Umid Bekmuhammad. Yana bormi? Kimlar?!

077     Гоҳида теварак атрофга назар солиб,инсофу диёнат,меҳру мурувват, саховат камайиб кетаётганига бевосита гувоҳ бўласан.Ёрдам бериш қўлидан келсада,ўзини билмаганга солиш, ўзини ниқоблаб дўст қилиб кўрсатишу ,зимдан пайт пойлаб чоҳ қазувчилар кўпайганига ҳам шоҳид бўлаяпмиз.Айниқса ўзини зиёли сановчи кишилар орасида бунақанги ҳолатлар учраб туриши ғоят афсусланарлидир.Шуларни кўриб, кузатиб “наҳотки инсофу диёнатли зиёли замондошларимиз ҳам камайиб кетаяпти?” деб ўйга толишга мажбурсан.

Умид БЕКМУҲАММАД
“ЯНА БОРМИ?” “КИМЛАР?!”
011

Гоҳида теварак атрофга назар солиб,инсофу диёнат,меҳру мурувват, саховат камайиб кетаётганига бевосита гувоҳ бўласан.Ёрдам бериш қўлидан келсада,ўзини билмаганга солиш, ўзини ниқоблаб дўст қилиб кўрсатишу ,зимдан пайт пойлаб чоҳ қазувчилар кўпайганига ҳам шоҳид бўлаяпмиз.Айниқса ўзини зиёли сановчи кишилар орасида бунақанги ҳолатлар учраб туриши ғоят афсусланарлидир.Шуларни кўриб, кузатиб “наҳотки инсофу диёнатли зиёли замондошларимиз ҳам камайиб кетаяпти?” деб ўйга толишга мажбурсан.Шукрки, марҳум профессорлар Ғайбулла ас-Салом (1932-2003) ва Бегали Қосимов(1942-2004)лар билан боғлиқ ҳаётий воқеаларни эшитиб яқин даврда ҳам шу каби саховатли, ҳалолликни ҳаётий мезон қилиб олган замондошларимиз яшаганига шукр қиламиз.Дастлаб улар билан боғлиқ воқеаларга назар солсак.

Таниқли ижодкор Шерали Сокин бир суҳбатида профессор Ғайбулла ас-Саломнинг инсоний фазилатларидан сўз очиб у кишини шундай хотирлагандилар:

-…Ўша кезлари, гапнинг очиғи, моддий жиҳатдан қийналиб юргандим.Дўстим, шоир Рауф Парфи маслаҳат берди:

— Яхшиси, устоз Ғайбулла ас-Саломдан қарз сўрагин.Қулай йўли -шу.Юрасанми қийналиб?

“Қалай бўларкин?” дея андак тараддудланиб охири юрак ютганча Устоздан қарз сўрадим. Ул зоти шариф ўнг қўлидаги ҳассасини чап қўлига олиб ҳамёнидаги ҳамма пулларни санамасдан-нетмасдан каминага узатарканлар, меҳрибонлик билан дедилар:

-Тушунаман, мирзам.Сизга ҳозир жуда қийин.Оғир операцияни бошдан кечиришнинг ўзи бўлмайди.Жўжабирдай жонсиз. Устига устак,Иво Андричнинг “Дрина кўприги” романини таржима қилдингиз.Таржима ўта машаққатталаб юмуш: кишини жувоздан чиққан отдай қилиб қўяди. Ҳа, модомики шундай экан, бу пулларни ишлатинг. Бадавлат бўлиб кетганингизда қайтарарсиз.

Иттифоқо, ўша куни биродарим Олимжон Ҳакимов ўзи гувоҳи бўлган бир воқеани айтиб қолди:

-Негадир Ғайбулла ас-Салом домла бугун “Шарқ” концерни ошхонасидаги таниш ошпаздан насияга таом олиб тушлик қилдилар…

Мен мулзам бўлиб қолдим.

065Фарғона вилояти Бешариқ туманилик Ҳанифа Суярқулов эса ижодкорлар орасида “сўнгги жадид” номини олган Бегали Қосимов билан боғлиқ ибратли бир воқеани шундай сўзлайдилар:

-Ўғлимни институтга имтиҳон топшириш учун Тошкентга олиб бордим. Тошкентга кам борганмиз,шаҳарни билмаймиз. Бир узоқ қариндошимизни қора қилиб, 2-3 кун яшашга жой топиб берар деган умидда уйини топиб бордик. Албатта, бизнинг ташрифимиз уларга ёқмади. Суҳбатлашиб ўтирганимизда уйнинг бекаси: “Ўғлинг мунча ювош, устига камгап, уятчан экан. Шу туриши бўлса институтга киролмайди, “х” вариант сотиб олгин”, деди масхараомуз оҳангда.Устимдан совуқ сув қуйгандек бўлиб кетдим.Ўғлимни билмайман, лекин менинг юрагим эзилиб, кўз ёшимни аранг тўхтатдим.

Кечки пайт ўғлимнинг ўртоқлари турадиган жойни дараклаб топдик, бир амаллаб тонг орттирдик.Эртаси куни бир қариндош талаба йигит келиб, бизни Бегали Қосимов уйига таклиф қилаётганини айтди. Ўз қариндошимидан илтифот кўрмаганимиз учун у кишиникига боришга истиҳола қилдик, тўғриси қўрқдик.Лекин у йигит домла тайинлаганини айтиб, бизни олиб кетди.Кўчада қолганимизни болалардан эшитиб, уйига чақирган экан.

Биз ийманиб, зўрға дарвозадан кириб борганимизда, ҳовлидаги сўрида ўтирган эр-хотин шошилиб ўринларидан туриб, пешвоз чиқишди. Юрагимга кеча ўрнашган дард бу меҳрдан эриб, кўз ёшларим билан оқиб тушиб, жисмимни тарк этгандек бўлди. Мен ўзга бир оламга, сув ўрнига меҳр тўлдирилган денгизга тушиб қолгандек эдим.

Бизни Бегали аканинг иш хонаси ёнидаги меҳмонлар кутиладиган хонага жойлаштиришди.

Эртаси куни Матлуба опа домланинг хонасини кўрсатди. Хонада минглаб китоблар, гўё бу инсон умри давомида топган-тутганларининг ҳаммасига китоб сотиб олгандай туюлди менга.

Биз бу ерда уч кун турган бўлсак, домланинг қачон уйқуга ётгани-қачон турганини билолмадим.Фақат тинмай ишлаб ўтирганини кўрдим. Энди ўйласам, бу ҳазрати инсон саломатлиги ёмонлашганига қарамай, умри тугаб қолмасдан ишларини охирига етказишга шошилган экан.

Домла нонуштани ҳам, тушки, кечки овқатни ҳам биз билан бирга қилиб, бир оз суҳбатлашарди. Ўта камтар бу инсон билим қайнаб чиқаётган бир булоққа ўхшарди. Ўғлим иқтисодчи бўлмоқчилигини эшитиб, фаннинг турли соҳаларидан саволлар бериб, маслаҳатлар берди. Имтиҳондан бир кун олдин у кишига миннатдочилик билдириб, институт яқинидан бирорта жой топмоқчи эканимизни айтганимда, бизга рухсат бермади. Ўғлимга бугун кечқурун яхшилаб дам олишни, имтиҳонга ортиқча нарса олиб кирмасликни, акс ҳолда вақтдан ютқазиб қўйиши мумкинлигини айтди. Эртаси эрталаб бизни Матлуба опа билан бирга ўз машинасида имтиҳон бўладиган жойга олиб бориб қўйди, ўғлимнинг кўнглини кўтариб: “Сиз албатта институтга кирасиз. Келажакда молия вазири бўласиз, яхши топшириб олишингиз учун омад тилайман”, деб ўғлимнинг қўлини қисди. Бу табаррук инсоннинг тилаклари ижобат бўлиб, ўғлим ўқишга кирди, ҳозир вазирликда фаолият юритмоқда.

Ҳа,Ҳанифа айтган воқеага ҳам 15 йилдан ортиқ йил бўлди.Бу орада 2004 йили Бегали ака ҳам афсуски вафот қилиб кетдилар.Бироқ ундан адабиётшунослик ва тарихга оид кўплаб тадқиқот асарлари, энг асосийси яхши ном ёдгор бўлиб қолди.Бегали ака ҳалолликни умрининг асосий мезони қилиб қаътий белгилаб олганидан ҳаттоки ўғлининг хорижга ўқишга кетишига ҳам аралашмаган эканлар.

Бу ҳақда ўғли Беҳзод Қосимов отасининг қаътиятлиги тўғрисидаги бир воқеани шундай хотирлайди:

-Хорижда ўқишга йўл очилган пайтлар эди. Ўқишни Америкада давом эттирмоқчи бўлдим. Ҳужжатлар тайёрладим, айрим синовлардан ўтдим. Сейтл университетига борадиган бўлдим. Энди ТошДУ ташқи алоқалар бўлимининг рухсатини олиш керак экан. Дадам ўшанда университетда проректор эди. Менга: Любов Максимовна (ташқи алоқалар бўлими бошлиғи)га ўзинг киргин.Мақсадингни тушунтир, лекин менинг ўғлим эканингни айтма,деди. Кирдим, тушунтирдим.Рад жавобини олдим. Ўшанда дадам аралашганларида Америкага кетар эканман. Шундай қилиб хорижда ўқиш орзуси орзулигича қолиб кетди.

Ҳа, Ғайбулла ва Бегали акалар афсуски бугун орамизда йўқ..Хўш, улар каби саховатли, ҳалолликни умр безаги деб билган яна қанча зиёлимиз бор бугун орамизда? Агар бўлса ўзини атайин инсофли қилиб кўрсатишга уринмай, тўқима воқеани келтирмай юқоридаги каби мисолларни аниқ келтираоладими? Балки бордир…Хўш, қани улар?!

Gohida tevarak atrofga nazar solib,insofu diyonat,mehru muruvvat, saxovat kamayib ketayotganiga bevosita guvoh boʻlasan.Yordam berish qoʻlidan kelsada,oʻzini bilmaganga solish, oʻzini niqoblab doʻst qilib koʻrsatishu ,zimdan payt poylab choh qazuvchilar koʻpayganiga ham shohid boʻlayapmiz.Ayniqsa oʻzini ziyoli sanovchi kishilar orasida bunaqangi holatlar uchrab turishi gʻoyat afsuslanarlidir.Shularni koʻrib, kuzatib “nahotki insofu diyonatli ziyoli zamondoshlarimiz ham kamayib ketayapti?” deb oʻyga tolishga majbursan.

Umid BЕKMUHAMMAD
“YANA BORMI?” “KIMLAR?!”
011

Gohida tevarak atrofga nazar solib,insofu diyonat,mehru muruvvat, saxovat kamayib ketayotganiga bevosita guvoh boʻlasan.Yordam berish qoʻlidan kelsada,oʻzini bilmaganga solish, oʻzini niqoblab doʻst qilib koʻrsatishu ,zimdan payt poylab choh qazuvchilar koʻpayganiga ham shohid boʻlayapmiz.Ayniqsa oʻzini ziyoli sanovchi kishilar orasida bunaqangi holatlar uchrab turishi gʻoyat afsuslanarlidir.Shularni koʻrib, kuzatib “nahotki insofu diyonatli ziyoli zamondoshlarimiz ham kamayib ketayapti?” deb oʻyga tolishga majbursan.Shukrki, marhum professorlar Gʻaybulla as-Salom (1932-2003) va Begali Qosimov(1942-2004)lar bilan bogʻliq hayotiy voqealarni eshitib yaqin davrda ham shu kabi saxovatli, halollikni hayotiy mezon qilib olgan zamondoshlarimiz yashaganiga shukr qilamiz.Dastlab ular bilan bogʻliq voqealarga nazar solsak.

Taniqli ijodkor Sherali Sokin bir suhbatida professor Gʻaybulla as-Salomning insoniy fazilatlaridan soʻz ochib u kishini shunday xotirlagandilar:

-…Oʻsha kezlari, gapning ochigʻi, moddiy jihatdan qiynalib yurgandim.Doʻstim, shoir Rauf Parfi maslahat berdi:

— Yaxshisi, ustoz Gʻaybulla as-Salomdan qarz soʻragin.Qulay yoʻli -shu.Yurasanmi qiynalib?

“Qalay boʻlarkin?” deya andak taraddudlanib oxiri yurak yutgancha Ustozdan qarz soʻradim. Ul zoti sharif oʻng qoʻlidagi hassasini chap qoʻliga olib hamyonidagi hamma pullarni sanamasdan-netmasdan kaminaga uzatarkanlar, mehribonlik bilan dedilar:

-Tushunaman, mirzam.Sizga hozir juda qiyin.Ogʻir operatsiyani boshdan kechirishning oʻzi boʻlmaydi.Joʻjabirday jonsiz. Ustiga ustak,Ivo Andrichning “Drina koʻprigi” romanini tarjima qildingiz.Tarjima oʻta mashaqqattalab yumush: kishini juvozdan chiqqan otday qilib qoʻyadi. Ha, modomiki shunday ekan, bu pullarni ishlating. Badavlat boʻlib ketganingizda qaytararsiz.

Ittifoqo, oʻsha kuni birodarim Olimjon Hakimov oʻzi guvohi boʻlgan bir voqeani aytib qoldi:

-Negadir Gʻaybulla as-Salom domla bugun “Sharq” konserni oshxonasidagi tanish oshpazdan nasiyaga taom olib tushlik qildilar…

Men mulzam boʻlib qoldim.

Fargʻona viloyati Beshariq tumanilik Hanifa Suyarqulov esa ijodkorlar orasida “soʻnggi jadid” nomini olgan Begali Qosimov bilan bogʻliq ibratli bir voqeani shunday soʻzlaydilar:

-Oʻgʻlimni institutga imtihon topshirish uchun Toshkentga olib bordim. Toshkentga kam borganmiz,shaharni bilmaymiz. Bir uzoq qarindoshimizni qora qilib, 2-3 kun yashashga joy topib berar degan umidda uyini topib bordik. Albatta, bizning tashrifimiz ularga yoqmadi. Suhbatlashib oʻtirganimizda uyning bekasi: “Oʻgʻling muncha yuvosh, ustiga kamgap, uyatchan ekan. Shu turishi boʻlsa institutga kirolmaydi, “x” variant sotib olgin”, dedi masxaraomuz ohangda.Ustimdan sovuq suv quygandek boʻlib ketdim.Oʻgʻlimni bilmayman, lekin mening yuragim ezilib, koʻz yoshimni arang toʻxtatdim.

Kechki payt oʻgʻlimning oʻrtoqlari turadigan joyni daraklab topdik, bir amallab tong orttirdik.Ertasi kuni bir qarindosh talaba yigit kelib, bizni Begali Qosimov uyiga taklif qilayotganini aytdi. Oʻz qarindoshimidan iltifot koʻrmaganimiz uchun u kishinikiga borishga istihola qildik, toʻgʻrisi qoʻrqdik.Lekin u yigit domla tayinlaganini aytib, bizni olib ketdi.Koʻchada qolganimizni bolalardan eshitib, uyiga chaqirgan ekan.

045Biz iymanib, zoʻrgʻa darvozadan kirib borganimizda, hovlidagi soʻrida oʻtirgan er-xotin shoshilib oʻrinlaridan turib, peshvoz chiqishdi. Yuragimga kecha oʻrnashgan dard bu mehrdan erib, koʻz yoshlarim bilan oqib tushib, jismimni tark etgandek boʻldi. Men oʻzga bir olamga, suv oʻrniga mehr toʻldirilgan dengizga tushib qolgandek edim.

Bizni Begali akaning ish xonasi yonidagi mehmonlar kutiladigan xonaga joylashtirishdi.

Ertasi kuni Matluba opa domlaning xonasini koʻrsatdi. Xonada minglab kitoblar, goʻyo bu inson umri davomida topgan-tutganlarining hammasiga kitob sotib olganday tuyuldi menga.

Biz bu yerda uch kun turgan boʻlsak, domlaning qachon uyquga yotgani-qachon turganini bilolmadim.Faqat tinmay ishlab oʻtirganini koʻrdim. Endi oʻylasam, bu hazrati inson salomatligi yomonlashganiga qaramay, umri tugab qolmasdan ishlarini oxiriga yetkazishga shoshilgan ekan.

Domla nonushtani ham, tushki, kechki ovqatni ham biz bilan birga qilib, bir oz suhbatlashardi. Oʻta kamtar bu inson bilim qaynab chiqayotgan bir buloqqa oʻxshardi. Oʻgʻlim iqtisodchi boʻlmoqchiligini eshitib, fanning turli sohalaridan savollar berib, maslahatlar berdi. Imtihondan bir kun oldin u kishiga minnatdochilik bildirib, institut yaqinidan birorta joy topmoqchi ekanimizni aytganimda, bizga ruxsat bermadi. Oʻgʻlimga bugun kechqurun yaxshilab dam olishni, imtihonga ortiqcha narsa olib kirmaslikni, aks holda vaqtdan yutqazib qoʻyishi mumkinligini aytdi. Ertasi ertalab bizni Matluba opa bilan birga oʻz mashinasida imtihon boʻladigan joyga olib borib qoʻydi, oʻgʻlimning koʻnglini koʻtarib: “Siz albatta institutga kirasiz. Kelajakda moliya vaziri boʻlasiz, yaxshi topshirib olishingiz uchun omad tilayman”, deb oʻgʻlimning qoʻlini qisdi. Bu tabarruk insonning tilaklari ijobat boʻlib, oʻgʻlim oʻqishga kirdi, hozir vazirlikda faoliyat yuritmoqda.

Ha,Hanifa aytgan voqeaga ham 15 yildan ortiq yil boʻldi.Bu orada 2004 yili Begali aka ham afsuski vafot qilib ketdilar.Biroq undan adabiyotshunoslik va tarixga oid koʻplab tadqiqot asarlari, eng asosiysi yaxshi nom yodgor boʻlib qoldi.Begali aka halollikni umrining asosiy mezoni qilib qaʼtiy belgilab olganidan hattoki oʻgʻlining xorijga oʻqishga ketishiga ham aralashmagan ekanlar.

Bu haqda oʻgʻli Behzod Qosimov otasining qaʼtiyatligi toʻgʻrisidagi bir voqeani shunday xotirlaydi:

-Xorijda oʻqishga yoʻl ochilgan paytlar edi. Oʻqishni Amerikada davom ettirmoqchi boʻldim. Hujjatlar tayyorladim, ayrim sinovlardan oʻtdim. Seytl universitetiga boradigan boʻldim. Endi ToshDU tashqi aloqalar boʻlimining ruxsatini olish kerak ekan. Dadam oʻshanda universitetda prorektor edi. Menga: Lyubov Maksimovna (tashqi aloqalar boʻlimi boshligʻi)ga oʻzing kirgin.Maqsadingni tushuntir, lekin mening oʻgʻlim ekaningni aytma,dedi. Kirdim, tushuntirdim.Rad javobini oldim. Oʻshanda dadam aralashganlarida Amerikaga ketar ekanman. Shunday qilib xorijda oʻqish orzusi orzuligicha qolib ketdi.

Ha, Gʻaybulla va Begali akalar afsuski bugun oramizda yoʻq..Xoʻsh, ular kabi saxovatli, halollikni umr bezagi deb bilgan yana qancha ziyolimiz bor bugun oramizda? Agar boʻlsa oʻzini atayin insofli qilib koʻrsatishga urinmay, toʻqima voqeani keltirmay yuqoridagi kabi misollarni aniq keltiraoladimi? Balki bordir…Xoʻsh, qani ular?!

22

(Tashriflar: umumiy 3 511, bugungi 1)

Izoh qoldiring