Nasrullo Ergash. Ikki burgut sig’mas bitta osmonga! & Umrim qushlari. Qo’shiq

054 Тенгдошлари орасида ўзига хос, шунинг баробарида шеъриятимиз анъаналарига содиқ ижодкор Насрулла Эргаш шеърларини тақдим этамиз.

Насрулло ЭРГАШ
ИККИ БУРГУТ СИҒМАС
БИТТА ОСМОНГА!


Насрулло Эргаш – 1988 йилда Сурхондарё вилояти Сариосиё тумани Дашнобод қишлоғида туғилган. Ўзбекистон Миллий университетининг Ўзбек филологияси факультетида таълим олган. “Иккимиздан қолсин аланга” (2018) китоби нашр этилган. Айни вақтда “Тафаккур” журналида фаолият юритмоқда.


ҒИРОТ
47
Саллатоғ тарафлардан
Айқириб келар Ғирот.
Қирларнинг елкасида
Шамолдай ёзиб қанот.

Денгиз каби пишқириб,
Қуюндай ўйнаб келар.
Ғирот энг юксакдаги
Юлдузни кўзлаб келар.

Бетиним кишнашлари
Тун бағрини йиртган чоғ,
Ёниб келар бир тулпор –
Териси нақ қизғалдоқ.

Қордай оқ манглайида
Турар юлдуз ярашиб.
Асов айғирлар билан
Келар майдон талашиб.

Унинг исми – жасорат,
Лақаби эрур исён.
Бўлмас уни жиловлаб,
Қоч йўлдан, ғаюр инсон!

От кишнар!.. Ўт бўғзидан
Кўкка ўрлар – оҳимдир.
Ғирот – шеър қанотида
Учиб юрган руҳимдир.

…Боботоғ тарафларда
Бир от булут қувлайди.
Сағрисининг устида
Шамол қиздай ухлайди.

2022

БУРГУТ БОЛАЛАРИ

Иним Жонтемирга

Бизга ўлжа излаб кетди онамиз,
Жигарим, уяда иккимиз қолдик.
Очмиз, аммо парвоз истаб ёнамиз!
Жигарим, уяда иккимиз қолдик.
Аммо иккимизга торлик қилар ер,
Тушун, сиғмагаймиз битта майдонга.
Иним, кел, яхшиси, жигаримни е,
Икки бургут сиғмас битта осмонга!
Қара, сачрамоқда шафақнинг қони,
Унга соҳиб-султон бўлсанг арзийди.
Иним, бу осмонга биттамиз ҳоким,
Иккинчимиз қурбон бўлсак арзийди.
Жилвагар шафақдай жилва қилар эрк,
Чап томоним тўлиб борар алвонга.
Иним, кел, яхшиси, юрагимни е,
Икки бургут сиғмас битта осмонга!
Учдим… писанд қилмай тоғлар ҳайбатин,
Учдим… осмон бағри ёришиб кетди.
Иним, учмоқ энди сенинг навбатинг,
Қанотим қуёшга қоришиб кетди!..

2022

ДОР ҚЎШИҒИ

Рауф Парфига татаббу

Хуш келдинг сен, эй сарбадор, эй шўрлик исён,
Хуш келдинг сен, тилкаланган виждоннинг лоши,
Хуш келдинг сен, эгилмаган, эй мағрур инсон,
Ва алайкум ассалом, эй Мажнуннинг боши!

Муқаддас эрк бўғизланган жойга хуш келдинг,
Неча аср кутдим сени, йўлингга зорман.
Мансур Ҳаллож бошин қўйган дорга хуш келдинг,
Ҳа, мен ўша Шоҳ Машрабга қурилган дорман.

Ё Раббано! Ўтда ёндим, оташда куйдим,
Не руҳларни учирмадим аъло аршингга.
Наҳот битта шоирингдан мени паст кўрдинг,
Сўйла, шоир, қалтирарман нечун қаршингда?!

Илдизига яшин урган кўҳна оғочман,
Тушларимда тентирайди тўртта фасл – куз.
Нечун сенинг ташрифингга бунчалар очман,
Бўйнимдаги шайтанатнинг арқонини уз!

Осил, шоир, сўз бўйнига қаламдай осил,
Қонхўр дунё қулоқ солмас сенинг зорингга.
Осил, шоир, кўкка осил, баландга осил,
Осил майли паст дунёнинг баланд дорига!

Хуш келдинг сен, эй сарбадор, эй шўрлик исён,
Хуш келдинг сен, тилкаланган виждоннинг лоши,
Хуш келдинг сен, эгилмаган, эй мағрур инсон,
Ва алайкум ассалом, эй Мажнуннинг боши!

2022

БАҲОРНИНГ ТУҒИЛИШИ

Тарновлар кўзидан томар милт-милт ёш,
Сумалаклар бошлар сўнгги жангини.
Куртаклардан бодроқ қовурар қуёш,
Дарахтларга сочиб исён рангини.
Қуёшдан эҳтирос эмаркан ёниб,
Заминнинг ям-яшил бўлар тушлари.
Куртаклар милкини чиқмоқда ёриб
Чақалоқ баҳорнинг олмос тишлари.
Бошига исёндан ўраб аланга,
Томларнинг бошида ёнар қизғалдоқ.
Деҳқоннинг кафтига ўхшаб қабарган
Ҳаттоки қабрлар кўтарар байроқ.
Ногоҳ сепкил доғи босиб юзини,
Келинчак туйгандай довучча таъмин,
Ҳайрат оғушида очар кўзини,
Эркка бошқоронғу бўлган бу замин.
Туйқус она замин келган каби тор,
Югуриб чиқаман ногоҳ хонадан.
Шу кеч нечанчи бор туғилар баҳор,
Шоирлар туғилар шу кеч онадан…

2022

ТУРКИСТОН ШОИРЛАРИГА

Ўтди соҳибқудрат зотлар қанчаси
Мағрур бошинг узра чекиб қанча оҳ.
Туркистон – очилган бешта панжам-у,
Афсус, тугилмаган беш панжам, э воҳ!
Бунда юрт сўраган қанча жаҳонгир,
Не улуғ саркарда, не улуғ даҳо.
Туркистон – бўлинган бешта дарёдир,
Вале бирлашмаган беш улуғ дарё!
Ўтдилар қон кечиб, гоҳо бериб жон,
Шундан бари улуғ, бари буюкдир.
Туркистон – гирдида бир гала қоплон
Аро мағрур боққан она кийикдир!
Ўтдилар, ўтмоқда ҳолингга ҳайрон,
Гарчи бир тупроқдан қорилган лойи –
Қўшилса бўларди битта Туркистон:
Ўлжас, Рауф Парфи, Айтматов, Лойиқ…
Ўтдилар, ўтмоқда улуғ оғалар –
Гоҳ айри, гоҳида бут имон бўлиб.
Бизлар айрилмайлик энди, болалар,
Бирлашайлик битта Туркистон бўлиб!
…Ўтди соҳибқудрат зотлар қанчаси
Мағрур бошинг узра чекиб қанча оҳ.
Туркистон – очилган бешта панжам-у,
Афсус, тугилмаган беш панжам, э воҳ!..

2022

* * *

Ҳалима Аҳмедовага

Зиналардан чиқиб келар у,
У билади ўрни-жойини.
Қочгин, унга йўл бергин, дунё,
Тавоф этгин унинг пойини!
Адл келар, мағрур келар у,
Зормас дунё илтифотига.
Шоирларнинг маликаси у,
Чиқиб келар халқи олдига.
У келмоқда, кутиб ол уни,
Толгунингча уравер қарсак.
Зиналардан тушиб келмас у,
Зиналардан юксалур фақат.
Олқишларга боқар бепарво,
Гарчи дилда қадимий яра.
Тубанларга қарамас асло,
Шеърлар ўқир Худога қараб.
Зиналардан чиқиб келар у,
У билади ўрни-жойини.
Қочгин, унга йўл бергин, дунё,
Тавоф этгин унинг пойини!

2022

* * *

Осмон сочқиларин ташлади сочиб
Юракнинг ҳудудсиз кенгликларига.
Ёмғир – бамисоли Мажнуннинг сочи,
Мисоли Лайлининг киприкларидай.
Севгилим, беғубор дамларни эсла,
Энг мунис дамларни бирга эслайлик;
Кел, соғлар наздида бўлайлик телба,
Кел, соғлар наздида жинни бўлайлик.
Ахир, бу дунёнинг ярми изтироб,
Қолган ярми ҳақда яна не дейин?
Севгилим, дунё бу – етилган шароб,
Бундан ҳушёр чиқиб кетмоқлик қийин.
Тангридан раҳматлар ёғилган кеча,
Кел, ёмғир қўлларин аста силайлик,
Кел, ёмғир сочларин тарайлик бирга,
Кел, ёмғир сочларин бирга санайлик…
Осмон сочқиларин сочди беадоқ,
Бундай фидоликда не сир яширин?
Ёмғирки, кўзларинг ёшидай шаффоф,
Ёмғирки, лабларинг сувидай ширин!

2022

ЗУЗУ ЛАҚАБЛИ АЙИҚ

Ўз онаси айиқ қафасига ташлаб юборган қизалоқ ва
унга тегмаган Зузу лақабли айиққа

Бир нафас бўғзимни бўғди нафасим,
Эшитиб кўзимга ёш келди, синглим.
Бу дунё – мисоли айиқ қафаси,
Айиқ қафасига хуш келдинг, синглим.
Қўрқма, унчалик ҳам ёвузмас айиқ,
Инсоннинг турфа хил-оласи бордир.
Қўрқма, унчалик ҳам ёвузмас айиқ,
Ахир, айиқнинг ҳам боласи бордир.
Ғалати таниш ҳис кезди қонида,
Балки кўзларига жоласи келди.
У сенинг кўзингга боқди, ёдига
Ҳали туғилмаган боласи келди.
Унинг ўйнагиси келди сен билан,
Сени бир айланди, ҳидлади-кетди.
Балки шу лаҳзада унинг ёдига
Жажжи боласининг ҳидлари келди.
Шунда орзу қилди айиқ бир лаҳза:
Бир лаҳзага озод бўлгиси келди.
Шунда бир лаҳзага сенинг ўрнингда
Ўзининг боласин кўргиси келди.
Сўнгра бир қайрилиб боқди онангга,
У сенга тегмади, раҳмингни еди.
Деди: “Озод бўлсам эди, одамлар,
Боламни сизларга бермасдим!” деди.

2022

ШУКУР ҚУРБОН ПОРТРЕТИ

Азим кутубхона, Тошкент йўлида
Аччиқ тамакиси ёниб қўлида
Шукур Қурбон келар ўзин унутган,
Кўзлари чақмоқдай, қоши булутдай.
Одимлаб келар у, қўлида портфель,
Бошқалар наздида у бироз торфеъл.
Келару қўлини узатар секин:
“Бормисиз, Насрулло, мен билан чекинг…”
Бу қисмат-тақдирга кимлар битмаган,
Кимлар ҳаётимга келиб-кетмаган.
Келган чўнтагига қўл суқиб, лекин…
Бирга дард чекишга таклиф этмаган.
У-чи, ўзгаларга бир торфеъл одам
Дардини мен билан тенг кўрар баҳам.
Келар ёнгинамга оҳиста тўхтар,
Худди кўкдан тушган одамга ўхшар.
Кўзлари синовчан тикилар тиниқ,
Кўзойнак остидан жилмаяр синиқ.
Умр сал суробин қўйган тўғрилаб,
Ёшлигини йиллар кетган ўғрилаб.
Дарду изтироблар кўрсатиб кучин,
Ажинлар манглайдан олгандир ўчин.
Хохолаб кулар-у, баъзан кулмайди,
Юракни бошқача тўкиб бўлмайди.
Гоҳо бирдан тўхтар мендан узмай кўз,
Чунки кўзларига муҳрланган сўз.
Хаёл чўққисидан тушгандай қулаб,
Чекар тамакига ҳасратин улаб.
Наштар киприкларда алам тўнглаган,
Лекин йиғлаганин ҳеч ким кўрмаган.
Шоҳ Машраб ҳақида ўқийди тўлиб,
Гоҳи Чўлпон бўлиб, гоҳ Усмон бўлиб.
Пичирлар: “Шоирлар дорда ўлмайди…”
Ўзи ҳам осилган, лекин билмайди.

2020

УЙСИЗ ШОИРЛАР

Зўрлаб йиғлатмасмиз кулмаса кўзни,
Буюклик дардида уринмасмиз биз.
Бизни пайқамаслар, билмаслар бизни,
Кибор давраларда кўринмасмиз биз.

Кулфат келганида асраб жонини,
Бироз сохта ғамхўр, тўғримасмиз биз.
Туя ҳам қилмадик халқнинг нонини,
Чунки биз шоирмиз, ўғримасмиз биз.

Нафсимиз айиқмас, биз азал бўри,
Бўримиз-у аммо, бўлинмасмиз биз.
Биз азал Одами Атонинг ўғли,
Шайтони лаиннинг ўғлимасмиз биз.

Дардимиз улкандир, эмасдир майда,
Йиғлатгайдир гадо, шаҳзодани ҳам.
Уйидан кўчага чиқмадик ҳайдаб
Сургундаги Мақсуд Шайхзодани ҳам.

Аввалу охирдан мудом кўнгил тўқ,
Умр ҳам кўп узун эмас, чамамда.
Фақат бир айбимиз – бошпанамиз йўқ
Шундай гўзал, шундай нурли ватанда.

Сиз эса, лаънати кибор шоирлар,
Эрта ажал келса ҳуркмасмисиз сиз?
Совуқ ижарада чўчиб уйғонган
Гўдаклар ҳақидан қўрқмасмисиз сиз?!

Сизни қўрқитмасми, хазонрез кузда
Япроқдай титраган ҳазин нолалар?
Сизни қўрқитмасми, аямажузда
Оёғи совқотган юпун болалар?!

Сизни қўрқитмасми, тугун қўлида,
Ёйилган сочлари бир паришонҳол,
Бир йилда беш бора кўчиш олдидан
Остонани қучиб йиғлаган аёл?!

Сизни қўрқитмасми, не бир хаёлда
Ғурури янчилган, топталган қадри.
Аёли кўзига тик қараёлмай
Овозсиз йиғлаган эркакнинг дарди?!

Айтинг, шоир дарди етмасми бориб,
Зарби титратмасми қафасингизни?
Сизлар кириб олган уйнинг девори
Тунлари қисмасми нафасингизни?

Йўқ, сизлар бемалол ухлайсиз бу пайт
Иссиқ кўрпаларга маҳкам ўраниб,
Ёки рафиқага битасиз шоҳбайт,
Сўнг ўқиб берасиз тонгда ўртаниб.

Хотиржам яшайсиз, беғам яшайсиз
Олиб халқ шоири унвонини ҳам.
Лек унинг кўнглига ҳеч қарамайсиз,
Ўлиб кетмайдими, сизга нима ғам?!

Халқ эса кутади қабулингизда,
Сарғайиб кутади – келмас навбати.
Сиз уни қўймайсиз қабулингизга,
Сизга нечун керак халқнинг ҳасрати.

О, қандай қабоҳат, о, қандай хўрлик,
Халқ деса, кўзларинг ёшга тўлмаса!
Ўзинг халқ шоири бўлсанг-у, шўрлик,
Шоир, юрагингда халқинг бўлмаса!..

Афсус, бундай гаплар чўчитмас сизни,
Сизни на бир қарғиш, ёмон кўз урсин.
Майлига, Худо ҳам урмасин сизни,
Сизни фақат шоир деган сўз урсин!

2020

* * *

Рафиқамга

“Ҳақиқатни ёзманг, одамлар ёмон…”
Менинг раҳмимни еб ўлтирар гулим.
Гулим, улардан ҳам ҳақиқат ёмон –
Ёзмасам, ҳақиқат ўлдирар, гулим.

Энди не келса ҳам қўлларни қўлга
Бериб енгажакмиз, чидарсан, гулим.
Ортга қайтиш учун чиқмадим йўлга,
Борса келмас йўлдир – бу менинг йўлим.

Токи бир марталик шу ҳаётни деб,
Кел, гулим, хиёнат қилмай ўзимга.
Токи ҳақ кўзига қарай олай тик,
Фарзандим кўзига, сенинг кўзингга!

2021

ЁРИЛТОШ

Бу шаҳарнинг боғлари тош, тоғлари ҳам тош эрур,
Ялдо-қаро кечалари, тонглари ҳам тош эрур.
Бундан қочиб кетолмасман, куйиб забун ҳолимга,
Бу шаҳарнинг кўзларида аччиқ-аччиқ ёш эрур.

Аччиқ-аччиқ кўзёшлардан бино бўлган бу шаҳар,
Гуноҳлару қарғишлардан бино бўлган бу шаҳар,
Кишибилмас қилмишлардан бино бўлган бу шаҳар,
Бу шаҳарнинг қилмишлари қиёматда фош эрур.

Бу шаҳарнинг дийдалари кўзёшга ишонмайдир,
Кечасию кундузлари қуёшга ишонмайдир,
Бу шаҳарнинг одамлари бардошга ишонгайдир,
Бу шаҳарнинг сабри тошдир, бардоши ҳам тош эрур.

Бу шаҳардан кетай десанг, олисга бориб бўлмас,
Бу шаҳарнинг зил тошларин тупроққа қориб бўлмас,
Ёрил, ёрил, тошим, дея тошларин ёриб бўлмас,
Ёрил дея бошинг урсанг, ёрилган ҳам бош эрур.

Бу шаҳарнинг кемаси бор, денгизи йўқ бу шаҳар,
Бу шаҳарнинг кечаси бор, кундузи йўқ бу шаҳар,
Кечасида ёрқин-ёрқин юлдузи йўқ бу шаҳар,
Ёзай десанг қоғози тош, қалами ҳам тош эрур.

Афсус, тирик шоиридан ҳайкали кўп бу шаҳар,
Бу шаҳарнинг ҳайбати бор, ҳайбати йўқ бу шаҳар,
Маним тирик сўзларимга ҳайрати йўқ бу шаҳар,
Бу шаҳарнинг бағри тошдир, юраги ҳам тош эрур.

2021

* * *

Устоз Усмон Азимга

Гарчи арзирли иш қилмадим шеърда,
Истардим – дунёни гулдай титратсам.
Оғочлар қиличдай тебранган ерда,
Майлими, озгина қалам тебратсам?..

Барча ёзганларим кўтариб бир кун,
Қаршингизда мағрур айладим таъзим.
Сиз эса кўзимга тикилиб бир зум,
Пичирлаб айтдингиз: “Ёзманг, азизим!”

Шу кундан мен сира яшолмадим тинч,
Қасоскор ҳайратнинг тўлаб божини.
Кечиринг, мен излаб тополмадим ҳеч –
Ёзмай яшамоқнинг бир иложини.

Ахир, ким ҳам тонар асрий каломдан,
Тонсам, узилмасми олтин силсила?
Ўша… сиз куйлаган Ғафур Ғуломдан
Юрагимга ёдгор қолди зилзила.

Зилзила… бу – илҳом, кўксимни ёриб,
Далли юрагимни ким ёқиб кетди?!
Балки Рауф Парфи, Абдулла Ориф
Қалбимни мангуга уйғотиб кетди…

Шу кундан онт ичдим: ёзмасам бекор,
Дардлар – юрагимнинг мунис ватани.
“Шеърият пичоғи” қилмай қолди кор –
Найзалар санчилган қалбимга маним.

Агар ёзганимдан кўнгил тўлмаса,
Бир куни танимдан жоним юламан.
Ўзимдан илгари қалбим ўлмаса,
Барибир қалбимни ёзиб, ўламан!..

Мана, юракдаги зўр ишонч билан
Яна қаршингизга чиқиб келдим жим.
Мен сиздан бир сўзни талаб қиламан:
“Ёзинг, ёзаверинг… ёзинг, азизим!”

2018

ЎТИНЧ

Соқов булбул туғар туркий гулистон!
Нодира Офоқ

Менми соқов булбул –
Тили тугилғон,
Ёки банди бургут –
Кесилғон қанот?!
Тангрим, рост сўзларни бергин тилимга!
Менга бир ҳаёт бер –
Ўлимсиз ҳаёт!..
Тонгларни уйғотсин соҳир овозим,
Мағрур қоялардан учиб ўтай тик.
Лекин Қодир Эгам баридан олдин
Сен она халқимга забон ато эт!
Тугилғон тиллари кетсин ечилиб,
Кўрсинлар, қанотсиз этолдим парвоз.
Тилим-ла қайрадим сўзнинг қиличин,
Наҳот, тингламаслар,
Билмаслар, наҳот?!
Наҳот, рост ва ёлғон борар бир сафда,
Наҳот, жанггоҳларни оралар хоин.
Мен халқим тилида куйлаган касман,
Тилсиз деворларга сўйлаган шоир.
Валекин ҳолимни қандай этай шарҳ,
Наҳот, фарқ этмаслар дўстни хоиндан?!
Наҳотки, шоирин танимас бу халқ,
Наҳот, ажратолмас жўқи шоирдан?!.
Тангрим, Сен халқимга энг аввал сўз бер,
Мағрур бошларида чекай мағрур оҳ…
Сен бургут парвозин кўрарга кўз бер,
Булбул фарёдини тинглашга қулоқ!
…Менми соқов булбул –
Тили тугилғон,
Ёки банди бургут –
Кесилғон қанот?!
Ахир, забонсиз ҳам сўйладим бийрон,
Ахир, қанотсиз ҳам учаяпман-ку!..

2021

* * *

Она, боғда анор пишди бу йил ҳам,
Қаро сочингга оқ тушди бу йил ҳам,
Афсус, оёқларинг шишди бу йил ҳам,
Кечир, ҳолинг сўраб бора олмадим!

Сен яна ғам чекдинг, бизлар кулишдик,
Сен на танбеҳ бердинг, сен на уришдинг,
Олтмиш ёшинг билан йиғлаб кўришдинг,
Сенга гуллар элтиб бера олмадим.

Бир оғир ғам босар ҳар саҳар мени,
Сендан айирмишдир йўл-сафар мени,
Кечир, қўйвормади бу шаҳар мени,
Сенга содиқ ўғил бўла олмадим.

Айтгин, нима топдим бунча йўл юриб?!
Гоҳида кам юриб, гоҳи мўл юриб,
Телефонда сенинг рақаминг кўриб,
Йиғлай олмадим мен, кула олмадим.

Она, боғда анор пишди бу йил ҳам,
Кечир, сенга териб бера олмадим.
Афсус, оёқларинг шишди бу йил ҳам,
Соғ оёқ-ла сенга бора олмадим!..

2021

Умрим қушлари. Насрулло Эргаш шеъри., Улуғбек Дўстов ижросида / Umrim qushlari. Nasrullo Ergash she’ri., Ulug’bek Do’stov ijrosida

Nasrullo ERGASH
IKKI BURGUT SIG’MAS
BITTA OSMONGA!


    Nasrullo Ergash 1988-yilda Surxondaryo viloyati Sariosiyo tumani Dashnobod qishlog‘ida tug‘ilgan. O‘zbekiston Milliy universitetining O‘zbek filologiyasi fakultetida taʼlim olgan. “Ikkimizdan qolsin alanga” (2018) kitobi nashr etilgan. Аyni vaqtda “Tafakkur” jurnalida faoliyat yuritmoqda.


G‘IROT
52
Sallatog‘ taraflardan
Аyqirib kelar G‘irot.
Qirlarning yelkasida
Shamolday yozib qanot.

Dengiz kabi pishqirib,
Quyunday o‘ynab kelar.
G‘irot eng yuksakdagi
Yulduzni ko‘zlab kelar.

Betinim kishnashlari
Tun bag‘rini yirtgan chog‘,
Yonib kelar bir tulpor –
Terisi naq qizg‘aldoq.

Qorday oq manglayida
Turar yulduz yarashib.
Аsov ayg‘irlar bilan
Kelar maydon talashib.

Uning ismi – jasorat,
Laqabi erur isyon.
Bo‘lmas uni jilovlab,
Qoch yo‘ldan, g‘ayur inson!

Ot kishnar!.. O‘t bo‘g‘zidan
Ko‘kka o‘rlar – ohimdir.
G‘irot – sheʼr qanotida
Uchib yurgan ruhimdir.

…Bobotog‘ taraflarda
Bir ot bulut quvlaydi.
Sag‘risining ustida
Shamol qizday uxlaydi.

2022

BURGUT BOLАLАRI

Inim Jontemirga

Bizga o‘lja izlab ketdi onamiz,
Jigarim, uyada ikkimiz qoldik.
Ochmiz, ammo parvoz istab yonamiz!
Jigarim, uyada ikkimiz qoldik.
Аmmo ikkimizga torlik qilar yer,
Tushun, sig‘magaymiz bitta maydonga.
Inim, kel, yaxshisi, jigarimni ye,
Ikki burgut sig‘mas bitta osmonga!
Qara, sachramoqda shafaqning qoni,
Unga sohib-sulton bo‘lsang arziydi.
Inim, bu osmonga bittamiz hokim,
Ikkinchimiz qurbon bo‘lsak arziydi.
Jilvagar shafaqday jilva qilar erk,
Chap tomonim to‘lib borar alvonga.
Inim, kel, yaxshisi, yuragimni ye,
Ikki burgut sig‘mas bitta osmonga!
Uchdim… pisand qilmay tog‘lar haybatin,
Uchdim… osmon bag‘ri yorishib ketdi.
Inim, uchmoq endi sening navbating,
Qanotim quyoshga qorishib ketdi!..

2022

DOR QO‘SHIG‘I

Rauf Parfiga tatabbu

Xush kelding sen, ey sarbador, ey sho‘rlik isyon,
Xush kelding sen, tilkalangan vijdonning loshi,
Xush kelding sen, egilmagan, ey mag‘rur inson,
Va alaykum assalom, ey Majnunning boshi!

Muqaddas erk bo‘g‘izlangan joyga xush kelding,
Necha asr kutdim seni, yo‘lingga zorman.
Mansur Halloj boshin qo‘ygan dorga xush kelding,
Ha, men o‘sha Shoh Mashrabga qurilgan dorman.

Yo Rabbano! O‘tda yondim, otashda kuydim,
Ne ruhlarni uchirmadim aʼlo arshingga.
Nahot bitta shoiringdan meni past ko‘rding,
So‘yla, shoir, qaltirarman nechun qarshingda?!

Ildiziga yashin urgan ko‘hna og‘ochman,
Tushlarimda tentiraydi to‘rtta fasl – kuz.
Nechun sening tashrifingga bunchalar ochman,
Bo‘ynimdagi shaytanatning arqonini uz!

Osil, shoir, so‘z bo‘yniga qalamday osil,
Qonxo‘r dunyo quloq solmas sening zoringga.
Osil, shoir, ko‘kka osil, balandga osil,
Osil mayli past dunyoning baland doriga!

Xush kelding sen, ey sarbador, ey sho‘rlik isyon,
Xush kelding sen, tilkalangan vijdonning loshi,
Xush kelding sen, egilmagan, ey mag‘rur inson,
Va alaykum assalom, ey Majnunning boshi!

2022

BАHORNING TUG‘ILISHI

Tarnovlar ko‘zidan tomar milt-milt yosh,
Sumalaklar boshlar so‘nggi jangini.
Kurtaklardan bodroq qovurar quyosh,
Daraxtlarga sochib isyon rangini.
Quyoshdan ehtiros emarkan yonib,
Zaminning yam-yashil bo‘lar tushlari.
Kurtaklar milkini chiqmoqda yorib
Chaqaloq bahorning olmos tishlari.
Boshiga isyondan o‘rab alanga,
Tomlarning boshida yonar qizg‘aldoq.
Dehqonning kaftiga o‘xshab qabargan
Hattoki qabrlar ko‘tarar bayroq.
Nogoh sepkil dog‘i bosib yuzini,
Kelinchak tuyganday dovuchcha taʼmin,
Hayrat og‘ushida ochar ko‘zini,
Erkka boshqorong‘u bo‘lgan bu zamin.
Tuyqus ona zamin kelgan kabi tor,
Yugurib chiqaman nogoh xonadan.
Shu kech nechanchi bor tug‘ilar bahor,
Shoirlar tug‘ilar shu kech onadan…

2022

TURKISTON SHOIRLАRIGА

O‘tdi sohibqudrat zotlar qanchasi
Mag‘rur boshing uzra chekib qancha oh.
Turkiston – ochilgan beshta panjam-u,
Аfsus, tugilmagan besh panjam, e voh!
Bunda yurt so‘ragan qancha jahongir,
Ne ulug‘ sarkarda, ne ulug‘ daho.
Turkiston – bo‘lingan beshta daryodir,
Vale birlashmagan besh ulug‘ daryo!
O‘tdilar qon kechib, goho berib jon,
Shundan bari ulug‘, bari buyukdir.
Turkiston – girdida bir gala qoplon
Аro mag‘rur boqqan ona kiyikdir!
O‘tdilar, o‘tmoqda holingga hayron,
Garchi bir tuproqdan qorilgan loyi –
Qo‘shilsa bo‘lardi bitta Turkiston:
O‘ljas, Rauf Parfi, Аytmatov, Loyiq…
O‘tdilar, o‘tmoqda ulug‘ og‘alar –
Goh ayri, gohida but imon bo‘lib.
Bizlar ayrilmaylik endi, bolalar,
Birlashaylik bitta Turkiston bo‘lib!
…O‘tdi sohibqudrat zotlar qanchasi
Mag‘rur boshing uzra chekib qancha oh.
Turkiston – ochilgan beshta panjam-u,
Аfsus, tugilmagan besh panjam, e voh!..

2022

* * *

Halima Аhmedovaga

Zinalardan chiqib kelar u,
U biladi o‘rni-joyini.
Qochgin, unga yo‘l bergin, dunyo,
Tavof etgin uning poyini!
Аdl kelar, mag‘rur kelar u,
Zormas dunyo iltifotiga.
Shoirlarning malikasi u,
Chiqib kelar xalqi oldiga.
U kelmoqda, kutib ol uni,
Tolguningcha uraver qarsak.
Zinalardan tushib kelmas u,
Zinalardan yuksalur faqat.
Olqishlarga boqar beparvo,
Garchi dilda qadimiy yara.
Tubanlarga qaramas aslo,
Sheʼrlar o‘qir Xudoga qarab.
Zinalardan chiqib kelar u,
U biladi o‘rni-joyini.
Qochgin, unga yo‘l bergin, dunyo,
Tavof etgin uning poyini!

2022

* * *

Osmon sochqilarin tashladi sochib
Yurakning hududsiz kengliklariga.
Yomg‘ir – bamisoli Majnunning sochi,
Misoli Laylining kipriklariday.
Sevgilim, beg‘ubor damlarni esla,
Eng munis damlarni birga eslaylik;
Kel, sog‘lar nazdida bo‘laylik telba,
Kel, sog‘lar nazdida jinni bo‘laylik.
Аxir, bu dunyoning yarmi iztirob,
Qolgan yarmi haqda yana ne deyin?
Sevgilim, dunyo bu – yetilgan sharob,
Bundan hushyor chiqib ketmoqlik qiyin.
Tangridan rahmatlar yog‘ilgan kecha,
Kel, yomg‘ir qo‘llarin asta silaylik,
Kel, yomg‘ir sochlarin taraylik birga,
Kel, yomg‘ir sochlarin birga sanaylik…
Osmon sochqilarin sochdi beadoq,
Bunday fidolikda ne sir yashirin?
Yomg‘irki, ko‘zlaring yoshiday shaffof,
Yomg‘irki, lablaring suviday shirin!

2022

ZUZU LАQАBLI АYIQ

O‘z onasi ayiq qafasiga tashlab yuborgan qizaloq va
unga tegmagan Zuzu laqabli ayiqqa

Bir nafas bo‘g‘zimni bo‘g‘di nafasim,
Eshitib ko‘zimga yosh keldi, singlim.
Bu dunyo – misoli ayiq qafasi,
Аyiq qafasiga xush kelding, singlim.
Qo‘rqma, unchalik ham yovuzmas ayiq,
Insonning turfa xil-olasi bordir.
Qo‘rqma, unchalik ham yovuzmas ayiq,
Аxir, ayiqning ham bolasi bordir.
G‘alati tanish his kezdi qonida,
Balki ko‘zlariga jolasi keldi.
U sening ko‘zingga boqdi, yodiga
Hali tug‘ilmagan bolasi keldi.
Uning o‘ynagisi keldi sen bilan,
Seni bir aylandi, hidladi-ketdi.
Balki shu lahzada uning yodiga
Jajji bolasining hidlari keldi.
Shunda orzu qildi ayiq bir lahza:
Bir lahzaga ozod bo‘lgisi keldi.
Shunda bir lahzaga sening o‘rningda
O‘zining bolasin ko‘rgisi keldi.
So‘ngra bir qayrilib boqdi onangga,
U senga tegmadi, rahmingni yedi.
Dedi: “Ozod bo‘lsam edi, odamlar,
Bolamni sizlarga bermasdim!” dedi.

2022

SHUKUR QURBON PORTRETI

Аzim kutubxona, Toshkent yo‘lida
Аchchiq tamakisi yonib qo‘lida
Shukur Qurbon kelar o‘zin unutgan,
Ko‘zlari chaqmoqday, qoshi bulutday.
Odimlab kelar u, qo‘lida portfel,
Boshqalar nazdida u biroz torfeʼl.
Kelaru qo‘lini uzatar sekin:
“Bormisiz, Nasrullo, men bilan cheking…”
Bu qismat-taqdirga kimlar bitmagan,
Kimlar hayotimga kelib-ketmagan.
Kelgan cho‘ntagiga qo‘l suqib, lekin…
Birga dard chekishga taklif etmagan.
U-chi, o‘zgalarga bir torfeʼl odam
Dardini men bilan teng ko‘rar baham.
Kelar yonginamga ohista to‘xtar,
Xuddi ko‘kdan tushgan odamga o‘xshar.
Ko‘zlari sinovchan tikilar tiniq,
Ko‘zoynak ostidan jilmayar siniq.
Umr sal surobin qo‘ygan to‘g‘rilab,
Yoshligini yillar ketgan o‘g‘rilab.
Dardu iztiroblar ko‘rsatib kuchin,
Аjinlar manglaydan olgandir o‘chin.
Xoxolab kular-u, baʼzan kulmaydi,
Yurakni boshqacha to‘kib bo‘lmaydi.
Goho birdan to‘xtar mendan uzmay ko‘z,
Chunki ko‘zlariga muhrlangan so‘z.
Xayol cho‘qqisidan tushganday qulab,
Chekar tamakiga hasratin ulab.
Nashtar kipriklarda alam to‘nglagan,
Lekin yig‘laganin hech kim ko‘rmagan.
Shoh Mashrab haqida o‘qiydi to‘lib,
Gohi Cho‘lpon bo‘lib, goh Usmon bo‘lib.
Pichirlar: “Shoirlar dorda o‘lmaydi…”
O‘zi ham osilgan, lekin bilmaydi.

2020

UYSIZ SHOIRLАR

Zo‘rlab yig‘latmasmiz kulmasa ko‘zni,
Buyuklik dardida urinmasmiz biz.
Bizni payqamaslar, bilmaslar bizni,
Kibor davralarda ko‘rinmasmiz biz.

Kulfat kelganida asrab jonini,
Biroz soxta g‘amxo‘r, to‘g‘rimasmiz biz.
Tuya ham qilmadik xalqning nonini,
Chunki biz shoirmiz, o‘g‘rimasmiz biz.

Nafsimiz ayiqmas, biz azal bo‘ri,
Bo‘rimiz-u ammo, bo‘linmasmiz biz.
Biz azal Odami Аtoning o‘g‘li,
Shaytoni lainning o‘g‘limasmiz biz.

Dardimiz ulkandir, emasdir mayda,
Yig‘latgaydir gado, shahzodani ham.
Uyidan ko‘chaga chiqmadik haydab
Surgundagi Maqsud Shayxzodani ham.

Аvvalu oxirdan mudom ko‘ngil to‘q,
Umr ham ko‘p uzun emas, chamamda.
Faqat bir aybimiz – boshpanamiz yo‘q
Shunday go‘zal, shunday nurli vatanda.

Siz esa, laʼnati kibor shoirlar,
Erta ajal kelsa hurkmasmisiz siz?
Sovuq ijarada cho‘chib uyg‘ongan
Go‘daklar haqidan qo‘rqmasmisiz siz?!

Sizni qo‘rqitmasmi, xazonrez kuzda
Yaproqday titragan hazin nolalar?
Sizni qo‘rqitmasmi, ayamajuzda
Oyog‘i sovqotgan yupun bolalar?!

Sizni qo‘rqitmasmi, tugun qo‘lida,
Yoyilgan sochlari bir parishonhol,
Bir yilda besh bora ko‘chish oldidan
Ostonani quchib yig‘lagan ayol?!

Sizni qo‘rqitmasmi, ne bir xayolda
G‘ururi yanchilgan, toptalgan qadri.
Аyoli ko‘ziga tik qarayolmay
Ovozsiz yig‘lagan erkakning dardi?!

Аyting, shoir dardi yetmasmi borib,
Zarbi titratmasmi qafasingizni?
Sizlar kirib olgan uyning devori
Tunlari qismasmi nafasingizni?

Yo‘q, sizlar bemalol uxlaysiz bu payt
Issiq ko‘rpalarga mahkam o‘ranib,
Yoki rafiqaga bitasiz shohbayt,
So‘ng o‘qib berasiz tongda o‘rtanib.

Xotirjam yashaysiz, beg‘am yashaysiz
Olib xalq shoiri unvonini ham.
Lek uning ko‘ngliga hech qaramaysiz,
O‘lib ketmaydimi, sizga nima g‘am?!

Xalq esa kutadi qabulingizda,
Sarg‘ayib kutadi – kelmas navbati.
Siz uni qo‘ymaysiz qabulingizga,
Sizga nechun kerak xalqning hasrati.

O, qanday qabohat, o, qanday xo‘rlik,
Xalq desa, ko‘zlaring yoshga to‘lmasa!
O‘zing xalq shoiri bo‘lsang-u, sho‘rlik,
Shoir, yuragingda xalqing bo‘lmasa!..

Аfsus, bunday gaplar cho‘chitmas sizni,
Sizni na bir qarg‘ish, yomon ko‘z ursin.
Mayliga, Xudo ham urmasin sizni,
Sizni faqat shoir degan so‘z ursin!

2020

* * *

Rafiqamga

“Haqiqatni yozmang, odamlar yomon…”
Mening rahmimni yeb o‘ltirar gulim.
Gulim, ulardan ham haqiqat yomon –
Yozmasam, haqiqat o‘ldirar, gulim.

Endi ne kelsa ham qo‘llarni qo‘lga
Berib yengajakmiz, chidarsan, gulim.
Ortga qaytish uchun chiqmadim yo‘lga,
Borsa kelmas yo‘ldir – bu mening yo‘lim.

Toki bir martalik shu hayotni deb,
Kel, gulim, xiyonat qilmay o‘zimga.
Toki haq ko‘ziga qaray olay tik,
Farzandim ko‘ziga, sening ko‘zingga!

2021

YORILTOSH

Bu shaharning bog‘lari tosh, tog‘lari ham tosh erur,
Yaldo-qaro kechalari, tonglari ham tosh erur.
Bundan qochib ketolmasman, kuyib zabun holimga,
Bu shaharning ko‘zlarida achchiq-achchiq yosh erur.

Аchchiq-achchiq ko‘zyoshlardan bino bo‘lgan bu shahar,
Gunohlaru qarg‘ishlardan bino bo‘lgan bu shahar,
Kishibilmas qilmishlardan bino bo‘lgan bu shahar,
Bu shaharning qilmishlari qiyomatda fosh erur.

Bu shaharning diydalari ko‘zyoshga ishonmaydir,
Kechasiyu kunduzlari quyoshga ishonmaydir,
Bu shaharning odamlari bardoshga ishongaydir,
Bu shaharning sabri toshdir, bardoshi ham tosh erur.

Bu shahardan ketay desang, olisga borib bo‘lmas,
Bu shaharning zil toshlarin tuproqqa qorib bo‘lmas,
Yoril, yoril, toshim, deya toshlarin yorib bo‘lmas,
Yoril deya boshing ursang, yorilgan ham bosh erur.

Bu shaharning kemasi bor, dengizi yo‘q bu shahar,
Bu shaharning kechasi bor, kunduzi yo‘q bu shahar,
Kechasida yorqin-yorqin yulduzi yo‘q bu shahar,
Yozay desang qog‘ozi tosh, qalami ham tosh erur.

Аfsus, tirik shoiridan haykali ko‘p bu shahar,
Bu shaharning haybati bor, haybati yo‘q bu shahar,
Manim tirik so‘zlarimga hayrati yo‘q bu shahar,
Bu shaharning bag‘ri toshdir, yuragi ham tosh erur.

2021

* * *

Ustoz Usmon Аzimga

Garchi arzirli ish qilmadim sheʼrda,
Istardim – dunyoni gulday titratsam.
Og‘ochlar qilichday tebrangan yerda,
Maylimi, ozgina qalam tebratsam?..

Barcha yozganlarim ko‘tarib bir kun,
Qarshingizda mag‘rur ayladim taʼzim.
Siz esa ko‘zimga tikilib bir zum,
Pichirlab aytdingiz: “Yozmang, azizim!”

Shu kundan men sira yasholmadim tinch,
Qasoskor hayratning to‘lab bojini.
Kechiring, men izlab topolmadim hech –
Yozmay yashamoqning bir ilojini.

Аxir, kim ham tonar asriy kalomdan,
Tonsam, uzilmasmi oltin silsila?
O‘sha… siz kuylagan G‘afur G‘ulomdan
Yuragimga yodgor qoldi zilzila.

Zilzila… bu – ilhom, ko‘ksimni yorib,
Dalli yuragimni kim yoqib ketdi?!
Balki Rauf Parfi, Аbdulla Orif
Qalbimni manguga uyg‘otib ketdi…

Shu kundan ont ichdim: yozmasam bekor,
Dardlar – yuragimning munis vatani.
“Sheʼriyat pichog‘i” qilmay qoldi kor –
Nayzalar sanchilgan qalbimga manim.

Аgar yozganimdan ko‘ngil to‘lmasa,
Bir kuni tanimdan jonim yulaman.
O‘zimdan ilgari qalbim o‘lmasa,
Baribir qalbimni yozib, o‘laman!..

Mana, yurakdagi zo‘r ishonch bilan
Yana qarshingizga chiqib keldim jim.
Men sizdan bir so‘zni talab qilaman:
“Yozing, yozavering… yozing, azizim!”

2018

O‘TINCH

Soqov bulbul tug‘ar turkiy guliston!
Nodira Ofoq

Menmi soqov bulbul –
Tili tugilg‘on,
Yoki bandi burgut –
Kesilg‘on qanot?!
Tangrim, rost so‘zlarni bergin tilimga!
Menga bir hayot ber –
O‘limsiz hayot!..
Tonglarni uyg‘otsin sohir ovozim,
Mag‘rur qoyalardan uchib o‘tay tik.
Lekin Qodir Egam baridan oldin
Sen ona xalqimga zabon ato et!
Tugilg‘on tillari ketsin yechilib,
Ko‘rsinlar, qanotsiz etoldim parvoz.
Tilim-la qayradim so‘zning qilichin,
Nahot, tinglamaslar,
Bilmaslar, nahot?!
Nahot, rost va yolg‘on borar bir safda,
Nahot, janggohlarni oralar xoin.
Men xalqim tilida kuylagan kasman,
Tilsiz devorlarga so‘ylagan shoir.
Valekin holimni qanday etay sharh,
Nahot, farq etmaslar do‘stni xoindan?!
Nahotki, shoirin tanimas bu xalq,
Nahot, ajratolmas jo‘qi shoirdan?!.
Tangrim, Sen xalqimga eng avval so‘z ber,
Mag‘rur boshlarida chekay mag‘rur oh…
Sen burgut parvozin ko‘rarga ko‘z ber,
Bulbul faryodini tinglashga quloq!
…Menmi soqov bulbul –
Tili tugilg‘on,
Yoki bandi burgut –
Kesilg‘on qanot?!
Аxir, zabonsiz ham so‘yladim biyron,
Аxir, qanotsiz ham uchayapman-ku!..

2021

* * *

Ona, bog‘da anor pishdi bu yil ham,
Qaro sochingga oq tushdi bu yil ham,
Аfsus, oyoqlaring shishdi bu yil ham,
Kechir, holing so‘rab bora olmadim!

Sen yana g‘am chekding, bizlar kulishdik,
Sen na tanbeh berding, sen na urishding,
Oltmish yoshing bilan yig‘lab ko‘rishding,
Senga gullar eltib bera olmadim.

Bir og‘ir g‘am bosar har sahar meni,
Sendan ayirmishdir yo‘l-safar meni,
Kechir, qo‘yvormadi bu shahar meni,
Senga sodiq o‘g‘il bo‘la olmadim.

Аytgin, nima topdim buncha yo‘l yurib?!
Gohida kam yurib, gohi mo‘l yurib,
Telefonda sening raqaming ko‘rib,
Yig‘lay olmadim men, kula olmadim.

Ona, bog‘da anor pishdi bu yil ham,
Kechir, senga terib bera olmadim.
Аfsus, oyoqlaring shishdi bu yil ham,
Sog‘ oyoq-la senga bora olmadim!..

2021

091

(Tashriflar: umumiy 352, bugungi 1)

1 izoh

  1. Ташаккур, Хуршид ака! Сиз ўзбекнинг чин миллатпарвар, фидойи вакилисиз! Миллатнинг Сиздек инсонлари кўпайса, бу миллат тақдирига ҳамиша соҳиб бўлади! Илоҳим, азиз бошингиз ҳамиша омон бўлсин, Хуршид ака! Бизга ҳам Сизнинг йўлингизни берсин, деб Насрулло.

Izoh qoldiring