Go’zal Ro’zieva. Yangi she’rlar & «Yoshlik» jurnali savollariga javoblar

021 Шеърият – қалб ва истеъдод бирлашган ўзанда яратилган ирмоқ. У покиза булоқ. Булоқ суви шунчаки чанқоқни қондириш воситаси бўлмаганидек, шеърият ҳам шунчаки шеърхоннинг мутолааси учун яратилмаслиги – фақатгина ҳислар баёнидан иборат бўлмаслиги лозим. У адабиётда инсон қалби ва туйғуларига таъсир қилишнинг энг яхши йўли экан, унга гўзал маънолар жамланмаси, ўқувчига энг яхши инсоний туйғулар берувчи, шу билан бирга, унинг тафаккури ва дунёқарашини бо­йитувчи восита деб қаралса, шеърият ўз вазифасини адо этган бўлади.

ШЕЪР ҲАМ, ШОИР ҲАМ МИЛЛАТ УЧУН ОЙНА
Гўзал Рўзиеванинг «Ёшлик» журнали саволларига жавоблари
09

1. ХХ аср ўзбек шеъриятидаги мавзуларнинг турфалиги, ташбеҳларнинг оҳорли эканнида устоз шоирларнинг чуқур билим ва савияси кўриниб туради. Бу шеърият тарихий воқеаларга, улуғ шахсларга мурожаат этди, шунинг баробарида, турфа кечинмаларни ифодалади. Қисқаси, баланд интеллектуал шеърият бўй-бастини кўрсатди, бойиди. Бугунги ёшлар шеъриятини бу жиҳат ила мақтаб бўлмайди. Улар бир нечта доимий мавзу ва кўпроқ, кўнгил изҳори билан чекланиб қолишаётгандай. Ёки ўқувчи бундай серқирра, сермаъно шеърларни ўқимай қўйдими? Умуман, замондошларимиз қандай шеърларни кўпроқ ўқияпти?

2. Яқинда бир қадрдонимиз айтиб қолди, бизнинг адабиётда ҳали телефон ҳақида тузук-қуруқ асар ёзилмаган экан. Ўйланиб қолдим, чиндан ҳам шеърият ҳар вақт давр руҳи, кайфиятини ўзида жо этиб келган. Аммо ҳозирги шеъриятда ана шу руҳ сезилмайди, эллик йил олдин ясалган қолип-ташбеҳлар ҳали ҳам “тренд”да. Айтмоқчимизки, технологик асрнинг унсурлари сезилмайди. Бизнингча, метрога тушиб манзилига етиб боргунча симлари шувалашиб қолган қулоқчинини эпақага келтиролмай хуноби чиқиб ётган йўловчи ҳақида ҳам гўзал шеър ёзиш мумкин. Бу бир мисол, аммо бундай воситалар ҳаётимизда кўп-ку. Кундалигимиздан муҳим ўрин олган мобил телефон ҳақида шеър ёзса, киши модернист бўлиб қоладими? Бу борада қандай фикрдасиз?

3. Интернет ва ижтимоий тармоқлар турмушимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурди. Айниқса, ёшларнинг ижтимоий тармоқдан фойдаланмаган, бирор кун йўқ, десак муболаға бўлмайди. Албатта, бу омил ижодкорга, ўз-ўзидан адабий жараёнга ҳам таъсир этмай қўймади. Ҳозир “интернет адабиёти” деган тушунча ҳам мавжудки, бундан асосан ёшлар “унумли” фойдаланиб, ҳали сиёҳи қуримаган асари учун “лике” йиғиб олишмоқда. Хўш, сизнингча, ижтимоий тармоқлар адабий жараёнга, хусусан, ижодингизга қандай таъсир кўрсатяпти?

4. Халқимиз устоз кўрмаган шогирд ҳар мақомга йўрғалар деган мақол кўп ишлатади. Албатта, бу мақол шеъриятга, шоирга-да, тааллуқли. Бугунги шеъриятимиздаги устоз-шогирд анъаналари, адабий мактаблар ҳақида фикрингиз қандай?

071. Саволни ўқирканман Афанди ҳақидаги бир латифа ёдимга тушди. Афанди уйда атрофига бир уюм китобни йиғиб олиб, ҳали у, ҳали бу китобдан кўчириб, нималарнидир ёзиб-чизиб турса, хонага хотини кириб қолади. Эрини сира бундай ҳолатда кўрмаган завжаси ҳайрон бўлиб, нима қилаётганини сўрайди. Афанди ишидан чалғимай, жавоб беради: “Кўрма­япсанми, китоб ёзяпман!” Содда хотин унинг жавобидан қаноатланмай, яна сўрайди: “Афандим, китобдан кўчириш қачондан бери китоб ёзиш бўлиб қолди?” Ҳозиржавоб қаҳрамонимиз бир мўйи ҳам қилт этмай, сопини саволнинг ўзидан чиқаради: “Ей ўқимаган хотин, китобдан китоб яралади-да, шуниям билмайсанми!” Афандининг юмор ҳиссига бой, ўта ақлли одам бўлганини ҳисобга олган ҳолда, гап адабиётнинг олтин қоидаси ҳақида кетаётганини тушуниш керак. Яъни китоб кўчириш билан эмас, ўқиш ва ўрганиш орқали ёзилади.

ХХ аср ўзбек шеърияти мавзулар­нинг турфалиги, ташбеҳларнинг оҳорлилиги, бу шеърият тарихий воқеаларга, улуғ шахсларга мурожаат этганлиги, шунинг баробарида, турфа кечинмаларни ифодалаганлиги билан жуда баланд мавқега эга. Негаки, бу даврда яшаб ижод қилган аксар устоз шоирлар ўз устида тинмай ишлаганлар, яратиш ва ижод иши бир фоиз истеъдод ва тўқсон тўққиз фоиз меҳнат билан амалга оширилишини ҳамиша ёдда тутишган. Балки шу сабабли ҳам улар яратган шеър ва достонларнинг кўпи шеъриятимиз дурдоналари­га айланган.

Аммо, бугунги ёшлар ижодини кузата туриб, шеърият оддийгина кўнгил изҳори воситасига айланиб қолмаяптими деган хавотир кўнгилдан кечади. Балки шеъриятнинг кўлами, мавзуси торайиб қолгани учун ҳам бугун кўпчилик шеър ўқимас? Яқинда бир таниш ижодкор билан бугунги китобхонлар­нинг кўпда савиясизлиги, яхши асарни танлаб ўқий олмаслиги, шунингдек, ҳақиқий шеър билан фақат қофияли қаторлардангина иборат “шиғир”ларнинг фарқига боролмаслиги ҳақида гаплашганимизда, суҳбатдошимнинг “Ҳа, энди, шу опамга ўша поччам бўлаверади-да”, дея шу савиясиз оммага шу ада­биёт бўлаверади маъносидаги гапидан сўнг чуқур ўйга толдим. Демак, қайсидир бир адибнинг “Ҳар бир адабиёт ўз даврига муносиб” деган фикрлари ҳақиқат бўлиб чиқадими? Аслида-чи, шеърият қандай бўлиши керак?

Шеърият – қалб ва истеъдод бирлашган ўзанда яратилган ирмоқ. У покиза булоқ. Булоқ суви шунчаки чанқоқни қондириш воситаси бўлмаганидек, шеърият ҳам шунчаки шеърхоннинг мутолааси учун яратилмаслиги – фақатгина ҳислар баёнидан иборат бўлмаслиги лозим. У адабиётда инсон қалби ва туйғуларига таъсир қилишнинг энг яхши йўли экан, унга гўзал маънолар жамланмаси, ўқувчига энг яхши инсоний туйғулар берувчи, шу билан бирга, унинг тафаккури ва дунёқарашини бо­йитувчи восита деб қаралса, шеърият ўз вазифасини адо этган бўлади. Мана шундай қаралмаган ва ҳақиқий шеърий дурдоналар яратилмаганда эди, дунёга машҳур адиб, Нобел мукофоти совриндори Ҳерман Ҳессе “Бор билимимни шоирлардан олганман” деб тан олмаган бўларди. Бундай шеъриятни яратиш учун эса бугунги ижодкорлардан кўпроқ мутолаа ва ўз устларида ишлаш, ўзбек мумтоз адабиёти ва жаҳон классикаси билан танишиш, шунингдек, шеъриятдаги бугунги адабий жараёнлардан ҳам бохабар бўлишлари талаб қилинади. Қисқаси, ўқиш ва ўрганиш, руҳиятни ҳамиша бойитиб бориш зарур. Ахир, биз ўқувчига ўзимизда боринигина бера оламиз. Шу ўринда, Хорхе Луис Борхеснинг ўз даври ёзувчиларига қарата айтган гапларини бугунги ёш шоирларга айтгим келди: “Сервантес Сервантес бўлиш учун ҳатто кўчадаги эълонларни ҳам битта қолдирмай ўқир эди. Сиз бўлса, икки саҳифа ўқимай буюк ёзувчи бўламан, дейсиз-а, сенъор…”

2. Яхши ижодкор, аввало, яхши саёҳатчи бўлиши керак. Негаки, Эркин Воҳидов ҳақли равишда таъкидлаганидек,“Адабий ижод ҳамиша Сўз оламига саёҳатдир. Ижодкор Сўзни тирик жон деб билади ва Сўз билан сўзлашади”. Унинг оламига йўл эса яхши асарлар орқали ўтиши ҳеч кимга сир эмас.

Сўз оламига саёҳат ҳақида гап кетар экан, асримиздаги технологик қурилма ва воситалар номларининг адабиётга кириб келиши табиий ҳол ва уларнинг асарларда қўлланилиши билан бу модернистик руҳдаги адабиёт ёки модерн шеърияти бўлиб қолмайди. Бу шунчаки, инсоннинг кийими ўзгаргани билан кийим остидаги одам ва унинг қалби ўзгармаслиги кабидир. Бу технологик унсурлар номларидан фойдаланишдан мақсад эса, шу давр муҳитини акс эттириш ва фикрни бугунги ўқувчи тезроқ тушунадиган қилиб етказишдир. Аммо бу борада бизда ҳалиям ўтган асрдаги қолиплардан чиқилма­япти, деган фикрдан йироқман. Ижодкорлар, хусусан, бугунги тенгдошларимиз шеърларида асримизнинг техник қурилмаларини “қаҳрамон”га айлантириш ҳо­дисаси озми-кўпми бор. Масалан, Бобур Элмуроднинг “Фотоаппарат ва мен”, шеърини олсак. Лирик қаҳрамон фотоаппаратга“Сен боққан чоғ нега одамлар Хушсуратдир, кулгидан тўйган. Мен термилсам – сарғайган ўтлар Ва дарахтлар гулламай қўйган”. дея нидо қилади. Фотоаппарат туфайли онасининг дилбар, отаси­нинг бардам қад кериб тургани, дўстининг улуғвор ва бекам-у кўст эканлигини, бахтли бўлиб кўриниш учун унга ҳам кўз ташлашини сўрайди. Гарчи бу ерда фотоаппарат мажозий образ бўлса-да, ўқувчи аслият ва сурат йиллар мобайнида бир-биридан фарқланиб боришини яхши билади. Шеърдаги самимийлик туфайли мўжизага ишонгиси келади. Ёки ўзимнинг ҳам “Телефон сими” шеърим борки, унда оддий телефон алоқасининг узилганлиги туфайли икки инсоннинг тақдири ўзгариб кетиши қаламга олинган.

3. Интернет, хусусан, ижтимоий тармоқ­ларнинг фойдаланувчилар учун илмий ва амалий аҳамияти катта. Ҳаётимда унинг фақат ижобий тарафларини кўрганим, фаолия­тимда беминнат ёрдамчи бўлгани учун ҳам бунга ижобий қарайман. Телевизорга чиқиб олиб, глобал тармоқни ёмонлайдиганларнинг фикрларига ажабланаман. Шоир Садриддин Салим Бухорийнинг шундай тўртлиги бор:

Иллат излаганга иллатдир дунё,
Ғурбат излаганга ғурбатдир дунё.
Ким нени изласа топгай бегумон,
Ҳикмат излаганга ҳикматдир дунё!

Хулласи калом, ҳикмат излаб, ижтимоий тармоқларга кирган оддий фойдаланувчи, адабиёт томондан қаралганда эса ёзганларини кўпинча бирор нарсага арзимайдиган деб билиб, бошқалардан яшириб юрадиган ижодкор эдим. Аммо ижтимоий тармоққа киргач, қораламаларим кўпчиликка манзур бўлганини билдим, устозлар эътиборига тушдим. Гарчи, мақ­таниш бўлиб туюлса-да, ёзгим келди: “фаcебоок” тармоғида дўстлашганим­нинг биринчи куниёқ устоз Хуршид Даврондан шеърларим ҳақида илиқ фикр билдирилган мактуб олганман. Эртаси куни (ўша куни туғилган куним эди) устоз ўзининг “Хуршид Даврон кутубхонаси” порталида ижодимдан намуналар ва шеърларим ҳақида қисқача фикр-мулоҳазаларини эълон қилганди. Тўғриси, ҳаётимдаги ҳеч бир туғилган куним ўша кундагичалик эсда қоларли бўлмаган. Ўрни келганда, айтишим керакки, Хуршид Давронни адабиёт майдонига ҳуркибгина кирган кўпчилик ёшларнинг ўзига ишонч пайдо бўлишида, ёзганлари нимагадир арзишини кўрсатишда жонкуяр бўлган саноқли устозлардан бири, дейиш мумкин.

Ўша кундан бошлаб, рости, ёзганларимга жиддий қарай бошладим, ўз устимда ишлай бошладим. Ёзганларимни эса устозлар нигоҳи билан таҳрир қила бошладим. Қисқаси, ижтимоий тармоқнинг фақат фойдасини кўриб келаётган одамман.

4. Интернет тармоғида бир сурат кўргандим. Унда қўлларини нарвон шаклида бир-бирларининг елкаларига қўйган бир неча одам ва бу “нарвон”дан илдам юқорилаб кетаётган болакай тасвирланган. Бу расмда устозларнинг шогирдлари камолоти йўлида қанчалик жафокор бўла олишлари аниқ ва жудаям тушунарли қилиб кўрсатилган. Шу-шу қаерда устоз ва мураббийлар ҳақида сўз кеца, ўша сурат кўз олдимга келади.

Ҳар бир соҳада бўлганидек, шеъриятда ҳам устоз ва шогирд анъанаси катта аҳамиятга эга. Устоз кўрган ёки ҳеч бўлмаганда қайсидир шоирни ўзи­нинг маънавий устози деб билган ижодкорнинг ёзганлари бошқа тенгдошларидан, айниқса, ўз билганича қоғоз қоралаб юрганлардан кескин фарқланади. Ижоди­нинг маълум бир палласигача устозининг нафаси ва руҳи, шубҳасиз, унинг ёзганларида сезилиб туради. Балки бу руҳ ёш ижодкорнинг токи ўз йўлини топиб олгунича унга ҳамроҳлик қилар, уни ёмон танқидлар-у назарлардан, ўзи танлаган йўлдаги паст-баланд чоҳлардан ҳимоя қилар. Билмадим, негадир менга шундай туюлади.

Бугунги шеъриятимизда Омон Матжон, Усмон Азим, Хуршид Даврон, Азим Суюн каби катта авлод вакилларининг, қолаверса, бир қанча кейинги давр шоирларининг адабий мактаблари шаклланиб бўлганки, кўплаб ёшларда уларнинг шеърларидаги ўзига хос овозларни, ташбеҳ ва мажозларни сезиб қоламиз. Қайсидир ёш шоир ёки ҳаваскор ижодкордаги бирор сатр бизга Усмон Азим ёки Хуршид Давронни эслатиб юборса, биламизки, бу ижодкор ўша шоирдан таъсирланган, ижодидан завқланган. Бу ҳолат, менимча, ижобий ҳодиса. Чунки юқорида номлари тилга олинган устозларнинг ҳам илк ижодий намуналарини ўқирканмиз, уларда Абдулла Орипов ёки Эркин Воҳидов қаламидан томгандек ўхшашликни сезиб қоламиз. Аммо уларда мана шу устозлар анъаналарини давом эттириш ва кейинчалик ўз устида мунтазам ишлаш натижасида ўзининг йўналишини, услубини топиб олиш кузатилган. Энди уларнинг мактабида етишиб чиққан шогирдлардан ҳам камида улар даражасидаги адабиёт одамлари камол топишига ишонаман.

Гўзал РЎЗИЕВА
ЯНГИ ШЕЪРЛАР
09

УЙҒОНИШ АЗОБИ

Бу қавм юз йилдирки ухлар бетиним,
Яшар, юрар – уйқудан очилмас кўзи.
Не сурон, не додлар, не талотўплар
Уйғотолмас, лек гирдоб ародир ўзи.
Дунёда эллар бор, илмда илғор
Эллар бор, ойга ҳам солгандир изин.
Бу қавм не билан машҳурдир, билмам
Аммо, ухламоқнинг олган ҳадисин.
Юз йиллар илгари уйғоқлар эди,
Қавмнинг ишонган умид чироғи.
Қай бир манфур панжа солди-ю қилич,
Қонларга бурканди ўлка ҳар ёғи.
Уйғоқлар бошига солинди дорлар,
Улар кўзёшлари юлдузга дўнди.
Кимки бош кўтарса кесилди боши,
Қавм ювош эди, барига кўнди!..

Кўнди…ухлайверди…йиллар, асрлар
Бошин кўтармоққа етмас журъати.
Шаҳдлари йўқолди, топталди ори,
Фақат қавмсифат қолди сурати.
Кесдилар бор олтин-уйғоқ бошларни,
Бош кўтарган бошин тикди талашга.
Қавм ухлар эди ва уйқу аро
Йўярди барчасин босинқирашга!
Бир зум кўзин очар, сўнг алдар ўзин
“Тушга нелар кирмас, ухлаган сари!”
Аммо, ҳеч ким айтмас, билмасди ҳеч ким,
Кўргани ўнг эди, ўнг эди… ўнг эди бари!
Шундан бери шиор қилди ўзига,
“Тинчлик, тинч ухлашдек бахт йўқ жаҳонда.”
Қавм билмас эди, бор қароликлар,
Ўғриликлар бўлар ухлаган онда!

Ўтди қаттол аср, худкуш замонлар,
Қавм етиб келди бугунги кунга.
Кўзин очар, аммо уйқули кўзда
Боқолмас кундузга, юлдузли тунга.
Қуёшнинг нуридан соя қидирар,
Ҳар недан чўчигай, ухлашдан бошқа.
Чўчир уйғонганин сезишларидан,
Бош кўтариш ўйи келмайди бошга.
Ўзидан бошқани ўйламас, куймас
Қўрқар боши узра ҳимарган қўлдан.
Эй, ортиқ яширма уйғонганингни
Ортиқ ўтиб бўлмас бу тахлит йўлдан.
Эй, қайтгил, журъатинг, шаҳдингга. Ахир
ўйлан, ажратмоқни қорадан оқни.
Халқ бўлгин, эй, қавм, ва албат ўрган
Уйғоқларни асраб-авайламоқни…

* * *

Болалик – тиниқ сувда ўйнаб оққан оқизоқ,
Умр – дарё, билмам уни олиб кетди қайларга.
Болалик – оҳанглари минг турфа куй, тарона
Садолари сиғмаган минглаб чолғу, найларга.

Чанг кўчалар тор, олам кенгдан кенг эди унда,
Бирда апоқ-чапоқлик, бирда талаш у дамлар.
Аразлари узоқ кетмас, жимжилоқ чўзиб шодон
Шом ботгунча яна ўртоқ, яна яраш у дамлар.

Оҳ, болалик, энди бугун қандай йўллар ароман,
Ғубори йўқ, аммо қайдан чанглар кўнгиллардадир?..
Ҳамма елкадош, сирдош, аммо не учун бугун
Дўст қўлидан ичганим заҳардан аччиқ татир?

Араздаман бугун мен дунё билан кўп узоқ,
Гарчи у кимга дўстдир, жон қадар ширин кимга.
Тақдирдаги ўлимдек аниқ бу, дунё, энди
Қўл чўзма, арзимайсан илло жимжилоғимга…

* * *
У пайт севар эдим… Тунлар юлдузлар
Кўнглим қатларига ёғду сочарди.
Тонглари ложувард нурлари билан
Қуёш деразамни ўзи очарди.

Унда севар эдим… Субҳидам қушлар
Мен-ла сирлашарди дил розларини.
Япроқлар шивирлаб сўзларди менга,
Булбуллар ва еллар овозларини.

Унда дунё гўзал, ҳам бебок эди,
Қора рангги сира йўқ эди унинг.
Бинафша атрига тўлганди борлиқ,
Жунунваш ифори бор эди туннинг…

Севардим… Ўшанда на озор, на ғам,
На атроф одамли қайғугоҳ эди…
Бир мен, Сен ва Севги бор эди унда,
Ҳудо ҳам биз билан ва огоҳ эди!

Менга юлдузларни қилмасдинг ваъда,
Менинг ҳам асло бу эмасди дардим.
Аммо, менга боққан нигоҳларингда

Юлдуз порлар эди ҳар гал, сезардим!

Нурларга чайилган эди ҳар бир он,
Кўнглимиз уфқларга кетмаган эди.
Кафтларимиз қайноқ, қалблар туғёнли,
Ҳали… Ишқ бизни тарк этмаган эди…

***

Қиз ва йигит жим ўтиришади ўриндиқда – хиёбонда,
Чунки, тилнинг аралашувига эҳтиёж йўқ
Қалблар, кўзлар сўзлашганда бахтдан, висолдан…
Ногоҳ ёмғир қуйди, илиқ, ҳузурбахш.
Соябонин очиш ўрнига, қиз хурсанд қийқиради,
“Ҳиндча ёмғир” бу, ҳа, худди ўзи!..
Гарчи, ёмғир ёки бўрон ва ёки шамол
Айни бирор миллатга оид эмас, зотан
Ой ва Қуёш, Ер ва Осмон фақат бирор миллат
Ёки давлатга тегишли бўлмаганидек;
Қиз айтмоқчи бўлгани шу эдики,
Ҳинд киноларида ошиқлар севги бўйидан
Маст бўлиб юришаркан, уларни алқабми,
Қутлабми, ёмғир элаб юборади табиат элагидан.
Хуллас, бу ҳам шундай ногаҳон ёмғир,
Ва бахтли якун топган худди ўша
Кинолардагидек нафис, роҳатли!
Қиз ва йигит қаттиқ севишарди бир-бирин
Худди француз филмларидек, худди французлардек
Ва ёинки испанлардек мардона ва жасур эди
Йигитнинг туйғулари; ҳарқалай асарларда
шундай тасвирланади испан ошиғи.
Қиз эса мағрурликда қолишмасди бирор
Юнон қизидан, ҳатто юнон маъбудаларидан!
Аммо, улар ўзбек эди… фақат ўзбеклардагина
Йигит — камбағал, қиз – бой ва ёки аксинча
бўлса, севги – таъқиқланган ҳудуд ёки оддийгина
Таъқиқ мевасидир, агар ер юзи жаннат бўлганида ҳам…
Ҳолбуки, бугун жаннат эмас Ер
Ошиқларга, туйғуларга, инсонийликка қаршилиги
билан бугун ернинг фарқи йўқдир энди дўзахдан…!
Гапдан чалғимайлик, хуллас ўзбек йигит ва қиз
Ўша ёмғирли кундан сўнг айро кетдилар —
айрилиқ ва соғинч деган икки йўл билан.
Йигитнинг испанлардек жасурлиги ҳам
Ва ёки қизнинг юнонлардек мағрурлиги
ҳеч нарса бўлмай қолди ўзбекча удумлар олдида!
Фақат иккиси ҳам билишмасди битта нарсани:
Ҳижрон қайси халққа тегишли фақат, ёки
айрилиқнинг — бадбахт айрилиқнинг
миллати борми?..

Чорасизлик

Тўққиз асрдирки унда изтироб,
Тўққиз асрдирки унда алам-ғам.
Балки, ўша дарддир улғайтган уни,
Балки изтироблар буюклаштирган…
У-Минори Калон, баланд минора,
Узун қўлин кўкка узатолмаган.
У-тилсиз, у-ночор, шундоқ пойида
Ҳақсизликлар бўлган, тузатолмаган.
У йиғлаб кузатган оёқ остида,
Не кўзёшлар, қонлар тўкишганини.
Адолату, ғариб ҳақиқат учун
Неча жанозалар ўқишганини…
Янчиб ташлолмаган, хиёнаткорлар
Фитратни аямай, сотганларида.
Чопиб боролмаган, қай бир хилватда
Файзулла кўксидан отганларида!
…Аста имлаб мени чақирар: — Қизим,
келгин, дунёсида нетамиз, дейди.
Ҳур оҳулар чопган ҳув кенгликларга,
Бепоён даштларга кетамиз, дейди.
Аммо, бу тасаввур, аммо бу хаёл.
Тарих хато, дейиш балки хатодир.
Лекин, шуки аён, у – қачонлардир,
Ҳайкалга айланган Одам Атодир.
Фақат ҳамон мубҳам, ҳамон ноаниқ,
Қачон ҳақиқатчун кўзи ўйилган.
Балки чорасизлик…Ахир унинг ҳам
оёқлари маҳкам бойлаб қўйилган!…
Ажабмас, кун келгай тугар сабрлар,
Занжирлар банд-банддан узилгай, йитгай.
Дунё, охир бир кун оёққа турган
Миноралар сенинг бошингга етгай…

* * *

Ҳинд фильмларини ёқтирарди у,
Ишонарди йиғлаб-куйишларига.
Қиз-йигитнинг бирга қўшиқлар айтиб,
Қирларда қувнашиб юришларига.
Севган актёрин ижросин кўрмай
Бирор кун йўқ эди,кетсин уйқуга.
Кинолар сабабми,ё ғўр эдими,
Ишонарди севги деган туйғуга…
Қандай ишонмасин,кўрганларида
Ошиқлар чиндан мард,ботир эдилар.
Суйгани деб мудом ҳар нега тайёр
Ва ҳамма нарсага қодир эдилар…
Маҳбубасин асрар ҳатто еллардан,
Гап талош қилмасди ёт оғизларга.
Кўрсатиб қўярди қаҳрамон доим
Кимлигин,ҳар нокас,паст,ноқисларга.
Аммо турмуш…Ҳаёт…
Бунчалар фарқли!
Қалбдаги суронлар йўқолди,тинди.
-Севги тўйгачадир! — Кўнди-ю,аммо
Шундан кейин кино кўрмасди энди…

***

Сен гуллар юбординг, алвонранг бари,
Ундан анқир бахтнинг, ҳаётнинг иси.
Сўнг хатлар ёзасан: «Салом, эй, эркам!
Сен умрим нурисан, қалбим юлдузи…»
Бу гуллар… бу гуллар…Ахир кўчада
Феврал қовоқ уйган, қилич қайрайди.
Борлиқнинг сенингсиз ғариб тарафи
Ўзлигин йўқотган, шумшайган, дайдир…
Сен хандон отасан, «Алдама, эй, қиз!
Қара олам рангин, жилвакор осмон!»
Йўқ, бизнинг тарафда жунжикар қалблар,
Қаҳратондир бунда, сўнгсиз қаҳратон.
Бунда оқлик фақат қорнинг рангидир,
Қолгани зулумот, йўқ ҳеч бир ёғду.
Сенинг изларингни қорлар қоплаган,
Бу ахир…бу ахир сенсиз тараф-ку!
Дераза кўзлари намиққан, интиқ
Сенинг йўлларингга қараб толганлар.
Сен севган яшиллик дарахтларда йўқ,
Улар сени излаб кетиб қолганлар…
Сенсиз томон даштдир, қақроқ биёбон,
Сен томон-чи, боғлар гулга тўлгандир…
Сен бўлмасанг кўклам қайтмайди…Ахир
унинг келадиган вақти бўлгандир? …

Борхес

Йўғрилганди нурларга борлиқ,
Ёруғ эди кечалари-да.
Бир тун кездим хаёлан, сокин
Буэнос-Айрес кўчаларида.
Витриналар урилар кўзга,
Сўнг оломон, қадамлар саси.
Аммо, шу дам лол қотдим, келар
Менинг томон Осиё йўлбарси.
Кўзларида нур ва виқорнинг
Гўё асрий салобати бор.
Боқишида у қадим, сокин
Ўрмонларнинг ҳаловати бор.
Хаёл ичра хаёлга толдим,
«Бу не сирдир, нимадир оти?
Нетар олис Аргентинада
Осиёнинг бу мавжудоти?»
Тараларди ундан ажиб нур
камалакнинг жилоларидек.
У ажралиб турарди Ерда
юлдузларнинг дунёларидек…
Бир лаҳза жим турди тикилиб,
Сўнгра илкис ортига қайтди.
Кўзларидан нималарнидир
туйдим, менга тикилган пайти.
Сўнг йўқолди оломон ичра,
кирган каби Қизил китобга.
О, тунд ва бу ўйчан нигоҳлар
эслатарди Борхесни жуда…

Биринчи

Ҳаёт – кўпкари майдон, ҳар бир одам – чавандоз,
Югур, чал, йиқит, олгин, қўлдан берма имконни.
Биринчи бўлсанг бўлди, бошқа бари беҳуда,
Биринчи бўлмоқ учун, инсон, топта инсонни…

О, бу қадим қоида қачон бўлгандир пайдо,
Маълуммас, аммо у деб курашар, зўрлар, пастлар.
Биринчи бўлмоқ муҳим, орингни, борингни сот
Унутма, биринчини ҳеч қачон унутмаслар!

Ойга ким илк бор қадам қўйган — билар одамзод,
Ким эди илк фазогир — муҳтож эмасдир шарҳга.
Илк китобдор ким эди, ким эди илк нажоткор,
Бари олтин ҳарф ила битилмишдир тарихга!

Демак, инсониятнинг бари яхши амалин
Биринчи бажарганлар мангу шуҳратга лойиқ.
Аммо, ким эди илк бор сотқинлик қилган пасткаш,
Илк муттаҳам ким эди, билармисиз халойиқ!

Ким эди у илк бор лаънат келтирган отасига,
Онага қўл кўтарган илк ҳайвон кас ким эди?
Илк маддоҳ ким, билмасмиз, ким эди илк мунофиқ,
Илк дўст сирин пуллаган хоин ва паст ким эди?

Ким эди у илк ўғри, илк каззоб у ким эди,
Ким эди у илк фаҳшнинг майига қўлин чўзган?
Ким эди илк ваъдабоз, илк виждонни сотган ким,
Ким эди илк алдоқчи, ишонч қалъасин бузган?..

Инсон қонида оқар шуҳратга, шонга ўчлик,
Азал шундай келдилар, охир шундай кетгайлар.
Ҳатто, шамолдан ҳам из қолгайдир бу дунёда,
Ёмонлар – соядирлар, ҳеч бир изсиз ўтгайлар.

Билмасмиз ҳеч бирини, то бугун ҳам ҳаттоки,
Унутилмоққа маҳкум, номи йўқдир ўтмишда.
Шундай экан, замондош, фақат олға интилгин,
Аммо, биринчи бўлма қора ва ёмон ишда…

022 She’riyat – qalb va iste’dod birlashgan o’zanda yaratilgan irmoq. U pokiza buloq. Buloq suvi shunchaki chanqoqni qondirish vositasi bo’lmaganidek, she’riyat ham shunchaki she’rxonning mutolaasi uchun yaratilmasligi – faqatgina hislar bayonidan iborat bo’lmasligi lozim. U adabiyotda inson qalbi va tuyg’ulariga ta’sir qilishning eng yaxshi yo’li ekan, unga go’zal ma’nolar jamlanmasi, o’quvchiga eng yaxshi insoniy tuyg’ular beruvchi, shu bilan birga, uning tafakkuri va dunyoqarashini bo­yituvchi vosita deb qaralsa, she’riyat o’z vazifasini ado etgan bo’ladi.

SHE’R HAM, SHOIR HAM MILLAT UCHUN OYNA
Go‘zal RO‘ZIYEVA
09

1. XX asr o‘zbek she’riyatidagi mavzularning turfaligi, tashbehlarning ohorli ekannida ustoz shoirlarning chuqur bilim va saviyasi ko‘rinib turadi. Bu she’riyat tarixiy voqealarga, ulug‘ shaxslarga murojaat etdi, shuning barobarida, turfa kechinmalarni ifodaladi. Qisqasi, baland intellektual she’riyat bo‘y-bastini ko‘rsatdi, boyidi. Bugungi yoshlar she’riyatini bu jihat ila maqtab bo‘lmaydi. Ular bir nechta doimiy mavzu va ko‘proq, ko‘ngil izhori bilan cheklanib qolishayotganday. Yoki o‘quvchi bunday serqirra, serma’no she’rlarni o‘qimay qo‘ydimi? Umuman, zamondoshlarimiz qanday she’rlarni ko‘proq o‘qiyapti?
2. Yaqinda bir qadrdonimiz aytib qoldi, bizning adabiyotda hali telefon haqida tuzuk-quruq asar yozilmagan ekan. O‘ylanib qoldim, chindan ham she’riyat har vaqt davr ruhi, kayfiyatini o‘zida jo etib kelgan. Ammo hozirgi she’riyatda ana shu ruh sezilmaydi, ellik yil oldin yasalgan qolip-tashbehlar hali ham “trend”da. Aytmoqchimizki, texnologik asrning unsurlari sezilmaydi. Bizningcha, metroga tushib manziliga yetib borguncha simlari shuvalashib qolgan quloqchinini epaqaga keltirolmay xunobi chiqib yotgan yo‘lovchi haqida ham go‘zal she’r yozish mumkin. Bu bir misol, ammo bunday vositalar hayotimizda ko‘p-ku. Kundaligimizdan muhim o‘rin olgan mobil telefon haqida she’r yozsa, kishi modernist bo‘lib qoladimi? Bu borada qanday fikrdasiz?
3. Internet va ijtimoiy tarmoqlar turmushimizning ajralmas qismiga aylanib ulgurdi. Ayniqsa, yoshlarning ijtimoiy tarmoqdan foydalanmagan, biror kun yo‘q, desak mubolag‘a bo‘lmaydi. Albatta, bu omil ijodkorga, o‘z-o‘zidan adabiy jarayonga ham ta’sir etmay qo‘ymadi. Hozir “internet adabiyoti” degan tushuncha ham mavjudki, bundan asosan yoshlar “unumli” foydalanib, hali siyohi qurimagan asari uchun “like” yig‘ib olishmoqda. Xo‘sh, sizningcha, ijtimoiy tarmoqlar adabiy jarayonga, xususan, ijodingizga qanday ta’sir ko‘rsatyapti?
4. Xalqimiz ustoz ko‘rmagan shogird har maqomga yo‘rg‘alar degan maqol ko‘p ishlatadi. Albatta, bu maqol she’riyatga, shoirga-da, taalluqli. Bugungi she’riyatimizdagi ustoz-shogird an’analari, adabiy maktablar haqida fikringiz qanday?

111. Savolni o‘qirkanman Afandi haqidagi bir latifa yodimga tushdi. Afandi uyda atrofiga bir uyum kitobni yig‘ib olib, hali u, hali bu kitobdan ko‘chirib, nimalarnidir yozib-chizib tursa, xonaga xotini kirib qoladi. Erini sira bunday holatda ko‘rmagan zavjasi hayron bo‘lib, nima qilayotganini so‘raydi. Afandi ishidan chalg‘imay, javob beradi: “Ko‘rma­yapsanmi, kitob yozyapman!” Sodda xotin uning javobidan qanoatlanmay, yana so‘raydi: “Afandim, kitobdan ko‘chirish qachondan beri kitob yozish bo‘lib qoldi?” Hozirjavob qahramonimiz bir mo‘yi ham qilt etmay, sopini savolning o‘zidan chiqaradi: “Ey o‘qimagan xotin, kitobdan kitob yaraladi-da, shuniyam bilmaysanmi!” Afandining yumor hissiga boy, o‘ta aqlli odam bo‘lganini hisobga olgan holda, gap adabiyotning oltin qoidasi haqida ketayotganini tushunish kerak. Ya’ni kitob ko‘chirish bilan emas, o‘qish va o‘rganish orqali yoziladi.
XX asr o‘zbek she’riyati mavzular­ning turfaligi, tashbehlarning ohorliligi, bu she’riyat tarixiy voqealarga, ulug‘ shaxslarga murojaat etganligi, shuning barobarida, turfa kechinmalarni ifodalaganligi bilan juda baland mavqega ega. Negaki, bu davrda yashab ijod qilgan aksar ustoz shoirlar o‘z ustida tinmay ishlaganlar, yaratish va ijod ishi bir foiz iste’dod va to‘qson to‘qqiz foiz mehnat bilan amalga oshirilishini hamisha yodda tutishgan. Balki shu sababli ham ular yaratgan she’r va dostonlarning ko‘pi she’riyatimiz durdonalari­ga aylangan.

Ammo, bugungi yoshlar ijodini kuzata turib, she’riyat oddiygina ko‘ngil izhori vositasiga aylanib qolmayaptimi degan xavotir ko‘ngildan kechadi. Balki she’riyatning ko‘lami, mavzusi torayib qolgani uchun ham bugun ko‘pchilik she’r o‘qimas? Yaqinda bir tanish ijodkor bilan bugungi kitobxonlar­ning ko‘pda saviyasizligi, yaxshi asarni tanlab o‘qiy olmasligi, shuningdek, haqiqiy she’r bilan faqat qofiyali qatorlardangina iborat “shig‘ir”larning farqiga borolmasligi haqida gaplashganimizda, suhbatdoshimning “Ha, endi, shu opamga o‘sha pochcham bo‘laveradi-da”, deya shu saviyasiz ommaga shu ada­biyot bo‘laveradi ma’nosidagi gapidan so‘ng chuqur o‘yga toldim. Demak, qaysidir bir adibning “Har bir adabiyot o‘z davriga munosib” degan fikrlari haqiqat bo‘lib chiqadimi? Aslida-chi, she’riyat qanday bo‘lishi kerak?

She’riyat – qalb va iste’dod birlashgan o‘zanda yaratilgan irmoq. U pokiza buloq. Buloq suvi shunchaki chanqoqni qondirish vositasi bo‘lmaganidek, she’riyat ham shunchaki she’rxonning mutolaasi uchun yaratilmasligi – faqatgina hislar bayonidan iborat bo‘lmasligi lozim. U adabiyotda inson qalbi va tuyg‘ulariga ta’sir qilishning eng yaxshi yo‘li ekan, unga go‘zal ma’nolar jamlanmasi, o‘quvchiga eng yaxshi insoniy tuyg‘ular beruvchi, shu bilan birga, uning tafakkuri va dunyoqarashini bo­yituvchi vosita deb qaralsa, she’riyat o‘z vazifasini ado etgan bo‘ladi. Mana shunday qaralmagan va haqiqiy she’riy durdonalar yaratilmaganda edi, dunyoga mashhur adib, Nobel mukofoti sovrindori Herman Hesse “Bor bilimimni shoirlardan olganman” deb tan olmagan bo‘lardi. Bunday she’riyatni yaratish uchun esa bugungi ijodkorlardan ko‘proq mutolaa va o‘z ustlarida ishlash, o‘zbek mumtoz adabiyoti va jahon klassikasi bilan tanishish, shuningdek, she’riyatdagi bugungi adabiy jarayonlardan ham boxabar bo‘lishlari talab qilinadi. Qisqasi, o‘qish va o‘rganish, ruhiyatni hamisha boyitib borish zarur. Axir, biz o‘quvchiga o‘zimizda borinigina bera olamiz. Shu o‘rinda, Xorxe Luis Borxesning o‘z davri yozuvchilariga qarata aytgan gaplarini bugungi yosh shoirlarga aytgim keldi: “Servantes Servantes bo‘lish uchun hatto ko‘chadagi e’lonlarni ham bitta qoldirmay o‘qir edi. Siz bo‘lsa, ikki sahifa o‘qimay buyuk yozuvchi bo‘laman, deysiz-a, sen’or…”

2. Yaxshi ijodkor, avvalo, yaxshi sayohatchi bo‘lishi kerak. Negaki, Erkin Vohidov haqli ravishda ta’kidlaganidek,“Adabiy ijod hamisha So‘z olamiga sayohatdir. Ijodkor So‘zni tirik jon deb biladi va So‘z bilan so‘zlashadi”. Uning olamiga yo‘l esa yaxshi asarlar orqali o‘tishi hech kimga sir emas.
So‘z olamiga sayohat haqida gap ketar ekan, asrimizdagi texnologik qurilma va vositalar nomlarining adabiyotga kirib kelishi tabiiy hol va ularning asarlarda qo‘llanilishi bilan bu modernistik ruhdagi adabiyot yoki modern she’riyati bo‘lib qolmaydi. Bu shunchaki, insonning kiyimi o‘zgargani bilan kiyim ostidagi odam va uning qalbi o‘zgarmasligi kabidir. Bu texnologik unsurlar nomlaridan foydalanishdan maqsad esa, shu davr muhitini aks ettirish va fikrni bugungi o‘quvchi tezroq tushunadigan qilib yetkazishdir. Ammo bu borada bizda haliyam o‘tgan asrdagi qoliplardan chiqilma­yapti, degan fikrdan yiroqman. Ijodkorlar, xususan, bugungi tengdoshlarimiz she’rlarida asrimizning texnik qurilmalarini “qahramon”ga aylantirish ho­disasi ozmi-ko‘pmi bor. Masalan, Bobur Elmurodning “Fotoapparat va men”, she’rini olsak. Lirik qahramon fotoapparatga“Sen boqqan chog‘ nega odamlar Xushsuratdir, kulgidan to‘ygan. Men termilsam – sarg‘aygan o‘tlar Va daraxtlar gullamay qo‘ygan”. deya nido qiladi. Fotoapparat tufayli onasining dilbar, otasi­ning bardam qad kerib turgani, do‘stining ulug‘vor va bekam-u ko‘st ekanligini, baxtli bo‘lib ko‘rinish uchun unga ham ko‘z tashlashini so‘raydi. Garchi bu yerda fotoapparat majoziy obraz bo‘lsa-da, o‘quvchi asliyat va surat yillar mobaynida bir-biridan farqlanib borishini yaxshi biladi. She’rdagi samimiylik tufayli mo‘jizaga ishongisi keladi. Yoki o‘zimning ham “Telefon simi” she’rim borki, unda oddiy telefon aloqasining uzilganligi tufayli ikki insonning taqdiri o‘zgarib ketishi qalamga olingan.

3. Internet, xususan, ijtimoiy tarmoq­larning foydalanuvchilar uchun ilmiy va amaliy ahamiyati katta. Hayotimda uning faqat ijobiy taraflarini ko‘rganim, faoliya­timda beminnat yordamchi bo‘lgani uchun ham bunga ijobiy qarayman. Televizorga chiqib olib, global tarmoqni yomonlaydiganlarning fikrlariga ajablanaman. Shoir Sadriddin Salim Buxoriyning shunday to‘rtligi bor:

Illat izlaganga illatdir dunyo,
G‘urbat izlaganga g‘urbatdir dunyo.
Kim neni izlasa topgay begumon,
Hikmat izlaganga hikmatdir dunyo!

Xullasi kalom, hikmat izlab, ijtimoiy tarmoqlarga kirgan oddiy foydalanuvchi, adabiyot tomondan qaralganda esa yozganlarini ko‘pincha biror narsaga arzimaydigan deb bilib, boshqalardan yashirib yuradigan ijodkor edim. Ammo ijtimoiy tarmoqqa kirgach, qoralamalarim ko‘pchilikka manzur bo‘lganini bildim, ustozlar e’tiboriga tushdim. Garchi, maq­tanish bo‘lib tuyulsa-da, yozgim keldi: “facebook” tarmog‘ida do‘stlashganim­ning birinchi kuniyoq ustoz Xurshid Davrondan she’rlarim haqida iliq fikr bildirilgan maktub olganman. Ertasi kuni (o‘sha kuni tug‘ilgan kunim edi) ustoz o‘zining “Xurshid Davron kutubxonasi” portalida ijodimdan namunalar va she’rlarim haqida qisqacha fikr-mulohazalarini e’lon qilgandi. To‘g‘risi, hayotimdagi hech bir tug‘ilgan kunim o‘sha kundagichalik esda qolarli bo‘lmagan. O‘rni kelganda, aytishim kerakki, Xurshid Davronni adabiyot maydoniga hurkibgina kirgan ko‘pchilik yoshlarning o‘ziga ishonch paydo bo‘lishida, yozganlari nimagadir arzishini ko‘rsatishda jonkuyar bo‘lgan sanoqli ustozlardan biri, deyish mumkin.

O‘sha kundan boshlab, rosti, yozganlarimga jiddiy qaray boshladim, o‘z ustimda ishlay boshladim. Yozganlarimni esa ustozlar nigohi bilan tahrir qila boshladim. Qisqasi, ijtimoiy tarmoqning faqat foydasini ko‘rib kelayotgan odamman.

4. Internet tarmog‘ida bir surat ko‘rgandim. Unda qo‘llarini narvon shaklida bir-birlarining yelkalariga qo‘ygan bir necha odam va bu “narvon”dan ildam yuqorilab ketayotgan bolakay tasvirlangan. Bu rasmda ustozlarning shogirdlari kamoloti yo‘lida qanchalik jafokor bo‘la olishlari aniq va judayam tushunarli qilib ko‘rsatilgan. Shu-shu qayerda ustoz va murabbiylar haqida so‘z ketsa, o‘sha surat ko‘z oldimga keladi.
Har bir sohada bo‘lganidek, she’riyatda ham ustoz va shogird an’anasi katta ahamiyatga ega. Ustoz ko‘rgan yoki hech bo‘lmaganda qaysidir shoirni o‘zi­ning ma’naviy ustozi deb bilgan ijodkorning yozganlari boshqa tengdoshlaridan, ayniqsa, o‘z bilganicha qog‘oz qoralab yurganlardan keskin farqlanadi. Ijodi­ning ma’lum bir pallasigacha ustozining nafasi va ruhi, shubhasiz, uning yozganlarida sezilib turadi. Balki bu ruh yosh ijodkorning toki o‘z yo‘lini topib olgunicha unga hamrohlik qilar, uni yomon tanqidlar-u nazarlardan, o‘zi tanlagan yo‘ldagi past-baland chohlardan himoya qilar. Bilmadim, negadir menga shunday tuyuladi.

Bugungi she’riyatimizda Omon Matjon, Usmon Azim, Xurshid Davron, Azim Suyun kabi katta avlod vakillarining, qolaversa, bir qancha keyingi davr shoirlarining adabiy maktablari shakllanib bo‘lganki, ko‘plab yoshlarda ularning she’rlaridagi o‘ziga xos ovozlarni, tashbeh va majozlarni sezib qolamiz. Qaysidir yosh shoir yoki havaskor ijodkordagi biror satr bizga Usmon Azim yoki Xurshid Davronni eslatib yuborsa, bilamizki, bu ijodkor o‘sha shoirdan ta’sirlangan, ijodidan zavqlangan. Bu holat, menimcha, ijobiy hodisa. Chunki yuqorida nomlari tilga olingan ustozlarning ham ilk ijodiy namunalarini o‘qirkanmiz, ularda Abdulla Oripov yoki Erkin Vohidov qalamidan tomgandek o‘xshashlikni sezib qolamiz. Ammo ularda mana shu ustozlar an’analarini davom ettirish va keyinchalik o‘z ustida muntazam ishlash natijasida o‘zining yo‘nalishini, uslubini topib olish kuzatilgan. Endi ularning maktabida yetishib chiqqan shogirdlardan ham kamida ular darajasidagi adabiyot odamlari kamol topishiga ishonaman.

Go’zal RO’ZIEVA
YANGI SHE’RLAR
09

Go’zal Ro’zieva 1986 yil 31 oktyabrda Buxoro viloyati Jondor tumanining Tobagar qishlog’ida tug’ilgan.1993-2004 yillarda Jondor tumanidagi 22-o’rta umumta’lim maktabini, 2004-2008 yillarda Fayzulla Xo’jaev nomidagi Buxoro davlat universiteti tarix fakul`tetini tugatgan.

UYG’ONISh AZOBI
021
Bu qavm yuz yildirki uxlar betinim,
Yashar, yurar – uyqudan ochilmas ko’zi.
Ne suron, ne dodlar, ne taloto’plar
Uyg’otolmas, lek girdob arodir o’zi.
Dunyoda ellar bor, ilmda ilg’or
Ellar bor, oyga ham solgandir izin.
Bu qavm ne bilan mashhurdir, bilmam
Ammo, uxlamoqning olgan hadisin.
Yuz yillar ilgari uyg’oqlar edi,
Qavmning ishongan umid chirog’i.
Qay bir manfur panja soldi-yu qilich,
Qonlarga burkandi o’lka har yog’i.
Uyg’oqlar boshiga solindi dorlar,
Ular ko’zyoshlari yulduzga do’ndi.
Kimki bosh ko’tarsa kesildi boshi,
Qavm yuvosh edi, bariga ko’ndi!..

Ko’ndi…uxlayverdi…yillar, asrlar
Boshin ko’tarmoqqa yetmas jur’ati.
Shahdlari yo’qoldi, toptaldi ori,
Faqat qavmsifat qoldi surati.
Kesdilar bor oltin-uyg’oq boshlarni,
Bosh ko’targan boshin tikdi talashga.
Qavm uxlar edi va uyqu aro
Yo’yardi barchasin bosinqirashga!
Bir zum ko’zin ochar, so’ng aldar o’zin
“Tushga nelar kirmas, uxlagan sari!”
Ammo, hech kim aytmas, bilmasdi hech kim,
Ko’rgani o’ng edi, o’ng edi… o’ng edi bari!
Shundan beri shior qildi o’ziga,
“Tinchlik, tinch uxlashdek baxt yo’q jahonda.”
Qavm bilmas edi, bor qaroliklar,
O’g’riliklar bo’lar uxlagan onda!

O’tdi qattol asr, xudkush zamonlar,
Qavm yetib keldi bugungi kunga.
Ko’zin ochar, ammo uyquli ko’zda
Boqolmas kunduzga, yulduzli tunga.
Quyoshning nuridan soya qidirar,
Har nedan cho’chigay, uxlashdan boshqa.
Cho’chir uyg’onganin sezishlaridan,
Bosh ko’tarish o’yi kelmaydi boshga.
O’zidan boshqani o’ylamas, kuymas
Qo’rqar boshi uzra himargan qo’ldan.
Ey, ortiq yashirma uyg’onganingni
Ortiq o’tib bo’lmas bu taxlit yo’ldan.
Ey, qaytgil, jur’ating, shahdingga. Axir
o’ylan, ajratmoqni qoradan oqni.
Xalq bo’lgin, ey, qavm, va albat o’rgan
Uyg’oqlarni asrab-avaylamoqni…

* * *

Bolalik – tiniq suvda o’ynab oqqan oqizoq,
Umr – daryo, bilmam uni olib ketdi qaylarga.
Bolalik – ohanglari ming turfa kuy, tarona
Sadolari sig’magan minglab cholg’u, naylarga.

Chang ko’chalar tor, olam kengdan keng edi unda,
Birda apoq-chapoqlik, birda talash u damlar.
Arazlari uzoq ketmas, jimjiloq cho’zib shodon
Shom botguncha yana o’rtoq, yana yarash u damlar.

Oh, bolalik, endi bugun qanday yo’llar aroman,
G’ubori yo’q, ammo qaydan changlar ko’ngillardadir?..
Hamma yelkadosh, sirdosh, ammo ne uchun bugun
Do’st qo’lidan ichganim zahardan achchiq tatir?

Arazdaman bugun men dunyo bilan ko’p uzoq,
Garchi u kimga do’stdir, jon qadar shirin kimga.
Taqdirdagi o’limdek aniq bu, dunyo, endi
Qo’l cho’zma, arzimaysan illo jimjilog’imga…

* * *
U payt sevar edim… Tunlar yulduzlar
Ko’nglim qatlariga yog’du sochardi.
Tonglari lojuvard nurlari bilan
Quyosh derazamni o’zi ochardi.

Unda sevar edim… Subhidam qushlar
Men-la sirlashardi dil rozlarini.
Yaproqlar shivirlab so’zlardi menga,
Bulbullar va yellar ovozlarini.

Unda dunyo go’zal, ham bebok edi,
Qora ranggi sira yo’q edi uning.
Binafsha atriga to’lgandi borliq,
Jununvash ifori bor edi tunning…

Sevardim… O’shanda na ozor, na g’am,
Na atrof odamli qayg’ugoh edi…
Bir men, Sen va Sevgi bor edi unda,
Hudo ham biz bilan va ogoh edi!

Menga yulduzlarni qilmasding va’da,
Mening ham aslo bu emasdi dardim.
Ammo, menga boqqan nigohlaringda

Yulduz porlar edi har gal, sezardim!

Nurlarga chayilgan edi har bir on,
Ko’nglimiz ufqlarga ketmagan edi.
Kaftlarimiz qaynoq, qalblar tug’yonli,
Hali… Ishq bizni tark etmagan edi…

***

Qiz va yigit jim o’tirishadi o’rindiqda – xiyobonda,
Chunki, tilning aralashuviga ehtiyoj yo’q
Qalblar, ko’zlar so’zlashganda baxtdan, visoldan…
Nogoh yomg’ir quydi, iliq, huzurbaxsh.
Soyabonin ochish o’rniga, qiz xursand qiyqiradi,
“Hindcha yomg’ir” bu, ha, xuddi o’zi!..
Garchi, yomg’ir yoki bo’ron va yoki shamol
Ayni biror millatga oid emas, zotan
Oy va Quyosh, Yer va Osmon faqat biror millat
Yoki davlatga tegishli bo’lmaganidek;
Qiz aytmoqchi bo’lgani shu ediki,
Hind kinolarida oshiqlar sevgi bo’yidan
Mast bo’lib yurisharkan, ularni alqabmi,
Qutlabmi, yomg’ir elab yuboradi tabiat elagidan.
Xullas, bu ham shunday nogahon yomg’ir,
Va baxtli yakun topgan xuddi o’sha
Kinolardagidek nafis, rohatli!
Qiz va yigit qattiq sevishardi bir-birin
Xuddi frantsuz filmlaridek, xuddi frantsuzlardek
Va yoinki ispanlardek mardona va jasur edi
Yigitning tuyg’ulari; harqalay asarlarda
shunday tasvirlanadi ispan oshig’i.
Qiz esa mag’rurlikda qolishmasdi biror
Yunon qizidan, hatto yunon ma’budalaridan!
Ammo, ular o’zbek edi… faqat o’zbeklardagina
Yigit — kambag’al, qiz – boy va yoki aksincha
bo’lsa, sevgi – ta’qiqlangan hudud yoki oddiygina
Ta’qiq mevasidir, agar yer yuzi jannat bo’lganida ham…
Holbuki, bugun jannat emas Yer
Oshiqlarga, tuyg’ularga, insoniylikka qarshiligi
bilan bugun yerning farqi yo’qdir endi do’zaxdan…!
Gapdan chalg’imaylik, xullas o’zbek yigit va qiz
O’sha yomg’irli kundan so’ng ayro ketdilar —
ayriliq va sog’inch degan ikki yo’l bilan.
Yigitning ispanlardek jasurligi ham
Va yoki qizning yunonlardek mag’rurligi
hech narsa bo’lmay qoldi o’zbekcha udumlar oldida!
Faqat ikkisi ham bilishmasdi bitta narsani:
Hijron qaysi xalqqa tegishli faqat, yoki
ayriliqning — badbaxt ayriliqning
millati bormi?..

Chorasizlik

To’qqiz asrdirki unda iztirob,
To’qqiz asrdirki unda alam-g’am.
Balki, o’sha darddir ulg’aytgan uni,
Balki iztiroblar buyuklashtirgan…
U-Minori Kalon, baland minora,
Uzun qo’lin ko’kka uzatolmagan.
U-tilsiz, u-nochor, shundoq poyida
Haqsizliklar bo’lgan, tuzatolmagan.
U yig’lab kuzatgan oyoq ostida,
Ne ko’zyoshlar, qonlar to’kishganini.
Adolatu, g’arib haqiqat uchun
Necha janozalar o’qishganini…
Yanchib tashlolmagan, xiyonatkorlar
Fitratni ayamay, sotganlarida.
Chopib borolmagan, qay bir xilvatda
Fayzulla ko’ksidan otganlarida!
…Asta imlab meni chaqirar: — Qizim,
kelgin, dunyosida netamiz, deydi.
Hur ohular chopgan huv kengliklarga,
Bepoyon dashtlarga ketamiz, deydi.
Ammo, bu tasavvur, ammo bu xayol.
Tarix xato, deyish balki xatodir.
Lekin, shuki ayon, u – qachonlardir,
Haykalga aylangan Odam Atodir.
Faqat hamon mubham, hamon noaniq,
Qachon haqiqatchun ko’zi o’yilgan.
Balki chorasizlik…Axir uning ham
oyoqlari mahkam boylab qo’yilgan!…
Ajabmas, kun kelgay tugar sabrlar,
Zanjirlar band-banddan uzilgay, yitgay.
Dunyo, oxir bir kun oyoqqa turgan
Minoralar sening boshingga yetgay…

** *

Hind filьmlarini yoqtirardi u,
Ishonardi yig’lab-kuyishlariga.
Qiz-yigitning birga qo’shiqlar aytib,
Qirlarda quvnashib yurishlariga.
Sevgan aktyorin ijrosin ko’rmay
Biror kun yo’q edi,ketsin uyquga.
Kinolar sababmi,yo g’o’r edimi,
Ishonardi sevgi degan tuyg’uga…
Qanday ishonmasin,ko’rganlarida
Oshiqlar chindan mard,botir edilar.
Suygani deb mudom har nega tayyor
Va hamma narsaga qodir edilar…
Mahbubasin asrar hatto yellardan,
Gap talosh qilmasdi yot og’izlarga.
Ko’rsatib qo’yardi qahramon doim
Kimligin,har nokas,past,noqislarga.
Ammo turmush…Hayot…
Bunchalar farqli!
Qalbdagi suronlar yo’qoldi,tindi.
-Sevgi to’ygachadir! — Ko’ndi-yu,ammo
Shundan keyin kino ko’rmasdi endi…

***

Sen gullar yubording, alvonrang bari,
Undan anqir baxtning, hayotning isi.
So’ng xatlar yozasan: «Salom, ey, erkam!
Sen umrim nurisan, qalbim yulduzi…»
Bu gullar… bu gullar…Axir ko’chada
Fevral qovoq uygan, qilich qayraydi.
Borliqning seningsiz g’arib tarafi
O’zligin yo’qotgan, shumshaygan, daydir…
Sen xandon otasan, «Aldama, ey, qiz!
Qara olam rangin, jilvakor osmon!»
Yo’q, bizning tarafda junjikar qalblar,
Qahratondir bunda, so’ngsiz qahraton.
Bunda oqlik faqat qorning rangidir,
Qolgani zulumot, yo’q hech bir yog’du.
Sening izlaringni qorlar qoplagan,
Bu axir…bu axir sensiz taraf-ku!
Deraza ko’zlari namiqqan, intiq
Sening yo’llaringga qarab tolganlar.
Sen sevgan yashillik daraxtlarda yo’q,
Ular seni izlab ketib qolganlar…
Sensiz tomon dashtdir, qaqroq biyobon,
Sen tomon-chi, bog’lar gulga to’lgandir…
Sen bo’lmasang ko’klam qaytmaydi…Axir
uning keladigan vaqti bo’lgandir? …

Borxes

Yo’g’rilgandi nurlarga borliq,
Yorug’ edi kechalari-da.
Bir tun kezdim xayolan, sokin
Buenos-Ayres ko’chalarida.
Vitrinalar urilar ko’zga,
So’ng olomon, qadamlar sasi.
Ammo, shu dam lol qotdim, kelar
Mening tomon Osiyo yo’lbarsi.
Ko’zlarida nur va viqorning
Go’yo asriy salobati bor.
Boqishida u qadim, sokin
O’rmonlarning halovati bor.
Xayol ichra xayolga toldim,
«Bu ne sirdir, nimadir oti?
Netar olis Argentinada
Osiyoning bu mavjudoti?»
Taralardi undan ajib nur
kamalakning jilolaridek.
U ajralib turardi Yerda
yulduzlarning dunyolaridek…
Bir lahza jim turdi tikilib,
So’ngra ilkis ortiga qaytdi.
Ko’zlaridan nimalarnidir
tuydim, menga tikilgan payti.
So’ng yo’qoldi olomon ichra,
kirgan kabi Qizil kitobga.
O, tund va bu o’ychan nigohlar
eslatardi Borxesni juda…

Birinchi

Hayot – ko’pkari maydon, har bir odam – chavandoz,
Yugur, chal, yiqit, olgin, qo’ldan berma imkonni.
Birinchi bo’lsang bo’ldi, boshqa bari behuda,
Birinchi bo’lmoq uchun, inson, topta insonni…

O, bu qadim qoida qachon bo’lgandir paydo,
Ma’lummas, ammo u deb kurashar, zo’rlar, pastlar.
Birinchi bo’lmoq muhim, oringni, boringni sot
Unutma, birinchini hech qachon unutmaslar!

Oyga kim ilk bor qadam qo’ygan — bilar odamzod,
Kim edi ilk fazogir — muhtoj emasdir sharhga.
Ilk kitobdor kim edi, kim edi ilk najotkor,
Bari oltin harf ila bitilmishdir tarixga!

Demak, insoniyatning bari yaxshi amalin
Birinchi bajarganlar mangu shuhratga loyiq.
Ammo, kim edi ilk bor sotqinlik qilgan pastkash,
Ilk muttaham kim edi, bilarmisiz xaloyiq!

Kim edi u ilk bor la’nat keltirgan otasiga,
Onaga qo’l ko’targan ilk hayvon kas kim edi?
Ilk maddoh kim, bilmasmiz, kim edi ilk munofiq,
Ilk do’st sirin pullagan xoin va past kim edi?

Kim edi u ilk o’g’ri, ilk kazzob u kim edi,
Kim edi u ilk fahshning mayiga qo’lin cho’zgan?
Kim edi ilk va’daboz, ilk vijdonni sotgan kim,
Kim edi ilk aldoqchi, ishonch qal’asin buzgan?..

Inson qonida oqar shuhratga, shonga o’chlik,
Azal shunday keldilar, oxir shunday ketgaylar.
Hatto, shamoldan ham iz qolgaydir bu dunyoda,
Yomonlar – soyadirlar, hech bir izsiz o’tgaylar.

Bilmasmiz hech birini, to bugun ham hattoki,
Unutilmoqqa mahkum, nomi yo’qdir o’tmishda.
Shunday ekan, zamondosh, faqat olg’a intilgin,
Ammo, birinchi bo’lma qora va yomon ishda…

033

033

(Tashriflar: umumiy 512, bugungi 1)

3 izoh

  1. Qadrligim…o’zimi eng eng betakror sevimli shoiram…Go’zalim…omonmisiz…va nixoyat topdim sizni…men unutmagan bo’lsangiz …Zuxraman..aaancha buldi xabarlashmay qoldim …feyzbukdan xam topaman..

  2. Ажойиб. Гўзал Рўзиеванинг ижоди менга ёқади!
    Ижод ўти ҳеч қачон сўнмасин.

  3. Go’zal Ro’ziyeva XXI asr o’zbek she’riyatiga gurillab kelgan kam sonli shoirlardan biri. U ijodini shunday davom ettirsa, kelajakda Halimaxonim kabi, yoki Anna Axmatova kabi, yoki Marina Svetayeva kabi adabiyot kitobida o’zining o’lmas sahifasini yarata oladi deb o’ylayman. Ijodda yuksak parvoz yor bo’lsin hamisha.

Izoh qoldiring