Mirzohid Muzaffar. Oq ko’shk

333 Уч йилдир ҳар ёз Туркияда мени бағрига олган оила билан машинага лаш-лушимизни ортамизу Анқара билан хайрлашиб, Измирга йўл оламиз. Анқара ва Измир оралиғидаги Эскишаҳар, Бурса, Бўлу ва Қўжаелида нималардир еймиз…

Мирзоҳид Музаффар
ОҚ КЎШК
Туркум ҳикоялардан биринчиси


   Измирга бормаганман. Йўқ, аслида борганману лекин ўзига эмас.

Измир мана шундай, боришлар, боролмаслик ва борса ҳам етолмасликлар билан хотирамнинг бир бурчагига ўрнашиб қолган. Ўрнашиб қолган, дейману барибир ишонч ҳосил қилолмайман. Измирга борганмидим, дейман.

Уч йилдир ҳар ёз Туркияда мени бағрига олган оила билан машинага лаш-лушимизни ортамизу Анқара билан хайрлашиб, Измирга йўл оламиз. Анқара ва Измир оралиғидаги Эскишаҳар, Бурса, Бўлу ва Қўжаелида нималардир еймиз.

Эскишаҳардан бошласам…

091Турк университетларига илк бор бундан беш йилча аввал ҳужжат топширгандим. Эскишаҳардаги Усмонғозий университети, қиёсий адабиётшунослик бўлимидан қабул келди. Кетмадим. Кетолмасдим.

Эскишаҳар бизни Анқаранинг чиқиши, вилоят бўлайлик, деб ўн беш йилдир турк ҳукуматига ёлвораётган, бироқ ҳеч Анқаранинг чекка тумани бўлишдан нарига ўтолмайдиган, чеккалиги, пойтахтга дарвозалиги билан ота юртим Чинозни эслатадиган Пўлатлидан сўнг, худди Туркистон адирлари каби сарғиш Шарафлиҳисор қишлоқлари ортида, Юнус Эмронинг тилларанг ҳайкали билан кутиб олади. Юнус Эмронинг аслан қаерданлиги номаълум, бироқ Марказий Онадўлида туғилиб ўсгани аниқ. Ҳаётининг катта қисмини шу ерда ўтқазгани учун кўпинча уни эскишаҳарлик, дейишади. Сталин қатағонларида худди Ўзбекистондаги каби бу ерга ҳам минглаб Қрим татарлари сургун қилинади. Балки бугун Эскишаҳарнинг бошқа турк шаҳарларидан фарқ қилиши, нисбатан озода ва ёруғлиги ҳам шу татарлар шарофатидир.

Эскишаҳарга киргач, кўҳна татар емакхоналарида чибурек еймиз. Турклар буни ҳам ўзларига мослаб чиғбўрак, яъни гўштли сомса деб олишган. Татарларнинг энсаси қотади. Ҳозир “Турк Адабиёти” да муҳаррир сифатида ишлайдиган Анвар Ойкўл билан гаплашганимизда, аям билан мактабга кийингани Ипподромга ҳар борган вақтимиз татар холаларнинг чибурегини ердик, деган пайтим кўзларининг фахрдан тўлиб кетганини кўраман.

Эскишаҳардаги Онадўли университети ёнидан ўтиб, Бўлуга кирамиз.

Бўлунинг ўрмонлари шунчалар зички, яшилнинг ҳар тусини кўриш мумкин. Ҳатто уёқларда туғилган ягона дўстим, Ўғузхоннинг фамилияси ҳам Яшилўғли.

Бўлуда кабоб ейилади. Ўзимизнинг Сурхон воҳасига кетаверишдаги кабобпазлар каби, буёқда ҳам узоқ йўл ошхоналари бор. Ҳар сафар йўлнинг ўртасида, тоғлар бағридаги бу ошхоналарга қараб, буёқнинг ишчилари қаерда яшашаркин, деб ўйлардим. Уйлари шу тоғлар орасидамикан?

“Бўлу деганинг тоғлар орасидаги уч-тўртта жимитдек шаҳару уфққача чўзилиб кетган ўрмонлар холос”, деганди Ўғуз. Ростдир, бу ошхонадагилар ҳам ўша жимитдек шаҳарчаларда яшашса керак.

Бўлунинг охирида Инегўл туманига кирамиз. Мебел ҳунармандлари билан машҳур бу маконга уч йилча аввал, мен туғилиб ўсган маҳалладан месхетин оиласи кўчиб ўтганди. Кетар маҳал, оиланинг бекаси Диляра кеннойи бизникига келган, нонингларни бўлишдинглар, болаларимиз ўйнаб, тепишиб катта бўлишди, сургунда бизни ёлғизлатиб қўймадинглар, деб аямдан розилик олганини эслайман.

Бўлунинг ўша, тоғлар бағридаги Иззат Байсал университети ёнидан ўтамиз. Доим намхуш шамоллар эсиб турадиган бу бинолар тўпламида қандай ўқишаркин? Университетдан чиққанингда фақат ўрмон кўрасан. Шаҳар қани?

Қисқаси, Бўлу мен учун саволлар диёри бўлиб қолган.

Бўлудан сўнг Бурсага ўтамиз.

Бурсанинг маркази, Нилуфар маҳалласида ижарачимнинг амакиваччаси дорихоначи бўлиб ишлайди. Мени янги солган ҳовлисига олиб бориб, помидорларини мақтанганди. Мен эса, жуда деҳқон боласи бўлмасам ҳам, ҳа бу помидорни чиканка қилмайсизми, деб кўчатларнинг ортиқча баргларини узган, унга ўзим билган баъзи услубларни ўргатгандим.

Бурсадаги мезбонимиз, Яҳё амакининг боласи йўқ. Кичкиналигида тепки бўлиб, пушти қуриган экан.

Бурса туркларнинг машҳур Искандар кабобининг ватани. Қиммат, лекин арзийди. Аммо, одатий чимхўр сифатида ҳеч қачон бу вароқдек кесилиб, қатиққа бўктирилгану нон бурдалари устига тахлаб чиқилган гўштнинг нимаси шунчалик яхшилигини тушунолмаганман. Арча шираси билан пишган тандир олдида бу нима деган гап? “Жўғрофия қисматингдир”, дейди Ибн Ҳалдун. Туркия Европага биздан яқин бўлгани учун овозини Ғарбга эшиттиролган, шу боис ҳамма нарсасини яхши сотган, менимча.

Бурсадан чиқиб, Қўжаелига ўтамиз.

Қўжаелининг марказий шаҳри, Изник ё қадимги юнонча номи билан Никсарос Изник кўрфази билан ўралган. Кўрфаз атрофидаги денгизнинг виқорига умуман ярашмайдиган кўп қаватли уйлар бундан йигирма беш йил аввалги даҳшатли зилзила хотирасидек жим ўшшаяди. Бу турклар шаҳар қуришни билмайди, деб қўяман ичимда. Трассани ялаб ўтган нурафшон денгизни суратга оламан. Кейин эса у суратлар телефонимнинг бесарҳад кенгликларида йўқ бўлиб кетади.

Истанбулга кирмаймиз. Йўқса, қолиб кетамиз. Истанбул ҳаммага бир жароҳат ташлаб ўтади. Номиданоқ руҳимиз зириллайди.

Истанбулга ўтсак, Бешиктошдаги уй, Боғбонлардаги мен олти ой яшаган ижарахона, денгиз бўйидаги кутубхоналар, қаршингиздан худди “сайёр макон” янглиғ чиқиб қоладиган ўзбек ресторанлари авйдо бўлади. Истанбулга бориш учун уйдан саҳармардонлаб чиқиш керак, йўқса Бешиктошдаги уй ёнидан машинани қўйишга жой тополмайсиз. Айни якшанба куни чиқсангиз, урди Худо. Маҳалла бозори қайнаган, атроф сотувчиларнинг юк машиналарю ҳаммол араваларига тўлиб кетади.

Ниҳоят, Измирга кирамиз.

Измир шаҳарга ўтмаймиз. У далаҳовли ё ижарачи холанинг тилидан айтганда Аталай Кўшкидан узоқда.

Измирга киргач, Салжуқдан ўтамиз, йўлимиз Алиоғага тушади.

Алиоғадаги денгиз бошқа. Етмишинчи йилларнинг почта маркаларидаги рангин суратлардек эски кўринади. Хира, аммо тириклиги ўпкани тўлдиради. Ҳали Чандарлига етиб олгач, ҳар куни чўмиладиган денгизимнинг соҳилидан нариги соҳилдаги шамол тегирмонларига қараб кўп хўрсинаман. Ўша тегирмонлар шу Алиоға соҳилида.

Олти соатлик йўлдан сўнг ниҳоят Чандарли.

Негалигини билмадим, лекин Чандарлининг кириши қабристондан бошланади. Қабртошларнинг бошларида турли салла ва қалпоқ кўрасиз. Бунинг сабабини сўраганимда, Чандарлининг пайтида муҳим истеҳкомлардан бири бўлганини ва бу қабрлар ўша истеҳкомдаги турк пошо, яничар ва аскарларники эканлигини айтишганди. Агар қабртош бошидаги салла катта бўлса, бу пошо яъни қўмондонга тегишли қабр. Қалпоқ кичикроқ кўринаётган бўлса, демак аскарники экан.

Жонажон маҳалламиз, Эйкога келамиз. Бундан қирқ йилча аввал бу маҳалла Маданият Вазирлиги томонидан ўзлаштирилган ва Анқарадаги санъаткорларга бўлиб берилган экан. Бизникилар ҳам марҳум дадалари, Меҳмет амакининг Анқара Опера Театрида директор бўлгани учун шу ҳовлини олишган. Меҳмет амаки Анқарада, болалари ҳали ёш, ижарачим, Амал хола ўзи усталар бошида туриб, кўшкни қурдиради.

Баъзан кўшкнинг меъморий тузилишига қараб хўрсинаман. Шунча катта майдонга олти хоналиккина бино тикилган. Жуда катта жой исрофи бор, дейман. Холанинг ўғли, Тайфун оға дарров тушунтиришга уринади. Ўша пайтлар уйлар стандарт бўлиши керак экан. Кейин қўшимча қилади:

“Биз ўлгач, бу уйни буздирма… Наслимиздан ёдгор қолсин.”

Нарсаларни жойлаб бўлгач, пастки кўчада, соҳил бўйидаги кафега чиқаман. Одатда, денгизда чўмилгач, бу ерда ўтириб, кафе эгасининг Туркиянинг шарқий тупроқларидан олиб келган курд официантлари билан суҳбатлашаман. Бу сафар ҳам Арзирумдан Фотиҳни олиб келибди. Ёнида Шонлиурфадан келган Тоҳир ҳам бор. Бир марта қаердадир от тезагини кўриб, қаттиқ жаҳлим чиққан ва кафе эгаси Раҳми бейга ёзғиргандек бўлгандим. Бу тезакни йўл ўртасида кўришга мажбурманми? Болаларга айтинг, тозалашсин. Раҳми бей кулди. Иним, ўзи болаларни қишлоқнинг тезагидан қутқариб, денгиз кўришсин учун олиб келганман. Энди яна тезакка тиқсам, уят бўлар. Қўявер, кейинроқ ўзим тозалайман, деди.

Фотиҳни қаттиқ ранжитганим эсимда. Камига икки марта.

Ўн олти ёшли бу бола мен билан гаплашишни яхши кўрармиди ё улар учун катта шаҳарнинг катта ўқиши, Анқара университетида ўқиганим учун иҳлос қўйганмиди, билмайман, ишқилиб бир куни университетга тайёрланаётганини айтиб қолди.

— Қаерга кирмоқчисан, деб сўрадим.

— Измирдан кетгим йўқ, шу ердаги Дўкуз Эйлул университетининг ҳуқуқ факультетига топшираман. Адвокат бўлмоқчиман!
— Фақат… Дўкуз Эйлул Измирда Эгей университетига киролмаганларнинг заҳира ўқиши…

— Шунақами?

Фотиҳ Дўкуз Эйлулга меҳр қўйганди, мен эса меҳрини ер билан бир қилдим. Бундан ҳамон афсусланаман. Кейин, ҳақли равишда мен билан гаплашмай қўйди. Бир куни кўшкка холанинг эски қадрдон дугоналари келишди. Биттаси мени чақириб, кафега бориб, менга гугурт олиб келолмайсанми, деб илтимос қилди. Хўп, дедим. Туннинг ярмида, кафе дўконида Фотиҳ ўтирарди.

Уйқусираганимданми ё бошқа, гугуртнинг туркчасини унутиб қўйдим. Фотиҳ нима демоқчилигимни тушунмай анграйган. Охири инглизчасини айтдим. Match, дедим. Яна тушунмади. Жиним қўзиб, сен бу инглизча билан ҳуқуқ факультетига қандай кирмоқчисан, дедиму чиқиб кетдим. Орқамдан мўлтираб қолди…

Ҳар куни уч марта денгизга шўнғишни одат қилдим. Соҳилдан нарироқда “дуба” деб аталадиган кенг, солсифат ёғоч бор. Денгиз чуқурлашган жойда, сузишдан чарчаганлар устига чиқиб нафас ростлаши ё сувга шўнғиши мумкин. Бир кун унги тирмашиб чиқаётганимда устидаги қизалоқ менга ишора қилиб, акасига “сўраб кўрчи, японмикан”, деганди. Индамадим.

Бора бора сузишнинг фалсафасини ўргана бошладим. Сершамол кунлар, денгиз долғаларини ошиб ўтиш ҳаётга ўхшарди. Ҳар долғани вужудимни олдинга отиб ошар, долғалар эса саҳнидаги илиқлик билан танамга урилиб, остидаги совуқни руҳимга пуркарди. Негадир бундай кунлар денгиздан қўрқмасдим. Денгизнинг энг қўрқинчли ҳоли сокинлигида намоён бўларди мен учун. Ҳар денгизга тушаётганимда Ловкрафтнинг ўша, денгиздан чиқиб келадиган самовий тангрисифат маҳлуқи, Ктулҳу кўз олдимга келарди. Ҳозир чиқиб қолсая, деган болаларча ўй тинчлик бермасди менга. Оёғимдан тортса… Болалигимда, денгиз тубига тушиб, уёқдаги афсункор, Ер юзига бегона ҳаётга гувоҳ бўлган ғаввос ҳақидаги ҳикояни эслайман. Мен ҳам балки… дейману, оёқ учимнинг денгиз тубига текканини сезаман. Шунчалик саёздасан, қайси махлуқ ҳафсала қилиб сени тортсин, ахир?

Чандарлини давлат ўзлаштирган, дедим. Намозшом пайти аҳлат қутиларини титгани тоғдан тўнғиз галаси тушади. Биз иккинчи қаватнинг айвонидан туриб уларга нон отамиз.

Ўша пайтлар Мадлен Миллернинг “Кирка” сини ўгирган ва асар руҳидан ҳамон чиқолмагандим. Кирка, қадимги юнон мифологиясида жодугарлик маъбудаси отаси, Қуёш тангриси Ҳелиосга исён қилгани учун шу, биз турган жойга яқин, аммо номаълум оролга сургун қилинади. Унинг оролига адашиб келиб қолган денгизчиларни Кирка аввалига оқкўнгиллик билан қабул қилади, бироқ унинг ёлғизлигидан фойдаланиб, унга тажоввуз қилмоқчи бўлганларни жодулари билан тўнғизга айлантириб қўяди. Асарда эркакларнинг тўнғизга айланиш жараёни жуда ўхшатиб тасвирланган.

Айвонда туриб, тоғдан тушиб келган бу тўнғизларга қараганча, ё сизлар ҳам бир пайтлар юнон денгизчи эдинглару қилмишларинг сабаб Кирка тўнғизга айлантириб қўйдими, дердим. Бу истеҳзо эмас, чинакам савол эди.

Кўп ўтмай маҳалланинг итлари тўнғизларни қува бошлайди…

(Давоми бор…)

Uch yildir har yoz Turkiyada meni bag‘riga olgan oila bilan mashinaga lash-lushimizni ortamizu Anqara bilan xayrlashib, Izmirga yo‘l olamiz. Anqara va Izmir oralig‘idagi Eskishahar, Bursa, Bo‘lu va Qo‘jayelida nimalardir yeymiz…

Mirzohid Muzaffar
OQ KO‘SHK
Turkum hikoyalardan birinchisi


Izmirga bormaganman. Yo‘q, aslida borganmanu lekin o‘ziga emas.

Izmir mana shunday, borishlar, borolmaslik va borsa ham yetolmasliklar bilan xotiramning bir burchagiga o‘rnashib qolgan. O‘rnashib qolgan, deymanu baribir ishonch hosil qilolmayman. Izmirga borganmidim, deyman.

Uch yildir har yoz Turkiyada meni bag‘riga olgan oila bilan mashinaga lash-lushimizni ortamizu Anqara bilan xayrlashib, Izmirga yo‘l olamiz. Anqara va Izmir oralig‘idagi Eskishahar, Bursa, Bo‘lu va Qo‘jayelida nimalardir yeymiz.

Eskishahardan boshlasam…

Turk universitetlariga ilk bor bundan besh yilcha avval hujjat topshirgandim. Eskishahardagi Usmong‘oziy universiteti, qiyosiy adabiyotshunoslik bo‘limidan qabul keldi. Ketmadim. Ketolmasdim.

Eskishahar bizni Anqaraning chiqishi, viloyat bo‘laylik, deb o‘n besh yildir turk hukumatiga yolvorayotgan, biroq hech Anqaraning chekka tumani bo‘lishdan nariga o‘tolmaydigan, chekkaligi, poytaxtga darvozaligi bilan ota yurtim Chinozni eslatadigan Po‘latlidan so‘ng, xuddi Turkiston adirlari kabi sarg‘ish Sharaflihisor qishloqlari ortida, Yunus Emroning tillarang haykali bilan kutib oladi. Yunus Emroning aslan qayerdanligi noma’lum, biroq Markaziy Onado‘lida tug‘ilib o‘sgani aniq. Hayotining katta qismini shu yerda o‘tqazgani uchun ko‘pincha uni eskishaharlik, deyishadi. Stalin qatag‘onlarida xuddi O‘zbekistondagi kabi bu yerga ham minglab Qrim tatarlari surgun qilinadi. Balki bugun Eskishaharning boshqa turk shaharlaridan farq qilishi, nisbatan ozoda va yorug‘ligi ham shu tatarlar sharofatidir.

Eskishaharga kirgach, ko‘hna tatar yemakxonalarida chiburek yeymiz. Turklar buni ham o‘zlariga moslab chig‘bo‘rak, ya’ni go‘shtli somsa deb olishgan. Tatarlarning ensasi qotadi. Hozir “Turk Adabiyoti” da muharrir sifatida ishlaydigan Anvar Oyko‘l bilan gaplashganimizda, ayam bilan maktabga kiyingani Ippodromga har borgan vaqtimiz tatar xolalarning chiburegini yerdik, degan paytim ko‘zlarining faxrdan to‘lib ketganini ko‘raman.

Eskishahardagi Onado‘li universiteti yonidan o‘tib, Bo‘luga kiramiz.

Bo‘luning o‘rmonlari shunchalar zichki, yashilning har tusini ko‘rish mumkin. Hatto uyoqlarda tug‘ilgan yagona do‘stim, O‘g‘uzxonning familiyasi ham Yashilo‘g‘li.

Bo‘luda kabob yeyiladi. O‘zimizning Surxon vohasiga ketaverishdagi kabobpazlar kabi, buyoqda ham uzoq yo‘l oshxonalari bor. Har safar yo‘lning o‘rtasida, tog‘lar bag‘ridagi bu oshxonalarga qarab, buyoqning ishchilari qayerda yashasharkin, deb o‘ylardim. Uylari shu tog‘lar orasidamikan?

“Bo‘lu deganing tog‘lar orasidagi uch-to‘rtta jimitdek shaharu ufqqacha cho‘zilib ketgan o‘rmonlar xolos”, degandi O‘g‘uz. Rostdir, bu oshxonadagilar ham o‘sha jimitdek shaharchalarda yashashsa kerak.

Bo‘luning oxirida Inego‘l tumaniga kiramiz. Mebel hunarmandlari bilan mashhur bu makonga uch yilcha avval, men tug‘ilib o‘sgan mahalladan mesxetin oilasi ko‘chib o‘tgandi. Ketar mahal, oilaning bekasi Dilyara kennoyi biznikiga kelgan, noninglarni bo‘lishdinglar, bolalarimiz o‘ynab, tepishib katta bo‘lishdi, surgunda bizni yolg‘izlatib qo‘ymadinglar, deb ayamdan rozilik olganini eslayman.

Bo‘luning o‘sha, tog‘lar bag‘ridagi Izzat Baysal universiteti yonidan o‘tamiz. Doim namxush shamollar esib turadigan bu binolar to‘plamida qanday o‘qisharkin? Universitetdan chiqqaningda faqat o‘rmon ko‘rasan. Shahar qani?

Qisqasi, Bo‘lu men uchun savollar diyori bo‘lib qolgan.

Bo‘ludan so‘ng Bursaga o‘tamiz.

Bursaning markazi, Nilufar mahallasida ijarachimning amakivachchasi dorixonachi bo‘lib ishlaydi. Meni yangi solgan hovlisiga olib borib, pomidorlarini maqtangandi. Men esa, juda dehqon bolasi bo‘lmasam ham, ha bu pomidorni chikanka qilmaysizmi, deb ko‘chatlarning ortiqcha barglarini uzgan, unga o‘zim bilgan ba’zi uslublarni o‘rgatgandim.

Bursadagi mezbonimiz, Yahyo amakining bolasi yo‘q. Kichkinaligida tepki bo‘lib, pushti qurigan ekan.

Bursa turklarning mashhur Iskandar kabobining vatani. Qimmat, lekin arziydi. Ammo, odatiy chimxo‘r sifatida hech qachon bu varoqdek kesilib, qatiqqa bo‘ktirilganu non burdalari ustiga taxlab chiqilgan go‘shtning nimasi shunchalik yaxshiligini tushunolmaganman. Archa shirasi bilan pishgan tandir oldida bu nima degan gap? “Jo‘g‘rofiya qismatingdir”, deydi Ibn Haldun. Turkiya Yevropaga bizdan yaqin bo‘lgani uchun ovozini G‘arbga eshittirolgan, shu bois hamma narsasini yaxshi sotgan, menimcha.

Bursadan chiqib, Qo‘jayeliga o‘tamiz.

Qo‘jayelining markaziy shahri, Iznik yo qadimgi yunoncha nomi bilan Niksaros Iznik ko‘rfazi bilan o‘ralgan. Ko‘rfaz atrofidagi dengizning viqoriga umuman yarashmaydigan ko‘p qavatli uylar bundan yigirma besh yil avvalgi dahshatli zilzila xotirasidek jim o‘shshayadi. Bu turklar shahar qurishni bilmaydi, deb qo‘yaman ichimda. Trassani yalab o‘tgan nurafshon dengizni suratga olaman. Keyin esa u suratlar telefonimning besarhad kengliklarida yo‘q bo‘lib ketadi.

Istanbulga kirmaymiz. Yo‘qsa, qolib ketamiz. Istanbul hammaga bir jarohat tashlab o‘tadi. Nomidanoq ruhimiz zirillaydi.

Istanbulga o‘tsak, Beshiktoshdagi uy, Bog‘bonlardagi men olti oy yashagan ijaraxona, dengiz bo‘yidagi kutubxonalar, qarshingizdan xuddi “sayyor makon” yanglig‘ chiqib qoladigan o‘zbek restoranlari avydo bo‘ladi. Istanbulga borish uchun uydan saharmardonlab chiqish kerak, yo‘qsa Beshiktoshdagi uy yonidan mashinani qo‘yishga joy topolmaysiz. Ayni yakshanba kuni chiqsangiz, urdi Xudo. Mahalla bozori qaynagan, atrof sotuvchilarning yuk mashinalaryu hammol aravalariga to‘lib ketadi.

Nihoyat, Izmirga kiramiz.

Izmir shaharga o‘tmaymiz. U dalahovli yo ijarachi xolaning tilidan aytganda Atalay Ko‘shkidan uzoqda.

Izmirga kirgach, Saljuqdan o‘tamiz, yo‘limiz Aliog‘aga tushadi.

Aliog‘adagi dengiz boshqa. Yetmishinchi yillarning pochta markalaridagi rangin suratlardek eski ko‘rinadi. Xira, ammo tirikligi o‘pkani to‘ldiradi. Hali Chandarliga yetib olgach, har kuni cho‘miladigan dengizimning sohilidan narigi sohildagi shamol tegirmonlariga qarab ko‘p xo‘rsinaman. O‘sha tegirmonlar shu Aliog‘a sohilida.

Olti soatlik yo‘ldan so‘ng nihoyat Chandarli.

Negaligini bilmadim, lekin Chandarlining kirishi qabristondan boshlanadi. Qabrtoshlarning boshlarida turli salla va qalpoq ko‘rasiz. Buning sababini so‘raganimda, Chandarlining paytida muhim istehkomlardan biri bo‘lganini va bu qabrlar o‘sha istehkomdagi turk posho, yanichar va askarlarniki ekanligini aytishgandi. Agar qabrtosh boshidagi salla katta bo‘lsa, bu posho ya’ni qo‘mondonga tegishli qabr. Qalpoq kichikroq ko‘rinayotgan bo‘lsa, demak askarniki ekan.

Jonajon mahallamiz, Eykoga kelamiz. Bundan qirq yilcha avval bu mahalla Madaniyat Vazirligi tomonidan o‘zlashtirilgan va Anqaradagi san’atkorlarga bo‘lib berilgan ekan. Biznikilar ham marhum dadalari, Mehmet amakining Anqara Opera Teatrida direktor bo‘lgani uchun shu hovlini olishgan. Mehmet amaki Anqarada, bolalari hali yosh, ijarachim, Amal xola o‘zi ustalar boshida turib, ko‘shkni qurdiradi.

Ba’zan ko‘shkning me’moriy tuzilishiga qarab xo‘rsinaman. Shuncha katta maydonga olti xonalikkina bino tikilgan. Juda katta joy isrofi bor, deyman. Xolaning o‘g‘li, Tayfun og‘a darrov tushuntirishga urinadi. O‘sha paytlar uylar standart bo‘lishi kerak ekan. Keyin qo‘shimcha qiladi:

“Biz o‘lgach, bu uyni buzdirma… Naslimizdan yodgor qolsin.”

Narsalarni joylab bo‘lgach, pastki ko‘chada, sohil bo‘yidagi kafega chiqaman. Odatda, dengizda cho‘milgach, bu yerda o‘tirib, kafe egasining Turkiyaning sharqiy tuproqlaridan olib kelgan kurd ofitsiantlari bilan suhbatlashaman. Bu safar ham Arzirumdan Fotihni olib kelibdi. Yonida Shonliurfadan kelgan Tohir ham bor. Bir marta qayerdadir ot tezagini ko‘rib, qattiq jahlim chiqqan va kafe egasi Rahmi beyga yozg‘irgandek bo‘lgandim. Bu tezakni yo‘l o‘rtasida ko‘rishga majburmanmi? Bolalarga ayting, tozalashsin. Rahmi bey kuldi. Inim, o‘zi bolalarni qishloqning tezagidan qutqarib, dengiz ko‘rishsin uchun olib kelganman. Endi yana tezakka tiqsam, uyat bo‘lar. Qo‘yaver, keyinroq o‘zim tozalayman, dedi.

Fotihni qattiq ranjitganim esimda. Kamiga ikki marta.

O‘n olti yoshli bu bola men bilan gaplashishni yaxshi ko‘rarmidi yo ular uchun katta shaharning katta o‘qishi, Anqara universitetida o‘qiganim uchun ihlos qo‘yganmidi, bilmayman, ishqilib bir kuni universitetga tayyorlanayotganini aytib qoldi.

— Qayerga kirmoqchisan, deb so‘radim.

— Izmirdan ketgim yo‘q, shu yerdagi Do‘kuz Eylul universitetining huquq fakultetiga topshiraman. Advokat bo‘lmoqchiman!
— Faqat… Do‘kuz Eylul Izmirda Egey universitetiga kirolmaganlarning zahira o‘qishi…

— Shunaqami?

Fotih Do‘kuz Eylulga mehr qo‘ygandi, men esa mehrini yer bilan bir qildim. Bundan hamon afsuslanaman. Keyin, haqli ravishda men bilan gaplashmay qo‘ydi. Bir kuni ko‘shkka xolaning eski qadrdon dugonalari kelishdi. Bittasi meni chaqirib, kafega borib, menga gugurt olib kelolmaysanmi, deb iltimos qildi. Xo‘p, dedim. Tunning yarmida, kafe do‘konida Fotih o‘tirardi.

Uyqusiraganimdanmi yo boshqa, gugurtning turkchasini unutib qo‘ydim. Fotih nima demoqchiligimni tushunmay angraygan. Oxiri inglizchasini aytdim. Match, dedim. Yana tushunmadi. Jinim qo‘zib, sen bu inglizcha bilan huquq fakultetiga qanday kirmoqchisan, dedimu chiqib ketdim. Orqamdan mo‘ltirab qoldi…

Har kuni uch marta dengizga sho‘ng‘ishni odat qildim. Sohildan nariroqda “duba” deb ataladigan keng, solsifat yog‘och bor. Dengiz chuqurlashgan joyda, suzishdan charchaganlar ustiga chiqib nafas rostlashi yo suvga sho‘ng‘ishi mumkin. Bir kun ungi tirmashib chiqayotganimda ustidagi qizaloq menga ishora qilib, akasiga “so‘rab ko‘rchi, yaponmikan”, degandi. Indamadim.

Bora bora suzishning falsafasini o‘rgana boshladim. Sershamol kunlar, dengiz dolg‘alarini oshib o‘tish hayotga o‘xshardi. Har dolg‘ani vujudimni oldinga otib oshar, dolg‘alar esa sahnidagi iliqlik bilan tanamga urilib, ostidagi sovuqni ruhimga purkardi. Negadir bunday kunlar dengizdan qo‘rqmasdim. Dengizning eng qo‘rqinchli holi sokinligida namoyon bo‘lardi men uchun. Har dengizga tushayotganimda Lovkraftning o‘sha, dengizdan chiqib keladigan samoviy tangrisifat mahluqi, Ktulhu ko‘z oldimga kelardi. Hozir chiqib qolsaya, degan bolalarcha o‘y tinchlik bermasdi menga. Oyog‘imdan tortsa… Bolaligimda, dengiz tubiga tushib, uyoqdagi afsunkor, Yer yuziga begona hayotga guvoh bo‘lgan g‘avvos haqidagi hikoyani eslayman. Men ham balki… deymanu, oyoq uchimning dengiz tubiga tekkanini sezaman. Shunchalik sayozdasan, qaysi maxluq hafsala qilib seni tortsin, axir?

Chandarlini davlat o‘zlashtirgan, dedim. Namozshom payti ahlat qutilarini titgani tog‘dan to‘ng‘iz galasi tushadi. Biz ikkinchi qavatning ayvonidan turib ularga non otamiz.

O‘sha paytlar Madlen Millerning “Kirka” sini o‘girgan va asar ruhidan hamon chiqolmagandim. Kirka, qadimgi yunon mifologiyasida jodugarlik ma’budasi otasi, Quyosh tangrisi Heliosga isyon qilgani uchun shu, biz turgan joyga yaqin, ammo noma’lum orolga surgun qilinadi. Uning oroliga adashib kelib qolgan dengizchilarni Kirka avvaliga oqko‘ngillik bilan qabul qiladi, biroq uning yolg‘izligidan foydalanib, unga tajovvuz qilmoqchi bo‘lganlarni jodulari bilan to‘ng‘izga aylantirib qo‘yadi. Asarda erkaklarning to‘ng‘izga aylanish jarayoni juda o‘xshatib tasvirlangan.

Ayvonda turib, tog‘dan tushib kelgan bu to‘ng‘izlarga qaragancha, yo sizlar ham bir paytlar yunon dengizchi edinglaru qilmishlaring sabab Kirka to‘ng‘izga aylantirib qo‘ydimi, derdim. Bu istehzo emas, chinakam savol edi.

Ko‘p o‘tmay mahallaning itlari to‘ng‘izlarni quva boshlaydi…

(Davomi bor…)

232

(Tashriflar: umumiy 237, bugungi 1)

Izoh qoldiring