Fozil Iskandar. Qo’shyurak

002

   Фозил Искандар деган ажиб бир ёзувчи бор, биласиз. Келинг, гапнинг қолганини шу одамдан эшитайлик:“Нимасини айтай, биз туғилмасимизданоқ хомталаш бўлган бу дунёда яна туғилишни орзу қилмоққа арзийдиган ҳеч нарсани кўрмадим. Ўлат тарқалган заминни безаб турадиган бирдан-бир нарса – эркаклар ўртасидаги беғараз биродарлик… Бу оламда сотилмайдиган ва сотиб олинмайдиган нарса ҳам бўлиши керак-ку, ахир!” (Эркин Аъзам билан суҳбатдан.«Дунёнинг ўзи шундай – савол» номли бу суҳбатни мана бу саҳифада ўқинг)

Фозил Искандар
ҚЎШЮРАК
Низом Комилов таржимаси
044

080 Асли абхаз миллатига мансуб Фозил Искандар рус адабиётининг дунёга машҳур намояндаларидан ҳисобланади. У 1929 йили Сухуми шаҳрида туғилган. Горький номидаги адабиёт институтини тугатган (1954). 1954-1956 йилларда Курск ва Брянскда журналистлик қилган, 1956 йилдан 90-йиллар бошигача Госиздатнинг абхаз бўлими бошлиғи лавозимида фаолият юритган. 90-йиллар бошидан Москвада яшайди. Илк ижодини шеъриятдан бошлаб, “Дурагай таканинг шуҳрати” деган қувноқ қиссаси билан донг таратган эди. “Инсон манзили”, “Мактаб вальси ёхуд Номус кучи”, “Чегемлик Сандро”, “Шоир” сингари йирик асарлари, унча-мунча романга бергусиз ҳикоялари кўплаб жаҳон тилларига таржима қилинган.

044

– Ке қўй, Зинахоним, “нима буюрасиз?” деб бошимни қотирма. Уни опке, буни опке демайман. Қанақа ширин таом, қанақа зўр ичимлик бўлса, опкелавер. Жўраларим билан би-ир битимиз тўкилсин. Тезлаштир!

Нима демоқчи эдим-а? Ҳа! Адгурнинг юраги иккита деган гапни ўйлаб топган одамни учратсам, ўлай агар, онасини учқўрғондан кўрсатаман! Миш-миш тарқатгани билан хотини ўғил туғиб берармиди! Лекин уни барибир топаман, чунки кимлигини кўнглим сезиб турибди. Биз томонларда ҳам шунақа ғаламис одамлар учраб туради.

– Қизиқ-да, – дейишади ўртоқларим, – олтита ўқ еб тирик юрибсан, тағин ўқлардан биттаси юрагингни тешиб ўтган. Демак, юрагинг иккита-да, Адгурбек, шуни дўстларингдан яшириб нима қиласан?

– Ҳой, мусулмонлар, – дейман мен жиғибийрон бўлиб, – юрагим битта! Агар ҳадеб гапираверсаларинг, шунисиям тарс ёрилади. Ахир, ҳаммамиз дўстмиз, бирга ўсганмиз, неччи йилдан бери туз-намакмиз, наҳотки шу бемаъни афсонага ишониб юрсанглар?

Тўғри, олтита ўқ еб тирик юрибман, сабаби – жони қаттиқ уруғданман. Бу – бир. Иккинчидан, юрагимдан ўтган ўқ юрак қисилган, таранглашган пайтида ўтган, деярли тегмаган, бир четини ялаб кетган, холос. Ҳозирги тиббиёт фани буни аниқлаган: юз йилда бир марта шунақаси ҳам бўлиб тураркан. Ўқ юз йилда бир марта таранглашган юракдан ўтаркан, тушуняпсизларми, қисилиб турган юракдан! Шунда одам ўлмай қоларкан. Бу энди… бир сўмлик лотореяга “Волга” ютишдай гап.

Лекин буни ҳаммага тушунтириш осонми? Қаҳвахонадан одам оёғи узилмайди. Уларнинг бирортаси барибир ана шу аҳмоқона саволни беради-да:
– Адгурбек, юрагинг иккита эмиш, шу гап ростми?

Тирик юрганим учун ўзимни оқлагунча она сутим оғзимга келади шунақа пайтларда. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг – бир куни атайлаб кушхонага бордим. Биздан узоқ эмас, Маякда. Номи чиққан қассобимиз Мисроп амаки ўша ерда ишлайди. Ёши саксонни қоралаб қолган, аммо-лекин бизга ўхшаган ёшлардан ўнтасини бир чўқишда қочиради, нимагаки ҳар куни эрталаб иссиққина қонни пиёлага лиммо-лим қилиб симирволади.

Бориб дардимни айтдим, худди отам билан гаплашаётгандай, шунақа-шунақа… безор бўп кетдим, дедим.

– Мардона иш тутганингдан хабарим бор, мулла Адгур, – деди у бамайлихотир. – Отангдай одамдан бошқача ўғил дунёга келиши мумкин эмас эди. Ойингни ҳам яхши биламан. Минг қилганда ҳам ўзимизнинг эшерлик аёл-да. Дуркун, оёқ-қўли чаққон, ака-укалари ҳали ҳам ўша ерда яшайди, девдай-девдай йигитлар. Энди анови масалага келсак, қассоб сифатида шуни айтишим мумкинки, умрим бино бўлиб қўшалоқ юрак у ёқда турсин, ҳатто қўшалоқ талоққа ҳам дуч келмаганман. Тўғри, минг тўққиз юз ўттиз олтинчи йили ошқозони иккита қора буқани бир марта кўрганим рост.

– Мисроп амаки, – дедим мен, – минг тўққиз юз ўттиз олтинчи йилда сиз кўрган ошқозони иккита қора буқанинг менинг ҳозирги аҳволимга нима алоқаси бор? Ўша минг тўққиз юз ўттиз олтинчи йилдаги ошқозони бир жуфт қора буқа бошқа нарсадан дарак берган, яъни бир йил ўтиб ўттиз еттинчи йил келадию Сталин ҳаммани ямламай ютади, дегани бу. Гап мана шунда.

– Мен буни сезганман, – деди Мисроп амаки, – буқанинг курагига қараб очилган фол ҳам шунга ишора қилган. Лекин ўшанда миқ этмаганман – замон чатоқ эди. Қисқаси, жигарим Адгурбек, тўрт оёқли жониворлар устидан бор бисотимни ўртага қўйиб ҳукм чиқаришим мумкин: ўзинг биласан, қассоб халқида мол-бисотдан қаҳатчилик йўқ. Аммо икки оёқлилар тўғрисида бир нима деёлмайман. Бу масалада сенга бирорта яхшироқ дўхтир ёки Бериянинг қассоблари ёрдам бериши мумкин. Ана, хиёбонларда мункиллаб бўлса ҳам сайр қилиб юришипти, отнинг калласидай нафақа олишади. Хоҳласанг, битта-иккитасини кўрсатиб қўяман. Лекин бирортасиям айбини бўйнига олмайди-да.

Мана энди, биродари азизлар, гарчи бу нарса ҳозир расман тавсия этилмаса ҳам, нима сабабдан Берия жаллодларини бот-бот эслаб туришимни фаҳмлагандирсизлар. Мендай одам-а! Сиёсий жиҳатдан етук бармен! Ахир, бу муттаҳамлар гўзал Абхазиямиз бошига озмунча кулфат ёғдиришдими! Биз буни минг йилдан кейин ҳам унутмаймиз.

Ўттиз еттинчи йилда амаким Адзюбжа қишлоқ фуқаролар кенгашининг раиси экан. Бир куни шаҳардан одам келиб, колхозчиларни маъруза эшитишга тўплашни буюрган. Амаким колхоз раиси билан бирга икки юзтача одамни клубга йиққан. Хайриятки, кўпчилик келмаган. Ҳалиги одам халқаро вазият тўғрисида гапириб бўлганидан кейин, томдан тараша тушгандай:
– Колхозлаштириш сиёсати хато бўлган. Сизлар шунга қарши бош кўтаришингиз керак, биз сизларни қурол билан қўллаб-қувватлаймиз, – деган.

Кўряпсизларми қанақа иғво бошлаганини! Шунисига шукрки, бу вақтга келиб деҳқонлар оқ-қорани ажратадиган бўлиб қолишган экан, нотиқнинг гапига “хўп” ҳам дейишмайди, “йўқ” ҳам дейишмайди. Жимгина тарқалишади. Ҳангома ана шундан кейин бошланади. Икки кечада мажлисда қатнашганларнинг ҳаммасини – колхоз раиси билан фуқаролар кенгаши раисини ҳам ҳибсга олишади. Гўё булар колхоз тузумига қарши қуролли қўзғолон кўтаришга уринишганмиш.

Сўроқ варақаларига қўл қўймагани учун уриб амакимнинг бир кўзини кўр қилишади. Аммо у бунга ачинмайди. Ҳамқишлоқларини мажлисга судраб борганига ич-этини ейди, холос. Лекин амаким бунақа бўлишини туш кўриптими? Шуниси қизиқки, “мажлисингга тупурдим” деганларга тегмайдилар. Фақат йиғинга келганларни қамайдилар. Ҳаммаси ўн йил-ўн йилга кесилади, бирортасиям Сибирдан қайтиб келмайди. Лекин амаким қайтади. Айтдим-ку, жони қаттиқ уруғданмиз, деб. Аммо кўзи…

Майли, умри узоқ бўлсин, бу ёғи йигирманчи съезд яқинлашяпти. У вақтларда амаким биз билан бирга яшарди. Ота ўрнида ота эди, чунки дадам уруш тугаганидан сўнг орадан икки йил ўтар-ўтмас қазо қилган. Мана, йигирманчи съезд ҳам бўлиб ўтди. Ўша кунлари Ачандарадан кенжа амакимнинг ўғли келиб қолди, ўзи ўқитувчи.

– Амаки, – деди у икки кафтини бир-бирига ишқалаб, – бизнинг давримиз келди. Кўзингизни чиқазган ўша терговчини менга рўпара қилинг. “Ал қасосул-минал ҳақ” деган гап бор.

– Қўйсанг-чи, – дея қўл силтади амаким, – қизиққон йигитсан, сен битта кўзнинг ўзи билан тинчимайсан. Мен кўзимга эмас, ўзим мажлисга судраб борган анови шўрликларга ачинаман.

– Амаки, – деди амакиваччам хуноби ошиб, – сизда айб йўқ, тарих айбдор бунга. Лекин биз, жиянларингиз, сиз учун қасос олишимиз керак.

Амаким чурқ этмади, амакиваччам уйига қайтиб кетди. Унда мен ёш бола эдим. Ҳаш-паш дегунча йигирма иккинчи съезд ҳам етиб келди, умридан барака топсин! Бу вақтда армияда хизмат қилардим, дарров амакимга хат ёздим. “Амаки, – дедим хатимда, – яна бизнинг давримиз келди. Совет десантчиси, жанговар тайёргарлик аълочиси сифатида терговчингизни тергаб қўйишга тайёрман!”

Барибир амакимни кўндириб бўлмади. Сал ўтмай бу бевафо дунёни тарк этди у. Сибирда музлаб ўлган ҳамқишлоқларини кечаю кундуз ўйлайверганидан кейин нима ҳам бўларди? Балки уларнинг “Биз раисга нима ёмонлик қилувдик?” деган таъналари амакимни қабрида ҳам тинч қўймай, безовта қилаётгандир.

Мен буни унута оламанми? Водийдаги қишлоқки бор, бариси қатағон қилинган эди. Энди бўлса, “Бериячиликни шунча чайнаганимиз етар! Аччиқичакдай чўзаверишнинг нима кераги бор?”, дейишади.

Гапни қаранг! Э, мен буни минг йилдан кейин ҳам унутмайман!

Майли, энди ўзимнинг дардимга қайтайлик. Тўғри, Мисроп амаки менга далда берди. Лекин барибир қулоғим тинчигани йўқ. Қаҳвахонага келганлар ҳануз ўша қўшюрак тўғрисида сўраб-суриштиришаверади. Москвага бориб, бирорта пихи қайрилган профессорни топсаму ундан “одамда иккита юрак бўлмайди” деган маълумотнома ёздириб келсаммикан? Баъзан шунақа бўладики, қаҳвахонага кирганларнинг айримлари жилпанглаб ёнимга келиб, қулоғини кўксимга босади – иккинчи юрагимнинг тепишини эшитмоқчи бўлади-да, занчалиш! Йўқ, бораман Москвага, маълумотномани опкелиб, бир нусхасини мана шу деворга ёпиштириб қўяман! Ўқи, дейман, кўзми ё пўстакнинг йиртиғими, дейман ҳалигидақа хирапашшаларга.

Шундоқ хаёллар билан юрган кезларим, аксига олиб, қаҳвахонага кекса бир одам кириб келди, ёнида хотини ҳам бор. Ўтириб, коньяк билан қаҳва буюришди. Қарчиғайнигоҳ йигитман-да: эркаги кўзимга нуқул профессорга ўхшаб кўринаверади. Чидаёлмадим:

– Маъзур тутасиз, – дедим ёнига бориб, – мабодо профессормасмисиз? Ё қиёфангиз шунақами?
– Ҳа, профессорман, – деди у.

Хотини ҳам жилмайиб, эрининг гапини тасдиқлади.

– Кечирасиз-у, қайси соҳадан?
– Тиббиёт фанлари докториман.
– Тиббиёт фанлари профессори ҳамми?
– Ҳа. Нимайди?

Дарҳол дийдиёни бошладим:
– Одамда иккита юрак бўладими?

– Шу чоққача учратганим йўқ, – деди у, – лекин ҳаётда ҳамма нарса бўлиши мумкин.
– Ие, бу қанақаси? – дедим таажжубланиб. – Тиббиёт фанлари докторисиз, шу фаннинг профессорисиз, наҳотки, саволимга аниқ жавоб беролмасангиз?

– Ҳаётда ҳамма нарса бўлиши мумкин, дедим-ку!
– Шунинг учун ичади-да бу одам, – дея луқма ташлади хотини бир туки ўзгармай.

Ҳафсалам пир бўлди. Энди майли, бор гапни айтаман. Сизларга айтмасам – кимга айтаман, ҳарқалай, бир жойнинг одамимиз, оталаримиз улфат бўлган. Менга шунинг ўзи кифоя. Бегоналардан эшитмаганларинг маъқул, унақалар қўшиб-чатиб, бошқача етказади.

Бирор калимам ёлғон бўлса – тил тортмай ўлай! Ўшанда ҳам мана шу қаҳвахонада ишлардим. Бир шумқадам Арчандарада катта бувим қазо қилгани хабарини олиб келди, яъни ойимнинг онасининг опаси. Мен уни “катта буви” дердим.

Шу киши тўқсонга кириптию омонатини топширипти. Жуда куйиндим: беозор, мулойим кампир эди-да, болалигимда уларникига кўп борардим.

Табиатим ғалатироқ – кекса одам ўлса ачинаман. Ёшларга ҳам ачинаман-у, унчаликмас. Феълим шунақа-да. Миямга бир фикр ўрнашиб қолган – узоқ яшаган одам ёруғ дунёга ўрганиб, мазахўрак бўлиб қолади, ўлгиси келмайди. Ёш йигит эса ҳали ҳаётнинг нашъасини сурмаган, ўлимдан ҳам тап тортмайди. Ўзини ўтга-чўққа ураверади.

Десант қўшинларида хизмат қилиб юрганимда бир дўстим бўларди. Исми Виктор. Ўрис. Ака-укадай эдик. Гавдали бўлгани учун Буқа деб лақаб олган эди. Зўр йигит эди-да лекин. Қўрқув нималигини билмасди. Ҳар қандай қалтис вазиятда ҳам “Худо ҳофиз!” деб тураверарди.

Ўша дўстим ҳалок бўлди, худо раҳматига олсин. Парашюти очилмай қолди. Мендан кейин олтинчи бўлиб сакраган эди. Бундоқ бошимни кўтарсам – тошдай учиб келяпти. Ёнимдан ўтаётганида “Худо ҳофиз, Адгурбек!” деганини эшитиб қолдим. Онамни, икки фарзандимни ўртага қўйиб онт ичаман – худди шундай деди! Шундоқ дедию зум ўтмай тош-метин заминга урилиб, чилпарчин бўлди.

Куйганимдан жинни бўлаёздим. Шунда “замполит” чақириб қолди:
– Адгурбек! Ҳукумат топшириғи бор. Кубага жўнатиш учун кўнгиллиларни йиғяпмиз. Борасанми?

– Бораман, албатта, – дедим ҳеч иккиланмай. – Энг яқин дўстимдан жудо бўлдим. Бу ердан энди бош олиб кетганим тузук.

Айни “Кариб танглиги” бошланган кезлар эди. Кубада қарийб икки ой турдик. Эсда қоладиган бирор нарсани кўрганим ҳам йўқ – бизни казармадан чиқазмас эди-да. Лекин сал ёзилдим, дўстим фожиасини бир оз унутгандай бўлдим. Мана, орадан шунча вақт ўтди, лекин дўстимнинг ҳалиги иборасини ҳануз унутолмайман: “Худо ҳофиз!” Шундай десам, дардим енгиллашгандай бўлади. Келинглар, дўстларим, энди Викторнинг хотираси учун ҳам биттадан отайлик… Ҳа қурғур, нима деятувдим? Ўтлаб кетдим-а…

Қисқаси, Ачандарада катта бувим оламдан ўтипти. Иш тугашига ярим соат қолганда савдодан тушган пулни директорга топшириб, оиламиз бошига тушган мусибат сабабли барвақтроқ кетмоқчилигимни айтдим.
– Бемалол, – деди директор, – боравер. Лекин сен билан бир масалада гаплашиб олишим керак. Ке, бирпас ўтириб, қиттай-қиттай отайлик, кейин кетаверасан.

Ҳозир ичишга бало борми! Ачандарада катта бувим ўлиб ётган бўлса! Бутун оиламиз билан шошилинч йўлга чиқишимиз керак-ку.

Лекин илож қанча? Биринчидан, директор. Иккинчидан, ёши анча катта. Қадаҳларга коньяк тўлдирди. Ичмадим, лабимни теккизиб қўявердим. Гапиряпти, эшитяпман. Нуқул валдирайди. Уч йил олдин бўлиб ўтган гапларни кавлаштиради. Гўё ўшанда бир қариндошини хафа қилган эмишман. Биринчидан, мен буни аллақачон унутворганман. Иккинчидан, уч йил жим юриб, энди нима қиласан ўлган илоннинг бошини қўзғаб? Хуллас, чакагини зўрға ёпдим, узр сўраб, ўрнимдан турдим.

– Майли, оқ йўл, – деди у. – Бирпас ўтириб, мен ҳам уйга кетаман.

Ҳозиргидай эсимда, соат кечки ўн бирдан ошганда қаҳвахонадан чиқдим. Озгина юргандан кейин хиёбон ёнидан ўта бошладим. Атроф қоп-қоронғи. “Горсовет бўлмай ўл, – дедим ичимда. – Чироқ ўрнатиб қўйсанг хотининг талоқ бўладими! Нуқул мақтанишади: “Фалон жойда ГЭС ишга тушди, писмадон жойда ГРЭС ишга тушди”. Шаҳарнинг эса аҳволи бу!

…И-й-й! Анови стол ёнига ўтирганлар – ГДРлик немислар. Фақат шампан буюришади. Улар фақат бизнинг шампанни тан олади. Бошқа ҳеч нарсани тан олишмайди. Столга битта шампанни қўйволиб, эрталабгача ҳам ўтиришаверади.

Ўтган йили ГДРлик иккита немис билан танишиб қолганман. Иккаласиям ёш. Эр-хотин. Уйимиз ёнидан ўтаётиб, шамоллатиш учун хотиним дорга ёйиб қўйган айиқ терисига кўзлари тушиб қопти. Айиқни уч йил бурун Сухуми ГЭСи атрофидан отиб олган эдим. Ҳалиги немиснинг хотини – улар ўрисчани чала-чулпа билишаркан – ҳовлига кириб, суриштира бошлапти: “Ниманинг териси бу?”

Қўшнилар уларни бизникига бошлаб киришди. Нимасини айтасиз, айиғимнинг териси немис маржасига бениҳоя ёқиб кетипти-да.

– Марҳамат, – дедим мен, – одатимизга биноан шуни сизга совға қиламан.

Суюниб кетишди. Эри менга ҳадя этиш учун билагидаги тилла соатини еча бошлаган эди, ҳай-ҳайладим:
– Унақа қилманг. Модомики бизникига кирибсизлар, мен сизларни меҳмон қилишим керак.

Хотиним дастурхон тузай бошлади. Мен музлатгичдан столга учта шампан олиб қўйдим. Меҳмондорчилик қилдик. Дарвоқе, хотиним терини ҳадя этиб юборганимни эшитиб енгил тортди, лекин сир бой бермади.
– Бошимизга урамизми терини, – деди у. – Ўзига чанг тортади, тозалаб улгуролмайман… Яхшиси, палос оламиз.

Лўли-да хотиним, палос жинниси. Лекин мен меҳмонларга терини чин кўнгилдан совға қилдим.

Чақчақлашиб ўтирибмиз. Ичамиз, тамадди қиламиз, яна ичамиз. Меҳмонларнинг кайфи оша бошлади. Бир маҳал меҳмон хотин ўрнидан туриб келиб тиззамга ўтирволдию чўлпиллатиб ўпа кетди – ёқиб қолдим шекилли-да. Уларнинг одати шунақа экан, мен билмасам. Эри бепарво ўтирипти, хотиним эса – ҳангу манг. Бир томони, улар меҳмон – бир нарса деёлмайди. Иккинчи томондан, эрини чет эллик аёл ўпиб ётипти. Шўрлик тамом бўлди – на кўзини уза олади, на қўлидан бир иш келади! Кулавериб ичакларим узилаёзди.

– Нега қараб турибсан, – дедим охири, – ўп сенам эрини!

Хуллас, роса яйрадик. Меҳмонлар чулдираб қолишди. Қарасам, яна ичгилари бор, лекин столга бошқа шампан қўймадим. Товонларига қолмайин тағин, дедим-да – ГДР бўлгани билан, ҳарқалай, хорижликлар.

Улар қўзғалишди. Ҳалиги терини яхшилаб ўрадим. Немис маржа нуқул “Германиядан нима жўнатайлик?” дейди. Хотиним қулоғимга абхазчалаб шивирлади:

– “Дрезден” қандилини сўранг. Ҳозир урф бўлган.
– Жим! – дедим мен. – Ҳеч нарса керак эмас.

Кўчага чиқдик. Такси тутиб, уларни ўзлари яшаётган “Тбилиси” меҳмонхонасига эсон-омон элтиб қўйдим.

Анови немисларни кўриб, тағин гапдан чалғиб кетдим. И-й, ана! Айтдим-ку, улар фақат шампанни тан олади, деб. Официантка битта шампан қўйиб кетди. Бу ёғи – тонготар…

Хулласи калом, қаҳвахонадан чиқиб, қоронғи хиёбон ёқалаб кетяпман. Соат ўн бирдан ўн беш-йигирма дақиқалар ўтган. Шу пайт орқамдан қандайдир мошина қувиб етиб, таққа тўхтади. Унинг ичидан биров “Адгур, чиқ мошинага!” деб қичқирди.

Қарасам – оқ “Волга”, лекин кимникилигини билмайман. Эҳтимол, ўртоқларимдир, дам олиш учун дала-палага чиқиб кетишаётган бўлса, мени ҳам опкетмоқчи бўлишгандир. Оиламизда кўнгилсизлик, ҳозир боролмайман, эшитган қулоққа яхшимас, дейиш учун мошинага яқинлашдим. Қарасам – тамом нотаниш одамлар. Оббо! Дарров фаҳмладим – иш чатоқ, жанжалнинг иси келяпти. Лекин мен ҳам анойи эмасман.

– Чиқ, – деди бир йигит орқа эшикни очиб.
– Нега чиқаман? Сизларни танимасам…

Шундай деб, олдинга юрдим – мошинанинг рақамига қарамоқчи эдим. Ол-ла! Йўқ. Мошинада рақам йўқ. Юрагим шув этиб кетди, аммо ўзимни йўқотмадим. Яшириб нима қиламан, ёнимда тўппонча бор. Тез-тез юриб йўлкага чиқволдим; йўлканинг нарёғи чакалакзор, чап беришга қулай.

Эшитиб турибман – орқамдан келишяпти. Ана, тўхташди. Уч йигит йўлкага чиқдию бараварига ўқ уза бошлади. Ўн қадам наридан етти-саккиз марта ўқ узилди, шулардан иккитаси кўкрагимнинг у ёғидан кириб, бу ёғидан чиқиб кетди.

“Ўлдим”, дедим. Қарасам, оёқда турибман, тез узоқлаша бошладим; теварак-атроф қоронғи, улар учта. Йўқ, душман билан бу ерда жанг қилиб бўлмайди, муюлишда телефон будкаси бор, темирдан. Ўша ерда жон сақлашим мумкин, қолаверса, мелисахона ҳам яқин, ўқ овозини эшитиб, чопиб келишади.

Ҳалигилар йиқилмаганимни кўриб, анграйиб қолишди. Шундан фойдаланиб муюлишга қараб югурдим. Лекин улар яна эс-ҳушларини йиғиб олишди. “Тўхта! Тўхта!” дея бақирганча тағин ота бошлашди. Икки ўқ яна баданимни тешиб ўтди.

“Шошма, энағарлар, совет десантчиси отиш қанақа бўлишини кўрсатиб қўяди сенларга!” дедим ичимда. Бу пайтда муюлишга етволган эдим, шартта тўппончани чиқардим. Қуролим борлигини кўриб, учаласи ҳам ерга ётволди. Телефон будкасини пана қилиб, душманни нишонга олмоқчи бўлсам… эвоҳ, қўлимни кўтаролмайман-да! Ўнг қўлим яраланган экан. Аламимдан йиғлаворай дедим.

Ана, баданимдан тўртта ўқни ўтказворган итэмган ғаламислар рўпарамда ётипти, қани энди, қуролимни ишлатолсам! Нима қилиш керак? ўанимларимни саросимага солиш учун асфальтга уч марта ўқ узиб, яна қочишга тушдим. Иложим қанча? Ўз чамамда яна битта ўққа чидайман, у ёғига – ё раззоқ…

Қочганимни кўриб, яна қува бошлашди. Ўқи тугади, деб ўйлаган бўлишса керак-да. Қочяпман, қувиб келишяпти. Лекин менда олдингидай тезлик йўқ. Ҳазил гапми – тўртта ўқ еганман. Улар яна бараварига панғиллатишди. Тағин битта ўқ у ёғимдан кириб, бу ёғимдан чиқиб кетди.

Худога шукр, дейман ичимда, мелисахонагача оз қолди. Бинога яқинлашганимда ичкаридан олтитача мелиса югуриб чиқиб, отишмага қулоқ сола бошлади. Кўрган одам, қувноқ бир таронани тинглаяптими булар, дейиши аниқ эди. Ўқ овози чиққан томонга югуриш қаёқда! Ана сизга совет мелисасининг аҳволи…

Мени кўришлари билан шартта ушладилар-да, тўппончани тортволиб, қўлимга кишан сола бошладилар.

– Нега қўлимга кишан соласизлар? – дея бақира бошладим. – Қочмайман. Анови муюлишда рақамсиз оқ “Волга” турипти. Ундан уч киши тушиб, мени ўлдирмоқчи бўлди!

Шу гапни айтиб бўлишим билан ҳалигилардан бири бурчакдан мўралаб қолди.
– Ана! Ана у! Ушланглар! – деб қичқирдим.

Қаёқда! Мелисалар – парвойи фалак. Бирдан мўралаган одамнинг ўзи муюлишдан чиқиб, биз томонга қараб юра бошлади. Ҳайратдан бақа бўлиб қолдим, лекин барибир яна бақирдим:

– Мени мошинага чақирган шу! Энг кўп ўқ узган ҳам шу! Ушланглар!

Мелисалар қуршови баттар торайди, анови одам шошмасдан ёнимизга келди-да, худди Кеннедининг қотилидай, чўнтагидан тўппончани чиқазиб, оғзини қўлтиғимга тиради.

– Овозингни ўчирасанми, йўқми! – шундай дейиши билан қарсиллаб ўқ ҳам узилди.

Энг қизиғи, шу ўқ танамда қолган экан, бошқалари у ёғимдан кириб, бу ёғимдан чиқиб кетган эди. Қотилимга ҳеч ким тегмади. Шунда бир сирни англагандай бўлдим. Ҳа-а-а! Сотилган экан буларнинг бари!

…Узр, оғайнилар. Зинахоним, ҳў анови бурчакдаги стол ёнида ўтирган беш кишини кўряпсанми? Ўшаларга бешта шампан элтиб бер, бошлари оғриб турганга ўхшайди. Лекин ким жўнатганини айтма. Кеча кўпайтирворишган-да, ҳечқиси йўқ… Ўзимизнинг йигитлар…

Ҳа, нимага келувдим? Эсимга тушди. Пайқадим – ҳаммаси сотиб олинган. Мендан бошқа одам бўлганда олдинроқ сезарди. Мен ҳозир пайқадим. Ишонувчанман-да!

Кейин мени навбатчи лейтенантнинг олдига олиб киришди. Қарасам, таниш йигит, қаҳвахонага минг марта кирган. Худо етқизди, дедим. Ишқилиб, буям сотилмаган бўлсин-да. Лекин ёнида бир майор ҳам турипти, кўзим тушгандаёқ турқи ёқмаган эди. Лейтенантга бўлган воқеани қўшмай-чатмай гапириб бердим. Унинг мен томонга оғаётганини сезган майор орага суқилди:
– Ёлғон! – деб бақирди у. – Сен мелиса ходимларига қурол билан ҳужум қилгансан, бу қилмишинг учун жавоб берасан!

Ё парвардигор! Кишанли қўлларим билан ёқамни йиртдим – ҳамма ёғим билч-билч қон.
– Нима деяпсиз, ўртоқ майор? – дедим титраб-қақшаб. – Қурол билан ҳужум қилибман-у, бирорта ўқим ҳеч кимга тегмапти-да, а? Ўзим олтита ўқ едим-ку!

Майор асабийлаша бошлади, чунки лейтенант менга хайрихоҳлик билан қараб турарди.

– Найрангбозлик қилма бу ерда! – Майор шундай деб, юзимга тарсаки тортиб юборди. Вой иблис-эй! Кўзимга қон тўлди, чидаб туролмадим: яроқсиз ўнг қўлимни чапи билан кўтариб туриб кишан билан бошига шундоқ туширдимки, майор гуппа ағдарилиб, ҳушидан кетди. Ўшанда мени нега ўлдириб қўйишмади – билмайман. Йўқ, биламан – ўзи ўлади, дейишган. Эҳтимол, лейтенант халал бергандир – бир нарса дейишим қийин. Салдан кейин ўзимга келиб қарасам, мошинада кетяпман, қўлимда кишан йўқ.

– Қаёққа олиб кетяпсизлар?
– Тинчланинг, – деди оқ халат кийган бир йигит. – “Тез ёрдам” бу, касалхонага олиб кетяпмиз.

Оқ “Волга”даги анови фирибгарларнинг совунига кир ювган одам оқ халатга ишонадими?

“Худо ҳофиз, Адгур, ҳаммаси сотилган, бу ёғига ҳушёр бўлиш керак!” деган гап ўтди кўнглимдан.

Ростдан ҳам касалхонага олиб келишди. Атрофимда дўхтирлар гирдикапалак, ким сотилган, ким сотилмаган – қаёқдан биламан! Аммо, душман ортидаги ҳақиқий десантчилардай, қатъий қарорга келдим: ўзимни беҳуш кўрсатиб кузатаман, қулоқ соламан, вазиятни ўрганаман.

Қўйинг-чи, рентген-ментген, аравачада у ёқдан-бу ёққа, гоҳ тепага, гоҳ пастга дегандай… Дўхтирлар ўлмаётганимга ҳайрон. Бири “Эрталабгача етмайди”, деса, бирови “Балки тузалиб кетар”, дейди.

Менинг миямда бошқа ўй: “Худо ҳофиз, энг муҳими – ҳушни йўқотмаслик…”

Дўхтирлар нима учун ўлмаётганимни муҳокама қила бошлашди. Шунда биринчи марта “қисилиш”, “таранглашиш” деган атамаларни эшитдим.

“Ўқ юрак қисилган пайтда ўтган бўлиши керак” деган хулосага келишди улар.

Операция столига ётқизишди, дарҳол ўзимни ҳушига келган одамдай тутдим.

– Ўртоқ дўхтир, – дедим мўлтираб, – мен тўлиқ наркоз беришингизга рози эмасман.
– Ие, ие, – деди дўхтир, – ўзига кеп қопти-ку. Мен умуман наркоз бермоқчи эмасман – ўқ юзада, шундоқ кесиб олиб ташлайвераман.
– Унда яхши, бошланг.

Қисқаси, ўқни олишди, кесилган жойни боғлаб, палатага жўнатишди. Яна ўзимни ҳушдан кетгандай кўрсатдим. Сотилган дўхтирлар мени ўлади деб ўйлаётган бўлса, ўйлайверсин.

Олиб келиб, алоҳида палатага ётқизиб қўйишди. Ие, мен министр¬манми, нега алоҳида палатага ётқизишади? Бунда бир гап бор. Уйқуга кетганимда бир бало қилишади. Гувоҳларсиз. Яна кўзимни юмиб олдим.

Беш дақиқалардан кейин ёшгина ҳамшира кириб келди. Қўлтиғимга ҳарорат ўлчагични тиқмоқчи. Кўзни очишга тўғри келади.

– Яхши қиз, – дедим овозимга мулойим тус бериб, – яқиндагина мана шу еримга тўппонча тиқишган эди, балки етар?
– Э, шунақами, – деди ҳамшира, – бўлмаса, бу ёғингизга қўямиз.

– Йўқ, олдин ўзингизга қўйинг.
– Ие, нега энди? – Қиз астойдил ҳайрон бўлди. Ўзини маъсума қилиб кўрсатмоқчи. Лекин менинг талабим ҳам тўғри-да: сотилганми, сотилмаганми – билмасам.

– Гап шундаки, яхши қиз, – дедим жиддий оҳангда, – ўлчагич қўлтиғимда портлаб кетса, уруғларим сизни тинч қўйишмайди, ярим умрингиз қамоқда ўтади!
– Нималар деяпсиз, ё тавба! Нега портлайди? Ҳозиргина қутичамдан олдим.

– Алмаштириб қўйган бўлишлари мумкин…
– Бўпти, олдин ўзимга қўяман.
– Лекин билиб қўйинг, – дея огоҳлантирдим уни, – портлаб кетсангиз, мен жавобгар эмасман.

Ҳамшира ўлчагични қўлтиғига суқди, у ёқ-бу ёқдан гаплашиб ўтирдик.

– Вой шўрлиг-эй, – деди у бир маҳал, – не кўйларга солишибди-я сизни? Жудаям гумонсирайдиган бўлиб кетибсиз.
– Секин айтасизми! Рақамсиз оқ “Волга” ёнингга келиб тўхтаса, ундан уч каллакесар отилиб чиқиб бараварига сенга ўқ уза бошласа, мелисадан паноҳ излаб ўша ёққа югурсанг-у, аранг уларнинг олдига етиб борганингда қотил бамайлихотир сенга яқинлашиб, қўлтиғингга тўппонча тираса, яна “Овозингни ўчирасанми, йўқми!” деб туриб тепкини босса, мелисалар эса миқ этмаса, ўзларининг одами-да – мен гумонсирамай ким гумонсирасин!

Ўн беш дақиқа суҳбатлашдик. Мен атайин шошмаяпман. Модомики улар ўз ишларига панжа орасидан қарашга ўрганган экан, демак, портлатгичлари ҳам кечикиб портлайди. Лекин қиздан хотиржам бўлдим. “Бор-йўғи ҳамшира бўлса, шуниям сотволадими!” дейишгандир-да.

Қиз ҳароратимни ўлчаб, ҳанг-манг бўлиб қолди: ўттиз олтию олти. Шунақа эканига шубҳам йўқ эди.

– Мана, энди ишондим, софдил, ҳалол қиз экансиз, – дедим унга. – Айтинг-чи, нега мени худди министрдай алоҳида палатага ётқизишди? Менга оддий палата ҳам бўлаверарди.

– Ҳамма палата банд, – деб жавоб берди ҳамшира. – Сиғмаганлари йўлакда ётипти.

– Ҳа, баракалла. Аҳвол шунақа экан, менга бундай шарафнинг нима кераги бор? Оддий барменман. Горкомнинг инструктори ёки горторгнинг инспектори бўлганимда бошқа гап эди.

– Бу палатада бир касал ётувди, – деди қиз. – Икки соат олдин ўлди. Бошқа одамни ётқизишга ҳали улгурганимиз йўқ.
– Ие, бу ерда ётганларнинг ҳаммаси ўладими?
– Йўқ, аҳён-аҳён.

Аҳён-аҳён эмиш! Барибир таъбим тирриқ бўлди.

– Илтимос, навбатчи дўхтирга айтинг, мени умумий палатага ўтказсин.
– Бўпти, айтаман, – деди ҳамшира, – лекин рухсат бермаслиги аниқ, ҳозир тунги соат уч – беморларни безовта қилиш мумкин эмас.
– Майли, бир сўраб кўринг.

Кейин уйим қаердалигини тушунтириб, эрталаб биррав кириб хотинимни огоҳлантириб қўйишни илтимос қилдим. Тағин оёқни узатворсам, бехабар қолишмасин.

– Сизга жин ҳам урмайди, – деди ҳамшира. – Жонингиз темирдан экан, шунча жароҳатдан кейин ҳам ҳароратингиз ўзгармаса-я! Сизни олиб келганда кўп дўхтирлар ўлади, дейишган эди.

– Сотилган оқ халатлиларнинг баъзилари ҳозир ҳам шу фикрда. Лекин сиз бор экансиз, улар ниятига етолмайди.

Қиз чиқиб кетди. Кўнглимни яна ғулғула босди: агар навбатчи дўхтирни ҳам сотиб олишган бўлса, у мени умумий палатага ўтказишга рухсат бермайди. Ортиқча гувоҳнинг нима кераги бор?

Майли, худо ҳофиз. Бирдан раҳматли катта бувим эсимга тушиб кетди. Уйимдагилар мендан хабар топмагунча жанозага жўнашмайди. Марҳумани чиқаришга на ойим, на хотиним, на сингилларим бормаса – қип-қизил шармандалик. Урф-одатни оёқости қилган бўламиз. Катта бувим бизсиз ҳам кўмилади, албатта. Аммо қариндош-уруғ, эл-юрт олдида иснодга қоламиз.

Ҳамшира қайтиб келиб, рухсат бермади, деди. Билувдим. Энди ўзимни ҳеч кимдан шубҳаланмаётгандай тутаман.

– Ҳа, майли, яхши қиз. Фақат эрталаб бизникига кириб ўтиш ёдингиздан чиқмасин.
– Ташвишланманг, – деди ҳамшира. – Албатта кираман, айтаман. Ўзим ўша томонда тураман.

– Энди ухласам бўлади. Ухлади, денг. Шунақа денг.
– Яхши ётиб туринг. – Қиз шундай деб, чиқиб кетди.

Яхши ётиб туринг, эмиш. Ҳозир энг муҳими – ухлаб қолмаслик. Кейин нима бўлди, денг? Чамаси ярим соатлардан сўнг эшик аста очилиб, палатага оқ халат кийган бир одам кирди. Битта-битта босиб тепамга келди; тикилганча қараб турипти, турипти, турипти. Нафасим ичимга тушиб кетган. Лекин ўнг оёғим зарбага тайёр. Сал бежо ҳаракатни илғадимми, “каратэ” қивораман. Қарабсизки, биринчи гуруҳ ногирони бўп турипти-да. Ҳар ҳолда десантчиман. Бизни ҳам у-бу нарсага ўргатишган.

Йўқ, тегмади, дераза ёнига қўйилган стулга бориб ўтирди. Қотиброқ ухласин деяпти-да. Кейин бемалол… уколми, порошокми… ўзлари билишади. Салдан кейин кўз қирини ташласам, бошини буриб, яна тикилиб қараяпти. Кейин бирдан ўрнидан турди-да, мен томон юра бошлади. Асабларим чидамади. Ўзимни нохос уйғониб кетган кишидай кўрсатиб:

– Тўхта! Ким келяпти?! – деб бақирдим.
– Ие, ёв-вош, ёв-вош, – дейди. Қизиқчи экан. – Секинроқ, касалларни уйғотворасиз. Нафасингиз тўхтаб қолгандай туюлди, шунга…

– Нафасим тўхтагандан кейин ҳам бир кишига кучим етади! – дедим.
– Қалай, тузукмисиз?

– Нуқул уйқу босади, ҳайронман.
– Ухланг, ухланг, – деди у, – қон кўп кетганда шунақа бўлади ўзи.

Кейин индамай чиқиб кетди. Ҳозир сира иложи йўқ, бемор вазиятни назорат қилиб турипти, дея кимгадир ҳисоб бермоқчидир-да.

Унга нима дейишган, билмайман, бир маҳал яна кириб келди, яна тикилиб турипти. Мен ҳам ўзимни ухлаганга солиб ётавердим. У яна ҳалиги жойига бориб ўтириб, бошини дераза рафига қўйганча хуррак ота бошлади. Э-э, овора бўласан, менга бунақа нағманг ўтмайди. ўафлатда қолдирмоқчи-да. Эрталабгача эринмай хуррак отиб чиқди.

Саҳар пайти дераза орқасидан хотинимнинг овози эшитилди. Сапчиб турдим, оқ халатли “қотил” ҳам шартта туриб, йўлимни тўсди:
– Ётинг, дарров жойингизга ётинг!

Бир тепиб бурчакка учирвордим. Кейин деразани ланг очиб, хотинимга қичқирдим:

– Соппа-соғман! Бувимнинг маъракасига бораверинглар! Менинг номимдан ҳам қабрига бир сиқим тупроқ ташланглар! Қаердалигимни ўртоқларимга айтиб қўйинглар! Қолганини кейин гаплашамиз!

Хотиним йиғлаб ётипти:
– Қидирмаган жойимиз қолмади. Ўликхоналарга ҳам бордик, мелисахоналарга қўнғироқ қилдик.
– Заб қўнғироқ қиладиган жойни топибсанлар! – дедим. – Йўлга чиқаверинглар, ўртоқларимга хабар бериш ёддан кўтарилмасин!

Ҳалиги киши ўзига келиб, мени дераза олдидан каравотга қараб тортқилай бошлади. Бу гал тархашлик қилмадим. Ўзим бориб ётдим.

– Қизиқ одам экансиз-ку, – дейди, – эрталабгача мижжи қоқмай тепангизда ўтирсам-у, мукофотига тепки есам! Бу қанақаси?
– Узр, – дедим мен, – кўз юммай хуррак отадиган одамни шу чоққача кўрмаганман-да.

Икки соатлардан кейин оғайниларим келишди. Бир қучоқ гул, хачапури, товуқ-повуқ, яна алламбалолар кўтариб келишипти, худди томоғимдан овқат ўтадигандай. Бош дўхтир билан даволовчи дўхтирни ҳам ийдиришипти. Энди кўнглим тўқ – менга ҳеч ким тегмайди.

Эртасига яқин дўстларимдан бири гап топиб келди:

– Адгур, суриштирдим, тагига етдим. Сенга мелиса ходимларига қурол билан ҳужум қилган, деган айбни тиркаб, отишга ҳукм чиқаришни мўлжаллашяпти. Лекин сен қўрқма – Мухусдан Москва¬гача барча дўстлар оёққа турғизилган. Энг олдин вақтдан ютиш керак, бунинг учун сен касалхонада иложи борича кўпроқ ётишинг лозим. Бу ердан сени қамоққа олиб кетишолмайди. Ҳаммага, ҳароратим жойида, деб валақлайверма. Шу бугундан бошлаб аҳволинг оғирлашган. Даволовчи дўхтирингни қўлга олдим. Касалхонадан қирқ беш кунсиз чиқазмайди. У ёғини яна кўрамиз. Москвадаги ўртоқлар зўр адвокат ёллашди. Маҳаллийси тўғри келмайди – бари сотиб олинган.

Орадан кўп вақт ўтмай, дўстим касалхонага москвалик адвокатни бошлаб келди. Бўлган воқеани гапириб бердим.

– Парво қилманг, Адгурбек, – деди адвокат, – мелисангиз нима бўпти! Булардан каттароқларини ҳам пусурган бузоқдай қилиб қўйганман. Аммо қурол олиб юрганингиз учун бир ярим йилга кесиласиз.

– Шуни миллий анъанага айлантирворса бўлмасмикан?
– Йўқ, бўлмайди, – деди адвокат. – Нима бўладию нима бўлмайди – мижозларимга олдиндан айтиб қўяман, шунинг орқасидан нон ейман-да.

– Савдолашиб нима қиласан, – дея гапга қўшилди дўстим. – Отилиб кетгандан кўра бир ярим йил ётиб чиққанинг яхшимасми?
– Бошқа томони ҳам бор, – деди адвокат, – тартибни бузмасангиз, бир йил ўтирасиз, холос. Бундан ташқари, “Кариб танглиги” даврида Кубада хизмат қилганингиз, жанговар тайёргарлик аълочиси бўлганингиз ҳам бизнинг фойдамизга…

Вақт-соати етиб, касалхонадан чиқдим. Бир ҳафтадан кейин судим бўлиши керак. Олий суд билан алоқаси бор оғайним ҳовлиқиб кепқолди.

– Иш чатоқ, Адгурбек, – дейди, – эртага кундузи соат иккида шошилинч суд мажлисини ўтказишмоқчи, сенга маҳаллий адвокат тайинлашмоқчи.
– Маҳаллий адвокат? Нега энди? Мен раддия бераман бунақа судга!

– Йўқ, – деди ўртоғим, – улар айнан шуни кутишяпти. Агар раддия билдирсанг, ўта хавфли жиноятчи сифатида ҳибсга олишади. Дўстларингдан айириш учун. Бинобарин, бундай қилакўрма, зудлик билан москвалик адвокатни чақириш керак, шу бугун кечаси етиб келсин. Олдин Аэрофлотга қўнғироқ қил, Москвадан учадиган кечки рейсларни бекор қилишган, эшитишимча.

– Нима бало, улар Аэрофлотни ҳам сотиб олганми?
– Унақамасдир. Дам олиш мавсуми тугаган-да, йўловчилар оз, шу сабабли бекор қилган бўлишлари ҳам мумкин.

Аэрофлотга қўнғироқ қилдим. Рост, кечки рейслар тўхтатилган. Ҳа, майли, Адлер билан гаплашиб кўрай-чи.
– Парвозлар – жадвал бўйича. Самолёт кечаси келади Москвадан, – дейишди у ердагилар.

Хайрият-э! Москвага, адвокатга қўнғироқ қилдим. Буюртмани ўртоғим берди, гўшакни мен ушлаб турдим: телефон идорасида ишлайдиганлар ҳам сотилган-да.

– Яхши бўлди қўнғироқ қилганингиз, – деди адвокатим. – Ҳозироқ учаман, Адлерда кутиб олинглар.

Эртасига ҳаммаёқнинг титиғини чиқаздик. Судья адвокатим шу ердалигини эшитиб типирчилаб қолди. Ишимни маҳаллий адвокатга ошириб бўлишган экан, ўқиётганмиш. Ўртоқларим айтишди. Адвокатлар идорасига кирсам, кўзойнак таққан бир ипириски бошини кўтармай ўқиб ўтирипти.

– Тур-э! – дедим. – Қорангни кўрмайин! Учта институтни тугатган москвалик машҳур адвокат менинг ишим билан икки ойдан бери шуғулланяпти, сен сотволган дипломинг билан бир-икки соатда ниманинг фаҳмига етардинг!

Қисқаси, дўстларим билан бирга соат иккида бошланадиган судни кутяпмиз. Адвокатим бўлса шаҳар айланиб юрипти, нега бунақа қилади – ҳайронман. Оғайниларимдан бирининг мошинаси хизматда. Гоҳ Олий судга, гоҳ прокуратурага, гоҳ горкомга боришади. Нимадир бўлаётганини сезаман-у, нималигини аниқ билмайман. Наҳотки, фирибгарлар адвокатимни ҳам сотиб олишса? Суд бошланишига озгина қолганда, ҳартугул, пайдо бўп қолди.

– Адгурбек, ваъда – ваъда, – деди у, – сени қутқараман. Лекин биз уларни айблай олмаймиз, негаки орқаларида катта кучлар турипти. Ҳимояни бошқа йўлга буришга тўғри келади. Ўқ узган одамларни сен танимайсан, уқдингми? Бусиз ҳам судья сенга қарши, аммо мен уни дабдала қиламан.

Бундан чиқди, мелисаларнинг кўзи олдида “Овозингни ўчирасанми, йўқми!” деб туриб қўлтиғимнинг тагидан дарча очмоқчи бўлган одамни мен танимаслигим керак. Бу ёғи қандоқ бўлди? Жиноятчи жазосиз қолаверадими? Жаҳлим чиқди. Лекин ўртоқларим кўплашиб ҳовримдан туширишди. Начора! Адвокатим нима деган бўлса, судда ўша гапни гапиравердим.

Суд жараёнида мени отувга ҳукм қилмасликлари маълум бўлди, бироқ иблис судья, кайф ҳолда, безориларча қурол ишлатган деб, саккиз йилни мўлжаллаб турипти!

Хўш, халқ маслаҳатчилари кимлар денг: бир аёл билан бир эркак. Эркаги “Бесамар меҳнат” артелида ишлармиш, қулоғи гаранг. Аёл эса тикув фабрикасининг илғорларидан, икки оғиз ўрисчани бир-бирига қовуштиролмайди. Шаҳримизда ўтган суд мажлисларининг ҳаммасида шу тикув фабрикасининг ишчилари маслаҳатчи бўлган. Нимага айнан тикув фабрикасига ёпишиб олишган – билмайман. Ҳамма жойда бўлганидек, у ерда ҳам ўғирлик қилишади.

Бор умидим адвокатдан. Лекин бало экан! Аввало, тергов устидан кулди: нохолис ва саводсизларча олиб борилган, деди. Бунақа фирибгарлик ҳатто Техасда ҳам топилмасмиш. Маълум бўлишича, терговчи менинг генералларгагина ярашадиган тўппончамни жиноят ишидан олиб ташлаб, уни қандайдир амалдорга совға қилворипти. “Парабеллум”ни алмисоқдан қолган аллақандай “Вальтер”га алмаштириб қўйипти. Мени танимайдиган одамлар олдида роса уялдим. Бунақа “Вальтер”ни бизда қишлоқ қоровули ҳам қўлига олмайди. Кейин гўё отишма жойидан топилган олтита бўш пистон ҳам намойиш қилинди. Демак, менга олтита ўқ текканини инкор этишолмайди. Аммо гапнинг нишабини шунга опкелишдики, гўё мен олтита ўқ узганман, улар ҳам менга олтита ўқ узишган. Адвокатим роса кулги қилди:
– Бу ёғи қизиқ бўлди-ку, – деди у, – отишмами бу ёки Пушкин билан Дантеснинг дуэлими?

Айбланувчи жиноятчиларни нишонга олмаган, мелисани чақириш мақсадида осмонга қаратиб отган, деган гапни ҳам қўшиб қўйди.

– Қани, ўзларинг айтинглар, – дея давом этди у, – яқин ўтмишда десантчи бўлган, жанговар тайёргарлик аълочиси ҳисобланган, “Кариб танглиги” вақтида ўз ихтиёри билан Кубага борган шундоқ йигит… қутурган безорилардан бирортасини ҳам нишонга ололмапти-да, а? Уларнинг шахсиятини холис тергов келгусида аниқласа керак…

Демак, гап ҳимоянинг дастлабки режаси томон оғяпти.

– Муҳтарам судьянинг сўзларига қараганда, бизнинг десантчиларимиз отишни билмайди! Халқ тинчлигини қўриқлашга даъват этилган шонли армиямизга туҳмат эмасми бу?!

Прокурор ўрнидан туриб, “Судьянинг гапларида туҳмат йўқ, кавказча талаффузи сабабли москвалик ҳамкасбимизга шундай туюлган”, деди.

Адвокатим ўтирган жойидан жавоб қайтарди:
– Туҳмат бор, буни қайд этиб қўйишни сўрайман!

Шундай қилиб, у ютиб чиқди. Айтгани бўлди. Мени бир ярим йилга кесдилар, бир йил ўтирдим.

Дранд турмасига олиб боришган эди. Қарасам, назоратчи – бир ўртоғимнинг амакиси.

– Адгурбек, ҳаммасидан хабарим бор, – деди у, – биламан, сенда айб йўқ. Лекин қўлимдан нима келади, мен бир кичкина одамман…
– Раҳмат, Тенгиз амаки, – дедим, – ҳеч нарса керак эмас. Мендай одамга икки оғиз ширин сўз кифоя.

– Аммо бир масалада ёрдамим тегиши мумкин. Олдингга келадиганларга навбат ҳам, муддат ҳам йўқ.
– Раҳмат, Тенгиз амаки, яхшилигингизни унутмайман.

Ана шундай гап-сўзлардан кейин мени камерага элтиб қўйиб, ўзи изига қайтди.

У ёқ-бу ёққа аланглашга улгурмасимдан норғул бир йигит сўрисидан қичқириб қолди:
– Салом, Туршак! Кўпдан бери кутаман-а сени, Туршак!

Қарасам – нотаниш.
– Оғайни, бировга ўхшатяпсан. Мени исмим Адгур.

Ёнидан ўтиб, жойимга бориб ўтирдим.
– Йўқ, Туршаксан! – дейди шанғиллаб. – Ташқарида нима гаплар, Туршак?

Ё тавба! Ҳақорат қиляптими бу ё ростдан ҳам бировга ўхшатяптими? Ёнимда ўтирган одам энгашиб қулоғимга шивирлади:
– Эътибор берма – эси кирди-чиқди. Ҳаммага ўзича ном қўйиб олган.

– Эси кирди-чиқди бўлса, нега бу ерда ётипти, жиннихонага бормайдими?
– У – ҳам тентак, ҳам жиноятчи. Парво қилма, ҳаммага лақаб қўйган, дедим-ку.

Ўшанда туршак нималигини билмасдим.
– Туршак дегани нима ўзи? – деб сўрадим ҳалиги одамдан.
– Ўрикқоқи. Ўрта Осиёда бўлади.

Вой хумпар-эй! Туршак эмишман. Озғинроқ бўлсам ҳам майли эди. Жиннилиги рост, шекилли. Ке, қўй, шунга ҳам сиқилиб ўтираманми? Олтита ўққа чидаган – Туршакка ҳам чидарман.

Шу алфозда ўн кундан бери яшаяпмиз. Камерада ёшгина, нимжонроқ бир йигит ҳам бор. Темирйўл мелисасида ишлаган экан.

Қамалишининг тарихи бундай. Горький шаҳрига бир тоннача мандарин олиб кетаётган проводникларни қўлга туширипти. Мандаринни мусодара қипти, проводникларнинг устидан далолатнома ёзиб, уни Батумига, иш жойларига жўнатмоқчи бўпти. У ёш, тажрибасиз, проводниклар эса пихини ёрган одамлар.

– Бўлар иш бўлди, – дейишипти улар, – мандаринни мусодара қилдинг, етади. Акт ёзмай қўяқол. Фалончига икки минг сўм қолдириб кетамиз, шуни олиб, бошлиғинг билан “арра” қилинглар.

– Унақаси кетмайди, – дейди бу, – менга садақангиз керак эмас, акт ёзаман.

Ўзини бозорга соляпти, деб ўйлашипти улар. Лекин бу ҳалол-пок йигит экан, далолатномани ёзиб, жўнатворипти.

Орадан бирмунча вақт ўтгач, ҳалиги проводниклар яна пайдо бўпқолишипти, иккаласи ҳам ғирт маст, мелиса йигитга ёпиша кетишипти:
– Сен ярамас, пулни олишга олиб, бу ёғини расво қипсан, судга берамиз сени!

Ростдан ҳам судга беришипти. Маълум бўлишича, проводниклар ўша гапни бошлиқнинг олдига кириб ҳам айтишган. У кўнган. Эртасига бошлиқ йигитни чақириб, далолатномани сўраган, йигит, жўнатвордим, деган. Бошлиқ индамаган. Шундан кейин маълум муддат ёпиғлиқ қозон ёпиғлигича турган. Сир судда очилган. Бошлиқ проводникларнинг бошлиғига қўнғироқ қилиб, – улар ҳар доим бир-бирини қўллайди-да, – актни йиртиб ташланг, деган. Проводниклар қолдирган пулни чўнтакка урган. Батумидаги ҳалиги бошлиқ билан “арра” қилмоқчи бўлганми, йўқми – бу ёғи менга қоронғи.

Хуллас, у бошлиқ бу бошлиқдан ё ўз улушини ололмаган, ёки бўлмаса, нафси ҳакалак отиб, далолатномани проводникларга кўрсатган-да, улардан пул талаб қилган. Пулни олган ҳам. Проводникларга эса алам қилиб кетган.

Улар бу ёқда қолдирган пулларини қайтариб олиш учун келса – пул йўқ. Мелиса йигитнинг бошлиғи елкасини қисиб, бемаъни ходимим актни ўзбошимчалик билан жўнатворипти, деб тураверган. Кейин проводниклар судга берган.

Бошлиқ ишни бости-бости қилворса бўларди, албатта. Аксига олиб, ўшанда Шеварднадзе порахўрликка қарши кураш бошлаган кезлар экан. Суду прокурорларга сичқоннинг ини минг танга бўлиб кетган-да ўшанда. Шунинг учун улар эски гуноҳларини хаспўшлаш, ўзларини ҳалолу пок кўрсатиш мақсадида, қўлга тушганларни арзимаган гуноҳи учун ҳам узоқ муддатларга кесиб юбораверган.

Бошлиқни ҳам, йигитни ҳам ҳибсга олиб, уларга саккиз йилдан берилади. Ноинсоф бошлиқ, пулни ходимим билан “арра” қилганмиз, дейди. Озроқ муддатга қамайди, деб ўйлаган-да ҳароми. Мен бир нарсага ҳайронман. Олий маълумотли судьялар, прокурорлар пулни олган одам икки дунёда ҳам далолатномани жўнатмаслигини наҳотки билмаса? Билади. Гап бошқа ёқда. Қўрқоқ олдин мушт кўтаради.

Мана, ўзимга ўхшаган бегуноҳ бир шўрлик, мелиса бўлишига қарамай, камерада ўтирипти. Анови тентак қачонлардир мелисада ишлагани учун шунга тирғалгани тирғалган. “Этик” деб лақаб қўйволган.

Йигитга ичим ачийди – бекордан-бекорга ўтирипти. Уйида ёшгина хотини, бир ёшли боласи қолган. Ҳалиги жиноятчи бўлса бунга кун бермайди. Жаҳлим чиқса ҳам чидайман. Мени олтита ўқ билан ўлдиришолмапти-ю, аммо асабларимни ишдан чиқазишипти.

Бир куни эрталаб, нимадан бошланганини ҳам сезмай қолибман, тентак маҳбус шўрлик болани бўғиб ётипти. Ҳар галгидай силкитиб-силкитиб қўйворади, деб ўйлабман-да. Қарасам – мелиса йигитнинг кўзлари ола-кула бўлиб кетяпти.
– Ҳой, нима қиляпсан! – дея бориб ажрата бошладим. – Қўйвор, ўлдириб қўясан-ку!

Тортаман-тортаман, қани ажратолсам! Ҳўкиздай бақувват экан. Роса уриндим – қўйвормайди. Йигитнинг юзи кўкариб кетган. Чидаёлмадим. Кейин… ияги остига десантчасига мушт солдим.

Гуппа ағдарилди. Бориб сўримга ўтирдим. Ҳа, асабим ишдан чиққани рост. Тентак бўлса шу ётганча ётипти. Хавотирлана бошладим: ўлиб қолган бўлса-я! Худо кўрсатмасин – судьямга байрам бўпкетади-ку. Йўқ, ўлмагандир. Қаттиқ нокаут, холос.

Тахминим тўғри чиқди – ўн беш минутлардан кейин аста бошини кўтариб, эмаклаганча сўрисига қараб кетди.

Шу ётганча кун бўйи турмади – тушлик ҳам қилмади, кечки овқатни ҳам емади. Девор томонга ўгирилганча қимир этмай ётаверди. Нафас олади, холос. Юрагимга яна ғулғула тушди. Йиқилганда боши лат едимикан?

Уни “эси-кирди чиқди” деган одам тағин қулоғимга шивирлади:
– Санчастга хабар бериш керак.
– Шошмайлик, – дедим мен, – балки ўзига кепқолар.

Санчастга хабар қилиш хавфли. Агар тентак нима бўлганини гапириб берсаю душманларим буни эшитиб қолса, мени ўлдириш эвазига озодликни ваъда қилишади унга. Албатта, озодлик қаёқда, лекин тентак – тентак-да, ишонади.

Энди шунисидан қўрқа бошладим. Олдинроқ юз бериши мумкин бўлган бошқа хатар ҳам бор: ўзини гўлликка солиб ётган бўлса, кечаси туриб бошимга бир нарса билан тушириб қолиши мумкин. Яна, худди ҳув касалхонадагидай, тун бўйи ухламаслигим керак. Қанақа қисмат бу! Шундай бўлди – эрталабгача мижжа қоқмадим. Аҳён-аҳён бошимни кўтариб қараб қўяман – ётипти арслоннинг ўлигидай.

Фақат эрталаб ўрнидан турди. Аста мен томонга юра бошлади. Нима қилсам экан? Яккама-якка муштлашишдан қўрқмайман. Лекин ҳозир менга жанжалнинг кераги йўқ. Душманларим эшитиб қолишидан худо асрасин. Рўпарамга келиб, бошини эгди:

– Туршаквой, қаттиқ урдинг-да лекин.
– Ахир, сен ҳам уни ўлдириб қўйишингга сал қолди-ку. Билсанг, сени отилишдан асраб қолдим.

– Жинни экансан, Туршак (мен жинни эмишман!), мелисалар ўзингни аспаласопинга жўнатишига бир баҳя қопти-ку, бунинг ёнини олиб нима қиласан!
– Қизиқсан-а. Биз судья эмасмиз-ку, ахир. Сотилган фирибгарлар билан ҳалол одамларни фарқлай билиш керак. Бу мелиса ҳалоллиги учун саккиз йилни бўйнига илиб қўйишипти, ўлганнинг устига тепгандай, сен уни бўғсанг…

Тентак ўйланиб қолди.
– Барибир қаттиқ урдинг, Туршак.
– Энди, оғайни, узр, – дедим, – асаб чатоқ, қизишиб кетибман.

Шундай қилиб, ярашволдик. Турмада фақат кучни тан олади, бошқа ҳеч нарсани тан олишмайди. Мўмин-қобилгина бўлиб юрдим. Ўша куни манови тентак урганим учун эмас, хафа бўлганидан тескари қараб ётган экан.

Вақт-соати келиб мени лагерга жўнатадиган бўлишди. Яна назоратчи Тенгиз амаки билан юзлашдим. Хайрлашаётганимда илтимосимни айтдим:

– Тенгиз амаки, камерада илгари мелисада ишлаган бир йигит ётипти. Менга ўхшаган жабрдийда. Анови эсини еган ўлдириб қўймаса деб қўрқаман. Уни бошқа камерага ўтказсангиз яхши бўларди-да.

– Бўпти, Адгурбек, – дея дарров рози бўлди назоратчи. – Шу бугуноқ ўтказаман. Хотиржам бўл. Бу бизнинг хатомиз…

Қолган муддатни лагерда ўтказдим. Ҳа, дарвоқе, озодликка чиққанимдан кейин ҳалиги мелисанинг оиласини қидириб топдим. Менга уларнинг шикоят аризасига СССР Прокуратурасидан келган жавобни кўрсатишди. Бош прокурор ёрдамчиларидан бири имзо чеккан. Ўша имзо миямга муҳрланиб қолган. Жавоб бундай: “Грузияда жиноятчиликка қарши кураш компанияси давом этаётгани сабабли ишни қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ эмас. Имзо”. Мана, мамлакатдаги аҳвол, оғайнилар!

Бир одам ноҳақ жабрланди. Қонун бўйича, унга бир ёки икки йил беришлари, ҳатто шартли жазо тайинланиши ҳам мумкин эди. Вақтида хабар қилмагани учун. У мелиса ходими сифатида, фалончи-фалончилар менга пора бермоқчи бўляпти, деб керакли жойни огоҳлантириши лозим эди. Тажрибасизлигидан шу ишни қилмаган. Хўш, энди додини кимга айтади: арши аълодаги Олло таологами?!

Хуллас, лагердаман. Хотинимдан хат келиб туради. Бир хатида, сенинг ўрнингда фалончи ишлаяпти, деб ёзипти. Ё алҳазар! Ахир, бу одам бир неча бор директоримнинг олдига келган, иккаласи роса пичирлашган эди-ку! Лекин мен қизиқмаганман. Бировларнинг ишига аралашиш одатим йўқ. Мана, энди ҳаммасига тушундим.

Ўшанда, жон талашиб ётганим учунми, директорим мени кўргани касалхонага бирор марта ҳам келмаганига аҳамият бермаган эканман. Одатимизга хилоф! Кейин бошқа нарса ёдимга тушди: ишдан ярим соат барвақтроқ кетмоқчи бўлганимда уч йил олдинги гапни қўзғаб, мени ушлаб турди. Сотиб олинган анови мелисалар билан келишиб қўйган-да, қаёққа жўнатади! Балки улар ҳали оқ “Волга”нинг рақамини ечиб улгурмагандир? Ишдан ҳар кунги вақтда кетишим керак!

Ҳамма гапни фаҳмладим-у, чидаб юрибман. Фақат иккита одамда аламим бор. Бири – жоним эвазига менинг ўрнимни бировга сотган директор, иккинчиси – “Овозингни ўчирасанми, йўқми!” деб қичқирган ва сўнгги ўқни узган иймонсиз одам.

Бир дақиқа, оғайнилар… Зинахоним, ҳў анови стол, охиридан учинчи. Нима ичишяпти, кўрмаяпман. Секин бориб разм сол. Агар коньяк бўлса – битта арман коньяги, вино бўлса – тўрт шиша вино. Ўша навидан. Баъзи официанткалар одам оғзига олмайдиган винони элтиб беради. Сен унақа эмассан, биламан. Менинг пулимни қизғанма! Кераги йўқ! Дўстлар учун яшаймиз, меҳмон кутиш учун яшаймиз. Яна ниманинг илинжида яшаш мумкинлигини мен тасаввур ҳам қилолмайман…

Лекин иш пайтида, пештахта ёнида турганимда бир қултум ҳам ичмайман, бировга текинга гугурт ҳам бермайман. Одатим шунақа! Дам олганимда эса кайф-сафони киндигигача етказаман.

Баъзилар уй жиҳозларини ҳар йили алмаштиради. Хитойлар тўғри айтади: жир битган-да!

Бир куни қўшним “Юр, Адгурбек, уйимни бир кўриб қўй”, деб қолди. Кирдим. Энг катта хонанинг ўнг томони – ердан шифтгача китоб, чап томони ҳам ердан шифтгача китоб. Ўнгдаги китобларнинг муқоваси буткул қизил, чапдаги китобларнинг муқоваси буткул яшил.

– Ёпирай! – дедим ёқамни ушлаб. – Лениннинг Кремлдаги кабинетига кириб қолдимми?
– Йўқ, – дейди қўшним, – зал бу. Ҳозир мода шунақа.
– Ҳой, чулчут, – дедим жаҳлим чиқиб, – шунча китобни нима қиласан? Ўқимасанг, алифни калтак деёлмасанг!..

Хафа бўлди. Тўғри гап туққанингга ёқмайди. Хотиним ҳам ўн йилдан бери қулоқ-миямни ейди: жиҳозларни янгилайлик, жиҳозларни алмаштирайлик!

– Ўчир! – дейман ҳар гал. – Уч хонали уйинг борми? Бор. Болаларинг тўқми? Тўқ. Мактабга қатнаяптими? Қатнаяпти. Уйинг¬га тўртта одам келса, олдига қўядиган нарсанг борми? Бор. Каравотинг тагида қошиқдай-қошиқдай беш-олтита пойабзалинг туриптими? Турипти. Отам урушда юрганида ойимнинг биттагина туфлиси бор эди. Устага берса, ишга калишда борарди. Мен буни унутармидим? Ҳеч қачон унутмайман. Мана энди товуқмиянг билан ўйлаб кўр: ойим киму сен ким?

Йўқ, мен янгиликка қарши эмасман. Лекин меъёрида бўлсин-да. Бизда ҳам ҳамма нарса бор: газ плитаси дейсизми, ваннахона дейсизми… Тирикчиликка нима зарур бўлса, бор-да ишқилиб. Аммо дабдабанинг нима кераги бор? Кўз-кўз қилишнинг нима кераги бор? Кераги йўқ! Мен буни ҳазм қилолмайман. Майли, отамдан қолган жавон қандай турган бўлса, тураверсин. Отам замонида деворга осилган гилам осиғлигича қолаверсин. Ош-нон сўраётгани йўқ-ку!
Бир танишим, исмини айтмайман, фалон пулга хотинига пўстин олиб берипти. Қалинлиги бир қарич. Хўш, йил-ўн икки ой офтоб чарақлаб турадиган юртимизда бунақа пўстиннинг нима кераги бор? Март ойида ўша хотин пўстинини кийиб, дафн маросимига борипти. Кўз-кўз қилмоқчи бўлган-да! Иссиқдан димиқиб, ҳушидан кетипти. Қани, энди ўзларинг айтинглар: мотамсаролар бунга қарасинми, ўликками? Ана сизга мақтанчоқликнинг оқибати! Хитойларнинг гапида жон бор: жир битган, ёғ босган бизни!

Яна ўтлаб кетдим-а… Хулласи калом, қамоқдан чиқдим, бир ҳафтача оғайниларим билан кайф-сафо қилиб юрдим, кейин улар билан бирга таксига ўтириб, мана шу қаҳвахонага келдик. Бир ўртоғимдан директорни чақириб чиқишни илтимос қилдим.

Директор истар-истамас ёнимизга келди.

– Табриклайман, – деди у, – худога шукр, қутулиб кепсан.
– Раҳмат, лекин сенда ишим бор.

– Қанақа иш?
– Таксига чиқ, – дедим эшикни очиб. – Черняв тоғига борамиз, ўша ерда гаплашамиз.

Ўзини орқага ташлай бошлади.

– Менга қара, – дедим, – кўп жилпанглама! Бормасанг, нима қилишимни биласан-а?!

Тоққа етдик. Бир четга тортиб, бутун кирдикорларини айтиб бердим. Бўйнига олмайди. Энг қизиғи – кўзимга ҳам қарамайди.

– Сенга тегмайман, – дедим пировардида, – онанг бор, сингилларинг, болаларинг бор. Қора кийиб юришмасин. Уларда айб йўқ. Битта йўли шуки, менинг қоним эвазига ўрнимни эгаллаган анови одаминг билан бирга ариза ёзиб, ишдан бўшайсан! Мен баъзилар сингари қон тўкмасдан сенинг ўрнингни бошқа бировга сотаман. Жонингдан умидинг бўлса, шартим шу!

Хуллас, муаммони тинчгина ҳал қилдик. Директорни гумаштасига қўшиб қаҳвахонадан улоқтириб ташладим. Ўрнига дўстларимнинг тавсияси билан инсофли, бамаъни бир одамни олдик.

Мана, яна эски жойимда ишлаб юрибман. Сизларга ўхшаган йигитлар келади, қучоқлайди, табриклайди. Мен йўқлигимда қаҳвахонадан оёқ узиб кетишган экан.

Ҳаммаси жойида, лекин… анови “Овозингни ўчирасанми, йўқми!” деб қўлтиғимга ўқ узган одамни нима қилай?

Қийналаман, изтироб чекаман. Аммо начора? Шаҳар кичкина, йилига уч-тўрт марта бир-биримизга дуч келамиз. Мени кўрса, танимагандай, йўлнинг нариги бетига ўтиб кетади. Уялганимдан мен ҳам ўзимни шундай тутаман. Қанча чидаш мумкин? Оилам, бола-чақамни ўйлайман. Уни ўлдириб, ҳув ота-боболаримиз қилганидай, ўрмонга бош олиб кетолмайман-ку! Шунга куяман, лекин ёниб адо ҳам бўлмайман.

Йил сайин у фирибгарнинг унвони ошиб кетяпти. Катта лейтенант эди, ҳозир – майор. Ишончим комилки, “Адгурнинг юраги иккита” деган гапни ўша тарқатган. Суиқасдни эплаёлмагани учун ўзини оқлаши керак-ку. Лекин менга қўшюрак деган мўъжизанинг кераги йўқ! Биттаю битта юрагим бор – ана шу зирқирайди фақат…

Ҳамқишлоқларини мажлисга судраб бориб, ажалга рўбарў қилгани юрагида армон бўлиб кетган амаким гўрида тинч ётганмикан? Қадрдоним Виктор барқ уриб турган ёшлигини, худди очилмаган парашютдай, қабрга олиб кетди. Душманим эса айшини суриб, унвонлар олиб ётипти.

Шунинг учун бўш вақтларимда яхши одамларга талпинаман, қайғуни унутиш илинжида дўстларим билан чақчақлашиб, кайф-сафо қиламан, таниш-билишларни икки-уч шиша ичимлик билан сийлаб тураман.

Нимасини айтай, биз туғилмасимизданоқ хомталаш бўлган бу дунёда яна қайта туғилишни орзу қилишга арзийдиган ҳеч нарсани кўрганим йўқ. Ўлат тарқалган заминни безаб турадиган бирдан-бир нарса – эркаклар ўртасидаги биродарлик, ана шунинг учун ичамиз! Бу оламда сотилмайдиган ва сотиб олинмайдиган нарса ҳам бўлиши керак-ку, ахир! Келинглар, ўша нарса учун қадаҳ кўтарайлик!

    Fozil Iskandar degan ajib bir yozuvchi bor, bilasiz. Keling, gapning qolganini shu odamdan eshitaylik:“Nimasini aytay, biz tug’ilmasimizdanoq xomtalash bo’lgan bu dunyoda yana tug’ilishni orzu qilmoqqa arziydigan hech narsani ko’rmadim. O’lat tarqalgan zaminni bezab turadigan birdan-bir narsa – erkaklar o’rtasidagi beg’araz birodarlik… Bu olamda sotilmaydigan va sotib olinmaydigan narsa ham bo’lishi kerak-ku, axir!” (Erkin A’zam bilan suhbatdan.«Dunyoning o’zi shunday – savol» nomli bu suhbatni mana bu sahifada o’qing)

Fozil Iskandar
QO’SHYURAK
Nizom Komilov tarjimasi
044

 055Asli abxaz millatiga mansub Fozil Iskandar rus adabiyotining dunyoga mashhur namoyandalaridan hisoblanadi. U 1929 yili Suxumi shahrida tug’ilgan. Gor`kiy nomidagi adabiyot institutini tugatgan (1954). 1954-1956 yillarda Kursk va Bryanskda jurnalistlik qilgan, 1956 yildan 90-yillar boshigacha Gosizdatning abxaz bo’limi boshlig’i lavozimida faoliyat yuritgan. 90-yillar boshidan Moskvada yashaydi. Ilk ijodini she’riyatdan boshlab, “Duragay takaning shuhrati” degan quvnoq qissasi bilan dong taratgan edi. “Inson manzili”, “Maktab val`si yoxud Nomus kuchi”, “Chegemlik Sandro”, “Shoir” singari yirik asarlari, uncha-muncha romanga bergusiz hikoyalari ko’plab jahon tillariga tarjima qilingan.

044

– Ke qo‘y, Zinaxonim, “nima buyurasiz?” deb boshimni qotirma. Uni opke, buni opke demayman. Qanaqa shirin taom, qanaqa zo‘r ichimlik bo‘lsa, opkelaver. Jo‘ralarim bilan bi-ir bitimiz to‘kilsin. Tezlashtir!
Nima demoqchi edim-a? Ha! Adgurning yuragi ikkita degan gapni o‘ylab topgan odamni uchratsam, o‘lay agar, onasini uchqo‘rg‘ondan ko‘rsataman! Mish-mish tarqatgani bilan xotini o‘g‘il tug‘ib berarmidi! Lekin uni baribir topaman, chunki kimligini ko‘nglim sezib turibdi. Biz tomonlarda ham shunaqa g‘alamis odamlar uchrab turadi.
– Qiziq-da, – deyishadi o‘rtoqlarim, – oltita o‘q yeb tirik yuribsan, tag‘in o‘qlardan bittasi yuragingni teshib o‘tgan. Demak, yuraging ikkita-da, Adgurbek, shuni do‘stlaringdan yashirib nima qilasan?
– Hoy, musulmonlar, – deyman men jig‘ibiyron bo‘lib, – yuragim bitta! Agar hadeb gapiraversalaring, shunisiyam tars yoriladi. Axir, hammamiz do‘stmiz, birga o‘sganmiz, nechchi yildan beri tuz-namakmiz, nahotki shu bema’ni afsonaga ishonib yursanglar?
To‘g‘ri, oltita o‘q yeb tirik yuribman, sababi – joni qattiq urug‘danman. Bu – bir. Ikkinchidan, yuragimdan o‘tgan o‘q yurak qisilgan, taranglashgan paytida o‘tgan, deyarli tegmagan, bir chetini yalab ketgan, xolos. Hozirgi tibbiyot fani buni aniqlagan: yuz yilda bir marta shunaqasi ham bo‘lib turarkan. O‘q yuz yilda bir marta taranglashgan yurakdan o‘tarkan, tushunyapsizlarmi, qisilib turgan yurakdan! Shunda odam o‘lmay qolarkan. Bu endi… bir so‘mlik lotoreyaga “Volga” yutishday gap.
Lekin buni hammaga tushuntirish osonmi? Qahvaxonadan odam oyog‘i uzilmaydi. Ularning birortasi baribir ana shu ahmoqona savolni beradi-da:
– Adgurbek, yuraging ikkita emish, shu gap rostmi?
Tirik yurganim uchun o‘zimni oqlaguncha ona sutim og‘zimga keladi shunaqa paytlarda. Xoh ishoning, xoh ishonmang – bir kuni ataylab kushxonaga bordim. Bizdan uzoq emas, Mayakda. Nomi chiqqan qassobimiz Misrop amaki o‘sha yerda ishlaydi. Yoshi saksonni qoralab qolgan, ammo-lekin bizga o‘xshagan yoshlardan o‘ntasini bir cho‘qishda qochiradi, nimagaki har kuni ertalab issiqqina qonni piyolaga limmo-lim qilib simirvoladi.
Borib dar¬dimni ayt¬dim, xuddi otam bilan gaplashayotganday, shunaqa-shunaqa… bezor bo‘p ketdim, dedim.
– Mardona ish tutganingdan xabarim bor, mulla Adgur, – dedi u bamaylixotir. – Otangday odamdan boshqacha o‘g‘il dunyoga kelishi mumkin emas edi. Oyingni ham yaxshi bilaman. Ming qilganda ham o‘zimizning esherlik ayol-da. Durkun, oyoq-qo‘li chaqqon, aka-ukalari hali ham o‘sha yerda yashaydi, devday-devday yigitlar. Endi anovi masalaga kelsak, qassob sifatida shuni aytishim mumkinki, umrim bino bo‘lib qo‘shaloq yurak u yoqda tursin, hatto qo‘shaloq taloqqa ham duch kelmaganman. To‘g‘ri, ming to‘qqiz yuz o‘ttiz oltinchi yili oshqozoni ikkita qora buqani bir marta ko‘rganim rost.
– Misrop amaki, – dedim men, – ming to‘qqiz yuz o‘ttiz oltinchi yilda siz ko‘rgan oshqozoni ikkita qora buqaning mening hozirgi ahvolimga nima aloqasi bor? O‘sha ming to‘qqiz yuz o‘ttiz oltinchi yildagi oshqozoni bir juft qora buqa boshqa narsadan darak bergan, ya’ni bir yil o‘tib o‘ttiz yettinchi yil keladiyu Stalin hammani yamlamay yutadi, degani bu. Gap mana shunda.
– Men buni sezganman, – dedi Misrop amaki, – buqaning kuragiga qarab ochilgan fol ham shunga ishora qilgan. Lekin o‘shanda miq etmaganman – zamon chatoq edi. Qisqasi, jigarim Adgurbek, to‘rt oyoqli jonivorlar ustidan bor bisotimni o‘rtaga qo‘yib hukm chiqarishim mumkin: o‘zing bilasan, qassob xalqida mol-bisotdan qahatchilik yo‘q. Ammo ikki oyoqlilar to‘g‘risida bir nima deyolmayman. Bu masalada senga birorta yaxshiroq do‘xtir yoki Beriyaning qassoblari yordam berishi mumkin. Ana, xiyobonlarda munkillab bo‘lsa ham sayr qilib yurishipti, otning kallasiday nafaqa olishadi. Xohlasang, bitta-ikkitasini ko‘rsatib qo‘yaman. Lekin birortasiyam aybini bo‘yniga olmaydi-da.
Mana endi, birodari azizlar, garchi bu narsa hozir rasman tavsiya etilmasa ham, nima sababdan Beriya jallodlarini bot-bot eslab turishimni fahmlagandirsizlar. Menday odam-a! Siyosiy jihatdan yetuk barmen! Axir, bu muttahamlar go‘zal Abxaziyamiz boshiga ozmuncha kulfat yog‘dirishdimi! Biz buni ming yildan keyin ham unutmaymiz.
O‘ttiz yettinchi yilda amakim Adzyubja qishloq fuqarolar kengashining raisi ekan. Bir kuni shahardan odam kelib, kolxozchilarni ma’ruza eshitishga to‘plashni buyurgan. Amakim kolxoz raisi bilan birga ikki yuztacha odamni klubga yiqqan. Xayriyatki, ko‘pchilik kelmagan. Haligi odam xalqaro vaziyat to‘g‘risida gapirib bo‘lganidan keyin, tomdan tarasha tushganday:
– Kolxozlashtirish siyosati xato bo‘lgan. Sizlar shunga qarshi bosh ko‘tarishingiz kerak, biz sizlarni qurol bilan qo‘llab-quvvatlaymiz, – degan.
Ko‘ryapsizlarmi qanaqa ig‘vo boshlaganini! Shunisiga shukrki, bu vaqtga kelib dehqonlar oq-qorani ajratadigan bo‘lib qolishgan ekan, notiqning gapiga “xo‘p” ham deyishmaydi, “yo‘q” ham deyishmaydi. Jimgina tarqalishadi. Hangoma ana shundan keyin boshlanadi. Ikki kechada majlisda qatnashganlarning hammasini – kolxoz raisi bilan fuqarolar kengashi raisini ham hibsga olishadi. Go‘yo bular kolxoz tuzumiga qarshi qurolli qo‘zg‘olon ko‘tarishga urinishganmish.
So‘roq varaqalariga qo‘l qo‘ymagani uchun urib amakimning bir ko‘zini ko‘r qilishadi. Ammo u bunga achinmaydi. Hamqishloqlarini majlisga sudrab borganiga ich-etini yeydi, xolos. Lekin amakim bunaqa bo‘lishini tush ko‘riptimi? Shunisi qiziqki, “majlisingga tupurdim” deganlarga tegmaydilar. Faqat yig‘inga kelganlarni qamaydilar. Hammasi o‘n yil-o‘n yilga kesiladi, birortasiyam Sibirdan qaytib kelmaydi. Lekin amakim qaytadi. Aytdim-ku, joni qattiq urug‘danmiz, deb. Ammo ko‘zi…
Mayli, umri uzoq bo‘lsin, bu yog‘i yigirmanchi s’ezd yaqinlashyapti. U vaqtlarda amakim biz bilan birga yashardi. Ota o‘rnida ota edi, chunki dadam urush tugaganidan so‘ng oradan ikki yil o‘tar-o‘tmas qazo qilgan. Mana, yigirmanchi s’ezd ham bo‘lib o‘tdi. O‘sha kunlari Achandaradan kenja amakimning o‘g‘li kelib qoldi, o‘zi o‘qituvchi.
– Amaki, – dedi u ikki kaftini bir-biriga ishqalab, – bizning davrimiz keldi. Ko‘zingizni chiqazgan o‘sha tergovchini menga ro‘para qiling. “Al qasosul-minal haq” degan gap bor.
– Qo‘ysang-chi, – deya qo‘l siltadi amakim, – qiziqqon yigitsan, sen bitta ko‘zning o‘zi bilan tinchimaysan. Men ko‘zimga emas, o‘zim majlisga sudrab borgan anovi sho‘rliklarga achinaman.
– Amaki, – dedi amakivachcham xunobi oshib, – sizda ayb yo‘q, tarix aybdor bunga. Lekin biz, jiyanlaringiz, siz uchun qasos olishimiz kerak.
Amakim churq etmadi, amakivachcham uyiga qaytib ketdi. Unda men yosh bola edim. Hash-pash deguncha yigirma ikkinchi s’ezd ham yetib keldi, umridan baraka topsin! Bu vaqtda armiyada xizmat qilardim, darrov amakimga xat yozdim. “Amaki, – dedim xatimda, – yana bizning davrimiz keldi. Sovet desantchisi, jangovar tayyorgarlik a’lochisi sifatida tergovchingizni tergab qo‘yishga tayyorman!”
Baribir amakimni ko‘ndirib bo‘lmadi. Sal o‘tmay bu bevafo dunyoni tark etdi u. Sibirda muzlab o‘lgan hamqishloqlarini kechayu kunduz o‘ylayverganidan keyin nima ham bo‘lardi? Balki ularning “Biz raisga nima yomonlik qiluvdik?” degan ta’nalari amakimni qabrida ham tinch qo‘ymay, bezovta qilayotgandir.
Men buni unuta olamanmi? Vodiydagi qishloqki bor, barisi qatag‘on qilingan edi. Endi bo‘lsa, “Beriyachilikni shuncha chaynaganimiz yetar! Achchiqichakday cho‘zaverishning nima keragi bor?”, deyishadi.
Gapni qarang! E, men buni ming yildan keyin ham unutmayman!
Mayli, endi o‘zimning dardimga qaytaylik. To‘g‘ri, Misrop amaki menga dalda berdi. Lekin baribir qulog‘im tinchigani yo‘q. Qahvaxonaga kelganlar hanuz o‘sha qo‘shyurak to‘g‘risida so‘rab-surishtirishaveradi. Moskvaga borib, birorta pixi qayrilgan professorni topsamu undan “odamda ikkita yurak bo‘lmaydi” degan ma’lumotnoma yozdirib kelsammikan? Ba’zan shunaqa bo‘ladiki, qahvaxonaga kirganlarning ayrimlari jilpanglab yonimga kelib, qulog‘ini ko‘ksimga bosadi – ikkinchi yuragimning tepishini eshitmoqchi bo‘ladi-da, zanchalish! Yo‘q, boraman Moskvaga, ma’lumotnomani opkelib, bir nusxasini mana shu devorga yopishtirib qo‘yaman! O‘qi, deyman, ko‘zmi yo po‘stakning yirtig‘imi, deyman haligidaqa xirapashshalarga.
Shundoq xayollar bilan yurgan kezlarim, aksiga olib, qahvaxonaga keksa bir odam kirib keldi, yonida xotini ham bor. O‘tirib, konyak bilan qahva buyurishdi. Qarchig‘aynigoh yigitman-da: erkagi ko‘zimga nuqul professorga o‘xshab ko‘rinaveradi. Chidayolmadim:
– Ma’zur tutasiz, – dedim yoniga borib, – mabodo professormasmisiz? Yo qiyofangiz shunaqami?
– Ha, professorman, – dedi u.
Xotini ham jilmayib, erining gapini tasdiqladi.
– Kechirasiz-u, qaysi sohadan?
– Tibbiyot fanlari doktoriman.
– Tibbiyot fanlari professori hammi?
– Ha. Nimaydi?
Darhol diydiyoni boshladim:
– Odamda ikkita yurak bo‘ladimi?
– Shu choqqacha uchratganim yo‘q, – dedi u, – lekin hayotda hamma narsa bo‘lishi mumkin.
– Ie, bu qanaqasi? – dedim taajjublanib. – Tibbiyot fanlari doktorisiz, shu fanning professorisiz, nahotki, savolimga aniq javob berolmasangiz?
– Hayotda hamma narsa bo‘lishi mumkin, dedim-ku!
– Shuning uchun ichadi-da bu odam, – deya luqma tashladi xotini bir tuki o‘zgarmay.
Hafsalam pir bo‘ldi. Endi mayli, bor gapni aytaman. Sizlarga aytmasam – kimga aytaman, harqalay, bir joyning odamimiz, otalarimiz ulfat bo‘lgan. Menga shuning o‘zi kifoya. Begonalardan eshitmaganlaring ma’qul, unaqalar qo‘shib-chatib, boshqacha yetkazadi.
Biror kalimam yolg‘on bo‘lsa – til tortmay o‘lay! O‘shanda ham mana shu qahvaxonada ishlardim. Bir shumqadam Archandarada katta buvim qazo qilgani xabarini olib keldi, ya’ni oyimning onasining opasi. Men uni “katta buvi” derdim.
Shu kishi to‘qsonga kiriptiyu omonatini topshiripti. Juda kuyindim: beozor, muloyim kampir edi-da, bolaligimda ularnikiga ko‘p borardim.
Tabiatim g‘alatiroq – keksa odam o‘lsa achinaman. Yoshlarga ham achinaman-u, unchalikmas. Fe’lim shunaqa-da. Miyamga bir fikr o‘rnashib qolgan – uzoq yashagan odam yorug‘ dunyoga o‘rganib, mazaxo‘rak bo‘lib qoladi, o‘lgisi kelmaydi. Yosh yigit esa hali hayotning nash’asini surmagan, o‘limdan ham tap tortmaydi. O‘zini o‘tga-cho‘qqa uraveradi.
Desant qo‘shinlarida xizmat qilib yurganimda bir do‘stim bo‘lardi. Ismi Viktor. O‘ris. Aka-ukaday edik. Gavdali bo‘lgani uchun Buqa deb laqab olgan edi. Zo‘r yigit edi-da lekin. Qo‘rquv nimaligini bilmasdi. Har qanday qaltis vaziyatda ham “Xudo hofiz!” deb turaverardi.
O‘sha do‘stim halok bo‘ldi, xudo rahmatiga olsin. Parashyuti ochilmay qoldi. Mendan keyin oltinchi bo‘lib sakragan edi. Bundoq boshimni ko‘tarsam – toshday uchib kelyapti. Yonimdan o‘tayotganida “Xudo hofiz, Adgurbek!” deganini eshitib qoldim. Onamni, ikki farzandimni o‘rtaga qo‘yib ont ichaman – xuddi shunday dedi! Shundoq dediyu zum o‘tmay tosh-metin zaminga urilib, chilparchin bo‘ldi.
Kuyganimdan jinni bo‘layozdim. Shunda “zampolit” chaqirib qoldi:
– Adgurbek! Hukumat topshirig‘i bor. Kubaga jo‘natish uchun ko‘ngillilarni yig‘yapmiz. Borasanmi?
– Boraman, albatta, – dedim hech ikkilanmay. – Eng yaqin do‘stimdan judo bo‘ldim. Bu yerdan endi bosh olib ketganim tuzuk.
Ayni “Karib tangligi” boshlangan kezlar edi. Kubada qariyb ikki oy turdik. Esda qoladigan biror narsani ko‘rganim ham yo‘q – bizni kazarmadan chiqazmas edi-da. Lekin sal yozildim, do‘stim fojiasini bir oz unutganday bo‘ldim. Mana, oradan shuncha vaqt o‘tdi, lekin do‘stimning haligi iborasini hanuz unutolmayman: “Xudo hofiz!” Shunday desam, dardim yengillashganday bo‘ladi. Kelinglar, do‘stlarim, endi Viktorning xotirasi uchun ham bittadan otaylik… Ha qurg‘ur, nima deyatuvdim? O‘tlab ketdim-a…
Qisqasi, Achandarada katta buvim olamdan o‘tipti. Ish tugashiga yarim soat qolganda savdodan tushgan pulni direktorga topshirib, oilamiz boshiga tushgan musibat sababli barvaqtroq ketmoqchiligimni aytdim.
– Bemalol, – dedi direktor, – boraver. Lekin sen bilan bir masalada gaplashib olishim kerak. Ke, birpas o‘tirib, qittay-qittay otaylik, keyin ketaverasan.
Hozir ichishga balo bormi! Achandarada katta buvim o‘lib yotgan bo‘lsa! Butun oilamiz bilan shoshilinch yo‘lga chiqishimiz kerak-ku.
Lekin iloj qancha? Birinchidan, direktor. Ikkinchidan, yoshi ancha katta. Qadahlarga konyak to‘ldirdi. Ichmadim, labimni tekkizib qo‘yaverdim. Gapiryapti, eshityapman. Nuqul valdiraydi. Uch yil oldin bo‘lib o‘tgan gaplarni kavlashtiradi. Go‘yo o‘shanda bir qarindoshini xafa qilgan emishman. Birinchidan, men buni allaqachon unutvorganman. Ikkinchidan, uch yil jim yurib, endi nima qilasan o‘lgan ilonning boshini qo‘zg‘ab? Xullas, chakagini zo‘rg‘a yopdim, uzr so‘rab, o‘rnimdan turdim.
– Mayli, oq yo‘l, – dedi u. – Birpas o‘tirib, men ham uyga ketaman.
Hozirgiday esimda, soat kechki o‘n birdan oshganda qahvaxonadan chiqdim. Ozgina yurgandan keyin xiyobon yonidan o‘ta boshladim. Atrof qop-qorong‘i. “Gorsovet bo‘lmay o‘l, – dedim ichimda. – Chiroq o‘rnatib qo‘ysang xotining taloq bo‘ladimi! Nuqul maqtanishadi: “Falon joyda GES ishga tushdi, pismadon joyda GRES ishga tushdi”. Shaharning esa ahvoli bu!
…I-y-y! Anovi stol yoniga o‘tirganlar – GDRlik nemislar. Faqat shampan buyurishadi. Ular faqat bizning shampanni tan oladi. Boshqa hech narsani tan olishmaydi. Stolga bitta shampanni qo‘yvolib, ertalabgacha ham o‘tirishaveradi.
O‘tgan yili GDRlik ikkita nemis bilan tanishib qolganman. Ikkalasiyam yosh. Er-xotin. Uyimiz yonidan o‘tayotib, shamollatish uchun xotinim dorga yoyib qo‘ygan ayiq terisiga ko‘zlari tushib qopti. Ayiqni uch yil burun Suxumi GESi atrofidan otib olgan edim. Haligi nemisning xotini – ular o‘rischani chala-chulpa bilisharkan – hovliga kirib, surishtira boshlapti: “Nimaning terisi bu?”
Qo‘shnilar ularni biznikiga boshlab kirishdi. Nimasini aytasiz, ayig‘imning terisi nemis marjasiga benihoya yoqib ketipti-da.
– Marhamat, – dedim men, – odatimizga binoan shuni sizga sovg‘a qilaman.
Suyunib ketishdi. Eri menga hadya etish uchun bilagidagi tilla soatini yecha boshlagan edi, hay-hayladim:
– Unaqa qilmang. Modomiki biznikiga kiribsizlar, men sizlarni mehmon qilishim kerak.
Xotinim dasturxon tuzay boshladi. Men muzlatgichdan stolga uchta shampan olib qo‘ydim. Mehmondorchilik qildik. Darvoqe, xotinim terini hadya etib yuborganimni eshitib yengil tortdi, lekin sir boy bermadi.
– Boshimizga uramizmi terini, – dedi u. – O‘ziga chang tortadi, tozalab ulgurolmayman… Yaxshisi, palos olamiz.
Lo‘li-da xotinim, palos jinnisi. Lekin men mehmonlarga terini chin ko‘ngildan sovg‘a qildim.
Chaqchaqlashib o‘tiribmiz. Ichamiz, tamaddi qilamiz, yana ichamiz. Mehmonlarning kayfi osha boshladi. Bir mahal mehmon xotin o‘rnidan turib kelib tizzamga o‘tirvoldiyu cho‘lpillatib o‘pa ketdi – yoqib qoldim shekilli-da. Ularning odati shunaqa ekan, men bilmasam. Eri beparvo o‘tiripti, xotinim esa – hangu mang. Bir tomoni, ular mehmon – bir narsa deyolmaydi. Ikkinchi tomondan, erini chet ellik ayol o‘pib yotipti. Sho‘rlik tamom bo‘ldi – na ko‘zini uza oladi, na qo‘lidan bir ish keladi! Kulaverib ichaklarim uzilayozdi.
– Nega qarab turibsan, – dedim oxiri, – o‘p senam erini!
Xullas, rosa yayradik. Mehmonlar chuldirab qolishdi. Qarasam, yana ichgilari bor, lekin stolga boshqa shampan qo‘ymadim. Tovonlariga qolmayin tag‘in, dedim-da – GDR bo‘lgani bilan, harqalay, xorijliklar.
Ular qo‘zg‘alishdi. Haligi terini yaxshilab o‘radim. Nemis marja nuqul “Germaniyadan nima jo‘nataylik?” deydi. Xotinim qulog‘imga abxazchalab shivirladi:
– “Drezden” qandilini so‘rang. Hozir urf bo‘lgan.
– Jim! – dedim men. – Hech narsa kerak emas.
Ko‘chaga chiqdik. Taksi tutib, ularni o‘zlari yashayotgan “Tbilisi” mehmonxonasiga eson-omon eltib qo‘ydim.
Anovi nemislarni ko‘rib, tag‘in gapdan chalg‘ib ketdim. I-y, ana! Aytdim-ku, ular faqat shampanni tan oladi, deb. Ofitsiantka bitta shampan qo‘yib ketdi. Bu yog‘i – tongotar…
Xullasi kalom, qahvaxonadan chiqib, qorong‘i xiyobon yoqalab ketyapman. Soat o‘n birdan o‘n besh-yigirma daqiqalar o‘tgan. Shu payt orqamdan qandaydir moshina quvib yetib, taqqa to‘xtadi. Uning ichidan birov “Adgur, chiq moshinaga!” deb qichqirdi.
Qarasam – oq “Volga”, lekin kimnikiligini bilmayman. Ehtimol, o‘rtoqlarimdir, dam olish uchun dala-palaga chiqib ketishayotgan bo‘lsa, meni ham opketmoqchi bo‘lishgandir. Oilamizda ko‘ngilsizlik, hozir borolmayman, eshitgan quloqqa yaxshimas, deyish uchun moshinaga yaqinlashdim. Qarasam – tamom notanish odamlar. Obbo! Darrov fahmladim – ish chatoq, janjalning isi kelyapti. Lekin men ham anoyi emasman.
– Chiq, – dedi bir yigit orqa eshikni ochib.
– Nega chiqaman? Sizlarni tanimasam…
Shunday deb, oldinga yurdim – moshinaning raqamiga qaramoqchi edim. Ol-la! Yo‘q. Moshinada raqam yo‘q. Yuragim shuv etib ketdi, ammo o‘zimni yo‘qotmadim. Yashirib nima qilaman, yonimda to‘pponcha bor. Tez-tez yurib yo‘lkaga chiqvoldim; yo‘lkaning naryog‘i chakalakzor, chap berishga qulay.
Eshitib turibman – orqamdan kelishyapti. Ana, to‘xtashdi. Uch yigit yo‘lkaga chiqdiyu baravariga o‘q uza boshladi. O‘n qadam naridan yetti-sakkiz marta o‘q uzildi, shulardan ikkitasi ko‘kragimning u yog‘idan kirib, bu yog‘idan chiqib ketdi.
“O‘ldim”, dedim. Qarasam, oyoqda turibman, tez uzoqlasha boshladim; tevarak-atrof qorong‘i, ular uchta. Yo‘q, dushman bilan bu yerda jang qilib bo‘lmaydi, muyulishda telefon budkasi bor, temirdan. O‘sha yerda jon saqlashim mumkin, qolaversa, melisaxona ham yaqin, o‘q ovozini eshitib, chopib kelishadi.
Haligilar yiqilmaganimni ko‘rib, angrayib qolishdi. Shundan foydalanib muyulishga qarab yugurdim. Lekin ular yana es-hushlarini yig‘ib olishdi. “To‘xta! To‘xta!” deya baqirgancha tag‘in ota boshlashdi. Ikki o‘q yana badanimni teshib o‘tdi.
“Shoshma, enag‘arlar, sovet desantchisi otish qanaqa bo‘lishini ko‘rsatib qo‘yadi senlarga!” dedim ichimda. Bu paytda muyulishga yetvolgan edim, shartta to‘pponchani chiqardim. Qurolim borligini ko‘rib, uchalasi ham yerga yotvoldi. Telefon budkasini pana qilib, dushmanni nishonga olmoqchi bo‘lsam… evoh, qo‘limni ko‘tarolmayman-da! O‘ng qo‘lim yaralangan ekan. Alamimdan yig‘lavoray dedim.
Ana, badanimdan to‘rtta o‘qni o‘tkazvorgan itemgan g‘alamislar ro‘paramda yotipti, qani endi, qurolimni ishlatolsam! Nima qilish kerak? o‘animlarimni sarosimaga solish uchun asfaltga uch marta o‘q uzib, yana qochishga tushdim. Ilojim qancha? O‘z chamamda yana bitta o‘qqa chidayman, u yog‘iga – yo razzoq…
Qochganimni ko‘rib, yana quva boshlashdi. O‘qi tugadi, deb o‘ylagan bo‘lishsa kerak-da. Qochyapman, quvib kelishyapti. Lekin menda oldingiday tezlik yo‘q. Hazil gapmi – to‘rtta o‘q yeganman. Ular yana baravariga pang‘illatishdi. Tag‘in bitta o‘q u yog‘imdan kirib, bu yog‘imdan chiqib ketdi.
Xudoga shukr, deyman ichimda, melisaxonagacha oz qoldi. Binoga yaqinlashganimda ichkaridan oltitacha melisa yugurib chiqib, otishmaga quloq sola boshladi. Ko‘rgan odam, quvnoq bir taronani tinglayaptimi bular, deyishi aniq edi. O‘q ovozi chiqqan tomonga yugurish qayoqda! Ana sizga sovet melisasining ahvoli…
Meni ko‘rishlari bilan shartta ushladilar-da, to‘pponchani tortvolib, qo‘limga kishan sola boshladilar.
– Nega qo‘limga kishan solasizlar? – deya baqira boshladim. – Qochmayman. Anovi muyulishda raqamsiz oq “Volga” turipti. Undan uch kishi tushib, meni o‘ldirmoqchi bo‘ldi!
Shu gapni aytib bo‘lishim bilan haligilardan biri burchakdan mo‘ralab qoldi.
– Ana! Ana u! Ushlanglar! – deb qichqirdim.
Qayoqda! Melisalar – parvoyi falak. Birdan mo‘ralagan odamning o‘zi muyulishdan chiqib, biz tomonga qarab yura boshladi. Hayratdan baqa bo‘lib qoldim, lekin baribir yana baqirdim:
– Meni moshinaga chaqirgan shu! Eng ko‘p o‘q uzgan ham shu! Ushlanglar!
Melisalar qurshovi battar toraydi, anovi odam shoshmasdan yonimizga keldi-da, xuddi Kennedining qotiliday, cho‘ntagidan to‘pponchani chiqazib, og‘zini qo‘ltig‘imga tiradi.
– Ovozingni o‘chirasanmi, yo‘qmi! – shunday deyishi bilan qarsillab o‘q ham uzildi.
Eng qizig‘i, shu o‘q tanamda qolgan ekan, boshqalari u yog‘imdan kirib, bu yog‘imdan chiqib ketgan edi. Qotilimga hech kim tegmadi. Shunda bir sirni anglaganday bo‘ldim. Ha-a-a! Sotilgan ekan bularning bari!
…Uzr, og‘aynilar. Zinaxonim, ho‘ anovi burchakdagi stol yonida o‘tirgan besh kishini ko‘ryapsanmi? O‘shalarga beshta shampan eltib ber, boshlari og‘rib turganga o‘xshaydi. Lekin kim jo‘natganini aytma. Kecha ko‘paytirvorishgan-da, hechqisi yo‘q… O‘zimizning yigitlar…
Ha, nimaga keluvdim? Esimga tushdi. Payqadim – hammasi sotib olingan. Mendan boshqa odam bo‘lganda oldinroq sezardi. Men hozir payqadim. Ishonuvchanman-da!
Keyin meni navbatchi leytenantning oldiga olib kirishdi. Qarasam, tanish yigit, qahvaxonaga ming marta kirgan. Xudo yetqizdi, dedim. Ishqilib, buyam sotilmagan bo‘lsin-da. Lekin yonida bir mayor ham turipti, ko‘zim tushgandayoq turqi yoqmagan edi. Leytenantga bo‘lgan voqeani qo‘shmay-chatmay gapirib berdim. Uning men tomonga og‘ayotganini sezgan mayor oraga suqildi:
– Yolg‘on! – deb baqirdi u. – Sen melisa xodimlariga qurol bilan hujum qilgansan, bu qilmishing uchun javob berasan!
Yo parvardigor! Kishanli qo‘llarim bilan yoqamni yirtdim – hamma yog‘im bilch-bilch qon.
– Nima deyapsiz, o‘rtoq mayor? – dedim titrab-qaqshab. – Qurol bilan hujum qilibman-u, birorta o‘qim hech kimga tegmapti-da, a? O‘zim oltita o‘q yedim-ku!
Mayor asabiylasha boshladi, chunki leytenant menga xayrixohlik bilan qarab turardi.
– Nayrangbozlik qilma bu yerda! – Mayor shunday deb, yuzimga tarsaki tortib yubordi. Voy iblis-ey! Ko‘zimga qon to‘ldi, chidab turolmadim: yaroqsiz o‘ng qo‘limni chapi bilan ko‘tarib turib kishan bilan boshiga shundoq tushirdimki, mayor guppa ag‘darilib, hushidan ketdi. O‘shanda meni nega o‘ldirib qo‘yishmadi – bilmayman. Yo‘q, bilaman – o‘zi o‘ladi, deyishgan. Ehtimol, leytenant xalal bergandir – bir narsa deyishim qiyin. Saldan keyin o‘zimga kelib qarasam, moshinada ketyapman, qo‘limda kishan yo‘q.
– Qayoqqa olib ketyapsizlar?
– Tinchlaning, – dedi oq xalat kiygan bir yigit. – “Tez yordam” bu, kasalxonaga olib ketyapmiz.
Oq “Volga”dagi anovi firibgarlarning sovuniga kir yuvgan odam oq xalatga ishonadimi?
“Xudo hofiz, Adgur, hammasi sotilgan, bu yog‘iga hushyor bo‘lish kerak!” degan gap o‘tdi ko‘nglimdan.
Rostdan ham kasalxonaga olib kelishdi. Atrofimda do‘xtirlar girdikapalak, kim sotilgan, kim sotilmagan – qayoqdan bilaman! Ammo, dushman ortidagi haqiqiy desantchilarday, qat’iy qarorga keldim: o‘zimni behush ko‘rsatib kuzataman, quloq solaman, vaziyatni o‘rganaman.
Qo‘ying-chi, rentgen-mentgen, aravachada u yoqdan-bu yoqqa, goh tepaga, goh pastga deganday… Do‘xtirlar o‘lmayotganimga hayron. Biri “Ertalabgacha yetmaydi”, desa, birovi “Balki tuzalib ketar”, deydi.
Mening miyamda boshqa o‘y: “Xudo hofiz, eng muhimi – hushni yo‘qotmaslik…”
Do‘xtirlar nima uchun o‘lmayotganimni muhokama qila boshlashdi. Shunda birinchi marta “qisilish”, “taranglashish” degan atamalarni eshitdim.
“O‘q yurak qisilgan paytda o‘tgan bo‘lishi kerak” degan xulosaga kelishdi ular.
Operatsiya stoliga yotqizishdi, darhol o‘zimni hushiga kelgan odamday tutdim.
– O‘rtoq do‘xtir, – dedim mo‘ltirab, – men to‘liq narkoz berishingizga rozi emasman.
– Ie, ie, – dedi do‘xtir, – o‘ziga kep qopti-ku. Men umuman narkoz bermoqchi emasman – o‘q yuzada, shundoq kesib olib tashlayveraman.
– Unda yaxshi, boshlang.
Qisqasi, o‘qni olishdi, kesilgan joyni bog‘lab, palataga jo‘natishdi. Yana o‘zimni hushdan ketganday ko‘rsatdim. Sotilgan do‘xtirlar meni o‘ladi deb o‘ylayotgan bo‘lsa, o‘ylayversin.
Olib kelib, alohida palataga yotqizib qo‘yishdi. Ie, men ministr¬manmi, nega alohida palataga yotqizishadi? Bunda bir gap bor. Uyquga ketganimda bir balo qilishadi. Guvohlarsiz. Yana ko‘zimni yumib oldim.
Besh daqiqalardan keyin yoshgina hamshira kirib keldi. Qo‘ltig‘imga harorat o‘lchagichni tiqmoqchi. Ko‘zni ochishga to‘g‘ri keladi.
– Yaxshi qiz, – dedim ovozimga muloyim tus berib, – yaqindagina mana shu yerimga to‘pponcha tiqishgan edi, balki yetar?
– E, shunaqami, – dedi hamshira, – bo‘lmasa, bu yog‘ingizga qo‘yamiz.
– Yo‘q, oldin o‘zingizga qo‘ying.
– Ie, nega endi? – Qiz astoydil hayron bo‘ldi. O‘zini ma’suma qilib ko‘rsatmoqchi. Lekin mening talabim ham to‘g‘ri-da: sotilganmi, sotilmaganmi – bilmasam.
– Gap shundaki, yaxshi qiz, – dedim jiddiy ohangda, – o‘lchagich qo‘ltig‘imda portlab ketsa, urug‘larim sizni tinch qo‘yishmaydi, yarim umringiz qamoqda o‘tadi!
– Nimalar deyapsiz, yo tavba! Nega portlaydi? Hozirgina qutichamdan oldim.
– Almashtirib qo‘ygan bo‘lishlari mumkin…
– Bo‘pti, oldin o‘zimga qo‘yaman.
– Lekin bilib qo‘ying, – deya ogohlantirdim uni, – portlab ketsangiz, men javobgar emasman.
Hamshira o‘lchagichni qo‘ltig‘iga suqdi, u yoq-bu yoqdan gaplashib o‘tirdik.
– Voy sho‘rlig-ey, – dedi u bir mahal, – ne ko‘ylarga solishibdi-ya sizni? Judayam gumonsiraydigan bo‘lib ketibsiz.
– Sekin aytasizmi! Raqamsiz oq “Volga” yoningga kelib to‘xtasa, undan uch kallakesar otilib chiqib baravariga senga o‘q uza boshlasa, melisadan panoh izlab o‘sha yoqqa yugursang-u, arang ularning oldiga yetib borganingda qotil bamaylixotir senga yaqinlashib, qo‘ltig‘ingga to‘pponcha tirasa, yana “Ovozingni o‘chirasanmi, yo‘qmi!” deb turib tepkini bossa, melisalar esa miq etmasa, o‘zlarining odami-da – men gumonsiramay kim gumonsirasin!
O‘n besh daqiqa suhbatlashdik. Men atayin shoshmayapman. Modomiki ular o‘z ishlariga panja orasidan qarashga o‘rgangan ekan, demak, portlatgichlari ham kechikib portlaydi. Lekin qizdan xotirjam bo‘ldim. “Bor-yo‘g‘i hamshira bo‘lsa, shuniyam sotvoladimi!” deyishgandir-da.
Qiz haroratimni o‘lchab, hang-mang bo‘lib qoldi: o‘ttiz oltiyu olti. Shunaqa ekaniga shubham yo‘q edi.
– Mana, endi ishondim, sofdil, halol qiz ekansiz, – dedim unga. – Ayting-chi, nega meni xuddi ministrday alohida palataga yotqizishdi? Menga oddiy palata ham bo‘laverardi.
– Hamma palata band, – deb javob berdi hamshira. – Sig‘maganlari yo‘lakda yotipti.
– Ha, barakalla. Ahvol shunaqa ekan, menga bunday sharafning nima keragi bor? Oddiy barmenman. Gorkomning instruktori yoki gortorgning inspektori bo‘lganimda boshqa gap edi.
– Bu palatada bir kasal yotuvdi, – dedi qiz. – Ikki soat oldin o‘ldi. Boshqa odamni yotqizishga hali ulgurganimiz yo‘q.
– Ie, bu yerda yotganlarning hammasi o‘ladimi?
– Yo‘q, ahyon-ahyon.
Ahyon-ahyon emish! Baribir ta’bim tirriq bo‘ldi.
– Iltimos, navbatchi do‘xtirga ayting, meni umumiy palataga o‘tkazsin.
– Bo‘pti, aytaman, – dedi hamshira, – lekin ruxsat bermasligi aniq, hozir tungi soat uch – bemorlarni bezovta qilish mumkin emas.
– Mayli, bir so‘rab ko‘ring.
Keyin uyim qaerdaligini tushuntirib, ertalab birrav kirib xotinimni ogohlantirib qo‘yishni iltimos qildim. Tag‘in oyoqni uzatvorsam, bexabar qolishmasin.
– Sizga jin ham urmaydi, – dedi hamshira. – Joningiz temirdan ekan, shuncha jarohatdan keyin ham haroratingiz o‘zgarmasa-ya! Sizni olib kelganda ko‘p do‘xtirlar o‘ladi, deyishgan edi.
– Sotilgan oq xalatlilarning ba’zilari hozir ham shu fikrda. Lekin siz bor ekansiz, ular niyatiga yetolmaydi.
Qiz chiqib ketdi. Ko‘nglimni yana g‘ulg‘ula bosdi: agar navbatchi do‘xtirni ham sotib olishgan bo‘lsa, u meni umumiy palataga o‘tkazishga ruxsat bermaydi. Ortiqcha guvohning nima keragi bor?
Mayli, xudo hofiz. Birdan rahmatli katta buvim esimga tushib ketdi. Uyimdagilar mendan xabar topmaguncha janozaga jo‘nashmaydi. Marhumani chiqarishga na oyim, na xotinim, na singillarim bormasa – qip-qizil sharmandalik. Urf-odatni oyoqosti qilgan bo‘lamiz. Katta buvim bizsiz ham ko‘miladi, albatta. Ammo qarindosh-urug‘, el-yurt oldida isnodga qolamiz.
Hamshira qaytib kelib, ruxsat bermadi, dedi. Biluvdim. Endi o‘zimni hech kimdan shubhalanmayotganday tutaman.
– Ha, mayli, yaxshi qiz. Faqat ertalab biznikiga kirib o‘tish yodingizdan chiqmasin.
– Tashvishlanmang, – dedi hamshira. – Albatta kiraman, aytaman. O‘zim o‘sha tomonda turaman.
– Endi uxlasam bo‘ladi. Uxladi, deng. Shunaqa deng.
– Yaxshi yotib turing. – Qiz shunday deb, chiqib ketdi.
Yaxshi yotib turing, emish. Hozir eng muhimi – uxlab qolmaslik. Keyin nima bo‘ldi, deng? Chamasi yarim soatlardan so‘ng eshik asta ochilib, palataga oq xalat kiygan bir odam kirdi. Bitta-bitta bosib tepamga keldi; tikilgancha qarab turipti, turipti, turipti. Nafasim ichimga tushib ketgan. Lekin o‘ng oyog‘im zarbaga tayyor. Sal bejo harakatni ilg‘adimmi, “karate” qivoraman. Qarabsizki, birinchi guruh nogironi bo‘p turipti-da. Har holda desantchiman. Bizni ham u-bu narsaga o‘rgatishgan.
Yo‘q, tegmadi, deraza yoniga qo‘yilgan stulga borib o‘tirdi. Qotibroq uxlasin deyapti-da. Keyin bemalol… ukolmi, poroshokmi… o‘zlari bilishadi. Saldan keyin ko‘z qirini tashlasam, boshini burib, yana tikilib qarayapti. Keyin birdan o‘rnidan turdi-da, men tomon yura boshladi. Asablarim chidamadi. O‘zimni noxos uyg‘onib ketgan kishiday ko‘rsatib:
– To‘xta! Kim kelyapti?! – deb baqirdim.
– Ie, yov-vosh, yov-vosh, – deydi. Qiziqchi ekan. – Sekinroq, kasallarni uyg‘otvorasiz. Nafasingiz to‘xtab qolganday tuyuldi, shunga…
– Nafasim to‘xtagandan keyin ham bir kishiga kuchim yetadi! – dedim.
– Qalay, tuzukmisiz?
– Nuqul uyqu bosadi, hayronman.
– Uxlang, uxlang, – dedi u, – qon ko‘p ketganda shunaqa bo‘ladi o‘zi.
Keyin indamay chiqib ketdi. Hozir sira iloji yo‘q, bemor vaziyatni nazorat qilib turipti, deya kimgadir hisob bermoqchidir-da.
Unga nima deyishgan, bilmayman, bir mahal yana kirib keldi, yana tikilib turipti. Men ham o‘zimni uxlaganga solib yotaverdim. U yana haligi joyiga borib o‘tirib, boshini deraza rafiga qo‘ygancha xurrak ota boshladi. E-e, ovora bo‘lasan, menga bunaqa nag‘mang o‘tmaydi. o‘aflatda qoldirmoqchi-da. Ertalabgacha erinmay xurrak otib chiqdi.
Sahar payti deraza orqasidan xotinimning ovozi eshitildi. Sapchib turdim, oq xalatli “qotil” ham shartta turib, yo‘limni to‘sdi:
– Yoting, darrov joyingizga yoting!
Bir tepib burchakka uchirvordim. Keyin derazani lang ochib, xotinimga qichqirdim:
– Soppa-sog‘man! Buvimning ma’rakasiga boraveringlar! Mening nomimdan ham qabriga bir siqim tuproq tashlanglar! Qaerdaligimni o‘rtoqlarimga aytib qo‘yinglar! Qolganini keyin gaplashamiz!
Xotinim yig‘lab yotipti:
– Qidirmagan joyimiz qolmadi. O‘likxonalarga ham bordik, melisaxonalarga qo‘ng‘iroq qildik.
– Zab qo‘ng‘iroq qiladigan joyni topibsanlar! – dedim. – Yo‘lga chiqaveringlar, o‘rtoqlarimga xabar berish yoddan ko‘tarilmasin!
Haligi kishi o‘ziga kelib, meni deraza oldidan karavotga qarab tortqilay boshladi. Bu gal tarxashlik qilmadim. O‘zim borib yotdim.
– Qiziq odam ekansiz-ku, – deydi, – ertalabgacha mijji qoqmay tepangizda o‘tirsam-u, mukofotiga tepki yesam! Bu qanaqasi?
– Uzr, – dedim men, – ko‘z yummay xurrak otadigan odamni shu choqqacha ko‘rmaganman-da.
Ikki soatlardan keyin og‘aynilarim kelishdi. Bir quchoq gul, xachapuri, tovuq-povuq, yana allambalolar ko‘tarib kelishipti, xuddi tomog‘imdan ovqat o‘tadiganday. Bosh do‘xtir bilan davolovchi do‘xtirni ham iydirishipti. Endi ko‘nglim to‘q – menga hech kim tegmaydi.
Ertasiga yaqin do‘stlarimdan biri gap topib keldi:
– Adgur, surishtirdim, tagiga yetdim. Senga melisa xodimlariga qurol bilan hujum qilgan, degan aybni tirkab, otishga hukm chiqarishni mo‘ljallashyapti. Lekin sen qo‘rqma – Muxusdan Moskva¬gacha barcha do‘stlar oyoqqa turg‘izilgan. Eng oldin vaqtdan yutish kerak, buning uchun sen kasalxonada iloji boricha ko‘proq yotishing lozim. Bu yerdan seni qamoqqa olib ketisholmaydi. Hammaga, haroratim joyida, deb valaqlayverma. Shu bugundan boshlab ahvoling og‘irlashgan. Davolovchi do‘xtiringni qo‘lga oldim. Kasalxonadan qirq besh kunsiz chiqazmaydi. U yog‘ini yana ko‘ramiz. Moskvadagi o‘rtoqlar zo‘r advokat yollashdi. Mahalliysi to‘g‘ri kelmaydi – bari sotib olingan.
Oradan ko‘p vaqt o‘tmay, do‘stim kasalxonaga moskvalik advokatni boshlab keldi. Bo‘lgan voqeani gapirib berdim.
– Parvo qilmang, Adgurbek, – dedi advokat, – melisangiz nima bo‘pti! Bulardan kattaroqlarini ham pusurgan buzoqday qilib qo‘yganman. Ammo qurol olib yurganingiz uchun bir yarim yilga kesilasiz.
– Shuni milliy an’anaga aylantirvorsa bo‘lmasmikan?
– Yo‘q, bo‘lmaydi, – dedi advokat. – Nima bo‘ladiyu nima bo‘lmaydi – mijozlarimga oldindan aytib qo‘yaman, shuning orqasidan non yeyman-da.
– Savdolashib nima qilasan, – deya gapga qo‘shildi do‘stim. – Otilib ketgandan ko‘ra bir yarim yil yotib chiqqaning yaxshimasmi?
– Boshqa tomoni ham bor, – dedi advokat, – tartibni buzmasangiz, bir yil o‘tirasiz, xolos. Bundan tashqari, “Karib tangligi” davrida Kubada xizmat qilganingiz, jangovar tayyorgarlik a’lochisi bo‘lganingiz ham bizning foydamizga…
Vaqt-soati yetib, kasalxonadan chiqdim. Bir haftadan keyin sudim bo‘lishi kerak. Oliy sud bilan aloqasi bor og‘aynim hovliqib kepqoldi.
– Ish chatoq, Adgurbek, – deydi, – ertaga kunduzi soat ikkida shoshilinch sud majlisini o‘tkazishmoqchi, senga mahalliy advokat tayinlashmoqchi.
– Mahalliy advokat? Nega endi? Men raddiya beraman bunaqa sudga!
– Yo‘q, – dedi o‘rtog‘im, – ular aynan shuni kutishyapti. Agar raddiya bildirsang, o‘ta xavfli jinoyatchi sifatida hibsga olishadi. Do‘stlaringdan ayirish uchun. Binobarin, bunday qilako‘rma, zudlik bilan moskvalik advokatni chaqirish kerak, shu bugun kechasi yetib kelsin. Oldin Aeroflotga qo‘ng‘iroq qil, Moskvadan uchadigan kechki reyslarni bekor qilishgan, eshitishimcha.
– Nima balo, ular Aeroflotni ham sotib olganmi?
– Unaqamasdir. Dam olish mavsumi tugagan-da, yo‘lovchilar oz, shu sababli bekor qilgan bo‘lishlari ham mumkin.
Aeroflotga qo‘ng‘iroq qildim. Rost, kechki reyslar to‘xtatilgan. Ha, mayli, Adler bilan gaplashib ko‘ray-chi.
– Parvozlar – jadval bo‘yicha. Samolyot kechasi keladi Moskvadan, – deyishdi u yerdagilar.
Xayriyat-e! Moskvaga, advokatga qo‘ng‘iroq qildim. Buyurtmani o‘rtog‘im berdi, go‘shakni men ushlab turdim: telefon idorasida ishlaydiganlar ham sotilgan-da.
– Yaxshi bo‘ldi qo‘ng‘iroq qilganingiz, – dedi advokatim. – Hoziroq uchaman, Adlerda kutib olinglar.
Ertasiga hammayoqning titig‘ini chiqazdik. Sudya advokatim shu yerdaligini eshitib tipirchilab qoldi. Ishimni mahalliy advokatga oshirib bo‘lishgan ekan, o‘qiyotganmish. O‘rtoqlarim aytishdi. Advokatlar idorasiga kirsam, ko‘zoynak taqqan bir ipiriski boshini ko‘tarmay o‘qib o‘tiripti.
– Tur-e! – dedim. – Qorangni ko‘rmayin! Uchta institutni tugatgan moskvalik mashhur advokat mening ishim bilan ikki oydan beri shug‘ullanyapti, sen sotvolgan diploming bilan bir-ikki soatda nimaning fahmiga yetarding!
Qisqasi, do‘stlarim bilan birga soat ikkida boshlanadigan sudni kutyapmiz. Advokatim bo‘lsa shahar aylanib yuripti, nega bunaqa qiladi – hayronman. Og‘aynilarimdan birining moshinasi xizmatda. Goh Oliy sudga, goh prokuraturaga, goh gorkomga borishadi. Nimadir bo‘layotganini sezaman-u, nimaligini aniq bilmayman. Nahotki, firibgarlar advokatimni ham sotib olishsa? Sud boshlanishiga ozgina qolganda, hartugul, paydo bo‘p qoldi.
– Adgurbek, va’da – va’da, – dedi u, – seni qutqaraman. Lekin biz ularni ayblay olmaymiz, negaki orqalarida katta kuchlar turipti. Himoyani boshqa yo‘lga burishga to‘g‘ri keladi. O‘q uzgan odamlarni sen tanimaysan, uqdingmi? Busiz ham sudya senga qarshi, ammo men uni dabdala qilaman.
Bundan chiqdi, melisalarning ko‘zi oldida “Ovozingni o‘chirasanmi, yo‘qmi!” deb turib qo‘ltig‘imning tagidan darcha ochmoqchi bo‘lgan odamni men tanimasligim kerak. Bu yog‘i qandoq bo‘ldi? Jinoyatchi jazosiz qolaveradimi? Jahlim chiqdi. Lekin o‘rtoqlarim ko‘plashib hovrimdan tushirishdi. Nachora! Advokatim nima degan bo‘lsa, sudda o‘sha gapni gapiraverdim.
Sud jarayonida meni otuvga hukm qilmasliklari ma’lum bo‘ldi, biroq iblis sudya, kayf holda, bezorilarcha qurol ishlatgan deb, sakkiz yilni mo‘ljallab turipti!
Xo‘sh, xalq maslahatchilari kimlar deng: bir ayol bilan bir erkak. Erkagi “Besamar mehnat” artelida ishlarmish, qulog‘i garang. Ayol esa tikuv fabrikasining ilg‘orlaridan, ikki og‘iz o‘rischani bir-biriga qovushtirolmaydi. Shahrimizda o‘tgan sud majlislarining hammasida shu tikuv fabrikasining ishchilari maslahatchi bo‘lgan. Nimaga aynan tikuv fabrikasiga yopishib olishgan – bilmayman. Hamma joyda bo‘lganidek, u yerda ham o‘g‘irlik qilishadi.
Bor umidim advokatdan. Lekin balo ekan! Avvalo, tergov ustidan kuldi: noxolis va savodsizlarcha olib borilgan, dedi. Bunaqa firibgarlik hatto Texasda ham topilmasmish. Ma’lum bo‘lishicha, tergovchi mening generallargagina yarashadigan to‘pponchamni jinoyat ishidan olib tashlab, uni qandaydir amaldorga sovg‘a qilvoripti. “Parabellum”ni almisoqdan qolgan allaqanday “Valter”ga almashtirib qo‘yipti. Meni tanimaydigan odamlar oldida rosa uyaldim. Bunaqa “Valter”ni bizda qishloq qorovuli ham qo‘liga olmaydi. Keyin go‘yo otishma joyidan topilgan oltita bo‘sh piston ham namoyish qilindi. Demak, menga oltita o‘q tekkanini inkor etisholmaydi. Ammo gapning nishabini shunga opkelishdiki, go‘yo men oltita o‘q uzganman, ular ham menga oltita o‘q uzishgan. Advokatim rosa kulgi qildi:
– Bu yog‘i qiziq bo‘ldi-ku, – dedi u, – otishmami bu yoki Pushkin bilan Dantesning duelimi?
Ayblanuvchi jinoyatchilarni nishonga olmagan, melisani chaqirish maqsadida osmonga qaratib otgan, degan gapni ham qo‘shib qo‘ydi.
– Qani, o‘zlaring aytinglar, – deya davom etdi u, – yaqin o‘tmishda desantchi bo‘lgan, jangovar tayyorgarlik a’lochisi hisoblangan, “Karib tangligi” vaqtida o‘z ixtiyori bilan Kubaga borgan shundoq yigit… quturgan bezorilardan birortasini ham nishonga ololmapti-da, a? Ularning shaxsiyatini xolis tergov kelgusida aniqlasa kerak…
Demak, gap himoyaning dastlabki rejasi tomon og‘yapti.
– Muhtaram sudyaning so‘zlariga qaraganda, bizning desantchilarimiz otishni bilmaydi! Xalq tinchligini qo‘riqlashga da’vat etilgan shonli armiyamizga tuhmat emasmi bu?!
Prokuror o‘rnidan turib, “Sudyaning gaplarida tuhmat yo‘q, kavkazcha talaffuzi sababli moskvalik hamkasbimizga shunday tuyulgan”, dedi.
Advokatim o‘tirgan joyidan javob qaytardi:
– Tuhmat bor, buni qayd etib qo‘yishni so‘rayman!
Shunday qilib, u yutib chiqdi. Aytgani bo‘ldi. Meni bir yarim yilga kesdilar, bir yil o‘tirdim.
Drand turmasiga olib borishgan edi. Qarasam, nazoratchi – bir o‘rtog‘imning amakisi.
– Adgurbek, hammasidan xabarim bor, – dedi u, – bilaman, senda ayb yo‘q. Lekin qo‘limdan nima keladi, men bir kichkina odamman…
– Rahmat, Tengiz amaki, – dedim, – hech narsa kerak emas. Menday odamga ikki og‘iz shirin so‘z kifoya.
– Ammo bir masalada yordamim tegishi mumkin. Oldingga keladiganlarga navbat ham, muddat ham yo‘q.
– Rahmat, Tengiz amaki, yaxshiligingizni unutmayman.
Ana shunday gap-so‘zlardan keyin meni kameraga eltib qo‘yib, o‘zi iziga qaytdi.
U yoq-bu yoqqa alanglashga ulgurmasimdan norg‘ul bir yigit so‘risidan qichqirib qoldi:
– Salom, Turshak! Ko‘pdan beri kutaman-a seni, Turshak!
Qarasam – notanish.
– Og‘ayni, birovga o‘xshatyapsan. Meni ismim Adgur.
Yonidan o‘tib, joyimga borib o‘tirdim.
– Yo‘q, Turshaksan! – deydi shang‘illab. – Tashqarida nima gaplar, Turshak?
Yo tavba! Haqorat qilyaptimi bu yo rostdan ham birovga o‘xshatyaptimi? Yonimda o‘tirgan odam engashib qulog‘imga shivirladi:
– E’tibor berma – esi kirdi-chiqdi. Hammaga o‘zicha nom qo‘yib olgan.
– Esi kirdi-chiqdi bo‘lsa, nega bu yerda yotipti, jinnixonaga bormaydimi?
– U – ham tentak, ham jinoyatchi. Parvo qilma, hammaga laqab qo‘ygan, dedim-ku.
O‘shanda turshak nimaligini bilmasdim.
– Turshak degani nima o‘zi? – deb so‘radim haligi odamdan.
– O‘rikqoqi. O‘rta Osiyoda bo‘ladi.
Voy xumpar-ey! Turshak emishman. Ozg‘inroq bo‘lsam ham mayli edi. Jinniligi rost, shekilli. Ke, qo‘y, shunga ham siqilib o‘tiramanmi? Oltita o‘qqa chidagan – Turshakka ham chidarman.
Shu alfozda o‘n kundan beri yashayapmiz. Kamerada yoshgina, nimjonroq bir yigit ham bor. Temiryo‘l melisasida ishlagan ekan.
Qamalishining tarixi bunday. Gorkiy shahriga bir tonnacha mandarin olib ketayotgan provodniklarni qo‘lga tushiripti. Mandarinni musodara qipti, provodniklarning ustidan dalolatnoma yozib, uni Batumiga, ish joylariga jo‘natmoqchi bo‘pti. U yosh, tajribasiz, provodniklar esa pixini yorgan odamlar.
– Bo‘lar ish bo‘ldi, – deyishipti ular, – mandarinni musodara qilding, yetadi. Akt yozmay qo‘yaqol. Falonchiga ikki ming so‘m qoldirib ketamiz, shuni olib, boshlig‘ing bilan “arra” qilinglar.
– Unaqasi ketmaydi, – deydi bu, – menga sadaqangiz kerak emas, akt yozaman.
O‘zini bozorga solyapti, deb o‘ylashipti ular. Lekin bu halol-pok yigit ekan, dalolatnomani yozib, jo‘natvoripti.
Oradan birmuncha vaqt o‘tgach, haligi provodniklar yana paydo bo‘pqolishipti, ikkalasi ham g‘irt mast, melisa yigitga yopisha ketishipti:
– Sen yaramas, pulni olishga olib, bu yog‘ini rasvo qipsan, sudga beramiz seni!
Rostdan ham sudga berishipti. Ma’lum bo‘lishicha, provodniklar o‘sha gapni boshliqning oldiga kirib ham aytishgan. U ko‘ngan. Ertasiga boshliq yigitni chaqirib, dalolatnomani so‘ragan, yigit, jo‘natvordim, degan. Boshliq indamagan. Shundan keyin ma’lum muddat yopig‘liq qozon yopig‘ligicha turgan. Sir sudda ochilgan. Boshliq provodniklarning boshlig‘iga qo‘ng‘iroq qilib, – ular har doim bir-birini qo‘llaydi-da, – aktni yirtib tashlang, degan. Provodniklar qoldirgan pulni cho‘ntakka urgan. Batumidagi haligi boshliq bilan “arra” qilmoqchi bo‘lganmi, yo‘qmi – bu yog‘i menga qorong‘i.
Xullas, u boshliq bu boshliqdan yo o‘z ulushini ololmagan, yoki bo‘lmasa, nafsi hakalak otib, dalolatnomani provodniklarga ko‘rsatgan-da, ulardan pul talab qilgan. Pulni olgan ham. Provodniklarga esa alam qilib ketgan.
Ular bu yoqda qoldirgan pullarini qaytarib olish uchun kelsa – pul yo‘q. Melisa yigitning boshlig‘i yelkasini qisib, bema’ni xodimim aktni o‘zboshimchalik bilan jo‘natvoripti, deb turavergan. Keyin provodniklar sudga bergan.
Boshliq ishni bosti-bosti qilvorsa bo‘lardi, albatta. Aksiga olib, o‘shanda Shevardnadze poraxo‘rlikka qarshi kurash boshlagan kezlar ekan. Sudu prokurorlarga sichqonning ini ming tanga bo‘lib ketgan-da o‘shanda. Shuning uchun ular eski gunohlarini xaspo‘shlash, o‘zlarini halolu pok ko‘rsatish maqsadida, qo‘lga tushganlarni arzimagan gunohi uchun ham uzoq muddatlarga kesib yuboravergan.
Boshliqni ham, yigitni ham hibsga olib, ularga sakkiz yildan beriladi. Noinsof boshliq, pulni xodimim bilan “arra” qilganmiz, deydi. Ozroq muddatga qamaydi, deb o‘ylagan-da haromi. Men bir narsaga hayronman. Oliy ma’lumotli sudyalar, prokurorlar pulni olgan odam ikki dunyoda ham dalolatnomani jo‘natmasligini nahotki bilmasa? Biladi. Gap boshqa yoqda. Qo‘rqoq oldin musht ko‘taradi.
Mana, o‘zimga o‘xshagan begunoh bir sho‘rlik, melisa bo‘lishiga qaramay, kamerada o‘tiripti. Anovi tentak qachonlardir melisada ishlagani uchun shunga tirg‘algani tirg‘algan. “Etik” deb laqab qo‘yvolgan.
Yigitga ichim achiydi – bekordan-bekorga o‘tiripti. Uyida yoshgina xotini, bir yoshli bolasi qolgan. Haligi jinoyatchi bo‘lsa bunga kun bermaydi. Jahlim chiqsa ham chidayman. Meni oltita o‘q bilan o‘ldirisholmapti-yu, ammo asablarimni ishdan chiqazishipti.
Bir kuni ertalab, nimadan boshlanganini ham sezmay qolibman, tentak mahbus sho‘rlik bolani bo‘g‘ib yotipti. Har galgiday silkitib-silkitib qo‘yvoradi, deb o‘ylabman-da. Qarasam – melisa yigitning ko‘zlari ola-kula bo‘lib ketyapti.
– Hoy, nima qilyapsan! – deya borib ajrata boshladim. – Qo‘yvor, o‘ldirib qo‘yasan-ku!
Tortaman-tortaman, qani ajratolsam! Ho‘kizday baquvvat ekan. Rosa urindim – qo‘yvormaydi. Yigitning yuzi ko‘karib ketgan. Chidayolmadim. Keyin… iyagi ostiga desantchasiga musht soldim.
Guppa ag‘darildi. Borib so‘rimga o‘tirdim. Ha, asabim ishdan chiqqani rost. Tentak bo‘lsa shu yotgancha yotipti. Xavotirlana boshladim: o‘lib qolgan bo‘lsa-ya! Xudo ko‘rsatmasin – sudyamga bayram bo‘pketadi-ku. Yo‘q, o‘lmagandir. Qattiq nokaut, xolos.
Taxminim to‘g‘ri chiqdi – o‘n besh minutlardan keyin asta boshini ko‘tarib, emaklagancha so‘risiga qarab ketdi.
Shu yotgancha kun bo‘yi turmadi – tushlik ham qilmadi, kechki ovqatni ham yemadi. Devor tomonga o‘girilgancha qimir etmay yotaverdi. Nafas oladi, xolos. Yuragimga yana g‘ulg‘ula tushdi. Yiqilganda boshi lat yedimikan?
Uni “esi-kirdi chiqdi” degan odam tag‘in qulog‘imga shivirladi:
– Sanchastga xabar berish kerak.
– Shoshmaylik, – dedim men, – balki o‘ziga kepqolar.
Sanchastga xabar qilish xavfli. Agar tentak nima bo‘lganini gapirib bersayu dushmanlarim buni eshitib qolsa, meni o‘ldirish evaziga ozodlikni va’da qilishadi unga. Albatta, ozodlik qayoqda, lekin tentak – tentak-da, ishonadi.
Endi shunisidan qo‘rqa boshladim. Oldinroq yuz berishi mumkin bo‘lgan boshqa xatar ham bor: o‘zini go‘llikka solib yotgan bo‘lsa, kechasi turib boshimga bir narsa bilan tushirib qolishi mumkin. Yana, xuddi huv kasalxonadagiday, tun bo‘yi uxlamasligim kerak. Qanaqa qismat bu! Shunday bo‘ldi – ertalabgacha mijja qoqmadim. Ahyon-ahyon boshimni ko‘tarib qarab qo‘yaman – yotipti arslonning o‘ligiday.
Faqat ertalab o‘rnidan turdi. Asta men tomonga yura boshladi. Nima qilsam ekan? Yakkama-yakka mushtlashishdan qo‘rqmayman. Lekin hozir menga janjalning keragi yo‘q. Dushmanlarim eshitib qolishidan xudo asrasin. Ro‘paramga kelib, boshini egdi:
– Turshakvoy, qattiq urding-da lekin.
– Axir, sen ham uni o‘ldirib qo‘yishingga sal qoldi-ku. Bilsang, seni otilishdan asrab qoldim.
– Jinni ekansan, Turshak (men jinni emishman!), melisalar o‘zingni aspalasopinga jo‘natishiga bir bahya qopti-ku, buning yonini olib nima qilasan!
– Qiziqsan-a. Biz sudya emasmiz-ku, axir. Sotilgan firibgarlar bilan halol odamlarni farqlay bilish kerak. Bu melisa halolligi uchun sakkiz yilni bo‘yniga ilib qo‘yishipti, o‘lganning ustiga tepganday, sen uni bo‘g‘sang…
Tentak o‘ylanib qoldi.
– Baribir qattiq urding, Turshak.
– Endi, og‘ayni, uzr, – dedim, – asab chatoq, qizishib ketibman.
Shunday qilib, yarashvoldik. Turmada faqat kuchni tan oladi, boshqa hech narsani tan olishmaydi. Mo‘min-qobilgina bo‘lib yurdim. O‘sha kuni manovi tentak urganim uchun emas, xafa bo‘lganidan teskari qarab yotgan ekan.
Vaqt-soati kelib meni lagerga jo‘natadigan bo‘lishdi. Yana nazoratchi Tengiz amaki bilan yuzlashdim. Xayrlashayotganimda iltimosimni aytdim:
– Tengiz amaki, kamerada ilgari melisada ishlagan bir yigit yotipti. Menga o‘xshagan jabrdiyda. Anovi esini yegan o‘ldirib qo‘ymasa deb qo‘rqaman. Uni boshqa kameraga o‘tkazsangiz yaxshi bo‘lardi-da.
– Bo‘pti, Adgurbek, – deya darrov rozi bo‘ldi nazoratchi. – Shu bugunoq o‘tkazaman. Xotirjam bo‘l. Bu bizning xatomiz…
Qolgan muddatni lagerda o‘tkazdim. Ha, darvoqe, ozodlikka chiqqanimdan keyin haligi melisaning oilasini qidirib topdim. Menga ularning shikoyat arizasiga SSSR Prokuraturasidan kelgan javobni ko‘rsatishdi. Bosh prokuror yordamchilaridan biri imzo chekkan. O‘sha imzo miyamga muhrlanib qolgan. Javob bunday: “Gruziyada jinoyatchilikka qarshi kurash kompaniyasi davom etayotgani sababli ishni qayta ko‘rib chiqish maqsadga muvofiq emas. Imzo”. Mana, mamlakatdagi ahvol, og‘aynilar!
Bir odam nohaq jabrlandi. Qonun bo‘yicha, unga bir yoki ikki yil berishlari, hatto shartli jazo tayinlanishi ham mumkin edi. Vaqtida xabar qilmagani uchun. U melisa xodimi sifatida, falonchi-falonchilar menga pora bermoqchi bo‘lyapti, deb kerakli joyni ogohlantirishi lozim edi. Tajribasizligidan shu ishni qilmagan. Xo‘sh, endi dodini kimga aytadi: arshi a’lodagi Ollo taologami?!
Xullas, lagerdaman. Xotinimdan xat kelib turadi. Bir xatida, sening o‘rningda falonchi ishlayapti, deb yozipti. Yo alhazar! Axir, bu odam bir necha bor direktorimning oldiga kelgan, ikkalasi rosa pichirlashgan edi-ku! Lekin men qiziqmaganman. Birovlarning ishiga aralashish odatim yo‘q. Mana, endi hammasiga tushundim.
O‘shanda, jon talashib yotganim uchunmi, direktorim meni ko‘rgani kasalxonaga biror marta ham kelmaganiga ahamiyat bermagan ekanman. Odatimizga xilof! Keyin boshqa narsa yodimga tushdi: ishdan yarim soat barvaqtroq ketmoqchi bo‘lganimda uch yil oldingi gapni qo‘zg‘ab, meni ushlab turdi. Sotib olingan anovi melisalar bilan kelishib qo‘ygan-da, qayoqqa jo‘natadi! Balki ular hali oq “Volga”ning raqamini yechib ulgurmagandir? Ishdan har kungi vaqtda ketishim kerak!
Hamma gapni fahmladim-u, chidab yuribman. Faqat ikkita odamda alamim bor. Biri – jonim evaziga mening o‘rnimni birovga sotgan direktor, ikkinchisi – “Ovozingni o‘chirasanmi, yo‘qmi!” deb qichqirgan va so‘nggi o‘qni uzgan iymonsiz odam.
Bir daqiqa, og‘aynilar… Zinaxonim, ho‘ anovi stol, oxiridan uchinchi. Nima ichishyapti, ko‘rmayapman. Sekin borib razm sol. Agar konyak bo‘lsa – bitta arman konyagi, vino bo‘lsa – to‘rt shisha vino. O‘sha navidan. Ba’zi ofitsiantkalar odam og‘ziga olmaydigan vinoni eltib beradi. Sen unaqa emassan, bilaman. Mening pulimni qizg‘anma! Keragi yo‘q! Do‘stlar uchun yashaymiz, mehmon kutish uchun yashaymiz. Yana nimaning ilinjida yashash mumkinligini men tasavvur ham qilolmayman…
Lekin ish paytida, peshtaxta yonida turganimda bir qultum ham ichmayman, birovga tekinga gugurt ham bermayman. Odatim shunaqa! Dam olganimda esa kayf-safoni kindigigacha yetkazaman.
Ba’zilar uy jihozlarini har yili almashtiradi. Xitoylar to‘g‘ri aytadi: jir bitgan-da!
Bir kuni qo‘shnim “Yur, Adgurbek, uyimni bir ko‘rib qo‘y”, deb qoldi. Kirdim. Eng katta xonaning o‘ng tomoni – yerdan shiftgacha kitob, chap tomoni ham yerdan shiftgacha kitob. O‘ngdagi kitoblarning muqovasi butkul qizil, chapdagi kitoblarning muqovasi butkul yashil.
– Yopiray! – dedim yoqamni ushlab. – Leninning Kremldagi kabinetiga kirib qoldimmi?
– Yo‘q, – deydi qo‘shnim, – zal bu. Hozir moda shunaqa.
– Hoy, chulchut, – dedim jahlim chiqib, – shuncha kitobni nima qilasan? O‘qimasang, alifni kaltak deyolmasang!..
Xafa bo‘ldi. To‘g‘ri gap tuqqaningga yoqmaydi. Xotinim ham o‘n yildan beri quloq-miyamni yeydi: jihozlarni yangilaylik, jihozlarni almashtiraylik!
– O‘chir! – deyman har gal. – Uch xonali uying bormi? Bor. Bolalaring to‘qmi? To‘q. Maktabga qatnayaptimi? Qatnayapti. Uying¬ga to‘rtta odam kelsa, oldiga qo‘yadigan narsang bormi? Bor. Karavoting tagida qoshiqday-qoshiqday besh-oltita poyabzaling turiptimi? Turipti. Otam urushda yurganida oyimning bittagina tuflisi bor edi. Ustaga bersa, ishga kalishda borardi. Men buni unutarmidim? Hech qachon unutmayman. Mana endi tovuqmiyang bilan o‘ylab ko‘r: oyim kimu sen kim?
Yo‘q, men yangilikka qarshi emasman. Lekin me’yorida bo‘lsin-da. Bizda ham hamma narsa bor: gaz plitasi deysizmi, vannaxona deysizmi… Tirikchilikka nima zarur bo‘lsa, bor-da ishqilib. Ammo dabdabaning nima keragi bor? Ko‘z-ko‘z qilishning nima keragi bor? Keragi yo‘q! Men buni hazm qilolmayman. Mayli, otamdan qolgan javon qanday turgan bo‘lsa, turaversin. Otam zamonida devorga osilgan gilam osig‘ligicha qolaversin. Osh-non so‘rayotgani yo‘q-ku!
Bir tanishim, ismini aytmayman, falon pulga xotiniga po‘stin olib beripti. Qalinligi bir qarich. Xo‘sh, yil-o‘n ikki oy oftob charaqlab turadigan yurtimizda bunaqa po‘stinning nima keragi bor? Mart oyida o‘sha xotin po‘stinini kiyib, dafn marosimiga boripti. Ko‘z-ko‘z qilmoqchi bo‘lgan-da! Issiqdan dimiqib, hushidan ketipti. Qani, endi o‘zlaring aytinglar: motamsarolar bunga qarasinmi, o‘likkami? Ana sizga maqtanchoqlikning oqibati! Xitoylarning gapida jon bor: jir bitgan, yog‘ bosgan bizni!
Yana o‘tlab ketdim-a… Xullasi kalom, qamoqdan chiqdim, bir haftacha og‘aynilarim bilan kayf-safo qilib yurdim, keyin ular bilan birga taksiga o‘tirib, mana shu qahvaxonaga keldik. Bir o‘rtog‘imdan direktorni chaqirib chiqishni iltimos qildim.
Direktor istar-istamas yonimizga keldi.
– Tabriklayman, – dedi u, – xudoga shukr, qutulib kepsan.
– Rahmat, lekin senda ishim bor.
– Qanaqa ish?
– Taksiga chiq, – dedim eshikni ochib. – Chernyav tog‘iga boramiz, o‘sha yerda gaplashamiz.
O‘zini orqaga tashlay boshladi.
– Menga qara, – dedim, – ko‘p jilpanglama! Bormasang, nima qilishimni bilasan-a?!
Toqqa yetdik. Bir chetga tortib, butun kirdikorlarini aytib berdim. Bo‘yniga olmaydi. Eng qizig‘i – ko‘zimga ham qaramaydi.
– Senga tegmayman, – dedim pirovardida, – onang bor, singillaring, bolalaring bor. Qora kiyib yurishmasin. Ularda ayb yo‘q. Bitta yo‘li shuki, mening qonim evaziga o‘rnimni egallagan anovi odaming bilan birga ariza yozib, ishdan bo‘shaysan! Men ba’zilar singari qon to‘kmasdan sening o‘rningni boshqa birovga sotaman. Joningdan umiding bo‘lsa, shartim shu!
Xullas, muammoni tinchgina hal qildik. Direktorni gumashtasiga qo‘shib qahvaxonadan uloqtirib tashladim. O‘rniga do‘stlarimning tavsiyasi bilan insofli, bama’ni bir odamni oldik.
Mana, yana eski joyimda ishlab yuribman. Sizlarga o‘xshagan yigitlar keladi, quchoqlaydi, tabriklaydi. Men yo‘qligimda qahvaxonadan oyoq uzib ketishgan ekan.
Hammasi joyida, lekin… anovi “Ovozingni o‘chirasanmi, yo‘qmi!” deb qo‘ltig‘imga o‘q uzgan odamni nima qilay?
Qiynalaman, iztirob chekaman. Ammo nachora? Shahar kichkina, yiliga uch-to‘rt marta bir-birimizga duch kelamiz. Meni ko‘rsa, tanimaganday, yo‘lning narigi betiga o‘tib ketadi. Uyalganimdan men ham o‘zimni shunday tutaman. Qancha chidash mumkin? Oilam, bola-chaqamni o‘ylayman. Uni o‘ldirib, huv ota-bobolarimiz qilganiday, o‘rmonga bosh olib ketolmayman-ku! Shunga kuyaman, lekin yonib ado ham bo‘lmayman.
Yil sayin u firibgarning unvoni oshib ketyapti. Katta leytenant edi, hozir – mayor. Ishonchim komilki, “Adgurning yuragi ikkita” degan gapni o‘sha tarqatgan. Suiqasdni eplayolmagani uchun o‘zini oqlashi kerak-ku. Lekin menga qo‘shyurak degan mo‘‘jizaning keragi yo‘q! Bittayu bitta yuragim bor – ana shu zirqiraydi faqat…
Hamqishloqlarini majlisga sudrab borib, ajalga ro‘baro‘ qilgani yuragida armon bo‘lib ketgan amakim go‘rida tinch yotganmikan? Qadrdonim Viktor barq urib turgan yoshligini, xuddi ochilmagan parashyutday, qabrga olib ketdi. Dushmanim esa ayshini surib, unvonlar olib yotipti.
Shuning uchun bo‘sh vaqtlarimda yaxshi odamlarga talpinaman, qayg‘uni unutish ilinjida do‘stlarim bilan chaqchaqlashib, kayf-safo qilaman, tanish-bilishlarni ikki-uch shisha ichimlik bilan siylab turaman.
Nimasini aytay, biz tug‘ilmasimizdanoq xomtalash bo‘lgan bu dunyoda yana qayta tug‘ilishni orzu qilishga arziydigan hech narsani ko‘rganim yo‘q. O‘lat tarqalgan zaminni bezab turadigan birdan-bir narsa – erkaklar o‘rtasidagi birodarlik, ana shuning uchun ichamiz! Bu olamda sotilmaydigan va sotib olinmaydigan narsa ham bo‘lishi kerak-ku, axir! Kelinglar, o‘sha narsa uchun qadah ko‘taraylik!

025

(Tashriflar: umumiy 646, bugungi 1)

1 izoh

  1. Maza qilib oqidim kulgili joylarini ayniqsa kayfiyatni kutaradi yozganga ham tarjima qilganga ham Rahmat

Izoh qoldiring