Қуёш ҳисоби билан белгиланадиган Янги йил эрониларда Наврўз дейилади. Туркийлар Йилбоши деб атаган. Ҳар икки истилоҳ ана шу халқларнинг тийнатини очади. Бинобарин, маросимлар негизида кўпминг йиллик қадриятлар, урф-одатлар, умуман мифологик тасаввурлардан бемисл тараққиёт изларигача жам бўлган. Агар халқшунослик илми таомили бўйича мушоҳада юритсак, муддаога етишувимиз осон кечади. Бироқ…
Анвар Суюнов
АСРЛАРНИ ҚАРИТГАН ЙИЛБОШИ
Очерк
Анвар Суюнов 1983 йилнинг 29 апрелида Самарқанд вилоятининг Булунғур туманида, Эшмонтўп қишлоғида туғилган. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг халқаро журналистика факультетини битирган. Газета ва журналларда, телевидениеда ишлаган. Мактабнинг ўн биринчи синфида ўқиб юргандаёқ “Қушларга тўла осмон” номли шеърий тўплами нашр этилган. Ўзининг ёзишича, кейинчалик негадир шеър ёзишга қизиқиши сусайиб кетган ва ҳикоя машқ қила бошлаган. «Назаримда, проза кенгроқдай» деб таъкидлайди у.
Мазкур очерк билан бирга йўллаган мактубида ёзишича:» “Асрларни қаритган Йилбоши” га келсак, Йилбошини тушунишга, ҳис қилишга, Йилбоши атрофидаги ҳар бир маросим тийнатига серсолиб ёзишга уриндим. Чунки, чет эл олимлари ҳам, ўзимизникилар ҳам Наврўз ҳақида ёза туриб, унинг туб илдизини форсларнинг афсонавий шоҳи Жамшидга боғлайдилар. Менимча, бундай эмас! Шуни асослашга ҳаракат қилдим.»
Қуёш ҳисоби билан белгиланадиган Янги йил эрониларда Наврўз дейилади. Туркийлар Йилбоши деб атаган. Ҳар икки истилоҳ ана шу халқларнинг тийнатини очади. Бинобарин, маросимлар негизида кўпминг йиллик қадриятлар, урф-одатлар, умуман мифологик тасаввурлардан бемисл тараққиёт изларигача жам бўлган.
Агар халқшунослик илми таомили бўйича мушоҳада юритсак, муддаога етишувимиз осон кечади.
Бироқ…
Йилбошигўжа
Кўҳна Ғўбдинтоғнинг адирлари оралаб жойлашган қишлоқда тонг бўзариб келади. Одамлар қизариб келаётган шафақнинг ҳолатига мувофиқ секин-аста тирикчилик ташвишларига чўмади: кимдир тандирига ўтин қалайди, биров таги кўриниб қолган омбордан тўрт ҳовуч арпа олиб қўтонига юради, бошқаси бир тутам жўхорипояни уч бош говмишнинг охурига титқилаб сочади.
Офтоб Бахмалтоғнинг қорли чўққиларидан ярим қулоч кўтарилганда қибла томондаги қирга саман отлиқ ўрлайди. Қирнинг бошига чиққанида тонгги рутубатни кесиб унинг товуши янграйди:
– Эртага чошгоҳда Бурҳон махсумнинг беткайлигида йилбошигўжага!
Хитоб тўрт-беш маротаба такрорланади. Сўнг отлиқ жиловни салқи ташлаб, кейинги қирни мўлжаллаб пастга энади.
– Нима деди? – этакдаги ҳовлида офтоба кўтарган чол ўғлига юзланади.
– Эртага чошгоҳда йилбошигўжа экан, шуни айтди – ўғли қий ортилган ғалтакни судраб оғил ортига ўтиб кетади.
Олис-олислардан айтувчининг элас-элас овози эшитилади:
– Йилбошигўжага!
Йилбошигўжа…
Йилбоши…
Йилбошигўжа дашт ўзбеклари анъанаси. У янги йил киришдан тўрт-беш кун аввал, ўн-ўн бешинчи март атрофларида ўтказилади. Бунда ёшу қари, хотин-халаж бирдек иштирок этади. Фақат эркаклар ва аёллар давраси алоҳида-алоҳида бўлади. Маросимда ҳеч қандай таом пиширилмайди. Ҳар ким уйида қурби етган егулигини тайёрлаб чиқади: кимдир бир товоқ ош, кимдир тўрт қасқон манти, яна кимдир бир коса ёвғоншўрва. Овқатнинг тортилиши ҳам ғалати: товоқлар ўнг тарафдан айланади. Ҳар ким бир чўқимдан, суюғи бўлса бир қошиқдан олиб чап тарафга, сўнг аёлларга ўтказиб юборилади. Қизиғи, айни шу куни элнинг ичидан пишган синчиллари ҳам емакнинг ёғли-ёғсизлигига қарамайди. Одамлар бир-бири билан апоқ-чапоқ, худди болалардек муносабатда бўлади. Даврадан кулгу ва латифа аримайди, қиз-жувонлар доира олиб, лапар айтади. Шундай кезда йиғинни оқсоқолнинг оғир-вазмин овози кесади:
– Хў-ўш! Шундай қилиб, бу йил подани кимга берамиз, отарга кимни қўямиз?
Баҳс узоқ вақт, келишув пишмагунича давом этади. Алалхусус, майдонда уч кишининг номзоди кўрсатилади: подага – Искандар деганинг, сурувга – Олим чўпон ва Раҳматилла деганнинг.
Шу пайт пойгада ўтирган қорамағиз, қисиқкўз киши гап ташлайди:
– Қиши билан Сайфулла ака хотини бетоб бўлиб, дўхтирма-дўхтир югурди. Акани ҳам подага шерик қилсакмикан?.
– Алиқул полвон тўғри айтди, – мажлис орасидан шу каби маъқулловлар эшитилди – Сайфулла акани меҳнат босгани рост, бир-икки йилдан бери ишсиз юрувди, ёрдам бўлармиди…
Шу кўйи давра аҳли эртага ўтказиладиган дарвешонага пул йиғади, кейинги кунги кўпкарининг солимларини ҳал қилади, Наврўзга сайилжойи белгилайди.
Кун пешинга оққунича латифаю лапар айтишиб, мутойибаю ҳазил қилишиб ўтиради.
Кексалар эртароқ қўзғолади.
Бир пас ўтиб беткайлик ҳувиллаб қолади.
Дарвешона
Юлдузларнинг туси ўчиб, қуш қимирлаб қолганда Бурҳон махсумнинг беткайлигида беш-олтита қора ғимирлайди. Улар дарвешонага аталган қўчқорни бўғизлаб, ерўчоқ қазиб, ўтин қалаш тадоригига киришган. Ҳаял ўтмай бомдодни тугатиб чиққан тўрт-беш нуроний келади. Мўйсафидлар аллақандай кўрсатмалар бериб, қўшни қишлоққа отланади. У ерда қандайдир маърака бор; кўриниб қўйишлари керак. Аввалига шу атрофдагилар, кейин эса, бутун қишлоқ йиғилади: биров ўтин ташийди, яна биров сабзи-пиёз арчийди, бир гала бўз йигитлар теваракдаги ҳовлилардан тўшанчи ва коса-товоқ йиғиб чиқади. Офтоб найза бўйи кўтарилганда ерўчоқдан ачимсиқ тутун аралаш қайнатманинг иштаҳаочар ҳиди таралади. Булкиллаб қайнаётган шўрва юзида қалқиб юрган қўй қуйруғию муштдай-муштдай шолғомларга кўпчиликнинг томоғи тушади. Ҳар ким ўз иши билан бўлиб, иштаҳасини сездирмасликка ҳаракат қилади.
Қозоннинг қайнови қиёмига етаверганда маъракалаб қайтган мўйсафидларнинг қораси кўринади. Ёшлар тепароққа тўшанчи ташлаб, дастурхон тузайди. Милт-милт буғ кўтараётган самоварнинг оловини кучайтиради. Уч-тўрттаси Бурҳон махсумникидан қолган бозорликларни елкалаб чиқади. Нуронийлар чордана қуриб, гап-гап билан чой симира бошлайди. Қайнатма сузиладиган паллада оқсоқол эшонбобога юзланади:
– Қани, тўрам! Томоқнинг аввалида Занги боваларга, ҳосил пирларига, ўтган жамики мўмин-мусулмонлар ҳаққига тиловат қилинг!
Оқсоқолнинг ёнида ўтирган ўрта ёшли киши майин ва ширали овозда Қуръон тиловатига киришади. У суръаларни узоқ вақт, чамаси ўн беш дақиқалар ўқийди. Қироати ниҳоялаганда товушини тушириб, даврабоши томонга қия қарайди. Нуроний олқишни охирига етказади:
– Илоҳи омин! Яратган эгам бу йил экин-тикинларимизга барака берсин, чорвамиз ўржисин. Тўрт кўз тугалликни, замонимиз тинчлигини, ишларимизнинг ривожини берсин. Келаётган йили ҳам турли-туман радди-балолардан худонинг ўзи сақласин, йилбошида қилаётган хайру эҳсонимизни даргоҳида қабул қилсин!
Тўпланганлар бирваркайига “Омин, оллоҳу акбар!” деб юзига фотиҳа тортади. Сўнг ўчоқбошидаги ёш-яланглар ҳил-ҳил буғ таратаётган косаларни қўлма-қўл ўтказа бошлайди.
Аҳли йиғин бир пас сўзсиз қолиб, таом тановулига киришади.
Косалар йиғилганидан сўнг, самовар тарафдан чойнаклар “карвони” тизилиб кела бошлайди. Кексалар ўзларини эркин ташлаб; ёнбошлаб, ёстиққа суяниб, оёқ узатиб гурунгга киришади. Бу ерда замона зайли, келаётган йилнинг авзойи, деҳқону чорвадорнинг эртаси муҳокама бўлади. Чоллар оқтус қошлари остига чўкиб кетган кўзларини тубсиз фалакка, қорли чўққиларга қадаб янги йилни таъбирлаб беради. Мурти сабза ура бошлаган ўспринлар худди эртак эшитаётган боладек унсиз тинглайди. Келгуси йил қайсидир маънода мана шу даврадан бўй кўрсатади.
– Хў-ўп, дарвешонага қанча ғалла йиғилди?
Оқсоқолнинг туйқус сўровидан даврадагилар шошиб қолди. Ўртароқда ўтирган шоп мўйлов киши пойгага қаради:
– Донобой, ғалла нечи халта эди?
Ўчоқбошида суяк кемираётган йигит:
– Ўн тўрт кандир! – дея жавоб қайтарди-ю томоғига гўшт югуриб йўтал тутди.
Жамоа бироз муҳокамадан сўнг дарвешонага йиғилган донни расомади билан қўли калта, турмуши оғирларга бўлишиб чиқди. Яна икки халта ортиб қолиб, бир муддат тортишув бўлди. Уч-тўрт киши “Ашур раҳматлининг бевасига бериш керак”, деган фикрда қатъий туриб олди. Анчадан бери сукут сақлаган оқсоқол:
– Ашурнинг болалари энди суёвга муҳтож эмас, бариси давангирдай-давангирдай йигит бўлган, – дедию майдон сув сепгандек тинчиди.
– Бу йил қабристоннинг масжидини сувамасак бўлмайди, – оқсоқолнинг кетидан тортиниброқ гап бошлади эшонбобо – Қибла томонини ёмғир ювиб кетган. Шу икки қоп буғдойни берсак, манов болалардан икки-учтаси зиммасига олса.
Таклиф барчага маъқул келди.
Муҳокама интиҳо топгач, даврабоши дастурхонга омин айтди.
Ёшлар тўшанчиларни йиғишга тушди.
Кўпкари
Дарвешонадан сўнг этакдаги сайҳонликка қур тикилди. Атрофга қўшни элатлардан чавандозу ишқибозлар йиғилади. Пою пиёданинг боши-кети кўринмайди. Оқсоқоллар қурдан жой олиб, баковул тайин қилади.
Баҳорнинг илиқ кунларидан дарак бераётган лаҳзаларда отлар сувлиқ ғажиб, полвонлар қамчи ўйнатиб таканинг ташланишини илҳақ кутадилар. Тулпорлар пишқириб, зарда билан кишнайди. Мангуликка даҳлдор ўкириклари бепоён адирларни тутиб кетади. Билакдор азаматлар юганни таранг тортиб, арғумоқларининг бўйнига шапатлаб қўяди. Ҳавасманд болалар полвонларнинг ҳар бир ҳаракатини синчиклаб кузатиб туради. Баъзилари ҳовирбосди учун олис кенгликларни кўзлаб жилов бўшатади: отлар бамисоли бургутдек эрта кўкламнинг муздай эпкинини кесиб боради. Бошқалари тўда-тўда бўлиб, эгар устида ҳазилу мутойиба билан ўтган саргузаштлардан гап суради.
– Ҳо-ов, полвонман деганинг бери кел, сўзимни эшит! – Қур томондан баковулнинг гулдурак овози янграйди – Бугун Наврўзнинг кўпкариси, қонун-қоидани яна бир эслатаман: чилвир солмайсан, узангибовга ўрамайсан, қўшжилов қилмайсан, дангал ва ҳалол ташлайсан. Мабодо, ғирромингни кўрсам ёки биров таъна қилса, мендан солим ололмайсан. Эл ичида шарманда қилиб, бир умрлик иснодга қўяман. Яна бир бор айтай, бу – бир кишининг кўпкарисимас, бу – кўпники! Қани, тақиминг мустаҳкам, билагинг бақувват бўлса, отинг учар қушни олса, солимнинг зўри сеники!
Майдонга оқ така ташланди, бўз отли ўспирин тақимига олиб, сойнинг у бошига қуюндек учиб кетади. Чамаси, уч юз қадамда улоқни ташлаб ўтади. Баковул тағин томоқ қириб, солим эгаларини таништиради:
– Ҳў-ўв, биродарлар! Бугунги Эшмонтўбнинг улоқ сайилига Эргаш ҳожи – бир тана, Алиқул полвон – бир қўй-бир серка, Оқмурод домла, Барот буғалтир, Жамол фермер, Қўзибой тегирмончи, Юсуф дўкончи – бир қўйдан, Раббимбой, уста Ғиёс, Омон домла, Ҳамза молдухтир – бир эчкидан… атаган.
Баковул солим тикканларни номма-ном санади. Ҳатто, бир жуфт калиш қўйган Исомиддин отли ўспиринни шундай тилга олди:
– Раҳматли Раҳматилла чилангарнинг ўғли Исомиддин укамиз ўғилли бўлган экан, эртанги кунда мен ҳам кўпкари берайин, деб бир жуфт калиш қўйибди солимга. Қани, пиру бадавлат оталаримиз шу йигитни ҳам бир дуо қилсин, илоё ниятига етиб, катта кўпкарилар берсин!
Майдон дуога қўл очди, юзлаб одамлар фотиҳа тортди. Баковул давом этди:
– Ана шу кетган оқ такага – бир гилам, қизилига – бир серка-эллик минг пул!
Қизил такани тақимига босиб, тўриқ отли қамчи берди.
Улоқ қизигандан-қизиди. Мавсумнинг сўнгги кўпкариси эди, шу боисданми, полвонлар солимнинг катта-кичигига қарамасдан зарда билан чопдилар. Шаън ва ғалаба учун тортишдилар. Асов тулпорлар жиққа терга ботса-да, тўдадан беиз қайтмасликка тиришди. Қамчилар ҳаволади, отлар ўкирди, чавандозлар имкон қадар такани қўлдан қўймасликка ҳаракат қилди.
Шафақ қизариб, кеч тушгунча олағовур тинмади.
Сайил
Йигирма биринчи март.
Йилбошигўжада келишилганидек, эл мактаб ҳовлисига тўпланиб, байрам уюштирди. Норғул йигитлар кураш тушиб, тош кўтариб, қувноқ болакайлар арқон тортишиб баҳс бойладилар. Қизлар “Оқ теракми, кўк терак” да ким чаққон эканлигини исбот қилди. Аттору қандолатчи, сомсачи-ю кабобпазлар бисотини ёйиб, кўчма емакхоналар қуриб, бозоржой ташкил этди. Савдо авжига чиқиб, ҳуштагу сақич важидан хархаша қилган болачалар дадаларининг ҳамёнини бўшатишди.
Баъзи ишқибозлар кунботардаги футбол майдонида хўроз чўқиштириб, қўчқор уриштирди. Ютганлар юзига табассум суриб, бир-бирига мақтанса, юттирганларнинг алами ичида қолди. Қизиқ, яна шундай талабгор-ишқибозлар ҳам бор эдики, хўрознинг ютганига эмас, яхши жанг қиладиганига пул тикадиган…
Қаёқдандир пайдо бўлган дорбозлар дор тикиб, арғамчи устида умбалоқ ошиб чунонам ўйин кўрсатдики, аёллар ичини тортиб, кўзларини чирт юмиб олди. Юзига турли-туман бўёқ чаплаб олган масхарабоз шляпасидан каптар учириб, кичкиналарни ҳайратлантирди.
Уйда қолган кайвони момолар ниш урган буғдойни эзғилаб, майда болалар тош териб, сумалак тадоригини бошлайди.
Бирин-кетин сайилдан қайтган йигитлар ўтин ёриб, ўчоққа бел боғлади. Шунинг билан кундузги байрам сумалак сайлига уланиб кетди. Ҳаялдан сўнг каттакон қозон тагида олов ловуллаб, қиз-жувонлар яллаю лапарни бошлаб юборди…
Юлдузлари жимир-жимир қилаётган кўкламнинг топ-тоза осмонида илиқ ва намхуш ҳаво сузади. Танга роҳат берадиган бу эпкин сумалакчиларни чарчоқдан фориғ этиб, кўнгилларга ажиб бир майинлик солади. Доира авжига чиқиб, ялланинг шўхчан садоси қоронғулик қаърига сингиб кетади. Диққинафас қишдан зерикиб чиққан одамлар бир-бирлари билан чақчақлашиб ҳангома қилади. Камшик қизчалар боболарининг тиззасига ўтириб олиб, бири олиб-бири қўйиб шеър айтади. Боболари укпардек нозик бетларидан ўпиб, қўнғироқ сочларини силаб қўяди…
Тонг тунни маҳв этиб, субҳидам қулоч ёйганда сумалак етилади.
Кекса Ғўбдинтоғ адирларида Йилбошининг таровати кезади.
“Қуёш қайтди, яна…”
Инсоният тарихни белгилаб, ўтмиш билан ҳисоблашган кундан бошлаб ота-боболаримиз Йилбошини шундай нишонлашган. Агар юқоридаги маросим ва удумларнинг ботинига сер солсак, фақат туркийларга хос эканлигига амин бўламиз.
Йилбоши соф туркий термин бўлиб, кўҳна йыл – йил ва бâш – бош сўзларидан ясалган. Аждодларимиз Янги йил номининг оғзаки ифодасида мазкур бирикмадан фойдаланишган. Бошқача айтганда, номнинг ўзиёқ қадимдан ўз Наврўзимиз бўлганлигидан далолат бериб турибди. Иккинчидан, йилбошигўжа, дарвешона, кўпкари каби удумлар бошқа халқларда йўқ ҳисоби. Дейлик, улоқ Афғонистоннинг шимолида бор, лекин бу ўйин афғон тупроғига туркийлар билан бирга борганлиги аниқ. Чунки, улар кўпкарини “Бўзкаши” дейди. “Бўз”нинг ўзбекчаси “така” дегани. Бундай таржималар тарих пучмоқларидан кўплаб топилади. Масалан, Сурхондарёдаги Бўзғала дараси ўтмишда Турон ва Эрон ўртасидаги чегара ўтаги бўлиб, туркийлар Темир қапиғ (Темир дарвоза), эронилар Дараи бўзғала (Така йўли) тарзида номлаган. Бошқа бир жиҳати, улоқ совуқ иқлимга хос от ўйини. Бизда қиш бўйи бўлиб ўтишига эътибор беринг! Нисбатан иссиқ ўлка ҳисобланган форслар заминида отнинг танаси кўпкарини кўтармайди.
Тийнати туркийлар характеридан нишона бериб турган дарвешонанинг фақат номи форсчадир. Бунга бир нечта асосларимиз мавжуд.
Биринчидан, дарвешонанинг қадимиятдаги дарвешларга доҳиллиги йўқ. Моҳиятан гадою қаландарларни йўқлаш учун айнан бир кун, бутун бир халқ йиғин ўтказиши мантиққа мос эмас. Дейлик, ёзда, кузда ёки ҳафтанинг дуч келгани кунида истаган киши дарвешу қаландарларнинг кўнглини олиши мумкин.
Иккинчидан, дарвешона садақа ёхуд закот тарқатиладиган маросим эмас. Бу ҳосилу чорванинг маъбудлари шарафига уюштириладиган удум. Юқорида келтирилган оқсоқолнинг “Занги боваларга, ҳосил пирларига, ўтган жамики мўмин-мусулмонлар ҳаққига тиловат қилинг” деган сўровини синчиклаб таҳлил қилсак, ишимиз осонлашади. Жумладаги Занги бова – Чорва маъбудининг шартли номи, Ҳосил пирининг исми умуман унутилган. Бизнингча, туркийлар Наврўзидан олдин ўтказиладиган муҳим тадбирлардан бири “Дарвешона” бўлган. Шу куни одамлар йиғилиб, улуғ тангри ва маъбудлар шарафига қурбонликлар келтириб, келгуси йилнинг қутли-омадли келишини сўрашган. Маросимнинг ихчамлаштириб баён қилинган ҳолатидан аёнки, нуронийлар бежизга дарвешонада йилни таъбир қилмаяпти.
Учинчидан, тиловатни оқсоқолнинг кўрсатмаси билан эшонбобо қилаяпти, илтижони мўйсафиднинг ўзи амалга ошираяпти. Мазкур лавҳа аждодларимизнинг минг йиллар бурунги ижтимоий ҳолатини зуҳур этади. Манбаларда Буюк турк ҳоқонлиги дини – тангричиликда ҳоқон йилда бир марта Кўк тангри шарафига қора қашқа отни бўғизлаб, қурбонлик келтириши, маросимда Бош коҳин ёрдам бериши ёзилган. Кушонлар ҳали буддавийликни қабул қилмаган кезларда кушоншоҳнинг ибодатида Бош коҳин доимо ёнида бўлганлигини ғарб муаррихлари қайд этган.
Тўртинчидан, маросим зоҳирида оташпарастликнинг ҳам излари бор.
Наврўзсиз тасаввурга сиғмайдиган сумалакнинг тайёрланишида ҳам туркийлар эътиқодига доир узиндиларни кўрамиз. Мисол учун кайвонилар сумалакка ҳар бир киши ният қилиб еттита тош солишни буюради. Айнан нега еттита, бешта ёки саккизта эмас?
Сумалакни тош иштирок этган бошқа марсимларга солиштирсак, масаланинг моҳиятини бироз ойдинлаштириб оламиз. Туркийларда тош билан боғлиқ удумлар кўп: масалан – Яда тоши!
Сумалак тошлари ва азада ўтказиладиган Такбиртоши ўртасида қандайдир узв бор. Такбиртошида такбирга кирган одам етти марта билган дуосини ўқиб, ҳар ўқиганида ўртадаги белбоққа биттадан – жами еттита тош ташлайди. Икки удум негизида қадим туркийнинг етти сони билан боғлиқ космогоник қарашлари жо бўлган.
Наврўз арафасидаги маросимлар кетма-кетлигида яна шу ҳолат аён бўлаётирки, бу ерда халқнинг фенологик календари иш кўрсатмоқда. Бу ҳақда фольклоршуонс олим Шомирза Турдимов: “Қуёш ҳаракати билан боғлиқ: кун ва тун (тун ва кун) тенг келувчи вақтлар, энг узун кун ва энг узоқ тун чегаралари, бу оралиқда ўтувчи анъанавий об-ҳаво ўзгаришларини билиш уларнинг кундалик, хўжалик, ижтимоий-сиёсий, диний ҳаётида муҳим роль ўйнаган. Аслида қуёш туркум мифлари ва мавсумий маросимлар моҳиятида ана шу жараёнлар ҳақидаги билим ва тажрибалар ҳам жамулжамдир… Қадим замонларда эса худди тун ва кун каби йил фаслларини ҳам иккига ажратиб қарашган. Бу тасаввурга кўра, ёз ва қишнинг ҳар бири ўн икки ой – йил давомида узлуксиз бир-бирига қоришган ҳолда ҳаракат қилади, деб англанган. Уларнинг ўзаро муносабати эса қуёшнинг муқаддас қўрутлардаги ҳолатига боғлиқ ҳолда талқин этилган”, – деб ёзади ва – “Халқ ўзининг фенелогик календаридаги асосий нуқталарни қўрут деб номлаган” , – дея фенелогик календарнинг таянч нуқтасини изоҳлаб беради.
Ҳақиқатдан ҳам олимнинг туркийлар йил ҳисоби борасидаги гепотезаси асл ҳақиқатдан улгу беради. Бинобарин, минг йиллар нарида яшаган Юсуф Хос Ҳожиб юртоғаси Табғач Буғрахоннинг салтанат тепасига келишини баҳорга ўхшатиб, кўкламнинг киришини:
Йашиық йанды болғай йана орныка
Балық кудруқындын қози бурныка
Изоҳи:
Қуёш қайтди, яна келиб ўрнига,
Балиқ қуйруғидан қўзи бурнига –
деб таърифлайди. Байтда янги даврнинг (шартли равишда Табғач Буғрахоннинг порлоқ замони – А. С) баҳорда – қуёшнинг Балиқ қуйруғи (Ҳут буржи) дан Қўзи бурни (Ҳамал буржи) га кўчганида бошланиши диққатни тортади! Бу эса, ўтмишда туркийлар Наврўзи бўлганлигини, байрам тафсилотлари очиқ ёзилмаса-да, ижтимоий воқеалар шарҳида қайд этилганлигини билдиради.
Шунингдек, “Қутадғу билиг”да етти сайёра “Секантир – Зуҳал, Ўнгай (ёки Қорақуш) – Муштарий, Кўруд – Миррих, Яшиқ – Шамс (ёки Қуёш), Савит – Ноҳид, Зуҳра, Орзу – Уторуд, Ялчиқ – Ой” тарзида, ўн икки бурж “Қўзи – Ҳамал, Уд – Савр, Эрандиз – Жавзо, Қучиқ – Саратон, Арслон – Асад, Буғдойбоши – Сунбула, Улгу – Мезон, Чазан (ёки Чаён) – Ақраб, Ёй – Қавс, Ўғлақ – Жадий, Кўнак – Далв, Балиқ – Ҳут” шаклида туркий тилда берилган.
Бизнингча, Ш. Турдимов халқ таомилидан олган қўрут атамаси ва Кўруд – Миррих сайёраси номида халқимизнинг қадимий космогоник тасаввурлари узиндиси бор.
Аксарият дунё таниган олимлар Наврўз ҳақида ёзар экан, форслар гипотезасидан боради. Яъни, Жамшиднинг тахтга ўтиришидан “янги кун” бошланди ёки Наврўз удум бўлди дейдилар. Ваҳоланки, Абулқосим Фирдавсий Жамшиднинг кибрга берилиб мағлуб бўлганлигини:
Жамшиддан юзини ўгирди бахти,
Чора йўқ, қўлидан чиқмоқда тахти.
Чекинди, Заҳҳокка қолди тож-кўлоҳ,
Улуғлик, шон-шавкат, хазина, сипоҳ –
дея қаламга олса, Умар Ҳайём: “Подшоҳлигига тўрт юз йилдан кўпроқ вақт ўтгач, дев билан ошно бўлди, дев эса унинг дилида дунёга ҳирс уйғотди, ишқилиб ҳеч ким дунёга ҳирс қўймасин! – мағрурланиб кетди ва адолатсизлик ҳамда шуҳратга берилиб, бойлик тўплай бошлади, одамлар азоб чека бошладилар… Шунда подшоҳликнинг бир бурчагидан Заҳҳок деб аталган Баюрасп чиқди ва уни тор-мор қилди” , деб изоҳлайди. Кўриниб турибдики, Наврўзга тарихбоши қилиб олинган воқеалар силсиласи қусурдан ҳоли эмас. Шу ўринда афсонавий Жамшид воқеасини қомусий олим Абу Райҳон Берунийнинг илмий ҳақиқатларига таққосласак, масалани ойдинлаштириб оламиз. Муаррих турли халқлар тарихлари боши, уларнинг белгиланиши, танланиши хусусида сўз юритар экан, арабча ҳижрий йилни шундай воқе қилади: “Нима учун тарих боши ҳижратдан белгиланиб, пайғамбарнинг туғилиши, унга пайғамбарлик мартабасининг келиши ёки унинг вафотидан белгиланмаган?.. Ҳижратни қабул этишларига сабаб шуки, Муҳаммаднинг туғилган ва унга пайғамбарлик мартабаси келган вақтлар ҳақида шу қадар ихтилоф юз берганки, ихтилоф бўлиши лозим бўлган нарсани тарихга асос қилиш мумкин эмас… Пайғамбарнинг вафот вақти эса, гарчи у маълум бўлса ҳам, бир пайғамбарнинг ўлган вақтидан ёки бир подшоҳнинг ҳалок бўлган вақтидан тарих олиш ёқимли иш эмас… Пайғамбарнинг ҳижрат қилиб, Мадинага етиб борган вақти жуда аниқ, шак-шубҳадан энг узоқ вақт эди. Бу душанба куни раби ал-аввалдан саккиз кеча ўтганда воқе бўлган эди, йил боши пайшанба кунига тўғри келди”.
Демак, айрим олимлар ёзганидек, эронилар Наврўзининг тарихбоши воқеалари Беруний таъкидлагани каби йил оладиган, умумхалқ сайлига андоза қиладиган ихтилофсиз ҳодиса эмас. Боиси, Жамшид замонидаги безавол ҳаёт кўнглига дев раҳна солгунича давом этган. Кейинчалик чарх тескари кетгач, разил ҳукмдорга айланиб Заҳҳокка енгилган. Бошқача айтганда, “Янги йил” барҳам топган.
Дарвоқе, форсий Наврўз истилоҳида мантиқий сакталик бор: нав – янги, рўз – кун – Янги кун атамасининг кенг қамровдаги маъно муносабати “Янги йил” моҳиятини атама сифатида тўлақонли очиб бера олмайди. Истилоҳ сайилга, байрам кунига нисбатан терминлик хусусиятини кўрсатади халос.
Шу маънода Йилбоши термини ҳар жиҳатдан тўкисдир.
Туркий ва форсийни сувдек сипқорган Алишер Навоий бобомиз ғоятда топиб айтган:
Ҳар тунинг қадр ўлубон, ҳар кунинг ўлсун наврўз.
Яъники, ҳар тунинг қадр кечаси каби, ҳар кунининг наврўз (байрами) дек бўлсин.
Хуллас
Тонг отиб, қуёш ҳамал буржига ўтганида тун қисқариб, кун узоқлашади. Деҳқону чорвадор тирикчилик ташвишлари билан ўру қирга отланади. Ғўбдинтоғнинг қўнғирсалқин қияламаларидан бирида Олим чўпон қишлоқ сурувини саноқдан ўтказиб, чоракорига бақиради:
– Раҳматилла олдини қайириб тур! Холбўта ака қўй ҳайдаб келаяпти, етиб олсин.
Кунботардаги яна бир сайҳонликда Сайфулла ака ва Искандар подачи чорванинг узун сонини билиб, Арпали томонга йўл солади. Қишдан базўр чиққан соғин сигирлар тепаликларга бир-бир қадам ташлаб, тебраниб-тебраниб ўрлайди. Ҳурпайиб кетган увада жунлари кўкламнинг илк шабадасида ҳилпираб ўйнайди.
Одамлар чорвасини топшириб, бехавотир ташвишлар гирдобига шўнғиб кетади.
Олис ангарларда гургурлаган тракторнинг, ғимирлаган одамларнинг қораси кўзга ташланади.
Асрларни қаритган Йилбоши ҳар йили ана шундай, шавқли ва фараҳбахш давом этади.
Anvar Suyunov
ASRLARNI QARITGAN YILBOSHI
Ocherk
Anvar Suyunov 1983 yilning 29 aprelida Samarqand viloyatining Bulung’ur tumanida, Eshmonto’p qishlog’ida tug’ilgan. O’zbekiston davlat jahon tillari universitetining xalqaro jurnalistika fakul`tetini bitirgan. Gazeta va jurnallarda, televidenieda ishlagan. Maktabning o’n birinchi sinfida o’qib yurgandayoq “Qushlarga to’la osmon” nomli she’riy to’plami nashr etilgan. O’zining yozishicha, keyinchalik negadir she’r yozishga qiziqishi susayib ketgan va hikoya mashq qila boshlagan. «Nazarimda, proza kengroqday» deb ta’kidlaydi u.
Mazkur ocherk bilan birga yo’llagan maktubida yozishicha:» “Asrlarni qaritgan Yilboshi” ga kelsak, Yilboshini tushunishga, his qilishga, Yilboshi atrofidagi har bir marosim tiynatiga sersolib yozishga urindim. Chunki, chet el olimlari ham, o’zimiznikilar ham Navro’z haqida yoza turib, uning tub ildizini forslarning afsonaviy shohi Jamshidga bog’laydilar. Menimcha, bunday emas! Shuni asoslashga harakat qildim.»
Quyosh hisobi bilan belgilanadigan Yangi yil eronilarda Navro’z deyiladi. Turkiylar Yilboshi deb atagan. Har ikki istiloh ana shu xalqlarning tiynatini ochadi. Binobarin, marosimlar negizida ko’pming yillik qadriyatlar, urf-odatlar, umuman mifologik tasavvurlardan bemisl taraqqiyot izlarigacha jam bo’lgan.
Agar xalqshunoslik ilmi taomili bo’yicha mushohada yuritsak, muddaoga yetishuvimiz oson kechadi.
Biroq…
Yilboshigo’ja
Ko’hna G’o’bdintog’ning adirlari oralab joylashgan qishloqda tong bo’zarib keladi. Odamlar qizarib kelayotgan shafaqning holatiga muvofiq sekin-asta tirikchilik tashvishlariga cho’madi: kimdir tandiriga o’tin qalaydi, birov tagi ko’rinib qolgan ombordan to’rt hovuch arpa olib qo’toniga yuradi, boshqasi bir tutam jo’xoripoyani uch bosh govmishning oxuriga titqilab sochadi.
Oftob Baxmaltog’ning qorli cho’qqilaridan yarim quloch ko’tarilganda qibla tomondagi qirga saman otliq o’rlaydi. Qirning boshiga chiqqanida tonggi rutubatni kesib uning tovushi yangraydi:
– Ertaga choshgohda Burhon maxsumning betkayligida yilboshigo’jaga!
Xitob to’rt-besh marotaba takrorlanadi. So’ng otliq jilovni salqi tashlab, keyingi qirni mo’ljallab pastga enadi.
– Nima dedi? – etakdagi hovlida oftoba ko’targan chol o’g’liga yuzlanadi.
– Ertaga choshgohda yilboshigo’ja ekan, shuni aytdi – o’g’li qiy ortilgan g’altakni sudrab og’il ortiga o’tib ketadi.
Olis-olislardan aytuvchining elas-elas ovozi eshitiladi:
– Yilboshigo’jaga!
Yilboshigo’ja…
Yilboshi…
Yilboshigo’ja dasht o’zbeklari an’anasi. U yangi yil kirishdan to’rt-besh kun avval, o’n-o’n beshinchi mart atroflarida o’tkaziladi. Bunda yoshu qari, xotin-xalaj birdek ishtirok etadi. Faqat erkaklar va ayollar davrasi alohida-alohida bo’ladi. Marosimda hech qanday taom pishirilmaydi. Har kim uyida qurbi yetgan yeguligini tayyorlab chiqadi: kimdir bir tovoq osh, kimdir to’rt qasqon manti, yana kimdir bir kosa yovg’onsho’rva. Ovqatning tortilishi ham g’alati: tovoqlar o’ng tarafdan aylanadi. Har kim bir cho’qimdan, suyug’i bo’lsa bir qoshiqdan olib chap tarafga, so’ng ayollarga o’tkazib yuboriladi. Qizig’i, ayni shu kuni elning ichidan pishgan sinchillari ham yemakning yog’li-yog’sizligiga qaramaydi. Odamlar bir-biri bilan apoq-chapoq, xuddi bolalardek munosabatda bo’ladi. Davradan kulgu va latifa arimaydi, qiz-juvonlar doira olib, lapar aytadi. Shunday kezda yig’inni oqsoqolning og’ir-vazmin
ovozi kesadi:
– Xo’-o’sh! Shunday qilib, bu yil podani kimga beramiz, otarga kimni qo’yamiz?
Bahs uzoq vaqt, kelishuv pishmagunicha davom etadi. Alalxusus, maydonda uch kishining nomzodi ko’rsatiladi: podaga – Iskandar deganing, suruvga – Olim cho’pon va Rahmatilla deganning.
Shu payt poygada o’tirgan qoramag’iz, qisiqko’z kishi gap tashlaydi:
– Qishi bilan Sayfulla aka xotini betob bo’lib, do’xtirma-do’xtir yugurdi. Akani ham podaga sherik qilsakmikan?.
– Aliqul polvon to’g’ri aytdi, – majlis orasidan shu kabi ma’qullovlar eshitildi – Sayfulla akani mehnat bosgani rost, bir-ikki yildan beri ishsiz yuruvdi, yordam bo’larmidi…
Shu ko’yi davra ahli ertaga o’tkaziladigan darveshonaga pul yig’adi, keyingi kungi ko’pkarining solimlarini hal qiladi, Navro’zga sayiljoyi belgilaydi.
Kun peshinga oqqunicha latifayu lapar aytishib, mutoyibayu hazil qilishib o’tiradi.
Keksalar ertaroq qo’zg’oladi.
Bir pas o’tib betkaylik huvillab qoladi.
Darveshona
Yulduzlarning tusi o’chib, qush qimirlab qolganda Burhon maxsumning betkayligida besh-oltita qora g’imirlaydi. Ular darveshonaga atalgan qo’chqorni bo’g’izlab, yero’choq qazib, o’tin qalash tadorigiga kirishgan. Hayal o’tmay bomdodni tugatib chiqqan to’rt-besh nuroniy keladi. Mo’ysafidlar allaqanday ko’rsatmalar berib, qo’shni qishloqqa otlanadi. U yerda qandaydir ma’raka bor; ko’rinib qo’yishlari kerak. Avvaliga shu atrofdagilar, keyin esa, butun qishloq yig’iladi: birov o’tin tashiydi, yana birov sabzi-piyoz archiydi, bir gala bo’z yigitlar tevarakdagi hovlilardan to’shanchi va kosa-tovoq yig’ib chiqadi. Oftob nayza bo’yi ko’tarilganda yero’choqdan achimsiq tutun aralash qaynatmaning ishtahaochar hidi taraladi. Bulkillab qaynayotgan sho’rva yuzida qalqib yurgan qo’y quyrug’iyu mushtday-mushtday sholg’omlarga ko’pchilikning tomog’i tushadi. Har kim o’z ishi bilan bo’lib, ishtahasini sezdirmaslikka harakat qiladi.
Qozonning qaynovi qiyomiga yetaverganda ma’rakalab qaytgan mo’ysafidlarning qorasi ko’rinadi. Yoshlar
teparoqqa to’shanchi tashlab, dasturxon tuzaydi. Milt-milt bug’ ko’tarayotgan samovarning olovini kuchaytiradi. Uch-to’rttasi Burhon maxsumnikidan qolgan bozorliklarni yelkalab chiqadi. Nuroniylar chordana qurib, gap-gap bilan choy simira boshlaydi. Qaynatma suziladigan pallada oqsoqol eshonboboga yuzlanadi:
– Qani, to’ram! Tomoqning avvalida Zangi bovalarga, hosil pirlariga, o’tgan jamiki mo’min-musulmonlar haqqiga tilovat
qiling!
Oqsoqolning yonida o’tirgan o’rta yoshli kishi mayin va shirali ovozda Qur’on tilovatiga kirishadi. U sur’alarni uzoq vaqt, chamasi o’n besh daqiqalar o’qiydi. Qiroati nihoyalaganda tovushini tushirib, davraboshi tomonga qiya qaraydi. Nuroniy olqishni oxiriga yetkazadi:
– Ilohi omin! Yaratgan egam bu yil ekin-tikinlarimizga baraka bersin, chorvamiz o’rjisin. To’rt ko’z tugallikni, zamonimiz tinchligini, ishlarimizning rivojini bersin. Kelayotgan yili ham turli-tuman raddi-balolardan xudoning o’zi saqlasin, yilboshida qilayotgan xayru ehsonimizni dargohida qabul qilsin!
To’planganlar birvarkayiga “Omin, ollohu akbar!” deb yuziga fotiha tortadi. So’ng o’choqboshidagi yosh-yalanglar hil-hil bug’ taratayotgan kosalarni qo’lma-qo’l o’tkaza boshlaydi.
Ahli yig’in bir pas so’zsiz qolib, taom tanovuliga kirishadi.
Kosalar yig’ilganidan so’ng, samovar tarafdan choynaklar “karvoni” tizilib kela boshlaydi. Keksalar o’zlarini erkin tashlab; yonboshlab, yostiqqa suyanib, oyoq uzatib gurungga kirishadi. Bu yerda zamona zayli, kelayotgan yilning avzoyi, dehqonu chorvadorning ertasi muhokama bo’ladi. Chollar oqtus qoshlari ostiga cho’kib ketgan ko’zlarini tubsiz falakka, qorli cho’qqilarga qadab yangi yilni ta’birlab beradi. Murti sabza ura boshlagan o’sprinlar xuddi ertak eshitayotgan boladek unsiz tinglaydi. Kelgusi yil qaysidir ma’noda mana shu davradan bo’y ko’rsatadi.
– Xo’-o’p, darveshonaga qancha g’alla yig’ildi?
Oqsoqolning tuyqus so’rovidan davradagilar shoshib qoldi. O’rtaroqda o’tirgan shop mo’ylov kishi poygaga qaradi:
– Donoboy, g’alla nechi xalta edi?
O’choqboshida suyak kemirayotgan yigit:
– O’n to’rt kandir! – deya javob qaytardi-yu tomog’iga go’sht yugurib yo’tal tutdi.
Jamoa biroz muhokamadan so’ng darveshonaga yig’ilgan donni rasomadi bilan qo’li kalta, turmushi og’irlarga bo’lishib chiqdi. Yana ikki xalta ortib qolib, bir muddat tortishuv bo’ldi. Uch-to’rt kishi “Ashur rahmatlining bevasiga berish kerak”, degan fikrda qat’iy turib oldi. Anchadan beri sukut saqlagan oqsoqol:
– Ashurning bolalari endi suyovga muhtoj emas, barisi davangirday-davangirday yigit bo’lgan, – dediyu maydon suv sepgandek tinchidi.
– Bu yil qabristonning masjidini suvamasak bo’lmaydi, – oqsoqolning ketidan tortinibroq gap boshladi eshonbobo – Qibla tomonini yomg’ir yuvib ketgan. Shu ikki qop bug’doyni bersak, manov bolalardan ikki-uchtasi zimmasiga olsa.
Taklif barchaga ma’qul keldi.
Muhokama intiho topgach, davraboshi dasturxonga omin aytdi.
Yoshlar to’shanchilarni yig’ishga tushdi.
Ko’pkari
Darveshonadan so’ng etakdagi sayhonlikka qur tikildi. Atrofga qo’shni elatlardan chavandozu ishqibozlar yig’iladi. Poyu piyodaning boshi-keti ko’rinmaydi. Oqsoqollar qurdan joy olib, bakovul tayin qiladi.
Bahorning iliq kunlaridan darak berayotgan lahzalarda otlar suvliq g’ajib, polvonlar qamchi o’ynatib takaning tashlanishini ilhaq kutadilar. Tulporlar pishqirib, zarda bilan kishnaydi. Mangulikka dahldor o’kiriklari bepoyon adirlarni tutib ketadi. Bilakdor azamatlar yuganni tarang tortib, arg’umoqlarining bo’yniga shapatlab qo’yadi. Havasmand bolalar polvonlarning har bir harakatini sinchiklab kuzatib turadi. Ba’zilari hovirbosdi uchun olis kengliklarni ko’zlab jilov bo’shatadi: otlar bamisoli burgutdek erta ko’klamning muzday epkinini kesib boradi. Boshqalari to’da-to’da bo’lib, egar ustida hazilu mutoyiba bilan o’tgan sarguzashtlardan gap suradi.
– Ho-ov, polvonman deganing beri kel, so’zimni eshit! – Qur tomondan bakovulning guldurak ovozi yangraydi – Bugun Navro’zning ko’pkarisi, qonun-qoidani yana bir eslataman: chilvir solmaysan, uzangibovga o’ramaysan, qo’shjilov qilmaysan, dangal va halol tashlaysan. Mabodo, g’irromingni ko’rsam yoki birov ta’na qilsa, mendan solim ololmaysan. El ichida sharmanda qilib, bir umrlik isnodga qo’yaman. Yana bir bor aytay, bu – bir kishining ko’pkarisimas, bu – ko’pniki! Qani, taqiming mustahkam, bilaging baquvvat bo’lsa, oting uchar qushni olsa, solimning zo’ri seniki!
Maydonga oq taka tashlandi, bo’z otli o’spirin taqimiga olib, soyning u boshiga quyundek uchib ketadi. Chamasi, uch yuz qadamda uloqni tashlab o’tadi. Bakovul tag’in tomoq qirib, solim egalarini tanishtiradi:
– Ho’-o’v, birodarlar! Bugungi Eshmonto’bning uloq sayiliga Ergash hoji – bir tana, Aliqul polvon – bir qo’y-bir serka, Oqmurod domla, Barot bug’altir, Jamol fermer, Qo’ziboy tegirmonchi, Yusuf do’konchi – bir qo’ydan, Rabbimboy, usta G’iyos, Omon domla, Hamza molduxtir – bir echkidan… atagan.
Bakovul solim tikkanlarni nomma-nom sanadi. Hatto, bir juft kalish qo’ygan Isomiddin otli o’spirinni shunday tilga oldi:
– Rahmatli Rahmatilla chilangarning o’g’li Isomiddin ukamiz o’g’illi bo’lgan ekan, ertangi kunda men ham ko’pkari berayin, deb bir juft kalish qo’yibdi solimga. Qani, piru badavlat otalarimiz shu yigitni ham bir duo qilsin, iloyo niyatiga yetib, katta ko’pkarilar bersin!
Maydon duoga qo’l ochdi, yuzlab odamlar fotiha tortdi. Bakovul davom etdi:
– Ana shu ketgan oq takaga – bir gilam, qiziliga – bir serka-ellik ming pul!
Qizil takani taqimiga bosib, to’riq otli qamchi berdi.
Uloq qizigandan-qizidi. Mavsumning so’nggi ko’pkarisi edi, shu boisdanmi, polvonlar solimning katta-kichigiga qaramasdan zarda bilan chopdilar. Sha’n va g’alaba uchun tortishdilar. Asov tulporlar jiqqa terga botsa-da, to’dadan beiz qaytmaslikka tirishdi. Qamchilar havoladi, otlar o’kirdi, chavandozlar imkon qadar takani qo’ldan qo’ymaslikka harakat qildi.
Shafaq qizarib, kech tushguncha olag’ovur tinmadi.
Sayil
Yigirma birinchi mart.
Yilboshigo’jada kelishilganidek, el maktab hovlisiga to’planib, bayram uyushtirdi. Norg’ul yigitlar kurash tushib, tosh ko’tarib, quvnoq bolakaylar arqon tortishib bahs boyladilar. Qizlar “Oq terakmi, ko’k terak” da kim chaqqon ekanligini isbot qildi. Attoru qandolatchi, somsachi-yu kabobpazlar bisotini yoyib, ko’chma yemakxonalar qurib, bozorjoy tashkil etdi. Savdo avjiga chiqib, hushtagu saqich vajidan xarxasha qilgan bolachalar dadalarining hamyonini bo’shatishdi.
Ba’zi ishqibozlar kunbotardagi futbol maydonida xo’roz cho’qishtirib, qo’chqor urishtirdi. Yutganlar yuziga tabassum surib, bir-biriga maqtansa, yuttirganlarning alami ichida qoldi. Qiziq, yana shunday talabgor-ishqibozlar ham bor ediki, xo’rozning yutganiga emas, yaxshi jang qiladiganiga pul tikadigan…
Qayoqdandir paydo bo’lgan dorbozlar dor tikib, arg’amchi ustida umbaloq oshib chunonam o’yin ko’rsatdiki, ayollar ichini tortib, ko’zlarini chirt yumib oldi. Yuziga turli-tuman bo’yoq chaplab olgan masxaraboz shlyapasidan kaptar uchirib, kichkinalarni hayratlantirdi.
Uyda qolgan kayvoni momolar nish urgan bug’doyni ezg’ilab, mayda bolalar tosh terib, sumalak tadorigini boshlaydi.
Birin-ketin sayildan qaytgan yigitlar o’tin yorib, o’choqqa bel bog’ladi. Shuning bilan kunduzgi bayram sumalak sayliga ulanib ketdi. Hayaldan so’ng kattakon qozon tagida olov lovullab, qiz-juvonlar yallayu laparni boshlab yubordi…
Yulduzlari jimir-jimir qilayotgan ko’klamning top-toza osmonida iliq va namxush havo suzadi. Tanga rohat beradigan bu epkin sumalakchilarni charchoqdan forig’ etib, ko’ngillarga ajib bir mayinlik soladi. Doira avjiga chiqib, yallaning sho’xchan sadosi qorong’ulik qa’riga singib ketadi. Diqqinafas qishdan zerikib chiqqan odamlar bir-birlari bilan chaqchaqlashib hangoma qiladi. Kamshik qizchalar bobolarining tizzasiga o’tirib olib, biri olib-biri qo’yib she’r aytadi. Bobolari ukpardek nozik betlaridan o’pib, qo’ng’iroq sochlarini silab qo’yadi…
Tong tunni mahv etib, subhidam quloch yoyganda sumalak yetiladi.
Keksa G’o’bdintog’ adirlarida Yilboshining tarovati kezadi.
“Quyosh qaytdi, yana…”
Insoniyat tarixni belgilab, o’tmish bilan hisoblashgan kundan boshlab ota-bobolarimiz Yilboshini shunday nishonlashgan. Agar yuqoridagi marosim va udumlarning botiniga ser solsak, faqat turkiylarga xos ekanligiga amin bo’lamiz.
Yilboshi sof turkiy termin bo’lib, ko’hna yil – yil va bash – bosh so’zlaridan yasalgan. Ajdodlarimiz Yangi yil nomining og’zaki ifodasida mazkur birikmadan foydalanishgan. Boshqacha aytganda, nomning o’ziyoq qadimdan o’z Navro’zimiz bo’lganligidan dalolat berib turibdi. Ikkinchidan, yilboshigo’ja, darveshona, ko’pkari kabi udumlar boshqa xalqlarda yo’q hisobi. Deylik, uloq Afg’onistonning shimolida bor, lekin bu o’yin afg’on tuprog’iga turkiylar bilan birga borganligi aniq. Chunki, ular ko’pkarini “Bo’zkashi” deydi. “Bo’z”ning o’zbekchasi “taka” degani. Bunday tarjimalar tarix puchmoqlaridan ko’plab topiladi. Masalan, Surxondaryodagi Bo’zg’ala darasi o’tmishda Turon va Eron o’rtasidagi chegara o’tagi bo’lib, turkiylar Temir qapig’ (Temir darvoza), eronilar Darai bo’zg’ala (Taka yo’li) tarzida nomlagan. Boshqa bir jihati, uloq sovuq iqlimga xos ot o’yini. Bizda qish bo’yi bo’lib o’tishiga e’tibor bering! Nisbatan issiq o’lka hisoblangan forslar zaminida otning tanasi ko’pkarini ko’tarmaydi.
Tiynati turkiylar xarakteridan nishona berib turgan darveshonaning faqat nomi forschadir. Bunga bir nechta asoslarimiz mavjud.
Birinchidan, darveshonaning qadimiyatdagi darveshlarga dohilligi yo’q. Mohiyatan gadoyu qalandarlarni yo’qlash uchun aynan bir kun, butun bir xalq yig’in o’tkazishi mantiqqa mos emas. Deylik, yozda, kuzda yoki haftaning duch kelgani kunida istagan kishi darveshu qalandarlarning ko’nglini olishi mumkin.
Ikkinchidan, darveshona sadaqa yoxud zakot tarqatiladigan marosim emas. Bu hosilu chorvaning ma’budlari sharafiga uyushtiriladigan udum. Yuqorida keltirilgan oqsoqolning “Zangi bovalarga, hosil pirlariga, o’tgan jamiki mo’min-musulmonlar haqqiga tilovat qiling” degan so’rovini sinchiklab tahlil qilsak, ishimiz osonlashadi. Jumladagi Zangi bova – Chorva ma’budining shartli nomi, Hosil pirining ismi umuman unutilgan. Bizningcha, turkiylar Navro’zidan oldin o’tkaziladigan muhim tadbirlardan biri “Darveshona” bo’lgan. Shu kuni odamlar yig’ilib, ulug’ tangri va ma’budlar sharafiga qurbonliklar keltirib, kelgusi yilning qutli-omadli kelishini so’rashgan. Marosimning ixchamlashtirib bayon qilingan holatidan ayonki, nuroniylar bejizga darveshonada yilni ta’bir qilmayapti.
Uchinchidan, tilovatni oqsoqolning ko’rsatmasi bilan eshonbobo qilayapti, iltijoni mo’ysafidning o’zi
amalga oshirayapti. Mazkur lavha ajdodlarimizning ming yillar burungi ijtimoiy holatini zuhur etadi. Manbalarda Buyuk turk hoqonligi dini – tangrichilikda hoqon yilda bir marta Ko’k tangri sharafiga qora qashqa otni bo’g’izlab, qurbonlik keltirishi, marosimda Bosh kohin yordam berishi yozilgan. Kushonlar hali buddaviylikni qabul qilmagan kezlarda kushonshohning ibodatida Bosh kohin doimo yonida bo’lganligini g’arb muarrixlari qayd etgan.
To’rtinchidan, marosim zohirida otashparastlikning ham izlari bor.
Navro’zsiz tasavvurga sig’maydigan sumalakning tayyorlanishida ham turkiylar e’tiqodiga doir uzindilarni ko’ramiz. Misol uchun kayvonilar sumalakka har bir kishi niyat qilib yettita tosh solishni buyuradi. Aynan nega yettita, beshta yoki sakkizta emas?
Sumalakni tosh ishtirok etgan boshqa marsimlarga solishtirsak, masalaning mohiyatini biroz oydinlashtirib olamiz. Turkiylarda tosh bilan bog’liq udumlar ko’p: masalan – Yada toshi!
Sumalak toshlari va azada o’tkaziladigan Takbirtoshi o’rtasida qandaydir uzv bor. Takbirtoshida takbirga kirgan odam yetti marta bilgan duosini o’qib, har o’qiganida o’rtadagi belboqqa bittadan – jami yettita tosh tashlaydi. Ikki udum negizida qadim turkiyning yetti soni bilan bog’liq kosmogonik qarashlari jo bo’lgan.
Navro’z arafasidagi marosimlar ketma-ketligida yana shu holat ayon bo’layotirki, bu yerda xalqning fenologik kalendari ish ko’rsatmoqda. Bu haqda fol`klorshuons olim Shomirza Turdimov: “Quyosh harakati bilan bog’liq: kun va tun (tun va kun) teng keluvchi vaqtlar, eng uzun kun va eng uzoq tun chegaralari, bu oraliqda o’tuvchi an’anaviy ob-havo o’zgarishlarini bilish ularning kundalik, xo’jalik, ijtimoiy-siyosiy, diniy hayotida muhim rol` o’ynagan. Aslida quyosh turkum miflari va mavsumiy marosimlar mohiyatida ana shu jarayonlar haqidagi bilim va tajribalar ham jamuljamdir… Qadim zamonlarda esa xuddi tun va kun kabi yil fasllarini ham ikkiga ajratib qarashgan. Bu tasavvurga ko’ra, yoz va qishning har biri o’n ikki oy – yil davomida uzluksiz bir-biriga qorishgan holda harakat qiladi, deb anglangan. Ularning o’zaro munosabati esa quyoshning muqaddas qo’rutlardagi holatiga bog’liq holda talqin etilgan”, – deb yozadi va – “Xalq o’zining fenelogik kalendaridagi asosiy nuqtalarni qo’rut deb nomlagan” , – deya fenelogik kalendarning tayanch nuqtasini izohlab beradi.
Haqiqatdan ham olimning turkiylar yil hisobi borasidagi gepotezasi asl haqiqatdan ulgu beradi. Binobarin, ming yillar narida yashagan Yusuf Xos Hojib yurtog’asi Tabg’ach Bug’raxonning saltanat tepasiga kelishini bahorga o’xshatib, ko’klamning kirishini:
Yashiiq yandi bolg’ay yana ornika
Baliq kudruqindin qozi burnika
Izohi:
Quyosh qaytdi, yana kelib o’rniga,
Baliq quyrug’idan qo’zi burniga –
deb ta’riflaydi. Baytda yangi davrning (shartli ravishda Tabg’ach Bug’raxonning porloq zamoni – A. S) bahorda – quyoshning Baliq quyrug’i (Hut burji) dan Qo’zi burni (Hamal burji) ga ko’chganida boshlanishi diqqatni tortadi! Bu esa, o’tmishda turkiylar Navro’zi bo’lganligini, bayram tafsilotlari ochiq yozilmasa-da, ijtimoiy voqealar sharhida qayd etilganligini bildiradi.
Shuningdek, “Qutadg’u bilig”da yetti sayyora “Sekantir – Zuhal, O’ngay (yoki Qoraqush) – Mushtariy, Ko’rud – Mirrix, Yashiq – Shams (yoki Quyosh), Savit – Nohid, Zuhra, Orzu – Utorud, Yalchiq – Oy” tarzida, o’n ikki burj “Qo’zi – Hamal, Ud – Savr, Erandiz – Javzo, Quchiq – Saraton, Arslon – Asad, Bug’doyboshi – Sunbula, Ulgu – Mezon, Chazan (yoki Chayon) – Aqrab, Yoy – Qavs, O’g’laq – Jadiy, Ko’nak – Dalv, Baliq – Hut” shaklida turkiy tilda berilgan.
Bizningcha, SH. Turdimov xalq taomilidan olgan qo’rut atamasi va Ko’rud – Mirrix sayyorasi nomida xalqimizning qadimiy kosmogonik tasavvurlari uzindisi bor.
Aksariyat dunyo tanigan olimlar Navro’z haqida yozar ekan, forslar gipotezasidan boradi. Ya’ni, Jamshidning taxtga o’tirishidan “yangi kun” boshlandi yoki Navro’z udum bo’ldi deydilar. Vaholanki, Abulqosim Firdavsiy Jamshidning kibrga berilib mag’lub bo’lganligini:
Jamshiddan yuzini o’girdi baxti,
Chora yo’q, qo’lidan chiqmoqda taxti.
Chekindi, Zahhokka qoldi toj-ko’loh,
Ulug’lik, shon-shavkat, xazina, sipoh –
deya qalamga olsa, Umar Hayyom: “Podshohligiga to’rt yuz yildan ko’proq vaqt o’tgach, dev bilan oshno bo’ldi, dev esa uning dilida dunyoga hirs uyg’otdi, ishqilib hech kim dunyoga hirs qo’ymasin! – mag’rurlanib ketdi va adolatsizlik hamda shuhratga berilib, boylik to’play boshladi, odamlar azob cheka boshladilar… Shunda podshohlikning bir burchagidan Zahhok deb atalgan Bayurasp chiqdi va uni tor-mor qildi” , deb izohlaydi. Ko’rinib turibdiki, Navro’zga tarixboshi qilib olingan voqealar silsilasi qusurdan holi emas. Shu o’rinda afsonaviy Jamshid voqeasini qomusiy olim Abu Rayhon Beruniyning ilmiy haqiqatlariga taqqoslasak, masalani oydinlashtirib olamiz. Muarrix turli xalqlar tarixlari boshi, ularning belgilanishi, tanlanishi xususida so’z yuritar ekan, arabcha hijriy yilni shunday voqe qiladi: “Nima uchun tarix boshi hijratdan belgilanib, payg’ambarning tug’ilishi, unga payg’ambarlik martabasining kelishi yoki uning vafotidan belgilanmagan?.. Hijratni qabul etishlariga sabab shuki, Muhammadning tug’ilgan va unga payg’ambarlik martabasi kelgan vaqtlar haqida shu qadar ixtilof yuz berganki, ixtilof bo’lishi lozim bo’lgan narsani tarixga asos qilish mumkin emas… Payg’ambarning vafot vaqti esa, garchi u ma’lum bo’lsa ham, bir payg’ambarning o’lgan vaqtidan yoki bir podshohning halok bo’lgan vaqtidan tarix olish yoqimli ish emas… Payg’ambarning hijrat qilib, Madinaga yetib borgan vaqti juda aniq, shak-shubhadan eng uzoq vaqt edi. Bu dushanba kuni rabi al-avvaldan sakkiz kecha o’tganda voqe bo’lgan edi, yil boshi payshanba kuniga to’g’ri keldi”.
Demak, ayrim olimlar yozganidek, eronilar Navro’zining tarixboshi voqealari Beruniy ta’kidlagani kabi yil oladigan, umumxalq sayliga andoza qiladigan ixtilofsiz hodisa emas. Boisi, Jamshid zamonidagi bezavol hayot ko’ngliga dev rahna solgunicha davom etgan. Keyinchalik charx teskari ketgach, razil hukmdorga aylanib Zahhokka yengilgan. Boshqacha aytganda, “Yangi yil” barham topgan.
Darvoqe, forsiy Navro’z istilohida mantiqiy saktalik bor: nav – yangi, ro’z – kun – Yangi kun atamasining keng qamrovdagi ma’no munosabati “Yangi yil” mohiyatini atama sifatida to’laqonli ochib bera olmaydi. Istiloh sayilga, bayram kuniga nisbatan terminlik xususiyatini ko’rsatadi xalos.
Shu ma’noda Yilboshi termini har jihatdan to’kisdir.
Turkiy va forsiyni suvdek sipqorgan Alisher Navoiy bobomiz g’oyatda topib aytgan:
Har tuning qadr o’lubon, har kuning o’lsun navro’z.
Ya’niki, har tuning qadr kechasi kabi, har kunining navro’z (bayrami) dek bo’lsin.
Xullas
Tong otib, quyosh hamal burjiga o’tganida tun qisqarib, kun uzoqlashadi. Dehqonu chorvador tirikchilik tashvishlari bilan o’ru qirga otlanadi. G’o’bdintog’ning qo’ng’irsalqin qiyalamalaridan birida Olim cho’pon qishloq suruvini sanoqdan o’tkazib, chorakoriga baqiradi:
– Rahmatilla oldini qayirib tur! Xolbo’ta aka qo’y haydab kelayapti, yetib olsin.
Kunbotardagi yana bir sayhonlikda Sayfulla aka va Iskandar podachi chorvaning uzun sonini bilib, Arpali tomonga yo’l soladi. Qishdan bazo’r chiqqan sog’in sigirlar tepaliklarga bir-bir qadam tashlab, tebranib-tebranib o’rlaydi. Hurpayib ketgan uvada junlari ko’klamning ilk shabadasida hilpirab o’ynaydi.
Odamlar chorvasini topshirib, bexavotir tashvishlar girdobiga sho’ng’ib ketadi.
Olis angarlarda gurgurlagan traktorning, g’imirlagan odamlarning qorasi ko’zga tashlanadi.
Asrlarni qaritgan Yilboshi har yili ana shunday, shavqli va farahbaxsh davom etadi.