Bahodir Yo’ldoshev: Spektakl olqish uchun qo’yilmaydi & Xurshid Davron. Akam va do’stim edi…

Ashampoo_Snap_2017.08.24_15h24m55s_004_.png  7 сентябрь — таниқли режиссёр Баҳодир Йўлдошев таваллуд топган кун

    Таниқли режиссёр Баҳодир Йўлдошев (1945-2021) билан мени узоқ йиллик ижодий ҳамкорлик боғлаб туради. Баҳодир ака,том маънода, менинг ҳаётдаги ва ижоддаги маънавий устозларимдан бири. Бизнинг муносабатларимиз  ака-уканинг муносабатига айланиб кетган. Бир суҳбатда Баҳодир ака мени энг яқин дўстлари қаторида санаган ва бу ҳаётимдаги энг қувончли лаҳза эди.

Узоқ йиллар уйсиз-жойсиз қолганимда театрда, Баҳодир аканинг кабинетида ётиб юрганман. қарайиб 20 йилга яқин Халқаро «Шарқ тароналари» мусиқа фестивалини бирга тайёрлаймиз. Ҳатто шу фестиваль учун тайёрлаган «Буюк Ипак йўли» Парижнинг машҳур театри «Одеон»да қўйилган ва мен ўзим спектакл якунида ЮНЕСКО таклифи билан тамоша келган юздан ортиқ мамалакат вакиллари ярим соат давомида қарсак чалиб, Баҳодир ака ва спектаклда иштирок қилган ўзбек санъаткорларини олқишлаганига гувоҳ бўлганман.

0777Баҳодир ака билан Мирзо Улуғбекнинг 600 йиллиги,Амир Темурнинг 660 йиллиги,Бухоро шаҳрининг 2700 йиллиги,Самарқанд шаҳрининг 2750 йиллигига бағишлаб тайёрланган театрлаштирилган томошаларни тайёрлашда сценарий муаллифи сифатида иштирок этганим билан фахрланаман (Суратда: Баҳодир Йўлдошев, машҳур театр рассоми Георгий Брим, шоир Хуршид Даврон. Самарқанд, 1996 йил).

Кейинчалик Баҳодир Йўлдошев раҳбарлигида Мирзо Бобурга бағишланган «Соғинч», Мирзо Улуғбекка бағишланган «Алғул» пъесаларини ёздим,уларнинг биринчиси Муқимий театрида саҳналаштирилди,иккинчиси телевизион спектакл ва радиоспектакл тарзида таёрланиб,тақдим этилди.

Бу ажойиб инсон ва истеъдодли ижодкордан,талабчан акадан бир умр миннатдорман.

Хуршид Даврон

 

СПЕКТАКЛЬ ОЛҚИШ УЧУН ҚЎЙИЛМАЙДИ…
Баҳодир Йўлдошев билан суҳбат
Суҳбатдош: Иқбол Қўшшаева

01

  48874474.jpg  Бир вақтлар ўзбек театр санъатининг дарғаларидан бири Тошхўжа Хўжаев ўзининг ворисига “Дунёда касблар кўп. Уларнинг кўпи инсонга шон-шуҳрат, бойлик, обрў келтиради. Лекин режиссёрлик касби бошқача. Бу тинимсиз машаққатли меҳнат ва ҳар бир спектаклда ўзингни кашф қилишдир…” деб бежиз айтмаганини йиллар исботлади.

Баҳодир Йўлдошев!.. Бу ном таниш бўлган ҳар бир кишининг шууридан бир-биридан зиддиятли ўй-фикрлар ўтиши табиий. Инкор қилиб бўлмайдиган ҳақиқат шундаки, ўзбек театрининг қарийб қирқ йиллик тарихига оид жараёнлар доирасимон бўлиб шу сиймо атрофида айланади. Нафақат ўрта ёшдаги ва ундан каттароқ авлод вакиллари бўлмиш таниқли актёрлар ижодини, балки сирларга бой театр дунёсининг эртанги тақдирини ҳам бу қиёфадан айро тасаввур қилиш мушкул.

Режиссёр билан суҳбатимиз эса у кишининг самимий оҳангда айтилган эътирозидан бошланди:

— Агар сизни қизиқтираётган бўлса, майли дарсларимга кириб туринг. Лекин мен ҳақимда газетада бирор нарса ёзишингиз шартмикин? Мана, қанчадан-қанча режиссёрлар бор, ўшалар ҳақида ёзинг, улар хурсанд бўлишади, сиз ҳам қийналмайсиз. Ҳолбуки, менда ҳеч қандай ижод йўқ.

— Нега? “Искандар”, “Қора камар”, “Ўн учинчи раис”, “Юлдузли тунлар”… Булар нима ахир?

— Буларнинг бари аллақачон ўтиб бўлган. Режиссёр учун спектакллар фақат репетиция давридагина яшайди. Репетиция режиссёрнинг умрига умр қўшади, муҳокамалар эса умрни қирқади. Гарчи премьералар ҳам репетиция ҳисобланса-да, лекин биз учун бу асарнинг ўлгани. Шунинг учун ҳам бир вақтлар одамлар Мейерхолднинг репетицияларига пул тўлаб киришган. Чунки жараён қизиқ. Яқинда саҳналаштирганим “97-хона” спектакли эса… актёрларнинг истаги билан қўйилган.

— Аброр Ҳидоятов театрининг саҳнаси бошқа театр саҳналарига ўхшамайди. Томошабинлар залининг қарийб ярмини эгаллаган.

— Тўғри, бунақанги саҳна бошқа театрларда йўқ. Биз истеъдодли театр рассоми марҳум Брим билан маслаҳатлашиб, театрда дастлаб ишни томошабин ўриндиғини қисқартиришдан бошладик. Актёрнинг қиёфасидаги ўзгаришларни, мимикаларни, нигоҳларни яқиндан кўриш учун, яъни томошабин ва актёрларни бир-бирига яқинлаштириш мақсадида кенгайтирганмиз. Қолаверса, томошабинларнинг сони ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас.

— Гапларингиз, ҳақиқий санъат — санъаткорлар учун, омма учун эмас, деган фикрни тасдиқлаётгандек…

— Ҳа, қайсидир маънода тўғри. Санъат аслида хосларники, у ҳеч қачон омманики бўлмаган. Асл театр тарбия кўрган, ўқимишли, санъатни тушуниб қадрлайдиганлар учун муҳимроқ. Театр тарбиялайди дейишади, бу — ёлғон! Театр тарбияламайди. Ҳеч қачон китоб ўқимаган, музейга бормаган одамларни зўрлаб театрга олиб келиб бўлмайди. Улар санъатнинг қадрига етишмайди. Чунки унинг моҳиятини тушунмайди. Афкор оммага санъат эмас, биринчи ўринда нон керак. Уларга санъатнинг сояси ҳам кифоя. Ҳеч қайси даврда Алишер Навоий ёппасига ўқилмайди. Ҳозирда Муҳаммад Юсуф шеърларини ёддан айтиб юрган одамлар Рауф Парфи деган номни эшитган, холос.

— Баъзида томошабинлар саёз спектакллардан кўзёшлар билан чиқаётганини кўриб, ҳайрон қоласан киши. Ҳолбуки актёрларнинг ижроси ҳам, спектакль ғояси ҳам ниҳоятда бўш…

— Воқеаси ҳаммага маълум, ўта жўн сериаллардаям томошабин йиғлайди. Ҳар битта одамнинг йиғиси бурнининг учида бўлади. Агар овозни баланд кўтариб “Онажон, нега бизни ташлаб кетдингиз!” деб бақирсаям, йиғлайдиган одам йиғлайверади. Чунки ҳар кимнинг юрагида ўзининг “Она!” деган муқаддас сўзи бор. Қолаверса, йиғи билан йиғининг, кулги билан кулгининг фарқи катта. Томошабин қарсаклари, олқишлару кўзёшлар спектаклнинг ҳақиқий баҳосини белгилай олмайди. Асарнинг баҳосини фақатгина санъаткорнинг ўзи беради. Шунинг учун Пушкин айтадики, “Фақат битта ҳакам бор, у — менинг ўзим!” Санъаткорнинг ўзигина ўзига ҳакам бўла олиши мумкин. Журналистлар, санъатшунослар уни қанчалар кўкка кўтариб мақташмасин, барибир, унинг кўнгли тўлмайди. Ўртамиёна спектакль саҳналаштирса, ҳечқурса ётишдан олдин “Барибир, ёмон спектакль қўйдим” деган ўй албатта хаёлидан ўтади.

Яна кимлар қарсак чалиши мумкин? Нима кўп, ўзбекнинг қариндош-уруғию ошна-оғайниси кўп. Залнинг ярмидан кўпини тўлдириб турган шулар қарсак чалади-да.

— Дарсларингиздан бирида “Навоий, Хемингуэйларнинг классик асарлари ўз-ўзидан пайдо бўлмаган. Улар мукаммал ҳолатга келгунча, қанчадан-қанча қоғозлар букланиб ташланган. Асар муваффақиятини мана шу букланиб ташланган қоғозлар таъминлайди. Чиқмай қолган спектакллар ҳам, режиссёр учун букланиб ташланган қоғозлардир”, деган фикрни илгари сургандингиз. Кечирасиз-у, ўзингиз қайси спектаклларингизни “букланган қоғоз” вазифасини ўтаган деб айта оласиз?

— Ўтган йиллар мобайнида эллик-етмиштача асарни саҳналаштирган бўлсам, шулардан фақат бештаси муваффақиятли, қолган ўнлаб спектаклларимни эса “букланган қоғоз” вазифасини бажарган деб айта оламан. Аввалида барча асарлар яхшидай туюлади. Вақт ўтган сари кемтик томонлари кўзга ташланиб, ишларингдан қониқмаслик ҳисси кучаявераркан.

— Сиз учун театр синов майдоними ёки ҳаётнинг бадиий ифодаси?

— Ижоднинг ҳар бир турида ўзингни синайсан, эксперимент ўтказасан. Мана, оддийгина мисол, сиз мен ҳақимда мақола ёзмоқчисиз. Мени кузатяпсиз. Бу мақола қандай чиқади, тақдири сизга қоронғу. Бу одам ҳақида ёза оламанми-йўқми деган хавотирдасиз. Ўша режиссёр ҳақида “Бу инсон санъат оламига кириб келган умидли режиссёрлардан, келажаги порлоқ!” деб ёзасиз. Мен ҳақимда эса бундай ёзолмайсиз. Ўзимни, бугунгача қилган ишларимни ҳисобга оладиган бўлсам, олдинда ҳеч қанақанги порлоқ келажак йўқ. Шунинг учун ўйлаб, мен билан бирга ўзингизни тафтиш қиласиз. Бу ўз-ўзидан синовга айланади.

— Яхши ижодкор бўлиш учун, албатта, яхши инсон бўлиш керак дейишади. Яъни, инсоннинг шахсияти ижодига таъсир қиладими?

— Бу қонун эмас. Кўпчиликнинг тасаввурида ўрнашиб қолганки, бу ёзувчими, демак, у яхши одам бўлиши керак. Лекин бу қараш ҳар доим ҳам ўзини оқлайвермайди. Яқин ўтмишга назар ташлайлик. Ижодкор шахсиятининг ниҳоятда мураккаб эканлигини, улар ҳам ҳамма қатори ожиз кимсалигини ўттизинчи йиллар даври яққол исботлайди. Шекспир Ягони ёзиши учун унинг ўзида Яго бўлиши керак. Шундагина у яголар руҳиятини теранроқ ҳис қилади, очиб беради. Хасислик борасида ҳаммани ортда қолдирадиган Қори ишкамбанинг муаллифи Айний ҳақидаги гаплар ҳам бежиз эмас. Улар ўзининг иллатлари устидан кулиб ёзсалар, фожиаларидан йиғлаб ёзадилар.

— Талабаларингиз билан бир спектаклни муҳокама қила туриб, “Мен Тоҳир ва Зуҳраларнинг бир этак фарзандлари борлигини тасаввур қилолмайман” деб айтдингиз. Сизнингча, никоҳ ҳақиқатан ҳам муҳаббатга ўқилган жанозами?

— Жаҳон адабиётига назар ташласангиз, Ромео ва Жульетта, Тоҳир ва Зуҳра, Лайли ва Мажнунлар муҳаббатининг ҳеч қайсиси никоҳ билан якунланмайди. Биз ҳамиша никоҳни муҳаббатнинг энг юксак кўриниши деб айтамиз. Аслидаям шундаймикин? Висол муҳаббат учун тўйдан кейинги жаноза эмасмикин?!

Муҳаббат бу жуда оғир туйғу. Бунинг масъулиятини елкага олиш ниҳоятда қийин. Инсонга Оллоҳдан рассомлик, ёзувчилик, қўшиқчилик истеъдоди берилганидек, севиш истеъдоди ҳам берилади. Сева билиш ҳам қобилият. Шунинг учун бу туйғу ҳаммага ҳам берилавермайди. Инсониятни давом эттириш учун табиатан эркак ва аёлга қандайдир туйғу берилган, лекин бу муҳаббат эмас. Ҳақиқий муҳаббатлар насл қолдиришни эмас, комилликни ўйлайди. Жульетта билан Ромео икки соат ичида қариб кетадилар. Муҳаббат одамни улғайтириб, камолга етказади, аммо ниҳоятда тез қаритади. Чунки дунёда бошқа қиладиган иш қолмайди. Ҳамма маъно-ю сир-асрорларнинг тагига етиб бўлишади. Бир-бирини кучли севган инсонлар бу заминда биргаликда бахтли ҳаёт кечиришлари қийин. Бунга атрофдаги ташқи кучлар, яголар халақит беради.

— Эшитишимча, дастлаб театрга келганингизда Александр Гинзбург “Сенга менинг тажрибам ва кексаларга хос донишмандлигим, менга эса сенинг ёшлигинг, ғайратинг керак”, деб айтган экан. Сиз ҳам Гинзбургдек шогирдларингизнинг қай бирига ишонч билдира оласиз?

— Гап шундаки, бу болалар санъатга энди атак-чечак қилиб кириб келяпти. Бизнинг ёшлигимиз асосан кутубхоналарда, театрларда ўтган. Буларнинг ғайрати эса ҳамма нарсага тарқаб кетган. Бутун куч-қувватлари дискотекаю интернет клубларида қолиб кетяпти. Тўрт томонга бўлиниб кетишган. Мен болаларнинг кўпроқ китоб билан дўст тутинишларини хоҳлар эдим. Билимсиз ҳеч нарса қилиб бўлмайди. “Қуръон”ни уқиш учун ҳам катта илм керак. Агар китоб жавонингизда “Қуръони карим” турса-ю, ўқилмаса бу муқаддас китобни увол қилган бўласиз! Ҳадиси шарифдаям айтилган-ку, “Бешикдан то қабргача илм изла”, деб. Ҳар йили имкон қадар Шекспирни қайта-қайта ўқиб чиқишни хоҳлайман. Алишер Навоийни ҳар кун ўқиш керак деб биламан. Ҳеч бўлмаганда бир ғазалини мутолаа қилиб мағзини чақиш шарт. Битта романни ўқигандек бўласан. Ўзи дунёда ўн олтита сюжет бор, Навоий ва Шекспир буларнинг барисида қалам тебратган. Улардан кейинги ижодкорларнинг асарларида мана шу сюжетлар айланиб юради.

— Фикрлаганда Шекспирга кўп мурожаат этасиз, лекин сизнинг ижодий репертуарингизда Шекспир асарларини учратмаймиз.

1461090654_tmb1.jpg— Мен Шекспирнинг Питер Брук саҳналаштирган шунақанги зўр спектаклларини, кинофильмларни кўрганманки… Булардан кейин Шекспирга қўл уриш қийин бўлган. Унинг асарларини “фалончини қўйган” дея ном чиқариш мақсадида шунчаки саҳнага қўйиб бўлмайди. Ҳеч кимни такрорламаган ўз сўзинг, талқининг бўлиши зарур. Бировнинг талқинини ўғирлаб бўлмайди. Балким вақти келар, қўярман, агар насиб қилмаса сира афсус чекмайман. Айтаман-ку, бу дунёга келиб ҳеч нарсани ўзгартирмасдан кетиш ҳам жуда катта мардлик. Албатта, кўпчилик ўзининг рўйхатида Шекспирнинг номи туришини хоҳлайди. Лекин санъат хоҳиш билангина чегараланмайди. Армон битта — яхши спектакль қўйиш.

— Наҳотки, ҳалиям яхши спектакль қўймадим, деб ўйласангиз?

— Буни вақт кўрсатади. Дарахтнинг катталиги кесилгандан кейин билинади…

…Агар мен орқага назар ташлаб, умримни бир-бир кўздан кечирсам, Ўзбекистонда мендан бахтли режиссёр йўқ экан. Биринчи бахтим санъаткорлар оиласида туғилганим, гарчи қариндошларим қаршилик қилишса-да, санъат йўлини танладим. “Ҳамза” театри (Ўзбек Миллий академик драма театри) тарихида энг ёш бош режиссёр бўлиб, ўн йилдан кўп ишлаганман. Сўнгра фитналар довулини кўрдим. Буям бахт!.. Негаки, сиз ҳеч ким бўлмасангиз, сизни бирор-бир зот назарига ҳам илмайди. Шундай бўлса-да, ишсиз қолмадим.
Энг оғир дамлар, спектакль қўяётган дамлар экан. Спектакль чиқадими-йўқми, артистларни қийнавормадимми, деб чеккан изтиробларим экан. Яна менинг энг катта бахтим, бойлигим — Георгий Брим эди. Брим — катта маънодаги санъаткор. Шоирга шеър ёзиш учун ўткир қалам ва шам қанчалик зарур бўлса, режиссёр учун рассом ҳам шундай зарур. Ҳеч қайси режиссёр мендай ўзининг Бримига эга бўлмаган!

— Кейинги вақтлар кўпроқ оммавий майдон томошаларини саҳналаштириш билан бандсиз. Булар сизни қониқтиряптими?

— Бу рассом ишига ўхшайди. Меъёрни унутмасдан, рангларни ўз ўрнида қўллаб, катта паннода гўзал манзарани акс эттиришингиз керак. Ҳар бир қўйган номерингиз бир манзара. Деталларнинг жойланишига қараб завқланаман.

— Баҳодир ака, инсон руҳиятининг қат-қатига кира олувчи санъаткору шоирлар, олам қонунларини кашф этувчи олимлар, негадир, одатий айёрлик, оддий иғволар қаршисида кўпинча ночор қолишади.

— Бу иғволарга қарши курашиш уларнинг вазифаси эмас. Агар фитнага қарши курашса, улар Оллоҳнинг одами бўлолмайдилар. Бунинг учун бутун умрингиз, кучингиз кетади. Қанчадан-қанча асарлар ўлади, қилиниши керак бўлган ишлар қолиб кетади. Қисмат ҳам юз ўгиради. Агар ёвузликни енгаман, деб фитнакорларга қарши курашиб, уларни енголсангиз, демак, сиз фитнакорлардан-да баттар фитнакорсиз, улардан-да тубан ва бадбахтсиз.

Мен ўзимнинг бутун онгли умримдан келиб чиқиб айтаманки, ҳеч қачон уларни енгиб бўлмайди. Минг бир ниқобларини очиб ташлайман деб, ўзинг қиёфангни йўқотиб қўйишинг ҳеч гап эмас. Тақдир уларга шу йўлни, шу ниқобни раво кўрган. Майда қаричлари билан катта-катта қадамларни ўлчаб, имкон борида пайтни бой бермасдан, оёқдан чалишга ҳаракат қилишади. Бу уларнинг ёзуғи. Тарихга назар ташласангиз, катта талантлар улар олдида ҳамиша бой бериб келишган. Чунки ё фитна билан шуғулланиш керак, ёки ижод билан. Яхши асарлар Оллоҳдан. Бараварига шуғулланиб бўлмайди…

Бизнинг соҳада актёрлар келиб битта ролини ўйнайди. Режиссёр-чи? Ҳамма ролларни ўйнашимиз, қолаверса, рассомлар учун ҳам, либослар учун ҳам жавоб беришимиз керак. Оллоҳнинг ўзи аяйди ва тўғри йўлни кўрсатиб боради. Шунақа зўр-зўр бақувват фитначилар борки, уларга қарши курашишни хаёлга келтиришнинг ўзи даҳшат. Курашишнинг кераги ҳам йўқ. Ноҳақ йўллар билан муваффақият қозонар, орзусигаям эришади, лекин маънан ҳалок бўлади. Бу — абадий муаммо… Гарчи курашмасанг-да, барибир қилган ишларинг уларни енгади!..

Суҳбат давомида нима учун мен айнан Баҳодир акани излаб борганлигимга жавоб топгандек бўлдим. Мени театр дунёси билан руҳан яқинлаштирган “Искандар” ва “Қора камар” спектаклларининг ҳайрати етаклаб бормадимикин? Кимларгадир бироз эриш туюлса-да, айтмоқчиман, “Искандар” спектаклининг бошланишидаги бир лавҳада катта рамзий маъно акс этган: Ҳазрат Навоийнинг қўлидаги шамдан барча қаҳрамонлар ўзларининг шамларини ёқиб оладилар. Атроф эса шамнинг шуълаларидан ёришади… Аслида бизнинг мақсадимиз ҳам шу эди.

 1475420904_yuldashev.jpgTaniqli rejissyor Bahodir Yo‘ldoshev (1945-2021) bilan meni uzoq yillik ijodiy  hamkorlik bog‘lab turadi. Bahodir aka,tom ma’noda, mening hayotdagi va  ijoddagi ma’naviy ustozlarimdan biri. Bizning munosabatlarimiz  aka-ukaning munosabatiga aylanib ketgan. Bir suhbatda Bahodir aka meni eng yaqin do‘stlari qatorida sanagan va bu hayotimdagi eng quvonchli lahza edi.

Uzoq yillar uysiz-joysiz qolganimda teatrda, Bahodir akaning kabinetida yotib yurganman. qarayib 20 yilga yaqin Xalqaro “Sharq taronalari” musiqa festivalini birga tayyorlaymiz. Hatto shu festival uchun tayyorlagan “Buyuk Ipak yo‘li” Parijning mashhur teatri “Odeon”da qo‘yilgan va men o‘zim spektakl yakunida YUNЕSKO taklifi bilan tamosha kelgan yuzdan ortiq mamalakat vakillari yarim soat davomida qarsak chalib, Bahodir aka va spektaklda ishtirok qilgan o‘zbek san’atkorlarini olqishlaganiga guvoh bo‘lganman.

Bahodir aka bilan Mirzo Ulug‘bekning 600 yilligi,Amir Temurning 660 yilligi,Buxoro shahrining 2700 yilligi,Samarqand shahrining 2750 yilligiga bag‘ishlab tayyorlangan teatrlashtirilgan tomoshalarni tayyorlashda ssenariy muallifi sifatida ishtirok etganim bilan faxrlanaman.
Keyinchalik Bahodir Yo‘ldoshev rahbarligida Mirzo Boburga bag‘ishlangan “Sog‘inch”, Mirzo Ulug‘bekka bag‘ishlangan “Alg‘ul” pyesalarini yozdim,ularning birinchisi Muqimiy teatrida sahnalashtirildi,ikkinchisi televizion spektakl va radiospektakl tarzida tayorlanib,taqdim etildi.

Bu ajoyib inson va iste’dodli ijodkordan,talabchan akadan bir umr minnatdorman.

Xurshid Davron

SPЕKTAKL OLQISH UCHUN QO‘YILMAYDI…
Bahodir Yo‘ldoshev bilan suhbat
Suhbatdosh: Iqbol Qo‘shshayeva

01

Bir vaqtlar o‘zbek teatr san’atining darg‘alaridan biri Toshxo‘ja Xo‘jayev o‘zining vorisiga “Dunyoda kasblar ko‘p. Ularning ko‘pi insonga shon-shuhrat, boylik, obro‘ keltiradi. Lekin rejissyorlik kasbi boshqacha. Bu tinimsiz mashaqqatli mehnat va har bir spektaklda o‘zingni kashf qilishdir…” deb bejiz aytmaganini yillar isbotladi.

musttak3.jpgBahodir Yo‘ldoshev!.. Bu nom tanish bo‘lgan har bir kishining shuuridan bir-biridan ziddiyatli o‘y-fikrlar o‘tishi tabiiy. Inkor qilib bo‘lmaydigan haqiqat shundaki, o‘zbek teatrining qariyb qirq yillik tarixiga oid jarayonlar doirasimon bo‘lib shu siymo atrofida aylanadi. Nafaqat o‘rta yoshdagi va undan kattaroq avlod vakillari bo‘lmish taniqli aktyorlar ijodini, balki sirlarga boy teatr dunyosining ertangi taqdirini ham bu qiyofadan ayro tasavvur qilish mushkul.

Rejissyor bilan suhbatimiz esa u kishining samimiy ohangda aytilgan e’tirozidan boshlandi:

— Agar sizni qiziqtirayotgan bo‘lsa, mayli darslarimga kirib turing. Lekin men haqimda gazetada biror narsa yozishingiz shartmikin? Mana, qanchadan-qancha rejissyorlar bor, o‘shalar haqida yozing, ular xursand bo‘lishadi, siz ham qiynalmaysiz. Holbuki, menda hech qanday ijod yo‘q.

— Nega? “Iskandar”, “Qora kamar”, “O‘n uchinchi rais”, “Yulduzli tunlar”… Bular nima axir?

— Bularning bari allaqachon o‘tib bo‘lgan. Rejissyor uchun spektakllar faqat repetitsiya davridagina yashaydi. Repetitsiya rejissyorning umriga umr qo‘shadi, muhokamalar esa umrni qirqadi. Garchi premyeralar ham repetitsiya hisoblansa-da, lekin biz uchun bu asarning o‘lgani. Shuning uchun ham bir vaqtlar odamlar Meyerxoldning repetitsiyalariga pul to‘lab kirishgan. Chunki jarayon qiziq. Yaqinda sahnalashtirganim “97-xona” spektakli esa… aktyorlarning istagi bilan qo‘yilgan.

— Abror Hidoyatov teatrining sahnasi boshqa teatr sahnalariga o‘xshamaydi. Tomoshabinlar zalining qariyb yarmini egallagan.

— To‘g‘ri, bunaqangi sahna boshqa teatrlarda yo‘q. Biz iste’dodli teatr rassomi marhum Brim bilan maslahatlashib, teatrda dastlab ishni tomoshabin o‘rindig‘ini qisqartirishdan boshladik. Aktyorning qiyofasidagi o‘zgarishlarni, mimikalarni, nigohlarni yaqindan ko‘rish uchun, ya’ni tomoshabin va aktyorlarni bir-biriga yaqinlashtirish maqsadida kengaytirganmiz. Qolaversa, tomoshabinlarning soni hech qanday ahamiyatga ega emas.

— Gaplaringiz, haqiqiy san’at — san’atkorlar uchun, omma uchun emas, degan fikrni tasdiqlayotgandek…

— Ha, qaysidir ma’noda to‘g‘ri. San’at aslida xoslarniki, u hech qachon ommaniki bo‘lmagan. Asl teatr tarbiya ko‘rgan, o‘qimishli, san’atni tushunib qadrlaydiganlar uchun muhimroq. Teatr tarbiyalaydi deyishadi, bu — yolg‘on! Teatr tarbiyalamaydi. Hech qachon kitob o‘qimagan, muzeyga bormagan odamlarni zo‘rlab teatrga olib kelib bo‘lmaydi. Ular san’atning qadriga yetishmaydi. Chunki uning mohiyatini tushunmaydi. Afkor ommaga san’at emas, birinchi o‘rinda non kerak. Ularga san’atning soyasi ham kifoya. Hech qaysi davrda Alisher Navoiy yoppasiga o‘qilmaydi. Hozirda Muhammad Yusuf she’rlarini yoddan aytib yurgan odamlar Rauf Parfi degan nomni eshitgan, xolos.

— Ba’zida tomoshabinlar sayoz spektakllardan ko‘zyoshlar bilan chiqayotganini ko‘rib, hayron qolasan kishi. Holbuki aktyorlarning ijrosi ham, spektakl g‘oyasi ham nihoyatda bo‘sh…

— Voqeasi hammaga ma’lum, o‘ta jo‘n seriallardayam tomoshabin yig‘laydi. Har bitta odamning yig‘isi burnining uchida bo‘ladi. Agar ovozni baland ko‘tarib “Onajon, nega bizni tashlab ketdingiz!” deb baqirsayam, yig‘laydigan odam yig‘layveradi. Chunki har kimning yuragida o‘zining “Ona!” degan muqaddas so‘zi bor. Qolaversa, yig‘i bilan yig‘ining, kulgi bilan kulgining farqi katta. Tomoshabin qarsaklari, olqishlaru ko‘zyoshlar spektaklning haqiqiy bahosini belgilay olmaydi. Asarning bahosini faqatgina san’atkorning o‘zi beradi. Shuning uchun Pushkin aytadiki, “Faqat bitta hakam bor, u — mening o‘zim!” San’atkorning o‘zigina o‘ziga hakam bo‘la olishi mumkin. Jurnalistlar, san’atshunoslar uni qanchalar ko‘kka ko‘tarib maqtashmasin, baribir, uning ko‘ngli to‘lmaydi. O‘rtamiyona spektakl sahnalashtirsa, hechqursa yotishdan oldin “Baribir, yomon spektakl qo‘ydim” degan o‘y albatta xayolidan o‘tadi.

Yana kimlar qarsak chalishi mumkin? Nima ko‘p, o‘zbekning qarindosh-urug‘iyu oshna-og‘aynisi ko‘p. Zalning yarmidan ko‘pini to‘ldirib turgan shular qarsak chaladi-da.

— Darslaringizdan birida “Navoiy, Xemingueylarning klassik asarlari o‘z-o‘zidan paydo bo‘lmagan. Ular mukammal holatga kelguncha, qanchadan-qancha qog‘ozlar buklanib tashlangan. Asar muvaffaqiyatini mana shu buklanib tashlangan qog‘ozlar ta’minlaydi. Chiqmay qolgan spektakllar ham, rejissyor uchun buklanib tashlangan qog‘ozlardir”, degan fikrni ilgari surgandingiz. Kechirasiz-u, o‘zingiz qaysi spektakllaringizni “buklangan qog‘oz” vazifasini o‘tagan deb ayta olasiz?

— O‘tgan yillar mobaynida ellik-yetmishtacha asarni sahnalashtirgan bo‘lsam, shulardan faqat beshtasi muvaffaqiyatli, qolgan o‘nlab spektakllarimni esa “buklangan qog‘oz” vazifasini bajargan deb ayta olaman. Avvalida barcha asarlar yaxshiday tuyuladi. Vaqt o‘tgan sari kemtik tomonlari ko‘zga tashlanib, ishlaringdan qoniqmaslik hissi kuchayaverarkan.

— Siz uchun teatr sinov maydonimi yoki hayotning badiiy ifodasi?

— Ijodning har bir turida o‘zingni sinaysan, eksperiment o‘tkazasan. Mana, oddiygina misol, siz men haqimda maqola yozmoqchisiz. Meni kuzatyapsiz. Bu maqola qanday chiqadi, taqdiri sizga qorong‘u. Bu odam haqida yoza olamanmi-yo‘qmi degan xavotirdasiz. O‘sha rejissyor haqida “Bu inson san’at olamiga kirib kelgan umidli rejissyorlardan, kelajagi porloq!” deb yozasiz. Men haqimda esa bunday yozolmaysiz. O‘zimni, bugungacha qilgan ishlarimni hisobga oladigan bo‘lsam, oldinda hech qanaqangi porloq kelajak yo‘q. Shuning uchun o‘ylab, men bilan birga o‘zingizni taftish qilasiz. Bu o‘z-o‘zidan sinovga aylanadi.

— Yaxshi ijodkor bo‘lish uchun, albatta, yaxshi inson bo‘lish kerak deyishadi. Ya’ni, insonning shaxsiyati ijodiga ta’sir qiladimi?

— Bu qonun emas. Ko‘pchilikning tasavvurida o‘rnashib qolganki, bu yozuvchimi, demak, u yaxshi odam bo‘lishi kerak. Lekin bu qarash har doim ham o‘zini oqlayvermaydi. Yaqin o‘tmishga nazar tashlaylik. Ijodkor shaxsiyatining nihoyatda murakkab ekanligini, ular ham hamma qatori ojiz kimsaligini o‘ttizinchi yillar davri yaqqol isbotlaydi. Shekspir Yagoni yozishi uchun uning o‘zida Yago bo‘lishi kerak. Shundagina u yagolar ruhiyatini teranroq his qiladi, ochib beradi. Xasislik borasida hammani ortda qoldiradigan Qori ishkambaning muallifi Ayniy haqidagi gaplar ham bejiz emas. Ular o‘zining illatlari ustidan kulib yozsalar, fojialaridan yig‘lab yozadilar.

— Talabalaringiz bilan bir spektaklni muhokama qila turib, “Men Tohir va Zuhralarning bir etak farzandlari borligini tasavvur qilolmayman” deb aytdingiz. Sizningcha, nikoh haqiqatan ham muhabbatga o‘qilgan janozami?

— Jahon adabiyotiga nazar tashlasangiz, Romeo va Julyetta, Tohir va Zuhra, Layli va Majnunlar muhabbatining hech qaysisi nikoh bilan yakunlanmaydi. Biz hamisha nikohni muhabbatning eng yuksak ko‘rinishi deb aytamiz. Aslidayam shundaymikin? Visol muhabbat uchun to‘ydan keyingi janoza emasmikin?!

Muhabbat bu juda og‘ir tuyg‘u. Buning mas’uliyatini yelkaga olish nihoyatda qiyin. Insonga Ollohdan rassomlik, yozuvchilik, qo‘shiqchilik iste’dodi berilganidek, sevish iste’dodi ham beriladi. Seva bilish ham qobiliyat. Shuning uchun bu tuyg‘u hammaga ham berilavermaydi. Insoniyatni davom ettirish uchun tabiatan erkak va ayolga qandaydir tuyg‘u berilgan, lekin bu muhabbat emas. Haqiqiy muhabbatlar nasl qoldirishni emas, komillikni o‘ylaydi. Julyetta bilan Romeo ikki soat ichida qarib ketadilar. Muhabbat odamni ulg‘aytirib, kamolga yetkazadi, ammo nihoyatda tez qaritadi. Chunki dunyoda boshqa qiladigan ish qolmaydi. Hamma ma’no-yu sir-asrorlarning tagiga yetib bo‘lishadi. Bir-birini kuchli sevgan insonlar bu zaminda birgalikda baxtli hayot kechirishlari qiyin. Bunga atrofdagi tashqi kuchlar, yagolar xalaqit beradi.

— Eshitishimcha, dastlab teatrga kelganingizda Aleksandr Ginzburg “Senga mening tajribam va keksalarga xos donishmandligim, menga esa sening yoshliging, g‘ayrating kerak”, deb aytgan ekan. Siz ham Ginzburgdek shogirdlaringizning qay biriga ishonch bildira olasiz?

— Gap shundaki, bu bolalar san’atga endi atak-chechak qilib kirib kelyapti. Bizning yoshligimiz asosan kutubxonalarda, teatrlarda o‘tgan. Bularning g‘ayrati esa hamma narsaga tarqab ketgan. Butun kuch-quvvatlari diskotekayu internet klublarida qolib ketyapti. To‘rt tomonga bo‘linib ketishgan. Men bolalarning ko‘proq kitob bilan do‘st tutinishlarini xohlar edim. Bilimsiz hech narsa qilib bo‘lmaydi. “Qur’on”ni uqish uchun ham katta ilm kerak. Agar kitob javoningizda “Qur’oni karim” tursa-yu, o‘qilmasa bu muqaddas kitobni uvol qilgan bo‘lasiz! Hadisi sharifdayam aytilgan-ku, “Beshikdan to qabrgacha ilm izla”, deb. Har yili imkon qadar Shekspirni qayta-qayta o‘qib chiqishni xohlayman. Alisher Navoiyni har kun o‘qish kerak deb bilaman. Hech bo‘lmaganda bir g‘azalini mutolaa qilib mag‘zini chaqish shart. Bitta romanni o‘qigandek bo‘lasan. O‘zi dunyoda o‘n oltita syujet bor, Navoiy va Shekspir bularning barisida qalam tebratgan. Ulardan keyingi ijodkorlarning asarlarida mana shu syujetlar aylanib yuradi.

— Fikrlaganda Shekspirga ko‘p murojaat etasiz, lekin sizning ijodiy repertuaringizda Shekspir asarlarini uchratmaymiz.

— Men Shekspirning Piter Bruk sahnalashtirgan shunaqangi zo‘r spektakllarini, kinofilmlarni ko‘rganmanki… Bulardan keyin Shekspirga qo‘l urish qiyin bo‘lgan. Uning asarlarini “falonchini qo‘ygan” deya nom chiqarish maqsadida shunchaki sahnaga qo‘yib bo‘lmaydi. Hech kimni takrorlamagan o‘z so‘zing, talqining bo‘lishi zarur. Birovning talqinini o‘g‘irlab bo‘lmaydi. Balkim vaqti kelar, qo‘yarman, agar nasib qilmasa sira afsus chekmayman. Aytaman-ku, bu dunyoga kelib hech narsani o‘zgartirmasdan ketish ham juda katta mardlik. Albatta, ko‘pchilik o‘zining ro‘yxatida Shekspirning nomi turishini xohlaydi. Lekin san’at xohish bilangina chegaralanmaydi. Armon bitta — yaxshi spektakl qo‘yish.

— Nahotki, haliyam yaxshi spektakl qo‘ymadim, deb o‘ylasangiz?

1475420904_yuldashev.jpg— Buni vaqt ko‘rsatadi. Daraxtning kattaligi kesilgandan keyin bilinadi…

…Agar men orqaga nazar tashlab, umrimni bir-bir ko‘zdan kechirsam, O‘zbekistonda mendan baxtli rejissyor yo‘q ekan. Birinchi baxtim san’atkorlar oilasida tug‘ilganim, garchi qarindoshlarim qarshilik qilishsa-da, san’at yo‘lini tanladim. “Hamza” teatri (O‘zbek Milliy akademik drama teatri) tarixida eng yosh bosh rejissyor bo‘lib, o‘n yildan ko‘p ishlaganman. So‘ngra fitnalar dovulini ko‘rdim. Buyam baxt!.. Negaki, siz hech kim bo‘lmasangiz, sizni biror-bir zot nazariga ham ilmaydi. Shunday bo‘lsa-da, ishsiz qolmadim.
Eng og‘ir damlar, spektakl qo‘yayotgan damlar ekan. Spektakl chiqadimi-yo‘qmi, artistlarni qiynavormadimmi, deb chekkan iztiroblarim ekan. Yana mening eng katta baxtim, boyligim — Georgiy Brim edi. Brim — katta ma’nodagi san’atkor. Shoirga she’r yozish uchun o‘tkir qalam va sham qanchalik zarur bo‘lsa, rejissyor uchun rassom ham shunday zarur. Hech qaysi rejissyor menday o‘zining Brimiga ega bo‘lmagan!

— Keyingi vaqtlar ko‘proq ommaviy maydon tomoshalarini sahnalashtirish bilan bandsiz. Bular sizni qoniqtiryaptimi?

— Bu rassom ishiga o‘xshaydi. Me’yorni unutmasdan, ranglarni o‘z o‘rnida qo‘llab, katta pannoda go‘zal manzarani aks ettirishingiz kerak. Har bir qo‘ygan nomeringiz bir manzara. Detallarning joylanishiga qarab zavqlanaman.

— Bahodir aka, inson ruhiyatining qat-qatiga kira oluvchi san’atkoru shoirlar, olam qonunlarini kashf etuvchi olimlar, negadir, odatiy ayyorlik, oddiy ig‘volar qarshisida ko‘pincha nochor qolishadi.

— Bu ig‘volarga qarshi kurashish ularning vazifasi emas. Agar fitnaga qarshi kurashsa, ular Ollohning odami bo‘lolmaydilar. Buning uchun butun umringiz, kuchingiz ketadi. Qanchadan-qancha asarlar o‘ladi, qilinishi kerak bo‘lgan ishlar qolib ketadi. Qismat ham yuz o‘giradi. Agar yovuzlikni yengaman, deb fitnakorlarga qarshi kurashib, ularni yengolsangiz, demak, siz fitnakorlardan-da battar fitnakorsiz, ulardan-da tuban va badbaxtsiz.

Men o‘zimning butun ongli umrimdan kelib chiqib aytamanki, hech qachon ularni yengib bo‘lmaydi. Ming bir niqoblarini ochib tashlayman deb, o‘zing qiyofangni yo‘qotib qo‘yishing hech gap emas. Taqdir ularga shu yo‘lni, shu niqobni ravo ko‘rgan. Mayda qarichlari bilan katta-katta qadamlarni o‘lchab, imkon borida paytni boy bermasdan, oyoqdan chalishga harakat qilishadi. Bu ularning yozug‘i. Tarixga nazar tashlasangiz, katta talantlar ular oldida hamisha boy berib kelishgan. Chunki yo fitna bilan shug‘ullanish kerak, yoki ijod bilan. Yaxshi asarlar Ollohdan. Baravariga shug‘ullanib bo‘lmaydi…

Bizning sohada aktyorlar kelib bitta rolini o‘ynaydi. Rejissyor-chi? Hamma rollarni o‘ynashimiz, qolaversa, rassomlar uchun ham, liboslar uchun ham javob berishimiz kerak. Ollohning o‘zi ayaydi va to‘g‘ri yo‘lni ko‘rsatib boradi. Shunaqa zo‘r-zo‘r baquvvat fitnachilar borki, ularga qarshi kurashishni xayolga keltirishning o‘zi dahshat. Kurashishning keragi ham yo‘q. Nohaq yo‘llar bilan muvaffaqiyat qozonar, orzusigayam erishadi, lekin ma’nan halok bo‘ladi. Bu — abadiy muammo… Garchi kurashmasang-da, baribir qilgan ishlaring ularni yengadi!..

Suhbat davomida nima uchun men aynan Bahodir akani izlab borganligimga javob topgandek bo‘ldim. Meni teatr dunyosi bilan ruhan yaqinlashtirgan “Iskandar” va “Qora kamar” spektakllarining hayrati yetaklab bormadimikin? Kimlargadir biroz erish tuyulsa-da, aytmoqchiman, “Iskandar” spektaklining boshlanishidagi bir lavhada katta ramziy ma’no aks etgan: Hazrat Navoiyning qo‘lidagi shamdan barcha qahramonlar o‘zlarining shamlarini yoqib oladilar. Atrof esa shamning shu’lalaridan yorishadi… Aslida bizning maqsadimiz ham shu edi.

004

(Tashriflar: umumiy 7 836, bugungi 1)

10 izoh

  1. Sizga, Bahodir aka, sizga,Xurshid Davron, Ollohning nazari tushgan. Rahmat!

  2. Assalomu aleykum! Ajoyib suhbat uchun raxmat! Bahodir Yuldoshevni qaerdan topsam buladi? Teatrdalami hozirda? Raxmat

  3. Bu suhbatni ilk bora gazeta sahifasida o’qigan edim. O’shanda Bahodir aka ko’z o’nggimda chinakam shaXs va san’atkor sifatida jonlangan edi. Bu inson Ollohning nazari tushgan chinakam nazarkarda san’atkor!!!

Izoh qoldiring