To’g’riso’z adib Yoqubjon Xo’jamberdiyev vafot etdi & Yoqubjon Xo’jamberdiyev. Sog’uniy. Manoqib & Yoqubjon Xo’jamberdiyev ulug’ alloma Alixonto’ra Sog’uniyga bag’ishlangan teledasturda

2022 йил 28 февраль куни тўғрисўз ёзувчи ва публицист Ёқубжон Хўжамбердиев 75 ёшида оламдан ўтди. Аллоҳ раҳматига олсин. Албатта, биз Аллоҳникимиз ва, албатта, биз Унга қайтгувчимиз. Марҳумнинг оиласига, фарзандларига ва яқинларига сабр берсин. 

     Ёқубжон Хўжамбердиев 1947 йил 15 мартда Қирғизистон Республикаси Ўш вилояти (ҳозирги Жалолобод вилояти) Сузоқ қишлоғида туғилган. Тошкент давлат университетининг Филология факультетини битирган. Илк китоби 1981 йили “Зарурат” номи билан чоп этилган. Шундан сўнг унинг “Ой тўлган тунлар” номли шеърий, “Уйда тинчи бўлсин йигитнинг”, “Ўзбеклар иши” публицистик мақолалар тўпламлари чоп этилган. Ёзувчининг “Ойнинг ёруғ кунлари”, “Қалдирғочлар баҳорда келади”, “Соғуний соғинчи” каби қиссалари ва “Сузоқнома” тарихий-бадиий асари мавжуд. Шунингдек, у ҳаммуаллифликда 1998 йилда таниқли ёзувчи Чингиз Айтматов ва Мухтор Шохонов қаламига мансуб “Чўққида қолган овчининг оҳи-зори” асарини ўзбек тилига ўгирган.
   Ижодкорнинг ўзбек матбуоти ва журналистикасига катта меҳнати сингган. У “Қишлоқ ҳақиқати”, “Ўзбекистон маданияти”, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Ёшлик”, “Саодат”, “Ватан” каби газета ва журналларда фаолият олиб борди. “Ассалом, Ўзбекистон” кўрсатувида бош муҳаррир сифатида хизмат қилди.
   «Хуршид Даврон кутубхонаси» сайти муштарийлари номидан ҳамдардлигимизни  билдирамиз.

Ashampoo_Snap_2017.11.04_22h40m16s_005_.png

   Ёқубжон Хўжамбердиевнинг  мазкур мақоласининг ёзилганига роппа-роса 27 йил бўлибди. Аммо, ўқиганимда бу мақола (айрим жиҳатларини олмаганда)  худди  бугунга қараб ёзилгандек туюлди. Мақола ҳали-ҳамон долзарблигини йўқотмабди.  Муаллиф тилга олган муаммоларнинг аксарияти, лойга ботиб қолган аравадек,  ҳамон бир жойда силжимай, тургандек.

087

Буюк инглиз ёзувчиси Вальтер Скоттнинг қандай ишлаши ҳақида ўқиганман.

«Воқеа Эдинбургда, муқаддас Георг ва Каслстрит кўчаларининг бурчагида жойлашган уйда содир бўлган. Бу уй Вальтер Скоттнинг Эдинбургдаги манзилгоҳи (Каслстрит, 39)га яқин жойда эди. Бироқ у маҳал бўлғуси куёв-скоттшунос бу ҳақда ҳеч нарса билмас эди. Ёшлар узоқ сақланган ўткир мусаллас таъсирида парвойи палак, ўйин-кулги қилишар эди. Локхарт (В. Скоттнинг бўлажак куёви) шу уйда яшайдиган суҳбатдошининг юзи бирдан даҳшатли тус олганини сезиб қолди. Унинг кўзлари қотиб қолган, қадаҳ ушлаган қўли қимирламасди. «Сенга нима бўлди?» — дея сўради Локхарт дўстидан. Дўсти унга деразани кўрсатди: «Деразага қара!» Деразадан эса кўчанинг нариги юзидаги уйнинг деразаси, унда эса қўл… Қалам ушлаб қоғоз устида югураётган қўл… кўриниб туради. «Кечаю-кундуз шундай, — ҳикоя килади дўст, — бу ерга қачон келмайин, бу деразага қачон қарамайин, мен фақат бир манзарани:  ёзаётган қўлни кўраман».

Ёзаётган қўл… У нимани ёзади? Бу ёзувлари билан дунёнинг қай бир кемтигини тўлдирмоқчи бўлади? Бу қўл дунёдан, инсониятдан нимани истайди? Гўё шуни ёзмаса, дунё остин-устин бўладигандек…

— Ҳа, — дейди кимдир олис-олислардан, — у ёзмаганда эди, ёзмаганда эди ўша қўл, дунё ростдан ҳам остин-устин бўлар эди. Балки, инсоният бошқа бир йўлдан кетар эди. Ахир, бу оллоҳнинг ўзи берган қўл — ёзаётган қўл.

Кейинги пайтларда матбуот саҳифаларида, турли давраларда миллий ғоя, миллий мафкура, борингки, миллий маънавият ҳақида борган суҳбатларни тингларканман, мақолаларга кўзим тушар экан, бехос хаёлимга юқоридаги манзара — В. Скоттнинг ёзаётган қўллари ҳақидаги ҳикоя келаверади. Бу ёзаётган қўл биргина В. Скоттники эмас, адабиёт деган дунё, ёзувчи деган зот пайдо бўлибдики, ўша қўл ёзишдан тўхтамайди. Дарҳақиқат, у нимани ёзади? Шу пайтгача бу қўл – қандай ёзишидан қатъий назар – фақат инсон, унинг мана шу ёруғ олам билан муносабатлари, инсон қалбидаги Оллоҳнинг буюклиги-ю, вужудидаги шайтоннинг қанчалик пасткашлиги ҳақида ёзиб келди. Ўйлашимизча, бу қўл бундан буён ҳам шу тахлитда ёзаверади. Тарих шуни исботладики, замонларнинг қай даражада буюклиги, даврларнинг салобати кўп жиҳатдан ана шу ёзаётган кўлларнинг нечоғли тоза бўлганига, нечоғли таъсирчан ёзгани билан ўлчанган вақтлар кўп бўлган. Инсониятнинг бу дунёга келиб-кетаётгани моҳиятини тушуниб етганки зотлар бу қўлнинг куч қудратини, Абдулла Қаҳҳор таъбири билан айтганда, атомдан-да кучли эканини эътироф этишган.

Газета-журнал ўқийдиган, телевизор кўрадиган, радио эшитадиган кўплаб одамлар бугун ўзларига савол беришмоқда: Хўш, миллий мафкурани ким яратади? Айниқса, кабинетларда яратилган мафкуранинг жабр-зулмини ўз бошидан ўтказган кишилар учун бу саволнинг ечими жуда муҳим. Улар мафкура деса, юрак олдириб қўйишган. Зотан, ҳар қандай мафкура агар минг йиллар мобайнида таркиб топган қадриятлар, урф-одатлар заминида яратилмас экан, инсоннинг эркин яшашига, қўлидан келадиган ишни бажаришига, кўнглидаги гапини айтишига монелик қилаверади. Шундай экан, бугун биз кўпчилик бўлиб яратадиган миллий мафкурамиз қандай бўлади, энг муҳими у кимлар томонидан яратилади, деган саволларга жавоб топишимиз лозим.

Агар масалага тарихий нуқтаи назардан қаралса, ўзимиз мансуб бўлган диний-маънавий қатламлардан келиб чиқилса, тўғрисини тан олиш керак, биз мафкураси тўла шаклланган қадимий халқмиз. Биз мансуб бўлган Ислом динининг асослари дунёдаги мавжуд мафкураларнинг энг мукаммали экани барчага маълум. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳадиси шарифларини эсланг… Уларнинг ҳар бири мафкура. Зотан, мафкура деганини мен инсоннинг инсонга, инсоннинг ҳаётга муносабатини тушунаман. Шундай экан, ўша юқорида айтиб ўтганимиз Қуръони каримда хам, ҳадиси шарифда ҳам бу масала бошдан охиригача мукаммал равишда ҳал этилган. Биргина мисол: ўтган пиру комилларнинг «Ватанни севмоқ — иймондандир» — деган иборалари кўпчиликка маълум. Мана шу икки оғизгина ибора хусусида, унинг тагзаминида ётган маъно уммони ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмизми? Бугунги кунда «Ватанни ундоқ севурман, мундоқ алқайдирман» деган қуруқ шиорбозликлар чандон кўпайди. Вақтики келиб, бу шиорбозликларнинг барчаси ўткинчи бир «довул» бўлиб қолаверади, албатта. Аммо, ана шу ўтгинчи довул қанча-қанча ёш ниҳолларни синдириб кетганидек, шиорбозлик ҳам ёш қалбларни баландпарвоз гапларга, кўпик ҳаракатларга, ҳаётнинг ичида эмас, сиртида юришга ўргатиб қўймаса, деган андиша бор, холос. Зеро, ҳақиқий ватанпарвар кишининг қалбидаги Ватан иймон билан омухта яшайди. Инсон қалбига қадалган дастлабки уруғ иймондир. Агар эътибор берган бўлсангиз, халқнинг ичида бузғунчи, беор кишиларга нисбатан «бисмиллодан бўлмаган» деган гап бор… Агар ана шу иймон уруғи Оллоҳнинг марҳамати билан униб-усса ундан ҳамма фазилатлар, жумладан ватанпарварлик туйғуси бино бўлғуси. Бошқача айтганда, инсон ҳаётининг қай йўсинда кетиши унинг қалбида иймон уруғининг бор-йўқлигига боғлиқ. Ўша уруғ, бор бўлиб, яхши парваришланган, мағзи тўқ бўлса, у албатта ватанпарвар, яъни ватанни севувчи бўлади.

Бугини эмас. Ҳозирга пайтда Ўзбекистон Фанлар Академиясининг шарқшунослик илмий-текшириш институтида шу даражада бисёр қадимий қўл ёзмалар тўпланганки, уларнинг барчасини ўқиб, таҳлил қилиб чиқиш учун камида бир неча юз йиллар керак бўлади. Ана шу қадимий қўлёзмаларнинг агар ҳаммаси бўлмаса-да, жуда кўпчилиги  инсон ва унинг ҳаётга муносабати ҳақида, демак мафкура хусусида. Фақат бу китобларда инсон мафкураси, жамият мафкураси собиқ совет мафкураси каби кодекслар, қарорлар билан белгилаб қўйилмаган. Ота-боболаримизнинг «ёзадиган қўллари» мафкурани қуруқ шиорлар билан, тагзамини бўш панд-насиҳатлар билан ясаб бўлмаслигини яхши билишган. Улар нима ҳақида ва ким ҳақда ёзишмасин бир донишманднинг «тараққиёт аввало инсон ҳаётида акс этиши керак», деган сўзларига монанд равишда тарихни ва инсон табиатини тушунган ҳолда ёзишган. Бошқача айтганда, Президент Ислом Каримов «Фидокор» газетасининг мухбири саволларига берган жавобларида таъкидлаганидек: «Миллий мафкурани тепадан туриб яратиб ва ҳаётга жорий этиб бўлмайди. Бу ниҳоятда принципиал масала».

Америка сиёсатдони Збигнев Бзежинский Коммунистик партия ва унинг доҳийлари хусусида кўп ёзган. Ана шундай мақолаларидан бирида шундай ёзади: «Рус марксизми радикаль гуруҳининг доҳийси (Ленин) ўз ниятларини сурбетларча амалга оширган эди. У ўзининг сон-саноқсиз мақолалари ва нутқларида демократик жараённи ёқлаб чиққан марксчиларни нафрат билан қоралар эди. У очиқдан-очиқ Россия Социал демократия учун ҳали пишиб етилгани йўқ ва унда социализм тепадан қурилади, яъни пролетариат диктатураси воситасида амалга оширилади, деган нуқтаи назарни тиқиштирар эди».

Тепадан туриб қурилган социализмни, кабинетларда ёзилиб, тепадан жорий этилган мафкуранинг нақадар зарарли, нақадар даҳшатли эканини ўз танамизда синаб кўрдик. Шу боис ҳам Президентимиз майли мафкура керак, яратайлик, аммо фақат кабинетларда эмас, деган гапни такрор-такрор айтаяптилар.

Хўш, унда қаерда яратиш ва қандай жорий этиш керак? Адашмасам, 1990 йилгача Ўзбекистон ёзувчилар союзининг 700 дан ортиқ аъзоси бор эди. Мустақиллик йилларида бу саноқ янада кўпайди. Албатта, улар орасида халқ тан олган ёзувчи, шоирлар қаторида, «дилетант» ёзувчи-шоирлар ҳам кўплаб учрайди. Уларнинг жуда кўплари ўз маблағлари ҳисобига китоб чиқариб «шуҳрат қозонишмоқда». Адабий жараёндан четда туришни истамаган, фалончи ёзувчининг номи кўринмай қолди, деган «гапга қолишни» истамаганлар ўз иншоларини ҳомийлар ёрдамида чоп эттиришмоқда. Учинчи тоифа эса китоб чиқариб шуҳрат қозонишга ҳам, ўқувчиларнинг «йўқ бўлиб кетди» деган таъналарига ҳам парвойи фалак. Уларнинг бирови пенсиясига, бирови давлат, жамоатчилик ишидан топган маошига чидаб, «китоб чоп этмасдан ҳам яшаш мумкин экан-ку» деган ўй-хаёлга эрк берганча тирикчилик ўтказишмоқда. Бошқача айтганда, «ёзаётган қўлларимиз» бугунги кунда қайсидир маънода ўз ҳолига ташлаб қўйилди. Оқибатда бу қўлларнинг бири фахриялар ёзиб, бошқаси олди-қочди романлар, маза-матрасиз шеърлар ёзиб, яна бошқалари эса бой фирмаларнинг матнларини таржима қилиб кун кечиришмоқда.

Аслида… Агар хато айтсам, олдиндан узур сўрайман, аслида миллий мафкурани яратадиган ҳам, уни жорий этадиган ҳам мана шу «ёзаётган қўл». Бу қўл Қуръони Каримдан қандай фойдаланишни ҳам, хадиси шарифга қай йўсин ёндашишни ҳам, қадимий қўлёзмаларни қай тарзда ўқишни ҳам билади. Энг муҳими у образли фикрлайди. Рамзлар, тимсоллар билан ишлайди. Қадимги грамматиклар одамларни яхшиликлари учун эмас, сўзни тўғри талаффуз қилишига қараб ҳурмат қилишган. Улар «Инсон» сўзини сохта нафас билан талаффуз қилиш одам ўлдиришдан кўра оғирроқ жиноят ҳисоблаганидек, ҳақиқий ёзувчи учун ҳам инсон образини ишонарли қилиб тасвирлаш ҳамма нарсадан улуғ. Ахир биз Навоийни нима учун севиб ўқиймиз? Пушкинни, Абдулла Ориповни, Одил Ёқубовни-чи? Абдулла Қодирий, Абдулла Қаҳҳор, Шукур Холмирзаев, Учқун Назар, Эркин Аъзамни-чи?

Ишонинг, Асқад Мухторнинг ёзув столим устида турган китобидан биринчи учраган «Саволлар, саволлар» шеърини келтиряпман:

Нега кетаяпмиз?
Нега кетаяпмиз дала, қирлардан.
Киндик қони томган ерлардан
Нега кечаяпмиз?

Нега кетаяпмиз, со-ю чашмалардан
Нега кечаяпмиз.
Қўшнилардан, дўсту ошнолардан
Нега кетаяпмиз?

Нега кетаяпмиз ўтдан, ўтлоқдан,
Ризқи рўз ундирган она тупроқдан.
Юпунлик нон узган иссиқ ўчоқдан,
Боболар қабридан, эски қишлоқдан
Нега кечаяпмиз?

Азиз гўшамиздан, ота-онамиздан
Нега кетаяпмиз?
Туғруқхонадаёқ гоҳи боламиздан
Нега кечаяпмиз?

Нега кетаяпмиз томирларни узиб,
Хотирани, сўқмоқларни бузиб
Қаёққа ва нега кетаяпмиз?

Тузимиздан, тузлиғимиздан
Ўзимиздан, ўзлигимиздан
Нега кечаяпмиз?

Юқоридаги санъат асари мафкура эмас, деб ким айтади. Мафкура бўлганда ҳам унча-мунча мафкура эмас, инсон мафкураси! Отасидан, боласидан кечаётган одамни ҳар турли кодекслар, қарорлар билан тўхтатиб бўлмайди… Дунёни гўзаллик қутқаради, дея ҳайқирган таниқли адиб минг бор ҳақ. Дунёни ростдан-да, юқоридаги каби шеърлар, «Ўтган кунлар», «Минг бир жонлар» қутқаради. Демак, миллий мафкурани улар, яъни, ўша гўзалликни яратаётган – «ёзаётган қўллар» яратади.

Робиндранат Тагор бир пайтлар шундай ёзган эди: «Бизнинг дунё билан яқиндан танишувимиз Англиядан бошланган эди. Бизнинг юртимизга келганлар ҳақидаги маълумотни биз инглиз адабиёти орқали олган эдик: Инглиз адабиёти бизнинг ақлимизни бойитди ва у ҳали-ҳануз менинг қалбимда акс-садо беради…»

Ўзга бир халқнинг, яна босқинчи халқнинг адабиёти ҳақида бу даражада самимий гапиришнинг замирида нафақат ёзувчининг жасорати, бағри кенглиги, айни пайтда адабиётнинг умуминсоний қадрият эканини тан олиш ҳам етади. Майли, биз ўзга халқларнинг адабиёти ҳақида завқ-шавқ билан гапирмасак-да, ўзимизнинг адабиётимиз савиясини, «Ёзаётган қўл»ларнинг обрў эътиборини кўтарайлик. Зеро, юқорида таъкидлаганимиздек, миллий мафкурани фақат миллий адабиётгина яратади ва уни шу адабиётнинг ўзи жорий этади. Халқ ҳеч қачон ортиқча ташвиқотни, баландпарвоз шиорларни, қизил гапларни қабул қилмаган. Гарчи қабул қилгандек, қабул қилаётгандек туюлсада, аслида халқнинг кўнгли бошқа. Халқнинг кўнглини фақат ҳақиқий адабиётгина топади.

Миллий мафкурани яратиш ва уни жорий этиш миллий адабиёт зиммасига юклатилар экан, бу борада бир таклифни айтмоқчимиз. Маълумки кейинги йилларда Ўзбекистон Республикаси маънавият маркази ташкил этилиб, унинг барча вилоятларда бўлинмалари мавжуд. Бугина эмас, вилоятлар, районлар, ширкат хўжаликлари, ташкилотлар раҳбарларининг ҳам маънавият бўйича ўринбосарлари мавжуд. Аммо, шунча ташкилотнинг, шунча раҳбарнинг негадир иши кўзга кўринмаяпти. Айрим жойларда маънавият бўйича ўринбосарлар илгариги парткомларга ўхшаб раҳбарларга чой ташишдан нарига ўтишмаяпти. Чунки улар бажарадиган ишнинг ўзи анчайин мавҳум. Маънавият маркази турли китоблар, қўлланмалар нашр этмоқда, жойларда турли мавзудаги лекциялар билан чиқишлар уюштирилмоқда. Аммо бирибир халқнинг ичига кириб бориши қийин кечмоқда. Нима қилиш керак?

Мен бир журналист сифатида таниқли адибларнинг ҳам, ёш шоирларнинг ҳам китобхонлар билан бўлган учрашувларида кўп бора қатнашганман. Бундай учрашувлар ҳақида мақолалар, ахборотлар ёзганман. Одамларнинг «тирик ёзувчи», «тирик шоирлар» билан учрашганларидаги яйраб-яшнашларини, уларни ўтқазгани жой тополмай қолганларининг кўп марта шоҳиди бўлганман.

Тўғри, бугунги кунда ҳам ёзувчи ва шоирларимиз жойларга чиқиб, китобхонлар билан учрашувлар ўтказишмоқда. Ўшандай учрашувлардан бири яқинда Тошкентдаги ўқитувчиларнинг малака ошириш институтида бўлиб ўтди. Унда бутун республикадан келган ўқитувчилар Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов билан учрашдилар. Учрашув юқори савияда ўтди. Одамларнинг шоир ва ёзувчилар билан жонли учрашувлар ўтказишга интиқлиги уларнинг юз-кўзларидан, гап-сўзларидан шундоқ сезилиб турибди. Миллий мафкурамиз, маънавиятимиз асослари халққа худди мана шундай йиғинларда сингдирилмаса, қачон сингдирилади. Шу боис бундай учрашувларни мунтазам йўлга қўйиш лозим.

Бир сўз билан айтганда, бугун Республикамиздаги барча маънавий-маърифий ишларни бутун масъулияти, бутун иқтисодиёти билан ёзувчилар уюшмасига кўчириш керак. Ўзувчи ва шоирларнинг энг яхши асарлари мунтазам нашр этилса, уларнинг қалам ҳақлари оширилса, ёзувчи ва шоирларнинг китобхонлар билан учрашувлари доимий равишда йўлга қўйилса. Бундай учрашувларда китоб кўргазмалари уюштирилса бундан фойдали тарғибот-ташвиқот бўлмайди. Энг муҳими халқ билан ёзувчи ўртасида қандайдир маънода узилган ришталар боғланади. Ёзувчининг руҳи кўтарилади. «Ёзаётган қўл»га қайтадан қуч-қувват киради…

Фақат бир андиша шуки, бундай учрашувлар депутат ёзувчиларимизнинг ўз сайловчилари, бошқаларнинг эса ўзлари туғилиб-ўсган қишлоқ ва шаҳарлардаги китобхонлар билангина бўлган учрашувларига айланиб қолмаслиги керак. Ўзбекистон жуда кенг. Нуротанинг баланд тоғ қишлоқларидан то Мирзачўлнинг узоқ овулигача бўлган жойда ёзувчининг ёзгани, шоирнинг сўзи жаранглаб турсин.

1995 йил

   2022 yil 28 fevralь kuni to’g’riso’z yozuvchi va publitsist Yoqubjon Xo’jamberdiyev 75 yoshida olamdan o’tdi. Alloh rahmatiga olsin. Albatta, biz Allohnikimiz va, albatta, biz Unga qaytguvchimiz. Marhumning oilasiga, farzandlariga va yaqinlariga sabr bersin. «Xurshid Davron kutubxonasi» sayti mushtariylari nomidan hamdardligimizni  bildiramiz.

     Yoqubjon Xo’jamberdiyev 1947 yil 15 martda Qirg’iziston Respublikasi O’sh viloyati (hozirgi Jalolobod viloyati) Suzoq qishlog’ida tug’ilgan. Toshkent davlat universitetining Filologiya fakulьtetini bitirgan.

    Ilk kitobi 1981 yili “Zarurat” nomi bilan chop etilgan. Shundan so’ng uning “Oy to’lgan tunlar” nomli she’riy, “Uyda tinchi bo’lsin yigitning”, “O’zbeklar ishi” publitsistik maqolalar to’plamlari chop etilgan. Yozuvchining “Oyning yorug’ kunlari”, “Qaldirg’ochlar bahorda keladi”, “Sog’uniy sog’inchi” kabi qissalari va “Suzoqnoma” tarixiy-badiiy asari mavjud. Shuningdek, u hammualliflikda 1998 yilda taniqli yozuvchi Chingiz Aytmatov va Muxtor Shoxonov qalamiga mansub “Cho’qqida qolgan ovchining ohi-zori” asarini o’zbek tiliga o’girgan.   Ijodkorning o’zbek matbuoti va jurnalistikasiga katta mehnati singgan.

   U “Qishloq haqiqati”, “O’zbekiston madaniyati”, “O’zbekiston adabiyoti va san’ati”, “Yoshlik”, “Saodat”, “Vatan” kabi gazeta va jurnallarda faoliyat olib bordi. “Assalom, O’zbekiston” ko’rsatuvida bosh muharrir sifatida xizmat qildi. 

    «Xurshid Davron kutubxonasi» sayti mushtariylari nomidan hamdardligimizni  bildiramiz.

Yoqubjon Xo’jamberdiev
YOZAYOTGAN QO’L
06

   Yoqubjon Xo’jamberdievning mazkur maqolasining yozilganiga roppa-rosa 27 yil bo’libdi. Ammo, u bugun ham dolzarbligini yo’qotmabdi. Muallif tilga olgan muammolarning aksariyati, loyga botib qolgan aravadek, hamon bir joyda siljimay, qotib turibdi.

087

Buyuk ingliz yozuvchisi Valter Skottning qanday ishlashi haqida o’qiganman.

«Voqea Edinburgda, muqaddas Georg va Kaslstrit ko’chalarining burchagida joylashgan uyda sodir bo’lgan. Bu uy Val`ter Skottning Edinburgdagi manzilgohi (Kaslstrit, 39)ga yaqin joyda edi. Biroq u mahal bo’lg’usi kuyov-skottshunos bu haqda hech narsa bilmas edi. Yoshlar uzoq saqlangan o’tkir musallas ta’sirida parvoyi palak, o’yin-kulgi qilishar edi. Lokxart (V. Skottning bo’lajak kuyovi) shu uyda yashaydigan suhbatdoshining yuzi birdan dahshatli tus olganini sezib qoldi. Uning ko’zlari qotib qolgan, qadah ushlagan qo’li qimirlamasdi. «Senga nima bo’ldi?» — deya so’radi Lokxart do’stidan. Do’sti unga derazani ko’rsatdi: «Derazaga qara!» Derazadan esa ko’chaning narigi yuzidagi uyning derazasi, unda esa qo’l… Qalam ushlab qog’oz ustida yugurayotgan qo’l… ko’rinib turadi. «Kechayu-kunduz shunday, — hikoya kiladi do’st, — bu yerga qachon kelmayin, bu derazaga qachon qaramayin, men faqat bir manzarani: yozayotgan qo’lni ko’raman».

Yozayotgan qo’l… U nimani yozadi? Bu yozuvlari bilan dunyoning qay bir kemtigini to’ldirmoqchi bo’ladi? Bu qo’l dunyodan, insoniyatdan nimani istaydi? Go’yo shuni yozmasa, dunyo ostin-ustin bo’ladigandek…

— Ha, — deydi kimdir olis-olislardan, — u yozmaganda edi, yozmaganda edi o’sha qo’l, dunyo rostdan ham ostin-ustin bo’lar edi. Balki, insoniyat boshqa bir yo’ldan ketar edi. Axir, bu ollohning o’zi bergan qo’l — yozayotgan qo’l.

Keyingi paytlarda matbuot sahifalarida, turli davralarda milliy g’oya, milliy mafkura, boringki, milliy ma’naviyat haqida borgan suhbatlarni tinglarkanman, maqolalarga ko’zim tushar ekan, bexos xayolimga yuqoridagi manzara — V. Skottning yozayotgan qo’llari haqidagi hikoya kelaveradi. Bu yozayotgan qo’l birgina V. Skottniki emas, adabiyot degan dunyo, yozuvchi degan zot paydo bo’libdiki, o’sha qo’l yozishdan to’xtamaydi. Darhaqiqat, u nimani yozadi? Shu paytgacha bu qo’l – qanday yozishidan qat’iy nazar – faqat inson, uning mana shu yorug’ olam bilan munosabatlari, inson qalbidagi Ollohning buyukligi-yu, vujudidagi shaytonning qanchalik pastkashligi haqida yozib keldi. O’ylashimizcha, bu qo’l bundan buyon ham shu taxlitda yozaveradi. Tarix shuni isbotladiki, zamonlarning qay darajada buyukligi, davrlarning salobati ko’p jihatdan ana shu yozayotgan ko’llarning nechog’li toza bo’lganiga, nechog’li ta’sirchan yozgani bilan o’lchangan vaqtlar ko’p bo’lgan. Insoniyatning bu dunyoga kelib-ketayotgani mohiyatini tushunib yetganki zotlar bu qo’lning kuch qudratini, Abdulla Qahhor ta’biri bilan aytganda, atomdan-da kuchli ekanini e’tirof etishgan.

Gazeta-jurnal o’qiydigan, televizor ko’radigan, radio eshitadigan ko’plab odamlar bugun o’zlariga savol berishmoqda: Xo’sh, milliy mafkurani kim yaratadi? Ayniqsa, kabinetlarda yaratilgan mafkuraning jabr-zulmini o’z boshidan o’tkazgan kishilar uchun bu savolning yechimi juda muhim. Ular mafkura desa, yurak oldirib qo’yishgan. Zotan, har qanday mafkura agar ming yillar mobaynida tarkib topgan qadriyatlar, urf-odatlar zaminida yaratilmas ekan, insonning erkin yashashiga, qo’lidan keladigan ishni bajarishiga, ko’nglidagi gapini aytishiga monelik qilaveradi. Shunday ekan, bugun biz ko’pchilik bo’lib yaratadigan milliy mafkuramiz qanday bo’ladi, eng muhimi u kimlar tomonidan yaratiladi, degan savollarga javob topishimiz lozim.

Agar masalaga tarixiy nuqtai nazardan qaralsa, o’zimiz mansub bo’lgan diniy-ma’naviy qatlamlardan kelib chiqilsa, to’g’risini tan olish kerak, biz mafkurasi to’la shakllangan qadimiy xalqmiz. Biz mansub bo’lgan Islom dinining asoslari dunyodagi mavjud mafkuralarning eng mukammali ekani barchaga ma’lum. Payg’ambarimiz Muhammad alayhissalomning hadisi shariflarini eslang… Ularning har biri mafkura. Zotan, mafkura deganini men insonning insonga, insonning hayotga munosabatini tushunaman. Shunday ekan, o’sha yuqorida aytib o’tganimiz Qur’oni karimda xam, hadisi sharifda ham bu masala boshdan oxirigacha mukammal ravishda hal etilgan. Birgina misol: o’tgan piru komillarning «Vatanni sevmoq — iymondandir» — degan iboralari ko’pchilikka ma’lum. Mana shu ikki og’izgina ibora xususida, uning tagzaminida yotgan ma’no ummoni haqida hech o’ylab ko’rganmizmi? Bugungi kunda «Vatanni undoq sevurman, mundoq alqaydirman» degan quruq shiorbozliklar chandon ko’paydi. Vaqtiki kelib, bu shiorbozliklarning barchasi o’tkinchi bir «dovul»  bo’lib qolaveradi, albatta. Ammo, ana shu o’tginchi dovul qancha-qancha yosh nihollarni sindirib ketganidek, shiorbozlik ham yosh qalblarni balandparvoz gaplarga, ko’pik harakatlarga, hayotning ichida emas, sirtida yurishga o’rgatib qo’ymasa, degan andisha bor, xolos. Zero, haqiqiy vatanparvar kishining qalbidagi Vatan iymon bilan omuxta yashaydi. Inson qalbiga qadalgan dastlabki urug’ iymondir. Agar e’tibor bergan bo’lsangiz, xalqning ichida buzg’unchi, beor kishilarga nisbatan «bismillodan bo’lmagan» degan gap bor… Agar ana shu iymon urug’i Ollohning marhamati bilan unib-ussa undan hamma fazilatlar, jumladan vatanparvarlik tuyg’usi bino bo’lg’usi. Boshqacha aytganda, inson hayotining qay yo’sinda ketishi uning qalbida iymon urug’ining bor-yo’qligiga bog’liq. O’sha urug’, bor bo’lib, yaxshi parvarishlangan, mag’zi to’q bo’lsa, u albatta vatanparvar, ya’ni vatanni sevuvchi bo’ladi.

Bugini emas. Hozirga paytda O’zbekiston Fanlar Akademiyasining sharqshunoslik ilmiy-tekshirish institutida shu darajada bisyor qadimiy qo’l yozmalar to’planganki, ularning barchasini o’qib, tahlil qilib chiqish uchun kamida bir necha yuz yillar kerak bo’ladi. Ana shu qadimiy qo’lyozmalarning agar hammasi bo’lmasa-da, juda ko’pchiligi inson va uning hayotga munosabati haqida, demak mafkura xususida. Faqat bu kitoblarda inson mafkurasi, jamiyat mafkurasi sobiq sovet mafkurasi kabi kodekslar, qarorlar bilan belgilab qo’yilmagan. Ota-bobolarimizning «yozadigan qo’llari» mafkurani quruq shiorlar bilan, tagzamini bo’sh pand-nasihatlar bilan yasab bo’lmasligini yaxshi bilishgan. Ular nima haqida va kim haqda yozishmasin bir donishmandning «taraqqiyot avvalo inson hayotida aks etishi kerak», degan so’zlariga monand ravishda tarixni va inson tabiatini tushungan holda yozishgan. Boshqacha aytganda, Prezident Islom Karimov «Fidokor» gazetasining muxbiri savollariga bergan javoblarida ta’kidlaganidek: «Milliy mafkurani tepadan turib yaratib va hayotga joriy etib bo’lmaydi. Bu nihoyatda printsipial masala».

Amerika siyosatdoni Zbignev Bzejinskiy Kommunistik partiya va uning dohiylari xususida ko’p yozgan. Ana shunday maqolalaridan birida shunday yozadi: «Rus marksizmi radikal` guruhining dohiysi (Lenin) o’z niyatlarini surbetlarcha amalga oshirgan edi. U o’zining son-sanoqsiz maqolalari va nutqlarida demokratik jarayonni yoqlab chiqqan markschilarni nafrat bilan qoralar edi. U ochiqdan-ochiq Rossiya Sotsial demokratiya uchun hali pishib yetilgani yo’q va unda sotsializm tepadan quriladi, ya’ni proletariat diktaturasi vositasida amalga oshiriladi, degan nuqtai nazarni tiqishtirar edi».

Tepadan turib qurilgan sotsializmni, kabinetlarda yozilib, tepadan joriy etilgan mafkuraning naqadar zararli, naqadar dahshatli ekanini o’z tanamizda sinab ko’rdik. Shu bois ham Prezidentimiz mayli mafkura kerak, yarataylik, ammo faqat kabinetlarda emas, degan gapni takror-takror aytayaptilar.

Xo’sh, unda qaerda yaratish va qanday joriy etish kerak? Adashmasam, 1990 yilgacha O’zbekiston yozuvchilar soyuzining 700 dan ortiq a’zosi bor edi. Mustaqillik yillarida bu sanoq yanada ko’paydi. Albatta, ular orasida xalq tan olgan yozuvchi, shoirlar qatorida, «diletant» yozuvchi-shoirlar ham ko’plab uchraydi. Ularning juda ko’plari o’z mablag’lari hisobiga kitob chiqarib «shuhrat qozonishmoqda». Adabiy jarayondan chetda turishni istamagan, falonchi yozuvchining nomi ko’rinmay qoldi, degan «gapga qolishni» istamaganlar o’z insholarini homiylar yordamida chop ettirishmoqda. Uchinchi toifa esa kitob chiqarib shuhrat qozonishga ham, o’quvchilarning «yo’q bo’lib ketdi» degan ta’nalariga ham parvoyi falak. Ularning birovi pensiyasiga, birovi davlat, jamoatchilik ishidan topgan maoshiga chidab, «kitob chop etmasdan ham yashash mumkin ekan-ku» degan o’y-xayolga erk bergancha tirikchilik o’tkazishmoqda. Boshqacha aytganda, «yozayotgan qo’llarimiz» bugungi kunda qaysidir ma’noda o’z holiga tashlab qo’yildi. Oqibatda bu qo’llarning biri faxriyalar yozib, boshqasi oldi-qochdi romanlar, maza-matrasiz she’rlar yozib, yana boshqalari esa boy firmalarning matnlarini tarjima qilib kun kechirishmoqda.

Aslida… Agar xato aytsam, oldindan uzur so’rayman, aslida milliy mafkurani yaratadigan ham, uni joriy etadigan ham mana shu «yozayotgan qo’l». Bu qo’l Qur’oni Karimdan qanday foydalanishni ham, xadisi sharifga qay yo’sin yondashishni ham, qadimiy qo’lyozmalarni qay tarzda o’qishni ham biladi. Eng muhimi u obrazli fikrlaydi. Ramzlar, timsollar bilan ishlaydi. Qadimgi grammatiklar odamlarni yaxshiliklari uchun emas, so’zni to’g’ri talaffuz qilishiga qarab hurmat qilishgan. Ular «Inson» so’zini soxta nafas bilan talaffuz qilish odam o’ldirishdan ko’ra og’irroq jinoyat hisoblaganidek, haqiqiy yozuvchi uchun ham inson obrazini ishonarli qilib tasvirlash hamma narsadan ulug’. Axir biz Navoiyni nima uchun sevib o’qiymiz? Pushkinni, Abdulla Oripovni, Odil Yoqubovni-chi? Abdulla Qodiriy, Abdulla Qahhor, Shukur Xolmirzaev, Uchqun Nazar, Erkin A’zamni-chi?

Ishoning, Asqad Muxtorning yozuv stolim ustida turgan kitobidan birinchi uchragan «Savollar, savollar» she’rini keltiryapman:

Nega ketayapmiz?
Nega ketayapmiz dala, qirlardan.
Kindik qoni tomgan yerlardan
Nega kechayapmiz?

Nega ketayapmiz, so-yu chashmalardan
Nega kechayapmiz.
Qo’shnilardan, do’stu oshnolardan
Nega ketayapmiz?

Nega ketayapmiz o’tdan, o’tloqdan,
Rizqi ro’z undirgan ona tuproqdan.
Yupunlik non uzgan issiq o’choqdan,
Bobolar qabridan, eski qishloqdan
Nega kechayapmiz?

Aziz go’shamizdan, ota-onamizdan
Nega ketayapmiz?
Tug’ruqxonadayoq gohi bolamizdan
Nega kechayapmiz?

Nega ketayapmiz tomirlarni uzib,
Xotirani, so’qmoqlarni buzib
Qayoqqa va nega ketayapmiz?

Tuzimizdan, tuzlig’imizdan
O’zimizdan, o’zligimizdan
Nega kechayapmiz?

Yuqoridagi san’at asari mafkura emas, deb kim aytadi. Mafkura bo’lganda ham uncha-muncha mafkura emas, inson mafkurasi! Otasidan, bolasidan kechayotgan odamni har turli kodekslar, qarorlar bilan to’xtatib bo’lmaydi… Dunyoni go’zallik qutqaradi, deya hayqirgan taniqli adib ming bor haq. Dunyoni rostdan-da, yuqoridagi kabi she’rlar, «O’tgan kunlar», «Ming bir jonlar» qutqaradi. Demak, milliy mafkurani ular, ya’ni, o’sha go’zallikni yaratayotgan – «yozayotgan qo’llar» yaratadi.

Robindranat Tagor bir paytlar shunday yozgan edi: «Bizning dunyo bilan yaqindan tanishuvimiz Angliyadan boshlangan edi. Bizning yurtimizga kelganlar haqidagi ma’lumotni biz ingliz adabiyoti orqali olgan edik: Ingliz adabiyoti bizning aqlimizni boyitdi va u hali-hanuz mening qalbimda aks-sado beradi…»

O’zga bir xalqning, yana bosqinchi xalqning adabiyoti haqida bu darajada samimiy gapirishning zamirida nafaqat yozuvchining jasorati, bag’ri kengligi, ayni paytda adabiyotning umuminsoniy qadriyat ekanini tan olish ham yetadi. Mayli, biz o’zga xalqlarning adabiyoti haqida zavq-shavq bilan gapirmasak-da, o’zimizning adabiyotimiz saviyasini, «Yozayotgan qo’l»larning obro’ e’tiborini ko’taraylik. Zero, yuqorida ta’kidlaganimizdek, milliy mafkurani faqat milliy adabiyotgina yaratadi va uni shu adabiyotning o’zi joriy etadi. Xalq hech qachon ortiqcha tashviqotni, balandparvoz shiorlarni, qizil gaplarni qabul qilmagan. Garchi qabul qilgandek, qabul qilayotgandek tuyulsada, aslida xalqning ko’ngli boshqa. Xalqning ko’nglini faqat haqiqiy adabiyotgina topadi.

Milliy mafkurani yaratish va uni joriy etish milliy adabiyot zimmasiga yuklatilar ekan, bu borada bir taklifni aytmoqchimiz. Ma’lumki keyingi yillarda O’zbekiston Respublikasi ma’naviyat markazi tashkil etilib, uning barcha viloyatlarda bo’linmalari mavjud. Bugina emas, viloyatlar, rayonlar, shirkat xo’jaliklari, tashkilotlar rahbarlarining ham ma’naviyat bo’yicha o’rinbosarlari mavjud. Ammo, shuncha tashkilotning, shuncha rahbarning negadir ishi ko’zga ko’rinmayapti. Ayrim joylarda ma’naviyat bo’yicha o’rinbosarlar ilgarigi partkomlarga o’xshab rahbarlarga choy tashishdan nariga o’tishmayapti. Chunki ular bajaradigan ishning o’zi anchayin mavhum. Ma’naviyat markazi turli kitoblar, qo’llanmalar nashr etmoqda, joylarda turli mavzudagi lektsiyalar bilan chiqishlar uyushtirilmoqda. Ammo biribir xalqning ichiga kirib borishi qiyin kechmoqda. Nima qilish kerak?

Men bir jurnalist sifatida taniqli adiblarning ham, yosh shoirlarning ham kitobxonlar bilan bo’lgan uchrashuvlarida ko’p bora qatnashganman. Bunday uchrashuvlar haqida maqolalar, axborotlar yozganman. Odamlarning «tirik yozuvchi», «tirik shoirlar» bilan uchrashganlaridagi yayrab-yashnashlarini, ularni o’tqazgani joy topolmay qolganlarining ko’p marta shohidi bo’lganman.

To’g’ri, bugungi kunda ham yozuvchi va shoirlarimiz joylarga chiqib, kitobxonlar bilan uchrashuvlar
o’tkazishmoqda. O’shanday uchrashuvlardan biri yaqinda Toshkentdagi o’qituvchilarning malaka oshirish institutida bo’lib o’tdi. Unda butun respublikadan kelgan o’qituvchilar O’zbekiston xalq shoiri Abdulla Oripov bilan uchrashdilar. Uchrashuv yuqori saviyada o’tdi. Odamlarning shoir va yozuvchilar bilan jonli uchrashuvlar o’tkazishga intiqligi ularning yuz-ko’zlaridan, gap-so’zlaridan shundoq sezilib turibdi. Milliy mafkuramiz, ma’naviyatimiz asoslari xalqqa xuddi mana shunday yig’inlarda singdirilmasa, qachon singdiriladi. Shu bois bunday uchrashuvlarni muntazam yo’lga qo’yish lozim.

Bir so’z bilan aytganda, bugun Respublikamizdagi barcha ma’naviy-ma’rifiy ishlarni butun mas’uliyati, butun iqtisodiyoti bilan yozuvchilar uyushmasiga ko’chirish kerak. O’zuvchi va shoirlarning eng yaxshi asarlari muntazam nashr etilsa, ularning qalam haqlari oshirilsa, yozuvchi va shoirlarning kitobxonlar bilan uchrashuvlari doimiy ravishda yo’lga qo’yilsa. Bunday uchrashuvlarda kitob ko’rgazmalari uyushtirilsa bundan foydali targ’ibot-tashviqot bo’lmaydi. Eng muhimi xalq bilan yozuvchi o’rtasida qandaydir ma’noda uzilgan rishtalar bog’lanadi. Yozuvchining ruhi ko’tariladi. «Yozayotgan qo’l»ga qaytadan quch-quvvat kiradi…

Faqat bir andisha shuki, bunday uchrashuvlar deputat yozuvchilarimizning o’z saylovchilari, boshqalarning esa o’zlari tug’ilib-o’sgan qishloq va shaharlardagi kitobxonlar bilangina bo’lgan uchrashuvlariga aylanib qolmasligi kerak. O’zbekiston juda keng. Nurotaning baland tog’ qishloqlaridan to Mirzacho’lning uzoq ovuligacha bo’lgan joyda yozuvchining yozgani, shoirning so’zi jaranglab tursin.

1995 yil

09

(Tashriflar: umumiy 481, bugungi 1)

2 izoh

Izoh qoldiring