Xojanazar Huvaydo. G’azallar, ruboiylar & Begali Qosimov. Huvaydo haqida

09     Ҳувайдо ижоди ва дунёқарашининг шаклланишида Хожа Яссавий, Алишер Навоий, Сўфи Оллоёр, Машрабларнинг тасаввуфий, фалсафий фикрлари ва асарларининг таъсири катта бўлган. Ҳувайдо мажозий ва ҳақиқий ишқ ҳақидаги орифона, дунёвий шеърларидан ташқари золимлик ва мазлумлик, камолот ва ахлоқий тубанлик ҳақидаги шеърларида ҳам мазкур шоирлар анъаналарини давом эттирган ва янги фикрлар билан бойитган.

ҲУВАЙДО ҲАҚИДА
Бегали Қосимов
011

08Ҳувайдо (тахаллуси; асл номи Хўжаназар Ғойибназар ўғли) (1704 — Ўш шаҳри — 1780/81, Фарғона вилояти Чимён қишлоғи) — шоир, тасаввуф шеъриятининг йирик вакили. Қўқон мадрасаларида ўқиган. Қишлоғида мактаб очиб, узоқ вақт мактабдорлик қилган, косиблик билан ҳам шуғулланган. Отаси Ғойибназар сўфи Қашқардаги Офоқхўжа эшоннинг муридларидан бўлган, Чимёнда масжид ва хонақолар қурдириб, эшонлик қилган.
Ҳувайдо девонида келтирилган бир нақлга кўра, Ҳувайдога «Хўжаназар» исмининг қўйилиши ҳам Офоқхўжа билан боғлиқ. Ҳувайдо мумтоз шеъриятнинг деярли барча жанрларида ижод қилган. Шеърлари халқ орасида жуда машҳур бўлган. Ҳувайдо ахлоқий-дидактик йўналишдаги мазмунан теран, услубий гўзал асарлари билан адабий мактаб ярата олган шоирдир. Ҳувайдо ижоди ва дунёқарашининг шаклланишида Хожа Яссавий, Алишер Навоий, Сўфи Оллоёр, Машрабларнинг тасаввуфий, фалсафий фикрлари ва асарларининг таъсири катта бўлган. Ҳувайдо мажозий ва ҳақиқий ишқ ҳақидаги орифона, дунёвий шеърларидан ташқари золимлик ва мазлумлик, камолот ва ахлоқий тубанлик ҳақидаги шеърларида ҳам мазкур шоирлар анъаналарини давом эттирган ва янги фикрлар билан бойитган.
Ҳувайдо шеърлари вафотидан сўнг набиралари томонидан девон ҳолига келтирилган. Унга шоирнинг 351 ғазал, 28 рубоий, 41 тўртлик, 3 мухаммас, 1 мусаддас, 1 мусамман, 1 мустазод, 3 маснавий ҳамда ахлоқий-дидактик мазмундаги «Роҳати дил» манзумаси кирган. Девондаги илк шеърларида рўза, намоз, закот, ҳаж, жаннат ва дўзах билан боғлиқ мавзулар ёритилган, ғурур, манманликни танқид қилувчи, тавозеъ, қардошлик ва тўғрисўзликни улуғловчи ҳикматларга кенг ўрин берилган. Ҳувайдонинг шеърларида тасаввуфий унсурлар — нафсни жиловлаш ва дунёдан ўзни узоқ тутиш бош ғоялардан бири. Дунё лаззатининг инсонни бахтли эта олмаслигига ишонган шоир Аллоҳга, абадий бахтга эришмоқ учун инсон ўзлигидан кечмоғи кераклигини англайди. Шоирнинг «Роҳати дил» ахлоқий манзумаси панднома турининг гўзал намунасидир. Унда очкўзлик, таъмагирлик, вафо, боқийлик, фонийлик, яхшиликнинг фойдаси, ёмонликнинг зарари, гўзаллик ва меҳнатсеварлик, моддий ва маънавий поклик каби хилма-хил ахлоқий мавзулардаги ибратли ҳикоялар келтирилган. Ҳувайдо диний-ахлоқий мазмундаги «Иброҳим Адҳам» номли шеърий достон ҳам битган. Ҳувайдо вафотига бағишлаб унинг шогирдлари, мухлислари томонидан марсиялар, таърихлар ёзилган. У ҳақда ибратомуз ривоятлар, ёдномалар пайдо бўлган. Шоирнинг отаси Ғойибназар Эшон шажараси дахмаси ҳозир ҳам зиёратгоҳ жойлардан ҳисобланади.
«Девони Ҳувайдо»нинг бир қанча қўлёзма нусхалари ва литографик нашрлари бўлиб, улардан чевараси Салоҳиддин Соқиб (1838—1910) ва Мирза Ҳаким ибн Мирза Умид Марғилонийлар кўчирган нусхаси Самарқанд Давлат Университети кутубхонасида сақланади (инв. №3903).
Ҳувайдонинг набираси Сирожий (1877 йил в. э.), чеваралари Самарбону (1837— 1891), Салоҳиддин Соқиб, Ғарибий девон тузган шоирлар бўлиб, Ҳувайдо анъаналарини давом эттирганлар. Ҳувайдо номида кўча, маҳалла ва мактаблар бор.

09
ХОЖАНАЗАР ҲУВАЙДО
ҒАЗАЛЛАР, МУХАММАС, РУБОИЙЛАР
011

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

* * *

Илоҳо, сан карам бирла кечурғил, эй Худовандо,
Гуноҳи жумла мўъминни, аё маъбуди беҳамто!

Ўшал саҳрода қайнар мағзи сар миспи қазон янглиғ,
Тилим тизга тушуриб ташна айлаб қилмағил расво.

Келур найза бўйи хуршиди тобон фавқи сар узра
Ўшал кун бошимизга чодари раҳматни қил пайдо.

Кўрилса ул «фамай-яъмал»да мезоним сабук қилма,
Савобимни гуноҳимдан, аё саттори маъюбҳо!

Қадам қўйсам йиқитмоғил сиротал мустақим узра,
Гирифтори жаҳийм айлаб қулингни қилмағил расво.

Ҳамма иш бизга мушкулдир, санинг олдингдадир осон,
Сен ўқсан барчани Парвардигори ҳалли мушкулҳо.

Умидим кўптурур «ло тақнатув мир раҳматиллоҳ»дин
Агар чандеки ношойиста ишлар айласам барпо.

Ўшал ҳавли қиёматни, Илоҳо, айлағил осон
Баҳаққи саййиди кавнайн субҳоналлазий асро!

На хуш бахти саодатдур Муҳаммад «умматим» деса,
«Санингдек умматим йўқ» десалар фарёду вовайло.

Халойиқ олдида шарманда бўлиб термулиб қолсам,
Қаро кунлар ўшал соат бошимга бўлғуси пайдо.

Қуруқ тил бирла айтурман: «Муҳаммад умматиман», деб
Емак-ичмак ишим бўлди, қани тоат, қани тақво?

Шафоат баҳридин сероб қилғил жумла мўъминни
Туфайли яхшилар ман осий қулни, ё расуллуллоҳ!

Аё Аҳмад, манга бир қатраи баҳри шафоатдин
Дариғ этма, Ҳувайдо гарчи бўлса осийу гумроҳ.

* * *

Ман осийман, бечораман, дармондаман, ё Мустафо,
Ул руҳи покингга сани илгим очиб қилдим дуо.

Исён чўлин юрдим кезиб, қолдим аро йўлда озиб,
«Фасмаъ даъоно вастажиб», эй жумла элгараҳнамо.

Бечоралар ғамхорисан, дарди дилим тийморисан,
Пушти паноҳ умматга сан, эй шофеъи рўзи жазо.

Бероҳибар йўлга кириб, қолдим аро йўлда ҳориб,
Озғурди йўлдин, найлайин, ё Аҳмадо, нафсу ҳаво.

«Ё роҳматал-лил-оламин», эй анбиёларга нигин,
Эй саййиди рўйи замин, эй пешвои анбиё.

Сансан расули оламин, сансан имомул муттақин,
Сансан шафийъул-музнибин ҳодиил музиллин, аҳадно.

Зуҳд аҳли бирла ҳамнишин, ишқ аҳлига айнул-яқин,
Миръоти қалб ул-мўъминин, эй офтоби ваз-зуҳо.

Мисбоҳи айвони расул, сан-сан имоми жузу кулл,
Эй ҳодийи аҳли субл, вай, чашми жонга тўтиё.

Сансан анодин меҳрибон, сандин тилармиз кўп омон,
Келса манго ҳарна зиён, сансан сипар янглиғ паноҳ.

Санго расули мужтабо, бадр уд-дужо, нур ул-ҳидо
Айлар Ҳувайдо кўп дуо руҳингга ҳар субҳу масо.

* * *

Беадад мандин дуо, эй чорёри босафо,
Сизга, Бу Бакру Умар, Усмон, Алийи муртазо.

Сидқу ихлосим била, Эй оли асҳоби расул,
Руҳингизга қўл очиб, шому сабо айлай дуо.

Тортти Аҳмад жавру меҳнат ушбу фоний дунёда,
Уммат эрсанг, бўлғил эмди пайрави ул мустафо.

Бириси сидқу садоқат авжида бадри мунир,
Бирлари адлу адолат буржида шамси зуҳо.

Бирлари ҳилму ҳаё иқлимида баҳри ҳаё,
Бирлари лутфу карам аврангида кони сахо.

Нури чашми Ҳайдари каррорни золим Язид
Қип-қизил қонга бўяб, қилди шаҳиди Карбало.

Эй Ҳувайдо, ишқ аҳли ушбу сўзни айдилар:
«Собирини бил — балоу розийини бил — қазо».

* * *

Сийнани садпора қилдинг, эй пари, қоши қаро,
Тийри мужгонинг билан қилдинг юрак бағрим яро.

Келмағай ҳаргиз фароҳам сийнаи чоким мани
Тори зулфу сўзони мужгон билан ҳилмай руфо.

Бу манинг дардимга, эй дилбар, табиб даркор эмас,
Эй, санинг дардинг табиб, кулли дардимга даво.

Хирмани жисмимға тушти барқи ишқинг, эй пари,
Қолмади бир зарра жоним ўрганиб бўлди адо.

Мунча бераҳм ситамгар ёр эконсан, найлайин,
Келмади ошиқ сари раҳминг сани, эй пуржафо.

Ақлу ҳушимни олибсан телбалардек сўзлатиб,
Ҳою ҳу деб тортадурман наъраи воҳасрато.

Ташлалаб қолдим Фуроти ғамда саргардон бўлуб,
Лашкари ишқинг келиб қилди шаҳиди Карбало.

Бўлмағай ишқу муҳаббат лойиқи ҳар одами,
Эй Ҳувайдо, бўлмагунча бу жаҳонда мосуво.

* * *

Ишқни мансубасин Мажнуни ҳайрондин тила,
Лайлидек холи сияҳ зулфи паришондин тила.

На сўрорсан ошкора ул санамни дардини,
Кел, шаби хилват ичинда оҳу афғондин тила,

Ҳар нечук нодон табибдин сўрма дардингга даво,
Излагил ҳозиқ табиб, дардингга дармондин тила.

Ҳар тиконда тоза гул, ҳар баҳрда йўқтур садаф,
Гавҳари қимматбаҳони баҳри уммондии тила.

На билур зоғу заған рафтори гул, ишқ қадрини,
Булбули ошуфтани қадрин гулистондин тила.

Лаззати дунёни хушлар на билур тан ўзгани,
Завқи шавқи ёрни дил уйида жондин тила.

Лаъли мақсад ҳар қаю тоғдин топилмас истасанг,
Ур риёзат метинин кўҳи Бадахшондин тила.

Хожаназар осийга қўйдим Ҳувайдони лақаб,
Бул ғариби мустамандни шаҳри Чимёндин тила.

* * *

Нигорим ишқидин қилдим саҳарлар нолалар пайдо,
Юрак доғини ковлаб, айладим хунобалар пайдо.

Жамоли орзусидин саҳарларда туриб йиғлаб,
Кўзимдин айладим чун абри найсон жолалар пайдо.

Сан, эй булбул, наво қилғил гулистон мавсуми ичра,
Қилур маъмураи гулдин хазон вайроналар пайдо.

Мани парвонага айб айламанг шамъи рухин кўргач,
Кабутар наслидек «ҳу» деб бўлур парвоналар пайдо.

Хумори чашм соқийи дилоромим баён қилсам,
Май ичмай бўлғуси ҳар гушадин мастоналар пайдо.

Сан эй зоҳид, бугун майхўраларни айбини қилма,
Биров масжид бино айлар, биров майхоналар пайдо.

Саропо дард эрурман, лек дармонин тополмасман,
Лабимдин бўлди бағрим гармидин тан жолалар пайдо

Аё боди сабо, еткур Ҳувайдодин бу иншони,
Юрак зардобидин қилдим санамга номалар пайдо.

* * *

Дарди ғамига ҳаргиз қилма даво, Ҳувайдо,
Ичгил майи муҳаббат бемуддао, Ҳувайдо.

Зуҳд айла, қилма тақво, майхўралик шиор эт,
Майхонада муқим ўл, қилма риё, Ҳувайдо.

Ишқу муҳаббат ичра ўлдунг, муборак ўлсун,
Шарти муҳаббат улдур: бўлмоқ фано, Ҳувайдо.

Минг уқбаи пур ошуб ишқинг йўлида бордур,
Ё ҳодийал-музиллин, дер аҳадно, Ҳувайдо.

Ҳайратдаман, нигоро, йўқ қўлда ихтиёрим,
Сармоя йўқ қўлумда, ғайри ризо, Ҳувайдо.

Гар тавфи Каъба қилмоқ, эй кўнглум, истор эсанг,
Қил тавфи каъбаи дил, эй порсо Ҳувайдо.

Ишқида бир санамни девона бўлмасайди,
Васфига қилмас эрдим тил ошно, Ҳувайдо.

* * *

Дарди йўқ бедард кишилар дард қадрин на билур,
Дунёда номард кўпдур, мард қадрин на билур.

Заъфарон бўлди чиройим ёр учун, эй дўстлар,
Билмагонлар бу чиройи зард қадрин на билур.

Жон узуб, жонни улодим кокили жононага,
Фаҳми йўқ бефаҳмлар пайванд қадрин на билур.

Оз эрур жононага сарф айласам ман молу жон,
Қилмағон нодон киши жон, мард қадрин на билур.

Йиғлади ҳарчанд Ҳувайдо, билмади эл қадрини,
Тушмаган дард бошига бодард қадрин на билур.

* * *

Йигитликда май ичмак на хушу бахту саодатдур,
Қарилик мавсуми меҳнат, йигитлик вақти роҳатдур.

Гулистон мавсуми бўлди, май ичмакни ғанимат бил,
Тириклик кўп эмас, бир кўз юмиб очқунча соатдур.

Кел, эй соқий, кетур жоми, пайо пай бодани соф эт,
Юрутгил косаи даврон, бу дамлар ҳам ғаниматдур.

Дафу танбуру бенай бода ичмак онча хўб эрмас,
Қил, эй мутриб, ғазалхонлиқ, бу кун айёми ишратдур.

Гулистонлар аро себаргаларни ёстониб ётиб,
Тамошойи чаман айлаб, май ичмак хуш назокатдур.

Тирикликни ғанимат бил, май ич, умрунгни хуш ўткар,
Тепиб ўт дунё молини, ҳама ранжу фалокатдур.

Ҳувайдо, тавба қипма бода ичмакдин қаридим деб,
Май ичмаклик қариғонда ғизойи руҳ, роҳатдур.

* * *

Нигорим дардидин йиғлаб, на орому, на хобим бор,
Кўзимдин ҳар тараф бўлғон равона, турфа оҳим бор.

Умиди хўблуқ йўқтур танимда, титрашур жоним,
Ўларман бегумон эмди, ажаб ҳоли харобим бор.

Қипибдур ваъда дилдорим: «Жамолим кўрсатай ўлсанг»,
Кел, эй қобиз, манга эмди, ўлай деб кўп шитобим бор.

Мани йиғлоғонимға «ёр» деб, айб этма, эй зоҳид,
Аромизда санам бирла ўлум отлиғ ҳижобим бор.

Ичарға бодаи гулрангки ҳар кеча қуруб мажлис,
Тонг отқунча тамошо, нағмаи чангу рубобим бор.

Биҳишту ҳуру ғулмону ду оламни унутқайсан,
Аё зоҳид, агар ичсанг, басар қаттиғ шаробим бор.

Сан, эй зоҳид, мани мунъимни қилма, май ҳаром эрмас,
Риёу тақводин бир коса майда кўп савобим бор.

Ҳувайдони май ичмакдин насиҳат қилма, эй зоҳид,
Қачон бир коса майдин, то тирикман, ижтинобим бор.

* * *

Йўлиқти тун аросида кўзимга дилрабо ёлғуз,
Кулиб боқиб, қошин қоқиб, қилиб ўтти имо ёлғуз.

Оёғи нақшига суртуб юзим, бўси канор айлаб,
Ғубори роҳидин қипдим кўзимга тўтиё ёлғуз.

Мани аҳволи дардимдин бориб албатта айтғойсан,
Санамни олдига борсанг, аё боди сабо ёлғуз:

Ётибдур гўшаида «ёр-ёр» деб бир ғариби зор,
Бошин ерга уруб йиғлар, дегил, айлаб наво ёлғуз.

Шикаста музтариб аҳвол дардимдин баён этғил,
Ани кўнглиға шояд раҳмини солғай Худо ёлғуз.

Сани ҳусни камолингга Ҳувайдойи ғариб мискин
Қилур, дегил, саҳарларда очиб илгин дуо ёлғуз.

* * *

Тун оқшом келди кулбамга нигори меҳрибон ёлғуз,
Олиб бурқаъ жамолидин, ўзин қилди аён ёлғуз.

Кулуб оҳиста-оҳиста келиб, уйқудин уйғотти,
«Саҳар бўлди, ётарсанму», деди ширин забон ёлғуз.

Қўлимдан ушлабон айди: «На ҳолинг кечти ёзу куз,
Куюб ҳажр ўтида бўлғон, аё эй нотавон ёлғуз».

Ўзумдин бордим ул соат юракда қолмади ҳолат,
Қилолмодим анга аҳволи дардимдин баён ёлғуз.

Ёнимда ўлтуриб чандон тараҳҳум бирла сўз қотти,
Беролмадим жавоб анга ки, лол ўлди забон ёлғуз.

Келиб ҳолимга, кўз очтим, қўлимга коса май берди,
Май ич, деб ул пари кетти, бўлуб йўлга равон ёлғуз.

Ҳувайдойи ғарибин ул пари ширин сўзи бирлан
Юрагига солиб ўт, ўртади жону жаҳон ёлғуз.

* * *

Ишқ бозорида ман бўлдум харидоринг санинг,
Икки олам арзимайдур зулфи зунноринг санинг.

Масти «лояъқил» бўлуб, айлар ишимни билмадим,
Ётаман, ингронаман бўлуб чу беморинг санинг.

Бурнодин нодон эконман, билмадим қадрингни ман,
Келди ишқинг, эмди билдим қадри дийдоринг санинг.

Доимо ғафлатда эрдим, билмадим ман ғам нечук,
Ғам етушти, чунки бўлдум эмди бедоринг санинг.

Ҳар киши толиб бўлиб, қилса жамолингни талаб,
Бошидин ҳаргиз туганмас зулми душворинг санинг.

Эй Ҳувайдо, дил уйида заррача ағёрдин,
Бўлса, етмас ёрга бу нолау зоринг санинг.

* * *

Дипбаро, ишқинг ўтида куйди бу жоним менинг,
Жон на эрмиш, балки куйди нури иймоним менинг.

Сан агар лутф этмасанг ман хастаи беморга,
Бу тирикликни неторман, хушдур ўлғоним менинг.

Сансизин манга бу қилғон хонумону рўзғор,
Бир гўристондек кўринур, кўшку айвоним менинг.

Кўрмасам бир дам юзунгни, эй нигоро нозанин,
Нўҳ фалакни куйдурур бу оҳу афғоним менинг.

Сансизин бир луқма ош ё парчаи нон тишласам,
Оғзима андоқ урой, синсун бу дандоним менинг.

Эй нигори меҳрибон, кўрсам юзунгни ман аён
Ул қиёмат кунида, ерга етар ёним менинг.

Эй пари, мискин Ҳувайдо кўрмай ўлса дер сани,
Доғлар бағримда қолғай ҳам юз армоним менинг.

* * *

Гунбази даввор ичинда ўргулур бошим менинг,
Ёр васлига етолмай, тўкулур ёшим менинг.

Юраман гирёну нолон дарбадар девонадек,
Ҳеч ҳолим сўрмади ёри қаро қошим менинг.

Барча билди ҳоли дардим, билмадинг ҳолимни ҳеч,
Сўрмадинг: «Оё нечуксан», деб бағир тошим менинг.

Садқаи дардинг қилурман дунёни айшу ҳушин,
Айш эрур хобу хаёлу дард йўлдошим менинг.

Бу ғариблик шаҳрида муҳтож эмасман хешга,
Кулфатинг бўлди ағо, дардинг қариндошим менинг.

Қай куни берди кўнгил санга Ҳувайдо, эй пари,
Ҳеч фориғ бўлмади ғамдин ғариб бошим менинг.

* * *

Кўрмай эй, дилбар, юзунгни, бўлди аҳволим хароб,
Раҳм этиб келсанг на бўлғай хаста жонимни сўроб.

Ҳоли бемору ғариб сўрмак савобдур беадад
Эрмиш, эй ёрим, санга ҳаргиз керакмасму савоб.

Сояи ғамда қолибман, кулфатимдур беҳисоб,
Тегмади ман заррани бошиға ҳаргиз офтоб.

Толиу бахти забундурман нетай, эй дилрабо,
Келмади оё нечук сан деб мани золим сўроб.

Оҳ урсам сақфи гардунға тегар оҳим ўти,
Шиддатидин ўт чиқиб, айлаб садо йиғлар саҳоб.

Қил ҳазар оҳим ўтидин, эй нигори нозанин,
Бўлса жўш оҳимға йеру кўк қилмас ҳеч тоб.

Неча йилдурким, нигоро, остонанг ёстониб
Супуруб мужгон билан, септим кўзум ёшидин об.

Қилмадинг ҳеч лойиқоти хизматим, эй моҳ рўй,
Ори-ори боқмадинг бир йўл олиб юздин ҳижоб.

Эй Ҳувайдо, юрмадинг сан бир дами беғам бўлуб,
Хотиринг бўлди саранжом оқибат бўлғунг туроб.

* * *

Бир бузуқ вайронадур ул уйдаким ёр ўлмаса,
Ёр ила обод эрур ул уйда ағёр ўлмаса.

Гоҳ кўрунуб, гоҳ қочар ошиқларин куйдургали
Ишқ лаззат бермағай дилбарки айёр ўлмаса.

Ошнолиқни узуб ёр андин айлар иҳтироз
Ул кишиким ёридин бирдам хабардор ўлмаса.

Кўп бало ўқин отар ошиқ сари, ошиқ эмас
Кўксин очиб ёрини олдида тайёр ўлмаса.

Бўлмағай оҳу фиғон тонг отқуча бедорлик,
Ошиқи дилхастани ёри ситамкор ўлмаса.

Еб ётиб ором ила ошиқлиғи бекор эрур,
Чарби ширин еб ичардин кимки безор ўлмаса.

Аввал ўзунг қил амал, сўнгра насиҳат элга де,
Эй Ҳувайдо, сўзлама санда амал бор ўлмаса.

* * *

Арзимни айдим боди сабоға,
Еткурса ҳолим ул дилрабоға.

Қилса худойим кўнглин мулойим,
Раҳм айлағайму ман мубталоға.

Қилғайму хайрин ўз қўли бирла,
Борсам кўйига мискин гадоға.

Деди рақиблар ёрға ёмонлаб,
Солди жудолиқ найлай ароға,

Кўнглумда йўқтур зарра гумоним,
Кимки ёмондур солдим худоға.

Ҳолимни айтсам ёрим инонмас,
Эмди қўюбман явм ул жазоға.

Ёрсиз кишини фирдавси йўқтур,
Суйдим санамни қолдим балоға.

Душманларининг нозу, наҳмда
Парвариш айлаб солди ғиноға.

Дўстини ёрим ранжу аламда
Қўйди эл ичра жавру жафоға.

Мискин Ҳувайдо сабру таҳаммул
Айлаб,ҳамиша йиғлар худоға.

* * *

Раҳм айласанг-чи девоналарға,
Ишқингда бўлған афсоналарға.

Айлаб жудолиқ, эй ҳамнишиним,
Қилдинг жафолар ғамхоналарға.

Куйдурма жоним рашк ўти бирла,
Очиб юзунгни бегоналарға.

Сажда қилай деб, ширин, бутимға,
Бордим сўроқлаб бутхоналарға.

Майгун лабингдин бир бўса бергин,
Синсун хумори мастоналарға.

Ҳар дам тиларман ҳусни камолинг,
Уруб бошимни остоналарға.

Ёндур, куёйин хилват ичинда,
Шамъи жамолинг парвоналарға.

Ишқингни ганжи вайрон кўнгулда,
Қўйсанг турарму кошоналарға.

* * *

Ичарға бода саҳар мавсими чаман яхши,
Навойи мутрибу хуш мажлис, анжуман яхши.

Сузуб пиёлаи майни, йиғилса ишрат эли,
Сунарға муғбача май косаи Хўтан яхши.

Хуш ўткар умри азизинг жаҳон ғамини емай,
Май ич, тириклик аро сиҳҳати бадан яхши,

Кишиким ичмаса майни тирик эмас, ўлган,
Анингдек одамиға гўр ила кафан яхши…

* * *

Ҳеч кишига сўзламасдим, дод этдурди фалак,
Кўп халойиқ олдида фарёд этдурди фалак.

Арзи ҳолим еткудек бир ёру ҳамдам топмадим,
Шод кўнглумни, нетай, ношод этдурди фалак.

Ман ғарибу хастани ҳардам фироқ ўти билан
Куйдуруб, кўкка кулум барбод этдурди фалак,

Солди кўнгул сайдиға ҳар лаҳза ғам шаҳбозини,
Ғамни ман бечораға сайёд этдурди фалак.

Эй Ҳувайдо,бўлма қул бу чархи кажрафторға,
Лаҳзада юз шевалар бунёд этдурди фалак.

* * *

Сани ишқингдин, эй дилбар, ажаб девоналар бўлдум,
Халойиқға бўлуб кулгу, баси афсоналар бўлдум.

Қилур таъна кўруб ҳарким маним ҳолимға, эй моҳим,
Бу элни оғзида ҳар гўшада афсоналар бўлдум.

Ҳама қавму қариндошим мани кўрса қилур номус,
Баридин юз ўгурдум, бир йўла бегоналар бўлдум.

Сани илкингдин, эй дилбар, муҳаббат жомини ичсам,
Ўшал кундин бери билмай ўзум мастоналар бўлдум.

Шабистон ичра, эй ёрим, жамолинг шамъини кўрдум,
Бошингдин ўргулуб ҳар субҳидам парвоналар бўлдум.

Висолинг излабон, дилбар, Ҳувайдойи ғариб мискин,
Гадолардек сўраб элдин юруб оворалар бўлдум.

* * *

На қилдим санго ман, ёрим, жамолингдин жудо қилдинг,
Бошимда гарди ғамни чун чароғи осиё қилдинг.

Ҳамиша куйдуруб шамъи фироқинг бирла жонимни,
Мани парвонани хокистарини зери по қилдинг.

Жудолиғ айлар экансан, оё Лайливаши Ширин,
Не деб аввал ўзунгға ман ғарибни ошно қилдинг.

Нигоро, бори ғам бирла фақиру нотавон айлаб,
Алифдек қоматимни лом алиф янглиғ дуто қилдинг.

Фироқинг осмонидин солиб бир барқи олам сўз,
Вужудим хирманин ўртаб, адо қилдинг, адо қилдинг.

Ўшал рўзе: «Билурмусан мани», деб айтдинг, эй ёрим,
«Бале», дедим, сани суйдим, балога мубтало қилдинг.

Аё дилбар, Ҳувайдодек балокашни эшикларда,
Солиб кўздин бенаво, зору гадо қилдинг.

* * *

Сабо еткур саломимни қадди сарви равонимға,
Қаро кўзлук, қаро кокул ўшал ширин забонимға.

Ётибдир бир ғариби зор ўлиб оғиштаи туфроқ,
Бу ҳолимни бориб айтғил мани оромижонимға.

Мани бошим ани йўли ароға ҳар бало келса,
Боқарман, эй биродарлар, қачон суду зиёнимға.

Фалак чархи узилди-ю, йироқ солди мани андин,
Қачон қўшғай худовандим анингдек меҳрибонимға.

Ани дарду фироқи ўлгуча мандин жудо бўлмас,
Таралмиш жисмима жондек тамоми устихонимға.

Ҳувайдони фироқига они ҳеч келмади раҳми,
Қаро тошлар су бўлди раҳм этиб оху фиғонимға

СЎФИ ОЛЛОҲЁР ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

Ёрни бад меҳридин, эй дўстлар, жоним менинг,
Куйдум, ўртандим фалакка чиқти афғоним менинг,
Раҳм этиб келмас, нетай, олдимга жононим менинг,
Эзди бағрим, тешти кўксум доғи ҳижроним менинг,
Бу аламда, мунча ғамда чиқмаған жоним менинг.

Кофири нафсим била бо ҳарба бўлсам ишқида,
Ошиқи жулидаму бежубба бўлсам ишқида,
Ё гадои беватан, бекулба бўлсам ишқида,
Дарда тўлсам, ғамда сўлсам, телба бўлсам ишқида,
Ҳасратида мундоғ ўлсам, йўқтур армоним менинг.

Ҳажр ила бир ўлдиму завқу хурушим қолмади,
Кетти тандин қувватим, сўзларга ҳушум қолмади,
Бурноғидек эл аро ҳазлу кулушим қолмади,
Дипда сабрим, юзда шармим, бошда ҳушум қолмади,
Кўзда ёшим, рагда қоним, танда дармоним менинг.

Шодлиқ ўрнига ғам бўлди, нетай, саддулмасад,
Ҳарна кулфат бўлса сандин, кўторур мискин жасад,
Лутф қил, ҳолимга боқ, эй подшоҳи бесанад,
Ҳолатим бад, ҳасратим беҳад, фиғоним беадад,
Қип мадад мандек йиқилғон қулга султоним менинг.

Эй санам, ҳажрингда қилдим хонумонимни сабил,
Қатраи қонимга билман кошки бўлсам қатил,
Оҳ сарду рўйи зардимни кўрубон раҳм қил,
Ғуссаи дил, қиссаи мушкулга қолдим ойу йил,
Обу гил ичра хижил қолғон тану жоним менинг.

Демагил ерни юзини лолагун қилди баҳор,
Чашми хунбори Ҳувайдога назар қил, эй нигор,
Сан агар раҳм этмасанг, мушкул эрур бу кору бор,
Айтиб Аллоҳёр йиғлар зор ҳар лайлу наҳор,
Тиғи ишқи ёр тўкса кошки қоним менинг.

РУБОИЙЛАР

1
Холиқо, жабр айладим ўз жонима,
Қўймадим тоат таомин хонима.
Ҳарна иш қилдим, бари бўлди риё,
Эътимодим йўқ амал қилғонима.

2
Холиқо, тўктум ибодат жомини,
Пухта қил бандангни кори жомини.
Сан карамлик подшосан, ман гадо,
Айлагил ҳуру қусур инъомини.

3
Холиқо, раҳм айла жумла осиға,
Ўртада мандек жаҳон расвосиға.
Баъзидин иймон либосини олиб,
Кийдурурсан кофири санносиға.

4
Холиқо, келдим санга айлаб умид,
Даргаҳингдин қилмағайсан ноумид.
Гарчи банданг мунда бўлса рўсиёҳ,
Лутф айлаб, анда қил важҳим сафид.

5
Холиқо, сандин тиларман кўп мадад,
Ҳам тирикда, жон чиқарда ё аҳад.
Сан агар ҳолимга ҳомий бўлмасанг,
Озғурур йўлдин мани шайтони бад.

6
Холиқо, қилса савол Мункир, Накир
Ҳайбатидин тоғлар бўлғой ҳарир.
Бандаи ожиз эрурман, эй Илоҳ,
Раббим Аллоҳни танимга жорий бер.

7
Холиқо, кўп айладим фисқу фужур,
Сангана бергум жавоб ёвмун-нушур.
Ман гуноҳлик қул эрурман, сан раҳим,
Ман хатолик бандадурман, сан Ғофур.

8
Холиқо, доим манга бергил амон,
Икки олам сан эрурсан меҳрибон.
Тонгла тортқанда тарозуга амал,
Қил савобимни гуноҳимдин гарон.

9
Холиқо, икки кўзум пур об қил,
Кечалар то субҳидам бехоб қил.
Тизга тушғанда сувсаб маҳшарда тил,
Оби Кавсардин бериб, сероб қил.

10
Холиқо, ҳайф ўтти мендин солу моҳ,
Ҳарна иш қилдим, бари бўлди гуноҳ.
Тонгла расво қилғоли эл олдида,
Қўл-оёғим сўзлатиб, қилма гувоҳ.

11
Холиқо, дийдамни пурнам айлагил,
Ўлгуча зикрингга ҳамдам айлагил.
Ҳар бало келса ўзунгдан розиман,
Мунда ғамгин, анда беғам айлагил.

12
Холиқо, лутфу иноят айлагил,
Жумла мўъминларга раҳмат айлагил.
Тонгла кўфрикдин саломат ўткариб,
Жаннат ул-фирдавс каромат айлагил.

13
Холиқо, ҳайф ўтти мандин моҳу сол,
Тун-кун фикру хаёлим бўлди мол.
Тонгла мандин олсалар бир-бир ҳисоб,
Оҳ, билмасман на бўлғай анда ҳол.

14
Холиқо, икки жаҳон ғамхорисан,
Барчанинг раззоқию, пурборисан.
Ким эгиз тутса, ани ерга уруб,
Қилгучи пастни эгиз қаҳҳорисан.

15
Холиқо, кўп айладим журму хато,
Манга сандин кўптурур лутфу ато.
Бул Ҳувайдойи ғариб Чимёнийни
Қипмағил нафсу ҳавоға мубтало.

16
Афсус, юз афсуски, умрум абас ўтти,
Нодонлиғ ила дарпойи ҳойу ҳавас ўтти.
На кор қилиб, нақди ҳаётимни тугатти,
Билмам, на ани бир кеча ё бир нафас ўтти.

17
Афсус, юз афсуски, мардлар ўтти,
Бемори муҳаббат, рўйи зардлар ўтти.
Овораи нафс неча ёмонлар қолдуқ,
Қилгучи амал соҳиби дардлар ўтти.

18
Афсуски, руҳимни қуши пешу пас ўтти,
Исён била синди қаноти, зери хас ўтти.
Бу нафси балокашни тузоғиға илинди,
Овора бўлиб, банди асири қафас ўтти.

19
Афсус, юз афсус, эранлар ўтти,
Ул ҳомийи дин қутби замонлар ўтти.
Биз ғамзадалар йиғлою ҳасрат била қолдук,
Аҳволи жаҳонга нигаронлар ўтти.

20
Афсус, юз афсуски, ҳамнафаслар ўтти,
Шоҳи ду жаҳон, камтари хаслар ўтти.
Биз кўнгли ўлук, бахти қаролар қолдук,
Тиргузгувчи дил Ийсо нафаслар ўтти.

21
Афсус, бу кун вақти гулистон ўтти,
Мурғони чаман йиғлою нолон ўтти.
Гуллар алами боди хазондин йиғлаб,
Ҳар ёна бўлуб барги паришон ўтти.

22
Афсус, юз афсуски, эрлар ўтти,
Лаб ташна бўлиб оҳуйи чўллар ўтти.
Бу золи фалак ваъдасиға берма кўнгил,
Дарё қуруди, қаърида йўллар ўтти.

23
Афсус, юз афсуски, роҳат ўтти,
Етти қарилик вақти, ибода ўтти.
Эмди туну-кун жаҳд қилиб озуқа ғамлаб,
Бўл йўлға равон, навбати фурсат ўтти.

24
Эй Хожаназар, югурки, карвон ўтти,
Қолмай бариси йўлга шитобон ўтти.
Ул қофиладин бизга хабар келгони йўқ,
Ким қайғуда, ким шоду хиромон ўтги.

25
Эй Хожаназар, югурки, йўлдош ўтти,
Сан кўргон ўшал қавму қариндош ўтти.
Сан мунда қолиб, кимга ҳам улфат бўласан,
Ҳамсолларинг маҳрами сирдош ўтти.

26
Эй Хожаназар, марди саролар ўтти,
Ҳар бир сўзи қимматбаҳолар ўтти.
Бир неча ёмон аҳди бузугрлар қолдук,
Сўзлар сўзи бир марди Худолар ўтти.

27
Эй Хожаназар, югурки, дўстпар ўтти,
Ҳам пиру жавон жумласи яксар ўтти.
Эмди туролинг йўқ, қадаминг илгори қўйгил,
Кўргон, билишинг, ёру биродар ўтти.

28
Эй Хожаназар, ушбу жаҳон гузароний,
Қолмас бу жаҳон ичра на яхши, на ямони.
То ўлгуча сан бандалигингни қўя кўрма,
Бир Тангридин ўзга ҳаммаси бўлғуси фоний.

Хўжаназар Ҳувайдо. Ғазаллар ва ғазалларига басталанган қўшиқлар. Ғазалларни Темурмалик Юнусов ўқиган. Қўшиқларни Дадахон Ҳасанов, Хушвқт Жўраев, Озод Турсуновлар ижро этишган. Видео охирида Ўзбекистон халқ ҳофизи Маҳмуд Тожибоевнинг “Тополмасман” ғазали ҳақида берган шарҳи ва мазкур ғазалга басталанган қўшиқ ижроси илова этилган.

HUVAYDO HAQIDA
Begali Qosimov
011

062Huvaydo (taxallusi; asl nomi Xo’janazar G’oyibnazar o’g’li) (1704 — O’sh shahri — 1780/81, Farg’ona viloyati Chimyon qishlog’i) — shoir, tasavvuf she’riyatining yirik vakili. Qo’qon madrasalarida o’qigan. Qishlog’ida maktab ochib, uzoq vaqt maktabdorlik qilgan, kosiblik bilan ham shug’ullangan. Otasi G’oyibnazar so’fi Qashqardagi Ofoqxo’ja eshonning muridlaridan bo’lgan, Chimyonda masjid va xonaqolar qurdirib, eshonlik qilgan.
Huvaydo devonida keltirilgan bir naqlga ko’ra, Huvaydoga «Xo’janazar» ismining qo’yilishi ham Ofoqxo’ja bilan bog’liq. Huvaydo mumtoz she’riyatning deyarli barcha janrlarida ijod qilgan. She’rlari xalq orasida juda mashhur bo’lgan. Huvaydo axloqiy-didaktik yo’nalishdagi mazmunan teran, uslubiy go’zal asarlari bilan adabiy maktab yarata olgan shoirdir. Huvaydo ijodi va dunyoqarashining shakllanishida Xoja Yassaviy, Alisher Navoiy, So’fi Olloyor, Mashrablarning tasavvufiy, falsafiy fikrlari va asarlarining ta’siri katta bo’lgan. Huvaydo majoziy va haqiqiy ishq haqidagi orifona, dunyoviy she’rlaridan tashqari zolimlik va mazlumlik, kamolot va axloqiy tubanlik haqidagi she’rlarida ham mazkur shoirlar an’analarini davom ettirgan va yangi fikrlar bilan boyitgan.
Huvaydo she’rlari vafotidan so’ng nabiralari tomonidan devon holiga keltirilgan. Unga shoirning 351 g’azal, 28 ruboiy, 41 to’rtlik, 3 muxammas, 1 musaddas, 1 musamman, 1 mustazod, 3 masnaviy hamda axloqiy-didaktik mazmundagi «Rohati dil» manzumasi kirgan. Devondagi ilk she’rlarida ro’za, namoz, zakot, haj, jannat va do’zax bilan bog’liq mavzular yoritilgan, g’urur, manmanlikni tanqid qiluvchi, tavoze’, qardoshlik va to’g’riso’zlikni ulug’lovchi hikmatlarga keng o’rin berilgan. Huvaydoning she’rlarida tasavvufiy unsurlar — nafsni jilovlash va dunyodan o’zni uzoq tutish bosh g’oyalardan biri. Dunyo lazzatining insonni baxtli eta olmasligiga ishongan shoir Allohga, abadiy baxtga erishmoq uchun inson o’zligidan kechmog’i kerakligini anglaydi. Shoirning «Rohati dil» axloqiy manzumasi pandnoma turining go’zal namunasidir. Unda ochko’zlik, ta’magirlik, vafo, boqiylik, foniylik, yaxshilikning foydasi, yomonlikning zarari, go’zallik va mehnatsevarlik, moddiy va ma’naviy poklik kabi xilma-xil axloqiy mavzulardagi ibratli hikoyalar keltirilgan. Huvaydo diniy-axloqiy mazmundagi «Ibrohim Adham» nomli she’riy doston ham bitgan. Huvaydo vafotiga bag’ishlab uning shogirdlari, muxlislari tomonidan marsiyalar, ta’rixlar yozilgan. U haqda ibratomuz rivoyatlar, yodnomalar paydo bo’lgan. Shoirning otasi G’oyibnazar Eshon shajarasi daxmasi hozir ham ziyoratgoh joylardan hisoblanadi.
«Devoni Huvaydo»ning bir qancha qo’lyozma nusxalari va litografik nashrlari bo’lib, ulardan chevarasi Salohiddin Soqib (1838—1910) va Mirza Hakim ibn Mirza Umid Marg’iloniylar ko’chirgan nusxasi Samarqand Davlat Universiteti kutubxonasida saqlanadi (inv. №3903).
Huvaydoning nabirasi Sirojiy (1877 yil v. e.), chevaralari Samarbonu (1837— 1891), Salohiddin Soqib, G’aribiy devon tuzgan shoirlar bo’lib, Huvaydo an’analarini davom ettirganlar. Huvaydo nomida ko’cha, mahalla va maktablar bor.

09
XOJANAZAR HUVAYDO
G’AZALLAR, MUXAMMAS, RUBOIYLAR
011

BISMILLAHIR ROHMANIR ROHIYM

* * *

Iloho, san karam birla kechurg’il, ey Xudovando,
Gunohi jumla mo»minni, ayo ma’budi behamto!

O’shal sahroda qaynar mag’zi sar mispi qazon yanglig’,
Tilim tizga tushurib tashna aylab qilmag’il rasvo.

Kelur nayza bo’yi xurshidi tobon favqi sar uzra
O’shal kun boshimizga chodari rahmatni qil paydo.

Ko’rilsa ul «famay-ya’mal»da mezonim sabuk qilma,
Savobimni gunohimdan, ayo sattori ma’yubho!

Qadam qo’ysam yiqitmog’il sirotal mustaqim uzra,
Giriftori jahiym aylab qulingni qilmag’il rasvo.

Hamma ish bizga mushkuldir, saning oldingdadir oson,
Sen o’qsan barchani Parvardigori halli mushkulho.

Umidim ko’pturur «lo taqnatuv mir rahmatilloh»din
Agar chandeki noshoyista ishlar aylasam barpo.

O’shal havli qiyomatni, Iloho, aylag’il oson
Bahaqqi sayyidi kavnayn subhonallaziy asro!

Na xush baxti saodatdur Muhammad «ummatim» desa,
«Saningdek ummatim yo’q» desalar faryodu vovaylo.

Xaloyiq oldida sharmanda bo’lib termulib qolsam,
Qaro kunlar o’shal soat boshimga bo’lg’usi paydo.

Quruq til birla ayturman: «Muhammad ummatiman», deb
Yemak-ichmak ishim bo’ldi, qani toat, qani taqvo?

Shafoat bahridin serob qilg’il jumla mo»minni
Tufayli yaxshilar man osiy qulni, yo rasullulloh!

Ayo Ahmad, manga bir qatrai bahri shafoatdin
Darig’ etma, Huvaydo garchi bo’lsa osiyu gumroh.

* * *

Man osiyman, bechoraman, darmondaman, yo Mustafo,
Ul ruhi pokingga sani ilgim ochib qildim duo.

Isyon cho’lin yurdim kezib, qoldim aro yo’lda ozib,
«Fasma’ da’ono vastajib», ey jumla elgarahnamo.

Bechoralar g’amxorisan, dardi dilim tiymorisan,
Pushti panoh ummatga san, ey shofe’i ro’zi jazo.

Berohibar yo’lga kirib, qoldim aro yo’lda horib,
Ozg’urdi yo’ldin, naylayin, yo Ahmado, nafsu havo.

«YO rohmatal-lil-olamin», ey anbiyolarga nigin,
Ey sayyidi ro’yi zamin, ey peshvoi anbiyo.

Sansan rasuli olamin, sansan imomul muttaqin,
Sansan shafiy’ul-muznibin hodiil muzillin, ahadno.

Zuhd ahli birla hamnishin, ishq ahliga aynul-yaqin,
Mir’oti qalb ul-mo»minin, ey oftobi vaz-zuho.

Misbohi ayvoni rasul, san-san imomi juzu kull,
Ey hodiyi ahli subl, vay, chashmi jonga to’tiyo.

Sansan anodin mehribon, sandin tilarmiz ko’p omon,
Kelsa mango harna ziyon, sansan sipar yanglig’ panoh.

Sango rasuli mujtabo, badr ud-dujo, nur ul-hido
Aylar Huvaydo ko’p duo ruhingga har subhu maso.

* * *

Beadad mandin duo, ey choryori bosafo,
Sizga, Bu Bakru Umar, Usmon, Aliyi murtazo.

Sidqu ixlosim bila, Ey oli as’hobi rasul,
Ruhingizga qo’l ochib, shomu sabo aylay duo.

Tortti Ahmad javru mehnat ushbu foniy dunyoda,
Ummat ersang, bo’lg’il emdi payravi ul mustafo.

Birisi sidqu sadoqat avjida badri munir,
Birlari adlu adolat burjida shamsi zuho.

Birlari hilmu hayo iqlimida bahri hayo,
Birlari lutfu karam avrangida koni saxo.

Nuri chashmi Haydari karrorni zolim Yazid
Qip-qizil qonga bo’yab, qildi shahidi Karbalo.

Ey Huvaydo, ishq ahli ushbu so’zni aydilar:
«Sobirini bil — balou roziyini bil — qazo».

* * *

Siynani sadpora qilding, ey pari, qoshi qaro,
Tiyri mujgoning bilan qilding yurak bag’rim yaro.

Kelmag’ay hargiz faroham siynai chokim mani
Tori zulfu so’zoni mujgon bilan hilmay rufo.

Bu maning dardimga, ey dilbar, tabib darkor emas,
Ey, saning darding tabib, kulli dardimga davo.

Xirmani jismimg’a tushti barqi ishqing, ey pari,
Qolmadi bir zarra jonim o’rganib bo’ldi ado.

Muncha berahm sitamgar yor ekonsan, naylayin,
Kelmadi oshiq sari rahming sani, ey purjafo.

Aqlu hushimni olibsan telbalardek so’zlatib,
Hoyu hu deb tortadurman na’rai vohasrato.

Tashlalab qoldim Furoti g’amda sargardon bo’lub,
Lashkari ishqing kelib qildi shahidi Karbalo.

Bo’lmag’ay ishqu muhabbat loyiqi har odami,
Ey Huvaydo, bo’lmaguncha bu jahonda mosuvo.

* * *

Ishqni mansubasin Majnuni hayrondin tila,
Laylidek xoli siyah zulfi parishondin tila.

Na so’rorsan oshkora ul sanamni dardini,
Kel, shabi xilvat ichinda ohu afg’ondin tila,

Har nechuk nodon tabibdin so’rma dardingga davo,
Izlagil hoziq tabib, dardingga darmondin tila.

Har tikonda toza gul, har bahrda yo’qtur sadaf,
Gavhari qimmatbahoni bahri ummondii tila.

Na bilur zog’u zag’an raftori gul, ishq qadrini,
Bulbuli oshuftani qadrin gulistondin tila.

Lazzati dunyoni xushlar na bilur tan o’zgani,
Zavqi shavqi yorni dil uyida jondin tila.

La’li maqsad har qayu tog’din topilmas istasang,
Ur riyozat metinin ko’hi Badaxshondin tila.

Xojanazar osiyga qo’ydim Huvaydoni laqab,
Bul g’aribi mustamandni shahri Chimyondin tila.

* * *

Nigorim ishqidin qildim saharlar nolalar paydo,
Yurak dog’ini kovlab, ayladim xunobalar paydo.

Jamoli orzusidin saharlarda turib yig’lab,
Ko’zimdin ayladim chun abri nayson jolalar paydo.

San, ey bulbul, navo qilg’il guliston mavsumi ichra,
Qilur ma’murai guldin xazon vayronalar paydo.

Mani parvonaga ayb aylamang sham’i ruxin ko’rgach,
Kabutar naslidek «hu» deb bo’lur parvonalar paydo.

Xumori chashm soqiyi diloromim bayon qilsam,
May ichmay bo’lg’usi har gushadin mastonalar paydo.

San ey zohid, bugun mayxo’ralarni aybini qilma,
Birov masjid bino aylar, birov mayxonalar paydo.

Saropo dard erurman, lek darmonin topolmasman,
Labimdin bo’ldi bag’rim garmidin tan jolalar paydo

Ayo bodi sabo, yetkur Huvaydodin bu inshoni,
Yurak zardobidin qildim sanamga nomalar paydo.

* * *

Dardi g’amiga hargiz qilma davo, Huvaydo,
Ichgil mayi muhabbat bemuddao, Huvaydo.

Zuhd ayla, qilma taqvo, mayxo’ralik shior et,
Mayxonada muqim o’l, qilma riyo, Huvaydo.

Ishqu muhabbat ichra o’ldung, muborak o’lsun,
Sharti muhabbat uldur: bo’lmoq fano, Huvaydo.

Ming uqbai pur oshub ishqing yo’lida bordur,
YO hodiyal-muzillin, der ahadno, Huvaydo.

Hayratdaman, nigoro, yo’q qo’lda ixtiyorim,
Sarmoya yo’q qo’lumda, g’ayri rizo, Huvaydo.

Gar tavfi Ka’ba qilmoq, ey ko’nglum, istor esang,
Qil tavfi ka’bai dil, ey porso Huvaydo.

Ishqida bir sanamni devona bo’lmasaydi,
Vasfiga qilmas erdim til oshno, Huvaydo.

* * *

Dardi yo’q bedard kishilar dard qadrin na bilur,
Dunyoda nomard ko’pdur, mard qadrin na bilur.

Za’faron bo’ldi chiroyim yor uchun, ey do’stlar,
Bilmagonlar bu chiroyi zard qadrin na bilur.

Jon uzub, jonni ulodim kokili jononaga,
Fahmi yo’q befahmlar payvand qadrin na bilur.

Oz erur jononaga sarf aylasam man molu jon,
Qilmag’on nodon kishi jon, mard qadrin na bilur.

Yig’ladi harchand Huvaydo, bilmadi el qadrini,
Tushmagan dard boshiga bodard qadrin na bilur.

* * *

Yigitlikda may ichmak na xushu baxtu saodatdur,
Qarilik mavsumi mehnat, yigitlik vaqti rohatdur.

Guliston mavsumi bo’ldi, may ichmakni g’animat bil,
Tiriklik ko’p emas, bir ko’z yumib ochquncha soatdur.

Kel, ey soqiy, ketur jomi, payo pay bodani sof et,
Yurutgil kosai davron, bu damlar ham g’animatdur.

Dafu tanburu benay boda ichmak oncha xo’b ermas,
Qil, ey mutrib, g’azalxonliq, bu kun ayyomi ishratdur.

Gulistonlar aro sebargalarni yostonib yotib,
Tamoshoyi chaman aylab, may ichmak xush nazokatdur.

Tiriklikni g’animat bil, may ich, umrungni xush o’tkar,
Tepib o’t dunyo molini, hama ranju falokatdur.

Huvaydo, tavba qipma boda ichmakdin qaridim deb,
May ichmaklik qarig’onda g’izoyi ruh, rohatdur.

* * *

Nigorim dardidin yig’lab, na oromu, na xobim bor,
Ko’zimdin har taraf bo’lg’on ravona, turfa ohim bor.

Umidi xo’bluq yo’qtur tanimda, titrashur jonim,
O’larman begumon emdi, ajab holi xarobim bor.

Qipibdur va’da dildorim: «Jamolim ko’rsatay o’lsang»,
Kel, ey qobiz, manga emdi, o’lay deb ko’p shitobim bor.

Mani yig’log’onimg’a «yor» deb, ayb etma, ey zohid,
Aromizda sanam birla o’lum otlig’ hijobim bor.

Icharg’a bodai gulrangki har kecha qurub majlis,
Tong otquncha tamosho, nag’mai changu rubobim bor.

Bihishtu huru g’ulmonu du olamni unutqaysan,
Ayo zohid, agar ichsang, basar qattig’ sharobim bor.

San, ey zohid, mani mun’imni qilma, may harom ermas,
Riyou taqvodin bir kosa mayda ko’p savobim bor.

Huvaydoni may ichmakdin nasihat qilma, ey zohid,
Qachon bir kosa maydin, to tirikman, ijtinobim bor.

* * *

Yo’liqti tun arosida ko’zimga dilrabo yolg’uz,
Kulib boqib, qoshin qoqib, qilib o’tti imo yolg’uz.

Oyog’i naqshiga surtub yuzim, bo’si kanor aylab,
G’ubori rohidin qipdim ko’zimga to’tiyo yolg’uz.

Mani ahvoli dardimdin borib albatta aytg’oysan,
Sanamni oldiga borsang, ayo bodi sabo yolg’uz:

Yotibdur go’shaida «yor-yor» deb bir g’aribi zor,
Boshin yerga urub yig’lar, degil, aylab navo yolg’uz.

Shikasta muztarib ahvol dardimdin bayon etg’il,
Ani ko’nglig’a shoyad rahmini solg’ay Xudo yolg’uz.

Sani husni kamolingga Huvaydoyi g’arib miskin
Qilur, degil, saharlarda ochib ilgin duo yolg’uz.

* * *

Tun oqshom keldi kulbamga nigori mehribon yolg’uz,
Olib burqa’ jamolidin, o’zin qildi ayon yolg’uz.

Kulub ohista-ohista kelib, uyqudin uyg’otti,
«Sahar bo’ldi, yotarsanmu», dedi shirin zabon yolg’uz.

Qo’limdan ushlabon aydi: «Na holing kechti yozu kuz,
Kuyub hajr o’tida bo’lg’on, ayo ey notavon yolg’uz».

O’zumdin bordim ul soat yurakda qolmadi holat,
Qilolmodim anga ahvoli dardimdin bayon yolg’uz.

Yonimda o’lturib chandon tarahhum birla so’z qotti,
Berolmadim javob anga ki, lol o’ldi zabon yolg’uz.

Kelib holimga, ko’z ochtim, qo’limga kosa may berdi,
May ich, deb ul pari ketti, bo’lub yo’lga ravon yolg’uz.

Huvaydoyi g’aribin ul pari shirin so’zi birlan
Yuragiga solib o’t, o’rtadi jonu jahon yolg’uz.

* * *

Ishq bozorida man bo’ldum xaridoring saning,
Ikki olam arzimaydur zulfi zunnoring saning.

Masti «loya’qil» bo’lub, aylar ishimni bilmadim,
Yotaman, ingronaman bo’lub chu bemoring saning.

Burnodin nodon ekonman, bilmadim qadringni man,
Keldi ishqing, emdi bildim qadri diydoring saning.

Doimo g’aflatda erdim, bilmadim man g’am nechuk,
G’am yetushti, chunki bo’ldum emdi bedoring saning.

Har kishi tolib bo’lib, qilsa jamolingni talab,
Boshidin hargiz tuganmas zulmi dushvoring saning.

Ey Huvaydo, dil uyida zarracha ag’yordin,
Bo’lsa, yetmas yorga bu nolau zoring saning.

* * *

Dipbaro, ishqing o’tida kuydi bu jonim mening,
Jon na ermish, balki kuydi nuri iymonim mening.

San agar lutf etmasang man xastai bemorga,
Bu tiriklikni netorman, xushdur o’lg’onim mening.

Sansizin manga bu qilg’on xonumonu ro’zg’or,
Bir go’ristondek ko’rinur, ko’shku ayvonim mening.

Ko’rmasam bir dam yuzungni, ey nigoro nozanin,
No’h falakni kuydurur bu ohu afg’onim mening.

Sansizin bir luqma osh yo parchai non tishlasam,
Og’zima andoq uroy, sinsun bu dandonim mening.

Ey nigori mehribon, ko’rsam yuzungni man ayon
Ul qiyomat kunida, yerga yetar yonim mening.

Ey pari, miskin Huvaydo ko’rmay o’lsa der sani,
Dog’lar bag’rimda qolg’ay ham yuz armonim mening.

* * *

Gunbazi davvor ichinda o’rgulur boshim mening,
Yor vasliga yetolmay, to’kulur yoshim mening.

Yuraman giryonu nolon darbadar devonadek,
Hech holim so’rmadi yori qaro qoshim mening.

Barcha bildi holi dardim, bilmading holimni hech,
So’rmading: «Oyo nechuksan», deb bag’ir toshim mening.

Sadqai darding qilurman dunyoni ayshu hushin,
Aysh erur xobu xayolu dard yo’ldoshim mening.

Bu g’ariblik shahrida muhtoj emasman xeshga,
Kulfating bo’ldi ag’o, darding qarindoshim mening.

Qay kuni berdi ko’ngil sanga Huvaydo, ey pari,
Hech forig’ bo’lmadi g’amdin g’arib boshim mening.

* * *

Ko’rmay ey, dilbar, yuzungni, bo’ldi ahvolim xarob,
Rahm etib kelsang na bo’lg’ay xasta jonimni so’rob.

Holi bemoru g’arib so’rmak savobdur beadad
Ermish, ey yorim, sanga hargiz kerakmasmu savob.

Soyai g’amda qolibman, kulfatimdur behisob,
Tegmadi man zarrani boshig’a hargiz oftob.

Toliu baxti zabundurman netay, ey dilrabo,
Kelmadi oyo nechuk san deb mani zolim so’rob.

Oh ursam saqfi gardung’a tegar ohim o’ti,
Shiddatidin o’t chiqib, aylab sado yig’lar sahob.

Qil hazar ohim o’tidin, ey nigori nozanin,
Bo’lsa jo’sh ohimg’a yeru ko’k qilmas hech tob.

Necha yildurkim, nigoro, ostonang yostonib
Supurub mujgon bilan, septim ko’zum yoshidin ob.

Qilmading hech loyiqoti xizmatim, ey moh ro’y,
Ori-ori boqmading bir yo’l olib yuzdin hijob.

Ey Huvaydo, yurmading san bir dami beg’am bo’lub,
Xotiring bo’ldi saranjom oqibat bo’lg’ung turob.

* * *

Bir buzuq vayronadur ul uydakim yor o’lmasa,
Yor ila obod erur ul uyda ag’yor o’lmasa.

Goh ko’runub, goh qochar oshiqlarin kuydurgali
Ishq lazzat bermag’ay dilbarki ayyor o’lmasa.

Oshnoliqni uzub yor andin aylar ihtiroz
Ul kishikim yoridin birdam xabardor o’lmasa.

Ko’p balo o’qin otar oshiq sari, oshiq emas
Ko’ksin ochib yorini oldida tayyor o’lmasa.

Bo’lmag’ay ohu fig’on tong otqucha bedorlik,
Oshiqi dilxastani yori sitamkor o’lmasa.

Yeb yotib orom ila oshiqlig’i bekor erur,
Charbi shirin yeb ichardin kimki bezor o’lmasa.

Avval o’zung qil amal, so’ngra nasihat elga de,
Ey Huvaydo, so’zlama sanda amal bor o’lmasa.

* * *

Arzimni aydim bodi sabog’a,
Yetkursa holim ul dilrabog’a.

Qilsa xudoyim ko’nglin muloyim,
Rahm aylag’aymu man mubtalog’a.

Qilg’aymu xayrin o’z qo’li birla,
Borsam ko’yiga miskin gadog’a.

Dedi raqiblar yorg’a yomonlab,
Soldi judoliq naylay arog’a,

Ko’nglumda yo’qtur zarra gumonim,
Kimki yomondur soldim xudog’a.

Holimni aytsam yorim inonmas,
Emdi qo’yubman yavm ul jazog’a.

Yorsiz kishini firdavsi yo’qtur,
Suydim sanamni qoldim balog’a.

Dushmanlarining nozu, nahmda
Parvarish aylab soldi g’inog’a.

Do’stini yorim ranju alamda
Qo’ydi el ichra javru jafog’a.

Miskin Huvaydo sabru tahammul
Aylab,hamisha yig’lar xudog’a.

* * *

Rahm aylasang-chi devonalarg’a,
Ishqingda bo’lg’an afsonalarg’a.

Aylab judoliq, ey hamnishinim,
Qilding jafolar g’amxonalarg’a.

Kuydurma jonim rashk o’ti birla,
Ochib yuzungni begonalarg’a.

Sajda qilay deb, shirin, butimg’a,
Bordim so’roqlab butxonalarg’a.

Maygun labingdin bir bo’sa bergin,
Sinsun xumori mastonalarg’a.

Har dam tilarman husni kamoling,
Urub boshimni ostonalarg’a.

Yondur, kuyoyin xilvat ichinda,
Sham’i jamoling parvonalarg’a.

Ishqingni ganji vayron ko’ngulda,
Qo’ysang turarmu koshonalarg’a.

* * *

Icharg’a boda sahar mavsimi chaman yaxshi,
Navoyi mutribu xush majlis, anjuman yaxshi.

Suzub piyolai mayni, yig’ilsa ishrat eli,
Sunarg’a mug’bacha may kosai Xo’tan yaxshi.

Xush o’tkar umri azizing jahon g’amini yemay,
May ich, tiriklik aro sihhati badan yaxshi,

Kishikim ichmasa mayni tirik emas, o’lgan,
Aningdek odamig’a go’r ila kafan yaxshi…

* * *

Hech kishiga so’zlamasdim, dod etdurdi falak,
Ko’p xaloyiq oldida faryod etdurdi falak.

Arzi holim yetkudek bir yoru hamdam topmadim,
Shod ko’nglumni, netay, noshod etdurdi falak.

Man g’aribu xastani hardam firoq o’ti bilan
Kuydurub, ko’kka kulum barbod etdurdi falak,

Soldi ko’ngul saydig’a har lahza g’am shahbozini,
G’amni man bechorag’a sayyod etdurdi falak.

Ey Huvaydo,bo’lma qul bu charxi kajraftorg’a,
Lahzada yuz shevalar bunyod etdurdi falak.

* * *

Sani ishqingdin, ey dilbar, ajab devonalar bo’ldum,
Xaloyiqg’a bo’lub kulgu, basi afsonalar bo’ldum.

Qilur ta’na ko’rub harkim manim holimg’a, ey mohim,
Bu elni og’zida har go’shada afsonalar bo’ldum.

Hama qavmu qarindoshim mani ko’rsa qilur nomus,
Baridin yuz o’gurdum, bir yo’la begonalar bo’ldum.

Sani ilkingdin, ey dilbar, muhabbat jomini ichsam,
O’shal kundin beri bilmay o’zum mastonalar bo’ldum.

Shabiston ichra, ey yorim, jamoling sham’ini ko’rdum,
Boshingdin o’rgulub har subhidam parvonalar bo’ldum.

Visoling izlabon, dilbar, Huvaydoyi g’arib miskin,
Gadolardek so’rab eldin yurub ovoralar bo’ldum.

* * *

Na qildim sango man, yorim, jamolingdin judo qilding,
Boshimda gardi g’amni chun charog’i osiyo qilding.

Hamisha kuydurub sham’i firoqing birla jonimni,
Mani parvonani xokistarini zeri po qilding.

Judolig’ aylar ekansan, oyo Laylivashi Shirin,
Ne deb avval o’zungg’a man g’aribni oshno qilding.

Nigoro, bori g’am birla faqiru notavon aylab,
Alifdek qomatimni lom alif yanglig’ duto qilding.

Firoqing osmonidin solib bir barqi olam so’z,
Vujudim xirmanin o’rtab, ado qilding, ado qilding.

O’shal ro’ze: «Bilurmusan mani», deb aytding, ey yorim,
«Bale», dedim, sani suydim, baloga mubtalo qilding.

Ayo dilbar, Huvaydodek balokashni eshiklarda,
Solib ko’zdin benavo, zoru gado qilding.

* * *

Sabo yetkur salomimni qaddi sarvi ravonimg’a,
Qaro ko’zluk, qaro kokul o’shal shirin zabonimg’a.

Yotibdir bir g’aribi zor o’lib og’ishtai tufroq,
Bu holimni borib aytg’il mani oromijonimg’a.

Mani boshim ani yo’li arog’a har balo kelsa,
Boqarman, ey birodarlar, qachon sudu ziyonimg’a.

Falak charxi uzildi-yu, yiroq soldi mani andin,
Qachon qo’shg’ay xudovandim aningdek mehribonimg’a.

Ani dardu firoqi o’lgucha mandin judo bo’lmas,
Taralmish jismima jondek tamomi ustixonimg’a.

Huvaydoni firoqiga oni hech kelmadi rahmi,
Qaro toshlar su bo’ldi rahm etib oxu fig’onimg’a

SO’FI OLLOHYOR G’AZALIGA MUXAMMAS

Yorni bad mehridin, ey do’stlar, jonim mening,
Kuydum, o’rtandim falakka chiqti afg’onim mening,
Rahm etib kelmas, netay, oldimga jononim mening,
Ezdi bag’rim, teshti ko’ksum dog’i hijronim mening,
Bu alamda, muncha g’amda chiqmag’an jonim mening.

Kofiri nafsim bila bo harba bo’lsam ishqida,
Oshiqi julidamu bejubba bo’lsam ishqida,
YO gadoi bevatan, bekulba bo’lsam ishqida,
Darda to’lsam, g’amda so’lsam, telba bo’lsam ishqida,
Hasratida mundog’ o’lsam, yo’qtur armonim mening.

Hajr ila bir o’ldimu zavqu xurushim qolmadi,
Ketti tandin quvvatim, so’zlarga hushum qolmadi,
Burnog’idek el aro hazlu kulushim qolmadi,
Dipda sabrim, yuzda sharmim, boshda hushum qolmadi,
Ko’zda yoshim, ragda qonim, tanda darmonim mening.

Shodliq o’rniga g’am bo’ldi, netay, saddulmasad,
Harna kulfat bo’lsa sandin, ko’torur miskin jasad,
Lutf qil, holimga boq, ey podshohi besanad,
Holatim bad, hasratim behad, fig’onim beadad,
Qip madad mandek yiqilg’on qulga sultonim mening.

Ey sanam, hajringda qildim xonumonimni sabil,
Qatrai qonimga bilman koshki bo’lsam qatil,
Oh sardu ro’yi zardimni ko’rubon rahm qil,
G’ussai dil, qissai mushkulga qoldim oyu yil,
Obu gil ichra xijil qolg’on tanu jonim mening.

Demagil yerni yuzini lolagun qildi bahor,
Chashmi xunbori Huvaydoga nazar qil, ey nigor,
San agar rahm etmasang, mushkul erur bu koru bor,
Aytib Allohyor yig’lar zor har laylu nahor,
Tig’i ishqi yor to’ksa koshki qonim mening.

RUBOIYLAR

1
Xoliqo, jabr ayladim o’z jonima,
Qo’ymadim toat taomin xonima.
Harna ish qildim, bari bo’ldi riyo,
E’timodim yo’q amal qilg’onima.

2
Xoliqo, to’ktum ibodat jomini,
Puxta qil bandangni kori jomini.
San karamlik podshosan, man gado,
Aylagil huru qusur in’omini.

3
Xoliqo, rahm ayla jumla osig’a,
O’rtada mandek jahon rasvosig’a.
Ba’zidin iymon libosini olib,
Kiydurursan kofiri sannosig’a.

4
Xoliqo, keldim sanga aylab umid,
Dargahingdin qilmag’aysan noumid.
Garchi bandang munda bo’lsa ro’siyoh,
Lutf aylab, anda qil vajhim safid.

5
Xoliqo, sandin tilarman ko’p madad,
Ham tirikda, jon chiqarda yo ahad.
San agar holimga homiy bo’lmasang,
Ozg’urur yo’ldin mani shaytoni bad.

6
Xoliqo, qilsa savol Munkir, Nakir
Haybatidin tog’lar bo’lg’oy harir.
Bandai ojiz erurman, ey Iloh,
Rabbim Allohni tanimga joriy ber.

7
Xoliqo, ko’p ayladim fisqu fujur,
Sangana bergum javob yovmun-nushur.
Man gunohlik qul erurman, san rahim,
Man xatolik bandadurman, san G’ofur.

8
Xoliqo, doim manga bergil amon,
Ikki olam san erursan mehribon.
Tongla tortqanda tarozuga amal,
Qil savobimni gunohimdin garon.

9
Xoliqo, ikki ko’zum pur ob qil,
Kechalar to subhidam bexob qil.
Tizga tushg’anda suvsab mahsharda til,
Obi Kavsardin berib, serob qil.

10
Xoliqo, hayf o’tti mendin solu moh,
Harna ish qildim, bari bo’ldi gunoh.
Tongla rasvo qilg’oli el oldida,
Qo’l-oyog’im so’zlatib, qilma guvoh.

11
Xoliqo, diydamni purnam aylagil,
O’lgucha zikringga hamdam aylagil.
Har balo kelsa o’zungdan roziman,
Munda g’amgin, anda beg’am aylagil.

12
Xoliqo, lutfu inoyat aylagil,
Jumla mo»minlarga rahmat aylagil.
Tongla ko’frikdin salomat o’tkarib,
Jannat ul-firdavs karomat aylagil.

13
Xoliqo, hayf o’tti mandin mohu sol,
Tun-kun fikru xayolim bo’ldi mol.
Tongla mandin olsalar bir-bir hisob,
Oh, bilmasman na bo’lg’ay anda hol.

14
Xoliqo, ikki jahon g’amxorisan,
Barchaning razzoqiyu, purborisan.
Kim egiz tutsa, ani yerga urub,
Qilguchi pastni egiz qahhorisan.

15
Xoliqo, ko’p ayladim jurmu xato,
Manga sandin ko’pturur lutfu ato.
Bul Huvaydoyi g’arib Chimyoniyni
Qipmag’il nafsu havog’a mubtalo.

16
Afsus, yuz afsuski, umrum abas o’tti,
Nodonlig’ ila darpoyi hoyu havas o’tti.
Na kor qilib, naqdi hayotimni tugatti,
Bilmam, na ani bir kecha yo bir nafas o’tti.

17
Afsus, yuz afsuski, mardlar o’tti,
Bemori muhabbat, ro’yi zardlar o’tti.
Ovorai nafs necha yomonlar qolduq,
Qilguchi amal sohibi dardlar o’tti.

18
Afsuski, ruhimni qushi peshu pas o’tti,
Isyon bila sindi qanoti, zeri xas o’tti.
Bu nafsi balokashni tuzog’ig’a ilindi,
Ovora bo’lib, bandi asiri qafas o’tti.

19
Afsus, yuz afsus, eranlar o’tti,
Ul homiyi din qutbi zamonlar o’tti.
Biz g’amzadalar yig’loyu hasrat bila qolduk,
Ahvoli jahonga nigaronlar o’tti.

20
Afsus, yuz afsuski, hamnafaslar o’tti,
Shohi du jahon, kamtari xaslar o’tti.
Biz ko’ngli o’luk, baxti qarolar qolduk,
Tirguzguvchi dil Iyso nafaslar o’tti.

21
Afsus, bu kun vaqti guliston o’tti,
Murg’oni chaman yig’loyu nolon o’tti.
Gullar alami bodi xazondin yig’lab,
Har yona bo’lub bargi parishon o’tti.

22
Afsus, yuz afsuski, erlar o’tti,
Lab tashna bo’lib ohuyi cho’llar o’tti.
Bu zoli falak va’dasig’a berma ko’ngil,
Daryo qurudi, qa’rida yo’llar o’tti.

23
Afsus, yuz afsuski, rohat o’tti,
Yetti qarilik vaqti, iboda o’tti.
Emdi tunu-kun jahd qilib ozuqa g’amlab,
Bo’l yo’lg’a ravon, navbati fursat o’tti.

24
Ey Xojanazar, yugurki, karvon o’tti,
Qolmay barisi yo’lga shitobon o’tti.
Ul qofiladin bizga xabar kelgoni yo’q,
Kim qayg’uda, kim shodu xiromon o’tgi.

25
Ey Xojanazar, yugurki, yo’ldosh o’tti,
San ko’rgon o’shal qavmu qarindosh o’tti.
San munda qolib, kimga ham ulfat bo’lasan,
Hamsollaring mahrami sirdosh o’tti.

26
Ey Xojanazar, mardi sarolar o’tti,
Har bir so’zi qimmatbaholar o’tti.
Bir necha yomon ahdi buzugrlar qolduk,
So’zlar so’zi bir mardi Xudolar o’tti.

27
Ey Xojanazar, yugurki, do’stpar o’tti,
Ham piru javon jumlasi yaksar o’tti.
Emdi turoling yo’q, qadaming ilgori qo’ygil,
Ko’rgon, bilishing, yoru birodar o’tti.

28
Ey Xojanazar, ushbu jahon guzaroniy,
Qolmas bu jahon ichra na yaxshi, na yamoni.
To o’lgucha san bandaligingni qo’ya ko’rma,
Bir Tangridin o’zga hammasi bo’lg’usi foniy.

045

(Tashriflar: umumiy 31 716, bugungi 3)

17 izoh

  1. Bu ma’lumotlarni borligi biz adabiyot shaydolariga yordami tegadi deb o’ylayman.Asarlarida murojaat qilish uchun ham foydalanamiz.

  2. Сизларга ташаккур билдираман,шундайин олтин мисраларни оммага чикарганларингиз учун. Дардинг эрур Нигорим,жисмимда жон ичинда.Пайкони тийги ишкинг,багримда кон ичинда.Сурсам куйингни элдин,хеч опарида билмас, эй ерило маконим,йуксан макон ичинда.Икки жахонни кездим,хеч топмадим нишонинг,топдим Нигоро курбинг мир Отижон ичинда.

  3. Avvalo Rahmat shunday oltin merosni bizga barham ko’rganingiz uchun. Menga Huvaydoning «Topolmasman» g’azali to’liq kerak edi. Lekin u yo’q ekanda

  4. Машрабдан анча аввал туғилган инсон қандай қилиб машрабдан илхомланади,?

  5. Машрабдан анча аввал туғилган инсон қандай қилиб машрабдан илхомланади?

    ЖАВОБ:

    Боборахи́м Машра́б (узб. Boborahim Mashrab; 1657 (1657), Наманган — 1711, Балх)

    Ҳувайдо (тахаллуси; асл номи Хўжаназар Ғойибназар ўғли) (? — Ўш шаҳри — 1780/81, Фарғона вилояти Чимён қишлоғи)

  6. Assalomu alaykum menga ko‘rdim ajabo dilbari bir maxliqoni hayron bo‘la qoldim so‘zlari bilan boshlangan g‘azallari kerak edi

  7. Assalomu alaykum mennga «Muhabbat muhammaddan bo‘ldi paydo, Muhabbatsiz kishidan qoch huvaydo» sheri kerak edi

  8. Muhabbatdin Muhammad bo‘ldi paydo
    Muhabbatsiz kishidin qoch Huvaydo ga‘zali kerak menga

  9. У́тди карвон у́тди Даврон мана шуни давоми керак

  10. ҲУВАЙДО ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

    Куйибдур кўкда шамс, кулбам учун бир шам тополмасман,
    Харобот асли бу дунё, ҳаёти одаме бекам тополмасман.
    Азалдан топмади ҳеч кас сафо, мен ҳам тополмасман,
    Кўнгилда дард кўп, айтурға бир маҳрам тополмасман,
    Кетарға бош олиб кунлар аро ҳамдам тополмасман.

    Ғанимлар шодумондур, кўруб бад хаста аҳволим,
    Кима меҳрим нисор этсам, заҳарға дўндику болим!
    Мудом ул хаста ҳолимдин надоматлар очар фолим,
    Юрагим ғуссага тўлди, кишим йўқ айтгали ҳолим,
    Нетай дард айтгудек бир дардман одам тополмасман.

    Хаёли беҳуда борма, улар бетаъм кишилардур,
    Қуёшлик даъво айлар, аслида бешам кишилардур.
    Дину иймони йўқлар аслида бефаҳм кишилардур.
    Куларлар ҳаҳқаҳ айлаб, нечук беғам кишилардур,
    Куларга бир замоне хотиримни жам тополмасман.

    Дили дардим жавонибга сочилмиш лолалар янглиғ,
    Танимда ғам ташир томирларим зар толалар янглиғ!
    Гаҳи ёлғиз дилим куйгач уятчан болалар янглиғ –
    Кеча кундуз оқар ёшим, кўзимдин жолалар янглиғ,
    Ёқамни кўксим узра бир замон бенам тополмасман.

    Дилимни куфри иймондин тамоми мосиво айлай,
    Агар танлов раводир раббано васлин раво танлай.
    Керакмас дўзаху жаннат, висоли раббано сайлай,
    Жароҳат бўлди бағрим тиғи ҳасрат бирла, ман найлай,
    Юриб излаб табиблардин анга марҳам тополмасман.

    Бу беш кунлик умрни гоҳида боқий билур одам,
    Вале муддат бўлурки, гоҳида шод, гоҳида мотам.
    Фақат раҳмат Худодин, охиратда қилмасин мулзам!
    Мусибатхонадир дунё, нечук одам юрар беғам,
    Ўзимни, эй Ҳувайдо, лаҳзае беғам тополмасман.

    Ниёзмуҳаммад ПАНЖИЕВ

  11. ҲУВАЙДО ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

    Куйибдур кўкда шамс, кулбам учун бир шам тополмасман,
    Харобот асли бу дунё, ҳаёти одаме бекам тополмасман.
    Азалдан топмади ҳеч кас сафо, мен ҳам тополмасман,
    Кўнгилда дард кўп, айтурға бир маҳрам тополмасман,
    Кетарға бош олиб кунлар аро ҳамдам тополмасман.

    Ғанимлар шодумондур, кўруб бад хаста аҳволим,
    Кима меҳрим нисор этсам, заҳарға дўндику болим!
    Мудом ул хаста ҳолимдин надоматлар очар фолим,
    Юрагим ғуссага тўлди, кишим йўқ айтгали ҳолим,
    Нетай дард айтгудек бир дардман одам тополмасман.

    Хаёли беҳуда борма, улар бетаъм кишилардур,
    Қуёшлик даъво айлар, аслида бешам кишилардур.
    Дину иймони йўқлар аслида бефаҳм кишилардур.
    Куларлар ҳаҳқаҳ айлаб, нечук беғам кишилардур,
    Куларга бир замоне хотиримни жам тополмасман.

    Дили дардим жавонибга сочилмиш лолалар янглиғ,
    Танимда ғам ташир томирларим зар толалар янглиғ!
    Гаҳи ёлғиз дилим куйгач уятчан болалар янглиғ –
    Кеча кундуз оқар ёшим, кўзимдин жолалар янглиғ,
    Ёқамни кўксим узра бир замон бенам тополмасман.

    Дилимни куфри иймондин тамоми мосиво айлай,
    Агар танлов раводир раббано васлин раво танлай.
    Керакмас дўзаху жаннат, висоли раббано сайлай,
    Жароҳат бўлди бағрим тиғи ҳасрат бирла, ман найлай,
    Юриб излаб табиблардин анга марҳам тополмасман.

    Бу беш кунлик умрни гоҳида боқий билур одам,
    Вале муддат бўлурки, гоҳида шод, гоҳида мотам.
    Фақат раҳмат Худодин, охиратда қилмасин мулзам!
    Мусибатхонадир дунё, нечук одам юрар беғам,
    Ўзимни, эй Ҳувайдо, лаҳзае беғам тополмасман.

    Ниёзмуҳаммад ПАНЖИЕВ

  12. Ассалому алайкум.Мен Хожаназар Гойибназар угли Хувайдо ва Самарбону авлоди эканимдан хурсандман.буларнинг кулёзмаларидан сакланиб колган.
    кизимнинг исмини хам Самарбону деб куйганмиз.

  13. assalom alaykum menga o’limdin bexabar bo’lma bo’iur sanga nogoh paydodegan sher kerak edi

Izoh qoldiring