Munavvara. Nozli edi oqshomgi nasim

077

Саҳифа ўзбек ва тожик халқининг азалий дўстлигига бағишланади.

Ўн тўрт йилки, мен туғилган кунимда ундан совға оламан. Туғилган куним яқинлашса, у телефон симлари оралаб мени топади: “Дугонажон, бир кўришайлик”. Унинг бу сўзлари маъносини яхши биламан. Гоҳ уйига таклиф этади. Отасинин туғилган кунини хотирлаш учун келган Матлуба опадан ҳам совға унади. Гоҳ бирор бир кафеда кўришамиз. Бир пиёла чой устида суҳбатлашамиз.

033
Мунаввара
НОЗЛИ ЭДИ ОҚШОМГИ НАСИМ
01

08ўнгилга яқин инсонлар ҳақида ёза бошласам, юрагим орзиқиб кетади. Йўқотганларим – дўстлар, танишлар ҳақида ёзсам армон юрагимни ўртаб юборади. Одатдаги шундай битикларимни ўқиган акахонлардан бири Абдужаббор ака айтиб қолди: “Мунаввархон, биз ҳақимизда тириклигимизда ёзинг. Ўлганимиздан кейин ёзсангиз бефойда. Ўзимиз ўқимагач, нима қизиғи бор”.

Бу аччиқ ҳақиқат. Ростдан ким ҳақида қандай фикрдалигингни тириклигида айт, мунофиқлик қилмай, эй банда.

003Мен у ҳақида кўпдан ёзмоқчи бўлиб юраман. Хаёлан бир неча марта битганман унинг ҳақдаги битикларимни. Ҳали фурсати келмаган деб юрардим. Аммо… укахоним Фарҳод: “Опа, Фарзона шеърларини таҳлили ҳақида материал берсангиз” деб қолди. Шунда мен ёзиш фурсати келганлигини тушундим. Бу унинг 50 ёши муносабати билан ёзилаётган битикмас. Бу менинг доим у ҳақда ёзишим мумкин бўлган кўнгил изҳорим асли.
Мен уни қачон танигандим? Рости, аниқ бир сана ҳеч нимани англатмайди. Аммо уни таниганимдан бошлаб Хўжандни таниганим рост. Уни танигач, Хўжанд мен учун аҳамият касб этди.

Омадсизликдаям омад бор дейишади. Рост гап. Тангрининг ҳар ишида ҳикмат борлигиям ҳақ гап. Мен номзодлик иши ҳимоясидан кейин Хўжандга катта орзу-умидлар билан қайтдим. Аммо Хўжанд мени хуш кутиб олмаган каби эди. Ўзим ўқиган факултетга мен керак эмасдим(Исёнчи кимга керак?!). Бир ойча ишсиз юрдим. Мутлақо тасодифан билиб қолганим, ўзим таҳсил олган ХДУнинг тожик филология факултетида журналистика бўлими очилгани ва унда ўзбек гуруҳи борлиги мен учун омадли бўлган воқеалардан бири бўлди. Мен ўзимнинг номзод сифатидаги иш фаолиятимни бошладим. Ва Уни таниш учун йўл айни шу ердан очилди. Бўлим мудираси мени онасининг уйига таклиф этди. Бордим. Мени уни танишим шу ердан бошланди.

0212000-йилнинг 2 феврали. Ўшандан буён уларнинг ҳовлиси мен учун жуда қадрдон масканга айланди. Чунки бу хонадон аҳли жудаям дилкаш ва самимий инсонлар. Табиатан тортинчоқ бўлганим учун унча-мунчага киришиб кетишим қийин. Аммо у билан суҳбатга дарров киришиб кетдим. Бу унинг ўта назокатли суҳбатдош эканидан бўлса, ажабмас.
Фарзона… Замонавий тожик шеърияти маликаси (Фарзона шеърлари билан мана саҳифада танишинг). Ҳамма уни шундай танийди. Мен уни илк бор таниганим…

Опаси профессор Матлубаи Мирзоюнус ташаббуси билан 2000-йилнинг февралида Тошкентга шунчаки айланиб келишга жўнадик. Икки ўта назокатли дилбар аёл ва мен ўта тўпори, жайдари. Ҳали ўзбек-тожик чегараларида визалар жорий қилинмаган, аммо чегара хизмати жорий этилганди. Ўзимизнинг чегарадан ўтишда чегарачиларимиз ҳужжатларни текшира туриб, уни танимади. Опаси шунчаки йўлига(унинг нозик табиати чегарачиларнинг баъзан қўпол муомаласидан инжилмаслиги учун экан аслида бу таништириш) “Бу шоира Фарзона”деди (Паспортга тахаллус ёзилмаганда, танимади шоввозларимиз). Шунда ўз иши билан банд чегарачилардан бири бошлади: “Гули зардолу мерезад…”

Унинг кўзларида аллақандай ўт чақнади. Ўзи қўшилиб шеър ўқий бошлади. Шеър ўқилиши асноси ҳужжатларимиз дарров қайддан ўтди. Шунда мен Уни танидим. У ШЕЪР ошиғи эди.

Манзилга етдик. Биз қўнадиган қўналға холаваччамникида келинаям қариндош аёллар йиғилишига шошилишаётган экан. Меҳмон улуғ. Бизниям қўшиб олишди. Мен, опасининг рафторидан унга қандай муомала қилишни ўргана бошлаганим учун, Унинг раъйига қарадим. Инчунин опаси ҳам. У ёқтирмайгина рози бўлди. Қариндошларим йиғиладиган кафега бораяпмизу юрагим така-пука. У тожик тилини билмайдиган, аммо асл тожик менинг қариндошларим даврасида зерикиб қолмасмикан деган иштибоҳ ичидаман. Манзилга етдик. Мени кўрганига тоғаваччаларим бир қувонди. Меҳмонларимни кўриб икки қувонишди.

Мен уни таништира бошладим: “Тожикистон ҳалқ шоираси Фарзона”(У ўзимиз тушунадиган тилда менга аста пичирлайди: “Ман ҳоли шоири халқи нестам”. Мен аста жавоб бераман: “Қўяверинг, булар билиб бораяптими”). “Филология фанлари доктори, профессор Матлуба Хўжаева”. Оддий кишилар сирасидан бўлган қариндош опаларим ҳайратдан “Вуй, шунақа танишларинг борми сани”, деб қўйишди. Яна уларнинг юз-кўзларида саросималик пайдо бўлди. Тил муаммоси бор. Бир томон ўзбек тилини билмайди. Иккинчи томон тожик тилини. Ичимда таржимонлик қиламан-да деб ўйлаб қўйдим. Аммо орадан беш дақиқа ўтмай менинг таржимонлигимгаям, менгаям ҳожат қолмади. Икки томон ўзаро рус тилида шунақа суҳбатга киришиб кетишдики, мен энди ким билан суҳбатлашишга ҳайрон бўлиб, келинаям билан қариндошларга доир янгиликлар ҳақида гаплаша бошладим. Бу суҳбатлашиш жараёни опа-сингилларнинг ўта назокатли ва маданиятли эканлигини, ҳар қандай даврада улар ўзларини олий даражада тута олишлари белгиси эди.

Ўшандан кейин қанча сувлар оқиб кетди. Қачон Тошкентга – яқинларим зиёратига борсам, опаларим сўрашади: “Фарзона яхши юрибдими? Профессор опаси-чи? Жуда ажойиб аёл-да У. Опасини айт. Ким уни профессор дейди. Оддийлигини қара”. Ҳар гал мана шу дилошуб сўзларни эшитиб қайтаман. Опаларим ўз қадрдонларини сўраган каби уларга салом айтиб қолишади. Ўз навбатида, қачон У билан ёки опаси билан Тошкент ҳақида гаплашсак, улар шоён қувонч билан менинг тоғаваччаларим, холаваччаларимни эслашади. Ҳолбуки, улар неча-неча юртларга бориб келишади. Қанчадан-қанча танишлар, дўстлар эъзозида бўлишади. Аммо менинг оддий қариндошларимни эсдан чиқаришмагани мени ҳайратга солади. Бу ҳам Уни таниш эди. У самимият соҳибаси эди.

Қишнинг илиқ кунларида танишдик. Мендан туғилган кунимни сўради. Айтдим. Қизиғи, мен туғилган сана унинг отаси туғилган кунда экан. Шу билан туғилган кун масаласи унут бўлди. Албатта, мен яшайдиган манзил билан ҳам қизиқди. Мен ижарада яшаётганим учун манзилни мубҳамроқ қилиб, У яшайдиган маҳаллага яқинлиги айтиш билан кифояландим.
Танишганимизни учинчи йили. Ишдан қайтдим. Хўжабекам мени ҳаяжонланиб дарбоза олдида кутиб турган экан. Ёнида қўшни аёл ҳам унинг ҳаяжонига шерик. “Мунаввара, бугун туғилган кунингизми?”. Бу оддий меҳнаткаш аёл менинг туғилган кунимни қаёқдан билгани қизиқ туюлиб, сўрадим: “Ҳа, нимайди?” “Фарзона келди. Сизга совға ташлаб кетди.” Овозидаги ҳайрату ҳаяжону қувонч(унинг ғариб ҳовлисига шоира Фарзона келди ахир! Ва мусофир ижарачиси ҳам анай-манай одам эмас экан (яъни мен!)). Мен Уни шундай танидим: “Одамийлик томонидаги ИНСОН”.

ШОИРА ФАРЗОНА ТАШРИФИ

Нозли эди оқшомги насим,
Кўнглим бирдай эрирди ғамдан.
Йўқлаб келди мени Фарзона,
Қоронғу тун аро бир шамдай.

Рассом бўлди қайғумга, шодон
Кулгуларин сачратди гулдай.
Ёлғизман деб чекмагин озор,
Деди ҳасрат бўлмасин ғулдай.

Озод сезгин бори дунёни,
Озод дегин ўзингни қушдай.
Ортда қолар шунда Ёлғизлик,
Ортда улкан ҳасратлар тушдай.

Озод сездим ўзимни бирдан,
Гул кўнглимга сачратди шодлик.
Осмон бир зум ватаним бўлди,
Менга ёқди гўзал озодлик.

Йўқлаб келди мени Фарзона…

Ўн тўрт йилки, мен туғилган кунимда ундан совға оламан. Туғилган куним яқинлашса, у телефон симлари оралаб мени топади: “Дугонажон, бир кўришайлик”. Унинг бу сўзлари маъносини яхши биламан. Гоҳ уйига таклиф этади. Отасинин туғилган кунини хотирлаш учун келган Матлуба опадан ҳам совға унади. Гоҳ бирор бир кафеда кўришамиз. Бир пиёла чой устида суҳбатлашамиз. Менинг баъзан дилгир кайфиятимни баланд кўтаради: “Сиқилма. Ҳаммаси яхши бўлади”.

Оилалик бўлдим. Менинг бесару сомон умримга маъни кирганидан қувонди: “Ана, энди фарзандлар ташвиши билан кунларинг қандай ўтганини сезмай қоласан. Фақат шоирга текканинг сал…” Уни ўшанда тушунмагандим. “Сал…”нинг маъносини турмуш ўртоғимнинг инжа феъли атворини кўргач тушундим.

У билан танишиш асноси ўзимга яқинлик пайдо қиладиган фактларни оиламиз даврасида опаларимга айтаман: “Фарзоналар ҳам биз каби учта қиз. Катта опаси Муаззам опа. Менинг катта Опам Муқима. Ўртанчаси Матлуба опа. Менинг ўртанча опам Муаззам. Кичиги Иноят опа. Иноят опа шоира. Мен эса оила кичиги. Мен эса… (Шоира эмасман). Ўхшашликнинг яна бир жиҳати. Уларнинг бобоси (она томондан) Абдураҳим Ҳожибоев. Менинг дадамнинг исмлари Абдураҳим.” Исмлардан яқинлик излайман гоҳо ўзимча.
Фарзандларим туғилди. Энди менинг туғилган куним ёнига буларнинг туғилган куниям қўшилди. Унинг хотираси жуда яхши бу борада. Қизим боғчага отланар экан, кийим танлайди: “Фарзона холам берган анжомни кияман”.

Ўғлим туғилганда, суюнганимдан суюклиларимдан суянчиладим. Унгаям сим қоқишни унутмадим. Туғруқхонадаману бир вақт ҳамшира чақириб қолди: “Чиқаркансиз. Айтгандек, Фарзона кимингиз бўлади?” Ҳамшира саволи маъносини тушундим. “Сен ўзбек бўлсанг. У тожик. Яна У машҳур шоира. Сен кимсан?” “Дугонам”, дедиму унинг истиқболига югурдим.
Қизим туғилди. Туғилиш муддатини тахминан биларкан. Телефон жиринглади. Унинг дилкаш овози: “Табриклайми?” Шоирлар башоратгўй келади. Қизим туғилганининг учинчи куни эди. Кўнгли сезганини. Ўзимдан ортиқ қувонган . У яна мени йўқлаб келиб турибди. Туғруқхона бош дўхтури ҳам ёнида. У мени бош ҳакимга таништира бошлайди: “Менинг дугонам, шоира Мунаввара шу киши…” Мен хижолатдан терлаб кетаман. Кейин ҳол-аҳвол сўрашиб, бизни холи қолдирган бош ҳакимни узоқлатиб сўрайди: “Ҳаммаси жойидами? Қизинг яхшими? Қийналмадингми?”. Уни кузатиб ёдимга Архангельскка сургунга жўнатилган Иосиф Бродскийга телеграмма жўнатган Анна Ахматова сўзлари тушади: “Ликуем. Празднуем”. Мен Унинг қошида кимманки, дея ўйлай бошлайман. Балки бир куни адабиётшунос Анатолий Найман каби У ҳақда унинг билан кечган суҳбатлардан хотиралар ёзарман дея орзуланаман.

Унинг билан суҳбатлар… Дилгир кезларимда Уни соғинаман. Қўнғироқ қиламан. Уйга кел деб чорлайди вақтини қизғанмай. Бораман. Соф аёлий суҳбатларида яйрайман. Доим очиқ юз билан кутиб олади. Албатта, онаси донишманд Аёл Бароат Абдураҳимовна дуосидан кейин кечадиган самимий суҳбатларда биз Шеър ҳақида гаплашамиз. Кундалик турмуш ташвишларини қиялаб ўтиб, ўқилган китоблар, менинг баъзи инсонларни тушунишдаги муаммоларим, ва Ўзимиз ҳақда. “Кўчага камроқ чиқ. Кўча ифлос. Сен кўп қаватли уйдасанку. Баъзан деразадан қараб боқ одамларга. Узоқдан. Шунда улар яхшироқ кўринади”, дейди менинг навбатдаги инсоннинг манфур мунофиқлигидан ёзғиришимдан кулиб.
Уни танигунимча менинг хос шоирларим бор эди. Уларни мен ич-ичимда “Менинг Аннам”(Ахматова)”, “Менинг Маринам”(Цветаева), “Менинг Буниним”, “Менинг Гумилёвим”, “Менинг Пастернаким” деб атардим. Уни танигач, менинг “севгилиларим” унинг ҳам “севгилиси” эканлигидан ажабланмадим. Қуёш ҳамманики. Аммо энди менинг “севгилим” биттага кўпайди: “Менинг Фарзонам”.

Гоҳо уни мажлисларда кўриб қоламан. Узоқдан нигоҳ билан сўрашади мен билан. Унинг атрофида шундай одамлар бўладики, мен Унга яқин боролмай қоламан. Шундаям Унинг ошно нигоҳида инжилиш ва сиқилишни сезиб қоламан.

Баъзан ўзбек бўлиб ўзбек адабий муҳитидан нафас ололмадим деб ўкинардим Уни танигунча. Аммо Уни танигач, Хўжандга мансублигимдан фахрланаман. “Бизда Эронда Хўжанд дейилса, Фарзона тушунилади”, дейди Эроннинг Хўжанддаги вакили оғои Маъсуд. Айни шу сўзларга қўшимчани мен 2004-йилнинг декабрида Тошкентдаги сўзларда кўраман.

Марҳум шоир Асқар Маҳкам билан кечган суҳбатимизда маърифатли ва ўта маданиятли олим йигит Олимжон Давлатпур ҳам иштирок этди. У форс шеърияти билимдони, Фарзона билан танишлигимизни эшитиб, бир воқеани эслади: “Тожикистон Миллий универитетида ўқиб юрган кезларим. Бир журнал таҳриррияти қабулхонасида ўтирган эдим. Ёнгинамдан шоира Фарзона ўтиб кетди. Ашъорини буюк бир ишқ билан ўқиб юрганим шоира Фарзонани кўриш менга ўзгача завқ берди. Шеърлари каби дилбар ва дилошуб эди У. Кейинроқ бир домла менга, умуман барча талабага талабчанлик қилиб имтиҳонни қаттиқ олаётганди. Менга навбат келди. Саволларига жавоб бердим. Аммо нимадандир қониқмаган домла: “Фарзонадан 20та шеър ёдлаб келасиз. Кейин баҳо қўяман”,деди. Индамай имтиҳон хонасини тарк этдим. Ташқарига чиқиб хотирамни “титдим”. Фарзонадан йигирмадан кўп шеърни ёддан биларканман. Имтиҳон хонасига қайтдим. Мени кўриб домла ҳайрон бўлди: “Ёдлаб бўлдингизми”, унинг саволида киноя зоҳир эди. “Мен қанча шеър айтай Фарзонадан” деб шеър ўқишни бошладим. Домла бас демагунча Фарзонадан шеър ўқидим”. Шу-шу Олимжон Давлатпурни кўрсам, Хўжанд сорига, шоира Фарзонага салом йўллайди мендан.
Нозиктаъб шоир ва адабиётшунос Жаъфар Муҳаммад ҳар гал кўришганимизда Фарзонанинг янги чиққан китобини сўрайди.

50 ёш. Нима у ШОИРнинг ҳақиқий ёши олдида? У ҳамиша ёш ва ҳамиша донишманд яъни Фарзонадир. Тахаллусимни устоз Лойиқ қўйган дейди У. “Иноят исминг эркакларнинг исми бу. Яхшиси сен Фарзона бўл”. Кейинроқ луғатлардан кўрсам, бу исм ҳам эркакларники экан дейди кулиб.
Исм эркакча бўлгани билан ўйлайман, шеърларда инсоний ИШҚ дарёси оқмоқда.

ШОИРА ФАРЗОНАГА

Қалбимга сиғмаган Ишқнинг шиддати,
Вазнларга сиғмас ишқий оятлар.
Наҳот куйган билан Васлга етмас
Руҳи ишққа ташна минг Иноятлар!

Она!
Ташна руҳим нега интилгай,
Менга сиғмай қолди ахир дунёси?
Мен кимга ёлборай, кимга сиғинай,
Вужудимни алдаб турса рўё, сир?

Дарбозангни очгил, эй Ишқ!
Мана Мен!
Кўзимда ишқ эмас, Ишқнинг жоласи!
Дарбозангни очгил, эй Ишқ!
Лабларим ёнар – Руҳнинг ноласи!
Қани мен интилган ўшал баланд Арш?
Қани сўзларимга тўкилган хазон?
Қани мени дея қурилган Фирдавс,
Қани куйларимдан куйган у армон?
Она!
Шеърларимга сиғмай қолаяпман,
Шоҳ кўнглим ненидир истар билмам, не?
Кўнглимнинг тубини ёндирган куйлар
Кўкка оҳи етиб чорлар мени: кел!
Бу недир жавоб бер, онажонгинам!
Нега куйларимда хазон куюги,
Ахир мен эдим-ку эркатой боланг,
Ахир мен эдим-ку Ёрнинг суюги? !
Минг бир кеча эртак айтар Шаҳризод,
Минг бир ишқий сурат солар Шаҳризод.
Менинг ишққа ташна кўнглим қаъридан
Минг битта дод чиқар, минг битта Фарёд:
Мен келдим, ташналаб, саргашта сайёҳ
Мен келдим, кўнглида садпора минг оҳ.
Дарбозангни очгил, дарбозангни оч!
Эй ишқ !
Ёндир !
Ёнай букун майли Аршни ёндириб,
Вужудим ёндириб етайин Сенга.
Фақат ўтинаман, дарбозангни оч,
Маним ташрифимдан чеккин –а фарёд.
Дарбозангни очгил,
Онажоним ИШҚ!

Бир куни У билан телефонда гаплашиб турсам, суҳбатимизни эшитиб турган қизим «Фарзона холамга бораман», деди. Телефоннинг нариги томонидаги У “Қизингни Камол Хўжандий театри олдига олиб кел эрта. Мен шу ерга келаман. Учрашув бор”, деди. Эртаси қизим билан бордик. Худди А.Блок ҳузурига қизи Аля (Адриана Эфрон)ни етаклаб олган Марина (Цветаева) каби ҳаяжонда эди. Қизим эса Фарзона холаси томон дадил юриб бориб, Унинг бўйнидан қучоқлаб ўпди. У дарҳол жажжи сумкачасини титиб, қизимга аталган нарсасини олди. Шу шу қизим дугоначаларига “Менинг Фарзона холам менга ҳамма нарса олиб келади”, дея мақтанишни қўймайди.

Унинг уйига ҳар гал борганимда Пастернак ҳузурига борган А.Вознесенский каби ҳаяжонга тушаман. Ҳар гал янгидан танишган каби юрагимда олов гурлайди. Уни ҳар гал янгидан кашф этаман. Самимий, беғубор, содда ва мураккаб…
Уни ҳар гал кўрганимда ўзимча ўйлайман, мен ҳам Аля (Адриана Эфрон) каби бир куни “Шоира байрамлари”га ўхшаш недир ёзаман.

Р. Тагорни беназир Чўлпон “Шарқ ва Ғарб орасидаги Олтин кўприк” деб атаганди. Уни кўрганда шу ўхшатиш ёдимга тушади. Фарзона икки маданият эмас, дунё маданиятини ўзида мужассам этган ИЖОДКОР. Жаҳоний адабиётни закий билимдони. Мен У иштирок этган бир неча учрашувларда бўлганимда Унинг том маънодаги нотиқлигини кўрдим. Ҳар гал етук ижодкорлар ҳақида янги янги ҳикоялар сўйлайди. Тингловчини майин овоз билан ўзига ошно этади. Унинг билан кечадиган учрашувлар шу боис доим қизиқарли кечади.
Яратганнинг ҳикматлари кўп. Мен учун балки шулардан бири У билан танишувдир. Чунки Мавлоно Румий ҳазратлари ҳақида ундан эшитган ҳикояларим мени Мавлонога ошиқ қилди. Маснавийхон бўлдим. Шу ўринда, унинг устоз Лойиқ саховати ҳақидаги ҳикоясини келтириш жоиз. “У йилларда Тожикистонда Мавлоно асарлари нашр этилмаганди. Устоз Лойиқ уйида Мавлононинг “Девони кабири” форсий ёзувда борлигини билардик. Яна билардикки, бу китоб устознинг кабинетидан ташқари чиқмайди яъни бировга берилмайди. Аммо менга келганда бир оғиз сўровимга устоз рози бўлиб, китобни берди. Икки йилча Мавлоно ғазалларини мазза қилиб ўқигандим”. Устознинг улкан меҳри замирида шогирдга катта ишончни кўриб ҳавасланаман. Афсус, менинг Лойиқ каби устозим йўқ…

“Сиз менинг шеърларимни тушунмайсиз (ўзбекча ёзилгани учун). Менинг яхши шоирлигимни қаердан биласиз?”, қизиқсинаман. У ўзига хос табассуми билан дейди: “Дугонажон, мен берган китобларингга кўз югуртирганман. Муҳими, шеърдаги руҳ. Мен шуни ҳис қилганман. Қолаверса, шоирнинг яхши ёмонлиги сўзларидан ҳам билинади. Мен сени бугун кўраётганим йўқку”.

Телефон гўшагидан минглаб овозлар ичидан менинг овозимни дарҳол таниганига қойил қоламан: “Алло, Мунавваржон, Шумоми?” деб бошланади бизнинг телефоний мулоқотларимиз.
Илк танишган кунимиздан бошлаб У мени “дугонажон”, дейди. Мен орадаги олти ёш фарқ учун “дугонажон” сўзидан хижолат чекаман: “Иноят опа, ман сиздан анча кичикман. Қанақасига дугона бўлай”, дейман. У кулади: “Кўнгли бири бирига яқин дўстлар учун орадаги ёш фарқининг аҳамияти борми? Одамнинг юлдузи бўлади. Юлдузлар…”.
Тўғри, одамнинг юлдузи бўлади. Бировники иссиқ, бировники совуқ. “Юлдузи иссиқ экан”дейилади (Ситора гарм дейилади Хўжандда). Мен Фарзона номли порлоқ юлдуз ёнида митти юлдуз бўлиб, унинг ҳароратидан баҳрамандликка шукур қиламан.

Иқтидорли ўзбек шоираси Зебо МИРЗО билан телефонлашганимизда У ҳақида гапирдим. Қирқ беш ёшидаги ижодий учрашув шукуҳини ўртоқлашдим. Зебо МИРЗО ҳайратланди: “Сизларда ШЕЪРга ҳурмат баланд эканда. ЎЗиям зўр шоирада. Арзийди эъзозга”, дейди ўзига тенгдош шоиранинг шуҳратини эшитиб, ўзининг қадрсизлигидан бироз озурда бўлиб (Асли Зебо МИРЗО шеърлари жунуниям ажойиб бир шеър!).

Ўз ШЕЪРига ўзгалар ҳурматини уйғота олиш ҳам буюк маҳорат. У эса бунга оддий самимият билан эришган.
Шеърларининг таҳлили ҳақидаги мақола… Ўйлайман. Унинг шеърлари таҳлилдан юқорилигини. Бус бутун ҚАЛБ уриб турган ШЕЪРни таҳлил қилиб бўладими? Йўқ!!!
Дунёга муҳаббат билан боқиб турган ЮРАК дук дукини фақат жим эшитиш мумкин. Унинг шеърлари таҳлилдан баланд. Ўзини ўзи талқин этувчи ШЕЪРИЯТдир.

Ўзаро суҳбатларимизда у гоҳ Цветаева, гоҳ Ахматова, гоҳ Фуруғ Фарруҳзод ҳақида сўзлайди. Уйга қайтиб унинг АШЪОРини кўздан кечираман. Бирдан сезиб қоламан. Мен Унинг ШЕЪРларидан уларни қидираяпман. Ҳолбуки, У уларни ҳаммасини ЎЗида мужассам этиб, ўз қалби ичига боқиб, ундаги дарё тўлқинлари ШЕЪРини ёзаётган ШОИРдир.
Унинг ШЕЪРларида киши билмас жасорат бор. У замон билан ҳамнафасу аммо замондан олдинда. Макон билан биргаю аммо макондан юқорида.

У кўзга кўринган барча нарса ҳақида шеър ёза олади. Хомуш турган телефон гўшаги сукунатида шеър кўради. Дарахт шохларидаги олмалар фонус каби шеърларида ёнади. Осмондаги қуёш Унинг шеърларидан ҳарорат олади. Кузак этакларида сочилиб ётган хазонлар қалбидан У шеър инжуларини териб олади. У ўз ШЕЪРларида дунё қалбини тинглайди. Шеърларига дунё қалбини жойлайди. Ва ЎЗи ўша қалбга айланади:

Қасам ба ёри баҳорон ман азони туям…

У дунёнинг қадим қўшиғини ИШҚни янги, янги қўшиғи ИШҚни қадим қилиб куйлайди.
“Ҳар бир маҳрумиятда бир муяссарият, Ҳар бир муяссариятда бир маҳрумият бор”, дейди Мавлонойи РУМ.

Мен ўз ҳаётимдаги маҳрумиятларни биргина муяссарият билан тавоб этаман. Унинг номи ёнидаги нисбага мансублик билан. Истеъдодли шоир Асқар МАҲКАМ янги китобига “Мунаввара Хўжандийга” деб битик битди. Фарзона Хўжандий деб танишади Уни. Шу маънода, у мансуб Хўжандга мансублик кўнгилда шукуҳ уйғотади.

Сиз тонгда шафаққа боққанмисиз? Қуёш аввал лахча чўғ каби бўлиб, кейин НУРга айланади. Унинг ШЕЪРларида ШОИР қалби лахча чўғ каби ловуллаб, кейин ўзидан НУР соча бошлайди…

Дуи дубора ба дунё салом мегўям,
Ба офтобу ба дарё салом мегўям…
Ду сад алайки ту омадба як саломи ман,
Ба лутфҳои Таъоло салом мегўям.
Ба шодбоди ту, эй ваҳйи xовидонаи ишқ,
Ба зиндагиву ба фардо салом мегўям.

Салом, Бугун! Салом, ЭРТА! Демоқда унинг ўлмас ИШҚни куйлаётган ШЕЪРлари. Мен эса… мени йўқлаган телефон гўшаги кўтараман. Телефон симлари оралаб, Унинг кўнгилга хуш ёқувчи овози келади: “Камнамо Шумо, дугонайи азиз?!… ” Юрагим дарёсида мавж уриб оқаётган Унинг ШЕЪРлари садосига жавоб бераман: Қасам ба ёри баҳорон ман азони туям…

Хўжанд, 2014 йилнинг кеч кузи.

Манба: www.munosabat.org

034

(Tashriflar: umumiy 581, bugungi 1)

Izoh qoldiring