Jo’ra Fozil. Qiz bolaning baxti

095

Тун ойсиз, хийла қопонғй эди. Лекин Шаҳодат бувининг юзлари аллақандай нурдан мунаввар, шунча йиллардан бери бахт нималигини билмаган ҳовли масрур, шодумон оҳангларга ғарқ бўлиб борарди..

Жўра Фозил
УЧ ҲИКОЯ
01

09Жўра Фозил 1949 йилда Бухоро вилояти Ромитан туманида туғилган. Тошкент давлат университети журналистика факултетини тугатган. “Муҳаббатнинг байрамлари” (1991), “Барқут мавсум” (1992), “Бухоройи шариф элчилари” (1996), “Бахт юлдузи” (1997), “Менинг қизил гулим” (1998), “Болаликнинг ёлғиз ёдгори” (2002), “Бухорийнинг қайтиб келиши” (2004), “Айрилиқ остонаси” (2005), “Тирамоҳ армонлари” (2009), “Биз лола термаган баҳор” (2010) каби ҳикоя, қисса, романлари жамланган китоблари нашрдан чиққан. Ҳозирда “Ромитаннома” газетаси бош муҳаррири лавозимида ишлайди.

01

ҚИЗ БОЛАНИНГ БАХТИ

Пахса деворлар, тераклар ортидан каттакон гулоби қовунга монанд ой кўтарилмоқда. Унинг майин нурлари тун сукунатига ғарқ бўлган боғларга алла айтар, қишлоқ эса ухлашни истамаган болакайга ўхшаб хархаша қилар, ҳамон уйғоқ эди.

Улкан қари тут остидаги сўрида тун сукунатига қулоқ тутиб ўтирган Шаҳодат буви димоғида хиргойи қилади:

Шамол эшик очади, ёрим бодом сочади,
Сочма, десам сочади, кулади-ю, қочади…

Чорбоғдан эрта пишар ўрик ҳиди келади, дарахт учлари жавзо тунининг иссиқ эпкинидан тебраниб, мевалар “тўп-тўп” этиб ерга тушади. Чорбоғ адоғидаги бостирма томондан итнинг ғингшигани эшитилади.
Шаҳодат буви ҳушёр тортиб ўрнидан турди. “Эҳ, эсим қурсин, бечора. Бўйноққа ҳеч нима бермабман-ку!”

Кампир ошхона чироғини ёқиб, овқат сарқитлари ва яна алланималарни олди-да, бостирма томон кетди. Бўйноқ унинг қадам товушини таниб, бўйнидаги занжирни шилдирлатганича ирғишлай бошлади.
– Ҳа, Бўйноқжон, оч қолдингми? Ахир, мен ҳам борман, деб қўймайсанми бундоқ? Майли, зарари йўқ, сен ҳам менга ўхшаб қартайдинг-да. Вовуллашга ҳам мадоринг йўққа ўхшайди.
Шаҳодат буви олиб келган емакни беминнат содиқ қўриқчисининг олдига ташлади. Ит ҳам миннатдорлик билдиргандай, эгасининг оёқларига тумшуғини урди. Кўнгли ийиб кетган кампирнинг кўзлари ёшланди. “Эҳ, шу жонивор ҳам меҳрни сезади-я…”.
Бўйноқ иштаҳа билан суяк ғажишга тушди.

Шаҳодат буви ёлғиз ўғлидан ёдгор бўлган невараси Саодат билан қишлоқ чеккасидаги ҳовлида яшар, Бўйноқ эса уларнинг ёлғиз ҳамроҳи эди.
Бу ҳовли соқчиси бир вақтлар жуда бақувват бўлиб, дайди итларни ҳовлига яқинлаштирмасди. Энди эса қартайиб қолди. Ёш итлар бояқишни бир неча марта қонга белангунча талайвергач, Шаҳодат буви уни бегона кўзлардан пана қилди.
Бир умр эмин-эркин юрган Бўйноқнинг тутқунликка кўникиши қийин бўлди. Лекин жонивор очиқда юраверса, оқибати нима бўлишини тушундими, ҳарқалай, тақдирга тан берди. Бироқ барибир эгасини кўрди дегунча мунгли кўзларидан ёш тирқирар, унга қараб кампир ҳам йиғлаб оларди. “Бўйноқжон, чида! Мана, мени кўр, бир умр шу хонадонга боғланганман. Ҳеч қаёққа кетолмайман. Ҳатто омонатини топширишга ҳам журъатим йўқ. Ахир, менсиз нима қиласизлар? Кўзимнинг оқу қораси Саодатгинам қандай яшайди? Бу етимчанинг ғамини ким ейди?”

Саодатнинг ота-онаси далада пахта тераётганларида, самолёт устларидан дори сепиб ўтгач, бир кечада вафот этишган. Эри урушдан қайтмаган Шаҳодат буви тақдирнинг бу зарбасидан ҳамон ўнгланолмасди. Бўй етиб, қишлоқ йигитларининг кўзини куйдириб юрган қиз ҳам бувисини ўйлаб, эрга теголмасди. Эшик турумини бузаётган совчиларнинг ҳаммаси қуруқ қайтар ва бу “қиз боланинг нози”га йўйиларди. Шаҳодат буви неварасининг кўнглига қараб совчиларни қуруқ қайтарса-да, ичидан зил кетиб қўярди.
Занжирбанд эса-да, бечора Бўйноқ ўзининг азалий вазифасини сидқидил адо этар, ҳовлидаги икки муштипарни кўзининг оқу қорасидек асрарди. Лекин жониворнинг бир қусури бор эди. Ўша, Саодат ноз билан куйдириб юрган тракторчи йигит девор оша боғ адоғига келганида сира акилламас, ювош тортиб, чала кесилган тўмтоқ думини ҳуда-беҳуда ликиллатаверарди. Жонивор эгасига хиёнат қилаётганидан уялар, бироқ Саодатни фош қилишни истамасди.

Ҳозир ҳам Шаҳодат бувига ялтоқлик қилиб, суяк ғажиётган Бўйноқ икки ёш боғ адоғидаги ўрик тагида суҳбатлашаётганини яхши билар, аммо эгаси ҳам бу сирдан воқиф эканидан хабарсиз эди.
Баландлаётган ойнинг ҳарир нурлари чорбоқни мунаввар этган, у ер-бу ерда ҳураётган итлар товуши туннинг сукунат пардасини йиртгандек бўлар, энди қорнини сал тўйғазиб олган Бўйноқ ҳам эринибгина, хўжакўрсинга акиллаб қўярди. Унинг вовуллашида қўшни итлар — ҳамжинсларини қувватлаш, кечки овқат учун эгасига миннатдорлик ва шунинг баробарида Собиржонни чўчитиб юборишдан андак хавотир ҳам бор эди.
— Ҳай, майли, Бўйноқжон, энди мен ухлайман. Кун бўйи ивирсиб, чарчадим.
Кампир ҳақиқатан ҳам жуда чарчаган, ётиб ором олгиси келарди. Лекин невараси ёнига келиб ётмагунча кўнгли жойига тушармиди?..
Шаҳодат буви уйи томонга эмас, боғ адоғига қараб кетди. Бўйноқ унинг ортидан норози ғингшиб, ер тирнаб қолди.

Кампир бироз юргач, пахса девор ёқалаб ўсган ёввойи атиргул панасида тўхтади. Девор ошган атиргул қийғос очилиб ётарди. Унинг муаттар ифори етилиб пишган ўрик ҳидига қўшилиб, димоқни қитиқлар, Шаҳодат буви буни сезмас, унинг бутун диққат- эътибори ўн-ўн икки қадам наридаги каттакон қари ўрик соясидаги икки шарпада эди. Ғўнғир-ғўнғир суҳбат қулоққа бемалол чалинарди. Бояқишлар суҳбатларига биров қулоқ тутиши мумкинлигини хаёлларига ҳам келтиришмасди. Ахир, саксонни қоралаган кампир бу пайтда чарчаб, ухлаб қолган бўлиши керак эди-да.

Хуллас, ширин суҳбат авжида, кампир эса оғирлашиб қолган қулоқларига зўр берар, ўзининг ўн саккиз ёшини, уруш арафасида бўлиб ўтган камтаргина тўйини, чимилдиқда куёвнинг оёғини қандай босганини эсларди. Эсларди-ю, кўз ёшлари ўз-ўзидан қуйилиб келар, неварасини келинлик либосида кўришни жуда-жуда истарди.
— Саодат, сенда инсоф борми, ўзи? Ахир, қачонгача мени қийнайсан? — йигитнинг товуши жуда надоматли эди.
— Ҳо-о-о, бу кишини қаранглар… Ким сизни қийнабди? Ўзингиз гапга кўнмасангиз, мен нима қилай?..
— Гапга кўнмайсиз эмиш. Сенинг гапинг кўнадиган гап эмас-да. Ўзинг ўйлаб кўр, қайси ёлғиз ўғил ичкуёв бўлишга кўнади? Ота-онамнинг юзига қандай қарайман? Маҳалла-кўй, қишлоқ нима дейди? Ниятинг мени шарманда қилишми?
— Ажаб бўпти! Алам қилсин! Сиз ёлғиз ўғил бўлсангиз, мен ҳам ёлғизгина қизман, билдингизми? Қари бувимни кимга ташлаб кетаман, буни ўйлайсизми? Ахир, у киши “қўндоқда”лигимдан тишларида тишлаб катта қилдилар-ку!

Неварасининг сўзларини аниқ-тиниқ эшитаётган Шаҳодат бувининг кўз ёшлари шашқатор эди. Болагинаси уни шунчалар аяр, шунчалар яхши кўрар экан. Кампир юрагида туғён ураётган қарама-қарши ҳисларни жиловлаш учун атиргулга нигоҳларини қадади. Ҳа, қизгинанинг юрагида илк муҳаббат ана шу ёввойи гулдек очилган, ҳозир хато қилиб қўйиши ҳам мумкин. Кейин бир умр пушаймон қилиб юради…

Шаҳодат буви бекинган жойидан чиқиб, “Ҳой, болам, мен билан ишинг бўлмасин, амаллаб кунимни кўрарман, ўз бахтингни ўйла”, дегиси келди. Лекин ўзини зўрға тийди. Айб бўлади. Куёв бола бу мияси айниган кампир гап ўғирлар экан-да, деб ўйламайдими? Қайтага, болажонимни уятга қўяман-ку” ўйлади у ва яна суҳбатга қулоқ тутди. Собиржон ҳамон зўр бериб қайсар қизга гап уқтирмоқчи бўларди.
— Тушунсанг-чи, сен қиз боласан, қиз бола эса бировнинг хасми. Барибир бир кунмас, бир кун бувингни ташлаб кетасан-ку!
— Йўқ, ҳеч қачон! Ҳеч қачон бувижонимни ташлаб кетмайман! Мен у кишини шунчалар яхши кўраманки, сиз тасаввур ҳам қилолмайсиз.

Шаддод қиз “ҳатто, сиздан ҳам ортиқроқ яхши кўраман”, демоқчи эди-ю, айтолмади, тили бормади. У Собиржонни бокира бир ҳислар билан севарди. Севарди-ю, икки ўт орасида қолганди. Ва ўзининг шубҳа-гумонлари, иккиланишларини ноз пардаси билан бекитар, йигитга рад жавобини бермоқчи бўлиб, юраги қонларга тўларди. Унинг сўзларини гул панасида тинглаб ўтирган бувижони ҳамон кўз ёшларини тиёлмас, лаблари “рози бўлақол, қизим, сен учун тақдирнинг барча ситамларига чидайман” дея пичирларди.
Хўрозлар қичқира бошлади. Бўйноқ ҳам бостирма томондан норози увиллаб қўярди. У ҳар тун буви-невара уйқуга ётмагунларича шитир этган товушга қулоқ тутиб, безовта бўларди. Ҳар икки муштипар уйқуга кетгач ҳам бошини оёқларига қўйиб, мудраб ўтирарди. Шу боис яқин атрофдаги жониворлар бу ҳовлини четлаб ўтишга мажбур бўлишарди.
Шу беором тунда Бўйноқ шўрлик жуда жонсарак бўлди. Эгалари ҳамон ухлагани ётишмади, устига-устак кампир гул панасида бекиниб ўтирибди. Собиржон билан Саодат бўлса, ҳеч нимадан хабарсиз баралла баҳслашишяпти. “Эҳ, одам ҳам шунчалик эҳтиётсиз бўладими?!” афсус чекарди Бўйноқ. У чорбоғдаги шарпаларнинг ҳидини, ҳар бир гап-сўзини туйиб турарди гўё.

Ёшлар ҳамон баҳслашишар, лекин Саодатнинг овози энди хийла мулойимлашган, буни Шаҳодат буви ҳам сезиб турарди.
— Майли, кўпам оби дийда қилаверманг. Бувим билан бир гаплашиб кўрай-чи, нима деркинлар…
Шаҳодат бувининг юраги ҳаприқиб кетди. “Мен розиман, бувижонинг рози, болагинам!” Кампир кўз ёшларини енгининг учи билан арта-арта, сездирмай гул панасини тарк этди. Унинг сўри томон ўтганини кўрган Бўйноқ бироз хотиржамланган бўлса-да, Саодат йигит билан хайрлашмагунча жонивор қулоқларини диккайтириб тураверди…

Ўринга чўзилган кампир неварасининг қайтишини кутиб, осмонга тикилганича хаёл суриб ётарди. “Қодир Худойим! Болагинамнинг кўнглига озгина шафқат солганинг учун беҳисоб шукур! У Собиржонга рад жавоби берганида, нима қилардим? Ҳайрият, қайсаргинам йигитни аяди…” — пичирларди бувининг лаблари.
Орадан кўп ўтмай Саодат секин юриб келиб, бувисининг ёнидаги ўринга кирди. Бир муддат у ёқ-бу ёққа ағанагач, чидаёлмади, изиллаб йиғлаганича ўзини бувисининг бағрига отди.
— Бувижон, мени кечиринг! Унга розилик берганимни ўзим ҳам билмай қолибман!.
Шаҳодат буви йиғлаётган неварасининг майда ўрилган сочларини, ёш ювган юзларини силади, пешонасидан секингина ўпиб, титроқ товуш билан уни юпатди.
— Тентаккинам, нега йиғлайсан? Ахир, бу бахт-ку! Мен розиман, болам…
Кампир бўғзига тиқилиб келган хўрсиниқни ютолмай, жимиб қолди. Жавзонинг шу қисқа тунида буви-невара алламаҳалгача ухламадилар…
Кейинги куни совчилар келишди. Дарвозадан ичкарига қадам қўйган ҳар бир одамни кўрса, жон-жаҳди билан акиллайдиган Бўйноқ бу гал “миқ” этмади, чўлтоқ думини ликиллатиб ётаверди.

Совчилар икки марта келиб-кетишгач, орадан кўп ўтмай тўй бўлди. Ироқи дўппи, оқ шоҳи кўйлак кийган Саодат бирам гўзал келин бўлдики, асти қўяверасиз… Гўшангада унга рўбарў бўлган Собиржоннинг эси оғиб қолаёзди. Қиз қурмағур бувисининг ўгитига амал қилиб, бир оёғини сал кўтариб турган экан, гўшангага қадам қўйиб, қизга маҳлиё бўлиб қолган куёвтўранинг оёғини босиб олди. Бўлди қий-чув, бўлди кулги. Собиржон мақсадига етган эди, шу боис келиндан унчалик хафа бўлмади-ю, лекин ниманидир кўнглига тугиб, мийиғида кулиб қўйди.

Унинг кўнглига туккани кейинроқ маълум бўлди. Собиржон дарвозалари олдида ёқилган гулхан атрофидан келинни даст кўтариб айланар экан, ҳеч кимга билдирмай уни чимчилаб олди.
— Вой, вой, нега бундай қиласиз… — таҳдидли шивирлади қиз унинг қулоғига.
– Сенга бу ҳам кам! — деди йигит, — ўзинг оёғимни боплаб босдинг-ку!

* * *

Шаҳодат бувининг ҳувиллаб қолган ҳовлига кўникиб кетиши хийла қийин бўлди. Лекин ҳовли ҳувиллаб қолган бўлса-да, кампирнинг шунча йиллардан буён ўксик кўнгли тўлган, тоғ бўлган эди.

У уззу кун ҳовлида куйманиб, ўша, ўзи жуда яхши кўрадиган “Шамол эшик очади, ёрим бодом сочади…”сини хиргойи қилар, Саодатнинг қаёққа ғойиб бўлганини ҳамон билолмай безовталанаётган Бўйноқни қўлидан келганча юпатарди. “Мана, мен бинойидек чидаяпман-ку. Сен ҳам кўникиб кетасан”.
Жонивор эгасининг гапларини тушунгандай, бошини хам қилиб, сукут сақлар, самони тўлдирган хилма-хил ҳидлар орасида унга кераги, унга қадрдони йўқ эди…

…Келин чорлар куни қўни-қўшни, қариндош-уруғлар келишди. Шаҳодат буви неча йиллардан бери сандиғида асраб юрган энг камёб, тансиқ нарсаларни ўртага қўйди.
Ниҳоят, келин бўлиб гул-гул очилган Саодат остонада кўринди.
“Оҳ-оҳ, сенинг шу нурли юзларингга, шу қора сочларингга жоним садаға!” — буви неварасини бағрига босиб, йиғлаб юборди.
— Йиғламанг, бувижон! Мана, мен келдим-ку! — дерди ўз бахтидан сархуш невара ҳам кўз ёшларини тиёлмай.
Улар бир-бирларини қучоқлаганларича ичларида ҳар бири ўзига маълум бир ҳис билан шукрона қилишар экан, Бўйноқнинг бўладигани бўлганди. Бояқиш Саодатнинг ўзини кўрмаётган бўлса-да, унинг келганини дарҳол сезганди. Жонивор ўзини ҳар ёнга урар, лекин эгаларининг хурсандчилигига раҳна солмаслик учун вовуллашни эп кўрмасди. Узоқ вақт унга ҳеч ким эътибор бермади.
Тун яримлаёзганда, Бўйноқ Саодатнинг нозик қадам товушларини таниб, шодликдан думини ликиллата бошлади. Келинчак итнинг ёнига у-бу ташлаб, ўз одатича ширин тил билан эркалади:
— Ҳа, Бўйноқжон, мени соғиниб қолдингми? Сенга ҳеч ким қарамадими? Парво қилма, мана, мен борман-ку! – Саодат итнинг бошини силар, у эса ёнидаги егуликка қиё ҳам боқмай, сариқ атлас кўйлак кийиб, сочларини майда ўрган бекасига маҳлиё бўлиб турарди.
Маросим алламаҳалда тугади. Ҳовли эгалари яна ўзлари билан ўзлари қолдилар. Буви юлдузли самога тикилганча дуога қўл очди: “Ё Оллоҳ! Илоҳим Саодатгинам бахтли-тахтли, ували-жували бўлсин, унинг қаторида барча мўмин-мусулмонларга бахт ато қилгайсан! Минг шукурким, энди фарзандимнинг арвоҳи шод бўлади…”

Тун ойсиз, хийла қоронғу эди. Лекин Шаҳодат бувининг юзлари аллақандай нурдан мунаввар, шунча йиллардан бери бахт нималигини билмаган ҳовли масрур, шодумон оҳангларга ғарқ бўлиб борарди. Кампир кўзларини юмди. Шу заҳоти марҳум чолию ўғлини бир-бир кўра бошлади.
…Саодат келин чўчиб уйғонди. Ҳали туннинг қабо этаги буткул йиғилмаган бўлса-да, тонг яқинлаб қолганди. Келин ёнида ётган Собиржонни туртиб уйғотди.
Бирпасдан сўнг Собиржон онаси билан кампирнинг ҳовлисига йўл олишди. Тонг отганида Саодатнинг қайнонаси кампирнинг энгагини боғлар, ҳовли гавжум бўлиб қолган эди.

ОҚ ОЛМА

Ўтган асрнинг 50-йилларида қишлоқда ҳосилотларнинг обрў-эътибори жуда баланд эди. Улар ҳам колхоз раисларига ўхшаб, от миниб, қўлларида қамчи ўйнатиб юришарди. Кейинчалик, 60-йилларга келиб, негадир “ҳосилот” сўзи ҳам, ҳосилотнинг ўзи ҳам орадан чиқди. Қишлоқ аҳли энди “агроном” сўзини тез-тез такрорлай бошлади. Аксарият бу сўз “ҳосилот” ўрнида ишлатилаётганини билишса-да, унинг ҳақиқий маъносини билмасди. Қишлоқ ўқитувчиси отам ва педагогика институтининг талабаси бўлган акам қўни-қўшниларнинг бу ҳақдаги саволларига амал-тақал билан жавоб қилишарди.
Ўшанда 5-синфда ўқирдим, “агроном” деганда жуда сирли, кам деганда машинада юрадиган киши кўз ўнгимда гавдаланарди.

Тез орада қишлоғимизга кўчиб келиб, бизнинг ташқари ҳовлимизда оиласи билан яшай бошлаган “агроном” ҳамқишлоқларимизнинг ҳафсаласини пир қилди.
Агрономнинг фамилияси Қўзиев, исмини ҳеч ким билмасди. Ҳамма унга “ўртоқ Қўзиев” деб мурожаат қиларди. У мен тахмин қилганимдек машинада эмас, ўша пайтлар эндигина расм бўла бошлаган қоп-қора “ИЖ-49” мотоциклида юрарди.
Қишлоқ йигитлари унинг яп-янги мотоциклига суқланиб боқишарди. Мен мотоциклни қабул қилишим мумкин эди-ю, лекин агроном қурмағурнинг шакл-шамоили ҳам тасаввур қилганимдай эмасди-да. Ҳамма орзиқиб кутаётган агроном барваста, қорақош, жингалак сочли йигит бўлса керак, деб тахмин қилардим.
Қўзиев эса паст бўйли, миқти, ҳали ўттизга кирмаган эса-да, тепакал. Устбоши ҳам жуда унчалик эмас. Боз устига, онам негадир “келинчак” деб атай бошлаган йигирма беш-йигирма олти ёшлардаги хотини ҳам қушбурун, хунуккина.

Менинг назаримда, шўрлик агрономнинг обрўсини сал-пал кўтарган омил – унинг Бахтиёр исмли бир яшар ўғилчаси эди. Бахтиёр оқ юзли, сочлари жингалак, чиройли болакай. Уни ота-онаси ўлиб, акаси қарамоғида қолган етим қиз – Сайёра кўтариб юрарди. Сайёра қишлоққа кўчиб келгач, бизнинг синфда ўқий бошлади. У қора духоба нимча, қизил бахмал дўппи кийиб, қўнғир-қора сочларини майда ўриб юради. Кўҳликкина, фақат, ёноқлари, бурни атрофларига сепкил тошган. Сепкиллари ўзига ярашади. Қўзиевлар хонадонининг барча юмушларини шу қизча бажаради, лекин нуқул янгасидан таъна-дашном эшитади.
Қиз ёшига ярашмаган ҳазин қўшиқларни хиргойи қилиб юради, кўзлари жуда ғамгин. Ота-онадан жуда эрта ажраб, тоғалари қўлида ўсган онам, унинг аҳволини яхши тушунардилар, чамаси, баъзан “уф” тортиб, “этимнинг куни қурсин-а”, деб қўярдилар. Бундай дейишларининг яна бир сабаби, Қўзиевлар ташқари ҳовлимизда яшай бошлаганларидан бери, бояқиш Сайёранинг боши ғалвадан чиқмасди.

Ҳамқишлоқларимизнинг эътибори, меҳмондўстлигидан талтайиб кетган Қўзиев тун ярмидан оққанда маст бўлиб келади. Хотинининг чақуви билан, рўзғор юмушларидан қўли бўшамайдиган синглисини аямай дўппослайди. Кунда, кунора бу аҳвол такрорланади. Етим бечора бизникига қочиб чиқади, онамнинг тиззаларига бош қўйганча, йиғлай-йиғлай ухлаб қолади.
Очарчилик йиллари беш фарзандни тупроққа топширган онам унинг кўз ёшларини артадилар, ўзларининг кўз ёшлари эса қуйилиб келаверади…
Ниҳоят, жуда сипо, унча-мунчада бировнинг ишига аралашишни ўзларига эп кўрмайдиган отамнинг ҳам тоқатлари тоқ бўлди.

Ўшанда ярим тунда маст акасидан калтак еб, юз-кўзлари кўкарган Сайёра яна бизникига қочиб чиқди.
– Муаллимжон, – фарёд чекди у отамнинг оёқларига осилиб, – мени қутқаринг! Мен етимни қутқаринг, бўлмаса, акам ўлдириб қўядилар!
Отам уруш йиллари оч-юпун болаларга дарс бериб, бир бурда нонларини бўлишиб еб, уларнинг кўз ёшларини кўп кўрган бўлсалар-да, барибир бунга кўниколмасдилар. Сайёрани ўрнидан турғазиб, бошини силадилар.
– Йиғлама, қизим, эртага ўзим акангнинг таъзирини бераман.
Кейин онамга юзландилар:
– Бунинг қорнини тўйғаз, бечора туз тотмаганга ўхшайди.
Отамнинг овозлари титраб кетди.
– Муаллимжон, – яна уввос тортди Сайёра, – ҳеч нима керак эмас, мени акамдан қутқарсангиз бўлди!
– Оҳ, бошгинанг тошдан бўлгур, нима гуноҳ қилувдингки, гумроҳ аканг сени бунчалар қаттиқ дўппослади?
– Бахтиёржонни кўтариб, сувга чиққандим, сирпаниб йиқилдим. Иккаламиз ҳам ариққа тушиб кетишимизга сал қолди. Янгам кўриб турган эканлар, акамга ёмонладилар. Бахтиёржон сувда оқиб кетса, нима бўларди, дедилар…

Шу пайтгача жим ўтирган онам гапга аралашдилар:
– Дадаси, ўзингиз Қўзиев билан гаплашинг. У ахир, қизни майиб қилиб қўяди-ку!
– Бўлди, гап тамом! Эртага гаплашамиз!
Эртасига отам ҳақиқатан ҳам Қўзиев билан “гаплашдилар”.
У тонг саҳарлаб “пат-пат”ини ўт олдириб, далага қочиб қолмоқчи эди, дарвоза ёнида отамга дуч келди. Аста саломлашиб, ўтаётганида, отам расмий тарзда “Ўртоқ Қўзиев, сиз билан гаплашиб олишим керак” дедилар.
– Домла, узр, шошиб турибман. Ҳозир туман фирқа қўмитасидан вакиллар келиши керак, – деди агроном.
– Э, айни муддао экан-ку! – дедилар отам жонланиб. – Сиз билан вакиллар иштирокида гаплашсак, жуда соз бўларди-да!
Қўзиев гапнинг бундай тус олишини кутмаган экан, шекилли, талмовсираб қолди.
– Сиз ўқитувчи бўлсангиз, вакилларга нима ишингиз бор? – деди у ҳадиксираб.
Отам қувлик, ғирромликдан жуда йироқ одам эдилар, шу боис гапнинг пўсткалласини айтиб қўяқолдилар.
– Вакиллар “агроном” деб бизга кимни юборганларини билиб қўйсалар, яхши бўларди!
Қўзиевнинг кўзлари ола-кула бўлиб кетди.
– Хўш-хўш, қани, айтинг-чи, кимни юборишибди? – отамга хезланди агроном.
Отам пинакларини ҳам бузмай, дона-дона қилиб шундай дедилар:
– Кимни бўларди? Пахта даласига қадам босмайдиган, эртаю кеч арақ ичиб, норасида синглисини ўласи қилиб дўппослайдиган, фирқа аъзоси деган номга мутлақо нолойиқ бир одамни-да!

Ноҳақлик ва зўравонликнинг ҳар қандай кўринишига нисбатан муросасиз бўлган отам мўлжалга бехато урган эдилар. Кўзлари қонга тўлиб, хезланиб турган арақхўр агроном илдизига ўроқ теккан маккажўхоридек шалвираб қолди.
– Иби, домлажон, сизга нима бўлди, – деди у энди ялтоқланишга ўтиб. Мен қачон арақ ичибман? Кимни дўппослабман? Ундай деманг-э, ахир, ота- онамдан ёдгор ёлғизгина синглимни дўппослаб, девона бўлибманми? Бу гапларни вакиллар эшитса, шарманда бўламан-ку!
Қўзиев мотоциклни бир чеккага қўйиб, отамнинг атрофларида гирдикапалак бўлганича тинмай бидиллар, юз-кўзлари, тепакал боши қизариб кетган, бу уятданми, кеча ичилган арақ зарбиданми, билиш мушкул эди.
Отам унга бир муддат тикилиб турдилар-да, кейин қўлларини жаҳл билан силтаб, ичкари ҳовлига кириб кетдилар.
Қўзиев дарвоза ёнида бироз серрайиб турди. Сўнгра менга кўзи тушиб, мутеларча тиржайди. У энди, афтидан, отам вакиллар ҳузурига бормасликларига умид қиларди. Мотоциклни дарвозадан олиб чиқар экан, минғирлади:
– Э, бу ёғи кизиқ бўлди-ку! Мен ахир, Сайёрани тергасам, одам бўлсин, пўзғоп ишларини ўргансин, дейман-да… А-нима, дединг, полвон? – Қўзиев яна менга ёлборганнамо нигоҳ ташлади.

Кўзларимни яширишга мажбур бўлдим. Башараси арақдан бужмайган бу аянч кимсанинг очиқ-ойдин ёлғони мени бениҳоя таҳқирларди. Ахир, уззу кун қўли косов, сочи супурги бўлиб, пўзғоп юмушидан бўшамайдиган бечора қиз бунинг эвазига кечаси акасидан калтак еса-ю, бу зўравон калтакни “синглисини тергаш, унинг фойдаси” деб ўтирса? Эҳ, сиз катталар!.. Наҳот, бешинчи синф ўқувчиси ёлғон билан ростни ажратолмайди, деб ўйласангиз? Ахир, бечора Сайёра калтак зарбидан юз-кўзлари шишиб, кўкариб, бизнинг уйда бекиниб ўтирибди-ку!

Қўзиевга ҳеч нима демай, мен ҳам ичкари ҳовлига кирдим. Агроном бироз тараддудланиб тургач, “пат-пат”ини ўт олдирди-ю, жўнаб кетди. Ҳойнаҳой, у далага эмас, бош оғриғини босиш учун, қишлоқ магазини қоровулхонасига равона бўлган бўлса, ажаб эмас.
Отамнинг пўписалари кор қилиб, Қўзиевлар хонадонида анча вақт тинчлик ҳукм сурди.
Агроном ҳуда-беҳуда арақ ичишни бас қилди. Сайёранинг янгаси ҳам хийла инсофга келди. Лекин қизнинг хиргойилари ҳамон маҳзун, ғамгин эди. Унинг кўзлари ич-ичига ботиб кетган, отаси ва онасининг қабрлари қолиб кетган Зарафшон соҳилидаги Зарқишлоқни қўмсаб, юм-юм йиғларди:

Зарқишлоғим – зар қишлоқ,
Олма-анор мўл қишлоқ.
Зарқишлоғим – зўр қишлоқ,
Ўзим сенга зор, қишлоқ…

Қизча баъзи-баъзида шўх қўшиқларни ҳам айтиб қолар, шунда онам билан унинг хонишларини жон қулоғимиз билан тинглардик. Онамнинг дийдалари намланарди.
Бу орада ёз ўтиб кетиб, куз келди. Сунбуланинг салқин тонгларида бир муддат мактабга қатнаганимиздан сўнг, пахтага “сафарбар” этилдик.

Бир бурда қотган нонни бўз этакка ўраб олган Сайёра мен билан олис далаларда пахта терарди. Табиатан меҳнатсевар, тиришқоқ қиз ҳаммамиздан кўп пахта терар, бунинг эвазига олган бир-икки сўм пулни ҳам бир тийин қолдирмай янгасига элтиб берарди. Бир гал ҳаваси кетиб, ўзи ва Бахтиёржонга деб, магазиндан ярим сўмга тешиккулча харид қилган экан, янгасидан балога қолди. Хайрият, Қўзиев уйда йўқ эди ва бу кичик можаро онамнинг ёрдамларида ими-жимида бартараф этилди.
– Кўнглингизни кенг қилинг, келин, – дедилар онам Қўзиевнинг хотинига. – Етим бечора биттагина тешиккулча еб, қолганини Бахтиёржонингизга олиб келибди. Боз устига, ўша ярим сўмни ўзи ишлаб топган-ку!
Ҳар қалай, ўша тунда жанжал қайта аланга олмади. Биз золим янга муросага келди, деб ўйладик.

Сайёра ҳовлимизда яшай бошлаганидан буён янги кийим кийганини эслай олмайман. Қўзиев хотинига ҳар хил кийимлар, тақинчоқлар олиб берар, лекин синглисининг мудом ямоқ чит кўйлак, йиртиқ калиш кийиб юриши билан сира иши йўқ эди. Бояқиш қизчанинг бошига танғигани рўмоли ҳам йўқ, онам унга раҳмлари келиб, чит дуррачалар тикиб берардилар.
Тешиккулча можаросидан сўнг, Сайёра олган пулларини бир тийин ҳам қолдирмай, янгасига элтиб берадиган бўлди. Ҳийла баднафс янгаси бўлса, дўкондан гўшт харид қилиб, ҳамма далага кетган маҳалда тансиқ таомлар пишириб ер, бу овқатлардан шўринг қурғур Сайёрага бир қошиқ ҳам тегмасди.
Кузакнинг иссиқ чошгоҳларидан бирида Учтут аталмиш кенг пайкалда пахта терардик. Бир вақт, кажавали яшил мотоциклда чўт қўлтиқлаган ҳисобчилар келиб қолиб, беш кунлик пахта пулини тарқата бошлашди.
Сайёра олти сўм пул олди, менга эса уч сўм тегди. Тушликка қараб, дала шийпони жуда гавжумлашиб қолди. Бу ерга кўчма савдо дўкони келган экан. Ҳаммамиз ўша ёққа югурдик. Лекин Сайёра бизга қўшилмади. У бир чеккада мунғайиб ўтирганича, қўлидаги бир сўмликларни қайта-қайта санар ва яна нимчаси чўнтагига яшириб қўярди.
Охири қизча чидаёлмади, секин юриб, кўчма дўкон пештахтасига яқинлашди.
У узоқ вақт, айлантириб кўриб, танлаб қирмизи ранг дуррача харид қилди. Сотувчига икки сўму қирқ тийин тўлади. У пул санар экан, кўзлари олазарак, қўллари қалтирарди. Қиз бечора харидининг оқибатини ўйлар, лекин чиройли қирмизи дуррача унинг ихтиёрини тамоман олганди.
Сайёра дўкондан узоқлашди-ю, дуррачани дарҳол пешонасига дол танғиб, менга жилмайди.
– Яхшилаб қара-чи, ярашибдими?
– Ҳа, жуда ярашибди! – дедим унинг кўнглини кўтариб.
Сайёранинг сепкилли ёноқлари яшнаб кетди. У, эҳтимол, умрида биринчи марта янги дуррача боғлаган эди.
Ўша оқшом Қўзиевлар хонадони томондан дам Бахтиёржоннинг хархашаси эшитилар, дам Сайёранинг шодон хиргойиси қулоққа чалинарди:

Дугона, дугона, дей-о, атторга тегма дей-о,
Атторнинг нони қурсин, ўлчаб беради, дей-о…
Оққина олма пишибди, таггинасига тушибди,
Эсизгина дугонам, Бухорога тушибди…

Яна онам иккимиз қизчанинг қўнғироқдек товушига маҳлиё бўлиб тинглай бошладик.
Қишлоқ сунбула оқшомининг барқутдек мулойим қўйнига ғапқ бўлган, куз оҳанглари самони тўлдирган эди.

… Тун ярмидан оққанда дарвоза томонда “пат-пат” товуши эшитилди, сўнгра ташқи ҳовли супасида гандираклаган Қўзиев кўринди.
Орадан бир чойнак чой қайнагунчалик вақт ўтгач, Сайёранинг аянчли ноласи қулоққа чалинди.
Мен ҳеч нима гуноҳ қилганим йўқ, акажон! Фақат, пахта пулимга биттагина дуррача…
Сўнгра унинг овозини янгасининг чинқироқ товуши босиб кетди.
– Ҳеч нима қилмаган эмиш! Жувонмарг бўлгур, етимча! Сиз бунинг ашулаларига қулоқ тутиб кўринг! Мен уялиб, ерга киргим келади! “Эсизгина, дугонам, Бухорога тушибди” эмиш.

Бу киши Бухорога келин бўлмоқчи, афтидан!.. Келин бўлмай, қирчинингдан қийилгур!..
Мен Қўзиев яна Сайёрани дўппосласа керак, деб юрагимни ҳовучлаб турардим.
Йўқ, хайриятки, Қўзиевлар хонадонида тўс-тўполон бўлмади. Афтидан, агроном қаттиқ маст, бировни дўппослашга мадори йўқ эди. Хотини ҳам Сайёрани қарғай-қарғай, жимиб қолди.
Шу таҳликали оқшомдан сўнг Сайёра бутунлай ўзгариб кетди. У ҳамон ғайрат билан пахта териб, уй юмушларини бажаришда қўли-қўлига тегмаса-да, энди сира қўшиқ айтмай қўйганди.
Кунлардан бирининг оқшом маҳали, кўкда Ой кўринганда пахтазордан қайтар эканмиз, Сайёра менга шивирлаганнамо сўз қотди.
– Жамолжон, сен Зарқишлоқни кўрмагансан-а?
– Йўқ, кўрмаганман. Нима эди?
– Ҳеч нима. Ўзим, шундоқ сўрадим-да. Лекин Зарқишлоқ жуда зўр қишлоқ. Бу ердан етмиш чақирим олисда. Зарафшон соҳилида жойлашган. Ҳамма ёқ олмазор, шафтолизор… У ерда тоғаларим яшайди… Отам ва онамнинг қабрлари ҳам ўша ерда… – қизнинг овози титрар, бу титроқ андуҳ, надоматга тўла эди. Томоғимга аччиқ бир нима тиқилар, Сайёрага нима дейишимни билмасдим.

Эндигина кўтарилаётган Ойнинг хира нури атрофини сал-пал ёритар, чанги осмонга ўрлаётган қишлоқ йўли теримчию кўмакчи, ўқувчилар билан тўла, ғала-ғовур авжида, бизнинг маҳзун суҳбатимизга ҳеч ким эътибор бермасди. Лекин мен суҳбатдошимнинг юраги аламдан тилка-пора бўлаётганини сезиб турардим. Сезиб турардим-у, уни қандай юпатишни билмасдим.
Секин-аста, чанг ютганимизча қишлоқ томон одимлар эканмиз, Сайёра чуқур “уф” тортиб, шундай деди:
– Кун келиб, мен агар Зарқишлоққа кетиб қолсам, янгамнинг сўзларига ишонма. Ёмон қиз эмаслигимни ўзинг биласан-ку! Шундай эмасми?
– Шундай, – дедим ўзимни зўрға қўлга олиб.
Қизнинг овози рози-ризолик, маҳкумлик оҳанглари билан тўла, бу юрагимни ёриб юборгудек эди.

* * *

Сунбула охирлаёзган салқин саҳарларнинг бирида қишлоқ бўйлаб даҳшатли хабар тарқади. Акасининг уйидан қочиб, Зарқишлоққа бормоқчи бўлган Сайёранинг пажмурда жасадини Зарафшон қишлоқ яқинида соҳилга чиқариб ташлабди…
Мен бу хабар даҳшатидан донг қотдим, онам ўксиб, кўз ёши қилдилар.
Қўзиевлар хонадонига ҳеч ким яқинлашмас, улар ҳам гунг-соқовдек жим эдилар.
Нима қилишни билмасдим. “Ёмон қиз эмаслигимни ўзинг биласан-ку!” деган илтижолари қулоқларим остида қайта-қайта акс садо берар, кўз ёшларимни тия олмасдим.

КЎЗИМНИНГ ОҚУ ҚОРАСИ

Пахса деворлар, тераклар ортидан каттакон гулоби қовунга монанд Ой кўтарилмоқда. Унинг майин нурлари тун сукунатига ғарқ бўлган боғларга алла айтар, қишлоқ эса ухлашни истамаган болакайга ўхшаб хархаша қилар, ҳамон уйғоқ эди.
Улкан қари тут остидаги сўрида тун сукунатига қулоқ тутиб ўтирган Шаҳодат буви димоғида хиргойи қилади:

Шамол эшик очади, ёрим бодом сочади,
Сочма десам сочади, кулади-ю, қочади…

Чорбоғдан эртапишар ўрик ҳиди келади, дарахт учлари жавзо тунининг иссиқ эпкинидан тебраниб, мевалар “тўп-тўп” этиб ерга тушади. Чопбоғ адоғидаги бостирма томондан итнинг ғингшигани эшитилади.

Шаҳодат буви ҳушёр тортиб ўрнидан турди. “Эҳ, эсим қурсин, бечора Бўйноққа ҳеч нима бермабман-ку!”
Кампир ошхона чироғини ёқиб, кечки овқат қолдиқлари ва яна алланималарни олди-да, бостирма томон кетди. Бўйноқ унинг қадам товушларини таниб, бўйнидаги занжирни шилдирлатганича, ирғишлай бошлади.
– Бўйноқжон, оч қолдингми? Ахир, мен ҳам борман, деб қўймайсанми, бундоқ? Майли, зарари йўқ, сен ҳам менга ўхшаб қартайдинг-да. Вовуллашга ҳам мадоринг йўққа ўхшайди.
Шаҳодат буви олиб келган емишни беминнат ва содиқ қўриқчисининг олдига ташлаб, унинг бошини силаб, эркалади. Ит ҳам миннатдорчилик билдиргандай, дарҳол эгасининг оёқларини ялади. Кўнгли ийиб кетган кампирнинг кўзлари ёшланди. “Эҳ, шу жонивор ҳам меҳрни сезади-я…”
Бўйноқ иштаҳа билан суяк ғажишга тушган, уни сўзсиз кузатиб турган эгасининг итга раҳми келарди. “Мен бу ҳовлининг бир умрлик тутқуни эдим, энди сенинг ҳам бўйнингга занжир осилди. Начора, бу дунёи дундаги жамийки жонзот туғилади, улғаяди, қартаяди ва ниҳоят, ўлим шаробини сипқоради…

* * *

Шаҳодат буви Ёдгор исмли ёлғиз ўғлидан ёдгори бўлган невараси Саодат билан қишлоқ чеккасидаги ҳайҳотдек ҳовлида яшар, Бўйноқ уларнинг “хос соқчиси” эди.
Хос соқчи бир вақтлар жуда дуркун ва ўктам бўлиб, дайди итларни ҳовлига яқинлаштирмасди. Энди эса қартайиб қолди. Ёш итлар бояқишни бир неча марта қонга белагунча талагач, Шаҳодат буви уни бегона кўзлардан пана қилди.
Бир умр эмин-эркин юрган Бўйноқнинг тутқунликка кўникиши жуда қийин бўлди. Лекин жонивор очиқда юраверса, оқибати нима бўлишини тушундими, ҳарқалай, тақдирга тан берди. Бироқ барибир, эгасини кўрди дегунча мунгли кўзларидан ёш тирқирар, унга қараб кампир ҳам йиғлаб оларди. “Чида, Бўйноқжон, чида! Мана, мени кўр, бир умр шу хонадонга боғланганман. Ипсиз, занжирсиз. Ҳеч қаёққа кетолмайман. Ҳатто омонатини топширишга ҳам журъат йўқ. Ахир, менсиз нима қиласизлар? Кўзимнинг оқу қораси Саодатгинам қандай яшайди? Бу етимчанинг ғамини ким ейди?!”

Саодатнинг ота-онаси далада пахта тераётганларида, самолёт устларидан дори сепиб ўтгач, бир кечада вафот этишган. Эри урушда ҳалок бўлган Шаҳодат буви тақдирнинг бу зарбасидан ҳамон ўнгланолмасди. Бўйи етиб, қишлоқ йигитларининг кўзини куйдириб юрган қиз ҳам бувисини ўйлаб, эрга теголмасди. Эшик турумини бузаётган совчиларнинг ҳаммаси қуруқ қайтар ва бу “қиз боланинг нози”га йўйиларди. Шаҳодат буви неварасининг кўнглига қараб совчиларни қуруқ қайтарса-да, ичидан зил кетар, чунки ўзи раҳматли эрини бир йил зор қақшатгани, сўнгра тўйдан ҳафта ўтиб, у урушга кетгач, тунлари ёстиқ қучоқлаб, қон йиғлаганини ҳамон унутолмасди.

Занжирбанд эса-да, бечора Бўйноқ ўзининг азалий вазифасини сидқидил адо этар, ҳовлидаги икки муштипарни кўзининг оқу қорасидек асрарди. Лекин жониворнинг бир қусури бор эди. Ўша, Саодат ноз билан куйдириб юрган тракторчи йигит девор оша боғ адоғига келганида сира акилламас, ювош тортиб, чала кесилган тўмтоқ думини ҳуда-беҳуда ликиллатаверарди. Жонивор эгасига хиёнат қилаётганидан уялар, бироқ Саодатни фош қилишни истамасди.
Ҳозир ҳам Шаҳодат бувига ялтоқлик қилиб, суяк ғажиётган Бўйноқ икки ёш боғ адоғидаги ўрик тагида суҳбатлашаётганини яхши билар, аммо эгаси ҳам бу сирдан воқиф эканидан хабарсиз эди.

Баландлаётган Ойнинг ҳарир нурлари чорбоғни мунаввар этган, у ер-бу ерда ҳураётган итлар товуши туннинг сукунат пардасини йиртгандек бўлар, энди қорнини сал тўйғазиб олган Бўйноқ ҳам эринибгина, хўжакўрсинга акиллаб қўярди. Унинг вовуллашида ҳамжинсларини қувватлаш, кечки овқат учун эгасига миннатдорлик ва шунинг баробарида, Собиржонни чўчитиб юборишдан андак хавотир ҳам бор эди.
– Ҳай, майли, Бўйноқжон, энди мен ухлайман. Кун бўйи ивирсиб, чарчадим.
Кампир ҳақиқатан ҳам жуда чарчаган, суяклари қақшаб оғрир, ётиб ором олгиси келарди. Лекин невараси ёнига келиб ётмагунча кўнгли жойига тушармиди?..
Шаҳодат буви уйи томонга эмас, боғ адоғига қараб кетди. Бўйноқ унинг ортидан норози ғингшиб, ер тирнаб қолди.
Кампир бироз юргач, пахса девор ёқалаб ўсган ёввойи атиргул панасида тўхтади. Девор ошган атиргул қийғос очилиб ётарди. Унинг муаттар ифори етилиб пишган ўрик ҳидига қўшилиб, димоқни қитиқлар, Шаҳодат буви буни сезмас, унинг бутун диққат эътибори ўн-ўн икки қадам наридаги каттакон қари ўрик соясидаги икки шарпада эди. Ғўнғип-ғўнғир суҳбат қулоққа бемалол чалинарди. Бояқишлар суҳбатларига биров қулоқ тутиши мумкинлигини хаёлларига ҳам келтиришмасди. Ахир, саксонни қоралаган кампир бу пайтда чарчаб, ухлаб қолган бўлиши керак эди-да.

Хуллас, суҳбат авжида, кампир эса оғирлашиб қолган қулоқларига зўр берар, ўзининг ўн саккиз ёшини, уруш арафасида бўлиб ўтган камтарингина тўйини, чимилдиқда куёвнинг оёғини қандай босганини эсларди. Эсларди-ю, кўз ёшлари ўз-ўзидан қуйилиб келар, неварасини келинлик либосида кўришни истарди…
– Саодат, сенда инсоф борми, ўзи? Ахир, қачонгача мени қийнайсан? – йигитнинг товуши жуда надоматли эди.
– Ҳо-о-о, бу кишини қаранглар… Ким сизни қийнабди? Ўзингиз гапга кўнмасангиз, мен нима қилай?..
– Гапга кўнмайсиз эмиш. Сенинг гапинг кўнадиган гап эмас-да. Ўзинг ўйлаб кўр, қайси ёлғиз ўғил ичкуёв бўлишга кўнади? Ота-онамнинг юзига қандай қарайман? Маҳалла-кўй, қишлоқ нима дейди? Ниятинг мени шарманда қилишми?
– Ажаб бўпти! Алам қилсин! Сиз ёлғиз ўғил бўлсангиз, мен ҳам ёлғиз қизман, билдингизми? Кекса бувимни кимга ташлаб кетаман, буни ўйладингизми? Ахир, у киши қўндоқдалигимдан тишларида тишлаб катта қилдилар-ку!
Неварасининг сўзларини аниқ-тиниқ эшитаётган Шаҳодат бувининг кўз ёшлари шашқатор эди. Болагинаси уни шунчалар аяр, шунчалар яхши кўрар экан.
Кампир юрагида туғён ураётган қарама-қарши ҳисларни жиловлаш учун чаппар уриб очилган атиргулга нигоҳларини қадади. Ҳа, қизгинанинг юрагида илк муҳаббат ана шу ёввойи гулдек очилган, ҳозир хато қилиб қўйиши ҳам мумкин. Кейин бир умр пушаймон қилиб юради…

Шаҳодат буви бекинган жойидан чиқиб, “Ҳой, болам, мен билан ишинг бўлмасин, амаллаб кунимни кўрарман, ўз бахтингни ўйла”, дегиси келди. Лекин ўзини зўрға тийди. “Айб бўлади. Куёв бола бу мияси айниган кампир гап ўғирлар экан-да, деб ўйламайдими? Қайтага болажонимни уятга қўяман-ку”, ўйлади у ва яна суҳбатга қулоқ тутди. Собиржон ҳамон зўр бериб қайсар қизга гап уқтирмоқчи бўларди.
– Тушунсанг-чи, сен қиз боласан, қиз бола эса бировнинг хасми. Барибир бир кунмас, бир кун бувингни ташлаб кетасан-ку!
– Йўқ, ҳеч қачон! Ҳеч қачон бувижонимни ташлаб кетмайман! Мен у кишини шунчалар яхши кўраманки, сиз тасаввур ҳам этолмайсиз.
Шаддод қиз “ҳатто, сиздан ҳам ортиқроқ яхши кўраман”, демоқчи эди-ю, айтолмади, тилини тишлади. У Собиржонни бокира муҳаббати билан севарди. Севарди-ю, икки ўт орасида қолганди. Ва ўзининг шубҳа-гумонлари, иккиланишларини ноз пардаси билан бекитар, йигитга рад жавобини бермоқчи бўлиб, юраги қонларга тўларди.
Унинг сўзларини гул панасида тинглаб ўтирган бувижони ҳамон кўз ёшларини тиёлмас, лаблари “Рози бўлақол, қизим, сен учун тақдирнинг барча ситамларига чидайман”, дея пичирларди,

Хўрозлар қичқира бошлади. Бўйноқ ҳам бостирма томондан норози увиллаб қўярди. У ҳар тун буви-невара уйқуга ётмагунларича шитир этган товушга қулоқ тутиб, безовта бўларди. Ҳар икки муштипар уйқуга кетгач, у ҳам бошини оёқларига қўйиб, мудраб ўтирарди. Уйқу қаёқда дейсиз? Бир-ярим занжирни узмоқчи бўлиб тўлғанар, эгалари тинчини ўйлаб унчалик баланд ҳурмаса-да, амаллаб тинчлик бузувчини фикридан қайтарарди. Шу боис яқин атрофдаги жониворлар бу ҳовлини четлаб ўтишга мажбур бўлишарди.
Шу беором тунда Бўйноқ шўрлик жуда жонсарак бўлди. Эгалари ҳамон ухлагани ётишмади, устига-устак кампир гул панасида бекиниб ўтирибди, Собиржон билан Саодат бўлса, ҳеч нимадан хабарсиз баралла баҳслашишяпти. “Эҳ, одам шунчалик эҳтиётсиз бўладими?!” афсус чекарди Бўйноқ. У чорбоғдаги шарпаларнинг ҳидини, ҳар бир гап-сўзини туйиб турарди.
Ёшлар ҳамон баҳслашишар, лекин Саодатнинг овози энди хийла мулойимлашган, буни Шаҳодат буви ҳам, Бўйноқ ҳам сезиб туришарди.
– Майли, кўпам обидийда қилаверманг. Бувим билан бир гаплашиб кўрай-чи, нима деркинлар…

Шаҳодат буви кўз ёшларини енгининг учи билан арта-арта, сездирмай гул панасини тарк этди. Унинг сўри томон ўтганини кўрган Бўйноқ бироз хотиржамланган бўлса-да, Саодат йигит билан хайрлашмагунча қулоқларини диккайтириб тураверди.
Ўринга чўзилган Шаҳодат буви неварасининг қайтишини кутиб, осмонга
тикилганича хаёл суриб ётарди. “Қодир Худойим! Болагинамнинг кўнглига озгина шафқат солганинг учун беҳисоб шукр! У Собиржонга рад жавоби берганида, нима қилардим? Хайрият, қайсаргинам йигитни аяди…” – пичирлади бувининг лаблари.
Орадан кўп ўтмай Саодат секин юриб келиб, бувисининг ёнидаги ўринга кирди. Бир муддат у ёқ-бу ёққа ағанагач, чидаёлмади, изиллаб йиғлаганича ўзини бувисининг бағрига отди.
– Бувижон, мени кечиринг! Унга розилик берганимни ўзим ҳам билмай қолибман!
Шаҳодат буви хун бўлиб йиғлаётган неварасининг майда ўрилган сочларини, ёш ювган юзларини силади, пешонасидан секингина ўпиб, титроқ товуш билан уни юпатди.
– Тентаккинам, нега йиғлайсан? Ахир, бу бахт-ку! Мен розиман, болам…
Кампир бўғзига тиқилиб келган ёшларини ютолмай, жимиб қолди. Жавзонинг шу қисқа тунида буви-невара алламаҳалгача ухлаёлмадилар…
Эртасига совчилар келишди. Дарвозадан ичкарига қадам қўйган ҳар бир одамни кўрса, жон-жаҳди билан акиллайдиган Бўйноқ бу гал “миқ” этмади, чўлтоқ думини ликиллатиб тураверди.

Совчилар уч марта келиб-кетишгач, орадан кўп ўтмай тўй бўлди. Ироқи дўппи, оқ шоҳи кўйлак кийган Саодат бирам гўзал келин бўлдики, асти қўяверасиз… Гўшангада унга рўбарў бўлган Собиржоннинг эси оғиб қолаёзди. Қиз қурмағур бувисининг ўгитига амал қилиб, бир оёғини сал кўтариб турган экан, гўшангага қадам қўйиб, қизга маҳлиё бўлиб қолган куёвтўранинг оёғини “ғарч” этказиб босди. Бўлди қий-чув, бўлди кулги. Собиржон мақсадига етган эди, шу боис келиндан унчалик хафа бўлмади-ю, лекин ниманидир кўнглига тугиб, мийиғида кулиб қўйди.
Унинг кўнглига туккани кейинроқ маълум бўлди. Собиржон дарвозалари олдида ёқилган гулхан атрофидан келинни даст кўтариб айланар экан, ҳеч кимга билдирмай, уни чимчилаб олди.
– Вой, вой, нега бундай қиласиз, қуриб кетгур! – таҳдидли шивирлади қиз унинг қулоғига.
– Сенга бу ҳам кам! – деди йигит, – ўзинг оёғимни боплаб босдинг-ку!

* * *

Шаҳодат бувининг ҳувиллаб қолган ҳовлига кўникиб кетиши хийла қийин бўлди. Лекин ҳовли ҳувиллаб қолган бўлса-да, кампирнинг шунча йиллардан буён ўксик кўнгли тўлган, тоғ бўлган эди.

У уззу-кун ҳовлида куйманиб, ўша, ўзи яхши кўрадиган “Шамол эшик очади, ёрим бодом сочади…” қўшиғини хиргойи қилар, Саодатнинг қаёққа ғойиб бўлганини ҳамон билолмай безовталанаётган Бўйноқни қўлидан келганча юпатарди. “Мана, мен бинойидек чидаяпман-ку. Сен ҳам кўникиб кетасан, Бўйноқжон…”
Жонивор эгасининг гапларини тушунгандай, бошини хам қилиб, сукут сақлар, самони тўлдирган хилма-хил ҳидлар орасида унга кераги, унга қадрдони йўқ эди…

…Келин чарлар куни қўни-қўшни, қариндош-уруғлар келишди. Шаҳодат буви неча йиллардан бери сандиғида асраб юрган энг камёб, энг тансиқ нарсаларни ўртага қўйди.
Ниҳоят, келин бўлиб гул-гул очилган Саодат остонада кўринди.
“Оҳ-оҳ, сенинг шу нурли юзларингга, шу қопа сочларингга жоним садақа!” – буви неварасини бағрига босиб, йиғлаб юборди.
– Йиғламанг, бувижон! Мана, мен келдим-ку! – дерди ўз бахтидан сархуш невара ҳам кўз ёшларини тиёлмай.
Улар бир-бирларини қучоқлаганларича обидийда қилишар экан, Бўйноқнинг бўладигани бўлганди. Бояқиш Саодатнинг ўзини кўрмаётган бўлса-да, унинг келганини дарҳол сезганди. Жонивор ўзини тўрт томонга урар, лекин эгаларининг хурсандчилигига рахна солмаслик учун вовуллашни эп кўрмасди. Узоқ вақт унга ҳеч ким эътибор бермади.

Тун яримлаёзганда, Бўйноқ Саодатнинг нозик қадам товушларини таниб, шодликдан думини ликиллата бошлади. Келинчак итнинг ёнига у-бу ташлаб, ўз одатича ширин тил билан эркалади:
– Ҳа, Бўйноқжон, мени соғиниб қолдингми? Сенга ҳеч ким қарамадими? Парво қилма, мана, мен борман-ку! – Саодат итнинг бошини силар, у эса ёнидаги егуликка қиё ҳам боқмас, сариқ атлас кўйлак кийган, сочларини майда ўрган бекасига маҳлиё бўлиб, кўзларидан тирқираб ёш оқарди…

Келин чарлар алламаҳалда тугади. Ҳовли сокинлари яна ўзлари билан ўзлари қолдилар. Буви юлдузли самога тикилганича дуога қўл очди: “Ё, Оллоҳ! Илоҳим Саодатгинам бахтли-тахтли, ували-жували бўлсин, унинг қаторида барча мўмин-мусулмонларга бахт ато қилгайсан! Минг шукрким, энди Ёдгоримнинг руҳи шод бўлади…”
Тун ойсиз, хийла қопонғй эди. Лекин Шаҳодат бувининг юзлари аллақандай нурдан мунаввар, шунча йиллардан бери бахт нималигини билмаган ҳовли масрур, шодумон оҳангларга ғарқ бўлиб борарди..

002

Jo’ra Fozil
UCH HIKOYA
01

Jo’ra Fozil 1949 yilda Buxoro viloyati Romitan tumanida tug’ilgan. Toshkent davlat universiteti jurnalistika fakultetini tugatgan.“Muhabbatning bayramlari” (1991), “Barqut mavsum” (1992), “Buxoroyi sharif elchilari” (1996), “Baxt yulduzi” (1997), “Mening qizil gulim” (1998), “Bolalikning yolg’iz yodgori” (2002), “Buxoriyning qaytib kelishi” (2004), “Ayriliq ostonasi” (2005), “Tiramoh armonlari” (2009), “Biz lola termagan bahor” (2010) kabi hikoya, qissa, romanlari jamlangan kitoblari nashrdan chiqqan.Hozirda “Romitannoma” gazetasi bosh muharriri lavozimida ishlaydi.
01

QIZ BOLANING BAXTI

Paxsa devorlar, teraklar ortidan kattakon gulobi qovunga monand oy ko‘tarilmoqda. Uning mayin nurlari tun sukunatiga g‘arq bo‘lgan bog‘larga alla aytar, qishloq esa uxlashni istamagan bolakayga o‘xshab xarxasha qilar, hamon uyg‘oq edi.
Ulkan qari tut ostidagi so‘rida tun sukunatiga quloq tutib o‘tirgan Shahodat buvi dimog‘ida xirgoyi qiladi:

Shamol eshik ochadi, yorim bodom sochadi,
Sochma, desam sochadi, kuladi-yu, qochadi…

Chorbog‘dan erta pishar o‘rik hidi keladi, daraxt uchlari javzo tunining issiq epkinidan tebranib, mevalar “to‘p-to‘p” etib yerga tushadi. Chorbog‘ adog‘idagi bostirma tomondan itning g‘ingshigani eshitiladi.
Shahodat buvi hushyor tortib o‘rnidan turdi. “Eh, esim qursin, bechora. Bo‘ynoqqa hech nima bermabman-ku!”
Kampir oshxona chirog‘ini yoqib, ovqat sarqitlari va yana allanimalarni oldi-da, bostirma tomon ketdi. Bo‘ynoq uning qadam tovushini tanib, bo‘ynidagi zanjirni shildirlatganicha irg‘ishlay boshladi.
– Ha, Bo‘ynoqjon, och qoldingmi? Axir, men ham borman, deb qo‘ymaysanmi bundoq? Mayli, zarari yo‘q, sen ham menga o‘xshab qartayding-da. Vovullashga ham madoring yo‘qqa o‘xshaydi.
Shahodat buvi olib kelgan yemakni beminnat sodiq qo‘riqchisining oldiga tashladi. It ham minnatdorlik bildirganday, egasining oyoqlariga tumshug‘ini urdi. Ko‘ngli iyib ketgan kampirning ko‘zlari yoshlandi. “Eh, shu jonivor ham mehrni sezadi-ya…”.
Bo‘ynoq ishtaha bilan suyak g‘ajishga tushdi.
Shahodat buvi yolg‘iz o‘g‘lidan yodgor bo‘lgan nevarasi Saodat bilan qishloq chekkasidagi hovlida yashar, Bo‘ynoq esa ularning yolg‘iz hamrohi edi.
Bu hovli soqchisi bir vaqtlar juda baquvvat bo‘lib, daydi itlarni hovliga yaqinlashtirmasdi. Endi esa qartayib qoldi. Yosh itlar boyaqishni bir necha marta qonga belanguncha talayvergach, Shahodat buvi uni begona ko‘zlardan pana qildi.
Bir umr emin-erkin yurgan Bo‘ynoqning tutqunlikka ko‘nikishi qiyin bo‘ldi. Lekin jonivor ochiqda yuraversa, oqibati nima bo‘lishini tushundimi, harqalay, taqdirga tan berdi. Biroq baribir egasini ko‘rdi deguncha mungli ko‘zlaridan yosh tirqirar, unga qarab kampir ham yig‘lab olardi. “Bo‘ynoqjon, chida! Mana, meni ko‘r, bir umr shu xonadonga bog‘langanman. Hech qayoqqa ketolmayman. Hatto omonatini topshirishga ham jur’atim yo‘q. Axir, mensiz nima qilasizlar? Ko‘zimning oqu qorasi Saodatginam qanday yashaydi? Bu yetimchaning g‘amini kim yeydi?”
Saodatning ota-onasi dalada paxta terayotganlarida, samolyot ustlaridan dori sepib o‘tgach, bir kechada vafot etishgan. Eri urushdan qaytmagan Shahodat buvi taqdirning bu zarbasidan hamon o‘nglanolmasdi. Bo‘y yetib, qishloq yigitlarining ko‘zini kuydirib yurgan qiz ham buvisini o‘ylab, erga tegolmasdi. Eshik turumini buzayotgan sovchilarning hammasi quruq qaytar va bu “qiz bolaning nozi”ga yo‘yilardi. Shahodat buvi nevarasining ko‘ngliga qarab sovchilarni quruq qaytarsa-da, ichidan zil ketib qo‘yardi.
Zanjirband esa-da, bechora Bo‘ynoq o‘zining azaliy vazifasini sidqidil ado etar, hovlidagi ikki mushtiparni ko‘zining oqu qorasidek asrardi. Lekin jonivorning bir qusuri bor edi. O‘sha, Saodat noz bilan kuydirib yurgan traktorchi yigit devor osha bog‘ adog‘iga kelganida sira akillamas, yuvosh tortib, chala kesilgan to‘mtoq dumini huda-behuda likillataverardi. Jonivor egasiga xiyonat qilayotganidan uyalar, biroq Saodatni fosh qilishni istamasdi.
Hozir ham Shahodat buviga yaltoqlik qilib, suyak g‘ajiyotgan Bo‘ynoq ikki yosh bog‘ adog‘idagi o‘rik tagida suhbatlashayotganini yaxshi bilar, ammo egasi ham bu sirdan voqif ekanidan xabarsiz edi.
Balandlayotgan oyning harir nurlari chorboqni munavvar etgan, u yer-bu yerda hurayotgan itlar tovushi tunning sukunat pardasini yirtgandek bo‘lar, endi qornini sal to‘yg‘azib olgan Bo‘ynoq ham erinibgina, xo‘jako‘rsinga akillab qo‘yardi. Uning vovullashida qo‘shni itlar — hamjinslarini quvvatlash, kechki ovqat uchun egasiga minnatdorlik va shuning barobarida Sobirjonni cho‘chitib yuborishdan andak xavotir ham bor edi.
— Hay, mayli, Bo‘ynoqjon, endi men uxlayman. Kun bo‘yi ivirsib, charchadim.
Kampir haqiqatan ham juda charchagan, yotib orom olgisi kelardi. Lekin nevarasi yoniga kelib yotmaguncha ko‘ngli joyiga tusharmidi?..
Shahodat buvi uyi tomonga emas, bog‘ adog‘iga qarab ketdi. Bo‘ynoq uning ortidan norozi g‘ingshib, yer tirnab qoldi.
Kampir biroz yurgach, paxsa devor yoqalab o‘sgan yovvoyi atirgul panasida to‘xtadi. Devor oshgan atirgul qiyg‘os ochilib yotardi. Uning muattar ifori yetilib pishgan o‘rik hidiga qo‘shilib, dimoqni qitiqlar, Shahodat buvi buni sezmas, uning butun diqqat- e’tibori o‘n-o‘n ikki qadam naridagi kattakon qari o‘rik soyasidagi ikki sharpada edi. G‘o‘ng‘ir-g‘o‘ng‘ir suhbat quloqqa bemalol chalinardi. Boyaqishlar suhbatlariga birov quloq tutishi mumkinligini xayollariga ham keltirishmasdi. Axir, saksonni qoralagan kampir bu paytda charchab, uxlab qolgan bo‘lishi kerak edi-da.
Xullas, shirin suhbat avjida, kampir esa og‘irlashib qolgan quloqlariga zo‘r berar, o‘zining o‘n sakkiz yoshini, urush arafasida bo‘lib o‘tgan kamtargina to‘yini, chimildiqda kuyovning oyog‘ini qanday bosganini eslardi. Eslardi-yu, ko‘z yoshlari o‘z-o‘zidan quyilib kelar, nevarasini kelinlik libosida ko‘rishni juda-juda istardi.
— Saodat, senda insof bormi, o‘zi? Axir, qachongacha meni qiynaysan? — yigitning tovushi juda nadomatli edi.
— Ho-o-o, bu kishini qaranglar… Kim sizni qiynabdi? O‘zingiz gapga ko‘nmasangiz, men nima qilay?..
— Gapga ko‘nmaysiz emish. Sening gaping ko‘nadigan gap emas-da. O‘zing o‘ylab ko‘r, qaysi yolg‘iz o‘g‘il ichkuyov bo‘lishga ko‘nadi? Ota-onamning yuziga qanday qarayman? Mahalla-ko‘y, qishloq nima deydi? Niyating meni sharmanda qilishmi?
— Ajab bo‘pti! Alam qilsin! Siz yolg‘iz o‘g‘il bo‘lsangiz, men ham yolg‘izgina qizman, bildingizmi? Qari buvimni kimga tashlab ketaman, buni o‘ylaysizmi? Axir, u kishi “qo‘ndoqda”ligimdan tishlarida tishlab katta qildilar-ku!
Nevarasining so‘zlarini aniq-tiniq eshitayotgan Shahodat buvining ko‘z yoshlari shashqator edi. Bolaginasi uni shunchalar ayar, shunchalar yaxshi ko‘rar ekan. Kampir yuragida tug‘yon urayotgan qarama-qarshi hislarni jilovlash uchun atirgulga nigohlarini qadadi. Ha, qizginaning yuragida ilk muhabbat ana shu yovvoyi guldek ochilgan, hozir xato qilib qo‘yishi ham mumkin. Keyin bir umr pushaymon qilib yuradi…
Shahodat buvi bekingan joyidan chiqib, “Hoy, bolam, men bilan ishing bo‘lmasin, amallab kunimni ko‘rarman, o‘z baxtingni o‘yla”, degisi keldi. Lekin o‘zini zo‘rg‘a tiydi. Ayb bo‘ladi. Kuyov bola bu miyasi aynigan kampir gap o‘g‘irlar ekan-da, deb o‘ylamaydimi? Qaytaga, bolajonimni uyatga qo‘yaman-ku” o‘yladi u va yana suhbatga quloq tutdi. Sobirjon hamon zo‘r berib qaysar qizga gap uqtirmoqchi bo‘lardi.
— Tushunsang-chi, sen qiz bolasan, qiz bola esa birovning xasmi. Baribir bir kunmas, bir kun buvingni tashlab ketasan-ku!
— Yo‘q, hech qachon! Hech qachon buvijonimni tashlab ketmayman! Men u kishini shunchalar yaxshi ko‘ramanki, siz tasavvur ham qilolmaysiz.
Shaddod qiz “hatto, sizdan ham ortiqroq yaxshi ko‘raman”, demoqchi edi-yu, aytolmadi, tili bormadi. U Sobirjonni bokira bir hislar bilan sevardi. Sevardi-yu, ikki o‘t orasida qolgandi. Va o‘zining shubha-gumonlari, ikkilanishlarini noz pardasi bilan bekitar, yigitga rad javobini bermoqchi bo‘lib, yuragi qonlarga to‘lardi. Uning so‘zlarini gul panasida tinglab o‘tirgan buvijoni hamon ko‘z yoshlarini tiyolmas, lablari “rozi bo‘laqol, qizim, sen uchun taqdirning barcha sitamlariga chidayman” deya pichirlardi.
Xo‘rozlar qichqira boshladi. Bo‘ynoq ham bostirma tomondan norozi uvillab qo‘yardi. U har tun buvi-nevara uyquga yotmagunlaricha shitir etgan tovushga quloq tutib, bezovta bo‘lardi. Har ikki mushtipar uyquga ketgach ham boshini oyoqlariga qo‘yib, mudrab o‘tirardi. Shu bois yaqin atrofdagi jonivorlar bu hovlini chetlab o‘tishga majbur bo‘lishardi.
Shu beorom tunda Bo‘ynoq sho‘rlik juda jonsarak bo‘ldi. Egalari hamon uxlagani yotishmadi, ustiga-ustak kampir gul panasida bekinib o‘tiribdi. Sobirjon bilan Saodat bo‘lsa, hech nimadan xabarsiz baralla bahslashishyapti. “Eh, odam ham shunchalik ehtiyotsiz bo‘ladimi?!” afsus chekardi Bo‘ynoq. U chorbog‘dagi sharpalarning hidini, har bir gap-so‘zini tuyib turardi go‘yo.
Yoshlar hamon bahslashishar, lekin Saodatning ovozi endi xiyla muloyimlashgan, buni Shahodat buvi ham sezib turardi.
— Mayli, ko‘pam obi diyda qilavermang. Buvim bilan bir gaplashib ko‘ray-chi, nima derkinlar…
Shahodat buvining yuragi hapriqib ketdi. “Men roziman, buvijoning rozi, bolaginam!” Kampir ko‘z yoshlarini yengining uchi bilan arta-arta, sezdirmay gul panasini tark etdi. Uning so‘ri tomon o‘tganini ko‘rgan Bo‘ynoq biroz xotirjamlangan bo‘lsa-da, Saodat yigit bilan xayrlashmaguncha jonivor quloqlarini dikkaytirib turaverdi…
O‘ringa cho‘zilgan kampir nevarasining qaytishini kutib, osmonga tikilganicha xayol surib yotardi. “Qodir Xudoyim! Bolaginamning ko‘ngliga ozgina shafqat solganing uchun behisob shukur! U Sobirjonga rad javobi berganida, nima qilardim? Hayriyat, qaysarginam yigitni ayadi…” — pichirlardi buvining lablari.
Oradan ko‘p o‘tmay Saodat sekin yurib kelib, buvisining yonidagi o‘ringa kirdi. Bir muddat u yoq-bu yoqqa ag‘anagach, chidayolmadi, izillab yig‘laganicha o‘zini buvisining bag‘riga otdi.
— Buvijon, meni kechiring! Unga rozilik berganimni o‘zim ham bilmay qolibman!.
Shahodat buvi yig‘layotgan nevarasining mayda o‘rilgan sochlarini, yosh yuvgan yuzlarini siladi, peshonasidan sekingina o‘pib, titroq tovush bilan uni yupatdi.
— Tentakkinam, nega yig‘laysan? Axir, bu baxt-ku! Men roziman, bolam…
Kampir bo‘g‘ziga tiqilib kelgan xo‘rsiniqni yutolmay, jimib qoldi. Javzoning shu qisqa tunida buvi-nevara allamahalgacha uxlamadilar…
Keyingi kuni sovchilar kelishdi. Darvozadan ichkariga qadam qo‘ygan har bir odamni ko‘rsa, jon-jahdi bilan akillaydigan Bo‘ynoq bu gal “miq” etmadi, cho‘ltoq dumini likillatib yotaverdi.
Sovchilar ikki marta kelib-ketishgach, oradan ko‘p o‘tmay to‘y bo‘ldi. Iroqi do‘ppi, oq shohi ko‘ylak kiygan Saodat biram go‘zal kelin bo‘ldiki, asti qo‘yaverasiz… Go‘shangada unga ro‘baro‘ bo‘lgan Sobirjonning esi og‘ib qolayozdi. Qiz qurmag‘ur buvisining o‘gitiga amal qilib, bir oyog‘ini sal ko‘tarib turgan ekan, go‘shangaga qadam qo‘yib, qizga mahliyo bo‘lib qolgan kuyovto‘raning oyog‘ini bosib oldi. Bo‘ldi qiy-chuv, bo‘ldi kulgi. Sobirjon maqsadiga yetgan edi, shu bois kelindan unchalik xafa bo‘lmadi-yu, lekin nimanidir ko‘ngliga tugib, miyig‘ida kulib qo‘ydi.
Uning ko‘ngliga tukkani keyinroq ma’lum bo‘ldi. Sobirjon darvozalari oldida yoqilgan gulxan atrofidan kelinni dast ko‘tarib aylanar ekan, hech kimga bildirmay uni chimchilab oldi.
— Voy, voy, nega bunday qilasiz… — tahdidli shivirladi qiz uning qulog‘iga.
– Senga bu ham kam! — dedi yigit, — o‘zing oyog‘imni boplab bosding-ku!

* * *

Shahodat buvining huvillab qolgan hovliga ko‘nikib ketishi xiyla qiyin bo‘ldi. Lekin hovli huvillab qolgan bo‘lsa-da, kampirning shuncha yillardan buyon o‘ksik ko‘ngli to‘lgan, tog‘ bo‘lgan edi.
U uzzu kun hovlida kuymanib, o‘sha, o‘zi juda yaxshi ko‘radigan “Shamol eshik ochadi, yorim bodom sochadi…”sini xirgoyi qilar, Saodatning qayoqqa g‘oyib bo‘lganini hamon bilolmay bezovtalanayotgan Bo‘ynoqni qo‘lidan kelgancha yupatardi. “Mana, men binoyidek chidayapman-ku. Sen ham ko‘nikib ketasan”.
Jonivor egasining gaplarini tushunganday, boshini xam qilib, sukut saqlar, samoni to‘ldirgan xilma-xil hidlar orasida unga keragi, unga qadrdoni yo‘q edi…
…Kelin chorlar kuni qo‘ni-qo‘shni, qarindosh-urug‘lar kelishdi. Shahodat buvi necha yillardan beri sandig‘ida asrab yurgan eng kamyob, tansiq narsalarni o‘rtaga qo‘ydi.
Nihoyat, kelin bo‘lib gul-gul ochilgan Saodat ostonada ko‘rindi.
“Oh-oh, sening shu nurli yuzlaringga, shu qora sochlaringga jonim sadag‘a!” — buvi nevarasini bag‘riga bosib, yig‘lab yubordi.
— Yig‘lamang, buvijon! Mana, men keldim-ku! — derdi o‘z baxtidan sarxush nevara ham ko‘z yoshlarini tiyolmay.
Ular bir-birlarini quchoqlaganlaricha ichlarida har biri o‘ziga ma’lum bir his bilan shukrona qilishar ekan, Bo‘ynoqning bo‘ladigani bo‘lgandi. Boyaqish Saodatning o‘zini ko‘rmayotgan bo‘lsa-da, uning kelganini darhol sezgandi. Jonivor o‘zini har yonga urar, lekin egalarining xursandchiligiga rahna solmaslik uchun vovullashni ep ko‘rmasdi. Uzoq vaqt unga hech kim e’tibor bermadi.
Tun yarimlayozganda, Bo‘ynoq Saodatning nozik qadam tovushlarini tanib, shodlikdan dumini likillata boshladi. Kelinchak itning yoniga u-bu tashlab, o‘z odaticha shirin til bilan erkaladi:
— Ha, Bo‘ynoqjon, meni sog‘inib qoldingmi? Senga hech kim qaramadimi? Parvo qilma, mana, men borman-ku! – Saodat itning boshini silar, u esa yonidagi yegulikka qiyo ham boqmay, sariq atlas ko‘ylak kiyib, sochlarini mayda o‘rgan bekasiga mahliyo bo‘lib turardi.
Marosim allamahalda tugadi. Hovli egalari yana o‘zlari bilan o‘zlari qoldilar. Buvi yulduzli samoga tikilgancha duoga qo‘l ochdi: “Yo Olloh! Ilohim Saodatginam baxtli-taxtli, uvali-juvali bo‘lsin, uning qatorida barcha mo‘min-musulmonlarga baxt ato qilgaysan! Ming shukurkim, endi farzandimning arvohi shod bo‘ladi…”
Tun oysiz, xiyla qorong‘u edi. Lekin Shahodat buvining yuzlari allaqanday nurdan munavvar, shuncha yillardan beri baxt nimaligini bilmagan hovli masrur, shodumon ohanglarga g‘arq bo‘lib borardi. Kampir ko‘zlarini yumdi. Shu zahoti marhum choliyu o‘g‘lini bir-bir ko‘ra boshladi.
…Saodat kelin cho‘chib uyg‘ondi. Hali tunning qabo etagi butkul yig‘ilmagan bo‘lsa-da, tong yaqinlab qolgandi. Kelin yonida yotgan Sobirjonni turtib uyg‘otdi.
Birpasdan so‘ng Sobirjon onasi bilan kampirning hovlisiga yo‘l olishdi. Tong otganida Saodatning qaynonasi kampirning engagini bog‘lar, hovli gavjum bo‘lib qolgan edi.

OQ OLMA

O’tgan asrning 50-yillarida qishloqda hosilotlarning obro‘-e’tibori juda baland edi. Ular ham kolxoz raislariga o‘xshab, ot minib, qo‘llarida qamchi o‘ynatib yurishardi. Keyinchalik, 60-yillarga kelib, negadir “hosilot” so‘zi ham, hosilotning o‘zi ham oradan chiqdi. Qishloq ahli endi “agronom” so‘zini tez-tez takrorlay boshladi. Aksariyat bu so‘z “hosilot” o‘rnida ishlatilayotganini bilishsa-da, uning haqiqiy ma’nosini bilmasdi. Qishloq o‘qituvchisi otam va pedagogika institutining talabasi bo‘lgan akam qo‘ni-qo‘shnilarning bu haqdagi savollariga amal-taqal bilan javob qilishardi.
O’shanda 5-sinfda o‘qirdim, “agronom” deganda juda sirli, kam deganda mashinada yuradigan kishi ko‘z o‘ngimda gavdalanardi.
Tez orada qishlog‘imizga ko‘chib kelib, bizning tashqari hovlimizda oilasi bilan yashay boshlagan “agronom” hamqishloqlarimizning hafsalasini pir qildi.
Agronomning familiyasi Qo‘ziev, ismini hech kim bilmasdi. Hamma unga “o‘rtoq Qo‘ziev” deb murojaat qilardi. U men taxmin qilganimdek mashinada emas, o‘sha paytlar endigina rasm bo‘la boshlagan qop-qora “IJ-49” mototsiklida yurardi.
Qishloq yigitlari uning yap-yangi mototsikliga suqlanib boqishardi. Men mototsiklni qabul qilishim mumkin edi-yu, lekin agronom qurmag‘urning shakl-shamoili ham tasavvur qilganimday emasdi-da. Hamma orziqib kutayotgan agronom barvasta, qoraqosh, jingalak sochli yigit bo‘lsa kerak, deb taxmin qilardim.
Qo‘ziev esa past bo‘yli, miqti, hali o‘ttizga kirmagan esa-da, tepakal. Ustboshi ham juda unchalik emas. Boz ustiga, onam negadir “kelinchak” deb atay boshlagan yigirma besh-yigirma olti yoshlardagi xotini ham qushburun, xunukkina.
Mening nazarimda, sho‘rlik agronomning obro‘sini sal-pal ko‘targan omil – uning Baxtiyor ismli bir yashar o‘g‘ilchasi edi. Baxtiyor oq yuzli, sochlari jingalak, chiroyli bolakay. Uni ota-onasi o‘lib, akasi qaramog‘ida qolgan yetim qiz – Sayyora ko‘tarib yurardi. Sayyora qishloqqa ko‘chib kelgach, bizning sinfda o‘qiy boshladi. U qora duxoba nimcha, qizil baxmal do‘ppi kiyib, qo‘ng‘ir-qora sochlarini mayda o‘rib yuradi. Ko‘hlikkina, faqat, yonoqlari, burni atroflariga sepkil toshgan. Sepkillari o‘ziga yarashadi. Qo‘zievlar xonadonining barcha yumushlarini shu qizcha bajaradi, lekin nuqul yangasidan ta’na-dashnom eshitadi.
Qiz yoshiga yarashmagan hazin qo‘shiqlarni xirgoyi qilib yuradi, ko‘zlari juda g‘amgin. Ota-onadan juda erta ajrab, tog‘alari qo‘lida o‘sgan onam, uning ahvolini yaxshi tushunardilar, chamasi, ba’zan “uf” tortib, “etimning kuni qursin-a”, deb qo‘yardilar. Bunday deyishlarining yana bir sababi, Qo‘zievlar tashqari hovlimizda yashay boshlaganlaridan beri, boyaqish Sayyoraning boshi g‘alvadan chiqmasdi.
Hamqishloqlarimizning e’tibori, mehmondo‘stligidan taltayib ketgan Qo‘ziev tun yarmidan oqqanda mast bo‘lib keladi. Xotinining chaquvi bilan, ro‘zg‘or yumushlaridan qo‘li bo‘shamaydigan singlisini ayamay do‘pposlaydi. Kunda, kunora bu ahvol takrorlanadi. Yetim bechora biznikiga qochib chiqadi, onamning tizzalariga bosh qo‘ygancha, yig‘lay-yig‘lay uxlab qoladi.
Ocharchilik yillari besh farzandni tuproqqa topshirgan onam uning ko‘z yoshlarini artadilar, o‘zlarining ko‘z yoshlari esa quyilib kelaveradi…
Nihoyat, juda sipo, uncha-munchada birovning ishiga aralashishni o‘zlariga ep ko‘rmaydigan otamning ham toqatlari toq bo‘ldi.
O’shanda yarim tunda mast akasidan kaltak yeb, yuz-ko‘zlari ko‘kargan Sayyora yana biznikiga qochib chiqdi.
– Muallimjon, – faryod chekdi u otamning oyoqlariga osilib, – meni qutqaring! Men yetimni qutqaring, bo‘lmasa, akam o‘ldirib qo‘yadilar!
Otam urush yillari och-yupun bolalarga dars berib, bir burda nonlarini bo‘lishib yeb, ularning ko‘z yoshlarini ko‘p ko‘rgan bo‘lsalar-da, baribir bunga ko‘nikolmasdilar. Sayyorani o‘rnidan turg‘azib, boshini siladilar.
– Yig‘lama, qizim, ertaga o‘zim akangning ta’zirini beraman.
Keyin onamga yuzlandilar:
– Buning qornini to‘yg‘az, bechora tuz totmaganga o‘xshaydi.
Otamning ovozlari titrab ketdi.
– Muallimjon, – yana uvvos tortdi Sayyora, – hech nima kerak emas, meni akamdan qutqarsangiz bo‘ldi!
– Oh, boshginang toshdan bo‘lgur, nima gunoh qiluvdingki, gumroh akang seni bunchalar qattiq do‘pposladi?
– Baxtiyorjonni ko‘tarib, suvga chiqqandim, sirpanib yiqildim. Ikkalamiz ham ariqqa tushib ketishimizga sal qoldi. Yangam ko‘rib turgan ekanlar, akamga yomonladilar. Baxtiyorjon suvda oqib ketsa, nima bo‘lardi, dedilar…
Shu paytgacha jim o‘tirgan onam gapga aralashdilar:
– Dadasi, o‘zingiz Qo‘ziev bilan gaplashing. U axir, qizni mayib qilib qo‘yadi-ku!
– Bo‘ldi, gap tamom! Ertaga gaplashamiz!
Ertasiga otam haqiqatan ham Qo‘ziev bilan “gaplashdilar”.
U tong saharlab “pat-pat”ini o‘t oldirib, dalaga qochib qolmoqchi edi, darvoza yonida otamga duch keldi. Asta salomlashib, o‘tayotganida, otam rasmiy tarzda “O’rtoq Qo‘ziev, siz bilan gaplashib olishim kerak” dedilar.
– Domla, uzr, shoshib turibman. Hozir tuman firqa qo‘mitasidan vakillar kelishi kerak, – dedi agronom.
– E, ayni muddao ekan-ku! – dedilar otam jonlanib. – Siz bilan vakillar ishtirokida gaplashsak, juda soz bo‘lardi-da!
Qo‘ziev gapning bunday tus olishini kutmagan ekan, shekilli, talmovsirab qoldi.
– Siz o‘qituvchi bo‘lsangiz, vakillarga nima ishingiz bor? – dedi u hadiksirab.
Otam quvlik, g‘irromlikdan juda yiroq odam edilar, shu bois gapning po‘stkallasini aytib qo‘yaqoldilar.
– Vakillar “agronom” deb bizga kimni yuborganlarini bilib qo‘ysalar, yaxshi bo‘lardi!
Qo‘zievning ko‘zlari ola-kula bo‘lib ketdi.
– Xo‘sh-xo‘sh, qani, ayting-chi, kimni yuborishibdi? – otamga xezlandi agronom.
Otam pinaklarini ham buzmay, dona-dona qilib shunday dedilar:
– Kimni bo‘lardi? Paxta dalasiga qadam bosmaydigan, ertayu kech araq ichib, norasida singlisini o‘lasi qilib do‘pposlaydigan, firqa a’zosi degan nomga mutlaqo noloyiq bir odamni-da!
Nohaqlik va zo‘ravonlikning har qanday ko‘rinishiga nisbatan murosasiz bo‘lgan otam mo‘ljalga bexato urgan edilar. Ko‘zlari qonga to‘lib, xezlanib turgan araqxo‘r agronom ildiziga o‘roq tekkan makkajo‘xoridek shalvirab qoldi.
– Ibi, domlajon, sizga nima bo‘ldi, – dedi u endi yaltoqlanishga o‘tib. Men qachon araq ichibman? Kimni do‘pposlabman? Unday demang-e, axir, ota- onamdan yodgor yolg‘izgina singlimni do‘pposlab, devona bo‘libmanmi? Bu gaplarni vakillar eshitsa, sharmanda bo‘laman-ku!
Qo‘ziev mototsiklni bir chekkaga qo‘yib, otamning atroflarida girdikapalak bo‘lganicha tinmay bidillar, yuz-ko‘zlari, tepakal boshi qizarib ketgan, bu uyatdanmi, kecha ichilgan araq zarbidanmi, bilish mushkul edi.
Otam unga bir muddat tikilib turdilar-da, keyin qo‘llarini jahl bilan siltab, ichkari hovliga kirib ketdilar.
Qo‘ziev darvoza yonida biroz serrayib turdi. So‘ngra menga ko‘zi tushib, mutelarcha tirjaydi. U endi, aftidan, otam vakillar huzuriga bormasliklariga umid qilardi. Mototsiklni darvozadan olib chiqar ekan, ming‘irladi:
– E, bu yog‘i kiziq bo‘ldi-ku! Men axir, Sayyorani tergasam, odam bo‘lsin, po‘zg‘op ishlarini o‘rgansin, deyman-da… A-nima, deding, polvon? – Qo‘ziev yana menga yolborgannamo nigoh tashladi.
Ko‘zlarimni yashirishga majbur bo‘ldim. Basharasi araqdan bujmaygan bu ayanch kimsaning ochiq-oydin yolg‘oni meni benihoya tahqirlardi. Axir, uzzu kun qo‘li kosov, sochi supurgi bo‘lib, po‘zg‘op yumushidan bo‘shamaydigan bechora qiz buning evaziga kechasi akasidan kaltak yesa-yu, bu zo‘ravon kaltakni “singlisini tergash, uning foydasi” deb o‘tirsa? Eh, siz kattalar!.. Nahot, beshinchi sinf o‘quvchisi yolg‘on bilan rostni ajratolmaydi, deb o‘ylasangiz? Axir, bechora Sayyora kaltak zarbidan yuz-ko‘zlari shishib, ko‘karib, bizning uyda bekinib o‘tiribdi-ku!
Qo‘zievga hech nima demay, men ham ichkari hovliga kirdim. Agronom biroz taraddudlanib turgach, “pat-pat”ini o‘t oldirdi-yu, jo‘nab ketdi. Hoynahoy, u dalaga emas, bosh og‘rig‘ini bosish uchun, qishloq magazini qorovulxonasiga ravona bo‘lgan bo‘lsa, ajab emas.
Otamning po‘pisalari kor qilib, Qo‘zievlar xonadonida ancha vaqt tinchlik hukm surdi.
Agronom huda-behuda araq ichishni bas qildi. Sayyoraning yangasi ham xiyla insofga keldi. Lekin qizning xirgoyilari hamon mahzun, g‘amgin edi. Uning ko‘zlari ich-ichiga botib ketgan, otasi va onasining qabrlari qolib ketgan Zarafshon sohilidagi Zarqishloqni qo‘msab, yum-yum yig‘lardi:

Zarqishlog‘im – zar qishloq,
Olma-anor mo‘l qishloq.
Zarqishlog‘im – zo‘r qishloq,
O’zim senga zor, qishloq…

Qizcha ba’zi-ba’zida sho‘x qo‘shiqlarni ham aytib qolar, shunda onam bilan uning xonishlarini jon qulog‘imiz bilan tinglardik. Onamning diydalari namlanardi.
Bu orada yoz o‘tib ketib, kuz keldi. Sunbulaning salqin tonglarida bir muddat maktabga qatnaganimizdan so‘ng, paxtaga “safarbar” etildik.
Bir burda qotgan nonni bo‘z etakka o‘rab olgan Sayyora men bilan olis dalalarda paxta terardi. Tabiatan mehnatsevar, tirishqoq qiz hammamizdan ko‘p paxta terar, buning evaziga olgan bir-ikki so‘m pulni ham bir tiyin qoldirmay yangasiga eltib berardi. Bir gal havasi ketib, o‘zi va Baxtiyorjonga deb, magazindan yarim so‘mga teshikkulcha xarid qilgan ekan, yangasidan baloga qoldi. Xayriyat, Qo‘ziev uyda yo‘q edi va bu kichik mojaro onamning yordamlarida imi-jimida bartaraf etildi.
– Ko‘nglingizni keng qiling, kelin, – dedilar onam Qo‘zievning xotiniga. – Yetim bechora bittagina teshikkulcha yeb, qolganini Baxtiyorjoningizga olib kelibdi. Boz ustiga, o‘sha yarim so‘mni o‘zi ishlab topgan-ku!
Har qalay, o‘sha tunda janjal qayta alanga olmadi. Biz zolim yanga murosaga keldi, deb o‘yladik.
Sayyora hovlimizda yashay boshlaganidan buyon yangi kiyim kiyganini eslay olmayman. Qo‘ziev xotiniga har xil kiyimlar, taqinchoqlar olib berar, lekin singlisining mudom yamoq chit ko‘ylak, yirtiq kalish kiyib yurishi bilan sira ishi yo‘q edi. Boyaqish qizchaning boshiga tang‘igani ro‘moli ham yo‘q, onam unga rahmlari kelib, chit durrachalar tikib berardilar.
Teshikkulcha mojarosidan so‘ng, Sayyora olgan pullarini bir tiyin ham qoldirmay, yangasiga eltib beradigan bo‘ldi. Hiyla badnafs yangasi bo‘lsa, do‘kondan go‘sht xarid qilib, hamma dalaga ketgan mahalda tansiq taomlar pishirib yer, bu ovqatlardan sho‘ring qurg‘ur Sayyoraga bir qoshiq ham tegmasdi.
Kuzakning issiq choshgohlaridan birida Uchtut atalmish keng paykalda paxta terardik. Bir vaqt, kajavali yashil mototsiklda cho‘t qo‘ltiqlagan hisobchilar kelib qolib, besh kunlik paxta pulini tarqata boshlashdi.
Sayyora olti so‘m pul oldi, menga esa uch so‘m tegdi. Tushlikka qarab, dala shiyponi juda gavjumlashib qoldi. Bu yerga ko‘chma savdo do‘koni kelgan ekan. Hammamiz o‘sha yoqqa yugurdik. Lekin Sayyora bizga qo‘shilmadi. U bir chekkada mung‘ayib o‘tirganicha, qo‘lidagi bir so‘mliklarni qayta-qayta sanar va yana nimchasi cho‘ntagiga yashirib qo‘yardi.
Oxiri qizcha chidayolmadi, sekin yurib, ko‘chma do‘kon peshtaxtasiga yaqinlashdi.
U uzoq vaqt, aylantirib ko‘rib, tanlab qirmizi rang durracha xarid qildi. Sotuvchiga ikki so‘mu qirq tiyin to‘ladi. U pul sanar ekan, ko‘zlari olazarak, qo‘llari qaltirardi. Qiz bechora xaridining oqibatini o‘ylar, lekin chiroyli qirmizi durracha uning ixtiyorini tamoman olgandi.
Sayyora do‘kondan uzoqlashdi-yu, durrachani darhol peshonasiga dol tang‘ib, menga jilmaydi.
– Yaxshilab qara-chi, yarashibdimi?
– Ha, juda yarashibdi! – dedim uning ko‘nglini ko‘tarib.
Sayyoraning sepkilli yonoqlari yashnab ketdi. U, ehtimol, umrida birinchi marta yangi durracha bog‘lagan edi.
O’sha oqshom Qo‘zievlar xonadoni tomondan dam Baxtiyorjonning xarxashasi eshitilar, dam Sayyoraning shodon xirgoyisi quloqqa chalinardi:

Dugona, dugona, dey-o, attorga tegma dey-o,
Attorning noni qursin, o‘lchab beradi, dey-o…
Oqqina olma pishibdi, tagginasiga tushibdi,
Esizgina dugonam, Buxoroga tushibdi…

Yana onam ikkimiz qizchaning qo‘ng‘iroqdek tovushiga mahliyo bo‘lib tinglay boshladik.
Qishloq sunbula oqshomining barqutdek muloyim qo‘yniga g‘apq bo‘lgan, kuz ohanglari samoni to‘ldirgan edi.
… Tun yarmidan oqqanda darvoza tomonda “pat-pat” tovushi eshitildi, so‘ngra tashqi hovli supasida gandiraklagan Qo‘ziev ko‘rindi.
Oradan bir choynak choy qaynagunchalik vaqt o‘tgach, Sayyoraning ayanchli nolasi quloqqa chalindi.
Men hech nima gunoh qilganim yo‘q, akajon! Faqat, paxta pulimga bittagina durracha…
So‘ngra uning ovozini yangasining chinqiroq tovushi bosib ketdi.
– Hech nima qilmagan emish! Juvonmarg bo‘lgur, yetimcha! Siz buning ashulalariga quloq tutib ko‘ring! Men uyalib, yerga kirgim keladi! “Esizgina, dugonam, Buxoroga tushibdi” emish.
Bu kishi Buxoroga kelin bo‘lmoqchi, aftidan!.. Kelin bo‘lmay, qirchiningdan qiyilgur!..
Men Qo‘ziev yana Sayyorani do‘pposlasa kerak, deb yuragimni hovuchlab turardim.
Yo‘q, xayriyatki, Qo‘zievlar xonadonida to‘s-to‘polon bo‘lmadi. Aftidan, agronom qattiq mast, birovni do‘pposlashga madori yo‘q edi. Xotini ham Sayyorani qarg‘ay-qarg‘ay, jimib qoldi.
Shu tahlikali oqshomdan so‘ng Sayyora butunlay o‘zgarib ketdi. U hamon g‘ayrat bilan paxta terib, uy yumushlarini bajarishda qo‘li-qo‘liga tegmasa-da, endi sira qo‘shiq aytmay qo‘ygandi.
Kunlardan birining oqshom mahali, ko‘kda Oy ko‘ringanda paxtazordan qaytar ekanmiz, Sayyora menga shivirlagannamo so‘z qotdi.
– Jamoljon, sen Zarqishloqni ko‘rmagansan-a?
– Yo‘q, ko‘rmaganman. Nima edi?
– Hech nima. O’zim, shundoq so‘radim-da. Lekin Zarqishloq juda zo‘r qishloq. Bu yerdan yetmish chaqirim olisda. Zarafshon sohilida joylashgan. Hamma yoq olmazor, shaftolizor… U yerda tog‘alarim yashaydi… Otam va onamning qabrlari ham o‘sha yerda… – qizning ovozi titrar, bu titroq anduh, nadomatga to‘la edi. Tomog‘imga achchiq bir nima tiqilar, Sayyoraga nima deyishimni bilmasdim.
Endigina ko‘tarilayotgan Oyning xira nuri atrofini sal-pal yoritar, changi osmonga o‘rlayotgan qishloq yo‘li terimchiyu ko‘makchi, o‘quvchilar bilan to‘la, g‘ala-g‘ovur avjida, bizning mahzun suhbatimizga hech kim e’tibor bermasdi. Lekin men suhbatdoshimning yuragi alamdan tilka-pora bo‘layotganini sezib turardim. Sezib turardim-u, uni qanday yupatishni bilmasdim.
Sekin-asta, chang yutganimizcha qishloq tomon odimlar ekanmiz, Sayyora chuqur “uf” tortib, shunday dedi:
– Kun kelib, men agar Zarqishloqqa ketib qolsam, yangamning so‘zlariga ishonma. Yomon qiz emasligimni o‘zing bilasan-ku! Shunday emasmi?
– Shunday, – dedim o‘zimni zo‘rg‘a qo‘lga olib.
Qizning ovozi rozi-rizolik, mahkumlik ohanglari bilan to‘la, bu yuragimni yorib yuborgudek edi.

* * *

Sunbula oxirlayozgan salqin saharlarning birida qishloq bo‘ylab dahshatli xabar tarqadi. Akasining uyidan qochib, Zarqishloqqa bormoqchi bo‘lgan Sayyoraning pajmurda jasadini Zarafshon qishloq yaqinida sohilga chiqarib tashlabdi…
Men bu xabar dahshatidan dong qotdim, onam o‘ksib, ko‘z yoshi qildilar.
Qo‘zievlar xonadoniga hech kim yaqinlashmas, ular ham gung-soqovdek jim edilar.
Nima qilishni bilmasdim. “Yomon qiz emasligimni o‘zing bilasan-ku!” degan iltijolari quloqlarim ostida qayta-qayta aks sado berar, ko‘z yoshlarimni tiya olmasdim.

KO’ZIMNING OQU QORASI

Paxsa devorlar, teraklar ortidan kattakon gulobi qovunga monand Oy ko‘tarilmoqda. Uning mayin nurlari tun sukunatiga g‘arq bo‘lgan bog‘larga alla aytar, qishloq esa uxlashni istamagan bolakayga o‘xshab xarxasha qilar, hamon uyg‘oq edi.
Ulkan qari tut ostidagi so‘rida tun sukunatiga quloq tutib o‘tirgan Shahodat buvi dimog‘ida xirgoyi qiladi:

Shamol eshik ochadi, yorim bodom sochadi,
Sochma desam sochadi, kuladi-yu, qochadi…

Chorbog‘dan ertapishar o‘rik hidi keladi, daraxt uchlari javzo tunining issiq epkinidan tebranib, mevalar “to‘p-to‘p” etib yerga tushadi. Chopbog‘ adog‘idagi bostirma tomondan itning g‘ingshigani eshitiladi.
Shahodat buvi hushyor tortib o‘rnidan turdi. “Eh, esim qursin, bechora Bo‘ynoqqa hech nima bermabman-ku!”
Kampir oshxona chirog‘ini yoqib, kechki ovqat qoldiqlari va yana allanimalarni oldi-da, bostirma tomon ketdi. Bo‘ynoq uning qadam tovushlarini tanib, bo‘ynidagi zanjirni shildirlatganicha, irg‘ishlay boshladi.
– Bo‘ynoqjon, och qoldingmi? Axir, men ham borman, deb qo‘ymaysanmi, bundoq? Mayli, zarari yo‘q, sen ham menga o‘xshab qartayding-da. Vovullashga ham madoring yo‘qqa o‘xshaydi.
Shahodat buvi olib kelgan yemishni beminnat va sodiq qo‘riqchisining oldiga tashlab, uning boshini silab, erkaladi. It ham minnatdorchilik bildirganday, darhol egasining oyoqlarini yaladi. Ko‘ngli iyib ketgan kampirning ko‘zlari yoshlandi. “Eh, shu jonivor ham mehrni sezadi-ya…”
Bo‘ynoq ishtaha bilan suyak g‘ajishga tushgan, uni so‘zsiz kuzatib turgan egasining itga rahmi kelardi. “Men bu hovlining bir umrlik tutquni edim, endi sening ham bo‘yningga zanjir osildi. Nachora, bu dunyoi dundagi jamiyki jonzot tug‘iladi, ulg‘ayadi, qartayadi va nihoyat, o‘lim sharobini sipqoradi…

* * *

Shahodat buvi Yodgor ismli yolg‘iz o‘g‘lidan yodgori bo‘lgan nevarasi Saodat bilan qishloq chekkasidagi hayhotdek hovlida yashar, Bo‘ynoq ularning “xos soqchisi” edi.
Xos soqchi bir vaqtlar juda durkun va o‘ktam bo‘lib, daydi itlarni hovliga yaqinlashtirmasdi. Endi esa qartayib qoldi. Yosh itlar boyaqishni bir necha marta qonga belaguncha talagach, Shahodat buvi uni begona ko‘zlardan pana qildi.
Bir umr emin-erkin yurgan Bo‘ynoqning tutqunlikka ko‘nikishi juda qiyin bo‘ldi. Lekin jonivor ochiqda yuraversa, oqibati nima bo‘lishini tushundimi, harqalay, taqdirga tan berdi. Biroq baribir, egasini ko‘rdi deguncha mungli ko‘zlaridan yosh tirqirar, unga qarab kampir ham yig‘lab olardi. “Chida, Bo‘ynoqjon, chida! Mana, meni ko‘r, bir umr shu xonadonga bog‘langanman. Ipsiz, zanjirsiz. Hech qayoqqa ketolmayman. Hatto omonatini topshirishga ham jur’at yo‘q. Axir, mensiz nima qilasizlar? Ko‘zimning oqu qorasi Saodatginam qanday yashaydi? Bu yetimchaning g‘amini kim yeydi?!”
Saodatning ota-onasi dalada paxta terayotganlarida, samolyot ustlaridan dori sepib o‘tgach, bir kechada vafot etishgan. Eri urushda halok bo‘lgan Shahodat buvi taqdirning bu zarbasidan hamon o‘nglanolmasdi. Bo‘yi yetib, qishloq yigitlarining ko‘zini kuydirib yurgan qiz ham buvisini o‘ylab, erga tegolmasdi. Eshik turumini buzayotgan sovchilarning hammasi quruq qaytar va bu “qiz bolaning nozi”ga yo‘yilardi. Shahodat buvi nevarasining ko‘ngliga qarab sovchilarni quruq qaytarsa-da, ichidan zil ketar, chunki o‘zi rahmatli erini bir yil zor qaqshatgani, so‘ngra to‘ydan hafta o‘tib, u urushga ketgach, tunlari yostiq quchoqlab, qon yig‘laganini hamon unutolmasdi.
Zanjirband esa-da, bechora Bo‘ynoq o‘zining azaliy vazifasini sidqidil ado etar, hovlidagi ikki mushtiparni ko‘zining oqu qorasidek asrardi. Lekin jonivorning bir qusuri bor edi. O’sha, Saodat noz bilan kuydirib yurgan traktorchi yigit devor osha bog‘ adog‘iga kelganida sira akillamas, yuvosh tortib, chala kesilgan to‘mtoq dumini huda-behuda likillataverardi. Jonivor egasiga xiyonat qilayotganidan uyalar, biroq Saodatni fosh qilishni istamasdi.
Hozir ham Shahodat buviga yaltoqlik qilib, suyak g‘ajiyotgan Bo‘ynoq ikki yosh bog‘ adog‘idagi o‘rik tagida suhbatlashayotganini yaxshi bilar, ammo egasi ham bu sirdan voqif ekanidan xabarsiz edi.
Balandlayotgan Oyning harir nurlari chorbog‘ni munavvar etgan, u yer-bu yerda hurayotgan itlar tovushi tunning sukunat pardasini yirtgandek bo‘lar, endi qornini sal to‘yg‘azib olgan Bo‘ynoq ham erinibgina, xo‘jako‘rsinga akillab qo‘yardi. Uning vovullashida hamjinslarini quvvatlash, kechki ovqat uchun egasiga minnatdorlik va shuning barobarida, Sobirjonni cho‘chitib yuborishdan andak xavotir ham bor edi.
– Hay, mayli, Bo‘ynoqjon, endi men uxlayman. Kun bo‘yi ivirsib, charchadim.
Kampir haqiqatan ham juda charchagan, suyaklari qaqshab og‘rir, yotib orom olgisi kelardi. Lekin nevarasi yoniga kelib yotmaguncha ko‘ngli joyiga tusharmidi?..
Shahodat buvi uyi tomonga emas, bog‘ adog‘iga qarab ketdi. Bo‘ynoq uning ortidan norozi g‘ingshib, yer tirnab qoldi.
Kampir biroz yurgach, paxsa devor yoqalab o‘sgan yovvoyi atirgul panasida to‘xtadi. Devor oshgan atirgul qiyg‘os ochilib yotardi. Uning muattar ifori yetilib pishgan o‘rik hidiga qo‘shilib, dimoqni qitiqlar, Shahodat buvi buni sezmas, uning butun diqqat e’tibori o‘n-o‘n ikki qadam naridagi kattakon qari o‘rik soyasidagi ikki sharpada edi. G’o‘ng‘ip-g‘o‘ng‘ir suhbat quloqqa bemalol chalinardi. Boyaqishlar suhbatlariga birov quloq tutishi mumkinligini xayollariga ham keltirishmasdi. Axir, saksonni qoralagan kampir bu paytda charchab, uxlab qolgan bo‘lishi kerak edi-da.
Xullas, suhbat avjida, kampir esa og‘irlashib qolgan quloqlariga zo‘r berar, o‘zining o‘n sakkiz yoshini, urush arafasida bo‘lib o‘tgan kamtaringina to‘yini, chimildiqda kuyovning oyog‘ini qanday bosganini eslardi. Eslardi-yu, ko‘z yoshlari o‘z-o‘zidan quyilib kelar, nevarasini kelinlik libosida ko‘rishni istardi…
– Saodat, senda insof bormi, o‘zi? Axir, qachongacha meni qiynaysan? – yigitning tovushi juda nadomatli edi.
– Ho-o-o, bu kishini qaranglar… Kim sizni qiynabdi? O’zingiz gapga ko‘nmasangiz, men nima qilay?..
– Gapga ko‘nmaysiz emish. Sening gaping ko‘nadigan gap emas-da. O’zing o‘ylab ko‘r, qaysi yolg‘iz o‘g‘il ichkuyov bo‘lishga ko‘nadi? Ota-onamning yuziga qanday qarayman? Mahalla-ko‘y, qishloq nima deydi? Niyating meni sharmanda qilishmi?
– Ajab bo‘pti! Alam qilsin! Siz yolg‘iz o‘g‘il bo‘lsangiz, men ham yolg‘iz qizman, bildingizmi? Keksa buvimni kimga tashlab ketaman, buni o‘yladingizmi? Axir, u kishi qo‘ndoqdaligimdan tishlarida tishlab katta qildilar-ku!
Nevarasining so‘zlarini aniq-tiniq eshitayotgan Shahodat buvining ko‘z yoshlari shashqator edi. Bolaginasi uni shunchalar ayar, shunchalar yaxshi ko‘rar ekan.
Kampir yuragida tug‘yon urayotgan qarama-qarshi hislarni jilovlash uchun chappar urib ochilgan atirgulga nigohlarini qadadi. Ha, qizginaning yuragida ilk muhabbat ana shu yovvoyi guldek ochilgan, hozir xato qilib qo‘yishi ham mumkin. Keyin bir umr pushaymon qilib yuradi…
Shahodat buvi bekingan joyidan chiqib, “Hoy, bolam, men bilan ishing bo‘lmasin, amallab kunimni ko‘rarman, o‘z baxtingni o‘yla”, degisi keldi. Lekin o‘zini zo‘rg‘a tiydi. “Ayb bo‘ladi. Kuyov bola bu miyasi aynigan kampir gap o‘g‘irlar ekan-da, deb o‘ylamaydimi? Qaytaga bolajonimni uyatga qo‘yaman-ku”, o‘yladi u va yana suhbatga quloq tutdi. Sobirjon hamon zo‘r berib qaysar qizga gap uqtirmoqchi bo‘lardi.
– Tushunsang-chi, sen qiz bolasan, qiz bola esa birovning xasmi. Baribir bir kunmas, bir kun buvingni tashlab ketasan-ku!
– Yo‘q, hech qachon! Hech qachon buvijonimni tashlab ketmayman! Men u kishini shunchalar yaxshi ko‘ramanki, siz tasavvur ham etolmaysiz.
Shaddod qiz “hatto, sizdan ham ortiqroq yaxshi ko‘raman”, demoqchi edi-yu, aytolmadi, tilini tishladi. U Sobirjonni bokira muhabbati bilan sevardi. Sevardi-yu, ikki o‘t orasida qolgandi. Va o‘zining shubha-gumonlari, ikkilanishlarini noz pardasi bilan bekitar, yigitga rad javobini bermoqchi bo‘lib, yuragi qonlarga to‘lardi.
Uning so‘zlarini gul panasida tinglab o‘tirgan buvijoni hamon ko‘z yoshlarini tiyolmas, lablari “Rozi bo‘laqol, qizim, sen uchun taqdirning barcha sitamlariga chidayman”, deya pichirlardi,
Xo‘rozlar qichqira boshladi. Bo‘ynoq ham bostirma tomondan norozi uvillab qo‘yardi. U har tun buvi-nevara uyquga yotmagunlaricha shitir etgan tovushga quloq tutib, bezovta bo‘lardi. Har ikki mushtipar uyquga ketgach, u ham boshini oyoqlariga qo‘yib, mudrab o‘tirardi. Uyqu qayoqda deysiz? Bir-yarim zanjirni uzmoqchi bo‘lib to‘lg‘anar, egalari tinchini o‘ylab unchalik baland hurmasa-da, amallab tinchlik buzuvchini fikridan qaytarardi. Shu bois yaqin atrofdagi jonivorlar bu hovlini chetlab o‘tishga majbur bo‘lishardi.
Shu beorom tunda Bo‘ynoq sho‘rlik juda jonsarak bo‘ldi. Egalari hamon uxlagani yotishmadi, ustiga-ustak kampir gul panasida bekinib o‘tiribdi, Sobirjon bilan Saodat bo‘lsa, hech nimadan xabarsiz baralla bahslashishyapti. “Eh, odam shunchalik ehtiyotsiz bo‘ladimi?!” afsus chekardi Bo‘ynoq. U chorbog‘dagi sharpalarning hidini, har bir gap-so‘zini tuyib turardi.
Yoshlar hamon bahslashishar, lekin Saodatning ovozi endi xiyla muloyimlashgan, buni Shahodat buvi ham, Bo‘ynoq ham sezib turishardi.
– Mayli, ko‘pam obidiyda qilavermang. Buvim bilan bir gaplashib ko‘ray-chi, nima derkinlar…
Shahodat buvi ko‘z yoshlarini yengining uchi bilan arta-arta, sezdirmay gul panasini tark etdi. Uning so‘ri tomon o‘tganini ko‘rgan Bo‘ynoq biroz xotirjamlangan bo‘lsa-da, Saodat yigit bilan xayrlashmaguncha quloqlarini dikkaytirib turaverdi.
O’ringa cho‘zilgan Shahodat buvi nevarasining qaytishini kutib, osmonga
tikilganicha xayol surib yotardi. “Qodir Xudoyim! Bolaginamning ko‘ngliga ozgina shafqat solganing uchun behisob shukr! U Sobirjonga rad javobi berganida, nima qilardim? Xayriyat, qaysarginam yigitni ayadi…” – pichirladi buvining lablari.
Oradan ko‘p o‘tmay Saodat sekin yurib kelib, buvisining yonidagi o‘ringa kirdi. Bir muddat u yoq-bu yoqqa ag‘anagach, chidayolmadi, izillab yig‘laganicha o‘zini buvisining bag‘riga otdi.
– Buvijon, meni kechiring! Unga rozilik berganimni o‘zim ham bilmay qolibman!
Shahodat buvi xun bo‘lib yig‘layotgan nevarasining mayda o‘rilgan sochlarini, yosh yuvgan yuzlarini siladi, peshonasidan sekingina o‘pib, titroq tovush bilan uni yupatdi.
– Tentakkinam, nega yig‘laysan? Axir, bu baxt-ku! Men roziman, bolam…
Kampir bo‘g‘ziga tiqilib kelgan yoshlarini yutolmay, jimib qoldi. Javzoning shu qisqa tunida buvi-nevara allamahalgacha uxlayolmadilar…
Ertasiga sovchilar kelishdi. Darvozadan ichkariga qadam qo‘ygan har bir odamni ko‘rsa, jon-jahdi bilan akillaydigan Bo‘ynoq bu gal “miq” etmadi, cho‘ltoq dumini likillatib turaverdi.
Sovchilar uch marta kelib-ketishgach, oradan ko‘p o‘tmay to‘y bo‘ldi. Iroqi do‘ppi, oq shohi ko‘ylak kiygan Saodat biram go‘zal kelin bo‘ldiki, asti qo‘yaverasiz… Go‘shangada unga ro‘baro‘ bo‘lgan Sobirjonning esi og‘ib qolayozdi. Qiz qurmag‘ur buvisining o‘gitiga amal qilib, bir oyog‘ini sal ko‘tarib turgan ekan, go‘shangaga qadam qo‘yib, qizga mahliyo bo‘lib qolgan kuyovto‘raning oyog‘ini “g‘arch” etkazib bosdi. Bo‘ldi qiy-chuv, bo‘ldi kulgi. Sobirjon maqsadiga yetgan edi, shu bois kelindan unchalik xafa bo‘lmadi-yu, lekin nimanidir ko‘ngliga tugib, miyig‘ida kulib qo‘ydi.
Uning ko‘ngliga tukkani keyinroq ma’lum bo‘ldi. Sobirjon darvozalari oldida yoqilgan gulxan atrofidan kelinni dast ko‘tarib aylanar ekan, hech kimga bildirmay, uni chimchilab oldi.
– Voy, voy, nega bunday qilasiz, qurib ketgur! – tahdidli shivirladi qiz uning qulog‘iga.
– Senga bu ham kam! – dedi yigit, – o‘zing oyog‘imni boplab bosding-ku!

* * *

Shahodat buvining huvillab qolgan hovliga ko‘nikib ketishi xiyla qiyin bo‘ldi. Lekin hovli huvillab qolgan bo‘lsa-da, kampirning shuncha yillardan buyon o‘ksik ko‘ngli to‘lgan, tog‘ bo‘lgan edi.
U uzzu-kun hovlida kuymanib, o‘sha, o‘zi yaxshi ko‘radigan “Shamol eshik ochadi, yorim bodom sochadi…” qo‘shig‘ini xirgoyi qilar, Saodatning qayoqqa g‘oyib bo‘lganini hamon bilolmay bezovtalanayotgan Bo‘ynoqni qo‘lidan kelgancha yupatardi. “Mana, men binoyidek chidayapman-ku. Sen ham ko‘nikib ketasan, Bo‘ynoqjon…”
Jonivor egasining gaplarini tushunganday, boshini xam qilib, sukut saqlar, samoni to‘ldirgan xilma-xil hidlar orasida unga keragi, unga qadrdoni yo‘q edi…
…Kelin charlar kuni qo‘ni-qo‘shni, qarindosh-urug‘lar kelishdi. Shahodat buvi necha yillardan beri sandig‘ida asrab yurgan eng kamyob, eng tansiq narsalarni o‘rtaga qo‘ydi.
Nihoyat, kelin bo‘lib gul-gul ochilgan Saodat ostonada ko‘rindi.
“Oh-oh, sening shu nurli yuzlaringga, shu qopa sochlaringga jonim sadaqa!” – buvi nevarasini bag‘riga bosib, yig‘lab yubordi.
– Yig‘lamang, buvijon! Mana, men keldim-ku! – derdi o‘z baxtidan sarxush nevara ham ko‘z yoshlarini tiyolmay.
Ular bir-birlarini quchoqlaganlaricha obidiyda qilishar ekan, Bo‘ynoqning bo‘ladigani bo‘lgandi. Boyaqish Saodatning o‘zini ko‘rmayotgan bo‘lsa-da, uning kelganini darhol sezgandi. Jonivor o‘zini to‘rt tomonga urar, lekin egalarining xursandchiligiga raxna solmaslik uchun vovullashni ep ko‘rmasdi. Uzoq vaqt unga hech kim e’tibor bermadi.
Tun yarimlayozganda, Bo‘ynoq Saodatning nozik qadam tovushlarini tanib, shodlikdan dumini likillata boshladi. Kelinchak itning yoniga u-bu tashlab, o‘z odaticha shirin til bilan erkaladi:
– Ha, Bo‘ynoqjon, meni sog‘inib qoldingmi? Senga hech kim qaramadimi? Parvo qilma, mana, men borman-ku! – Saodat itning boshini silar, u esa yonidagi yegulikka qiyo ham boqmas, sariq atlas ko‘ylak kiygan, sochlarini mayda o‘rgan bekasiga mahliyo bo‘lib, ko‘zlaridan tirqirab yosh oqardi…
Kelin charlar allamahalda tugadi. Hovli sokinlari yana o‘zlari bilan o‘zlari qoldilar. Buvi yulduzli samoga tikilganicha duoga qo‘l ochdi: “Yo, Olloh! Ilohim Saodatginam baxtli-taxtli, uvali-juvali bo‘lsin, uning qatorida barcha mo‘min-musulmonlarga baxt ato qilgaysan! Ming shukrkim, endi Yodgorimning ruhi shod bo‘ladi…”
Tun Oysiz, xiyla qopong‘y edi. Lekin Shahodat buvining yuzlari allaqanday nurdan munavvar, shuncha yillardan beri baxt nimaligini bilmagan hovli masrur, shodumon ohanglarga g‘arq bo‘lib borardi…

09

(Tashriflar: umumiy 1 281, bugungi 1)

Izoh qoldiring