Yangi yil hikoyalari & Eski yilning so’nggi tuni. Anor asari asosida radiospektakl

Ashampoo_Snap_2016.12.29_18h31m21s_002_.pngЯнги йил кириб келаётган оқшом эътиборингизга итальян адибларининг мазкур айёмга бағишланган ҳикояларидан намуналарни ҳавола этамиз. Янги йилингиз қутлуғ келсин!

ЯНГИ ЙИЛ ҲИКОЯЛАРИ
Итальян тилидан Рустам Ибрагимов таржималари
08

ДИНО БУЦАТТИ
ЯНГИ ЙИЛНИНГ АКС-САДОСИ

005Айтишларича, нақ ярим кечаси, айни ташрифи чоғи янги йил ҳам ўзидан аллақандай акс-садо берармиш ва галдаги йил қай тахлит кечишини шу товушдан илғаш мумкин экан. Аммо одатда тун бўйи шовқин-сурон тинмайди… Тўғри, ғовур-ғувур ичра вақтичоғлик қилмаётган кишилар ҳам учрайди-ю, лекин бундайлар январь кириб келган дам жилла қурса ҳавасу қизиқувчанлик важидангина уйғоқ бўлишади. Эҳтимол, улар аллақачон тўшакка чўзилган кўйи атрофга диққат билан қулоқ солишар. Илло шунга қарамай, ён-беридагиларнинг ўйин-кулгуси ҳалиги овозни эшитишга имкон бермас.

Фақат ҳайҳотдек далалар, тоғлар, денгизу саҳролар узра улкан сукунат чўккандагина ўшал акс-садони, ўзга ҳеч нарсани эмас, балки айнан ўша садони тинглаш мумкин. Бироқ шундаям бирон бир кишининг тамоман ёлғиз ўтириши даргумон. 31 декабрь нақ ярим кечаси ҳатто қандайдир дайди ҳам ўзига ўхшаганни учратиш пайида бўладики, фурсат туғилган ҳамоно уларнинг ҳар иккиси бир-бирини “Янги йилингиз билан!” дея муборакбод этади. Бояги машҳур акс-садо эса шу тариқа ўз-ўзидан йўқолиб кетади.

Мауриция Сакки ЖОВАННИНИ
ЯНГИ ЙИЛ ҲИКОЯСИ

005Мана, Янги йилни у умрида илк марта пойтахтда нишонлайдиган бўлди. Дарвоқе, ўзи туғилган шаҳарчадаги аллақайси банкда анча йил ишлаб, хизматни ҳам ўринлатгани боис Аннага миннатдорлик тариқасида айнан пойтахтга кўчиб ўтишни таклиф этишувди. Шу боис у бу ерга келиб, чоғроққина бир уйга жойлашган эдики, ўша манзил кўҳна шаҳарнинг ҳар турли жозиб пучмоқларию хилват гўшаларидан ҳам кўриниб турарди.

– Кошки бу гал Янги йил кечаси тамоман ўзгача бўлса, янада файзли, янада фусункор бўлса,… – дея хитоб қилди у бир чоғ тун оғушидаги улкан шаҳарга завқланиб боқаркан. – Ўша куни уйга ойимниям, акамларниям чақирардим.

Шу йўсин Анна энтикиб қўйди-да, байрамга тайёргарлик ишларидан қониққан кўйи мамнун жилмайиб, қайд қоғозини тўлдирди. Эртасига эса ўзининг “қатъий ҳаракат режа”сига биноан ишга киришди-ю, яқинларига қўнғироқ қилиб, таклифини етказишу уларнинг розилигини олиш билан андармон бўлиб, тушлик вақтиниям ўтказиб юборди.
Дарҳақиқат, йилнинг айни шу сўнгги кунларида йўловчиларнинг ўтиб-қайтишию машиналар қатновидаги тезлик, шиддат ҳам ақл бовар этмас даражада эди.

У аввалига зиёфатга буюртма берди. Шу тариқа бу борада биринчи муҳим қадам қўйилди. Энди энг ёқимли, кўнгилли машғулот – диванга янги болишлар қўйиб, зангор тус дастурхону биллур қадаҳлар билан уйни байрамона безатишгина қолганди. Ахир йилнинг сўнгги куни тамоман ўзгача, яна ҳам тароватли, яна ҳам фусункор бўлсин-да.

Аммо шунда қачонлардир сўнган эса-да, ҳали-ҳануз унут бўлмаган севгисининг хирагина тажассуми қалбининг туб-тубида юз кўрсатди. Аслида Анна ўзининг меҳр-муҳаббату яқинлик туйғусига ташна эканлигини билса ҳам, тушкунликка, ғам-ғуссага сира берилмас, шу боис бутун борлиғини қатъияту иштиёқ-ла касб-корига бахш этиб, ўзи учун мустақил бир ҳаётни қуришга эришганди. Дугоналару сайр-саёҳатларга, шунингдек, кўркам стадиондаги спорт ўйинларига эса муҳтож эмас эди.

Анна 31-куни оқшом чоғи у-бу нарса харид қилиб, уйга қайтаркан, кираверишда дарвоза қоровули жаноб Карлога йўлиқди. Шунда ҳалиги киши “Хоним қиз, бу гуллар сизга” деди-ю, ифори кетган бир гулдастани унинг қўлига тутқазди. Айтганча, ўша гулдаста ичида оқ атиргулу орхидеялардан ташқари бир мактуб ҳам бор экан.

– Буни гул сотувчи бир йигит бериб кетди. Менга фақат уни олганингиз учун имзо қўйдириш қолди, холос.

Анна юраги ҳаприққанча гулдастани оларкан, унда ўз исмини ўқиди – ҳа, ҳа, бу айнан унга аталган. Шунда у довдираб, бир муддат ҳаракатсиз қолди.

– Хоним қиз, нима бўлди? Буларни оласизми ё ўзимда қолсинми?
– Йўқ, йўқ, уларни оламан, оламан… Лифт кетиб қолмасин.

Шундан сўнг у уйга кирди-да, сув идиши қаршисида чўкканча ҳалиги гулларга боққан кўйи ўйланиб қолди. Шу гуллар орасига қистирилган бояги мактубни ўқишга эса ботинолмай турди. Одатда туғилган кунида банкдаги ҳамкасблари унга гул юборишарди. Лекин бошқалардан ҳам шундай совғани олганмиди-йўқми, ҳозир эслолмади.

Анна бир қултум сув ичди-ю, ниҳоят конвертни очди. Буни қарангки, уни шаҳардаги манаман деган ресторанлардан бирига кечликка таклиф қилишибди. Айни шу оқшом соат ўнда. Хатга “Пьетро” деб имзо қўйилган – фақатгина Пьетро. Фамилия эса ёзилмаган. Шунда у ҳаяжон ичра қавму қариндошлари, дўстлари, таниш-билишларини кўз олдига келтирди. Шу йўсин ҳатто банкнинг бош директоригача ўйлайвериб (ҳолбуки уни фақат бир марта кўрган), чалкашиб кетди. Чунки уларнинг ичида Пьетро дегани йўқ эди.

Анна маъюс тортиб қолди. Хўш, энди ўзларининг ўтириши нима бўлади? Бу ёққа келаётган яқинлари-чи? Янада гўзал, янада фусункор бўлиши лозим деб билгани шу айём учун шунча ташвишу югур-югур билан кўраётган тайёргарлиги-чи? Ахир уйи ҳам аллақачон байрамга шай бўлса, кўркаму шинам бўлса… Лекин шу пайт у китоб жавони токчасидаги суратга кўзи тушди. Бу – қачонлардир қазо қилган отасининг сурати… Хўш, ҳозир отажони бўлганида нима дерди? У албатта “Анна, қизим, сира тўхтама, ҳамиша олға юр” деган бўларди.

Шу нарса хаёлидан бирров ўтди-ю, Анна ортиқ иккиланмай, телефон гўшагини кўтарди-да, қайнопасига қўнғироқ қилиб, нафаси бўғзига тиқилганча деди:

– Луиза…
– Ҳа, биз боряпмиз, боряпмиз, лекин йўл тирбанд, шунга…

– Йўқ, йўқ, гап бунда эмас. Биласанми, мени кечки овқатга таклиф қилишибди. Сира кутмагандим. Шуни сенга билдириш учун телефон қилаётувдим. Ҳа, айни шу оқшомда… Ҳозир чиқиб кетяпман… Бу ерда ҳамма нарса тайёр. Калитларни дарбонхонадан топасизлар. Кечлик у-бу нарса солинган халталар ҳам ўша ерда. Ҳаммани Янги йил билан табриклайман.

Анна шундай деди-ю, жавобни ҳам кутмай, гўшакни қўйди. Энди у тамоман ўзга хил тайёргарлик ишларига киришиб кетди. Либос танлаш, турли буюмлар… такси чақириш…

Соат ўндан ўтганда эса Анна ресторан бўсағасида эди. Боодоб, сертакаллуф бир хизматчи уни қарши олди-да, ичкарига бошлаб боришни таклиф этди. Шу чоғ орқада бир киши кўринди – навозишу назокатли, сочига оқ оралаган, табассуми андак хижолат, андак айбдорлик ҳисси-ла йўғрилган,… аммо суруру хушбахтлик туйғусига чулғанган киши.

– Анна, келганингдан хурсандман. Раҳмат.

Шунда орага ўнғайсиз бир жимлик чўкди.

– Мен ахир Пьетроман, Пьетро Беттини, суғурта компаниясида бирга ишлардик-ку, банкка ишга ўтишингдан олдин…, – деди яна ҳалиги киши.

Шундагина ўша одамнинг юз-қиёфаси секин-аста Аннанинг кўз ўнгида қайта гавдаланди… ва ахири қиз уни таниди.

– Анна, сенга айтадиган гапим кўп. Қани, ўтирайлик-чи.

Шундай қилиб иккови у-бу нарса ичгани ўтиришди. Пьетро кечмишидан сўзлай кетди… Суғурта компанияси, тўйи, ўғли ҳақида, хотинининг вафоти ҳақида… Сўнг ниҳоят, гап шунга келиб тақалди:

– Бирга ишлаган вақтимизда сенга қаттиқ боғланиб қолгандим, Анна, лекин сен менга эътибор бермасдинг. Мана, ҳозир мен ҳам шу шаҳарда яшаяпман. Банкда ўзингни кўрдим-у, сени таниганимга шубҳа қилмадим. Кейин эса турмушга чиқмаганингни билиб, суюндим. Шундан сўнг сен билан гаплашишга, сени чақиришга чоғландим, аммо рад жавоби олишдан қўрққаним учун худди шу бирмунча сирлироқ усулни маъқул кўрдим.

– Борди-ю, келмасам нима бўларди? Ахир мен уйда оилам билан бўладиган ўтиришни ташлаб келдим-а, Пьетронинг кимлигини билай деб!
– Алдаяпсан-а?

– Йўқ, йўқ, фақат ҳайрон қолганим, шунча йилдан кейин…
– Мени кечир. Биз энди аввалгидек ёш-яланг эмасмиз, лекин барибир қаршингда ўзимни шунчалар навқирон сезяпманки… сени топганимдан шунчалар бахтиёрманки… Сени яна йўқотишни истамайман…

Шу он ҳис-туйғулар залвори остида бир муддат жим қолишди.

– Пьетро, сени уйга ўтиришимизга таклиф қилсам-чи, – дея Анна ўз ҳисларини илк бор изҳор этди.
– Оилангдагилар билан танишиш мен учун шараф бўларди…

Сўнг сабр-тоқатли, оғир-босиқ Луизага қилинган оддий бир қўнғироқ, ресторан хизматчиси билан қисқагина мулоқот, омадлари келиб, йўл-йўлакай дарҳол бўш таксининг учрагани… ва хийла вақтгача йўлларнинг очиқ бўлгани, ҳамма жамулжам ҳолда янги йил шарафига қадаҳ кўтаришлари учун Аннаникига кечикмай етиб олишганини эса айтишга ҳожат ҳам йўқ.

Хуллас, бу галги Янги йил кечаси тамоман ўзгача, янада гўзал, фусункор бўлди, ҳайрату умидлар кечаси бўлди.

ВИТТОРИО БЕРСЕЦИО
ЙИЛНИНГ БИРИНЧИ КУНИ

005Ҳар тонг жигарбандини қуш қаноти мисол аста уйғотгувчи онанинг майин бўсаси тангри ато этган неъматлар ичида энг жозибидир. Бошқа ҳеч нарса унга қиёс бўлолмас – на самовий мусаффолик, на денгизнинг мовий кенглиги, ва на кўм-кўк далалар қўйнидаги жимлик, сукунат… Камина Берсеционинг ушбу мўъжазгина лавҳаси орқали айни шу ҳол кўз олдимизда гавдалангай.

Айниқса, йилнинг илк кунида шундай айём билан қутлаш учун фарзандини қалби қувончдан ҳаприққан ота қошига элтар чоғ бу янглиғ оилавий ҳузур-ҳаловат ичра онаизор юзида жилваланган табассум ҳаётдаги энг тотли ҳолат – гўдакнинг кўзларидан бутун хонадонга таралмиш шод-хуррамлик ҳамда дўсту биродаринг, қавму қариндошингни интиқ кутишдан иборат кўнгилли яқинлик туйғуси ўлароқ ёзувчи қалбида чуқур из қолдиргандир.

Болакай улғайиб, йигит ёшига етганда эса гўё бари бой берилгандек, ўшал масъуд кунларнинг кўрку таровати кейинчалик аллақандай ўкинч ҳиссига айланиб, охири сўнди. Чунки эски хотиралар ҳар йилги байрамлар чоғи янада маҳзун, янада аламли бир шамойилда муттасил, бот-бот қайталангувчи ўша оиладан вақт ўтиши билан кимлардир қазо қилди – аввалига бобо-буви, сўнг эса ота.

Одамзоднинг андак шодлигу кулги орқасида ёришиб турган ва лекин адоқсиз кўз ёшлардан тўлиб-тошган қисқагина умри, кечмиши шундайки, дея хулоса қилади ёзувчи, уни тотувлик, меҳр-муҳаббат ҳамда оилавий хотиржамликкина бало-қазою ҳаёт талотўпларидан асрай олади.

Оҳ, ҳали гўдак чоғингиз онангизнинг ширин бўсаси айни шу кун уйқудан уйғотганию волидангиз ҳаяжондан тўлиб-тошиб кулаётган отангиз ҳузурига янги йилдаги илк салом, илк қутловни айтмоқ учун олиб бораркан, парвардигор томонидан болаларга берилган заминий армуғон бўлмиш айнан ўша зот сизни маҳкам қучганини тотли бир меҳр ичра наҳотки эсламайсиз?

Шу куни ҳамма қанчалар кўркам, қанчалар хуррам, қанчалар хушхандон эди-я! Сизга тортиқ этилган совғалар, ойингизнинг ундан-да ёқимли эркалашларию дастурхон атрофида оилангиз жамлигидан туғилмиш ўша сурур, эҳтиросни айтмайсизми! Беғубор ва тизгинсиз қувончингиз ота-онангиз қалбида акс-садо бергани, шу боис бу туйғу уларнинг чеҳрасини мамнуният ҳиссию меҳр-муҳаббат нури-ла ёритгани (дарвоқе, буни ўшандаёқ сезгансиз) шундоқ ёдингиздадир. Оилавий дўсту биродарлар, ошна-оғайнилар, хеш-ақрабо, умуман, байрам нафасидан баҳра олаётганларнинг бари келгач, юз-кўзларида акс этган самимият ва дилкашлик ила уларнинг отангиз билан чин қалбдан, астойдил, хайрихоҳ қўл сиқишлари, ойингизга қилган илтифоту навозишлари ҳамда сиз учун аталган совға – ўйинчоқ, ширинлик, чиройли суратлари бор китобча-чи…

Гарчи йилдан йилга ўзгарса-да, туйғулар изҳори энди заррача сусаймасди. Уни сиз алангалатардингиз. Бошқа тарафдан олганда, айни балоғат чоғингиз бошланган, ўз навбатида оилага муҳаббат туйғуси ўсмир қалби-ла тиллашмоқ учун гўдак тасаввурига мурожаат этишдан эндиликда чекинарди.

Кейинчалик яна шундай пайтлар келдики, шу куннинг севинчу фараҳига йиғи-сиғи, ғам-андуҳ омихта бўлди-ю, кўкдаги маъюс, эзгин ой ҳам оилангиз даврасига қайғу-алам оралатган, аммо азобу оғриғининг санчиғи қадар бормаёқ унга совуқчилик, нохушлик эмас, балки назокату латофат-ла лиммо-лим жиддият руҳини олиб кирган дарду ҳасратга тамоман чулғанди.

Таассуфки, бу ҳол бобо ёки амакингиз, ва умуман, хонадондаги қайсидир кекса кишининг уйингиз тўридаги одатий ўрни ҳувуллаб қолган чоғ юз берганди. Вақти етиб падарингизни-да ўз жойида қайтиб кўрмадингиз. Гўё унинг руҳи яқинлари теграсида парвона бўлиш учун қайтиб келгандек, ҳузур-ҳаловат дамларидан қолган хотиралар ўша куни ёддан асло чиқмас даражада яна қайталанган эдики, бўм-бўш ўриндиғига боққанча, айни шу жойни аллақачон тарк этган кишининг хатти-ҳаракати, гап-сўзи, юриш-туришини муҳокама қиларак эслаб ўтиришар, лабдан гарчи ширин табассум аримаса-да, кўзлар ғамли хотиралар боис ёшланганди.

Йиллар шу йўсин ўтаверади ва биз ҳам жиндек кулгию беҳисоб кўз ёшлардан иборат мана шундай ҳаёт йўлини босиб ўтамиз. Бунда эса офату балолардан сақлагучи энг мустаҳкам қалқон тотувлик, оилавий хотиржамлик ҳамда меҳр-муҳаббатдир.

Yangi yil kirib kelayotgan oqshom e’tiboringizga italyan adiblarining mazkur ayyomga bag‘ishlangan hikoyalaridan namunalarni havola etamiz. Yangi yilingiz qutlug‘ kelsin!

YANGI YIL HIKOYALARI
Italyan tilidan Rustam Ibragimov tarjimalari
08

DINO BUSSATTI
YANGI YILNING AKS-SADOSI

005Aytishlaricha, naq yarim kechasi, ayni tashrifi chog‘i yangi yil ham o‘zidan allaqanday aks-sado berarmish va galdagi yil qay taxlit kechishini shu tovushdan ilg‘ash mumkin ekan. Ammo odatda tun bo‘yi shovqin-suron tinmaydi… To‘g‘ri, g‘ovur-g‘uvur ichra vaqtichog‘lik qilmayotgan kishilar ham uchraydi-yu, lekin bundaylar yanvar kirib kelgan dam jilla qursa havasu qiziquvchanlik vajidangina uyg‘oq bo‘lishadi. Ehtimol, ular allaqachon to‘shakka cho‘zilgan ko‘yi atrofga diqqat bilan quloq solishar. Illo shunga qaramay, yon-beridagilarning o‘yin-kulgusi haligi ovozni eshitishga imkon bermas.

Faqat hayhotdek dalalar, tog‘lar, dengizu sahrolar uzra ulkan sukunat cho‘kkandagina o‘shal aks-sadoni, o‘zga hech narsani emas, balki aynan o‘sha sadoni tinglash mumkin. Biroq shundayam biron bir kishining tamoman yolg‘iz o‘tirishi dargumon. 31 dekabr naq yarim kechasi hatto qandaydir daydi ham o‘ziga o‘xshaganni uchratish payida bo‘ladiki, fursat tug‘ilgan hamono ularning har ikkisi bir-birini “Yangi yilingiz bilan!” deya muborakbod etadi. Boyagi mashhur aks-sado esa shu tariqa o‘z-o‘zidan yo‘qolib ketadi.

Mauritsiya Sakki JOVANNINI
YANGI YIL HIKOYASI

005Mana, Yangi yilni u umrida ilk marta poytaxtda nishonlaydigan bo‘ldi. Darvoqe, o‘zi tug‘ilgan shaharchadagi allaqaysi bankda ancha yil ishlab, xizmatni ham o‘rinlatgani bois Annaga minnatdorlik tariqasida aynan poytaxtga ko‘chib o‘tishni taklif etishuvdi. Shu bois u bu yerga kelib, chog‘roqqina bir uyga joylashgan ediki, o‘sha manzil ko‘hna shaharning har turli jozib puchmoqlariyu xilvat go‘shalaridan ham ko‘rinib turardi.

– Koshki bu gal Yangi yil kechasi tamoman o‘zgacha bo‘lsa, yanada fayzli, yanada fusunkor bo‘lsa,… – deya xitob qildi u bir chog‘ tun og‘ushidagi ulkan shaharga zavqlanib boqarkan. – O‘sha kuni uyga oyimniyam, akamlarniyam chaqirardim.

Shu yo‘sin Anna entikib qo‘ydi-da, bayramga tayyorgarlik ishlaridan qoniqqan ko‘yi mamnun jilmayib, qayd qog‘ozini to‘ldirdi. Ertasiga esa o‘zining “qat’iy harakat reja”siga binoan ishga kirishdi-yu, yaqinlariga qo‘ng‘iroq qilib, taklifini yetkazishu ularning roziligini olish bilan andarmon bo‘lib, tushlik vaqtiniyam o‘tkazib yubordi.
Darhaqiqat, yilning ayni shu so‘nggi kunlarida yo‘lovchilarning o‘tib-qaytishiyu mashinalar qatnovidagi tezlik, shiddat ham aql bovar etmas darajada edi.

U avvaliga ziyofatga buyurtma berdi. Shu tariqa bu borada birinchi muhim qadam qo‘yildi. Endi eng yoqimli, ko‘ngilli mashg‘ulot – divanga yangi bolishlar qo‘yib, zangor tus dasturxonu billur qadahlar bilan uyni bayramona bezatishgina qolgandi. Axir yilning so‘nggi kuni tamoman o‘zgacha, yana ham tarovatli, yana ham fusunkor bo‘lsin-da.

Ammo shunda qachonlardir so‘ngan esa-da, hali-hanuz unut bo‘lmagan sevgisining xiragina tajassumi qalbining tub-tubida yuz ko‘rsatdi. Aslida Anna o‘zining mehr-muhabbatu yaqinlik tuyg‘usiga tashna ekanligini bilsa ham, tushkunlikka, g‘am-g‘ussaga sira berilmas, shu bois butun borlig‘ini qat’iyatu ishtiyoq-la kasb-koriga baxsh etib, o‘zi uchun mustaqil bir hayotni qurishga erishgandi. Dugonalaru sayr-sayohatlarga, shuningdek, ko‘rkam stadiondagi sport o‘yinlariga esa muhtoj emas edi.

Anna 31-kuni oqshom chog‘i u-bu narsa xarid qilib, uyga qaytarkan, kiraverishda darvoza qorovuli janob Karloga yo‘liqdi. Shunda haligi kishi “Xonim qiz, bu gullar sizga” dedi-yu, ifori ketgan bir guldastani uning qo‘liga tutqazdi. Aytgancha, o‘sha guldasta ichida oq atirgulu orxideyalardan tashqari bir maktub ham bor ekan.

– Buni gul sotuvchi bir yigit berib ketdi. Menga faqat uni olganingiz uchun imzo qo‘ydirish qoldi, xolos.

Anna yuragi hapriqqancha guldastani olarkan, unda o‘z ismini o‘qidi – ha, ha, bu aynan unga atalgan. Shunda u dovdirab, bir muddat harakatsiz qoldi.

– Xonim qiz, nima bo‘ldi? Bularni olasizmi yo o‘zimda qolsinmi?
– Yo‘q, yo‘q, ularni olaman, olaman… Lift ketib qolmasin.

Shundan so‘ng u uyga kirdi-da, suv idishi qarshisida cho‘kkancha haligi gullarga boqqan ko‘yi o‘ylanib qoldi. Shu gullar orasiga qistirilgan boyagi maktubni o‘qishga esa botinolmay turdi. Odatda tug‘ilgan kunida bankdagi hamkasblari unga gul yuborishardi. Lekin boshqalardan ham shunday sovg‘ani olganmidi-yo‘qmi, hozir eslolmadi.

Anna bir qultum suv ichdi-yu, nihoyat konvertni ochdi. Buni qarangki, uni shahardagi manaman degan restoranlardan biriga kechlikka taklif qilishibdi. Ayni shu oqshom soat o‘nda. Xatga “Pyetro” deb imzo qo‘yilgan – faqatgina Pyetro. Familiya esa yozilmagan. Shunda u hayajon ichra qavmu qarindoshlari, do‘stlari, tanish-bilishlarini ko‘z oldiga keltirdi. Shu yo‘sin hatto bankning bosh direktorigacha o‘ylayverib (holbuki uni faqat bir marta ko‘rgan), chalkashib ketdi. Chunki ularning ichida Pyetro degani yo‘q edi.

Anna ma’yus tortib qoldi. Xo‘sh, endi o‘zlarining o‘tirishi nima bo‘ladi? Bu yoqqa kelayotgan yaqinlari-chi? Yanada go‘zal, yanada fusunkor bo‘lishi lozim deb bilgani shu ayyom uchun shuncha tashvishu yugur-yugur bilan ko‘rayotgan tayyorgarligi-chi? Axir uyi ham allaqachon bayramga shay bo‘lsa, ko‘rkamu shinam bo‘lsa… Lekin shu payt u kitob javoni tokchasidagi suratga ko‘zi tushdi. Bu – qachonlardir qazo qilgan otasining surati… Xo‘sh, hozir otajoni bo‘lganida nima derdi? U albatta “Anna, qizim, sira to‘xtama, hamisha olg‘a yur” degan bo‘lardi.

Shu narsa xayolidan birrov o‘tdi-yu, Anna ortiq ikkilanmay, telefon go‘shagini ko‘tardi-da, qaynopasiga qo‘ng‘iroq qilib, nafasi bo‘g‘ziga tiqilgancha dedi:

– Luiza…
– Ha, biz boryapmiz, boryapmiz, lekin yo‘l tirband, shunga…

– Yo‘q, yo‘q, gap bunda emas. Bilasanmi, meni kechki ovqatga taklif qilishibdi. Sira kutmagandim. Shuni senga bildirish uchun telefon qilayotuvdim. Ha, ayni shu oqshomda… Hozir chiqib ketyapman… Bu yerda hamma narsa tayyor. Kalitlarni darbonxonadan topasizlar. Kechlik u-bu narsa solingan xaltalar ham o‘sha yerda. Hammani Yangi yil bilan tabriklayman.

Anna shunday dedi-yu, javobni ham kutmay, go‘shakni qo‘ydi. Endi u tamoman o‘zga xil tayyorgarlik ishlariga kirishib ketdi. Libos tanlash, turli buyumlar… taksi chaqirish…

Soat o‘ndan o‘tganda esa Anna restoran bo‘sag‘asida edi. Boodob, sertakalluf bir xizmatchi uni qarshi oldi-da, ichkariga boshlab borishni taklif etdi. Shu chog‘ orqada bir kishi ko‘rindi – navozishu nazokatli, sochiga oq oralagan, tabassumi andak xijolat, andak aybdorlik hissi-la yo‘g‘rilgan,… ammo sururu xushbaxtlik tuyg‘usiga chulg‘angan kishi.

– Anna, kelganingdan xursandman. Rahmat.

Shunda oraga o‘ng‘aysiz bir jimlik cho‘kdi.

– Men axir Pyetroman, Pyetro Bettini, sug‘urta kompaniyasida birga ishlardik-ku, bankka ishga o‘tishingdan oldin…, – dedi yana haligi kishi.

Shundagina o‘sha odamning yuz-qiyofasi sekin-asta Annaning ko‘z o‘ngida qayta gavdalandi… va axiri qiz uni tanidi.

– Anna, senga aytadigan gapim ko‘p. Qani, o‘tiraylik-chi.

Shunday qilib ikkovi u-bu narsa ichgani o‘tirishdi. Pyetro kechmishidan so‘zlay ketdi… Sug‘urta kompaniyasi, to‘yi, o‘g‘li haqida, xotinining vafoti haqida… So‘ng nihoyat, gap shunga kelib taqaldi:

– Birga ishlagan vaqtimizda senga qattiq bog‘lanib qolgandim, Anna, lekin sen menga e’tibor bermasding. Mana, hozir men ham shu shaharda yashayapman. Bankda o‘zingni ko‘rdim-u, seni taniganimga shubha qilmadim. Keyin esa turmushga chiqmaganingni bilib, suyundim. Shundan so‘ng sen bilan gaplashishga, seni chaqirishga chog‘landim, ammo rad javobi olishdan qo‘rqqanim uchun xuddi shu birmuncha sirliroq usulni ma’qul ko‘rdim.

– Bordi-yu, kelmasam nima bo‘lardi? Axir men uyda oilam bilan bo‘ladigan o‘tirishni tashlab keldim-a, Pyetroning kimligini bilay deb!
– Aldayapsan-a?

– Yo‘q, yo‘q, faqat hayron qolganim, shuncha yildan keyin…
– Meni kechir. Biz endi avvalgidek yosh-yalang emasmiz, lekin baribir qarshingda o‘zimni shunchalar navqiron sezyapmanki… seni topganimdan shunchalar baxtiyormanki… Seni yana yo‘qotishni istamayman…

Shu on his-tuyg‘ular zalvori ostida bir muddat jim qolishdi.

– Pyetro, seni uyga o‘tirishimizga taklif qilsam-chi, – deya Anna o‘z hislarini ilk bor izhor etdi.
– Oilangdagilar bilan tanishish men uchun sharaf bo‘lardi…

So‘ng sabr-toqatli, og‘ir-bosiq Luizaga qilingan oddiy bir qo‘ng‘iroq, restoran xizmatchisi bilan qisqagina muloqot, omadlari kelib, yo‘l-yo‘lakay darhol bo‘sh taksining uchragani… va xiyla vaqtgacha yo‘llarning ochiq bo‘lgani, hamma jamuljam holda yangi yil sharafiga qadah ko‘tarishlari uchun Annanikiga kechikmay yetib olishganini esa aytishga hojat ham yo‘q.

Xullas, bu galgi Yangi yil kechasi tamoman o‘zgacha, yanada go‘zal, fusunkor bo‘ldi, hayratu umidlar kechasi bo‘ldi.

VITTORIO BЕRSЕSIO
YILNING BIRINCHI KUNI

005Har tong jigarbandini qush qanoti misol asta uyg‘otguvchi onaning mayin bo‘sasi tangri ato etgan ne’matlar ichida eng jozibidir. Boshqa hech narsa unga qiyos bo‘lolmas – na samoviy musaffolik, na dengizning moviy kengligi, va na ko‘m-ko‘k dalalar qo‘ynidagi jimlik, sukunat… Kamina Bersesioning ushbu mo‘’jazgina lavhasi orqali ayni shu hol ko‘z oldimizda gavdalangay.

Ayniqsa, yilning ilk kunida shunday ayyom bilan qutlash uchun farzandini qalbi quvonchdan hapriqqan ota qoshiga eltar chog‘ bu yanglig‘ oilaviy huzur-halovat ichra onaizor yuzida jilvalangan tabassum hayotdagi eng totli holat – go‘dakning ko‘zlaridan butun xonadonga taralmish shod-xurramlik hamda do‘stu birodaring, qavmu qarindoshingni intiq kutishdan iborat ko‘ngilli yaqinlik tuyg‘usi o‘laroq yozuvchi qalbida chuqur iz qoldirgandir.

Bolakay ulg‘ayib, yigit yoshiga yetganda esa go‘yo bari boy berilgandek, o‘shal mas’ud kunlarning ko‘rku tarovati keyinchalik allaqanday o‘kinch hissiga aylanib, oxiri so‘ndi. Chunki eski xotiralar har yilgi bayramlar chog‘i yanada mahzun, yanada alamli bir shamoyilda muttasil, bot-bot qaytalanguvchi o‘sha oiladan vaqt o‘tishi bilan kimlardir qazo qildi – avvaliga bobo-buvi, so‘ng esa ota.

Odamzodning andak shodligu kulgi orqasida yorishib turgan va lekin adoqsiz ko‘z yoshlardan to‘lib-toshgan qisqagina umri, kechmishi shundayki, deya xulosa qiladi yozuvchi, uni totuvlik, mehr-muhabbat hamda oilaviy xotirjamlikkina balo-qazoyu hayot taloto‘plaridan asray oladi.

Oh, hali go‘dak chog‘ingiz onangizning shirin bo‘sasi ayni shu kun uyqudan uyg‘otganiyu volidangiz hayajondan to‘lib-toshib kulayotgan otangiz huzuriga yangi yildagi ilk salom, ilk qutlovni aytmoq uchun olib borarkan, parvardigor tomonidan bolalarga berilgan zaminiy armug‘on bo‘lmish aynan o‘sha zot sizni mahkam quchganini totli bir mehr ichra nahotki eslamaysiz?

Shu kuni hamma qanchalar ko‘rkam, qanchalar xurram, qanchalar xushxandon edi-ya! Sizga tortiq etilgan sovg‘alar, oyingizning undan-da yoqimli erkalashlariyu dasturxon atrofida oilangiz jamligidan tug‘ilmish o‘sha surur, ehtirosni aytmaysizmi! Beg‘ubor va tizginsiz quvonchingiz ota-onangiz qalbida aks-sado bergani, shu bois bu tuyg‘u ularning chehrasini mamnuniyat hissiyu mehr-muhabbat nuri-la yoritgani (darvoqe, buni o‘shandayoq sezgansiz) shundoq yodingizdadir. Oilaviy do‘stu birodarlar, oshna-og‘aynilar, xesh-aqrabo, umuman, bayram nafasidan bahra olayotganlarning bari kelgach, yuz-ko‘zlarida aks etgan samimiyat va dilkashlik ila ularning otangiz bilan chin qalbdan, astoydil, xayrixoh qo‘l siqishlari, oyingizga qilgan iltifotu navozishlari hamda siz uchun atalgan sovg‘a – o‘yinchoq, shirinlik, chiroyli suratlari bor kitobcha-chi…

Garchi yildan yilga o‘zgarsa-da, tuyg‘ular izhori endi zarracha susaymasdi. Uni siz alangalatardingiz. Boshqa tarafdan olganda, ayni balog‘at chog‘ingiz boshlangan, o‘z navbatida oilaga muhabbat tuyg‘usi o‘smir qalbi-la tillashmoq uchun go‘dak tasavvuriga murojaat etishdan endilikda chekinardi.

Keyinchalik yana shunday paytlar keldiki, shu kunning sevinchu farahiga yig‘i-sig‘i, g‘am-anduh omixta bo‘ldi-yu, ko‘kdagi ma’yus, ezgin oy ham oilangiz davrasiga qayg‘u-alam oralatgan, ammo azobu og‘rig‘ining sanchig‘i qadar bormayoq unga sovuqchilik, noxushlik emas, balki nazokatu latofat-la limmo-lim jiddiyat ruhini olib kirgan dardu hasratga tamoman chulg‘andi.

Taassufki, bu hol bobo yoki amakingiz, va umuman, xonadondagi qaysidir keksa kishining uyingiz to‘ridagi odatiy o‘rni huvullab qolgan chog‘ yuz bergandi. Vaqti yetib padaringizni-da o‘z joyida qaytib ko‘rmadingiz. Go‘yo uning ruhi yaqinlari tegrasida parvona bo‘lish uchun qaytib kelgandek, huzur-halovat damlaridan qolgan xotiralar o‘sha kuni yoddan aslo chiqmas darajada yana qaytalangan ediki, bo‘m-bo‘sh o‘rindig‘iga boqqancha, ayni shu joyni allaqachon tark etgan kishining xatti-harakati, gap-so‘zi, yurish-turishini muhokama qilarak eslab o‘tirishar, labdan garchi shirin tabassum arimasa-da, ko‘zlar g‘amli xotiralar bois yoshlangandi.

Yillar shu yo‘sin o‘taveradi va biz ham jindek kulgiyu behisob ko‘z yoshlardan iborat mana shunday hayot yo‘lini bosib o‘tamiz. Bunda esa ofatu balolardan saqlaguchi eng mustahkam qalqon totuvlik, oilaviy xotirjamlik hamda mehr-muhabbatdir.

05

(Tashriflar: umumiy 7 573, bugungi 1)

Izoh qoldiring