Olim Usmon. She’rlar

055 Шеър ёзадиган одамнинг ҳаммаси ҳам уни қоралаб бўлиши билан югуриб бирон бир нашр эшигини тақиллатмайди, дуч келганга ҳовлиқиб  ўқиб бермайди. Уларнинг орасида  шеър ҳавасининг ўзи илоҳий туҳфа эканини англаб, бу туҳфани зулмат ичида тинимсиз шамолу бўронлар қўйнидаги биёбондаги ёлғизгина ўтовнинг бир бурчагида жимирлаб ёниб турган чироқдан кўзини узмай ўтирган одамдай авайлаб-асраб ўтирганлар ҳам бор. Улар бу чироқни юракдаги умиддай, муҳаббатдай, меҳру оқибатдай асраб яшайдилар. Ана шу умидни, муҳаббату оқибатни авайлаб яшаётган ҳам мувллим, ҳам ижодкор шеърларини тақдим этмоқдаман.

Олим УСМОН
ШЕЪРЛАР


  663Олим Усмон 1968 йилда Сурхондарё вилоятининг  Шўрчи туманидаги Далварзин қишлоғида туғилган. 1985-1992 йилларда Тошкент давлат университети филология факультетида таҳсил олган. Ўзбекистон фанлар академияси Алишер Навоий номидаги адабиёт институтида аспирант, сўнгра илмий ходим бўлиб ишлаган. Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясида, Ўзбекистон миллий университетида фаолият олиб борган. Филология фанлари номзоди. “Jadidlar. G`ulom Zafariy” (2022 йил) китоби муаллифи. Ҳозирда у Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети доценти.


ЭСИНГДАМИ…

Эсингдами, булоқ бўйи…
Мажнунтолни суяр эдик,
Танасини зирқиратиб
Исмимизни ўяр эдик.
Кейин аста ярасига
Лабларимиз қўяр эдик,
Англаб бўлмас сирли, тотли
Лаззатларни туяр эдик.

Эсингдами, булоқ бўйи…
Бир оташда куяр эдик,
Сирли, унсиз, кўзлар ила
Сўйлашмоқни суяр эдик.
Қаро тунлар кўзларимиз қароғида
Ётоғига ойни элтиб қўяр эдик.

Эсингдами, булоқ бўйи…
Сўнгги оқшом,
Лабларингдан титраб-титраб
Учган калом.
Эсингдами, мажнунтолнинг
Танасида
Бир-бирига сингиб кетган
Иккита ном.
Э с и н г д а м и!?

ЗИНДОНДАГИ АЛПОМИШНИНГ ОЙБАРЧИНГА МАКТУБИ

Қалмоқ элда қолиб кетдим, қараб кўзинг толдима,
Не жангларда ғолиб эдим, қай кунларга қолдима,
Ёв енголмай макр билан зиндониға солдима,
Қаро шомим ёритгувчи – Ойбарчиним, йиғлама,
Баҳорларни бошлаб келар – кўгарчиним, йиғлама!

Ғаним кулди чоҳ устида, кўкайимни куйдирди,
Чорасизлик адо қилди, ширин жондан тўйдирди,
Фақат сенинг хаёлгинам яна мени суйдирди,
Қаро шомим ёритгувчи – Ойбарчиним, йиғлама,
Баҳорларни бошлаб келар – кўгарчиним, йиғлама!

Бу чархи каж кажлик этди, ёвнинг юзин ёруғ этди,
Қизил гулдай ёноғингни чўнг савдолар сариғ этди,
Қай гуноҳлар эвазига тангрим меҳрин дариғ этди,
Қаро шомим ёритгувчи – Ойбарчиним, йиғлама,
Баҳорларни бошлаб келар – кўгарчиним, йиғлама!

Менинг сабрим мустаҳкамдир, берк тошларни ёргуси,
Билакларим метин мисол тошларни қўпоргуси,
Кутгил алпинг ғолиб бўлиб, Қўнғиротга боргуси,
Қаро шомим ёритгувчи – Ойбарчиним, йиғлама,
Баҳорларни бошлаб келар – кўгарчиним, йиғлама!

ҲАЖ
Ўтмишдан

Саноқсиз тевалар тизилган карвон,
Ўт бўлиб ёнади саҳро – безабон,
Фақат “Аллоҳ” – дейди нуроний сарбон:
Ёҳуу! Ёҳуув!! Ёҳууув!!!

Барханлар ортида пойлайди самум,
Умидвор кўзларга сочиб кетар қум,
Фақат “Аллоҳ” – дейди сарбон: “Аллоҳим”,
Ёҳуу! Ёҳуув!! Ёҳууув!!!

Дарвешлар кашкулин тўлдирса-да қум,
Қақраган лабларда ўйнар табассум,
Маъшуқа номини айлаб такаллум:
Ёҳуу! Ёҳуув!! Ёҳууув!!!

Соғиниш садрида чиққудайин жон,
Вайрона вужудни қистайди чунон,
Поёнсиз саҳрода кўтариб сурон –
Ёҳуу! Ёҳуув!! Ёҳууув!!!

Оёқлар оловда куяди – жизз-жиз,
Аланга – шамоллар эсади ғизз-ғиз,
Фалакка ўрлайди бир оташ – бир сўз:
Ёҳуу! Ёҳуув!! Ёҳууув!!!

ФИРДАВС БОҒЛАРИДА

Оғриқлар ёғади жонима сим-сим,
Илоҳам лабида инжа табассум,
Дилимга ин қуриб олган Қақнусим
“Гурр” этиб учади кўзимдан,
“Гурр” этиб учади бўғзимдан!

Кўзларинг қуёшдир, кўзларинг – ялдо,
Табассум ҳадя эт биргина, Лайло,
Фиғону оташу, оҳу вовайло
“Гурр” этиб учади кўзимдан,
“Гурр” этиб учади бўғзимдан!

…Фирдавс боғларида ҳурлар маҳфили,
Ёғдулар емиши, гуллар маҳфили,
Сен келдинг…тўзғиди малаклар эли –
“Гурр” этиб учади жаннатдан,
“Гурр” этиб учади уятдан!

СЕН БОРСАН

Меърож кечасидек чароғон оқшом,
Насимлар руҳимга келтирар пайғом,
Туйғулар сочади кўксимдаги жом,
Сен борсан, сен борсан, борлиғим!

Сукунат шовуллар, имлар юлдузлар –
Самовот кўшкида ўлтирган қизлар,
Лек жоним Ўзингни, Ўзингни излар –
Сен борсан, сен борсан, борлиғим!

Талпинар, талпинар қошингга кўнгил,
Кўксимнинг деворин синдириб чил-чил,
Руҳимни учириб олиб кетар ел,
Сен борсан, сен борсан, борлиғим!

Тароват бахш этган сеҳрли кеча,
Исмингни пичирлаб неча ва неча,
Тонгларни оқартдим майингдан ича,
Сен борсан, сен борсан, борлиғим!..

ЎН ОЛТИ ЁШ

Қизлар ўтар, кулгусидан
Тор кўчалар зирр-зир,
Шамолдаги япроқ каби
Юраккинам пирр-пир!

Қизлар ўтар, кўзларида
Олам-олам ёруғ нур.
Вужудим ўт оғушида
Ловуллайди гурр-гур!

Астагина яшириниб,
Тор туйнукдан боқаман,
Туйғуларнинг тўфонида
Қалқиб-қалқиб оқаман.

Қайси бири экан меним
Кўнглим қушин овлаган,
Сочларининг торларига
Дил риштасин бовлаган.

Ана, ана кулгичлари
Ўйнаган қиз, дирр-дир
Қалтирайди оёқларим
Қароғларим гирр-гир!

Сиғмай қолар томиримға
Мавжли-мавжли қонларим,
Бўғзим аро ҳаприқади
Чиққудайин жонларим…

Қизлар ўтар, кулгусидан
Тор кўчалар зирр-зир,
Шамолдаги япроқ каби
Юраккинам пирр-пир…

ЎТМИШДАН

Карвон кўрдим туялари бўзлаб борар…
Усмон Азим

Тушларимми бу кўрганим,
Ё ўнгимда бормикин,
Келин бўлиб кетаётган
Анов бизнинг ёрмикин!?
Маржон-маржон ёшларини
Тизиб-тизиб кетмоқда
Юрагимнинг торларини
узиб-узиб кетмоқда.

Хайр, – дединг, – қисмат экан,
Пешонада бор, – дединг,
Юраккинам сизда-ю
Ўзга менга ёр – дединг.
Хайр, – дединг, – ёт элларда,
Мангу қолиб кетарман.
Юрагимнинг қаърларида
Сизни олиб кетарман!

Хайр, – дедим, – эй дилимнинг
Илоҳаси, хайр, – дедим,
Сенсиз менга яшамоққа.
Азоб ушбу дайр, – дедим.
Энди балки учрашармиз,
Кўкка учганида жон.
Хайр сенга, гўзал малак,
Хайр, эй ёруғ жаҳон!

Қафас ичра икки юрак
Оғир-оғир пўкиллар,
Тор кўчани чангга белаб,
Нортуялар лўкиллар.

ТОНГ

Ёришмоқда осмон этаги,
Сабо елар айлаб фироғ, ноз,
Топ-тоза ва тотли ҳавода
Томоғини чаяди хўроз.

Шўхчан қушлар оғоч шохида
Сўйлай бошлар тунги тушларин.
Эринганча ажиб суҳбатга
Мудроқ итлар тутар гўшларин.

Бокира қиз – масъум атиргул,
Жилмаяди бирам фироғли,
Уятидан юзларида тер,
Баргларида ҳаё ўроғли.

Қуёш кулар – гўё бир малак,
Кўтарганча осмон этагин.
Болакайлар сўрар момодан
Давомини тунги эртагин.

Яшнаб кетар борлиқ, бу олам,
Уйғонади тириклик – ҳаёт,
Бошланади яна қайтадан
Кўп қадимий ва янги баёт.

ҚИТМИР ТУН

Қитмир тун, барчанинг кўзини юмиб,
Ойнинг жамолини кўриб ётмоқчи.
Пойига юлдуздан сочқилар сочиб
У билан жим суҳбат қуриб ётмоқчи.
Лекин мен сезиб бу туннинг шумлигин
Кўзимни юммадим, боқдим ой томон,
Дедим мен: “Зулматга бермасман ойни,
Уни қароғимда олиб ётаман”…
Бағрида ул гўзал ойни эркалаб,
Кўзларим порлади, гоҳо ёшланди.
Барибир нур сочди тунга қасдма-қасд,
Тун билан аёвсиз уруш бошланди.
Киприклар найзадек тизилди сафга,
Қошлар тортилдилар мисоли камон.
Кўзимга қоп-қора жодулар сочиб,
Тун эса ўшқирар: “Қўймасман омон”.
Нигоҳлар толдилар ойни қучоқлаб,
Ой яна қоп-қора самога учди.
Жодулаб ташлади кўзларимни тун,
Найзалар оҳиста сирғалиб тушди…

БАҲОР… МАНЗАРА

Ниқобини олди чеҳрадан,
Лол қолмишдир олам сеҳридан,
Фироғидан нангу меҳридан
Гулл-гул, гулл-гул.

Ногоҳ кўриб, бўлиб беҳуд,
Минқоридан чиқиб ўт-дуд,
Чекди минг хил нола-суруд,
Булл-бул, булл-бул.

Тош қотганда сеҳридан эл,
Пистирмадан чиқиб мисли сел,
Ифорини олиб қочди ел –
Дулл-дул, дулл-дул.

Шўх болари бўлиб огоҳ,
Ҳовлиққанча келди ногоҳ,
Бол – хазина мунча оҳ-оҳ
Мўлл-мўл, мўлл-мўл.

Ниқобини олди чеҳрадан,
Гул…

ҲОЛАТ

Ҳазин оҳанг таратади ой
Симиради ташна кўзларим
Юрагим дарз кетган, ёриқдан
Сизилиб оқади сўзларим.

Ҳазин оҳанг таратади ой,
Ёр номини пичирлаб лаби
Мунгли-мунгли қўшиқлар айтган
Чўнг девларга банди қиз каби.

Ҳазин оҳанг таратади ой…
Кўкка боқар мастона кўзлар.
Сассиз йиғлаб кетаверар у
Ҳайрон қараб қолар юлдузлар.

ИШҚ

Турбатим ичига кўмилган тиллом,
Тангри туҳфа этган энг улуғ инъом,
Алвон сандиқчада асраган дунём –
ИШҚ! ИШҚ! ИШҚ!

Сен тошни ярқироқ гавҳар этурсан,
Кимёсан, тупроқни ҳам зар этурсан,
Дилларни оловли дафтар этурсан –
ИШҚ! ИШҚ! ИШҚ!

Сенсиз зулумотдир кундуз чоғи ҳам,
Сенсиз бефайз эрур Эрам боғи ҳам,
Сен-ла тотли эрур ҳатто оғу ҳам –
ИШҚ! ИШҚ! ИШҚ!

ЭСЛАШ

Дунёнинг асрорин англаб етолган,
Мўйсафид мисоли боқиб оламга
Тураркан адоқсиз дарду аламлар
Қўшилиб оқади аччиқ жоламга.

Мен ўттиз ёшимда ўтинга
Айландим туйғусиз, қайғусиз,
Унутдир шеър билан суҳбатда
Ўтказган чоғларим уйқусиз…

Юлдузлар шунчалар фусункор эди,
Кечалар бахмалдек сирли ва майин.
Интиқиб яшардим лаҳза, кунларни
Яшагим келарди яшаган сайин.

Эсимда дашти ишқ аро сарсари
Мажнундек кезганим беҳуд, телбавор,
Эсимда номаълум, мавҳум бахт сари
Интилган чоғларим ташна умидвор…

У чоғлар севардим бахтнинг сасини,
Севардим ҳаттоки ғамни, қайғуни,
Дунёни севардим, аммо ушбу кун
Йўқотиб қўйдим мен ўша туйғуни.

Бу кун йўл четида ўлтириб маъюс,
Маънисиз боқаман кўҳна дунёга,
Кечмиш кунларимнинг тотли ёди-ла
Овуниб яшарман ширин рўёга.

ХОТИРА… БОЛАЛИК

Юлдузлар, ярқироқ юлдузлар,
Болалик чоғлари – кенг осмон.
Онадек меҳрибон ва масъум
Кўринар кўзларга бу жаҳон.

Тонг гўзал, кун ширин, тун тотли,
Ёқимли кулгулар, йиғилар.
Бу мўъжаз юракка юлдузлар,
Ҳаттоки коинот сиғилар.

Тонгда тар очилган гул каби
Гардларга, ғуборга бегона
Ўтади гўёки бир эртак,
Гўё бир сеҳрли афсона.

Юлдузлар, ярқироқ юлдузлар,
Болалик чоғлари – кенг оосмон!..

ЧУМОЛИНИНГ ИСЁНИ
(мажоз)

Жонга тегиб кетди ғимирлаб яшаш,
Чумолилар ичра – тошлар остида.
Эртадан кечгача елиш-ҳансираш.
Озиқ илинжида бир дон қасдида.

Ногаҳон хаёлга келди учмоқлик,
Қизиқдим ниначи ўйинига.
Улкан тош устига чиқдим-да, илкис
Ташладим ўзимни бўшлиқ қўйнига.

Ботиний кўзларим очилиб кетди,
Очилди кўринмас – боғлиқ қанотим.
Мен учдим илк бора, учдим сўнгги бор –
Яшиндай чақнади нурсиз ҳаётим.

Ҳарҳолда англадим дунё нелигин,
Ҳарҳолда яшадим бир лаҳза…

ИЛТИЖО

Ечил, ечил, ечил, рўмол,
Мулкин ёйсин соҳибжамол,
Аждарлари майли есин,
Юрагимни, келмас малол.

Эсгил, эсгил, эсгил, шамол,
Анбар зулфин кезгил шамол,
Димоғимга мужда келтир,
Дардларимни эзгил, шамол.

Учгил, учгил, учгил, хаёл,
Ул малакни қучгил, хаёл,
Бу вужудим қолди музлаб,
Сен уч хаёл, сен қуч хаёл!

Учгил, учгил, учгил, хаёл!..

ШОИРНИНГ ЧИРОҒИ

Шум зулмат фатҳ этган оламни тўла,
Исёнкор шуълалар сўнади секин.
Мудраган қишлоқнинг чекка уйида
Бир чироқ сўнишни уйламас лекин.

Боз зулмат кезади кенг замин узра,
Барчани ухлатур шум афсун кучи.
Бир уйда милтиллаб ёнади чироқ,
Бор каби бу қаро зулматда ўчи.

Жанг қила толиққан, чайқалур беҳол,
Мункийди бостириб келган шум боддан.
Лек яна қалқади тунга қасдма-қасд,
Бир дам ҳам бурчини чиқармай ёддан…

Тонггача туриб бер, эгмагил бўйин,
Нур ила лаҳза ҳам бўлмасин фироқ.
Зулматнинг пойига тиз чўкма сира
Шоирнинг чироғи – исёнкор чироқ!

ГУЛБАДАН

Кўксимда нимадир куймоқда,
Кўзимни ачитар тутуни.
Вужудим бир ҳисни туймоқда,
Нимадир бўлади бу туни.

Юрагим безовта чуғурлар,
Бир илон ўрмалар кулбада.
Оҳ, кеча бахтимни ўғирлар,
Ўзгага ёр бўлмиш Гулбадан!

Бағримни ёрмоқда ёр-ёрлар,
Айрилиб бормоқда жон ва тан.
Ортидан эргашиб оҳ-зорлар,
Қайларга кетмоқда Гулбадан!

Вужудим қоплагай аланга,
Бир зумда бўлади кул бу тан,
Ўт қўйиб бу сокин оламга
Қайларга кетмоқда Гулбадан!

****

Тонгда дилим майсалар узра
Шабнамларда этдим таҳорат,
Нигоҳимни артдим гулларга
Ғафлат уйин айладим ғорат.

Булбулларнинг наволарида
Юрагимни чайқаб ташладим.
Покиза тонг ҳаволарида
Димоғимни юва бошладим.

Оҳ, вужудим енгил бунчалар,
Гул барглари бўлди жойнамоз.
Ибодатни бошлагил, дилим,
Руҳим, этгил кўкларга парвоз…

Тонгда дилим майсалар узра
Шабнамларда этдим таҳорат…

ҲАСРАТЛАР ҚУЧОҒИ

Кимсасиз, қоронғу, хастаҳол кулбам,
Ҳасратлар қучоғи, бағрингни очгил,
Мен келдим – девонанг, телба хаёлкаш,
Бир тўйиб йиғлайин, меҳрингни сочгил.

Қалбимни ёндирар алам ва хўрлик,
Тошдиллар пойида топталди жоним.
Ҳеч қайда топмадим меҳр ва ҳурлик,
Фақат сен меҳрибон мўъжаз маконим.

Бир қатим нур тилаб ўсган гиёҳдай.
Меҳрга зор ўсдим, интизор ўсдим.
Ватандан айрилган дайди, саёқдай
Эзилиб йиғладим, армонлар қусдим.

Бир меҳр сўрадим, бир қатим меҳр,
Юрагим барчага кашкулдай тутиб.
Сезмади, кўрмади ҳеч кимса мени,
Кетдилар барчаси бепарво ўтиб…

Дунёлар ичида ёлғиз дунёйим,
Ҳасратлар қучоғи, бағрингни очгил,
Мен келдим – девонанг, телба хаёлкаш,
Бир тўйиб йиғлайин, меҳрингни сочгил!

КУЙЛА, ЁМҒИР

Куйла, ёмғир, куйлагил, ёмғир,
Кўк сирларин сўйлагил ёмғир,
Сен куйласанг тўй қилар руҳим,
Кел руҳимга, тўйлагил ёмғир.

Овозингда нажиб бир сеҳр,
Сеҳр эмас, ёғилар меҳр.
Ҳотам каби ҳовуч-ҳовучлаб,
Неъмат сочар гўё сипеҳр.

Мунчоқ-мунчоқ дурлар ёғилар,
Шаффоф-шаффоф нурлар ёғилар.
Ювилади юрагимдаги,
Чўнг қайғулар, зардоб, оғулар.

Куйла, ёмғир, куйлагил ёмғир…

****

Нечун тиндинг, бўронли қалбим.
Сокинликни этдинг ихтиёр.
Сенмасмидинг мангу исёнга
Азм айлаган ўша шиддаткор!?

Ё етдингми эзгу ниятга,
Аридими дунёдан кўзёш,
Ё юртингнинг хира кўкида
Порладими ҳақиқий қуёш!?

Ё енгилдинг тенгсиз бу жангда,
Чарчадингми оғир курашдан,
Чарчадингми кўкка ҳайқириб
Дунёга бахт-қувонч сўрашдан!?

Нечун тиндинг, бўронли қалбим!?

*****

Маҳзун ҳофизамнинг қаъри-қаърида
Асраб келмоқдаман бир қатим ёғду,
Умрим сарҳадидан ҳатто нарида
Сенинг қиёфангни унутмам, гулрў!

Йилларку қайтмагай, қайтмагай умр,
Ул ширин онларни топмасман, ҳайҳот,
Лекин ўшал ажиб дамларинг учун
Минг бора розиман сендан, эй ҳаёт!

055 She’r yozadigan odamning hammasi ham uni qoralab bo‘lishi bilan yugurib biron bir nashr eshigini taqillatmaydi, duch kelganga hovliqib o‘qib bermaydi. Ularning orasida she’r havasining o‘zi ilohiy tuhfa ekanini anglab, bu tuhfani zulmat ichida tinimsiz shamolu bo‘ronlar qo‘ynidagi biyobondagi yolg‘izgina o‘tovning bir burchagida jimirlab yonib turgan chiroqdan ko‘zini uzmay o‘tirgan odamday avaylab-asrab o‘tirganlar ham bor. Ular bu chiroqni yurakdagi umidday, muhabbatday, mehru oqibatday asrab yashaydilar. Ana shu umidni, muhabbatu oqibatni avaylab yashayotgan ham muvllim, ham ijodkor she’rlarini taqdim etmoqdaman.

Olim USMON
SHЕ’RLAR


Olim Usmon 1968 yilda Surxondaryo viloyatining Sho‘rchi tumanidagi Dalvarzin qishlog‘ida tug‘ilgan. 1985-1992 yillarda Toshkent davlat universiteti filologiya fakultetida tahsil olgan. O‘zbekiston fanlar akademiyasi Alisher Navoiy nomidagi adabiyot institutida aspirant, so‘ngra ilmiy xodim bo‘lib ishlagan. O‘zbekiston milliy teleradiokompaniyasida, O‘zbekiston milliy universitetida faoliyat olib borgan. Filologiya fanlari nomzodi. “Jadidlar. G‘ulom Zafariy” (2022 yil) kitobi muallifi. Hozirda u Alisher Navoiy nomidagi Toshkent davlat o‘zbek tili va adabiyoti universiteti dotsenti.


E S I N G D A M I !?

Esingdami, buloq bo‘yi…
Majnuntolni suyar edik,
Tanasini zirqiratib
Ismimizni o‘yar edik.
Keyin asta yarasiga
Lablarimiz qo‘yar edik,
Anglab bo‘lmas sirli, totli
Lazzatlarni tuyar edik.

Esingdami, buloq bo‘yi…
Bir otashda kuyar edik,
Sirli, unsiz, ko‘zlar ila
So‘ylashmoqni suyar edik.
Qaro tunlar ko‘zlarimiz qarog‘ida
Yotog‘iga oyni eltib qo‘yar edik.

Esingdami, buloq bo‘yi…
So‘nggi oqshom,
Lablaringdan titrab-titrab
Uchgan kalom.
Esingdami, majnuntolning
Tanasida
Bir-biriga singib ketgan
Ikkita nom.
E s i n g d a m i!?

ZINDONDAGI ALPOMISHNING OYBARCHINGA MAKTUBI

Qalmoq elda qolib ketdim, qarab ko‘zing toldima,
Ne janglarda g‘olib edim, qay kunlarga qoldima,
Yov yengolmay, makr bilan zindonig‘a soldima,
Qaro shomim yoritguvchi – Oybarchinim, yig‘lama,
Bahorlarni boshlab kelar – ko‘garchinim, yig‘lama!

G‘anim kuldi choh ustida, ko‘kayimni kuydirdi,
Chorasizlik ado qildi, shirin jondan to‘ydirdi,
Faqat sening xayolginang yana meni suydirdi,
Qaro shomim yoritguvchi – Oybarchinim, yig‘lama,
Bahorlarni boshlab kelar – ko‘garchinim, yig‘lama!

Bu charxi kaj kajlik etdi, yovning yuzin yorug‘ etdi,
Qizil gulday yonog‘ingni cho‘ng savdolar sarig‘ etdi,
Qay gunohlar evaziga tangrim mehrin darig‘ etdi,
Qaro shomim yoritguvchi – Oybarchinim, yig‘lama,
Bahorlarni boshlab kelar – ko‘garchinim, yig‘lama!

Mening sabrim mustahkamdir, berk toshlarni yorgusi,
Bilaklarim metin misol toshlarni qo‘porgusi,
Kutgil alping g‘olib bo‘lib, Qo‘ng‘irotga borgusi,
Qaro shomim yoritguvchi – Oybarchinim, yig‘lama,
Bahorlarni boshlab kelar – ko‘garchinim, yig‘lama!

HAJ
O‘tmishdan

Sanoqsiz tevalar tizilgan karvon,
O‘t bo‘lib yonadi sahro – bezabon,
Faqat “Alloh” – deydi nuroniy sarbon:
Yohuu! Yohuuv!! Yohuuuv!!!

Barxanlar ortida poylaydi samum,
Umidvor ko‘zlarga sochib ketar qum,
Faqat “Alloh” – deydi sarbon: “Allohim”,
Yohuu! Yohuuv!! Yohuuuv!!!

Darveshlar kashkulin to‘ldirsa-da qum,
Qaqragan lablarda o‘ynar tabassum,
Ma’shuqa nomini aylab takallum:
Yohuu! Yohuuv!! Yohuuuv!!!

Sog‘inish sadrida chiqqudayin jon,
Vayrona vujudni qistaydi chunon,
Poyonsiz sahroda ko‘tarib suron –
Yohuu! Yohuuv!! Yohuuuv!!!

Oyoqlar olovda kuyadi – jizz-jiz,
Alanga – shamollar esadi g‘izz-g‘iz,
Falakka o‘rlaydi bir otash – bir so‘z:
Yohuu! Yohuuv!! Yohuuuv!!!

FIRDAVS BOG‘LARIDA

Og‘riqlar yog‘adi jonima sim-sim,
Iloham labida inja tabassum,
Dilimga in qurib olgan qaqnusim
“Gurr” etib uchadi ko‘zimdan,
“Gurr” etib uchadi bo‘g‘zimdan!

Ko‘zlaring quyoshdir, ko‘zlaring – yaldo,
Tabassum hadya et birgina, Laylo,
Fig‘on-u otash-u, oh-u vovaylo
“Gurr” etib uchadi ko‘zimdan,
“Gurr” etib uchadi bo‘g‘zimdan!

…Firdavs bog‘larida hurlar mahfili,
Yog‘dular emishi, gullar mahfili,
Sen kelding…to‘zg‘idi malaklar eli –
“Gurr” etib uchadi jannatdan,
“Gurr” etib uchadi uyatdan!

SEN BORSAN

Me’roj kechasidek charog‘on oqshom,
Nasimlar ruhimga keltirar payg‘om,
Tuyg‘ular sochadi ko‘ksimdagi jom,
Sen borsan, sen borsan, borlig‘im!

Sukunat shovullar, imlar yulduzlar –
Samovot ko‘shkida o‘ltirgan qizlar,
Lek jonim O‘zingni, O‘zingni izlar –
Sen borsan, sen borsan, borlig‘im!

Talpinar, talpinar qoshingga ko‘ngil,
Ko‘ksimning devorin sindirib chil-chil,
Ruhimni uchirib olib ketar yel,
Sen borsan, sen borsan, borlig‘im!

Tarovat baxsh etgan sehrli kecha,
Ismingni pichirlab necha va necha,
Tonglarni oqartdim mayingdan icha,
Sen borsan, sen borsan, borlig‘im!..

O‘N OLTI YOSH

Qizlar o‘tar, kulgusidan
Tor ko‘chalar zirr-zir,
Shamoldagi yaproq kabi
Yurakkinam pirr-pir!

Qizlar o‘tar, ko‘zlarida
Olam-olam yorug‘ nur.
Vujudim o‘t og‘ushida
Lovullaydi gurr-gur!

Astagina yashirinib,
Tor tuynukdan boqaman,
Tuyg‘ularning to‘fonida
Qalqib-qalqib oqaman.

Qaysi biri ekan menim
Ko‘nglim qushin ovlagan,
Sochlarining torlariga
Dil rishtasin bovlagan.

Ana, ana kulgichlari
O‘ynagan qiz, dirr-dir
Qaltiraydi oyoqlarim
Qarog‘larim girr-gir!

Sig‘may qolar tomirimg‘a
Mavjli-mavjli qonlarim,
Bo‘g‘zim aro hapriqadi
Chiqqudayin jonlarim…

Qizlar o‘tar, kulgusidan
Tor ko‘chalar zirr-zir,
Shamoldagi yaproq kabi
Yurakkinam pirr-pir…

O‘TMISHDAN

Karvon ko‘rdim tuyalari bo‘zlab borar…
Usmon Azim

Tushlarimmi bu ko‘rganim,
Yo o‘ngimda bormikin,
Kelin bo‘lib ketayotgan
Anov bizning yormikin!?
Marjon-marjon yoshlarini
Tizib-tizib ketmoqda
Yuragimning torlarini
uzib-uzib ketmoqda.

Xayr, – deding, – qismat ekan,
Peshonada bor, – deding,
Yurakkinam sizda-yu
O‘zga menga yor – deding.
Xayr, – deding, – yot ellarda,
Mangu qolib ketarman.
Yuragimning qa’rlarida
Sizni olib ketarman!

Xayr, – dedim, – ey dilimning
Ilohasi, xayr, – dedim,
Sensiz menga yashamoqqa.
Azob ushbu dayr, – dedim.
Endi balki uchrasharmiz,
Ko‘kka uchganida jon.
Xayr senga, go‘zal malak,
Xayr, ey yorug‘ jahon!

Qafas ichra ikki yurak
Og‘ir-og‘ir po‘killar,
Tor ko‘chani changga belab,
Nortuyalar lo‘killar.

TONG

Yorishmoqda osmon etagi,
Sabo elar aylab firog‘, noz,
Top-toza va totli havoda
Tomog‘ini chayadi xo‘roz.

Sho‘xchan qushlar og‘och shoxida
So‘ylay boshlar tungi tushlarin.
Eringancha ajib suhbatga
Mudroq itlar tutar go‘shlarin.

Bokira qiz – mas’um atirgul,
Jilmayadi biram firog‘li,
Uyatidan yuzlarida ter,
Barglarida hayo o‘rog‘li.

Quyosh kular – go‘yo bir malak,
Ko‘targancha osmon etagin.
Bolakaylar so‘rar momodan
Davomini tungi ertagin.

Yashnab ketar borliq, bu olam,
Uyg‘onadi tiriklik – hayot,
Boshlanadi yana qaytadan
Ko‘p qadimiy va yangi bayot.

QITMIR TUN

Qitmir tun, barchaning ko‘zini yumib,
Oyning jamolini ko‘rib yotmoqchi.
Poyiga yulduzdan sochqilar sochib
U bilan jim suhbat qurib yotmoqchi.
Lekin men sezib bu tunning shumligin
Ko‘zimni yummadim, boqdim oy tomon,
Dedim men: “Zulmatga bermasman oyni,
Uni qarog‘imda olib yotaman”…
Bag‘rida ul go‘zal oyni erkalab,
Ko‘zlarim porladi, goho yoshlandi.
Baribir nur sochdi tunga qasdma-qasd,
Tun bilan ayovsiz urush boshlandi.
Kipriklar nayzadek tizildi safga,
Qoshlar tortildilar misoli kamon.
Ko‘zimga qop-qora jodular sochib,
Tun esa o‘shqirar: “Qo‘ymasman omon”.
Nigohlar toldilar oyni quchoqlab,
Oy yana qop-qora samoga uchdi.
Jodulab tashladi ko‘zlarimni tun,
Nayzalar ohista sirg‘alib tushdi…

BAHOR… MANZARA

Niqobini oldi chehradan,
Lol qolmishdir olam sehridan,
Firog‘idan nang-u mehridan
Gull-gul, gull-gul.

Nogoh ko‘rib, bo‘lib behud,
Minqoridan chiqib o‘t-dud,
Chekdi ming xil nola-surud,
Bull-bul, bull-bul.

Tosh qotganda sehridan el,
Pistirmadan chiqib misli sel,
Iforini olib qochdi el –
Dull-dul, dull-dul.

Sho‘x bolari bo‘lib ogoh,
Hovliqqancha keldi nogoh,
Bol – xazina muncha og‘-oh
Mo‘ll-mo‘l, mo‘ll-mo‘l.

Niqobini oldi chehradan,
Gul…

HOLAT

Hazin ohang taratadi oy
Simiradi tashna ko‘zlarim
Yuragim darz ketgan, yoriqdan
Sizilib oqadi so‘zlarim.

Hazin ohang taratadi oy,
Yor nomini pichirlab labi
Mungli-mungli qo‘shiqlar aytgan
Cho‘ng devlarga bandi qiz kabi.

Hazin ohang taratadi oy…
Ko‘kka boqar mastona ko‘zlar.
Sassiz yig‘lab ketaverar u
Hayron qarab qolar yulduzlar.

ISHQ

Turbatim ichiga ko‘milgan tillom,
Tangri tuhfa etgan eng ulug‘ in’om,
Alvon sandiqchada asragan dunyom –
ISHQ! ISHQ! ISHQ!

Sen toshni yarqiroq gavhar etursan,
Kimyosan, tuproqni ham zar etursan,
Dillarni olovli daftar etursan –
ISHQ! ISHQ! ISHQ!

Sensiz zulumotdir kunduz chog‘i ham,
Sensiz befayz erur Eram bog‘i ham,
Sen-la totli erur hatto og‘u ham –
ISHQ! ISHQ! ISHQ!

ESLASH

Dunyoning asrorin anglab yetolgan,
Mo‘ysafid misoli boqib olamga
Turarkan adoqsiz dard-u alamlar
Qo‘shilib oqadi achchiq jolamga.

Men o‘ttiz yoshimda o‘tinga
Aylandim tuyg‘usiz, qayg‘usiz,
Unutdir she’r bilan suhbatda
O‘tkazgan chog‘larim uyqusiz…

Yulduzlar shunchalar fusunkor edi,
Kechalar baxmaldek sirli va mayin.
Intiqib yashardim lahza, kunlarni
Yashagim kelardi yashagan sayin.

Esimda dashti ishq aro sarsari
Majnundek kezganim behud, telbavor,
Esimda noma’lum, mavhum baxt sari
Intilgan chog‘larim tashna umidvor…

U chog‘lar sevardim baxtning sasini,
Sevardim hattoki g‘amni, qayg‘uni,
Dunyoni sevardim, ammo ushbu kun
Yo‘qotib qo‘ydim men o‘sha tuyg‘uni.

Bu kun yo‘l chetida o‘ltirib ma’yus,
Ma’nisiz boqaman ko‘hna dunyoga,
Kechmish kunlarimning totli yodi-la
Ovunib yasharman shirin ro‘yoga.

XOTIRA… BOLALIK

Yulduzlar, yarqiroq yulduzlar,
Bolalik chog‘lari – keng osmon.
Onadek mehribon va mas’um
Ko‘rinar ko‘zlarga bu jahon.

Tong go‘zal, kun shirin, tun totli,
Yoqimli kulgular, yig‘ilar.
Bu mo‘‘jaz yurakka yulduzlar,
Hattoki koinot sig‘ilar.

Tongda tar ochilgan gul kabi
Gardlarga, g‘uborga begona
O‘tadi go‘yoki bir ertak,
Go‘yo bir sehrli afsona.

Yulduzlar, yarqiroq yulduzlar,
Bolalik chog‘lari – keng oosmon!..

CHUMOLINING ISYONI
(majoz)

Jonga tegib ketdi g‘imirlab yashash,
Chumolilar ichra – toshlar ostida.
Ertadan kechgacha elish-hansirash.
Oziq ilinjida bir don qasdida.

Nogahon xayolga keldi uchmoqlik,
Qiziqdim ninachi o‘yiniga.
Ulkan tosh ustiga chiqdim-da, ilkis
Tashladim o‘zimni bo‘shliq qo‘yniga.

Botiniy ko‘zlarim ochilib ketdi,
Ochildi ko‘rinmas – bog‘liq qanotim.
Men uchdim ilk bora, uchdim so‘nggi bor –
Yashinday chaqnadi nursiz hayotim.

Harholda angladim dunyo neligin,
Harholda yashadim bir lahza…

ILTIJO

Yechil, yechil, yechil, ro‘mol,
Mulkin yoysin sohibjamol,
Ajdarlari mayli yesin,
Yuragimni, kelmas malol.

Esgil, esgil, esgil, shamol,
Anbar zulfin kezgil shamol,
Dimog‘imga mujda keltir,
Dardlarimni ezgil, shamol.

Uchgil, uchgil, uchgil, xayol,
Ul malakni quchgil, xayol,
Bu vujudim qoldi muzlab,
Sen uch xayol, sen quch xayol!

Uchgil, uchgil, uchgil, xayol!..

SHOIRNING CHIROG‘I

Shum zulmat fath etgan olamni to‘la,
Isyonkor shu’lalar so‘nadi sekin.
Mudragan qishloqning chekka uyida
Bir chiroq so‘nishni uylamas lekin.

Boz zulmat kezadi keng zamin uzra,
Barchani uxlatur shum afsun kuchi.
Bir uyda miltillab yonadi chiroq,
Bor kabi bu qaro zulmatda o‘chi.

Jang qila toliqqan, chayqalur behol,
Munkiydi bostirib kelgan shum boddan.
Lek yana qalqadi tunga qasdma-qasd,
Bir dam ham burchini chiqarmay yoddan…

Tonggacha turib ber, egmagil bo‘yin,
Nur ila lahza ham bo‘lmasin firoq.
Zulmatning poyiga tiz cho‘kma sira
Shoirning chirog‘i – isyonkor chiroq!

O‘TINCH

Makonim bo‘lmadi ma’bad, musallo,
May jomi ilkimda kezdim benavo.
Bir kun ostonangda ko‘tarsam g‘avg‘o
Qabul etarmisan o‘tinchim!

Sog‘inish sadrida chiqib ketsa jon,
Makonim bo‘lsa gar bahri lomakon,
Vasling deb samoda ko‘tarsam suron
Qabul etarmisan o‘tinchim!

To‘kilib tugasa ashkim dengizi,
Nurini yo‘qotsa chashmim yulduzi,
Ohimdan erisa ostonang muzi
Qabul etarmisan o‘tinchim!

Bu dayri fanodan kechib yuborsam,
Jon qushin domidan echib yuborsam,
Turbatim tashlasam, uchib yuborsam
Qabul etarmisan o‘tinchim!

GULBADAN

Ko‘ksimda nimadir kuymoqda,
Ko‘zimni achitar tutuni.
Vujudim bir hisni tuymoqda,
Nimadir bo‘ladi bu tuni.

YUragim bezovta chug‘urlar,
Bir ilon o‘rmalar kulbada.
Oh, kecha baxtimni o‘g‘irlar,
O‘zgaga yor bo‘lmish Gulbadan!

Bag‘rimni yormoqda yor-yorlar,
Ayrilib bormoqda jon va tan.
Ortidan ergashib oh-zorlar,
Qaylarga ketmoqda Gulbadan!

Vujudim qoplagay alanga,
Bir zumda bo‘ladi kul bu tan,
O‘t qo‘yib bu sokin olamga
Qaylarga ketmoqda Gulbadan!

****

Tongda dilim maysalar uzra
Shabnamlarda etdim tahorat,
Nigohimni artdim gullarga
G‘aflat uyin ayladim g‘orat.

Bulbullarning navolarida
Yuragimni chayqab tashladim.
Pokiza tong havolarida
Dimog‘imni yuva boshladim.

Oh, vujudim engil bunchalar,
Gul barglari bo‘ldi joynamoz.
Ibodatni boshlagil, dilim,
Ruhim, etgil ko‘klarga parvoz…

Tongda dilim maysalar uzra
Shabnamlarda etdim tahorat…

HASRATLAR QUCHOG‘I

Kimsasiz, qorong‘u, xastahol kulbam,
Hasratlar quchog‘i, bag‘ringni ochgil,
Men keldim – devonang, telba xayolkash,
Bir to‘yib yig‘layin, mehringni sochgil.

Qalbimni yondirar alam va xo‘rlik,
Toshdillar poyida toptaldi jonim.
Hech qayda topmadim mehr va hurlik,
Faqat sen mehribon mo‘‘jaz makonim.

Bir qatim nur tilab o‘sgan giyohday.
Mehrga zor o‘sdim, intizor o‘sdim.
Vatandan ayrilgan daydi, sayoqday
Ezilib yig‘ladim, armonlar qusdim.

Bir mehr so‘radim, bir qatim mehr,
Yuragim barchaga kashkulday tutib.
Sezmadi, ko‘rmadi hech kimsa meni,
Ketdilar barchasi beparvo o‘tib…

Dunyolar ichida yolg‘iz dunyoyim,
Hasratlar quchog‘i, bag‘ringni ochgil,
Men keldim – devonang, telba xayolkash,
Bir to‘yib yig‘layin, mehringni sochgil!

KUYLA, YOMG‘IR

Kuyla, yomg‘ir, kuylagil, yomg‘ir,
Ko‘k sirlarin so‘ylagil yomg‘ir,
Sen kuylasang to‘y qilar ruhim,
Kel ruhimga, to‘ylagil yomg‘ir.

Ovozingda najib bir sehr,
Sehr emas, yog‘ilar mehr.
Hotam kabi hovuch-hovuchlab,
Ne’mat sochar go‘yo sipehr.

Munchoq-munchoq durlar yog‘ilar,
SHaffof-shaffof nurlar yog‘ilar.
YUviladi yuragimdagi,
CHo‘ng qayg‘ular, zardob, og‘ular.

Kuyla, yomg‘ir, kuylagil yomg‘ir…

NADOMAT

Qo‘y, o‘zingni aldama hech,
U qaytmagay, anglading kech.
Behudadir taskin, o‘kinch –
Osmoningdan ketdi Zuhro.

Endi yig‘la, yig‘i darmon,
Kechalaring to‘la armon,
Ko‘zyoshlaring karvon-karvon –
O‘tlig‘ yuzing bo‘ldi sahro.

Nedan g‘amga to‘lganlaring,
Yig‘lab, yana kulganlaring,
Devonavash bo‘lganlaring –
Kuydimi yo qonu safro!?

Bu dahri dun shafqat bilmas,
Fig‘oningga nazar qilmas,
Ip uzilgan, ulab bo‘lmas,
SHudir qonun dahr aro.

Qo‘y, o‘zingni aldama hech…

****

Nechun tinding, bo‘ronli qalbim.
Sokinlikni etding ixtiyor.
Senmasmiding mangu isyonga
Azm aylagan o‘sha shiddatkor!?

Yo yetdingmi ezgu niyatga,
Aridimi dunyodan ko‘zyosh,
Yo yurtingning xira ko‘kida
Porladimi haqiqiy quyosh!?

Yo yengilding tengsiz bu jangda,
Charchadingmi og‘ir kurashdan,
Charchadingmi ko‘kka hayqirib
Dunyoga baxt-quvonch so‘rashdan!?

Nechun tinding, bo‘ronli qalbim!?

*****

Mahzun hofizamning qa’ri-qa’rida
Asrab kelmoqdaman bir qatim yog‘du,
Umrim sarhadidan hatto narida
Sening qiyofangni unutmam gulro‘!

Yillarku qaytmagay, qaytmagay umr,
Ul shirin onlarni topmasman, hayhot,
Lekin o‘shal ajib damlaring uchun
Ming bora roziman sendan, ey hayot!

087

(Tashriflar: umumiy 279, bugungi 1)

Izoh qoldiring