Foqif Sultonli. Kufiy xati

04…Кўзларини очганида, бироз муддат қаерда ётганини эслолмади. Охирги кунларда касаллик туфайли тез-тез ҳушини йўқотавериб, хотираси ҳам ўтмаслашиб қолганди. Девордаги соатнинг занг чалишидан, қариялар уйининг иккинчи қаватидаги хонасида, темир каравотга ётганини аранг англагач, ўрнидан қўзғалди.

Воқиф СУЛТОНЛИ
КУФИЙ ХАТИ


58Воқиф Султонли 1958 йил 26 мартда Озарбайжоннинг Курдемир туманидаги Шахсеван қишлоғида туғилган. Ўрта мактабдан кейин меҳнат фаолиятини туман электр тармоғида оддий ишчи сифатида бошлади. 1976-1981 Баку университетида тил ва адабиёт бўлимида таҳсил олди. 1984 йили «Озарбайжон драматургиясида характер проблемаси» мавзусида илмий ишини ёқлади. 1997 йили эса «Меҳмет Амин Расулзода ҳаёти ва адабий фаолияти» мавзусида докторлик ишини ҳимоя қилди. 1999 йилдан бошлаб Баку университетининг профессори.
Воқиф Султонлининг ўндан ортиқ бадиий ва ижтимоий-сиёсий мавзудаги китоблари нашр этилган. Адиб асарлари жаҳоннинг кўплаб тилларига таржима қилинган.


…Кўзларини очганида, бироз муддат қаерда ётганини эслолмади. Охирги кунларда касаллик туфайли тез-тез ҳушини йўқотавериб, хотираси ҳам ўтмаслашиб қолганди. Девордаги соатнинг занг чалишидан, қариялар уйининг иккинчи қаватидаги хонасида, темир каравотга ётганини аранг англагач, ўрнидан қўзғалди.

Касалликдан ҳолсизланган вужуди иситмадан ўт бўлиб ёнарди. Лаблари қуруқшаб, тили ҳам танглайига ёпишиб қолгандек эди. Титроқ қўллари билан шиша графин қопқоғини очди-да, ичида қолган бир неча қултум сувни ютоқиб ичди. Эшикни очиб, коридорга чиқиши билан димоғига гуп этиб, ўткир қўланса ис урилди. Доғ босган деразадан тушаётган қуёш нури қатор терилган инсон жасадларини ёритиб турарди.

Ўқчиб, бир қадам ортга тисарилди, мувозанатни йўқотмаслик учун деворга суянди. Дод солиб, кимнидир чақирмоқчи бўлди, аммо лаблари ёпишиб қолгандек эди. Пашша талаётган жасадлар оралаб, лифт томон юрди. Лекин қамалиб қолишдан қўрқиб, фикридан қайтди. Коридор охиридаги зинапоядан пастга тушди.

Пастки қаватдаги емакхонада ҳам ҳеч ким кўринмасди. Стол устидаги идиш-товоқлар ҳам ювуқсиз қолганди. Кириш эшиги қаршисидаги посбоннинг ҳужрасидан қизига телефон қилмоқчи бўлди. Аммо, рақамини эслолмай, гўшакни илиб, ташқари йўналди. Бино олдидаги боғча оралаб, шаҳар марказига элтувчи катта йўлга чиқди.

Дунё ҳувиллаб, ҳаёт тўхтаб қолгандек эди, гўё. Атрофда тирик жон кўринмасди. Қаёққа боришини билмасдан, йўл четидаги ранги ўчган эски ёғоч харракка ўтирди. Нималар рўй берганини эслашга уринди – аммо хотираси панд берди. Ҳолсизланиб, скамейка устига узанди-да, кўзларини юмди.

…Қаердандир пайдо бўлган ниқобли икки аскар уни замбилга солиб, “Тез ёрдам” машинасига ўтказаётганини пайқади. Қўли билан қариялар уйига имо қилиб, у ердаги даҳшатли манзараларни айтмоқчи бўлганида, юзига совуққонлик нуқси уриб қолган аскарлар бепарволик билан эшикни ёпиб, машинани юргизишди.

Кейин нималар бўлганини эслолмади. Кўзларини очганида, ўзини касалхона коридорида, темир каравот устида кўрди.

***

Коридор охирида кулранг деворда нималардир ёзилганди. Аммо, хиралашган кўзлари ёзувни ажратолмади. Битиклар у таниган алифбода эмасди, фақат устма-уст мингашиб кетган ҳарфлар битикнинг куфий хатида эканини кўрсатарди.

Палаталарда жой қолмагани учун каравоти касалхонанинг узун коридорида, навбатчи шифокорнинг столи билан ёнма-ён қўйилганди. Оёқ томонидан бошқа беморларнинг каравотлари девор бўйлаб терилганди.

Кеча-кундуз тинмайдиган оёқ товушлари зерикарли нақарот сингари асабни эговларди. Бу тарақ-туруққа дўхтирларнинг ҳаяжонли топшириқлари, беморларнинг ингроғи, йиғи ва нолалари қоришиб, ҳеч нарсани англашга имкон бермасди.

Шу қадар ҳолсизланган эдики, каравотда ўтиришга, бош кўтариб атрофга қарашга ҳам мажоли етмасди. Ҳар қанча уринмасин, ўтиб-қайтаётган шифокорлар, ҳамшираю санитарлар унга қайрилиб ҳам қарашмасди.

— Дўхтир! – ингради ўзига ҳам нотаниш бўлган қаримсиқ овозда.

— Яна нима бўлди?
— Мумкинми… – томоғи қуригани боис гапини охирига етказолмади.

— Мумкинмас, бандман…
— Дўхтир, қараворинг…
— Қайси бирингизга қарай?

— Ахир… – нимадир демоқчи бўлди-ю, оёқ товушлари узоқлашаётганини сезиб, нафасини ичига ютди.

Коридорнинг нариги бошида ўрнатилган улкан япасқи телевизорда ҳам касаллик билан боғлиқ хабарлардан бошқа нарсани кўрсатишмасди. Коронавирус пандемияси бошланганидан бери мамлакатда карантин эълон қилингани, кўчага чиқиш тақиқлангани қайта-қайта эслатиларди. Вақти-вақти билан бошқа мамлакатларда касалланганлар ва қурбонлар сони билан боғлиқ статистик маълумотлар янгиланарди.
Коридор деразалари анча узоқда жойлашгани учун ташқарини кўриб бўлмасди. Ҳар замонда дераза олдида кимлардир пайдо бўлиб, ташқарини кузатаётгани унинг ҳавасини келтирарди. Оёққа тура олганида у ҳам дераза олдига бориб, ундан тобора узоқлаша бошлаган ёруғ дунёнинг манзараларини тўйиб-тўйиб томоша қилган бўларди.

Коридорнинг чироқлари тонгга қадар ўчирилмасди. Уйқуси келганида, чойшабни юзига тортиб, мизғиб олишга уринарди. Тонг отар маҳали қушларнинг овозидан уйғониб кетар, бир нафасгина ўзини, касалликни, ўлим тўшагини унутарди. Қушлар сайроғида баҳор келганини, ҳаёт давом этаётганини, ҳали умидлар сўниб битмаганини эслатувчи нималарнидир сезгандек бўлар, кун бошланиши билан яна борлиғини умидсизлик қамраб оларди.

Гоҳида коридорни ниқоб таққан ҳарбийлар босиб кетар, вафот этган беморларни махсус халталарга солиб, палатадан олиб чиқишар, бўшаган каравотларга янги беморларни ётқизишарди. Кечаси навбатчилик қиладиган шифқокорларнинг тез-тез алмашиши ҳам хавотирини орттирарди. Қулоғига чалинадиган савол-жавоблардан шифокорлар ҳам тез-тез касал бўлаётгани, ҳатто ўлаётганини англарди. Соғлиқни сақлаш тизими инқирозга учраб, хориждан шифокорлар чақирила бошлаганди.

Дори-дармон ва тиббий жиҳозлар танқислиги билан боғлиқ муаммолар тобора кўпайиб, умидсиз беморларни даволаш тўхтатилган, уларнинг ҳаёти тақдир ҳукмига ҳавола қилинарди. Сунъий нафас ускуналари ҳам кексалар эмас, аввало ёшларга берила бошлаганди.

Касалхонага олиб келинганидан бери унга бир муолажа кўрсатилмади, фақат куннинг маълум вақтларида оғриқ қолдирувчи дорилар бериларди. Ҳиссиз, тунд ҳамширалар берган дориларни ютишга ҳам чоғи келмай, тилининг тагига ташлаб қўярди.

Кутилмаганда биргина вирус инсон ҳаётини шу қадар қадрсиз матоҳга айлантириб қўйиши мумкинлиги унинг хаёлига ҳам келмаганди. Ўлим одамларга кутилмаганда, хабар бермасдан ҳужум қилар, фақат инсонлар эмас, ҳаётнинг ўзи ҳам жон берарди гўё.

Орадан анча вақт ўтганига қарамай, қариялар уйидаги ўша мудҳиш манзара ҳеч кўз олдидан кетмас, эсига тутиши билан бадани жунжикарди. Коридорда чўзилиб ётган жасадларнинг нохуш иси қайта димоғига киргандек, кўнгли беҳузур бўлди. Қариялар уйидагиларнинг ҳаммаси бирин-кетин жон бериши, ишчиларнинг ишини ташлаб кетиши унга худди қўрқинчли туш бўлиб туюлаётганди. Умри давомида ярим дунёни кезиб, бунақа ҳодисага дуч келмаганди.

Келажак кўз ўнгида оппоқ туман бўлиб кўринар, бу мавҳумликда фақатгина ўлим алоҳида кўзга ташланарди. Бир муддат касал бўлиб ётганида у ўзини ўлимга ҳозирлаган, тақдирига кўниккан бўлармиди? У энди бошқалар сингари сўнгги нафасида яқинлари билан видолаша олмай, кўз юмади, кейин уни оммавий қабристонга кўмишади ва ҳаммаси тугайди.

Иситмаси чиққанида ҳушидан кетар, уйқу ва уйғоқлик орасидаги тушунчалари қоришиб кетгани сабабли қаерда эканини ҳам эсидан чиқариб қўяр, ушёр тортганида, ичида умид куртаклари очила бошлаганини ҳис этар, бироқ тартибсиз оёв товушлари ва таниш оҳ-воҳларни эшитиб, яна умидсизликка чўмарди.

Касалхона коридорида ўтиб-қайтаётган шифокрлар ва ҳамширалар, ўликларни олиб кетиш учун келган аскарлар кўзига ола-була шарпаларга ўхшаб кўринарди. Фақат коридордаги шарпаларгина эмас, ўтмиши, хотираси, ундаги эски чизгилар бир-бирига мингашиб, худди куфий хатига ўхшаб қолар, кейин эриб йўқоларди.

Тушларига кўпинча вафот этиб кетган яқинлари кирарди, қизиғи, уларнинг ҳар бири кейин куфий хатидаги чизгилар қатига сингиб йўқоларди. Гоҳида ўзи ҳам аллақачон марҳумлар қаторидан жой олиб улгургандек бўлар, фақат коридордаги асабий қадам товушларидан ҳали тирик эканини англаб етарди.

Ер юзи ўз нафсидан енгиган инсонларга торлик қила бошлаганди, коинотнинг чексиз саҳифалари узоқ асрлардан бери инсонларнинг разил кирдикорларидан кирланган, кўп нарсалар азалий шакли, низомини ўзгартирган, адолат тушунчаси йўқолганди.

Асрлар давомида бир-бири билан қирпичоқ бўлиб келган турли дин вакитллари ўз ақидаси бўйича Яратганга ёлворар, уларнинг нидолари ҳам куфий хати мисол бир-бирига чирмашиб самога ўрларди.
Чарчаб уйқу элитганин сезмай қолди. Ярим кечаси нафаси бўғилиб, кўзларини очди. Кўкрагида олов ёнарди гўё. Назарида кимдир ўпкасини шиша парчалари билан тўлдиргандек эди. Нафас олиши билан кўкрагига сонсиз игналар санчиларди. Юраги тинимсиз типирчалар, худди кўкрак қафасини тешиб чиққудек бўларди. Шифокорни чақирмоқчи бўлди, аммо овози чиқмади.

…Қаердандир учиб келган фаришталар ҳавода давра қуриб яқинлашишди. Бир фаришта нафис қанотлари билан унинг пешонасидаги тақдир битигини ўчирди. Бошқа бирови сут томиб турган қалам билан қайтадан ёзди. Кейин фаришталар уни қанотларига кўтариб, мовий чексизлик томон учдилар.

У фаришталар қанотида мовий бўшлиқ бағрида парвоз қиларкан, ҳаёти қайтадан бошланганини сезди. Ўтмиши, хотирлари йўқолган, йиллар давомида вужудини ғижимлаб келган оғриқлар тўхтаган, руҳи тозаланганди. У ўзини бир умрлик дардларидан қутулгандек, пардек енгил ҳис қилар, тинимсиз учишни, ўзидан, ўз кечмишидан, қисматидан узоқлашишни истарди.

…Алланечук шовқиндан уйғониб кетди. Ниқоб, кўзойнак таққан шифокорлар, ҳамшўиралар уни ўраб олишганди.

— Тирик, — деди кимдир паст овозда.

Ҳушинаг келганидан сўнг, тушини эслади, дафъатан пешонасига янгидан битилган тақдир битигини ўқигиси келди. Бармоқларини енгил ҳаракат билан ажинлар устидан юргизди. Бироқ, ажинлар куфий хатига айланиб, ҳаёти, тақдири билан боғлиқ битикларни ўқиб бўлмас даражага солгани туфайли ҳеч нарсани тушунолмади.

22 mart 2020 йил, Боку

Рустам Жабборов таржимаси

   077Koʼzlarini ochganida, biroz muddat qaerda yotganini eslolmadi. Oxirgi kunlarda kasallik tufayli tez-tez hushini yoʼqotaverib, xotirasi ham oʼtmaslashib qolgandi. Devordagi soatning zang chalishidan, qariyalar uyining ikkinchi qavatidagi xonasida, temir karavotga yotganini arang anglagach, oʼrnidan qoʼzgʼaldi.

Voqif SULTONLI
KUFIY XАTI


  07Voqif Sultonli 1958 yil 26 martda Ozarbayjonning Kurdemir tumanidagi Shaxsevan qishlogʼida tugʼilgan. Oʼrta maktabdan keyin mehnat faoliyatini tuman elektr tarmogʼida oddiy ishchi sifatida boshladi. 1976-1981 Baku universitetida til va adabiyot boʼlimida tahsil oldi. 1984 yili «Ozarbayjon dramaturgiyasida xarakter problemasi» mavzusida ilmiy ishini yoqladi. 1997 yili esa «Mehmet Аmin Rasulzoda hayoti va adabiy faoliyati» mavzusida doktorlik ishini himoya qildi. 1999 yildan boshlab Baku universitetining professori.
   Voqif Sultonlining oʼndan ortiq badiiy va ijtimoiy-siyosiy mavzudagi kitoblari nashr etilgan. Аdib asarlari jahonning koʼplab tillariga tarjima qilingan.


…Koʼzlarini ochganida, biroz muddat qaerda yotganini eslolmadi. Oxirgi kunlarda kasallik tufayli tez-tez hushini yoʼqotaverib, xotirasi ham oʼtmaslashib qolgandi. Devordagi soatning zang chalishidan, qariyalar uyining ikkinchi qavatidagi xonasida, temir karavotga yotganini arang anglagach, oʼrnidan qoʼzgʼaldi.

Kasallikdan holsizlangan vujudi isitmadan oʼt boʼlib yonardi. Lablari quruqshab, tili ham tanglayiga yopishib qolgandek edi. Titroq qoʼllari bilan shisha grafin qopqogʼini ochdi-da, ichida qolgan bir necha qultum suvni yutoqib ichdi. Eshikni ochib, koridorga chiqishi bilan dimogʼiga gup etib, oʼtkir qoʼlansa is urildi. Dogʼ bosgan derazadan tushayotgan quyosh nuri qator terilgan inson jasadlarini yoritib turardi.

Oʼqchib, bir qadam ortga tisarildi, muvozanatni yoʼqotmaslik uchun devorga suyandi. Dod solib, kimnidir chaqirmoqchi boʼldi, ammo lablari yopishib qolgandek edi. Pashsha talayotgan jasadlar oralab, lift tomon yurdi. Lekin qamalib qolishdan qoʼrqib, fikridan qaytdi. Koridor oxiridagi zinapoyadan pastga tushdi.

Pastki qavatdagi yemakxonada ham hech kim koʼrinmasdi. Stol ustidagi idish-tovoqlar ham yuvuqsiz qolgandi. Kirish eshigi qarshisidagi posbonning hujrasidan qiziga telefon qilmoqchi boʼldi. Аmmo, raqamini eslolmay, goʼshakni ilib, tashqari yoʼnaldi. Bino oldidagi bogʼcha oralab, shahar markaziga eltuvchi katta yoʼlga chiqdi.

Dunyo huvillab, hayot toʼxtab qolgandek edi, goʼyo. Аtrofda tirik jon koʼrinmasdi. Qayoqqa borishini bilmasdan, yoʼl chetidagi rangi oʼchgan eski yogʼoch xarrakka oʼtirdi. Nimalar roʼy berganini eslashga urindi – ammo xotirasi pand berdi. Holsizlanib, skameyka ustiga uzandi-da, koʼzlarini yumdi.

…Qaerdandir paydo boʼlgan niqobli ikki askar uni zambilga solib, “Tez yordam” mashinasiga oʼtkazayotganini payqadi. Qoʼli bilan qariyalar uyiga imo qilib, u yerdagi dahshatli manzaralarni aytmoqchi boʼlganida, yuziga sovuqqonlik nuqsi urib qolgan askarlar beparvolik bilan eshikni yopib, mashinani yurgizishdi.

Keyin nimalar boʼlganini eslolmadi. Koʼzlarini ochganida, oʼzini kasalxona koridorida, temir karavot ustida koʼrdi.

***

Koridor oxirida kulrang devorda nimalardir yozilgandi. Аmmo, xiralashgan koʼzlari yozuvni ajratolmadi. Bitiklar u tanigan alifboda emasdi, faqat ustma-ust mingashib ketgan harflar bitikning kufiy xatida ekanini koʼrsatardi.

Palatalarda joy qolmagani uchun karavoti kasalxonaning uzun koridorida, navbatchi shifokorning stoli bilan yonma-yon qoʼyilgandi. Oyoq tomonidan boshqa bemorlarning karavotlari devor boʼylab terilgandi.

Kecha-kunduz tinmaydigan oyoq tovushlari zerikarli naqarot singari asabni egovlardi. Bu taraq-turuqqa doʼxtirlarning hayajonli topshiriqlari, bemorlarning ingrogʼi, yigʼi va nolalari qorishib, hech narsani anglashga imkon bermasdi.

Shu qadar holsizlangan ediki, karavotda oʼtirishga, bosh koʼtarib atrofga qarashga ham majoli yetmasdi. Har qancha urinmasin, oʼtib-qaytayotgan shifokorlar, hamshirayu sanitarlar unga qayrilib ham qarashmasdi.

— Doʼxtir! – ingradi oʼziga ham notanish boʼlgan qarimsiq ovozda.

— Yana nima boʼldi?
— Mumkinmi… – tomogʼi qurigani bois gapini oxiriga yetkazolmadi.

— Mumkinmas, bandman…
— Doʼxtir, qaravoring…
— Qaysi biringizga qaray?

— Аxir… – nimadir demoqchi boʼldi-yu, oyoq tovushlari uzoqlashayotganini sezib, nafasini ichiga yutdi.

Koridorning narigi boshida oʼrnatilgan ulkan yapasqi televizorda ham kasallik bilan bogʼliq xabarlardan boshqa narsani koʼrsatishmasdi. Koronavirus pandemiyasi boshlanganidan beri mamlakatda karantin eʼlon qilingani, koʼchaga chiqish taqiqlangani qayta-qayta eslatilardi. Vaqti-vaqti bilan boshqa mamlakatlarda kasallanganlar va qurbonlar soni bilan bogʼliq statistik maʼlumotlar yangilanardi.

Koridor derazalari ancha uzoqda joylashgani uchun tashqarini koʼrib boʼlmasdi. Har zamonda deraza oldida kimlardir paydo boʼlib, tashqarini kuzatayotgani uning havasini keltirardi. Oyoqqa tura olganida u ham deraza oldiga borib, undan tobora uzoqlasha boshlagan yorugʼ dunyoning manzaralarini toʼyib-toʼyib tomosha qilgan boʼlardi.

Koridorning chiroqlari tongga qadar oʼchirilmasdi. Uyqusi kelganida, choyshabni yuziga tortib, mizgʼib olishga urinardi. Tong otar mahali qushlarning ovozidan uygʼonib ketar, bir nafasgina oʼzini, kasallikni, oʼlim toʼshagini unutardi. Qushlar sayrogʼida bahor kelganini, hayot davom etayotganini, hali umidlar soʼnib bitmaganini eslatuvchi nimalarnidir sezgandek boʼlar, kun boshlanishi bilan yana borligʼini umidsizlik qamrab olardi.

Gohida koridorni niqob taqqan harbiylar bosib ketar, vafot etgan bemorlarni maxsus xaltalarga solib, palatadan olib chiqishar, boʼshagan karavotlarga yangi bemorlarni yotqizishardi. Kechasi navbatchilik qiladigan shifqokorlarning tez-tez almashishi ham xavotirini orttirardi. Qulogʼiga chalinadigan savol-javoblardan shifokorlar ham tez-tez kasal boʼlayotgani, hatto oʼlayotganini anglardi. Sogʼliqni saqlash tizimi inqirozga uchrab, xorijdan shifokorlar chaqirila boshlagandi.

Dori-darmon va tibbiy jihozlar tanqisligi bilan bogʼliq muammolar tobora koʼpayib, umidsiz bemorlarni davolash toʼxtatilgan, ularning hayoti taqdir hukmiga havola qilinardi. Sunʼiy nafas uskunalari ham keksalar emas, avvalo yoshlarga berila boshlagandi.

Kasalxonaga olib kelinganidan beri unga bir muolaja koʼrsatilmadi, faqat kunning maʼlum vaqtlarida ogʼriq qoldiruvchi dorilar berilardi. Hissiz, tund hamshiralar bergan dorilarni yutishga ham chogʼi kelmay, tilining tagiga tashlab qoʼyardi.

Kutilmaganda birgina virus inson hayotini shu qadar qadrsiz matohga aylantirib qoʼyishi mumkinligi uning xayoliga ham kelmagandi. Oʼlim odamlarga kutilmaganda, xabar bermasdan hujum qilar, faqat insonlar emas, hayotning oʼzi ham jon berardi goʼyo.

Oradan ancha vaqt oʼtganiga qaramay, qariyalar uyidagi oʼsha mudhish manzara hech koʼz oldidan ketmas, esiga tutishi bilan badani junjikardi. Koridorda choʼzilib yotgan jasadlarning noxush isi qayta dimogʼiga kirgandek, koʼngli behuzur boʼldi. Qariyalar uyidagilarning hammasi birin-ketin jon berishi, ishchilarning ishini tashlab ketishi unga xuddi qoʼrqinchli tush boʼlib tuyulayotgandi. Umri davomida yarim dunyoni kezib, bunaqa hodisaga duch kelmagandi.

Kelajak koʼz oʼngida oppoq tuman boʼlib koʼrinar, bu mavhumlikda faqatgina oʼlim alohida koʼzga tashlanardi. Bir muddat kasal boʼlib yotganida u oʼzini oʼlimga hozirlagan, taqdiriga koʼnikkan boʼlarmidi? U endi boshqalar singari soʼnggi nafasida yaqinlari bilan vidolasha olmay, koʼz yumadi, keyin uni ommaviy qabristonga koʼmishadi va hammasi tugaydi.

Isitmasi chiqqanida hushidan ketar, uyqu va uygʼoqlik orasidagi tushunchalari qorishib ketgani sababli qaerda ekanini ham esidan chiqarib qoʼyar, ushyor tortganida, ichida umid kurtaklari ochila boshlaganini his etar, biroq tartibsiz oyov tovushlari va tanish oh-vohlarni eshitib, yana umidsizlikka choʼmardi.

Kasalxona koridorida oʼtib-qaytayotgan shifokrlar va hamshiralar, oʼliklarni olib ketish uchun kelgan askarlar koʼziga ola-bula sharpalarga oʼxshab koʼrinardi. Faqat koridordagi sharpalargina emas, oʼtmishi, xotirasi, undagi eski chizgilar bir-biriga mingashib, xuddi kufiy xatiga oʼxshab qolar, keyin erib yoʼqolardi.

Tushlariga koʼpincha vafot etib ketgan yaqinlari kirardi, qizigʼi, ularning har biri keyin kufiy xatidagi chizgilar qatiga singib yoʼqolardi. Gohida oʼzi ham allaqachon marhumlar qatoridan joy olib ulgurgandek boʼlar, faqat koridordagi asabiy qadam tovushlaridan hali tirik ekanini anglab yetardi.

Yer yuzi oʼz nafsidan yengigan insonlarga torlik qila boshlagandi, koinotning cheksiz sahifalari uzoq asrlardan beri insonlarning razil kirdikorlaridan kirlangan, koʼp narsalar azaliy shakli, nizomini oʼzgartirgan, adolat tushunchasi yoʼqolgandi.

Аsrlar davomida bir-biri bilan qirpichoq boʼlib kelgan turli din vakitllari oʼz aqidasi boʼyicha Yaratganga yolvorar, ularning nidolari ham kufiy xati misol bir-biriga chirmashib samoga oʼrlardi.
Charchab uyqu elitganin sezmay qoldi. Yarim kechasi nafasi boʼgʼilib, koʼzlarini ochdi. Koʼkragida olov yonardi goʼyo. Nazarida kimdir oʼpkasini shisha parchalari bilan toʼldirgandek edi. Nafas olishi bilan koʼkragiga sonsiz ignalar sanchilardi. Yuragi tinimsiz tipirchalar, xuddi koʼkrak qafasini teshib chiqqudek boʼlardi. Shifokorni chaqirmoqchi boʼldi, ammo ovozi chiqmadi.

…Qaerdandir uchib kelgan farishtalar havoda davra qurib yaqinlashishdi. Bir farishta nafis qanotlari bilan uning peshonasidagi taqdir bitigini oʼchirdi. Boshqa birovi sut tomib turgan qalam bilan qaytadan yozdi. Keyin farishtalar uni qanotlariga koʼtarib, moviy cheksizlik tomon uchdilar.

U farishtalar qanotida moviy boʼshliq bagʼrida parvoz qilarkan, hayoti qaytadan boshlanganini sezdi. Oʼtmishi, xotirlari yoʼqolgan, yillar davomida vujudini gʼijimlab kelgan ogʼriqlar toʼxtagan, ruhi tozalangandi. U oʼzini bir umrlik dardlaridan qutulgandek, pardek yengil his qilar, tinimsiz uchishni, oʼzidan, oʼz kechmishidan, qismatidan uzoqlashishni istardi.

…Аllanechuk shovqindan uygʼonib ketdi. Niqob, koʼzoynak taqqan shifokorlar, hamshoʼiralar uni oʼrab olishgandi.

— Tirik, — dedi kimdir past ovozda.

Hushinag kelganidan soʼng, tushini esladi, dafʼatan peshonasiga yangidan bitilgan taqdir bitigini oʼqigisi keldi. Barmoqlarini yengil harakat bilan ajinlar ustidan yurgizdi. Biroq, ajinlar kufiy xatiga aylanib, hayoti, taqdiri bilan bogʼliq bitiklarni oʼqib boʼlmas darajaga solgani tufayli hech narsani tushunolmadi.

22 mart 2020 yil, Boku

Rustam Jabborov tarjimasi

12

(Tashriflar: umumiy 213, bugungi 1)

Izoh qoldiring