Anor. Qizil limuzin & Men, sen, u, telefon. Radiospektakl & Besh qavatli uyning oltinchi qavati. Audiokitob

045Атоқли озар адиби Анорнинг эътиборингизга ҳавола этилаётган “Қизил лимузин” асари шитоб билан кечаётган замон ўзгаришларига ҳамнафас бўлай деб бахтини қурбон берган бир зиёлининг ҳаёти ҳақидаги рамзу мажозга йўғрилган маҳзун ҳикоядир.

АНОР
ҚИЗИЛ ЛИМУЗИН


Анор (Anar Rəsul oğlu Rzayev) 1938 йили Боку шаҳрида машҳур шоирлар Расул Ризо ва Нигор Рафибейли хонадонида таваллуд топган. 1960 йили Озарбойжон Давлат университетининг филология факультетини, 1964 йили эса Москвадаги Олий сценарийнавислик курсини тугатган.
У “Дантенинг юбилейи”, “Оқ кўрфаз”, “Беш қаватли уйнинг олтинчи қавати”, “Мулоқот”, “Сизсиз”, каби асарларида замондошлар образини яратишга интилади, анъанавий тушунча ва урф-одатларнинг улар ҳаётига таъсирини тадқиқ қилади.Анор «Ҳар оқшом ўн бирда» (1969), «Кун келди» (1971), «Тахмина» (1993) фильмлари учун сценарий ҳам ёзган.


Етти дўнглик шаҳримда
Мен гулимдан айрилдим.
На ўлимни тушунмоқлик,
На ундан қўрқмоқлик айб.
Нозим ҲИКМАТ

О. хаёллари чувалашиб тўхтади, атрофга аланглади. Бу жойлар унга танишдай, бироқ тор кўчани илк дафъа кўриб туриши. Бир-икки қаватли уйлар, эски, нураган ҳовлиларнинг бад, қоришиқ бўйлари, эшиксиз-деразасиз деворга бориб тақалган диғриқ – боши берк кўча – ҳамма-ҳаммаси О.га вақтию кўнглидан олис, чиркин хотираларидан сизиб ўтган аралаш-қуралаш тушларининг антиқа оламини эслатар эди. Болалик хотираларимикан бу?
Йўқ, унинг болалиги бу маҳаллада кечмаган. Балки анча йиллар бурун бу ерга бирор қариндоши, дўсти ёхуд танишиникига меҳмон бўлиб келгандир. Эслай олмади. Уйидан ишхонасига ҳам бу йўллардан ўтиб бормайди. Бунинг устига, кўнглига шаҳарнинг ўзига дахли бўлмаган маҳаллаларида санқиш ғулғуласи ҳам ҳеч тушмаган. Унда нега ҳамма нарса кўзига, худди бу ерни қаричлаб ўлчаб чиққандай, таниш туюлади? Вужудини кемирган ташвиш, ғалати бесаранжомлик ҳисси қаердан дориди?
У соатига қаради. Ярим кеча – комендантлик вақти бошланишига жуда оз қолган эди. Имилламай бу ердан – чалкаш, бефайз жинкўчалардан марказий кўчага, шоҳкўчага чиқиш, соат ўн икки бўлмасидан уйига етиб олиши керак, акс ҳолда патрулнинг қўлига тушиб қолиб, тунни шу яқин атрофдаги комендатурада ўтказиши ҳеч гап эмас.
Балки ҳаммасига ойнинг гўё ўзга дунёлардан бу ерга келгану ғира-ширада хароба тусига кирган иморатлар, чувалган калава ипига ўхшаш тор кўчалар – умуман, қулоқни том битиргудек сукунатга тўла бу ғаройиб макон устидан ҳукм юргизаётган кумуш-бўз ранг нури сабабчидир? Ахир, у маънисиз ва ҳаракатсиз нигоҳини ой нурига тикиб, ойдин йўлакдан беўх¬шов, аммо тантанали қадам ташлаб бораётган ойпараст эмас-ку! Ҳуши жойида, эсини емаган, вақтни ҳам аниқ билади. Шунга қарамасдан, тушим эмасмикан дея, юрагини сиқаётган, ғаройиб парвоздан дарак бериб турган вазнсизлик ҳолатини ҳис қилиш учун ерга оёқ тираб сакрашга уриниб кўрди. Албатта, бундан бир иш чиқмади. Йўқ, у туш кўраётгани йўқ. У, қўрқувдан тонг қотган чоғингда жонсиз оёқларинг бир жойга михланиб қолганидай, учиш ёки бошқа бирор ҳаракатни ҳис қилмаётган эди.
Лекин у бемаҳалда бу ерларда нима қилиб юрибди? Нега келди бу ерга ўзи, қачондан бери манави нотаниш кўчаларда санқиб юрибди? О. қанчалик тиришмасин, саволларга жўяли жавоб топа олмади. Ичувчи бўлганида ҳам гўрга эди, ҳа, энди мастликда бўлиб туради-да, адашиб, гадойтопмас жойларга келиб қопти, деса… ¤лганнинг устига тепгандай, юрагида уйғонган ва сал бўлмаса босинқирашу ваҳимага айланаёзган хавотирни айтмайсизми! Ҳозирнинг ўзида, бир-икки дақиқа ҳам ўтмай даҳшатли бир фалокат рўй берадигандай, кўнгилни алағда қилаётган тутқич бермас ҳис…
У қўққисдан ўзининг тор йўлакли диғриқ деворига тикилиб турганини сезиб қолди. О. шарт бурилди-да, йўлак бўйлаб юриб кетди, муюлишга қайрилди-ю, яна тешик-туйнуксиз деворга рўпара келди. Қамалиб қолдим, деган хаёл урилди миясига. Лекин зум ўтмай кўзи девордаги энсиз эшикка тушди ва шошиб шу томон юрди. Уни итариб очди, аммо ўйлаганидек, ҳовлига эмас, худди ановисига ўхшаш бошқа бир тор йўлакка чиқиб қолди. Бирдан елкасидан тоғ ағдарилгандай бўлди. Шунда у ўзини қўрқитиб юборган нарса узоқдан келаётган элас-элас товуш эканини англади – ўша товушни бўғиқ йиғи-сиғи деб ўйлаган, мана, энди аниқ-тиниқ эшитиб билса, бу, бор-йўғи, мотор шовқини экан. ¤т олдирилган мошинанинг мотори. Бир оз ўтиб мотор қизийдию мошина жўнаб кетади. Аммо… бемаҳалда, бу ҳам етмагандай, мана бундай тор, танг жинкўчада мошинага бало борми? Ҳали қораси кўринмаган мошина унинг юрагига яна ғулғула солди. Сабабини тузукроқ англаб етмай туриб, унинг кўнглидан бу мошинага илло-билло рўпара келмай, тезроқ қочиб қолиш керак, деган фикр ўтди.
О. қадамини тезлатгани сайин мошина саси ҳам яқинлашиб келаверди – ваҳимага тушиб, қоча бошлади. Қочаркан, мошина тор йўлакдан катта тезликда ўтиб кета олмайди-ку, деган ўй миясида айланарди. Орқадан мотор шовқини жуда яқин келиб қолганини сезди. О. ўзини мажбурлаб ўгирилди. Йигирма қадамча нарида кўчани тўлдириб, устига бостириб келаётган каттакон қизил лимузинни кўрди. Жон ширинлик қилиб, дуч келган эшикни итариб очиб, худди сингиб йўқ бўлиб кетмоқчидай, нафасини ичига ютганча деворга қапишиб олди. Айни чоқда моторнинг овози паса¬йиб қолди, мошинани ўчди деб тахмин қилиш мумкин эди. Бироқ қизил лимузин тўхтаб қолмаган, фақат тезлиги сусайган эди, холос. У О. қапишиб олган эшикка тобора яқинлашиб келар эди.
…ва гўё мошина салони бўш эканини О. кўриши учун нақд унинг рўпарасига келиб тўхтади. Салон, дарҳақиқат, бўш, бўм-бўш эди. Ҳайдовчининг ўрнида ҳеч ким йўқ.

* * *

У одатдагидай еттига тўғрилаб қўйилган соат зангидан уйғониб кетди. Гарчи даҳшатли туш титроғи ўтиб кетмаган бўлса-да, ўз уйида, ётоғида эканини, бутун кўрганлари тушида содир бўлганини англагач, ўзига келиб қолди. Кулимсираб, бош ирғаб қўйди.
Янги кун бошланаётган эди. ¤рнидан туриши, ювиниши, соқол олиши, чой ичиши ва ишга жўнаши лозим. Қилиниши керак бўлган бугунги ишларнинг ҳам кечаги, эртанги, бир йил, ўн йил олдинги, бир йил кейинги юмушлар билан ўхшашлигини эслаб юраги сиқилди. У, гарчи имкони бўлмаса-да, яна бирпас мизғиб олиб, ўзини алдамоқчидай кўзларини юмди, лекин азалий одати панд бериб, тўшакдан туриб кетди: бугун ҳам ҳаётий кўникмасига айланиб қолган кун тартибига риоя қилиши шарт эди.
О. ярим соатлар ўтиб, ўзи сўққабош яшайдиган квартираси эшигини тамбалаб, зинапоядан пастга энарди. У беш дақиқадан сўнг 7-автобусга ўтириб, метро станциясига етиб олиши, метрода эса тўрт бекат юриши, метродан чиқиб, ишга, тўғрироғи, иш жойигача яна юз қадамча босиши керак. ¤н саккиз йилдан бери шу ҳолат – бир вақт, бир улов, бир йўналишда айнан такрорланар эди. Дам олиш кунлари, таътиллар, бетоб кунларини ҳисобга олмаганда, ўн саккиз йил…
О. сигарет тутатганча, йўлак эшигидан ташқари чиқаётиб, рўпарасидаги пиёдалар йўлкаси ёнида турган қизил лимузинга кўзи тушди. У бир сапчиб тушди, қадамлари сустлашди. Бу ўша тушида кўрган лимузин эканига қасам ичиб, шаҳодат бериши мумкин. Худди тушидагидек, мошина ичида ҳеч зоғ йўқ. Бироқ ойлоқ тушидан фарқли ўлароқ, ҳозир кўча тонгги қуёш нурларидан чароғон, бу ерда бирор сир йўқ ва, бинобарин, қизил лимузин ҳам бирор хатар туғдирмас эди. Мошинага ўхшаган мошина, бирор авло жойи йўқ, оддий мошиналардай турибди жойида. Балки О. уни кўрган-у, паришонхотирлиги боис эътибор бермагандир, ўша мошина ғайриихтиёрий тарзда ботиний онгига ўрнашиб қолиб, тушига кириш учун пайт пойлаб ётгандир.
Кучаниб ғўриллаганча яқинлашиб келаётган эски автобусни кўрган О. бекат томон илдамлади-да, доимо тирбанд юрадиган бу уловнинг орқа эшигидан туртина-суртина чиқиб олди. Шунда беихтиёр автобус деразасидан уйи томон кўз ташлади. Қизил лимузин ҳамон ўша жойда турар эди.
Икки бекатлар юрилгандан сўнг аксарият йўловчилар тушиб, автобус бўшаб қолди. О. бўш жойлардан бирига чўкиб, у ёқдан-бу ёққа шошилаётган одамларга, автобусни қувиб ўтаётган, қарама-қарши тарафдан келаётган мошиналарга, ўзи ёнидан минг марталаб ўтиб-қайтган уйларга паришонхотир термулар, фикрини бир ерга жамлашга уринар эди. Энди у автобусни чап ёки ўнг ёнидан қувиб ўтаётган мошиналарни, худди ниманидир излаётган ёки кутаётгандай синчиклаб кузата бошлади. Миясидаги ғира-шира ўйлар аниқ бир фикрга дўнди-ю, беихтиёр истеҳзоли кулимсиради: “Излаётганим анави қизил лимузин эмасми? Уни кўрмаганимга ҳам анча бўлди, одам соғинар экан”.
У автобусдан тушиб, ўн қадам ҳам юрмаган эдики, метрога кираверишда йўлкага тақаб қўйилган қизил лимузинга кўзи тушди. Яна мошина ичида ҳеч ким йўқ эди.
О. метронинг ўзиюрар зинасидан эниб борар экан, балки шаҳарга жуда кўп қизил лимузин келтирилгандир, шунинг учун ҳам уларни ҳар қадамда учратаётгандирман, деб ўйлади. Аммо унинг тушларига кириб чиқишини айтмайсизми? У ўзининг зўраки кулимсираганидан ижирғанди. Елкасида енгил бир титроқ турди. “Агар бу ўша мошина бўлса-чи? Мени таъқиб қилиб юрса-я?” Шу асно миясига лоп этиб бошқа бир фикр урди: “Тавба! Таъқиб қилар эмиш! Сенинг кимга керагинг бор?” Шунинг баробарида О. ўша қизил лимузинни яна учратсам албатта рақамига қараб оламан, деб кўнглига тугиб қўйди. “¤ҳ, демак, сен бу иккаласини ҳам бир мошина деб ўйлаётган экансан-да?.. Оббо, гапини қаранг!”
Мана шундай ғулғула билан андармон бўлиб О. умрида биринчи марта тушиши керак бўлган бекатдан ўтиб кетиб қолсами. Қарама-қарши тарафдан келаётган поездга ўтириб, ортига қайтишга мажбур бўлди. У метродан чиқа¬ётиб, яна қизил лимузинга дуч келди. Бу сафар ажабланмади ҳам, фақат ичида одами бўлмаган мошинанинг рақамига кўз ташлади: “19-91. Таниш-билишчилик қилиб олинган номер. ¤тиб бораётган йилга ҳам тўғри келади: 1991 йил. Хўп, нима бўпти шунга?” У елка қисиб қўйди: “Оддий тасодиф”.
У кундалик қатнов йўлининг сўнгги қисмини босиб ўтар экан, ўйлаб қолди: наҳотки таҳририят олдида ҳам қизил лимузин турган бўлса? Шуниси ҳам етар. Бундай бўлиши мумкин эмас. Метродан унинг идорасига олиб борадиган бошқа йўлнинг ўзи йўқ. Демак, қизил лимузин уни қувиб ўтиши керак эди. Шунда унинг ҳайдовчисига кўзи тушган бўларди. Ахир, бу мошиналар ўз ҳолича кезиб юрадиган туш эмас-ку…
У атрофни, ўзини қувиб ўтаётган мошиналарни диққат билан кузатар, лекин на улар сафида, на таҳририят биноси ёнидаги автомобиллар орасида қизил лимузин бор эди.
О. лифтда саккизинчи қаватга кўтарилиб, ўз кабинетига кирди. Кабинет деразалари ҳовлига қараган эди. Шу пайтгача эътибор қилмаган экан, лекин ҳозир бундан афсусланди: деразадан кўчага боқиб, ташқаридаги мошиналарни кузатиб ўтириши мумкин эди, қизил… “Йўқ, эсимни еб қўйганга ўхшайман, – деб ўйлади О. жаҳли чиқиб. – Нега шу жин ургур қизил мошина хаёлимдан кетмай қолди?”
У кунбўйи таҳририят ишлари билан банд бўлди: эртан чиқадиган газета саҳифаларини ўқиди, кейинги сонларга мўлжалланган мақолаларни таҳрир қилди, хатлар билан танишди, шулар билан чалғиб, тамадди қилиб олиш ҳам хаёлидан кўтарилибди, соат тўртларга бориб, очиққанини сезди. У олтинчи қаватдаги буфетга тушди.
Тасодифни қарангки, буфет деразаси ҳам кўчага қараган эди. О. тушликка пул тўлаётиб, беихтиёр деразадан ташқари мўралади. Пастдаги мошиналардан бирининг ранги қизил эди. Эй, ўша бўлмасин тағин?
О. беихтиёр тахминини текшириб кўрмоқчи бўлиб биринчи қаватга тушди-да, кўчага чиқиб, мошинанинг олдига борди ва номерига қаради: 19-91.
О. нигоҳларини қизил лимузинга қадаб, ҳозироқ бир фалокат рўй берадигандай жойида тек қотиб қолди. Эҳтимол, кимдир мошина ёнига келиб, унга ўтиришини ва бу нохуш ҳодисага барҳам беришини кутгандир. Лекин ҳеч кимдан дарак бўлмади.
Иш куни тугаб борар, таҳририят олдига қўйилган мошиналарга эгалари келиб ўтирар ва жўнаб кетар эди. Вақт ўтгани сайин уларнинг қатори сийраклаша борди. Қолган беш-олти мошина орасида қизил лимузин ҳам бор эди. О. дафъатан ўзининг анчадан бери йўлкада, мошиналар олдида кимнидир ёки ниманидир кутиб турганини сезиб қолди. Энди кутишдан фойда йўқ. Бу ерда эрталабгача қаққайиб турса ҳам нафи бўлмаслиги, қизил лимузинни миниб кетгани ҳеч ким келмаслиги турган гап. Негадир бунга ишончи комил эди. Боз устига, унинг кўнглида ҳозир жўнаб кетсам, уни эрталабгидай уйимнинг эшиги олдида кўришим аниқ, деган ишонч ҳам пайдо бўлди. Нега бу ғалати ишонч миясига ўрнашиб қолди, ўзи ҳам тушунтириб бера олмайди.
О. уйига жўнади. Афтидан, мошиналарни кузатиш жонига теккан, шунинг учун ўтган-кетган йўловчиларга ҳам эътибор бермай қўйган эди. Кўнглида, бу ишлар яхшилик билан тугамайди, деган бир алағдалик бор эди. У худди бегона шаҳарга бориб қолгандай ҳис қиларди ўзини. Табиийки, бу ҳис О.га ёт эмас, кейинги икки-уч йил ичида у ўз шаҳрини таниёлмай қолган эди. Шаҳар тобора бефайз бўлиб бораётгандай, эски ҳамшаҳарлари гўё бошқа бировларга алмаштириб қўйилгандай эди. На чора. Шаҳарда О.нинг дўстлари, оғайнилари, ҳатто танишлари кундан-кунга камайиб борарди. Ҳатто шаҳардаги бинолар, кўчалар, майдонлар ҳам олдинги файзини йўқотди, хиралашди, тундлашди, дағаллашди. Илгарилари О. уйдан чиқиб юз қадам юрмаёқ албатта икки-уч танишини учратар эди, бугун эса шаҳарни соатлаб кезса ҳам бирор таниши билан салом-алик қилиши даргумон.
О. ғуссали хаёлларга толганча метрога яқинлашаркан, йўлка бўйида 19-91 рақамли қизил лимузинни кўриб қолди. Бу ерга қачон, қандай қилиб келиб қолди экан? Ахир, таҳририятдан метрогача фақат шу йўл билан келинади. О. ҳозиргина пиёда келган бу йўлда ҳеч қандай қизил лимузин учрамади-ку? Ё ҳар доимги паришонхотирлиги сабаб эътиборсизлик қилдимикан? Нима бўлганда ҳам мошина шу ерда турар, ичида эса яна ҳеч ким йўқ эди.
О.нинг кўнглидаги айқаш-уйқаш ҳисларни бир ном билан аташ мушкул, аммо уларнинг ёнига яна бир ҳис – қўрқув келиб қўшилгани аниқ эди. Кимдир атай уни тушуниксиз бир ўйинга тортаётган, бу ўйин у ишга қатнайдиган йўл бўйлаб давом этаётган эди. На чора. О. ичидан гупириб келаётган ғазаб аралаш, майли, ўйин бўлса, ўйнаганим бўлсин, лекин унинг қоидасини, рақибларим кимлигини билишим, ҳеч қурса, кўришим керак-ку, дерди ўзига-ўзи. У метро вагонида шу ҳақда ўйлаб кетди. Демак, “улар” О.нинг қатнов йўлидан хабардор… Изига тушишган, хўш, бунинг нима қийин жойи бор? Бу уларнинг қўлидаги кузир. Ким экан ўшалар? Билганида борми? Балки ўшанда ўйин бошқачароқ бўлар, унинг қоидаси бўйича ўйналармиди? “Майли, кузир уларнинг қўлида бўлса, ўйинни бузиш менинг қўлимда. Ҳозир ҳар доимгидай метронинг ўзим тушадиган бекатидан чиқсам, ўша қизил лимузинни кўришим аниқ. Мен эса тўртинчи бекатдан эмас, иккинчисидан… чиқаман”. Нега айнан иккинчисида эканини О. метродан кўчага чиқиб англади. Бир замонлар у деярли ҳар куни метронинг айнан шу станциясидан чиқар, аммо икки йилдан буён бу ерларда қорасини кўрсатмас эди. Метронинг шундоқ ёнгинасида котиба яшарди. Ҳамма бало шунда экан.

* * *

Котиба ҳам таҳририятда ишлар эди. Кунлардан бир куни, тўғрироғи, бир туни котиба билан О.нинг газета сонига навбатчилиги тўғри келиб қолди. Улар ярим кечаси газетани топшириб, кўчага бирга чиқишди. Табиийки, О. уни уйигача кузатиб қўйди. Ундан-бундан, ишдан, ходимлардан, об-ҳаводан, турмуш ташвишларидан гаплашиб кетишди. Бирга ишлаётганига бир йил бўлса-да, ҳали бирор марта бунга ўхшаш кўнгилга эрк берадиган вазиятга тушишмаган эди. Энди эса бўлар-бўлмас нарсалар ҳақида валдираб, негадир иккаласи ҳам бу кеч бир-биридан айрилмаслигига ишонар эди. Йўқ, фақат бугун, фақат бир кеча эмас (Бунга кейинчалик котиба ҳам иқрор бўлди).
Котиба навниҳол, диркиллаган, гўзал, бу ҳам етмагандай, бир ўзи турар эди. О. эса бўйдоқ. Ҳозиргидай. Ҳар доимгидай. Шу воқеа рўй берганига ҳам беш йил бўлибди. Демак, ўша пайтлар О. беш ёшлар ёшроқ экан-да.
Котибанинг камтарлигини ҳисобга олсак, у қилган нимишора, нимтаклиф ва нимдаъватларни, бир пиёла чойга кирсангиз, деб тушуниш мумкин эди. О. эса ниятига етиш учун атайин чўнтакларига шапиллатиб уриб, қитмирлик қилди: гугурт фақат уйда бўлишини била туриб, котибадан гугурт сўради. Лекин гап бунда эмас, муҳими, ўша сўлим кеча уларнинг бир-бирига айтган сўзлари ҳам, қилган имо-ишоралари ҳам – ҳамма-ҳаммаси табиий ва ярашиқли эди. Кеч бўлиб қолгани эсларига тушганида метро аллақачон ёпилган эди.
О. котибаникида ётиб қолишга мажбур бўлди, бу ҳам табиий бир йўсинда кечди. Ошиқ-маъшуқлик уч йил давом этди. Бу орада улар бир-биридан тўйган, ҳатто бир-бирининг жонига теккан ҳам эдики, иккаласини боғлаб турган кўринмас ришта асаб толасидай таранглашиб, оғриқсиз узилар ҳолатга келган эди. Гапнинг индаллоси, ҳар нарсанинг интиҳоси бор. Шунинг учун бўлса керак, котиба – ташландиқ бўлишни хоҳламай – таҳририятдан бўшаб кета қолди. Ишдан кетганидан сўнг орадан бир ой ўтиб, О. қўққисдан уни йўқлаб борди.
Котибанинг уйига меҳмон – янги иш жойидаги дугоналари келган экан. У О.ни совуқ қарши олди, шу сабаб одоб юзасидан бирпас ўтириб, хайр-хўшлашиб кета қолди. Орадан бир ҳафта ўтиб, уникига яна келди. Бу сафар котиба уйида йўқ экан. Кейинчалик яна бир бор йўқлади – тополмади. Шундан сўнг яна эски тегирмон тоши айланиб кетиб, ишга кўмилди-қолди, котибани унутди.
Бу айрилиқ уни на қийнади, на азоб берди. Юраги ақалли қилт этмади, қизни деярли соғинмай қўйди. У бир ўзи яшашга ўрганиб кетган, ёлғизликдан азият чекмас эди.
О. баъзан аёллар билан танишар, дон олишар, уларни уйига етаклаб келар ёки уларникига меҳмонга борар эди. Табиатан камгап бўлгани учун танимайдиган бирортаси у билан бирга ўтириб қолса, зерикканидан “тарс” ёрилиб кетай дер эди. Шунинг учун у билан таниш-билишлик, нари борса, бир-икки соат давом этарди. О. танишини ойлаб эсламаслиги ҳам мумкин эди.
У иккинчи бекатда тушиб, метродан чиқди, лимузин-пимузин дегани йўқ. Бундан ажабланмаса ҳам бўлади: унинг бу ердан чиқиши кимнинг хаёлига кепти дейсиз? Бу фикр ўзининг ҳам миясига тасодифан келиб қолмадими, ахир!
Оёқларининг ўзи уни эски одатга биноан котибанинг уйига бошлаб келди. Мана таниш зинапоя, иккинчи қаватдаги пиллапоялардан бирининг кемтиги бор, қоқилиб, пешонангни ғурра қилгинг келмаса, эҳтиёт бўлганинг маъқул. О. учинчи қаватга чиқиб, худди кечагина бу ердан кетгану орада икки йиллик айрилиқ бўлмагандай эшик қўнғироғини босди.
Эшик ортида қадам товуши эшитилди ва:
– Ким у? – деган овоз келди.
У жавоб берди.
Эшик очилди. Котиба О.ни кўриб ҳайрон бўлди.
– Сенмисан? Қандай шамол учирди?
У, шу яқин атрофда бир ишим бор эди, бирйўла сени ҳам кўриб кетай дедим, деб минғирлади. Улар ҳамон остонада туришар эди. Ниҳоят қиз уни ичкарига таклиф қилди.
– Кир, – деди қиз. – Фақат, айбга буюрмайсан, уй тўзиб ётибди. Меҳмон келишини кутмаган эдим.
Хона ғариб бир аҳволда эди. Бўм-бўш, жиҳозсиз. Фақат деворда бир тошойна қолган. Сурат чорчўпи осилган михлар, ранги ўнгиб кетган гулқоғозли деворда йиллаб осилиб турган ўша суратлар ўрни қора из бўлиб қолган эди. Хона кунжагидаги картон қутиларга китоблар жойланган, қутиларга сиғмаганлари ерда, дераза рафида сочилиб ётар эди. Девордаги ойна О.га котибани суйган онларини эслатди, у бўлса О.нинг ойнага тушган нигоҳидан хаёлига нималар келганини уқиб олди. Хона бурчагидаги паркет ранги полнинг бошқа жойларидан бўлакча эди. Ердаги қора тўртбурчак улар бир-бирини суйган каравот ўрни эди. О. ҳатто пуржиналар ғичир-ғичирини ҳам эшитгандай бўлди.
– Хайрлашгани келдингми? – деб сўради котиба чўзилиб кетган ўнғайсиз жимликни бузиб.
– Хайрлашиш деганинг нимаси? – таажжубланиб унга қаради О. – Ё кўчяпсанми?
У тасдиқлаб бош ирғади.
– Уйингни алиштирдингми?
– Йўқ, ватанимни.
О. бирпас жимиб қолди-да, сўнгра гап қотди:
– Нима ҳам дердим. Ҳозир бу урф бўлган… Сир бўлмаса, қаерга?
– Узоққа, – ним табассум қилди қиз. – Бошқа қитъага, океан ортига.
О. котибанинг онаси жуҳуд бўлганини, Америкада қариндошлари, холасими, тоғасими борлигини эслади. Буни унга қизнинг ўзи айтган эди.
– Қачон кетяпсан?
– Индинга, – деди у. – Ҳамма нарсани сотдим, бугун каравотни ҳам олиб кетишди. Энди ерда ётиб ухлашимга тўғри келади.
– Мана бу китоблар-чи?
– Уларни эртага олиб кетишади. – Кейин бирданига эсига тушиб қолди. – Ошхонадан иккита истакан топилади. Ҳозир сенга чой қўйиб бераман.
– Кераги йўқ, – деди О. Лекин котиба ошхонага чиқиб бўлган эди.
О. метро станциясига қараган дераза ёнига келиб кўчага тикилди. Ке¬йин ўзининг ойнадаги аксига кўзи тушди: юзи салқиган, ажинли кўзлари остида халтачалар, сочи оппоқ. Йўқ, унга сочи оқармаган, аксинча, моғорлаб кетгандай туюлди.
У қўлига илинган китобни олиб паришонхотир, ҳеч бир мақсадсиз варақлар, қайтиб жойига қўяр эди. Эски энциклопедиялар, кўп томликлар, луғатлар, маълумотномалар дегандай. Уларнинг орасида нодир китоблар ҳам кўриниб қоларди. Кўп саҳифаларнинг ҳошиялари қаламда қўйилган белгилар билан тўлиб кетган, матннинг ўзида эса тагига чизиқ тортилган жойлар бисёр эди. Бу китоблар енгил-елпи ўқилмагани шундоқ кўриниб турарди.
Котиба ошхонадан иккита суянчиқсиз курси келтириб, биттасини О.га узатди:
– ¤тир.
Яна қайтиб бориб, бир истакан чой билан қанддон олиб келди-да, иккинчи курсига қўйди.
– Жуда бой кутубхонанг бор экан, – деди О. – Билмаган эканман.
– Сен нимани билардинг ўзи? – деди ҳазил аралаш қўл силтаб котиба. –Ота-онамдан қолган… Баъзи китобларни кейинчалик ўзим сотиб олганман…
О. эътибор қилмай, бош чайқади.
– Сенинг хаёлинг доим бошқа ёқда бўлар эди. Остона ҳатладинг дегунча менга тирғалиб, тўшакка тортар эдинг. Ишинг битгандан кейин эса қочиб қолишни ўйлаб тинмай соатингга қарар эдинг. Мен эса сени бундай ноқулай вазиятдан қутқариш учун: “Шошиляпсан, ишинг борми дейман?” дер эдим. Сен бўлсанг: “Ҳа-ҳа, зарур бир ишим бор, кетмасам бўлмайди”, деб жуфтакни ростлаб қолар эдинг.
О. ҳам эслади: доим шундай бўларди, бу ҳақда кўп гаплашилган ўша пайтлар, аммо иккови ҳам ҳозиргидай бефарқ эмас эди. Бора-бора суҳбатлари зерикарли, аччиқ-тиззиқ тус ола бошлади, улар аста-секин бир-биридан совишига, эҳтимол, шу ҳам сабаб бўлгандир. О. ўша эски, мутлақо бемаъни суҳбатларни эслашни сира истамасди. У “пластинка”ни ўзгартирди.
– Ҳошиядаги белгиларни отанг қўйганми? – деди у қаламда қўйилган белгиларни кўрсатиб.
– Баъзиларини отам, баъзиларини эса онам… – деди котиба жилма¬йиб. – Ҳарқалай, мен қўймаганман.
– Отанг инглизчани билармиди?
– Ҳа, немисчани ҳам. Форсчани ҳам.
– Бу китобларни кимга қолдириб кетяпсан?
– Уларни сотдим.
– Сотдинг? Кимга?
– Ҳар кимга. Бировни бир хил китоблар қизиқтиради, бошқаларни – бошқаси.
– Ачинмайсанми? Ахир, уларда ота-онангнинг қайдлари бор-ку…
– На чора? Гап билан қорин тўймайди. Ота-онам ҳам, китоблари ҳам ўлиб кетди. Менинг бўлса ҳали яшашдан умидим бор.
– Китобларни ҳам ўлди деяпсанми? Қанақасига?
– Нимасини тушунмайсан? Мана шу китобларни ўқиган, йиққан, улар ҳақида ўйлаган ва ҳаётининг бир бўлаги деб ҳисоблаган одамлар ўлса, китоблари ҳам улар билан бирга кетади, яъни китоб ҳам қазо қилади. Янги хўжайин қўлига ўтгач, улар энди аввалги китоб бўлмай қолади. Баъзи бировлар китобсиз яшай олмайди, лекин мен улар хилидан эмасман, – ҳазил қилди қиз. – Кўриб турганингдай, уларсиз ҳам бинойидай яшаб юрибман. Мен кўп нарсасиз яшашим мумкин.
– Масалан, ватансиз ҳам, – деди О. атай чақиб олиш учун.
– Масалан, муҳаббатсиз ҳам, – деб қўйди котиба маъюс оҳангда.
О. авваллари котибани бунақа аҳволда кўрмагани учун қизиқсиниб қаради.
– Лекин, – давом этди котиба бир оз жимликдан сўнг, – китобни, уни ўқишни, ўйлашни яхши кўраман… Мазмунини эмас, умуман, у ҳақда ўйлашни… Мана, қара: шу китобларнинг қанчаси эллик йиллаб сен билан бирга яшайди, менга улар токчаларда ёнма-ён тураверганидан бир-бирига ҳам ўрганиб қолган, баъзан ичидаги фикрлар биридан иккинчисига ўтгандай, қаҳрамонлари кечаси ҳамма уйқуга кетганда бир-бириникига меҳмон бўлиб боргандай, суҳбатлашгандай, баҳслашгандай, жанжаллашгандай туюлади. Худди мен билан сенга ўхшаб, уларнинг ҳар бири – бир олам.
– Биз жанжаллашмаганмиз.
– Ҳа, тўғри. Энди бунинг аҳамияти йўқ… Ҳарқалай мана шу китоблар бир оила эди. Энди бўлса улар бир-бири билан хайрлашмоқда, чунки оила тарқаб кетяпти. Эртага улар бир-биридан узоқда, шаҳарнинг ҳар тарафида, бошқа-бошқа одамлар қўлида бўлади. Бошқа ҳеч қачон кўришмайди. – Котиба жим қолди ва қўшиб қўйди. – Худди мен билан сендай.
– Раҳминг келяптими? – деди О. китобларни назарда тутиб.
– Йўқ, энди келмаяпти, – деб жавоб берди котиба ўзи билан О.ни назарда тутар экан.
– Ҳали шунақаман де? – деди О. хаёлчан. – Нега олдинроқ бунақа гаплашмагансан… мен билан?
– Эсингда бўлса, сен бу ерга гаплашгани келмас эдинг.
– Жаҳлинг чиқмасин…
– Ё гапим нотўғрими? Ишда ўта расмий гаплашардик, билмадим, менгами ёки ўзинггами гап тегишидан қўрқар эдинг, уйда эса… Хаёлингга бош¬қа нарса келмасин, мен ҳозир фақат ўша вақтни эсладим. Сенга ҳеч қандай даъвом йўқ… Ҳатто, даъвом бўлиши кулгили-ку… Оқар сувлар аллазамонлар оқиб кетди…
О. бу ёққа келаётганда шу гаплар хаёлида ҳам йўқ эди, лекин илкис уйғониб кетган хотиралар унинг котибага бўлган майлини яна қўзғаб юборди ва улар ҳеч қачон бир-бирини мана шундай шип-шийдам деворлар орасида, бўм-бўш ерда… сочилиб ётган китоб ва газеталар орасида суймаганини ўйлаб хаёли қочди. Кўнгли суст кетиб, котибанинг ёнига борди, қучмоқчи бўлди, бироқ у мулойим, аммо кескин қаршилик кўрсатди.
– Кераги йўқ, – деди котиба, – оқар сувлар оқиб кетди. Олдинлари сени эслаб турар эдим, лекин кейинги пайтларда тушларимга ҳам кирмай қўйдинг. Кетиш олдидан сен билан хайрлашиш истаги юрагимга ўрнашиб қолган экан. Хаёлимдан кўп марта ўтган бирор истак юрагимга ўрнашса, амалга ошмай қолмайди. Мана, ўз оёғинг билан келиб ўтирибсан. Ростдан ҳам кетаётганимни эшитмаганмидинг?
– Эшитганим йўқ. Тасодифан кириб қолдим. Бир ишим бор эди…
– Қанақа иш экан?
О. қизил лимузинни оғзидан гуллаб қўйишига сал қолди, лекин тилини тийди: нимани ҳам айтарди? Шу бугуннинг ўзида битта мошинани икки-уч марта кўрганиними? Нима бўпти шунга? Кўрса кўрибди-да.
Қолаверса, котиба ўзидан жуда узоқлашиб кетган эди. О. билан худди бошқа дунёда туриб гаплашгандай гаплашди.
О.нинг кўнглида бирдан ўзига бефарқ қараб турган ойнани чил-чил синдириш истаги бош кўтарди, бироқ тошойнани синдириш бахтсизлик келтиришини айни вақтида эслаб қолди. У шу тобда на ўзининг, на котибанинг бахтсизлигига рози эди. Балки котиба ҳали сиртида О. икковининг акси совиб улгурмаган муҳаббатлари тошойнасини ҳам сотгандир: уни ҳам бошқа уйга олиб кетиб, бир бегона деворга осиб қўйишар, балки шунда у совуқ сиртида бошқа ҳаёт, бошқа бир муҳаббатни акс эттирар.
Фақат хайрлашишса бўлди, энди О.ни товушу овозлар мозорига айланган бўм-бўш хона билан боғлаб турган нарсанинг ўзи қолмаганди. Кетиш керак. У гарчи қайта кўришиш ҳеч қачон насиб этмаслигини билиб турса-да “Майли, омон бўл. Балки яна қачондир, қаердадир кўришиш насиб этар”, деди.
О. остонада котибанинг пешонасидан ўпиб, зинапоядан эна бошлади. Иккинчи қаватда кемтик зина борлиги эсидан чиқибди, қоқилиб кетиб, йиқилишига оз қолди. Бошини кўтарди. Котиба зинапоя супасида турар эди. О. тепага қараганида қўл силкиб қўйди. Жилмайгандай туюлди. У йўлида давом этди, тепадан ёпилаётган эшикнинг ғийқиллаши эшитилди. Бу ғийқиллаш каравотнинг инграган пуржиналарини эслатди, шундагина у котиба билан видолашганини аниқ ҳис қилди. Дафъатан яна шуни ҳам тушундики, гарчи йиллаб кўришмаган бўлса-да, котиба шаҳардаги яккаю ягона яқин одами, қизил лимузиндан фақат унга гап очиши мумкин экан.
Шунда олдига қайтиб бориб: “Кетма, оила қурамиз, бирга яшаймиз, китобларингни ҳеч кимга сотмаймиз” ёки “…ҳеч бўлмаса, фақат шу кеча бирга бўлайлик, ерга китобларни тўшаймиз, эски газеталарни ёпинамиз, бир-биримизнинг пинжимизга кириб, бор дунёни унутамиз”, деб айтсаммикан деган фикр келди миясига.
Лекин бунинг иложи йўқ эди: ҳаммаси ҳал бўлган, энди ҳеч нарсани ортга қайтаролмайди, бунга ақли етиб турибди.
О. кўчага чиққанида қизил лимузин шундоқ эшик олдида метин қоядай савлат тўкиб турганини кўрди. О. ажабланмади ҳам, қизил лимузин уни шу ерга ҳам топиб келгани табиий, оддий бир гапдай, худди шундай бўлиши керакдай эди назарида. Юрагида ҳадик-хавотир йўқ. Бамайлихотир метро томон юриб кетди. Ёмғир шивалаб ёғарди. Гўё бегонадек бўлиб қолган шаҳарда фақат ёмғиргина унга таниш эди. Ҳамма, ҳамма нарса бегона, бутунлай ўзгариб, файзини йўқотган эди. У тунд осмонга қаради, булут қоплаган осмонгина унга таниш эди, таниш осмондан таниш ёмғир ёғар эди. Назарида бу ёмғир ўтмишдан, мангу бой берилган ўтмишдан ёғаётган эди.
О. метродан чиқиб, автобусни кутиб ўтирмай, уйига яёв жўнади. Ёмғир ҳалиям ёғаётган эди. Мана, у ҳозир яна бир оз юргач, уйининг эшигида қизил лимузинни кўради, албатта кўради.
Аммо уйга етди ҳамки, на қизил, на қора мошина кўринди, уй олди бўм-бўш. “На чора, – ўйлади у. – ¤ша мошинани тушимда кўраман энди”.
У тонг-саҳар соат тўрт яримда тўсатдан уйғониб кетди. Соат занг чалинадиган эрталабки еттини кутиб, чиқиллаб вақт санар эди. Бироқ О. соатига қараб, ҳозироқ жойидан туриши кераклигини англади. У ўрнидан туриб, дераза ёнига борди. Кўнгли сезган экан: саҳарнинг хилват кўчасида, уй эшиги олдида қизил мошина турар эди. Қизил лимузин…
О. энди нима қилиш кераклигини яхши биларди. У ваннахонага кириб чўмилди, шошилмасдан соқол олди, тоза оқ кўйлагини, дазмолланган кўча костюмини кийди, энг яхши бўйинбоғини тақди, туфлисини ялтиратиб артди.
Ташқарига чиқиш олдидан хонани кўздан кечирди. Бўм-бўш хонани шовқинга тўлдириб чиқиллаётган соатни тўхтатиб қўйсамми, деб ўйлади, лекин бу фикридан қайтди. Энди бунинг нима фарқи бор?
Унчалик чеккиси келмаётган эди, чекмай қўя қолди, чунки “сўнгги сигарет, фалон-писмадон” қабилидаги сафсата гаплар эсига тушиб кетди. О. шошмай зинадан тушиб, кўчага чиқди.
Кўча бўм-бўш, қоронғи эди. Асфальтнинг баъзи жойларида кечаги ём¬ғир кўлмаклари қорайиб кўринар эди.
У қизил лимузиннинг олдига борди. Мошинанинг эшиги қулфланмаганини билар эди.
Эшик чиндан ҳам қулфланмаган экан. У эшикни очди ва рулга ўтирди.
У мошинанинг калити ҳам жойида эканини билар эди.
Калит жойида экан.
О. нотаниш кўчага, нотаниш уйларга, таниш осмонга назар ташлади.
Тиниқ осмон ҳаво очиқ бўлишидан дарак берар эди.
У калитни буради.

ТЕЛЕГРАФ АГЕНТЛИГИНИНГ ХАБАРИ:
“Бугун соат чамаси бешларда N. кўчасида автомобил портлаб кетди. Мошинанинг ўт олдириш қулфига портловчи мослама уланган, деган тахмин бор. Портлатгични ким ўрнатгани, мошина кимга тегишли, унга ўтирган, таниб бўлмайдиган даражада куйиб кетган жасад кимники экани ҳозирча маълум эмас. Суриштирув ишлари бошланди”.

Фахриёр таржимаси

Анор ижоди «Хуршид Даврон кутубхонаси»да:
Анор. Йил фасллари ёхуд бир папка ичидагилар
Анор. Ваҳима
Анор. Адабиёт ҳақида & Беш қаватли уйнинг олтинчи қавати
Анор. Ёнғоқ пўчоғи

Atoqli ozar adibi Anorning e’tiboringizga havola etilayotgan “Qizil limuzin” asari shitob bilan kechayotgan zamon o‘zgarishlariga hamnafas bo‘lay deb baxtini qurbon bergan bir ziyolining hayoti haqidagi ramzu majozga yo‘g‘rilgan mahzun hikoyadir

ANOR
QIZIL LIMUZIN


Anor (Anar Rəsul oğlu Rzayev) 1938 yili Boku shahrida mashhur shoirlar Rasul Rizo va Nigor Rafibeyli xonadonida tavallud topgan. 1960 yili Ozarboyjon Davlat universitetining filologiya fakulьtetini, 1964 yili esa Moskvadagi Oliy stsenariynavislik kursini tugatgan.
U “Dantening yubileyi”, “Oq ko’rfaz”, “Besh qavatli uyning oltinchi qavati”, “Muloqot”, “Sizsiz”, kabi asarlarida zamondoshlar obrazini yaratishga intiladi, an’anaviy tushuncha va urf-odatlarning ular hayotiga ta’sirini tadqiq qiladi.Anor «Har oqshom o’n birda» (1969), «Kun keldi» (1971), «Taxmina» (1993) filьmlari uchun stsenariy ham yozgan.


Yetti do’nglik shahrimda
Men gulimdan ayrildim.
Na o’limni tushunmoqlik,
Na undan qo’rqmoqlik ayb.
Nozim HIKMAT

O. xayollari chuvalashib to’xtadi, atrofga alangladi. Bu joylar unga tanishday, biroq tor ko’chani ilk daf’a ko’rib turishi. Bir-ikki qavatli uylar, eski, nuragan hovlilarning bad, qorishiq bo’ylari, eshiksiz-derazasiz devorga borib taqalgan dig’riq – boshi berk ko’cha – hamma-hammasi O.ga vaqtiyu ko’nglidan olis, chirkin xotiralaridan sizib o’tgan aralash-quralash tushlarining antiqa olamini eslatar edi. Bolalik xotiralarimikan bu?
Yo’q, uning bolaligi bu mahallada kechmagan. Balki ancha yillar burun bu yerga biror qarindoshi, do’sti yoxud tanishinikiga mehmon bo’lib kelgandir. Eslay olmadi. Uyidan ishxonasiga ham bu yo’llardan o’tib bormaydi. Buning ustiga, ko’ngliga shaharning o’ziga daxli bo’lmagan mahallalarida sanqish g’ulg’ulasi ham hech tushmagan. Unda nega hamma narsa ko’ziga, xuddi bu yerni qarichlab o’lchab chiqqanday, tanish tuyuladi? Vujudini kemirgan tashvish, g’alati besaranjomlik hissi qayerdan doridi?
U soatiga qaradi. Yarim kecha – komendantlik vaqti boshlanishiga juda oz qolgan edi. Imillamay bu yerdan – chalkash, befayz jinko’chalardan markaziy ko’chaga, shohko’chaga chiqish, soat o’n ikki bo’lmasidan uyiga yetib olishi kerak, aks holda patrulning qo’liga tushib qolib, tunni shu yaqin atrofdagi komendaturada o’tkazishi hech gap emas.
Balki hammasiga oyning go’yo o’zga dunyolardan bu yerga kelganu g’ira-shirada xaroba tusiga kirgan imoratlar, chuvalgan kalava ipiga o’xshash tor ko’chalar – umuman, quloqni tom bitirgudek sukunatga to’la bu g’aroyib makon ustidan hukm yurgizayotgan kumush-bo’z rang nuri sababchidir? Axir, u ma’nisiz va harakatsiz nigohini oy nuriga tikib, oydin yo’lakdan beo’x¬shov, ammo tantanali qadam tashlab borayotgan oyparast emas-ku! Hushi joyida, esini yemagan, vaqtni ham aniq biladi. Shunga qaramasdan, tushim emasmikan deya, yuragini siqayotgan, g’aroyib parvozdan darak berib turgan vaznsizlik holatini his qilish uchun yerga oyoq tirab sakrashga urinib ko’rdi. Albatta, bundan bir ish chiqmadi. Yo’q, u tush ko’rayotgani yo’q. U, qo’rquvdan tong qotgan chog’ingda jonsiz oyoqlaring bir joyga mixlanib qolganiday, uchish yoki boshqa biror harakatni his qilmayotgan edi.
Lekin u bemahalda bu yerlarda nima qilib yuribdi? Nega keldi bu yerga o’zi, qachondan beri manavi notanish ko’chalarda sanqib yuribdi? O. qanchalik tirishmasin, savollarga jo’yali javob topa olmadi. Ichuvchi bo’lganida ham go’rga edi, ha, endi mastlikda bo’lib turadi-da, adashib, gadoytopmas joylarga kelib qopti, desa… ¤lganning ustiga tepganday, yuragida uyg’ongan va sal bo’lmasa bosinqirashu vahimaga aylanayozgan xavotirni aytmaysizmi! Hozirning o’zida, bir-ikki daqiqa ham o’tmay dahshatli bir falokat ro’y beradiganday, ko’ngilni alag’da qilayotgan tutqich bermas his…
U qo’qqisdan o’zining tor yo’lakli dig’riq devoriga tikilib turganini sezib qoldi. O. shart burildi-da, yo’lak bo’ylab yurib ketdi, muyulishga qayrildi-yu, yana teshik-tuynuksiz devorga ro’para keldi. Qamalib qoldim, degan xayol urildi miyasiga. Lekin zum o’tmay ko’zi devordagi ensiz eshikka tushdi va shoshib shu tomon yurdi. Uni itarib ochdi, ammo o’ylaganidek, hovliga emas, xuddi anovisiga o’xshash boshqa bir tor yo’lakka chiqib qoldi. Birdan yelkasidan tog’ ag’darilganday bo’ldi. Shunda u o’zini qo’rqitib yuborgan narsa uzoqdan kelayotgan elas-elas tovush ekanini angladi – o’sha tovushni bo’g’iq yig’i-sig’i deb o’ylagan, mana, endi aniq-tiniq eshitib bilsa, bu, bor-yo’g’i, motor shovqini ekan. ¤t oldirilgan moshinaning motori. Bir oz o’tib motor qiziydiyu moshina jo’nab ketadi. Ammo… bemahalda, bu ham yetmaganday, mana bunday tor, tang jinko’chada moshinaga balo bormi? Hali qorasi ko’rinmagan moshina uning yuragiga yana g’ulg’ula soldi. Sababini tuzukroq anglab yetmay turib, uning ko’nglidan bu moshinaga illo-billo ro’para kelmay, tezroq qochib qolish kerak, degan fikr o’tdi.
O. qadamini tezlatgani sayin moshina sasi ham yaqinlashib kelaverdi – vahimaga tushib, qocha boshladi. Qocharkan, moshina tor yo’lakdan katta tezlikda o’tib keta olmaydi-ku, degan o’y miyasida aylanardi. Orqadan motor shovqini juda yaqin kelib qolganini sezdi. O. o’zini majburlab o’girildi. Yigirma qadamcha narida ko’chani to’ldirib, ustiga bostirib kelayotgan kattakon qizil limuzinni ko’rdi. Jon shirinlik qilib, duch kelgan eshikni itarib ochib, xuddi singib yo’q bo’lib ketmoqchiday, nafasini ichiga yutgancha devorga qapishib oldi. Ayni choqda motorning ovozi pasa¬yib qoldi, moshinani o’chdi deb taxmin qilish mumkin edi. Biroq qizil limuzin to’xtab qolmagan, faqat tezligi susaygan edi, xolos. U O. qapishib olgan eshikka tobora yaqinlashib kelar edi.
…va go’yo moshina saloni bo’sh ekanini O. ko’rishi uchun naqd uning ro’parasiga kelib to’xtadi. Salon, darhaqiqat, bo’sh, bo’m-bo’sh edi. Haydovchining o’rnida hech kim yo’q.

* * *

U odatdagiday yettiga to’g’rilab qo’yilgan soat zangidan uyg’onib ketdi. Garchi dahshatli tush titrog’i o’tib ketmagan bo’lsa-da, o’z uyida, yotog’ida ekanini, butun ko’rganlari tushida sodir bo’lganini anglagach, o’ziga kelib qoldi. Kulimsirab, bosh irg’ab qo’ydi.
Yangi kun boshlanayotgan edi. ¤rnidan turishi, yuvinishi, soqol olishi, choy ichishi va ishga jo’nashi lozim. Qilinishi kerak bo’lgan bugungi ishlarning ham kechagi, ertangi, bir yil, o’n yil oldingi, bir yil keyingi yumushlar bilan o’xshashligini eslab yuragi siqildi. U, garchi imkoni bo’lmasa-da, yana birpas mizg’ib olib, o’zini aldamoqchiday ko’zlarini yumdi, lekin azaliy odati pand berib, to’shakdan turib ketdi: bugun ham hayotiy ko’nikmasiga aylanib qolgan kun tartibiga rioya qilishi shart edi.
O. yarim soatlar o’tib, o’zi so’qqabosh yashaydigan kvartirasi eshigini tambalab, zinapoyadan pastga enardi. U besh daqiqadan so’ng 7-avtobusga o’tirib, metro stantsiyasiga yetib olishi, metroda esa to’rt bekat yurishi, metrodan chiqib, ishga, to’g’rirog’i, ish joyigacha yana yuz qadamcha bosishi kerak. ¤n sakkiz yildan beri shu holat – bir vaqt, bir ulov, bir yo’nalishda aynan takrorlanar edi. Dam olish kunlari, ta’tillar, betob kunlarini hisobga olmaganda, o’n sakkiz yil…
O. sigaret tutatgancha, yo’lak eshigidan tashqari chiqayotib, ro’parasidagi piyodalar yo’lkasi yonida turgan qizil limuzinga ko’zi tushdi. U bir sapchib tushdi, qadamlari sustlashdi. Bu o’sha tushida ko’rgan limuzin ekaniga qasam ichib, shahodat berishi mumkin. Xuddi tushidagidek, moshina ichida hech zog’ yo’q. Biroq oyloq tushidan farqli o’laroq, hozir ko’cha tonggi quyosh nurlaridan charog’on, bu yerda biror sir yo’q va, binobarin, qizil limuzin ham biror xatar tug’dirmas edi. Moshinaga o’xshagan moshina, biror avlo joyi yo’q, oddiy moshinalarday turibdi joyida. Balki O. uni ko’rgan-u, parishonxotirligi bois e’tibor bermagandir, o’sha moshina g’ayriixtiyoriy tarzda botiniy ongiga o’rnashib qolib, tushiga kirish uchun payt poylab yotgandir.
Kuchanib g’o’rillagancha yaqinlashib kelayotgan eski avtobusni ko’rgan O. bekat tomon ildamladi-da, doimo tirband yuradigan bu ulovning orqa eshigidan turtina-surtina chiqib oldi. Shunda beixtiyor avtobus derazasidan uyi tomon ko’z tashladi. Qizil limuzin hamon o’sha joyda turar edi.
Ikki bekatlar yurilgandan so’ng aksariyat yo’lovchilar tushib, avtobus bo’shab qoldi. O. bo’sh joylardan biriga cho’kib, u yoqdan-bu yoqqa shoshilayotgan odamlarga, avtobusni quvib o’tayotgan, qarama-qarshi tarafdan kelayotgan moshinalarga, o’zi yonidan ming martalab o’tib-qaytgan uylarga parishonxotir termular, fikrini bir yerga jamlashga urinar edi. Endi u avtobusni chap yoki o’ng yonidan quvib o’tayotgan moshinalarni, xuddi nimanidir izlayotgan yoki kutayotganday sinchiklab kuzata boshladi. Miyasidagi g’ira-shira o’ylar aniq bir fikrga do’ndi-yu, beixtiyor istehzoli kulimsiradi: “Izlayotganim anavi qizil limuzin emasmi? Uni ko’rmaganimga ham ancha bo’ldi, odam sog’inar ekan”.
U avtobusdan tushib, o’n qadam ham yurmagan ediki, metroga kiraverishda yo’lkaga taqab qo’yilgan qizil limuzinga ko’zi tushdi. Yana moshina ichida hech kim yo’q edi.
O. metroning o’ziyurar zinasidan enib borar ekan, balki shaharga juda ko’p qizil limuzin keltirilgandir, shuning uchun ham ularni har qadamda uchratayotgandirman, deb o’yladi. Ammo uning tushlariga kirib chiqishini aytmaysizmi? U o’zining zo’raki kulimsiraganidan ijirg’andi. Yelkasida yengil bir titroq turdi. “Agar bu o’sha moshina bo’lsa-chi? Meni ta’qib qilib yursa-ya?” Shu asno miyasiga lop etib boshqa bir fikr urdi: “Tavba! Ta’qib qilar emish! Sening kimga keraging bor?” Shuning barobarida O. o’sha qizil limuzinni yana uchratsam albatta raqamiga qarab olaman, deb ko’ngliga tugib qo’ydi. “¤h, demak, sen bu ikkalasini ham bir moshina deb o’ylayotgan ekansan-da?.. Obbo, gapini qarang!”
Mana shunday g’ulg’ula bilan andarmon bo’lib O. umrida birinchi marta tushishi kerak bo’lgan bekatdan o’tib ketib qolsami. Qarama-qarshi tarafdan kelayotgan poyezdga o’tirib, ortiga qaytishga majbur bo’ldi. U metrodan chiqa¬yotib, yana qizil limuzinga duch keldi. Bu safar ajablanmadi ham, faqat ichida odami bo’lmagan moshinaning raqamiga ko’z tashladi: “19-91. Tanish-bilishchilik qilib olingan nomer. ¤tib borayotgan yilga ham to’g’ri keladi: 1991 yil. Xo’p, nima bo’pti shunga?” U yelka qisib qo’ydi: “Oddiy tasodif”.
U kundalik qatnov yo’lining so’nggi qismini bosib o’tar ekan, o’ylab qoldi: nahotki tahririyat oldida ham qizil limuzin turgan bo’lsa? Shunisi ham yetar. Bunday bo’lishi mumkin emas. Metrodan uning idorasiga olib boradigan boshqa yo’lning o’zi yo’q. Demak, qizil limuzin uni quvib o’tishi kerak edi. Shunda uning haydovchisiga ko’zi tushgan bo’lardi. Axir, bu moshinalar o’z holicha kezib yuradigan tush emas-ku…
U atrofni, o’zini quvib o’tayotgan moshinalarni diqqat bilan kuzatar, lekin na ular safida, na tahririyat binosi yonidagi avtomobillar orasida qizil limuzin bor edi.
O. liftda sakkizinchi qavatga ko’tarilib, o’z kabinetiga kirdi. Kabinet derazalari hovliga qaragan edi. Shu paytgacha e’tibor qilmagan ekan, lekin hozir bundan afsuslandi: derazadan ko’chaga boqib, tashqaridagi moshinalarni kuzatib o’tirishi mumkin edi, qizil… “Yo’q, esimni yeb qo’yganga o’xshayman, – deb o’yladi O. jahli chiqib. – Nega shu jin urgur qizil moshina xayolimdan ketmay qoldi?”
U kunbo’yi tahririyat ishlari bilan band bo’ldi: ertan chiqadigan gazeta sahifalarini o’qidi, keyingi sonlarga mo’ljallangan maqolalarni tahrir qildi, xatlar bilan tanishdi, shular bilan chalg’ib, tamaddi qilib olish ham xayolidan ko’tarilibdi, soat to’rtlarga borib, ochiqqanini sezdi. U oltinchi qavatdagi bufetga tushdi.
Tasodifni qarangki, bufet derazasi ham ko’chaga qaragan edi. O. tushlikka pul to’layotib, beixtiyor derazadan tashqari mo’raladi. Pastdagi moshinalardan birining rangi qizil edi. Ey, o’sha bo’lmasin tag’in?
O. beixtiyor taxminini tekshirib ko’rmoqchi bo’lib birinchi qavatga tushdi-da, ko’chaga chiqib, moshinaning oldiga bordi va nomeriga qaradi: 19-91.
O. nigohlarini qizil limuzinga qadab, hoziroq bir falokat ro’y beradiganday joyida tek qotib qoldi. Ehtimol, kimdir moshina yoniga kelib, unga o’tirishini va bu noxush hodisaga barham berishini kutgandir. Lekin hech kimdan darak bo’lmadi.
Ish kuni tugab borar, tahririyat oldiga qo’yilgan moshinalarga egalari kelib o’tirar va jo’nab ketar edi. Vaqt o’tgani sayin ularning qatori siyraklasha bordi. Qolgan besh-olti moshina orasida qizil limuzin ham bor edi. O. daf’atan o’zining anchadan beri yo’lkada, moshinalar oldida kimnidir yoki nimanidir kutib turganini sezib qoldi. Endi kutishdan foyda yo’q. Bu yerda ertalabgacha qaqqayib tursa ham nafi bo’lmasligi, qizil limuzinni minib ketgani hech kim kelmasligi turgan gap. Negadir bunga ishonchi komil edi. Boz ustiga, uning ko’nglida hozir jo’nab ketsam, uni ertalabgiday uyimning eshigi oldida ko’rishim aniq, degan ishonch ham paydo bo’ldi. Nega bu g’alati ishonch miyasiga o’rnashib qoldi, o’zi ham tushuntirib bera olmaydi.
O. uyiga jo’nadi. Aftidan, moshinalarni kuzatish joniga tekkan, shuning uchun o’tgan-ketgan yo’lovchilarga ham e’tibor bermay qo’ygan edi. Ko’nglida, bu ishlar yaxshilik bilan tugamaydi, degan bir alag’dalik bor edi. U xuddi begona shaharga borib qolganday his qilardi o’zini. Tabiiyki, bu his O.ga yot emas, keyingi ikki-uch yil ichida u o’z shahrini taniyolmay qolgan edi. Shahar tobora befayz bo’lib borayotganday, eski hamshaharlari go’yo boshqa birovlarga almashtirib qo’yilganday edi. Na chora. Shaharda O.ning do’stlari, og’aynilari, hatto tanishlari kundan-kunga kamayib borardi. Hatto shahardagi binolar, ko’chalar, maydonlar ham oldingi fayzini yo’qotdi, xiralashdi, tundlashdi, dag’allashdi. Ilgarilari O. uydan chiqib yuz qadam yurmayoq albatta ikki-uch tanishini uchratar edi, bugun esa shaharni soatlab kezsa ham biror tanishi bilan salom-alik qilishi dargumon.
O. g’ussali xayollarga tolgancha metroga yaqinlasharkan, yo’lka bo’yida 19-91 raqamli qizil limuzinni ko’rib qoldi. Bu yerga qachon, qanday qilib kelib qoldi ekan? Axir, tahririyatdan metrogacha faqat shu yo’l bilan kelinadi. O. hozirgina piyoda kelgan bu yo’lda hech qanday qizil limuzin uchramadi-ku? Yo har doimgi parishonxotirligi sabab e’tiborsizlik qildimikan? Nima bo’lganda ham moshina shu yerda turar, ichida esa yana hech kim yo’q edi.
O.ning ko’nglidagi ayqash-uyqash hislarni bir nom bilan atash mushkul, ammo ularning yoniga yana bir his – qo’rquv kelib qo’shilgani aniq edi. Kimdir atay uni tushuniksiz bir o’yinga tortayotgan, bu o’yin u ishga qatnaydigan yo’l bo’ylab davom etayotgan edi. Na chora. O. ichidan gupirib kelayotgan g’azab aralash, mayli, o’yin bo’lsa, o’ynaganim bo’lsin, lekin uning qoidasini, raqiblarim kimligini bilishim, hech qursa, ko’rishim kerak-ku, derdi o’ziga-o’zi. U metro vagonida shu haqda o’ylab ketdi. Demak, “ular” O.ning qatnov yo’lidan xabardor… Iziga tushishgan, xo’sh, buning nima qiyin joyi bor? Bu ularning qo’lidagi kuzir. Kim ekan o’shalar? Bilganida bormi? Balki o’shanda o’yin boshqacharoq bo’lar, uning qoidasi bo’yicha o’ynalarmidi? “Mayli, kuzir ularning qo’lida bo’lsa, o’yinni buzish mening qo’limda. Hozir har doimgiday metroning o’zim tushadigan bekatidan chiqsam, o’sha qizil limuzinni ko’rishim aniq. Men esa to’rtinchi bekatdan emas, ikkinchisidan… chiqaman”. Nega aynan ikkinchisida ekanini O. metrodan ko’chaga chiqib angladi. Bir zamonlar u deyarli har kuni metroning aynan shu stantsiyasidan chiqar, ammo ikki yildan buyon bu yerlarda qorasini ko’rsatmas edi. Metroning shundoq yonginasida kotiba yashardi. Hamma balo shunda ekan.

* * *

Kotiba ham tahririyatda ishlar edi. Kunlardan bir kuni, to’g’rirog’i, bir tuni kotiba bilan O.ning gazeta soniga navbatchiligi to’g’ri kelib qoldi. Ular yarim kechasi gazetani topshirib, ko’chaga birga chiqishdi. Tabiiyki, O. uni uyigacha kuzatib qo’ydi. Undan-bundan, ishdan, xodimlardan, ob-havodan, turmush tashvishlaridan gaplashib ketishdi. Birga ishlayotganiga bir yil bo’lsa-da, hali biror marta bunga o’xshash ko’ngilga erk beradigan vaziyatga tushishmagan edi. Endi esa bo’lar-bo’lmas narsalar haqida valdirab, negadir ikkalasi ham bu kech bir-biridan ayrilmasligiga ishonar edi. Yo’q, faqat bugun, faqat bir kecha emas (Bunga keyinchalik kotiba ham iqror bo’ldi).
Kotiba navnihol, dirkillagan, go’zal, bu ham yetmaganday, bir o’zi turar edi. O. esa bo’ydoq. Hozirgiday. Har doimgiday. Shu voqea ro’y berganiga ham besh yil bo’libdi. Demak, o’sha paytlar O. besh yoshlar yoshroq ekan-da.
Kotibaning kamtarligini hisobga olsak, u qilgan nimishora, nimtaklif va nimda’vatlarni, bir piyola choyga kirsangiz, deb tushunish mumkin edi. O. esa niyatiga yetish uchun atayin cho’ntaklariga shapillatib urib, qitmirlik qildi: gugurt faqat uyda bo’lishini bila turib, kotibadan gugurt so’radi. Lekin gap bunda emas, muhimi, o’sha so’lim kecha ularning bir-biriga aytgan so’zlari ham, qilgan imo-ishoralari ham – hamma-hammasi tabiiy va yarashiqli edi. Kech bo’lib qolgani eslariga tushganida metro allaqachon yopilgan edi.
O. kotibanikida yotib qolishga majbur bo’ldi, bu ham tabiiy bir yo’sinda kechdi. Oshiq-ma’shuqlik uch yil davom etdi. Bu orada ular bir-biridan to’ygan, hatto bir-birining joniga tekkan ham ediki, ikkalasini bog’lab turgan ko’rinmas rishta asab tolasiday taranglashib, og’riqsiz uzilar holatga kelgan edi. Gapning indallosi, har narsaning intihosi bor. Shuning uchun bo’lsa kerak, kotiba – tashlandiq bo’lishni xohlamay – tahririyatdan bo’shab keta qoldi. Ishdan ketganidan so’ng oradan bir oy o’tib, O. qo’qqisdan uni yo’qlab bordi.
Kotibaning uyiga mehmon – yangi ish joyidagi dugonalari kelgan ekan. U O.ni sovuq qarshi oldi, shu sabab odob yuzasidan birpas o’tirib, xayr-xo’shlashib keta qoldi. Oradan bir hafta o’tib, unikiga yana keldi. Bu safar kotiba uyida yo’q ekan. Keyinchalik yana bir bor yo’qladi – topolmadi. Shundan so’ng yana eski tegirmon toshi aylanib ketib, ishga ko’mildi-qoldi, kotibani unutdi.
Bu ayriliq uni na qiynadi, na azob berdi. Yuragi aqalli qilt etmadi, qizni deyarli sog’inmay qo’ydi. U bir o’zi yashashga o’rganib ketgan, yolg’izlikdan aziyat chekmas edi.
O. ba’zan ayollar bilan tanishar, don olishar, ularni uyiga yetaklab kelar yoki ularnikiga mehmonga borar edi. Tabiatan kamgap bo’lgani uchun tanimaydigan birortasi u bilan birga o’tirib qolsa, zerikkanidan “tars” yorilib ketay der edi. Shuning uchun u bilan tanish-bilishlik, nari borsa, bir-ikki soat davom etardi. O. tanishini oylab eslamasligi ham mumkin edi.
U ikkinchi bekatda tushib, metrodan chiqdi, limuzin-pimuzin degani yo’q. Bundan ajablanmasa ham bo’ladi: uning bu yerdan chiqishi kimning xayoliga kepti deysiz? Bu fikr o’zining ham miyasiga tasodifan kelib qolmadimi, axir!
Oyoqlarining o’zi uni eski odatga binoan kotibaning uyiga boshlab keldi. Mana tanish zinapoya, ikkinchi qavatdagi pillapoyalardan birining kemtigi bor, qoqilib, peshonangni g’urra qilging kelmasa, ehtiyot bo’lganing ma’qul. O. uchinchi qavatga chiqib, xuddi kechagina bu yerdan ketganu orada ikki yillik ayriliq bo’lmaganday eshik qo’ng’irog’ini bosdi.
Eshik ortida qadam tovushi eshitildi va:
– Kim u? – degan ovoz keldi.
U javob berdi.
Eshik ochildi. Kotiba O.ni ko’rib hayron bo’ldi.
– Senmisan? Qanday shamol uchirdi?
U, shu yaqin atrofda bir ishim bor edi, biryo’la seni ham ko’rib ketay dedim, deb ming’irladi. Ular hamon ostonada turishar edi. Nihoyat qiz uni ichkariga taklif qildi.
– Kir, – dedi qiz. – Faqat, aybga buyurmaysan, uy to’zib yotibdi. Mehmon kelishini kutmagan edim.
Xona g’arib bir ahvolda edi. Bo’m-bo’sh, jihozsiz. Faqat devorda bir toshoyna qolgan. Surat chorcho’pi osilgan mixlar, rangi o’ngib ketgan gulqog’ozli devorda yillab osilib turgan o’sha suratlar o’rni qora iz bo’lib qolgan edi. Xona kunjagidagi karton qutilarga kitoblar joylangan, qutilarga sig’maganlari yerda, deraza rafida sochilib yotar edi. Devordagi oyna O.ga kotibani suygan onlarini eslatdi, u bo’lsa O.ning oynaga tushgan nigohidan xayoliga nimalar kelganini uqib oldi. Xona burchagidagi parket rangi polning boshqa joylaridan bo’lakcha edi. Yerdagi qora to’rtburchak ular bir-birini suygan karavot o’rni edi. O. hatto purjinalar g’ichir-g’ichirini ham eshitganday bo’ldi.
– Xayrlashgani keldingmi? – deb so’radi kotiba cho’zilib ketgan o’ng’aysiz jimlikni buzib.
– Xayrlashish deganing nimasi? – taajjublanib unga qaradi O. – Yo ko’chyapsanmi?
U tasdiqlab bosh irg’adi.
– Uyingni alishtirdingmi?
– Yo’q, vatanimni.
O. birpas jimib qoldi-da, so’ngra gap qotdi:
– Nima ham derdim. Hozir bu urf bo’lgan… Sir bo’lmasa, qayerga?
– Uzoqqa, – nim tabassum qildi qiz. – Boshqa qit’aga, okean ortiga.
O. kotibaning onasi juhud bo’lganini, Amerikada qarindoshlari, xolasimi, tog’asimi borligini esladi. Buni unga qizning o’zi aytgan edi.
– Qachon ketyapsan?
– Indinga, – dedi u. – Hamma narsani sotdim, bugun karavotni ham olib ketishdi. Endi yerda yotib uxlashimga to’g’ri keladi.
– Mana bu kitoblar-chi?
– Ularni ertaga olib ketishadi. – Keyin birdaniga esiga tushib qoldi. – Oshxonadan ikkita istakan topiladi. Hozir senga choy qo’yib beraman.
– Keragi yo’q, – dedi O. Lekin kotiba oshxonaga chiqib bo’lgan edi.
O. metro stantsiyasiga qaragan deraza yoniga kelib ko’chaga tikildi. Ke¬yin o’zining oynadagi aksiga ko’zi tushdi: yuzi salqigan, ajinli ko’zlari ostida xaltachalar, sochi oppoq. Yo’q, unga sochi oqarmagan, aksincha, mog’orlab ketganday tuyuldi.
U qo’liga ilingan kitobni olib parishonxotir, hech bir maqsadsiz varaqlar, qaytib joyiga qo’yar edi. Eski entsiklopediyalar, ko’p tomliklar, lug’atlar, ma’lumotnomalar deganday. Ularning orasida nodir kitoblar ham ko’rinib qolardi. Ko’p sahifalarning hoshiyalari qalamda qo’yilgan belgilar bilan to’lib ketgan, matnning o’zida esa tagiga chiziq tortilgan joylar bisyor edi. Bu kitoblar yengil-elpi o’qilmagani shundoq ko’rinib turardi.
Kotiba oshxonadan ikkita suyanchiqsiz kursi keltirib, bittasini O.ga uzatdi:
– ¤tir.
Yana qaytib borib, bir istakan choy bilan qanddon olib keldi-da, ikkinchi kursiga qo’ydi.
– Juda boy kutubxonang bor ekan, – dedi O. – Bilmagan ekanman.
– Sen nimani bilarding o’zi? – dedi hazil aralash qo’l siltab kotiba. –Ota-onamdan qolgan… Ba’zi kitoblarni keyinchalik o’zim sotib olganman…
O. e’tibor qilmay, bosh chayqadi.
– Sening xayoling doim boshqa yoqda bo’lar edi. Ostona hatlading deguncha menga tirg’alib, to’shakka tortar eding. Ishing bitgandan keyin esa qochib qolishni o’ylab tinmay soatingga qarar eding. Men esa seni bunday noqulay vaziyatdan qutqarish uchun: “Shoshilyapsan, ishing bormi deyman?” der edim. Sen bo’lsang: “Ha-ha, zarur bir ishim bor, ketmasam bo’lmaydi”, deb juftakni rostlab qolar eding.
O. ham esladi: doim shunday bo’lardi, bu haqda ko’p gaplashilgan o’sha paytlar, ammo ikkovi ham hozirgiday befarq emas edi. Bora-bora suhbatlari zerikarli, achchiq-tizziq tus ola boshladi, ular asta-sekin bir-biridan sovishiga, ehtimol, shu ham sabab bo’lgandir. O. o’sha eski, mutlaqo bema’ni suhbatlarni eslashni sira istamasdi. U “plastinka”ni o’zgartirdi.
– Hoshiyadagi belgilarni otang qo’yganmi? – dedi u qalamda qo’yilgan belgilarni ko’rsatib.
– Ba’zilarini otam, ba’zilarini esa onam… – dedi kotiba jilma¬yib. – Harqalay, men qo’ymaganman.
– Otang inglizchani bilarmidi?
– Ha, nemischani ham. Forschani ham.
– Bu kitoblarni kimga qoldirib ketyapsan?
– Ularni sotdim.
– Sotding? Kimga?
– Har kimga. Birovni bir xil kitoblar qiziqtiradi, boshqalarni – boshqasi.
– Achinmaysanmi? Axir, ularda ota-onangning qaydlari bor-ku…
– Na chora? Gap bilan qorin to’ymaydi. Ota-onam ham, kitoblari ham o’lib ketdi. Mening bo’lsa hali yashashdan umidim bor.
– Kitoblarni ham o’ldi deyapsanmi? Qanaqasiga?
– Nimasini tushunmaysan? Mana shu kitoblarni o’qigan, yiqqan, ular haqida o’ylagan va hayotining bir bo’lagi deb hisoblagan odamlar o’lsa, kitoblari ham ular bilan birga ketadi, ya’ni kitob ham qazo qiladi. Yangi xo’jayin qo’liga o’tgach, ular endi avvalgi kitob bo’lmay qoladi. Ba’zi birovlar kitobsiz yashay olmaydi, lekin men ular xilidan emasman, – hazil qildi qiz. – Ko’rib turganingday, ularsiz ham binoyiday yashab yuribman. Men ko’p narsasiz yashashim mumkin.
– Masalan, vatansiz ham, – dedi O. atay chaqib olish uchun.
– Masalan, muhabbatsiz ham, – deb qo’ydi kotiba ma’yus ohangda.
O. avvallari kotibani bunaqa ahvolda ko’rmagani uchun qiziqsinib qaradi.
– Lekin, – davom etdi kotiba bir oz jimlikdan so’ng, – kitobni, uni o’qishni, o’ylashni yaxshi ko’raman… Mazmunini emas, umuman, u haqda o’ylashni… Mana, qara: shu kitoblarning qanchasi ellik yillab sen bilan birga yashaydi, menga ular tokchalarda yonma-yon turaverganidan bir-biriga ham o’rganib qolgan, ba’zan ichidagi fikrlar biridan ikkinchisiga o’tganday, qahramonlari kechasi hamma uyquga ketganda bir-birinikiga mehmon bo’lib borganday, suhbatlashganday, bahslashganday, janjallashganday tuyuladi. Xuddi men bilan senga o’xshab, ularning har biri – bir olam.
– Biz janjallashmaganmiz.
– Ha, to’g’ri. Endi buning ahamiyati yo’q… Harqalay mana shu kitoblar bir oila edi. Endi bo’lsa ular bir-biri bilan xayrlashmoqda, chunki oila tarqab ketyapti. Ertaga ular bir-biridan uzoqda, shaharning har tarafida, boshqa-boshqa odamlar qo’lida bo’ladi. Boshqa hech qachon ko’rishmaydi. – Kotiba jim qoldi va qo’shib qo’ydi. – Xuddi men bilan senday.
– Rahming kelyaptimi? – dedi O. kitoblarni nazarda tutib.
– Yo’q, endi kelmayapti, – deb javob berdi kotiba o’zi bilan O.ni nazarda tutar ekan.
– Hali shunaqaman de? – dedi O. xayolchan. – Nega oldinroq bunaqa gaplashmagansan… men bilan?
– Esingda bo’lsa, sen bu yerga gaplashgani kelmas eding.
– Jahling chiqmasin…
– Yo gapim noto’g’rimi? Ishda o’ta rasmiy gaplashardik, bilmadim, mengami yoki o’zinggami gap tegishidan qo’rqar eding, uyda esa… Xayolingga bosh¬qa narsa kelmasin, men hozir faqat o’sha vaqtni esladim. Senga hech qanday da’vom yo’q… Hatto, da’vom bo’lishi kulgili-ku… Oqar suvlar allazamonlar oqib ketdi…
O. bu yoqqa kelayotganda shu gaplar xayolida ham yo’q edi, lekin ilkis uyg’onib ketgan xotiralar uning kotibaga bo’lgan maylini yana qo’zg’ab yubordi va ular hech qachon bir-birini mana shunday ship-shiydam devorlar orasida, bo’m-bo’sh yerda… sochilib yotgan kitob va gazetalar orasida suymaganini o’ylab xayoli qochdi. Ko’ngli sust ketib, kotibaning yoniga bordi, quchmoqchi bo’ldi, biroq u muloyim, ammo keskin qarshilik ko’rsatdi.
– Keragi yo’q, – dedi kotiba, – oqar suvlar oqib ketdi. Oldinlari seni eslab turar edim, lekin keyingi paytlarda tushlarimga ham kirmay qo’yding. Ketish oldidan sen bilan xayrlashish istagi yuragimga o’rnashib qolgan ekan. Xayolimdan ko’p marta o’tgan biror istak yuragimga o’rnashsa, amalga oshmay qolmaydi. Mana, o’z oyog’ing bilan kelib o’tiribsan. Rostdan ham ketayotganimni eshitmaganmiding?
– Eshitganim yo’q. Tasodifan kirib qoldim. Bir ishim bor edi…
– Qanaqa ish ekan?
O. qizil limuzinni og’zidan gullab qo’yishiga sal qoldi, lekin tilini tiydi: nimani ham aytardi? Shu bugunning o’zida bitta moshinani ikki-uch marta ko’rganinimi? Nima bo’pti shunga? Ko’rsa ko’ribdi-da.
Qolaversa, kotiba o’zidan juda uzoqlashib ketgan edi. O. bilan xuddi boshqa dunyoda turib gaplashganday gaplashdi.
O.ning ko’nglida birdan o’ziga befarq qarab turgan oynani chil-chil sindirish istagi bosh ko’tardi, biroq toshoynani sindirish baxtsizlik keltirishini ayni vaqtida eslab qoldi. U shu tobda na o’zining, na kotibaning baxtsizligiga rozi edi. Balki kotiba hali sirtida O. ikkovining aksi sovib ulgurmagan muhabbatlari toshoynasini ham sotgandir: uni ham boshqa uyga olib ketib, bir begona devorga osib qo’yishar, balki shunda u sovuq sirtida boshqa hayot, boshqa bir muhabbatni aks ettirar.
Faqat xayrlashishsa bo’ldi, endi O.ni tovushu ovozlar mozoriga aylangan bo’m-bo’sh xona bilan bog’lab turgan narsaning o’zi qolmagandi. Ketish kerak. U garchi qayta ko’rishish hech qachon nasib etmasligini bilib tursa-da “Mayli, omon bo’l. Balki yana qachondir, qayerdadir ko’rishish nasib etar”, dedi.
O. ostonada kotibaning peshonasidan o’pib, zinapoyadan ena boshladi. Ikkinchi qavatda kemtik zina borligi esidan chiqibdi, qoqilib ketib, yiqilishiga oz qoldi. Boshini ko’tardi. Kotiba zinapoya supasida turar edi. O. tepaga qaraganida qo’l silkib qo’ydi. Jilmayganday tuyuldi. U yo’lida davom etdi, tepadan yopilayotgan eshikning g’iyqillashi eshitildi. Bu g’iyqillash karavotning ingragan purjinalarini eslatdi, shundagina u kotiba bilan vidolashganini aniq his qildi. Daf’atan yana shuni ham tushundiki, garchi yillab ko’rishmagan bo’lsa-da, kotiba shahardagi yakkayu yagona yaqin odami, qizil limuzindan faqat unga gap ochishi mumkin ekan.
Shunda oldiga qaytib borib: “Ketma, oila quramiz, birga yashaymiz, kitoblaringni hech kimga sotmaymiz” yoki “…hech bo’lmasa, faqat shu kecha birga bo’laylik, yerga kitoblarni to’shaymiz, eski gazetalarni yopinamiz, bir-birimizning pinjimizga kirib, bor dunyoni unutamiz”, deb aytsammikan degan fikr keldi miyasiga.
Lekin buning iloji yo’q edi: hammasi hal bo’lgan, endi hech narsani ortga qaytarolmaydi, bunga aqli yetib turibdi.
O. ko’chaga chiqqanida qizil limuzin shundoq eshik oldida metin qoyaday savlat to’kib turganini ko’rdi. O. ajablanmadi ham, qizil limuzin uni shu yerga ham topib kelgani tabiiy, oddiy bir gapday, xuddi shunday bo’lishi kerakday edi nazarida. Yuragida hadik-xavotir yo’q. Bamaylixotir metro tomon yurib ketdi. Yomg’ir shivalab yog’ardi. Go’yo begonadek bo’lib qolgan shaharda faqat yomg’irgina unga tanish edi. Hamma, hamma narsa begona, butunlay o’zgarib, fayzini yo’qotgan edi. U tund osmonga qaradi, bulut qoplagan osmongina unga tanish edi, tanish osmondan tanish yomg’ir yog’ar edi. Nazarida bu yomg’ir o’tmishdan, mangu boy berilgan o’tmishdan yog’ayotgan edi.
O. metrodan chiqib, avtobusni kutib o’tirmay, uyiga yayov jo’nadi. Yomg’ir haliyam yog’ayotgan edi. Mana, u hozir yana bir oz yurgach, uyining eshigida qizil limuzinni ko’radi, albatta ko’radi.
Ammo uyga yetdi hamki, na qizil, na qora moshina ko’rindi, uy oldi bo’m-bo’sh. “Na chora, – o’yladi u. – ¤sha moshinani tushimda ko’raman endi”.
U tong-sahar soat to’rt yarimda to’satdan uyg’onib ketdi. Soat zang chalinadigan ertalabki yettini kutib, chiqillab vaqt sanar edi. Biroq O. soatiga qarab, hoziroq joyidan turishi kerakligini angladi. U o’rnidan turib, deraza yoniga bordi. Ko’ngli sezgan ekan: saharning xilvat ko’chasida, uy eshigi oldida qizil moshina turar edi. Qizil limuzin…
O. endi nima qilish kerakligini yaxshi bilardi. U vannaxonaga kirib cho’mildi, shoshilmasdan soqol oldi, toza oq ko’ylagini, dazmollangan ko’cha kostyumini kiydi, eng yaxshi bo’yinbog’ini taqdi, tuflisini yaltiratib artdi.
Tashqariga chiqish oldidan xonani ko’zdan kechirdi. Bo’m-bo’sh xonani shovqinga to’ldirib chiqillayotgan soatni to’xtatib qo’ysammi, deb o’yladi, lekin bu fikridan qaytdi. Endi buning nima farqi bor?
Unchalik chekkisi kelmayotgan edi, chekmay qo’ya qoldi, chunki “so’nggi sigaret, falon-pismadon” qabilidagi safsata gaplar esiga tushib ketdi. O. shoshmay zinadan tushib, ko’chaga chiqdi.
Ko’cha bo’m-bo’sh, qorong’i edi. Asfalьtning ba’zi joylarida kechagi yom¬g’ir ko’lmaklari qorayib ko’rinar edi.
U qizil limuzinning oldiga bordi. Moshinaning eshigi qulflanmaganini bilar edi.
Eshik chindan ham qulflanmagan ekan. U eshikni ochdi va rulga o’tirdi.
U moshinaning kaliti ham joyida ekanini bilar edi.
Kalit joyida ekan.
O. notanish ko’chaga, notanish uylarga, tanish osmonga nazar tashladi.
Tiniq osmon havo ochiq bo’lishidan darak berar edi.
U kalitni buradi.

TELEGRAF AGENTLIGINING XABARI:
“Bugun soat chamasi beshlarda N. ko’chasida avtomobil portlab ketdi. Moshinaning o’t oldirish qulfiga portlovchi moslama ulangan, degan taxmin bor. Portlatgichni kim o’rnatgani, moshina kimga tegishli, unga o’tirgan, tanib bo’lmaydigan darajada kuyib ketgan jasad kimniki ekani hozircha ma’lum emas. Surishtiruv ishlari boshlandi”.

Faxriyor tarjimasi

Anor ijodi «Xurshid Davron kutubxonasi»da:
Anor. Yil fasllari yoxud bir papka ichidagilar
Anor. Vahima
Anor. Adabiyot haqida & Besh qavatli uyning oltinchi qavati
Anor. Yong‘oq po‘chog‘i

09

(Tashriflar: umumiy 3 115, bugungi 1)

Izoh qoldiring