E’tibor Norbo’tayeva. She’rlar

04-Истеъдодлар кўпинча ўжар бўлишади. Шу боис ўз маслаклари учун доимо курашга, тортишувларга борадилар. Эътибор ҳам шундай ижодкорлар тоифасига киради.  Ўз устида тинимсиз ишлайди. Шу боисдан ашъорлари аллақачон муҳлислари қалбидан мустаҳкам ўрин олиб, уларнинг кўнгил мулкига айланиб бўлган. Эътибор ҳаммага бирдек яхшиликни соғиниб, нафосатлар улашиб яшайди.

Ўролбой ҚОБИЛ
ЮРАКДАГИ ЧЎҒ


Жимликка қурбон эт ўзингни,
Сабрнинг мавруди келганда.
Сукутга кўмиб қўй сўзингни,
Қаноат қадрли бўлганда.
Банди этма, сўзингга эрк бер,
Юрак унамаса юлиб ол.
Беш йил олдин келса ҳам ажал,
Ватан учун қурбон бўла қол.

Бунга анча йиллар бўлди. Бир куни уйимизга қорамағиздан келган хушрўйгина нотаниш қиз уялибгина кириб келди. Қашқа бўйидаги Ғиштли қишлоғидан экан. Адабиётга, шеър, ҳикоялар ёзишга қизиқар экан. Ёзганларини ўқиб, Уу ёқ, бу ёқдан ўзимча имтиҳон қилиб кўрдим. Бинойидай…

Кўнглим ийиб кетди. Бисотимдаги китобларга имо қилиб, “истаганингни олавер” дедим. Меҳмон ҳам китоб деса томдан ташлайдиганлардан экан. Яна китоб танлашни ҳам биларкан. Икки даста қилиб олиб кетди.

Энди “меҳмон”ни таништиришнинг мавруди келди чоғи. Бу — Эътибор Норбўтаева эди.

***

Кейинроқ суриштириб билсам, Эътиборнинг жуссаси кичкина бўлса-да, юраги, иродаси метин-тош экан. Бошига тушган савдоларга қоядек бардош берди — у! Ёлғизгина зурриёди Бунёдбекни кўз қорачиғидек авайлаб, асраб вояга етказди.

Қолаверса, йиллар ўтиб, ижодда ҳам ўзининг овозига, услубига эга ижодкорга айланди. Буларнинг бари осонгина эришиладиган иш эмасди. Буни унинг ўзи,чеккан заҳматлари билади…

Шоира ҳақида атоқли шоир марҳум Исмоил Тўхтамишев шундай ёзганди: «Истеъдодлар кўпинча ўжар бўлишади. Шу боис ўз маслаклари учун доимо курашга, тортишувларга борадилар. Эътибор ҳам шундай ижодкорлар тоифасига киради. Ўз устида тинимсиз ишлайди. Шу боисдан ашъорлари аллақачон муҳлислари қалбидан мустаҳкам ўрин олиб, уларнинг кўнгил мулкига айланиб бўлган. Эътибор ҳаммага бирдек яхшиликни соғиниб, нафосатлар улашиб яшайди…»

***

Ҳаётда ҳеч ким осонгина ўзи кўзлаган мақсадга етолмайди. . Бугунги даврда фақат шеър ёки мақола ёзиб оилани тебратиш эса осон эмас. Эътибор ҳам бу борада бошидан кўпгина синовларни ўтказди. Ҳатто, ўзининг умр мазмунига айланган ижод қилишни бироз орқага ташлашга мажбур бўлди. Лекин юракдаги чўғ ҳамон аланга олишга тайёр!
Биз мухлислар ижодкор синглимиздан ажойиб шеърий ва насрий асарлар кутиб қоламиз.

Эътибор Норбўтаева
ШЕЪРЛАР


  045 Эътибор Норбўтаева 1975 йилда Қамаши тумани Ғиштли қишлоғида туғилган. Қишлоғидаги мактабни тамомлаб, коллежда ўқиди. Бадиий ижодга қизиққани боис Олий адабиёт курсида таҳсил олди. “Сандивоч”, “Қашқадарё”, “Воҳа” газеталарида фаолият олиб борди. Шоиранинг “Ўтмишдан нурли келажак сари”, Соғинчдан тўкилган наволар”, “Сен ўша” каби китоблари чоп этилган ва бир неча бора нуфузли адабий танловлар ғолиби бўлган.


СЕНГА ЕТМОҚ УЧУН

Сенга етмоқ
асли бир қадам…
Сенга етмоқ оғир
Игна билан қудуқ қазишдан.
Сенга етмоқ учун
Жонимни оқиздим ишқ дарёсида,
Меҳрдан ясадим оқ кўприк.
Сипқордим кунларнинг заҳрини,
Ҳисларга яратиб бердим эрк.
Сенга етмоқ эди
орзу энг ширин.
Сенга етмоқ учун
кечдим ўзимдан.
Энди бораяпман осмон оралаб,
Нур ичгани келар тунлар кўзимдан.
Сенга етмоқ учун
кесдим тилини,
Минг ғавғо туғдирган ғазабнинг.
Биламан, аслида Сеники эдим,
Сеникидан келган эдим азалда.
Сенга етмоқ учун
қидирдим кўп бор,
Йўллар мени алдаб юбораверди.
Муштоқлик дарсини ўқидим такрор,
Этагимдан тортди дунёнинг гарди.
Мени Сендан ортиқ айиролмас вақт,
Сувратинг қалбимдан бўлмас кўчириб.
Дийдоримга энди чиқасанми айт,
Қуча оласанми, барин кечириб?!

***

Сен менинг жаннатий нафасим руҳи,
Кўксим кафасини очгувчи калит.
Келгин, қирғоғига сиғмай кетсин жон,
Келиб миллион йиллик дардларни арит.

Келгин, ишқ баҳрига чумилтир энди,
Камалакдан куйлак кийдир бу танга.
Кўзларини очгин суқир ҳисларнинг,
Йўлин кўрсатиб кўй, сарсон иймонга.

Дарвозасини оч, кўнгил селининг,
Ювсин йул бермаган ташвиш зангини.
Овозингни етказ, уйғониб кетсин,
Кўрсин етти қават осмон рангини.

Мен шуни биламан, сен келганингда,
Етиб келар шу он самовий шукуҳ,
Сенчи, илоҳий ишқ ифорларининг,
Оёгини боғлаб турибсан, афсус.

Меҳрингдан яратиб осмоний бир гул,
Илдизини кумдинг кўнгил қатига.
Энди минг йилларки ичирар азоб,
Ҳижрон қусаетган вақтнинг кафтида.

Оҳ бу фироқ энди ўт қўяр шошиб,
Умрим экаётган экинзорларга.
Умид эмаетган қайғуни қучиб,
Юрак югуради фолбин-дорларга.

Келишингни айтгин, нур кийсин титроқ,
Ишқнинг уммонида гулласин дийдор.
Изларингни малҳам қилгайдир фироқ,
Портласин ичимда етти қават ғор.

Кўрсатгин чеҳрангни, йиқилсин алам,
Ўн саккиз минг олам кетсин яшариб,
Етти қат пардасин кутарсин олам,
Тўқнаш келганида нигоҳлар ажиб…
Фақат кел!!!

***

Тангри — шоир,
мен оддий қалам.
Ижод қилмоқ хоҳлаганди У,
Дунё кўрди гўзал, нафис шеър.
Унда қадрталаблик нечун?!
Меҳр ёмғирини ичиб кўкарар,
Кўнглимда кўз очган яшил Сўз.
Руҳим қучоғига сиғмай кетяпти,
Жаннатни кўчириб келган хис
Янги Ҳаёт олиб келаётган жон,
Каъбасини тиклар юракда.
Чироғини ёқар баландроқ,
Кесиб ташлаб ўтмиш пилигин.
Синов саҳросида кўп дайдиб,
Таниб қолиб Тангри жамолин.
Осмон қўшиғини айтади,
Ишққа ботиб Дарднинг камоли!

СЕН ЎША

Сен — афкор хаёлда кезган фаришта,
Кўзларидан саҳро сачраган соғинч.
Ойдин орзуларни овлаган рўё,
Ёлғизликдан ёдгор суюкли овунч.

Сен – само сарвари юборган эҳсон,
Хотираларимнинг қайтмас армони.
Гумроҳ мисраларга нур берган сарбон
Сархуш ҳисларимнинг якто дармони.

Сен –
Умрим баҳорида ишқ гулин экдинг,
Суғордим дардимнинг дарёси билан.
Бепарволик боғин бағрига кетдинг,
Юрак-алам ичган хазонга ватан.

Сен –
Қайғум қарғишига учраган гуноҳ,
Эзгу тилагимга чўмилган туйғу.
Қақраган қонсиз лаб тўкаётган оҳ,
Ичиб тўймаганим сир тўла оғу.

Сен – ишончларини йўқотган иймон,
Кўнгил кўчасида дайдиган сайёҳ.
Ҳаётни масхара этгувчи шайтон,
Беаёв синовчи маккора нигоҳ.

Сен ўша…
Мен англаб етмаган ҳайрат – муҳаббат.

ОНАЖОН

Қўлимда қалтирар ,
Йўнилган қалам.
Ёзолмайди, ёзолмайди,
Бир жумла сўзни
Сен ҳақингда.
Шоирлигим нима бўпти,
Нимадир ташбеҳ.
Сенинг кўзларинг,
Сенинг юрак аллалаган
Сўзинг олдида.

Онажон,
Нима бўпти, қуёш зиёси,
Кундузни ёритса,
Ёритибди-да.
Сенинг меҳринг,
Туганмас меҳринг.
Ҳарорати олдида
Зарра эмасмикин,
Офтоб оташи?

Онажон,
Ойнинг жамолига
Қиларлар ҳавас.
Сенинг дардга тўла,
Ғам симирган,
Шу юрагингни
Олиб бориб
Қўйсалар ойга,
Қулаб тушмасмикин
Самодан,

Онажон.
Шамол-шамол эмас,
Ўз-ўзича югуради далли-девона.
Оёғини қўлга олиб чопганлар шамол,
Жоним демай насибасин топганлар шамол.
Нима бўпти хазонларни учириб ўтса,
Йилларки дард айвонини супурар аёл
Йигирманчи аср робот яратмиш,
Йўқ эмиш билмаган, қилмаган иши.
Ишонмайман бу сўзларга.

Онажон,
Сен кўрган кунларга ўтмайди тиши.
Аламдан хориган нигоҳи борми?
Армондан тўкилган минг оҳи борми?
Қалбида қудратли Оллоҳи ёрми?
Ўша темир
Билармикин йиғлашни
Тунга қўшилиб.
Соғинчдан сел бўлиб
Кетарми ўзи?
Қолмасми эгатда
Ипдек эшилиб,
Оқиб тушмасмикин
Чарчоқдан кўзи.

Онажон,
Ҳали кў-ўп ясарлар бундай ўйинчоқ,
Унга сиғдирмоқ бўлар
Сенинг қиёфангни,
Сенинг дунёнгни.
Лекин адашарлар,
Қолпга сиғдириб бўларми
Таърифга сиғмаган зотларни?
Онажон,
Қўлимда қалтирар йўнилган қалам…

***

Сени севаман, Ватан!
Шунинг учунки,
Сенда онамнинг
Нафаси кезар.
Отамнинг даласи
Ўпар пойимни.
Устозлар ўгити
Умримни безар,

Авлодлар ардоқлар
Сўнгги жойимни.
Ёстиқдошим босган
Излар бор сенда.
Кўчириб кетолмам
Ҳеч бирларини,
Жаннатий кишварнинг
Қасрларига.
Барчаси сенда,
Шунинг учун сени,
Севаман, Ватан!

***

Сизга ҳадя этдим боримни,
Мудраётган кўнглим.
Тинчсиз туйғулар,
Азоб эмаётган
Гўлак ҳисларим.
Энди сизники.
Фақат ташлаб кетманг
Эгасиз уйга.

РУМИЙ ҲАЗРАТЛАРИДАН УЯЛДИМ
(қатра)

Маош олгандим. Энг аввал китоб дўконига кирдим. У ердан ҳазрат Румийнинг “Ичиндаги ичиндадур” китобини сотиб олдим. Кейин кийим бозорга ўтдим. Ҳамма ўз юмуши билан банд. Кимдир сотади, кимдир сотиб олади. Мен эса хаёлан ҳазрат билан суҳбатлашиб кетаяпман. Қимматбаҳо кийимларга қарашга ундан уяламан. Дунёнинг матоҳи бошимни айлантираётганини сезиб қўймасин-да ишқилиб, дейман. Одмигина кийимларга назар ташлайман.

Одамлар билан тиқилинч йўлакда кимдир туртади, кимдир оёғимни босиб олади, кейин кечирим сўрамай, бепарво ўтиб кетади. Мен эса ранжимайман. Бундай қилишга Румий ҳазратларидан хижолат бўламан. Тўғри-да, туртса нима бўлибди, йиқилиб кетдимми ё оёғимни босганига майиб бўлдимми? Йўқ, унда нега ранжишим керак?! Койишдан тилимни тийсам нимамдир камайиб қолармиди? Асабимни эговлаб фойда топганманми бирор марта?

– Кечирасиз, буни мен олаётгандим, – деди қошини чимириб бир аёл қўлимдаги рўмолни тортқилаб.

Ҳа майли, олаверсин, бозорда рўмол камми, деб ўйладим ичимда. Афсус, айнан шу ранг ва шунақа гуллисидан атиги битта қолган экан. Эссиз, онам шу рангни ёқтирарди-да.

“Анордай лов-лов ёниб турса”, дерди кийимларга қараганда. “Илтимос, шу рўмолни мен олақолай”, демоқчи бўлдим ёнимда пул санаётган аёлга. Аммо Румий ҳазратларидан истиҳола қилдим. У сумкамда туриб, вужудимга ўт қўяр, кўнгил оламимни кезиб юрарди. “Бошни рўмол ёпадими ё унинг гулими?” дегандек туюларди.

Ҳа, чанқаган одам учун пиёланинг қандай экани эмас, унинг ичидаги сув муҳим бўлганидек, мен ҳам моҳиятга эмас, ташқи тасвирга эътибор қаратаётгандим.

Бозорда ортиқ қолгим келмади. Тезроқ уйга борсаму, китобни очиб, ҳазрат билан суҳбатлашсам…

07Iste’dodlar ko’pincha o’jar bo’lishadi. Shu bois o’z maslaklari uchun doimo kurashga, tortishuvlarga boradilar. E’tibor ham shunday ijodkorlar toifasiga kiradi. O’z ustida tinimsiz ishlaydi. Shu boisdan ash’orlari allaqachon muhlislari qalbidan mustahkam o’rin olib, ularning ko’ngil mulkiga aylanib bo’lgan. E’tibor hammaga birdek yaxshilikni sog’inib, nafosatlar ulashib yashaydi.

O’rolboy QOBIL
YURAKDAGI CHO’G’


Jimlikka qurbon et o’zingni,
Sabrning mavrudi kelganda.
Sukutga ko’mib qo’y so’zingni,
Qanoat qadrli bo’lganda.
Bandi etma, so’zingga erk ber,
Yurak unamasa yulib ol.
Besh yil oldin kelsa ham ajal,
Vatan uchun qurbon bo’la qol.

Bunga ancha yillar bo’ldi. Bir kuni uyimizga qoramag’izdan kelgan xushro’ygina notanish qiz uyalibgina kirib keldi. Qashqa bo’yidagi G’ishtli qishlog’idan ekan. Adabiyotga, she’r, hikoyalar yozishga qiziqar ekan. Yozganlarini o’qib, Uu yoq, bu yoqdan o’zimcha imtihon qilib ko’rdim. Binoyiday…

Ko’nglim iyib ketdi. Bisotimdagi kitoblarga imo qilib, “istaganingni olaver” dedim. Mehmon ham kitob desa tomdan tashlaydiganlardan ekan. Yana kitob tanlashni ham bilarkan. Ikki dasta qilib olib ketdi.

Endi “mehmon”ni tanishtirishning mavrudi keldi chog’i. Bu — E’tibor Norbo’tayeva edi.

***

Keyinroq surishtirib bilsam, E’tiborning jussasi kichkina bo’lsa-da, yuragi, irodasi metin-tosh ekan. Boshiga tushgan savdolarga qoyadek bardosh berdi — u! Yolg’izgina zurriyodi Bunyodbekni ko’z qorachig’idek avaylab, asrab voyaga yetkazdi.

Qolaversa, yillar o’tib, ijodda ham o’zining ovoziga, uslubiga ega ijodkorga aylandi. Bularning bari osongina erishiladigan ish emasdi. Buni uning o’zi,chekkan zahmatlari biladi…

Shoira haqida atoqli shoir marhum Ismoil To’xtamishev shunday yozgandi:

-Iste’dodlar ko’pincha o’jar bo’lishadi. Shu bois o’z maslaklari uchun doimo kurashga, tortishuvlarga boradilar. E’tibor ham shunday ijodkorlar toifasiga kiradi. O’z ustida tinimsiz ishlaydi. Shu boisdan ash’orlari allaqachon muhlislari qalbidan mustahkam o’rin olib, ularning ko’ngil mulkiga aylanib bo’lgan. E’tibor hammaga birdek yaxshilikni sog’inib, nafosatlar ulashib yashaydi.

***

Hayotda hech kim osongina o’zi ko’zlagan maqsadga yetolmaydi. . Bugungi davrda faqat she’r yoki maqola yozib oilani tebratish esa oson emas. E’tibor ham bu borada boshidan ko’pgina sinovlarni o’tkazdi. Hatto, o’zining umr mazmuniga aylangan ijod qilishni biroz orqaga tashlashga majbur bo’ldi. Lekin yurakdagi cho’g’ hamon alanga olishga tayyor!
Biz muxlislar ijodkor singlimizdan ajoyib she’riy va nasriy asarlar kutib qolamiz.

E’tibor Norbo’tayeva
SHE’RLAR


  044  E’tibor Norbo’tayeva 1975 yilda Qamashi tumani G’ishtli qishlog’ida tug’ilgan. Qishlog’idagi maktabni tamomlab, kollejda o’qidi. Badiiy ijodga qiziqqani bois Oliy adabiyot kursida tahsil oldi. “Sandivoch”, “Qashqadaryo”, “Voha” gazetalarida faoliyat olib bordi. Shoiraning “O’tmishdan nurli kelajak sari”, Sog’inchdan to’kilgan navolar”, “Sen o’sha” kabi kitoblari chop etilgan va bir necha bora nufuzli adabiy tanlovlar g’olibi bo’lgan.


SENGA YETMOQ UCHUN

Senga yetmoq
asli bir qadam…
Senga yetmoq og’ir
Igna bilan quduq qazishdan.
Senga yetmoq uchun
Jonimni oqizdim ishq daryosida,
Mehrdan yasadim oq ko’prik.
Sipqordim kunlarning zahrini,
Hislarga yaratib berdim erk.
Senga yetmoq edi
orzu eng shirin.
Senga yetmoq uchun
kechdim o’zimdan.
Endi borayapman osmon oralab,
Nur ichgani kelar tunlar ko’zimdan.
Senga yetmoq uchun
kesdim tilini,
Ming g’avg’o tug’dirgan g’azabning.
Bilaman, aslida Seniki edim,
Senikidan kelgan edim azalda.
Senga yetmoq uchun
qidirdim ko’p bor,
Yo’llar meni aldab yuboraverdi.
Mushtoqlik darsini o’qidim takror,
Etagimdan tortdi dunyoning gardi.
Meni Sendan ortiq ayirolmas vaqt,
Suvrating qalbimdan bo’lmas ko’chirib.
Diydorimga endi chiqasanmi ayt,
Qucha olasanmi, barin kechirib?!

***

Sen mening jannatiy nafasim ruhi,
Ko’ksim kafasini ochguvchi kalit.
Kelgin, qirg’og’iga sig’may ketsin jon,
Kelib million yillik dardlarni arit.

Kelgin, ishq bahriga chumiltir endi,
Kamalakdan kuylak kiydir bu tanga.
Ko’zlarini ochgin suqir hislarning,
Yo’lin ko’rsatib ko’y, sarson iymonga.

Darvozasini och, ko’ngil selining,
Yuvsin yul bermagan tashvish zangini.
Ovozingni yetkaz, uyg’onib ketsin,
Ko’rsin yetti qavat osmon rangini.

Men shuni bilaman, sen kelganingda,
Yetib kelar shu on samoviy shukuh,
Senchi, ilohiy ishq iforlarining,
Oyogini bog’lab turibsan, afsus.

Mehringdan yaratib osmoniy bir gul,
Ildizini kumding ko’ngil qatiga.
Endi ming yillarki ichirar azob,
Hijron qusayetgan vaqtning kaftida.

Oh bu firoq endi o’t qo’yar shoshib,
Umrim ekayotgan ekinzorlarga.
Umid emayetgan qayg’uni quchib,
Yurak yuguradi folbin-dorlarga.

Kelishingni aytgin, nur kiysin titroq,
Ishqning ummonida gullasin diydor.
Izlaringni malham qilgaydir firoq,
Portlasin ichimda yetti qavat g’or.

Ko’rsatgin chehrangni, yiqilsin alam,
O’n sakkiz ming olam ketsin yasharib,
Yetti qat pardasin kutarsin olam,
To’qnash kelganida nigohlar ajib…
Faqat kel!!!

***

Tangri — shoir,
men oddiy qalam.
Ijod qilmoq xohlagandi U,
Dunyo ko’rdi go’zal, nafis she’r.
Unda qadrtalablik nechun?!
Mehr yomg’irini ichib ko’karar,
Ko’nglimda ko’z ochgan yashil So’z.
Ruhim quchog’iga sig’may ketyapti,
Jannatni ko’chirib kelgan xis
Yangi Hayot olib kelayotgan jon,
Ka’basini tiklar yurakda.
Chirog’ini yoqar balandroq,
Kesib tashlab o’tmish piligin.
Sinov sahrosida ko’p daydib,
Tanib qolib Tangri jamolin.
Osmon qo’shig’ini aytadi,
Ishqqa botib Dardning kamoli!

SEN O’SHA

Sen — afkor xayolda kezgan farishta,
Ko’zlaridan sahro sachragan sog’inch.
Oydin orzularni ovlagan ro’yo,
Yolg’izlikdan yodgor suyukli ovunch.

Sen – samo sarvari yuborgan ehson,
Xotiralarimning qaytmas armoni.
Gumroh misralarga nur bergan sarbon
Sarxush hislarimning yakto darmoni.

Sen –
Umrim bahorida ishq gulin ekding,
Sug’ordim dardimning daryosi bilan.
Beparvolik bog’in bag’riga ketding,
Yurak-alam ichgan xazonga vatan.

Sen –
Qayg’um qarg’ishiga uchragan gunoh,
Ezgu tilagimga cho’milgan tuyg’u.
Qaqragan qonsiz lab to’kayotgan oh,
Ichib to’ymaganim sir to’la og’u.

Sen – ishonchlarini yo’qotgan iymon,
Ko’ngil ko’chasida daydigan sayyoh.
Hayotni masxara etguvchi shayton,
Beayov sinovchi makkora nigoh.

Sen o’sha…
Men anglab yetmagan hayrat – muhabbat.

ONAJON

Qo’limda qaltirar ,
Yo’nilgan qalam.
Yozolmaydi, yozolmaydi,
Bir jumla so’zni
Sen haqingda.
Shoirligim nima bo’pti,
Nimadir tashbeh.
Sening ko’zlaring,
Sening yurak allalagan
So’zing oldida.

Onajon,
Nima bo’pti, quyosh ziyosi,
Kunduzni yoritsa,
Yoritibdi-da.
Sening mehring,
Tuganmas mehring.
Harorati oldida
Zarra emasmikin,
Oftob otashi?

Onajon,
Oyning jamoliga
Qilarlar havas.
Sening dardga to’la,
G’am simirgan,
Shu yuragingni
Olib borib
Qo’ysalar oyga,
Qulab tushmasmikin
Samodan,

Onajon.
Shamol-shamol emas,
O’z-o’zicha yuguradi dalli-devona.
Oyog’ini qo’lga olib chopganlar shamol,
Jonim demay nasibasin topganlar shamol.
Nima bo’pti xazonlarni uchirib o’tsa,
Yillarki dard ayvonini supurar ayol
Yigirmanchi asr robot yaratmish,
Yo’q emish bilmagan, qilmagan ishi.
Ishonmayman bu so’zlarga.

Onajon,
Sen ko’rgan kunlarga o’tmaydi tishi.
Alamdan xorigan nigohi bormi?
Armondan to’kilgan ming ohi bormi?
Qalbida qudratli Ollohi yormi?
O’sha temir
Bilarmikin yig’lashni
Tunga qo’shilib.
Sog’inchdan sel bo’lib
Ketarmi o’zi?
Qolmasmi egatda
Ipdek eshilib,
Oqib tushmasmikin
Charchoqdan ko’zi.

Onajon,
Hali ko’-o’p yasarlar bunday o’yinchoq,
Unga sig’dirmoq bo’lar
Sening qiyofangni,
Sening dunyongni.
Lekin adasharlar,
Qolpga sig’dirib bo’larmi
Ta’rifga sig’magan zotlarni?
Onajon,
Qo’limda qaltirar yo’nilgan qalam…

***

Seni sevaman, Vatan!
Shuning uchunki,
Senda onamning
Nafasi kezar.
Otamning dalasi
O’par poyimni.
Ustozlar o’giti
Umrimni bezar,

Avlodlar ardoqlar
So’nggi joyimni.
Yostiqdoshim bosgan
Izlar bor senda.
Ko’chirib ketolmam
Hech birlarini,
Jannatiy kishvarning
Qasrlariga.
Barchasi senda,
Shuning uchun seni,
Sevaman, Vatan!

***

Sizga hadya etdim borimni,
Mudrayotgan ko’nglim.
Tinchsiz tuyg’ular,
Azob emayotgan
Go’lak hislarim.
Endi sizniki.
Faqat tashlab ketmang
Egasiz uyga.

RUMIY HAZRATLARIDAN UYALDIM
(qatra)

Maosh olgandim. Eng avval kitob do’koniga kirdim. U yerdan hazrat Rumiyning “Ichindagi ichindadur” kitobini sotib oldim. Keyin kiyim bozorga o’tdim. Hamma o’z yumushi bilan band. Kimdir sotadi, kimdir sotib oladi. Men esa xayolan hazrat bilan suhbatlashib ketayapman. Qimmatbaho kiyimlarga qarashga undan uyalaman. Dunyoning matohi boshimni aylantirayotganini sezib qo’ymasin-da ishqilib, deyman. Odmigina kiyimlarga nazar tashlayman.

Odamlar bilan tiqilinch yo’lakda kimdir turtadi, kimdir oyog’imni bosib oladi, keyin kechirim so’ramay, beparvo o’tib ketadi. Men esa ranjimayman. Bunday qilishga Rumiy hazratlaridan xijolat bo’laman. To’g’ri-da, turtsa nima bo’libdi, yiqilib ketdimmi yo oyog’imni bosganiga mayib bo’ldimmi? Yo’q, unda nega ranjishim kerak?! Koyishdan tilimni tiysam nimamdir kamayib qolarmidi? Asabimni egovlab foyda topganmanmi biror marta?

– Kechirasiz, buni men olayotgandim, – dedi qoshini chimirib bir ayol qo’limdagi ro’molni tortqilab.

Ha mayli, olaversin, bozorda ro’mol kammi, deb o’yladim ichimda. Afsus, aynan shu rang va shunaqa gullisidan atigi bitta qolgan ekan. Essiz, onam shu rangni yoqtirardi-da.

“Anorday lov-lov yonib tursa”, derdi kiyimlarga qaraganda. “Iltimos, shu ro’molni men olaqolay”, demoqchi bo’ldim yonimda pul sanayotgan ayolga. Ammo Rumiy hazratlaridan istihola qildim. U sumkamda turib, vujudimga o’t qo’yar, ko’ngil olamimni kezib yurardi. “Boshni ro’mol yopadimi yo uning gulimi?” degandek tuyulardi.

Ha, chanqagan odam uchun piyolaning qanday ekani emas, uning ichidagi suv muhim bo’lganidek, men ham mohiyatga emas, tashqi tasvirga e’tibor qaratayotgandim.

Bozorda ortiq qolgim kelmadi. Tezroq uyga borsamu, kitobni ochib, hazrat bilan suhbatlashsam…

07

(Tashriflar: umumiy 315, bugungi 1)

Izoh qoldiring