Бошпуртсиз Жонузоқ араб ҳар сафар Ўртақўрғонга карвон тортганида Норбўта Шароф бўталар бўйнидаги қўнғироқ садолари эшитилмай, лўкиллаган нортуялару йўловчилар чанг йўлга сингиб,- лой изларга ботиб кетмагунча ортидан қараб қоларди…
Ўролбой ҚОБИЛ
БИР ҲИКОЯ ТАЛҚИНИ
Оддий бадият мухлиси сифатида бугунги адабиётимизда бўлаётган ўзгаришларни кўзатиб борар эканман, адабиётнинг энг оммабоп жанри ҳисобланган ҳикоячиликда эришилаётган муваффақиятлардан қувонаман. Тўғри, бугун газета-журналларда ҳар куни ўнлаб ҳикоялар (агар улар ҳикоя дейишга арзиса) эълон қилинмоқда. Аммо, уларнинг орасида ўқувчи онги ва қалбини ларзага соладиган, уни қайта-қайта яна ўқишга чорлайдиганлари афсуски бармоқ билан санарли даражада оз эканлиги ҳам айни ҳақиқатдир. Қашқадарёнинг олис Помуқ қишлоғида яшовчи адиб Абдунаби Абдиевнинг таъбири билан айтганда, “Юриб ҳикоя, ўтириб қисса, ёнбошлаб роман” яратадиганлар кўпайиб кетди. Мўъжазгина китоб жавонимнинг бир четида “Ёшлик” журналининг 2013 йил 6- сонини асраб келаман. Чунки унда бугунги замонавий ўзбек адабиёти ҳикоячилигида ўзига хос воқеа бўлишга арзийдиган, адиб Нурилла Чорининг “Бўрон тинган кеча” ҳикояси чоп этилган. Ҳикояга машҳур адиб Мурод Муҳаммад Дўстнинг “Лолазор” романидан қўйидаги жумлалар иқтибос қилиб келтирилгани дарров эътиборни тортади.
“…Жонузоқ араб сал гуппироқ одам эди. Унинг назарида, бу ёруғ дунёда атиги иккита ҳурматга лойиқ одам бор эди: бири- галатепалик раис Раим Ғайбаров, иккинчиси – қамашилик раис Норбўта Шароф”.
Ҳикоя қўйидаги жумлалар билан бошланади.
“Ҳу-ув, у давронлар бошқача эди. Ҳар мардумнинг дили тили билан бир эди.”
Ҳикояда айнан бош қаҳрамонлардан бири эл-улус орасида катта обрўй эътибор қозонгани боис, кураш ва кўпкариларда баковуллик қиладиган Норбўта Шароф образи ёрқин буёқларда тасвирланган.
Хўш, аслида Норбўта Шароф ким бўлган?
Қамашининг Чим қишлоғидан бўлган Норбўта Шарофнинг ёшлиги оғир йилларда ўтди. Қаҳатчилик, йўқчилик, ночорлик туфайли уларнинг оиласи ҳам эл қатори кун кўрарди. Орадан йиллар ўтиб, у ҳам тенгдошлари қатори қишлоғида очилган кечки мактабда хат-савод чиқарди. Кўнглига элнинг корига ярашдек мақсадни қўйган Норбўта бобо ўтган умрининг олти йилини туман ижроия қўмитаси раислиги, қолган йигирма йилини эса жамоа хўжалигини бошқариш ишига сарф этди. Ўтган йиллар давомида эл-улус ташвиши билан яшади.
Норбўта раис эл кезар экан, доим ёнида Ибрайим аминнинг боласи Шаймардон полвонни ўзи билан олиб юрар ва курашларда ғолиб бўларди. Қаҳратон қиш кунларнинг бирида Қизғалдоқ қишлоғида мерохур нисбасини отасидан мерос олган Тошкан кал узоқ йиллардан буён ният қилиб юрган ишини бошлади. ( Мирохур – подшоларнинг отбоқарлари бошлиғи, ҳикояда оқсоқол ўрнида қўлланган.) Тошкан кал ўғил кўрмади, шу боисдан тўққизинчи қизини “улим” атаб тўй бошлади. Аслида Ташкан кал бой одам эмасди, Лекин “Кўнглининг бениҳоя кенглиги, жўрабозу ошнабозлиги” зиёда эди. Тўйга қаҳратон қиш бўлса ҳам юртнинг ҳар тарафидан меҳмонлар ёғилди. Мезбонлар эса келаётган меҳмонларни “қўниқ”хонага (уйига) олиб кетишар, меҳмони келмай кечикаётганлари эса тўйбошилар билан жанжаллашишдан ҳам тоймасди.
Мана бу сатрларга эътибор беринг:
-Ҳўв, Тиркаш бува, бизга қўноқ йўқми?-деб ичкарилади муртига қор инган қорувли йигит, унинг гапи тугар-тугамас.
-Меҳмоннинг ҳали қадами узилгани йўқ,- деди Эшон беписанд назар ташлаб.
Тўйхонадаги бундай тортишувдан кўнгли тоғдек кўтарилган Ташкан одамлар орасидан сийлиқиб ташқарилади. Кўзидан ёш қалқиб, тошди… Елкаси нортуянинг ўркачидай силкинди, қайта-қайта учиб-учиб тушди.
У замонларда тўйлар курашсиз, кўпкарисиз ўтмасди.
Ташкан кал ҳам кураш берадиган бўлди. Курашга Норбўта Шароф баковул бўлди.
Аммо, Қизғалдоқ аҳли ўша куни танг аҳволда қолди. Чунки Норбўта Шарофнинг полвони Шаймардонга қарши кўкрак кериб чиқадиган мард йўқ эди. Шунда қишлоқнинг орияти учун Бухар мулла бир тадбир топди. У ёнига Қулмат деган ўспиринни чақириб деди:
“-Болам, Қулматбой, Қулмухаммадбой, ҳозир Изиллоққа – Бўри тўпдан Ўроқнинг уйига борасан. Сиздан Ташкан мирохур хафа, де. Бормасангиз мирохурнинг кўп йиллик тугуни яна чийралиб қолар экан, дегин. Бухор мулла айтди, дегин. Чоп, тўйхонаю қўноқ тушган уйлардаги истаган отингни мин. Фақат Норбўта Шарофнинг тўриғига тегмасанг бўлгани. ( Қаранг, Норбўта Шарофнинг ўзигина эмас, тўриқ оти ҳам қанчалар эъзозланган..) Чоп, болам. Чоп.”
Кўп вақт ўтмай Ўроқ мулланинг ёнига келди. Мулла Бухор унга деди:
“-Сиздан бошқа биров Шаймардоннинг ёқасидан ушлаёлмайдиган кўринади, иним.
-Эй, бу нима даганингиз бўлди? Мен олишга ишқибозман. Ўзим тенги билан ҳам олишаман, тўғри. Катта полвонлар билан қачон олишувдим.
-Полвонжон, бунда Қизғалдоқнинг ори турибди.
-Қизғалдоқнинг ори бўлса, менга нима, Қизғалдоқ сизники.
-Сиз бола эдингиз, билмайсиз. Отангиз, бу мозористонга Элсаройдан бир аёлни суягим, деб олиб келиб қўйганди.
Мулла Бухор Ўроқни Шаймардон полвон билан кураш тушишга кундирди ва ишонч билан деди:
-Қўрқманг, полвон, сизни Шаймардон йиқита олмайди. Айтганимдай бўлмаса, Бухор тилидан кофур дейсиз.
Ҳикоянинг энг қизиқ жойига энди келдик.
Полвонлар майдонда айланди ва нагоҳ Шаймардон полвоннинг кўзлари рақиби Ўроқ полвоннинг кўзларига туқнашди ва “ўн яшар болага айланди.”
Ўшанда бўронли кун эди. Унинг пешонасидан бир одам ўпди, манглайини манглайига тиради.
Кейин марҳумани отга юклаб олиб кетди. Болакай биянинг ортидан йиғлаб чопди. Аммо етолмади.
Орадан йиллар ўтди. Шаймардон отасининг жонсиз жасадини олиб кетган Худойқул тоғасини икки марта излади. Тополмади.
Буни қаранг, бугун у қаршисида турибди. Шаймардон полвон қўлларини осмонга кўтариб “курашмайман” деб даврани тарк этди.
Ўша кеча қўноқхоналарда гурунгларнинг мавзуси Ўроқ махсум ва Шаймардон полвоннинг тоға-жиянлиги ва чалкаш тақдири бўлди. Биринчи бора мағлуб бўлиб меҳмондан қайтаётган Норбўта Шароф ва Шаймардон полвон унсиз бир-бирига тикилди. Бирининг қарашларидан “олишганда отангни аяма”, иккинчисининг нигоҳида эса, “Бир кун бу танни тупроққа топширар бўлсам, манзил-маконимга қўяр одамнинг қандай ёқасидан олай, оқсоқол?” савол ва жавобларни ўқиш мумкин эди..
Ҳикоя якунида Норбўта Шарофнинг кўнглидаги гапларни қўйидаги жумлалар билан тугайди.
“Олам яшарса, Норбўта Шароф ёшарса, Шаймардон эмас, мен олишаман, деб даврага отилиб кирса… Эҳ, қани энди шундай бўлса. Шундайлар бўлса…
Биз эса адабиёт ихлосмандларига адиб Нурилла Чорининг “Ташвиши йўқ одамлар”, “Қизғалдоқ”, “Лўлитопмаслик чол” каби ўқимишли ҳикоялари ҳам борлигини эслатиб ўтар эканмиз, ижодкор укамиздан адабиётимизда воқеа бўладиган асарлар кутиб қоламиз.
Нурилла Чори
БЎРОН ТИНГАН КЕЧА
Нурилла Чори 1983 йилда Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани Изиллоқ қишлоғидатуғилган. 2003-2007 йилларда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг ўзбек филологияси факултетида таҳсил олган. Адабий гурунглари ва ҳикоялари газета-журналларда,, шунингдек ёш ижодкорларнинг “Олтин кўприк”.тўпламида чоп қилинган. Ҳозир “Ёшлик” журналида Бош муҳаррир ўринбосари лавозимида фаолият олиб бормоқда.
Фармон тоғамга
«…Жонузоқ араб сал гуппироқ одам эди. Унинг назарида, бу ёруғ дунёда атиги иккита ҳурматгалойиқ одам бор эди: бири – галатепалик раис Раим Ғайбаров, иккинчиси – қамашилик раис Норбўта Шароф».
Мурод Муҳаммад Дўстнинг «Лолазор» романидан
Ҳу-ув, у давронлар бошқача эди. Ҳар мардумнинг дили тили билан бир эди.
Бошпуртсиз Жонузоқ араб ҳар сафар Ўртақўрғонга карвон тортганида Норбўта Шароф бўталар бўйнидаги қўнғироқ садолари эшитилмай, лўкиллаган нортуялару йўловчилар чанг йўлга сингиб,- лой изларга ботиб кетмагунча ортидан қараб қоларди. Ихтиёр ўзида бўлса Кўҳиқофда дев бўлишга орзуманд араб бир кетганида ҳилолни тўлдириб ё бўлмаса, баркашдек ойни нимталаб Элсаройнинг сойида бўй берарди. Ана шундай кеча-кундузларда карвону сарбонга илҳақ Норбўта Шароф ич-этини ер эди. Карвон йўлига кўзини тикмаслик учун ўзини овутиш баҳонасида эл оралаб тўю томоша кўрар, юрт кезиб ҳол сўрарди. Шу одати кейин-кейин унинг аъмолига айланиб кетди. Бу кунда у ёлғиз эмас, эгиз юрарди. Алплиги Алпомишга тортган, келбати Қоражонга қора берган Шоҳимардон пирнинг боласи, Чим саройининг Шаймардон полвони ёнида бўларди. Билганлар полвонни Ибрайим (Иброҳим) аминнинг боласи, билмаганлар Норбўтанинг полвони дерди. Аммо иккиси-да рост эди. Пешин… пешиннинг пешинлигини билиш-да қийин пайт… Этагини йиғмаган куздан қаҳрланган қиш қиличини қибладан туриб яланғочлаган. Қор кишининг қовоғини-да очирмайди, очгандаям ўн-ўн беш одим нари кўринмайди. Қулоққа от пишқириғи ва гунгур-гунгур овоз эшитилади. Овознинг қор парчаларидай олис-олисдан келаётганини пайқаш унчалик мушкул эмас. Гоҳ аниқ эшитилган сасдан гоҳо садоям бўлмайди. Яна бирпасда от дупурлари бўронда туртиниб ўчоққа ўт қалаётган, ош дамлаб эт қайнатаётган аҳли Қизғалдоқнинг диққатини тортади. Шу бўронда отасидан мирохур нисбасини мерос олган Ташкан кал элга дастурхон ёзиб мирохурлигига муносиб бўлмоқчи, юрт кезиб тотган нон-насибасини оқламоқчи, кўп қор кўриб, сочини оқартирган аламни кўкайидан суғуриб отмоқчи, эл олдида тўққизинчи қизини «улим» деб елкасига қоқмоқчи! Ташкан босар-тусарини билмаган Бойсаридай бой ҳам, Бойбўридай шой ҳам эмас, ёнида маслаҳат бергувчи Я(Ё)ртибойи ҳам йўқ. Унинг бисотидаги бойлиги минг қўйлиникидан-да зиёда. Кўнглининг бениҳоя кенг-лиги, жўрабозу ошнабозлигини айтмаганда, Қалдирғочдек қизларидан бошқа ҳеч вақоси йўқ. Мирохурнинг элга ва Эгамга бир ёққан томони бордирки, шу кунда Галатепаю Терсотадан, Хўжасоату Сангижумондан, Қувкаллаю Бақаҳовуздан, Накурту Арпали даштидан от ўйнатиб, пою пиёда мисли бўрондай меҳмон ёғиляпти. Кўз кўрар, товуш етар оралиқ масофа ташлаб ёш-яланг тизилган. Улар келгувчиларнинг от-уловини ушлаб, тўй баҳона тикилган ўтовга чорлайди. Ўтовда Бухор мулла, Тиркаш кўса, Эшон Ташкан мирохурнинг қаватида меҳмонлар билан хушлашади, хешлашади. Шу пайт кимдир ташқарида меҳмонлар талаш бўлаётганини айтди. Тиркаш кўса чўрт кесиб, бу меҳмонлар Қулмирзага (Қулмирзанинг ўзи бўлмаганда унинг исмига шайтон лақабини ҳам тиркарди) тобин эканини айтди.
– Ҳўв, Тиркаш бува, бизга қўноқ йўқми? – деб ичкарилади муртига қор инган қорувли йигит, унинг гапи тугар-тугамас.
– Меҳмоннинг ҳали қадами узилгани йўқ, – деди Эшон беписанд назар ташлаб.
– Сабр қилинг, эндигиси сизники, – деди тасбеҳ ўрнига бармоқлари бўғимини санаётган мулла.
– Учинчи марта шундай деганларингиз! Биз тўй берганимизда мирохур иззатли чавандозларни кузатган.
– Сиз ҳам иззатлисини кузатасиз, полвон, – деди кўса сийрак соқолини гўштдор панжалари билан тутамлаб.
– Мирохурнинг қайси меҳмони иззатсиз экан?! Менга меҳмон беринг, бошқасини билмайман. Меҳмонсиз ўтовдан чиқмайман, – дея ўтириб олган йигит ўзимизнинг Бозирган чавандоз бўлади.
Бу тортишувлардан кўнгли кўтарилган Ташкан ташқарилади, одамлар орасидан сийлиқди . Кўзидан ёш қалқиб, тошди…
Елкаси нортуянинг ўркачидай силкинди, қайта-қайта учиб-учиб тушди…
Қор билан юзини ювиб қайтди. Ўтовни қуршаб турганларнинг суҳбати қулоғига илинди.
– Кўпкари бермаса, мирохурнинг мирохурлиги қаерда қолади?!
– Кўпкари бўлмасаям кураш беряпти-ку!
– Энди, айтаман-да, отбознинг қилган ишини?
– Мирохур улли бўлсам, кўпкари бераман, кўпкарига Норбўта Шароф баковул бўлади, деб ният қилган экан.
Бугун Норбўта Шароф қариган. Кўпкарига оралаши қийин.
– Ораламаса баковуллик қилиб бўлмасмикан?
– У баковул бўлган кўпкарида чавандозлар билан биртан чопган, дейишади.
– Mирохурга ҳалол билан ҳаромни ажратиб берадиган бошқа одам йўқ эканми?
– Бор. Раим оқсоқол!
– У ҳам қирчанғи чол-да, энди. Кейин, Норбўтанинг устидан от ҳайдамайди у.
– Нима бўлгандаям, отларнинг ўпкаси пишмайдиган бўлди-да. Кўпкари йўқ!
– Кўпкари бўлганда нима?! Полвоннинг тақимидан улоқни узиб оладигани борми?
– Балки Норбўта Шароф олишда Шаймардонга товоқни олиб бераман, деб баковулликка рози бўлгандир-а?!
– Шаймардон Норбўтасиз давраларнинг товоғини ҳам бировга бермаган. Кейин, ғирромлиги бўлса, мирохур уни ошна тутмасди. Ташкан томоқ қириб тортишувни бўлди: – Мен Норбўта бува баковул бўлади, деганман. Шаймардонга зот бераман, деб олиш қилаётганим йўқ. Жонинг бўлса, элнинг ориман, Қизғалдоқ меники, деб кўкрагингга урсанг, полвон билан олиш, ол! Ўзим чиқсам уят бўлар… Меҳмонлар мирохур ноқис экан, полвонга зот бергиси келмай, бутига тармашди, демайдими?! Ҳали йўлдаги кишига шунча гап! Тағин қулоғи қизиб, Норбўта Шароф биздан гиналамасин, бўзанинг полвонлари!
– Ака, ғафлатда қолибсиз, оқсоқол бошли элсаройликлар Бозирган полвонникига аллақачон қўноқ бўлди…
Шомга бориб бўрон тинди. Қибла қонталаш тусга кирди. Ерни қоплаган қор тўпиқдан ошади. Ҳар қадамдан ғирчиллаган овоз чиқади. Совуқ суяк-суякка игна санчаётганига қарамай, барча бу кунги бўронни кўрмагандай, писанд этмагандай. Қишлоқда қанча ўчоқ бўлса, ҳаммасига ўт қаланяпти. Бу билан улар мирохурнинг тўйи, деб Тангрининг куҳна иморатини қизитмоққа урингандай. Хуфтон кирди. Ойсиз, юлдузсиз, қор оқартган бир кеча. Кураш бошланишига илҳақ оломон баковулнинг овозига маҳтал.
– Биродарлар! Ташканбой бойлардан бой, беклардан бек йигит! Сазаси учун шайтоннинг бўйни узиладиган имонли, эътиқодли йигит. Худонинг ҳовлисида жонлиқни ҳаром қотирмаган. Ҳалоллаганини сизу менсиз тотмаган. Бугун бир баҳона билан барчамизни йиққан. Азалдан элга бераман, деган ҳотамтойнинг баҳонаси кўп. Нима бўлгандаям, «ўмганласам, суягувчи, қулоғим битса, ортимдан чақиргувчи, чўбин отимни етакловчи шу эл», деб билган мирохурнинг берганини ҳалоллаб, кўпнинг ризолиги билан оласиз, полвонларим! – деди ўрта бўй, юзидан нур ёғилган, овози ўктам бир чол майдонда туриб. – Даврада ҳалолни мен айтаман! Виждонини йиқитган ғирром полвон бўлса, Элсаройни аҳмоқ қилмай келсин, тўйчининг «товоққа ташлайман», деган туяси билан жандасини ҳозир бериб юбораман!
– Номарду нокасни полвон деманг, ундайлар бизнинг орамизда йўқ! – ҳайқирди оломон.
Полвонларга Тангри таолодан куч-қувват, йигит пиридан йўл сўраган баковулнинг овози янада ўктамлашди:
– Полвон, отингиз нима?
– Жолпон!
– Сизники-чи, полвон?
– Ортиқ!
– Ов-в, халойиқ! Ортиқ полвон билан Жолпон полвон элнинг катта полвони бўлсин! Ҳозир ҳам кам эмас, тиши бутун, ризқ-насибаси мўл, ўнгирини аёл тутмаган, кураги ер кўрмаган зўр полвонлар! Бу полвонларга тўйчи бир сўм пул, Ташман туя уч сўм пул, Тоштемир полвон бир чопон атаган. Ҳалоллаб ўйин кўрсатиб, олишсин. Нима дейсиз, қора кўзли қанотларим? – деб элга юзланди Норбўта Шароф. Давранинг ҳар томонида меҳмон полвонлар Сайфининг алласича келмайдиган қишлоғи шаъни учун енг шимаряпти. Бир-бирини ботирим, деб майдонга ундаяпти. Аҳли Қизғалдоқ эса, бу курашда Шаймардондан бошқа полвон йўқдек, у билан тирашадиган бир мард излаяпти. Белидан мадори кетиб, кўзи тина бошлаган оқсоқоллар мурти сабза урган ҳар кишидан умидвор: термилди, тикилди, тамшаниб, милкини сўрди. Охири, ким майдондан мағрур қайтса, ўзларига жиклаб , қон-қариндош чиқара бошлади.
– Эшон, боя Йўлдош калнинг ули билан олишган ким?
– Кўса, кўзингга нима бўлган, изиллоқлик Ўроқнинг боласи-ку!
– Ҳа, Тоштемир бекорга унга тўнини тикмаган экан-да. Улар тоға-жиянлашади-я?
– Мен билмайман, ўзлари билишмаса…
– Нима дедингиз, Эшон? – деб суҳбатга аралашган мулла дафъатан- жойидан ирғиб турди: – Ўроқнинг ўзи қани?!
– Арзининг уйига қўноқ тушган экан, иззатини қилмаганми, курашга қарамай кетибди. Мирохурнинг ҳам номига яхши бўлмади.
– Эшон, жиғилдон билан гапирманг! Бир юмуши чиққандирки, кетган!
– Улини олиштираман, деб келган одамнинг нима иши чиқиши мумкин, сўфитўрғай!
– Ўв, Эшон, тилингнинг тагидан тилча чиқармай. Қулматни топ, шундан бошқа бари «оғироёқ».
– Шу сағирга бунчалар ишонмасангиз? Бори бир ялоқхўр бўлса, – деди Тиркаш кўса.
– Ошна, сизни элнинг кўса деганиям эъзоз экан-ку! Асли икки кўзи милтиллаган бир қоп гўшт экансиз!.. Менга Ўроқ керак. Сизларга керак бўлмаса, Қизғалдоққа керак! Ҳўв, Қулматбой болам, бери кел, Қулматбой! – деб бўғзига зўр бера бошлади мулла даврага термилиб турган жуссаси муштдек ўспиринга. – Болам, Қулматбой, Қулмуҳаммадбой, ҳозир Изиллоққа – Бўри тўпдан Ўроқнинг уйига борасан. Сиздан Ташкан мирохур хафа, де. Бормасангиз мирохурнинг кўп йиллик тугуни яна чийралиб қолар экан, дегин. Бухор мулла айтди, дегин. Майли, манови Тиркаш буванг билан Эшон бувангнинг авлод-аждоди номидан гапирсанг ҳам майли. Чоп, тўйхонаю қўноқ тушган уйлардаги истаган отингни мин. Фақат Норбўта Шарофнинг тўриғига тегмасанг бўлгани. Чоп, болам! Чоп! Ойдин кечада оппоқ қор узра от чоптириб бораётган йигитча ортидан Бухор мулла бир муддат қараб қолди. Сўнг қайтиб жойига ўтира олмади. Бу орада бироз сепсиб қолган, бир хил жуссали, бир хил қувватли полвонларнинг ўртамиёна курашидан зериккан давра Шаймардон полвоннинг чакмонидан тутишга ким журъат этишини кутарди. Тик туриб полвонларга разм солаётган муллани тобора яқинлашаётган от дупури даврадан суғуриб олди. Оғзидан оппоқ буғ чиқариб, пишнаб турган отнинг жиловини маҳкам чангаллаганча, келгувчиларни: «Ўроқбой полвон, яхши келдингизми, сизни давра кутиб қолди-ку, шундай курашниям ташлаб кетадими?!» – деб қаршилади.
– Мулла бува, нимага бунча зарур бўлдим?
– Сиздан бошқа биров Шаймардоннинг ёқасидан ушлаёлмайдиган кўринади, иним.
– Эй, бу нима деганингиз бўлди? Мен олишга ишқибозман. Ўзим тенгим- билан ҳам олишаман, тўғри. Катта полвонлар билан қачон олишувдим?
– Полвонжон, бунда Қизғалдоқнинг ори турибди!
– Қизғалдоқнинг ори бўлса, менга нима! Қизғалдоқ сизники…
– Нима десангиз ҳам мозоримиз бирлигини унутманг! – деб кўзининг ости билан қаради мулла.
– Мулла бува, оталар қабрини босиб ўтадиган Кўкаманнинг кўкайидан оламан. Лекин полвонни қишлоғингиздан топганингиз яхши эди.
– Полвон, ўзингиз оталар ётган жойни оёқости қилдирмайман, деб турибсиз-ку. Бошқа одам излаб нима қиламиз? Сиз бола эдингиз, билмайсиз. Отангиз, бу мозорис-тонга Элсаройдан бир аёлни суягим, деб олиб келиб қўйганди…
– Эшитганман, мулла бува, эшитганман! У киши аммамиз бўлади.
– Эшитган бўлсангиз, уларни оёқости қилиб қўясизми? Шуларни билсангиз яна нимага терсланасиз?
– Майли, сиз айтгандек бўлсин, – деб чуқур нафас олди Ўроқ махсум.
– Қўрқманг, полвон, сизни Шаймардон йиқита олмайди. Айтганимдай бўлмаса, Бухор тилидан кофир дейсиз! Даврада Шаймардон полвоннинг қўлини баланд кўтариб, талабгор излаётган баковулнинг қаватига юрак ютиб биров яқинлашмади. Бундан элсаройликлар қанча мамнун бўлса, қизғалдоқликларнинг боши шунча хам эди. Шу боис, Ўроқ махсумнинг даврага кирганини биров билмай қолди. Норбўта Шароф Шаймардон полвоннинг талабгори Ўроқ полвон эканини элга эълон қилди. Уларнинг чакмони устидан баковулнинг ўзи белбоғ боғлади. Томошаталабларнинг бутун вужуди кўзга айланган: лаб жуфтламай, киприк қоқмай даврага тикилади. Полвонлар аввал қўшқўллашиб саломлашди. Сўнг Шаймардон ўнгдан давра айланди. Рақиби унга эргашди. Бир-бирига юзланганча чап оёғидан ўнгини ярим қадам олдинга ташлаган полвонлар бироз энгашди. Гўё қанот қоқиб турган хўрозлардай бир-бирига тикилди.
Шаймардон полвон рақибига тикилганча… ўн яшар болага айланди. …Пешиндагидек бўрон қўпган кун. Унинг пешонасидан бир одам ўпди. Маҳкам қучоқлаб, манглайини манглайига тиради ва: «Бу оламнинг савдоларини бир кун ўзинг ечасан, менга осон тутма, отангни ҳам кутма. Шу кунгача ғайридин олиб кетган бирор одам қайтмади. Кишининг молига тегинма. Қўлинг ҳалол, нима иш қилсанг-да, бир кун биз томонга Худойқул деб излаб бор. Етимни Яратган яхши кўради, бошини ёрмайди. Ўзингни эҳтиёт қил…» – деб, икки қоп сомон остидан фақат боши кўриниб турган оқ бурун, олақашқа саманга марҳумани юклади. Шаймардон биянинг ортидан йиғлаб чопди. Йиқилди, қорга ағанади. Шу ётганча олдинга тикилиб қолди. Тим қора дум қорда судралиб борарди… Аввал сарбон, кейин бия, сўнг қорда қолган дум изи бўронда кўринмай кетди. Бияни етаклаб кетган одам – бодомқовоқ, қийиқкўз, ўсик қош, кенг бурун, кулча юзли, буғдойранг одам эди. У қартайиш ўрнига ёшариб, кичрайиб, бугун қаршисида турибди. Шаймардон бу одамни икки марта излади: аввал урушга кетиш арафасида дараклаб келди. Билдики, бия етак-лаган сарбон элнинг мулласи экан, ўтиб кетибди. Онаси омонатини топширганида «ур-тиқ», «от-от» замон эди. Ота-си ҳам шунинг қурбони эканини кейин англади. Иккинчи марта урушдан қайтгандан сўнг қидирди. Худойқулдан қорахат келди, деб эшитди. Шу билан тоға томиридан, она авлодидан умидини узиб кетди. Худойқулнинг эл ичра Ўроқ отини олганини эса, кимсадан эшитмади. Бугун у қаршисида!..
Полвоннинг қомати «алиф» бўлди. Рақибининг ёқасини тутишга чоғланган қўллари тўқсонга тўқнашиб, асога кучи келмайдиган илклардай шалвираб қолди. Бирдан ортига тисланиб, қўлини осмон қадар кўтарганча «курашмайман» ишорасини берди. Давра – ҳангу манг. Нима бўлганини ҳеч ким билмай қолди. Осмон тоқидаги узун пардек булутнинг қишлоқ тепасидаги жойи тугундек. Гўё сомонйўлида бораётган «нортуялар» ҳориб, давра устида чўккан. «Йўловчилари» эл-улусни кузатган, кузатгану шу кузатишда жим тарқалаётгандек эди. Оломон ҳам қандай йиғилган бўлса, яна шундай тарқади. Туни билан қўноқхоналарда Ўроқ махсум ва Шаймардон аминнинг тақдиридан гурунг қизиди. Қишлоқ аҳли бомдодда Шаймардон полвоннинг қабристонда қироат билан фотиҳа ўқиётганини эшитди.
Қизғалдоқдан қайтаётган отлиқлар орасида икки киши унсиз сўзлашдилар. Норбўта Шарофнинг кўзлари «олишганда отангни аяма, дейишарди. Бу ёғи қандай бўлди, Шаймардон?» деганини уққан полвоннинг кўзлари «Бир кун бу танни тупроққа топширар бўлсам, манзил-маконимга қўяр одамнинг қандай ёқасидан олай, оқсоқол?!» дерди. Оқсоқол бўлса кўнглида, «Полвон, сен эмас, мен йиқилдим. Умримда бировнинг ёқасидан олмаган, кишининг ёқасини жуфтламаган мулладан йиқилдим-а! Мулладан! – дерди. – Давраларда юрсам-да, бақириб-бақириб турсам-да, қарибман… Қарибман-да, а?! Бир алдаркўса мениям, сениям, бизга қўшиб тоғангниям йиқитди. Энди у бу гапларни тўйлардаги давраларда эмас, азада ҳам қироат қилиб ўқийди. Шуни айтиб ўтади… Уҳ, оқ чалворли, кўнгли қора кас…» Маҳзун суҳбат тилга кўчиб, кўнгилга чўкиб борарди:
– Оқсоқол, бу оламда тоға нега бунчалар мукаррам?
– Полвон, бу оламни-ку қўятур, зимистон, қоронғу лаҳад туққан жиянни тўрга ўтқазиб сийлаган ҳам юраги ёлдор баҳодир тоға эди-ку! Эр йигитни гўрдан олиб тахтга чиқазгани учун лаҳадга қўйиш ҳам унинг зиммасида қолгандир, балки. Элсаройда Норбўта Шароф бўлсам-да, улар нималарга таяниб яшайди, билмасам, полвон! Оқсоқол узоқларга кўз тикиб, карвонга, карвоннинг эмас, Жонузоқ арабнинг йўлига қарарди. Қани энди, у кўринса. Келса-ю, кўрган-кечирганидан айтса. Норбўта ҳам кўнглининг черини ёзса, ёзса-ю, дилида бирор тугун қолмаса, чув тушган алами қалбини тирнамаса, кўкайида ҳам, карвон йўлларида ҳам чечаклар кўкласа, бу олам кўм-кўк бўлиб, кўкариб кетса… Олам яшарса, Норбўта Шароф ёшарса, Шаймардон эмас, мен олишаман, деб даврага отилиб кирса… Эҳ, қани энди шундай бўлса! Шундайлар бўлса…
Манба: “Ёшлик” журнали 2013 йил 6-сон.
Boshpurtsiz Jonuzoq arab har safar Oʻrtaqoʻrgʻonga karvon tortganida Norboʻta Sharof boʻtalar boʻynidagi qoʻngʻiroq sadolari eshitilmay, loʻkillagan nortuyalaru yoʻlovchilar chang yoʻlga singib,- loy izlarga botib ketmaguncha ortidan qarab qolardi…
Oʻrolboy QOBIL
BIR HIKOYA TALQINI
Oddiy badiyat muxlisi sifatida bugungi adabiyotimizda boʻlayotgan oʻzgarishlarni koʻzatib borar ekanman, adabiyotning eng ommabop janri hisoblangan hikoyachilikda erishilayotgan muvaffaqiyatlardan quvonaman. Toʻgʻri, bugun gazeta-jurnallarda har kuni oʻnlab hikoyalar (agar ular hikoya deyishga arzisa) eʼlon qilinmoqda. Ammo, ularning orasida oʻquvchi ongi va qalbini larzaga soladigan, uni qayta-qayta yana oʻqishga chorlaydiganlari afsuski barmoq bilan sanarli darajada oz ekanligi ham ayni haqiqatdir. Qashqadaryoning olis Pomuq qishlogʻida yashovchi adib Abdunabi Abdiyevning taʼbiri bilan aytganda, “Yurib hikoya, oʻtirib qissa, yonboshlab roman” yaratadiganlar koʻpayib ketdi. Moʻʼjazgina kitob javonimning bir chetida “Yoshlik” jurnalining 2013 yil 6- sonini asrab kelaman. Chunki unda bugungi zamonaviy oʻzbek adabiyoti hikoyachiligida oʻziga xos voqea boʻlishga arziydigan, adib Nurilla Chorining “Boʻron tingan kecha” hikoyasi chop etilgan. Hikoyaga mashhur adib Murod Muhammad Doʻstning “Lolazor” romanidan qoʻyidagi jumlalar iqtibos qilib keltirilgani darrov eʼtiborni tortadi.
“…Jonuzoq arab sal guppiroq odam edi. Uning nazarida, bu yorugʻ dunyoda atigi ikkita hurmatga loyiq odam bor edi: biri- galatepalik rais Raim Gʻaybarov, ikkinchisi – qamashilik rais Norboʻta Sharof”.
Hikoya qoʻyidagi jumlalar bilan boshlanadi.
“Hu-uv, u davronlar boshqacha edi. Har mardumning dili tili bilan bir edi.”
Hikoyada aynan bosh qahramonlardan biri el-ulus orasida katta obroʻy eʼtibor qozongani bois, kurash va koʻpkarilarda bakovullik qiladigan Norboʻta Sharof obrazi yorqin buyoqlarda tasvirlangan.
Xoʻsh, aslida Norboʻta Sharof kim boʻlgan?
Qamashining Chim qishlogʻidan boʻlgan Norboʻta Sharofning yoshligi ogʻir yillarda oʻtdi. Qahatchilik, yoʻqchilik, nochorlik tufayli ularning oilasi ham el qatori kun koʻrardi. Oradan yillar oʻtib, u ham tengdoshlari qatori qishlogʻida ochilgan kechki maktabda xat-savod chiqardi. Koʻngliga elning koriga yarashdek maqsadni qoʻygan Norboʻta bobo oʻtgan umrining olti yilini tuman ijroiya qoʻmitasi raisligi, qolgan yigirma yilini esa jamoa xoʻjaligini boshqarish ishiga sarf etdi. Oʻtgan yillar davomida el-ulus tashvishi bilan yashadi.
Norboʻta rais el kezar ekan, doim yonida Ibrayim aminning bolasi Shaymardon polvonni oʻzi bilan olib yurar va kurashlarda gʻolib boʻlardi. Qahraton qish kunlarning birida Qizgʻaldoq qishlogʻida meroxur nisbasini otasidan meros olgan Toshkan kal uzoq yillardan buyon niyat qilib yurgan ishini boshladi. ( Miroxur – podsholarning otboqarlari boshligʻi, hikoyada oqsoqol oʻrnida qoʻllangan.) Toshkan kal oʻgʻil koʻrmadi, shu boisdan toʻqqizinchi qizini “ulim” atab toʻy boshladi. Aslida Tashkan kal boy odam emasdi, Lekin “Koʻnglining benihoya kengligi, joʻrabozu oshnabozligi” ziyoda edi. Toʻyga qahraton qish boʻlsa ham yurtning har tarafidan mehmonlar yogʻildi. Mezbonlar esa kelayotgan mehmonlarni “qoʻniq”xonaga (uyiga) olib ketishar, mehmoni kelmay kechikayotganlari esa toʻyboshilar bilan janjallashishdan ham toymasdi.
Mana bu satrlarga eʼtibor bering:
-Hoʻv, Tirkash buva, bizga qoʻnoq yoʻqmi?-deb ichkariladi murtiga qor ingan qoruvli yigit, uning gapi tugar-tugamas.
-Mehmonning hali qadami uzilgani yoʻq,- dedi Eshon bepisand nazar tashlab.
Toʻyxonadagi bunday tortishuvdan koʻngli togʻdek koʻtarilgan Tashkan odamlar orasidan siyliqib tashqariladi. Koʻzidan yosh qalqib, toshdi… Yelkasi nortuyaning oʻrkachiday silkindi, qayta-qayta uchib-uchib tushdi.
U zamonlarda toʻylar kurashsiz, koʻpkarisiz oʻtmasdi.
Tashkan kal ham kurash beradigan boʻldi. Kurashga Norboʻta Sharof bakovul boʻldi.
Ammo, Qizgʻaldoq ahli oʻsha kuni tang ahvolda qoldi. Chunki Norboʻta Sharofning polvoni Shaymardonga qarshi koʻkrak kerib chiqadigan mard yoʻq edi. Shunda qishloqning oriyati uchun Buxar mulla bir tadbir topdi. U yoniga Qulmat degan oʻspirinni chaqirib dedi:
“-Bolam, Qulmatboy, Qulmuxammadboy, hozir Izilloqqa – Boʻri toʻpdan Oʻroqning uyiga borasan. Sizdan Tashkan miroxur xafa, de. Bormasangiz miroxurning koʻp yillik tuguni yana chiyralib qolar ekan, degin. Buxor mulla aytdi, degin. Chop, toʻyxonayu qoʻnoq tushgan uylardagi istagan otingni min. Faqat Norboʻta Sharofning toʻrigʻiga tegmasang boʻlgani. ( Qarang, Norboʻta Sharofning oʻzigina emas, toʻriq oti ham qanchalar eʼzozlangan..) Chop, bolam. Chop.”
Koʻp vaqt oʻtmay Oʻroq mullaning yoniga keldi. Mulla Buxor unga dedi:
“-Sizdan boshqa birov Shaymardonning yoqasidan ushlayolmaydigan koʻrinadi, inim.
-Ey, bu nima daganingiz boʻldi? Men olishga ishqibozman. Oʻzim tengi bilan ham olishaman, toʻgʻri. Katta polvonlar bilan qachon olishuvdim.
-Polvonjon, bunda Qizgʻaldoqning ori turibdi.
-Qizgʻaldoqning ori boʻlsa, menga nima, Qizgʻaldoq sizniki.
-Siz bola edingiz, bilmaysiz. Otangiz, bu mozoristonga Elsaroydan bir ayolni suyagim, deb olib kelib qoʻygandi.
Mulla Buxor Oʻroqni Shaymardon polvon bilan kurash tushishga kundirdi va ishonch bilan dedi:
-Qoʻrqmang, polvon, sizni Shaymardon yiqita olmaydi. Aytganimday boʻlmasa, Buxor tilidan kofur deysiz.
Hikoyaning eng qiziq joyiga endi keldik.
Polvonlar maydonda aylandi va nagoh Shaymardon polvonning koʻzlari raqibi Oʻroq polvonning koʻzlariga tuqnashdi va “oʻn yashar bolaga aylandi.”
Oʻshanda boʻronli kun edi. Uning peshonasidan bir odam oʻpdi, manglayini manglayiga tiradi.
Keyin marhumani otga yuklab olib ketdi. Bolakay biyaning ortidan yigʻlab chopdi. Ammo yetolmadi.
Oradan yillar oʻtdi. Shaymardon otasining jonsiz jasadini olib ketgan Xudoyqul togʻasini ikki marta izladi. Topolmadi.
Buni qarang, bugun u qarshisida turibdi. Shaymardon polvon qoʻllarini osmonga koʻtarib “kurashmayman” deb davrani tark etdi.
Oʻsha kecha qoʻnoqxonalarda gurunglarning mavzusi Oʻroq maxsum va Shaymardon polvonning togʻa-jiyanligi va chalkash taqdiri boʻldi. Birinchi bora magʻlub boʻlib mehmondan qaytayotgan Norboʻta Sharof va Shaymardon polvon unsiz bir-biriga tikildi. Birining qarashlaridan “olishganda otangni ayama”, ikkinchisining nigohida esa, “Bir kun bu tanni tuproqqa topshirar boʻlsam, manzil-makonimga qoʻyar odamning qanday yoqasidan olay, oqsoqol?” savol va javoblarni oʻqish mumkin edi..
Hikoya yakunida Norboʻta Sharofning koʻnglidagi gaplarni qoʻyidagi jumlalar bilan tugaydi.
“Olam yasharsa, Norboʻta Sharof yosharsa, Shaymardon emas, men olishaman, deb davraga otilib kirsa… Eh, qani endi shunday boʻlsa. Shundaylar boʻlsa…
Biz esa adabiyot ixlosmandlariga adib Nurilla Chorining “Tashvishi yoʻq odamlar”, “Qizgʻaldoq”, “Loʻlitopmaslik chol” kabi oʻqimishli hikoyalari ham borligini eslatib oʻtar ekanmiz, ijodkor ukamizdan adabiyotimizda voqea boʻladigan asarlar kutib qolamiz.
Nurilla Chori
BOʻRON TINGAN KЕCHA
Nurilla Chori 1983 yilda Qashqadaryo viloyati Yakkabogʻ tumani Izilloq qishlogʻidatugʻilgan. 2003-2007 yillarda Mirzo Ulugʻbek nomidagi Oʻzbekiston Milliy universitetining oʻzbek filologiyasi fakultetida tahsil olgan. Adabiy gurunglari va hikoyalari gazeta-jurnallarda,, shuningdek yosh ijodkorlarning “Oltin koʻprik”.toʻplamida chop qilingan. Hozir “Yoshlik” jurnalida Bosh muharrir oʻrinbosari lavozimida faoliyat olib bormoqda.
Farmon togʻamga
“…Jonuzoq arab sal guppiroq odam edi. Uning nazarida, bu yorugʻ dunyoda atigi ikkita hurmatgaloyiq odam bor edi: biri – galatepalik rais Raim Gʻaybarov, ikkinchisi – qamashilik rais Norboʻta Sharof”.
Murod Muhammad Doʻstning “Lolazor” romanidan
Hu-uv, u davronlar boshqacha edi. Har mardumning dili tili bilan bir edi.
Boshpurtsiz Jonuzoq arab har safar Oʻrtaqoʻrgʻonga karvon tortganida Norboʻta Sharof boʻtalar boʻynidagi qoʻngʻiroq sadolari eshitilmay, loʻkillagan nortuyalaru yoʻlovchilar chang yoʻlga singib,- loy izlarga botib ketmaguncha ortidan qarab qolardi. Ixtiyor oʻzida boʻlsa Koʻhiqofda dev boʻlishga orzumand arab bir ketganida hilolni toʻldirib yo boʻlmasa, barkashdek oyni nimtalab Elsaroyning soyida boʻy berardi. Ana shunday kecha-kunduzlarda karvonu sarbonga ilhaq Norboʻta Sharof ich-etini yer edi. Karvon yoʻliga koʻzini tikmaslik uchun oʻzini ovutish bahonasida el oralab toʻyu tomosha koʻrar, yurt kezib hol soʻrardi. Shu odati keyin-keyin uning aʼmoliga aylanib ketdi. Bu kunda u yolgʻiz emas, egiz yurardi. Alpligi Alpomishga tortgan, kelbati Qorajonga qora bergan Shohimardon pirning bolasi, Chim saroyining Shaymardon polvoni yonida boʻlardi. Bilganlar polvonni Ibrayim (Ibrohim) aminning bolasi, bilmaganlar Norboʻtaning polvoni derdi. Ammo ikkisi-da rost edi. Peshin… peshinning peshinligini bilish-da qiyin payt… Etagini yigʻmagan kuzdan qahrlangan qish qilichini qibladan turib yalangʻochlagan. Qor kishining qovogʻini-da ochirmaydi, ochgandayam oʻn-oʻn besh odim nari koʻrinmaydi. Quloqqa ot pishqirigʻi va gungur-gungur ovoz eshitiladi. Ovozning qor parchalariday olis-olisdan kelayotganini payqash unchalik mushkul emas. Goh aniq eshitilgan sasdan goho sadoyam boʻlmaydi. Yana birpasda ot dupurlari boʻronda turtinib oʻchoqqa oʻt qalayotgan, osh damlab et qaynatayotgan ahli Qizgʻaldoqning diqqatini tortadi. Shu boʻronda otasidan miroxur nisbasini meros olgan Tashkan kal elga dasturxon yozib miroxurligiga munosib boʻlmoqchi, yurt kezib totgan non-nasibasini oqlamoqchi, koʻp qor koʻrib, sochini oqartirgan alamni koʻkayidan sugʻurib otmoqchi, el oldida toʻqqizinchi qizini “ulim” deb yelkasiga qoqmoqchi! Tashkan bosar-tusarini bilmagan Boysariday boy ham, Boyboʻriday shoy ham emas, yonida maslahat berguvchi Ya(Yo)rtiboyi ham yoʻq. Uning bisotidagi boyligi ming qoʻylinikidan-da ziyoda. Koʻnglining benihoya keng-ligi, joʻrabozu oshnabozligini aytmaganda, Qaldirgʻochdek qizlaridan boshqa hech vaqosi yoʻq. Miroxurning elga va Egamga bir yoqqan tomoni bordirki, shu kunda Galatepayu Tersotadan, Xoʻjasoatu Sangijumondan, Quvkallayu Baqahovuzdan, Nakurtu Arpali dashtidan ot oʻynatib, poyu piyoda misli boʻronday mehmon yogʻilyapti. Koʻz koʻrar, tovush yetar oraliq masofa tashlab yosh-yalang tizilgan. Ular kelguvchilarning ot-ulovini ushlab, toʻy bahona tikilgan oʻtovga chorlaydi. Oʻtovda Buxor mulla, Tirkash koʻsa, Eshon Tashkan miroxurning qavatida mehmonlar bilan xushlashadi, xeshlashadi. Shu payt kimdir tashqarida mehmonlar talash boʻlayotganini aytdi. Tirkash koʻsa choʻrt kesib, bu mehmonlar Qulmirzaga (Qulmirzaning oʻzi boʻlmaganda uning ismiga shayton laqabini ham tirkardi) tobin ekanini aytdi.
– Hoʻv, Tirkash buva, bizga qoʻnoq yoʻqmi? – deb ichkariladi murtiga qor ingan qoruvli yigit, uning gapi tugar-tugamas.
– Mehmonning hali qadami uzilgani yoʻq, – dedi Eshon bepisand nazar tashlab.
– Sabr qiling, endigisi sizniki, – dedi tasbeh oʻrniga barmoqlari boʻgʻimini sanayotgan mulla.
– Uchinchi marta shunday deganlaringiz! Biz toʻy berganimizda miroxur izzatli chavandozlarni kuzatgan.
– Siz ham izzatlisini kuzatasiz, polvon, – dedi koʻsa siyrak soqolini goʻshtdor panjalari bilan tutamlab.
– Miroxurning qaysi mehmoni izzatsiz ekan?! Menga mehmon bering, boshqasini bilmayman. Mehmonsiz oʻtovdan chiqmayman, – deya oʻtirib olgan yigit oʻzimizning Bozirgan chavandoz boʻladi.
Bu tortishuvlardan koʻngli koʻtarilgan Tashkan tashqariladi, odamlar orasidan siyliqdi . Koʻzidan yosh qalqib, toshdi…
Yelkasi nortuyaning oʻrkachiday silkindi, qayta-qayta uchib-uchib tushdi…
Qor bilan yuzini yuvib qaytdi. Oʻtovni qurshab turganlarning suhbati qulogʻiga ilindi.
– Koʻpkari bermasa, miroxurning miroxurligi qayerda qoladi?!
– Koʻpkari boʻlmasayam kurash beryapti-ku!
– Endi, aytaman-da, otbozning qilgan ishini?
– Miroxur ulli boʻlsam, koʻpkari beraman, koʻpkariga Norboʻta Sharof bakovul boʻladi, deb niyat qilgan ekan.
Bugun Norboʻta Sharof qarigan. Koʻpkariga oralashi qiyin.
– Oralamasa bakovullik qilib boʻlmasmikan?
– U bakovul boʻlgan koʻpkarida chavandozlar bilan birtan chopgan, deyishadi.
– Miroxurga halol bilan haromni ajratib beradigan boshqa odam yoʻq ekanmi?
– Bor. Raim oqsoqol!
– U ham qirchangʻi chol-da, endi. Keyin, Norboʻtaning ustidan ot haydamaydi u.
– Nima boʻlgandayam, otlarning oʻpkasi pishmaydigan boʻldi-da. Koʻpkari yoʻq!
– Koʻpkari boʻlganda nima?! Polvonning taqimidan uloqni uzib oladigani bormi?
– Balki Norboʻta Sharof olishda Shaymardonga tovoqni olib beraman, deb bakovullikka rozi boʻlgandir-a?!
– Shaymardon Norboʻtasiz davralarning tovogʻini ham birovga bermagan. Keyin, gʻirromligi boʻlsa, miroxur uni oshna tutmasdi. Tashkan tomoq qirib tortishuvni boʻldi: – Men Norboʻta buva bakovul boʻladi, deganman. Shaymardonga zot beraman, deb olish qilayotganim yoʻq. Joning boʻlsa, elning oriman, Qizgʻaldoq meniki, deb koʻkragingga ursang, polvon bilan olish, ol! Oʻzim chiqsam uyat boʻlar… Mehmonlar miroxur noqis ekan, polvonga zot bergisi kelmay, butiga tarmashdi, demaydimi?! Hali yoʻldagi kishiga shuncha gap! Tagʻin qulogʻi qizib, Norboʻta Sharof bizdan ginalamasin, boʻzaning polvonlari!
– Aka, gʻaflatda qolibsiz, oqsoqol boshli elsaroyliklar Bozirgan polvonnikiga allaqachon qoʻnoq boʻldi…
Shomga borib boʻron tindi. Qibla qontalash tusga kirdi. Yerni qoplagan qor toʻpiqdan oshadi. Har qadamdan gʻirchillagan ovoz chiqadi. Sovuq suyak-suyakka igna sanchayotganiga qaramay, barcha bu kungi boʻronni koʻrmaganday, pisand etmaganday. Qishloqda qancha oʻchoq boʻlsa, hammasiga oʻt qalanyapti. Bu bilan ular miroxurning toʻyi, deb Tangrining kuhna imoratini qizitmoqqa uringanday. Xufton kirdi. Oysiz, yulduzsiz, qor oqartgan bir kecha. Kurash boshlanishiga ilhaq olomon bakovulning ovoziga mahtal.
– Birodarlar! Tashkanboy boylardan boy, beklardan bek yigit! Sazasi uchun shaytonning boʻyni uziladigan imonli, eʼtiqodli yigit. Xudoning hovlisida jonliqni harom qotirmagan. Halollaganini sizu mensiz totmagan. Bugun bir bahona bilan barchamizni yiqqan. Azaldan elga beraman, degan hotamtoyning bahonasi koʻp. Nima boʻlgandayam, “oʻmganlasam, suyaguvchi, qulogʻim bitsa, ortimdan chaqirguvchi, choʻbin otimni yetaklovchi shu el”, deb bilgan miroxurning berganini halollab, koʻpning rizoligi bilan olasiz, polvonlarim! – dedi oʻrta boʻy, yuzidan nur yogʻilgan, ovozi oʻktam bir chol maydonda turib. – Davrada halolni men aytaman! Vijdonini yiqitgan gʻirrom polvon boʻlsa, Elsaroyni ahmoq qilmay kelsin, toʻychining “tovoqqa tashlayman”, degan tuyasi bilan jandasini hozir berib yuboraman!
– Nomardu nokasni polvon demang, undaylar bizning oramizda yoʻq! – hayqirdi olomon.
Polvonlarga Tangri taolodan kuch-quvvat, yigit piridan yoʻl soʻragan bakovulning ovozi yanada oʻktamlashdi:
– Polvon, otingiz nima?
– Jolpon!
– Sizniki-chi, polvon?
– Ortiq!
– Ov-v, xaloyiq! Ortiq polvon bilan Jolpon polvon elning katta polvoni boʻlsin! Hozir ham kam emas, tishi butun, rizq-nasibasi moʻl, oʻngirini ayol tutmagan, kuragi yer koʻrmagan zoʻr polvonlar! Bu polvonlarga toʻychi bir soʻm pul, Tashman tuya uch soʻm pul, Toshtemir polvon bir chopon atagan. Halollab oʻyin koʻrsatib, olishsin. Nima deysiz, qora koʻzli qanotlarim? – deb elga yuzlandi Norboʻta Sharof. Davraning har tomonida mehmon polvonlar Sayfining allasicha kelmaydigan qishlogʻi shaʼni uchun yeng shimaryapti. Bir-birini botirim, deb maydonga undayapti. Ahli Qizgʻaldoq esa, bu kurashda Shaymardondan boshqa polvon yoʻqdek, u bilan tirashadigan bir mard izlayapti. Belidan madori ketib, koʻzi tina boshlagan oqsoqollar murti sabza urgan har kishidan umidvor: termildi, tikildi, tamshanib, milkini soʻrdi. Oxiri, kim maydondan magʻrur qaytsa, oʻzlariga jiklab , qon-qarindosh chiqara boshladi.
– Eshon, boya Yoʻldosh kalning uli bilan olishgan kim?
– Koʻsa, koʻzingga nima boʻlgan, izilloqlik Oʻroqning bolasi-ku!
– Ha, Toshtemir bekorga unga toʻnini tikmagan ekan-da. Ular togʻa-jiyanlashadi-ya?
– Men bilmayman, oʻzlari bilishmasa…
– Nima dedingiz, Eshon? – deb suhbatga aralashgan mulla dafʼatan- joyidan irgʻib turdi: – Oʻroqning oʻzi qani?!
– Arzining uyiga qoʻnoq tushgan ekan, izzatini qilmaganmi, kurashga qaramay ketibdi. Miroxurning ham nomiga yaxshi boʻlmadi.
– Eshon, jigʻildon bilan gapirmang! Bir yumushi chiqqandirki, ketgan!
– Ulini olishtiraman, deb kelgan odamning nima ishi chiqishi mumkin, soʻfitoʻrgʻay!
– Oʻv, Eshon, tilingning tagidan tilcha chiqarmay. Qulmatni top, shundan boshqa bari “ogʻiroyoq”.
– Shu sagʻirga bunchalar ishonmasangiz? Bori bir yaloqxoʻr boʻlsa, – dedi Tirkash koʻsa.
– Oshna, sizni elning koʻsa deganiyam eʼzoz ekan-ku! Asli ikki koʻzi miltillagan bir qop goʻsht ekansiz!.. Menga Oʻroq kerak. Sizlarga kerak boʻlmasa, Qizgʻaldoqqa kerak! Hoʻv, Qulmatboy bolam, beri kel, Qulmatboy! – deb boʻgʻziga zoʻr bera boshladi mulla davraga termilib turgan jussasi mushtdek oʻspiringa. – Bolam, Qulmatboy, Qulmuhammadboy, hozir Izilloqqa – Boʻri toʻpdan Oʻroqning uyiga borasan. Sizdan Tashkan miroxur xafa, de. Bormasangiz miroxurning koʻp yillik tuguni yana chiyralib qolar ekan, degin. Buxor mulla aytdi, degin. Mayli, manovi Tirkash buvang bilan Eshon buvangning avlod-ajdodi nomidan gapirsang ham mayli. Chop, toʻyxonayu qoʻnoq tushgan uylardagi istagan otingni min. Faqat Norboʻta Sharofning toʻrigʻiga tegmasang boʻlgani. Chop, bolam! Chop! Oydin kechada oppoq qor uzra ot choptirib borayotgan yigitcha ortidan Buxor mulla bir muddat qarab qoldi. Soʻng qaytib joyiga oʻtira olmadi. Bu orada biroz sepsib qolgan, bir xil jussali, bir xil quvvatli polvonlarning oʻrtamiyona kurashidan zerikkan davra Shaymardon polvonning chakmonidan tutishga kim jurʼat etishini kutardi. Tik turib polvonlarga razm solayotgan mullani tobora yaqinlashayotgan ot dupuri davradan sugʻurib oldi. Ogʻzidan oppoq bugʻ chiqarib, pishnab turgan otning jilovini mahkam changallagancha, kelguvchilarni: “Oʻroqboy polvon, yaxshi keldingizmi, sizni davra kutib qoldi-ku, shunday kurashniyam tashlab ketadimi?!” – deb qarshiladi.
– Mulla buva, nimaga buncha zarur boʻldim?
– Sizdan boshqa birov Shaymardonning yoqasidan ushlayolmaydigan koʻrinadi, inim.
– Ey, bu nima deganingiz boʻldi? Men olishga ishqibozman. Oʻzim tengim- bilan ham olishaman, toʻgʻri. Katta polvonlar bilan qachon olishuvdim?
– Polvonjon, bunda Qizgʻaldoqning ori turibdi!
– Qizgʻaldoqning ori boʻlsa, menga nima! Qizgʻaldoq sizniki…
– Nima desangiz ham mozorimiz birligini unutmang! – deb koʻzining osti bilan qaradi mulla.
– Mulla buva, otalar qabrini bosib oʻtadigan Koʻkamanning koʻkayidan olaman. Lekin polvonni qishlogʻingizdan topganingiz yaxshi edi.
– Polvon, oʻzingiz otalar yotgan joyni oyoqosti qildirmayman, deb turibsiz-ku. Boshqa odam izlab nima qilamiz? Siz bola edingiz, bilmaysiz. Otangiz, bu mozoris-tonga Elsaroydan bir ayolni suyagim, deb olib kelib qoʻygandi…
– Eshitganman, mulla buva, eshitganman! U kishi ammamiz boʻladi.
– Eshitgan boʻlsangiz, ularni oyoqosti qilib qoʻyasizmi? Shularni bilsangiz yana nimaga terslanasiz?
– Mayli, siz aytgandek boʻlsin, – deb chuqur nafas oldi Oʻroq maxsum.
– Qoʻrqmang, polvon, sizni Shaymardon yiqita olmaydi. Aytganimday boʻlmasa, Buxor tilidan kofir deysiz! Davrada Shaymardon polvonning qoʻlini baland koʻtarib, talabgor izlayotgan bakovulning qavatiga yurak yutib birov yaqinlashmadi. Bundan elsaroyliklar qancha mamnun boʻlsa, qizgʻaldoqliklarning boshi shuncha xam edi. Shu bois, Oʻroq maxsumning davraga kirganini birov bilmay qoldi. Norboʻta Sharof Shaymardon polvonning talabgori Oʻroq polvon ekanini elga eʼlon qildi. Ularning chakmoni ustidan bakovulning oʻzi belbogʻ bogʻladi. Tomoshatalablarning butun vujudi koʻzga aylangan: lab juftlamay, kiprik qoqmay davraga tikiladi. Polvonlar avval qoʻshqoʻllashib salomlashdi. Soʻng Shaymardon oʻngdan davra aylandi. Raqibi unga ergashdi. Bir-biriga yuzlangancha chap oyogʻidan oʻngini yarim qadam oldinga tashlagan polvonlar biroz engashdi. Goʻyo qanot qoqib turgan xoʻrozlarday bir-biriga tikildi.
Shaymardon polvon raqibiga tikilgancha… oʻn yashar bolaga aylandi. …Peshindagidek boʻron qoʻpgan kun. Uning peshonasidan bir odam oʻpdi. Mahkam quchoqlab, manglayini manglayiga tiradi va: “Bu olamning savdolarini bir kun oʻzing yechasan, menga oson tutma, otangni ham kutma. Shu kungacha gʻayridin olib ketgan biror odam qaytmadi. Kishining moliga teginma. Qoʻling halol, nima ish qilsang-da, bir kun biz tomonga Xudoyqul deb izlab bor. Yetimni Yaratgan yaxshi koʻradi, boshini yormaydi. Oʻzingni ehtiyot qil…” – deb, ikki qop somon ostidan faqat boshi koʻrinib turgan oq burun, olaqashqa samanga marhumani yukladi. Shaymardon biyaning ortidan yigʻlab chopdi. Yiqildi, qorga agʻanadi. Shu yotgancha oldinga tikilib qoldi. Tim qora dum qorda sudralib borardi… Avval sarbon, keyin biya, soʻng qorda qolgan dum izi boʻronda koʻrinmay ketdi. Biyani yetaklab ketgan odam – bodomqovoq, qiyiqkoʻz, oʻsik qosh, keng burun, kulcha yuzli, bugʻdoyrang odam edi. U qartayish oʻrniga yosharib, kichrayib, bugun qarshisida turibdi. Shaymardon bu odamni ikki marta izladi: avval urushga ketish arafasida daraklab keldi. Bildiki, biya yetak-lagan sarbon elning mullasi ekan, oʻtib ketibdi. Onasi omonatini topshirganida “ur-tiq”, “ot-ot” zamon edi. Ota-si ham shuning qurboni ekanini keyin angladi. Ikkinchi marta urushdan qaytgandan soʻng qidirdi. Xudoyquldan qoraxat keldi, deb eshitdi. Shu bilan togʻa tomiridan, ona avlodidan umidini uzib ketdi. Xudoyqulning el ichra Oʻroq otini olganini esa, kimsadan eshitmadi. Bugun u qarshisida!..
Polvonning qomati “alif” boʻldi. Raqibining yoqasini tutishga chogʻlangan qoʻllari toʻqsonga toʻqnashib, asoga kuchi kelmaydigan ilklarday shalvirab qoldi. Birdan ortiga tislanib, qoʻlini osmon qadar koʻtargancha “kurashmayman” ishorasini berdi. Davra – hangu mang. Nima boʻlganini hech kim bilmay qoldi. Osmon toqidagi uzun pardek bulutning qishloq tepasidagi joyi tugundek. Goʻyo somonyoʻlida borayotgan “nortuyalar” horib, davra ustida choʻkkan. “Yoʻlovchilari” el-ulusni kuzatgan, kuzatganu shu kuzatishda jim tarqalayotgandek edi. Olomon ham qanday yigʻilgan boʻlsa, yana shunday tarqadi. Tuni bilan qoʻnoqxonalarda Oʻroq maxsum va Shaymardon aminning taqdiridan gurung qizidi. Qishloq ahli bomdodda Shaymardon polvonning qabristonda qiroat bilan fotiha oʻqiyotganini eshitdi.
Qizgʻaldoqdan qaytayotgan otliqlar orasida ikki kishi unsiz soʻzlashdilar. Norboʻta Sharofning koʻzlari “olishganda otangni ayama, deyishardi. Bu yogʻi qanday boʻldi, Shaymardon?” deganini uqqan polvonning koʻzlari “Bir kun bu tanni tuproqqa topshirar boʻlsam, manzil-makonimga qoʻyar odamning qanday yoqasidan olay, oqsoqol?!” derdi. Oqsoqol boʻlsa koʻnglida, “Polvon, sen emas, men yiqildim. Umrimda birovning yoqasidan olmagan, kishining yoqasini juftlamagan mulladan yiqildim-a! Mulladan! – derdi. – Davralarda yursam-da, baqirib-baqirib tursam-da, qaribman… Qaribman-da, a?! Bir aldarkoʻsa meniyam, seniyam, bizga qoʻshib togʻangniyam yiqitdi. Endi u bu gaplarni toʻylardagi davralarda emas, azada ham qiroat qilib oʻqiydi. Shuni aytib oʻtadi… Uh, oq chalvorli, koʻngli qora kas…” Mahzun suhbat tilga koʻchib, koʻngilga choʻkib borardi:
– Oqsoqol, bu olamda togʻa nega bunchalar mukarram?
– Polvon, bu olamni-ku qoʻyatur, zimiston, qorongʻu lahad tuqqan jiyanni toʻrga oʻtqazib siylagan ham yuragi yoldor bahodir togʻa edi-ku! Er yigitni goʻrdan olib taxtga chiqazgani uchun lahadga qoʻyish ham uning zimmasida qolgandir, balki. Elsaroyda Norboʻta Sharof boʻlsam-da, ular nimalarga tayanib yashaydi, bilmasam, polvon! Oqsoqol uzoqlarga koʻz tikib, karvonga, karvonning emas, Jonuzoq arabning yoʻliga qarardi. Qani endi, u koʻrinsa. Kelsa-yu, koʻrgan-kechirganidan aytsa. Norboʻta ham koʻnglining cherini yozsa, yozsa-yu, dilida biror tugun qolmasa, chuv tushgan alami qalbini tirnamasa, koʻkayida ham, karvon yoʻllarida ham chechaklar koʻklasa, bu olam koʻm-koʻk boʻlib, koʻkarib ketsa… Olam yasharsa, Norboʻta Sharof yosharsa, Shaymardon emas, men olishaman, deb davraga otilib kirsa… Eh, qani endi shunday boʻlsa! Shundaylar boʻlsa…
Manba: “Yoshlik” jurnali 2013 yil 6-son.