Abdulla Boboyorov. She’rlar & O’rolboy Qobil. Ijod — qalbning yuksalishidir

09    Ижод — қалбнинг юксалишидир. Ҳа, мен ижод ҳақида шундай фикрдаман. Ҳар сафар қўлимга қалам олиб юрагимни туғёнга солаётган, ёки мени қалам олишга ундаётган туйғуларимни қоғозга битишга киришар эканман, ана шуни ҳис қиламан. Гуё ўзимни бутун борлиқдан узилгандек ҳис қилиб, қоғозу қалам билан ёлғиз қоламан.

Ўролбой ҚОБИЛ
ИЖОД – ҚАЛБНИНГ ЮКСАЛИШИДИР
09

— Абдулла ака, айтингчи, нега одам боласи қўшиқ айтади, шеър, ҳикоя ёзади, ундан кўра ер чопса ёки бирор қорин тўйдирадиган иш билан банд бўлса яхши бўлмайдими?

— Инсон учун маънавий эҳтиёж деган нарса ҳам бор. У- аслида шу эҳтиёжни қондириш учун қўлига қалам ёки соз олади. Ижод — қалбнинг юксалишидир. Ҳа, мен ижод ҳақида шундай фикрдаман. Ҳар сафар қўлимга қалам олиб юрагимни туғёнга солаётган, ёки мени қалам олишга ундаётган туйғуларимни қоғозга битишга киришар эканман, ана шуни ҳис қиламан. Гуё ўзимни бутун борлиқдан узилгандек ҳис қилиб, қоғозу қалам билан ёлғиз қоламан. Бундай пайтда инсон албатта ижод қилиши, туйғуларини оқ қоғозгами ёки компютер саҳифаларигами кўчириб қолдириши керак. Бўлмаса ёмон бўлади. Қалб чўкади, вайрон бўлади.

— Болаликдаги сизни ижодкор бўлишга ундаган сабаблар ҳақида нима дейсиз?

07— Овлоқ қишлоқдаги деҳқон оиласида туғилдим. Оиламиз собиқ шўролар даврининг жабру ситамлари, азобу уқубатларини кўп кўрган. Отам, уруш йилларида беш йил ишчи батальонига сафарбар қилиниб, Русиянинг энг совуқ ўлкасида, ўрмонда дарахт кесишга, тирик қолиш учун туну кун меҳнат қилишга мажбур этилган. Отам уруш тугаб, уйга қайтиб келгач ҳам, бойнинг боласи деган тамға билан камситилиб, топган-тутганини давлатга топширишга мажбур бўлган.

Мен дастлабки шеърий туйгуларни, ўн бир ёшимда, кузнинг заррин япроқлари тўкилиб, саррин шамоллар уларни учираётган кезлари ҳис қилганман. Орадан кўп йиллар ўтган бўлса-да, ўша шамолларни ҳамон ҳис қилиб тураман. Бу шамоллар, хаёллардаги майда-чуйда гапларни чирпирак қилиб учириб, ижод қилишга ундайди. Куз ҳақида, баҳор ҳақида, баҳорнинг энг ажиб муждаси – баҳор ёмғирлари ҳақида.

Куз ва баҳор шамоллари мени ҳаёт ҳақида ўйлашга чорлайверади. Мактабни битириб, Қамаши туман газетасида ишлай бошлашим ҳаёт йўлимни буткул ўзгартириб юборди. 1976 йилда Тошкент Давлат университетининг журналистика йўналишини тугаллаб, туман газетасида масъул котиб, муҳаррир ўринбосари, бош муҳаррир бўлиб ишладим.

— Бир муддат вилоятнинг “Қашқадарё”газетасида ҳам ишлаган экансиз, бу давр сизга нималарни берди?

— Ҳа, икки йил газетада бўлим муҳаррири бўлиб ишладим. Бу давр менга кўп нарсаларни берди. Вилоятимизнинг барча туманларида, тоғларда ҳам чекка қишлоқларда ҳам бўлдим. Ҳатто Муборакнинг бепаён даштларини ҳам кезиб чўл одамлари, чўпонлар, газчилар ҳаёти билан яқиндан танишиб қатор мақола ва очерклар ёздим.

Шеърларим, ҳажвий ҳикояларим, эссе ва мақолаларим республиканинг “Халқ сўзи”, ”Қишлоқ ҳаёти”, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газеталарида, “Шарқ юлдузи”, “Гулистон” журналларида чоп этилди. 2007 йилда “Энг улуғ, энг азиз” кўрик танлови ғолиби бўлганман.

— Сиз илк ижодингизни насрда бошлагансиз, кейинчалик эса негадир шеърлар қоралашганга ўтдингиз?

— Дастлаб насрда ижод қилдим. Ёзганларим Иброҳим Ғафуров, Самар Нуров каби танқидчи ва адибларнинг эътиборига тушиб мақтовлар ҳам эшитдим. Ҳажвий ҳикояларим газета ва журналларда босилиб, “Тасассум”да эътироф этилди. Кейинчалик мени шеърият йўлдан урди. Шеърият бу гўзаллик, муҳаббат, туйғуларини ўзига хос тарзда ифода этиш имконини беради

— Илк ёзган шеърингизни кимга ўқиб бергансиз, сизни адабиётга етаклаган устозларингиз кимлар бўлган?

— Менинг илк ўқувчим онам – Ойдин Норқобил қизи эди. Онам нафақат менга ҳаёт ва оқ сут берган, балки ижодимнинг ҳам раҳномаси бўлганди.

Менинг журналист ва ижодкор бўлишимга Абдивой Раҳим, Умар Тожиев ва бир пайтлар Ўш вилоятидан келиб туман газетасида ишлаган Мўминжон Рўзиевларнинг таъсири бўлган.

— Сизда ижод жараёни қандай кечади?

— Менинг асосий устозим- ўзим ўқиган юзлаб китоблардир. Ҳар бир китоб юраги шеърга, адабиётга ошиқ бўлган одамга бир туртки беради, илҳомлантиради. Ёш ижодкор – бу китоблардан таъсирланиб, тақлид қилиб нимадир ёзса, сўнгра у тақлиддан чиқиб кета олса, у- ижодкорга айланади. Мана шу ижодкорнинг шаклланиш йўлидир.

Мен ёзганларимни беш-олти ой, баъзан йиллаб бир четга ташлаб қўяман ва сўнгра қайта ўқийман. Ана шунда саралари, давр талабига жавоб берадиганлари маълум бўлади. Баъзида яхши деб ўйлаб юрганларингиз, маълум вақт ўтгач, талабга жавоб бермай қолиши мумкин.

— Абдулла ака, мана ёшингиз ҳам етмишга қараб бораяпти, лекин ҳонузгача китоб чиқарганингиз йўқ. Қаранг, 7-синф ўқувчиси бўлган қизча тўртта китоб чиқарибди. Сизнинг бунга муносабатингиз?

— Барибир, шу саволни беришингизни билардим. Қаранг, деҳқон одам томорқасида сабзи экиб, бозорга чиқариб сотса, бу ҳеч кимни ажаблантирмайди. Аммо бирорта шоир ёки адиб ўзи ёзган китобини машинага ортиб бориб: “Ҳой, одамлар келиб қолинг, яхши шеър ёки ҳикоялар бор, сотиб олинг”! — деб юрса нима бўлади? Бировга мажбуран китоб ўқитиб бўлмайди. Қачонки, одам ички бир эҳтиёж сезсагина қўлига китоб олади. Менинг камтарин ижодимга келсак, бир пайтлар китоб чиқаришимга имкониятлар бўлганди, аммо сускашлик қилдим, барибир қонимда шўродан қолган “қусур”лар бор-да… Майли, бизга ҳам бир кун омад келар ёки, Гулшаний бобо айтганидек, “кимга керак бўлса, чиқариб олар”… Ижод дегани аслида ўзликни англашдир. Ўзликни англаш, Ватанни англаш, кимлигимизни англашдир. Билсангиз, асарнинг катта-кичиги бўлмайди. Нима бўлганда ҳам, шуниси қувончлики адабиёт уммон сингари чексиз, чегарасиз ва абадийдир. Адабиёт ва ижод оламида яшаган, унинг ривожига заррача ҳисса қўшаолган инсон бахтлидир.

— Мазмунли суҳбат учун раҳмат!

— Сизга ҳам.

Абдулла БОБОЁРОВ
Ш Е Ъ Р Л А Р
09

  Абдулла Бобоёров 1949 йилда Қамаши тумани Одоқжонбўз қишлоғида туғилган. Тошкент Давлат университети журналистика факультетида таҳсил олган. Туман газетасида масъул котиб, муҳаррир ўринбосари, бош муҳаррир бўлиб фаолият олиб борди. “Қашқадарё” газетасида бўлим муҳаррири бўлиб ишлади. Турли мавзудаги ижод намуналари марказий газета ва журналларда кўп бора чоп қилинган. Ҳикоя ва шеърлари “Эзгулик гуллари” ва “Қалб қўшиғи” тўпламларида нашр этилган.

ВАТАН

Дарёлар сеники, тоғлар сеники,
Сеники бошимда мусаффо осмон.
Чаманлар сеники, боғлар сеники,
Сенга бахшидадир юрагимда жон.

О, Ватан! Улуғ сўз, улуғвор тўйғу,
Менинг юрагим-ку ишқинг-ла тўлди.
Майлига шодликми, майлига қайғу
Менинг юрагимда яшасанг бўлди.

ОТА

Сизга атаб шеър битмоқ оғир,
Бисотимда сўзим етмайди.
Сиз шунчалик юксаксиз ахир,
Бўйламоққа кўзим етмайди.

Сиз юксаксиз тоғлардан баланд,
Сиз дарёсиз Жайҳун мисоли.
Яшадингиз эзгулик-ла банд,
Оталикнинг буюк тимсоли.

ИНСОН БАХТИ

Тупроқдан яралмиш энг нозик гул ҳам,
Дардлардан яралмиш дилларда туғён.
Биз бугун қувониб ташлаймиз қадам,
Елкага ташлайди ўзини осмон.

Бир-бир юксакларга борамиз чиқиб,
Бизларни қаршилар тоғлар эгилиб.
Пойларда довонлар, қўлларда заҳмат,
Булутлар осмондан ётар тўкилиб.

Миллиард қушларнинг гувури дилда,
Миллиард майсалар ҳаётнинг нақши.
Ғолиблик байроғи ишончли қўлда,
Осмонни кўтариб яшамоқ яхши.

ҒУРУР

Қоялар бағрида сокин турганча,
Бургутлар юртига қиламан ҳавас.
Бу юртда мағрурдир ҳар битта ғунча,
Қоп-қора тошлар ҳам азиз, муқаддас.

Одамлар, атрофга сиз боқинг роса,
Бургутлар юртида тиниқдир осмон.
Бургутлар Ватанни асрай билмаса,
Бургут бўлолмасди улар ҳеч қачон.

***
Қоплаётир булут осмоним,
Жон уфқини зулмат тўлдирар.
Юрагимни эзар фиғоним,
Дил қўшиғин бир-бир ўлдирар.

Осмон қора, булутлар қора,
Тикиламан бирор юлдуз йўқ.
Қирқ йилдирки шамоллар аро
Излаганим бирор кундуз йўқ.

Сиғинаман ўзингга қуёш,
Еру кўкни титратган чақин.
Топинаман мен сенга оташ,
Сенга жоним, юрагим яқин.

Қўлим чўзиб, қилиб илтижо,
Яшай дея бир дам бахтиёр.
Чин кўнгилдан айладим нидо,
Юрагимни этдим ихтиёр.

Эй, дунёнинг улуғ сафоси,
Тупроққа ҳам бергувчи қанот.
Юрагимда дардлар жафоси,
Юрагимда улуғвор ҳаёт.

Сиғинаман ўзингга минг бор,
Майли, мени курашга шайла.
Булут жоним этмасин абгор,
Осмонимни покиза айла.

***

Ёнаётган дарахт билсанг, бу –менман.
Шохларимни олов, чақмоқлар урди.
Бу басир дунёда ё басир, кўрман,
Оловга урганим кўрганлар кўрди.

Қирқ йил яшаб, айтинг, мен нима кўрдим,
Оловли дунёга шайланаётирман.
Яшаш-чун ўзимни чақмоққа ўрдим,
Дўстлар, мен оловга айланаётирман.

***

Сизнинг сувратингиз кимлар чизмаган,
Кимлар кўчирмаган дилин қатига.
Сиз ахир бир гулсиз, сиз ахир чаман,
Сиз-ку тимсолдирсиз пари зотига.

Улуғвор ҳаётнинг шафақ нурини,
Сизнинг жисмингизда, кўзларда кўрдим.
Юракка босганда титроқ қўрини
Гулим, пойингизда тиз чўкиб тургим.

Сиз-ку ҳаёт гули, ҳаёт булоғи,
Гарчи султондирман, бугун қулман мен.
Юрагим ёқмоқда ишқнинг фироғи,
Манзилга етмаган сарсон йўлман мен.

Мажнунлик қисмати пешонамда бор,
Бир умр қидирдим йўлингиздан тахт.
Майли, ҳажрингизда сиз ёқинг дилдор,
Муҳаббат ўтида куйиб ўлмоқ бахт.

***

Дунё! Сенинг бунча ёлғонларинг кўп,
Ҳар қадам тошлию тиконларинг кўп.
Ҳар онинг дардидан юрагим яра,
Не учун бунчалик ёлғонларинг кўп.

Ҳар куни бўзариб отади саҳар,
Танимда оғуга айланар шакар.
Не учун туфону не учун заҳар,
Не учун жонимда фиғонларинг кўп.

Ҳар қадам заминингминг йилки талош,
Бу кўҳна оламда кўрмадим яраш.
Наҳотки яшаш, бу – кимнидир алдаш,
Дунёга тўймаган султонларинг кўп.

Не дейин, не тилай, ҳар оним тилак,
Орзуси ушалмай йиғлайди юрак.
Барибир йиқилмай яшашим керак,
Менинг кўксим аро камонларинг кўп.

ҚАЛБ СЎРОҒИ

Ҳудбин юрагимга ташлайман назар,
Пойларда пишқириб оқаяпти сой.
Дилимда бир оғриқ, дилимда кадар,
Ойдин нурларингга арзийманми, сой?!

Сочимни силадинг тўлин ой нури,
Заррин нурларингдан тўкилади байт.
Қуёшнинг боласи, кунинг ҳовури,
Сенинг нурларингга арзийманми, айт?!

Зимистон зулматни парчалаб секин,
Менинг юрагимга тўкиласан шам.
Ёнмоқлик оғирдир, оғирдир лекин,
Мен учун ёнмоққа ичдингми қасам?!

Эй, дил, бу тун қурбон бўлмоғинг учун,
Қўшиқлар битяпсан ёниб ушбу пайт.
Сочларинг силайман узундан-узун,
Сенинг юрагингга арзийманми айт?!

ШАХМАТ ТАХТАСИ

Оқ билан қоралар улар-чун дунё,
Кураш майдони ҳам битта тахтадир.
Раҳм қиб гоҳида қўлласа Худо,
Шоҳни ағдаришга пиёда қодир.

Кураш – бу шафқатсиз, мақсади тахтдир,
Пиёда қутилар, қолар ёлғиз шоҳ.
Дунёда ҳар дамда кураш-ку нақддир,
Пиёда эрурмиз, бўлайлик огоҳ.

ОРЗУ

Етар бўлса муқаддас тошга,
Бошлар уриб ҳайқирса юрак.
Бор вужуди айланиб ёшга,
Айтар бўлсин ҳар одам тилак.

Чулғанганча юрак зиёга,
Айтарман мен дилимнинг сўзин.
Илоҳим, сен, боққил дунёга,
Номард эмас, мардлар туғилсин.

ВИЖДОН

Чап қўлда юрагим, чап қўлимда жон,
Шу ҳолда осмонга боқаман ҳайрон.
Ахтариб жонимни тополмас ренген,
Сен ўзи қай ёнда яшайсан виждон?!

Заминга булутлар ёғар тўкилиб,
Кўзимга тикилиб ғам берар осмон.
Кетди-ку дардлардан қаддим букилиб,
Сен ўзи қай ҳолда яшайсан виждон?!

Сен нима? Дардмисан, оғир юкми ё,
Гуноҳкор қалбимга жазомисан, айт?!
Ташаккур, вижонни берган-чун дунё,
Ташаккур, жонимда оқаётган байт.

Сен-ку садоқатсан, сен-ку имонсан,
Дилимнинг посбони беқиёс, тенгсиз.
Покиза туйғу-ю, тиниқ осмонсан,
Баъзилар қандайин яшаркан сенсиз?!

ИШОНЧ

Суянсам мен сенга суяндим чинор,
Гар севсам мен сени ёниб севдим гул.
Соғинсам мен сени соғиндим баҳор,
Топинсам ўзингга топиндим кўнгил.

Йиғласам ўзингга йиғладим-ку жон,
Сиғинсам ўзингга сиғиндим қуёш.
Қарасам мен сенга қарадим осмон,
Қоқилсам ўзингга қоқилдим-ку тош.

Тикилсам ўзингга тикилдим-ку кўз,
Шеър айтсам ўзиингга айтдим-ку қалам.
Англадим: бу дунё биттагина сўз,
Мен сенга ишониб яшайман одам.

МУСОФИР

Кетди ташлаб поезд бекатга,
Ва кўчада қолди мусофир.
Эш бўларми биров тунига,
Катта шаҳар неларга қодир.

Катта майдон, минглаб чироқлар
У чироққа маъюс жилмайди
Юрагида сокин титроқлар
Қаён борар ўзи билмайди.

Баланд уйлар турибди қатор
Бир-бири-ла қават талашиб.
У мусофир, турибди ночор
Ва ўтмайди ҳеч ким сўрашиб.

Куни билан тош қотган миршаб
Санаяпти ақчаларини.
Ҳу, баландда бир бола мудраб
Сўкаяпти “боғча”ларини.

Катта шаҳар, минг бир машина,
Чопаяпти изиллаб, тезлаб.
Бу шаҳарга йўқ асло гина,
У турибди тош қотиб, музлаб.

Паноҳи йўқ, таниш ҳам қайда,
“Нега келдим?”- дейди пичирлаб.
Борми дея ерми, ё ойда
У титрайди бир меҳр излаб.

У ўғримас, куфрдан йироқ
Тош отмайди, сизга-ку ахир
Муз қотганни чорлайди чироқ,
У бор-йўғи… Битта мусофир.

Олисларда қишлоғи қолган,
Турибди-я вужуди музлаб.
Балки, билмам, у ишсиз толган.
Келган балки, парча нон излаб.

Катта шаҳар, каттакон майдон,
Кўрмайсанми нурингни баҳам?
Титраб турар, вужуди вайрон
Бегонамас, мусофир одам.

***

Воажаб, дунёнинг ҳайратлари кўп,
Ҳар кимнинг дилида сийратлари кўп.
Бировлар дунёдан изсиз ўтса ҳам,
Қабрни тўлдирган сувратлари кўп.

***

Юлдузга қўл чўздим-дастим етмади,
Кимгадир қасд қилдим, қасдим етмади.
Рост айтмоқ фикрида қасамлар ичдим,
Воажаб, барига ростим етмади.

***

Бировнинг бошига кўрдим, тош етди,
Бировнинг бошига билдим, ёш етди.
Менинг-ку дардима даво йўқ, табиб,
Менинг-ку бошима қора қош етди.

Қамаши

06Ijod — qalbning yuksalishidir. Ha, men ijod haqida shunday fikrdaman. Har safar qo‘limga qalam olib yuragimni tug‘yonga solayotgan, yoki meni qalam olishga undayotgan tuyg‘ularimni qog‘ozga bitishga kirishar ekanman, ana shuni his qilaman. Guyo o‘zimni butun borliqdan uzilgandek his qilib, qog‘ozu qalam bilan yolg‘iz qolaman.

O‘rolboy QOBIL
IJOD – QALBNING YUKSALISHIDIR
09

— Abdulla aka, aytingchi, nega odam bolasi qo‘shiq aytadi, she’r, hikoya yozadi, undan ko‘ra yer chopsa yoki biror qorin to‘ydiradigan ish bilan band bo‘lsa yaxshi bo‘lmaydimi?

— Inson uchun ma’naviy ehtiyoj degan narsa ham bor. U- aslida shu ehtiyojni qondirish uchun qo‘liga qalam yoki soz oladi. Ijod — qalbning yuksalishidir. Ha, men ijod haqida shunday fikrdaman. Har safar qo‘limga qalam olib yuragimni tug‘yonga solayotgan, yoki meni qalam olishga undayotgan tuyg‘ularimni qog‘ozga bitishga kirishar ekanman, ana shuni his qilaman. Guyo o‘zimni butun borliqdan uzilgandek his qilib, qog‘ozu qalam bilan yolg‘iz qolaman. Bunday paytda inson albatta ijod qilishi, tuyg‘ularini oq qog‘ozgami yoki kompyuter sahifalarigami ko‘chirib qoldirishi kerak. Bo‘lmasa yomon bo‘ladi. Qalb cho‘kadi, vayron bo‘ladi.

— Bolalikdagi sizni ijodkor bo‘lishga undagan sabablar haqida nima deysiz?

— Ovloq qishloqdagi dehqon oilasida tug‘ildim. Oilamiz sobiq sho‘rolar davrining jabru sitamlari, azobu uqubatlarini ko‘p ko‘rgan. Otam, urush yillarida besh yil ishchi bataloniga safarbar qilinib, Rusiyaning eng sovuq o‘lkasida, o‘rmonda daraxt kesishga, tirik qolish uchun tunu kun mehnat qilishga majbur etilgan. Otam urush tugab, uyga qaytib kelgach ham, boyning bolasi degan tamg‘a bilan kamsitilib, topgan-tutganini davlatga topshirishga majbur bo‘lgan.

Men dastlabki she’riy tuygularni, o‘n bir yoshimda, kuzning zarrin yaproqlari to‘kilib, sarrin shamollar ularni uchirayotgan kezlari his qilganman. Oradan ko‘p yillar o‘tgan bo‘lsa-da, o‘sha shamollarni hamon his qilib turaman. Bu shamollar, xayollardagi mayda-chuyda gaplarni chirpirak qilib uchirib, ijod qilishga undaydi. Kuz haqida, bahor haqida, bahorning eng ajib mujdasi – bahor yomg‘irlari haqida.

Kuz va bahor shamollari meni hayot haqida o‘ylashga chorlayveradi. Maktabni bitirib, Qamashi tuman gazetasida ishlay boshlashim hayot yo‘limni butkul o‘zgartirib yubordi. 1976 yilda Toshkent Davlat universitetining jurnalistika yo‘nalishini tugallab, tuman gazetasida mas’ul kotib, muharrir o‘rinbosari, bosh muharrir bo‘lib ishladim.

— Bir muddat viloyatning “Qashqadaryo”gazetasida ham ishlagan ekansiz, bu davr sizga nimalarni berdi?

— Ha, ikki yil gazetada bo‘lim muharriri bo‘lib ishladim. Bu davr menga ko‘p narsalarni berdi. Viloyatimizning barcha tumanlarida, tog‘larda ham chekka qishloqlarda ham bo‘ldim. Hatto Muborakning bepayon dashtlarini ham kezib cho‘l odamlari, cho‘ponlar, gazchilar hayoti bilan yaqindan tanishib qator maqola va ocherklar yozdim.

She’rlarim, hajviy hikoyalarim, esse va maqolalarim respublikaning “Xalq so‘zi”, ”Qishloq hayoti”, “O‘zbekiston adabiyoti va san’ati” gazetalarida, “Sharq yulduzi”, “Guliston” jurnallarida chop etildi. 2007 yilda “Eng ulug‘, eng aziz” ko‘rik tanlovi g‘olibi bo‘lganman.

— Siz ilk ijodingizni nasrda boshlagansiz, keyinchalik esa negadir she’rlar qoralashganga o‘tdingiz?

— Dastlab nasrda ijod qildim. Yozganlarim Ibrohim G‘afurov, Samar Nurov kabi tanqidchi va adiblarning e’tiboriga tushib maqtovlar ham eshitdim. Hajviy hikoyalarim gazeta va jurnallarda bosilib, “Tasassum”da e’tirof etildi. Keyinchalik meni she’riyat yo‘ldan urdi. She’riyat bu go‘zallik, muhabbat, tuyg‘ularini o‘ziga xos tarzda ifoda etish imkonini beradi

— Ilk yozgan she’ringizni kimga o‘qib bergansiz, sizni adabiyotga yetaklagan ustozlaringiz kimlar bo‘lgan?

— Mening ilk o‘quvchim onam – Oydin Norqobil qizi edi. Onam nafaqat menga hayot va oq sut bergan, balki ijodimning ham rahnomasi bo‘lgandi.

Mening jurnalist va ijodkor bo‘lishimga Abdivoy Rahim, Umar Tojiyev va bir paytlar O‘sh viloyatidan kelib tuman gazetasida ishlagan Mo‘minjon Ro‘ziyevlarning ta’siri bo‘lgan.

— Sizda ijod jarayoni qanday kechadi?

— Mening asosiy ustozim- o‘zim o‘qigan yuzlab kitoblardir. Har bir kitob yuragi she’rga, adabiyotga oshiq bo‘lgan odamga bir turtki beradi, ilhomlantiradi. Yosh ijodkor – bu kitoblardan ta’sirlanib, taqlid qilib nimadir yozsa, so‘ngra u taqliddan chiqib keta olsa, u- ijodkorga aylanadi. Mana shu ijodkorning shakllanish yo‘lidir.

Men yozganlarimni besh-olti oy, ba’zan yillab bir chetga tashlab qo‘yaman va so‘ngra qayta o‘qiyman. Ana shunda saralari, davr talabiga javob beradiganlari ma’lum bo‘ladi. Ba’zida yaxshi deb o‘ylab yurganlaringiz, ma’lum vaqt o‘tgach, talabga javob bermay qolishi mumkin.

— Abdulla aka, mana yoshingiz ham yetmishga qarab borayapti, lekin honuzgacha kitob chiqarganingiz yo‘q. Qarang, 7-sinf o‘quvchisi bo‘lgan qizcha to‘rtta kitob chiqaribdi. Sizning bunga munosabatingiz?

— Baribir, shu savolni berishingizni bilardim. Qarang, dehqon odam tomorqasida sabzi ekib, bozorga chiqarib sotsa, bu hech kimni ajablantirmaydi. Ammo birorta shoir yoki adib o‘zi yozgan kitobini mashinaga ortib borib: “Hoy, odamlar kelib qoling, yaxshi she’r yoki hikoyalar bor, sotib oling”! — deb yursa nima bo‘ladi? Birovga majburan kitob o‘qitib bo‘lmaydi. Qachonki, odam ichki bir ehtiyoj sezsagina qo‘liga kitob oladi. Mening kamtarin ijodimga kelsak, bir paytlar kitob chiqarishimga imkoniyatlar bo‘lgandi, ammo suskashlik qildim, baribir qonimda sho‘rodan qolgan “qusur”lar bor-da… Mayli, bizga ham bir kun omad kelar yoki, Gulshaniy bobo aytganidek, “kimga kerak bo‘lsa, chiqarib olar”… Ijod degani aslida o‘zlikni anglashdir. O‘zlikni anglash, Vatanni anglash, kimligimizni anglashdir. Bilsangiz, asarning katta-kichigi bo‘lmaydi. Nima bo‘lganda ham, shunisi quvonchliki adabiyot ummon singari cheksiz, chegarasiz va abadiydir. Adabiyot va ijod olamida yashagan, uning rivojiga zarracha hissa qo‘shaolgan inson baxtlidir.

— Mazmunli suhbat uchun rahmat!

— Sizga ham.

Abdulla BOBOYOROV
SHE’RLAR
09

Abdulla Boboyorov 1949 yilda Qamashi tumani Odoqjonbo‘z qishlog‘ida tug‘ilgan. Toshkent Davlat universiteti jurnalistika fakultetida tahsil olgan. Tuman gazetasida mas’ul kotib, muharrir o‘rinbosari, bosh muharrir bo‘lib faoliyat olib bordi. “Qashqadaryo” gazetasida bo‘lim muharriri bo‘lib ishladi. Turli mavzudagi ijod namunalari markaziy gazeta va jurnallarda ko‘p bora chop qilingan. Hikoya va she’rlari “Ezgulik gullari” va “Qalb qo‘shig‘i” to‘plamlarida nashr etilgan.

VATAN

Daryolar seniki, tog‘lar seniki,07
Seniki boshimda musaffo osmon.
Chamanlar seniki, bog‘lar seniki,
Senga baxshidadir yuragimda jon.

O, Vatan! Ulug‘ so‘z, ulug‘vor to‘yg‘u,
Mening yuragim-ku ishqing-la to‘ldi.
Mayliga shodlikmi, mayliga qayg‘u
Mening yuragimda yashasang bo‘ldi.

OTA

Sizga atab she’r bitmoq og‘ir,
Bisotimda so‘zim yetmaydi.
Siz shunchalik yuksaksiz axir,
Bo‘ylamoqqa ko‘zim yetmaydi.

Siz yuksaksiz tog‘lardan baland,
Siz daryosiz Jayhun misoli.
Yashadingiz ezgulik-la band,
Otalikning buyuk timsoli.

INSON BAXTI

Tuproqdan yaralmish eng nozik gul ham,
Dardlardan yaralmish dillarda tug‘yon.
Biz bugun quvonib tashlaymiz qadam,
Yelkaga tashlaydi o‘zini osmon.

Bir-bir yuksaklarga boramiz chiqib,
Bizlarni qarshilar tog‘lar egilib.
Poylarda dovonlar, qo‘llarda zahmat,
Bulutlar osmondan yotar to‘kilib.

Milliard qushlarning guvuri dilda,
Milliard maysalar hayotning naqshi.
G‘oliblik bayrog‘i ishonchli qo‘lda,
Osmonni ko‘tarib yashamoq yaxshi.

G‘URUR

Qoyalar bag‘rida sokin turgancha,
Burgutlar yurtiga qilaman havas.
Bu yurtda mag‘rurdir har bitta g‘uncha,
Qop-qora toshlar ham aziz, muqaddas.

Odamlar, atrofga siz boqing rosa,
Burgutlar yurtida tiniqdir osmon.
Burgutlar Vatanni asray bilmasa,
Burgut bo‘lolmasdi ular hech qachon.

***
Qoplayotir bulut osmonim,
Jon ufqini zulmat to‘ldirar.
Yuragimni ezar fig‘onim,
Dil qo‘shig‘in bir-bir o‘ldirar.

Osmon qora, bulutlar qora,
Tikilaman biror yulduz yo‘q.
Qirq yildirki shamollar aro
Izlaganim biror kunduz yo‘q.

Sig‘inaman o‘zingga quyosh,
Yeru ko‘kni titratgan chaqin.
Topinaman men senga otash,
Senga jonim, yuragim yaqin.

Qo‘lim cho‘zib, qilib iltijo,
Yashay deya bir dam baxtiyor.
Chin ko‘ngildan ayladim nido,
Yuragimni etdim ixtiyor.

Ey, dunyoning ulug‘ safosi,
Tuproqqa ham berguvchi qanot.
Yuragimda dardlar jafosi,
Yuragimda ulug‘vor hayot.

Sig‘inaman o‘zingga ming bor,
Mayli, meni kurashga shayla.
Bulut jonim etmasin abgor,
Osmonimni pokiza ayla.

***

Yonayotgan daraxt bilsang, bu –menman.
Shoxlarimni olov, chaqmoqlar urdi.
Bu basir dunyoda yo basir, ko‘rman,
Olovga urganim ko‘rganlar ko‘rdi.

Qirq yil yashab, ayting, men nima ko‘rdim,
Olovli dunyoga shaylanayotirman.
Yashash-chun o‘zimni chaqmoqqa o‘rdim,
Do‘stlar, men olovga aylanayotirman.

***

Sizning suvratingiz kimlar chizmagan,
Kimlar ko‘chirmagan dilin qatiga.
Siz axir bir gulsiz, siz axir chaman,
Siz-ku timsoldirsiz pari zotiga.

Ulug‘vor hayotning shafaq nurini,
Sizning jismingizda, ko‘zlarda ko‘rdim.
Yurakka bosganda titroq qo‘rini
Gulim, poyingizda tiz cho‘kib turgim.

Siz-ku hayot guli, hayot bulog‘i,
Garchi sultondirman, bugun qulman men.
Yuragim yoqmoqda ishqning firog‘i,
Manzilga yetmagan sarson yo‘lman men.

Majnunlik qismati peshonamda bor,
Bir umr qidirdim yo‘lingizdan taxt.
Mayli, hajringizda siz yoqing dildor,
Muhabbat o‘tida kuyib o‘lmoq baxt.

***

Dunyo! Sening buncha yolg‘onlaring ko‘p,
Har qadam toshliyu tikonlaring ko‘p.
Har oning dardidan yuragim yara,
Ne uchun bunchalik yolg‘onlaring ko‘p.

Har kuni bo‘zarib otadi sahar,
Tanimda og‘uga aylanar shakar.
Ne uchun tufonu ne uchun zahar,
Ne uchun jonimda fig‘onlaring ko‘p.

Har qadam zaminingming yilki talosh,
Bu ko‘hna olamda ko‘rmadim yarash.
Nahotki yashash, bu – kimnidir aldash,
Dunyoga to‘ymagan sultonlaring ko‘p.

Ne deyin, ne tilay, har onim tilak,
Orzusi ushalmay yig‘laydi yurak.
Baribir yiqilmay yashashim kerak,
Mening ko‘ksim aro kamonlaring ko‘p.

QALB SO‘ROG‘I

Hudbin yuragimga tashlayman nazar,
Poylarda pishqirib oqayapti soy.
Dilimda bir og‘riq, dilimda kadar,
Oydin nurlaringga arziymanmi, soy?!

Sochimni silading to‘lin oy nuri,
Zarrin nurlaringdan to‘kiladi bayt.
Quyoshning bolasi, kuning hovuri,
Sening nurlaringga arziymanmi, ayt?!

Zimiston zulmatni parchalab sekin,
Mening yuragimga to‘kilasan sham.
Yonmoqlik og‘irdir, og‘irdir lekin,
Men uchun yonmoqqa ichdingmi qasam?!

Ey, dil, bu tun qurbon bo‘lmog‘ing uchun,
Qo‘shiqlar bityapsan yonib ushbu payt.
Sochlaring silayman uzundan-uzun,
Sening yuragingga arziymanmi ayt?!

SHAXMAT TAXTASI

Oq bilan qoralar ular-chun dunyo,
Kurash maydoni ham bitta taxtadir.
Rahm qib gohida qo‘llasa Xudo,
Shohni ag‘darishga piyoda qodir.

Kurash – bu shafqatsiz, maqsadi taxtdir,
Piyoda qutilar, qolar yolg‘iz shoh.
Dunyoda har damda kurash-ku naqddir,
Piyoda erurmiz, bo‘laylik ogoh.

ORZU

Yetar bo‘lsa muqaddas toshga,
Boshlar urib hayqirsa yurak.
Bor vujudi aylanib yoshga,
Aytar bo‘lsin har odam tilak.

Chulg‘angancha yurak ziyoga,
Aytarman men dilimning so‘zin.
Ilohim, sen, boqqil dunyoga,
Nomard emas, mardlar tug‘ilsin.

VIJDON

Chap qo‘lda yuragim, chap qo‘limda jon,
Shu holda osmonga boqaman hayron.
Axtarib jonimni topolmas rengen,
Sen o‘zi qay yonda yashaysan vijdon?!

Zaminga bulutlar yog‘ar to‘kilib,
Ko‘zimga tikilib g‘am berar osmon.
Ketdi-ku dardlardan qaddim bukilib,
Sen o‘zi qay holda yashaysan vijdon?!

Sen nima? Dardmisan, og‘ir yukmi yo,
Gunohkor qalbimga jazomisan, ayt?!
Tashakkur, vijonni bergan-chun dunyo,
Tashakkur, jonimda oqayotgan bayt.

Sen-ku sadoqatsan, sen-ku imonsan,
Dilimning posboni beqiyos, tengsiz.
Pokiza tuyg‘u-yu, tiniq osmonsan,
Ba’zilar qandayin yasharkan sensiz?!

ISHONCH

Suyansam men senga suyandim chinor,
Gar sevsam men seni yonib sevdim gul.
Sog‘insam men seni sog‘indim bahor,
Topinsam o‘zingga topindim ko‘ngil.

Yig‘lasam o‘zingga yig‘ladim-ku jon,
Sig‘insam o‘zingga sig‘indim quyosh.
Qarasam men senga qaradim osmon,
Qoqilsam o‘zingga qoqildim-ku tosh.

Tikilsam o‘zingga tikildim-ku ko‘z,
She’r aytsam o‘ziingga aytdim-ku qalam.
Angladim: bu dunyo bittagina so‘z,
Men senga ishonib yashayman odam.

MUSOFIR

Ketdi tashlab poyezd bekatga,
Va ko‘chada qoldi musofir.
Esh bo‘larmi birov tuniga,
Katta shahar nelarga qodir.

Katta maydon, minglab chiroqlar
U chiroqqa ma’yus jilmaydi
Yuragida sokin titroqlar
Qayon borar o‘zi bilmaydi.

Baland uylar turibdi qator
Bir-biri-la qavat talashib.
U musofir, turibdi nochor
Va o‘tmaydi hech kim so‘rashib.

Kuni bilan tosh qotgan mirshab
Sanayapti aqchalarini.
Hu, balandda bir bola mudrab
So‘kayapti “bog‘cha”larini.

Katta shahar, ming bir mashina,
Chopayapti izillab, tezlab.
Bu shaharga yo‘q aslo gina,
U turibdi tosh qotib, muzlab.

Panohi yo‘q, tanish ham qayda,
“Nega keldim?”- deydi pichirlab.
Bormi deya yermi, yo oyda
U titraydi bir mehr izlab.

U o‘g‘rimas, kufrdan yiroq
Tosh otmaydi, sizga-ku axir
Muz qotganni chorlaydi chiroq,
U bor-yo‘g‘i… Bitta musofir.

Olislarda qishlog‘i qolgan,
Turibdi-ya vujudi muzlab.
Balki, bilmam, u ishsiz tolgan.
Kelgan balki, parcha non izlab.

Katta shahar, kattakon maydon,
Ko‘rmaysanmi nuringni baham?
Titrab turar, vujudi vayron
Begonamas, musofir odam.

***

Voajab, dunyoning hayratlari ko‘p,
Har kimning dilida siyratlari ko‘p.
Birovlar dunyodan izsiz o‘tsa ham,
Qabrni to‘ldirgan suvratlari ko‘p.

***

Yulduzga qo‘l cho‘zdim-dastim yetmadi,
Kimgadir qasd qildim, qasdim yetmadi.
Rost aytmoq fikrida qasamlar ichdim,
Voajab, bariga rostim yetmadi.

***

Birovning boshiga ko‘rdim, tosh yetdi,
Birovning boshiga bildim, yosh yetdi.
Mening-ku dardima davo yo‘q, tabib,
Mening-ku boshima qora qosh yetdi.

Qamashi

002

(Tashriflar: umumiy 329, bugungi 1)

Izoh qoldiring