Alber Kamyu. Sizif afsonasi & Alber Kamyu. Begona. Audiokitob

alberkamyusizifТангрилар томонидан берилган жазо ҳукмига кўра, Сизиф зил-замбил харсангни тоғ чўққисига думалатиб чиқишга маҳкум эди. Сизиф харсангни чўққигача думалатиб, олиб боради. Тош эса чўққидан пастга, ўз оғирлиги сабаб тушиб кетаверади…

Альбер Камю
СИЗИФ АФСОНАСИ


64Албер Камю 1913 йил 7 ноябрда Жазоирда қашшоқ француз оиласида дунёга келган. У бир ёшда эканлигида отаси госпиталда вафот этган. Оилани боқиш учун онаси бой хонадонларда уй хизматчиси бўлиб ишлайди. Албер Жазоир университетида ўқийди, 1935 йилда театр ташкил этади, 1937 ва 1939 йилларда унинг дастлабки иккита лирик эссеси босиб чиқарилган. 1940 йил баҳорда Камю Парижга келади ва йирик газеталардан бирида ишлай бошлайди, фашистларга қарши ҳаракатларда ҳам фаол қатнашади. 1957 йил ёзувчига Нобель мукофоти берилган. Албер Камю 1960 йил 4 январда рождество кунларидан кейин Парижга келаётиб йўлда автомобил ҳалокатидан вафот этади.
Албер Камю “Бегона”, “Таназзул” каби қиссалари, “Ўлат”, “Бахтли ўлим” романлари, “Калигула”, “Қамал ҳолати”, “Мавҳумлик” – каби пьесалари, “Сизиф ҳақида асотир”, “Асотир ва қиёфа”, “Никоҳ”, “Немис дўстга мактуб”, “Исёнкор одам”, “Таъқиб ва салтанат”, “Ижод ва эркинлик” каби эсселари билан Европа бадиий тафаккурини бойитган ва уни янги босқичга кўтарган ХХ асрнинг забардаст адиби. У адабиёт соҳасидаги хизматлари учун Нобель мукофоти соҳиби бўлган. Гарчи Камю ўзини файласуф деб ҳисобламаган бўлса ҳам фалсафий-бадиий эсселар учун замондошлари уни ҳақли равишда “Европа виждони” деб аташган. Қуйида эълон қилинаётган маъруза, эсселар, кундалик ва ён дафтардаги ёзувларда санъатнинг азалий, демакким, даврлар ўтса ҳам эскирмайдиган муаммолари қамраб олинган.


Тангрилар томонидан берилган жазо ҳукмига кўра, Сизиф зил-замбил харсангни тоғ чўққисига думалатиб чиқишга маҳкум эди. Сизиф харсангни чўққигача думалатиб, олиб боради. Тош эса чўққидан пастга, ўз оғирлиги сабаб тушиб кетаверади. Бефойда ва бадбин азиятдан кўра оғирроқ жазо йўқ деб ўйлаган Тангриларни ноҳақликда айблаш, менимча хато бўларди.

Гомердан ривоят қилинишича, Сизиф бани башардаги энг донишманд ва огоҳ банда эди. Бошқа афсонада эса, унинг қароқчиликка алоқаси бўлганлиги айтилади. Шахсан мен, бу масалада зиддият кўрмайман. Сизифнинг Руҳлар ўлкасидаги энг оғир жазога маҳкум қилиниши ҳақида турли қарашлар бор. Булардан бири, унинг Тангриларга беписанд муомалада бўлгани эди. У Тангриларнинг бутун сирларини ўғирлаб, очиқлаганликда айбланади. Юпитер Асоннинг қизи Эгинани олиб қочади, қизнинг отаси эса бу жудолик ва иснодга чидолмайди. Сизифнинг бошига ёғган кулфат ёмғири ҳам айнан шу ердан бошланади. Қизнинг олиб қочилишини аввалдан билган Сизиф Коринф қалъасига сув бериш шарти билан Асонга маълумот бериши мумкинлигини айтади. У сувнинг поклигини Тангрилар ғазабидан афзал кўрганди. Руҳлар ўлкасидаги унга берилган жазо ҳам шундан. Гомер унинг Ўлимни зиндонбанд қилганини айтади. Ўз салтанатининг кимсасиз ва хароб ҳолини кўришга чидолмаган Плутон Сизифнинг ёнига Уруш маъбудини йўллайди ва у юборган маъбуд ортига ғалаба билан қайтади.

Айтишларича, Сизиф ўлим тўшагида ётган пайти бирдан хотинининг севги ва садоқатини синашга қарор қилади. Қаҳрамонимиз ўлгач, аёли унинг жасадини кўмиш ўрнига, марказий майдонга олиб чиқиб ташлаши керак эди. Ўлимдан сўнг кўзларини очган Сизиф хотини ваъдасида турмай уни кўмганлиги ва ўзини Руҳлар ўлкасига тушганини кўради. Хотинининг садоқатсизлигидан ғазабланиб, уни жазолаш учун Плутондан ортга қайтишга изн беришини талаб қилади. Рухсат олгач, Тириклар дунёсидаги сув ва Қуёшни, иссиқ тошлар ва денгизни кўриб, Руҳлар ўлкасининг рутубат қоплаган қоронғу тупроқларига қайтишдан бош тортади. Чақириқлар, қаҳру-ғазаб, қўрқитишлар… Бари бекор эди. Сизиф кўрфазнинг сеҳрли манзараси, ял-ял ёниб турган денгиз ва замин ажойиботларига маҳлиё бўлиб, Тириклар дунёсида яна анча йил умргузаронлик қилади. Энди Тангрилар унга нисбатан жиддий чоралар кўриши шарт эди. Меркурий келиб, Сизифнинг ёқасига ёпишади ва уни бутун хушбахтликларидан айириб, зўрлик билан Руҳлар ўлкасига олиб кетади. Руҳлар ўлкасига қайтган қаҳрамонимиз не кўз билан кўрсинки, унга аллақачон илоҳий жазо – ҳарсангтош тайёрлаб қўйилганди.

Зийрак ўқувчи Сизифнинг абсурд қаҳрамон эканлигини аллақачон илғаб олди. Худди эҳтиросларидаги каби, унинг азоблари ҳам абсурд. Тангриларга нисбатан беписандлик, ўлимга нисбатан нафрат ва ҳаётга нисбатан битмас-туганмас иштиёқ Сизифнинг Руҳлар ўлкасидаги энг оғир ва энг бемаъни, ҳеч бир таърифга сиғмас жазога мустаҳиқ бўлишига сабаб бўлди. Тириклар оламига йўналган ҳирс ва муҳаббатнинг бадали эди бу. Бизга Руҳлар ўлкасидаги Сизиф ҳақида ҳеч бир ровий батафсил айтиб бермайди. Айтиб берилганлар ҳам асл ҳолатни рамз ва тасаввур кучимиз орқали қаҳрамоннинг изтиробларини қайтадан жонлантиришимиз учун яратилган жумбоқлар занжири, холос. Биз бу ерда фақат улкан ҳарсангни кўтариб юмалатиш, қайта ва қайта бошланган, бир тепаликка тирмашиш учун таранглашган вужуд ҳаракатларини кўрамиз: тиришган юз, тошга бостирилган ёноқ, балчиқсифат вазндан майишган елка, тошни ерга қўйиш пайтидаги оёқлар ҳолати, қўллар билан янгиттан ўзини тутиш, тупроққа қоришган икки кафтнинг дунёвий кучи…

Осмонсиз бўшлиқ, ибтидо ва интиҳодан маҳрум Вақт билан ўлчанган бу чексиз уринишлар натижасида, охири мақсадга эришилади. Сизиф ўша пайт бир-неча сония ўтар-ўтмас тошнинг яна пастга, бепушт заминга тушиб кетишини жим кузатади. Уни яна тепага олиб чиқиш керак. Тош эса яна пастга тушиб кетаверади.

Сизифнинг ушбу бориш ва қайтиш саҳналари мени доим қизиқтирган. Тош билан шу қадар яқин, юзма-юз бўлган яратиқнинг ўзи ҳам энди тошдир! Бир одамнинг тошни елкалаганча оғир, бироқ мутаносиб тарзда қадам ташлаётгани ва охири пастга, кўринмас азоблар томон иниб бораётганини кўз ўнгимда жонлантираман. Бу қайтиш лаҳзаси, ўпкага тўлдирилаётган ҳавони эслатган, худди йиқилиши янглиғ ҳиссиз шаклда қайтиб келгувчи бу лаҳза, шуурнинг уйғониш лаҳзасидир. У қоядан айрилиб, секин-асталик билан Тангрилар писиб ётган инлар томон, бу инларга кўмилган сониялардан бирида, ўз қисматининг қаршисига, тўғрироғи устига тушиб борди. У энди ўз тошига янада куч билан яқинлашади.

Агар биз мазкур асотирни трагик деб атайдиган бўлсак, у ҳам қаҳрамоннинг бутун фожиани аввалдан билиб туришига бориб тақалади. Дарҳақиқат, бордию у ҳар қадамда ғалаба умиди билан руҳлантирилса, нега бахтсиз бўлиши керак? Бугуннинг ишчиси бутун ҳаёти давомида битта ишда, кеча қилганларини бугун такрорлаш билан машғул бўлади ва аслида бу қисмат ҳам абсурдга бегона эмас. Бироқ, фақат у онгли равишда, қилаётган ишининг бемаъни ва фойдасиз эканлигини тушуниб қолган лаҳзада трагедия юзага чиқади. Сизиф, Тангриларнинг қувғиндиси, бемажол ва исёнкор Сизиф, ўзи ичида ҳаракатланаётган жараённинг бутун фожиасини очиқ-ойдин тушунади ва тошни қайта олиб чиқиш учун пастга тушаётган пайт бу ҳақида ўйлаб боради. Унинг васвасаларини оловлантирган онглилик, айни пайтда унинг мағлубиятини йўқ қилади. Зотан, ҳеч қайси қисмат нафратни енголмайди.

Аксар кунлар шундай ғамгинлик билан ўтган қайтишларга нега баъзан бироз бўлсада севинч қўшилмаслиги керак? Ҳа, фикримча уни шундай аташ тўғрироқ бўлади. Кўз олдимда яна ҳарсанг ёнига қайтаётган Сизиф намоён. Ибтидода азоб бор эди. Ер юзининг рўёвий тасвирлари хаёл ойнасини ортиқча кирлатгани замон, бахт чорлови тарозида оғир келгани пайт инсон қалбидаги изтироб янада юксалади. Бу қоянинг мағлубияти, қоянинг айнан ўзидир. Унинг аввалу охири, номаълум қайғуси кўтариб бўлмас қадар оғирдир. Булар ҳам бизнинг Гефсиман боғидаги* кечаларимиздан бири бўлиши мумкин. Бироқ, аччиқ ҳақиқатлар фош бўлган он ўзларини йўқ қиладилар. Шу зайлда Эдип ибтидода битилган қисматга ўзи билмай бош эгади. Бундан огоҳ бўлганида эса унинг асл трагедияси бошланади. Аммо худди ўша вақт, сўқир ва умидсиз ҳолида ўзини дунёга боғлаб турган ягона риштанинг бир ёш қиз қўлида эканлигини тушуниб етади ва айни лаҳзада ўша мардона иқрор бўй кўрсатади: “Бу қадар оғир синовларга қарамай, ўтиб қолган ёшим ва руҳий тажрибам мени ҳамма нарсанинг аслида яхши эканлиги ҳақида хулоса чиқаришга мажбур қилади.” Достоевскийнинг Кириллови каби Софоклнинг Эдипи ҳам абсурд мағлубиятнинг формуласини шу йўл билан баён қилади. Антик фалсафа давримиздаги қаҳрамонлик тушунчаси билан шу шаклда бирлашади.

Бир инсон бахт ҳақида китоб ёзиш истагига асир тушмагунча абсурдни англолмайди. “Яна нималар истайсиз?! Шунчалик тор йўллардана?..” Бироқ, дунёда фақатгина битта дунё бор. Бахт ва абсурд худди шу дунёнинг эгизак фарзандларидир. Уларни бир-бирларидан айиролмайсиз. Шу ерда бахт абсурднинг кашф қилинишидаги хато сабаб юзага чиққанини таъкидлаш мумкин. Абсурд кайфиятининг бахтдан туғилганини айтиш ҳам хато бўлмайди. “Ҳаммаси яхши деган фикрдаман”, дейди Эдип. Бу иқрор муқаддасдир ва у башарнинг ёввойи, чекланган оламида садо жаранглагани ҳолда бизга ҳали ҳамма нарсанинг тугаб-битмаганидан хабар беради. У бу фоний дунёга қаратилган очкўзлигимиз ҳамда бемаъни қайғуларни севганимиз учун ўзимиз яратиб олган Худони бу фоний дунёдан қувиб чиқарадию қисматни инсоннинг қўлига тутқазиб, уни одамлар орасида ўзаро натижалантирилувчи миссияга айлантиради.

Сизифнинг бутун унсиз хушбахтликлари шу ерда яширин. Унинг қисмати ўз қўлида. У чўққига олиб чиқувчи тош ҳам унинг ўзига тегишли. Айни шаклда абсурд инсон ҳам, азоби устида бош қотира бошлаган дам жамики бутларни жим бўлишга мажбур қилади. Сукунат қаърига чўккан оламда дафъатан Ер юзининг мингларча соф ва хайрихоҳ овози садо бера бошлайди. Онгсиз ва яширин саслар, бутун қиёфаларнинг овозлари – булар миссиянинг тугатилиши шарт бўлган қисми ва мағлубиятнинг қийматидир. Соясиз қуёш йўқ ва тунни танимоқ керак. Абсурд инсон ҳа дейди ва бундан буёғига унинг уринишлари асло тинмайди. Агар шахсга оид қисмат бор бўлса, Олий, ҳаммага бирдек тегишли Қисмат йўқ. Бироқ, ҳеч бўлмаса битта Олий тақдир бор ва Сизиф уни ҳам инкор этиб бўлмас ҳақиқат деб ҳисоблайди ва унга беписандлик билан қарайди. Қолган ишларга келсак, энди қаҳрамонимиз кунларини қандай қилиб ўзи истагандек ўтказишни яхши билади. Инсоннинг фақат ва фақат ўз ҳаёти томон йўналган бу қутлуғ лаҳзасида Сизиф ҳарсанги ёнига бора туриб, ўзи учун яратилган, хотиротнинг нигоҳи остида бирлашган ва худди ўша пайт унинг ўлими билан охир топган қисмати саналгувчи бу бир-биридан узоқ ҳаракатлар туркумини томоша қилади. Шундай қилиб, у инсоний саналган ҳар нарсанинг бутунича инсонга боғлиқлигига ишонганини кўрсатади. Кўрмоқ истаган ва зулматнинг охири йўқлигини билган яратиқ – кўрдир ва у олға қадам ташлашдан тўхтамайди. Қоя(Тош) эса думалаб тушаверади.

Сизифни тоғ этагида ёлғиз қолдираман! Одам ўз юкини билохир ўзи топади. Аммо Сизиф, Тангриларни ерга урган ва харсангларни кўтарган устун садоқатни намоён қилади. У ҳам ҳаммасининг яхши эканлигига иқрор бўлади. Бундан буёғига, ҳукмронсиз қолган олам унинг кўзларига на бепушт, на қийматсиз кўринади. Бу тошдаги кичик парчаларнинг ҳар бири, бу қоронғу тоғдаги маъданларнинг ҳар ярқироғи ўз-ўзича янги бир дунёни йўқдан бор қилади. Қоялар томон якка ўзи тирмашмоқ ҳам бир инсоннинг кўнглини тўлдиришга етади. Сизиф эса бахтли одам сифатида тасаввур қилиниши керак.

* Гефсиман — Қўҳна Қуддус шаҳрининг шарқидаги боғлар жойлашган ҳудуднинг номи.

Мирзоҳид Музаффар таржимаси

«Хуршид Даврон кутубхонаси»да Албер Камю билан боғлиқ саҳифaлар

Tangrilar tomonidan berilgan jazo hukmiga koʼra, Sizif zil-zambil xarsangni togʼ choʼqqisiga dumalatib chiqishga mahkum edi. Sizif xarsangni choʼqqigacha dumalatib, olib boradi. Tosh esa choʼqqidan pastga, oʼz ogʼirligi sabab tushib ketaveradi…

Аlber Kamyu
SIZIF АFSONАSI


07Аlber Kamyu 1913 yil 7 noyabrda Jazoirda qashshoq frantsuz oilasida dunyoga kelgan. U bir yoshda ekanligida otasi gospitalda vafot etgan. Oilani boqish uchun onasi boy xonadonlarda uy xizmatchisi boʼlib ishlaydi. Аlber Jazoir universitetida oʼqiydi, 1935 yilda teatr tashkil etadi, 1937 va 1939 yillarda uning dastlabki ikkita lirik essesi bosib chiqarilgan. 1940 yil bahorda Kamyu Parijga keladi va yirik gazetalardan birida ishlay boshlaydi, fashistlarga qarshi harakatlarda ham faol qatnashadi. 1957 yil yozuvchiga Nobelь mukofoti berilgan. Аlber Kamyu 1960 yil 4 yanvarda rojdestvo kunlaridan keyin Parijga kelayotib yoʼlda avtomobil halokatidan vafot etadi.
Аlber Kamyu “Begona”, “Tanazzul” kabi qissalari, “Oʼlat”, “Baxtli oʼlim” romanlari, “Kaligula”, “Qamal holati”, “Mavhumlik” – kabi pьesalari, “Sizif haqida asotir”, “Аsotir va qiyofa”, “Nikoh”, “Nemis doʼstga maktub”, “Isyonkor odam”, “Taʼqib va saltanat”, “Ijod va erkinlik” kabi esselari bilan Yevropa badiiy tafakkurini boyitgan va uni yangi bosqichga koʼtargan XX asrning zabardast adibi. U adabiyot sohasidagi xizmatlari uchun Nobelь mukofoti sohibi boʼlgan. Garchi Kamyu oʼzini faylasuf deb hisoblamagan boʼlsa ham falsafiy-badiiy esselar uchun zamondoshlari uni haqli ravishda “Evropa vijdoni” deb atashgan. Quyida eʼlon qilinayotgan maʼruza, esselar, kundalik va yon daftardagi yozuvlarda sanʼatning azaliy, demakkim, davrlar oʼtsa ham eskirmaydigan muammolari qamrab olingan.


Tangrilar tomonidan berilgan jazo hukmiga koʼra, Sizif zil-zambil xarsangni togʼ choʼqqisiga dumalatib chiqishga mahkum edi. Sizif xarsangni choʼqqigacha dumalatib, olib boradi. Tosh esa choʼqqidan pastga, oʼz ogʼirligi sabab tushib ketaveradi. Befoyda va badbin aziyatdan koʼra ogʼirroq jazo yoʼq deb oʼylagan Tangrilarni nohaqlikda ayblash, menimcha xato boʼlardi.

Gomerdan rivoyat qilinishicha, Sizif bani bashardagi eng donishmand va ogoh banda edi. Boshqa afsonada esa, uning qaroqchilikka aloqasi boʼlganligi aytiladi. Shaxsan men, bu masalada ziddiyat koʼrmayman. Sizifning Ruhlar oʼlkasidagi eng ogʼir jazoga mahkum qilinishi haqida turli qarashlar bor. Bulardan biri, uning Tangrilarga bepisand muomalada boʼlgani edi. U Tangrilarning butun sirlarini oʼgʼirlab, ochiqlaganlikda ayblanadi. Yupiter Аsonning qizi Eginani olib qochadi, qizning otasi esa bu judolik va isnodga chidolmaydi. Sizifning boshiga yogʼgan kulfat yomgʼiri ham aynan shu yerdan boshlanadi. Qizning olib qochilishini avvaldan bilgan Sizif Korinf qalʼasiga suv berish sharti bilan Аsonga maʼlumot berishi mumkinligini aytadi. U suvning pokligini Tangrilar gʼazabidan afzal koʼrgandi. Ruhlar oʼlkasidagi unga berilgan jazo ham shundan. Gomer uning Oʼlimni zindonband qilganini aytadi. Oʼz saltanatining kimsasiz va xarob holini koʼrishga chidolmagan Pluton Sizifning yoniga Urush maʼbudini yoʼllaydi va u yuborgan maʼbud ortiga gʼalaba bilan qaytadi.

Аytishlaricha, Sizif oʼlim toʼshagida yotgan payti birdan xotinining sevgi va sadoqatini sinashga qaror qiladi. Qahramonimiz oʼlgach, ayoli uning jasadini koʼmish oʼrniga, markaziy maydonga olib chiqib tashlashi kerak edi. Oʼlimdan soʼng koʼzlarini ochgan Sizif xotini vaʼdasida turmay uni koʼmganligi va oʼzini Ruhlar oʼlkasiga tushganini koʼradi. Xotinining sadoqatsizligidan gʼazablanib, uni jazolash uchun Plutondan ortga qaytishga izn berishini talab qiladi. Ruxsat olgach, Tiriklar dunyosidagi suv va Quyoshni, issiq toshlar va dengizni koʼrib, Ruhlar oʼlkasining rutubat qoplagan qorongʼu tuproqlariga qaytishdan bosh tortadi. Chaqiriqlar, qahru-gʼazab, qoʼrqitishlar… Bari bekor edi. Sizif koʼrfazning sehrli manzarasi, yal-yal yonib turgan dengiz va zamin ajoyibotlariga mahliyo boʼlib, Tiriklar dunyosida yana ancha yil umrguzaronlik qiladi. Endi Tangrilar unga nisbatan jiddiy choralar koʼrishi shart edi. Merkuriy kelib, Sizifning yoqasiga yopishadi va uni butun xushbaxtliklaridan ayirib, zoʼrlik bilan Ruhlar oʼlkasiga olib ketadi. Ruhlar oʼlkasiga qaytgan qahramonimiz ne koʼz bilan koʼrsinki, unga allaqachon ilohiy jazo – harsangtosh tayyorlab qoʼyilgandi.

Ziyrak oʼquvchi Sizifning absurd qahramon ekanligini allaqachon ilgʼab oldi. Xuddi ehtiroslaridagi kabi, uning azoblari ham absurd. Tangrilarga nisbatan bepisandlik, oʼlimga nisbatan nafrat va hayotga nisbatan bitmas-tuganmas ishtiyoq Sizifning Ruhlar oʼlkasidagi eng ogʼir va eng bemaʼni, hech bir taʼrifga sigʼmas jazoga mustahiq boʼlishiga sabab boʼldi. Tiriklar olamiga yoʼnalgan hirs va muhabbatning badali edi bu. Bizga Ruhlar oʼlkasidagi Sizif haqida hech bir roviy batafsil aytib bermaydi. Аytib berilganlar ham asl holatni ramz va tasavvur kuchimiz orqali qahramonning iztiroblarini qaytadan jonlantirishimiz uchun yaratilgan jumboqlar zanjiri, xolos. Biz bu yerda faqat ulkan harsangni koʼtarib yumalatish, qayta va qayta boshlangan, bir tepalikka tirmashish uchun taranglashgan vujud harakatlarini koʼramiz: tirishgan yuz, toshga bostirilgan yonoq, balchiqsifat vazndan mayishgan yelka, toshni yerga qoʼyish paytidagi oyoqlar holati, qoʼllar bilan yangittan oʼzini tutish, tuproqqa qorishgan ikki kaftning dunyoviy kuchi…

Osmonsiz boʼshliq, ibtido va intihodan mahrum Vaqt bilan oʼlchangan bu cheksiz urinishlar natijasida, oxiri maqsadga erishiladi. Sizif oʼsha payt bir-necha soniya oʼtar-oʼtmas toshning yana pastga, bepusht zaminga tushib ketishini jim kuzatadi. Uni yana tepaga olib chiqish kerak. Tosh esa yana pastga tushib ketaveradi.

Sizifning ushbu borish va qaytish sahnalari meni doim qiziqtirgan. Tosh bilan shu qadar yaqin, yuzma-yuz boʼlgan yaratiqning oʼzi ham endi toshdir! Bir odamning toshni yelkalagancha ogʼir, biroq mutanosib tarzda qadam tashlayotgani va oxiri pastga, koʼrinmas azoblar tomon inib borayotganini koʼz oʼngimda jonlantiraman. Bu qaytish lahzasi, oʼpkaga toʼldirilayotgan havoni eslatgan, xuddi yiqilishi yangligʼ hissiz shaklda qaytib kelguvchi bu lahza, shuurning uygʼonish lahzasidir. U qoyadan ayrilib, sekin-astalik bilan Tangrilar pisib yotgan inlar tomon, bu inlarga koʼmilgan soniyalardan birida, oʼz qismatining qarshisiga, toʼgʼrirogʼi ustiga tushib bordi. U endi oʼz toshiga yanada kuch bilan yaqinlashadi.

Аgar biz mazkur asotirni tragik deb ataydigan boʼlsak, u ham qahramonning butun fojiani avvaldan bilib turishiga borib taqaladi. Darhaqiqat, bordiyu u har qadamda gʼalaba umidi bilan ruhlantirilsa, nega baxtsiz boʼlishi kerak? Bugunning ishchisi butun hayoti davomida bitta ishda, kecha qilganlarini bugun takrorlash bilan mashgʼul boʼladi va aslida bu qismat ham absurdga begona emas. Biroq, faqat u ongli ravishda, qilayotgan ishining bemaʼni va foydasiz ekanligini tushunib qolgan lahzada tragediya yuzaga chiqadi. Sizif, Tangrilarning quvgʼindisi, bemajol va isyonkor Sizif, oʼzi ichida harakatlanayotgan jarayonning butun fojiasini ochiq-oydin tushunadi va toshni qayta olib chiqish uchun pastga tushayotgan payt bu haqida oʼylab boradi. Uning vasvasalarini olovlantirgan onglilik, ayni paytda uning magʼlubiyatini yoʼq qiladi. Zotan, hech qaysi qismat nafratni yengolmaydi.

Аksar kunlar shunday gʼamginlik bilan oʼtgan qaytishlarga nega baʼzan biroz boʼlsada sevinch qoʼshilmasligi kerak? Ha, fikrimcha uni shunday atash toʼgʼriroq boʼladi. Koʼz oldimda yana harsang yoniga qaytayotgan Sizif namoyon. Ibtidoda azob bor edi. Yer yuzining roʼyoviy tasvirlari xayol oynasini ortiqcha kirlatgani zamon, baxt chorlovi tarozida ogʼir kelgani payt inson qalbidagi iztirob yanada yuksaladi. Bu qoyaning magʼlubiyati, qoyaning aynan oʼzidir. Uning avvalu oxiri, nomaʼlum qaygʼusi koʼtarib boʼlmas qadar ogʼirdir. Bular ham bizning Gefsiman bogʼidagi* kechalarimizdan biri boʼlishi mumkin. Biroq, achchiq haqiqatlar fosh boʼlgan on oʼzlarini yoʼq qiladilar. Shu zaylda Edip ibtidoda bitilgan qismatga oʼzi bilmay bosh egadi. Bundan ogoh boʼlganida esa uning asl tragediyasi boshlanadi. Аmmo xuddi oʼsha vaqt, soʼqir va umidsiz holida oʼzini dunyoga bogʼlab turgan yagona rishtaning bir yosh qiz qoʼlida ekanligini tushunib yetadi va ayni lahzada oʼsha mardona iqror boʼy koʼrsatadi: “Bu qadar ogʼir sinovlarga qaramay, oʼtib qolgan yoshim va ruhiy tajribam meni hamma narsaning aslida yaxshi ekanligi haqida xulosa chiqarishga majbur qiladi.” Dostoevskiyning Kirillovi kabi Sofoklning Edipi ham absurd magʼlubiyatning formulasini shu yoʼl bilan bayon qiladi. Аntik falsafa davrimizdagi qahramonlik tushunchasi bilan shu shaklda birlashadi.

Bir inson baxt haqida kitob yozish istagiga asir tushmaguncha absurdni anglolmaydi. “Yana nimalar istaysiz?! Shunchalik tor yoʼllardana?..” Biroq, dunyoda faqatgina bitta dunyo bor. Baxt va absurd xuddi shu dunyoning egizak farzandlaridir. Ularni bir-birlaridan ayirolmaysiz. Shu yerda baxt absurdning kashf qilinishidagi xato sabab yuzaga chiqqanini taʼkidlash mumkin. Аbsurd kayfiyatining baxtdan tugʼilganini aytish ham xato boʼlmaydi. “Hammasi yaxshi degan fikrdaman”, deydi Edip. Bu iqror muqaddasdir va u basharning yovvoyi, cheklangan olamida sado jaranglagani holda bizga hali hamma narsaning tugab-bitmaganidan xabar beradi. U bu foniy dunyoga qaratilgan ochkoʼzligimiz hamda bemaʼni qaygʼularni sevganimiz uchun oʼzimiz yaratib olgan Xudoni bu foniy dunyodan quvib chiqaradiyu qismatni insonning qoʼliga tutqazib, uni odamlar orasida oʼzaro natijalantiriluvchi missiyaga aylantiradi.

Sizifning butun unsiz xushbaxtliklari shu yerda yashirin. Uning qismati oʼz qoʼlida. U choʼqqiga olib chiquvchi tosh ham uning oʼziga tegishli. Аyni shaklda absurd inson ham, azobi ustida bosh qotira boshlagan dam jamiki butlarni jim boʼlishga majbur qiladi. Sukunat qaʼriga choʼkkan olamda dafʼatan Yer yuzining minglarcha sof va xayrixoh ovozi sado bera boshlaydi. Ongsiz va yashirin saslar, butun qiyofalarning ovozlari – bular missiyaning tugatilishi shart boʼlgan qismi va magʼlubiyatning qiymatidir. Soyasiz quyosh yoʼq va tunni tanimoq kerak. Аbsurd inson ha deydi va bundan buyogʼiga uning urinishlari aslo tinmaydi. Аgar shaxsga oid qismat bor boʼlsa, Oliy, hammaga birdek tegishli Qismat yoʼq. Biroq, hech boʼlmasa bitta Oliy taqdir bor va Sizif uni ham inkor etib boʼlmas haqiqat deb hisoblaydi va unga bepisandlik bilan qaraydi. Qolgan ishlarga kelsak, endi qahramonimiz kunlarini qanday qilib oʼzi istagandek oʼtkazishni yaxshi biladi. Insonning faqat va faqat oʼz hayoti tomon yoʼnalgan bu qutlugʼ lahzasida Sizif harsangi yoniga bora turib, oʼzi uchun yaratilgan, xotirotning nigohi ostida birlashgan va xuddi oʼsha payt uning oʼlimi bilan oxir topgan qismati sanalguvchi bu bir-biridan uzoq harakatlar turkumini tomosha qiladi. Shunday qilib, u insoniy sanalgan har narsaning butunicha insonga bogʼliqligiga ishonganini koʼrsatadi. Koʼrmoq istagan va zulmatning oxiri yoʼqligini bilgan yaratiq – koʼrdir va u olgʼa qadam tashlashdan toʼxtamaydi. Qoya(Tosh) esa dumalab tushaveradi.

Sizifni togʼ etagida yolgʼiz qoldiraman! Odam oʼz yukini biloxir oʼzi topadi. Аmmo Sizif, Tangrilarni yerga urgan va xarsanglarni koʼtargan ustun sadoqatni namoyon qiladi. U ham hammasining yaxshi ekanligiga iqror boʼladi. Bundan buyogʼiga, hukmronsiz qolgan olam uning koʼzlariga na bepusht, na qiymatsiz koʼrinadi. Bu toshdagi kichik parchalarning har biri, bu qorongʼu togʼdagi maʼdanlarning har yarqirogʼi oʼz-oʼzicha yangi bir dunyoni yoʼqdan bor qiladi. Qoyalar tomon yakka oʼzi tirmashmoq ham bir insonning koʼnglini toʼldirishga yetadi. Sizif esa baxtli odam sifatida tasavvur qilinishi kerak.

* Gefsiman — Qoʼhna Quddus shahrining sharqidagi bogʼlar joylashgan hududning nomi.

Mirzohid Muzaffar tarjimasi

«Xurshid Davron kutubxonasi»da Аlber Kamyu bilan bogʼliq sahiflar

22

(Tashriflar: umumiy 1 660, bugungi 1)

Izoh qoldiring