Iskandar Madg’oziyev. Ikki maqola

Ashampoo_Snap_2017.10.07_11h32m49s_001_.png   Фарғона водийси азалдан ўзининг шоиртабиат ва шеърфаҳм инсонлари билан машҳур бўлиб келган. Бирор касб эгаси йўқки, икки мисра шеър билмаса, ёхуд шеър ёзмаса. Зеро, шеър ишқи шоҳу гадо қалбида бирдек куртак ёзиши, мева бериши мумкин. Бунга қадим тарих гувоҳдир.

  Искандар МАДҒОЗИЕВ
ИККИ МАҚОЛА
09

21616334_118612022216539_8956067773497117524_n.jpgИскандар Мадғозиев 1993 йил 3 августда Андижон шаҳрида туғилган. Дастлаб ўрта мактабни, сўнг академик лицейни тамомлагач, 2012 йили Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий Университетининг Тарих факультетига ўқишга қабул қилинган. 2016 йилда университетни битириб, ҳозирда Андижон вилоят адабиёт ва санъат музейида илмий ходим сифатида фаолият олиб бормоқда.
Искандар Мадғозиев  2015 йилда  “Ҳаёт қадри” деб номланган шеърлар тўплами нашр этилган. Шунингдек, у Ғ.Ғуломнинг “Аруз жилолари”, Хуррам, Абдуали, Фидойиларнинг “Нур қўйнида инсон”, Боқирнинг “Соғинч”, Аҳмадрафиқ Қамбаровнинг “Нодир воқеалар”, Анисий ва Боқирларнинг “Киноя ва мажоз луғати”, Аҳмадрафиқ ва Улфатларнинг “Мавлоно Ҳабибий лутфлари” каби китобларини нашрга тайёрлаган.
Илмий тадқиқотчи сифатида Искандар Мадғозиев “Андижон адабий муҳити (ХVI аср – XX аср ўрталарида)” мавзуси бўйича илмий изланишлар олиб бормоқда. У изланишлари натижасида Андижонда ижод қилган юзга яқин мумтоз адабиёт вакилларининг ҳаёти ва ижодига оид қимматли маълумотларни аниқлашга муваффақ бўлди. Ўз мавзуси доирасида ўндан ортиқ илмий мақолалари эълон қилинган.

09

НОДИРАНИНГ ОТАСИ ШОИР БЎЛГАНМИ?

i_018.jpgФарғона водийси азалдан ўзининг шоиртабиат ва шеърфаҳм инсонлари билан машҳур бўлиб келган. Бирор касб эгаси йўқки, икки мисра шеър билмаса, ёхуд шеър ёзмаса. Зеро, шеър ишқи шоҳу гадо қалбида бирдек куртак ёзиши, мева бериши мумкин. Бунга қадим тарих гувоҳдир.

Маълумки, Андижон Қўқон маликаси Моҳларойим Нодирадек жодузабон шоирани дунёга келтирган ва вояга етказган заминдир. Ўзбек мумтоз адабиёти хазинасига ўзининг бетакрор ғазаллари билан муносиб ҳисса қўшган шоиранинг шеърият майдонида ўз ўрнини топишида, ёхуд унинг ижодий камолотига бир қанча омиллар таъсир кўрсатганлиги бизга маълум. Бироқ, сўнгги маълумотлар асосида булар орасига яна бир муҳим омилни киритиш лозим бўлади.

Нодирабегим ҳақидаги китобларда унинг 1792 йили Андижон ҳокими Раҳмонқулибий оиласида таваллуд топгани айтилади. Хўш, Моҳларойимдек ҳуснда тенгсиз ва оқила қизни ахлоқий баркамол этиб тарбиялаб, вояга етказган унинг ота-онаси ким эди?

Минг афсуслар бўлсинки, cалкам бир аср мобайнида Нодира ҳақида эълон қилинган китоб ва мақолаларда ушбу савол аксарият очиқ қолдириб келинади. Бу эса, ушбу масалага ойдинлик киритувчи манба ва маълумотларнинг етарли эмаслиги билан изоҳланади. Бир манбада онасининг исми Ойшабиби эканлиги айтилади, холос . Фақат отаси ҳақидагина узуқ-юлуқ маълумотлар учрайди.

Қўқон хонлиги тарихига оид барча асарларда “Олтин бешик” афсонаси келтирилган бўлиб, унга кўра Қўқон хонлари силсиласи Олтинбешикхон орқали Бобур Мирзога уланади, дейилади. Ўз навбатида Нодиранинг отаси Раҳмонқулибий ҳам минг уруғи вакили сифатида ушбу силсилага мансублиги ўз-ўзидан маълум бўлади. Бу хусусида Нодиранинг қуйидаги байтини эслаш жоиз:

Саёдат хонадони шоҳи Бобур насли покиман,
Худоё, раҳмат айла жумла аждоди изомимни.

Тарихчи Ҳакимхон тўра ўзининг “Мунтаҳаб ут-таворих” асарида унинг насабини “Раҳмонқулибий ибн Ражаббий ибн Фозилбий атолиқ ибн Ҳожи Султон” деб келтиради. Раҳмонқулибий минг уруғи ўзбекларининг кўзга кўринган вакили ҳисобланиб, Қўқон хони Норбўтабий (1770-1799)нинг яқинларидан (яъни қайниси) эди.

Жумладан, Худоёрхонзоданинг “Анжум ат-таворих” асарида Раҳмонқулибий “нотиқлиги ва сўзлашда барчадан чечанлиги билан ажралиб туради” дея таърифланади . Раҳмонқулибийнинг туғилган ва вафот этган йиллари маълум эмас. Фақат шуни айтиш мумкинки, унинг Умархон даврида (1810-1822) ҳаёт бўлганлиги маълумдир.

Манбаларда айтилишича, Қўқон хони Олимхон 1808 йили Тошкентда бўлган исённи бостириб, Қўқонга қайтгач, укаси Умархонга Марғилон ҳокимлигини беради. Сўнгра уни ўз тоғаси Андижон ҳокими Раҳмонқулибийнинг қизи Моҳларойимга уйлантиришга қарор қилади. Бу қизнинг ақллилиги, одоби ва гўзаллиги атрофга достон бўлган эди. Олимхон бу орқали ўз тоғаси ва укаси ўртасида қариндошлик муносабатларини мустаҳкамламоқчи, шу йўсинда ўз сиёсий ҳокимиятини кучайтирмоқчи бўлган. Бу тўғрида Ҳакимхон тўра шундай ёзади:

“…Ул вақтда Андижон ҳукумати Раҳмонқулибий амир Олимхоннинг тоғаси эрди, анга тааллуқ эрди. Раҳмонқулибийни исматида бир қизи бор эди, исми Моҳларойим эрди. Амир Олимхон хоҳладиким, ул маҳдурани амир Умархонни иқди никоҳига киргузса, Маъсумхон тўрани бениҳоят ҳадя бирла юбордиким, Умархонни Андижонга олиб бориб, иқди никоҳ қилиб, Марғилонга келтириб қўйиб келгил, деб рухсат берди. Маъсумхон тўра Марғилонга келиб, шаҳзода Умархонни домод (куёв)лиққа таклиф қилиб, Андижонга олиб яхши соатда ул авжи салтанатни тоҳиди руҳға иқд боғладилар” .

Қўқон хонлиги тарихига оид асарларда Андижон Қўқон хонлигининг иқтисодий, сиёсий ва маданий жиҳатдан тараққий топган шаҳарларидан ҳисобланиб, хонлик ҳаётида муҳим ўрин тутганлиги айтилади. Шу нуқтаи назардан Андижон ҳокимлигига алоҳида шахслар (хоннинг энг яқин кишилари) тайинланар эди. Шу боисдан Раҳмонқулибий ҳам Қўқон хонлиги сиёсатида юқори мавқе ва нуфузга эга шахс сифатида кўринади.

Раҳмонқулибий Андижон ҳокими сифатида бир қатор бунёдкорлик ишларини ҳам амалга оширганлиги маълум. Жумладан, у 1808 йили ўз номида мадраса бунёд қилади ва бу мадраса Чор истилосига қадар фаолият олиб боради.

Раҳмонқулибийнинг “нотиқ ва сўзга чечанлиги” маълум маънода унинг илм даражасини ва маънавий дунёқаришини ҳам белгилайди. Сўнгги изланишлар натижасида Раҳмонқулибийнинг “табъи назм”и ҳам борлиги маълум бўлди. Андижон вилоят Адабиёт ва санъат музейи жамғармасида сақланувчи “Баёз”да (Инв № 5045) унинг бир ғазали мавжуд. Унга “Раҳмонқул тўқсоба Тожий Андижоний (Нодиранинг отаси)” деб изоҳ берилган.

Юқорида таъкидлаганимиз, Нодиранинг жодузабон ва нозиктаъб шоира сифатида шаклланиши, ёхуд унинг шуурида назм сарчашмасининг кўз очиши, унда қалб ҳарорати ҳамда нафис туйғуларнинг ёрқин жилваланиши бежизга эмаслиги маълум бўлади.

Ҳозирча Раҳмонқулибийнинг шу биргина ғазали мавжуд эканлигини ҳисобга оладиган бўлсак, унинг ижоди ҳақида тўлақонли фикр билдириш қийин, албатта. Шу боисдан, зукко ўқувчилар эътиборига илк бор Нодирабегимнинг падари бузруквори бўлмиш Раҳмонқулибийнинг ушбу ғазалини тўлиқ ҳолда келтиришни лозим топдик.

Бу айрилиғ била бормен ки зору беором,
Асири офат беинтиҳойи чарх мудом.

Замона ишлари бунёдидек дилим вайрон,
Нигор сочи киби ҳам таралмиш эрди тамом.

Агар ҳавас қиладурғон эса бу ҳолима базм,
Рубоб нолам ўлуб, кўз ёшимға тўлғай жом.

Фалак молик жиловин берди ақлсизларға,
Вале менинг йўлима макр ила қурубдур дом.

Фалак ки тонг киби меҳрин боғишлағон каским,
Ани шафақ қониға ғарқ этар фалак ҳар шом.

Хато юзиға тутар бўлса ердаким, тўлдинг,
Дилини оташи ғам ичра куйдурур айём.

Чақимчилиғни қаю мушхис қилса тонг киби касб,
Бошиға келгуси Тожий қуёшдек зарфом.

Ватанимиз тарихида из қолдирган, бироқ йиллар сурони тарих саҳифаларидан номларини хиралаштира бошлаган шундай шахслар хотирасини ёдга олиш, уларни халққа қайта таништириш ҳар биримизнинг улуғ маънавий бурчимиздир.

БИР ҒАЗАЛ ТАРИХИ

1938 йилнинг кеч кузи. Тошкент. Андижоннинг пешқадам зиёлиларидан Муҳаммадхон Маҳжурий, Зокиржон Ҳабибий, Абдулаҳад Анисий, Имодиддин Улфатлар мана бир неча ойдирки, “Навоий юбилей комитети”да жавлон уриб хизмат қилмоқдалар. Ҳар куни биргаликда А.С.Пушкин номидаги тил ва адабиёт илмий-текшириш институти биносида Навоий асарлари матни ҳамда “Навоий асарларининг мукаммал луғати” устида ишлайдилар. Етук адабиётшунос ҳамда мумтоз шеърият билимдонлари бўлган бу шахслар илк бор ҳазрат Навоий асарларининг дастлабки мукаммал нашрларини тайёрлашдек тарихий жараёнда иштирок этмоқдалар. Навоий асарларининг қадимий қўлёзмаларини бир-бирига таққослаб, котиблар томонидан йўл қўйилган хатоларни тузатиб, асл матнни аниқлашмоқда.

Қўмитанинг энг пешқадам аъзоларидан Муҳаммадхон Маҳжурнинг қуйидаги байти барча аъзолар учун шиордир:

Ишни, ўртоқлар, бугундан илгари сурмоқ керак,
Ҳам бажармакда план ортиқча дўндурмоқ керак.

Нафақат олим, балки ҳақиқий маънодаги шоир бўлган бу кишилар ўз тийнатида ҳақиқий олимларга хос хусусиятлар билан биргаликда чин шоирларга хос бўлган “фазилатлар”ни ҳам мужассам этган эдилар. Бу ҳам бўлса, ҳаддан зиёд шуурга берилиш ва паришонхотирлик.

Бир неча кундирки, қўмитанинг фаол аъзоларидан шоир Собир Абдулланинг “кайфияти” йўқроқ. Сабаби унинг энг севимли китоби “Ғазалиёти Навоий” йўқолган. Бунга бош “айбдор” эса – Маҳжурий домла!

Домла Маҳжурий дўстлари билан биргаликда Навоий “Чор девони” матнини аниқлашда кўплаб қўлёзма ва тошбосма асарларни бир-бирига таққосламоқда эдилар. Гарчи Навоий асарларининг тошбосма нусҳалари кенг тарқалган бўлса-да, Собир Абдулла шахсий кутубхонасидаги “Ғазалиёти Навоий” алоҳида ўринга эга бўлиб, унда ғалатлар нисбатан камроқ ва кенг ҳажмга эга эди. Маҳжурий домла фойдаланиб туриш мақсадида ушбу китобни Собир Абдулладан сўраб олади.

Бу орада андижонликлар вақтинча яшаб турган жойларини Чорсунинг “Айрилиш” маҳалласидаги бир ҳовлига кўчирадилар. Бу кўчиш асносида Маҳжурий Собир Абдулладан сўраб олган китобни йўқотиб қўяди. Табиатан ҳалим, тўғрисўз ва бировнинг ҳаққига хиёнат қилмайдиган Маҳжурий домла учун бу қаттиқ таъсир қилади. Ўзини паришонхотирлик ва эҳтиётсизликда айблайди ва Собир Абдулла олдида ўнғайсиз аҳволга тушади. Бахтга қарши Собир Абдулла ўзи учун қадрли бўлган китобни сўраб қолади. Ёлғон сўзлашга ўрганмаган Маҳжурий минг хижолат остида бор гапни рўйи рост айтади. Домлага ҳурмати баланд бўлган Собир Абдулла гарчи китоби йўқолганига ич-ичидан ачинган бўлса-да, буни билдирмай, жимгина кулиб қўя қолади.

Воқеадан хабар топган Маҳжурийнинг дўстлари домлани бу хижолатчиликдан қутқариш мақсадида саҳҳофлик дўконларидан айнан шундай китобни қидирадилар. Афсуски, ҳадеганда китоб топилавермайди. Дам олиш кунларининг бирида Имодиддин Улфат хурсанд ҳолда қўлида китоб билан ҳужрага кириб келади. Бу муждадан Маҳжурийнинг боши осмонга етади. Зокиржон Ҳабибий эса буни бугуноқ “ювмасак” бўлмайди, деб ҳазил қилади. Маҳжурий хурсанд бўлганидан:

— Мулла Имодиддин, зап савобли иш қилдингиз-да! Муҳаммадзокир тўғри  айтди. Бугун бир қулинг ўргилсин “мадраса палов” қилиб, китобни “ювамиз”. Фақат, сиздан яна бир илтимос шуки, Собир акам билан Ғафур акамларни кечга айтиб келасиз. Биз унгача Мулла Абдулаҳад билан бирга Чорсуга чиқиб, ошга ҳаражат қилиб келамиз, — деди тараддудланиб.

Шунда Улфат:
— Э, махсум ака, кўнгил тўғрилигини қаранг. Эрталаб Ғафур акам ва Собир акам иккаловлари билан кўришган эдим. “Бугун кечга сизларникига ўтамиз” деб айтгандилар, — деди.

Кечга яқин Ғафур Ғулом ва Собир Абдуллалар кириб келдилар. Меҳмонлар ўтиргач, Маҳжурий токчада турган китобни олиб, Собир Абдуллага узатади. Собир Абдулла севимли китоби топилганидан беҳад хурсанд бўлади. Бундан бехабар бўлган Ғафур Ғуломга “можаро” тарихини айтиб берадилар. Собир Абдулла Маҳжурийга қарата:

— Махсум ака, кўнгилларига келмаса, бир нарса ўқиб берсам. Фақат жиддий  қабул қилмасинлар. Ҳазил маъносида ёзиб эдим, — дейди ва қуйидаги ғазални ўқиб беради.

КИТОБИМ ЙЎҚОЛИБДУР

Сездимки, ўшал яхши китобим йўқолибдур,
Соғлиқ тугалиб, шунчаки тобим йўқолибдур.

Махмурлиғим ошти, кетиб кайф ила завқим,
Дайр ичра сабуҳий майи нобим йўқолибдур.

Китоб ўқишим банд этилиб барча равонлиғ,
Фикрим ўсиши ичра нишобим йўқолибдур.

Диллар ёрумай шеъри Навоийни юзидин,
Қалбим ёрутар ул маҳитобим йўқолибдур.

Ором кетиб тўлғонаман кечаси то субҳ,
Роҳат ушалиб, кўздаги хобим йўқолибдур.

Авроқ дилим учди фироқ сарсари бирла,
Ожиз этилиб бир неча бобим йўқолибдур.

Махдум аканинг лаҳзададур ақли паришон,
Не суд берур бўлса хитобим йўқолибдур.

Ким олғусидур соҳиб ўшал чангалидаким,
Дерларму ўшал овда шитобим йўқолибдур?

Завқим торини тимдалабон узди у Маҳжур,
Ёлғуз кечалар қўлда рубобим йўқолибдур.

Қандай терайин эмди у дур гавҳаридан мен,
Баҳрим қуруб ул кўкда саҳобим йўқолибдур.

Собир эдиму қолмади ҳеч сабру қарорим,
Сездимки, ўшал яхши китобим йўқолибдур.

Шу тариқа қадрдон дўстлар яна бир бор дийдорлашадилар. Тонготар суҳбат қуришиб, эрталаб яна “Навоий қўмитаси”га равона бўладилар. Энг асосийси ўша “можаро” сабаб яратилган ушбу ажойиб ғазал, суронли йиллар имтиҳонидан ўтиб, бугунгача сақланиб келди ва илк бор мухлислар эътиборига ҳавола қилинмоқда.

070.jpg    Farg’ona vodiysi azaldan o’zining shoirtabiat va she’rfahm insonlari bilan mashhur bo’lib kelgan. Biror kasb egasi yo’qki, ikki misra she’r bilmasa, yoxud she’r yozmasa. Zero, she’r ishqi shohu gado qalbida birdek  kurtak yozishi, meva berishi mumkin. Bunga qadim tarix guvohdir.

Iskandar MADG’OZIEV
IKKI MAQOLA
09

51n.jpgIskandar Madg’oziev 1993 yil 3 avgustda Andijon shahrida tug’ilgan. Dastlab o’rta maktabni, so’ng akademik litseyni tamomlagach, 2012 yili Mirzo Ulug’bek nomidagi O’zbekiston Milliy Universitetining Tarix fakul`tetiga o’qishga qabul qilingan. 2016 yilda universitetni bitirib, hozirda Andijon viloyat adabiyot va san’at muzeyida ilmiy xodim sifatida faoliyat olib bormoqda.
Iskandar Madg’oziev 2015 yilda “Hayot qadri” deb nomlangan she’rlar to’plami nashr etilgan. Shuningdek, u  G’.G’ulomning “Aruz jilolari”, Xurram, Abduali, Fidoyilarning “Nur qo’ynida inson”, Boqirning “Sog’inch”, Ahmadrafiq Qambarovning “Nodir voqealar”, Anisiy va Boqirlarning “Kinoya va majoz lug’ati”, Ahmadrafiq va Ulfatlarning “Mavlono Habibiy lutflari” kabi kitoblarini nashrga tayyorlagan.
Ilmiy tadqiqotchi sifatida Iskandar Madg’oziev “Andijon adabiy muhiti (XVI asr – XX asr o’rtalarida)” mavzusi bo’yicha ilmiy izlanishlar olib bormoqda. U izlanishlari natijasida Andijonda ijod qilgan yuzga yaqin mumtoz adabiyot vakillarining hayoti va ijodiga oid qimmatli ma’lumotlarni aniqlashga muvaffaq bo’ldi. O’z mavzusi doirasida o’ndan ortiq ilmiy maqolalari e’lon qilingan.

09

NODIRANING OTASI SHOIR BO’LGANMI?

i_040.jpgFarg’ona vodiysi azaldan o’zining shoirtabiat va she’rfahm insonlari bilan mashhur bo’lib kelgan. Biror kasb egasi yo’qki, ikki misra she’r bilmasa, yoxud she’r yozmasa. Zero, she’r ishqi  shohu gado qalbida birdek kurtak yozishi, meva berishi mumkin. Bunga qadim tarix guvohdir.

Ma’lumki, Andijon Qo’qon malikasi Mohlaroyim Nodiradek joduzabon shoirani dunyoga keltirgan va voyaga yetkazgan zamindir. O’zbek mumtoz adabiyoti xazinasiga o’zining betakror  g’azallari bilan munosib hissa qo’shgan shoiraning she’riyat maydonida o’z o’rnini topishida, yoxud uning ijodiy kamolotiga bir qancha omillar ta’sir ko’rsatganligi bizga ma’lum. Biroq, so’nggi ma’lumotlar asosida bular orasiga yana bir muhim  omilni kiritish lozim bo’ladi.

Nodirabegim haqidagi kitoblarda uning 1792 yili Andijon hokimi Rahmonqulibiy oilasida tavallud topgani aytiladi. Xo’sh, Mohlaroyimdek husnda tengsiz va oqila qizni axloqiy  barkamol etib tarbiyalab, voyaga yetkazgan uning ota-onasi kim edi?

Ming afsuslar bo’lsinki, calkam bir asr mobaynida Nodira haqida e’lon qilingan kitob va maqolalarda ushbu savol aksariyat ochiq qoldirib kelinadi. Bu esa, ushbu masalaga oydinlik  kirituvchi manba va ma’lumotlarning yetarli emasligi bilan izohlanadi. Bir manbada onasining ismi Oyshabibi ekanligi aytiladi, xolos . Faqat otasi haqidagina uzuq-yuluq ma’lumotlar uchraydi.

Qo’qon xonligi tarixiga oid barcha asarlarda “Oltin beshik” afsonasi keltirilgan bo’lib, unga ko’ra Qo’qon xonlari silsilasi Oltinbeshikxon orqali Bobur Mirzoga ulanadi, deyiladi. O’z  navbatida Nodiraning otasi Rahmonqulibiy ham ming urug’i vakili sifatida ushbu silsilaga mansubligi o’z-o’zidan ma’lum bo’ladi. Bu xususida Nodiraning quyidagi baytini eslash joiz:

Sayodat xonadoni shohi Bobur nasli pokiman,
Xudoyo, rahmat ayla jumla ajdodi izomimni.

Tarixchi Hakimxon to’ra o’zining “Muntahab ut-tavorix” asarida uning nasabini “Rahmonqulibiy ibn Rajabbiy ibn Fozilbiy atoliq ibn Hoji Sulton” deb keltiradi. Rahmonqulibiy ming  urug’i o’zbeklarining ko’zga ko’ringan vakili hisoblanib, Qo’qon xoni Norbo’tabiy (1770-1799)ning yaqinlaridan (ya’ni qaynisi) edi.

Jumladan, Xudoyorxonzodaning “Anjum at-tavorix” asarida Rahmonqulibiy “notiqligi va so’zlashda barchadan chechanligi bilan ajralib turadi” deya ta’riflanadi . Rahmonqulibiyning  tug’ilgan va vafot etgan yillari ma’lum emas. Faqat shuni aytish mumkinki, uning Umarxon davrida (1810-1822) hayot bo’lganligi ma’lumdir.

Manbalarda aytilishicha, Qo’qon xoni Olimxon 1808 yili Toshkentda bo’lgan isyonni bostirib, Qo’qonga qaytgach, ukasi Umarxonga Marg’ilon hokimligini beradi. So’ngra uni o’z tog’asi  Andijon hokimi Rahmonqulibiyning qizi Mohlaroyimga uylantirishga qaror qiladi. Bu qizning aqlliligi, odobi va go’zalligi atrofga doston bo’lgan edi. Olimxon bu orqali o’z tog’asi va ukasi o’rtasida qarindoshlik munosabatlarini  mustahkamlamoqchi, shu yo’sinda o’z siyosiy hokimiyatini kuchaytirmoqchi bo’lgan. Bu to’g’rida Hakimxon to’ra shunday yozadi:

“…Ul vaqtda Andijon hukumati Rahmonqulibiy amir Olimxonning tog’asi erdi, anga taalluq erdi. Rahmonqulibiyni ismatida bir qizi bor edi, ismi Mohlaroyim erdi. Amir Olimxon  xohladikim, ul mahdurani amir Umarxonni iqdi nikohiga kirguzsa, Ma’sumxon to’rani benihoyat hadya birla yubordikim, Umarxonni Andijonga olib borib, iqdi nikoh qilib, Marg’ilonga keltirib qo’yib kelgil, deb ruxsat berdi. Ma’sumxon to’ra  Marg’ilonga kelib, shahzoda Umarxonni domod (kuyov)liqqa taklif qilib, Andijonga olib yaxshi soatda ul avji saltanatni tohidi ruhg’a iqd bog’ladilar” .

Qo’qon xonligi tarixiga oid asarlarda Andijon Qo’qon xonligining iqtisodiy, siyosiy va madaniy jihatdan taraqqiy topgan shaharlaridan hisoblanib, xonlik hayotida muhim o’rin  tutganligi aytiladi. Shu nuqtai nazardan Andijon hokimligiga alohida shaxslar (xonning eng yaqin kishilari) tayinlanar edi. Shu boisdan Rahmonqulibiy ham Qo’qon xonligi siyosatida yuqori mavqe va nufuzga ega shaxs sifatida ko’rinadi.

Rahmonqulibiy Andijon hokimi sifatida bir qator bunyodkorlik ishlarini ham amalga oshirganligi ma’lum. Jumladan, u 1808 yili o’z nomida madrasa bunyod qiladi va bu madrasa Chor  istilosiga qadar faoliyat olib boradi.

Rahmonqulibiyning “notiq va so’zga chechanligi” ma’lum ma’noda uning ilm darajasini va ma’naviy dunyoqarishini ham belgilaydi. So’nggi izlanishlar natijasida Rahmonqulibiyning “tab’i nazm”i ham borligi ma’lum bo’ldi. Andijon viloyat Adabiyot va san’at muzeyi jamg’armasida saqlanuvchi “Bayoz”da (Inv № 5045) uning bir g’azali mavjud. Unga “Rahmonqul to’qsoba Tojiy Andijoniy (Nodiraning otasi)” deb izoh  berilgan.

Yuqorida ta’kidlaganimiz, Nodiraning joduzabon va nozikta’b shoira sifatida shakllanishi, yoxud uning shuurida nazm sarchashmasining ko’z ochishi, unda qalb harorati hamda nafis  tuyg’ularning yorqin jilvalanishi bejizga emasligi ma’lum bo’ladi.

Hozircha Rahmonqulibiyning shu birgina g’azali mavjud ekanligini hisobga oladigan bo’lsak, uning ijodi haqida to’laqonli fikr bildirish qiyin, albatta. Shu boisdan, zukko o’quvchilar  e’tiboriga ilk bor Nodirabegimning padari buzrukvori bo’lmish Rahmonqulibiyning ushbu g’azalini to’liq holda keltirishni lozim topdik.

Bu ayrilig’ bila bormen ki zoru beorom,
Asiri ofat beintihoyi charx mudom.

Zamona ishlari bunyodidek dilim vayron,
Nigor sochi kibi ham taralmish erdi tamom.

Agar havas qiladurg’on esa bu holima bazm,
Rubob nolam o’lub, ko’z yoshimg’a to’lg’ay jom.

Falak molik jilovin berdi aqlsizlarg’a,
Vale mening yo’lima makr ila qurubdur dom.

Falak ki tong kibi mehrin bog’ishlag’on kaskim,
Ani shafaq qonig’a g’arq etar falak har shom.

Xato yuzig’a tutar bo’lsa yerdakim, to’lding,
Dilini otashi g’am ichra kuydurur ayyom.

Chaqimchilig’ni qayu mushxis qilsa tong kibi kasb,
Boshig’a kelgusi Tojiy quyoshdek zarfom.

Vatanimiz tarixida iz qoldirgan, biroq yillar suroni tarix sahifalaridan nomlarini xiralashtira boshlagan shunday shaxslar xotirasini yodga olish, ularni xalqqa qayta tanishtirish  har birimizning ulug’ ma’naviy burchimizdir.

BIR G’AZAL TARIXI

1938 yilning kech kuzi. Toshkent. Andijonning peshqadam ziyolilaridan Muhammadxon Mahjuriy, Zokirjon Habibiy, Abdulahad Anisiy, Imodiddin Ulfatlar mana bir necha oydirki,  “Navoiy yubiley komiteti”da javlon urib xizmat qilmoqdalar. Har kuni birgalikda A.S.Pushkin nomidagi til va adabiyot ilmiy-tekshirish instituti binosida Navoiy asarlari matni hamda “Navoiy asarlarining mukammal lug’ati” ustida  ishlaydilar. Yetuk adabiyotshunos hamda mumtoz she’riyat bilimdonlari bo’lgan bu shaxslar ilk bor hazrat Navoiy asarlarining dastlabki mukammal nashrlarini tayyorlashdek tarixiy jarayonda ishtirok etmoqdalar. Navoiy asarlarining qadimiy  qo’lyozmalarini bir-biriga taqqoslab, kotiblar tomonidan yo’l qo’yilgan xatolarni tuzatib, asl matnni aniqlashmoqda.

Qo’mitaning eng peshqadam a’zolaridan Muhammadxon Mahjurning quyidagi bayti barcha a’zolar uchun shiordir:

Ishni, o’rtoqlar, bugundan ilgari surmoq kerak,
Ham bajarmakda plan ortiqcha do’ndurmoq kerak.

Nafaqat olim, balki haqiqiy ma’nodagi shoir bo’lgan bu kishilar o’z tiynatida haqiqiy olimlarga xos xususiyatlar bilan birgalikda chin shoirlarga xos bo’lgan “fazilatlar”ni ham  mujassam etgan edilar. Bu ham bo’lsa, haddan ziyod shuurga berilish va parishonxotirlik.

Bir necha kundirki, qo’mitaning faol a’zolaridan shoir Sobir Abdullaning “kayfiyati” yo’qroq. Sababi uning eng sevimli kitobi “G’azaliyoti Navoiy” yo’qolgan. Bunga bosh “aybdor” esa – Mahjuriy domla!

Domla Mahjuriy do’stlari bilan birgalikda Navoiy “Chor devoni” matnini aniqlashda ko’plab qo’lyozma va toshbosma asarlarni bir-biriga taqqoslamoqda edilar. Garchi Navoiy asarlarining toshbosma nus’halari keng tarqalgan bo’lsa-da, Sobir Abdulla shaxsiy kutubxonasidagi “G’azaliyoti Navoiy” alohida o’ringa ega bo’lib, unda g’alatlar nisbatan kamroq va keng hajmga ega edi. Mahjuriy domla foydalanib turish maqsadida ushbu kitobni Sobir Abdulladan so’rab oladi.

Bu orada andijonliklar vaqtincha yashab turgan joylarini Chorsuning “Ayrilish” mahallasidagi bir hovliga ko’chiradilar. Bu ko’chish asnosida Mahjuriy Sobir Abdulladan so’rab olgan kitobni yo’qotib qo’yadi. Tabiatan halim, to’g’riso’z va birovning haqqiga xiyonat qilmaydigan Mahjuriy domla uchun bu qattiq ta’sir qiladi. O’zini parishonxotirlik va ehtiyotsizlikda ayblaydi va Sobir Abdulla oldida o’ng’aysiz ahvolga tushadi.

Baxtga qarshi Sobir Abdulla o’zi uchun qadrli bo’lgan kitobni so’rab qoladi. Yolg’on so’zlashga o’rganmagan Mahjuriy ming xijolat ostida bor gapni ro’yi rost aytadi. Domlaga hurmati baland bo’lgan Sobir Abdulla garchi kitobi yo’qolganiga ich-  ichidan achingan bo’lsa-da, buni bildirmay, jimgina kulib qo’ya qoladi.

Voqeadan xabar topgan Mahjuriyning do’stlari domlani bu xijolatchilikdan qutqarish maqsadida sahhoflik do’konlaridan aynan shunday kitobni qidiradilar. Afsuski, hadeganda kitob  topilavermaydi. Dam olish kunlarining birida Imodiddin Ulfat xursand holda qo’lida kitob bilan hujraga kirib keladi. Bu mujdadan Mahjuriyning boshi osmonga yetadi. Zokirjon Habibiy esa buni bugunoq “yuvmasak” bo’lmaydi, deb hazil  qiladi. Mahjuriy xursand bo’lganidan:

— Mulla Imodiddin, zap savobli ish qildingiz-da! Muhammadzokir to’g’ri aytdi. Bugun bir quling o’rgilsin “madrasa palov” qilib, kitobni “yuvamiz”. Faqat, sizdan yana bir iltimos shuki, Sobir akam bilan G’afur akamlarni kechga aytib kelasiz. Biz ungacha Mulla Abdulahad bilan birga Chorsuga chiqib, oshga harajat qilib kelamiz, — dedi taraddudlanib.

Shunda Ulfat:
— E, maxsum aka, ko’ngil to’g’riligini qarang. Ertalab G’afur akam va Sobir akam ikkalovlari bilan ko’rishgan edim. “Bugun kechga sizlarnikiga o’tamiz” deb aytgandilar, — dedi.

Kechga yaqin G’afur G’ulom va Sobir Abdullalar kirib keldilar. Mehmonlar o’tirgach, Mahjuriy tokchada turgan kitobni olib, Sobir Abdullaga uzatadi. Sobir Abdulla sevimli kitobi  topilganidan behad xursand bo’ladi. Bundan bexabar bo’lgan G’afur G’ulomga “mojaro” tarixini aytib beradilar. Sobir Abdulla Mahjuriyga qarata:

— Maxsum aka, ko’ngillariga kelmasa, bir narsa o’qib bersam. Faqat jiddiy qabul qilmasinlar. Hazil ma’nosida yozib edim, — deydi va quyidagi  g’azalni o’qib beradi.

KITOBIM YO’QOLIBDUR

Sezdimki, o’shal yaxshi kitobim yo’qolibdur,
Sog’liq tugalib, shunchaki tobim yo’qolibdur.

Maxmurlig’im oshti, ketib kayf ila zavqim,
Dayr ichra sabuhiy mayi nobim yo’qolibdur.

Kitob o’qishim band etilib barcha ravonlig’,
Fikrim o’sishi ichra nishobim yo’qolibdur.

Dillar yorumay she’ri Navoiyni yuzidin,
Qalbim yorutar ul mahitobim yo’qolibdur.

Orom ketib to’lg’onaman kechasi to subh,
Rohat ushalib, ko’zdagi xobim yo’qolibdur.

Avroq dilim uchdi firoq sarsari birla,
Ojiz etilib bir necha bobim yo’qolibdur.

Maxdum akaning lahzadadur aqli parishon,
Ne sud berur bo’lsa xitobim yo’qolibdur.

Kim olg’usidur sohib o’shal changalidakim,
Derlarmu o’shal ovda shitobim yo’qolibdur?

Zavqim torini timdalabon uzdi u Mahjur,
Yolg’uz kechalar qo’lda rubobim yo’qolibdur.

Qanday terayin emdi u dur gavharidan men,
Bahrim qurub ul ko’kda sahobim yo’qolibdur.

Sobir edimu qolmadi hech sabru qarorim,
Sezdimki, o’shal yaxshi kitobim yo’qolibdur.

Shu tariqa qadrdon do’stlar yana bir bor diydorlashadilar. Tongotar suhbat qurishib, ertalab yana “Navoiy qo’mitasi”ga ravona bo’ladilar. Eng asosiysi o’sha “mojaro” sabab yaratilgan ushbu  ajoyib g’azal, suronli yillar imtihonidan o’tib, bugungacha saqlanib keldi va ilk bor muxlislar e’tiboriga havola qilinmoqda.

04

(Tashriflar: umumiy 1 219, bugungi 1)

1 izoh

  1. Шундай иқтидорли ёш олимлар етишаётганидан қувонасан…
    Яқинда бир мозийнавис «ёзғувчи»нинг Моҳларойим ҳақидаги нахс босган бемаза битикларини ўқиб кўнглимиз бироз ўқчиган эди. Милат ўтмишини ёруғ, андишали нигоҳ билан кузатаверганимиз маъқул. Чунки ўша ўтмиш ҳар биримизнинг отамиз, оналаримизга ҳам дахлдор. Ўтмишнинг қора кунларини қаламга олиш, уни чиркин бўёқларда ёритиш, дегани эмас. Ўтмишини «бузуқ» кўрсатиш, аслан бузуқ одамнинг иши. Искандар, ниятни катта қилибсиз, саъй-ҳаракатларингизни муборак қилсин! Омад ёр бўлсин!

Izoh qoldiring