Rafiq O’zturk. Yangi she’rlar

05    Шу пайтгача сайтимизда Рафиқ Сайдулло номи билан шеърлари эълон қилинган истеъдодли шоир укам ўзига Ўзтурк тахаллусини маъқул кўрибди. Бу билан у бўйнига жуда оғир масъулиятни олганини англашини истаб, Рафиққа омад ва янги ижодий юксакликлар тилаб қоламан. Унинг янги шеърлари орасидан менга «Ётоқхона» шеъри жуда ёқди…

Рафиқ ЎЗТУРК
ЯНГИ ШЕЪРЛАР
07

***

Мени оғушида уйғотди тушлар,011
сатрларим аро адашди қушлар…
Фурсатинг борми, айт,
тушга киргани
ва ярим кечада қуш қидиргани?

***

Ҳаёт деган ширинликдан
чучуклашиб кетган тилимга
сувдай зарур бир тоза сўз.

Ўлим нусқи урган хонага
ланг очилган деразадан
ёпирилган ҳаводай зарур.

Шоир
1
Яшамоқни оёқ учида
парвоз дея уқдиради у.
Барибир, изи қолар…

2
у энг охирги қаторда
тил тарихи дафтарига
шу сўзларни ёзиб қўйди

болаликда хазон титкилаб
ёнғоқ изларкан
биров билан иши йўқ эди

энди сўз излаяпти
ва ўйларида
биров уни кузатар интиқ

агар шу улғайиш бўлса
у улғайди

Қўшиқлар

Мирзоҳид Музаффарга

Биз севган қўшиқлар
эрта тугаб қолар
доимо.

Қайта-қайта тинглаймиз,
лекин, барибир,
у кемтикни тўлдиролмаймиз.

Жонга тегар охири…

Бизга қўшиқларнинг,
фақат, тугаб қолган
жойигина керак.

2
Узоқларда поезддан тушган
Такубоку қадам қўяди
уни кузатганлар қалбига…

Бугун дарё бўйида тиниқ
хаёллар оралаб анқиди
сакура гулининг ифори.

Сакура эдими?
Билмадим,
аммо хуш эди.

***

шамолларда сочларинг иси
сочларингда шамоллар изи бор
жимлигинг бир дунё
сўзинг бир дунёдир

бир зум қулоқ тутгил эй баҳор қизи
қара кўнглим қонаётир

сенсиз бу фасллар алдар беҳуда

ишонмайман
жимлигингдан бошқа
сўзингдан бошқа

ҳеч нарсага

Тушда ёзилган шеър

Синглим Дилфузага

Айт, синглим, исмингни қўйган ким?
Ўзингга шу қадар мос ва хос!
Сўзлашдан безса ҳам бу тилим,
ичимга сиғмайди бир овоз.

Бу сенинг исмингдир — зулумот
қаърида милт этган бир юлдуз.
Мен эса бу сўзни айлаб ёд
гўдакдай қиламан талаффуз.

Балки, у самолар қаъридан
этагинг барига илиниб
тушган бир юлдуздир…

О, қайдам!

Яна, сен бир ўзинг биласан
ёки-да билмассан ўзинг ҳам.

Дарс

1
Устоз ўқияпти —
мен эса ёзяпман
новданинг
шамолда тебранишини.

Йўқ, ҳеч кимни
алдамаяпман!
Шунчаки,

ёзгим келган пайтда
устоз ўқияпти.

2
Дарвоқе,
новдалар тебранар
маъсум.

Бугун шамоллар ҳам
баҳор ҳам чиндир.
Бугун ҳар дамгидан
ростгўйман мен ҳам

ва сенга ёзяпман
новда ҳақида.

3
Сен-ку истамайсан —
унутишимни.
Балки, шунинг ўзи
менга етади.

Бутун бир умрга
татир бу мавзу,

гўё,
яшаш учун
мавзу керакдай.

4
Ёлғон айтиб нетдим?
У сўзлар сийқа.
Фақат, туйғулар чин эди —
на имкон?

Энди, новданинг ҳам
сийқаси чиқмай,
сўзимни тугатсам.

Яхши қол.

Меланхолик

қабртошга қўнди капалак
тинган қўшиқдай
сархуш вужудимда жимлик
оҳанги кезди

бир он

буни тирик қалбим
гул каби сезди

Рақс

ёмғир тинди бўрон аралаш
ғойиб бўлди
деразани чертган бармоқлар

сас тинди

новдаларда томчилар
ўйдим-чуқур йўлларда
халқоб-халқоб
лойқа сувлар қолди

у ташқарига чиқди

бармоғи билан
ҳавога
тўлиб-тошиб нимадир ёзди

ва яна ўша сўзлар
эсида қолди шўрликнинг

телбавор

тубингда ғимирлар нилуфар илдизи
сокин торт кўлдайин
нилуфар очилсин кўксингда севгилим
тубингдан узанган қўлдайин

биз бирга сиғмадик
на сўзга на кўзга ҳеч ерга
айтма жим
тубингда ғимирлар нилуфар илдизи
сокин торт севгилим

Сезги

1
қаердадир ёмғир ёғар қаттиқ савалаб
уч кундирки юрагимда тинмас садоси
бўғзимга кўп тиқилма ҳаёт
ютуниб ютуниб севаман сени

сайр этамиз ёмғир остида шалаббо
ёмғир шимар жимлигимиз кўчалари
кел унга сўз берамиз
ёмғир ёғса шундай қиламиз кел

2
Бу кечам ўтмади қоронғи,
ёритди муждали рўёлар.
Недандир қайғуриб, сўрардинг
ўқишни арабча дуолар.

Бу кеча тушимда сен менга
ўтардинг муҳаббат дарсини.
Измингга бўйсундим, ютоқиб
ўқирдим «Оят ал-Курси»ни.

Борини ўқидим, камина
уч-тўртта калима биларди.
Бу кеча, сен учун, чин дилдан
Худога ишонгим келарди.

3
Борлиғим сув қуйгандай жимдир,
юрагимга юпанч ўлимдир.
Ақлимга ўрнашди дафъатан:
ҳар дамгидан кўпроқ ташнаман

ҳаётга мен бугун, севгилим.
Кунларимга қилмайман аттанг.
Муштоқ қўлин чўзаркан ўлим,
яшайман юпанмай,
келмасанг…

4
Бугун мен ичимдаги
номсиз махлуқни енгдим.
Пойингга қўнган митти
хонқизига бош эгдим.

Бугун кўзлар очилиб,
шуни англаб етмоқда:
қадимдан ўтиб келган
дунё ўтиб кетмоқда.

Умринг узоқ бўлсин-эй;
қалбим торларини чал!
Эй исми нафис сезги,
сен бор дунёлар гўзал!

Оқ денгиз

ва ниҳоят кўча сўнггида
бир ёмғирли кунда учрашдик
болага айландим
журъат топмоқ учун
этагингга қўлим чўзгани

қаршимда ётардинг тўлғаниб
саноқсиз тўлқинларинг
дилимга шалоплаб урилди
ўзга эди сенинг тўлқинланишинг
кўпиришинг ўзга эди

дилим соҳилланди
қаршингда ер чизиб
калта култа сатрлар битдим
чиғаноқ ва суратлардан бошқа
яна бир нималар кўтариб кетдим

яхши қол оқ денгиз

Ётоқхона

мен исмини билмаган ёки
чақирмаган бир марта чойга
қўшниларим кўчиб кетишди

бир умрга олис хитойга

аммо недан ёлғизлик ҳисси
ёпирилди атрофга бугун
юракнинг англамсиз тубида
ечилмайди оғриқли тугун

аллақачон етган юртига
балки кетар мудраб учоқда
фақат нега буни хаёллаб
ўксинишим керак шу чоқда

билинмасди бор йўқлиги ҳам
танимас ҳам эдим ҳар қалай
нечун эзиламан унда мен
бу дунёда якка қолгандай

Қўнғироқ

бечора дадам
мақтангиси келар мен билан
қачондир йўқотиб қўйган буюмин
қайта топиб олгандай хурсанд

бечора дадам
рус инглиз норвег тилларини
ўқишимни эслаб қолибди
тинмай чақиради ёнига
бир йилдан бери
почтадан
кийим-кечак жўнатолмайди

бечора дадам
қариди кутилмаганда
ҳамма ташлаб кетди оқибат
мана энди субутсиз ўғиллари ҳам
уни эслай олмаяпти

бечора дадам
шоирлигимга
ажабланиб қарар ҳали ҳам
гарчи ҳали чиқмади ўша китобим
ҳеч ким ишлатмади ҳали ҳожатхонага

бечора дадам…

***

бошимдан бахт қуши учиб ўтаркан
беадаблик қилмас
тушган нарса
ёмғир томчиси экан

шабада
куз келди йироқларга

биласанми
бугун айланиб келдим
бундан бошқа яна нима керак

шеър ёзяпман яна сен ҳақда

кел кела қол

***

қаердан топади бу қадар
маъсумликни шеърларида у
гарчи узиб ўтаркан гулни
ҳатто тўхтагани эринар

***

тўсатдан уйғониб
синглимнинг она тили дафтаридан
юлиб олсам икки энлик қоғоз
ва шеър ёзсам битта нафасда
ва тонггача ухламасам

айтишга осон албатта

менинг синглим эса хаёлий
демак унинг дафтари ҳам йўқ
энг ёмони уйда эмасман
ва сабаб йўқ уйғонишга

шунданми уйқим келмаяпти

Куз

ёмғирдан сўнг
тозарган осмон бўм-бўш
ҳўл бутоқда дийдирайди қуш

тоғарага тарновдан
сув томади чакиллаб

бир қиз кир ювади

куз келди
қизғиш япроқлари
ҳилпираб

севикли фаслимнинг
ипак бармоқлари сийпар борлиқни
тарновдан оққан сувдай
сингиб кетгулик ҳадсиз тупроққа

кечмишлар

куз келди ҳар тугул
борманми бунда мен
ёки йўқ

аҳамиятсиз

07  Shu paytgacha saytimizda Rafiq Saydullo nomi bilan she’rlari e’lon qilingan iste’dodli shoir ukam o’ziga O’zturk taxallusini ma’qul ko’ribdi. Bu bilan u bo’yniga juda og’ir mas’uliyatni olganini anglashini istab, Rafiqqa omad va yangi ijodiy  yuksakliklar tilab qolaman. Унинг янги шеърлари орасидан менга «Ётоқхона» шеъри жуда ёқди…

Rafiq O’ZTURK
YANGI SHE’RLAR
04

***

Meni og’ushida uyg’otdi tushlar,22
satrlarim aro adashdi qushlar…
Fursating bormi, ayt,
tushga kirgani
va yarim kechada qush qidirgani?

***

Hayot degan shirinlikdan
chuchuklashib ketgan tilimga
suvday zarur bir toza so’z.

O’lim nusqi urgan xonaga
lang ochilgan derazadan
yopirilgan havoday zarur.

Shoir

1
Yashamoqni oyoq uchida
parvoz deya uqdiradi u.
Baribir, izi qolar…

2
u eng oxirgi qatorda
til tarixi daftariga
shu so’zlarni yozib qo’ydi

bolalikda xazon titkilab
yong’oq izlarkan
birov bilan ishi yo’q edi

endi so’z izlayapti
va o’ylarida
birov uni kuzatar intiq

agar shu ulg’ayish bo’lsa
u ulg’aydi

Qo’shiqlar

Mirzohid Muzaffarga

Biz sevgan qo’shiqlar
erta tugab qolar
doimo.

Qayta-qayta tinglaymiz,
lekin, baribir,
u kemtikni to’ldirolmaymiz.

Jonga tegar oxiri…

Bizga qo’shiqlarning,
faqat, tugab qolgan
joyigina kerak.

2
Uzoqlarda poyezddan tushgan
Takuboku qadam qo’yadi
uni kuzatganlar qalbiga…

Bugun daryo bo’yida tiniq
xayollar oralab anqidi
sakura gulining ifori.

Sakura edimi?
Bilmadim,
ammo xush edi.

***

shamollarda sochlaring isi
sochlaringda shamollar izi bor
jimliging bir dunyo
so’zing bir dunyodir

bir zum quloq tutgil ey bahor qizi
qara ko’nglim qonayotir

sensiz bu fasllar aldar behuda

ishonmayman
jimligingdan boshqa
so’zingdan boshqa

hech narsaga

Tushda yozilgan she’r

Singlim Dilfuzaga

Ayt, singlim, ismingni qo’ygan kim?
O’zingga shu qadar mos va xos!
So’zlashdan bezsa ham bu tilim,
ichimga sig’maydi bir ovoz.

Bu sening ismingdir — zulumot
qa’rida milt etgan bir yulduz.
Men esa bu so’zni aylab yod
go’dakday qilaman talaffuz.

Balki, u samolar qa’ridan
etaging bariga ilinib
tushgan bir yulduzdir…

O, qaydam!

Yana, sen bir o’zing bilasan
yoki-da bilmassan o’zing ham.

Dars

1
Ustoz o’qiyapti —
men esa yozyapman
novdaning
shamolda tebranishini.

Yo’q, hech kimni
aldamayapman!
Shunchaki,

yozgim kelgan paytda
ustoz o’qiyapti.

2
Darvoqe,
novdalar tebranar
ma’sum.

Bugun shamollar ham
bahor ham chindir.
Bugun har damgidan
rostgo’yman men ham

va senga yozyapman
novda haqida.

3
Sen-ku istamaysan —
unutishimni.
Balki, shuning o’zi
menga yetadi.

Butun bir umrga
tatir bu mavzu,

go’yo,
yashash uchun
mavzu kerakday.

4
Yolg’on aytib netdim?
U so’zlar siyqa.
Faqat, tuyg’ular chin edi —
na imkon?

Endi, novdaning ham
siyqasi chiqmay,
so’zimni tugatsam.

Yaxshi qol.

Melanxolik

qabrtoshga qo’ndi kapalak
tingan qo’shiqday
sarxush vujudimda jimlik
ohangi kezdi

bir on

buni tirik qalbim
gul kabi sezdi

Raqs

yomg’ir tindi bo’ron aralash
g’oyib bo’ldi
derazani chertgan barmoqlar

sas tindi

novdalarda tomchilar
o’ydim-chuqur yo’llarda
xalqob-xalqob
loyqa suvlar qoldi

u tashqariga chiqdi

barmog’i bilan
havoga
to’lib-toshib nimadir yozdi

va yana o’sha so’zlar
esida qoldi sho’rlikning

telbavor

tubingda g’imirlar nilufar ildizi
sokin tort ko’ldayin
nilufar ochilsin ko’ksingda sevgilim
tubingdan uzangan qo’ldayin

biz birga sig’madik
na so’zga na ko’zga hech yerga
aytma jim
tubingda g’imirlar nilufar ildizi
sokin tort sevgilim

Sezgi

1
qayerdadir yomg’ir yog’ar qattiq savalab
uch kundirki yuragimda tinmas sadosi
bo’g’zimga ko’p tiqilma hayot
yutunib yutunib sevaman seni

sayr etamiz yomg’ir ostida shalabbo
yomg’ir shimar jimligimiz ko’chalari
kel unga so’z beramiz
yomg’ir yog’sa shunday qilamiz kel

2
Bu kecham o’tmadi qorong’i,
yoritdi mujdali ro’yolar.
Nedandir qayg’urib, so’rarding
o’qishni arabcha duolar.

Bu kecha tushimda sen menga
o’tarding muhabbat darsini.
Izmingga bo’ysundim, yutoqib
o’qirdim «Oyat al-Kursi»ni.

Borini o’qidim, kamina
uch-to’rtta kalima bilardi.
Bu kecha, sen uchun, chin dildan
Xudoga ishongim kelardi.

3
Borlig’im suv quyganday jimdir,
yuragimga yupanch o’limdir.
Aqlimga o’rnashdi daf’atan:
har damgidan ko’proq tashnaman

hayotga men bugun, sevgilim.
Kunlarimga qilmayman attang.
Mushtoq qo’lin cho’zarkan o’lim,
yashayman yupanmay,
kelmasang…

4
Bugun men ichimdagi
nomsiz maxluqni yengdim.
Poyingga qo’ngan mitti
xonqiziga bosh egdim.

Bugun ko’zlar ochilib,
shuni anglab yetmoqda:
qadimdan o’tib kelgan
dunyo o’tib ketmoqda.

Umring uzoq bo’lsin-ey;
qalbim torlarini chal!
Ey ismi nafis sezgi,
sen bor dunyolar go’zal!

Oq dengiz

va nihoyat ko’cha so’nggida
bir yomg’irli kunda uchrashdik
bolaga aylandim
jur’at topmoq uchun
etagingga qo’lim cho’zgani

qarshimda yotarding to’lg’anib
sanoqsiz to’lqinlaring
dilimga shaloplab urildi
o’zga edi sening to’lqinlanishing
ko’pirishing o’zga edi

dilim sohillandi
qarshingda yer chizib
kalta kulta satrlar bitdim
chig’anoq va suratlardan boshqa
yana bir nimalar ko’tarib ketdim

yaxshi qol oq dengiz

Yotoqxona

men ismini bilmagan yoki
chaqirmagan bir marta choyga
qo’shnilarim ko’chib ketishdi
bir umrga olis xitoyga

ammo nedan yolg’izlik hissi
yopirildi atrofga bugun
yurakning anglamsiz tubida
yechilmaydi og’riqli tugun

allaqachon yetgan yurtiga
balki ketar mudrab uchoqda
faqat nega buni xayollab
o’ksinishim kerak shu choqda

bilinmasdi bor yo’qligi ham
tanimas ham edim har qalay
nechun ezilaman unda men
bu dunyoda yakka qolganday

Qo’ng’iroq

bechora dadam
maqtangisi kelar men bilan
qachondir yo’qotib qo’ygan buyumin
qayta topib olganday xursand

bechora dadam
rus ingliz norveg tillarini
o’qishimni eslab qolibdi
tinmay chaqiradi yoniga
bir yildan beri
pochtadan
kiyim-kechak jo’natolmaydi

bechora dadam
qaridi kutilmaganda
hamma tashlab ketdi oqibat
mana endi subutsiz o’g’illari ham
uni eslay olmayapti

bechora dadam
shoirligimga
ajablanib qarar hali ham
garchi hali chiqmadi o’sha kitobim
hech kim ishlatmadi hali hojatxonaga

bechora dadam…

***

boshimdan baxt qushi uchib o’tarkan
beadablik qilmas
tushgan narsa
yomg’ir tomchisi ekan

shabada
kuz keldi yiroqlarga

bilasanmi
bugun aylanib keldim
bundan boshqa yana nima kerak

she’r yozyapman yana sen haqda

kel kela qol

***

qayerdan topadi bu qadar
ma’sumlikni she’rlarida u
garchi uzib o’tarkan gulni
hatto to’xtagani erinar

***

to’satdan uyg’onib
singlimning ona tili daftaridan
yulib olsam ikki enlik qog’oz
va she’r yozsam bitta nafasda
va tonggacha uxlamasam

aytishga oson albatta

mening singlim esa xayoliy
demak uning daftari ham yo’q
eng yomoni uyda emasman
va sabab yo’q uyg’onishga

shundanmi uyqim kelmayapti

Kuz

yomg’irdan so’ng
tozargan osmon bo’m-bo’sh
ho’l butoqda diydiraydi qush

tog’araga tarnovdan
suv tomadi chakillab

bir qiz kir yuvadi

kuz keldi
qizg’ish yaproqlari
hilpirab

sevikli faslimning
ipak barmoqlari siypar borliqni
tarnovdan oqqan suvday
singib ketgulik hadsiz tuproqqa

kechmishlar

kuz keldi har tugul
bormanmi bunda men
yoki yo’q

ahamiyatsiz

04

(Tashriflar: umumiy 550, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring