Yashar Qosim. Ezgulikka yuzlangan sog’inch (Yo’ldosh Eshbek she’riyati haqida) & Yo’ldosh Eshbek. She’riy kitob va turkum

07Соғинч – кўнгилнинг эрка ва тўнғич туйғуларидан. Соғинч севгидан олдин туғилган. Инсоннинг ҳамиша эзгулик ва гўзаллик сари юзланган Муҳаббатдай улуғ туйғуси ҳам илк бор соғинишдан бошланмаганмикан?! Соғинч жуда серқирра, тугалланмаган, оралиқ бир кечинма. У инсонни, тақдир тақозоси билан гоҳо омадёр, гоҳо дилхун кунларга элтади.

ЭЗГУЛИККА УЛАНГАН СОҒИНЧ
Яшар ҚОСИМ
Озарбойжон Фанлар академиясининг бош илмий ходими,
филология фанлари доктори, профессор

   Соғинч – кўнгилнинг эрка ва тўнғич туйғуларидан. Соғинч севгидан олдин туғилган. Инсоннинг ҳамиша эзгулик ва гўзаллик сари юзланган Муҳаббатдай улуғ туйғуси ҳам илк бор соғинишдан бошланмаганмикан?! Соғинч жуда серқирра, тугалланмаган, оралиқ бир кечинма. У инсонни, тақдир тақозоси билан гоҳо омадёр, гоҳо дилхун кунларга элтади.

Ўзбек шеъриятига 80-йилларнинг биринчи ярмида кириб келган ўзига хос шоирлар янги шеър тамойилининг истиқболига умид уйғотди.

Йўлдош Эшбекнинг аксар шеърлари, айниқса, “Соғиниб яшайман” туркуми бугунги бадиий изланишларга жўр бўла олади. Шеърдан шеърга ўзгариб турланадиган соғинч силсиласи бу лирик оламда туйғулараро робитанинг асосий ҳалқалари сифатида рўёбга чиқади. Лирик “мен” таржимаи ҳоли бойиб борган сайин унинг кечинмалари ҳам етуклашади, сермаънолик ва рангинлик сари ўсади. Поэтик ёшлик учун анъанавий болалик хотиралари, туғилган қишлоқ, она бағри соғинчларида ҳали бир беғуборлик ва соддадиллик бор. Бир умрга йўқотилган, энди қўл етмас нарсаларнинг фироғи ёш қалбни ҳали ўртамайди. Унинг кечинмаларида ғам-андуҳ излари сезилмайди. Руҳий изтиробларнинг малҳами бор ҳали, соғинч армонга айланмаган, балки “ёруғ бир ҳасратдай” туюлади. Мана шу “ёруғ ҳасрат” билан висол-дийдор орасидаги масофа худди бир чақиримдай: “Кўксимни бўшатсам ул ёққа бориб, Соғинчли ёшларим ўпса чечаклар. Шундай қувнаб қайтсам йўлларда ҳориб, Тоғлардан эшитиб унсиз эртаклар”.

“Мен” ҳозирча ўз қалбини дунёларга очмаган. Унинг дунёси қишлоқ ҳақидаги романтик тасаввурлар билан чегараланган. Дунё бу – қишлоқ. “Мен” бошқа дунёларга ҳали бегонадир. Шунинг учун “гоҳо тор келади шу улкан шаҳар”. У қишлоқнинг “митти кенгликлари”ни қўмсайди. “Қишлоққа қайтиш” лирик қаҳрамон учун ўзлигига, ўз дунёсига қайтиш демакдир. Бу дунёнинг дунёларга дахли йўқ. Шу босқичда лирик “мен” кечинмаларининг моҳиятида индивидуал – биографик таассуротлар ётади. Ва шеърий кайфият, асосан, “Қишлоққа қайтиш” ва “Қишлоқдан қайтиш” сингари рамзий поэтик сафарларнинг акс-садоси бўлиб туғилади. Йўлдошнинг илк машқларида Қишлоқ барча туйғу ва кечинмаларнинг туташ нуқтасидир. Умуминсоний ва дунёвий дардлар унинг руҳиятига ҳали тўла сингиб улгурмагани учун бу энтикиш ва орзиқишларда биллурлик ярқирайди, шу ўсмир соғинчлар зангори-романтик рангларда суратланади.

Дунё билан танишувнинг шу поғонасида “мен”га соғинч ва изтироблардан қутулишнинг йўллари беркдай:

Энди сира кўнгил тўлмайди,
Ул омадёр кунларим тушдай…

Энди Соғинч – “ёруғ бир ҳасрат”дай туюлмайди. У зангори, мовий эмас, ғам рангидадир:

Йўқ, йўқ, бундоқ яшаб бўлмайди,
Бу шовқинли дунёда беун.
Ғамгинликка жуда ўхшайди
Фақат ўйлаб яшамоқ, тушун.

Лирик қаҳрамон “бу шовқинли дунёда беун” яшамаслик учун ўзига бир ҳамдард, қалбига мунис бир ҳамроҳ излайди. “Мен”нинг оламига “сен” кириб келади. Ўксик ва меҳрга зор қалб бу муборак учрашувдан беҳад севинади. Бу – бениҳоя самимий бир севинч – бахшиёна бир севинч: “Эй, Сиз фариштадай покиза сиймо, Тушимда кўрдимми, йўқотдимми тонг. Туманлар бағрига сингдингизми ё, Ё мени алдади туман – Ёсуман”. Энди “мен”нинг барча соғинчларининг ягона нишонгоҳи – “Сен”.

Мен Сизни излайман ҳануз бетоқат,
Руҳимда бир йўл бор, яна бир жуфт из.

Уни классик ошиқларнинг тақдири кутмоқда. Дунёнинг ҳамма севги фидойилари “тақдири азал”га тан берган. Барча ошиқларнинг пешонасига шундай толе битилган. Чунки чинакам ошиқлик – “марҳамат фарзанди” бўлмоқ демакдир. “Сен” эса марҳаматсизлик рамзидир. “Сен”нинг бутун замонлар учун ўзгармас – собит эстетик моҳияти, “мен” ва “сен” ўртасидаги азал-абад поэтик конфиликтнинг “қонунийлиги” шу билан изоҳланади. “Соғиниб яшайман”да ҳам висол илинжида юрган лирик “мен”ни ҳижрон – абадий соғинч ўз оғушига олади… Анъанавий изтироб ва азоб оригинал метафорик ифодада бадиийлашади:

Йўлингга қараб кўзим
Қирмиз қўшиққа тўлди…

Бу – Соғинчнинг Йўлдош кашф этган рангидир – “қирмиз қўшиқ” ранги! Бу ранг қайсидир нуқтада қадимий ишқ шаҳидларининг дийдасидаги ҳижрон рангига – “кўзимдан қонли оқар сув” (Муҳаммад Фузулий) – оҳангдошдай туюлади. Лекин “қирмиз қўшиқ” ибораси қайсидир классик метафораларга ўхшашлиги билан эмас, балки янги лирик сифати, эмоционал шиддати билан ёдда қолади. Дарҳақиқат, “қонли сув” ва “қирмиз қўшиқ” бир-биридан фарқли ҳолат ва ранг-тусларни ифодалайди. Аниқроғи, бу шарқий-туркий истиораларда ҳижроннинг, айрилиқ азобининг турли босқичлари суратланган.

Ҳақиқий шеърият ҳамиша ҳаётсевардир. Чинакам поэзия учун “дард – истиқбол дояси” (Муҳтарама Улуғова). Ҳамма изтироб чекади, лекин шоиргина ўз изтироби билан юзма-юз туради, ўз дарди билан олишиб яшайди ва ниҳоят, уни енгиб чиқади. Оқибат – дард қўшиққа айланади, янги шеър туғилади. Бу маънода шоирлик – ҳар қандай шахсий-ички туйғу ва ҳиссиётдан, кайфият ва кечинмадан баланд тура олмоқ санъатидир. “Агар шоир ўз кадарини шеърга айлантира олган бўлса, демак, энди кадар йўқ, шеър бор” (Ромиз Равшан).

Ёлғончи куюнчаклик, ҳуда-беҳуда зорланишлар билан шеъриятнинг буюк дарди ўртасида ер билан осмонча фарқ бор. Шундай экан, ҳақиқий шеърдаги дард ва ҳасратни тушкунлик деб тушуниш ва шу йўсинда талқин қилиш аслида билиб-билмай шеърни тушунишдан бош тортиш эмасми?!

Қалбининг интизор-изтиробига бас келолмайдиган одам ўз Соғинчига “Айтсам оҳдир, айтмасам Сарғайтириб сил қилар” дея оғриниб туриб, қай маънавий қудрат билан ўзининг мунгли-мангу Армонига қувноқ бир оҳанг, некбин бир нақорат танлай олади?! Бу – шоир кўнглининг, ўжар руҳнинг мўъжизасидир. Бўлмаса зада, ғамгусор қалб шундай дейишга қандай ботинади: “Қайғуларга чек қўйиб, бир зум Руҳимда тирилар ул қўшиқ”:

Биз бахтиёр бўлгаймиз хўб,
Бизни зафар қучажак!
Теппамизда чарх уришиб,
Қалдирғочлар учажак!

Дарднинг қўшиққа айланиши осонми сизга?!

Йўлдош Эшбекнинг қатор шеърларида, айниқса, 80-йиллар ўзбек лирикасининг сара намуналаридан бўлган “Қўш ҳайда…” қўшиқ-реквиемида шундай ажойиб ҳолатга дуч келамиз… Залворли, вазмин мунг енгил вазний муҳитда нафас олади. Армондай оғир, ҳижрондек узун кадар висолдай қисқа, шошқин оҳанглар бағрида яшайди. Айни бу гўзал тазодлар таратган нур мисра ва сўз йўлларини ёритиб туради. Оддий, анъанавий ғамни – реквием таассуротини ўзгартириб, ёруғ ҳасрат, туғёнли қўшиқ кайфиятини вужудга келтиради. Мундарижа ва шакларо қарама-қаршилик, хилма-хил бадиий қутбларнинг ноодатий, “ноқулай” поэтик муносабатга киришуви эса оригинал эстетик ассоциациялар туғдириши табиийдир…

Қўш ҳайда-ю қўш ҳайда,
Ҳайдамасанг нон қайда.
Иродангни қаттиқ қил,
Лекин ерни бўш ҳайда.

Яқин ўтмишимизнинг трагик манзаралари ёрқин эмоционал бўёқларда кўзимиз олдида гавдаланади. Масрур бир марсиядек, оғир бир сурурдай совуган қонларни жунбушга келтиради. Тош қотган қалбларда ҳамдардлик алангасини ёқади. Бу оғриқ тўла тетик, ҳаракатчан мисралар музлаган шуурларга ҳаётбахш ҳарорат улашади. “Ўлик” жонларни тирилишга, мағлуб ва мазлум руҳларни қайта уйғонишга чорлайди. Зотан, бу кун мискин кечмишларнинг, истиқбол эса серғалва-серташвиш бу куннинг такрори бўлмаслиги керак.

Илмни хор этдилар
Бу жаллодлар, каззоблар.
Илмга зор этдилар
Болаларни азоблаб.

Тенгсизликка қарши ғазаб ва ижтимоий адолат орзуси, гўзал ҳаёт, эзгулик соғинчи еттиликнинг қисқа, куйчан тўлқинларида ўйноқи жаранглайди. Исён, ғам-алам қўшиқ қанотларида парвозга чоғланади. Заминий армон поэзиянинг зангори осмонида камалакдай товланади… Барибир ҳайратимни яширгим келмайди: шоир қандай қилиб Репиннинг “Бурлаклар” картинасига айнан уйқаш бир даҳшатли манзарани қадимий қўшиқ оҳангига сиғдира олган экан?!

Алқисса, дардчиллик – шеъриятда халқчилликнинг асосий, табиий кўринишларидан бири сифатида намоён бўлади. Йўлдош Эшбекнинг шеърларида эса халқчиллик поэтик мазмуннинг ўзидагина эмас, балки шакл ва оҳангларида ҳам бўртиб кўринади. Бу нарса унинг ўзига хос ижодий дастхатини белгилайдиган жиҳатлардан биридир.

Қуйидаги мисралар эса менга асло илтижо, иложсизлик бўлиб туюлмайди. Чунки иложсизлик қўшиққа айланмайди. Иложсизликка суяниб бўлмайди. Чунки қўшиқ ўзи энг буюк имкондир. Туганмас илождир. Ахир, қўшиқ – курашнинг сўз босқичи эмасми?! Барча буюк курашлар айни шундай суянчиқ-курашчан қўшиқлардан туғилмаганми?!

Кимга ҳам етар эди
Илтижо унларимиз.
Шу қўшиққа суяниб
Ўтмоқда кунларимиз…

Қўшиққа суяниб ўтиш осонми сизга?!

Йўлдош Эшбекнинг “Қадимги қўшиқлар”, “Бахтиёрнинг қўшиғи”, “Сенинг қўшиғинг”, “Ижара ҳақида қўшиқ”, “Бойчибор”, “Қадимги оҳангларда” сингари шеърларидаги жозиб ва серқирра поэтик кайфият ҳам бевосита ёки билвосита юқорида эслатганимиз оғзаки ва ёзма миллий адабий анъанага уланади. Айниқса, “Бахтиёрнинг қўшиғи” умуман Шеърнинг, Сўзнинг сир-синоатига етиш маъносида бетакрор намунадир.

Ўркач-ўркач тўлқинларнинг бағрида,
Ёлғиз сандиқ қалқиб-қалқиб келади.
Ўркач-ўркач андуҳларнинг қаърида,
Ойгулгинам менинг оқиб келади.

Бу ғамгин севги қиссаси нега шунчалар қувноқ ва ўйноқи жаранглайди?! “Ўркач-ўркач андуҳларнинг қаърида” оқаётган ҳасрат нега кўнглимизга малол чўктирмай – руҳимизни кўтаради, парвозга чорлайди?! Ахир, омадсиз бир ошиқ ўз аламини ёниб-куйиб куйлаётир-ку!

Сарғайиб ва сўлиб борар, оҳ, гулим,
На сувларга, на кўкларга боқади.
Золим замон зуғумидан Ойгулим
Қонлар ютиб, оҳлар уриб оқади.

Ушбу мисралар осмонини кадар-ғусса булутлари аёвсиз қоплаганга ўхшайди. На бир туйнук, на бир умид, илинж тирқиши бордай. Лекин худди шу мисралар бағрида чўғдай йилтиллаётган нима у? Бу ҳаётбахш ҳарорат уларга қандай ва қайдан оралаган? Ва ниҳоят, қандай қилиб “Сарғайиб ва сўлиб бораётган” Соғинчнинг, ғамнинг юзига қизиллик – ҳаёт ва умид ранги югуриши мумкин?!

Энди оппоқ манзилларга борармиз,
Табассум қил, табассум қил, қайғулим.
Булутларни юлдузлардай ёрармиз,
Қултарлонлар омон бўлсин, Ойгулим!

Бу соғинчли дунё қаҳрамони ижтимоий воқеликни чуқурроқ англаб етгани сайин унинг туйғу ва кечинмалари доираси, интилишлари миқёси ҳам ўз ҳудудларини ўзгартиради. Она қишлоқ ва илк севги соғинчлари билан “Бахт”, “Ойбекнинг сўзлари”, “Инсонга таъзим”, “Алёхин”, “Урушдан сўнг”, “Ижара ҳақида қўшиқ”, “Кўзларини юмиб хўрсинади от” каби шеърлардаги мураккаб поэтик кайфият ва кечинмалар, теран ва тагдор ўйлар орасида узундан-узоқ жиддий меҳнат ва изланишлар ётгани илк қарашдаёқ назарга тушади. Бу шеърларда лирик “мен” умуминсоний миқёсларда фикрлайди, мулоҳаза юритади. Унинг маънавий олами, истак ва ташвишлари заминий зиддиятлар, қарама-қаршиликлар замирида очилади. Лирик кайфият турли, бир-биридан фарқли замон ва макон таассуротларидан озиқланади. Мана шу эса поэтик руҳиятга ички-дохилий бир кенглик, ҳаётий ранг-баранглик бағишлайди.

Замонавий шеъриятдаги безовта ва ҳаяжонли ҳолатлар, зиддиятли ҳиссий-руҳий жараёнлар тасвири замирида ягона бир мақсад – дунёни ва инсонни бундан ҳам гўзал ва мукаммал кўриш истаги ётади. Мана шу олижаноб, юксак ният турли ижодкорлар асарларида турлича ботиний-бадиий кечинмалар, поэтик кайфият, таассуротлар шаклида ифодаланади. Бу жиҳатдан, айтайлик, Эркин Воҳидов ва Абдулла Орипов поэзиясида мукаммал Инсон орзусига монанд улуғвор бир кадар, Чўлпон Эргаш ва Рауф Парфида чуқур инсоний дард ва курашчан ҳасрат, Азим Суюн ва Усмон Азимда сусткашлик ва лоқайдликка, ички-маънавий торликка, қабоҳатларга қаратилган алангали исён, Шавкат Раҳмон ва Хуршид Давронда табиатни “инсонийлаштириш”га интилиш, одамзодни ўз генетик моҳиятини, яъни табиат билан ҳамжинслигини унутмасликка даъват, Усмон Қўчқор ва Матназар Абдулҳаким шеърларида тирилишга ташна буюк хотира, Йўлдош Эшбекда эса ҳамиша улуғ инсоний бахт, дунёвий эрк ва эркинлик, эзгуликлар сари юзланган ёлқинли Соғинч… булар бари айни бир ғоявий-эстетик мақсадга бўйсундирилган поэтик ҳодисалардир.

Йўлдош Эшбек шеърларини ич-ичидан бир шуъла – соғинч шуъласи ёритиб туради. Лирик “мен”нинг рангин таассурот ва сезгилари соғинч ёғдулари ёруғлигида ойдинлашади. Соғинч ўта эмоционал бир кечинма сифатида бу шеърларда лирик “ўзни ифода” шакли, йўсини сингари моддийлашади. Шу маънавий-поэтик унсур Соғинчли олам сарҳадларини муайянлаштиради. Соғинч, таъбир жоиз бўлса, лирик қаҳрамон дунёсининг оғирлик марказидир. Турфа туйғулар ва ҳиссиётлар оқимининг туташ нуқтасидир. Ўтмиш билан истиқбол, хотира ва орзулар худди мана шу нуқтада юзма-юз келади…

Манба: “O‘zbekiston adabiyoti va san’ati” газетаси,
2022 йил 14 октябрь 37-сон.

Sog’inch – ko’ngilning erka va to’ng’ich tuyg’ularidan. Sog’inch sevgidan oldin tug’ilgan. Insonning hamisha ezgulik va go’zallik sari yuzlangan Muhabbatday ulug’ tuyg’usi ham ilk bor sog’inishdan boshlanmaganmikan?! Sog’inch juda serqirra, tugallanmagan, oraliq bir kechinma. U insonni, taqdir taqozosi bilan goho omadyor, goho dilxun kunlarga eltadi.

EZGULIKKA ULANGAN SOG’INCH
Yashar QOSIM
Ozarboyjon Fanlar akademiyasining bosh ilmiy xodimi,
filologiya fanlari doktori, professor

Sog’inch – ko’ngilning erka va to’ng’ich tuyg’ularidan. Sog’inch sevgidan oldin tug’ilgan. Insonning hamisha ezgulik va go’zallik sari yuzlangan Muhabbatday ulug’ tuyg’usi ham ilk bor sog’inishdan boshlanmaganmikan?! Sog’inch juda serqirra, tugallanmagan, oraliq bir kechinma. U insonni, taqdir taqozosi bilan goho omadyor, goho dilxun kunlarga eltadi.

O’zbek she’riyatiga 80-yillarning birinchi yarmida kirib kelgan o’ziga xos shoirlar yangi she’r tamoyilining istiqboliga umid uyg’otdi.

Yo’ldosh Eshbekning aksar she’rlari, ayniqsa, “Sog’inib yashayman” turkumi bugungi badiiy izlanishlarga jo’r bo’la oladi. She’rdan she’rga o’zgarib turlanadigan sog’inch silsilasi bu lirik olamda tuyg’ulararo robitaning asosiy halqalari sifatida ro’yobga chiqadi. Lirik “men” tarjimai holi boyib borgan sayin uning kechinmalari ham yetuklashadi, serma’nolik va ranginlik sari o’sadi. Poetik yoshlik uchun an’anaviy bolalik xotiralari, tug’ilgan qishloq, ona bag’ri sog’inchlarida hali bir beg’uborlik va soddadillik bor. Bir umrga yo’qotilgan, endi qo’l yetmas narsalarning firog’i yosh qalbni hali o’rtamaydi. Uning kechinmalarida g’am-anduh izlari sezilmaydi. Ruhiy iztiroblarning malhami bor hali, sog’inch armonga aylanmagan, balki “yorug’ bir hasratday” tuyuladi. Mana shu “yorug’ hasrat” bilan visol-diydor orasidagi masofa xuddi bir chaqirimday: “Ko’ksimni bo’shatsam ul yoqqa borib, Sog’inchli yoshlarim o’psa chechaklar. Shunday quvnab qaytsam yo’llarda horib, Tog’lardan eshitib unsiz ertaklar”.

“Men” hozircha o’z qalbini dunyolarga ochmagan. Uning dunyosi qishloq haqidagi romantik tasavvurlar bilan chegaralangan. Dunyo bu – qishloq. “Men” boshqa dunyolarga hali begonadir. Shuning uchun “goho tor keladi shu ulkan shahar”. U qishloqning “mitti kengliklari”ni qo’msaydi. “Qishloqqa qaytish” lirik qahramon uchun o’zligiga, o’z dunyosiga qaytish demakdir. Bu dunyoning dunyolarga daxli yo’q. Shu bosqichda lirik “men” kechinmalarining mohiyatida individual – biografik taassurotlar yotadi. Va she’riy kayfiyat, asosan, “Qishloqqa qaytish” va “Qishloqdan qaytish” singari ramziy poetik safarlarning aks-sadosi bo’lib tug’iladi. Yo’ldoshning ilk mashqlarida Qishloq barcha tuyg’u va kechinmalarning tutash nuqtasidir. Umuminsoniy va dunyoviy dardlar uning ruhiyatiga hali to’la singib ulgurmagani uchun bu entikish va orziqishlarda billurlik yarqiraydi, shu o’smir sog’inchlar zangori-romantik ranglarda suratlanadi.

Dunyo bilan tanishuvning shu pog’onasida “men”ga sog’inch va iztiroblardan qutulishning yo’llari berkday:

Endi sira ko’ngil to’lmaydi,
Ul omadyor kunlarim tushday…

Endi Sog’inch – “yorug’ bir hasrat”day tuyulmaydi. U zangori, moviy emas, g’am rangidadir:

Yo’q, yo’q, bundoq yashab bo’lmaydi,
Bu shovqinli dunyoda beun.
G’amginlikka juda o’xshaydi
Faqat o’ylab yashamoq, tushun.

Lirik qahramon “bu shovqinli dunyoda beun” yashamaslik uchun o’ziga bir hamdard, qalbiga munis bir hamroh izlaydi. “Men”ning olamiga “sen” kirib keladi. O’ksik va mehrga zor qalb bu muborak uchrashuvdan behad sevinadi. Bu – benihoya samimiy bir sevinch – baxshiyona bir sevinch: “Ey, Siz farishtaday pokiza siymo, Tushimda ko’rdimmi, yo’qotdimmi tong. Tumanlar bag’riga singdingizmi yo, Yo meni aldadi tuman – Yosuman”. Endi “men”ning barcha sog’inchlarining yagona nishongohi – “Sen”.

Men Sizni izlayman hanuz betoqat,
Ruhimda bir yo’l bor, yana bir juft iz.

Uni klassik oshiqlarning taqdiri kutmoqda. Dunyoning hamma sevgi fidoyilari “taqdiri azal”ga tan bergan. Barcha oshiqlarning peshonasiga shunday tole bitilgan. Chunki chinakam oshiqlik – “marhamat farzandi” bo’lmoq demakdir. “Sen” esa marhamatsizlik ramzidir. “Sen”ning butun zamonlar uchun o’zgarmas – sobit estetik mohiyati, “men” va “sen” o’rtasidagi azal-abad poetik konfiliktning “qonuniyligi” shu bilan izohlanadi. “Sog’inib yashayman”da ham visol ilinjida yurgan lirik “men”ni hijron – abadiy sog’inch o’z og’ushiga oladi… An’anaviy iztirob va azob original metaforik ifodada badiiylashadi:

Yo’lingga qarab ko’zim
Qirmiz qo’shiqqa to’ldi…

Bu – Sog’inchning Yo’ldosh kashf etgan rangidir – “qirmiz qo’shiq” rangi! Bu rang qaysidir nuqtada qadimiy ishq shahidlarining diydasidagi hijron rangiga – “ko’zimdan qonli oqar suv” (Muhammad Fuzuliy) – ohangdoshday tuyuladi. Lekin “qirmiz qo’shiq” iborasi qaysidir klassik metaforalarga o’xshashligi bilan emas, balki yangi lirik sifati, emotsional shiddati bilan yodda qoladi. Darhaqiqat, “qonli suv” va “qirmiz qo’shiq” bir-biridan farqli holat va rang-tuslarni ifodalaydi. Aniqrog’i, bu sharqiy-turkiy istioralarda hijronning, ayriliq azobining turli bosqichlari suratlangan.

Haqiqiy she’riyat hamisha hayotsevardir. Chinakam poeziya uchun “dard – istiqbol doyasi” (Muhtarama Ulug’ova). Hamma iztirob chekadi, lekin shoirgina o’z iztirobi bilan yuzma-yuz turadi, o’z dardi bilan olishib yashaydi va nihoyat, uni yengib chiqadi. Oqibat – dard qo’shiqqa aylanadi, yangi she’r tug’iladi. Bu ma’noda shoirlik – har qanday shaxsiy-ichki tuyg’u va hissiyotdan, kayfiyat va kechinmadan baland tura olmoq san’atidir. “Agar shoir o’z kadarini she’rga aylantira olgan bo’lsa, demak, endi kadar yo’q, she’r bor” (Romiz Ravshan).

Yolg’onchi kuyunchaklik, huda-behuda zorlanishlar bilan she’riyatning buyuk dardi o’rtasida yer bilan osmoncha farq bor. Shunday ekan, haqiqiy she’rdagi dard va hasratni tushkunlik deb tushunish va shu yo’sinda talqin qilish aslida bilib-bilmay she’rni tushunishdan bosh tortish emasmi?!

Qalbining intizor-iztirobiga bas kelolmaydigan odam o’z Sog’inchiga “Aytsam ohdir, aytmasam Sarg’aytirib sil qilar” deya og’rinib turib, qay ma’naviy qudrat bilan o’zining mungli-mangu Armoniga quvnoq bir ohang, nekbin bir naqorat tanlay oladi?! Bu – shoir ko’nglining, o’jar ruhning mo»jizasidir. Bo’lmasa zada, g’amgusor qalb shunday deyishga qanday botinadi: “Qayg’ularga chek qo’yib, bir zum Ruhimda tirilar ul qo’shiq”:

Biz baxtiyor bo’lgaymiz xo’b,
Bizni zafar quchajak!
Teppamizda charx urishib,
Qaldirg’ochlar uchajak!

Dardning qo’shiqqa aylanishi osonmi sizga?!

Yo’ldosh Eshbekning qator she’rlarida, ayniqsa, 80-yillar o’zbek lirikasining sara namunalaridan bo’lgan “Qo’sh hayda…” qo’shiq-rekviyemida shunday ajoyib holatga duch kelamiz… Zalvorli, vazmin mung yengil vazniy muhitda nafas oladi. Armonday og’ir, hijrondek uzun kadar visolday qisqa, shoshqin ohanglar bag’rida yashaydi. Ayni bu go’zal tazodlar taratgan nur misra va so’z yo’llarini yoritib turadi. Oddiy, an’anaviy g’amni – rekviyem taassurotini o’zgartirib, yorug’ hasrat, tug’yonli qo’shiq kayfiyatini vujudga keltiradi. Mundarija va shaklaro qarama-qarshilik, xilma-xil badiiy qutblarning noodatiy, “noqulay” poetik munosabatga kirishuvi esa original estetik assotsiatsiyalar tug’dirishi tabiiydir…

Qo’sh hayda-yu qo’sh hayda,
Haydamasang non qayda.
Irodangni qattiq qil,
Lekin yerni bo’sh hayda.

Yaqin o’tmishimizning tragik manzaralari yorqin emotsional bo’yoqlarda ko’zimiz oldida gavdalanadi. Masrur bir marsiyadek, og’ir bir sururday sovugan qonlarni junbushga keltiradi. Tosh qotgan qalblarda hamdardlik alangasini yoqadi. Bu og’riq to’la tetik, harakatchan misralar muzlagan shuurlarga hayotbaxsh harorat ulashadi. “O’lik” jonlarni tirilishga, mag’lub va mazlum ruhlarni qayta uyg’onishga chorlaydi. Zotan, bu kun miskin kechmishlarning, istiqbol esa serg’alva-sertashvish bu kunning takrori bo’lmasligi kerak.

Ilmni xor etdilar
Bu jallodlar, kazzoblar.
Ilmga zor etdilar
Bolalarni azoblab.

Tengsizlikka qarshi g’azab va ijtimoiy adolat orzusi, go’zal hayot, ezgulik sog’inchi yettilikning qisqa, kuychan to’lqinlarida o’ynoqi jaranglaydi. Isyon, g’am-alam qo’shiq qanotlarida parvozga chog’lanadi. Zaminiy armon poeziyaning zangori osmonida kamalakday tovlanadi… Baribir hayratimni yashirgim kelmaydi: shoir qanday qilib Repinning “Burlaklar” kartinasiga aynan uyqash bir dahshatli manzarani qadimiy qo’shiq ohangiga sig’dira olgan ekan?!

Alqissa, dardchillik – she’riyatda xalqchillikning asosiy, tabiiy ko’rinishlaridan biri sifatida namoyon bo’ladi. Yo’ldosh Eshbekning she’rlarida esa xalqchillik poetik mazmunning o’zidagina emas, balki shakl va ohanglarida ham bo’rtib ko’rinadi. Bu narsa uning o’ziga xos ijodiy dastxatini belgilaydigan jihatlardan biridir.

Quyidagi misralar esa menga aslo iltijo, ilojsizlik bo’lib tuyulmaydi. Chunki ilojsizlik qo’shiqqa aylanmaydi. Ilojsizlikka suyanib bo’lmaydi. Chunki qo’shiq o’zi eng buyuk imkondir. Tuganmas ilojdir. Axir, qo’shiq – kurashning so’z bosqichi emasmi?! Barcha buyuk kurashlar ayni shunday suyanchiq-kurashchan qo’shiqlardan tug’ilmaganmi?!

Kimga ham yetar edi
Iltijo unlarimiz.
Shu qo’shiqqa suyanib
O’tmoqda kunlarimiz…

Qo’shiqqa suyanib o’tish osonmi sizga?!

Yo’ldosh Eshbekning “Qadimgi qo’shiqlar”, “Baxtiyorning qo’shig’i”, “Sening qo’shig’ing”, “Ijara haqida qo’shiq”, “Boychibor”, “Qadimgi ohanglarda” singari she’rlaridagi jozib va serqirra poetik kayfiyat ham bevosita yoki bilvosita yuqorida eslatganimiz og’zaki va yozma milliy adabiy an’anaga ulanadi. Ayniqsa, “Baxtiyorning qo’shig’i” umuman She’rning, So’zning sir-sinoatiga yetish ma’nosida betakror namunadir.

O’rkach-o’rkach to’lqinlarning bag’rida,
Yolg’iz sandiq qalqib-qalqib keladi.
O’rkach-o’rkach anduhlarning qa’rida,
Oygulginam mening oqib keladi.

Bu g’amgin sevgi qissasi nega shunchalar quvnoq va o’ynoqi jaranglaydi?! “O’rkach-o’rkach anduhlarning qa’rida” oqayotgan hasrat nega ko’nglimizga malol cho’ktirmay – ruhimizni ko’taradi, parvozga chorlaydi?! Axir, omadsiz bir oshiq o’z alamini yonib-kuyib kuylayotir-ku!

Sarg’ayib va so’lib borar, oh, gulim,
Na suvlarga, na ko’klarga boqadi.
Zolim zamon zug’umidan Oygulim
Qonlar yutib, ohlar urib oqadi.

Ushbu misralar osmonini kadar-g’ussa bulutlari ayovsiz qoplaganga o’xshaydi. Na bir tuynuk, na bir umid, ilinj tirqishi borday. Lekin xuddi shu misralar bag’rida cho’g’day yiltillayotgan nima u? Bu hayotbaxsh harorat ularga qanday va qaydan oralagan? Va nihoyat, qanday qilib “Sarg’ayib va so’lib borayotgan” Sog’inchning, g’amning yuziga qizillik – hayot va umid rangi yugurishi mumkin?!

Endi oppoq manzillarga borarmiz,
Tabassum qil, tabassum qil, qayg’ulim.
Bulutlarni yulduzlarday yorarmiz,
Qultarlonlar omon bo’lsin, Oygulim!

Bu sog’inchli dunyo qahramoni ijtimoiy voqelikni chuqurroq anglab yetgani sayin uning tuyg’u va kechinmalari doirasi, intilishlari miqyosi ham o’z hududlarini o’zgartiradi. Ona qishloq va ilk sevgi sog’inchlari bilan “Baxt”, “Oybekning so’zlari”, “Insonga ta’zim”, “Alyoxin”, “Urushdan so’ng”, “Ijara haqida qo’shiq”, “Ko’zlarini yumib xo’rsinadi ot” kabi she’rlardagi murakkab poetik kayfiyat va kechinmalar, teran va tagdor o’ylar orasida uzundan-uzoq jiddiy mehnat va izlanishlar yotgani ilk qarashdayoq nazarga tushadi. Bu she’rlarda lirik “men” umuminsoniy miqyoslarda fikrlaydi, mulohaza yuritadi. Uning ma’naviy olami, istak va tashvishlari zaminiy ziddiyatlar, qarama-qarshiliklar zamirida ochiladi. Lirik kayfiyat turli, bir-biridan farqli zamon va makon taassurotlaridan oziqlanadi. Mana shu esa poetik ruhiyatga ichki-doxiliy bir kenglik, hayotiy rang-baranglik bag’ishlaydi.

Zamonaviy she’riyatdagi bezovta va hayajonli holatlar, ziddiyatli hissiy-ruhiy jarayonlar tasviri zamirida yagona bir maqsad – dunyoni va insonni bundan ham go’zal va mukammal ko’rish istagi yotadi. Mana shu olijanob, yuksak niyat turli ijodkorlar asarlarida turlicha botiniy-badiiy kechinmalar, poetik kayfiyat, taassurotlar shaklida ifodalanadi. Bu jihatdan, aytaylik, Erkin Vohidov va Abdulla Oripov poeziyasida mukammal Inson orzusiga monand ulug’vor bir kadar, Cho’lpon Ergash va Rauf Parfida chuqur insoniy dard va kurashchan hasrat, Azim Suyun va Usmon Azimda sustkashlik va loqaydlikka, ichki-ma’naviy torlikka, qabohatlarga qaratilgan alangali isyon, Shavkat Rahmon va Xurshid Davronda tabiatni “insoniylashtirish”ga intilish, odamzodni o’z genetik mohiyatini, ya’ni tabiat bilan hamjinsligini unutmaslikka da’vat, Usmon Qo’chqor va Matnazar Abdulhakim she’rlarida tirilishga tashna buyuk xotira, Yo’ldosh Eshbekda esa hamisha ulug’ insoniy baxt, dunyoviy erk va erkinlik, ezguliklar sari yuzlangan yolqinli Sog’inch… bular bari ayni bir g’oyaviy-estetik maqsadga bo’ysundirilgan poetik hodisalardir.

Yo’ldosh Eshbek she’rlarini ich-ichidan bir shu’la – sog’inch shu’lasi yoritib turadi. Lirik “men”ning rangin taassurot va sezgilari sog’inch yog’dulari yorug’ligida oydinlashadi. Sog’inch o’ta emotsional bir kechinma sifatida bu she’rlarda lirik “o’zni ifoda” shakli, yo’sini singari moddiylashadi. Shu ma’naviy-poetik unsur Sog’inchli olam sarhadlarini muayyanlashtiradi. Sog’inch, ta’bir joiz bo’lsa, lirik qahramon dunyosining og’irlik markazidir. Turfa tuyg’ular va hissiyotlar oqimining tutash nuqtasidir. O’tmish bilan istiqbol, xotira va orzular xuddi mana shu nuqtada yuzma-yuz keladi…

Manba: “O‘zbekiston adabiyoti va san’ati” gazetasi,
2022 yil 14 oktyabr 37-son.

045

(Tashriflar: umumiy 178, bugungi 1)

2 izoh

  1. Яшарбей, соғмисиз, саломатмисиз? Бола чақалар омонми? Ҳайрият, бор экансиз! Мақолани кўриб, йўқотган нарсасини топиб олган боладай, қувониб кетдим. Ҳа, Йўлдош ака, ўзингиз эътироф этганингиздай, туйғулари тоза, ўзига хос соғинчли, беғубор, далли сатрлари билан ажралиб турадиган шоирдир. Қаерда яшаманг, бизнинг тасаввуримизда ўзбек адабиётшунослигида ўз ўрнига эга, инжа тасаввурли, катта олим сифатида қолаверасиз! Биз — ўзбек тупроғида кўча чангитиб катта бўлган тенгдош дўст-ёр-биродарларингиз сизни беҳад соғинганмиз! Имкон топиб, бир келинг! А. Бойқўзиев. Телегр +99899 790 82 44.

  2. RAHMAT YASHAR
    RAHMAT,ABDUNABI
    Y.ESHBEK ZAMONDDOSHLAR NIGOHIDA KITOBIDA KENGROK
    KOʻZ XIRA
    DUODA BOʻLING

Izoh qoldiring