Fozil Iskandar. Quyonlar va bo’g’ma ilonlar. Qissa

07      Бу воқеа қадим-қадим замонларда, жануб-жануб томонларда, қисқаси, Африкада бўлиб ўтган эди. Ёруғ ёз кунларининг бирида икки илон каттакон япасқи тош устида ётиб қуёшга тобланмоқда ва яқиндагина ютилган қуёнларни баҳузур ҳазм қилмоқда эдилар. Улардан бири кекса бир кўзли илон эди. Аслида ғилай эмас, бир кўзли бўлса-да, нимагадир у илонлар орасида “Ғилай” деган лақаб билан маълум ва машҳур эди…

Фозил Искандар
ҚУЁНЛАР ВА БЎҒМА ИЛОНЛАР
Раҳимжон Отаули таржимаси
012

09Асли абхаз миллатига мансуб Фозил Искандар рус адабиётининг дунёга машҳур намояндаларидан ҳисобланади. У 1929 йили Сухуми шаҳрида туғилган. Горький номидаги адабиёт институтини тугатган (1954). 1954-1956 йилларда Курск ва Брянскда журналистлик қилган, 1956 йилдан 90-йиллар бошигача Госиздатнинг абхаз бўлими бошлиғи лавозимида фаолият юритган. 90-йиллар бошидан Москвада яшайди. Илк ижодини шеъриятдан бошлаб, “Дурагай таканинг шуҳрати” деган қувноқ қиссаси билан донг таратган эди. “Инсон манзили”, “Мактаб вальси ёхуд Номус кучи”, “Чегемлик Сандро”, “Шоир” сингари йирик асарлари, унча-мунча романга бергусиз ҳикоялари кўплаб жаҳон тилларига таржима қилинган.

012

Бу воқеа қадим-қадим замонларда, жануб-жануб томонларда, қисқаси, Африкада бўлиб ўтган эди.
Ёруғ ёз кунларининг бирида икки илон каттакон япасқи тош устида ётиб қуёшга тобланмоқда ва яқиндагина ютилган қуёнларни баҳузур ҳазм қилмоқда эдилар. Улардан бири кекса бир кўзли илон эди. Аслида ғилай эмас, бир кўзли бўлса-да, нимагадир у илонлар орасида “Ғилай” деган лақаб билан маълум ва машҳур эди.
Иккинчи илон ҳали жуда ёш ва ҳеч қандай лақабга эга эмас эди. У ёш бўлишига қарамай қуёнларни яхшигина ямламай ютар, шунинг учун порлоқ келажагига катта умид уйғотарди. Ҳар қалай, яқин-яқинларга қадар асосан каламушу сичқонлар, гоҳида ёввоий куркаларнинг жўжалари билангина ўз нафсини қондириб юрган бу илон энди қуёнларни ҳам тановул қилишга ўтган эдики, ушбу дадил қадам унинг ёшида айтса арзигулик ютуқ эди.
Ҳордиқ чиқараётган илонларнинг атрофи ям-яшил ўрмон билан қопланган бўлиб, унда кокос пальмалари, банан ва ёнғоқ дарахтлари кўп эди. Атрофда мўъжаз қушча катталигидаги капалаклару катта капалакдек қушчалар қанот ёзиб қувнардилар. Тўтилар ранго-ранг патларини силкитиб дарахтдан дарахтга учиб-қўнишар, шу асно ўзларича нималарнидир чуғур-чуғур қилардилар.
Баъзан дарахтларнинг тепа-тепаларида шохлар бехос силкиниб қолар, маймунлар чийиллашар, ана шунда яқингинада мудраб ётган жаноби шер таҳдидли наъра тортарди. Маймунлар наърани эшитган заҳоти шивирлашиб қолишар, сал ўтмай ўзликларини унутиб тағин чийиллаша бошлашарди. Ниҳоят, шер ўзининг яна бир қаттиқ наъраси билан маймунларга таҳдид қилиб, улар уйқусига халал беришаётгани, ҳолбуки кечқурунги овга куч тўплаб бориши кераклиги хусусида огоҳлантирди.
Маймунлар тағин ўзаро шивирлашишга тушдилар, лекин бутунлай жимиб қолмадилар. Улар мудом нима ҳақдадир баҳслашар, бироқ айнан нимани бўлишолмаётганини билиб бўлмасди.
Сирасини айтганда, япасқи тош устида дам олаётган икки илоннинг бу чийиллашлару шивирлашларга парвойи палак эди. Гоҳида маймунларнинг безовта-беҳаловатликларига кўзлари тушганида “Бу эси пастлар чириган бананни бўлишолмаяптими, нимани талашиб-тортишаверишади мунча!” дея ўйларди ўзларича…
– Бир нарсани ҳеч тушунолмаяпман, – деди яқиндагина қуёнларни ютишга ўтган ёш илон, – мен кўз тикиб турганимда нега қуёнлар қочиб қолмайдилар, ахир, улар одатда жуда тез чопадилар-ку?..
– Бунинг нимасига тушунмайсан? – деди Ғилай. – Ахир биз уларни гипноз қиламиз-ку!
– “Гипноз” нима у? – тағин сўради ёш илон.
Айтиш керакки, биз ёзишга киришган ўша қадим-қадим замонларда бўғма илонлар ўз ўлжаларини бўғиб ўлдирмас эдилар. Фақат учрашганларида, аниқроғи, бу ҳуркак жониворларга яқин масофада бехос дуч келиб қолганларида ўз нигоҳ-назарлари билан бечораларни шунақанги донг қотириб қўяр эдиларки, айни шу ҳолат оддий халқ тилида “гипноз” деб аталар эди.
– “Гипноз” деганлари нима ўзи? – яна ажабланиб сўради ёш илон.
– Аниқ жавоб беришга қийналяпман, – деди Ғилай, аслида у ғилай эмас, балки бор-йўғи бир кўзли эди, – ҳар қалай, қуёнга яқин масофадан қаралганида у қимирламаслиги керак.
– Нима учун қимирламаслиги керак? – ажабланди ёш илон. – Мен, масалан, улар ҳатто қорнимда ҳам баъзан қимир-қимир қилаётганини сезиб тураман…
– Қоринда қимирлаши мумкин, – уни маъқуллади Ғилай. – Ахир ютилган луқма керакли йўналишда ҳаракатланиши шарт-да.
Ғилай шундай дея ётган жойида бир тўлғониб олди, боиси ичидаги қуён гўё уларнинг гапларини эшитаётгандек бирдан таққа тўхтаб қолган ва, назарида, уни керакли йўналишга солиб қўйиш шартдек эди.
Гап шундаки, бу кўпни кўрган қари илоннинг ҳаётида шунақанги бахтсиз ҳодиса рўй берган эдики, ўшанда у бир кўзидан ажраган, ўзи ҳам базўр тирик қолган эди. Ҳар гал ўша ҳодисани эслаганида ютилган қуён қорнида таққа тўхтаб қолар, ана шунда емишини йўлга солиш учун бир тўлғониб олиши керак бўлар эди. Ёш илоннинг саволлари ўзи эслашни хуш кўрмайдиган ўша кўнгилсиз воқеани ёдга солди.
– Барибир, мен тушунмаяпман, – бир муддатлик жимликдан кейин тағин сўради ёш илон. – Нега энди айнан биз кўз тикканимизда қуён донг қотиб қолиши керак?..
– Сенга буни қандай тушунтирсам экан? – дея ўзича хаёлга толди Ғилай. – Ўйлашимча, тирикликнинг таомили шунақа, афтидан, бу шундай қадимий ёқимли одатки…
– Биз учун албатта ёқимлику-я, – гапни илиб кетди ёш илон, – лекин бу одат қуёнлар учун ёқимли бўлмаса керак-ов?..
Ғилай нима дейишини билмай бир муддат жим қолди-да, анчагина мужмал жавоб қилди:
– Бўлса бордир, буёғини ким билади дейсан, ука!
Асл табиатини олганда, Ғилай, айниқса, бўғма илонлар дунёсида анчагина олижаноб эди. Тўғри, уни қуённинг юмшоққина гўштини тановул қилишдан ўзини тийиш даражасида ўтакетган олижаноб деб бўлмасди. Ҳар қалай, у қуёнлар учун шундай бир ҳиммат кўрсата олардики, оғзига тушган жониворнинг жонини оғритмасдан ютишга имкон қадар ҳаракат қилар эди. Эвоҳ, айни шу олижаноблиги учун товон тўлашга тўғри келган эди унга!
– Шундай қилиб, наҳотки қуёнлар, – ҳаяжонланиб гапида давом этди ёш илон, – бу ўзлари учун ёқимсиз одатга қарши исён қилишга ҳеч қачон ҳеч бир ҳаракат қилмаган бўлсалар?!.
– Бундай уринишлар-ку, бўлган! – истаб-истамай жавоб қилди Ғилай.– Яхшиси, сен мендан бу ҳақда сўрама, ука! Менга ўз кўргиликларимни эслаш мутлақо ёқмайди.
– Илтимо-ос! – ёлворди ёш илон. – Қизиқарли бир ҳикоя тинглашни шунақанги хоҳлаб турибманки!..
– Гап шундаки, – деди Ғилай ғижиниб, – келиб-келиб айнан менинг қорнимдаги қуён исён қилса бўладими! Ўша касофатнинг касрига бир кўзимдан ажраганман-да!
– Нима бўлувди, кўзингизни тирнаб олганмиди? – баттар қизиқиб сўради ёш илон.
– Тирнашга тирнамади-ю, бироқ шу падарқусурнинг айби билан бир кўзимдан ажрадим-да, – деди Ғилай, сўнг гаплари қорнидаги қуёнга қандай таъсир қилаётганини аниқлашга ўзича уринди. Хайрият, қуён жимгина ҳазм бўлаётгандек эди.
– Қани, айтиб беринг! – тағин ялиниб-ёлворди ёш илон. – Нима бўлганини жуда билгим келяпти!..
Ғилай анча кекса ва ёлғиз илон эди. Катта илонлар унга масхаромуз ёки душманларча муносабатда бўлишарди, шунинг учун у манави ёш, лекин уқувли илоннинг дўстона муомаласини жуда қадрларди.
– Майли, қўймадинг, айтсам айта қолай, – рози бўлди Ғилай. – Фақат шуни билиб қўйки, бу сирни бошқа ёш илонлар билмасликлари керак.
– Қасам ичаман: ҳеч кимга чурқ этмайман! – барча қасамхўрлар каби ўз қизиқишини ичаётган қасамига садоқат сифатида тақдим қилгани кўйи ялиниб-ёлворди ёш илон.
– Бу воқеа етмиш йил аввал бўлган эди, – гап бошлади Ғилай. – Ўшанда мен сендан салгина катта эдим. Ўша куни мен лаънати қуёнга Эшаклар Сувлови қошида дуч келдим-да, оппа-осон ютдим-юбордим. Аввалига ҳаммаси рисоладагидек кетаётган эди, бироқ кейин… қуён қорнимнинг қоқ ўртасига борганида… кутилмаганда орқа оёқларида тик туриб, бошини елкамга қаттиқ тираб олса бўладими!..
Шу пайт Ғилай ҳикоясини тўхтатиб, қулоғини динг қилди.
– Бошини елкангизга тираб олса нима қипти? – бетоқатланиб сўради ёш илон.
– Кимдир бизнинг гапимизни тинглаётгандек туюляпти-да менга! – деди Ғилай соғ кўзини нарироқдаги қалин бутазорга тикиб.
Ёш илон баттар бетоқатланди:
– Менимча, сизга шундай туюляпти, холос. Ахир, сиз яхши эшитмайсиз-ку! Бўлақолинг, давомини айтинг!
– Мен ғилайман, бироқ эшитиш қобилиятим жойида, ука! – норози бўлиб писанда қилди кекса илон, сўнг тезгина ҳовуридан тушди. Афтидан, деб ўйлади у ўзича, шох-шаббаларнинг шамолда шитирлашини тирик жоннинг қимирлаши деб янглишди, шекилли-да.
У ғаройиб ҳикоясини давом эттирди. Лекин гоҳида ютилган қуённи ҳазм қилиш учун тўлғониб, гоҳида кимдир гапларини тинглаётганидан гумонсираб ўқтин-ўқтин тўхтаб қолаверди. Келинг, биз ўзимиз бўлган воқеани тутилмай-тўхтамай мухтасарроқ ҳикоя қила қолайлик. Биз, ахир, гапимизни кимдир тинглаётганидан хавотирланмаймиз, қолаверса, яхши биласизки, ўзгаларнинг сир-асрорлари ҳисобига жасорат кўрсатиш ҳамиша ёқимли!
Шундай қилиб, қари Ғилай ҳали ўшанда на қари, на ғилай бўлмагани ҳолда Эшаклар сув ичадиган кўл қошида қуённи ютди-юборди. Дарҳақиқат, аввалига ҳаммаси баайни хамирдан қил суғургандек силлиққина кечди. Лекин қуён кутилмаганда пастки оёқларида туриб, бошини унинг елкасига тираган кўйи қорин бўшлиғида тошдек қотиб қолдики, бу хатти-ҳаракати билан ҳазм бўлмоқчи эмаслигини сўзсизгина англатмоқчидек…
– Ие, бу нима хурмача қилиқ? – деди унга Ғилай. – Нега ўзбошимчалик қиляпсан? Қани, ҳазм бўл-да, йўлингда давом эт!
– Мен сенга қасдма-қасд шу алфозда туравераман! – қорнининг ичидан қичқирди қуён.
Бундай ўтакетган қайсарликка жавобан нима дейсан энди!
– Асли сенга яхшилик қилган мен аҳмоқ! – ғижинди Ғилай. Бир муддат ўйланиб, қўшимча қилди: – Кўрамиз, қачонгача шундай тек қотиб тураверар экансан!..
Ғилай ҳали жуда ёш, эгилувчан ва кучли думи билан уни савалай кетди. Савалагани сайин жони оғриди, лекин падарқусур қуённинг парвойи палак!
– Мен оғриқни сезмаяпман, мен оғриқни сезмаяпман! – тағин қичқирди у қорнида туриб.
Ростдан ҳам, деб ўйлади ўшанда илон, менинг терим қалин бўлганидан кейин, бу шаккокнинг адабини бераман деб ўзимни ўзим жазолаяпман, шекилли?..
– Майли, кўрамиз! – баттар ғижинди Ғилай. – Ҳозир мен сенинг бошингга шунақанги ит кунини солайки, ҳолингга маймунлар йиғлайдиган бўлсин!..
У атрофга олазарак қаради. Улкан кокос пальмасининг жаладан кейин очилиб қолган букри илдизига кўзи тушди. Илдиз қошига оҳиста ўрмалаб бориб, қорнининг яшовчан қуён дўмпайтириб турган жойи-ни букри илдизга тиради.
– Яхшиликча ёт! – ёввойи важоҳат билан ҳайқирди у. – Йўқса нақ бошингда ёнғоқ чақаман!
– Қани, чақиб кўр-чи! – баттар қайсарлиги тутди бу эси паст қуённинг. – Мен ҳам бўш келмаганим бўлсин!
Ана шунда илоннинг бутун вужудини ғазаб қоплади. Букри илдиз остига кириб кифтини унга ишқайверди-ишқайверди.
Дарахт қаттиқ силкинди, кокос ёнғоқлари ерга дувва тўкилди, бироқ қуён баттар қутурди.
– Ҳа! – деб қичқирди. – Яна! – деб бақирди. – Бўшашма! – деб масхараомуз далда берди.
Ғилай жаҳл устида дарахтни шунақанги силкитдики, унинг антиқа хатти-ҳаракатларини қизиқиб томоша қилиб турган маймун… нақ бошига йиқилиб тушса бўладими! Зарба сезиларли даражада кучли эди, чунки маймун дарахтнинг энг учидан ерга қулаб тушган эди. Чақиб ўлдирмоқчи бўлди, лекин бошига бало бўлиб ёғилган маймун чаққонгина жуфтакни ростлаб қолди. Ортидан ташланай деса, қорнида кўндаланг туриб олган анови тавқи лаънат!..
Ўзи қуённинг хурмача қилиғидан жиғибийрони чиққан эмасми, устига йиқилган маймун обрўйини бир пул қилиб бошини тупроққа қориштирганидан баттар жазаваси тутиб шунақанги куч билан силтандики, натижада букри илдиз узилиб кетди ва у… нарироқдаги шамшод дарахтига бор кучи билан калла қўйди-да, шу заҳоти ҳушини йўқотди.
Тахминан бирор соатдан кейин ҳушига келиб, оҳиста бош кўтарганча теваракка нигоҳ ташлади. Гарчи боши ғувиллаб турган бўлса-да, атрофида қондош илонларнинг қадрдон вишиллашлари яхши эшитилиб турибди. Таниганлар, судралиб келганлар, энди бири олиб-бири қўйиб гап бераётган қавмдошлари…
– Иш юришмаса шунақа бўлади, – вишиллади бир илон. – Юмшоққина қуённинг гўштига ҳам бўкиб ўлаверасан!
– Кимлардир бизнинг ҳолимизга ҳавас билан қарашади тағин! – деди илонлар орасида ўзининг тушкун кайфиятию бадбинлиги билан маълум ва машҳур бир илон…
– Оҳ, биродарлар! – беихтиёр фарёд чекди Ғилай. – Анови қорнимдаги падарқусурнинг уни ўчиб, ўзи ҳазм бўлай дедими?..
– Тахминан маймуннинг кафтидеккина жойи ҳазм бўлгандир-ов! – деди яқинроқда ётган бир илон.
– Ҳамма гап маймуннинг қанчалик катталигида-да! – дарахт тепасида туриб кутилмаганда гап қўшди бир маймунча. – Агар гап Орангутаннинг кафти ҳақида кетаётган бўлса, унинг тирноқчасиям ҳазм бўлгани йўқ ҳали!
– На уни ўчди, на муртини болта кесди бу қуённинг! – ҳамма нарсани қора рангда кўришга ёмон ўрганган илон гапни илиб кетди: – Аввал-бошда қандай қозиқдек тиқилган бўлса, шундай қотиб турибди!..
– Биродарлар, ёрдам беринг!.. –тағин ҳолсизланиб ёлворди Ғилай.
– Ишлар ёмон! – кутилмаганда илонлар подшоҳи Улуғ Бош-қошнинг овози янгради: – Ёмон одатлар юқумли бўлади. Қуёнларнинг бундай шаккоклигини кўриб, ҳали маймунлар ҳам бизга ақл ўргатиб бошлайди энди!
– Нима, маймунларнинг бошқалардан кам жойи борми?! – Дарахт тепасида пўписа билан бармоқ ўйнатди жиккаккина маймунча. – Бир гап бўлса дарров “маймун”, “маймун”!..
Улуғ Бош-қошнинг овозини эшитиб, Ғилай қаттиқ даҳшатга тушди. Бу даҳшатнинг олдида ўзининг бошига бехос ёғилган кулфатлар, назарида, ҳолва эди.
Гап шундаки, Улуғ Бош-қош илонлар орасида кўриниш берганида ўзининг жанговар мадҳиясини айтар, барча илонлар Бош-қошга чексиз садоқати рамзи сифатида мадҳияни бошларини кўтариб тинглашлари талаб этилар эди.
Мана ўша қисқагина, аммо шу туришида ҳам анчагина маъноли жанговар мадҳия сўзлари:

Аждаҳонинг авлодлари,
Улуғ меросхўрлари,
Улуғ Бош-қошнинг шогирдлари,
Ёш илонлар!
Ютилган қуёнларнинг ширин юкини
Даст кўтаринг! Бу суронли давр талаби!

Улуғ Бош-қош учун, ҳатто ўзидан ёши каттароқ бўлса-да, барча илонлар кичкина ҳисобланарди. Унинг мадҳиясини бош кўтариб эшитмаган илон хоин сифатида ўлдирилар эди.
Ғилай ҳали Ғилай бўлмай туриб, Улуғ Бош-қошнинг овозини эшитганда даҳшатга тушганига сабаб мана шунда эди! Ахир, у азбаройи ҳуши ўзида бўлмагани учун мадҳия айтилганида бошини кўтаролмади-ку!
Аслида у бекорга қўрққан экан. Улуғ Бош-қош мадҳия айтганида бошларни кўтариш одати шу қадар кучли бўлиб, бу одат қон-қонларга шу қадар чуқур сингиб кетган эдики, у ҳушини йўқотган ҳолида ҳам мадҳияни эшитганида бошқа илонлар қаторида бошини кўтарган эди.
Улуғ Бош-қошнинг таклифига кўра, илонлар омади чопмаган қавм-дошларини қандай қутқариш масаласини муҳокама қилишга киришдилар. Бир илон унга энг баланд пальманинг энг баланд шохига қадар ўрмалаб чиқиб, ўзини ерга таппа ташлаш, шу йўл билан беадаб қуённинг боплаб таъзирини беришни маслаҳат қилди.
– Бу қанақаси, биродарлар?! – фиғони фалакка ўрлади бечора Ғилайнинг. – Мен, ахир, шу аҳволда дарахтга ўрмалаб чиқолмайман-ку… Ўрмалаб чиққан тақдиримда ҳам, ерга қуёним билан эмас, яна бошим билан йиқилсам нима бўлади?.. Мен, ахир, омадсизман…
– Тўғри, у ўрмалаб чиқолмайди, – деди Улуғ Бош-қош, – хўш, кимда яна қандай таклиф бор?
– Балки қуённи қайт қилиб ташлагани маъқулдир? – ийманибгина сўради битта илон. Улуғ Бош-қош ўйланиб қолди:
– Бир томондан олиб қарайдиган бўлсак, бу йўл тўғрига ўхшайди, – деди у. – Лекин бошқа томондан олиб қаралганда, илоннинг оғзи чиқишга эмас, киришга мосланган!..
– Биз ахир бу мўмайгина луқмадан бутунлай воз кечмоқчи эмасмиз-ку! – деди ушбу антиқароқ таклифни ўртага ташлаган илон журъат пайдо қилиб. – Қуён оғзидан чиқиши билан бир олғирроғимиз оғзимизга оламиз-да, бетамизга ютиш қанақа бўлишини кўрсатиб қўямиз, тамом-вассалом!
– Бундай тентак қуённи ютгандан кўра типратикан ютганим яхши! – деди ҳамма нарсани қора рангда кўришга одатланган илон.
– Тинчлик сақлансин, ўртоқлар! – огоҳлантирди Улуғ Бош-қош. – Оҳистароқ вишилланг! Унутмангки, душман ичимизда… Ҳар қалай, биттамизнинг ичимизда… Бутун ҳаётим давомида (Худога шукур, икки юз йил яшаб қўйдим), бор-йўғи бир мартагина қуён илоннинг оғзидан қайтиб чиқишга муваффақ бўлган!
– Қандай қилиб?!
– Бу қизиқ-ку…
– Айтиб беринг!.. – вишиллашди илонлар.
– Биродарлар! – нола қилди Ғилай. – Шу топда ўтганни кавлаштиришга бало борми?! Мен нима аҳволдаман-у…
– Сабр қил! – деди Улуғ Бош-қош. – Мени ўз халқим билан гаплашиб олгани қўй-да!.. Шундай қилиб, бу воқеа “Навбатдаги қуёнгача қуёнга қуён” деган ўйин илонлар орасида кенг тарқалган дорил-омон замонларда бўлиб ўтган эди.
– Бу қандай ўйин бўлди тағин?
– Қизиқ…
– Тезроқ айта қолинг!..
– Биродарлар!. – атрофга нажот истаб мўлтиради Ғилай. Бироқ энди унинг оҳ-ноласини ҳеч ким эшитмади. Одатда Улуғ Бош-қош кўрган-кечирганларини айтиб бошлаганида уни тўхтатиш ҳам, тингловчиларни алахситиш ҳам анчагина қийин эди.
Сирасини айтганда, ростдан ҳам, қачонлардир илонлар орасида шундай бир ўйин кенг тарқалган эди. Эндигина қуённи ютган илон шу топда бошқа қуённи ютган бошқа илонга таклиф қилар эди:
– Навбатдаги қуёнгача қуёнга қуён қиламизми?
– Яхши! – дейди иккинчи илон, агар ўйинга ҳуши бўлса.
Ўйиннинг тартиби шундай эдики, икки илон ёнма-ён ётиб, ҳакамлик вазифасини ўз зиммасига олган учинчи илоннинг буйруғига биноан, илонлар ичидаги қуёнлар бош билан дум орасида у ёқдан, бу ёққа ўзаро мусобақалашиб югуришга тушардилар. Кимнинг қуёни эпчилроқ бўлса, ўша енгиб чиққан ҳисобланарди. Илонлар ичидаги қуёнларнинг югуришини ташқаридан осонгина кузатиш мумкин эди, чунки илоннинг сағриси қуённинг ҳаракатига қараб тўлқинланиб турарди. Ўйиннинг энг қизиқ томони шунда эдики, ҳакамнинг ўз овозини ўзгартирган ҳолда: “Қуёнлар, қочиб қолинг, илон ёнингизда!” – деган огоҳлантиришидан сўнг қуёнлар беихтиёр югуриб бошларди. Иккала қуён шунинг учун ҳам югуриб бошлар эдики, улар қорин бўшлиғида гипноз кучидан қутулганларида ўзларига нима бўлганини мутлақо эслолмасдилар. Қочиб чиқадиган йўли бор антиқа ковакка кириб қолганмиз деб хаёл қилардилар ўзларича.
Ичидаги қуён чаққонлик кўрсатган илон ғолиб деб топиларди. Ғолибнинг ютуғи шу бўлардики, мағлуб унга яна бир қуённи топиб, гипноз қилиб, ана ундан кейин ўзи четга чиқиши, ғолибга “Марҳамат, ютинг!” дея илтифот кўрсатиши керак бўлар эди. Мағлуб учун дўзах азоби эди бу! Айрим илонлар икки-уч марта кетма-кет енгилганларидан кейин азобга чидаёлмай асаб касалига гирифтор бўлардилар.
Улуғ Бош-қошнинг айтишича, ушбу ўйиннинг асосий хусусияти шунда эдики, у ёки бу илон қанчалик кўп ютгани сайин унинг ошқозони шунчалик кўп чўзилар, бу навбатдаги қуённинг югуришини осонлаштирар, бинобарин, айни шу илонда ғолиб чиқиш имконияти тобора ошиб борар эди. Илонлар орасида ҳатто шундай бир чемпион ҳам чиққан эканки, у ошқозонини муттасил такомиллаштира бориб, ичида улоқча ҳам бемалол югура оладиган қилган экан!
– Шоҳ, э шоҳ! – кутилмаганда Улуғ Бош-қошни қизиқ гапдан тўхтатди бир Калтабақайгина илон.
Илонлар орасида у ўзининг битмас-туганмас қизиқувчанлиги билан танилган, шунинг оқибатида қуён ўрнига бананни ютиб бошлаган ва ҳатто банан қуёнга нисбатан хушхўрроқ деган ақидани шаккокларча илгари сурмоқда эди. Яхшиямки, бу шаккокка илонлар орасида ҳеч ким эргашмади. Барибир, Улуғ Бош-қош Калтабақайни ёқтирмас эди – уни ахлоқий бузуқ, маънавий жиҳатдан айниган деб ҳисобларди.
– Шоҳ, э шоҳ! – сўради Калтабақай. – Мана, мен, масалан, калтаман, бошқалар, дейлик, узун?.. Менинг ичимдаги қуён бошимдан то қуйруғимга қадар бошқаларга нисбатан тезроқ югурадими?..
– У-у-у, Калтабақай, – унга қараб вишиллади Улуғ Бош-қош, – ҳамиша сен ўзингни бошқаларга қарама-қарши қўясан… Сен қадимда илонлар ўзингдан аҳмоқроқ бўлган деб ўйлама-да. Агар илонлардан бири узунроқ бўлса, унинг ортиқча жойини бураб, иккинчиси билан бараварлаштириб қўйганлар.
Айниқса, шу ўринда илонлар Шоҳнинг ҳикояси ўзларига ёқиб тушганидан ва бу қадимий ўйиннинг шартлари нақадар адолатли бўлганидан қаттиқ ҳайратландилар.
– Яшасин Шоҳ ва унинг ўчмас хотираси! – хушнуд қичқирдилар улар. – Бу ажойиб ўйинни биз ҳам ўйнайлик-да энди!
– Афсуски, иложи йўқ, – орага жимлик чўкишини кутиб, маҳзун ҳолатда деди Улуғ Бош-қош.
– Нега энди? – ҳафсалалари пир бўлиб сўрашди илонлар. – Сен ҳамиша бизнинг эркимизни чеклашга уринасан. Ичимизда қуён югуришини истаймиз биз ҳам!
– Сабаби бир улуғ фожиа рўй бериб, ўшандан кейин қуёнларнинг илонлар ичида югуриш эркини чеклашга тўғри келган, – тушунтириш берди илонлар шоҳи.
– Ҳамиша шунақа! – пўнғиллади ҳамма нарсани қора рангда кўришга одатланган илон. – Қуёнлар эрки чекланади-ю, аслида илонлар жабр кўради!
– Гап шундаки, – ҳикоясини давом эттирди Улуғ Бош-қош, – ўйин пайтида илонлардан бири ҳаддан ташқари оғзиочиқлик қилдими ёки унинг қуёни фавқулодда абжирлик кўрсатдими, ишқилиб, қуён илоннинг оғзидан лип этиб чиқиб ўрмонга қочиб қолса бўладими!
– Ақл бовар қилмайди! – бараварига ҳайратланди бир неча илон.
– Қанақанги аблаҳ қуён экан бу! – бош чайқаб вишиллашди бошқалари.
– Ишониш қийин, бироқ бу айни ҳақиқат, – ўз ҳикоясини давом эттирди Улуғ Бош-қош, – бу бизнинг тарихимиздаги энг қора кунлар бўлган. Қочқоқ қуён бизнинг ички тузилишимиз ҳақида қаерларда нималар деб вайсаши номаълум эди. Гапларини бошқа қуёнлар қандай қабул қилишади? Албатта, уни топиб жазолаш чоралари кўрилди, топалоққа мукофот эълон қилинди, бироқ илонлар орасида паст-баланд гаплар ўрмалай бошлади. Орадан бир муддат ўтиб у ёки бу илон ўша қочқоқ қуённи тутиб, ҳатто ютиб юборгани хусусидаги маълумотлар бирин-кетин кела бошлади. Лекин қочган қуён атиги биттагина бўлгани, унинг тутилганию ютилгани хусусидаги хабарлар эса, кўплиги сабабли, айнан ўша падарқусур тутилганини текшириб кўриш ўта мушкул эди. Вақт ўтиши билан биз хотиржам бўлдик. Ҳар қалай, қуёнлар томонидан уюштирилган ялпи норозиликлар кузатилмади. Ҳойнаҳой исёнкор қуён чекка бир ўлкадаги камтарингина илон томонидан тутиб олинган. Ўша илон нафақат мўмай мукофот илинжида, ҳатто айнан қанақанги қуённи ютаётганини ўзи ҳам билмагани ҳолда, шаккокни баҳузур тановул қилиб юборган бўлиши эҳтимолдан холи эмас эди. Вақти-соати билан биз оғзиочиқ – лапашанг илонни қатл этдик-да, шу билан ҳаётимиз қайта изга тушди. Тўғри, бу ўта қизиқарли ўйинни тақиқлаб қўйишга мажбур бўлдик. Чунки илоннинг ичидаги қуённинг ҳаётини ғайритабиий равишда узайтиришга уринишларга чек қўйиш керак эди. Тутдинг-да ютдингми, марҳамат, ҳазм қил, бу муҳим ишни пайсалга солиб бўлмайди, шу икки ўртада олифтагарчиликка бало борми!..
Улуғ Бош-қош ландовур илонни тантана билан қатл этишнинг ажабтовур тафсилотларини эслаб бир муддат жим қолди. У қатл ҳақида кимдир сўрашини жуда-жуда истар эди. Бироқ ҳеч кимдан сас-садо чиқмади. Шунда у ёрдамчиларидан бирига шивирлади, токи қатордаги илонлар орасида кутилган савол жадал равишда ташкил этилсин!
– Бир гуруҳ илонлар қизиқиш билдиришяпти, – ниҳоят, савол ўртага ташланди, – ўша лапашанг илон айнан қай йўсинда қатл этилди?
– Ўринли савол, – бош чайқади Улуғ Бош-қош. – Чинакамига ажабтовур иш бўлган эди бу! Ҳозирда биз бундай қатл турини йўқ қилдик, очиғини айтсам, бекор йўқ қилибмиз! Қатл шундай эдики, унда илон ўзини ўзи еб битиради. Унга икки ой мобайнида емиш берилмайди. Ана шундан кейин ўз думи ўз оғзига тўғрилаб қўйилади. Бундан-да ибратлироқ жазони тасаввур қилиш мушкул! Бир томондан, ўзининг думини ютиш аянчли ҳоллигини у яхши тушунади, иккинчи томондан, илон сифатида оғзига илинган ўлжани ютмаса туролмайди. Бир томондан, у ўзини ўзи еб битиради, иккинчи томондан, шу йўл билан уқубатли ҳаётини сал бўлса ҳам узайтиради. Ахийри илоннинг қарийб бошигина қолади-да, бу каллаварам бошни қарға-қузғунлар чўқишга тушади…
– Қанақанги даҳшатли манзара! – беихтиёр хитоб қилишди айрим илонлар. Айримлари эса, жимгина ўз думларига зимдан кўз югуртирдилар.
– Шуниси етмай турувди! – деди ҳамма нарсани қора рангда кўришга одатланган тушкун кайфиятдаги илон. – Думаланиб ётганимда ҳам думим тасодифан оғзимга тўғри келиб қолмадими экан дея хавотирланадиган бўлдим-да энди!
– Ҳар қалай, шуниси аниқки, – деди Улуғ Бош-қош, – ана ўшандан буён биронта илон қуённи оғзидан чиқармайдиган бўлди.
– Ўтакетган ваҳшийлик бу! – кутилмаганда хитоб қилди Калтабақай узоқдаги илонлар панасида туриб.
Илонлар бундай қўпол муомалага жавобан нимадир дейишга улгурмасидан, мисли кўрилмаган бир сўз қулоққа чалинди.
– Аблаҳ! – кутилмаганда қайдандир аллакимнинг аниқ-тиниқ овози эшитилди.
Барча илонлар бир-бирларига шубҳа билан қараб, бундай ҳақоратли сўзни айнан ким айтганини аниқлашга ўзларича уриндилар.
Айни вақтга келиб, кўпчиликнинг назаридан қолган Ғилай қаттиқ даҳшатга тушиб шуни ҳис қилдики, ўзи ўтакетган омадсизлик билан ютган лаънати қуённинг овози эди бу! У ютилган қуённинг ичдаги ҳаракатига жавобгарлик тўла равишда ўз зиммасига тушишини яхши биларди, шунинг учун ҳам даҳшатга тушган эди.
Модомики бошқа илонлар айнан ким қичқирганини фаҳмламаётган эканлар, у ҳар эҳтимолга қарши Шоҳни ҳақорат қилган кимсани қидирган бўлиб атрофга аланглади.
– Ким “аблаҳлар” деди?! – важоҳат билан вишиллади Улуғ Бош-қош қўрққанларидан бошларини ўт-ўланлар орасига яшириб олган илонлар сафини бир сидра кўздан кечирар экан. – Мабодо сен эмасмисан, Калтабақай?!
– Мен ваҳшийлик ҳақида гапирдим, лекин “аблаҳ” ҳақида, – заҳарханда билан бирликда таъкидлади Калтабақай, – ҳеч нарса деганим йўқ!
Улуғ Бош-қош ҳақоратли сўзни шунинг учун ҳам кўпликка ўтказиб айтган эдики, токи у кўпчилик илонларга тааллуқли, шахсан ўзига, Улуғ Бош-қошга эса, бир қисмигина тегишли бўлсин. Ҳақорат шу ерда турган илонларга баравар тақсимлаб берилсин! Унга бундай майдаланиш натижасида ҳақоратнинг залвори нисбатан камайиб қоладигандек туюлган эди, гарчи аблаҳлик, каттадир-кичикдир, барибир, ўз номи билан аблаҳлик эди.
Айтиб ўтиш керакки, кейинчалик тузумлилар илонларнинг ҳақоратни бундай кўпчиликка баравар тақсимлаш одатларини яхшигина ўзлаштириб олиб, ўзини қатордаги аблаҳ сифатида тақдим этадиган, шу тариқа ўз аблаҳликларини имкон қадар камайтириб кўрсатадиган бўлдилар.
Шундай қилиб, Калтабақай ўзининг айнан нима деганию ҳақоратнинг бирликдами-кўпликда қўлланганини ҳаммага яхшигина эслатиб қўйди. Айни шу ўзи учун ёқимсиз нозиккина жиҳатга эътиборни қаратмаслик учун Улуғ Бош-қош унга ошкора дакки-дашном бериб ўтирмади.
– Ў-ў-ў, Калтабақай! – у томонга қараб шивирлаш қадар вишиллаш билан кифояланди, – сеними, ҳали шошмай тур!
– Аблаҳ! – кутилмаганда яна Ғилайнинг қорнидаги қуён қичқириб қолди.
– Ёлвориб сўрайман, жим бўл! – илтижо қилди Ғилай қўрқувдан дағ-дағ титраб.
– Мен бу ерда жим бўлиш учун турганим йўқ! – овозининг борича ҳайқирди қуён.
Атрофдаги илонлар Ғилайга ажабланиб қарашди. Чунки улар нега бу омадсиз бошига муқаррар ўлим келтирувчи сўзни айтишга журъат қилганига мутлақо тушунмадилар. Ҳаммалари Улуғ Бош-қошнинг мароқли ҳикоясига маҳлиё бўлиб, Ғилайнинг қорнида тирик серғайрат қуён борлигини паққос унутиб қўйган эдилар.
– Ие, бу ҳали сенмисан?! – ниҳоят вишиллади Улуғ Бош-қош ҳали ғилай бўлиб улгурмаган, лекин шундай бир кўргилик остонасида турган Ғилайга.
– Бу мен эмас, менинг ичимда! – титраб-қақшаб тан олди Ғилай.
– Ичингда илонинг борми?! – Истеҳзо билан сўради Улуғ Бош-қош. Илонлар орасида кенг тарқалган ҳақоротомуз ибора эди бу.
– О, Шоҳ! – тавалло қилди Ғилай. – Сиз одатдагидек улуғ ўтмишингизга маҳлиё бўлиб, менинг ичимда қуёним борлигини унутиб қўйдингиз…
– Нима қилибди?! – уни гапдан тўхтатди Улуғ Бош-қош. – Менинг ичимда ҳам қуёним бор, қолаверса, биттагина эмас…
Аммо шу пайт ёрдамчиларидан бири у томонга энгашиб, гап нимадалигини қулоғига оҳиста шивирлади.
– Ҳа, дарвоқе, – эслади Шоҳ, – бизнинг ҳаммамизни “аблаҳ” деб ўша қуён айтдими ҳали?
– Ҳа, мен! – ҳайқирди қўрқувдан донг қотиб қолган илоннинг ичидаги шартаки қуён. – Сен ўзингнинг аблаҳларинг орасида энг олий аблаҳсан, бунинг устига, аҳмоқсан!
– Мен аблаҳманми?! – ғазабдан нима дейишини билмай саволни беихтиёр такрорлади Улуғ Бош-қош.
– Ҳа, сен аблаҳсан! – қичқирди шаккок қуён.
– Мен аҳмоқманми?! – қулоқларига ишонмай, саволни такрорлади Улуғ Бош-қош.
– Ҳа, сен аҳмоқсан! – ғолибона қичқирди қуён. Бу гал унинг овози ниҳоятда аниқ эшитилди. Чунки бечора Ғилай қўрққанидан оғзи очилганича анқайиб қолган эди.
Орага ёқимсиз жимлик чўкди. Бу пайтда Улуғ Бош-қош Ғилайга қаттиқ кўз тикди.
– Сенинг ошқозонинг қуёнларнинг минбарига айланиб қолибди, – деди у таҳдид билан, – лекин сен ҳали бу қилмишинг учун жавоб берасан, ярамас ногирон!
– О, шоҳаншоҳим! – тавалло қилди бечора Ғилай.
– “Шоҳаншоҳ”миш! – аччиқ кулди Улуғ Бош-қош. – Ичида қуён гапирадиган илон биз учун керакли илон эмас!
– Керакли илон эмас, керак эмас! – вишиллашди илонлар.
– Шунинг учун ҳам, – ниҳоят, ўзига келиб, гапида давом этди Улуғ Бош-қош, – буни Филлар Сўқмоғига обориб ташланг, модомики бу аянчли ногирон ўзи эплай олмас экан, бетгачопар қуённи филлар босиб чалпак қилиб ташлашсин!
Улуғ Бош-қошга соқчи илонлар Ғилайни тутиб, Филлар Сўқмоғи томон олиб кетдилар. Улар олиб кетгунича илоннинг ошқозонидаги қуён бетўхтов қичқираверди.
– Қуёнлар! – қичқирди у. – Бир қуён илоннинг оғзидан қайтиб чиқиб қочиб қутулибди! Шоҳнинг ўзи бу ҳақда гапирди! Илонларга қаршилик кўрсатинг! Ҳаттоки қоринда туриб ҳам! Менга ўхшаб!..
– Тезроқ кўздан йўқотинглар! – буюрди Улуғ Бош-қош. Илонлар сирини қуёнларга овоза қилиш унинг асабига тегаётган эди, албатта.
– Биз-ку, ҳаракат қиляпмиз, – ўзларини оқладилар соқчилар, – лекин бунинг қаршилиги…
– Биродарлар! – фурсатдан фойдаланиб шивирлади Ғилай уларга, – шафқат қилинг, ахир филлар қуёнимга қўшиб мени ҳам янчиб ташлайди-ку!
– Қуёнлар сенга биродар! – жавоб қилди соқчилар уни чакалакзорнинг ичкарисига олиб кириб кетар эканлар.
– Қуёнлар! – ҳали-ҳануз қулоққа чалинарди тап тортмас қуённинг овози. – Бир қуён илоннинг оғзидан чиқиб қочиб қутулибди! Шоҳнинг ўзи айтиб берди буни!..
– Хи-хи-хи, – дафъатан Калтабақайнинг заҳархандаси эшитилди, – ўзи шивирлаб гаплашинглар деб, тағин ўзи қавмимиз сирини фош қилиб ўтирибди анови қовоқбош!
– Ярамас! – Улуғ Бош-қош Калтабақай билан пачакилашмаслик учун гапни қисқа қилди: – Банан еб кун кўрадиган маймун!
– Ҳали маймун сен аблаҳдан ёмонроқ бўлдими? – ёнғоқ дарахтининг қалин япроқлари орасидан бошини чиқариб қичқирди бир маймунча. – Бизга тинчлик берасанми-йўқми? Бир гап бўлса, дарров “маймун”, “маймун”!
Улуғ Бош-қош бошини кўтариши билан маймун қалин барглар орасига яширинди ва ҳойнаҳой, ёнғоқ чақа бошлади. Чунки ёнғоқ пўчоқлари ерга шиддат билан ёғилишга тушди… Маймунлар билан илонларнинг ўзаро муносабатлари бирмунча чигал эди. Гап шундаки, илонлар одатига кўра, маймуннинг гўшти билан озиқланиш мумкин эди. Бироқ улар жудаям сержун бўлгани ва гўшти у қадар мазали эмаслиги учун маймунларни тановул қилиш одобдан ҳисобланмасди.
Шу нуқтаи назарни Улуғ Бош-қошнинг ўзи ҳам кўп маротаба таъкидлаган, маймунлар, бир томондан, гўштининг бемаза ҳисобланганидан манфаатдорликни ҳис қилишган, бошқа томондан, ўзларининг мукаммал эмаслигига аллақандай имо-ишораларни оғриниб қабул қилган эдилар. Шунинг учун улар майда сиёсат билан шуғулланиб, илонларнинг айрим камситишларига жавобан енгил дўқ-пўписа қилиш билан кифояланишар, айни чоғда, илонлар орасида ўзларининг мазали эканлиги хусусидаги нуқтаи назарни сақлаб қолишга уринишар эди.
– Топишмоқ эшитинг! – деди Улуғ Бош-қош, қуённинг шаккокларча қичқириқларидан қолган нохуш таассуротларни изсиз йўқотишга уриниб. – Ҳазиломуз топишмоқ-да бу. Қандай қуён илон бўлиши мумкин?
Илонлар ўйланиб қолдилар. Айримлар Шоҳ бу топишмоқ ёрдамида бўлажак хоинларни қидиряпти деб ўйладилар, шунинг учун ҳар эҳтимолга қарши жимгина тураверишни маъқул кўрдилар. Бошқалар ҳақиқатга нисбатан яқинроқ мулоҳазаларини айтишга жазм қилдилар. Бироқ тўғри жавобни ҳеч ким тополмади.
– Жавобини эшитайлик, жавобини! – қичқира бошлашди илонлар.
– Яхши, – деди Улуғ Бош-қош, – мана сизга жавоб: илон ютган қуён илон бўлиши мумкин!
– Буни қандай тушуниш керак, о, Шоҳ? – ажабланиб сўрашди илонлар.
– Чунки илон ҳазм қилган қуён илонга айланади-да. Демак, илонлар – бу ўз тараққиётининг олий даражасига эришган қуёнлардир. Бошқача айтганда, биз – аввалги улармиз, улар – келажакдаги биз.
– Хо-хо-хо! – Улуғ Бош-қошнинг ҳазилига қойил қолиб кулишди илонлар. – Биз – собиқ қуёнлармиз. Қойил!
– Илмий нуқтаи назар-да бу, – камтарлик билан қўшиб қўйди Улуғ Бош-қош, илонларнинг ўзини ошириб мақташларини тўхтатиб қолиш умидида.
– Улуғ Бош-қош – бу ўз номи билан Улуғ Бош-қош! – Шоҳларининг донишмандларча ҳазилини тилга олиб, унинг беназир ақлига тасаннолар айта кетишди илонлар. Қолаверса, қуёнларни ютар эканлар, ўзлари қуёнларнинг юмшоққина териси юпқа гўштидан лаззатланибгина қолмай, айни чоғда, маълум бўлишича, қуённи ўзлаштириб, ўз даражаларига кўтаришларини ҳис қилиш илонлар учун анчагина ёқимли эди.

Филлар Сўқмоғида нималар бўлди экан?
Ғилайнинг хотирасида кам нарса сақланиб қолди. Унинг эсида қолгани, соқчи илонлар филлар пайдо бўлиб, яқинига келгунларига қадар уни ушлаб турдилар. Ўшанда ҳам қуён ичида турган ҳолда илонларга қарши курашиш кераклиги ҳақида тўхтовсиз бақириб-чақирарди.
Филлар уларни топтаб бошлаганларида лаънати қуён қочиб қутула олдими-йўқми, бунисини буткул эслаёлмайди, чунки биринчи фил устига оёқ қўймай турибоқ у ҳушини йўқотган эди.
Икки ҳафтадан кейин, Сурункали Ёмғир Мавсумида у ҳушига келди ва ўзини Филлар Сўқмоғи қошида беҳол-бемажол ётган ҳолда кўрди. Бу ерга, афтидан, қайсидир филнинг нозиктаъб хартуми томонидан итқитиб юборилган эди.
Унинг жисми бир неча жойдан топтаб ташланган ва бир кўзидан ажраган эди. Филлар босиб бир кўзини косасидан чиқариб юбордими ё кейинроқ ўзи беҳуш ётганида бир кўзини қандайдир ўлаксахўр қуш чўқидими, бунисини билмайди. Гарчи унинг аҳволида бошқа ташвишлари ҳам етарли бўлса-да, нимагадир айни масала Ғилайни қаттиқ безовта қиларди. Нимагадир Ғилай кўзининг уни ўлик деб ўйлаган ялоқхўр қуш томонидан чўқилаб ейилмаган, балки айнан филларнинг оёқлари остида топталган бўлиб чиқишини жуда хоҳларди. То очликни ҳис қилиш бошқа ҳиссиётларидан зўрроқ чиққунига қадар қандайдир қуш кўзини баайни дондек чўқилаб егани ҳақидаги фикр нимагадир уни ташвишга соларди. Шу аҳволда тағин бир неча кунни ўтказди. Кунлардан бир куни унинг ҳаракатсиз ҳолатини кўрган бир қарға… ҳойнаҳой иккинчи кўзини ҳам ўйиш учун бошига қўнганида бетамизни тутиб олишга муваффақ бўлди. Ўшандан буён у бир неча ой ягона кўзи билан осмонга тикилган кўйи ҳаракатсиз ётди. Ҳар қалай, бекор ётмади: уни ўлик деб ўйлаб қаттиқ янглишган бир неча қарға-қузғунни тутиб ейишга муваффақ бўлди.
Шу йўл билан Ғилай яна соғайиб кетди. Бу “иши” билан бошқа илонларда совуққон бир ҳайрат, Улуғ Бош-қошда эса, очиқ-ошкор норозилик уйғотди. Қавмдошлари унга бошқа тегинмадилар, аммо нафрат билан қарайдиган бўлдилар, сабаби, Шоҳ айтганидек, “ичида қуён гапирадиган илон уларга керакли илон эмас” эди.
Бечора илон бошқа илонларнинг ичида ҳам ютилган қуёнлар гоҳида гапирганини айтиб, улардан нажот қидирди, аммо бу уринишлари зое кетди.
– Буниси бутунлай бошқа нарса! – дейишди улар, – бу гипноз таъсиридаги алаҳлаш, сенинг ичингдаги қуён бўлса, онгли равишда гапирди.
Дарвоқе, қуён илоннинг оғзидан чиқиб қочиб қутулганидан ке-йин қуённи ютгач дарҳол ҳазм қилиш ҳақида махсус қонун қабул қилинганини эслатишни унутиб қўйибмиз. Мазкур қонуннинг ижроси, моҳиятан олганда, илонларнинг виждонига ҳавола эди. Чунки илон қуённи ютганидан кейин дарров ҳазм қилиб бошладими ё унинг умрини узайтириш ҳисобига тановулнинг лаззатли онларини узайтиряптими, буни аниқ текшириб кўриш амалда мумкин эмас эди.
Хуллас, бўлиб ўтган воқеалардан кейин қавмдошлари Ғилайдан ўзларини олиб қочадиган бўлиб қолдилар. Унга тегинмасдилар, ҳатто қарийб гаплашмасдилар ҳам. Ғилай бундан қаттиқ қийналарди. Чунки ҳар бир тирик жонда ўз қавми билан мулоқотга киришишга чексиз эҳтиёж мавжуд.
Айнан шунинг учун ҳам Ғилай бугун ёш илон билан ёлғиз қолганида ўзининг аччиқ тарихини ошкора ҳикоя қилиб берган эди. Ҳар қалай, биргина “касб сири”ни ёш илонга айтиб ўтирмади: у ҳозир ҳам гоҳида ўликка ўхшаб ётганича қарға овларди. Чунки бир кўз билан қуён овлаш осон эмас, гипноз кўпинча етарли даражада иш бермайди!
– Дарвоқе, – сўради ёш илон, – сиз бир кўз билан қандай ов қиласиз?
– Нимаям қилардим, – чуқур хўрсинди Ғилай, – гипноз чоғида биргина кўз анча зўриқар экан.
– Мен ҳаммасини эшитдим! – тўсатдан қуённинг овози атрофга таралди.
Ғилайнинг юраги шувиллади.
– Бу қанақаси?! – деди у овози титраб. – Сен ҳалиям тирикмисан? Сени ҳалигача ҳазм қилолмадимми?!.
– Қўрқманг! – унга тасалли берди ёш илон. – Шох-шаббалар ортида оғзимизга тушиб улгурмаган қуённинг гапи бу!
– Хайрият-э! – енгил нафас олди Ғилай. – Мен тағин ўша падар-қусур ичимда гапиряптими деб капалагим учиб кетди.
– Нимани эшитдинг ўзи? – сўради ёш илон, ортидаги қуённи кўриш умидида шох-шаббаларга синчиклаб тикилар экан.
– Мен кўпдан буён илонларни кузатиб келаман, – деди шохлар ортидаги қуён, – сиз жасур қуён ҳақидаги афсонанинг аслида афсона эмас, ҳақиқатлигини тасдиқладингиз. Бу менинг айрим илмий фаразларим тўғрилигини яна бир карра исботлаб турибди. Энди мен аниқ биламан: сизнинг гипнозингиз – бу бизнинг қўрқувимиз. Биздаги қўрқув – бу сизнинг гипнозингиз!
– Иккимизнинг қорнимиз тўқлигидан фойдаланиб қоляпсан-а! – деди Ғилай ўзининг қорнига қулоқ тутар экан.
– Йўқ, – жавоб қилди қуён, – узоқ ўйланиш ва изчил илмий текширишлар маҳсули бу.
– Шунчалик ақлли экансан, нега бировларнинг гапини яширинча эшитасан, – сўради Ғилай, – ёки сен бу ишинг одобдан эмаслигини билмайсанми?
– Мен бу хусусда ҳам кўп ўйлаб кўрганман, – жавоб қилди қуён шохлар ортига яширинган жойида, – бировнинг гапини ўғринча эшитиш пасткашлик эканини биламан. Ҳаттоки бировни жиноятчи деб шубҳаланганингда ҳам уни яширинча эшитиш керак эмас. Чунки шубҳа асосга эга бўлмаслиги, усул эса, кенг илдиз отиши мумкин. Мен айтмоқчиманки, ҳар бир яширинча эшитаётган кимса “Мен уни жиноятчи деб ўйлайман” дея ўзини оқлашга уриниши мумкин. Агар ҳақиқий жиноятчини кузатаётганингга қатъий ишонч ҳосил қилсанг, ана шундагина яширинча эшитиш мумкин ҳам шарт. Сиз илонлар эса, қотилсизлар. Сиз қотилликни ё содир этгансиз, ё содир этишга тайёргарлик кўряпсиз. Бинобарин, сиз ҳақингизда имкон қадар кўпроқ билиш – тирик қуёнлар манфаатига хизмат қилади!
– Адашмасам, мен сен ҳақингда эшитган эдим, – эслади ёш илон. – Бу сенмисан, Ўйчан?
– Ҳа, менман, – жавоб қилди қуён.
– Агар сен ўша Ўйчан бўлсанг, қани, яқинроқ кел-чи, – деди ёш илон. У, башарти зарурат бўлса, ўзини иккинчи қуённи ҳам кетма-кет ҳазм қилишга қодир деб ҳис қилмоқда эди.
– Йўқ, – деб жавоб қайтарди қуён, – мен шу топда таваккал қилолмайман. Гипнозингиз йўқ бўлганда ҳам чақиб олишингиз мумкин-да, ахир!
– Шуни англаганинг учун ҳам раҳмат, – деди Ғилай, ушбу антиқа суҳбатга енгил ҳазил-мутойиба оҳангини беришга уриниб. Лекин, барибир, у қуёнларнинг қулоғига етиши керак бўлмаган кўп гапларни беихтиёр айтиб ташлагани чатоқ бўлди. Бу ерда янги хавф-хатар ҳиди анқиб турибди. Бунинг устига, Ўйчан ўзининг қорасини кўрсатмаган ҳолда чакалакзорнинг ичкарисига жуфтакни ростлаб қолса бўладими!
– Нега қорангни кўрсата қолмадинг? – яна-да ёлвориброқ сўради Ғилай.
– Сиз ҳар бир қуёнда Ўйчанни кўринг! – қичқирди қуён. Унинг, айниқса, шу гапи бутун чакалакзорга овоза бўлди.
Энди қулайгина япасқи тош иккала илонга алланечук совуқ ва ёқимсиз туюлди. Иккалалари бир-биридан хавфли гувоҳ сифатида қутулсалар яхши бўлишини ўйладилар. Лекин иккаласи ҳам ҳужумга журъат қилолмадилар. Ёш – бунга тажрибаси, қари эса, кучи ва абжирлиги етмай қолишидан қўрқди.
– Яхши иш бўлмади-да, – вишиллади ёш илон. – Назаримда Улуғ Бош-қошга бу ерда бўлган гапларни тезроқ етказишимга тўғри келади.
– Керак эмас! – деди Ғилай. – У мени ёқтирмаслигини сен яхши биласан-ку, ахир!
– Агар сир фош бўлса-чи? – эътироз билдирди ёш илон.
– Ҳеч ким билмай қолди деб умид қиламиз, – жавоб қайтарди Ғилай.
– Сенга осон, – деди ёш илон, – сен ошингни ошаб, ёшингни яшаб бўлгансан. Менинг бутун ҳаётим ҳали олдинда… Йўқ, тезроқ етказганим маъқул…
– Лекин у ҳолда ўзингга ҳам жабр қилган бўласан-ку?
– Нега энди?
– Мен гапириб бошлаган пайтимдаёқ сен кескин рад қилишинг керак эди, – илонлар орасида қарор топган эски одатлардан бирини эслатди Ғилай.
Ростдан ҳам, ўйлади ёш илон ўзича, шундай бир одат бор-ку. У иккиланиб қолди. Қай бири фойдалироқ эканини билолмай боши қотди: бу ерда бўлиб ўтган гапларни тезроқ керакли жойга етказсинми, ё ичига ютсинми?
– Агар сир фош бўлса-чи? – сўради у ҳамсуҳбатига ўйчан боқиб. – Майли, мен жимман… Хўш, бунинг эвазига сен менга нима берасан энди?
– Мен нима ҳам бера олардим! – чуқур хўрсинди Ғилай. – Ўзим ногирон қария бўлсам… Фақат маслаҳат беришим мумкин: агар қуён тутолмай қолсанг, ўликка ўхшаб ётиб ол, ана ўшанда эртадир-кечдир бошингга қарға қўнади…
– Қарғангни бошимга ураманми! – энсаси қотди ёш илоннинг. – Мен, худога шукур, ютаман десам атрофимдаги истаган қуён оғзимда!
– Бундай катта кетма! – танбеҳ берди Ғилай. – Ҳаётда нималар бўлмайди дейсан!..
– Қарғанинг гўшти қаттиқдир-а? – кутилмаганда сўраб қолди ёш илон.
– Гўшти сал қаттиқроқ, – тан олди Ғилай, – аммо қорин оч қолганида йўқдан кўра бори-да…
– Агар сир фош бўлса-чи? – тағин иккиланди ёш илон ва ўзлари ётган тошдан пастга сирғалиб тушар экан, қўшиб қўйди: – Майли, айтмайман… Аслини олганда, аввал-бошда сен билан ҳамсуҳбат бўлмаганим маъқул эди-я… “Ичида қуён гапирадиган илон бизга керакли илон эмас” деганида Улуғ Бош-қош минг карра ҳақ экан.
Ғилайни ёлғиз қолдириб судралар экан, ёш илон чиндан ҳам ҳали қай бири фойдалироқ эканини билолмасди: етказсинми, етказмасинми? Ёшлиги туфайли у айтсамми ё айтмасам деган савол устида бош қотираётган кимса ахийри албатта айтишини тушунмасди. Чунки ҳар қандай фикр ўзидаги мавжуд имкониятларнинг қонуний маррасига етишга интилади.
Шуям ҳаёт бўлдию дея мискинларча ўйга чўмди Ғилай. Ўз қавмдошлари орасида мудом алланечук қўрқув ва иштибоҳ ичида яшаганингдан кўра ўшанда филлар чалпак қилиб ташлашгани яхшироқ бўлмасмиди?!
Ғилай шундай деб ўйлашга ўйларди-ю, барибир, дил қаърида (яъни, ошқозонининг туб-тубида!) ўзининг ҳаётдан кўз юмиб кетишини мутлақо истамаётганини теран ҳис қиларди. Ахир, мана шундай силлиққина тошда маза қилиб ётиш, зотилжамдан озор чеккан эски терисида қуёшнинг ёқимли тафтини ҳис қилиш, нима, ёмонми? Бунинг устига, қуёнхўрлик – яширишнинг нима ҳожати бор! – унга ҳали-ҳануз етарли ҳузур-ҳаловат бахш этар эди.
Ўша куни, қуёш чакалакзор устида бақувват баобаб ёхуд нимжон тилоғоч баландлигида порлоқ нур сочиб турганида, Қироллик Ўтлоғидаги Қироллик Саройига кираверишда қуёнларнинг фавқулодда қурултойи чақирилган эди.
Қирол юксак бир жойда Қиролича билан ёнма-ён ўтирарди. Уларнинг бош устида гулкарам тасвири туширилган байроқ ҳилпираб турарди.
Байроқ каттакон банан япроғидан ясалган бўлиб, унга тропик гулларнинг ранг-баранг япроқларидан ҳосил қилинган бир бош гулкарам қарағай сирачи ёрдамида ёпиштириб қўйилган эди.
Аслини олганда, ҳеч бир қуён ҳеч қачон ҳеч қандай гулкарамни кўрмаган эди. Тўғри, маҳаллий аҳолининг сирли майдонларда ишлайдиган исмлари сир тутилувчи қуёнларнинг гулкарам етиштириш бобида жиддий ютуқларни қўлга киритаётганлари хусусидаги шов-шувлар (гарчи бу шов-шувларни гоҳида махсус тарқатиб турилса-да) қуёнлар орасида ҳамиша бор эди. Якунига бир баҳягина қолиб турган тажрибалар гулкарамни барча экин майдонларига экиш имконини берган заҳоти қуёнлар ҳаёти бошдан оёқ ҳосилдорлик байрамларию фаровонлик тантаналаридан иборат бўлиб қолади, дея ўзларича умид қилардилар улар.
Байроқдаги гулкарам тасвирида ранглар уйғунлиги ўқтин-ўқтин сезиларли даражада ўзгариб қолар, қуёнлар бу ўзгаришда тарихнинг сирли, аммо тўхтовсиз ҳаракати ўзларининг фойдасига рўй бераётганини ғира-шира кўриб турардилар. Байроқдаги безакларнинг салгина ўзгаришини сезганларида ҳам улар ўзлари учун узоқ истиқболга қараб кетувчи кўтаринки хулосалар чиқарганлари ҳолда бир-бирларига маъноли бош чайқаб қўярдилар. Бу хусусда ошкора гапириш одобдан ва камтарликдан эмас деб ҳисобланарди. Тарихнинг сирли жараёнларидан далолат берувчи бу айрим ташқи аломатлар қироллик маъмуриятининг эътиборсизлиги туфайли тасодифан пайдо бўлиб қолган, деб ўйлардилар улар.
Қуёнлар фаровон келажакни муштоқлик билан кутганлари ҳолда ўзларининг одатдаги кундалик турмушлари билан машғул эдилар: атрофдаги чакалакзорларда ўтлашар, тузумлиларнинг далаларидан нўхот, бурчоқ ва оддий карамни ўғирлашар эдилар. Айниқса, оддий карамнинг хуш таъми Рангли Карам ҳақидаги орзуларни баттар алангалатарди. Улар бу маҳсулотларни Қирол саройига ҳам етказиб берардилар.
– Бугунги карамнинг таъми қалай? – оддий қуёнлар ҳосил солиғини тўлаш учун карам бошини думалатиб келиб, уни қироллик омборхонасига тахлар эканлар, гоҳида сўраб қоларди Қирол.
– Ёмон эмас, – дердилар қуёнлар сўлаклари оқиб.
– Шуни билиб қўйингларки, – дерди Қирол, – Гулкарам яратилганида сиз бу кўм-кўккина барра ўсимликка қайрилиб қарашни ҳам истамай қоласиз.
– Э Худо! – бундай гапларни эшитиб ширин орзиқарди қуёнлар. – Наҳотки ўша кунларни кўриш бизга ҳам насиб қилади?!
– Хотирингиз жам бўлсин, – дея бош қимирлатарди Қирол, – тажрибаларни кузатиб, тегишли йўналиш бериб турибмиз…
Қиролга қуёнлар қавмини қатъий итоаткорликда ушлаб туришда гулкарам ҳақидаги ширин орзулар қўл келарди.
Агар қуёнлар ҳаётида Қиролга ёқмайдиган интилишлар пайдо бўлиб қолса ва бу интилишларни оддий йўллар билан тўхтатиб қололмаса, Қирол энг сўнгги севимли воситадан фойдаланар ва, табиийки, бу восита гулкарам эди.
– Ҳа-а, – дерди у бундай вазиятларда ножўя мақсадларни кўзлаган қуёнларга, – сиз айтаётган гаплар тўғри, лекин бемаврид, чунки айнан ҳозир, гулкарам етиштириш бобидаги тажрибаларимиз якунига озгина қолган бир пайтда…
Агар ўша қуён ўз йўлидан қайтмай қатъият билан давом этаверса, бехосдан йўқолиб қолар, ана шунда қуёнлар унинг номи сир тутилгани ва махфий тажриба майдонларига жўнатилганини ўзларича тусмол қилишар эди. Бу табиий ҳам эди. Чунки у ёки бу мустақил фикр ақлли каллалардан чиқади ва бу ақлли каллалар, табиийки, аввало гулкарам етиштириш бобидаги ишларда керак бўлади.
Агар йўқолиб қолган қуённинг оиласи ўз жигарбандининг қаёққа йўқолганини сўраб-суриштириб бошласа, унга нозик қилиб қидирилаётган қуён “гулкарам гуллаётган узоқ ўлкаларда” деган тушунтириш бериларди!
Агар йўқолган қуённинг оиласи ҳам ҳақиқатнинг тагига етаман деб қайсарлик қилаверса, бундай тақдирда у ҳам йўқоларди-қоларди. Шунда қуёнлар ўзларича тусмол қилардилар:
– Оиласининг боришига рухсат берилибдими, демак, анави ўша томонларда катта олим экан-да, а?..
– Баъзиларнинг омадлари юриша қолади! – дея уф тортишарди айрим қуёнларнинг хотинлари бундай пайтда.
Қатордаги қуёнларнинг каллаларида бошқача ўйлар пайдо бўлмас эди. Чунки гўштхўр бўлмаган қуёнлар қироллигида айбдорлар жазоланардилар – қулоқларидан осиб қўйиларди – лекин ҳеч ким ўлдириб юборилмасди.
Шундай қилиб, ўша куни қуёш ботиши арафасида Қироллик Ўтлоғида Қирол билан Қиролича баланд жойда ёнма-ён ўтиришар, уларнинг бош устларида эса, гулкарам тасвири туширилган байроқ ҳавода енгилгина ҳилпираб турарди.

Салгина қуйироқда сарой қуёнлари, ёхуд, оддий халқ тилида айтганда, Ўринга Қўйилганлар жойлашган эдилар. Яна-да қуйироқда эса, Ўринга Қўйилган бўлишга Интилаётганлар, улардан ҳам пастроқдаги ўтлоқда оддийгина қуёнлар тик турар ёхуд ўтирардилар.
Қуёнларнинг фавқулодда қурултойи Ўйчаннинг ғаройиб ахбороти юзасидан чақирилганини осонгина тушуниш мумкин эди.
– Биздаги қўрқув – уларнинг гипнози! Уларнинг гипнози – биздаги қўрқув! – такрорлашарди оддий қуёнлар бу антиқа жумланинг мағзини яхшироқ чақиш умидида.
– Масаланинг нақадар дадил қўйилишини қаранг! – хитоб қилардилар улар.
– Фикрнинг мантиқ кучини айтмайсизми, – қойил қолишарди бошқалари, – худди қопчасига терилган бурчоқдек.
– О-о, қуёнла-а-ар, буёғи энди нима бўлади! – Ўйчаннинг буюк кашфиётидан ҳам хурсанд бўлиб, ҳам ваҳимага тушаётган яна бир гуруҳ қуёнлар.
Фақатгина Ўйчаннинг хотини ғала-ғовур қилаётган қуёнлар орасида туриб бир гапни қайта-қайта такрорлар эди:
– Нега айнан менинг эрим илонларнинг кирдикорларини фош қилиши керак? Қани Ўринга Қўйилган мутафаккирлар билан алломалар? Хўш, бу кашфиётнинг бизга нима фойдаси бор? Ахир, илонлар бу ерда эрим айтган гаплар учун мен билан болаларимдан қасос олишади-ку!
– Сен эринг билан фахрланишинг керак, нодон, – дейишди уни қуршаб олган қуёнлар. – У буюк қуён!
– Унинг қанчалик буюклигини мен билсам керак! Соч-соқоли оқариб бошлади-ю, шу пайтга қадар нўхотнинг япроғини бурчоқнинг япроғидан ажратолмайди!
Ҳолбуки қуёнлар Қиролига Ўйчан топиб келган гап мутлақо ёқмаган эди. У бу кашфиёт яхшиликка олиб келмаслигини ўзича ҳис қилди. Аммо, оломон руҳиятининг тажрибали билимдони сифатида барчанинг шод-хуррамлигини кўриб-билиб туриб, бу кайфиятнинг тўла равишда намоён бўлишига халақит қилмади. У ҳар қандай умумий кўтаринкилик ўзининг авж нуқтасига етишини яхши биларди. Ана шундан кейин муқаррар равишда кўтаринкилик сусайиб бошлайди ва ўша пайтдагина ўз фикрларини ошкора айтиши мумкин бўлади.
Гап шундаки, одатда оломон нимадандир хурсанд бўлаётганида у ҳар қандай хурсандчилик эртадир-кечдир тугаб битишини билмайди. Ана шунда, хурсандчилик камайиб боргани сайин, хурсанд бўлаётганлар, хурсандчилик тугаб битаётганини ич-ичдан ҳис қилиб, бунда айнан ким хурсанд қилган бўлса, ўшани айблашга мойил бўлади. Нега у бизга бахш этган хурсандчилик чексиз эмас ва бу қадар тез тугаб қолди, дея ўзини айблай бошлайди.
Аммо, мабодо, кимдир ўзининг хурсандчилик манбаига бўлган тан-қидий қарашлари билан ўша хурсандчиликка раҳна солса борми, хурсанд бўлаётганларнинг бутун қаҳр-ғазаби фавқулодда куч билан унга қарши қаратилади. Хурсанд бўлаётганлар уларнинг хурсандчиликлари аслида битмас-туганмас эди-ю, лекин манови бахил-ҳасадгўй атайин ҳамманинг ҳафсаласини пир қилди-қўйди, деб ўйлайдилар ўзларича.
Қуёнлар қироли буларнинг ҳаммасини жуда яхши билар эди ва шунинг учун ҳам жимгина кузатиб ўтирарди. Гарчи айрим яккам-дуккам шодон ҳайқириқлару бахтиёр қийқириқлар қулоқларга аҳён-аҳёнда чалиниб қолса-да, умумий хурсандчилик шиддати сезиларли даражада пасайганидан кейин қуёнлар шунга эътибор бера бошладиларки, нимагадир Қирол жимгина ўтирибди. Нафақат жимгина ўтирибди, унинг ташқи қиёфасида адашган жонларнинг беҳуда ҳовлиқишларига истеҳзоли қараш мана мен деб турибди!
Шундагина қуёнлар Ўйчаннинг кузатишлари тўғрилигига Қирол шубҳа билан қараётганини тушуна бошлади. Ўринга Қўйилганлар Қиролнинг шубҳасини биринчи бўлиб илғаб, айрим бақириқ-чақириқлар билан ўз таажжубларини изҳор қила бошладилар. Ўринга Қўйилганларнинг таажжублари ўз навбатида Ўринга Қўйилишга Интилувчилар томонидан қизғин қўллаб-қувватланди. Улар баҳамжиҳат ривожлантирилиб, Қирол томонидан текширилмаган илмий сафсатага қарши дарғазаб раддия изҳор қилиш даражасига олиб чиқилди.
Ҳа, Ўйчаннинг сўзлари замирида яширинган улкан хавф-хатарни ҳис қилганида Қирол ўзича ҳақ эди. Зотан, Қиролнинг бутун фаолияти сарой аъёнлари билан биргаликда йил фасллари, чакалакзордаги об-ҳавонинг аҳволи ва бошқа кўпгина сабабларга боғлиқ равишда қуёнлар илонлардан қанчалик қўрқишлари ва муқаррар хавф-хатарни теран ҳис қилишлари кераклигини аниқлаштириб беришдан иборат эди.
Энди кутилмаганда қуёнларни бошқаришнинг йиллар мобайнида моҳирлик билан ишлаб чиқилган тизими емирилиши эҳтимолдан холи эмас эди. Чунки қуёнлар, қарангки, гипноздан қўрқмасликлари керак эмиш!
Қирол фақатгина умид (гулкарам) ва қўрқув (илонлар) ёрдамидагина қуёнлар ҳаётини оқилона бошқариш мумкинлигини яхши биларди. Аммо биргина гулкарам билан иш битириб бўлмайди. Буни Қирол яхши тушунар эди. Шунинг учун бутун давлат аҳамиятига молик ақлини жамлаб, қуёнлар ҳузурида нутқ ирод қилди.
– Қуёнлар, – дея оҳистагина гап бошлади у, – биласизлар, мен кўпни кўрган қиролман. Мана, Худога шукур, қарийб ўттиз йилдан буён тахтда ўтирибман ва шу вақт мобайнида бирон марта илоннинг оғзига тушганим йўқ. Бу ҳол сизларга баъзи нарсалардан далолат берса керак?
– Сенга ҳаммасини таппа-тайёр ҳолда саройга олиб келиб беришларидан далолат бу! – қичқирди оломон орасида қандайдир бетгачопар қуён.
Тўғри, ким гапираётганини аниқлаш мушкул, чунки аллақачон қоронғилик чўккан эди. Ўринга Қўйилганлар ва, айниқса, Ўринга Қўйилган бўлишга Интилганлар оломон орасида қичқиришга журъат қилган шартаки қуённинг унини ўчиришга тушдилар.
Қирол сарой аъёнларига таҳдидли бир қараб, етарли ёритқичлар билан халқнинг кўнглини чароғон қилишни буюрди. Бунга қадар ичи ёнар қўнғизга тўлдирилиб, рангсиз чақичдан шиширилган шишалардан атиги бир нечтагинаси Қироллик Саройига киравериш, Қирол билан Қиролича ўтирган юксакликнигина ёритиб турган эди.
– О, Қирол, – кокосдан ясалган идишдаги ёнар қўнғизларни шишаларга тўкар эканлар, сарой аъёнлари шивирлаб эслатдилар, – ахир сиз ўзингиз бизга тежашни ўргатгансиз-ку!
– Фақат тузумимиз манфаатлари ҳисобига эмас, – қарийб шивирлаган ҳолда жавоб берди Қирол. Сўнг бошқа аъёнлар Қироллик Ўтлоғининг турли бурчакларига ёритқичларни ўрнатиб бўлгунларига қадар оломонни жимгина кузатиб турди. Кўнгли тўлиб, дили равшан бўлди, шекилли, энди Қирол ўз фуқароларига мурожаат қилди: – Қуёнлар! Ўйчаннинг хатосини кўрсатишдан аввал сизга бир неча савол бермоқчиман.
– Қани, эшитайлик! – қичқиришди қуёнлар.
– Қуёнлар! – Шундай дея Қиролнинг овози беихтиёр титради: – Сиз бурчоқни яхши кўрасизми?
– Яхши кўрмай бўладими! – жўровоз бўлиб жавоб бердилар қуёнлар.
– Ям-яшил, янги, эндигина узилган нўхотларни-чи?
– Гапга не ҳожат, Қирол! – оҳ тортишди қуёнлар, – ширин хотираларимизни қўзғаб сўлагимизни оқизма!
– Барра карамни-чи? – Қирол шафқатсизлик билан авжига чиқди. – Еганда қирсиллайдиган, диркиллаб турган, хуштаъм карамни тановул қилишни севасизми?
– Оҳ-оҳ-оҳ! – кўзлари ёниб хитоб қилди қуёнлар, – ярамизга туз сепма, Қирол!
– Шундай бўлганидан кейин, – умидворлик ўтида жизғанак қуёнларга тикилган ҳолда гапида давом этди Қирол, – энг асосий масалага ўтмоқчиман: ораларингизда ким нўхот, карам, ловияни парваришлаб етиштиради ўзи?
Анча вақтгача таажжуб зуҳур кўрсатган жимлик ҳукм сурди.
– Ахир, Қирол, – қичқириб бошлади қуёнлар, – бу иш билан маҳаллий аҳоли шуғулланишади-ку!
– Демак, бугунги кундаги (гулкарам билан боғлиқ эртанги кунга нозик ишора эди бу!) энг ажойиб истеъмол маҳсулоти тубжойлиларга тегишлими?
– Афсуски, шундай, – жавоб беришди қуёнлар.
– Хўш, сиз бу маҳсулотларни қай йўл билан қўлга киритасиз? – саволни саволга улади Қирол.
– Ўғирлаймиз, – ҳайрон бўлган ҳолда жавоб қилишди қуёнлар, – шуниям билмайсизми?
– Менимча, бу жудаям кескин айтилган гап! – тузатди Қирол. – Тўғрисини айтадиган бўлсак, “ортиқчасини ўзлаштирамиз”… Сиз ахир тузумлиларга нимадир қолдирасиз-ку, тўғрими?
– Қолдиришга мажбур бўламиз-да! – жавоб қилишди қуёнлар.
– Энди энг асосий фикрга ўтаман, – эълон қилди Қирол
– Сен энг асосий фикрга бир марта ўтган эдинг! – қичқирди оломон орасидан яна бир шартаки.
– У биринчи энг асосий фикр эди, энди иккинчиси, – деди Қирол ўзини йўқотиб қўймасдан. – Илонларнинг қуёнларни ютиши – бу даҳшатли ноҳақлик, шундай эмасми?!
– Ҳамма гап шунда-да, – қичқиришди қуёнлар. – Ўйчан айнан шу гапни айтяпти-ку!
– Ҳа, – давом этди Қирол, – бу қуёнларга нисбатан ўтакетган ноҳақлик ва биз ўз ақлимиз етган воситалар билан унга қарши курашяпмиз. Тўғри, бу даҳшатли ноҳақлик эвазига биз кичкинагина, аммо ғоят ёқимли ноҳақликдан фойдаланамиз: маҳаллий халқ етиштирган ажойиб истеъмол маҳсулотларини ўзлаштирамиз. Энди, гарчи ҳали мутлақо исботланмаган бўлса-да, бир лаҳза Ўйчан ҳақ деб тасаввур қилиб кўрайлик! Фақат тасаввур қиламиз. Гипноз, маълум бўлишича, йўқ! Қаёққа хоҳласангиз, шуёққа қараб сакранг, қуёнлар! Тасанно, тасанно, Ўйчан! Аммо шундан кейин нима бўлади? Ўйчаннинг гапидан чиқадиган хулоса, модомики қуёнларга нисбатан даҳшатли ноҳақлик бартараф этилган экан, демак, қуёнлар ҳам, табиийки, биз учун ёқимли, лекин тубжойлиларнинг экин майдонларига нисбатан содир этаётган ноҳақлигимизга ҳам чек қўйишга тўғри келади.
– Ўйчан бундай демаяпти-ку! – жўр бўлиб қичқиришди қуёнлар.
– Қани кафолат? – сўради Қирол. Сўнг яқинида турган ва гапларини бамайлихотир эшитаётган Ўйчанга кўз тикди.
Гипноз ҳақидаги ахборотидан кейин у тепаликда қолган эди. Чунки Қирол, бир томондан, ҳеч ким ўзини норози экан деб ўйламаслиги учун, бошқа томондан, Ўйчанни узоқ кузатиш, унинг қиёфасини ўрганиш ва фавқулодда таъсир кучини шу йўл билан ўз-ўзидан камайтириш учун шундай илтифот кўрсатган эди.
Ўйчан жим эди, бироқ унинг ташқи қиёфасида Қиролнинг саволларидан довдираш аломатлари мутлақо йўқ эканлиги сезилиб турарди.
– Хўш, сен нима дейсан? – тағин Ўйчанга мурожаат қилди Қирол. У пайсалга солмай ҳозирнинг ўзидаёқ Ўйчанни буткул фош қилиб ташлашни истар эди.
– Мен кейинроқ ҳамма саволларга бирйўла жавоб бераман, – хотиржам жавоб қилди Ўйчан, – майли, Қирол гапида давом этаверсин.
– Яхши, – гарчи ич-ичдан ғазабланган бўлса-да, сир бой бермай мийиғида кулди Қирол. Ўйчан айёрона топқирлик билан унинг зарбасига чап бермагани, балки айрим жузъий масалаларга беҳуда вақт кетказмасликни нодонларча хоҳлаётгани унинг ғазабини қўзғаган эди.
– Давом этайлик, – деди Қирол. – Илонларнинг қуёнларни еб қўйиши даҳшатли ноҳақлик, албатта ва биз қурбонлар сонини имкон қадар камайтириш чораларини кўрмоқдамиз. Лекин нега бу масаланинг фақат қора томонини бўрттириб кўрсатиш керак? Ҳаёт бу ҳаёт! У баъзан кутилмаган мукофотларни бизга туҳфа этиб туради-ку. Масалан, сиз илонга дуч келдингиз-да, даҳшатга тушдингиз. Хўш, нима қилибди? Маълум бўладики, у Калтабақай. Роса бананга тўйиб олгани учун ютиш тугул сизга қайрилиб қарашга ҳам ҳуши йўқ. Яна биримиз илонга дуч келамиз. Яна даҳшатга тушамиз. Хўш, кейин-чи? Маълум бўладики, у Ғилай экан. Сиз бемалол қутулиб қоласиз. Чунки унинг сўқир кўзи тарафида турганингиз учун у сизни кўрмай ўтиб кетаверади. Қуёнлар, ака-укалар ва опа-сингиллар! Ҳаётнинг бундай туҳфаларидан кўз юмиб бўлмайди-да! Ўйлаб қарасангиз, табиатда ҳаммаси ўзаро боғлиқ. Агар муқаддас учлик (нўхот, ловия, карам)дан биз оладиган беқиёс лаззат илонлар олдида бошимиздан кечирадиган қўрқув ҳиссига бевосита боғлиқ бўлса, бунисига нима дейсиз? Бу қўрқув ҳисси бўлмаса табиатнинг жамики хушбўй-хуштаъм неъматлари иттифоқо баайни зарангдек қаттиқ ва ёқимсиз туюла бошласа-чи?
– Даҳшат-ку бу, – хитоб қилди қуёнлар, – у ҳолда яшашнинг нима қизиғи бор!
– Бас шундай экан, – гапида давом этди Қирол, ўз нутқига ўзи қойил қолиб, – келажакдаги гулкарамни орзу қилишни ҳам буткул йиғиштириб қўямизми? Бу борадаги тажрибаларни назорат қилиш ва кучайтиришни ҳам бас қиламизми?!
– Бу фожиа-ку, фожиа, фожиа, – табиатан ўта таъсирчан қуёнлар беихтиёр оҳ чекишди. Гарчи биз шу икки ўртадаги ўхшашликни атайин қидирмаётган бўлсак-да, айни шу таъсирчанликдан илонлар ҳам, буёғини сўрасангиз, Қирол ҳам усталик билан фойдаланишарди.
– Келинг, қуёнлар, – тағин гапида давом этди Қирол йиғилганларга донишмандларча ўткир нигоҳ билан қараб, – очиқчасига гаплашайлик, ахир бу ерда ўзимиз-ку… Тан олинг, сиз кечқурун ўз инингизга қайтиб бориб, хотинингиздан қайсидир қуённи илон ютиб юборганини эшитганингизда ўлган биродарингизга мотам тутиш билан бирга ўз уянгиз хавфсизлигию бу шинам бошпанангиз файзи-тароватини фавқулодда куч билан ҳис қиласизми?! Гўзал жуфтларингизнинг нафис баданини ялаб-юлқашнинг роҳат-фароғатини-чи?! Яна яқинлашиш, яқинлашиш (бу ерда балоғат ёшидаги қуёнлар, бинобарин, очиғини айтаверсам бўлади), иссиққина, дейман, ёқимтойгина аёлингизга яқинлашиш-чи?!.
– Ҳа, ҳа, – қизғин маъқуллашди қуёнлар, – очиғини тан олишга уяласан-у, лекин тўғрисиям шу-да!..
– Уялишнинг ҳожати йўқ, азизлар! – хитоб қилди Қирол. – Ахир, сиз бунинг ўзини алоҳида эмас, ўлган биродарингиз қайғуси билан биргаликда ҳис қиласиз-ку, тўғрими?!
– Ҳамма гап шунда-да, – жавоб қилишди қуёнлар, – ҳаммаси қандайдир аралаш-қуралаш, айқаш-уйқаш бўлиб кетади…
– Шунақада!.. – кутилмаганда “Топқир” лақабли қуён бор овоз билан қичқирди. У Ўринга Ўтирган Бўлишга Интилувчилар орасида эди. Унинг шаккокларча қичқириғини ҳамма эшитди-да, орага ноқулай бир жимлик чўкди. Зотан, у кимсан Қиролнинг сўзини бўлишга журъат қилган эди. Табиийки, Қирол хўмрайди.
– Шунақада!.. – Топқир, афтидан, нима қилаётганини яхшироқ англаб етмаган ҳолда омманинг таажжубига парво қилмай тағин қичқирди.
– Нима “шунақада”? – ахийри унга таҳдидомуз савол ташлади Қирол.
– Шунақада аждодларимиз нима бўлади? – тап тортмай саволга қарши савол берди Топқир. – Ахир, мабодо Ўйчан ҳақ бўлса, илонлар оғзида қаҳрамонларча ҳалок бўлган барча аждодларимиз, ўз-ўзидан келиб чиқадиган хулоса, аҳмоғ-у қўрқоқ бўлишган экан-да, а? Улар кўрсатган жасоратлар бемаъни бўлган экан-да, а?..
– Ўринли гап! – деди Қирол бирдан шаштидан тушган ҳолда Топқирга бош чайқаб, Ўйчанга қайта кўз тикар экан. – Қани, сен бунга нима дейсан?
– Мен ҳамма саволларга кейинроқ биратўла жавоб бераман, –бамайлихотир деди Ўйчан, – Қирол давом этиши мумкин…
– Ўзига бино қўйишини қара-я! – Қиролича жаҳлини босолмай Ўйчан тарафга қараб бурнини жийирди.
– Ҳозирча гапим тамом, – деди Қирол. – Бир гапни қўшимча қилишим мумкин: буни ҳаёт дейдилар. Модомики, Худо қуённи яратган экан, у айнан қуённи назарда тутиб яратган.
Қирол нутқининг якунида ажойиб емишлар шарафига гулдурос қарсаклар янгради. Бу қарсаклар гулдуроси остида Ўринга Қўйилганлар орасидан Қирол шаънига қичқириқлар ва Интилувчилар орасидан Қиролга офарин-олқишни ифодаловчи ҳуштакбозликлар ўқтин-ўқтин эшитилиб турди.
Одатдагидек, буюк учликка энг кўп шон-шарафлар айтилди. Айрим жузъий қўшимчалар ҳам бўлдики, буларнинг орасида энг кўп айтилгани “Камтарин сабзига ҳам шон-шарафлар!” эди.
Алоҳида таъкидлаш керак бўлади: ҳар бир қуён қарсак чалар экан, шахсан ўзи ажойиб емишларнинг қуёнлар билан мустаҳкам иттифоқи ғоясини қўллаб-қувватлаётганига ишончи комил эди. Айни чоғда, у бошқалар нафақат бу иттифоқни, балки Қиролнинг бутун нутқини олқишлаяпти, деб ўйлар эди. Модомики, ҳамма шундай ўйлаб, ўз қарсакларининг худбинларча моҳиятини тан олишни одобдан эмас деб ҳисоблар экан, улар ўз қарсакларининг худбинлик ифодаси эканини яшириш ва умумий олқишларга қўшилиб кетиш учун ҳаракат қилар, шунинг учун жон-жаҳдлари билан қарсак чалардилар. Шахсий қарсакларнинг мўъжазгина ҳиссалари қўшилиб қуёнлар жамоатчилиги фикрининг қудратли ҳаракатлантирувчи кучига куч қўшар эди.
– Нутқим қалай бўлди? – сўради Қирол Қироличадан, унинг ёнига ўтириб, қуёнларнинг оташин олқишларига жавобан оҳиста бош чайқар экан.
– Чинакам қаҳрамонлик кўрсатдинг, жонгинам, – деди Қиролича ва Қиролнинг юзидаги терларини карам япроғи билан авайлабгина артиб қўйди.
– Топқир ўзини кўрсата олди, – деди Қирол ва у томонга қараб бош ирғаб қўйди.
Қиролича Топқирга кулиб қаради ва енгилгина имлаб чақирди. Топқир югургилаб келиб унинг олдида тошдек қотди. Қиролича табассум билан ҳалигина Қиролнинг юзидаги терлари артилган карам япроғини унга туҳфа қилди. “Ейишинг мумкин” деди унга. Бу олиймақом илтифот, аслини олганда, Ўринга Қўйилганликнинг аниқ-равшан аломати эди.
– Ҳеч қачон! – туҳфани бажонидил олар экан, жўшиб хитоб қилди Топқир. – Мен буни Сизнинг улуғ илтифотингиз рамзи сифатида асраб қўяман.
– Ихтиёринг, – деди Қиролича ва аёлларга хос қизиқиш билан Топқирга тикилиб қаради. Аёлга унинг ёқимтойгина ташқи қиёфаси, айниқса, ўт чақнаб ўйноқлаган кўзлари ёқди. Бу кўзлар аёл зотида ундан худди шундай ўйноқи кўзли кичкинтойгина қуёнча орттириш иштиёқини уйғотувчи нимадир борлигини ифода этарди.
Ҳамма жим бўлгач, бутун машварат давомида ўз қавмдошларининг кўз олдида қаққайиб турган Ўйчан, ниҳоят, тилга кирди.
– Мен охиридан бошламоқчиман, – деди у дабдурустдан. – Қуён бўлганимдан кейин, илоннинг ғамини ейиш менга мутлақо кераги йўқ. Марҳамат қилиб ўз табиати ҳақида илоннинг ўзи бош қотираверсин!
– Хўш, сен нима деб бош қотирасан? – истеҳзоли гап қўшди Топқир ва Қироличага кўз тиккан кўйи карам япроғини ўпиб қўйди. Қиролича яна бир марта унга табассум ҳадя этди.
– Бу Топқир бало экан, – деди у.
– Ўринга Қўйилган деб ҳисоблайвер уни! – деди Қирол диққатини нотиқнинг гапларига қаратаркан ва шу сабабли мазкур илтифот Топқирга бироз аввал кўрсатилганини тамоман унутиб.
“Эркакка сездирмасдан қанча кўп ишларни қилиш мумкин, – деб ўйлади Қиролича ўзича, – агарда эркакнинг бутун фикри-зикри жамоат ишларига қаратилган бўлса!”
– Майли, ўзим ҳақимда гапирай, – деди Ўйчан, – модомики илон ўз табиати ҳақида қайғуришга ҳақли экан, қуён ҳам бунга тамомила ҳақлидир. Қуён табиатининг моҳияти эса, шундайки, у илонлар томонидан ютиб юборилишини мутлақо истамайди. Биз қуёнлар илонларсиз ҳам яшай оламизми?
– Яшаганда қандоқ! – хитоб қилди қуёнлар. – Яшаганда ҳам маза қилиб яшар эдик-а!
– У ҳолда айт-чи, – ўрнидан сапчиб турди Қирол, – нега Худо илонни яратди?
– Билмадим, – деди Ўйчан, – эҳтимол ўша пайтда кайфияти чатоқроқ бўлгандир. Эҳтимол у худди карамни биз роҳат-фароғатнинг нима эканини билишимиз учун яратганидек, илонни даҳшатли азоб-уқубатнинг нима эканини ҳис қилишимиз учун яратгандир.
– Бу гапинг тўғри! – қичқиришди илонлар. – Илон – азоб-уқубат, карам – роҳат-фароғат!
– Нима, нўхот билан бурчоқ роҳат-фароғат эмасми? – қуёнлардан бири шунақанги безовталаниб эслатдики, гўё бу хусусда ўз вақтида эслатилмаса, ушбу тансиқ таомлар қуёнлар истеъмолидан буткул чиқариб ташланадигандек.
– Давом этаман, – деди Ўйчан. – Шундай қилиб, модомики Худо илонни қандай бўлса шундайлигича яратган экан, мени ҳам қандай бўлсам шундайлигимча яратган. Ва мен ўйланиб қолган эканманки, демак, менинг қуёнлик табиатимга ўйлаш қобилияти мутлақо бегона эмас. Ўзимда мавжуд фикрлаш қобилиятимни ривожлантириб кўп кузатдим, тингладим, текширдим… Ҳаёт, Қиролимиз такрорлашни хуш кўрганидек, улуғ мураббий. Айнан у менинг бугунги хулосаларимга келишимга туртки берди. Кунлардан бир куни мен илон билан юзма-юз келиб қолдим. Шу пайт гипноз мушакларимни таранглаштириб бошлаганини сездим. Қўрққанимдан ҳушимни йўқотиб қўйдим. Озгина ўтиб ўзимга келсам, не кўз билан кўрайки, воажаб, мени ютиши керак бўлган илон думини биланглатганча кўз олдимда кетиб боряпти. Синчиклаб қараб Ғилайни танидим. Афтидан, у кўрмас кўзи томонида турганимда мени кўрмай бепарво ўтиб кетаверган. Шу аснода, гарчи аниқ-тиниқ шамойил касб этмаган бўлса-да, миямга антиқа бир фикр келди: уларнинг гипнози – бизнинг қўрқувимиз. Бизнинг қўрқувимиз – уларнинг гипнози!
– О, олижаноб соддадиллик! – хитоб қилди Қирол ўрнидан сапчиб туриб қуёнлар оммасига мурожаат қилар экан. – Ахир, мен сизга Ғилай ёки Калбатақай билан учрашиб қолишдек бахтли тасодиф ҳақида айтмаганмидим?
– Ҳа, ҳа, айтган эдингиз, – Ўйчаннинг сўзларида қандайдир жозибали, аммо ўта ташвишли ҳақиқат, Қиролнинг сўзларида эса, зерикарли, аммо алланечук юпатувчи ҳақиқат борлигини ҳис қилиб жавоб беришди қуёнлар.
– Ҳамма гап шундаки, – деди ҳаяжонланиб Ўйчан, – мен гипнознинг барча аломатларини ҳис қилдим, илон бўлса, мени кўрмади-сезмади ҳам! Демак, мен ўз қўрқувим билан ўзимни гипноз қилганман!
– Нақадар содда, лекин буюк ҳақиқат! – дея омма орасидаги бир қуён ўз бошига ўзи қаттиқ мушт уриб йиқилди-да, шу заҳоти жон таслим қилди. Унинг бечора калласи бу соддагина фикрнинг салмоғини кўтаролмаган эди.
Издиҳомда айни жузъий воқеага боғлиқ ғала-ғовур кўтарилди, лекин у машваратнинг давом эттирилишига монелик қилолмади. Ўйчан келтирган мисолнинг ишонтириш кучи, берилган қурбонга қарамай, қуёнларга битмас-туганмас шодлик бахш этган эди.
– Янги таълимотнинг биринчи мевасини кўринг! – заҳарханда билан хитоб қилди Топқир ақли ошганини кўтаролмай ўлиб қолган қуённи олиб чиқишар эканлар. Лекин унинг гапига ҳеч ким эътибор бермади.
– Тасанно! Офарин! Олқиш! – қичқирардилар қуёнлар. – Яшасин халоскоримиз!
– Буни ҳали исботлаш керак! – ҳайқирди Қирол тағин ўрнидан сапчиб туриб. – Нега ўзини ўзи гипноз қилганига бу қадар ишонч билан қарайди у?! Фақат Ғилай уни кўр кўзи билан кўролмай ўтиб кетгани учунми? Қани менинг Олимим чиқиб Ўйчанга тушунтириб берсин-чи, илмий нуқтаи назардан қаралганда нима бўлган ўзи?!
Бу гапдан кейин қуёнлар аста-секин ҳовурларидан тушдилар ва Ўринга Қўйилганлар орасидан Бош Олим чиқиб, жимлик сақланишини кутиб турди-да, ниҳоят, деди:
– Албатта, Ўйчаннинг ахбороти муайян илмий аҳамиятга молик…
Қуёнлар унинг бу гапига гулдурос қарсаклар билан жавоб қилдилар.
–…Гарчи бизнинг йиғилишимиз алламаҳалгача чўзилиб кетган бўлса-да, – давом этди Бош Олим, – муайян хулосалар чиқаришга ҳали анча эрта. Хўш, Ўйчаннинг Ғилай билан ёхуд бизнинг илмий тилимизда айтганда, бир кўзи кўриш қобилиятини йўқотган илон билан тўқнаш келганида аслида нима бўлган эди ўзи? Афтидан, бизнинг қадрдон ҳамкасбимиз Ўйчан, ҳаммамизнинг бахтимизга, илоннинг кўролмайдиган тарафида туриб унинг назаридан четда қолиб кетган. Фақат шунинг учунгина у тирик қолган. Чунки ҳаракатдаги кўзнинг ҳалокатли гипноз нурлари бизнинг севимли ҳамкасбимиз турган томонда эмас, тескари томонда бўлган. Бу ҳол унга гипноз хусусида шундай юзаки хулоса чиқаришига асос бўлиб хизмат қилган…
– Қанақанги ақли калталарни олим деб ушлаб туришади-я! – пўнғиллади Қирол Олимнинг гапларини эшитиб ва гўё уни маъқуллаган бўлиб бош чайқар экан.
– Йўқ, сиз янглишасиз, азиз ҳамкасбим, – давом этди Олим. – Гипноз ҳали-ҳануз душманларимизнинг даҳшатли қуроли бўлиб турибди. Фақат бизнинг олимларимиз томонидан Қиролимизнинг шахсан иштирокида ишлаб чиқилган Кўпайиш Жадвалига оғишмай амал қилсаккина биз илонлар устидан ғалаба қозона оламиз. Кўпайиш Жадвалини ёдда тутинг ва уни ўқиб-ўрганинг! Ана шундагина биз қуёнларнинг келажагимиз гулкарамга муносиб бўлади!
Қуёнларга Олимнинг нутқи ҳам айни ҳақиқатдек эди. Лекин кўпчилик ич-ичдан Ўйчанга мойиллигини ҳис қиларди.
Дарвоқе, Кўпайиш Жадвали хусусида. Унинг моҳияти шундай эдики, қуёнлар илонларга нисбатан жадалроқ кўпайишар эканлар, демак, қуёнлар илонларга нисбатан қанчалик кўп бўлсалар, ҳар бир алоҳида олинган қуённинг илонга ютилиш хавфини шунчалик камайтирадилар. Мазкур жадвалдан келиб чиқадики, келажакда ҳар бир қуённинг илонга ютилиш хавфи тобора камая бориб, нолга интилади, ахийри унга етиб боради, ҳатто ўтиб кетади ҳам! Шунинг учун қуёнлар кўпайишни жуда яхши кўрар эдилар.
Лекин қуёнларнинг шу топдаги кайфияти Ўйчаннинг фойдасига хизмат қилар эди. Буни кўриб-сезиб турган Қирол йиғилишнинг давомини бошқа бирон қулайроқ кунга кўчиришга қарор қилди. Шу мақсадда у кўпчиликка сездирмай Сарой Ёритувчисини сўзга чиқишга буюрди.
– Қуёнлар! – хитоб қилди Сарой Ёритувчиси. – Вақт алламаҳал бўлиб қолди. Ёритқичлар бирин-кетин ўчяпти. Ёнар қўнғизларни озиқлантириш керак…
– Ҳечқиси йўқ! – қичқирдилар қуёнлар бу гапларга жавобан. – Ўрмонда нима кўп – ёнар қўнғиз кўп! Керак пайтида истаганингча йиғиб берамиз!..
Машваратни давом эттириб, сўзни тағин Ўйчанга беришга тўғри келди.
– Қуёнлар! – деди Ўйчан. – Олимимиз одатдагидек аҳмоқона гаплар қилди. Мен яна айтаман, гипноз мутлақо йўқ нарса. Ўзингиз ўйлаб кўринг, Бақалар Ботқоғида нечта бақа бор? Шу ботқоқдан уззукун у ёки бу илон судралиб ўтади. Агар илон гипноз қудратига эга бўлганида, илоннинг ютиш хоҳишидан қатъи назар, хушини йўқотган ўнлаб бақалар унинг йўлига “мана мен” деб чиқаверган бўлар эди-ку? Бақалар шундай бўлсалар, сувдан ризқини терувчи қушлар илоннинг ортидан ғужғон ўйнаб қолмасмидилар?
Сиз яхши биласизки, ҳеч бир бақа илонни кўриб ҳушини йўқотмайди ҳам, ҳеч бир қуш илонга эргашмайди ҳам!
– Тўғри, тўғри! – қичқиришди қуёнлар. – Бу мисоллар ҳам яққол кўрсатиб турибдики, Ўйчан ҳақ: бизнинг қўрқувимиз – илонларнинг гипнози. Уларнинг гипнози – бизнинг қўрқоқлигимиз.
Қуёнлар шовқин-сурон кўтаришиб ўз муносабатларини билдиришар эканлар, Қирол Ўринга Қўйилганлар сафидан Қари Донишманд Қуён мансабидаги қуённи ҳузурига чақиртирди.
Бу қуённинг мансабга миниши анчагина қизиқ бўлган эди. Қирол Саройи қошида Сабзи дарахти ўсар, унинг меваси сабзига жуда ўхшаб кетар эди. Гарчи Сабзи дарахтининг мевасини еб бўлмаса-да, қуёнлар, одатда, байрам тантаналарида ундан безак сифатида фойдаланишар, Сабзи дарахтининг ўзи эса, қуёнлар томонидан муқаддас дарахт сифатида эъзозланарди.
Вақти-вақти билан Сабзи дарахтидан унинг сабзисимон меваси тўкилиб турарди. Айтиш керакки, анча салмоқли. Меванинг тўкилиш пайтида дарахт тагида турган қуёнларнинг оғир шикастланиш ва ҳатто ўлиш ҳоллари ҳам рўй берган. Кунлардан бир куни айни шу қуён Сабзи дарахтининг тагида турганида мева унинг бошига келиб тушибди.
Бечоранинг мияси чайқалибди. Бу қуёнлар қавми орасида мия чай-қалиш хасталигининг биринчи маротаба қайд этилиши экан!..
– Мия чайқалиши?! – мисли кўрилмаган касал номини эшитиб ажабланди ўшанда Қирол.
– Ҳа, мия чайқалиши! – тасдиқлашди табиблар.
– Демак, чайқаладиган нарса бор экан-да? – аниқлаштирди Қирол.
– Демак, бор экан, – тасдиқлашди табиблар.
– Тузалганидан кейин уни Қари Донишманд Қуён лавозимига тайинлаймиз, – фармон берди Қирол. Дарҳақиқат, бу оддийгина қуён соғайганидан кейин дарров Ўринга Қўйилганлар қаторига ўтди-қолди.
– Энди гапирасан! – тантана қилаётган қуёнлар оммасини тундлик билан кузата туриб унга буюрди Қирол.
– Менимча, фойдаси йўқдир-ов, ишлар пачава! – деди кўпни кўрган Қари Донишманд Қуён.
– Бир ҳаракат қилиб кўриш керак! – тағин буюрди Қирол. Айни чоғда Қирол Саройини қўриқлаш гуруҳининг бошлиғига, башарти ғалаён қўзғалган тақдирда чиқиб қочиш учун яширин йўлни ҳозирлаб қўйишни буюрди.
– Биласизлар, мен қари донишманд қуёнман, – деди Қари Донишманд Қуён. Айтиш керакки, у қисман ҳақ эди. Чунки мазкур мансабга тайинланганидан буён у қариб улгурган эди. – Мени донишманд қилган муқаддас Сабзи дарахти билан қасам ичиб айтаманки, Ўйчаннинг сўзларида…
Шундай дея қараса, қуёнларнинг бақир-чақирлари даҳшатли даражага етибди. Уларнинг айни лаҳзалардаёқ Қиролни тахтдан ағдариб, ўрнига Ўйчанни сайлагудек важоҳатлари борга ўхшайди…
– Ўйчаннинг сўзларида, – такрорлади у қуёнларнинг авжига чиқаётган қийқириқлари орасида ўз овозига жой топишга уриниб, – жуда катта ҳақиқат бор…
– Ура! – баттарроқ қичқиришди қуёнлар. Бу қичқириқлар ҳаттоки Ўринга Қўйилганларнинг безовталаниб чалган ҳуштакларини ҳам босиб кетди. Агар тўнтариш бўлса, биринчи галда улар шу ҳуштакларига яраша таъзирларини ейишлари аниқ. Лекин Интилувчилар нимагадир жим ўтиришарди. Ҳатто улар ўзларини умуман ҳеч қандай интилишга эга бўлмагандек кўрсатишга урина бошлаган эдилар. Айримлари гўё табиий эҳтиёжлари юзасидан бориб келишлари керакдек бутун умр интилиб етишган жойларини ошкора ташлаб кета бошладилар. Қайтиб келиш чоғида эса, оддийгина қуёнлар орасида ўзларининг эски қадрдонларини бехос кўриб, улар билан узоқ-узоқ гурунглашиб, анчагина ушланиб қола бошладилар.
– Қирол айтган гапларда, – давом этди Қари Донишманд Қуён, – у қадар…
Шу пайт нимагадир қуёнлар оммаси кутилмаганда жим бўлиб қолди. Қари Донишманд Қуён Қиролга қаради ва юраги шувиллаб ўйланди: агар қирол қайта сайланмаса-чи? Оломон қаттиқ ғалаёнга тушганида у Қиролдан кучлироқ туюлган эди. Энди у жим қолганида, аксинча, Қирол яна кучлироқ туюлди. Шунинг учун у ўзи ҳам кутмаган ҳолда нутқини шундай якунлади:
– Ҳақиқат жуда кўп!.. Аммо, айт-чи, Ўйчан, агар сен ҳақ бўлсанг ва илонлар қилаётган ноҳақлик барҳам топса, бизга илоҳий учлигимиз: нўхот, бурчоқ, карамни кўнглимиз тусаганча истифода этиш масаласини ҳал қилиб берасанми ўзи?
– Ҳа, ҳа, – қичқиришди қуёнлар, – шу ҳаёт-мамот масаламизни ҳал қилиб берасанми?..
Ўйчан ўзи мансуб халққа тикилиб қолди ва ҳеч нима деёлмади. Шу асно оддий қуёнлар қўл ушлашиб ер тепинар эканлар, такрорладилар:
– Муаммони ҳал қил-да, ўғирлик қилишга рухсат бер! Ўғирлик қилишга рухсат бер-да, муаммони ҳал қил!
Ўйчан тағин жим тураверди. Нима қилишини билолмай боши қотиб ўтирган Қиролнинг кўз олдида дафъатан умид учқунлари чақнади.
– Қуёнлар, – ниҳоят Ўйчан тилга кирди, – мен сизга бош муаммомизни ҳал қилиш йўлини баҳоли қудрат кўрсатиб турибман: илонлардан қўрқмаслигимиз керак! Шундан кейин нима бўлади, мен бу хусусда фақат тахмин қилишим мумкин, холос.
– Қаранг-а, у фақат тахмин қилар эмиш! – беихтиёр ғазабга минди Қиролича ва карам япроғини жаҳл билан йиртиб, нарироққа отди.
Интилувчилар япроқнинг қаерга бориб тушганини эслаб қолишга уринганча Қироличанинг дарғазаб истеҳзосини қўллаб-қувватлаб қийқиришди.
– Тағин бу бизга қандай яшашни ўргатмоқчи бўляпти-я! – хитоб қилди “Топқир” лақабли қуён. У ўз овози аниқ эшитилиши учун жўрттага қуёнлар жимиб қолганида хитоб қилганди.
Муаммонинг туб моҳияти шунда эдики, ҳеч ким Ўйчан қадар Топқирнинг ғашига тегмасди. Чунки улар болаликдан дўст эдилар. Иккаласи ҳам тез-тез айни бир қизни севиб қолишарди. Топқир агар ўзи Қўйилган бўлишга Интилмаганида Ўйчандан ҳам зўрроқ кашфиётлар қилиши мумкинлигига қаттиқ ишонарди. Афсуски, у ўз мавжудлигининг фалсафасига қарам бўлиб, қуёнлар жамоаси мавжудлиги масалалари билан жиддийроқ шуғулланишга ҳеч вақт тополмасди.
– Унга маза, – дерди Топқир танишларига Ўйчан ҳақида гап қўзғалганида, – чунки у Қўйилган бўлишга интилмайди.
– Ким сенинг интилмаслигингга халақит беряпти? – сўрашарди танишлари бундай ҳолларда.
– Сиз яхшиси ким менга ёрдам беряпти деб сўранг, – жавоб қиларди Топқир уларга, айни чоғда Қиролнинг кўзига яхшироқ кўриниш хусусида қаттиқ бош қотирар экан…
Топқирни қўя туриб, Ўйчанга қайтайлик.
Ўйчан гапида давом этди:
– Қуёнлар, – деди у, агар биз йўлнинг энг бошида туриб энг охирини кўришга уринадиган бўлсак, ҳеч қачон ўз жойимиздан жилолмаймиз. Дастлабки дадил қадамни қўйиш муҳим, унинг тўғрилигига ишониш ундан ҳам муҳимроқ.
– Тағин нима демоқчисан? – қичқиришди қуёнлар, – Айниқса, нўхот, бурчоқ, карам ҳақида нима дейсан?
– Ўйлайманки, – деди Ўйчан, – илонларнинг бизга нисбатан ўтакетган ноҳақлиги бартараф этилганидан кейин биз тубжойлилар томорқаларига нисбатан ўзимиз қилаётган ноҳақликлар хусусида ҳам ўйлаб кўришимиз керак бўлади.
– У-у-у, – беихтиёр уввос тортиб юборди бу гапдан норози бўлган қуёнлар. Қирол эса, бош чайқади: “Уни кўпроқ эшитаверинглар, ўшанда бахтиёр ҳаётни тушларингизда кўрасизлар!” демоқчи бўлди.
– Гап бу маҳсулотларни бутунлай инкор қилишда эмас, – деди Ўйчан, – балки уларни ўзимиз етиштиришни ўрганишимиз кераклигидадир.
– У-у-у, – тағин жўровоз бўлиб баҳамжиҳат увлаб юборишди қуёнлар, – қанақанги ёқимсиз… Хўш, биз ерга қандай ишлов берамиз?
– Билмадим, – деди Ўйчан, – эҳтимол, кўрсичқонлар билан шарт-нома тузармиз, эҳтимол, бирон бошқа чораси топилар…
– У-у-у, – баттар ҳафсалалари пир бўлиб увладилар қуёнлар, – агар кўрсичқонлар рози бўлишмаса-чи? Демак, “Алвидо, нўхот, бурчоқ, карам”ми?!.
Шу кўндаланг саволдан кейин оддий қуёнлар номидан қавми орасида обрўли бир қуён сўзга чиқди:
– Менга қара, Ўйчан, – деди у, – биз ҳаммамиз сени яхши кўрамиз. Сен ўзимизнинг йигитсан. Биз ҳақимизда ўйлайсан. Бу-ку, яхши. Лекин сен нимагадир тушунмаяпсан. Мана мен, масалан, ҳар куни ўрмонга бораман, ўтлоқларга, тузумлиларнинг экинзорларига кўз ташлайман… Ҳар куни мен илонга дуч келишим мумкин, аммо дуч келмаслигим ҳам мумкин. Аввалги куни, масалан, дуч келмадим, кеча ҳам, бугун ҳам, Худога шукур, кўриб турибсан, соғ-омонман. Бундан қандай хулоса келиб чиқяпти? Маҳаллий халқнинг экинзорларида мен ҳар куни бўлишим мумкин. Илон бўлса, мени ҳе-еч қачон ҳа-ар куни ютолмайди. Демак, масала менинг фойдамга ҳал бўляпти-ку, шундай эмасми?.. Демак, сен ниманидир ҳисобга олмаяпсан, Ўйчан. Марҳамат, ўзингнинг ям-яшил тепалигингга бор-да, шунақанги бир йўлини ўйлаб топгинки, натижада илонлар ҳам бизга тирғалмасинлар, ҳам, нима деймиз, Худо бизни уч севимли озуқамиздан қисмасин. Ана шунда биз барчамиз бир тану бир жон бўлиб сенинг ортингдан эргашамиз.
– Тўғри! Тўғри! – қичқиришди қатордаги қуёнлар. Чунки дўппи тор келиб, бош қотиб қолганида ҳеч қандай қарор қабул қилмаслик қарори қуёнлар қавми учун энг мақбул қарор эди.
– Агар ўша сихни ҳам, кабобни ҳам куйдирмайдиган ғоянг топилса, мен шахсан ўзим биринчи бўлиб сенга эргашаман! – тантана билан қичқирди қуёнлар Қироли.
– Яшасин бизнинг олижаноб Қиролимиз! – дея ўзларининг ҳеч қандай қарор қабул қилмаслик аҳдидан мамнун бўлган қуёнлар тағин Қиролга олқиш айтишга тушдилар.
– Гапим салгина чала қолди, – давом этди Қирол. – Ўйчанимиз ҳеч нимага чалғимай астойдил ўйланиши учун ҳар куни бизнинг ҳисобимиздан унинг оиласига икки дона бус-бутун сабзи бериб турилсин!
– Яшасин Қирол ва унинг саховати! – қичқиришди қуёнлар.
– Кўпайишга зўр бериш – мана бизнинг қуролимиз! – сўнгги маротаба қичқирди Қирол ва йиғилиш тугаганининг аломати сифатида Қироличани қўлтиқлаганича ўзининг муҳташам Саройига йўл олди.
Қуёнлар ҳам ғовур-ғувур қилишиб ўз инларига тарқалишди. Уларнинг айримлари виждон азобини ҳис қилиб, Ўйчаннинг ажойиб ғоясини қизғин қўллаб-қувватлади, лекин бу ғоянинг айрим хом томонлари ҳам борлигини таъкидлади.
Баъзи қуёнлар Ўйчаннинг хотинидан “Қиролнинг илтифотидан мамнунмисиз?” деб сўрашди.
– Албатта, бу от билан туя эмаску-я, лекин ҳар қалай… – жавоб қилди у қизиққан қуёнларга. Ўз навбатида бугунги кун ҳам нафақа муддатига кирадими-йўқми, шу асосда у эртага қурумсоқлиги ва расмиятчилиги билан машҳур Қирол Хазинабонидан бирйўла тўрт дона бус-бутун сабзи оладими-йўқми – масаланинг шу томонларини аниқлашга уринди.
– Бугунги кун ҳам қўшилади, албатта, – билағонлардек комил ишонч билан жавоб қилишди қуёнлар. Айниқса, йиғилиш вақтида унинг эрини қўллаб-қувватлашда энг ланжлик ва сусткашлик қилган қуёнлар энди шунчалик қатъий ишонч билан дадил жавоб қайтарардилар.
Ўйчан кимсасиз қолган Қироллик Ўтлоғида ғамга ботиб ўтирарди. Нафақат унинг таълимоти тўғрилигига қаттиқ ишонган (бунақалар озчилик эмас эди), балки айни чоғда ҳузур-ҳаловатда яшашдан ўз ихтиёри билан воз кечиб, унга эргашишга қатъий аҳд қилган бир ёш қуёнча қошида қолди.
– Энди нима қиламиз? – сўради у Ўйчандан.
– Нима ҳам қилардик, – деди Ўйчан, – ўйлашда давом этамиз-да!
– Мен ҳам сиз билан биргалашиб ўйласам майлими? – сўради ёш қуён. – Сизнинг гапларингизни эшитганимдан буён менда асл ҳақиқатни билишга шунақанги чанқоқлик уйғондики!..
– Майли, биргалашиб ўйлашамиз, Чанқоқ! – деди Ўйчан. – Мен бутун куч-ғайратимни илонларни ўрганишга сарфлаган эдим. Аммо ўз қондошларим қуёнлар чин ҳақиқатга суяниб яшашга ҳали тайёр эмасликларини билмаган эканман…

Эртасига саҳардан қуёнлар ҳаёти эскичасига давом этди. Уларнинг бир гуруҳи ўтлоқзорларга йўл олди, яна бир гуруҳи соя-салқингина чакалакзорни хуш кўрди, айримлари эса, тузумлиларнинг томорқаларига равона бўлдилар.
Ўйчан эрта тонгданоқ авваллари ўзи илонлар устидаги кузатишларини хаёлида пишитган ям-яшил тепаликда ўтирарди. Энди илонлар ҳақидаги ўйларига қадрдон қуёнлари ҳақидаги безовта ўйлари ҳам келиб қўшилган эди.
Тепаликдан ўтлоқзорлар, пастликда кенг ёйилиб оқувчи, шунинг учун ҳам чакалакзорда яшовчилар томонидан “Бақалар Ботқоғи” деб номланган иланг-биланг дарёнинг ажиб манзаралари яққол намоён бўлар эди.
Чанқоқ эрталабдан ўқтин-ўқтин Ўйчанга кўз ташлаб, унинг олисдан кўриниб турган авзойидан миясига қандайдир янги фикр келган-келмаганини аниқлашга ўзича уринган ҳолда тепалик ёнбағрида ўтлаб юрар эди. Кўп ўтмасдан қизиқиши иштаҳаси устидан ғолиб чиқиб, нонуштани қисқароқ қилганча яшил тепаликка кўтарилиб борди.
Бу пайтда Қироллик Саройининг кенг ошхонасида кечаги ғалаба шарафига нонушта зиёфати берилмоқда эди. Барча Ўринга Қўйилганлар, табиийки, ўз ўринларида ўтирардилар. Қиролнинг кайфияти яхши эди. Нонушта асноси у тез-тез ҳазил-ҳузул қилар, бамбукдан ясалиб, кокос арағи билан тўлдирилган улкан қадаҳни ўқтин-ўқтин баланд кўтарар, уни кўрган Қўйилганлар тезда ўз қадаҳларини тўлдириб, қувноқлик ва тетиклик бахш этувчи ичимликни ўз Қироллари билан кетма-кет сипқорардилар.
Алоҳида қайд этиш керакки, Ўринга Қўйилганлар орасида бир неча назоратчилар ўтиришарди. Улар Ўринга Қўйилганлар қиёфасига кириб олиб, аслида, Ўринга Қўйилганларнинг суҳбатларини қулоқларини динг қилиб тинглашар, бундан кўзда тутилган асосий мақсад исён куртакларини ёхуд Қирол сиёсатидан охир-оқибат исёнга олиб келиши мумкин бўлган чекиниш ҳолларини ўз вақтида илғаб олиш эди.
Гарчи Қўйилганлар қиёфасига кириб ўтирган бўлсалар-да ва айнан шунинг учун ҳам улардан низом бўйича алоҳида қимматбаҳо маҳсулотлар, хусусан, карам, нўхот ва бурчоққа нафсларини тийиброқ қараш талаб этиларди. Лекин Ўринга Қўйилганлар ўзларининг қаторларида Қўйилганлар қиёфасида ўтирган назоратчилар борлиги, шунингдек, назоратчиларга Қўйилганлар даражасида еб-ичиш таъқиқланганини билганлари учун улар бошқа Қўйилганлар қандай еб-ичаётганини зимдан кузатардилар. Айни чоғда, ўзлари имкон қадар кўпроқ еб-ичишга, токи ўзларини, қуёнларнинг оддийгина тилида айтилганидек, айғоқчи деб ўйламасликларига уринардилар. Аммо авом тилида “айғоқчи” деб аталувчилар зиёфатда тортинибгина ўтирсалар, бошқалар уларнинг асл вазифаларини сезиб қолишларини яхши билишарди. Шу боис ҳақиқий қиёфаларини яшириш учун имкон қадар кўпроқ еб-ичардиларки, бу уларнинг ички хоҳиш-истакларига ҳам тўла равишда мувофиқ келар эди.
Шундай қилиб, Қирол зиёфатида барча улкан фидойиларча иштаҳа билан тановул қиларди.
Бу гал Қўйилганлар орасида Қари Донишманд Қуён мансабини эгаллаган қуён кўринмасди. Унинг кечаги иккилланиши, табиийки, Қиролнинг диққат назаридан четда қолмаган эди. Ўрнида энди Қари Донишманд Қуённи “Қари Тулки” деб аташни таклиф қилган, бу таклифи қувноқлик билан қизғин қўллаб-қувватланган Топқир ўтирарди. Қирол эса, “Қари Тулки” ҳаётидан бир неча қизиқ латифалар айтиб берди.
Нонушта авжида ошхонага вақт емириб ташлаган тишларини кавлаштириб айни ўша ҳамма устидан кулаётган ва куни кечагина қиролликнинг биринчи маслаҳатчиси ҳисобланган қуён кириб келди. Маълум бўлишича, у энди ошпазлар хонасида нонушта қилибди. Айни у кириб келганида Қирол ўзининг собиқ донишмандини Сабзи дарахти тагига турғазиб қўйиб, мевасининг бошига тушишини кутиш ва у ҳозирда ҳам мия чайқалиши касалини бошидан кечирадими-йўқми, аниқлашни ярим ҳазил, ярим чин сифатида таклиф қилаётган эди. Барча Қўйилганлар Қирол ҳазилига жавобан кула-кула энди бу хум каллада чайқаладиган ҳеч вақо қолмагандир-ов деб фикр билдирди!
– Мен нима учун ошпазлар хонасига ўтиб қолганимни биламан, – деди “Қари Тулки”, – лекин нега менга унча янги бўлмаган кўкатларни беришганига тушунмаяпман?
– Нима-нима? – сўради Қирол ўтирганларга маъноли кўз қисиб. – Сенга унча… жуда яхши кўкатларни беришдими ҳали?
Ўринга Қўйилганлар хоҳолаб кула бошладилар. Уларнинг анча-мунчаси маъшуқалар эркаланиб ошиғининг кўксига ўзларини отганидек нозик бир ишончу таманно билан тўкин дастурхон устига ўзларини ташладилар. Шу аснода ҳам карам япроғи ёки нўхотни гўёки бехосдан оғизларига солардиларки, бу, афтидан, ўз моҳиятига кўра ошиқ-маъшуқаларнинг бир-бирларини ялаб-юлқашларига ўхшаб кетар эди.
– Мени мутафаккир қилган Сабзи дарахтининг номи билан қасам ичиб айтаман, – деди “Қари Тулки”, – мен хато қилдим… Аммо кейин шу хатойимни ўзим тузатдим-ку!
– Тузатмай ҳам кўргин эди, – деди Қирол мийиғида кулиб, – акс ҳолда сен ошпазлар хонасида эмас, узоқроқларда нонушта қилган бўлардинг. Ҳа, майли, ўтир, мен бағрикенгман. Бундан кейин қаттиқ ишлайдиган каллангни тегишли дармондори билан ким таъминлаётганини яхшигина биладиган бўласан.
Шундай қилиб, хуш кайфият билан Қари Донишманд Қуён тағин Ўринга Қўйилди. Тўғри, Қирол “Қари Тулки” деган кулгили лақабни сақлаб қолди. Бу ўз навбатида, бир томондан, унинг мансабига алланечук масхарали маъно бахш этар, иккинчи томондан эса, Топқирни Қирол оиласига яна-да яқинлаштирар эди.
Топқир бирор ой Ўринга Қўйилганлар қаторида қиролликнинг энг зўр ичимликларини ичиб, таралабедод қилиб яшади. Маҳаллий аҳоли томорқаларидан етказиб келинган тансиқ таомларни эса, айтмаса ҳам бўлади.
Топқирга бу ерда ҳаммаси хуш ёқди. Фақатгина Ўринга Қўйилганлар йиғилишганида нимагадир на Қирол, на бошқалар гулкарам ҳақида лом-мим демасликлари уни ажаблантирди. Бу чиндан ҳам жуда ажабланарли ҳол эди. Чунки Қирол оддий қуёнлар билан ҳар учрашганида у ёки бу даражада гулкарам ҳақидаги масалага ўз муносабатини билдирар эди. Бу ерда эса, нимагадир бу хусусда гапирилмас эди. Нега шундай?
У саволга жавоб қидирар экан, ўзича хулосага келдики, афтидан, Ўринга Қўйилганлар орасида шундай нисбатан торроқ доирадаги хослар, яъни, Ўриндиққа Қўйилганлар бор ва улар, эҳтимолки, Гулкарам ҳақида нафақат гапиришади, балки ҳар ҳафта камида бир маротаба уни татиб кўришади ҳам! Топқир шундай деб ўйларди. Лекин биронтасидан сўрашга журъат қилолмасди. Чунки Ўринга Қўйилганлар орасида ким Ўриндиққа қўйилганини билмасди. Буни сўраш ўзининг Ўриндиққа Қўйилмаганини тан олиш эканлигини Топқир яхши тушунарди. У қулай вазиятни кутишга ва бу хусусда Қиролнинг ўзидан сўрашга аҳд қилди.
Шундай кун ҳам келди. Кунлардан бир куни Қирол ундан тушликдан кейин яккама-якка суҳбатга қолишни илтимос қилди.
– Сенга давлат аҳамиятига молик топшириғим бор, – деди Қирол ва Қиролича эшикни маҳкам ёпиб келиб Топқирнинг ёнига ўтиргач, қўшиб қўйди: – Сен уни бажаришга тайёрмисан?
– Буюринг, Қиролим! – деди Топқир кўзларини ерга тикиб.
– Бу ерда бизнинг сарой Шоиримиз бир шеър ёзибди. Вазифа шуки, сен чакалакзордаги Холис Сўқмоққа чиқиб, унинг бошидан охирига қадар бутун йўл давомида шу шеърни қўшиқ қилиб айтишинг керак бўлади?..
– Қулоғим хизматингизга тайёр, – деди Топқир ва қулоғини қимирлатди.
Қирол қанчалик ишончли эканини аниқламоқчи бўлаётгандек унинг қулоғини синчиклаб кўздан кечирди:
– Мана, эшит, – деди Қирол ва каттакон банан япроғига маржон мевасининг шарбати билан ёзилган шеърни ўқишга тушди:

Ўйчан қуён
Тепаликда ўтирибди,
У ердан ўтлоқ кўриниб туради
Ва Бақалар Ботқоғи.
Аммо бўрон барибир бошланаяпти!

Даҳшатли тахминдан Топқирнинг юраги орқага тортиб кетди.
– Жаноби олийлари, – овози титраб сўради у, – бу қайси маънода?..
– Маъноси йўқ, – жиддий тортиб унинг гапини шартта бўлди Қирол.
Топқир дарров тушунди. Бу шеърни қўшиқ қилиб айтиш – илонларга ўз қондоши Ўйчанни сотиш деган гап эди. У Қирол берган Ўриндан буткул воз кечиб, оддий қуёнлар қаторига кетишга аҳд қилди. Нима бўлганда ҳам, гарчи у табиатан ўтакетган шуҳратталаб бўлса-да, ҳар қалай, аламзада эмас эди. Аммо бу ерда битта нозик жиҳат бор эди. Саройда қабул қилинган таомилга кўра, оддий қуёнлар қаторига қайтарилган қуён жамики мукофотларини Қиролга қайтаришга мажбур эди.
Демак, у қачондир Қиролича туҳфа қилган ва ўзини Ўринга кўтарган ўша карам япроғини ҳам қайтариши керак эди. Аммо гап шунда эдики, у ўшанда уясига қайтаётганида қувонганидан карам япроғининг ярмини еб қўйган, ҳолбуки уни ейиши мумкин эмас эди. Зотан, ўзи уни эсдалик учун сақлаб қўйишни ваъда қилган эди.
Гап шундаки, Қироличадан карам япроғини ноёб туҳфа сифатида қабул қилиб олар экан, у таклиф қилганидек, ейишга ҳақли эди. Лекин туҳфани, ўзи айтганидек, мукофот даражасига юксалтирганидан кейин уни еб қўйиш ҳуқуқини бой берган эди.
Буларнинг барчаси яшин тезлигида Топқирнинг хаёлидан кечди. Иқрор бўлдики, ярми еб қўйилган карам япроғини Қироличага қайтаришнинг мутлақо иложи йўқ. Албатта, у тушунади: бу иши учун уни ҳеч ким таъқиб қилмайди. Бироқ қуёнлар табиати шундайки, уларга бугунги ноқулайлиги эртанги сотқинлигидан оғирроқ туюлади. Ноқулайлик – шу топда, айни лаҳзаларда, эртага эса, нима бўлишини Худо билади. Масалан, қуёш тутилади-да, шу муносабат билан ҳаммаси бекор қилиниши мумкин.
– Яхши, – деди Топқир чуқур хўрсиниб, Қироличага қаттиқ қийналаётгандек илтижо билан боқиб, – фақат мен матнга бир тузатиш киритсам майлими?
– Агар бу моҳиятни ўзгартирмайдиган бўлса, майли, – деди Қирол.
– Мен шу тарзда айтишни истаяпман:

Қандайдир ўйчан
Тепаликда ўтирибди.
У ердан ўтлоқ кўринади
Ва Бақалар Ботқоғи.
Аммо бўрон барибир бошланяпти!

– Бўпти, – деди Қирол ва мамнун ҳолда Топқирнинг елкасига бир қоқиб қўйди. Топқир ўзини алдайман деб аслида усталик билан ўз виждонини алдашга уринаётганини у яхши биларди. Кўнглига далдами-таскин қидиряпти. Шу боис қўшимча қилди: – Айниқса, ҳозир айримлар бунақанги андишага ўхшаш нарсаларни шунчаки бидъат, эскилик сарқити деб турган бир пайтда…
– Яна бир тузатиш киритсам майлими? – сўради Топқир ва Қиролнинг розилигини ҳам кутмай тез айта бошлади:

Қандайдир ўйчан
Тепаликда ўтирибди.
Пам-пам, пам-пам, пам-пам-па!
Ва Ба-ба-ба-қа Бат-қо-ғи
Аммо бўрон барибир бошланяпти!

– Буёғи сўзсиз оҳангжама бўлиб кетди-ку, – ҳафсаласи пир бўлиб қўл силтади Қирол, – бўш келганинг сайин жа-а…
– Майли, майли, – кутилмаганда гап қўшди Қиролича, – қайтага шу туришида яна-да жозибадор эшитиляпти. Фақат менинг бир илтимосим бор: қўшиқни айтаётганингда учинчи қатордаги охирги икки сўзни имкон қадар авж пардада айт: “Пам-пам, пам-пам, пам– П-А-А-М! Па!” Тушунарлими?
– Албатта, – деди Топқир, – қўшиқ айтаётганимда мен буни албатта ҳисобга оламан.
– Майли, – деди Қирол, – шундай ҳам бўла қолсин. Фақат олдидан биргина сўзни қўш. Яъни, мана бундай: “Кўринади пам-пам, пам-пам, пам– П-А-А-М! Па!” Тамом, бошқа савдолашмаймиз!
– Хўп бўлади, жаноби олийлари, – деди Топқир.
– “Ва Ба-ба-ба-қа Ботқоғи” дейсанми? – сўради Қирол сўнгги сатрни қайта эшитиб кўриш учун.
– Худди шундай, – маъқуллади Топқир, – «Ва Ба-ба-ба-қа Бот-қоғи” дейман.
Қирол андак иккиланди:
– Биз тарафларда учта ботқоқ машҳур: Йўлбарслар Ботқоғи, Маймунлар Ботқоғи, Бақалар Ботқоғи… Англашилмовчилик келиб чиқмасмикан?
– Йўғ-э, – деди Қиролича, – эшитадиганлар биздан аҳмоқроқ деб ўйламаслигимиз керак.
– Қиролим! – сўради Топқир, – мен бир нарсага тушунмаяпман: “Аммо бўрон барибир бошланяпти!” сатрининг нима кераги бор?
– Сен бизнинг Шоиримизни билмайсан, – деди Қирол, – у бўронсиз туролмайди!
– У шеъри нима мақсадда фойдаланишини ўзи биладими? – сўради Топқир. Ўйчанни сотишда ёлғиз ўзи хизмат кўрсатмаса, назарида, анча енгил бўладигандек эди.
– Албатта билмайди! – қовоғини уйди Қирол. – У Шоир, осмонда учиб юрибди. Уни ўзимизнинг ерга боғлиқ хонаки ишларимизга аралаштириб нима қиламиз?!.
– Тўғри-тўғри, – маъюсгина рози бўлди Топқир.
– Майли, – деди Қирол, – матнни маромига етказдик. Айрим натуралистик тафсилотларни олиб ташлаш кераклигини сен бунчалик тез фаҳмлаганингга қойил қоляпман!..
– О, Қирол, – беихтиёр оҳ чекди Топқир, – бундай вазиятда фаҳмламай бўладими!..
– Дарвоқе, – деди Қирол ўта айёрлик билан, – Қиролича сенга туҳфа қилган карам япроғини охиригача ейверсанг бўлади энди…
– О, Қироличам! – нола қилди Топқир ва қаттиқ хижолат чекиб, бошини панжачалари орасига яширди: – Мени афу этинг… тансиқ таом…
– Ҳечқиси йўқ, – олижаноблик кўрсатиб далда берди Қирол, – ҳаммамиз ҳам қуёнмиз… Ҳар қалай, ахборот хизматим қандай йўлга қўйилган, а, Қиролича?
– Сен муғомбирними! – Топқирга енгилгина пўписа қилиб танбеҳ берди Қиролича, – бунинг “Ҳеч қачон!” деб чин юракдан хитоб қилганини ўшанда бир кўрганингизда эди, Қирол!
Шундан кейин Қиролича Топқирга қироллик дафтарини берди. Унда фалон куни сарой қуёни Топқир Холис Сўқмоққа чиқиб “Бўрон мавзуидаги ариялардан парчалар”ни ижро этиши кўрсатилган, чакалакзорнинг барча аҳолисига қуёнлар бардам яшаётгани ва бемалол кўпайишаётганини кўрсатиб қўйиш кераклиги алоҳида таъкидланган эди.
Топқир имзо чекди ва Қиролнинг шахсан ўзи унинг елкасига қоқиб қўйди.
– Ана энди тила тилагингни, сен истаган ва менинг қўлимдан келадиган нарсани бажо келтираман, – ҳиммат кўрсатди Қирол.
– Мен фақат шуни сўрамоқчи эдимки, – деди Топқир, – мен шунга ажабланаяпманки, ҳалиги, қироллик зиёфатлари даврасида гулкарам ҳақида лом-мим дейилмайди, ҳолбуки жаноби олийлари ва ё бошқалар оддий халқ билан гаплашганингизда уни тез-тез тилга олиб турасизлар, нега шундай?
– Нима дейиш мумкин, – елка қисди Қирол, – тажрибалар муваффақиятли ўтяпти ва биз ҳар томонлама шароит яратиб турибмиз… Барча Янги Қўйилганлар фикрича, Ўринга Қўйилганлардан ташқари алоҳида олий Ўриндиққа Қўйилганлар ҳам бор…
– Нима, у йўқми? – ҳафсаласи пир бўлиб сўради Топқир.
– Йўқ, азизим, – унинг елкасидан дўстона қучиб жавоб қилди Қирол, – Қиролича билан ётоқхонамиздан бошқа Қўйиш мумкин бўлган жойимиз йўқ!
– Фу, Қирол, қандай қўполлик, – деди Қиролича юзини четга буриб, айни чоғда, Топқир томонга қараб кўзларини сузиб.
Аммо Топқирнинг шу қадар ҳафсаласи пир бўлдики, буни сезмади ҳам.
– Менга ҳаммадан кўра қийинлигини энди сен тушунгандирсан? – деди Қирол.
– Йўқ, – деб жавоб қилди Олий даражадаги Қўйилганларнинг йўқлигидан қаттиқ хафа бўлган Топқир.
– Чунки сизнинг ҳар бирингиз учун, – деди Қирол, – сир бор, интилиш мумкин бўлган марра бор. Менда бўлса бу бахт йўқ. Агар мен тушунмасам, тушунтирадиган кимсанинг ўзи йўқ… Мана нима учун қироллигимда менга ҳаммадан қийинроқ… Лекин биргина тасаллим бор… Унга – Қирол қўли билан осмонга ишора қилди, – яна-да қийинроқ…
– Модомики Олий даражадаги Ўриндиқ йўқ экан, бундан чиқди, менга ҳам интиладиган марра қолмабди-да! – хитоб қилди Топқир, ўзининг хафалиги орқали Қиролнинг тушкунлигини яхшироқ тушуниб. – Қанчалик зерикарли!
– Бу кайфиятинг ўтиб кетади, – деди Қирол қатъият билан, – вақти-соати келиб Ўринда имкон қадар узоқроқ ўтириш иштиёқи Ўринга Қўйилганларнинг ягона битмас-туганмас интилишига айланиб қолади… Ана энди бора қол… Тиниқиб ухла… Эртага янги куч-ғайрат билан Холис Сўқмоққа…
Топқир таъзим қилиб Қирол саройини тарк этди.
– Биласанами, Топқир нимаси билан менга ёқади? – сўради Қирол, кенг ва ёруғ хона бўйлаб одимлар экан. Сўнг ўз саволига ўзи жавоб қайтарди. – Инсофи борлиги билан!
– Қачондан буён? – сўради Қиролича бир қадар таажжубланиб.
– Сен ҳеч нимага тушунмайсан, – деди Қирол хона ўртасида таққа тўхтаб, – қуёнга нозик топшириқни бераётганингда ҳалок қилмайдиган даражадаги инсоф жуда фойдали бўлади.
– Мен сени унчалик тушунмадим, – деди Қиролича паришонхотирлик билан, чунки у шундай ўйноқлаган кўзларга эга Топқир бу қадар ишончсиз бўлиб чиққанидан ҳали-ҳануз хафа эди.
– Ҳа, – такрорлади Қирол тағин хона бўйлаб одимлар экан, – қуён нозик вазифани бажараётганида муайян уятни ҳис қилиб турса, у ўзидан кейин кўзга кўринадиган из қолдириб, уятдан қизариб қолмаслиги учун бу вазифани имкон қадар тоза бажаришга ҳаракат қилади. Бу эса, биз учун айни муддаодир. Инсофнинг ўлдириб қўймайдиган даражаси – бизнинг мутафаккирларимиз қуёнларнинг онггига қуйиши керак бўлган нарса айни мана шу!
– Эркакларнинг қанчалик бебурдлигини қара-я! – деди Қиролича. – Ўзи “Ҳеч қачон!” деб туриб ўзи еб қўйганини-чи!..
– Ейди деб умид қиламиз, – ғалати жавоб қилди Қирол, қуёнлар қироллик манфаатлари йўлида ишлар эканлар, ўз ишларидан бирон-бир хатарли из қолдирмасликлари учун уларнинг онгига ўлимга олиб келмайдиган инсоф дозасини қандай қилиб яхшироқ сингдириш хусусида ўйлар экан.

Ҳозир биз ўз сюжетимиздан бир қадар чекиниб, қуёнлар Қироли билан Шоир ўртасидаги муносабатлар тарихини ҳикоя қиламиз.
Шоирнинг табиатида ҳар қандай кулфатга учраганга самимий ҳамдардлик билан ҳар қандай маиший ва табиий бўронларга нисбатан романтик ҳайрат ажиб бир тарзда уйғунлашиб кетган эди.
Дарвоқе, Қирол Шоир ҳормай-толмай мадҳ этган бўронлардан бирининг шарофати билан ҳокимият тепасига келган эди.
– Бу мутлақо мен куйлаган бўрон эмас, – дерди Шоир аввалига Қиролнинг бошқарувидан норози бўлиб.
Лекин кейинчалик улар тил топишдилар. Қирол бўрон қўшиғини қуёнлар ақлий ҳаётининг бир бутун, ягона ва тўлақонли мазмунига айлантиришни ваъда қилиб, уни ўзига оғдириб олди. Бундай жозибали ваъдага Шоир қарши туролмади.
Хуллас, Шоир бўрон қушини мадҳ этишни жуда севар ва кулфат қушини кўришни, аксинча, жуда ёмон кўрар эди.
Бўрон қушини кўрдими – мадҳ этади. Кулфат қушини кўрдими – йиғлайди. Унисини ҳам, бунисини ҳам шунақанги сидқидиллик билан қилардики, айни чоғда, бўрон қушини мадҳ этиш муқаррар равишда кулфат қушининг пайдо бўлишига олиб келишини тушунолмасди.
Гоҳо шундай бўлардики, кулфат даракчисининг елкасида йиғлаб улгурмасидан ўзи кўз ёш тўкиб бошлаган елкалар оша кўкка отилган бўрон қушини кўриб, бу жанговар қушга шодон олқиш айтиб юборарди.
У ўзининг шеърий овози бўрон қушини яна-да дадиллаштиради ва атрофдаги қуёнларга барра сабзавотларга муҳаббатдан ташқари уларда бўронга муҳаббатдек олий даражадаги бурч борлигини кўрсатиб қўяди деб ишонарди. Қуёнлар гоҳида унинг овозига қулоқ тутишиб, сабзавотга муҳаббатни олий даражадаги бурчга муҳаббат билан қиёслашардилар. Ва ҳар гал сабзавотга муҳаббатни улар ўз қалбларида аниқ-тиниқ ҳис қилишлари, олий даражадаги бурчга муҳаббатни эса, жуда ғира-шира ҳис қилишлари, аниқроғи, ҳатто мутлақо ҳис қилмасликлари уларни ажаблантирарди.
Шоир қариган чоғларида бўрон қушини кўриб ҳамон ўша-ўша ҳайратга тушарди. Аммо, кўзи заифлашгани учун оддийгина қарғани бўрон қуши деб ўйлайдиган бўлиб қолган эди. Қирол ҳам Шоир қуёнлар орасида шармандаси чиқмасин деб кўзи ўткиргина бир қуённи унга йўл кўрсатувчи қилиб бириктириб қўйган эди, токи у хатони ўз вақтида тузатишига кўмаклашсин. Дарвоқе, бу қуёнча ўтлоқда сайр қилар эканлар, Шоирни ҳар хил ўйдим-чуқур ва жарликларга бехос йиқилиб тушишидан ҳам сақлар, чунки Шоир бўрон қушини қидириб ҳамиша осмонга қараб юрар, атрофига аланглаб қарашга вақти ҳам, ҳуши ҳам бўлмасди.
– Жаҳон узра уч, бўрон қуши!..– деб бошларди Шоир, аммо кўзи ўткир қуёнча дарров уни тўхтатиб қоларди:
– Шоир амаки, у бўрон қуши эмас, қарға-ку!
– Э-э, қарғами, – ҳафсаласи пир бўлиб дерди Шоир. Кейин ўзиними-қуёнчаними овутарди. – Ҳа, майли, ҳечқиси йўқ, қарға бўлса ҳам, муҳими, бўронга чорлаяпмиз-ку!
Биз ҳам, ўйлаб қарасак, чалғиб кетибмиз, ҳолбуки Шоир билан Қиролнинг ҳаёти ҳақида тартиби билан ҳикоя қилишимиз керак эди. Устига устак, бу тарих, аслини олганда, кўтаринки эмас, анчагина ғамгин эди. Бинобарин, шунга мувофиқ равишда бир баҳя пастроққа тушишимиз керак бўлади.
Хуллас, Қирол билан Шоир тил топишганларидан кейин, Қирол яқин кунларда қуёнларнинг умумхалқ таълимини жорий қилишга ваъда берган эди.
– Фақат шундагина менинг мутафаккирона кўрсатмаларим ва сенинг илоҳий шеърларинг барча қуёнларнинг бисоти бўла олади, – деган эди бўлажак Қирол.
Аммо қироллик ҳаётининг кундалик ишлари давлат аҳамиятига молик шунақанги майда-чуйдаларга тўлиб-тошган эканки, Қиролнинг буюк орзуларни рўёбга чиқаришга ҳеч вақти бўлиб, қўли тегмасди.
– Тахтда худди ғилдиракдаги олмахондек айланаверар экансан, – ўсмирлик дўсти унинг дадил режаларини эслатганида Қирол ўзини оқлади, – лекин мен ҳам бўш келмай тағин беш кўза сиёҳ тайёрлашни буюрдим… Демоқчиманки, бу йўналишда ҳам баъзи чоралар кўрил-япти.
Қирол маржон шарбатидан олинган сиёҳни вақти келганда бутун қуёнлар қироллигида саводсизликни тугатишга қаратилган кураш воситаси билан тўла таъминлаш мақсадида тайёрлаттирган эди. Аммо вақт ўтмоқда, қуёнларнинг умумий таълими масалаларига эса, Қиролнинг вақти йўқ эди. У қилишга улгурган ягона иш – вақти-вақти билан яна бир неча кўза маржон шарбатидан олинадиган сиёҳни ҳар эҳтимолга қарши тайёрлаб қўйишга буйруқ бериш эди.
Лекин ўша эҳтимол ҳеч келадиганга ўхшамасди. Маржон шарбати эса, идишда ачиб, ажойиб ўткир ичимликка айланар, лекин буни ҳеч ким билмасди. Кунлардан бир куни Шоир ўзининг шоирона пат-қаламини қаттиқ ғажиб ўтириб унинг ингичка найчаси орқали тасодифан сиёҳдан озгина сўриб қўйди. Сиёҳнинг ажойиб хусусияти ҳақидаги овоза қуёнлар орасида тез тарқалди. Ана шунда улар ўз билимларини оширишга катта иштиёқ кўрсата бошладилар. Лекин бу хусусда бошқа жойда батафсилроқ ҳикоя қиламиз.
Қироллик ҳокимиятини қўлида ушлаб туриб, қуёнлар Қироли афсус-надоматлар ила иқрор бўлдики, унинг бутун куч-ғайрати ана ўша ҳокимиятни қўлида маҳкам ушлаб туришга сарф бўлаяпти. Агар бутун куч-ғайратинг уни ушлаб туришга сарфланадиган бўлса, бундай ҳокимиятнинг нима кераги бор, деб ўйларди Қирол гоҳида. Ахийри у шундай хулосага келди: қиролликни ҳимоя қилувчилар сонини кўпайтириш керак, токи у нима мақсадда ҳокимият тепасига чиқишга интилган бўлса, ўша мақсадга йўналтирилган ишларга вақт топа олсин.
У қироллик ҳимоячиларини кўпайтирди, натижада ўзи бир қадар енгил тортгандек бўлди: ҳокимиятни ушлаб туришга сарфланаётган кучнинг бир қисми озод бўлган эди-да. Аммо кунлардан бир куни унинг калласига анчагина соғлом бир фикр келди: бундай қудратли ҳимоянинг ўзи ундан ҳокимиятни тортиб олишга уриниб қолса-чи? Эҳ, энди нима қилса бўлади?
Агар шу топда ҳимоячилар сонини бирдан камайтирса, ўйлади Қирол, ғаразли ниятда турганлар ҳокимиятни қўлга киритишга қулай вазият келди деб ўйлайдилар. Шунинг учун у ҳимоячиларни янада кўпайтирди ва янги ҳимоячиларга шундай бир яширин топшириқ бердики, токи улар Қиролни эски ҳимоячилардан ҳимоя қилсинлар.
Аммо бу ҳол Қиролнинг аҳволини баттар мураккаблаштирди. Шу нарса аён бўлдики, эски ҳимоячилар ичида жуда кенг ваколатларга эга бўлган янги ҳимоячилар ҳаддан ташқари назоратсиз бўлишади ва шуниси билан Қиролга хавф туғдиради. Шунда у эски ҳимоячиларга янги ҳимоячилар ортидан кузатишдек яширин топшириқ берди, токи янгилар унга сотқинлик қилолмасинлар.
Аммо бу Қиролни баттар чалкаштирди ва унинг ҳаётини баттар мураккаблаштирди. Бундай кенг ваколатларга эга кўпдан-кўп ҳимоячиларнинг ҳар бирини қандайдир кундалик иш билан таъминлаш керак эди. Акс ҳолда жавобгарликсиз ҳокимиятдан боши айланиб, улардан ҳар бири нияти бузуқ исёнкорга айланиб қолиш эҳтимоли бор эди.
Шундай қилиб, ҳар бирининг зиммасида тайинли вазифа бўлиши ва ҳар бири бу вазифанинг бажарилиши хусусида ҳисобот беришга мажбурлиги учун бутун қуёнлар қавми ва, айниқса, қироллик хизматида бўлган қуёнлар ортидан айғоқчилар қўйишга тўғри келди. Аммо қироллик хизматида бўлганлар орасида Қирол тўла ишонадиган қуёнлар озчилик эмас эди. Булар унга ҳокимиятни ўз қўлига олишида яқиндан ёрдам берган ўсмирликдаги дўстлари эди.
Гарчи Қирол уларга ишонч кўзи билан қараса-да, охир-оқибат, бу қуёнлар ортидан ҳам айғоқчи қўйишга тўғри келди. Унинг эндиги аҳволига хос мураккаблик шунда эдики, у анави-манави қуёнларнинг ортидан айғоқчи қўйилмасин, чунки уларга ишонаман, деёлмас эди. Бу барчага баравар тааллуқли Қонун талабларига мутлақо хилоф эди.
– Мен ўзимни истисно қилмайман, – дерди Қирол Ҳимоя Бошлиғига, – агар мен ўзимнинг қонуний ҳокимиятимга хавф туғдираётган бўлсам, бошқалар қатори мени ҳам жазоланг!
– Қани хавф туғдиришга уриниб кўринг-чи, – таҳдидомуз дерди унга Ҳимоя Бошлиғи ва бу гап Қиролни анчагина хотиржам қиларди.
Агар яширин кузатиш ҳақида қонун қабул қилинса, бу қонун барчага баравар тааллуқли бўлмоғи керак, деб ўйларди Қирол. Агар қироллик хизматидаги барча қуёнлар айғоқчи кузатиши керак ва керак бўлмаганларга ажратилса, бу ҳол кузатувчилар тасаввурида ишонса бўладиган ва ишониб бўлмайдиган қуёнлар хусусидаги ғоят қўпол, мутлақо хато фикрлар уйғотиши мумкин. Аслида ҳаммаси анча мураккаб, ҳақиқат эса, хатарли даражада ҳаракатчан эди.
Орқасидан кузатилаётганлар орқасидан кузатилмаётганлар борлигини билгач, бу ҳолдан қаттиқ хафа бўлишлари мумкин. Қарабсизки, кўнгилларининг туб-тубида Қиролга қарши исён илдизлари пайдо бўлиб турибди.
Бу хавфни орқасидан кузатилмаётганлар ҳам туғдириши мумкин. Сабаби атрофда ҳамма кузатилаётгани, ўзининг эса, кузатилмаётганини англаган чоғда бу ҳолатдан келиб чиқадиган имкониятларни ишга солиш хоҳиши ўз-ўзидан туғилади.
Нима бўлганда ҳам, ўзи ишонадиган ўсмирликдаги дўстлари ортидан айғоқчи қўйганидан кейин бу ишидан Қиролнинг виждони қийналди. Ўсмирликдаги дўстлари ортидан айғоқчи қўйилганини, демак, Қирол уларга ишонмаётганини сезгач, у билан тортиниброқ муомала қиладиган, яъни, ўйлашича, писмиқроқ бўлиб қолишди.
Ҳар қалай, ортларига айғоқчи қўйилган ўсмирлик дўстлари ҳақида ўйлар экан, ҳар гал у виждонан қийналарди ва бу ҳолат унга мутлақо ёқмасди. Вақт ўтгани сайин Қирол ўсмирлик дўстлари ҳақида ўйлаганида нега ўзида нохуш бир кайфият уйғонишини унутиб юборди.
У фақат ўсмирлик дўстлари ўзида қандайдир нохуш кайфият уйғотишини ҳис қилар ва бу кайфият уларнинг шубҳали даражада тортинчоқлиги сабабли пайдо бўляпти, деган хулосага келарди.
Ўзи буни англамаган ҳолда ёшликдаги дўстларини хушламаслигини уларни кузатиб, айғоқчилик қилаётганлар ҳисобига оқлашга уринарди. Уларнинг ҳаёти ҳақидаги ахборотларни тинглар экан, ҳар сафар шубҳали бўлиб кўринган барча нарсага шунақанги зўр муштоқлик билан қизиқиш билдирар эдики, айғоқчилар буни сезмасликлари мумкин эмасди. Ҳар бир шубҳали жиҳатларга Қиролнинг беҳад қизиқиш билан қарашини ҳис қилган айғоқчилар аввалига беихтиёр, кейинчалик эса, онгли равишда ўз чақимчиликларида Қиролда катта қизиқиш уйғотаётган жиҳатларни алоҳида таъкидлаб кўрсата бошладилар.
Қизиғи шунда эдики, Қиролнинг ўсмирлик дўстлари ҳалол-покиза эканликлари унга анчагина ёрдам берар эди. Зотан, бундай вазиятларда айнан ҳалол-покизалар даҳшатли туҳматга учрашлари нисбатан осонроқ кечади…
Ўзидек бошқа бир жонда адоватли кайфият ва ҳаракатни топишни касб қилиб олган жон эртадир-кечдир бундай кайфият ва ҳаракатларни аслида йўқ жойдан қидиришга уринмаслиги мумкин эмас. Узоқ вақт ҳеч нарсани тополмаганидан кейин у ўз касб-корининг аслида мутлақо бефойдалигини яққол ҳис қила бошлайди.
Аммо нимага бундай вазиятларда нисбатан ҳалол-покизароқ қуён қаттиқроқ жабр кўради?
Душманликнинг ҳеч қандай белгиларини кўрсатмаганидан кейин у айғоқчи қуённи эртадир-кечдир ўзига қандайдир қабиҳликни ёпиштиришга мажбур қилади. Бу қабиҳлик ўзига яраша каттагина бўлади. Нега каттагина дейсизми? Қуёнларнинг табиати шундай қурилган. Устидан чақимчилик қилиниши керак бўлган қуёнга у қироллик омборидан ортиқча сабзини яшириб қолди дея айб қўйиб бўлмайди-да! Бу қандайдир бемаъни ва майда иш бўлар эди. Ўз виждони олдида айғоқчиликнинг пастарин ишлигини оқлаш учун ай-ғоқчи қуён ўйлаб топилган қилмишни етарли даражада каттагина қилиб кўрсатади. Бу ўз қадрини баланд тутишда ўзига ҳам қўл келади. Айғоқчи Қуён бошқа ҳалол бир қуённинг бўйнига Қиролга қарши тил бириктиришдек улкан айбни қўйиши қаёқда-ю, унга омборга топширилмаган ортиқча сабзидек кичкинагина айбни қўйиши қаёқда.
Қуёнлар руҳияти шундай антиқа қурилганки, чақимчи қуёнга бегуноҳ қуённинг қироллик омборидан сабзи ўғирлаганини исботлашга нисбатан Қиролга қарши тил бириктирганини исботлаш осонроқ.
Бу ўринда ўзи маълумот етказаётган бошлиқ “Хўш, унинг сабзи ўғирлаётганини ким кўрган ўзи?” деб бемалол сўраши мумкин. Ана шунда чақимчи қуён ишончли далилларни келтириши керак бўлади.
Башарти чақимчи қуён бошлиғига у ёки бу қуённи Қиролга қарши тил бириктиришда айблаб маълумот бергудек бўлса, бошлиқ “Тил бириктиришни кўрсатувчи далилларинг борми?” деб сўрамаслиги ҳам мумкин.
Нега сўрамаслиги мумкин? Шунчаки қуёнлар руҳияти шундай қурилган. Қандайдир қуён давлат тўнтаришини тайёрлашда айблаб турилганида бундай айбнинг аслида бор-йўқлигига далил талаб қилиш қуёнларда ўтакетган беадаблик ҳисобланади. Қиролга садоқат ёки хиёнатдек нозик масала қаралаётганда қандайдир дағал кўринарли далилий ашё. Қуёнлар нуқтаи назаридан бу яхши эмас ва ҳатто ярамасликдир.
Шунга ҳам ажабланмаслик керакки, ўз бошлиғи у ёки бу қуённинг хиёнатига исбот талаб қилгудек бўлса, чақимчи қуён ватанпарварларча ғазаб ўтида ёниб “Нима, сен хиёнат рўй бераётганига ишонмайсанми ҳали?! Сенинг ўзинг ҳам хоинларнинг шериги бўлмагин тағин?!” қабилида қарши ҳужумга ўтиб қолиши мумкин.
Қуёнлар қироллигида ватанпарварларча қаҳр-ғазаб оловига гирифтор бўлиш ҳаммасидан даҳшатлироқдир. Қуёнлар одатига кўра, ватанпарварларча қаҳр-ғазаб ҳамиша ва ҳамма жойда рағбатлантирилиши керак. Қуёнлар қироллигидаги ҳар бир қуён фидойиларча қаҳр-ғазабини намойиш қилаётган пайтда ўзининг фидокорона қаҳр-ғазаби йўналтирилган қуёнга нисбатан дарров бир баҳя юксалиб қолар эди.
Ватанпарварларча қаҳр-ғазабга қарши ягона қурол – ватанпарварлигу қаҳр-ғазабни ўша ватанпарвардан ҳам бир баҳя оширишдир. Аммо бу ишни эплаш кўп ҳолларда мумкин эмас. Чунки бунинг учун тайёргарлик кўриб етарли куч тўплаш талаб этилади. Айни лаҳзаларда ўзининг ватанпарварларча қаҳр-ғазаби билан сенга таҳдид қилиб турган қуёндан ошириб ватанпарварлик кўрсатиш деярли имкон доирасидан ташқаридаги ишдир.
Юқорида баён қилинган сабабларга кўра чақимчи қуёнларнинг бошлиқлари у ёки бу қуённинг Қиролга хиёнати хусусида гап кетганида далил-исбот талаб қилишга журъат этолмасди.
Ўзининг собиқ дўстларига нисбатан ноҳақлик содир этиб, Қирол уларнинг бу ноҳақлик қасосини олишга уринишини дил-дилдан ҳис қилар эди. Шунинг учун уларнинг хиёнаткорлиги ҳақидаги маълумотлар кела бошлаганида у бу маълумотларни чанқоқлик ва ички қониқиш билан кутиб олар эди. Тез орада Қирол атрофида Шоирдан бошқа ҳеч ким қолмади. У эса, нима қилди?
Аввалига у Қиролга улуғ орзуларини эслатди. Қирол ҳар гал ҳаммасини яхши эслайман, лекин ҳозирча, афсуски, тахт атрофида доиранинг ичида олмахондек чирпирак бўлиб айланишга мажбурман, деб жавоб қилди. Бундан ташқари, у қуёнлар умумий ўрта таълимининг вақти-соати келганида тайёр туриши учун яна бир неча каттароқ идишда сиёҳ тайёрлашни буюрди.
Шоир дастлаб виждонан қийналди ва у ақалли бевосита Қиролни шарафловчи ҳеч нима ёзмасликка аҳд қилди. Аммо ўзи, энг муҳими, тобора катталашиб бораётган оиласи ёмон ўрганиб қолган сарой ҳаёти, тўкин-сочинликка этак силкиб кетишга нимадир халақит қиларди.
– Ахир Қирол келажак учун нимадир қиляпти-ку, – дерди Шоирнинг хотини, – ана, қироллик омборида сиёҳ тўлғазилган янги идишлар турибди-ку.
– Кутиш ҳамда кузатишга тўғри келади, – ўзига тасалли берди Шоир ва қўлидан келган ишини қилди, яъни, Қиролни улуғловчи шеърлар ёзмади.
Қирол ўз дўстларини йўқотиб бошлаганида Шоир виждон азобидан ташқари даҳшатли қўрқувни ҳам ҳис қиладиган бўлди.
У Қирол хавф-хатарни ошириб кўрсатяпти, аммо, афтидан, тутунсиз олов бўлмайди, ахир, уни, Шоирни қамашмаяпти, бошқа қуёнларга ўхшаб қулоқларидан осмаяпти-ку деб ўйларди.
Кунлардан бир куни Қирол уни тунги базмга таклиф қилди. У ерда қувват бахш этувчи ичимликлар ичиб, сарой раққосалари даврасида хурсандчилик қилишди. Қиролнинг жаҳлини чиқармаслик учун Шоирнинг бошқалар қатори хурсандчилик қилишига тўғри келди. Сирасини айтганда, Қиролнинг ўзи кутилмаганда уни заптига олаётган виждон азобидан халос этди:
– Оҳ, бир кунмас-бир кун шоир бизнинг боплаб адабимизни беради-да, – ҳазиломуз деди Қирол базм авжида.
У ўзи билмагани ҳолда Шоир қалбига улуғ ниятни жо қилган эди. Бундан буён бутун ҳаётини Қиролнинг кирдикорларини фош қиладиган “Ғазаб бўрони” оташин достонини ёзишга аҳд қилди. Ва дарров ўзини енгил ҳис қилди.
Шундан буён у Қиролнинг биронта гуноҳкорона базмларини холи қолдирмайдиган бўлди. Фош этиш теран ва ҳар томонлама бўлиши учун ҳаммасини ўз кўзим билан кўришим керак-ку, дея ўзини ўзи оқлади.
– Менга нима, мен учун буларнинг ҳаммаси ҳаётий манба-да, – дерди у қувват бахш этувчи шарбатни ичиб, сарой раққосасини қучар экан.
Шоир кейинчалик ўткир ҳажвий қалами билан фош этишга чоғланган ҳаётий манбага жуда тез ўрганиб кетди. Гоҳида ўзи бир карра ҳис қилган ўша пастарин хоҳишни яна ва яна ҳис қилишга интиладиган бўлиб қолаётгани уни ажаблантирарди. Ҳали-ҳануз Қиролнинг ахлоқий тубанлашишидаги қандайдир нозик жиҳатларни етарли ҳис қилолмаётгандек туюларди унга.
Ҳар қалай, у ўзининг “Ғазаб бўрони” ҳажвий достонини ёзишга астойдил тайёргарлик кўрарди. У сарой ҳаётини тарк этган заҳоти достонни бошлашни ўйларди. Қиролнинг тубанлашувидаги барча жиҳатларни ўрганиб бўлганидан кейингина саройни тарк этмоқчи эди. Сарой ҳаётининг жамики имтиёзларидан ўзи ҳам фойдалана туриб достонни бошлаш одобдан эмас деб ҳисобларди.
Шунинг учун у вақтни бой бермасдан ўзининг бўлажак фош қилувчи достонининг шеърий оҳангини ишлаб чиқишга аҳд қилди. Сўзсиз оҳанг устида ишлаш унга хуш ёқиб қолди. Бир томондан, унинг кўнглидаги қаҳр-ғазаб алангаси беҳуда кетмасди, иккинчи томондан эса, унинг мазмунини сарой айғоқчилари билолмасдан доғда қолардилар. У қандайдир оҳангни яратиб, япроққа ёзиб, кейинчалик эсидан чиқариб қўймаслиги учун устига келажакда достоннинг қаерига қўйишини белгилаб, қутига яшириб қўядиган бўлди. Баъзан у бу оҳангни Қиролга куйлаб берар, Қирол ҳар бир янги оҳангининг оҳорлилиги ва жўшқинлигини ҳамиша қизғин қўллаб-қувватларди.
Кунлардан бир куни у Қиролнинг қуёнлар умумий ўрта таълими борасида сусткашлик қилаётгани хусусидаги ўз ғазабини ифодаловчи оҳангни куйлаб берди.
Оҳангни маъқуллаб, Қирол шундай деди:
– Сенга яхши, сен тўппа-тўғри Худо билан гаплашасан, менга бўлса, қуёнлар билан иш кўришимга тўғри келади. Мен сендан бу оҳангни солиқни ўз вақтида тўламаётган қуёнларни кескин танқид қилувчи оҳанг билан бойитишингни сўрайман, хўпми?
Ўз оҳангининг мазмун-моҳиятига бутунлай тескари келувчи бундай илтимосни эшитиб, Шоир аввалига андак каловланди, кейин Қиролнинг илтимосини бажаришга рози бўлди. Чунки унга Қирол нимадандир шубҳаланаётгандек туюлган ва шу йўл билан шубҳага ўрин қолдирмасликка аҳд қилган эди. У инига келди-да, буюртма қилинган шеърни ёзди.
Ҳар қалай, сидқидил ғазабнинг оҳанги зўрма-зўраки ғазаб йўлида фойдаланилгани Шоир қалбида яна-да кучлироқ дарғазаб оҳангларнинг янги тўлқинини пайдо қилди-да, уни ёзиб, узил-кесил хотиржам бўлди. Одатдагидек, у синчков кўзларни шамғалат қилиш учун оҳанг битилган япроқ устига “… ҳақида такрорий ғазаб” дея сарлавҳа қўйди.
– Мени бундай таҳқирлаш Қиролга қимматга тушади ҳали, – деди у ўзига ўзи, такрорий ғазаб оҳангини сўзлар билан тўлдирганида Қиролни қанчалик куч билан фош этишини ўзича тасаввур қилиб.
Энди ҳар гал Қирол бундай бетакаллуф илтимослари билан унинг илоҳий, ҳа майли, илоҳий бўлмаса ҳам, ҳар қалай, адолатли оҳангларини таҳқирлаганида Шоир қалбида исённинг янги оҳанги туғилар ва у “Ғазаб бўрони” достонидан ташқари Қиролни фош этувчи яна-да заҳархандалироқ шеърлар ёзишни дилига тугиб қўяр эди. Бинобарин, энди Қиролга янги оҳангини куйлаб берар экан, у муайян ички қониқиш билан янги таҳқирловчи топшириқларни кутиб қолар эди.
Дарвоқе, бундай таҳқирловчи топшириқлардан бирини бажариш чоғида у патқаламнинг устки бошини ғажиб ўтириб тасодифан маржон шарбатини ачитиб тайёрланган сиёҳни ичига тортди ва ўзида илҳом ҳолатини ҳис қилди. Кейинчалик, юқорида айтиб ўтганимиздек, унинг кашфиёти бутун қуёнлар қавмига яхшигина қўл келди.
Ниҳоят, у достонни бошлаш учун саройдан кетишга қатъий аҳд қилди, лекин шунда хотини тағин йўлига кўндаланг бўлди. У дедики, сенга ҳозир саройдан кетиш айни муддао, чунки ўзингнинг энг яхши йилларингни яшаб бўлгансан, бироқ эндигина балоғат ёшига етиб саройда иш бошлаган ўғлингнинг мансаб пиллапояларидан юксалиш имконияти эндигина очилиб келаётганида ҳоли не кечади, хўш?
– Ўғлингнинг келажагини таъминлаб қўй, ана ундан кейин тўрт томонинг қибла, – деди хотини, – ҳозирча оҳангларингни йиғиштириб тура тур…
Ва у ўғлини Қироллик Ҳимоясига ишга қўйди. Бу хусусда Ҳимоячилар Бошлиғига ўз шаънини таҳқирловчи илтимослар қилишга тўғри келди. Ҳолбуки ўзи ўша қуённи тошбағирлиги учун жинидан баттар ёмон кўрар, у ҳам ўз навбатида Шоирни шеърлари учун унчалик хуш кўрмасди.
Аммо шундан кейин ҳам у саройни ташлаб кетолмади. Қайсар хотини жазавага тушиб у орзу қилаётган шеърий хилват сарой доирасидаги қуёнларга турмушга чиқишга чоғланиб турган қизлари учун маъқул жой эмас эмаслигини уқтиришга ўтди.
– Аввал қизларимизни обрўли жойларга узатайлик, – дея уввос солиб йиғлай туриб қистовга олди хотини, – сен ҳозирча оҳангингни йиғиштириб, оҳангжамангни қўйиб тур!
– Мен ахир оҳангни керагича йиғиб бўлдим-ку, – хотинини инсофга келтиришга уринди у.
Аммо хотинини инсофга келтиришни биронта шоир уддалаёлмаган! Бинобарин, унга қизлари турмушга чиқишларини кутишга тўғри келди. Бу вақт ичида эса, у, гарчи Қиролнинг жинояткорона қилмишларида ўша-ўша иштирок этмаса-да, турли хил базми жамшидларида қатнашди.
Айни шу чоғда Қирол шубҳали қуёнларни йиғиштириб ташлашнинг, унинг назарида, маккорона усулини ўйлаб топди. Гап шундаки, гўштхўр бўлмаган қуёнлар қироллигида ўлим жазоси йўқ эди. Барча шубҳали қуёнларни илонлар ёрдамида йўқ қилишнинг эса, ташвишлари кўп эди. Мана, у нимани ўйлаб топди!
У Қари Донишманд Қуён мансабига ҳар йили танлов эълон қиладиган бўлди. Маълумки, Қари Донишманд Қуён Сабзи дарахтининг тагида турганида бошига меваси тушиб мия чайқалиши касалига гирифтор бўлганидан кейин шу мансабга ўтирган эди. Мия чайқалиши касалига учраган бу қуён калласида чайқаладиган нарса борлигини ҳар боб билан исботлаганидан кейингина бу мансабга тайинланган эди.
Ўшандан буён Қирол шубҳали қуёнларни (қуёнлар бошқарувини яна-да такомиллаштиришга талабгор бўлиб чиққан қуёнлар унинг наздида шубҳали шахслар эди) Қари Донишманд Қуён мансабига танловда қатнашишга мажбур қилар эди.
– Кўрамиз, – дерди у, – агар айнан сиз айни чоғда Қари Донишманд Қуён эканингиз исботлангудек бўлса, ана ўшанда биз сизнинг амалий таклифларингизни жиддий ўйлаб кўрамиз.
Қари Донишманд Қуён мансабига талабгор қуёнларни Сабзи дарахти тагига турғазиб қўйилиб, дарахт қаттиқ силкитилар эди, токи тўкилаётган мевалар ёрдамида рақибларда мия чайқалиши ҳосил қилинсин.
Одатда бир неча қуёнлар меванинг тўппа-тўғри мияга келиб урилиши оқибатида ўлиб кетардилар. Тирик қолган қуёнлар ғолиблар орасидаги танловни давом эттирардилар. Охир-оқибат, энг сўнгги қуён қолганида ёки у Қари Донишманд Қуён мансабига даъвосидан буткул воз кечарди, ёки, агар у воз кечмаса, сарой табиби у мия чайқалиши касалига шундай бир оддийгина сабабга кўра учрамадики, калласида чайқаладиган нарсанинг ўзи йўқ, деб ташхис қўяр эди.
Шоир қуёнларнинг соддадилларча шуҳратпарастлиги устидан бундайин ҳақоратни нафақат хуш кўрмасди, ҳаттоки шафқатсизларча содир этилаётган аянчли манзарани йиғлаб томоша қиларди. Сарой қуёнлари унинг таъсирчан қалбига жароҳат етказмаслик умидида баъзан Шоирни Сабзи дарахтидан чеккароққа олиб кетмоқчи бўлардилар, аммо у ҳўнг-ҳўнг йиғлаган кўйи қайсарлик билан кетмай туриб оларди.
– Йўқ, – дерди у, – мен бу косадаги заҳар-заққумни сўнгги томчисига қадар сипқормоғим керак!
Айни чоғда, кўз ёшларини артар экан, афтидан, бўрон қуши қанотларининг таскинбахш эпкинини кутиб, бир лаҳза осмонга ҳам кўз ташлашга улгурар эди.
Шуниси қизиқки, йиллик танлов чоғида, Сабзи дарахти қаттиқ силкитилаётган пайтда ҳеч кимда шубҳа уйғотмайдиган айрим қуёнлар ҳам ўз ихтиёрлари билан мева тўкилаётган майдонга бошларини урар, ўзларида Қари Донишманд Қуён мансабига муносиб ақл-дониш топилиб қолишидан умидвор бўлишарди.
Ақл-донишни аниқлашнинг бундай аянчли манзараларини кузатар экан, Шоир нафақат исён бўронини акс эттирувчи оҳанглар яратарди, балки ўз мавқеига хавф туғдириб унинг бошланишига аниқ-тиниқ матн ҳам ёзди. Ишонган дўстларининг тор доирасида Шоир уни баъзан ўқирди ҳам:

Жаҳон узра гурилла, бўрон,
Сабзи дарахтини қўпориб ташла!

Ушбу сатрларни ўқигач, у сатрлар битилган япроқни ғаладонга жимгина яширарди. Қаттиқ таъсирланган дўстлари эса, бош чайқаб ва бу билан шеърнинг битилган қисми замиридаги ақл бовар қилмас жасоратни тушунганларини англатиб бир-бирларига қарашарди.
– Ахир Сабзи дарахти сарой қошида ўсиб турибди-ку! – ниҳоят, англаб етарди улардан бири.
– Ҳамма гап мана шунда-да, – қўшимча қиларди бошқаси.
Сирасини айтганда, ақл бовар қилмас жасорат шу билан тугаб битди. Шоир токи тунги базмларнинг жамики ноз-неъматларидан фойдаланиб саройда қолар экан, у ўзини Қиролга қарши бош кўтариш учун ҳеч қандай ҳуқуққа эга эмас деб ҳисобларди (етарли асосларга эга бўлган ҳолда)!
Мана, ниҳоят, қизлари ҳам турмушга чиқдилар, лекин шу заҳоти янги тўсиқ пайдо бўлди. Маълум бўлишича, қирол ҳимоясининг ходимига, яъни, ўғлига ҳимоя сирларидан воқиф қуён сифатида четлатилган ёхуд, айниқса, ўз ихтиёри билан сарой ҳудудидан ташқарига чиқиб кетган қариндошга эга бўлиш мумкин эмас экан!
Ўғлига ҳимоя ишларидан кетишга ёрдамлашиш ва уни хазинага ишга ўтказишга тўғри келди. Бунга ҳам яна бир йил кетди.
Шунда яна маълум бўлдики, бир йилдан кейин Қиролга садоқат билан хизмат қилаётганига йигирма йил тўлар экан ва қироллик қонунига кўра, у “Қиролликнинг Биринчи Шоири” унвонини олиши керак экан. Бундай унвоннинг тириклигида ҳеч нафи йўқ эди, чунки аллақачон ҳамма нарсаси бор, аммо ўлганидан кейин унга қиролликнинг энг эътиборли қуёнлари қаторида Қирол Қабристонига кўмилиш ҳуқуқини берар эди.
Шундоққина айни фахрли унвонни олиш арафасида саройдан узоқлашиш мисли кўрилмаган шаккоклик бўлар эди. Унвонни олганидан кейин кетиш эса, юзсизларча ношукурлик деб тушунилар эди. Хуллас, у яна бир неча йил саройда қолди.
Энди у қариб қолган эди. Аммо, барибир, ўз ижодий ниятидан воз кечса, бундай ҳаётга чидаб бўлмайдигандек туюларди. Кунлардан бир куни бўлажак “Ғазаб бўрони” достони оҳанглари ёзилган қуриган япроқларни қайта тахлаб ўтириб у мийиғида кулди.
– Ҳа, нима гап? – сўради қироллик омборидан озиқ-овқат олиб келиб, ҳали нафас ростлаб улгурмаган хотини.
– Шунчаки ўзим, – деди у оҳанглари ёзилган сарғиш япроқлар титилиб кетмаслиги учун авайлаб тахлар экан, – менинг оҳангларим захираси Қиролнинг сиёҳлари захирасини эслатяпти.
– Бу дунёда ўхшашликлар кўп, – деди хотини қироллик омборидан олиб келган янги озиқ-овқат маҳсулотларини тартиб билан териб қўяр экан.
Ҳа, шунда шоир тушундики, оила – энг жиддий тўсиқ эмас. Албатта, хотини сарой омборидан бериладиган маҳсулотдан маҳрум бўлганида озгина дод-вой қиларди, лекин уни тўхтатиб қолмасди. Тўсиқ унинг ўзида, ўз ичида эди. У ўлим ҳақида ўйлайдиган даражада қариб қолган эди. Башарти саройда қолган ҳолда ўлса, Қирол Қабристонига ўзига етгулик асъаса-дабдаба билан кўмилишини биларди. Албатта, саройдан кетган тақдирда ҳам расман шундай ҳуқуққа эга бўлиб қолаверарди. Аммо тағин ким билади дейсиз, ҳаммаси Қиролнинг бу воз кечиб кетишни қандай қабул қилишига боғлиқ-да.
Қанақанги фожиали зиддият бу, деб ўйларда у гоҳида, ўзимдан бошқа ҳеч ким менинг жасадимга муносиб дафн маросимини таъминлашга ёрдам беролмайди.
– Агар иложим бўлса эди, – дерди у хотинига, – ўзимни дабдаба билан кўмиб бўлиб, кейин саройдан кетардим-да, достонимни хотиржамгина ёзардим.
– Асло хавотирланма, – жавоб қиларди хотини, – сени ҳурматингни жойига қўйиб дафн қилишади…
– Агар саройда қолсам, албатта, дафн қилишади, – дерди Шоир, – бироқ биз саройни тарк этмоқчимиз-ку… Аввал ўзимни кўнгилдагидек дафн қилсам, сўнг “Ғазаб бўрони” достонини ёзсам, ана ундан кейин хотиржамгина ўлсам, зўр иш бўларди-да…
– Сен жуда кўп нарсани орзу қиляпсан, – дерди хотини, – бошқа қуёнлар учун бундай ажойиб, сархуш қиладиган шарбатни кашф қилганининг ўзиёқ бутун умрига етган бўларди… Сен қавмимиз учун кўп ишлар қилиб улгурдинг, энди бошқалар ҳам жон куйдиришсин-да…
– Умид қиламизки, бир нимани амалга оширдим, – дерди Шоир, ўзининг бўлажак жасадини қандай қилиб қулайроқ жойлаштиришни ўйлаб, айни чоғда ғамгин ўйларидан янги шеърий оҳанг топмоққа уриниб.
Аҳволи шунақанги танг эдики, у баъзида маъюс хаёлларга борарди. Гоҳо қани энди ўзимни ўликка солсам, Қирол Қабристонига дафн қилишларига йўл берсам, ана ундан кейин олиймақом сағанамни яширинча тарк этиб, чакалакзорга бош олиб кетсам-да, у ерда достонимни бамайлихотир ёзсам деб ўйларди.
Бироқ бу ишнинг қанчалик хатарли эканлигини тушунишга унинг ақли етарди. Амалга ошган тақдирда ҳам, бундай сағананинг омонатлиги ҳақидаги фикр унга азоб берарди. Албатта, бошқалар уни ажойиб сағанасида ётибди деб ўйларди. Аммо бундай эмаслигини ўзи билади-ку. Модомики у ўша ажойиб сағанада ётмас экан, демак, аслини олганда, бу сағана унга тегишли эмас-ку.
Бу фожиавий зиддиятдан қутулиш йўлини топа олмаган кўйи Шоир хасталикка чалиниб, кунлардан бир куни вафот этди-кетди. Ўлим остонасида Қирол ўз аъёнлари билан уни кўришга келди. Соғайишини тилаб, агар вафот этгудек бўлса, дафн маросимини юксак даражада ташкил этишига ишора қилди.
Қирол ўз ваъдасининг устидан чиқди.
Шоирнинг жасади тепасида Гулкарам тасвирланган байроқлар эгилиб турарди. Қиролнинг ўзи ва барча Ўринга Қўйилганлар эса, фахрий қоровул бўлиб туришар, ёш қуёнлар Қиролликнинг Биринчи Шоири шеърларидан намуналар ўқишарди.
Уни Қирол Қабристонига дафн қилишди. Бўлажак достоннинг оҳанглари битилган япроқлар дастаси эса, қироллик архивига ўтказилди. Қиролликнинг Бош Олими бўлажак достоннинг барча оҳанглари замиридаги маъноларни очди ва қироллик шеърияти тазкирасидан уларнинг ҳар бирига мос шеър топди.
Масалан, “…сусткашлигига қарши ғазаб” дея қисқа номланган оҳангга у томорқа солиғини тўламайдиганлар танқид қилинувчи шеър топди. “… хусусида такрорий ғазаб” деб номланган оҳангга эса, яна ўшаларни, эҳтимолки, бутунлай томорқа солиғини тўламайдиганларни танқид қилувчи шеър топди.
Хуллас, бизнинг фожиавий омадсизимизнинг барча оҳанглари шундай жўн талқин қилиндики, бу кейинги қуёнлар авлодларига Қуёнларнинг Биринчи Шоири анчагина нўноқ назмбоз бўлган экан, деб ўйлашларига қулайгина имконият яратди.
Тўғри, нисбатан билимлироқ шеър ишқибозлари ҳам бор эдики, улар Шоир илоҳий шеърлар битган дастлабки давр бўлган, фақатгина кейинчалик Қиролнинг таъсири остида расво шеърлар ёза бошлаган, дея таъкидлардилар.
Аммо бошқа, яна-да нозиктаъброқ билимдонлар (эҳтимолки, яна-да устароқ ғийбатчилар) унинг дастлабки шеърларида ҳам ҳақиқат кучига ишончсизлик билан қараш мавжуд дердилар. Яъни, улар ҳақиқатнинг ғолиб ва мустақил қадрият эканига шубҳаланиб қарашни назарда тутардилар. Ҳолбуки айни шу ишонч ҳар қандай ижоднинг мустаҳкамлиги ва яшовчанлигини белгиловчи ягона аломатдир. Шоир қалбида айнан шу ишончнинг йўқлиги, уларнинг назарида, кейинчалик истеъдодини шу қадар ачинарли инқирозга олиб келган.
Афсуски, Шоирнинг ушбу илк ижодий фаолияти маҳсуллари бўлган баҳсли ёки баҳссиз шеърлари бизнинг қўлимизга келиб тушмаган. Демак, бу масалада бизнинг шахсий фикримиз йўқ. Биз шунчаки кейинги тадқиқотчилар фикрларини қайд этмоқдамиз, токи ушбу масалалар билан қизиқувчилар шундай ҳар хил фикрлар борлиги хусусида тасаввур ҳосил қилсинлар.
Зотан, буларнинг барчаси қуёнлар қироллиги тарихининг нисбатан кейинги даврига тааллуқлидир. Бизнинг мавзумиз – бу, аслини олганда, Гулкарамни кутаётган қуёнлар қироллигининг айни гуллаб-яшнаган давридир.

…Энди биз ҳикоя қилишни тўхтатиб қўйган воқеаларга қайтамиз. Ўша куннинг эртасига чакалакзор ўртасида қувноқ қўшиқ янгради:

Қандайдир ўйчан,
Тепаликда ўтирибди.
Пам-пам, пам-пам, пам-пам-па!
Ва Ба-ба-ба-қа Ботқоғи!
Аммо бўрон барибир бошланаяпти!

Табиийки, бу Топқирнинг овози эди. У ўзининг соддагина сатрларини бир неча бор айтиб улгурган, аммо ҳеч ким парво қилмасди. Қайтага шуниси яхши, ўйлади Ўйчан қувониб, мен бу қўшиқни шунақанги чалкаштириб ташладимки, шайтоннинг ҳам ақли шошиб қолади. Ўзбошимчалик қилиб учинчи сатрдаги асосий сўз “кўринади”ни тушириб қолдирганим ҳам ёмон бўлмади… Ана энди тушуниб кўришсин: ким ўйчан, нима ҳақида ўйлаяпти, унинг ўйларининг кимга неччи пуллик қизиғи бор?!.
Қўшиғини яна бир марта айтди ҳамки, на ўт-ўланлар, на шох-шаббалар орасида танини титроққа солувчи таниш вишиллаш эшитилмади. Хотиржам бўлиб, яна-да тезроқ юриб кетди. Қанчалик тезроқ юрсам, шунчалик Холис Сўқмоқдан тезроқ ўтаман, қолаверса, бирон илон қўшиғимнинг нима ҳақида эканини билолмайди, деб ўйлади Топқир. Ўзининг топқирлигига яна бир карра қойил қолди. Энди у қўшиқ айтган кўйи юрмади, ўқтин-ўқтин сакраб-сакраб югура кетди. Фақат баъзан нафас ростлагани ва қўшиғининг ҳавога учиб кетаётганига қаноат ҳосил қилгани бир муддатга тўхтарди.
Кейинги гал Топқир Холис Сўқмоқ ёнида ўсиб турган ёввойи нок дарахтининг тагида тўхтади. Бу ерда нафас ростлашдан ташқари, дарахтдан тўкилган, лекин қобонлар еб улгурмаган нокларни тановул қилмоқчи бўлди.
Айни шу пайтда икки маймун – она-маймун ва бола-маймунча думлари билан юқори шохлардан бирига осилиб олиб, дарахтда саланглаб туришарди. Топқирнинг яқинлашиб келаётган қўшиғини тинглаб, она-маймун саланглашдан таққа тўхтади ва безовталаниб қўшиқ мазмунига қулоқ тутди. Бола-маймунча ҳам қулоғини динг қилди.
– Яна қуёнлар Қироли кимнидир илонларга соттиряпти, – деди она-маймун, – овози қанчалик совуқ эшитилишини-чи бу Жарчи сотқиннинг.
– “Ба-ба-ба-қа Ботқоғи” нима? – сўради бола-маймунча.
– “Бақалар Ботқоғи”-да! – деди она-маймун тағин думига осилганча саланглар экан. – Тасалли шундаки (ва тебраниш кучини ошириш учун саланглаганча икки қўлини силтади), бу ерда уларни, анови Жарчи сотқинларни қанча кўрган бўлсам, улар феълларига яраша жазоларини олиб ўз қурбонларининг ортларидан (тағин бир марта тебраниш кучини ошириш учун қўл силтади) ўзлари ҳам асфаласофилинга кетганлар.
– Бундан чиқди, сотиш – ўлдириш экан-да, а? – сўради бола-маймунча, – Бошқа бировнинг қўли билан ўлдириш…
– Ҳа, – маъқуллади керакли тебраниш тезлигини қўлга киритган она-маймун. – Маҳаллий халқ айтганидек, ўз яқинини бегонанинг қўли билан ўлдириш дейдилар буни!.. Ана энди менга қараб тур! Кўряпсанми, мен гавдамни қанчалик эркин тутиб турибман. Энг баланд нуқтага силтаниб чиққанингдан кейин думингни туширасан-да, ҳеч нимани ўйламай ўзингни пастга отасан. Керакли шохга учиб боргач, енгил бир ҳаракат билан унга дум ташлайсан. Ўзинг тағин учишда давом этасан. Думинг шохга ўралиб қолади. Қарабсанки, сен тағин саланглаб турибсан-да.
– Нимагадир менинг думим тутиб қолмай, ерга йиқилиб тушавераман-ку, – деди бола-маймунча.
– Чунки сен учаётганингда қўрққанингдан қўлинг билан мўрт шохларга ёпишмоқчи бўласан, – тушунтирди она-маймун. – Қарабсанки, на қўлинг, на думинг иш беради. Ёдингда тут, пастга тушишда ҳамма гап учиш тезлигида. Йиқилишдан қўрқма. Муҳими – тезликда. Бир, – деди у силтанишни кучайтириб, айни чоғда, жисмини бўш қўйиб ва шу билан ўзининг чаққонлигини намойиш қилиб, – икки, уч…
Она маймун авзойидаги шу ерлик аёллар ҳайвон жунидан кийим тўқиётган пайтидагидек хотиржамлик билан пастга уча кетди. Бир пайт думи керакли шохга маҳкам ўралди-да, ўзи тағин бутун оғирлиги билан пастга саланглаб осилди-қолди.
– Тушунарлими? – пастда саланглаган кўйи боласига қарар экан, сўради она-маймун.
– Тушунарли, – деди боласи ўзига бир қадар ишончсизлик билан, пастга – онаси саланглаб турган жойга ва ундан ҳам пастроққа – она-маймун думи билан осилгани сабаб ерга дувва тўкилган нокларни териб еб, дарахт соясида юрган Топқирга қараб.
Нокни еб бўлгач, Топқир ўйноқлаган маймунларга ҳавас билан тикилди. Уларга маза, ўйлади маҳзунлик билан, шохдан шохга сакраб ўйнайдилар, ҳеч қандай қўшиқ айтиш ташвишлари йўқ, Қиролнинг топшириғи йўқ!
– Хўш, сенга ким халақит қиляпти? – кутилмаганда ичидан чиққан бир овоз қулоқларига чалинди.
– Ким деганинг нимаси? – сўради у бу антиқа ҳолдан ажабланганча овозини баландлатиб. – Модомики табиат мени Топқир қилиб яратган экан, яхшироқ яшашим учун топқирлик кўрсатишим керак-ку.
У ичидаги овоз нима деб жавоб қилишини кутиб қулоғини динг қилди, лекин овоз чиқмади.
– Энди ақлинг кирди, шекилли? – деди Топқир унга ва ўз йўлида давом этди.
У Холис Сўқмоқнинг охиригача бориб, ортига қайтди. Бутун йўл бўйи ичимга қанақанги иблис кириб олди экан деб боши қотди. Ўзини баттар безовта-беҳаловат ҳис қилди. Энг қизиғи, бу овоз кутилмаганда бир марта бош кўтарди-да, кутилмаганда тилини тишлаб қолди. Майли, сен мен билан баҳслашмоқчи бўлсанг баҳслаш, деди Топқир унга, акс ҳолда буёғи қандоқ бўлди? Бирданига бош кўтардинг, тағин бирдан жим бўлиб қолдинг. Икки ўртада кайфиятимни баттар расвойи радди бало қилдинг. Бор-э, ана, сенга қасдма-қасдига қўшиғимни яна бир марта айтганим бўлсин.

Қандайдир ўйчан,
Тепаликда ўтирибди.
Пам-пам, пам-пам, пам-пам-па!
Ва Ба-ба-ба-қа Ботқоғи!
Аммо бўрон барибир бошланаяпти!

У қўшиғини айтиб бўлиб чакалакзорга сергаклик билан қулоқ тутди. Яқин атрофда ҳеч бир хавфли товуш эшитилмади. Майли, қўшиғимни сенга бағишлаб яна бир марта айтаман, деди у ўша ичидан чиққан овозга, ана ундан кейин тамом-вассалом, нарёғига мен ҳам озодман!
Кутилмаганда у бир қирққулоқ буталар тагида лаънати вишиллашни эшитди. Илоннинг кўзга кўринмас гавдаси қирққулоқ буталари учларини чайқатган кўйи судралиб бориб дарё томонга тушди-кетди. Ким қаёққа қараб судралса – ихтиёри-да, юраги шувиллаб ўйлади Топқир ўзини тинчлаштириш умидида. Йўқ-йўқ, мен унинг айнан ўша Ўйчан ўтирган томонга судралиб кетаётганига ишонмайман! Бундай бўлиши мумкин эмас! Бундай бўлишига ишонмаслигини ўзига ўзи кўрсатиб қўйиш умидида энди қўшиғини тўхтовсиз айтишга тушди.
Айни чоғда миясида фикрлар ғужғон ўйнади. Негаям оддий қуёнлар сафига қайтиб кета қолмадим-а, дея афсусланди. Ахир, мен оддий қуёнларга ўхшаб яшаёлмасдим-да, дея ўзини ўзи овутди. Эҳ, агар Қироличанинг туҳфасини очкўзлик қилиб еб қўймаганимда эди, бош олиб кетишим мумкин эди! Эҳ, Қирол билан Қиролича карам япроғининг ярмини еб қўйганимни аввал-бошдаёқ билишганини билганимда эди, бундай тақдирда ҳам бош олиб кетсам бўларди! Оҳ, агар, оҳ, магар… деб ўйлади Топқир Холис Сўқмоқдан қўшиқ айтган кўйи ортига бетўхтов қайтар экан.
Балки ўша илон дарё билан ботқоқ қошидаги тепалик томонга унинг қўшиғини эшитиб эмас, ўзича кетаётган бўлса-чи? Эҳтимол аллақачон бутунлай йўналишини ўзгартиргандир? Балки Ўйчан ўйлашга чек қўйиб, ўзи ўтирган тепаликдан жўнаб қолгандир?.. Бири биридан мудҳишроқ ўйлар исканжасидан қутулиш умидида турлича хаёлларга борди Топқир. Ана, нок дарахти, деди ўзига ўзи, агар маймунлар ўша-ўша дарахт тепасида саланглаб турган бўлсалар, бу ердан илон ўрмалаб ўтган-ўтмаганини улардан сўраб биламан. Зора илон аллақачон бошқа томонларга бурилиб кетган бўлса!
Айни лаҳзаларда ҳам она-маймун билан бола-маймунча дарахт тепасидан ерга сакраш усулларини машқ қилишаётган эдилар. Ўтган вақт мобайнида бола дарахтдан сакраганида думи шохни тутиб қололмай ерга йиқилиб тушган эди. Лат еган биқинини силаган кўйи у онасининг сакраш усулларини пухтароқ ўзлаштиришга қаратилган танбеҳларини эшитарди.
– Ахир мен ҳозир ҳеч бир шохга қўлим билан ёпишиб олганим йўқ эди-ку, нега шунда ҳам ўхшамади? – сўради у ўзини оқламоқчи бўлиб.
– Айнан шунинг учун ўхшамадики, – тушунтира бошлади она-маймун думига осилиб саланглаган кўйи боласига қараб, – сен тағин баттарроқ қўрқиб кетдинг. Шу қадарки, қўрққанингдан думинг ходадек қотиб қолди! Ҳолбуки ўзингни ерга отганингда мутлақо қўрқмаслигинг, думинг ҳам юмшаб, тамомила эркин ҳаракатланиши керак… Ана шундагина у гавдангни кўтара оладиган даражада шохга бемалол ўралади… Қани, яна бир марта машқ қилиб кўрайлик-чи…
Бола-маймунча думини шохга ўраб, силтаниш учун эндигина қўлларини қанотдек ёзган эди, пастдаги Холис Сўқмоқ қошида ўрмалаб кетаётган илонни кўриб қолди.
– Илон! – қичқириб юборди у. – Мен қўрқяпман!
– Дарё томонга кетяпти, – тушунтирди она-маймун.
– Уни анови Жарчи йўлламадими мабодо?! – сўради бола-маймунча.
– Бошқа ким бўларди, – чуқур хўрсинди она-маймун, – қўявер, у кетадиган жойига кетиб бўлди.
– Тўхтанг, ойижон, – ёлворди бола, – мен беихтиёр титраб кетяпман… Анови Ўйчан тепаликда ўтиргани, у томонга ўзининг қуёнлари йўналиш берган илон ўрмалаб кетаётганини ўйласам, қўрққанимдан думимгина эмас, бутун аъзойи баданим алланечук карахт бўляпти…
– Қани, ўзингни қўлга ол-да яна бир марта машқ қил, – деди она-маймун, – демак, энди муҳими думни юмшоққина тутишда…
Бола-маймунча нимагадир ҳеч ўзини қўлга ололмасди. Шу пайт кутилмаганда сотқинлик қўшиғининг жарангдор овози қулоқларга чалинди. Бу Қиролнинг Жарчиси Холис Сўқмоқ бўйлаб тўхтамасдан ортига қайтаётганда тинмай айтаётган қўшиғи эди.
– Энди нимага қўшиқ айтяпти? –ҳайрон бўлиб сўради бола-маймунча, – наҳотки у илон ўша томонга ўрмалаб кетганини билмаса?!
– Билганда қандоқ! – жавоб қилди она-маймун, – Ҳеч ким сот-қинлик билан қўшиқ ўзаро боғлиқ эканини билмасин деб атайин айтяпти-да у!.. Гўё у ўз-ўзича қўшиқ айтиб юрибди, илон бўлса, ўз-ўзидан Ўйчанга юзма-юз келиб қолгандек…
– Устомонликни қаранг! – хитоб қилди бола-маймунча. – Шу ерлилар қуёнлардан тарқалишмаганми мабодо?
– Билмасам, – деди она-маймун, думига осилиб турган ҳолида Холис Сўқмоққа қулоқ тутишда давом этар экан, – улар ўзларича гўё бизлардан тарқаган эканликларини гапиришади!..
Шу пайт Топқир нокка етиб келди ва ўша-ўша дарахт шохида осилиб турган маймунларни кўрди. Улар ўз сотқинлигидан кейин кўриб турган биринчи тирик жонлар эди. Шу боис уларни кўриб қувониб кетди. Бирдан жаҳонда ҳеч нарса ўзгармагандек, ҳаммаси аввал қандай бўлса, шундайлигича тургандек туюлди. Мана, ёввойи нок, аввал қандай ўсган бўлса, ҳозир ҳам шундай ўсяпти. Мана, маймунлар, сакрашни машқ қилаётган эдилар, ўша-ўша сакрашни машқ қилаяптилар. Ҳа, ҳамма-ҳаммаси аввал қандай бўлса, шундайлигича турибди… Кутилмаганда у ким биландир, ақалли шу маймунлар билан гаплашишни жуда-жуда хоҳлаб қолди.
– Ҳой, дарахт тепасидагилар, – қичқирди у пастда туриб, – шохни бир силкитиб юборсинлар, биз ҳам нок еб маза қилайлик!..
Жимлик! Фақатгина она-маймун осилиб турган шохнинг бир маромда ғичирлаши эшитилади. Топқир яна ўзини қандайдир нохуш ҳис қилиб, назарида, ҳаёт зерикарли туюлди.
– Силкитсанг асаканг кетадими?! – қичқирди у тепага қараб.
Яна жимлик. Наҳотки илон шу ердан ўтиб, Ўйчан ўтирган дарё томонга ўрмалаб кетган бўлса?!
Оғир жимлик. Аммо маймунлар узоқ жим туролмадилар.
– Сен шу ердан илон ўрмалаб ўтган-ўтмаганини билмоқчисан-да, а? – ниҳоят, истеҳзо билан сўради у.
Билар экан дея юраги шувиллаб ўйлади Топқир ва, айни чоғда, бу тили бир қарич маймунга нисбатан ўзида нафрат ҳис қилди.
– Мен хоҳлаганимни айтдим, сен ҳам хоҳлаганингча тушунавер, – у мағрурлик билан жавоб қилди-да, жим қолди.
– О, қанчалик безбет экан, – шивирлади бола-маймунча.
– Ҳозир мен сакраб тушаман-да унинг ана ўша без бетига тупураман, – ғижиниб шивирлади она-маймун, – сен менинг қандай учиб тушишимни кузатиб ўрганиб тур…
– Тупуринг унинг без бетига, тупуринг, ойи! – қувониб шивирлади бола-маймунча ва ҳаяжонланганидан шохни силкитиб ўйнай бошлади.
Она-маймун думига осилиб турган еридан бир силтаниб пастга учиб кетди. Думини шундоққина Топқирнинг бош устидаги шохга ўради. Маймун осилган шох силкиниб, ноклар ерга дўлдек тўкилди. Топқир бошига ёғилган кутилмаган балодан қаттиқ қўрқиб, топқир бўлишига қарамасдан, ўз ҳаётида биринчи маротаба нима бўлаётганига ақли шошиб қолди. У сотқиннинг юраги ҳар бир кутилмаган ҳодисани қасоснинг бошланиши сифатида қабул қилишини ҳали билмас эди.
– Оббо! – ниҳоят, Топқирнинг рангига қон югурди, – бу сенмисан, маймун?
– Йўқ, азоб фариштаси осмондан тушди, – пичинг қилди маймун думига осилиб саланглаганча.
– Бу ерда азоб фариштасига нима бор? – совуққонлик билан сўради Топқир. У ўзини тутиб олиб, Қирол Жарчисига муносиб жиддий қиёфага кириб улгурган эди.
– Гап шундаки, – деди она-маймун, – қўшиғингни бас қилиб унингни ўчиришинг мумкин, чунки керакли жонивор керакли томонга аллақачон судралиб кетди-да, мурод-мақсадингга етдинг!
– Бу ерда илоннинг нима алоқаси бор?! – Топқир ўзини йўқотиб беихтиёр қичқириб юборди. – Мен туҳмат қилишларига йўл қўймайман! Мен Қиролнинг Жарчисиман! Мен арз қиламан! Мен! Мен! Мен!
– Эътиборинг учун, мен илон ҳақида ҳеч нима деганим йўқ, – деди маймун ўша-ўша думига осилиб саланглар экан.
– Йўқ, дединг! – қичқирди Топқир. – Бу қандай беадаблик! Бу Қирол Жарчисининг устидан кулиш! Сен Холис Сўқмоқ устида машқ қиляпсанми ҳали?! Мен буни шундай қолдиролмайман!
Ростдан ҳам, Холис Сўқмоқ устида машқ қилиш мумкин эмас ва, умуман, бу билан ади-бади айтишмаганим маъқул, деб ўйлади Маймун. Боласига кўрсатиб қўймоқчи бўлган башарага туфлашга журъати етмай жимгина тепага кўтарилиб кетди. Топқир эса, ғазаб билан қулоқларини ўйнатиб ва ўзича нималарнидир минғирлаб йўлида давом этди.
– Нима бўлди, туфладингизми? – сўради бола-маймунча онаси юқори шохга кўтарилиб ёнига ўтирганида.
– Туфлаганда қандоқ! – деди она.
– У нима қилди? – сўради бола.
– У нима қиларди. Жуфтакни ростлаб қолди-да!
– Ойи, – деди бола-маймунча, – мен югуриб бориб Ўйчанни огоҳлантириб келайми?
– Аралашмаганинг маъқул, – деди она-маймун. – Қолаверса, энди кеч…
– Балки улгурарман? – бетоқатланди бола-маймунча. – Ахир, мен ербағирлаб сакрашга уста бўлиб кетганман-ку…
– Йўқ дедимми – йўқ! – яна-да қатъийроқ жавоб қилди она-маймун. – Сен ҳали бунақа ишларга аралашишга ёшлик қиласан, болам.
– Ойи, ойижон! Ўтиниб сўрайман. Мен югураман! Мен учиб бораман! Мен улгураман! – ёлворди бола-маймунча.
– Йўқ дедим-ку сенга! – таҳдидли овозда деди она. – Сен ҳали кўп нарсаларни тушунмайсан, болам!.. Ўйчанга менинг ҳам раҳмим келади… Унинг таълимоти биз учун ҳам фойдали эди… Начора, у ҳаддан ташқари чуқур кетди… Ҳаддан ташқари…
– Унга шунақанги ачиниб кетяпманки! – онаси уни ҳеч қаёққа қўйиб юбормаслигини тушунган бола-маймунча йиғлашга тушди. – Ўйчан у ёқда ўйланиб ўтирибди, бу ерда бўлса, уни аллақачон сотиб бўлишган.
– Нима ҳам қила олардик, – чуқур хўрсинди она-маймун ва боласини тиззасига ўтқазиб, бошини силай бошлади, – тубжойлилар фан қурбон талаб қилади дейишади… Агар қуёнлар тубжойлиларнинг экин далаларига кирмай қўйсалар, эҳтимол бизнинг тубжойлилар жўхоризорларини холи қўйишимиз масаласи ҳам пайдо бўлар… Ўйчан ҳаддидан ошиб кетган…
– Ахир, ойижон, сиз ўзингиз айтгансизки, тубжойлилар биздан келиб чиққан, – эслатди бола-маймунча аста-секин ўпкаси босилиб ва боши билан онасининг жағига суйкалиб. У онасига бошидан бит қидириш кераклигини шу тариқа эслатар эди.
– Биринчидан, буни мен эмас, уларнинг ўзлари айтишган, – деди она-маймун ва тирноқларини қирсиллатиб унинг бошидан бит тера бошлади, – иккинчидан эса, иш маккажўхорига бориб тақалганида улар бизнинг қариндошлигимизни унутиб, итлари билан қўрқитишади ва йўлимизга ўзларининг тимсоҳнинг оғзидек даҳшатли қопқонларини қўйишади… Нима қиламиз, эҳтимол яна бир марта тепадан пастга сакрашнинг машқини олармиз?
– Фақат бугун эмас, – хафақонлик билан жавоб қилди бола-маймунча, – бугун шунақанги ҳаяжонландимки!..
– Унда уйимизга кетдик, – деди она-маймун, – ўзимизникиларга кўрган-эшитганларимизни айтиб берамиз… Қизиқ, буларнинг ҳаммаси нима билан тугаркин…
– Кетдик, – ноилож рози бўлди бола-маймун ва улар шохдан- шохга сакраб ўрмон ичра кўздан йўқолдилар.
Бу вақтда Топқир қарийб бутун Холис Сўқмоқни ўтиб, қуёнларнинг дастлабки қишлоғи яқинидаги кичик бир кўл қошига келган эди. Йўл бўйи у бўлиб ўтган воқеаларни ўйлади ва эндига келиб қарийб ҳовуридан тушди, ҳатто маймунларни паққос унутди.
Биринчидан, ўйлади у, эҳтимол илон дарё тарафга ўзининг шахсий ташвишлари билан кетаётгандир. Иккинчидан, эҳтимол Ўйчан ҳақдир ва илон уни ютолмас. Учинчидан эса, ана, жанубдан қанақанги қуюқ булут бостириб келяпти. Ҳаш-паш дегунча момоқалдироқ гумбурлайди ва Ўйчан момоқалдироқ остида яйдоқ тепаликда ўтиравермаса керак. Ўйчаннинг тирик қолиш эҳтимолларини кўпайтиргани сайин у ўзини тетик ҳис қилаверди.
Айни шу қуёнларнинг дастлабки қишлоғи қошидаги кўл бўйида у тасодифан Ўйчаннинг хотинига дуч келди.
– Сен бу ерда нима қилиб юрибсан? – сўради у ҳол-аҳвол сўрашувлардан сўнг.
– Қишга беда ғамлаштиряпман, – деди у чуқур тин олиб. – Биласан-ку, менинг эрим ҳамон ўйлаяпти…
– Ахир сен Қиролдан нафақа оласан-ку, – ажабланди Топқир.
– Олти оғизга икки дона сабзими? – сўради қуён бош кўтариб. – Йўқ, мен Қиролдан миннатдорман, лекин барибир яшаш учун курашиш керак…
Афтидан, момоқалдироқ бўладиганга ўхшайди, – ўйчанлик билан деди Топқир ва осмонга кўз ташлади. Ростдан ҳам, жанубдан қоп-қора, катта умид уйғотувчи булут бостириб келарди.
– Мен шу атрофда яшайман-ку, – деди қуён осмонга бирров кўз ташлаб.
– Менга қара, агар момоқалдироқ гумбурласа, эринг уйга келадими? – беихтиёр сўради Топқир.
Ўйчаннинг хотини Топқир нимагадир ишора қиляпти деб ўйлади. Қачонлардир ёшликларида иккаласи уни севишарди. Аммо у ёшлик қилиб Ўйчанни танлаган эдики, бунга ҳали-ҳануз жуда афсусланади.
– Нималар деяпсан, – деди у қўл силтаб, – билсанг, у тонг-саҳардан то тун ярмига қадар ўша жойида ўтириб олади-да ўйлайверади. Кундуз куни уйига таёқ билан ҳайдаб киритолмайсан…
– Ҳолига ачинганимдан айтяпман-да, – деди Топқир, – панаси йўқ тақир жой бўлса… Нима бало, у куни бўйи ёмғирга бўкиб ўтираверадими энди?
– Мен уни сендан яхшироқ биламан-ку, – деди қуён Топқирнинг кўзларига тикилиб, – шундай бўлгач, уйга юр, Худо берган нарсалар билан меҳмон қиламан…
– Йўқ, раҳмат, – деди Топқир, ниҳоят, унинг ишорасини тушуниб, аммо бу иши ўтакетган ноинсофлик бўлар дея ўйлаб, – мен ҳали Қирол ҳузурида ҳисоб беришим керак…
– Ҳа, – дея чуқур сўлиш олди қуён, – сен энди шунақанги катта амалдорсан-да… Бизга йўл бўлсин!..
– Ҳе-е, – қўл силтади Топқир, – нимаси амал! Ҳа, Қўйилганман, ҳа, тўйгунимча еб-ичишим мумкин… Лекин шуни тушундимки, бахт бунда эмас экан…
– Ҳаммаларинг шунақа дейсанлар, – тағин чуқур хўрсинди Ўйчаннинг хотини, – менинг бўлса, бедадан кўнглим айнийди… Тентак эрим ҳам мансабдор бўлиши мумкин эди, хоҳламаганини кўрмайсизми!
– Майли, хайр, – деди Топқир ва йўлида давом этди. Кайфияти баттар бузилганини ҳис қилди.
– Хайр, – жавоб қилди Ўйчаннинг хотини ва тағин бедани қиртишлай бошлади. – Истаган пайтингда кир… Ҳолимга яраша… Борига барака деб…
Топқир мужмал тарзда бош ирғади ва тўппа-тўғри Қирол Ўтлоғидан чиқиш учун кўл бўйлаб тикка суза кетди.

Ўйчан дарё қошидаги ўзининг яшил тепалигида ўтирарди. Бир томонида қалин ўрмон, бир томонида кенг Бақалар Ботқоғи. Ғамгин ва айни чоғда синчков нигоҳ билан атрофига тикилади. Аниқроқ айт-ганда, синчков ва айнан шунинг учун ҳам ғамгин нигоҳ билан атрофига тикилади.
Мана, пашша лапашанглик қилиб Бақалар Ботқоғи устидан жудаям пастлаб учди ва уни бақа тутиб олди. Ана, бақа ҳам лапашанглик қилди ва уни бақахўр қуш тумшуғига илиб учди. Уёқда бошқа бақахўр қуш эса, бу бақахўр қушнинг тумшуғидаги бақага ҳасад билан тикилар экан, оғзиочиқлик қилувди, уни тимсоҳ ўзининг даҳшатли оғзига тиқди. Нарироқда тубжойлилар эса, лаллайган тимсоҳни тўрга илинтириб тутиб олишди-да, иштаҳа қўзғайдиган луқмаларга (уларнинг назарида) бўлаклаб қайиққа юкладилар ва нариги қирғоққа сузиб кетдилар. Аммо улар ўз қишлоқларига қадар сузиб етмасларидан, сув устида ҳаддан ташқари эгилган биттасини бошқа бир тимсоҳ қайиқдан юлиб олишга муваффақ бўлди.
– Мана шуни улар ҳаёт дейдилар, – деди Ўйчан ёнида ўтирган Чанқоққа бош чайқаб.
– Устоз, – деди Чанқоқ, – барибир, ўйлашимча, агар ўшанда сиз қуёнларга ўғирликни сақлаб қолишни ваъда қилганингизда эди, масала бизнинг фойдамизга ҳал бўлар эди. Сиз ғалабага шунақанги яқин турган эдингизки!.. Наҳотки бизнинг гўзал мақсадларимиз ҳаққи-ҳурмати бир маротаба ёлғон гапириш мумкин эмас эди?
– Йўқ, – жавоб қилди Ўйчан, мен бу ҳақда кўп ўйладим. – Айнан тириклик ҳамиша ҳаракатланиб ва ўзгариб тургани учун ҳам бизга олмосдек мустаҳкам дастуруламал керак, у эса, айни ҳақиқатдир. У тўлақонли бўлмаслиги мумкин, аммо ҳаттоки энг юксак мақсадларнинг ҳаққи-ҳурматига ҳам онгли равишда бузилган бўлиши мумкин эмас. Акс ҳолда ҳаммаси тутдек тўкилиб кетади… Денгиз сайёҳи мўлжални учаётган юлдуздан олмаслиги керак…
– Аммо ғалаба шунақанги яқин эдики, устоз, – қуёнлар Қиролни тахтдан ағдаришига бир баҳя қолган ўша улуғ кунни эслатди Чанқоқ.
– Барибир мумкин эмас, – такрорлади Ўйчан, – ахир биз қуёнларга нисбатан бўлаётган улкан ноҳақликларни бартараф қилганимизда эди, бегоналарнинг далаларига нисбатан кичкинагина ноҳақликлардан ҳам қутулишнинг имконияти пайдо бўлар эди. Бундан ташқари, қуёнлар ҳаётидаги бошқа майда-чуйда ноҳақликлар, жумладан, янги ноҳақликлар юзага келиши мумкин эди. Масалан, қуёнлар ўзларича такаббурликка берилиб, улар чакалакзор аҳлини илонлар олдида қўрқиш ҳиссидан қутқардик, бинобарин, энди биз олий мавжудотмиз дея даъво қилишлари мумкин эди… Нималар бўлмайди дейсан… Шуни ёдингда тутки, биз ўша энг катта ноҳақликдан озод бўлганимиз заҳоти оддий қуёнлар учун бу озодлик нашидаси дарров унутиларди ва ҳатто буткул йўқоларди. Ҳар хил майда-чуйда нохушликлардан бири қуёнларнинг илонлар олдидаги ўлгудек титраб-қақшаши ўрнини дарров эгалларди-оларди. Ҳаёт шундай. Ички қўрқувнинг янгиланиш қонуни шундай. Тирикликнинг сақланиш қонуни шундай.
– Ахир ҳозир баттар бўлмадими? – Ўйчан асосий масаладан ҳаддан ташқари узоқлашиб кетаётганини ҳис қилиб эътироз билдирди Чанқоқ. – Қуёнлар Қиролга садоқатли бўлиб қолишди-ку!
– Ҳозирча шундай. Қуёнлар тафаккури илонларнинг ўтакетган аблаҳликлари туфайли айниган. Бу улкан аблаҳликка улар ўзларининг кичик аблаҳликлари, жумладан, тубжойлиларнинг экин далаларидан ҳосилни ўмариб қочишдек аблаҳликларини боплаб мослаштирганлар. Бу қотиб қолган тафаккурни қўзғотиб қайта шакллантириш – мана бизнинг мутлақо енгил бўлмаган вазифамиз.
– Ишонч бормикан, устоз? – сўради Чанқоқ. – Агар ҳаммаси эски ҳаммом- эски тос бўлиб қолаверса-чи?
– Ишончдан ҳам юксакроқ нимадир бор, ука, бу – умид, жавоб қилди Ўйчан. – Куни кеча мен бу ерда ёлғиз ўтирувдим, бугун, мана, гарчи ўзинг учун фойдасиз ва хатарли бўлса-да, сен қошимга келдинг.
– Майли, яхши, – тағин эътироз билдирди Чанқоқ. – Ёлғон гапирмаслик керак, дейлик. Аммо тубжойлиларнинг ўша лаънати экин далалари ҳақида гапирмасдан жимгина туришингиз мумкин эди-ку? Биз аввал Қиролни ағдариб ташлаб, ана ундан кейин онгни қайта қуришнинг энг қулай имкониятига эга бўлганимизда эди.
– Йўқ, йўқ ва яна бир карра йўқ, – такрорлади Ўйчан, – мен бу ҳақда кўп ўйладим. Барча халоскорларнинг ишлари айни шу сабабга кўра чаппасига кетган. Уларнинг ҳар бири ўзларининг олийжаноб вазифаларига маҳлиё бўлиб, беихтиёр уни жаҳоний ёвузлик устидан узил-кесил ғалаба деб талқин қила бошлаганлар. Аммо, мен аввал айтганимдек, шу топда ёвуз бўлган нарса йўқолгач, унинг ўрнини эртага ёвуз бўладиган нарса дарров эгаллайди-олади. Буни барча нодон халоскорлар тушуниб етмадилар ва шунинг учун ҳам ғалаба қозонгач, атрофдаги реал ҳаётдан узилишнинг даҳшатли чоҳига йиқилганлар.
– Доно халоскорлар-чи? – сўради Чанқоқ.
– Доно халоскорлар, – мийиғида кулди Ўйчан, – ғалабага қадар яшаёлмаганлар… Нега нодонлар ғалаба қозонгач, тубанлашиб бошлаганлар, – давом этди Ўйчан. – Қўрқувнинг янгиланиш қонунини тушунмаганликлари учун улар унутиш касалини қўрқув деган балойи азимдан, ниҳоят, қутулиш деб қабул қилганлар. Шунинг учун ҳам улар ўзларининг қўрқувдан халос бўлганларини унутишга мо-йилларни сунъий равишда халоскорлик байрамларини нишонлашга мажбур қилганлар. Охир-оқибатда халос бўлганлар билан халоскорлар зимдан бир-бирларига нафрат кўзи билан қарай бошлаганлар. Халоскорлар ўз қавмдошларимизни бахтиёр қилдик, аммо улар аҳмоқлиги учун буни тушунмаяптилар дея ўйлаб, бу фикрни кеча-кундуз уларнинг мияларига қуйишга уринганлар. Халос бўлганлар халоскорлик уларни бахтиёр қилмаганини билганлиги сабабли халоскорлар бахтиёр қилишга ваъда берганлари, амалда нафақат бахтиёр қилолмаганлари, ҳатто, устига устак, улар ҳис қилмаётган нарса, яъни, халос бўлиш бахтини тан олишга мажбур қилаётганлари учун ана ўша халоскорларга ғазабу нафрат билан қарай бошлайдилар. Ғалаба ҳақиқатга эришиш воситасидан ана ўша ҳақиқатнинг ўзига айлантирилади. Ёдингда тут: қаердаки ғалаба ҳақида кўп гапирилаётган бўлса, ўша ерда ҳақиқатни унутиб қўйганлар ёхуд ундан яширинишга уринадилар. Илонлар ўзларининг қуёнлар устидан кундалик ғалабалари хусусида гапиришни қанчалик севишларини эсла ва бизнинг иккиюзламачи Қиролимиз илонлар томонидан ютилаётган қуёнлар сонининг тасодифан камайишини қуёнларнинг навбатдаги ғалабаси, ютилган қуёнлар сонининг ошишини эса, илонларнинг вақтинчалик ютуқлари деб талқин қилишини эсла.
– Ўшанда биз уни тахтдан ағдариб ташлаганимизда эди, – ўз гапидан қолмади Чанқоқ, – агар сиз карам ҳиди анқий бошлаганида қуёнларнинг ҳафсалаларини пир қилмай жимгина турганингизда эди!..
– Йўқ, йўқ ва яна йўқ, – қайсарлик билан такрорлади Ўйчан, – мен бу хусусда кўп ўйладим. Барча қайта қурувчиларнинг ишлари шунинг учун касод бўлганки…
– Сиз буни гапирган эдингиз, устоз, – унинг гапини бўлди Чан-қоқ, – қачонки сиз бизнинг ҳаётимиздан олинган аниқ мисол орқали ўз қарашларингизни исботласангиз, фикрингиз менинг ақлимга яхши етиб боради.
– Яхши, – деди Ўйчан ва бир муддат ўйланиб олиб, давом этди: – Мана сенга мисол. Тасаввур қил, қуёнлар қавмига қандайдир илон таҳдид соляпти. Қуёнлар чарчаган, чопқиллаб қочяпти, ниҳоят, дарёга яқинлашиб қолишди. Дарё уларнинг халоскори, чунки қуёнлар ундан бемалол сузиб ўта олади, анави илон эса, тасаввур қилки, сувдан қўрқади. Агар қуёнлар сувгача чопқиллаб бора олсалар, улар муқаррар равишда қутулиб кетадилар. Бироқ кўпчилигининг силласи қуриган. Дарёгача эса, тахминан юзта сакрашлик масофа бор. Мана шундай пайтда йўлбошловчи силласи қуриган йўлчиларга янги куч-ғайрат бахш этиш учун “Қуёнлар, бўшашманг! Дарёгача бор-йўғи йигирма сакрашлик йўл қолди!” дейиш ҳуқуқига эгами?
– Менимча, эга, – деди Чанқоқ бу манзарани ўзича тасаввур қилишга уриниб, – кейинчалик улар халос бўлишганида нега шундай деганини тушунтираверади-да!
– Йўқ, – деди Ўйчан, – жамики қайта қурувчилар шундай деб адашганлар. Ахир, қуёнларни халос қилиш вазифаси замонда чекланмаган-ку. Дарёни кечиб ўтган қуёнлар бир муддатгина нафас рост-лайдилар, холос. Бизнинг ўша умумлаштириб айтаётган илонимиз дарёнинг тепароғидан ва ё пастроғидан устига ташланган ёғочни топди-да, осонгина ўтиб, таъқибни яна давом эттирди, дейлик. Ахир, бизнинг илонимиз умумлашма тимсол, қуён гўштини севувчилар эса, ҳамиша ҳамма жойда сероб… Кўпинча ёмғирдан қочиб қорга тутилишга тўғри келади биз бечораларга…
– Хуллас, мен ўйлайманки, керак бўлган пайтида ёлғон гапириш ҳуқуқини сақлаб қолиш мумкин!
– Йўқ, – деди Ўйчан, – бундай ҳуқуқ йўқ ва бўлмаслиги шарт. Қуёнлар ўз йўлбошчиларидан ёлғон айтиб куч-ғайрат бағишлагани учун нечоғли миннатдор бўлмасинлар, улар онгида “Бу ёлғон гапириши мумкин” деган фикр ўрнашиб қолади. Бинобарин, кейинги гал хавф-хатар ҳақидаги огоҳлантиришни энди улар атайин муболаға қиляпти деб талқин қиладилар. Йўлбошловчи ҳам ҳақиқат номидан ёлғон гапириб ҳақиқатни сотди, уни қадрсизлантирди. Ҳақиқатни у қанчалик қадрсизлантирса, шунчалик унинг ўзи ҳақиқатни ҳурмат қилмаган бўлади. Ҳақиқат унинг асабига тегадиган бўлиб қолади.
– Ё Худо, буларнинг барчаси қанчалик мураккаб экан! – хитоб қилди Чанқоқ. – Биз нима қилишимиз керак энди?
– Қуёнларнинг “Илонлар бизни гипноз қиляпти” деган янглиш фикрини ҳар боб билан чиппакка чиқариш керак. Ўз табиатини такомиллаштира бориб, қуён беихтиёр ёки ожизлиги туфайли қоқилиши, ҳатто ҳаддидан ошиб тубжойликларнинг томорқаларида бамайлихотир сайр қила бошлаши мумкин, аммо комиллик олмосдек қаттиқ ва тоза бўлиб қолмоғи керак. Мен айтдим-ку, денгизчи мўлжални учар юлдуздан олмаслиги керак. Гап хатолар ва адашишлар миқдорида эмас, гап бошқа ёқда. Бировнинг томорқасида тараллабедод қилаётган қуён бу хатти-ҳаракатининг тубанлашув эканини англаб етса, демак, келажак барбод бўлмаган. Агар у бу тубанлашувни ўз табиати ёхуд чакалакзор қонунлари билан оқлашга тушса, таназзул ана шу ердан бошланади. Шу ердан улуғ мақсадга хиёнат, ёлғон, риёкорлик бошланади ва бу боши берк кўчанинг охири вой бўлади!
– Устоз! – беихтиёр қичқириб юборди Чанқоқ, – Бу ёққа илон судралиб келяпти. Биринчи кўришим илон очиқ майдонда ошкора ов қилмоқчи бўлаётганини!
– Нима қипти, – деди Ўйчан, – сен, ахир, уларнинг гипнози – бу биздаги қўрқув эканини яхши биласан-ку.
– Умуман олганда, гапингиз тўғри-я, – каловланди Чанқоқ, – тағин ким билади дейсиз…
– У ҳолда четроққа ўтиб кузат-да, нимаики гапирган бўлсам – айни ҳақиқатлигини кўр!
– Мен уяляпман, устоз, лекин нима қилай, қўрқувим уятдан устунроқ…
– Мен сени айбламайман… Сен ҳали ўйлаб ўйингнинг тагига етганингча йўқ… Қачон азобли ўйлардан кейин сенга ҳақиқатнинг зарраси очилса, ана ўшанда сен уни ҳимоя қилиш йўлида қўрқмас бўласан…
– Шунда ҳам, устоз… Ахир, анависи бир кўзли ногирон эди, лекин бунисининг важоҳати ёмон… Балки вақт борида қочиб қолармиз?..
– Қиролга бунақанги шодланиш имконини бермайман, – деди Ўйчан ўзи неча кунларни жондош-қондош қуёнларининг қисмати ҳақида ўйлаб ўтирган қадрдон тепалиги томон ўрмалаб чиқиб келаётган илонга кўз тикиб.
Кўп ўтмай илон тепаликка ўрмалаб чиқди. Бу ўша Ғилай ўз кўргиликларини ҳикоя қилиб берган ўсмир, эндиликда балоғатга етган, ғайратчан, келажаги порлоқ илон эди.
У Жарчининг ашуласини биринчи бўлиб эшитди ва илонлар орасида шаклланган одатга кўра “ютиш ҳуқуқи”га эга бўлди. Вақти-вақти билан Қирол у ёки бу Жарчиси орқали у ёки бу қуённи сотиб турарди ва илонлар бунга аллақачон ўрганган эдилар.
Ютиш ҳуқуқи тақдирнинг инояти, неъмати илоҳий ҳисобланарди. Ёш илон бу ҳуқуққа эга бўлганида аввалига қувонди, аммо ҳозирга келиб шашти анча пасайиб қолди.
Гап аввал-бошда шунда бўлдики, у бу ёққа келаётганида кўрсич-қонни учратиб қолди ва Бақалар Ботқоғи рўпарасидаги яшил тепаликка қандай чиқса яхшироқ бўлишини сўради. Нима деб ўйлайсиз? Маълум бўлишича, кўрсичқон унга мутлақо нотўғри йўл кўрсатибди. Натижада у чакалакзорда бир неча соат адашиб-тентираб юриб-юриб, ахийри топиб келяпти бу лаънати яшил тепаликни.
Кўрсичқон алдаганини тушуниб етганида у бу алдовнинг мутлақо мантиқсизлигига ақли шошди. Нега, нега у мени алдади деб ўйлади илон ва ҳеч тушунолмади. Биринчидан, илонлар кўрсичқонларга мутлақо дахл қилишмайди. Иккинчидан, кўрсичқон унинг қаёққа нима мақсадда кетаётганини билмас эди. Агар уни ёввойи эчки ёки курка алдаганида, тушунса бўларди: илонлар фақат қуёнлар ҳисобига кун кўрмайди-да, ахир. Аммо нега келиб-келиб кўрсичқон алдади экан? Бунинг кимга қандай фойдаси бор? Ахир, кўрсичқонга бундай алдовдан зиғирча ҳам наф йўқ-ку. Бас шундай экан, нега?! Нега?! Нима учун?!
Энди яшил тепаликка чиқиб олгач, унинг яланглигидан ҳайратга тушди. На бир дарахт, на бир бута, хуллас, ўлжа кутиб паналайдиган бирон жой йўқ! Қанақанги қарғиш теккан тепа эканки, ўйлади у, бу жойда яшашни Худо кўрсатмасин.
Яшил тепаликнинг энг устига ўрмалаб чиқиб, не кўз билан кўрсинки, у ерда битта қуённинг ўрнига иккита қуён уни кутиб ўтирибди. У қуёнлар жуда тез кўпайишини биларди. Лекин бу иш уларда шу қадар афсонавий тезликда содир бўлади деб ҳеч қачон ўйламаган эди. Дарвоқе, уларнинг қай бири Ўйчан ва қай бири қай бирини туққан?
Оҳиста ўрмалаб келар экан, у иккала қуёнга баравар кўз тикди-да, ҳар эҳтимолга қарши иккаласига ҳам айнан уни ютмоқчи бўлаётганини англатишга уринди. Қуёнларга яқинлашар экан, у бир маромда нафас олишга ва ўзининг ҳолдан тойганини сездирмасликка ҳаракат қилди. Илонлар одатига кўра, қуённи ютишга чоғланган илон дадил, ғайратчан, куч-қувватга тўла эканини кўзларга аниқ-равшан кўрсатиши керак эди.
– Мени диққат билан эшит, – деди Ўйчан, – мен ҳозир мана шу илон билан тажриба ўтказаман, сен четроқда туриб кузат. Об-ҳаво маълумоти бўйича бугун гипноз қанча масофада таъсир қилар экан ўзи?
– Уч сакрашлик масофада, устоз, – хитоб қилди Чанқоқ судралиб келаётган илондан кўз узмасдан.
– Мендан бошлаб икки сакрашлик масофада чизиқ чиз, – деди Ўйчан хотиржамлик билан.
– Ахир бу жуда хавфли-ку, устоз, – эътироз билдиришга уринди Чанқоқ.
– Баҳслашма, вақтимиз жуда зиқ, – уни шоширди Ўйчан.
Илон яшил тепалик устида ўрмалаб келар, оралиқдаги масофа ўн сакрашча қолган эди. Чанқоқ бошқа ялинтирмади. У устозидан илон томонга қараб икки марта сакради. Гарчи у устозининг ҳаётини хавф остига қўйишни мутлақо истамаса-да, бу Чанқоқнинг энг расво сакрашлари бўлди.
Шунга қарамай, у устози айтганидек чизиқ чизди ва дарров илондан тескари томонга бирйўла ўн маротаба сакради. Гарчи имкон қадар қўрқувини жиловлашга уринса-да, унинг ҳар бир сакраши шунақанги ҳайратланарли даражада гўзал чиқдики, асти қўяверасиз. Энди у етарли даражада хавф-хатарсиз масофада ўтирар ва ҳаяжондан юраги дук-дук уриб, содир бўлажак воқеаларни кузатарди.
Илон тобора яқинлашиб келаверди. У ҳозирга қадар ютиш ҳуқуқи бу икки қуёндан қайси бирига тааллуқли эканини билолмас эди. Агар бу икки қуёндан бири иккинчисини туғиб улгурган бўлса, ўзининг кеч қолганини баҳона қилиб иккала қуённи баравар ютиб юборолмайди-ку? Ё ютиш пайтидаги муддатидан аввал туғилиш деб талқин қилса бўлармикан? Ёки таваккал қилмагани маъқулмикан?
Аввалига ўзи томонга сакраб, қандайдир сирли белгини чизган, кейин бўлса, бутунлай узоқлашган қуённинг антиқа хатти-ҳаракатлари унда кучли шубҳа уйғотди. Бу ерда нимадир бор деб ўйлади у ва имкон қадар ҳушёр бўлишга ҳаракат қилди.
Энди унинг ҳаракатида қандайдир қарама-қаршилик сезилди. Гавдасининг бошига яқин қисми ўз ҳаракатларини сезиларли даражада секинлатди. Дум қисми эса, бош қисмининг имиллашидан дарғазаб бўлгандек асабий тарзда тўлғанди. Думининг учи бетоқатлик билан майсаларни савалаб, уларнинг чангини қоқишга тушди.
Ўз ҳаракатини имкон қадар секинлатган ёш илон бошини чизиққа оҳиста яқинлаштирди, уни ҳидлади ва разм солиб чизиқнинг маккорона моҳиятини англаб етишга уринди.
– Кўряпсанми, – деди Ўйчан, – ҳаттоки илон ҳам одатдан таш-қари ҳолатларни кўрганда дарров ўзини йўқотиб қўяди.
– Ҳа! – қичқирди Чанқоқ қаттиқ ҳаяжонланиб. – Мен кўриб турибман, лекин дум қисми қаттиқ суриб келяпти!
– Шундай бўлиши ҳам керак, – хотиржамгина тушунтирди Ўйчан, – ошқозон буйруқ беряпти, илоннинг боши бўлса – бу фақат ямлаб ютиш ускунаси, холос…
Аммо шу пайт илон қаттиқ иккилланиб тақа-тақ тўхтаб қолди. У ҳатто сезилар-сезилмас нариги қуёнга қиялаб қаради-да, аввал шунисини тинчитсамми экан, деб ўйлади. Кутилмаган чизиқ, энг муҳими, бу қуённинг ҳаддан ташқари хотиржам овози уни қаттиқ тааж-жубга солди.
Аммо айни лаҳзаларда Ўйчан, ниҳоят, қотиб қолди. Қулоқлари шалвираб тушди. Кўзларини эса, алланечук мастона парда қоплади. Буни кўриб илон тағин дадиллашди ва энди бу қуёндан кўзини узмаган ҳолда бошини чизиқнинг ичкарисига ўтказди. Қуён озғингина эди ва унинг хаёлидан қуёнлар Қироли айнан шунақанги озғин-қотма қуёнларни илонларга ҳавола қилади-да, ўзига дўмбоққиналарини олиб қолади деган фикр кечди. У, албатта, қуёнлар қуёнларни емаслигини биларди. Аммо шу топда нимагадир буни унутиб қўйган эди.
– Устоз! Устоз! – қичқирди Чанқоқ. – Сиз назаримда ухлаб кетяпсиз! Кўзингизни очинг!
– Хавотирланма, ҳаммаси тўғри кетяпти, – оҳиста жавоб қилди Ўйчан, ўз овози билан илонни ҳуркитиб юбормасликка ҳаракат қилиб.
– Жонингизни хатарга қўйишнинг нима кераги бор, устоз! – тағин қичқирди Чанқоқ.
– Менинг тажрибамдаги илон ҳаддан ташқари суст ишлаяпти, – жавоб қилди Ўйчан, – мен унга кўмаклашяпман…
Илон ўзининг музлатгудек совуқ кўзларини Ўйчанга тиккан кўйи чизиқдан оҳиста ўта бошлади.
– Илоннинг қарашларини қўрқинчли қилган нарса нима? – ўз кузатишларини давом эттирди Ўйчан. – Фикрнинг мутлақо йўқлиги… Моҳиятан олганда, илон деганлари нима? Илон – бу судралаётган ошқозон.
– Устоз, у жуда яқин қолди-ку! – даҳшатга тушиб чинқирди Чан-қоқ. – Бир томонга сакранг!
– Хотиржам бўл, улгураман, – жавоб қилди Ўйчан ва илонни кузатишни давом эттирди.
Илон судралиб келиб, бутун кучини гипнознинг муқаддас ҳолатига жамлади, яъни, кўзларини қуёнга қаттиқ қадади. Аммо бу гал ҳаммаси қандайдир одатдан ташқари даражада антиқа бўлаётган эди. Ёш илоннинг асаби қаттиқ зўриқди.
Гипноз таъсири доирасидаги қуён уни очиқ-ошкор ҳақорат қилмоқда эди. Ва, энг муҳими, ундан ахборот оқиб чиқиб кетаётган эди! Тағин қаёққа денг! Ҳаттоки таъсир доирасидан ташқаридаги қуён томонга! Бунақанги ландовурликни Улуғ Бош-қош ҳеч қачон кечирмайди!
Ёш илон шу топда алдовга лаққа учганига қаттиқ афсусланди. Ҳали у ўша алдоқчи Жарчига ишониб юрибдими?! Ўша Жарчини жинидан баттар ёмон кўриб кетди! Аммо, начора, энди ортга чекинишга кеч!..
– Эшит мени, – хотиржам овозда давом этди Ўйчан, – мен бутунисича ёлғон гипноз доирасида турибман ва мен унинг ёвуз нафасидан бошқа ҳеч нимани ҳис қилмаяпман… Мен ўзимнинг туйғуларим ва бутун аъзойи баданимни тўла идора қилиб турибман. Менинг нут-қим илмий нуқтаи назардан юз фоиз ҳақ эканлигимнинг исботи бўлиб хизмат қилиши керак… Буни шунинг учун ёдингда тутки, агар Қирол менинг ҳамма гапларимни гипноз таъсиридаги алаҳлаш деб эълон қиладиган бўлса… Ҳозир мен сенга авваллари айтган тартибда бир қатор ҳаракатларни амалга ошираман.
– Тезроқ, устоз, тезроқ! – қичқирди Чанқоқ бетоқатланиб бир жойда сакрар экан.
Илон энди бир сакрашлик масофада турарди ва Ўйчаннинг сўзларини безовталаниб тингларди. Бир неча маротаба у барча ҳақоратларга тегишли жавоб қайтармоқчи бўлди. Аммо қавмдошларининг қатъий одатларига кўра ютилмоқчи бўлган қуён билан гаплашиш ёҳуд баҳслашиш ман қилинарди.
– Шундай қилиб, мен ҳозир ўнг қулоғимни қимирлатаман, – деди Ўйчан, – кейин чап қулоғимга ўтаман. Ана ундан кейин иккаласини бараварига қимирлатаман… Ниҳоят, оралиғида тўхтаб-тўхтаб уч марта бурнимни қоқаман…
Бирдан илон бутун баданини совуқ тер қоплаган ҳолда даҳшатга тушиб ўзи ютишга чоғланган қуённинг қулоғи кўтарилгани ва тебранганини кўрди. Шунда унинг ўзи ҳам муқаддас ҳолатга хилоф равишда диққат-назарини ўнг қулоқдан чап қулоққа кўчирди. Бу қулоқ ҳам оҳиста кўтарилиб, алланечук масхаралаётгандек тебрана бошлади. Ҳолбуки у ўзининг бор-йўқ гипноз кучи билан қуённи қимирламасликка буюрар, ҳаттоки ўз шаънини ерга уриб жон-жаҳди билан ёлворар эди.
Шундан кейин илонда кучли ваҳима уйғотиб қуённинг иккала қулоғи бараварига қимирлай бошлади. Ҳатто, ўзи аввалдан айтганидек, иккала бурнини бараварига қоқа бошлади. Мана шунда ёш илоннинг асаби дош беролмади.
– Мен бу аҳволда ишлаёлмайман! – қичқирди у. – Нега сен менинг юзимга бурнингни қоқяпсан? Нега сен қулоғингни ликиллатиб гап беряпсан?
– Ҳаммаси тўғри! Ғалаба! Ғалаба! – қичқирди Чанқоқ, ўйнаган кўйи ўзича қарсак чалар экан. – Сиз ҳаммасини аниқ бажардингиз, фақат бурнингизни уч эмас, тўрт бора қоқдингиз!
– Охирги мартасида мен бехосдан акса урдим, – уни тузатди Ўйчан. Овозидан ўзи ўтказган муваффақиятли тажрибадан ғоят мамнун экани сезилиб турарди. – Нафаси шунақанги сассиқ эканки!.. Дарвоқе, гипноз ҳақидаги афсона шу асосда келиб чиққан бўлса эҳтимол. Балки бизнинг аждодларимиздан бири илоннинг сассиқ нафасига чидаёлмай ҳушидан кетиб йиқилгандир. Ўша пайтларда чакалакзорнинг ҳавоси мусаффороқ эди. Чунки туб жойлилар анчагина камчилик эди. Мана шу нарса ваҳимали шов-шувларга сабаб бўлган…
– Ғалаба! Ғалаба! – қичқирди Чанқоқ бир жойда рақс тушиб. – Ақлнинг ғалабаси!
– “Ғалаба” сўзини суиистеъмол қилиш керак эмас, – уни тузатди Ўйчан, – агар у ақлнинг ғалабаси бўлса ҳам… Мен бу сўзни луғатимиздан бутунлай чиқариб ташлаган бўлардим… Унинг ўрнига “енгиб ўтиш” деган бўлардим. “Ғалаба” сўзидан менга аҳмоқларнинг тантанали депсинишлари эшитилади… Аммо мен энди жим турмасам бўлмайди, чунки илон бутунлай бўшашиб кетяпти…
Шундай дея Ўйчан жим қолди. Қулоқларини шалпайтириб, кўзларини юмди. Илон яна бир карра ишга киришишга чоғланиб кўрди. Аммо ўзида чидаб бўлмас чарчоқни ҳис қилиб, сулайганича ётаверди.
– Мен озгина нафас ростлаб олишим керак, – деди у сир бой бермасликка уриниб. Бу ошкора тан олиш анчагина шармандали ҳол эди. Аммо у беихтиёр гапириб қўйганидан кейин энди жимиб қолганининг сабабини ҳам айтиши керак бўлди.
– Нафас ростлай қол, – розилик билдирди Ўйчан, – фақат қара, ухлаб қолма, кейин иложи бўлса, барака топкур, нафасингни менга уфурмагин, майлими?
– Менинг аввал-бошдан омадим келмади, – деди илон ўзининг ланжлик қилаётганини оқламоқчи бўлиб, – агар сен шунчалик ақлли бўлсанг айт-чи, кўрсичқон мени нега алдади-ю, бундан у нима фойда топди?
У Ўйчанни ютишга келаётганида кўрсичқон қандай алдаганини айтиб берди. Дарвоқе, ўзини бу ёққа ким юборгани хусусида эҳтиёт-шарт лом-мим демади.
– Агар улоқча ёки ёввойи курка алдаганида, – у ўзига рад қилиб бўлмайдигандек туюлган мантиқий асосни такрорлади, – нега алдаганини тушунардим. Аммо кўрсичқон нега алдади? Хўш, бундан унга нима фойда?
– Чунки кўрсичқон ақлли жонивор-да, – деди Ўйчан.
– Бу жавоб эмас, – андак ўйланиб, эътироз билдирди илон, – у мен қаёққа нима мақсадда кетаётганимни билмасди-ку!
– Чанқоқ, – деди Ўйчан ўз шогирдига, – манови жузъий, лекин қизиқ ҳолга алоҳида диққат қил. Кўрсичқон ернинг тагида илон қимирласа биладиган даражада ақлли. Аммо ақл эзгулик қилишдан ожиз қолганида у ўз имконидаги ягона ишни қилиб, ёвузликни вақтинча бўлса ҳам тўхтатишга уринади.
– Агар мен дўстимга ёрдам бериш учун шошилаётган бўлсам-чи?
– Ҳа-ҳа-ҳа, – истеҳзоли кулди Ўйчан, – илон дўстига ёрдам берганини ҳеч ким ҳеч қачон кўрмаган ҳам, эшитмаган ҳам.
– Нега энди? – эътироз билдирди илон ва қавмдошлари ҳаётидан ибратомуз бирон-бир воқеани эслашга тутинди. – Қуён қорнида кўндаланг туриб олганида Ғилайга ким ёрдам берган эди, хўш?
– Биринчидан, бу аллақачон ўтмишга айланган, – илоннинг асабига тегиш учун тағин истеҳзоли кулди Ўйчан. – Иккинчидан, қандай ёрдам кўрсатганингни яхши биламиз.
– Нима қипти? – деди Ўйчаннинг асосли тахминидан баттар асаби бузилган илон. – Ҳар қалай, илонлар бир-бирларини сотмайдилар, қуёнлар бўлса, сотадилар.
– Бу гапни қаёқдан олдинг? – сўради Ўйчан.
– Хўш, сен нима деб ўйлайсан, нега мен бу ерга келиб қолдим? – заҳарханда билан сўради илон. У сотқинликнинг турлари нақадар кўплиги ҳақида Ўйчан ҳеч нарса билмаслигини ҳис қилди.
– Билмасам, – жавоб қилди Ўйчан, – илоннинг юрмаган жойи бор эканми!
– Билмасанг билиб қўйки, – деди илон билағонлик ҳам анчагина ҳузур бағишлашини ҳис қилиб. – Қирол ўз Жарчиси орқали сенинг бу ердалигингни бизга эълон қилди. Жарчи эса, бу гал Топқир деган қуён бўлди.
Ёш илон ҳеч иккилланмай сотқин Жарчини сотиб турарди. У ўзининг барча тортган азоблари учун Топқирдан аламзада эди. Ўйчанда ҳеч қандай шак-шубҳа қолдирмаслик учун у ҳатто Жарчининг қўшиғини айтиб берди.
– Қийналмаслигинг учун замиридаги маънони ўзим тушунтириб бера қолайми? – сўради у Ўйчандан.
– Шундоғам тушунарли, – жавоб қилди Ўйчан сотқинликдан қаттиқ таъсирланиб. – Мен бунақасини ҳаттоки Қиролимиздан ҳам кутмаган эдим. Эшитдингми, Чанқоқ?
– Мен ҳайрон қоляпман, – хитоб қилди Чанқоқ. – Балки бу туҳматдир, устоз?
– Йўқ, – деди Ўйчан маҳзунлик билан. – Мен истеъдодсиз сарой Шоирининг сийқаси чиққан услубини кўриб-билиб турибман… Начора, Қиролнинг маккорона режаси амалга ошишига ўзим ёрдамлашиб юборишимга тўғри келади. Сен кейинчалик уни фош қил…
– Бу билан нима демоқчисиз, устоз? – хавотирланиб сўради Чанқоқ.
– Ўзимни қурбон қилмоқчиман, – тушкун кайфиятда соддагина жавоб қайтарди Ўйчан.
– Йўқ, бу аҳдингиздан қайтинг, устоз! – ёлворди Чанқоқ, – Сизсиз менга оғир бўлади… Қолаверса, Қирол ўзини ҳақ, сизнинг ўлимингизни нотўғри илмий хулосаларингизнинг натижаси деб эълон қилиши мумкин, ахир!
– Сен буёғидан ташвиш қилма, – деди Ўйчан. – Ҳаммасини ўз кўзларинг билан кўрдинг-ку… Менинг ўлимим, ниҳоят, қуёнларнинг кўзларини мошдек очиб, Қиролнинг кимлигини аниқ-равшан кўрсатади. Гипноз хусусида эса, энди сен ҳаммасини биласан ва ҳаммасини такрорлашинг мумкин…
– Барибир, устоз, – ёлворди Чанқоқ, – мен ўтиниб сўрайман, бундай қилманг!
– Йўқ, – деди Ўйчан, – агар ўз қуёнларини илонларга сотган бўлса, демак, Қиролимиз тубанликка муккасидан кетган экан… Энди ундан ҳар балони кутиш мумкин. У ўз тажрибаларини камқонли касалманд илонлар билан ўтказган дея мени айбдор қилса эҳтимол. Йўқ, мана, ўзинг қара, рўпарамизда тўлақонли, соғлом, ёш, рисоладаги илон турибди. Демак, у ҳозир ўз ишини қилиши керак.
– Мен сени ютмоқчи эмасман, – деди кутилмаганда илон ва гапини исботламоқчидек андак ортига тисарилди.
Бу ерда кўрган-кечирганларидан кейин илон гипнозга ишончини буткул йўқотган, энди шарманда бўлишдан қаттиқ қўрқмоқда эди. У ҳатто Ўйчандан юз ўгирди. Одатда инжиқ ўзига ёқмаган таомни кўрганида мана шундай ижирғаниб юз буради.
– Яша, илон! – қувониб хитоб қилди Чанқоқ. – Умрингда ҳеч бўлмаганда бир марта савоб иш қил!
– Сизлар буни нима деб атасаларингиз ихтиёрингиз, – шубҳаланиб вишиллади илон тағин зимдан Ўйчанга нақадар озғин ва таъми бемаза экан дегандек нописандлик билан кўз ташлаб.
– Нега энди ютмас экансан? – қатъий сўради Ўйчан.
– Шунақа, ютгим келмай турибди! – асабийлашиб деди илон. – Дам кўрсичқон алдайди, дам Жарчи сохта ахборот беради, сен бўлсанг, бу ерда қулоғингни ўйнатасан, гапирасан, бурнингни қоқасан, акса урасан!
– Мен сенга тажрибамни расво қилишингга йўл қўймайман, бунақа тоб ташлама, – деди Ўйчан ва илонга шунақанги еб қўйгудек тикилиб қарадики, у беихтиёр бир тўлғониб олди.
– Кел, яхшиликча ажрашамиз, – муроса йўлини таклиф қилди илон, – мен, айниқса, кўрсичқон йўлдан урганидан кейин сени тополмадим деб айта қоламан. Бунинг устига, сенлар мен келгунимча кўпайишиб улгурибсанлар… Сенлардан қай биринг ҳақиқий Ўйчан эканингни қаёқдан биламан? Эҳтимол сен ҳақиқий Ўйчанни қутқариш учун атайин ўзингни қурбон қилаётгандирсан?
– Энди биз иккаламиз ҳам Ўйчанмиз, – бир томондан, илоннинг бошини узил-кесил айлантириш мақсадида, иккинчи томондан, шуҳратпарастлиги қўзиб деди Чанқоқ.
– Мен ҳам шуни айтяпман-да, – рози бўлди илон. – Менга биттагина Ўйчанни ютиш ҳуқуқи берилган эди. Сизлар бўлса, иккита экансизлар. Ҳеч ақлим етмаяпти: қандай қилиб бирингиз иккинчингизни туғиб улгурдингиз? Қай бирингиз она, қай бирингиз боласиз?
– Кўряпсанми, у биз ҳақимизда қанчалик кам билади? – деди Ўйчан. – Ҳамма нарсани билгич илонлар ҳақидаги афсона қуёнларнинг қўрқувидан яралган.
– Ўйлаб қарасам, сен ҳам ўз қуёнларингни унчалик яхши билмас экансан, – тағин хафа бўлиб ўз қавмдошларини ҳимоя қилди илон.
– Бу гапинг тўғригина эмас, аччиқ ҳақиқат! – рози бўлди Ўйчан. – Лекин мен, барибир, ўзимни ютишингга сени мажбур қиламан!
– Ҳеч қачон! – деди илон. – Қуён ўзини ютишга илонни мажбур қилолмайди!
– Сен ҳали қорнинг ақлингдан қанчалик қудратлироқ эканини билмайсан, – деди Ўйчан ва тек қотиб қолди.
Ёш илон унга шубҳали қараб юз бурди. Кейин бир неча марта гарангсиб кўз тикди. Қуён қимирламай турганига қатъий ишонч ҳосил қилгач, алланечук жонланиб қолди. Ҳатто у томонга оҳиста чўзилди.
– Албатта, – шаъни топталган гипнозчининг бир қадар аламли ва айнан шунинг учун ҳам қаҳрли нигоҳи билан Ўйчанга қараб ўзича минғирлади у, – узоқ йўлдан кейин тамадди қилинса ёмон бўлмасди-куя!..
– Устоз! – қичқирди Чанқоқ. – Ахир сизнинг ўлимингиз курашлардан бўйин товлаш эмасми! Сиз ишимизни чала ташлаб кетаверасизми?..
– Жим бўл! – бамайлихотирлик билан унинг гапини бўлди Ўйчан, – акс ҳолда сен уни яна ҳуркитиб юборасан… Мен қондошларим қуёнларни севар эдим ва қўлимдан келган ишимни қилдим. Аммо энди чарчадим, Чанқоқ! Мени сотқинлик енгди. Мен қуёнларнинг кўп ожизликларини билардим. Қиролнинг кўп шумликларидан хабардор эдим. Аммо табиатан мўмин-қобил жонивор ўз фуқароларининг қонини тўкишга қодир деб ҳеч қачон ўйламаган эдим. Мен душманларни ўрганишга шунақанги кўп вақт сарфладимки, натижада ўз қондошларимни назардан қочириб қўйган эканман. Энди мен ўзимдан қўрқяпман. Менинг руҳим Катта Ёмғир Мавсумининг қоқ ўртасидаги тим қора булутли кундагидек чидаб бўлмас тарки дунёчиликка маҳкум бўлишидан қўрқаман. Қуёнлар мени бу аҳволда кўрмасликлари керак… Сен ишимни давом эттирасан. Бунда сенга кўпгина масалаларда менга нисбатан енгилроқ, йўқ, умуман олганда, яна-да қийинроқ бўлади. Сенга илонларни ўрганиш бобидаги ўзимнинг бутун тажрибаларимни мерос қилиб қолдиряпман. Шу жиҳатдан сенга енгил бўлади. Аммо сенга, азизим Чанқоқ, қийин ҳам бўлади, чунки сенинг қондош қуёнларга меҳр-муҳаббатинг уларнинг хоинлик-сотқинлик қилиш имкониятлари билан сиғишиши керак бўлади. Менинг муҳаббатим бу имкониятни билмасди ва менга анча енгил эди… Мен сенга умумий ишимизни топширяпман ва шунинг учун чарчаш ҳуқуқимдан фойдаланмоқчиман…
Бу пайтда Ўйчанга яқинлашиб келаётган илон Ўйчаннинг анчагина озғин қуён эканлиги хусусида ўйламасликка ҳаракат қилар, балки аксинча, Ўйчан энг ақлли қуён ва уни ютар эканман, қуёнлар қавмини энг ақлли қуёндан маҳрум қилишим, айни чоғда, унинг ақлини илонлар манфаатига хизмат қилишга мажбур этишим мумкин-ку, деб ўйлар эди. Бу фикр уни шу қадар дадиллаштирдики, у…
– Устоз! – сўнгги маротаба қичқирди Чанқоқ ва ҳўнграб йиғлай бошлади, чунки илоннинг оғзи Ўйчаннинг боши устида ланг очилган эди.
– Мен ўша аблаҳ Қиролга ҳали кўрсатиб қўяман! – аччиқ кўз ёши тўкди Чанқоқ. – Мен анави ярамас Топқирга ҳам кўрсатиб қўяман! Аблаҳлар, қанақанги буюк қуённинг бошига етишди!
Илон зўр бериб тўлғанар экан, Чанқоқнинг йиғисига қулоқ тутди ва, айни чоғда, ютилаётган қуённинг таъмидан лаззатланишни ҳис қилишга уринди. У шундай ажойиб қуённи ютаётганидан уялдими ё уни шу қадар узоқ таҳқирловчи майнавозчиликдан кейин ўта кечикиб ютаётганидан уялдими, ишқилиб, ўзида уят ҳиссини ҳам туйди.
Ҳаммаси қандайдир ноқулайроқ бўляпти-да, деб ўйлади у, аммо энди унинг бутун ақли менинг ичимда… Бу аниқ. Наҳотки ростдан ҳам ҳеч қанақа гипноз бўлмаса? Ё мен гипноз қобилиятимни йўқотдимми… Йўқ, ҳамма бало ҳаддан ташқари чарчаганимда… Ҳар қалай, бир нарсага шак-шубҳа йўқки, энди унинг бутун ақли менинг ичимда… Унинг жисми ҳазм бўлганидан кейин менинг жисмимга айланар экан, унинг ақли ҳам ҳеч қаёққа қочиб қутулолмайди ва менинг ақлимга қўшилади…
Ёш илон чакалакзорга қараб судралар экан, ўзининг гипноз қобилияти ҳақидаги ҳар хил ваҳимали хаёлларидан қутулиш учун шундай ўйларди. Унинг бу ўйлари таҳликага йўғрилган ишончсизликдан бирданига энг рангин умидларга юксалди.
Сирасини айтганда, менга гипноз нима беради деб ўйлар эди у. Қуён билан илоннинг қўшилиб икки баравар кучайиб кетган ақли билан мен ўз қавмдошларим орасида биринчи бўлишим мумкин. Улуғ Бош-қош, масалан, ҳеч қачон қуён овламайди, унга тайёрини илтифот қиладилар… Энди ким ақллироқлигини аниқлаштириш керак бўлади. Шу асно унинг калласида бир фикр ярқ этди: нега илонларга Улуғ Бош-қош ҳукмдор бўлиши керак? Тўғри, у Аждаҳо бизга қони яқин, аммо, барибир, бегона қон-ку!
– Илонларни илон бошқариши керак! – бирдан қаттиқ вишиллади у ва ўз фикрининг теранлигию аниқ-тиниқлигидан ўзи қаттиқ ҳайратга тушди.
Дарров таъсир қилиб бошлади, деб ўйлади у, шу тараққиётда кетса, қуён тўлиқ ҳазм бўлганида қанақанги ақлли фикрлар уйғонар экан-а?
Шу билан у узил-кесил хотиржам бўлди ва қирққулоқ буталар орасида ўзига қулай жой топиб ўралди-да, Ўйчанни ўзлаштириб, яна-да ақллироқ бўлишга уринганича мудраб кетди.

Манба: “Жаҳон адабиёти” журнали, 2009 йил, 5-6-сонлар.

ASARNI LOTIN ALIFBOSIDAMUTOLAA QILING
09

021

(Tashriflar: umumiy 642, bugungi 1)

Izoh qoldiring