Abduhamid Pardayev. Yangi to’rtliklar

722 Таниқли шоир ва таржимон Абдуҳамид Пардаевнинг тўртлик ва рубоийларини тақдим этамиз.

Абдуҳамид ПАРДАЕВ
ТЎРТЛИКЛАР


Абдулҳамид Парда 1958 йил 17 январда Тошкент вилоятида туғилган. Тошкент давлат университетининг журналистика факультетини тамомлаган. «Ўзтелерадиокомпания»да мухбир, таржимон, катта муҳаррир, «Ўзбекистон матбуоти» журнали бўлим муҳаррири, «Ишонч» газетасида мухбир, масъул котиб, «Жаҳон адабиёти» журналида бўлим муҳаррири, масъул котиб бўлиб ишлаган.
“Олтин беланчак” (1988), “Таҳаммул” (1997), “Муножот” (2000), “Соҳил оҳанглари” (2004), “Дўстнома” (2008), “Чорлов” (2008), “Ичсўз ифшоси” (2008) шеърий тўпламлари ва “Севги санъати” (2011) фалсафий рисолалари чоп этилган.
Абдулҳамид Парда Индонезия ёзувчиси Марах Руслининг “Ситти Нурбая” романини, рус ёзувчиси Владимир Куниннинг “Балойи нафс” қиссасини, АҚШ ёзувчиси Сол Беллоунинг “Фурсат ғанимат” қиссасини, Ливан ёзувчиси Жуброн Халил Жуброннинг “Қўшиқлар”ини, шунингдек, Жон Донн, Ж. Байрон, Шелли, Жон Китс, Р. Тагор, А. Пушкин, А. Блок каби шоирларнинг шеърларини ўзбек тилига таржима қилган.



Ҳаёт деб аталган айни чаманда,
Эл ичра бўлмайин десанг гар ханда.
Каттами-кичикми – ҳар битта ишни
Доим “Бисмилло…” деб бошла, эй банда.

Шукур, меҳрибонлар йўқ эмас холис,
Дафъатан ром қилар самимий сеҳри.
Қуёш каби гарчи бўлса ҳам олис,
Қуёшдай иситар самимий меҳри.

Жаннат сўрамасман, Тангри таоло,
Ҳурлар висолин ҳам сўрамасман ҳеч.
Боғи беҳишт каби Ватаним аъло,
Парвона фаришта-ҳурлар эрта-кеч.

Гарчи гуноҳкорман мен ҳам албатта,
Лутфингдан умидим катта, Оллоҳим.
Лутфинг қаршисида тоғлардан катта,
Заррача ҳам эмас барча гуноҳим.

Яхшиликка йўйгин шамолимни ҳам,
Ўзинг юксалтиргин камолимни ҳам.
Оқартирган каби сочу соқолим,
Оқартир номаи аъмолимни ҳам.

Биз севмаган қизнинг вафоси
Жабру жафо бўлар шубҳасиз.
Биз севганнинг ҳатто жафоси
Меҳру вафо бўлар шубҳасиз.

Баъзида сийлаймиз итдай ҳурганни,
Гоҳ писанд қилмаймиз офтобу ойни.
Пайғамбар туртгандай Худо урганни,
Камбағални жеркиб, алқаймиз бойни.

Одамзот нафси ҳам гўё айғир от,
Жиловлай олмаган барбод бўлади.
Ва лекин мардона жиловлаган зот,
Лочиндай юксалиб озод бўлади.

Фирдавсий тирилса мўъжиза бўлиб,
Сира ҳам ёзмасди гўзал “Шоҳнома”.
Шоҳлар қилмишидан ғазабга тўлиб,
Лаънатлаб ёзарди “Каламушнома”.

Демасман: шоирман – олам сирлари,
Имкон қадар аён, қанчасин билдим.
Сўзладилар илҳом фаришталари,
Мен фақат уларга котиблик қилдим.

Чавандоз бошқара олмас аксари,
Жиловсиз ҳаттоки юввош отни ҳам.
Бўш қўйсанг, ҳаддидан ошар сарсари
Жиловламоқ керак қай бир зотни ҳам.

Золимлар ашаддий ғаним деб билиб,
Шоҳ Машрабни дорга осган эдилар.
Ворислари қасддан бағримиз тилиб,
Бошимизни зимдан маънан едилар.

Тарихда юзлаб шоҳ, хон кўринади,
Қанчасин бошида шон кўринади.
Ва лекин, во дариғ, қассоб сингари
Аксарининг қўли қон кўринади.

Нетайки, сира ҳам ҳаловатим йўқ,
Умиду ишончим янчилар, ё Раб.
Дунё қай жойида отилмасин ўқ,
Менинг юрагимга санчилар, ё Раб!

Табиатда бари жойи-жойида,
Каттаю кичикка аён бу нақл:
Ҳеч арслон тиз чўкмас итнинг пойида,
Ҳеч ит ҳам арслонга ўргатмас ақл.

Ҳамроҳ қилса ҳам гоҳ муттаҳам харга,
Дучор қилса ҳам гоҳ тасқара ғарга;
Гирифтор қилмасин Тангри таоло
Имонсиз сиёсий фоҳишаларга.

Силлиқ суврат билан арбобга ўхшар,
Кўплаб ваъда билан аҳбобга ўхшар.
Шайтоний сийрати билан, алҳазар,
Қассоб қўлидаги асбобга ўхшар!

Майли, олам барча жумбоқларин еч,
Илоҳий ишларга аралашма ҳеч.
Аксинча, учрайсан Тангри қаҳрига,
Қанча дод солсанг ҳам сўзсиз бўлар кеч.

Айёр тулки ишин қилади айёр,
Тулки каби алдаб шилади айёр.
Илон каби аврай-аврай, дафъатан,
Бағрингни пичоқсиз тилади айёр.

Қушлар яшай олмас бошпана-инсиз,
Пичоқ ўтмаслашар ғилофсиз-қинсиз.
Одамзод йўқотар одамийлигин
Имону эътиқод, ҳақиқий динсиз.

Бошимда йилларнинг қори бор, қори,
Кўнглимда минг армон зори бор, зори.
Кучдан қолди дема мени кексайиб,
Ҳамон қалбимда ишқ нори бор, нори!

Бу дунё беш кунлик бўстон бўлади,
Ҳар ким унда беш кун меҳмон бўлади.
Агар шарҳ қилсалар айни беш кунни
Юзлаб “Шаҳнома”дай достон бўлади.

Чаён каби ниши бўлса кишини,
Доим ҳушёр кузат ҳар бир ишини.
Қулай имконият бўлгани ҳамон,
Чаёндай санчишни ўйлар нишини.

Ҳаётда ғарибу бор ҳам ёнади,
Ҳаттоки номусу ор ҳам ёнади.
Иложи бўлмаган бирон-бир иш йўқ,
Қаловин топсанг гар қор ҳам ёнади.

Зиёда эътибор ҳеч керак эмас,
Менга меҳр қўйгин демасман зинҳор.
Сен менга нисбатан одил бўлсанг бас,
Зотан, одилликда муҳаббат ҳам бор.

Гарчи замоннинг на катта бойимиз,
Гарчи на султондай офтоб-ойимиз.
Ҳар икки оламда армонимиз йўқ,
Машрабдай Яратган эркатойимиз.

Чорласанг, улфати чор етиб келар,
Дўстлар дийдорига зор етиб келар.
Машраблик даъвосин қилмагин зинҳор,
Аксинча, бошингга дор етиб келар.

Бошинг қотирмасин шоми иқболнинг,
Пойингдан тортмасин коми иқболнинг.
Ёр васлин шароби мастона қилиб,
Мудом маст айласин жоми иқболнинг.

Ё Раб, ҳолим хароб, жуда ҳам йироқ,
Ёр билан олисда, узоқда жоним.
Бошим олиб кетмай дейману бироқ
Ёрим пойидаги тузоқда жоним.

Бошимга ёғмасин десанг агар тош,
Заррача айбинг ҳам қилма асло фош.
Игнадай айбингни туядай қилар,
Ғийбатга жуда ўч каслар бор бебош.

Наинки жаннатдай маконинг бўлсин,
Наинки шавкатли замонинг бўлсин.
Ҳар қандай макону замон ичра ҳам
Собит имон, тоза виждонинг бўлсин.

Имон-эътиқоди мустаҳкам, тоза,
Комил инсонлардан олсанг андоза;
Қошингда очилса, не ажаб, ҳатто,
Арши аълодаги олий дарвоза.

Орзу билан уйқуга ётгин,
Мақсад билан уйқудан уйғон.
Чўққиларни шитоб забт этгин,
Таъзим қилсин қошингда осмон.

Дуо кетган азал бу сўқир элга,
Заҳмат чекар аксар зўр келар белга.
Жуда дабдабали тўй қилиб бутун,
Топган-тутганини совурар елга.

Бор гапни айтсам гар хулласи калом:
Бу дунёга келиб дедим: “Ассалом!”
Саломимга алик олиб улгармай
Ҳаётим тугади. Тамом-вассалом!..

Зинҳор вафо қилмас ҳаёт бешиги,
Мудом очиқ дунё икки эшиги.
Барчани бирма-бир ямламай ютар,
Қабрлар – заминнинг ўпқон тешиги.

Демагин шаробни – бизларга ёт у,
Шавқу завқ бағишлар мисли баёт у.
Умар Ҳайём билиб айтган, эй дўстим,
Ғамдан халос қилар оби ҳаёт у!

Ўйлама: “Қовундай пишиб банд берар!”
Хомтама бўлмагин: “Шакар-қанд берар!”
Сенга бир бора панд берган лўттибоз,
Қўйиб берсанг яна юз бор панд берар.

Оғир кунда бир бор йўқламас жигар,
Кунингга яраган дигар бўлади.
Туғишган жигаринг бегона-дигар,
Дигар туғишгандай жигар бўлади.

Ижод ҳам мисоли тоат-ибодат,
Насиб этсин десанг бахту саодат,
Жисмонан ва руҳан покиза бўлиб,
Ижод қилишни сен қилгайсан одат.

Одамзот атвори қилмасин ҳайрон,
Юрагинг сира ҳам бўлмасин вайрон.
Оллоҳ жилвагоҳи гар кўнгли унинг,
Ва лекин қонида муҳайё шайтон.

Баҳор каби салқин кузнинг ҳавоси,
Баҳорга ҳам ўхшар қай бир навоси.
Ва лекин ҳар қанча сўлим бўлмасин,
Баҳордай минг дарднинг бўлмас давоси.

Кўнглингни кенг қилгин, сира ғам ема,
Ҳаёт-мамот сири – жумбоқ савол бу.
Куз. “Ерни хазонлар қоплади!” дема,
Хазонлар эмас ҳеч, муҳри завол бу.

Ўртанма, жонингга жабр бўлади,
Аксар дард давоси сабр бўлади.
“Уйим-жойим!..” дема қиёмат қадар,
Ҳар банда чин уйи қабр бўлади.

Ақлим бор ҳаётим обод қилади,
Ҳатто ишқ дардидан озод қилади.
Шайдо кўнглим сарбоз ишқ лашкарига
Барчасин бошидан барбод қилади.

Жуда ҳам бешафқат ўрмон қонуни,
Ўрмон аҳли яхши билади уни.
Ожиз бўлса агар қайси бир ҳайвон,
Биринчи галда у бўлади қурбон.

“Камина жуда ҳам ҳушёр!” демагин,
“Тоат-ибодатим бисёр!” демагин.
Тангри ўзи билиб ҳукм қилади,
Кимни ёрлақашни Ўзи билади.

Жўмардлик ирсият ва қонда бўлар,
Ҳимоя мустаҳкам қалқонда бўлар.
Сира ҳам алданма текин луқмага,
Текин луқма фақат қапқонда бўлар.

Турли касалликлар бисёр баданда,
Қаридим, қувват йўқ чалажон танда.
Не ажаб, тарк қилса жисмимни жоним,
Жон қандай яшайди вайрон ватанда?!

Кишан дема зинҳор – тавқи бу ишқнинг,
Азоб дема зинҳор – завқи бу ишқнинг.
Куйлар ишқ завқини шеъру ашъорим,
Шеъру ашъор дема – шавқи бу ишқнинг!

Мудом оҳ чекарман Тангрига нолиб,
Гоҳида ақлиму гоҳ кўнглим ғолиб.
Зиддиятли ҳаёт жангоҳи ичра
Сочим оқарса ҳам толибман, толиб.

Тоғлар пойи адир-қирли бўлади,
Худо ёрлақаган пирли бўлади.
Тарихий шахсларнинг бутун ҳаёти,
Ҳатто мамоти ҳам сирли бўлади.

Йиғлайди одамлар саломати ҳам,
Кўз ёши банданинг маломати ҳам.
Кексалар кўзида ҳалқаланса гар
Видою алвидо аломати ҳам.

Бу дунё омонат беш кунлик баёт,
Синов-имтиҳондан иборат ҳаёт.
Беш кунлик дунёда ўт ва сув, туҳмат,
Қарғиш балосидан бўлгин эҳтиёт.

Қабристонга дўнди юрагим тайин,
Қабрлар кўпайиб борар кун сайин.
Юзлаб қабр ичра, ё Оллоҳ-Оллоҳ,
Ўзим ҳам қабрга дўнмай нетайин.

Қабул қил ибодат, тавобимизни,
Осон қил саволу жавобимизни.
Қиёматда барча гуноҳимиздан
Зиёда ҳисобла савобимизни.

Бепоён ос(и)мон кенгга ўхшайди,
Мунаввар оф(и)тоб сенга ўхшайди.
Мунаввар офтобнинг нурига ташна
Ғамгин, бағрихун ой менга ўхшайди.

Осмонда офтобу оймомо – чироқ,
Заминда дарди ишқ – висол ва фироқ.
Бунда насиб қилмас ҳеч кимга қисмат
Висолу фироқдан кўра яхшироқ.

Ким қора кўнглига нур талаб қилар,
Давлатли бўлса ҳам дур талаб қилар.
Шайтондан ҳам баттар феълу атвори,
Ёстиқдошлик учун ҳур талаб қилар.

Юзингда юлдуздай доим гул ханда,
Офтобдай ёритгин ўнгу сўлингни.
Ҳаёт зулматида адашган банда,
Тўғри йўлин топсин тутиб қўлингни.

Ишонмам десанг ҳам: саркаш теваси,
Отни ҳам ҳуркитар қўпол шеваси.
Ахир у фарзанди яхши одамнинг,
Ёмон бўлмас яхши дарахт меваси.

Аё дўст, токи шу танда бўламиз,
“Ошиқ?!” деб эл ичра ханда бўламиз.
“Бандам!” демаса ҳам гар бағритош ёр,
Биз унга ҳамиша банда бўламиз.

Дафъатан юрагинг ғам билан тўлса,
Демагин: одамлар бўстон қилади.
Юзта фазилату бир айбинг бўлса,
Улар шу бир айбинг достон қилади.

Таърифлай олмайман телба фолини,
Асалари дейман ундай кишини.
Ўзгаларга бериб барча болини,
Бизларга санчади фақат нишини.

Йўқолсин душманлик, маломат тоши,
Бирлашсин жамики халқларнинг боши.
Оға-ини барча қарию ёши,
Заминда порласин иқбол қуёши.

Қор каби беғубор номусу оринг,
Ҳурдай покизалик бўлсин шиоринг.
Сира ҳам демагин: нуқтадай доғ у,
Сувни заҳарлайди бир томчи оғу.

Аввалу охир деб қайғурма асло,
Ботину зоҳир деб қайғурма асло.
Барча-барчасига наққоши азал
Муттасил берар зеб, қайғурма асло.

Қаридим оқариб сочу соқолим,
Айтинг, бу дунёда ким ҳам қаримас.
Ниҳоят мен англаб етган мақолим:
Ишқ дарди қарисанг ҳам ҳеч аримас.

Юрагимда ишқу муҳаббатим мўл,
Юрагимда иқбол қасри сари йўл.
Бошлаб боражакман иқбол қасрига
Менга ихлос билан узатсанг гар қўл.

Ногоҳ бир айб билан бўлсанг гар бадном,
Одамлар сендан воз кечар батамом.
Фақат Оллоҳ сендан сира воз кечмас,
Фақат тавба қилсанг бўлди басма-бас.

Ғафлатзада банда кулмас иқболи,
Ғафлат азал ҳар бир банда заволи.
Улар аксарият Тангридан йироқ,
Худо дейди фақат танг бўлса ҳоли.

Оламу одамга бегоналармиз,
Шамнинг шуъласига парвоналармиз.
Гулларнинг ҳуснию атридан сармаст,
Булбулдай мастона девоналармиз.

Мақтаб-мақтаб ейди бор асалингни,
Мақтаб-мақтаб тинглар ҳар масалингни.
Ва лекин унутиб иккисини ҳам
Элга фош қилади бор касалингни!

Дарҳол айбламанг гар қилсам хато,
Бандаси ҳеч яшай олмас бехато.
Бобомерос хато қилмоқ биз учун,
Хато қилган ҳатто, бас, Одам Ато.

Оташу аланга ўчоғингдадир,
Жаннат айши қайноқ қучоғингдадир.
Во дариғ, биз учун армон барчаси
Ҳатто хаёл етмас учоғингдадир!

Сув ўрнига ичганимиз сут бўлди,
Сут бизларга кучу қувват, қут бўлди.
Ишқ туфайли бир парча эт қалбимиз,
Дуру гавҳар бўлди, ҳам ёқут бўлди!

Ишим йўқ нариси-бериси билан,
Ҳануз авжида кўпкариси билан.
Яратган эгамга минг ҳамду сано,
Никоҳлаган илҳом париси билан.

Демасман мен сенга бу жумбоқни еч,
Яхшиси бошингни қотирмасдан кеч.
Куйиниб ҳар қанча гапирсанг ҳамки,
Аҳмоқ нодонлигин тан олмайди ҳеч.

Айрим фикрлардан йироқ бўл, йироқ,
Қуруқ гап билан ҳеч ҳамён тўлмайди.
Силлиқласа бўлар тошни ҳам бироқ,
Эгри одамни ҳеч ўнглаб бўлмайди.

Ким бировга бирон нарса кўзласа,
Кўзлагани сўзсиз ўзига қайтар.
Ранжима гар дўстинг аччиқ сўзласа,
Чин дилдан ачинган аччиқ сўз айтар.

Асримиз бир гарчи йилимиз бошқа,
Тилимиз бир гарчи дилимиз бошқа.
Сиз зўру зар дейсиз, бизлар – дарди ишқ,
Кўзларга тортилган милимиз бошқа

Заволим ким учун озор бўлади,
Савобталаб учун бозор бўлади.
Ҳеч қайга кетмасман сизларни ташлаб,
Фақат ётар жойим мозор бўлади.

Taniqli shoir va tarjimon Abduhamid Pardayevning to‘rtlik va ruboiylarini taqdim etamiz.

Abduhamid PARDAYEV
TO‘RTLIKLAR


   Abdulhamid Parda 1958 yil 17 yanvarda Toshkent viloyatida tug‘ilgan. Toshkent davlat universitetining jurnalistika fakultetini tamomlagan. «O‘zteleradiokompaniya»da muxbir, tarjimon, katta muharrir, «O‘zbekiston matbuoti» jurnali bo‘lim muharriri, «Ishonch» gazetasida muxbir, mas’ul kotib, «Jahon adabiyoti» jurnalida bo‘lim muharriri, mas’ul kotib bo‘lib ishlagan.
“Oltin belanchak” (1988), “Tahammul” (1997), “Munojot” (2000), “Sohil ohanglari” (2004), “Do‘stnoma” (2008), “Chorlov” (2008), “Ichso‘z ifshosi” (2008) she’riy to‘plamlari va “Sevgi san’ati” (2011) falsafiy risolalari chop etilgan.
Abdulhamid Parda Indoneziya yozuvchisi Marax Ruslining “Sitti Nurbaya” romanini, rus yozuvchisi Vladimir Kuninning “Baloyi nafs” qissasini, AQSH yozuvchisi Sol Bellouning “Fursat g‘animat” qissasini, Livan yozuvchisi Jubron Xalil Jubronning “Qo‘shiqlar”ini, shuningdek, Jon Donn, J. Bayron, Shelli, Jon Kits, R. Tagor, A. Pushkin, A. Blok kabi shoirlarning she’rlarini o‘zbek tiliga tarjima qilgan.



Hayot deb atalgan ayni chamanda,
El ichra bo‘lmayin desang gar xanda.
Kattami-kichikmi – har bitta ishni
Doim “Bismillo…” deb boshla, ey banda.

Shukur, mehribonlar yo‘q emas xolis,
Daf’atan rom qilar samimiy sehri.
Quyosh kabi garchi bo‘lsa ham olis,
Quyoshday isitar samimiy mehri.

Jannat so‘ramasman, Tangri taolo,
Hurlar visolin ham so‘ramasman hech.
Bog‘i behisht kabi Vatanim a’lo,
Parvona farishta-hurlar erta-kech.

Garchi gunohkorman men ham albatta,
Lutfingdan umidim katta, Ollohim.
Lutfing qarshisida tog‘lardan katta,
Zarracha ham emas barcha gunohim.

Yaxshilikka yo‘ygin shamolimni ham,
O‘zing yuksaltirgin kamolimni ham.
Oqartirgan kabi sochu soqolim,
Oqartir nomai a’molimni ham.

Biz sevmagan qizning vafosi
Jabru jafo bo‘lar shubhasiz.
Biz sevganning hatto jafosi
Mehru vafo bo‘lar shubhasiz.

Ba’zida siylaymiz itday hurganni,
Goh pisand qilmaymiz oftobu oyni.
Payg‘ambar turtganday Xudo urganni,
Kambag‘alni jerkib, alqaymiz boyni.

Odamzot nafsi ham go‘yo ayg‘ir ot,
Jilovlay olmagan barbod bo‘ladi.
Va lekin mardona jilovlagan zot,
Lochinday yuksalib ozod bo‘ladi.

Firdavsiy tirilsa mo‘jiza bo‘lib,
Sira ham yozmasdi go‘zal “Shohnoma”.
Shohlar qilmishidan g‘azabga to‘lib,
La’natlab yozardi “Kalamushnoma”.

Demasman: shoirman – olam sirlari,
Imkon qadar ayon, qanchasin bildim.
So‘zladilar ilhom farishtalari,
Men faqat ularga kotiblik qildim.

Chavandoz boshqara olmas aksari,
Jilovsiz hattoki yuvvosh otni ham.
Bo‘sh qo‘ysang, haddidan oshar sarsari
Jilovlamoq kerak qay bir zotni ham.

Zolimlar ashaddiy g‘anim deb bilib,
Shoh Mashrabni dorga osgan edilar.
Vorislari qasddan bag‘rimiz tilib,
Boshimizni zimdan ma’nan yedilar.

Tarixda yuzlab shoh, xon ko‘rinadi,
Qanchasin boshida shon ko‘rinadi.
Va lekin, vo darig‘, qassob singari
Aksarining qo‘li qon ko‘rinadi.

Netayki, sira ham halovatim yo‘q,
Umidu ishonchim yanchilar, yo Rab.
Dunyo qay joyida otilmasin o‘q,
Mening yuragimga sanchilar, yo Rab!

Tabiatda bari joyi-joyida,
Kattayu kichikka ayon bu naql:
Hech arslon tiz cho‘kmas itning poyida,
Hech it ham arslonga o‘rgatmas aql.

Hamroh qilsa ham goh muttaham xarga,
Duchor qilsa ham goh tasqara g‘arga;
Giriftor qilmasin Tangri taolo
Imonsiz siyosiy fohishalarga.

Silliq suvrat bilan arbobga o‘xshar,
Ko‘plab va’da bilan ahbobga o‘xshar.
Shaytoniy siyrati bilan, alhazar,
Qassob qo‘lidagi asbobga o‘xshar!

Mayli, olam barcha jumboqlarin yech,
Ilohiy ishlarga aralashma hech.
Aksincha, uchraysan Tangri qahriga,
Qancha dod solsang ham so‘zsiz bo‘lar kech.

Ayyor tulki ishin qiladi ayyor,
Tulki kabi aldab shiladi ayyor.
Ilon kabi avray-avray, daf’atan,
Bag‘ringni pichoqsiz tiladi ayyor.

Qushlar yashay olmas boshpana-insiz,
Pichoq o‘tmaslashar g‘ilofsiz-qinsiz.
Odamzod yo‘qotar odamiyligin
Imonu e’tiqod, haqiqiy dinsiz.

Boshimda yillarning qori bor, qori,
Ko‘nglimda ming armon zori bor, zori.
Kuchdan qoldi dema meni keksayib,
Hamon qalbimda ishq nori bor, nori!

Bu dunyo besh kunlik bo‘ston bo‘ladi,
Har kim unda besh kun mehmon bo‘ladi.
Agar sharh qilsalar ayni besh kunni
Yuzlab “Shahnoma”day doston bo‘ladi.

Chayon kabi nishi bo‘lsa kishini,
Doim hushyor kuzat har bir ishini.
Qulay imkoniyat bo‘lgani hamon,
Chayonday sanchishni o‘ylar nishini.

Hayotda g‘aribu bor ham yonadi,
Hattoki nomusu or ham yonadi.
Iloji bo‘lmagan biron-bir ish yo‘q,
Qalovin topsang gar qor ham yonadi.

Ziyoda e’tibor hech kerak emas,
Menga mehr qo‘ygin demasman zinhor.
Sen menga nisbatan odil bo‘lsang bas,
Zotan, odillikda muhabbat ham bor.

Garchi zamonning na katta boyimiz,
Garchi na sultonday oftob-oyimiz.
Har ikki olamda armonimiz yo‘q,
Mashrabday Yaratgan erkatoyimiz.

Chorlasang, ulfati chor yetib kelar,
Do‘stlar diydoriga zor yetib kelar.
Mashrablik da’vosin qilmagin zinhor,
Aksincha, boshingga dor yetib kelar.

Boshing qotirmasin shomi iqbolning,
Poyingdan tortmasin komi iqbolning.
Yor vaslin sharobi mastona qilib,
Mudom mast aylasin jomi iqbolning.

Yo Rab, holim xarob, juda ham yiroq,
Yor bilan olisda, uzoqda jonim.
Boshim olib ketmay deymanu biroq
Yorim poyidagi tuzoqda jonim.

Boshimga yog‘masin desang agar tosh,
Zarracha aybing ham qilma aslo fosh.
Ignaday aybingni tuyaday qilar,
G‘iybatga juda o‘ch kaslar bor bebosh.

Nainki jannatday makoning bo‘lsin,
Nainki shavkatli zamoning bo‘lsin.
Har qanday makonu zamon ichra ham
Sobit imon, toza vijdoning bo‘lsin.

Imon-e’tiqodi mustahkam, toza,
Komil insonlardan olsang andoza;
Qoshingda ochilsa, ne ajab, hatto,
Arshi a’lodagi oliy darvoza.

Orzu bilan uyquga yotgin,
Maqsad bilan uyqudan uyg‘on.
Cho‘qqilarni shitob zabt etgin,
Ta’zim qilsin qoshingda osmon.

Duo ketgan azal bu so‘qir elga,
Zahmat chekar aksar zo‘r kelar belga.
Juda dabdabali to‘y qilib butun,
Topgan-tutganini sovurar yelga.

Bor gapni aytsam gar xullasi kalom:
Bu dunyoga kelib dedim: “Assalom!”
Salomimga alik olib ulgarmay
Hayotim tugadi. Tamom-vassalom!..

Zinhor vafo qilmas hayot beshigi,
Mudom ochiq dunyo ikki eshigi.
Barchani birma-bir yamlamay yutar,
Qabrlar – zaminning o‘pqon teshigi.

Demagin sharobni – bizlarga yot u,
Shavqu zavq bag‘ishlar misli bayot u.
Umar Hayyom bilib aytgan, ey do‘stim,
G‘amdan xalos qilar obi hayot u!

O‘ylama: “Qovunday pishib band berar!”
Xomtama bo‘lmagin: “Shakar-qand berar!”
Senga bir bora pand bergan lo‘ttiboz,
Qo‘yib bersang yana yuz bor pand berar.

Og‘ir kunda bir bor yo‘qlamas jigar,
Kuningga yaragan digar bo‘ladi.
Tug‘ishgan jigaring begona-digar,
Digar tug‘ishganday jigar bo‘ladi.

Ijod ham misoli toat-ibodat,
Nasib etsin desang baxtu saodat,
Jismonan va ruhan pokiza bo‘lib,
Ijod qilishni sen qilgaysan odat.

Odamzot atvori qilmasin hayron,
Yuraging sira ham bo‘lmasin vayron.
Olloh jilvagohi gar ko‘ngli uning,
Va lekin qonida muhayyo shayton.

Bahor kabi salqin kuzning havosi,
Bahorga ham o‘xshar qay bir navosi.
Va lekin har qancha so‘lim bo‘lmasin,
Bahorday ming dardning bo‘lmas davosi.

Ko‘nglingni keng qilgin, sira g‘am yema,
Hayot-mamot siri – jumboq savol bu.
Kuz. “Yerni xazonlar qopladi!” dema,
Xazonlar emas hech, muhri zavol bu.

O‘rtanma, joningga jabr bo‘ladi,
Aksar dard davosi sabr bo‘ladi.
“Uyim-joyim!..” dema qiyomat qadar,
Har banda chin uyi qabr bo‘ladi.

Aqlim bor hayotim obod qiladi,
Hatto ishq dardidan ozod qiladi.
Shaydo ko‘nglim sarboz ishq lashkariga
Barchasin boshidan barbod qiladi.

Juda ham beshafqat o‘rmon qonuni,
O‘rmon ahli yaxshi biladi uni.
Ojiz bo‘lsa agar qaysi bir hayvon,
Birinchi galda u bo‘ladi qurbon.

“Kamina juda ham hushyor!” demagin,
“Toat-ibodatim bisyor!” demagin.
Tangri o‘zi bilib hukm qiladi,
Kimni yorlaqashni O‘zi biladi.

Jo‘mardlik irsiyat va qonda bo‘lar,
Himoya mustahkam qalqonda bo‘lar.
Sira ham aldanma tekin luqmaga,
Tekin luqma faqat qapqonda bo‘lar.

Turli kasalliklar bisyor badanda,
Qaridim, quvvat yo‘q chalajon tanda.
Ne ajab, tark qilsa jismimni jonim,
Jon qanday yashaydi vayron vatanda?!

Kishan dema zinhor – tavqi bu ishqning,
Azob dema zinhor – zavqi bu ishqning.
Kuylar ishq zavqini she’ru ash’orim,
She’ru ash’or dema – shavqi bu ishqning!

Mudom oh chekarman Tangriga nolib,
Gohida aqlimu goh ko‘nglim g‘olib.
Ziddiyatli hayot jangohi ichra
Sochim oqarsa ham tolibman, tolib.

Tog‘lar poyi adir-qirli bo‘ladi,
Xudo yorlaqagan pirli bo‘ladi.
Tarixiy shaxslarning butun hayoti,
Hatto mamoti ham sirli bo‘ladi.

Yig‘laydi odamlar salomati ham,
Ko‘z yoshi bandaning malomati ham.
Keksalar ko‘zida halqalansa gar
Vidoyu alvido alomati ham.

Bu dunyo omonat besh kunlik bayot,
Sinov-imtihondan iborat hayot.
Besh kunlik dunyoda o‘t va suv, tuhmat,
Qarg‘ish balosidan bo‘lgin ehtiyot.

Qabristonga do‘ndi yuragim tayin,
Qabrlar ko‘payib borar kun sayin.
Yuzlab qabr ichra, yo Olloh-Olloh,
O‘zim ham qabrga do‘nmay netayin.

Qabul qil ibodat, tavobimizni,
Oson qil savolu javobimizni.
Qiyomatda barcha gunohimizdan
Ziyoda hisobla savobimizni.

Bepoyon os(i)mon kengga o‘xshaydi,
Munavvar of(i)tob senga o‘xshaydi.
Munavvar oftobning nuriga tashna
G‘amgin, bag‘rixun oy menga o‘xshaydi.

Osmonda oftobu oymomo – chiroq,
Zaminda dardi ishq – visol va firoq.
Bunda nasib qilmas hech kimga qismat
Visolu firoqdan ko‘ra yaxshiroq.

Kim qora ko‘ngliga nur talab qilar,
Davlatli bo‘lsa ham dur talab qilar.
Shaytondan ham battar fe’lu atvori,
Yostiqdoshlik uchun hur talab qilar.

Yuzingda yulduzday doim gul xanda,
Oftobday yoritgin o‘ngu so‘lingni.
Hayot zulmatida adashgan banda,
To‘g‘ri yo‘lin topsin tutib qo‘lingni.

Ishonmam desang ham: sarkash tevasi,
Otni ham hurkitar qo‘pol shevasi.
Axir u farzandi yaxshi odamning,
Yomon bo‘lmas yaxshi daraxt mevasi.

Ayo do‘st, toki shu tanda bo‘lamiz,
“Oshiq?!” deb el ichra xanda bo‘lamiz.
“Bandam!” demasa ham gar bag‘ritosh yor,
Biz unga hamisha banda bo‘lamiz.

Daf’atan yuraging g‘am bilan to‘lsa,
Demagin: odamlar bo‘ston qiladi.
Yuzta fazilatu bir aybing bo‘lsa,
Ular shu bir aybing doston qiladi.

Ta’riflay olmayman telba folini,
Asalari deyman unday kishini.
O‘zgalarga berib barcha bolini,
Bizlarga sanchadi faqat nishini.

Yo‘qolsin dushmanlik, malomat toshi,
Birlashsin jamiki xalqlarning boshi.
Og‘a-ini barcha qariyu yoshi,
Zaminda porlasin iqbol quyoshi.

Qor kabi beg‘ubor nomusu oring,
Hurday pokizalik bo‘lsin shioring.
Sira ham demagin: nuqtaday dog‘ u,
Suvni zaharlaydi bir tomchi og‘u.

Avvalu oxir deb qayg‘urma aslo,
Botinu zohir deb qayg‘urma aslo.
Barcha-barchasiga naqqoshi azal
Muttasil berar zeb, qayg‘urma aslo.

Qaridim oqarib sochu soqolim,
Ayting, bu dunyoda kim ham qarimas.
Nihoyat men anglab yetgan maqolim:
Ishq dardi qarisang ham hech arimas.

Yuragimda ishqu muhabbatim mo‘l,
Yuragimda iqbol qasri sari yo‘l.
Boshlab borajakman iqbol qasriga
Menga ixlos bilan uzatsang gar qo‘l.

Nogoh bir ayb bilan bo‘lsang gar badnom,
Odamlar sendan voz kechar batamom.
Faqat Olloh sendan sira voz kechmas,
Faqat tavba qilsang bo‘ldi basma-bas.

G‘aflatzada banda kulmas iqboli,
G‘aflat azal har bir banda zavoli.
Ular aksariyat Tangridan yiroq,
Xudo deydi faqat tang bo‘lsa holi.

Olamu odamga begonalarmiz,
Shamning shu’lasiga parvonalarmiz.
Gullarning husniyu atridan sarmast,
Bulbulday mastona devonalarmiz.

Maqtab-maqtab yeydi bor asalingni,
Maqtab-maqtab tinglar har masalingni.
Va lekin unutib ikkisini ham
Elga fosh qiladi bor kasalingni!

Darhol ayblamang gar qilsam xato,
Bandasi hech yashay olmas bexato.
Bobomeros xato qilmoq biz uchun,
Xato qilgan hatto, bas, Odam Ato.

Otashu alanga o‘chog‘ingdadir,
Jannat ayshi qaynoq quchog‘ingdadir.
Vo darig‘, biz uchun armon barchasi
Hatto xayol yetmas uchog‘ingdadir!

Suv o‘rniga ichganimiz sut bo‘ldi,
Sut bizlarga kuchu quvvat, qut bo‘ldi.
Ishq tufayli bir parcha et qalbimiz,
Duru gavhar bo‘ldi, ham yoqut bo‘ldi!

Ishim yo‘q narisi-berisi bilan,
Hanuz avjida ko‘pkarisi bilan.
Yaratgan egamga ming hamdu sano,
Nikohlagan ilhom parisi bilan.

Demasman men senga bu jumboqni yech,
Yaxshisi boshingni qotirmasdan kech.
Kuyinib har qancha gapirsang hamki,
Ahmoq nodonligin tan olmaydi hech.

Ayrim fikrlardan yiroq bo‘l, yiroq,
Quruq gap bilan hech hamyon to‘lmaydi.
Silliqlasa bo‘lar toshni ham biroq,
Egri odamni hech o‘nglab bo‘lmaydi.

Kim birovga biron narsa ko‘zlasa,
Ko‘zlagani so‘zsiz o‘ziga qaytar.
Ranjima gar do‘sting achchiq so‘zlasa,
Chin dildan achingan achchiq so‘z aytar.

Asrimiz bir garchi yilimiz boshqa,
Tilimiz bir garchi dilimiz boshqa.
Siz zo‘ru zar deysiz, bizlar – dardi ishq,
Ko‘zlarga tortilgan milimiz boshqa

Zavolim kim uchun ozor bo‘ladi,
Savobtalab uchun bozor bo‘ladi.
Hech qayga ketmasman sizlarni tashlab,
Faqat yotar joyim mozor bo‘ladi.

077

(Tashriflar: umumiy 213, bugungi 1)

1 izoh

  1. Хуршид ака, беҳад миннатдорман! Саломат бўлинг!

Izoh qoldiring