Yo’ldosh Eshbek. She’rlar & Abduhamid Pardayev. Tongni uyg’otgan shoir

1 сентябрь — Шоир Йўлдош Эшбек туғилган кун

Олдингиздан икки йўл чиқди, дейлик. Ўнгга дегани – илҳом бўлди. Бу – оддий одамларга узатилган ички илҳом. Ижодкор илҳомида эса ҳол ва маъно бирлашади. Ижодкорнинг ички олами фаоллашади, тезлашади, хуш туйғулар лаззати тиғизлашади, фикр ва маънолар қуйилади, ижодкор тоқат қилиб бўлмас гўзал ҳолга кириб қолади. Ва анормал ҳолда нормал ва ҳатто комил бир ишни адо этади. Бу ҳолатни сўфийнинг жазба ҳолига ўхшатиш мумкин. Илҳом, ишқ, жазба жўш уриб инсон кўнглида кучайганда, оромбахш азоблар ёки азоббахш оромлар орқали чўққига кўтарилади (Йўлдош Эшбекнинг «Илҳом нима?» саволига берган жавоби).

Абдуҳамид Пардаев
ТОНГНИ УЙҒОТГАН ШОИР
045

1

Уч рақами, учликнинг хосияти бордай. Юсуф Хос Ҳожиб уч оёқли курси мустаҳкам бўлади, деб таъкидлайди. Самарқанд Фозил Йўлдош ўғли, Эргаш Жуманбулбул, Пўлкан Шоир каби бир йўла уч бахшини етиштириб берганди. ХХ асрнинг иккинчи ярмида бу анъана давом этди – шеъриятимиз боғини яна самарқандлик уч шоир ҳам гуллатди: Азим Суюн, Хуршид Даврон, Йўлдош Эшбек! Бир даврда елкама-елка яшаб ижод қилган, бироқ ижодий услуби турлича бўлган уч забардаст шоир. Хусусан, Хуршид Даврон шеърияти бошқача оҳанг, йўсинга эга бўлса, Азим Суюн билан Йўлдош Эшбек шеърияти бир-биридан фарқ қилгани ҳолда халқона руҳга эга экани билан ажралиб туради.

Менинг ҳаёт йўлим бу уч шоир билан деярли кесишмади. Азим Суюн билан фақат бир муддат бирга ишлагандай бўлдим. Бу бағри дарё инсон билан узоқ ишлаш насиб этмаганидан афсусланаман. Азим Суюн “Ўзбекистон овози” газетасида бош муҳаррир бўлиб юрган кезларда унинг қўлида ишлаган деярли жуда кўп тенгдош дўстларимнинг омади чопди – аксарияти раҳбарлик лавозимларида ишлади, ишлаётир. Азим ака тоғлардай салобатли, қоядай мағрур, асилзодалардай такаббур кўрингани билан асли дарвешфеъл шоир.

Хуршид Даврон билан ҳам бир-икки суҳбатдош бўлганман. Бир пайтлар Тошкентнинг бир четидаги Сирғали туманида ёнма-ён маҳаллаларда истиқомат қилганмиз. Бир-икки марта автобусда кўришганман, холос. Лекин ўша бир-икки суҳбатнинг ўзи ҳам Хуршид ака ҳақида атрофлича тасаввурга эга бўлишим учун кифоя қилган. Самарқандлик бу уч шоирда, айниқса Хуршид Давронда орият кучли. Шоир ва адиблар юзма-юз кўришиб суҳбатлашиши жуда шарт эмас, деб ҳисоблайман. Улар асарлари воситасида бир-бири билан ғойибона мулоқот қилгани, дардлашгани, ҳамфикр, ҳамдард бўлгани маъқул.

Қаламкашларни яхши-ёмонга ажратмайман, барчасини туғишганимдай яқин кўраман. Чунки адабиёт деган муаззам боғни ҳар қанча истеъдодли бўлмасин битта шахс обод қила олмайди – адабиёт боғ турфа даражадаги истеъдодларнинг тинмай қилган машаққатли меҳнати эвазига гуллаб яшнайди.

Йўлдош Эшбек билан ҳам яқин бўлмаганман – бироқ мен учун биродаримдай азиз.

Сулаймон Раҳмоннинг қатор эсселарини ўқиб, мутаассир бўлдим.

Шоир дўсти Тилак Жўрани холис таърифлашга уринади:
“Биринчи кўришимда сал дўлварроққа ўхшаган эди, лекин кейинчалик билсам, асло анойи эмас экан”.
Йўлдош Эшбек ҳам каминага аввалига дўлвордай, бир қоп ёнғоқдай кўринди.

80-йилларнинг охирлари, аниқроғи 90-йилларнинг бошларида, Ёзувчилар уюшмасининг Дўрмондаги боғида катта шеърият байрами бўлганди. Йўлдош акани, янглишмасам, биринчи марта ўша шеърият айёмида кўрганман. Ёзувчилар боғини оралаб ўтган анҳорнинг устига, серсоя чинорнинг остига ўрнатилган чорпоянинг устида “Йиғлаётган қиз” шеърини ўқигани ҳамон эсимда. Қатор китобларини ўқидим.

Ниҳоят “Ўзбекистон” НМИУда 2016 йилда чоп этилган навбатдаги “Қизғалдоқлар очилди” шеърлар тўплами билан танишдим.

Бегона одамга дуч келганда аввалига шубҳагардай ётсираб муомала қиламиз. Агар самимий муносабатда бўлса, ўй-фикрлари, дунёқараши, умуман, қалбан сизга эгизакдай бўлса, бегона эканини ҳам унутиб, тезда дўстлашиб кетамиз.
Китоблар ҳам шундай.

Йўлдош аканинг “Қизғалдоқлар очилди” тўплами билан тил топишмоғим осон кечмади. Буёғи неча пулдан тушди, деб бироз саросимага ҳам тушдим.

Гап шундаки, Йўлдош ака янги китобини каминага дастхат билан тортиқ қилар экан, уни албатта муборакбод этдим, кўнгилчанглик дейсизми, ёки шоир оға ҳам биродарга яхши кўриниш дейсизми, хуллас, “китобингизга тақриз ёзаман”, деган гап оғзимдан чиқиб кетди. Айтилган гап – отилган йўқ. “Гапимнинг устидан чиқмасам, кейинги гал учрашганда аканинг кўзига қандай қарайман”, деган андиша билан хавотирлана бошладим.

2

Анча йиллардан буён остона хатлаб кўчага чиқмай қўйганимга қарамай ҳамфикр инсонлар суҳбатию дийдоридан бенасиб қилмаётгани учун беадад шукроналар айтсам ҳам кам.

Навбаҳор. Арзимас юмушлар билан ҳовлида куймаланиб юргандим. Кимдир “Абдуҳамид ака!” дея дарвозадан овоз берди. Бу маҳаллада яшаётганимга ўн йилдан ошган бўлишига қарамай Ғулом Каримий билан Равшан Исоқовдан бўлак ҳеч ким отимни атаб йўқлаб келмасди. Каримий дўстим вафот этганига йилдан ошаётир. “Бу ким бўлди?” деган саволга жавоб топишга улгурмасимдан дарвозадан дўлвор Йўлдош Эшбек айиқдай лапанглаб кириб келди. Пудлаб нону намакни баҳам кўргандай ош-қатиқ бўлмасак ҳам минг йиллик қадрдонлардай қучоқлашиб кўришдик.

-Қўйлиқ бозорга киргандик. Келинпошша қирқоғайни гулнинг кўчати уйда бор деганига кўра сизни йўқлаб келавердик. Гулнинг хосиятини қаранг-а… – деди Йўлдош ака сира кўзларига ишонмай боладай қувониб. – Шу ерда яшайсизми? Мен йўлнинг нариги томонида, Голфклубнинг орқасидаги маҳалладаман. Ўн беш йиллар бўлди. Сизни ҳам шу ерда яшашингизни эшитгандим. Ниҳоят кўришдик-эй…

Акага ҳамроҳ ўғли Рустамжон ҳам мен билан отасидай самимий хушлашди.

Дардимни тушунадиган суҳбатдошга интиқ эмасмидим, Йўлдош ака билан гапга тушиб кетдик. Дарров Дўрмонда бўлган шеърият байрамини, қолаверса устоз Рауф Парфини эсладик.

-Рауф аканинг уйида шеърхонлик кечалари бўларди, – оғзидан бол томиб деди Йўлдош ака. – Шеърият кечаси поёнига етай деганда Рауф ака сўзни каминага берарди: мен “Йиғлаётган қиз”ни ўқирдим, шу билан шеърият базмига нуқта қўйиларди… Турган жойим дала ҳовлидай гап. Тинмай ишлаяпман. Қайсидир чет эллик адиблар бизларни ялқов, бир неча ўзбек адиблари ёзган асарларни бизнинг битта ёзувчимиз ёзиб ташлайди, деган гапи ориятимни қўзиди. Турк адибларининг йигирмага яқин романини таржима қилдим. Орада шеърлар ҳам ёзаяпман.

Гапининг орасида барча шоирлар каби шуҳратпастлигига ҳам шама қилди. Дарвоқе, генерал бўлишни орзу қилмаган аскар аскарми?!

Шу-шу Йўлдош ака билан йилда бир-икки марта кўришадиган, аҳён-аҳёнда телефонда гаплашиб турадиган бўлдик. Ўтган йили кузда келганда “Ўзбекистон” нашриётида янги китоби чиққанини айтганди, ниҳоят эрта баҳорда уни тортиқ қилди. Китобининг дастлабки саҳифаларига доғ туширгиси келмаганми, охирги бетларидан бирига дастхат ёзганди:
“Абдуҳамид акамга оилавий саодатлар тилаб Йўлдош Эшбек. Имзо. 6.06.17”.

Йўлдош аканинг келбати паҳлавонлардай бесунақай бўлгани билан дастхати устоз Абдулла Ориповнинг дастхатидай равон ва чиройли экан.

3

“Қизғалдоқлар очилди” билан танишар эканман, ниҳоят, китоб яримлаганда ўзига хос сир-асрорини англай бошладим шекилли, юрагимни ҳамоҳанг оҳанглар маст қила бошлади.

09Шоирнинг катта-кичиги бўлмайди. Йўлдош Эшбек ҳозир ёш жиҳатдан оқсоқоллар сафида бўлса ҳам тафаккур билан йўғрилган, манамен деган шоирлар ҳам ҳавас қиладиган гоҳ ўйноқи, гоҳ ҳазин, гоҳ жуда содда, гоҳ мураккаб ташбеҳлари, тўрғай каби сайрашларию булбулдай нолалари билан ҳамиша навқирон шоирлар билан елкадош.

Йўлдош Эшбек ХХ асрнинг 70-йилларида, қайсидир валломатнинг таъбири билан айтганда, адабиёт майдонига куёвтўралардай керилиб кириб келган эрка авлодга мансуб . Назаримда, бу авлоднинг вакиллари 60-йиллар авлодининг соясида қолиб кетгандай туюларди. Андишани йиғиштириб қўйиб, улардан бирининг юзига тарсаки ургандай шу маънодаги гапни айтганман ҳам. Ўша Инсонга раҳмат. Чунки ноўрин таъналаримни кўзимга тик қараб тинглагану миқ этмаган. Энди англасам ўшанда жўжани шошилиброқ санабман. Қолаверса, камина гўё лақма каби ойга сен нима учун қуёш эмассан, дея таъна қилган эканман.

ХХ асрда адабиётимизда саноқли ижодкорлар авлоди салмоқли из қолдирган. Уларнинг сафида 70-йиллар авлодининг ҳам ўзига хос ўрни бор. Шу авлодга мансуб ҳар бир шоирнинг ўзига хос овози бўлгани ҳолда муштарак жиҳатлари ҳам йўқ эмас. Бинобарин, айни шу авлодга мансуб шоир ижодида соф лирика етакчилик қила бошлади. Ҳатто Рауф Парфи авлоди ижодида ҳам ижтимоий лирика устунлик қилади. 70-йиллар авлоди шеъриятига ҳам ижтимоий-сиёсий мотивлар бегона эмаслигини эътироф этган ҳолда пировард натижада соф поэтик мушоҳада ва услуб улар ижодининг эътиборга молик жиҳати эканини мамнуният билан таъкидлаш даркор. Ниҳоят, шеъриятимиз шўролар даврида наинки урф, ҳатто иллат тусини олган сиёсийлашув хасталгидан соғая бошлади. Дарҳақиқат, бу даврнинг, ижтимоий муҳитнинг тубдан ўзгаргани шарофати.

4

“Қизғалдоқлар очилди”нинг қалбига киришни, албатта, профессор Ҳамидулла Болтабоевнинг “Бойчиборнинг ўйлари” сўзбошиси билан бошладим. Сўзбоши мажбурият юзасидан, йўлига ёзилгандай таассурот қолдирди. Олимнинг “Йўлдош Эшбек шеърларида азалдан эпик тасвирга мойиллик бор”, деган фикрини ўқир эканман, тўпламда лирик шеърлари наҳотки йўқ бўлса, деган шубҳа кўнглимга соя солди. Ҳамидулла Болтабоев сўзбошини Бойчибор билан бошлаб Бойчибор билан тугатгани ҳам ҳафсаламни пир қилди. бироқ муаллифга ваъда бериб қўйганман. Тўплам ҳақида нимадир қоралашим керак. Тишимни тишимга босиб тўпламни ҳижжалаб ўқир эканман, Ботирхон Акромов сингари “ҳар соҳада қалашиб ётган туйғулар ортидаги шоир қалбини кўришга, у билан имкон қадар ўз туйғулари тилида тиллашишга” (Ҳ. Болтабоев) чоғландим. Тўпламнинг дастлабки саҳифаларида “Йиғлаётган қиз”ни истисно қилганда “Ўтли кўкрагимда тўлғанар қалбим”, “Сенга оқ кўринган бу йўллар қаро”, “Томирларда тутқун қонлар ҳуружи” каби айрим сатрлар,

Менинг юрагимда ранглар ҳукмрон,
Оҳанглар муҳтождир зўр тасаллимга.
Мен қандай юрибман тирик ва омон,
Қандай чидаяпман бу гўзалликка,

каби ғира-шира рауфона изтиробни эслатадиган мисраларнигина белгилаш билан кифояландим. Шу маънода тўпламнинг бошланишини пиликдай тоғ жилғасига ўхшатдим. Лекин шеърларни қироат қилар эканман, бу пиликдай жилға тобора кенгайиб, даралар қўйнини суронга тўлдириб сой каби шарқираб оқа бошладики, менинг юрагимга ҳам баҳорий жўшқинлик бахш этди.

Йўлдош Эшбек гоҳ бармоқ вазнида қалам тебратса, гоҳ сарбастда соз чертади, гоҳо бахши каби ўлан айтади. Кутилмаганда мулоҳазаларини Шайх Саъдий сингари ихчам фардда ифодалайди. Фардга сиғмаганларини Умар Хайём каби тўртлик қилади. Улар орасида бизлар кўникиб қолган тўртликлар билан бирга қуйидагидек ўзига хос тўртликлар ҳам бор:

Жаҳон – қишлоғи, кўйи,
Ер – тўшак, осмон тўни,
Шеъри – шоирнинг уйи,
Хижолат қилма уни.

Хотирам панд бермаса, Ҳазрат Навоий заминни Жамшид тахтига, офтобни эса шоҳнинг тожига ўхшатган. Йўлдош Эшбек ижодида бу ташбеҳнинг янгича талқинига дуч келамиз. Жаҳонни кичик қишлоғига менгзар экан ўзининг жаҳоний миқёсда фикрлайдиган шоирлар жумласидан эканига урғу бергандай бўлади. Ва бу аслида ҳам шундай. Уйқу жой танламайди, муҳаббат чирой деганларидай ҳақиқий шоир ўзини бутун бани башар фарзанди деб билади. Дарвоқе, устоз Абдулла Орипов жаҳондаги барча миллатлар-элатларга ҳам нисбий нуқтаи назардан қараб, бутун инсониятни тўғрилару ўғрилардан иборат икки гуруҳга бўлиб қўя қолади. Замон долғали тус олганини назарда тутиб “Ранжком” достонининг шоир идеалидаги қаҳрамонларидан бири Фаррош аёл тилидан шундай дейди:

Карвон ҳозир йўл бошлаган бошқа томонга,
Теран боқсанг бир ҳолатни кўрасан зинҳор:
Инсон фақат бўлингайдир яхши ёмонга,
Ўғри деган, Тўғри деган икки миллат бор.

Мавзуга қайтамиз. Қозоқбой Йўлдошевнинг Йўлдош Эшбек шеъриятига хос жиҳатни нозик илғаганига ишонч ҳосил қилиб, Домланинг етук шеършунослардан бири экани яна кўнглимдан кечди:

Қозоқбой Йўлдошев:

“Йўлдош Эшбек табиат ҳодисаларини жонлантирар экан, уларга шокир инсонга хос хусусиятлар бахш этади:

Ялпизлар пичири таралар,
тоғлар бир қайрилиб қўяди.
Ҳавони оҳангдор арилар
муаттар излар-ла бўяди.

Шоир шеърларидаги “Тоғлар кўк қоғозга ўхшаб кўринар, лолалар эриган алвон бўёқдир. Арча тушаман деб, пастга уринар, дўпписин туширган момоқаймоқдир” ёки “Шамол соясига ўхшаган хаёл, тебратиб туради мудраган чолни. Анҳор аста туртиб ўтади, хиёл / ўзин тутиб кулган дол мажнунтолни” сатрларида табиат зиммасига одамга хос вазифа юкланади. Одамнинг табиатдай табиий бўлишини орзу қилган Йўлдошнинг: “Осмон сиғар кўнгилга кўнгилли бўлиб кетар” сингари кутилмаган ифодалари инсонни тоза ва кўнгилли кўриш иштиёқи маҳсули сифатида ёдда қолади”.

Ҳақиқатдан ҳам шундай.

Яна лирик чекиниш қилмасликнинг иложи йўқ. Гап шундаки, Қозоқбой Йўлдошев бу фикрларни 2013 йил шеърияти якунларига оид ҳисоботида йўл-йўлакай билдирган. Агар Йўлдош Эшбек ижодини астойдил таҳлил қилиб мақола ёзганида айни муддао бўларди. Ахир чумчуқни ҳам қассоб сўйгани яхши-да. Адабиётшуносларимиз томонидан мана шундай бепарволик анчадан буён давом этиб келаётир. Бинобарин, яқинда Ортиқбой Абдуллаевнинг устоз Рауф Парфи хотирасига бағишланган мақоласини ҳам мириқиб ўқидим. Ортиқбой ака ҳам шеърни нозик тушунадиган, қалами ўткир танқидчилардан, жуда яхши таржимон ҳам. “Жаҳон адабиёти”да ишлаб юрган пайтларимизда баъзи-баъзида “Китобга тикилаш жонингизга тегмадими, бўлди қилинг, пастда, “Мўминхона”да Рауф Парфи бир ўзи зерикиб ўтирганмиш. Пешонангизни тириштирманг, иккаламиз “давра ҳамраиси” бўламиз”, деб қўярда қўймай Рауф аканинг олдига олиб тушиб кетарди. Рауф Парфи билан курсдош эканини ўшанда билмаган эканман. Эҳтимол, айтган бўлса ҳам ёдимдан чиқиб кетган. Хуллас, Ортиқбой ака Рауф Парфи вафотидан чамаси ўн йиллар ўтгач Устоз ҳақида мақола ёзган. Ҳолбуки, Рауф Парфи тириклигида унинг шеърияти ҳақида ўз услубига содиқ қолган ҳолда шоирона таҳлилий мақола ёзганда, курсдош дўстини қанчалар мамнун қилган бўларди. Дарвоқе, Рауф Парфи мени қуруқ мақтаманглар, шеърларимни таҳлил қилиб мақола ёзинглар, дегувчи эди. Ўша кезларда “Ёзувчи” газетасида Улуғбек Ҳамдамнинг асосан Рауф Парфининг Ватанга қарата айтган биттагина: “Мил каби тортарман сени кўзимга” сатрига бағишланган ихчам, бироқ самимий ва теран “Тадриж” мақоласи чоп этилди. Мақолани ўқиб Рауф ака ёш боладай қувониб: “Биламан,Улуғбек менинг шеъриятим ҳақида салмоқли мақола ёзган. Бу ўшандан парча”, дегани ҳамон қулоғим остида жаранглайди. “Ботирхон Акрамов ҳам менинг ижодимга бағишланган ўн босма тобоқдан иборат китоб тайёрлабди. Ҳа демай чиқармиш”, дея ўзига сиғмай қувониб юрганлари ҳам эсимда. Рауф ака тириклигида “Сабр дарахти”дан кейин наинки йирик китоби чоп этилди, балки унинг ижодига бағишланган кўламдор мақолалар ҳам камдан-кам ёзилди. Шайхзоданинг одамни тириклигида қадрига етиш керак, деган насиҳатини такрорлашни канда қилмаймизу унга амал қилишда оқсаганимиз-оқсаган.

5

Энг ачинарлиси, наинки Рауф Парфи бошқа шоирларимиз, хусусан Йўлдош Эшбек ижодига бағишланган таҳлилий мақолалар ҳам бармоқ билан санарли. Мен мазкур мақолани бошлашдан олдин “Қани, Йўлдош Эшбек ижоди ҳақида ким қандай фикр билдирган экан” деган ниятда Интернетни титкилаб кўрдим. Топганим Қозоқбой ака ва бошқа қадрдонларнинг қисқа-қисқа мулоҳазалари бўлди, холос. Танқидчиларимиз шеърият ҳақида мақола ёзадиган бўлса, кўтара савдо қилишга одатланишган: бир йўла бир неча шоирни бир қозонга солиб қайнатишдан нарига ўтмайди. Даъвомиз қуруқ бўлмасин: айрим мақолалар истисно, албатта. Ривоятда кўзи кўр киши филнинг фақат оёғини пайпаслаб, “Фил дегани устунга ўхшаган бўлар экан” деган билан мурод ҳосил бўлмайди.

Мавзуга қайтамиз.

Йўлдош Эшбек устозлари ҳақида гапираркан, аввало Рауф Парфини тилга олади: “Менинг шеъриятдаги асосий устозим буюк шоир, камтарин инсон, жасоратли ватандошим Рауф Парфидир”.

Нуриллоҳ Остонинг мулоҳазалари ҳам Йўлдош Эшбекнинг фикрларига ҳамоҳанг янграйди:“70-йилларнинг бошларида шеърият майдонига отилиб чиққан ёш ижодкорлар Рауф аканинг атрофига жипслашган эди. Рауф ака уларнинг ҳар бирини пуф-пуфлаб, авайлаб, шеърларини меҳр билан тинглаб, янада баланд парвозларга қанотлантирарди. Ана шу туфайли Усмон Азим, Шавкат Раҳмон, Хуршид Даврон, Йўлдош Эшбек, Азим Суюн каби шоирлар ижоди шеъриятни чегаралаб қўядиган барча тўсиқларни енгиб, синдириб, ўз сеҳрини, гўзаллигини, жозибасини бор бўйича намоён қилди. Ва бугунги шеърият, ҳозирги ёшлар ижоди, уларнинг юксак бадиий савияси, ранглар жилоси, беқиёс тасаввур оғушидаги оҳанглар айнан Рауф Парфи мактабининг ҳосиласидир”.

Бу мулоҳазаларни рад этмаган ҳолда шуни ҳам таъкидлаш керакки, 70-йиллар авлоди шоирларининг шаклланишида айни ўша даврда жуда катта шуҳрат қозонган Абдулла Орипов ижодининг таъсири ҳам шубҳасиз бўлганидан кўз юмиб бўлмайди. Хусусан, Йўлдош Эшбек ижодининг дастлабки паллаларида Абдулла Орипов шеъриятининг кучли таъсири сезилади. Маълумки, Рауф Парфининг асабий шеъриятида оҳанг, ритм ҳам беқарор, безовта денгиздай чайқалади – сатрлар ҳам шунга мос равишда равон эмас, мусиқийлик бизга бегона бўлган ўзгарувчан тусга эга. Абдулла Орипов шеъриятида эса мусиқий равонлик, фикрий тиниқлик, публицистик кўтаринлик устун. Йўлдош Эшбекнинг илк ёзилган палладаёқ тилга тушган “Йиғлаётган қиз” монолог-шеърида айни хусусиятлар устувор.

Йиғламоқ тиларман, қайнаб йиғлагин,
Тишларингни секин қайраб йиғлагин!
Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла!
Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла!
Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла!
Паймонанг тўлгунча, тўйгунча йиғла!

(Йўлдош Эшбекнирнг бу оташин даъвати беҳуда кетмагандай туюлади. Назаримда, “Йиғлаётган қиз” кейинчалик улғайиб, Назар Эшонқулнинг “Шамолни тутиб бўлмайди” ҳикоясида жасоратли қасоскор Байна Момо тимсолида пайдо бўлгандай. Тўғри, Байна момонинг наинки ўнта ҳам, юзта ҳам, мингта ҳам ўғли бўлмайди, ҳатто кўзининг ягона оқу қорасини ҳам Худо кўп кўради. Лекин шоирнинг “Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла” даъватини бевосита фарзанд кўриш маъносида тушуниш ҳам лақмалик бўларди.)

Бу даъваткор мисралардаги бироз асабийлик Рауф Парфи оҳангларини ёдга солганига қарамасдан асосан Абдулла Орипов ижодининг дастлабки ўн йилликларидаги шеъриятига хос публицистик руҳ билан йўғрилгани яққол кўзга ташланиб турибди. “Йиғлаёган қиз” шеъри кўпроқ Абдулла Ориповнинг фундаменталь “Сароб” монологига ҳамоҳанг.

“Сароб”да жаннатдай ҳаётни ваъда қилган мунофиқ тузум ҳаётдан умидлари катта ёш йигитни алдаган бўлса, “Йиғлаётган қизда” бевафо йигит севги изҳор қиладию аслида “ишонувчан қизнинг кўксига бешафқат ўқлар” қадаб, қалбига қақшатқич зарба беради. Ҳар икки шеърда ҳам аламли алданиш ҳолати кузатилади.

“Сароб” шеърида ҳам мавжуд воқеликка юксак ижтимоий ва ахлоқий мезонлардан келиб чиққан ҳолда ёндошилади. Абдулла Орипов “Сароб”да ўзини бош қаҳрамон қилиб олиб, кўламни кенгроқ олган ҳолда ёлғон ва алдовга йўрилган давр иллатларига ўт очади. “Йиғлаётган қиз”да жамиятга хос иллатлар алданган қиз қисмати доирасида торайтирилган холда қаламга олинади, шоир бир қизнинг фожиасига сабабчи бўлган иллатларга ижтимоий тус беради ва адолат нуқтаи назаридан бонг урар экан, виждонни бош мезон қилиб олади:

Виждонсиз номусли ниқобин қўймас,
Виждоннинг ҳар дами руҳий изтироб.
Виждонсиз хатосиз кунлардан тўймас,
Виждон бу хатодан улғайган азоб.

Йўлдош Эшбекнинг наинки даъваткор, энг муҳими халоскор шоирлигидан далолат берадиган яна бир шеъри диққатга сазовор:

Эй осмон, кўнглимга кир,
Дунёдан бир ўтилгайсан.
Эй осмон,кўнглимга кир,
Сен қафасдан қутулгайсан.

Бепоёнсан, кеккаймагин,
Коинотга энкаймагин.
Эй осмон, кўнглимга туш,
Парвоз қилгин мисоли қуш!

Сидрилгайсан, ситилгайсан,
Ҳар хил издан титилгайсан.
Эй осмон, кўнглимга туш,
Маҳкумликдан қутилгайсан!

Мазкур шеърда “осмон” рамзи алоҳида залворга эга. Қолаверса, инсон қалби бепоён осмонни наинки бағрига сиғдира олиши, балки уни маҳкумликдан халос этиши гўзал тасвирланган. Бу оташин сатрлар Абдулҳамид Чўлпоннинг қуйидаги шеърини беихтиёр ёдга солади:

Тириксан, ўлмагансан, сен-да одам, сенда инсонсен,
Кишан кийма, бўйин эгма, ки сен ҳам ҳур туғилғонсен!

Мунаққид Неъматулло Мамажонов “Шеър ва шоир ҳақида” мақоласида “Муҳими – янги, ҳали ишлатилмаган, фавқулодда, тасодифий, ёрқин ташбеҳ, қиёслашларни топиш. Бундан ҳам муҳими, шу образ ва ўхшатишлар маънога бўйсуниши, у билан яхлит бир бутунликни ҳосил қилиши керак” (“ЎзАС”, 2012 йил, 15-июн сони,), деб таъкидлайди. Дарҳақиқат,Йўлдош Эшбекнинг ҳам фавқулодда, ёрқин ташбеҳлари маъно билан яхлит бир бутунликни ҳосил қилади.

6

Йўлдош Эшбекнинг барча шеърларини ҳам ёлғиз публицистик руҳ билан йўғрилган деб бўлмайди. У ўзининг таърифи билан айтганда, “қалби телба жунун билан тўла” “оромбахш азоблар ёки азоббахш оромлар” оғушидаги шоир. “Телба жунун” эса ҳар доим ҳам бармоқ вазнидаги, Рауф Парфи таъбири билан айтганда “тўртбчак шаклдаги” шеърларнинг чегараланган доирасига сиғавермайди. Натижада шоир беихтиёр сарбастда ёза бошлайди. Сарбаст эса шиор Сулаймон Раҳмон таъкидлагандек: “…фикрни манзаравийлаштириш, ифода имкони кўламини кенгайтишга ёрдам беради. Қолаверса, моҳиятан бир-биридан узоқ воқеа-ҳодисаларни, мантиқан бир-бирига зид руҳий минтақаларни, таъбир жоиз бўлса, ҳаётнинг барча оқу қора қирраларини бир нуқтага тўплаш, уларни ўзаро туташтириб, боғлаб тасвирлашда қўл келади. Шу жиҳатдан у, назаримда, худди лупага ўхшайди. Биласиз-ку, лупа қуёш нурини бир нуқтага жамлайди, жамланган нур эса тушган жойини ёқиб юбориш қудратига эга…”

Шеъриятда ҳам шаклий ранг-баранглик зарур.

Ҳаёт йил сайин янгиланиб бораётир. Адабиётимиз, хусусан шеъриятимиз ҳам янгиланишини давр тақозо қилмоқда. Рауф

Парфи буни алам билан таъкидлаганди:
“Турклар уч марта янгиланиш даврини ўтказишди. Болтиқбўйидагилар эса адабиётни тамомила бошқа янги йўлга буриб юборишди. Фаранглар, африкаликларни-ку, айтмасак ҳам бўлаверади. Биз эса буни англаган Чўлпон, Фитрат, Беҳбудийларни гўрга тиқдик”.

Йўлдош Эшбекнинг шеърият ҳақидаги мулоҳазаларига назар ташлар экансиз, шоир ва шеършунос сифатида нозик дид соҳиби экани ойдинлашади.

“Оҳанг билан шакл – шеърдир. Шеър – оҳанг билан шаклнинг гўзал тасвири. Ҳа, шакл.. шакл! Турмушда аввал қолип қилиниб, кейин ғишт қўйилади. Шеърда эса бу ҳол анчайин “эркин” кечади – “ғишт” қуйилиш жараёнида “қолип” ҳам тайёр бўла боради. Ҳаётий дунёда фақат санъат гўзал. Шеърият олий мақомга кўтарилса, санъатга айланади” (Йўлдош Эшбек мақоласидан).

Йўлдош Эшек наинки ўзига тенгдош, балки кенжа авлодга мансуб шоирлар ижодини ҳам кузатиб, бетакрор мисраларни илғашга ҳаракат қилиши ҳам унинг ижодига ижобий таъсир кўрсатади.

Йўлдош Эшбек ёзади: “Ёшлик” журналининг ўтган сонларидан бирида иқтидорли шоир Назар Шукурнинг бир туркум шеърлари “Хотира” рукни остида эълон қилингани мени қувонтириб юборди. Деярли ҳар бир сатри санъат даражасида! Санъаткорона нигоҳ билан кузатилган ва битилган гўзал ҳаёт манзаралари – кўнгил лавҳалари… “Сомон йўли. Босилмайди, бу йўлнинг чанги, ухламайди ўтиб кетган карвонлар занги”, “Киприкларим найзасига илинган осмон, шу тиғ билан ўртасидан тилинган осмон”, “Юлдузлар-ку олов туёқ тевалар изи, кўзларимни очтирмайди чанглари тўзиб” ва бошқа барча сатрлари шеъриятимизга янги нафас олиб кирган шоирларнинг пешқадамларидан эканини кўрсатиб турибди. Лекин танқидчиларимизнинг, ҳатто, жамоатчилигимизнинг кўзи ва сўзи “Ўргилайин қошинг билан юзингдан-о” каби қўшиқсифат тизмалар атрофида.

Йўлдош Эшбек яна дейди:

“Изтироб мўминнинг даражотидир. Яъни даражани ва мартабани белгиловчидир. Мўмин инсон изтироби билан хотиржамдир. Изтироб – унинг қалбини обод, умид – хотиржам этади. Ҳз. Пайғамбар (с.а.в.) “Мўминнинг юзида табассум, қалби эса маҳзун бўлади”, деганлар”.

Йўлдош Эшбек жаҳон адабиётидан ўгирган таржималарни ҳам алоҳида тилга олиш зарур. Айниқса, машҳур қозоқ шоири Ўлжас Сулаймоновнинг “АзиЯ” китобини маҳорат билан ўзбек тилига таржима қилган.

Йўлдош Эшбек, “Қизғалдоқлар очилди” тўпламидан:

Китобнинг 137-бетида:
Занжир ожиз қолур ошиқ тилига,
Қафаслар, дунёлар тордир дилига.
Маъшуқ жамолидан ўзга олам йўқ,
Ватан йўқ, эрку эрксизлик йўқ,
Қайғу-алам йўқ.

149-бет:
Тарк этгим келмайди байтул жафони.

154-бет:
Дунё шодон тўнини ечди,
Ҳам кийдирди менга фиғонни.

174-бет:
Одамнинг дилида майда нарса йўқ,
Олам сиғиб кетар қароққа.
Гавҳарга жо бўлиб кетади олам.
Лекин бу одам
Олам гавҳарга айлангунча,
Гавҳар ёшга дўнгунча
Йиғламоқчи…

181-бет:
Улкан-улкан,
Тарам-тарам,
Тўнди тарвузлар.
Кўрсатар пичоқ учи тегса
Қип-қизил кўксини.

214-бет:
Тушларимда кўрдим юзинг,
Етгаймикан масиҳ сўзинг,
Дунё анинг каноринда,
Ашк баҳрида аммо кўзим!

215-бет:
Куз келди, куз келди, эҳ, тўла куз бу!
Барокат фасли бўл, бўл менга дилдор!
Олдинда илиқми, ўртами, музми,
Узунми, қисқами… даҳшатли қиш бор.

216-бет:
Дунёда бир дунё йўқотдим,
Қушлари, қўшиғи, озори…
Тош қотган ғафлатни уйғотдим,
Қизийди ёлғизлик бозори!

218-бетдаги “Шуур” шеъридан.
Тушимда жаннатнинг сояси,
Ўнгимда қабоҳат кўраман.
Тушаркан тубанлик пиллапояси
Ер тагин хонобод кўраман…
…мен ухлаб ўнглимни топарман қайдан,
Уйғониб тушимни қайдан топарман?!

Йўлдош ЭШБЕК
ШЕЪРЛАР
045

   Йўлдош Эшбек 1950 йил 1 сентябрда Самарқанд вилояти, Иштихон туманида таваллуд топган. ТошДУнинг филология факультетини тугатган (1977). Дастлабки шеърлар тўплами — «Соғиниб яшайман» (1981). «Юксак дарахтлар» (1985), «Мовий турналар» (1987), «Яхшиликка қарайман» (1988), «Дарахтлар эртаги» (1989), «Ҳаёт чечаги» (1990), «Мангу масофа» (1991) каби шеърий тўпламлари нашр этилган. Имом Ғаззолийнинг «Эй фарзанд», Аҳмад Лутфийнинг «Ўгай она», «Ҳазрати Али», Фотима Темурнинг «Кўнгил дўстлари» («Тазкират ул-авлиё»), Амина Шанк ўғлининг «Виждон азоби»ни ҳамда Ўлжас Сулаймон («Сопол китоб») ва бошқа адибларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган. «Шуҳрат» медали билан тақдирланган (1998).

045

СЕН ДЕБ ЧОПГАНДИМ

Адирлар йўлларга очган бағрини,
Йўллар01
адирларга
санчилиб қолган.
Мен сени эслайман бир оз оғриниб,
Бир оз табассумим…
янчилиб қолар.
Сени шу йўлларда бахтим, дегандим,
Сен сари дарёдай тўлиб оққандим.
Чечаклар таққандим…
бахт хаёлига,
Бугун бахт олдида ноҳақ оқландинг.
Мен ўзим бузаман бугун қабримни,
Кўп вазмин бузаман,
Чиқаман ёриб.
Сабримни ютаман.
Тишда тутаман
Ва сени ўрнимга қўяман ҳориб.
Сен эса қандайдир бахтлар қўйнида,
Ўзингча шодумон,
Ўзингча тирик.
Ўзимча бахтиёр мен ҳам ўйимда,
Ўзимнинг қайғумга мен ўзим шерик.
Мен янгроқ йўлларда шодумон унсиз,
Йиллаб ва асрлаб сенга чопгандим.
Адирлар сингари поёнсиз,сўнгсиз
Қалбимни очгандим,
Сенга очгандим.
Аччиқда қарғамай ишқни-сағирни,
Қисматим бир бахтли тоқатда толган.
…Адирлар йўлларга очган бағрини,
Йўллар
адирларга
санчилиб қолган.

ШУНДАЙ ГЎЗАЛСАНКИ…

Мен сенга тикилиб туриб юзма-юз,
Энг ёруғ сўзимни айтмоғим керак.
Бироқ бу журъатсиз кўнглимда ҳануз
Ёнган азобларим…куймаган юрак!
Қаторларда елдим сен сари шитоб,
Учоқларда учдим сарсари,сарсон.
Дилимда қанчалар айладим хитоб:
«Мен сени севаман! Сенсизман,ишон!»
Алпомишдан кучли,Фарҳоддан баланд
Бир зотни изларми сенинг кўзларинг.
Шу хаёл қайлардан келмишдир,бадбахт!
Букилиб-букилиб кетар тизларим!
Бир сурат чизилар дилингда ҳар кун-
Энг маъюс ,энг гўзал,покиза бир зот.
Бахтиёр чеҳрамни қопламишдир хун,
Ёнингга бир боқиб қўймайсан наҳот!
Шундай нозиксанки,шунчалар гўзал,
Ўйласам,энтикиб қалқинаман жим,
Беш аср нарида оҳ урар ғазал:
Султонлар осийдир…гадолар муслим!
Боқиб сўнгсиз тунлар хаёл қаърига-
Тиз чўкиб,тўлғониб,тик туриб ярим;
Шундай босаманки сени бағримга…
Қисирлаб синади қобирғаларим!

ДАЛА БЎЙЛАБ…

Дала бўйлаб бораман тоққа,
оёғим суғуриб тоза лойлардан,
бир наво келади мунгли, қалтираб,
бир хабар келтирар гўзал жойлардан.

Бир қушча сайрайди бутоққа қўниб,
тумшуғи чўғ каби, теграси нурдир,
атроф қотиб қолган, гўёки тўниб,
қушча куйлаётган дамида ҳурдир!

Ёмғир тиниб қолган, ёмғирдан сўнгги
мусаффо оламга ярашади куй,
олам англай олмас тушими, ўнгги,
ё бу куй дунёга яп-янги бир уй!

ШЕР

гоҳо овулга келарди яқин,
тан-жонида шиддат, кўзида чақин,
зарар келтирмасди асло инсонга,
кетарди айланиб тоғлар томонга.
ойга қараб чўққиларда чопинарди,
ўйнар эди, қувнар эди, талпинарди,
бир номард ўқ нуқта қўйди ҳаётига,
ўкирса тўларди олам додига.

Улгурмади…
тошдан тошга урилиб –
эти қолди, қаролмади бурилиб,
ким эди у? Шер бечора тўкилди.
Аммо тоғлар наъра тортди, ўкирди.
Отам сўзлаб, дерди: яшир кучингни,
Олар бўлсанг, ишдан олгин ўчингни,
Номард дунё кучлини қон қусдирар,
номардларни қучоғида ўстирар!..

МОМО

Урчуқ айланади, липиллайди шаъм,
ўқтин-ўқтин ҳуриб қўяр ёлғиз ит.
Алмашиниб турар қувонч билан ғам,
кўз олдига келар бешик ва тобут.

Ҳар қалай ёлғизлик, ҳар қалай саҳро,
ёмғир эзиб ёғар, тун, деворлар нам,
нени олиб келар умид бир дарё,
урчуқ айланади, липиллайди шаъм.

ЧАВАНДОЗ

Бу тулпорни энди нима қиламан,
қутуриб айфланар яккамихни у,
қантараман, жиловидан иламан,
аҳволимни билмайди-ку.
Фалакнинг устида сездим ўзимни,
қулоқлари аро ўтганда шамол,
ифтихор бахш этди, ёшлаб кўзимни,
энди бари ўтди, барчаси хаёл –
чўққилар силкиниб кучли сасига,
кишнаса тоғлардан кўчарди тошлар,
ҳақ сўз айтолмадим эл оғасига,
энди у кўзимни бошқача ёшлар –
авваллар юлдуздай териб юрардим,
учиб йўлатмасдим ёнбошларимга –
тўдани ёраркан, бериб юбордим
улоқни оғанинг қондошларига,
яширдим танамнинг титроқлигини,
наҳотки, сезмади қўрқоқлигимни –
ҳали ҳам меҳр-ла искалайди от,
мени меҳрибонлик ўлдирмас, наҳот?!

БАЛИҚ

Тескари дунёнинг ўйинига боқ,
бепоён жанггоҳда сузар эдим тоқ,
қанча йиртқичлардан қолдиму омон,
ўз қавмим бўғзида бўляпман ҳалок!

ТОҒЛАРГА

Гоҳо хуруж қилганида ғам,
юрак тўлиб кетса оҳларга,
дўстлар билан бўлишиб ҳамдам,
тоғларга кетамиз, тоғларга.

Севги деган сўздан ёнди қалб,
сайр этамиз бахтли чоғларга,
жамъи дардни қилмоқ бўлиб даъф,
тоғларга кетамиз, тоғларга.

Дўст сўзидан куйиб кетди уй,
ўтиб мунгли, мунгли боғларга,
пешонада қотиб қолган куй –
тоғларга кетамиз, тоғларга

Тўйиб роса ҳамтовоқлардан,
қўл тортамиз бадқовоқлардан,
тошлари ҳам кўп юмшоқларга –
тоғларга кетамиз, тоғларга!

Ёш бўлсак ҳам, қари бўлсак ҳам ,
биз кетамиз хуш баҳорларга!
дўланалар чопиб юрганда,
тоғларга кетамиз, тоғларга!

ДАРАХТЛАРНИНГ..

Дарахтларнинг кўз ёши –
барг тўкилар дувиллаб,
ҳазин кечнинг қуёши,
боғлар қолди ҳувиллаб.

Сергаклик бор фалакдай,
айни замон кўп маъюс,
иштончан бир болакай
отасини кутар… Куз.

ҚУШЧАМ

Билолмайман недир бу ҳаёт,
борманми бу ерда мен ўзим,
қайтариб қўяр гоҳ бир ҳаё,
юмилгиси келар гоҳ кўзим.

Яшаймиз бир осмон остида,
ҳар қачон гўзалдир бу осмон,
ёдимдасан. Гарчи хотира
гўзал эрмаса-да бепоён.

Унутмасман, сени эй қушчам,
ёдим осмонида нуқтасан –
учмассан, эҳ қанча кўп учсанг,
сен тўхтаб қолмассан, тўхтасанг.

ОСМОНДА…

Осмонда ойлар тўлар,
сойлар шарқирар ерда,
гул ёнида булбуллар,
сен қайдасан, бокирам.

Ҳар ёнда кезар баҳор,
гулга тўлмиш ҳар томон,
ғамсиз жой қай ерда бор,
ғамга тўла ер-осмон.

Осмон бўлмагин, майли туш,
ер бўлмай мен ҳам доим,
висол бўйи эсар хуш,
уфқдан хушбўй, майин!

ЎЧОҚДА…

Ўчоқда кул
ёниб ўтган ёшлик
ёниб кетган
совуқ
кулни пайпаслаган каби
титкилар хотирани
оҳ тортиб юборар оғриқдан
кескин тортар қўлни
кулнинг остидан.

* * *

Бир уй қурдим, келақол,
айвонлари қиёда.
Шифти нур бўйли шамол
дунёлардан зиёда.

Бир уй қурдим, келақол,
туйнуклари туйғудан.
Тин олиб гўзал хаёл
хуш уйғонур уйқудан.

Ё уйқу йўқ уйқуда,
бедорликда бедорлик.
Барча ўйлар беҳуда,
бор кенгликлар тор, торлик.

Сен сиғмассан оламга,
яша кулбахонмада.
У – менинг кўнглим уйи:
Эни – ер, осмон – бўйи.

Қайда бўлсанг, қайтарсан,
ишқ уйи топмас завол.
Қайлардасан, қайдасан,
бир уй қурдим, келақол?!

* * *

Саҳар ўтиб кетмасин, дейман,
кўксимда урилиб туради –
бир қўрқув, ғамини хўб ейман,
кўксимдан кўзимга юради –

Очаман, шарпамас, улкандир,
одамдан, оламдан, жаннатдан.
Покиза кўнгилдан ул камдир,
ул камдир ризою раҳматдан.

Уйқуда ўтмасин бу саҳар,
ғафлат саҳарида тўлғониб.
Бу тонгда тонг қотган бесамар
қуёшни кўрмасам уйғониб.
* * *

ТУШЛАР

Тушларимга тез-тез кирмоқда отам,
у кетган ёшларга кириб қолибман,
бироқ қувонч ўша, ўша-ўша ғам,
мен қайси дўстимдан хабар олибман?

Тушларимга тез-тез кирмоқда отам,
мени ибодатдан этгандай огоҳ,
бироқ савоб маълум, менда рағбат кам,
тийилсам-да, қайдан келмоқда гуноҳ?!

Тез-тез тушларимга отам кирмоқда,
гоҳо табассум қилар, гоҳ дўқ урмоқда,
“ўғлингнинг тушига кирар вақт келди,
энди яхши ишга улгургин”, дерди.

ШОМ

Шом қандай гўзал
гул каби
бинафша капалак
қўниб турар деразамга
деразамдан бошқа ёққа
боқмайман
чироқни ёқмайман!

 

0331 sentyabr — Shoir Yoʻldosh Eshbek tugʻilgan kun

Oldingizdan ikki yoʻl chiqdi, deylik. Oʻngga degani – ilhom boʻldi. Bu – oddiy odamlarga uzatilgan ichki ilhom. Ijodkor ilhomida esa hol va maʼno birlashadi. Ijodkorning ichki olami faollashadi, tezlashadi, xush tuygʻular lazzati tigʻizlashadi, fikr va maʼnolar quyiladi, ijodkor toqat qilib boʻlmas goʻzal holga kirib qoladi. Va anormal holda normal va hatto komil bir ishni ado etadi. Bu holatni soʻfiyning jazba holiga oʻxshatish mumkin. Ilhom, ishq, jazba joʻsh urib inson koʻnglida kuchayganda, orombaxsh azoblar yoki azobbaxsh oromlar orqali choʻqqiga koʻtariladi (Yoʻldosh Eshbekning “Ilhom nima?” savoliga bergan javobi).

Abduhamid Pardayev
TONGNI UYGʻOTGAN SHOIR
045

1

Uch raqami, uchlikning xosiyati borday. Yusuf Xos Hojib uch oyoqli kursi mustahkam boʻladi, deb taʼkidlaydi. Samarqand Fozil Yoʻldosh oʻgʻli, Ergash Jumanbulbul, Poʻlkan Shoir kabi bir yoʻla uch baxshini yetishtirib bergandi. XX asrning ikkinchi yarmida bu anʼana davom etdi – sheʼriyatimiz bogʻini yana samarqandlik uch shoir ham gullatdi: Azim Suyun, Xurshid Davron, Yoʻldosh Eshbek! Bir davrda yelkama-yelka yashab ijod qilgan, biroq ijodiy uslubi turlicha boʻlgan uch zabardast shoir. Xususan, Xurshid Davron sheʼriyati boshqacha ohang, yoʻsinga ega boʻlsa, Azim Suyun bilan Yoʻldosh Eshbek sheʼriyati bir-biridan farq qilgani holda xalqona ruhga ega ekani bilan ajralib turadi.

Mening hayot yoʻlim bu uch shoir bilan deyarli kesishmadi. Azim Suyun bilan faqat bir muddat birga ishlaganday boʻldim. Bu bagʻri daryo inson bilan uzoq ishlash nasib etmaganidan afsuslanaman. Azim Suyun “Oʻzbekiston ovozi” gazetasida bosh muharrir boʻlib yurgan kezlarda uning qoʻlida ishlagan deyarli juda koʻp tengdosh doʻstlarimning omadi chopdi – aksariyati rahbarlik lavozimlarida ishladi, ishlayotir. Azim aka togʻlarday salobatli, qoyaday magʻrur, asilzodalarday takabbur koʻringani bilan asli darveshfeʼl shoir.

Xurshid Davron bilan ham bir-ikki suhbatdosh boʻlganman. Bir paytlar Toshkentning bir chetidagi Sirgʻali tumanida yonma-yon mahallalarda istiqomat qilganmiz. Bir-ikki marta avtobusda koʻrishganman, xolos. Lekin oʻsha bir-ikki suhbatning oʻzi ham Xurshid aka haqida atroflicha tasavvurga ega boʻlishim uchun kifoya qilgan. Samarqandlik bu uch shoirda, ayniqsa Xurshid Davronda oriyat kuchli. Shoir va adiblar yuzma-yuz koʻrishib suhbatlashishi juda shart emas, deb hisoblayman. Ular asarlari vositasida bir-biri bilan gʻoyibona muloqot qilgani, dardlashgani, hamfikr, hamdard boʻlgani maʼqul.

Qalamkashlarni yaxshi-yomonga ajratmayman, barchasini tugʻishganimday yaqin koʻraman. Chunki adabiyot degan muazzam bogʻni har qancha isteʼdodli boʻlmasin bitta shaxs obod qila olmaydi – adabiyot bogʻ turfa darajadagi isteʼdodlarning tinmay qilgan mashaqqatli mehnati evaziga gullab yashnaydi.

Yoʻldosh Eshbek bilan ham yaqin boʻlmaganman – biroq men uchun birodarimday aziz.

Sulaymon Rahmonning qator esselarini oʻqib, mutaassir boʻldim.

Shoir doʻsti Tilak Joʻrani xolis taʼriflashga urinadi:
“Birinchi koʻrishimda sal doʻlvarroqqa oʻxshagan edi, lekin keyinchalik bilsam, aslo anoyi emas ekan”.
Yoʻldosh Eshbek ham kaminaga avvaliga doʻlvorday, bir qop yongʻoqday koʻrindi.

80-yillarning oxirlari, aniqrogʻi 90-yillarning boshlarida, Yozuvchilar uyushmasining Doʻrmondagi bogʻida katta sheʼriyat bayrami boʻlgandi. Yoʻldosh akani, yanglishmasam, birinchi marta oʻsha sheʼriyat ayyomida koʻrganman. Yozuvchilar bogʻini oralab oʻtgan anhorning ustiga, sersoya chinorning ostiga oʻrnatilgan chorpoyaning ustida “Yigʻlayotgan qiz” sheʼrini oʻqigani hamon esimda. Qator kitoblarini oʻqidim.

Nihoyat “Oʻzbekiston” NMIUda 2016 yilda chop etilgan navbatdagi “Qizgʻaldoqlar ochildi” sheʼrlar toʻplami bilan tanishdim.

Begona odamga duch kelganda avvaliga shubhagarday yotsirab muomala qilamiz. Agar samimiy munosabatda boʻlsa, oʻy-fikrlari, dunyoqarashi, umuman, qalban sizga egizakday boʻlsa, begona ekanini ham unutib, tezda doʻstlashib ketamiz.
Kitoblar ham shunday.

Yoʻldosh akaning “Qizgʻaldoqlar ochildi” toʻplami bilan til topishmogʻim oson kechmadi. Buyogʻi necha puldan tushdi, deb biroz sarosimaga ham tushdim.

Gap shundaki, Yoʻldosh aka yangi kitobini kaminaga dastxat bilan tortiq qilar ekan, uni albatta muborakbod etdim, koʻngilchanglik deysizmi, yoki shoir ogʻa ham birodarga yaxshi koʻrinish deysizmi, xullas, “kitobingizga taqriz yozaman”, degan gap ogʻzimdan chiqib ketdi. Aytilgan gap – otilgan yoʻq. “Gapimning ustidan chiqmasam, keyingi gal uchrashganda akaning koʻziga qanday qarayman”, degan andisha bilan xavotirlana boshladim.

2

Ancha yillardan buyon ostona xatlab koʻchaga chiqmay qoʻyganimga qaramay hamfikr insonlar suhbatiyu diydoridan benasib qilmayotgani uchun beadad shukronalar aytsam ham kam.

Navbahor. Arzimas yumushlar bilan hovlida kuymalanib yurgandim. Kimdir “Abduhamid aka!” deya darvozadan ovoz berdi. Bu mahallada yashayotganimga oʻn yildan oshgan boʻlishiga qaramay Gʻulom Karimiy bilan Ravshan Isoqovdan boʻlak hech kim otimni atab yoʻqlab kelmasdi. Karimiy doʻstim vafot etganiga yildan oshayotir. “Bu kim boʻldi?” degan savolga javob topishga ulgurmasimdan darvozadan doʻlvor Yoʻldosh Eshbek ayiqday lapanglab kirib keldi. Pudlab nonu namakni baham koʻrganday osh-qatiq boʻlmasak ham ming yillik qadrdonlarday quchoqlashib koʻrishdik.

-Qoʻyliq bozorga kirgandik. Kelinposhsha qirqogʻayni gulning koʻchati uyda bor deganiga koʻra sizni yoʻqlab kelaverdik. Gulning xosiyatini qarang-a… – dedi Yoʻldosh aka sira koʻzlariga ishonmay boladay quvonib. – Shu yerda yashaysizmi? Men yoʻlning narigi tomonida, Golfklubning orqasidagi mahalladaman. Oʻn besh yillar boʻldi. Sizni ham shu yerda yashashingizni eshitgandim. Nihoyat koʻrishdik-ey…

Akaga hamroh oʻgʻli Rustamjon ham men bilan otasiday samimiy xushlashdi.

Dardimni tushunadigan suhbatdoshga intiq emasmidim, Yoʻldosh aka bilan gapga tushib ketdik. Darrov Doʻrmonda boʻlgan sheʼriyat bayramini, qolaversa ustoz Rauf Parfini esladik.

-Rauf akaning uyida sheʼrxonlik kechalari boʻlardi, – ogʻzidan bol tomib dedi Yoʻldosh aka. – Sheʼriyat kechasi poyoniga yetay deganda Rauf aka soʻzni kaminaga berardi: men “Yigʻlayotgan qiz”ni oʻqirdim, shu bilan sheʼriyat bazmiga nuqta qoʻyilardi… Turgan joyim dala hovliday gap. Tinmay ishlayapman. Qaysidir chet ellik adiblar bizlarni yalqov, bir necha oʻzbek adiblari yozgan asarlarni bizning bitta yozuvchimiz yozib tashlaydi, degan gapi oriyatimni qoʻzidi. Turk adiblarining yigirmaga yaqin romanini tarjima qildim. Orada sheʼrlar ham yozayapman.

Gapining orasida barcha shoirlar kabi shuhratpastligiga ham shama qildi. Darvoqe, general boʻlishni orzu qilmagan askar askarmi?!

Shu-shu Yoʻldosh aka bilan yilda bir-ikki marta koʻrishadigan, ahyon-ahyonda telefonda gaplashib turadigan boʻldik. Oʻtgan yili kuzda kelganda “Oʻzbekiston” nashriyotida yangi kitobi chiqqanini aytgandi, nihoyat erta bahorda uni tortiq qildi. Kitobining dastlabki sahifalariga dogʻ tushirgisi kelmaganmi, oxirgi betlaridan biriga dastxat yozgandi:
“Abduhamid akamga oilaviy saodatlar tilab Yoʻldosh Eshbek. Imzo. 6.06.17”.

Yoʻldosh akaning kelbati pahlavonlarday besunaqay boʻlgani bilan dastxati ustoz Abdulla Oripovning dastxatiday ravon va chiroyli ekan.

3

“Qizgʻaldoqlar ochildi” bilan tanishar ekanman, nihoyat, kitob yarimlaganda oʻziga xos sir-asrorini anglay boshladim shekilli, yuragimni hamohang ohanglar mast qila boshladi.

Shoirning katta-kichigi boʻlmaydi. Yoʻldosh Eshbek hozir yosh jihatdan oqsoqollar safida boʻlsa ham tafakkur bilan yoʻgʻrilgan, manamen degan shoirlar ham havas qiladigan goh oʻynoqi, goh hazin, goh juda sodda, goh murakkab tashbehlari, toʻrgʻay kabi sayrashlariyu bulbulday nolalari bilan hamisha navqiron shoirlar bilan yelkadosh.

Yoʻldosh Eshbek XX asrning 70-yillarida, qaysidir vallomatning taʼbiri bilan aytganda, adabiyot maydoniga kuyovtoʻralarday kerilib kirib kelgan erka avlodga mansub . Nazarimda, bu avlodning vakillari 60-yillar avlodining soyasida qolib ketganday tuyulardi. Andishani yigʻishtirib qoʻyib, ulardan birining yuziga tarsaki urganday shu maʼnodagi gapni aytganman ham. Oʻsha Insonga rahmat. Chunki nooʻrin taʼnalarimni koʻzimga tik qarab tinglaganu miq etmagan. Endi anglasam oʻshanda joʻjani shoshilibroq sanabman. Qolaversa, kamina goʻyo laqma kabi oyga sen nima uchun quyosh emassan, deya taʼna qilgan ekanman.

XX asrda adabiyotimizda sanoqli ijodkorlar avlodi salmoqli iz qoldirgan. Ularning safida 70-yillar avlodining ham oʻziga xos oʻrni bor. Shu avlodga mansub har bir shoirning oʻziga xos ovozi boʻlgani holda mushtarak jihatlari ham yoʻq emas. Binobarin, ayni shu avlodga mansub shoir ijodida sof lirika yetakchilik qila boshladi. Hatto Rauf Parfi avlodi ijodida ham ijtimoiy lirika ustunlik qiladi. 70-yillar avlodi sheʼriyatiga ham ijtimoiy-siyosiy motivlar begona emasligini eʼtirof etgan holda pirovard natijada sof poetik mushohada va uslub ular ijodining eʼtiborga molik jihati ekanini mamnuniyat bilan taʼkidlash darkor. Nihoyat, sheʼriyatimiz shoʻrolar davrida nainki urf, hatto illat tusini olgan siyosiylashuv xastalgidan sogʻaya boshladi. Darhaqiqat, bu davrning, ijtimoiy muhitning tubdan oʻzgargani sharofati.

4

“Qizgʻaldoqlar ochildi”ning qalbiga kirishni, albatta, professor Hamidulla Boltaboyevning “Boychiborning oʻylari” soʻzboshisi bilan boshladim. Soʻzboshi majburiyat yuzasidan, yoʻliga yozilganday taassurot qoldirdi. Olimning “Yoʻldosh Eshbek sheʼrlarida azaldan epik tasvirga moyillik bor”, degan fikrini oʻqir ekanman, toʻplamda lirik sheʼrlari nahotki yoʻq boʻlsa, degan shubha koʻnglimga soya soldi. Hamidulla Boltaboyev soʻzboshini Boychibor bilan boshlab Boychibor bilan tugatgani ham hafsalamni pir qildi. biroq muallifga vaʼda berib qoʻyganman. Toʻplam haqida nimadir qoralashim kerak. Tishimni tishimga bosib toʻplamni hijjalab oʻqir ekanman, Botirxon Akromov singari “har sohada qalashib yotgan tuygʻular ortidagi shoir qalbini koʻrishga, u bilan imkon qadar oʻz tuygʻulari tilida tillashishga” (H. Boltaboyev) chogʻlandim. Toʻplamning dastlabki sahifalarida “Yigʻlayotgan qiz”ni istisno qilganda “Oʻtli koʻkragimda toʻlgʻanar qalbim”, “Senga oq koʻringan bu yoʻllar qaro”, “Tomirlarda tutqun qonlar huruji” kabi ayrim satrlar,

Mening yuragimda ranglar hukmron,
Ohanglar muhtojdir zoʻr tasallimga.
Men qanday yuribman tirik va omon,
Qanday chidayapman bu goʻzallikka,

kabi gʻira-shira raufona iztirobni eslatadigan misralarnigina belgilash bilan kifoyalandim. Shu maʼnoda toʻplamning boshlanishini pilikday togʻ jilgʻasiga oʻxshatdim. Lekin sheʼrlarni qiroat qilar ekanman, bu pilikday jilgʻa tobora kengayib, daralar qoʻynini suronga toʻldirib soy kabi sharqirab oqa boshladiki, mening yuragimga ham bahoriy joʻshqinlik baxsh etdi.

Yoʻldosh Eshbek goh barmoq vaznida qalam tebratsa, goh sarbastda soz chertadi, goho baxshi kabi oʻlan aytadi. Kutilmaganda mulohazalarini Shayx Saʼdiy singari ixcham fardda ifodalaydi. Fardga sigʻmaganlarini Umar Xayyom kabi toʻrtlik qiladi. Ular orasida bizlar koʻnikib qolgan toʻrtliklar bilan birga quyidagidek oʻziga xos toʻrtliklar ham bor:

Jahon – qishlogʻi, koʻyi,
Yer – toʻshak, osmon toʻni,
Sheʼri – shoirning uyi,
Xijolat qilma uni.

Xotiram pand bermasa, Hazrat Navoiy zaminni Jamshid taxtiga, oftobni esa shohning tojiga oʻxshatgan. Yoʻldosh Eshbek ijodida bu tashbehning yangicha talqiniga duch kelamiz. Jahonni kichik qishlogʻiga mengzar ekan oʻzining jahoniy miqyosda fikrlaydigan shoirlar jumlasidan ekaniga urgʻu berganday boʻladi. Va bu aslida ham shunday. Uyqu joy tanlamaydi, muhabbat chiroy deganlariday haqiqiy shoir oʻzini butun bani bashar farzandi deb biladi. Darvoqe, ustoz Abdulla Oripov jahondagi barcha millatlar-elatlarga ham nisbiy nuqtai nazardan qarab, butun insoniyatni toʻgʻrilaru oʻgʻrilardan iborat ikki guruhga boʻlib qoʻya qoladi. Zamon dolgʻali tus olganini nazarda tutib “Ranjkom” dostonining shoir idealidagi qahramonlaridan biri Farrosh ayol tilidan shunday deydi:

Karvon hozir yoʻl boshlagan boshqa tomonga,
Teran boqsang bir holatni koʻrasan zinhor:
Inson faqat boʻlingaydir yaxshi yomonga,
Oʻgʻri degan, Toʻgʻri degan ikki millat bor.

Mavzuga qaytamiz. Qozoqboy Yoʻldoshevning Yoʻldosh Eshbek sheʼriyatiga xos jihatni nozik ilgʻaganiga ishonch hosil qilib, Domlaning yetuk sheʼrshunoslardan biri ekani yana koʻnglimdan kechdi:

Qozoqboy Yoʻldoshev:

“Yoʻldosh Eshbek tabiat hodisalarini jonlantirar ekan, ularga shokir insonga xos xususiyatlar baxsh etadi:

Yalpizlar pichiri taralar,
togʻlar bir qayrilib qoʻyadi.
Havoni ohangdor arilar
muattar izlar-la boʻyadi.

Shoir sheʼrlaridagi “Togʻlar koʻk qogʻozga oʻxshab koʻrinar, lolalar erigan alvon boʻyoqdir. Archa tushaman deb, pastga urinar, doʻppisin tushirgan momoqaymoqdir” yoki “Shamol soyasiga oʻxshagan xayol, tebratib turadi mudragan cholni. Anhor asta turtib oʻtadi, xiyol / oʻzin tutib kulgan dol majnuntolni” satrlarida tabiat zimmasiga odamga xos vazifa yuklanadi. Odamning tabiatday tabiiy boʻlishini orzu qilgan Yoʻldoshning: “Osmon sigʻar koʻngilga koʻngilli boʻlib ketar” singari kutilmagan ifodalari insonni toza va koʻngilli koʻrish ishtiyoqi mahsuli sifatida yodda qoladi”.

Haqiqatdan ham shunday.

Yana lirik chekinish qilmaslikning iloji yoʻq. Gap shundaki, Qozoqboy Yoʻldoshev bu fikrlarni 2013 yil sheʼriyati yakunlariga oid hisobotida yoʻl-yoʻlakay bildirgan. Agar Yoʻldosh Eshbek ijodini astoydil tahlil qilib maqola yozganida ayni muddao boʻlardi. Axir chumchuqni ham qassob soʻygani yaxshi-da. Adabiyotshunoslarimiz tomonidan mana shunday beparvolik anchadan buyon davom etib kelayotir. Binobarin, yaqinda Ortiqboy Abdullayevning ustoz Rauf Parfi xotirasiga bagʻishlangan maqolasini ham miriqib oʻqidim. Ortiqboy aka ham sheʼrni nozik tushunadigan, qalami oʻtkir tanqidchilardan, juda yaxshi tarjimon ham. “Jahon adabiyoti”da ishlab yurgan paytlarimizda baʼzi-baʼzida “Kitobga tikilash joningizga tegmadimi, boʻldi qiling, pastda, “Moʻminxona”da Rauf Parfi bir oʻzi zerikib oʻtirganmish. Peshonangizni tirishtirmang, ikkalamiz “davra hamraisi” boʻlamiz”, deb qoʻyarda qoʻymay Rauf akaning oldiga olib tushib ketardi. Rauf Parfi bilan kursdosh ekanini oʻshanda bilmagan ekanman. Ehtimol, aytgan boʻlsa ham yodimdan chiqib ketgan. Xullas, Ortiqboy aka Rauf Parfi vafotidan chamasi oʻn yillar oʻtgach Ustoz haqida maqola yozgan. Holbuki, Rauf Parfi tirikligida uning sheʼriyati haqida oʻz uslubiga sodiq qolgan holda shoirona tahliliy maqola yozganda, kursdosh doʻstini qanchalar mamnun qilgan boʻlardi. Darvoqe, Rauf Parfi meni quruq maqtamanglar, sheʼrlarimni tahlil qilib maqola yozinglar, deguvchi edi. Oʻsha kezlarda “Yozuvchi” gazetasida Ulugʻbek Hamdamning asosan Rauf Parfining Vatanga qarata aytgan bittagina: “Mil kabi tortarman seni koʻzimga” satriga bagʻishlangan ixcham, biroq samimiy va teran “Tadrij” maqolasi chop etildi. Maqolani oʻqib Rauf aka yosh boladay quvonib: “Bilaman,Ulugʻbek mening sheʼriyatim haqida salmoqli maqola yozgan. Bu oʻshandan parcha”, degani hamon qulogʻim ostida jaranglaydi. “Botirxon Akramov ham mening ijodimga bagʻishlangan oʻn bosma toboqdan iborat kitob tayyorlabdi. Ha demay chiqarmish”, deya oʻziga sigʻmay quvonib yurganlari ham esimda. Rauf aka tirikligida “Sabr daraxti”dan keyin nainki yirik kitobi chop etildi, balki uning ijodiga bagʻishlangan koʻlamdor maqolalar ham kamdan-kam yozildi. Shayxzodaning odamni tirikligida qadriga yetish kerak, degan nasihatini takrorlashni kanda qilmaymizu unga amal qilishda oqsaganimiz-oqsagan.

5

Eng achinarlisi, nainki Rauf Parfi boshqa shoirlarimiz, xususan Yoʻldosh Eshbek ijodiga bagʻishlangan tahliliy maqolalar ham barmoq bilan sanarli. Men mazkur maqolani boshlashdan oldin “Qani, Yoʻldosh Eshbek ijodi haqida kim qanday fikr bildirgan ekan” degan niyatda Internetni titkilab koʻrdim. Topganim Qozoqboy aka va boshqa qadrdonlarning qisqa-qisqa mulohazalari boʻldi, xolos. Tanqidchilarimiz sheʼriyat haqida maqola yozadigan boʻlsa, koʻtara savdo qilishga odatlanishgan: bir yoʻla bir necha shoirni bir qozonga solib qaynatishdan nariga oʻtmaydi. Daʼvomiz quruq boʻlmasin: ayrim maqolalar istisno, albatta. Rivoyatda koʻzi koʻr kishi filning faqat oyogʻini paypaslab, “Fil degani ustunga oʻxshagan boʻlar ekan” degan bilan murod hosil boʻlmaydi.

Mavzuga qaytamiz.

Yoʻldosh Eshbek ustozlari haqida gapirarkan, avvalo Rauf Parfini tilga oladi: “Mening sheʼriyatdagi asosiy ustozim buyuk shoir, kamtarin inson, jasoratli vatandoshim Rauf Parfidir”.

Nurilloh Ostoning mulohazalari ham Yoʻldosh Eshbekning fikrlariga hamohang yangraydi:“70-yillarning boshlarida sheʼriyat maydoniga otilib chiqqan yosh ijodkorlar Rauf akaning atrofiga jipslashgan edi. Rauf aka ularning har birini puf-puflab, avaylab, sheʼrlarini mehr bilan tinglab, yanada baland parvozlarga qanotlantirardi. Ana shu tufayli Usmon Azim, Shavkat Rahmon, Xurshid Davron, Yoʻldosh Eshbek, Azim Suyun kabi shoirlar ijodi sheʼriyatni chegaralab qoʻyadigan barcha toʻsiqlarni yengib, sindirib, oʻz sehrini, goʻzalligini, jozibasini bor boʻyicha namoyon qildi. Va bugungi sheʼriyat, hozirgi yoshlar ijodi, ularning yuksak badiiy saviyasi, ranglar jilosi, beqiyos tasavvur ogʻushidagi ohanglar aynan Rauf Parfi maktabining hosilasidir”.

Bu mulohazalarni rad etmagan holda shuni ham taʼkidlash kerakki, 70-yillar avlodi shoirlarining shakllanishida ayni oʻsha davrda juda katta shuhrat qozongan Abdulla Oripov ijodining taʼsiri ham shubhasiz boʻlganidan koʻz yumib boʻlmaydi. Xususan, Yoʻldosh Eshbek ijodining dastlabki pallalarida Abdulla Oripov sheʼriyatining kuchli taʼsiri seziladi. Maʼlumki, Rauf Parfining asabiy sheʼriyatida ohang, ritm ham beqaror, bezovta dengizday chayqaladi – satrlar ham shunga mos ravishda ravon emas, musiqiylik bizga begona boʻlgan oʻzgaruvchan tusga ega. Abdulla Oripov sheʼriyatida esa musiqiy ravonlik, fikriy tiniqlik, publitsistik koʻtarinlik ustun. Yoʻldosh Eshbekning ilk yozilgan palladayoq tilga tushgan “Yigʻlayotgan qiz” monolog-sheʼrida ayni xususiyatlar ustuvor.

Yigʻlamoq tilarman, qaynab yigʻlagin,
Tishlaringni sekin qayrab yigʻlagin!
Oʻnta mard oʻgʻloning boʻlguncha yigʻla!
Yuzta mard oʻgʻloning boʻlguncha yigʻla!
Mingta mard oʻgʻloning boʻlguncha yigʻla!
Paymonang toʻlguncha, toʻyguncha yigʻla!

(Yoʻldosh Eshbeknirng bu otashin daʼvati behuda ketmaganday tuyuladi. Nazarimda, “Yigʻlayotgan qiz” keyinchalik ulgʻayib, Nazar Eshonqulning “Shamolni tutib boʻlmaydi” hikoyasida jasoratli qasoskor Bayna Momo timsolida paydo boʻlganday. Toʻgʻri, Bayna momoning nainki oʻnta ham, yuzta ham, mingta ham oʻgʻli boʻlmaydi, hatto koʻzining yagona oqu qorasini ham Xudo koʻp koʻradi. Lekin shoirning “Oʻnta mard oʻgʻloning boʻlguncha yigʻla” daʼvatini bevosita farzand koʻrish maʼnosida tushunish ham laqmalik boʻlardi.)

Bu daʼvatkor misralardagi biroz asabiylik Rauf Parfi ohanglarini yodga solganiga qaramasdan asosan Abdulla Oripov ijodining dastlabki oʻn yilliklaridagi sheʼriyatiga xos publitsistik ruh bilan yoʻgʻrilgani yaqqol koʻzga tashlanib turibdi. “Yigʻlayogan qiz” sheʼri koʻproq Abdulla Oripovning fundamental “Sarob” monologiga hamohang.

“Sarob”da jannatday hayotni vaʼda qilgan munofiq tuzum hayotdan umidlari katta yosh yigitni aldagan boʻlsa, “Yigʻlayotgan qizda” bevafo yigit sevgi izhor qiladiyu aslida “ishonuvchan qizning koʻksiga beshafqat oʻqlar” qadab, qalbiga qaqshatqich zarba beradi. Har ikki sheʼrda ham alamli aldanish holati kuzatiladi.

“Sarob” sheʼrida ham mavjud voqelikka yuksak ijtimoiy va axloqiy mezonlardan kelib chiqqan holda yondoshiladi. Abdulla Oripov “Sarob”da oʻzini bosh qahramon qilib olib, koʻlamni kengroq olgan holda yolgʻon va aldovga yoʻrilgan davr illatlariga oʻt ochadi. “Yigʻlayotgan qiz”da jamiyatga xos illatlar aldangan qiz qismati doirasida toraytirilgan xolda qalamga olinadi, shoir bir qizning fojiasiga sababchi boʻlgan illatlarga ijtimoiy tus beradi va adolat nuqtai nazaridan bong urar ekan, vijdonni bosh mezon qilib oladi:

Vijdonsiz nomusli niqobin qoʻymas,
Vijdonning har dami ruhiy iztirob.
Vijdonsiz xatosiz kunlardan toʻymas,
Vijdon bu xatodan ulgʻaygan azob.

Yoʻldosh Eshbekning nainki daʼvatkor, eng muhimi xaloskor shoirligidan dalolat beradigan yana bir sheʼri diqqatga sazovor:

Ey osmon, koʻnglimga kir,
Dunyodan bir oʻtilgaysan.
Ey osmon,koʻnglimga kir,
Sen qafasdan qutulgaysan.

Bepoyonsan, kekkaymagin,
Koinotga enkaymagin.
Ey osmon, koʻnglimga tush,
Parvoz qilgin misoli qush!

Sidrilgaysan, sitilgaysan,
Har xil izdan titilgaysan.
Ey osmon, koʻnglimga tush,
Mahkumlikdan qutilgaysan!

Mazkur sheʼrda “osmon” ramzi alohida zalvorga ega. Qolaversa, inson qalbi bepoyon osmonni nainki bagʻriga sigʻdira olishi, balki uni mahkumlikdan xalos etishi goʻzal tasvirlangan. Bu otashin satrlar Abdulhamid Choʻlponning quyidagi sheʼrini beixtiyor yodga soladi:

Tiriksan, oʻlmagansan, sen-da odam, senda insonsen,
Kishan kiyma, boʻyin egma, ki sen ham hur tugʻilgʻonsen!

Munaqqid Neʼmatullo Mamajonov “Sheʼr va shoir haqida” maqolasida “Muhimi – yangi, hali ishlatilmagan, favqulodda, tasodifiy, yorqin tashbeh, qiyoslashlarni topish. Bundan ham muhimi, shu obraz va oʻxshatishlar maʼnoga boʻysunishi, u bilan yaxlit bir butunlikni hosil qilishi kerak” (“OʻzAS”, 2012 yil, 15-iyun soni,), deb taʼkidlaydi. Darhaqiqat,Yoʻldosh Eshbekning ham favqulodda, yorqin tashbehlari maʼno bilan yaxlit bir butunlikni hosil qiladi.

6

Yoʻldosh Eshbekning barcha sheʼrlarini ham yolgʻiz publitsistik ruh bilan yoʻgʻrilgan deb boʻlmaydi. U oʻzining taʼrifi bilan aytganda, “qalbi telba junun bilan toʻla” “orombaxsh azoblar yoki azobbaxsh oromlar” ogʻushidagi shoir. “Telba junun” esa har doim ham barmoq vaznidagi, Rauf Parfi taʼbiri bilan aytganda “toʻrtbchak shakldagi” sheʼrlarning chegaralangan doirasiga sigʻavermaydi. Natijada shoir beixtiyor sarbastda yoza boshlaydi. Sarbast esa shior Sulaymon Rahmon taʼkidlagandek: “…fikrni manzaraviylashtirish, ifoda imkoni koʻlamini kengaytishga yordam beradi. Qolaversa, mohiyatan bir-biridan uzoq voqea-hodisalarni, mantiqan bir-biriga zid ruhiy mintaqalarni, taʼbir joiz boʻlsa, hayotning barcha oqu qora qirralarini bir nuqtaga toʻplash, ularni oʻzaro tutashtirib, bogʻlab tasvirlashda qoʻl keladi. Shu jihatdan u, nazarimda, xuddi lupaga oʻxshaydi. Bilasiz-ku, lupa quyosh nurini bir nuqtaga jamlaydi, jamlangan nur esa tushgan joyini yoqib yuborish qudratiga ega…”

Sheʼriyatda ham shakliy rang-baranglik zarur.

Hayot yil sayin yangilanib borayotir. Adabiyotimiz, xususan sheʼriyatimiz ham yangilanishini davr taqozo qilmoqda. Rauf

Parfi buni alam bilan taʼkidlagandi:
“Turklar uch marta yangilanish davrini oʻtkazishdi. Boltiqboʻyidagilar esa adabiyotni tamomila boshqa yangi yoʻlga burib yuborishdi. Faranglar, afrikaliklarni-ku, aytmasak ham boʻlaveradi. Biz esa buni anglagan Choʻlpon, Fitrat, Behbudiylarni goʻrga tiqdik”.

Yoʻldosh Eshbekning sheʼriyat haqidagi mulohazalariga nazar tashlar ekansiz, shoir va sheʼrshunos sifatida nozik did sohibi ekani oydinlashadi.

“Ohang bilan shakl – sheʼrdir. Sheʼr – ohang bilan shaklning goʻzal tasviri. Ha, shakl.. shakl! Turmushda avval qolip qilinib, keyin gʻisht qoʻyiladi. Sheʼrda esa bu hol anchayin “erkin” kechadi – “gʻisht” quyilish jarayonida “qolip” ham tayyor boʻla boradi. Hayotiy dunyoda faqat sanʼat goʻzal. Sheʼriyat oliy maqomga koʻtarilsa, sanʼatga aylanadi” (Yoʻldosh Eshbek maqolasidan).

Yoʻldosh Eshek nainki oʻziga tengdosh, balki kenja avlodga mansub shoirlar ijodini ham kuzatib, betakror misralarni ilgʻashga harakat qilishi ham uning ijodiga ijobiy taʼsir koʻrsatadi.

Yoʻldosh Eshbek yozadi: “Yoshlik” jurnalining oʻtgan sonlaridan birida iqtidorli shoir Nazar Shukurning bir turkum sheʼrlari “Xotira” rukni ostida eʼlon qilingani meni quvontirib yubordi. Deyarli har bir satri sanʼat darajasida! Sanʼatkorona nigoh bilan kuzatilgan va bitilgan goʻzal hayot manzaralari – koʻngil lavhalari… “Somon yoʻli. Bosilmaydi, bu yoʻlning changi, uxlamaydi oʻtib ketgan karvonlar zangi”, “Kipriklarim nayzasiga ilingan osmon, shu tigʻ bilan oʻrtasidan tilingan osmon”, “Yulduzlar-ku olov tuyoq tevalar izi, koʻzlarimni ochtirmaydi changlari toʻzib” va boshqa barcha satrlari sheʼriyatimizga yangi nafas olib kirgan shoirlarning peshqadamlaridan ekanini koʻrsatib turibdi. Lekin tanqidchilarimizning, hatto, jamoatchiligimizning koʻzi va soʻzi “Oʻrgilayin qoshing bilan yuzingdan-o” kabi qoʻshiqsifat tizmalar atrofida.

Yoʻldosh Eshbek yana deydi:

“Iztirob moʻminning darajotidir. Yaʼni darajani va martabani belgilovchidir. Moʻmin inson iztirobi bilan xotirjamdir. Iztirob – uning qalbini obod, umid – xotirjam etadi. Hz. Paygʻambar (s.a.v.) “Moʻminning yuzida tabassum, qalbi esa mahzun boʻladi”, deganlar”.

Yoʻldosh Eshbek jahon adabiyotidan oʻgirgan tarjimalarni ham alohida tilga olish zarur. Ayniqsa, mashhur qozoq shoiri Oʻljas Sulaymonovning “AziYa” kitobini mahorat bilan oʻzbek tiliga tarjima qilgan.

Yoʻldosh Eshbek, “Qizgʻaldoqlar ochildi” toʻplamidan:

Kitobning 137-betida:
Zanjir ojiz qolur oshiq tiliga,
Qafaslar, dunyolar tordir diliga.
Maʼshuq jamolidan oʻzga olam yoʻq,
Vatan yoʻq, erku erksizlik yoʻq,
Qaygʻu-alam yoʻq.

149-bet:
Tark etgim kelmaydi baytul jafoni.

154-bet:
Dunyo shodon toʻnini yechdi,
Ham kiydirdi menga figʻonni.

174-bet:
Odamning dilida mayda narsa yoʻq,
Olam sigʻib ketar qaroqqa.
Gavharga jo boʻlib ketadi olam.
Lekin bu odam
Olam gavharga aylanguncha,
Gavhar yoshga doʻnguncha
Yigʻlamoqchi…

181-bet:
Ulkan-ulkan,
Taram-taram,
Toʻndi tarvuzlar.
Koʻrsatar pichoq uchi tegsa
Qip-qizil koʻksini.

214-bet:
Tushlarimda koʻrdim yuzing,
Yetgaymikan masih soʻzing,
Dunyo aning kanorinda,
Ashk bahrida ammo koʻzim!

215-bet:
Kuz keldi, kuz keldi, eh, toʻla kuz bu!
Barokat fasli boʻl, boʻl menga dildor!
Oldinda iliqmi, oʻrtami, muzmi,
Uzunmi, qisqami… dahshatli qish bor.

216-bet:
Dunyoda bir dunyo yoʻqotdim,
Qushlari, qoʻshigʻi, ozori…
Tosh qotgan gʻaflatni uygʻotdim,
Qiziydi yolgʻizlik bozori!

218-betdagi “Shuur” sheʼridan.
Tushimda jannatning soyasi,
Oʻngimda qabohat koʻraman.
Tusharkan tubanlik pillapoyasi
Yer tagin xonobod koʻraman…
…men uxlab oʻnglimni toparman qaydan,
Uygʻonib tushimni qaydan toparman?!

Yo’ldosh ESHBEK
SHE’RLAR
045

Yo’ldosh Eshbek 1950 yil 1 sentyabrda Samarqand viloyati, Ishtixon tumanida tavallud topgan. ToshDUning filologiya fakul`tetini tugatgan (1977). Dastlabki she’rlar to’plami — «Sog’inib yashayman» (1981). «Yuksak daraxtlar» (1985), «Moviy turnalar» (1987), «Yaxshilikka qarayman» (1988), «Daraxtlar ertagi» (1989), «Hayot chechagi» (1990), «Mangu masofa» (1991) kabi she’riy to’plamlari nashr etilgan. Imom G’azzoliyning «Ey farzand», Ahmad Lutfiyning «O’gay ona», «Hazrati Ali», Fotima Temurning «Ko’ngil do’stlari» («Tazkirat ul-avliyo»), Amina Shank o’g’lining «Vijdon azobi»ni hamda O’ljas Sulaymon («Sopol kitob») va boshqa adiblarning asarlarini o’zbek tiliga tarjima qilgan. «Shuhrat» medali bilan taqdirlangan (1998).

045

SEN DEB CHOPGANDIM

Adirlar yo’llarga ochgan bag’rini,
Yo’llar09
adirlarga
sanchilib qolgan.
Men seni eslayman bir oz og’rinib,
Bir oz tabassumim…
yanchilib qolar.
Seni shu yo’llarda baxtim, degandim,
Sen sari daryoday to’lib oqqandim.
Chechaklar taqqandim…
baxt xayoliga,
Bugun baxt oldida nohaq oqlanding.
Men o’zim buzaman bugun qabrimni,
Ko’p vazmin buzaman,
Chiqaman yorib.
Sabrimni yutaman.
Tishda tutaman
Va seni o’rnimga qo’yaman horib.
Sen esa qandaydir baxtlar qo’ynida,
O’zingcha shodumon,
O’zingcha tirik.
O’zimcha baxtiyor men ham o’yimda,
O’zimning qayg’umga men o’zim sherik.
Men yangroq yo’llarda shodumon unsiz,
Yillab va asrlab senga chopgandim.
Adirlar singari poyonsiz,so’ngsiz
Qalbimni ochgandim,
Senga ochgandim.
Achchiqda qarg’amay ishqni-sag’irni,
Qismatim bir baxtli toqatda tolgan.
…Adirlar yo’llarga ochgan bag’rini,
Yo’llar
adirlarga
sanchilib qolgan.

SHUNDAY GO’ZALSANKI…

Men senga tikilib turib yuzma-yuz,
Eng yorug’ so’zimni aytmog’im kerak.
Biroq bu jur’atsiz ko’nglimda hanuz
Yongan azoblarim…kuymagan yurak!
Qatorlarda yeldim sen sari shitob,
Uchoqlarda uchdim sarsari,sarson.
Dilimda qanchalar ayladim xitob:
«Men seni sevaman! Sensizman,ishon!»
Alpomishdan kuchli,Farhoddan baland
Bir zotni izlarmi sening ko’zlaring.
Shu xayol qaylardan kelmishdir,badbaxt!
Bukilib-bukilib ketar tizlarim!
Bir surat chizilar dilingda har kun-
Eng ma’yus ,eng go’zal,pokiza bir zot.
Baxtiyor chehramni qoplamishdir xun,
Yoningga bir boqib qo’ymaysan nahot!
Shunday noziksanki,shunchalar go’zal,
O’ylasam,entikib qalqinaman jim,
Besh asr narida oh urar g’azal:
Sultonlar osiydir…gadolar muslim!
Boqib so’ngsiz tunlar xayol qa’riga-
Tiz cho’kib,to’lg’onib,tik turib yarim;
Shunday bosamanki seni bag’rimga…
Qisirlab sinadi qobirg’alarim!

DALA BO’YLAB…

Dala bo’ylab boraman toqqa,
oyog’im sug’urib toza loylardan,
bir navo keladi mungli, qaltirab,
bir xabar keltirar go’zal joylardan.

Bir qushcha sayraydi butoqqa qo’nib,
tumshug’i cho’g’ kabi, tegrasi nurdir,
atrof qotib qolgan, go’yoki to’nib,
qushcha kuylayotgan damida hurdir!

Yomg’ir tinib qolgan, yomg’irdan so’nggi
musaffo olamga yarashadi kuy,
olam anglay olmas tushimi, o’nggi,
yo bu kuy dunyoga yap-yangi bir uy!

SHER

goho ovulga kelardi yaqin,
tan-jonida shiddat, ko’zida chaqin,
zarar keltirmasdi aslo insonga,
ketardi aylanib tog’lar tomonga.
oyga qarab cho’qqilarda chopinardi,
o’ynar edi, quvnar edi, talpinardi,
bir nomard o’q nuqta qo’ydi hayotiga,
o’kirsa to’lardi olam dodiga.

Ulgurmadi…
toshdan toshga urilib –
eti qoldi, qarolmadi burilib,
kim edi u? Sher bechora to’kildi.
Ammo tog’lar na’ra tortdi, o’kirdi.
Otam so’zlab, derdi: yashir kuchingni,
Olar bo’lsang, ishdan olgin o’chingni,
Nomard dunyo kuchlini qon qusdirar,
nomardlarni quchog’ida o’stirar!..

MOMO

Urchuq aylanadi, lipillaydi sha’m,
o’qtin-o’qtin hurib qo’yar yolg’iz it.
Almashinib turar quvonch bilan g’am,
ko’z oldiga kelar beshik va tobut.

Har qalay yolg’izlik, har qalay sahro,
yomg’ir ezib yog’ar, tun, devorlar nam,
neni olib kelar umid bir daryo,
urchuq aylanadi, lipillaydi sha’m.

CHAVANDOZ

Bu tulporni endi nima qilaman,
quturib ayflanar yakkamixni u,
qantaraman, jilovidan ilaman,
ahvolimni bilmaydi-ku.
Falakning ustida sezdim o’zimni,
quloqlari aro o’tganda shamol,
iftixor baxsh etdi, yoshlab ko’zimni,
endi bari o’tdi, barchasi xayol –
cho’qqilar silkinib kuchli sasiga,
kishnasa tog’lardan ko’chardi toshlar,
haq so’z aytolmadim el og’asiga,
endi u ko’zimni boshqacha yoshlar –
avvallar yulduzday terib yurardim,
uchib yo’latmasdim yonboshlarimga –
to’dani yorarkan, berib yubordim
uloqni og’aning qondoshlariga,
yashirdim tanamning titroqligini,
nahotki, sezmadi qo’rqoqligimni –
hali ham mehr-la iskalaydi ot,
meni mehribonlik o’ldirmas, nahot?!

BALIQ

Teskari dunyoning o’yiniga boq,
bepoyon janggohda suzar edim toq,
qancha yirtqichlardan qoldimu omon,
o’z qavmim bo’g’zida bo’lyapman halok!

TOG’LARGA

Goho xuruj qilganida g’am,
yurak to’lib ketsa ohlarga,
do’stlar bilan bo’lishib hamdam,
tog’larga ketamiz, tog’larga.

Sevgi degan so’zdan yondi qalb,
sayr etamiz baxtli chog’larga,
jam’i dardni qilmoq bo’lib da’f,
tog’larga ketamiz, tog’larga.

Do’st so’zidan kuyib ketdi uy,
o’tib mungli, mungli bog’larga,
peshonada qotib qolgan kuy –
tog’larga ketamiz, tog’larga

To’yib rosa hamtovoqlardan,
qo’l tortamiz badqovoqlardan,
toshlari ham ko’p yumshoqlarga –
tog’larga ketamiz, tog’larga!

Yosh bo’lsak ham, qari bo’lsak ham ,
biz ketamiz xush bahorlarga!
do’lanalar chopib yurganda,
tog’larga ketamiz, tog’larga!

DARAXTLARNING..

Daraxtlarning ko’z yoshi –
barg to’kilar duvillab,
hazin kechning quyoshi,
bog’lar qoldi huvillab.

Sergaklik bor falakday,
ayni zamon ko’p ma’yus,
ishtonchan bir bolakay
otasini kutar… Kuz.

QUSHCHAM

Bilolmayman nedir bu hayot,
bormanmi bu yerda men o’zim,
qaytarib qo’yar goh bir hayo,
yumilgisi kelar goh ko’zim.

Yashaymiz bir osmon ostida,
har qachon go’zaldir bu osmon,
yodimdasan. Garchi xotira
go’zal ermasa-da bepoyon.

Unutmasman, seni ey qushcham,
yodim osmonida nuqtasan –
uchmassan, eh qancha ko’p uchsang,
sen to’xtab qolmassan, to’xtasang.

OSMONDA…

Osmonda oylar to’lar,
soylar sharqirar yerda,
gul yonida bulbullar,
sen qaydasan, bokiram.

Har yonda kezar bahor,
gulga to’lmish har tomon,
g’amsiz joy qay yerda bor,
g’amga to’la yer-osmon.

Osmon bo’lmagin, mayli tush,
yer bo’lmay men ham doim,
visol bo’yi esar xush,
ufqdan xushbo’y, mayin!

O’CHOQDA…

O’choqda kul
yonib o’tgan yoshlik
yonib ketgan
sovuq
kulni paypaslagan kabi
titkilar xotirani
oh tortib yuborar og’riqdan
keskin tortar qo’lni
kulning ostidan.

* * *

Bir uy qurdim, kelaqol,
ayvonlari qiyoda.
Shifti nur bo’yli shamol
dunyolardan ziyoda.

Bir uy qurdim, kelaqol,
tuynuklari tuyg’udan.
Tin olib go’zal xayol
xush uyg’onur uyqudan.

YO uyqu yo’q uyquda,
bedorlikda bedorlik.
Barcha o’ylar behuda,
bor kengliklar tor, torlik.

Sen sig’massan olamga,
yasha kulbaxonmada.
U – mening ko’nglim uyi:
Eni – yer, osmon – bo’yi.

Qayda bo’lsang, qaytarsan,
ishq uyi topmas zavol.
Qaylardasan, qaydasan,
bir uy qurdim, kelaqol?!

* * *

Sahar o’tib ketmasin, deyman,
ko’ksimda urilib turadi –
bir qo’rquv, g’amini xo’b yeyman,
ko’ksimdan ko’zimga yuradi –

Ochaman, sharpamas, ulkandir,
odamdan, olamdan, jannatdan.
Pokiza ko’ngildan ul kamdir,
ul kamdir rizoyu rahmatdan.

Uyquda o’tmasin bu sahar,
g’aflat saharida to’lg’onib.
Bu tongda tong qotgan besamar
quyoshni ko’rmasam uyg’onib.
* * *

TUSHLAR

Tushlarimga tez-tez kirmoqda otam,
u ketgan yoshlarga kirib qolibman,
biroq quvonch o’sha, o’sha-o’sha g’am,
men qaysi do’stimdan xabar olibman?

Tushlarimga tez-tez kirmoqda otam,
meni ibodatdan etganday ogoh,
biroq savob ma’lum, menda rag’bat kam,
tiyilsam-da, qaydan kelmoqda gunoh?!

Tez-tez tushlarimga otam kirmoqda,
goho tabassum qilar, goh do’q urmoqda,
“o’g’lingning tushiga kirar vaqt keldi,
endi yaxshi ishga ulgurgin”, derdi.

SHOM

Shom qanday go’zal
gul kabi
binafsha kapalak
qo’nib turar derazamga
derazamdan boshqa yoqqa
boqmayman
chiroqni yoqmayman!

033

(Tashriflar: umumiy 2 370, bugungi 1)

Izoh qoldiring