Usmon Azim. Umrimga sig’mayman bu tarzda…

034      Дунёни ва Инсонни мукаммал кўриш орзусида яшаган шахс армонини бутун кўлами, қарама-қаршиликлари, фожиаю қувончи, ҳасрату умидлари билан тўлиқ гавдалантира олган етук шоир Усмон Азимнинг бир туркум шеърини тақдим этмоқдамиз.

Усмон АЗИМ
УМРИМГА СИҒМАЙМАН БУ ТАРЗДА
044

Усмон Азим 1950 йил 13 августда Сурхондарё вилояти, Бойсун туманида таваллуд топган. Ўзбекистон халқ шоири (2000). ТошДУнинг журналистика факультетини тугатган (1972). Илк китоби — «Инсонни тушуниш» (1979). «Ҳолат» (1979), «Оқибат» (1980), «Кўзгу» (1983), «Сурат парчалари» (1985), «Дарс» (1985), «Иккинчи апрель» (1987), «Бахшиёна» (1989), «Ғаройиб аждарҳо» (1990), «Уйғониш азоби» (1991), «Ғусса» (1994), «Узун тун» (1994), «Сайланма» (1995), «Куз» (2001) каби шеърий ва «Жоду» (2003) насрий тўпламлари нашр этилган. Драмалар ҳам ёзган («Бир қадам йўл». 1997; «Алпомишнинг кайтиши», 1998 ва бошқа). «Алишер Навоий» киноқиссаси (1990), «Алпомиш» кинодостони (1997), «Севги» (1998, шу номли ҳикоя асосида) ва 2 серияли «Алпомиш» (2000) фильмларининг сценарийсига муаллифлик қилган. Поль Элюар, В. Вациетис, К. Доғларжа, А. Вознесенский, Ю. Марцинкявичюс ва бошқа шоирларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган. Грузиянинг Маяковский номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлган (1982). «Дўстлик» ордени соҳиби (1998).

044

Сабр
034
Балиқ эмасман,
сузиб кетсам,

қуш эмасман,
учиб кетсам,

шамол эмасман,
елиб кетсам…

Ҳатто
ёшларим ҳам тош,

Ҳатто йиғиларим — сукунат.

Уй қурсангиз,
мендан пойдевор
ташлайсиз
ҳали…

* * *

Эртак шу-да,
йўл учга бўлинади:
Борса-қайтар,
ё қайтар, ё қайтмас…

Яхши одам,
энди эртакка бало борми?
Эртак тугаган.

Сен “борса-ҳаитмас»ни танлайвер.

Чунки инсоннинг умри
“борса-келмас «дир.

Алвидо!..

Ҳа, бир гапни айтиб қўяй:
мабодо қайтилса ҳам,
шу “борса-келмас“дан
қайтилади, яхши одам.

* * *

Курбоннинг бўйни кундада.

Жаллод
ойболтани кўтарди…
— Нега ўлдирасизлар?
Ўзим ўлиб кетаман-ку-у-у!

Бу қичқириқдан
лол қотди жаллод.
Ойболта муаллаҳ қотди…

— Жаллодии алмаштиринглар, —
амир этди пошшойи аъзам, —
ўйлангандан жаллод чиқадими?

Аммо ҳамма ўйга толган.

Неча минг йилдан буён
ҳамма ўйга толган.

Курбоннинг бўйни эса
ҳамон
кундада.

Ойболта.
кўтарилганича қотган.

Жаллодлик
лавозимини эса
қотиллар эгаллаганлар.

* * *

Бир дунё соғинч,
бир дунё умид билан
қанча тақдирларда қоврилиб келдим.
Умрим соврилган.
Бахтим сим-сиёҳ..
.
Бармоқларингга
бармоқларимни
теккизсам майлими?

Нега ҳамма нарса ёруғ —
соялар қайга кетди?
Табассумингдан
кечалар.
шуълаланиб борар.

Оёқларим Ердан узилган.

Бу парвоз ҳеч қачон
тугамайдими?

Шунақа ҳам юксаклик борми дунёда?

Ҳаракатга тўла вужудим.
Кулоқларимда
юлдузларнинг шивири.
Энди омонлик йўқ.
Бу юксакликда
парвоз ташлаб кетса,
омонлик йўқдир.

Туш ва ҳуш

Кўзлар юмилса,

кўчалар
одамда
айланиб юрар;

ишхона,
рўзғор
ва юлдузлар
айланади
одамда.

Уйғониб
кўча,
ишхона
ва рўзғорни
зир югуриб айланади
одам.

Чарх уриб
айланади.

Чунки у югурмаса,
тўхтаб қолади
кўча,
ишхона
ва рўзғор.

Тириклик
тўхтайди.

Тинмайди одам.

Юлдузларни айланай деса,
улар
тушларда қолган.

Бунииг устига,
тушлар ҳам йўқолгандир.

Бунинг устига,
ухламоқнинг
иложи йўқ.

Энг ёмони,
осмонга қарашга вақти йўҳ одамнинг.

Энг ёмони,
осмонда ҳам юлдузлар йўқдир.

X аср сарой шоири ҳақида афсона

Томоғимда
сўйилган сўзлар
хириллар.

Қўрқув иккаламиз
сўзларни сўйиш билан
шуғулланамиз
бетиним.

Маликанинг эса
чиройли кўрингиси келар,
унга «хунуксан» деб
бўладими?

Қўрқув бўғзимга пичоқ қадаган.

— Мен чиройлиманми? — дейди малика.

Ҳусни ҳақида
узун-узун
сатрлар туқийман
Аруз вазнида.

— Ростини айт, — дейди малика.

Ою юлдузли ўхшатишлар
зўриқиб сочилар
шеъримга…

У тасқара
бир мис танга ташлайди менга.

Ҳаллослаб саройдан чиқаман.
“Худога шукур,
бола-чақам очдан ўлмайди бугун.
Бир парча нон бор.
Миннатли нон!..
Лаънати…”

Ўн асрдан сўнг
шеърларимни ўқийсиз
ҳаяжондан
ҳаприқиб.

Ёлғондан
жуда даҳшатли
эшитилар —
сўйилган сўзларнинг
хириллаши…

* * *

Тепага қарайверманг.

Осмон ҳозирча йўқ.

Кеча уни чиқиндихонадан топиб
олдим.

Роса тупиришгап экан осмонга,
оёқларини артишган экан,
тепкилаииан экан осмонни:
юлдузларининг ҳаммаси сўнган,
қуёш бўлак-бўлак,
ойи — чилпарчин…

Мен осмонни
ювиб-тараб қўйдим ҳозир.

Энди юлдузларини армондан ясаяпман,
ойини — умиддан;
қуёшини эса орзудан яратаман тонггача.

Тепага қарайверманг.

Хозирча осмон йўқ.

Яхшиси, эртага келинг,
Осмонни асраб қўйдим.

Аммо бир киши осмонни
кўтаролмайди.
Биргаликда уни
юксакка қўямиз
эртага…

Хотира

Бор эди ёруғ жаҳон,
Унинг устида осмон,
Осмонда олтин юлдуз,
Нуридан ерда кундуз.
Юлдузга термуларди
Ерда юлдуздай бир қиз.

Ишқида ёниб кетдим,
У қизии олиб кетдим.
Унга қўшиб кундузни,
Унга қўшиб юлдузни,
Унга қўшиб осмонни,
Унга қўшиб жаҳонни,
Унга қўшиб Ерни ҳам,
Унга қўшиб шеърни ҳам
Бағримга солиб кетдим…

* * *

Томоғимни этдим шай —
Айтгим келмоқда қўшиқ:
Авжига кучни бермай,
Фақат юракни қўшиб.

Оҳангга тўлди кўксим,
«Оҳ»им йиртди қафасни.
Юракни шундай қўшиб,
Куйлаб ўтсам бўлмасми?

О, сўз! Парвози — баланд,
Тўлдиради осмонни.
На бахтни этар писанд,
На оромни, на жонни.

Умрни этди барбод
Тақдир тузган касбу кор.
Эй, жон! Нечун арзу дод —
Менда борму ихтиёр?

Шеърни қисматдан олган
Азобнинг овозиман…
Ҳар сўзда минг ўлдирган
Шу тақдирдан розиман.

* * *

Бир тунда куз келди. Чўққиларда қор.
Гулханни ўчирдик. Қайтамиз уйга.
Сенда ўтган кунлар, тоғ — дўсти ансор,
Қалбларни чулғайди Умид ва Куйга.

Хайр! Дийдор қайта бўлурму насиб?
Сўз йўқ. Барча дардим жамдир бир «уф»да…
Муздай ҳаволарга тўшларин босиб,
Кўзёшдай оқади қушлар жанубга.

* * *

Сатрлар улашиб ўтар ҳар бир он,
Аммо менга кунлар, ойлар, йиллар кам:
Умримга сиғмайман бу тарзда — аён,
Ҳисобни бошладим асрлар билан.

Бўйнимга дардларин ортар ҳар бир он,
Аммо менга мудом дарднинг вазни кам!
Сўзларимга замон тор келди, Раҳмон,
Суҳбатим сен билан, энди сен билан…

* * *

Қайси йўқликларда топширади жон
Нур соча титилган юлдуз жуссаси?
Менинг юрагимни тутмишдир макон
Бехос сўнишларнинг мудҳиш ғуссаси.

Эй, йўқлик! Оташни ямловчи аждар!
Зиёни ютувчи юҳо ялмоғиз!
Дунёнгда ғуссага чўкдим шу қадар —
Руҳдан ўзга барча оташлар олис.

Чўчима! Ўртада на ғараз, на кин —
Зарра аксилрусум зтмасман талаб:
Руҳимга исиниб ўтирибман жим,
Дўнё ўчоғига ўзимни қалаб.

* * *

Дунё терс ўзгарди. Нохос. Бешафқат.
Умидлар йўқолди. Кул бўлди эртак.
Лабида сигарет — бир томчи шафақ —
Кечага термулиб турибди зркак.

Йўқ, бўм-бўш умрни улгурмас ямлаб
Кетма-кет тортилган сигарет дуди.
Қанча уринмасин ўзини жамлаб,
Энди ироданинг йўқдир субути.

Бу кузги кечада сочилиб ётар —
Хазондир баҳору ёзнинг ижоди.
Дўст дунё! Муҳаббат шундайми сотар,
Шундай кул бўларми инсон ҳаёти?

Худди ер қаъридан чиққандай пинҳон
Ёлғизлик чўкади ёнига — бесас.
Эркак ёлғизликка боқади ҳайрон,
Ҳали таниш змас улар, танишмас…

* * *

Ўлдирмайди шеърга қоришган қийноқ,
Юрак ёрилган-у, юрибман тикка:
Дард ичра тўлғониб “оҳ» урсам, шундоқ
Нафасим етади абадийликка.

Дардларни орқалаб кезаркан пурғам,
Сингудай чирсиллар зуриққан қаддим.
Аслида мен қайси асрга кирсам,
Унда яшамоққа сиғади ҳаддим.

Миямдан қон сизиб оқар тақдирга —
Фикримнинг мағзида қанчалар чандиқ!
Ҳаётимда эса, мен билан бирга
Суйимли аёлдай сўзлар беҳадик.

Умрим баҳорлару ёзларни кезди,
Ҳозир куз оралаб борар қиш томон…
Нима, шеър келдими? Юрагим сезди.
Нечун хавотирда безовта замон?

Менда нима гуноҳ? Нечун хавотир?
Тобора теграмда хатарлар сасли.
Дунёни қай тарзда айлайин тасвир,
Унга керакмасми суратин асли?..

Ўлдирмайди шеърга қоришгаи қийиоқ.
Нима демоқдалар? Не учун таҳқир?
Мен қайси асрда яшайман? Шундоқ
Уйимдан чиққандай кетаман, ахир…

* * *

Етдими видо они —
Севги йуқолди қай кун?
Ўтди соғинч даврони:
Хотири — жам, беқайғу.

Ҳатто тақдир беталаб —
Гўё йўқдай кемтиги.
На ўзин осар, ё раб,
На йиғлади знтикиб.

Кетиб борар муҳаббат,
Қўлларидан кетиб эрк.
Ёзсам етмагайдир хат,
Излай десам йўли берк.

Шомга қўшиб тонгимни,
Тўлғонмайди баланд-паст.
Берай десам жонимни,
Муҳаббатга керакмас.

Сургалайди фақат Вақт
Эгасиз қолган ойни.
Кетиб борар муҳаббат —
Дунёлардан чиройли.

Нимани этдим бекор,
Қандай даврон қурибман?..
Сенга нима бўлди, ёр?
Мен ўлгандай турибман.

* * *

Баҳор келдими?
Гулладими дарахтлар?
Қушлар сайрадими?

Сен кетсанг ҳам
шундай ҳол
рўй бердими
оламда?

Мулоҳаза

Бу одам енгилган бўлса,
кўп жанг қилгандир;
синган бўлса,
кўтаргандир дунёни;
ғамгин бўлса,
севгандир
жонининг борича;
Ёшини яшамай
ўлган бўлса,
умрини тез яшагандир…
Бу одам ҳақида
ёлғон
тўқиётган бўлсак,
ҳақиқати кўпдир
бу одамнинг.

* * *

Жоним-а,
Жаҳоним-а,
Сени бир кўрсам эди,
Ҳуш кетиб турсам эди.
Ҳуснингга тоқат қилолмай,
Ҳўнграниб юрсам эди.

Жоним-а,
Жаҳоним-а,
Ой юзинг армоним-а,
Тоғларга исминг айтсам,
Тошлари бўстоним-а.

Жоним-а,
Жаҳоним-а,
Дилимда пинҳоним-а,
Ерга туш,кўкларга учма,
Сўнгги йўқ достоним-а.

Жоним-а,
Жаҳоним-а,
Қайдасан,афғоним-а?
Сени йўқлаб йиғлаюрман,
Энг гўзал ёлғоним-а…

***

Мен билан бу жангда
Дунё — музаффар.
Қон ютиб чекиндим
Ўзимга қадар.

Ўзимда изиллаб,
Тангрим, кетурман…
Айт, қанча чекинсам,
Сенга етурман?

* * *

Нечун бизга девоналиғ? —
Дарахтликда соғ бўлайлик:
Танҳолигу бегоналиғ
Жондан ўтди — боғ бўлайлик.
Сенинг билан барг очайин,
Сенинг билан гуллаб қолай…
Бу дунёдан қандай ўтиб
Кетганимни билмай қолай.

Фақат ўзингга суян

Фарзандлар айтади
«бизга суянинг» деб;
дўстлар елкасини тутади;
туғишганларинг далда берар:
— Биз бормиз!
Уларни хафа қилма:
майли,
фарзандларинг
бизга суянди, деб ўйласин;

дўстлар
елкаларида
сезсин қўлингни;
борлигини
ҳис қилсин
туғишганларинг.

Аммо сен ўзингга суян.
Чунки инсон жуда оғир,
жуда улкан,
осмонлар қадар юксак —
уни
ўзидан бошқа
ҳеч ким
кўтаролмайди.

Ёлғиз

Оламлар ичинда
бир олам
ёлғиз.

Юлдузлар ичинда
бир юлдуз
ёлғиз;

дарахтзорлар аро
бир дарахт
ёлғиз;

одамлар ичинда
бир ўзинг
ёлғиз;

менинг
кўнглимда эса
бир муҳаббат
ёлғиз.

045

Usmon AZIM
UMRIMGA SIG’MAYMAN BU TARZDA
044

Usmon Azim 1950 yil 13 avgustda Surxondaryo viloyati, Boysun tumanida tavallud topgan. O’zbekiston xalq shoiri (2000). ToshDUning jurnalistika fakul`tetini tugatgan (1972). Ilk kitobi — «Insonni tushunish» (1979). «Holat» (1979), «Oqibat» (1980), «Ko’zgu» (1983), «Surat parchalari» (1985), «Dars» (1985), «Ikkinchi aprel`» (1987), «Baxshiyona» (1989), «G’aroyib ajdarho» (1990), «Uyg’onish azobi» (1991), «G’ussa» (1994), «Uzun tun» (1994), «Saylanma» (1995), «Kuz» (2001) kabi she’riy va «Jodu» (2003) nasriy to’plamlari nashr etilgan. Dramalar ham yozgan («Bir qadam yo’l». 1997; «Alpomishning kaytishi», 1998 va boshqa). «Alisher Navoiy» kinoqissasi (1990), «Alpomish» kinodostoni (1997), «Sevgi» (1998, shu nomli hikoya asosida) va 2 seriyali «Alpomish» (2000) fil`mlarining stsenariysiga mualliflik qilgan. Pol` Elyuar, V. Vatsietis, K. Dog’larja, A. Voznesenskiy, YU. Martsinkyavichyus va boshqa shoirlarning asarlarini o’zbek tiliga tarjima qilgan. Gruziyaning Mayakovskiy nomidagi Davlat mukofotiga sazovor bo’lgan (1982). «Do’stlik» ordeni sohibi (1998).

044

Sabr
034
Baliq emasman,
suzib ketsam,

qush emasman,
uchib ketsam,

shamol emasman,
yelib ketsam…

Hatto
yoshlarim ham tosh,

Hatto yig’ilarim — sukunat.

Uy qursangiz,
mendan poydevor
tashlaysiz
hali…

* * *

Ertak shu-da,
yo’l uchga bo’linadi:
Borsa-qaytar,
yo qaytar, yo qaytmas…

Yaxshi odam,
endi ertakka balo bormi?
Ertak tugagan.

Sen “borsa-haitmas»ni tanlayver.

Chunki insonning umri
“borsa-kelmas «dir.

Alvido!..

Ha, bir gapni aytib qo’yay:
mabodo qaytilsa ham,
shu “borsa-kelmas“dan
qaytiladi, yaxshi odam.

* * *

Kurbonning bo’yni kundada.

Jallod
oyboltani ko’tardi…
— Nega o’ldirasizlar?
O’zim o’lib ketaman-ku-u-u!

Bu qichqiriqdan
lol qotdi jallod.
Oybolta muallah qotdi…

— Jallodii almashtiringlar, —
amir etdi poshshoyi a’zam, —
o’ylangandan jallod chiqadimi?

Ammo hamma o’yga tolgan.

Necha ming yildan buyon
hamma o’yga tolgan.

Kurbonning bo’yni esa
hamon
kundada.

Oybolta.
ko’tarilganicha qotgan.

Jallodlik
lavozimini esa
qotillar egallaganlar.

* * *

Bir dunyo sog’inch,
bir dunyo umid bilan
qancha taqdirlarda qovrilib keldim.
Umrim sovrilgan.
Baxtim sim-siyoh..
.
Barmoqlaringga
barmoqlarimni
tekkizsam maylimi?

Nega hamma narsa yorug’ —
soyalar qayga ketdi?
Tabassumingdan
kechalar.
shu’lalanib borar.

Oyoqlarim Yerdan uzilgan.

Bu parvoz hech qachon
tugamaydimi?

Shunaqa ham yuksaklik bormi dunyoda?

Harakatga to’la vujudim.
Kuloqlarimda
yulduzlarning shiviri.
Endi omonlik yo’q.
Bu yuksaklikda
parvoz tashlab ketsa,
omonlik yo’qdir.

Tush va hush

Ko’zlar yumilsa,

ko’chalar
odamda
aylanib yurar;

ishxona,
ro’zg’or
va yulduzlar
aylanadi
odamda.

Uyg’onib
ko’cha,
ishxona
va ro’zg’orni
zir yugurib aylanadi
odam.

Charx urib
aylanadi.

Chunki u yugurmasa,
to’xtab qoladi
ko’cha,
ishxona
va ro’zg’or.

Tiriklik
to’xtaydi.

Tinmaydi odam.

Yulduzlarni aylanay desa,
ular
tushlarda qolgan.

Buniig ustiga,
tushlar ham yo’qolgandir.

Buning ustiga,
uxlamoqning
iloji yo’q.

Eng yomoni,
osmonga qarashga vaqti yo’h odamning.

Eng yomoni,
osmonda ham yulduzlar yo’qdir.

X asr saroy shoiri haqida afsona

Tomog’imda
so’yilgan so’zlar
xirillar.

Qo’rquv ikkalamiz
so’zlarni so’yish bilan
shug’ullanamiz
betinim.

Malikaning esa
chiroyli ko’ringisi kelar,
unga «xunuksan» deb
bo’ladimi?

Qo’rquv bo’g’zimga pichoq qadagan.

— Men chiroylimanmi? — deydi malika.

Husni haqida
uzun-uzun
satrlar tuqiyman
Aruz vaznida.

— Rostini ayt, — deydi malika.

Oyu yulduzli o’xshatishlar
zo’riqib sochilar
she’rimga…

U tasqara
bir mis tanga tashlaydi menga.

Halloslab saroydan chiqaman.
“Xudoga shukur,
bola-chaqam ochdan o’lmaydi bugun.
Bir parcha non bor.
Minnatli non!..
La’nati…”

O’n asrdan so’ng
she’rlarimni o’qiysiz
hayajondan
hapriqib.

Yolg’ondan
juda dahshatli
eshitilar —
so’yilgan so’zlarning
xirillashi…

* * *

Tepaga qarayvermang.

Osmon hozircha yo’q.

Kecha uni chiqindixonadan topib
oldim.

Rosa tupirishgap ekan osmonga,
oyoqlarini artishgan ekan,
tepkilaiian ekan osmonni:
yulduzlarining hammasi so’ngan,
quyosh bo’lak-bo’lak,
oyi — chilparchin…

Men osmonni
yuvib-tarab qo’ydim hozir.

Endi yulduzlarini armondan yasayapman,
oyini — umiddan;
quyoshini esa orzudan yarataman tonggacha.

Tepaga qarayvermang.

Xozircha osmon yo’q.

Yaxshisi, ertaga keling,
Osmonni asrab qo’ydim.

Ammo bir kishi osmonni
ko’tarolmaydi.
Birgalikda uni
yuksakka qo’yamiz
ertaga…

Xotira

Bor edi yorug’ jahon,
Uning ustida osmon,
Osmonda oltin yulduz,
Nuridan yerda kunduz.
Yulduzga termulardi
Yerda yulduzday bir qiz.

Ishqida yonib ketdim,
U qizii olib ketdim.
Unga qo’shib kunduzni,
Unga qo’shib yulduzni,
Unga qo’shib osmonni,
Unga qo’shib jahonni,
Unga qo’shib Yerni ham,
Unga qo’shib she’rni ham
Bag’rimga solib ketdim…

* * *

Tomog’imni etdim shay —
Aytgim kelmoqda qo’shiq:
Avjiga kuchni bermay,
Faqat yurakni qo’shib.

Ohangga to’ldi ko’ksim,
«Oh»im yirtdi qafasni.
Yurakni shunday qo’shib,
Kuylab o’tsam bo’lmasmi?

O, so’z! Parvozi — baland,
To’ldiradi osmonni.
Na baxtni etar pisand,
Na oromni, na jonni.

Umrni etdi barbod
Taqdir tuzgan kasbu kor.
Ey, jon! Nechun arzu dod —
Menda bormu ixtiyor?

She’rni qismatdan olgan
Azobning ovoziman…
Har so’zda ming o’ldirgan
Shu taqdirdan roziman.

* * *

Bir tunda kuz keldi. Cho’qqilarda qor.
Gulxanni o’chirdik. Qaytamiz uyga.
Senda o’tgan kunlar, tog’ — do’sti ansor,
Qalblarni chulg’aydi Umid va Kuyga.

Xayr! Diydor qayta bo’lurmu nasib?
So’z yo’q. Barcha dardim jamdir bir «uf»da…
Muzday havolarga to’shlarin bosib,
Ko’zyoshday oqadi qushlar janubga.

* * *

Satrlar ulashib o’tar har bir on,
Ammo menga kunlar, oylar, yillar kam:
Umrimga sig’mayman bu tarzda — ayon,
Hisobni boshladim asrlar bilan.

Bo’ynimga dardlarin ortar har bir on,
Ammo menga mudom dardning vazni kam!
So’zlarimga zamon tor keldi, Rahmon,
Suhbatim sen bilan, endi sen bilan…

* * *

Qaysi yo’qliklarda topshiradi jon
Nur socha titilgan yulduz jussasi?
Mening yuragimni tutmishdir makon
Bexos so’nishlarning mudhish g’ussasi.

Ey, yo’qlik! Otashni yamlovchi ajdar!
Ziyoni yutuvchi yuho yalmog’iz!
Dunyongda g’ussaga cho’kdim shu qadar —
Ruhdan o’zga barcha otashlar olis.

Cho’chima! O’rtada na g’araz, na kin —
Zarra aksilrusum ztmasman talab:
Ruhimga isinib o’tiribman jim,
Do’nyo o’chog’iga o’zimni qalab.

* * *

Dunyo ters o’zgardi. Noxos. Beshafqat.
Umidlar yo’qoldi. Kul bo’ldi ertak.
Labida sigaret — bir tomchi shafaq —
Kechaga termulib turibdi zrkak.

Yo’q, bo’m-bo’sh umrni ulgurmas yamlab
Ketma-ket tortilgan sigaret dudi.
Qancha urinmasin o’zini jamlab,
Endi irodaning yo’qdir subuti.

Bu kuzgi kechada sochilib yotar —
Xazondir bahoru yozning ijodi.
Do’st dunyo! Muhabbat shundaymi sotar,
Shunday kul bo’larmi inson hayoti?

Xuddi yer qa’ridan chiqqanday pinhon
Yolg’izlik cho’kadi yoniga — besas.
Erkak yolg’izlikka boqadi hayron,
Hali tanish zmas ular, tanishmas…

* * *

O’ldirmaydi she’rga qorishgan qiynoq,
Yurak yorilgan-u, yuribman tikka:
Dard ichra to’lg’onib “oh» ursam, shundoq
Nafasim yetadi abadiylikka.

Dardlarni orqalab kezarkan purg’am,
Singuday chirsillar zuriqqan qaddim.
Aslida men qaysi asrga kirsam,
Unda yashamoqqa sig’adi haddim.

Miyamdan qon sizib oqar taqdirga —
Fikrimning mag’zida qanchalar chandiq!
Hayotimda esa, men bilan birga
Suyimli ayolday so’zlar behadik.

Umrim bahorlaru yozlarni kezdi,
Hozir kuz oralab borar qish tomon…
Nima, she’r keldimi? Yuragim sezdi.
Nechun xavotirda bezovta zamon?

Menda nima gunoh? Nechun xavotir?
Tobora tegramda xatarlar sasli.
Dunyoni qay tarzda aylayin tasvir,
Unga kerakmasmi suratin asli?..

O’ldirmaydi she’rga qorishgai qiyioq.
Nima demoqdalar? Ne uchun tahqir?
Men qaysi asrda yashayman? Shundoq
Uyimdan chiqqanday ketaman, axir…

* * *

Yetdimi vido oni —
Sevgi yuqoldi qay kun?
O’tdi sog’inch davroni:
Xotiri — jam, beqayg’u.

Hatto taqdir betalab —
Go’yo yo’qday kemtigi.
Na o’zin osar, yo rab,
Na yig’ladi zntikib.

Ketib borar muhabbat,
Qo’llaridan ketib erk.
Yozsam yetmagaydir xat,
Izlay desam yo’li berk.

Shomga qo’shib tongimni,
To’lg’onmaydi baland-past.
Beray desam jonimni,
Muhabbatga kerakmas.

Surgalaydi faqat Vaqt
Egasiz qolgan oyni.
Ketib borar muhabbat —
Dunyolardan chiroyli.

Nimani etdim bekor,
Qanday davron quribman?..
Senga nima bo’ldi, yor?
Men o’lganday turibman.

* * *

Bahor keldimi?
Gulladimi daraxtlar?
Qushlar sayradimi?

Sen ketsang ham
shunday hol
ro’y berdimi
olamda?

Mulohaza

Bu odam yengilgan bo’lsa,
ko’p jang qilgandir;
singan bo’lsa,
ko’targandir dunyoni;
g’amgin bo’lsa,
sevgandir
jonining boricha;
Yoshini yashamay
o’lgan bo’lsa,
umrini tez yashagandir…
Bu odam haqida
yolg’on
to’qiyotgan bo’lsak,
haqiqati ko’pdir
bu odamning.

* * *

Jonim-a,
Jahonim-a,
Seni bir ko’rsam edi,
Hush ketib tursam edi.
Husningga toqat qilolmay,
Ho’ngranib yursam edi.

Jonim-a,
Jahonim-a,
Oy yuzing armonim-a,
Tog’larga isming aytsam,
Toshlari bo’stonim-a.

Jonim-a,
Jahonim-a,
Dilimda pinhonim-a,
Yerga tush,ko’klarga uchma,
So’nggi yo’q dostonim-a.

Jonim-a,
Jahonim-a,
Qaydasan,afg’onim-a?
Seni yo’qlab yig’layurman,
Eng go’zal yolg’onim-a…

***

Men bilan bu jangda
Dunyo — muzaffar.
Qon yutib chekindim
O’zimga qadar.

O’zimda izillab,
Tangrim, keturman…
Ayt, qancha chekinsam,
Senga yeturman?

* * *

Nechun bizga devonalig’? —
Daraxtlikda sog’ bo’laylik:
Tanholigu begonalig’
Jondan o’tdi — bog’ bo’laylik.
Sening bilan barg ochayin,
Sening bilan gullab qolay…
Bu dunyodan qanday o’tib
Ketganimni bilmay qolay.

Faqat o’zingga suyan

Farzandlar aytadi
«bizga suyaning» deb;
do’stlar yelkasini tutadi;
tug’ishganlaring dalda berar:
— Biz bormiz!
Ularni xafa qilma:
mayli,
farzandlaring
bizga suyandi, deb o’ylasin;

do’stlar
yelkalarida
sezsin qo’lingni;
borligini
his qilsin
tug’ishganlaring.

Ammo sen o’zingga suyan.
Chunki inson juda og’ir,
juda ulkan,
osmonlar qadar yuksak —
uni
o’zidan boshqa
hech kim
ko’tarolmaydi.

Yolg’iz

Olamlar ichinda
bir olam
yolg’iz.

Yulduzlar ichinda
bir yulduz
yolg’iz;

daraxtzorlar aro
bir daraxt
yolg’iz;

odamlar ichinda
bir o’zing
yolg’iz;

mening
ko’nglimda esa
bir muhabbat
yolg’iz.

045

(Tashriflar: umumiy 824, bugungi 1)

Izoh qoldiring