Ustoz Oybekka bag’ishlov. Mushoira & Oybek. Sozim

4fc3361295d4d9b5c2ae8d62b8b23231.png 1 июл — Устоз Ойбек (1905-1968) хотираси куни

 «Ёзувчи умри йил билан ўлчанмайди – ижодий фаолиятнинг самараси билан ўлчанади. Ойбек 400 йилга тенг келадиган 40 йиллик фаолиятининг бир лаҳзасини ҳам самарасиз ўтказгани йўқ. Ойбек бу жиҳатдан ҳам ҳозирги ва келажак адабий авлод қаршисида устод бўлиб гавдаланади”. Абдулла Қаҳҳорнинг ҳаққоният тўла бу сўзларида Ойбек ҳаёти ва ижодининг самараси намоёндир. Ойбек ҳамиша биз ва келгуси авлод учун устод бўлиб қолаверади, бугунги ва келгуси авлодлар унинг биз бориб етмаган қирраларини кашф этаверадилар

УСТОЗ ОЙБЕККА БАҒИШЛОВ
09

004ХХ аср ўзбек адабиётининг ривожига салмоқли ҳисса қўшган улуғ адиб, шоир, олим, жамоат арбоби Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек 1905 йил 10 январда Тошкент шаҳрида бўзчи оиласида дунёга келди. У адабиётга 1926 йили чоп этилган «Туйғулар» шеърий тўплами билан кириб келган. Шоирнинг «Дилбар— давр қизи» (1931), «Ўч» (1932), «Бахтигул ва Соғиндиқ» (1933), «Темирчи Жўра» (1933) достонлари ўз даврининг шеърий солномаларидир. У тарихий ва замонавий мавзуларда йигирмага яқин достонлар яратган. Ойбек шеърияти ниҳоятда гўзал бўлиб, ўзининг содда, равон ва ифодали тилда, бой ва ранг-баранг тасвирий воситаларда яратилганлиги билан алоҳида ажралиб туради.
Ойбек моҳир шоир бўлгани каби етук романнавис ҳам эди. У яратган «Қутлуғ қон», «Навоий», «Улуғ йўл», «Олтин водийдан шабадалар», «Қуёш қораймас» каби эпик полотнолар ўзбек реалистик романчилиги тараққиётида муҳим бир даврни ташкил этади. Адибнинг автобиографик қиссаси — «Болалик» 1963 йилда яратилган. Қиссанинг бош қаҳрамони ёш Мусо, яъни Ойбекнинг ўзидир.
Ойбек истеъдодли шоир, йирик носир бўлибгина қолмай, машҳур олим, публицист, танқидчи ва таржимон, давлат ва жамоат арбоби ҳамдир. Ўзбек китобхони Пушкиннинг «Евгений Онегин» шеърий романи, Лермонтовнинг «Маскарад», Молернинг «Тартюф» драмалари, шунингдек, антик адабиёти намуналарини Ойбек таржимасида ўқишга муяссар бўлган. Ойбек 1943 йилда Ўзбекистон Фанлар академиясига ҳақиқий аъзо этиб сайланган ва 1950 йилгача академияда ижтимоий фанлар бўлимининг раиси лавозимида ишлаган. У юқори малакали филологлар тайёрлашга катта ҳисса қўшган устоздир.
Ёзувчи асарлари ўзбек адабиётининг жаҳонаро шуҳратини янада оширди. Устоз маҳорати ёш ёзувчилар учун ижод дорилфунунига айланди. Ойбекнинг ўлмас асарлари маънавий хазинамиздан мустаҳкам ўрин олди ва умумхалқ мулки бўлиб қолди.
Ойбек 1968 йил 1 июлда 63 ёшида вафот этган. Вафотидан сўнг унинг 20 жилдлик тўла асарлари мажмуаси нашр этилган.

09

МИРТЕМИР
УСТОЗГА АТАГАНИМ

07

Шеър —  ҳикмат дарёси, сеҳр дарёси,
Жумбоқдай битталаб ечолсам, дейман.
Илму ишқ дарёси, меҳр дарёси,
Қониб-қониб мен ҳам ичолсам, дейман.

Бағри бир хазина — бебаҳо дурдан,
Тозалиги ўтар тоза биллурдан,
Яралибсан гўё бир дарё нурдан,
Нурини нур бўлиб қучолсам, дейман.

Ҳайратда қарайман дил тошиб-тўлиб,
Ундан сув ичганлар қолмайди сўлиб,
Мен ҳам шу дарёда бир тўлқин бўлиб,
Чўллардан сел каби кечолсам, дейман.

Жонларнинг озиғи — сўзнинг ётиғи,
Сўзим бўлсин элнинг қўшиқ ё тиғи,
Кўнглимни титратмас асло ёт йиғи,
Доим хушвақт даврон қучолсам, дейман.

Кўкламда қуйилар не-не ирмоқ, сел,
Тўқайларда кезар елпиб-елпиб ел.
Баҳра олар, қонар ҳам тупроқ, ҳам эл,
Соҳилларда мен ҳам соз чалсам, дейман.

Тўлқинида юз бир қуёш жилоси,
Ҳар қатраси не-не дардлар давоси.
Бўйларида ўсар меҳригиёси,
Мавжига тўш уриб, учолсам, дейман.

Жайҳунмисан, қайдам, ё теран Сайҳун?
Ҳар қалай тошқинсан, жўшқинсан-жўшқин,
Она тупроғингга зарурсан ҳар кун,
Мен ҳам қониб-қониб ичолсам, дейман.

Мақсуд ШАЙХЗОДА
АДИБ ОЙБЕККА

Кечалар илҳомбахш саҳарни кутиб,
Мунаққаш бобларни қоғозга битиб,
Соатни ютқизса, йилларни ютиб,
Сеҳрли сафарлар йўлидан ўтиб,
Аср биносига бир гумбаз қўшиб,
Тиколди ложувард ранглардан адиб.

Бу китоб саҳнида юрар Алишер,
Шеърда — Ардашер, ақли, дили шер.
Севади оламни, армони ҳар он
Бахтли кўрмоқ истар башарнинг юзин,
Маънидан гулдаста дўстларга тутиб,
Элга бағишлади у жўмард адиб.

Шамоллар боғларга ҳаво бағишлар,
Табиблар дардларга даво бағишлар,
Ирмоқлар тупроққа неъмат келтирар,
Муқова китобга зийнат келтирар,
Шоирлар дўстини қутласин, бахайр, деб,
Қаламинг соғ бўлсин, соғ бўл, эй адиб!

Ўлкани тутмишдир Ойбекнинг донги,
Курашда тобланмиш Йўлчининг онги.
Чинор умри насибанг, соғ бўл, эй дўстим,
Самимий юракдан қўлингни қисдим.
Олтмишда эр йигит келбатли адиб,
Етмишдан ошмоқлик бўлғуси насиб,
Саксонда Чимёнда ўйнаб, сакрашиб,
Элу юрт маънавий юкини ташиб,
Шу қутлуғ ёшида дўстимни қутлаб,
Дегайман: “Ҳормагил, эй улуғ адиб!!!”

* * *

… — Салом, Ойбек! Сиз элликка эмас, балки икки марта йигирма бешга кирдим, деб ўйлайверинг! Яъни биз бундан кейинги ижодингизда ҳам Сизга иккита йигирма беш яшар йигитнинг қувват ва соғлиғини тилаймиз!

…Истайманки, эртагини тугатсин бахши,
Наққош ўйсин гунафшани шинам бинога!
“Хўш, тинчликми?” — сўроғига дўст десин: “Яхши!”
Самарқандда қизлар борсин оқшом кинога.
Истайманки, Ойбек ёзсин янги бир роман,
Бўз ерларда униб чиқсин бошоқ ва ўрмон.

Абдулла ОРИПОВ
ОЙБЕК ҲАҚИДА ҚЎШИҚ

Қалби пок мардона элнинг сен азиз фарзандисан,
Ганжу мулкка бергисиз эл гавҳари, дилбандисан.

Ҳар калиманг маърифатнинг уфқида ойдек тўлиб,
Эл аро топдинг шараф сен, Устоз Ойбек бўлиб.

Шан ҳаётинг одамийлик хайру софликдан нишон,
Чақнади шеърингда нурли эътиқод бирлан имон.

Гоҳ Навоий суҳбатингда, гоҳ Торобий, Йўлчи гоҳ,
Сен севикли халқим ўғли бегумон, беиштибоҳ.

Хизматингдан, ҳикматингдан элу юрт мангу ризо,
Учмагай, номинг асрлар сўнгидан бергай садо.

ОЙБЕК НОМЛИ ХЎЖАЛИКДА

Икки дарё туташмиш бунда,
Бири Чирчиқ ва бириси Сир.
Шуъла ўйнаб кумуш тўлқинда,
Хаёлингни айлагай асир.

Икки дарё туташмиш ажаб,
Бири наср, бири назми пок.
Бири замин, табаррук матлаб,
Бирида бор шуълаи афлок.

Термуламан бу хуш чиройга,
Хўп зуккосиз, одамлар, мудом.
Икки дарё туташган жойга
Ойбек дея қўйибсизлар ном.

Рауф ПАРФИ
ОЙБЕК ХОТИРАСИГА

Тоғлар аро бир ойдин булоқ,
Атрофида шивирлар ўтлоқ.
Булоқда шаън ва собит чирой.
Нур йўлидек ўйлари йироқ,
Сувда мангуликдек сузар ой…

Бироқ, ҳайҳот, бир қуюн келди…
Ойдин булоқ қайга беркинди?!
Қайдадир шаън ва собит чирой?
Фалакларга қарайман энди,
Фалакларда сузиб юрар ой…

Омон МАТЖОН
ОЙБЕК

Сукунат тиллардир.
… Оқшомнинг юлдузли тиллари,
Гулларнинг илтижо тиллари,
Вулқоннинг им-илиқ тиллари.
Сукунат тиллардир.

Тоғларимнинг оғир тош тили,
Кўзнинг киприк тили, ёш тили,
Бутун самовотнинг бош тили
Сукунат тиллардир.

Алангалар, чўғлар шу тилда сўйлар,
Ўйлар, хотиротлар шу тилда сўйлар,
Унут булган зотлар шу тилда сўйлар…
Шу тилни ўйлагим келади.
Шу тилда сўйлагим келади.

Сукунат — шоирнинг сўзлари.
Айта…
олмай…
кетган…
сўзлари.

Абдулла ШЕР
МЕН ҚАЙТА ТУҒИЛДИМ ОЙБЕК ЎЛГАН КУН…

Мен қайта туғилдим Ойбек ўлган кун
Ва «Чўли ироқ»ни йиғлаб эшитдим.
Жоним чарсиллади, сачради учқун,
Умримни оловга илк бор эш тутдим.

Шу-шу бир манзара тинч қўймас ҳамон:
Ойбекни кўраман чўли ироқда.
Шом қўнар. Ғурубда ташналаб карвон
Дарёни кўрмасдан юрар қиғоқда.

Чайқалар, чайқалар сарбонсиз тўда:
Товуш бор ва лекин йўқ эрур сўзлар.
Тун жимжит. Саҳро жим. Олам уйқуда.
Ойбекда тўхтайди Илоҳий назар.

Шу зум булут очар ойнинг юзини,
Юлдузлар жаранглаб айтадир такбир.
Қумга тушиб қолган Ойбек изини
Авайлаб силайди қудратли тақдир.

23. 02. 13.

Муҳаммад РАҲМОН
ОЙБЕК

Бўлолса ҳам қалбингга тилмоч
Қўл — қўл экан, кўз ҳам кўз экан.
Яшар кимдир лутфингга муҳтож,
Сўз ҳам асли ризқу рўз экан.

Изҳор истар муҳаббат, меҳр,
Изҳор истар мендан бу юрак.
Иссиқ нондек уларни ҳозир
Сизга узиб беришим керак.

Кўзларимда унсиз бир нидо,
Ҳаяжонлар жоним қасдида.
Ўлтирибман тилимдан жудо
Бўғриққан қалб рўпарасида.

Менда қолди ҳаққингиз, дўстлар,
Рози бўлинг, дўстларим, энди.
Ёнаяпти ичимда сўзлар,
Димоғимда куйган нон ҳиди!..

* * *

Мен Исони биламан
Ватанини, инсониятни
Сотмади у!
Яжуж-мажужлар
Ёғоч деворига зах блиндажнинг
Қўл-оёғин михлаб кетдилар,
Кўксига ўйдилар бешқирра юлдуз!…

Муҳаммадни,
Мусони ҳам биламан! …
Тошмуҳаммад ўғли Мусони!
Маҳалладошлари чекига тушган
Мажбурий заёмни қоп-қоплаб олиб,
Одамларга яна тарқатиб текин,
Етим-есирларнинг неча-нечасин
Қутқазиб қолди у уруш йиллари
Дунёдаги энг ёмон ўлим –
Оч қолиб ўлишдан!

Кўрганлар ҳикоя қилишади:
Соқоллари қор каби оппоқ.
Асога суянган чоллар даставвал
Намоз ўқигани масжидга эмас,
Кириб ўтарканлар унинг уйига.
Қўлларини юзларига сурарканлар,
Ўпарканлар шеър ёзган қўлларини…

Усмон АЗИМ
ОЙБЕКНИНГ СЎНГГИ ШЕЪРИ

Мен дарёга қармоқ ташлайман,
Ана, балиқ — силкир думини.
Мен балиқни озод айлайман,
Кечираман очкўзлигини.
Беданага қўяман тузоқ –
Ҳаялламай қолар илиниб.
«Уч, тез, — дейман, — далада озод»,
Кечираман анқовлигини.

Ҳар бир гули — бир эзгу учқун,
Ҳув… чўққида яшнар наъматак.
Қуёшга гул тутгани учун
Тиканига қиламан тоқат.
Гапим тамом… Ҳа, мен ҳам ўтдим!
Уч… икки… бир…Тўхтади юрак…
Балиқ, қўрқмай қармоқни ютгин –
Мен ҳар ҳолда, ўлмасам керак!

ОЙБЕКНИНГ УЙ МУЗЕЙИДА ЎҚИЛГАН ШЕЪР

Бу ерга келганда
Ишондим. аниқ —
Ойбекнинг муқаддас остонасида
ёлғон ўлса керак уятдан ёниб,
киролмай шоирнинг шеърхонасига.

Биламан,
бу уйда яшайди ҳамон,
Ойбекнинг қалбидан мерос диёнат.
Амммо келаримда
Ишондим — аён —
шу эшик олдида ўлар хиёнат.

Бу ерга келишда яна
ишондим,
икки юзи борлар кўчада қолар.
Шоирнинг
бронза
кўзига боқиб,
Шеър ўқир бир қалбу бир юзи борлар.

Шоир,
Сизга ўхшаб, соддалигим бор.
Ҳануз бу дунёнинг ўйини чалкаш.
Покликнинг ёнида
ана,
бахтиёр —
ёлғон таъзим қилиб, жилмаяр яккаш.

Кўзимга қадалар —
Виждон ёнида,
хиёнат турибди –
соғлиги хўб соз.
Ҳатто нутқ айтмоқчи,
шоир шаънига,
тилига ёғ суртиб,
сўзига пардоз.

Ана,
мухлисингаз — ўйчану ғамгин,
Сиздан
улгу олган
ўткир кўзини.
У нечун безовта?
Пайқадимикан –
Бирор бир кимсанинг
Минг бир юзини.

Бу гапни айтмоқчи эмасдим асли,
Бироқ йулчилигим…
Бу — сиздан мерос.
Поклансин дейман-да одамзод насли,
Сизнинг уйингазга келганда, устоз…

Бу ердан қайтишда яна уйлайман,
Ойбекнинг руҳидан мадад ол, юрак!
Тилим тутилгунча
Энди куйлайман,
Тилим тутилса ҳам…
Куйлашим керак!

Хуршид ДАВРОН
ОЙБЕК БИЛАН САЙР

Севаман ёмғирдан кейин кезмоқни,
Айниқса бегона кўчалар бўйлаб.
Дарёдек порлаган йўлдан юрмоқни
Севаман, ёруғ бир сатрни ўйлаб.

Йўл четида ўсган шодмон гулларга
Бошимни эгаман, алик оламан.
Ювиниб таранган мажнунтолларга
Боладек маҳлиё бўлиб қоламан.

Адашиб кезаман чорбоғлар қўйнин
Сўнгсиз хаёлларнинг сокин мавжида,
Ва сармаст ёмғирнинг қадимий куйин
Менинг қулоғимга шивирлар жийда.

Қайтаман,
Қуёш ҳам толиб оёғи
Уфқнинг бағрига оҳиста тинар.
Хонам деразаси мен қайтган чоғи
Алвон атиргулдай ловиллаб ёнар.

1980

ОЙБЕКНОМА

1

Ойбекнинг шеърини далага чиқиб,
Майсага ёнбошлаб ўқимоқ керак:
Билмай қолсин юрак: сув узрами, ё
Ойбекнинг шеърида ўйнайди бу нур?

Ойбекнинг шеърлари бамисли нигоҳ,
Бу нигоҳ асрорин йўқдир поёни.
Худди бўлмагандек майсага изоҳ,
Йўқ Ойбек шеърининг тўла баёни.

Ойбек — бу майсага чўккан бужур тош,
Ҳайратдан ёрилиб-ёрилиб кетган.
Ойбек — бу дарахтзор устида қуёш,
Нури то чумоли кўзига етган.

Ойбек — бу улкан бир чорбоғ ортида
Ёввойи узумзор оралаб, титроқ —
Қуёш тангалари ўйнаб сиртида
Бирдан ёруғликка чиққан шўх ирмоқ.

Ойбек — бу оғриқни қари тол каби
Юракнинг тубида асраган сўзлар,
Барча ҳасратини жим туриб лаби,
Энг яқин дўстига сўзлаган кўзлар,

Ойбек тирик ҳамон, у кўкда ҳилол,
У — шамол, боғларда тинмай еладир.
У мени чорлаган ойдин бир хаёл,
Кўкдаги Каҳкашон унинг йўлидир

2

Шеър — фақат қуш тили,деганди шоир
Қулоқ тутиб қувноқ, шўх товушларга.
Бошида рутубат қилганда қаҳр,
У тилин қайтариб берди қушларга.

Шеър — юлдуз киприги, деганди Ойбек,
Ўзи киприк эди Ўзбекистонга.
Сўнгги дам бошида сўнаркан осмон,
Шоир кўзларини берди осмонга.

1982

«

ОЙБЕК
Эй, тилим, Эй, элим, Эй, она тупроқ» номли сонетлар туркумидан

Ноҳақ зарбалардан бўлдинг минг тилим,
Ҳаётга қайтарди ям-яшил ўтлар.
Йўлингни тўсмоқчи бўлди зобитлар,
Сени енголмади хиёнат, дилим.

Тунлари юракни ҳовучлаган дам,
Алам дафтаримга битганида шеър,
Олис-олислардан келдилар пурғам
Таскин бермоқ учун ҳазрат Алишер.

Этакларин ўпдим шивирлаб: “Пирим…”
Ва сездим билакда пайдо бўлди куч,
Англадим, Сен бор-ки, бошқа нарса – пуч…

Шундан қоғоз ёнди – ёндирди шеърим…
Куйди, кул бўлмади, чиқмади жоним,
Ўчмади овозим, сўнмади қоним…

1985

Зебо МИРЗАЕВА
“НАВОИЙ”НИ ЎҚИБ…

Липиллаган шам ёруғида
Дил қонига ботириб бармоқ,
Ўлтирарди Ҳазрат Навоий
Тангри билан сирлашиб узоқ…

Манқалдонда милтилларди чўғ…
… Даричадан тўкилган ойдек.
Аста чертиб ҳужра эшигин
Кириб келди мавлоно Ойбек!

Такаллуф ва иззат-эҳтиром
Ёғиларкан ҳар икки ёқдан,
Янги ғазал узатар Ҳазрат,
Қуримаган ҳали сиёҳдан…

Ечилади Ойбек тиллари
Худо «сир» деб солган тугундан.
Сўйлай кетар “қуш тили”да у
Туғилгандай гўё бугундан!

…Ё туш кўрдим, ёки синоат,
Ақлу ҳушим чорбоғ ичинда.
Мулозимман, мен бир мулозим,
Жим тингладим титроқ ичинда.

Гоҳ англаб, гоҳ англамай, лекин
Кўрмоқ учун шу лаҳзани бот,
Сенинг сирли тунларинг бўлиб,
Қолгим келар, о, гўзал Ҳирот.

ФАХРИЁР
ОЙБЕКНИНГ КЎЗЛАРИ

Нигоҳлар ўлмайди, нигоҳлар ҳаёт,
Нигоҳлар руҳ каби ўчмас бир шарор.
Кўзлардан кейинги иккинчи умр
Нигоҳлар умридир… ҳақ этмиш қарор.
Нечук соз нигоҳнинг сарғармаслиги,
Арча яшиллиги унда ҳаётнинг
Беаёв санчилар игна барглари
Заиф ерларига адабиётнинг.

Улуғбек Ҳамдам
ОЙБЕКНИНГ ШОҲ АСАРИ

Ойбек домла ўзи томон отилган ҳасад ва кўролмаслик тошлари боис тилдан қолиб, умрининг охирги 17 йилини азобда ўтказган.

Шоир бўлиб туғилган эди,
Шоир бўлиб яшади шоир.
Бироқ ҳасад бошини еди —
Тилдан қолиб қақшади шоир!

Уйдан чиқиб юролмас ўзи,
Баъзан ҳатто туролмасди ҳеч.
Дарвозага михланиб кўзи
Аёлини кутди эрта-кеч.

Аёлнинг-чи, бўйнида рўзғор,
Эрта кетиб, кеч қайтар эди.
Келганида шоир-маҳтал, зор,
Кўзи билан шеър айтар эди.

Ёзар эди аёл ҳам шошиб,
Тунни тонгга улаб. Сўнг, аста
Шоир бошин бағрига босиб
Ишга кетар эди. Дил — хаста…

Ёзар экан аёл бир кеча
Ухлаб қолди чарчоқдан ногоҳ.
Шоир эса кутганди қанча,
Кўзларида қотди ашъор-оҳ!

Кўзларида шеър эди қат-қат,
Кўзларининг ўзи шеър эди!
Тўколмасди қоғозга фақат,
Бу шеър шоир юрагин ерди!

Ёзай деса, қўли ишламас,
Айтай деса, айланмас тили.
Фақат ёри… у ҳам одам, бас,
Вайрон эди шоирнинг дили…

Кўзларига тўлди ўша шеър,
Кўзларидан боқди ўша шеър.
Қани чора? О, золим фалак!
Кўзларидан оқди ўша шеър!

Кўзларидан оқди шеър — кадар,
Оқиб шоир кўксин куйдирди!
Шу дамдаги олов томчилар
Унга ОЛЛОҲ СИРИН туйдирди!

Ўша сирда эди ҲАММАСИ,
Шоир буни тушуниб етди.
Тушунди-ю, шеърга сололмай
Ўзи билан,воҳ,олиб кетди…

2015 йил 19-январ

Муслимбек Мусалламов
ОЙБЕК ДОМЛАГА

Қандоқ чизай суратин айтинг ,
Сочларида қалам синади .
Икки қошин чизётган пайтим
Ўртасида олам синади .

Қандоқ чизай унинг кўзига ,
Қарамоққа кўзим бермас дош .
Тонгда турсам мато юзига,
Фаришталар йиғлаб тўкар ёш .

Қандоқ чизай унинг нигоҳи ,
Тарихларни айлайди баён .
Чўлпон, бўлиб кўринар гохи,
Гох Навоий бўлар намоён .

Ичга ютиб йиллар додини,
Боқар Ойбек қайгадир узоқ .
Бир Миллатнинг эътиқодини ,
Мен рангларга жойлайман қандоқ .

07 -1 2015

1 iyul — Ustoz Oybek (1905-1968) xotirasi kuni

Yozuvchi umri yil bilan o’lchanmaydi – ijodiy faoliyatning samarasi bilan o’lchanadi. Oybek 400 yilga teng keladigan 40 yillik faoliyatining bir lahzasini ham samarasiz o’tkazgani yo’q. Oybek bu jihatdan ham hozirgi va kelajak adabiy avlod qarshisida ustod bo’lib gavdalanadi”. Abdulla Qahhorning haqqoniyat to’la bu so’zlarida Oybek hayoti va ijodining samarasi namoyondir. Oybek hamisha biz va kelgusi avlod uchun ustod bo’lib qolaveradi, bugungi va kelgusi avlodlar uning biz borib yetmagan qirralarini kashf etaveradilar

USTOZ  OYBEKKA BAG’ISHLOV
09

XX asr o’zbek adabiyotining rivojiga salmoqli hissa qo’shgan ulug’ adib, shoir, olim, jamoat arbobi Muso Toshmuhammad o’g’li Oybek 1905 yil 10 yanvarda Toshkent shahrida bo’zchi oilasida dunyoga keldi. U adabiyotga 1926 yili chop etilgan «Tuyg’ular» she’riy to’plami bilan kirib kelgan. Shoirning «Dilbar— davr qizi» (1931), «O’ch» (1932), «Baxtigul va Sog’indiq» (1933), «Temirchi Jo’ra» (1933) dostonlari o’z davrining she’riy solnomalaridir. U tarixiy va zamonaviy mavzularda yigirmaga yaqin dostonlar yaratgan. Oybek she’riyati nihoyatda go’zal bo’lib, o’zining sodda, ravon va ifodali tilda, boy va rang-barang tasviriy vositalarda yaratilganligi bilan alohida ajralib turadi.
Oybek mohir shoir bo’lgani kabi yetuk romannavis ham edi. U yaratgan «Qutlug’ qon», «Navoiy», «Ulug’ yo’l», «Oltin vodiydan shabadalar», «Quyosh qoraymas» kabi epik polotnolar o’zbek realistik romanchiligi taraqqiyotida muhim bir davrni tashkil etadi. Adibning avtobiografik qissasi — «Bolalik» 1963 yilda yaratilgan. Qissaning bosh qahramoni yosh Muso, ya’ni Oybekning o’zidir.
Oybek iste’dodli shoir, yirik nosir bo’libgina qolmay, mashhur olim, publitsist, tanqidchi va tarjimon, davlat va jamoat arbobi hamdir. O’zbek kitobxoni Pushkinning «Yevgeniy Onegin» she’riy romani, Lermontovning «Maskarad», Molerning «Tartyuf» dramalari, shuningdek, antik adabiyoti namunalarini Oybek tarjimasida o’qishga muyassar bo’lgan. Oybek 1943 yilda O’zbekiston Fanlar akademiyasiga haqiqiy a’zo etib saylangan va 1950 yilgacha akademiyada ijtimoiy fanlar bo’limining raisi lavozimida ishlagan. U yuqori malakali filologlar tayyorlashga katta hissa qo’shgan ustozdir.Yozuvchi asarlari o’zbek adabiyotining jahonaro shuhratini yanada oshirdi. Ustoz mahorati yosh yozuvchilar uchun ijod dorilfununiga aylandi. Oybekning o’lmas asarlari ma’naviy xazinamizdan mustahkam o’rin oldi va umumxalq mulki bo’lib qoldi.
Oybek 1968 yil 1 iyulda 63 yoshida vafot etgan. Vafotidan so’ng uning 20 jildlik to’la asarlari majmuasi nashr etilgan.

09

MIRTEMIR
USTOZGA ATAGANIM

09

She’r — hikmat daryosi, sehr daryosi,
Jumboqday bittalab yecholsam, deyman.
Ilmu ishq daryosi, mehr daryosi,
Qonib-qonib men ham icholsam, deyman.

Bag’ri bir xazina — bebaho durdan,
Tozaligi o’tar toza billurdan,
Yaralibsan go’yo bir daryo nurdan,
Nurini nur bo’lib qucholsam, deyman.

Hayratda qarayman dil toshib-to’lib,
Undan suv ichganlar qolmaydi so’lib,
Men ham shu daryoda bir to’lqin bo’lib,
Cho’llardan sel kabi kecholsam, deyman.

Jonlarning ozig’i — so’zning yotig’i,
So’zim bo’lsin elning qo’shiq yo tig’i,
Ko’nglimni titratmas aslo yot yig’i,
Doim xushvaqt davron qucholsam, deyman.

Ko’klamda quyilar ne-ne irmoq, sel,
To’qaylarda kezar yelpib-yelpib yel.
Bahra olar, qonar ham tuproq, ham el,
Sohillarda men ham soz chalsam, deyman.

To’lqinida yuz bir quyosh jilosi,
Har qatrasi ne-ne dardlar davosi.
Bo’ylarida o’sar mehrigiyosi,
Mavjiga to’sh urib, ucholsam, deyman.

Jayhunmisan, qaydam, yo teran Sayhun?
Har qalay toshqinsan, jo’shqinsan-jo’shqin,
Ona tuprog’ingga zarursan har kun,
Men ham qonib-qonib icholsam, deyman.

Maqsud SHAYXZODA
ADIB OYBEKKA

Kechalar ilhombaxsh saharni kutib,
Munaqqash boblarni qog’ozga bitib,
Soatni yutqizsa, yillarni yutib,
Sehrli safarlar yo’lidan o’tib,
Asr binosiga bir gumbaz qo’shib,
Tikoldi lojuvard ranglardan adib.

Bu kitob sahnida yurar Alisher,
She’rda — Ardasher, aqli, dili sher.
Sevadi olamni, armoni har on
Baxtli ko’rmoq istar basharning yuzin,
Ma’nidan guldasta do’stlarga tutib,
Elga bag’ishladi u jo’mard adib.

Shamollar bog’larga havo bag’ishlar,
Tabiblar dardlarga davo bag’ishlar,
Irmoqlar tuproqqa ne’mat keltirar,
Muqova kitobga ziynat keltirar,
Shoirlar do’stini qutlasin, baxayr, deb,
Qalaming sog’ bo’lsin, sog’ bo’l, ey adib!

O’lkani tutmishdir Oybekning dongi,
Kurashda toblanmish Yo’lchining ongi.
Chinor umri nasibang, sog’ bo’l, ey do’stim,
Samimiy yurakdan qo’lingni qisdim.
Oltmishda er yigit kelbatli adib,
Yetmishdan oshmoqlik bo’lg’usi nasib,
Saksonda Chimyonda o’ynab, sakrashib,
Elu yurt ma’naviy yukini tashib,
Shu qutlug’ yoshida do’stimni qutlab,
Degayman: “Hormagil, ey ulug’ adib!!!”

* * *

… — Salom, Oybek! Siz ellikka emas, balki ikki marta yigirma beshga kirdim, deb o’ylayvering! Ya’ni
biz bundan keyingi ijodingizda ham Sizga ikkita yigirma besh yashar yigitning quvvat va sog’lig’ini tilaymiz!

…Istaymanki, ertagini tugatsin baxshi,
Naqqosh o’ysin gunafshani shinam binoga!
“Xo’sh, tinchlikmi?” — so’rog’iga do’st desin: “Yaxshi!”
Samarqandda qizlar borsin oqshom kinoga.
Istaymanki, Oybek yozsin yangi bir roman,
Bo’z yerlarda unib chiqsin boshoq va o’rmon.

Abdulla ORIPOV
OYBEK HAQIDA QO’SHIQ

Qalbi pok mardona elning sen aziz farzandisan,
Ganju mulkka bergisiz el gavhari, dilbandisan.

Har kalimang ma’rifatning ufqida oydek to’lib,
El aro topding sharaf sen, Ustoz Oybek bo’lib.

Shan hayoting odamiylik xayru soflikdan nishon,
Chaqnadi she’ringda nurli e’tiqod birlan imon.

Goh Navoiy suhbatingda, goh Torobiy, Yo’lchi goh,
Sen sevikli xalqim o’g’li begumon, beishtiboh.

Xizmatingdan, hikmatingdan elu yurt mangu rizo,
Uchmagay, noming asrlar so’ngidan bergay sado.

OYBEK NOMLI XO’JALIKDA

Ikki daryo tutashmish bunda,
Biri Chirchiq va birisi Sir.
Shu’la o’ynab kumush to’lqinda,
Xayolingni aylagay asir.

Ikki daryo tutashmish ajab,
Biri nasr, biri nazmi pok.
Biri zamin, tabarruk matlab,
Birida bor shu’lai aflok.

Termulaman bu xush chiroyga,
Xo’p zukkosiz, odamlar, mudom.
Ikki daryo tutashgan joyga
Oybek deya qo’yibsizlar nom.

Rauf PARFI
OYBEK XOTIRASIGA

Tog’lar aro bir oydin buloq,
Atrofida shivirlar o’tloq.
Buloqda sha’n va sobit chiroy.
Nur yo’lidek o’ylari yiroq,
Suvda mangulikdek suzar oy…

Biroq, hayhot, bir quyun keldi…
Oydin buloq qayga berkindi?!
Qaydadir sha’n va sobit chiroy?
Falaklarga qarayman endi,
Falaklarda suzib yurar oy…

Omon MATJON
OYBEK

Sukunat tillardir.
… Oqshomning yulduzli tillari,
Gullarning iltijo tillari,
Vulqonning im-iliq tillari.
Sukunat tillardir.

Tog’larimning og’ir tosh tili,
Ko’zning kiprik tili, yosh tili,
Butun samovotning bosh tili
Sukunat tillardir.

Alangalar, cho’g’lar shu tilda so’ylar,
O’ylar, xotirotlar shu tilda so’ylar,
Unut bulgan zotlar shu tilda so’ylar…
Shu tilni o’ylagim keladi.
Shu tilda so’ylagim keladi.

Sukunat — shoirning so’zlari.
Ayta…
olmay…
ketgan…
so’zlari.

Abdulla SHER
MEN QAYTA TUG’ILDIM OYBEK O’LGAN KUN…

Men qayta tug’ildim Oybek o’lgan kun
Va «Cho’li iroq»ni yig’lab eshitdim.
Jonim charsilladi, sachradi uchqun,
Umrimni olovga ilk bor esh tutdim.

Shu-shu bir manzara tinch qo’ymas hamon:
Oybekni ko’raman cho’li iroqda.
Shom qo’nar. G’urubda tashnalab karvon
Daryoni ko’rmasdan yurar qig’oqda.

Chayqalar, chayqalar sarbonsiz to’da:
Tovush bor va lekin yo’q erur so’zlar.
Tun jimjit. Sahro jim. Olam uyquda.
Oybekda to’xtaydi Ilohiy nazar.

Shu zum bulut ochar oyning yuzini,
Yulduzlar jaranglab aytadir takbir.
Qumga tushib qolgan Oybek izini
Avaylab silaydi qudratli taqdir.

23. 02. 13.

Muhammad RAHMON
OYBEK

Bo’lolsa ham qalbingga tilmoch
Qo’l — qo’l ekan, ko’z ham ko’z ekan.
Yashar kimdir lutfingga muhtoj,
So’z ham asli rizqu ro’z ekan.

Izhor istar muhabbat, mehr,
Izhor istar mendan bu yurak.
Issiq nondek ularni hozir
Sizga uzib berishim kerak.

Ko’zlarimda unsiz bir nido,
Hayajonlar jonim qasdida.
O’ltiribman tilimdan judo
Bo’g’riqqan qalb ro’parasida.

Menda qoldi haqqingiz, do’stlar,
Rozi bo’ling, do’stlarim, endi.
Yonayapti ichimda so’zlar,
Dimog’imda kuygan non hidi!..

* * *

Men Isoni bilaman
Vatanini, insoniyatni
Sotmadi u!
Yajuj-majujlar
Yog’och devoriga zax blindajning
Qo’l-oyog’in mixlab ketdilar,
Ko’ksiga o’ydilar beshqirra yulduz!…

Muhammadni,
Musoni ham bilaman! …
Toshmuhammad o’g’li Musoni!
Mahalladoshlari chekiga tushgan
Majburiy zayomni qop-qoplab olib,
Odamlarga yana tarqatib tekin,
Yetim-yesirlarning necha-nechasin
Qutqazib qoldi u urush yillari
Dunyodagi eng yomon o’lim –
Och qolib o’lishdan!

Ko’rganlar hikoya qilishadi:
Soqollari qor kabi oppoq.
Asoga suyangan chollar dastavval
Namoz o’qigani masjidga emas,
Kirib o’tarkanlar uning uyiga.
Qo’llarini yuzlariga surarkanlar,
O’parkanlar she’r yozgan qo’llarini…

Usmon AZIM
OYBEKNING SO’NGGI SHE’RI

Men daryoga qarmoq tashlayman,
Ana, baliq — silkir dumini.
Men baliqni ozod aylayman,
Kechiraman ochko’zligini.
Bedanaga qo’yaman tuzoq –
Hayallamay qolar ilinib.
«Uch, tez, — deyman, — dalada ozod»,
Kechiraman anqovligini.

Har bir guli — bir ezgu uchqun,
Huv… cho’qqida yashnar na’matak.
Quyoshga gul tutgani uchun
Tikaniga qilaman toqat.
Gapim tamom… Ha, men ham o’tdim!
Uch… ikki… bir…To’xtadi yurak…
Baliq, qo’rqmay qarmoqni yutgin –
Men har holda, o’lmasam kerak!

OYBEKNING UY MUZEYIDA O’QILGAN SHE’R

Bu yerga kelganda
Ishondim. aniq —
Oybekning muqaddas ostonasida
yolg’on o’lsa kerak uyatdan yonib,
kirolmay shoirning she’rxonasiga.

Bilaman,
bu uyda yashaydi hamon,
Oybekning qalbidan meros diyonat.
Ammmo kelarimda
Ishondim — ayon —
shu eshik oldida o’lar xiyonat.

Bu yerga kelishda yana
ishondim,
ikki yuzi borlar ko’chada qolar.
Shoirning
bronza
ko’ziga boqib,
She’r o’qir bir qalbu bir yuzi borlar.

Shoir,
Sizga o’xshab, soddaligim bor.
Hanuz bu dunyoning o’yini chalkash.
Poklikning yonida
ana,
baxtiyor —
yolg’on ta’zim qilib, jilmayar yakkash.

Ko’zimga qadalar —
Vijdon yonida,
xiyonat turibdi –
sog’ligi xo’b soz.
Hatto nutq aytmoqchi,
shoir sha’niga,
tiliga yog’ surtib,
so’ziga pardoz.

Ana,
muxlisingaz — o’ychanu g’amgin,
Sizdan
ulgu olgan
o’tkir ko’zini.
U nechun bezovta?
Payqadimikan –
Biror bir kimsaning
Ming bir yuzini.

Bu gapni aytmoqchi emasdim asli,
Biroq yulchiligim…
Bu — sizdan meros.
Poklansin deyman-da odamzod nasli,
Sizning uyingazga kelganda, ustoz…

Bu yerdan qaytishda yana uylayman,
Oybekning ruhidan madad ol, yurak!
Tilim tutilguncha
Endi kuylayman,
Tilim tutilsa ham…
Kuylashim kerak!

Xurshid DAVRON
OYBEK BILAN SAYR

Sevaman yomg’irdan keyin kezmoqni,
Ayniqsa begona ko’chalar bo’ylab.
Daryodek porlagan yo’ldan yurmoqni
Sevaman, yorug’ bir satrni o’ylab.

Yo’l chetida o’sgan shodmon gullarga
Boshimni egaman, alik olaman.
Yuvinib tarangan majnuntollarga
Boladek mahliyo bo’lib qolaman.

Adashib kezaman chorbog’lar qo’ynin
So’ngsiz xayollarning sokin mavjida,
Va sarmast yomg’irning qadimiy kuyin
Mening qulog’imga shivirlar jiyda.

Qaytaman,
Quyosh ham tolib oyog’i
Ufqning bag’riga ohista tinar.
Xonam derazasi men qaytgan chog’i
Alvon atirgulday lovillab yonar.

1980

OYBEKNOMA

1

Oybekning she’rini dalaga chiqib,
Maysaga yonboshlab o’qimoq kerak:
Bilmay qolsin yurak: suv uzrami, yo
Oybekning she’rida o’ynaydi bu nur?

Oybekning she’rlari bamisli nigoh,
Bu nigoh asrorin yo’qdir poyoni.
Xuddi bo’lmagandek maysaga izoh,
Yo’q Oybek she’rining to’la bayoni.

Oybek — bu maysaga cho’kkan bujur tosh,
Hayratdan yorilib-yorilib ketgan.
Oybek — bu daraxtzor ustida quyosh,
Nuri to chumoli ko’ziga yetgan.

Oybek — bu ulkan bir chorbog’ ortida
Yovvoyi uzumzor oralab, titroq —
Quyosh tangalari o’ynab sirtida
Birdan yorug’likka chiqqan sho’x irmoq.

Oybek — bu og’riqni qari tol kabi
Yurakning tubida asragan so’zlar,
Barcha hasratini jim turib labi,
Eng yaqin do’stiga so’zlagan ko’zlar,

Oybek tirik hamon, u ko’kda hilol,
U — shamol, bog’larda tinmay yeladir.
U meni chorlagan oydin bir xayol,
Ko’kdagi Kahkashon uning yo’lidir

2

She’r — faqat qush tili,degandi shoir
Quloq tutib quvnoq, sho’x tovushlarga.
Boshida rutubat qilganda qahr,
U tilin qaytarib berdi qushlarga.

She’r — yulduz kiprigi, degandi Oybek,
O’zi kiprik edi O’zbekistonga.
So’nggi dam boshida so’narkan osmon,
Shoir ko’zlarini berdi osmonga.

1982

«

OYBEK
Ey, tilim, Ey, elim, Ey, ona tuproq» nomli sonetlar turkumidan

Nohaq zarbalardan bo’lding ming tilim,
Hayotga qaytardi yam-yashil o’tlar.
Yo’lingni to’smoqchi bo’ldi zobitlar,
Seni yengolmadi xiyonat, dilim.

Tunlari yurakni hovuchlagan dam,
Alam daftarimga bitganida she’r,
Olis-olislardan keldilar purg’am
Taskin bermoq uchun hazrat Alisher.

Etaklarin o’pdim shivirlab: “Pirim…”
Va sezdim bilakda paydo bo’ldi kuch,
Angladim, Sen bor-ki, boshqa narsa – puch…

Shundan qog’oz yondi – yondirdi she’rim…
Kuydi, kul bo’lmadi, chiqmadi jonim,
O’chmadi ovozim, so’nmadi qonim…

1985

Zebo MIRZAEVA
“NAVOIY”NI O’QIB…

Lipillagan sham yorug’ida
Dil qoniga botirib barmoq,
O’ltirardi Hazrat Navoiy
Tangri bilan sirlashib uzoq…

Manqaldonda miltillardi cho’g’…
… Darichadan to’kilgan oydek.
Asta chertib hujra eshigin
Kirib keldi mavlono Oybek!

Takalluf va izzat-ehtirom
Yog’ilarkan har ikki yoqdan,
Yangi g’azal uzatar Hazrat,
Qurimagan hali siyohdan…

Yechiladi Oybek tillari
Xudo «sir» deb solgan tugundan.
So’ylay ketar “qush tili”da u
Tug’ilganday go’yo bugundan!

…YO tush ko’rdim, yoki sinoat,
Aqlu hushim chorbog’ ichinda.
Mulozimman, men bir mulozim,
Jim tingladim titroq ichinda.

Goh anglab, goh anglamay, lekin
Ko’rmoq uchun shu lahzani bot,
Sening sirli tunlaring bo’lib,
Qolgim kelar, o, go’zal Hirot.

FAXRIYOR
OYBEKNING KO’ZLARI

Nigohlar o’lmaydi, nigohlar hayot,
Nigohlar ruh kabi o’chmas bir sharor.
Ko’zlardan keyingi ikkinchi umr
Nigohlar umridir… haq etmish qaror.
Nechuk soz nigohning sarg’armasligi,
Archa yashilligi unda hayotning
Beayov sanchilar igna barglari
Zaif yerlariga adabiyotning.

Ulug’bek Hamdam
OYBEKNING SHOH ASARI

Oybek domla o’zi tomon otilgan hasad va ko’rolmaslik toshlari bois tildan qolib, umrining oxirgi 17 yilini azobda o’tkazgan.

Shoir bo’lib tug’ilgan edi,
Shoir bo’lib yashadi shoir.
Biroq hasad boshini yedi —
Tildan qolib qaqshadi shoir!

Uydan chiqib yurolmas o’zi,
Ba’zan hatto turolmasdi hech.
Darvozaga mixlanib ko’zi
Ayolini kutdi erta-kech.

Ayolning-chi, bo’ynida ro’zg’or,
Erta ketib, kech qaytar edi.
Kelganida shoir-mahtal, zor,
Ko’zi bilan she’r aytar edi.

Yozar edi ayol ham shoshib,
Tunni tongga ulab. So’ng, asta
Shoir boshin bag’riga bosib
Ishga ketar edi. Dil — xasta…

Yozar ekan ayol bir kecha
Uxlab qoldi charchoqdan nogoh.
Shoir esa kutgandi qancha,
Ko’zlarida qotdi ash’or-oh!

Ko’zlarida she’r edi qat-qat,
Ko’zlarining o’zi she’r edi!
To’kolmasdi qog’ozga faqat,
Bu she’r shoir yuragin yerdi!

Yozay desa, qo’li ishlamas,
Aytay desa, aylanmas tili.
Faqat yori… u ham odam, bas,
Vayron edi shoirning dili…

Ko’zlariga to’ldi o’sha she’r,
Ko’zlaridan boqdi o’sha she’r.
Qani chora? O, zolim falak!
Ko’zlaridan oqdi o’sha she’r!

Ko’zlaridan oqdi she’r — kadar,
Oqib shoir ko’ksin kuydirdi!
Shu damdagi olov tomchilar
Unga OLLOH SIRIN tuydirdi!

O’sha sirda edi HAMMASI,
Shoir buni tushunib yetdi.
Tushundi-yu, she’rga sololmay
O’zi bilan,voh,olib ketdi…

2015 yil 19-yanvar

Muslimbek Musallamov
OYBEK DOMLAGA

Qandoq chizay suratin ayting ,
Sochlarida qalam sinadi .
Ikki qoshin chizyotgan paytim
O’rtasida olam sinadi .

Qandoq chizay uning ko’ziga ,
Qaramoqqa ko’zim bermas dosh .
Tongda tursam mato yuziga,
Farishtalar yig’lab to’kar yosh .

Qandoq chizay uning nigohi ,
Tarixlarni aylaydi bayon .
Cho’lpon, bo’lib ko’rinar goxi,
Gox Navoiy bo’lar namoyon .

Ichga yutib yillar dodini,
Boqar Oybek qaygadir uzoq .
Bir Millatning e’tiqodini ,
Men ranglarga joylayman qandoq .

07 -1 2015

077

(Tashriflar: umumiy 5 069, bugungi 1)

2 izoh

  1. Bir millatning e’tiqodini, Men ranglarga joylayman qandoq?- deya juda ajoyib gapni aytibdi Muslimbek.

Izoh qoldiring