Эзгу ишнинг кечи йўқ: бир кун кечикиб Хўжаёрни туғилган куни билан чин юракдан қутлайман!
Хўжаёр (Фахриддин Шотўраев) шеърларини юборяпман. Ҳавасимдаги шоирлардан. Тоза, сиёсат, маишийлик аралашмаган шеърлар. Тағин ҳеч кимга ўхшамайди. Ифода йўли, оҳанги, шаҳар шоирларининг бир ҳовуч луғатига бир дунё янги сўзлар берганининг ўзи қувонарли бу шеърлар.
Бир қарашда эгизга ўхшайди шеърлари. Ҳаммаси: дала, қир, шамол, майсалар… Лекин унда зўракилик йўқ. Ўзида йўқни бор қилиб кўрсатишга чираниш йўқ. Ва фақат ўзига таниш бўлган нарсалар ҳақда ёзади. Ёзганда ҳам ҳаприқиб, тўлиқиб ёзади. Сиз унинг «ПИШИҚЧИЛИК» шеърини ўқиб кўринг! Шеър шундай бошланади:
«Жавзо. Йўнғичқанинг етилган бўйи,
Чалғини тортаман ерни ялатиб…»
Сўлагим оқиб кетади ҳар ўқисам, Хуршид ака!
Шеъриятимизга кўпдан бери ана шундай табиат лирикаси етишмаябди. Охирги мириқиб ўқиганим сизнинг шундай соф дала, боғлар, арава, йўнғичқа… шеърларингиз бўлган. Бугун ҳамма англаса-англамаса руҳим, руҳимнинг руҳида, қайғуларим бурчакларида, дейишга ўтди. Ўзи яшамаган, ҳис қилмаган ҳолат, сўзни кўтаришга қайдан куч топишаркин?
Сизга соғлик, руҳий қувват тилаб, шу шеърларни ўқиб, маъқул топсаргиз оқ йўл билан сайтингизда эълон қилсангиз хурсанд бўлардим.
Жонтемир ЖОНДОР
13.01.25
ХЎЖАЁР
ШЕЪРЛАР
Хўжаёр (Шотўраев Фахриддин Назарали ўғли) 1997 йил 12-январда Қашқадарё вилояти Қамаши туманида туғилган. 2023 йилда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг «Зомин» ананавий семинари қатнашчиси. Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабаси.
“Дала оҳанглари” туркумидан
ЧЕККА ОВУЛ
Ачиб ётар сойнинг уртида
Бақалари мориган кўлмак.
Чанқаган жон ўтса сиртидан,
Вақ-вақлашиб қилади эрмак.
Мум тишлаган соқов қоялар
Лом демайди, харсанглар – ўлик.
Насим кетар ўксиб, қиялаб,
Бургутлари жим боқар гўлдек.
Чанг солиниб тирналган сўқмоқ –
Бўйлаб келар тим қора қуюн.
Тош қўтонлар солади қовоқ,
Ғўч қатовлар эгмайди бўйин.
Чақчайганча юлдузлар ғудрар,
Нушқурт тилаб “мў”райди говмиш.
Чўпон йигит сиқади хўдра,
Тоғлар сўкар: Тур, тайтув, о(в)ми.
Ғинг демайди, эргашар қўйга,
Кўз кўргани жаюв шу дала.
Келажак не ботмайди ўйга,
Овулга бу қилади алам.
Тун ташлайди Лангар тоғига
Сукут ёлғон эртаклар айтар.
Чуғурлашиб дарахт шохида
Қушлар тинглаб уйқуга кетар.
Ачиб ётар сойнинг ўртида
Бақалари мориган кўлмак…
* * *
Шалвираб асаднинг айни авжида
Қақраган даладек ташна вужудим.
Қўй боқиб, қўтоннинг ётиб пинжида
Чанг-тўзон тирнаган йўлга термулдим.
Сакиллаб йиқилар кундан-кун қуёш,
Тирикликни қовурар замин жизғанак.
Гумон тўрвасида ачиб ётар бош,
Булутлар сасидан бермайди дарак.
Попуги пасайган далли шабада
Тоғлар димоғига урар ўзини.
Тупроқни бовурлаб чириган кунда,
Пайидан чиқармас ўзак сезини.
Тамшанар газалар, тамшанар юрак,
Дўқалаб қўйибман бир кади айрон.
Сипқорай дейману, аммо теварак
Қошида чанқоқни босайин қандай?
Шалвираб асаднинг айни авжида,
Қақраган даладек ташна вужудим.
* * *
Гезариб юрибман дала-даштларда,
Тўрт-бешта қўйимнинг туёғин санаб.
Чалқанча суяниб чағил тошларга,
Авлоқ кенгликларда қоламан тунаб.
Қояни қучаман жон-жаҳдим билан,
Илк бор қиз қучгандек жимирлар танам.
Руҳимда ҳапқириб қўзғалган бўрон,
Нам кўрган ажриқдек чирмашар яна…
Салқин шабадага тутиб кўкракни,
Озод хаёлларни қиламан орзу(в).
Шабгирда қамалда қолган юракни
Липпиллаб масхара қилар Тарози.
Ва узоқ кутдириб ёришади тонг,
Нурлари селкиллар пастга энгашиб.
Зарангни оламан ёпиниб чопон,
Қул каби кетаман қўйга эргашиб.
Гезариб юрибман дала-даштларда…
* * *
Нега индамайсан, нега кулмайсан?
Ичим ёришади ҳозир жилмайсанг.
Хаёлинг паришон, турдинг бепарво,
Бепарво эзишни кўрдингми раво?
Моҳитобим, нажот кутмагин тонгдан,
Айтгин, бу нигоҳинг не учун сўнган?
Ўртаган дардингни ўртага ташла,
Ғаминг азобига юрагим ташна.
Совқотган қўлингни қўлимга узат,
Узлатдан узлатга чекинсин узлат.
Хўжаёр – сен учун ердаги паноҳ,
Йўқса, севдирмасди бунчалар Аллоҳ.
* * *
Дарахтлар баргини тўкмасдан бурун,
Ғассол булутларни бошлаб келди куз.
Ёриқ пахсаларда чалганча бурғу,
Совуғи баданга ботади – бигиз.
Чанг каби ваҳима кўтарди қушлар,
Мовий кўз сайҳоннинг турқини булғаб.
– Мезон ипларини ушла-ҳо, ушла, –
Деганча шувоқни чимчилар яйлов.
Тараддудга чорлаб ўзини борлиқ,
Қий-чуви тинмади намозшом қадар.
Нағмагар сукунат ингранди бўғиқ.
Тоғларга чақмоқнинг сихини қадаб.
Сочини нимталаб юлди тийрамоҳ,
Қайизғоқ нурлари кетган кирланиб.
Тонг билан қорилиб келган турналар
Сургунга учради тунга беланиб.
Шамол ортларидан эргашиб узоқ
Овлоқ далаларда мадори толди.
Совуққон харсанглар очмади қовоқ,
Пажмурда дарахтлар серрайиб қолди…
* * *
Гоҳ фош бўлар, гоҳо яширин –
Кўк юзида ой санғир беҳуд.
Юлдузларнинг қўзғар ғашини
Қояларга суйкалган булут.
Ғудранади соқов елвизак,
Қувиб солар етилган толлар.
Ташландиқ боғ кунжида кузак
Тул хотиндек сесканиб олар.
Ғала-ғовур қишлоқ ғулувда,
Аллақайдан акиллайди ит.
Хабар келмас ҳамон сулувдан,
Умидини ғижимлар йигит.
Тун шафаққа аста сўрилар,
“Қарс” – синади болталанган аҳд.
Ёниб кетар соғинч гуруллаб,
Сабри тўлиб ёрилади вақт.
Сен келмадинг…
Келмадинг…
Келма!!!
* * *
Ўхшаб қолди урвоққа
Бетобланиб, Ғайимчол.
Келди уни кўрмоққа
Невара сўраб аҳвол.
Ёнида далда бўлиб
Невара тун маҳали,
Деди – ёқимли кулиб –
“Ҳаёт олдинда ҳали.”
Чин ишонди Ғайимчол
Ва миниб уйқу – отга,
Туш аралаш, бемалол,
Кетди ўша ҳаётга…
ПИШИҚЧИЛИК
Жавзо. Йўнғичқанинг етилган бўйи,
Чалғини тортаман ерга ялатиб.
Насимда майсалар тушади ўйин,
Какликларни какир-какир сайратиб.
Қуёш жийратади патак сочини,
Бир гала тувалоқ топмайди қўним.
Ўлжасин чангаллаб ўтади лочин,
Ҳали кўп чумчуқнинг қурийди шўри.
Мўйсафид тошбақа – лаби кўкарган,
Ҳув кўлвор сичқонни бус-бутун ютар.
Тош совут қатовлар ҳовур ютаркан,
Айиқдек кенгликда тобланиб ётар.
Чиноқ улоқчанинг дикириклари
Қари такаларнинг келтирар киштин.
Масиққан новвоснинг ўкириклари
Бефойда, таналар боқмайди асти.
Эчкиэмар сўрган инак елинин,
Подачи дарғазаб қон соғиб ташлар.
Тўрғай оч илонга олдирган инин
Доғида чунонам чирқираб қақшар.
Қулунлар уюрнинг қари байтали,
Кампирюз харсанглар термулар сордек.
Мочанинг кетидан эргашган ҳанги
Пешобини ҳидлаб чиқарар ҳордиқ.
Яйловда оқ бадан қўзиқоринлар
Шамолни қитиқлаб уйғотар ҳирсин.
Осмонга жилдираб боқар жилғалар,
Булутдан анқийди хиёнат иси.
Чачвонин юзига тортади қуёш,
Тоғлар елкалайди кундузнинг юкин.
Ойнинг ой кўргани бўлганидек фош
Талмовсираб қолар заминда сукун.
ВАҲШАТ ТУНИ
Шамол тоғу тошни ялаб-юлқалаб,
Ўмбалоқ ошади адирларда шўх.
Ширдини қуриган лалмига қараб
Чўнқайиб газалар уф тортади: “уф!”.
Каҳкашон ғингшийди ит боласидай,
Қонсираб увуллар туллаган қашқир.
Бобоқалдироқлар чалади сурнай,
Дайди итлар сойда ўйнар ғашиқиб.
Қўтон дарчасида айғир чаноғи,
Ялтирар тишлари ойнинг нурида.
Қўйчивон ўчирар пирмис-чироғин,
Арвоҳлар ўрлайди чўккан гўридан.
ГОВГУН
Анғиз бўйи, қатқолоқ эгат,
Қуёш жўнар соқоли селкиб.
Шом кенгликка тўшайди этак,
“Қирқ қароқчи” кўпирар килкиб.
Қиём туриб тоғлар номозда,
Адо этар мўминлик фарзин.
Ҳўпиққанча ночор алфозда
Оймомонинг тўкилар арзи…
Сайҳон узра ажинашамол
Қоқилади айланиб боши.
Қўра томон ўрлайди беҳол,
Чағил бетдан подалар ошиб.
Тайхарининг думини кузаб,
Уриштириб итин, болалар
Териб қайтар хуржунда тезак,
Хиргойиси: “Аҳу-ла-ла-лай!”
Овул йиғиб улоқ-қўйини,
Куви пишиб шопирар айрон.
Санглоқларга уриб бўйнини,
Олисларда пишқирар дайро…
* * *
Лабҳезингдан бир томчи
Эҳсон қилгин бу кеча.
Шу бол учун қул ҳолин
Жавлон қилгин бу кеча.
Ўриб зулфинг қамчидек
Елкам узра ур дарра.
Роҳат берар ҳар зарби
Ҳар он қилгин бу кеча.
Чўзиб юрдинг бунча кўп,
Йиғиштир-да ганжингни.
Сўлиб борар бу вужуд,
Дармон қилгин бу кеча.
Дилни этиб дилфизо
Мижжа қоқмай шабона.
Соршар қилиб соғарни
Меҳмон қилгин бу кеча.
Ошиқ қуллар ичинда,
Лутфан айлаб эҳтиром.
Малика бўл, мени ҳам
Хоқон қилгин бу кеча.
* * *
Эчкиэмардек лапанглаб,
Қувиб етиб эчкини.
Эмчагини чангаллаб
Босиб эмдим сутини.
Шерваччадек ириллаб
Какликларни овладим.
Тухум босган қушларнинг
Уясини кавладим.
Тоблаб ётдим елкани
Эрталабги қуёшга.
Ғорларнинг ланг даҳани
Кутиб олар чошгоҳда.
Байталларни елдириб
Уюрларни сувладим.
Илонларни ўлдириб,
Қулунларни қувладим.
Жувонадек ер шохлаб,
Сиғмай ўсдим даламга.
Подаларга эргашиб
Эргашмабман одамга.
ЧИЛЛА
Ўзини сояга урган совлиқлар
Қишнинг авзойидан қилар башорат.
Охурда курк бўлиб ётган товуқлар
“Кур-кур”лаб чиллада ўқийди оят.
Порини титаркан пих ёрган хўроз,
Сувсаган жувона қайтармоқда кавш.
Самумнинг сочлари тўзғийди бироз,
“Ҳайт” десанг, тоғ-тошдан қайтмайди довуш.
Офтобда чўзилиб ётган ҳув якка,
Қуйруғи йиртилиб қуртлаган тўқли.
Бурнига… сачратиб, наҳсланган така
Жиккак тувчаларга кўринар кўҳлик.
Тул замин силласин эмар саратон,
Қақраган сойларнинг лаблари ёриқ.
Харсанглар пинжида мизғийди чўпон,
Мизғийди чўпонга қўшилиб борлиқ.
ҲАМЗА САҲРО ДУШМАНЛАРИГА ҚАРШИ ЖАНГДА
Барханлар устида жанг боради, жанг,
Қуёшда қип-қизил эрийди саҳро.
Қутурар ур-йиқит ичида бўрон.
Бос олға*! Яксон қил, ур-ҳо-ҳуй, ур-ҳо
Тулпорлар пишқирар, қиличлар кўкда
Ярқираб ғанимни узади жолин.
Ватан, деб жон берган йигитлар ўктам,
Қонини шимийди оч саҳро қониб.
Четгир чавондоздек олис-олисга
Олиб бориб ташлар қон исин шамол.
Осмонда қузғунлар бир-бирин қистаб
чўқийди.
Бош учар тандан, мана, ол,
дегандек очкуназ хурофат ҳаққи,
Хўрлигу, зўрлигу талафот ҳаққи,
Эзилган авомнинг эзғин дарди-ю,
Бошига ёприлган фалокат ҳаққи.
Бедов туёғида тўзғиб борар қум,
Ёрилган бошларда сизи-и-иб борар қум,
Ёв ортга чекинар, тепадан қуёш
Қасдма-қасд оёқда қизиб борар қум.
Мадоринг кетгунча бўш келма, Ҳамза!
¬¬_______________________
*Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий сатри
* * *
Турқи совуқ келди бу йил тирама,
Булутга бурканиб, чангга бурканиб.
Чўққилар қошига оёқ тирамай,
Кўзини ўяди аёз бурганинг.
Сарғариб қолгандай салқин кўчалар,
Хазонлар хориган, ҳаловати йўқ.
Толнинг баданида толган кучала
Афтода тебраниб инграйди бўғиқ.
Шамоллар шовуллар, шовқин шаҳарда,
Тилин осилтирган кучукдай санқиб.
Тўлқинлар чўқишиб чопган анҳорда
Барг – август жасади боради қалқиб.
Бўзраяр кузакнинг азадор тонги,
Қўйнида ивирсиқ, ковтик йўлаклар,
Гирдида шохларин осмонга санчиб,
Худони кўрсатиб турар тераклар.
* * *
Фиғон чексам неча кўп,
Ул ёрни шод кўрурмен.
Шод кўриб гар шодлансам,
Узорин дод кўрурмен.
Обод этмоқ илинжда
Лахта-лахта ютиб хун,
Келсам ҳаргиз рўбарў,
Дийдасин ёд кўрурмен.
Олиб авжи аланга,
Хуноб бўлар ҳафсалам.
Назар солиб даллига,
Қачон обод кўрурмен.
Индинида йўқ экан,
Ки, ишқимга мурувват.
Чеккан оҳ-у зоримга
Қайдан нажот кўрурмен?
Ул бадхўга, Хўжаёр
Кўнгил берди Ҳақ учун.
Тоқ яшолмас, тоқ Ўзи,
Қандай ҳаёт кўрурмен.
ШАМ
Гугурт чақиб унинг бошида
Ва сочига қўйишдилар ўт.
Оқиб тушган кўзда ёшига
Тўнтарилган пиёлани тут.
Хона ёритар кўксин доғлаб,
Шод-хуррамдир ёнида барча.
Пиёланинг устида йиғлаб,
Ҳалок бўлар қаҳрамонларча.
* * *
Қарға минг боқмасин осмондан, бироқ
Жимитдек сичқоннинг инин кўролмас.
Чўққида ин қурган – пати ялтироқ
Зағчадир, майнадир, бургут бўлолмас.
* * *
Мадори сўрилиб чўзилган дала,
Хўмрайиб донг қотган тошлар дийдаси.
Зовур даҳанида ғужғон пашшалар
Талар бижғиб ётган маслиқ танасин.
Гармсел дамида димиқар халқоб,
Типирлаб кавакда хориган жонлар.
Қушлар далда берар томоғи қақраб:
Чидагин! Чидагин! Озгина жонлан.
Ҳансирар фалажруҳ шўр босган ўзан,
Ўзига сиғмайди тупроқнинг лоши.
Тошлоқда судралиб шилинган тизза
Кўзидек қонталаш дўнгликлар боши.
Илдизи қуриган ориқ шибиртки
Ёмғир тилаб кўкка термулар ўқтин.
Илинжи кесилмас метин субути
Ҳовур пуркаб турар тўрттала ёқдан.
Булутга имламас чўнқайган тоғлар,
Қуёш чангалига тутқазган бошни.
Бобожон, даштларим ўзига боғлаб,
Шундай ўргатади менга бардошни.
* * *
Қуёш силласини шимган даланинг,
Дуркун дўнгликлари қизариб ётар.
Шамол эҳтиросдан келар яланиб,
Хас-ҳашакни само рақсига торта(р).
Кузатар касартки харсанг устида,
Ёғида қоврилиб ётган кўлворни.
Тирик тошбақани шилиб пўстидан,
Қоятошда бургут боқар виқорли.
Ҳув қумда ялпайиб ётган эчкиэмар
Саратон нурига тоблар елкасин.
Улуғвор тоғларнинг юзлари чибор,
Шарқироқ дайронинг тинган тинкаси.
Юлғунлар ўрларда сочини юлар,
Пешонам шўридай сойнинг кўлмаги.
Тоғлардан тошларим кетмоқда нураб.
Мана шу далалар менинг юрагим.
ЎЛАН
Хаёл суриб ўтлоқларда,
Юлдуз санаб ётган ким бор?
Ҳур-ҳур шамол эсган чоғда,
Кўксин очиб тутган ким бор?
Тошдан тошга сакраб чопиб,
Ёшлик даври ўтган ким бор?
Лўппи-лўппи ой тўлганда
Дилдорини кутган ким бор?
Оқшомлари газаларда
Тўлиб шеърлар айтган ким бор?
Муҳаббати қўлдан кетиб,
Заҳар-заққум ютган ким бор?
Ва дардини, чўпон бўлиб,
Қатовларга битган ким бор?
Таёғига ияк тираб,
Қоядек жим қотган ким бор?
Ҳе-э-й-й ёронлар, хўрлигидан
Шоир бўлиб кетган ким бор?
***
Гезариб юрибман дала-даштларда.
Тўрт-бешта қўйимнинг туёғин санаб,
Чалқанча суяниб чағил тошларга.
Овлоқ кенгликларда қоламан тунаб.
Қояни қучаман жон-жаҳдим билан,
Илк бор ёр қучгандек жимирлар танам.
Руҳимда ҳапқириб қўзғалган бўрон
Нам кўрган ажриқдек чирмашар яна…
Салқин шабадага тутиб кўкракни,
Озод хаёлларни қиламан орзу(в).
Шабгирда қамалда қолган юракни
Липиллаб масхара қилар Тарози.
Ва узоқ кутдириб ёришади тонг,
Нурлари селкиллар пастга энгашиб.
Зарангни оламан ёпиниб чопон,
Қул каби кетаман қўйга эргашиб.
Гезариб юрибман дала-даштларда.
* * *
Оқ жала, ай оқ жала,
Шатирлатиб ёғ, жала.
Томчинг ўйсин кўксимни,
Чиқиб кетсин дабдалам.
Шамол, судраб ташлагин
Пай боғлаган танамни.
Чувалчанглар галаси
Кавлаб есин ярамни.
Ўкиригим ларзасин
Селлар кетсин оқизиб.
Кетсин тошлар парраси
Томирларим шарт кесиб.
Яшин чақсин кўзимда,
Бошимда тур, қалдироқ.
Бирқиллайди бўғзимда
Вулқон бўлган муҳаббат.
Асов эдим қирларда,
Тизгин бермаган айғир.
Чангалим тўш йиртарди,
Ёвқур нигоҳим – қийғир
Тиззам ерни ўпмаган,
Чидолмайман оримга.
Қолмоқ ахир ўмганлаб
Ўлим шунқорлигимга.
Билмам, мени маҳв этдинг,
Эй Увайсий зурёди.
Қайдан кеб, қайга кетдинг
Чалкашиб қолди ёдим.
Тоғлар олдида кимман –
Икки қўлим самода?
Шувут бўлган юз ила,
Наҳот, ишққа таслимман?
Наҳот, ишққа таслимман!
Оқ жала, ай оқ жала.
Шатирлатиб ёғ, жала.
Томчинг ўйсин кўксимни,
Чиқиб кетсин дабдалам.
* * *
Наҳот, ёмғир ёғди бизнинг қирларга,
Жарликлар килкиди селларга, наҳот?
Неча йил кўк қараб афти кирланган.
Харсанглар яйради кўргандай ҳаёт.
Бир майин шабада қитиқлаб димоғ,
У ёндан бу ёнга ўтар ўйноқлаб,
Хорғиндан асар йўқ, очилган қовоқ,
Булутлар тоғларни турар қучоқлаб.
Вазмин кўз ташлайди заминга қуёш,
Тепкилар абрнинг тўзғиган лошин.
Тинкаси қуриган бу авом эмас,
Майсалар лоп этиб кўтарган бошин.
Наҳот, ёмғир ёғди бизнинг қирларга,
Наҳот, сурувларнинг тўяди қорни?
Чўпонлар чопонин ташлаб елкага,
Термалар тўқийди чертиб дуторни.
Қушлар чуғури-ю бузоқ “мў-ў”раши –
Саҳардан бошланар подага ҳайдов.
Далага турмасми чорва ярашиб,
Кўзни қувонтирар шалоббо яйлов.
Наҳот, ёмғир ёғди бизнинг қирларга…
Насрий шеърлар
***
Кўнглимга бўлган ишонч ҳиссини йўқотиб қўйдим.
Болалигимда велосипед оламан деб йиғган пулимни олиб қўйишган. Яхшисини олиб берамиз деб ҳар йили қўй, қўзи боқтиришарди.
Салкам бобом билан бизларнинг қўй-эчкиларимиз сони беш юзтага яқин эди.
Ҳар йили қиладиган ишимиз бир хил, қўй боқиш, юнгини олиш, беда ўриш, янтоқ чопиш ва қишга йиғилган ҳашакларни чорвага бериб чиқиш.
Шу йўсинда дала-ю қирда умрим тўкилган.
Мактабда фалончи бобонинг невараси деб баҳойим қўйилган.
У пайтлари болалар университетга тайёрланишарди.
Сурувдан қолиб кетган эчкидек роса жағим очилган, аммо тебса тебранмайдиган қарчанғимиз сингари вазминлик билан ўқишга тўрттасини сотиб киргизамиз дея алқашган.
Бир-икки йилдан кейин қурғоқчиликда “сотиб киргизамиз” деган гап ростманасига кирди.
Тўрттасини эмас тўдалаб сотдик.
Ярим қоп пул, ёзнинг тентак шамолидек келди-ю кетди.
Умр-чи? Шудгорда совуқ урган уруғдек сочилиб қолди.
Асраб қололганим бир сиқим кўнгил.
Тупроққа ўйнаган боладай ишқингга ботиб, кўнглимни сенга узатгандим. Кафтимни очдинг…
Аммо ортингдан, бармоқларим орасидан қумдек тўкилди.
Бойловдан бўшалган бедовдек қишлоқдан кетаётганимда энам айтган гап миямда ажинашамолдек айланиб қолди, “Болам кўнглингни асра.”
Бекорга эмас экан.
Чекканимиз фироқ, учганимиз чирой бўлди.
***
Биласизми, ишқ саҳроси мени ғижимлаб ташлади. Тиззамгача барханга ботиб одимлайман. Савдойи бошимни қуёш шунчалик суюлтирганки, нима қилаётганимни англаёлмайман гоҳи. Билмадим, бу йўл сизга элтадими? Элтса керак. Томоғим соғинчдан қақраган, тунда ойнинг нурида ғарқ пишган кўккалаваш шираси ўзига сиғмай, тарс-тарс ёрилгандек юрагимдан ишқнинг шираси сизмоқда. Бу шира бутун вужудимни ачиштираяпти. Тамшанган гўдакнинг муштидек сабрим ёқамдан тутиб олган. Қаерга кўз ташласам рухсорингиз кўзимнинг нурини шимади. Не қилай, пешонамнинг ҳаёт тирнаб ташлаган ёриқларида шу ҳам бор экан. Биласизми, ғарибингизга қилган мисқолдек шафқатингиз умид учқунларини қайта ва қайта пуфлайверади. Куннинг бир тутамида ҳар кўйда таланавераман. Ҳали қарасам, йўқотиб қўйишдан, ҳали қарасам, ҳаммасини енгганм-у, сиз билан бахтли яшаб юрибман, ҳали қарасам, хавотир эзғилайди. Деярли, ҳар оним бир хил. Хаёл шундай нарса экан-да. Ҳолатимни кўриб ўзимнинг кулгим келади, шу ёшимда-я. Ҳозир шу мактубда нима деётганимни ҳам унча тушунмаяпман. Шу йўсинда ҳовуримни босмасам бўлмайди. Бўлмаса, вулқондек отилиб кетаман, ё жазавада бирор тентаклик қилиб қўйишим мумкин…
***
Уфқда кўринган булутдан илҳақ шохларини самога кўтариб, жазирамада бир томчи эҳсонга зор дарахтдай ҳис қилаяпман ўзимни. Саратонда мўжиза юз бергандек гулдурос солиб юбор. Теграмда чуғурлаб, рашкдан чўқилашиб ётган минг хил хаёл қушларини учир. Бошимни кемирган кўрсичқонлар, йўлнинг ярмида нега мени тўхтатганинг, бир думалаб ўзгариб қолишинг сабабини топишолмаяпти. Тушун, мен чизиб ташлаган ранго-ранг бахтнинг кенгликларида фақат сени кўраман. Инжиқлик қил, пўмпалоқ юзингни буруштир, қанот ёзган қошингни қоқ, лабларингни чўччайтир, ёш боладай аразла, киприкларинг беданадай пириллаб кетсин, ширин жилмай, мушукдек эркаликларингни кўтаришни хоҳлайман. Ахир бутун заррамгача зириллатиб юборган боқишинг, ҳаётга бўлган шаштимга яна-да ҳил беришини билсанг эди. Силламни қуритма. Руҳим танамдан ажралиб, ёввойи қушни қафасга солгандек хавотиримни чангаллаганча ўзини минораларга уриб, шамол сингари паришон бўлиб қолган. Менга далда бер, бўлмаса, ҳаётнинг тошқинида оқиб кетавераман. Ғурур ҳисларимни ғажиб ташлашига йўл қўйма. Қара-да, сени деб Худони олдида уятли бўлиб қолмайин. Ахир ишқни Худодан тилаб олганман!
Xo‘jayor (Faxriddin Shoto‘rayev) she’rlarini yuboryapman. Havasimdagi shoirlardan. Toza, siyosat, maishiylik aralashmagan she’rlar. Tag‘in hech kimga o‘xshamaydi. Ifoda yo‘li, ohangi, shahar shoirlarining bir hovuch lug‘atiga bir dunyo yangi so‘zlar berganining o‘zi quvonarli bu she’rlar. Bir qarashda egizga o‘xshaydi she’rlari. Hammasi: dala, qir, shamol, maysalar… Lekin unda zo‘rakilik yo‘q. O‘zida yo‘qni bor qilib ko‘rsatishga chiranish yo‘q. Va faqat o‘ziga tanish bo‘lgan narsalar haqda yozadi. Yozganda ham hapriqib, to‘liqib yozadi. Siz uning «PISHIQCHILIK» she’rini o‘qib ko‘ring! She’r shunday boshlanadi:
«Javzo. Yo‘ng‘ichqaning yetilgan bo‘yi,
Chalg‘ini tortaman yerni yalatib…»
So‘lagim oqib ketadi har o‘qisam, Xurshid aka!
She’riyatimizga ko‘pdan beri ana shunday tabiat lirikasi yetishmayabdi. Oxirgi miriqib o‘qiganim sizning shunday sof dala, bog‘lar, arava, yo‘ng‘ichqa… she’rlaringiz bo‘lgan. Bugun hamma anglasa-anglamasa ruhim, ruhimning ruhida, qayg‘ularim burchaklarida, deyishga o‘tdi. O‘zi yashamagan, his qilmagan holat, so‘zni ko‘tarishga qaydan kuch topisharkin?
Sizga sog‘lik, ruhiy quvvat tilab, shu she’rlarni o‘qib, ma’qul topsargiz oq yo‘l bilan saytingizda e’lon qilsangiz xursand bo‘lardim.
Jontemir JONDOR
13.01.25
XO‘JAYOR
SHЕ’RLAR
Xo‘jayor (Shoto‘rayev Faxriddin Nazarali o‘g‘li) 1997 yil 12-yanvarda Qashqadaryo viloyati Qamashi tumanida tug‘ilgan. 2023 yilda O‘zbekiston yozuvchilar uyushmasining «Zomin» ananaviy seminari qatnashchisi. O‘zbekiston jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universiteti talabasi.
“Dala ohanglari” turkumidan
CHЕKKA OVUL
Achib yotar soyning urtida
Baqalari morigan ko‘lmak.
Chanqagan jon o‘tsa sirtidan,
Vaq-vaqlashib qiladi ermak.
Mum tishlagan soqov qoyalar
Lom demaydi, xarsanglar – o‘lik.
Nasim ketar o‘ksib, qiyalab,
Burgutlari jim boqar go‘ldek.
Chang solinib tirnalgan so‘qmoq –
Bo‘ylab kelar tim qora quyun.
Tosh qo‘tonlar soladi qovoq,
G‘o‘ch qatovlar egmaydi bo‘yin.
Chaqchaygancha yulduzlar g‘udrar,
Nushqurt tilab “mo‘”raydi govmish.
Cho‘pon yigit siqadi xo‘dra,
Tog‘lar so‘kar: Tur, taytuv, o(v)mi.
G‘ing demaydi, ergashar qo‘yga,
Ko‘z ko‘rgani jayuv shu dala.
Kelajak ne botmaydi o‘yga,
Ovulga bu qiladi alam.
Tun tashlaydi Langar tog‘iga
Sukut yolg‘on ertaklar aytar.
Chug‘urlashib daraxt shoxida
Qushlar tinglab uyquga ketar.
Achib yotar soyning o‘rtida
Baqalari morigan ko‘lmak…
* * *
Shalvirab asadning ayni avjida
Qaqragan daladek tashna vujudim.
Qo‘y boqib, qo‘tonning yotib pinjida
Chang-to‘zon tirnagan yo‘lga termuldim.
Sakillab yiqilar kundan-kun quyosh,
Tiriklikni qovurar zamin jizg‘anak.
Gumon to‘rvasida achib yotar bosh,
Bulutlar sasidan bermaydi darak.
Popugi pasaygan dalli shabada
Tog‘lar dimog‘iga urar o‘zini.
Tuproqni bovurlab chirigan kunda,
Payidan chiqarmas o‘zak sezini.
Tamshanar gazalar, tamshanar yurak,
Do‘qalab qo‘yibman bir kadi ayron.
Sipqoray deymanu, ammo tevarak
Qoshida chanqoqni bosayin qanday?
Shalvirab asadning ayni avjida,
Qaqragan daladek tashna vujudim.
* * *
Gezarib yuribman dala-dashtlarda,
To‘rt-beshta qo‘yimning tuyog‘in sanab.
Chalqancha suyanib chag‘il toshlarga,
Avloq kengliklarda qolaman tunab.
Qoyani quchaman jon-jahdim bilan,
Ilk bor qiz quchgandek jimirlar tanam.
Ruhimda hapqirib qo‘zg‘algan bo‘ron,
Nam ko‘rgan ajriqdek chirmashar yana…
Salqin shabadaga tutib ko‘krakni,
Ozod xayollarni qilaman orzu(v).
Shabgirda qamalda qolgan yurakni
Lippillab masxara qilar Tarozi.
Va uzoq kutdirib yorishadi tong,
Nurlari selkillar pastga engashib.
Zarangni olaman yopinib chopon,
Qul kabi ketaman qo‘yga ergashib.
Gezarib yuribman dala-dashtlarda…
* * *
Nega indamaysan, nega kulmaysan?
Ichim yorishadi hozir jilmaysang.
Xayoling parishon, turding beparvo,
Beparvo ezishni ko‘rdingmi ravo?
Mohitobim, najot kutmagin tongdan,
Aytgin, bu nigohing ne uchun so‘ngan?
O‘rtagan dardingni o‘rtaga tashla,
G‘aming azobiga yuragim tashna.
Sovqotgan qo‘lingni qo‘limga uzat,
Uzlatdan uzlatga chekinsin uzlat.
Xo‘jayor – sen uchun yerdagi panoh,
Yo‘qsa, sevdirmasdi bunchalar Alloh.
* * *
Daraxtlar bargini to‘kmasdan burun,
G‘assol bulutlarni boshlab keldi kuz.
Yoriq paxsalarda chalgancha burg‘u,
Sovug‘i badanga botadi – bigiz.
Chang kabi vahima ko‘tardi qushlar,
Moviy ko‘z sayhonning turqini bulg‘ab.
– Mezon iplarini ushla-ho, ushla, –
Degancha shuvoqni chimchilar yaylov.
Taraddudga chorlab o‘zini borliq,
Qiy-chuvi tinmadi namozshom qadar.
Nag‘magar sukunat ingrandi bo‘g‘iq.
Tog‘larga chaqmoqning sixini qadab.
Sochini nimtalab yuldi tiyramoh,
Qayizg‘oq nurlari ketgan kirlanib.
Tong bilan qorilib kelgan turnalar
Surgunga uchradi tunga belanib.
Shamol ortlaridan ergashib uzoq
Ovloq dalalarda madori toldi.
Sovuqqon xarsanglar ochmadi qovoq,
Pajmurda daraxtlar serrayib qoldi…
* * *
Goh fosh bo‘lar, goho yashirin –
Ko‘k yuzida oy sang‘ir behud.
Yulduzlarning qo‘zg‘ar g‘ashini
Qoyalarga suykalgan bulut.
G‘udranadi soqov yelvizak,
Quvib solar yetilgan tollar.
Tashlandiq bog‘ kunjida kuzak
Tul xotindek seskanib olar.
G‘ala-g‘ovur qishloq g‘uluvda,
Allaqaydan akillaydi it.
Xabar kelmas hamon suluvdan,
Umidini g‘ijimlar yigit.
Tun shafaqqa asta so‘rilar,
“Qars” – sinadi boltalangan ahd.
Yonib ketar sog‘inch gurullab,
Sabri to‘lib yoriladi vaqt.
Sen kelmading…
Kelmading…
Kelma!!!
* * *
O‘xshab qoldi urvoqqa
Betoblanib, G‘ayimchol.
Keldi uni ko‘rmoqqa
Nevara so‘rab ahvol.
Yonida dalda bo‘lib
Nevara tun mahali,
Dedi – yoqimli kulib –
“Hayot oldinda hali.”
Chin ishondi G‘ayimchol
Va minib uyqu – otga,
Tush aralash, bemalol,
Ketdi o‘sha hayotga…
PISHIQCHILIK
Javzo. Yo‘ng‘ichqaning yetilgan bo‘yi,
Chalg‘ini tortaman yerga yalatib.
Nasimda maysalar tushadi o‘yin,
Kakliklarni kakir-kakir sayratib.
Quyosh jiyratadi patak sochini,
Bir gala tuvaloq topmaydi qo‘nim.
O‘ljasin changallab o‘tadi lochin,
Hali ko‘p chumchuqning quriydi sho‘ri.
Mo‘ysafid toshbaqa – labi ko‘kargan,
Huv ko‘lvor sichqonni bus-butun yutar.
Tosh sovut qatovlar hovur yutarkan,
Ayiqdek kenglikda toblanib yotar.
Chinoq uloqchaning dikiriklari
Qari takalarning keltirar kishtin.
Masiqqan novvosning o‘kiriklari
Befoyda, tanalar boqmaydi asti.
Echkiemar so‘rgan inak yelinin,
Podachi darg‘azab qon sog‘ib tashlar.
To‘rg‘ay och ilonga oldirgan inin
Dog‘ida chunonam chirqirab qaqshar.
Qulunlar uyurning qari baytali,
Kampiryuz xarsanglar termular sordek.
Mochaning ketidan ergashgan hangi
Peshobini hidlab chiqarar hordiq.
Yaylovda oq badan qo‘ziqorinlar
Shamolni qitiqlab uyg‘otar hirsin.
Osmonga jildirab boqar jilg‘alar,
Bulutdan anqiydi xiyonat isi.
Chachvonin yuziga tortadi quyosh,
Tog‘lar yelkalaydi kunduzning yukin.
Oyning oy ko‘rgani bo‘lganidek fosh
Talmovsirab qolar zaminda sukun.
VAHSHAT TUNI
Shamol tog‘u toshni yalab-yulqalab,
O‘mbaloq oshadi adirlarda sho‘x.
Shirdini qurigan lalmiga qarab
Cho‘nqayib gazalar uf tortadi: “uf!”.
Kahkashon g‘ingshiydi it bolasiday,
Qonsirab uvullar tullagan qashqir.
Boboqaldiroqlar chaladi surnay,
Daydi itlar soyda o‘ynar g‘ashiqib.
Qo‘ton darchasida ayg‘ir chanog‘i,
Yaltirar tishlari oyning nurida.
Qo‘ychivon o‘chirar pirmis-chirog‘in,
Arvohlar o‘rlaydi cho‘kkan go‘ridan.
GOVGUN
Ang‘iz bo‘yi, qatqoloq egat,
Quyosh jo‘nar soqoli selkib.
Shom kenglikka to‘shaydi etak,
“Qirq qaroqchi” ko‘pirar kilkib.
Qiyom turib tog‘lar nomozda,
Ado etar mo‘minlik farzin.
Ho‘piqqancha nochor alfozda
Oymomoning to‘kilar arzi…
Sayhon uzra ajinashamol
Qoqiladi aylanib boshi.
Qo‘ra tomon o‘rlaydi behol,
Chag‘il betdan podalar oshib.
Tayxarining dumini kuzab,
Urishtirib itin, bolalar
Terib qaytar xurjunda tezak,
Xirgoyisi: “Ahu-la-la-lay!”
Ovul yig‘ib uloq-qo‘yini,
Kuvi pishib shopirar ayron.
Sangloqlarga urib bo‘ynini,
Olislarda pishqirar dayro…
* * *
Labhezingdan bir tomchi
Ehson qilgin bu kecha.
Shu bol uchun qul holin
Javlon qilgin bu kecha.
O‘rib zulfing qamchidek
Yelkam uzra ur darra.
Rohat berar har zarbi
Har on qilgin bu kecha.
Cho‘zib yurding buncha ko‘p,
Yig‘ishtir-da ganjingni.
So‘lib borar bu vujud,
Darmon qilgin bu kecha.
Dilni etib dilfizo
Mijja qoqmay shabona.
Sorshar qilib sog‘arni
Mehmon qilgin bu kecha.
Oshiq qullar ichinda,
Lutfan aylab ehtirom.
Malika bo‘l, meni ham
Xoqon qilgin bu kecha.
* * *
Echkiemardek lapanglab,
Quvib yetib echkini.
Emchagini changallab
Bosib emdim sutini.
Shervachchadek irillab
Kakliklarni ovladim.
Tuxum bosgan qushlarning
Uyasini kavladim.
Toblab yotdim yelkani
Ertalabgi quyoshga.
G‘orlarning lang dahani
Kutib olar choshgohda.
Baytallarni yeldirib
Uyurlarni suvladim.
Ilonlarni o‘ldirib,
Qulunlarni quvladim.
Juvonadek yer shoxlab,
Sig‘may o‘sdim dalamga.
Podalarga ergashib
Ergashmabman odamga.
CHILLA
O‘zini soyaga urgan sovliqlar
Qishning avzoyidan qilar bashorat.
Oxurda kurk bo‘lib yotgan tovuqlar
“Kur-kur”lab chillada o‘qiydi oyat.
Porini titarkan pix yorgan xo‘roz,
Suvsagan juvona qaytarmoqda kavsh.
Samumning sochlari to‘zg‘iydi biroz,
“Hayt” desang, tog‘-toshdan qaytmaydi dovush.
Oftobda cho‘zilib yotgan huv yakka,
Quyrug‘i yirtilib qurtlagan to‘qli.
Burniga… sachratib, nahslangan taka
Jikkak tuvchalarga ko‘rinar ko‘hlik.
Tul zamin sillasin emar saraton,
Qaqragan soylarning lablari yoriq.
Xarsanglar pinjida mizg‘iydi cho‘pon,
Mizg‘iydi cho‘ponga qo‘shilib borliq.
HAMZA SAHRO DUSHMANLARIGA QARSHI JANGDA
Barxanlar ustida jang boradi, jang,
Quyoshda qip-qizil eriydi sahro.
Quturar ur-yiqit ichida bo‘ron.
Bos olg‘a*! Yakson qil, ur-ho-huy, ur-ho
Tulporlar pishqirar, qilichlar ko‘kda
Yarqirab g‘animni uzadi jolin.
Vatan, deb jon bergan yigitlar o‘ktam,
Qonini shimiydi och sahro qonib.
Chetgir chavondozdek olis-olisga
Olib borib tashlar qon isin shamol.
Osmonda quzg‘unlar bir-birin qistab
cho‘qiydi.
Bosh uchar tandan, mana, ol,
degandek ochkunaz xurofat haqqi,
Xo‘rligu, zo‘rligu talafot haqqi,
Ezilgan avomning ezg‘in dardi-yu,
Boshiga yoprilgan falokat haqqi.
Bedov tuyog‘ida to‘zg‘ib borar qum,
Yorilgan boshlarda sizi-i-ib borar qum,
Yov ortga chekinar, tepadan quyosh
Qasdma-qasd oyoqda qizib borar qum.
Madoring ketguncha bo‘sh kelma, Hamza!
_______________________
*Hamza Hakimzoda Niyoziy satri
* * *
Turqi sovuq keldi bu yil tirama,
Bulutga burkanib, changga burkanib.
Cho‘qqilar qoshiga oyoq tiramay,
Ko‘zini o‘yadi ayoz burganing.
Sarg‘arib qolganday salqin ko‘chalar,
Xazonlar xorigan, halovati yo‘q.
Tolning badanida tolgan kuchala
Aftoda tebranib ingraydi bo‘g‘iq.
Shamollar shovullar, shovqin shaharda,
Tilin osiltirgan kuchukday sanqib.
To‘lqinlar cho‘qishib chopgan anhorda
Barg – avgust jasadi boradi qalqib.
Bo‘zrayar kuzakning azador tongi,
Qo‘ynida ivirsiq, kovtik yo‘laklar,
Girdida shoxlarin osmonga sanchib,
Xudoni ko‘rsatib turar teraklar.
* * *
Fig‘on cheksam necha ko‘p,
Ul yorni shod ko‘rurmen.
Shod ko‘rib gar shodlansam,
Uzorin dod ko‘rurmen.
Obod etmoq ilinjda
Laxta-laxta yutib xun,
Kelsam hargiz ro‘baro‘,
Diydasin yod ko‘rurmen.
Olib avji alanga,
Xunob bo‘lar hafsalam.
Nazar solib dalliga,
Qachon obod ko‘rurmen.
Indinida yo‘q ekan,
Ki, ishqimga muruvvat.
Chekkan oh-u zorimga
Qaydan najot ko‘rurmen?
Ul badxo‘ga, Xo‘jayor
Ko‘ngil berdi Haq uchun.
Toq yasholmas, toq O‘zi,
Qanday hayot ko‘rurmen.
SHAM
Gugurt chaqib uning boshida
Va sochiga qo‘yishdilar o‘t.
Oqib tushgan ko‘zda yoshiga
To‘ntarilgan piyolani tut.
Xona yoritar ko‘ksin dog‘lab,
Shod-xurramdir yonida barcha.
Piyolaning ustida yig‘lab,
Halok bo‘lar qahramonlarcha.
* * *
Qarg‘a ming boqmasin osmondan, biroq
Jimitdek sichqonning inin ko‘rolmas.
Cho‘qqida in qurgan – pati yaltiroq
Zag‘chadir, maynadir, burgut bo‘lolmas.
* * *
Madori so‘rilib cho‘zilgan dala,
Xo‘mrayib dong qotgan toshlar diydasi.
Zovur dahanida g‘ujg‘on pashshalar
Talar bijg‘ib yotgan masliq tanasin.
Garmsel damida dimiqar xalqob,
Tipirlab kavakda xorigan jonlar.
Qushlar dalda berar tomog‘i qaqrab:
Chidagin! Chidagin! Ozgina jonlan.
Hansirar falajruh sho‘r bosgan o‘zan,
O‘ziga sig‘maydi tuproqning loshi.
Toshloqda sudralib shilingan tizza
Ko‘zidek qontalash do‘ngliklar boshi.
Ildizi qurigan oriq shibirtki
Yomg‘ir tilab ko‘kka termular o‘qtin.
Ilinji kesilmas metin subuti
Hovur purkab turar to‘rttala yoqdan.
Bulutga imlamas cho‘nqaygan tog‘lar,
Quyosh changaliga tutqazgan boshni.
Bobojon, dashtlarim o‘ziga bog‘lab,
Shunday o‘rgatadi menga bardoshni.
* * *
Quyosh sillasini shimgan dalaning,
Durkun do‘ngliklari qizarib yotar.
Shamol ehtirosdan kelar yalanib,
Xas-hashakni samo raqsiga torta(r).
Kuzatar kasartki xarsang ustida,
Yog‘ida qovrilib yotgan ko‘lvorni.
Tirik toshbaqani shilib po‘stidan,
Qoyatoshda burgut boqar viqorli.
Huv qumda yalpayib yotgan echkiemar
Saraton nuriga toblar yelkasin.
Ulug‘vor tog‘larning yuzlari chibor,
Sharqiroq dayroning tingan tinkasi.
Yulg‘unlar o‘rlarda sochini yular,
Peshonam sho‘riday soyning ko‘lmagi.
Tog‘lardan toshlarim ketmoqda nurab.
Mana shu dalalar mening yuragim.
O‘LAN
Xayol surib o‘tloqlarda,
Yulduz sanab yotgan kim bor?
Hur-hur shamol esgan chog‘da,
Ko‘ksin ochib tutgan kim bor?
Toshdan toshga sakrab chopib,
Yoshlik davri o‘tgan kim bor?
Lo‘ppi-lo‘ppi oy to‘lganda
Dildorini kutgan kim bor?
Oqshomlari gazalarda
To‘lib she’rlar aytgan kim bor?
Muhabbati qo‘ldan ketib,
Zahar-zaqqum yutgan kim bor?
Va dardini, cho‘pon bo‘lib,
Qatovlarga bitgan kim bor?
Tayog‘iga iyak tirab,
Qoyadek jim qotgan kim bor?
He-e-y-y yoronlar, xo‘rligidan
Shoir bo‘lib ketgan kim bor?
***
Gezarib yuribman dala-dashtlarda.
To‘rt-beshta qo‘yimning tuyog‘in sanab,
Chalqancha suyanib chag‘il toshlarga.
Ovloq kengliklarda qolaman tunab.
Qoyani quchaman jon-jahdim bilan,
Ilk bor yor quchgandek jimirlar tanam.
Ruhimda hapqirib qo‘zg‘algan bo‘ron
Nam ko‘rgan ajriqdek chirmashar yana…
Salqin shabadaga tutib ko‘krakni,
Ozod xayollarni qilaman orzu(v).
Shabgirda qamalda qolgan yurakni
Lipillab masxara qilar Tarozi.
Va uzoq kutdirib yorishadi tong,
Nurlari selkillar pastga engashib.
Zarangni olaman yopinib chopon,
Qul kabi ketaman qo‘yga ergashib.
Gezarib yuribman dala-dashtlarda.
* * *
Oq jala, ay oq jala,
Shatirlatib yog‘, jala.
Tomching o‘ysin ko‘ksimni,
Chiqib ketsin dabdalam.
Shamol, sudrab tashlagin
Pay bog‘lagan tanamni.
Chuvalchanglar galasi
Kavlab yesin yaramni.
O‘kirigim larzasin
Sellar ketsin oqizib.
Ketsin toshlar parrasi
Tomirlarim shart kesib.
Yashin chaqsin ko‘zimda,
Boshimda tur, qaldiroq.
Birqillaydi bo‘g‘zimda
Vulqon bo‘lgan muhabbat.
Asov edim qirlarda,
Tizgin bermagan ayg‘ir.
Changalim to‘sh yirtardi,
Yovqur nigohim – qiyg‘ir
Tizzam yerni o‘pmagan,
Chidolmayman orimga.
Qolmoq axir o‘mganlab
O‘lim shunqorligimga.
Bilmam, meni mahv etding,
Ey Uvaysiy zuryodi.
Qaydan keb, qayga ketding
Chalkashib qoldi yodim.
Tog‘lar oldida kimman –
Ikki qo‘lim samoda?
Shuvut bo‘lgan yuz ila,
Nahot, ishqqa taslimman?
Nahot, ishqqa taslimman!
Oq jala, ay oq jala.
Shatirlatib yog‘, jala.
Tomching o‘ysin ko‘ksimni,
Chiqib ketsin dabdalam.
* * *
Nahot, yomg‘ir yog‘di bizning qirlarga,
Jarliklar kilkidi sellarga, nahot?
Necha yil ko‘k qarab afti kirlangan.
Xarsanglar yayradi ko‘rganday hayot.
Bir mayin shabada qitiqlab dimog‘,
U yondan bu yonga o‘tar o‘ynoqlab,
Xorg‘indan asar yo‘q, ochilgan qovoq,
Bulutlar tog‘larni turar quchoqlab.
Vazmin ko‘z tashlaydi zaminga quyosh,
Tepkilar abrning to‘zg‘igan loshin.
Tinkasi qurigan bu avom emas,
Maysalar lop etib ko‘targan boshin.
Nahot, yomg‘ir yog‘di bizning qirlarga,
Nahot, suruvlarning to‘yadi qorni?
Cho‘ponlar choponin tashlab yelkaga,
Termalar to‘qiydi chertib dutorni.
Qushlar chug‘uri-yu buzoq “mo‘-o‘”rashi –
Sahardan boshlanar podaga haydov.
Dalaga turmasmi chorva yarashib,
Ko‘zni quvontirar shalobbo yaylov.
Nahot, yomg‘ir yog‘di bizning qirlarga…
Nasriy she’rlar
***
Ko‘nglimga bo‘lgan ishonch hissini yo‘qotib qo‘ydim.
Bolaligimda velosiped olaman deb yig‘gan pulimni olib qo‘yishgan. Yaxshisini olib beramiz deb har yili qo‘y, qo‘zi boqtirishardi.
Salkam bobom bilan bizlarning qo‘y-echkilarimiz soni besh yuztaga yaqin edi.
Har yili qiladigan ishimiz bir xil, qo‘y boqish, yungini olish, beda o‘rish, yantoq chopish va qishga yig‘ilgan hashaklarni chorvaga berib chiqish.
Shu yo‘sinda dala-yu qirda umrim to‘kilgan.
Maktabda falonchi boboning nevarasi deb bahoyim qo‘yilgan.
U paytlari bolalar universitetga tayyorlanishardi.
Suruvdan qolib ketgan echkidek rosa jag‘im ochilgan, ammo tebsa tebranmaydigan qarchang‘imiz singari vazminlik bilan o‘qishga to‘rttasini sotib kirgizamiz deya alqashgan.
Bir-ikki yildan keyin qurg‘oqchilikda “sotib kirgizamiz” degan gap rostmanasiga kirdi.
To‘rttasini emas to‘dalab sotdik.
Yarim qop pul, yozning tentak shamolidek keldi-yu ketdi.
Umr-chi? Shudgorda sovuq urgan urug‘dek sochilib qoldi.
Asrab qololganim bir siqim ko‘ngil.
Tuproqqa o‘ynagan boladay ishqingga botib, ko‘nglimni senga uzatgandim. Kaftimni ochding…
Ammo ortingdan, barmoqlarim orasidan qumdek to‘kildi.
Boylovdan bo‘shalgan bedovdek qishloqdan ketayotganimda enam aytgan gap miyamda ajinashamoldek aylanib qoldi, “Bolam ko‘nglingni asra.”
Bekorga emas ekan.
Chekkanimiz firoq, uchganimiz chiroy bo‘ldi.
***
Bilasizmi, ishq sahrosi meni g‘ijimlab tashladi. Tizzamgacha barxanga botib odimlayman. Savdoyi boshimni quyosh shunchalik suyultirganki, nima qilayotganimni anglayolmayman gohi. Bilmadim, bu yo‘l sizga eltadimi? Eltsa kerak. Tomog‘im sog‘inchdan qaqragan, tunda oyning nurida g‘arq pishgan ko‘kkalavash shirasi o‘ziga sig‘may, tars-tars yorilgandek yuragimdan ishqning shirasi sizmoqda. Bu shira butun vujudimni achishtirayapti. Tamshangan go‘dakning mushtidek sabrim yoqamdan tutib olgan. Qayerga ko‘z tashlasam ruxsoringiz ko‘zimning nurini shimadi. Ne qilay, peshonamning hayot tirnab tashlagan yoriqlarida shu ham bor ekan. Bilasizmi, g‘aribingizga qilgan misqoldek shafqatingiz umid uchqunlarini qayta va qayta puflayveradi. Kunning bir tutamida har ko‘yda talanaveraman. Hali qarasam, yo‘qotib qo‘yishdan, hali qarasam, hammasini yengganm-u, siz bilan baxtli yashab yuribman, hali qarasam, xavotir ezg‘ilaydi. Deyarli, har onim bir xil. Xayol shunday narsa ekan-da. Holatimni ko‘rib o‘zimning kulgim keladi, shu yoshimda-ya. Hozir shu maktubda nima deyotganimni ham uncha tushunmayapman. Shu yo‘sinda hovurimni bosmasam bo‘lmaydi. Bo‘lmasa, vulqondek otilib ketaman, yo jazavada biror tentaklik qilib qo‘yishim mumkin…
***
Ufqda ko‘ringan bulutdan ilhaq shoxlarini samoga ko‘tarib, jaziramada bir tomchi ehsonga zor daraxtday his qilayapman o‘zimni. Saratonda mo‘jiza yuz bergandek gulduros solib yubor. Tegramda chug‘urlab, rashkdan cho‘qilashib yotgan ming xil xayol qushlarini uchir. Boshimni kemirgan ko‘rsichqonlar, yo‘lning yarmida nega meni to‘xtatganing, bir dumalab o‘zgarib qolishing sababini topisholmayapti. Tushun, men chizib tashlagan rango-rang baxtning kengliklarida faqat seni ko‘raman. Injiqlik qil, po‘mpaloq yuzingni burushtir, qanot yozgan qoshingni qoq, lablaringni cho‘chchaytir, yosh boladay arazla, kipriklaring bedanaday pirillab ketsin, shirin jilmay, mushukdek erkaliklaringni ko‘tarishni xohlayman. Axir butun zarramgacha zirillatib yuborgan boqishing, hayotga bo‘lgan shashtimga yana-da hil berishini bilsang edi. Sillamni quritma. Ruhim tanamdan ajralib, yovvoyi qushni qafasga solgandek xavotirimni changallagancha o‘zini minoralarga urib, shamol singari parishon bo‘lib qolgan. Menga dalda ber, bo‘lmasa, hayotning toshqinida oqib ketaveraman. G‘urur hislarimni g‘ajib tashlashiga yo‘l qo‘yma. Qara-da, seni deb Xudoni oldida uyatli bo‘lib qolmayin. Axir ishqni Xudodan tilab olganman!