Habibiy. Devon & Shoirning o’zi o’qigan she’rlar va shoirga bag’ishlangan radiodastur & Iskandar Madg’oziyev. Nuktadon shoir

habibiy   Шоирлар, адиблар, олимлар, санъаткорларни халқ маънавиятининг заргарлари деб аташ мумкин. Шундай маънавият заргарларидан бири ўлмас асарлар ижодкори, шарқ мумтоз адабиётининг нозик билимдони, ғазалнавис, Ўзбекистон халқ шоири Мавлоно Зокиржон Ҳолмуҳаммад ўғли Ҳабибий(1890-1980)дир.

Искандар МАДҒОЗИЕВ
НУКТАДОН ШОИР
07

Яхши ном, эзгу амал, солиҳ фарзанд, ҳақиқий ижод, чин дўст. Бу бешликни келтиришиз бежиз эмас, албатта. Зеро, ушбу беш жиҳатни ўзида мужассам этолган киши ўзини энг бахтли инсон деб ҳисобласа бўлади. Чунки бундай инсоннинг ҳаёти шубҳасиз бахтиёрликда ўтади. Дунёдан кўз юмгандан сўнг ҳам яхши номи, эзгу амаллари, солиҳ фарзандлари, дўстлари ва ўлмас ижоди билан ўзининг иккинчи умрини давом эттиради.

Биз сўзимиз аввалини бундай жумлалар билан бошлашимиз бежиз эмас. Не бахтки, халқимиз орасидан етишиб чиққан бундай инсонлар кўпчиликни ташкил этади. Зеро, бугун жисман орамизда йўқ бўлган бундай шахслар йиллар ва асрлар оша ўзларининг хайрли амаллари ва қолдирган бой маънавий мероси билан юксаклардан бўйлаб, маёқ каби инсонлар қалбини ёритиб, уларга маънавий озуқа бериб келмоқдалар.

71Шоирлар, адиблар, олимлар, санъаткорларни халқ маънавиятининг заргарлари деб аташ мумкин. Шундай маънавият заргарларидан бири ўлмас асарлар ижодкори, шарқ мумтоз адабиётининг нозик билимдони, ғазалнавис, Ўзбекистон халқ шоири Мавлоно Зокиржон Ҳолмуҳаммад ўғли Ҳабибий(1890-1980)дир.

Ҳабибий деганда, аввало, салобатли, нуроний юзида доим табассум балқиб турувчи, ўткир нигоҳи билан кишини ўзига жалб қила оладиган, оппоқ соқоллари ва дўпписи ўзига ярашган, ҳамиша самимий ва хушчақчақ инсон кўз олдимизга келади.

Асли Андижоннинг Қўқонқишлоғидан (Ҳозирги Пахтаобод тумани) бўлган Зокиржон Ҳабибийнинг болалиги ва кейинги ҳаёти муҳтожлик ва турмуш қийинчиликларидан ҳоли бўлмайди. Деҳқон оиласида таваллуд топган шоир дастлабки таълимни ўз қишлоғидаги эски усул мактабида олади. Аввал Қўқонқишлоқ кейинроқ Андижон мадрасаларида ўқийди. Толиблик даврларидан бошлаб ғазаллар машқ қила бошлайди. Дастлабки машқларини Муқимийнинг дўсти бўлган қўқонқишлоқлик шоир Қори Зокир (1860-1943) назаридан ўтказган Ҳабибийнинг илк шеърлари ўзининг пишиқ ва ўйноқилиги билан ажралиб турган:

Бормукин оламда сендек дилкашу ҳушёр ёр,
Риштаи жон зулфинг ичра бўлғали хуштор тор.

* * *

Арзи ҳолимни, Ҳабибий, ёздим ашъорим билан,
Қилма ноз айлаб қўлингга тегса бу ашъор ор.

Мадраса таълими давомида Ҳабибийнинг билими ва дунёқараши кенгаяди. Саъдий, Ҳофиз, Лутфий, Жомий, Навоий, Бедил асарларини севиб мутолаа қилиш асносида шоир араб-форс тили ва адабиётидан мукаммал билим эгаллайди. Мумтоз адабиётнинг нозик қирраларини теран англай олиш ва таҳлил қилиш қобилияти ривожланиб боради.

Ҳабибий бу даврда Маҳжурий, Сайфий, Анисий, Хуррам, Улфат каби шоирлар билан дўстлашади ва бу дўстлик ришталари умрининг охирига қадар давом этади.

20-30-йилларда Ҳабибий домла ҳаёт тақозосига кўра Андижон ва Учқўрғон шаҳарларида савдо соҳасида фаолият олиб боради.

1938 йил сентябр ойида Ўзбекистон ҳукумати буюк ўзбек шоири Алишер Навоий таваллудининг 500 йиллигини нишонлаш, шоирнинг ижодий меросини ўрганиш, тадқиқ этиш ва уларни тўплаб нашр этиш ҳақида махсус фармон чиқаради. Тошкентда Навоий юбилей қўмитаси тузилади. Шу муносабат билан қўмитага мумтоз адабиётдан хабардор бўлган, араб-форс тилларини билувчи, хусусан Навоий ижоди билан яхши таниш бўлган инсонлар жалб қилинади.

30-йиллар ўрталарида Андижон адабий муҳити билан мустаҳкам алоқа боғлаган шоир Ғафур Ғулом қўмитага андижонлик дўстлари Маҳжурий, Ҳабибий, Анисий, Улфатларни тавсия этади.

Юбилей қўмитасида Ҳабибий уч йил давомида (1938-1941) дўстлари билан биргаликда бир тану-бир жон бўлиб, Навоий асарларини ўрганадилар, нашрга тайёрлайдилар. Энг характерли жиҳати шундаки, улар турли даврларда, турли котиблар томонидан кўчирилган Навоий асарлари қўлёзмаларини ўрганиб, котиблар томонидан йўл қўйилган хато ва камчиликларни тўғрилаб, Навоий асарларининг мукаммал матнини шакллантирадилар.

Шоир Ҳабибийнинг қўмитада амалга оширган ишларидан яна бири “Навоий асарларининг мукаммал изоҳли луғати”ни тузишдаги иштирокидир. Бу луғат икки жилдли бўлиб, Навоийнинг 26 асаридан ажратиб олинган 48 мингта сўздан иборатдир. Шоҳидларнинг сўзларига қараганда бу луғат Навоий асарлари учун яратилган луғатларнинг энг мукаммали бўлган. Минг афсуслар бўлсинким, бу луғат номаълум сабабларга кўра нашр этилмай қолиб кетган ва изсиз йўқолган…

Бу йилларда Ҳабибий ижодининг мавзулари анча кенгайди, турли жанрларда қалам тебратди. 1939 йилда шоир Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилинди. Унинг асарлари республикамизнинг нуфузли газета-журналларида, адабий альманахларда чоп этилди.

1941 йилда 2-жаҳон уруши бошлангач, юбилей фаолияти тўхтатилади ва қўмита аъзолари тарқалиб кетади. Ҳабибий Янгийўл шаҳрида ташкил этилган янги мусиқали драма ва комедия театрига адабий эмакдош вазифасига тавсия этилди ва 1946 йилгача шу вазифада ишлади.

1949 йилда Ҳабибий домланинг “Меҳнат қўшиқлари”, кўп ўтмай “Янги яллалар” номли илк шеърий тўпламлари нашр этилади. Шундан кейин шоирнинг 20 га яқин шеърий китоблари, достонлари чоп этилди. 1971 йилда Ҳабибий ижодиётининг гултожи бўлган “Девон”и ҳаёт юзини кўради. Унда шоирнинг 60 йиллик ижоди махсули бўлган шеър ва ғазаллари жамлангандир.

Табиатан серзавқ ва ҳазил-мутойибани севувчи бўлган Ҳабибий домла ўзига хос, афандинамо ҳазиллари билан дўстлар даврасига файз бағишлар, самимий ва беғараз бўлган бу ҳазиллари гоҳида жиддий тус олиб кетар эди. Шунингдек, у кишини яхши билган ва тушунган дўстлари бундай ҳазилларни тўғри қабул қилишар, гоҳида унинг иштирокчисига ҳам айланиб қолганликларини билмай қолардилар.

Ҳабибий домла ҳаётда кўплаб жабру жафолар, турмуш қийинчиликларини бошдан кечирган шоирдир. Аммо унинг ўлмас шеър ва ғазаллари юксак кўтаринкилик руҳида, дўстлик, ишқ-муҳаббат, ватанпарварлик каби умуминсоний фазилатларни тараннум этганлиги билан халқимиз қалбидан чуқур жой эгаллаган.

Шоир ижоди ўз даврида кенг равнақ топди. Юздан зиёд шеър-ғазаллари қўшиққа айланди. Нафақат юртимизда балки, бошқа республикаларда ҳам қўшиқчи шоир деган ном билан танилади. Биз ҳалигача севиб тинглайдиган “Диёримсан” ашуласи мана етмиш йилдирки радио ва телевидения орқали янграб келмоқда:

Озода гўзал ўлкам, ҳурматли диёримсан,
Кўп заҳмат ила топган бахтимсан баҳоримсан,
Жоним каби асрайман номус ила оримсан,
Кўнглим очилур боқсам орому қароримсан,
Ҳар ерда мададкорим, ҳар ишда мадоримсан.

Ҳабибий домланинг узоқ йиллик меҳнатлари эвазига 1974 йилда “Ўзбекистон халқ шоири” унвони билан тақдирланди. 1980 йилда эса “Халқлар дўстлиги” ордени билан мукофотланди. 1980 йилнинг 15 апрелида Ҳабибий домла 90 ёшида вафот этади.

Шу ўринда шоирнинг камтарона ҳаёт йўлини эсга олар эканмиз, яхши хулқ, ҳақиқий ижод, чин қалб эгалари ҳеч қачон унут бўлмаслигига, уларнинг хотираси ҳамиша барҳаёт бўлишлигига яна бир бор амин бўламиз.

Бошим осмонга етган минг ташаккур бирла кўрганда,
Ҳабибий деб, олиб тилга эл ичра сарбаланд айлар.

ҲАБИБИЙ
ШЕЪРИЙ ИЖОДИДАН НАМУНАЛАР
07

ИШҚ ДАРСИ

Эй ёронлар, ишқ дарсин қилганимда ибтидо
Жилвагар эрди кўзимда нозанин бир маҳлиқо.

Сафҳайи оразда ҳар лаҳза ўқиб ҳолу хатин,
Ҳарна мазмун бўлса бўлди шубҳасиз кўнглимга жо.

Сўзласам ишқу муҳаббатдан очилгай чеҳраси
Бор экан билдим муборак зотида меҳру вафо.

Ишқ аро Фарҳоду Мажнунларга тан бергай жаҳон
Қилмади тарки муҳаббат кўрди кўп жабру жафо.

Тан берурман эмди ҳар меҳнатга тоқат кўрсатиб,
То тирик борман бу йўлдан ёнмагайман мутлақо.

Яшнагайман дам-бадам кўрсам танимга сиғмайин
Ой юзидин касб этиб кўнглим, кўзим нуру зиё.

Сенга ҳам бўлгай муяссар, эй Ҳабибий, васли ёр,
Бўлмагай асло умиду орзулар барҳаво.

КЎНГИЛ ҚУВОНЧИ

Кел эй кўнгилнинг азизи кўп этма истиғно,
На деб ўзингга мени аввал айладинг ошно.

Дилим чароғи, кўзим нури, тан мадорисан,
Азта бошинг ҳақи, бир лаҳза бўлма бепарво.

Қаро кўзингга кўзим тушмаса ёмон ҳолим
Фироқинг ўтига йўқ сабру тоқатим асло.

Замону асрим аро эй ягона фарзона,
Жаҳонда борму киши сен каби гўзал зебо.

Кулиб кўзинг қирида илтифот этар чоғда
Қиё-қиё боқишинг кимни қилмагай шайдо.

Чаманда кўкка боқиб қолди бир кўриб наргис,
Бўлурму дуняда кўзлар кўзинг каби шаҳло.

Чин эътиқодим ила софу тоза меҳрингни,
Ҳабибий, сафҳаи сийнамда айладим иншо.

1941

КЎЗИ ШАҲЛО

Карашма бирла ҳушим олди бир кўзи шаҳло,
Тағофил айлади-ю, кетди боқмади асло.

Кўнгилда оҳи жаҳонсўзу юз ғаму андуҳ,
Дилимда дарди фироқу қошимда минг савдо.

Тешик-тешик жигаримдан булоқ ўлиб қонлар
Кўзимда тўлмоғу тошмоқ била улуг дарё.

Хаёли лаъли лаби масту майпараст этди,
Қаро кўзин қараши қилди волаю шайдо.

Ажабки ҳар туну кун ёра-ёр экан, ағёр,
Ғарибу ғамзодалардан ҳамиша бепарво.

Ҳумори бодайи васли билан хароб ўлдим,
Хуморим аччиғи то қилмагай мени расво.

Ҳабибий, кўз тутаман иштиёқий васли билан,
Нечук аламки яна қилса нозу истиғно.

ТОҲИРУ ЗУҲРО

Эл оғзида ширин афсона эрди Тоҳиру Зуҳро —
Муҳаббат бирла чирмашган ҳақиқий ошиқи шайдо.

Замона зулм ила отди азим дарёга Тоҳирни
Ва лекин қаърига тортмай кўтарди бошига дарё.

Букун майдонда шону шавкат ила жилвагар бўлди,
Чин ошиқликни таълим айлаб элга бу ики барно.

Очилган, яшнаган гулшанда ранго-ранг олиб илҳом
Нахуш санъат билан тасвир этибдир Собир Абдулло.

Неча душман чиқиб тўсмоқчи бу нури ҳақиқатни,
Қолиб нури ҳақиқат ёв ўзи барбод бўлур аммо.

Ҳақиқат шами ўчмас зулму даҳшатнинг шамолидан,
Адолат байроғи қайрилмагай бир зарра ҳам асло.

Ҳабибий, эътиқодим шулки иқболу зафар бизда,
Нечунким янги-янги кунда бўлмоқда ҳунар пайдо.

МАКТАБ

Жаҳонда илму фаннинг кони мактаб,
Тугалмас кони бепоёни мактаб.

Муҳаббат қилса ким илму ҳунарга,
Ширин жон бирла тенг жонони мактаб

Вужудин илм ила гавҳар қилурга,
Қидирса чоралар имкони мактаб.

Тўлиғ илму адаб олмоққа аввал
Кишининг ғайрату виждони мактаб.

Азиз ёшлар учун ёшлик ғанимат,
Билимсизнинг бўлур армони мактаб.

Ривож олса не чоғлик илму урфон,
Мадад бахшу мадору жони мактаб.

Шарафли келди махлуқ ичра ннсон —
Шараф узра шараф ҳам шони мактаб.

1947

АБАС

Баҳрасизлар бирла ўтган умру фурсатлар абас,
Тоза жонпарвар каломи аҳли ҳикматлар абас.

Базм аро жўш урса қайнаб соз ила хонандалар,
Қилмагай таъсир қизғин базму суҳбатлар абас.

Баъзи бир каж фаҳму худбинларга минг жон куйдириб,
Қилса ҳурмат бирла танқиду насиҳатлар абас.

Маснади суҳбатга лойиқ аҳли дониш бўлса ким,
Сурат оро у қуруқ ҳайбатли савлатлар абас.

Ишлаганда ақлу идрокингни ишлат аввало,
Йўқса ҳосилсиз бўлур беҳуда меҳнатлар абас.

Бир ёмонга раҳм гўё жавр эрур юз яхшига,
Гар аниқланса ёмонлик раҳму длафқатлар абас.

Эй Ҳабибий, кимда-ким завқи муҳаббат бўлмаса,
Сидқ ила ҳар қанча кўп қилсанг муҳаббатлар абас,

1960

Shoirlar, adiblar, olimlar, sanʼatkorlarni xalq maʼnaviyatining zargarlari deb atash mumkin. Shunday maʼnaviyat zargarlaridan biri oʻlmas asarlar ijodkori, sharq mumtoz adabiyotining nozik bilimdoni, gʻazalnavis, Oʻzbekiston xalq shoiri Mavlono Zokirjon Holmuhammad oʻgʻli Habibiy(1890-1980)dir.

Iskandar MADGʻOZIYEV
NUKTADON SHOIR
07

Yaxshi nom, ezgu amal, solih farzand, haqiqiy ijod, chin doʻst. Bu beshlikni keltirishiz bejiz emas, albatta. Zero, ushbu besh jihatni oʻzida mujassam etolgan kishi oʻzini eng baxtli inson deb hisoblasa boʻladi. Chunki bunday insonning hayoti shubhasiz baxtiyorlikda oʻtadi. Dunyodan koʻz yumgandan soʻng ham yaxshi nomi, ezgu amallari, solih farzandlari, doʻstlari va oʻlmas ijodi bilan oʻzining ikkinchi umrini davom ettiradi.

Biz soʻzimiz avvalini bunday jumlalar bilan boshlashimiz bejiz emas. Ne baxtki, xalqimiz orasidan yetishib chiqqan bunday insonlar koʻpchilikni tashkil etadi. Zero, bugun jisman oramizda yoʻq boʻlgan bunday shaxslar yillar va asrlar osha oʻzlarining xayrli amallari va qoldirgan boy maʼnaviy merosi bilan yuksaklardan boʻylab, mayoq kabi insonlar qalbini yoritib, ularga maʼnaviy ozuqa berib kelmoqdalar.

22Shoirlar, adiblar, olimlar, sanʼatkorlarni xalq maʼnaviyatining zargarlari deb atash mumkin. Shunday maʼnaviyat zargarlaridan biri oʻlmas asarlar ijodkori, sharq mumtoz adabiyotining nozik bilimdoni, gʻazalnavis, Oʻzbekiston xalq shoiri Mavlono Zokirjon Holmuhammad oʻgʻli Habibiy(1890-1980)dir.

Habibiy deganda, avvalo, salobatli, nuroniy yuzida doim tabassum balqib turuvchi, oʻtkir nigohi bilan kishini oʻziga jalb qila oladigan, oppoq soqollari va doʻppisi oʻziga yarashgan, hamisha samimiy va xushchaqchaq inson koʻz oldimizga keladi.

Asli Andijonning Qoʻqonqishlogʻidan (Hozirgi Paxtaobod tumani) boʻlgan Zokirjon Habibiyning bolaligi va keyingi hayoti muhtojlik va turmush qiyinchiliklaridan holi boʻlmaydi. Dehqon oilasida tavallud topgan shoir dastlabki taʼlimni oʻz qishlogʻidagi eski usul maktabida oladi. Avval Qoʻqonqishloq keyinroq Andijon madrasalarida oʻqiydi. Toliblik davrlaridan boshlab gʻazallar mashq qila boshlaydi. Dastlabki mashqlarini Muqimiyning doʻsti boʻlgan qoʻqonqishloqlik shoir Qori Zokir (1860-1943) nazaridan oʻtkazgan Habibiyning ilk sheʼrlari oʻzining pishiq va oʻynoqiligi bilan ajralib turgan:

Bormukin olamda sendek dilkashu hushyor yor,
Rishtai jon zulfing ichra boʻlgʻali xushtor tor.

* * *

Arzi holimni, Habibiy, yozdim ashʼorim bilan,
Qilma noz aylab qoʻlingga tegsa bu ashʼor or.

Madrasa taʼlimi davomida Habibiyning bilimi va dunyoqarashi kengayadi. Saʼdiy, Hofiz, Lutfiy, Jomiy, Navoiy, Bedil asarlarini sevib mutolaa qilish asnosida shoir arab-fors tili va adabiyotidan mukammal bilim egallaydi. Mumtoz adabiyotning nozik qirralarini teran anglay olish va tahlil qilish qobiliyati rivojlanib boradi.

Habibiy bu davrda Mahjuriy, Sayfiy, Anisiy, Xurram, Ulfat kabi shoirlar bilan doʻstlashadi va bu doʻstlik rishtalari umrining oxiriga qadar davom etadi.

20-30-yillarda Habibiy domla hayot taqozosiga koʻra Andijon va Uchqoʻrgʻon shaharlarida savdo sohasida faoliyat olib boradi.

1938 yil sentyabr oyida Oʻzbekiston hukumati buyuk oʻzbek shoiri Alisher Navoiy tavalludining 500 yilligini nishonlash, shoirning ijodiy merosini oʻrganish, tadqiq etish va ularni toʻplab nashr etish haqida maxsus farmon chiqaradi. Toshkentda Navoiy yubiley qoʻmitasi tuziladi. Shu munosabat bilan qoʻmitaga mumtoz adabiyotdan xabardor boʻlgan, arab-fors tillarini biluvchi, xususan Navoiy ijodi bilan yaxshi tanish boʻlgan insonlar jalb qilinadi.

30-yillar oʻrtalarida Andijon adabiy muhiti bilan mustahkam aloqa bogʻlagan shoir Gʻafur Gʻulom qoʻmitaga andijonlik doʻstlari Mahjuriy, Habibiy, Anisiy, Ulfatlarni tavsiya etadi.

Yubiley qoʻmitasida Habibiy uch yil davomida (1938-1941) doʻstlari bilan birgalikda bir tanu-bir jon boʻlib, Navoiy asarlarini oʻrganadilar, nashrga tayyorlaydilar. Eng xarakterli jihati shundaki, ular turli davrlarda, turli kotiblar tomonidan koʻchirilgan Navoiy asarlari qoʻlyozmalarini oʻrganib, kotiblar tomonidan yoʻl qoʻyilgan xato va kamchiliklarni toʻgʻrilab, Navoiy asarlarining mukammal matnini shakllantiradilar.

Shoir Habibiyning qoʻmitada amalga oshirgan ishlaridan yana biri “Navoiy asarlarining mukammal izohli lugʻati”ni tuzishdagi ishtirokidir. Bu lugʻat ikki jildli boʻlib, Navoiyning 26 asaridan ajratib olingan 48 mingta soʻzdan iboratdir. Shohidlarning soʻzlariga qaraganda bu lugʻat Navoiy asarlari uchun yaratilgan lugʻatlarning eng mukammali boʻlgan. Ming afsuslar boʻlsinkim, bu lugʻat nomaʼlum sabablarga koʻra nashr etilmay qolib ketgan va izsiz yoʻqolgan…

Bu yillarda Habibiy ijodining mavzulari ancha kengaydi, turli janrlarda qalam tebratdi. 1939 yilda shoir Yozuvchilar uyushmasi aʼzoligiga qabul qilindi. Uning asarlari respublikamizning nufuzli gazeta-jurnallarida, adabiy almanaxlarda chop etildi.

1941 yilda 2-jahon urushi boshlangach, yubiley faoliyati toʻxtatiladi va qoʻmita aʼzolari tarqalib ketadi. Habibiy Yangiyoʻl shahrida tashkil etilgan yangi musiqali drama va komediya teatriga adabiy emakdosh vazifasiga tavsiya etildi va 1946 yilgacha shu vazifada ishladi.

1949 yilda Habibiy domlaning “Mehnat qoʻshiqlari”, koʻp oʻtmay “Yangi yallalar” nomli ilk sheʼriy toʻplamlari nashr etiladi. Shundan keyin shoirning 20 ga yaqin sheʼriy kitoblari, dostonlari chop etildi. 1971 yilda Habibiy ijodiyotining gultoji boʻlgan “Devon”i hayot yuzini koʻradi. Unda shoirning 60 yillik ijodi maxsuli boʻlgan sheʼr va gʻazallari jamlangandir.

Tabiatan serzavq va hazil-mutoyibani sevuvchi boʻlgan Habibiy domla oʻziga xos, afandinamo hazillari bilan doʻstlar davrasiga fayz bagʻishlar, samimiy va begʻaraz boʻlgan bu hazillari gohida jiddiy tus olib ketar edi. Shuningdek, u kishini yaxshi bilgan va tushungan doʻstlari bunday hazillarni toʻgʻri qabul qilishar, gohida uning ishtirokchisiga ham aylanib qolganliklarini bilmay qolardilar.

Habibiy domla hayotda koʻplab jabru jafolar, turmush qiyinchiliklarini boshdan kechirgan shoirdir. Ammo uning oʻlmas sheʼr va gʻazallari yuksak koʻtarinkilik ruhida, doʻstlik, ishq-muhabbat, vatanparvarlik kabi umuminsoniy fazilatlarni tarannum etganligi bilan xalqimiz qalbidan chuqur joy egallagan.

Shoir ijodi oʻz davrida keng ravnaq topdi. Yuzdan ziyod sheʼr-gʻazallari qoʻshiqqa aylandi. Nafaqat yurtimizda balki, boshqa respublikalarda ham qoʻshiqchi shoir degan nom bilan taniladi. Biz haligacha sevib tinglaydigan “Diyorimsan” ashulasi mana yetmish yildirki radio va televideniya orqali yangrab kelmoqda:

Ozoda goʻzal oʻlkam, hurmatli diyorimsan,
Koʻp zahmat ila topgan baxtimsan bahorimsan,
Jonim kabi asrayman nomus ila orimsan,
Koʻnglim ochilur boqsam oromu qarorimsan,
Har yerda madadkorim, har ishda madorimsan.

Habibiy domlaning uzoq yillik mehnatlari evaziga 1974 yilda “Oʻzbekiston xalq shoiri” unvoni bilan taqdirlandi. 1980 yilda esa “Xalqlar doʻstligi” ordeni bilan mukofotlandi. 1980 yilning 15 aprelida Habibiy domla 90 yoshida vafot etadi.

Shu oʻrinda shoirning kamtarona hayot yoʻlini esga olar ekanmiz, yaxshi xulq, haqiqiy ijod, chin qalb egalari hech qachon unut boʻlmasligiga, ularning xotirasi hamisha barhayot boʻlishligiga yana bir bor amin boʻlamiz.

Boshim osmonga yetgan ming tashakkur birla koʻrganda,
Habibiy deb, olib tilga el ichra sarbaland aylar.

HABIBIY
SHEʼRIY IJODIDAN NAMUNALAR
07

ISHQ DARSI

Ey yoronlar, ishq darsin qilganimda ibtido
Jilvagar erdi koʻzimda nozanin bir mahliqo.

Safhayi orazda har lahza oʻqib holu xatin,
Harna mazmun boʻlsa boʻldi shubhasiz koʻnglimga jo.

Soʻzlasam ishqu muhabbatdan ochilgay chehrasi
Bor ekan bildim muborak zotida mehru vafo.

Ishq aro Farhodu Majnunlarga tan bergay jahon
Qilmadi tarki muhabbat koʻrdi koʻp jabru jafo.

Tan berurman emdi har mehnatga toqat koʻrsatib,
To tirik borman bu yoʻldan yonmagayman mutlaqo.

Yashnagayman dam-badam koʻrsam tanimga sigʻmayin
Oy yuzidin kasb etib koʻnglim, koʻzim nuru ziyo.

Senga ham boʻlgay muyassar, ey Habibiy, vasli yor,
Boʻlmagay aslo umidu orzular barhavo.

KOʻNGIL QUVONCHI

Kel ey koʻngilning azizi koʻp etma istigʻno,
Na deb oʻzingga meni avval aylading oshno.

Dilim charogʻi, koʻzim nuri, tan madorisan,
Azta boshing haqi, bir lahza boʻlma beparvo.

Qaro koʻzingga koʻzim tushmasa yomon holim
Firoqing oʻtiga yoʻq sabru toqatim aslo.

Zamonu asrim aro ey yagona farzona,
Jahonda bormu kishi sen kabi goʻzal zebo.

Kulib koʻzing qirida iltifot etar chogʻda
Qiyo-qiyo boqishing kimni qilmagay shaydo.

Chamanda koʻkka boqib qoldi bir koʻrib nargis,
Boʻlurmu dunyada koʻzlar koʻzing kabi shahlo.

Chin eʼtiqodim ila sofu toza mehringni,
Habibiy, safhai siynamda ayladim insho.

1941

KOʻZI SHAHLO

Karashma birla hushim oldi bir koʻzi shahlo,
Tagʻofil ayladi-yu, ketdi boqmadi aslo.

Koʻngilda ohi jahonsoʻzu yuz gʻamu anduh,
Dilimda dardi firoqu qoshimda ming savdo.

Teshik-teshik jigarimdan buloq oʻlib qonlar
Koʻzimda toʻlmogʻu toshmoq bila ulug daryo.

Xayoli laʼli labi mastu mayparast etdi,
Qaro koʻzin qarashi qildi volayu shaydo.

Ajabki har tunu kun yora-yor ekan, agʻyor,
Gʻaribu gʻamzodalardan hamisha beparvo.

Humori bodayi vasli bilan xarob oʻldim,
Xumorim achchigʻi to qilmagay meni rasvo.

Habibiy, koʻz tutaman ishtiyoqiy vasli bilan,
Nechuk alamki yana qilsa nozu istigʻno.

TOHIRU ZUHRO

El ogʻzida shirin afsona erdi Tohiru Zuhro —
Muhabbat birla chirmashgan haqiqiy oshiqi shaydo.

Zamona zulm ila otdi azim daryoga Tohirni
Va lekin qaʼriga tortmay koʻtardi boshiga daryo.

Bukun maydonda shonu shavkat ila jilvagar boʻldi,
Chin oshiqlikni taʼlim aylab elga bu iki barno.

Ochilgan, yashnagan gulshanda rango-rang olib ilhom
Naxush sanʼat bilan tasvir etibdir Sobir Abdullo.

Necha dushman chiqib toʻsmoqchi bu nuri haqiqatni,
Qolib nuri haqiqat yov oʻzi barbod boʻlur ammo.

Haqiqat shami oʻchmas zulmu dahshatning shamolidan,
Adolat bayrogʻi qayrilmagay bir zarra ham aslo.

Habibiy, eʼtiqodim shulki iqbolu zafar bizda,
Nechunkim yangi-yangi kunda boʻlmoqda hunar paydo.

MAKTAB

Jahonda ilmu fanning koni maktab,
Tugalmas koni bepoyoni maktab.

Muhabbat qilsa kim ilmu hunarga,
Shirin jon birla teng jononi maktab

Vujudin ilm ila gavhar qilurga,
Qidirsa choralar imkoni maktab.

Toʻligʻ ilmu adab olmoqqa avval
Kishining gʻayratu vijdoni maktab.

Aziz yoshlar uchun yoshlik gʻanimat,
Bilimsizning boʻlur armoni maktab.

Rivoj olsa ne chogʻlik ilmu urfon,
Madad baxshu madoru joni maktab.

Sharafli keldi maxluq ichra nnson —
Sharaf uzra sharaf ham shoni maktab.

1947

ABAS

Bahrasizlar birla oʻtgan umru fursatlar abas,
Toza jonparvar kalomi ahli hikmatlar abas.

Bazm aro joʻsh ursa qaynab soz ila xonandalar,
Qilmagay taʼsir qizgʻin bazmu suhbatlar abas.

Baʼzi bir kaj fahmu xudbinlarga ming jon kuydirib,
Qilsa hurmat birla tanqidu nasihatlar abas.

Masnadi suhbatga loyiq ahli donish boʻlsa kim,
Surat oro u quruq haybatli savlatlar abas.

Ishlaganda aqlu idrokingni ishlat avvalo,
Yoʻqsa hosilsiz boʻlur behuda mehnatlar abas.

Bir yomonga rahm goʻyo javr erur yuz yaxshiga,
Gar aniqlansa yomonlik rahmu dlafqatlar abas.

Ey Habibiy, kimda-kim zavqi muhabbat boʻlmasa,
Sidq ila har qancha koʻp qilsang muhabbatlar abas,

1960

Habibiy. Devon

21

(Tashriflar: umumiy 1 427, bugungi 1)

1 izoh

  1. Абдунаби Бойқўзиев
    Abdunabi54@mail.ru
    Хуршиджон,омон бўлинг! Адабиётимизга, маданиятимизга қилаётган хизматларингиз беқиёс. Ҳабибий домла ҳақидаги ушбу радиолавҳани бошқа эшитмасак керак, деб юрардим, ҳайрият!…
    Искандаржон, афсус сиз билан таниш эмасмиз, аммо сизга ҳам кўнглимизда раҳматларимиз бор. Улуғ аждодларимиз ҳақидаги мақолаларингиз билан адабиётимизнинг кечмишига доир очилмаган саҳифалар, ажойиб воқеалар, хотираларнинг тикланишига сабабчи бўляпсиз. Отангизга раҳмат! Илм ва ижодда омадлар тилаймиз!

Izoh qoldiring