Zarifa Saidnosirova. Gul bargi & Iqbol Qo’shshayeva. Tuyg’ulardan hofizga aylangan ko’ngil & Zarifa Saidnosirova. Oybegim mening

003

    ..Қўлингиздаги бу тўпламда олима қўл билан ушлаб бўлмайдиган, тутқич бермас оний лаҳзалар орқали ўзининг ички оламини мангуга муҳрлаган. Бугун сиз ўқиётган бу шеърлар ҳақида бировга айтишга, ҳатто болаларини-да хабардор қилишга ҳам унинг томирида оқаётган “оқсуяк” қони йўл қўймагандир, балки. Бироқ… У умрининг нақ шомида турли йилларда, ҳар хил вазиятларда араб имлосида ёзилган юздан зиёд шеърларини – яшаб ўтган лаҳзаларини совурмасдан, битта дафтарга кирил ёзувида жамлайди. Шу тариқа оқиб кетган умрига – Қисматига сўнгги бора ўз ҳурматини бажо келтиради.

ТУЙҒУЛАРДАН ҲОФИЗГА АЙЛАНГАН КЎНГИЛ
Иқбол Қўшшаева
004

Ёдинг кўз ёшимда сузади ҳар он…
Ойбек

“…Сочида: Денгизнинг шовуллаган товушини тинглаймиз. Гоҳ сокин ўтириб, борлиқнинг шу мангу гўзаллигини кўнгилга соламиз, гоҳ тотли суҳбатдан ором оламиз.”
Зарифа Саидносирова

Булутсиз самодир кўзларинг — шаффоф,
Муҳаббат китобин ўқидим унда.
Танишдим, татиндим кундуз ва тунда
Дунёнинг севинчин, фараҳ, сурурин,
Кўзларингдан ичдим юлдузлар нурин.

Таниш… Жуда таниш ҳолат… Мен учун ҳам бу кўзлар бегона эмас, уларни ўқигандекман… фақат суратда. Ўшандаёқ муҳаббат китобини шаффоф нигоҳдангина уқиш мумкинлигини тушунгандек эдим. Бироқ бу мушкул савдо. Шаффоф кўзлар — ниҳоятда камёб ҳодиса. Бу нигоҳлар бир умр сенга тикилганини ҳис этиш эса икки дунёнгга арзигулик ноёб бахт! Гарчи сочга оқ ораласа-да, қалб илиқ хотираларни унутолмас экан, мана шу хотиралар ҳарорати ҳаётингдаги бўшлиқларни тўлдириб туради.

Юракка қуйилиб келаётган Зарифахонимнинг назмий эътирофи 1977 йилнинг 20 ноябрида ён дафтарга битилган… Айрим истеъдод эгалари бўлади, ҳарқанча уринсалар-да, ўзларининг шахсий сири — ҳаётига эгалик қилолмайдилар. Уларнинг ҳар бир лаҳзаси бора-бора умуммулкка, кечинмалари эса қадриятларга айланади. Қизиқ… ўзимиз билан бирга нафас олаётган қўшнимиз дард-дунёсини қалбимизга сиғдиролмаймиз-у, лекин, ҳеч истисноларсиз, Уларнинг изтироблари оқиб кириб, турғун дилимизни ўртайди. Нега? Гап фақат номдорликдагина эмас. Агар шундай бўлганида қадриятлар маскани бўлмиш кўнгилни бугун ўзини машҳур деб билган ҳар кимса чучмал даъвосини кўз-кўз қиладиган аллақандай кўзгуга айлантириб олган бўларди. Даврнинг шамолларига тебранмасдан қалбдаги гавҳарни ҳаёт тўзонларидан асраб ўтолган ҳар бир Шахс ўз “мен”ида минглаб “мен”лар тақдирини жойлай олгани учун ҳам, улар дунёси — азобу севинчи бутун инсониятга тегишлидир. Шундайлар ҳам яшайди: улар учун ҳаётнинг моҳияти бир умр қоронғи… “нимадир” бўлиши мумкинлиги, қалб етган манзилларга ақл ҳеч қачон етиб боролмаслиги хаёл кўчасидан бир бор бўлса-да ўтмайди…

Биз шу кунгача ўзбекнинг биринчи рассом қизи —маърифатпарвар Саидносирбойнинг фарзанди ҳақида кўп эшитганмиз; бир қанча авлодлар бу кимёгар олиманинг илмий ишларидан баҳраманд бўлиб улғайганини билардик; “Сўнгги дарвеш”имиз — Ойбегимизнинг хаста қалбига тиргак бўлган азамат Аёлни ҳам танир эдик; кейинчалик “Тошкент оқшомининг қуюқлаша бошлаган қоронғисида эндигина туғилган ойнинг нозик ўроқчаси булутлар денгизида аста оқар, ундан таралаётган бир тутам нур бизнинг қалбимизга шароб бўлиб қуюлмоқда эди. Бу шаробдан иккимиз маст эдик. У биринчи марта мени қўлтиқлаб олган, қадамларимизни билмадим-у, аммо юракларимиз баробар ураётгандек эди, шу топда…”, — дея воқеликни нозик мушоҳада этган адиба Зарифа Саидносировани ўқидик. Ўйладикки, у ўзининг теран ҳиссиётларга бой қалбини фақат шу мўъжаз китоб (“Ойбегим менинг”)шаклида бизга мерос қолдирган деб… Улғайган дард етовида юлдузлар изидан юрган бу Аёл — бугун биз ва фарзандлари учун ҳам руҳан бедор, таскинни табиат ўжарликларидан излаган, ундаги ҳар бир ҳодисани чуқур эҳтиром билан қабул қиладиган, туйғулари тиниқ шоирона қалб эгаси сифатида яна бир карра туғилди. Сиз тағин ўйлаётгандирсиз:“Ҳа, энди ўз эҳтиросларининг ёғида қоврилиб ётган, баҳор ҳавосини эслатадиган аёллар кайфиятининг мавҳум рангларидан иборат маҳдуд шеърият-да,” деб. Агар сиз унинг назм шаклидаги ўй-кечинмалари билан танишиб чиқсангиз, муайян бир жинс вакиласининг дидактикага мойил майин дийдиёларига эмас, балки мана шу жафокаш заминнинг бир аъзоси сифатида борлиққа назар ташлаб уни мушоҳада этаётган маърифатли Инсон иқрорларига дуч келасиз. Маърифатлилик истеъдодни кўз-кўз қилишдан ва бунинг оқибати бўлмиш абгорликдан асрайди. У бўлмаган жойда фаросатсизлик бошланади, оқибатда шўрлик истеъдод ичи бўм-бўш ноғорага ўхшаб қуруқ шовқинга айланади-қолади.

Зарифа опанинг қўлёзмаларини кўздан кечира туриб амин бўлдимки, унинг ўзи 1964 йилнинг 20 октябрида ёзилган бир шеърида айтганидек, “туйғулардан, ҳислардан ҳофизга айланган кўнгли” бир он бўлса-да тинмайди(ён дафтардаги шеърлар санаси 1917 йилдан –1980 йилгача).

Ҳайрат — гўзаллик билан гўзаллик учрашадиган оний лаҳза… Ахир, сара инсонларнинг мана шу ҳайрати эвазига бу хоксор заминда ҳаёт давом этмаяптимикан? Бироқ у ўз ҳайратини барчадан пинҳон тутади. Сабаб, катта Шоир имконияти қаршисида ўзини ожиз сезади. Қолаверса, у хотираларида “…туйғулар шошиб келганда, уларни тўсиш, бўғишга кўнглим бўлмайди”, деб ёзади. Ўшандагина, “ноиложликдан” қўлига қалам олади. Шунинг учун бўлса керак, шоира ўз соғинчи ҳақида гапирганда ёки табиатга мурожаат этганда, самовий хаёллар билан ўртанганда унинг эҳтиросларидан кўнглинг беихтиёр чексизликни туяди, гўёки бутун борлиғинг билан интиҳосизлик томон талпинасан…
Ойбекнинг ўзи ҳам ўзига қарата ёзилган бу ҳазин дардкашликдан бехабар бўлгандир, эҳтимол:

Айвондаги қўш кабутар
Хуш кўрингиз, бизлар меҳмон.
Азизимни — шоиримни
Бир хасталик йиқди пинҳон.
Тутқунларга сирдош, улфат
Кабутарлар, буюк шоир
Хасталикка бугун тутқун,
Дилкаш бўлинг, ҳоли оғир…

15 октябр, 1964.

Узр, мен шоирни “ҳазин дардкашликдан бехабар”, дея адашдим. Гарчи у сўзга кўчган ҳил-ҳил оғриқдан бехабар эса-да, кўзга айланиб кетган кўнгли билан Зарифаси руҳини акс эттириб турган нигоҳларидан, товушидаги туйғулар титроғидан бари-барисини биздан-да кўра чуқурроқ ҳис этган бўлиши аниқ. Зарифа ўз кечинмаларини жимжимадор оҳангга солиб шоирига ўқий олмаслигини ҳам самимият билан қабул қилади, чунки севмаган аёлгина карашмага зўр бериши унинг учун азалий ҳақиқат. Эътибор беринг: Зарифа опа Ойбек билан учрашиб юрган вақтларида кундалигида шундай ёзганди: “…Оҳ, менинг кичкина дафтарчам, нелар гаплашганимизни ёзгим келмайди. Шу вақтга қадар қайси бир руҳий ҳолатимни, нозик туйғуларимни тўла ёза олдим?.. Буларни сақлайдиган дафтар — қалбимнинг ўзи! Сен эса унинг кўлкасисан, холос”. Дарҳақиқат, қоғозга фикр-туйғуларнинг маълум бир шаклга кирган, сайқалланган нусхасигина тушади. Ёзув — изтиробнинг сояси, холос. Шу дамда туйғуларингдан кимнингдир кулаётганини сезсанг, айниқса, маҳбуб кулгиси — у билан ҳиссиётларинг орасидаги масофа олислигини, ҳеч қачон етиб боролмаслигини, унинг бегона эканини таъкидлайди, бу ҳолатда ўзингни кечиришинг қийин. Назаримда, шу сабаб ҳам унинг аёл қалби “Агар Ойбек бундай ночор сатрларни кўрганда, не деган бўларди? Кулармиди?” деган саволни бир неча бор ўзига беради. Ахир, сатрлар ортида юрак яширинган-да! Бу каби аёллар ҳар қанча оғир бўлмасин, бир умр ўз туйғуларини кўксига қамаб ўтиб кетишади. Сиртдан қараганда мантиқсизлик бўлиб кўринар, лекин ички ибо уни шу андишаларга, баъзан… йўқотишларга олиб бориши мумкин. Дарвоқе, ёш шоир унга: “Сен ниҳоят нозик табиатли, мураккаб қизсан… Мен шунинг учун ҳам севаман сени” деб айтган эди.

Севган севилмишда йўқолаётган ўзини топади. Балки замондошларимизга эриш туюлар, Лайли жамолини кўриб ҳушдан кетган Қайснинг Мажнун бўлиб уйғониши Шоир хаёлоти маҳсулигина эмас. Саргашта руҳ ўз маҳрамини танийди. Бу дийдорнинг нафсимизга қарам бўлган заиф тафаккуримиз етиб боролмайдиган не-не сўқмоқлари бор. Ёки “бир боқишда муҳаббат” ибораси ҳам сўзлашув луғатимизни бойитиш учун ўйлаб топилмаган. Фақат ўша дамда бу ҳолатни не деб номлашга гангийсан. Ойбек ва Зарифа дунёсини кўнглимдан ўтказа туриб кўҳна ҳақиқатга яна бир карра амин бўлдим: инсоннинг моҳияти унинг муҳаббатида акс этар экан. Ойбек ўзидек мунгли ошнаси ой билан дардлашиб, коинотдан нажот излайди:

Салом, эй Ой,
Мунгли эски дўст!
Боқ, тагимда яна
Ўша тақир пўст.
Ўша шамшод асо,
Ўша қамиш най…
Фақат ўзга ҳижрон,
Ўзга жон ва май.
Мажҳул саҳродамен,
Ой, бўл пир ва эш,
Ғояга эришсин
Бу сўнгги дарвеш!

Зарифа эса юрагидан мангуга жой олган юлдузлар воситасида фазога мурожаат этади:

Термуламан Чўлпон юлдузга,
Дейман, унда нелар бор экан?

Муҳими икковининг ҳам нигоҳи интиҳосиз кўкка тикилган. Менимча, уларнинг бемаҳал учрашмагани ва бир-бирини ўз вақтидаёқ таниб, умр бўйи бу мўъжизанинг масъулиятини сезиб ўтганликлари Тақдирнинг буюк туҳфаси бўлса керак. Йўқса, улар қисмати ҳам бахтсиз муҳаббат тарихини яна биттага бойитган бўлармиди? Бахт бахтсизлик сингари сурбет эмас, у ўзини айтмасдан, сездирмасдан келади. Ҳаёт ҳақиқати шуки, узоқ йил умргузаронлик қилиб ҳам ёнингдаги одамни танимай ўтиб кетишинг мумкин экан. Худди Андрей Вознесенский бир шеърида иқрор бўлганидек: “…ишқ-севгидан ичдик қасамлар… пойимда айланиб ўргилдинг минг бор …бирга узоқ яшадик, бироқ танимадинг сен мени зинҳор”.
Ойбекдек ҳассос инсонга олдинда ўзини кутиб турган чақиртиканакли йўллардан омон ўтиши учун ҳам бир ҳамоҳанг қалб зарур эди. Зарифа менга Ойбек кўнглидаги чексизликни, Ойбек эса Зарифа дунёсидаги теранликни уқтирар, ўзимча бир-биридан уларнинг ўзини топгандек бўламан… Беш асрдирки, Ҳазрат Навоийнинг муҳаббати биз учун савол. Унинг буюк кўнглини, орзу-хаёлларини фақат асарлари орқали уқишимиз мумкин. Агар Шоир ҳиссиёти билан бўйлаша оладиган Аёл кимлигини билганимизда ҳам биз даҳо юрагининг шу кунгача қоронғи бурчакларига мўралаб, ўзимиз учун Уни яна бир карра кашф этган бўлармидик? Балки, океаннинг бу соҳили лоқайд ер фуқаролари учун ўтиш мумкин бўлмаган, мангуга манъ этилган ҳудуддир. Шунинг ўзи ҳам Улуғ Шоир руҳияти қай даражада сирли эканини кўрсатади.

“…Ойбек токчадан “Турк адабиёти тарихи”ни олиб, ёстиққа ёнбошлади. Тавфиқ Фикрат, Яҳё Камол шеърларини ўқиркан, назаримда, ниҳоят мен ҳам у чертаётган танбур садоларига ҳамоҳанг ва ҳам жўр бўла бошлаган эдим’’. Мана шу ҳамоҳанглик, руҳан муштараклик, борлиқни биргаликда туйиш ҳисси, туйғу-изтироблар уйғунлиги, айнан ойбекона эҳтирос Зарифа Саидносирова шеърларидаги кўзга ялт этиб ташланадиган жиҳатдир.

…Севаман хаёлни, бандиман мангу,
Хаёллар забт этган бутун борлиғим.
Хаёллар булутдай олиб кетади,
Юлдузлар олами — кенг сайргоҳим.

Шаффоф само узра учди оқ булут,
Дилга тўлди ором, мен беҳуш шайдо.
Қуёш этагида эриди булут
Бўлди шунда ҳислар қуюни пайдо.

26 июн, 1973.

Нозиктаъб олим Иброҳим Ҳаққул “Ойбек самовий эҳтирослар мусаввири” деб бежиз айтмаганини шоир шеъриятидан хабардор шеърхонлар тушунади. Юқорида гувоҳ бўлганингиздек, хаёллар асирасига айланган аёлнинг сармаст кўнгли ҳам самовий ҳиссиётлар оғушида тентирайди. У бизга “Хаёллар денгизи мисли хазина” дея эътироф этган Ойбегимизни эслатади.

Хаёлим қўйнида ётган чоқларда
Ипакдай қўллари кўнглимни силар.
Ўзимни сезаман юксак тоғларда,
Ҳар нарса кўзимга секин сузилар…

Кипригимга алам қўнган онларда,
Хаёлим бўйнига қўлни ташлайман.
Жондан гўзалдир шу замонларда
Ёқут кўзларидан ўпа бошлайман.
Бир кулса узоқдан хаёллар гули,
Яшнайди шоирнинг шу тентак кўнгли.

Ойбек, 1928.

Ягона оламга айланиб кетган икки хаёлпараст кўнгилнинг бу шеърлари моҳиятан Чўлпоннинг “Хаёл, хаёл, ёлғиз хаёл гўзалдир, ҳақиқатнинг кўзларидан қўрқаман…” ҳикматга айланган мисрасидаги хавотир сирини шивирлайди. Саркаш хаёл эса ўз маконини қўл етмас чўққилардан излайди…

…Шамолдай учаман, ошиб булутга,
Кезаман, хаёлим — ўзга бир ўлка.

23 август,1973.

Фақат хаёл кўмагида кўзинг қорачиғини ичкарига қарата оласан. Кўнгилга шўнғиш санъатини эгаллаган одамнинггина нигоҳи Самога қарайди. Кўнгил қаърига ботиб Осмон калитини излаш, унинг борлиги ҳақида ўйлаш мумкин. Ишонаверинг, хаёл суриш қобилиятидан маҳрум кимса ҳақиқат билан ёлғон чегараларини фарқлолмай, уларнинг рангини танимасдан ўтиб кетади. Аслида бу дунёда улкан ҳақиқатларни айтган, мангу саволларга жавоб излаш ишқида ёнганларнинг бари оломон томонидан калака қилинган буюк хаёлпарастлардир. Айнан шуларгина ҳаёт ҳақиқатининг шафқатсизлигини, вафосиз ўйинларини ўзгалардан кўра кучлироқ туяди. Бироқ ўжар хоҳишга айланган ҳис олам ва одамни тоза кўриш орзусидан бир зум тинмайди. Дардга айланган мана шу дайди хаёллар инсонни санъаткорга айлантиради. Назаримда, Хаёл — Осмон билан Ерни бир-бирига боғлаб турган сирли-сеҳрли арқон-робита. Унинг ёрдамида келажак ўтмиш билан учрашади. Оллоҳ ўзининг бу бебеаҳо инъоми ёрдамида ҳам Ўзини биз — сарсонларга эслатиб турадигандек. Одатий ҳисоб-китобли, турмушнинг қуйқалари билан бежалган хира қиёфаларни, ҳафсалани пир қилар даражадаги кўнгилни чўктирадиган бўм-бўш сўник кўзларни кўравериб, баъзан табассум ортида изтиробнинг майин нурлари қалқиб чиққан ўйчан-хаёлчан, маъсум юзларни шу қадар соғинасанки…

Қирғоғи бўлмаган бу кенг муҳитда,
Ҳеч ором топмади бу кичик кема.
Тўлқинлар қаримас, кучи синмасми?
Бу кема манзилга етмасми, нега?..
Ўпқундан ўпқунга отади тўлқин,
Фақат чўпда қолдик, бузилди кема.
Бир чўп, бир хашак бўлиб қолса-да,
Кўрурсиз, манзилга элтар чўп — кема.

24 июл, 1937.

Шеър санасининг ўзиёқ бизга кўп нарсаларни айтиб турибди. Ўтган асрнинг машъум ўттиз еттинчи йилининг ёзи ўзбек маданияти учун ҳеч унутиб бўлмас даҳшатли туш эди. Миллатни “халқ душман”ларининг таъсиридан буткул “тозалаш” учун ваҳимали сўроқлар айни авжига чиққан… “Кичик кема” — Ойбек Чўлпон, Қодирийлар думи, Усмон Носирга хайрихоҳ одам сифатида таъқибга учраб, турмуш денгизининг шафқатсиз гирдобига тушиб қолган кезлар… Қай бир маънода давр югурдакларининг Ойбекка қўйган “айб”ларига асос ҳам бор. Чўлпон, Қодирийлар фақат Ойбекнинг ўзига эмас, балки унинг аёлига ҳам айрича ҳурмат билан қарашар, Элбек эса Зарифа Саидносированинг “Анорганик кимё” дарслигига муҳаррирлик қилган, оилалар ўртасида дўстона муносабат ҳам бўлган. Ҳабибулла Қодирий ўз хотираларида отасининг қуйидаги гапларини эслайди: “Ойбек Ленинградда ўқиган, САГУни тамомлаган, қобилиятли покиза олим. У ёш бўла туриб дорилфунунда дарс беради, бунинг устига шоир ҳам. Рафиқаси кимёгар олима, кимё дарслиги китобини ёзган. Лекин у, “мен олимаман” деб сира кибрланмайди, ўзини камтар тутади, эрини ҳурмат қилади”. Маҳбубасининг умид тўла нурли изтироблари шеърга кўчмасдан ўн икки йил олдин, бу долғали ҳаётнинг “ёш йўлчи”си шундай дея ўтинган эди:

…Қутурма, денгиз,
Ҳовлиқма, денгиз.
Кичик қайиқни
Ирғитма, денгиз…

Зарифа хонимнинг “ёзиш кераклиги учун” ёзилмаган, кўнгилдан тўкилган сатрлари бизга Шоир адабий хазинасининг давоми бўлиб кўринади. Иккаласининг ҳам сўнгги нафасига қадар асрай олган ҳайрати “муҳаббат — мангу маънавий ташналик”дир дея сўзлайди. Умрнинг товонни куйдирадиган даражадаги ўнқир-чўнқир йўлларидан катта туйғуларни қалбда олиб ўтишнинг сабаби, назаримда, ИШОНЧнинг дарз кетмаганлигидадир. Ноёб ҳодиса! Муҳаббат ўз кўксига бутун ҳаётни — борлиқни жойлайди. Унга бўлган ишончсизлик ҳаётга ишончнинг йўқолиши аслида. Туйғулари емирилган эркакка сиз аёлнинг муқаддаслиги ва ҳаётнинг улуғворлиги ҳақида ҳар қанча ваъз ўқиманг, барибир, олам унга бевафо аёл ишвасидек жилва қилаверади. Қалби вайрон бўлган аёл учун эса буларнинг бари эртак бўлиб туюлади, эртак бўлгандаям истеҳзога бой эртак.

Зарифа Саидносирова шеърияти — шоирлик даъвосидан мутлақ озод, бачкана шуҳратдан баланд турадиган соф лирика. Қолаверса, унинг ўзига хос эркин ва вазмин дунёси бизнинг ҳавойи хушомадларимизга муҳтож ҳам эмас. Фақат… бир ўкинчим.. Онам кўксига бош қўйганча, ундан эшитаётган эртаклар кўмагида эндигина дунёнинг ола-қуроқ рангларини кўра бошлаганимда У айтадиган сўзларини айтиб, бу дунёни тарк этиб кетган эди… Бугун эса, у билан қолдириб кетган мероси орқалигина сирлашиш имконига эгамиз, холос. Зарифа опа Ойбекни назарда тутиб “Ҳозир хотираларим уммонидан излайман уни”, деб ёзган эди. Энди эса унинг ўзини туйғулари уммонидан излаяпман. Таассуротларимга эрк бериб юбораётганимнинг боиси ҳам шунда бўлса керак. Баъзан ўтиб кетганлар гарчи биз билан мана шу ҳаводан нафас олишмаётган бўлишса-да, тириклардан кўра ҳаёт ҳақида, тириклик ҳақида сенга кўпроқ нарсаларни айтиб турадилар. Тириклар беролмаган таскинни улар берадилар. Шунинг учун қабристону музейларни ёлғиз зиёрат қилган афзал. У жойларда кузги япроқлардек узилай-узилай деб турган виждонинг яна яшаш учун ўзига куч йиғади… Қадам-бақадам сендан олислаётган ўтмиш қаршисида унсиз бош эгасан… Оёғинг тегиб турган мана шу думалоқ Ерда фаришталарга сирдош тутинганча, самовий тушунчалар билан яшаб ўтган сара Аёлларни ички хўрсиниқ билан қўмсайсан…

Сир тўла фазони оралаб учсам —
Етти қат самода мен — она бургут.
Юлдузлар, қуёшлар йўқдир саноғи,
Тўшимга сад бўлмас зўр карвон булут.

Дарёлар устида мен бир қалдирғоч,
Қанотим тўлқинни чақмоқдай урар.
Оҳ, нечук ҳузур бу, нечук бу нашъа!!!
Туйғулар тўфони қалбимни ёрар.

Зарифахонимнинг сўнгги шеъри… Ҳа, бу қайсар қисмат қудрати қаршисида бош эгмасликнинг сира иложи йўқ. Унинг таҳир шароби сархуш этганча қанот бағишлаб кўкка чорлайди, ўзининг мўъжизасига инонтиради. Шу боис яшаб ўтилган умр товон ўрнига фақат кўзёшларнигина эмас, изтироблардан ғолиб келган эҳтиромни ҳам сўрайди. Эҳтиром суратидаги бу ҳайрат гоҳ ердаги тубанликлардан олислаб кетган, етти қат самода парвоз этгувчи мағрур она-Бургутга айлантирса, гоҳ дарёлар — замонлар тўлқинини-да писанд этмаётган эрка қалдирғочга айлантиради. Озод руҳнинг бундай гўзал рақсига эса булутлар ҳам соя сололмас… Тошдек қаттиқ замин туйғуларни чиниқтиради, тоблайди, аксарият ҳолларда, ўзининг дағал кўксига урганча ҳисларни чилпарчин қилиб ташлайди. Фақат топталмаган ҳур кўнгилгина ўзининг азалий манзили чексиз сир сари — фазо томон талпинади. Бу навобахш қалб бир умр ҳиссиётлар ғалаёнини ўзининг қалин муқоваси ортига яшириб яшаган ҳеч тугатиб бўлмас китобга ўхшайди…

Инсон қалби оркестр куйлари остида ўз ҳалокатини қарши олган улкан “Титаник”ни ҳам эслатади: бари тугаётганини, фожиа муқаррарлигини билса-да, бахт ҳақидаги хаёлларидан, ҳаётий орзуларидан воз кечолмайди.

…Олима қўл билан ушлаб бўлмайдиган, тутқич бермас оний лаҳзалар ҳаяжонини илғаш орқали ўзининг ички оламини мангуга муҳрлаган. Бугун биз ўқиётган бу шеърлар ҳақида бировга айтишга, ҳатто болаларини-да хабардор қилишга ҳам унинг томирида оқаётган “оқсуяк” қони йўл қўймагандир, балки. Бироқ… У умрининг нақ шомида турли йилларда, ҳар хил вазиятларда араб имлосида ёзилган юздан зиёд шеърларини — яшаб ўтган лаҳзаларини совурмасдан, битта дафтарга кирил ёзувида жамлайди. Шу тариқа оқиб кетган умрига — Қисматга сўнгги бора ўз ҳурматини бажо келтиради.

…Ўй-хаёлларни жиловлаш илинжида ёзувларимга нуқта қўймоқчи бўламан, бироқ… оқчарлоқларни умримда ҳеч кўрмаганман, лекин уларни танийман… Айниқса, Ричард Бахнинг “Оқчарлоқ”лари эрта тонгдан қулоғим остида тинмай чуғурлаб оромимни ўғирлайди…

“Сен тасаввур қиласанми: яшашдан мақсад — қорин тўйғазиш, озуқа талашиб жанжаллашиш ёки Тўдага ҳоким бўламан деб куйиб-пишишдан иборат эмаслигини англаб етиш учун ҳар қайсимиз нечта умрни яшаб кўришимиз лозим бўлар экан?..”

Манба: “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2008 йил.

045 Zarifa opaning qo’lyozmalarini ko’zdan kechira turib amin bo’ldimki, uning o’zi 1964 yilning 20 oktyabrida yozilgan bir she’rida aytganidek, “tuyg’ulardan, hislardan hofizga aylangan ko’ngli” bir on bo’lsa-da tinmaydi(yon daftardagi she’rlar sanasi 1917 yildan –1980 yilgacha).

TUYG’ULARDAN HOFIZGA AYLANGAN KO’NGIL
Iqbol Qo’shshaeva
004

Yoding ko’z yoshimda suzadi har on…
Oybek

“…Sochida: Dengizning shovullagan tovushini tinglaymiz. Goh sokin o’tirib, borliqning shu mangu go’zalligini ko’ngilga solamiz, goh totli suhbatdan orom olamiz.”
Zarifa Saidnosirova

Bulutsiz samodir ko’zlaring — shaffof,
Muhabbat kitobin o’qidim unda.
Tanishdim, tatindim kunduz va tunda
Dunyoning sevinchin, farah, sururin,
Ko’zlaringdan ichdim yulduzlar nurin.

Tanish… Juda tanish holat… Men uchun ham bu ko’zlar begona emas, ularni o’qigandekman… faqat suratda. O’shandayoq muhabbat kitobini shaffof nigohdangina uqish mumkinligini tushungandek edim. Biroq bu mushkul savdo. Shaffof ko’zlar — nihoyatda kamyob hodisa. Bu nigohlar bir umr senga tikilganini his etish esa ikki dunyongga arzigulik noyob baxt! Garchi sochga oq oralasa-da, qalb iliq xotiralarni unutolmas ekan, mana shu xotiralar harorati hayotingdagi bo’shliqlarni to’ldirib turadi.

Yurakka quyilib kelayotgan Zarifaxonimning nazmiy e’tirofi 1977 yilning 20 noyabrida yon daftarga bitilgan… Ayrim iste’dod egalari bo’ladi, harqancha urinsalar-da, o’zlarining shaxsiy siri — hayotiga egalik qilolmaydilar. Ularning har bir lahzasi bora-bora umummulkka, kechinmalari esa qadriyatlarga aylanadi. Qiziq… o’zimiz bilan birga nafas olayotgan qo’shnimiz dard-dunyosini qalbimizga sig’dirolmaymiz-u, lekin, hech istisnolarsiz, Ularning iztiroblari oqib kirib, turg’un dilimizni o’rtaydi. Nega? Gap faqat nomdorlikdagina emas. Agar shunday bo’lganida qadriyatlar maskani bo’lmish ko’ngilni bugun o’zini mashhur deb bilgan har kimsa chuchmal da’vosini ko’z-ko’z qiladigan allaqanday ko’zguga aylantirib olgan bo’lardi. Davrning shamollariga tebranmasdan qalbdagi gavharni hayot to’zonlaridan asrab o’tolgan har bir Shaxs o’z “men”ida minglab “men”lar taqdirini joylay olgani uchun ham, ular dunyosi — azobu sevinchi butun insoniyatga tegishlidir. Shundaylar ham yashaydi: ular uchun hayotning mohiyati bir umr qorong’i… “nimadir” bo’lishi mumkinligi, qalb yetgan manzillarga aql hech qachon yetib borolmasligi xayol ko’chasidan bir bor bo’lsa-da o’tmaydi…

Biz shu kungacha o’zbekning birinchi rassom qizi —ma’rifatparvar Saidnosirboyning farzandi haqida ko’p eshitganmiz; bir qancha avlodlar bu kimyogar olimaning ilmiy ishlaridan bahramand bo’lib ulg’ayganini bilardik; “So’nggi darvesh”imiz — Oybegimizning xasta qalbiga tirgak bo’lgan azamat Ayolni ham tanir edik; keyinchalik “Toshkent oqshomining quyuqlasha boshlagan qorong’isida endigina tug’ilgan oyning nozik o’roqchasi bulutlar dengizida asta oqar, undan taralayotgan bir tutam nur bizning qalbimizga sharob bo’lib quyulmoqda edi. Bu sharobdan ikkimiz mast edik. U birinchi marta meni qo’ltiqlab olgan, qadamlarimizni bilmadim-u, ammo yuraklarimiz barobar urayotgandek edi, shu topda…”, — deya voqelikni nozik mushohada etgan adiba Zarifa Saidnosirovani o’qidik. O’yladikki, u o’zining teran hissiyotlarga boy qalbini faqat shu mo»jaz kitob (“Oybegim mening”)shaklida bizga meros qoldirgan deb… Ulg’aygan dard yetovida yulduzlar izidan yurgan bu Ayol — bugun biz va farzandlari uchun ham ruhan bedor, taskinni tabiat o’jarliklaridan izlagan, undagi har bir hodisani chuqur ehtirom bilan qabul qiladigan, tuyg’ulari tiniq shoirona qalb egasi sifatida yana bir karra tug’ildi. Siz tag’in o’ylayotgandirsiz:“Ha, endi o’z ehtiroslarining yog’ida qovrilib yotgan, bahor havosini eslatadigan ayollar kayfiyatining mavhum ranglaridan iborat mahdud she’riyat-da,” deb. Agar siz uning nazm shaklidagi o’y-kechinmalari bilan tanishib chiqsangiz, muayyan bir jins vakilasining didaktikaga moyil mayin diydiyolariga emas, balki mana shu jafokash zaminning bir a’zosi sifatida borliqqa nazar tashlab uni mushohada etayotgan ma’rifatli Inson iqrorlariga duch kelasiz. Ma’rifatlilik iste’dodni ko’z-ko’z qilishdan va buning oqibati bo’lmish abgorlikdan asraydi. U bo’lmagan joyda farosatsizlik boshlanadi, oqibatda sho’rlik iste’dod ichi bo’m-bo’sh nog’oraga o’xshab quruq shovqinga aylanadi-qoladi.

Zarifa opaning qo’lyozmalarini ko’zdan kechira turib amin bo’ldimki, uning o’zi 1964 yilning 20 oktyabrida yozilgan bir she’rida aytganidek, “tuyg’ulardan, hislardan hofizga aylangan ko’ngli” bir on bo’lsa-da tinmaydi(yon daftardagi she’rlar sanasi 1917 yildan –1980 yilgacha).

Hayrat — go’zallik bilan go’zallik uchrashadigan oniy lahza… Axir, sara insonlarning mana shu hayrati evaziga bu xoksor zaminda hayot davom etmayaptimikan? Biroq u o’z hayratini barchadan pinhon tutadi. Sabab, katta Shoir imkoniyati qarshisida o’zini ojiz sezadi. Qolaversa, u xotiralarida “…tuyg’ular shoshib kelganda, ularni to’sish, bo’g’ishga ko’nglim bo’lmaydi”, deb yozadi. O’shandagina, “noilojlikdan” qo’liga qalam oladi. Shuning uchun bo’lsa kerak, shoira o’z sog’inchi haqida gapirganda yoki tabiatga murojaat etganda, samoviy xayollar bilan o’rtanganda uning ehtiroslaridan ko’ngling beixtiyor cheksizlikni tuyadi, go’yoki butun borlig’ing bilan intihosizlik tomon talpinasan…
Oybekning o’zi ham o’ziga qarata yozilgan bu hazin dardkashlikdan bexabar bo’lgandir, ehtimol:

Ayvondagi qo’sh kabutar
Xush ko’ringiz, bizlar mehmon.
Azizimni — shoirimni
Bir xastalik yiqdi pinhon.
Tutqunlarga sirdosh, ulfat
Kabutarlar, buyuk shoir
Xastalikka bugun tutqun,
Dilkash bo’ling, holi og’ir…

15 oktyabr, 1964.

Uzr, men shoirni “hazin dardkashlikdan bexabar”, deya adashdim. Garchi u so’zga ko’chgan hil-hil og’riqdan bexabar esa-da, ko’zga aylanib ketgan ko’ngli bilan Zarifasi ruhini aks ettirib turgan nigohlaridan, tovushidagi tuyg’ular titrog’idan bari-barisini bizdan-da ko’ra chuqurroq his etgan bo’lishi aniq. Zarifa o’z kechinmalarini jimjimador ohangga solib shoiriga o’qiy olmasligini ham samimiyat bilan qabul qiladi, chunki sevmagan ayolgina karashmaga zo’r berishi uning uchun azaliy haqiqat. E’tibor bering: Zarifa opa Oybek bilan uchrashib yurgan vaqtlarida kundaligida shunday yozgandi: “…Oh, mening kichkina daftarcham, nelar gaplashganimizni yozgim kelmaydi. Shu vaqtga qadar qaysi bir ruhiy holatimni, nozik tuyg’ularimni to’la yoza oldim?.. Bularni saqlaydigan daftar — qalbimning o’zi! Sen esa uning ko’lkasisan, xolos”. Darhaqiqat, qog’ozga fikr-tuyg’ularning ma’lum bir shaklga kirgan, sayqallangan nusxasigina tushadi. Yozuv — iztirobning soyasi, xolos. Shu damda tuyg’ularingdan kimningdir kulayotganini sezsang, ayniqsa, mahbub kulgisi — u bilan hissiyotlaring orasidagi masofa olisligini, hech qachon yetib borolmasligini, uning begona ekanini ta’kidlaydi, bu holatda o’zingni kechirishing qiyin. Nazarimda, shu sabab ham uning ayol qalbi “Agar Oybek bunday nochor satrlarni ko’rganda, ne degan bo’lardi? Kularmidi?” degan savolni bir necha bor o’ziga beradi. Axir, satrlar ortida yurak yashiringan-da! Bu kabi ayollar har qancha og’ir bo’lmasin, bir umr o’z tuyg’ularini ko’ksiga qamab o’tib ketishadi. Sirtdan qaraganda mantiqsizlik bo’lib ko’rinar, lekin ichki ibo uni shu andishalarga, ba’zan… yo’qotishlarga olib borishi mumkin. Darvoqe, yosh shoir unga: “Sen nihoyat nozik tabiatli, murakkab qizsan… Men shuning uchun ham sevaman seni” deb aytgan edi.

Sevgan sevilmishda yo’qolayotgan o’zini topadi. Balki zamondoshlarimizga erish tuyular, Layli jamolini ko’rib hushdan ketgan Qaysning Majnun bo’lib uyg’onishi Shoir xayoloti mahsuligina emas. Sargashta ruh o’z mahramini taniydi. Bu diydorning nafsimizga qaram bo’lgan zaif tafakkurimiz yetib borolmaydigan ne-ne so’qmoqlari bor. Yoki “bir boqishda muhabbat” iborasi ham so’zlashuv lug’atimizni boyitish uchun o’ylab topilmagan. Faqat o’sha damda bu holatni ne deb nomlashga gangiysan. Oybek va Zarifa dunyosini ko’nglimdan o’tkaza turib ko’hna haqiqatga yana bir karra amin bo’ldim: insonning mohiyati uning muhabbatida aks etar ekan. Oybek o’zidek mungli oshnasi oy bilan dardlashib, koinotdan najot izlaydi:

Salom, ey Oy,
Mungli eski do’st!
Boq, tagimda yana
O’sha taqir po’st.
O’sha shamshod aso,
O’sha qamish nay…
Faqat o’zga hijron,
O’zga jon va may.
Majhul sahrodamen,
Oy, bo’l pir va esh,
G’oyaga erishsin
Bu so’nggi darvesh!

Zarifa esa yuragidan manguga joy olgan yulduzlar vositasida fazoga murojaat etadi:

Termulaman Cho’lpon yulduzga,
Deyman, unda nelar bor ekan?

Muhimi ikkovining ham nigohi intihosiz ko’kka tikilgan. Menimcha, ularning bemahal uchrashmagani va bir-birini o’z vaqtidayoq tanib, umr bo’yi bu mo»jizaning mas’uliyatini sezib o’tganliklari Taqdirning buyuk tuhfasi bo’lsa kerak. Yo’qsa, ular qismati ham baxtsiz muhabbat tarixini yana bittaga boyitgan bo’larmidi? Baxt baxtsizlik singari surbet emas, u o’zini aytmasdan, sezdirmasdan keladi. Hayot haqiqati shuki, uzoq yil umrguzaronlik qilib ham yoningdagi odamni tanimay o’tib ketishing mumkin ekan. Xuddi Andrey Voznesenskiy bir she’rida iqror bo’lganidek: “…ishq-sevgidan ichdik qasamlar… poyimda aylanib o’rgilding ming bor …birga uzoq yashadik, biroq tanimading sen meni zinhor”.
Oybekdek hassos insonga oldinda o’zini kutib turgan chaqirtikanakli yo’llardan omon o’tishi uchun ham bir hamohang qalb zarur edi. Zarifa menga Oybek ko’nglidagi cheksizlikni, Oybek esa Zarifa dunyosidagi teranlikni uqtirar, o’zimcha bir-biridan ularning o’zini topgandek bo’laman… Besh asrdirki, Hazrat Navoiyning muhabbati biz uchun savol. Uning buyuk ko’nglini, orzu-xayollarini faqat asarlari orqali uqishimiz mumkin. Agar Shoir hissiyoti bilan bo’ylasha oladigan Ayol kimligini bilganimizda ham biz daho yuragining shu kungacha qorong’i burchaklariga mo’ralab, o’zimiz uchun Uni yana bir karra kashf etgan bo’larmidik? Balki, okeanning bu sohili loqayd yer fuqarolari uchun o’tish mumkin bo’lmagan, manguga man’ etilgan hududdir. Shuning o’zi ham Ulug’ Shoir ruhiyati qay darajada sirli ekanini ko’rsatadi.

“…Oybek tokchadan “Turk adabiyoti tarixi”ni olib, yostiqqa yonboshladi. Tavfiq Fikrat, Yahyo Kamol she’rlarini o’qirkan, nazarimda, nihoyat men ham u chertayotgan tanbur sadolariga hamohang va ham jo’r bo’la boshlagan edim’’. Mana shu hamohanglik, ruhan mushtaraklik, borliqni birgalikda tuyish hissi, tuyg’u-iztiroblar uyg’unligi, aynan oybekona ehtiros Zarifa Saidnosirova she’rlaridagi ko’zga yalt etib tashlanadigan jihatdir.

…Sevaman xayolni, bandiman mangu,
Xayollar zabt etgan butun borlig’im.
Xayollar bulutday olib ketadi,
Yulduzlar olami — keng sayrgohim.

Shaffof samo uzra uchdi oq bulut,
Dilga to’ldi orom, men behush shaydo.
Quyosh etagida eridi bulut
Bo’ldi shunda hislar quyuni paydo.

26 iyun, 1973.

Nozikta’b olim Ibrohim Haqqul “Oybek samoviy ehtiroslar musavviri” deb bejiz aytmaganini shoir she’riyatidan xabardor she’rxonlar tushunadi. Yuqorida guvoh bo’lganingizdek, xayollar asirasiga aylangan ayolning sarmast ko’ngli ham samoviy hissiyotlar og’ushida tentiraydi. U bizga “Xayollar dengizi misli xazina” deya e’tirof etgan Oybegimizni eslatadi.

Xayolim qo’ynida yotgan choqlarda
Ipakday qo’llari ko’nglimni silar.
O’zimni sezaman yuksak tog’larda,
Har narsa ko’zimga sekin suzilar…

Kiprigimga alam qo’ngan onlarda,
Xayolim bo’yniga qo’lni tashlayman.
Jondan go’zaldir shu zamonlarda
Yoqut ko’zlaridan o’pa boshlayman.
Bir kulsa uzoqdan xayollar guli,
Yashnaydi shoirning shu tentak ko’ngli.

Oybek, 1928.

Yagona olamga aylanib ketgan ikki xayolparast ko’ngilning bu she’rlari mohiyatan Cho’lponning “Xayol, xayol, yolg’iz xayol go’zaldir, haqiqatning ko’zlaridan qo’rqaman…” hikmatga aylangan misrasidagi xavotir sirini shivirlaydi. Sarkash xayol esa o’z makonini qo’l yetmas cho’qqilardan izlaydi…

…Shamolday uchaman, oshib bulutga,
Kezaman, xayolim — o’zga bir o’lka.

23 avgust,1973.

Faqat xayol ko’magida ko’zing qorachig’ini ichkariga qarata olasan. Ko’ngilga sho’ng’ish san’atini egallagan odamninggina nigohi Samoga qaraydi. Ko’ngil qa’riga botib Osmon kalitini izlash, uning borligi haqida o’ylash mumkin. Ishonavering, xayol surish qobiliyatidan mahrum kimsa haqiqat bilan yolg’on chegaralarini farqlolmay, ularning rangini tanimasdan o’tib ketadi. Aslida bu dunyoda ulkan haqiqatlarni aytgan, mangu savollarga javob izlash ishqida yonganlarning bari olomon tomonidan kalaka qilingan buyuk xayolparastlardir. Aynan shulargina hayot haqiqatining shafqatsizligini, vafosiz o’yinlarini o’zgalardan ko’ra kuchliroq tuyadi. Biroq o’jar xohishga aylangan his olam va odamni toza ko’rish orzusidan bir zum tinmaydi. Dardga aylangan mana shu daydi xayollar insonni san’atkorga aylantiradi. Nazarimda, Xayol — Osmon bilan Yerni bir-biriga bog’lab turgan sirli-sehrli arqon-robita. Uning yordamida kelajak o’tmish bilan uchrashadi. Olloh o’zining bu bebeaho in’omi yordamida ham O’zini biz — sarsonlarga eslatib turadigandek. Odatiy hisob-kitobli, turmushning quyqalari bilan bejalgan xira qiyofalarni, hafsalani pir qilar darajadagi ko’ngilni cho’ktiradigan bo’m-bo’sh so’nik ko’zlarni ko’raverib, ba’zan tabassum ortida iztirobning mayin nurlari qalqib chiqqan o’ychan-xayolchan, ma’sum yuzlarni shu qadar sog’inasanki…

Qirg’og’i bo’lmagan bu keng muhitda,
Hech orom topmadi bu kichik kema.
To’lqinlar qarimas, kuchi sinmasmi?
Bu kema manzilga yetmasmi, nega?..
O’pqundan o’pqunga otadi to’lqin,
Faqat cho’pda qoldik, buzildi kema.
Bir cho’p, bir xashak bo’lib qolsa-da,
Ko’rursiz, manzilga eltar cho’p — kema.

24 iyul, 1937.

She’r sanasining o’ziyoq bizga ko’p narsalarni aytib turibdi. O’tgan asrning mash’um o’ttiz yettinchi yilining yozi o’zbek madaniyati uchun hech unutib bo’lmas dahshatli tush edi. Millatni “xalq dushman”larining ta’siridan butkul “tozalash” uchun vahimali so’roqlar ayni avjiga chiqqan… “Kichik kema” — Oybek Cho’lpon, Qodiriylar dumi, Usmon Nosirga xayrixoh odam sifatida ta’qibga uchrab, turmush dengizining shafqatsiz girdobiga tushib qolgan kezlar… Qay bir ma’noda davr yugurdaklarining Oybekka qo’ygan “ayb”lariga asos ham bor. Cho’lpon, Qodiriylar faqat Oybekning o’ziga emas, balki uning ayoliga ham ayricha hurmat bilan qarashar, Elbek esa Zarifa Saidnosirovaning “Anorganik kimyo” darsligiga muharrirlik qilgan, oilalar o’rtasida do’stona munosabat ham bo’lgan. Habibulla Qodiriy o’z xotiralarida otasining quyidagi gaplarini eslaydi: “Oybek Leningradda o’qigan, SAGUni tamomlagan, qobiliyatli pokiza olim. U yosh bo’la turib dorilfununda dars beradi, buning ustiga shoir ham. Rafiqasi kimyogar olima, kimyo darsligi kitobini yozgan. Lekin u, “men olimaman” deb sira kibrlanmaydi, o’zini kamtar tutadi, erini hurmat qiladi”. Mahbubasining umid to’la nurli iztiroblari she’rga ko’chmasdan o’n ikki yil oldin, bu dolg’ali hayotning “yosh yo’lchi”si shunday deya o’tingan edi:

…Quturma, dengiz,
Hovliqma, dengiz.
Kichik qayiqni
Irg’itma, dengiz…

Zarifa xonimning “yozish kerakligi uchun” yozilmagan, ko’ngildan to’kilgan satrlari bizga Shoir adabiy xazinasining davomi bo’lib ko’rinadi. Ikkalasining ham so’nggi nafasiga qadar asray olgan hayrati “muhabbat — mangu ma’naviy tashnalik”dir deya so’zlaydi. Umrning tovonni kuydiradigan darajadagi o’nqir-cho’nqir yo’llaridan katta tuyg’ularni qalbda olib o’tishning sababi, nazarimda, ISHONChning darz ketmaganligidadir. Noyob hodisa! Muhabbat o’z ko’ksiga butun hayotni — borliqni joylaydi. Unga bo’lgan ishonchsizlik hayotga ishonchning yo’qolishi aslida. Tuyg’ulari yemirilgan erkakka siz ayolning muqaddasligi va hayotning ulug’vorligi haqida har qancha va’z o’qimang, baribir, olam unga bevafo ayol ishvasidek jilva qilaveradi. Qalbi vayron bo’lgan ayol uchun esa bularning bari ertak bo’lib tuyuladi, ertak bo’lgandayam istehzoga boy ertak.

Zarifa Saidnosirova she’riyati — shoirlik da’vosidan mutlaq ozod, bachkana shuhratdan baland turadigan sof lirika. Qolaversa, uning o’ziga xos erkin va vazmin dunyosi bizning havoyi xushomadlarimizga muhtoj ham emas. Faqat… bir o’kinchim.. Onam ko’ksiga bosh qo’ygancha, undan eshitayotgan ertaklar ko’magida endigina dunyoning ola-quroq ranglarini ko’ra boshlaganimda U aytadigan so’zlarini aytib, bu dunyoni tark etib ketgan edi… Bugun esa, u bilan qoldirib ketgan merosi orqaligina sirlashish imkoniga egamiz, xolos. Zarifa opa Oybekni nazarda tutib “Hozir xotiralarim ummonidan izlayman uni”, deb yozgan edi. Endi esa uning o’zini tuyg’ulari ummonidan izlayapman. Taassurotlarimga erk berib yuborayotganimning boisi ham shunda bo’lsa kerak. Ba’zan o’tib ketganlar garchi biz bilan mana shu havodan nafas olishmayotgan bo’lishsa-da, tiriklardan ko’ra hayot haqida, tiriklik haqida senga ko’proq narsalarni aytib turadilar. Tiriklar berolmagan taskinni ular beradilar. Shuning uchun qabristonu muzeylarni yolg’iz ziyorat qilgan afzal. U joylarda kuzgi yaproqlardek uzilay-uzilay deb turgan vijdoning yana yashash uchun o’ziga kuch yig’adi… Qadam-baqadam sendan olislayotgan o’tmish qarshisida unsiz bosh egasan… Oyog’ing tegib turgan mana shu dumaloq Yerda farishtalarga sirdosh tutingancha, samoviy tushunchalar bilan yashab o’tgan sara Ayollarni ichki xo’rsiniq bilan qo’msaysan…

Sir to’la fazoni oralab uchsam —
Yetti qat samoda men — ona burgut.
Yulduzlar, quyoshlar yo’qdir sanog’i,
To’shimga sad bo’lmas zo’r karvon bulut.

Daryolar ustida men bir qaldirg’och,
Qanotim to’lqinni chaqmoqday urar.
Oh, nechuk huzur bu, nechuk bu nash’a!!!
Tuyg’ular to’foni qalbimni yorar.

Zarifaxonimning so’nggi she’ri… Ha, bu qaysar qismat qudrati qarshisida bosh egmaslikning sira iloji yo’q. Uning tahir sharobi sarxush etgancha qanot bag’ishlab ko’kka chorlaydi, o’zining mo»jizasiga inontiradi. Shu bois yashab o’tilgan umr tovon o’rniga faqat ko’zyoshlarnigina emas, iztiroblardan g’olib kelgan ehtiromni ham so’raydi. Ehtirom suratidagi bu hayrat goh yerdagi tubanliklardan olislab ketgan, yetti qat samoda parvoz etguvchi mag’rur ona-Burgutga aylantirsa, goh daryolar — zamonlar to’lqinini-da pisand etmayotgan erka qaldirg’ochga aylantiradi. Ozod ruhning bunday go’zal raqsiga esa bulutlar ham soya sololmas… Toshdek qattiq zamin tuyg’ularni chiniqtiradi, toblaydi, aksariyat hollarda, o’zining dag’al ko’ksiga urgancha hislarni chilparchin qilib tashlaydi. Faqat toptalmagan hur ko’ngilgina o’zining azaliy manzili cheksiz sir sari — fazo tomon talpinadi. Bu navobaxsh qalb bir umr hissiyotlar g’alayonini o’zining qalin muqovasi ortiga yashirib yashagan hech tugatib bo’lmas kitobga o’xshaydi…

Inson qalbi orkestr kuylari ostida o’z halokatini qarshi olgan ulkan “Titanik”ni ham eslatadi: bari tugayotganini, fojia muqarrarligini bilsa-da, baxt haqidagi xayollaridan, hayotiy orzularidan voz kecholmaydi.

…Olima qo’l bilan ushlab bo’lmaydigan, tutqich bermas oniy lahzalar hayajonini ilg’ash orqali o’zining ichki olamini manguga muhrlagan. Bugun biz o’qiyotgan bu she’rlar haqida birovga aytishga, hatto bolalarini-da xabardor qilishga ham uning tomirida oqayotgan “oqsuyak” qoni yo’l qo’ymagandir, balki. Biroq… U umrining naq shomida turli yillarda, har xil vaziyatlarda arab imlosida yozilgan yuzdan ziyod she’rlarini — yashab o’tgan lahzalarini sovurmasdan, bitta daftarga kiril yozuvida jamlaydi. Shu tariqa oqib ketgan umriga — Qismatga so’nggi bora o’z hurmatini bajo keltiradi.

…O’y-xayollarni jilovlash ilinjida yozuvlarimga nuqta qo’ymoqchi bo’laman, biroq… oqcharloqlarni umrimda hech ko’rmaganman, lekin ularni taniyman… Ayniqsa, Richard Baxning “Oqcharloq”lari erta tongdan qulog’im ostida tinmay chug’urlab oromimni o’g’irlaydi…

“Sen tasavvur qilasanmi: yashashdan maqsad — qorin to’yg’azish, ozuqa talashib janjallashish yoki To’daga hokim bo’laman deb kuyib-pishishdan iborat emasligini anglab yetish uchun har qaysimiz nechta umrni yashab ko’rishimiz lozim bo’lar ekan?..”

Manba: “O’zbekiston adabiyoti va san’ati” gazetasi, 2008 yil.

хдк

(Tashriflar: umumiy 1 999, bugungi 1)

1 izoh

  1. Ижодкор ва мунаққид фитратан бир-бирига мутаносиб бўлганда мана шундай инжа таҳлиллар туғилади. Бундай таҳлиллар сирга кўмилган тоғлар бағридан шундоғам оқиб келаётган баҳор исларини кучлироқ уфургувчи сарин елларга ўхшайди…

Izoh qoldiring