Ikki shoira: Dilorom Boyirova & Fotima Karomatova

07   Пойтахтнинг пасту баланд қалам эгаларигина эмас, бу димоғдор шаҳардан жуда узоқ манзилларда шоирлик шону шавкатига даъвогарлик қилмай, аммо ҳаётини адабиётсиз, шеърсиз тасаввур қилолмайдиган ижодкорлар борлиги, уларнинг таъсири аён кичик иқлимларнинг мавжудлиги ҳар қандай миллий маданиятнинг бардавомлигига кафолатдир. Бугун ана шундай қисматга эга икки шоира шеърларини сизга тақдим этмоқдамиз.

Ўролбой ҚОБИЛ
НУРБЕКНИНГ ШОИРА ХОЛАСИ
03

“Қамаши гурунглари” китобининг ташвиши билан юрган кунларнинг бирида Қамаши тумани газетаси масъул котиби Нурбек Расулов деди:
-Домла, менинг Дилором деган холам бор, касби ўқитувчи, яхшигина шеърлар ёзади, бир эмас, икки эмас, учта китоби нашрдан чиққан. Агар имкони бўлса холамни ҳам китобингизга киритсангиз хурсанд бўларди.

Мен рози бўлдим.
Яқинда Нурбек сўзида туриб холасининг бежиримгина чоп қилинган китобларни қўлимга тутқазди.

“Кўнгил гулбоғи” деб номланган китобдаги кириш сўзига кўз ташладим. Уни таниқли олима, филология фанлари номзоди Чўлпоной Султонова ёзган экан.

“Муаллима ва ижодкор Дилором Бойирова қайси мавзуда шеър ёзмасин, барча ижодий битикларида устуворлик қиладиган бир туйғу борки, бу ҳам бўлса, Мустақиллик боис оламга юз тутган ва кундан -кун юксалиб бораётган она Ватанга бўлган меҳр ва муҳаббат туйғусининг самимиятга чулғанган тараннумидир.

Дилором Бойирова ўз ижодида энг аввало, ҳаётнинг мазмун ва моҳиятини белгилаб берадиган, ҳар бир лаҳзаси эзгуликка чулғанган касби муаллимлик фаолиятидан келиб чиқиб мавзу танлайди. Шу боис ҳам унинг шеърларида меҳрибон она ва фарзанд, маърифатдан бахт топган қалб туғёнлари самимият билан қаламга олинган.

Инсон ҳаётини гўзал қиладиган орзу ва интилишлар – ўзлигини излаган қалб эгасини бир умр тарк этмайди.

Баҳорнинг тизгинсиз, шаддод шамоли,
Улоқчи отлардай булутни қувди.
Йўқдир булутларнинг ҳеч бир адоғи,
Барини бир жойга тоғдайин уйди.
Тоғдайин булутга етмасдан кучи,
Ўкириб у ғазаб отига минди.
Шамолнинг булутга кучайиб ўчи,
Чақмоқ тиғин булут кўксига урди.
Оловли қиличнинг ўткир тиғидан,
Булутнинг чоклари ситилиб кетди.
Тўхтатмай ўзини юм-юм йиғидан,
Майсалар устига тўкилиб кетди.

***

Шоиранинг яна бир китоби “Покиза туйғулар” кўпроқ болаларга бағишланган шеърлардан ташкил топган. Китобчага Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира Момохол Элмуродова сўзбоши ёзган.

“Дилором Бойирова – истеъдодли шоира. Бадиий адабиётнинг, шеъриятнинг чинаккам муҳибаси. Шеърларида ўзига хослик бор. Айниқса, болаларнинг беғубор болалик оламини яхши ҳис этади. Содда, самимий, бир озгина жайдари сатрларда синчков кузатув, кутилмаган хулоса беихтиёр лабингизга табассум қўндирадиган юмор дилингизга ёруғлик солади. Шоиранинг “Қўй зоти” шеъридаги қўйидаги сатрларга эътибор берайлик.

Дагана бор ҳар ойда,
Калла почаси фойда…
Қандай қўйни сўйдингиз,
Гўштини роса уйдингиз.
Қозоқими, араби,
Қайси зотдан қўйингиз?…
Қозоқларда қозоқи,
Арабларда араби,
Бу қўйимиз ўзбаки..

Дилором – бахшилар юрти фарзанди. Шеърларида бахшиёналик бор. Айниқса, болалар интиқиб кутишади унинг шеърларини. Қолаверса, у моҳир муаллима. Ҳар бир дарси мароқли ва қизиқарли. Туйғулари, дардлари, ташвишларини юмор парчаларига ўраб сизга тақдим этади.”
Китоблардаги битиклар менга ёқди. Дарвоқе, туманимизда истеъдодли шоирлар кўп. Аммо болаларга атаб ёзадиганлари раҳматли Саодат Тожидан кейин йўқ эди, ҳисоб. Дилором Бойирова эса қувноқ шеърлари билан бу бўшлиқни тўлдириши аниқ.

Ҳа, чиндан ҳам Нурбекнинг холаси яхши шоира экан. Сиз ҳам унинг шеърларини мутолаа қилгач, бунга албатта амин бўласиз.

Дилором Бойирова
ШЕЪРЛАР
03

07Дилором Бойирова 1963 йилда Қамаши шаҳрида туғилган. Қарши Давлат педагогика институтининг ўзбек тили ва адабиётини тамомлаган. Қамаши шаҳридаги 83- умумтаълим мактабида муаллима бўлиб фаолият юритиб келмоқда. Ижод намуналари матбуот саҳифаларида чоп этилган. Шоиранинг “Қуёш боғлари”, “Покиза туйғулар”, “Кўнгил гулбоғи” каби шеърий китоблари чоп этилган.

03

ЎЗБЕКИСТОН

Ўзбекистон — гўзал юртим,
Зар тупроғинг кўза суртгум.
Боғу – роғинг, даланг кўрким,
Мустақиллик берди ғурур.

Байроғимиз БМТда,
Ҳилпирайди кеча-кундуз.
Сен жаҳонга юз очганда,
Бобом руҳи Йўлчи юлдуз.

Соҳибқирон Темур учун,
Она юртим бўлдинг бешик.
Авлодларнинг камоли-чун,
Маърифатга очдинг эшик.

Буюкларга она юртсан,
Соҳибқиронга-чи қўрғон.
Сафар кетганларга соғинч,
Деҳлавийга ота макон.

Гар зарра тупроғинг учун,
Осишса ҳам мени дорга.
Аждодларим хоки бу деб,
Алмашмасман олтин, зарга.

ТЎДОНА

Қишлоғимдир Тўдона,
Менинг учун дурдона.
Тўдонаси бор йирик,
Неча асрга шерик.
Тоғ-у тошни ёриб чиққан,
Ва булоқдек балқиб чиққан,
Баҳайбат, улкан дарахт,
Ёшин билмай мен карахт.
Икки қулоч танаси,
Шифобахшдир меваси.
Ёғочдан қилиб тумор,
Тақсангиз чиқар хумор.
Бизлар учун у кўзмунчоқ,
Шайтон нигоҳига тузоқ.
“Тўдонота” зиёратгоҳ,
Бориб қолсам агар ногоҳ,
Тупроғини кўзга суртгум.
Аждодларим хокин ўпгим.
Сайдуллахон эшон бобом,
Аблазхон-у Аҳмад бобом,
Улдон момом, Имом бобом.
Мангу қўним топган бунда,
Охирати обод кунда.
Номи бордир ҳар сойининг,
“Қўтир”, “Кўкбет”, “Кўксой”ининг
Майса, ўтлар жуда бўлиқ,
Гиёҳида шифо тўлиқ.
Отамдайин кенг бағирли,
Қишлоғимдир энг фахрли.
Яна сойи бор “Кўкбўйноқ”,
Ўсар унда қораталоқ.
Гулхайри-ю, сунбула,
Қўзиқуйруқ, элбаха.
Андиз, жўпор ҳамда шивит,
Минг бир дардга даво бу ўт.
Исфаранг-у, такасоқол,
Ўсар яна туятўпон,
Қазиб ейди доим чўпон.
Жайрахона яна бир сой,
Ўтлаб юрар бир сурув той.
Жайрага кон Жайрахона,
Тоғарачи пистахона.
Қишлоғимда тўртта қудуқ,
Улар афсонага тўлиқ.
Жайпонота қудуғи,
Бордир унинг йўриғи.
Афсонага кўра қудуқ,
Эшонбобом тиққач таёқ,
Пайдо бўлган бир ондаёқ.
Таҳоратга олиб сувдан,
Ичибдилар чучук сувдан.
Сув-чи чунон кўпайибди,
Удда қилолмай одамлар,
Қора қозон тўнкарибди.
Шундан буён айтсам очиқ,
Қайнаб чиқар қора балчиқ.
Гапимга ким қилса шубҳа,
Жайпонота қудуғи,
Бўлсин уларга туҳфа.

ОНАЖОНЛАР

Онажонлар дардимизга бўлар дармон,
Бошимизга тушган ғамлар сизга армон.
Фарзандингиз қоқилганда суядингиз,
Дилингизни оғритса ҳам аядингиз,
Байрамингиз қутлуғ бўлсин, онажонлар!

Қалби нозик, мўътабарсиз, эй, оналар,
Она меҳри чексиз дегандир донолар.
Меҳрингизни ўлчамоққа дунёлар тор,
Қадрингизга етмаганлар бўлади хор,
Байрамингиз қутлуғ бўлсин, онажонлар.

Ҳадисларда таърифингиз, сиз – буюксиз,
Даҳоларни ўстиргансиз, сиз – суюксиз.
Тошни ёрар гоҳида ҳақ сўзларингиз,
Баъзан маъюс, хокисордир юзларингиз,
Байрамингиз қутлуғ бўлсин, онажонлар!

НЕВАРАМНИ КЎРМАДИНГИЗ

О, отажон! Неварамни кўрмадингиз,
Қўлга олиб уни бир бор суймадингиз.
Неварамга қараб туриб ҳеч тўймайман,
“Уни отам кўрганида”, — деб ўйлайман.

Уйимиздан чиқмасдингиз уни кўриб,
Қўлдан қўймай ўпардингиз суйиб-суйиб.
Ота, борми сизнинг иссиқ юлдузингиз,
Бола билан ўтар кеча-кундузингиз.

Ҳатто қўшни болажонлар хуш кўради,
Улар сизни ҳозиргача туш кўради.
Маржона ҳам сизни жуда соғинади,
“Нега тушмас осмондан”, — деб оғринади.

Ишонаман неварам ҳам суяр эди,
Ҳатто сиздан бизга келмай қўяр эди.
Яратганнинг амридир бу, мен биламан,
Нима қилай, ота, сизни соғинаман.

Шу сабабдан кўзларимга кўринасиз,
Орамизда юргандайин туюласиз…

ВИЖДОН

Тангридан мен фақат шуни сўрайман,
Имонсизларга мен, имон тилайман.
Тубан, сўқир диллар кўзини очиб,
Виждон келақол, тез, уйғон тез дейман.

Виждонинг уйғонса, бўғар бўғзингни,
Малҳамсиз дард берар, эзиб қалбингни.
Тенги йўқ азоб бу, дўзахдан ёмон,
Ҳатто қози беролмас ҳеч бу ҳукмни.

Бу азоб юракка отилган камон,
Қочиб қутулмоққа йўқ ҳеч бир имкон.
Гуноҳлар қалбини тирнар беомон,
Виждони аслида суд қилар ёмон.

Яхшиям виждон бор, тергаб туради,
Савобли ишларни қўзғаб туради.
Виждони бўлмаса, кечикса агар,
Гуноҳларни қандай ўлчаб бўлади?

САҚЛА

Ори бор одамнинг борлиги яхши,
Орият инсоннинг энг гўзал нақши.
Боболар азалдан орсизга қарши,
Фақат ҳушёрликда сақла орингни.

Ширакайф кишида ор-номус хаста,
Уни тўғри йўлдан оздирар аста.
“Ор учун” сўзини қилишар даста,
Фақат ҳушёрликда сақла орингни.

Қўрқоқлар дадиллик учун “отади”,
Орсизлик қаърига шундай ботади.
Ҳақорат сўзлардан дил тош қотади,
Фақат ҳушёрликда сақла орингни.

Ор – номус йўлида бўл доим сергак,
Аждодинг номини оқлашинг керак.
Ўшанда ўзлигин англайди юрак,
Фақат ҳушёрликда сақла орингни.

ЎЗИМ

Баъзида ўзимни ўзим ёқтирмай,
Ўзимга ўзимнинг қаҳрим келади.
Қилган ишларимни ўзим ёқтирмай,
Ўзимдан йироққа қочгим келади.

Виждоним қозилик қилса қалбимга,
Савобдан гуноҳим ортар бегумон.
Оғирлик қилар бу азоб дилимга,
Асрагин Тангрим қалбимни омон.

Ҳар ким ҳам виждони олдида мағрур,
Қилган ишлари-чун беролса ҳисоб.
Пушаймон қилдирса бетайин ғурур,
Гуноҳидан устун бўларди савоб.

СЎНГГИ КУН

“Ўлим бирлаштиради”-
Деган нақл бор элда.
Бу ҳикматни одамлар,
Бекорга айтмас тилда.

Тўйга таклиф қилинса,
Қариндош, таниш-билиш.
Тўлиқ кела олмайди,
Чиқиб қолиб бир юмуш.

Бандалик бажо этиб,
Бўлса ногоҳ бир ўлим.
Бир зумда келар етиб,
Тўйга келмаган элим.

Сўнгги йўлга кузатмоқни,
Қарз деб билар одамлар,
Яратганнинг ҳукмини,
Фарз деб билар одамлар.

Оғир кунда билинар,
Одамларнинг сараси.
Ғамингга шерик бўлар,
Янгиланар яраси.

“Кунда эмас, кунида,
Ярар экан – қариндош”.
Уларнинг кўмагида,
Тикланар сабр – бардош.

Бу азалий удумдир,
Ўлим бор ҳар бир бошда.
Шу сабаб мадад бўлар,
Ахир улар – қондош-да!

Манба: Дилором Бойирова. “Кўнгил гулбоғи “ шеърлар. Тошкент “Fan va texnologiya” нашриёти. 2015 йил.

Ўролбой ҚОБИЛ
ҲАМ РАИСА ҲАМ ШОИРА
03

Қишлоқдошлари Қулмурод бобо Муаззам момони яхши эслашади. Бобо ва момо турмуш кечириб икки ўғил ва олти қизни оқ ювиб, оқ тараб тарбия этишди. Уларнинг мурғак қалбига яхшилик, мурувват, эзгулик ва маърифат уруғини сепишди. Дарвоқе, бу оиланинг барча болалари мактабда фақат аъло баҳога ўқишди. Бунинг сабаби эса…

Бобомиз дашт одами эди. Узоқ йиллар хўжаликда пахтачилик ва ғаллачилик бригадасини бошқарди. Умри уйдан кўра кўпроқ дала -даштда ўтди. Болалар тарбияси ва уларнинг юриш -туришини момомиз назорат қиларди. Ахир Муаззам момомиз қорабоғлик машҳур зиёли Мирза Ҳамронинг қизи эди-да…Момомиз ёшлигида отасидан эскича илм олган, бўлса-да, аммо, буни ошкор этмасди. Сабаби эса, шўро ҳукуматининг ислом илми соҳибларига нисбатан қаттол зуғуми эди. Қулмурод бобо уруш кўрган, қаҳатчилик, йўқчиликни бошдан кечирган одам эди. Эллигинчи йиллар… Жамоа хўжаликларида ғалладан мўл ҳосил олинди. Омборлар донга тўлди. Бобомиз ҳам ортиқча буғдойни бозорда сотиб, кўпдан ният қилиб юргани, танлаб от харид қилди. Кўпкарига борди, чавандозлик қилди. Кўп ўтмай, Қулмурод бобонинг қашқаси кўплаб отбозу, чавандозларнинг орзуси, армонига айланди. Вақтнинг ўтишини қаранг. Кўз очиб юмгунча ўғил-қизлари бўй кўрсатиб қолди.

***

Болаларининг ичида Фотимаси бошқача эди. Муаллимлари ундан “Ё шоира, ҳеч бўлмаса зўр муаллима чиқади”, деб башорат қилишарди. Фотима аввалига Шаҳрисабз педагогика билим юртини имтиёзли диплом билан битириб, ўзи таҳсил олган мактабга ишга кирди. Тенги чиқиб турмушга чиқди. Фарзандлари туғилди. Буни қаранг, ёш келинчак икки — уч йил ўтар- ўтмас мактабнинг илғор муаллимаси бўлиб танилди. “Темурий маликалар”, “Йил ўқитувчи”си, “Ижодкор ўқитувчи” каби кўрик-танловларининг ғолиби бўлиш билан бирга, олий маълумот олишга ҳам имконият топди. Кейин эса иккита шеърий китобини чоп эттирди. Мактаб директори бўлиб фаолият юритди. Бугун Фотима Кароматова туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раисаси. Яна қалами ўткир ижодкор. Турли мавзудаги шеър ва мақолалари билан туман, вилоят, республика матуотида газеталарида қатнашиб туради.

Англадим, дунёнинг тиргаги ота,
Чинордай шовуллаб турса ёнингда.
Суяниб қаддингни тиклайсан ҳар гал,
Недандир ўксиниб қолган онингда.
Замоннинг юкидан қаддингиз букук,
Донишлик балқийди кўзларингизда.
Ҳикматлар кўкламдай яшилланади,
Минг бора синалган сўзларингизда.
Чинордай шовуллаб турса ёнингда…

— Шуни таъкидлаш Фотима Кароматовада ижодкорлик руҳи кучли. У лозим бўлганда ҳар қандай нуфузли анжуманни бошқарадиган сухандон, саҳнада исталган ролни ижро этадиган санъаткор, болажонлар дунёсини қалбдан англайдиган зукко муаллима, долзарб мавзуларда қалам тебрата оладиган публицистдир. Мана менинг иш столимда унинг болаларга атаб ёзилган “Оймомонинг эртаги” китобчаси турибди. Уни қизиқиб қарақлайман. Китобдаги асарини бемалол мактаб саҳнасида қўйиш — ижро мумкин, — сўзлайди шоира  Момохол Элмуродова.

Ҳа, ижодкорлик, сўз қудратини юракдан ҳис қилиш ҳаммага ҳам насиб этавермайдиган неъматдир. Фотима Кароматова масъул лавозимда фаолият олиб бораётган бўлса-да, бир зумга бўлса ҳам ижод қилишдан тўхтагани йўқ. Биз шеърият мухлислари истеъдодли шоирадан янги асарлар кутиб қоламиз.

Фотима КАРОМАТОВА
ШЕЪРЛАР
03

Фотима Кароматова 1965 йилда Қамаши тумани Гулистон қишлоғида туғилган. Низомий номли педагогика олийгоҳида таҳсил олган. Мактабда ўқитувчи, директор бўлиб фаолият юритди. “Халқ таълими фидойиси” нишони соҳибаси, “Ижодкор ўқитувчи” кўрик-танлови ғолиби. Унинг “Оймомонинг эртаги”, “Бодом гуллаганда” каби шеърий китоблари чоп этилган. Айни пайтда Қамаши тумани хотин-қизлар қўмитаси раисаси бўлиб фаолият олиб бормоқда.

03

ВАТАН

Тилим шукрона айтар,02
Кўкламнинг гулларига.
Дилим алласин айтар,
Элимнинг улларига.

Дарё сувлари тиниқ,
Толпўпаклар чўмилар.
Тинчлик. Тонг. Шўх кўкатлар,
Шудрингларга кўмилар.

Бешикларнинг ислари,
Қуёш нуридай азиз.
Ватан-сенинг бағрингда,
Яшамоқ қандай лазиз.

МУСТАҚИЛЛИК

Тилим шукуҳдан айланар,
Меҳрим бешикка бойланар.
Истиқлолим, истиқболим,
Алла бўлар сўзим – болам.

Дарёларим сувлари зар,
Осмонимда сузади пар.
Майсаларим дуркун-дуркун,
Ассалом тонг, дейман ҳар кун.

Юртимизга хумо қушин,
Келгани рост бўлсин илло.
Алла айтсин келинчаклар,
Шудир менга кумуш, тилло.

Алла, алла жоним фидо,
Алла ҳадя этсин худо.

ОНАЖОН

Онажон соғинаман,
Бир ширин хумор билан.
Йўлимга чиқса бахтдир.
Офтобдек дийдор билан.

Қумсайман эркалашин,
Энг ширин сўзлар билан.
Омон бўлинг мунисам,
Юзлашинг “юз” лар билан.

Ниятлар қилган эдим,
Афсус насиб этмади.
Тушимда йўқлаб туринг,
Армон дилдан кетмади.

НИҲОЛ

Ўғлим Зафарга

Наҳотки баҳорнинг қадами илдам,
Кечаги ниҳоллар ўтирди гулга.
Мен эса термулиб турибман бугун,
Майсалар ранг берган ўнгиму сўлга.

Навдалар наздимда қўшиқ айтгандай,
Балки кулаётир қаҳ-қаҳа уриб.
Таниш товушлардан вужудимда куч,
Ҳар гулни ҳидлайман жойимдан туриб.

Совуқ ҳам, шамол ҳам чўчитмас асло,
Гулбарглар меваси кўринар шаксиз.
Ўшанда офтобдай куламан мен ҳам,
Ниҳол кўркам бўлармиди мевасиз.

***
Қароғимга сиққан қоялар йироқ,
Оппоқ кўрпасини ёпиниб ухлар.
Қанча йироқ бўлсин, чекинмам бироқ,
Қўрқув юрагимга солса ҳам титроқ.

Улуғвор қоялар – улуғвор орзу,
Йўлимда учрайди бир дунё тошлар.
Мен унга яқинлаб борганим сайин,
Чечаклар кафтида кўкара бошлар.

***

Олам яшнаб кетди ёмғирдан кейин,
Гўё тиниқлашди мунис япроқлар.
Мовий ранг ҳавода жилоланганда,
Жисмингни тарк этар дардли чарчоқлар.

Афсунгар табиат чалар созини,
Сеҳрлаб олади қалбнинг розини.
Тонгда мўлтираган шабнам мисоли,
Шаббода ҳис этар гулнинг нозини.

***

Шифокор Муқим Ўроқовга

Янги ой чиққанда қувонган каби,
Бодом гуллаганда шавққа тўлар дил.
Соғинган кишининг дийдори мисол,
Баҳор нафасидан яшарар кўнгил.

Уйғонар дунёнинг турфа ранглари,
Сўзлар ожиз қолар таърифламоққа.
Эзгу ният қилиб суюнчи беринг,
Гуллар келаётир қайтадан боққа.

МЕН ҲАЛИ

Умрим мазмунини бойитиш учун,
Жиддийроқ бир ишни бошлаганим йўқ.
Япроқлар тўкилди билмам неча бор,
Ҳали тетик қадам ташлаганим йўқ.

Умрнинг мазмуни боғ яратишми,
Ё ҳаёт тарзига мос асқотишми?
Рўзғоринг ғорини тўлдирайин деб,
Топганни ҳовлига қараб отишми.

Умрим ўтаяпти кўзлар илғамас-
Пайкондан отилган фурсат кутмас ўқ.
Ҳой тўхта, қаёққа шошаётирсан,
Мен ҳали “мазмунни” тополганим йўқ.

ГУЛДЕК ГОҲО МАЪЮСЛАНАМАН

Гулдек гоҳо маъюсланаман,
Гоҳ муралар бахт эшигимдан.
Алла айтсам ўғил-қизимга,
Севинч кулар пок бешигимдан.

Ҳаёт қизиқ, ранги ҳам турфа,
Бири мангу, бири омонат.
Биров ичар диёнат ошин,
Биров экар дилга хиёнат.

Бир лаҳзалик умримизда ҳам,
Кимларнидир сўкиб ўтамиз.
Гуноҳларни қўл билан йиғиб,
Савобларни тўкиб кетамиз.

ОТАСИНИНГ ҚАНОТИ

Халқ йўлида

Отасининг қаноти,
Ухла, қўзим аллаё.
Дупурлаб келсин оти,
Алла, болам, аллаё..

Отига миндиради,
Ухла, қўзим, аллаё.
Қир-сойга эндиради,
Алла, болам, аллаё.

Ширин-ширин тушлар кўр,
Ухла, қўзим, аллаё.
Алпомишдек мағрур юр,
Алла, болам, аллаё.

Майли бешик тебратиб,
Толиб чиқай аллаё.
Отанг келса йўлига,
Кулиб чиқай, аллаё…

АТИРГУЛ

Атиргул очилди, атиргул,
Борлиқнинг юзида минг чирой.
Карашмали қарашларига,
Ҳасад қилар кўкда тўлин ой.

Атиргул очилди, атиргул,
Шодлигидан сайраган юрак.
Бевақт эсган аёз сингари,
Уни узиб этишар ҳалак.

Атиргул очилди, атиргул,
Кўзларимда суврати қолди.
Атиргул шикаста. Ишқпараст-
Муҳаббатнинг қарғашин олди.

Атиргул очилди, атиргул,
Ёноқлари бир ҳовуч ибо.
Мен уни ўйнайман эркалаб,
Мен девона, мен ошиқ, сабо.

Атиргул очилди, атиргул…

МУҲАББАТ

Муҳаббат қўшиққа айланган афсун,
Оғуси ширадор олов тафтли бол.
Сароб ранг чоғирдир ичасан беун,
Манзилдир кўз етмас кутасан беҳол.

Муҳаббат саҳрода томчилаган нам,
Гоҳ тоғ каби орзуга эришган гадо.
Унинг ҳар сўзида илоҳийлик жам,
Гоҳи кундай жўшиб бўлади адо.

Муҳаббат ёғдули шам, куюб ўрнатган,
Балки парвонадир сармаст девона.
У умрнинг сўнгги они ҳам шодон,
Бахтлиман дейди-я, жоним ҳайрона.
Муҳаббат қўшиққа айланган афсун…

***

Тоғ сенинг ўғлингми яғринлари кенг,
Адирлар қизингми қизғалдоқ таққан.
Шаршара сўзингми гўдак сингари,
Чулдираб куйлаши қулоққа ёққан.

Кўклам гул кўрпангми кўнгил мизғиган,
Шаббодалар алла айтганда майин.
Айт, қуёшнинг нури саховатингми,
Ҳайратим ошади ўйлаган сайин.

Кўкдаги камалак гар ҳаёлотинг,
Мен сенинг ифоринг – мангу муҳаббат.
Тўлин ой менинг де, юлдуз менинг де,
Сен ўзинг ижодкор она табиат.

АЁЛ
(Ҳазил)

Қувончдан жой топмас ўзига,
Ишдан қайтса аёлнинг эри.
Тезда унут бўлиб кетади,
Вужудида оғриган ери.

Гар сафарга чоғланар бўлса,
Уннай бошлар бирдан хамирга.
Меҳрини мой қилиб, суртади,
Илоҳо, деб қат-қат патирга.

Қувончдан жой топмас ўзига,
Ишдан қайтса аёлнинг эри.

***
Олам яшнаб кетди ёмғирдан кейин,
Гўё тиниқлашди мунис япроқлар.
Мовий ранг ҳавода жилоланганда,
Жисмингни тарк этар дардли чарчоқлар.

Афсунгар табиат чалар созини,
Сеҳрлаб олади қалбнинг розини.
Тонгда мўлтираган шабнам мисоли,
Шаббода ҳис этар гулнинг нозини.

***

Кўнгил эшигин очади ғурур,
Уни майсадек ўрманг
Топталар умр.

Кўнгилни яшнатар покиза сурур,
Қадрига етинг —
Зулматга айланмасин нур.

Кўнгил кўзи дийдор-
Унда гуллайди соғинч
Ва вужудингда кўклайди баҳор!

Манба: Фотима Кароматова. Бодом гуллаганда. Шеърлар. Қарши. “Насаф” нашриёти. 2003 йил.

01   Poytaxtning pastu baland qalam egalarigina emas, bu dimog‘dor shahardan juda uzoq manzillarda shoirlik shonu shavkatiga da’vogarlik qilmay, ammo hayotini adabiyotsiz, she’rsiz tasavvur qilolmaydigan ijodkorlar borligi, ularning ta’siri ayon kichik iqlimlarning mavjudligi har qanday milliy madaniyatning bardavomligiga kafolatdir. Bugun ana shunday qismatga ega ikki shoira she’rlarini sizga taqdim etmoqdamiz.

O‘rolboy QOBIL
NURBЕKNING SHOIRA XOLASI
03

“Qamashi gurunglari” kitobining tashvishi bilan yurgan kunlarning birida Qamashi tumani gazetasi mas’ul kotibi Nurbek Rasulov dedi:
-Domla, mening Dilorom degan xolam bor, kasbi o‘qituvchi, yaxshigina she’rlar yozadi, bir emas, ikki emas, uchta kitobi nashrdan chiqqan. Agar imkoni bo‘lsa xolamni ham kitobingizga kiritsangiz xursand bo‘lardi.

Men rozi bo‘ldim.
Yaqinda Nurbek so‘zida turib xolasining bejirimgina chop qilingan kitoblarni qo‘limga tutqazdi.

“Ko‘ngil gulbog‘i” deb nomlangan kitobdagi kirish so‘ziga ko‘z tashladim. Uni taniqli olima, filologiya fanlari nomzodi Cho‘lponoy Sultonova yozgan ekan.

“Muallima va ijodkor Dilorom Boyirova qaysi mavzuda she’r yozmasin, barcha ijodiy bitiklarida ustuvorlik qiladigan bir tuyg‘u borki, bu ham bo‘lsa, Mustaqillik bois olamga yuz tutgan va kundan -kun yuksalib borayotgan ona Vatanga bo‘lgan mehr va muhabbat tuyg‘usining samimiyatga chulg‘angan tarannumidir.

Dilorom Boyirova o‘z ijodida eng avvalo, hayotning mazmun va mohiyatini belgilab beradigan, har bir lahzasi ezgulikka chulg‘angan kasbi muallimlik faoliyatidan kelib chiqib mavzu tanlaydi. Shu bois ham uning she’rlarida mehribon ona va farzand, ma’rifatdan baxt topgan qalb tug‘yonlari samimiyat bilan qalamga olingan.

Inson hayotini go‘zal qiladigan orzu va intilishlar – o‘zligini izlagan qalb egasini bir umr tark etmaydi.

Bahorning tizginsiz, shaddod shamoli,
Uloqchi otlarday bulutni quvdi.
Yo‘qdir bulutlarning hech bir adog‘i,
Barini bir joyga tog‘dayin uydi.
Tog‘dayin bulutga yetmasdan kuchi,
O‘kirib u g‘azab otiga mindi.
Shamolning bulutga kuchayib o‘chi,
Chaqmoq tig‘in bulut ko‘ksiga urdi.
Olovli qilichning o‘tkir tig‘idan,
Bulutning choklari sitilib ketdi.
To‘xtatmay o‘zini yum-yum yig‘idan,
Maysalar ustiga to‘kilib ketdi.

***

Shoiraning yana bir kitobi “Pokiza tuyg‘ular” ko‘proq bolalarga bag‘ishlangan she’rlardan tashkil topgan. Kitobchaga O‘zbekiston Yozuvchilar uyushmasi a’zosi, shoira Momoxol Elmurodova so‘zboshi yozgan.

“Dilorom Boyirova – iste’dodli shoira. Badiiy adabiyotning, she’riyatning chinakkam muhibasi. She’rlarida o‘ziga xoslik bor. Ayniqsa, bolalarning beg‘ubor bolalik olamini yaxshi his etadi. Sodda, samimiy, bir ozgina jaydari satrlarda sinchkov kuzatuv, kutilmagan xulosa beixtiyor labingizga tabassum qo‘ndiradigan yumor dilingizga yorug‘lik soladi. Shoiraning “Qo‘y zoti” she’ridagi qo‘yidagi satrlarga e’tibor beraylik.

Dagana bor har oyda,
Kalla pochasi foyda…
Qanday qo‘yni so‘ydingiz,
Go‘shtini rosa uydingiz.
Qozoqimi, arabi,
Qaysi zotdan qo‘yingiz?…
Qozoqlarda qozoqi,
Arablarda arabi,
Bu qo‘yimiz o‘zbaki..

Dilorom – baxshilar yurti farzandi. She’rlarida baxshiyonalik bor. Ayniqsa, bolalar intiqib kutishadi uning she’rlarini. Qolaversa, u mohir muallima. Har bir darsi maroqli va qiziqarli. Tuyg‘ulari, dardlari, tashvishlarini yumor parchalariga o‘rab sizga taqdim etadi.”
Kitoblardagi bitiklar menga yoqdi. Darvoqe, tumanimizda iste’dodli shoirlar ko‘p. Ammo bolalarga atab yozadiganlari rahmatli Saodat Tojidan keyin yo‘q edi, hisob. Dilorom Boyirova esa quvnoq she’rlari bilan bu bo‘shliqni to‘ldirishi aniq.

Ha, chindan ham Nurbekning xolasi yaxshi shoira ekan. Siz ham uning she’rlarini mutolaa qilgach, bunga albatta amin bo‘lasiz.

Dilorom Boyirova
SHE’RLAR
03

Dilorom Boyirova 1963 yilda Qamashi shahrida tug‘ilgan. Qarshi Davlat pedagogika institutining o‘zbek tili va adabiyotini tamomlagan. Qamashi shahridagi 83- umumta’lim maktabida muallima bo‘lib faoliyat yuritib kelmoqda. Ijod namunalari matbuot sahifalarida chop etilgan. Shoiraning “Quyosh bog‘lari”, “Pokiza tuyg‘ular”, “Ko‘ngil gulbog‘i” kabi she’riy kitoblari chop etilgan.

03

O‘ZBЕKISTON

O‘zbekiston — go‘zal yurtim,11
Zar tuprog‘ing ko‘za surtgum.
Bog‘u – rog‘ing, dalang ko‘rkim,
Mustaqillik berdi g‘urur.

Bayrog‘imiz BMTda,
Hilpiraydi kecha-kunduz.
Sen jahonga yuz ochganda,
Bobom ruhi Yo‘lchi yulduz.

Sohibqiron Temur uchun,
Ona yurtim bo‘lding beshik.
Avlodlarning kamoli-chun,
Ma’rifatga ochding eshik.

Buyuklarga ona yurtsan,
Sohibqironga-chi qo‘rg‘on.
Safar ketganlarga sog‘inch,
Dehlaviyga ota makon.

Gar zarra tuprog‘ing uchun,
Osishsa ham meni dorga.
Ajdodlarim xoki bu deb,
Almashmasman oltin, zarga.

TO‘DONA

Qishlog‘imdir To‘dona,
Mening uchun durdona.
To‘donasi bor yirik,
Necha asrga sherik.
Tog‘-u toshni yorib chiqqan,
Va buloqdek balqib chiqqan,
Bahaybat, ulkan daraxt,
Yoshin bilmay men karaxt.
Ikki quloch tanasi,
Shifobaxshdir mevasi.
Yog‘ochdan qilib tumor,
Taqsangiz chiqar xumor.
Bizlar uchun u ko‘zmunchoq,
Shayton nigohiga tuzoq.
“To‘donota” ziyoratgoh,
Borib qolsam agar nogoh,
Tuprog‘ini ko‘zga surtgum.
Ajdodlarim xokin o‘pgim.
Saydullaxon eshon bobom,
Ablazxon-u Ahmad bobom,
Uldon momom, Imom bobom.
Mangu qo‘nim topgan bunda,
Oxirati obod kunda.
Nomi bordir har soyining,
“Qo‘tir”, “Ko‘kbet”, “Ko‘ksoy”ining
Maysa, o‘tlar juda bo‘liq,
Giyohida shifo to‘liq.
Otamdayin keng bag‘irli,
Qishlog‘imdir eng faxrli.
Yana soyi bor “Ko‘kbo‘ynoq”,
O‘sar unda qorataloq.
Gulxayri-yu, sunbula,
Qo‘ziquyruq, elbaxa.
Andiz, jo‘por hamda shivit,
Ming bir dardga davo bu o‘t.
Isfarang-u, takasoqol,
O‘sar yana tuyato‘pon,
Qazib yeydi doim cho‘pon.
Jayraxona yana bir soy,
O‘tlab yurar bir suruv toy.
Jayraga kon Jayraxona,
Tog‘arachi pistaxona.
Qishlog‘imda to‘rtta quduq,
Ular afsonaga to‘liq.
Jayponota qudug‘i,
Bordir uning yo‘rig‘i.
Afsonaga ko‘ra quduq,
Eshonbobom tiqqach tayoq,
Paydo bo‘lgan bir ondayoq.
Tahoratga olib suvdan,
Ichibdilar chuchuk suvdan.
Suv-chi chunon ko‘payibdi,
Udda qilolmay odamlar,
Qora qozon to‘nkaribdi.
Shundan buyon aytsam ochiq,
Qaynab chiqar qora balchiq.
Gapimga kim qilsa shubha,
Jayponota qudug‘i,
Bo‘lsin ularga tuhfa.

ONAJONLAR

Onajonlar dardimizga bo‘lar darmon,
Boshimizga tushgan g‘amlar sizga armon.
Farzandingiz qoqilganda suyadingiz,
Dilingizni og‘ritsa ham ayadingiz,
Bayramingiz qutlug‘ bo‘lsin, onajonlar!

Qalbi nozik, mo‘tabarsiz, ey, onalar,
Ona mehri cheksiz degandir donolar.
Mehringizni o‘lchamoqqa dunyolar tor,
Qadringizga yetmaganlar bo‘ladi xor,
Bayramingiz qutlug‘ bo‘lsin, onajonlar.

Hadislarda ta’rifingiz, siz – buyuksiz,
Daholarni o‘stirgansiz, siz – suyuksiz.
Toshni yorar gohida haq so‘zlaringiz,
Ba’zan ma’yus, xokisordir yuzlaringiz,
Bayramingiz qutlug‘ bo‘lsin, onajonlar!

NЕVARAMNI KO‘RMADINGIZ

O, otajon! Nevaramni ko‘rmadingiz,
Qo‘lga olib uni bir bor suymadingiz.
Nevaramga qarab turib hech to‘ymayman,
“Uni otam ko‘rganida”, — deb o‘ylayman.

Uyimizdan chiqmasdingiz uni ko‘rib,
Qo‘ldan qo‘ymay o‘pardingiz suyib-suyib.
Ota, bormi sizning issiq yulduzingiz,
Bola bilan o‘tar kecha-kunduzingiz.

Hatto qo‘shni bolajonlar xush ko‘radi,
Ular sizni hozirgacha tush ko‘radi.
Marjona ham sizni juda sog‘inadi,
“Nega tushmas osmondan”, — deb og‘rinadi.

Ishonaman nevaram ham suyar edi,
Hatto sizdan bizga kelmay qo‘yar edi.
Yaratganning amridir bu, men bilaman,
Nima qilay, ota, sizni sog‘inaman.

Shu sababdan ko‘zlarimga ko‘rinasiz,
Oramizda yurgandayin tuyulasiz…

VIJDON

Tangridan men faqat shuni so‘rayman,
Imonsizlarga men, imon tilayman.
Tuban, so‘qir dillar ko‘zini ochib,
Vijdon kelaqol, tez, uyg‘on tez deyman.

Vijdoning uyg‘onsa, bo‘g‘ar bo‘g‘zingni,
Malhamsiz dard berar, ezib qalbingni.
Tengi yo‘q azob bu, do‘zaxdan yomon,
Hatto qozi berolmas hech bu hukmni.

Bu azob yurakka otilgan kamon,
Qochib qutulmoqqa yo‘q hech bir imkon.
Gunohlar qalbini tirnar beomon,
Vijdoni aslida sud qilar yomon.

Yaxshiyam vijdon bor, tergab turadi,
Savobli ishlarni qo‘zg‘ab turadi.
Vijdoni bo‘lmasa, kechiksa agar,
Gunohlarni qanday o‘lchab bo‘ladi?

SAQLA

Ori bor odamning borligi yaxshi,
Oriyat insonning eng go‘zal naqshi.
Bobolar azaldan orsizga qarshi,
Faqat hushyorlikda saqla oringni.

Shirakayf kishida or-nomus xasta,
Uni to‘g‘ri yo‘ldan ozdirar asta.
“Or uchun” so‘zini qilishar dasta,
Faqat hushyorlikda saqla oringni.

Qo‘rqoqlar dadillik uchun “otadi”,
Orsizlik qa’riga shunday botadi.
Haqorat so‘zlardan dil tosh qotadi,
Faqat hushyorlikda saqla oringni.

Or – nomus yo‘lida bo‘l doim sergak,
Ajdoding nomini oqlashing kerak.
O‘shanda o‘zligin anglaydi yurak,
Faqat hushyorlikda saqla oringni.

O‘ZIM

Ba’zida o‘zimni o‘zim yoqtirmay,
O‘zimga o‘zimning qahrim keladi.
Qilgan ishlarimni o‘zim yoqtirmay,
O‘zimdan yiroqqa qochgim keladi.

Vijdonim qozilik qilsa qalbimga,
Savobdan gunohim ortar begumon.
Og‘irlik qilar bu azob dilimga,
Asragin Tangrim qalbimni omon.

Har kim ham vijdoni oldida mag‘rur,
Qilgan ishlari-chun berolsa hisob.
Pushaymon qildirsa betayin g‘urur,
Gunohidan ustun bo‘lardi savob.

SO‘NGGI KUN

“O‘lim birlashtiradi”-
Degan naql bor elda.
Bu hikmatni odamlar,
Bekorga aytmas tilda.

To‘yga taklif qilinsa,
Qarindosh, tanish-bilish.
To‘liq kela olmaydi,
Chiqib qolib bir yumush.

Bandalik bajo etib,
Bo‘lsa nogoh bir o‘lim.
Bir zumda kelar yetib,
To‘yga kelmagan elim.

So‘nggi yo‘lga kuzatmoqni,
Qarz deb bilar odamlar,
Yaratganning hukmini,
Farz deb bilar odamlar.

Og‘ir kunda bilinar,
Odamlarning sarasi.
G‘amingga sherik bo‘lar,
Yangilanar yarasi.

“Kunda emas, kunida,
Yarar ekan – qarindosh”.
Ularning ko‘magida,
Tiklanar sabr – bardosh.

Bu azaliy udumdir,
O‘lim bor har bir boshda.
Shu sabab madad bo‘lar,
Axir ular – qondosh-da!

Manba: Dilorom Boyirova. “Ko‘ngil gulbog‘i “ she’rlar. Toshkent “Fan va texnologiya” nashriyoti. 2015 yil.

O‘rolboy QOBIL
HAM RAISA HAM SHOIRA
03

Qishloqdoshlari Qulmurod bobo Muazzam momoni yaxshi eslashadi. Bobo va momo turmush kechirib ikki o‘g‘il va olti qizni oq yuvib, oq tarab tarbiya etishdi. Ularning murg‘ak qalbiga yaxshilik, muruvvat, ezgulik va ma’rifat urug‘ini sepishdi. Darvoqe, bu oilaning barcha bolalari maktabda faqat a’lo bahoga o‘qishdi. Buning sababi esa…

Bobomiz dasht odami edi. Uzoq yillar xo‘jalikda paxtachilik va g‘allachilik brigadasini boshqardi. Umri uydan ko‘ra ko‘proq dala -dashtda o‘tdi. Bolalar tarbiyasi va ularning yurish -turishini momomiz nazorat qilardi. Axir Muazzam momomiz qorabog‘lik mashhur ziyoli Mirza Hamroning qizi edi-da…Momomiz yoshligida otasidan eskicha ilm olgan, bo‘lsa-da, ammo, buni oshkor etmasdi. Sababi esa, sho‘ro hukumatining islom ilmi sohiblariga nisbatan qattol zug‘umi edi. Qulmurod bobo urush ko‘rgan, qahatchilik, yo‘qchilikni boshdan kechirgan odam edi. Elliginchi yillar… Jamoa xo‘jaliklarida g‘alladan mo‘l hosil olindi. Omborlar donga to‘ldi. Bobomiz ham ortiqcha bug‘doyni bozorda sotib, ko‘pdan niyat qilib yurgani, tanlab ot xarid qildi. Ko‘pkariga bordi, chavandozlik qildi. Ko‘p o‘tmay, Qulmurod boboning qashqasi ko‘plab otbozu, chavandozlarning orzusi, armoniga aylandi. Vaqtning o‘tishini qarang. Ko‘z ochib yumguncha o‘g‘il-qizlari bo‘y ko‘rsatib qoldi.

***

Bolalarining ichida Fotimasi boshqacha edi. Muallimlari undan “Yo shoira, hech bo‘lmasa zo‘r muallima chiqadi”, deb bashorat qilishardi. Fotima avvaliga Shahrisabz pedagogika bilim yurtini imtiyozli diplom bilan bitirib, o‘zi tahsil olgan maktabga ishga kirdi. Tengi chiqib turmushga chiqdi. Farzandlari tug‘ildi. Buni qarang, yosh kelinchak ikki — uch yil o‘tar- o‘tmas maktabning ilg‘or muallimasi bo‘lib tanildi. “Temuriy malikalar”, “Yil o‘qituvchi”si, “Ijodkor o‘qituvchi” kabi ko‘rik-tanlovlarining g‘olibi bo‘lish bilan birga, oliy ma’lumot olishga ham imkoniyat topdi. Keyin esa ikkita she’riy kitobini chop ettirdi. Maktab direktori bo‘lib faoliyat yuritdi. Bugun Fotima Karomatova tuman hokimi o‘rinbosari, xotin-qizlar qo‘mitasi raisasi. Yana qalami o‘tkir ijodkor. Turli mavzudagi she’r va maqolalari bilan tuman, viloyat, respublika matuotida gazetalarida qatnashib turadi.

Angladim, dunyoning tirgagi ota,
Chinorday shovullab tursa yoningda.
Suyanib qaddingni tiklaysan har gal,
Nedandir o‘ksinib qolgan oningda.
Zamonning yukidan qaddingiz bukuk,
Donishlik balqiydi ko‘zlaringizda.
Hikmatlar ko‘klamday yashillanadi,
Ming bora sinalgan so‘zlaringizda.
Chinorday shovullab tursa yoningda…

— Shuni ta’kidlash Fotima Karomatovada ijodkorlik ruhi kuchli. U lozim bo‘lganda har qanday nufuzli anjumanni boshqaradigan suxandon, sahnada istalgan rolni ijro etadigan san’atkor, bolajonlar dunyosini qalbdan anglaydigan zukko muallima, dolzarb mavzularda qalam tebrata oladigan publitsistdir. Mana mening ish stolimda uning bolalarga atab yozilgan “Oymomoning ertagi” kitobchasi turibdi. Uni qiziqib qaraqlayman. Kitobdagi asarini bemalol maktab sahnasida qo‘yish — ijro mumkin, — so‘zlaydi shoira Momoxol Elmurodova.

Ha, ijodkorlik, so‘z qudratini yurakdan his qilish hammaga ham nasib etavermaydigan ne’matdir. Fotima Karomatova mas’ul lavozimda faoliyat olib borayotgan bo‘lsa-da, bir zumga bo‘lsa ham ijod qilishdan to‘xtagani yo‘q. Biz she’riyat muxlislari iste’dodli shoiradan yangi asarlar kutib qolamiz.

Fotima Karomatova
SHE’RLAR
03

Fotima Karomatova 1965 yilda Qamashi tumani Guliston qishlog‘ida tug‘ilgan. Nizomiy nomli pedagogika oliygohida tahsil olgan. Maktabda o‘qituvchi, direktor bo‘lib faoliyat yuritdi. “Xalq ta’limi fidoyisi” nishoni sohibasi, “Ijodkor o‘qituvchi” ko‘rik-tanlovi g‘olibi. Uning “Oymomoning ertagi”, “Bodom gullaganda” kabi she’riy kitoblari chop etilgan. Ayni paytda Qamashi tumani xotin-qizlar qo‘mitasi raisasi bo‘lib faoliyat olib bormoqda.

03

VATAN

Tilim shukrona aytar,07
Ko‘klamning gullariga.
Dilim allasin aytar,
Elimning ullariga.

Daryo suvlari tiniq,
Tolpo‘paklar cho‘milar.
Tinchlik. Tong. Sho‘x ko‘katlar,
Shudringlarga ko‘milar.

Beshiklarning islari,
Quyosh nuriday aziz.
Vatan-sening bag‘ringda,
Yashamoq qanday laziz.

MUSTAQILLIK

Tilim shukuhdan aylanar,
Mehrim beshikka boylanar.
Istiqlolim, istiqbolim,
Alla bo‘lar so‘zim – bolam.

Daryolarim suvlari zar,
Osmonimda suzadi par.
Maysalarim durkun-durkun,
Assalom tong, deyman har kun.

Yurtimizga xumo qushin,
Kelgani rost bo‘lsin illo.
Alla aytsin kelinchaklar,
Shudir menga kumush, tillo.

Alla, alla jonim fido,
Alla hadya etsin xudo.

ONAJON

Onajon sog‘inaman,
Bir shirin xumor bilan.
Yo‘limga chiqsa baxtdir.
Oftobdek diydor bilan.

Qumsayman erkalashin,
Eng shirin so‘zlar bilan.
Omon bo‘ling munisam,
Yuzlashing “yuz” lar bilan.

Niyatlar qilgan edim,
Afsus nasib etmadi.
Tushimda yo‘qlab turing,
Armon dildan ketmadi.

NIHOL

O‘g‘lim Zafarga

Nahotki bahorning qadami ildam,
Kechagi nihollar o‘tirdi gulga.
Men esa termulib turibman bugun,
Maysalar rang bergan o‘ngimu so‘lga.

Navdalar nazdimda qo‘shiq aytganday,
Balki kulayotir qah-qaha urib.
Tanish tovushlardan vujudimda kuch,
Har gulni hidlayman joyimdan turib.

Sovuq ham, shamol ham cho‘chitmas aslo,
Gulbarglar mevasi ko‘rinar shaksiz.
O‘shanda oftobday kulaman men ham,
Nihol ko‘rkam bo‘larmidi mevasiz.

***
Qarog‘imga siqqan qoyalar yiroq,
Oppoq ko‘rpasini yopinib uxlar.
Qancha yiroq bo‘lsin, chekinmam biroq,
Qo‘rquv yuragimga solsa ham titroq.

Ulug‘vor qoyalar – ulug‘vor orzu,
Yo‘limda uchraydi bir dunyo toshlar.
Men unga yaqinlab borganim sayin,
Chechaklar kaftida ko‘kara boshlar.

***

Olam yashnab ketdi yomg‘irdan keyin,
Go‘yo tiniqlashdi munis yaproqlar.
Moviy rang havoda jilolanganda,
Jismingni tark etar dardli charchoqlar.

Afsungar tabiat chalar sozini,
Sehrlab oladi qalbning rozini.
Tongda mo‘ltiragan shabnam misoli,
Shabboda his etar gulning nozini.

***

Shifokor Muqim O‘roqovga

Yangi oy chiqqanda quvongan kabi,
Bodom gullaganda shavqqa to‘lar dil.
Sog‘ingan kishining diydori misol,
Bahor nafasidan yasharar ko‘ngil.

Uyg‘onar dunyoning turfa ranglari,
So‘zlar ojiz qolar ta’riflamoqqa.
Ezgu niyat qilib suyunchi bering,
Gullar kelayotir qaytadan boqqa.

MЕN HALI

Umrim mazmunini boyitish uchun,
Jiddiyroq bir ishni boshlaganim yo‘q.
Yaproqlar to‘kildi bilmam necha bor,
Hali tetik qadam tashlaganim yo‘q.

Umrning mazmuni bog‘ yaratishmi,
Yo hayot tarziga mos asqotishmi?
Ro‘zg‘oring g‘orini to‘ldirayin deb,
Topganni hovliga qarab otishmi.

Umrim o‘tayapti ko‘zlar ilg‘amas-
Paykondan otilgan fursat kutmas o‘q.
Hoy to‘xta, qayoqqa shoshayotirsan,
Men hali “mazmunni” topolganim yo‘q.

GULDЕK GOHO MA’YUSLANAMAN

Guldek goho ma’yuslanaman,
Goh muralar baxt eshigimdan.
Alla aytsam o‘g‘il-qizimga,
Sevinch kular pok beshigimdan.

Hayot qiziq, rangi ham turfa,
Biri mangu, biri omonat.
Birov ichar diyonat oshin,
Birov ekar dilga xiyonat.

Bir lahzalik umrimizda ham,
Kimlarnidir so‘kib o‘tamiz.
Gunohlarni qo‘l bilan yig‘ib,
Savoblarni to‘kib ketamiz.

OTASINING QANOTI

Xalq yo‘lida

Otasining qanoti,
Uxla, qo‘zim allayo.
Dupurlab kelsin oti,
Alla, bolam, allayo..

Otiga mindiradi,
Uxla, qo‘zim, allayo.
Qir-soyga endiradi,
Alla, bolam, allayo.

Shirin-shirin tushlar ko‘r,
Uxla, qo‘zim, allayo.
Alpomishdek mag‘rur yur,
Alla, bolam, allayo.

Mayli beshik tebratib,
Tolib chiqay allayo.
Otang kelsa yo‘liga,
Kulib chiqay, allayo…

ATIRGUL

Atirgul ochildi, atirgul,
Borliqning yuzida ming chiroy.
Karashmali qarashlariga,
Hasad qilar ko‘kda to‘lin oy.

Atirgul ochildi, atirgul,
Shodligidan sayragan yurak.
Bevaqt esgan ayoz singari,
Uni uzib etishar halak.

Atirgul ochildi, atirgul,
Ko‘zlarimda suvrati qoldi.
Atirgul shikasta. Ishqparast-
Muhabbatning qarg‘ashin oldi.

Atirgul ochildi, atirgul,
Yonoqlari bir hovuch ibo.
Men uni o‘ynayman erkalab,
Men devona, men oshiq, sabo.

Atirgul ochildi, atirgul…

MUHABBAT

Muhabbat qo‘shiqqa aylangan afsun,
Og‘usi shirador olov taftli bol.
Sarob rang chog‘irdir ichasan beun,
Manzildir ko‘z yetmas kutasan behol.

Muhabbat sahroda tomchilagan nam,
Goh tog‘ kabi orzuga erishgan gado.
Uning har so‘zida ilohiylik jam,
Gohi kunday jo‘shib bo‘ladi ado.

Muhabbat yog‘duli sham, kuyub o‘rnatgan,
Balki parvonadir sarmast devona.
U umrning so‘nggi oni ham shodon,
Baxtliman deydi-ya, jonim hayrona.
Muhabbat qo‘shiqqa aylangan afsun…

***

Tog‘ sening o‘g‘lingmi yag‘rinlari keng,
Adirlar qizingmi qizg‘aldoq taqqan.
Sharshara so‘zingmi go‘dak singari,
Chuldirab kuylashi quloqqa yoqqan.

Ko‘klam gul ko‘rpangmi ko‘ngil mizg‘igan,
Shabbodalar alla aytganda mayin.
Ayt, quyoshning nuri saxovatingmi,
Hayratim oshadi o‘ylagan sayin.

Ko‘kdagi kamalak gar hayoloting,
Men sening iforing – mangu muhabbat.
To‘lin oy mening de, yulduz mening de,
Sen o‘zing ijodkor ona tabiat.

AYOL
(Hazil)

Quvonchdan joy topmas o‘ziga,
Ishdan qaytsa ayolning eri.
Tezda unut bo‘lib ketadi,
Vujudida og‘rigan yeri.

Gar safarga chog‘lanar bo‘lsa,
Unnay boshlar birdan xamirga.
Mehrini moy qilib, surtadi,
Iloho, deb qat-qat patirga.

Quvonchdan joy topmas o‘ziga,
Ishdan qaytsa ayolning eri.

***
Olam yashnab ketdi yomg‘irdan keyin,
Go‘yo tiniqlashdi munis yaproqlar.
Moviy rang havoda jilolanganda,
Jismingni tark etar dardli charchoqlar.

Afsungar tabiat chalar sozini,
Sehrlab oladi qalbning rozini.
Tongda mo‘ltiragan shabnam misoli,
Shabboda his etar gulning nozini.

***

Ko‘ngil eshigin ochadi g‘urur,
Uni maysadek o‘rmang
Toptalar umr.

Ko‘ngilni yashnatar pokiza surur,
Qadriga yeting —
Zulmatga aylanmasin nur.

Ko‘ngil ko‘zi diydor-
Unda gullaydi sog‘inch
Va vujudingda ko‘klaydi bahor!

Manba: Fotima Karomatova. Bodom gullaganda. She’rlar. Qarshi. “Nasaf” nashriyoti. 2003 yil.

07

(Tashriflar: umumiy 273, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring