,
Paydo bo’libsan, ey, dil, paydoliging muborak!

Orzu-havasga lim-lim to’lgaysan, tinmagaysan,
Yor maylidan mast bo’lib, ko’ksimga sig’magaysan,
Ehyo bo’libsan, ey, dil, ehyoliging muborak!

Bepoyon jahondirsan, oshkoru nihondirsan,
Goh maysa yanglig’ shodmon, goh so’lg’in xazondirsan,
«Shaydo bo’libsan, ey, dil, savdoliging muborak!»(1)

Tug’yoning o’zgachadir, javloning o’zgachadir,
Ko’ksimda bosh ko’targan to’foning o’zgachadir,
Daryo bo’libsan, ey, dil, daryoliging muborak!

Holimni so’raysan goh, g’amingda kuyarsan goh,
Bosh ustimda yaraqlab, nur sochib turarsan goh,
Zebo bo’libsan, ey, dil, zeboliging muborak!

___________
1- Shams Tabriziy satri.

* * *

Mening xayolimda bo’lmasang agar,
Yonib kuylamasdi daryo ham, ishon.
Hayotning nafasi qaytib ketardi,
Va mendek shoirdan qolmasdi nishon.

Mening xayolimda bo’lmasang agar,
Bir pulga arzimas ishqning ziynati.
Ko’zlaring g’ururi bo’lmasa baland,
Juda past bo’lardi ishqning himmati.

Mening xayolimda bo’lmasang agar,
She’ru shoirligim bo’lardi kasod.
Hayotim, dunyoda nimaiki bor,
Barchasin dastidan dod etardi, dod…

ESKI O’GIT

Do’stlar! Qo’lda qadah, dilda gard nadir?
Bu kun o’tdi, erta kelgan dard nadir?
Axir, kimga kerak pandu nasihat?
Bul dam g’animatdir,
Odam g’animat!

Do’stlar! Ishq bahori gul sochib o’tdi,
Dil daryosi bekor, tez oqib o’tdi,
Qachongacha dilni o’rtar aziyat?
Bul dam g’animatdir,
Odam g’animat!

Do’stlar! Dil dodiga yetaylik bir dam,
Yor nozin ko’tarib ketaylik ildam,
Noz aylagan yordan kutmaylik himmat,
Bul dam g’animatdir,
Odam g’animat!

Do’stlar! Boshni boshga aylaylik fido,
Yurakda tinmasin qadim kuy, nido,
She’r, qo’shiq nuriga qonsin muhabbat,
Bul dam g’animatdir,
Odam g’animat!..

FARZANDLIK QARZI

Mard emas ul erkak, hayot jangiga
Kirmasa sovutin yechib, bexanjar.
Besovut, bexanjar kirsayu biroq,
Qo’lida qirq hunar bo’lmasa agar.

O’z xalqining dardi, kamu ko’sti deb,
O’zi bilan o’zi olishganda mard:
Kindigining qoni to’kilgan yerga,
Yuragining qoni to’kilmog’i shart.

SHOIR QADRI

Oshiqlar oh tortsa xayolga botib,
Zo’rlar ham yig’lasa hayron, lol qotib,
Do’stlar bir-birini ketganda sotib,
O’shanda bilinar shoirning qadri.

Osmonda bir yulduz yonsa damodam,
Yerda bir yosh yurak tutganda motam,
O’zidan o’zini axtarsa odam,
O’shanda bilinar shoirning qadri.

Ovchilarning ovi yurishmagan on,
Boshin egib qaytsa, yelkada kamon,
Xarsang tosh ustida o’tirsa hayron,
O’shanda bilinar shoirning qadri.

Yo’lovchi qumloqdan o’tib ketganda,
Ohangi qumlarga cho’kib ketganda,
Bir parcha she’r o’qib jo’shib ketganda,
O’shanda bilinar shoirning qadri.

Yurak osmonini qoplasa bulut,
Soxta go’zallikning yuzi ham shuvut,
Ezgulik dunyosi bo’lganda unut,
O’shanda bilinar shoirning qadri.

Dunyo tor kelganda zo’rlar loshiga,
Hangomayu g’urur yetib boshiga,
Yozuv axtarganda qabr toshiga,
O’shanda bilinar shoirning qadri.

Odamzod qaytadan topsa qadrini,
Kuyga solib aytsa alam, dardini,
Bir so’zdan axtarsa ul dard sharhini,
O’shanda bilinar shoirning qadri.

* * *

Ibn Sino ikki tilda so’ylardi,
Ko’ngil asrorini, yurak arzini.
Nishopurlik Xayyom ikki zabonda
Chaqar edi bitta ma’no mag’zini.

Ikki tillik edi shoirlar burun,
O’zining tiliyu xalq tili bilan.
Mumtoz she’ru doston bitdi xalq uchun,
Haqiqat tiliyu qalb tili bilan.

Bu – bizning zamonga xos bo’lgan g’amdir,
Garchi, hamma zukko, hushyordir hamma.
Ikki tillik shoir naqadar kamdir,
Shoirlarning ko’pi – ikkiyuzlama…

ORIF ZOTLARGA

Noahil va ko’rdir yoritguvchimiz,
Yaqinlar o’zidan olislardadir.
Tog’larimiz kabi saqlaymiz sukut,
Toki, tog’lar toshi qilarkan sabr,
Holimga voy mening, holimizga voy!

Jilosi qolmagan tog’larimizning,
Toroj bo’lsa tog’lar toshi, turbati.
Balki, tosh arzimas ko’z yoshimizga,
Ammo, g’orat bo’lsa tog’lar qudrati,
Holimga voy mening, holimizga voy!

Bulog’imiz ko’pdir, tomog’imiz qoq,
Go’yo ozod, ammo, qulmiz beqadr.
Na maydon mardimiz, na osmon mardi,
Aslimiz qanaqa, nomimiz nadir?!..
Holimga voy mening, holimizga voy!

Nomimiz balandu ohangimiz past,
Ruh baland, yuzlarda ajinlar qat-qat.
Daryo to’la suvu tashnadir sohil,
Tog’lar baland, ammo, pastdir farosat…
Holimga voy mening, holimizga voy!

Paxtamizdan bitta ko’ylak tikilmas,
Yuzi yorug’ bo’lgan bir hamvatan yo’q.
Paxta faxrimizdir o’la-o’lguncha,
O’lsak, o’ragani, hatto, kafan yo’q…
Holimga voy mening, holimizga voy!

Ozodalik yo’qdir, ovoralik bor,
Chorakorlik yo’qdir, bechoralar bor.
Ona yurtimizda, zohirimizda
Egasiz, xudbinga ne choralar bor?!..
Holimga voy mening, holimizga voy!

Boshimiz omondir, qalbimiz o’lik,
Qismat qiyig’idan belbog’imiz yo’q.
Bir safda ketamiz itoat qilib,
Bir safda O’zlikka kelmog’imiz yo’q,
Holimga voy mening, holimizga voy!..

* * *

Ko’rdim, yuraklari qonga to’lsa ham,
Yurakka begona yetti yotlarni.
Ne-ne unvonlarga ega bo’lsa ham,
Fozil bo’lolmagan ayrim zotlarni.
Ey, hayot! Gar bizga ustoz bo’lsang, ayt,
Aytgil, yolg’onlarning yirtib pardasin,
Nechun bir maktabdan chiqqan shogirdlar,
Oqil bo’lolmaydi bari, barchasi?

Hattoki, dunyodan o’tar chog’ida
Buzilmas oshiqning ahdu paymoni.
Shoirning yuragi uyg’oq bo’lsa gar,
Shaydo bo’lib o’tar dunyoga joni.
Ey, hayot! Gar bizga rahbar bo’lsang, ayt,
Suvdan quruq chiqar fosiqlar har dam.
Dunyo girdobidan o’tsa ham ular,
Nechun oyog’iga yuqtirmaydi nam?!

Nomusi qolmagan xushomadgo’ylar
Ichgan qasamini sindirar bir-bir.
Toptalgan g’ururlar sinmaydi, ammo,
Dunyo chil-chil sinib ketmoqda, axir!
Ey, hayot! Agar sen odil bo’lsang, ayt,
Qachon munofiqlar ovozi tinar?
Tomdan bitta ablah yiqilsa agar,
Qachongacha bizning bo’ynimiz sinar?!..

* * *

Bu dunyoning barcha g’avg’osi ichra,
Orzularning turfa xunyosi aro,
Aql va tuyg’uning jangu jadali,
Chuvalgan izlanish dunyosi aro,
Yetmagan qutbimiz bor hammamizda,
Otmagan subhimiz bor hammamizda.

Hamma gul teradi orzu bog’idan,
O’zi, o’zga bilan ko’rgali baham.
Tinim bilmay gullar teramiz, garchand,
Bahor chog’i yoxud bahor o’tsa ham.
Biroq, ochilmagan gullarimiz bor,
Ushalmagan orzu havasida zor.

Jahon – fido uyi jonu jigarga,
Boshi balandligi botil emasdir.
Biroq, barcha shonu shavkati bilan
O’zidan qoniqqan komil emasdir.
Bosilmagan yo’l, yer hammamizda bor,
Yozilmagan zo’r she’r hammamizda bor.

Yurakda – biz hali aytmagan qo’shiq,
Ko’ksimiz ichida pinhon bir xabar.
Bir ohang qaynaydi yurakda hamon,
Nomini bilmaymiz shu kunga qadar.
Kulmagan baxtimiz bor hammamizda,
Unmagan naqdimiz bor hammamizda.

Ochilmagan mahzan bor hammamizda,
Topilmagan bir ishq hammamizda bor.
Ovora bir orzu bor hammamizda,
Hammamizda bordir o’pilmagan yor.
Biz tortmagan kadar bor hammamizda,
Biz yutmagan zahar bor hammamizda…

YOLFIZLIK

Yolg’izlik emas bu – yolg’iz qolsang gar,
Yor-do’st seni tashlab ketsa ham bir-bir.
Yolg’izlik, bu – xalqning ichida bo’lib,
O’sha xalq dardini anglamaslikdir.

Yolg’izlik emas bu – do’stu dushmanlar
Bir bor yo’qlamasa, bo’lmasa nadim.
Yolg’izlik, bu – o’lik-tirigingda ham,
Dardingga, qadringga yetmasa hech kim.

ERTANI O’YLAB

To hayot bulog’in yopilmay ko’zi,
Avlodlar qalbiga to’lsin deb lim-lim,
Onalar mozorning boshiga bordi,
Otalar yo’l oldi dor ostiga jim.

To o’lmasin deya keyingi avlod,
Asrab qolsin deya yurtning shonini,
Dushmanning o’qini yedi otalar,
Volidalar ichdi jigar qonini.

Or-nomus qoldirib ketdi otalar,
Oriyat yo’lida taslim etib jon.
Ota ruhi rozi bo’lsin deb farzand,
O’lsa ham, nomusin etmadi payhon.

To hayot, to abad turtinmasin deb,
O’tganlar toqati to’lgan, toq edi.
Onalarning ko’rgan kunlari qaro,
Go’daklarning ichgan suti oq edi.

* * *

Ey, daryoning mayin esgan shamoli,
Kelgil, yuragimda bir lahza quvon.
Yoki sen ham menday shoshqaloq kabi
Hayotni shitob deb qildingmi gumon?

Toshlar o’yga botgan sohil bo’yida
Daryo suvi menday shoshadi har yon.
Neki o’tdi, qaytib kelmaydi boshqa,
Bu haqiqat, faqat, aytishga oson…

Nima topsang – qo’ldan ketar bir zumda,
Hayot ortga qaytmas qadimdan-qadim.
Qo’lingda neki bor – o’sha naqd bugun
Va uning qadriga yetolmas hech kim.

Hammamiz dunyodan o’tamiz, daryo
Qurimay, uzoq yil to’lishni istar.
Beqarorlik – ushbu dunyoga odat,
Bundan-da beqaror bo’lishni istar.

Suv labida so’zga ocholmasman lab,
O’zimcha ming’irlab, to’zim bilmasman.
Ey, daryo shamoli, nima yo’qotdim,
Nima axtaraman???
O’zim bilmasman.

QARFISH

Yog’ilsin o’shanga xalqning la’nati,
Beor, himmati past bo’lsa, iloyim,
Kim gar, onasining oq sutin ichib,
Qora niyat bilan yashasa doim.

Har ikki dunyoning la’nati bo’lsin,
Kim umr kechirsa yig’ib boylik, zar.
Onadan pand tinglab go’dakligida,
Odam bolasiga pand bersa agar.

Osmon tushib ketsin uning boshiga,
Osmonda neki bor, tushsin betinim,
Obro’yini to’kib ariq suviday,
Onaning yuzidan yuz o’girsa kim.

Butun yer yuzining nafrati bo’lsin,
O’z jonini o’ylab yurgan zotlarga.
Onasining cho’kkan qabrin unutib,
Hashamatli qasr qurgan zotlarga!

La’nat bo’lsin, tag’in ming la’nat bo’lsin,
Nomidan odamlar hazar etganga.
La’nat bo’lsin, xalqning halol nonin yeb,
Bir kun itday harom o’lib ketganga!..

FOYIB SAFARZOD XOTIRASIGA

Senga aytar edim, buncha shoshma deb,
Shoshding, qara, shoshib qayga ham yetding?..
Qayg’urding, odamdan o’tsa xatolik,
Nechun xato qilding, olamdan ketding?..

Tog’ yo’lidan kelding so’z bilan, so’zdan
Tog’ yo’liga safar aylading mangu.
Va’da qilgan eding bir olam quvonch,
Ketding… Sendan qoldi bir dunyo qayg’u.

Bu dunyo asrori, yuk bosgan do’stim,
Qoldi yuragingning bir chekkasida.
Sen tog’lar yukini tortmoqchi eding,
Umring yuki qoldi tog’ yelkasida…

TASALLI O’RNIDA

Bedil bo’lolmasang,
Hamdil ne kerak?

Yo’lovchi bo’lmasang,
Manzil ne kerak?

Daryo bo’lolmasang,
Sohil ne kerak?

Qoning o’lgan bo’lsa,
Qotil ne kerak?!..

TASHLANDIQ QISHLOQ

Yemirilib ketgan devorlar boshi,
Tomlar ham to’kilib cho’kkandir badar.
Qishloqning jasadi joyida, ammo,
Unda tirik jondan qolmagan asar.

Boshqa bir vodiyga yo’l oldi hayot,
Daryo to’lib oqar, farovon, suluv.
Endi odamlar ham suvning boshida
To’polon ko’tarib talashmaydi suv.

Qishloq ko’chgan manzil – ozodlik shahri,
Ozodlar shahridir olamdan ogoh.
Ammo, vayronaga aylangan bu joy
Ajdodlar qismatin eslatar nogoh…

Sandalning ichida, o’choq oldida
Yashnab, qolib ketgan cho’g’ning jilvasi.
Qachondir tog’liklar bag’rin yoritib
So’ng o’chgan olovning so’nggi shu’lasi.

Ko’rmaydi kimsasiz ko’chalar ko’zi,
Jovdirab boqmaydi yor yo’liga zor.
Odamsiz, hasratga yotar ko’milib,
Huvillagan hovli, mung’aygan devor.

Oh-nola tentirar tevaragida,
Atrofiga boqar tosh devor ma’yus.
Titilgan qishloqdan qolgan parcha yer
Atrofini o’rab turganday hanuz.

Tuproq bilan to’lgan yog’ning xurmasi,
Osilgan oshqovoq shox sirtmog’ida
Tor og’zini ochib aytar: — Qanday baxt,
Odamzod rizqi keng bo’lgan chog’ida…

Kimsasiz qishloqda qo’rqib, qaltirab
Chinorning shoxiga chirmashgan uzum.
Yolg’izlik ezganda, tunu kun yig’lab,
Qurib, qaqshab ketgan buloqning ko’zi…

SINIQCHI

Mening otam bitta siniqchi edi,
Diplomi yo’q edi,
Gar huzuriga
Bemor kelsa,
Dardni aniqlash uchun,
Ko’zlarini yumib,
Jarohat joyin,
Barmoq uchi bilan
Paypaslardi jim.
Otam
Paypaslagan chog’da bemorni,
Yumilganda horg’in ko’z-qarog’lari,
O’xshab ketar edi rentgenga,
Uning
Yumilgan ko’zlari
Va barmoqlari.

Mening otam bitta siniqchi edi,
Oyog’i singanlar,
Qo’li singanlar,
Bo’yni qayrilganlar
Kelardi bir-bir.
Shifo topgandan so’ng
Otamdan,
Ular
Tag’in yo’l yurardi,
Ishga borardi,
Yeb-ichardi,
Uxlab, hatto, esnardi,
Ammo,
Na Xudoga qilardi shukur,
Na mening otamni eslardi.

Mening otam bitta siniqchi edi,
Qovurg’asi singan,
Beli qayrilgan,
Tirsagi,
Kuragi
Chiqqan, qapishgan,
Bo’g’inlari shishgan,
Oyoq-qo’llari
YO joyidan chiqqan
Yoki lat yegan
Odamlar kelardi
Uning oldiga.
Shifo topgandan so’ng otamdan,
Ular
Tag’in yo’l yurardi,
Ishga borardi,
Yeb-ichardi,
Uxlab, hatto, esnardi,
Ammo,
Na Xudoga qilardi shukur
Na mening otamni eslardi.

Mening otam bitta siniqchi edi.
Sigirlar,
Otlaru
(Uzr!)
Eshaklar,
Quturgan itlaru
Qobil mushuklar
Otamning oldiga kelardi,
Og’riq
Azob berganida inqillab arang.
Otam davolagan sigirlar darhol
Podaga qo’shilib ketardi tag’in.
Otlar kirakashlik qilardi yana.
Ular yeb-ichardi,
To’yib uxlardi,
Chopqilab yurardi
Unutib g’amni,
Ammo,
Na Xudoga qilardi shukur
Va na eslar edi otaginamni.

Mening otam bitta siniqchi edi.
Tog’lar giyohidan
Hamda shifobaxsh
O’tlardan dorivor tayyorlar edi.
Bor edi
Dunyoning bir chekkasida
Shifoxona yanglig’
Bitta kulbasi.
Ko’zlari yorilgan,
Po’sti yirtilgan,
Tomirlari shishgan,
Boshi yorilgan,
Paylari kesilgan,
Qoni ivigan,
Ichi maddalagan
Yarasi yopiq,
Yarasi bedavo,
Yarasi ochiq
Odamlar kelardi,
Otam
Ularning
Dardiga bir zumda topardi davo.
Shifo topgandan so’ng otamdan,
Ular
Tag’in yo’l yurardi,
Ishga borardi,
Yeb-ichib,
Uxlardi,
Unutib butkul
Og’riqni, azobni, alam, dardini,
Ammo,
Na Xudoga qilardi shukur
Va na bilar edi otam qadrini.

Mening otam bitta siniqchi edi.
Bir vodiyning xalqi
Boshdan to oyoq
Otamga
Bir ota,
Bitta volida,
Bir uka,
Bir singil qatori edi.
Ammo, bir kun…
Ammo, bir qaro kunda
O’z-o’zidan qoldi
Otamning ko’ngli
Butun dunyodanu
Barcha odamdan.
Odamlarning
Singan qo’l-oyog’ini
Otam tuzatardi
Va lekin o’zi
Siniq ko’ngil bilan
O’tdi olamdan…

Mening otam bitta siniqchi edi…

* * *

Loyiq hazratlari, siz ogohmisiz,
Gullab turgan yoshlik ayyomingizning
Yarmi g’aflat bosib, aldanganidan?
O’tkinchi umringiz xazinasining
Yarmi g’orat bo’lib, talanganidan?
Ishqu She’r va Shuhrat orzusi deya
Nom olgan o’g’rilar qoldirmay bir iz,
Ko’zingiz oldida, xazinangizni
Tashib ketganidan xabardormisiz?

Siz esa mamnunsiz,
Ishxonangizda
Tamaki dudida yitganingizdan.
Kitoblar terilgan javon oldida
Nomiga chuchmal she’r bitganingizdan.
Mamnunsiz, bir hovuch to’porilarning
Yuzaki bitilgan xatidan, axir,
Go’yo she’ringizni o’qigach ular
Shodlikdan qiyqirib, aylamish faxr.
Go’yo she’ringizni o’qib o’shalar
Yuragi titragay, yig’lagay unsiz.
O’zdan faxrlanib ketasiz nogoh,
Va gulday yashnaysiz,
Zero, mamnunsiz.

Axir, Siz…
(Uyingiz bug’doyga to’lsin!)
Aldanib dunyoning aldovlariga,
Nechun ishonasiz bunchalar oson,
Odamlarning soxta maqtovlariga?

Axir, Siz…
Bo’rilar bilan qo’yni yeb,
Cho’pon bilan birga yig’lamaysiz, bas.
Axir, Siz…
Ariqdan qochib, qutulib,
Daryoga tutilgan qavmidan emas.

Bilasiz-ku Siz She’r sarguzashtidan,
Sara she’r bir marta yaralar, tayin.
Siz bilasiz, shoir ul she’ri bilan,
Mo»jiza bobida Xudoga yaqin.

Shoirning ilk, so’nggi, yakka-yagona
O’shal she’ri bilan yorishar qalbi.
O’shal yolg’iz she’ri bilan qolar u,
Yolg’iz farzandi bor onalar kabi.

Bilasiz-ku Siz She’r sarguzashtidan,
Bu dunyoning ne-ne alp shuarosi,
O’limidan oldin oh-fig’on chekib
O’tadi o’zidan bo’lmasdan rozi.
Zero, yaratmagan mumtoz she’rini
O’zi bilan olib ketgaydir badar.
Go’rga olib ketar o’shal she’rini
Yoki o’sha she’rni go’rida aytar.

Bir bor o’zingizga keling, yurakni
Ochib, undan so’rang, bormi xabari:
So’zmikan, yaratgan barcha she’ringiz
Yoki mayda-chuyda so’z parchalari?

Agar She’r mezoni o’lchansa shunday,
Sizning yuzingizga aytgum ro’yi rost,
Hozirgacha (meni ma’zur tutgaysiz!)
Bekor suv yanchdingiz o’g’urda, xolos!..

Loyiq hazratlari, Siz ogohmisiz?..
O’g’urda suv yanchgansiz, xolos!
O’g’urda suv yanchgansiz, xolos!..

* * *

Zamondosh bo’lganda bizlarga Xayyom,
Yetardi yetmagan orzulariga.
Qo’li yetar edi o’zga osmonlar,
O’zga sayyoraning yog’dulariga.

Siolkovskiy yo Eynshteyn-la
Do’stlashib, qo’llardi biri-birini.
Yerning sir-asrorin osmondan izlab,
Yerdan izlar edi osmon sirini.

Mardu nomard uyqash ushbu dunyoda
Shubhasiz, bizdan ko’p chekar edi g’am.
Bizdan ko’ra ko’proq axtarar edi
Beozorlik yo’lin, yo’riqlarin ham.

Isyonkor ruh bilan, dov yurak bilan
Bekor o’tkazmay har daqiqasini,
Tinmay axtaradi ushbu kunda ham
O’shanda axtargan haqiqatini.

TOSH SAHIFA

Bir yolg’iz qabrning toshiga bir-bir,
Shunday hikmat yozib qoldirmish kimdir:
«O’z xohishim bilan yaralganim yo’q,
Ixtiyorim bilan o’lmasman, tayin.
Neki olgan bo’lsam dunyo qo’lidan,
Qo’liga qarz yanglig’ qaytardim tag’in».

Suv yuvgan xarsangni o’yib zoru zor,
Shunday lavha bitmish bir vafodor yor:
«Cho’qqilar boshida ko’tardim faryod,
Sening yoshligingni qo’msayman bot-bot.
Na sen va na yoshlik kelgaydir qaytib,
Bir bayt bilan toshni ayladim obod».

Bir uyning to’rida topibdi qadr,
Usta yozib ketgan ushbu to’rt satr:
«Kel, aziz mehmonim bo’lgin, birodar,
Ostonamni gulga burkagin bir bor.
Uyimga kirib kel quruq qo’l bilan,
Quruq yurak bilan kelmagin zinhor».

Bitta xonaqohning bir shohstuni
Uzra qay bir oqil qoldirmish buni:
«Arzimagan molu mansab tufayli,
Aka-uka talashmaydi, birodar.
Baland tog’lar zuryodimiz, bilib qo’y,
Pastlik bizga yarashmaydi, birodar!»

* * *

Ufq zarhalida quyosh bo’ldi g’arq,
Bir nur tog’ tig’idan so’raydi madad.
Bir zum kunbotarga shoshma, oftobim,
Sening oshig’ingman, oshiq – g’animat!

Furub soyasiga botdi soyalar,
Bir zum toqat ayla, ey, jizzaki kun.
Tog’ ortida quyosh kiprigi egik,
Bir zum quyosh umrin aylagin uzun.

Qora etak yoydi motamsaro shom,
Quyosh tog’ ortida yo’qoldi, yitdi.
Alvido, tonggacha omon bo’l, Quyosh,
Sening oshig’ingman, dunyo – umidli…

His etaman har kun yolg’izligimni,
Dilimda muhabbat dardi bor qat-qat.
Mehribonim, bir zum men bilan o’tir,
Sening oshig’ingman, dunyo – g’animat!..

* * *

Sochlaring yoyilgan… Qo’rg’onlangan oy…
Fuborga burkangan sutday oydin tun…
Oyning etagiga uzun qo’l kabi
Chang solar tog’ tig’i – uzundan-uzun.

Daryoga yoyilar oyning kulgusi,
Mavjlar ham qiqirlab o’tayotir shod.
Kulgin, faqat, daryo qirg’og’i uzra
Dunyoning bahridan o’tar odamzod.

Yerda esa… Butkul o’zga bir holat,
Qirg’oqda maysalar so’lgan, talangan.
Yondir, to nigohing cho’g’idan yonib
Daryoning yuragi olsin alanga.

O’tli nigohimdan qochar ko’zlaring,
Viqorli tal’ating – porlagan qamar.
Biz ko’ngli daryolar bormiz, daryo bor,
Rangi o’chgan bu baxt – yorug’ naqadar.

Hammasi o’tadi… Baxt ham, iqbol ham!
Hatto, yorug’ oyning yuzida bor dog’.
Qara, oy bo’ynidan, xudi men kabi,
Qo’lini o’tkazib turar baland tog’…

EY, TILSIZ DARAXT

O’zingdan chiqarib bolta sopini,
Ildizing kesishar,
Dunyo o’zi – shu.
Tanangni nimtalab,
Tashib ketarlar,
Nechuk savdo?
Nechuk kemtik dunyo bu?

Sendan dor yog’ochi tiklanar baland,
Tobutga aylanar tanang, dardlaring.

Tiling bo’lsa so’yla, ey, tilsiz daraxt,
Ayt, tiling emasmi, axir, barglaring?..

* * *

Ne zamonlar o’tdi, juda ham ozdir
So’zdan saboq bergan ustozlar hanuz.
Tuhmatu ig’vodan, hatto, shaytonga
Dars beruvchi zotlar ko’paygan, afsus!

Ketdik ko’z kulbasin tiniqligiga,
Qiyshiq nigohlarda bizlarga ne bor?
Sen bilan yurakdan so’ylashgim kelar,
So’zbozlar dastidan bo’ldim-ku bezor.

Qochay desam joy yo’q, garchand sen bilan
Ravondir dunyoning barcha yo’llari.
Netay, she’rlarimni qo’limga olib,
Sen bilan qochaman mangulik sari…

XAYRLI TUN

Shodligu g’am bir kuni o’tdi yana,
Qismatu nomusu nom aylab talosh,
Bo’ldi paydo yangi oy shom burjida,
Bizni tark etdi tag’in bitta Quyosh,
Xayrli tun, ey, do’st-yorlar, xayrli tun!

Bir kitobdir bul tiriklik, o’tdi kun
Bul kitobdan bir varoq yirtib tag’in.
Shod bo’lar, bahsu jadallar ichra kim
Axtarib topsa tiriklik chorasin,
Xayrli tun, chorasi borlar, xayrli tun!

Tiyra tun yodimga keltirdi yana,
Sal xira tortgan onamning ko’zlarin.
Men bukun olisdaman, so’nggi nafas,
So’nggi dam yonida bo’lsaydim yaqin,
Xayrli tun, onaizorlar, xayrli tun!

Uchmayin bir lahza, shoxlar uzra jam
Qushchalar tergay zamindan rizq-ro’zin.
Qonida o’t kezgan ul parvonalar
Porlagan sham o’tiga urgay o’zin,
Xayrli, tun, ey, kuygan jonlar, xayrli tun!

Ul tikon simlar aro sarhadbon
Hushyordir har kechayu har kunduzi.
Toki, olam bag’ri bo’lsin beg’ubor,
Toki, ozor topmasin deb yer yuzi,
Xayrli tun, ey, hamdiyorlar, xayrli tun!

Achchiq, shirinlik to’la tun jomidan
Kim ichar may, kim yurak qonin ichar.
To shivirlab aytgan ul tong orzusi
Sog’-omon bo’lsin keyingi tonggacha,
Xayrli tun, ey, intizorlar, xayrli tun!

Bir zamon farzandidirmiz barchamiz,
Biz uning bag’rida topdik ehtirom.
Yodimizga qo’nmasin toki g’ubor,
Toki, qolsin barchamizdan yaxshi nom,
Xayrli tun, ey, do’st-yorlar, xayrli tun!

«Xurshid Davron kutubxonasi»da Loyiq sahifalari:
Loyiq. Ey, daryo dilim…
Loyiq. Onaginam. She’rlar.
Loyiq. Qatralar
Loyiq Sherali. Ruboiylar & Шералӣ Лоиқ. Куллиёт
Loyiq Sherali. She’rlar & Xayyom piyolasi
Loyiq. Ey, mening telba dilim…

xdk

(Tashriflar: umumiy 4 014, bugungi 1)

Izoh qoldiring