Xoja Muhammad Porso va uning “Fasl ul-xitob” asari

009      Тасаввуф таълимотининг XIV аср охиридаги назариётчиларидан бири, Хожагон-нақшбандия тариқатининг йирик вакили Хожа Муҳаммад Порсо номи билан машҳур бўлган Муҳаммад бин Муҳаммад бин Маҳмуд ал-Ҳофизий ал-Бухорий (ваф. ҳ.қ. 865/ м.1420 й.) ҳам ана шундай улуғ сиймолардан бири ҳисобланади.

ХОЖА МУҲАММАД ПОРСО
ВА УНИНГ “ФАСЛ УЛ-ХИТОБ” АСАРИ

Жаъфар Муҳаммад
034

Муқаддима

Хожагон-нақшбандия таълимоти ўзининг салкам 900 йиллик тарихи давомида ислом олами ва умуман, инсониятга улкан бир маънавий меросни тақдим этган. Ушбу тариқат этагидан етишиб чиққан пиру муршидлар, улуғ мутасаввиф ва мутафаккирларнинг ибратли ҳаёти, дин ва дунё, олам ва одам, илм ва маърифат, ишқ ва муҳаббат ҳақидаги қарашлари, турли илмлар ва мавзуларга бағишланган илмий-адабий асарлари ислом тафаккури тарихида ўзига хос ўрин тутади. Тасаввуф таълимотининг XIV аср охиридаги назариётчиларидан бири, Хожагон-нақшбандия тариқатининг йирик вакили Хожа Муҳаммад Порсо номи билан машҳур бўлган Муҳаммад бин Муҳаммад бин Маҳмуд ал-Ҳофизий ал-Бухорий (ваф. ҳ.қ. 865/ м.1420 й.) ҳам ана шундай улуғ сиймолардан бири ҳисобланади. Ватандошимиз бўлмиш Хожа Муҳаммад Порсо ва унинг тасаввуф тарихида тутган ўрни ҳақида ўзбек ва чет эллик шарқшунос, исломшунос ва тарихшунос олимлар томонидан маълум даражада баъзи бир ишлар амалга оширилган бўлса-да1, унинг диний-ирфоний ва фалсафий-ахлоқий масалаларга оид қарашлари ва қолаверса, шахсияти билан боғлиқ бир қанча масалалар хусусида ҳалигача жиддий бир тадқиқот юзага келгани йўқ.

Хожа Муҳаммад Порсо илмий мероси ва қарашларини ўрганиш нафақат Нақшбандия тариқати асослари, балки умуман, тасаввуф таълимоти таркибида минг йилдан кўпроқ давр давомида шаклланган ирфон фалсафасининг асл моҳиятини янада чуқурроқ ўрганишимиз учун имкон беради. Айниқса, унинг “Фасл ул-хитоб” ва “Шарҳи Фусус ул-ҳикам” номли асарларини таҳлил ва тадқиқ этиш орқали тасаввуф таълимотининг фақатгинааниқ белгиланган расм-русумлар, урф-одатлар ва муайян ахлоқ-одоб қоидаларидан таркиб топган бир мажмуадан иборат бўлмаганлиги, аксинча, бу таълимот инсон, ҳаёт, жамият, дунё, охират, борлиқ, маърифат, ақл-идрок, тафаккур, ҳиссиёт, ишқ… каби минг йиллардан буён инсоният диққат-эътиборини ўзига жалб этиб келаётган бир қатор муҳим масалалар ва муаммолар хусусида ҳам кўплаб қизиқарли ва ибратли фикрларни тақдим этганлигига яна бир карра амин бўламиз.

ХОЖА МУҲАММАД ПОРСО ҲАЁТИ ВА ИЛМИЙ МЕРОСИ

Хожагон-нақшбандия тариқатининг йирик вакили Хожа Муҳаммад Порсо ҳаёти, шахсияти, кашфу кароматлари, сайру сулуки, асарлари ва қарашлари хусусида маълумот бергувчи манбалар кўп. XV асрда ёзилган бир қатор тарихий, диний, ирфоний ва адабий манбаларда ушбу шахс ҳақида озми-кўпми маълумотлар келтирилади. Аммо Хожа Муҳаммад Порсонинг ҳаёти, хусусан унинг мақомоти ҳамда кашфу кароматлари ҳақида энг ишончли маълумотлар берадиган мўътабар манбалар сифатида Мавлоно Жомийнинг “Нафаҳот ул-унс мин ҳазарот ил-қудс” тазкираси ва “Рисолаи суханони Хожа Порсо” номли кичик ҳажмли асари, Хожа Аҳрори Валийнинг “Малфузот” ва Фахриддин Али Сафийнинг “Рашаҳот айн ул-ҳаёт” номли асарларини эслатиб ўтиш мумкин. Жомий “Нафаҳот ул-унс”да хронологик тартибга риоя қилган ҳолда, аввал Хожа Баҳоуддин Нақшбанд ҳақида батафсилроқ, ундан сўнг эса унинг биринчи халифаси ва куёви Хожа Алоуддин Аттор (ваф. ҳ. қ. 807 й.) ҳақида нисбатан қисқароқ маълумотлар бериб ўтади2. Ундан сўнг Хожа Муҳаммад Порсо ҳаёти ва шахсияти билан боғлиқ тарихий лавҳалар ҳамда нақлларни баён этишга киришади. Жомий Алоуддин Аттор ва бошқа нақшбандийлардан кўра Хожа Порсо ҳақида катта ихлос ва меҳр-муҳаббат билан сўз юритар экан, хожагон хонадонига бўлган муҳаббати болалик чоғида – беш ёшлигида отаси билан Ҳазрати Хожа Муҳаммад Порсони зиёрат қилгани борганларида у Хожа Муҳаммад Порсо ва унинг “Фасл ул-хитоб асари” ҳазратнинг ёш Жомийни эркалаб бир калла новот берганларидан бошланганини айтиб ўтади3.

Жомий берган маълумотларга қараганда, Хожа Баҳоуддин Нақшбанд ҳар иккала халифаси – Алоуддин Аттор ва Хожа Порсонинг маънавий мақомларига юксак баҳо берган. Жумладан, Хожа Порсо ҳақида:

002

Яъни: “унинг йўқлигида суҳбатдошлар ва дўстлар ҳузурида” (Жомий таъкиди) “бизнинг зуҳуримиздан мақсад унинг вужудидир. уни жазба ва сулукнинг ҳар иккала тариқаси бўйича тарбиялаганмиз. Агар шуғулланса, бутун бир олам ундан мунаввар бўлгай”4, дея ўз шогирди ва халифасининг юксак маънавий мақомига ишора қилиб ўтган. Жомийнинг ёзишича, Баҳоуддин Нақшбанд яна бир ўринда ўз шогирдига шундай баҳо берган:

003

Яъни: “Бошқа бир ўринда шундай дедилар: у нимаики деса, ҳақ таъоло ўшани қилгай (амалга оширгай)”5. Ҳазрат Нақшбанд Хожа Порсога тариқатнинг амалий ишлари билан шуғулланишга ҳам расман ижозат берган экан:

007

“…Ва яна бир ўринда унга зикри хуфя талқинини (вазифасини) топшириб, унга тариқат расм-русуми ва илмининг ҳақиқатлари ҳамда нозик жиҳатларидан нимаики билса, ўшанга амал қилишга ижозат бердилар”6.

Жомий Хожа Баҳоуддин Нақшбанднинг Хожа Муҳаммад Порсога халифалик, яъни ўринбосарлик мақомини бераётган чоғида нималар деганини қуйидагича баён этади:

004

Яъни: “Хожайи бузург (Баҳоуддин Нақшбанд – Ж.Х.) қуддиса сирраҳу, у киши (Хожа Порсо – Ж.Х.) ҳақида асҳоб (суҳбатдошлар, муридлар – Ж.Х.) ҳузурида шундай деган эканлар: “Хожагон хонадонининг халифалари – қуддиссаллоҳу таъоло асрораҳумдан – бу заиф (фақир – Ж.Х.)га етган ва у касб этган ҳақ ва омонатни Сизга топширдим, чунончи диний биродаримиз Мавлоно Ориф (Хожа Ориф Ревгарий – Ж.Х.) бизга топширганидек. Ушбу омонатни қабул этмоқ ва Ҳақ субҳонаҳу халқига етказмоқ лозим”. У киши (Хожа Порсо – Ж.Х.) тавозўъ билан қабул этдилар”7.

Жомий берган маълумотларга таянадиган бўлсак, Хожа Баҳоуддин Нақшбанд Хожа Муҳаммад Порсо шахсига нисбатан катта ишонч ва эътибор билдирган бўлиб чиқади. Аммо, шунга қарамай, Хожа Баҳоуддин Нақшбанд вафотидан сўнг нақшбандиянинг силсилаи шарифи Хожа Муҳаммад Порсо орқали эмас, балки Хожа Алоуддин Аттор орқали давом этади. Бизнингча, ўзига хос ижтимоий сабабларга эга бўлган ушбу ҳолат, афсуски, ҳалигача илмий ечимини топганича йўқ. Фақат ҳозирча Хожа Порсо амалиётчи шайх эмас, балки кўпроқ назариётчи мутасаввиф бўлганлиги ва умрини асосан таълифу тасниф билан ўтказганлиги сабабли силсилаи шарифга кирмаган, деган бир тахминни ўртага ташлаш мумкин. Нима бўлган тақдирда ҳам, Хожа Баҳоуддин Нақшбанддан сўнг Хожагон-нақшбандия тариқати икки йўналишга ажралиб кетди. Биринчи йўналиш Хожа Алоуддин Аттор орқали Хожа Яъқуб Чархий (ваф. ҳ.қ. 851 й.)га, ундан Хожа Убайдуллоҳ Аҳрори Валий (ваф. ҳ.қ. 895 й.)га бориб тақалса, иккинчи йўналиш Хожа Муҳаммад Порсо орқали унинг ўғли – Абу Наср Порсо (ваф. ҳ.қ. 865 й.)га, ундан Низомиддин Хомушга, ундан эса Ҳазрати Жомийнинг муршиди – Шайх Саъдиддин Кошғарий (ваф. ҳ.қ. 860 й.)га етиб, кейинги даврларда аҳрория, хилватия, кумушхонавия ва мужаддидия каби бир қанча тармоқлар ва шуъбаларга бўлиниб кетди. Кейинги даврларда вужудга келган нақшбандия билан боғлиқ бирор-бир шўъбанинг силсилаи шарифида Хожа Муҳаммад Порсонинг исми учрамаса-да, тарихий ва тасаввуфий манбаларда Нақшбандия таълимотининг йирик вакили, Хожаи Бузург (Баҳоуддин Нақшбанд)нинг халифаси, “Порсоия” тармоғининг асосчиси, кўпгина кашфу кароматлар соҳиби ва ниҳоят, “Тафсир”(Қуръони карим тафсири), “Фасл ул-хитоб”, “Таҳқиқот”, “Шарҳи Фусус ул-ҳикам”(тасаввуф таълимотининг улуғ назариётчиларидан бири Шайх ул-Акбар Муҳйиддин ибн ал-Арабийнинг машҳур асари – “Фусус ул-ҳикам”га шарҳ), “Мақомоти Хожа Баҳоуддини Нақшбанд”, “Мақомоти Хожа Алоуддини Аттор”, “Ақоид” (“Ақоиди фирақи исломи”), “Рисолаи қудсия”(Хожа Баҳоуддин сўзлари), “Силсилаи тариқи Хожагон”, “Рисолаи кашфия”, “Муқаддима” (Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний “Васиятнома”сига дебоча) каби тафсир, фиқҳ, тасаввуф ва калом илмларига оид асарларнинг муаллифи сифатида тилга олинади.

Хожа Муҳаммад Порсо яшаган давр Хожагон-нақшбандия тариқатининг ўзига хос сайру сулук ва қонун-қоидалар (усули ёздаҳгона)га эга мукаммал бир диний-ирфоний таълимот даражасигача кўтарилган даврига тўғри келади. Агар Хожа Юсуф Ҳамадоний ва Хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийдан бошлаб то Хожа Баҳоуддин Нақшбандгача бўлган давр давомида Хожагон-нақшбандия тариқатининг марказий фаолият доираси Бухоро ва унинг атрофи билан чекланган бўлса, Хожа Алоуддин Аттор ва Хожа Муҳаммад Порсо давридан бошлаб унинг жуғрофияси Самарқанддан Тошкент ва Кошғаргача, Термиздан Балх, Ҳисор ва Ҳиротгача кенгайиб борди. Нақшбандия таълимоти жуғрофиясининг кенгайишида ҳам Хожа Порсонинг катта ҳиссаси бор. Чунки у биринчидан, донишманд ва ўта қобилиятли фарзанди – Абу Наср Порсони ўзининг халифаси сифатида Балхга жўнатиб, нақшбандийликни Мовароуннаҳрнинг жанубий ҳудудларидан тортиб Хуросоннинг шимолий ҳудудларигача кенг қанот ёзишига йўл очиб берган бўлса, иккинчидан, ўзининг диний-ирфоний асарлари, қолаверса, ўзининг маълум даражада Нақшбандия ва ваҳдат ул-вужуд таълимотларининг қоришмасидан ҳосил бўлган фалсафий-ирфоний дунёқараши орқали ҳам бу таълимотнинг бутун минтақа бўйлаб ёйилишига улкан ҳисса қўшди. Учинчидан, баъзи бир манбалар, жумладан, “Рашаҳот айн ул-ҳаёт”да Нақшбандия силсиласининг давр ҳукмдорларига таъсир етказиши Хожа Муҳаммад Порсодан бошлангани ҳақида маълумот бериб ўтади8. Хожа Порсо Ибн ал-Арабийнинг ваҳдат ул-вужуд таълимотини Нақшбандия тариқатига олиб кирган илк мутасаввиф эди. Айнан у бошлаб берган ва кўп ўтмай Мавлоно Жомий томонидан давом эттирилган ана шу фаолият туфайли Нақшбандия тариқати “вужуд”, “вожиб ал-вужуд” ва “тажаллий” ҳақидаги қизғин фалсафий-каломий-ирфоний баҳслар билан янада бойиди. Эронлик олим Аҳмад Тоҳирий Ироқий таъбири билан айтганда, “Хожа Порсо нақшбандия тариқатида илмий-тадқиқот усулини бошлаб берган” илк мутасаввиф эди9. Хожа Порсонинг юқорида зикр этиб ўтилган энг муҳим асарларидан бири “Фасл ул-хитоб”ни ҳар иккала таълимот – Нақшбандия ва ваҳдат ул-вужуднинг турли диний, ирфоний, фалсафий, каломий ва ахлоқий мавзулардаги нуқтаи назарларини ўзида акс эттирувчи асарлари сирасига киритиш мумкин.

“ФАСЛ УЛ-ХИТОБ”НИНГ МАЗМУН-МУНДАРИЖАСИ

“Фасл ул-хитоб” Хожа Порсонинг кўпгина асарлари сингари асосан форс-тожик тили ва қисман араб тилида ёзилган. Ҳам ҳажм, ҳам мазмун-мундарижа ва ўртага қўйилган масалалар жиҳатидан кенг қамровли бўлган ушбу асар Хожа Порсо илмий меросида алоҳида ўрин тутади. Асарнинг тўла номи “Фасл ал-хитоб ли васл ал-аҳбоб ал-фориқ байн ал-хато ва-с-савоб” бўлиб, аслида Қуръони каримнинг қуйидаги (Довуд а.с. ҳақидаги) оятидан олинган:

006

Унинг ҳукмронлигини ҳам мустаҳкам қилдик ва унга ҳикмат ҳамда қатъий хитоб (ҳаққоний ҳукм чиқаришни) ато этдик10.

Асарни нашрга тайёрлаган эронлик манбашунос олим Жалил Мисгарнажоднинг аниқлашича, “Фасл ул-хитоб” таъбири муфассирларнинг тафсирларида турлича изоҳланган. Жумладан, Замахшарийнинг “Тафсири кашшоф”ида бу ибора “…ҳақ ва ботил, тўғри ва хато оралиғи” маъносида ҳам ишлатилган экан11.

Хожа Муҳаммад Порсо бу асарда турли соҳалар ва мавзуларга оид юздан ортиқ илмий манбаларга таянган ҳолда омма ва хосса ўртасидаги фарқлар, шариат ва тариқат ўртасидаги тафовут ва ўхшашликларни кўрсатиб бериш мақсадида бир қанча диний ва ирфоний мавзуларни фиқҳ, ирфон, калом ва ахлоқ илмлари нуқтаи назаридан таҳлил ва тадқиқ этиб ўтади. У ушбу масалаларни китобга ёзилган муқаддима ва хотимадан ташқари 8 фасл (боб)да алоҳида шаклда келтиради. Китобнинг фасллари қуйидагилардан иборат:

1. “Дар баёни улуми сўфия ва шарҳи каламоти онон” (Тасаввуфий илмлар ҳақида ва улар (сўфийлар) қўллаган истилоҳлар шарҳи).
2. “Ас-Сирот ал-мустақийм”(Тўғри йўл).
3. “Руъят ва маърифат”.
4. “Мўъжизот ва каромот” (Мўъжизалар ва кароматлар).
5. “Уқубот” (Уқубатлар).
6. “Дар баёни аҳли маломат”(Маломат аҳли ҳақида).
7. “Фазойили хулафо ва аҳли байт” (Халифалар ва аҳли байтнинг фазилатлари).
8. “Дар баёни аҳволи ақтоб” (Қутблар аҳволининг баёни).

Муҳаммад Порсо асар хотимасини Хожагон тариқати-даги сайру сулук одоби ва Хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг шамойили – суврат ва сийрати, фазилат ва хислатлари баёнига бағишлайди.

Хожа Муҳаммад Порсо ўша даврдаги шиддатли фиқҳий ва ақидавий ихтилофлар, ғоявий хилма-хилликлар майдонида пири – Хожа Баҳоуддин Нақшбанднинг сулукидан нафақат четга чиқмайди, балки унинг ғоялари ва кўрсатмаларини ўзи учун асосий ва доимий дастуруламал қилиб олган ҳолда ғоявий курашлар майдонига чиқади. Албатта, тасаввуф тарихи, айниқса ҳанафийлик фиқҳига асосланган Бухоро тасаввуфи тарихида бу усул – ҳақни ботилдан ажратиш, тасаввуф таълимотининг асл моҳиятини тавсифлаб бериш ҳамда шариат ва тариқат ўртасидаги уйғун муносибатларни тиклаш эндигина вужудга келган ҳодиса эмасди. Бу усул ислом тафаккури тарихида илк маротаба IX-X асрларда шаклланган Бухоро тасаввуфшунослик мактабининг асосчилари – Абу Бакр Калободийнинг “Ат-Таъарруф ли мазҳаб ат-тасаввуф” ва Мустамлий Бухорийнинг “Шарҳ ат-Таъарруф ли мазҳаб ат-тасаввуф” номли асарларида ўртага ташланган ва кўп ўтмасдан Хожа Абдуллоҳ Ансорийнинг “Манозил ус-сойирин” ва “Сад майдон” номли асарлари орқали қўллаб-қувватланган эди. Имом Муҳаммад Ғаззолийнинг “Эҳёи улум ад-дин” ва “Кимиёи саъодат” номли асарлари ҳам айнан ана шу мақсадда ёзилганлиги барчага маълум бўлса керак. Аммо Муҳаммад Порсо олдида турган вазифа бошқаларникидан бир оз фарқ қилади. Зеро, XIV-XV асрларга келиб, турли фиқҳий ва ақидавий мазҳаблар ўртасидаги ихтилофлар ҳамда тасаввуф таълимотига қарши фитна-ю иғволар нафақат камайди, балки маълум даражада кучайиб кетди. Бундан ташқари, асосан ҳанафия фиқҳи ва мотуридия ақойиди ҳукмрон бўлган Мовароуннаҳрда ҳанафийлик ва мотуридийликка асосланган Хожагон-нақшбандия тариқати, Хуросоннинг ғарбий ва жанубий қисмларида эса шиъа ақойидига асосланган Неъматуллоҳия ва Сафавия каби тариқатлар ҳам вужудга келган, бунинг устига Ибн ал-Арабийнинг ваҳдат ул-вужуд фалсафасига доир қарашларига бўлган турли салбий ёки ижобий муносабатлар ҳам минтақадаги ақидавий ихтилофларни авж олдираётган эди. Бу ихтилофларнинг барчаси охир-оқибат минтақадаги сиёсий ва ғоявий бирликка путур етказиб, темурийлар салтанатининг парчаланиб кетиш хавфини ҳам вужудга келтириши мумкин эди. Ана шу вазиятдан келиб чиққан ҳолда, Хожа Порсо олдида турган вазифа Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний ва Хожа Баҳоуддин Нақшбанд ғояларини умумисломий ва умумтасаввуфий ғоялар билан уйғунлаштириш, қолаверса, Хожагон-нақшбандия таълимотини умумисломий даражага кўтаришдан иборат эди. “Фасл ул-хитоб”даги суннийлар эътироф этадиган хулафои рошидин ва шиъийлар ихлос билан қарайдиган аҳли байт – имомлар ҳақидаги ижобий ва муътадил фикр-мулоҳазалар, Аллоҳни маърифат этиш (билиш, англаш), Расулуллоҳнинг мўъжизалари ва авлиёуллоҳнинг кароматлари (нубувват ва валоят) хусусидаги баҳсларни Қуръони карим оятлари, Пайғамбар ҳадислари ва турли тасаввуфий-ирфоний тариқатлар ва мактабларга мансуб бўлган орифлар ва шайхларнинг сўзлари билан далиллаш услуби ҳам, шубҳасиз, ана шу мақсадга хизмат қилади.

Кўриб турганимиздек, “Фасл ул-хитоб”да фасллар сони кўп эмас. Аммо у Муҳаммад Порсонинг бошқа асарларига қараганда анча катта китоби ҳисобланади. Унинг Эронда тайёрланган илмий-танқидий нашри 817 бетни ташкил этади12.

“Фасл ул-хитоб”асарини ёзишда фойдаланилган манбалар

“Фасл ул-хитоб” бир ёки бир неча асарнинг шарҳи ёхуд муаллифнинг бирор мавзу хусусидаги фикрларидан таркиб топган асар эмас. У том маънодаги илмий манба, манба бўлганда ҳам бир неча соҳа – ислом тарихи, тафсир, фиқҳ, ҳадисшунослик, диншунослик, тасаввуф тарихи, тасаввуф фалсафаси (ирфон), калом ва ахлоқ каби фанларга тегишли мавзу ва масалаларни ўз ичига оладиган қомусий бир асардир. Лекин, бу асар, у бир қанча соҳа ва турли мавзуларни қамраб олишидан қатъи назар, биринчи навбатда тасаввуф аҳлининг нуқтаи назарини акс эттирадиган асар ҳисобланади. Чунки унда Хожа Порсо турли фиқҳий ва ақидавий масалаларга нақшбандий бир сўфий мавқеидан туриб баҳо беришга ҳаракат қилган. Бу асарнинг бошқа тасаввуфий-ирфоний асарлардан фарқланиб турадиган яна бир характерли жиҳати – унинг турли соҳаларга оид илмий манбалар билан узвий боғлиқлиги, улардан фойдаланиш даражаси юқори эканлиги ва ниҳоят, фойдаланилган манбаларнинг аниқ тарзда зикр этилишидадир. Эронлик манбашунос олим Жалил Мисгарнажоднинг аниқлашича, “Фасл ул-хитоб”да бевосита ё билвосита бир юз йигирмадан ошиқ манбага мурожаат қилинган. Албатта, бу усул, яъни бир асарни ёзишда бир қанча манбадан фойдаланиш тартиби бошқа мутасаввиф олимларнинг асарларида ҳам учрайди, аммо “Фасл ул-хитоб” даражасида эмас. Шунинг ўзи ҳам Муҳаммад Порсонинг мутолаа доираси нечоғлик кенг эканлигини, унинг эса қомусий бир олим бўлганлигини кўрсатади. Асарда тафсир илми бўйича 12 та манба, ҳадис илми бўйича 12 та манба, фиқҳ ва усул бўйича 22 та манба, калом илми бўйича 13 та манба, тасаввуф ва ирфон бўича 29 та манба, тарих ва тасаввуф тарихи бўйича 9 та манба, ҳадис ва тасаввуф улуғларига оид 9 та манба, ахлоқ ва одобга оид 6 та манба, сийра ва шамойилга оид 4 та манба, луғат ва маъношунослик бўйича 4 та манба, фалсафий-таълимий шеърият бўйича 3 та манбадан, шунингдек 3 та муқаддас китобдан фойдаланилган. Демак, “Фасл ул-хитоб”да мурожаат қилинган ёки фойдаланилган манбалар турли илм соҳаларига ажратиб таснифланса, каттагина феҳрист ҳосил бўлар экан. Асарда номлари зикр этилган тасаввуф тарихи ва фалсафасига оид манбалар қуйидагилардан иборат:

1. Абу Бакр Калободий. Ат-Таъарруф ли мазҳаб ат-тасаввуф.
2. Абу Толиб Маккий. Қут ул-қулуб.
3.Ҳофиз Абу Наъим Исфаҳоний. Ҳуллият ул-авлиё.
4. Имом Қушайрий. Наҳв ул-қулуб.
5. Ҳужвирий. Кашф ул-маҳжуб.
6. Абулқосим Қушайрий. Рисолаи Қушайрия.
7. Мустамлий Бухорий. Шарҳ ат-Таъарруф ли мазҳаб ат-тасаввуф.
8. Абу Ҳомид Ғаззолий. Эҳёи улум ад-дин.
9. Абу Ҳомид Ғаззолий. Кимиёи саъодат.
10.Абу Ҳомид Ғаззолий. Мишкот ул-анвор.
11. Имом Аҳмад Ғаззолий. Аз-захират фи илм ал-басират.
12. Абу Ҳомид Ғаззолий. Лубоб ул-эҳё.
13. Ҳужвирий. Минҳож.
14. Шаҳобиддин Суҳравардий. Авориф ул-маъориф.
15. Юсуф Ҳамадоний. Каламоти қудсия ва Манозил ус-соликин.
16. Маждиддин Бағдодий. Туҳфат ул-биррат фи ужубат ул-масоил ал-ашарат.
17. Абу Ҳомид Ғаззолий. Ажойиб ул-қалб (“Эҳёи улум ад-дин”нинг бир фасли).
18. Абулнажиб Суҳравардий. Одоб ул-муридийн.
19. Абу Ҳафс Умар бин Муҳаммад Суҳравардий. Аълом ал-ҳуда ва ақидати арбоб ат-тақа.
20. Хожа Абдуллоҳ Ансорий. Манозил ус-сойирин.
21. Камолиддин Абдураззоқ Кошоний. Шарҳи Манозил ус-сойирин.
22. Муҳйиддин ибн ал-Арабий. Футуҳоти Маккия.
23. Нажмиддин Доя Розий. Мирсод ул-ибод.
24. Сайёдий Рифоъий. Маъориф.
25. Изиддин Маҳмуд Кошоний. Таржумайи Авориф ул-маъориф.
26. Нажмиддин Абулбаракот Насафий. Каромот ул-авлиё.
27. Алоуддавла Симноний. Ал-урват ал-аҳли ал-хилват вал-жилват.
28. Алоуддавла Симноний. Рисолот.
29. Хожа Юсуфи Ҳамадоний. Қудсия.
30. Абу Абдураҳмон Сулламий. Таърих ус-сўфия.
31. Абу Абдураҳмон Сулламий. Таърихи машойих ус-сўфия.
32. Абу Абдураҳмон Сулламий. Табақот ус-сўфия.

Кўриниб турганидек, Хожа Порсо тасаввуф тарихи ва фалсафасига оид энг мўътабар манбаларни танлаган, аммо бунда муаллифларнинг мазҳаб ва тариқатига унчалик эътибор қаратмаган ва буни унчалик муҳим ҳам санамаган. Энг муҳими, Хожа Порсо манбалардан келтирган фикрлар ва далилларни мавзу ёки ўртага қўйилган масала билан боғлаб, уларни илмий таҳлилдан ўтказа олган. Шундан келиб чиққан ҳолда, “Фасл ул-хитоб”ни мавзулар қамрови ва ўртага ташланган масалаларни чуқур таҳлил этиши жиҳатидан Хожа Порсонинг шоҳ асари, тасаввуф илми тарихида эса Мустамлий Бухорийнинг “Шарҳ ат-таъарруф”идан кейинги энг мўътабар илмий манбалардан бири деб ҳисоблаш мумкин.

Хуллас, “Фасл ул-хитоб”нинг юқорида кўрсатилган манбаларга алоқадорлиги, унда ушбу манбалардан қай даражада фойдаланилганлиги масаласи бир ёки бир неча тадқиқот мавзуи бўлиши ҳам мумкин.

“Фасл ул-хитоб” – тасаввуф тарихига оид муҳим манба

“Фасл ул-хитоб” ўзига хос тасаввуф аҳли тазкирасидир. Унда тасаввуф таълимотининг турли тариқатларига мансуб бўлган улуғ намояндалар ҳаёти, шахсияти, ҳолот ва мақомоти ҳақида бошқа тазкиралар, масалан, Фаридуддин Атторнинг “Тазкират ул-авлиё”сидан фарқли равишда, кетма-кет тартибда эмас, балки турли мавзу ва масалалар таркибида турли муносабатлар билан маълумотлар берилади. Муаллиф асарда баъзи бир мутасаввифлар ва шайхларнинг ҳаёти, ҳолот ва мақомоти хусусида қисқача тўхталиб ўтган бўлса-да, қуйидаги мутасаввифлар ҳақида алоҳида маълумотлар келтирган:

1. Шайх Абусаид Харроз13.
2. Абу Яъқуб Наҳржурий14.
3. Абулаббос Сайёрий.15
4. Абу Бакр Воситий Фарғоний16.
5. Саҳл бин Абдуллоҳ Тустарий17.
6. Абу Солиҳ Қассор18.
7. Жунайд Бағдодий19.
8. Иброҳим бин Аҳмад20.
9. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад бин Али ал-Ҳаким Термизий21.
10. Ҳусайн бин Мансури Ҳаллож22.
11. Рувайм бин Аҳмад23.
12. Шайх Абу Бакр ал-Калободий24.
13. Шайх Исмоил ал-Мустамлий25.
14. Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний26.

Муҳаммад Порсо мутасаввифлар ҳаёти билан боғлиқ фактлар, тарихий сана ва воқеалар, нақл ва ривоятларни турли тарихий ва тасаввуфий манбаларда келтирилган маълумотларга таянган ҳолда баён қилар экан, тасаввуф тарихига оид бир қанча чигал масалаларга ойдинлик киритишга ҳаракат қилади. Гоҳида маълум бир мутасаввиф ҳаёти ёки мақомоти ҳақида фикр юритиш жараёнида бирор-бир тасаввуфий истилоҳ ёки мавзуни тушунтириш, шарҳлаш ва таҳлил қилишга киришади. Баъзида эса тасаввуф тарихида муҳим ўрин тутган шахслар ва улар билан боғлиқ тарихий ҳодисалар атрофида батафсил тўхталиб ўтади. Муаллиф воқеалар баёни билан чекланиб қолмасдан, ишончли манбалардан олинган фактлар ёрдамида масаланинг асл моҳиятини очиб беришга ҳаракат қилади ва кўп ҳолатларда бунга эришади ҳам. Жумладан, ислом тарихида катта шов-шувларга сабаб бўлган ва салкам 1200 йилдан буён ислом уламолари ва ҳатто охирги юз йил давомида шарқшунос ва исломшунос олимларнинг ҳам диққатини ўзига жалб этиб келаётган масала – Ҳусайн бин Мансур Ҳаллож ҳаёти, қарашлари ва фожиали ўлими билан боғлиқ ҳолатлар ва фактлар ҳам Муҳаммад Порсонинг диққат-эътиборидан четда қолиб кетмайди. Муаллиф асарда тўрт маротаба Мансур Ҳаллож ҳаёти билан боғлиқ масалаларга мурожаат этади ва ҳар бир мурожаат қилганида муайян бир масалага бир қанча араб тилидаги манбалар асосида ойдинлик киритишга интилади. Жумладан, кўпгина манбаларда Мансур Ҳаллож қатлига фатво берган киши унинг устозларидан бири – Шайх Жунайд Бағдодийдир, деб берилган маълумотни Хожа Порсо қайта текшириб чиқиб, Жунайд Бағдодий ҳақига қилинган туҳматнинг ботиллигини исботлаб беради. У бу ҳақда шундай ёзади:

Таржимаси: “…Ушбу тоифага мансуб кишилар (яъни, сўфийлар – Ж.Х.) улуғи бўлмиш Жунайд Бағдодий қуддисаллоҳу таъоло руҳаҳунинг уни (Мансур Ҳалложни – Ж.Х.) қатл этишга фатво берганлиги ҳақидаги маълумот мазкур масала хусусида келтирилган ифтиролардан (ёлғонлардан, туҳматлардан) биридир. Илм аҳлининг фикрича, тарихий далиллар бу даъвонинг ғирт ёлғон эканлигини аниқ-равшан кўрсатади. (Зеро) Саййид ут-тойифа Жунайд қуддисаллоҳу таъоло руҳаҳу Ҳусайн бин Мансурнинг шаҳид бўлишидан салкам ўн бир йил олдин вафот этган27”.

Хожа Порсо “Табақот ул-машойих” да берилган қуйидаги:
Яъни:“Табақот ул-машойих”да келтирилишича, Ҳусайн бин Мансур қуддисаллоҳу таъоло руҳаҳу 309 (ҳ.қ.) йили Бағдодда Арк дарвозаси олдида сешанба куни зулқаъда ойидан олти кун қолганда шаҳид бўлди. Сўфийлар тоифасининг саййиди Жунайд (унга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин) — 297 (ҳ.қ.) йили жума кунининг охирги соати, шанба куни — халифанинг Наврўз куни вафот этди ва шанба куни дафн этилди28, деган маълумотга таяниб, Жунайд Бағдодий Мансур Ҳаллож қатлидан ўн бир йил олдин вафот этган, демак, унинг ҳақидаги бу фикр бўҳтондан бошқа нарса эмас, деган хулоса чиқаради. Эътироф этиш керак, Хожа Порсонинг ушбу масалага оид хулосалари бошқа муаллифларнинг бу ҳақдаги мулоҳазаларидан мантиқийлиги ва қатъийлиги билан ажралиб туради.

Маълумки, узоқ тарихий давр мобайнида шариат уламолари, мутакаллимлар ва ҳатто баъзи бир мутасаввифлар ҳам Мансур Ҳалложни шаккокликда айблаганлар. Жумладан, ХII аср бошларида яшаган дин олими Ҳасаний Розий ўзининг “Табсират ул-авом фи маърифати мақолот ил-аном” номли ислом дини таркибидаги йўналишлар, фиқҳий ва ақидавий мазҳаблар баёнига бағишланган асарида Мансур Ҳалложни худоликка даъвогарлик қилган бир мушрик сифатида лаънатлаб, унинг “Бўстон ул-маърифат” ва “Тосин ул-азал” номли асарларини куфр ва зиндиқа деб атайди29.

Аммо ҳанафийликка чамбарчас боғлиқ бўлган Хожагон-нақшбандия таълимотининг йирик вакили – Хожа Муҳаммад Порсо “Фасл ул-хитоб”да Мансур Ҳалложни оқлашга киришар экан,

Яъни: “Агар Ҳақ таъоло бирор бандани ўзига дўст деб танласа, қазою қадарнинг булутидан унинг бошига бало ёмғирларини ёғдиражак, токим содиқ козибдан, ҳақ ботилдан ажралсин” ҳадисини далил келтириб, Мансур Ҳаллож ҳам Худонинг дўстларидан эди, Худо уни синаш учун бошига балоларни ёғдирди”, деган мазмунга зимдан ишора этиб ўтади30. Ҳар ҳолда, кўпгина ақидавий масалаларда ё бетараф ёки сукут сақлашни (Хожа Баҳоуддин: “Мо инкор накунем, ин кор ҳам накунем”) афзал кўрган нақшбандийлар орасида Хожа Порсодек мустақил фикр ва нуқтаи назарга эга бўлган мутасаввифлар кўп бўлмаса керак. Демак, Хожа Порсодек машҳур бир нақшбандий шайх ва мутафаккирнинг Ҳаллож ҳақидаги мулоҳазаларини маълум маънода нақшбандийликнинг Ҳалложга бўлган муносабати деб тушунса ҳам бўлади. Умуман олганда, Хожа Порсонинг Мансур Ҳаллож ҳақидаги фикрлари, унинг эътиқоди ва қатл этилиши билан боғлиқ масалалар хусусидаги таҳлиллари бизнинг нафақат Ҳаллож ҳаёти ва қарашлари, балки тасаввуф таълимотининг кўпгина масалалари борасидаги тасаввурларимизни такомиллаштиради, янги фактлар ва маълумотлар билан бойитади.

Хулоса

“Фасл ул-хитоб” кейинги даврларда яратилган баъзи бир тасаввуфий-ирфоний асарлар учун ишончли бир манба сифатида ҳам хизмат қилган. Жумладан, Хожа Аҳрор Валийнинг ҳикматли сўзлари, фикрлари, турли мавзуларга оид қарашлари, дин пешволари ва тасаввуф улуғларининг ҳаёти, мақом-мартабалари ҳамда улар айтган сўзларнинг шарҳидан таркиб топган мажмуаси — “Малфузоти Аҳрор” да бир неча ўринда Хожа Порсонинг турли муносабатлар билан билдирган сўзлари келтирилган бўлса, икки маротаба унинг “Фасл ул-хитоб” китобига мурожаат этилган. Мисол учун:

Яъни: Дердиларки (Хожа Аҳрор – Ж.М.), Ҳазрати Хожа Порсо (қ.с.) ўзларининг “Фасл ул-хитоб” ёки “Тафсир”ларида ёзмишлар: Кимки маърифат даъво қилсаю, ағниё (улуғлар) ҳузурида тавозуъли бўлмаса, даъвоси ёлғондир31.
Табиийки, “Фасл ул-хитоб” тасаввуф тарихи бўйича энг мўътабар ва нисбатан мукаммал манба – “Нафаҳот ул-унс” учун ҳам қимматли бир манба сифатида хизмат қилган. Бу масалани аниқлаш ҳам тасаввуфшуносликнинг келажакдаги ишларидан бири бўлиши мумкин. Умуман олганда, Хожа Порсо – Нақшбандия, Хожа Порсо – ирфон фалсафаси ва ваҳдат ул-вужуд, Хожа Порсо – ислом ва тасаввуф тарихи, Хожа Порсо – фиқҳ илми мавзулари бўйича ҳали кўп ишларни амалга ошириш лозим бўлади. Хожа Порсонинг тафсир, ҳадис, фиқҳ ва калом илмларига муносабати, унинг фиқҳий ва ақидавий масалаларга оид қарашлари ҳам ҳалигача ўз тадқиқотчиларини кутмоқда.

Фойдаланилган манба ва адабиётлар:

1 Мухаммадхаджаев А. Идеология накшбандизма. –Душанбе: Дониш, 1991; Бўриев О., Ҳасанов М. Хожа Муҳаммад Порсо. //Буюк сиймолар, алломалар. –Т.: А.Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 1996; Muminov A., Ziyodov Sh. L’ horizon intellectual dun erudite du V siècle nouvelles decouverters suz la bibliothegue de Muhammad Parsa// Cahiers D’ Asie central. – Тошкент, 1998. –P. 74-98; Муминов А., Пауль Ю. Мухаммад Парса// Ислам на территории бывшей Российской империи. Энциклопедический словарь. Вып. 3. –М.: Восточная литература, 2001;
Ислом. Энциклопедия. –Т.: Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси Давлат илмий нашриёти. 2004. –Б. 258-259; Хидирова. Н.У. Место и роль Ходжа Мухаммада Парса в развитии тариката Ходжагон – накшбандийа (конец XIV- начало XV века). Автореф… дисс… канд… ист.. наук. –Т., 2006.
3 Ўша манба. – Б. 398.
4 Ўша манба. – Б. 397.
5 Ўша манба. – Б. 397.
6 Ўша манба. – Б. 397.
7 Ўша манба. – Б. 397.

10 Қуръони карим. Сод сураси, 20-оят. Абдулазиз Мансур таржимаси.12 Ўша манба.

13 Ўша манба. – Б. 35.
14 Ўша манба. – Б. 46.
15 Ўша манба. – Б. 49-50.
16 Ўша манба. – Б. 50-51.
17 Ўша манба. – Б. 55-56.
18 Ўша манба. – Б. 56.
19 Ўша манба. – Б. 36, 56, 74.
20 Ўша манба. – Б. 57.
21 Ўша манба. – Б. 57-58.
22 Ўша манба. – Б. 61-62; 63-65; 74-75; 88-93.
23 Ўша манба. – Б. 62.
24 Ўша манба. – Б. 71.
25 Ўша манба. – Б. 71.
26 Ўша манба. – Б. 696-698.
27 Ўша манба. – Б. 74.
28. Ўша манба. – Б. 74.

M: СИНО маънавий-маърифий, илмий-адабий, фалсафий-ирфоний уч ойлик журнал, 2011 .

067Xoja Muhammad Porso ilmiy merosi va qarashlarini o’rganish nafaqat Naqshbandiya tariqati asoslari, balki umuman, tasavvuf ta’limoti tarkibida ming yildan ko’proq davr davomida shakllangan irfon falsafasining asl mohiyatini yanada chuqurroq o’rganishimiz uchun imkon beradi.

XOJA MUHAMMAD PORSO
VA UNING “FASL UL-XITOB” ASARI

Ja’far Muhammad
034

Muqaddima

Xojagon-naqshbandiya ta’limoti o’zining salkam 900 yillik tarixi davomida islom olami va umuman, insoniyatga ulkan bir ma’naviy merosni taqdim etgan. Ushbu tariqat etagidan yetishib chiqqan piru murshidlar, ulug’ mutasavvif va mutafakkirlarning ibratli hayoti, din va dunyo, olam va odam, ilm va ma’rifat, ishq va muhabbat haqidagi qarashlari, turli ilmlar va mavzularga bag’ishlangan ilmiy-adabiy asarlari islom tafakkuri tarixida o’ziga xos o’rin tutadi. Tasavvuf ta’limotining XIV asr oxiridagi nazariyotchilaridan biri, Xojagon-naqshbandiya tariqatining yirik vakili Xoja Muhammad Porso nomi bilan mashhur bo’lgan Muhammad bin Muhammad bin Mahmud al-Hofiziy al-Buxoriy (vaf. h.q. 865/ m.1420 y.) ham ana shunday ulug’ siymolardan biri hisoblanadi. Vatandoshimiz bo’lmish Xoja Muhammad Porso va uning tasavvuf tarixida tutgan o’rni haqida o’zbek va chet ellik sharqshunos, islomshunos va tarixshunos olimlar tomonidan ma’lum darajada ba’zi bir ishlar amalga oshirilgan bo’lsa-da1, uning diniy-irfoniy va falsafiy-axloqiy masalalarga oid qarashlari va qolaversa, shaxsiyati bilan bog’liq bir qancha masalalar xususida haligacha jiddiy bir tadqiqot yuzaga kelgani yo’q.

Xoja Muhammad Porso ilmiy merosi va qarashlarini o’rganish nafaqat Naqshbandiya tariqati asoslari, balki umuman, tasavvuf ta’limoti tarkibida ming yildan ko’proq davr davomida shakllangan irfon falsafasining asl mohiyatini yanada chuqurroq o’rganishimiz uchun imkon beradi. Ayniqsa, uning “Fasl ul-xitob” va “Sharhi Fusus ul-hikam” nomli asarlarini tahlil va tadqiq etish orqali tasavvuf ta’limotining faqatginaaniq belgilangan rasm-rusumlar, urf-odatlar va muayyan axloq-odob qoidalaridan tarkib topgan bir majmuadan iborat bo’lmaganligi, aksincha, bu ta’limot inson, hayot, jamiyat, dunyo, oxirat, borliq, ma’rifat, aql-idrok, tafakkur, hissiyot, ishq… kabi ming yillardan buyon insoniyat diqqat-e’tiborini o’ziga jalb etib kelayotgan bir qator muhim masalalar va muammolar xususida ham ko’plab qiziqarli va ibratli fikrlarni taqdim etganligiga yana bir karra amin bo’lamiz.

XOJA MUHAMMAD PORSO HAYOTI VA ILMIY MEROSI

Xojagon-naqshbandiya tariqatining yirik vakili Xoja Muhammad Porso hayoti, shaxsiyati, kashfu karomatlari, sayru suluki, asarlari va qarashlari xususida ma’lumot berguvchi manbalar ko’p. XV asrda yozilgan bir qator tarixiy, diniy, irfoniy va adabiy manbalarda ushbu shaxs haqida ozmi-ko’pmi ma’lumotlar keltiriladi. Ammo Xoja Muhammad Porsoning hayoti, xususan uning maqomoti hamda kashfu karomatlari haqida eng ishonchli ma’lumotlar beradigan mo»tabar manbalar sifatida Mavlono Jomiyning “Nafahot ul-uns min hazarot il-quds” tazkirasi va “Risolai suxanoni Xoja Porso” nomli kichik hajmli asari, Xoja Ahrori Valiyning “Malfuzot” va Faxriddin Ali Safiyning “Rashahot ayn ul-hayot” nomli asarlarini eslatib o’tish mumkin. Jomiy “Nafahot ul-uns”da xronologik tartibga rioya qilgan holda, avval Xoja Bahouddin Naqshband haqida batafsilroq, undan so’ng esa uning birinchi xalifasi va kuyovi Xoja Alouddin Attor (vaf. h. q. 807 y.) haqida nisbatan qisqaroq ma’lumotlar berib o’tadi2. Undan so’ng Xoja Muhammad Porso hayoti va shaxsiyati bilan bog’liq tarixiy lavhalar hamda naqllarni bayon etishga kirishadi. Jomiy Alouddin Attor va boshqa naqshbandiylardan ko’ra Xoja Porso haqida katta ixlos va mehr-muhabbat bilan so’z yuritar ekan, xojagon xonadoniga bo’lgan muhabbati bolalik chog’ida – besh yoshligida otasi bilan Hazrati Xoja Muhammad Porsoni ziyorat qilgani borganlarida u Xoja Muhammad Porso va uning “Fasl ul-xitob asari” hazratning yosh Jomiyni erkalab bir kalla novot berganlaridan boshlanganini aytib o’tadi3.

Jomiy bergan ma’lumotlarga qaraganda, Xoja Bahouddin Naqshband har ikkala xalifasi – Alouddin Attor va Xoja Porsoning ma’naviy maqomlariga yuksak baho bergan. Jumladan, Xoja Porso haqida:

002

Ya’ni: “uning yo’qligida suhbatdoshlar va do’stlar huzurida” (Jomiy ta’kidi) “bizning zuhurimizdan maqsad uning vujudidir. uni jazba va sulukning har ikkala tariqasi bo’yicha tarbiyalaganmiz. Agar shug’ullansa, butun bir olam undan munavvar bo’lgay”4, deya o’z shogirdi va xalifasining yuksak ma’naviy maqomiga ishora qilib o’tgan. Jomiyning yozishicha, Bahouddin Naqshband yana bir o’rinda o’z shogirdiga shunday baho bergan:

003

Ya’ni: “Boshqa bir o’rinda shunday dedilar: u nimaiki desa, haq ta’olo o’shani qilgay (amalga oshirgay)”5. Hazrat Naqshband Xoja Porsoga tariqatning amaliy ishlari bilan shug’ullanishga ham rasman ijozat bergan ekan:

007

“…Va yana bir o’rinda unga zikri xufya talqinini (vazifasini) topshirib, unga tariqat rasm-rusumi va ilmining haqiqatlari hamda nozik jihatlaridan nimaiki bilsa, o’shanga amal qilishga ijozat berdilar”6.

Jomiy Xoja Bahouddin Naqshbandning Xoja Muhammad Porsoga xalifalik, ya’ni o’rinbosarlik maqomini berayotgan chog’ida nimalar deganini quyidagicha bayon etadi:

004

Ya’ni: “Xojayi buzurg (Bahouddin Naqshband – J.X.) quddisa sirrahu, u kishi (Xoja Porso – J.X.) haqida as’hob (suhbatdoshlar, muridlar – J.X.) huzurida shunday degan ekanlar: “Xojagon xonadonining xalifalari – quddissallohu ta’olo asrorahumdan – bu zaif (faqir – J.X.)ga yetgan va u kasb etgan haq va omonatni Sizga topshirdim, chunonchi diniy birodarimiz Mavlono Orif (Xoja Orif Revgariy – J.X.) bizga topshirganidek. Ushbu omonatni qabul etmoq va Haq subhonahu xalqiga yetkazmoq lozim”. U kishi (Xoja Porso – J.X.) tavozo» bilan qabul etdilar”7.

Jomiy bergan ma’lumotlarga tayanadigan bo’lsak, Xoja Bahouddin Naqshband Xoja Muhammad Porso shaxsiga nisbatan katta ishonch va e’tibor bildirgan bo’lib chiqadi. Ammo, shunga qaramay, Xoja Bahouddin Naqshband vafotidan so’ng naqshbandiyaning silsilai sharifi Xoja Muhammad Porso orqali emas, balki Xoja Alouddin Attor orqali davom etadi. Bizningcha, o’ziga xos ijtimoiy sabablarga ega bo’lgan ushbu holat, afsuski, haligacha ilmiy yechimini topganicha yo’q. Faqat hozircha Xoja Porso amaliyotchi shayx emas, balki ko’proq nazariyotchi mutasavvif bo’lganligi va umrini asosan ta’lifu tasnif bilan o’tkazganligi sababli silsilai sharifga kirmagan, degan bir taxminni o’rtaga tashlash mumkin. Nima bo’lgan taqdirda ham, Xoja Bahouddin Naqshbanddan so’ng Xojagon-naqshbandiya tariqati ikki yo’nalishga ajralib ketdi. Birinchi yo’nalish Xoja Alouddin Attor orqali Xoja Ya’qub Charxiy (vaf. h.q. 851 y.)ga, undan Xoja Ubaydulloh Ahrori Valiy (vaf. h.q. 895 y.)ga borib taqalsa, ikkinchi yo’nalish Xoja Muhammad Porso orqali uning o’g’li – Abu Nasr Porso (vaf. h.q. 865 y.)ga, undan Nizomiddin Xomushga, undan esa Hazrati Jomiyning murshidi – Shayx Sa’diddin Koshg’ariy (vaf. h.q. 860 y.)ga yetib, keyingi davrlarda ahroriya, xilvatiya, kumushxonaviya va mujaddidiya kabi bir qancha tarmoqlar va shu’balarga bo’linib ketdi. Keyingi davrlarda vujudga kelgan naqshbandiya bilan bog’liq biror-bir sho»baning silsilai sharifida Xoja Muhammad Porsoning ismi uchramasa-da, tarixiy va tasavvufiy manbalarda Naqshbandiya ta’limotining yirik vakili, Xojai Buzurg (Bahouddin Naqshband)ning xalifasi, “Porsoiya” tarmog’ining asoschisi, ko’pgina kashfu karomatlar sohibi va nihoyat, “Tafsir”(Qur’oni karim tafsiri), “Fasl ul-xitob”, “Tahqiqot”, “Sharhi Fusus ul-hikam”(tasavvuf ta’limotining ulug’ nazariyotchilaridan biri Shayx ul-Akbar Muhyiddin ibn al-Arabiyning mashhur asari – “Fusus ul-hikam”ga sharh), “Maqomoti Xoja Bahouddini Naqshband”, “Maqomoti Xoja Alouddini Attor”, “Aqoid” (“Aqoidi firaqi islomi”), “Risolai qudsiya”(Xoja Bahouddin so’zlari), “Silsilai tariqi Xojagon”, “Risolai kashfiya”, “Muqaddima” (Xoja Abdulxoliq G’ijduvoniy “Vasiyatnoma”siga debocha) kabi tafsir, fiqh, tasavvuf va kalom ilmlariga oid asarlarning muallifi sifatida tilga olinadi.

Xoja Muhammad Porso yashagan davr Xojagon-naqshbandiya tariqatining o’ziga xos sayru suluk va qonun-qoidalar (usuli yozdahgona)ga ega mukammal bir diniy-irfoniy ta’limot darajasigacha ko’tarilgan davriga to’g’ri keladi. Agar Xoja Yusuf Hamadoniy va Xoja Abdulxoliq G’ijduvoniydan boshlab to Xoja Bahouddin Naqshbandgacha bo’lgan davr davomida Xojagon-naqshbandiya tariqatining markaziy faoliyat doirasi Buxoro va uning atrofi bilan cheklangan bo’lsa, Xoja Alouddin Attor va Xoja Muhammad Porso davridan boshlab uning jug’rofiyasi Samarqanddan Toshkent va Koshg’argacha, Termizdan Balx, Hisor va Hirotgacha kengayib bordi. Naqshbandiya ta’limoti jug’rofiyasining kengayishida ham Xoja Porsoning katta hissasi bor. Chunki u birinchidan, donishmand va o’ta qobiliyatli farzandi – Abu Nasr Porsoni o’zining xalifasi sifatida Balxga jo’natib, naqshbandiylikni Movarounnahrning janubiy hududlaridan tortib Xurosonning shimoliy hududlarigacha keng qanot yozishiga yo’l ochib bergan bo’lsa, ikkinchidan, o’zining diniy-irfoniy asarlari, qolaversa, o’zining ma’lum darajada Naqshbandiya va vahdat ul-vujud ta’limotlarining qorishmasidan hosil bo’lgan falsafiy-irfoniy dunyoqarashi orqali ham bu ta’limotning butun mintaqa bo’ylab yoyilishiga ulkan hissa qo’shdi. Uchinchidan, ba’zi bir manbalar, jumladan, “Rashahot ayn ul-hayot”da Naqshbandiya silsilasining davr hukmdorlariga ta’sir yetkazishi Xoja Muhammad Porsodan boshlangani haqida ma’lumot berib o’tadi8. Xoja Porso Ibn al-Arabiyning vahdat ul-vujud ta’limotini Naqshbandiya tariqatiga olib kirgan ilk mutasavvif edi. Aynan u boshlab bergan va ko’p o’tmay Mavlono Jomiy tomonidan davom ettirilgan ana shu faoliyat tufayli Naqshbandiya tariqati “vujud”, “vojib al-vujud” va “tajalliy” haqidagi qizg’in falsafiy-kalomiy-irfoniy bahslar bilan yanada boyidi. Eronlik olim Ahmad Tohiriy Iroqiy ta’biri bilan aytganda, “Xoja Porso naqshbandiya tariqatida ilmiy-tadqiqot usulini boshlab bergan” ilk mutasavvif edi9. Xoja Porsoning yuqorida zikr etib o’tilgan eng muhim asarlaridan biri “Fasl ul-xitob”ni har ikkala ta’limot – Naqshbandiya va vahdat ul-vujudning turli diniy, irfoniy, falsafiy, kalomiy va axloqiy mavzulardagi nuqtai nazarlarini o’zida aks ettiruvchi asarlari sirasiga kiritish mumkin.

“FASL UL-XITOB”NING MAZMUN-MUNDARIJASI

“Fasl ul-xitob” Xoja Porsoning ko’pgina asarlari singari asosan fors-tojik tili va qisman arab tilida yozilgan. Ham hajm, ham mazmun-mundarija va o’rtaga qo’yilgan masalalar jihatidan keng qamrovli bo’lgan ushbu asar Xoja Porso ilmiy merosida alohida o’rin tutadi. Asarning to’la nomi “Fasl al-xitob li vasl al-ahbob al-foriq bayn al-xato va-s-savob” bo’lib, aslida Qur’oni karimning quyidagi (Dovud a.s. haqidagi) oyatidan olingan:

006

Uning hukmronligini ham mustahkam qildik va unga hikmat hamda qat’iy xitob (haqqoniy hukm chiqarishni) ato etdik10.

Asarni nashrga tayyorlagan eronlik manbashunos olim Jalil Misgarnajodning aniqlashicha, “Fasl ul-xitob” ta’biri mufassirlarning tafsirlarida turlicha izohlangan. Jumladan, Zamaxshariyning “Tafsiri kashshof”ida bu ibora “…haq va botil, to’g’ri va xato oralig’i” ma’nosida ham ishlatilgan ekan11.

Xoja Muhammad Porso bu asarda turli sohalar va mavzularga oid yuzdan ortiq ilmiy manbalarga tayangan holda omma va xossa o’rtasidagi farqlar, shariat va tariqat o’rtasidagi tafovut va o’xshashliklarni ko’rsatib berish maqsadida bir qancha diniy va irfoniy mavzularni fiqh, irfon, kalom va axloq ilmlari nuqtai nazaridan tahlil va tadqiq etib o’tadi. U ushbu masalalarni kitobga yozilgan muqaddima va xotimadan tashqari 8 fasl (bob)da alohida shaklda keltiradi. Kitobning fasllari quyidagilardan iborat:

1. “Dar bayoni ulumi so’fiya va sharhi kalamoti onon” (Tasavvufiy ilmlar haqida va ular (so’fiylar) qo’llagan istilohlar sharhi).
2. “As-Sirot al-mustaqiym”(To’g’ri yo’l).
3. “Ru’yat va ma’rifat”.
4. “Mo»jizot va karomot” (Mo»jizalar va karomatlar).
5. “Uqubot” (Uqubatlar).
6. “Dar bayoni ahli malomat”(Malomat ahli haqida).
7. “Fazoyili xulafo va ahli bayt” (Xalifalar va ahli baytning fazilatlari).
8. “Dar bayoni ahvoli aqtob” (Qutblar ahvolining bayoni).

Muhammad Porso asar xotimasini Xojagon tariqati-dagi sayru suluk odobi va Xoja Abdulxoliq G’ijduvoniyning shamoyili – suvrat va siyrati, fazilat va xislatlari bayoniga bag’ishlaydi.

Xoja Muhammad Porso o’sha davrdagi shiddatli fiqhiy va aqidaviy ixtiloflar, g’oyaviy xilma-xilliklar maydonida piri – Xoja Bahouddin Naqshbandning sulukidan nafaqat chetga chiqmaydi, balki uning g’oyalari va ko’rsatmalarini o’zi uchun asosiy va doimiy dasturulamal qilib olgan holda g’oyaviy kurashlar maydoniga chiqadi. Albatta, tasavvuf tarixi, ayniqsa hanafiylik fiqhiga asoslangan Buxoro tasavvufi tarixida bu usul – haqni botildan ajratish, tasavvuf ta’limotining asl mohiyatini tavsiflab berish hamda shariat va tariqat o’rtasidagi uyg’un munosibatlarni tiklash endigina vujudga kelgan hodisa emasdi. Bu usul islom tafakkuri tarixida ilk marotaba IX-X asrlarda shakllangan Buxoro tasavvufshunoslik maktabining asoschilari – Abu Bakr Kalobodiyning “At-Ta’arruf li mazhab at-tasavvuf” va Mustamliy Buxoriyning “Sharh at-Ta’arruf li mazhab at-tasavvuf” nomli asarlarida o’rtaga tashlangan va ko’p o’tmasdan Xoja Abdulloh Ansoriyning “Manozil us-soyirin” va “Sad maydon” nomli asarlari orqali qo’llab-quvvatlangan edi. Imom Muhammad G’azzoliyning “Ehyoi ulum ad-din” va “Kimiyoi sa’odat” nomli asarlari ham aynan ana shu maqsadda yozilganligi barchaga ma’lum bo’lsa kerak. Ammo Muhammad Porso oldida turgan vazifa boshqalarnikidan bir oz farq qiladi. Zero, XIV-XV asrlarga kelib, turli fiqhiy va aqidaviy mazhablar o’rtasidagi ixtiloflar hamda tasavvuf ta’limotiga qarshi fitna-yu ig’volar nafaqat kamaydi, balki ma’lum darajada kuchayib ketdi. Bundan tashqari, asosan hanafiya fiqhi va moturidiya aqoyidi hukmron bo’lgan Movarounnahrda hanafiylik va moturidiylikka asoslangan Xojagon-naqshbandiya tariqati, Xurosonning g’arbiy va janubiy qismlarida esa shi’a aqoyidiga asoslangan Ne’matullohiya va Safaviya kabi tariqatlar ham vujudga kelgan, buning ustiga Ibn al-Arabiyning vahdat ul-vujud falsafasiga doir qarashlariga bo’lgan turli salbiy yoki ijobiy munosabatlar ham mintaqadagi aqidaviy ixtiloflarni avj oldirayotgan edi. Bu ixtiloflarning barchasi oxir-oqibat mintaqadagi siyosiy va g’oyaviy birlikka putur yetkazib, temuriylar saltanatining parchalanib ketish xavfini ham vujudga keltirishi mumkin edi. Ana shu vaziyatdan kelib chiqqan holda, Xoja Porso oldida turgan vazifa Xoja Abdulxoliq G’ijduvoniy va Xoja Bahouddin Naqshband g’oyalarini umumislomiy va umumtasavvufiy g’oyalar bilan uyg’unlashtirish, qolaversa, Xojagon-naqshbandiya ta’limotini umumislomiy darajaga ko’tarishdan iborat edi. “Fasl ul-xitob”dagi sunniylar e’tirof etadigan xulafoi roshidin va shi’iylar ixlos bilan qaraydigan ahli bayt – imomlar haqidagi ijobiy va mu’tadil fikr-mulohazalar, Allohni ma’rifat etish (bilish, anglash), Rasulullohning mo»jizalari va avliyoullohning karomatlari (nubuvvat va valoyat) xususidagi bahslarni Qur’oni karim oyatlari, Payg’ambar hadislari va turli tasavvufiy-irfoniy tariqatlar va maktablarga mansub bo’lgan oriflar va shayxlarning so’zlari bilan dalillash uslubi ham, shubhasiz, ana shu maqsadga xizmat qiladi.

Ko’rib turganimizdek, “Fasl ul-xitob”da fasllar soni ko’p emas. Ammo u Muhammad Porsoning boshqa asarlariga qaraganda ancha katta kitobi hisoblanadi. Uning Eronda tayyorlangan ilmiy-tanqidiy nashri 817 betni tashkil etadi12.

“Fasl ul-xitob”asarini yozishda foydalanilgan manbalar

“Fasl ul-xitob” bir yoki bir necha asarning sharhi yoxud muallifning biror mavzu xususidagi fikrlaridan tarkib topgan asar emas. U tom ma’nodagi ilmiy manba, manba bo’lganda ham bir necha soha – islom tarixi, tafsir, fiqh, hadisshunoslik, dinshunoslik, tasavvuf tarixi, tasavvuf falsafasi (irfon), kalom va axloq kabi fanlarga tegishli mavzu va masalalarni o’z ichiga oladigan qomusiy bir asardir. Lekin, bu asar, u bir qancha soha va turli mavzularni qamrab olishidan qat’i nazar, birinchi navbatda tasavvuf ahlining nuqtai nazarini aks ettiradigan asar hisoblanadi. Chunki unda Xoja Porso turli fiqhiy va aqidaviy masalalarga naqshbandiy bir so’fiy mavqeidan turib baho berishga harakat qilgan. Bu asarning boshqa tasavvufiy-irfoniy asarlardan farqlanib turadigan yana bir xarakterli jihati – uning turli sohalarga oid ilmiy manbalar bilan uzviy bog’liqligi, ulardan foydalanish darajasi yuqori ekanligi va nihoyat, foydalanilgan manbalarning aniq tarzda zikr etilishidadir. Eronlik manbashunos olim Jalil Misgarnajodning aniqlashicha, “Fasl ul-xitob”da bevosita yo bilvosita bir yuz yigirmadan oshiq manbaga murojaat qilingan. Albatta, bu usul, ya’ni bir asarni yozishda bir qancha manbadan foydalanish tartibi boshqa mutasavvif olimlarning asarlarida ham uchraydi, ammo “Fasl ul-xitob” darajasida emas. Shuning o’zi ham Muhammad Porsoning mutolaa doirasi nechog’lik keng ekanligini, uning esa qomusiy bir olim bo’lganligini ko’rsatadi. Asarda tafsir ilmi bo’yicha 12 ta manba, hadis ilmi bo’yicha 12 ta manba, fiqh va usul bo’yicha 22 ta manba, kalom ilmi bo’yicha 13 ta manba, tasavvuf va irfon bo’icha 29 ta manba, tarix va tasavvuf tarixi bo’yicha 9 ta manba, hadis va tasavvuf ulug’lariga oid 9 ta manba, axloq va odobga oid 6 ta manba, siyra va shamoyilga oid 4 ta manba, lug’at va ma’noshunoslik bo’yicha 4 ta manba, falsafiy-ta’limiy she’riyat bo’yicha 3 ta manbadan, shuningdek 3 ta muqaddas kitobdan foydalanilgan. Demak, “Fasl ul-xitob”da murojaat qilingan yoki foydalanilgan manbalar turli ilm sohalariga ajratib tasniflansa, kattagina fehrist hosil bo’lar ekan. Asarda nomlari zikr etilgan tasavvuf tarixi va falsafasiga oid manbalar quyidagilardan iborat:

1. Abu Bakr Kalobodiy. At-Ta’arruf li mazhab at-tasavvuf.
2. Abu Tolib Makkiy. Qut ul-qulub.
3.Hofiz Abu Na’im Isfahoniy. Hulliyat ul-avliyo.
4. Imom Qushayriy. Nahv ul-qulub.
5. Hujviriy. Kashf ul-mahjub.
6. Abulqosim Qushayriy. Risolai Qushayriya.
7. Mustamliy Buxoriy. Sharh at-Ta’arruf li mazhab at-tasavvuf.
8. Abu Homid G’azzoliy. Ehyoi ulum ad-din.
9. Abu Homid G’azzoliy. Kimiyoi sa’odat.
10.Abu Homid G’azzoliy. Mishkot ul-anvor.
11. Imom Ahmad G’azzoliy. Az-zaxirat fi ilm al-basirat.
12. Abu Homid G’azzoliy. Lubob ul-ehyo.
13. Hujviriy. Minhoj.
14. Shahobiddin Suhravardiy. Avorif ul-ma’orif.
15. Yusuf Hamadoniy. Kalamoti qudsiya va Manozil us-solikin.
16. Majdiddin Bag’dodiy. Tuhfat ul-birrat fi ujubat ul-masoil al-asharat.
17. Abu Homid G’azzoliy. Ajoyib ul-qalb (“Ehyoi ulum ad-din”ning bir fasli).
18. Abulnajib Suhravardiy. Odob ul-muridiyn.
19. Abu Hafs Umar bin Muhammad Suhravardiy. A’lom al-huda va aqidati arbob at-taqa.
20. Xoja Abdulloh Ansoriy. Manozil us-soyirin.
21. Kamoliddin Abdurazzoq Koshoniy. Sharhi Manozil us-soyirin.
22. Muhyiddin ibn al-Arabiy. Futuhoti Makkiya.
23. Najmiddin Doya Roziy. Mirsod ul-ibod.
24. Sayyodiy Rifo’iy. Ma’orif.
25. Iziddin Mahmud Koshoniy. Tarjumayi Avorif ul-ma’orif.
26. Najmiddin Abulbarakot Nasafiy. Karomot ul-avliyo.
27. Alouddavla Simnoniy. Al-urvat al-ahli al-xilvat val-jilvat.
28. Alouddavla Simnoniy. Risolot.
29. Xoja Yusufi Hamadoniy. Qudsiya.
30. Abu Abdurahmon Sullamiy. Ta’rix us-so’fiya.
31. Abu Abdurahmon Sullamiy. Ta’rixi mashoyix us-so’fiya.
32. Abu Abdurahmon Sullamiy. Tabaqot us-so’fiya.

Ko’rinib turganidek, Xoja Porso tasavvuf tarixi va falsafasiga oid eng mo»tabar manbalarni tanlagan, ammo bunda mualliflarning mazhab va tariqatiga unchalik e’tibor qaratmagan va buni unchalik muhim ham sanamagan. Eng muhimi, Xoja Porso manbalardan keltirgan fikrlar va dalillarni mavzu yoki o’rtaga qo’yilgan masala bilan bog’lab, ularni ilmiy tahlildan o’tkaza olgan. Shundan kelib chiqqan holda, “Fasl ul-xitob”ni mavzular qamrovi va o’rtaga tashlangan masalalarni chuqur tahlil etishi jihatidan Xoja Porsoning shoh asari, tasavvuf ilmi tarixida esa Mustamliy Buxoriyning “Sharh at-ta’arruf”idan keyingi eng mo»tabar ilmiy manbalardan biri deb hisoblash mumkin.

Xullas, “Fasl ul-xitob”ning yuqorida ko’rsatilgan manbalarga aloqadorligi, unda ushbu manbalardan qay darajada foydalanilganligi masalasi bir yoki bir necha tadqiqot mavzui bo’lishi ham mumkin.

“Fasl ul-xitob” – tasavvuf tarixiga oid muhim manba

“Fasl ul-xitob” o’ziga xos tasavvuf ahli tazkirasidir. Unda tasavvuf ta’limotining turli tariqatlariga mansub bo’lgan ulug’ namoyandalar hayoti, shaxsiyati, holot va maqomoti haqida boshqa tazkiralar, masalan, Fariduddin Attorning “Tazkirat ul-avliyo”sidan farqli ravishda, ketma-ket tartibda emas, balki turli mavzu va masalalar tarkibida turli munosabatlar bilan ma’lumotlar beriladi. Muallif asarda ba’zi bir mutasavviflar va shayxlarning hayoti, holot va maqomoti xususida qisqacha to’xtalib o’tgan bo’lsa-da, quyidagi mutasavviflar haqida alohida ma’lumotlar keltirgan:

1. Shayx Abusaid Xarroz13.
2. Abu Ya’qub Nahrjuriy14.
3. Abulabbos Sayyoriy.15
4. Abu Bakr Vositiy Farg’oniy16.
5. Sahl bin Abdulloh Tustariy17.
6. Abu Solih Qassor18.
7. Junayd Bag’dodiy19.
8. Ibrohim bin Ahmad20.
9. Abu Abdulloh Muhammad bin Ali al-Hakim Termiziy21.
10. Husayn bin Mansuri Halloj22.
11. Ruvaym bin Ahmad23.
12. Shayx Abu Bakr al-Kalobodiy24.
13. Shayx Ismoil al-Mustamliy25.
14. Xoja Abdulxoliq G’ijduvoniy26.

Muhammad Porso mutasavviflar hayoti bilan bog’liq faktlar, tarixiy sana va voqealar, naql va rivoyatlarni turli tarixiy va tasavvufiy manbalarda keltirilgan ma’lumotlarga tayangan holda bayon qilar ekan, tasavvuf tarixiga oid bir qancha chigal masalalarga oydinlik kiritishga harakat qiladi. Gohida ma’lum bir mutasavvif hayoti yoki maqomoti haqida fikr yuritish jarayonida biror-bir tasavvufiy istiloh yoki mavzuni tushuntirish, sharhlash va tahlil qilishga kirishadi. Ba’zida esa tasavvuf tarixida muhim o’rin tutgan shaxslar va ular bilan bog’liq tarixiy hodisalar atrofida batafsil to’xtalib o’tadi. Muallif voqealar bayoni bilan cheklanib qolmasdan, ishonchli manbalardan olingan faktlar yordamida masalaning asl mohiyatini ochib berishga harakat qiladi va ko’p holatlarda bunga erishadi ham. Jumladan, islom tarixida katta shov-shuvlarga sabab bo’lgan va salkam 1200 yildan buyon islom ulamolari va hatto oxirgi yuz yil davomida sharqshunos va islomshunos olimlarning ham diqqatini o’ziga jalb etib kelayotgan masala – Husayn bin Mansur Halloj hayoti, qarashlari va fojiali o’limi bilan bog’liq holatlar va faktlar ham Muhammad Porsoning diqqat-e’tiboridan chetda qolib ketmaydi. Muallif asarda to’rt marotaba Mansur Halloj hayoti bilan bog’liq masalalarga murojaat etadi va har bir murojaat qilganida muayyan bir masalaga bir qancha arab tilidagi manbalar asosida oydinlik kiritishga intiladi. Jumladan, ko’pgina manbalarda Mansur Halloj qatliga fatvo bergan kishi uning ustozlaridan biri – Shayx Junayd Bag’dodiydir, deb berilgan ma’lumotni Xoja Porso qayta tekshirib chiqib, Junayd Bag’dodiy haqiga qilingan tuhmatning botilligini isbotlab beradi. U bu haqda shunday yozadi:

Tarjimasi: “…Ushbu toifaga mansub kishilar (ya’ni, so’fiylar – J.X.) ulug’i bo’lmish Junayd Bag’dodiy quddisallohu ta’olo ruhahuning uni (Mansur Hallojni – J.X.) qatl etishga fatvo berganligi haqidagi ma’lumot mazkur masala xususida keltirilgan iftirolardan (yolg’onlardan, tuhmatlardan) biridir. Ilm ahlining fikricha, tarixiy dalillar bu da’voning g’irt yolg’on ekanligini aniq-ravshan ko’rsatadi. (Zero) Sayyid ut-toyifa Junayd quddisallohu ta’olo ruhahu Husayn bin Mansurning shahid bo’lishidan salkam o’n bir yil oldin vafot etgan27”.

Xoja Porso “Tabaqot ul-mashoyix” da berilgan quyidagi:
Ya’ni:“Tabaqot ul-mashoyix”da keltirilishicha, Husayn bin Mansur quddisallohu ta’olo ruhahu 309 (h.q.) yili Bag’dodda Ark darvozasi oldida seshanba kuni zulqa’da oyidan olti kun qolganda shahid bo’ldi. So’fiylar toifasining sayyidi Junayd (unga Allohning rahmati bo’lsin) — 297 (h.q.) yili juma kunining oxirgi soati, shanba kuni — xalifaning Navro’z kuni vafot etdi va shanba kuni dafn etildi28, degan ma’lumotga tayanib, Junayd Bag’dodiy Mansur Halloj qatlidan o’n bir yil oldin vafot etgan, demak, uning haqidagi bu fikr bo’htondan boshqa narsa emas, degan xulosa chiqaradi. E’tirof etish kerak, Xoja Porsoning ushbu masalaga oid xulosalari boshqa mualliflarning bu haqdagi mulohazalaridan mantiqiyligi va qat’iyligi bilan ajralib turadi.

Ma’lumki, uzoq tarixiy davr mobaynida shariat ulamolari, mutakallimlar va hatto ba’zi bir mutasavviflar ham Mansur Hallojni shakkoklikda ayblaganlar. Jumladan, XII asr boshlarida yashagan din olimi Hasaniy Roziy o’zining “Tabsirat ul-avom fi ma’rifati maqolot il-anom” nomli islom dini tarkibidagi yo’nalishlar, fiqhiy va aqidaviy mazhablar bayoniga bag’ishlangan asarida Mansur Hallojni xudolikka da’vogarlik qilgan bir mushrik sifatida la’natlab, uning “Bo’ston ul-ma’rifat” va “Tosin ul-azal” nomli asarlarini kufr va zindiqa deb ataydi29.

Ammo hanafiylikka chambarchas bog’liq bo’lgan Xojagon-naqshbandiya ta’limotining yirik vakili – Xoja Muhammad Porso “Fasl ul-xitob”da Mansur Hallojni oqlashga kirishar ekan,

Ya’ni: “Agar Haq ta’olo biror bandani o’ziga do’st deb tanlasa, qazoyu qadarning bulutidan uning boshiga balo yomg’irlarini yog’dirajak, tokim sodiq kozibdan, haq botildan ajralsin” hadisini dalil keltirib, Mansur Halloj ham Xudoning do’stlaridan edi, Xudo uni sinash uchun boshiga balolarni yog’dirdi”, degan mazmunga zimdan ishora etib o’tadi30. Har holda, ko’pgina aqidaviy masalalarda yo betaraf yoki sukut saqlashni (Xoja Bahouddin: “Mo inkor nakunem, in kor ham nakunem”) afzal ko’rgan naqshbandiylar orasida Xoja Porsodek mustaqil fikr va nuqtai nazarga ega bo’lgan mutasavviflar ko’p bo’lmasa kerak. Demak, Xoja Porsodek mashhur bir naqshbandiy shayx va mutafakkirning Halloj haqidagi mulohazalarini ma’lum ma’noda naqshbandiylikning Hallojga bo’lgan munosabati deb tushunsa ham bo’ladi. Umuman olganda, Xoja Porsoning Mansur Halloj haqidagi fikrlari, uning e’tiqodi va qatl etilishi bilan bog’liq masalalar xususidagi tahlillari bizning nafaqat Halloj hayoti va qarashlari, balki tasavvuf ta’limotining ko’pgina masalalari borasidagi tasavvurlarimizni takomillashtiradi, yangi faktlar va ma’lumotlar bilan boyitadi.

Xulosa

“Fasl ul-xitob” keyingi davrlarda yaratilgan ba’zi bir tasavvufiy-irfoniy asarlar uchun ishonchli bir manba sifatida ham xizmat qilgan. Jumladan, Xoja Ahror Valiyning hikmatli so’zlari, fikrlari, turli mavzularga oid qarashlari, din peshvolari va tasavvuf ulug’larining hayoti, maqom-martabalari hamda ular aytgan so’zlarning sharhidan tarkib topgan majmuasi — “Malfuzoti Ahror” da bir necha o’rinda Xoja Porsoning turli munosabatlar bilan bildirgan so’zlari keltirilgan bo’lsa, ikki marotaba uning “Fasl ul-xitob” kitobiga murojaat etilgan. Misol uchun:

Ya’ni: Derdilarki (Xoja Ahror – J.M.), Hazrati Xoja Porso (q.s.) o’zlarining “Fasl ul-xitob” yoki “Tafsir”larida yozmishlar: Kimki ma’rifat da’vo qilsayu, ag’niyo (ulug’lar) huzurida tavozu’li bo’lmasa, da’vosi yolg’ondir31.
Tabiiyki, “Fasl ul-xitob” tasavvuf tarixi bo’yicha eng mo»tabar va nisbatan mukammal manba – “Nafahot ul-uns” uchun ham qimmatli bir manba sifatida xizmat qilgan. Bu masalani aniqlash ham tasavvufshunoslikning kelajakdagi ishlaridan biri bo’lishi mumkin. Umuman olganda, Xoja Porso – Naqshbandiya, Xoja Porso – irfon falsafasi va vahdat ul-vujud, Xoja Porso – islom va tasavvuf tarixi, Xoja Porso – fiqh ilmi mavzulari bo’yicha hali ko’p ishlarni amalga oshirish lozim bo’ladi. Xoja Porsoning tafsir, hadis, fiqh va kalom ilmlariga munosabati, uning fiqhiy va aqidaviy masalalarga oid qarashlari ham haligacha o’z tadqiqotchilarini kutmoqda.

Foydalanilgan manba va adabiyotlar:

1 Muxammadxadjaev A. Ideologiya nakshbandizma. –Dushanbe: Donish, 1991; Bo’riev O., Hasanov M. Xoja Muhammad Porso. //Buyuk siymolar, allomalar. –T.: A.Qodiriy nomidagi xalq merosi nashriyoti, 1996; Muminov A., Ziyodov Sh. L’ horizon intellectual dun erudite du V siecle nouvelles decouverters suz la bibliothegue de Muhammad Parsa// Cahiers D’ Asie central. – Toshkent, 1998. –P. 74-98; Muminov A., Paul` YU. Muxammad Parsa// Islam na territorii bivshey Rossiyskoy imperii. Entsiklopedicheskiy slovar`. Vip. 3. –M.: Vostochnaya literatura, 2001;
Islom. Entsiklopediya. –T.: O’zbekiston Milliy Entsiklopediyasi Davlat ilmiy nashriyoti. 2004. –B. 258-259; Xidirova. N.U. Mesto i rol` Xodja Muxammada Parsa v razvitii tarikata Xodjagon – nakshbandiya
(konets XIV- nachalo XV veka). Avtoref… diss… kand… ist.. nauk. –T., 2006.

3 O’sha manba. – B. 398.
4 O’sha manba. – B. 397.
5 O’sha manba. – B. 397.
6 O’sha manba. – B. 397.
7 O’sha manba. – B. 397.

10 Qur’oni karim. Sod surasi, 20-oyat. Abdulaziz Mansur tarjimasi.12 O’sha manba.

13 O’sha manba. – B. 35.
14 O’sha manba. – B. 46.
15 O’sha manba. – B. 49-50.
16 O’sha manba. – B. 50-51.
17 O’sha manba. – B. 55-56.
18 O’sha manba. – B. 56.
19 O’sha manba. – B. 36, 56, 74.
20 O’sha manba. – B. 57.
21 O’sha manba. – B. 57-58.
22 O’sha manba. – B. 61-62; 63-65; 74-75; 88-93.
23 O’sha manba. – B. 62.
24 O’sha manba. – B. 71.
25 O’sha manba. – B. 71.
26 O’sha manba. – B. 696-698.
27 O’sha manba. – B. 74.
28. O’sha manba. – B. 74.

M: SINO ma’naviy-ma’rifiy, ilmiy-adabiy, falsafiy-irfoniy uch oylik jurnal, 2011 .

067

(Tashriflar: umumiy 1 848, bugungi 1)

1 izoh

  1. Assalomu alaykum xurmatli admin menga mana shu kitobning elektron varianti zaril edi qanday olsam boladi. Sizlardan Alloh rozi bolsin

Izoh qoldiring