Yo’ldosh Eshbek. Yo’llarimiz bir kun tutashar. She’rlar.

011

1 сентябр –   шоир  Йўлдош Эшбек таваллуд топган кун.

Оҳанг билан шакл – шеърдир. Шеър – оҳанг билан шаклнинг гўзал тасвири. Ҳа, шакл.. шакл! Турмушда аввал қолиб қилиниб, кейин ғишт қўйилади. Шеърда эса бу ҳол анчайин “эркин” кечади – “ғишт” қуйилиш жараёнида “қолип” ҳам тайёр бўла боради. Ҳаётий дунёда фақат санъат гўзал.  Шеърият олий мақомга кўтарилса, санъатга айланади (Йўлдош Эшбек мақоласидан).

077
Йўлдош Эшбек
ЙЎЛЛАРИМИЗ БИР КУН ТУТАШАР
002

СОҒИНЧ

Тушларимга кирар ҳар замон,
Қамишдан най қилиб чалганим.
Қўйлар боқиб тоғлар ортида,
Бахтиёр-бахтиёр толганим

Ва чўққидан кўринган шаҳар —
Туманларнинг қўйнида сирли.
Ўйлар эдим: у ёқда яшар
Одамлар бир-бирига меҳрли.

Фикрим тамом ўзгаргани йўқ,
Мен — шаҳарда бахтли фуқаро.
Дўстлар ҳам орттирдим умрлик,
Олов, сел, турфа феъл, оқ, қора.

Гарчи доим бир эмас фикр,
Гарчи доим ёнма-ён эмас,
Лекин очиқ, тўғри сўз, шукр,
Шукр, мақсад ҳар томон тортмас.

Йўлларимиз бир кун туташар,
Балки яқин, балки йироқда.
Тўсиқларни қиламиз ҳашар,
Қўшиқларни куйлаб юракдан.

Камимиз йўқ яшашдан, бахтдан,
Камимиз йўқ қайғу ғамдан ҳам.
Макр отли баланд бир тахтдан
Шукр, ёнлаб ўтолдик бардам.

Соғинганда, тўйхоналарни
Бахт билан тўлдирамиз.
Биз ўлдирсак бир-биримизни
Бахт билан ўлдирамиз.

Ичимизда чироқ ёнади,
Гоҳ қовоқлар солиқ бўлса ҳам.
Блок айтган шоирлар каби
Кўришмаймиз — қитмир, муттаҳам.

Гоҳо бахт учратса, гоҳ зорлиқ
Меҳрга, қувончга, на чора.
Гоҳ ғазаб, гоҳ шакаргуфторлик…
Кўринмасдан тутунлар аро

Жавдираймиз бир-биримизга,
Етим арслон болаларидай
Недир етмас тақдиримизга,
Бахтимизда нимадир камдай,

Тушларимга кирар ҳар замон,
Қамишдан най қилиб чалганим.
Қўйлар боқиб тоғлар ортида
Бахтиёр-бахтиёр толганим.

Ва чўққидан кўринган шаҳар —
Туманларнинг қўйнида сирли…

ХАБАР
«Алпомиш» достонини ўқиб

Барчинойдан бир чопар келди,
Хабар келди мушфиқ паридан,
Йироқдаги мусофир Бекнинг
Кўзлари тўрт муштипаридан.

Хабар келди — чайқалди сукут.
Хабар келди — буюк ҳаяжон.
Хабар келди — қўзғалди вужуд.
Хабар келди — тўлғонди осмон.

Қирлар ортда қолди думалаб,
Йўллар пастда қолди ўралиб.
Қўлларини чўзди думалоқ
Осмони бор Қўнғирот аҳли.

Тоғлари-да, боғлари-да, шан
Тонглари-да туш кўрар ҳали.
Қўлларини чўзди бепоён
Замини бор Қўнғирот аҳли.

«Барчинойга қўйилган талаб
Ҳақоратдир менинг элимга,
Ғанимларнинг муроди маълум,
Завқ тўймоқдир чашми селингдан.

Етиб борсам, қалмоқлар, билинг,
Сизни қамаб-қамаб қирарман.
Ўзинг менга мадад бўл, элим,
Ғолиб бўлиб қайтиб келарман».

Билакларга сиғмайди ғайрат,
Торлик қилар ғазабга қалби,
Отилмаган ўқмиди нафрат? —
Қонларида тошади алпнинг.

Осмон етти букилур,
Юлдузлар-да тўкилур,
Бир оҳ урса Алпомиш
Тоғлар лорс-лорс сўкилур.

«Йўл сол энди жуда баландга,
Чиқар энди, тулпорим, қанот.
Хуш қол энди, қонли аланга —
Она шаҳрим! Аҳли Қўнғирот!»

Наъра тортди алп йигит биринчи бор,
Булутларга найза бўлди Бойчибор,
Атрофида шамол эсди ғув-ғув,
Мард юракни босиб келди бир қўрқув.

«Наҳот энди Барчинойга кечиксам,
Мусофир бу йўллар аро ичиксам,
Бойчибор, ўқ бўл, қойил қилойин,
Қалмоқларга бориб қирон солойин!»

Учар отнинг учқурлиги жуда ҳам оз кўринди,
Кўрқув реза тер бўлди-ю, манглайда боз кўринди,
Бу бир шундай қўрқувдирким, бу бир шундай хавотир.
Бундан кўра шум йўлларда ўлгани соз кўринди…

ТОВУШ

Мени чақиргандай бўлади гоҳо,
Йироқ-йироқлардан қандайдир товуш.
Насиб этарми деб, абадий сафо,
Ўйлайман: қайтарми учиб кетган ҳуш?!

Руҳ сўнди, ҳуш учди, гоҳида беҳуш —
Бўм-бўш кўнгил билан қолдим беишонч.
Лекин йироқлардан ўша ҳур товуш
Мени чорлаб турди — муқаддас кувонч!

Севгилим ишончсиз боққан дамлар ҳам,
Дўстларим алдаган ғуссали пайтлар,
Йироқ-йироқлардан у товуш бардам
Чорлаб турди — сўзсиз шоҳона байтлар.

Поезд чинқириғи… турна овози…
Гоҳ най мусиқаси… ингичка, узун.
У товуш келади қанотин ёзиб,
Чорлайди, бағрига босмоқлик учун.

Энг якин жигардай мадад бўлар у,
Энг якин дўст каби ҳамдард бўлар у,
Энг қийин пайтларда онадай мушфиқ,
Боланинг меҳридай шафқат бўлар у.

У товуш — даъватинг, қудрат бахш этган,
Мен етиб келурман қайда бўлсам ҳам.
Сен чорлар экансан, демак, керакман,
Эй Ватан — жигарим, онам ва болам!

ДЎСТИМ ТОЖИДДИНГА
Халқ оқангида

Вахшивордан — баланд тоғлардан
Нариларда менинг дўстим бор.
Овоз келар кўп йироқлардан:
«Қисинмагин, жўра, ўзим бор!»

Жонимга жон берар бир одам,
Ўйларимни севар бир одам,
Мен бахтлиман, кўп бахтиёрман,
Буни айтмай келар бир одам.

Мени излаб толган жўрам, ҳей!
Дардларимни олган жўрам, ҳей!
Омонмисан, ҳур эртаклардан
Ерга тушиб қолган жўрам, ҳей!

Мен чарчоқнинг қўлидан тутдим,
Нуротадан, Ҳисордан ўтдим.
Йўлларимда малҳамлар бўлсин,
Кўп ёмғирдан, кўп қордан ўтдим.

Ўкириб бу тоғлар бағрида,
Хатарлардан сени сўрадим.
Мен сўрадим йиллар қаъридан,
Сафарлардан сени сўрадим.

Зоҳир насимлардан, Ҳайдардан,
Шарафдан — қайтмасдан изладим.
Сени дарагингни айтардан,
Ҳаттоки айтмасдан изладим.

Гоҳо етди бу бошим осмонларга,
Гоҳ ерда қисилиб ҳаво истадим.
Овозимни қўйиб биёбонларда,
Мен наво истадим.
Наво истадим —
Бу далли дилимга даво истадим.

Сен у ёқдан,
Мен бу ёқдан,
Баб-баробар ё, дедик.
Биз отландик кўришмасдан
Бўлмайлик адо, дедик.

Ўтиб кетмас бир пушмондан орландим,
Зорланмадим — мен душмандан орландим.
Атрофимда суянчларим кўп эди,
Вафо сўраб қошларига бормадим.

Умид билан дасторимни ўрайман,*
Мен сўрасам сендай дўстдан сўрайман.
Тахт одамга қачон вафо қилибди?
Бир сўзлилар иқболини кўрай ман.

Фалак тишларини ҳар дам қайрарми,
Қўлларинг шамоли булут ҳайдарми,
Вахшивору Боботоғдир белбоғинг,
Пешонангда юлдузларми, байтларми?!

Дўст изладим, дўст изладим,
Дўст изладим —
Насибамга яна ризқу
Рўз изладим,
Иқболимга янги сўзу
Кўз изладим —
Дўст изладим, дўст изладим,
Дўст изладим!

Мен чарчоқнинг қўлидан тутдим,
Нуротадан, Ҳисордан ўтдим,
Йўлларимга малҳамлар бўлсин,
Кўп ёмғирдан, кўп қордан ўтдим.

Вахшивордан — баланд тоғлардан
Нариларда менинг дўстим бор.
Овоз келар кўп йироқлардан:
«Қисинмагин, жўра, ўзим бор!»

* Халқ оғзаки ижодидан — умид билан йўл тараддудини кўраман, деган маънода.

ДУНЁ БАХТИ ДУНЁ КАБИ ФОНИЙДИР

Дунёга келгандир қанчалаб одам,
кўпи шодлик истаб кўриб кетган ғам,

демакким, ғам чеккан бахти қародир,
балиқми бахтиёр ёки дарёдир,

аввал англа, келиб-кетмоқ не ўзи,
шундан келиб чиқар маъно – бахт сўзи,

данак-дарахт бир-биридан ҳосилдир,
бир-бирига дўниб бахтга восилдир,

дунёнинг ибтидо-интиҳоси бор,
ўзи имтиҳону иқтидоси бор,

ким кимга эргашди қандай ва нечун,
ҳар ким жавоб берур ўз йўли учун,

данак танга, тана баргга эргашди,
бари самарга ё дардга эргашди,

ким иллатни самар дея адашди,
данакка қурт тушди, ерга қамашди,

амали номашру орзуси ҳумой,
эккани арпа-ю, кутгани буғдой,

адли йўқ, талаби доим адолат,
нолийди дуч келса кулфат, ҳамоқат,

уруғ изғиринда ниш уриб қўйди,
бевақт амал қилди, жонидан тўйди,

тўпидан айрилган айиқ паришон,
ҳақни ҳалаф билган, миллатни ошно,

миллатнинг маъноси асл эътиқод,
йўқса, миллат йўқдир, йўқдир эътимод,

яъни, у бир қавм, маърифати йўқ,
зоҳиран ободу басийрати йўқ,

басийрати йўқнинг йўқ таълифоти,
бўлмагай ҳеч қачон олий сифоти,

дунёга келдингми, итоат айла,
тани, ҳар ишингни ибодат айла,

маърифат берганни билмоқ маърифат,
эҳсонига қуллуқ қилмоқ маърифат,

йўқса ҳар илмнинг бирор нафи йўқ,
унинг ўзи бало, бало дафъи йўқ,

манфаатсиз илм маърифат эмас,
у бир портлағички, этгайдир абас,

келиб-кетиш маъносидир танимоқ,
иҳё этар чин маърифат – ғаний моҳ

нури билан ойдин бўлар йўлимиз,
бахт самари билан тўлар қўлимиз,

орифларга насиб этгай камоли,
энг олий бахт – Онинг олий жамоли…

йиғилари дилларига шарҳ бўлди,
ошиқларки, висолига ғарқ бўлди,

дунё бахти дунё каби фонийдир,
у киприк қоққунча қисқа, онийдир.

002

099Йўлдош Эшбек 1950 йил 1 сентябрда Самарқанд вилояти, Иштихон туманида таваллуд топган. ТошДУнинг филология факультетини тугатган (1977). Дастлабки шеърлар тўплами — «Соғиниб яшайман» (1981). «Юксак дарахтлар» (1985), «Мовий турналар» (1987), «Яхшиликка қарайман» (1988), «Дарахтлар эртаги» (1989), «Ҳаёт чечаги» (1990), «Мангу масофа» (1991) каби шеърий тўпламлари нашр этилган. Имом Ғаззолийнинг «Эй фарзанд», Аҳмад Лутфийнинг «Ўгай она», «Ҳазрати Али», Фотима Темурнинг «Кўнгил дўстлари» («Тазкират ул-авлиё»), Амина Шанк ўғлининг «Виждон азоби»ни ҳамда Ўлжас Сулаймон («Сопол китоб») ва бошқа адибларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган. «Шуҳрат» медали билан тақдирланган (1998).

Yo’ldosh Eshbek 1950 yil 1 sentyabrda Samarqand viloyati, Ishtixon tumanida tavallud topgan. ToshDUning filologiya fakul`tetini tugatgan (1977). Dastlabki she’rlar to’plami — «Sog’inib yashayman» (1981). «Yuksak daraxtlar» (1985), «Moviy turnalar» (1987), «Yaxshilikka qarayman» (1988), «Daraxtlar ertagi» (1989), «Hayot chechagi» (1990), «Mangu masofa» (1991) kabi she’riy to’plamlari nashr etilgan. Imom G’azzoliyning «Ey farzand», Ahmad Lutfiyning «O’gay ona», «Hazrati Ali», Fotima Temurning «Ko’ngil do’stlari» («Tazkirat ul-avliyo»), Amina Shank o’g’lining «Vijdon azobi»ni hamda O’ljas Sulaymon («Sopol kitob») va boshqa adiblarning asarlarini o’zbek tiliga tarjima qilgan. «Shuhrat» medali bilan taqdirlangan (1998).

077
Yo’ldosh Eshbek
YO’LLARIMIZ  BIR  KUN  TUTASHAR
002

SOG’INCH

Tushlarimga kirar har zamon,
Qamishdan nay qilib chalganim.
Qo’ylar boqib tog’lar ortida,
Baxtiyor-baxtiyor tolganim

Va cho’qqidan ko’ringan shahar —
Tumanlarning qo’ynida sirli.
O’ylar edim: u yoqda yashar
Odamlar bir-biriga mehrli.

Fikrim tamom o’zgargani yo’q,
Men — shaharda baxtli fuqaro.
Do’stlar ham orttirdim umrlik,
Olov, sel, turfa fe’l, oq, qora.

Garchi doim bir emas fikr,
Garchi doim yonma-yon emas,
Lekin ochiq, to’g’ri so’z, shukr,
Shukr, maqsad har tomon tortmas.

Yo’llarimiz bir kun tutashar,
Balki yaqin, balki yiroqda.
To’siqlarni qilamiz hashar,
Qo’shiqlarni kuylab yurakdan.

Kamimiz yo’q yashashdan, baxtdan,
Kamimiz yo’q qayg’u g’amdan ham.
Makr otli baland bir taxtdan
Shukr, yonlab o’toldik bardam.

Sog’inganda, to’yxonalarni
Baxt bilan to’ldiramiz.
Biz o’ldirsak bir-birimizni
Baxt bilan o’ldiramiz.

Ichimizda chiroq yonadi,
Goh qovoqlar soliq bo’lsa ham.
Blok aytgan shoirlar kabi
Ko’rishmaymiz — qitmir, muttaham.

Goho baxt uchratsa, goh zorliq
Mehrga, quvonchga, na chora.
Goh g’azab, goh shakarguftorlik…
Ko’rinmasdan tutunlar aro

Javdiraymiz bir-birimizga,
Yetim arslon bolalariday
Nedir yetmas taqdirimizga,
Baxtimizda nimadir kamday,

Tushlarimga kirar har zamon,
Qamishdan nay qilib chalganim.
Qo’ylar boqib tog’lar ortida
Baxtiyor-baxtiyor tolganim.

Va cho’qqidan ko’ringan shahar —
Tumanlarning qo’ynida sirli…

XABAR
«Alpomish» dostonini o’qib

Barchinoydan bir chopar keldi,
Xabar keldi mushfiq paridan,
Yiroqdagi musofir Bekning
Ko’zlari to’rt mushtiparidan.

Xabar keldi — chayqaldi sukut.
Xabar keldi — buyuk hayajon.
Xabar keldi — qo’zg’aldi vujud.
Xabar keldi — to’lg’ondi osmon.

Qirlar ortda qoldi dumalab,
Yo’llar pastda qoldi o’ralib.
Qo’llarini cho’zdi dumaloq
Osmoni bor Qo’ng’irot ahli.

Tog’lari-da, bog’lari-da, shan
Tonglari-da tush ko’rar hali.
Qo’llarini cho’zdi bepoyon
Zamini bor Qo’ng’irot ahli.

«Barchinoyga qo’yilgan talab
Haqoratdir mening elimga,
G’animlarning murodi ma’lum,
Zavq to’ymoqdir chashmi selingdan.

Yetib borsam, qalmoqlar, biling,
Sizni qamab-qamab qirarman.
O’zing menga madad bo’l, elim,
G’olib bo’lib qaytib kelarman».

Bilaklarga sig’maydi g’ayrat,
Torlik qilar g’azabga qalbi,
Otilmagan o’qmidi nafrat? —
Qonlarida toshadi alpning.

Osmon yetti bukilur,
Yulduzlar-da to’kilur,
Bir oh ursa Alpomish
Tog’lar lors-lors so’kilur.

«Yo’l sol endi juda balandga,
Chiqar endi, tulporim, qanot.
Xush qol endi, qonli alanga —
Ona shahrim! Ahli Qo’ng’irot!»

Na’ra tortdi alp yigit birinchi bor,
Bulutlarga nayza bo’ldi Boychibor,
Atrofida shamol esdi g’uv-g’uv,
Mard yurakni bosib keldi bir qo’rquv.

«Nahot endi Barchinoyga kechiksam,
Musofir bu yo’llar aro ichiksam,
Boychibor, o’q bo’l, qoyil qiloyin,
Qalmoqlarga borib qiron soloyin!»

Uchar otning uchqurligi juda ham oz ko’rindi,
Ko’rquv reza ter bo’ldi-yu, manglayda boz ko’rindi,
Bu bir shunday qo’rquvdirkim, bu bir shunday xavotir.
Bundan ko’ra shum yo’llarda o’lgani soz ko’rindi…

TOVUSH

Meni chaqirganday bo’ladi goho,
Yiroq-yiroqlardan qandaydir tovush.
Nasib etarmi deb, abadiy safo,
O’ylayman: qaytarmi uchib ketgan hush?!

Ruh so’ndi, hush uchdi, gohida behush —
Bo’m-bo’sh ko’ngil bilan qoldim beishonch.
Lekin yiroqlardan o’sha hur tovush
Meni chorlab turdi — muqaddas kuvonch!

Sevgilim ishonchsiz boqqan damlar ham,
Do’stlarim aldagan g’ussali paytlar,
Yiroq-yiroqlardan u tovush bardam
Chorlab turdi — so’zsiz shohona baytlar.

Poezd chinqirig’i… turna ovozi…
Goh nay musiqasi… ingichka, uzun.
U tovush keladi qanotin yozib,
Chorlaydi, bag’riga bosmoqlik uchun.

Eng yakin jigarday madad bo’lar u,
Eng yakin do’st kabi hamdard bo’lar u,
Eng qiyin paytlarda onaday mushfiq,
Bolaning mehriday shafqat bo’lar u.

U tovush — da’vating, qudrat baxsh etgan,
Men yetib kelurman qayda bo’lsam ham.
Sen chorlar ekansan, demak, kerakman,
Ey Vatan — jigarim, onam va bolam!

DO’STIM TOJIDDINGA
Xalq oqangida

Vaxshivordan — baland tog’lardan
Narilarda mening do’stim bor.
Ovoz kelar ko’p yiroqlardan:
«Qisinmagin, jo’ra, o’zim bor!»

Jonimga jon berar bir odam,
O’ylarimni sevar bir odam,
Men baxtliman, ko’p baxtiyorman,
Buni aytmay kelar bir odam.

Meni izlab tolgan jo’ram, hey!
Dardlarimni olgan jo’ram, hey!
Omonmisan, hur ertaklardan
Yerga tushib qolgan jo’ram, hey!

Men charchoqning qo’lidan tutdim,
Nurotadan, Hisordan o’tdim.
Yo’llarimda malhamlar bo’lsin,
Ko’p yomg’irdan, ko’p qordan o’tdim.

O’kirib bu tog’lar bag’rida,
Xatarlardan seni so’radim.
Men so’radim yillar qa’ridan,
Safarlardan seni so’radim.

Zohir nasimlardan, Haydardan,
Sharafdan — qaytmasdan izladim.
Seni daragingni aytardan,
Hattoki aytmasdan izladim.

Goho yetdi bu boshim osmonlarga,
Goh yerda qisilib havo istadim.
Ovozimni qo’yib biyobonlarda,
Men navo istadim.
Navo istadim —
Bu dalli dilimga davo istadim.

Sen u yoqdan,
Men bu yoqdan,
Bab-barobar yo, dedik.
Biz otlandik ko’rishmasdan
Bo’lmaylik ado, dedik.

O’tib ketmas bir pushmondan orlandim,
Zorlanmadim — men dushmandan orlandim.
Atrofimda suyanchlarim ko’p edi,
Vafo so’rab qoshlariga bormadim.

Umid bilan dastorimni o’rayman,*
Men so’rasam senday do’stdan so’rayman.
Taxt odamga qachon vafo qilibdi?
Bir so’zlilar iqbolini ko’ray man.

Falak tishlarini har dam qayrarmi,
Qo’llaring shamoli bulut haydarmi,
Vaxshivoru Bobotog’dir belbog’ing,
Peshonangda yulduzlarmi, baytlarmi?!

Do’st izladim, do’st izladim,
Do’st izladim —
Nasibamga yana rizqu
Ro’z izladim,
Iqbolimga yangi so’zu
Ko’z izladim —
Do’st izladim, do’st izladim,
Do’st izladim!

Men charchoqning qo’lidan tutdim,
Nurotadan, Hisordan o’tdim,
Yo’llarimga malhamlar bo’lsin,
Ko’p yomg’irdan, ko’p qordan o’tdim.

Vaxshivordan — baland tog’lardan
Narilarda mening do’stim bor.
Ovoz kelar ko’p yiroqlardan:
«Qisinmagin, jo’ra, o’zim bor!»

* Xalq og’zaki ijodidan — umid bilan yo’l taraddudini ko’raman, degan ma’noda.

DUNYO BAXTI DUNYO KABI FONIYDIR

Dunyoga kelgandir qanchalab odam,
ko’pi shodlik istab ko’rib ketgan g’am,

demakkim, g’am chekkan baxti qarodir,
baliqmi baxtiyor yoki daryodir,

avval angla, kelib-ketmoq ne o’zi,
shundan kelib chiqar ma’no – baxt so’zi,

danak-daraxt bir-biridan hosildir,
bir-biriga do’nib baxtga vosildir,

dunyoning ibtido-intihosi bor,
o’zi imtihonu iqtidosi bor,

kim kimga ergashdi qanday va nechun,
har kim javob berur o’z yo’li uchun,

danak tanga, tana bargga ergashdi,
bari samarga yo dardga ergashdi,

kim illatni samar deya adashdi,
danakka qurt tushdi, yerga qamashdi,

amali nomashru orzusi humoy,
ekkani arpa-yu, kutgani bug’doy,

adli yo’q, talabi doim adolat,
noliydi duch kelsa kulfat, hamoqat,

urug’ izg’irinda nish urib qo’ydi,
bevaqt amal qildi, jonidan to’ydi,

to’pidan ayrilgan ayiq parishon,
haqni halaf bilgan, millatni oshno,

millatning ma’nosi asl e’tiqod,
yo’qsa, millat yo’qdir, yo’qdir e’timod,

ya’ni, u bir qavm, ma’rifati yo’q,
zohiran obodu basiyrati yo’q,

basiyrati yo’qning yo’q ta’lifoti,
bo’lmagay hech qachon oliy sifoti,

dunyoga keldingmi, itoat ayla,
tani, har ishingni ibodat ayla,

ma’rifat berganni bilmoq ma’rifat,
ehsoniga qulluq qilmoq ma’rifat,

yo’qsa har ilmning biror nafi yo’q,
uning o’zi balo, balo daf’i yo’q,

manfaatsiz ilm ma’rifat emas,
u bir portlag’ichki, etgaydir abas,

kelib-ketish ma’nosidir tanimoq,
ihyo etar chin ma’rifat – g’aniy moh

nuri bilan oydin bo’lar yo’limiz,
baxt samari bilan to’lar qo’limiz,

oriflarga nasib etgay kamoli,
eng oliy baxt – Oning oliy jamoli…

yig’ilari dillariga sharh bo’ldi,
oshiqlarki, visoliga g’arq bo’ldi,

dunyo baxti dunyo kabi foniydir,
u kiprik qoqquncha qisqa, oniydir.

077

(Tashriflar: umumiy 1 069, bugungi 1)

Izoh qoldiring