Fozil Iskandar. Yozuvchining kuni

034   6 март — Таниқли адиб Фозил Искандар таваллуд топган кун

Бугун уйқудорини қўлга киритиш учун ўзи­мизнинг собиқ ёзувчилар шифохонасига йўл олдим. Мен “со­биқ” деяпман, гарчи бизни у ерга хушламайроқ қўйиб турган бўлсалар-да. Айтишларича, тез кунда уруш ногирони бўлган ёзувчилардан бошқа ҳеч кимни ичкарига қўймас эканлар. Бахтиқаро уруш ногиронларидан ким қолди ўзи?! Қарийб ҳеч ким! Ўғил-қизларимизни киргизмай қўйишган, аммо хотинла­римизни даволашади. Оилалар бузилиб кетмасин дейишяпти, шекилли.

Фозил Искандар
ЁЗУВЧИНИНГ КУНИ
012

09Асли абхаз миллатига мансуб Фозил Искандар рус адабиётининг дунёга машҳур намояндаларидан ҳисобланади. У 1929 йили Сухуми шаҳрида туғилган. Горький номидаги адабиёт институтини тугатган (1954). 1954-1956 йилларда Курск ва Брянскда журналистлик қилган, 1956 йилдан 90-йиллар бошигача Госиздатнинг абхаз бўлими бошлиғи лавозимида фаолият юритган. 90-йиллар бошидан Москвада яшайди. Илк ижодини шеъриятдан бошлаб, “Дурагай таканинг шуҳрати” деган қувноқ қиссаси билан донг таратган эди. “Инсон манзили”, “Мактаб вальси ёхуд Номус кучи”, “Чегемлик Сандро”, “Шоир” сингари йирик асарлари, унча-мунча романга бергусиз ҳикоялари кўплаб жаҳон тилларига таржима қилинган.

012

Россияда ҳамма ниманидир сўрайди. Сўра­май­диганлар эса, ҳеч нима сўрама деб ёлворади. Бундан чиқди, улар ҳам сўрайди.

Бугун уйқудорини қўлга киритиш учун ўзи­мизнинг собиқ ёзувчилар шифохонасига йўл олдим. Мен “со­биқ” деяпман, гарчи бизни у ерга хушламайроқ қўйиб турган бўлсалар-да. Айтишларича, тез кунда уруш ногирони бўлган ёзувчилардан бошқа ҳеч кимни ичкарига қўймас эканлар. Бахтиқаро уруш ногиронларидан ким қолди ўзи?! Қарийб ҳеч ким! Ўғил-қизларимизни киргизмай қўйишган, аммо хотинла­римизни даволашади. Оилалар бузилиб кетмасин дейишяпти, шекилли.

Нима бўлди ўзи? Бу яхши шифохона ва мен аниқ биламанки, аввал-бошда ёзувчиларнинг пулига қурилган! Шунинг учун авваллари биз унда ич-ичдан фахрланиб даволанар эдик. Шифокорлар билан муносабатларимиз чинакам дўстона эди. Қадрдон биродарлардек. Баъзи шифокорлар китобингиз ҳақида шунақанги ажойиб гаплар қилиб бошлашардики, улар­­ни мароқ билан тинглаб ўтириб беморлигингизни бут­кул унутиб қўярдингиз.

Энди ўша шифохонани кимдир хусусийлаштириб олган. Шунинг учун ҳозир у асосан бойваччаларни нақд пулга даволайди. Бу масала атрофида қандайдир туманлик бор. Айтишларича, шифохонамизнинг бош шифокори ким биландир қанақадир битим тузгани сабаб ҳаммаси шундай бўлиб чиққан. Бош шифокорнинг ўзи эса, нафақат шифохонадан, ҳаттоки Москвадан ҳам қорасини қарийб бутунлай ўчирган.

Яна айтишларича, Исроил қуёшида тобланган шубҳали афт-ангори ва жиннилигини кўрсатувчи Рос­сиянинг шубҳали маълумотномаси билан аҳён-аҳёнда Москвада пайдо бўлиб қолар эмиш у. Айтишларича, бу одамни ҳуқуқни ҳимоя қилиш идораларига чақириб сўроққа тутмоқчи бўлишибди. Аммо ҳеч натижа чиқмабди. Сабаби у ҳамма саволларга биргина жавобни қайтариб тураверибди:
– Қизил денгиз Қора денгизга, Қора денгиз эса, Ўлик денгизга айланиб кетди. Гефсиман боғида кў­ришгунча!

Бу билан у нима демоқчи бўлганини ҳеч ким тушунмайди. Афтидан, Исроилнинг афзалликлари­га ишо­ра қилаётган бўлса керак. Бироқ қандай аф­зал­лик­­ларга? Мутлақо тушунарсиз.

Айтишларича, унинг бир хилдаги жавоблари жонига теккан бир ҳуқуқ посбони:
– Сизга Охот денгизи ёқадими? – деб сўрабди.
– Ёқмайди, – дебди у пинагини бузмай ўта табиий овозда.

Унинг жиннилиги ҳақидаги маълумотнома атрофида ҳам ҳар хил бошқотирар муаммолар юзага келди. Ҳуқуқни ҳимоя қилиш идоралари жиннилик ҳақидаги маълумотномани у шифохона бўйича шарт­номани имзолашдан аввал ё кейин олганини аниқ­лашга узоқ ва беҳуда уринишибди. Бироқ ҳеч ҳам аниқлай олишмабди. Маълум бўлишича, уни жиноий жавобгарликка тортиш учун бунинг аҳамияти катта экан. Яна айтадиларки, мазкур ишга қандайдир катта ҳуқуқшунос, устига устак, оддийгина эмас, файласуф ҳуқуқшунос аралашиб, шундай дебди:
– Ҳар икки ҳолатда ҳам уни жиноий жавобгарликка тортиб бўлмайди.
– Нега?! – деб сўрашибди бошқа соддадил ҳу­қуқшунослар.
– Негаки, – деб жавоб қилибди бу ҳуқуқшунос, – агар у маълумотномани ўша шартнома имзоланишидан аввал олган бўлса, демак, шартномани ақлидан айрилган ҳолда имзолаган бўлиб чиқади. Ақлдан озган одамни эса, жиноий жавобгарликка тортиш мумкин эмас.

Башарти у ақлли муттаҳам бўлгани ҳолда фав­қулодда фойдали шартномани имзолашга эриш­ган, шунинг учун уни жавобгарликка тортса бўларди десаг-у, аммо бу сеҳрли шартномага қаттиқ суюнганидан бехос ақлдан озиб қолган бўлса, энди уни яна жиноий жавобгарликка тортиб бўлмайди-да. Жинни-да, жинни! Хуллас, масала аҳмоқликнинг чексизлиги хусусидаги гегелча қарашларга бориб тақаляпти-да. Чеки-чегараси йўқ аҳмоқлик эса, дарди бедаво ҳисоб­ланади.

Бу ҳодисада бизнинг ҳуқуқни ҳимоя қилувчи идораларимизга хос соддадиллик-оқкўнгиллик одамни ҳай­ратга солади. Россияда жиннилик ҳақидаги маълумотномани соппа-соғ одам ҳам сотиб олиши мумкинлиги хаёлларига ҳам келмайди уларнинг. Бунинг устига, ҳаттоки ғирт жинни ҳам ўзининг соппа-соғ эканини кўрсатувчи маълумотномани сотиб олиши мумкин биз­да! Қай маълумотноманинг харидорлари кўплиги ҳам номаълум.
Бизнинг йирик амалдорларимиз соппа-соғ­ли­ги ҳа­қидаги Россия маълумотларини тахлаб олиб, жа­ҳонни изғиган кўйи у ердаги бойлардан лўлиларча пул ундириш пайида бўлишади. Қизиғи, ўшалар баъзида пул беришади. Бироқ айрим безбетлари маълумотномалар кўрсатилса-да, пул бермайдилар. Шундан кейин бизнинг амалдорларимиз Россияга қайтиб, ўз­ларининг ғазабларини яширишга уринган ҳолда:
– Биз, аслида, уларнинг пулини олмоқчи эмас эдик! Тешиб чиқмайдими! Буржуйларнинг нақадар зиқ­налиги ва ҳатто у ерда меҳмондўстликдан асар ҳам йўқ­лигини халқимизнинг кўзига кўрсатиш учун атайин пул сўраган эдик! – дея гап бериб юрадилар.

Хуллас, яна бир марта такрорлайман: шифохо­намизга боғлиқ гап-сўзлар кўп. Рости шуки, биз ёзув­­чиларни ичкарига хушламайроқ киритишади. Ўғил-қизларимизни бўлса, нақ таёқ олиб қувлагудек бў­лишади. Бош шифокорни ер ютиб кетдими, қай­дам, анчадан бери қораси буткул ўчди.

Ҳа, биз ёзувчиларни ичкарига киритишади. Ам­мо эшик олдида, аниқроғи, унинг ичкари томонида қоровул туриб олиб ёзувчилик гувоҳномамизни текширади. Буям ғалати. Гўё бегона одам ёзувчи қиёфасида шифохонага киради-ю ёзувчи сифатида бепул даволаниб қўяди. Шифокорнинг қабулига киргунингизга қадар рўйхатхона атрофида ҳам анчагина ўралашишга тўғри келади. У ерда ёзувчилар ҳақидаги ҳамма маълумотлар жамланган. Ёзувчи эмасмисан, пулини тўла-да, истаганингча даволанавер. Агар қоровул ана ўша бегоналарнинг ҳамёнларини текшириб, уларнинг даволанишга пуллари бор-йўқлигини аниқлаштирганида эди, бу мантиқан асосли иш бўлар эди. Бироқ буни кўрмаганман. Бас шундай экан, савол туғилади: қоровулга не ҳожат? Азбаройи асаби таранг­лашган ёзувчиларнинг хунобини ошириб, капалагини учириш учунми?
Қисқаси, шифохонага реладорм ундиргани бор­япман. Аввалдан телефонда дорихона сотувчиси таътилдан қайтиб келганини аниқлаб, ҳар бир қадамимни ўйлаб босиб боряпман. “Ҳа, келаверинг, таътили тугаган” дейишган. Ичкарида ўзимизнинг мўъжазгина дорихонамиз бор-да.

Шундай қилиб, шифохонага кетяпман. Метрода бормоқчиман. Шифохонамиз метронинг “Аэропорт” бекати яқинида жойлашган. Унинг ёнида ёзувчиларнинг уйлари бор. Мен ҳам илгари ўша уйлардан бирида яшаганман. Қадрдон жойлар.
Метродан чиқиб, муюлишда ўзим танийдиган қа­ри шоирга дуч келдим. У қарилигига қарамай қў­лим­ни маҳкам сиқиб дейди:
– Сени кўрмаганимга кўп бўлди-я! Зўр бир янги достон ёздим! Қўлёзмани қай таҳририятга берганимни айтмайман. Тфу-тфу, кўз тегмасин дейман-да!
– Жуда яхши, – дейман қўлимни унинг чангалидан чиқариб олишга уриниб. Қари, лекин чангали маҳкам! Тағин кимнидир қаттиқ эслатиб турганига нима дейсиз.
– Гап бунда эмас! – дейди у. – Сен менга амалий ёрдам кўрсат-да! Менинг суянадиган ҳеч кимим йўқ!
– Мен қандай ёрдам бера олар эдим! – дейман. – Таҳририятлар билан ҳеч бир шахсий алоқам бўлмаса.
– Гап бунда ҳам эмас! – дейди у. – Сен фақат “Фалончи зўр достон ёзибди!” деган фикрни тарқат! Шу биргина фикрни тарқатавер!

– Албатта, – вазифамнинг енгиллигидан суюниб жавоб қиламан. Мана, шоирдан узоқлашиб, шифохонамизга кириб боряпман. Қоровулга ёзувчилик гувоҳномамни, нима деймиз, ланг очиб кўрсатдим-да, уст кийимларимни ечмасдан тўппа-тўғри дорихонага йўл олдим. Дорихона иккинчи қаватда жойлашган. Сотувчисини кўпдан биламан. У жудаям олижаноб аёл.
– Шифокорга кириб рецепт ёздириб чиқинг, – деди у. Шу гапдан кейин таниш руҳшуноснинг ҳузурига кириб бордим. Дорихонага ёндош хонада. Ғамга ботиб ўтирибди. Авваллари шунақанги қувноқ-хушчақчақ эди­ки, нақ порлаб турарди.
– Намунча хафа кўринасиз? – деб сўрадим. – Беморлар чарчатиб қўйдими?
– Нима, сен ҳали эшитмадингми? – саволимга савол билан жавоб қилади у. – Бу ерда ҳамма нарса ўзгариб кетди-ку. Яқинда ҳаммамизни ҳайдаб юборармиш. Ўз шифокорларини олиб келишармиш.
– Ҳа, бу гапни эшитдим, – дейман. – Ёзувчилар ҳам бу гапни эшитиб хафа бўлишяпти. Айримлари ҳатто ҳақиқат қидириб юришибди.
– Улар ҳақиқат қидириб юрганида бу ерда ҳеч биримиз қолмаймиз, – дейди у.

Мен бу оғриқли масалага чуқурроқ кириб ўтир­мадим. Ўз дардим ўзимга етарли-да. Шундай-шундай, менга уйқу дори керак эди, дедим. Фақат албатта радедорм эмас, реладорм! Ўтган гал бошқа шифокор адашганми, ё ўзим фаромушхотирлик билан бошқачароқ айтиб юборганманми, менга реладормнинг ўрнига радедормни ёзиб берибди. Ҳолбуки радедорм менга аллақачон таъсир қилмайдиган бўлиб қолган. Уйқусизлигим кучайяптими, радедорм кучсизланиб боряптими, билмадим.

Рости ҳам шу. Дорининг бехос ўзгариб қолганини ҳали билиб улгурмаган биринчи кечада янглишиб дарров ухлаб қолдим. Бироқ кейин, дорининг реладорм эмас, радедормлигини билгач, уйқусизликдан узоқ қийналдим. Ҳолбуки битта эмас, иккита ичган эдим. Бундан ташқари, дориларни ичганимдан кейин уч минггача санадим ҳам. Алам қиладиган жойи шундаки, уйқуга кетганимдан кейин ҳам санашда давом этаверибман!
Дафъатан миямга бир фикр келди: бу хатонинг асл сабаби бошқа ёқда бўлса-чи? Балки менга реладормни тўғри ёзиб беришгандир? Бироқ мен ўшанда дорини шаҳар дорихонасидан сотиб олган эдим. Олишдан аввал навбатда турувдим. Туйнукчага эндигина етиб келганимда оқбилаклиги шундоққина кўриниб турган ёқимтойгина бир қиз ғоят табиий равишда кўзёш тўкиб мен томонга энгашиб деди:

– Севимли кучукчам ўляпти, мени навбатсиз қўй­воринг.
– Марҳамат, – дея навбатсиз олишига рухсат бердим. Бир ҳисобдан унинг ҳўнграб йиғлаб юборишидан қўрқдим.
– Йигирмата нина, – деди у сотувчига. Сотувчи қизга нафрат билан тикилган кўйи йигирмата ни­нани узатди. Қанақа кучукча, йигирмата нинани ни­ма қилади?! Албатта, бу гиёҳванд қиз уларни ўз ҳамтовоқларига олган! Мана, оқбилакларча рангпарликнинг туб сабаби қаёқда! Қизиғи – мени очиқдан-очиқ алдаб, зиғирча ҳижолат бўлмай кетди-борди. Аммо мен дорихона сотувчисининг юзида зуҳур кўр­сатган сирли нафратни яхшигина ҳис қилдим. Балки ўз болаларининг тақдиридан хавотир олгандир? Нима бўлганда ҳам, ана ўша ниналар савдосида асаби бузилгани учун менга бир уйқудорининг ўрнига бошқасини бериб юборгандир. Яхшиямки, у янглишиб менинг қўлимга абадий уйқу дорисини тутқазиб юбормади.
– Мана мен сизга аниқ-тиниқ “реладорм” деб ёзяпман, – деди шифокор, – фақат бизда ҳозир интизом кучайган. Рўйхатхонадан картачангизни олиб келинг.

Рўйхатхонага тушиб, бир ходимадан картачамни сўрайман. Касаллик тарихи уларда шундай номланади. Шунда илгари ҳеч қачон бўлмаган манзарага кўзим тушади – туйнукчанинг ичкарисида компьютер турибди. Унинг олдида бир аёл ўтирибди. Рўйхатхона ходимлари ҳам анчагина кўпайишган. Уларнинг ҳам­маси қаттиқ ҳаяжонда югуриб-елиб, даста-даста қо­ғозлар орасида нималарнидир қи­диришмоқда.
Бизнинг ташкилотларимиздаги қайта қуришнинг улуғ қонунияти шундайки, айни қайта қуриш чоғида одамлар кўпайиб қолишади. Мен ўз картачамни топиб беришни сўраган ходима ҳам уни узоқ қидирди, ахийри топди, бироқ шунда маълум бўлдики, Адабиёт жамғармасида қайта рўйхатдан ўтганим ҳақидаги қайд картачамда йўқ экан. Аммо аввалги гал айни шу масалада жанжал бўлиб, мен хотинимдан Адабиёт жамғармасига бориб, мени қайта рўйхатдан ўтказиб келишни илтимос қилган эдим. Хотиним мўмайгина пул тўлаб буни қилдирган эди.

Энг муҳими, мен эҳтиёт юзасидан Адабиёт жам­ғармасининг янги гувоҳномасини ўзим билан олган эдим. Мен бу аёлга ўз гувоҳномамни кўрсатиб, қайта рўйхатдан ўтганимни тушунтирмоқчи бўляпман. Аммо у гувоҳномадан кўзини олиб қочяпти ва ҳатто бироз қизаряпти. Унинг учун бу маълумотлар ички тармоқ орқали ўзларига етиб келмагани муҳимроқ экан.
– Агар мен картачангизни бериб юборсам, – деди у титроқ овозда шивирлаб, – сизни даволашга сарфланган пулни мендан ундиришади.

Мана, биз шу даражага бордик! Ҳойнаҳой қан­дайдир чойчақа оладиган бу ёши улуғ аёлни қа­на­қасига хафа қилишим мумкин!
Мен бу аёлни хафа қилгандан кўра, яхшиси, ўша уйқудорисиз минг бир кеча ухламай қўя қоламан!

Хафа қилмоқчи эмасман, албатта, бироқ биз қайта рўйхатдан ўтганимизни қайта-қайта уқтирдим. Аёл қандайдир рўйхатларни узоқ кўздан кечирди ва ҳатто компьютерда ишлаётган аёлдан маълумотларни яна бир карра текшириб кўришни илтимос қилди. Аҳмоқ компьютер лип-лип қилди-да, мен ҳақимдаги маълумот ўзига келиб тушмаганини маълум қилди. Аммо бу тиришқоқ аёлнинг ўзи менинг исмимни қан­дайдир ташландиқ рўйхатдан топиб олди.
– Ҳужжатингизни мен ўзим олиб кириб бераман, – деди аёл. – Ҳозир бизда интизом кучли. Беморнинг қўлига бермаймиз.

Мен яна иккинчи қаватга зинғиллаб чиқиб руҳ­шуноснинг ҳузурига кирдим. Бу гал менга маълум қилинган “кучли интизом белги”ларига яна бир интизом намунаси қўшилди. Маълум бўлишича, энди бир қўлга икки ўрам – йигирма донагина ҳапдори бериладиган бўлибди.
– Бу оз-ку, – мунгли овозда дейман унга, – сал ўтмай яна келаманми?
– Сен хотинингнинг картачасини олиб кел, мен унга ҳам ёзиб берай, – деди у ўзига хос қаҳрамонлик кўрсатиб.

Мен пастга чопқиллаб тушиб рўйхатхонадаги аёл­­га шифокор хотинимнинг картачасини ҳам сў­раёт­ганини айтдим.
– Майли, – дея рози бўлди у, – бироқ энди бизда интизом кучайган: биз хотиннинг картачасини эрига беролмаймиз. Унга айтингки, картача кўтаргичга қўйилади.
Мен шифокорни банд қилишлари, ўзиёқ қай­гадир гумдон бўлиши, натижада уни кутиб қо­лишимдан қўрқиб иккинчи қаватга учиб чиқдим. Айни чоғда, аф­тидан, асосан бойларнинг картачалари тахлаб қў­йи­ладиган ўзимга нотаниш “кўтаргич” қаерда бў­ли­ши мумкин деб ўйладим.

Шифокор жойида экан. Ниҳоят, у менга иккита рецепт берди. Мен тағин биринчи қаватга югуриб тушдим-да, рецептларни рўйхатхонадаги аёлга бердим. У ҳар иккисига ҳафсала билан муҳр босди.
Тепадаги дорихонага югуриб чиқаётган эдим, кутилмаганда кийимхонадаги аёл ортимдан қаттиқ қич­қирди:
– Уст кийимингизни ечиб кетинг, жаноб! Бизда ҳозир интизом кучли: албатта ечиниш керак!
Кўриб қолди! Ҳушёр тортдим! Тезда ечиниб, ра­­қамни қўлимга олдим. Шу аснода нима учун ҳаётимда биринчи маротаба шифохонада уст ки­йимда чарх уриб юрганимни дафъатан англаб қол­дим. Авваллари бу ерга келганимда ҳамиша уст кийимимни ўзим ечар эдим. Масаланинг нозик томони шундаки, авваллари бу ерда ўзимни қадрдон даргоҳга келдим деб ҳис қилар эдим. Энди эса, тезроқ бу ердан чиқиб кетишга бўлган ички иштиёқ мени кийимимни ечмасдан қаватлар оралаб югургилашга мажбур қилди. Дарвоқе, ўзим тобора ошираётган тезликка ҳам асосий сабаб мана шунда эди: тезроқ, тезроқ, тезроқ!

Энди дорихонадаги аёл уёқ-буёққа чиқиб кетишидан хавотирланиб тағин иккинчи қаватга чоп­қилладим. Бироқ у ўз жойида экан. Мен унга муҳр босилган рецептларни узатдим. У менга тўртта ҳап­дорилар ўра­мини берди. Мен ҳақини тўладим-да, дорини қўйин чўнтагимга эҳтиётлаб солиб қўйдим. Чунки энди унинг ташқи чўнтагимдан бехос тушиб қолишидан қўрқар эдим.

Оқшом тўшакка ётиш олдидан бир донагина реладормнинг шарофати билан уйқумни чақира оламан, деган фикр менинг ғайратимга ғайрат қўшди. Кунни қанчалик бардамроқ ўтказсанг, тунда яхши ухлашга шунчалик кўпроқ ишонч бўлади. Менинг қувончга йўғрилган ғайрат-шижоатим қорадорини қўлга киритган гиёҳванднинг руҳий ҳолатига ўхшаб кетмайдими мабодо? Йўқ, деб ҳушёр хулоса чиқардим ўзимча, кечқурун дори ичишим мумкинлигидан шу топда, эрталаб суюняпман. Гиёҳванд бўлса, афтидан, бир неча лаҳзалардан сўнг сархуш ҳолатни бошидан кечириши мумкинлигидан суюнади. Метронинг йўлида томчилаб бошлаган ёмғир остида деворга суяниб ўтирган гадойга кўзим тушди. Ажабо, нега мен уни шифохонага кетаётганимда кўрмадим экан? Гадойнинг ёнида бир болакай турибди. Мен чўнтагимга қўл суқиб, бир ҳовуч чақаларни олдим-да, нимагадир уларни эркакнинг эмас, болакайнинг ҳовучига тўкдим, ҳолбуки эркак менга яқинроқда ўтирган эди. Болакай чақаларни шу заҳотиёқ эркакка беришини яхши билсам-да, ўзимга шуниси ёқимлироқ туюлди. Агар бу эркак болакайнинг отаси бўлмаса ҳам, ақалли уни яхшироқ қадрлай бошлайди-ку.

Улардан узоқлашар эканман, ўйлаб қолдим: ме­нинг бу кичкина саховатим ундирилган уйқудори қу­вончининг аломати эмасми? Қиморбоз мўмайгина ютуқ­дан кейин дарбонга юз сўмликни худди шундай эҳсон қилиб юбормайдими? Бунисини Худо билади.

Яқинда ўзимизнинг ёзувчилар дала-боғи бўй­лаб сайр қилдим. Дам кўча-кўйга, дам дала-боққа кўз ташлаб, гўёки уни бемалол қоровуллаган кўйи сайр қиляпман. Кутилмаганда фақирона кийинган бир нотаниш киши омонат эшикчамизни очиб ичкарига кириб келди. Бир оғиз сўрамасдан ўтиб, йўлакдан юрмай, тўсиқ бўйлаб ўсган бутазор томонга бурилди.

Ғойиб бўлди. Мен ўзимча ўйлаб қолдим: ким бўлди бу одам? Нега рухсат сўрамай боғимизга бемалол кириб келди? Ахийри ўзимча тахмин қилдимки, бу одам азбаройи йўлни қисқароқ қилиш учун дала-боғимиз орқали бошқа дала-боққа ўтиб кетмоқчи бўлган. Аммо у ҳолда нега энди тўсиқ бўйлаб ўсган буталарга қараб кетди?

Сайр қилишда давом этяпман. Чамаси қирқ да­қиқалардан сўнг у қўлида қўзиқорин тўлдирилган елим­халтани кўтарганича буталар орасидан чиқиб келди. Ўзимча фаҳмладим: гадой, очиққан!

Юзида совуққон бир қатъият ифодаси зуҳур кўр­сатганча у гўё менинг саволларимга чап бер­моқ­чидек эшикчамизни тағин дадил очди-да, кўчага чиқди-кетди. Мен жимгина кузатиб туравердим. У эшикчани ёпиш олдидан менга қаттиқ тикилиб овози борича эълон қилди:
– Яқинда ҳеч вақо қолмайди!

Шундай деб қорасини ўчирди. Бунақанги охирзамонни биронта набий башорат қилолмаган! Атроф-жавонибда эса, бойларнинг тош-метин деворлар билан ўралган, қулф солинган темир дарвозали дала боғ ва қасрлари қад ростлаб турибди, гўё тез орада феодал жанги бошланишини кутиб тургандек.

Дарвоқе, феодаллик таассуротлари тўла бў­лиши учун… Дала-боғимиз бўйлаб сайр қилар эканман, янги қасри олийларнинг эгаларидан бири тош қўрғонининг ташқарисидаги сўрида айиқ боласини ўйнатиб ўти­рарди. Кичкинтой айиқча чалқанча ётибди, эгаси эса, унинг қорнини қашияпти!
– Бир йилдан кейин сиз бу маҳлуқ билан қандай муомала қиласиз? – ўзимни тутиб туролмасдан қизиқ­синдим мен.
– Бир йилга қолмай кабоб бўлиб кетади, – бошини кўтармаган кўйи баҳузур ғингшиётган айиқ боласининг қорнини қашишда давом этганча бажонидил жавоб қилди хўжайин.

Шундай қилиб, қўзиқорин терувчи кўздан йў­қол­ганида ўзимча ўйлаб қолдим: қачонлардир у ўша елимхалтаси билан бу ерга қайтиб келиб, бироқ уни портловчи моддага тўлдириб олиб келиб, бу қўр­ғон­лардан бирини портлатиб, бўшаган елимхалтасига бойваччаларнинг қўзиқоринларини териб кетмасми экан?
Метрога кираверишда яна ўша қари шоирга рў­пара келдим. Бечора шунақанги афтода кийинганки, агар деворга суяниб турса, садақа бериш керак деган фикр уйғонади. Унинг ғайрат-шижоатини эътиборга олсангиз, аҳвол ҳам аянчли, ҳам кулгили эди.

Унинг юзида тағин шодлиг-у ҳайрат зуҳур кўр­сатди. Гарчи мен “Аэропорт”даги ёзувчилар уйида беш йилдан буён яшамаётган бўлсам-да, у, афтидан, кўчада жуда кам учрашиб қолишимизни бирон кўнгилсиз кор-ҳол билан боғлиқ деб билади. Шу боис менга ташланиб, қўлимни яна-да қаттиқроқ қисди:
– Кўпдан бери сени кўрмайман-а! – дея хитоб қилди у. – Қаёққа йўқолиб кетдинг? Мен бўлсам, зўр бир достон ёздим! Сенга бажонидил ўқиб берардим, бироқ шошиб турганга ўхшайсан. Журналга топшириб қўйганман. Қай журналлигини айтмайман. Кўз тегмасин дейман-да!
– Жуда яхши, – дейман мен унга, қўлимни халос қилишга уринар эканман. Қари, лекин қўли бургутнинг панжасидек. Бизнинг бошимизга ёғилган муҳтожлик балосига қарамай, афтидан, ҳали ҳам унинг боқуви яхшига ўхшайди.
– Менга ёрдам қил, – дейди, – мени суяйдиган ҳеч ким йўқ!
– Мен қандай ёрдам бера оламан, – уқтирмоқчи бўламан унга, – менинг таҳририятлар ходимлари билан ҳеч қандай шахсий алоқаларим бўлмаганидан кейин…
– Буниси ҳеч гап эмас, – дейди у, – сен фақат ме­нинг зўр достон ёзганим ҳақидаги фикрни бутун Москвага овоза қил! Ҳозир янги давр. Тарғибот ҳал қилувчи аҳамиятга эга!
– Албатта! – дейман зиммамга юкланаётган вазифанинг осонлигига, айни чоғда, унинг ўзи қўлимни чангалидан бўшатганига суюниб.

У менинг бошим узра қараб, афтидан, гарчи қари бўлса-да, бургутникидек кўзлари билан бошқа ёзувчини кўриб қолди. Агар шундай бўлса, эндиги суҳбатни осонгина тасаввур қилиш мумкин.
Мен таҳририятга бориш учун метрога тушдим. Нафақа дафтарчамни кўрсатмаган ҳолда назоратчининг ёнидан ўтиб кетдим. Ажабланарли ҳолат: назоратчилар менинг нафақада эканлигимга нечоғли қатъийроқ ишонч ҳосил қилганлари сайин бу менга шунчалик ёқмайди.
“Ҳой, амаки! Чиптасиз қаёққа кетяпсиз?” – афтидан, мен бу саволни энди ҳеч қачон эшитолмасам керак. Аммо ютуқлар ҳам бор. Менга, масалан, мет­рода ёхуд троллейбусда ҳеч ким жой бўшатиб бермайди. Афтидан, ногиронлик аломатларидан холи бўлган соғ­лом нафақачилик. Ёки кўнгилчанликдан холи бўл­ган соғлом ёшлар?

Биттами-иккита бекатдан кейин вагонга олдидаги касалманд бола ётган аравачани итарган кўйи тиланчи аёл кириб келди. Балки ростдан касалманддир. Буни билишнинг иложи йўқ эди. Мен ачиниш ҳиссини қарийб туймаган ҳолда ўзимда қолган чойчақаларни садақа қилдим. Аниқроғи, биринчи садақамнинг таассуротларини хиралаштирмаслик учунгина яна садақа бердим. Қилган бир яхшилигингиз ўз-ўзидан яна бир яхшилик қилишга ундайди-да, ахир. Умуман, энг ишончли яхшилик одатга кўра қилинадиган яхшиликдир.

Таҳририятда муҳарририм билан икки соатча ишладим. Ишимизни тугатганимизда менга қаҳва так­лиф қилишди.
– Раҳмат, – миннатдорчилик билдирдим мен, – асабим жуда зўриқди.
Аслида ҳам шундай. Бироқ бу ҳолатни ошкора тан олиш катта хато эди. Одатда қаҳва таклиф қилишганидан кейин бир-икки қадаҳ конъяк билан ҳам сийлашарди. Аммо бу гал менга конъяк таклиф қилишмади. Афтидан, усиз ҳам асаби зўриққан деб ўйлашди, шекилли-да. Шу топда бир қадаҳ конъяк ёмон бўлмасди. Қанақа аҳмоқона иқрор бўлди бу: “Асабим жуда зўриқди”! Балки, бу бизнинг россияликларга хос касалимиздир – тушкунликка солувчи асабий зўриқиш? Конъяк уни яхши тинчлантиради.

Асаби жуда зўриққанмиш! Қанақа ожизаларча тил! Қанақа ёввойиларча ошкоралик! Бу ҳатто маданиятсизлик! Бунақанги иқрорни эшитган одамлар нима қилсин? Сапчиб тушсинми?!.
Адабий бадгумонликка эга одам ўзича, конъяк таклиф қилишмади-я, деб ўйлаган бўлар эди. Афтидан, уларнинг назарида, менинг қўлёзмам конъяк кўринишидаги қўшимча қийматга арзимайди, шекилли? Бироқ ўзим нодонлик қилиб “асабим жуда зўриқди” дедим-ку.

Таҳририятдан эндигина чиққан эдим, қасам ичиб айтаманки, муболаға қилмаяпман, менга тағин ўша қари шоир юзма-юз келса бўладими! У айни шу таҳририятга шошилиб келаётган экан. Ҳалигина учрашганимизни тағин унутиб қўйибди. Бироқ менинг ўзимни унутиб қўймагани ҳайратланарли. Ҳар қалай, йигирма йил бир уйда яшаганмиз-да. Анчадан бери кўришмаганимиз ҳам, ёзиб битирган янги достонининг зўр асарлиги ҳам, у ҳақда фикр тарқатишим зарурлиги ҳам – ҳамма-ҳаммаси тағин бир карра так­рорланди.
– Аммо достонни қай таҳририятга берганимни сендан яшириб ўтирмайман, – деди у боши-ю қоши билан таҳририят биносига имо қилиб. – Сен бунга ақлинг етмайдиган даражада аҳмоқ эмассан-ку. Бироқ биз – шоирлар ирим-чиримларга ишонувчан халқмиз-да.

Мен бир карра йўл қўйган қўпол хатомга қаттиқ афсусланиб, ўзимни ёзғирдим:
– Асаб зўриққан, – беихтиёр овоз чиқариб шундай дея заҳарханда қилдим-да, айтишим билан ҳушёр тортдим.
– Кимнинг асаби, муҳаррирнингми? – қари шоир ҳам сергак тортди.
– Йўқ, – аниқлаштирдим мен, – аср охирининг.
– Бошимни қотирмай тур, – деди қари шоир, – мени жиддий суҳбат кутяпти. Аммо фикр тарқатишни унутма!

Шу билан биз хайрлашдик ва шу куни бошқа учрашмадик. Таҳририятдан кейин мен тағин метрога йўл олдим. Метро йўлидаги марказий кўчалардан бирида кетаётган эдим, туппа-тузук кийинган бир қиз ёнимга келди-да:
– Биз черковга эҳсон йиғиб юрибмиз. Марҳамат, эҳсон қилинг! Эвазига манови ёпиштирмани берамиз, – деди.
У қўлида устига аллақандай рангли суврат ёпиштирилган кафтдеккина қалин қоғозни ушлаб турар эди. Мен ҳатто бу сувратларга диққат қилиб қараганим ҳам йўқ. Барибир кўзойнаксиз яхши кўролмайман. Кўзойнакни чўнтагимдан олиб тақиб қарашга ҳаф­салам ҳам, хоҳишим ҳам йўқ эди.

Нимагадир айни шу лаҳзаларда силлам қуриб, қариётганимни ҳис қилдим. Қиз “Черковга!” дея шу­нақанги хокисорона илтижо қилиб турибдики, эътиборсиз қолдиришга уялдим-да, ҳамёнимни чиқариб, унга ўн сўм бердим.
– Мановини олмайсизми? – дея эслатди у.
– Керак эмас, – деб жавоб қилдим-да, айни лаҳ­заларда қарилик ростдан ҳам забтига олаётганини ич-ичдан ҳис қилган кўйи ўзимни метрога урдим… Черков – камбағалларнинг фоизи нариги дунёда олинадиган банки. Банк – бойларнинг Худоси сейфга қа­малган черкови.

Метрода анчагина узоқ йўл юришим керак. Шундай бўлса ҳам, метрода менга, Худога шукур, ҳеч ким тирғалгани йўқ. Фақат қандайдир кайфи бор иш­чи вақти-вақти билан кўзи кўзимга тушганида – шундоққина рўпарамда ўтирган эди – ташқарига бирга чиқиб ичмаймизми деган маънода ишора қилган кўйи хушнудлик билан кўзини қисади… Гоҳида ишчилар зиёлиларга талпинишини анча аввал сезганман. Қачонки, бошқа биров билан ичишнинг иложи бўлмаганида.

Дарвоқе, ўсмирлигимдаёқ инқилобдан аввал маркс­чиларнинг ишчилар билан ертўлалардаги пин­ҳоний учрашувлари хусусидаги мароқли ҳикоялар мени қаттиқ ҳайратлантирар эди. Уларда жандарм бостириб келиб қолганида боплаб алдашга қаратилган бир ақлли тадбир алоҳида қайд этилар эди. Яширин ташкилотчилар ичкилик билан газакни тайёрлаб қўйишарди-да, “Мана, жимгина ичиб-газак қилиб ўтирибмиз, нима гап?” дея анқовсирашар эди. Аслида улар “Правда” газетасини ўқишар эди. Аммо ҳаммасидан қизиғи, мана, қаранг, нимада эди: жандарм бостириб келганми-йўқми, қатъи назар, бу воқеалар баёнида ўша ичимлик билан газаклар қаёқ­қа, қай тарзда гумдон бўлгани хусусида ҳеч қачон лом-мим дейилмас эди.

Албатта, улар баҳузур ичкилик ичиб, газак қилиб ўтиришган. Зотан, марксчиларнинг айёрлиги шунда эдики, улар инқилобий адабиётлар билан таништириш мақсадида ичкилик-у газаклар орқали ишчиларни ўзларига жалб қилганлар. Ишчиларнинг айёрлиги эса, шунда бўлган эдики, улар гўё инқилобий адабиётлар билан қизиқаётгандек бўлиб, аслида теппа-текин ичкилик билан газакка ишқибоз бўлишган. Мана шунинг натижасида инқилобчилар билан ишчилар ўзаро қаттиқ боғланиб қолишган. Ишчилар марксчиларни ичишга ўргатганлар. Марксчилар эса, бунинг учун миннатдорчилик сифатида ишчиларни улар ер юзидаги энг қудратли инсонлар эканлиги (“пролетариат диктатураси”)га ишонтирганлар.
Энг биринчи марксчи “Правда” газетасини қўлига олиб очар экан, ишчи ароқни қадаҳларга қуяётганини кўриб:
– Келинг, аввал газетани ўқийлик, ана шундан кейин ичишингиз мумкин, – деган бўлса керак.
– Йўқ, – деган бўлса керак ўшанда меҳнатда тоб­ланган ишчилар, – биз бир пайтнинг ўзида ҳам ичаверамиз, ҳам газета тинглайверамиз.
Агар ўша энг биринчи марксчи:
– Нега? – деб сўраган бўлса, тегишли жавобини олгандир:
– Агар жандарм бостириб кириб, “Қани, уф де-чи!” деса, нима, биз Сибирга кетаверамизми?

Ўз қадаҳини ароқ шишасига тутар экан, ўша энг биринчи марксчи: “Қанчалик ақлли-я булар! Албатта, келажак ишчилар синфиники-да!” деб ўйлаган бўли­ши мумкин. Мана шунақа қилиб, кайф устида биргалашиб инқилоб қозонини қайнатиб юборганлар. Ичимлик сақланадиган ертўлаларга ҳужум инқилобнинг ўзига хос хусусияти бўлиб қолган. Бу ҳол жамики хотираларда қайд этилган. Инқилоб чавандозлари ҳаттоки Қишки Саройни ишғол қилганларида ҳам биринчи галда ичкилик сақланадиган ертўлаларни қидирганлар. Бечора Керенский бундан фойдаланиб қочиб қолган.

Хуллас, ишчилар марксчиларга ичишни ўргатган, марксчилар эса, ишчиларни “Сиз ер куррасининг эгасисиз” деб ишонтиришган. Аммо охир-оқибатда ҳар икки томоннинг устидан ароқ ғалаба қозонган-да, Советлар Иттифоқи парчаланган. Тирик қолган аҳоли эса, қаҳрамонларча ичишда давом этмоқда.

Дарвоқе, бир ақлли одам айтганки, аслида ҳеч қандай инқилоб бўлмаган, фақат аксилинқилоб бўл­ган! Бу гап бизнинг мамлакатимиз тарихини шу­нақанги аниқ акс эттирадики!.. Ҳаттоки миллионлаб бегуноҳ жонларнинг қурбон берилганини ҳисобга олмаган тақ­дирда ҳам, инқилоб Россияга амалда нима берди? Колхозлар шаклидаги крепостной ҳуқуқини қайтариб берди – шу! Айнан шунақа бўлди.

Хулласи калом, метро вагонида кетяпман, рў­парамда ўтирган ярим сархуш ишчи бўлса, ер юзига чиқиб, биргаликда ичишга даъват қилган ҳолда менга хушнудлик билан кўзини маъноли қисяпти. Мен ўз қарашларим билан унинг имосини мутлақо тушунмаётганимни англатмоқчи бўлдим. Ҳатто ўзимни хориждан келган меҳмон деб кўрсатишга уриндим.

Бу кўзини қисиб турган ишчи менга Михаил Булгаковнинг қаҳрамонларидан бирини эслатиб юборди. Яқиндагина унинг машҳур “Уста ва Маргарита” романини қайта ўқиб чиққан эдим. Шу топда асарнинг бутун бўй-басти ёруғ ёз кунидагидек кўз олдимда аниқ-равшан намоён бўлди.

Улуғ, айни чоғда, гуноҳкор китоб бу! Бу китобнинг гуноҳкорлиги шундаки, муаллиф иблиснинг қанчалик улуғлигини кўрсатмоқчи, кўрсатганда ҳам, ўзига етгулик ҳавас-у иштиёқ билан кўрсатмоқчи бўлади. Асарда шайтон раҳмоннинг ўзига хос ўрин­босари сифатида ҳаракат қилади. Ҳолбуки иблиси лаин Худонинг энг бирламчи душманидир.

Совет бюрократларининг масхарасини чиқариб енгил мутойибали ва аччиқ заҳархандали кулгу уй­ғотишни бадииятга зарар ерказмаган ҳолда ҳам уддалаш мумкин эди, агарки муаллиф нозик ва ўзи­гагина хос киноя-пичинг орқали ўқувчига асардаги иблис шартли қаҳрамон эканлигига ишора қилганида. Бу қаҳрамон ҳеч қандай иблис эмас, балки ақлини еб қўйганлар дунёсидаги оддийгина эсли-ҳушли инсон.
Олий, фалсафий маънода бу ердаги шайтонга жиддий муносабат нодонларча муносабатдан бошқа нарса эмас. Қаердаки муаллиф иблисга аниқ-равшан жиддий муносабатда бўлса, асарнинг айни шу жойлари зерикарли ва бадииятдан йироқ.

Аммо роман буюк асар, чунки унинг замирида ҳаётни қандай бўлса шундайлигича қамраб олишга, гўёки бутун ер куррасига юксакликдан туриб назар ташлашга уриниш бор.

Санъаткорнинг юрак ёлқинидан туғилган ажо­йиб лирик оҳанг ва гўзал кулги муаллифнинг ўзини қуршаган ҳаётдан нақадар юксак туришини намо­йиш этади. Дастлабки икки боб санъаткорона ёзилган. Кейинги бобларда ҳам гўзал саҳифалар бор. Аммо гуноҳ ўз кучида қолган. Маргаританинг алвастилиги ғашга тегадиган даражадаги феминизмнинг гўёки нариги дунёда жазавага тушишидан бошқа нарса эмас.
Булгаков ва у ўзининг пири деб ҳисоблаган Гоголнинг шайтанат оламига маҳлиёларча қизиқиши тасодифий ҳодиса эмас эди, албатта.

Ҳар иккисининг даҳшатли, аянчли ўлимидаги ўхшашликни қаранг. Тасодифми бу? Билмадим. Севимли аёлнинг назокатли ғамхўрлиги Булгаковнинг ўлимини-ку, ўзига хос тарзда нурлантириб турибди. Бечора Гоголь!

Яхши китоб ўқувчини сархуш қилади. Ёмон китобни ўқиганингиздан кейин тозаланиб-покланиш учун дарҳол миянгизни спиртга чайқаб олишни истаб қоласиз. Мен шундай қиламан ҳам…
Ҳақиқий шеърни тагмаъноларга етиб бормасингдан туриб ундаги ҳақиқат эпкиниданоқ таниб олиш мумкин. Ана ўшанда бу шеърдаги техник нуқсонлар (агар улар бор бўлса), иккинчи даражали эканини ўзингиз тушуниб оласиз.
Цветаева ва Маяковский шеърлари улкан истеъдод билан битилган, айни чоғда, гўёки аввал-бошда ёш ўқувчига мўлжаллаб ёзилган. Улар худди “Юз метр­ни югуриб ўтолмайсанми, менинг шеърларимни ўқиб овора бўлмай қўя қол!” дея уқтираётгандек!

Пушкин ёшликка донолик бахш этиб, қариликни яшартиради. Ўлимнинг ичида ҳам кулги барқ уриб туради. Заргарона иш!
Икки бошли бургутнинг қулайлиги шундаки, ҳар бир бош “Мен учун ҳам нариги бош ўйлаяпти” деб ўйлайди.
Биз “Социализмнинг вайронасини капитализмнинг харобазорига айлантирамиз” деган шиор остида яшаб турибмиз.
Шармандаликнинг савияси юксалмоқда!

Саҳрода аюҳаннос солишдан аввал у ерда ақал­ли биттагина водий яратиб қўй!
– Худо йўқми, билганингни қилавер!
– Бу одобдан эмас-ку!
– Демак, билганингни одоб билан қилавер-да!
Иуда – Исо алайҳиссаломнинг одам танишдаги хатоси.

Бир одам шундай ақлли гап айтган экан: мияга яхши фикр келибди, бироқ унинг бўм-бўшлигини кўриб қайтиб кетибди.
“Қарғага тўпдан ўқ отиб бўлмайди” дейдилар. Бу гапни айтаётганда жониворга раҳм-шафқат билан қа­­раш кераклиги ҳеч кимнинг хаёлига келмайди.
Йўқсуллик уни мағрурликка ўргатди.

Агар ҳар қандай ҳокимият Худонинг хоҳиши бўл­са, ҳар қандай Худо ҳам ҳокимиятнинг хоҳиши.

Яхшилик қилишга мойил одам ақидалар билан ҳисоблашиб ўтирмайди ва ҳар қандай йиқилганнинг оёққа туриб олиши учун унга ёрдам қўлини чўзади. У “Йиқилган бунга лойиқми?” деб ўйлаб ўтирмайди. Йиқилиб кўмакка муҳтожми, демак, кўмакка лойиқ!

Телевизор кўришнинг энг гаштли томони шундаки, уни ўз қўлинг билан ўчириб қўя оласан.
Қарияпман. Ҳалитдан бу дунё ҳақида худди ўс­мир-ўғил ҳақида ўйлагандек мискинона ва маҳ­зунона хаёлларга чўмаман: эртага менсиз унинг ҳоли не кечар экан-а?
Художўй ҳаётга тиш-тирноғи билан ёпишиб олмаган, чунки жаннатдаги қўшимча шодликлардан умидвор. Бинобарин, бу ҳаётда художўй билан тил топишиш осон, бу ҳаётни яхшилаш ҳам осон.
Набоков – илдизи тупроққа таралмаган ёзувчи. Унинг энг яхши асарлари гидропоника (тупроқсиз, озуқа моддалар эритмасида ўстирилган ўсимлик)га ўхшайди. Ўйлаб ўйингнинг тагига етолмайсан: наҳот келажакнинг санъати шундай бўлса?

Даҳо – юлдуз юлдуз билан тиллашади.
Ёзонғич – юлдуз ой билан тиллашади.
Товламачилик унинг иккинчи табиатига айланган пайтда биринчи табиати қаёққа қаради экан-а?
Тубсиз чоҳ устидаги ақлнинг мустаҳкам таянчи – бадиий асарнинг шакли айнан мана шу, бундан бошқа нарса эмас.

Ёзувчилик ишидаги энг улкан роҳат-фароғатни шахсан мен ижод жараёнида ҳис қилмайман. Илҳом ёқимли, лекин қийноқли ҳолат. Мана, дейлик, мен бир асар ёздим-да, яхши ёздим деб ҳисобладим. Ухлагани ётдим. Эртасига эрталаб ишнинг энг ёқимли қисми – қораламани тозалаш бошланади. Бу иш жазирама ёз чоғида муздеккина апелсиннинг қобиғини арчилашга ўхшайди.
Бир бекатга бошқа одамлар қаторида қўлида оғиргина тўрва кўтарган анчагина ёши улуғ аёл кириб келди. Бўш ўрин йўқ эди, шунинг учун мен ўрнимни бўшатиб, уни ўтиришга таклиф қилдим. Табиийки, ўзимнинг хориждан келган меҳмонлигимни кўрсатувчи имо-ишораларни унутиб, рус тилида так­лиф қилдим.
– Кераги йўқ! – деди кутилмаганда аёл ва менга шунақанги малолланиб қарадики, гўё мен ўзимнинг ёшимдан ўн йилни олиб ташлаб, унинг бўйнига ўн беш йилни намойишкорона осиб қўйгандек.

Мен яна бир марта ўтиришга таклиф қилдим. Бироқ аёл бу гал ҳеч нима демади. Фақат тўрвасини оёқлари олдига қўйди. Мен гўл бўлиб тик туравердим.
– Ўтирсанг-чи, йигит! – деди анови ишчи. – Бу аёл ҳали гижинглаб юрибди-ку! Тик тураверади-да!

Ажабо, аёл ишчининг ўзини халқона тилда қир­чанғига эмас, тулпорга менгзаганига мамнун бў­либ, унга жилмайиб қаради.
Мен бир қадар гангиб жойимга қайта ўтирдим. Анчадан бери мени “йигит” дейишмаган эди. Аммо, бошқа томондан олиб қараганда, аёл мени ўзига жой бўшатиб беришга жуда қарилик қилади, деб ҳисоблади-ку. Шу пайт қарасам, ширакайф ишчининг кўз қисиб-бош чайқаб имо қилишлари баттар авжига чиқяпти. У нафақат мени тепага кўтарилиб ичишга, ўзига кулиб қараган анови аёлни ҳам бирга олиб чиқишга чақириб имо-ишора қилаяпти.

Менга тинчлик керак, шунинг учун навбатдаги бекатда тушиб қолдим. Кейинги поездни кутдим-да, унга кириб ўтирдим. Икки ёшгина аёл мен билан ёнма-ён ўтиришди. Бир-бирлари билан узоқ кўришмаган эски қадрдонлардек кўрган-боққанларини айтиб тугатишолмаяпти.
– Шу ёзда менинг бошимга тушган кўргиликни айтсам!.. Қўрққанимдан нақ ўлиб қолай дедим! – деди улардан бири қаттиқ орзиқиб.
– Нима бўлди? – энтикиб сўради иккинчиси.
– Кечқурун паркда айланиб юрган эдим, безорилар зўрлаб кетишса бўладими! Нақ ўлиб қолай дедим. Авваллари кўп марта бемалол сайр қилиб юрганман, ҳеч гап бўлмаган. “Кўза кунда эмас, кунида синади” деганларидек, кўрмайсанми!..

“Ҳе, аҳмоқ”, деб ўйладим мен. Бизнинг безовта-беҳаловат замонамизда кечаси ёлғиз ўзинг паркда бало борми? Аслида, бу аёл ўзини зўрлашларини хоҳлаган бўлса керак!.. Уларнинг гапларини бошқа эшитишни истамадим.
Ўз бекатимгача бориб, метродан чиқдим-да, уй­га йўл олдим. Ўзимнинг қадрдон кўчамдаги йўлак бўйлаб одимлар эканман, қарасам, икки нафар ёшгина йигит менга пешвоз юриб келяпти. Тағин денг, мендан кўз узмаган кўйи жилмайиб келяпти!

Бир зумда кўнглимни мискинона ўйлар тарк этиб, некбинларча ўйлар чулғаб олди. Албатта, бу йигитлар менинг ўқувчиларим! Асарларимдаги теша тегмаган қизиқ ҳазил-мутойибаларни эслаб кулишяпти! Кўп ёзувчилар ёшлар китоб ўқимай қўйди деб ҳасрат қилишади-я тағин! Мен уларга дўстона бош силкидим. Кўз очиб юмгунча бўлмай улар менга юзма-юз келишди. Ҳозир дастхат сўрашади, лекин ёзишга қалам олган эдимми ўзи, дея ўйлаб улгурдим, холос.
– Сизга омад кулиб боқди! – ҳайқирди улардан бири. – Мана, арзонлаштирилган мол! Дўкондагидан беш баравар арзон! Сизнинг омадингиз бор экан!
Улар менга одобсизларча қапишиб тургани учун ҳам ўзимни қандайдир ноқулай ҳис қилаётган бўлсам-да, “Булар менинг ўқувчиларим!” деб ўй­лашда давом этмоқда эдим. Менга ёқимсиз туюлаётган ҳолат эса, англашилмовчиликкина, хо­лос. Ахир, улар менга ун­ча-мунча нарса ёқа­вер­маслигини, таъбим нозик­лигини би­лиш­майди-да. Воқеанинг давоми ақлга сиғмайди: улар менга қандайдир бир пулга қиммат қўлқоп билан қан­дайдир куракда турмас бўйинбоғ узатишяпти! Мен эса, нимагадир ғайришуурий тарзда уларни олиб, ҳамёнимни чиқариб, сўраб турибман:
– Қанча?

Кўзойнагим чўнтагимда, шу топда кўзойнагимни олиб тақиб, ўз мухлисларимнинг кўз олдида пулларни диққат билан санаш менга ноқулай туюлгани сабаб, ҳамёнимни уларга шундоққина тутқаза қолдим. Тўғри, ҳамёнда пулим юз сўмдан кўп эмаслигини аниқ биламан.

Омадим борлигини айтган йигит ҳамённи бир зумда бўшатди. Пулларни олар экан, шунисига қойил қолдимки, бир қўлининг бармоқлари билан уларни санаб ҳам улгурди-да, бўш ҳамённи ўзимга қайтариб берди.
– Омадингиз бор экан! – дея ҳайқирди у охирги маротаба. Шу заҳоти иккаласи одамлар орасига кириб кўздан йўқолди.

Ўзимни икки баравар зўрлангандек ҳис қилдим. Айнан икки баравар! Улар иккита бўлганлари учун эмас, йўқ, зўрлашаётган пайтда ўзимнинг зўр­ла­наёт­ганимни, йўлакда, одамлар орасида, куппа-кундузи зўрланаётганимни англаб етмаганим учун! Бир қў­лимда қўлқоп билан бўйинбоғни ушлаган кўйи иккинчи қўлимдаги ҳамёнга кўз югуртирдим. Ичидаги битта ғижимланган пулга кўзим тушди. Мана шу ерда мен нимагадир кўзойнагимни олишга эринмадим, айни чоғда, лаънати қўлқоп билан бўйинбоғни ерга тушириб юбормасликка уринган ҳолда кўзойнагимни тақиб, пулга тикилдим. Бу беш сўмлик эди. Нега уни ҳам олмади – мен учун ҳозиргача энг катта сир бўлиб қолди. Эҳтимол бу миннатдорчилик ифодасидир? Овсарлик туғдирган қулайлик учун улар ўзимнинг пулимни ўзимга садақа қилишгандир балки?

Мен бирдан уйқудоримни эслаб қолдим. Юрагим беихтиёр шувиллади. Нега улар менга бу қадар безбетларча ёпишиб-қапишиб туришди?! Наҳотки уйқудориниям қўшиб шилиб кетишган бўлса?! Қўйин чўнтагимга қўлимни тиқдим-да – о, нақадар улкан бахт! – бармоқларим уйқудорини ҳис қилди. Болалигимда чўнтагимдан бехос ширинлик топиб олганимдагидек, астойдил суюниб кетдим.

Яхшиям ҳамёнга эмас, алоҳида солган эканман. Ҳамёнда бўлганида, уни ҳам ўзимга билдирмасдан шилиб кетишлари эҳтимол эди. Ҳаттоки қўйнимдан ҳам! Шилиб кетишлари мумкин эди, бироқ шилишмабди! Ҳа, бу яшин тезлигида содир бўлган қаллобликда ҳам, ҳар қалай, яхшилик аломатлари йўқ эмас. Ахир, воқеага ёнларидан ўтаётган одамларнинг эътиборини жалб қилмаслик учун иккови икки томондан ёпишиб-қапишиб турган эди-да. Айни шу бугун, кўринишидан, менга уйқудори ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ керак бўладиганга ўхшаб турибди ўзи. “Реладорм” деганлари ажойиб уйқудори! Менинг бу гапим рекламага ўхшаса ўхшар, аммо бу дори ҳар қандай рекламага арзийди ҳам-да!

Ўзимни босиб олганимдан кейин ўлжамни нима қилсам бўлади энди, деб ўйлаб қолдим. Уйга кириб хотинимга воқеа қай тарзда рўй берганини тушунтириб айтиш… Йўқ, бунга ҳолим ҳам, хушим ҳам йўқ. Ажабо, ҳамёнда қолган пулга нега мунча қизиқиб, диққат билан қарадим экан-а? Бунинг сабабини энди тушундим. Агар пул нисбатан йирикроқ бўлганида (афтидан, мен ғайришуурий тарзда мана шунга умид қилган эканман-да!) содир бўлган воқеани зўрлаш эмас, савдо-сотиқнинг дағалроқ шакли деб ҳисоблаш мумкин эди. Аммо беш сўм!.. Буни қандайдир гип­нозми-маҳлиёлик ҳолати деб бўлмайди, албатта. Шунчаки менинг самимий, дўстона илтифотимни овсарнинг кўнгилчанлиги деб тушунишди. Сирасини айтганда, менинг илтифотимдан аввалроқ ҳам улар “Мана, айнан биз қидирган одам!” дегандек кулиб қарашаётган эди.

Муттаҳамлар гоҳида одам боласининг руҳи равонини шунақанги нозик ҳис қилишадики!.. Куни кеча бир жияним уйимда бўлиб, қизиқ воқеани айтиб берди. У фирмада ишлайди. Ишбилармон, ўз ишига пишиқ, чиройли, ақлли, дадил.
Қандайдир бозорга келиб, эҳтиёт қисмлар дў­конига кирибди. Нимадир харид қилмоқчи экан. Керакли нарсани сотиб олиб, машинасининг ёнига қайтиб келибди. Ўтирганида сезибдики, орқа ғилдиракнинг ели чиқиб кетган. Машинадан чиқиб, ғилдиракни ал­маштирибди-да, тағин машинасига ўтириб йўлга тушибди. Йигирма дақиқалардан кейин сезиб қолибдики, шундоққина ёнидаги олд ўриндиқда ётган дипломати йўқ! Эртароқ сезиши ҳам мумкин эди, бироқ бундай бўлишини ким ўйлабди дейсиз. Кеч бўлса ҳам ўйлаб қараб тушунибдики, ўғри орқа ғилдиракнинг елини атайин чиқариб қўйган! Эгаси ғилдиракни алмаштираётган чоғида қулай ётган дип­ломатни олиб қочган! Бундай пайтда ким ҳам эшик-деразаларни қулфлаб қўяди!

Бўлар иш бўлди. Дипломатда паспорти билан янги квартирасига рўйхатга қўйиш учун керакли ҳужжатлар бўлган экан. Албатта, ўғри унда бошқа қимматроқ нарсалар ва ё мўмайроқ пул йўқлигини билганида эҳтимол бу ишга қўл урмаган бўларми эди. Аммо уни ҳам тушуниш мумкин. Икки-уч қадам нарида машинанинг эгаси орқа ғилдиракни алмаштираётганида дипломатда нима борлигини текшириб кўролмайди-да, ахир.

Шундай қилиб, жияним ортига қайтиб тағин ўша бозорга келибди-да, машинасини қолдирган жойга яқинроқ дўконларнинг сотувчиларидан машинасининг ёнига келган қандайдир шубҳали одамни кўрган-кўрмаганларини сўраб-суриштирибди. Ўзича ўша шуб­ҳали одам шу атрофдан ҳали узоқлашиб улгурмаган деб умид қилибди. Афтидан, у ўзининг кучига ишониб масалани жойида қизиқ устида ҳал қилишга умид боғлабди. Соддадил-да. Сотувчилар ўша шубҳали одамни кўрган тақдирда ҳам буни тан олиб айтишармиди! Йўқ, кўрмадик, дейишибди.

Жияним қаттиқ хафа бўлибди. Янги паспорт олиш, янги маълумотномаларни тўплаш… Кечқурун те­левизорнинг олдида хафа бўлиб ўтирган эди, телефон жиринглаб қолди. У олиб қулоғига тутди. Кимдир унга ахлат қутисининг ёнида паспорт билан маълумотномаларни топиб олганини, ёнида шу телефон рақамлари борлигини хабар қилибди. Буларнинг ҳам­маси сизники эмасми деб сўрабди.
– Меники, меники! – дея суюниб деди жияним, қўнғироқ қилган одамни ҳам суюнтиришга уриниб. Аммо уни суюнтиролмабди.
– Икки минг доллар бўлса, мен сизга паспортингиз билан маълумотномаларингизни қайтариб бераман!

Кўпгина қудратли одамлар қатори, жияним ҳам табиатан қизиққон одам, зотан куч-қудрат одамга қи­зиққонлик қилиш ҳуқуқини беради. Йўқ, лапашанг-ландовурлар ҳам қизиққон бўлиши мумкин, бироқ улар кўп ҳолларда ўз қизиққонликларини сир тутадилар. Улар ўз қизиққонликларини сир тутганлари туфайли баттарроқ лапашанг-ландовур, ҳатто баттарроқ қизиққон бўлиб бораверадилар ва сўнгги кунларига қадар ўз қизиққонликларини сир тутишга уринадилар. Бироқ менинг жиянимда сир тутадиган нарсанинг ўзи йўқ эди.
– Мен уч юз долларга Абхазияга бориб, янги пас­порт олиб кела қоламан! – дея қичқирди у ва гўшакни отиб юборди.

Бироз вақт ўтиб яна қўнғироқ жиринглади.
– Намунча қизиққон бўлмасангиз! – дея ажабланиб сўрабди ўша овоз. – Яхши, уч юз долларни олиб келинг-да, ҳужжатларингизни олиб кетаверинг! Мен ҳам асабимни озмунча зўриқтирдимми!
Москва чеккасидаги бозорга кираверишда ўнг то­мондаги дўкончада ўтирадиган жуда чиройли бир қизнинг ҳузурида учрашув белгиланибди. Учрашув вақ­ти айтилибди.
– Яхши, – деди жияним, афтидан, дўконча қаер­да жойлашганини аниқ тасаввур қилиб олгач.

Шундан кейин хотини уввос солиб йиғлайди, “Борманг, ўлдиришади” деб ёлворади, аммо у қисман ўзининг куч-қудратига ишонгани сабаб хотиннинг гапига кирмайди-да, эртасига ўша жойга боради. Албатта, у ҳаммаси бир одамнинг ёки бир уюшган гуруҳнинг иши эканини яхши билади.
Дўкончага кириб, ростдан ҳам у ерда чиройли бир қиз сотувчилик қилаётганини кўради. Қиз унга хайрихоҳлик билан табассум қилади ва ҳатто уни дарров танийди.
– Ҳозир етиб келади, – дейди.

Ростдан ҳам озгина вақт ўтиб дўкончага бир йигит кириб келади ва жиянимнинг барзангилигини кўриб, унга синовчан тикилиб қарайди. Кўринишидан, бу йи­гит ҳамтовоқлардан бири, холос. Ғилдиракни тешган одам ҳам унинг куч-қудратини кўриб қўйса ёмон бўл­мас эди. Аммо у, эҳтимолки, ўз қилмишидан ич-ич­дан ҳижолат бўлгани сабаб келмайди.
– Паспорт билан ҳужжатларни йўқотган сизмисиз? – деб сўрайди йигитча.
– Ҳа, менман.
– Машинамдан қоғозхалта олиб кир, – дея муро­жаат қилади йигитча ёқимтой қизга. Қиз пештахта тагидан шўнғиб чиқиб тезда дўкончадан ташқарига югуриб кетади-да, беш дақиқадан кейин қандайдир қоғозхалта олиб кириб жиянимга тутқазади. Жияним қоғозхалтанинг шакл-шамойилига бир қадар ажабланиб қараган кўйи уни очади. Қараса, тўппонча!
– Бу меники эмас-ку, – дейди жияним ҳалиги йигитга бир қадар ҳадиксираб, аммо, айни чоғда, ўзининг кучига ишонган ҳолда кўз тикиб.
– Бунисини эмас, нариги қоғозхалтани олиб кир эди, аҳмоқ! – ўшқиради йигитча сотувчи қизга ва тўп­пончали қоғозхалтани жиянимнинг қўлидан олиб, уни ясама лоқайдлик билан ўз чўнтагига солиб қўяди.

Сотувчи қиз яна югуриб чиқиб кетади-да бошқа қоғозхалтани олиб киради. Жияним уни очиб, ичида пластик бомба эмас, ростдан ҳам ўзининг паспорти билан бошқа ҳужжатлари борлигига ишонч ҳосил қилади. Шундан кейин йигитчага уч юз долларни беради-да, улар хушмуомалалик билан хайрлашадилар.

Бу ерда ўткир руҳшуноснинг “дастхати”, менимча, қоғозхалталарни чалкаштириб юборишда кў­риниб туради. Албатта, ҳаммаси қиз билан аввалдан келишиб олинган. Тўппонча атрофидаги ўйин мабодо паспорт­нинг эгаси ўжарлик қилиб, пул беришдан бош тортгудек бўлса, ишга солиш учун зарур кўрилган.
…Аммо мен кўчада турибман. Қўлимдаги тўп­понча эмас, қўлқоп билан бўйинбоғни нима қилишни билмайман. Ахлат идишига ташлаб юборайми? Яқинроқдаги ахлат идишининг атрофида қандайдир одамлар ароқ ичиб туришибди. Буни ҳақорат деб тушунишлари мумкин. Ҳозирги пайтда бундай қилиш хатарли.
– Вой аблаҳ-эй, – дейишади бир-бирларига, – биз бу ерда ватанимиз тақдирига куйиниб энг сўнг­ги чойчақаларимизни ичиб тугатяпмиз. Халқ оч-яланғоч, манови аблаҳ бўлса, шундай қимматбаҳо бисотларни ахлатхонага ташлаяпти!

Бир ёзувчи ақлли гап айтган: Россияда гадойлик маданиятининг савияси баланд. Бунга қўшимча қилиб айтишим мумкинки, гадой ана ўша ўзининг гадойлик маданиятини ҳимоя қиламан деб тумшуққа туширишга ишқивоз бўлади. Шу руҳдаги таққос-у ташбеҳларни яна давом эттириш мумкин. Масалан, нодонлик сер­қирра ақлий маданиятдан далолат. Ёхуд, япон самурайларида харакири маданияти юксак. Лекин бундай маданиятлар фахрланишга арзирми экан?
Хўш, бу дардисарларни нима қилса бўлади эн­ди? Кутилмаганда омадим юришиб қолди. Қа­расам, яқин­гинада бир гадой аёл ўтирибди.
– Садақа қилинг, садақа радди бало, – менга мурожаат қилди у. Миямда шоҳона бир муғомбирлик ярқ этгандек бўлди! Мен бу сурбет қўлқоп билан ярамас бўйинбоғни гадойга эҳсон қилдим. Аёл уларни синчик­лаб кўздан кечирди ва нима учундир бўйинбоғни икки қўлига олиб, унинг узунлигини ўлчади ё гулига маҳлиё бўлиб тикилиб қолди. Бу гадойнинг қиёфаси шарқона бўлгани боисми экан, ҳолат нимагадир “Аршин мол олан” деган эски кинони, аниқроғи, экранлаштирилган опереттани ёдимга солди. Унда бир пайтлар машҳур бўлган Бейбутов қўшиқ куйлайди. Мен нимагадир дафъатан андак ҳижолат бўлган ҳолда бу оламда анчагина узоқ яшаб қолганимни ўйладим. Айни чоғда, ўзимнинг уятсизлигимдан бир қадар уялган кўйи ҳали яна яшашни хоҳлаб турганимга иқрор бўлдим. Ҳатто аввалги пайтлардагидан кучлироқ хоҳлаб турибман! Умр – бисотини бой бераётган қиморбоз, кўп яшаганинг сайин яна-да кўпроқ яшашни хоҳлайверасан.

Гадой аёл бўйинбоғни қўйиб, қўлқопни кийиб кўра бошлади. Бир амаллаб кийиб олди, сўнг сўради:
– Пул-чи, пул йўқми?

Эҳтимол шарқона аёлга ўхшаб менинг ечинишимга чек қўйиб, фарқини пул кўринишида олишга қарор қилди, шекилли.
– Йўқ! – дея тўнғилладим-да, беш сўмимни тўла ҳолда сақлаб олиб бориш ниятида шаҳд билан уй томон юрдим. Қанчалик ажабланарли бўлмасин, шу ишни уддалай олдим.
Уйга кириб ечиндим-да, ўлжага ташланган ваҳ­шийдек машинкага ташландим. Шу бир кунни ёзиб қўймасам, кейин унутилиб кетади! Бошимдан нимаики кечирган бўлсам, бир чеккадан чиқиллатишга шу қадар берилиб кетибманки, телефон жиринглаганида ҳеч қачон гўшакни кўтармаслик қоидасига риоя қилмасдан ғайришуурий тарзда гўшакни кўтариб қўйибман.

– Сиз фалончимисиз? – деб сўради дадилгина аёл овози.
– Ҳа, мен фалончиман.
– Сизнинг машҳур ёзувчилигингизни биламиз, шунинг учун сизга мурожаат қиляпмиз! – фавқулодда илҳом-иштиёқ билан бидирлай кетди у. – Бизнинг маш­ҳур клубимизга аъзо бўлинг, жаноб…
Аёл клубнинг номини тилга олди, аммо мен шу заҳоти уни унутдим.
– Не бир казо-казолар бизга аъзо бўламиз деб атрофимизда уймалашиб юришибди, – гапида давом этди у, – бироқ биз уларни таёқ билан ҳайдаб, “Бор, ишингни қил!” дея қувлаб юборяпмиз. Клубимизда фақатгина сайлаб олинган одамлар. Аъзолик бадали номигагина бадал – ойига атиги қирқ доллар!

Шундай дея аёл кутилмаганда гўшакка хохолаб кулди-да, анчагача ўзини кулгидан тўхтатолмади. Афтидан, бадал миқдорининг арзимас даражада кулгили эканига чидаёлмай қолди.
– Сиз бир йўла бир йилга бадални тўлайсиз-да, клубимизнинг аъзолик гувоҳномасини қўлингизга ола­сиз. Гувоҳнома бўйича истаган пайтингизда клубимизнинг ресторанига кириб, ярим баҳосига ов­қат­ланишингиз мумкин.
Аммо мен бугунги кунда яхшигина тобланганим сабаб пинагимни бузмадим. Буни аёл хаёлига ҳам келтирмас эди, албатта. Устига устак, мен столимнинг бир чеккасида ялтираб турган уйқудориларга ўқтин-ўқтин кўз ташламоқда эдим. Бу менга қўшимча куч-қувват бахш этмоқда эди.

– Кечирасиз, – дедим мен, – агар ресторанингизга ўз меҳмонларимни бошлаб борсам нима бўлади?
– Тўрт кишигача ярим баҳосида! – қувона-қувона хабар қилди аёл. – Аммо клубнинг аъзолик гувоҳномасини олишингиз учун йиллик бадални олдиндан тўлаб қўйишингиз керак! Нархи ниҳоятда арзон – ойига атиги қирқ доллар!
– Ҳаммаси бўлиб тўрт кишими?
– “Ҳаммаси бўлиб” деганингиз нимаси? – жиддий тортиб сўради аёл. Мен саволимни ойдинлаштирдим:
– Мен тўртта меҳмонимни олиб бораманми, ёки учта меҳмон, тўртинчиси ўзим бўламанми?

– Сиз тўртинчи бўласиз! – тағин вайсай кетди аёл. – Аммо ўз меҳмонларингизга кафолат беришингиз керак бўлади! Бизда жуда маданиятли одамлар! Ораларида миллионерлари ҳам бор! Овқатланиб ўтириб қўшиқ айтиш ва ё бир дастурхондан иккинчисига шиша туҳфа қилиш қатъиян таъқиқланади! Сиз бизда кавказча одатларингизни унутишингиз керак бўлади. Аммо муҳими бу ҳам эмас. Сиз бизнинг меҳмонхонамизга номер буюртма қилишингиз ва унда ярим баҳосида истаганингизча яшашингиз мумкин.
– Менга меҳмонхонанинг нима кераги бор? – бир қадар энсам қотиб масалани аниқлаштирдим. – Мен Москвада яшайман-ку!
– Эҳтиёти шарт-да, – тушунтирди аёл, – сиз, ахир, ижодкорсиз. Сизга гоҳида пинҳона учрашувлар сув билан ҳаводек зарур!

Айни гапдан кейин аёл шунақанги яйраб кулдики, ўзи биринчи маротаба ўша пинҳоний учрашув иштирокчиси бўлишга бажонидил тайёрлигини билиб олиш мумкин эди, токи мен унинг таълимини олганимдан сўнг пинҳоний учрашувларни мустақил равишда ташкил қиладиган бўлай. Яйроқ кулгу узоқ давом этди. Ахийри тўхтади. Жимжитлик. Афтидан, аёл ўша пинҳоний учрашувдан кейин беозоргина ухлаб қолди ёхуд бундай вазиятларда аёллар қандай ухлаб қолишини намойиш қилаётганга ўхшайди. Аммо бир неча сониялардан сўнг унинг алланечук яшариб-яшнаб кетган овози янги куч билан жаранглади:
– Аммо ҳаттоки бу ҳам энг асосийси эмас! Клубимиз меҳмонхоналари Европанинг жамики маданият марказларида қўним топган! У ерда билярдхоналар, ўйин-кулги хоналари, сув ҳавзалари, теннис кортлари! Клубимиз гувоҳномасини кўрсатиб, сиз уларда истаганингизча яшашингиз мумкин. Яшаш ярим баҳога, овқатланиш ярим баҳога! Бунинг устига, ҳайратдан йиқилманг тағин, нонушта теп-текин! Швед дастурхони! Нимани қанча хоҳласангиз еб-ичаверасиз, қа­рабсизки, то кечки овқат вақтига қадар ҳеч нима егингиз ҳам келмай қолади!

Аёлнинг менга Эйфел минорасини ярим баҳода таклиф қилишини кутмай мулойимлик билан гапини бўлдим.
– Катта раҳмат! – дедим мен. – Айнан мен назарингизга тушиб турганим учун ташаккур! Аммо гап шундаки, мен сизнинг зўр таклифингиздан фойдалана олмайман. Чунки мен умуман уйдан кўчага чиқмайман!
– Қанақасига чиқмайсиз? – кутилмаганда ўшқириб юборди аёл. – Мен ўз кўзим билан кўрдим-ку! Сизни яқиндагина телевизорда кўрсатишди. Нима, сиз у ерга учиб бордингизми?!
– Гап шундаки, – аниқлаштирдим мен, – телевидение ходимлари мени уйимда тасвирга олишган эди.

Ўшанда ростдан ҳам шунақа бўлган эди. Орага бир муддатлик – уч-тўрт лаҳзалик жимлик чўкди. Сўнг у яна авж қилди:
– Мен йўлини топдим! Мендан бир умр миннатдор бўласиз ҳали! Биз сизга ўзимизнинг агентимизни жўнатамиз. Сиз унга бир йиллик аъзолик бадалини тўлайсиз. У сизга клубимиз гувоҳномасини тантанали равишда топширади. Мен аъзолик бадалимизнинг номигагина бадал эканини тағин эслаб, кулгим қистаганидан энди нақ ўлиб қоламан!
Энди-я? Аввалроқ кулавериб ўлиб қолишига ким ҳалақит қилди унга? Аммо, кўриниб турибдики, у ўлмаган, ўлмоқчи ҳам эмас!
– Умуман, уйдан чиқмайдиган бўлганимдан ке­йин клубингиз гувоҳномасининг менга нима кераги бор? – саволимни яна бир карра аниқ-равшан так­рорладим. – Раҳмат! Хайр!
– Тўхтанг! – деди жон ҳалпида у. – Мен бу ерда маслаҳатлашиб кўрай-чи! Сиз учун истисно та­ри­қа­сида кечки овқатни уйингизга обориб беришимиз мумкин.
– Меҳмонхона номерини ҳам уйимгами? – за­ҳар­ханда билан сўрадим мен.
– Тушунмадим, – деди у, – марҳамат қилиб саволингизни такрорланг-чи!

Ана шунда мен ўзимни босолмай қолдим.
– Богатство – бог адства (бойлик – дўзахнинг худоси), – насиҳатомуз оҳангда тушунтириш бердим мен.
– Тағин тушунмадим, – ишчанлик билан деди у, – такрорланг-чи!
– Богатство – бог адства! – аниқ такрорладим мен.
– Тағин тушунмадим, – деди у. – Ҳарфма-ҳарф такрорланг-чи, ёзиб олмоқчи эдим!
Шунда мен муроса йўлини тутиб дедим:
– Қора нон – гадойнинг жаннати.

Бу гапни у бир зумда тушунди ва гўшакни жаҳд билан жойига қўйди. Албатта, бу ерда товламачилик мана мен деб турибди. Навбатдаги эҳром… Жумбоқ. Қани, бу жумбоқни ечиб кўринг!
Агар ҳаётдан олинган жонли мисоллар мени чиниқтириб-тоблаган бугунги кун бўлмаганида, мен, эҳтимол нималарнидир узоқ қоралаган ва бу қора­ламалар қаерга бориб тўхташини ўзим ҳам билмаган бўларми эдим… Инсонга бўлган ишонч! Ҳикматли гапга қанақанги улуғвор эътиборсизлик! Мен тағин машинкага ўтирдим-да, бу суҳбатни ҳам ҳикоянинг давомига ёзиб қўйдим, йўқса кейин унутилиб кетади. Катта хўжаликка ҳар қандай латта ҳам асқотиб қолади, деган эди Ленин ҳатто инқилобга қадар бир ўтакетган муттаҳам партия аъзоси бўлганидан шикоят қилганларга.

Ушбу суҳбатни эндигина ёзиб бўлганимда ишхонамга хотиним кириб келди.
– Сен бугун Москва бўйлаб қандай ажойиб сайр қилибсан-а, – деди у. – Ҳатто рангингга қон югу­риб қолибди. Анчадан бери рангинг бу қадар ти­ниқ­лаш­маган эди! Шунинг учун ҳам мен сенга ҳар куни “Очиқ ҳавода кўпроқ юр!” деб уқтираман. Очиқ ҳавода кўпроқ юравер! Эртага картошка олгани бозорга бор. Бу сенга фойдали-ку. Дарвоқе, кел, сени бир хурсанд қилай. Бугун шунақанги бир ажойиб туш кўрибман де! Қандайдир бир кўринмас одам менга Италия харитасини олиб келибди-да, “Нега Италия пойафзали жаҳонда энг яхшилигини мана энди билиб олдингизми?” деб сўрар эмиш. “Ҳа, ҳа, билиб олдим!” деб қувона-қувона жавоб қилармишман мен. Кулгили, а?

Ростдан ҳам кулгили. Бундай туш билан одам боласи юз йил яшаши ҳам мумкин. Биз биргаликда кулишдик ва хотиним хонадан чиқиб кетди. Мен эса, ўйлаб қолдим: мана, умр йўлдошим якунни ҳам бериб кетди! Ва шу заҳоти унинг гапларини ҳам (кейин унутиб қўймаслик учун!) муҳрлаб қўйдим.
…Охирги жумбоқ, муҳтарам ўқувчи! Бир одам эрталаб ўз ваннахонасига кириб қараса, скелет бамайлихотир тиш юваётган экан.
– Сен кимнинг тишювгичини олдинг, аблаҳ! – жи­­ғибийрони чиқиб сўрабди у скелетдан. Дарвоқе, у халатни елкасига ташлаб олса ҳам асакаси кетиб қол­мас эди. Ҳар қалай, уйда аёллар бор-ку!

Жумбоқнинг саволи шундай: бу одам кечқурун қанча ичган (иложи бўлса, грамм-грамига қадар аниқ жавоб беринг!) ва, умуман, бу одам ўзи ким?
Мен реладорм ётган стол четига қарадим. Бутун бир ой мобайнида ухлашим мумкин! Қанақанги мазза! Хайрли кеч, жаноблар! Гефсиман боғида кў­ришгунча!

Рус тилидан Отаули таржимаси

Манба: “Ёшлик” журнали, 2014 йил, 8-сон

6 mart  Taniqli adib Fozil Iskandar tavallud topgan kun

Bugun uyqudorini qo‘lga kiritish uchun o‘zi­mizning sobiq yozuvchilar shifoxonasiga yo‘l oldim. Men “so­biq” deyapman, garchi bizni u yerga xushlamayroq qo‘yib turgan bo‘lsalar-da. Aytishlaricha, tez kunda urush nogironi bo‘lgan yozuvchilardan boshqa hech kimni ichkariga qo‘ymas ekanlar. Baxtiqaro urush nogironlaridan kim qoldi o‘zi?! Qariyb hech kim! O‘g‘il-qizlarimizni kirgizmay qo‘yishgan, ammo xotinla­rimizni davolashadi. Oilalar buzilib ketmasin deyishyapti, shekilli.

Fozil Iskandar
YOZUVCHINING KUNI
012

09Asli abxaz millatiga mansub Fozil Iskandar rus adabiyotining dunyoga mashhur namoyandalaridan hisoblanadi. U 1929 yili Suxumi shahrida tug’ilgan. Gorkiy nomidagi adabiyot institutini tugatgan (1954). 1954-1956 yillarda Kursk va Bryanskda jurnalistlik qilgan, 1956 yildan 90-yillar boshigacha Gosizdatning abxaz bo’limi boshlig’i lavozimida faoliyat yuritgan. 90-yillar boshidan Moskvada yashaydi. Ilk ijodini she’riyatdan boshlab, “Duragay takaning shuhrati” degan quvnoq qissasi bilan dong taratgan edi. “Inson manzili”, “Maktab val`si yoxud Nomus kuchi”, “Chegemlik Sandro”, “Shoir” singari yirik asarlari, uncha-muncha romanga bergusiz hikoyalari ko’plab jahon tillariga tarjima qilingan.

012

Rossiyada hamma nimanidir so‘raydi. So‘ra­may­diganlar esa, hech nima so‘rama deb yolvoradi. Bundan chiqdi, ular ham so‘raydi.
Bugun uyqudorini qo‘lga kiritish uchun o‘zi­mizning sobiq yozuvchilar shifoxonasiga yo‘l oldim. Men “so­biq” deyapman, garchi bizni u yerga xushlamayroq qo‘yib turgan bo‘lsalar-da. Aytishlaricha, tez kunda urush nogironi bo‘lgan yozuvchilardan boshqa hech kimni ichkariga qo‘ymas ekanlar. Baxtiqaro urush nogironlaridan kim qoldi o‘zi?! Qariyb hech kim! O‘g‘il-qizlarimizni kirgizmay qo‘yishgan, ammo xotinla­rimizni davolashadi. Oilalar buzilib ketmasin deyishyapti, shekilli.
Nima bo‘ldi o‘zi? Bu yaxshi shifoxona va men aniq bilamanki, avval-boshda yozuvchilarning puliga qurilgan! Shuning uchun avvallari biz unda ich-ichdan faxrlanib davolanar edik. Shifokorlar bilan munosabatlarimiz chinakam do‘stona edi. Qadrdon birodarlardek. Ba’zi shifokorlar kitobingiz haqida shunaqangi ajoyib gaplar qilib boshlashardiki, ular­­ni maroq bilan tinglab o‘tirib bemorligingizni but­kul unutib qo‘yardingiz.
Endi o‘sha shifoxonani kimdir xususiylashtirib olgan. Shuning uchun hozir u asosan boyvachchalarni naqd pulga davolaydi. Bu masala atrofida qandaydir tumanlik bor. Aytishlaricha, shifoxonamizning bosh shifokori kim bilandir qanaqadir bitim tuzgani sabab hammasi shunday bo‘lib chiqqan. Bosh shifokorning o‘zi esa, nafaqat shifoxonadan, hattoki Moskvadan ham qorasini qariyb butunlay o‘chirgan.
Yana aytishlaricha, Isroil quyoshida toblangan shubhali aft-angori va jinniligini ko‘rsatuvchi Ros­siyaning shubhali ma’lumotnomasi bilan ahyon-ahyonda Moskvada paydo bo‘lib qolar emish u. Aytishlaricha, bu odamni huquqni himoya qilish idoralariga chaqirib so‘roqqa tutmoqchi bo‘lishibdi. Ammo hech natija chiqmabdi. Sababi u hamma savollarga birgina javobni qaytarib turaveribdi:
– Qizil dengiz Qora dengizga, Qora dengiz esa, O‘lik dengizga aylanib ketdi. Gefsiman bog‘ida ko‘­rishguncha!
Bu bilan u nima demoqchi bo‘lganini hech kim tushunmaydi. Aftidan, Isroilning afzalliklari­ga isho­ra qilayotgan bo‘lsa kerak. Biroq qanday af­zal­lik­­larga? Mutlaqo tushunarsiz.
Aytishlaricha, uning bir xildagi javoblari joniga tekkan bir huquq posboni:
– Sizga Oxot dengizi yoqadimi? – deb so‘rabdi.
– Yoqmaydi, – debdi u pinagini buzmay o‘ta tabiiy ovozda.
Uning jinniligi haqidagi ma’lumotnoma atrofida ham har xil boshqotirar muammolar yuzaga keldi. Huquqni himoya qilish idoralari jinnilik haqidagi ma’lumotnomani u shifoxona bo‘yicha shart­nomani imzolashdan avval yo keyin olganini aniq­lashga uzoq va behuda urinishibdi. Biroq hech ham aniqlay olishmabdi. Ma’lum bo‘lishicha, uni jinoiy javobgarlikka tortish uchun buning ahamiyati katta ekan. Yana aytadilarki, mazkur ishga qandaydir katta huquqshunos, ustiga ustak, oddiygina emas, faylasuf huquqshunos aralashib, shunday debdi:
– Har ikki holatda ham uni jinoiy javobgarlikka tortib bo‘lmaydi.
– Nega?! – deb so‘rashibdi boshqa soddadil hu­quqshunoslar.
– Negaki, – deb javob qilibdi bu huquqshunos, – agar u ma’lumotnomani o‘sha shartnoma imzolanishidan avval olgan bo‘lsa, demak, shartnomani aqlidan ayrilgan holda imzolagan bo‘lib chiqadi. Aqldan ozgan odamni esa, jinoiy javobgarlikka tortish mumkin emas.
Basharti u aqlli muttaham bo‘lgani holda fav­qulodda foydali shartnomani imzolashga erish­gan, shuning uchun uni javobgarlikka tortsa bo‘lardi desag-u, ammo bu sehrli shartnomaga qattiq suyunganidan bexos aqldan ozib qolgan bo‘lsa, endi uni yana jinoiy javobgarlikka tortib bo‘lmaydi-da. Jinni-da, jinni! Xullas, masala ahmoqlikning cheksizligi xususidagi gegelcha qarashlarga borib taqalyapti-da. Cheki-chegarasi yo‘q ahmoqlik esa, dardi bedavo hisob­lanadi.
Bu hodisada bizning huquqni himoya qiluvchi idoralarimizga xos soddadillik-oqko‘ngillik odamni hay­ratga soladi. Rossiyada jinnilik haqidagi ma’lumotnomani soppa-sog‘ odam ham sotib olishi mumkinligi xayollariga ham kelmaydi ularning. Buning ustiga, hattoki g‘irt jinni ham o‘zining soppa-sog‘ ekanini ko‘rsatuvchi ma’lumotnomani sotib olishi mumkin biz­da! Qay ma’lumotnomaning xaridorlari ko‘pligi ham noma’lum.
Bizning yirik amaldorlarimiz soppa-sog‘­li­gi ha­qidagi Rossiya ma’lumotlarini taxlab olib, ja­honni izg‘igan ko‘yi u yerdagi boylardan lo‘lilarcha pul undirish payida bo‘lishadi. Qizig‘i, o‘shalar ba’zida pul berishadi. Biroq ayrim bezbetlari ma’lumotnomalar ko‘rsatilsa-da, pul bermaydilar. Shundan keyin bizning amaldorlarimiz Rossiyaga qaytib, o‘z­larining g‘azablarini yashirishga uringan holda:
– Biz, aslida, ularning pulini olmoqchi emas edik! Teshib chiqmaydimi! Burjuylarning naqadar ziq­naligi va hatto u yerda mehmondo‘stlikdan asar ham yo‘q­ligini xalqimizning ko‘ziga ko‘rsatish uchun atayin pul so‘ragan edik! – deya gap berib yuradilar.
Xullas, yana bir marta takrorlayman: shifoxo­namizga bog‘liq gap-so‘zlar ko‘p. Rosti shuki, biz yozuv­­chilarni ichkariga xushlamayroq kiritishadi. O‘g‘il-qizlarimizni bo‘lsa, naq tayoq olib quvlagudek bo‘­lishadi. Bosh shifokorni yer yutib ketdimi, qay­dam, anchadan beri qorasi butkul o‘chdi.
Ha, biz yozuvchilarni ichkariga kiritishadi. Am­mo eshik oldida, aniqrog‘i, uning ichkari tomonida qorovul turib olib yozuvchilik guvohnomamizni tekshiradi. Buyam g‘alati. Go‘yo begona odam yozuvchi qiyofasida shifoxonaga kiradi-yu yozuvchi sifatida bepul davolanib qo‘yadi. Shifokorning qabuliga kirguningizga qadar ro‘yxatxona atrofida ham anchagina o‘ralashishga to‘g‘ri keladi. U yerda yozuvchilar haqidagi hamma ma’lumotlar jamlangan. Yozuvchi emasmisan, pulini to‘la-da, istaganingcha davolanaver. Agar qorovul ana o‘sha begonalarning hamyonlarini tekshirib, ularning davolanishga pullari bor-yo‘qligini aniqlashtirganida edi, bu mantiqan asosli ish bo‘lar edi. Biroq buni ko‘rmaganman. Bas shunday ekan, savol tug‘iladi: qorovulga ne hojat? Azbaroyi asabi tarang­lashgan yozuvchilarning xunobini oshirib, kapalagini uchirish uchunmi?
Qisqasi, shifoxonaga reladorm undirgani bor­yapman. Avvaldan telefonda dorixona sotuvchisi ta’tildan qaytib kelganini aniqlab, har bir qadamimni o‘ylab bosib boryapman. “Ha, kelavering, ta’tili tugagan” deyishgan. Ichkarida o‘zimizning mo‘‘jazgina dorixonamiz bor-da.
Shunday qilib, shifoxonaga ketyapman. Metroda bormoqchiman. Shifoxonamiz metroning “Aeroport” bekati yaqinida joylashgan. Uning yonida yozuvchilarning uylari bor. Men ham ilgari o‘sha uylardan birida yashaganman. Qadrdon joylar.
Metrodan chiqib, muyulishda o‘zim taniydigan qa­ri shoirga duch keldim. U qariligiga qaramay qo‘­lim­ni mahkam siqib deydi:
– Seni ko‘rmaganimga ko‘p bo‘ldi-ya! Zo‘r bir yangi doston yozdim! Qo‘lyozmani qay tahririyatga berganimni aytmayman. Tfu-tfu, ko‘z tegmasin deyman-da!
– Juda yaxshi, – deyman qo‘limni uning changalidan chiqarib olishga urinib. Qari, lekin changali mahkam! Tag‘in kimnidir qattiq eslatib turganiga nima deysiz.
– Gap bunda emas! – deydi u. – Sen menga amaliy yordam ko‘rsat-da! Mening suyanadigan hech kimim yo‘q!
– Men qanday yordam bera olar edim! – deyman. – Tahririyatlar bilan hech bir shaxsiy aloqam bo‘lmasa.
– Gap bunda ham emas! – deydi u. – Sen faqat “Falonchi zo‘r doston yozibdi!” degan fikrni tarqat! Shu birgina fikrni tarqataver!
– Albatta, – vazifamning yengilligidan suyunib javob qilaman. Mana, shoirdan uzoqlashib, shifoxonamizga kirib boryapman. Qorovulga yozuvchilik guvohnomamni, nima deymiz, lang ochib ko‘rsatdim-da, ust kiyimlarimni yechmasdan to‘ppa-to‘g‘ri dorixonaga yo‘l oldim. Dorixona ikkinchi qavatda joylashgan. Sotuvchisini ko‘pdan bilaman. U judayam olijanob ayol.
– Shifokorga kirib retsept yozdirib chiqing, – dedi u. Shu gapdan keyin tanish ruhshunosning huzuriga kirib bordim. Dorixonaga yondosh xonada. G‘amga botib o‘tiribdi. Avvallari shunaqangi quvnoq-xushchaqchaq edi­ki, naq porlab turardi.
– Namuncha xafa ko‘rinasiz? – deb so‘radim. – Bemorlar charchatib qo‘ydimi?
– Nima, sen hali eshitmadingmi? – savolimga savol bilan javob qiladi u. – Bu yerda hamma narsa o‘zgarib ketdi-ku. Yaqinda hammamizni haydab yuborarmish. O‘z shifokorlarini olib kelisharmish.
– Ha, bu gapni eshitdim, – deyman. – Yozuvchilar ham bu gapni eshitib xafa bo‘lishyapti. Ayrimlari hatto haqiqat qidirib yurishibdi.
– Ular haqiqat qidirib yurganida bu yerda hech birimiz qolmaymiz, – deydi u.
Men bu og‘riqli masalaga chuqurroq kirib o‘tir­madim. O‘z dardim o‘zimga yetarli-da. Shunday-shunday, menga uyqu dori kerak edi, dedim. Faqat albatta radedorm emas, reladorm! O‘tgan gal boshqa shifokor adashganmi, yo o‘zim faromushxotirlik bilan boshqacharoq aytib yuborganmanmi, menga reladormning o‘rniga radedormni yozib beribdi. Holbuki radedorm menga allaqachon ta’sir qilmaydigan bo‘lib qolgan. Uyqusizligim kuchayyaptimi, radedorm kuchsizlanib boryaptimi, bilmadim.
Rosti ham shu. Dorining bexos o‘zgarib qolganini hali bilib ulgurmagan birinchi kechada yanglishib darrov uxlab qoldim. Biroq keyin, dorining reladorm emas, radedormligini bilgach, uyqusizlikdan uzoq qiynaldim. Holbuki bitta emas, ikkita ichgan edim. Bundan tashqari, dorilarni ichganimdan keyin uch minggacha sanadim ham. Alam qiladigan joyi shundaki, uyquga ketganimdan keyin ham sanashda davom etaveribman!
Daf’atan miyamga bir fikr keldi: bu xatoning asl sababi boshqa yoqda bo‘lsa-chi? Balki menga reladormni to‘g‘ri yozib berishgandir? Biroq men o‘shanda dorini shahar dorixonasidan sotib olgan edim. Olishdan avval navbatda turuvdim. Tuynukchaga endigina yetib kelganimda oqbilakligi shundoqqina ko‘rinib turgan yoqimtoygina bir qiz g‘oyat tabiiy ravishda ko‘zyosh to‘kib men tomonga engashib dedi:
– Sevimli kuchukcham o‘lyapti, meni navbatsiz qo‘y­voring.
– Marhamat, – deya navbatsiz olishiga ruxsat berdim. Bir hisobdan uning ho‘ngrab yig‘lab yuborishidan qo‘rqdim.
– Yigirmata nina, – dedi u sotuvchiga. Sotuvchi qizga nafrat bilan tikilgan ko‘yi yigirmata ni­nani uzatdi. Qanaqa kuchukcha, yigirmata ninani ni­ma qiladi?! Albatta, bu giyohvand qiz ularni o‘z hamtovoqlariga olgan! Mana, oqbilaklarcha rangparlikning tub sababi qayoqda! Qizig‘i – meni ochiqdan-ochiq aldab, zig‘ircha hijolat bo‘lmay ketdi-bordi. Ammo men dorixona sotuvchisining yuzida zuhur ko‘r­satgan sirli nafratni yaxshigina his qildim. Balki o‘z bolalarining taqdiridan xavotir olgandir? Nima bo‘lganda ham, ana o‘sha ninalar savdosida asabi buzilgani uchun menga bir uyqudorining o‘rniga boshqasini berib yuborgandir. Yaxshiyamki, u yanglishib mening qo‘limga abadiy uyqu dorisini tutqazib yubormadi.
– Mana men sizga aniq-tiniq “reladorm” deb yozyapman, – dedi shifokor, – faqat bizda hozir intizom kuchaygan. Ro‘yxatxonadan kartachangizni olib keling.
Ro‘yxatxonaga tushib, bir xodimadan kartachamni so‘rayman. Kasallik tarixi ularda shunday nomlanadi. Shunda ilgari hech qachon bo‘lmagan manzaraga ko‘zim tushadi – tuynukchaning ichkarisida kompyuter turibdi. Uning oldida bir ayol o‘tiribdi. Ro‘yxatxona xodimlari ham anchagina ko‘payishgan. Ularning ham­masi qattiq hayajonda yugurib-elib, dasta-dasta qo­g‘ozlar orasida nimalarnidir qi­dirishmoqda.
Bizning tashkilotlarimizdagi qayta qurishning ulug‘ qonuniyati shundayki, ayni qayta qurish chog‘ida odamlar ko‘payib qolishadi. Men o‘z kartachamni topib berishni so‘ragan xodima ham uni uzoq qidirdi, axiyri topdi, biroq shunda ma’lum bo‘ldiki, Adabiyot jamg‘armasida qayta ro‘yxatdan o‘tganim haqidagi qayd kartachamda yo‘q ekan. Ammo avvalgi gal ayni shu masalada janjal bo‘lib, men xotinimdan Adabiyot jamg‘armasiga borib, meni qayta ro‘yxatdan o‘tkazib kelishni iltimos qilgan edim. Xotinim mo‘maygina pul to‘lab buni qildirgan edi.
Eng muhimi, men ehtiyot yuzasidan Adabiyot jam­g‘armasining yangi guvohnomasini o‘zim bilan olgan edim. Men bu ayolga o‘z guvohnomamni ko‘rsatib, qayta ro‘yxatdan o‘tganimni tushuntirmoqchi bo‘lyapman. Ammo u guvohnomadan ko‘zini olib qochyapti va hatto biroz qizaryapti. Uning uchun bu ma’lumotlar ichki tarmoq orqali o‘zlariga yetib kelmagani muhimroq ekan.
– Agar men kartachangizni berib yuborsam, – dedi u titroq ovozda shivirlab, – sizni davolashga sarflangan pulni mendan undirishadi.
Mana, biz shu darajaga bordik! Hoynahoy qan­daydir choychaqa oladigan bu yoshi ulug‘ ayolni qa­na­qasiga xafa qilishim mumkin!
Men bu ayolni xafa qilgandan ko‘ra, yaxshisi, o‘sha uyqudorisiz ming bir kecha uxlamay qo‘ya qolaman!
Xafa qilmoqchi emasman, albatta, biroq biz qayta ro‘yxatdan o‘tganimizni qayta-qayta uqtirdim. Ayol qandaydir ro‘yxatlarni uzoq ko‘zdan kechirdi va hatto kompyuterda ishlayotgan ayoldan ma’lumotlarni yana bir karra tekshirib ko‘rishni iltimos qildi. Ahmoq kompyuter lip-lip qildi-da, men haqimdagi ma’lumot o‘ziga kelib tushmaganini ma’lum qildi. Ammo bu tirishqoq ayolning o‘zi mening ismimni qan­daydir tashlandiq ro‘yxatdan topib oldi.
– Hujjatingizni men o‘zim olib kirib beraman, – dedi ayol. – Hozir bizda intizom kuchli. Bemorning qo‘liga bermaymiz.
Men yana ikkinchi qavatga zing‘illab chiqib ruh­shunosning huzuriga kirdim. Bu gal menga ma’lum qilingan “kuchli intizom belgi”lariga yana bir intizom namunasi qo‘shildi. Ma’lum bo‘lishicha, endi bir qo‘lga ikki o‘ram – yigirma donagina hapdori beriladigan bo‘libdi.
– Bu oz-ku, – mungli ovozda deyman unga, – sal o‘tmay yana kelamanmi?
– Sen xotiningning kartachasini olib kel, men unga ham yozib beray, – dedi u o‘ziga xos qahramonlik ko‘rsatib.
Men pastga chopqillab tushib ro‘yxatxonadagi ayol­­ga shifokor xotinimning kartachasini ham so‘­rayot­ganini aytdim.
– Mayli, – deya rozi bo‘ldi u, – biroq endi bizda intizom kuchaygan: biz xotinning kartachasini eriga berolmaymiz. Unga aytingki, kartacha ko‘targichga qo‘yiladi.
Men shifokorni band qilishlari, o‘ziyoq qay­gadir gumdon bo‘lishi, natijada uni kutib qo­lishimdan qo‘rqib ikkinchi qavatga uchib chiqdim. Ayni chog‘da, af­tidan, asosan boylarning kartachalari taxlab qo‘­yi­ladigan o‘zimga notanish “ko‘targich” qaerda bo‘­li­shi mumkin deb o‘yladim.
Shifokor joyida ekan. Nihoyat, u menga ikkita retsept berdi. Men tag‘in birinchi qavatga yugurib tushdim-da, retseptlarni ro‘yxatxonadagi ayolga berdim. U har ikkisiga hafsala bilan muhr bosdi.
Tepadagi dorixonaga yugurib chiqayotgan edim, kutilmaganda kiyimxonadagi ayol ortimdan qattiq qich­qirdi:
– Ust kiyimingizni yechib keting, janob! Bizda hozir intizom kuchli: albatta yechinish kerak!
Ko‘rib qoldi! Hushyor tortdim! Tezda yechinib, ra­­qamni qo‘limga oldim. Shu asnoda nima uchun hayotimda birinchi marotaba shifoxonada ust ki­yimda charx urib yurganimni daf’atan anglab qol­dim. Avvallari bu yerga kelganimda hamisha ust kiyimimni o‘zim yechar edim. Masalaning nozik tomoni shundaki, avvallari bu yerda o‘zimni qadrdon dargohga keldim deb his qilar edim. Endi esa, tezroq bu yerdan chiqib ketishga bo‘lgan ichki ishtiyoq meni kiyimimni yechmasdan qavatlar oralab yugurgilashga majbur qildi. Darvoqe, o‘zim tobora oshirayotgan tezlikka ham asosiy sabab mana shunda edi: tezroq, tezroq, tezroq!
Endi dorixonadagi ayol uyoq-buyoqqa chiqib ketishidan xavotirlanib tag‘in ikkinchi qavatga chop­qilladim. Biroq u o‘z joyida ekan. Men unga muhr bosilgan retseptlarni uzatdim. U menga to‘rtta hap­dorilar o‘ra­mini berdi. Men haqini to‘ladim-da, dorini qo‘yin cho‘ntagimga ehtiyotlab solib qo‘ydim. Chunki endi uning tashqi cho‘ntagimdan bexos tushib qolishidan qo‘rqar edim.
Oqshom to‘shakka yotish oldidan bir donagina reladormning sharofati bilan uyqumni chaqira olaman, degan fikr mening g‘ayratimga g‘ayrat qo‘shdi. Kunni qanchalik bardamroq o‘tkazsang, tunda yaxshi uxlashga shunchalik ko‘proq ishonch bo‘ladi. Mening quvonchga yo‘g‘rilgan g‘ayrat-shijoatim qoradorini qo‘lga kiritgan giyohvandning ruhiy holatiga o‘xshab ketmaydimi mabodo? Yo‘q, deb hushyor xulosa chiqardim o‘zimcha, kechqurun dori ichishim mumkinligidan shu topda, ertalab suyunyapman. Giyohvand bo‘lsa, aftidan, bir necha lahzalardan so‘ng sarxush holatni boshidan kechirishi mumkinligidan suyunadi. Metroning yo‘lida tomchilab boshlagan yomg‘ir ostida devorga suyanib o‘tirgan gadoyga ko‘zim tushdi. Ajabo, nega men uni shifoxonaga ketayotganimda ko‘rmadim ekan? Gadoyning yonida bir bolakay turibdi. Men cho‘ntagimga qo‘l suqib, bir hovuch chaqalarni oldim-da, nimagadir ularni erkakning emas, bolakayning hovuchiga to‘kdim, holbuki erkak menga yaqinroqda o‘tirgan edi. Bolakay chaqalarni shu zahotiyoq erkakka berishini yaxshi bilsam-da, o‘zimga shunisi yoqimliroq tuyuldi. Agar bu erkak bolakayning otasi bo‘lmasa ham, aqalli uni yaxshiroq qadrlay boshlaydi-ku.
Ulardan uzoqlashar ekanman, o‘ylab qoldim: me­ning bu kichkina saxovatim undirilgan uyqudori qu­vonchining alomati emasmi? Qimorboz mo‘maygina yutuq­dan keyin darbonga yuz so‘mlikni xuddi shunday ehson qilib yubormaydimi? Bunisini Xudo biladi.
Yaqinda o‘zimizning yozuvchilar dala-bog‘i bo‘y­lab sayr qildim. Dam ko‘cha-ko‘yga, dam dala-boqqa ko‘z tashlab, go‘yoki uni bemalol qorovullagan ko‘yi sayr qilyapman. Kutilmaganda faqirona kiyingan bir notanish kishi omonat eshikchamizni ochib ichkariga kirib keldi. Bir og‘iz so‘ramasdan o‘tib, yo‘lakdan yurmay, to‘siq bo‘ylab o‘sgan butazor tomonga burildi.
G‘oyib bo‘ldi. Men o‘zimcha o‘ylab qoldim: kim bo‘ldi bu odam? Nega ruxsat so‘ramay bog‘imizga bemalol kirib keldi? Axiyri o‘zimcha taxmin qildimki, bu odam azbaroyi yo‘lni qisqaroq qilish uchun dala-bog‘imiz orqali boshqa dala-boqqa o‘tib ketmoqchi bo‘lgan. Ammo u holda nega endi to‘siq bo‘ylab o‘sgan butalarga qarab ketdi?
Sayr qilishda davom etyapman. Chamasi qirq da­qiqalardan so‘ng u qo‘lida qo‘ziqorin to‘ldirilgan yelim­xaltani ko‘targanicha butalar orasidan chiqib keldi. O‘zimcha fahmladim: gadoy, ochiqqan!
Yuzida sovuqqon bir qat’iyat ifodasi zuhur ko‘r­satgancha u go‘yo mening savollarimga chap ber­moq­chidek eshikchamizni tag‘in dadil ochdi-da, ko‘chaga chiqdi-ketdi. Men jimgina kuzatib turaverdim. U eshikchani yopish oldidan menga qattiq tikilib ovozi boricha e’lon qildi:
– Yaqinda hech vaqo qolmaydi!
Shunday deb qorasini o‘chirdi. Bunaqangi oxirzamonni bironta nabiy bashorat qilolmagan! Atrof-javonibda esa, boylarning tosh-metin devorlar bilan o‘ralgan, qulf solingan temir darvozali dala bog‘ va qasrlari qad rostlab turibdi, go‘yo tez orada feodal jangi boshlanishini kutib turgandek.
Darvoqe, feodallik taassurotlari to‘la bo‘­lishi uchun… Dala-bog‘imiz bo‘ylab sayr qilar ekanman, yangi qasri oliylarning egalaridan biri tosh qo‘rg‘onining tashqarisidagi so‘rida ayiq bolasini o‘ynatib o‘ti­rardi. Kichkintoy ayiqcha chalqancha yotibdi, egasi esa, uning qornini qashiyapti!
– Bir yildan keyin siz bu mahluq bilan qanday muomala qilasiz? – o‘zimni tutib turolmasdan qiziq­sindim men.
– Bir yilga qolmay kabob bo‘lib ketadi, – boshini ko‘tarmagan ko‘yi bahuzur g‘ingshiyotgan ayiq bolasining qornini qashishda davom etgancha bajonidil javob qildi xo‘jayin.
Shunday qilib, qo‘ziqorin teruvchi ko‘zdan yo‘­qol­ganida o‘zimcha o‘ylab qoldim: qachonlardir u o‘sha yelimxaltasi bilan bu yerga qaytib kelib, biroq uni portlovchi moddaga to‘ldirib olib kelib, bu qo‘r­g‘on­lardan birini portlatib, bo‘shagan yelimxaltasiga boyvachchalarning qo‘ziqorinlarini terib ketmasmi ekan?
Metroga kiraverishda yana o‘sha qari shoirga ro‘­para keldim. Bechora shunaqangi aftoda kiyinganki, agar devorga suyanib tursa, sadaqa berish kerak degan fikr uyg‘onadi. Uning g‘ayrat-shijoatini e’tiborga olsangiz, ahvol ham ayanchli, ham kulgili edi.
Uning yuzida tag‘in shodlig-u hayrat zuhur ko‘r­satdi. Garchi men “Aeroport”dagi yozuvchilar uyida besh yildan buyon yashamayotgan bo‘lsam-da, u, aftidan, ko‘chada juda kam uchrashib qolishimizni biron ko‘ngilsiz kor-hol bilan bog‘liq deb biladi. Shu bois menga tashlanib, qo‘limni yana-da qattiqroq qisdi:
– Ko‘pdan beri seni ko‘rmayman-a! – deya xitob qildi u. – Qayoqqa yo‘qolib ketding? Men bo‘lsam, zo‘r bir doston yozdim! Senga bajonidil o‘qib berardim, biroq shoshib turganga o‘xshaysan. Jurnalga topshirib qo‘yganman. Qay jurnalligini aytmayman. Ko‘z tegmasin deyman-da!
– Juda yaxshi, – deyman men unga, qo‘limni xalos qilishga urinar ekanman. Qari, lekin qo‘li burgutning panjasidek. Bizning boshimizga yog‘ilgan muhtojlik balosiga qaramay, aftidan, hali ham uning boquvi yaxshiga o‘xshaydi.
– Menga yordam qil, – deydi, – meni suyaydigan hech kim yo‘q!
– Men qanday yordam bera olaman, – uqtirmoqchi bo‘laman unga, – mening tahririyatlar xodimlari bilan hech qanday shaxsiy aloqalarim bo‘lmaganidan keyin…
– Bunisi hech gap emas, – deydi u, – sen faqat me­ning zo‘r doston yozganim haqidagi fikrni butun Moskvaga ovoza qil! Hozir yangi davr. Targ‘ibot hal qiluvchi ahamiyatga ega!
– Albatta! – deyman zimmamga yuklanayotgan vazifaning osonligiga, ayni chog‘da, uning o‘zi qo‘limni changalidan bo‘shatganiga suyunib.
U mening boshim uzra qarab, aftidan, garchi qari bo‘lsa-da, burgutnikidek ko‘zlari bilan boshqa yozuvchini ko‘rib qoldi. Agar shunday bo‘lsa, endigi suhbatni osongina tasavvur qilish mumkin.
Men tahririyatga borish uchun metroga tushdim. Nafaqa daftarchamni ko‘rsatmagan holda nazoratchining yonidan o‘tib ketdim. Ajablanarli holat: nazoratchilar mening nafaqada ekanligimga nechog‘li qat’iyroq ishonch hosil qilganlari sayin bu menga shunchalik yoqmaydi.
“Hoy, amaki! Chiptasiz qayoqqa ketyapsiz?” – aftidan, men bu savolni endi hech qachon eshitolmasam kerak. Ammo yutuqlar ham bor. Menga, masalan, met­roda yoxud trolleybusda hech kim joy bo‘shatib bermaydi. Aftidan, nogironlik alomatlaridan xoli bo‘lgan sog‘­lom nafaqachilik. Yoki ko‘ngilchanlikdan xoli bo‘l­gan sog‘lom yoshlar?
Bittami-ikkita bekatdan keyin vagonga oldidagi kasalmand bola yotgan aravachani itargan ko‘yi tilanchi ayol kirib keldi. Balki rostdan kasalmanddir. Buni bilishning iloji yo‘q edi. Men achinish hissini qariyb tuymagan holda o‘zimda qolgan choychaqalarni sadaqa qildim. Aniqrog‘i, birinchi sadaqamning taassurotlarini xiralashtirmaslik uchungina yana sadaqa berdim. Qilgan bir yaxshiligingiz o‘z-o‘zidan yana bir yaxshilik qilishga undaydi-da, axir. Umuman, eng ishonchli yaxshilik odatga ko‘ra qilinadigan yaxshilikdir.
Tahririyatda muharririm bilan ikki soatcha ishladim. Ishimizni tugatganimizda menga qahva tak­lif qilishdi.
– Rahmat, – minnatdorchilik bildirdim men, – asabim juda zo‘riqdi.
Aslida ham shunday. Biroq bu holatni oshkora tan olish katta xato edi. Odatda qahva taklif qilishganidan keyin bir-ikki qadah kon’yak bilan ham siylashardi. Ammo bu gal menga kon’yak taklif qilishmadi. Aftidan, usiz ham asabi zo‘riqqan deb o‘ylashdi, shekilli-da. Shu topda bir qadah kon’yak yomon bo‘lmasdi. Qanaqa ahmoqona iqror bo‘ldi bu: “Asabim juda zo‘riqdi”! Balki, bu bizning rossiyaliklarga xos kasalimizdir – tushkunlikka soluvchi asabiy zo‘riqish? Kon’yak uni yaxshi tinchlantiradi.
Asabi juda zo‘riqqanmish! Qanaqa ojizalarcha til! Qanaqa yovvoyilarcha oshkoralik! Bu hatto madaniyatsizlik! Bunaqangi iqrorni eshitgan odamlar nima qilsin? Sapchib tushsinmi?!.
Adabiy badgumonlikka ega odam o‘zicha, kon’yak taklif qilishmadi-ya, deb o‘ylagan bo‘lar edi. Aftidan, ularning nazarida, mening qo‘lyozmam kon’yak ko‘rinishidagi qo‘shimcha qiymatga arzimaydi, shekilli? Biroq o‘zim nodonlik qilib “asabim juda zo‘riqdi” dedim-ku.
Tahririyatdan endigina chiqqan edim, qasam ichib aytamanki, mubolag‘a qilmayapman, menga tag‘in o‘sha qari shoir yuzma-yuz kelsa bo‘ladimi! U ayni shu tahririyatga shoshilib kelayotgan ekan. Haligina uchrashganimizni tag‘in unutib qo‘yibdi. Biroq mening o‘zimni unutib qo‘ymagani hayratlanarli. Har qalay, yigirma yil bir uyda yashaganmiz-da. Anchadan beri ko‘rishmaganimiz ham, yozib bitirgan yangi dostonining zo‘r asarligi ham, u haqda fikr tarqatishim zarurligi ham – hamma-hammasi tag‘in bir karra tak­rorlandi.
– Ammo dostonni qay tahririyatga berganimni sendan yashirib o‘tirmayman, – dedi u boshi-yu qoshi bilan tahririyat binosiga imo qilib. – Sen bunga aqling yetmaydigan darajada ahmoq emassan-ku. Biroq biz – shoirlar irim-chirimlarga ishonuvchan xalqmiz-da.
Men bir karra yo‘l qo‘ygan qo‘pol xatomga qattiq afsuslanib, o‘zimni yozg‘irdim:
– Asab zo‘riqqan, – beixtiyor ovoz chiqarib shunday deya zaharxanda qildim-da, aytishim bilan hushyor tortdim.
– Kimning asabi, muharrirningmi? – qari shoir ham sergak tortdi.
– Yo‘q, – aniqlashtirdim men, – asr oxirining.
– Boshimni qotirmay tur, – dedi qari shoir, – meni jiddiy suhbat kutyapti. Ammo fikr tarqatishni unutma!
Shu bilan biz xayrlashdik va shu kuni boshqa uchrashmadik. Tahririyatdan keyin men tag‘in metroga yo‘l oldim. Metro yo‘lidagi markaziy ko‘chalardan birida ketayotgan edim, tuppa-tuzuk kiyingan bir qiz yonimga keldi-da:
– Biz cherkovga ehson yig‘ib yuribmiz. Marhamat, ehson qiling! Evaziga manovi yopishtirmani beramiz, – dedi.
U qo‘lida ustiga allaqanday rangli suvrat yopishtirilgan kaftdekkina qalin qog‘ozni ushlab turar edi. Men hatto bu suvratlarga diqqat qilib qaraganim ham yo‘q. Baribir ko‘zoynaksiz yaxshi ko‘rolmayman. Ko‘zoynakni cho‘ntagimdan olib taqib qarashga haf­salam ham, xohishim ham yo‘q edi.
Nimagadir ayni shu lahzalarda sillam qurib, qariyotganimni his qildim. Qiz “Cherkovga!” deya shu­naqangi xokisorona iltijo qilib turibdiki, e’tiborsiz qoldirishga uyaldim-da, hamyonimni chiqarib, unga o‘n so‘m berdim.
– Manovini olmaysizmi? – deya eslatdi u.
– Kerak emas, – deb javob qildim-da, ayni lah­zalarda qarilik rostdan ham zabtiga olayotganini ich-ichdan his qilgan ko‘yi o‘zimni metroga urdim… Cherkov – kambag‘allarning foizi narigi dunyoda olinadigan banki. Bank – boylarning Xudosi seyfga qa­malgan cherkovi.
Metroda anchagina uzoq yo‘l yurishim kerak. Shunday bo‘lsa ham, metroda menga, Xudoga shukur, hech kim tirg‘algani yo‘q. Faqat qandaydir kayfi bor ish­chi vaqti-vaqti bilan ko‘zi ko‘zimga tushganida – shundoqqina ro‘paramda o‘tirgan edi – tashqariga birga chiqib ichmaymizmi degan ma’noda ishora qilgan ko‘yi xushnudlik bilan ko‘zini qisadi… Gohida ishchilar ziyolilarga talpinishini ancha avval sezganman. Qachonki, boshqa birov bilan ichishning iloji bo‘lmaganida.
Darvoqe, o‘smirligimdayoq inqilobdan avval marks­chilarning ishchilar bilan yerto‘lalardagi pin­honiy uchrashuvlari xususidagi maroqli hikoyalar meni qattiq hayratlantirar edi. Ularda jandarm bostirib kelib qolganida boplab aldashga qaratilgan bir aqlli tadbir alohida qayd etilar edi. Yashirin tashkilotchilar ichkilik bilan gazakni tayyorlab qo‘yishardi-da, “Mana, jimgina ichib-gazak qilib o‘tiribmiz, nima gap?” deya anqovsirashar edi. Aslida ular “Pravda” gazetasini o‘qishar edi. Ammo hammasidan qizig‘i, mana, qarang, nimada edi: jandarm bostirib kelganmi-yo‘qmi, qat’i nazar, bu voqealar bayonida o‘sha ichimlik bilan gazaklar qayoq­qa, qay tarzda gumdon bo‘lgani xususida hech qachon lom-mim deyilmas edi.
Albatta, ular bahuzur ichkilik ichib, gazak qilib o‘tirishgan. Zotan, markschilarning ayyorligi shunda ediki, ular inqilobiy adabiyotlar bilan tanishtirish maqsadida ichkilik-u gazaklar orqali ishchilarni o‘zlariga jalb qilganlar. Ishchilarning ayyorligi esa, shunda bo‘lgan ediki, ular go‘yo inqilobiy adabiyotlar bilan qiziqayotgandek bo‘lib, aslida teppa-tekin ichkilik bilan gazakka ishqiboz bo‘lishgan. Mana shuning natijasida inqilobchilar bilan ishchilar o‘zaro qattiq bog‘lanib qolishgan. Ishchilar markschilarni ichishga o‘rgatganlar. Markschilar esa, buning uchun minnatdorchilik sifatida ishchilarni ular yer yuzidagi eng qudratli insonlar ekanligi (“proletariat diktaturasi”)ga ishontirganlar.
Eng birinchi markschi “Pravda” gazetasini qo‘liga olib ochar ekan, ishchi aroqni qadahlarga quyayotganini ko‘rib:
– Keling, avval gazetani o‘qiylik, ana shundan keyin ichishingiz mumkin, – degan bo‘lsa kerak.
– Yo‘q, – degan bo‘lsa kerak o‘shanda mehnatda tob­langan ishchilar, – biz bir paytning o‘zida ham ichaveramiz, ham gazeta tinglayveramiz.
Agar o‘sha eng birinchi markschi:
– Nega? – deb so‘ragan bo‘lsa, tegishli javobini olgandir:
– Agar jandarm bostirib kirib, “Qani, uf de-chi!” desa, nima, biz Sibirga ketaveramizmi?
O‘z qadahini aroq shishasiga tutar ekan, o‘sha eng birinchi markschi: “Qanchalik aqlli-ya bular! Albatta, kelajak ishchilar sinfiniki-da!” deb o‘ylagan bo‘li­shi mumkin. Mana shunaqa qilib, kayf ustida birgalashib inqilob qozonini qaynatib yuborganlar. Ichimlik saqlanadigan yerto‘lalarga hujum inqilobning o‘ziga xos xususiyati bo‘lib qolgan. Bu hol jamiki xotiralarda qayd etilgan. Inqilob chavandozlari hattoki Qishki Saroyni ishg‘ol qilganlarida ham birinchi galda ichkilik saqlanadigan yerto‘lalarni qidirganlar. Bechora Kerenskiy bundan foydalanib qochib qolgan.
Xullas, ishchilar markschilarga ichishni o‘rgatgan, markschilar esa, ishchilarni “Siz yer kurrasining egasisiz” deb ishontirishgan. Ammo oxir-oqibatda har ikki tomonning ustidan aroq g‘alaba qozongan-da, Sovetlar Ittifoqi parchalangan. Tirik qolgan aholi esa, qahramonlarcha ichishda davom etmoqda.
Darvoqe, bir aqlli odam aytganki, aslida hech qanday inqilob bo‘lmagan, faqat aksilinqilob bo‘l­gan! Bu gap bizning mamlakatimiz tarixini shu­naqangi aniq aks ettiradiki!.. Hattoki millionlab begunoh jonlarning qurbon berilganini hisobga olmagan taq­dirda ham, inqilob Rossiyaga amalda nima berdi? Kolxozlar shaklidagi krepostnoy huquqini qaytarib berdi – shu! Aynan shunaqa bo‘ldi.
Xullasi kalom, metro vagonida ketyapman, ro‘­paramda o‘tirgan yarim sarxush ishchi bo‘lsa, yer yuziga chiqib, birgalikda ichishga da’vat qilgan holda menga xushnudlik bilan ko‘zini ma’noli qisyapti. Men o‘z qarashlarim bilan uning imosini mutlaqo tushunmayotganimni anglatmoqchi bo‘ldim. Hatto o‘zimni xorijdan kelgan mehmon deb ko‘rsatishga urindim.
Bu ko‘zini qisib turgan ishchi menga Mixail Bulgakovning qahramonlaridan birini eslatib yubordi. Yaqindagina uning mashhur “Usta va Margarita” romanini qayta o‘qib chiqqan edim. Shu topda asarning butun bo‘y-basti yorug‘ yoz kunidagidek ko‘z oldimda aniq-ravshan namoyon bo‘ldi.
Ulug‘, ayni chog‘da, gunohkor kitob bu! Bu kitobning gunohkorligi shundaki, muallif iblisning qanchalik ulug‘ligini ko‘rsatmoqchi, ko‘rsatganda ham, o‘ziga yetgulik havas-u ishtiyoq bilan ko‘rsatmoqchi bo‘ladi. Asarda shayton rahmonning o‘ziga xos o‘rin­bosari sifatida harakat qiladi. Holbuki iblisi lain Xudoning eng birlamchi dushmanidir.
Sovet byurokratlarining masxarasini chiqarib yengil mutoyibali va achchiq zaharxandali kulgu uy­g‘otishni badiiyatga zarar yerkazmagan holda ham uddalash mumkin edi, agarki muallif nozik va o‘zi­gagina xos kinoya-piching orqali o‘quvchiga asardagi iblis shartli qahramon ekanligiga ishora qilganida. Bu qahramon hech qanday iblis emas, balki aqlini yeb qo‘yganlar dunyosidagi oddiygina esli-hushli inson.
Oliy, falsafiy ma’noda bu yerdagi shaytonga jiddiy munosabat nodonlarcha munosabatdan boshqa narsa emas. Qaerdaki muallif iblisga aniq-ravshan jiddiy munosabatda bo‘lsa, asarning ayni shu joylari zerikarli va badiiyatdan yiroq.
Ammo roman buyuk asar, chunki uning zamirida hayotni qanday bo‘lsa shundayligicha qamrab olishga, go‘yoki butun yer kurrasiga yuksaklikdan turib nazar tashlashga urinish bor.
San’atkorning yurak yolqinidan tug‘ilgan ajo­yib lirik ohang va go‘zal kulgi muallifning o‘zini qurshagan hayotdan naqadar yuksak turishini namo­yish etadi. Dastlabki ikki bob san’atkorona yozilgan. Keyingi boblarda ham go‘zal sahifalar bor. Ammo gunoh o‘z kuchida qolgan. Margaritaning alvastiligi g‘ashga tegadigan darajadagi feminizmning go‘yoki narigi dunyoda jazavaga tushishidan boshqa narsa emas.
Bulgakov va u o‘zining piri deb hisoblagan Gogolning shaytanat olamiga mahliyolarcha qiziqishi tasodifiy hodisa emas edi, albatta.
Har ikkisining dahshatli, ayanchli o‘limidagi o‘xshashlikni qarang. Tasodifmi bu? Bilmadim. Sevimli ayolning nazokatli g‘amxo‘rligi Bulgakovning o‘limini-ku, o‘ziga xos tarzda nurlantirib turibdi. Bechora Gogol!
Yaxshi kitob o‘quvchini sarxush qiladi. Yomon kitobni o‘qiganingizdan keyin tozalanib-poklanish uchun darhol miyangizni spirtga chayqab olishni istab qolasiz. Men shunday qilaman ham…
Haqiqiy she’rni tagma’nolarga yetib bormasingdan turib undagi haqiqat epkinidanoq tanib olish mumkin. Ana o‘shanda bu she’rdagi texnik nuqsonlar (agar ular bor bo‘lsa), ikkinchi darajali ekanini o‘zingiz tushunib olasiz.
Svetaeva va Mayakovskiy she’rlari ulkan iste’dod bilan bitilgan, ayni chog‘da, go‘yoki avval-boshda yosh o‘quvchiga mo‘ljallab yozilgan. Ular xuddi “Yuz metr­ni yugurib o‘tolmaysanmi, mening she’rlarimni o‘qib ovora bo‘lmay qo‘ya qol!” deya uqtirayotgandek!
Pushkin yoshlikka donolik baxsh etib, qarilikni yashartiradi. O‘limning ichida ham kulgi barq urib turadi. Zargarona ish!
Ikki boshli burgutning qulayligi shundaki, har bir bosh “Men uchun ham narigi bosh o‘ylayapti” deb o‘ylaydi.
Biz “Sotsializmning vayronasini kapitalizmning xarobazoriga aylantiramiz” degan shior ostida yashab turibmiz.
Sharmandalikning saviyasi yuksalmoqda!
Sahroda ayuhannos solishdan avval u yerda aqal­li bittagina vodiy yaratib qo‘y!
– Xudo yo‘qmi, bilganingni qilaver!
– Bu odobdan emas-ku!
– Demak, bilganingni odob bilan qilaver-da!
Iuda – Iso alayhissalomning odam tanishdagi xatosi.
Bir odam shunday aqlli gap aytgan ekan: miyaga yaxshi fikr kelibdi, biroq uning bo‘m-bo‘shligini ko‘rib qaytib ketibdi.
“Qarg‘aga to‘pdan o‘q otib bo‘lmaydi” deydilar. Bu gapni aytayotganda jonivorga rahm-shafqat bilan qa­­rash kerakligi hech kimning xayoliga kelmaydi.
Yo‘qsullik uni mag‘rurlikka o‘rgatdi.
Agar har qanday hokimiyat Xudoning xohishi bo‘l­sa, har qanday Xudo ham hokimiyatning xohishi.
Yaxshilik qilishga moyil odam aqidalar bilan hisoblashib o‘tirmaydi va har qanday yiqilganning oyoqqa turib olishi uchun unga yordam qo‘lini cho‘zadi. U “Yiqilgan bunga loyiqmi?” deb o‘ylab o‘tirmaydi. Yiqilib ko‘makka muhtojmi, demak, ko‘makka loyiq!
Televizor ko‘rishning eng gashtli tomoni shundaki, uni o‘z qo‘ling bilan o‘chirib qo‘ya olasan.
Qariyapman. Halitdan bu dunyo haqida xuddi o‘s­mir-o‘g‘il haqida o‘ylagandek miskinona va mah­zunona xayollarga cho‘maman: ertaga mensiz uning holi ne kechar ekan-a?
Xudojo‘y hayotga tish-tirnog‘i bilan yopishib olmagan, chunki jannatdagi qo‘shimcha shodliklardan umidvor. Binobarin, bu hayotda xudojo‘y bilan til topishish oson, bu hayotni yaxshilash ham oson.
Nabokov – ildizi tuproqqa taralmagan yozuvchi. Uning eng yaxshi asarlari gidroponika (tuproqsiz, ozuqa moddalar eritmasida o‘stirilgan o‘simlik)ga o‘xshaydi. O‘ylab o‘yingning tagiga yetolmaysan: nahot kelajakning san’ati shunday bo‘lsa?
Daho – yulduz yulduz bilan tillashadi.
Yozong‘ich – yulduz oy bilan tillashadi.
Tovlamachilik uning ikkinchi tabiatiga aylangan paytda birinchi tabiati qayoqqa qaradi ekan-a?
Tubsiz choh ustidagi aqlning mustahkam tayanchi – badiiy asarning shakli aynan mana shu, bundan boshqa narsa emas.
Yozuvchilik ishidagi eng ulkan rohat-farog‘atni shaxsan men ijod jarayonida his qilmayman. Ilhom yoqimli, lekin qiynoqli holat. Mana, deylik, men bir asar yozdim-da, yaxshi yozdim deb hisobladim. Uxlagani yotdim. Ertasiga ertalab ishning eng yoqimli qismi – qoralamani tozalash boshlanadi. Bu ish jazirama yoz chog‘ida muzdekkina apelsinning qobig‘ini archilashga o‘xshaydi.
Bir bekatga boshqa odamlar qatorida qo‘lida og‘irgina to‘rva ko‘targan anchagina yoshi ulug‘ ayol kirib keldi. Bo‘sh o‘rin yo‘q edi, shuning uchun men o‘rnimni bo‘shatib, uni o‘tirishga taklif qildim. Tabiiyki, o‘zimning xorijdan kelgan mehmonligimni ko‘rsatuvchi imo-ishoralarni unutib, rus tilida tak­lif qildim.
– Keragi yo‘q! – dedi kutilmaganda ayol va menga shunaqangi malollanib qaradiki, go‘yo men o‘zimning yoshimdan o‘n yilni olib tashlab, uning bo‘yniga o‘n besh yilni namoyishkorona osib qo‘ygandek.
Men yana bir marta o‘tirishga taklif qildim. Biroq ayol bu gal hech nima demadi. Faqat to‘rvasini oyoqlari oldiga qo‘ydi. Men go‘l bo‘lib tik turaverdim.
– O‘tirsang-chi, yigit! – dedi anovi ishchi. – Bu ayol hali gijinglab yuribdi-ku! Tik turaveradi-da!
Ajabo, ayol ishchining o‘zini xalqona tilda qir­chang‘iga emas, tulporga mengzaganiga mamnun bo‘­lib, unga jilmayib qaradi.
Men bir qadar gangib joyimga qayta o‘tirdim. Anchadan beri meni “yigit” deyishmagan edi. Ammo, boshqa tomondan olib qaraganda, ayol meni o‘ziga joy bo‘shatib berishga juda qarilik qiladi, deb hisobladi-ku. Shu payt qarasam, shirakayf ishchining ko‘z qisib-bosh chayqab imo qilishlari battar avjiga chiqyapti. U nafaqat meni tepaga ko‘tarilib ichishga, o‘ziga kulib qaragan anovi ayolni ham birga olib chiqishga chaqirib imo-ishora qilayapti.
Menga tinchlik kerak, shuning uchun navbatdagi bekatda tushib qoldim. Keyingi poezdni kutdim-da, unga kirib o‘tirdim. Ikki yoshgina ayol men bilan yonma-yon o‘tirishdi. Bir-birlari bilan uzoq ko‘rishmagan eski qadrdonlardek ko‘rgan-boqqanlarini aytib tugatisholmayapti.
– Shu yozda mening boshimga tushgan ko‘rgilikni aytsam!.. Qo‘rqqanimdan naq o‘lib qolay dedim! – dedi ulardan biri qattiq orziqib.
– Nima bo‘ldi? – entikib so‘radi ikkinchisi.
– Kechqurun parkda aylanib yurgan edim, bezorilar zo‘rlab ketishsa bo‘ladimi! Naq o‘lib qolay dedim. Avvallari ko‘p marta bemalol sayr qilib yurganman, hech gap bo‘lmagan. “Ko‘za kunda emas, kunida sinadi” deganlaridek, ko‘rmaysanmi!..
“He, ahmoq”, deb o‘yladim men. Bizning bezovta-behalovat zamonamizda kechasi yolg‘iz o‘zing parkda balo bormi? Aslida, bu ayol o‘zini zo‘rlashlarini xohlagan bo‘lsa kerak!.. Ularning gaplarini boshqa eshitishni istamadim.
O‘z bekatimgacha borib, metrodan chiqdim-da, uy­ga yo‘l oldim. O‘zimning qadrdon ko‘chamdagi yo‘lak bo‘ylab odimlar ekanman, qarasam, ikki nafar yoshgina yigit menga peshvoz yurib kelyapti. Tag‘in deng, mendan ko‘z uzmagan ko‘yi jilmayib kelyapti!
Bir zumda ko‘nglimni miskinona o‘ylar tark etib, nekbinlarcha o‘ylar chulg‘ab oldi. Albatta, bu yigitlar mening o‘quvchilarim! Asarlarimdagi tesha tegmagan qiziq hazil-mutoyibalarni eslab kulishyapti! Ko‘p yozuvchilar yoshlar kitob o‘qimay qo‘ydi deb hasrat qilishadi-ya tag‘in! Men ularga do‘stona bosh silkidim. Ko‘z ochib yumguncha bo‘lmay ular menga yuzma-yuz kelishdi. Hozir dastxat so‘rashadi, lekin yozishga qalam olgan edimmi o‘zi, deya o‘ylab ulgurdim, xolos.
– Sizga omad kulib boqdi! – hayqirdi ulardan biri. – Mana, arzonlashtirilgan mol! Do‘kondagidan besh baravar arzon! Sizning omadingiz bor ekan!
Ular menga odobsizlarcha qapishib turgani uchun ham o‘zimni qandaydir noqulay his qilayotgan bo‘lsam-da, “Bular mening o‘quvchilarim!” deb o‘y­lashda davom etmoqda edim. Menga yoqimsiz tuyulayotgan holat esa, anglashilmovchilikkina, xo­los. Axir, ular menga un­cha-muncha narsa yoqa­ver­masligini, ta’bim nozik­ligini bi­lish­maydi-da. Voqeaning davomi aqlga sig‘maydi: ular menga qandaydir bir pulga qimmat qo‘lqop bilan qan­daydir kurakda turmas bo‘yinbog‘ uzatishyapti! Men esa, nimagadir g‘ayrishuuriy tarzda ularni olib, hamyonimni chiqarib, so‘rab turibman:
– Qancha?
Ko‘zoynagim cho‘ntagimda, shu topda ko‘zoynagimni olib taqib, o‘z muxlislarimning ko‘z oldida pullarni diqqat bilan sanash menga noqulay tuyulgani sabab, hamyonimni ularga shundoqqina tutqaza qoldim. To‘g‘ri, hamyonda pulim yuz so‘mdan ko‘p emasligini aniq bilaman.
Omadim borligini aytgan yigit hamyonni bir zumda bo‘shatdi. Pullarni olar ekan, shunisiga qoyil qoldimki, bir qo‘lining barmoqlari bilan ularni sanab ham ulgurdi-da, bo‘sh hamyonni o‘zimga qaytarib berdi.
– Omadingiz bor ekan! – deya hayqirdi u oxirgi marotaba. Shu zahoti ikkalasi odamlar orasiga kirib ko‘zdan yo‘qoldi.
O‘zimni ikki baravar zo‘rlangandek his qildim. Aynan ikki baravar! Ular ikkita bo‘lganlari uchun emas, yo‘q, zo‘rlashayotgan paytda o‘zimning zo‘r­la­nayot­ganimni, yo‘lakda, odamlar orasida, kuppa-kunduzi zo‘rlanayotganimni anglab yetmaganim uchun! Bir qo‘­limda qo‘lqop bilan bo‘yinbog‘ni ushlagan ko‘yi ikkinchi qo‘limdagi hamyonga ko‘z yugurtirdim. Ichidagi bitta g‘ijimlangan pulga ko‘zim tushdi. Mana shu yerda men nimagadir ko‘zoynagimni olishga erinmadim, ayni chog‘da, la’nati qo‘lqop bilan bo‘yinbog‘ni yerga tushirib yubormaslikka uringan holda ko‘zoynagimni taqib, pulga tikildim. Bu besh so‘mlik edi. Nega uni ham olmadi – men uchun hozirgacha eng katta sir bo‘lib qoldi. Ehtimol bu minnatdorchilik ifodasidir? Ovsarlik tug‘dirgan qulaylik uchun ular o‘zimning pulimni o‘zimga sadaqa qilishgandir balki?
Men birdan uyqudorimni eslab qoldim. Yuragim beixtiyor shuvilladi. Nega ular menga bu qadar bezbetlarcha yopishib-qapishib turishdi?! Nahotki uyqudoriniyam qo‘shib shilib ketishgan bo‘lsa?! Qo‘yin cho‘ntagimga qo‘limni tiqdim-da – o, naqadar ulkan baxt! – barmoqlarim uyqudorini his qildi. Bolaligimda cho‘ntagimdan bexos shirinlik topib olganimdagidek, astoydil suyunib ketdim.
Yaxshiyam hamyonga emas, alohida solgan ekanman. Hamyonda bo‘lganida, uni ham o‘zimga bildirmasdan shilib ketishlari ehtimol edi. Hattoki qo‘ynimdan ham! Shilib ketishlari mumkin edi, biroq shilishmabdi! Ha, bu yashin tezligida sodir bo‘lgan qalloblikda ham, har qalay, yaxshilik alomatlari yo‘q emas. Axir, voqeaga yonlaridan o‘tayotgan odamlarning e’tiborini jalb qilmaslik uchun ikkovi ikki tomondan yopishib-qapishib turgan edi-da. Ayni shu bugun, ko‘rinishidan, menga uyqudori har qachongidan ham ko‘proq kerak bo‘ladiganga o‘xshab turibdi o‘zi. “Reladorm” deganlari ajoyib uyqudori! Mening bu gapim reklamaga o‘xshasa o‘xshar, ammo bu dori har qanday reklamaga arziydi ham-da!
O‘zimni bosib olganimdan keyin o‘ljamni nima qilsam bo‘ladi endi, deb o‘ylab qoldim. Uyga kirib xotinimga voqea qay tarzda ro‘y berganini tushuntirib aytish… Yo‘q, bunga holim ham, xushim ham yo‘q. Ajabo, hamyonda qolgan pulga nega muncha qiziqib, diqqat bilan qaradim ekan-a? Buning sababini endi tushundim. Agar pul nisbatan yirikroq bo‘lganida (aftidan, men g‘ayrishuuriy tarzda mana shunga umid qilgan ekanman-da!) sodir bo‘lgan voqeani zo‘rlash emas, savdo-sotiqning dag‘alroq shakli deb hisoblash mumkin edi. Ammo besh so‘m!.. Buni qandaydir gip­nozmi-mahliyolik holati deb bo‘lmaydi, albatta. Shunchaki mening samimiy, do‘stona iltifotimni ovsarning ko‘ngilchanligi deb tushunishdi. Sirasini aytganda, mening iltifotimdan avvalroq ham ular “Mana, aynan biz qidirgan odam!” degandek kulib qarashayotgan edi.
Muttahamlar gohida odam bolasining ruhi ravonini shunaqangi nozik his qilishadiki!.. Kuni kecha bir jiyanim uyimda bo‘lib, qiziq voqeani aytib berdi. U firmada ishlaydi. Ishbilarmon, o‘z ishiga pishiq, chiroyli, aqlli, dadil.
Qandaydir bozorga kelib, ehtiyot qismlar do‘­koniga kiribdi. Nimadir xarid qilmoqchi ekan. Kerakli narsani sotib olib, mashinasining yoniga qaytib kelibdi. O‘tirganida sezibdiki, orqa g‘ildirakning yeli chiqib ketgan. Mashinadan chiqib, g‘ildirakni al­mashtiribdi-da, tag‘in mashinasiga o‘tirib yo‘lga tushibdi. Yigirma daqiqalardan keyin sezib qolibdiki, shundoqqina yonidagi old o‘rindiqda yotgan diplomati yo‘q! Ertaroq sezishi ham mumkin edi, biroq bunday bo‘lishini kim o‘ylabdi deysiz. Kech bo‘lsa ham o‘ylab qarab tushunibdiki, o‘g‘ri orqa g‘ildirakning yelini atayin chiqarib qo‘ygan! Egasi g‘ildirakni almashtirayotgan chog‘ida qulay yotgan dip­lomatni olib qochgan! Bunday paytda kim ham eshik-derazalarni qulflab qo‘yadi!
Bo‘lar ish bo‘ldi. Diplomatda pasporti bilan yangi kvartirasiga ro‘yxatga qo‘yish uchun kerakli hujjatlar bo‘lgan ekan. Albatta, o‘g‘ri unda boshqa qimmatroq narsalar va yo mo‘mayroq pul yo‘qligini bilganida ehtimol bu ishga qo‘l urmagan bo‘larmi edi. Ammo uni ham tushunish mumkin. Ikki-uch qadam narida mashinaning egasi orqa g‘ildirakni almashtirayotganida diplomatda nima borligini tekshirib ko‘rolmaydi-da, axir.
Shunday qilib, jiyanim ortiga qaytib tag‘in o‘sha bozorga kelibdi-da, mashinasini qoldirgan joyga yaqinroq do‘konlarning sotuvchilaridan mashinasining yoniga kelgan qandaydir shubhali odamni ko‘rgan-ko‘rmaganlarini so‘rab-surishtiribdi. O‘zicha o‘sha shub­hali odam shu atrofdan hali uzoqlashib ulgurmagan deb umid qilibdi. Aftidan, u o‘zining kuchiga ishonib masalani joyida qiziq ustida hal qilishga umid bog‘labdi. Soddadil-da. Sotuvchilar o‘sha shubhali odamni ko‘rgan taqdirda ham buni tan olib aytisharmidi! Yo‘q, ko‘rmadik, deyishibdi.
Jiyanim qattiq xafa bo‘libdi. Yangi pasport olish, yangi ma’lumotnomalarni to‘plash… Kechqurun te­levizorning oldida xafa bo‘lib o‘tirgan edi, telefon jiringlab qoldi. U olib qulog‘iga tutdi. Kimdir unga axlat qutisining yonida pasport bilan ma’lumotnomalarni topib olganini, yonida shu telefon raqamlari borligini xabar qilibdi. Bularning ham­masi sizniki emasmi deb so‘rabdi.
– Meniki, meniki! – deya suyunib dedi jiyanim, qo‘ng‘iroq qilgan odamni ham suyuntirishga urinib. Ammo uni suyuntirolmabdi.
– Ikki ming dollar bo‘lsa, men sizga pasportingiz bilan ma’lumotnomalaringizni qaytarib beraman!
Ko‘pgina qudratli odamlar qatori, jiyanim ham tabiatan qiziqqon odam, zotan kuch-qudrat odamga qi­ziqqonlik qilish huquqini beradi. Yo‘q, lapashang-landovurlar ham qiziqqon bo‘lishi mumkin, biroq ular ko‘p hollarda o‘z qiziqqonliklarini sir tutadilar. Ular o‘z qiziqqonliklarini sir tutganlari tufayli battarroq lapashang-landovur, hatto battarroq qiziqqon bo‘lib boraveradilar va so‘nggi kunlariga qadar o‘z qiziqqonliklarini sir tutishga urinadilar. Biroq mening jiyanimda sir tutadigan narsaning o‘zi yo‘q edi.
– Men uch yuz dollarga Abxaziyaga borib, yangi pas­port olib kela qolaman! – deya qichqirdi u va go‘shakni otib yubordi.
Biroz vaqt o‘tib yana qo‘ng‘iroq jiringladi.
– Namuncha qiziqqon bo‘lmasangiz! – deya ajablanib so‘rabdi o‘sha ovoz. – Yaxshi, uch yuz dollarni olib keling-da, hujjatlaringizni olib ketavering! Men ham asabimni ozmuncha zo‘riqtirdimmi!
Moskva chekkasidagi bozorga kiraverishda o‘ng to­mondagi do‘konchada o‘tiradigan juda chiroyli bir qizning huzurida uchrashuv belgilanibdi. Uchrashuv vaq­ti aytilibdi.
– Yaxshi, – dedi jiyanim, aftidan, do‘koncha qaer­da joylashganini aniq tasavvur qilib olgach.
Shundan keyin xotini uvvos solib yig‘laydi, “Bormang, o‘ldirishadi” deb yolvoradi, ammo u qisman o‘zining kuch-qudratiga ishongani sabab xotinning gapiga kirmaydi-da, ertasiga o‘sha joyga boradi. Albatta, u hammasi bir odamning yoki bir uyushgan guruhning ishi ekanini yaxshi biladi.
Do‘konchaga kirib, rostdan ham u yerda chiroyli bir qiz sotuvchilik qilayotganini ko‘radi. Qiz unga xayrixohlik bilan tabassum qiladi va hatto uni darrov taniydi.
– Hozir yetib keladi, – deydi.
Rostdan ham ozgina vaqt o‘tib do‘konchaga bir yigit kirib keladi va jiyanimning barzangiligini ko‘rib, unga sinovchan tikilib qaraydi. Ko‘rinishidan, bu yi­git hamtovoqlardan biri, xolos. G‘ildirakni teshgan odam ham uning kuch-qudratini ko‘rib qo‘ysa yomon bo‘l­mas edi. Ammo u, ehtimolki, o‘z qilmishidan ich-ich­dan hijolat bo‘lgani sabab kelmaydi.
– Pasport bilan hujjatlarni yo‘qotgan sizmisiz? – deb so‘raydi yigitcha.
– Ha, menman.
– Mashinamdan qog‘ozxalta olib kir, – deya muro­jaat qiladi yigitcha yoqimtoy qizga. Qiz peshtaxta tagidan sho‘ng‘ib chiqib tezda do‘konchadan tashqariga yugurib ketadi-da, besh daqiqadan keyin qandaydir qog‘ozxalta olib kirib jiyanimga tutqazadi. Jiyanim qog‘ozxaltaning shakl-shamoyiliga bir qadar ajablanib qaragan ko‘yi uni ochadi. Qarasa, to‘pponcha!
– Bu meniki emas-ku, – deydi jiyanim haligi yigitga bir qadar hadiksirab, ammo, ayni chog‘da, o‘zining kuchiga ishongan holda ko‘z tikib.
– Bunisini emas, narigi qog‘ozxaltani olib kir edi, ahmoq! – o‘shqiradi yigitcha sotuvchi qizga va to‘p­ponchali qog‘ozxaltani jiyanimning qo‘lidan olib, uni yasama loqaydlik bilan o‘z cho‘ntagiga solib qo‘yadi.
Sotuvchi qiz yana yugurib chiqib ketadi-da boshqa qog‘ozxaltani olib kiradi. Jiyanim uni ochib, ichida plastik bomba emas, rostdan ham o‘zining pasporti bilan boshqa hujjatlari borligiga ishonch hosil qiladi. Shundan keyin yigitchaga uch yuz dollarni beradi-da, ular xushmuomalalik bilan xayrlashadilar.
Bu yerda o‘tkir ruhshunosning “dastxati”, menimcha, qog‘ozxaltalarni chalkashtirib yuborishda ko‘­rinib turadi. Albatta, hammasi qiz bilan avvaldan kelishib olingan. To‘pponcha atrofidagi o‘yin mabodo pasport­ning egasi o‘jarlik qilib, pul berishdan bosh tortgudek bo‘lsa, ishga solish uchun zarur ko‘rilgan.
…Ammo men ko‘chada turibman. Qo‘limdagi to‘p­poncha emas, qo‘lqop bilan bo‘yinbog‘ni nima qilishni bilmayman. Axlat idishiga tashlab yuboraymi? Yaqinroqdagi axlat idishining atrofida qandaydir odamlar aroq ichib turishibdi. Buni haqorat deb tushunishlari mumkin. Hozirgi paytda bunday qilish xatarli.
– Voy ablah-ey, – deyishadi bir-birlariga, – biz bu yerda vatanimiz taqdiriga kuyinib eng so‘ng­gi choychaqalarimizni ichib tugatyapmiz. Xalq och-yalang‘och, manovi ablah bo‘lsa, shunday qimmatbaho bisotlarni axlatxonaga tashlayapti!
Bir yozuvchi aqlli gap aytgan: Rossiyada gadoylik madaniyatining saviyasi baland. Bunga qo‘shimcha qilib aytishim mumkinki, gadoy ana o‘sha o‘zining gadoylik madaniyatini himoya qilaman deb tumshuqqa tushirishga ishqivoz bo‘ladi. Shu ruhdagi taqqos-u tashbehlarni yana davom ettirish mumkin. Masalan, nodonlik ser­qirra aqliy madaniyatdan dalolat. Yoxud, yapon samuraylarida xarakiri madaniyati yuksak. Lekin bunday madaniyatlar faxrlanishga arzirmi ekan?
Xo‘sh, bu dardisarlarni nima qilsa bo‘ladi en­di? Kutilmaganda omadim yurishib qoldi. Qa­rasam, yaqin­ginada bir gadoy ayol o‘tiribdi.
– Sadaqa qiling, sadaqa raddi balo, – menga murojaat qildi u. Miyamda shohona bir mug‘ombirlik yarq etgandek bo‘ldi! Men bu surbet qo‘lqop bilan yaramas bo‘yinbog‘ni gadoyga ehson qildim. Ayol ularni sinchik­lab ko‘zdan kechirdi va nima uchundir bo‘yinbog‘ni ikki qo‘liga olib, uning uzunligini o‘lchadi yo guliga mahliyo bo‘lib tikilib qoldi. Bu gadoyning qiyofasi sharqona bo‘lgani boismi ekan, holat nimagadir “Arshin mol olan” degan eski kinoni, aniqrog‘i, ekranlashtirilgan operettani yodimga soldi. Unda bir paytlar mashhur bo‘lgan Beybutov qo‘shiq kuylaydi. Men nimagadir daf’atan andak hijolat bo‘lgan holda bu olamda anchagina uzoq yashab qolganimni o‘yladim. Ayni chog‘da, o‘zimning uyatsizligimdan bir qadar uyalgan ko‘yi hali yana yashashni xohlab turganimga iqror bo‘ldim. Hatto avvalgi paytlardagidan kuchliroq xohlab turibman! Umr – bisotini boy berayotgan qimorboz, ko‘p yashaganing sayin yana-da ko‘proq yashashni xohlayverasan.
Gadoy ayol bo‘yinbog‘ni qo‘yib, qo‘lqopni kiyib ko‘ra boshladi. Bir amallab kiyib oldi, so‘ng so‘radi:
– Pul-chi, pul yo‘qmi?
Ehtimol sharqona ayolga o‘xshab mening yechinishimga chek qo‘yib, farqini pul ko‘rinishida olishga qaror qildi, shekilli.
– Yo‘q! – deya to‘ng‘illadim-da, besh so‘mimni to‘la holda saqlab olib borish niyatida shahd bilan uy tomon yurdim. Qanchalik ajablanarli bo‘lmasin, shu ishni uddalay oldim.
Uyga kirib yechindim-da, o‘ljaga tashlangan vah­shiydek mashinkaga tashlandim. Shu bir kunni yozib qo‘ymasam, keyin unutilib ketadi! Boshimdan nimaiki kechirgan bo‘lsam, bir chekkadan chiqillatishga shu qadar berilib ketibmanki, telefon jiringlaganida hech qachon go‘shakni ko‘tarmaslik qoidasiga rioya qilmasdan g‘ayrishuuriy tarzda go‘shakni ko‘tarib qo‘yibman.
– Siz falonchimisiz? – deb so‘radi dadilgina ayol ovozi.
– Ha, men falonchiman.
– Sizning mashhur yozuvchiligingizni bilamiz, shuning uchun sizga murojaat qilyapmiz! – favqulodda ilhom-ishtiyoq bilan bidirlay ketdi u. – Bizning mash­hur klubimizga a’zo bo‘ling, janob…
Ayol klubning nomini tilga oldi, ammo men shu zahoti uni unutdim.
– Ne bir kazo-kazolar bizga a’zo bo‘lamiz deb atrofimizda uymalashib yurishibdi, – gapida davom etdi u, – biroq biz ularni tayoq bilan haydab, “Bor, ishingni qil!” deya quvlab yuboryapmiz. Klubimizda faqatgina saylab olingan odamlar. A’zolik badali nomigagina badal – oyiga atigi qirq dollar!
Shunday deya ayol kutilmaganda go‘shakka xoxolab kuldi-da, anchagacha o‘zini kulgidan to‘xtatolmadi. Aftidan, badal miqdorining arzimas darajada kulgili ekaniga chidayolmay qoldi.
– Siz bir yo‘la bir yilga badalni to‘laysiz-da, klubimizning a’zolik guvohnomasini qo‘lingizga ola­siz. Guvohnoma bo‘yicha istagan paytingizda klubimizning restoraniga kirib, yarim bahosiga ov­qat­lanishingiz mumkin.
Ammo men bugungi kunda yaxshigina toblanganim sabab pinagimni buzmadim. Buni ayol xayoliga ham keltirmas edi, albatta. Ustiga ustak, men stolimning bir chekkasida yaltirab turgan uyqudorilarga o‘qtin-o‘qtin ko‘z tashlamoqda edim. Bu menga qo‘shimcha kuch-quvvat baxsh etmoqda edi.
– Kechirasiz, – dedim men, – agar restoraningizga o‘z mehmonlarimni boshlab borsam nima bo‘ladi?
– To‘rt kishigacha yarim bahosida! – quvona-quvona xabar qildi ayol. – Ammo klubning a’zolik guvohnomasini olishingiz uchun yillik badalni oldindan to‘lab qo‘yishingiz kerak! Narxi nihoyatda arzon – oyiga atigi qirq dollar!
– Hammasi bo‘lib to‘rt kishimi?
– “Hammasi bo‘lib” deganingiz nimasi? – jiddiy tortib so‘radi ayol. Men savolimni oydinlashtirdim:
– Men to‘rtta mehmonimni olib boramanmi, yoki uchta mehmon, to‘rtinchisi o‘zim bo‘lamanmi?
– Siz to‘rtinchi bo‘lasiz! – tag‘in vaysay ketdi ayol. – Ammo o‘z mehmonlaringizga kafolat berishingiz kerak bo‘ladi! Bizda juda madaniyatli odamlar! Oralarida millionerlari ham bor! Ovqatlanib o‘tirib qo‘shiq aytish va yo bir dasturxondan ikkinchisiga shisha tuhfa qilish qat’iyan ta’qiqlanadi! Siz bizda kavkazcha odatlaringizni unutishingiz kerak bo‘ladi. Ammo muhimi bu ham emas. Siz bizning mehmonxonamizga nomer buyurtma qilishingiz va unda yarim bahosida istaganingizcha yashashingiz mumkin.
– Menga mehmonxonaning nima keragi bor? – bir qadar ensam qotib masalani aniqlashtirdim. – Men Moskvada yashayman-ku!
– Ehtiyoti shart-da, – tushuntirdi ayol, – siz, axir, ijodkorsiz. Sizga gohida pinhona uchrashuvlar suv bilan havodek zarur!
Ayni gapdan keyin ayol shunaqangi yayrab kuldiki, o‘zi birinchi marotaba o‘sha pinhoniy uchrashuv ishtirokchisi bo‘lishga bajonidil tayyorligini bilib olish mumkin edi, toki men uning ta’limini olganimdan so‘ng pinhoniy uchrashuvlarni mustaqil ravishda tashkil qiladigan bo‘lay. Yayroq kulgu uzoq davom etdi. Axiyri to‘xtadi. Jimjitlik. Aftidan, ayol o‘sha pinhoniy uchrashuvdan keyin beozorgina uxlab qoldi yoxud bunday vaziyatlarda ayollar qanday uxlab qolishini namoyish qilayotganga o‘xshaydi. Ammo bir necha soniyalardan so‘ng uning allanechuk yasharib-yashnab ketgan ovozi yangi kuch bilan jarangladi:
– Ammo hattoki bu ham eng asosiysi emas! Klubimiz mehmonxonalari Yevropaning jamiki madaniyat markazlarida qo‘nim topgan! U yerda bilyardxonalar, o‘yin-kulgi xonalari, suv havzalari, tennis kortlari! Klubimiz guvohnomasini ko‘rsatib, siz ularda istaganingizcha yashashingiz mumkin. Yashash yarim bahoga, ovqatlanish yarim bahoga! Buning ustiga, hayratdan yiqilmang tag‘in, nonushta tep-tekin! Shved dasturxoni! Nimani qancha xohlasangiz yeb-ichaverasiz, qa­rabsizki, to kechki ovqat vaqtiga qadar hech nima yegingiz ham kelmay qoladi!
Ayolning menga Eyfel minorasini yarim bahoda taklif qilishini kutmay muloyimlik bilan gapini bo‘ldim.
– Katta rahmat! – dedim men. – Aynan men nazaringizga tushib turganim uchun tashakkur! Ammo gap shundaki, men sizning zo‘r taklifingizdan foydalana olmayman. Chunki men umuman uydan ko‘chaga chiqmayman!
– Qanaqasiga chiqmaysiz? – kutilmaganda o‘shqirib yubordi ayol. – Men o‘z ko‘zim bilan ko‘rdim-ku! Sizni yaqindagina televizorda ko‘rsatishdi. Nima, siz u yerga uchib bordingizmi?!
– Gap shundaki, – aniqlashtirdim men, – televidenie xodimlari meni uyimda tasvirga olishgan edi.
O‘shanda rostdan ham shunaqa bo‘lgan edi. Oraga bir muddatlik – uch-to‘rt lahzalik jimlik cho‘kdi. So‘ng u yana avj qildi:
– Men yo‘lini topdim! Mendan bir umr minnatdor bo‘lasiz hali! Biz sizga o‘zimizning agentimizni jo‘natamiz. Siz unga bir yillik a’zolik badalini to‘laysiz. U sizga klubimiz guvohnomasini tantanali ravishda topshiradi. Men a’zolik badalimizning nomigagina badal ekanini tag‘in eslab, kulgim qistaganidan endi naq o‘lib qolaman!
Endi-ya? Avvalroq kulaverib o‘lib qolishiga kim halaqit qildi unga? Ammo, ko‘rinib turibdiki, u o‘lmagan, o‘lmoqchi ham emas!
– Umuman, uydan chiqmaydigan bo‘lganimdan ke­yin klubingiz guvohnomasining menga nima keragi bor? – savolimni yana bir karra aniq-ravshan tak­rorladim. – Rahmat! Xayr!
– To‘xtang! – dedi jon halpida u. – Men bu yerda maslahatlashib ko‘ray-chi! Siz uchun istisno ta­ri­qa­sida kechki ovqatni uyingizga oborib berishimiz mumkin.
– Mehmonxona nomerini ham uyimgami? – za­har­xanda bilan so‘radim men.
– Tushunmadim, – dedi u, – marhamat qilib savolingizni takrorlang-chi!
Ana shunda men o‘zimni bosolmay qoldim.
– Bogatstvo – bog adstva (boylik – do‘zaxning xudosi), – nasihatomuz ohangda tushuntirish berdim men.
– Tag‘in tushunmadim, – ishchanlik bilan dedi u, – takrorlang-chi!
– Bogatstvo – bog adstva! – aniq takrorladim men.
– Tag‘in tushunmadim, – dedi u. – Harfma-harf takrorlang-chi, yozib olmoqchi edim!
Shunda men murosa yo‘lini tutib dedim:
– Qora non – gadoyning jannati.
Bu gapni u bir zumda tushundi va go‘shakni jahd bilan joyiga qo‘ydi. Albatta, bu yerda tovlamachilik mana men deb turibdi. Navbatdagi ehrom… Jumboq. Qani, bu jumboqni yechib ko‘ring!
Agar hayotdan olingan jonli misollar meni chiniqtirib-toblagan bugungi kun bo‘lmaganida, men, ehtimol nimalarnidir uzoq qoralagan va bu qora­lamalar qaerga borib to‘xtashini o‘zim ham bilmagan bo‘larmi edim… Insonga bo‘lgan ishonch! Hikmatli gapga qanaqangi ulug‘vor e’tiborsizlik! Men tag‘in mashinkaga o‘tirdim-da, bu suhbatni ham hikoyaning davomiga yozib qo‘ydim, yo‘qsa keyin unutilib ketadi. Katta xo‘jalikka har qanday latta ham asqotib qoladi, degan edi Lenin hatto inqilobga qadar bir o‘taketgan muttaham partiya a’zosi bo‘lganidan shikoyat qilganlarga.
Ushbu suhbatni endigina yozib bo‘lganimda ishxonamga xotinim kirib keldi.
– Sen bugun Moskva bo‘ylab qanday ajoyib sayr qilibsan-a, – dedi u. – Hatto rangingga qon yugu­rib qolibdi. Anchadan beri ranging bu qadar ti­niq­lash­magan edi! Shuning uchun ham men senga har kuni “Ochiq havoda ko‘proq yur!” deb uqtiraman. Ochiq havoda ko‘proq yuraver! Ertaga kartoshka olgani bozorga bor. Bu senga foydali-ku. Darvoqe, kel, seni bir xursand qilay. Bugun shunaqangi bir ajoyib tush ko‘ribman de! Qandaydir bir ko‘rinmas odam menga Italiya xaritasini olib kelibdi-da, “Nega Italiya poyafzali jahonda eng yaxshiligini mana endi bilib oldingizmi?” deb so‘rar emish. “Ha, ha, bilib oldim!” deb quvona-quvona javob qilarmishman men. Kulgili, a?
Rostdan ham kulgili. Bunday tush bilan odam bolasi yuz yil yashashi ham mumkin. Biz birgalikda kulishdik va xotinim xonadan chiqib ketdi. Men esa, o‘ylab qoldim: mana, umr yo‘ldoshim yakunni ham berib ketdi! Va shu zahoti uning gaplarini ham (keyin unutib qo‘ymaslik uchun!) muhrlab qo‘ydim.
…Oxirgi jumboq, muhtaram o‘quvchi! Bir odam ertalab o‘z vannaxonasiga kirib qarasa, skelet bamaylixotir tish yuvayotgan ekan.
– Sen kimning tishyuvgichini olding, ablah! – ji­­g‘ibiyroni chiqib so‘rabdi u skeletdan. Darvoqe, u xalatni yelkasiga tashlab olsa ham asakasi ketib qol­mas edi. Har qalay, uyda ayollar bor-ku!
Jumboqning savoli shunday: bu odam kechqurun qancha ichgan (iloji bo‘lsa, gramm-gramiga qadar aniq javob bering!) va, umuman, bu odam o‘zi kim?
Men reladorm yotgan stol chetiga qaradim. Butun bir oy mobaynida uxlashim mumkin! Qanaqangi mazza! Xayrli kech, janoblar! Gefsiman bog‘ida ko‘­rishguncha!

Rus tilidan Otauli tarjimasi

М: “Yoshlik” jurnali, 2014 yil, 8-son

099

(Tashriflar: umumiy 2 513, bugungi 1)

Izoh qoldiring