Farzona. She’rlar. Odil Ikrom tarjimasi.

034
     Тожикистон халқ шоираси Фарзона ( (Иноят Ҳожиева) 1964 йилнинг 3 ноябрида Хўжанд шаҳрида туғилган. «Кулги авжи»(1987), «Чақмоқ ҳамласи»(1989), «Йигирма дона атиргул»(1991, рус тилида), «Ишқ ояти»(1994), «Сўнгсизлик қадар»(2000), «Шабнам меърожи»(2001), «Fунча сири», «Осмон гулининг муҳри» каби шеърий тўпламлари нашр этилган. Абай, А.Ахматова, М.Цветаеваларнинг асарларини тожик тилига таржима қилган. А.Рўдакий номидаги Тожикистон Давлат, М.Турсунзода номидаги адабий мукофотлар совриндори.
1989 йилдан буён Ёзувчилар  Иттифоқининг аъзоси. 

033
ФАРЗОНА
ШЕЪРЛАР
Одил Икром таржимаси
01

ИШҚ ТАСБЕҲИ

Ягона сўз биламан, бу – ишқ,
Уни такрор қиламан: Ишқ, ишқ, ишқ…

ЭРТА КЕЛАДИ

Кексайган маърифат қазосигача
Кам қолди,
Ҳаётни якунлаш керак.
Замонавий инсон, фисқу фужурнинг
Чўққисига етиб борди жонсарак.
Банг элтган осийлар
Ҳақ ҳудудидан
Ўзга маконларга қараб югурар.
Яъни, ёруғликни ўлдириб ногоҳ,
Fализ нафас билан булғаб самони,
Тупурди қуёшнинг бетига улар.
Бойлар ютди
Ушбу дунёни буткул,
Худди, ичкетарнинг дориси янглиғ.
Дунё дунё эмас энди, водариғ,
Энди дунё – Юнус сингари асир,
Балиқнинг қорнида, ўз зиндонида.
Энди дунё қолиб кетди қандайдир
Очкўз юҳоларнинг жиғилдонида.
Меҳр,
Савоб,
Имон,
Мардлик,
Мурувват,
Неки, эзгу ҳис бор, бари йўқолди.
Мажруҳлик ваҳми, жон талвасасида
Ювуқсизлар бўғзи ичида қолди.
Ваҳшийлик кирмоқда ҳаётимизга,
Шаҳвоний фильмлар, ваҳшат-ла бутун.
Қобил гуноҳининг соддалигидан
Кулиб, тонг йўлини боғлайди тугун.
Эй, ер, эй, чидамли, хастаҳол, азиз,
Бизнинг гуноҳларни кўтардинг қанча.
Сен ушбу ҳаётни асрадинг мудом,
Не-не хатолардан,
Қўлдан келганча.
Не-не куфрларнинг тажовузидан
Ўзингни асрадинг бегумон, бешак.
Энди, қари замон ҳалокатига
Кам қолди,
Ҳаётни якунлаш керак.
Шу бир нафас етар тазарру учун,
Ушбу миттигина юлдузнинг нури.
Улкан саждагоҳга дўнсин ногаҳон,
Шу бир нафас, руҳни ларзага солиб.
Неки, инсонийдир, бахш айласин жон.
Шу бир нафас ичра Ҳақнинг ҳукмига
Бутун башарият интизор букун:
Кетмоқлик учун ва қолмоқлик учун,
Бор бўлмоқ ёки йўқ бўлмоқлик учун.
Кетмоқ учун йўқлик қаърига қулаб,
Тағин кўзимизни очайлик десак:
Шу қисқа муддатда, шу бир нафасда
Тирикликка якун ясамоқ керак.

Аммо, ҳомиласи қурсоғи ичра,
Эртанинг шодлигин кутган аёллар,
Қандай бу ҳаётни айласин якун?
Аммо, нигоҳида садоқат нури
Порлаган бегуноҳ, маъсум гўдаклар,
Кўйлаги остида ҳаяжондан соф
Кўкси қалқиб турган ҳаёли қизлар,
Аммо, гулдан умид қилган ғунчалар,
Келинчак юзидай қизил олчалар,
Мурғак жўжасига меҳр-ла кун-тун
Ризқ ташиган ул тонг қалдирғочлари
Бул ҳаётни қандай айласин якун?
Эй, дўст!
Қўлни лоқайд силтаб шул заҳот,
Энди дема: — Эрта? Қанақа эрта?!
Бу куннинг эртаси бормикан, наҳот?!
— Албатта, бор. Келар, бўлгин хотиржам,
Гар бу қавм, имондан Нуҳнинг кемасин
Ясаб, кема ичра ишқни жойласа,
Албатта, албатта эртамиз келар,
Эртамиз келади.
Худо хоҳласа!

ҚАФАСДАГИ ОЗОДЛИК

Эй, ишқ, сени топгим келар олис ёдлардан,
Бир олманинг ол рангидан ўргангим келар.
Ё йўл излаб,
Саҳроларда тентиган сувдан
Ё гўдаклар ҳавас билан чайнаган ширин
Жўхорининг поясидан
Ёки бир гулдан.
Тўғри, ишқнинг она юрти – ёсуман гули,
Ишқ бўлсайди озодликка лиммо-лим қафас.
Салом, Мажнун,
Озодликка тўлган қафасни
Қайга олиб кетмоқдасан?
Мен ҳам бир нафас
Зоғни товус либосида кўргим келади,
Шер бўйнидан қучсам дейман мен ҳам сен каби,
Ва оҳунинг кўзларидай кўзгу – матлабим.
Кўча узра куй таралса пошналаримдан
Ва булбуллар яқин келса
Атрофимда жам.
Қара, кўзинг пардасини каттароқ очиб,
Кўчангдан ишқ аҳли ўтиб кетмоқда бу дам.
Нечун мен ишқ дейман?
Чунки, ишқ жисми озод,
Замон, макон, дину мазҳаб панжаларидан.
Ишқ занжимас, фарангимас, хуросонликмас,
Озод – япон ашёсининг тамғаларидан.
Прометей олови ҳам, Митра жилоси,
Исо хочи, ҳам Будданинг нилуфари – ишқ
Ишқ – Мусонинг кафтидаги умрбоқий нур,
Ишқ – Мустафо меърожидир, бари, бари – ишқ.
Ишқ – энг тугал хулосаси маърифатларнинг,
Англаб етгин,
Ишқ – Худога бириккан қасам.
Шундай экан, баландроқ бўл ўзингдан, зеро,
Ишқ ўлади,
Чумолига озор берсанг ҳам.

ИМОН ЙИFИСИНИНГ САДОСИ

Танам эсимда йўқ,
Қиш дарахтидай,
Дағал пўстлоғини чўқиётган зоғ
Тумшуғин зарбига қилмайди парво.
Осмон – бир берк эшик, ул томонида
Нафаси бўғилиб қафасда қуёш
Баҳорни кутади.
Барча – бенаво.
Баҳор борлигини ҳеч ким ўйламас,
Ҳеч ким қалбдан қорни супурмас нари.
Имонин дарзига ҳеч ким тавбани
Тикмайди, худди, бир ямоқ сингари.
Эй, ёр!
Кўзларингда нега мен учун
Бир тонг поклигини асраб қўймадинг?
Нима учун меҳринг қасидасини
Сен кар қулоқларга тинмай сўйладинг?
Нега фироғимнинг водийларини
Сабр билан кечиб ўтолмадинг ҳеч?
Лабимни «кел» деган қурб этганда тарк,
Нечун ўзга айтдинг, у келмас сира,
Ёки келганда ҳам келади деб кеч?
Кимга интиқ бўлай?
Интизорликнинг
Ул ёғидан келмас қадам шарпаси.
Ёр лабида йўқдир таскин хандаси,
Тўғри, мен кеч келдим,
Танам – ёдда йўқ,
Ахир, жондир менинг борлиғим буткул.
Қалбимга қулоқ сол, эшитяпсанми?
Имон йиғисининг садосидир ул.

ТЎРВАМДАГИ НАДИР?

Бу шаҳар кенглиги иборат эрур,
Йигирма автобус бекатларидан.
Бу шаҳар қалбимдан сал кичикроқдир,
Ё каттадир буткул осмон бағридан.
Тўғри, униси ҳам, буниси ҳам. Ул
Йигирма интиқлик ичра бу умрим,
Тўхтовсиз ҳаракат айланмасида
Чопади, чопади билмасдан тиним.
Руҳим, ўжар руҳим эргашади жим.
Тўғри, кезмоқ керак ул ёндан бул ён,
Ушбу шаҳар ичра мудом тентираб.
Шамолдан-да бекор,
Фазодан-да бўш
Бул томондан тағин ул томон қараб.
…Қалбим оғироёқ оҳу додимдан,
Нимадир, нимадир тўрвамдаги у?
Сувратим айбининг устидан кулиб,
Масхара қилгувчи ул битта кўзгу.
У кўзгу, бундан сўнг, бундан кейин ҳам,
Менга сўлғинликдан сўйлайди нуқул.
Менинг ҳимоясиз тасвирларимни
Завол панжасига топширар буткул.
Хуллас, бу ёлғизлик биёбонида,
Бул шаҳар, йигирма бекат аро жим,
Ўтиб кетаётир бу азиз умрим.
Бир умр, жилосиз, чека-чеккада,
Бир умр, қадрсиз, бенаво, чигил.
Биёбон оҳусин кўзлари каби
Унга ҳайрон боқар девона кўнгил.
Тўғри, тўхтамаслик керак бир лаҳза,
То сўнгги лаҳзадан келгунча хабар,
Ўлим гирдобига чўккунга қадар.
Аммо, тағин нима истайман,
Аммо…
Куним битмай бурун, такрору такрор,
Мен азон ўқийман япроқ, баҳорга
Ва сенинг дилнавоз ёдингга, эй, ёр.

СИНИҚ САДО

Кел, ўтайлик бозор расталаридан,
Бошқа йўл йўқ.
Нега мен бу ердаман?
Нега қиёматдай қўпган савдонинг
Уфқ янглиғ чексиз бағридадирман.
Ўтирибман етти равоқ остида,
Ўтирибман ёлғиз, бўлиб умидвор,
Топиларми дея, савоб йўлида,
Менинг дардларимга бирор харидор.
Замон мадҳу сано замони эмас,
Сафарга йўл олган паррандаларнинг
Фироғидан ёниб, ўртаниб бир-бир,
Япроғини тўкар дарахтлар бесас.
Нега қуш эмасман, гўзал юртларга
Кетолмасман, этиб ошёнимни тарк.
Ўзга боғда яйраб, бул қафас ичра
Ўтирмасдим – ғамгин садоларга ғарқ.
Бироқ, кел, бор бўлиб,
Поймол этилган
Чаманда куйлайлик қувноқ, бекадар.
Токи, эзғиланган қаддини тутиб,
Осмонга бўй чўзсин мунглиғ майсалар.
Танин баргга ишқаб гуллар уйқуда,
Сарғиш дарахтлардан кетсин қайғулар.
Куз келиб, бағрини қушлар тарк этган
Чаман аза тутар.

НАЖОТ

Бор бўлмоқ хатарли бу кунботарда
Мен нима ахтариб бораман бу пайт?
Ишқу муҳаббатни ахтарганими?
Меҳрибонлик анқо тухмидай қаҳат.
Тонг – дарча, куннинг хор ташвишларига,
Юлдуз – туннинг қора ҳирсига асир.
Шуҳрат – чирик олма тўлган тўрвадир,
Ҳаёт суви ҳам бор,
Аммо, у фақат,
Кавсар ариғида оқар бирма-бир.
Ишқ, яъни Ҳеч,
Кетар бойликка қараб,
Эҳтимол, Ишқ номи қадимдан-қадим
Манбаларда қолган бўлса, не ажаб.
Ё гул терайликми? Мен не ҳам дейин?
Боғда тўплар портлаб тургандан кейин.
Яшил либосдаги ушбу зобитлар
Келгандир баҳорни ўлдирмоқ учун.
Бир дўст ҳузурига? Эй, самимий кўз,
Фақат, ростини айт, борми истагинг,
Менинг дийдоримни кўрмоққа букун?
Бир кун қутлагани бораман сени,
Бир пок ҳақиқатни сенга беназир
Ҳадядай ўшанда элтаман, эй, дўст.
Биласанми ул пок ҳақиқат надир?
Ҳаёт!? Айтинг, яшил тўнли зотларга,
Тажовуз қилмасин
Гул номусига
Майсаларнинг нозик хаёллигига,
Лолақизғалдоқнинг иболарига,
Парвоз, содда қўшиқ нидоларига,
Ва тиниқ сувларнинг ҳалоллигига.
Эй, заҳарли одам, боғнинг тинчини
Нечун буздинг, белаб бағрини қонга?
Қуёшнинг ярқироқ олмасин бу кез,
Нечун камон билан олдинг нишонга?
Бор бўлмоқ хатарли бу кунботарда
Кўчадан болали бир аёл ўтар.
— Чақалоқнинг исми нима? Сўрайман,
— Нажот! – дейди аёл.
Худога шукур.

ЎЗИМГА ҚАДАР

Мен ҳаётга ишонаман қиёматгача,
Шабнам қуриб, тингунча то булбул куйлари.
То мўъжиза жўнлашгунча,
Яъни, ишқ билан
Видолашмоқ учун ярим нафас бор ҳали.
Ўлгим келса менга рухсат бермайди, бироқ,
Битта орзу – олисларда қўлим етмаган.
Қандай оддий бўлай, ўйлаб иштирокимнинг
Шартлигини бир мажлисга. Ўнда. Эртага.
Қандай қилиб оддий бўлай?
Чироқсиз қолиб,
Маҳкум бўлсам чироқсизга бергали мадад.
Қандай қилиб оддий бўлай?
Ўшал хаёлий
Шуълазорга мен уларни айласам даъват.
Қандай қилиб оддий бўлай?
Ахир бозордан
Янги кўйлак сотиб олсам ҳар бир қадамда,
Келганимда ҳар гал сизнинг кўз олдингизга,
Келтирмасам янги жонни янги баданда.
Қандай қилиб оддий бўлай?
Қачонки…
Асли
Оддийлигим ва оддийлик – гўзал, бетакрор.
Оддийлик, бу – мўъжизадан, балки, баландроқ,
Ҳали вақт бор,
Ҳали тағин ярим нафас бор.
Балки, қай бир эски тўрва, эски сандиқда
Қолгандир ишқ ва муҳаббат юқидан асар.
Туғилмоққа қадар босиб ўтай бу йўлни,
То тозармоқ,
То Худо
То Ўзимга қадар!

КЕЛ, КЕТАЙЛИК

Кел, кетайлик, ўшал тоза ибтидо сари,
У ложувард кўкдан-да соф бир ибтидога.
Ўз қаъримга кетмоғим шарт,
Аммо, қаърим йўқ,
Бир дарчадай, юзин бурган ундан жавҳари.
Мен танамни бахш этганда
Нафис кўйлакнинг
Жозибали оғушига урган чоғимда,
Порласин деб нилуфардай кўзим кўзгуси,
Қабоғимга нилий кимё сурган чоғимда.
Ёхуд ўшал икки шохли мошинлар ичра,
Урён қизлар сувратига боққаним маҳал,
Нигоҳимни нафрат билан бурган чоғимда
Ёки қай бир йўловчи ёт табассумига
Мен ҳам ёлғон ва бегона табассум билан
Унга ногоҳ жавоб бериб турган чоғимда.
Мен англайман, мен англайман қаърим йўқлигин,
Мен англайман, пуч сувратман, кимнингдир ёлғон
Мақтовидан чарх айланиб учганлигимни
Ва кимнингдир нохуш, совуқ нигоҳидан жим
Қайтиб тағин ерга қулаб тушганлигимни.
Кўчамизда эски-туски сотгувчи чол бор,
Бахтли эди,
Кимдир унинг сопсиз тешасин
Ёки синган косасини сотиб олган чоғ.
Ўша чолни ҳеч ким, ҳеч бир кимса, негадир,
Бир зум бахтли айламоққа шошмасди, бироқ.
Мен олислаб кетганим йўқ,
Чунки, олислаб
Кетмоқлик бу – танҳоликнинг ҳамдами, ёри.
Истамасдим, одамларни
Парранда янглиғ
Зору ҳақир кўрмоқликни, чиққач юқори.
Истамасдим, ҳовузларнинг шаффоф жисмида
Энг чиройли, нафис битта нилуфар эсам.
Ё туғилган нур садоси сингари, ариқ,
Анҳорларда яшаб, умр кечирмоқни ҳам.
Ул не садо? Қайдан келар? Шивирлар секин:
Яқинроқ кел, қўрқма!
Жисминг ҳарир ниқобин
Айламоғим керак сенинг танингдан нари.
Ёруғ нигоҳ қудратин бахш этай кўзингга,
Нигоҳ нима?
Нечун бўм-бўш нигоҳлар қаъри?
Кел, кетайлик, олмалари
Маърифатнинг пок
Дарахтида фонус каби ёнган боғларга.
Ва жаннатий буғдойлари ўшал Одамни
Ҳақиқатга ошно этган чексиз саҳрога.
Бир анҳорга,
Ёр жамоли бўлсин намоён,
Ўша биллур қатрасининг ҳур дарчасида.
Кел, кетайлик, ўша тоза ибтидо сари,
Худованднинг бизда мавжуд бир парчасига.

ХАБАР

Дўст келади.
Нигоҳида – ёрқин садоқат,
Сукутида – андишанинг шуъласи бор жим.
Лабларида табассуми – шаффоф,
Ҳидоят
Ёмғиридай бир муштоқ гул бошида надим.
Дўст келади.
Бу тириклик унинг жисмида
Жон олади, вужудининг ҳар бир қисмида.
Икки юзта тўфон хоҳиш-истаги бордир,
Эндигина йўл юрган бу ҳаёт аслида.
Бу шаҳарда маъюс тунлар,
Қуролланганлар,
Бепарво маст-аласт, юлдуз дурининг лаин
Тамғасидан ўзга нарса қолмаса
Ногоҳ
Қўрқиб қочган фаришталар қайтади тағин,
Чироқ порлар тағин баланд симёғочларда
Ва кўчалар ҳур ҳаётга қайтади яна.
Бу кечада тўхтаб қолган, кўзлари юмуқ
Фавворалар завққа тўлиб айлар тантана.
Эшикбон ел бўсаларнинг калити билан
Йўл-йўлакай ғунчаларни очар соғиниб.
Ва Шайх Камол ҳайкалининг пойига кимдир
Гул қўяр.
Ким очар Байрам дастурхонини.
Ярим тунда эшик қоқар бир номаълум зот,
Ваҳм босган эл ўз жонин ғамини егай,
Зўрға очар эшикни. У:
— Саломалайкум,
Сизга букун мен сумалак келтирдим, — дегай.
Бу тун – шодлик туғилган кун, ғамгин қалбларда,
Дўст келади.
Келишига ишонайлик, кел.
Кўчаларга сув сепайлик, шаҳарни безаб,
Дилдан ғамни аритайлик, яшнаб кетсин эл.
Сўник дилга ёғду муҳрин босайлик, токи,
Киприкларнинг каватида нурлар елади.
Келмаса ҳам,
Тўрт томонга жар солайлик,кел:
Дўст келади!

ИШҚ ДАЪВАТИ

Чап қўл фаришталари,
Ўнг қўл фаришталари,
Қайда ўшал олов ишқи бор айлаб мани,
Даричамга салом бериб, ҳол сўрган қани?
Қайда ўшал тириклигим, ўшал нотамом,
Бу ҳаётим топгай унинг нуридан самар:
Лабларимдан лабларимга йўллаган салом,
Кўзларимдан кўзларимга айлаган назар.
Икки қўллаб тутдим тилла қуёш ҳалқасин.
Эшигимиз ҳалқаси бу – азиз
Ва илк бор
Бир юз ханда нурин тўкди эшик очилиб,
Оҳ, қанчалар руҳоний ва ошно бу рухсор.
Салом, орзу-истакларим, қўл етмас маъво,
Салом, нурим, янги чиққан қуёш – беғубор.
Салом, эй, сен, тиловати намозимга жо,
Салом, эй сен, хаёлида таҳоратим бор.
Бошқа буюк узлатингни этма ихтиёр,
Чўкканларнинг ҳолига сен кулмагин тақир.
Азоб бергин, даргоҳингда ахтарса ўзни,
Мени менда бор ўзингга айлама яқин.
Сен тонгнинг кўк жандасини чирмаб лошингга,
Қуёшни чал, ноғорадай кетсин даранглаб.
Зинҳор тутма қўлимдан,
То ўз талошимда
Баланд бўлай, бағир бўлиб ўша баландга.
Чап қўл фаришталари,
Ўнг қўл фаришталари,
Қайда ўшал сас, бахтга ёр борлиғи, тани?
Ишққа даъват айлагувчи ул садо қани?!..

ҚАЙТИШ

Ўлди йўл ярмида
Нажот элчиси.
Улки, ибтидонинг гўзал юртидан
Келмоғи шарт эди,
Эзгулик, поклик
Ҳамда гўзалликка маъно берарди,
Улки, ушоққина вужуди билан.
Мунаққаш бешигин силкинишидан
Тинмай тўкиларди тириклигимга
Садо, ранг ҳам ёруғ орзулар тағин.
Сўзлар ғализлиги, кўзлар зарари
Ҳамда нигоҳларнинг ҳақоратидан,
Фасод дўстлигидан йироқлашардим.
Ниҳоят, бу тиниқ булоқ берарди
Мен учун таҳорат сувини,
Аммо,
Ўлди
Йўл ярмида
Нажот элчиси.
Қачонки, хушрабо наркоз дориси
Ўрмалагач кўм-кўк томирларимда,
Парвоз айлар эдим,
Ёлғизлигимнинг
Қаърига ғарқ бўлган биллур бир йўлак
Мени чорлар эди чуқурлик сари.
Ўликдай ухларди улкан музлар ҳам,
Худди, ҳандасавий шакллар каби.
Ул йўлакда руҳим кезарди, фақат,
Тўқиниб гоҳ муз,
Гоҳ совуқ фазода
Беҳуда сайрини этдириб давом.
Жуда ғамгин эди сафарим,
Аммо,
Ўйлардим,
Гул, гиёҳ бағрига қайтсам,
Ёвни дўст шаклида кўрардим яна.
Тағин хиёнат-ла келиб юзма-юз,
Яна дўст уйига нур лаълин элтиб,
Қайтишда зулматни олиб кетардим.
Кезиб қишнинг ғамгин кўчаларида,
Тағин ахтарардим кимнингдир изин.
Ахтарардим, гарчи, йўқ бўлса ҳам ул.
Яна бир таниш-ла келиб юзма-юз,
Бемор чеҳрам узра қўярдим осиб,
Табассумга ўхшаш ненидир тағин.
Яна самимият аслини ёлғон,
Юрак аслин балчиқ янглиғ ҳис этиб,
Меҳрнинг аслини дағаллик билан,
Ҳақиқат аслини каззоблик билан,
Поку нопокликни бирга кўрардим.
Мен яна бозордан бўш халта билан
Қайтган ночорларни кўрардим қайта.
Кўрардим, уйимиз олдида ҳар кун
Қора совун сотган болани тағин.
Неки поклик бордир ушбу оламда,
Унинг кир қўлидан сўнг покланганин.
Ўғли эзиб, адо айлаган бадбахт,
Ҳар кеч «Уйингизда чироқ борми?» деб
Сўрган қўшни чолни кўрардим яна.
Оҳ, қайтсам,
Тўп, ўқлар гумбурлашидан
Ҳаёт титроғини кўрардим яна.
Кўрардим, арзимас ғараз деб, тонгда
Беозор уйқуда ётган Ватанни
Қурбонликка элтган тўдани тағин.
Банг! Банг! Банг!
Қаерга қоча оларсан,
Пешонангга битган бўлса бу шовқин?
Тўплар ўқи тинмай портлаб турганда,
Қандай қилиб айтай Ишқ дея, ахир?

… Ўлим айвонида менинг сафарим
Fамгин эди, аммо, этарди давом.
Икки шаффоф садо
Икки бор чорлаб,
Тортмаганда сиртга жажжи қўлчалар.
Онам унда эди. Ўзга оламда.
Ернинг ҳар жойида азиз инсонлар
Мангу садоқат-ла кутарди мени.
Баҳор, ҳар зарраси туғёнга тўлиб,
Мени ҳузурига чорларди яна.
Дераза ортида кекса чинорлар
Қаҳратонни кечиб ўтарди тағин,
Интилиб яшиллик манзили томон.

Дўст дегай: Боқмагин қора дарчадан,
Тонг гавҳарин таниб тун таркибидан.
Қара, қумриларга совуқ қиш туни
Айвон томин паноҳ этди меҳрибон.
Нечук терс кўрасан, кўршапаракка
Каптар деб ном бердинг,
Шўрлик шапарак,
Каптар деб ном олган бўлса-да, гарчанд,
Қолар кўршапарак бўлиб барибир.
Дўстга дейман: Битта кўршапаракнинг
Бахтидан завқлангим келар…
Дўст дегай:
Кўршапарак қолсин кўршапаракдай,
Токи, ул нуроний тириклигининг
Давомин яшасин қуёш ҳам тағин.
Токи, ҳар бир гиёҳ яшиллигининг
Ҳақиқатин англаб етсин қайтадан.
Аммо, ҳаққинг йўқдир умидсизликни
Ошкор айламакка,
Зулматни ёйиб,
Ёмон кўрмоқликка,
Ёмон сўйламак,
Ёмон деб билмоққа ҳаққинг йўқ буткул.
Масхара қилмоққа кўршапаракни
Ҳаққинг йўқдир,
Зардушт руҳи кечирмас.
Мен тағин қайтаман.
Кекса дарахтнинг
Қўш шохи яшашга мойилдир ҳануз.
Мен тағин қайтаман, билсам-да, гарчи,
Кеча мени суйган ўша кўзларда
Ҳафсала чироғи сўнгадир бугун.
Ўзга кўз ахтариб кетди у кўзлар.
Мен тағин қайтаман, ғамгин кўзингда
То кўрай ишқ уфқин сўнгги изларин.
Охирги из…
Илк бор қўлимга соат
Таққанимда
Ўн тўрт ёшлигим билан
Мени қутлаганди сабоқдошларим.
Ўшанда, билмасдим, менинг соатим
Айланар фазонинг тезлиги билан.
Кеча-кундуз тинмай югуриб-елар,
Беҳуда айланиб Ҳеч атрофида.
Фасллар алмашар бир лаҳзада тез.
Фасллар алмашар бир зумда бу кез.
Тўхтовсиз алмашган бир тасвирдан лол
Ойналарнинг кўзи бақраяр беун.
Барча ашёларнинг ҳаракат йўли
Фақат, завод томон йўналган нечун?
Таққан чоғ сочимга гулдан сочбоғи,
Мийиғида кулиб деганди ҳамма:
У битта сочбоғи воситасида
Ёшлигини асраб қолмоқчи чоғи.

Йўқ! Йўқ! Оддийгина битта сочбоғи
Ёшликнинг белгиси бўлолмайди ҳеч.
Ёшлик – қалбда яшар. Кўксимиз ичра
Бир чироқ, ўчмайди ўла-ўлгунча.
Ёқасан эй, сўнгсиз интиқ, зорлигим,
Эй, ҳеч кимга нисор этилмаган ишқ.
Ҳеч ким англамаган эй, сен, Ҳақиқат,
Эссизлик токида қолган эй, Китоб.
Эй, сир биёбони, не-не ташналар
Сени кечиб ўтар,
Лек, билмас ҳеч ким.
Агар ҳассасини чуқурроқ урса,
Сендан тошиб чиқар Хизр булоғи.
Биласанми? Энди кезмоқ маҳолдир,
Ул ўн тўрт ёшликнинг имони билан,
Бу айланма, чигал кўчаларда жим.
Энди от-арава билан ҳеч кимни
Пешвоз олиб бўлмас тайёрагоҳда.
Қўндириб бўлмайди лабларингга ҳам,
Қайтадан сигорни хўрозқанд янглиғ.
Чак… Чак… Чак… Тарновдан қор томар беҳол,
Том четидан тиғли муз парчалари
Тушар қариялар тишидай қулаб.
Бир зоғ қоқ суякка тумшуғин урар.
Хасталик тўшаги ичра бир бемор,
Тинглар кўчаларнинг шод садосини.
Бир гўдак арчани безатар мамнун.
Дўст дегай: Қумрилар сенсиз ўлар, қайт!
Қайтаман.

ЁРУF ХАБАР

Тағин келдим, эй, дўст,
Кўзим тақвимин
Фаслида нигоҳнинг ҳарорати бор.
Юрагимда ҳануз бир заррин орзу
Қўнғироқ чалади такрору такрор.
Жанг ҳам ўтди, ўшал жаҳолат билан
Ҳақиқатлар жанги, ғам солиб жонга.
Fофил қавму тўда ўз лаънатининг
Тоши-ла мени ҳам олди нишонга.
Fазаблар ҳайқирди, ишқнинг «Аналҳақ!»
Фарёди оламни ларзага солди.
Жанг ҳам ўтди,
Қаҳр-ғазаблар ўлиб,
Яна ишқнинг жони соғ-омон қолди.
Тағин келдим, эй, дўст!
Юрагим ичра
Яшил ғалаёнлар бўлмоқда бедор.
Нигоҳим қаърида ҳануз бир чироқ
Ҳаёт кечиради, ёруғлиги бор.
Маъсум шавқ зоҳири ҳануз – борлиғим,
Имон келтираман баҳорга ҳануз.
Қақраган қошларим ўшанда тағин
Ўсма висолига етар ёруғ юз.
Ўшанда бағрига қайтган қушларин
Тағин қутлар маъюс инлар, уялар.
Ўшанда булбуллар тўдасига жим
Қўшилган бир карвон бахтга чулғанар.
Чаман қурмоқ керак беҳи гулидан,
Мева чироғидан ёришсин боғлар.
Йўқса, бул заҳарли тамакизорда
Куй-наво нафаси сиқилиб ўлар.
Тағин келдим, эй, дўст!
Мен ҳануз – ўша,
Аммо, сен сен эмасдирсан, бенаво.
Замоннинг чақчайган кўзидан қочиб,
Майнинг оғушидан ахтардинг паноҳ.
Тунда тентираган гадоларга ҳам,
Тонг ҳадя этмадинг оппоқ, беғубор.
Енгилмас жаҳонгир, ғолиб руҳингни
Хилват қучоғига айладинг дучор.
Бепарволик сари йўл олиб, ўзни
Бир азиз хотирга этолмадинг бахш.
Баҳор таъсирини ернинг сўлиққан
Бемор томирига этолмадинг нақш.
Мўъжизани кўриб, «Ё, тавба» дея,
Ҳатто, ҳайратга ҳам тушмайсан нохос.
Йиғлолмайсан, булут шогирди эмас,
Қуёшга, шунчаки, муридсан, холос.
«Қаҳ-қаҳ» отиб кула оларсан ҳануз,
Тоғлар қалтирайди,
Руҳлар қалтирар.
Ночор хандаларинг,
Юрагинг ичра
Кечган фожиага ниқобдир улар.
Ханданг – ул Шеданзо чўққиси узра
От кишнаши,
Ёлғиз от саси мудом…
Тағин келдим, эй, дўст!
Айтайин дея:
Ҳаёт тамом бўлмай этмоқда давом!
Беҳи тағин гуллар…
Кел, ўшал эски
Қадим бисотларни титкилаб шу пайт,
Янги, нозик сўзлар сўйла мен учун,
Тундан безганларга ёруғ қисса айт.

ЎТКИНЧИ УМИД

Фурсат ўтди. Боғ ҳам Исфанд ойининг
Рангсизлиги узра бош эгди тағин.
Бечора дарахтлар, танасидаги
Дағал пўстлоғидан орланар ҳазин.
Кўйлак орзу қилар бужур танаси,
Барглар ҳарир либос бахш айлар қачон.
Аммо, кел, бир лаҳза ўшал баҳорнинг
Хотираси томон қайтайлик бу он.
Эсингдами?
Ёқут сочбоғилари
Шабнамни титратган маъсум қизалоқ?
Унинг ўша чилбир кокилларида
Соддалик барқ уриб кетарди у чоғ.
Гулдор тўни ичра уятчан тани
Яшарди ўзини этмасдан кўз-кўз.
Нигоҳида ихлос сураси янграб,
Сукутида эса – айтилмаган сўз.
Вужудида эрта кун ваҳимаси
Ҳамда изтироби яшарди ниҳон.
Ва сен нигоҳида янграган ўшал
Ихлос сурасига келтирдинг имон.
Ва сен уни элтдинг
Шеър аталган ул
Афсонавий юртга, ёниб, ўртаниб.
Бир кўпик борлиғин ожизлигида
Дарёнинг исёнин олдинг сен таниб.
Бир биллур қатранинг аксида қуёш
Рақсини томоша қилдинг мамнун, шод.
Ари уни янглиғ такрор садодан
Янги оҳанг тинглаб, сўнг солдинг фарёд:
Қандай ёруғ садо!
Оҳ, ҳақ бўлсайдинг,
Кошки, ишқ уфқидай сочсайди бир нур,
Зор дилларга, ўшал ёруғ овозим,
Тирикликка ато этсайди сурур.
Биламан, бу сўзга ҳеч ким зор эмас,
Ҳавойи қўшиқлар барчаси бекор.
Ҳеч кимса осмоннинг нигоҳи ичра
Бору йўқлигига қилмас эътибор.
Фурсат ўтди.
Хуллас, кетмоғим керак,
Ва тағин йўлимда этаман давом.
Қай бир қадрдонга видолар айтиб,
Қай бир қадрдонга йўллайман салом.
Ва сендан ҳам узр сўрайман, кечир,
Чунки, умидларим ўткинчи, тушун.
Мендан то осмоний хаёлинг қадар
Минг йиллик йўл бордир узундан-узун.

МЕНИ АДО АЙЛАМА ЭЙ, ИШҚ!

Хуллас, мени адо айлагин, эй, ишқ,
Хуллас, эй, оламим, менга бер тўзим.
Хуллас, мени адо айлагин буткул,
Эй, сен кунботарнинг пайти,
Эй, Ўлим!
Сўлғин фикрларим шохидан бир-бир
Кеч кузак гуллари тўкилмоқда жим.
Қандай қолай, айтгил, қайси йўл билан
Бекор борлиғимни этдирай давом?
Нетай, зулмат ичра бирорта элчи
Келтирмаса нажот юртидан салом?
Ё келтирар…
Салом, эй, сўнгги таскин!
Яна тирикликка чорлаган садо.
Сўлғин нигоҳимни гўзалликнинг кенг
Бепоён йўлига қайтарган нигоҳ.
Салом, эй, борлиғи зулмат қаърига
Қуёшнинг ёғдусин тўккан эй, вужуд.
Қўлларинг жилосиз ҳаётимизга
Тўкиб, бахш айлади савобу субут.
Кошки, бу салом ҳеч бўлмаса тамом,
Кошки, сўзга ташна қулоғимиздан
Олис кетмаса бул қувонч садоси.
Кошки, ўз йўлидан озмай ул нигоҳ,
Бирикмаса йўқлик бирла ул вужуд.
Кошки, сўлмаса ул кўкарган қўллар,
Кошки, кошки, кошки…
Кундузни бахтли
Қилмоқ учун битта қуёш кифоя.
Эй, сен қуёшдан-да ягона!
Бир зот
Қуёшлиги етар, ер айланишин
Маъноси билмаслик учун ниҳоя.
Вужуд ҳаракати, қон айланиши,
Томир тебраниши одамларни сўнг
Элтар тараққиёт авжига қадар.
Баҳорнинг ташрифи ушбу ҳаётга
Янги мазмун ато этгай қанчалар.
Ёришар қоронғи қалбларимизда
Нурнинг яралгани – тонглардан хабар.
Қўшиғин куйлайди шод, масрур бўлиб,
Қафас ичра мудраб ётган қушчалар.
Халқнинг ташвишлари топар осойиш,
Ориф ишқ самоъга топар бир само.
Кел, фазони поклаб,
Очайлик ўзни,
Худди, очилмаган китоб янглиғ ё.
Кел, нисор этайлик бир-биримизга,
Дунёнинг энг гўзал сўзларин қатор.
Қаҳратон бағрини этайлик баҳор.
Келгин, одамий зот тириклигини
Элтайлик то ўшал нур йўли қадар.
Fам-қайғуга ботган халқнинг қалбига
Шодлик келганидан берайлик хабар.
Хуллас, мени адо айлама, эй, ишқ!
Эй, дунё, сен мени айлама адо!
Адо қилма, эй, нур ботган кунботар!
Қайтадан бор айла, қайтадан пайдо!

БУЛУТ ЛИБОСИДАГИ ЧОЛ

Булут –дағал ямоқ
Кун кўйлагида.
Осмон кўзи тўқ, ер айлагач назар.
Райҳон ҳиди кетган ел димоғидан,
Озиб, суяклари кўринган шаҳар.
Сувлар қуриб қолган булоқда,
Қушлар
Кечаси нағмасин унутган бу дам.
Шаффоф нигоҳларни қоплаган парда,
Қоплаган кўзларнинг қароғини ҳам.
«Қуёш қани?..» Сўрдим бир йўловчидан,
«Тимсоҳ кетдимикан ўғирлаб уни?»
Ногоҳ ҳайрат билан менга тикилиб
Деди: «Қизимисан Бобосабурнинг?»
Тўзғин сочи дарё майсаларига
Ўхшаган бир чолни эсладим шу зум.
Кузнинг булутидай, тоғ этагида
Ёлғиз тиззасига бошини қўйиб,
Тинимсиз ёмғирдай йиғларди юм-юм.
Эҳтимол, йиғлайди, баҳор умрининг
Қисқалиги учун.
Бул шаҳар ичра
Ягона зот ўшал, ваҳший кўзининг
Қаърида бир олов асраган бутун.
Беғараз дашноми, аллакимларнинг
Назокат, лутфидан яхшироқ эди.
Телбалиги билан, ҳушёр, соғлардан,
Пок яшарди, шунча паришонлиги
Билан либос, тўни оқ, оппоқ эди.
Балки, тимсоҳ эди – оғзида қуёш,
Эй, воҳ, сенсиз осмон кўзлари буткул
Қароғидан маҳрум бўлгай, эй, қуёш.
Хаёлимнинг қирмиз шафақзорида
Булут либосида бир чол борадир,
Ул, Мен орасида ўхшашлик надир?

ҚОЛГИМ КЕЛАР

Мен яна ёрдирман ёлғизлигимга,
Эшикларни ичдан тамбалаб яна
Тонг ясайман зулмат ишхонасида.
Қуёш муғбаччаси бир соатдан сўнг
Туйнукдан мўралаб айлайди имо,
Унинг нигоҳида – Зардушт манқали.
Марҳабо, эй, ўтни ўчиргувчи ўт!
Қоракўз шаҳарда кўзингдан ўзга
Ҳеч кўз дийдоримга зормас,
Руҳдошлик
Сурурин туймайди мен бирла ҳеч ким.
Шаҳарни ўпади азон садоси,
Оҳ, туннинг қулоғи азон оҳангин
Эшитиб бахтиёр бўлгиси келар.
Тунда гул ҳидини таратган сабо
Fунчаларга бўса бергиси келар.
Айрилиқ номаси ичра кўз ёши
Қолгиси келади бир нуқтасимон.
Осмон нур атридан уйғонмоқ истар.
Ассалом, эй, тонг! Мен ростини айтсам,
Билган сўзимнинг энг гўзали шудир,
Ҳақиқат нури бор бу ёруғ сўзда.
Борлигим надир, эй, гўзаллик нури,
Бир ёр қувончига борлигим асос
Бўлмаса-да, қолгим келади тағин.
Яна азон сасин эшитгим келар,
Қуёш муғбаччаси билан ул хилват
Хиёбонлар ичра сайр этгим келар.
Ёлғонимдан кўра гўзалроқ ўшал
Ер тарҳини суйгим келмоқда тағин.
Ушбу шаҳар ичра қолгим келмоқда,
Ўшал шоҳу дарвиш одамлар билан,
Балки, танҳолигим билан…

ЎЧГАН РАНГЛАР

Ўшал ранглар буткул ўзгача эди,
Ёшлик айёмининг илиқ ранглари,
Тонгги жилоларнинг тиниқ ранглари.
Тонг надир?
Сарлавҳа – кун қиссасига.
Ул бир ҳикоятдир, била олмасман,
Қандай тамом бўлар унинг охири.
Кел, биз сўйламайлик интиҳодан, кел.
Сўйлайлик ибтидо, кўклам фаслидан.
Тонгда, супургимнинг таронасидан
Ухлаган кўчалар олганда ором,
Кир арава ичра,
Хиргойи қилиб
Ўтарди бир йигит, кўз дарчасидан
Меҳрибонлик салом берарди мудом.
Тонг сабоси янглиғ муаттар, майин
Орзуларим ғавғо кўтарар эди,
Унинг араваси қаршисида лол.
Ўшанда кўримсиз, лой кўчалардан
Юксалардим мармар уфқлар қадар.
Кимнидир, қалбимга яқин кимнидир
Чорлар эдим,
Ҳеч ким, Ҳеч ким билмасди,
Ушоққина, нозик бул вужуд ичра
Денгизлар туғёни мавжудлигини.
Ушбу кун ҳам ўтар бизнинг кўчадан,
Ўшанда кўрганим ёш йигит, аммо,
Энди у йигитмас, мағрур бир эркак,
Бошида – мўйнадан тикилган қалпоқ,
Лоқайдлик ғубори – нигоҳларида,
Юрагининг бўм-бўш олами – яйдоқ,
Ўтиб кетар беғам, дардсиз ва ҳиссиз,
Ўтар мошин билан куйсиз, қўшиқсиз.
Дегайман ортидан тортиб оҳ-фиғон:
Энди мен ҳам эмас тонгга меҳрибон.

ШАКАР ТАЪМИ

Жимлик – неча йиллик умримнинг исми,
Бутун ҳаётимнинг исмидир, балки.
Бу тун, зулмат, ухлаб ётган дев каби
Оғир нафас олар,
Жим қолдим қўрқиб.
Ахир, кимни чорлай, ким бор, ким ҳам бор?
Қари жодугардай замон
Ҳаммани,
Жумладан, мени ҳам айлади карахт.
Энди мен қарайман бефарқ ва лоқайд,
Шабнам ҳужумига, сел ҳамласига,
Руҳим ноласига солмасман қулоқ,
Ҳавасим нигоҳин ул кўзбойлоғич
Баҳорга энди ёр этмасман бу чоғ.
Шайтондан қўрққандай, йилимдан қўрқиб,
Жаҳон тилсимига бўлмам мубтало.
Беҳуда жўшган ғам, шодликлар аро.
Энди совуқ боққум, эй, ёр, кўзингга,
Энди мен ёдингдан ахтариб нажот,
Сен каби кимнидир унутмоқ йўлин
Ўргатаман (гарчи, оғир) ўзимга.
Оғир нафас олар, ухлаган девдай
Бу тун зулмат…
Кимдир йўллади салом.
Салом, эй, зулматнинг заволи, ғамхўр,
Салом, эй, садоси тош ниқобидан
Халослик ҳақида этган хабардор.
Салом, эй садоси тонгдан бир дарак,
Салом, эй, фироқдан бўзлаётган най,
Аччиқ ноласида шакар таъми бор…

ФАРЁД ТАБАССУМИ

Юрагим дардига интизорлик деб
Ном қўйдим, ул – малол келтирган зорлик,
Жаҳон кун, тунини қадим шаҳд билан
Олиб кетар,
Кимдир ғиштни ғишт узра
Устма-уст терганча уй кўтаради.
Кимдир янги йилнинг кўйлагин тикар.
Кимдир боласини олар боғчадан.
Кимдир ёмғир теккан дераза кўзин
Юварди,
Ва кимдир келиб-кетарди.
Фақат, мен
Юрагим орзуларини
Имкон мезонидан ортиқ қўйгандим.
Фақат, мен,
Жисмимни қўйгандим тикиб
Мудроқлигим қаърин қаеригадир.
Ва жулдур тўн кийган юпун борлиққа
Ҳавасим ранги-ла берардим пардоз.
Тунда ҳақиқатнинг нигоҳи эдим,
Эртак тўқирдим,
Кел, хуллас, кўр баҳам
Ул эртак бахтин бул ҳақиқат билан.
Кел, ўшал парвознинг вужудин кўргин,
Fафлат босиб кетган бул зулмат билан.
Кўр, лабимда битар ёлғон қизиллик
Табассум,
Фарёднинг табассумини.
Юрагим дардига интизорлик деб
Ном қўйдим, бепоён интизорликлар.
Бу сўзни изоҳлаб беришим қийин.
Фақат, билганим шу: Тўғри, тириклик
Чиройли кўйлакдир, менинг қаддимга,
Афсуски, афсуски, мос келмайди ул.
Хилватда қайғунинг ҳидидан, эй, дўст,
Сархушман, юрагим тўрвасидаги
Бир кулча юрак-ла кетгим бор тунда
Томонсизлик сари, томонсизликка.

ЯНА ОШИҚМАН

Кунботардан, бадбахт кунботардан сўнг
Тириклик завқига тағин бурдим юз.
Жон олгувчи маккор, қари кампирдан
Мен жовдираб меҳр кутаман ҳануз.
Мен – эшик ортида турган кимсага,
Токи, боқсин дея муҳаббат билан.

Тағин қанотимни қоқаман, эй, дўст,
Исфаранинг сиймбол лайлакларидай.
Нечоғ фожиали, кулгили ҳаёт,
Олти эшик, етти ранглик саройда.
Тағин неча кунлик фурсатим бордир,
Қолсам бу ғаройиб қаср бағрида.

Жуда кеч англадим, одамлар ғамнинг
Юзига тортганин кулгудан ниқоб.
Сув ичра балиқдай бахтиёр улар,
Самандардай ўтга сиғинар шу тоб.
Жуда кеч англадим, Ҳақ қулоғига
Ёқар экан шукур сўзи беҳисоб.

Кунботардан, бадбахт кунботардан сўнг,
Яна тирик, яна ошиқ бағирман.
Шодлик фариштаси, кулгум чироғи
Дилингга нур элтсин, қолгин мен билан.
Қара, булут кийган қуёш сингари,
Жанда ичидаги маликадирман.

ДАВОМ

Келаман.
Эй, қалблар! Темир, қирмизи
Дарвозалар, эй, сиз, берк дарвозалар!
Нечун бармоқларим тақиллатган чоғ,
Ички ҳаяжондан қалтирамайсиз?
Нечун дарвозанинг ул томонида
Ёруғ интизорлик йўқдир,
Ҳеч кимнинг
Қадам товушлари келмайди яқин?
Нечун бу қулфларни синдириб бўлмас?
Нечун ишқ гавҳарин излаб, ўғридай
Остин-устин қилиб бўлмас хонани?
Ё эшик бор кўча сўнгида тағин,
Пинҳон боғлар, нурли олмалар учун,
Соф бошоқлар, қадим ҳамда жаннатий
Қуш нағмаси, яшил ариқлар учун.
Меҳр берсам дея, маъюс кўзлари
Кимнидир ахтарган бир одам учун
Битта очиқ эшик бордир, эҳтимол.
Мен дегайман кўриб бул манзарани:
Бу қандай кун? Олам нечанчи куни?
Келаман.
Кўчани илитар ногоҳ,
Мактабдан қайтгувчи болалар саси.
Болалар изидан кўча юзида
Қолади хилма-хил қанд қоғозлари.
Эй, қаноти рангин қанд қоғозлари!
Парвоз этинг, фаррош келгунга қадар.
Бу тун
Юксакликнинг кўчаларида
Юлдузлар пистасин чақаман бир-бир,
Тонг фарроши етиб келгунча мен ҳам.

ЙЎЛ-ЙЎЛАКАЙ

Пардани очаман,
Кўча томондан
Супургининг тиғиз овози келар.
Қўшни аёл тонгни қутламоқ учун,
Чиқди супургисин гулдаста қилиб.
Ариқдан сув олиб юварди гўё,
Қўшни аёл, ернинг беғубор юзин.
Англадим мен унинг буюклигини,
Ажал фариштаси янглиғ жанг-жадал
Кириб келганида суғурмоққа жон.
Тўплар портлар эди,
Баланд, кеккайган
Чиройли қасрлар ичра ўшал дам.
Мактаблар,
Болалар боғчаси ҳамда
Гўзал хиёбону чаманзорда ҳам.
Тўплар портлар эди,
Юрагимизнинг
Тўплари – кўйлакнинг ул томонида,
Ўликлар тобутда ўтарди сўнг бор,
Ваҳм босган элнинг кифтида маъюс
Равона бўларди қабристон томон…
Ўқлар қуршовида қолган эди куз.
Фақат, ўша аёл,
Ўлимдан қўрқмай,
Кўча супурарди ғамгин ҳолида.
Наҳсни супурарди,
Ҳаётни ювиб,
Қайтаради тағин ўз маромига.
Пардани очаман,
Шоти узра чол
Хомток қилиб безар баҳор бағрини.
Япроқлар,
Узумлар бошоғи сирин
Англайди, тушунар баҳор қалбини.
Аммо, мен…
Баҳорнинг сиридан ғофил,
Билмайман узумлар бошоғи сирин,
Мастлик асрори ҳам бўлмайди нозил.
Мастлик нима ўзи?
Пардани очиб,
Қўлимни чўзаман узгали гилос.
Йўқ, бу гилосмас, бир қизил парранда,
Сози жимлигимга бахт берди бироз.
Йўқ, бу паррандамас, қуёшдир порлоқ,
Бир қуёш, ўзининг кенглиги билан
Нозик кафтларимга сиғмайди, бироқ.
Йўқ, бу қуёш эмас,
Бир ҳақиқат бу.
Яъни, сенинг қалбинг – гузал, ярқироқ!
Пардани очаман,
Тонг нурларининг
Чексиз қудратига қолдирмай тўсиқ.
Муаттар фазода
Гул билан булбул
Жуфтлигидан пайдо бўлар бир қўшиқ.
Қара, чексизликда қанот қоққан ул
Оқ парранда ёлғиз руҳимдир муштоқ.
Келгин, сен ҳам энди оч пардаларни,
Ҳамда тирикликнинг жавҳарига боқ.
Тириклик не ўзи?
Кимга – йўлма-йўл,
Кетиб, емирилиб, озаймоқдир ул.
Кимгадир тириклик – кетиб йўлма-йўл,
Кенгайиб, кўпайиб кетмоқдир буткул.

КЕЛАЖАК НОМАСИ

Олдинги кўркидан асар қолмаган
Заиф сочларимга тақаман гулбоғ.
Шундайин кулгили ҳолатим билан
Бормоқдаман янги асрга бу чоғ.
Эртанги кун томон боргум, ёдида
Сақлайди, билмайман, кимнинг мадҳини,
Кимнингдир кўзида меҳр чўғини,
Кимнинг борлиғида мардликнинг аслин,
Қайсидир кўзгуда поклик жавҳарин,
Қайсидир жавҳарда ҳақиқат аксин
Балққанини кўрмоқ умиди билан
Эртанги кун томон бораман тағин.
Янги аср келар. Соат ўн икки.
Ложувард осмонда зар мушакларнинг
Парвози нақадар гўзал, минг йиллик
Осмон, худди, янги гўдакдай боқар
Янги минг йилликка сокин ва лоқайд.
Хуррам ёшлигини навқирон қизлар
Шаҳар марказига, чироғистонга
Ҳамда жилозорга элтар бу кеча.
Эртанинг садосин эшитдингизми?
Хаста диллар! Чиқинг умидсизликдан.
Бир арава таппак бирла бир кампир
Йигирма биринчи асрга борар,
Чиқиб йигирманчи аср қаъридан.
Тентираб қаҳратон кўчаларида,
Бир бола кун бўйи музқаймоқ сотар.
Гадо келар янги асрга кириб,
Мунғайиб, қўллари бўм-бўш ҳолида.
Балки, у шоҳ бўлар янги асрда,
Балки, қолиб кетар гадолигича.
Бир нотавон эркак уйига шошар,
Ул эркак, умрида илк бор, эҳтимол,
Хўрозқанд элтмоқда болаларига.
Шундан кейин ҳам эй, биродаргинам!
Фикрларинг – гуллар қуршовида банд.
Кошки, лаззат берса сенинг, дунёнинг
Турмушига ўшал мўъжаз хўрозқанд.
Алвидо, эй, эски асрда қолган
Бахтли болалигим,
Эй, муаттар тонг,
Эй, гуллаб-яшнаган шомлар, ёсуман
Хуш атрига тўлган ёдгорим, ёдим.
Мадҳу мақтовларнинг вужуди ичра
Қолиб кетган эй, ишқ, ширин титроғим.
Алвидо, эй, поклик,
Бокираликнинг
Чўққисида турган шафқат, меҳрибон.
Эй, сиз, мурғакларим, қизалоқларим,
Сувратида – кўклам нуридан нишон.
Келинг, ўпай содда кўзларингиздан,
Сизда гўдакликка ҳурматим ҳаққи,
Она буюклигин ҳурмати ҳаққи,
Кимни суйган бўлсам, ўшалар ҳаққи,
Ушбу тирикликка айтаман сано.
Яна кулиб, йиғлаб,
Осаман ёниқ
Юрагимни сунъий арча шохига.
Яъни, борлиғимни улайман ўшал
Эртанинг оқими ва уммонига.
Алвидо, муҳаббат.
Йўқ, истамайман
Сендан жудоликни,
Салом, муҳаббат!
Салом, кўзларимга гўзал нигоҳинг
Армуғон айлаган эй, азиз нигоҳ.
Салом, борлиғимни, янги асрга
Хаста вужудимни элтган чоғимда
Менинг қўлларимдан тутган, азиз қўл.
Салом, эртанги кун остонасида
Турган эй, меҳрибон,
Қутлуғ саломинг
Айлансин эртанинг таронасига.
Хуллас, янги аср кенгликларига
Бораман, сочимга таққанча гулбоғ.
Қўлда пок тонг қутловномасин тутиб,
Хуллас, эшигимнинг ёнгинасида
Бир элчи, йўлимга турибди муштоқ.

БАҲОР ҚОЛАДИ

Азизим, қайдасан, баҳор ўтмоқда.
(«Чақмоқ ҳамласи» китобидан)

Олманиг чироғи шохларда қолар,
Сув сўзи ариқда – чоҳларда қолар,
Дилим дилингга зор оҳларда қолар,
Баҳор ўтармикан ё баҳор қолар,
Баҳор қолади!

Гул умрин наҳори қайтиб келмайди,
Булбул нола, зори қайтиб келмайди,
Оройишлар ори қайтиб келмайди,
Нома ичида бир гул ёдгор қолар,
Баҳор ўтармикан ё баҳор қолар,
Баҳор қолади!

Салом, яшил нома, кўклам давоми,
Дарчани оч, кирсин кўклам саломи,
Кўзинг куйлар баҳор ўч-интиқомин,
Гар номангдан яшил ғубор қолади,
Баҳор қолади!

Олманинг чироғи шохларда қолар,
Сув сўзи ариқда – чоҳларда қолар,
Дилим дилингга зор оҳларда қолар,
Ҳурматимиз ҳаққи, баҳор қолади,
Баҳор қолади!

НОТАМОМ

Эй, ишқ, менинг сенга айтар сўзим бор,
Эй, эрта, сенга ҳам бор менинг сўзим.
Сенга сўзим бордир, эй, садбарг гули,
Эшигим олдида йўталмай бурун,
Бир мусофир эркак, яъни ул Ўлим.
Эй, ақл! Эй, қари файласуф!
Сендан
Ҳамда фалсафангдан кўнглим ғаш шу тоб.
Таъмирлаш ўрнига
Айладинг хароб.
Оддий, содда бўлмоқ нечоғлик гўзал,
Оддий ўйлаб,
Оддий сўйламоқ буткул.
Оддий кийинмоқлик,
Оддий ва содда
Чин юракдан севмоқ,
Шодлик, ғам, ҳижрон,
Васлни ҳам оддий айламоқ қабул.
Кошки, ғализ ўйдан бўлсайдик нари,
Отсайдик юракни кўкракдан узиб.
Бораман асабий аср оралаб,
Меҳрибонлик излаб, меҳрни кутиб.
Эй, дўст,
Қаҳратоннинг совуқ тонгида,
Ҳовлимизда олма дарахти узра
Чумчуқларнинг нечоғ кўплигин қара.
Кекса вужудида
Қанчалар ғурур,
Меҳр, ифтихорнинг ғунчалари бор
Бир фаришта дарахт
Қўшиқларга кон
Юрагида ҳануз яшнайди баҳор.
Эй, ишқ, менинг сенга айтар сўзим бор,
Эй, эрта, сенга ҳам айтар сўзим – шул.
Сенга сўзим бордир, эй, олма гули,
Бу дам қафасида ёниб, ўртаниб,
Айрилиқ қўшиғин куйлар бир булбул.

ЯШИЛ БАҲОНА

Ўтди, дард ҳам ўтди,
Ўтди нозлар ғавғоси,
Ўтди ёниш лаззатлари, гўзал ва хуррам.
Болалигим ўтди,
Ўтди ёшлик ғўрлиги,
Ўтиб кетди узун-қисқа афсоналар ҳам.
Бир тун
Кузак шохларидан ғарқ пишган беҳи
Эгилганда ва унинг хуш бўйидан беғам,
Оғзи очиқ офтобалар маст бўлган тунда
Осмон сари сафар қилди раҳматлик энам.
Энди эса, ўтиб кетган йиллар бағридан
Қушлар яна кузак томон қилдилар сафар.
Ул эзгулик мотамининг маъракасига
Етиб келди меҳмон бўлиб,
Етганда хабар.
Энди ғамдан зада бўлган қушлар озурда,
Олиб кетар маҳзун баҳор жанозасини.
Қўл етмаган кенгликларга кетарлар олиб,
Куйланмаган қўшиғини, таронасини.
Ўтиб кетди нағмалар ҳам,
Парда ортининг
Садолари қартайди ва уй бурчагида
Эски соат йигирма тўрт марта урди бонг,
Нағмахонлик учун бизлар кечикдик жуда.
Кел, «Хайрли тун» сўзи билан, садоси билан,
Ўтаётган кунни якун айлайлик бекор.
Ўтди, кун ҳам ўтди,
Ёниб-куймоқ ҳам ўтди,
Ўтди ишқ ҳам…
Йўқ! Минг бор йўқ! Ишқ ўтмас зинҳор.
Баҳор қайтар маъсум қувонч билан,
Бағирдан
Жой берайлик, айтиб унга зорлигимизни.
Келгин, яна яшилликнинг баҳонасида
Шодликка ғарқ этайлик ўз борлиғимизни.

ИБТИДО

Салом, ёруғ тонгим, саҳар жаранги,
Салом, ҳақиқий тонг, ҳар бир заррангда
Одамий зот чиқар балқиб ҳар саҳар.
Салом, эй, покиза, шаффоф нигоҳи
осмоний чашмадан келтирган хабар!
Салом, эй, мотамдан безган қалбимга
Қайтиб келган гўзал орзулар, тўкин.
Баҳорсиз умримга, кўзларинг ҳаққи,
Қайтиб келганлигинг муборак бўлсин!
Сенгача ўйлардим,
Тақвимим тўлган,
Бахтим заволимнинг хутбасин ўқир.
Тонг – ёдимда мангу қадимий хаёл,
Шодлик – болалигим тилла сирғаси.
Сенгача ўйлардим, қартайган бари,
Ер, осмон, тириклик, ёшлигу баҳор.
Бари нурсиз – сўзлар, кулги, нигоҳлар,
Сувратлар, юраклар ичра неки бор.
Йўқ, йўқ, йўқ! Барчаси қартайган эмас,
Ёғдудан айромас буткул бу ҳаёт.
Фақат, мен қариган, Бир мен…
Сезардим
Сўнгим яқинлигин,
Йўқлигин нажот.
Тағин эшик очиб дунёга, кўрдим,
Ҳаёт – келиб-кетмоқ экан бемаъни.
Сиртдан қараганда дўстдай ҳасадгўй,
Дўст деб ўйлар эдим мен ўшаларни.
Латиф кулгусида хусумати бор,
Чиройли сўзида – ёлғон ғубори.
Воҳ, нечун енгимда илонлар ниҳон!
Ҳаммадан воз кечдим,
Мен кимларгадир
На салом йўлладим ва на ўшанда
Тонглар поклигига келтирдим имон.
Совуқ борлиғимни янги кун билан
Қутлаб, уй супургим келарди,
Қай бир
Қадами қутлуғнинг ҳурмати учун.
Ойналарни ювиб,
Қай бир нигоҳни
Қувонтиргим, садо берса телефон,
Тинмай парвоз этгим келарди бутун.
Дердим: Йўқ! Ҳафсала топгандир тиним.
Гулдонлар сувсиздир анчадан буён,
Қўйларга бераман, гул келтирса ким,
Топширгум шамолга, ким берса салом,
Кимдандир хат келса, бермасман жавоб.
Бир кун қўшни аёл деди: Сингилжон!
Бер менга кераксиз газеталарни.
Ёяман уйимнинг токчаларига.
Газеталар? Бари сарғайиб кетган.
Хайр, алмисоқдан қолган хабарлар,
Дилгир мақолалар, тақвимий шеърлар.
Мен ҳам газетаман, сарғайиб кетган,
Газетаман – ҳеч ким ўқимайдиган,
Ҳамда юракларни айлагувчи ғаш,
Халқнинг дарди эмас,
Ҳавойи гаплар,
Бегона ўт каби совуқ ва дағал
Сўзларга, гумроҳлик, афсоналарга
Тўлган музофотнинг газетасиман.
Эй, қуёш! Сен ҳам бир газета, аммо,
Бир улуғ асарсан,
Зеҳним паст букун,
Сени англамоққа ақлим етмайди.
Кўр, сувсизлик, газсиз, чироқсизликда
Моғор босиб кетди масжидларни ҳам.

Энди нафасларни ким поклар ювиб,
Энди ким маърифат дўконин очар?
Жавҳарсиз балчиқлар ичра тубанлаб,
Энди ким кўнгилнинг фарқига борар?!
Инсоният етди маърифатнинг ул
Баланд чўққисига, ва лекин, афсус,
Бир оддий нарса йўқ бу чўққи узра,
Яъни, меҳр йўқдир, оддийгина ҳис.
Қанчалар шириндир гўдаклик ҳиди,
Қариликнинг ҳиди қанчалар ғализ.
Ул Одаму Ҳаво гўдак эдилар,
Башар гўдак эди,
Гуллар гўдак эди,
Осмон гўдак эди,
Ишқ гўдак эди.
Хуллас, инсоният – қари,
Маърифат –
Милён йиллик дарахт меваси, чирик.
Қанчалик беҳуда ишим,
Оламдан
Поклик ахтардим ва қилдим ҳимоя
Бекорга (ё йўқми?) иффатимни ҳам.

Ким учун? Ул завол учунми?
Ҳурнинг
Поклиги устидан фоҳиша кулган
Келажак учунми?
Тонг ёқасидан
Кир ахтарган осий халқ учунми ул?
Ҳаққим борми
Ўшал фисқу фужурнинг
Оқимига ўзни улоқтиргани?
Ҳаққим борми, тушсам баланд чўққимдан?
Хиёнат қилгани ҳаққим борми, айт,
Ҳақ ишқига ё ўз ҳақиқатимга?
Гоҳида ўйлардим, ё заҳар ичиб,
Этсаммикин дея умримни тамом.
Мен бунда нетаман,
Имон йўқолиб,
Гўзаллик қолмаган бўлса,
Ёлғоннинг
Ҳуқуқи оламда бўлса мукаммал.
Вафодан ҳам баланд бўлса, хиёнат
Мартаба, мақоми
Ҳамда эзгулик
Ҳеч кимнинг хулқида бўлмаса пайдо,
Нетай?!..
Тағин дердим: Астағфируллоҳ!
Тавба қилдим, мени кечир, Художон!
Бу сўзларни бошқа такрорламайман.
Сен келдинг. Ҳаётни ювдинг. Қайтадан
Fамгин лаҳзаларга бердинг бахт таъмин.
Ҳашам чўққисидан,
Эй, ҳайрат шоҳи,
Келдинг, келмасанг ҳам
Бундан сўнг дейман:
Салом, ёруғ садо,
Ҳақиқат тонги,
Салом, эй, беназир,
Бу руҳсиз жаҳон
Сен билан руҳоний бўлди, руҳга ёр!
Салом, эй, саломинг юрагим ичра
Унган тирикликка бўлди ибтидо.

НИГОҲ ФУРСАТИ

Нечун фурсат тополмаймиз нигоҳга, нечун
Қадам босиш фурсати йўқ, қулоқлар карахт.
Меҳрибон сўз айтиб.
Сўлим баҳор боғига,
Деразани очишга ҳам тополмаймиз вақт.
Шундай экан, нечун гуллар қизарар бунча,
Қайсидир кўз нигоҳидан тортиб хижолат?
Кимнинг ёди учун ўзин ёқар юлдузлар,
Қушлар қайси хайрихоҳга айлар қироат?
Нечун чигил, эгри-тўғри йўллар чувалиб,
Fанимларни бир-бирига айлар юзма-юз?
Нечун тийрак нигоҳ билан осмон,
Ерликлар
Қисматини бир-бирига боғлайди ҳануз?
Шундай экан, нечун дилни ўртаб ваҳима,
Азоб берар одамзоднинг ярим аҳлига?
Ёрдам берар, ғурур берар,
Шодлик, бахт берар,
Одамларнинг сараланган, қолган ярмига?
Оҳ, бўй чўзган ваҳм, дилни ўртаган гумон,
Дунё бағрин тешиб ўтар бамисоли ўқ.
Оламда энг олий мақом, яъни Гўзаллик!
Нега нигоҳ ташламоққа фурсатимиз йўқ?
Ҳур боғларда тўкилар тут,
Ари, чумчуққа
Ҳамроҳ бўлиб маҳалланинг болалари ҳам
Лаззатланиб қувонишар тут байрамида.
Ҳаёт нима?
Кимга мотам, кимгадир байрам.
Эй, дўст!
Ҳали шодлик учун бордир баҳона,
Сен баҳорнинг турфа, рангин ҳолатига боқ.
Таралмоқда ул тонгўпар қўшиқлар яна,
Гулгун ҳаёт кечирмоқда ҳар гул, ҳар япроқ.
Чаманларнинг навқиронлик палласига боқ,
Етилган дашт ва саҳролар айлагай ханда.
Туйғулари жўшиб, ҳатто, энтикади тош,
Ёмғир суви ва сурури томчилаганда.
Ажабланманг, мингга кирган юрак ҳам илк бор
Ишқ сўзини тилга олса, ишқ деса бетин.
Эй, муслимлар!
Кимки бомдод, тонг намозини
Адо этса, маъзур тутинг, пешиндан кейин.
Ҳаёт!
Нечун йўқдир бизда нигоҳ фурсати?
Сенга томон ишқ таратар кўзларим бу дам.
Сенга, сенга ёр, ҳамнафас бўлганларга ҳам.
Сенга, сенга, эй, дўстликнинг чўққилари тик,
Сенга, сенга, ўхшаши йўқ ,асил эзгулик!

ИШҚ НОРВОНИ

Юксалайлик, Мавло!
Норвон – шу ерда.
Зуҳраю Парвиндан ёришган фазо.
Ёруғ мўъжизалар буржига томон,
Икки танҳоликка бахт этган ато,
Гўзал юксакликка элтгувчи норвон.
Осмон, ул бир кўзли осмон завқланар,
Яланғоч қалбларни томоша айлаб.
Юксалайлик, Мавло,
Тубанлик ичра
Fайирлар ўзининг азиз умрини
Ўтказар ўзгалар айбини санаб.
Ногоҳ бадмаст ота мушт кўтарганда,
Қўрқувдан титрайди болалар, ахир.
Бозорда ҳаммоллик қилар, ковуши
Йиртилган бир гўдак, елкаси яғир.
Бемор қичқиради ёмон туш кўриб,
Бир аёл соатлаб қабоғин безар.
Аммо, етти хил ранг чаплаган билан,
Кўзлари боқади маъносиз ва ғар.
Кимдир, нигоҳида – эски хусумат,
Заққум ҳаётини давом этдирар.
Тинчлан, қалб, не самар ушбу саноқдан?
Билмайсан сен ҳам, бахт йўли қайдадир.
Бир ярага малҳам эмассан
Сен ҳам
Билмайсан, тириклик маъноси надир.
Юксалайлик, Мавло!
Норвон – шу ерда.
Моҳтобий ўрикни татийлик букун.
Токи, булбулларнинг ошёни ичра
Миттигина бир жуфт тухумни кўриб,
Қайтмоқ, севмоқ ҳамда бор булмоқ учун
Юксалайлик, Мавло!

МУЖДА

Кузак ўтиб кетди.
Қирмизи анор
Билмайди бу хаста дунё не учун
Камқонлик дардига бўлган мубтало.
Ариқнинг бўйида ўсган ёввойи
Беоргул ўзига ўзи шивирлаб
Дейди: Сарғғаяйми, сарғаймайми ё?
Сира сарғаймагин, жоним, ёдимда
Тағин бир-икки кун яшаб тур гулгун.
Тақвим жадвалида табассум қилгин,
Ўжар қадрдоним, ҳурматим учун.
Салом, дунё!
Салом, сирлари кўчган
Эски кўзгудаги эй, янги тасвир,
Салом, ҳаёт, салом, эй, нурли тонгим!
Мени қутла, келдим тағин сен томон.
Мени қутла, тағин куйлайман шодон.
Мен яна тирилдим, келмас ишонгим.
Чунки, мен ўйлардим, ёшли кўзимни
Қутлагани келмас кулги жамоли.
Раҳмат, ғайб табиби,
Эй, ёруғ хабар,
Эй, сен гўзалликнинг тенгсиз камоли!
Сен бул қадим замон мақбарасини
Айладинг нечоғлик кўркам ва нафис.
Хароба бойқушин жаннат боғининг
Қуши деб атадинг, безавол, азиз.
Кўзларинг кўзимга ҳамдард бўлдилар,
Эй, эзгулик, сахо таратган жило!
Куз ўтди… Саодат чўққиси узра
Кимдир хасталарнинг кўтарди қаддин.
Ўз йўлин йўқотган юракларни ҳам
Тариқат йўлига чорлади яна.

БАҚО ЖИЛВАСИ

Сен, эй, беғам ёшлигимнинг давомномаси,
Сен, эй, умид лабларида балқиган ханда,
Сен, эй, фоний умрим ичра саховат билан
Боқий жилва тўкаётган беғараз банда,
Порла, ўшал муҳаббатим ҳурмати, порла!

Кезгим келар шамол каби тўзиб, тентираб,
Бу саргашта, шаддод баҳор бағрида тамом.
Овозим ҳам етиб борса тонгларга қадар,
Салом, сенга, эй, камнамо қуёшим, салом,
Хоксорларнинг нимқоронғи саройи ичра,
Эй, осмондан башоратим қурбати, порла!

Фироғинг ҳам тутқун эмас висол домига,
Хаёлинг ҳам хаёлимдан кетмайди бу дам.
Айт, қаерда, авжнинг қай бир мақомидадир,
Сенинг аршинг, эй, пайғомбар – муборакқадам?
Кўчаларнинг кўзлари кўр бўлган бу тунда,
Ҳидоятим юлдузларин шуъласи, порла!

Хазинабон бўлди дилим роз, орзуларга,
Сенга очай қайси бирин харобасини.
Оқилликнинг тик йўлидай қалқонман ўзим,
Қўйгил, тортай энди жунун аробасини.
Сен, эй, сен, эй, чала сўфи, чала девона,
Жунун, фитрат бирлигининг турбати, порла!

Юракка жон ато этай, бўлгин баҳона,
Гар ажалдан элчи келса унга панд берай.
Келиб кетгил, келиб кетгил, келиб кетавер,
То интизор умрга мен бир зум тан берай.
Сен, эй, мунис тириклигим олис шуъласи,
Ҳижратимнинг минг йилдан сўнг муҳлати, порла!

* * *

Чақмоқ чаққан бу осмон – синган ойнадир гўё,
Ёмғир – булут эгнидан қолган ипак пораси.
Чақмоқ уфқ чиннисин безар заррин сув билан,
Булут гул вароғидан ювар ғубор номасин.

Қуёшлигим, ўхшатдинг мени совуқ булутга,
Булут кўзидан сачрар осмонсўз барқ шарори.
Зоҳирингга назар сол, ипакдандирман, аммо,
Юз тароқни синдиргай кокилимнинг бир тори.

Минг афсус, тўкилгайсан, асрай олмасман сени,
Киприкдаги кўз ёшдай мева тукан ғубори.
Девоналигу виқор – қўшни, гўё шўх дарё
Fамгин, хаста қирғоқнинг бўлгандай хеш-табори.

Кўзингдаги кийикни қўйвор кўзим ерига,
Зеро, меҳринг гиёҳин кўзимдадир саҳори.(1)
Зулайҳонинг уйидай сенсан олти томоним,
«Қайга қочай сендан, эй, дилимнинг ихтиёри».(2)

____________
1-саҳро.
2-Румий сатри.

НОАЁНЛИК

Барчамизнинг борар йўлимиз бирдир,
Ўткинчи шитоблар не керак, ахир?
Гарчанд, мен биламан бу ҳақиқатни,
Нафасни нафасга улайман тағин.
Сув бетига қуёш муҳрини ўяр,
Дурахшон олмосдан
Ярақлаган шом.
Кетарман йўлларни ёқалаб дилгир,
Ҳеч кимни кутмасман, шошмасман тамом.
Нечоғлик осийман, далли-девона,
Шамолдек девона бўламан беғам.
Нечоғлик орифман, нечоғлик баланд,
Маъсумроқдир руҳим тонг руҳидан ҳам.
Кетгим келар бақо сувин сўроқлаб,
Тағин ўша тубсиз йўқликка томон.
Сенинг висолингдай менга интизор,
Ўшал осонгина топширмоқлик жон.
Азизим, ягонам, маъно ахтариб,
Англамоқ қийиндир ҳолингни ҳануз.
Ошно бўлай десам ишқингга, бироқ,
Кеч бўлди, кеч бўлди, кеч бўлди, афсус…

СИНИҚЧИ

Ой ўроғи билан жулдур кийган шом
Ўради кундуздан ёғду бир тутам.
Ишқни супуради чўлтоқ супурги,
Зулмат садоғига уфқ бўлар жам.
Ногоҳ титраб-қақшаб кетар дарахтзор,
Қаҳратон суяги, эти мисоли.
Минг йиллик туйғусиз, қуриган дарё
Кўзга ўхшар, бироқ, нигоҳдан холи.
Мен кимнинг кўзига боқмайин, унда
Ўхшовсиз тиржаяр шайтони лаин.
Нажот йўллаб кимдир боғлар олисда,
Умидимнинг чил-чил синган суягин.

ЯРИМ ЙЎЛДА

Оҳиста кезаман,
Қолдириб сокин
Шамоллар учрашган кўчаларда из.
Ёввойи хандаси бирла тўрвамга
Чанг солмоқчи бўлар бир девона қиз.
Билмайди тўрвамнинг бўшлигин, бироқ,
Тўрвамда ҳеч вақо йўқдир ушбу пайт.
Неки қолган бўлса, неки бор бўлса,
Олис хотиралар ёди бор, фақат.
Эй, ошиқ шамоллар, ошиқ шамоллар!
Йўлимни боғлаган уч кўзли чироқ.
Сизнинг йўлларингиз ҳамиша очиқ,
Ҳар олти томонга елгайсиз, бироқ.
Аммо, ўз йўлидан кетгай адашиб,
Гарчи, йўл босади билмасдан тиним.
Адашиб кетади, қайга бормасин,
Ҳайратнинг қасрига тушган бўлса ким.
Юксакка элтувчи, эй, узун йўллар,
Ул дўст уйи қайда? Қайда талъати?
Беҳуда юрмоқдан оёғим толар,
Эй, ёр, остонангман,
Бақо сарҳади.
Оч эшик, ул ёруғ нигоҳинг билан
Нон берай энг сўнгги умидим учун.
Кўклам қасидасин сўйлагин менга,
Мен тақдир ҳукмини эшитмай бурун.
Оҳиста кезаман,
Райҳоннинг атри
Таралган кўчада тентираб сокин.
Рустам(1) камонидан узилган ўқлар
Синдирар фалакнинг шиша нигоҳин.

____________
1-«Шоҳнома» қаҳрамони, Золнинг ўғли.

ДАҚҚИ ЮНУС ТАНГАСИ

Тонгнинг сувлар оққан кўзида биллур
Ёмғир нилуфари очилар бир-бир.
Гарчанд, келмаса-да ҳеч ким йўл босиб,
Кўзим йўл қарайди олиб хавотир.
Ойнанинг хира, тунд башарасига
Бундан кейин оҳим тортади парда.
Яхши бўлди, олиб кединг танингни,
Узиб нигоҳимнинг тилсимларидан.
Яхши бўлди, менинг ёруғ ёдимни
Ёдингдан чиқариб қутилдинг бирдан.
Кумуш эди бизни боғлаган ҳалқа,
Синдирдинг сен уни кипригинг билан.
Бозор шовқинидан йироқман энди,
Қолди Даққи Юнус тангасидай гар.
Балиқ қорнидан ҳам қоронғу олам,
Мен гунг, кўзи боғлиқ Юнусдан баттар.
Ўзимча баҳона топаман ўйлаб,
Гўзал деб атамоқ учун ҳаётни.
Косаси оқармай қолган жаҳондан
Татидим бу кўнглим тусаган тотни.
Ёмғир тун девининг хорпанжасидан
Жой олган Сулаймон узуги янглиғ.
Зулматнинг пойига қулар бир авлод,
Имон кўкрагига урилганда тиғ.

ОЛИС САДО

Эй, дўстим, дугонам – йўллари олис,
Огоҳмисан, оғди ярмидан кун ҳам?
Кўклам кетиб, келди ёзнинг палласи,
Fамингдан кўзларим яратди шабнам.
Майса, бутоқларнинг ўчди оқ ранги,
Йиртилди ҳаёсиз қуёш кўйлаги.
Жунундан сабрга, тоқатга етдик,
«Афсус»дан бошқа сўз айтомай лабим.
Ҳавасим тўкилди кузги боғ каби,
Тирик орзулар ҳам қолмади чоғи.
Яъни, ўтди жавлон уриш фурсати,
Қўшиғимдан тўйди замон қулоғи.
Менда бир нур ўлди, муборак бир нур,
Таскин бер, тақдирга беролмасам тан.
Ёзавер, ёзавер кимни соғинсанг,
Олисдаги дўстлар қадим базмидан.

Нечун садоларинг эмаслар ёвуқ,
Жимлигинг совуқдир, совуқдан-совуқ?..

ФОЛ

Титраётган кафт каби энг охирги япроқни
Кафтимга лўлиёна олиб аста очдим фол.
Япроқ деди: «Эй, хира, ҳолимга боқ, кетарман,
Мени йўқлик қаъридан қутқаролмайсан. Хуш қол!..»

Мен ҳам бўлай деб у кун бу япроққа ҳамқисмат,
Чора излаб йиғладим тақдир берган жафога.
Лекин, афсус бу сафар тушмади йўл бошида,
Барно Юсуф назари қартайган Зулайҳога.

БОРУ ЙЎҚ АРО

Лаҳзалар йиғилган лаҳза не?
— Ҳаёт!
Лаҳзалар суврати, нақши не?
— Мамот!
Неча марта ўшал бордан йўқ қадар
Чодирини ёяр тонг нилуфари.
Неча бор қўнади эшик ёнида,
Олма, гилос узра гул булутлари.
Неча бор бужмаяр дарчам ортида
Ёсуманнинг яшил, ҳўл бутоқлари.
Неча бор чучкурар,
Хонақоҳидан
Шафақ, ташқарига чиққан чоғлари.
Боғ боғда, барг баргда, шох шохда.
Эй, дўст,
Эшитдингми, қуёш чучкурди нохос.
Гумон қўрғонидан кетарман энди,
Қуёш, чамбаракли чодирингни ёз.
Неча бор бонг чалар
Минглаб тўдалар,
Чаман байрамида қатор ва қатор.
Баҳорнинг булутли осмони, ҳали
Очилмаган гулни, девор ортида
Бўсаларга кўмиб ташлар неча бор.
Дераза ортида исмсиз қушим
Неча бор нолиди,
Сўнгимга қадар
Қанча қасидалар қолиб кетди жим.
Неча марта ўшал бордан йўқ қадар
Юз буриб ҳақиқат меҳроби томон,
Ўзимизни ёйдик жойнамоз қилиб,
Орзугача тиклаб чиройли норвон,
Неча бор юксалиб ожизликдан биз,
Неча марта тушдик ундан йиқилиб.
Бордан йўққа қадар
Лабларимиздан
Ёлғонлар тўкилиб кетди неча бор.
Кўзгу ўзгартирди тасвиримизни,
Бош косаси ичра жодунинг сувин
Солиб, хато очиб таъбиримизни,
Фолбинлар тўнтариб кетди неча бор,
Не-не косаларин, тақдиримизнинг.
Эй, ёр, самовий ёр!
Бору йўқ аро
Етарми саломим,
Алигинг келиб?
Турибман бору йўқ аро ўзимни
Қабул жавобингга интизор этиб.
Эй, ёр, самовий ёр!
Бору йўқ аро
Кин, ғараз олови, айт, нечун керак?
Балки, ул бору йўқ томонида ҳам
Жаннат, дўзах бор,
Жанг-жадал бор, демак.
Одамзод илму фан чўққиси узра
Ишқини тежайди юракдан, ёрдан.
Ўтганлар умрида қолди ишқ, балки,
Кимни ахтараман беҳудазордан?
Эй, ёр, эй, ерлик, ёр!
Бору йўқ аро
Хиёбон бор, салқин, узун хиёбон.
Иккимиз йўлма-йўл ул хиёбонга
Гуллар тикмоғимиз керакдир, ишон.
Эй, тиниқ жавҳари – Хурмузд кўзгуси,
Кўзгудан ҳайдайлик зулматнинг зангин.
Биз ўшал бору йўқ орасидан тез
Ўтайлик, эй, дўст, ё қолайлик ғамгин.

БАҲОР КЕЛГУСИДИР

Қайғу таъми қандай, эй, қадрдон дўст?
Ёлғизлик маъноси надир,
Хилватда
Англамак қуёшнинг яктолигини?
Тасвир ёлғизлигин чорчўпда англаб,
Кўксимизда юрак танҳолигини?
Ҳаёт бизни тортар,
Баланд қорлари
Одамлар бошига ёғиб, йўлма-йўл,
Кулги уйидаги кўзгудай юзни
Кулгили кўрсатган кўча томонга.
Оёқлар ёдидан чиқарди мавзун
Қадам товушининг оҳангини ҳам.
Қўллар гулгунанинг завқли кулгусин
Яшил ариқлардан тополмас бу дам.
Кўнгиллар… Кўнгиллар… Этолмайди ҳис
Ишқнинг қудратин,
Ё йўқми? Билмадим.
Лек, биламан, дўстим, қайтиш йўли бор,
Хотира кўзгусин ярқироқ йўли.
Биз тағин етамиз ўша йўллардан
Мўъжизалар фаслин соддалигига.
Салом, сингилгинам! Деб сен илк айтган
Ҳур, ҳарир баҳорнинг тозалигига.
Ўн олти ёшлигим суврати ичра
Минг ёшли гўдакнинг руҳи яшарди.
Хатларинг кўзимни ёриштирди сўнг,
Хатларинг – форс назмин чўнг маърифати.
Масков каптарлари сендан «Шоҳнома»
Эшитиб, Симурғга қилди сўнг ҳасад.
Майдонда саф тортган хушқад қайинлар
Ҳофизнинг тик қаддин қутларди, фақат.
Черковда янграган қўнғироқ саси
Саъдий карвонининг эди жаранги.
Карвон кетди. Ютди уни биёбон чанги.
Ёлғизлик карвонин сарбони, эй, дўст,
Хуллас, айт, ҳижроннинг қандай таъми бор?
Дунёда беш рақам бордир, ёйсанг гар,
Келади кимнингдир шодон садоси:
Биродар, сабр қил,
Келади баҳор…

КИМ БАХТЛИ?

Мен кетарман
Ва етарман тонг дийдорига
Ва нигоҳим ассалом дер ҳаммага, яъни,
Ёруғ тунлар отамни туш кўрармикин деб
Каллакланган тутзорга
Ва кексарган тани
Болаларга нақш дафтари бўлган беминнат
Манзилимиз деворлари, ғамгин йўлакка
Ва меҳрибон супургисин ашуласига
Чанг-ғуборлар рақс айлаган ёш келинчакка
Ва нигоҳи йўқликка бир ишорат бўлиб
Дарвозадан ташқарида ўтирган чолга
Ёки очлик чангалида шароб сотувчи
Бироқ, кўзи меҳр-шафқат ибодатгоҳи
Бўлган битта қизалоққа, фариштаҳолга
Ва қирқямоқ халтасида куйган қора нон
Тоқлигидан тоқати тоқ бир йўловчи
Ва
Мусиқасин шовқинидан кўча юраги
Ўйнаб кетган
Маҳобатли «Мерседес» ичра
Қовоғини уйган бошқа бир йўловчига.
Мен билмайман, ким бахтиёр бу издиҳомда?
Ё тутзорми – қирқкокилли ва соҳибжамол
Ё мунаққаш танин кўз-кўз айлаган девор
Ёки видо остонасин ҳатлаётган чол
Ёки хушҳол келинчакми
Ё мунглиғ кўзи
Шафқатга пок ибодатгоҳ бўлган қизалоқ
Ё фақирнинг ямоқ тўлган халтаси
Ё мен –
Кетиб, тонг висолига етаётган чоғ…
Мен кетарман,
Йўл-йўлакай сўрайман беун,
Кетмоқ надир?
Йўл чексиз бир нуқтасимондир.
Ким қуёшли – хандаларга шукрона айтар,
Ким булутли – тағин гирён, тағин гирёндир.

ЁЛFИЗЛИКНИНГ ОРТИДА КИМДИР

Кўзимга кел, сирдан огоҳим, келгин,
Одамзод ёдининг ёдгорлиги – ул.
Мен унда асрадим, сен кўргин дея,
Энг қадимий туйғу, ҳисларни буткул.
Асрадим Меҳрни,
Имонни,
Ишқни,
Лутфу ғузалликни…
Сен мени кечир.
Мўъжизанинг қутлуғ каломларини
Оддийгина тилга олдим бирма-бир.
Сен ҳам ишон содда мўъжизаларга,
Сен ҳам ишон, кимдир келишига чин.
Унинг битта ёруғ табассуми-ла
Бу ҳаёт бошидан бошланар тағин.
Кўзимга кел, сирдан огоҳим, келгин,
Мунофиқ ёр каби осмонлар сендан
Юз ўгириб, тонса, кўзларимга кел.
Одамзод енгининг чанг-ғуборини
Бош устингдан қоқса, кўзларимга кел.
Шафақ тароватин заволи учун
Кўзинг қилса нола, кўзларимга кел.
Уйда ёлғиз қолиб, танҳолигингни
Ишқ билан безасанг,
Ҳамда шаҳарлар
Сенсиз ғариб қолса, кўзларимга кел.
Ўшанда ҳеч кимса ишқнинг манзилин
Тополмаса, толса, кўзларимга кел.
Қўлингни бер,
Ихлос тўлган кўзимга
Ишон ихлос билан, ишон беҳадик.
Мен салом йўллайман сенга, эй, Мавло!
Салом, саломимга олмаган алик.

АБАДИЯТ ДАРИЧАСИ

Эй, ҳар бир нигоҳи, ҳар бир лаҳзани
Мангуликка пайванд айлагувчи нур!
Сенга қандай айтай, Вақт аталган бу
Ҳалқа қуршовида қолиб бир умр.
Сенга қандай айтай, бил, деб эртанинг
Совуқ қучоғида завол атри бор.
Туннинг лол кўзида савол шакли бор.
Мен ёзнинг кунида,
Умидсизликнинг
Чўлида ёлғизман.
Чинорим қани?
Қани, тўрт оёқли норвондай, мени
Элтгувчи, қуёш-ла суҳбат қургани?
Ва шамолдай ютиб нафасим, бахтнинг
Саркашлиги ичра яшнаган чинор?
Кеч бўлди, қуёшга боргим келмайди,
Ёқамда Исонинг минг игнаси бор.
Кўчада Ҳеч кезар, юзи ташвишли,
Қўли бўш, бошида ҳайбатли қалпоқ.
Кўксин қафасида каптари ўлик,
Салом бергани ҳам тополмайди вақт.
Бошқа минглаб Хечлар шу зайлда дарҳол
Кўчаларни буткул айлаган ишғол.
Эй, мудом Ҳақ ёри, ушбу ҳечзорда
Мангуликнинг сўнгги нурисан бизга.
Қаср тоқидаги соат – Мусофир,
Узун ҳамда қисқа оёғи билан
Кетиб бораётир мендан олисга.
Қаср узра соат юксакдан ҳазин
Ўлик шаҳар томон боқиб, ҳис этар,
Барча ҳаракати беҳудалигин.
Замон – Эр, қадим, пуч ақидаси-ла
Шубҳа қилар аёл асиллигига.
Аммо, нигоҳингнинг дахли йўқ ҳеч бир
Ушбу замонага,
Сенинг нигоҳинг –
Ишонган ул гўзал ҳақиқатимга,
Абадият томон бир даричадир.

САКСОФОН

Саксофоннинг сирли, мунглиғ овози келар,
Тутқун орзу типирчилар – қанот саси бу.
Олис хотир аро садо бермоқда ёғду,
Бу тун очар нигоҳларим
Ёдим қатини
Ва қайтадан
Ул бомдодий саҳифаларнинг
Ушатаман кўз ёшим-ла таҳоратини.
Киприк найи
Айрилиқнинг куйини чалар,
Бу тун, менинг бутун борим, борлиғим, эй, дўст,
Сенга тўлган нурхонага айланди бадар.
Бу тунда…
Бу тун ҳақида нима ҳам дердим,
Тўғри, тун бу, қаҳратоннинг туни бу, совуқ.
Рутубатли, бенаво тун…
Қўшни уйидан
Саксофоннинг синграгани келмоқда ёвуқ.
Бу садога жўр бузлайди
Танҳолигим ҳам,
Ҳиссиз девор қулоғига дардин тўкиб лол.
Бу нафас, бу овоз
Қадим оҳангларимни
Қўмсаган бир юрак ҳали бордир, эҳтимол.
Чора топгин, эй, дўст, эски жароҳатимга,
Дардларимга малҳам юбор, мени қўллагин.
Яъни, юз йил жим-житликдан сўнг қалам олиб,
Бир шифобахш сўз юборгин, калом йўллагин.

ЯНА ҚАЙТАМАН

Дарахтларни туғилган барг айёми билан
Муборакбод айлагани чиқдим оқибат.
Эй, дарахтлар, эй, сиз, менинг қондош дўстларим,
Мени қутланг,
Ул қоронғи ғам сиртмоғидан
Жаҳолату хиёнатнинг тўр, илмоғидан,
Қуёшга терс қараган уй дом-чирмоғидан
Озод бўлдим,
Мен ўзимни танидим, ахир.
Ва англадим, мен ҳам ишққа арзийман,
Тўғри,
Мени суйган Яратгувчи, яралган ҳаққи.
Яъни, бу боғ, бу сутбадан ариқ,
Деворга
Чирмашган бу чирмовуқлар,
Бўсалардан маст
Бу шамол, бу қуёш – қони қизиган бағир.
Худо ҳаққи, ўзимга ҳам ўзим ёқай деб,
Оқибатда мен ўзимни танидим, ахир.
Мен танидим, нафратга ҳам арзийман, ҳатто,
Нафратланинг, ҳасадгўйлар, кўзлари ожиз,
Бахтиёрман, гар арзисам нафратингизга.
Эй, ёр! Келгин, тағин ишқдан сўйлайлик, тағин
Сени ушбу жинкўчага келтирса зора,
Деб ёмғирлар ёғишидан қилдим мен умид.
Остонада порласанг ва кўзинг лутфидан
Бўйним бахтли бўлар эди, қуршаб марварид.
Аммо, сенинг кўчангмас бу, шаҳринг бу эмас,
Ватанингмас,
Ватанинг – бир олис юлдуздир.
Сен билмайсан, қанча оғир – ёлғонга кўнмоқ,
Фоҳишани мазах қилган янглиғ, сенинг ҳам
Борлиғингдан кулганлар-ла келишмоқ оғир.
Булғанганман, эй, дўст, турган-битганим – заҳар,
Мен биламан,
Кулар майда дардимдан олам.
Нечун баланд бўлолмадим, бу пароканда
Оломондан олисроққа кетмадим бу дам.
Ва ниҳоят, ташқарига чиқдим,
Сўргали,
Тўп-тўп ўсган дарахтлардан, шаффоф ариқдан,
Деворларга ўрмалаган чирмовуқлардан,
Номим унут этган қуёш,
Ва сендан ҳазин:
Бағрингизга олинг, гўзал манзилингизга
Мени чорланг, мени қабул айлангиз тағин.

СОЯЛАР АСЛДИР, АСЛЛАР – СОЯ

Олманинг чироғи порлади ногоҳ,
Таралар ёз фаслин оҳанги майин.
Тонг тинглар мириқиб, шаршаралар ҳам,
Азалий қўшиғин куйлаган сайин.
Ўтар сув сепгувчи мошин, қатралар
Текканда титрайди чаманлар тани.
Шаҳар тўлар қадам товушларига,
Савдо қайнар, қоплаб кўча, растани.
Фақат, менинг қалбим ёлғиздир.
Осмон
Қўғирчоқдай, қотган нигоҳи билан
Боқар ердаги бу тўда ортидан.
Аёллар ноасил, руҳсиз жисмини
Зарбоф кўйлакларнинг остига тиқар.
Эрлар, балки, руҳнинг ҳақоратидан
Ҳижобдай, ҳайбатли шаклин, сиёғин
Ҳадя янглиғ кўча-куйга топширар.
Соялар аслдир, асллар – соя.
Ҳаёт нима? Қашшоқ бир тасаввур, пуч,
Ҳеч ким тополмайди унинг маъносин,
Мен ушбу оқимга қандай келдим дуч?
…Олманинг чироғи порлади ногоҳ,
Эй, Тур набираси, Мевағул, қани,
Мўъжизанг чироғи?
Жавоб ўрнида
Порлади Мусонинг ўтидай қуёш.
Кимдир келар.
Эй, дўст, эй, биродар, айт,
Нечун бўшаб қолган кўксинг қафаси?
Қайда қолди ўшал, ишқнинг қўшиғин
Куйлаган какликнинг ўтли нафаси?
Кел, кўксим шохида олма чироғи
Порлади, таратиб нурини ҳар ён.
Эрта келгувчи кун афзаллигига,
Кел, тағин бир марта келтирай имон.

ТОНГ ЭЛЧИСИ

Дарчадан чиқарди соат қуши бош:
КУ, КУ, КУ. Гўдаклар кулди. Тортдим оҳ.
Оҳ, илк баҳор, нечун урён дарахтлар
Куйларинг қошида турар бепарво?
Нега улар қуёш бўсаларига
Яшнаб қайтармайди жавоб ушбу дам?
Нега пайқамайди, пўстлоғидаги,
Ҳатто, ўрмалаган чумолини ҳам?
Йўқ, йўқ, ўхшамасман ул дарахтга мен,
Бепарво эмасман ул дарахт янглиғ.
Бахтли чеҳрам митти лаб бўсасидан
Баҳорнинг таъмини ҳис этар аниқ.
Кел, Шоҳона,(1) қизим, тонг қандгоҳида,
Олма гулин мавлуд айёми учун
Гулқанд пиширамиз, назар сол букун,
Фаришталар келар, ҳарир қанотин
Олма дарахтига армуғон қилиб.
Улар ҳовлимизнинг шифтсиз саҳнида
Қушлар қўшиғини тинглар мириқиб.
Баҳор баҳорлигин эслатар бугун,
Ер бағрида донлар қўзғалар бир-бир.
Бир митти, шом-саҳар, чирмовуқ гули
Барча гўзалликнинг ибтидосидир.
Таъна қилгим келди анҳорга бугун:
«Нечун беқарорсан, эй, ҳаммадан пок,
Қуёшнинг бармоғи силаган чоғда?»
Бугун мудраган қалб соатин қуши
Қайтадан тинимсиз «ку-ку»ламоқда.
Онам дер: Ошиқ бўл «Шукур» сўзига,
Чин бахт – кўкка етган гўдак кулгуси.
Шундай пайдолик у, бошланса ундан
Қалбни ёриштирган шодлик туйғуси.
Онам – тонг элчиси,
Нозик қўлида
Тонг чолғуси куйин таратар ҳар ён.
Унинг ҳорғин, толғин кўзлари ичра
Имон фасли гуллаб-яшнайди ҳамон.
У ҳануз ишонар ҳаётнинг кўрки
Нурлар саломига, пок одатига.
Эрлар бор (отамдай) узрини сўраб
Келар золим, мазлум зиёратига.
Ишонар, етимга, бадавлат, бойлар
Кўз ёш гавҳарини айлар армуғон.
Тилга кирар юз йил жим турган соқов,
Қўзғалар шол бўлган чоллар ногаҳон.
Ишонар, ишқ қайтар қалдирғоч каби,
Тарк этиб ул унут ёдсизлик қаърин,
Юраклар шифтига ин қурар тағин.

Онам дейди, ўтган кунларни эслаб:
Танишган кунимиз, Ҳайне шеърини
Ўкиганди отанг, ишқимиз учун
Фотиҳа сураси эди…
Мен букун…
Ул нечук садодир? Кўзларим тинглар,
Чучкурар олманинг ғунчаси. Соғ бўл!
Саломат бўлгин, эй, баҳор гўдаги!
Не садо? Ё қуёш нигоҳи тушиб,
Уятдан қизарган чаман сўзлари.
Балки, юрагимнинг шаффоф ойнасин
Кимдир чертмоқдадир, ҳолим сўргани.
Ҳофиз фолин очдим, бўлди шул жавоб:
«Навбаҳордир, ғанимат бил, қувноқ бўлсанг,
Яна гуллар очилгай кўп, тупроқ бўлсанг».
Эй, нозил бўлган сўз! Эй, ғайб даъвати,
Кел, кўринмас ошиқ, дўст сиймосида!
Элчи бўл, қалбимнинг ойнасин чертиб,
Мен ва Дунё аро бўлгин восита.

_____________
1-Шоиранинг қизи

НАЙ ЧОЛГУВЧИ

Меҳр сотиб олгим келар қай бир нигоҳдан,
Қайда ўшал нигоҳ,
Қайда бозор йўлаги?
Жуда-жуда истар эдим, шодликнинг нафис
Матосидан бўлса эди руҳим кўйлаги.
Бордир, ахир, орзуларим олис юртидан
Порлоқ шодлик келтирувчи бирор савдогар.
Бироқ, ҳайҳот, ушбу бозор, Хужанд бозори
Тунд чеҳралар, аччиқ сўзга кетгандир тўлиб.
Шовқинлардан, суронлардан безган бу кўнглим
Табриз қандин тусар.
Қайда бозорнинг йўли?
Бозордаги най чалгувчи сўйлайди ғамгин:
Ҳақоратлар тўлиб кетган қулоғингни тут,
Қоронғулик узра ёсин ўқимоқда нур.
Кўзингни оч, қабоҳатнинг ғализ рангидан
Бошқасини кўрмаган кўр кўзингни очиб,
Бир зум боққил сен ҳам ўша Ҳақ жамолига.
Бозор йўли қайда?
Ҳамон най чалгувчи, оҳ,
Қалбим торин чертар бунда.
Тўлиб кетарман.
Бир сўмликлар билан тўлган кулоҳига жим,
Кўз ёшининг гавҳарини қўйиб кетарман.

ХУДОНИНГ СЎНГГИ ШОДЛИГИ

Ёшлар нечоғ асир,
Зарҳал занжирлар,
Ёввойи ўрмонда кезган йўлбарснинг
Сариқ тишларидай бўйнида чақнар.
Кўзлари – бўш кўзгу,
Унда на нигоҳ,
На бир меҳрибонлик қуюқ сояси,
Ва на ишқнинг акси турар чарақлаб.
Танлари хилма-хил товланган кўйлак
Ичра паноҳ топиб, айлайди фахр,
Руҳи ҳажмсиз
Ё бўшлиқ ичрадир.
Ёшлар қанфурушлик растаси ёхуд
Май дўкони ичра кезар куну тун.
Башар келажагин «қурмоқ»лик учун.
Яъни, лоқайд боқар,
Ўжар гўдаклар,
Ночор оналарга ҳамда ризқ-рўзи
Қора челак ичра тутаган қуруқ
Исириқ бўлган ул ночор чолларга.
Тилла сирғасида ёқут порлаган
Аёлга,
Қалпоғин остида боши
Ҳаво тўлган пуфак янглиғ калларга,
Вужуди барака ҳамда хайрнинг
Лойидан қорилган, ул асирларга
Ўзин дарча этган ҳар бир эрларга,
Юрак япроғида ишқ шабнамини
Олиб кетаётган қай бир кимсага.
Кимсан, айт, эй, Мавло!
Борлиғингда нур,
Худонинг энг сўнгги шодлиги эрур.

ЭГИЗАК КЎЗГУ

Ҳаёт нима?
Икки томонли кўзгу:
Бир томони ёруғ, яъни, тонг, яъни,
Ранглар таровати, шодлик муҳайё.
Бошқа ёғи – зулмат, яъни, тун, яъни,
Ваҳм босар, умид кўтарар ғавғо.
Мен эгизак кўзгу ичра яшайман,
Кўзларинг бўлган кун бедор,
Тасвирим
Кўзгудан қочади, бўлмагай нигор.
Энди ўзин содиқ нурларини ҳам,
Кўзларим кўзингга айламас нисор.
Қўлларинг мен томон етиб келган кун,
Томирларим совиб, сукут сақлар жим.
Остин-устин бўлмас ларзага тушиб,
Ички ҳаяжондан титрамас таним.
Саломинг қутлови етганда бир кун,
Жавоб йўлламайди овозим саси.
Борлик, йўқлик аро ўшанда тушар
Бизнинг орамизга ваҳм пардаси.
Тонглар нурига ғарқ бўлган кўзларим
Бундан сўнг қуёшдан сўз очмас бошқа.
Ҳали ҳам кеч эмас, кўзларимга кел,
Шу ерда – эгизак кўзгу,
Бор шодлик,
Бор қайғу, кўзлари тўлгандир ёшга.
Англа розу нознинг бу тасаввурин,
Совуқ ҳайратининг бордир ёғдуси.
Жавоб топ умрнинг муаммосига,
Эй, ҳаётнинг содда, гўзал орзуси.
Кўзимга келгин!
Эй, сувнинг юзида
Акс этиб тургувчи қуёшим, шу тоб.
Барча илтижою ўтинчларимга
Ёлғиз сен эрурсан осмондан жавоб!

НУР FАЛАЁНИ

Эй, ёзнинг қуёши,
Барча одамлар
Ўзини сояга олиб қочгани,
Шарафли зотларнинг кўзойнаклардан
Ҳамда соябондан паноҳ топгани,
Манзиллар пардаси, кўзлар пардаси,
Кўнгиллар пардаси қатор, барчаси,
Барчаси тенг сенинг муҳаббатингга.
Озор чекма, жавоб бермаса гар ишқ,
Ўйлама, одамлар сендан қочганин.
Қайғурма ҳисларинг эскилигидан,
Сен ишон исботсиз бул ҳақиқатга.
Зеро, висол ишқмас, ишқ, бу фироқдир,
Қуёшнинг аслини, бу халқ, қаҳратон
Чилласида таниб, англайди, фақат.
Мен энди ангадим,
Нечун буюклар
Ихтиёр этгани маъносин, узлат.
Авом ишқин они – бир лаҳзадан кам,
Ҳақ ишқин муҳлати – абадиятнинг
Чексизлигидан кўп этади давом.
Эй, дўст, гар нигоҳинг кўк сафаридан
Қайтиб келса, сенга ишонгим келар.
Шунда сирлар ниҳон зулмат бағрига
Ҳамроҳ этгим келар сени ўзимга.
Қилгим келар, эй, дўст, сен билан бирга
Нотаниш руҳларнинг оламида сайр.
Йиғлагим келади олдингда.
Ёки
Сен ҳам бошқалардай, кўз ёшларимнинг
Урёнлигин мазах қиласанми, айт?
Ё сен ҳам қадрсиз анжуманларда
Ўзгалар айбини санамоқликдан
Ҳузур қиласанми?
Худди, бир чумчуқ,
Ўзга чумчуқлардан кулгани каби.
Сен ҳам бошқалардай, ҳақиқатимга
Савол аломатин қўясанми, дўст,
Нигоҳинг қайтганда кўк сафаридан?
Гўзалликни қабул этмоқ-чун кўзим,
Лабларим пок сўзни сўйламоғи-чун,
Қалбимни ишқ учун айла муҳайё!
Юраклар ғорига киргин бостириб,
Эй, ёз қуёшининг муждасин саси!
Эй, башар чўққисин англашдан йироқ,
Эй, нур ғалваси!

ТОНГ ҲАҚИҚАТИ

Боргим келмоқда тонг ҳақиқатига,
Меҳр япроғидан, кимдир, чеҳрасин
Ҳозир мен тасвирлай олмаган кимдир
Безаган бир ҳужра эшигин бориб,
Астагина чертгим келмоқда букун
Оҳ, ёмғир, ёмғир! Эй, нурнинг хуш атри!
Эй, мусофир, биллур тоғлар ортидан
Келдинг, айт, кўрдингми Мажнуннинг ўшал
Руҳини, фалакнинг биёбонида?
Эй, қуёш, эй, шамол, эй, яшил майса,
Олам дўконидан келдингиз бу тонг,
Ёримнинг суврати ёдингиздами?
Ўйлагим келмайди, занг босган ташвиш,
Улуғвор, кулгили мажлисларни ҳам.
Ўйлагим келмайди, уюлган, сарғиш
Қоғозидан юз йил ёдсизликлари
Қайтиб келмайдиган ишхоналарни.
Ўйлагим келмайди, тинмай беҳуда
Югурган бекорчи ишчи ходимлар,
Кун бўйи тинмасдан қизиб, қайнашдан,
Қора терга ботган чойнакларни ҳам,
Озодликни тушда кўриб, ойналар
Бағрига чирмашган печак баргларин,
Энди ўйламасман, тинмай асабни
Қақшатган чоп мошин чиқ-чиқларини.
Тинимсиз жаранглаб турган телфонлар
Ишқнинг ташрифидан бермайди хабар.
Симларнинг ортида ўтирган кимдир
Сўйламас кўнгилга яқин, янги сўз.
Парданинг ортида турган қуёш ҳам
Қўл силтар маъносиз, тунд чеҳраларга,
Қуруқ суҳбат, барча бўш лаҳзаларни
Ўзида жамлаган, яъни, умрга.
Нажот бергил, эй, ишқ!
Дарча ортида
Бир қуш бор, нолиса титрайди дилим.
Боргим келар тонгнинг ҳақиқатига,
Гўзалликка буткул боғлангим келар.
Қадам қўй, ҳамроҳим, авжларга қадар,
Қадам қўй нопайдо авжларгача то,
Эй, ёруғ! Эй, қутлуғ! Эй, Мавло!

МУРОСА

Қуёшга сим қоқдим кузак тонгида,
Бир бегона овоз дер эди:
Унут,
У кетган, келмас ҳеч…
Гўшак қўлимдан
Тушиб, кўзларимда йиғлади булут.
Дедим: Тўғри, қочмоқ замони унинг,
Бу замон – зулмату шаҳват замони.
Кўрмасман, нигоҳим олдини тўсган
Зулмат пардасидан ўзга вақони.
Кимдир ул? Парданинг ортида ким бор?
Эй, шаклпарастлар! Анчадан буён
Мен ҳам сизлар каби пуч, намойишбоз,
Беҳуда кулгувчи хушомадгўйман.
Битта оғмачию маддоҳман, холос.
Имонлар куйса ҳам бепарво қолиб,
Коқдим, қўл силтаб зар енгимни нуқул.
Кўзимни қоплади қора тутунлар,
Қалбим борлигин ҳам унутдим буткул.
Яъни, сиздай бўлдим, эй, юлдузсизлар!
Фаридун тўқмоғи янглиғ йўқликка
Улоққанда қуёш,
Зулмат Заҳҳоки
Чалди ғалабанинг ноғорасини.
Эй, тун, эй, газанда зулмат, мен букун
Юлдузсиздан кўра юлдузсизроқман.
Бир тутам нурим бор эди, ўша ҳам
Насиб айламаган бир бағри доғман.
Яъни, ишқ тарк этди дилимни маним,
Озор чекиб, кетди Ватандан нари.
Имон гўри узра, ноғора қоқинг,
Ўйнайлик,
Эй, шайтон меросхўрлари!

Ё СЕВМОҚ Ё ҲЕЧ

Балоғатнинг осмонида учар ёз қизи,
Ел ноз қилиб, баланпарвоз сўзлайди жуда.
Оғзидан хуш, муаттар ҳид таралар эди,
Марварид тож ўсарди ҳар майса бошида.
Қуёш анҳор кўзгусида кўринган гўзал
Ёғдусига тикиларди чўққилар оша.
Осмон ҳайрат билан боқиб боғ йиртиғидан,
Чумчуқларнинг висолини айлар томоша.
Хушбахт шохи ичра юз, минг қуёшнинг акси
Имо қилиб, базм этарди олма дарахти.
Мен кўпчиган хамирдан шавқ билан дил шаклин
Ёпардим ва ўйлардим бу дил – кимнинг бахти?
Кошки, бир зум ўйласайди олма дарахти,
Қуёш акси қамраб олган дил, япроғини.
Шуъла сочган бу юраклар,
Ёнган юраклар
Бир кун келиб кимга насиб айламоғини.
Яшил шуъла сочган чоғда олов ёлқини,
Дилларимни ёнмоқ завқи буткул чулғади.
Мен ўйлардим, юрагимдан йитган ложарам,
Суймоқ қурби, телбалардай севмоқ қудрати.
Тушунаман вақт шитобин,
Қирчанғи отдай
Кунботарга қараб чопган қуёш итобин.
Масжид сари равона чол шахдин,
Ҳеч кимга
Ҳануз меҳр кўрсатмаган эркак шитобин.
Оқшомларда, тўй базмида
Янгроқ «ла-лола»
Гулханининг талвасасин, шитобин, тусин.
Тушунаман, шитоб билан ўтар ёшлик ҳам,
Ўзи билан олиб кетар бир чаман ҳусн.
Кўнглим – бўм-бўш,
Узоқ муддат томирларида
Сув тафтини ҳис этмаган ариқдай қақроқ,
Кўнглим – бўм-бўш,
Орзу айлаб шабнам бўсасин,
Ногоҳ шохдан тўкилгандай бир дона япроқ.
Кўнглим – бўм-бўш,
Тополмайди кўнглидагини,
Гўё гўзал тасаввурдай излар эрта-кеч.
Юрагимда яшар яйдоқ саҳро жимлиги…
Ҳаёт нима?
Ё телбадай севмоқлик!
Ё Ҳеч!!!

МЕҲРИБОНЛИК НИМА ЭДИ?

Қаҳратон оч, йиртқич шердай тортади наъра,
Темир тишлар чақнар очиқ оғзида катта.
Бехабармиз, бу оч бўри бу озғин юртнинг
Этин ғажиб кетганидан. Қолдик ғафлатда.
Одамлар ғам эзган жисмин ярим тунда то
Нон дўконин эшигига тортқилар маъюс.
Ярим тунда тағин ўша лат еган кифтлар
Миршабларнинг тўқмоғига келар юзма-юз.
Бозордаман. Гадоларнинг очиқ кафтига
Тиним билмай ёғар қорнинг оқ тангалари.
Ва уларнинг нолишлари раҳмдилларни
Чорлар инсоф, ҳиммат сари, қаноат сари.
Бу кўчадан ўтмоқлик, оҳ, қанчалар қийин,
Жовдираган кўзлар ўхшар бадбахтлик боққан
Қоп-қоронғу зиндоннинг тор панжарасига.
Тилка-пора тақдиридан нолир жандалар,
Арзимаган садақага интизор қўллар,
Қаҳратон қиш осмонининг чидар нозига.
Тут остида мардикорлар қулоғин тутиб,
Ночор, пешин азонининг мунг овозига
Айтарлар: Кеч бўлди, келмас бирор талабгор…
Ва йиртилган эски ковуш ичра беқадр
Яшаётган, совуқ урган оёқларини
Зўрға судраб, бошин эгиб кетар қайгадир.
Тун қанчалар раҳмсиздир,
Булут масиҳий
Қандилини ўғирлади, ярқироқ эди.
Шам боболар ашъоридан ҳаётимизга
Кириб келди. Келмагани яхшироқ эди.
Эшитаман ҳароратнинг найидан сармаст
Чарх айланган сув шавқини.
Исийди хона
Ва ниҳоят, бизнинг биллур қандилимиз ҳам
Кулиб, отар зўр қаҳқаҳа, ёруғ, шарқона
Ва ниҳоят бир меҳрибон «зангор ойна»дан
Сулҳ ҳақида берар ногоҳ кечикиб хабар
Ва ниҳоят, бу халқ фориғ бўлар ўшанда
Сув билан дон ахтаришдан, ўлгунга қадар
Ва ниҳоят, бир-биридан одамлар ногоҳ
Ниманидир ахтаради, қолар изланиб.
Меҳрибонлик эсга тушар охир-оқибат,
Меҳрибонлик нима эди? Ёдингиздами?

ЯҚИНИМ ЎЗИНГСАН

Кўнглимда недир бор,(1)
Ойна ортида
Бодом гуллашидай,
Баҳор завқидай,
Ёқаси очиқ тонг тиниқлигидай,
Сирлар ошкор тунда ёрлар сурури,
Муштоқлик онида йўқлов сингари.
Оҳ, қандай нафас бу?
Мендай ғофилнинг
Қалбига бахш этган қайноқ бир наво?
Марҳабо, тонг шоҳи, ташриф буюргин,
Қадамингга бўлсин кўзим тўтиё.
Келгил, эй, қуёшнинг ошиқ нигоҳи,
Марҳабо, келгин бу хилватхонага.
Келгин, келақолгин, айлансин бу дам,
Бу жоним сен учун бир жононага.
Келгин, қайсар қушим, чўқидинг гилос,
Гилос янглиғ қалбим қон булди буткул.
Гуноҳкор борлиғим мажруҳдир,
Чунки,
Баҳор кетишидан огоҳ бўлди ул.
Кўнглимда недир бор.
Гўзал бир туйғу,
Аммо, билолмасман унинг нелигин,
Ёки мен билмаган бир қадрдондир,
Ким бўлса ҳам, менга самимий боққан
Кўзига ишондим, боғладим унга
Кўнглимдаги барча орзуларимни.
У қандай зот эди? Садосин тафти
Қулоғим маҳрами бўлди, тўкилган
Сўзларин симирдим,
Шоҳона келиб,
Келтирган шодлигим ҳароратида,
Совқотган юраклар олди исиниб.
Ниҳоят, муяссар бўлдинг, эй, кўнгил!
Кўнглимда недир бор,
Энди улғайган
Бедор бир вужуднинг завқидай, ёки
Сурур шуъласидай,
Шабнам ибоси,
Елнинг нафасидай,
Гулнинг нозидай.
Албатта, сенсан бу юракда борим,
Яқиним ўзингсан, ўзинг йироғим.

_____________
1-Суҳроб Сипеҳрий сатри

МЕН ҲАМ СИЗДАЙ БЎЛДИМ

Ташқарига чиқдим мен ҳам, ниҳоят,
Манглайидан ўпдим кўчанинг ҳазин.
Томоша қиларди сой кўзгусида
Тутлар ўзларининг нотавон танин.
Сув овоз бермасди,
Куз қуёши тонг
Бошидан оларди этагин йиғиб.
Шаҳар ҳам, гўёки, ҳафсаласизлик
Сояси қаърига кетганди кириб.
Биламан, кимдир бор ушбу шаҳарда,
Менга гўзалликни этгувчи нисор.
Биламан, кимдир ул кўзгу сингари
Мени ҳам этгиси келар бахтга ёр.
Аммо, гўзалликдан қочаман нари,
Юрагим қуёшдан,
Ишқдан ҳам безар.
Кўчани қоплаган тамаки ҳиди,
Шаҳар кўкида бўш қалпоқлар кезар.
Ишқ бўғилар ушбу бўғиқ ҳаводан,
Нафас ололмайди қуёш ҳам осон.
Гўзаллик бўғилар,
Заҳарли ҳаво
Бунда ишқ жонини қолдирмас омон.
Кимлардир келади. Шаҳарнинг барча
Эшигин қоқади: «Ким бор? Сас беринг!»
Аммо, ҳеч ким жавоб бермайди.
Жимлик
Қадим одатидир бу қавм, бу элнинг.
Мен яна қайтаман уйимга.
Агар
Эшигимни қоқса кимдир ушбу дам,
Жим тураман,
Чунки, сизга айландим,
Сиз каби жимликка ўргандим мен ҳам.

ЭРТАК ТЎҚУВЧИ

Ҳаётим дарчаси,
Худонинг иссиқ
Нафасин димоққа қуйган дарича,
Тонглар салом бериб, суйган дарича,
Қувноқ нигоҳимни
Бир ишвали боғ,
Бир тиниқ сой билан,
Болдай лаззатли
Бир бош узум билан,
Юсуф жамолин
Олмаси,
Жаннатнинг буғдойи билан,
Сеҳру наволари мени гўдакдай
Мусаффо айлаган битта қуш билан,
Нигоҳим, фақат, сен учун яратган,
Маҳзун, ёришмаган нозимга нози
Ўхшаб кетадиган бир осмон билан
Нигоҳимни боғлаб қўйган дарича.
Мен ул даричадан боқиб, меҳрибон,
Ҳамдам кўриб халқни,
Ураман фарёд:
Эй, кўнгил бирлиги мужассам ҳилқат,
Нима учун сизни кўрмадим бурун?
Ҳаётим дарчаси,
Эй, тиниқ дарча,
Барчани кўраман кўнгилга яқин,
Нигоҳим ишқингдан чиққанда ўсиб.
Чунки, у қаерга, кимга боқмасин,
Ўртада, энг аввал, сени кўргайдир.
Эй, ишқ даричаси! Эй, гўзал кўзгу!
Мен ва дунё аро қолгин доимо.
Эй, сен, ёлғонларга таскин, тасалло!
Қолгин сен ҳамиша эртаклар тўқиб,
Борлиқ ҳақиқати ҳамда Мен аро!

ЎFИРЛИК ОЛМАСИ

Деразани қалтиратар оч оғушида,
Қишнинг деви.
Ногоҳ тушар ёдимга қайтиб,
Бадбашара дев, Баҳманёр қиссасидаги,
Гўзаллик ноз-ишвасига етган тоқати.
Деразани чертар қишнинг деви ҳам бу дам,
Орзу этган маъшуқасин тополмас, аммо.
Тағин қайтар манзилига хўрсиниб оғир,
Тағин қайтар танҳолигин бағрига танҳо.
… Туйнукларнинг роқига мен ураман ўзни
Жимжитликда, деразага бўламан ҳамроҳ.
Нафасимни ютаман, оҳ, дераза билан,
Эрта-индин дўстлигимиз топар интиҳо.
Йўқ, мен жонсиз деразага дўст эмасдим ҳеч,
Том четида қўшнимизнинг мушуги нуқул
Гўшт ўғирлаш учун бизнинг ошхонамиздан,
Буюк орзу-хаёл билан бўлгайдир машғул.
Мен умримда илк бор олма ўғирлаганман,
Беш ёшимда қўшни девор ортидан, дуркун
Шакар олма, онаси – Ой, отаси – Қуёш,
Ўғирликда ногоҳ қўлга тушганман бир кун.
Уйдан чиқиб ташқарига қўшни келинчак,
Яқинроқ кел, деди. Титраб кетди қўлларим.
Кўкрагимнинг шохларидан тўкилди юрак,
Олма мазах қилиб кулди ҳолимга маним.
Мен гуноҳкор эдим беҳад,
Менинг гуноҳим,
Одам, Ҳаво гуноҳидан каттароқ эди.
Ўпиб менинг бетимдан ул беғам келинчак,
— Сенга тортиқ ушбу атлас рўмолча, — деди.
Мен қанчалар бахтли битта гуноҳкор эдим,
Фақат, бир бор мен ўғирлик қилганман…
Бир кун,
Бир нотаниш деди: «Кўксим қафасида жим
Битта олма ёнар эди,
Ўмардинг нечун?»
Мен қанчалар бахтли битта гуноҳкор эдим.
… Букун яна келди ўшал совуқ қаҳратон,
Тикиламан ойнадаги совуқ афтимга.
Ойна суви нечун музлаб қолди ногаҳон?
Қуёш, келгин, малҳам бўлгин ойна дардига.
Тун келади тағин,
Дарча ортида бедор,
Урён дарахт,
Ул Баҳманёр қиссасидаги
Девлай ўшал Ойпарини кутар интизор.

ИШҚ ЖОЗИБАСИН ҚОНУНИ

Оҳ, кўрдингми ушбу чуқур нигоҳни?
Сурмамас, кўз чўғин ҳаракати бор.
Интилади сенинг ҳақиқатингга,
Менинг тонг йигирган нигоҳим елар,
Сенинг қуёш янглиғ кўнглингга бедор.
Қанчалар яқиндир гилнинг Каъбаси,
Кўнгилнинг Каъбаси қанчалар йироқ.
Ул қандай садодир? Тун пардасининг
Нозик жунбушидан таралар бу чоғ?
Ул Тур дарахтининг садоси, наҳот?!
Қайга борай?
Нечук зулматни ювай?
Нечук зоҳир этай борлиғимда нур?
Нечук куйган жонлар дардини қувай?
Гар келсам, дилингда туғилса шодлик,
Келаман.
«ИШҚ» сўзин мен битсам қачон,
Учта ҳарфнинг нозик тани титрайди,
Уч ҳарф юрагини қоплар ҳаяжон.
Сокин елаётган самимиятман,
Бу ёруғ каломнинг кўксида бу он.
Келинчакман, ушбу шафқатли ҳарфлар
Пардасин ортида тургувчи ниҳон.
Ушбу тор сўз ичра тиним билмасдан
Менинг кенг ҳаётим тўлғанар чексиз.
Эй, ишқ! Илоҳий гул!
Ўз юрагингда
Менинг титроғимни этяпсанми ҳис?
Ёдимга тушади бугун, мактабнинг
Дилгир сабоқлари, толиба пайтим.
Қўнғироқни кутиб, фикрларимни
Дарча нарёғига йўналтирардим.
Нигоҳим кезарди баҳор ақлида,
Ташқарида, синф нарёғида жим,
Баргларнинг матнини ўқиган саъва,
Менинг озод қалбим эди, аслида.
Эслайман, бизларга ёш бир муаллим
Ньютон қонунин берарди сўзлаб.
Мавзу – ернинг тортиш қонуни эди…
Ҳаёт! Ишқнинг тортиш қонунин ўргат!
Бир кун сўзлар эдим битта йиғинда,
Сўзларимни ҳеч ким эшитмас эди.
Бир сеҳргар «Сенда жозиба йўқдир,
Сенга бир мўъжиза ўргатгум» деди.
Дедим: Эй, афсунгар!
Олам бутунлай
Ҳийла, макрларнинг домига асир.
Ёлғон, алдоқларнинг тилсимгоҳида
Афсунсизлик ўзи бир мўъжизадир!
Хуллас, топдим ишқнинг тортиш қонунин,
Ирфон ул,
Ирфон не? Йўқликнинг йўғи.
Ишқнинг чўққисига интилишдир ул,
Барча заволлардан қочмоқлик йўли.
Ирфон – гўзаллашмоқ йўлма-йўл,
Йўқса,
Ўзин қинғир-қийшиқ ёзуви билан,
Кексалик чеҳрамиз саҳифасини
Ўзин қора ёзув дафтари айлар.
Йўқса, гўдакона ўйинларини
Одам вужудида кўради синаб.
Ногоҳ эшитаман Себил(1) садосин,
Қафасдан келади, ўлимни тилаб:
Ўлим, кел, Ўлим, кел!
Ким танга ёрмас,
У буткул озоддир ёвуз ўлимдан.
Бироқ, тўғри йўлни кўра олмайман,
Кошки, бир тийраккўз тутса қўлимдан.
Эй, дўст, сафсатанинг дарахтларидан
Мантиқ мевасини термоқ керак гоҳ.
Кўряпсанми, ушбу чуқур нигоҳни?
Қайгадир, қайгадир интилади, оҳ.
Бу – сурма ёхуд бир кимёвий унсур
Ҳаракатимас, боқ, нигоҳ қатига.
У – бир қора чўғнинг ҳаракатидир,
Интилар ўзининг ҳақиқатига.

_____________
1-Қадимги Римдаги фолбин аёл.

09

(Tashriflar: umumiy 127, bugungi 1)

Izoh qoldiring