Turk oshiq she’riyatidan. Xurshid Davron tarjimalari

Ashampoo_Snap_2017.10.12_17h31m57s_004_.png   Туркия адабиётида соз шоирлари ва ошиқлар номи билан танилган, муайян маънода, қадимий турк бахшичилик адабиёти анъаналарини давом эттирган ижодкорлар қолдирган мерос бойлиги ва ранг-баранглиги билан, шу бугунгача давом этиб келаётгани билан аҳамиятлидир. Бугун сизга турк ошиқ шоирлари: Юнус Эмро, Пир Султон Абдал, Қорачаўғлон, Қул Меҳмат, Қул Мустафо, Ошиқ Емроҳ ва Ошиқ Вейсал ижодининг намуналари билан таништирамиз.

ТУРК ОШИҚ ШЕЪРИЯТИДАН
Хуршид Даврон таржималари
09

045ЮНУС ЭМРО

Юнус Эмро тахминан 1238 йилда Сивриҳисорнинг жанубидаги Сарикўйда дунёга келган. Бўлажак бахши шоир мадраса таълимини олган,араб ва форс тилларини яхши билган,Эрон ва Юнон мифологиясини чуқур ўрганган,ўз даврининг етук мутасаввуф олими бўлган зот бўлиб, ўз фалсафий дунёқараши билан ўша даврнинг йирик, XIII асрда Хуросондан Анадолуга келган,Хожа Аҳмад Яссавий ғояларига боғлиқ бўлган таниқли пири муршид Ҳожи Бектош Валий асос солган сўфийлик мактаби — Бектошияга яқин эди.
Юнус Эмродан икки асар қолган. Булар: “Рисолайи Ҳусния” (яна уни “Ўгит рисоласи” деб номлашади) бўлиб,аруз вазнида ёзилган тасаввуфий,ахлоқий асардир.Иккинчиси унинг юксак асарларидан тузилган шеърий девонидир.
Юнус Эмронинг шеърлари алоҳида китоб ҳолида ўзбек тилида нашр этилган.Айтиб ўтиш лозимки,Юнус Эмронинг ўзбек тилидаги биринчи таржималарини мен 1986 йилда “Ёшлик” журналида чоп этган эдим. Худди ўша йили “Юнус Эмро оҳангларида” туркумини ёздим.Бу шеърларни 1997 йилда нашр этилган “Баҳордан бир кун олдин” номли китобимда ўқишингиз мумкин

ИШҚ

Биз ҳаммамиз ишқ қулимиз,
Ишқдир бизнинг султонимиз.
Ишқ йўлида ўлсак агар,
Ишққа ҳалолдир қонимиз.

Ишқ Мандан мани олади,
Ёр ишқин дилга солади,
Дил ишққа қурбон бўлади,
Ёр бўлса гар имонимиз.

Ишқ бирла бошим хуш бўлур,
Хаёлимга йўлдош бўлур,
Ўн икки ой сархуш бўлур,
Ишққа асирдир жонимиз.

Доим юракда кезадир,
На майлимизни бузадир,
На сўладир,на тўзадир,
Бизнинг бу гулистонимиз.

Юнус деяр: Неча-неча
Кунлар охир бўлди кеча,
Қонимизни тўймай ичар
Бу ёлғончи давронимиз.

МАНГА САН КЕРАКСАН

Ишқинг олди мандан мани,
Манга сан кераксан,сан!
Жисмим ёнур кеча-кундуз,
Манга сан кераксан,сан!

На борлиққа севинарман,
На йўқлиққа қувонарман,
Ишқинг ила овунарман,
Манга сан кераксан,сан!

Ишқинг ошиқни ўлдирур,
Ишқ денгизида қолдирур,
Тажалло ила тўлдирур,
Манга сан кераксан,сан!

Қайғуларинг улуғ пешам,
Мажнун бўлиб тоғлар ошам,
Сансан умрлик андишам,
Манга сан кераксан,сан!

Сўфийлара суҳбат керак,
Оқиллара охрат* керак,
Мажнунлара Лайли керак,
Манга сан кераксан,сан!

Агар мани ўлдирсалар<
Кулим кўкка совурсалар,
Тупроғим сани чақирар,
Манга сан кераксан,сан!

Мискин Юнус маним отим,
Куну кундан ортар оҳим,
Икки жаҳонда муродим,
Манга сан кераксан,сан!

*охрат – охират маъносида

ИШҚ НАЙЛАДИ

Юрадирман ёна-ёна,
Ишқ бўяди мани қона,
На оқилам,на девона,
Кел,кўр мани ишқ найлади!

Гоҳ эсаман еллар каби,
Гоҳ шошаман йўллар каби,
Гоҳ тошаман селлар каби,
Кел,кўр мани ишқ найлади!

Оқар сувлардек оқаман,
Дардли жигарим ёқаман,
Дунёга ҳайрон боқаман,
Кел,кўр мани ишқ найлади!

Ё қўлим ол,қолдир мани,
Ё васлингга қондир мани,
Хўб йиғлатдинг,кулдир мани,
Кел,кўр мани ишқ найлади!

Элма-эл юргим келар,
Дилма-дил юргим келар,
Ғурбатда дардим ким билар,
Кел,кўр мани ишқ найлади!

Ман Юниси бечораман,
Ёрни тушимда кўраман,
Уйғониб маълул юраман,
Кел,кўр мани ишқ найлади!

Ман Юниси бечораман,
Бошдан-оёға яраман,
Ёр элида овораман,
Кел,кўр мани ишқ найлади!

077ПИР СУЛТОН АБДАЛ

Пир Султон Абдал 1510/14 – 1589/90 йиллар орасида яшаган деб тахмин қилинади. Шоирнинг асл исми Ҳайдар бўлиб,у Сиваш мулкига тобеъ Баназ қишлоғида дунёга келган. Йигирма ёшида ўша даврнинг йирик муршидларидан бири — бектошия-алавия тариқатида бўлган Саид Али Султон Даданинг даргоҳига боради. Беш йил давомида кечани-кеча,кундузни-кундуз демай хизмат қилган Ҳайдар муршидидан етуклик хирқаси ва нишонини олгач, тез орада дилини,тилини ва қўлини ҳаромдан асраш йўлидаги чеккан машаққатлари эвазига оддий халқ орасида Пир Султон номи билан машҳур бўлади. Унинг ҳақсизликка,золимларнинг зулмига қарши тоқат қилмай,кураш йўлига кириши оддой халқнинг муҳаббатини яна-да оширарди.
Пир Султон Абдал халқ хотирасида ҳақсизликка қарши курашган ва шу кураш йўлида дорга осилган жасур шоир сифатида муҳрланиб қолган. Халқ ўзғолонига раҳбарлик қилганлардан бири бўлгани учун шоир Сиваш ҳокими Хизир Пошшо томонидан қатл этилади. Ўтган асрлар давомида Пир Султон Абдал адолат ва ҳақгўйлик тимсоли бўлиб келди,шоирнинг шеърлари ҳам инсонлар юрагига энг эзгу туйғуларни олиб киришдан тўхтамади.

МАНИМ ЗУЛФИ СИЁҲИМ

Дод дастингдан,маним зулфи сиёҳим,
Бир ўқ тегди,сийнам яраланди,кел.
Бу охир замонда йиғлатма мани,
Бу кун ишқим жондан ороланди,кел.

Ғамдан иборатдур маконим,юртим,
Янграмас овозим,чиқмайди додим,
Бир эмас,беш эмас,ўн эмас дардим,
Қовунлар бош берди,шираланди,кел.

Ҳасратинг-ла қабрим қазийми,сўйла,
Мажнунина раҳм этмасми Лайла (и),
Ўлимли дунёдир,кел,ҳалол айла,
Юкланди карвоним,кироланди,кел.

Не чексаям,дардли сийнам доғ бўлмас,
Кунлар келиб кетар,умр соғ бўлмас,
Наштар тегиб яраларим йўқ бўлмас,
Умримнинг қоғози қораланди,кел.

Пир Султон Абдалам,ҳафтада,ойда,
Кунлар келиб кетар,етмайди фойда,
Кўнглим Ҳақ орзулар,жоним ҳой-ҳойда,
Тупроғим устимга кура(к)ланди,кел.

КЕЛ-КЕЛ

Йиғлатмагин мани,дардим булоқдир,
Ошиқлар майдонга шошмасдан,кел-кел.
Маним жигаржойим тилим-тилимдир,
Қайнаб-да, кўкрайиб тошмасдан,кел-кел.

Фалак бир биларзик* тақди қўлима,
Хайф,ёрим раҳм этмас ҳолима,
Ажал шарбатини берди қўлима,
Соқиё бу жоним ичмасдан,кел-кел.

Кел бизнинг боғчага,айлагин сайрон,
Булбул ошиқ бўлмиш бир гулга ҳайрон,
Сани мандан бир кун айирур даврон,
Айрилиқ ўртага тушмасдан,кел-кел.

Бунда беш-ўн кунлик рўзғорим қолди,
Омонат соҳиби келди-да олди,
Юкларим юкланди,олдимда йўлдир,
Умримнинг карвони кечмасдан,кел-кел.

Пир Султон Абдалам,кечди умр ёзи,
Энди чекмас бўлдим жавр ила нозин,
Ҳаволаниб учди кўнглимнинг бози,
Тўйгунча қувониб учмасдан,кел-кел.

077ҚУЛ МЕҲМЕТ

Қул Меҳмет XVI асрда яшаб,ижод қилган турк халқ шоири бўлиб, у Усмонлилар давлатининг амалдорларидан бўлган Увайс Пошшонинг ўғлидир. Унинг асл исми Меҳмат Пошодир.

Кийма,жоним,кийма сан шу қарони

Сан-да маним каби ғамлар чекарсан?
Кийма,жоним,кийма сан шу қарони.
Ҳасрат-ҳасрат йўлларина боқарсан,
Кийма,жоним,кийма сан шу қарони.

Тағин ғаму дард ичинда кетарсан,
Гулистонда булбул каби ётарсан,
Ёрингдан айрилиб фиғон этарсан? –
Кийма,жоним,кийма сан шу қарони.

Сани-да қучмасдан дардим тўлишар,
Сан бир ғунча гулсан,япроғинг яшил,
Қаролар ерида оллар ярашар,
Кийма,жоним,кийма сан шу қарони.

Кўк юзинда гўзал моҳни севарсан,
Ер юзинда қиблагоҳни севарсан,
Алвон кийин,бир Аллоҳни севарсан,
Кийма,жоним,кийма сан шу қарони.

13821_b_8741.jpgҚУЛ МУСТАФО

Ёшлигида Мурод Раис раҳбарлигида Жазоир денгиз юришида иштирок этгани учун Қайиқчи Қул Мустафо номи билан танилган. Дастлаб 17 асрнинг энг машҳур соз шоири Гавҳарий таъсирида бўлган шоир кейинчалик ўша даврнинг энг ёрқин шоирларидан бири сифатида шаклланган.

ЛАБИНГ ЛАЗЗАТИ

Қоракўз дилбарим, лабинг лаззати
Шакармидур, шарбатмидур, болмидур?!
Бўғим-бўғим гарданингга тўкилган
Кокилмидур, ипакмидур, толмидур?!

Эйнингга кийганинг гулдан бичилмиш,
Гарданингга қаро холлар сочилмиш,
Ҳуснингнинг боғида гуллар очилмиш,
Лоламидур, сумбулмидур, гулмидур?!

Кўнглимдир ишқинг-ла кўйларни сузган,
Ағёр бўлур ёрим олдинда кезган,
Сўзлаб бергин, қора бағримни эзган
Оғизмидур, дудоқмидур, тилмидур?!

Олчоғларни қувиб юксакда учмак,
Рақиби ағёрнинг сирини очмак,
Бойларга майл этиб, фақирдан қочмак
Одатмидур, қонунмидур, йўлмидур?!

Мустафо, дардини билар қай киши?
Дилбарнинг хаёли – ошиқнинг иши,
Йўлингда харж бўлган кўзимнинг ёши
Дарёмидур, ирмоқмидур, кўлмидур?!

012ҚОРАЧАЎҒЛОН

Қорачаўғлон (Karacaoğlan; 1606 – 1679) ўзини туркман деб атайдиган эллар яшайдиган Жанубий Анадолуда 1606 йилда дунёга келган, яшаб ,ижод қилган ва ўша ўлкада оламдан ўтган (1679 ёки 1689 йилда деб кўрсатадилар) турк халқининг суюкли шоиридир. Халқ ичида “Қорачаўғлон худди Анадолу эди, Анадолу мисли Қорачаўғлон эди” деган гап юради.  Ундан мерос қолган шеърларнинг сони беш юзга яқиндир.
Туғилган ери каби,ўлим топган ери хусусида ҳам турли маълумотлар мавжуд. Хожа Ҳамди Афандининг ёзишичa, у Марашдаги Чезел яйловида 96 ёшида оламдан ўтган. Кейинги тадқиқотларда эса унинг мозори Ичелдаги Чуқур қишлоғидаги Қорачаўғлон тепаси деган жойдадир.  Худди Юнус Эмрога нисбатан бўлганидек, Қорачаўғлонни ҳам бир қатор шаҳар ва қишлоқлар унинг мозори биздадир деб талашишади. Бу унинг халқ қалбидан нақадар чуқур жой олганини кўрсатади.

ДЕМАДИММИ

Ола кўзли, нозли дилбар,
Вақтинг кечар, демадимми!
Хумор бўлмиш кўзларинг
Қоним ичар, демадимми?!

Боқ бу қоша, боқ бу кўза,
Жигар кабоб бўлди кеза,
Ёқасиз кўйлаклар биза
Фалак бичар, демадимми?!

Дарёларнинг тубсиз коми,
Шакар дудоғингнинг ёми,
Сурарсан даврону дамни,
Карвон кечар, демадимми?!

Қорачаўғлон, кез мард ила,
Улфат қилма номард ила,
Фалак бизни бу дард ила
Қўяр ночор, демадимми?!

ЧЕКОЛМАМ, КЎНГИЛ

Дали кўнгил, кайф-ишрат тиларсан,
Ари каби ҳар чечакдан оларсан,
Ҳарда гўзал кўрсанг, унда қолурсан,
Ман санинг дардингни чеколмам, кўнгил!

Сеторми истарсан, созми истарсан,
Ўрдакми истарсан, ғозми истарсан,
Темурчуғ маммали қизни истарсан?! –
Ман санинг дардингни чеколмам, кўнгил.

Чиқиб юксаклардан боқмоқ истарсан,
Жўшқин сувлар каби оқмоқ истарсан,
Ҳар гўзал-ла тушиб-қолмоқ истарсан,
Ман сенинг дардингни чеколмам, кўнгил!

Қорачаўғлон дер: ўқиям, ёзам,
Қаҳрамон дейилам, карвонлар тузам,
Куйинам, ёнарам, хафалик кезам,
Ман санинг дардингни чеколмам, кўнгил!

ҚУРБОН БЎЛАЙИН

Ай, солланиб кетган дилбар,
Кўзина қурбон бўлайин.
Айлан бир оз, танишайлик,
Сўзина қурбон бўлайин.

Сабоҳдан йиғладим ёра,
Ишимдан бўлдим овора.
Оёғин босган ҳар ера,
Тузина қурбон бўлайин.

Совуқ тоғлар оқар тоғда,
Бинафшалар битар боғда,
Ечиниб ётажак чоғда
Нозина қурбон бўлайин.

Қорачаўғлон, кўр аҳволим,
Ёрсиз неча бўлур ҳолим?!
Онаси бир ўта золим
Қизина қурбон бўлайин.

БИНАФША

Қодир мовлам сани этмиш, яратмиш.
Чечаклар ичинда эй, тар бинафша!
Битарсан тиканли гуллар ичинда,
Қўрқаман, ўзингга ботар, бинафша!

Ёз келгунча ҳавасланиб, битарсан,
Куз келганда бошинг олиб кетарсан,
Ёрим, нега бўйнинг айру тутарсан,
Санинг дардинг мандан баттар, бинафша!

Санинг масканингдир қоялар санги¹, (санги¹-тош)
Муаттар бинафша, осмоний ранги,
Тошларга сас солур қушларнинг чанги,
Даврондан булбуллар ўтар, бинафша!

Боқмасмисан Қорачаўғлон ҳолина,
Ғариб булбул қўнмиш гулнинг дўлина,
Қадрина билмаслар олар қўлина,
Она ерда айри битар бинафша.

09ОШИҚ ЕМРОҲ

Арзирумли Емроҳ (Ҳамроҳ) (Erzurumlu Emrah) номи билан танилган шоир 1775 йили Арзирум вилоятининг Танбура манзилида дунёга келган. Узоқ вақт Сивас ва Кастамонуда яшаган. Шоир арузда ёзган шеърларидан девон ҳам тузган. 1854 йилда Токатда вафот этган.

ДЕДИМ – ДЕДИ

Сабоҳда дуч келдим мен бир жонона,
Дедим: — Сархушмисан? Сўйлади: — Йўқ, Йўқ!
Оқ қўллари бўғим-бўғим хиноли,
Дедим: — Байраммиди? Сўйлади: — Йўқ, Йўқ!

Дедим: — Инжу надир? Деди: — Тишимдир.
Дедим: — Қалам надир? Деди: — Қошимдир.
Дедим: — Ўн беш надир? Деди: — Ёшимдир.
Дедим: — Даво борми? Сўйлади: — Йўқ, йўқ!

Дедим: — Ўлим бордир? Деди: — Эйнимда.
Дедим: — Зулм бордир. Деди: — Бўйнимда.
Дедим: — Гул маммалар… Деди: — Қўйнимда.
Дедим: — Бер оғзима. Сўйлади: — Йўқ, йўқ!

Дедим: — Орзум надир? Деди: — Қўлимдир.
Дедим: — Кетарсанми? Деди: — Йўлимдир.
Дедим: — Ҳамроҳ кимдир? Деди: — Гулимдир.
Дедим: — Сотарсанми? Сўйлади: — Йўқ, йўқ!

СЕВМАСАМ…

Бир нозанин мани кел-кел айлади,
Бормасам ражиюр, борсам ранжиюр.
Оппоқ гарданиндан, инжа белиндан
Қучмасам ранжиюр, қучсам ранжиюр.

Қошина чекилмиш қудрат қалами,
Кўрмамиш дунёда дарду аламни,
Ҳар сабоҳ, ҳар оқшом берур саломни,
Олмасам ранжиюр, олсам ранжиюр.

Кўринур кўзима ёрнинг эллари,
Бошимизда эсган савдо еллари,
Ёрнинг боғчасинда ғунча гулларин
Термасам ранжиюр, терсам ранжиюр.

Бир қиё боқмоғи жўшдирур қонни,
Оташи қўймасдан ёқур дунёни,
Ошиқ Ҳамроҳ севар дарди бор жонни,
Севмасам ранжиюр, севсам ранжиюр.

КЕТМИШ…

Оғалар, ғурбатдан келдим,
Келдим-ки, нозанин кетмиш.
Қўлимга соз олар-олмай
Солланиб кезганим кетмиш.

Ойнасин қўйиб тизина,
Сурмалар чексин кўзина,
Сиёҳ зулфин моҳ юзина
Таратиб тузгоним кетмиш.

Мен энди ичмарам бода,
Сир бермасман бу дунёда,
Учди санам, қолди ёдда,
Кўлларда сузгоним кетмиш.

На гўзалдир ватан куни,
Ҳамроҳни хуш этган куни,
Умр бошга етган куни
Қабримни қазгоним кетмиш.

078 ОШИҚ ВЕЙСАЛ

Халқ оғзаки ижоди руҳида ижод қилган машҳур шоир Ошиқ Вейсал Шатирўғли Туркиянинг Сивас вилоятида 1894 йил 25 октябрда туғилган. У ҳам шоир, ҳам бахши, ҳам созанда эди. Онадўли халқ қўшиқларини янги усулда ижро этгани билан танилган. Унинг шеър ва қўшиқлари асосан тасаввуфий йўналишдадир. Ошиқ Вейсал дастлаб халқ сўзи ҳамда бошқа шоирларнинг шеърларини куйга солган бўлса, 1933 йилдан бошлаб ўз шеърларини куйга сола бошлади.
Шоирнинг шеърлари «Изоҳлар» (1944), «Созимдан саслар» (1950), «Дўстлар мени хотирласин» (1970) номлари билан нашр этилган. 1973 йилнинг март ойида Ошиқ Вейсел ўзи туғилиб ўсган Шарқишла қишлоғида вафот этди. Вафотидан сўнг «Мукаммал асарлари тўплами» (1984) чоп этилди. Бугунги кунда унинг юздан ортиқ шеърий тўпламлари эълон қилинган.

САНИНГ ЙЎЛИНГДА

Хатар бўлди ёшлик чоғим
Санинг йўлингда-йўлингда,
Сўлди чечагим, япроғим
Санинг йўлингда-йўлингда.

Ман на эдим? Ман на бўлдим?
Гоҳ бўшалдим, гоҳо тўлдим,
Ёндим, куйдим, оташ бўлдим,
Санинг йўлингда-йўлингда.

Мана, келди сўнг баҳорим,
Мани истар содиқ ёрим,
Хатар бўлди номус-орим
Санинг йўлингда-йўлингда.

Қўлингдан бир бода ичдим,
Турли –турли дардга тушдим,
Жумла борлиғимдан кечдим
Санинг йўлингда-йўлингда.

Дилсиз бўлдим: кўкаландим,
Ёмғир бўлдим: сафоландим,
Тупроқ бўлдим: тепаландим,
Санинг йўлингда-йўлингда.

Санга чўзилган қўл бўлдим,
Гоҳ оқил, гоҳо дол бўлдим,
Ожизликда Вейсал бўлдим
Санинг йўлингда-йўлингда.

САН БИР ЧЕЧАК БЎЛСАНГ…

Ҳар саҳар оқарса, сувга кетаркан
Ёр йўлингда тупроқ бўлсам, туз бўлсам!
Боқиб тўрт тарафа сайр этаркан,
Қорақош олдида ола кўз бўлсам.

Нозлана-нозлана чиқаркан йўлга,
Неча дилсизларни келтирар дилга,
Яшилбош ўрдакдек сузаркан кўлда
Ё бир бургут бўлсам, ё бир боз бўлсам.

Вейсал, ўрдак бўлсин, сен-да кўл, ёрим,
Басдир, менга карам айла, кел, ёрим,
Лола, сумбул, мор бинафша, гул, ёрим,
Сан бир чечак бўлсанг, ман бир ёз бўлсам.

БЎЛОЛМАДИМ

Санинг ишқинг-ла Мажнун
Бўлай дедим, бўлолмадим.
Ман бу ишқда жону дармон
Бўлай, дедим, бўлолмадим.

Ишқинг мани этди гирён,
Гоҳ бошяланг, гоҳо ҳайрон,
Жондан севган гўзалимни
Олай, дедим, ололмадим.

Ман бир жисму сан бир жонсан,
Ҳам динимсан, ҳам имонсан,
Манга мандек яқин сансан,
Дўст йўлида ўлолмадим.

Борим-йўғим бир Вейсалим
Этагингда қолди қўлим,
Эй, маним шонли гўзалим,
Хаёлингда қололмадим.

БУ КЕЧА

Билмам ўнгиммиди, йўқса тушмиди,
Кўнглим орзусини билди бу кеча,
Сочинг қиличмиди ё оташмиди?! –
Юрагим кўз ила тўлди бу кеча.

Билолмадим кеча ила кундузни,
Кўролмадим қуёш ила юлдузни,
Мастона кўзлари маст этди бизни,
Ақлимни бошимдан олди бу кеча.

Ой ўзина боққан била тўёлмас,
Юлдуз-юлдуз холлари бор, уялмас,
Ишқ майидан ичган ошиқлар ўлмас,
Билмам, манга нима бўлди бу кеча?

Сўнмай ёнур тўғриларнинг чироғи,
Яқин бўлур аҳли ишқнинг йироғи,
Вейсал бўлди Вейсалларнинг фироғи.
Хаёли қаршимга келди бу кеча.

045   Turkiya adabiyotida soz shoirlari va oshiqlar nomi bilan tanilgan, muayyan ma’noda, qadimiy turk baxshichilik adabiyoti an’analarini davom ettirgan ijodkorlar qoldirgan meros boyligi va rang-barangligi bilan, shu bugungacha davom etib kelayotgani bilan ahamiyatlidir. Bugun sizga turk oshiq shoirlari: Yunus Emro, Pir Sulton Abdal, Qorachao’g’lon, Qul Mehmat, Qul Mustafo, Oshiq Yemroh va Oshiq Veysal ijodining namunalari bilan tanishtiramiz.

TURK OSHIQ SHE’RIYATIDAN
Xurshid Davron tarjimalari
09

ask-sozleri-1.jpgYUNUS EMRO

Yunus Emro taxminan 1238 yilda Sivrihisorning janubidagi Sariko’yda dunyoga kelgan. Bo’lajak baxshi shoir madrasa ta’limini olgan,arab va fors tillarini yaxshi bilgan,Eron va Yunon mifologiyasini chuqur o’rgangan,o’z davrining yetuk mutasavvuf olimi bo’lgan zot bo’lib, o’z falsafiy dunyoqarashi bilan o’sha davrning yirik, XIII asrda Xurosondan Anadoluga kelgan,Xoja Ahmad Yassaviy g’oyalariga bog’liq bo’lgan taniqli piri murshid Hoji Bektosh Valiy asos solgan so’fiylik maktabi — Bektoshiyaga yaqin edi.
Yunus Emrodan ikki asar qolgan. Bular: “Risolayi Husniya” (yana uni “O’git risolasi” deb nomlashadi) bo’lib,aruz vaznida yozilgan tasavvufiy,axloqiy asardir.Ikkinchisi uning yuksak asarlaridan tuzilgan she’riy devonidir.
Yunus Emroning she’rlari alohida kitob holida o’zbek tilida nashr etilgan.Aytib o’tish lozimki,Yunus Emroning o’zbek tilidagi birinchi tarjimalarini men 1986 yilda “Yoshlik” jurnalida chop etgan edim. Xuddi o’sha yili “Yunus Emro ohanglarida” turkumini yozdim.Bu she’rlarni 1997 yilda nashr etilgan “Bahordan bir kun oldin” nomli kitobimda o’qishingiz mumkin

ISHQ

Biz hammamiz ishq qulimiz,
Ishqdir bizning sultonimiz.
Ishq yo’lida o’lsak agar,
Ishqqa haloldir qonimiz.

Ishq Mandan mani oladi,
Yor ishqin dilga soladi,
Dil ishqqa qurbon bo’ladi,
Yor bo’lsa gar imonimiz.

Ishq birla boshim xush bo’lur,
Xayolimga yo’ldosh bo’lur,
O’n ikki oy sarxush bo’lur,
Ishqqa asirdir jonimiz.

Doim yurakda kezadir,
Na maylimizni buzadir,
Na so’ladir,na to’zadir,
Bizning bu gulistonimiz.

Yunus deyar: Necha-necha
Kunlar oxir bo’ldi kecha,
Qonimizni to’ymay ichar
Bu yolg’onchi davronimiz.

MANGA SAN KERAKSAN

Ishqing oldi mandan mani,
Manga san keraksan,san!
Jismim yonur kecha-kunduz,
Manga san keraksan,san!

Na borliqqa sevinarman,
Na yo’qliqqa quvonarman,
Ishqing ila ovunarman,
Manga san keraksan,san!

Ishqing oshiqni o’ldirur,
Ishq dengizida qoldirur,
Tajallo ila to’ldirur,
Manga san keraksan,san!

Qayg’ularing ulug’ pesham,
Majnun bo’lib tog’lar osham,
Sansan umrlik andisham,
Manga san keraksan,san!

So’fiylara suhbat kerak,
Oqillara oxrat* kerak,
Majnunlara Layli kerak,
Manga san keraksan,san!

Agar mani o’ldirsalar<
Kulim ko’kka sovursalar,
Tuprog’im sani chaqirar,
Manga san keraksan,san!

Miskin Yunus manim otim,
Kunu kundan ortar ohim,
Ikki jahonda murodim,
Manga san keraksan,san!

*oxrat – oxirat ma’nosida

ISHQ NAYLADI

Yuradirman yona-yona,
Ishq bo’yadi mani qona,
Na oqilam,na devona,
Kel,ko’r mani ishq nayladi!

Goh esaman yellar kabi,
Goh shoshaman yo’llar kabi,
Goh toshaman sellar kabi,
Kel,ko’r mani ishq nayladi!

Oqar suvlardek oqaman,
Dardli jigarim yoqaman,
Dunyoga hayron boqaman,
Kel,ko’r mani ishq nayladi!

YO qo’lim ol,qoldir mani,
YO vaslingga qondir mani,
Xo’b yig’latding,kuldir mani,
Kel,ko’r mani ishq nayladi!

Elma-el yurgim kelar,
Dilma-dil yurgim kelar,
G’urbatda dardim kim bilar,
Kel,ko’r mani ishq nayladi!

Man Yunisi bechoraman,
Yorni tushimda ko’raman,
Uyg’onib ma’lul yuraman,
Kel,ko’r mani ishq nayladi!

Man Yunisi bechoraman,
Boshdan-oyog’a yaraman,
Yor elida ovoraman,
Kel,ko’r mani ishq nayladi!

077PIR SULTON ABDAL

Pir Sulton Abdal 1510/14 – 1589/90 yillar orasida yashagan deb taxmin qilinadi. Shoirning asl ismi Haydar bo’lib,u Sivash mulkiga tobe’ Banaz qishlog’ida dunyoga kelgan. Yigirma yoshida o’sha davrning yirik murshidlaridan biri — bektoshiya-alaviya tariqatida bo’lgan Said Ali Sulton Dadaning dargohiga boradi. Besh yil davomida kechani-kecha,kunduzni-kunduz demay xizmat qilgan Haydar murshididan yetuklik xirqasi va nishonini olgach, tez orada dilini,tilini va qo’lini haromdan asrash yo’lidagi chekkan mashaqqatlari evaziga oddiy xalq orasida Pir Sulton nomi bilan mashhur bo’ladi. Uning haqsizlikka,zolimlarning zulmiga qarshi toqat qilmay,kurash yo’liga kirishi oddoy xalqning muhabbatini yana-da oshirardi.
Pir Sulton Abdal xalq xotirasida haqsizlikka qarshi kurashgan va shu kurash yo’lida dorga osilgan jasur shoir sifatida muhrlanib qolgan. Xalq o’zg’oloniga rahbarlik qilganlardan biri bo’lgani uchun shoir Sivash hokimi Xizir Poshsho tomonidan qatl etiladi. O’tgan asrlar davomida Pir Sulton Abdal adolat va haqgo’ylik timsoli bo’lib keldi,shoirning she’rlari ham insonlar yuragiga eng ezgu tuyg’ularni olib kirishdan to’xtamadi.

MANIM ZULFI SIYOHIM

Dod dastingdan,manim zulfi siyohim,
Bir o’q tegdi,siynam yaralandi,kel.
Bu oxir zamonda yig’latma mani,
Bu kun ishqim jondan orolandi,kel.

G’amdan iboratdur makonim,yurtim,
Yangramas ovozim,chiqmaydi dodim,
Bir emas,besh emas,o’n emas dardim,
Qovunlar bosh berdi,shiralandi,kel.

Hasrating-la qabrim qaziymi,so’yla,
Majnunina rahm etmasmi Layla (i),
O’limli dunyodir,kel,halol ayla,
Yuklandi karvonim,kirolandi,kel.

Ne cheksayam,dardli siynam dog’ bo’lmas,
Kunlar kelib ketar,umr sog’ bo’lmas,
Nashtar tegib yaralarim yo’q bo’lmas,
Umrimning qog’ozi qoralandi,kel.

Pir Sulton Abdalam,haftada,oyda,
Kunlar kelib ketar,yetmaydi foyda,
Ko’nglim Haq orzular,jonim hoy-hoyda,
Tuprog’im ustimga kura(k)landi,kel.

KEL-KEL

Yig’latmagin mani,dardim buloqdir,
Oshiqlar maydonga shoshmasdan,kel-kel.
Manim jigarjoyim tilim-tilimdir,
Qaynab-da, ko’krayib toshmasdan,kel-kel.

Falak bir bilarzik* taqdi qo’lima,
Xayf,yorim rahm etmas holima,
Ajal sharbatini berdi qo’lima,
Soqiyo bu jonim ichmasdan,kel-kel.

Kel bizning bog’chaga,aylagin sayron,
Bulbul oshiq bo’lmish bir gulga hayron,
Sani mandan bir kun ayirur davron,
Ayriliq o’rtaga tushmasdan,kel-kel.

Bunda besh-o’n kunlik ro’zg’orim qoldi,
Omonat sohibi keldi-da oldi,
Yuklarim yuklandi,oldimda yo’ldir,
Umrimning karvoni kechmasdan,kel-kel.

Pir Sulton Abdalam,kechdi umr yozi,
Endi chekmas bo’ldim javr ila nozin,
Havolanib uchdi ko’nglimning bozi,
To’yguncha quvonib uchmasdan,kel-kel.

ask-sozleri-1.jpgQUL MEHMET

Qul Mehmet XVI asrda yashab,ijod qilgan turk xalq shoiri bo’lib, u Usmonlilar davlatining amaldorlaridan bo’lgan Uvays Poshshoning o’g’lidir. Uning asl ismi Mehmat Poshodir.

Kiyma,jonim,kiyma san shu qaroni

San-da manim kabi g’amlar chekarsan?
Kiyma,jonim,kiyma san shu qaroni.
Hasrat-hasrat yo’llarina boqarsan,
Kiyma,jonim,kiyma san shu qaroni.

Tag’in g’amu dard ichinda ketarsan,
Gulistonda bulbul kabi yotarsan,
Yoringdan ayrilib fig’on etarsan? –
Kiyma,jonim,kiyma san shu qaroni.

Sani-da quchmasdan dardim to’lishar,
San bir g’uncha gulsan,yaprog’ing yashil,
Qarolar yerida ollar yarashar,
Kiyma,jonim,kiyma san shu qaroni.

Ko’k yuzinda go’zal mohni sevarsan,
Yer yuzinda qiblagohni sevarsan,
Alvon kiyin,bir Allohni sevarsan,
Kiyma,jonim,kiyma san shu qaroni.

088QUL MUSTAFO

Yoshligida Murod Rais rahbarligida Jazoir dengiz yurishida ishtirok etgani uchun Qayiqchi Qul Mustafo nomi bilan tanilgan. Dastlab 17 asrning eng mashhur soz shoiri Gavhariy ta’sirida bo’lgan shoir keyinchalik o’sha davrning eng yorqin shoirlaridan biri sifatida shakllangan.

LABING LAZZATI

Qorako’z dilbarim, labing lazzati
Shakarmidur, sharbatmidur, bolmidur?!
Bo’g’im-bo’g’im gardaningga to’kilgan
Kokilmidur, ipakmidur, tolmidur?!

Eyningga kiyganing guldan bichilmish,
Gardaningga qaro xollar sochilmish,
Husningning bog’ida gullar ochilmish,
Lolamidur, sumbulmidur, gulmidur?!

Ko’nglimdir ishqing-la ko’ylarni suzgan,
Ag’yor bo’lur yorim oldinda kezgan,
So’zlab bergin, qora bag’rimni ezgan
Og’izmidur, dudoqmidur, tilmidur?!

Olchog’larni quvib yuksakda uchmak,
Raqibi ag’yorning sirini ochmak,
Boylarga mayl etib, faqirdan qochmak
Odatmidur, qonunmidur, yo’lmidur?!

Mustafo, dardini bilar qay kishi?
Dilbarning xayoli – oshiqning ishi,
Yo’lingda xarj bo’lgan ko’zimning yoshi
Daryomidur, irmoqmidur, ko’lmidur?!

ask-sozleri-1.jpgQORACHAO’G’LON

Qorachao’g’lon (Karacaoglan; 1606 – 1679) o’zini turkman deb ataydigan ellar yashaydigan Janubiy Anadoluda 1606 yilda dunyoga kelgan, yashab ,ijod qilgan va o’sha o’lkada olamdan o’tgan (1679 yoki 1689 yilda deb ko’rsatadilar) turk xalqining suyukli shoiridir. Xalq ichida “Qorachao’g’lon xuddi Anadolu edi, Anadolu misli Qorachao’g’lon edi” degan gap yuradi. Undan meros qolgan she’rlarning soni besh yuzga yaqindir.
Tug’ilgan yeri kabi,o’lim topgan yeri xususida ham turli ma’lumotlar mavjud. Xoja Hamdi Afandining yozishicha, u Marashdagi Chezel yaylovida 96 yoshida olamdan o’tgan. Keyingi tadqiqotlarda esa uning mozori Icheldagi Chuqur qishlog’idagi Qorachao’g’lon tepasi degan joydadir. Xuddi Yunus Emroga nisbatan bo’lganidek, Qorachao’g’lonni ham bir qator shahar va qishloqlar uning mozori bizdadir deb talashishadi. Bu uning xalq qalbidan naqadar chuqur joy olganini ko’rsatadi.

DEMADIMMI

Ola ko’zli, nozli dilbar,
Vaqting kechar, demadimmi!
Xumor bo’lmish ko’zlaring
Qonim ichar, demadimmi?!

Boq bu qosha, boq bu ko’za,
Jigar kabob bo’ldi keza,
Yoqasiz ko’ylaklar biza
Falak bichar, demadimmi?!

Daryolarning tubsiz komi,
Shakar dudog’ingning yomi,
Surarsan davronu damni,
Karvon kechar, demadimmi?!

Qorachao’g’lon, kez mard ila,
Ulfat qilma nomard ila,
Falak bizni bu dard ila
Qo’yar nochor, demadimmi?!

CHEKOLMAM, KO’NGIL

Dali ko’ngil, kayf-ishrat tilarsan,
Ari kabi har chechakdan olarsan,
Harda go’zal ko’rsang, unda qolursan,
Man saning dardingni chekolmam, ko’ngil!

Setormi istarsan, sozmi istarsan,
O’rdakmi istarsan, g’ozmi istarsan,
Temurchug’ mammali qizni istarsan?! –
Man saning dardingni chekolmam, ko’ngil.

Chiqib yuksaklardan boqmoq istarsan,
Jo’shqin suvlar kabi oqmoq istarsan,
Har go’zal-la tushib-qolmoq istarsan,
Man sening dardingni chekolmam, ko’ngil!

Qorachao’g’lon der: o’qiyam, yozam,
Qahramon deyilam, karvonlar tuzam,
Kuyinam, yonaram, xafalik kezam,
Man saning dardingni chekolmam, ko’ngil!

QURBON BO’LAYIN

Ay, sollanib ketgan dilbar,
Ko’zina qurbon bo’layin.
Aylan bir oz, tanishaylik,
So’zina qurbon bo’layin.

Sabohdan yig’ladim yora,
Ishimdan bo’ldim ovora.
Oyog’in bosgan har yera,
Tuzina qurbon bo’layin.

Sovuq tog’lar oqar tog’da,
Binafshalar bitar bog’da,
Yechinib yotajak chog’da
Nozina qurbon bo’layin.

Qorachao’g’lon, ko’r ahvolim,
Yorsiz necha bo’lur holim?!
Onasi bir o’ta zolim
Qizina qurbon bo’layin.

BINAFSHA

Qodir movlam sani etmish, yaratmish.
Chechaklar ichinda ey, tar binafsha!
Bitarsan tikanli gullar ichinda,
Qo’rqaman, o’zingga botar, binafsha!

Yoz kelguncha havaslanib, bitarsan,
Kuz kelganda boshing olib ketarsan,
Yorim, nega bo’yning ayru tutarsan,
Saning darding mandan battar, binafsha!

Saning maskaningdir qoyalar sangi?, (sangi?-tosh)
Muattar binafsha, osmoniy rangi,
Toshlarga sas solur qushlarning changi,
Davrondan bulbullar o’tar, binafsha!

Boqmasmisan Qorachao’g’lon holina,
G’arib bulbul qo’nmish gulning do’lina,
Qadrina bilmaslar olar qo’lina,
Ona yerda ayri bitar binafsha.

ask-sozleri-1.jpgOSHIQ  YEMROH

Arzirumli Yemroh (Hamroh) (Erzurumlu Emrah) nomi bilan tanilgan shoir 1775 yili Arzirum viloyatining Tanbura manzilida dunyoga kelgan. Uzoq vaqt Sivas va Kastamonuda yashagan. Shoir aruzda yozgan she’rlaridan devon ham tuzgan. 1854 yilda Tokatda vafot etgan.

DEDIM – DEDI

Sabohda duch keldim men bir jonona,
Dedim: — Sarxushmisan? So’yladi: — Yo’q, Yo’q!
Oq qo’llari bo’g’im-bo’g’im xinoli,
Dedim: — Bayrammidi? So’yladi: — Yo’q, Yo’q!

Dedim: — Inju nadir? Dedi: — Tishimdir.
Dedim: — Qalam nadir? Dedi: — Qoshimdir.
Dedim: — O’n besh nadir? Dedi: — Yoshimdir.
Dedim: — Davo bormi? So’yladi: — Yo’q, yo’q!

Dedim: — O’lim bordir? Dedi: — Eynimda.
Dedim: — Zulm bordir. Dedi: — Bo’ynimda.
Dedim: — Gul mammalar… Dedi: — Qo’ynimda.
Dedim: — Ber og’zima. So’yladi: — Yo’q, yo’q!

Dedim: — Orzum nadir? Dedi: — Qo’limdir.
Dedim: — Ketarsanmi? Dedi: — Yo’limdir.
Dedim: — Hamroh kimdir? Dedi: — Gulimdir.
Dedim: — Sotarsanmi? So’yladi: — Yo’q, yo’q!

SEVMASAM…

Bir nozanin mani kel-kel ayladi,
Bormasam rajiyur, borsam ranjiyur.
Oppoq gardanindan, inja belindan
Quchmasam ranjiyur, quchsam ranjiyur.

Qoshina chekilmish qudrat qalami,
Ko’rmamish dunyoda dardu alamni,
Har saboh, har oqshom berur salomni,
Olmasam ranjiyur, olsam ranjiyur.

Ko’rinur ko’zima yorning ellari,
Boshimizda esgan savdo yellari,
Yorning bog’chasinda g’uncha gullarin
Termasam ranjiyur, tersam ranjiyur.

Bir qiyo boqmog’i jo’shdirur qonni,
Otashi qo’ymasdan yoqur dunyoni,
Oshiq Hamroh sevar dardi bor jonni,
Sevmasam ranjiyur, sevsam ranjiyur.

KETMISH…

Og’alar, g’urbatdan keldim,
Keldim-ki, nozanin ketmish.
Qo’limga soz olar-olmay
Sollanib kezganim ketmish.

Oynasin qo’yib tizina,
Surmalar cheksin ko’zina,
Siyoh zulfin moh yuzina
Taratib tuzgonim ketmish.

Men endi ichmaram boda,
Sir bermasman bu dunyoda,
Uchdi sanam, qoldi yodda,
Ko’llarda suzgonim ketmish.

Na go’zaldir vatan kuni,
Hamrohni xush etgan kuni,
Umr boshga yetgan kuni
Qabrimni qazgonim ketmish.

ask-sozleri-1.jpg OSHIQ VEYSAL

Xalq og’zaki ijodi ruhida ijod qilgan mashhur shoir Oshiq Veysal Shatiro’g’li Turkiyaning Sivas viloyatida 1894 yil 25 oktyabrda tug’ilgan. U ham shoir, ham baxshi, ham sozanda edi. Onado’li xalq qo’shiqlarini yangi usulda ijro etgani bilan tanilgan. Uning she’r va qo’shiqlari asosan tasavvufiy yo’nalishdadir. Oshiq Veysal dastlab xalq so’zi hamda boshqa shoirlarning she’rlarini kuyga solgan bo’lsa, 1933 yildan boshlab o’z she’rlarini kuyga sola boshladi.
Shoirning she’rlari «Izohlar» (1944), «Sozimdan saslar» (1950), «Do’stlar meni xotirlasin» (1970) nomlari bilan nashr etilgan. 1973 yilning mart oyida Oshiq Veysel o’zi tug’ilib o’sgan Sharqishla qishlog’ida vafot etdi. Vafotidan so’ng «Mukammal asarlari to’plami» (1984) chop etildi. Bugungi kunda uning yuzdan ortiq she’riy to’plamlari e’lon qilingan.

SANING YO’LINGDA

Xatar bo’ldi yoshlik chog’im
Saning yo’lingda-yo’lingda,
So’ldi chechagim, yaprog’im
Saning yo’lingda-yo’lingda.

Man na edim? Man na bo’ldim?
Goh bo’shaldim, goho to’ldim,
Yondim, kuydim, otash bo’ldim,
Saning yo’lingda-yo’lingda.

Mana, keldi so’ng bahorim,
Mani istar sodiq yorim,
Xatar bo’ldi nomus-orim
Saning yo’lingda-yo’lingda.

Qo’lingdan bir boda ichdim,
Turli –turli dardga tushdim,
Jumla borlig’imdan kechdim
Saning yo’lingda-yo’lingda.

Dilsiz bo’ldim: ko’kalandim,
Yomg’ir bo’ldim: safolandim,
Tuproq bo’ldim: tepalandim,
Saning yo’lingda-yo’lingda.

Sanga cho’zilgan qo’l bo’ldim,
Goh oqil, goho dol bo’ldim,
Ojizlikda Veysal bo’ldim
Saning yo’lingda-yo’lingda.

SAN BIR CHECHAK BO’LSANG…

Har sahar oqarsa, suvga ketarkan
Yor yo’lingda tuproq bo’lsam, tuz bo’lsam!
Boqib to’rt tarafa sayr etarkan,
Qoraqosh oldida ola ko’z bo’lsam.

Nozlana-nozlana chiqarkan yo’lga,
Necha dilsizlarni keltirar dilga,
Yashilbosh o’rdakdek suzarkan ko’lda
YO bir burgut bo’lsam, yo bir boz bo’lsam.

Veysal, o’rdak bo’lsin, sen-da ko’l, yorim,
Basdir, menga karam ayla, kel, yorim,
Lola, sumbul, mor binafsha, gul, yorim,
San bir chechak bo’lsang, man bir yoz bo’lsam.

BO’LOLMADIM

Saning ishqing-la Majnun
Bo’lay dedim, bo’lolmadim.
Man bu ishqda jonu darmon
Bo’lay, dedim, bo’lolmadim.

Ishqing mani etdi giryon,
Goh boshyalang, goho hayron,
Jondan sevgan go’zalimni
Olay, dedim, ololmadim.

Man bir jismu san bir jonsan,
Ham dinimsan, ham imonsan,
Manga mandek yaqin sansan,
Do’st yo’lida o’lolmadim.

Borim-yo’g’im bir Veysalim
Etagingda qoldi qo’lim,
Ey, manim shonli go’zalim,
Xayolingda qololmadim.

BU KECHA

Bilmam o’ngimmidi, yo’qsa tushmidi,
Ko’nglim orzusini bildi bu kecha,
Soching qilichmidi yo otashmidi?! –
Yuragim ko’z ila to’ldi bu kecha.

Bilolmadim kecha ila kunduzni,
Ko’rolmadim quyosh ila yulduzni,
Mastona ko’zlari mast etdi bizni,
Aqlimni boshimdan oldi bu kecha.

Oy o’zina boqqan bila to’yolmas,
Yulduz-yulduz xollari bor, uyalmas,
Ishq mayidan ichgan oshiqlar o’lmas,
Bilmam, manga nima bo’ldi bu kecha?

So’nmay yonur to’g’rilarning chirog’i,
Yaqin bo’lur ahli ishqning yirog’i,
Veysal bo’ldi Veysallarning firog’i.
Xayoli qarshimga keldi bu kecha.

045

(Tashriflar: umumiy 2 705, bugungi 1)

Izoh qoldiring