Anor. Vahima

09

Ўруч дўхтир ҳаётидан нолимасди. Соғлиғи жойида, қирқ бешни қоралаган бўлса ҳам, ҳозиргача лоақал қаттиқроқ тумов билан оғриганини эслолмасди. Оиласидан ҳам кўнгли тўқ. Ўзидан олти ёш катта хотини Покиза рўзғорбоп аёллардан. Уй-жойни саранжом-саришта сақлайди, пишир-куйдирга ҳам уста, ўзи эса хокисор, камсуқум, оғир-босиқ хотин. Бирор марта эрига: “Қаёққа кетувдингизу, қаердан келяпсиз, эрта ёки кеч қайтдингиз”, дея иддао қилмаган.

08
Анор
ВАҲИМА
Озарбайжончадан Рустам Жабборов таржимаси
07

01   Атоқли озарбайжон адиби Анор ( озарбайжонча: Anar Rəsul oğlu Rzayev) 1938 йилнинг 14 мартида Боку шаҳрида машҳур шоирлар Расул Ризо ва Нигор Рафибейли хонадонида таваллуд топган. 1960 йили Озарбойжон Давлат университетининг филология факултетини, 1964 йили эса Москвадаги Олий сценарийнавислик курсини тугатган. У “Дантенинг юбилейи”, “Оқ кўрфаз”, “Беш қаватли уйнинг олтинчи қавати”, “Мулоқот”, “Сизсиз” каби асарлар муаллифи. У бу асарларида анъанавий тушунча ва урф-одатларнинг улар ҳаётига таъсирини тадқиқ қилади. Анор «Ҳар оқшом ўн бирда» (1969), «Кун келди» (1971), «Тахмина» (1993) филмлари учун сценарий ҳам ёзган.

07

Ўруч дўхтир ҳаётидан нолимасди. Соғлиғи жойида, қирқ бешни қоралаган бўлса ҳам, ҳозиргача лоақал қаттиқроқ тумов билан оғриганини эслолмасди. Оиласидан ҳам кўнгли тўқ. Ўзидан олти ёш катта хотини Покиза рўзғорбоп аёллардан. Уй-жойни саранжом-саришта сақлайди, пишир-куйдирга ҳам уста, ўзи эса хокисор, камсуқум, оғир-босиқ хотин. Бирор марта эрига: “Қаёққа кетувдингизу, қаердан келяпсиз, эрта ёки кеч қайтдингиз”, дея иддао қилмаган.

Ўруч ҳар кун эрталаб уйғонганида, ошхонада янги дамланган аччиққина чой, қайнаган тухум ёхуд қуймоқ, пишлоқ, сариёғ, иссиқ нонлар тайёр турарди. Кийимлари дазмолланган, поябзали артиб тозаланган, тугмалари бир кун аввал сал бўшаб турган бўлса, эрталаб бошқатдан қадалган бўларди.
Ўғли ҳам қобилгина чиқди – ўрта мактабни олтин медал билан битириб, ўқишга ҳам деярли ўз кучи билан кирган. Иккинчи курсга ўтиши билан ўқишини бир оғиз илтимос билан Масковдаги Иккинчи Тиббиёт олийгоҳига кўчиртирди. Ҳар ҳафта ота-онаси билан қўнғироқлашиб туради, байрамларда табрикномалар юборади. Ўруч ҳам ҳар ойнинг бошида ўғлига отнинг калласидек пул юбориб туради.

Ўз иши ҳам ўзига ёқарди. Шаҳарнинг таниқли руҳшуносларидан эди. Ҳатто, тез-тез қабулига кириб турадиган ажабтовур беморлар, улар билан боғлиқ турфа ҳангомалар ҳам ҳаётининг бир бўлагига айланиб бўлганди. Кимгадир ёрдами тегса, қувонар, тузалмайдиган, умидсиз беморлар учун эса, ортиқча қайғуриб ўтирмасди. Ахир, кимнингдир бундай бедаво дардга йўлиқишига Ўруч айбдор эмас-ку?

Албатта, масаланинг моддий томони ҳам бор. Ўруч дўхтир ўзининг фаровон ҳаёти ўзгаларнинг фожиалари устига қурилганидан виждон азобида юрадиганлар тоифасига кирмасди – ахир, унинг касби, ҳунари, қўлидан келадиган иши шу. Ҳа, у ўз соҳасининг етук мутахассиси эди. Кимнингдир дардига эм топиб, нажот бағишлаб, ҳаётини сақлаб қола билса, рози бўлиб бир нима ташлаб кетишади-ку, бу унинг ҳаққи эмасми? Гарчи ўзича ҳалол санаган ана шу “бир нима” расмий маошидан анча кўп бўлса-да, буни адолатли деб биларди. Чунки, у эришган мартаба, тўплаган тажриба ва билим ўз ҳамкасабалариникидан бир неча бор юқори эди. Беморлар… йўқ, шу ери сал хато бўлди, беморларнинг яқинлари бошқани эмас, айнан, Ўруч дўхтирни сарсон излаши, унинг қабулига кириш учун йиққан-терганини тўкишга тайёр туриши ҳам муқаррар ҳақиқат эди. Шуни ҳам айтиш керакки, касалхона иш вақтидан ташқари беморларни ўз уйида ҳам қабул қиларди. Хуллас, кейинги ўн-ўн беш йилда Ўруч дўхтир ҳамма кам-кўстини бутлаб олганди. Деразалари денгизга қараган кооператив бинодан тўрт хонали уй сотиб олган ва уни тамомила қайтадан таъмирлаган, қиммат, гулдор паркет тўшаб, эшик-деразаларини каштан ёғочидан ясаттирганди, тахмон ва деворларга қабарт-ма нақшлар солдириб, ҳар битта хона, ошхона ва балкон учун алоҳида мебеллар келтириб ўрнатган эди. Хоналар ва даҳлизни биллур қандиллар ёритиб турарди. Учта телевизори, иккита ҳар хил тизимли видеомагнитофони (биттаси дала ҳовлисида эди), лазер-диск ўқийдиган қурилмалари ҳам бор эди. Чет эл сафарларига, албатта, видеокамера билан чиқарди. Ўзи ҳайдайдиган, магнитофонли, стереодинамикли “Волга”си ҳамда Мардаконда дала ҳовлиси бор эди.

Ҳамма можаро ана шу боғдан бошланди. Аслини олганда, ҳаммаси бир маромда бораётган эди-я… Боғни беш йил илгари олган. Ўручдан олдин бу боғ 88-йил воқеаларидан кейин Бокудан Масковга кўчиб кетган армани дўхтирга қарашли бўлган. Арманидан қолиб кетган бу уйнинг иккинчи қаватини Ўручнинг ўзи тиклади. Ҳаммомни кенгайтириб, сауна қурди. Янги мебеллар олди. Июл-август ойлари боққа Покиза билан бирга келиб дам олишарди. Ёзги таътилда Масковдан келган ўғли ҳам бир-икки ҳафтани боғда ўтказарди. Йилнинг қолган ойларида эса, ҳар ҳафтанинг охирида Ўруч боққа бир ўзи келиб кетарди. Аслида бир ўзи эмас…

Жума куни кечга яқин охирги беморни қабул қилиб, уйига қайтар, кийимларини алмаштириб, “Волга”сида боққа йўл оларди. Ке-йинги уч йил ичида Офелия билан алоқалар йўлга қўйилганидан бери – икки ҳафтада бир марта олдиндан келишиб, шанба куни боққа, Ўручнинг ёнига келарди. Кун бўйи шу ерда бўлишарди. Офелия ўзи билан бирга яшайдиган ота-онасига “навбатчиман” деб, кечани Ўруч билан бирга ўтказарди. Бошида Покиза пишириб берган гўштбийрон, дўлма, хилма-хил газаклар ва бошқа лаззатли емакларни коняк ичишиб, Офелия билан бирга паққос тушираркан, гоҳ-гоҳида виждонида оғриқ уйғонарди. Кейинчалик бундай ишлар анъана тусини олгач, виждон қурғур санчмай ҳам қўйди. Якшанба куни эрталаб Офелия ундан олдинроқ уйғониб, чой қўяр, бирга нонушта қилишарди. Кейин Офелия уйига йўл оларди. Ўруч эса, белкуракни олиб, токларни кундаков қилишга тушар ёки гулларни суғорарди.

Тушга яқин оғайнилари келишарди. Меҳдининг ҳайдовчиси янги сўйилган қўчқорнинг гўштини сихга тортиб, кўрага ўт қалаётган пайти Ўруч улфатлар билан саунада пивахўрлик қилар, кейин чиқиб нарда ташлашарди. Сўнг эса, қовурға кабобларни ғажиганча, бир-бирларининг шарафига қадаҳ кўтаришарди. Кечга яқин қадаҳ сўзлар тугаб, улфатларнинг кайфи ошиб қолар, кейин Меҳдининг машинасида шаҳарга қайтишарди. Ўруч видеони қўйиб, Америка детективларини томоша қилишга ўтирарди. Шаҳвоний филмларни эса (боғда бунақа томошаларнинг туркуми сақланар, Покизанинг бундай беҳаё нарсаларга кўзи тушишини асло истамасди) шанба куни Офелия билан бирга кўрарди. Экрандаги беҳаёликлар уларнинг ётоқдаги маишатига янада жўшқинлик бахш этарди.

Икки ярим кун ичида хумордан чиққунча дам олиб, бутун ғам-ташвишлардан узоқлашганча, турфа ғавғоларга тўла янги ҳафтани қарши олишга тайёр эканини ҳис этиб, душанба куни эрталабдан Ўруч шаҳарга қайтарди. Уйда кийим алмаштириб, ишга борар ва янги ҳафта ҳам ўзгармас жадвал бўйича ўтиб борарди. Кундузлари иш, душанба, сешанба оқшомлари уйда касалларни қабул қилиш, чоршанба куни Меҳдининг уйида қартабозлик… Гоҳида ютар, гоҳида ютқизарди. Унчалик катта пул тикилмасди. Буям бир эрмакка ўхшаган нарса эди-да! Пайшанба куни узоқ-яқин танишларининг уйига фотиҳага ўтарди. Одамзоднинг аҳволи шу-да! Буям қарзи қиёмат дегандай…

Чиндан ҳам танишлари кўп, дўстлари оз эди. Икки-уч яқин биродари билан камдан-кам сиёсат ҳақида баҳслашишарди. Асосий мавзулари касб-корлари ҳамда аёллар бўларди. Албатта, уларнинг бари айни куч-қувватга тўлган эркаклар бўлгани учун маишат, кайф-сафога иштиёқлари баланд эди. Хуллас, ҳаёт Ўручдан бор неъматларини аямаган эди. Ҳозирга қадар топган-тутгани умрининг охиригача ётиб ейишга етарди. Ҳаёт шав-қини, лаззатини тотмоқ учун сув парисидек сулув 25 ёшли гўзал Офелияси бор эди унинг.

Офелия Ўручнинг касалхонасида ҳамшира бўлиб ишларди. Беш йил аввал эрга тегиб, юлдузлари тўғри келмагани учун ажрашган эди. Омадсиз никоҳ бир йилга ҳам бормади.

Ўруч анчадан бери Офелияни кўз остига олиб юрарди. Аслини олганда, Офелиядан ҳам гўзалроқ, ёшроқ қизларни қўлга олиш учун имконияти етарли эди – қад-қомати, савлати, юриш-туриши, тажрибаси, маҳорати, пули, дала ҳовлиси, машинаси… Айнан Офелияни танлашига бу ёшгина жувон Шуволанда – Ўручнинг боғига яқин ерда яшаши сабаб бўлди.

Кунларнинг бирида боғдан шаҳарга қайтаётганида, Офелиянинг электричка стансиясига томон кетаётганини кўриб қолди, машинасини тўхтатди ва шундагина Офелиянинг шу ерда яшашини пайқади. Ўручнинг боғи Офелия ота-онаси билан яшаётган ҳовли билан электричкалар бекати, бозор, дўкончаларнинг орасида эди. Бинобарин, ёш жувоннинг айнан шу йўналишда бориб-келиши ҳеч кимда шубҳа уйғотмасди. Боғ эшигига олиб борувчи йўл тор кўчанинг охирида бўлгани учун бу тарафга бурилгач ёки бу ердан чиққач, бировнинг назарига тушиш қийин эди. Ўруч тан олмаса ҳам, Офелияга боғланиб қолишида бу мулоҳазаларнинг ўрни бор эди. Ҳарқалай алоқалари уч йилдан бери давом этаётган бўлса-да, ишда кўришиб турсалар-да, севги оқшомлари ойда икки-уч марта бўлиб тургани учун ҳали бир-бирларидан безиб қолишмаган эди.

Ўруч битта нарсадан хавотирда эди – унга оддийгина кўнгилхушлик бўлиб туюлган нарса Офелия учун жуда катта аҳамият касб этиши, энг инжа ҳисларини ҳам жунбушга келтириши мумкин эди. Аммо, афтидан, Офелия ақлли-ҳушли аёл бўлганидан унга жўшқин эҳтиросга тўла шанба учрашувлари, Ўручнинг қимматбаҳо совға-саломлари етиб ортарди. Бошқа нарсанинг бу аёлга кераги ҳам йўқ эди.

Текширув ва муолажа, моддий имкониятлар, оила тинчлиги ва фаровонлиги, ўғлининг порлоқ истиқболи, боғнинг тоза ҳавоси, боғ ишлари, Офелия оғушидаги шанба оқшомлари, дўстлар давраси, қарта, видеофилмлар, – аниқ ҳаёт жадвали Ўручни мустаҳкам қуршовга олган, бу қуршов ташқарисидаги турли ғалвалар, ғам-кулфатлар, қон ва кўз ёшларига қоришган дунёнинг гўёки унга мутлақо даҳли йўқ эди. Балки шунинг ўзгинаси дунёнинг турфа савдоларидан ҳимояланишнинг энг самарали усулидир? Ўзимиз билмаган ҳолда келиб қолганимиз – бу беш кунлик дунёнинг беш кунини ҳам қора бўёқларда кўрмаслик, дарду бало ичида яшамаслик жаҳди эди бу.

Ўруч наинки соғлиғидан, уйқусидан ҳам нолимасди. Одатан ўн бир-ўн бир яримларда ухлаб, тонгда етти-саккизларда уйғонар, бадантарбия қилар, иссиқ-совуқ сувда ювинарди. Аммо кейинги пайт-ларда уйқуси қочадиган бўлиб қолди. Хусусан, ярим тунда уйғониб кетар, кейин саҳаргача ухлолмай ётар, уйқусизликдан тўшакда тўлғаниб чиқарди. Баъзан ёши ўтиб бораётганини ўйлаб, юрагини ваҳима босарди. Элликка қараб кетяпти. Элликдан кейинги ҳаёт ҳаётми? Турли касалликлар, эшик қоқаётган кексаликнинг совуқ нафаси, ўлим таҳликаси… Нима қолди, ҳеч нима? Ундан кейин нима бўлади? Ўзи билмайди…

Ўруч даҳрий эди. Худони тан олса-да, охират, жаннат, дўзах деган гапларга ишонмасди. Шифокор сифатида инсоннинг қандай моддалардан ташкил топганини, мия фаолияти тўхтаганидан кейин бу моддалар қандай ва қай тарзда чириб битишини тасаввур қиларди, холос. Руҳ шифокори бўлса-да, руҳнинг ҳам айнан муайян моддий вазифалар билан, миянинг ўнг ва чап яримшарлари фаолияти билан боғланганини биларди. Мия тўхтаса, руҳдан асар қолмайди, деб ўйларди у. Унинг наздида бу борадаги баҳс-мунозаралар, шунчаки афсоналар, хомхаёллар, хурофотлар йиғиндиси эди. Фақат яшаб турган ҳаётимиз бор, биз кўриб-эшитиб, ҳис этиб турган дунё бор, холос. У ҳам бўлса беш кундан иборат ва бу беш куннинг бари қоронғи. Бу қора кунларни исталган рангда бўяш ва ўша рангда яшамоқ бу – санъат. Чамаси, Ўруч бу санъатни пухта эгаллаган эди. Аммо, дунё талотумлари уни иҳота этиб турган мустаҳкам деворни ошиб ўтмоққа-да, ошиқарди.

Ижтимоий ҳаётдаги ўзгаришлар, митинглар, Қорабоғ уруши, ҳокимиятдаги нотинчликлар Ўручнинг касбига ҳам таъсир ўтказа бошлади. Руҳий хасталиклар, мия чайқалиш ҳолатлари кўпайган, янги хилдаги восвос ва савдойилар юзага келганди. Қариндошлари, оила аъзолари турли баҳоналар билан Ўручнинг қабулига олиб келган беморларнинг ярим хасталиги Қорабоғ муаммолари билан боғлиқ эди. Баъзида “икки соат муҳлат беринг, Тоғли Қорабоғ муаммосини икки соатда ҳал қилиб бераман” деб келгувчи ҳовлиқмалар ҳам учраб турарди. Бу масалани йигирма дақиқада ёхуд икки кунда ечиб берадиганлар ҳам топиларди. Ана шундай савдойилардан бирининг даъво қилишича, яқинда сув омбори тошиб, мамлакатнинг ярмини сув босармиш. Кейин Бокудаги Қўлёзмалар фондида ёнғин бўлармиш-да, бутун бошли халқнинг на ўтмишидан, на бугунидан ном-нишон қолармиш… Яна биттаси ваҳима кўтариб келибди: Қайси гўрдандир Ўручнинг боғи илгари бир арманига тегишли бўлганини эшитган бўлса керак-да! Топган гапини қаранг, нима эмиш – ўша армани дала ҳовлининг деворларига, дарахт шохларига, токларнинг танасига махсус кимёвий моддалар билан ишлов берганмиш, бу моддаларнинг ранги ҳам, ҳиди ҳам йўқ эмиш. Лекин, бу моддалар боғда яшаганлар ва меҳмонларни аста-секин заҳарлаб бораркан. Ниҳоят, икки-уч ойда улар бедаво дардга йўлиқиб, ўлиб кетишаркан. Ўруч боғда беш йилдан бери яшашини айтганда, қабулига келган савдойи мум тишлаб қолмади. У шундай деди: “Нима қипти, одамларнинг организми ҳар хил бўлади, бировларда бу бедаво касаллик тўрт-беш йил давомида юзага чиқиши мумкин. Аммо, эртами-кечми бу касалликка албатта чалинасиз, тезроқ бу боғни, ундаги дарахтлар, токларни ёқиб, куйдириб ташланг”.

Боламини биринчи бор кўрганида, тўғрироғи, келишининг сабабини билган заҳоти, Ўруч буям боягидақа томи кетганларнинг биттаси-да, деб ўйловди. Болами Ўручнинг касалхонасига келиб, қабулига ёзилган экан. Навбати келганида хонага калта бўйли, кенг елкали, тор пешонали, қоп-қора, ўрта ёшли бир одам кириб келди. Қалин, ўсиқ қошлари қонталаш кўзлари устига жарлик четидаги икки туп шувоқдек осилиб турарди. Қарашлари жуда бежо эди. Бир қарашда “олигофрения”* деган тўхтамга келди Ўруч. Шуни ҳам билардики, тор пешонали, кўзлари бежо ва қонталаш касаллар қотиллар тоифасига киради.
– Марҳамат, нимадан шикоят қиласиз? – сўради Ўруч ўз одатича.
– Сиздан…
– Нима?
– Сиздан шикоятим бор!

Бундай гаплар билан Ўручни ҳайратлантириб бўлмасди. Чунки, кутилмаганда унинг ўзига қарши ҳужумга ўтиб қоладиган беморларга ҳам дуч келганди. Суҳбатни бошқа тарафга буриш учун:
– Исми шарифингиз, – деди, ҳолбуки, олдида турган қоғозга унинг оти ёзиғлиқ бўлса-да.
– Отим Болами, памийлам Дадашев. Сизнинг ёнингизга касалимни даволатишга келганим йўқ. Соппа-соғман. Сиздан шикоятим бор. Сиз ҳозир менинг боғимни эгаллаб олгансиз.

Ўручнинг кўз ўнгида боғнинг аввалги эгаси – армани дўхтир гавдаланди:
– Адашяпсиз, – деди, – у боғ бир армани дўхтирники бўлган. Беш йил олдин Масковга кўчиб кетди. Боғни менга дала ҳовли учун беришди.
– Мен эмас, сиз адашяпсиз, Арманидан олдин ўша боғ менинг отамники бўлган. Унга бобомдан мерос қолган. Боғ ота-бобомники, билдизми? Эшитгандирсиз, Машади Дадаш менинг бобом бўлади. Сиздан ҳалол ҳаққимни талаб қилиб келдим. Ҳозир, Худога шукурки, ҳамма эски мол-мулкини талаб қилиб оляпти. Сизам яхшилик билан, ортиқча гап-сўзсиз менинг боғимни қайтариб беринг. Сизга бошқа ҳеч қанақа гапим йўқ.

Ўруч бир муддат талмовсираб қолди. Қаршисидаги одамнинг зоҳирида хасталик аломатлари сезилса-да, у касалга ўхшамасди. Балки гапи тўғридир? Ким билсин, ростдан ҳам арманидан аввал бу боғ унинг бобосига қарашли бўлса бўлгандир. Аммо, айни пайтда суҳбатнинг бу маромда бориши Ўручга умуман ёқмай турарди.
– Аввал боғ кимники бўлганини билмайман. Аммо, уни менга далаҳовлилар бошқармасидан хатлаб беришган. Сиз бориб ўшаларга мурожаат қилинг.
– Мен ҳеч кимга мурожаат қилмайман. Бирламчидан, гапимни тасдиқлайдиган бирорта қоғоз, далил-исботим йўқ. Иккиламчидан, сиз жуда “таниқли” одамсиз. Боғни сиздан олиб менга беришмайди.
– Хўш, мендан нима истайсиз унда?
– Қулоғизга тамбур чертдимми, дўхтир? Ўзингиз яхшиликча боғимни беринг.

Ўруч “нима бало, жинни-пиннимасмисан” демоқчи бўлди-ю, ўйланиб қолди: бу иборани ҳамма одам ишлатиши мумкин, аммо, руҳшуносга ярашмайди.
– Майлику-я, – деди, – лекин мен беш йилдан бери шу боғдаман. Иккинчи қаватини ўзим тиклаганман, қайта таъмирдан чиқардим. Беш йил қаерларда юргандингиз. Нега мен шунча иш қилиб бўлганимдан кейин қошимга келдингиз?
– Бунинг бошқа сабаби бор, – деди Болами. – Бунинг аҳамияти ҳам йўқ. Харажат қилган бўлсангиз, тўлайман. Лекин боғни барибир қайтарасиз. Отамнинг катта ўғлиман. Боғ менга тегишли. Тўғри гапирдимми, аканг айлангур.
– Нотўғри гапирдингиз, – соатига қаради Ўруч. – Ҳозир сиз билан беҳуда лақиллаб ўтиришга вақтим йўқ. Касаллар кутиб қолди. Сизниям касал ўрнида қабул қилдим, деб ҳисоблайверинг. Хуш кўрдик.

– Демак, боғни қайтармайсиз?
– Йўқ.
– Нимага?
– Бу масалада тортишишнинг ҳожати йўқ. Боғни менга расман хатлаб беришган, меники, у ерда мен яшайман, тамом-вассалом.
– Мен сизни у ерда яшагани қўярканман-да? Билиб қўйинг, бугундан бошлаб, боғда бир кун ҳам яшамайсиз.
– Нега?
– Буниси менинг ишим.
– Нима қилардинг, – дафъатан сенсирашга ўтди дўхтир. – Ўт қўясанми, дарвозамга танк қўясанми?
– Айтдим-ку, нима қилишни ўзим биламан.
– Хўп, сени товламачи сифатида мелисага тутиб берсам-чи?
– Ўзи шуни кутяпман-да, аканг айлангур. Майли, мени мелисага беринг, авахтага тиқтиринг. Сизни бутун мамлакат билади. Энди замон бошқача, Худога шукур, сўз эркинлиги бор. Газетларда уриб чиқишади. Фалончи олим, жинниларнинг энг катта дўхтири бир камбағал деҳқоннинг боғини тортиб олиб, ўзини қаматворибди, болалари чирқираб қолибди, деб овозаи жаҳон қилишади.

Энди Ўручнинг сабр косаси лиммо-лим тўлганди:
–Ўв, менга қара, ҳали сенга қўл ҳам теккизганим йўқ, агар жонимга тегаверсанг, ҳозироқ кўзимдан йўқолмасанг, ўзим қулоғингдан тутиб ташқарига ирғитвораман, тушундингми? Қўлингдан келганини қил. Аммо, яна бир марта бу ёққа қадам боссанг, ўзингдан кўр.
Болами бамайлихотир ўрнидан турди. Юзлари яна аввалгидек тиришди, кўзлари ўйнади.
– Майли-да, – деди – Икки болам бор, каттаси Ҳусаноға – йигирма бирга кирган, кичиги Ҳасаноға – ўн тўққизда, Боғни мен ололмасам, болаларим олади. Аммо, бир мазлумнинг ҳақидан қўрқинг, аканг айлангур. Худогаям хуш келмайди бу.
Оҳиста туриб, эшик тарафга одимлади Болами.
Жума куни эди. Эртасига боғда Офелия билан учрашуви бор. Ўруч ҳамшира қизни ёнига чақирди.
– Эртага шошилинч ишим чиқиб қолди. Боққа боролмасам керак. Кейинги ҳафта… майлими, асалим?
Офелия индамади.

* * *

Кейинги ҳафта ҳам баҳона топиб, Офелияни хабардор қилди. Боққа боролмаслигини айтди. Бормадиям. Наинки, шанба кунги муҳаббат оқшоми, якшанбадаги улфатлар даврасининг ҳам баҳридан ўтганди. Бундан ажабланган оғайниларига:
– Боғда газниям, чироқниям узиб қўйишибди. Бу совуқда газсиз, чироқсиз ўтиришдан нима маъни? – деди.
– Шуям муаммоми, – деди Меҳди. – Ҳозироқ Сайид оғага қўнғироқ қиламан, чироқниям улаб беради, одам юбориб газингниям тўғрилайди.
– Қўй, керакмас, – деди Ўруч. – Бир уста билан гаплашганман. Келгуси ҳафтада келиб тузатиб бераркан.
– Бўлмасам, биратўла анув “юқори волтли” симниям гаплаш, ёмон бежо турибди, боғнинг тепасидан нарига олишсин, – деди Меҳди. У Ўручнинг боғи устидан ўтган юқори кучланишли электр симларни айтаётган эди, – Худо кўрсатмасин, шамол-памолда узилиб тушса, бир касофат бўлмасин.

Бирорта монтёр чақириб, симни боғдан ташқарига чиқартириш Ўручнинг ҳам хаёлида бор эди. Аммо, шу режани амалга оширишга ҳафсала қилмасдан юрувди.

Боққа бормай юрганига боис – қўрқув эмасди. Боламидан қўрқадиган жойи йўқ эди. Фақат, боғда Болами уни Офелия билан бирга тутиб олишдан қўрқарди, қизнинг ота-онасига етказгудек бўлса, гап-сўз кўпайиши, Ўруч ҳам, Офелия ҳам шарманда бўлиши мумкин эди. Шанбани “қисқартириб” якшанбада оғайнилари билан улфатчиликни давом эттираверай, деса, буни Офелия эшитиб, қаттиқ ранжишини ўйлади. Ўруч мендан безор бўлгани учун алоқаларни узиш фикрида юргандир, деган хаёлга бориши мумкин-да!
Ҳарқалай, икки ҳафта боққа қадам қўймади. Фурсат топиб, Офелиядан сўраб кўрди:
– Сизлар томонда турадиган Болами деган одамни танийсанми? Бир-икки ҳафта олдин келиб, шу билан йўқолиб кетди, тинчмикин?
– Албатта танийман, – деди Офелия. – беш йилдан бери турмада ётувди. Яқинда чиқиб келди.
– Нега қамалган экан?
– Қотиллик эди, чамамда. Бир буфетчини ўлдириб кетишганди. Ҳақиқий қотилни аниқлашолмади. Аввалига буфетчини роса уришган. Гап шундаки, буфетчи ўша ернинг ўзида ўлмаган. Уйига қайтиб, ўша кеча юраги хуруж қилиб ўлган. Буфетчини дўппослаган Оғагул экан, Болами икки-уч марта калла қўйган. Ишқилиб… беш йил беришди-да! Тўрт йил ётиб чиқди. Ўша пайтда бутун қишлоққа гап бўлганди.

Икки ҳафтадан сўнг Ўруч ўзича ўйланиб қолди: Балки, бу Болами деган одам ҳаётда умуман йўқдир? Туш-пушига кирган бўлса-чи? Ваҳимага тушиб, боғда кечиши лозим бўлган қанчадан-қанча масъуд соатларни беҳуда ўтказган бўлса-я? Эртага, жума, тош ёғсаям, Офелия билан гаплашади. Шанба куни боғда учрашишади. Якшанба куни дўстларини кабобхўрликка чақиради.

Ана шу ёқимли истаклар билан эндигина ётоғига кирган пайти телефони жиринглаб қолди. Каравот ёнидаги телефон дастагини кўтарди:
– Алло!
– Ассаломалейкум, мен, Боламиман.
– Кимнинг боласисан? – сўради аввалига тушунмай.
– Болами, дедим-ку, бир ой аввал олдингизга борувдим. Отамнинг боғи масаласида. Бирор қарорга келдингизми?

Ўруч аввалига дастакни илиб қўймоқчи бўлди. Кейин нимагадир бундай қилмади.
– Уй телефонимни ким берди сизга?
– Бе, шуям иш бўптими, аканг айлангур. Уйингизниям биламан. Хў-ўп, нима дейсиз энди бу ёғига?
– Ўша гапим – гап. Бошимни қотириб нима қиласиз? Бошқа бу рақамга телефон қилманг.
– Бўпти, аканг айлангур. Фақат, битта илтимосим бор, сиздан.
– Қанақа илтимос?
– Қоғоз-қалам олинг-да, ёзинг!
– Нима деб ёзай?

Болами олтита рақам айтди, Ўруч эса, елка қисганча рақамларни ёзиб олди.
– Ёздингизми?
– Бу қанақа рақамлар?
– Бу менинг телефоним. Қачон бир қарорга келиб қолсангиз, яъни боғни қайтариш фикрига тушиб қолсангиз, шу рақамни терасиз, бир соатда ёнингизда бўламан.

Ўруч жаҳли чиқиб қоғозни йиртиб отмоқчи бўлди. Аммо, ҳар эҳтимолга қарши буклаб чўнтагига солиб қўйди.
Эртасига Офелиянинг ўзи гап ташлаб қўйди. Залда у ёқ-бу ёққа қараб, ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилса-да, инжа товушда шивирлади:
– Соғинмадингизми? – деди. – Эртага учрашамизми?
– Йўқ, эртагамас, шу ҳафта… хўпми, асалим?

* * *

Ўруч келаси шанба ҳам бир баҳона топиб, боққа бормади.
Кейинги ҳафта пайшанба куни Офелия ишдан икки соат олдинроқ кетишга жавоб сўради.
– Онам билан таъзияга ўтмоқчиман, – деди.

Ўруч рухсат берди.
– Ким қазо қилди?
– Хотини онам билан таниш, мен қизини яхши танийман, – шу чоғ бирдан нимадир эсига тушди. – Қаранг-а, эсимдан чиқай дебди. Айтганча, сизам танийсиз-ку, уни?
– Кимни?
– Ўша қазо килган кишини. Бир марта олдингизга келганини айт-дингиз-ку? Мендан ҳам сўрагандингиз.

Ўруч бирдан юраги гурсиллаб кетганини ҳис қилди.
– Болами, – дея қичқириб юборди.
– Ҳа, ўша, Болами… Юрак хасталигига учрабди бечора.

* * *

Бировнинг ўлимидан севиниш – гуноҳи азим. Аммо, ўша куни ишдан чиқиб уйга кетаётган пайти ўзини қушдек енгил сезар, ич-ичдан бир сокинлик, бир бехавотирликни ҳис этиб борарди. Эртаси куни ишга келиб, Офелияга:
– Боққа бораман, – деди. – Эртага кутаман сени, асалим.

* * *

– Анчадан бери боққа бормагандим, – деди Покизага. – Эртага бормоқчиман.
Покиза ўз ишини биладиган аёл эди. Шанба куни Ўруч боғда киядиган ҳаворанг жинси костюмини, “Адидас” крассовкасини кияётганида Покиза ҳам патир нонларнинг орасига котлетларни териб, алоҳида селофан халтачаларни қовурилган картошка, турли салатлар, кўкатлар, қайнаган тухум, пишлоқ, сариёғ, хилма-хил мевалар билан тўлдириб саватга солди. Маъданли, спиртли ва яхна ичимликларни олиб бориши шарт эмас. Шундоғам боғда буларни керагича ғамлаб қўйган.

Покиза билан хўшлашиб, саватни олиб ҳовлига тушди. Гараждан “Волга”сини олди-да, йўлга тушди. Иброҳим Татлисаснинг ҳазин қўшиқлари садоси остида икки-уч соатдан сўнг далаҳовлисида кечадиган тотли дамларни хаёлидан ўтказиб, бутун вужудига нафис бир титроқ кирди. Таранглаша бошлаган аъзои баданида лаззат туйди.

Бир соат, ярим соатдан сўнг интизорликка чек қўйилади. Тор кўчанинг бошида Офелиянинг яшил ёмғирпўши кўринади, у эшик олдига етиб келгунча вақт шунақа секин ўтадики… Ниҳоят, у ичкарига қадам қўйиши билан остонада турган Ўручнинг бағрига отилади. Ўруч бир қўли билан зулфинни беркитаркан, иккинчи қўли билан жувоннинг сочлари, бўйинларини силайди. Сўнг уни даст кўтариб, уйга олиб киради. Кейин ўпишадилар, ечиниб, саунага кирадилар, Саунада бироз буғланиб, совуқ душ остида қучоқлашадилар. Нафис баданда илиниб турган марвариддек тер доналари, душнинг совуқ томчилари, хушбўй шампун – ҳаммаси бир-бирига қоришиб, икки вужуд бирлашади.

Сўнг коняк ичишади. Мусиқа тинглашиб, ҳушёр пайтида беҳаё томошаларни кўришдан уяладиган Офелия сархушликда юзидаги сўнгги ҳаё пардасини ҳам юлқиб отади ва экранда биргаликда кўрган “ўйин”ларни ётоқда такрорлашарди…

Офелиясиз бир ой кечган кун ҳамда Шайтони лаъин Ўручнинг миясига қалаштираётган ўй хаёллар, истаклар, саҳналар, хотиралар ва бўлғуси навозишлар уни шу қадар ҳаяжонга солиб, шоширардики, бир неча чақиримлик масофани янада тезроқ босиб ўтишга, вақт-ни янада тезлатишга уринарди.

Машина ичида Офелиянинг ифорини туяр, тўлғанишлари, эркаланишлари, нозу карашмаларини кўз олдига келтирар, нозли ингроқларини эшитар, шошар, ошиқарди. Қишлоққа кириб, Офелиянинг шундоққина уйи ёнидан ўтаётганда бу пастқам деворлар ортида Офелиянинг учрашувга нечук ҳозирлик кўраётганини, ич кийимларини алмаштириб, атирларга бурканаётганини пайқагандек бўлди. Машинани тор кўчага бурди. Тушиб дарвозанинг япалоқ қулфини очди. Машинани ичкарига олди.

Ичкаридан ҳам беркитиб, биринчи қаватдаги хона эшигини очди. Сават ичидагиларни совуткичга терди. Печкага ўт қалаб, чироқларни ёқди. Телевизорни кўтариб, иккинчи қаватга кўтарилди. Ётоқхона, бар, видео тепада эди.

Апрелнинг илиқ куни эди. Ўруч ёмғирпўшини пастда қолдирган эди. Айвонга чиқиб бироз айланди. Атрофдаги боғларга, узоқлардан кўрк бериб турган денгизга боқди. Кейин ётоқхона томон одимлади ва эшик қаршисида тахтадек қотди. Эшикнинг ичидан калит қадалган эди.

Кўзларига ишонмади. Дала ҳовлининг, дарвоза, паст ва юқори хоналарнинг иккита калити бор эди. Иккови ҳам унинг ўзида туради. Биттаси шаҳарда сейфида, иккинчиси чўнтагида. Унда… эшик тирқишидан кўриниб турган манави калит қаёқдан келиб қолди? Ўруч пешонасини совуқ тер босаётганини ҳис этди.
Эшикни итариб очди ва ичкари кирди… Кириши билан сесканиб кетди. Ичкарида одам бор эди. Одам эмас, антиқа, сап-сариқ бир махлуқ. Сочи, қоши, соқол-мўйлови, киприклари ҳам малларанг эди. Ҳатто кўз қорачиқлари ҳам сарғиш тусда эди. Ўруч аранг ўзини тутиб:
– Кимсан? – деб сўради.
– Ҳусаноғаман, – деди ҳалиги йигит. – Боламининг катта ўғли. Ота-бобомнинг уйига келдим. Сен нима қилаяпсан бу ерда?

Ўручнинг тепа сочи тикка бўлиб кетди. Унинг ғазаб отига миндирган фақатгина Ҳусаноғанинг такаббурлиги, уятсизлиги, беадаблиги эмасди. Бу бадбуруш махлуқ Офелия билан кечган масъуд онларнинг гувоҳи бўлган ва у билан бўладиган ётоқда, нафис тўшаклар устида безбетларча, туфлисини ҳам ечмасдан тарвақайлаб ётарди.
– Йўқол бу ердан, кўзимга кўринма, – деди Ўруч. – Асабларини жиловлай олмаётганини англаб, бироз ўзидан ҳам ранжиди. Ҳусаноға эса, жойидан жилмади ҳам. – Қанақасига ота-бобонгнинг жойи бўларкан. Ҳаммасини ўзим, ўз пулимга қурганман, эшитдингми?
Бу гал ҳам Ҳусаноға пинагини бузмади.

Куч ишлатаман, деса, бу рамақижон сариқмашакни бир зарбада ағдаради. Ундан ёши икки баравар катта бўлса-да, аввалдан кураш билан шуғулланиб келгани учун ҳалигача қоматини сақлаб келарди. Аммо, кимсан Ўруч дўхтир келиб-келиб қайси гўрдаги бир дайди, саёқ такасалтанг билан муштлашса, шаҳарда гап бўлмайдими?

Вақт ўтиб борарди. Ҳали замон Офелия келиб қолади. Ҳусаноғани бу ерда кўриб қолса… йўқ, унданам ёмони Ҳусаноға уни бу ерда кўриб қолса, жуда ноқулай вазият юзага келади. Офелия етиб келгунича бу чақирилмаган меҳмонни даф қилиши зарур. Ўруч мумкин қадар юмшоқлик билан гап бошлади.
– Укагинам, бу масалалар бунақа ҳал қилинмайди. Отанг ҳам ёнимга борувди. Гапирадиган гапимни айтдим унга. Бу боғни менга далаҳовлилар бошқармаси берган. Ўша ёққа боринглар, судга беринглар, удда қилиб олинглар, лекин менинг бошимни қотирмаларинг. Шаҳар бедарвозами сенларга, хоҳлаган жойингга кириб, ялпайиб ўтириб олсанг? Ҳозир мелиса чақирсам, сени обориб тиқишади. Бировнинг боғига қандай кириб олдинг, калитни қаердан топдинг, ҳаммасига жавоб берасан кейин.

Ҳусаноға индамайгина сариқ кўзларини Ўручдан узмай, ҳаракатсиз ётарди. Ўруч гапираётиб, унинг бигиздек нигоҳларига тўқнаш келганида гапидан адашиб қолаёзди:
– Ҳа энди… орзуга айб йўқ дегандай, бир ялпайганинг етар, қани жўна энди. Калитниям олиб қоламан. Яна шу томонларда кўриб қолгудек бўлсам… – негадир гап оҳанги бирдан ўзгарди, – шаҳарга ишхонамга келсанг, гаплашамиз.

Аммо, калитни олмоқчи бўлиб эндигина қўл узатганида, Ҳусан-оғанинг туси ўзгарди. Совуқ кўзларида ваҳший учқун чақнади, лаб-лунжи эгилиб, қўлини каравот тагига узатди.
Шундагина Ўруч токларнинг тагини юмшатишда ишлатиладиган белкурак бу ерга келиб қолганини кўрди. Уни бу ёққа ким олиб келди? Каравотнинг тагига ким беркитиб қўйдийкин? Ким бўларди? Манави сариқмашак-да! Аммо, нима мақсадда?

Мақсади энди ойдинлашди. Ҳусаноға белкуракни каравотнинг тагидан чиқариб, дастасидан чангаллади. Четлари кавшарланган, қиличдек ўткир учини Ўручнинг пешонасига тўғрилади.

Кейинги воқеалар Ўручга худди уйқудагидек, ёхуд кадрлари ҳаддан ташқари тез ўтаётган филм манзараларига ўхшаб туюлди. Вазият ўта кескин ва хатарли эди. Ҳусаноғанинг ҳамласини кутмай ўзини олдинга отди. Рақибининг билагига ёпишди. Иккинчи қўли билан белкуракнинг дастасини ушлади. Ўнг тиззаси билан сариқмашакнинг чотига зарба берди. Ҳусаноға оғриқдан бўкириб, қўлидаги белкуракни ташлаб юборди. Кўз очиб-юмгунча белкурак Ўручнинг қўлига ўтди. Шу аснода Ҳусаноға бор кучи билан Ўручнинг елкасига бир мушт туширди. Ўручнинг кўз ўнги қоронғилашди, рўй бераётган ҳодисаларнинг маъно ва мантиқдан йироқлиги, беҳудалигидан қони қайнади ва ноҳақ еган муштнинг зарби уни ҳақиқий далли-девонага айлантирди. У энди ўз устидаги назоратни йўқотиб қўйганди – қўлидаги белкурак қай тарзда Ҳусаноғанинг бошига санчилганини ҳам сезмади.

…ва шу он худди филмдаги каби тез ўтаётган кадрлар яна ўз маромига қайтди. Ҳусаноға ҳолсизланиб ерга чўккалади. Кўз қорачиқлари бир нуқтага қадалганча ҳаракатсиз қотди. Ўруч дўхтир бўлгани учун бу ҳолатнинг маъносини англарди. Ҳусаноға ўлган эди. Уни Ўруч ўлдирди. Яна ўз уйида, яъни Ўручнинг уйида. Ҳарҳолда, бу боғ, ҳеч бўлмаганда иккинчи қаватдаги бу хона Ҳусаноғанинг эмас, Ўручнинг уйи-ку? Ўручнинг ўзи қурган уй. Ва энди бу уйда ўлик ётибди. Нари борса, йигирма бир ёшли йигитнинг ўлиги. Қони палос узра ёйила бошлаган, ётоқ деворларига ҳам сачраган эди. Белкуракнинг уч қисмида ҳам қон доғлари, дастасида эса Ўручнинг бармоқ излари бор эди.

Ўруч охирги йилларда фақат детектив асарларни мутолаа қиларди. Видеодан ҳам кўплаб детектив филмларни кўрганди. Шу боис, эс-ҳушини тўплаб олганидан кейин, биринчи қилган иши дастрўмолини чиқариб. Белкурак дастасидаги бармоқ изларини қайта-қайта артиш бўлди. Детектив асарларда бу ҳолат тез-тез такрорланарди. Белкурак учидаги қон доғларини ҳам артмоқчи бўлди, аммо, дастасида бармоқ излари бўлмагач, учидаги қон доғларининг нима аҳамияти бор? Шусиз ҳам Ҳусаноғанинг шу белкурак билан ўлдирилганини билишади. Лекин ким ўлдирган? Бу ҳақда у эмас, бошқалар бош қотиради. Аввалига бошқа бир саволга жавоб топиши керак. Ҳусаноға бу ерга нима мақсадда келди? Бировнинг боғига қай йўл билан кирган? Хонага қандай кирган? Калитни қаердан топган? Ўғирлаганми? Бу мумкин эмас. Ҳар иккала калит Ўручнинг қўлида туради. Қолипини чиқариб, ясаттирганмикин? Ундай бўлса бу ерга киришдан мақсади нима бўлган? Бировнинг уйига суқулиб кириш, ялпайиб ётиш билан бу уйга эга чиқиш мумкинми?

Ахир дунёда қонун-қоида деган нарсалар бор…
Ҳамма гап ана шунда. Айни дамга қадар ўша қонун-қоидалар Ўруч тарафида эди, аммо, ҳозирдан эътиборан қандай сабаб, қандай шарт-шароит, вазият бўлишидан қатъи назар қонун унга қарши туради. Ўруч жиноятга қўл урди. Гумондор ҳам, айбдор ҳам, жиноятчи ҳам унинг ўзи. Албатта, бунинг учун жиноят очилиши, исботланиши керак.

Қочиб қутулиш зарур. Иш ошкор бўлганида, ҳаммасидан тониши керак. “Мен ўша куни боғда бўлмаганман». Ўша куни (хаёлида терговчининг саволи: “Айнан ўша куни эканини қаердан биласиз?»… йўқ, ўша куни деса бўлмайди, Бир ойдан бери боғда йўқ эдим, де-йиши керак. Тўғрисиям шу-да, бир ойдан бери боққа келгани йўқ. Бугунни ҳисобга олмаса, албатта,
“Бугун ҳам боққа келмаганман, – ўзини ишонтиришга чоғланди Ўруч, – Ким билиб ўтирибди боққа келганимни? Покизами? Ҳозироқ уйга қайтиб, фикримдан қайтдим, боққа бормадим, кечқурун шаҳарда ишим борлиги эсимга тушди, дейман”.

Яна ким билади. Офелиями? Ё парвардигор! Ярим соатда у етиб келади-ку! Тезроқ бу ердан кетиш керак. Келса, бироз эшикни тақиллатиб, қайтиб кетаверади-да! Душанба куни бирор баҳона топиб, кечирим сўрайди. Келгуси ҳафта кўришамиз, дейди. Лекин кейинги ҳафта кўриша оладиларми? Келмаса, бу иш қандай очилади? Ўлик айнан унинг боғида, уйнинг иккичи қаватида эканини ким билиб ўтирибди? Ҳарҳолда, шуниси аниқки, бу ердан ҳозироқ кетмаса иш чатоқ бўлади. Белкурак сопидаги бармоқ изларини йўқотгани етар, бошқа жойларни артиб чиқиши шарт эмас, ўз уйи бўлганидан кейин ҳамма жойда унинг изи бўлмай кимники бўлсин? Изларнинг янги ёки эски эканини топишнинг имкони йўқ. Бошқа бирор асар-аломат қолмадимикин? Боя олишган пайтида тугмасими, соч толасими, бирор нарсаси тушиб қолмадимикин? Диққат билан хонани кўздан кечириб чиқди. Ҳусаноға каравотнинг ёнида, ерда чўзилиб ётарди. Пешонасидаги ярадан сизаётган қоннинг бир қисми палос устида кўлмакчалар ҳосил қилган, қолгани жасаднинг сап-сариқ чаккаларида, бўйин ва юзларида қота бошлаган эди. Қон каравот устидаги пуштиранг адёлни ҳам ивитиб ташлабди. Жасад ёнида қонга беланган белкурак. Хонада тўс-тўполон, олишув ва жиноятнинг бошқа нишонаси йўқ. Ҳар қалай, бўлса ҳам Ўручнинг кўзи тушмади.

Хонага сўнгги бор кўз югуртириб, айвонга чиқди. Хона эшигини ёпиб, шоша-пиша пастга тушди. Телевизорни, печкани, чироқларни ўчирди. Эшикни қулфлаб, дарвоза тарафга юрди. Машинани тор кўчага чиқариб, дарвозани беркитди.
“Асосийси ўзимни йўқотиб қўймасам бўлгани. Ҳозирча мени бу ерда ҳеч ким кўргани йўқ, тезроқ қочиш керак, вассалом”.

Тезлик билан машинани катта кўчага чиқарди. Йўл-йўлакай миясидаги фикрлар калавадек чувалашиб борди. Ишқилиб, бирорта хатога йўл қўймадимикин? Жиноятнинг бирор учи очилиб қолмасмикин? Шу ҳақда ўйларкан, ногоҳ, иккинчи қаватдаги ётоқхона эшигида турган калитни эслади. Ахир, бу калит Ўручники эмаслигини ким исботлаб беради. Иккита калити бор бўлса, учинчиси ҳам бўлиши мумкин-ку? Бориб олса қандай бўларкан?
Йўқ, бу жуда хатарли. Қўлга тушиб қолади. Борди-ю, Офелияни учратиб қолгудек бўлса, вазият янада мураккаблашади.

Аеропортга яқинлашган пайти яна бир “илмоқ”ни унутиб қолдиргани эсига тушди. Совуткичдаги егуликлар, мева-чевалар… Экспертиза бу егуликлар шу куни олиб келингани ва демакки, Ўручнинг бу ерга келиб-кетганини исботлай олади. Уф-ф, жин урсин, ўчакишгандек, хотини кўкатларни бугунги газеталарга ўраб берганди. Тамом, Ўруч айнан қайси кун боққа келиб-кетганини юз фоиз аниқ билишади.

Миясига шу фикр келиши билан машинани орқага қайтарди. Боққа қайтиши нечоғли хавфли бўлмасин, ашёвий далиларни ташлаб кетиш ундан юз чандон хатарли эди. Ишқилиб, олдидан Офелия чиқиб қолмаса, бас.
Саккиз дақиқада машина бояги тор кўчага етиб келди. Дарвозанинг қўштавақасини бирданига очиб ўтирмади. Машинани ташқарига қўйиб, ўзи ичкари кирди. Совуткичдаги хамма егуликларни чиқариб саватга солди. Ўзи чиқинди челакка ташлаган янги газета парчаларини йиғиб ҳожатўрага итқитди.

Энг таҳликали онлар эди бу. Офелия кўчада турган машинани кўрса, Ўручнинг шу ерда эканига шубҳаси қолмайди. Унда дарвозани очиб, Офелияга вазиятни тўла-тўкис тушунтириш керак. (Тушунтира олармикан?). Дарвозани очмаса-чи? Унда Офелия кутавериб, хавотирга тушади, кейин бир кор-ҳол юз бергандир, деган хаёлда қўшниларга, ҳатто, мелисага ҳам хабар қилиши мумкин. Ана унда…

Ишқилиб, Офелия келиб қолмасин-да! Ҳар доим маъшуқасининг келишини интизор кутган Ўруч бу гал унинг келмаслиги учун бутун борини беришга тайёр эди. Эҳтимол, Ўруч йўлда кетаётганида Офелия келиб кетгандир? Ўручнинг боғдан чиқиб, аеропорт ёнидан қайтиши ўн беш-йигирма дақиқани оларди. Шу вақт ичида Офелиянинг келиб-кетиши мумкинмиди? Кошки шундай бўлса?

Ўруч саватни ташқари чиқариб, пастки хонани беркитди. Иккинчи қаватга чиқаётганда, оёқлари чалишиб, зинапоядан умбалоқ ошиб тушишига оз қолди. Йиқилиб оёғини синдириб олиши қолувди энди. Ётоқхонаниг эшигига тиқилган калитни суғуриб олди. Туфлисининг учи билан эшикни қия очди-да, ичкарига мўралади. Ҳамма нарса ўша ҳолатда – жасад, белкурак, каравот… фақат палос устидаги қон ҳалқоби бироз катталашган.

Ўруч тезгина туфлиси билан эшикни итарган пайти, қарсиллаб ёпилди ва бу овоз сукунатда шу қадар қаттиқ эшитилдики, Ўручнинг ўзи ҳам сесканиб кетди. Қўлида ҳамон ушлаб турган бегона, “учинчи” калитни ҳовлидаги қудуққа итқитди.

“Ҳусаноғанинг оиласи ҳали бу фожиадан бехабар” ўйлади Ўруч. Хабар топса, қанчалар қиёмат бўлиши тайин. Отасининг еттиси ўтмай туриб, катта ўғли жувонмарг бўлиб турибди. Чиндан ҳам мусибат-ку, бу! Бу мусибатнинг лоақал Ҳусаноғага оид қисмига ўзи сабабчи эканига Ўручнинг ишонгиси келмасди. Ахир Ўручда нима айб? Жанжални, бемаъни иддаоларни йўқ ердан ким чиқарди? Ўручнинг уйига суқилиб кирган ҳам Ҳусаноғанинг ўзи бўлди-ку! Жанжални ким бошлади, ким биринчи ҳужум қилди? Ўруч белкуракнинг дастасидан тутиб қолмаганда, шу белкурак унинг бошини ёрмасмиди? Ҳозир каравот ёнида қонига беланиб ётган ҳам Ўручнинг ўзи бўларди. Ўруч жиноят қилгани йўқ, фақат ўзини мудофаа қилди, холос.

Унақада нега ўз ихтиёри билан машинасини мелисахонага ҳайдамади? Ҳамма гапни бориб айтса бўларди-ку? Аммо, улар воқеа айнан шундай юз берганига ишонармидилар? Майли, ишонсин ҳам дейлик, терговдан ҳам суддан ҳам оқланиб чиқди, дейлик. Барибир қотиллик тамғаси умр бўйи гарданида қолиб кетмайдими? Ахир шунча йил мисқоллаб йиққан обрў-эътиборини бир лаҳзада йўқотмайдими?

Дарвозани қулфлаб, катта йўлдан кетиб бораётганида ҳам миясида чарх ураётган минг бир ўй-хаёлнинг мантиқий натижаси битта эди – мелисага бормай, тўғри иш қилди. Жиноят… йўғ-э, ҳодиса жойида бирор из қолгани йўқ. Агар ўзини қаттиқ тутса, ҳеч ким Ўручнинг бўйнига ҳеч нарсани илдиролмайди. У ҳар қандай вазиятда бирор оғиз шубҳали гап айтмаслиги, ўзини ҳеч нарсадан бехабардек кўрсатиши шарт. Бу унинг қўлидан келади. Ҳарқалай тажрибали руҳшунос-ку. Асаблари, кайфияти, юриш-туришини бошқара билади. Ҳеч бир моҳир терговчи уни тилидан илинтира олмайди. Эртами-кечми, барибир терговчи билан юзлашиши аниқ. Ахир жиноят… узр, ҳодиса, унинг боғида юз берган. Демак, уни ҳам терговга жалб қилишади – бу аниқ. Ҳеч бўлмаса, баъзи нарсаларга аниқлик киритиш учун. Шу куни боғда ким бўлган? Калит яна кимда бўлиши мумкин эди? Марҳумни аввалдан танирмидингиз? Оилавий яқинлигингиз бормиди? Бу саволларга аввалдан тайин жавобларни топиб қўйиши зарур.

Яна ўзи кўрган детектив филмларни эсга олди – жавобни ҳозирлаб қўйиши керак. Машинани касалхонага ҳайдади. Таажжубда қолган қоровулга:
– Қоғозларим қолиб кетибди, – деди, – олиб кетишим керак. Эрталабдан бери ишлаётувдим. Қарасам, қоғозларимнинг ярми ишхонада экан.
Қоровулнинг соат сўрагани ҳам худди кўнглидаги иш бўлди. Бир соат олдинги вақтни айтди. Бу вақтда Ўруч 42 чақирим олисда, эндигина белкурак билан Ҳусан оғанинг бошини ёрган эди.
Касалхонадан чиқиб, дўконга кирди. Тиш пастаси олган киши бўлиб, сотувчи билан анча суҳбатлашиб қолди. Дорихонага кириб, валокардин сўради. “Йўқ” жавобини эшитгач, юзида ясама норозилик акс этди. “Бирор марта бўлсин, сизлардан керакли дорини топиб бўлмайди, бир соат аввал, – у шундай дея девордаги соатни кўрсатди, – аспирин сўрасам, шуниям топиб беролмовдиларинг, аспирин-а?”

Ўручни яхши танийдиган сотувчи узрли жилмайди:
– Дўхтир, кечирасиз, лекин бизда аспирин ҳар доим бўлади, сизга йўқ деб ким айтди?
Ўруч ўзини йўқотиб қўймади:
– Ким билсин, битта ёш қиз ўтирган экан, бир соат олдин келувдим, йўқ деди.

* * *

Уйига келди. Эшикни ўзидаги калит билан очиб, сават кўтариб ичкари кирганида, Покиза лол қолди.
– Сиз… боғда эмасмидингиз?
– Бормадим, – деди. – Индинга маърузам борлиги ярим йўлда эсимга тушди. Материалларнинг ярми уйда, қолгани ишхонамда экан. Бугун эрталабгача уйда ўтириб ишлашим керак. Манави саватдагиларни совутгичга қўй, бузилиб-нетиб қолмасин.
Бу саҳна жуда ишонарли чиққани учун ўзидан қониқиш ҳосил қилди. Аммо, вужудида барибир бир саросима ҳукм сурар, бадани енгил титраётганини сезарди. Ўзини қўлга олишга чандон уринмасин, уддасидан чиқолмаётганди. Икки соат олдин юз берган ҳодисалар хаёлидан кетмасди.

Ҳаммомга кириб, аввал иссиқ, сўнг совуқ душ қабул қилди. Ваннани сувга тўлдириб, бир муддат чўзилди. Шу чоғ миясига келдики, ўзини ўлдиришнинг энг осон ва оғриқсиз йўли иссиқ сувга кириб, томирларини кесишдир. Кейин бу фикрни дафъатан миясига суққани учун Шайтони лаъинни сўкиб ҳам қўйди.
Ўттиз-ўттиз беш дақиқаларда ҳаммомдан чиқди. Фен билан сочларини қуритаётганда, Покиза стол устига бир стакан чойни икки тилим лимон, мураббоси билан келтириб қўйди.
– Телефон қилиб, сизни сўрашди, – деди мутелик билан. – Ҳозир чўмиляптилар, кейироқ қўнғироқ қилинг, дедим.

Ўруч илкис сергакланди:
– Ким экан?
– Танимадим, Боламиман дейди.
– Ким?
– Болами.
Ўруч юраги ҳапқириб тушаётганини ҳис этди. Болами! Бир неча кун аввал дунёдан ўтган Болами! Уч соат олдин ўлдирилган Ҳусан-оғанинг отаси.

Шубҳасиз, бу қўнғироқ икки-уч соат аввалги ҳодисага алоқадор бўлиши керак. Балки “Болами” эмас, “Боламининг уйидан” дейишгандир? Балки, Болами деган бошқа бир қариндошлари ҳам бордир? Ҳарҳолда, айни дамда телефонда Болами деган исмнинг ишлатилгани оддий тасодиф бўлиши мумкин эмас. Бояги ҳодиса билан боғлиқ эканига шак-шубҳа йўқ.
Покиза совуган чойнинг ўрнига янгисини келтириб қўйди:
– Бирор нарса ейсизми?

Покизанинг бу меҳрибонлиги, ғамхўрлиги, умуман, унинг феъл-атвори юмшоқлиги, садоқати Ўручнинг энг катта бахти эди. Ўруч шуни ҳам аниқ билардики, қачондир бу жиноят… ҳодисанинг усти очилиб, Ўручни жавобгарликка тортишса, ҳатто, қамоққа тиқишсаям, Покиза унинг яккаю ягона паноҳи, илинжи, таянч нуқтаси бўлиб қолиши тайин эди. Бундай содиқ, фидойилик ва вафодорликни қавм-қариндошлари нари турсин, ҳатто ўғлидан ҳам кутмасди. Ҳозир у Офелия ҳақида ўйлашни ҳам истамасди. Яхшиям бугун боғда у билан кўришмади, – фақат шу тарафдан уни эслаши мумкин эди.
– Эрталабдан бери туз тотмагандирсиз? Бирор нарса пишириб берайми?

Ростдан ҳам эрталабдан бери ҳеч нарса егани йўқ. Иштаҳаси ҳам йўқ эди. Ҳеч нарса ейишни ҳам, ҳеч нарса ҳақида ўйлашни ҳам истамасди. Фақат кўзларини юмганча, ҳеч кимни кўрмасликни, ҳеч ким билан гаплашмасликни, ҳеч нарсани ҳис этмасликни истарди. Дунёдан тамомила ажралишни, сокин, салқин бир жойда якка-ёлғиз қолишни истарди. Овозлардан, сўзлардан, чеҳралардан, алмойи-алжои фикрлардан толиққан эди. Одамлардан чарчаган эди. Ўзини соғ кўрсатишга тиришган касаллар ва касалтабиат соғлардан ҳориганди. Ҳатто, ўз-ўзидан ҳам безиб кетганди. Узун, чексиз бир сукутга илҳақ эди. Йўқ, асло ўз жонига қасд қилишни хаёлига ҳам келтиргани йўқ. Бунга иродаси етмасди. Ҳатто иссиқ ваннада томирини кесиб ўлишни ҳам истамасди. Аммо, уйқудаги оний бир ўлим – азиятсиз, оғриқсиз, қўрқувсиз, ваҳимасиз… қандай яхши бўларди-я! Фақатгина ётиш, ухлаш ва уйғонмаслик…

Бир қултум чой ичиб, кўзларини юмди. Миясига тўлган фикрларни, хаёлида жонланган ўша машъум саҳналарни сидириб ташламоқни истади. Бошқа, яхшироқ нарсаларни ўйлашга тиришди. Ҳатто Офелия билан кечган дамлардаги шаҳвоний ўйинларни хотирлади – кўнгли айниб ўқчишига сал қолди. Болалигини, қалин ўрмонлар орасидаги булоқни эслади. Оёқларида ўша муздек булоқ сувининг совуқлигини ҳис этди. Қулоқлари остида қайнарбулоқнинг шўх жилдираши эшитилгандек бўлди ва шу зайлда юмшоқ оромкурси устида ястанганча кўзи илинганини сезмай қолди.

Эшик қўнғироғи чалинди. Қўнғироқ тугмаси босилиши билан ёқимли, ҳазин бир мусиқа янграрди. Аммо, ҳозир Ўруч ухлаётгани учунми, асаблари ҳаддан ташқари таранглашгани учунми, ҳар доим кўнглига хушёқадиган бу мусиқа ҳуштак чалиб, пишқириб ўтаётган поезднинг овозидек туюлди.
Сапчиб эшик тарафга юрди. Одатда эшик очишдан аввал, митти туйнукдан қараб, кимлигини сўраб, кейин эшикни очарди. Ўруч бу гал одатига амал қилмади. Эшикни очиши билан донг қотди. Остонада турган одам Болами эди.

* * *

Кейинчалик Ўручнинг ўзи ҳам таажжубланди. Нега ўшанда юраги тўхтаб қолмади? Нега йиқилиб тушмади? Ахир рўпарасида турган одам ўлган эмасмиди? Уч соат илгари ўлдирилган Ҳусаноғанинг отаси шу эмасми? Балки, у дунёдан қайтиб келдимикин? Ўғли учун қасос олмоқчидир балки?

Аммо, Болами қасос олгани келган одамга ўхшамасди. Юзида хотиржам, тинч, сокин бир ифода бор эди. Ҳатто кулимсираб турарди. Бу ғалати атворли одамни Ўруч илк бор кўрганида, уни умрида кулмаган ва кулмайдиган одам бўлса керак, деб ўйлаган эди. Йўқ қаршисидаги одам ўша Болами эди. Аммо, унинг юзида аввалгига қараганда иккита фарқни сезиш мумкин эди. У соқол қўйган, юзи эса, анчайин мулойимлашиб қолганди.
– Боя телефон қилсам, келин чўмиляптилар, деди. Мен айтдим, ҳа, унақа бўлса, уйда экан, бирор жойга чиқмаса керак. Ҳаво бирданига ташлади-да! Шабадани қаранг, кўз очирмайди. Бунақа ҳавода чўмилиб чиқсангиз шамоллаб-нетиб қоласиз-да, аканг айлангур! Энди… барибир тозалик, покизалик яхши нарса-да. Бир дўхтирдан хабар олай-чи, борсам эшигидан қувмас, дедим. Кирсак бўладими ўзи?
– Марҳамат, киринг!

Болами даҳлизда аввал камзулини, кейин, этикларини ечди. Ўручнинг миясидан турли фикрлар яшин тезлигида чақнаб ўтарди: “Бу қанақаси бўлди? Бу одам ўлмаганмиди? Ўзи ўлганини кимдан эшитувди? Офелиядан! Балки, “буфетчининг ўлимидан айбланиб қамалиб чиққан, деб умуман бошқа Баламини назарда тутгандир? Инфарктдан ўлган ҳам ўша одам бўлса керак! Дунёда Боламидан кўпи йўқ. Майли, масаланинг бу тарафи аниқ, дейлик. Ўлган бошқа одам бўла қолсин. Мана, буниси типпа-тирик турибди-ку! Демак, ўғлининг ўлимидан хабари йўқ. Акс ҳолда Ўручдан шубҳаланмаган тақдирда ҳам бунақа тиржайиб юрмаган бўларди. Ахир, уч соат илгари бечора бир боласидан айрилди. Балки… ақлдан озган бўлса-чи? Ўруч мутахассис сифатида Боламининг кўзларига тикилди, қўл ҳаракатларини кўздан кечирди. Йўқ, тентакка ўхшамайди. Ҳарҳолда, ўғлининг ўлимидан хабар топмагани аниқ. Унақада Ўручнинг уйига нега келдийкин? Мақсади нима?

Улар хонага ўтишди. Болами юзида ўша табассум билан жимгина хонани кўздан кечирарди. “Балки энди уйимга ҳам эга чиқмоқчидир” деган хаёлга борди Ўруч. Балки бировнинг уй-жойини даъво қилишга мойиллик руҳий хасталикларнинг янги бир туридир?

Покиза чой келтириб, Боламининг олдига қўйди. Болами бошини кўтариб, Покизага қарамасдан:
– Раҳмат, келин, болаларингизнинг роҳатини кўринг, – деди. – Тўйларингизга келиб, хизматда бўлай. – Чойдан бир ҳўплам ичиб, хонани яна бир кўздан кечириб чиқди.
– Ҳа, Ўруч дўхтир, – деди. – Аканг айлангур, шу десангиз, бу дунё хўб қизиқ дунё-да. Икки ҳафтадан бери бу ерда эмасдим. Эронга бориб келдим. Парвардигор сизга ҳам насиб қилсин. Машҳадга бориб, Имом Ризонинг (Аллоҳ у кишидан рози бўлсин) қабрларини зиёрат қилиб қайтдим. Параход билан келдим. Ўша ерда болаларимнинг ёнига боришдан аввал сизни бир кўриб ўтишим кераклигини Худо дилимга солди. Сизни бошқа безовта қилмасам деб Ҳазратнинг қабрлари тепасида ният қилдим. Ўша боғни қайтиб даъво қилмаганим бўлсин, дедим. Шу йигитнинг ҳаққи ҳалоли бўлсин дедим. Сиздан ҳеч қанақа даъвойим ҳам, иддаойим ҳам йўқ. Ўша Ҳазрати имомнинг хоки пойларини кўзимга сурганимда дилимга бир нури илоҳий тушди. Худдики, ҳазратнинг ўзлари қулоғимга пичирлагандай бўлдилар: “Ҳай барака топкур, худонинг бандаси Болами! Неча йилки бир армани боғингда макон тутди, индамадинг. Энди ўз биродаринг, диндошингни қувиб чиқарасанми? Қўй, бечора умрининг охиригача шу ерда умргузаронлик қилсин, сен ҳам кўчада қолганинг йўқ, уй-жойинг, бола-чақанг бор, нима қиласан, беш қўлингни оғзингга тиқиб?» Ҳай, дедим, ўтган ишга салавот, дедим. Аканг айлангур, мана олдингизга келиб турган жойим. Ўша боғда ўниб-ўсинг, мингдан минг розиман.
Раҳматли Воҳид айтганидек:

Воҳид, жаҳонда жовидон ишқ мулкидир,
Қолган нима бўлса, бари вайронадир манга.

Ўруч айни пайтда бошқа нарсани ўйларди. Болами ҳозир тўғри қишлоққа бориб, ўғли йўқолиб қолганини пайқайди. Эртами-кечми, ўлигини ҳам топади. Ана унда бошланади қиёмат.

Болами чойини ичиб, ўрнидан турди. Ўручнинг тилидан кўчган манзират ўзига ҳам ғалати туюлиб кетди:
– Ўтиринг, қаёққа шошиласиз? Хотинга айтай, овқат қилсин…
– Йўқ, аканг айлангур, Аллоҳ сиздан рози бўлсин. Уйга бормасам бўлмайди. Болаларимни соғиндим, кўзи тўрт бўлиб ўтиргандир.
– Болалардан нечта? – бу саволни шунчаки бермади. Шу тариқа Ҳусаноғанинг ўлимига дахли йўқлигини яна бир бор кўрсатмоқчи эди.

– Айтувдим-ку, сизга, иккита ўғлим бор, боши омон бўлсин. Каттаси Ҳусаноға. Кичкинаси Ҳасаноға.
“Ҳусаноға… эди, – хаёлидан кечирди Ўруч. – Энди каттаси йўқ, фақат кичиги қолган”.

Болами ҳали буни билмасди. Негадир кулимсиради. Ўруч ҳам унинг табассумига жавобан илжайиб қўйди.
Болами хайр-хўшлашиб чиқди. Ўша кечаси Ўруч саҳаргача ухлолмай чиқди. Эртаси – якшанба кунини худди игна устида ўтиргандай азоб билан ўтказди. Ҳар гал телефон жиринглаганда, юраги ҳаприқиб кетарди. Ҳар дақиқада эшик очилиб, қуролли соқчиларнинг кириб келишини, унинг қўл-оёғига банд солиб, олиб кетишларини кутарди. Аммо, кун бўйи ҳеч ким эшикни қоқмади. Тайинли қўнғироқ ҳам бўлмади. Қўшни сув келган-келмаганини сўраб сим қоқди. Кейин бир-икки танишлари… Биттаси бегона, рақамни нотўғри терган чамаси. Кечгача Ўручнинг бўлари бўлди. Ётоғида чўзилиб, бироз мизғиган бўлди. Кейин уйғонди-ю, саҳаргача ухлолмади.

Эрталаб олтида туриб, душга тушди. Соқолини олди, бир тишлам нон ҳам томоғидан ўтмади. Бир стакан чой ичиб пою пиёда ишга жўнади.

Касалхона қаршисида Офелия билан юзлашди. Атрофда одам йўқлигига ишонч ҳосил қилгач:
– Мени кечиринг, – деди аста. – Ўша куни боролмадим. Онамнинг қон босими ошган эди, укол қилдим, ташлаб кетишга кўнглим бўлмади. Жаҳлингиз чиқмадими?
– Албатта йўқ, – деди Ўруч ич-ичидан севиниб. Чиндан ҳам яхши бўлибди, акс ҳолда янги чигалликлар пайдо бўларди. У Офелияга: – Ўзим сендан узр сўрамоқчийдим. Зарур ишим чиқиб қолди, шунинг учун мен ҳам боққа боролмадим. Икки кун сени ўйладим, боғнинг эшигида кутиб-кутиб кетдимикан, деб. Келмаганинг яхши бўпти, – кейин бироз ўйланиб гапига тузатиш киритди, – лекин онангнинг қон босими ошгани чатоқ бўпти-да! Ҳозир яхшими, ишқилиб?
– Эрталаб ўлчаб кўрсам, жойига тушибди, – деди ва бироз қизариб давом этди. – Демак, сизам келмабсиз-да, мен бўлсам… сизни анча куттириб қўйдим деб…
– Сени ҳар доим кутаман, – ясама илтифот билан шивирлади Ўруч. Уларнинг суҳбатлари чўзилгани сари ўтиб кетаётганлар бу томонга маъноли кўз ташлаб қўярдилар. Ҳарқалай, уларнинг дон олишиб юриши кўпчиликка аён эди.

Ўруч икки-учта беморни қабул қилганидан кейин анчайин паришонлигини ҳис этди. Фикрини бир жойга жамлашга қийналаётганини англади. Ассистентига:
– Нимагадир, бошим қаттиқ оғрияпти, – деди, – уйга кетмасам бўлмайди.
Уйга кириши билан бу ерда аҳволи аввалгидан яхшиланмаслигини англади. Касалхонада-ку, одам кўп, беморларнинг шикоятлари, иш, ташвишлар билан бироз бўлсаям чалғийди. Уйда эса, тилсиз-забонсиз Покизадан бўлак ҳеч ким йўқ, ёлғизликда турфа қўрқинч хаёллар исканжасида ёрилиб ўлай дейди. Назарида ҳар дақиқада мудҳиш бир воқеа юз берадигандай эди.

Боғдаги воқеанинг учинчи куни эди. Нега Болами ҳалигача жим юрганидан таажжубланди. Наҳотки, ўғлининг тақдири билан сира қизиқиб кўрмаган бўлса? Агар ваҳима кўтариб, мелисага хабар берган бўлса, орган ходимлари эртами-кечми унинг изига тушиб боққача боришарди. Ҳусаноға шубҳасиз отасининг боғ даъвосидан воқиф бўлган. Ўручнинг боғига ҳам шуни талаб қилиб келган. Маш-ҳаддан қайтган отанинг фикри ўзгаришидан ўғли табиийки, бехабар эди. Болами қайтганидан бери ўғлини кўргани йўқ. Унинг уйида бу мавзудаги суҳбатлар кўп бўлгандир? Болами ўғли Ўручнинг боғига бориши эҳтимолини назардан қочириши мумкин эмас. Демак, бу тахминни мелисага ҳам айтиши аниқ. Унда из, албатта, Ўручга келиб туташади ва Ўручни лоақал бир марта бўлсин сўроқ қилишарди. Буларнинг ҳаммаси бугун бўлмаса эртага, бир ҳафта, бир ой ва ундан кейин ҳам юз бериши мумкин. Бир ойдан кейин ҳам ҳафталик одати бўйича боғидан хабар олмаса, шунинг ўзи ҳам шубҳага етарлича асос бўла олади. Қачон бўлмасин, Ўруч боққа бориши, ҳодисани биринчи бўлиб ўзи ошкор қилиши керак. Ирий бошлаган мурданинг бадбўй иси бутун боққа ёйилиб кетиши аниқ. Шунда ҳам топа олишмаса, ўзи бориб, хабар қилиши шарт. Албатта, ўзини фош этмаслиги керак. Аммо, бу бир-икки ойнинг ҳар дақиқаси даҳшат, таҳлика, саросима билан тўлиқ бўлиши аниқ. Бунга Ўручнинг иродаси етармикин?Ноаниқлик, мавҳумликдан кўра оғир нарса йўқ бу оламда.

Балки, телефонни олиб, ўзи Боламига қўнғироқ қилса-чи? Яхшиям, телефон рақами ёзилган қоғозни ташлаб юбормаган экан. Қидириб топди. Хўш, қўнғироқ қилди ҳам дейлик, кейин-чи? Нима дейди? Нимани сўрайди? Қанча ўйламасин, бирор жўяли баҳона тополмади. Болами билан олди-бердиси, салом-алиги бўлмаса? Эҳтимол, қўнғироқ қилиб, қўйиб қўяр. Биргина овоздан ҳам кўп нарсани аниқлаштириши мумкин.

Рақам териб, яна гўшакни илгани билан бир иш чиқмаса-чи? Балки, унинг телефони назорат остидадир?
“Ўзимам ғирт васвос бўлиб қолдимми, дейман”.
Гўшакни олиб, рақамни терди. Бироздан кейин эркак кишининг овози эшитилди. Боламининг товушини дарров таниди. Овоз сокин ва хотиржам эди.
– Алло, ким бу, эшитаман, гапиринг!
Ўруч жим эди. Болами бир-икки алло-алло деди-да, гўшакни илди. Яқинидан ажраган кишининг овози эмасди бу. Қизиқ, наҳот ўғлининг йўқолганидан хавотирланмаётган бўлса?

Кечгача ўйлаб, бир баҳона топди. Боламига телефон қилиб Эрон сафари ҳақида сўрайди. “Бир ошнам Эронга бормоқчийди, сиздан бир-икки маслаҳатли гапларни сўрамоқчи экан”, дейди. Виза, сарф-харажат, бориш-келиш дегандек…
Гарчи ишонарсизроқ баҳона бўлса-да, бошқа тайинли гап миясига келмади.

Кеч соат тўққизларда сим қоқди. Яна Боламининг ўзи кўтарди. Ўруч аранг ўзини босиб:
– Салом, Болами оға, – деди. – Мен Ўруч дўхтирман.
– Ҳа, дўхтир, хуш кўрдик, нима гап? Нима янгиликлар? Тинчликми, йўқлаб қолибсиз?
Овоз жуда сокин ва ҳатто бироз қувноқ эди. Бирор-бир хавотир аломати сезилмасди.
Ўруч дўстининг Эронга бориши ҳақида тўқиган уйдирмани гапириб берди. Савол бериб, жавобини олди. Фақат, суҳбатининг охирида базўр юрак ютиб, сўради:
– Болалар яхши юришибдими?
– Раҳмат, ҳаммаси яхши, – деди. – Ҳасаноға боғ ишлари билан юрибди. Ҳусаноға гул сотгани Масковга кетган.

Ўруч Болами ҳам бошқа қишлоқ одамларидак томорқасида ул-бул етиштириб, Масковга юбориб турса керак, Ҳусаноғани ҳам Масковга кетган деб хотиржам юрган бўлишса керак деган хаёлга борди.
– Ҳусаноға қачон кетди Масковга? – Ҳар қанча таҳликали бўлмасин, Ўруч бу саволни беришдан ўзини тутиб туролмади.
– Кеча кетди, – деди Болами. Бу жавобдан сўнг гўшак Ўручнинг қўлидан тушиб кетишига сал қолди. Шоша-пиша хайрлашиб гўшакни илди.

Ғалати аҳволда қолганди. Суюнишни ҳам, севинмасликни ҳам билмасди. Суюнишга асоси бор эди. Боламининг бутун оиласи соғ-саломат экан. Уларга Ўручнинг бирор зиён-заҳмати тегмабди. Белкурак билан ўлдирилган йигит (ҳеч ўйлаб кўрмайдими, қоп-қора одамдан қанақасига бундай маллавой туғилиши мумкинлигини) Ҳусаноға эмас экан-да! Борди-ю, ўша йигит Ҳусаноға бўлса, ўлмаган, (ўлганига шифокор сифатида Ўручнинг шубҳаси йўқ эди) шунчаки яраланган бўлганида, ўзига келиб уйига қайтган, лоақал ким уни бу аҳволга солганини уйидагиларга айтган бўларди. Демак, ўлган Ҳусаноға эмас. Минг қатла шукур. Унда у ўлик кимники? Нега ўзини Ҳусаноға деб таништирди? Боғ можаросини у қаердан эшитган? Мақсади нима бўлган?
Ҳусаноғанинг саломатлиги Ўручни қанчалик севинтирмасин, бу муаммо ортидаги сир уни шу қадар безовта қиларди. Кимни ўлдирди у? Нима сабабдан, нима мақсадда Ўручнинг боғига суқулиб кирди бу одам? Нима бўлганда ҳам у одам ўлдирган. Умрида биринчи ва охирги марта одам ўлдириши уни шу қадар жиддий ваҳимага солиб қўйганди. Ҳаяжони, саросимаси, таажжуб ва қўрқувларини ким билан баҳам кўриши мумкин? Ҳеч ким билан.

Ўша кеча ухлолмай чиқди. Эрталаб соқолини олаётиб, унга қараб турган, қип-қизариб кетган сўниқ кўзлар, салқиган қовоқлар, сарғайган юзларни кўриб англадики, яна бир ана шундай кечани яшамоққа тобу тоқати етмайди. Бу ҳолатда ишга ҳам боролмасди. Покиза ҳам эртами-кечми унинг аҳволини тушуниб етарди. Агар ҳозирга қадар тушуниб олмаган бўлса.

Уч кечалик уйқусизлик Ўручни тамоман ҳолдан тойдирган, миясини толиқтирган, асабларини бузган бўлса-да, ҳарҳолда тушунчаларини муайян бир мантиқ асосида тизишга тиришарди. Аниқки, ўлган одам Боламининг ўғли эмас, умуман, унинг оиласига дахли ҳам йўқ. Демак, шахсий адоват, ғараз, душманлик ўз-ўзидан йўқолади. Ҳусаноға ўлдирилганида Боламини Ўручни айблаши, ҳар йўл билан ундан қасос олишга интилиши мумкин эди.
Жон таслим қилган тамомила мавҳум одам. Албатта, бу жиноят, Ўруч буни бўйнига олмаслиги керак. Аммо, бу жиноятнинг очилишини ойлар давомида кута олмасди. Балки ўлган йигит шунчаки бир дайди, ҳеч кими йўқ бенаводир? Ҳеч кимга унинг кераги ҳам йўқдир?

Буёқда ёз мавсуми яқинлашяпти, ҳаво исияпти. Тут пишиғида боққа боришга тўғри келади. Умуман, қачондир боради-ку, боғига? Ўшанда бу жиноят янада жирканчли кўринишда юзага чиқади. Мурдани ёриб кўришганда, ўлдириган вақти маълум бўлади. Ўручнинг икки-уч ойдан бери боққа келмаётганини ҳам билиб қолишса тамом. Ахир, унинг ҳар ҳафта охирида боғига келиб туришини кўпчилик билади-ку? Офелия тугул, Покиза ҳам, танишлари ҳам билади буни. Офелия билан узоқ муддат кўришмай юргани ҳам муаммоларни келтириб чиқарарди.
Ҳар қандай вазиятда ҳам бу масалани чўзиб бўлмайди. Шу куннинг ўзида боққа бориб, ўликни «ошкор» қилиши, мелисага хабар бериши керак. Сувдан қуруқ чиқиш учун эса, ўзини йўқотмаслиги, бутун иродасини тўплаб, ўзини мусичадек бегуноҳ, тетик, бардам тутиши керак. Саросимадан бироз довдираб қолса, буни тушуниш мумкин. Ҳамма ҳам келиб ўз уйида ўлик кўрса, шу аҳволга тушиши табиий.

Йўқ, нима бўлса бўлсин, бугун бориши, бу мавҳумликни йўқотиши шарт. Покизага бирор нарса демайди. Бориб келганидан кейин ҳаммасини айтиб беради. Албатта, мелисага айтиладиган тарзда. Нима учун айнан бугун боққа борганига ҳам баҳонани тахт қилиб қўйган. “Машинамга янги баллон олиб қўйгандим, шуни олиш учун борувдим. Кассета олиш учун юқори қаватга чиқсам, хонада…”. Тўғрисиям шу эди-да, ўзи.

Ҳаво совуқ, шамол эсиб турарди. Боққа яқинлашганида ёмғир шивалай бошлади. Машинани ташқарида, тор кўчада қолдирди. Ҳовлига ўтиб, атрофга кўз ташлади. Ҳеч нарса ўзгармаган. Ҳамма нарса ҳар кунгидай. Тут, анжир, токлар, боғ устидан ўтган электр симлари, қудуқ, ҳовуз, гараж, сауна, икки қаватли уй.Биринчи қаватнинг эшигини очмади. Иккинчи қаватга кўтарилди, айвонга чиқди, хона эшигига яқинлашди.
Хона эшигига… яна калит солинган эди. Ўручнинг кўзлари олайиб кетди. Ахир бу калитни ўтган сафар қудуққа отмаганмиди? Балки бу учинчимас, тўртинчи калитдир? Шу чоқ калит ўз-ўзидан бурала бошлади ва эшик қия очилди.

Шундоқ ҳам шиддат билан уриб турган юраги кўксидан отилиб чиққудек бўлди. Эшикни очиб, ичкари кирганида юраги гўё таққа тўхтагандек бўлди. Ўручнинг кўз олди қоронғилашиб, боши айланди, йиқилиб тушишига сал қолди. Бутун иродасини тўплаб, ҳушини йўқотмасликка тиришди.

Хона палослари устида на қон излари, на қонли белкурак, на йигитнинг жасади бор эди. Йигит… соппа-соғ ҳолатда каравотнинг устида ястаниб ётарди. Пешонасида ҳам, чаккасида ҳам, елкасида ҳам жароҳатдан асар қолмаганди. Ўручни кўриши билан бамайлихотир ўрнидан турди.
– Сенмисан, – сўради Ўруч. – Ҳалиям шу ердамисан?
– Ҳусаноғаман, – деди йигит. – Боламининг катта ўғли. Ота-бобомнинг уйига келдим. Сен нима қиласан бу ерда?

Ўруч бу гапларни бир марта эшитганди. Энди ўша сўзлар айнан қайта такрорланаётганини сезди. Ҳусаноғанинг, – агар бу ростдан ҳам Ҳусаноға бўлса, қарашлари, хатти-ҳаракатлари айнан ўша машъум кундагидек эди. Энг даҳшатлиси, Ўруч бу ҳодиса қандай давом этишини, нима билан тугашини биларди. Ҳозир юз беражак ҳодисаларнинг олдини олиш мутлақо мумкин эмаслигини ҳам биларди.
Гапираётган ҳам Ўруч эмасди. Гўёки кимдир унинг овози билан тўрт кун аввалги сўзларни айнан такрорларди.
– Йўқол бу ердан, кўзимга кўринма, – Ўруч ўз ихтиёри билан биргина жумлани қўшимча қилди – қўлимни қонга ботирма!

Ҳусаноға, – ростдан ўша бўлса, – маъносиз кўзларини Ўручга қадаганча сас-садо чиқармай ўтирарди. Ўруч эски магнитофондек ўша кунги сўзларни такрорларди. “Ҳаммасини ўзим қурганман… далаҳовлилар бошқармаси… отанг ҳам ёнимга келувди…” Йигит лом-мим демасди. Даҳшатли дақиқа, мудҳиш ҳодиса тобора яқинлашиб келарди.

Ўруч каравотнинг тагида нима борлигини биларди, шунинг учун у тарафга қарамасликка тиришди. Белкурак неча сониядан кейин қандай ишни бажаришини ҳам англаб туради. Даҳшатли ниҳояга бир лаҳза қолганида, Ҳусаноға белкуракни олиб Ўручга ҳужум қилди. Ўруч бу ҳужумни олдиндан кутгани учун қўрқмади. Чунки у натижани яхши биларди. Билардики, Ўручга бу ҳужумда жин ҳам урмайди. Ва айнан натижани билгани учун ҳам қўрқарди. Билардики, қаршисидаги йигитни, у ким бўлишидан қатъи назар, ўлдириши аниқ.

Бироз олишувдан сўнг белкурак Ўручнинг қўлига ўтди. Йигит Ўручга мушт туширган заҳоти у белкурак билан сариқмашакнинг бошига айлантириб солди. У ерга чўзилиб қолди, Худи ўша кунгидай қон адёл устига, деворга сачраб кетди.

Ўруч хонадан чиқаркан, бу даъфа дастрўмол чиқариб, бармоқ изларини артмади. Бунинг бирор маъниси йўқ эди. Бошқа бирор нарса ҳақида ўйлашга, бирор мантиқий хулосага келишга қобил эмасди. Касбий тажрибасига оид энг мураккаб, тушуниксиз руҳий жараёнларни бир-бир эслади. Аниқ ҳис этардики, ақли ҳуши жойида, мияси ишлаб турибди. Аммо, бу изоҳсиз воқеаларлардан бирор маъно, мантиқ чиқара олмасди. Қачондир ўқигани, — ярим фантастик бир фаразни эсга олди: баъзида инсон ўз ақли билан юз беражак ҳодисаларни олдиндан яшаши, ҳис қила, аён кўра олиши мумкин. Бу ҳам ўшандай ҳодисаларнинг бири бўлса-чи? Бугун ҳозир рўй берган фожиани тўрт кун илгари шунчаки хаёлидан кечирган бўлса-я? Демак, ўша кунги жиноят шунчаки хаёл, рўё экан-да! Ким билсин, бугунгиси ҳам ана шундай хаёл ва тасаввур инъикосидир?

Шу чоқ лоп этиб ёнига келган беморларнинг бир ваҳимали башоратини эслади: “Бу ерда аввал яшаган армани дўхтир боғни тилсимлаб, девор ва дарахтларга заҳарли моддаларни сингдириб кетган. Балки ўшанда «бир савдойининг васвасаси-да», деб эътибор бермай кетган бу башорат айни ҳақиқатнинг ўзидир? Галлютсиноген моддалар чиндан ҳам мавжуд ва уларнинг инсон миясига таъсири фанга яхши маълум-ку? Умуман олганда, кейинги йилларнинг суронли ҳодисалари, талотўплар ҳамманинг миясига, руҳиятига озми-кўпми таъсир ўтказган. Кимдир айтган эди, “инсон табиатнинг барча сирларидан, афсунларидан огоҳ”, деб. Дунёнинг шу қадар кўп очилмаган, ошкор этилмаган сирлари, тилсимлари борки… Буям ўшаларнинг биттаси бўлса керак? Ўруч маъносиз нигоҳларини хона тарафга йўналтирди.

Зинапоялардан пастга тушди. Шамол кучайган, ёмғир ҳам тезлашган эди, Бир пайт Ўручнинг назарида боғда яна нимадир ўта муҳим бир иш бўлиши керакдек ва бу иш унинг ҳаётидаги энг чигал жумбоқларни ҳам еча оладигандек туюлди. Аммо бу иш нима эканини, нимадан иборат бўлишини Ўруч тасаввурига ҳам сиғдира олмасди. Унинг тасаввур доираси ҳам шу қадар торайиб қолган, ҳар қанча уринмасин, ҳеч нарсани идрок этолмас, ҳис қилолмас, тушунолмасди.

Тушунган пайтда эса, кеч бўлганди. Шу тариқа у охири нима билан тугаганини англаёлмай қолди.

* * *

Кучли шамол юқори кучланишдаги электр симини узиб ташлаган, симлар ҳовли билан битта бўлиб ётарди. Ёмғир ерни тамомила ивитиб ташлаганди. Фақат айвонга ёмғир тушмаганди. Ўруч биринчи қаватдаги айвондан тушиб, нам тупроққа қадам қўйиши билан ёниб қоп-қора жасадга айланди-қолди.

* * *

Ўручнинг ўлигини икки кундан кейин топишди. Муҳим йиғилиш бор эди. Ўручни ишдан ҳам, уйдан ҳам топа олишмагач, табиийки, боққа одам юборишди. Меҳдининг ҳайдовчиси етиб келди.

Ҳайдовчи эшик олдида Ўручнинг машинасини кўрди. Эшикни анча вақт тақиллатди. Натижа бўлмагач, девор ошиб ҳовлига кирди ва ерда ётган қоп-қора жасадни кўриб даҳшатдан тош қотди. Аввалига унинг Ўруч эканини хаёлига ҳам келтирмади. Нима сабабдан ўлик бу қадар қорайиб кетганини ҳам тушунмади. Ҳарқалай дарҳол шаҳарга хабар қилди. Ўручнинг жасадини олиб кетишди.

Барча марказий газеталарда таъзияномалар чоп этилди. Таниқли шифокор, тажрибали руҳшунос билан видолашув маросими ўзи ишлаган шифохонада ўтди. Иккинчи фахрий хиёбонда дафн этилди. Дафн пайти барча оила аъзолари (ўғли ҳам Московдан учиб келди), ҳамкасабалари, қариндош-уруғлари иштирок этди. Офелия ҳам бир бурчакка биқиниб олганча, ҳиқ-ҳиқ йиғларди. Болами икки ўғли Ҳусаноға ва Ҳасаноға билан мозор бошигача боришди.

092

Anor
VAHIMA
Ozarbayjonchadan Rustam Jabborov tarjimasi
07

 Atoqli ozarbayjon adibi Anor ( ozarbayjoncha: Anar R?sul oglu Rzayev) 1938 yilning 14 martida Boku shahrida mashhur shoirlar  Rasul Rizo va Nigor Rafibeyli xonadonida tavallud topgan. 1960 yili Ozarboyjon Davlat universitetining filologiya fakultetini, 1964 yili esa Moskvadagi Oliy stsenariynavislik kursini tugatgan. U “Dantening yubileyi”, “Oq ko’rfaz”, “Besh qavatli uyning oltinchi qavati”, “Muloqot”, “Sizsiz” kabi asarlar muallifi. U bu asarlarida an’anaviy tushuncha va urf-odatlarning ular hayotiga ta’sirini tadqiq qiladi. Anor «Har oqshom o’n birda» (1969), «Kun keldi» (1971), «Taxmina» (1993) filmlari uchun stsenariy ham yozgan.

07

O‘ruch do‘xtir hayotidan nolimasdi. Sog‘lig‘i joyida, qirq beshni qoralagan bo‘lsa ham, hozirgacha loaqal qattiqroq tumov bilan og‘riganini eslolmasdi. Oilasidan ham ko‘ngli to‘q. O‘zidan olti yosh katta xotini Pokiza ro‘zg‘orbop ayollardan. Uy-joyni saranjom-sarishta saqlaydi, pishir-kuydirga ham usta, o‘zi esa xokisor, kamsuqum, og‘ir-bosiq xotin. Biror marta eriga: “Qayoqqa ketuvdingizu, qayerdan kelyapsiz, erta yoki kech qaytdingiz”, deya iddao qilmagan.

O‘ruch har kun ertalab uyg‘onganida, oshxonada yangi damlangan achchiqqina choy, qaynagan tuxum yoxud quymoq, pishloq, sariyog‘, issiq nonlar tayyor turardi. Kiyimlari dazmollangan, poyabzali artib tozalangan, tugmalari bir kun avval sal bo‘shab turgan bo‘lsa, ertalab boshqatdan qadalgan bo‘lardi.

O‘g‘li ham qobilgina chiqdi – o‘rta maktabni oltin medal bilan bitirib, o‘qishga ham deyarli o‘z kuchi bilan kirgan. Ikkinchi kursga o‘tishi bilan o‘qishini bir og‘iz iltimos bilan Maskovdagi Ikkinchi Tibbiyot oliygohiga ko‘chirtirdi. Har hafta ota-onasi bilan qo‘ng‘iroqlashib turadi, bayramlarda tabriknomalar yuboradi. O‘ruch ham har oyning boshida o‘g‘liga otning kallasidek pul yuborib turadi.

O‘z ishi ham o‘ziga yoqardi. Shaharning taniqli ruhshunoslaridan edi. Hatto, tez-tez qabuliga kirib turadigan ajabtovur bemorlar, ular bilan bog‘liq turfa hangomalar ham hayotining bir bo‘lagiga aylanib bo‘lgandi. Kimgadir yordami tegsa, quvonar, tuzalmaydigan, umidsiz bemorlar uchun esa, ortiqcha qayg‘urib o‘tirmasdi. Axir, kimningdir bunday bedavo dardga yo‘liqishiga O‘ruch aybdor emas-ku?

Albatta, masalaning moddiy tomoni ham bor. O‘ruch do‘xtir o‘zining farovon hayoti o‘zgalarning fojialari ustiga qurilganidan vijdon azobida yuradiganlar toifasiga kirmasdi – axir, uning kasbi, hunari, qo‘lidan keladigan ishi shu. Ha, u o‘z sohasining yetuk mutaxassisi edi. Kimningdir dardiga em topib, najot bag‘ishlab, hayotini saqlab qola bilsa, rozi bo‘lib bir nima tashlab ketishadi-ku, bu uning haqqi emasmi? Garchi o‘zicha halol sanagan ana shu “bir nima” rasmiy maoshidan ancha ko‘p bo‘lsa-da, buni adolatli deb bilardi. Chunki, u erishgan martaba, to‘plagan tajriba va bilim o‘z hamkasabalarinikidan bir necha bor yuqori edi. Bemorlar… yo‘q, shu yeri sal xato bo‘ldi, bemorlarning yaqinlari boshqani emas, aynan, O‘ruch do‘xtirni sarson izlashi, uning qabuliga kirish uchun yiqqan-terganini to‘kishga tayyor turishi ham muqarrar haqiqat edi. Shuni ham aytish kerakki, kasalxona ish vaqtidan tashqari bemorlarni o‘z uyida ham qabul qilardi. Xullas, keyingi o‘n-o‘n besh yilda O‘ruch do‘xtir hamma kam-ko‘stini butlab olgandi. Derazalari dengizga qaragan kooperativ binodan to‘rt xonali uy sotib olgan va uni tamomila qaytadan ta’mirlagan, qimmat, guldor parket to‘shab, eshik-derazalarini kashtan yog‘ochidan yasattirgandi, taxmon va devorlarga qabart-ma naqshlar soldirib, har bitta xona, oshxona va balkon uchun alohida mebellar keltirib o‘rnatgan edi. Xonalar va dahlizni billur qandillar yoritib turardi. Uchta televizori, ikkita har xil tizimli videomagnitofoni (bittasi dala hovlisida edi), lazer-disk o‘qiydigan qurilmalari ham bor edi. Chet el safarlariga, albatta, videokamera bilan chiqardi. O‘zi haydaydigan, magnitofonli, stereodinamikli “Volga”si hamda Mardakonda dala hovlisi bor edi.

Hamma mojaro ana shu bog‘dan boshlandi. Aslini olganda, hammasi bir maromda borayotgan edi-ya… Bog‘ni besh yil ilgari olgan. O‘ruchdan oldin bu bog‘ 88-yil voqealaridan keyin Bokudan Maskovga ko‘chib ketgan armani do‘xtirga qarashli bo‘lgan. Armanidan qolib ketgan bu uyning ikkinchi qavatini O‘ruchning o‘zi tikladi. Hammomni kengaytirib, sauna qurdi. Yangi mebellar oldi. Iyul-avgust oylari boqqa Pokiza bilan birga kelib dam olishardi. Yozgi ta’tilda Maskovdan kelgan o‘g‘li ham bir-ikki haftani bog‘da o‘tkazardi. Yilning qolgan oylarida esa, har haftaning oxirida O‘ruch boqqa bir o‘zi kelib ketardi. Aslida bir o‘zi emas…

Juma kuni kechga yaqin oxirgi bemorni qabul qilib, uyiga qaytar, kiyimlarini almashtirib, “Volga”sida boqqa yo‘l olardi. Ke-yingi uch yil ichida Ofeliya bilan aloqalar yo‘lga qo‘yilganidan beri – ikki haftada bir marta oldindan kelishib, shanba kuni boqqa, O‘ruchning yoniga kelardi. Kun bo‘yi shu yerda bo‘lishardi. Ofeliya o‘zi bilan birga yashaydigan ota-onasiga “navbatchiman” deb, kechani O‘ruch bilan birga o‘tkazardi. Boshida Pokiza pishirib bergan go‘shtbiyron, do‘lma, xilma-xil gazaklar va boshqa lazzatli yemaklarni konyak ichishib, Ofeliya bilan birga paqqos tushirarkan, goh-gohida vijdonida og‘riq uyg‘onardi. Keyinchalik bunday ishlar an’ana tusini olgach, vijdon qurg‘ur sanchmay ham qo‘ydi. Yakshanba kuni ertalab Ofeliya undan oldinroq uyg‘onib, choy qo‘yar, birga nonushta qilishardi. Keyin Ofeliya uyiga yo‘l olardi. O‘ruch esa, belkurakni olib, toklarni kundakov qilishga tushar yoki gullarni sug‘orardi.

Tushga yaqin og‘aynilari kelishardi. Mehdining haydovchisi yangi so‘yilgan qo‘chqorning go‘shtini sixga tortib, ko‘raga o‘t qalayotgan payti O‘ruch ulfatlar bilan saunada pivaxo‘rlik qilar, keyin chiqib narda tashlashardi. So‘ng esa, qovurg‘a kaboblarni g‘ajigancha, bir-birlarining sharafiga qadah ko‘tarishardi. Kechga yaqin qadah so‘zlar tugab, ulfatlarning kayfi oshib qolar, keyin Mehdining mashinasida shaharga qaytishardi. O‘ruch videoni qo‘yib, Amerika detektivlarini tomosha qilishga o‘tirardi. Shahvoniy filmlarni esa (bog‘da bunaqa tomoshalarning turkumi saqlanar, Pokizaning bunday behayo narsalarga ko‘zi tushishini aslo istamasdi) shanba kuni Ofeliya bilan birga ko‘rardi. Ekrandagi behayoliklar ularning yotoqdagi maishatiga yanada jo‘shqinlik baxsh etardi.

Ikki yarim kun ichida xumordan chiqquncha dam olib, butun g‘am-tashvishlardan uzoqlashgancha, turfa g‘avg‘olarga to‘la yangi haftani qarshi olishga tayyor ekanini his etib, dushanba kuni ertalabdan O‘ruch shaharga qaytardi. Uyda kiyim almashtirib, ishga borar va yangi hafta ham o‘zgarmas jadval bo‘yicha o‘tib borardi. Kunduzlari ish, dushanba, seshanba oqshomlari uyda kasallarni qabul qilish, chorshanba kuni Mehdining uyida qartabozlik… Gohida yutar, gohida yutqizardi. Unchalik katta pul tikilmasdi. Buyam bir ermakka o‘xshagan narsa edi-da! Payshanba kuni uzoq-yaqin tanishlarining uyiga fotihaga o‘tardi. Odamzodning ahvoli shu-da! Buyam qarzi qiyomat deganday…

Chindan ham tanishlari ko‘p, do‘stlari oz edi. Ikki-uch yaqin birodari bilan kamdan-kam siyosat haqida bahslashishardi. Asosiy mavzulari kasb-korlari hamda ayollar bo‘lardi. Albatta, ularning bari ayni kuch-quvvatga to‘lgan erkaklar bo‘lgani uchun maishat, kayf-safoga ishtiyoqlari baland edi.
Xullas, hayot O‘ruchdan bor ne’matlarini ayamagan edi. Hozirga qadar topgan-tutgani umrining oxirigacha yotib yeyishga yetardi. Hayot shav-qini, lazzatini totmoq uchun suv parisidek suluv 25 yoshli go‘zal Ofeliyasi bor edi uning.
Ofeliya O‘ruchning kasalxonasida hamshira bo‘lib ishlardi. Besh yil avval erga tegib, yulduzlari to‘g‘ri kelmagani uchun ajrashgan edi. Omadsiz nikoh bir yilga ham bormadi.
O‘ruch anchadan beri Ofeliyani ko‘z ostiga olib yurardi. Aslini olganda, Ofeliyadan ham go‘zalroq, yoshroq qizlarni qo‘lga olish uchun imkoniyati yetarli edi – qad-qomati, savlati, yurish-turishi, tajribasi, mahorati, puli, dala hovlisi, mashinasi… Aynan Ofeliyani tanlashiga bu yoshgina juvon Shuvolanda – O‘ruchning bog‘iga yaqin yerda yashashi sabab bo‘ldi.

Kunlarning birida bog‘dan shaharga qaytayotganida, Ofeliyaning elektrichka stansiyasiga tomon ketayotganini ko‘rib qoldi, mashinasini to‘xtatdi va shundagina Ofeliyaning shu yerda yashashini payqadi. O‘ruchning bog‘i Ofeliya ota-onasi bilan yashayotgan hovli bilan elektrichkalar bekati, bozor, do‘konchalarning orasida edi. Binobarin, yosh juvonning aynan shu yo‘nalishda borib-kelishi hech kimda shubha uyg‘otmasdi. Bog‘ eshigiga olib boruvchi yo‘l tor ko‘chaning oxirida bo‘lgani uchun bu tarafga burilgach yoki bu yerdan chiqqach, birovning nazariga tushish qiyin edi. O‘ruch tan olmasa ham, Ofeliyaga bog‘lanib qolishida bu mulohazalarning o‘rni bor edi. Harqalay aloqalari uch yildan beri davom etayotgan bo‘lsa-da, ishda ko‘rishib tursalar-da, sevgi oqshomlari oyda ikki-uch marta bo‘lib turgani uchun hali bir-birlaridan bezib qolishmagan edi.

O‘ruch bitta narsadan xavotirda edi – unga oddiygina ko‘ngilxushlik bo‘lib tuyulgan narsa Ofeliya uchun juda katta ahamiyat kasb etishi, eng inja hislarini ham junbushga keltirishi mumkin edi. Ammo, aftidan, Ofeliya aqlli-hushli ayol bo‘lganidan unga jo‘shqin ehtirosga to‘la shanba uchrashuvlari, O‘ruchning qimmatbaho sovg‘a-salomlari yetib ortardi. Boshqa narsaning bu ayolga keragi ham yo‘q edi.

Tekshiruv va muolaja, moddiy imkoniyatlar, oila tinchligi va farovonligi, o‘g‘lining porloq istiqboli, bog‘ning toza havosi, bog‘ ishlari, Ofeliya og‘ushidagi shanba oqshomlari, do‘stlar davrasi, qarta, videofilmlar, – aniq hayot jadvali O‘ruchni mustahkam qurshovga olgan, bu qurshov tashqarisidagi turli g‘alvalar, g‘am-kulfatlar, qon va ko‘z yoshlariga qorishgan dunyoning go‘yoki unga mutlaqo dahli yo‘q edi. Balki shuning o‘zginasi dunyoning turfa savdolaridan himoyalanishning eng samarali usulidir? O‘zimiz bilmagan holda kelib qolganimiz – bu besh kunlik dunyoning besh kunini ham qora bo‘yoqlarda ko‘rmaslik, dardu balo ichida yashamaslik jahdi edi bu.

O‘ruch nainki sog‘lig‘idan, uyqusidan ham nolimasdi. Odatan o‘n bir-o‘n bir yarimlarda uxlab, tongda yetti-sakkizlarda uyg‘onar, badantarbiya qilar, issiq-sovuq suvda yuvinardi. Ammo keyingi payt-larda uyqusi qochadigan bo‘lib qoldi. Xususan, yarim tunda uyg‘onib ketar, keyin sahargacha uxlolmay yotar, uyqusizlikdan to‘shakda to‘lg‘anib chiqardi. Ba’zan yoshi o‘tib borayotganini o‘ylab, yuragini vahima bosardi. Ellikka qarab ketyapti. Ellikdan keyingi hayot hayotmi? Turli kasalliklar, eshik qoqayotgan keksalikning sovuq nafasi, o‘lim tahlikasi… Nima qoldi, hech nima? Undan keyin nima bo‘ladi? O‘zi bilmaydi…

O‘ruch dahriy edi. Xudoni tan olsa-da, oxirat, jannat, do‘zax degan gaplarga ishonmasdi. Shifokor sifatida insonning qanday moddalardan tashkil topganini, miya faoliyati to‘xtaganidan keyin bu moddalar qanday va qay tarzda chirib bitishini tasavvur qilardi, xolos. Ruh shifokori bo‘lsa-da, ruhning ham aynan muayyan moddiy vazifalar bilan, miyaning o‘ng va chap yarimsharlari faoliyati bilan bog‘langanini bilardi. Miya to‘xtasa, ruhdan asar qolmaydi, deb o‘ylardi u. Uning nazdida bu boradagi bahs-munozaralar, shunchaki afsonalar, xomxayollar, xurofotlar yig‘indisi edi. Faqat yashab turgan hayotimiz bor, biz ko‘rib-eshitib, his etib turgan dunyo bor, xolos. U ham bo‘lsa besh kundan iborat va bu besh kunning bari qorong‘i. Bu qora kunlarni istalgan rangda bo‘yash va o‘sha rangda yashamoq bu – san’at. Chamasi, O‘ruch bu san’atni puxta egallagan edi. Ammo, dunyo talotumlari uni ihota etib turgan mustahkam devorni oshib o‘tmoqqa-da, oshiqardi.

Ijtimoiy hayotdagi o‘zgarishlar, mitinglar, Qorabog‘ urushi, hokimiyatdagi notinchliklar O‘ruchning kasbiga ham ta’sir o‘tkaza boshladi. Ruhiy xastaliklar, miya chayqalish holatlari ko‘paygan, yangi xildagi vosvos va savdoyilar yuzaga kelgandi. Qarindoshlari, oila a’zolari turli bahonalar bilan O‘ruchning qabuliga olib kelgan bemorlarning yarim xastaligi Qorabog‘ muammolari bilan bog‘liq edi. Ba’zida “ikki soat muhlat bering, Tog‘li Qorabog‘ muammosini ikki soatda hal qilib beraman” deb kelguvchi hovliqmalar ham uchrab turardi. Bu masalani yigirma daqiqada yoxud ikki kunda yechib beradiganlar ham topilardi. Ana shunday savdoyilardan birining da’vo qilishicha, yaqinda suv ombori toshib, mamlakatning yarmini suv bosarmish. Keyin Bokudagi Qo‘lyozmalar fondida yong‘in bo‘larmish-da, butun boshli xalqning na o‘tmishidan, na bugunidan nom-nishon qolarmish… Yana bittasi vahima ko‘tarib kelibdi: Qaysi go‘rdandir O‘ruchning bog‘i ilgari bir armaniga tegishli bo‘lganini eshitgan bo‘lsa kerak-da! Topgan gapini qarang, nima emish – o‘sha armani dala hovlining devorlariga, daraxt shoxlariga, toklarning tanasiga maxsus kimyoviy moddalar bilan ishlov berganmish, bu moddalarning rangi ham, hidi ham yo‘q emish. Lekin, bu moddalar bog‘da yashaganlar va mehmonlarni asta-sekin zaharlab borarkan. Nihoyat, ikki-uch oyda ular bedavo dardga yo‘liqib, o‘lib ketisharkan. O‘ruch bog‘da besh yildan beri yashashini aytganda, qabuliga kelgan savdoyi mum tishlab qolmadi. U shunday dedi: “Nima qipti, odamlarning organizmi har xil bo‘ladi, birovlarda bu bedavo kasallik to‘rt-besh yil davomida yuzaga chiqishi mumkin. Ammo, ertami-kechmi bu kasallikka albatta chalinasiz, tezroq bu bog‘ni, undagi daraxtlar, toklarni yoqib, kuydirib tashlang”.

Bolamini birinchi bor ko‘rganida, to‘g‘rirog‘i, kelishining sababini bilgan zahoti, O‘ruch buyam boyagidaqa tomi ketganlarning bittasi-da, deb o‘ylovdi. Bolami O‘ruchning kasalxonasiga kelib, qabuliga yozilgan ekan. Navbati kelganida xonaga kalta bo‘yli, keng yelkali, tor peshonali, qop-qora, o‘rta yoshli bir odam kirib keldi. Qalin, o‘siq qoshlari qontalash ko‘zlari ustiga jarlik chetidagi ikki tup shuvoqdek osilib turardi. Qarashlari juda bejo edi. Bir qarashda “oligofreniya”* degan to‘xtamga keldi O‘ruch. Shuni ham bilardiki, tor peshonali, ko‘zlari bejo va qontalash kasallar qotillar toifasiga kiradi.
– Marhamat, nimadan shikoyat qilasiz? – so‘radi O‘ruch o‘z odaticha.
– Sizdan…
– Nima?
– Sizdan shikoyatim bor!

Bunday gaplar bilan O‘ruchni hayratlantirib bo‘lmasdi. Chunki, kutilmaganda uning o‘ziga qarshi hujumga o‘tib qoladigan bemorlarga ham duch kelgandi. Suhbatni boshqa tarafga burish uchun:
– Ismi sharifingiz, – dedi, holbuki, oldida turgan qog‘ozga uning oti yozig‘liq bo‘lsa-da.
– Otim Bolami, pamiylam Dadashev. Sizning yoningizga kasalimni davolatishga kelganim yo‘q. Soppa-sog‘man. Sizdan shikoyatim bor. Siz hozir mening bog‘imni egallab olgansiz.

O‘ruchning ko‘z o‘ngida bog‘ning avvalgi egasi – armani do‘xtir gavdalandi:
– Adashyapsiz, – dedi, – u bog‘ bir armani do‘xtirniki bo‘lgan. Besh yil oldin Maskovga ko‘chib ketdi. Bog‘ni menga dala hovli uchun berishdi.
– Men emas, siz adashyapsiz, Armanidan oldin o‘sha bog‘ mening otamniki bo‘lgan. Unga bobomdan meros qolgan. Bog‘ ota-bobomniki, bildizmi? Eshitgandirsiz, Mashadi Dadash mening bobom bo‘ladi. Sizdan halol haqqimni talab qilib keldim. Hozir, Xudoga shukurki, hamma eski mol-mulkini talab qilib olyapti. Sizam yaxshilik bilan, ortiqcha gap-so‘zsiz mening bog‘imni qaytarib bering. Sizga boshqa hech qanaqa gapim yo‘q.

O‘ruch bir muddat talmovsirab qoldi. Qarshisidagi odamning zohirida xastalik alomatlari sezilsa-da, u kasalga o‘xshamasdi. Balki gapi to‘g‘ridir? Kim bilsin, rostdan ham armanidan avval bu bog‘ uning bobosiga qarashli bo‘lsa bo‘lgandir. Ammo, ayni paytda suhbatning bu maromda borishi O‘ruchga umuman yoqmay turardi.
– Avval bog‘ kimniki bo‘lganini bilmayman. Ammo, uni menga dalahovlilar boshqarmasidan xatlab berishgan. Siz borib o‘shalarga murojaat qiling.
– Men hech kimga murojaat qilmayman. Birlamchidan, gapimni tasdiqlaydigan birorta qog‘oz, dalil-isbotim yo‘q. Ikkilamchidan, siz juda “taniqli” odamsiz. Bog‘ni sizdan olib menga berishmaydi.
– Xo‘sh, mendan nima istaysiz unda?
– Qulog‘izga tambur chertdimmi, do‘xtir? O‘zingiz yaxshilikcha bog‘imni bering.

O‘ruch “nima balo, jinni-pinnimasmisan” demoqchi bo‘ldi-yu, o‘ylanib qoldi: bu iborani hamma odam ishlatishi mumkin, ammo, ruhshunosga yarashmaydi.
– Mayliku-ya, – dedi, – lekin men besh yildan beri shu bog‘daman. Ikkinchi qavatini o‘zim tiklaganman, qayta ta’mirdan chiqardim. Besh yil qayerlarda yurgandingiz. Nega men shuncha ish qilib bo‘lganimdan keyin qoshimga keldingiz?
– Buning boshqa sababi bor, – dedi Bolami. – Buning ahamiyati ham yo‘q. Xarajat qilgan bo‘lsangiz, to‘layman. Lekin bog‘ni baribir qaytarasiz. Otamning katta o‘g‘liman. Bog‘ menga tegishli. To‘g‘ri gapirdimmi, akang aylangur.
– Noto‘g‘ri gapirdingiz, – soatiga qaradi O‘ruch. – Hozir siz bilan behuda laqillab o‘tirishga vaqtim yo‘q. Kasallar kutib qoldi. Sizniyam kasal o‘rnida qabul qildim, deb hisoblayvering. Xush ko‘rdik.
– Demak, bog‘ni qaytarmaysiz?
– Yo‘q.
– Nimaga?
– Bu masalada tortishishning hojati yo‘q. Bog‘ni menga rasman xatlab berishgan, meniki, u yerda men yashayman, tamom-vassalom.

– Men sizni u yerda yashagani qo‘yarkanman-da? Bilib qo‘ying, bugundan boshlab, bog‘da bir kun ham yashamaysiz.
– Nega?
– Bunisi mening ishim.
– Nima qilarding, – daf’atan sensirashga o‘tdi do‘xtir. – O‘t qo‘yasanmi, darvozamga tank qo‘yasanmi?
– Aytdim-ku, nima qilishni o‘zim bilaman.
– Xo‘p, seni tovlamachi sifatida melisaga tutib bersam-chi?
– O‘zi shuni kutyapman-da, akang aylangur. Mayli, meni melisaga bering, avaxtaga tiqtiring. Sizni butun mamlakat biladi. Endi zamon boshqacha, Xudoga shukur, so‘z erkinligi bor. Gazetlarda urib chiqishadi. Falonchi olim, jinnilarning eng katta do‘xtiri bir kambag‘al dehqonning bog‘ini tortib olib, o‘zini qamatvoribdi, bolalari chirqirab qolibdi, deb ovozai jahon qilishadi.
Endi O‘ruchning sabr kosasi limmo-lim to‘lgandi:
–O‘v, menga qara, hali senga qo‘l ham tekkizganim yo‘q, agar jonimga tegaversang, hoziroq ko‘zimdan yo‘qolmasang, o‘zim qulog‘ingdan tutib tashqariga irg‘itvoraman, tushundingmi? Qo‘lingdan kelganini qil. Ammo, yana bir marta bu yoqqa qadam bossang, o‘zingdan ko‘r.
Bolami bamaylixotir o‘rnidan turdi. Yuzlari yana avvalgidek tirishdi, ko‘zlari o‘ynadi.
– Mayli-da, – dedi – Ikki bolam bor, kattasi Husanog‘a – yigirma birga kirgan, kichigi Hasanog‘a – o‘n to‘qqizda, Bog‘ni men ololmasam, bolalarim oladi. Ammo, bir mazlumning haqidan qo‘rqing, akang aylangur. Xudogayam xush kelmaydi bu.
Ohista turib, eshik tarafga odimladi Bolami.
Juma kuni edi. Ertasiga bog‘da Ofeliya bilan uchrashuvi bor. O‘ruch hamshira qizni yoniga chaqirdi.
– Ertaga shoshilinch ishim chiqib qoldi. Boqqa borolmasam kerak. Keyingi hafta… maylimi, asalim?
Ofeliya indamadi.

* * *

Keyingi hafta ham bahona topib, Ofeliyani xabardor qildi. Boqqa borolmasligini aytdi. Bormadiyam. Nainki, shanba kungi muhabbat oqshomi, yakshanbadagi ulfatlar davrasining ham bahridan o‘tgandi. Bundan ajablangan og‘aynilariga:
– Bog‘da gazniyam, chiroqniyam uzib qo‘yishibdi. Bu sovuqda gazsiz, chiroqsiz o‘tirishdan nima ma’ni? – dedi.
– Shuyam muammomi, – dedi Mehdi. – Hoziroq Sayid og‘aga qo‘ng‘iroq qilaman, chiroqniyam ulab beradi, odam yuborib gazingniyam to‘g‘rilaydi.

– Qo‘y, kerakmas, – dedi O‘ruch. – Bir usta bilan gaplashganman. Kelgusi haftada kelib tuzatib berarkan.
– Bo‘lmasam, birato‘la anuv “yuqori voltli” simniyam gaplash, yomon bejo turibdi, bog‘ning tepasidan nariga olishsin, – dedi Mehdi. U O‘ruchning bog‘i ustidan o‘tgan yuqori kuchlanishli elektr simlarni aytayotgan edi, – Xudo ko‘rsatmasin, shamol-pamolda uzilib tushsa, bir kasofat bo‘lmasin.
Birorta montyor chaqirib, simni bog‘dan tashqariga chiqartirish O‘ruchning ham xayolida bor edi. Ammo, shu rejani amalga oshirishga hafsala qilmasdan yuruvdi.

Boqqa bormay yurganiga bois – qo‘rquv emasdi. Bolamidan qo‘rqadigan joyi yo‘q edi. Faqat, bog‘da Bolami uni Ofeliya bilan birga tutib olishdan qo‘rqardi, qizning ota-onasiga yetkazgudek bo‘lsa, gap-so‘z ko‘payishi, O‘ruch ham, Ofeliya ham sharmanda bo‘lishi mumkin edi. Shanbani “qisqartirib” yakshanbada og‘aynilari bilan ulfatchilikni davom ettiraveray, desa, buni Ofeliya eshitib, qattiq ranjishini o‘yladi. O‘ruch mendan bezor bo‘lgani uchun aloqalarni uzish fikrida yurgandir, degan xayolga borishi mumkin-da!

Harqalay, ikki hafta boqqa qadam qo‘ymadi. Fursat topib, Ofeliyadan so‘rab ko‘rdi:
– Sizlar tomonda turadigan Bolami degan odamni taniysanmi? Bir-ikki hafta oldin kelib, shu bilan yo‘qolib ketdi, tinchmikin?
– Albatta taniyman, – dedi Ofeliya. – besh yildan beri turmada yotuvdi. Yaqinda chiqib keldi.
– Nega qamalgan ekan?
– Qotillik edi, chamamda. Bir bufetchini o‘ldirib ketishgandi. Haqiqiy qotilni aniqlasholmadi. Avvaliga bufetchini rosa urishgan. Gap shundaki, bufetchi o‘sha yerning o‘zida o‘lmagan. Uyiga qaytib, o‘sha kecha yuragi xuruj qilib o‘lgan. Bufetchini do‘pposlagan Og‘agul ekan, Bolami ikki-uch marta kalla qo‘ygan. Ishqilib… besh yil berishdi-da! To‘rt yil yotib chiqdi. O‘sha paytda butun qishloqqa gap bo‘lgandi.

Ikki haftadan so‘ng O‘ruch o‘zicha o‘ylanib qoldi: Balki, bu Bolami degan odam hayotda umuman yo‘qdir? Tush-pushiga kirgan bo‘lsa-chi? Vahimaga tushib, bog‘da kechishi lozim bo‘lgan qanchadan-qancha mas’ud soatlarni behuda o‘tkazgan bo‘lsa-ya? Ertaga, juma, tosh yog‘sayam, Ofeliya bilan gaplashadi. Shanba kuni bog‘da uchrashishadi. Yakshanba kuni do‘stlarini kabobxo‘rlikka chaqiradi.

Ana shu yoqimli istaklar bilan endigina yotog‘iga kirgan payti telefoni jiringlab qoldi. Karavot yonidagi telefon dastagini ko‘tardi:
– Allo!
– Assalomaleykum, men, Bolamiman.
– Kimning bolasisan? – so‘radi avvaliga tushunmay.
– Bolami, dedim-ku, bir oy avval oldingizga boruvdim. Otamning bog‘i masalasida. Biror qarorga keldingizmi?
O‘ruch avvaliga dastakni ilib qo‘ymoqchi bo‘ldi. Keyin nimagadir bunday qilmadi.
– Uy telefonimni kim berdi sizga?
– Be, shuyam ish bo‘ptimi, akang aylangur. Uyingizniyam bilaman. Xo‘-o‘p, nima deysiz endi bu yog‘iga?
– O‘sha gapim – gap. Boshimni qotirib nima qilasiz? Boshqa bu raqamga telefon qilmang.
– Bo‘pti, akang aylangur. Faqat, bitta iltimosim bor, sizdan.
– Qanaqa iltimos?
– Qog‘oz-qalam oling-da, yozing!
– Nima deb yozay?
Bolami oltita raqam aytdi, O‘ruch esa, yelka qisgancha raqamlarni yozib oldi.
– Yozdingizmi?
– Bu qanaqa raqamlar?
– Bu mening telefonim. Qachon bir qarorga kelib qolsangiz, ya’ni bog‘ni qaytarish fikriga tushib qolsangiz, shu raqamni terasiz, bir soatda yoningizda bo‘laman.
O‘ruch jahli chiqib qog‘ozni yirtib otmoqchi bo‘ldi. Ammo, har ehtimolga qarshi buklab cho‘ntagiga solib qo‘ydi.

Ertasiga Ofeliyaning o‘zi gap tashlab qo‘ydi. Zalda u yoq-bu yoqqa qarab, hech kim yo‘qligiga ishonch hosil qilsa-da, inja tovushda shivirladi:
– Sog‘inmadingizmi? – dedi. – Ertaga uchrashamizmi?
– Yo‘q, ertagamas, shu hafta… xo‘pmi, asalim?

* * *

O‘ruch kelasi shanba ham bir bahona topib, boqqa bormadi.
Keyingi hafta payshanba kuni Ofeliya ishdan ikki soat oldinroq ketishga javob so‘radi.
– Onam bilan ta’ziyaga o‘tmoqchiman, – dedi.

O‘ruch ruxsat berdi.
– Kim qazo qildi?
– Xotini onam bilan tanish, men qizini yaxshi taniyman, – shu chog‘ birdan nimadir esiga tushdi. – Qarang-a, esimdan chiqay debdi. Aytgancha, sizam taniysiz-ku, uni?

– Kimni?
– O‘sha qazo kilgan kishini. Bir marta oldingizga kelganini ayt-dingiz-ku? Mendan ham so‘ragandingiz.
O‘ruch birdan yuragi gursillab ketganini his qildi.
– Bolami, – deya qichqirib yubordi.
– Ha, o‘sha, Bolami… Yurak xastaligiga uchrabdi bechora.

* * *

Birovning o‘limidan sevinish – gunohi azim. Ammo, o‘sha kuni ishdan chiqib uyga ketayotgan payti o‘zini qushdek yengil sezar, ich-ichdan bir sokinlik, bir bexavotirlikni his etib borardi. Ertasi kuni ishga kelib, Ofeliyaga:
– Boqqa boraman, – dedi. – Ertaga kutaman seni, asalim.

* * *

– Anchadan beri boqqa bormagandim, – dedi Pokizaga. – Ertaga bormoqchiman.
Pokiza o‘z ishini biladigan ayol edi. Shanba kuni O‘ruch bog‘da kiyadigan havorang jinsi kostyumini, “Adidas” krassovkasini kiyayotganida Pokiza ham patir nonlarning orasiga kotletlarni terib, alohida selofan xaltachalarni qovurilgan kartoshka, turli salatlar, ko‘katlar, qaynagan tuxum, pishloq, sariyog‘, xilma-xil mevalar bilan to‘ldirib savatga soldi. Ma’danli, spirtli va yaxna ichimliklarni olib borishi shart emas. Shundog‘am bog‘da bularni keragicha g‘amlab qo‘ygan.

Pokiza bilan xo‘shlashib, savatni olib hovliga tushdi. Garajdan “Volga”sini oldi-da, yo‘lga tushdi. Ibrohim Tatlisasning hazin qo‘shiqlari sadosi ostida ikki-uch soatdan so‘ng dalahovlisida kechadigan totli damlarni xayolidan o‘tkazib, butun vujudiga nafis bir titroq kirdi. Taranglasha boshlagan a’zoi badanida lazzat tuydi.

Bir soat, yarim soatdan so‘ng intizorlikka chek qo‘yiladi. Tor ko‘chaning boshida Ofeliyaning yashil yomg‘irpo‘shi ko‘rinadi, u eshik oldiga yetib kelguncha vaqt shunaqa sekin o‘tadiki… Nihoyat, u ichkariga qadam qo‘yishi bilan ostonada turgan O‘ruchning bag‘riga otiladi. O‘ruch bir qo‘li bilan zulfinni berkitarkan, ikkinchi qo‘li bilan juvonning sochlari, bo‘yinlarini silaydi. So‘ng uni dast ko‘tarib, uyga olib kiradi. Keyin o‘pishadilar, yechinib, saunaga kiradilar, Saunada biroz bug‘lanib, sovuq dush ostida quchoqlashadilar. Nafis badanda ilinib turgan marvariddek ter donalari, dushning sovuq tomchilari, xushbo‘y shampun – hammasi bir-biriga qorishib, ikki vujud birlashadi.

So‘ng konyak ichishadi. Musiqa tinglashib, hushyor paytida behayo tomoshalarni ko‘rishdan uyaladigan Ofeliya sarxushlikda yuzidagi so‘nggi hayo pardasini ham yulqib otadi va ekranda birgalikda ko‘rgan “o‘yin”larni yotoqda takrorlashardi…

Ofeliyasiz bir oy kechgan kun hamda Shaytoni la’in O‘ruchning miyasiga qalashtirayotgan o‘y xayollar, istaklar, sahnalar, xotiralar va bo‘lg‘usi navozishlar uni shu qadar hayajonga solib, shoshirardiki, bir necha chaqirimlik masofani yanada tezroq bosib o‘tishga, vaqt-ni yanada tezlatishga urinardi.

Mashina ichida Ofeliyaning iforini tuyar, to‘lg‘anishlari, erkalanishlari, nozu karashmalarini ko‘z oldiga keltirar, nozli ingroqlarini eshitar, shoshar, oshiqardi. Qishloqqa kirib, Ofeliyaning shundoqqina uyi yonidan o‘tayotganda bu pastqam devorlar ortida Ofeliyaning uchrashuvga nechuk hozirlik ko‘rayotganini, ich kiyimlarini almashtirib, atirlarga burkanayotganini payqagandek bo‘ldi. Mashinani tor ko‘chaga burdi. Tushib darvozaning yapaloq qulfini ochdi. Mashinani ichkariga oldi.
Ichkaridan ham berkitib, birinchi qavatdagi xona eshigini ochdi. Savat ichidagilarni sovutkichga terdi. Pechkaga o‘t qalab, chiroqlarni yoqdi. Televizorni ko‘tarib, ikkinchi qavatga ko‘tarildi. Yotoqxona, bar, video tepada edi.

Aprelning iliq kuni edi. O‘ruch yomg‘irpo‘shini pastda qoldirgan edi. Ayvonga chiqib biroz aylandi. Atrofdagi bog‘larga, uzoqlardan ko‘rk berib turgan dengizga boqdi. Keyin yotoqxona tomon odimladi va eshik qarshisida taxtadek qotdi. Eshikning ichidan kalit qadalgan edi.

Ko‘zlariga ishonmadi. Dala hovlining, darvoza, past va yuqori xonalarning ikkita kaliti bor edi. Ikkovi ham uning o‘zida turadi. Bittasi shaharda seyfida, ikkinchisi cho‘ntagida. Unda… eshik tirqishidan ko‘rinib turgan manavi kalit qayoqdan kelib qoldi? O‘ruch peshonasini sovuq ter bosayotganini his etdi.
Eshikni itarib ochdi va ichkari kirdi… Kirishi bilan seskanib ketdi. Ichkarida odam bor edi. Odam emas, antiqa, sap-sariq bir maxluq. Sochi, qoshi, soqol-mo‘ylovi, kipriklari ham mallarang edi. Hatto ko‘z qorachiqlari ham sarg‘ish tusda edi. O‘ruch arang o‘zini tutib:
– Kimsan? – deb so‘radi.
– Husanog‘aman, – dedi haligi yigit. – Bolamining katta o‘g‘li. Ota-bobomning uyiga keldim. Sen nima qilayapsan bu yerda?

O‘ruchning tepa sochi tikka bo‘lib ketdi. Uning g‘azab otiga mindirgan faqatgina Husanog‘aning takabburligi, uyatsizligi, beadabligi emasdi. Bu badburush maxluq Ofeliya bilan kechgan mas’ud onlarning guvohi bo‘lgan va u bilan bo‘ladigan yotoqda, nafis to‘shaklar ustida bezbetlarcha, tuflisini ham yechmasdan tarvaqaylab yotardi.
– Yo‘qol bu yerdan, ko‘zimga ko‘rinma, – dedi O‘ruch. – Asablarini jilovlay olmayotganini anglab, biroz o‘zidan ham ranjidi. Husanog‘a esa, joyidan jilmadi ham. – Qanaqasiga ota-bobongning joyi bo‘larkan. Hammasini o‘zim, o‘z pulimga qurganman, eshitdingmi?
Bu gal ham Husanog‘a pinagini buzmadi.

Kuch ishlataman, desa, bu ramaqijon sariqmashakni bir zarbada ag‘daradi. Undan yoshi ikki baravar katta bo‘lsa-da, avvaldan kurash bilan shug‘ullanib kelgani uchun haligacha qomatini saqlab kelardi. Ammo, kimsan O‘ruch do‘xtir kelib-kelib qaysi go‘rdagi bir daydi, sayoq takasaltang bilan mushtlashsa, shaharda gap bo‘lmaydimi?

Vaqt o‘tib borardi. Hali zamon Ofeliya kelib qoladi. Husanog‘ani bu yerda ko‘rib qolsa… yo‘q, undanam yomoni Husanog‘a uni bu yerda ko‘rib qolsa, juda noqulay vaziyat yuzaga keladi. Ofeliya yetib kelgunicha bu chaqirilmagan mehmonni daf qilishi zarur. O‘ruch mumkin qadar yumshoqlik bilan gap boshladi.

– Ukaginam, bu masalalar bunaqa hal qilinmaydi. Otang ham yonimga boruvdi. Gapiradigan gapimni aytdim unga. Bu bog‘ni menga dalahovlilar boshqarmasi bergan. O‘sha yoqqa boringlar, sudga beringlar, udda qilib olinglar, lekin mening boshimni qotirmalaring. Shahar bedarvozami senlarga, xohlagan joyingga kirib, yalpayib o‘tirib olsang? Hozir melisa chaqirsam, seni oborib tiqishadi. Birovning bog‘iga qanday kirib olding, kalitni qayerdan topding, hammasiga javob berasan keyin.
Husanog‘a indamaygina sariq ko‘zlarini O‘ruchdan uzmay, harakatsiz yotardi. O‘ruch gapirayotib, uning bigizdek nigohlariga to‘qnash kelganida gapidan adashib qolayozdi:
– Ha endi… orzuga ayb yo‘q deganday, bir yalpayganing yetar, qani jo‘na endi. Kalitniyam olib qolaman. Yana shu tomonlarda ko‘rib qolgudek bo‘lsam… – negadir gap ohangi birdan o‘zgardi, – shaharga ishxonamga kelsang, gaplashamiz.
Ammo, kalitni olmoqchi bo‘lib endigina qo‘l uzatganida, Husan-og‘aning tusi o‘zgardi. Sovuq ko‘zlarida vahshiy uchqun chaqnadi, lab-lunji egilib, qo‘lini karavot tagiga uzatdi.

Shundagina O‘ruch toklarning tagini yumshatishda ishlatiladigan belkurak bu yerga kelib qolganini ko‘rdi. Uni bu yoqqa kim olib keldi? Karavotning tagiga kim berkitib qo‘ydiykin? Kim bo‘lardi? Manavi sariqmashak-da! Ammo, nima maqsadda?

Maqsadi endi oydinlashdi. Husanog‘a belkurakni karavotning tagidan chiqarib, dastasidan changalladi. Chetlari kavsharlangan, qilichdek o‘tkir uchini O‘ruchning peshonasiga to‘g‘riladi.
Keyingi voqealar O‘ruchga xuddi uyqudagidek, yoxud kadrlari haddan tashqari tez o‘tayotgan film manzaralariga o‘xshab tuyuldi. Vaziyat o‘ta keskin va xatarli edi. Husanog‘aning hamlasini kutmay o‘zini oldinga otdi. Raqibining bilagiga yopishdi. Ikkinchi qo‘li bilan belkurakning dastasini ushladi. O‘ng tizzasi bilan sariqmashakning chotiga zarba berdi. Husanog‘a og‘riqdan bo‘kirib, qo‘lidagi belkurakni tashlab yubordi. Ko‘z ochib-yumguncha belkurak O‘ruchning qo‘liga o‘tdi. Shu asnoda Husanog‘a bor kuchi bilan O‘ruchning yelkasiga bir musht tushirdi. O‘ruchning ko‘z o‘ngi qorong‘ilashdi, ro‘y berayotgan hodisalarning ma’no va mantiqdan yiroqligi, behudaligidan qoni qaynadi va nohaq yegan mushtning zarbi uni haqiqiy dalli-devonaga aylantirdi. U endi o‘z ustidagi nazoratni yo‘qotib qo‘ygandi – qo‘lidagi belkurak qay tarzda Husanog‘aning boshiga sanchilganini ham sezmadi.

…va shu on xuddi filmdagi kabi tez o‘tayotgan kadrlar yana o‘z maromiga qaytdi. Husanog‘a holsizlanib yerga cho‘kkaladi. Ko‘z qorachiqlari bir nuqtaga qadalgancha harakatsiz qotdi. O‘ruch do‘xtir bo‘lgani uchun bu holatning ma’nosini anglardi. Husanog‘a o‘lgan edi. Uni O‘ruch o‘ldirdi. Yana o‘z uyida, ya’ni O‘ruchning uyida. Harholda, bu bog‘, hech bo‘lmaganda ikkinchi qavatdagi bu xona Husanog‘aning emas, O‘ruchning uyi-ku? O‘ruchning o‘zi qurgan uy. Va endi bu uyda o‘lik yotibdi. Nari borsa, yigirma bir yoshli yigitning o‘ligi. Qoni palos uzra yoyila boshlagan, yotoq devorlariga ham sachragan edi. Belkurakning uch qismida ham qon dog‘lari, dastasida esa O‘ruchning barmoq izlari bor edi.

O‘ruch oxirgi yillarda faqat detektiv asarlarni mutolaa qilardi. Videodan ham ko‘plab detektiv filmlarni ko‘rgandi. Shu bois, es-hushini to‘plab olganidan keyin, birinchi qilgan ishi dastro‘molini chiqarib. Belkurak dastasidagi barmoq izlarini qayta-qayta artish bo‘ldi. Detektiv asarlarda bu holat tez-tez takrorlanardi. Belkurak uchidagi qon dog‘larini ham artmoqchi bo‘ldi, ammo, dastasida barmoq izlari bo‘lmagach, uchidagi qon dog‘larining nima ahamiyati bor? Shusiz ham Husanog‘aning shu belkurak bilan o‘ldirilganini bilishadi. Lekin kim o‘ldirgan? Bu haqda u emas, boshqalar bosh qotiradi. Avvaliga boshqa bir savolga javob topishi kerak. Husanog‘a bu yerga nima maqsadda keldi? Birovning bog‘iga qay yo‘l bilan kirgan? Xonaga qanday kirgan? Kalitni qayerdan topgan? O‘g‘irlaganmi? Bu mumkin emas. Har ikkala kalit O‘ruchning qo‘lida turadi. Qolipini chiqarib, yasattirganmikin? Unday bo‘lsa bu yerga kirishdan maqsadi nima bo‘lgan? Birovning uyiga suqulib kirish, yalpayib yotish bilan bu uyga ega chiqish mumkinmi? Axir dunyoda qonun-qoida degan narsalar bor…

Hamma gap ana shunda. Ayni damga qadar o‘sha qonun-qoidalar O‘ruch tarafida edi, ammo, hozirdan e’tiboran qanday sabab, qanday shart-sharoit, vaziyat bo‘lishidan qat’i nazar qonun unga qarshi turadi. O‘ruch jinoyatga qo‘l urdi. Gumondor ham, aybdor ham, jinoyatchi ham uning o‘zi. Albatta, buning uchun jinoyat ochilishi, isbotlanishi kerak.

Qochib qutulish zarur. Ish oshkor bo‘lganida, hammasidan tonishi kerak. “Men o‘sha kuni bog‘da bo‘lmaganman». O‘sha kuni (xayolida tergovchining savoli: “Aynan o‘sha kuni ekanini qayerdan bilasiz?»… yo‘q, o‘sha kuni desa bo‘lmaydi, Bir oydan beri bog‘da yo‘q edim, de-yishi kerak. To‘g‘risiyam shu-da, bir oydan beri boqqa kelgani yo‘q. Bugunni hisobga olmasa, albatta,

“Bugun ham boqqa kelmaganman, – o‘zini ishontirishga chog‘landi O‘ruch, – Kim bilib o‘tiribdi boqqa kelganimni? Pokizami? Hoziroq uyga qaytib, fikrimdan qaytdim, boqqa bormadim, kechqurun shaharda ishim borligi esimga tushdi, deyman”.

Yana kim biladi. Ofeliyami? Yo parvardigor! Yarim soatda u yetib keladi-ku! Tezroq bu yerdan ketish kerak. Kelsa, biroz eshikni taqillatib, qaytib ketaveradi-da! Dushanba kuni biror bahona topib, kechirim so‘raydi. Kelgusi hafta ko‘rishamiz, deydi. Lekin keyingi hafta ko‘risha oladilarmi? Kelmasa, bu ish qanday ochiladi? O‘lik aynan uning bog‘ida, uyning ikkichi qavatida ekanini kim bilib o‘tiribdi? Harholda, shunisi aniqki, bu yerdan hoziroq ketmasa ish chatoq bo‘ladi. Belkurak sopidagi barmoq izlarini yo‘qotgani yetar, boshqa joylarni artib chiqishi shart emas, o‘z uyi bo‘lganidan keyin hamma joyda uning izi bo‘lmay kimniki bo‘lsin? Izlarning yangi yoki eski ekanini topishning imkoni yo‘q. Boshqa biror asar-alomat qolmadimikin? Boya olishgan paytida tugmasimi, soch tolasimi, biror narsasi tushib qolmadimikin? Diqqat bilan xonani ko‘zdan kechirib chiqdi. Husanog‘a karavotning yonida, yerda cho‘zilib yotardi. Peshonasidagi yaradan sizayotgan qonning bir qismi palos ustida ko‘lmakchalar hosil qilgan, qolgani jasadning sap-sariq chakkalarida, bo‘yin va yuzlarida qota boshlagan edi. Qon karavot ustidagi pushtirang adyolni ham ivitib tashlabdi. Jasad yonida qonga belangan belkurak. Xonada to‘s-to‘polon, olishuv va jinoyatning boshqa nishonasi yo‘q. Har qalay, bo‘lsa ham O‘ruchning ko‘zi tushmadi.

Xonaga so‘nggi bor ko‘z yugurtirib, ayvonga chiqdi. Xona eshigini yopib, shosha-pisha pastga tushdi. Televizorni, pechkani, chiroqlarni o‘chirdi. Eshikni qulflab, darvoza tarafga yurdi. Mashinani tor ko‘chaga chiqarib, darvozani berkitdi.
“Asosiysi o‘zimni yo‘qotib qo‘ymasam bo‘lgani. Hozircha meni bu yerda hech kim ko‘rgani yo‘q, tezroq qochish kerak, vassalom”.

Tezlik bilan mashinani katta ko‘chaga chiqardi. Yo‘l-yo‘lakay miyasidagi fikrlar kalavadek chuvalashib bordi. Ishqilib, birorta xatoga yo‘l qo‘ymadimikin? Jinoyatning biror uchi ochilib qolmasmikin? Shu haqda o‘ylarkan, nogoh, ikkinchi qavatdagi yotoqxona eshigida turgan kalitni esladi. Axir, bu kalit O‘ruchniki emasligini kim isbotlab beradi. Ikkita kaliti bor bo‘lsa, uchinchisi ham bo‘lishi mumkin-ku? Borib olsa qanday bo‘larkan?
Yo‘q, bu juda xatarli. Qo‘lga tushib qoladi. Bordi-yu, Ofeliyani uchratib qolgudek bo‘lsa, vaziyat yanada murakkablashadi.

Aeroportga yaqinlashgan payti yana bir “ilmoq”ni unutib qoldirgani esiga tushdi. Sovutkichdagi yeguliklar, meva-chevalar… Ekspertiza bu yeguliklar shu kuni olib kelingani va demakki, O‘ruchning bu yerga kelib-ketganini isbotlay oladi. Uf-f, jin ursin, o‘chakishgandek, xotini ko‘katlarni bugungi gazetalarga o‘rab bergandi. Tamom, O‘ruch aynan qaysi kun boqqa kelib-ketganini yuz foiz aniq bilishadi.
Miyasiga shu fikr kelishi bilan mashinani orqaga qaytardi. Boqqa qaytishi nechog‘li xavfli bo‘lmasin, ashyoviy dalilarni tashlab ketish undan yuz chandon xatarli edi. Ishqilib, oldidan Ofeliya chiqib qolmasa, bas.

Sakkiz daqiqada mashina boyagi tor ko‘chaga yetib keldi. Darvozaning qo‘shtavaqasini birdaniga ochib o‘tirmadi. Mashinani tashqariga qo‘yib, o‘zi ichkari kirdi. Sovutkichdagi xamma yeguliklarni chiqarib savatga soldi. O‘zi chiqindi chelakka tashlagan yangi gazeta parchalarini yig‘ib hojato‘raga itqitdi.
Eng tahlikali onlar edi bu. Ofeliya ko‘chada turgan mashinani ko‘rsa, O‘ruchning shu yerda ekaniga shubhasi qolmaydi. Unda darvozani ochib, Ofeliyaga vaziyatni to‘la-to‘kis tushuntirish kerak. (Tushuntira olarmikan?). Darvozani ochmasa-chi? Unda Ofeliya kutaverib, xavotirga tushadi, keyin bir kor-hol yuz bergandir, degan xayolda qo‘shnilarga, hatto, melisaga ham xabar qilishi mumkin. Ana unda…

Ishqilib, Ofeliya kelib qolmasin-da! Har doim ma’shuqasining kelishini intizor kutgan O‘ruch bu gal uning kelmasligi uchun butun borini berishga tayyor edi. Ehtimol, O‘ruch yo‘lda ketayotganida Ofeliya kelib ketgandir? O‘ruchning bog‘dan chiqib, aeroport yonidan qaytishi o‘n besh-yigirma daqiqani olardi. Shu vaqt ichida Ofeliyaning kelib-ketishi mumkinmidi? Koshki shunday bo‘lsa?

O‘ruch savatni tashqari chiqarib, pastki xonani berkitdi. Ikkinchi qavatga chiqayotganda, oyoqlari chalishib, zinapoyadan umbaloq oshib tushishiga oz qoldi. Yiqilib oyog‘ini sindirib olishi qoluvdi endi. Yotoqxonanig eshigiga tiqilgan kalitni sug‘urib oldi. Tuflisining uchi bilan eshikni qiya ochdi-da, ichkariga mo‘raladi. Hamma narsa o‘sha holatda – jasad, belkurak, karavot… faqat palos ustidagi qon halqobi biroz kattalashgan.

O‘ruch tezgina tuflisi bilan eshikni itargan payti, qarsillab yopildi va bu ovoz sukunatda shu qadar qattiq eshitildiki, O‘ruchning o‘zi ham seskanib ketdi. Qo‘lida hamon ushlab turgan begona, “uchinchi” kalitni hovlidagi quduqqa itqitdi.

“Husanog‘aning oilasi hali bu fojiadan bexabar” o‘yladi O‘ruch. Xabar topsa, qanchalar qiyomat bo‘lishi tayin. Otasining yettisi o‘tmay turib, katta o‘g‘li juvonmarg bo‘lib turibdi. Chindan ham musibat-ku, bu! Bu musibatning loaqal Husanog‘aga oid qismiga o‘zi sababchi ekaniga O‘ruchning ishongisi kelmasdi. Axir O‘ruchda nima ayb? Janjalni, bema’ni iddaolarni yo‘q yerdan kim chiqardi? O‘ruchning uyiga suqilib kirgan ham Husanog‘aning o‘zi bo‘ldi-ku! Janjalni kim boshladi, kim birinchi hujum qildi? O‘ruch belkurakning dastasidan tutib qolmaganda, shu belkurak uning boshini yormasmidi? Hozir karavot yonida qoniga belanib yotgan ham O‘ruchning o‘zi bo‘lardi. O‘ruch jinoyat qilgani yo‘q, faqat o‘zini mudofaa qildi, xolos.

Unaqada nega o‘z ixtiyori bilan mashinasini melisaxonaga haydamadi? Hamma gapni borib aytsa bo‘lardi-ku? Ammo, ular voqea aynan shunday yuz berganiga ishonarmidilar? Mayli, ishonsin ham deylik, tergovdan ham suddan ham oqlanib chiqdi, deylik. Baribir qotillik tamg‘asi umr bo‘yi gardanida qolib ketmaydimi? Axir shuncha yil misqollab yiqqan obro‘-e’tiborini bir lahzada yo‘qotmaydimi?
Darvozani qulflab, katta yo‘ldan ketib borayotganida ham miyasida charx urayotgan ming bir o‘y-xayolning mantiqiy natijasi bitta edi – melisaga bormay, to‘g‘ri ish qildi. Jinoyat… yo‘g‘-e, hodisa joyida biror iz qolgani yo‘q. Agar o‘zini qattiq tutsa, hech kim O‘ruchning bo‘yniga hech narsani ildirolmaydi. U har qanday vaziyatda biror og‘iz shubhali gap aytmasligi, o‘zini hech narsadan bexabardek ko‘rsatishi shart. Bu uning qo‘lidan keladi. Harqalay tajribali ruhshunos-ku. Asablari, kayfiyati, yurish-turishini boshqara biladi. Hech bir mohir tergovchi uni tilidan ilintira olmaydi. Ertami-kechmi, baribir tergovchi bilan yuzlashishi aniq. Axir jinoyat… uzr, hodisa, uning bog‘ida yuz bergan. Demak, uni ham tergovga jalb qilishadi – bu aniq. Hech bo‘lmasa, ba’zi narsalarga aniqlik kiritish uchun. Shu kuni bog‘da kim bo‘lgan? Kalit yana kimda bo‘lishi mumkin edi? Marhumni avvaldan tanirmidingiz? Oilaviy yaqinligingiz bormidi? Bu savollarga avvaldan tayin javoblarni topib qo‘yishi zarur.

Yana o‘zi ko‘rgan detektiv filmlarni esga oldi – javobni hozirlab qo‘yishi kerak. Mashinani kasalxonaga haydadi. Taajjubda qolgan qorovulga:
– Qog‘ozlarim qolib ketibdi, – dedi, – olib ketishim kerak. Ertalabdan beri ishlayotuvdim. Qarasam, qog‘ozlarimning yarmi ishxonada ekan.

Qorovulning soat so‘ragani ham xuddi ko‘nglidagi ish bo‘ldi. Bir soat oldingi vaqtni aytdi. Bu vaqtda O‘ruch 42 chaqirim olisda, endigina belkurak bilan Husan og‘aning boshini yorgan edi.
Kasalxonadan chiqib, do‘konga kirdi. Tish pastasi olgan kishi bo‘lib, sotuvchi bilan ancha suhbatlashib qoldi. Dorixonaga kirib, valokardin so‘radi. “Yo‘q” javobini eshitgach, yuzida yasama norozilik aks etdi. “Biror marta bo‘lsin, sizlardan kerakli dorini topib bo‘lmaydi, bir soat avval, – u shunday deya devordagi soatni ko‘rsatdi, – aspirin so‘rasam, shuniyam topib berolmovdilaring, aspirin-a?”

O‘ruchni yaxshi taniydigan sotuvchi uzrli jilmaydi:
– Do‘xtir, kechirasiz, lekin bizda aspirin har doim bo‘ladi, sizga yo‘q deb kim aytdi?
O‘ruch o‘zini yo‘qotib qo‘ymadi:
– Kim bilsin, bitta yosh qiz o‘tirgan ekan, bir soat oldin keluvdim, yo‘q dedi.

* * *

Uyiga keldi. Eshikni o‘zidagi kalit bilan ochib, savat ko‘tarib ichkari kirganida, Pokiza lol qoldi.
– Siz… bog‘da emasmidingiz?
– Bormadim, – dedi. – Indinga ma’ruzam borligi yarim yo‘lda esimga tushdi. Materiallarning yarmi uyda, qolgani ishxonamda ekan. Bugun ertalabgacha uyda o‘tirib ishlashim kerak. Manavi savatdagilarni sovutgichga qo‘y, buzilib-netib qolmasin.

Bu sahna juda ishonarli chiqqani uchun o‘zidan qoniqish hosil qildi. Ammo, vujudida baribir bir sarosima hukm surar, badani yengil titrayotganini sezardi. O‘zini qo‘lga olishga chandon urinmasin, uddasidan chiqolmayotgandi. Ikki soat oldin yuz bergan hodisalar xayolidan ketmasdi.

Hammomga kirib, avval issiq, so‘ng sovuq dush qabul qildi. Vannani suvga to‘ldirib, bir muddat cho‘zildi. Shu chog‘ miyasiga keldiki, o‘zini o‘ldirishning eng oson va og‘riqsiz yo‘li issiq suvga kirib, tomirlarini kesishdir. Keyin bu fikrni daf’atan miyasiga suqqani uchun Shaytoni la’inni so‘kib ham qo‘ydi.

O‘ttiz-o‘ttiz besh daqiqalarda hammomdan chiqdi. Fen bilan sochlarini quritayotganda, Pokiza stol ustiga bir stakan choyni ikki tilim limon, murabbosi bilan keltirib qo‘ydi.
– Telefon qilib, sizni so‘rashdi, – dedi mutelik bilan. – Hozir cho‘milyaptilar, keyiroq qo‘ng‘iroq qiling, dedim.
O‘ruch ilkis sergaklandi:
– Kim ekan?
– Tanimadim, Bolamiman deydi.
– Kim?
– Bolami.
O‘ruch yuragi hapqirib tushayotganini his etdi. Bolami! Bir necha kun avval dunyodan o‘tgan Bolami! Uch soat oldin o‘ldirilgan Husan-og‘aning otasi.
Shubhasiz, bu qo‘ng‘iroq ikki-uch soat avvalgi hodisaga aloqador bo‘lishi kerak. Balki “Bolami” emas, “Bolamining uyidan” deyishgandir? Balki, Bolami degan boshqa bir qarindoshlari ham bordir? Harholda, ayni damda telefonda Bolami degan ismning ishlatilgani oddiy tasodif bo‘lishi mumkin emas. Boyagi hodisa bilan bog‘liq ekaniga shak-shubha yo‘q.

Pokiza sovugan choyning o‘rniga yangisini keltirib qo‘ydi:
– Biror narsa yeysizmi?
Pokizaning bu mehribonligi, g‘amxo‘rligi, umuman, uning fe’l-atvori yumshoqligi, sadoqati O‘ruchning eng katta baxti edi. O‘ruch shuni ham aniq bilardiki, qachondir bu jinoyat… hodisaning usti ochilib, O‘ruchni javobgarlikka tortishsa, hatto, qamoqqa tiqishsayam, Pokiza uning yakkayu yagona panohi, ilinji, tayanch nuqtasi bo‘lib qolishi tayin edi. Bunday sodiq, fidoyilik va vafodorlikni qavm-qarindoshlari nari tursin, hatto o‘g‘lidan ham kutmasdi. Hozir u Ofeliya haqida o‘ylashni ham istamasdi. Yaxshiyam bugun bog‘da u bilan ko‘rishmadi, – faqat shu tarafdan uni eslashi mumkin edi.
– Ertalabdan beri tuz totmagandirsiz? Biror narsa pishirib beraymi?

Rostdan ham ertalabdan beri hech narsa yegani yo‘q. Ishtahasi ham yo‘q edi. Hech narsa yeyishni ham, hech narsa haqida o‘ylashni ham istamasdi. Faqat ko‘zlarini yumgancha, hech kimni ko‘rmaslikni, hech kim bilan gaplashmaslikni, hech narsani his etmaslikni istardi. Dunyodan tamomila ajralishni, sokin, salqin bir joyda yakka-yolg‘iz qolishni istardi. Ovozlardan, so‘zlardan, chehralardan, almoyi-aljoi fikrlardan toliqqan edi. Odamlardan charchagan edi. O‘zini sog‘ ko‘rsatishga tirishgan kasallar va kasaltabiat sog‘lardan horigandi. Hatto, o‘z-o‘zidan ham bezib ketgandi. Uzun, cheksiz bir sukutga ilhaq edi. Yo‘q, aslo o‘z joniga qasd qilishni xayoliga ham keltirgani yo‘q. Bunga irodasi yetmasdi. Hatto issiq vannada tomirini kesib o‘lishni ham istamasdi. Ammo, uyqudagi oniy bir o‘lim – aziyatsiz, og‘riqsiz, qo‘rquvsiz, vahimasiz… qanday yaxshi bo‘lardi-ya! Faqatgina yotish, uxlash va uyg‘onmaslik…

Bir qultum choy ichib, ko‘zlarini yumdi. Miyasiga to‘lgan fikrlarni, xayolida jonlangan o‘sha mash’um sahnalarni sidirib tashlamoqni istadi. Boshqa, yaxshiroq narsalarni o‘ylashga tirishdi. Hatto Ofeliya bilan kechgan damlardagi shahvoniy o‘yinlarni xotirladi – ko‘ngli aynib o‘qchishiga sal qoldi. Bolaligini, qalin o‘rmonlar orasidagi buloqni esladi. Oyoqlarida o‘sha muzdek buloq suvining sovuqligini his etdi. Quloqlari ostida qaynarbuloqning sho‘x jildirashi eshitilgandek bo‘ldi va shu zaylda yumshoq oromkursi ustida yastangancha ko‘zi ilinganini sezmay qoldi.

Eshik qo‘ng‘irog‘i chalindi. Qo‘ng‘iroq tugmasi bosilishi bilan yoqimli, hazin bir musiqa yangrardi. Ammo, hozir O‘ruch uxlayotgani uchunmi, asablari haddan tashqari taranglashgani uchunmi, har doim ko‘ngliga xushyoqadigan bu musiqa hushtak chalib, pishqirib o‘tayotgan poyezdning ovozidek tuyuldi.
Sapchib eshik tarafga yurdi. Odatda eshik ochishdan avval, mitti tuynukdan qarab, kimligini so‘rab, keyin eshikni ochardi. O‘ruch bu gal odatiga amal qilmadi. Eshikni ochishi bilan dong qotdi. Ostonada turgan odam Bolami edi.

* * *

Keyinchalik O‘ruchning o‘zi ham taajjublandi. Nega o‘shanda yuragi to‘xtab qolmadi? Nega yiqilib tushmadi? Axir ro‘parasida turgan odam o‘lgan emasmidi? Uch soat ilgari o‘ldirilgan Husanog‘aning otasi shu emasmi? Balki, u dunyodan qaytib keldimikin? O‘g‘li uchun qasos olmoqchidir balki?

Ammo, Bolami qasos olgani kelgan odamga o‘xshamasdi. Yuzida xotirjam, tinch, sokin bir ifoda bor edi. Hatto kulimsirab turardi. Bu g‘alati atvorli odamni O‘ruch ilk bor ko‘rganida, uni umrida kulmagan va kulmaydigan odam bo‘lsa kerak, deb o‘ylagan edi. Yo‘q qarshisidagi odam o‘sha Bolami edi. Ammo, uning yuzida avvalgiga qaraganda ikkita farqni sezish mumkin edi. U soqol qo‘ygan, yuzi esa, anchayin muloyimlashib qolgandi.
– Boya telefon qilsam, kelin cho‘milyaptilar, dedi. Men aytdim, ha, unaqa bo‘lsa, uyda ekan, biror joyga chiqmasa kerak. Havo birdaniga tashladi-da! Shabadani qarang, ko‘z ochirmaydi. Bunaqa havoda cho‘milib chiqsangiz shamollab-netib qolasiz-da, akang aylangur! Endi… baribir tozalik, pokizalik yaxshi narsa-da. Bir do‘xtirdan xabar olay-chi, borsam eshigidan quvmas, dedim. Kirsak bo‘ladimi o‘zi?
– Marhamat, kiring!

Bolami dahlizda avval kamzulini, keyin, etiklarini yechdi. O‘ruchning miyasidan turli fikrlar yashin tezligida chaqnab o‘tardi: “Bu qanaqasi bo‘ldi? Bu odam o‘lmaganmidi? O‘zi o‘lganini kimdan eshituvdi? Ofeliyadan! Balki, “bufetchining o‘limidan ayblanib qamalib chiqqan, deb umuman boshqa Balamini nazarda tutgandir? Infarktdan o‘lgan ham o‘sha odam bo‘lsa kerak! Dunyoda Bolamidan ko‘pi yo‘q. Mayli, masalaning bu tarafi aniq, deylik. O‘lgan boshqa odam bo‘la qolsin. Mana, bunisi tippa-tirik turibdi-ku! Demak, o‘g‘lining o‘limidan xabari yo‘q. Aks holda O‘ruchdan shubhalanmagan taqdirda ham bunaqa tirjayib yurmagan bo‘lardi. Axir, uch soat ilgari bechora bir bolasidan ayrildi. Balki… aqldan ozgan bo‘lsa-chi? O‘ruch mutaxassis sifatida Bolamining ko‘zlariga tikildi, qo‘l harakatlarini ko‘zdan kechirdi. Yo‘q, tentakka o‘xshamaydi. Harholda, o‘g‘lining o‘limidan xabar topmagani aniq. Unaqada O‘ruchning uyiga nega keldiykin? Maqsadi nima?

Ular xonaga o‘tishdi. Bolami yuzida o‘sha tabassum bilan jimgina xonani ko‘zdan kechirardi. “Balki endi uyimga ham ega chiqmoqchidir” degan xayolga bordi O‘ruch. Balki birovning uy-joyini da’vo qilishga moyillik ruhiy xastaliklarning yangi bir turidir?
Pokiza choy keltirib, Bolamining oldiga qo‘ydi. Bolami boshini ko‘tarib, Pokizaga qaramasdan:
– Rahmat, kelin, bolalaringizning rohatini ko‘ring, – dedi. – To‘ylaringizga kelib, xizmatda bo‘lay. – Choydan bir ho‘plam ichib, xonani yana bir ko‘zdan kechirib chiqdi.

– Ha, O‘ruch do‘xtir, – dedi. – Akang aylangur, shu desangiz, bu dunyo xo‘b qiziq dunyo-da. Ikki haftadan beri bu yerda emasdim. Eronga borib keldim. Parvardigor sizga ham nasib qilsin. Mashhadga borib, Imom Rizoning (Alloh u kishidan rozi bo‘lsin) qabrlarini ziyorat qilib qaytdim. Paraxod bilan keldim. O‘sha yerda bolalarimning yoniga borishdan avval sizni bir ko‘rib o‘tishim kerakligini Xudo dilimga soldi. Sizni boshqa bezovta qilmasam deb Hazratning qabrlari tepasida niyat qildim. O‘sha bog‘ni qaytib da’vo qilmaganim bo‘lsin, dedim. Shu yigitning haqqi haloli bo‘lsin dedim. Sizdan hech qanaqa da’voyim ham, iddaoyim ham yo‘q. O‘sha Hazrati imomning xoki poylarini ko‘zimga surganimda dilimga bir nuri ilohiy tushdi. Xuddiki, hazratning o‘zlari qulog‘imga pichirlaganday bo‘ldilar: “Hay baraka topkur, xudoning bandasi Bolami! Necha yilki bir armani bog‘ingda makon tutdi, indamading. Endi o‘z birodaring, dindoshingni quvib chiqarasanmi? Qo‘y, bechora umrining oxirigacha shu yerda umrguzaronlik qilsin, sen ham ko‘chada qolganing yo‘q, uy-joying, bola-chaqang bor, nima qilasan, besh qo‘lingni og‘zingga tiqib?» Hay, dedim, o‘tgan ishga salavot, dedim. Akang aylangur, mana oldingizga kelib turgan joyim. O‘sha bog‘da o‘nib-o‘sing, mingdan ming roziman.
Rahmatli Vohid aytganidek:

Vohid, jahonda jovidon ishq mulkidir,
Qolgan nima bo‘lsa, bari vayronadir manga.

O‘ruch ayni paytda boshqa narsani o‘ylardi. Bolami hozir to‘g‘ri qishloqqa borib, o‘g‘li yo‘qolib qolganini payqaydi. Ertami-kechmi, o‘ligini ham topadi. Ana unda boshlanadi qiyomat.

Bolami choyini ichib, o‘rnidan turdi. O‘ruchning tilidan ko‘chgan manzirat o‘ziga ham g‘alati tuyulib ketdi:
– O‘tiring, qayoqqa shoshilasiz? Xotinga aytay, ovqat qilsin…
– Yo‘q, akang aylangur, Alloh sizdan rozi bo‘lsin. Uyga bormasam bo‘lmaydi. Bolalarimni sog‘indim, ko‘zi to‘rt bo‘lib o‘tirgandir.
– Bolalardan nechta? – bu savolni shunchaki bermadi. Shu tariqa Husanog‘aning o‘limiga daxli yo‘qligini yana bir bor ko‘rsatmoqchi edi.
– Aytuvdim-ku, sizga, ikkita o‘g‘lim bor, boshi omon bo‘lsin. Kattasi Husanog‘a. Kichkinasi Hasanog‘a.
“Husanog‘a… edi, – xayolidan kechirdi O‘ruch. – Endi kattasi yo‘q, faqat kichigi qolgan”.

Bolami hali buni bilmasdi. Negadir kulimsiradi. O‘ruch ham uning tabassumiga javoban iljayib qo‘ydi.
Bolami xayr-xo‘shlashib chiqdi. O‘sha kechasi O‘ruch sahargacha uxlolmay chiqdi. Ertasi – yakshanba kunini xuddi igna ustida o‘tirganday azob bilan o‘tkazdi. Har gal telefon jiringlaganda, yuragi hapriqib ketardi. Har daqiqada eshik ochilib, qurolli soqchilarning kirib kelishini, uning qo‘l-oyog‘iga band solib, olib ketishlarini kutardi. Ammo, kun bo‘yi hech kim eshikni qoqmadi. Tayinli qo‘ng‘iroq ham bo‘lmadi. Qo‘shni suv kelgan-kelmaganini so‘rab sim qoqdi. Keyin bir-ikki tanishlari… Bittasi begona, raqamni noto‘g‘ri tergan chamasi. Kechgacha O‘ruchning bo‘lari bo‘ldi. Yotog‘ida cho‘zilib, biroz mizg‘igan bo‘ldi. Keyin uyg‘ondi-yu, sahargacha uxlolmadi.
Ertalab oltida turib, dushga tushdi. Soqolini oldi, bir tishlam non ham tomog‘idan o‘tmadi. Bir stakan choy ichib poyu piyoda ishga jo‘nadi.

Kasalxona qarshisida Ofeliya bilan yuzlashdi. Atrofda odam yo‘qligiga ishonch hosil qilgach:
– Meni kechiring, – dedi asta. – O‘sha kuni borolmadim. Onamning qon bosimi oshgan edi, ukol qildim, tashlab ketishga ko‘nglim bo‘lmadi. Jahlingiz chiqmadimi?
– Albatta yo‘q, – dedi O‘ruch ich-ichidan sevinib. Chindan ham yaxshi bo‘libdi, aks holda yangi chigalliklar paydo bo‘lardi. U Ofeliyaga: – O‘zim sendan uzr so‘ramoqchiydim. Zarur ishim chiqib qoldi, shuning uchun men ham boqqa borolmadim. Ikki kun seni o‘yladim, bog‘ning eshigida kutib-kutib ketdimikan, deb. Kelmaganing yaxshi bo‘pti, – keyin biroz o‘ylanib gapiga tuzatish kiritdi, – lekin onangning qon bosimi oshgani chatoq bo‘pti-da! Hozir yaxshimi, ishqilib?
– Ertalab o‘lchab ko‘rsam, joyiga tushibdi, – dedi va biroz qizarib davom etdi. – Demak, sizam kelmabsiz-da, men bo‘lsam… sizni ancha kuttirib qo‘ydim deb…

– Seni har doim kutaman, – yasama iltifot bilan shivirladi O‘ruch. Ularning suhbatlari cho‘zilgani sari o‘tib ketayotganlar bu tomonga ma’noli ko‘z tashlab qo‘yardilar. Harqalay, ularning don olishib yurishi ko‘pchilikka ayon edi.

O‘ruch ikki-uchta bemorni qabul qilganidan keyin anchayin parishonligini his etdi. Fikrini bir joyga jamlashga qiynalayotganini angladi. Assistentiga:
– Nimagadir, boshim qattiq og‘riyapti, – dedi, – uyga ketmasam bo‘lmaydi.
Uyga kirishi bilan bu yerda ahvoli avvalgidan yaxshilanmasligini angladi. Kasalxonada-ku, odam ko‘p, bemorlarning shikoyatlari, ish, tashvishlar bilan biroz bo‘lsayam chalg‘iydi. Uyda esa, tilsiz-zabonsiz Pokizadan bo‘lak hech kim yo‘q, yolg‘izlikda turfa qo‘rqinch xayollar iskanjasida yorilib o‘lay deydi. Nazarida har daqiqada mudhish bir voqea yuz beradiganday edi.

Bog‘dagi voqeaning uchinchi kuni edi. Nega Bolami haligacha jim yurganidan taajjublandi. Nahotki, o‘g‘lining taqdiri bilan sira qiziqib ko‘rmagan bo‘lsa? Agar vahima ko‘tarib, melisaga xabar bergan bo‘lsa, organ xodimlari ertami-kechmi uning iziga tushib boqqacha borishardi. Husanog‘a shubhasiz otasining bog‘ da’vosidan voqif bo‘lgan. O‘ruchning bog‘iga ham shuni talab qilib kelgan. Mash-haddan qaytgan otaning fikri o‘zgarishidan o‘g‘li tabiiyki, bexabar edi. Bolami qaytganidan beri o‘g‘lini ko‘rgani yo‘q. Uning uyida bu mavzudagi suhbatlar ko‘p bo‘lgandir? Bolami o‘g‘li O‘ruchning bog‘iga borishi ehtimolini nazardan qochirishi mumkin emas. Demak, bu taxminni melisaga ham aytishi aniq. Unda iz, albatta, O‘ruchga kelib tutashadi va O‘ruchni loaqal bir marta bo‘lsin so‘roq qilishardi. Bularning hammasi bugun bo‘lmasa ertaga, bir hafta, bir oy va undan keyin ham yuz berishi mumkin. Bir oydan keyin ham haftalik odati bo‘yicha bog‘idan xabar olmasa, shuning o‘zi ham shubhaga yetarlicha asos bo‘la oladi. Qachon bo‘lmasin, O‘ruch boqqa borishi, hodisani birinchi bo‘lib o‘zi oshkor qilishi kerak. Iriy boshlagan murdaning badbo‘y isi butun boqqa yoyilib ketishi aniq. Shunda ham topa olishmasa, o‘zi borib, xabar qilishi shart. Albatta, o‘zini fosh etmasligi kerak. Ammo, bu bir-ikki oyning har daqiqasi dahshat, tahlika, sarosima bilan to‘liq bo‘lishi aniq. Bunga O‘ruchning irodasi yetarmikin?Noaniqlik, mavhumlikdan ko‘ra og‘ir narsa yo‘q bu olamda.

Balki, telefonni olib, o‘zi Bolamiga qo‘ng‘iroq qilsa-chi? Yaxshiyam, telefon raqami yozilgan qog‘ozni tashlab yubormagan ekan. Qidirib topdi. Xo‘sh, qo‘ng‘iroq qildi ham deylik, keyin-chi? Nima deydi? Nimani so‘raydi? Qancha o‘ylamasin, biror jo‘yali bahona topolmadi. Bolami bilan oldi-berdisi, salom-aligi bo‘lmasa? Ehtimol, qo‘ng‘iroq qilib, qo‘yib qo‘yar. Birgina ovozdan ham ko‘p narsani aniqlashtirishi mumkin.

Raqam terib, yana go‘shakni ilgani bilan bir ish chiqmasa-chi? Balki, uning telefoni nazorat ostidadir?
“O‘zimam g‘irt vasvos bo‘lib qoldimmi, deyman”.
Go‘shakni olib, raqamni terdi. Birozdan keyin erkak kishining ovozi eshitildi. Bolamining tovushini darrov tanidi. Ovoz sokin va xotirjam edi.
– Allo, kim bu, eshitaman, gapiring!
O‘ruch jim edi. Bolami bir-ikki allo-allo dedi-da, go‘shakni ildi. Yaqinidan ajragan kishining ovozi emasdi bu. Qiziq, nahot o‘g‘lining yo‘qolganidan xavotirlanmayotgan bo‘lsa?
Kechgacha o‘ylab, bir bahona topdi. Bolamiga telefon qilib Eron safari haqida so‘raydi. “Bir oshnam Eronga bormoqchiydi, sizdan bir-ikki maslahatli gaplarni so‘ramoqchi ekan”, deydi. Viza, sarf-xarajat, borish-kelish degandek…

Garchi ishonarsizroq bahona bo‘lsa-da, boshqa tayinli gap miyasiga kelmadi.
Kech soat to‘qqizlarda sim qoqdi. Yana Bolamining o‘zi ko‘tardi. O‘ruch arang o‘zini bosib:
– Salom, Bolami og‘a, – dedi. – Men O‘ruch do‘xtirman.
– Ha, do‘xtir, xush ko‘rdik, nima gap? Nima yangiliklar? Tinchlikmi, yo‘qlab qolibsiz?

Ovoz juda sokin va hatto biroz quvnoq edi. Biror-bir xavotir alomati sezilmasdi.
O‘ruch do‘stining Eronga borishi haqida to‘qigan uydirmani gapirib berdi. Savol berib, javobini oldi. Faqat, suhbatining oxirida bazo‘r yurak yutib, so‘radi:
– Bolalar yaxshi yurishibdimi?
– Rahmat, hammasi yaxshi, – dedi. – Hasanog‘a bog‘ ishlari bilan yuribdi. Husanog‘a gul sotgani Maskovga ketgan.
O‘ruch Bolami ham boshqa qishloq odamlaridak tomorqasida ul-bul yetishtirib, Maskovga yuborib tursa kerak, Husanog‘ani ham Maskovga ketgan deb xotirjam yurgan bo‘lishsa kerak degan xayolga bordi.
– Husanog‘a qachon ketdi Maskovga? – Har qancha tahlikali bo‘lmasin, O‘ruch bu savolni berishdan o‘zini tutib turolmadi.
– Kecha ketdi, – dedi Bolami. Bu javobdan so‘ng go‘shak O‘ruchning qo‘lidan tushib ketishiga sal qoldi. Shosha-pisha xayrlashib go‘shakni ildi.

G‘alati ahvolda qolgandi. Suyunishni ham, sevinmaslikni ham bilmasdi. Suyunishga asosi bor edi. Bolamining butun oilasi sog‘-salomat ekan. Ularga O‘ruchning biror ziyon-zahmati tegmabdi. Belkurak bilan o‘ldirilgan yigit (hech o‘ylab ko‘rmaydimi, qop-qora odamdan qanaqasiga bunday mallavoy tug‘ilishi mumkinligini) Husanog‘a emas ekan-da! Bordi-yu, o‘sha yigit Husanog‘a bo‘lsa, o‘lmagan, (o‘lganiga shifokor sifatida O‘ruchning shubhasi yo‘q edi) shunchaki yaralangan bo‘lganida, o‘ziga kelib uyiga qaytgan, loaqal kim uni bu ahvolga solganini uyidagilarga aytgan bo‘lardi. Demak, o‘lgan Husanog‘a emas. Ming qatla shukur. Unda u o‘lik kimniki? Nega o‘zini Husanog‘a deb tanishtirdi? Bog‘ mojarosini u qayerdan eshitgan? Maqsadi nima bo‘lgan?

Husanog‘aning salomatligi O‘ruchni qanchalik sevintirmasin, bu muammo ortidagi sir uni shu qadar bezovta qilardi. Kimni o‘ldirdi u? Nima sababdan, nima maqsadda O‘ruchning bog‘iga suqulib kirdi bu odam? Nima bo‘lganda ham u odam o‘ldirgan. Umrida birinchi va oxirgi marta odam o‘ldirishi uni shu qadar jiddiy vahimaga solib qo‘ygandi. Hayajoni, sarosimasi, taajjub va qo‘rquvlarini kim bilan baham ko‘rishi mumkin? Hech kim bilan.

O‘sha kecha uxlolmay chiqdi. Ertalab soqolini olayotib, unga qarab turgan, qip-qizarib ketgan so‘niq ko‘zlar, salqigan qovoqlar, sarg‘aygan yuzlarni ko‘rib angladiki, yana bir ana shunday kechani yashamoqqa tobu toqati yetmaydi. Bu holatda ishga ham borolmasdi. Pokiza ham ertami-kechmi uning ahvolini tushunib yetardi. Agar hozirga qadar tushunib olmagan bo‘lsa.

Uch kechalik uyqusizlik O‘ruchni tamoman holdan toydirgan, miyasini toliqtirgan, asablarini buzgan bo‘lsa-da, harholda tushunchalarini muayyan bir mantiq asosida tizishga tirishardi. Aniqki, o‘lgan odam Bolamining o‘g‘li emas, umuman, uning oilasiga daxli ham yo‘q. Demak, shaxsiy adovat, g‘araz, dushmanlik o‘z-o‘zidan yo‘qoladi. Husanog‘a o‘ldirilganida Bolamini O‘ruchni ayblashi, har yo‘l bilan undan qasos olishga intilishi mumkin edi.

Jon taslim qilgan tamomila mavhum odam. Albatta, bu jinoyat, O‘ruch buni bo‘yniga olmasligi kerak. Ammo, bu jinoyatning ochilishini oylar davomida kuta olmasdi. Balki o‘lgan yigit shunchaki bir daydi, hech kimi yo‘q benavodir? Hech kimga uning keragi ham yo‘qdir?

Buyoqda yoz mavsumi yaqinlashyapti, havo isiyapti. Tut pishig‘ida boqqa borishga to‘g‘ri keladi. Umuman, qachondir boradi-ku, bog‘iga? O‘shanda bu jinoyat yanada jirkanchli ko‘rinishda yuzaga chiqadi. Murdani yorib ko‘rishganda, o‘ldirigan vaqti ma’lum bo‘ladi. O‘ruchning ikki-uch oydan beri boqqa kelmayotganini ham bilib qolishsa tamom. Axir, uning har hafta oxirida bog‘iga kelib turishini ko‘pchilik biladi-ku? Ofeliya tugul, Pokiza ham, tanishlari ham biladi buni. Ofeliya bilan uzoq muddat ko‘rishmay yurgani ham muammolarni keltirib chiqarardi.

Har qanday vaziyatda ham bu masalani cho‘zib bo‘lmaydi. Shu kunning o‘zida boqqa borib, o‘likni «oshkor» qilishi, melisaga xabar berishi kerak. Suvdan quruq chiqish uchun esa, o‘zini yo‘qotmasligi, butun irodasini to‘plab, o‘zini musichadek begunoh, tetik, bardam tutishi kerak. Sarosimadan biroz dovdirab qolsa, buni tushunish mumkin. Hamma ham kelib o‘z uyida o‘lik ko‘rsa, shu ahvolga tushishi tabiiy.

Yo‘q, nima bo‘lsa bo‘lsin, bugun borishi, bu mavhumlikni yo‘qotishi shart. Pokizaga biror narsa demaydi. Borib kelganidan keyin hammasini aytib beradi. Albatta, melisaga aytiladigan tarzda. Nima uchun aynan bugun boqqa borganiga ham bahonani taxt qilib qo‘ygan. “Mashinamga yangi ballon olib qo‘ygandim, shuni olish uchun boruvdim. Kasseta olish uchun yuqori qavatga chiqsam, xonada…”. To‘g‘risiyam shu edi-da, o‘zi.

Havo sovuq, shamol esib turardi. Boqqa yaqinlashganida yomg‘ir shivalay boshladi. Mashinani tashqarida, tor ko‘chada qoldirdi. Hovliga o‘tib, atrofga ko‘z tashladi. Hech narsa o‘zgarmagan. Hamma narsa har kungiday. Tut, anjir, toklar, bog‘ ustidan o‘tgan elektr simlari, quduq, hovuz, garaj, sauna, ikki qavatli uy.Birinchi qavatning eshigini ochmadi. Ikkinchi qavatga ko‘tarildi, ayvonga chiqdi, xona eshigiga yaqinlashdi.
Xona eshigiga… yana kalit solingan edi. O‘ruchning ko‘zlari olayib ketdi. Axir bu kalitni o‘tgan safar quduqqa otmaganmidi? Balki bu uchinchimas, to‘rtinchi kalitdir? Shu choq kalit o‘z-o‘zidan burala boshladi va eshik qiya ochildi.

Shundoq ham shiddat bilan urib turgan yuragi ko‘ksidan otilib chiqqudek bo‘ldi. Eshikni ochib, ichkari kirganida yuragi go‘yo taqqa to‘xtagandek bo‘ldi. O‘ruchning ko‘z oldi qorong‘ilashib, boshi aylandi, yiqilib tushishiga sal qoldi. Butun irodasini to‘plab, hushini yo‘qotmaslikka tirishdi.

Xona paloslari ustida na qon izlari, na qonli belkurak, na yigitning jasadi bor edi. Yigit… soppa-sog‘ holatda karavotning ustida yastanib yotardi. Peshonasida ham, chakkasida ham, yelkasida ham jarohatdan asar qolmagandi. O‘ruchni ko‘rishi bilan bamaylixotir o‘rnidan turdi.
– Senmisan, – so‘radi O‘ruch. – Haliyam shu yerdamisan?
– Husanog‘aman, – dedi yigit. – Bolamining katta o‘g‘li. Ota-bobomning uyiga keldim. Sen nima qilasan bu yerda?

O‘ruch bu gaplarni bir marta eshitgandi. Endi o‘sha so‘zlar aynan qayta takrorlanayotganini sezdi. Husanog‘aning, – agar bu rostdan ham Husanog‘a bo‘lsa, qarashlari, xatti-harakatlari aynan o‘sha mash’um kundagidek edi. Eng dahshatlisi, O‘ruch bu hodisa qanday davom etishini, nima bilan tugashini bilardi. Hozir yuz berajak hodisalarning oldini olish mutlaqo mumkin emasligini ham bilardi.
Gapirayotgan ham O‘ruch emasdi. Go‘yoki kimdir uning ovozi bilan to‘rt kun avvalgi so‘zlarni aynan takrorlardi.
– Yo‘qol bu yerdan, ko‘zimga ko‘rinma, – O‘ruch o‘z ixtiyori bilan birgina jumlani qo‘shimcha qildi – qo‘limni qonga botirma!

Husanog‘a, – rostdan o‘sha bo‘lsa, – ma’nosiz ko‘zlarini O‘ruchga qadagancha sas-sado chiqarmay o‘tirardi. O‘ruch eski magnitofondek o‘sha kungi so‘zlarni takrorlardi. “Hammasini o‘zim qurganman… dalahovlilar boshqarmasi… otang ham yonimga keluvdi…” Yigit lom-mim demasdi. Dahshatli daqiqa, mudhish hodisa tobora yaqinlashib kelardi.

O‘ruch karavotning tagida nima borligini bilardi, shuning uchun u tarafga qaramaslikka tirishdi. Belkurak necha soniyadan keyin qanday ishni bajarishini ham anglab turadi. Dahshatli nihoyaga bir lahza qolganida, Husanog‘a belkurakni olib O‘ruchga hujum qildi. O‘ruch bu hujumni oldindan kutgani uchun qo‘rqmadi. Chunki u natijani yaxshi bilardi. Bilardiki, O‘ruchga bu hujumda jin ham urmaydi. Va aynan natijani bilgani uchun ham qo‘rqardi. Bilardiki, qarshisidagi yigitni, u kim bo‘lishidan qat’i nazar, o‘ldirishi aniq.

Biroz olishuvdan so‘ng belkurak O‘ruchning qo‘liga o‘tdi. Yigit O‘ruchga musht tushirgan zahoti u belkurak bilan sariqmashakning boshiga aylantirib soldi. U yerga cho‘zilib qoldi, Xudi o‘sha kungiday qon adyol ustiga, devorga sachrab ketdi.

O‘ruch xonadan chiqarkan, bu da’fa dastro‘mol chiqarib, barmoq izlarini artmadi. Buning biror ma’nisi yo‘q edi. Boshqa biror narsa haqida o‘ylashga, biror mantiqiy xulosaga kelishga qobil emasdi. Kasbiy tajribasiga oid eng murakkab, tushuniksiz ruhiy jarayonlarni bir-bir esladi. Aniq his etardiki, aqli hushi joyida, miyasi ishlab turibdi. Ammo, bu izohsiz voqealarlardan biror ma’no, mantiq chiqara olmasdi. Qachondir o‘qigani, — yarim fantastik bir farazni esga oldi: ba’zida inson o‘z aqli bilan yuz berajak hodisalarni oldindan yashashi, his qila, ayon ko‘ra olishi mumkin. Bu ham o‘shanday hodisalarning biri bo‘lsa-chi? Bugun hozir ro‘y bergan fojiani to‘rt kun ilgari shunchaki xayolidan kechirgan bo‘lsa-ya? Demak, o‘sha kungi jinoyat shunchaki xayol, ro‘yo ekan-da! Kim bilsin, bugungisi ham ana shunday xayol va tasavvur in’ikosidir?

Shu choq lop etib yoniga kelgan bemorlarning bir vahimali bashoratini esladi: “Bu yerda avval yashagan armani do‘xtir bog‘ni tilsimlab, devor va daraxtlarga zaharli moddalarni singdirib ketgan. Balki o‘shanda «bir savdoyining vasvasasi-da», deb e’tibor bermay ketgan bu bashorat ayni haqiqatning o‘zidir? Gallyutsinogen moddalar chindan ham mavjud va ularning inson miyasiga ta’siri fanga yaxshi ma’lum-ku? Umuman olganda, keyingi yillarning suronli hodisalari, taloto‘plar hammaning miyasiga, ruhiyatiga ozmi-ko‘pmi ta’sir o‘tkazgan. Kimdir aytgan edi, “inson tabiatning barcha sirlaridan, afsunlaridan ogoh”, deb. Dunyoning shu qadar ko‘p ochilmagan, oshkor etilmagan sirlari, tilsimlari borki… Buyam o‘shalarning bittasi bo‘lsa kerak? O‘ruch ma’nosiz nigohlarini xona tarafga yo‘naltirdi.

Zinapoyalardan pastga tushdi. Shamol kuchaygan, yomg‘ir ham tezlashgan edi, Bir payt O‘ruchning nazarida bog‘da yana nimadir o‘ta muhim bir ish bo‘lishi kerakdek va bu ish uning hayotidagi eng chigal jumboqlarni ham yecha oladigandek tuyuldi. Ammo bu ish nima ekanini, nimadan iborat bo‘lishini O‘ruch tasavvuriga ham sig‘dira olmasdi. Uning tasavvur doirasi ham shu qadar torayib qolgan, har qancha urinmasin, hech narsani idrok etolmas, his qilolmas, tushunolmasdi.

Tushungan paytda esa, kech bo‘lgandi. Shu tariqa u oxiri nima bilan tugaganini anglayolmay qoldi.

* * *

Kuchli shamol yuqori kuchlanishdagi elektr simini uzib tashlagan, simlar hovli bilan bitta bo‘lib yotardi. Yomg‘ir yerni tamomila ivitib tashlagandi. Faqat ayvonga yomg‘ir tushmagandi. O‘ruch birinchi qavatdagi ayvondan tushib, nam tuproqqa qadam qo‘yishi bilan yonib qop-qora jasadga aylandi-qoldi.

* * *

O‘ruchning o‘ligini ikki kundan keyin topishdi. Muhim yig‘ilish bor edi. O‘ruchni ishdan ham, uydan ham topa olishmagach, tabiiyki, boqqa odam yuborishdi. Mehdining haydovchisi yetib keldi.

Haydovchi eshik oldida O‘ruchning mashinasini ko‘rdi. Eshikni ancha vaqt taqillatdi. Natija bo‘lmagach, devor oshib hovliga kirdi va yerda yotgan qop-qora jasadni ko‘rib dahshatdan tosh qotdi. Avvaliga uning O‘ruch ekanini xayoliga ham keltirmadi. Nima sababdan o‘lik bu qadar qorayib ketganini ham tushunmadi. Harqalay darhol shaharga xabar qildi. O‘ruchning jasadini olib ketishdi.

Barcha markaziy gazetalarda ta’ziyanomalar chop etildi. Taniqli shifokor, tajribali ruhshunos bilan vidolashuv marosimi o‘zi ishlagan shifoxonada o‘tdi. Ikkinchi faxriy xiyobonda dafn etildi. Dafn payti barcha oila a’zolari (o‘g‘li ham Moskovdan uchib keldi), hamkasabalari, qarindosh-urug‘lari ishtirok etdi. Ofeliya ham bir burchakka biqinib olgancha, hiq-hiq yig‘lardi. Bolami ikki o‘g‘li Husan-og‘a va Hasanog‘a bilan mozor boshigacha borishdi.

09

(Tashriflar: umumiy 661, bugungi 1)

Izoh qoldiring