Jontemir Jondor. Ko’zida So’zi borlar & Nasrullo Ergash. Jontemir haqida muxtasar so’z

21Биздан беш-олти ёш кичик бўлса ҳам Жонтемирни тенгқур дегим келади. Чунки у тенг-тўшларидан анча ўзиб кетган. Дастлаб уни фақат шеър ёзса керак деб ўйлар эдим. Кейин ўқиб билдимки, жони вужудига сиғмай юрадиган дўстимиз жамиятдаги турли муаммолар ҳақида мўъжаз миниатюралар – лавҳалар ҳам битар экан. Исми жисмига мос жонсарак, куюнчак бу йигитча замондошларимизни фикрий уйғоқликка ундаб чарчамайди. Унинг дадил-дангал фикрлари, мажнунваш ўй-хаёллари эҳтимол одатий қолипларга сиғмас. Чинакам ижодкорлик, асли, қолипларни синдириш, тушовларни узиш дегани эмасми?!

Насрулло ЭРГАШ

02Жонтемир ЖОНДОР
КЎЗИДА СЎЗИ БОРЛАР


СЎЗ

“Сўзлашга изн сўрайман!”

Хато ўқимадингиз. Агар бизда СЎЗ қудрати ўлмаганда эди, мен албатта ўз фикримни айтгали аҳли орифдан ижозат сўраган бўлур эдим. Улуғлар битган китобларни кўринг, улар ёзмоқ учун аввало Тангри таолодан изн тилаганлар. Аммо каломнинг мақом-мавқеи муомаладан чиқарилган тангалар даражасига тушиб қолган замонда рухсатсиз ҳам сўзлаш мумкиндек туюлади.

Кўзингизни бир зумга юмингу дунёни сўзсиз тасаввур қилиб кўринг. Эплай оласизми?

Йўқ!

“Сўз – илоҳ” деган жумлани ўқиган эдим бир китобдан. Ўшанда бу фикр шаккоклик бўлиб туюлган менга. Энди эса шаксиз ишонаман. Зотан, биз сўзни қадрсизлаштириш баробарида Тангридан ҳам йироқлашиб кетаётирмиз. Қани, буни рад этиб кўринг-чи!

Кўзида сўзи бор эрлар ҳақида эшитганмисиз? Момолар билишади, “бобонгнинг бир қарашидан нима демоқчилигини англаб олардим” дейдиган момолар. Бугун бола ота-онани, ўқувчи ўқитувчини, тингловчи нотиқни, ходим бошлиқни, амалдор подшоҳни ўша момолар каби тушуна оляптими?

Бизда энг қадрсиз нарса нима, деб сўрасалар, ҳеч иккиланмай “сўз” дейман. Бугун сўз бераётган одам эртага унинг ижросини ўйламайдиган даврда яшаяпмиз.

Бола отасига, ўқувчи устозига, ошиқ маъшуқасига, ходим бошлиғига, амалдор подшоҳга, подшоҳ халқига сўз беради. Подшоҳ сўзининг устидан чиқолмаса, ҳамма уни маломат қилади. Айбдорлик илдизи отасига берган сўзининг устидан чиқмаган болага бориб тақалишини эса тан олгимиз келмайди.

“Фалончи – бир сўзли одам. У айтдими, бажаради!” Оилангизда, ён-атрофингизда шунақа кишилар кўпми?..

Сўз қудрати ўлган ўлкада ҳеч нарсанинг қиммати қолмайди. Айниқса – инсоннинг! Дардингизни айтаверасиз, айтаверасиз – биров пинак бузмайди. Газеталар муаммоларни кўтаргани билан эътибор бергувчи топилмайди. Телевизор шунчаки вақт ўтказиш учун кўрилади. Радио бир четга улоқтирилади. Энг даҳшатлиси – китоб ўқилмайди, илм хор бўлади. Негаки, илмнинг ўзаги – сўз.

Қани айтинг-чи, ҳозир шундай бўлмаяптими?

Илм кишиси аксар ликир-ликир отарчидан хароб эканини ким рад этади? Ё фалон ёзувчи-шоирнинг асарида пистон муаммо кўтарилибди, дея қизғин муҳокамалар бўляптими? Сўзлашдан бурун ички ҳаё қошида истиҳолага боряпмизми?

Қурол билан фатҳ этиш, қўрқув остида бошқаришдан сўз билан эргаштириш қийин­роқ, лекин улуғ аъмол. Пайғамбарлар сўз ёрдамида эргаштирган одамларни. Ижодкорлар сўз билан забт этади қалбларни.

Хўш, биз қачон Сўздан (Тангридан) узоқлашдик?!

Қадимда тождорлар жулдур кийимда халқ оралаб юрган. Давлатга терс гапираётганларни топиб жазолаш учун эмас, нега шундай деяпти – сабабини излаш, ­дилидагини тинглаш учун!

Бундан юз йил илгари, жадидлар даврида сўз қандай қудратга эга бўлганини тасаввур қила оламизми? Танишиб чиқинг ўша давр тарихи билан, ёқа ушлайсиз! Узоққа бормайлик, ўтган 70 – 80-йилларда ёзилган шеър, ҳикоя, мақола бутун мамлакат бўйлаб яшин тезлигида ёйилган. Уларда кўтарилган муаммоларга чора изланган. Қалам аҳли бежиз ёзмайди деган қараш пойдор бўлган жамиятда. Бугунгидек бекор юргандан кўра шеър ёзганим яхши-ку, деб қалам қитирлатавермаган ҳамма!

Ҳаддан ортиқ кўп ишлаб чиқарилган маҳсулот қадрсизланади, иқтисод тилида айтсак, инфляцияга учрайди. Сўзни шу қадар аямай, ўйламай сарфлаяпмизки, тез орада оқибатини кўрамиз. Балки кўриб, фаҳмламаётгандирмиз. Қаердан ҳам фаҳмлайлик, ҳамма бирваракайига оғзига келганини валдираётган, ҳеч ким тин олиб фикрламаётган бўлса?!

Унутманг, Сўз ўлса, у билан ифодаланган ҳамма эзгу фазилатлар қадрини йўқотади: ота-онага эҳтиром, Ватанга муҳаббат…

Ҳақгўйлиги, миллатпарварлиги учун босқинчилар неча минг боболаримизни чавақлаб ташлаган, дея китобдан ўқиган боланинг кўзига ёш келмай қўяди. Шундоқ ҳам бундай маълумотларни тестда адашмаслик учунгина хўжакўрсинга ёдлаб юрибди аксар ёш-­яланг. Ё нотўғрими?

Ўпкаси ҳаприқиб, йиғлаб дарс ўтган тарих ўқитувчисини кўрганлар борми? Камина университетларни тугатаётган аксар тенгқурларимдан тузукроқ мутахассис чиқишига ишонмайман, ишонолмайман. Мен бу авлоддан эмас, бугун-эрта боқчага чиқадиган болакайлардан умид қиламан. Уларни тоза тарбиялаб, асраб қололсак эди!

Сўз ўз мавқеини тиклаб олмас экан, чекка қишлоқда туриб гапирган кишини-да бутун мамлакат жон-қулоғи билан тингламас, акс садо бермас экан, дардларимиз оғизга, жуда борса қоғозга кўмилиб, шамолда совурилиб кетаверади.

СЎЗ қудратини англатишни болалардан бошланг. Эртага бизни бошқаргувчи шулар…

ЯНГИЛАНИШ ЭҲТИЁЖИ

Ўзидан зерикиш, қониқмаслик, якранг кунлардан норозилик ҳолати фақат одамга хос, менимча. Йўқса, дарахт ҳам исён кўтарган бўларди башар каби. Ҳа, одамзод Тангрининг қонунларини бузишга жуда мойил. Бу балки эркаликдандир? Тангри ҳам бандасининг маъсиятларини кечириб юборади ёки жазони сўнгги кунга қолдиради. Назаримда, ўзгармас қонунларни ўзгартиришга ҳаракат шаккоклик эмас, янгиланиш эҳтиёжидан келиб чиқади. Дарвоқе, буни бизга Одам ва Ҳавво бошлаб бермадими?! Тақиқ мевасини еб кўриш, китобларда қайта-қайта таъкидланганидек, фақат нафсга боғлиқ бўлмай, темир қоида чегарасини кенгайтиришга уриниш ҳам эди.

Зардўштийликни олайлик. Моҳиятида янги – комил одам орзуси ётади. Файласуф Нитшенинг “Зардўшт таваллоси” асари ҳам айнан шу ғояга қурилган – одам ўзидан, ўзига ўхшаганлардан зерикиб, ерга янги одам келишини, янгиланишни истайди! Бу даҳшатли фожиалар эвазига рўй берса ҳам! Қадимги юнон шоирларидан Эсхил ҳам “Прометей” асарида ана шу фикрни ўртага ташлайди. Прометей айтадики: “Зевс одамларни зулматда қириб ташлаб, янги одам яратмоқчи эди, мен эса (Худолар худосига бўйсунмай!) фонийларга (одамлар) олов ҳадя қилдим…” Шу ўринда Абдурауф Фитрат қаламига мансуб “Шайтоннинг Тангрига исёни” драмаси эсга тушади. Фитратнинг “шайтон”и Эсхилнинг “Прометей”и каби Яратувчига исён кўтаради. Мазкур икки асар қаторида Гётенинг “Фауст”ини ҳам қайд этиш мумкин. Ғоявий муштаракликлар алоҳида илмий изланишни талаб қилади…

Нуҳ ва Лут пайғамбарлар ҳам Яратгандан қавмларини қириб ташлашни ёлвориб сўрайдилар. Мақсад ўша – янги одам! Исонинг ерга қайтиши ҳам шу ғояга боғлиқдек. Негаки, у осмондан ерга тушган иккинчи Одам бўлади-да!

Демак, одам тузумдан эмас, ўзидан зерикади. Ҳар доим шундай кечган. Мумкинми-мумкин эмасми, аҳамияти йўқ, янгиланса бўлди – ҳар қандай тўсиқни бузиб ўтишга тиришади у! Чунки унда қўрқувдан кўра, янгиланишга бўлган эҳтиёж, ташналик устувор. Бундан келиб чиқадики, ҳар қандай исён замирида кечагидан ўзгачалик истаги яшайди. Масалан, санъатда айнан шундай. “Исён психологиясида ижодкор тўғридан-тўғри Тангри билан баҳсга киришади”, дейди Альбер Камю. Мен эса, қандай яратилган бўлса, шундай ўлим топишни истамайдиган мавжудот – ижодкор, дейман. Ахир, У билан баҳсга киришиш ғирт аҳмоқлик экани кундек равшан-ку!

Алқисса, аксар ҳол башариятнинг исёнлари айнан янгиланиш эҳтиёжига бориб тақалади. “Одам ундай бўлиши керак, одам бундай бўлиши керак” қабилидаги даққи тушунчалар бизни шунчалик зериктириб юборганки, миямизни бўшатиб, ҳаётни қайта бошлашни истаймиз. Ёки буни Ер истаётганмикан? Биз восита ўлароқ Ернинг истагини намоён қилаётирмизми? Агар шундай бўлса, энди фақат коинотнинг жавобини кутиш қолди, холос. У нега жим? Ерни менсимай қўйдими? Ўз бағрида миллиардлаб сайёралар ичра жимитдек Ер ҳам борлигини унутиб юбордими ё?..

ҚУЮН

Катта (Шаҳрисабзда момони шундай атайдилар), меҳрибоним, бобомдан мерос – пойига бош уриб боргувчи Каъбам менинг!

Ҳар гал ёнингиздан кетаётганимда худди сўнгги бор хайрлашаётгандек ичкин тикилиб қоласиз ортимдан. Биласизки, ўғлингиз – далли. Биласизки, ўғлингиз – дайди. Билмайсизки, ўғлингиз – шоир… Лекин у бемеҳр эмас! Қочоқ эмас! Томорқа ишларидан безгани, қишлоқ шароитига чидай олмагани учунгина шаҳарга жўнамаётир.

Ўйлайсизки, қўлини совуқ сувга урмас ялқов у. Ўйлайсизки, енгил ҳаёт ишқибози у.

“Қариганингда ҳамма сени ташлаб кетар экан…”

Сўзларингиз қиррали тош, яраламай қўймас теккан юракни. Ўпириб ўтар, ўпириб!

Тўсатдан Тошкентга кетиб қолганимни эшитган катта тоғам қўнғироқ қилиб кинояли кулар экан, бундай дейди: “Тошкентга қара, жиян, Тошкентга қара!”

Бу қадар беқўним-беқарорлигим сабабини тушунтириб, ўзимни оқлаш ниятим йўқ. Шуни айтмоқчиманки, ичимда бир асов қуюн бор. Ўша мени истаган кўйига – ўтдан олиб сувга солади. Мен буни на сизга, на аллақачон ота бўлган дўстларимга, на Шаҳрисабз, на Тошкент ва на ўзимга тушунтира оламан.

“Тошкентда муқим турар жойинг, тайинли ишинг бўлмаса, ўқишни ҳам қойиллатмаяпсан. Нима қиласан бориб?” Кенжа тоғамнинг саволига, минг уринай, жавоб тополмайман. Жимгина эшитаман, холос. Тоғам эса баттар тутақади…

Негадир сиз мени исканжага олмайсиз. Кетаман десам йўлимни тўсмайсиз. Фақат кўзларингизга дош берсам, бас! Маъюс, маҳзун, мазлум кўзларингизга…

Кечқурун сиз билан очилиб гаплашишга кўп уринаман, аммо эплолмайман. Қучоқлаб ётгим келади…

Катта, мен етиб бора оладиган дунё чеккаси – Тошкент. Агар ундан чиқиб кетолганимда эди… Йўқ, ўзимни ёриб чиқиб кетолганимда эди!

Ёнингизда беадабларча чекишим, соч-соқолимни сиз айтмоқчи маймундек ўстириб юришим мумкин. Аммо…

Оёғингизни уқалашни бошласам, “қўлинг бунча юмшоқ” дейсиз ҳар гал. Ҳа, бу қўл қаламдан бошқани тутишга ярамайди, катта, ярамайди… Лекин йўл тортаверади. Бир жойда узоқроқ қолсам қуюн сўнади. Қуюн сўнса, ўғлингиз ўлади, катта!

Худбинман-а, худбинман! Нуқул ўзимни ўйлайман.

Катта, мендаги ҳақингизни минглаб илтижоли шеърларим билан узолмаслигимни биламан. Шунга қарамай, ёзавераман, ёзавераман…

Катта, меҳрибоним, қўлимдан шеър ёзишдан бошқа иш келмаслигини тан олиш қанчалик оғир бўлмасин, бу ҳақиқатдан юз буролмайман. Битикларим эса сизга наф келтирмаслиги кундай аён.

Катта, меҳрибоним, Каъбам менинг! Ўғлингиздан кўнглингиз қолмасин. Сиздан олисда ҳар тун сизни бир умрга йўқотиб қўйиш ваҳми билан уйқуга кетаман. Ҳаддан ташқари даҳшатвор хаёл бу!

Катта, меҳрибоним, сиздан айрилишни истамайман, лекин ёнингизда ҳам узоқ қололмайман. Нега?!

Катта, меҳрибоним, бир куни имоним қўққис уйғониб, сизни бир умр тавоф этиб яшамоқ учун ёнингизга йиғлаб қайтишимга ишонинг!

Ўйлайсизки, ўғлингиз бемеҳр. Ўйлайсизки, у қочоқ, дайди. Йўқ, у ўзини идора этолмайди. Ичида қудратли қуюн бор. Бир жойда тўниб қолса, қуюн сўнади. Қуюн сўнса, ўғлингиз тўкилиб тушади, тўкилиб. Сиз шуни руҳоний зако ила англаган ҳолда мени жим кузатиб қоласиз. Йиғламайсиз ҳам. Ё мен дарвозадан чиққунча тутиб турасизми кўзёшларингизни?..

ТУТҚУН

Шаҳарга келганимдан бери ҳадиксираб юрадиган, аммо бир кунмас бир кун рўй бериши муқаррар кўнгилсизликка йўлиқдим.

Очиғини айтсам, қўрқсам-да, тушуниксиз ички қизиқиш сабаб бу ҳодисага дуч келишни истар, лекин тан оламан, қўққисдан рўпара келишга тайёр эмасдим. Шаҳар тупкасидаги тўққиз қаватли бинонинг олтинчи қаватида яшашим ва иморатнинг шарти кетиб парти қолганини ҳисобга олсак, бу кичик фожиадан қочиб қутулишнинг сира имкони йўқ эди.

Кундуз соат ўн бирлар чамаси дўкондан ул-бул олиб қайтарканман, доимгидек лифт тугмачасини босдим. Ишламади. Жин урсин сени, дея иккинчи қаватга кўтарилдиму яна уриниб кўрдим. Бу сафар салкам етмиш йилдан буён одам ташийвериб шалдираб қолган ускуна базўр шақирлаб очилди. Шу вақт кирсам-у, қамалиб қолсам-чи, деган ўй ўтди хаёлимдан. Эҳтиёткорлик ҳам эви билан-да, дея журъатимга ёзғириб лифтга дадил кирдим, олтинчи қават тугмасини босганимни биламан, эшик ёпилди-ю, жойидан жилмади, таққа тўхтаб қолди! Мана шу эски уйга кўчиб ўтган кунимдан чандон зўрайган қўрқувим – қамалиб қолиш, тасаввур қилганимдек ваҳимали эмаслигини кўриб, рости, хурсанд бўлдим. Майли, бўлар иш бўлди, озроқ кутай-чи, ишлаб кетар…

Ҳаммаси тахминан бир соат ўтгач бошланди. Нафасим сиқиб, бошимни оғриқ чангаллади. Гўё энди ҳеч қачон ёруғликка чиқолмайдиган, бир умр шу тор қутида қоладиган тутқундек ҳис қилдим ўзимни. Қамоқхонадаги ашаддий жиноятчилар сақланадиган карцерда ётган маҳбусдан нима фарқим бор ҳозир? Қўққисдан қичқириб, эшикни тепа бошладим, тугмаларни танлаб ўтирмай важоҳат билан босаман – талвасага тушиб қолган эдим-да! Беш-олти йил муқаддам Шаҳрисабзда янги очилган ҳайвонот боғида кўрганим, ўзини тинмай қафасга ураётган қилтириқ бўрини эсладим. У олдига ташланган гўштга қайрилиб ҳам қарамас, кўзларида ғазаб йилтирар эди. Ўшанда боғ назоратчисига қўйиб юборинглар уни, ўлиб қолади-ку, десам, ҳали янги, тез орада кўникиб кетади, деб жавоб қилган эди ёқимсиз тиржайиб. Анчадан кейин яна бўрини кўргани бордим (табиатан ёввойи ҳайвонларни яхши кўраман, балки тоғ этагида туғилганим учундир), лекин қафас бўш эди…

Хайрият, дод-войимни эшитган чоғи, бир болакай эшик ёнига келади.

– Қамалиб қолдингизми?
– Ҳа. Ташқаридан тугмани босиб кўр-чи, очилармикан?

– Очилмайди, – дейди у ишонч билан. – Билмайсизми, катталар тез-тез қамалиб қолади. Шунинг учун мен доим зинадан
юраман.

– Катталар аҳмоқ, болалар ақлли бўлади-да! – дея, кетиб қолмасин учун хавотирда кўнглини олмоқчи бўламан.
– Телефонингиз борми?

Шошиб чўнтагимни пайпаслайман.

– Бор!
– Ундай бўлса, ёзиб олинг.

У берган рақамга қўнғироқ қиламан.

– Ҳозир лифтдамисиз? – деб сўрайди гўшакни кўтарган аёл қайта-қайта тушунтиришимга қарамай. Кейин бемаъни савол берганини фаҳмлайдими, жим бўлиб қолади ва сўнг ҳамдардлик оҳангида қўшиб қўяди: – Чироқ ўчибди. Сабр қилинг, ёниши билан ишлаб кетади.

Бир оз таскин топган бўламан. Оёқларимни узатиб ўтиришга уринаман – ноқулай. Тиззаларимни йиғаман. Сал ўтмай бўғинларим уюшиб қолмасин учун яна тураман. Тугмаларни умид билан бир-бир босаман. Деворни қаричлаб ўлчаб чиқаман. Эшикни куч билан очишга тиришаман – бефойда. Зинадан кўтарилиб-тушаётганларнинг оёқ товушларини эшитиб, тирқишдан қарайман. Этим жимирлайди. Оҳ, эмин-эркин юрмоқ нақадар ёқимли! Имдод тилаб бақиргим келади-ю, буларнинг қўлидан ҳеч иш келмаслигини билиб сас чиқармайман. Кутилмаганда телефоним жиринглаб чўчитиб юборади.

– Қаердасиз?
– Икки соатдан бери лифтда!

– Қамалиб қолдингизми? Ҳеч тинч юрмас экансиз-да. Ташқарида бўлсангиз ов­қатланармидик, деб йўқлаётган эдим (кулади). Майли, оч бўлсам ҳам сиздан аҳволим дуруст экан. Нечанчи қаватдасиз ўзи?

– Иккинчи.
– Тўққизинчидамасми, афсус. Кинолардагидек пўлат арқон узилиб кетса борми (яна кулади)…

– Ўшанда ҳам айбни аллақачон ишдан чиққанига қарамай алмаштирилмаган манави шалоқ лифт ё унга жавобгар ташкилотга эмас, бу шоир руҳий азобларига дош беролмай ғайритабиий ўлим топиш илинжида шундай қилган, деб ўзимга юклашади! – дейман зарда билан.

– Етмаганига, набирангизнинг ўлими сабаб лифт сафдан чиқди, зарарни қоп­лаб беринг, дея момонгизга даъво хати юборишади…
Ҳалиги аёлга тағин сим қоқаман.

– Вой, ҳалиям ўтирибсизми? Уларга айтдим, лифтда одам қамалиб қолган, чиқариб олишимиз керак, дедим. Қорнингиз очиб кетгандир?.. Нима? Ҳожатга?.. Тушунаман, тушунаман. Ўзингиз очиб чиқолмайсиз-а? Тўғри, эплаганингизда қўнғироқ қилмасдингиз. Ҳозир яна кираман бошлиққа. Сиз хавотир олманг, уста юборамиз.

Аламимни кимдан олишни билмайман. Деворни муштлаш бефойда, бақира-бақира томоғим бўғилади. Оёғига хина қўйган устадан эса ҳали-ҳануз дарак йўқ. Нимадир қилиб ўзимни чалғитмасам ақлдан озаман. Танишларга қўнғироқ қилсамми? Йўқ. Телефон қувватини уста келгунича тежашим керак. Унда нима билан овуниш мумкин?.. Полда ғужанак бўлиб, шифтдан сизиб кираётган заиф нурга қараб анави бўри ҳақида хаёл сураман: ўлганмикан ёки қўйиб юборилганми?.. Ичкари дим. Ҳаммомнинг ўзи. Бутун вужудимдан қайноқ тер қуйилади. Бошим айланади. Қачондан бери ўтирибман бу тор қутида? Тўрт-беш соат бўлди… Балки йигирма йилдир?!. Энди ғужанак бўлиб ухлашга уринаман. Бутун дунё лифтга айланиб қолгандек туюлади! Баҳайбат лифтга!.. Ташқаридан менга лифтсознинг рақамини берган боланинг элас-элас овози эшитилади:

– Бир ака қамалиб қолган, ойи.
– Жим, эшитиб қолади. Ким айтди унга бузуқ лифтга чиқсин деб!

Сиз ҳам қамалиб қолгансиз, хоним. Фақат меникидан кенгроқ лифтда бўлганингиз учун буни сезмаяпсиз, холос, дегим келади ўша аёлга. Қадам товушлари узоқлашар экан, бир зум кўз олдимда миллионлаб лифтларда қамалиб қолган одамлар қиёфаси жонланади ва аста-секин хиралашиб, кичкина қора нуқтага айланиб ғойиб бўлади…

Манба; «Тафаккур» журнали, 3/2021

«Хуршид Даврон кутубхонаси»да Жонтемир Жондор саҳифалари

Bizdan besh-olti yosh kichik bo’lsa ham Jontemirni tengqur degim keladi. Chunki u teng-to’shlaridan ancha o’zib ketgan. Dastlab uni faqat she’r yozsa kerak deb o’ylar edim. Keyin o’qib bildimki, joni vujudiga sig’may yuradigan do’stimiz jamiyatdagi turli muammolar haqida mo»jaz miniatyuralar – lavhalar ham bitar ekan. Ismi jismiga mos jonsarak, kuyunchak bu yigitcha zamondoshlarimizni fikriy uyg’oqlikka undab charchamaydi. Uning dadil-dangal fikrlari, majnunvash o’y-xayollari ehtimol odatiy qoliplarga sig’mas. Chinakam ijodkorlik, asli, qoliplarni sindirish, tushovlarni uzish degani emasmi?!

Nasrullo ERGASH

7Jontemir JONDOR
KO’ZIDA SO’ZI BORLAR


SO’Z

“So’zlashga izn so’rayman!”

Xato o’qimadingiz. Agar bizda SO’Z qudrati o’lmaganda edi, men albatta o’z fikrimni aytgali ahli orifdan ijozat so’ragan bo’lur edim. Ulug’lar bitgan kitoblarni ko’ring, ular yozmoq uchun avvalo Tangri taolodan izn tilaganlar. Ammo kalomning maqom-mavqei muomaladan chiqarilgan tangalar darajasiga tushib qolgan zamonda ruxsatsiz ham so’zlash mumkindek tuyuladi.

Ko’zingizni bir zumga yumingu dunyoni so’zsiz tasavvur qilib ko’ring. Eplay olasizmi?

Yo’q!

“So’z – iloh” degan jumlani o’qigan edim bir kitobdan. O’shanda bu fikr shakkoklik bo’lib tuyulgan menga. Endi esa shaksiz ishonaman. Zotan, biz so’zni qadrsizlashtirish barobarida Tangridan ham yiroqlashib ketayotirmiz. Qani, buni rad etib ko’ring-chi!

Ko’zida so’zi bor erlar haqida eshitganmisiz? Momolar bilishadi, “bobongning bir qarashidan nima demoqchiligini anglab olardim” deydigan momolar. Bugun bola ota-onani, o’quvchi o’qituvchini, tinglovchi notiqni, xodim boshliqni, amaldor podshohni o’sha momolar kabi tushuna olyaptimi?

Bizda eng qadrsiz narsa nima, deb so’rasalar, hech ikkilanmay “so’z” deyman. Bugun so’z berayotgan odam ertaga uning ijrosini o’ylamaydigan davrda yashayapmiz.

Bola otasiga, o’quvchi ustoziga, oshiq ma’shuqasiga, xodim boshlig’iga, amaldor podshohga, podshoh xalqiga so’z beradi. Podshoh so’zining ustidan chiqolmasa, hamma uni malomat qiladi. Aybdorlik ildizi otasiga bergan so’zining ustidan chiqmagan bolaga borib taqalishini esa tan olgimiz kelmaydi.

“Falonchi – bir so’zli odam. U aytdimi, bajaradi!” Oilangizda, yon-atrofingizda shunaqa kishilar ko’pmi?..

So’z qudrati o’lgan o’lkada hech narsaning qimmati qolmaydi. Ayniqsa – insonning! Dardingizni aytaverasiz, aytaverasiz – birov pinak buzmaydi. Gazetalar muammolarni ko’targani bilan e’tibor berguvchi topilmaydi. Televizor shunchaki vaqt o’tkazish uchun ko’riladi. Radio bir chetga uloqtiriladi. Eng dahshatlisi – kitob o’qilmaydi, ilm xor bo’ladi. Negaki, ilmning o’zagi – so’z.

Qani ayting-chi, hozir shunday bo’lmayaptimi?

Ilm kishisi aksar likir-likir otarchidan xarob ekanini kim rad etadi? Yo falon yozuvchi-shoirning asarida piston muammo ko’tarilibdi, deya qizg’in muhokamalar bo’lyaptimi? So’zlashdan burun ichki hayo qoshida istiholaga boryapmizmi?

Qurol bilan fath etish, qo’rquv ostida boshqarishdan so’z bilan ergashtirish qiyin­roq, lekin ulug’ a’mol. Payg’ambarlar so’z yordamida ergashtirgan odamlarni. Ijodkorlar so’z bilan zabt etadi qalblarni.

Xo’sh, biz qachon So’zdan (Tangridan) uzoqlashdik?!

Qadimda tojdorlar juldur kiyimda xalq oralab yurgan. Davlatga ters gapirayotganlarni topib jazolash uchun emas, nega shunday deyapti – sababini izlash, ­dilidagini tinglash uchun!

Bundan yuz yil ilgari, jadidlar davrida so’z qanday qudratga ega bo’lganini tasavvur qila olamizmi? Tanishib chiqing o’sha davr tarixi bilan, yoqa ushlaysiz! Uzoqqa bormaylik, o’tgan 70 – 80-yillarda yozilgan she’r, hikoya, maqola butun mamlakat bo’ylab yashin tezligida yoyilgan. Ularda ko’tarilgan muammolarga chora izlangan. Qalam ahli bejiz yozmaydi degan qarash poydor bo’lgan jamiyatda. Bugungidek bekor yurgandan ko’ra she’r yozganim yaxshi-ku, deb qalam qitirlatavermagan hamma!

Haddan ortiq ko’p ishlab chiqarilgan mahsulot qadrsizlanadi, iqtisod tilida aytsak, inflyatsiyaga uchraydi. So’zni shu qadar ayamay, o’ylamay sarflayapmizki, tez orada oqibatini ko’ramiz. Balki ko’rib, fahmlamayotgandirmiz. Qayerdan ham fahmlaylik, hamma birvarakayiga og’ziga kelganini valdirayotgan, hech kim tin olib fikrlamayotgan bo’lsa?!

Unutmang, So’z o’lsa, u bilan ifodalangan hamma ezgu fazilatlar qadrini yo’qotadi: ota-onaga ehtirom, Vatanga muhabbat…

Haqgo’yligi, millatparvarligi uchun bosqinchilar necha ming bobolarimizni chavaqlab tashlagan, deya kitobdan o’qigan bolaning ko’ziga yosh kelmay qo’yadi. Shundoq ham bunday ma’lumotlarni testda adashmaslik uchungina xo’jako’rsinga yodlab yuribdi aksar yosh-­yalang. Yo noto’g’rimi?

O’pkasi hapriqib, yig’lab dars o’tgan tarix o’qituvchisini ko’rganlar bormi? Kamina universitetlarni tugatayotgan aksar tengqurlarimdan tuzukroq mutaxassis chiqishiga ishonmayman, ishonolmayman. Men bu avloddan emas, bugun-erta boqchaga chiqadigan bolakaylardan umid qilaman. Ularni toza tarbiyalab, asrab qololsak edi!

So’z o’z mavqeini tiklab olmas ekan, chekka qishloqda turib gapirgan kishini-da butun mamlakat jon-qulog’i bilan tinglamas, aks sado bermas ekan, dardlarimiz og’izga, juda borsa qog’ozga ko’milib, shamolda sovurilib ketaveradi.

SO’Z qudratini anglatishni bolalardan boshlang. Ertaga bizni boshqarguvchi shular…

YANGILANISH EHTIYOJI

O’zidan zerikish, qoniqmaslik, yakrang kunlardan norozilik holati faqat odamga xos, menimcha. Yo’qsa, daraxt ham isyon ko’targan bo’lardi bashar kabi. Ha, odamzod Tangrining qonunlarini buzishga juda moyil. Bu balki erkalikdandir? Tangri ham bandasining ma’siyatlarini kechirib yuboradi yoki jazoni so’nggi kunga qoldiradi. Nazarimda, o’zgarmas qonunlarni o’zgartirishga harakat shakkoklik emas, yangilanish ehtiyojidan kelib chiqadi. Darvoqe, buni bizga Odam va Havvo boshlab bermadimi?! Taqiq mevasini yeb ko’rish, kitoblarda qayta-qayta ta’kidlanganidek, faqat nafsga bog’liq bo’lmay, temir qoida chegarasini kengaytirishga urinish ham edi.

Zardo’shtiylikni olaylik. Mohiyatida yangi – komil odam orzusi yotadi. Faylasuf Nitshening “Zardo’sht tavallosi” asari ham aynan shu g’oyaga qurilgan – odam o’zidan, o’ziga o’xshaganlardan zerikib, yerga yangi odam kelishini, yangilanishni istaydi! Bu dahshatli fojialar evaziga ro’y bersa ham! Qadimgi yunon shoirlaridan Esxil ham “Prometey” asarida ana shu fikrni o’rtaga tashlaydi. Prometey aytadiki: “Zevs odamlarni zulmatda qirib tashlab, yangi odam yaratmoqchi edi, men esa (Xudolar xudosiga bo’ysunmay!) foniylarga (odamlar) olov hadya qildim…” Shu o’rinda Abdurauf Fitrat qalamiga mansub “Shaytonning Tangriga isyoni” dramasi esga tushadi. Fitratning “shayton”i Esxilning “Prometey”i kabi Yaratuvchiga isyon ko’taradi. Mazkur ikki asar qatorida Gyotening “Faust”ini ham qayd etish mumkin. G’oyaviy mushtarakliklar alohida ilmiy izlanishni talab qiladi…

Nuh va Lut payg’ambarlar ham Yaratgandan qavmlarini qirib tashlashni yolvorib so’raydilar. Maqsad o’sha – yangi odam! Isoning yerga qaytishi ham shu g’oyaga bog’liqdek. Negaki, u osmondan yerga tushgan ikkinchi Odam bo’ladi-da!

Demak, odam tuzumdan emas, o’zidan zerikadi. Har doim shunday kechgan. Mumkinmi-mumkin emasmi, ahamiyati yo’q, yangilansa bo’ldi – har qanday to’siqni buzib o’tishga tirishadi u! Chunki unda qo’rquvdan ko’ra, yangilanishga bo’lgan ehtiyoj, tashnalik ustuvor. Bundan kelib chiqadiki, har qanday isyon zamirida kechagidan o’zgachalik istagi yashaydi. Masalan, san’atda aynan shunday. “Isyon psixologiyasida ijodkor to’g’ridan-to’g’ri Tangri bilan bahsga kirishadi”, deydi Alьber Kamyu. Men esa, qanday yaratilgan bo’lsa, shunday o’lim topishni istamaydigan mavjudot – ijodkor, deyman. Axir, U bilan bahsga kirishish g’irt ahmoqlik ekani kundek ravshan-ku!

Alqissa, aksar hol bashariyatning isyonlari aynan yangilanish ehtiyojiga borib taqaladi. “Odam unday bo’lishi kerak, odam bunday bo’lishi kerak” qabilidagi daqqi tushunchalar bizni shunchalik zeriktirib yuborganki, miyamizni bo’shatib, hayotni qayta boshlashni istaymiz. Yoki buni Yer istayotganmikan? Biz vosita o’laroq Yerning istagini namoyon qilayotirmizmi? Agar shunday bo’lsa, endi faqat koinotning javobini kutish qoldi, xolos. U nega jim? Yerni mensimay qo’ydimi? O’z bag’rida milliardlab sayyoralar ichra jimitdek Yer ham borligini unutib yubordimi yo?..

QUYUN

Katta (Shahrisabzda momoni shunday ataydilar), mehribonim, bobomdan meros – poyiga bosh urib borguvchi Ka’bam mening!

Har gal yoningizdan ketayotganimda xuddi so’nggi bor xayrlashayotgandek ichkin tikilib qolasiz ortimdan. Bilasizki, o’g’lingiz – dalli. Bilasizki, o’g’lingiz – daydi. Bilmaysizki, o’g’lingiz – shoir… Lekin u bemehr emas! Qochoq emas! Tomorqa ishlaridan bezgani, qishloq sharoitiga chiday olmagani uchungina shaharga jo’namayotir.

O’ylaysizki, qo’lini sovuq suvga urmas yalqov u. O’ylaysizki, yengil hayot ishqibozi u.

“Qariganingda hamma seni tashlab ketar ekan…”

So’zlaringiz qirrali tosh, yaralamay qo’ymas tekkan yurakni. O’pirib o’tar, o’pirib!

To’satdan Toshkentga ketib qolganimni eshitgan katta tog’am qo’ng’iroq qilib kinoyali kular ekan, bunday deydi: “Toshkentga qara, jiyan, Toshkentga qara!”

Bu qadar beqo’nim-beqarorligim sababini tushuntirib, o’zimni oqlash niyatim yo’q. Shuni aytmoqchimanki, ichimda bir asov quyun bor. O’sha meni istagan ko’yiga – o’tdan olib suvga soladi. Men buni na sizga, na allaqachon ota bo’lgan do’stlarimga, na Shahrisabz, na Toshkent va na o’zimga tushuntira olaman.

“Toshkentda muqim turar joying, tayinli ishing bo’lmasa, o’qishni ham qoyillatmayapsan. Nima qilasan borib?” Kenja tog’amning savoliga, ming urinay, javob topolmayman. Jimgina eshitaman, xolos. Tog’am esa battar tutaqadi…

Negadir siz meni iskanjaga olmaysiz. Ketaman desam yo’limni to’smaysiz. Faqat ko’zlaringizga dosh bersam, bas! Ma’yus, mahzun, mazlum ko’zlaringizga…

Kechqurun siz bilan ochilib gaplashishga ko’p urinaman, ammo eplolmayman. Quchoqlab yotgim keladi…

Katta, men yetib bora oladigan dunyo chekkasi – Toshkent. Agar undan chiqib ketolganimda edi… Yo’q, o’zimni yorib chiqib ketolganimda edi!

Yoningizda beadablarcha chekishim, soch-soqolimni siz aytmoqchi maymundek o’stirib yurishim mumkin. Ammo…

Oyog’ingizni uqalashni boshlasam, “qo’ling buncha yumshoq” deysiz har gal. Ha, bu qo’l qalamdan boshqani tutishga yaramaydi, katta, yaramaydi… Lekin yo’l tortaveradi. Bir joyda uzoqroq qolsam quyun so’nadi. Quyun so’nsa, o’g’lingiz o’ladi, katta!

Xudbinman-a, xudbinman! Nuqul o’zimni o’ylayman.

Katta, mendagi haqingizni minglab iltijoli she’rlarim bilan uzolmasligimni bilaman. Shunga qaramay, yozaveraman, yozaveraman…

Katta, mehribonim, qo’limdan she’r yozishdan boshqa ish kelmasligini tan olish qanchalik og’ir bo’lmasin, bu haqiqatdan yuz burolmayman. Bitiklarim esa sizga naf keltirmasligi kunday ayon.

Katta, mehribonim, Ka’bam mening! O’g’lingizdan ko’nglingiz qolmasin. Sizdan olisda har tun sizni bir umrga yo’qotib qo’yish vahmi bilan uyquga ketaman. Haddan tashqari dahshatvor xayol bu!

Katta, mehribonim, sizdan ayrilishni istamayman, lekin yoningizda ham uzoq qololmayman. Nega?!

Katta, mehribonim, bir kuni imonim qo’qqis uyg’onib, sizni bir umr tavof etib yashamoq uchun yoningizga yig’lab qaytishimga ishoning!

O’ylaysizki, o’g’lingiz bemehr. O’ylaysizki, u qochoq, daydi. Yo’q, u o’zini idora etolmaydi. Ichida qudratli quyun bor. Bir joyda to’nib qolsa, quyun so’nadi. Quyun so’nsa, o’g’lingiz to’kilib tushadi, to’kilib. Siz shuni ruhoniy zako ila anglagan holda meni jim kuzatib qolasiz. Yig’lamaysiz ham. Yo men darvozadan chiqquncha tutib turasizmi ko’zyoshlaringizni?..

TUTQUN

Shaharga kelganimdan beri hadiksirab yuradigan, ammo bir kunmas bir kun ro’y berishi muqarrar ko’ngilsizlikka yo’liqdim.

Ochig’ini aytsam, qo’rqsam-da, tushuniksiz ichki qiziqish sabab bu hodisaga duch kelishni istar, lekin tan olaman, qo’qqisdan ro’para kelishga tayyor emasdim. Shahar tupkasidagi to’qqiz qavatli binoning oltinchi qavatida yashashim va imoratning sharti ketib parti qolganini hisobga olsak, bu kichik fojiadan qochib qutulishning sira imkoni yo’q edi.

Kunduz soat o’n birlar chamasi do’kondan ul-bul olib qaytarkanman, doimgidek lift tugmachasini bosdim. Ishlamadi. Jin ursin seni, deya ikkinchi qavatga ko’tarildimu yana urinib ko’rdim. Bu safar salkam yetmish yildan buyon odam tashiyverib shaldirab qolgan uskuna bazo’r shaqirlab ochildi. Shu vaqt kirsam-u, qamalib qolsam-chi, degan o’y o’tdi xayolimdan. Ehtiyotkorlik ham evi bilan-da, deya jur’atimga yozg’irib liftga dadil kirdim, oltinchi qavat tugmasini bosganimni bilaman, eshik yopildi-yu, joyidan jilmadi, taqqa to’xtab qoldi! Mana shu eski uyga ko’chib o’tgan kunimdan chandon zo’raygan qo’rquvim – qamalib qolish, tasavvur qilganimdek vahimali emasligini ko’rib, rosti, xursand bo’ldim. Mayli, bo’lar ish bo’ldi, ozroq kutay-chi, ishlab ketar…

Hammasi taxminan bir soat o’tgach boshlandi. Nafasim siqib, boshimni og’riq changalladi. Go’yo endi hech qachon yorug’likka chiqolmaydigan, bir umr shu tor qutida qoladigan tutqundek his qildim o’zimni. Qamoqxonadagi ashaddiy jinoyatchilar saqlanadigan kartserda yotgan mahbusdan nima farqim bor hozir? Qo’qqisdan qichqirib, eshikni tepa boshladim, tugmalarni tanlab o’tirmay vajohat bilan bosaman – talvasaga tushib qolgan edim-da! Besh-olti yil muqaddam Shahrisabzda yangi ochilgan hayvonot bog’ida ko’rganim, o’zini tinmay qafasga urayotgan qiltiriq bo’rini esladim. U oldiga tashlangan go’shtga qayrilib ham qaramas, ko’zlarida g’azab yiltirar edi. O’shanda bog’ nazoratchisiga qo’yib yuboringlar uni, o’lib qoladi-ku, desam, hali yangi, tez orada ko’nikib ketadi, deb javob qilgan edi yoqimsiz tirjayib. Anchadan keyin yana bo’rini ko’rgani bordim (tabiatan yovvoyi hayvonlarni yaxshi ko’raman, balki tog’ etagida tug’ilganim uchundir), lekin qafas bo’sh edi…

Xayriyat, dod-voyimni eshitgan chog’i, bir bolakay eshik yoniga keladi.

– Qamalib qoldingizmi?
– Ha. Tashqaridan tugmani bosib ko’r-chi, ochilarmikan?

– Ochilmaydi, – deydi u ishonch bilan. – Bilmaysizmi, kattalar tez-tez qamalib qoladi. Shuning uchun men doim zinadan
yuraman.

– Kattalar ahmoq, bolalar aqlli bo’ladi-da! – deya, ketib qolmasin uchun xavotirda ko’nglini olmoqchi bo’laman.
– Telefoningiz bormi?

Shoshib cho’ntagimni paypaslayman.

– Bor!
– Unday bo’lsa, yozib oling.

U bergan raqamga qo’ng’iroq qilaman.

– Hozir liftdamisiz? – deb so’raydi go’shakni ko’targan ayol qayta-qayta tushuntirishimga qaramay. Keyin bema’ni savol berganini fahmlaydimi, jim bo’lib qoladi va so’ng hamdardlik ohangida qo’shib qo’yadi: – Chiroq o’chibdi. Sabr qiling, yonishi bilan ishlab ketadi.

Bir oz taskin topgan bo’laman. Oyoqlarimni uzatib o’tirishga urinaman – noqulay. Tizzalarimni yig’aman. Sal o’tmay bo’g’inlarim uyushib qolmasin uchun yana turaman. Tugmalarni umid bilan bir-bir bosaman. Devorni qarichlab o’lchab chiqaman. Eshikni kuch bilan ochishga tirishaman – befoyda. Zinadan ko’tarilib-tushayotganlarning oyoq tovushlarini eshitib, tirqishdan qarayman. Etim jimirlaydi. Oh, emin-erkin yurmoq naqadar yoqimli! Imdod tilab baqirgim keladi-yu, bularning qo’lidan hech ish kelmasligini bilib sas chiqarmayman. Kutilmaganda telefonim jiringlab cho’chitib yuboradi.

– Qayerdasiz?
– Ikki soatdan beri liftda!

– Qamalib qoldingizmi? Hech tinch yurmas ekansiz-da. Tashqarida bo’lsangiz ov­qatlanarmidik, deb yo’qlayotgan edim (kuladi). Mayli, och bo’lsam ham sizdan ahvolim durust ekan. Nechanchi qavatdasiz o’zi?

– Ikkinchi.
– To’qqizinchidamasmi, afsus. Kinolardagidek po’lat arqon uzilib ketsa bormi (yana kuladi)…

– O’shanda ham aybni allaqachon ishdan chiqqaniga qaramay almashtirilmagan manavi shaloq lift yo unga javobgar tashkilotga emas, bu shoir ruhiy azoblariga dosh berolmay g’ayritabiiy o’lim topish ilinjida shunday qilgan, deb o’zimga yuklashadi! – deyman zarda bilan.

– Yetmaganiga, nabirangizning o’limi sabab lift safdan chiqdi, zararni qop­lab bering, deya momongizga da’vo xati yuborishadi…
Haligi ayolga tag’in sim qoqaman.

– Voy, haliyam o’tiribsizmi? Ularga aytdim, liftda odam qamalib qolgan, chiqarib olishimiz kerak, dedim. Qorningiz ochib ketgandir?.. Nima? Hojatga?.. Tushunaman, tushunaman. O’zingiz ochib chiqolmaysiz-a? To’g’ri, eplaganingizda qo’ng’iroq qilmasdingiz. Hozir yana kiraman boshliqqa. Siz xavotir olmang, usta yuboramiz.

Alamimni kimdan olishni bilmayman. Devorni mushtlash befoyda, baqira-baqira tomog’im bo’g’iladi. Oyog’iga xina qo’ygan ustadan esa hali-hanuz darak yo’q. Nimadir qilib o’zimni chalg’itmasam aqldan ozaman. Tanishlarga qo’ng’iroq qilsammi? Yo’q. Telefon quvvatini usta kelgunicha tejashim kerak. Unda nima bilan ovunish mumkin?.. Polda g’ujanak bo’lib, shiftdan sizib kirayotgan zaif nurga qarab anavi bo’ri haqida xayol suraman: o’lganmikan yoki qo’yib yuborilganmi?.. Ichkari dim. Hammomning o’zi. Butun vujudimdan qaynoq ter quyiladi. Boshim aylanadi. Qachondan beri o’tiribman bu tor qutida? To’rt-besh soat bo’ldi… Balki yigirma yildir?!. Endi g’ujanak bo’lib uxlashga urinaman. Butun dunyo liftga aylanib qolgandek tuyuladi! Bahaybat liftga!.. Tashqaridan menga liftsozning raqamini bergan bolaning elas-elas ovozi eshitiladi:

– Bir aka qamalib qolgan, oyi.
– Jim, eshitib qoladi. Kim aytdi unga buzuq liftga chiqsin deb!

Siz ham qamalib qolgansiz, xonim. Faqat menikidan kengroq liftda bo’lganingiz uchun buni sezmayapsiz, xolos, degim keladi o’sha ayolga. Qadam tovushlari uzoqlashar ekan, bir zum ko’z oldimda millionlab liftlarda qamalib qolgan odamlar qiyofasi jonlanadi va asta-sekin xiralashib, kichkina qora nuqtaga aylanib g’oyib bo’ladi…

Manba; «Tafakkur» jurnali, 3/2021

«Xurshid Davron kutubxonasi»da Jontemir Jondor sahifalari

51

(Tashriflar: umumiy 816, bugungi 1)

2 izoh

  1. Жонтемирни узлари билан кандай богланса булади

Izoh qoldiring