Muhammad Rajab. She’rlar.

Ashampoo_Snap_2017.05.03_18h53m58s_001_.png  Муҳаммад Ражаб беғубор инсон ва самимий шоир эди. Радиода ишларди. Битта «дом»да турарди. Ҳамиша чеҳраси очиқ, оғзидан на касга, на хасга оғир ботадиган гап эшитмаганман. Истеъдодли шоир 1962 йил 5 январда Нурота туманининг Қизилча қишлоғида туғилган. Тошкент Давлат университетининг журналистика факультетини тугатган. 2000 йилнинг 18 июлида юз берган ҳалокат туфайли вафот этди. Илоҳим,Яратган раҳматига олсин.

021
Исажон Султоннинг «Нурли-нурли, нурга тўлган бир хаёл бўл…» мақоласидан: Муҳаммад Ражабнинг ўша йиллари “Шарқ юлдузи”да босилган, кейинроқ хонанда Сиддиқ Маҳмудов куйлаган “Нурли-нурли” шеъри жуда машҳур бўлган, Ўзбекистоннинг қаерига борманг, шу қўшиқ янграр, ёшлар тилидан тушмас эди. Ажабки, бугун Сиддиқ Маҳмудов ҳам орамизда йўқ, аммо “Нурли-нурли…” ҳозир ҳам тиллардан тушмай келаётган дардли-нурли бир қўшиқдир:

Мажнунтолдай бошгинангни эгмагин, жоним,
Кўзларингдан ёшгинангни тўкмагин, жоним.
Энди қайта учрашмасмиз, кутмагил, жоним
Нурли-нурли, нурга тўлган бир хаёл бўл,
Ўз ёрига садоқатли бир аёл бўл…

Isajon Sultonning “Nurli-nurli, nurga to‘lgan bir xayol bo‘l…” maqolasidan: Muhammad Rajabning o‘sha yillari “Sharq yulduzi”da bosilgan, keyinroq xonanda Siddiq Mahmudov kuylagan “Nurli-nurli” she’ri juda mashhur bo‘lgan, O‘zbekistonning qayeriga bormang, shu qo‘shiq yangrar, yoshlar tilidan tushmas edi. Ajabki, bugun Siddiq Mahmudov ham oramizda yo‘q, ammo “Nurli-nurli…” hozir ham tillardan tushmay kelayotgan dardli-nurli bir qo‘shiqdir:

Majnuntolday boshginangni egmagin, jonim,
Ko‘zlaringdan yoshginangni to‘kmagin, jonim.
Endi qayta uchrashmasmiz, kutmagil, jonim
Nurli-nurli, nurga to‘lgan bir xayol bo‘l,
O‘z yoriga sadoqatli bir ayol bo‘l…

Муҳаммад РАЖАБ
ШЕЪРЛАР
03

Синглим Дилором чизган суратларни кўриб…

Сен чизган гуллардан ҳалоллик анқир,
Жудаям тиниқдир сен чизган осмон.
Менинг ёзганларим бари нимтатир,
Менинг осмонимни бинолар тўсган.
Сенинг туйғуларинг ҳали беғубор,
Софлик ярашади чизганларингга.

Менинг шеърларимда ярим қайғу бор,
Чўчиб қарашади ёзганларимга.
Яхши ният билан ушлабсан қалам,
Мусаввир Беҳзоднинг руҳи қўлла, деб.
Мен ҳам умид билан тутгандим қалам,
Шеър деган азобда қўлла, Олло деб.

Билсанг шу ота юрт, шу улуғ диёр,
Кўрмишдир минглаб шон, минг битта ситам.
Унинг қучоғида минглаб мавзу бор,
Ҳали очилмаган қитъа – Туркистон.
Санъат йўли оғир, роҳат йўқ бир зум,
Санъаткор яшайди юртини ўйлаб.

Сен халқим руҳини чизиб бер синглим,
Мен эса дардини куйлай, амаллаб.

Манзара

Шитир-шитир товуш келар,
Туш маҳали полиздан.
Ширра-ширра ёрилади,
Пишган қовун олисда.
Терга ботиб, ўйга ботиб,
Чой ичади деҳқон чол.
Кўзларини очиб-юмиб,
Мудраб қолар Олапар.
Деҳқон чолнинг ташвиши кўп,
Деҳқон чолнинг дарди кўп.
Кенжасини ўйлай деса,
Бу йил тағин ҳоли йўқ.
Деҳқон чолни ширин хаёл,
Олисларга етаклар.
Шукр, бу йил ҳосил-ку мўл,
Чол ўзича ҳисоблар…

Ёз фаслида туш маҳали
Мудроқ босар албатта.
Чол ҳайдаш-чун бемаҳалда,
Босиб келган ғафлатни
Босиб-босиб ҳўплар чой.
Четан девор орқасида,
Хасис чолни пойлай-пойлай,
Ухлаб қолар болакай.

Ёшлигим

Нуротанинг тоғларида қолиб кетди,
Юрагимга мангу излар солиб кетди,
Ўчмас ёшлигим.

Бугун менда иккиланиш, ҳайиқишлар кўп,
Журъатимни, шиддатимни олиб кетди,
Бермас ёшлигим.

Ақллиман, бироз айёр: бундан кўнглим тўқ,
Билмам нечун нолиб кетди,
Қайтмас ёшлигим.

Менсираган ман-манларнинг кўпини кўриб,
Менсимасдан, ғолиб кетди,
Қўрқмас ёшлигим.

Ҳалолликдан сўзлар очиб катта жанггоҳда,
Сарҳади йўқ курашларга бошлаб кетди,
Содда ёшлигим.

Ғирромлигим сезиб қолди, билмам қай онда,
Адоғи йўқ армонларга ташлаб кетди,
Келмас ёшлигим.

Савр

Шивирлайди ёмғир хафаҳол,
Кўринганга кўнглин очади.
Бундан безор одамлар дарҳол,
Эгатларни ташлаб қочади.

Паноҳ бўлар маъюс мажнунтол,
Сим-сим йиғлар шўрлик букилиб.
Одамларни соғинган баҳор
Тўкилади томчилар бўлиб.

Ўжарлик

Раҳмат, менга ўгит керакмас,
Фойдасиз, бировга қулоқ солмайман.
Менинг кўксимдаги оддий юракмас,
Барибир бошқача яшай олмайман,

Ўттиз йил яшадим мен уни алдаб,
Ўттиз йил яшадим туғёнин босиб.
Қўрқаман, бир куни кетади ташлаб,
Сўнмас исёнини кўксига осиб.

Рауф Парпи

Гапирмайман, керак эмас,
Мен айтиб бўлдим.
Қолганини гуллар айтсин,
Шафақлар айтсин.
Гулзордаги фикрим билан
Уфқда қолдим.
Қийналмангиз, уринмангиз,
Овозим чиқмас.
Мен тилимни юрагимга
Боғлаб ташладим.

Аҳд

Сендек бир гўзални севганим учун
Ўзга сайёрага қилсалар сургун.
Сунбул сочларингни ҳидламоқ учун
Барибир заминга қайтардим бир кун.

Савол

Вужуд, сенга оғир эмасми,
Чорак аср бир хилда яшаш?
Оғирмасми, сенга ёлғизлик —
Менга жуда-жудаям ўхшаш?
Сенга оғир эмасми, юрак,
Алдашса-да, ишониб яшаш?!

Айрилиқ қўшиғи

Энтикиб ўқийсан ҳар бир шеъримни,
Узоқ термуласан суратларимга.
Мен бунда ёзажак янги сатримни,
Тўлдириб бораман ҳасратларимга.

Соғинсанг шивирлаб, шеърларим ўқиб,
Шикаста қалбингга таскин берасан.
Тунлари ширин бир хаёлга чўмиб
Ҳамон тушларингда мени кўрасан.

Менинг ҳам кўнглимга муҳаббат кирар,
Сочлари паришон, эзилган, ғариб.
Ортимдан тинимсиз югурар, елар,
Ҳатто тушларимда юрар ахтариб.

Саҳарларда эса қоғоз устига,
Соғинчдан сиёҳдай томавераман.
Муҳаббат йўқ, дея ёзиб, аслида
Муҳаббат ўтида куйиб-ёнаман.

Муҳаббат – баҳордай беғубор туйғу,
Булутлардан холи мусаффо осмон.
Муҳаббат – сен учун туганмас қайғу,
Мен учун муҳаббат – ушалмас армон.

Йўқлов

Қирда қўшиқ сочилиб қолди,
Бинафшалар очилиб қолди.
Кетган қушлар қайтадан келди,
Фақат сендан бўлмади хабар,
Қизилча*да бошланди баҳор.

Наъматакнинг шохлари оппоқ,
Томда рақс тушар қизғалдоқ.
Қалдирғочлар келди-ю бироқ,
Фақат сендан бўлмади хабар,
Қизилчада бошланди баҳор.

Тоғлар кийди гулдор кўйлагин,
Сойлар сўйлар ажиб эртагин,
Чучмомалар очилди тағин,
Қизилчада бошланди баҳор.

Фақат сендан бўлмади хабар…

(* Қизилча – қишлоқнинг номи)

Муҳаббат учликлари

Ой, қўй энди йиғлама,
қўй энди, эски афсонани сўзлама.
бугун менинг ишончим ўлган.

***

Мен яна сени эсладим,
Қаршингга юрагим яланғоч қўйиб.
Ажабо, суратинг юзсиз тушибди.

***

Лабларимни оқ қилдим бугун,
сенинг лабларингни
суйгани учун.

***

Мен шунчаки қараган эдим,
диққатимни тортар тобора,
сенга бунча ўхшамаса бу атиргуллар.

***

Тонггача кўз юммай сени ўйладим,
яна оқламоққа уруниб кўрдим.
уятдан қуёш ҳам қизариб кетди.

***

Сезиб қолдим юлдузларнинг совуқлигини,
қаранглар ойнинг ҳам доғи бор экан.
энди ҳам кечирмай бўларми уни.

Илтижо

(Назар Шукур хотирасига)

Осмон, осмон кенглигингдан бер,
Юраккинам лахта-лахта қон.
Замин, сендан сўрайман бардош,
Асабларим бўлмоқда одаш.
Тоғлар, менга сабот, куч беринг,
Зарбаларга собит турайин,
Булбул, сендан сўрайман овоз,
Дардларимни тўкиб солайин.
Ўлим! Сен ҳам тинч тургил бир пас,
Сўнгги шеърим ёзиб олайин.

Айрилиб кетдик

Силкиниб-силкиниб боғлар йиғлади,
Эмраниб-эмраниб, тоғлар йиғлади,
Булбуллар, қумрилар зоғлар йиғлади,
Иккимиз жимгина айрилиб кетдик,
Висол деган йўлдан қайрилиб кетдик.
Чўзилиб-чўзилиб йўллар йиғлади,
Эзилиб, букилиб гуллар йиғлади,
Ҳижрондан ўксиниб диллар йиғлади,
Иккимиз жимгина айрилиб кетдик,
Висол деган йўлдан қайрилиб кетдик.
Сувлари сирқираб, қорлар йиғлади,
Кўксида армони борлар йиғлади,
Машшоқлар қўлида торлар йиғлади,
Иккимиз жимгина айрилиб кетдик,
Висол деган йўлдан қайрилиб кетдик.

Дунёдан бир сўровим бор

Азобларинг, аламларинг тотдим-а,
Ишқ ўтида ўтида мудом ўзни ёқдим-а,
Кўз ёшимда дарё бўлиб оқдим-а,
Яна қандай синовларинг бор дунё?
Номи кенг-у, менга эса тор дунё?!
Оҳ урмадим, синовингга чидадим,
Оловингда Самандардек куймадим,
Асли мудом ҳақ қўшиқлар куйладим,
Яна қандай синовларинг бор дунё?
номи кенг-у, менга эса тор дунё?!
Ярми умид, ярми армон дунёсан,
Гоҳо зулмат, гоҳо ёруғ зиёсан,
Бирда ҳақсан, бирда ширин рўёсан,
Яна қандай синовларинг бор дунё?
номи кенг-у, наҳот менга тор дунё?!

Туш

Сен тушимга кирдинг, бугун ҳам,
Яна кутган сўзларим айтдинг.
Кимлигимни унутиб мен ҳам,
Ўшал боққа етаклаб кетдим.
Сочларингдан таралган бўйлар,
Мени буткул мафтун этдилар.
Юракдаги аламли ўйлар,
Билмам, шунда қаён кетдилар.
Қаршимизга хушнуд югурар,
Хайрихоҳлар, балки дўстларим.
Бурчакларда ғариб кўринар,
Ғанимларим ўқлик кўзлари.
Кел, буларга парво ҳам қилмай,
Узоқ-узоқларга кетамиз.
Ҳисларимиз бировга айтмай,
Муҳаббатдан иқбол кутамиз.

Хатоларим шайдир…

Ҳаммаси тугади, кечириб бўлмас,
Хатоларим шайдир қасос олмоққа.
Юрагим тубида ҳеч адо бўлмас,
Қандайдир азоб бор, солар қийноққа.

Солланиб ўтасан ҳар гал ёнимдан,
Гуллар ҳам термулиб қолар фаромуш.
Ўртаниб шеър айтдим қанча ортингдан,
Таъбирсиз тугади қанча, қанча туш.

Қанча мактубларим қоли жавобсиз,
Не-не гулдасталар қайтди ўзимга.
Ишқ бобида ким бор зарра гуноҳсиз,
Айт, унинг ҳузурига борай таъзимга.

Куз соғинчи

Ўтди Жавзо,
Ўтди Сунбула.
Ўтиб кетди шошганча Мезон.
Ой нурлари тортмоқда хира,
Туманларда мудрайди Тошкан.
Гўзаллашиб кетгандир жуда,
Ҳар галгидек кекса тоғлар ҳам.
Боролмадим вақт топиб сира,
Соғинсам-да сени Нуротам.
Қайноқ ҳаёт шаҳарда мени,
Чулғаб олди бегона ҳислар.
Қандай гўзал, дилрабо эди,
Ёшлигимда кузатган кузлар.
Туғёнларим топмоқда абас,
Тарк этган ул руҳим жангари.
Сокин кузни қўмсайман холос,
Оғир, вазмин тоғлар сингари.
Бунда ҳар тун тушимга кирар,
Булутларга туташган Оқтов.
Йўлларимга кўз тикиб турар.
Боришимни соғинган ўтов,
Эрта туриб ишга шошаман.
Боқмай турли манзараларга,
Оқшом ёниб хатлар битаман
Олисдаги Манзураларга…

Ўтди Жавзо, ўтди Сунбула,
Ўтиб кетди шошганча Мезон.
Боролмадим мен бу кузда ҳам,
Соғинсам-да сени, Нуротам.

Хайрлашув

Мен тонгда кетаман жуда олисга,
Сенинг ҳузурингдан эгганимча бош.
Муҳаббат синалар айрилиқларда,
Бу йўлда тилайман сенга зўр бардош.

Висол ҳам қисқарди тўймай васлингга,
Хайрлашув они яқинлаб қолди.
Юлдузлар жовдираб тамом сўнганча,
Кунчиқар анвойи шафақ ранг олди.

Чарос кўзларингда ёш бор, халқалаб,
Ғунча лабларингда сўнган табассум.
Кел, сўнгги бор бағримга босай эркалаб,
Сен бунча гўзалсан, бунчалар масъум.

Muhammad RAJAB
SHE’RLAR
03

    Muhammad Rajab beg‘ubor inson va samimiy shoir edi. Radioda ishlardi. Bitta «dom»da turardi. Hamisha chehrasi ochiq, og‘zidan na kasga, na xasga og‘ir botadigan gap eshitmaganman. Iste’dodli shoir 1962 yil 5 yanvarda Nurota tumanining Qizilcha qishlog‘ida tug‘ilgan. Toshkent Davlat universitetining jurnalistika fakultetini tugatgan. 2000 yilning 18 iyulida yuz bergan halokat tufayli vafot etdi. Ilohim,Yaratgan rahmatiga olsin.

03

Singlim Dilorom chizgan suratlarni ko‘rib…

Sen chizgan gullardan halollik anqir,ed4515728a3aa0a609460e47cfbe5a51.jpg
Judayam tiniqdir sen chizgan osmon.
Mening yozganlarim bari nimtatir,
Mening osmonimni binolar to‘sgan.
Sening tuyg‘ularing hali beg‘ubor,
Soflik yarashadi chizganlaringga.

Mening she’rlarimda yarim qayg‘u bor,
Cho‘chib qarashadi yozganlarimga.
Yaxshi niyat bilan ushlabsan qalam,
Musavvir Behzodning ruhi qo‘lla, deb.
Men ham umid bilan tutgandim qalam,
She’r degan azobda qo‘lla, Ollo deb.

Bilsang shu ota yurt, shu ulug‘ diyor,
Ko‘rmishdir minglab shon, ming bitta sitam.
Uning quchog‘ida minglab mavzu bor,
Hali ochilmagan qit’a – Turkiston.
San’at yo‘li og‘ir, rohat yo‘q bir zum,
San’atkor yashaydi yurtini o‘ylab.

Sen xalqim ruhini chizib ber singlim,
Men esa dardini kuylay, amallab.

Manzara

Shitir-shitir tovush kelar,
Tush mahali polizdan.
Shirra-shirra yoriladi,
Pishgan qovun olisda.
Terga botib, o‘yga botib,
Choy ichadi dehqon chol.
Ko‘zlarini ochib-yumib,
Mudrab qolar Olapar.
Dehqon cholning tashvishi ko‘p,
Dehqon cholning dardi ko‘p.
Kenjasini o‘ylay desa,
Bu yil tag‘in holi yo‘q.
Dehqon cholni shirin xayol,
Olislarga yetaklar.
Shukr, bu yil hosil-ku mo‘l,
Chol o‘zicha hisoblar…

Yoz faslida tush mahali
Mudroq bosar albatta.
Chol haydash-chun bemahalda,
Bosib kelgan g‘aflatni
Bosib-bosib ho‘plar choy.
Chetan devor orqasida,
Xasis cholni poylay-poylay,
Uxlab qolar bolakay.

Yoshligim

Nurotaning tog‘larida qolib ketdi,
Yuragimga mangu izlar solib ketdi,
O‘chmas yoshligim.

Bugun menda ikkilanish, hayiqishlar ko‘p,
Jur’atimni, shiddatimni olib ketdi,
Bermas yoshligim.

Aqlliman, biroz ayyor: bundan ko‘nglim to‘q,
Bilmam nechun nolib ketdi,
Qaytmas yoshligim.

Mensiragan man-manlarning ko‘pini ko‘rib,
Mensimasdan, g‘olib ketdi,
Qo‘rqmas yoshligim.

Halollikdan so‘zlar ochib katta janggohda,
Sarhadi yo‘q kurashlarga boshlab ketdi,
Sodda yoshligim.

G‘irromligim sezib qoldi, bilmam qay onda,
Adog‘i yo‘q armonlarga tashlab ketdi,
Kelmas yoshligim.

Savr

Shivirlaydi yomg‘ir xafahol,
Ko‘ringanga ko‘nglin ochadi.
Bundan bezor odamlar darhol,
Egatlarni tashlab qochadi.

Panoh bo‘lar ma’yus majnuntol,
Sim-sim yig‘lar sho‘rlik bukilib.
Odamlarni sog‘ingan bahor
To‘kiladi tomchilar bo‘lib.

O‘jarlik

Rahmat, menga o‘git kerakmas,
Foydasiz, birovga quloq solmayman.
Mening ko‘ksimdagi oddiy yurakmas,
Baribir boshqacha yashay olmayman,

O‘ttiz yil yashadim men uni aldab,
O‘ttiz yil yashadim tug‘yonin bosib.
Qo‘rqaman, bir kuni ketadi tashlab,
So‘nmas isyonini ko‘ksiga osib.

Rauf Parpi

Gapirmayman, kerak emas,
Men aytib bo‘ldim.
Qolganini gullar aytsin,
Shafaqlar aytsin.
Gulzordagi fikrim bilan
Ufqda qoldim.
Qiynalmangiz, urinmangiz,
Ovozim chiqmas.
Men tilimni yuragimga
Bog‘lab tashladim.

Ahd

Sendek bir go‘zalni sevganim uchun
O‘zga sayyoraga qilsalar surgun.
Sunbul sochlaringni hidlamoq uchun
Baribir zaminga qaytardim bir kun.

Savol

Vujud, senga og‘ir emasmi,
Chorak asr bir xilda yashash?
Og‘irmasmi, senga yolg‘izlik —
Menga juda-judayam o‘xshash?
Senga og‘ir emasmi, yurak,
Aldashsa-da, ishonib yashash?!

Ayriliq qo‘shig‘i

Entikib o‘qiysan har bir she’rimni,
Uzoq termulasan suratlarimga.
Men bunda yozajak yangi satrimni,
To‘ldirib boraman hasratlarimga.

Sog‘insang shivirlab, she’rlarim o‘qib,
Shikasta qalbingga taskin berasan.
Tunlari shirin bir xayolga cho‘mib
Hamon tushlaringda meni ko‘rasan.

Mening ham ko‘nglimga muhabbat kirar,
Sochlari parishon, ezilgan, g‘arib.
Ortimdan tinimsiz yugurar, yelar,
Hatto tushlarimda yurar axtarib.

Saharlarda esa qog‘oz ustiga,
Sog‘inchdan siyohday tomaveraman.
Muhabbat yo‘q, deya yozib, aslida
Muhabbat o‘tida kuyib-yonaman.

Muhabbat – bahorday beg‘ubor tuyg‘u,
Bulutlardan xoli musaffo osmon.
Muhabbat – sen uchun tuganmas qayg‘u,
Men uchun muhabbat – ushalmas armon.

Yo‘qlov

Qirda qo‘shiq sochilib qoldi,
Binafshalar ochilib qoldi.
Ketgan qushlar qaytadan keldi,
Faqat sendan bo‘lmadi xabar,
Qizilcha*da boshlandi bahor.

Na’matakning shoxlari oppoq,
Tomda raqs tushar qizg‘aldoq.
Qaldirg‘ochlar keldi-yu biroq,
Faqat sendan bo‘lmadi xabar,
Qizilchada boshlandi bahor.

Tog‘lar kiydi guldor ko‘ylagin,
Soylar so‘ylar ajib ertagin,
Chuchmomalar ochildi tag‘in,
Qizilchada boshlandi bahor.

Faqat sendan bo‘lmadi xabar…

(* Qizilcha – qishloqning nomi)

Muhabbat uchliklari

Oy, qo‘y endi yig‘lama,
qo‘y endi, eski afsonani so‘zlama.
bugun mening ishonchim o‘lgan.

***

Men yana seni esladim,
Qarshingga yuragim yalang‘och qo‘yib.
Ajabo, surating yuzsiz tushibdi.

***

Lablarimni oq qildim bugun,
sening lablaringni
suygani uchun.

***

Men shunchaki qaragan edim,
diqqatimni tortar tobora,
senga buncha o‘xshamasa bu atirgullar.

***

Tonggacha ko‘z yummay seni o‘yladim,
yana oqlamoqqa urunib ko‘rdim.
uyatdan quyosh ham qizarib ketdi.

***

Sezib qoldim yulduzlarning sovuqligini,
qaranglar oyning ham dog‘i bor ekan.
endi ham kechirmay bo‘larmi uni.

Iltijo

(Nazar Shukur xotirasiga)

Osmon, osmon kengligingdan ber,
Yurakkinam laxta-laxta qon.
Zamin, sendan so‘rayman bardosh,
Asablarim bo‘lmoqda odash.
Tog‘lar, menga sabot, kuch bering,
Zarbalarga sobit turayin,
Bulbul, sendan so‘rayman ovoz,
Dardlarimni to‘kib solayin.
O‘lim! Sen ham tinch turgil bir pas,
So‘nggi she’rim yozib olayin.

Ayrilib ketdik

Silkinib-silkinib bog‘lar yig‘ladi,
Emranib-emranib, tog‘lar yig‘ladi,
Bulbullar, qumrilar zog‘lar yig‘ladi,
Ikkimiz jimgina ayrilib ketdik,
Visol degan yo‘ldan qayrilib ketdik.
Cho‘zilib-cho‘zilib yo‘llar yig‘ladi,
Ezilib, bukilib gullar yig‘ladi,
Hijrondan o‘ksinib dillar yig‘ladi,
Ikkimiz jimgina ayrilib ketdik,
Visol degan yo‘ldan qayrilib ketdik.
Suvlari sirqirab, qorlar yig‘ladi,
Ko‘ksida armoni borlar yig‘ladi,
Mashshoqlar qo‘lida torlar yig‘ladi,
Ikkimiz jimgina ayrilib ketdik,
Visol degan yo‘ldan qayrilib ketdik.

Dunyodan bir so‘rovim bor

Azoblaring, alamlaring totdim-a,
Ishq o‘tida o‘tida mudom o‘zni yoqdim-a,
Ko‘z yoshimda daryo bo‘lib oqdim-a,
Yana qanday sinovlaring bor dunyo?
Nomi keng-u, menga esa tor dunyo?!
Oh urmadim, sinovingga chidadim,
Olovingda Samandardek kuymadim,
Asli mudom haq qo‘shiqlar kuyladim,
Yana qanday sinovlaring bor dunyo?
nomi keng-u, menga esa tor dunyo?!
Yarmi umid, yarmi armon dunyosan,
Goho zulmat, goho yorug‘ ziyosan,
Birda haqsan, birda shirin ro‘yosan,
Yana qanday sinovlaring bor dunyo?
nomi keng-u, nahot menga tor dunyo?!

Tush

Sen tushimga kirding, bugun ham,
Yana kutgan so‘zlarim aytding.
Kimligimni unutib men ham,
O‘shal boqqa yetaklab ketdim.
Sochlaringdan taralgan bo‘ylar,
Meni butkul maftun etdilar.
Yurakdagi alamli o‘ylar,
Bilmam, shunda qayon ketdilar.
Qarshimizga xushnud yugurar,
Xayrixohlar, balki do‘stlarim.
Burchaklarda g‘arib ko‘rinar,
G‘animlarim o‘qlik ko‘zlari.
Kel, bularga parvo ham qilmay,
Uzoq-uzoqlarga ketamiz.
Hislarimiz birovga aytmay,
Muhabbatdan iqbol kutamiz.

Xatolarim shaydir…

Hammasi tugadi, kechirib bo‘lmas,
Xatolarim shaydir qasos olmoqqa.
Yuragim tubida hech ado bo‘lmas,
Qandaydir azob bor, solar qiynoqqa.

Sollanib o‘tasan har gal yonimdan,
Gullar ham termulib qolar faromush.
O‘rtanib she’r aytdim qancha ortingdan,
Ta’birsiz tugadi qancha, qancha tush.

Qancha maktublarim qoli javobsiz,
Ne-ne guldastalar qaytdi o‘zimga.
Ishq bobida kim bor zarra gunohsiz,
Ayt, uning huzuriga boray ta’zimga.

Kuz sog‘inchi

O‘tdi Javzo,
O‘tdi Sunbula.
O‘tib ketdi shoshgancha Mezon.
Oy nurlari tortmoqda xira,
Tumanlarda mudraydi Toshkan.
Go‘zallashib ketgandir juda,
Har galgidek keksa tog‘lar ham.
Borolmadim vaqt topib sira,
Sog‘insam-da seni Nurotam.
Qaynoq hayot shaharda meni,
Chulg‘ab oldi begona hislar.
Qanday go‘zal, dilrabo edi,
Yoshligimda kuzatgan kuzlar.
Tug‘yonlarim topmoqda abas,
Tark etgan ul ruhim jangari.
Sokin kuzni qo‘msayman xolos,
Og‘ir, vazmin tog‘lar singari.
Bunda har tun tushimga kirar,
Bulutlarga tutashgan Oqtov.
Yo‘llarimga ko‘z tikib turar.
Borishimni sog‘ingan o‘tov,
Erta turib ishga shoshaman.
Boqmay turli manzaralarga,
Oqshom yonib xatlar bitaman
Olisdagi Manzuralarga…

O‘tdi Javzo, o‘tdi Sunbula,
O‘tib ketdi shoshgancha Mezon.
Borolmadim men bu kuzda ham,
Sog‘insam-da seni, Nurotam.

Xayrlashuv

Men tongda ketaman juda olisga,
Sening huzuringdan egganimcha bosh.
Muhabbat sinalar ayriliqlarda,
Bu yo‘lda tilayman senga zo‘r bardosh.

Visol ham qisqardi to‘ymay vaslingga,
Xayrlashuv oni yaqinlab qoldi.
Yulduzlar jovdirab tamom so‘ngancha,
Kunchiqar anvoyi shafaq rang oldi.

Charos ko‘zlaringda yosh bor, xalqalab,
G‘uncha lablaringda so‘ngan tabassum.
Kel, so‘nggi bor bag‘rimga bosay erkalab,
Sen buncha go‘zalsan, bunchalar mas’um.

xdk

(Tashriflar: umumiy 2 516, bugungi 1)

3 izoh

  1. Хурматли Хуршид ака!
    Мухаммад Ражаб каби эрта сунгган юлдузларни хотирасини сайтингизда онлайн яшатганингиз учун куп рахмат!
    Рахматли Мухаммад Ражаб билан 1990 йил кукламида танишган эдик. У ушанда Самаркандда янги очилган нашриётни кутариб бериш учун Тошкентдан юборилганди, вактинча СамДУ профилакторийсида турар эди. Рахматли Илхом ака Хасанов билан бир кун окшом ётокхоналарни айланиб юрар экан, у киши менга «кел, сени бир дарвиш — Рауф Парфи типидаги шоир билан таништирай», деди. Мухаммад Ражабнинг хонасига бордик. Эшикни озгин, узун буйли, юзидан маъсумлик ва самимият балкиган йигит очди,, дархол Илхом аканинг буйнига осилди, жуда кадрдон эканлар, шундане деб уйладим. Кейин Илхом акани куйиб, мени багрига босди. Утирдик, Илхом ака мени унга таништирди. «Рауф Парфи типидаги шоир» менинг форишлик эканимни эшитиб, «Бир тогнинг кийиги эканмиз» деб куйди.
    Кейин деворга кокилган китоб жавончаси китоблари орасидан тубида озрок ароги бор шишани олди, куйди, Илхом Хасанов хеч ичмас эди, шундан Мухаммад Ражабга мени рупара килди. Рахматли Мухаммад аканинг кайфи бор экан, устидан яна бир пиёлани мен билан бирга «отгач», кайфи янада ошди ва шу кайф билан кечаси 11 яримда оби хаёт излаб чикди-кетди… Биз унинг хонасида бир соатларча кутдик. Горбачевнинг «хушёр турмуш тарзи» кампанияси йиллари эмасми, шоиримиз анконинг тухумини излаган баходир холига тушган эди эхтимол, келмади. Биз унинг хонасидан чикиб энди пастга тушган эдик, келиб колди. Биз оркага кайтишга мажбур булдик ва шеър сухбатимиз колган жойидан давом этди… Сухбатига туйилмайдиган инсон экан шоир… Кейинчалик сухбатларимиз давом этди. Халкона охангдаги хузунли шеърларини сокин бир овоз билан жуда чиройли укир эди. Кореядаги бир университетда ишлаётган пайтимда таътилга келганимда унинг вафотини эшитиб каттик кайгурдим… Бугун Хотира ва кадрлаш кунида уни хотирладик.Аллох рахмат этсин!

  2. Мана шундай шоирлар борлигини мен хозиргина билдим,телевизорда Сиддик Махмудов хакидаги эшиттиришни куриб,ушбу кушикнинг сузини кайси шоир ёзган экан деб уйладим,изладим ва мана шу шоиримиз ёзганлигини билиб олдим.Агар хозир хаёт булганларида бунданда зур-зур шеърлар ёзган булармиди? Узларига учмас из колдириб кетишди,бири калам кучи билан,иккинчиси овози билан. Иккисини хам Аллох рахматига олган булсин! Сайт жуда ажойиб,омад тилайман.

  3. Мана шундай шоирлар борлигини мен хозиргина билдим,телевизорда Сиддик Махмудов хакидаги эшиттиришни куриб,санъаткорни энг ёркин кушигини эшитиб,ушбу кушикнинг сузини кайси шоир ёзган экан деб уйладим,изладим ва мана шу шоиримиз ёзганлигини билиб олдим.Агар хозир хаёт булганларида,балким,бунданда зур-зур шеърлар ёзган булармиди?Оиласи,фарзандлар бормикин? Узларига учмас из колдириб кетишди,бири калам кучи билан,иккинчиси овози билан. Иккисини хам Аллох рахматига олган булсин! Сайт жуда ажойиб,омад тилайман. Ёшларимиз мана шундай сайтларга кирса узларига керакли куп нарсалар топар эди,кайдаги Тик-ток лардан кура!?

Izoh qoldiring