Go’zal Ro’zieva. Ko’ngil dardi

002Дераза олдида туриб ойимнинг гапини ўйлайман.Мен хоҳламасмидим унинг неварасини опичлаб юришини.Аммо,нима қилайки яримта юрагим билан бир инсоннинг бахтини ярим қилишим мумкин.Яримта юрак…Ким ўйлаб чиқарган экан шу гапни?Юрак ҳам яримта бўлиши мумкинми?Яримта юрак билан инсон яшай оладими? Бироқ…Мен яшаяпманку!

014
Гўзал Рўзиева
КЎНГИЛ ДАРДИ
90

021Гўзал Рўзиева 1986 йил 31 октябрда Бухоро вилояти Жондор туманининг Тобагар қишлоғида туғилган.1993-2004 йилларда Жондор туманидаги 22-ўрта умумтаълим мактабини, 2004-2008 йилларда Файзулла Хўжаев номидаги Бухоро давлат университети тарих факультетини тугатган.
«Ижодда илк устозим деб отамни айтсам бўлади, — деб ёзади шоира, — чунки,айнан отамнинг йўналтиришлари билан биринчи бор, ўшанда биринчи ёки иккинчи синфда ўқирдим,”Момақалдироқ” номли бир нарса ёзгандим.Бугун ўйлаб қарасам, ҳикояга ҳам ўхшаб кетадиган бу “нарса”да табиат ҳақидаги илк болалик тасаввурларим ўз инъикосини топган экан». 2004 йилда шоиранинг “Тонг сабоси” номли шеърлар тўплами нашрдан чиққан.

90

Қўлда дардинг бўлса-бўлсин,
Дилда дардинг бўлмасин…
(Ҳофиздан)

02иқ,тиқ,тиқ…Тарновдан томаётган ёмғир томчиларига қулоқ солиб ётаман.Томчининг овози бир текис,на тезлашади,на тўхтайди-худди менинг умримдек. Тиқ,тиқ,тиқ…Яна бир тонг отди,яна бир кун бошланди.Аммо,менинг ҳаётим ҳануз илгаригидек-худди ёмғир томчилаганидек сокин,худди ёмғир томчилаганидек зерикарли.Тўғри,бундан уч йил аввал,ҳаётим,юрагим турли ранглар билан тўла эди.Бироқ,ўша уч йил аввалги ёмғирли кун ҳаётимнинг ёрқин рангларини ҳам ювиб кетди.Кейин… Кейин эса ҳозиргидек диққинафас кунлар бошланди.

Тонг отди,туриш керак.Лекин,уйғонгим,зерикарли дунёнинг рутубатли гирдобига шўнғиб кетгим келмайди.Аммо,ётгим ҳам йўқ.Ўзи анчадан буён бахт ва қувонч,севги ва ўша инсон тарк этиб кетгандан бери уйқум ҳам йўқолган.Тун бўйи тўшакда уйқусиз кўзларимни мажбурлаб юмиб ётиш азобидан қочиб алламаҳалгача ёзувларимни,ишхонамдан олиб келган ишларимни қилиб ўтираман.Лекин,уларнинг ҳам адоғи бор.Уйқуга навбат келганда унинг ўзидан ҳали-ҳануз дарак бўлмайди.Тўшакда у ёқдан-бу ёққа ағанаб амаллаб тонг оттираман.Қуёшнинг деразадан ёғилаётган илк нурларининг хонам бўйлаб ёйилишини томоша қилиб ётгим,шу нурларга қўшилиб самоларга сочилиб кетгим келади.Бироқ,ҳеч қачон бундай бўлмайди.

Тонг отгани учун эмас,туриш керак бўлгани учун ўрнимдан қўзғоламан.Эгнимга халатимни иларканман,унинг тобора кенгайиб бораётганини,белбоғининг икки айланиб бемалол боғлаб қўйгулик бўлиб қолаётганини сезаман.Лоҳасланганча бориб кўзгунинг олдида ўтираман.Унда эндигина йигирма тўртга кирган бўлсада,яшашдан зериккан,ҳаёт қобиғидан чиқиб кетиш учун ҳаракат қилиб,бадтар ўралиб қолган сочлари тўзғиган қизни кўраман.Айрим тонгларда бу қизнинг кўзлари остида билинар-билинмас кўк доғлар пайдо бўлаётганини сезаман.

Оёғимни судраб хонамдан чиқаман.Узоқ ювинаман,кечаги кун,кечаги азобли хотираларни ҳам ювиб ташламоқчидек ҳафсала билан ювинаман.Артиниб ойнага қарараканман,кўзларим остидаги кўкиш доғ ҳам кетгандек туюлади,аммо,бундай эмаслигини,чиндан хоҳлаётганим учун ҳам кўзимга шундай кўринаётганини ўйлайман.Начора,ғам-ташвишлар,кўзнинг остидағи доғлару юракдаги чандиқларни сув билан ювиб бўлганда эди дунёда бахтсиз одам қолмасди,лекин яшашнинг,ҳаётга интилишнинг ҳам кераги бўлмасди,дея ўзимни чалғитаман.Ошхонага чиқиб нонушта тайёрлайман.Бирин-кетин дадам ва ойим овқатлангани чиқади.Жимгина нонушта қиламиз, худди гапириш учун умуман гап қолмагандек.Аҳён-аҳёнда дадам қўлидаги газетани варақлаб гап ташлаб қўяди.Бу гаплар асосан об-ҳаво,дунёда содир бўлаётган воқеалар ҳақида бўлади.Ойим ва мен жимгина тинглаймиз.Ойим ҳам мендан у-бу кундалик гаплар ҳақида сўрайди.Масалан ”Нигора дугонанг нима қилиб юрибди?”,”Бугун ишдан кейин бозорга тушиб фалон нарсани олиб кел” ва ёки “Фалон қиз фалон йигитга эрга тегибди,фалон йигит фалон қизга уйланибди” кабилар.Одатда тўй ҳақида гап борганда ойим шунчаки айтгандек қилиб кўрсатаётган,дадам эса ўқиётган газетасига шунчаки кўз ташлаб ўтирган бўлади.Мен эса улар ота-онам,мен фарзанд бўлганим учун ҳам шунчаки тинглаб ўтираман.Аслида хаёлларим олисда қолган хотираларимда бўлади.Улар шунчалик ширин ва ёқимлики,ойимнинг энди бундай юришни ташлашим кераклиги,мен тенгилар болали бўлганлиги ҳақидаги жон куйдириб айтган гаплари қулоғимга кирмайди.Тўғриси,бу гапларини шу қадар кўп эшитганманки,ойим қайси гапдан кейин қайсинисини айтишини тахминан биламан.У ўзи тенгилар аллақачон набирали бўлганини,уларга қараб бир дарди ўн бўлишини,мен биттаю-битталигим,кўзи очиқлигида бахтимни кўришни айтиб албатта кўзига ёш ҳам олади.Бахт… Менинг бахтим… Қаерда ўзи у? Ўзим кўрмаган бахтни ойим қандоқ ҳам кўроларди.Аввало бахтнинг кўриниши борми,суърати қанақа? Ўша пайтда ойимга шу саволларни бергим,юрагимни эзаётган хаёлларни шартта-шартта айтгим келади.Аммо,нима кераги бор?Шундоқ ҳам сочидаги оқ толалар мен ва яна менга боғлиқ ташвишлар туфайли кўпайиб бораётган онамни қийнаб нима қилдим.Шуларни ўйлаб ишга кечикаётганимни баҳона қиламанда,ўрнимдан тураман.Хонамга кирарканман,эшикни ёпгандан сўнг ҳам унинг товуши эшитилиб туради.

Дераза олдида туриб ойимнинг гапини ўйлайман.Мен хоҳламасмидим унинг неварасини опичлаб юришини.Аммо,нима қилайки яримта юрагим билан бир инсоннинг бахтини ярим қилишим мумкин.Яримта юрак…Ким ўйлаб чиқарган экан шу гапни?Юрак ҳам яримта бўлиши мумкинми?Яримта юрак билан инсон яшай оладими? Бироқ…Мен яшаяпманку!Адоғи йўқ тунлар,юракни эзувчи хотиралар,бири-биридан умидвор,аммо умидлари чил-чил синиб бораётган кунларимни яшамоқ деб аталган суратга жо қилиш мумкин бўлса,мен яшаяпман.Лекин,бундай яшашдан нима фойда?Бунча азобни кўргандан кўра ёрилиб қўя қолса бўлмайдими юрак деганлари?Уфф,чарчадим,кун бошиданоқ оғир юклар вужудимни зирқиратмоқда.Энди бутун кун мобайнида бу юкни кўтариб юришим,тун бўйи шарпадек хонамда кезишим керак.

Шу ўйлар билан жавондан кийим танлайман.Аслида мен учун уларнинг рангида ҳам,туриши-ю сифатида ҳам фарқ қолмаганига анча бўлган.Улар мен учун бор-йўғи кийим.Совуқдан,иссиқдан асраса кифоя.Қўлимга илганини кияманда кўчага отланаман.
Менга таниш кўча,нотаниш одамлар.Бу кўча менинг ҳаяжонлариму-туйғуларимга,йиғилариму-қайғуларимга шерик бўлган.Тўрттаси кўзимга танишу,кўнглимга нотаниш, қолган кўпчилиги кўнглим тугул кўзимга ҳам нотаниш одамлар эса ҳамон бир-бирига бефарқ ва бепарво ўз манзиллари томон кетишмоқда.

Мана мен ҳам ўша лоқайд одамлар оқимида сузиб ишхонамга етиб олдим.Зинадан кўтариларканман фаррош Альбина холага кўзим тушди.У бир кўйлак бўлиб ўзини у ёқдан-бу ёққа ташлаб келаркан,мени кўриб супургисини жаҳл билан ерга ташлади.
-Ай,яна шу состояниеда геляпсанми?Ай киз,сенга нима бўлган-а,худди дунянинг бор ташвиши сенга тушганга ўхшаб,букчайиб юрмасанг бунча?-У жавраб-жавраб ёнимга келгач,челагини ҳам “тақ” эттириб ерга қўйди.Саломимга алик олгач,яна аҳволимни сўрай кетди.
-Нега кўзларингни ости бундай,а? Бирор жойинг оғрийдими ёки?-У ўзбекча сўзларни ўз тилида бузиб,савол устига савол берарди.Бу аёлнинг нимасидир менга ёқар,койишлариними,самимий дардлашишиними соғинардим.Унга дардларимни ҳам,ҳазилларимни ҳам юрак ютиб айта олардим.Мана ҳозир ҳам бу саволлардан қутулиш учун ҳазил қилмоқчи бўлдим.

-Ҳеч эрга тегмаяпман,шунга шу кеча ҳам ухлай олмадим,-бу гап оғзимдан чиқар-чиқмас у туяқушнинг овозига ўхшаш товуши билан тиши йўқ оғзини очиб чунонам кулди-ки,йўлакнинг нариги тарафида турган қоровул чол билан боғбон йигит бизга қараб қолишди.Альбина опа юракдан кулар,кулган сайин эркакларникидек катта қорни селкиллаб,кийими устида лапангларди.У кулгусини амаллаб тўхтатиб,баркашдек кенг ва семиз қўли билан елкамга уриб қўйди.Унинг бу беозор қилиғидан ўзимни худди катта тўлқин келиб урилиб,бир тарафга қийшайган,сўнг яна ўзини ўнглаб олган кемага ўхшатдим.
-Ай сени қара,ай сени…-У шундай деркан кўзидан чиққан ёшни артди,-сен шу гапни айтяпсанми?!-У биз билан бир подьездда,биздан бир қават пастда турар,ойимнинг мен ҳақдаги “дийдиё”ларидан унинг хабари бор эди.

-Ҳа,мен — шундай дерканман,юрагимда яна эрталабгидек санчиқ пайдо бўлганини сезиб зинадан кўтарилдим.Тўртинчи қаватга чиқиб,залга ўтарканман,деворга илинган,бошдан-оёққача кўрсатувчи ойнага кўзим тушди.Шунчаки кўз қиримни ташламоқчи бўлиб,унга яқинлашдим.Қарадиму,ўзимнинг аксимдан қўрқиб кетдим.Тавба,одам ҳам шунчалик ўзгарарканда!Бу ориқ ва рангпар,кўзлари маъносиз боқаётган қиз мен эмасдим.Тўғри,бу кўзлар меникига ўхшар,лекин,ундаги ифода…Ундаги ифода қачонлардир қувноқ ва шаддод,бунинг устига ўжар бўлган қизники эмасди.Қачон бунчалик ориқлаб кетдим? Эссиз бир пайтлар…Унда бундай озғин эмасдим.Ўзимга қарар,сочимни юқорига қаратиб тараб юришни ёқтирардим.”Жингалак сочлигим” деб эркаларди у мени.Тирноғимни бўяшимдан тортиб,сочимни қандай турмаклаганимгача эътибор берарди у.Айниқса,узум баргли тўғноғичимни тақиб юришимни ёқтирар,ўшани тақмаган куним мен билан жанжалллашишгача борганди бир гал.

Ўша тўғноғични ҳам,у билан тушган суъратларни ҳам,борингки уни эслатувчи нимаики бўлса ҳаммасини йўқ қилдим.Аммо,ундан ёдгор юрагимни нима қилишни ўйлаб кўрмаган эканман ўшанда.Ўшанда билмаган эканман,юрагим ўз вужудимда бўлса ҳам,аллақачон унга тегишли бўлиб қолган экан.Ўшандан буён у кўксимнинг манови ерини сиққани-сиққан.”Қаеринг оғриса,жонинг ўша ерда бўлади” дейди ойим баъзида.Юрак оғрисачи,доимий сим-сим безовта қилсачи,нима қилиш керак?

Шу ўйлар билан билан хонамга кирдим,калитни иш столимнинг пастидаги қутига ташладим.Хонага кўз югуртирдим,кеча кетганимда қандай бўлса,ўшандай турибди,мени кутиб.Деразани очиб юбордим,кўксимга тонгги куз нафаси келиб урилди.Куз…У кузни яхши кўрарди.Даставвал бу ҳақда эшитганимда ҳайрон бўлганман.”Кузни ҳам ёқтирарканми?Жинни…” “Ўзинг жиннисан,наҳотки кўрмаётган бўлсанг унинг қанчалик гўзаллигини!Баҳор,қиш дейишади.Иккаласида ҳам нуқул оқ ва қора ранглар.Ёзда эса ҳамма ёқ яшил.Лекин куз…Қара хиёбонга…Хилма хил дарахтлар.Бири сариқ,бири қизил ,ҳали яшил барглилари ҳам бор.Ҳамма ёқ ранг-баранг.” Мен индамай қолгандим,чиндан ҳам табиат гўзал эди.Оёғимиз остида сариқ,қизғиш барглар қисирлаб,бизга шивирлагандек эди.Шундан сўнг дунёга унинг кўзлари билан қарайдиган бўлдим.Унинг кўзлари чиройли эдими,ёки унинг кўзлари билан боққаним учунгина дунё чиройли эдими,билолмагандим.Аммо,энди ўйлаб қарасам иккимиз бирга қараганимиз учун ҳам олам рангин экан.Мана энди ёлғизман,усиз бутун вужудим каби кўзларим ҳам ожизланиб қолдими,борлиқ хунук кўриниб қолди.

Нигора нега келмаяпти?Соат неча бўлди ўзи? О-о,энди саккизга яқинлашяпти,ҳозир келиб қолади.Яхшиям,у бор мени тушунади.Ўзи у билан шу ерга ишга келиб танишдик.Оддийгина,камсуқумгина қиз.Олийгоҳни тугатиб шу ерга келган экан.Мен ўзи унча-мунча билан чиқишиб кетолмайман,бироқ у билан биринчи кунданоқ эл бўлиб кетдим.Соҳамиз яқин,гарчи мен иккинчи мутахассисликка ўқиётган бўлсамда,касбимиз бир.Кўп ўтмай раҳбариятдан иккимиз учун алоҳида хона-мана шу хонани беришди.Эртаси куни эшикка мармар тахтача уриб,тилларанг ҳарфлар билан ёзиб қўйишди:”Ҳуқуқий маслаҳат бўлими.Жумаева Нигора.Омонова Замира” Иккимиз ҳам ўша куниёқ лаш-лушларимиз билан кўчиб келиб,қувона-қувона жойлашдик.Икки тарафга иккита стол ўрнатишди.Жавон,стуллар ва девордаги ҳуқуқий эркинликка чақирув қоғозлари,бор жиҳозларимиз шу.Менга ҳаммадан ҳам хонамиздаги ёқадигани бу-дераза.Чунки,у кенг хиёбонга,ундан кейин савлат тўкиб турган узун чўзилган бинолар мажмуаси-университетга қараган.У ерда менинг гул ёшлигимдан гулдаста қилиб тузилган давр-умримнинг энг жўшқин тўрт йили ўтган.Шу даргоҳда у билан танишдим,бирга ўқидик.Уни илк кўрганим ҳамон ёдимда,учинчи курснинг бошлари эди ўшанда.Барчамиз эндигина пахтадан қайтиб,ўқишга ҳали киришолмай юрган кезларимиз.Янглишмасам,душанба куни эди.Биринчи жуфтлик-домла Отахўжаевнинг дарси.Барчамиз катта аудиторияда домлани кутиб ўтирардик.Ҳамма ўзи билан ўзи овора,ким ёнидаги билан суҳбатлашиб ўтирган,ким қўшиқ айтган,хуллас доимо дарсга кечикиб келувчи домламиз бу гал ҳам дарсни анча ўтказиб юбораётганди.

Мен ҳам хаёл сурганча дафтар муқовасидаги табиат манзараси тасвирини томоша қилиб ўтирардим.Шу пайт эшик очилиб домла,унинг ортидан деканимиз Мухторов бир йигит билан бошлашиб кирди.Ҳамманинг нигоҳи ҳалиги йигитга қадалди.У буни сезиб ўнғайсизланди,менимча.
-Салом!Диққат талабалар…-Декан барчани янги ўқув йили билан ,пахта мавсумини яхши тугатиб олганимиз билан табриклаб сўз бошлади.Кейин ёнида турган йигитни бизга таништириб,шу йилдан биз билан ўқишини,СамДУ дан бу ерга ўтганини,яна шунга ўхшаш анча гапларни гапирди.Йигитнинг исми Азиз экан.-Мен ўйлайманки,янги курсдошларинг билан тезда яқин бўлиб кетасизлар!-Мухторов шу тариқа сўзини тантанавор руҳда якунлаб,аудиториядан чиқди.Бу орада Отахўжаев дарсни бошлашга тайёр бўлиб турар,силлиқ ойнали олифтанамо кўзойнагини кўзига тушириб,бизни тинчланишимизни кутарди.Аммо,энди биз дарсни бошлашга тайёр эмасдик.Ҳамманинг диққати ҳалиги йигитда,қизлар орасида ғалати шивир-шивирлар аллақачон бошланганди.Фақатгина мен у билан қизиқмас,хаёлимда тезроқ дарс тугаса-ю,уйга кетсам, дердим.Чунки бугун ойимни туғилган куни,уйда қиладиган юмушларим бир талай эди. Аслидаку,бугун дарсга келмоқчимасдим,лекин ойимнинг ўзи қўярда-қўймай ўқишга юборганди.Шунинг учун ҳозир тезроқ дарс тугашига бўлган хоҳишдан бошқаси хаёлимда йўқ эди.Ниҳоят дарс тугаб,курс раҳбаримдан жавоб олиб,уйга шошилдим.Мана шаҳарга кўчиб келганимизга ҳам деярли олти йилча бўлиб қолди.Ўқишга кирган йилим бир ойча шаҳарда ижарада туриб ўқишга қатнадим.Ёлғиз фарзанд бўлганимдан мени еру-кўкка ишонмайдиган ота-онам шу бир ой ичида қишлоқдаги уйимизни сотиб,бу ердан уй олишди,ишларини ҳам шаҳарга ўтказишди.Дадам кўпинча мени “омадим” деб эркаларди.Чунки,бу ерга келганимиздан сўнг унинг ишлари юришиб кетди.Дастлаб олган икки хонали уйимизни уч хоналига алмаштирдик.Бироздан кейин дадамнинг савдодаги иши ўнгидан келиб,машина ҳам олдик.Буларнинг ҳаммасини улар менинг олийгоҳга кирганимдан деб билар,уларнинг ҳаётида энг муҳими мен ва менинг ўқишим эди.

Уйга келсам кичик холам аллақачон қишлоқдан келган,белига фартук тутиб ишни бошлаб юборган экан. У билан кўришиб бўлгач,юмушларга шўнғиб кетдим.Кеча уйни роса супуриб-сидирганим учун,шунчаки чангларни олдим.Кейин холам иккимиз пишир-туширга уннай кетдик.Ойим оиладаги уч опа-сингилнинг тўнғичи.Ўртанча холам қайнонаси баджаҳл ва урушқоқ бўлгани учун кечки зиёфатга етиб келишининг ўзи ҳам катта гап.Кенжа холам икки ёш боласи бўлишига қарамай,иложини топса,бир кун олдин етиб келиб,ҳамма ишнинг бошида турарди.Поччам ҳам,унинг онаси ҳам шўх-шаддод холамнинг райига қарши боришмайди.Мана ҳозир ҳам жиянларим узоқ йўлдан чарчаб келишибдими,нариги хонада ширингина ухлаб ётишарди.Бири холамга,бири поччамга қуйиб қўйгандек ўхшайдиган жиянларим бирам шўх ва тўполончи эдиларки,мана ҳозир ухлаганларида ҳам,тинч ётишмас,ҳали у ёққа,ҳали бу ёққа ағдарилишар,ора-сирада бир нима деб ғудраниб ёки бақириб қўйишарди.Иккаласини ҳам пайтдан фойдаланиб,тўйиб-тўйиб ўпдимда,улар ётган хонани ҳам тартибга солдим.

Ишларни бирин-кетин камайтириб,қозоннинг тагига олов ёққанимизда тушдан ўтган,аста-секин эшик қўнғироғи жиринглай бошлаганди.Энг аввал катта тоғам ва кеннойим,бобом ва бувим билан келишди.Бобом жуда кўнгилчан,бунинг устига ёши ошгани учунми,дарров кўзига ёш оларди.Ҳозир ҳам мени бағрига босиб кўришаркан,кўзи ёшга тўлди,чунки қишлоққа бормаганимга анча бўлиб қолганди.У ердалигимизда уйимиз яқин бўлгани учун кўп вақтим бобомнинг уйида ўтар,кунда ҳеч бўлмаганда бир маҳал бориб бўлса ҳам кўриб келар,хуллас доим кўз олдида эдим.Бундан ташқари олийгоҳга ўқишга кирганимда ҳаммадан кўп қувонган бобом эди.Ҳозир ҳам у энг аввал ўқишларимни уриштирди. Сўнг елкамга қоқиб-қоқиб, уйга кирди.

Улардан кейин ўртанча холам,салдан сўнг кичик амаким ва кеннойим,улар эшикдан кириб салом-алик қилиб бўлмай,катта аммам,бирин-кетин ойимнинг маориф бўлимидаги ҳамкасблари,қўшнилар кела бошлади.Яхшиям ҳар уччала уйга дастурхон тузаган эканмиз,бирига қариндошлар,бирига ойимнинг ҳамкасблари,бирига қўшнилар жойлашишди.Мен гоҳ у уйдан ошхонага,гоҳ ошхонадан бошқа уйга чопардим.Кичик холам ва кеннойим менга бирдек қарашишар,ёлғизлигимни билдирмасликка ҳаракат қилишарди.Кеннойим биз қишлоқда сўнгги йиллар яшаётганимизда келин бўлиб тушганди.Мен бувамларникига кўп борганимдан у билан дугонадек эдим.У менга ким гап отаётгани,йигитим бор-йўқлиги билан қизиқарди.Мен атай бир гапга ўн қўшиб гапирар,кеннойим гапларим ёлғонлигини сезса,чимчилаб оларди.

Шу тариқа меҳмонлар тарқаб,тунаб қолган қариндошларга тўшак солиб,ётишдан аввал ювиниш учун ваннахонага кирганимда соат бирдан ошиб қолганди.Бу орада куни бўйи югур-югурлардан гангиган уйимиз жимиб қолган,хоналар чироғи бир-бир ўчаётганди.Ўзим ҳам шунчалик чарчагандимки,беҳафсала ювиниб,шоша-пиша уйқуга ётдим.
Соат эрталабки еттиларга яқин уч кишилик “каттагина” оиламиз аъзоларидан ташқари кичик холам,бувим,жиянларим дастурхон атрофини тўлдириб туришарди.Кўпчилик билан нонушта қилиш қандай яхши! Гангир-гунгир суҳбат,кечаги кун хотираларини эслаб овқатландик.Сўнг ўқишга отландим.

Ўзи икки жуфтлик дарс бор эди,кун яхши ўтди.Ҳар иккала маърузачи ўқитувчимиз ҳам ўз фанини яхши кўриши шундоқ кўриниб турарди.Мавзуни бизга атрофлича,шу билан бирга қизиқарли қилиб тушунтиришга ҳаракат қиларди.Шу тариқа бугунги ўқиш кунимни тугатиб,олийгоҳ биносидан чиққанимда ҳали соат тушги ўн иккига ҳам яқинлашмаганди.Уйимиз унча узоқ эмас,пиёда борганимда ҳам тушлик вақтигача бемалол уйда бўлардим.Йўлнинг нариги бетига ўтиб яёв кетарканман,кимдир ортимдан чақиргандек бўлди.Менга шундай туюлгандир деб ўйлаб йўлимда давом этдим.Аммо,бироздан сўнг кимдир “Ҳей,жингалак соч қиз” деди.Бу шубҳасиз мен эдим, лекин,ҳайрон бўлдим,чунки ҳеч ким мени шу пайтгача бундай сифат билан чақирмаганди.Юзимдаги шу ифода билан ортимга ўгирилиб қарадим.Янги курсдошимиз,исми нима эди-я?Азиз эдими,ишқилиб ўша ҳаллослаб юриб келар,афтидан мени ўқув биносидан чиққандан бери чақириб келган шекилли,қараганимда хурсанд бўлгани шундоққина кўриниб турарди.

-Уҳҳ,мени ёмон югуртирдингиз-ку!-У шундай деркан,қалин қошлари остидан қизларникига ўхшаш ювош ва буғубор қараш билан менга кулиб турарди.-Бошингизда нима ташвишингиз бор ўзи?Бинодан чиққанимдан бери шуки қувиб етаман дейман,қани етолсам. Аксига олиб, исмингизни ҳам билмайман.”Ҳей” дедим,”ҳой қиз ” деб чақирдим,қарамадингиз.Охири сочингизни қўшиб чақирдим!-У шундай деркан жилмайиб сочимга қараб қўйди.-Йўлимиз бир экан,бирга кетайлик демоқчийдим.
Мен индамай қадам ташладим.У ёнма-ён келаркан,кеча эрталаб келаётганимда,кейин дарсда ҳам кўрганини айтди.Сўнг исмимни сўради.Ўзининг исмини,Самарқанддан оиласи билан бу ёққа кўчиб келишгани учун ўқишини кўчирганини,Бухоро унда яхши таасурот қолдирганини сўзлади.Умуман олганда у яхши суҳбатдош эди.

Ҳар кун уйга кетиш учун кетадиган ўн беш дақиқалик вақтни беш дақиқада босиб ўтгандек бўлдим.Мана ниҳоят уйимиз олдига ҳам келдик.
-Илтимос,эртага шу ерга чиқиб туринг,бирга кетайлик,-у шундай дея самимий қараб турарди.-Барибир,яёв ўзингиз ҳам кетасиз-ку!Мени йўлим ҳам шу тарафда.Йўлга чиққанингизда бир ҳамроҳингиз бўлса йўлингиз тез унади.
Мен ҳеч нима демадим.У бу сукутимни розиликка йўйиб,мен билан хайрлашди.Мен унга нисбатан ўзимда анча-мунча ижобий фикрлар билан уйга кирдим.Аввало,у самимий эди,кўзлари ҳам қиз болага бақрайиб қарайдиган айрим йигитларнинг кўзига ўхшамасди.У ҳақдаги биринчи таассуротим мана шунақа бўлган.Ҳозир ўша кунни эсларканман,беихтиёр лабларимга табассум инди.”Биринчи таассурот алдамчи бўлади” дейишади.Аммо,у ҳақдаги биринчи фикрим рост эканлигини вақт кўп бор исботлади.

Эртаси куни ўқишга ҳар маҳалгидан олдинроқ чиқдим.Қиз болалик ғурурим ва қайсар феълим кимнингдир йўриғига юришга йўл қўймади.Чиқа солиб,йўл яқин бўлишига қарамай йўналишдаги микроавтобусга ўтирдим.Ҳозир эслаяпман,ўша куни ўқишга биринчи маротаба ҳаммадан олдин борган эканман.Чунки,факультетга чиқиб,аудиторияга борганимда эшик ҳали қулф эди.Йигирма дақиқалардан сўнг навбатчи курсдошим келиб эшикни очди.Яна ярим соатлардан сўнг дарс бошланди,аммо,ундан дарак йўқ эди.Домла кириб,эндигина йўқлама ола бошлаганди… У кирди.Кирди-ю,ҳаммадан аввал менга қаради.Бу пайтгача тиканни устида ўтиргандек ҳолатда бўлсамда,худди ҳеч нарса бўлмагандек унга қараб қўйдим.Унинг кира солиб биринчи бўлиб менга қараганини айрим сезгир нигоҳлар пайқаган экан,буни мен кейинчалик билдим.

У домладан киришга рухсат олгач,индамай охирги қатордаги бўш партага бориб ўтирди.Танаффусда ҳам,ундан кейинги соатлар оралиғида ҳам у ёнимга келмади.Мен эса ич-этимни ер,унинг келиб лоақал нимага уни кутмаганимни сўрашини кутиб,ўзимча баҳона тўқиб ўтирардим.У эса келмади,худди унга бегонадек,мен билан умуман иши бўлади.Охирги жуфтликнинг сўнгига бориб юрагим шундай диққинафас бўлган эдики,ҳеч ким йўқ жойга бориб,бақириб йиғлагим келарди.Шу тариқа хаёлим паришонлигича ўқиш кунимни якунладим.
Дарс тугаб қизлар билан ҳовлига чиққанимизда курсдош йигитлар ҳам ҳовлида туришар,ниманидир муҳокама қилишарди.У баланд бўйи,кенг елкаси билан ҳаммадан ажралиб турар,ёки менга шундай туюлдими,ишқилиб энг аввал унга нигоҳим тушди.У йигитлар орасида турса ҳам,суҳбатга аҳён-аҳёнда қўшилиб турган бўлсада, менга хаёли умуман бошқа ўйлар билан банддай туюлди.Кейин ҳаммамиз бир-бир хайрлашиб тарқалишдик.Яёв кетарканман,ўқтин-ўқтин орқамга қайрилиб қарар,уни қидирардим.Менда шу кун эрталабдан бошлаб қандайдир ўзгариш пайдо бўлганди.Мен буни виждон азоби деб ўйлардим,аммо бу туйғу биргина виждоннинг ўзи эмас,унда яна алланимадир бор эди.Кейинчалик ўйлаб қарасам,ачинишгами,уялишгами ўхшаб кетадиган бу туйғу менда унга нисбатан меҳр уйғотган бўлса керак.Чунки,орадан йиллар ўтса ҳам унинг ўша кунги ҳолати,эшикдан кирибоқ менга ташлаган нигоҳи бир умр хотирамда қолганди.

Хуллас,ўша кун уйга ёлғиз қайтдим.Ҳеч ким ортимдан “ҳей” ҳам,“ҳой” ҳам демади,”жингалак соч қиз” деб ҳам чақирмади.Уйга боргач овқат қиламан деб бармоғимни кесиб олиб ,роса йиғладим.
Эртаси куни кечагидан кейинроқ,барибир доимгидан олдинроқ уйдан чиқдим.Ўша куни эрталаб дарсга кетишга бошқача тайёрланганим эсимда.Барвақт турганим,яхши нонушта қилганим,эшикдан чиқишдан олдин даҳлиздаги кўзгудан ўзимни узоқ томоша қилганим…Ҳаммаси бир-бир кинотасма каби хаёлимдан ўтяпти.

Уйдан чиқиб,муюлишга қайтдим ва…тўхтаб қолдим-У турарди.Аввалига мени кўрмади,чунки орқасини ўгириб турарди.Кейин қадам товушимни эшитиб ўгирилди.У худди ҳеч нарса бўлмагандек,мен уни куттирмаган-у,у биринчи дарсга кеч қолмагандек,ҳаммаси кўнгилдагидек кетаётгандек мени яна самимий кулганча қаршилади.”Инсонларнинг энг кўрками кулганда чиройи очилиб кетадиганидир” дерди бувим.Гарчи,ҳозир кулиш учун бирор сабаб кўрмаётган бўлсам ҳам у мени кулиб кутиб олди.Кейин… ўқишга йўл олдик.
Менинг қулоғим динг,кечаги қилмишим ҳақила сўраса,тўқиб қўйган баҳонамни айтишга шай бўлиб борардим.Аммо,у бу ҳақда,умуман кечаги кун ҳақида сўрамади.Аксинча,домлалар,талабаларни суриштирди.

Бизнинг ҳовлига бирга кирганимиз,факультетга ёнма-ён кўтарилганимиз,албатта кўпчиликнинг назаридан четда қолмади.Мен буни айрим танишларимниг башараларидан кўриб турардим.Улар аслида биз ҳақимизда гапириб келишарди-ю,лекин ўзларини умуман бошқа нарса ҳақида гапираётгандек тутишарди.Қўллари,юзларида ўзлари пайдо қилган ифода билан бизни эмас аслида ўзларини шунга ишонтирмоқчи бўлишарди.Биз билан тўқнашишса, лаҳзага ғийбатларига нуқта қўйишар,яқин кишилардек сўрашишар,бир қадам узоқлашмасимизданоқ “Вой ановиларни…” деганча гапларини қолган жойидан давом эттиришарди.

Шундай қилиб аудиторияга кирдик,дарс бошланди,дарс тугади.Уйга қайтдик.У мени уйимиз муюлишигача кузатиб,кейин ўз йўлидан кетди.
Биз шу тариқа ҳар куни бирга қатнар,бир йўлдан бирга бориб,бирга қайтардик.Аста-секин бизниг суҳбат мавзуимиз кенгайди,баҳслашадиган бўлдик.Биз ҳамма нарса:одамлар,фасллар,табиат,нарх-наво умуман гапирса бўладиган нимаики мавзу бўлса гаплашардик,тортишардик.Мен ўжарлик қилиб,гапимни ўтказишга уринар,у менинг боларча қилиқларимнинг барчасини ҳазм қилар,аразим чўзилаверса айби бўлмаса ҳам кечирим сўрарди. Лекин, шу ерда бир ҳақиқатни тан олишим керак,у жуда чуқур фикрларди.Дунёқараши кенг ва теран,фикрларини ифодалаши эса силлиқ ва равон эди.Гоҳида шундай бўлардики,унинг ақлий ва бадиий мукаммаллиги меникидан бир неча марта юқори эканлигини тан олишга мажбур бўлардим.Албатта,буни очиқ айтмас,шунчаки ўз кўнглимдан ўтказардим.

Вақт ўтиши билан бизнинг бирга қатнашимиз учун кетадиган фурсат жуда кам эканлигини сеза бошладик.Энди узоқ,айланма йўллардан қайтардик,биз учун ҳарна кўпроқ бирга бўлганимиз эди.Бора-бора дарсдан чиқиб бирга кутубхонагами,киногами,хиёбонгами борадиган бўлдик.Ҳаётим ва тақдиримдан мингдан-минг рози эдим.

Бир куни…Ўшанда қиш эди.Имтиҳонлар бошланиш арафаси.Дарсдан чиқдик.Мен тезроқ уйга бормоқчийдим,чунки жуда совқотгандим.Ўзи азалдан иссиқхўрман,салгина салқин тушса ҳам,қалин кийиниб олардим.Азиз йигитлар орасида кўринмади.Ҳаммадан четда,университет дарвозаси олдида уни кута бошладим.Дугоналарим ёнимдан ўтиб кетишаркан,”Ширин Фарҳодини кутяпти” дея гап отиб кетишарди.Гарчи,Азиз менга севги изҳор қилмаган бўлса-да,аниқроғи орамизда пайдо бўлган туйғуга ҳали иккаламиз ҳам расмий ном қўймаган бўлсакда,бизни ҳамма “севишганлар” дерди.Мен аввал бу гапларга тиш-тирноғим билан қаршилик қилдим,аммо кейинчалик индамай қўя қолдим.Азиз эса жимгина кулиб қўярди.

Ҳаво булутли,қор ҳавоси.Изғирин шамол эсар,унинг совуқ еллари юзимни чимчиларди.Университет ҳовлисидаги арчаларгина совуққа қарамай мағрур бўй чўзиб туришарди.Мен ярим соатлардан ортиқроқ кутдимми,ё бир соат бўлдими билмайман,қўлларим музлай бошлади.Бу орада бешинчи жуфтлик дарси ҳам охирлаб қолган,бизнинг дарсимиз тугаганига анча бўлганди.Мен билан машғулотдан чиққан курсдошларим аллақачон уйларига бориб,иссиққина чой ичиб,телевизор кўриб ўтирганлари аниқ эди.Азиздан хавотир ола бошладим.У ҳеч қачон мени бунча куттирмаганди,юрагим сиқила бошлади.Нима қилишимни билмай тургандим,бир йигит ёнимга келиб гап қотди:
-Мени Азиз ака юбордилар,аудиторияларингизда бош кийимлари қолган экан,олиб уйингизга бораркансиз.Эртага оларканлар-у шундай деди-ю,оғиз жуфтлаб бир нима дегунимча бўлмай,музлаган ерда яхмалак отиб жўнаб қолди.Жаҳлим чиқиб кетди,уни бир соатдан ортиқ кутсам-у,унинг қаерга кетгани ноъмалум бўлса,яна синфда қолдирган телпагини олишни буюриб элчи жўнатса!Эй худо,оёқларим музлаб қолмаган бўлсинда ишқилиб.Яхшиям,жиғибийрон бўлиб,ер депсиниб турган эканман,оёқларим қотмабди.

Музлаган ерда йиқилиб тушишдан қўрқиб,аста-аста қадам босганча зина тарафга юрдим.Бу пайтда ҳавонинг шашти кучайган,бу совуқдан кейин қор ёғиши аниқ эди.Осмон қоп-қора булут билан қопланган,қишнинг эркатой қушлари-қарғалар “қағ-қағ”лаганча ҳовли атрофидаги темир тўсиққа келиб қўнишарди.Юрагимга қандайдир ноъмалум ваҳима чўкди.Тезроқ юришга ҳаракат қилдим,яхлаб қолган зиналардан минг азоб билан кўтарилиб,ойнабанд эшикдан бинога кирдим.Қандай маза!Ичкари иссиққина эди,танам яйраб кетгандай бўлди.Илиқ ҳавода жонланиб,шоша-пиша пиллапоядан ўзимизнинг факультетга кўтарилдим.Бешинчи жуфтлик дарс бўлгани учун ҳам факультетда ҳали одам шарпаси сезиларди.Ўнг қўлдаги залдан ўзимизнинг хонамиз тарафга юрдим.Тавба,чироқни ёқиб қўйиб кетишибдими?Бугун навбатчи қўйилмаган шекилли.Шу хаёл билан эшикни очдим,ичкарига кирдим.Кирдим-у,ҳайратдан қотиб қолдим,синф хонамизни таниб бўлмасди.Ҳамма ёқ гуллар,минг хил ёғду таратиб порлаётган шамлар билан тўла эди.Стол-стуллар четга чиқарилган, деразаларга занжирсимон чироқчалар осилган,улар хонага ажиб бир сокинлик бағишлаб турарди.

Мен ҳали ҳам эшик олдида қаққайганча турар,кўрганларим тушимми-ўнгимми ажратолмаётгандим.Шу пайт синф бурчагидаги ортиқча буюмлар қўйиладиган хоначанинг эшиги очилиб аллаким кўринди… У Азиз эди.Уни кўргандаги ҳайратим барчасидан ошиб тушди,у жуда башанг кийинганди.Юзида менга ёқадиган самимий табассуми билан ёнимга келди-да, қўлимдан тутиб, ўзига тортди.Енгил ҳаракат билан пальтомнинг тугмаларини,кейин бўйнимга ўралган шарфни ечиб олди.Менинг ақлим,шуурим ўзимда эмас,у нимагаки ундаётган бўлса,мен жим бажараётгандим.Сўнг пальтомни суғуриб олди, мен эса карахтланганча унга бўйсуниб қўлимни тутдим,кийимимни ечишига ёрдамлашдим.

Сўнг у бир сонияга қаергадир ғойиб бўлди. Йўқ ғойиб бўлмаган экан,шунчаки столда турган ва мен пайқамаган магнитофонни қўйган экан.Кейин яна ўша енгил ҳаракат билан ёнимга келди,қўлимдан тутиб бағрига тортди,сўнг аста йўрғалаб кетдик.Шундан кейингина у қўшиқ қўйганини,биз эса иккимиз ёлғиз,куйнинг оҳангига қўшилиб оқаётганимизни тушуниб етдим.

Бу куй менга таниш оҳанглар ичида ажралиб турар,унинг майин садосида биз бир жисм бўлиб тебранардик.Эндигина онгим ўзига қайта бошлаган,нима бўлаётганини энди англаётгандим.Биз бир тан,бир юрак бўлиб рақс тушардик.Бошимни унинг кўксига қўйдим,қулоғим остида юраги шундоққина уриб турар,унинг дукиллаши қалбимнинг овози билан қўшилиб кетгандек эди.Мен туйғулар ҳавосидан сармаст эдим.Ҳозир шундоққина,шу ҳолатимда унинг кўксига бош қўйганча,қалбининг ҳароратини ҳис этиб ўлишга ҳам рози эдим.Унинг қўллари кучли,юзимга урилиб турган нафаси эса қайноқ эди.”Ҳозир эриб оқиб кетаман”,хаёлимдан шу фикр кечди.Бошимни кўтариб,унга қарадим.Унинг кўзларида мен шу пайтгача оз-оз учқун кўрган ифода гулхан бўлиб ёнарди.Бу кўзларнинг сеҳри шу қадар кучли эдики,қараб туришга ортиқ мажолим етмай бошимни елкасига қўйдим.Кўзларимдан қайноқ томчилар қуйилар, илк бора бахтдан сармаст бўлиб, йиғлаётгандим.

Куй тугагунча шу кўйи турдик.Менга қолса у тугамаса,яна,яна давом этса дердим.Аммо,мени бир лаҳза бўлсада юлдузлар,булутлар ёнига олиб чиққан куй тугади.У тугади-ю,қулоғим остида Азизнинг қайноқ нафаси билан чиқаётган эҳтиросли овозда шивирлади:
-Сени севаман!Илтимос,муҳаббатимни қабул қил!-Агар ҳозир унинг бағрида иссиқ қўллари орасида бўлмаганимда,ҳушимдан кетиб йиқилишим аниқ эди.Чунки,унинг бу сўзларини эшитган заҳотим бошим гир-гир айланаётганини сездим.Бир нима дейишим,ҳеч бўлмаса тасдиқ ишорасини қилишим керак эди. Бироқ, менинг кучим йўқ эди ортиқ.Бошимни зўр-базўр қимирлатдим-да уни қучиб олдим,мен йиқилиб тушишдан,ҳушимдан кетишдан қўрқардим.У эса мени маҳкам бағрига босди.Бутун танамда қон гупуриб ураётганини,унинг кучли қўллари эса мени тобора чирмаб бораётганини ҳис этардим. Биз шу алфозда анча турдик.Кейин аста қўлимни тушириб,ундан узоқлашдим.У хоҳлаб-хоҳламай қўлларини бўшатди.Паьтомни стол устидан олиб,қўлимда маҳкам тутганча залга отилдим.Авал зинадан биринчи қаватга,кейин ташқарига чиқиб,муз қоплаган пиллапоядан сирпаниб-сирпаниб ҳовлига тушдим.Шундагина ташқарида эканимни,атрофга қоронғулик чўка бошлаганини пайқадим.Пальтомни шоша-пиша кийдим-у тугмаларини сола-сола югуриб кетдим.Чопарканман юрагим тобора шиддат билан ураётганини,агар тўхтамасам ўлиб қолишим мумкинлигини ўйлардим.Бу пайтда темир панжарага яқинлашиб қолгандим.Унга етдим-у,ёпишиб олдим,юзимни совуқ темирга босдим.Юзим,лабларим ўт бўлиб ёнар,темирнинг муздеклигини сал-палгина сезардим.Шу ҳолатда бироз туриб,чуқур-чуқур нафас олдим.Анча ўзимга келганимни ҳис қилгач,пальтомнинг ёқаларини кўтариб қўйиб,юриб кетдим.

Бутун атрофга тун ўз пардасини ёя бошлаган,кўп қаватли уйларнинг чироқлари бирин-кетин порларди.Кенг кўча,ўтиб-қайтаётган машиналар,одамлар,уйлар,чироқлар-ўзга олам,мен-ўзга олам эдим.Югургим,ирғишлаб сакрагим,хуллас хаёлимга нима келса ўшани қилгим келарди.Югуриб кетдим,кўчамизниг бошигача чопиб бордим.Юрагим тез-тез ура бошлади,ўзим ҳам исиб кетдим.Бир оз нафас ростлаб олгач,ҳеч нима бўлмагандай уйга кирдим.Аммо,ўзимни бундай тутиш осон эмасди.Юзимга ҳар кунги уйга қайтгандаги хотиржамлик,бироз чарчоқ ва толиқиш ифодаси билан уйга кирдим.

Ошхонадан таралаётган овқатнинг ҳиди бирам ёқимли,қорним бирам очган эдики,ҳозир қозон-позони билан еб қўйгудек эдим.Кийимларимни даҳлиздаги кийимилгичга илдим-да, у ерга кирдим.Ойим қозон бошида куймаланар,капгирни чаққон айлантирганча ширгуручни шопирарди.
-Ассалом-алайкум,ойижон!-Шундай дея ойимни қучоқлаб олдим.Билмайман,негадир ҳозир ҳаммага яхши гапиргим,яхшилик қилгим келарди.
-Ҳой,ҳозир сочинг куяди-я!-Ойим саломимга алик олиб,қўлимни бўшатди.-Тинчликми қизим,бугун кайфиятинг бошқача?
-Вой,қандай яхши,ширгуруч қилдингизми?-Ойимнинг саволини жавобсиз қолдириб,қўлидан капгирни олиб,овқатни ковлай бошладим.
-Ширгуручни ёқтирмасдинг шекилли?-Ойим менга қарамай,жавоннинг олдида куймалана бошлади,чўкка тушиб,пастки қатордан ниманидир қидира бошлади.Чиндан ҳам бу таомни ёқтирмасдим,аммо, у бугун дунёдаги егуликлар ичида энг мазалиси,энг ширини бўлиб кўринаётганди.

-Нега энди,ширгуручни аллақачондан бери ёқтира бошлаганимни билмасмидингиз?-Унга шундай деганча ,капгирни қўлига тутқаздим.Уни ҳайрон қолдирганча диконглаб хонамга кирдим.Ўзимни диванга отдим.Кулдим,аввал мийиғимда,кейин қаҳ-қаҳ отдим.Нега,нима сабабдан куляпман билмасдим.Билганим-кулгим келаётганди.Бирдан ток ургандек титраб кетдим…Наҳотки,бу севги бўлса!?Эй худо!Чиндан ҳам мен севиб қолдим!Мен уни севаман!Наҳот бир йиғлатиб,бир кулдирса севги деганлари?!Дарровгина бахтимдан қувониб йиғлаб тургандим,энди бўлса яна шу бахт туфайли…куляпман.
-Қизим!-Нариги уйдан дадамнинг овози эшитилди.Ишдан келибди,билмай қолибман.-Менга қарашиб юбор.
-Ҳозир дадажон!-Шоша-пиша кийимларимни алмаштирдим,оёғимга шиппакни илиб нариги уйга чиқдим.Дадам кўзойнагини қўндириб,стол устидаги қоғозларни кўриб ўтирарди.У савдо билан шуғулланар,эрта кетиб,кеч келарди.Бунинг устига айрим вақт турли қоғозлар-ҳисоботларни уйга ҳам олиб келарди.Шунда мен дадамга кўмакчиман.Ойим бизга аҳён-аҳёнда чой дамлаб киргизиб турар,ишлашимизга бироз қараб туриб,кейин оҳиста қадам босиб чиқиб кетарди.

Ҳозир ҳам ҳисоблагични олиб,дадам ҳисоб-китоб қила бошлади,мен эса ҳисоботларга натижани тушира бошладим.Сал туриб ойим бизни овқатга чақирди.Иккимиз бирин-кетин емакхонага чиқдик,овқатландик.Сўнг ширинлик билан чой ичдик.Овқатланиб бўлгач,дадам “Ортимдан бор” деб ишора қилиб нариги уйга,ишини давом эттиришга кетди.
-Яхшиям шу қизимизни туққан экансан,онаси!У бўлмаса мен нима қилардим-а,-дадамнинг овози эшитилди нариги хонадан.
-Қизингизнинг қилиб юрган ишини билганингизда ҳам шундай дермикинсиз,билмадим-ойим бу гапни деярли пичирлаб айтган бўлсада,қулоғимни қоматга келтирган товушни эшитгандек гаранг бўлиб қолдим.Чой солиш учун чойнакни кўтарган қўлим ҳавода муаллақ қолди.Ойим эса менга қаттиқ тикилиб ўтирар,ҳар бир ҳаракатимни синчиклаб кузатарди.Демак,у билибди…Ўзим аҳмоқман,шу пайтгача айтишим керак эди,аммо,ҳали ҳам кеч эмас.

Шундай қилиб, ҳаммасини гапириб бердим.Унинг келган кунидан бошлаб,то шу кунгача бўлган ҳаммасини.Ойим гапимни бўлмай эшитди.Севги изҳор қилгани ҳақида гапирганимда,пиёла тутган қўли титрагандай бўлди.
-Ўзингчи,ўзингни ҳам кўнглинг борми унда?-Ойим оҳиста сўзлаётган бўлсада,юрагида ғалаён содир бўлаётгани кўзларидан шундоққина кўриниб турарди.
У бу саволини берганида мен бошимни эгиб ўтирардим.Нима деб жавоб қайтаришни билмасдим,тўғриси,жавобимни айтишга уялардим.Минг азоб билан бошимни кўтариб ойимга қараганимда,кўзимдан дув ёш оқди.Бўғзимга бир нима тиқилиб,гапиролмадим.Тасдиқ ишорасини қилиб калламни қимирлатдим,холос.
-Майли қизим,сенга ёқибдими,демак яхши йигит бўлса керак!-Ойим бу гапни узоқ жимликдан сўнг деярли пичирлаб айтди.Мен унинг уришиб беришини,бу ишим яхши эмаслигини уқтиришини кутгандим.Бу гапни эшитиб қотиб қолдим,кейин туриб ойимнинг бағрига ўзимни отдим.Унинг иссиқ бағрига юзимни босиб,ҳўнграб юбордим.Бу йиғи шунчалар кучли эдики,унда севгимни очиқ тан олиш ҳам,очиқ тан олганимдан уялиш ҳам бор эди.Ойим сочларимни силар,меҳрли кафтлари титрарди.Назаримда,у ҳам йиғларди.

Овозимни эшитиб,дадам нариги хонадан “ҳай-ҳай”лаб чиқди.Ойим елкамга уриб қўяркан,йиғи аралаш деди:-
-Эрталаб қизингиз билан аразлашгандик,дадаси!Ҳозир ярашиб олдик!-У мен туфайли дадамга ёлғон гапирганди.Буни эшитиб,ойимнинг кўксига юзимни қаттиқроқ босдим.
-Хаҳ,ишларинг қуриб кетсин-а!Нима бўлди дебман,-дадам шошилинч елкасига ташлаб чиққан чопонини тўғрилаб орқасига қайтди,-ўтакамни ёрдиларинг.
Тун кирди,тонг отди.Мен эса бу оралиқ вақтни деярли уйқусиз ўтказдим.Ўзимни мажбурлаб кўзларимни юмиб ётсамда,уйқум етмасди.

Нонушта пайти ойим нуқул мени кузатиб тургандек туюлди.Ер остидан унга қараб қўяман,кўзи бошқа жойда бўлади,лекин кўзимни олсам,нигоҳи менга қадалиб тургандек.
У мени эшикдан кузатаркан,ҳар кунгидан бошқача ҳайрлашди.Тўғрироғи,кўзларида мени кеча кечқурун тинглагандаги ифода билан кузатиб қолди.
Қиш куни бўлишига қарамай,ҳавонинг чеҳраси очиқ,кун эса ёруғ эди.Кайфиятим эса ундан-да ёрқинроқ.Бугун ҳеч нима таъбимни хира қилолмаслиги аниқ эди.Фақат…Фақат,ойимнинг кўзидаги ифода юрагимга ғашлик солаётганди.Унинг бу қарашида туйғуларимдан хавотирланиш ҳам,севгимнинг келажаги бор ёки йўқлигини аниқ кўролмаслик ҳам бор эди.

Муюлишда доимгидек Азиз мени кутиб турарди.У бекатдаги ўриндиқнинг баланд устунига суянганча турар,кўзлари эса узоқ-узоқларга хаёлчан тикилганди.Қўлларини чўнтагига солган,олисларга тикилган ўйчан ва мағрур қиёфаси шу-шу бир умр ёдимда қолди.Ҳар гал соғинсам,кўргим келса,хотирамда шу ҳолатда гавдаланадиган бўлди.
Унга яқинлашарканман,ҳаяжонланаётганимни,икки юзим дув қизарганинин сездим.Оёқларим эса ўзимга қийинчилик билан бўйсунарди.

У хаёлчан нигоҳ билан менга қаради.Мен салом бердим,у жилмайиб саломимга жавоб қайтарди.Кейин ўриндиқ четидаги сумкасини ковлаштириб,алланиманидир олди.Бу менинг шарфим эди.Азиз ёнимга келди-да,шарфимни бўйнимга авайлаб боғлаб қўйди.Сўнг иккаламиз жимгина кетдик.Қор босган йўлак бўйлаб борарканмиз,оёғимиз остида унинг “ғарч-ғурч” қилиши бизга ҳузур бағишларди.Биз ҳозир фақат иккимизгина мавжуд дунёда яшардик.Бу дунё бизнинг юрагимиз тафтидан бунёд бўлган,бизгагина тегишли эди.Ёнимиздан машиналар сассиз,садосиз ўтишар,одамлар эса шарпасиз юриб боришарди.Бу оламда фақат юракларимиз ураётгани ва бир-бири билан гаплашаётганигина эшитиларди.

-“Сиз ҳаётимда пайдо бўлдингиз-у,мен яшаётганимни ҳис қилдим!”
-“Йўқ,йўқ мен эмас,сен менинг ҳаётимга кириб келдинг!Сен мени ҳаёт уммонидаги ҳиссиз,туйғусиз одамлар орасидан тортиб,самоларга олиб кетдинг…”
-“Биласизми,ҳозир борлиқ кўзимга шунчалик чиройли кўриняптики,сиз билан бирга узоқ-узоқ яшагим келяпти!”
-“Менга эса фарқи йўқ.Сен билан бўлсам бўлди.Ҳозир ўлишга ҳам розиман.Фақат…Сени ёнингда бўлган бўлардим ўшанда ҳам!..”
-“Ҳа,мен ҳам сезяпман,энди аниқ сезяпман,ҳаттоки ўлим ҳам бизларни ажратолмайди!”

У қўлимдан тутди,кафти иссиқ эди.Шу зайлда олийгоҳгача бордик.Кейин мен қўлимни аста тортиб олдим,ҳали бу ҳолатда боришга уялардим.У кўнглимга қаради.
Бугун дарс қандай ўтганини умуман сезмадим.Мен ўз хаёлларим,келажак ҳақидаги тасаввурларим билан банд эдим.Мен эртаклардагидек малика,у эса оппоқ отдаги шаҳзода эди.Биз оппоқ мармар қасрда,булутлар орасида яшардик …

-Салом,мана мен келдим!-Нигоранинг овози мени хотираларимдан ҳозирги ҳаётимга қайтарди.У хандон отиб кулганча мен билан кўришди,бугун ҳам доимгидек кўтаринки кайфиятда эди.Ҳаворанг жинси шимига мослаб,шу рангда ёқаси қайтармали қалин жемфир кийиб олган,бу мувофиқлик унга ярашиб турарди.У стулини олиб келиб,рўпарамга ўтирди.
-Биласизми Замира,кечачи,ишдан қайтаётсам анови қизни кўрдим…-Қўлини пешонасига қўйиб,ниманидир эслашга уринди,бу унинг доимий одати эди.-Хаҳ эсим қурсин,исми нима эдия! Ҳу бир гал келувдику,университетда ўқийди,девдингиз.Моҳигулми,Маржона эдими, бор эди-ку, узоқ суҳбатлашгандингизлар,йиғлашиб ҳам олувдиларинг?
Меҳринисо?! Наҳотки ўша бўлса?
— Меҳрими?-Юрагим типирчилаб,Нигорага тикилдим.
-Ҳа,ҳа!Меҳринисо,ўша. Кеча сиз олдинроқ кетдингиз-ку.Мен ҳем соат бешлар эди,хонадан чиқаётсам келиб қолди.Сизни сўради,негадир ташвишли қиёфада эди,кетганингизни эшитиб,хафа бўлди.Менга сездирмасликка уринди-ю,аммо бўшашиб қолганидан сездим.
-Нима деди?-Нигоранинг гапни чўзаётганидан сиқилиб шоша-пиша сўрадим.
-Ҳеч нима.”Бирор гапингиз бўлса,айтиб қўяман” десам,индамади.Йўқ,аввалига айтмоқчи бўлдими,иккиланиб турди.Лекин,гапирмади.”Хайр” деди-ю,шошганича чиқиб кетди.Мен ҳам эшикни қулфлаб,бирга кетамиз деб ортидан чиқсам аллақачон кетиб қолибди.
Нега келганикин?Бирор гап бўлибдими ёки?Нима бўлиши мумкин?Лекин,бирор нима бўлганда ҳам мен кимман?Ҳеч ким.Уфф,нега келган экан-а?Яна ташвишли қиёфада…Сиқилиб кетдим.”Сув ичиб келай” дея Нигорага баҳона қилдим-у,хонадан чиқдим.Зинанинг ёнидаги дераза олдига-хаёлларга берилсам боришни ёқтирадиган жойга келдим.

Бир куни эрталаб ҳар кун у мени кутадиган бекатга келсам,Азиз ёнида бир қиз билан турарди.У қуйиб-қуйгандек Азизга ўхшар,қошларининг қалинлиги ҳам,қора кўзлари,сал узунроқ бурни,даҳани,фақат унинг ранги оқ,Азиз эса қорадан келган эди.
-Таниш,синглим Меҳринисо!-Азиз менга уни олиб келишини айтмагани учун даставвал шошиб қолдим.Қиз бўлса акасига ўхшаб самимий кулганча,саломлашиш учун қўл узатиб турарди.Ўша куниёқ у менга “кеннойи” деб мурожаат қилганди.Бундан аввалига уялган бўлсамда,лекин менга ёққанди.Шу-шу у билан эл бўлиб кетдик.У деярли ҳар кун ёнимга келарди.Ўзи олийгоҳимизнинг бошқа биносида ўқиса ҳам бир баҳона топиб келиб кетарди.
Ёмғир ёғяпти.Куз ёмғири.Шу кун эрталабдан бери қуяди ўзиям.Бир пайтлар ёмғирни яхши кўрардим.Ёмғир томчилаётганда уйда ўтиргим келмас,хаёлим нуқул кўчага ундар,шундай маҳалда сокин кўчада сайр қилгим келарди.Энди эса ёмғир ёғишига ҳам,унинг томчилари остида сайр қилишга ҳам тобим йўқ.Чунки унинг ёғиши ҳар гал менинг азобли хотираларимни ёдимга солади.

Ўша кун…Дунё кўзимга бирдан рангсиз ва бефайз кўриниб қолган ўша кунда ҳам ёмғир ёғарди.Дарсдан чиқдим,Азиз мени ҳовлидаги фаввора ёнида кутиб турарди.Негадир охирги дарсда кўринмади,бирор иши чиқиб қолгандир,деб ўйладим.Ўшанда тўртинчи курснинг бошлари эди.Куз эди ўшанда ҳам.Осмон булутли,эрталабдан бери қуёш кўринмасди.Мен алланималар ҳақида,у бўлмаган охирги жуфтлик ҳақида лабим-лабимга тегмай гапириб борардим.У бўлса индамай мени тингларди,холос.

Уйимиз ёнидаги муюлишга етганимизда,у қўлимдан тутиб,мени тўхтатди.Мени ўзига қаратиб,кўзларимга узоқ тикилди.Худди хайрлашишни истамайдигандек боқарди унинг нигоҳлари.
-Хайрлашгим келмаяпти!-Унинг овози титраб чиқди.
-Мени ҳам,лекин уйга барвақтроқ боришим керак.Қишлоққа кетмоқчийдик,-дедим узрли оҳангда.
-Йўқ,йўқ сендан ажралгим келмаяпти!-У мени бағрига босиб,қаттиқ қучди.Ҳайрон бўлдим,юрагим увишиб кетди.Бирор марта бунақа хайрлашмагандик.
Мен ўзимни тортиб унга қарадим,унинг кўзлари тўла ёш эди!
-Йиғлаяпсизми!?-Унга синчиклаб тикилдим.Нигоҳини ердан олиб,менга қадади.
Шу лаҳзада бир томчи ёш ортиқ кўзларига сиғмай,чап юзидан оқиб тушди.У шоша-пиша дастрўмолчасини олиб юзини,кўзини артди.Кейин менга яна узоқ қараб турди.Чамамда,у ниманидир айтмоқчи,лекин ўша нарсани айтолмай қийналарди.
-Биласанми,биз…-У тутилиб қолди.Бир ютинди-ю,кўзини мендан олиб узоқларга тикди.-Биз…Биз…Хайрлашишимиз керак.Умрбод,бир умрга кўришмас бўлиб!
Мен кулдим,тўғрироғи ўзимни шунга мажбур қилдим,шу сабабли овозим беўхшов чиқди.”Қалтис ҳазил қиляпти” деб ўйладим.
-Йўғ-е,ростданми,қачонгача? 8-март олди ҳазилими десам,ҳали унгача анча бор шекилли?-Ундан гоҳида антиқа қилиқлар чиқиши ёдимга тушди.
-Ҳазиллашмаяпман,тўғриси…-У яна нима дейишини билмай,ерга қаради.Туфлисининг учи билан тупроқни асабий ўя бошлади.

Мен бир чайқалиб кетгандай бўлдим.Бошим ғувиллаб,қулоғим карахт бўлиб қолгандай бўлди.Назаримда,бутун дунё бошимга ағдарилиб тушгандай бўлди.Ўзимни ерда аранг тутиб турардим.
-…Кеча ойим айтди,менга ёшлигимизда холамнинг қизини қулоғини тишлатиб қўйишган экан…Унинг юраги касал эмиш.Агар…Агар мени уйланмоқчи эмаслигимни билса,кўтаролмаслиги мумкинмиш….-Унинг овози узоқлардан келарди.Бечорагинам,икки ўт орасида қолган ночоргинам!Гапини айтиб бўлгунча қийналиб кетди.

Мен унинг бағрига ўзимни отдим.Тўйиб-тўйиб йиғламоқчи бўлдим,аммо,қизиқ,кўзимдан бир томчи ҳам ёш келмади.Шу алфозда анча турдик.Иккимиз “дағ-дағ” титрардик,худди қаҳратон совуқда қолган бир жуфт мусичаларга ўхшардик.Фақат биз ва улар орасида бир фарқ бор эди-улар совуқда бир-бирларини бир умр иситишлари мумкин эди.Биз эса ажрашиш олдидан бир-биримизнинг бағримизда турардик.Энди ҳаёт изғиринларида бир-биримиздан айро яшардик,қаҳратонларда бир-биримизнинг ҳароратимизни ҳис қилолмасдик.
Сирғалиб бағридан чиқдим-у,орқамга карамай кетдим.Ортга қарасам,унинг ёнига яна қайтишдан қўрқиб,жадал қадам босганча подьездга кирдим.Кирдим-у,деворга суяниб ўкириб юбордим.Мен инсон туйғуларига бегона дунёдан,удумлар-у,одатлар қаърига чўкиб бораётган муҳаббатимдан ўксиниб йиғлардим.Шу лаҳзада тақдир қўлида бир ўйинчоқ эканлигимни,истаса ҳар кўйга солиши мумкинлигини,кечагина бахтиёр қилиб бугун кўзимга дунёни тор қилганлигини ўйлардим.Ортиқ яшагим келмаётганини сездим.

“Энди яшашнинг нима кераги бор?” Хаёлимга келган бу фикрдан руҳим енгил тортгандек бўлди.Зинадан югурганча кўтариларканман,хаёлимда шу фикр айланарди,-ортиқ яшашнинг кераги йўқ!
Калит билан эшикни очдим.Мен шошардим,миямда айланаётган фикрдан қайтишдан қўрқардим.Сумкамни қўйдим-у,оёқ кийимим билан тўғри ошхонага йўналдим. ”Жавоннинг иккинчи қаторида-идишларнинг орқасида.” Шошиб бориб,жавоннинг эшигини очдим,идишларни суриб,уни топдим.Уни қўлимга олдим-у,тахминан бир соатлардан кейинги манзара кўз ўнгимда гавдаланди.Ойим ишдан келади.Ҳеч нарса ҳақида ўйламай,бамайлихотир уйлик кийимларини кияди.Кейин чой қўйиш учунми,кечки овқатга тараддуд кўриш учунми ошхонага киради. Кейин…Кейин меникўради-ю,даҳшатдан чинқириб юборади.Ерда думалаб ётган сирканинг шишасига кўзи тушгач,юрагини чангаллаб,ёнимга чўккалайди.Буни кўтаролмаслиги мумкин,чунки бир марта инфарктни бошидан ўтказган.

Бу ҳолат бир лаҳзада хаёлимда жонланди.Бўшашиб сиркани столга қўйдим,мен нақадар ожиз эканимни,хоҳлаган ишимни қила олишим учун имконим йўқлигини тушундим.Айни шу лаҳзада бахт мени тарк этган,ўлгим келарди,лекин ҳатто ўлишга ҳам ҳаққим йўқ эди.Кейинчалик неча бор бу ҳолатим ҳақида ўйлаганимда,фақат бир нарсани ҳис қилдим,агар ойим ҳақида,дадамни ўйламаганимдаўз-ўзимги ўлдира олармидим?дея қайта-қайта савол бердим.Ич-ичимдан келаётган бир овоз ҳар гал ҳеч иккиланмасдан “ҳа” деб жавоб берганини сездим.Шишани қандай шиддат билан олган бўлсам,шундай сокинлик биланжойига қўйдиму,хонамга кирдим.Диванга чўзилдим,келажагимни тасаввур қилдим,лекин кўз олдимда бўм-бўш қоронғулик турарди.

Шу лаҳзадан бошлаб мен учун нурсиз кунлар бошланди.Тўртинчи курсни битирдим,дипломни олганимда ота-онам хурсандчиликдан,мен эса армон билан йиғлардим.У ўқишни ҳам ташлаб кетган,чамамда,ҳаётим саҳифасидан ном-нишонсиз ўчишга аҳд қилганди.Кейинчалик бир-икки бор Меҳрини учратганимда,у ҳақда сўрадим.У Азизнинг ўзгарганлигини,ёлғиз,одамови бўлиб қолганлигини айтганди.

Мен ҳам шўх-шаддод қиздан ҳозирги ҳолатимга тушиб қолдим.Энди ҳаётга қизиқишим ҳам,қарашим ҳам ўзгарганди.Ўқишни тугатгач,магистратурада ўқимоқчи эдим,Аммо,шусиз ҳам ҳам хотираларим мени тинч қўймас,уни энг кўп эслатувчи бу даргоҳда яна икки йил умримни ўтказиш менга азоб эди.Шунинг учун,Тошкентга ўқишга кетиш фикри пайдо бўлди.Бунга ойим ва дадам тиш-тирноқлари билан қаршилик қилишди.Аммо,менинг тушкун кайфиятим ва руҳиятимдаги ўпирилишдан хабардор бўлган ойим мабодо шу билан уни унутар деб ўйлаган бўлса керак,аввалига ўзи рози бўлди.Кейин дадамни ҳам кўндирди.Шу тариқа Тошкентга кетдим.Магистратурага эмас,юридик институтга иккинчи мутахассисликка ҳужжатларимни топширдим.Бирга ўқиган бир факультет ҳам уни эслатиб туради,деб ўйладим.
Омадим чопиб,махсус сиртқи бўлимга ўқишга қабул қилиндим.Ҳам ўқиб,ҳам ишлай бошладим.

4-курсда ўқиб юрган вақтимда уйга совчилар келишни бошлаган,ойимнинг ўзи мендан сўраб ҳам ўтирмай мени ҳали ўқиётганлигимни рўкач қилиб,қайтариб юборарди.Лекин,Азиз билан учрашмай қўйганлигимни билган ойим энди улар ҳақида гапирадиган бўлди.Мен у бу ҳақда гап бошлаши билан “йўқ” деб ўрнимдан туриб кетардим.Бора-бора бу ҳақда гапирадиган бўлса,жанжал кўтарадиган бўлдим.Мен ўзимга ўзим етиб ортардим,бошқа ҳеч ким керак эмасди.Энди ҳеч кимга кўнгил қўймаслигим ҳам аниқ эди.

Фақат ишим мени бироз хаёлларимдан чалғитар,чарчоқ ўйларимдан четга тортарди.Шунинг учун,ишга ҳаммадан олдин келиб,ҳаммадан кеч қайтардим.Кун бўйи кимларнингдир оғирини енгил қилганим учун,кимгадир ишидаги тартибсизликларни ечишга ёрдам берганим учунгина мамнун бўлиб,бўлиб уйга қайтардим.

Мана ҳозир ҳам мижозлар кела бошлади шекилли,Нигора мени чақирди.Ҳорғин қадам ташлаганча хонам томон борарканман,нега эрталабдан бунчалик чарчоқ кайфиятда эканлигимни ўйладим.Нимадир ёмон туш кўрганим ёдимга тушди,лекин,қанақа туш кўрганимни эслай олмадим.Қанақадир касалхонага ўхшаш жой эдими-ей,одамлар тўплангандими,ишқилиб шу жойлари эсимда.Ҳа,яна ҳамма ёғи оппоқ дока билан ўраб-чирмаб ташланган беморнинг ёнида ўтиргандим.Кўнглимга ғашлик ўрмалади,бу ниманинг аломати бўлса?Меҳри нега келган экан-а?

Соатимга қарадим,жимжимадор миллар вақт тўққиздан ўтганини кўрсатарди.Бирпасдан кейин туш ҳам бўлди.Яхшиям иш бор.Бир олам ҳужжатлар билан ишлаб,уларни тўлдиргунимизча соат тушги бирга ҳам яқинлашиб қолибди.Кейин тушлик қилиб олиб,роппа-роса иккида хонамизда яна ишга шўнғиб кетдик.
Иккимиз ҳам диққинафас бўлиб,ҳужжатларни тўлдириб ўтирардик,эшик тиқиллади.
-Киринг-Нигора қоғоздан бош кўтармай,жавоб қилди.
-Мумкинми,қизим-аллақандай аёлнинг овози эшитилди.Мен ишимдан бироз чалғиб,эшикка қарадим.Не кўз билан кўрайки,эшик олдида Азизнинг онаси турарди.”Тиқ”. Қўлимдан ручкам тушиб кетганини овозидан билдим.Кейин зўрға товушим чиқиб,салом бердим.Нигора дам менга,дам Азизнинг онасига қарар,айниқса менинг ҳолатимдан ҳайрон эди.Ноқулай жимликдан у бизни қутқарди.
-Келинг,хола,-у шундай деркан,ўрнидан туриб девор ёнидаги стуллардан бирини суриб қўйди.
-Ассалом алайкум.Келинг,яхшимисиз?-Бу орада мен бироз ўзимни ўнглаб олдим,қайтиб жойимга ўтирдим.
-Ваалайкум…Раҳмат қизим.Ўзингиз яхшимисиз?Аянгиз,дадангиз яхши юрибдилирми?-У рўмолининг учини ғижимлаб,мен билан сўрашаркан,менинг кўзим стол устидаги ўнг қўлида эди.У билинар-билинмас титрарди.

-Азиз…Яхшимилар?- Уятни ҳам йиғиштириб қўйиб,ахийри бўғзимга тиқилиб турган саволни бердим.
Бояқиш худди шуни сўрашимни кутиб тургандек, ўкраб юборди.Юрагим ёмон бир нима содир бўлганини сезиб, тез-тез ура бошлади.Аъзои-баданимдан жоним чиққандек,суратдек қотиб қолдим.
-Нима бўлди?!-Тилим сўзга зўрға айланиб,сўрадим.У бўлса бўғзига тиқилган ҳаяжон ва фарёднинг зўридан гапиролмас,нуқул қўлидаги рўмолчасини асабий ғижимларди.Мен бу саҳнага ортиқ чидаб туролмаслигимни, юрагим ёрилиб кетиши мумкинлигини ўйлардим.Шу ўй менга қувват бергандек бўлди.Ўрнимдан туриб,унинг елкасидан тутиб даҳшат аралаш сўрадим:
-Гапирсангизчи ахир,унга нима бўлди?
-Болагинам…Болам бечора автоҳалокатга учради!..-Мен “шилқ”этиб ўтириб қолдим.Бирдан эрталабдан бери дилимни ғаш қилаётган туш тунда қандай кўрган бўлсам,ўшандай кўз ўнгимда жонланди.Эй худо! Йўқ! Ҳали бу кўргулигинг ҳам бормиди?!Чинқириб юбормоқчи бўлдим,аммо мажолсиз танам ва руҳимда бунга куч қолмаган экан.Бўғзимдан овоз ўрнига кучли бир хўрсиниқ отилиб чиқди.Бу билан гўё барча даҳшатли ўйларимдан қутулгандек,жадал ўрнимдан турдим.Шоша-пиша стулим суянчиғига илинган сумкамни,кийимилгичдаги плашчимни олдим.Мен ҳеч нарса ҳақида ўйламас,ҳеч нарса ҳақида бош қотирмасдим.Гўё бутун онгим ва шууримда ҳеч нима йўқдек бўм-бўш эди.Фақат бир нарсага унинг ёнига боришга,уни кўришга ошиқардим.

Кийимимни қўлимда тутиб,югурганча кўчага отилдим.Азизнинг онаси ҳам ортимдан югурди.Биз-шу пайтгача дарду-ўйлари,қувончу-ташвишлари умуман бегона бўлган икки инсонни бизнинг энг яқин кишимиздан хавотир ҳисси бирлаштирганди.
Машинанинг орқа ўриндиғида қилнинг устида тургандек борардим.Касалхонагача бўлган беш дақиқалик вақт ичида ундан ажралган уч йиллик умрим кўз ўнгимдан ўтди.Шу уч йил давомида мен ўзимга унинг кўзи билан қараб келгандим.Нимаики топган,нимагаки эришган бўлсам унинг кўзи бидан қараб қувонгандим.Йўқотганларим-ҳис-туйғулариму,беғубор қувончларим,самимий кулгулариму-қалбимдаги истакларим ҳам унинг тақдирим йўлидан четга чиққанлиги туфайли эди.Умуман у-менинг энтикиб топганим ва фарёд билан йўқотганим эди.

Машина деразасидан кўзга ташланиб бораётган куз манзараси қанчалар бефайз!..Совуқдан дилдираб турган яланғоч дарахтлар худди менинг қалбимга ўхшарди.Юрагим ҳам ҳис-туйғуларидан ажраб,ўзининг борлигини тамоман унутганди.
Мана ниҳоят марказий шифохонага ҳам етиб келдик.Азизнинг онасининг ортидан зиналардан кўтариларканман,ёлғизгина истагим уни тирик ва соғ кўриш эди.
Учинчи қаватга кўтарилиб,залдан ўнг қўлга юрдик.У ерда турганлар Азизнинг қариндошлари бўлишса керак,киришимиз билан бизга қарашди.Менга бирдек қадалган бу нигоҳлар менга ёт оломон эди.Уларнинг қайси бири менга ачиниш билан,қайсидир ҳамдардлик билан қараб турган бўлсада,мен улар орасида ўзимга таниш нигоҳни қидирардим.Мана ўша инсон ажралиб чиқди.Меҳрининг нозик гавдаси янада ориқлашгандек,ғамга тўла кўзлари янада киртайгандек кўринди менга.У ёнимга келиб индамай мени қучоқлаб олди,қўлларини бўйнимдан ўтказди-ю,ҳўнграб юборди.Мен унга нима дейишни,қай сўз билан юпатишни билмасдим,чунки ўзим юпанчга,кимнингдир иссиқ ва меҳрли кафти бошимни силаб,дардимни бўлишишига муҳтож эдим.

Биз девор бўйлаб қатор қўйилган курсиларга ўтирарканмиз,ҳамманинг қулоғи динг,хаёли ичкаридаги беморда эди.Бу орада Меҳри менга Азизнинг қандай автоҳалокатга учрагани,кеча мени шунинг учун сўраб боргани,врачлар умид камлигини айтишгани,Азизнинг туни билан алаҳлаб чиққани,ўзи бир-икки оғиз гапиргани-ю,шунда ҳам мени исмимни чақирганини бир бошдан сўзлаб берди.Мен уни жон қулоғим билан тинглар,шундай қилсам суюкли кишимниг аҳволи ҳақида яқинроқ биладигандек ва бирор ёрдам қила оладигандек эдим.Уни эшитиб ўтирарканман,кимдир кийимимдан тортгандек бўлди.Ёнимда,полда бир қизча оёқларини чалиштириб ўтирар ва кўзчалари тўла ҳайрат билан мени кузатарди.Шунингдек,қўлидаги сўрғичини айлантириб ўйнар,ора-сира оғзига солиб,қайтиб оларди.

-Бу Зуҳра,акамнинг қизи,-Меҳри унга қараб турганимни кўриб,изоҳ берди.Зуҳра!…Қулоғим остида жаранглаган бу исм менга таниш!Бу менинг болаликдаги исмим!Аниқроғи,мен эгизак фарзандларинг иккинчиси эдим.Опам Фотима ўнинчи синфда ўқиб юрган кезларимизда сариқ касаллигининг ўтиб кетиши туфайли ҳаётдан кўз юмган,кейин менинг исмимни Зуҳрадан Замирага ўзгартиришганди.Бу ҳақда бир гал Азизга сўзлаб бергандим.Демак,фарзандига исмимни қўйган экан.Ҳаётида нимадир бўлса ҳам мени эслатишини хоҳлаган.

Ёнгинамда ўралашганча менга ҳайрат тўла беғубор кўзчаларини қадаб турган бу жажжи қизалоқ менга нотаниш оломон ичидан ажралиб чиққан яна бир яқиним эдим.У кийимимнинг этагига осилиб турмоқчи бўлар,аммо ҳали жуда кичик бўлгани учун бунга кучи етмасди.Униг ҳаракатларига,қўлчаларини ҳавода тебратиб,ниманидир ғудранганча қувноқ қийқиришига қараб туриб,бир дақиқа бўлсада ғамларимни унутганимни ҳис қилдим.Уни кўтариб олиб ўйнатгим,қучиб ўпиб олгим келди.Шу бир лаҳзалик хоҳишимни амалга ошириш учун эндигина энгашиб, уни қўлимга олмоқчи бўлувдим,тепамда кимнингдир овози янгради:
-Зуҳра,қизим қани бу ёққа келчи,-ёшгина жувон менинг қизалоққа талпинган қўлларимни ҳавода қолдириб,уни кўтариб олди ва менга бир қараб қўйди-ю,гапида давом этди:-Бегоналарга бундай қилиш яхши эмас!

Бегона…Жувон менинг ўзим унутган бегоналигимни,гарчи ҳозир бир ҳаводан нафас олиб,бир кулфат олдида эсанкираб қолганча,ниманидир илинж билан кутиб турган бўлсакда,аслида улардан умуман узоқ эканлигимни эсимга солди.Мен бўшашганча қўлимничўнтагимга тиқдим.
-Бу акамнинг хотини!-деди Меҳри бўлиб ўтган ҳолатдан чиқишга уриниб.-Эътибор қилманг,илтимос.Ҳозир нима деганию,нима қилаётганини билмайди.

Эътибор қилмаслик…Тўғри,эътибор қилмаслигим керак.Лекин,мен алам билан ўйлардим,қачонлардир мен унинг ҳаёти учун ўзимниг бахтимдан,севган инсонимдан воз кечгандим.Энди бўлса,у бамайлихотир қараб қўйиб,бегоналигимни юзимга солаётганди.Исёнкор руҳим бунга зўрға чидаб турарди.Хаёлим ёнига боргину кўнглингдан ўтказаётганларингни бетига шартта айт,дерди.Унинг ортидан қараб қоларканман,нақадар тез асабийлашадиган бўлиб қолганимни сездим.Бу ҳақда ортиқ ўйламасликка ҳаракат қилиб,деразадан кўчага қарадим.Ҳавонинг авзои ҳали ҳам меникидек тунд эди.
-Беморнинг яқинларидан бирор киши кириши мумкин-ичкаридан чиққан шифокор шундай дея ҳаммага қараб чиқди.-Фақат бир киши…Беморнинг аҳволи қил устида,кўпчилик аҳволини оғирлаштириши мумкин.

Азизнинг хотини қизчасини ёнидаги аёлга тутқазиб,эшик томон юра бошлади.Бу пайтда севганимнинг онаси ҳам ўрнидан туриб палата томон юрди,лекин эшикка яқинлашганда,тўхтади.Ортига ўгирилиб,кимнидир қидирди.Нигоҳи одамлар узра кезиб,менда тўхтади.Унинг кўзларида бир олам маъно кўрдим.У мени ичкарига,ўғлининг ёнига чорларди.
Ўзим шусиз ҳам бутун вужудим билан у ёққа интилардим,менга бир ишора етарли эди.Ўрнимдан туриб,палатага юрдим.Азизнинг хотини эшикнинг ёнида жонсиз ҳайкалдек қотиб турар,менимча у қайнонасидан буни кутмаганди.Мен унинг карахтданганча қолган нигоҳларидан ҳам узоқлашиб,палатага кирдим,ортимдан эшик ёпилди.

У ўртада,темир каравотда,оппоқ докага ўралганча ётарди.Аввалига кирган жойимда бир муддат туриб қолдим.Оёқларимга темир қопқа боғлангандек,қадамларим оғир эди.Шарпасиз қадам ташлаб,унга яқинлашдим.У тушимда кўрганимдагидек аҳволда,фақат юзигина очиқ эди.Боши дока билан қалин ўралган бўлсада,пешонасида матодан қон ўтганди.Юзи шилинган,пастки лаби ёрилган,ўнг қошига ҳам чандиқ тушганди.Бўғзимга аччиқ бир нима тиқилди,аммо унинг кучи йиғлашга қўймади.Стул олиб, ёнига ўтирдим.

Уч йил давомида энди ундан тамоман айрилганимни билсамда,юрагимда уни яна бир бор кўриш,овозини эшитишдан умидим бор эди.Нимагадир,кимгадир интилиб яшагандим.Бу интилиш менга куч бағишлаганди.Энди бўлса унинг ёнгинасидаман,лекин у мени кўрмаяпти,борлигимни,у билан ҳамнафас эканлигимни сезмаяпти.Эй худо,азобларинг бунча ҳам хилма-хил бўлмаса?!Унинг қўлини кафтимга олдим.Юзимга босдим,шу он аччиқ фарёд кўзимдан ёш бўлиб отилди.Унинг менга қачонлардир таниш бўлган қўлини юзимга босганча ҳўнграб юбордим.Эй дунё,нега бунчалар шавқатсизсан? Сенга шунчалик малол келган эканман,нега мени яратдинг? Нега опамнинг ўрнига мен ўлиб кетмадим? Нега,нега?..

Йиғларканман,овозимни чиқармасликка ҳаракат қилардим.Мени четдан кузатган кишига унинг қўлига юзимни босиб ўтирган,елкаларим титраган ҳолатда кўринардим.Шу пайт Азизнинг қўли қимирлагандек бўлди.Бошимни кўтариб,ёш тўла кўзларимни унга қададим.Аввалига мадорсизликдан қони қочган лаби қимирлади.Кейин киприклари бир-икки пирпиради,мажолсиз кўзларини очди.

Наҳотки,унинг кўзларини яна кўрдим!Қанчалар соғингандим унинг самимий нигоҳларини!Қоп-қора,хаёлчан кўзлари уйқусиз тунларимда менинг ҳамроҳим эди.Бу кўзлар ҳақида шунчалик кўп ўйлагандимки,ҳатто ўзим ҳам безгандим.Айрим тунларда бутун дунё,атроф менга фақат унинг кўзларидан иборатдек туюларди. Шундай пайтлар бўлардики ортиқ кўргим,ҳатто яшагим келмай кўзларимни юмиб олардим.Аммо,юрагимнинг энг чуқур ерида бир жуфт чўғ порларди.Бу…унинг кўзлари эди!Мен нима қилишни,уни қандай унутишни билмасдим.Шундай пайтларда юзимни ёстиққа босганча йиғлардим,сассиз,садосиз фарёд чекардим.

Мана ўша кўзларни ниҳоят кўрдим.У аввал бўшлиққа тикилгандек маъносиз боқди,тўғридаги деразага тикилди.Бироздан кейин… Мени кўрди.Мени кўрди-ю, кўзини юмди.Туш кўряпман,деб ўйлаган бўлса керак,яна қайтиб кўзини очди.Сўнг узоқ тикилиб қолди.Нимадир демоқчи бўлиб,лабини қимирлатди.Пичирладими,ёки менга шундай туюлдими,ишқилиб нима деганини эшитолмадим.Унинг кўз ўнгимда менга гапирмоқчи бўлаётганини,бироқ бир сўз айтолмай қийналаётганини кўриш мен учун азоб эди,битмас-туганмас азоб эди.Лабига бармоғимни қўйдим.
-Гапирманг,бир сўз деманг!-Менинг овозим ҳам пичирлаб чиқди.

У жилмайди,тўғрироғи шунга ҳаракат қилди.Аммо,юзи оғриқдан бужмайиб кетди.Лекин,шунда ҳам менга ёқадиган самимий табассумини ҳадя этди.
-Сен… Сени яна кўряпман!Худога шукр!
-Ҳа…-Мен нима дейишни билмасдим.Шу пайтга қадар уни кўрсам айтадиган гапларимни айтиб тугатолмасам керак,деб ўйлардим.Аммо,бугун гапларим ўз-ўзидан тугаб қолди.
-Сен ҳақингда эшитдим,кўп эшитдим.Ишлаётган,ўқиётган экансан!Биласанми,сени кўролмасликдан қўрқувдим,жудаям қўрқувдим. Йўқ, худога нолаларим етибди.

Мен ҳеч сўз демадим,аста эгилиб кўксига бош қўйдим.Юрагининг уришини эшитгим келди.У эса кафти билан бошимни,сочимни силади.Мен бахтли эдим.Эрталаб ойимдан бахтнинг бор ёки йўқлигини,унинг кўриниши қанақалигини сўрамоқчи бўлувдим.Бахт бор экан…Унинг ёнимда эканлиги,кўксига бош қўйиб турганим бахт экан!
Юраги ғалати урарди,бир тезлашар,бир жуда секин урарди.

-Биласанми,инсон боласи дунёга келгач одамдек яшамоқчи бўлса севмаслиги керак экан ёки севса ҳам севгилисининг ёнида бўлиши керак экан доимо.Кўнглида бошқа киши бўла туриб,бошқа киши билан яшаш,ҳар куни бегонадек бир эшикдан кириб-чиқиш,бора-бора шу бегоналикка ҳам кўникиш ва ёки шунга ўзингни мажбур қилишдан оғири йўқ экан инсон учун.Ҳамма айб ўзимда…-У тўхтаб қолди.Шифтга боқиб бир зум ўйга толди сўнг менга хаёлчан кўзларини қадади:-Ёки тақдирдами? Барибир,менда бўлса керак,чунки иродасизлик қилдим,бир инсоннинг қаёти учун икки кишининг умри алғов-далғов бўлмаслиги керак эди.Аммо,бу гаплардан энди кимга фойда?!-У ҳаётга,ҳамма-ҳаммасига қўл силкигани шундоққина кўриниб турарди.Бироз тин олгач,синиқ овозда деди:
-Мени кечир!Илтимос!

-Сизни…аллақачон кечириб юборганман!-Шундай дейишим билан у чуқур хўрсинди.Қулоқ солиб турарканман,юрак уриши секинлашгандек туюлди.Бошимни кўтариб,унга қарадим.Унинг кўзларида хотиржамликми,сокинликми шунга ўхшаш ифода бор эди,аммо,бу ифода тўла нигоҳи аста-секин сўниб бораётганди.Мен даҳшатга тушдим.Наҳотки!? Йўқ,йўқ!Бақириб юбордим.
-Доктор,доктор!Илтимос,ким бор?!-Мен унинг жонсизланиб бораётган кўзлари,шалвираб осилиб қолган қўлларини аслига қайтариш учун жон ҳолатда бақирдим.

Кейин,кейин ҳаммаси кўз очиб-юмгунча фурсат ичида содир бўлди.Менинг чинқириғимни кутиб тургандек,аввал иккита ҳамшира,кейин врач хонага отилиб киришди.Ҳамширалар менинг иккала қўлтиғимдан тутиб,судраб кетишди.Доктор унинг устига энгашиб,оғзига қанақадир мосламани қўя бошлади.Унинг кўзлари эса менда эди.Мен ҳамшираларнинг қўлидан юлқиниб чиқмоқчи бўлардим,аммо кучим етмасди, унинг кўзлари ҳамон менда эди.Ахийри силтаниб чиқиб,ўзимни унга отдим.Қўлини тутишим билан лабида боягидай жилмайишга ўхшаш ифода пайдо бўлди.Кейин,қўлимни тутган бармоқлари сирғалиб тушдию,осилиб қолди.

Сўнг кўз ўнгимда унинг устига оқ мато ташлашди.Ҳалиги ҳамширалар мени бири судраб,бири итариб палатадан олиб чиқишди.Чиқишим билан оломоннинг даҳшатли фарёди мени қарши олди.Аввал Меҳри,кейин онаси палатага отилиб киришди.Онгим ишлашдан тўхтаган бўлсада,мен кўриб турардим.Азизнинг хотини нима бўлаётганини тушунмагандек бир чеккада ўтирар,рўмоли бошидан сирғалиб тушганди.Жажжи қизча бўлса ҳали ҳам менга ҳайратли нигоҳларини қадаб турарди.Мени танамда фақат оёқларим ва кўзим ишлаёганди.Миям тўхтаб қолгандек,қулоғим эса эшитмас,бошимнинг ичида нимадир тинимсиз ғувилларди.

Уйга қандай,нима билан келдим,билмадим.Калитим билан эшикни очдим,уйга кирдим,эшикни ёпдим.Ўзимнинг хонамга кирдим.Плашчимни ечдим,сирғалиб елкамдан тушди, сўнг оёқ кийимимни ечдим,диванга ёнбошладим.Кўзимни юмдим,кўз олдим қоп-қоронғу.Кейин бирдан юрагим тез ура бошлади.Ўрнимдан ирғиб турдим.Ҳаво…Менга ҳаво етмаётганди.Деразанинг олдига бордим,аввал бир табақани, сўнг иккинчисини очиб юбордим.Мен шошардим,аммо мен кутган ҳаво йўқ эди.Юрагим бадтар тез ура бошлади.Бир,икки,уч…Унинг уришини санамоқчи бўлдим,бироқ етолмадим.Дори керак!Лекин қаерда?Жон ҳолатда эшик томон юрдим.Аммо,ҳаракатланганим сайин у ҳам тобора шиддат билан ҳаракатланаётганини сездим.Ерга чўккаладим,чалқанча ётдим.Нима бўляпти? Қаердаман? Бошим гир айланарди.Шипдаги қандилнинг нурлари қўшилиб кетди.Юрагим янада тезроқ ура бошлади. Бир,икки…Бутун танам чайқалаётгандай,йўқ танам эмас,хона чайқалаётгандай эди. Бир…Деворда осилган,ойим ва дадамнинг биргаликда тушган сурати қўққисдан тушиб кетди.Бўғзимга нимадир чанг солди.Қандайдир қўллар мени бўға бошлади.Бирдан юрагим уришдан тўхтаганини сездим.Қандайдир енгил бўлиб,ўрнимдан турдим.Тура солиб,эшикка югурдим. Дори керак!Эшикдан чиқаётиб,хонамда кимнингдир ётганини кўз қирим билан кўриб қолдим.Қайтиб кирдим.Ким у?Бу…ахир…Ахир…Бу менку! Мен ерда ётардим.Лекин,қандай туриб юрибман?Танамнинг тепасида шуни ўйлаб турардим,кимдир деразадан имлагандек бўлди.Қарадим,Азиз кулиб турарди.У оппоқ кийимда,самимий жилмайиб турарди. Яна қандайдир нур тараларди ундан.Мен ёнига бордим,у қўлини узатди.Мен ҳам унга интилдим.Аммо,аммо…Боя расмнинг девордан тушиб кетгани ёдимга тушди.Уни жойига олиб қўйиш керак эди.Ортимга қайтдим,пастга энгашиб,суратга қўл чўздим.Бироқ,у қўлимга илмади,бармоқларим ҳар гал унинг орасидан ўтиб кетаверди.Аччиқ бир хўрсиниқ билан ортимга қайтдим.Танам ерда ётарди,кўзларим очиқ,унда тўла таажжуб ва ҳайрат эди.Мен ҳеч қачон ўзимни бунчалик ҳайратланган ҳолатда кўрмаган эдим.Кейин деразага қарадим,Азиз ҳамон кутиб турарди.Унинг ёнига бордим,қўлимни чўздим.Деразадан чиқдим-у,учиб кетдик.

Мен бахтли эдим!У ёнимда эди,у илк бор севги изҳор қилган кундагидек самода парвоз қилардик.Бизни энди ҳеч ким ажратолмасди,ҳатто ўлим ҳам !!!

2008

09

Go’zal Ro’zieva
KO’NGIL DARDI
90

Go’zal Ro’zieva 1986 yil 31 oktyabrda Buxoro viloyati Jondor tumanining Tobagar qishlog’ida tug’ilgan.1993-2004 yillarda Jondor tumanidagi 22-o’rta umumta’lim maktabini, 2004-2008 yillarda Fayzulla Xo’jaev nomidagi Buxoro davlat universiteti tarix fakul`tetini tugatgan.
«Ijodda ilk ustozim deb otamni aytsam bo’ladi, — deb yozadi shoira, — chunki,aynan otamning yo’naltirishlari bilan birinchi bor, o’shanda birinchi yoki ikkinchi sinfda o’qirdim,”Momaqaldiroq” nomli bir narsa yozgandim.Bugun o’ylab qarasam, hikoyaga ham o’xshab ketadigan bu “narsa”da tabiat haqidagi ilk bolalik tasavvurlarim o’z in’ikosini topgan ekan». 2004 yilda shoiraning “Tong sabosi” nomli she’rlar to’plami nashrdan chiqqan.

90

Qo’lda darding bo’lsa-bo’lsin,
Dilda darding bo’lmasin…
(Hofizdan)

02iq,tiq,tiq…Tarnovdan tomayotgan yomg’ir tomchilariga quloq solib yotaman.Tomchining ovozi bir tekis,na tezlashadi,na to’xtaydi-xuddi mening umrimdek. Tiq,tiq,tiq…Yana bir tong otdi,yana bir kun boshlandi.Ammo,mening hayotim hanuz ilgarigidek-xuddi yomg’ir tomchilaganidek sokin,xuddi yomg’ir tomchilaganidek zerikarli.To’g’ri,bundan uch yil avval,hayotim,yuragim turli ranglar bilan to’la edi.Biroq,o’sha uch yil avvalgi yomg’irli kun hayotimning yorqin ranglarini ham yuvib ketdi. Keyin… Keyin esa hozirgidek diqqinafas kunlar boshlandi.

Tong otdi,turish kerak.Lekin,uyg’ongim,zerikarli dunyoning rutubatli girdobiga sho’ng’ib ketgim kelmaydi.Ammo,yotgim ham yo’q.O’zi anchadan buyon baxt va quvonch,sevgi va o’sha inson tark etib ketgandan beri uyqum ham yo’qolgan.Tun bo’yi to’shakda uyqusiz ko’zlarimni majburlab yumib yotish azobidan qochib allamahalgacha yozuvlarimni,ishxonamdan olib kelgan ishlarimni qilib o’tiraman.Lekin,ularning ham adog’i bor.Uyquga navbat kelganda uning o’zidan hali-hanuz darak bo’lmaydi.To’shakda u yoqdan-bu yoqqa ag’anab amallab tong ottiraman.Quyoshning derazadan yog’ilayotgan ilk nurlarining xonam bo’ylab yoyilishini tomosha qilib yotgim,shu nurlarga qo’shilib samolarga sochilib ketgim keladi.Biroq,hech qachon bunday bo’lmaydi.

Tong otgani uchun emas,turish kerak bo’lgani uchun o’rnimdan qo’zg’olaman.Egnimga xalatimni ilarkanman,uning tobora kengayib borayotganini,belbog’ining ikki aylanib bemalol bog’lab qo’ygulik bo’lib qolayotganini sezaman.Lohaslangancha borib ko’zguning oldida o’tiraman.Unda endigina yigirma to’rtga kirgan bo’lsada,yashashdan zerikkan,hayot qobig’idan chiqib ketish uchun harakat qilib,badtar o’ralib qolgan sochlari to’zg’igan qizni ko’raman.Ayrim tonglarda bu qizning ko’zlari ostida bilinar-bilinmas ko’k dog’lar paydo bo’layotganini sezaman.

Oyog’imni sudrab xonamdan chiqaman.Uzoq yuvinaman,kechagi kun,kechagi azobli xotiralarni ham yuvib tashlamoqchidek hafsala bilan yuvinaman.Artinib oynaga qararakanman,ko’zlarim ostidagi ko’kish dog’ ham ketgandek tuyuladi,ammo,bunday emasligini,chindan xohlayotganim uchun ham ko’zimga shunday ko’rinayotganini o’ylayman.Nachora,g’am-tashvishlar,ko’zning ostidag’i dog’laru yurakdagi chandiqlarni suv bilan yuvib bo’lganda edi dunyoda baxtsiz odam qolmasdi,lekin yashashning,hayotga intilishning ham keragi bo’lmasdi,deya o’zimni chalg’itaman.Oshxonaga chiqib nonushta tayyorlayman.Birin-ketin dadam va oyim ovqatlangani chiqadi.Jimgina nonushta qilamiz, xuddi gapirish uchun umuman gap qolmagandek.Ahyon-ahyonda dadam qo’lidagi gazetani varaqlab gap tashlab qo’yadi.Bu gaplar asosan ob-havo,dunyoda sodir bo’layotgan voqealar haqida bo’ladi.Oyim va men jimgina tinglaymiz.Oyim ham mendan u-bu kundalik gaplar haqida so’raydi.Masalan ”Nigora dugonang nima qilib yuribdi?”,”Bugun ishdan keyin bozorga tushib falon narsani olib kel” va yoki “Falon qiz falon yigitga erga tegibdi,falon yigit falon qizga uylanibdi” kabilar.Odatda to’y haqida gap borganda oyim shunchaki aytgandek qilib ko’rsatayotgan,dadam esa o’qiyotgan gazetasiga shunchaki ko’z tashlab o’tirgan bo’ladi.Men esa ular ota-onam,men farzand bo’lganim uchun ham shunchaki tinglab o’tiraman.Aslida xayollarim olisda qolgan xotiralarimda bo’ladi.Ular shunchalik shirin va yoqimliki,oyimning endi bunday yurishni tashlashim kerakligi,men tengilar bolali bo’lganligi haqidagi jon kuydirib aytgan gaplari qulog’imga kirmaydi.To’g’risi,bu gaplarini shu qadar ko’p eshitganmanki,oyim qaysi gapdan keyin qaysinisini aytishini taxminan bilaman.U o’zi tengilar allaqachon nabirali bo’lganini,ularga qarab bir dardi o’n bo’lishini,men bittayu-bittaligim,ko’zi ochiqligida baxtimni ko’rishni aytib albatta ko’ziga yosh ham oladi.Baxt… Mening baxtim… Qaerda o’zi u? O’zim ko’rmagan baxtni oyim qandoq ham ko’rolardi.Avvalo baxtning ko’rinishi bormi,su’rati qanaqa? O’sha paytda oyimga shu savollarni bergim,yuragimni ezayotgan xayollarni shartta-shartta aytgim keladi.Ammo,nima keragi bor?Shundoq ham sochidagi oq tolalar men va yana menga bog’liq tashvishlar tufayli ko’payib borayotgan onamni qiynab nima qildim.Shularni o’ylab ishga kechikayotganimni bahona qilamanda,o’rnimdan turaman.Xonamga kirarkanman,eshikni yopgandan so’ng ham uning tovushi eshitilib turadi.

Deraza oldida turib oyimning gapini o’ylayman.Men xohlamasmidim uning nevarasini opichlab yurishini.Ammo,nima qilayki yarimta yuragim bilan bir insonning baxtini yarim qilishim mumkin.Yarimta yurak…Kim o’ylab chiqargan ekan shu gapni?Yurak ham yarimta bo’lishi mumkinmi?Yarimta yurak bilan inson yashay oladimi? Biroq…Men yashayapmanku!Adog’i yo’q tunlar,yurakni ezuvchi xotiralar,biri-biridan umidvor,ammo umidlari chil-chil sinib borayotgan kunlarimni yashamoq deb atalgan suratga jo qilish mumkin bo’lsa,men yashayapman.Lekin,bunday yashashdan nima foyda?Buncha azobni ko’rgandan ko’ra yorilib qo’ya qolsa bo’lmaydimi yurak deganlari?Uff,charchadim,kun boshidanoq og’ir yuklar vujudimni zirqiratmoqda.Endi butun kun mobaynida bu yukni ko’tarib yurishim,tun bo’yi sharpadek xonamda kezishim kerak.

Shu o’ylar bilan javondan kiyim tanlayman.Aslida men uchun ularning rangida ham,turishi-yu sifatida ham farq qolmaganiga ancha bo’lgan.Ular men uchun bor-yo’g’i kiyim.Sovuqdan,issiqdan asrasa kifoya.Qo’limga ilganini kiyamanda ko’chaga otlanaman.
Menga tanish ko’cha,notanish odamlar.Bu ko’cha mening hayajonlarimu-tuyg’ularimga,yig’ilarimu-qayg’ularimga sherik bo’lgan.To’rttasi ko’zimga tanishu,ko’nglimga notanish, qolgan ko’pchiligi ko’nglim tugul ko’zimga ham notanish odamlar esa hamon bir-biriga befarq va beparvo o’z manzillari tomon ketishmoqda.

Mana men ham o’sha loqayd odamlar oqimida suzib ishxonamga yetib oldim.Zinadan ko’tarilarkanman farrosh Al`bina xolaga ko’zim tushdi.U bir ko’ylak bo’lib o’zini u yoqdan-bu yoqqa tashlab kelarkan,meni ko’rib supurgisini jahl bilan yerga tashladi.
-Ay,yana shu sostoyanieda gelyapsanmi?Ay kiz,senga nima bo’lgan-a,xuddi dunyaning bor tashvishi senga tushganga o’xshab,bukchayib yurmasang buncha?-U javrab-javrab yonimga kelgach,chelagini ham “taq” ettirib yerga qo’ydi.Salomimga alik olgach,yana ahvolimni so’ray ketdi.
-Nega ko’zlaringni osti bunday,a? Biror joying og’riydimi yoki?-U o’zbekcha so’zlarni o’z tilida buzib,savol ustiga savol berardi.Bu ayolning nimasidir menga yoqar,koyishlarinimi,samimiy dardlashishinimi sog’inardim.Unga dardlarimni ham,hazillarimni ham yurak yutib ayta olardim.Mana hozir ham bu savollardan qutulish uchun hazil qilmoqchi bo’ldim.

-Hech erga tegmayapman,shunga shu kecha ham uxlay olmadim,-bu gap og’zimdan chiqar-chiqmas u tuyaqushning ovoziga o’xshash tovushi bilan tishi yo’q og’zini ochib chunonam kuldi-ki,yo’lakning narigi tarafida turgan qorovul chol bilan bog’bon yigit bizga qarab  qolishdi. Al`bina opa yurakdan kular,kulgan sayin erkaklarnikidek katta qorni selkillab,kiyimi ustida lapanglardi.U kulgusini amallab to’xtatib,barkashdek keng va semiz qo’li bilan yelkamga urib qo’ydi.Uning bu beozor qilig’idan o’zimni xuddi katta to’lqin kelib urilib,bir tarafga qiyshaygan,so’ng yana o’zini o’nglab olgan kemaga o’xshatdim.
-Ay seni qara,ay seni…-U shunday derkan ko’zidan chiqqan yoshni artdi,-sen shu gapni aytyapsanmi?!-U biz bilan bir pod`ezdda,bizdan  bir qavat pastda turar,oyimning men haqdagi “diydiyo”laridan uning xabari bor edi.

-Ha,men — shunday derkanman,yuragimda yana ertalabgidek sanchiq paydo bo’lganini sezib zinadan ko’tarildim.To’rtinchi qavatga chiqib,zalga o’tarkanman,devorga ilingan,boshdan-oyoqqacha ko’rsatuvchi oynaga ko’zim tushdi.Shunchaki ko’z qirimni tashlamoqchi  bo’lib,unga yaqinlashdim.Qaradimu,o’zimning aksimdan qo’rqib ketdim.Tavba,odam ham shunchalik o’zgararkanda!Bu oriq va rangpar,ko’zlari ma’nosiz boqayotgan qiz men emasdim.To’g’ri,bu ko’zlar menikiga o’xshar,lekin,undagi ifoda…Undagi ifoda qachonlardir quvnoq va shaddod,buning ustiga o’jar bo’lgan qizniki emasdi.Qachon bunchalik oriqlab ketdim? Essiz bir paytlar…Unda bunday ozg’in emasdim.O’zimga qarar,sochimni yuqoriga qaratib tarab yurishni yoqtirardim.”Jingalak sochligim” deb erkalardi u meni.Tirnog’imni bo’yashimdan tortib,sochimni qanday turmaklaganimgacha e’tibor berardi u.Ayniqsa,uzum bargli to’g’nog’ichimni taqib yurishimni yoqtirar,o’shani taqmagan kunim men bilan janjalllashishgacha borgandi bir gal.

O’sha to’g’nog’ichni ham,u bilan tushgan su’ratlarni ham,boringki uni eslatuvchi nimaiki bo’lsa hammasini yo’q qildim.Ammo,undan yodgor yuragimni nima qilishni o’ylab ko’rmagan ekanman o’shanda.O’shanda bilmagan ekanman,yuragim o’z vujudimda bo’lsa ham,allaqachon unga tegishli bo’lib qolgan ekan.O’shandan buyon u ko’ksimning manovi yerini siqqani-siqqan.”Qaering og’risa,joning o’sha yerda bo’ladi” deydi oyim ba’zida.Yurak og’risachi,doimiy sim-sim bezovta qilsachi,nima qilish kerak?

Shu o’ylar bilan bilan xonamga kirdim,kalitni ish stolimning pastidagi qutiga tashladim.Xonaga ko’z yugurtirdim,kecha ketganimda qanday bo’lsa,o’shanday turibdi,meni kutib.Derazani ochib yubordim,ko’ksimga tonggi kuz nafasi kelib urildi.Kuz…U kuzni yaxshi ko’rardi.Dastavval bu haqda eshitganimda hayron bo’lganman.”Kuzni ham yoqtirarkanmi?Jinni…” “O’zing jinnisan,nahotki ko’rmayotgan bo’lsang uning qanchalik go’zalligini!Bahor,qish deyishadi.Ikkalasida ham nuqul oq va qora ranglar.Yozda esa hamma yoq yashil.Lekin kuz…Qara xiyobonga…Xilma xil daraxtlar.Biri sariq,biri qizil ,hali yashil barglilari ham bor.Hamma yoq rang-barang.” Men indamay qolgandim,chindan ham tabiat go’zal edi.Oyog’imiz ostida sariq,qizg’ish barglar qisirlab,bizga shivirlagandek edi.Shundan so’ng dunyoga uning ko’zlari bilan qaraydigan bo’ldim.Uning ko’zlari chiroyli edimi,yoki uning ko’zlari bilan boqqanim uchungina dunyo chiroyli edimi,bilolmagandim.Ammo,endi o’ylab qarasam ikkimiz birga qaraganimiz uchun ham olam rangin ekan.Mana endi yolg’izman,usiz butun vujudim kabi ko’zlarim ham ojizlanib qoldimi,borliq xunuk ko’rinib qoldi.

Nigora nega kelmayapti?Soat necha bo’ldi o’zi? O-o,endi sakkizga yaqinlashyapti,hozir kelib qoladi.Yaxshiyam,u bor meni tushunadi.O’zi u bilan shu yerga ishga kelib tanishdik.Oddiygina,kamsuqumgina qiz.Oliygohni tugatib shu yerga kelgan ekan.Men o’zi uncha-muncha bilan chiqishib ketolmayman,biroq u bilan birinchi kundanoq el bo’lib ketdim.Sohamiz yaqin,garchi men ikkinchi mutaxassislikka o’qiyotgan bo’lsamda,kasbimiz bir.Ko’p o’tmay rahbariyatdan ikkimiz uchun alohida xona-mana shu xonani berishdi.Ertasi kuni eshikka marmar taxtacha urib,tillarang harflar bilan yozib qo’yishdi:”Huquqiy maslahat bo’limi.Jumaeva Nigora.Omonova Zamira” Ikkimiz ham o’sha kuniyoq lash-lushlarimiz bilan ko’chib kelib,quvona-quvona joylashdik.Ikki tarafga ikkita stol o’rnatishdi.Javon,stullar va devordagi huquqiy erkinlikka chaqiruv qog’ozlari,bor jihozlarimiz shu.Menga hammadan ham xonamizdagi yoqadigani bu-deraza.Chunki,u keng xiyobonga,undan keyin savlat to’kib turgan uzun cho’zilgan binolar majmuasi-universitetga qaragan.U yerda mening gul yoshligimdan guldasta qilib tuzilgan davr-umrimning eng jo’shqin to’rt yili o’tgan.Shu dargohda u bilan tanishdim,birga o’qidik.Uni ilk ko’rganim hamon yodimda,uchinchi kursning boshlari edi o’shanda.Barchamiz endigina paxtadan qaytib,o’qishga hali kirisholmay yurgan kezlarimiz.Yanglishmasam,dushanba kuni edi.Birinchi juftlik-domla Otaxo’jaevning darsi.Barchamiz katta auditoriyada domlani kutib o’tirardik.Hamma o’zi bilan o’zi ovora,kim yonidagi bilan suhbatlashib o’tirgan,kim qo’shiq aytgan,xullas doimo darsga kechikib keluvchi domlamiz bu gal ham darsni ancha o’tkazib yuborayotgandi.

Men ham xayol surgancha daftar muqovasidagi tabiat manzarasi tasvirini tomosha qilib o’tirardim.Shu payt eshik ochilib domla,uning ortidan dekanimiz Muxtorov bir yigit bilan boshlashib kirdi.Hammaning nigohi haligi yigitga qadaldi.U buni sezib o’ng’aysizlandi,menimcha.
-Salom!Diqqat talabalar…-Dekan barchani yangi o’quv yili bilan ,paxta mavsumini yaxshi tugatib olganimiz bilan tabriklab so’z boshladi.Keyin yonida turgan yigitni bizga tanishtirib,shu yildan biz bilan o’qishini,SamDU dan bu yerga o’tganini,yana shunga o’xshash ancha gaplarni gapirdi.Yigitning ismi Aziz ekan.-Men o’ylaymanki,yangi kursdoshlaring bilan tezda yaqin bo’lib ketasizlar!-Muxtorov shu tariqa so’zini tantanavor ruhda yakunlab,auditoriyadan chiqdi.Bu orada Otaxo’jaev darsni boshlashga tayyor bo’lib turar,silliq oynali oliftanamo ko’zoynagini ko’ziga tushirib,bizni tinchlanishimizni kutardi.Ammo,endi biz darsni boshlashga tayyor emasdik.Hammaning diqqati haligi yigitda,qizlar orasida g’alati shivir-shivirlar allaqachon boshlangandi.Faqatgina men u bilan qiziqmas,xayolimda tezroq dars tugasa-yu,uyga ketsam, derdim.Chunki bugun oyimni tug’ilgan kuni,uyda qiladigan yumushlarim bir talay edi. Aslidaku,bugun darsga kelmoqchimasdim,lekin oyimning o’zi qo’yarda-qo’ymay o’qishga yuborgandi.Shuning uchun hozir tezroq dars tugashiga bo’lgan xohishdan boshqasi xayolimda yo’q edi.Nihoyat dars tugab,kurs rahbarimdan javob olib,uyga shoshildim.Mana shaharga ko’chib kelganimizga ham deyarli olti yilcha bo’lib qoldi.O’qishga kirgan yilim bir oycha shaharda ijarada turib o’qishga qatnadim.Yolg’iz farzand bo’lganimdan meni yeru-ko’kka ishonmaydigan ota-onam shu bir oy ichida qishloqdagi uyimizni sotib,bu yerdan uy olishdi,ishlarini ham shaharga o’tkazishdi.Dadam ko’pincha meni “omadim” deb erkalardi.Chunki,bu yerga kelganimizdan so’ng uning ishlari yurishib ketdi.Dastlab olgan ikki xonali uyimizni uch xonaliga almashtirdik.Birozdan keyin dadamning savdodagi ishi o’ngidan kelib,mashina ham oldik.Bularning hammasini ular mening oliygohga kirganimdan deb bilar,ularning hayotida eng muhimi men va mening o’qishim edi.

Uyga kelsam kichik xolam allaqachon qishloqdan kelgan,beliga fartuk tutib ishni boshlab yuborgan ekan. U bilan ko’rishib bo’lgach,yumushlarga sho’ng’ib ketdim.Kecha uyni rosa supurib-sidirganim uchun,shunchaki changlarni oldim.Keyin xolam ikkimiz pishir-tushirga unnay ketdik.Oyim oiladagi uch opa-singilning to’ng’ichi.O’rtancha xolam qaynonasi badjahl va urushqoq bo’lgani uchun kechki ziyofatga yetib kelishining o’zi ham katta gap.Kenja xolam ikki yosh bolasi bo’lishiga qaramay,ilojini topsa,bir kun oldin yetib kelib,hamma ishning boshida turardi.Pochcham ham,uning onasi ham sho’x-shaddod xolamning rayiga qarshi borishmaydi.Mana hozir ham jiyanlarim uzoq yo’ldan charchab kelishibdimi,narigi xonada shiringina uxlab yotishardi.Biri xolamga,biri pochchamga quyib qo’ygandek o’xshaydigan jiyanlarim biram sho’x va to’polonchi edilarki,mana hozir uxlaganlarida ham,tinch yotishmas,hali u yoqqa,hali bu yoqqa ag’darilishar,ora-sirada bir nima deb g’udranib yoki baqirib qo’yishardi.Ikkalasini ham paytdan foydalanib,to’yib-to’yib o’pdimda,ular yotgan xonani ham tartibga soldim.

Ishlarni birin-ketin kamaytirib,qozonning tagiga olov yoqqanimizda tushdan o’tgan,asta-sekin eshik qo’ng’irog’i jiringlay boshlagandi.Eng avval katta tog’am va kennoyim,bobom va buvim bilan kelishdi.Bobom juda ko’ngilchan,buning ustiga yoshi oshgani uchunmi,darrov ko’ziga yosh olardi.Hozir ham meni bag’riga bosib ko’risharkan,ko’zi yoshga to’ldi,chunki qishloqqa bormaganimga ancha bo’lib qolgandi.U yerdaligimizda uyimiz yaqin bo’lgani uchun ko’p vaqtim bobomning uyida o’tar,kunda hech bo’lmaganda bir mahal borib bo’lsa ham ko’rib kelar,xullas doim ko’z oldida edim.Bundan tashqari oliygohga o’qishga kirganimda hammadan ko’p quvongan bobom edi.Hozir ham u eng avval o’qishlarimni urishtirdi. So’ng yelkamga qoqib-qoqib, uyga kirdi.

Ulardan keyin o’rtancha xolam,saldan so’ng kichik amakim va kennoyim,ular eshikdan kirib salom-alik qilib bo’lmay,katta ammam,birin-ketin oyimning maorif bo’limidagi hamkasblari,qo’shnilar kela boshladi.Yaxshiyam har uchchala uyga dasturxon tuzagan ekanmiz,biriga qarindoshlar,biriga oyimning hamkasblari,biriga qo’shnilar joylashishdi.Men goh u uydan oshxonaga,goh oshxonadan boshqa uyga chopardim.Kichik xolam va kennoyim menga birdek qarashishar,yolg’izligimni bildirmaslikka harakat qilishardi.Kennoyim biz qishloqda so’nggi yillar yashayotganimizda kelin bo’lib tushgandi.Men buvamlarnikiga ko’p borganimdan u bilan dugonadek edim.U menga kim gap otayotgani,yigitim bor-yo’qligi bilan qiziqardi.Men atay bir gapga o’n qo’shib gapirar,kennoyim gaplarim yolg’onligini sezsa,chimchilab olardi.

Shu tariqa mehmonlar tarqab,tunab qolgan qarindoshlarga to’shak solib,yotishdan avval yuvinish uchun vannaxonaga kirganimda soat birdan oshib qolgandi.Bu orada kuni bo’yi yugur-yugurlardan gangigan uyimiz jimib qolgan,xonalar chirog’i bir-bir o’chayotgandi.O’zim ham shunchalik charchagandimki,behafsala yuvinib,shosha-pisha uyquga yotdim.
Soat ertalabki yettilarga yaqin uch kishilik “kattagina” oilamiz a’zolaridan tashqari kichik xolam,buvim,jiyanlarim dasturxon atrofini to’ldirib turishardi.Ko’pchilik bilan nonushta qilish qanday yaxshi! Gangir-gungir suhbat,kechagi kun xotiralarini eslab ovqatlandik.So’ng o’qishga otlandim.

O’zi ikki juftlik dars bor edi,kun yaxshi o’tdi.Har ikkala ma’ruzachi o’qituvchimiz ham o’z fanini yaxshi ko’rishi shundoq ko’rinib turardi.Mavzuni bizga atroflicha,shu bilan birga qiziqarli qilib tushuntirishga harakat qilardi.Shu tariqa bugungi o’qish kunimni tugatib,oliygoh binosidan chiqqanimda hali soat tushgi o’n ikkiga ham yaqinlashmagandi.Uyimiz uncha uzoq emas,piyoda borganimda ham tushlik vaqtigacha bemalol uyda bo’lardim.Yo’lning narigi betiga o’tib yayov ketarkanman,kimdir ortimdan chaqirgandek bo’ldi.Menga shunday tuyulgandir deb o’ylab yo’limda davom etdim.Ammo,birozdan so’ng kimdir “Hey,jingalak soch qiz” dedi.Bu shubhasiz men edim, lekin,hayron bo’ldim,chunki hech kim meni shu paytgacha bunday sifat bilan chaqirmagandi.Yuzimdagi shu ifoda bilan ortimga o’girilib qaradim.Yangi kursdoshimiz,ismi nima edi-ya?Aziz edimi,ishqilib o’sha halloslab yurib kelar,aftidan meni o’quv binosidan chiqqandan beri chaqirib kelgan shekilli,qaraganimda xursand bo’lgani shundoqqina ko’rinib turardi.

-Uhh,meni yomon yugurtirdingiz-ku!-U shunday derkan,qalin qoshlari ostidan qizlarnikiga o’xshash yuvosh va bug’ubor qarash bilan menga kulib turardi.-Boshingizda nima tashvishingiz bor o’zi?Binodan chiqqanimdan beri shuki quvib yetaman deyman,qani yetolsam. Aksiga olib, ismingizni ham bilmayman.”Hey” dedim,”hoy qiz ” deb chaqirdim,qaramadingiz.Oxiri sochingizni qo’shib chaqirdim!-U shunday derkan jilmayib sochimga qarab qo’ydi.-Yo’limiz bir ekan,birga ketaylik demoqchiydim.
Men indamay qadam tashladim.U yonma-yon kelarkan,kecha ertalab kelayotganimda,keyin darsda ham ko’rganini aytdi.So’ng ismimni so’radi.O’zining ismini,Samarqanddan oilasi bilan bu yoqqa ko’chib kelishgani uchun o’qishini ko’chirganini,Buxoro unda yaxshi taasurot qoldirganini so’zladi.Umuman olganda u yaxshi suhbatdosh edi.

Har kun uyga ketish uchun ketadigan o’n besh daqiqalik vaqtni besh daqiqada bosib o’tgandek bo’ldim.Mana nihoyat uyimiz oldiga ham keldik.
-Iltimos,ertaga shu yerga chiqib turing,birga ketaylik,-u shunday deya samimiy qarab turardi.-Baribir,yayov o’zingiz ham ketasiz-ku!Meni yo’lim ham shu tarafda.Yo’lga chiqqaningizda bir hamrohingiz bo’lsa yo’lingiz tez unadi.
Men hech nima demadim.U bu sukutimni rozilikka yo’yib,men bilan xayrlashdi.Men unga nisbatan o’zimda ancha-muncha ijobiy fikrlar bilan uyga kirdim.Avvalo,u samimiy edi,ko’zlari ham qiz bolaga baqrayib qaraydigan ayrim yigitlarning ko’ziga o’xshamasdi.U haqdagi birinchi taassurotim mana shunaqa bo’lgan.Hozir o’sha kunni eslarkanman,beixtiyor lablarimga tabassum indi.”Birinchi taassurot aldamchi bo’ladi” deyishadi.Ammo,u haqdagi birinchi fikrim rost ekanligini vaqt ko’p bor isbotladi.

Ertasi kuni o’qishga har mahalgidan oldinroq chiqdim.Qiz bolalik g’ururim va qaysar fe’lim kimningdir yo’rig’iga yurishga yo’l qo’ymadi.Chiqa solib,yo’l yaqin bo’lishiga qaramay yo’nalishdagi mikroavtobusga o’tirdim.Hozir eslayapman,o’sha kuni o’qishga birinchi  marotaba hammadan oldin borgan ekanman.Chunki,fakul`tetga chiqib,auditoriyaga borganimda eshik hali qulf edi.Yigirma daqiqalardan so’ng navbatchi kursdoshim kelib eshikni ochdi.Yana yarim soatlardan so’ng dars boshlandi,ammo,undan darak yo’q edi.Domla kirib,endigina yo’qlama ola boshlagandi… U kirdi.Kirdi-yu,hammadan avval menga qaradi.Bu paytgacha tikanni ustida o’tirgandek holatda bo’lsamda,xuddi hech narsa bo’lmagandek unga qarab qo’ydim.Uning kira solib birinchi bo’lib menga qaraganini ayrim sezgir nigohlar payqagan ekan,buni men keyinchalik bildim.

U domladan kirishga ruxsat olgach,indamay oxirgi qatordagi bo’sh partaga borib o’tirdi.Tanaffusda ham,undan keyingi soatlar oralig’ida ham u yonimga kelmadi.Men esa ich-etimni yer,uning kelib loaqal nimaga uni kutmaganimni so’rashini kutib,o’zimcha bahona to’qib o’tirardim.U esa kelmadi,xuddi unga begonadek,men bilan umuman ishi bo’ladi.Oxirgi juftlikning so’ngiga borib yuragim shunday diqqinafas bo’lgan ediki,hech kim yo’q joyga borib,baqirib yig’lagim kelardi.Shu tariqa xayolim parishonligicha o’qish kunimni yakunladim.

Dars tugab qizlar bilan hovliga chiqqanimizda kursdosh yigitlar ham hovlida turishar,nimanidir muhokama qilishardi.U baland bo’yi,keng yelkasi bilan hammadan ajralib turar,yoki menga shunday tuyuldimi,ishqilib eng avval unga nigohim tushdi.U yigitlar orasida tursa ham,suhbatga ahyon-ahyonda qo’shilib turgan bo’lsada, menga xayoli umuman boshqa o’ylar bilan bandday tuyuldi.Keyin hammamiz bir-bir xayrlashib tarqalishdik.Yayov ketarkanman,o’qtin-o’qtin orqamga qayrilib qarar,uni qidirardim.Menda shu kun ertalabdan boshlab qandaydir o’zgarish paydo bo’lgandi.Men buni vijdon azobi deb o’ylardim,ammo bu tuyg’u birgina vijdonning o’zi emas,unda yana allanimadir bor edi.Keyinchalik o’ylab qarasam,achinishgami,uyalishgami o’xshab ketadigan bu tuyg’u menda unga nisbatan mehr uyg’otgan bo’lsa kerak.Chunki,oradan yillar o’tsa ham uning o’sha kungi holati,eshikdan kiriboq menga tashlagan nigohi bir umr xotiramda qolgandi.

Xullas,o’sha kun uyga yolg’iz qaytdim.Hech kim ortimdan “hey” ham,“hoy” ham demadi,”jingalak soch qiz” deb ham chaqirmadi.Uyga borgach ovqat qilaman deb barmog’imni kesib olib ,rosa yig’ladim.
Ertasi kuni kechagidan keyinroq,baribir doimgidan oldinroq uydan chiqdim.O’sha kuni ertalab darsga ketishga boshqacha tayyorlanganim esimda.Barvaqt turganim,yaxshi nonushta qilganim,eshikdan chiqishdan oldin dahlizdagi ko’zgudan o’zimni uzoq tomosha qilganim…Hammasi bir-bir kinotasma kabi xayolimdan o’tyapti.

Uydan chiqib,muyulishga qaytdim va…to’xtab qoldim-U turardi.Avvaliga meni ko’rmadi,chunki orqasini o’girib turardi.Keyin qadam tovushimni eshitib o’girildi.U xuddi hech narsa bo’lmagandek,men uni kuttirmagan-u,u birinchi darsga kech qolmagandek,hammasi ko’ngildagidek ketayotgandek meni yana samimiy kulgancha qarshiladi.”Insonlarning eng ko’rkami kulganda chiroyi ochilib ketadiganidir” derdi buvim.Garchi,hozir  kulish uchun biror sabab ko’rmayotgan bo’lsam ham u meni kulib kutib oldi.Keyin… o’qishga yo’l oldik.
Mening qulog’im ding,kechagi qilmishim haqila so’rasa,to’qib qo’ygan bahonamni aytishga shay bo’lib borardim.Ammo,u bu haqda,umuman kechagi kun haqida so’ramadi.Aksincha,domlalar,talabalarni surishtirdi.

Bizning hovliga birga kirganimiz,fakul`tetga yonma-yon ko’tarilganimiz,albatta ko’pchilikning nazaridan chetda qolmadi.Men buni ayrim tanishlarimnig basharalaridan ko’rib turardim.Ular aslida biz haqimizda gapirib kelishardi-yu,lekin o’zlarini umuman boshqa narsa haqida gapirayotgandek tutishardi.Qo’llari,yuzlarida o’zlari paydo qilgan ifoda bilan bizni emas aslida o’zlarini shunga ishontirmoqchi bo’lishardi.Biz bilan to’qnashishsa, lahzaga g’iybatlariga nuqta qo’yishar,yaqin kishilardek so’rashishar,bir qadam uzoqlashmasimizdanoq “Voy anovilarni…” degancha gaplarini qolgan joyidan davom ettirishardi.

Shunday qilib auditoriyaga kirdik,dars boshlandi,dars tugadi.Uyga qaytdik.U meni uyimiz muyulishigacha kuzatib,keyin o’z yo’lidan ketdi.
Biz shu tariqa har kuni birga qatnar,bir yo’ldan birga borib,birga qaytardik.Asta-sekin biznig suhbat mavzuimiz
kengaydi,bahslashadigan bo’ldik.Biz hamma narsa:odamlar,fasllar,tabiat,narx-navo umuman gapirsa bo’ladigan nimaiki mavzu bo’lsa gaplashardik,tortishardik.Men o’jarlik qilib,gapimni o’tkazishga urinar,u mening bolarcha qiliqlarimning barchasini hazm qilar,arazim cho’zilaversa aybi bo’lmasa ham kechirim so’rardi. Lekin, shu yerda bir haqiqatni tan olishim kerak,u juda chuqur fikrlardi.Dunyoqarashi keng va teran,fikrlarini ifodalashi esa silliq va ravon edi.Gohida shunday bo’lardiki,uning aqliy va badiiy mukammalligi menikidan bir necha marta yuqori ekanligini tan olishga majbur bo’lardim.Albatta,buni ochiq aytmas,shunchaki o’z ko’nglimdan o’tkazardim.

Vaqt o’tishi bilan bizning birga qatnashimiz uchun ketadigan fursat juda kam ekanligini seza boshladik.Endi uzoq,aylanma yo’llardan qaytardik,biz uchun harna ko’proq birga bo’lganimiz edi.Bora-bora darsdan chiqib birga kutubxonagami,kinogami,xiyobongami boradigan bo’ldik.Hayotim va taqdirimdan mingdan-ming rozi edim.

Bir kuni…O’shanda qish edi.Imtihonlar boshlanish arafasi.Darsdan chiqdik.Men tezroq uyga bormoqchiydim,chunki juda sovqotgandim.O’zi azaldan issiqxo’rman,salgina salqin tushsa ham,qalin kiyinib olardim.Aziz yigitlar orasida ko’rinmadi.Hammadan chetda,universitet darvozasi oldida uni kuta boshladim.Dugonalarim yonimdan o’tib ketisharkan,”Shirin Farhodini kutyapti” deya gap otib ketishardi.Garchi,Aziz menga sevgi izhor qilmagan bo’lsa-da,aniqrog’i oramizda paydo bo’lgan tuyg’uga hali ikkalamiz ham rasmiy nom qo’ymagan bo’lsakda,bizni hamma “sevishganlar” derdi.Men avval bu gaplarga tish-tirnog’im bilan qarshilik qildim,ammo keyinchalik indamay qo’ya qoldim.Aziz esa jimgina kulib qo’yardi.

Havo bulutli,qor havosi.Izg’irin shamol esar,uning sovuq yellari yuzimni chimchilardi.Universitet hovlisidagi archalargina sovuqqa qaramay mag’rur bo’y cho’zib turishardi.Men yarim soatlardan ortiqroq kutdimmi,yo bir soat bo’ldimi bilmayman,qo’llarim muzlay boshladi.Bu orada beshinchi juftlik darsi ham oxirlab qolgan,bizning darsimiz tugaganiga ancha bo’lgandi.Men bilan mashg’ulotdan chiqqan kursdoshlarim allaqachon uylariga borib,issiqqina choy ichib,televizor ko’rib o’tirganlari aniq edi.Azizdan xavotir ola boshladim.U hech qachon meni buncha kuttirmagandi,yuragim siqila boshladi.Nima qilishimni bilmay turgandim,bir yigit yonimga kelib gap qotdi:
-Meni Aziz aka yubordilar,auditoriyalaringizda bosh kiyimlari qolgan ekan,olib uyingizga borarkansiz.Ertaga olarkanlar-u shunday dedi-yu,og’iz juftlab bir nima degunimcha bo’lmay,muzlagan yerda yaxmalak otib jo’nab qoldi.Jahlim chiqib ketdi,uni bir soatdan ortiq kutsam-u,uning qaerga ketgani no’malum bo’lsa,yana sinfda qoldirgan telpagini olishni buyurib elchi jo’natsa!Ey xudo,oyoqlarim muzlab qolmagan bo’lsinda ishqilib.Yaxshiyam,jig’ibiyron bo’lib,yer depsinib turgan ekanman,oyoqlarim qotmabdi.

Muzlagan yerda yiqilib tushishdan qo’rqib,asta-asta qadam bosgancha zina tarafga yurdim.Bu paytda havoning shashti kuchaygan,bu sovuqdan keyin qor yog’ishi aniq edi.Osmon qop-qora bulut bilan qoplangan,qishning erkatoy qushlari-qarg’alar “qag’-qag’”lagancha hovli atrofidagi temir to’siqqa kelib qo’nishardi.Yuragimga qandaydir no’malum vahima cho’kdi.Tezroq yurishga harakat qildim,yaxlab qolgan zinalardan ming azob bilan
ko’tarilib,oynaband eshikdan binoga kirdim.Qanday maza!Ichkari issiqqina edi,tanam yayrab ketganday bo’ldi.Iliq havoda jonlanib,shosha-pisha pillapoyadan o’zimizning fakul`tetga ko’tarildim.Beshinchi juftlik dars bo’lgani uchun ham fakul`tetda hali odam sharpasi sezilardi.O’ng qo’ldagi zaldan o’zimizning xonamiz tarafga yurdim.Tavba,chiroqni yoqib qo’yib ketishibdimi?Bugun navbatchi qo’yilmagan shekilli.Shu xayol bilan eshikni ochdim,ichkariga kirdim.Kirdim-u,hayratdan qotib qoldim,sinf xonamizni tanib bo’lmasdi.Hamma yoq gullar,ming xil yog’du taratib porlayotgan shamlar bilan to’la edi.Stol-stullar chetga chiqarilgan, derazalarga zanjirsimon chiroqchalar osilgan,ular xonaga ajib bir sokinlik bag’ishlab turardi.

Men hali ham eshik oldida qaqqaygancha turar,ko’rganlarim tushimmi-o’ngimmi ajratolmayotgandim.Shu payt sinf burchagidagi ortiqcha buyumlar qo’yiladigan xonachaning eshigi ochilib allakim ko’rindi… U Aziz edi.Uni ko’rgandagi hayratim barchasidan oshib tushdi,u juda bashang kiyingandi.Yuzida menga yoqadigan samimiy tabassumi bilan yonimga keldi-da, qo’limdan tutib, o’ziga tortdi.Yengil harakat bilan pal`tomning tugmalarini,keyin bo’ynimga o’ralgan sharfni yechib oldi.Mening aqlim,shuurim o’zimda emas,u nimagaki undayotgan bo’lsa,men jim bajarayotgandim.So’ng pal`tomni sug’urib oldi, men esa karaxtlangancha unga bo’ysunib qo’limni tutdim,kiyimimni yechishiga yordamlashdim.

So’ng u bir soniyaga qaergadir g’oyib bo’ldi. Yo’q g’oyib bo’lmagan ekan,shunchaki stolda turgan va men payqamagan magnitofonni qo’ygan ekan.Keyin yana o’sha yengil harakat bilan yonimga keldi,qo’limdan tutib bag’riga tortdi,so’ng asta yo’rg’alab ketdik.Shundan keyingina u qo’shiq qo’yganini,biz esa ikkimiz yolg’iz,kuyning ohangiga qo’shilib oqayotganimizni tushunib yetdim.

Bu kuy menga tanish ohanglar ichida ajralib turar,uning mayin sadosida biz bir jism bo’lib tebranardik.Endigina ongim o’ziga qayta boshlagan,nima bo’layotganini endi anglayotgandim.Biz bir tan,bir yurak bo’lib raqs tushardik.Boshimni uning ko’ksiga qo’ydim,qulog’im ostida yuragi shundoqqina urib turar,uning dukillashi qalbimning ovozi bilan qo’shilib ketgandek edi.Men tuyg’ular havosidan sarmast edim.Hozir shundoqqina,shu holatimda uning ko’ksiga bosh qo’ygancha,qalbining haroratini his etib o’lishga ham rozi edim.Uning qo’llari kuchli,yuzimga urilib turgan nafasi esa qaynoq edi.”Hozir erib oqib ketaman”,xayolimdan shu fikr kechdi.Boshimni ko’tarib,unga qaradim.Uning ko’zlarida men shu paytgacha oz-oz uchqun ko’rgan ifoda gulxan bo’lib yonardi.Bu ko’zlarning sehri shu qadar kuchli ediki,qarab turishga ortiq majolim yetmay boshimni yelkasiga qo’ydim.Ko’zlarimdan qaynoq tomchilar quyilar, ilk bora baxtdan sarmast bo’lib, yig’layotgandim.

Kuy tugaguncha shu ko’yi turdik.Menga qolsa u tugamasa,yana,yana davom etsa derdim.Ammo,meni bir lahza bo’lsada yulduzlar,bulutlar yoniga olib chiqqan kuy tugadi.U tugadi-yu,qulog’im ostida Azizning qaynoq nafasi bilan chiqayotgan ehtirosli ovozda shivirladi:
-Seni sevaman!Iltimos,muhabbatimni qabul qil!-Agar hozir uning bag’rida issiq qo’llari orasida bo’lmaganimda,hushimdan ketib yiqilishim aniq edi.Chunki,uning bu so’zlarini eshitgan zahotim boshim gir-gir aylanayotganini sezdim.Bir nima deyishim,hech bo’lmasa tasdiq ishorasini qilishim kerak edi. Biroq, mening kuchim yo’q edi ortiq.Boshimni zo’r-bazo’r qimirlatdim-da uni quchib oldim,men yiqilib tushishdan,hushimdan ketishdan qo’rqardim.U esa meni mahkam bag’riga bosdi.Butun tanamda qon gupurib urayotganini,uning kuchli qo’llari esa meni tobora chirmab borayotganini his etardim. Biz shu alfozda ancha turdik.Keyin asta qo’limni tushirib,undan uzoqlashdim.U xohlab-xohlamay qo’llarini bo’shatdi.Pa`tomni stol ustidan olib,qo’limda mahkam tutgancha zalga otildim.Aval zinadan birinchi qavatga,keyin tashqariga chiqib,muz qoplagan pillapoyadan sirpanib-sirpanib hovliga tushdim.Shundagina tashqarida ekanimni,atrofga qorong’ulik cho’ka boshlaganini payqadim.Pal`tomni shosha-pisha kiydim-u tugmalarini sola-sola yugurib ketdim.Choparkanman yuragim tobora shiddat bilan urayotganini,agar to’xtamasam o’lib qolishim mumkinligini o’ylardim.Bu paytda temir panjaraga yaqinlashib qolgandim.Unga yetdim-u,yopishib oldim,yuzimni sovuq temirga bosdim.Yuzim,lablarim o’t bo’lib yonar,temirning muzdekligini sal-palgina sezardim.Shu holatda biroz turib,chuqur-chuqur nafas oldim.Ancha o’zimga kelganimni his qilgach,pal`tomning yoqalarini ko’tarib qo’yib,yurib ketdim.

Butun atrofga tun o’z pardasini yoya boshlagan,ko’p qavatli uylarning chiroqlari birin-ketin porlardi.Keng ko’cha,o’tib-qaytayotgan mashinalar, odamlar, uylar, chiroqlar-o’zga olam,men-o’zga olam edim.Yugurgim,irg’ishlab sakragim,xullas xayolimga nima kelsa o’shani qilgim kelardi.Yugurib ketdim,ko’chamiznig boshigacha chopib bordim.Yuragim tez-tez ura boshladi,o’zim ham isib ketdim.Bir oz nafas rostlab olgach,hech nima bo’lmaganday uyga kirdim.Ammo,o’zimni bunday tutish oson emasdi.Yuzimga har kungi uyga qaytgandagi xotirjamlik,biroz charchoq va toliqish ifodasi bilan uyga kirdim.

Oshxonadan taralayotgan ovqatning hidi biram yoqimli,qornim biram ochgan ediki,hozir qozon-pozoni bilan yeb qo’ygudek edim.Kiyimlarimni dahlizdagi kiyimilgichga ildim-da, u yerga kirdim.Oyim qozon boshida kuymalanar,kapgirni chaqqon aylantirgancha shirguruchni shopirardi.
-Assalom-alaykum,oyijon!-Shunday deya oyimni quchoqlab oldim.Bilmayman,negadir hozir hammaga yaxshi gapirgim,yaxshilik qilgim kelardi.
-Hoy,hozir soching kuyadi-ya!-Oyim salomimga alik olib,qo’limni bo’shatdi.-Tinchlikmi qizim,bugun kayfiyating boshqacha?
-Voy,qanday yaxshi,shirguruch qildingizmi?-Oyimning savolini javobsiz qoldirib,qo’lidan kapgirni olib,ovqatni kovlay boshladim.
-Shirguruchni yoqtirmasding shekilli?-Oyim menga qaramay,javonning oldida kuymalana boshladi,cho’kka tushib,pastki qatordan nimanidir qidira boshladi.Chindan ham bu taomni yoqtirmasdim,ammo, u bugun dunyodagi yeguliklar ichida eng mazalisi,eng shirini bo’lib ko’rinayotgandi.

-Nega endi,shirguruchni allaqachondan beri yoqtira boshlaganimni bilmasmidingiz?-Unga shunday degancha ,kapgirni qo’liga tutqazdim.Uni hayron qoldirgancha dikonglab xonamga kirdim.O’zimni divanga otdim.Kuldim,avval miyig’imda,keyin qah-qah otdim.Nega,nima sababdan kulyapman bilmasdim.Bilganim-kulgim kelayotgandi.Birdan tok urgandek titrab ketdim…Nahotki,bu sevgi bo’lsa!?Ey xudo!Chindan ham men
sevib qoldim!Men uni sevaman!Nahot bir yig’latib,bir kuldirsa sevgi deganlari?!Darrovgina baxtimdan quvonib yig’lab turgandim,endi bo’lsa yana shu baxt tufayli…kulyapman.

— Qizim!-Narigi uydan dadamning ovozi eshitildi.Ishdan kelibdi,bilmay qolibman.-Menga qarashib yubor.
— Hozir dadajon!-Shosha-pisha kiyimlarimni almashtirdim,oyog’imga shippakni ilib narigi uyga chiqdim.Dadam ko’zoynagini qo’ndirib,stol ustidagi qog’ozlarni ko’rib o’tirardi.U savdo bilan shug’ullanar,erta ketib,kech kelardi.Buning ustiga ayrim vaqt turli qog’ozlar-hisobotlarni uyga ham olib kelardi.Shunda men dadamga ko’makchiman.Oyim bizga ahyon-ahyonda choy damlab kirgizib turar,ishlashimizga biroz qarab turib,keyin ohista qadam bosib chiqib ketardi.

Hozir ham hisoblagichni olib,dadam hisob-kitob qila boshladi,men esa hisobotlarga natijani tushira boshladim.Sal turib oyim bizni ovqatga chaqirdi.Ikkimiz birin-ketin yemakxonaga chiqdik,ovqatlandik.So’ng shirinlik bilan choy ichdik.Ovqatlanib bo’lgach,dadam “Ortimdan bor” deb ishora qilib narigi uyga,ishini davom ettirishga ketdi.
-Yaxshiyam shu qizimizni tuqqan ekansan,onasi!U bo’lmasa men nima qilardim-a,-dadamning ovozi eshitildi narigi xonadan.
-Qizingizning qilib yurgan ishini bilganingizda ham shunday dermikinsiz,bilmadim-oyim bu gapni deyarli pichirlab aytgan bo’lsada,qulog’imni qomatga keltirgan tovushni eshitgandek garang bo’lib qoldim.Choy solish uchun choynakni ko’targan qo’lim havoda muallaq qoldi.Oyim esa menga qattiq tikilib o’tirar,har bir harakatimni sinchiklab kuzatardi.Demak,u bilibdi…O’zim ahmoqman,shu paytgacha aytishim kerak edi,ammo,hali ham kech emas.

Shunday qilib, hammasini gapirib berdim.Uning kelgan kunidan boshlab,to shu kungacha bo’lgan hammasini.Oyim gapimni bo’lmay eshitdi.Sevgi izhor qilgani haqida gapirganimda,piyola tutgan qo’li titraganday bo’ldi.
-O’zingchi,o’zingni ham ko’ngling bormi unda?-Oyim ohista so’zlayotgan bo’lsada,yuragida g’alayon sodir bo’layotgani ko’zlaridan shundoqqina ko’rinib turardi.
U bu savolini berganida men boshimni egib o’tirardim.Nima deb javob qaytarishni bilmasdim,to’g’risi,javobimni aytishga uyalardim.Ming azob bilan boshimni ko’tarib oyimga qaraganimda,ko’zimdan duv yosh oqdi.Bo’g’zimga bir nima tiqilib,gapirolmadim.Tasdiq ishorasini qilib kallamni qimirlatdim,xolos.
-Mayli qizim,senga yoqibdimi,demak yaxshi yigit bo’lsa kerak!-Oyim bu gapni uzoq jimlikdan so’ng deyarli pichirlab aytdi.Men uning  urishib berishini,bu ishim yaxshi emasligini uqtirishini kutgandim.Bu gapni eshitib qotib qoldim,keyin turib oyimning bag’riga o’zimni otdim.Uning issiq bag’riga yuzimni bosib,ho’ngrab yubordim.Bu yig’i shunchalar kuchli ediki,unda sevgimni ochiq tan olish ham,ochiq tan olganimdan uyalish ham bor edi.Oyim sochlarimni silar,mehrli kaftlari titrardi.Nazarimda,u ham yig’lardi.

Ovozimni eshitib,dadam narigi xonadan “hay-hay”lab chiqdi.Oyim yelkamga urib qo’yarkan,yig’i aralash dedi:-
-Ertalab qizingiz bilan arazlashgandik,dadasi!Hozir yarashib oldik!-U men tufayli dadamga yolg’on gapirgandi.Buni eshitib,oyimning ko’ksiga yuzimni qattiqroq bosdim.
-Xah,ishlaring qurib ketsin-a!Nima bo’ldi debman,-dadam shoshilinch yelkasiga tashlab chiqqan choponini to’g’rilab orqasiga qaytdi,-o’takamni yordilaring.
Tun kirdi,tong otdi.Men esa bu oraliq vaqtni deyarli uyqusiz o’tkazdim.O’zimni majburlab ko’zlarimni yumib yotsamda,uyqum  yetmasdi.

Nonushta payti oyim nuqul meni kuzatib turgandek tuyuldi.Yer ostidan unga qarab qo’yaman,ko’zi boshqa joyda bo’ladi,lekin ko’zimni olsam,nigohi menga qadalib turgandek. U meni eshikdan kuzatarkan,har kungidan boshqacha hayrlashdi.To’g’rirog’i,ko’zlarida meni kecha kechqurun tinglagandagi ifoda bilan kuzatib qoldi. Qish kuni bo’lishiga qaramay,havoning chehrasi ochiq,kun esa yorug’ edi.Kayfiyatim esa undan-da yorqinroq.Bugun hech nima ta’bimni xira qilolmasligi aniq edi.Faqat…Faqat,oyimning ko’zidagi ifoda yuragimga g’ashlik solayotgandi.Uning bu qarashida tuyg’ularimdan xavotirlanish ham,sevgimning kelajagi bor yoki yo’qligini aniq ko’rolmaslik ham bor edi.

Muyulishda doimgidek Aziz meni kutib turardi.U bekatdagi o’rindiqning baland ustuniga suyangancha turar,ko’zlari esa uzoq-uzoqlarga xayolchan tikilgandi.Qo’llarini cho’ntagiga solgan,olislarga tikilgan o’ychan va mag’rur qiyofasi shu-shu bir umr yodimda qoldi.Har gal sog’insam,ko’rgim kelsa,xotiramda shu holatda gavdalanadigan bo’ldi. Unga yaqinlasharkanman,hayajonlanayotganimni,ikki yuzim duv qizarganinin sezdim.Oyoqlarim esa o’zimga qiyinchilik bilan bo’ysunardi.

U xayolchan nigoh bilan menga qaradi.Men salom berdim,u jilmayib salomimga javob qaytardi.Keyin o’rindiq chetidagi sumkasini kovlashtirib,allanimanidir oldi.Bu mening sharfim edi.Aziz yonimga keldi-da,sharfimni bo’ynimga avaylab bog’lab qo’ydi.So’ng ikkalamiz jimgina ketdik.Qor bosgan yo’lak bo’ylab borarkanmiz,oyog’imiz ostida uning “g’arch-g’urch” qilishi bizga huzur bag’ishlardi.Biz hozir faqat ikkimizgina mavjud dunyoda yashardik.Bu dunyo bizning yuragimiz taftidan bunyod bo’lgan,bizgagina tegishli edi.Yonimizdan mashinalar sassiz,sadosiz o’tishar,odamlar esa sharpasiz yurib borishardi.Bu olamda faqat yuraklarimiz urayotgani va bir-biri bilan gaplashayotganigina eshitilardi.

-“Siz hayotimda paydo bo’ldingiz-u,men yashayotganimni his qildim!”
-“Yo’q,yo’q men emas,sen mening hayotimga kirib kelding!Sen meni hayot ummonidagi hissiz,tuyg’usiz odamlar orasidan tortib,samolarga olib ketding…”
-“Bilasizmi,hozir borliq ko’zimga shunchalik chiroyli ko’rinyaptiki,siz bilan birga uzoq-uzoq yashagim kelyapti!”
-“Menga esa farqi yo’q.Sen bilan bo’lsam bo’ldi.Hozir o’lishga ham roziman.Faqat…Seni yoningda bo’lgan bo’lardim o’shanda ham!..”
-“Ha,men ham sezyapman,endi aniq sezyapman,hattoki o’lim ham bizlarni ajratolmaydi!”

U qo’limdan tutdi,kafti issiq edi.Shu zaylda oliygohgacha bordik.Keyin men qo’limni asta tortib oldim,hali bu holatda borishga uyalardim.U ko’nglimga qaradi.
Bugun dars qanday o’tganini umuman sezmadim.Men o’z xayollarim,kelajak haqidagi tasavvurlarim bilan band edim.Men ertaklardagidek malika,u esa oppoq otdagi shahzoda edi.Biz oppoq marmar qasrda,bulutlar orasida yashardik …

-Salom,mana men keldim!-Nigoraning ovozi meni xotiralarimdan hozirgi hayotimga qaytardi.U xandon otib kulgancha men bilan ko’rishdi,bugun ham doimgidek ko’tarinki kayfiyatda edi.Havorang jinsi shimiga moslab,shu rangda yoqasi qaytarmali qalin jemfir kiyib olgan,bu muvofiqlik unga yarashib turardi.U stulini olib kelib,ro’paramga o’tirdi.
-Bilasizmi Zamira,kechachi,ishdan qaytayotsam anovi qizni ko’rdim…-Qo’lini peshonasiga qo’yib,nimanidir eslashga urindi,bu uning doimiy odati edi.-Xah esim qursin,ismi nima ediya! Hu bir gal keluvdiku,universitetda o’qiydi,devdingiz.Mohigulmi,Marjona edimi, bor edi-ku, uzoq suhbatlashgandingizlar,yig’lashib ham oluvdilaring?
Mehriniso?! Nahotki o’sha bo’lsa?
— Mehrimi?-Yuragim tipirchilab,Nigoraga tikildim.
-Ha,ha!Mehriniso,o’sha. Kecha siz oldinroq ketdingiz-ku.Men hem soat beshlar edi,xonadan chiqayotsam kelib qoldi.Sizni so’radi,negadir tashvishli qiyofada edi,ketganingizni eshitib,xafa bo’ldi.Menga sezdirmaslikka urindi-yu,ammo bo’shashib qolganidan sezdim.
-Nima dedi?-Nigoraning gapni cho’zayotganidan siqilib shosha-pisha so’radim.
-Hech nima.”Biror gapingiz bo’lsa,aytib qo’yaman” desam,indamadi.Yo’q,avvaliga aytmoqchi bo’ldimi,ikkilanib turdi.Lekin,gapirmadi.”Xayr” dedi-yu,shoshganicha chiqib ketdi.Men ham eshikni qulflab,birga ketamiz deb ortidan chiqsam allaqachon ketib qolibdi.
Nega kelganikin?Biror gap bo’libdimi yoki?Nima bo’lishi mumkin?Lekin,biror nima bo’lganda ham men kimman?Hech kim.Uff,nega kelgan ekan-a?Yana tashvishli qiyofada…Siqilib ketdim.”Suv ichib kelay” deya Nigoraga bahona qildim-u,xonadan chiqdim.Zinaning yonidagi deraza oldiga-xayollarga berilsam borishni yoqtiradigan joyga keldim.

Bir kuni ertalab har kun u meni kutadigan bekatga kelsam,Aziz yonida bir qiz bilan turardi.U quyib-quygandek Azizga o’xshar,qoshlarining qalinligi ham,qora ko’zlari,sal uzunroq burni,dahani,faqat uning rangi oq,Aziz esa qoradan kelgan edi.
-Tanish,singlim Mehriniso!-Aziz menga uni olib kelishini aytmagani uchun dastavval shoshib qoldim.Qiz bo’lsa akasiga o’xshab samimiy kulgancha,salomlashish uchun qo’l uzatib turardi.O’sha kuniyoq u menga “kennoyi” deb murojaat qilgandi.Bundan avvaliga uyalgan bo’lsamda,lekin menga yoqqandi.Shu-shu u bilan el bo’lib ketdik.U deyarli har kun yonimga kelardi.O’zi oliygohimizning boshqa binosida o’qisa ham bir bahona topib kelib ketardi.
Yomg’ir yog’yapti.Kuz yomg’iri.Shu kun ertalabdan beri quyadi o’ziyam.Bir paytlar yomg’irni yaxshi ko’rardim.Yomg’ir tomchilayotganda uyda o’tirgim kelmas,xayolim nuqul ko’chaga undar,shunday mahalda sokin ko’chada sayr qilgim kelardi.Endi esa yomg’ir yog’ishiga ham,uning tomchilari ostida sayr qilishga ham tobim yo’q.Chunki uning yog’ishi har gal mening azobli xotiralarimni yodimga soladi.

O’sha kun…Dunyo ko’zimga birdan rangsiz va befayz ko’rinib qolgan o’sha kunda ham yomg’iryog’ardi.Darsdan chiqdim,Aziz meni hovlidagi favvora yonida kutib turardi.Negadir oxirgi darsda ko’rinmadi,biror ishi chiqib qolgandir,deb o’yladim.O’shanda to’rtinchi kursning boshlari edi.Kuz edi o’shanda ham.Osmon bulutli,ertalabdan beri quyosh ko’rinmasdi.Men allanimalar haqida,u bo’lmagan oxirgi juftlik haqida labim-labimga tegmay gapirib borardim.U bo’lsa indamay meni tinglardi,xolos.

Uyimiz yonidagi muyulishga yetganimizda,u qo’limdan tutib,meni to’xtatdi.Meni o’ziga qaratib,ko’zlarimga uzoq tikildi.Xuddi xayrlashishni istamaydigandek boqardi uning nigohlari.
-Xayrlashgim kelmayapti!-Uning ovozi titrab chiqdi.
-Meni ham,lekin uyga barvaqtroq borishim kerak.Qishloqqa ketmoqchiydik,-dedim uzrli ohangda.
-Yo’q,yo’q sendan ajralgim kelmayapti!-U meni bag’riga bosib,qattiq quchdi.Hayron bo’ldim,yuragim uvishib ketdi.Biror marta bunaqa xayrlashmagandik.
Men o’zimni tortib unga qaradim,uning ko’zlari to’la yosh edi!
-Yig’layapsizmi!?-Unga sinchiklab tikildim.Nigohini yerdan olib,menga qadadi.
Shu lahzada bir tomchi yosh ortiq ko’zlariga sig’may,chap yuzidan oqib tushdi.U shosha-pisha dastro’molchasini olib yuzini,ko’zini artdi.Keyin menga yana uzoq qarab turdi.Chamamda,u nimanidir aytmoqchi,lekin o’sha narsani aytolmay qiynalardi.
-Bilasanmi,biz…-U tutilib qoldi.Bir yutindi-yu,ko’zini mendan olib uzoqlarga tikdi.-Biz…Biz…Xayrlashishimiz kerak.Umrbod,bir umrga ko’rishmas bo’lib!
Men kuldim,to’g’rirog’i o’zimni shunga majbur qildim,shu sababli ovozim beo’xshov chiqdi.”Qaltis hazil qilyapti” deb o’yladim.
-Yo’g’-ye,rostdanmi,qachongacha? 8-mart oldi hazilimi desam,hali ungacha ancha bor shekilli?-Undan gohida antiqa qiliqlar chiqishi yodimga tushdi.
-Hazillashmayapman,to’g’risi…-U yana nima deyishini bilmay,yerga qaradi.Tuflisining uchi bilan tuproqni asabiy o’ya boshladi.

Men bir chayqalib ketganday bo’ldim.Boshim g’uvillab,qulog’im karaxt bo’lib qolganday bo’ldi.Nazarimda,butun dunyo boshimga ag’darilib tushganday bo’ldi.O’zimni yerda arang tutib turardim.
-…Kecha oyim aytdi,menga yoshligimizda xolamning qizini qulog’ini tishlatib qo’yishgan ekan…Uning yuragi kasal emish.Agar…Agar meni uylanmoqchi emasligimni bilsa,ko’tarolmasligi mumkinmish….-Uning ovozi uzoqlardan kelardi.Bechoraginam,ikki o’t orasida qolgan nochorginam!Gapini aytib bo’lguncha qiynalib ketdi.

Men uning bag’riga o’zimni otdim.To’yib-to’yib yig’lamoqchi bo’ldim,ammo,qiziq,ko’zimdan bir tomchi ham yosh kelmadi.Shu alfozda ancha turdik.Ikkimiz “dag’-dag’” titrardik,xuddi qahraton sovuqda qolgan bir juft musichalarga o’xshardik.Faqat biz va ular orasida bir farq bor edi-ular sovuqda bir-birlarini bir umr isitishlari mumkin edi.Biz esa ajrashish oldidan bir-birimizning bag’rimizda turardik.Endi hayot izg’irinlarida bir-birimizdan ayro yashardik,qahratonlarda bir-birimizning haroratimizni his qilolmasdik.
Sirg’alib bag’ridan chiqdim-u,orqamga karamay ketdim.Ortga qarasam,uning yoniga yana qaytishdan qo’rqib,jadal qadam bosgancha pod`ezdga kirdim.Kirdim-u,devorga suyanib o’kirib yubordim.Men inson tuyg’ulariga begona dunyodan,udumlar-u,odatlar qa’riga cho’kib borayotgan muhabbatimdan o’ksinib yig’lardim.Shu lahzada taqdir qo’lida bir o’yinchoq ekanligimni,istasa har ko’yga solishi mumkinligini,kechagina baxtiyor qilib bugun ko’zimga dunyoni tor qilganligini o’ylardim.Ortiq yashagim kelmayotganini sezdim.

“Endi yashashning nima keragi bor?” Xayolimga kelgan bu fikrdan ruhim yengil tortgandek bo’ldi.Zinadan yugurgancha ko’tarilarkanman,xayolimda shu fikr aylanardi,-ortiq yashashning keragi yo’q!
Kalit bilan eshikni ochdim.Men shoshardim,miyamda aylanayotgan fikrdan qaytishdan qo’rqardim.Sumkamni qo’ydim-u,oyoq kiyimim bilan to’g’ri oshxonaga yo’naldim. ”Javonning ikkinchi qatorida-idishlarning orqasida.” Shoshib borib,javonning eshigini ochdim,idishlarni surib,uni topdim.Uni qo’limga oldim-u,taxminan bir soatlardan keyingi manzara ko’z o’ngimda gavdalandi.Oyim ishdan keladi.Hech narsa haqida o’ylamay,bamaylixotir uylik kiyimlarini kiyadi.Keyin choy qo’yish uchunmi,kechki ovqatga taraddud ko’rish uchunmi oshxonaga kiradi. Keyin…Keyin meniko’radi-yu,dahshatdan chinqirib yuboradi.Yerda dumalab yotgan sirkaning shishasiga ko’zi tushgach,yuragini changallab,yonimga cho’kkalaydi.Buni ko’tarolmasligi mumkin,chunki bir marta infarktni boshidan o’tkazgan.

Bu holat bir lahzada xayolimda jonlandi.Bo’shashib sirkani stolga qo’ydim,men naqadar ojiz ekanimni,xohlagan ishimni qila olishim uchun imkonim yo’qligini tushundim.Ayni shu lahzada baxt meni tark etgan,o’lgim kelardi,lekin hatto o’lishga ham haqqim yo’q edi.Keyinchalik necha bor bu holatim haqida o’ylaganimda,faqat bir narsani his qildim,agar oyim haqida,dadamni o’ylamaganimdao’z-o’zimgi o’ldira olarmidim?deya qayta-qayta savol berdim.Ich-ichimdan kelayotgan bir ovoz har gal hech ikkilanmasdan “ha” deb javob berganini sezdim.Shishani qanday shiddat bilan olgan bo’lsam,shunday sokinlik bilanjoyiga qo’ydimu,xonamga kirdim.Divanga cho’zildim,kelajagimni tasavvur qildim,lekin ko’z oldimda bo’m-bo’sh qorong’ulik turardi.

Shu lahzadan boshlab men uchun nursiz kunlar boshlandi.To’rtinchi kursni bitirdim,diplomni olganimda ota-onam xursandchilikdan,men esa armon bilan yig’lardim.U o’qishni ham tashlab ketgan,chamamda,hayotim sahifasidan nom-nishonsiz o’chishga ahd qilgandi.Keyinchalik bir-ikki bor Mehrini uchratganimda,u haqda so’radim.U Azizning o’zgarganligini,yolg’iz,odamovi bo’lib qolganligini aytgandi.

Men ham sho’x-shaddod qizdan hozirgi holatimga tushib qoldim.Endi hayotga qiziqishim ham,qarashim ham o’zgargandi.O’qishni tugatgach,magistraturada o’qimoqchi edim,Ammo,shusiz ham ham xotiralarim meni tinch qo’ymas,uni eng ko’p eslatuvchi bu dargohda yana ikki yil umrimni o’tkazish menga azob edi.Shuning uchun,Toshkentga o’qishga ketish fikri paydo bo’ldi.Bunga oyim va dadam tish-tirnoqlari bilan qarshilik qilishdi.Ammo,mening tushkun kayfiyatim va ruhiyatimdagi o’pirilishdan xabardor bo’lgan oyim mabodo shu bilan uni unutar deb o’ylagan bo’lsa kerak,avvaliga o’zi rozi bo’ldi.Keyin dadamni ham ko’ndirdi.Shu tariqa Toshkentga ketdim.Magistraturaga emas,yuridik institutga ikkinchi mutaxassislikka hujjatlarimni topshirdim.Birga o’qigan bir fakul`tet ham uni eslatib turadi,deb o’yladim.
Omadim chopib,maxsus sirtqi bo’limga o’qishga qabul qilindim.Ham o’qib,ham ishlay boshladim.

4-kursda o’qib yurgan vaqtimda uyga sovchilar kelishni boshlagan,oyimning o’zi mendan so’rab ham o’tirmay meni hali o’qiyotganligimni ro’kach qilib,qaytarib yuborardi.Lekin,Aziz bilan uchrashmay qo’yganligimni bilgan oyim endi ular haqida gapiradigan bo’ldi.Men u bu haqda gap boshlashi bilan “yo’q” deb o’rnimdan turib ketardim.Bora-bora bu haqda gapiradigan bo’lsa,janjal ko’taradigan bo’ldim.Men o’zimga o’zim yetib ortardim,boshqa hech kim kerak emasdi.Endi hech kimga ko’ngil qo’ymasligim ham aniq edi.

Faqat ishim meni biroz xayollarimdan chalg’itar,charchoq o’ylarimdan chetga tortardi.Shuning uchun,ishga hammadan oldin kelib,hammadan kech qaytardim.Kun bo’yi kimlarningdir og’irini yengil qilganim uchun,kimgadir ishidagi tartibsizliklarni yechishga yordam berganim uchungina mamnun bo’lib,bo’lib uyga qaytardim.

Mana hozir ham mijozlar kela boshladi shekilli,Nigora meni chaqirdi.Horg’in qadam tashlagancha xonam
tomon borarkanman,nega ertalabdan bunchalik charchoq kayfiyatda ekanligimni o’yladim.Nimadir yomon tush ko’rganim yodimga tushdi,lekin,qanaqa tush ko’rganimni
eslay olmadim.Qanaqadir kasalxonaga o’xshash joy edimi-yey,odamlar to’plangandimi,ishqilib shu joylari esimda.Ha,yana hamma yog’i oppoq doka bilan o’rab-chirmab
tashlangan bemorning yonida o’tirgandim.Ko’nglimga g’ashlik o’rmaladi,bu nimaning alomati bo’lsa?Mehri nega kelgan ekan-a?

Soatimga qaradim,jimjimador millar vaqt to’qqizdan o’tganini ko’rsatardi.Birpasdan keyin tush ham bo’ldi.Yaxshiyam ish bor.Bir olam hujjatlar bilan ishlab,ularni to’ldirgunimizcha soat tushgi birga ham yaqinlashib qolibdi.Keyin tushlik qilib olib,roppa-rosa ikkida xonamizda yana ishga sho’ng’ib ketdik.
Ikkimiz ham diqqinafas bo’lib,hujjatlarni to’ldirib o’tirardik,eshik tiqilladi.
-Kiring-Nigora qog’ozdan bosh ko’tarmay,javob qildi.
-Mumkinmi,qizim-allaqanday ayolning ovozi eshitildi.Men ishimdan biroz chalg’ib,eshikka qaradim.Ne ko’z bilan ko’rayki,eshik oldida Azizning onasi turardi.”Tiq”. Qo’limdan ruchkam tushib ketganini ovozidan bildim.Keyin zo’rg’a tovushim chiqib,salom berdim.Nigora dam menga,dam Azizning onasiga qarar,ayniqsa mening holatimdan hayron edi.Noqulay jimlikdan u bizni qutqardi.
-Keling,xola,-u shunday derkan,o’rnidan turib devor yonidagi stullardan birini surib qo’ydi.
-Assalom alaykum.Keling,yaxshimisiz?-Bu orada men biroz o’zimni o’nglab oldim,qaytib joyimga o’tirdim.
-Vaalaykum…Rahmat qizim.O’zingiz yaxshimisiz?Ayangiz,dadangiz yaxshi yuribdilirmi?-U ro’molining uchini g’ijimlab,men bilan so’rasharkan,mening ko’zim stol ustidagi o’ng qo’lida edi.U bilinar-bilinmas titrardi.

-Aziz…Yaxshimilar?- Uyatni ham yig’ishtirib qo’yib,axiyri bo’g’zimga tiqilib turgan savolni berdim.
Boyaqish xuddi shuni so’rashimni kutib turgandek, o’krab yubordi.Yuragim yomon bir nima sodir bo’lganini sezib, tez-tez ura boshladi.A’zoi-badanimdan jonim chiqqandek,suratdek qotib qoldim.
-Nima bo’ldi?!-Tilim so’zga zo’rg’a aylanib,so’radim.U bo’lsa bo’g’ziga tiqilgan hayajon va faryodning zo’ridan gapirolmas,nuqul qo’lidagi ro’molchasini asabiy g’ijimlardi.Men bu sahnaga ortiq chidab turolmasligimni, yuragim yorilib ketishi mumkinligini o’ylardim.Shu o’y menga quvvat bergandek bo’ldi.O’rnimdan turib,uning yelkasidan tutib dahshat aralash so’radim:
-Gapirsangizchi axir,unga nima bo’ldi?
-Bolaginam…Bolam bechora avtohalokatga uchradi!..-Men “shilq”etib o’tirib qoldim.Birdan ertalabdan beri dilimni g’ash qilayotgan tush tunda qanday ko’rgan bo’lsam,o’shanday ko’z o’ngimda jonlandi.Ey xudo! Yo’q! Hali bu ko’rguliging ham bormidi?!Chinqirib yubormoqchi bo’ldim,ammo majolsiz tanam va ruhimda bunga kuch qolmagan ekan.Bo’g’zimdan ovoz o’rniga kuchli bir xo’rsiniq otilib chiqdi.Bu bilan go’yo barcha dahshatli o’ylarimdan qutulgandek,jadal o’rnimdan turdim.Shosha-pisha stulim suyanchig’iga ilingan sumkamni,kiyimilgichdagi plashchimni oldim.Men hech narsa haqida o’ylamas,hech narsa haqida bosh qotirmasdim.Go’yo butun ongim va shuurimda hech nima yo’qdek bo’m-bo’sh edi.Faqat bir narsaga uning yoniga borishga,uni ko’rishga oshiqardim.

Kiyimimni qo’limda tutib,yugurgancha ko’chaga otildim.Azizning onasi ham ortimdan yugurdi.Biz-shu paytgacha dardu-o’ylari,quvonchu-tashvishlari umuman begona bo’lgan ikki insonni bizning eng yaqin kishimizdan xavotir hissi birlashtirgandi.
Mashinaning orqa o’rindig’ida qilning ustida turgandek borardim.Kasalxonagacha bo’lgan besh daqiqalik vaqt ichida undan ajralgan uch yillik umrim ko’z o’ngimdan o’tdi.Shu uch yil davomida men o’zimga uning ko’zi bilan qarab kelgandim.Nimaiki topgan,nimagaki erishgan bo’lsam uning ko’zi bidan qarab quvongandim.Yo’qotganlarim-his-tuyg’ularimu,beg’ubor quvonchlarim,samimiy kulgularimu-qalbimdagi istaklarim ham uning taqdirim yo’lidan chetga chiqqanligi tufayli edi.Umuman u-mening entikib topganim va faryod bilan yo’qotganim edi.

Mashina derazasidan ko’zga tashlanib borayotgan kuz manzarasi qanchalar befayz!..Sovuqdan dildirab turgan yalang’och daraxtlar xuddi mening qalbimga o’xshardi.Yuragim ham his-tuyg’ularidan ajrab,o’zining borligini tamoman unutgandi.
Mana nihoyat markaziy shifoxonaga ham yetib keldik.Azizning onasining ortidan zinalardan ko’tarilarkanman,yolg’izgina istagim uni tirik va sog’ ko’rish edi.
Uchinchi qavatga ko’tarilib,zaldan o’ng qo’lga yurdik.U yerda turganlar Azizning qarindoshlari bo’lishsa kerak,kirishimiz bilan bizga qarashdi.Menga birdek qadalgan bu nigohlar menga yot olomon edi.Ularning qaysi biri menga achinish bilan,qaysidir hamdardlik bilan qarab turgan bo’lsada,men ular orasida o’zimga tanish nigohni qidirardim.Mana o’sha inson ajralib chiqdi.Mehrining nozik gavdasi yanada oriqlashgandek,g’amga to’la ko’zlari yanada kirtaygandek ko’rindi menga.U yonimga kelib indamay meni quchoqlab oldi,qo’llarini bo’ynimdan o’tkazdi-yu,ho’ngrab yubordi.Men unga nima deyishni,qay so’z bilan yupatishni bilmasdim,chunki o’zim yupanchga,kimningdir issiq va mehrli kafti boshimni silab,dardimni bo’lishishiga muhtoj edim.

Biz devor bo’ylab qator qo’yilgan kursilarga o’tirarkanmiz,hammaning qulog’i ding,xayoli ichkaridagi bemorda edi.Bu orada Mehri menga Azizning qanday avtohalokatga uchragani,kecha meni shuning uchun so’rab borgani,vrachlar umid kamligini aytishgani,Azizning tuni bilan alahlab chiqqani,o’zi bir-ikki og’iz gapirgani-yu,shunda ham meni ismimni chaqirganini bir boshdan so’zlab berdi.Men uni jon qulog’im bilan tinglar,shunday qilsam suyukli kishimnig ahvoli haqida yaqinroq biladigandek va biror yordam qila oladigandek edim.Uni eshitib o’tirarkanman,kimdir kiyimimdan tortgandek bo’ldi.Yonimda,polda bir qizcha oyoqlarini chalishtirib o’tirar va ko’zchalari to’la hayrat bilan meni kuzatardi.Shuningdek,qo’lidagi so’rg’ichini aylantirib o’ynar,ora-sira og’ziga solib,qaytib olardi.

-Bu Zuhra,akamning qizi,-Mehri unga qarab turganimni ko’rib,izoh berdi.Zuhra!…Qulog’im ostida jaranglagan bu ism menga tanish!Bu mening bolalikdagi ismim!Aniqrog’i,men egizak farzandlaring ikkinchisi edim.Opam Fotima o’ninchi sinfda o’qib yurgan kezlarimizda sariq kasalligining o’tib ketishi tufayli hayotdan ko’z yumgan,keyin mening ismimni Zuhradan Zamiraga o’zgartirishgandi.Bu haqda bir gal Azizga so’zlab bergandim.Demak,farzandiga ismimni qo’ygan ekan.Hayotida nimadir bo’lsa ham meni eslatishini xohlagan.

Yonginamda o’ralashgancha menga hayrat to’la beg’ubor ko’zchalarini qadab turgan bu jajji qizaloq menga notanish olomon ichidan ajralib chiqqan yana bir yaqinim edim.U kiyimimning etagiga osilib turmoqchi bo’lar,ammo hali juda kichik bo’lgani uchun bunga kuchi yetmasdi.Unig harakatlariga,qo’lchalarini havoda tebratib,nimanidir g’udrangancha quvnoq qiyqirishiga qarab turib,bir daqiqa bo’lsada g’amlarimni unutganimni his qildim.Uni ko’tarib olib o’ynatgim,quchib o’pib olgim keldi.Shu bir lahzalik xohishimni amalga oshirish uchun endigina engashib, uni qo’limga olmoqchi bo’luvdim,tepamda kimningdir ovozi yangradi:
-Zuhra,qizim qani bu yoqqa kelchi,-yoshgina juvon mening qizaloqqa talpingan qo’llarimni havoda qoldirib,uni ko’tarib oldi va menga bir qarab qo’ydi-yu,gapida davom etdi:-Begonalarga bunday qilish yaxshi emas!

Begona…Juvon mening o’zim unutgan begonaligimni,garchi hozir bir havodan nafas olib,bir kulfat oldida esankirab qolgancha,nimanidir ilinj bilan kutib turgan bo’lsakda,aslida ulardan umuman uzoq ekanligimni esimga soldi.Men bo’shashgancha qo’limnicho’ntagimga tiqdim.
-Bu akamning xotini!-dedi Mehri bo’lib o’tgan holatdan chiqishga urinib.-E’tibor qilmang,iltimos.Hozir nima deganiyu,nima qilayotganini bilmaydi.

E’tibor qilmaslik…To’g’ri,e’tibor qilmasligim kerak.Lekin,men alam bilan o’ylardim,qachonlardir men uning hayoti uchun o’zimnig baxtimdan,sevgan insonimdan voz kechgandim.Endi bo’lsa,u bamaylixotir qarab qo’yib,begonaligimni yuzimga solayotgandi.Isyonkor ruhim bunga zo’rg’a chidab turardi.Xayolim yoniga borginu ko’nglingdan o’tkazayotganlaringni betiga shartta ayt,derdi.Uning ortidan qarab qolarkanman,naqadar tez asabiylashadigan bo’lib qolganimni sezdim.Bu haqda ortiq o’ylamaslikka harakat qilib,derazadan ko’chaga qaradim.Havoning avzoi hali ham menikidek tund edi.
-Bemorning yaqinlaridan biror kishi kirishi mumkin-ichkaridan chiqqan shifokor shunday deya hammaga qarab chiqdi.-Faqat bir kishi…Bemorning ahvoli qil ustida,ko’pchilik ahvolini og’irlashtirishi mumkin.

Azizning xotini qizchasini yonidagi ayolga tutqazib,eshik tomon yura boshladi.Bu paytda sevganimning onasi ham o’rnidan turib palata tomon yurdi,lekin eshikka yaqinlashganda,to’xtadi.Ortiga o’girilib,kimnidir qidirdi.Nigohi odamlar uzra kezib,menda to’xtadi.Uning ko’zlarida bir olam ma’no ko’rdim.U meni ichkariga,o’g’lining yoniga chorlardi.
O’zim shusiz ham butun vujudim bilan u yoqqa intilardim,menga bir ishora yetarli edi.O’rnimdan turib,palataga yurdim.Azizning xotini eshikning yonida jonsiz haykaldek qotib turar,menimcha u qaynonasidan buni kutmagandi.Men uning karaxtdangancha qolgan nigohlaridan ham uzoqlashib,palataga kirdim,ortimdan eshik yopildi.

U o’rtada,temir karavotda,oppoq dokaga o’ralgancha yotardi.Avvaliga kirgan joyimda bir muddat turib qoldim.Oyoqlarimga temir qopqa bog’langandek,qadamlarim og’ir edi.Sharpasiz qadam tashlab,unga yaqinlashdim.U tushimda ko’rganimdagidek ahvolda,faqat yuzigina ochiq edi.Boshi doka bilan qalin o’ralgan bo’lsada,peshonasida matodan qon o’tgandi.Yuzi shilingan,pastki labi yorilgan,o’ng qoshiga ham chandiq tushgandi.Bo’g’zimga achchiq bir nima tiqildi,ammo uning kuchi yig’lashga qo’ymadi.Stul olib, yoniga o’tirdim.

Uch yil davomida endi undan tamoman ayrilganimni bilsamda,yuragimda uni yana bir bor ko’rish,ovozini eshitishdan umidim bor edi.Nimagadir,kimgadir intilib yashagandim.Bu intilish menga kuch bag’ishlagandi.Endi bo’lsa uning yonginasidaman,lekin u meni ko’rmayapti,borligimni,u bilan hamnafas ekanligimni sezmayapti.Ey xudo,azoblaring buncha ham xilma-xil bo’lmasa?!Uning qo’lini kaftimga oldim.Yuzimga bosdim,shu on achchiq faryod ko’zimdan yosh bo’lib otildi.Uning menga qachonlardir tanish bo’lgan qo’lini yuzimga bosgancha ho’ngrab yubordim.Ey dunyo,nega bunchalar shavqatsizsan? Senga shunchalik malol kelgan ekanman,nega meni yaratding? Nega opamning o’rniga men o’lib ketmadim? Nega,nega?..

Yig’larkanman,ovozimni chiqarmaslikka harakat qilardim.Meni chetdan kuzatgan kishiga uning qo’liga yuzimni bosib o’tirgan,yelkalarim titragan holatda ko’rinardim.Shu payt Azizning qo’li qimirlagandek bo’ldi.Boshimni ko’tarib,yosh to’la ko’zlarimni unga qadadim.Avvaliga madorsizlikdan qoni qochgan labi qimirladi.Keyin kipriklari bir-ikki pirpiradi,majolsiz ko’zlarini ochdi.

Nahotki,uning ko’zlarini yana ko’rdim!Qanchalar sog’ingandim uning samimiy nigohlarini!Qop-qora,xayolchan ko’zlari uyqusiz tunlarimda mening hamrohim edi.Bu ko’zlar haqida shunchalik ko’p o’ylagandimki,hatto o’zim ham bezgandim.Ayrim tunlarda butun dunyo,atrof menga faqat uning ko’zlaridan iboratdek tuyulardi. Shunday paytlar bo’lardiki ortiq ko’rgim,hatto yashagim kelmay ko’zlarimni yumib olardim.Ammo,yuragimning eng chuqur yerida bir juft cho’g’ porlardi.Bu…uning ko’zlari edi!Men nima qilishni,uni qanday unutishni bilmasdim.Shunday paytlarda yuzimni yostiqqa bosgancha yig’lardim,sassiz,sadosiz faryod chekardim.

Mana o’sha ko’zlarni nihoyat ko’rdim.U avval bo’shliqqa tikilgandek ma’nosiz boqdi,to’g’ridagi derazaga tikildi.Birozdan keyin… Meni ko’rdi.Meni ko’rdi-yu, ko’zini yumdi.Tush ko’ryapman,deb o’ylagan bo’lsa kerak,yana qaytib ko’zini ochdi.So’ng uzoq tikilib qoldi.Nimadir demoqchi bo’lib,labini qimirlatdi.Pichirladimi,yoki menga shunday tuyuldimi,ishqilib nima deganini eshitolmadim.Uning ko’z o’ngimda menga gapirmoqchi bo’layotganini,biroq bir so’z aytolmay qiynalayotganini ko’rish men uchun azob edi,bitmas-tuganmas azob edi.Labiga barmog’imni qo’ydim.
-Gapirmang,bir so’z demang!-Mening ovozim ham pichirlab chiqdi.

U jilmaydi,to’g’rirog’i shunga harakat qildi.Ammo,yuzi og’riqdan bujmayib ketdi.Lekin,shunda ham menga yoqadigan samimiy tabassumini hadya etdi.
-Sen… Seni yana ko’ryapman!Xudoga shukr!
-Ha…-Men nima deyishni bilmasdim.Shu paytga qadar uni ko’rsam aytadigan gaplarimni aytib tugatolmasam kerak,deb o’ylardim.Ammo,bugun gaplarim o’z-o’zidan tugab qoldi.
-Sen haqingda eshitdim,ko’p eshitdim.Ishlayotgan,o’qiyotgan ekansan!Bilasanmi,seni ko’rolmaslikdan qo’rquvdim,judayam qo’rquvdim. Yo’q, xudoga nolalarim yetibdi.

Men hech so’z demadim,asta egilib ko’ksiga bosh qo’ydim.Yuragining urishini eshitgim keldi.U esa kafti bilan boshimni,sochimni siladi.Men baxtli edim.Ertalab oyimdan baxtning bor yoki yo’qligini,uning ko’rinishi qanaqaligini so’ramoqchi bo’luvdim.Baxt bor ekan…Uning yonimda ekanligi,ko’ksiga bosh qo’yib turganim baxt ekan!
Yuragi g’alati urardi,bir tezlashar,bir juda sekin urardi.

-Bilasanmi,inson bolasi dunyoga kelgach odamdek yashamoqchi bo’lsa sevmasligi kerak ekan yoki sevsa ham sevgilisining yonida bo’lishi kerak ekan doimo.Ko’nglida boshqa kishi bo’la turib,boshqa kishi bilan yashash,har kuni begonadek bir eshikdan kirib-chiqish,bora-bora shu begonalikka ham ko’nikish va yoki shunga o’zingni majbur qilishdan og’iri yo’q ekan inson uchun.Hamma ayb o’zimda…-U to’xtab qoldi.Shiftga boqib bir zum o’yga toldi so’ng menga xayolchan ko’zlarini qadadi:-Yoki taqdirdami? Baribir,menda bo’lsa kerak,chunki irodasizlik qildim,bir insonning qayoti uchun ikki kishining umri alg’ov-dalg’ov bo’lmasligi kerak edi.Ammo,bu gaplardan endi kimga foyda?!-U hayotga,hamma-hammasiga qo’l silkigani shundoqqina ko’rinib turardi.Biroz tin olgach,siniq ovozda dedi:
-Meni kechir!Iltimos!

-Sizni…allaqachon kechirib yuborganman!-Shunday deyishim bilan u chuqur xo’rsindi.Quloq solib turarkanman,yurak urishi sekinlashgandek tuyuldi.Boshimni ko’tarib,unga qaradim.Uning ko’zlarida xotirjamlikmi,sokinlikmi shunga o’xshash ifoda bor edi,ammo,bu ifoda to’la nigohi asta-sekin so’nib borayotgandi.Men dahshatga tushdim.Nahotki!? Yo’q,yo’q!Baqirib yubordim.
-Doktor,doktor!Iltimos,kim bor?!-Men uning jonsizlanib borayotgan ko’zlari,shalvirab osilib qolgan qo’llarini asliga qaytarish uchun jon holatda baqirdim.

Keyin,keyin hammasi ko’z ochib-yumguncha fursat ichida sodir bo’ldi.Mening chinqirig’imni kutib turgandek,avval ikkita hamshira,keyin vrach xonaga otilib kirishdi.Hamshiralar mening ikkala qo’ltig’imdan tutib,sudrab ketishdi.Doktor uning ustiga engashib,og’ziga qanaqadir moslamani qo’ya boshladi.Uning ko’zlari esa menda edi.Men hamshiralarning qo’lidan yulqinib chiqmoqchi bo’lardim,ammo kuchim yetmasdi, uning ko’zlari hamon menda edi.Axiyri siltanib chiqib,o’zimni unga otdim.Qo’lini tutishim bilan labida boyagiday jilmayishga o’xshash ifoda paydo bo’ldi.Keyin,qo’limni tutgan barmoqlari sirg’alib tushdiyu,osilib qoldi.

So’ng ko’z o’ngimda uning ustiga oq mato tashlashdi.Haligi hamshiralar meni biri sudrab,biri itarib palatadan olib chiqishdi.Chiqishim bilan olomonning dahshatli faryodi meni qarshi oldi.Avval Mehri,keyin onasi palataga otilib kirishdi.Ongim ishlashdan to’xtagan bo’lsada,men ko’rib turardim.Azizning xotini nima bo’layotganini tushunmagandek bir chekkada o’tirar,ro’moli boshidan sirg’alib tushgandi.Jajji qizcha bo’lsa hali ham menga hayratli nigohlarini qadab turardi.Meni tanamda faqat oyoqlarim va ko’zim ishlayogandi.Miyam to’xtab qolgandek,qulog’im esa eshitmas,boshimning ichida nimadir tinimsiz g’uvillardi.

Uyga qanday,nima bilan keldim,bilmadim.Kalitim bilan eshikni ochdim,uyga kirdim,eshikni yopdim.O’zimning xonamga kirdim.Plashchimni yechdim,sirg’alib yelkamdan tushdi, so’ng oyoq kiyimimni yechdim,divanga yonboshladim.Ko’zimni yumdim,ko’z oldim qop-qorong’u.Keyin birdan yuragim tez ura boshladi.O’rnimdan irg’ib turdim.Havo…Menga havo yetmayotgandi.Derazaning oldiga bordim,avval bir tabaqani, so’ng ikkinchisini ochib yubordim.Men shoshardim,ammo men kutgan havo yo’q edi.Yuragim badtar tez ura boshladi.Bir,ikki,uch…Uning urishini sanamoqchi bo’ldim,biroq yetolmadim.Dori kerak!Lekin qaerda?Jon holatda eshik tomon yurdim.Ammo,harakatlanganim sayin u ham tobora shiddat bilan harakatlanayotganini sezdim.Yerga cho’kkaladim,chalqancha yotdim.Nima bo’lyapti? Qaerdaman? Boshim gir aylanardi.Shipdagi qandilning nurlari qo’shilib ketdi.Yuragim yanada tezroq ura boshladi. Bir,ikki…Butun tanam chayqalayotganday,yo’q tanam emas,xona chayqalayotganday edi. Bir…Devorda osilgan,oyim va dadamning birgalikda tushgan surati qo’qqisdan tushib ketdi.Bo’g’zimga nimadir chang soldi.Qandaydir qo’llar meni bo’g’a boshladi.Birdan yuragim urishdan to’xtaganini sezdim.Qandaydir yengil bo’lib,o’rnimdan turdim.Tura solib,eshikka yugurdim. Dori kerak!Eshikdan chiqayotib,xonamda kimningdir yotganini ko’z qirim bilan ko’rib qoldim.Qaytib kirdim.Kim u? Bu…axir…Axir…Bu menku! Men yerda yotardim.Lekin,qanday turib yuribman?Tanamning tepasida shuni o’ylab turardim,kimdir derazadan imlagandek bo’ldi.Qaradim,Aziz kulib turardi.U oppoq kiyimda,samimiy jilmayib turardi. Yana qandaydir nur taralardi undan.Men yoniga bordim,u qo’lini uzatdi.Men ham unga intildim.Ammo,ammo…Boya rasmning devordan tushib ketgani yodimga tushdi.Uni joyiga olib qo’yish kerak edi.Ortimga qaytdim,pastga engashib,suratga qo’l cho’zdim.Biroq,u qo’limga ilmadi,barmoqlarim har gal uning orasidan o’tib ketaverdi.Achchiq bir xo’rsiniq bilan ortimga qaytdim.Tanam yerda yotardi,ko’zlarim ochiq,unda to’la taajjub va hayrat edi.Men hech qachon o’zimni bunchalik hayratlangan holatda ko’rmagan edim.Keyin derazaga qaradim,Aziz hamon kutib turardi.Uning yoniga bordim,qo’limni cho’zdim.Derazadan chiqdim-u,uchib ketdik.

Men baxtli edim!U yonimda edi,u ilk bor sevgi izhor qilgan kundagidek samoda parvoz qilardik.Bizni endi hech kim ajratolmasdi,hatto o’lim ham !!!

2008

033

(Tashriflar: umumiy 720, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring