Шералининг ёзганларида унинг қиёфаси акс этади. Унинг шеърларидаги лирик “мен” ҳам заиф, суст табиатли, дардсиз эмас. У – аниқ, телбаларча, девоналарча, дарвешона ошиқ. Унинг қалбида ишқ ташрифи жилоланади. Бу ишқ гоҳ Ватан, гоҳ она, гоҳ ота, гоҳ ёр тимсолида намоён бўлади…
Ўролбой ҚОБИЛ
ИШҚ ТАШРИФИ
Кунларнинг бирида ижодкор муаллима Рисолат Жуманазарова қўлимга шеър тўла дафтарини тутқазаркан деди:
-Мактабдан уйга кетаётувдим, кимдир ортимдан “Устоз” деб чақирди. Ўгрилиб қарасам, собиқ ўқувчимдан Шерали Эшбўриев экан. Рости, уни кўрмаганимга анча йил бўлганди. Чунки Шерали энг иқтидорли, қолаверса яхшигина шеърлар ёзадиган ўқувчиларимдан бири эди-да… Хаёлимдан: “Нима бўлди экан, ҳозир ҳам ёзаяптимикин?” Ҳув, бир пайтлар унинг илк шеърларини ўқиб шундай фикрга келган эдим.
Ўқувчим менга шеърлар дафтарини тутар экан: -Устоз, илтимос бир кўриб чиқинг. Мен яна шеър ёзаверсам бўлармикин? – деди.
Ҳар доим ҳам шоир ижодини шахсидан айро ўрганиб бўлмайди. Шералининг ёзганларида унинг қиёфаси акс этади. Унинг шеърларидаги лирик “мен” ҳам заиф, суст табиатли, дардсиз эмас. У – аниқ, телбаларча, девоналарча, дарвешона ошиқ. Унинг қалбида ишқ ташрифи жилоланади. Бу ишқ гоҳ Ватан, гоҳ она, гоҳ ота, гоҳ ёр тимсолида намоён бўлади:
Унутдинг, унутмай келдим бир нафас,
Бошқа не ёзардим иккимизга хос.
Мен сенинг бир томчи кўз ёшинг эмас,
Сен менинг бир дунё дардингман холос.
Биламан бу дардга даво бегона,
Қуёшни осмондан ҳайдаб бўлмайди.
Юрагим аламли ўтли майхона,
Муҳаббат ўлмайди, висол кулмайди.
Ёки бу мисраларга эътибор қилинг-а:
Бир қил қучоғига беркиниб гоҳи,
Дилимни бўламан етмиш тилимга.
Гоҳида кўтармай ернинг пештоқи,
Негадир сиғмайман етти иқлимга.
Шеър – ҳайрат. Шеър – мўъжиза. Шеър – соғинч.
Шералининг шеърларини ўқир эканмиз, шеърият ҳақидаги ушбу таърифларга яна бир қанча нисбатлар топамиз. Унинг шеърларидаги сўзларнинг фақат шаклу шамойили эмас, назаримда, нафаси, жони борга ўхшайди.
Бу нарсани дил-дилингдан ҳис қиласиз, бу сўзларда юрагингиз сўзлашади, дардлашади:
Севгидан гапирсанг сотишдан сўзлар,
Соғинчни билмаган қаҳратон туслар.
Кўнгли йўқ, ишқи йўқ, рашки йўқ ҳислар,
Муҳаббат бўламан дейди-я, қара.
Ёки:
Кимсасиз тоғларнинг булоқлари соф,
Энг азиз чашмалар шўр экан, ота.
Ҳануз бормасам-да қалбимга хилоф,
Барибир ўғлингиз ғўр экан, ота.
Яна шу шеърида:
Қадам етмас тоғлар жилғаси ширин,
Аммо икки чашма дур экан, ота.
Ҳеч кимга айтмаган дилда яширин,
Оллоҳга муҳаббат нур экан, ота.
Шералининг шеърларида Ватанга муҳаббат, соғинч, ундан ғурурланиш ҳисларини тўясиз:
Бу – ҳақиқат, қилмайман инкор,
Томчи сўзим бўлмас балки кўл.
Ватан сенга муҳаббатим бор,
Танти деҳқон ҳосилидек мўл.
Кўнглим чайиб булоқларингда
Сен-ла бахти дурдона юрдим.
Онам иси қучоқларингда,
Сийратингда отамни кўрдим.
Шерали шеърларида фарзанд бўлиб Ватаннинг шаънини кўкларга кўтаргиси, улуғлагиси баробарида, ўз аждодлари билан ифтихор қилади:
Мен бемалол баҳслашаман дунё билан,
Боболарим қўллагайдир осмон бўлиб.
Шоирлари келар бўлса дарё билан
Навоийдан куйлагайман уммон бўлиб.
Шерали ҳам минглаб тенгдошлари қатори хорижга ишлаш учун бориб келганлардан бири. “ Мусофир бўлмагунча, мусулмон бўлмас” деганларидай Ватандан йироқда уни севиш, соғиниш:
Соғинчим –ўт, юрагим ёнган,
Боғим, бир кун қайтаман сенга.
Оппоқ тонгда сувдан қизғанган
Тушларимни айтаман сенга.
Ота-она, қадрдонларининг қадрини, бир нафас ҳам уларсиз бахт татимаслиги англаб етади:
Қоялар ҳам суянчиғим бўлолмади,
Қорачиғим намланганда қадрдон йўқ.
Англадимки, бандаларнинг зўр омади,
Она экан, онадайин меҳрибон йўқ.
— деса, яна бир шеърида “Сиз Момо Ҳавонинг энг гўзал қизи”, — дея онасига таъриф беради.
Қандай довруғ солайин она,
Оёқдаги мис тақам билан.
Шеъриятнинг ҳур қасри ана,
Киритмади кир ёқам билан, — деб оғринади.
Биз эса ўзига хос иқтидор эгаси бўлган ёш шоирга “Шеъриятнинг ҳур қасрига хуш келибсиз!” дея оламиз. Ишонаманки, Шерали Эшбўриев бу қасрдан ўзининг муносиб ўрнини эгаллаб, мухлисларини ҳеч кимникига ўхшамайдиган ажиб шеърлари билан хурсанд қилади.
Шерали Эшбўриев
ШЕЪРЛАР
Шерали Эшбўриев 1992 йилда Қамаши туман Гулистон қишлоғида туғилган. Қишлоғидаги 42-мактабни аъло баҳоларга тугатган. Бир неча йил тирикчилик илинжида Русияга бориб ишлади. Ҳаётни кўрди, одам таниди. Шеърлари “Қамаши гурунглари” тўпламида ва газеталарда чоп этилган.
ОТАМГА ХАТ
Кимсасиз тоғларнинг булоқлари соф,
Энг азиз чашмалар шўр экан, ота.
Ҳануз бормасамда қалбимга хилоф,
Барибир ўғлингиз ғўр экан, ота.
Ичимда бир қашқир қонга тўймайди,
Аслида кир бағир шонга тўймайди.
Охиргача бу ер жонга тўймайди,
Бу танам руҳимга тўр экан, ота.
Мукаммал ёздимми, бир амал ёздим,
Баҳорда қиш ёздим, қиш ҳамал ёздим.
Қалам кўкрагимга бир тамал ёздим,
Ҳар ёзувдан тақдир зўр экан, ота.
Жабримга боқсамми, сабримга боқсам,
Бир даъво сўрайди дардимга боқсам.
Кўксимни чавақлаб қалбимга боқсам,
Ҳамон икки кўзи кўр экан, ота.
Шерали ҳам кетар армон — рўёда,
Англаганим шудир оқар дарёда.
Сизки бир фаришта икки дунёда,
Онам малак экан, ҳур экан, ота.
Қадам етмас тоғлар жилғаси ширин,
Аммо икки чашма дур экан ота.
Ҳеч кимга айтмаган дилда яширин,
Оллоҳга муҳаббат нур экан, ота!
***
Қани ортга айланиб замон,
Қайтсам ўнлаб аср йироққа.
Шу тупроқда улғайган ўғлон,
Ўғил бўлсам ёвқур Широққа.
Белга боғлаб тиллодан камар,
Жасурликни улуғлаб юрсам.
Ахир онам менга жон-жигар,
Тўмариснинг ёнида турсам.
Ё, Искандар қаршисида тик,
Ғазабимни сочиб мардона.
Спитамен қилса гар шерик,
Бўлар эдим балки афсона.
Қани эди минглаб йил аввал,
Яшамоққа бўлсайди фурсат.
Ўзим каби ўша камбағал,
Муқаннага бўлсам ҳамсуҳбат.
Бу дунёга қанийди келсам,
Жалолиддин томчи қонидан.
Бўп елкадош, қадамма-қадам,
Темур Маликларнинг ёнидан.
У жангларда олдинда юриб,
Йўл ёритсам, машъала ёқсам.
Ҳеч бўлмаса Турон даштида,
Амир Темур отини боқсам.
Юрт соғинчи Мирзо Бобурни,
Андижонга чорлар сарсари.
Дилгинамни алам чўлғайди,
Улуғбекни ўйлаган сари.
Қани эди чин рўё бўлса,
Бундай бахтни хоҳламайди ким.
Менга шундай бир омад келса,
Ўтлуғ шеърлар ёзардим балким.
Бўлсам дея улардай ўктам,
Кўнглим барин орзуга йўйган.
“Ашъор битгин” дея қаламни,
Менга бобом Навоий берган.
***
Биласиз, у яхши кўрмайди,
Яхши кўрса қолар эдим-да.
Она, мени жин ҳам урмайди,
Соғинч енгса, борар эдим-да
Шаҳар билан келишмайман-у,
Қишлоққа ҳам боргим келмайди.
Ёнаверар, ёнар бир туйғу,
Ёққан одам буни билмайди.
Ёнма ёндир заҳари, қанди,
Севги синов инсон танида.
Менинг кўнглим куйиб кетганди,
Бойваччани танлаганида.
Бахтли бўлсин танловчи қизлар,
Нима дердим улар ҳақида.
Ўлмайсан дер, душман-у дўстлар,
“Ҳаёт шундай, оғайни, чида”…
Биламан у яхши кўрмайди,
Яхши кўрса қолар эдим-да.
Она, мени жин ҳам урмайди,
Соғинч енгса, борар эдим-да…
***
Баъзан қочиб кетгим келади,
Эртаклардан ҳақиқат сари.
Баъзан эса ишонгим келар,
Ҳақиқат деб эртаклар бари.
Ярим ойдек кўнгилни қучиб,
Қалқон бўлмай қолса диёнат.
Қанча-қанча қасамлар ичиб,
Боз жилмайиб турса хиёнат.
Ҳайрон бўлма, дўстларинг тонса,
Гоҳи ётдир жигар-зорлари.
Захга ботиб қаровсиз қолса,
Оқибатнинг пойдеворлари.
Эй, бирадор қилсанг-да ҳаққин,
Қўл узатмас оқса ёшларинг.
Муҳаббатдан миннатга яқин,
Ўша суйган қариндошларинг.
Қизғалдоққа қарға ин қурса,
Кузга етмай сарғайса гуллар.
Бир-бирини танимай юрса,
Ака-ука, опа – сингиллар.
Қадрларни қоғозга менгзаб,
Юракларни босиб кетса тош.
Тополмасак ширин сўз излаб,
Киприкларга қўниб турса ёш.
Менинг қочиб кетгим келади,
Эртаклардан ҳақиқат сари.
Нимагадир ишонгим келар,
Ҳақиқат деб эртакнинг бари…
***
Интизор кутишар бечора қушлар,
Тезроқ айлансайди ўша чархпалак.
Тоғлар елкасида ухлаган тушлар
Олис уйқуда ҳам баҳорга ҳалак.
Интиқ нигоҳларда қувонч яширин,
Охирин топмоқда қировли фурсат.
Секин турткилайди шохлар бир-бирин,
Қара, яқинлашар фасли муҳаббат.
Ахир бетакрор-да юртим баҳори,
Тангрим қаламида чизилган кенглик.
Бу замин шу етти иқлим тумори,
Она ер бағрида йўқ унга тенглик.
Интизор кутаман кўкламга ташна,
Сени соғинади ҳатто капалак.
Борлиқ ўз-ўзидан кетгайдир яшнаб,
Тезроқ айлансайди ўша чархпалак…
***
Танам – қафас, унда бир қуш бор,
Чўқийверар кўксимни тинмай.
Нола этар ҳар лаҳза бедор,
Соғинмасдан яшашга кўнмай.
Хонишлари найдан ҳам эзгин,
Нигоҳлари бургут мисоли.
Фарёдлари унсиз бетизгин,
Бошим ечиб қўяр саволи.
Кетгин десам, кетмайди беор,
Мен ҳам қўйиб юборгим келмас.
Ўзим бемор, нафасим бемор,
На шаббода, на шамол елмас.
Томирларим арғумчоқ унга
Вужудимда этмоқда парвоз.
Етмоқ учун бир бахтли кунга,
Иккимиз ҳам девона холос…
Кўнглим қафас унда бир қуш бор,
Чўқийверар кўксимни тинмай.
Булбулзабон қузғуний ниш бор,
Яшаяпмиз фироққа кўнмай.
***
Муҳаббат – муҳаббат сенинг шаҳрингга,
Ўша буюкларга эргашиб келдим.
Эҳ, мен ҳам учрадим сирли макрингга,
Эрка кийикларнинг ортидан келдим.
Орқага қайтиш йўқ, бу довон қия,
Майлига энди мен не бўлсам, бўлдим.
Бу йўлнинг охирин топайин дея,
Чалкаш сўқмоқларда адашиб юрдим.
Бу ишда тафаккур дегани ожиз,
Кўнгил деганига бўлмас уқтириб.
Ўша тушларимни ўғирлааган қиз,
Менга шу балони кетди юқтириб.
Ниҳоя топмайди бошлаган ишим,
Танам тупроқларда қолишин билдим.
Ҳеч кимга айтмадим сени севишим,
Ўзим билан ўзим сўзлашиб келдим.
Бир оғриқ ётарди мисли бедаво,
Кўкракда қимирлаб ётган еримда,
Ўзимча мисралар битардим, аммо,
Недир етишмасди саркаш шеъримга,
Қочиб кетар эди шамол қўйнида,
Сўзлар орқасидан ел каби елдим.
Бехаёл ётгандим майса қўйнида,
Қаро сочларингга ўрлашиб келдим.
Муҳаббат — муҳаббат сенинг шаҳрингда,
Ўша буюклардан афсона бўлган.
Эрка кийикларинг жанона бўлган.
Мени дучор қилдинг қайси макрингга
Мендаги ишқ энди ундаги ҳавас,
Бевафо экан-ку бу кийик кўзим.
Ўша буюклардай афсона эмас,
Энди бегонаман ўзимга ўзим.
Вулқондай отилдим, тўлқиндай тиндим,
Бугун юрагимга алмашган сўзим.
Наҳот бу шаҳарга адашиб келдим…
Sheralining yozganlarida uning qiyofasi aks etadi. Uning she’rlaridagi lirik “men” ham zaif, sust tabiatli, dardsiz emas. U – aniq, telbalarcha, devonalarcha, darveshona oshiq. Uning qalbida ishq tashrifi jilolanadi. Bu ishq goh Vatan, goh ona, goh ota, goh yor timsolida namoyon bo‘ladi…
O‘rolboy QOBIL
ISHQ TASHRIFI
Kunlarning birida ijodkor muallima Risolat Jumanazarova qo‘limga she’r to‘la daftarini tutqazarkan dedi:
-Maktabdan uyga ketayotuvdim, kimdir ortimdan “Ustoz” deb chaqirdi. O‘grilib qarasam, sobiq o‘quvchimdan Sherali Eshbo‘riyev ekan. Rosti, uni ko‘rmaganimga ancha yil bo‘lgandi. Chunki Sherali eng iqtidorli, qolaversa yaxshigina she’rlar yozadigan o‘quvchilarimdan biri edi-da… Xayolimdan: “Nima bo‘ldi ekan, hozir ham yozayaptimikin?” Huv, bir paytlar uning ilk she’rlarini o‘qib shunday fikrga kelgan edim.
O‘quvchim menga she’rlar daftarini tutar ekan: -Ustoz, iltimos bir ko‘rib chiqing. Men yana she’r yozaversam bo‘larmikin? – dedi.
Har doim ham shoir ijodini shaxsidan ayro o‘rganib bo‘lmaydi. Sheralining yozganlarida uning qiyofasi aks etadi. Uning she’rlaridagi lirik “men” ham zaif, sust tabiatli, dardsiz emas. U – aniq, telbalarcha, devonalarcha, darveshona oshiq. Uning qalbida ishq tashrifi jilolanadi. Bu ishq goh Vatan, goh ona, goh ota, goh yor timsolida namoyon bo‘ladi:
Unutding, unutmay keldim bir nafas,
Boshqa ne yozardim ikkimizga xos.
Men sening bir tomchi ko‘z yoshing emas,
Sen mening bir dunyo dardingman xolos.
Bilaman bu dardga davo begona,
Quyoshni osmondan haydab bo‘lmaydi.
Yuragim alamli o‘tli mayxona,
Muhabbat o‘lmaydi, visol kulmaydi.
Yoki bu misralarga e’tibor qiling-a:
Bir qil quchog‘iga berkinib gohi,
Dilimni bo‘laman yetmish tilimga.
Gohida ko‘tarmay yerning peshtoqi,
Negadir sig‘mayman yetti iqlimga.
She’r – hayrat. She’r – mo‘jiza. She’r – sog‘inch.
Sheralining she’rlarini o‘qir ekanmiz, she’riyat haqidagi ushbu ta’riflarga yana bir qancha nisbatlar topamiz. Uning she’rlaridagi so‘zlarning faqat shaklu shamoyili emas, nazarimda, nafasi, joni borga o‘xshaydi.
Bu narsani dil-dilingdan his qilasiz, bu so‘zlarda yuragingiz so‘zlashadi, dardlashadi:
Sevgidan gapirsang sotishdan so‘zlar,
Sog‘inchni bilmagan qahraton tuslar.
Ko‘ngli yo‘q, ishqi yo‘q, rashki yo‘q hislar,
Muhabbat bo‘laman deydi-ya, qara.
Yoki:
Kimsasiz tog‘larning buloqlari sof,
Eng aziz chashmalar sho‘r ekan, ota.
Hanuz bormasam-da qalbimga xilof,
Baribir o‘g‘lingiz g‘o‘r ekan, ota.
Yana shu she’rida:
Qadam yetmas tog‘lar jilg‘asi shirin,
Ammo ikki chashma dur ekan, ota.
Hech kimga aytmagan dilda yashirin,
Ollohga muhabbat nur ekan, ota.
Sheralining she’rlarida Vatanga muhabbat, sog‘inch, undan g‘ururlanish hislarini to‘yasiz:
Bu – haqiqat, qilmayman inkor,
Tomchi so‘zim bo‘lmas balki ko‘l.
Vatan senga muhabbatim bor,
Tanti dehqon hosilidek mo‘l.
Ko‘nglim chayib buloqlaringda
Sen-la baxti durdona yurdim.
Onam isi quchoqlaringda,
Siyratingda otamni ko‘rdim.
Sherali she’rlarida farzand bo‘lib Vatanning sha’nini ko‘klarga ko‘targisi, ulug‘lagisi barobarida, o‘z ajdodlari bilan iftixor qiladi:
Men bemalol bahslashaman dunyo bilan,
Bobolarim qo‘llagaydir osmon bo‘lib.
Shoirlari kelar bo‘lsa daryo bilan
Navoiydan kuylagayman ummon bo‘lib.
Sherali ham minglab tengdoshlari qatori xorijga ishlash uchun borib kelganlardan biri. “ Musofir bo‘lmaguncha, musulmon bo‘lmas” deganlariday Vatandan yiroqda uni sevish, sog‘inish:
Sog‘inchim –o‘t, yuragim yongan,
Bog‘im, bir kun qaytaman senga.
Oppoq tongda suvdan qizg‘angan
Tushlarimni aytaman senga.
Ota-ona, qadrdonlarining qadrini, bir nafas ham ularsiz baxt tatimasligi anglab yetadi:
Qoyalar ham suyanchig‘im bo‘lolmadi,
Qorachig‘im namlanganda qadrdon yo‘q.
Angladimki, bandalarning zo‘r omadi,
Ona ekan, onadayin mehribon yo‘q.
— desa, yana bir she’rida “Siz Momo Havoning eng go‘zal qizi”, — deya onasiga ta’rif beradi.
Qanday dovrug‘ solayin ona,
Oyoqdagi mis taqam bilan.
She’riyatning hur qasri ana,
Kiritmadi kir yoqam bilan, — deb og‘rinadi.
Biz esa o‘ziga xos iqtidor egasi bo‘lgan yosh shoirga “She’riyatning hur qasriga xush kelibsiz!” deya olamiz. Ishonamanki, Sherali Eshbo‘riyev bu qasrdan o‘zining munosib o‘rnini egallab, muxlislarini hech kimnikiga o‘xshamaydigan ajib she’rlari bilan xursand qiladi.
Sherali Eshbo‘riyev
SHE’RLAR
Sherali Eshbo‘riyev 1992-yilda Qamashi tuman Guliston qishlog‘ida tug‘ilgan. Qishlog‘idagi 42-maktabni a’lo baholarga tugatgan. Bir necha yil tirikchilik ilinjida Rusiyaga borib ishladi. Hayotni ko‘rdi, odam tanidi. She’rlari “Qamashi gurunglari” to‘plamida va gazetalarda chop etilgan.
OTAMGA XAT
Kimsasiz tog‘larning buloqlari sof,
Eng aziz chashmalar sho‘r ekan, ota.
Hanuz bormasamda qalbimga xilof,
Baribir o‘g‘lingiz g‘o‘r ekan, ota.
Ichimda bir qashqir qonga to‘ymaydi,
Aslida kir bag‘ir shonga to‘ymaydi.
Oxirgacha bu yer jonga to‘ymaydi,
Bu tanam ruhimga to‘r ekan, ota.
Mukammal yozdimmi, bir amal yozdim,
Bahorda qish yozdim, qish hamal yozdim.
Qalam ko‘kragimga bir tamal yozdim,
Har yozuvdan taqdir zo‘r ekan, ota.
Jabrimga boqsammi, sabrimga boqsam,
Bir da’vo so‘raydi dardimga boqsam.
Ko‘ksimni chavaqlab qalbimga boqsam,
Hamon ikki ko‘zi ko‘r ekan, ota.
Sherali ham ketar armon — ro‘yoda,
Anglaganim shudir oqar daryoda.
Sizki bir farishta ikki dunyoda,
Onam malak ekan, hur ekan, ota.
Qadam yetmas tog‘lar jilg‘asi shirin,
Ammo ikki chashma dur ekan ota.
Hech kimga aytmagan dilda yashirin,
Ollohga muhabbat nur ekan, ota!
***
Qani ortga aylanib zamon,
Qaytsam o‘nlab asr yiroqqa.
Shu tuproqda ulg‘aygan o‘g‘lon,
O‘g‘il bo‘lsam yovqur Shiroqqa.
Belga bog‘lab tillodan kamar,
Jasurlikni ulug‘lab yursam.
Axir onam menga jon-jigar,
To‘marisning yonida tursam.
Yo, Iskandar qarshisida tik,
G‘azabimni sochib mardona.
Spitamen qilsa gar sherik,
Bo‘lar edim balki afsona.
Qani edi minglab yil avval,
Yashamoqqa bo‘lsaydi fursat.
O‘zim kabi o‘sha kambag‘al,
Muqannaga bo‘lsam hamsuhbat.
Bu dunyoga qaniydi kelsam,
Jaloliddin tomchi qonidan.
Bo‘p yelkadosh, qadamma-qadam,
Temur Maliklarning yonidan.
U janglarda oldinda yurib,
Yo‘l yoritsam, mash’ala yoqsam.
Hech bo‘lmasa Turon dashtida,
Amir Temur otini boqsam.
Yurt sog‘inchi Mirzo Boburni,
Andijonga chorlar sarsari.
Dilginamni alam cho‘lg‘aydi,
Ulug‘bekni o‘ylagan sari.
Qani edi chin ro‘yo bo‘lsa,
Bunday baxtni xohlamaydi kim.
Menga shunday bir omad kelsa,
O‘tlug‘ she’rlar yozardim balkim.
Bo‘lsam deya ularday o‘ktam,
Ko‘nglim barin orzuga yo‘ygan.
“Ash’or bitgin” deya qalamni,
Menga bobom Navoiy bergan.
***
Bilasiz, u yaxshi ko‘rmaydi,
Yaxshi ko‘rsa qolar edim-da.
Ona, meni jin ham urmaydi,
Sog‘inch yengsa, borar edim-da
Shahar bilan kelishmayman-u,
Qishloqqa ham borgim kelmaydi.
Yonaverar, yonar bir tuyg‘u,
Yoqqan odam buni bilmaydi.
Yonma yondir zahari, qandi,
Sevgi sinov inson tanida.
Mening ko‘nglim kuyib ketgandi,
Boyvachchani tanlaganida.
Baxtli bo‘lsin tanlovchi qizlar,
Nima derdim ular haqida.
O‘lmaysan der, dushman-u do‘stlar,
“Hayot shunday, og‘ayni, chida”…
Bilaman u yaxshi ko‘rmaydi,
Yaxshi ko‘rsa qolar edim-da.
Ona, meni jin ham urmaydi,
Sog‘inch yengsa, borar edim-da…
***
Ba’zan qochib ketgim keladi,
Ertaklardan haqiqat sari.
Ba’zan esa ishongim kelar,
Haqiqat deb ertaklar bari.
Yarim oydek ko‘ngilni quchib,
Qalqon bo‘lmay qolsa diyonat.
Qancha-qancha qasamlar ichib,
Boz jilmayib tursa xiyonat.
Hayron bo‘lma, do‘stlaring tonsa,
Gohi yotdir jigar-zorlari.
Zaxga botib qarovsiz qolsa,
Oqibatning poydevorlari.
Ey, birador qilsang-da haqqin,
Qo‘l uzatmas oqsa yoshlaring.
Muhabbatdan minnatga yaqin,
O‘sha suygan qarindoshlaring.
Qizg‘aldoqqa qarg‘a in qursa,
Kuzga yetmay sarg‘aysa gullar.
Bir-birini tanimay yursa,
Aka-uka, opa – singillar.
Qadrlarni qog‘ozga mengzab,
Yuraklarni bosib ketsa tosh.
Topolmasak shirin so‘z izlab,
Kipriklarga qo‘nib tursa yosh.
Mening qochib ketgim keladi,
Ertaklardan haqiqat sari.
Nimagadir ishongim kelar,
Haqiqat deb ertakning bari…
***
Intizor kutishar bechora qushlar,
Tezroq aylansaydi o‘sha charxpalak.
Tog‘lar yelkasida uxlagan tushlar
Olis uyquda ham bahorga halak.
Intiq nigohlarda quvonch yashirin,
Oxirin topmoqda qirovli fursat.
Sekin turtkilaydi shoxlar bir-birin,
Qara, yaqinlashar fasli muhabbat.
Axir betakror-da yurtim bahori,
Tangrim qalamida chizilgan kenglik.
Bu zamin shu yetti iqlim tumori,
Ona yer bag‘rida yo‘q unga tenglik.
Intizor kutaman ko‘klamga tashna,
Seni sog‘inadi hatto kapalak.
Borliq o‘z-o‘zidan ketgaydir yashnab,
Tezroq aylansaydi o‘sha charxpalak…
***
Tanam – qafas, unda bir qush bor,
Cho‘qiyverar ko‘ksimni tinmay.
Nola etar har lahza bedor,
Sog‘inmasdan yashashga ko‘nmay.
Xonishlari naydan ham ezgin,
Nigohlari burgut misoli.
Faryodlari unsiz betizgin,
Boshim yechib qo‘yar savoli.
Ketgin desam, ketmaydi beor,
Men ham qo‘yib yuborgim kelmas.
O‘zim bemor, nafasim bemor,
Na shabboda, na shamol yelmas.
Tomirlarim arg‘umchoq unga
Vujudimda etmoqda parvoz.
Yetmoq uchun bir baxtli kunga,
Ikkimiz ham devona xolos…
Ko‘nglim qafas unda bir qush bor,
Cho‘qiyverar ko‘ksimni tinmay.
Bulbulzabon quzg‘uniy nish bor,
Yashayapmiz firoqqa ko‘nmay.
***
Muhabbat – muhabbat sening shahringga,
O‘sha buyuklarga ergashib keldim.
Eh, men ham uchradim sirli makringga,
Erka kiyiklarning ortidan keldim.
Orqaga qaytish yo‘q, bu dovon qiya,
Mayliga endi men ne bo‘lsam, bo‘ldim.
Bu yo‘lning oxirin topayin deya,
Chalkash so‘qmoqlarda adashib yurdim.
Bu ishda tafakkur degani ojiz,
Ko‘ngil deganiga bo‘lmas uqtirib.
O‘sha tushlarimni o‘g‘irlaagan qiz,
Menga shu baloni ketdi yuqtirib.
Nihoya topmaydi boshlagan ishim,
Tanam tuproqlarda qolishin bildim.
Hech kimga aytmadim seni sevishim,
O‘zim bilan o‘zim so‘zlashib keldim.
Bir og‘riq yotardi misli bedavo,
Ko‘krakda qimirlab yotgan yerimda,
O‘zimcha misralar bitardim, ammo,
Nedir yetishmasdi sarkash she’rimga,
Qochib ketar edi shamol qo‘ynida,
So‘zlar orqasidan yel kabi yeldim.
Bexayol yotgandim maysa qo‘ynida,
Qaro sochlaringga o‘rlashib keldim.
Muhabbat — muhabbat sening shahringda,
O‘sha buyuklardan afsona bo‘lgan.
Erka kiyiklaring janona bo‘lgan.
Meni duchor qilding qaysi makringga
Mendagi ishq endi undagi havas,
Bevafo ekan-ku bu kiyik ko‘zim.
O‘sha buyuklarday afsona emas,
Endi begonaman o‘zimga o‘zim.
Vulqonday otildim, to‘lqinday tindim,
Bugun yuragimga almashgan so‘zim.
Nahot bu shaharga adashib keldim…