Alber Kamyu. Bodom guli

Ashampoo_Snap_2016.10.07_21h53m41s_009_.png    Биз — инсонлармиз. Озод юракларнинг адоқсиз соғинчини қондириш бизнинг бурчимиздир. Нимаики тилка-пора қилинган бўлса, уни қайтадан бутлаш, бўлакларга ажралган бўлса, бирлаштириш, очиқдан-очиқ адолатсиз дунёда баҳоли қудрат адолат мезонини ўрнатиш, аср хасталиги билан заҳарланган халқларда бахт-саодат рўёбига ишонч уйғотишимиз лозим…

«ВАЗМИН КУЗАТИШЛАР,
ҒУССАЛИ ХОТИРАЛАР…»

Л. Зонина
02

08Ёшлигиданок ницшечилик ва бошқв иррационал таълимотларнинг кучли таъсирида синалган, кейинчалик эса ақлларнинг оғриқли саросимасини шакллантирган экзистенциализм оқимида улғайган Альбер Камю ҳаётининг сўнгги йилларида индивидуал анархизмни енгиб ўтиш учун курашди. Ёзувчининг бундай эътиқод ахтаришлари, ёрқин маънавий қиёфага эга бўлиш йўлидаги бу конмас ташналик XX аср буржуа идеалистик тафаккурининг инқирозидан дарак берар эди. Гарчи тарихдан ташқари ахлоқпарварлик борасидаги изланишлари ёзувчини ҳаёт билан фожиали ихтилофга олиб келса-да, бу уринишларни маъно ва мазмунга тўпдириб, упарга йўналиш бериб турган фазилат, стихияли бўлса ҳам, фалсафий асоси мустаҳкам инсонпарварлик эди. Йиллар ўтиши билан бу эзгу руҳ фалсафий система қолипларини синдирди…

Француз маданиятининг қадим ва қудратли анъаналарига таянган Камю эссечилиги фалсафий мушоҳадалар ҳамда бадиий сўз санъати гавҳарларини ўзида уйғунлаштиради. Агар ҳақиқий санъаткорни Александр Блок айтганидай, бир «умрзоқ фанатик фикр» бошқалардан фарқлаб туриши рост бўлса, Камю ижоди бунинг яққол намунасидир. Камю эсселарини ўқир экансиз, ҳаёт машаққатлари таъсирида, тарих зарбалари остида ёзувчининг фикри ва кузатишлари тобора чуқурлашувини, ўз шахсий зиддиятларини-да фош этишини, узвий яхлитликка путур етказмай ўзини ҳам қаттиқ танқид остига олганини кўрасиз. Илк бор 1941 йилда «Тюнизи францез» газетасида босилган ва кейинчалик «Ёз» тўпламига кирган «Бодом гули» эссесидаёқ Камю ижтимоий ҳаракат заруратини таъкидлаган, «Тарих ичига тортилган» одамнинг бурч ва мажбуриятларини, у хоҳлайдими, йўқми, гитлерчилар ўлим хавфини солаётган барча кучлар билан бирлашишга мажбур эканини уқтиради. Шундай қилиб, Камю фалсафаси оламига йўл очиб берувчи сўзлар қаторига яна бир сўз қўшилади — бирдамлик. Зеро, бирдамлик адолатли исён гаровидир. Бирдамлик- сиз исён «ўлимга етаклайдиган итоатгўйлик билан амалда бирлашиб кетади»,— деб ёзган эди Камю «Исён қилаётган инсон» эссесида (1951). Агар урушгача бўлган даврда Камю қаҳрамони матонат билан худоларга қарши чиққан анархиячи индивидуалист Сизиф бўлса, («Сизиф ҳакидаги афсона»), энди ёзувчи бошқа бир афсонавий қаҳрамон — одамларни деб барча қийноқларга чидашга тайёр Прометейдаги ахлоқ ва кураш намунасини («Дўзахдаги Прометей», 1947) улуғлайди. Сизифнинг кучи шундаки, у худолар адолатига бўлган ҳар кандай ишонч-умиднинг баҳридан ўтди. Прометейнинг қудрати шундаки, у «фақатгина инсонга тааллуқли ва инсон учун тушунарли бўлган адолатга асосланди». Камю назарида Прометей — «Тарих ичида» ҳаракат қилувчи ижтимоий ақл тимсоли, Инсонга бўлган ишонч унга куч-кувват бахш этади.

Биз бу «умрзоқ фанатик фикр» кейинчалик қандай йўллар билан олға кетар, ўзига қаердан ва қай йўсин бошпана ахтарар эди — билмаймиз. Камю ҳаёти, адибнинг иккиюзламачилик, алдамчи онг, телбавор ёвузлик, майнабоз тавба-тазарру ҳақидаги романи — «Разиллик» қаҳрамонининг тақдири каби азоб, алам ва умидсизлик оҳангларида ниҳоя топди. Бу Камюнинг ўзи ҳам чиқиш чорасини топа олмаган боши берк йўл эди.

Шунинг учун Камю фалсафий эссечилигида биз учун муҳими кўпинча хато, бири иккинчисини шубҳа остига қўядиган, инкор қиладиган хулосалар эмас, балки ана шу изланишлар омили ва сабабчиси бўлган Инсондир. Туғёнкор, «ёмғиру шамолларга дош бера оладиган» Инсонга интизорлик Альбер Камю дардчил гуманизмининг метин ўзагини ташкил этади.

Альбер Камю
БОДОМ ГУЛИ
Рус тилидан Абдул Жалил таржимаси
02

RussianPhilosophy_clip_image016.jpgАлбер Камю 1913 йил 7 ноябрда Жазоир шаҳрининг қашшоқ канаросида дунёга келган. У бир ёшда эканлигида отаси госпиталда вафот этган. Оилани боқиш учун онаси бой хонадонларда уй хизматчиси бўлиб ишлайди. Албер Жазоир университетида ўқийди, 1935 йилда театр ташкил этади, 1937 ва 1939 йилларда унинг дастлабки иккита лирик эссеси босиб чиқарилган. 1940 йил баҳорда Камю Парижга келади ва йирик газеталардан бирида ишлай бошлайди, фашистларга қарши ҳаракатларда ҳам фаол қатнашади. 1957 йил ёзувчига Нобель мукофоти берилган. Албер Камю 1960 йил 4 январда рождество кунларидан кейин Парижга келаётиб йўлда автомобил ҳалокатидан вафот этади.
Альбер Камю “Бегона”, “Таназзул” каби қиссалари, “Ўлат”, “Бахтли ўлим” романлари, “Калигула”, “Қамал ҳолати”, “Мавҳумлик” – каби пьесалари, “Сизиф ҳақида асотир”, “Асотир ва қиёфа”, “Никоҳ”, “Немис дўстга мактуб”, “Исёнкор одам”, “Таъқиб ва салтанат”, “Ижод ва эркинлик” каби эсселари билан Европа бадиий тафаккурини бойитган ва уни янги босқичга кўтарган ХХ асрнинг забардаст адиби. У адабиёт соҳасидаги хизматлари учун Нобель мукофоти соҳиби бўлган. Гарчи Камю ўзини файласуф деб ҳисобламаган бўлса ҳам фалсафий-бадиий эсселар учун уни ҳақли равишда ўз даврининг “Ақллар ҳукмдори” деб аташади. Қуйида эълон қилинаётган эсселарда санъатнинг азалий, демакким, даврлар ўтса ҳам эскирмайдиган муаммолари қамраб олинган.

02

0 es.jpgБиласизми, мени ҳаммасидан кўра нима кўпроқ ҳайратга солади! — деди Наполеон Фонтенга*, — Зўравонлик куч-қудратининг яратувчиликка қодир эмаслиги. Дунёда фақат икки ҳоким бор — қилич ва ақл-идрок; охир-оқибатда ҳар доим ақл-идрок қилич устидан ғалаба қозонади.»

Кўряпсизки, жаҳонгирлар ҳам гоҳида маъюсланиб, руҳан тушкунликка берилишган. Қанчалик дабдабали бўлса шунчалик беҳуда ва ўткинчи шон-шуҳрат учун қандайдир тўлов ҳам бериш керак-да. Аммо бундан юз йил муқаддам қилич учун адолатли саналган ишларнинг бугунги кунда танкларга ҳеч бир дахлдорлиги йўқ. Жаҳонгирлар улкан ғалабаларга эришдилар, хўрланган Европа узра, ақл-идрок маҳв этилган барча ўлкаларда ҳам узоқ йиллар бир бадқовоқ сукунат ҳукм сурди. Фландрия учун бўлган қабиҳ уруш йилларида ҳам Голландия рассомлари ўз асарларида қушхоналарни, қўноқдаги хўрозларни тасвирлаш имконини топа олдилар. Бугун Юз йиллик уруш унутилган бўлса ҳам, Силезия диндорларининг дуолари баъзи юракларда ҳамон тирик. Эндиликда ҳаммаси ўзгарган; рассом ҳам, руҳоний ҳам — барча-барчамиз дунё учун бирдай масъулдирмиз. Ақл-идрок ўзининг қачондир жаҳонгир ҳам тан олган шоҳона қатъиятини йўқотди, ҳамон куч-қудратни лаънатлаб, ўз имкониятларини сарф этмоқда. Зеро энди уни бўйсундиришга қодир ҳам эмас.

Эзгуликка эш қалблар бу ҳолни дард, хасталик деб билади-лар. Бу хасталикми, йўқми — бизга номаълум, аммо биламизки, бугунги воқелик худди шундай. Хулоса; бу билан ҳисоблашмоқ даркор. Фақат пухта англаш лозим — биз нима истаймиз? Биз фақат бир нарсани — энди қеч қачон қиличга енгилмасликни, ақл-идрокка хизмат қилмайдиган куч-қудратни энди ҳеч қачон тан олмасликни истаймиз.

Тўғри, бу бениҳоя улкан, қамровсиз вазифа. Бироқ бизнинг ишимиз — ортга чекинмаслик. Менинг ақл-идрокка бўлган ишончим тараққиётга ёки қайсидир Тарих фалсафасига умид боғлаш даражасида эмас. Аммо, ҳар ҳолда шунга ишонаманки, одамлар доим ўз тақдирини янада чуқурроқ англаб етишга интиладилар. Биз ҳаёт, тириклик шарт-шароитлари билан ўзаро боғланганмиз. Айни чоқда ҳамма борган сари яхшироқ шароитларни танлаётир. Биламизки, зиддиятлар орамизга нифоқ солади, лекин улар билан муроса қилмаслик, қандай бўлмасин, бу зиддиятларни юмшатиш кераклигини ҳам биламиз. Биз — инсонлармиз. Озод юракларнинг адоқсиз соғинчини қондириш бизнинг бурчимиздир. Нимаики тилка-пора қилинган бўлса, уни қайтадан бутлаш, бўлакларга ажралган бўлса, бирлаштириш, очиқдан-очиқ адолатсиз дунёда баҳоли қудрат адолат мезонини ўрнатиш, аср хасталиги билан заҳарланган халқларда бахт-саодат рўёбига ишонч уйғотишимиз лозим. Албатта, бу фавқулодда, киши қўлидан келмайдиган иш. Аммо шуни ҳам унутмайликки, узоқ йиллар зўр бериладиган саъй- ҳаракатни талаб қилувчи мақсадларни ҳам ҳамиша киши қўлидан келмайдиган ишлар деб ҳисоблашган.

Мақсадни аниқ белгилаб олсак, фақат шундагина куч-қуд-рат, у ҳатто қандайдир ғоя ёки моддий бойлик қиёфасига ки-риб йўлдан оздирмоқчи бўлганида ҳам биз ақл-идрокдан юз ўгирмаймиз. Асосийси — ноумид қолмасликдир. Бари беҳуда деб жар солаётганларнинг қичқириқларига қулоқ тутавермаслик керак. Цивилизациялар осонликча йўқолиб кетмайди, агар бу дунёнинг ҳалокати тайин бўлса ҳам, аввало бошқа дунёлар барбод бўлади. Ҳа, турган гапки, биз фожиалар замонида яшамоқдамиз. Аммо жуда кўпчилик одамлар фожиани ночор умидсизликдан фарқ қилолмайдилар. «Фожиа бахтсизликка бериладиган қақшатқич зарбага айланиши керак»,— деган эди Лоуренс. Мана, сира кечиктирмай амалга ошириш мумкин бўлган соғлом фикр. Ана шундай зарба ўрнини босувчи фожиалар бугун жуда кўплаб топилади.

Жазоирда яшаган йилларим, ҳар ўтган қиш фасли менинг сабр-бардошимни орттирди. Чунки мен бир ажойиб тунда, февралнинг совуқ ва ойдин бир кечасида Элчилар Водийсида бодом гуллашига қаттиқ ишонардим. Нозикдан-нозик, қордай оппоқ бу ҳарирликнинг ёмғирга ва денгиз шамолларига қандай бардош беришини минг ҳайратда кузатар эдим. Аммо у ҳар йил қишда мева боғлаш учун қанча лозим бўлса, шунча муддат туриб берар эди.

Бу тимсол эмас. Тимсоллар ёрдамида биз бахтга эришолмаймиз. Бу ерда бирмунча жиддийроқ бошқа нарса бор. Мен ҳаёт жабр-жафолари ҳаддан ташқари оғир бўлиб бораётган, бахтсизликлар билан тўла Европада туриб, ҳозиргача ҳаракатга келмаган қанча-қанча кучлар мавжуд бўлган қуёшли мамлакатларга такрор мурожаат қилаётирман. Мен бу мамлакатларни жуда яхши биламан. Улар — мумтоз ўлкалар, уларда ақл-мушоҳада ва жасорат мутаносиблигини пайдо қилиш мумкин. Уларнинг тажрибаси устида бош қотирар эканман, доим бир ҳақиқатга амин бўламан: агарда ақл-идрокни қутқариб қолиш ниятинг бўлса, саховатпешаларнинг шикоятомуз оҳ-воҳларига учмай, ўз кучинг, ўз фазилатларинг билан илҳомланиб, курашмоғинг лозим. Дунёмиз бахтсизликлар билан оғуланган, гўё бу оғуни ичиб, мириқаётгандек туюлади. У бошданоёқ файласуф Ницше жафокашлик, жабрдийдалик деб атаган дардга мубтало бўлган. Унга ҳамдардлик изҳор қилиб ўтирмайлик. Ақл-идрок ва руҳга аза тутиш бефойда, унинг келажаги учун ишлаш кифоядир.

Бироқ савол туғилади: ақл-идрокнинг устиворликлари нимада? Ницше буларни жабрдийдаликнинг ашаддий душмани деб атаган эди. Булар мустаҳкам ирода, талабчанлик, энг оддий, «заминий» бахт, букилмас сабот ва ғурур, донишманднинг совуққон вазминлиги. Бу фазилатлар бугун ҳар қачонгидан кўра кўпроқ керакли, ҳар киши ўзига мос, энг тўғри келадиганини танлаб олиши мумкин. Ўз зиммангга шундай катта масъулият олар экансан, ҳар қандай ҳолатда ҳам кучли иродани унутиб қолдирмаслик керак. Сайловолди минбарларида дарғазаб хўмрайган ва дўқ-пўписага ўтишдан сақлана олмайдиган иродани эмас, балки оқ ҳарирлиги ва шираси денгиздан эсадиган барча шамолларга бардош қила оладиган иродани унутмаслик даркор. У — бутун дунёни музлатган қиш чилласида бодомнинг мева тугиши учун ягона сабаб, ёлғиз кафолат.

Цветущий миндаль-1.jpg   Biz — insonlarmiz. Ozod yuraklarning adoqsiz sog’inchini qondirish bizning burchimizdir. Nimaiki tilka-pora qilingan bo’lsa, uni qaytadan butlash, bo’laklarga ajralgan bo’lsa, birlashtirish, ochiqdan-ochiq adolatsiz dunyoda baholi qudrat adolat mezonini o’rnatish, asr xastaligi bilan zaharlangan xalqlarda baxt-saodat ro’yobiga ishonch uyg’otishimiz lozim…

«VAZMIN KUZATISHLAR,
G’USSALI XOTIRALAR…»

L. Zonina
02

085Yoshligidanok nitsshechilik va boshqv irratsional ta’limotlarning kuchli ta’sirida sinalgan, keyinchalik esa aqllarning og’riqli sarosimasini shakllantirgan ekzistentsializm oqimida ulg’aygan Al`ber Kamyu hayotining so’nggi yillarida individual anarxizmni yengib o’tish uchun kurashdi. Yozuvchining bunday e’tiqod axtarishlari, yorqin ma’naviy qiyofaga ega bo’lish yo’lidagi bu konmas tashnalik XX asr burjua idealistik tafakkurining inqirozidan darak berar edi. Garchi tarixdan tashqari axloqparvarlik borasidagi izlanishlari yozuvchini hayot bilan fojiali ixtilofga olib kelsa-da, bu urinishlarni ma’no va mazmunga to’pdirib, uparga yo’nalish berib turgan fazilat, stixiyali bo’lsa ham, falsafiy asosi mustahkam insonparvarlik edi. Yillar o’tishi bilan bu ezgu ruh falsafiy sistema qoliplarini sindirdi…

Frantsuz madaniyatining qadim va qudratli an’analariga tayangan Kamyu essechiligi falsafiy mushohadalar hamda badiiy so’z san’ati gavharlarini o’zida uyg’unlashtiradi. Agar haqiqiy san’atkorni Aleksandr Blok aytganiday, bir «umrzoq fanatik fikr» boshqalardan farqlab turishi rost bo’lsa, Kamyu ijodi buning yaqqol namunasidir. Kamyu esselarini o’qir ekansiz, hayot mashaqqatlari ta’sirida, tarix zarbalari ostida yozuvchining fikri va kuzatishlari tobora chuqurlashuvini, o’z shaxsiy ziddiyatlarini-da fosh etishini, uzviy yaxlitlikka putur yetkazmay o’zini ham qattiq tanqid ostiga olganini ko’rasiz. Ilk bor 1941 yilda «Tyunizi frantsez» gazetasida bosilgan va keyinchalik «Yoz» to’plamiga kirgan «Bodom guli» essesidayoq Kamyu ijtimoiy harakat zaruratini ta’kidlagan, «Tarix ichiga tortilgan» odamning burch va majburiyatlarini, u xohlaydimi, yo’qmi, gitlerchilar o’lim xavfini solayotgan barcha kuchlar bilan birlashishga majbur ekanini uqtiradi. Shunday qilib, Kamyu falsafasi olamiga yo’l ochib beruvchi so’zlar qatoriga yana bir so’z qo’shiladi — birdamlik. Zero, birdamlik adolatli isyon garovidir. Birdamlik- siz isyon «o’limga yetaklaydigan itoatgo’ylik bilan amalda birlashib ketadi»,— deb yozgan edi Kamyu «Isyon qilayotgan inson» essesida (1951). Agar urushgacha bo’lgan davrda Kamyu qahramoni matonat bilan xudolarga qarshi chiqqan anarxiyachi individualist Sizif bo’lsa, («Sizif hakidagi afsona»), endi yozuvchi boshqa bir afsonaviy qahramon — odamlarni deb barcha qiynoqlarga chidashga tayyor Prometeydagi axloq va kurash namunasini («Do’zaxdagi Prometey», 1947) ulug’laydi. Sizifning kuchi shundaki, u xudolar adolatiga bo’lgan har kanday ishonch-umidning bahridan o’tdi. Prometeyning qudrati shundaki, u «faqatgina insonga taalluqli va inson uchun tushunarli bo’lgan adolatga asoslandi». Kamyu nazarida Prometey — «Tarix ichida» harakat qiluvchi ijtimoiy aql timsoli, Insonga bo’lgan ishonch unga kuch-kuvvat baxsh etadi.

Biz bu «umrzoq fanatik fikr» keyinchalik qanday yo’llar bilan olg’a ketar, o’ziga qaerdan va qay yo’sin boshpana axtarar edi — bilmaymiz. Kamyu hayoti, adibning ikkiyuzlamachilik, aldamchi ong, telbavor yovuzlik, maynaboz tavba-tazarru haqidagi romani — «Razillik» qahramonining taqdiri kabi azob, alam va umidsizlik ohanglarida nihoya topdi. Bu Kamyuning o’zi ham chiqish chorasini topa olmagan boshi berk yo’l edi.

Shuning uchun Kamyu falsafiy essechiligida biz uchun muhimi ko’pincha xato, biri ikkinchisini shubha ostiga qo’yadigan, inkor qiladigan xulosalar emas, balki ana shu izlanishlar omili va sababchisi bo’lgan Insondir. Tug’yonkor, «yomg’iru shamollarga dosh bera oladigan» Insonga intizorlik Al`ber Kamyu dardchil gumanizmining metin o’zagini tashkil etadi.

Alber Kamyu
BODOM GULI
Rus tilidan Abdul Jalil tarjimasi

02

Alber Kamyu 1913 yil 7 noyabrda Jazoir shahrining qashshoq kanarosida dunyoga kelgan. U bir yoshda ekanligida otasi gospitalda vafot etgan. Oilani boqish uchun onasi boy xonadonlarda uy xizmatchisi bo’lib ishlaydi. Alber Jazoir universitetida o’qiydi, 1935 yilda teatr tashkil etadi, 1937 va 1939 yillarda uning dastlabki ikkita lirik essesi bosib chiqarilgan. 1940 yil bahorda Kamyu Parijga keladi va yirik gazetalardan birida ishlay boshlaydi, fashistlarga qarshi harakatlarda ham faol qatnashadi. 1957 yil yozuvchiga Nobel` mukofoti berilgan. Alber Kamyu 1960 yil 4 yanvarda rojdestvo kunlaridan keyin Parijga kelayotib yo’lda avtomobil halokatidan vafot etadi.
Alber Kamyu “Begona”, “Tanazzul” kabi qissalari, “O’lat”, “Baxtli o’lim” romanlari, “Kaligula”, “Qamal holati”, “Mavhumlik” – kabi p`esalari, “Sizif haqida asotir”, “Asotir va qiyofa”, “Nikoh”, “Nemis do’stga maktub”, “Isyonkor odam”, “Ta’qib va saltanat”, “Ijod va erkinlik” kabi esselari bilan Yevropa badiiy tafakkurini boyitgan va uni yangi bosqichga ko’targan XX asrning zabardast adibi. U adabiyot sohasidagi xizmatlari uchun Nobel mukofoti sohibi bo’lgan. Garchi Kamyu o’zini faylasuf deb hisoblamagan bo’lsa ham falsafiy-badiiy esselar uchun uni haqli ravishda o’z davrining “Aqllar hukmdori” deb atashadi. Quyida e’lon qilinayotgan esselarda san’atning azaliy, demakkim, davrlar o’tsa ham eskirmaydigan muammolari qamrab olingan.

02

миндаль-cx.jpgBilasizmi, meni hammasidan ko’ra nima ko’proq hayratga soladi! — dedi Napoleon Fontеnga*, — Zo’ravonlik kuch-qudratining yaratuvchilikka qodir emasligi. Dunyoda faqat ikki hokim bor — qilich va aql-idrok; oxir-oqibatda har doim aql-idrok qilich ustidan g’alaba qozonadi.»

Ko’ryapsizki, jahongirlar ham gohida ma’yuslanib, ruhan tushkunlikka berilishgan. Qanchalik dabdabali bo’lsa shunchalik behuda va o’tkinchi shon-shuhrat uchun qandaydir to’lov ham berish kerak-da. Ammo bundan yuz yil muqaddam qilich uchun adolatli sanalgan ishlarning bugungi kunda tanklarga hech bir daxldorligi yo’q. Jahongirlar ulkan g’alabalarga erishdilar, xo’rlangan Yevropa uzra, aql-idrok mahv etilgan barcha o’lkalarda ham uzoq yillar bir badqovoq sukunat hukm surdi. Flandriya uchun bo’lgan qabih urush yillarida ham Gollandiya rassomlari o’z asarlarida qushxonalarni, qo’noqdagi xo’rozlarni tasvirlash imkonini topa oldilar. Bugun Yuz yillik urush unutilgan bo’lsa ham, Sileziya dindorlarining duolari ba’zi yuraklarda hamon tirik. Endilikda hammasi o’zgargan; rassom ham, ruhoniy ham — barcha-barchamiz dunyo uchun birday mas’uldirmiz. Aql-idrok o’zining qachondir jahongir ham tan olgan shohona qat’iyatini yo’qotdi, hamon kuch-qudratni la’natlab, o’z imkoniyatlarini sarf etmoqda. Zero endi uni bo’ysundirishga qodir ham emas.

Ezgulikka esh qalblar bu holni dard, xastalik deb biladi-lar. Bu xastalikmi, yo’qmi — bizga noma’lum, ammo bilamizki, bugungi voqelik xuddi shunday. Xulosa; bu bilan hisoblashmoq darkor. Faqat puxta anglash lozim — biz nima istaymiz? Biz faqat bir narsani — endi qech qachon qilichga yengilmaslikni, aql-idrokka xizmat qilmaydigan kuch-qudratni endi hech qachon tan olmaslikni istaymiz.

To’g’ri, bu benihoya ulkan, qamrovsiz vazifa. Biroq bizning ishimiz — ortga chekinmaslik. Mening aql-idrokka bo’lgan ishonchim taraqqiyotga yoki qaysidir Tarix falsafasiga umid bog’lash darajasida emas. Ammo, har holda shunga ishonamanki, odamlar doim o’z taqdirini yanada chuqurroq anglab yetishga intiladilar. Biz hayot, tiriklik shart-sharoitlari bilan o’zaro bog’langanmiz. Ayni choqda hamma borgan sari yaxshiroq sharoitlarni tanlayotir. Bilamizki, ziddiyatlar oramizga nifoq soladi, lekin ular bilan murosa qilmaslik, qanday bo’lmasin, bu ziddiyatlarni yumshatish kerakligini ham bilamiz. Biz — insonlarmiz. Оzod yuraklarning adoqsiz sog’inchini qondirish bizning burchimizdir. Nimaiki tilka-pora qilingan bo’lsa, uni qaytadan butlash, bo’laklarga ajralgan bo’lsa, birlashtirish, ochiqdan-ochiq adolatsiz dunyoda baholi qudrat adolat mezonini o’rnatish, asr xastaligi bilan zaharlangan xalqlarda baxt-saodat ro’yobiga ishonch uyg’otishimiz lozim. Albatta, bu favqulodda, kishi qo’lidan kelmaydigan ish. Ammo shuni ham unutmaylikki, uzoq yillar zo’r beriladigan sa’y- harakatni talab qiluvchi maqsadlarni ham hamisha kishi qo’lidan kelmaydigan ishlar deb hisoblashgan.

Maqsadni aniq belgilab olsak, faqat shundagina kuch-qud-rat, u hatto qandaydir g’oya yoki moddiy boylik qiyofasiga kirib yo’ldan ozdirmoqchi bo’lganida ham biz aql-idrokdan yuz o’girmaymiz. Asosiysi — noumid qolmaslikdir. Bari behuda deb jar solayotganlarning qichqiriqlariga quloq tutavermaslik kerak. Sivilizatsiyalar osonlikcha yo’qolib ketmaydi, agar bu dunyoning halokati tayin bo’lsa ham, avvalo boshqa dunyolar barbod bo’ladi. Ha, turgan gapki, biz fojialar zamonida yashamoqdamiz. Ammo juda ko’pchilik odamlar fojiani nochor umidsizlikdan farq qilolmaydilar. «Fojia baxtsizlikka beriladigan qaqshatqich zarbaga aylanishi kerak»,— degan edi Lourens. Mana, sira kechiktirmay amalga oshirish mumkin bo’lgan sog’lom fikr. Ana shunday zarba o’rnini bosuvchi fojialar bugun juda ko’plab topiladi.

Jazoirda yashagan yillarim, har o’tgan qish fasli mening sabr-bardoshimni orttirdi. Chunki men bir ajoyib tunda, fevralning sovuq va oydin bir kechasida Elchilar Vodiysida bodom gullashiga qattiq ishonardim. Nozikdan-nozik, qorday oppoq bu harirlikning yomg’irga va dengiz shamollariga qanday bardosh berishini ming hayratda kuzatar edim. Ammo u har yil qishda meva bog’lash uchun qancha lozim bo’lsa, shuncha muddat turib berar edi.

Bu timsol emas. Timsollar yordamida biz baxtga erisholmaymiz. Bu yerda birmuncha jiddiyroq boshqa narsa bor. Men hayot jabr-jafolari haddan tashqari og’ir bo’lib borayotgan, baxtsizliklar bilan to’la Yevropada turib, hozirgacha harakatga kelmagan qancha-qancha kuchlar mavjud bo’lgan quyoshli mamlakatlarga takror murojaat qilayotirman. Men bu mamlakatlarni juda yaxshi bilaman. Ular — mumtoz o’lkalar, ularda aql-mushohada va jasorat mutanosibligini paydo qilish mumkin. Ularning tajribasi ustida bosh qotirar ekanman, doim bir haqiqatga amin bo’laman: agarda aql-idrokni qutqarib qolish niyating bo’lsa, saxovatpeshalarning shikoyatomuz oh-vohlariga uchmay, o’z kuching, o’z fazilatlaring bilan ilhomlanib, kurashmog’ing lozim. Dunyomiz baxtsizliklar bilan og’ulangan, go’yo bu og’uni ichib, miriqayotgandek tuyuladi. U boshdanoyoq faylasuf Nitsshe jafokashlik, jabrdiydalik deb atagan dardga mubtalo bo’lgan. Unga hamdardlik izhor qilib o’tirmaylik. Aql-idrok va ruhga aza tutish befoyda, uning kelajagi uchun ishlash kifoyadir.

Biroq savol tug’iladi: aql-idrokning ustivorliklari nimada? Nitsshe bularni jabrdiydalikning ashaddiy dushmani deb atagan edi. Bular mustahkam iroda, talabchanlik, eng oddiy, «zaminiy» baxt, bukilmas sabot va g’urur, donishmandning sovuqqon vazminligi. Bu fazilatlar bugun har qachongidan ko’ra ko’proq kerakli, har kishi o’ziga mos, eng to’g’ri keladiganini tanlab olishi mumkin. O’z zimmangga shunday katta mas’uliyat olar ekansan, har qanday holatda ham kuchli irodani unutib qoldirmaslik kerak. Saylovoldi minbarlarida darg’azab xo’mraygan va do’q-po’pisaga o’tishdan saqlana olmaydigan irodani emas, balki oq harirligi va shirasi dengizdan esadigan barcha shamollarga bardosh qila oladigan irodani unutmaslik darkor. U — butun dunyoni muzlatgan qish chillasida bodomning meva tugishi uchun yagona sabab, yolg’iz kafolat.


034

(Tashriflar: umumiy 641, bugungi 1)

Izoh qoldiring